📅 2025-yil 3-dekabr · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 3-dekabr · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 3 декабрь · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 декабря 2025 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 December 2025 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
МАЪЛУМОТ
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги, « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги ҳамда « Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/1-сон қарори (рўйхат рақами 3252, 2020 йил 30 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3252/1098-сон) билан тасдиқланган Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 3 декабрдаги 32/1-сон қарорига ИЛОВА
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 77-бандда :
а) 4-кичик банд ўз кучини йўқотган деб топилсин;
б) 5-кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5) ихтиёрий тугатилаётган банкнинг тугатувчиси (агар тугатиш комиссияси тайинланса, унинг раҳбари ва аъзолари).».
2. 80 ва 85-банднинг биринчи хатбошиси «раҳбар» деган сўздан кейин «ходим» деган сўз билан тўлдирилсин.
3. 82 — 84-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«82. Банк томонидан мазкур Низомнинг 81-бандига мувофиқ амалга оширилган қайта баҳолаш натижалари раҳбар ходимларнинг мазкур Низом талабларига эндиликда мувофиқ эмаслигини кўрсатган тақдирда, банк номувофиқлик аниқланган кундан эътиборан уч иш куни ичида Марказий банкни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади ва қуйидаги чоралардан бирини амалга оширади:
тенг даражадаги раҳбар ходимлар ўртасида мажбуриятларни қайта тақсимлаш;
раҳбар ходимларни касбий тайёрлаш;
манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш;
раҳбар ходимларни алмаштириш.
83. Раҳбар ходимларни баҳолаш ва келишиб олиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш ҳамда банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш доирасида;
раҳбар ходимлар лавозимига киришишидан олдин, бундан мазкур Низомнинг 84-бандида кўрсатилган ҳолатлар мустасно;
банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани олиш ҳамда ихтиёрий тугатилаётган банкнинг тугатувчисини алмаштириш тўғрисидаги қарорни келишиш доирасида;
раҳбар ходимларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқлигига таъсир кўрсатувчи янги ҳолатлар вужудга келганда.
84. Раҳбар ходимларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқлигига таъсир кўрсатувчи янги ҳолатлар мавжуд бўлмаганда, қуйидагиларни қайта келишиб олиш талаб этилмайди:
шу банкнинг ўзида янги муддатга сайланган кузатув кенгаши аъзосини;
келишиб олинган кунидан бошлаб 12 ой мобайнида шу банкнинг ўзида ўша талаблар қўйилган бошқа лавозимга ёки ўзи эгаллаб турган лавозимга қайта сайланган ёки тайинланган раҳбар ходимларни;
шу банкнинг ўзида, ўша талаблар ёки камроқ талаблар қўйилган қуйироқ даражадаги бошқа лавозимга тайинланган раҳбар ходимларни.».
4. 87-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«87. Банкнинг раҳбар ходимлари, мажбурий тугатилаётган банкнинг тугатувчиси, банкнинг махсус бошқарувчиси ва вақтинчалик бошқарувчиси мазкур Низом талаблари билан белгиланган ишчанлик обрўси, тажриба, билим ва кўникмалар, мустақил мулоҳаза юритиш, вақтининг етарлилиги мезонларига мувофиқ бўлиши лозим.».
5. 93-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«муҳим аҳамиятга эга ходимлари, банкнинг тугатувчиси, вақтинчалик бошқарувчиси ёки махсус бошқарувчиси учун — молия-иқтисод йўналиши ҳамда банкнинг асосий йўналиши ва хусусиятидан келиб чиқиб бошқа мутахассисликлар.».
6. 94-банднинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«банкнинг тугатувчиси, вақтинчалик бошқарувчиси ёки махсус бошқарувчиси учун — банк ва (ёки) молия тизимида камида 5 йиллик иш тажрибасига, шу жумладан камида 3 йиллик раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши.».
7. 97-банднинг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) касбий манфаатлар тўқнашуви. Номзод ёки унинг яқин қариндошлари охирги 2 йил давомида мазкур Низомнинг 77-бандида кўрсатилган лавозимларни рақобатчи банкларда ёки банк ёки унинг исталган рақобатчиси билан сезиларли тижорат алоқалари мавжуд бўлган ташкилотларда тенглаштирилган лавозимларни эгаллаган ёки эгаллаб турган бўлса;».
8. 104-банд қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқаришни.».
9. VI бўлимнинг 2-боби ва VII бўлим қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2-боб. Банкни тугатиш
1-§. Банкни тугатиш асослари
240. Банк фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш ихтиёрий тугатиш ёки мажбурий тугатиш шаклида амалга оширилиши мумкин.
241. Банкни ихтиёрий тугатиш Марказий банкнинг банкни ихтиёрий тугатишга доир розилигига асосан амалга оширилади.
Банкни мажбурий тугатиш Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш ва банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарори (бундан буён матнда банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор деб юритилади) асосида амалга оширилади.
2-§. Банкни ихтиёрий тугатишга оид умумий қоидалар
242. Агар банк тўловга қобилиятсиз бўлмаса ёки унинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори бўлмаса, у ихтиёрий тугатилиши мумкин.
Бунда Ўзбекистон Республикаси «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган ҳолатлардан бири юзага келганда банк тўловга қобилиятсиз ёки унинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори деб ҳисобланади.
243. Марказий банкнинг банкни ихтиёрий тугатишга доир розилигини олиш қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:
банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш;
банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани олиш.
244. Банк акциядорлари умумий йиғилишининг (акциядорнинг) банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги қарорини банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олмасдан туриб ҳамда банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарорини банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани олмасдан туриб учинчи шахсларга ошкор этиш тақиқланади.
245. Тугатувчи банк ихтиёрий тугатилаётганда акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тайинланади. Агар тугатувчи тайинланмаган бўлса, у Марказий банк бошқарувининг қарори билан тайинланади.
Тугатувчи ушбу Низомнинг III бўлимида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
246. Ўзбекистон Республикаси «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунининг 48-моддасига мувофиқ Марказий банк банк ихтиёрий тугатилаётганда Марказий банкка тақдим этилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланишини банкдан талаб қилишга ҳақли.
3-§. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш тартиби
247. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун банк акциядорларининг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорлар овозларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Барча овоз берувчи акциялари битта акциядорга тегишли бўлган банкда банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги қарор бундай акциядор томонидан якка тартибда қабул қилинади ҳамда ёзма шаклда расмийлаштирилади.
248. Ушбу Низомнинг 247-бандида назарда тутилган қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш иш куни ичида банк томонидан банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун Марказий банкка қуйидагилар тақдим этилади:
ушбу Низомнинг 16-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза;
банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги қарор. Бунда банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги қарорда банкни ихтиёрий тугатиш сабаблари батафсил кўрсатилади;
банк акциядорларининг умумий йиғилиши ёки банкнинг ягона акциядори томонидан тасдиқланган банкнинг ихтиёрий тугатиш режаси;
банкнинг банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги баланс ҳисоботи.
249. Банкнинг ихтиёрий тугатиш режаси қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган, банк активлари ва мажбуриятларининг тугатилиш қиймати ҳақидаги маълумотларни;
банкнинг кредиторлари тўғрисидаги маълумотларни;
жорий ва эҳтимолий суд жараёнлари ҳақидаги, шунингдек суд харажатлари ва суд қарорларини ижро этиш билан боғлиқ харажатлар ҳақидаги маълумотларни;
операцион харажатлар, активларни сотишдан кўриладиган эҳтимолий зарарлар, банк тарафларидан бири бўлган шартномаларни муддатидан илгари бекор қилиш чоғида юзага келадиган зарарлар, шунингдек прогноз қилинаётган ҳар қандай бошқа харажатлар ҳақидаги маълумотларни;
банкни ихтиёрий тугатишни амалга ошириш муддатини;
банкни ихтиёрий тугатиш жараёни босқичларининг, шу жумладан ҳар бир босқич давомийлигининг, ҳар бир босқичда амалга ошириладиган ҳаракатларнинг тавсифини;
банкни ихтиёрий тугатиш жараёнининг ҳар бир босқичи учун истиқболли балансни, шунингдек уни тузишда фойдаланилган фаразлар ва эҳтимолликлар тавсифини.
250. Агар ушбу Низомнинг 248-бандида кўрсатилган, банк томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, Марказий банк банкдан бундай қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олишга ҳақли.
Банк ушбу банднинг биринчи хатбошисига мувофиқ сўралган қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни сўров олинган кундан эътиборан 30 кун ичида Марказий банкка тақдим этиши лозим. Бунда ушбу Низомнинг 251-банди биринчи хатбошисида белгиланган, банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
251. Марказий банк банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги ёки банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақидаги қарорни ушбу Низомнинг 248-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан икки ой ичида қабул қилади.
Марказий банк ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч иш куни ичида банкни қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади, бундан банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш ушбу Низомнинг 252-банди бешинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра рад этилган ҳолатлар мустасно.
252. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 248 ва 250-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги;
банк кредиторларнинг талабларини асосли кечиктиришсиз қаноатлантиришга қодир эмаслиги;
банкнинг ихтиёрий тугатиш режаси ушбу Низомнинг 249-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ эмаслиги;
банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки тўловга қобилиятсизлигининг юзага келиши эҳтимоли юқорилиги.
253. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш ушбу Низомнинг 252-банди иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларга кўра рад этилган тақдирда, банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома рад этиш асослари ҳамда банк рад этиш асосларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Мазкур муддат рад этиш асосларини бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши, аммо ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш банкнинг тўловга қобилиятсизлигига ёки тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимолининг юқорилигига доир асосларга кўра Марказий банк томонидан рад этилган тақдирда, Марказий банк банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
254. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этиш асослари банк томонидан банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатда бартараф этилган тақдирда, аризани қайта кўриб чиқиш банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.
Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар янгидан топширилган ҳисобланади ва Марказий банк томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
255. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани қайта кўриб чиқиш чоғида банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
256. Банкни тўловга қобилиятсиз ёки унинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори деб ҳисобланишига асос мавжуд бўлган тақдирда, Марказий банк банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этади ва банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақида банк ушбу Низомнинг 291-бандида белгиланган тартибда хабардор қилинади.
257. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
258. Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатнома берилганидан кейин банк Ўзбекистон Республикаси «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддасида назарда тутилган кафолатлаш объектларининг (бундан буён матнда кафолатлаш объектлари деб юритилади) тўлиқ қайтарилиши ва (ёки) бошқа банкка ўтказилиши бўйича чоралар кўради.
4-§. Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани олиш тартиби
259. Кафолатлаш объектлари тўлиқ қайтарилган ва (ёки) бошқа банкка ўтказилгандан сўнг банк акциядорларининг умумий йиғилиши йиғилишда иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорлар овозларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Барча овоз берувчи акциялари битта акциядорга тегишли бўлган банкда банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор бундай акциядор томонидан якка тартибда қабул қилинади.
260. Ушбу Низомнинг 259-бандида назарда тутилган қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида банк томонидан банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани олиш учун Марказий банкка қуйидагилар тақдим этилади:
1) ушбу Низомнинг 17-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза;
2) банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор;
3) кафолатлаш объектлари тўлиқ қайтарилганлигини ва (ёки) бошқа банкка ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
4) кафолатлаш объектлари тўлиқ қайтарилганидан ва (ёки) бошқа банкка ўтказилганидан кейин банкнинг зиммасида қолган мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотлар;
5) банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги банкнинг баланс ҳисоботи;
6) тугатувчининг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи қуйидаги ахборот ва ҳужжатлар:
ушбу Низомнинг 107-банди 4 — 10-кичик бандларида кўрсатилган ҳужжатлар;
тугатувчи ва тугатилаётган банк ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви юзасидан ушбу Низомнинг 18-иловасига мувофиқ шаклдаги ахборот.
261. Агар ушбу Низомнинг 260-бандида кўрсатилган, банк томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, Марказий банк банкдан бундай қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олишга ҳақли.
Банк ушбу банднинг биринчи хатбошисига мувофиқ сўралган қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни сўров олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида Марказий банкка тақдим этиши лозим. Бунда ушбу Низомнинг 262-бандида белгиланган, банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
262. Марказий банк банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш тўғрисидаги ёки банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақидаги қарорни ушбу Низомнинг 260-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан йигирма иш куни ичида қабул қилади.
263. Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 260 ва 261-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги;
кафолатлаш объектларининг тўлиқ ҳажмда қайтарилмаганлиги ва (ёки) бошқа банкка ўтказилмаганлиги;
тугатувчининг ушбу Низомнинг III бўлимида белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги;
банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки тўловга қобилиятсизлигининг юзага келиши эҳтимоли юқорилиги.
264. Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш ушбу Низомнинг 263-банди иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларга кўра рад этилган тақдирда, Марказий банк тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида банкни бу ҳақда ёзма шаклда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади.
Бунда банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада рад этиш асослари ҳамда банк рад этиш асосларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади. Мазкур муддат рад этиш асосларини бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши, аммо ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
265. Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани беришни рад этиш асослари банк томонидан банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатда бартараф этилган тақдирда, аризани қайта кўриб чиқиш банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.
Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар янгидан топширилган ҳисобланади ва Марказий банк томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
266. Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани қайта кўриб чиқиш чоғида банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
267. Банкни тўловга қобилиятсиз ёки унинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори деб ҳисобланишига асос мавжуд бўлган тақдирда, Марказий банк банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани беришни рад этади ва банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақида банк ушбу Низомнинг 291-бандида белгиланган тартибда хабардор қилинади.
268. Марказий банк томонидан банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш тўғрисидаги қарор билан бир вақтда банкнинг лицензиясини чақириб олиш ҳақида қарор қабул қилинади.
Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш ва банкнинг лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги қарор ўша куннинг ўзида банкка етказилади ҳамда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида ва унинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинади.
269. Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш ва банкнинг лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги қарор банкка етказилган пайтдан бошлаб банк банкни тугатиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолиятни (ҳаракатни) амалга оширишга ҳақли эмас.
270. Банкнинг ваколатли бошқарув органининг банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарори банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатнома берилганидан кейин кучга киради.
271. Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
5-§. Банкни ихтиёрий тугатишда амалга ошириладиган вазифалар
272. Ихтиёрий тугатилаётган банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг ваколатлари банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатнома берилган пайтдан эътиборан тугатувчига ўтади.
273. Тугатувчи банкни ихтиёрий тугатиш чоғида қуйидаги вазифаларни бажаради:
банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш ва банкнинг лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида оммавий ахборот воситаларида ва банкнинг расмий веб-сайтида банкни ихтиёрий тугатиш жараёни бошланганлиги, шунингдек кредиторлар томонидан талабларни тақдим этиш муддатлари тўғрисида эълон қилиш;
кредиторлар томонидан талабларни тақдим этиш муддати тугаганидан кейин бир ой ичида банкнинг оралиқ тугатиш балансини тузиш;
банкнинг кредиторлари билан ҳисоб-китобни амалга ошириш;
банк активларини сотиш бўйича чоралар кўриш;
кредиторлар билан ҳисоб-китоблар якунланганидан кейин банкнинг якуний тугатиш балансини тузиш;
ушбу бобнинг 11-параграфида белгиланган тартибда Марказий банкка ҳисобот ва маълумотларни тақдим этиш.
274. Тугатувчи Марказий банкнинг банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани бериш ва банкнинг лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ичида ушбу Низомнинг 273-бандида кўрсатилган, банкни ихтиёрий тугатиш билан боғлиқ барча ишларни якунлаши лозим. Тугатувчининг асослантирилган сўровига асосан Марказий банк ушбу муддатни кўпи билан олти ойга узайтиришга ҳақли.
275. Агар ихтиёрий тугатиш жараёнида банкнинг тўловга қобилиятсиз эканлиги аниқланса, тугатувчи зудлик билан Марказий банкни бу ҳақда хабардор қилиши ҳамда банкнинг молиявий ҳолатини тасдиқловчи тегишли ҳисоботни ва ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Марказий банк ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатларни ўн иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган асослардан бирортаси мавжуд бўлган тақдирда, банкни мажбурий тугатиш ҳақида тегишли қарор қабул қилади.
276. Банкнинг якуний тугатиш баланси тузилганидан сўнг банкнинг қолган мол-мулки акциядорлар ўртасида қонунчиликка мувофиқ тақсимланади.
277. Тугатувчи банкнинг қолган мол-мулки акциядорлар ўртасида тақсимланганидан сўнг ушбу бобнинг 10-параграфида белгиланган банкни тугатишни якунлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
6-§. Ихтиёрий тугатишда Марказий банк билан келишилиши лозим бўлган қарорлар
278. Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қуйидаги қарорлари (бундан буён матнда ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарори деб юритилади) Марказий банк билан келишилиши лозим:
тугатувчини алмаштиришни назарда тутувчи қарор;
банкнинг тугатиш режасига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қарор.
279. Ушбу Низомнинг 278-бандида кўрсатилган ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишиш учун банк мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Марказий банкка қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади:
1) тугатувчини алмаштиришни назарда тутувчи қарорни келишиш учун:
банк акциядорлари умумий йиғилишининг ёки банкнинг ягона акциядорининг тугатувчини алмаштириш ҳақидаги қарори;
ушбу Низомнинг 260-банди 6-кичик бандида кўрсатилган ахборот ва ҳужжатлар;
2) банкнинг тугатиш режасига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қарорини келишиш учун:
банк акциядорлари умумий йиғилишининг (акциядорнинг) банкнинг тугатиш режасига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарори;
банкнинг тугатиш режасига киритилаётган ўзгартиришлар матни ва мазкур ўзгартиришларни киритиш асослари.
280. Марказий банк ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини ушбу Низомнинг 279-бандида кўрсатилган тегишли ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан бир ой ичида келишади ёки келишишни рад этади.
281. Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 279-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги;
киритилаётган ўзгартиришлар натижасида ихтиёрий тугатиш режасининг ушбу Низомнинг 249-бандида кўрсатилган талабларга номувофиқ бўлиши — банкнинг тугатиш режасига ўзгартиришлар киритилган тақдирда;
тугатувчининг ушбу Низомнинг III бўлимида белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги — тугатувчи алмаштирилган тақдирда.
282. Марказий банк ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишиш ёки келишишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида банкни бу ҳақда ёзма шаклда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади.
Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишишни рад этиш ушбу Низомнинг 281-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларга кўра рад этилган тақдирда, ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада рад этиш асослари ҳамда банк рад этиш асосларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади. Мазкур муддат рад этиш асосларини бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши, аммо ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
283. Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишишни рад этиш асослари банк томонидан ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатда бартараф этилган тақдирда, аризани қайта кўриб чиқиш рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.
Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар янгидан топширилган ҳисобланади ва Марказий банк томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
284. Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишиш тўғрисидаги аризани қайта кўриб чиқиш чоғида ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
285. Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишиш ушбу Низомнинг 281-банди тўртинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра рад этилган тақдирда, банк янги тугатувчини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиши ва мазкур қарорни келишиш учун Марказий банкка қайта ариза тақдим этиши мумкин. Бунда ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва Марказий банк томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
286. Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарори Марказий банк билан келишилгандан сўнг кучга киради.
287. Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг қарорини келишиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
7-§. Банкни мажбурий тугатиш тартиби
288. Агар банк тизимли аҳамиятга молик деб эътироф этилмаган бўлса, у Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 77-моддасида назарда тутилган ҳолларда мажбурий тугатилиши мумкин.
Ихтиёрий тугатиш жараёнидаги банк ушбу Низомнинг 256, 267 ва 275-бандларида кўрсатилган ҳолларда мажбурий тугатилади.
289. Банкни мажбурий тугатиш суддан ташқари тартибда ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунининг 62-моддасига мувофиқ суд тартибида амалга оширилиши мумкин.
290. Банкни мажбурий тугатиш учун Марказий банк бошқаруви банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарорда мазкур қарорнинг кучга кириш санаси ҳамда аниқ вақти кўрсатилган бўлиши керак.
291. Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор мазкур қарор кучга кирган кунда мажбурий тугатиладиган банк раҳбариятига имзо қўйдириб топширилади.
292. Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга кирган вақтдан бошлаб банк банкни тугатиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолиятни (ҳаракатни) амалга оширишга ҳақли эмас.
293. Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга кирган кунда Марказий банк бу ҳақда Омонатларни кафолатлаш агентлигини, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини, тугатилаётган банк иштирокчиси бўлган тўлов тизимларини, тугатилаётган банк вакиллик ҳисобварақларига эга бўлган чет эл банкларини хабардор қилади.
Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор тугатилаётган банкнинг акциядорларини ва манфаатдор тарафларни хабардор қилиш мақсадида қарор кучга кирган куннинг ўзида Марказий банкнинг расмий веб-сайтида, қарор кучга кирган кундан эътиборан уч кун ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
294. Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга кирган кундан эътиборан:
банкнинг барча пул мажбуриятларини, шунингдек солиқлар ва йиғимлар бўйича кечиктирилган мажбуриятларини бажариш муддати бошланган деб ҳисобланади;
банкнинг барча турдаги мажбуриятлари бўйича фоизлар ва неустойкалар ҳисобланиши тўхтатилади;
мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек солиқлар ва йиғимлар бўйича аввал ҳисобланган ҳамда ундирилмаган мажбуриятлар юзасидан пенялар ва жарималарнинг ҳисобланиши тўхтатиб турилади;
банк мол-мулкини сотишдан тушумларнинг кредиторлар талабларини қаноатлантиришга йўналтирилган қисми қўшилган қиймат солиғидан ва даромад солиғидан озод этилади;
банк активларига нисбатан учинчи шахслар томонидан ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан талабларни қаноатлантириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ва ижро ишини юритиш бўйича ундирувни амалга ошириш тўхтатиб турилади, банкнинг мол-мулки хатлашдан озод этилади ва банкка нисбатан бошқа чекловлар олиб ташланади;
мижозларнинг банк ҳисобварақлари бўйича кирим ва чиқим операциялари тўхтатиб турилади;
банкнинг бошқа банклардаги ҳисобварақлари бўйича операциялари тўхтатиб турилади;
агар талаб ўтказилса ёки ундан бошқа шахс фойдасига воз кечилса, олувчи ёки сертификат бўйича талаб қилиб олиш ҳуқуқини олаётган тараф (сессионарий) мазкур талаб бўйича дастлабки устуворликни сақлаб қолади;
ижро ҳужжатларини ижро этиш тугатилади. Пул мажбуриятлари, солиқлар ва йиғимлар бўйича барча талаблар, бошқа мулкий талаблар фақат мажбурий тугатиш доирасида банкка тақдим этилиши мумкин, бундан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги, мол-мулкни бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги, асоссиз орттирилган бойликни қайтариш ҳақидаги, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талаблар, шунингдек жорий тўловлар бўйича талаблар мустасно.
Ушбу банднинг олтинчи хатбошисига мувофиқ тўхтатиб турилган жараёнлар, агар жараённинг предмети бўлган талаб оралиқ тугатиш балансига киритилган бўлса ва мазкур талабга нисбатан эътирозлар бўлмаса, Марказий банк томонидан оралиқ тугатиш баланси тасдиқланганидан кейин тугатилади.
295. Банк мажбурий тугатилаётганда тугатувчи Марказий банк бошқарувининг қарори билан тайинланади. Марказий банк тугатиш комиссияси таркибига Марказий банк ходимларини киритишга ҳақли.
Тугатувчи ушбу Низомнинг III бўлимида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Тугатувчи мажбурий тугатилаётган банкнинг ягона вакилидир.
296. Банкни мажбурий тугатишда тугатувчи тайинланган пайтдан эътиборан банк ишларини бошқариш бўйича ваколатлар, шу жумладан банк акциядорлари умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг ва бошқарувининг ваколатлари унга ўтади.
297. Тугатувчи банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга кирган кундан эътиборан уч кун ичида оммавий ахборот воситаларида ва банкнинг расмий веб-сайтида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборотни эълон қилади:
банкни мажбурий тугатиш бошланганлиги тўғрисидаги;
тугатилаётган банкнинг фирма номи ва реквизитлари ҳақидаги;
банкнинг тугатувчиси тўғрисидаги;
кредиторлар томонидан талаблар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги, шу жумладан кафолатлаш объектлари эгалари бўлган кредиторларни (омонатчиларни) Омонатларни кафолатлаш агентлигига компенсациялар тўланиши учун тугатувчи томонидан тақдим этилган реестрдаги маълумотлар билан таништириш ҳақидаги;
зарур бўлган бошқа маълумотларни.
298. Тугатувчи ушбу Низомнинг 297-бандида назарда тутилган ахборот эълон қилинган кундан эътиборан икки ой ичида:
барча кредиторларга уларнинг банкка нисбатан талабларининг тури ва миқдори тўғрисида хабарнома юбориши;
банк сейфларида сақлашга топширилган қимматликларни ўз эгаларига қайтариш учун зарур чоралар кўриши;
банк активларини аниқлаши, уларни талаб қилиб олиш ва мазкур активларни баҳолаш бўйича чоралар кўриши керак.
299. Тугатувчи тугатилаётган банк жойлашган ердаги Марказий банк ҳудудий бош бошқармасининг ҳисоб-китоб касса марказида ҳар бир валюта тури бўйича алоҳида тугатиш ҳисобварағини очади.
Тугатилаётган банкнинг барча маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги маблағлар ушбу тугатиш ҳисобварақларида сақланади.
300. Тугатувчи ушбу Низомнинг 307-бандида кўрсатилган, кредиторлар томонидан талабларни тақдим этиш муддати тугаганидан кейин икки ой ичида:
банк мол-мулкининг таркиби тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради;
кредиторларнинг талаблари реестрини шакллантиради;
оралиқ тугатиш балансини тузади.
301. Тугатувчи томонидан кредиторларнинг талаблари реестрини шакллантириш ушбу бобнинг 8-параграфида белгиланган тартибда амалга оширилади.
302. Оралиқ тугатиш баланси у тузилган кундан эътиборан уч иш куни ичида Марказий банкка кредиторларнинг талаблари реестри билан бирга тақдим этилади.
Марказий банк оралиқ тугатиш балансини у тақдим этилган кундан эътиборан ўн иш куни ичида тасдиқлайди.
303. Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш оралиқ тугатиш баланси Марказий банк томонидан тасдиқланганидан сўнг кейинги кундан бошланади, бундан ушбу Низомнинг 304-бандида кўрсатилган ҳоллар мустасно.
Кредиторларнинг талаблари ушбу бобнинг 9-параграфида белгиланган тартибда қаноатлантирилади.
304. Тугатувчи оралиқ тугатиш баланси Марказий банк томонидан тасдиқланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунининг 62-моддасида кўрсатилган ҳолларда ва тартибда судга мажбурий тугатилаётган банкни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Банкни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан тугатувчининг банкни мажбурий тугатишга доир вазифалари ва Марказий банкнинг бу борадаги ваколатлари тугатилади.
305. Банкни мажбурий тугатиш жараёнида мажбурий тугатилаётган банкнинг активлари ҳамда мажбуриятларини бошқа банкка ўтказиш ва (ёки) банкнинг активларини сотиш воситаларидан фойдаланилади.
Ушбу Низомда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мажбурий тугатиш воситаларидан фойдаланишда акциядорларнинг, омонатчилар ва кредиторларнинг, шунингдек бошқа манфаатдор шахсларнинг (тугатилаётган банкка гаров таъминотини ва кафолатлар тақдим этган шахсларнинг) розилиги талаб этилмайди.
Банкнинг мажбуриятлари бошқа банкка ўтказилган тақдирда, тугатувчи бу ҳақда кредиторларни банкнинг мажбуриятлари ўтказилган кундан эътиборан ўн иш куни ичида хабардор қилиши шарт.
8-§. Мажбурий тугатилаётган банк кредиторларининг талаблари реестрини шакллантириш тартиби
306. Кредиторлар томонидан талабларни тақдим этиш муддати банкни мажбурий тугатиш тўғрисида эълон қилинган пайтдан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги керак. Бунда мазкур муддат ушбу Низомнинг 297-бандига мувофиқ оммавий ахборот воситаларида ва банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган ахборотда кўрсатилади.
Кредиторларнинг барча талаблари фақат тугатувчига тақдим этилиши мумкин.
307. Тугатувчига кредиторларнинг талаблари ёзма шаклда, ариза ва мазкур талабларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади. Кредитор талаблар баён этилган аризада қуйидагиларни кўрсатиши шарт:
ўзи ҳақидаги маълумотларни;
юридик шахслар учун — фирманинг тўлиқ номини, жойлашган ерини (почта манзилини), банк реквизитларини;
жисмоний шахслар учун — жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини, почта манзили, банк реквизитларини (мавжуд бўлган тақдирда);
электрон почта манзилини (мавжуд бўлган тақдирда).
Аризада электрон почта манзилининг кўрсатилиши кредиторнинг банкка нисбатан талабларининг тури ва миқдори тўғрисидаги хабарномани, унинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилиши рад этилган тақдирда, бу ҳақдаги хабарномани электрон шаклда олишга бўлган розилигидир.
308. Кафолатлаш объектининг эгаси бўлган кредитор (омонатчи) тугатувчидан кафолатлаш объектининг фақат кафолатланган омонатдан ошадиган қисмини талаб қилишга ҳақли.
309. Тугатувчи кредиторлар томонидан талаблар тақдим этиш учун белгиланган муддат тугаганидан кейин икки ой ичида банкнинг бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларига, шунингдек кредиторлар томонидан тақдим этилган аризаларга асосан кредиторларнинг талаблари реестрини шакллантиради.
310. Банкнинг бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларига кўра аниқланган кредиторнинг талаблари ва кредитор томонидан ушбу Низомнинг 307-бандида белгиланган тартибда тақдим этилган талаблар мувофиқ бўлмаган тақдирда, бундай талабларнинг миқдори мазкур талабларни асословчи ҳужжатларга ёки суд қарорига асосан белгиланади.
311. Кредиторларнинг талаблари реестрида ҳар бир кредитор тўғрисидаги маълумотлар, талабларни кўриб чиқиш натижалари, яъни қаноатлантириш учун қабул қилинган ёки қаноатлантириш рад этилган талаблар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.
Кредиторларнинг талаблари реестри шакллантирилганидан кейин тугатувчи кредиторлар ўз талабларининг кўриб чиқилиши натижалари тўғрисида, талабларни қаноатлантиришнинг навбати ва бошланиши ҳақида ахборот олиши мумкин бўлган сана ва жой тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон бериши керак.
Кредиторларга кредиторларнинг талаблари реестри билан танишиш имконияти таъминланиши керак.
312. Тугатувчи кредиторнинг ёки унинг вакилининг талабига кўра, бундай талабнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида мазкур кредиторга ёки унинг вакилига унинг талабларини қаноатлантириш миқдори, таркиби ва навбати тўғрисида кредиторларнинг талаблари реестридан кўчирма юбориши шарт. Бундай кўчирмани тайёрлашга ва юборишга доир харажатлар кредиторнинг зиммасига юклатилади.
9-§. Мажбурий тугатилаётган банк кредиторларининг талабларини қаноатлантириш тартиби
313. Кредиторларнинг қуйидаги талаблари (бундан буён матнда банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатлар деб юритилади) навбатдан ташқари қаноатлантирилади:
коммунал хизматлар учун тўловлар, ижара ҳақи ва бошқа жорий хизматлар бўйича тўловлар;
тугатувчини мукофотлаш, банкнинг ходимларига ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш, тугатувчининг ва у банкни тугатишга жалб қилган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар;
суд харажатлари;
эълон бериш ҳамда хабарномалар юбориш билан боғлиқ харажатлар;
банк активларининг бут сақланишини таъминлаш, уларни бошқариш, баҳолаш ва инвентаризация қилиш билан боғлиқ харажатлар;
банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ бошқа харажатлар, шу жумладан солиқлар ва йиғимлар.
314. Кредиторларнинг банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатлар деб ҳисобланмайдиган талаблари қуйидаги навбатда қаноатлантирилади:
биринчи навбатда — санация қилиш воситаларини қўллаш ва банкни тугатиш мақсадида берилган маблағлар бўйича Марказий банкнинг, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳамда Омонатларни кафолатлаш агентлигининг талаблари;
иккинчи навбатда — Ўзбекистон Республикаси «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонуни 150-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талаблар;
учинчи навбатда — Ўзбекистон Республикаси «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 31-моддасига мувофиқ Омонатларни кафолатлаш агентлигига ўтган талаблар;
тўртинчи навбатда — Ўзбекистон Республикаси «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган кафолатлаш объектларининг кафолатланган омонат миқдоридан ошадиган қисмига доир талаблар;
бешинчи навбатда — ушбу банднинг учинчи — олтинчи ва саккизинчи — ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган тоифаларга тушмайдиган таъминланмаган талаблар, шу жумладан банкнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар етарли бўлмаганлиги натижасида қаноатлантирилмаган талаблар;
олтинчи навбатда — банкка алоқадор шахсларнинг талаблари;
еттинчи навбатда — капитал воситаси бўлмаган субординар қарзларга доир талаблар;
саккизинчи навбатда — иккинчи даражали капитал воситаси бўлган талаблар;
тўққизинчи навбатда — биринчи даражали қўшимча капитал воситаси бўлган талаблар.
Ҳар бир кейинги навбатнинг талаблари олдинги навбатнинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилганидан кейин қаноатлантирилади.
315. Тугатувчи кредиторлар билан ҳисоб-китобларни тугатиш массаси ҳисобидан, кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ амалга оширади.
316. Тугатиш жараёни бошланиши пайтида банкнинг барча активлари ҳамда тугатиш жараёни давомида аниқланган мол-мулки тугатиш массасини шакллантириш манбаси бўлади. Бунда тугатиш массасига қуйидагилар кирмайди:
гаров нарсаси бўлган мол-мулк, бундан ушбу Низомнинг 319-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
банк сейфларида сақлаш учун топширилган қимматликлар;
банк ижара ҳуқуқи асосида фойдаланаётган, ишончли бошқарувда бўлган мол-мулк;
мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун Марказий банкдан жалб этилган маблағлар;
қонунчиликка мувофиқ банкнинг мулки бўлмаган бошқа мол-мулк.
317. Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, тугатувчи банкнинг активларини, шу жумладан мол-мулкини сотишга ҳақли. Бунда тугатувчи оралиқ тугатиш баланси Марказий банк томонидан тасдиқланган кундан эътиборан ўн икки ой ичида банк активлари сотилишини таъминлаши керак.
Тугатувчининг асослантирилган сўровига асосан Марказий банк активларни сотиш муддатини кўпи билан ўн икки ойга узайтиришга ҳақли.
318. Банкнинг сотилиши қийин бўлган мол-мулки бир турдаги кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун уларнинг розилиги билан уларга тўғридан-тўғри топширилиши мумкин.
Ушбу Низом мақсадларида банкнинг сотилиши қийин бўлган мол-мулки деганда тугатувчи томонидан тугатилаётган банкнинг мол-мулкини сотиш учун барча мавжуд имкониятлар қўлланилгандан сўнг сотилмай қолган банкнинг мол-мулки тушунилади.
319. Кредиторларнинг банк мол-мулки билан таъминланган талабларини қаноатлантириш ушбу мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда гаров нарсаси бўлган банк мол-мулкини баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан мажбурий тартибда амалга оширилади.
Банк мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар мазкур кредиторларнинг талабларидан ортган тақдирда, уларнинг қолган қисми тугатиш массасига йўналтирилади.
Банк мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаган тақдирда, мазкур талабларнинг қаноатлантирилмаган қисми ушбу Низомнинг 314-бандида белгиланган навбатга мувофиқ қаноатлантирилади.
320. Кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган талабни кредиторга қайтариш ёки маблағларни унинг ҳисобварағига ўтказиш мумкин бўлмаган тақдирда, мазкур кредиторга тегишли маблағлар бошқа банкда унинг фойдасига очилган ҳисобвараққа ўтказилади.
321. Бир турдаги кредиторларнинг талабларини тўлиқ қаноатлантириш учун маблағлар етарли бўлмаганда ушбу талаблар ҳар бир кредиторга тегишли бўлган суммага мутаносиб равишда қаноатлантирилади.
322. Кредиторларнинг тугатувчи томонидан шакллантирилган талаблар реестрига киритилмаган, банкни мажбурий тугатишни бошлаш тўғрисидаги эълонда белгиланган кредиторлар талабларини тақдим этиш муддати тугаганидан кейин билдирилган талаблари, шунингдек мажбурий тугатиш бошланганидан кейин юзага келган солиқлар ва йиғимлар бўйича талаблар ушбу Низомнинг 315 ва 316-бандларида назарда тутилган тартибда, улар қайси муддатда тақдим этилганидан қатъи назар, талаблар рўйхатига киритилган кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин қаноатлантирилади.
323. Кредиторларнинг талаблари тугатилаётган банк ва кредитор талабларини ўзаро ҳисобга олиш йўли билан қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда қаноатлантирилиши мумкин:
талаблар бўйича тўлов муддатининг етиб келган бўлиши;
иккала тарафнинг қарзни инкассо қилиш ва тўлаш ҳуқуқига эга бўлиши;
кредиторнинг талабларини қаноатлантириш навбати етиб келган бўлиши;
тарафлар бир-бирига ариза билан мурожаат қилган бўлиши;
кредиторнинг тугатилаётган банкка нисбатан талаблари талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечишга доир шартнома туфайли юзага келмаган бўлиши;
кредиторнинг банкка алоқадор шахс бўлмаслиги.
324. Кредиторларнинг банкнинг мол-мулки етарли бўлмаганлиги сабабли қаноатлантирилмаган талаблари қаноатлантирилган деб ҳисобланади.
325. Тугатувчи кредиторларнинг талаблари реестрига кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади.
326. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар якунланганидан кейин тугатувчи якуний тугатиш балансини тузади.
327. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар якунланганидан кейин қолган тугатиш массаси акциядорлар ўртасида қонунчиликка мувофиқ тақсимланади.
10-§. Банкни тугатишни якунлаш
328. Тугатувчи ушбу бобнинг тегишинча 5 ёки 9-параграфларида назарда тутилган тартиб-таомиллар якунланганидан кейин банк қимматли қоғозлари чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини бекор қилиш учун зарур бўлган чора-тадбирларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширади.
329. Тугатувчи банк қимматли қоғозлари чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бекор қилинган кундан эътиборан беш иш куни ичида Марказий банкка тугатиш якунланганлигини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
тугатувчи томонидан қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни;
банкни тугатиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилган эълонларнинг кўчирма нусхаларини;
банкнинг охирги иш кунидаги балансини;
якуний тугатиш балансини;
балансдан ташқари ҳисобварақлар бўйича якуний тугатиш балансини;
банк ҳужжатларини ва йиғмажилдларини йўқ қилиш учун ажратиш тўғрисидаги далолатномани;
банк ҳужжатларини ва электрон базаси маълумотларини архивда сақлаш учун тузилган қабул қилиш-топшириш тўғрисидаги далолатномани;
банкнинг муҳрлари ва штамплари йўқ қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатни;
банк қимматли қоғозлари чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бекор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни.
330. Тугатувчи томонидан қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисоботда қуйидагилар акс эттирилиши керак:
тугатилаётган банкнинг номи ва манзили;
тугатувчи тўғрисидаги маълумотлар;
ундирилган дебиторлик қарзларининг умумий суммаси;
шакллантирилган тугатиш массаси тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан банкнинг мол-мулкини инвентаризация қилиш жараёни ва натижалари ҳақидаги, мол-мулкни баҳолаш жараёни ҳамда натижалари тўғрисидаги, уларни сотишдан тушган маблағлар ҳақидаги, банкнинг мол-мулкини сотиб олган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
яроқсиз ёки қимматга эга бўлмаган деб топилган активлар тўғрисидаги маълумотлар;
тугатувчининг банкнинг қолган активлари ликвидли эмаслиги ёки уларни сотиш мураккаблиги ҳақидаги хулосасининг асоси;
кредиторлар томонидан тақдим этилган талабларнинг умумий суммаси, шу жумладан тугатувчи томонидан тан олинган ва тан олинмаган талаблар суммаси, ҳар бир навбат кредиторлари талабларининг қаноатлантирилган умумий суммаси, банкнинг сотилмаган мол-мулки ҳисобидан тўғридан-тўғри қаноатлантирилган талаблар суммаси;
банкнинг мол-мулки етарли бўлмаганлиги сабабли қаноатлантирилган деб ҳисобланадиган талаблар суммаси, шунингдек банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатларнинг ҳар бир моддаси тўғрисидаги маълумотлар — банк мажбурий тугатилган тақдирда. Бунда банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш учун Марказий банкнинг маблағларидан фойдаланилган ҳолларда мазкур маблағлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
331. Банк ихтиёрий тугатилганда ёки суддан ташқари тартибда мажбурий тугатилган тақдирда, Марказий банк якуний тугатиш балансини ушбу Низомнинг 330-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн иш куни ичида тасдиқлайди ҳамда Банкларнинг давлат реестрига банкни тугатиш якунланганлиги ва банк тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритади.
332. Банкларнинг давлат реестрига банк тугатилганлиги тўғрисидаги ёзув киритилган кундан эътиборан банкни тугатиш тамомланган, банк эса тугатилган деб ҳисобланади.
11-§. Банкни тугатиш жараёнида тугатувчининг ҳисобдорлиги
333. Тугатувчи ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ушбу Низомнинг 336-бандида кўрсатилган ҳисобот ва маълумотларни Марказий банкка тақдим этиши лозим.
334. Тугатувчи томонидан Марказий банкка тақдим этиладиган ҳисобот ва маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
тугатиш жараёни тўғрисидаги, шу жумладан кредиторларнинг қаноатлантирилган талаблари, сотилган ва сотилаётган активлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳисоботни;
банкни тугатиш режасини амалга оширишга ёки банкни тугатишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар тўғрисидаги ахборотни;
Марказий банкнинг сўровига кўра унинг тугатиш жараёни устидан назоратни амалга ошириши учун зарур бўлган бошқа маълумотларни.
VII бўлим. Якуний қоидалар
335. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
336. Банк фаолиятига рухсат беришга доир низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
337. Марказий банкнинг қарорлари устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.».
10. 11-илованинг 6.1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6.1. Сизнинг қуйида келтирилган соҳалардаги билим даражангиз:
Соҳа номи Билим даражаси юқори ўртача паст мавжуд эмас Банк фаолиятининг асосий йўналишлари ва улар билан боғлиқ бўлган таваккалчиликлар Молиявий бозорлар, шу жумладан пул бозори ва қимматли қоғозлар бозори Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи Таваккалчиликларни бошқариш Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш Ички аудит Ахборот технологиялари ва хавфсизлик Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Стратегик режалаштириш Экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойиллари
11. 16-илова мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг 1-иловасига мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
12. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг 2 ва 3-иловаларига мувофиқ таҳрирдаги 17 ва 18-иловалар билан тўлдирилсин.
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга 1-ИЛОВА
«Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга 16-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатнома бериш тўғрисида АРИЗА _________________________________________________________________________________________ (банкнинг тўлиқ фирма номи) акциядорлари умумий йиғилишининг (ягона акциядорининг) 20__ йил «__» _________ даги банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги ______-сон қарори қабул қилинганлиги муносабати билан Сиздан банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатнома беришингизни сўраймиз. I. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР): __________________________ II. Боғланиш учун масъул шахс: Ф.И.О.: __________________________________________________________________ Эгаллаб турган лавозими: ___________________________________________________ Телефон рақами: __________________________________________________________ Электрон почта манзили: ___________________________________________________ III. Аризага илова қилинган ҳужжатлар рўйхати (___ варақда) : 1) __________________________________________ (___ варақда) 2) __________________________________________ (___ варақда) 3) __________________________________________ (___ варақда) … «___» _________________ 20___ й. Кузатув кенгаши раиси ___________ (имзо) ».
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга 2-ИЛОВА
«Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга 17-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатнома бериш тўғрисида АРИЗА ________________________________________________________________________________________ (банкнинг тўлиқ фирма номи) акциядорлари умумий йиғилишининг (ягона акциядорининг) 20__ йил «__» _________ даги банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги ______-сон қарори қабул қилинганлиги муносабати билан Сиздан банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатнома беришингизни сўраймиз. Ушбу орқали банкдаги кафолатлаш объектлари тўлиқ қайтарилганлигини ва (ёки) бошқа банкка ўтказилганлигини тасдиқлаймиз. I. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР): __________________________ II. Боғланиш учун масъул шахс: Ф.И.О.: __________________________________________________________________ Эгаллаб турган лавозими: ___________________________________________________ Телефон рақами: __________________________________________________________ Электрон почта манзили: ___________________________________________________ III. Аризага илова қилинган ҳужжатлар рўйхати (___ варақда) : 1) __________________________________________ (___ варақда) 2) __________________________________________ (___ варақда) 3) __________________________________________ (___ варақда) … «___» _________________ 20___ й. Кузатув кенгаши раиси ___________ (имзо) ».
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга 3-ИЛОВА
«Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга 18-ИЛОВА
Тугатувчи ва тугатилаётган банк ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви юзасидан
1. Тугатувчининг Ф.И.О.: __________________________________________________; 2. Тугатувчи ва унинг яқин қариндошларининг тугатилаётган банк олдидаги мажбуриятлари. Бунда яқин қариндошлар деганда ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари тушунилади. Ф.И.О. ЖШШИР Қариндошлик даражаси 1 Мажбурият миқдори Мажбурият тури 2 Мажбурият юзага келган сана Миллий валютадаги мажбурият Хорижий валютадаги мажбурият 3. Тугатилаётган банкнинг тугатувчи ва унинг яқин қариндошлари олдидаги мажбуриятлари: Ф.И.О. ЖШШИР Қариндошлик даражаси Талаб миқдори Талаб тури 3 Талаб юзага келган сана Миллий валютадаги талаб Хорижий валютадаги талаб 4. Тугатувчи ва унинг яқин қариндошларининг тугатилаётган банкда сўнгги 5 йил ичидаги меҳнат фаолияти: Ф.И.О. ЖШШИР Қариндошлик даражаси Эгаллаган лавозими Меҳнат фаолияти даври Бошланган сана Якунланган сана 5. Тугатилаётган банкда тугатувчи ва унинг яқин қариндошлари томонидан эгалик қилинаётган ёки сўнгги 5 йил ичида эгалик қилинган улушлар: Ф.И.О. ЖШШИР Қариндошлик даражаси Улуш миқдори 4 Улушга эгалик қилиш даври Сўмда Фоизда Бошланган сана Якунланган сана 5 6. Тугатувчининг сўнгги 5 йил давомида бошқа банкларнинг ҳал қилувчи эгаликка эга акциядори ва (ёки) бошқарув органлари аъзоси сифатидаги муносабатлари: Банк номи Эгаллаган лавозими Улуш миқдори Меҳнат фаолияти (улушга эгалик қилиш) даври Сўмда Фоизда Бошланган сана Якунланган сана 7. Тугатиш жараёнида тугатувчи ўз вазифаларини холис бажаришига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа молиявий ва ишбилармонлик манфаатлари ёки ҳолатлар ҳақида батафсил маълумотлар: ___________________________________________
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 3 декабрь,
32/1-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining
Qarori
MAʼLUMOT
Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi, “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi hamda “ Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 25-maydagi 12/1-son qarori (roʻyxat raqami 3252, 2020-yil 30-iyun) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.06.2020-y., 10/20/3252/1098-son) bilan tasdiqlangan Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2025-yil 3-dekabrdagi 32/1-son qaroriga ILOVA
Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 77-bandda :
a) 4-kichik band oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin;
b) 5-kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“5) ixtiyoriy tugatilayotgan bankning tugatuvchisi (agar tugatish komissiyasi tayinlansa, uning rahbari va aʼzolari).”.
2. 80 va 85-bandning birinchi xatboshisi “rahbar” degan soʻzdan keyin “xodim” degan soʻz bilan toʻldirilsin.
3. 82 — 84-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“82. Bank tomonidan mazkur Nizomning 81-bandiga muvofiq amalga oshirilgan qayta baholash natijalari rahbar xodimlarning mazkur Nizom talablariga endilikda muvofiq emasligini koʻrsatgan taqdirda, bank nomuvofiqlik aniqlangan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida Markaziy bankni bu haqda yozma ravishda xabardor qiladi va quyidagi choralardan birini amalga oshiradi:
teng darajadagi rahbar xodimlar oʻrtasida majburiyatlarni qayta taqsimlash;
rahbar xodimlarni kasbiy tayyorlash;
manfaatlar toʻqnashuvini tartibga solish;
rahbar xodimlarni almashtirish.
83. Rahbar xodimlarni baholash va kelishib olish quyidagi holatlarda amalga oshiriladi:
bankni tashkil etishga doir dastlabki ruxsatnomani olish hamda bankni davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish toʻgʻrisidagi arizalarni koʻrib chiqish doirasida;
rahbar xodimlar lavozimiga kirishishidan oldin, bundan mazkur Nizomning 84-bandida koʻrsatilgan holatlar mustasno;
bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani olish hamda ixtiyoriy tugatilayotgan bankning tugatuvchisini almashtirish toʻgʻrisidagi qarorni kelishish doirasida;
rahbar xodimlarning mazkur Nizom talablariga muvofiqligiga taʼsir koʻrsatuvchi yangi holatlar vujudga kelganda.
84. Rahbar xodimlarning mazkur Nizom talablariga muvofiqligiga taʼsir koʻrsatuvchi yangi holatlar mavjud boʻlmaganda, quyidagilarni qayta kelishib olish talab etilmaydi:
shu bankning oʻzida yangi muddatga saylangan kuzatuv kengashi aʼzosini;
kelishib olingan kunidan boshlab 12 oy mobaynida shu bankning oʻzida oʻsha talablar qoʻyilgan boshqa lavozimga yoki oʻzi egallab turgan lavozimga qayta saylangan yoki tayinlangan rahbar xodimlarni;
shu bankning oʻzida, oʻsha talablar yoki kamroq talablar qoʻyilgan quyiroq darajadagi boshqa lavozimga tayinlangan rahbar xodimlarni.”.
4. 87-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“87. Bankning rahbar xodimlari, majburiy tugatilayotgan bankning tugatuvchisi, bankning maxsus boshqaruvchisi va vaqtinchalik boshqaruvchisi mazkur Nizom talablari bilan belgilangan ishchanlik obroʻsi, tajriba, bilim va koʻnikmalar, mustaqil mulohaza yuritish, vaqtining yetarliligi mezonlariga muvofiq boʻlishi lozim.”.
5. 93-bandning toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“muhim ahamiyatga ega xodimlari, bankning tugatuvchisi, vaqtinchalik boshqaruvchisi yoki maxsus boshqaruvchisi uchun — moliya-iqtisod yoʻnalishi hamda bankning asosiy yoʻnalishi va xususiyatidan kelib chiqib boshqa mutaxassisliklar.”.
6. 94-bandning yettinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“bankning tugatuvchisi, vaqtinchalik boshqaruvchisi yoki maxsus boshqaruvchisi uchun — bank va (yoki) moliya tizimida kamida 5 yillik ish tajribasiga, shu jumladan kamida 3 yillik rahbarlik lavozimlarida ish tajribasiga ega boʻlishi.”.
7. 97-bandning “b” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“b) kasbiy manfaatlar toʻqnashuvi. Nomzod yoki uning yaqin qarindoshlari oxirgi 2 yil davomida mazkur Nizomning 77-bandida koʻrsatilgan lavozimlarni raqobatchi banklarda yoki bank yoki uning istalgan raqobatchisi bilan sezilarli tijorat aloqalari mavjud boʻlgan tashkilotlarda tenglashtirilgan lavozimlarni egallagan yoki egallab turgan boʻlsa;”.
8. 104-band quyidagi mazmundagi oʻn ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“ekologik, ijtimoiy va korporativ boshqaruv (ESG) tamoyillarini hamda iqlim oʻzgarishi bilan bogʻliq tavakkalchiliklarni boshqarishni.”.
9. VI boʻlimning 2-bobi va VII boʻlim quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“2-bob. Bankni tugatish
1-§. Bankni tugatish asoslari
240. Bank faoliyatini tugatish va bankni tugatish ixtiyoriy tugatish yoki majburiy tugatish shaklida amalga oshirilishi mumkin.
241. Bankni ixtiyoriy tugatish Markaziy bankning bankni ixtiyoriy tugatishga doir roziligiga asosan amalga oshiriladi.
Bankni majburiy tugatish Markaziy bank boshqaruvining litsenziyani chaqirib olish va bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qarori (bundan buyon matnda bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror deb yuritiladi) asosida amalga oshiriladi.
2-§. Bankni ixtiyoriy tugatishga oid umumiy qoidalar
242. Agar bank toʻlovga qobiliyatsiz boʻlmasa yoki uning toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimoli yuqori boʻlmasa, u ixtiyoriy tugatilishi mumkin.
Bunda Oʻzbekiston Respublikasi “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunining 20-moddasi ikkinchi va uchinchi qismlarida koʻrsatilgan holatlardan biri yuzaga kelganda bank toʻlovga qobiliyatsiz yoki uning toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimoli yuqori deb hisoblanadi.
243. Markaziy bankning bankni ixtiyoriy tugatishga doir roziligini olish quyidagi ikki bosqichda amalga oshiriladi:
bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish;
bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani olish.
244. Bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining (aksiyadorning) bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi qarorini bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olmasdan turib hamda bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qarorini bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani olmasdan turib uchinchi shaxslarga oshkor etish taqiqlanadi.
245. Tugatuvchi bank ixtiyoriy tugatilayotganda aksiyadorlarning umumiy yigʻilishi tomonidan tayinlanadi. Agar tugatuvchi tayinlanmagan boʻlsa, u Markaziy bank boshqaruvining qarori bilan tayinlanadi.
Tugatuvchi ushbu Nizomning III boʻlimida belgilangan talablarga muvofiq boʻlishi kerak.
246. Oʻzbekiston Respublikasi “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunining 48-moddasiga muvofiq Markaziy bank bank ixtiyoriy tugatilayotganda Markaziy bankka taqdim etilgan hujjatlar va (yoki) maʼlumotlar auditorlik tashkiloti tomonidan tasdiqlanishini bankdan talab qilishga haqli.
3-§. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish tartibi
247. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish uchun bank aksiyadorlarining umumiy yigʻilishida ishtirok etayotgan ovoz beruvchi aksiyalar egalari boʻlgan aksiyadorlar ovozlarining toʻrtdan uch qismidan iborat koʻpchilik ovozi bilan bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.
Barcha ovoz beruvchi aksiyalari bitta aksiyadorga tegishli boʻlgan bankda bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi qaror bunday aksiyador tomonidan yakka tartibda qabul qilinadi hamda yozma shaklda rasmiylashtiriladi.
248. Ushbu Nizomning 247-bandida nazarda tutilgan qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida bank tomonidan bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish uchun Markaziy bankka quyidagilar taqdim etiladi:
ushbu Nizomning 16-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza;
bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi qaror. Bunda bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi qarorda bankni ixtiyoriy tugatish sabablari batafsil koʻrsatiladi;
bank aksiyadorlarining umumiy yigʻilishi yoki bankning yagona aksiyadori tomonidan tasdiqlangan bankning ixtiyoriy tugatish rejasi;
bankning bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan sanadagi balans hisoboti.
249. Bankning ixtiyoriy tugatish rejasi quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:
auditorlik tashkiloti tomonidan tasdiqlangan, bank aktivlari va majburiyatlarining tugatilish qiymati haqidagi maʼlumotlarni;
bankning kreditorlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni;
joriy va ehtimoliy sud jarayonlari haqidagi, shuningdek sud xarajatlari va sud qarorlarini ijro etish bilan bogʻliq xarajatlar haqidagi maʼlumotlarni;
operatsion xarajatlar, aktivlarni sotishdan koʻriladigan ehtimoliy zararlar, bank taraflaridan biri boʻlgan shartnomalarni muddatidan ilgari bekor qilish chogʻida yuzaga keladigan zararlar, shuningdek prognoz qilinayotgan har qanday boshqa xarajatlar haqidagi maʼlumotlarni;
bankni ixtiyoriy tugatishni amalga oshirish muddatini;
bankni ixtiyoriy tugatish jarayoni bosqichlarining, shu jumladan har bir bosqich davomiyligining, har bir bosqichda amalga oshiriladigan harakatlarning tavsifini;
bankni ixtiyoriy tugatish jarayonining har bir bosqichi uchun istiqbolli balansni, shuningdek uni tuzishda foydalanilgan farazlar va ehtimolliklar tavsifini.
250. Agar ushbu Nizomning 248-bandida koʻrsatilgan, bank tomonidan taqdim etilgan hujjatlar va maʼlumotlar bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berish toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun yetarli boʻlmasa, Markaziy bank bankdan bunday qarorni qabul qilish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrab olishga haqli.
Bank ushbu bandning birinchi xatboshisiga muvofiq soʻralgan qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrov olingan kundan eʼtiboran 30 kun ichida Markaziy bankka taqdim etishi lozim. Bunda ushbu Nizomning 251-bandi birinchi xatboshisida belgilangan, bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish muddati toʻxtatib turiladi.
251. Markaziy bank bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi yoki bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni asoslantirilgan holda rad etish haqidagi qarorni ushbu Nizomning 248-bandida koʻrsatilgan barcha hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran ikki oy ichida qabul qiladi.
Markaziy bank ushbu bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran uch ish kuni ichida bankni qabul qilingan qaror toʻgʻrisida yozma shaklda, shu jumladan axborot-kommunikatsiya tizimi orqali elektron shaklda xabardor qiladi, bundan bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berish ushbu Nizomning 252-bandi beshinchi xatboshisida koʻrsatilgan asosga koʻra rad etilgan holatlar mustasno.
252. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:
ushbu Nizomning 248 va 250-bandlarida koʻrsatilgan hujjatlar va maʼlumotlarning toʻliq taqdim etilmaganligi yoki qonunchilik talablariga muvofiq emasligi;
bank kreditorlarning talablarini asosli kechiktirishsiz qanoatlantirishga qodir emasligi;
bankning ixtiyoriy tugatish rejasi ushbu Nizomning 249-bandida koʻrsatilgan talablarga muvofiq emasligi;
bankning toʻlovga qobiliyatsizligi yoki toʻlovga qobiliyatsizligining yuzaga kelishi ehtimoli yuqoriligi.
253. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berish ushbu Nizomning 252-bandi ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarga koʻra rad etilgan taqdirda, bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnoma rad etish asoslari hamda bank rad etish asoslarini bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi. Mazkur muddat rad etish asoslarini bartaraf etish uchun zarur boʻlgan vaqtga mutanosib boʻlishi, ammo oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.
Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berish bankning toʻlovga qobiliyatsizligiga yoki toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimolining yuqoriligiga doir asoslarga koʻra Markaziy bank tomonidan rad etilgan taqdirda, Markaziy bank bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
254. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish asoslari bank tomonidan bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddatda bartaraf etilgan taqdirda, arizani qayta koʻrib chiqish bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish uchun zarur boʻlgan barcha hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻttiz ish kunidan oshmagan muddatda amalga oshiriladi.
Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtganidan keyin taqdim etilgan ariza va hujjatlar yangidan topshirilgan hisoblanadi va Markaziy bank tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.
255. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi arizani qayta koʻrib chiqish chogʻida bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish haqidagi xabarnomada ilgari koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
256. Bankni toʻlovga qobiliyatsiz yoki uning toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimoli yuqori deb hisoblanishiga asos mavjud boʻlgan taqdirda, Markaziy bank bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni rad etadi va bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinganligi haqida bank ushbu Nizomning 291-bandida belgilangan tartibda xabardor qilinadi.
257. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish va qayta koʻrib chiqish uchun yigʻim undirilmaydi.
258. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnoma berilganidan keyin bank Oʻzbekiston Respublikasi “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Qonunining 25-moddasida nazarda tutilgan kafolatlash obyektlarining (bundan buyon matnda kafolatlash obyektlari deb yuritiladi) toʻliq qaytarilishi va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilishi boʻyicha choralar koʻradi.
4-§. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani olish tartibi
259. Kafolatlash obyektlari toʻliq qaytarilgan va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilgandan soʻng bank aksiyadorlarining umumiy yigʻilishi yigʻilishda ishtirok etayotgan ovoz beruvchi aksiyalar egalari boʻlgan aksiyadorlar ovozlarining toʻrtdan uch qismidan iborat koʻpchilik ovozi bilan bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Barcha ovoz beruvchi aksiyalari bitta aksiyadorga tegishli boʻlgan bankda bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qaror bunday aksiyador tomonidan yakka tartibda qabul qilinadi.
260. Ushbu Nizomning 259-bandida nazarda tutilgan qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida bank tomonidan bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani olish uchun Markaziy bankka quyidagilar taqdim etiladi:
1) ushbu Nizomning 17-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza;
2) bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qaror;
3) kafolatlash obyektlari toʻliq qaytarilganligini va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjatlar;
4) kafolatlash obyektlari toʻliq qaytarilganidan va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilganidan keyin bankning zimmasida qolgan majburiyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
5) bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan sanadagi bankning balans hisoboti;
6) tugatuvchining belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlovchi quyidagi axborot va hujjatlar:
ushbu Nizomning 107-bandi 4 — 10-kichik bandlarida koʻrsatilgan hujjatlar;
tugatuvchi va tugatilayotgan bank oʻrtasidagi manfaatlar toʻqnashuvi yuzasidan ushbu Nizomning 18-ilovasiga muvofiq shakldagi axborot.
261. Agar ushbu Nizomning 260-bandida koʻrsatilgan, bank tomonidan taqdim etilgan hujjatlar va maʼlumotlar bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun yetarli boʻlmasa, Markaziy bank bankdan bunday qarorni qabul qilish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrab olishga haqli.
Bank ushbu bandning birinchi xatboshisiga muvofiq soʻralgan qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrov olingan kundan eʼtiboran oʻttiz kun ichida Markaziy bankka taqdim etishi lozim. Bunda ushbu Nizomning 262-bandida belgilangan, bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish muddati toʻxtatib turiladi.
262. Markaziy bank bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi yoki bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berishni asoslantirilgan holda rad etish haqidagi qarorni ushbu Nizomning 260-bandida koʻrsatilgan barcha hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran yigirma ish kuni ichida qabul qiladi.
263. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:
ushbu Nizomning 260 va 261-bandlarida koʻrsatilgan hujjatlar va maʼlumotlarning toʻliq taqdim etilmaganligi yoki qonunchilik talablariga muvofiq emasligi;
kafolatlash obyektlarining toʻliq hajmda qaytarilmaganligi va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilmaganligi;
tugatuvchining ushbu Nizomning III boʻlimida belgilangan talablarga muvofiq emasligi;
bankning toʻlovga qobiliyatsizligi yoki toʻlovga qobiliyatsizligining yuzaga kelishi ehtimoli yuqoriligi.
264. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish ushbu Nizomning 263-bandi ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarga koʻra rad etilgan taqdirda, Markaziy bank tegishli qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida bankni bu haqda yozma shaklda, shu jumladan axborot-kommunikatsiya tizimi orqali elektron shaklda xabardor qiladi.
Bunda bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada rad etish asoslari hamda bank rad etish asoslarini bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatiladi. Mazkur muddat rad etish asoslarini bartaraf etish uchun zarur boʻlgan vaqtga mutanosib boʻlishi, ammo oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.
265. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish asoslari bank tomonidan bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddatda bartaraf etilgan taqdirda, arizani qayta koʻrib chiqish bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani olish uchun zarur boʻlgan barcha hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kunidan oshmagan muddatda amalga oshiriladi.
Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtganidan keyin taqdim etilgan ariza va hujjatlar yangidan topshirilgan hisoblanadi va Markaziy bank tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.
266. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi arizani qayta koʻrib chiqish chogʻida bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada ilgari koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
267. Bankni toʻlovga qobiliyatsiz yoki uning toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimoli yuqori deb hisoblanishiga asos mavjud boʻlgan taqdirda, Markaziy bank bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berishni rad etadi va bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinganligi haqida bank ushbu Nizomning 291-bandida belgilangan tartibda xabardor qilinadi.
268. Markaziy bank tomonidan bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi qaror bilan bir vaqtda bankning litsenziyasini chaqirib olish haqida qaror qabul qilinadi.
Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish va bankning litsenziyasini chaqirib olish toʻgʻrisidagi qaror oʻsha kunning oʻzida bankka yetkaziladi hamda Markaziy bankning rasmiy veb-saytida va uning ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida eʼlon qilinadi.
269. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish va bankning litsenziyasini chaqirib olish toʻgʻrisidagi qaror bankka yetkazilgan paytdan boshlab bank bankni tugatish bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa faoliyatni (harakatni) amalga oshirishga haqli emas.
270. Bankning vakolatli boshqaruv organining bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qarori bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnoma berilganidan keyin kuchga kiradi.
271. Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish va qayta koʻrib chiqish uchun yigʻim undirilmaydi.
5-§. Bankni ixtiyoriy tugatishda amalga oshiriladigan vazifalar
272. Ixtiyoriy tugatilayotgan bank kuzatuv kengashining va boshqaruvining vakolatlari bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnoma berilgan paytdan eʼtiboran tugatuvchiga oʻtadi.
273. Tugatuvchi bankni ixtiyoriy tugatish chogʻida quyidagi vazifalarni bajaradi:
bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish va bankning litsenziyasini chaqirib olish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch kun ichida ommaviy axborot vositalarida va bankning rasmiy veb-saytida bankni ixtiyoriy tugatish jarayoni boshlanganligi, shuningdek kreditorlar tomonidan talablarni taqdim etish muddatlari toʻgʻrisida eʼlon qilish;
kreditorlar tomonidan talablarni taqdim etish muddati tugaganidan keyin bir oy ichida bankning oraliq tugatish balansini tuzish;
bankning kreditorlari bilan hisob-kitobni amalga oshirish;
bank aktivlarini sotish boʻyicha choralar koʻrish;
kreditorlar bilan hisob-kitoblar yakunlanganidan keyin bankning yakuniy tugatish balansini tuzish;
ushbu bobning 11-paragrafida belgilangan tartibda Markaziy bankka hisobot va maʼlumotlarni taqdim etish.
274. Tugatuvchi Markaziy bankning bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani berish va bankning litsenziyasini chaqirib olish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran oʻn ikki oy ichida ushbu Nizomning 273-bandida koʻrsatilgan, bankni ixtiyoriy tugatish bilan bogʻliq barcha ishlarni yakunlashi lozim. Tugatuvchining asoslantirilgan soʻroviga asosan Markaziy bank ushbu muddatni koʻpi bilan olti oyga uzaytirishga haqli.
275. Agar ixtiyoriy tugatish jarayonida bankning toʻlovga qobiliyatsiz ekanligi aniqlansa, tugatuvchi zudlik bilan Markaziy bankni bu haqda xabardor qilishi hamda bankning moliyaviy holatini tasdiqlovchi tegishli hisobotni va hujjatlarni taqdim etishi kerak.
Markaziy bank ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan hujjatlarni oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqadi hamda Oʻzbekiston Respublikasi “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunining 20-moddasi ikkinchi va uchinchi qismlarida koʻrsatilgan asoslardan birortasi mavjud boʻlgan taqdirda, bankni majburiy tugatish haqida tegishli qaror qabul qiladi.
276. Bankning yakuniy tugatish balansi tuzilganidan soʻng bankning qolgan mol-mulki aksiyadorlar oʻrtasida qonunchilikka muvofiq taqsimlanadi.
277. Tugatuvchi bankning qolgan mol-mulki aksiyadorlar oʻrtasida taqsimlanganidan soʻng ushbu bobning 10-paragrafida belgilangan bankni tugatishni yakunlash boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshiradi.
6-§. Ixtiyoriy tugatishda Markaziy bank bilan kelishilishi lozim boʻlgan qarorlar
278. Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning quyidagi qarorlari (bundan buyon matnda ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarori deb yuritiladi) Markaziy bank bilan kelishilishi lozim:
tugatuvchini almashtirishni nazarda tutuvchi qaror;
bankning tugatish rejasiga oʻzgartirishlar kiritishni nazarda tutuvchi qaror.
279. Ushbu Nizomning 278-bandida koʻrsatilgan ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishish uchun bank mazkur qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran oʻn kun ichida Markaziy bankka quyidagilarni ilova qilgan holda ariza taqdim etadi:
1) tugatuvchini almashtirishni nazarda tutuvchi qarorni kelishish uchun:
bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining yoki bankning yagona aksiyadorining tugatuvchini almashtirish haqidagi qarori;
ushbu Nizomning 260-bandi 6-kichik bandida koʻrsatilgan axborot va hujjatlar;
2) bankning tugatish rejasiga oʻzgartirishlar kiritishni nazarda tutuvchi qarorini kelishish uchun:
bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining (aksiyadorning) bankning tugatish rejasiga oʻzgartirishlar kiritish haqidagi qarori;
bankning tugatish rejasiga kiritilayotgan oʻzgartirishlar matni va mazkur oʻzgartirishlarni kiritish asoslari.
280. Markaziy bank ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini ushbu Nizomning 279-bandida koʻrsatilgan tegishli hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran bir oy ichida kelishadi yoki kelishishni rad etadi.
281. Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:
ushbu Nizomning 279-bandida koʻrsatilgan hujjatlar va maʼlumotlarning toʻliq taqdim etilmaganligi yoki qonunchilik talablariga muvofiq emasligi;
kiritilayotgan oʻzgartirishlar natijasida ixtiyoriy tugatish rejasining ushbu Nizomning 249-bandida koʻrsatilgan talablarga nomuvofiq boʻlishi — bankning tugatish rejasiga oʻzgartirishlar kiritilgan taqdirda;
tugatuvchining ushbu Nizomning III boʻlimida belgilangan talablarga muvofiq emasligi — tugatuvchi almashtirilgan taqdirda.
282. Markaziy bank ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishish yoki kelishishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida bankni bu haqda yozma shaklda, shu jumladan axborot-kommunikatsiya tizimi orqali elektron shaklda xabardor qiladi.
Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishishni rad etish ushbu Nizomning 281-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarga koʻra rad etilgan taqdirda, ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada rad etish asoslari hamda bank rad etish asoslarini bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatiladi. Mazkur muddat rad etish asoslarini bartaraf etish uchun zarur boʻlgan vaqtga mutanosib boʻlishi, ammo oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.
283. Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishishni rad etish asoslari bank tomonidan ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddatda bartaraf etilgan taqdirda, arizani qayta koʻrib chiqish rad etish sabablari bartaraf etilganligini tasdiqlovchi hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kunidan oshmagan muddatda amalga oshiriladi.
Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtganidan keyin taqdim etilgan ariza va hujjatlar yangidan topshirilgan hisoblanadi va Markaziy bank tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.
284. Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishish toʻgʻrisidagi arizani qayta koʻrib chiqish chogʻida ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada ilgari koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
285. Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishish ushbu Nizomning 281-bandi toʻrtinchi xatboshisida koʻrsatilgan asosga koʻra rad etilgan taqdirda, bank yangi tugatuvchini tayinlash haqida qaror qabul qilishi va mazkur qarorni kelishish uchun Markaziy bankka qayta ariza taqdim etishi mumkin. Bunda ariza yangidan topshirilgan hisoblanadi va Markaziy bank tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.
286. Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarori Markaziy bank bilan kelishilgandan soʻng kuchga kiradi.
287. Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning qarorini kelishish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish va qayta koʻrib chiqish uchun yigʻim undirilmaydi.
7-§. Bankni majburiy tugatish tartibi
288. Agar bank tizimli ahamiyatga molik deb eʼtirof etilmagan boʻlsa, u Oʻzbekiston Respublikasi “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonunining 77-moddasida nazarda tutilgan hollarda majburiy tugatilishi mumkin.
Ixtiyoriy tugatish jarayonidagi bank ushbu Nizomning 256, 267 va 275-bandlarida koʻrsatilgan hollarda majburiy tugatiladi.
289. Bankni majburiy tugatish suddan tashqari tartibda va (yoki) Oʻzbekiston Respublikasi “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunining 62-moddasiga muvofiq sud tartibida amalga oshirilishi mumkin.
290. Bankni majburiy tugatish uchun Markaziy bank boshqaruvi bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qarorda mazkur qarorning kuchga kirish sanasi hamda aniq vaqti koʻrsatilgan boʻlishi kerak.
291. Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror mazkur qaror kuchga kirgan kunda majburiy tugatiladigan bank rahbariyatiga imzo qoʻydirib topshiriladi.
292. Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan vaqtdan boshlab bank bankni tugatish bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa faoliyatni (harakatni) amalga oshirishga haqli emas.
293. Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan kunda Markaziy bank bu haqda Omonatlarni kafolatlash agentligini, Qimmatli qogʻozlar markaziy depozitariysini, tugatilayotgan bank ishtirokchisi boʻlgan toʻlov tizimlarini, tugatilayotgan bank vakillik hisobvaraqlariga ega boʻlgan chet el banklarini xabardor qiladi.
Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror tugatilayotgan bankning aksiyadorlarini va manfaatdor taraflarni xabardor qilish maqsadida qaror kuchga kirgan kunning oʻzida Markaziy bankning rasmiy veb-saytida, qaror kuchga kirgan kundan eʼtiboran uch kun ichida ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.
294. Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan kundan eʼtiboran:
bankning barcha pul majburiyatlarini, shuningdek soliqlar va yigʻimlar boʻyicha kechiktirilgan majburiyatlarini bajarish muddati boshlangan deb hisoblanadi;
bankning barcha turdagi majburiyatlari boʻyicha foizlar va neustoykalar hisoblanishi toʻxtatiladi;
mol-mulk soligʻi, yer soligʻi, shuningdek soliqlar va yigʻimlar boʻyicha avval hisoblangan hamda undirilmagan majburiyatlar yuzasidan penyalar va jarimalarning hisoblanishi toʻxtatib turiladi;
bank mol-mulkini sotishdan tushumlarning kreditorlar talablarini qanoatlantirishga yoʻnaltirilgan qismi qoʻshilgan qiymat soligʻidan va daromad soligʻidan ozod etiladi;
bank aktivlariga nisbatan uchinchi shaxslar tomonidan har qanday harakatlarni amalga oshirish, shu jumladan talablarni qanoatlantirish boʻyicha sudning hal qiluv qarori va ijro ishini yuritish boʻyicha undiruvni amalga oshirish toʻxtatib turiladi, bankning mol-mulki xatlashdan ozod etiladi va bankka nisbatan boshqa cheklovlar olib tashlanadi;
mijozlarning bank hisobvaraqlari boʻyicha kirim va chiqim operatsiyalari toʻxtatib turiladi;
bankning boshqa banklardagi hisobvaraqlari boʻyicha operatsiyalari toʻxtatib turiladi;
agar talab oʻtkazilsa yoki undan boshqa shaxs foydasiga voz kechilsa, oluvchi yoki sertifikat boʻyicha talab qilib olish huquqini olayotgan taraf (sessionariy) mazkur talab boʻyicha dastlabki ustuvorlikni saqlab qoladi;
ijro hujjatlarini ijro etish tugatiladi. Pul majburiyatlari, soliqlar va yigʻimlar boʻyicha barcha talablar, boshqa mulkiy talablar faqat majburiy tugatish doirasida bankka taqdim etilishi mumkin, bundan mulk huquqini eʼtirof etish toʻgʻrisidagi, maʼnaviy ziyonni kompensatsiya qilish haqidagi, mol-mulkni boshqa shaxsning qonunga xilof egaligidan talab qilib olish toʻgʻrisidagi, asossiz orttirilgan boylikni qaytarish haqidagi, bitimlarni haqiqiy emas deb topish va ularning haqiqiy emasligi oqibatlarini qoʻllash toʻgʻrisidagi talablar, shuningdek joriy toʻlovlar boʻyicha talablar mustasno.
Ushbu bandning oltinchi xatboshisiga muvofiq toʻxtatib turilgan jarayonlar, agar jarayonning predmeti boʻlgan talab oraliq tugatish balansiga kiritilgan boʻlsa va mazkur talabga nisbatan eʼtirozlar boʻlmasa, Markaziy bank tomonidan oraliq tugatish balansi tasdiqlanganidan keyin tugatiladi.
295. Bank majburiy tugatilayotganda tugatuvchi Markaziy bank boshqaruvining qarori bilan tayinlanadi. Markaziy bank tugatish komissiyasi tarkibiga Markaziy bank xodimlarini kiritishga haqli.
Tugatuvchi ushbu Nizomning III boʻlimida belgilangan talablarga muvofiq boʻlishi kerak.
Tugatuvchi majburiy tugatilayotgan bankning yagona vakilidir.
296. Bankni majburiy tugatishda tugatuvchi tayinlangan paytdan eʼtiboran bank ishlarini boshqarish boʻyicha vakolatlar, shu jumladan bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining, kuzatuv kengashining va boshqaruvining vakolatlari unga oʻtadi.
297. Tugatuvchi bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan kundan eʼtiboran uch kun ichida ommaviy axborot vositalarida va bankning rasmiy veb-saytida quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan axborotni eʼlon qiladi:
bankni majburiy tugatish boshlanganligi toʻgʻrisidagi;
tugatilayotgan bankning firma nomi va rekvizitlari haqidagi;
bankning tugatuvchisi toʻgʻrisidagi;
kreditorlar tomonidan talablar taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi, shu jumladan kafolatlash obyektlari egalari boʻlgan kreditorlarni (omonatchilarni) Omonatlarni kafolatlash agentligiga kompensatsiyalar toʻlanishi uchun tugatuvchi tomonidan taqdim etilgan reyestrdagi maʼlumotlar bilan tanishtirish haqidagi;
zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlarni.
298. Tugatuvchi ushbu Nizomning 297-bandida nazarda tutilgan axborot eʼlon qilingan kundan eʼtiboran ikki oy ichida:
barcha kreditorlarga ularning bankka nisbatan talablarining turi va miqdori toʻgʻrisida xabarnoma yuborishi;
bank seyflarida saqlashga topshirilgan qimmatliklarni oʻz egalariga qaytarish uchun zarur choralar koʻrishi;
bank aktivlarini aniqlashi, ularni talab qilib olish va mazkur aktivlarni baholash boʻyicha choralar koʻrishi kerak.
299. Tugatuvchi tugatilayotgan bank joylashgan yerdagi Markaziy bank hududiy bosh boshqarmasining hisob-kitob kassa markazida har bir valyuta turi boʻyicha alohida tugatish hisobvaragʻini ochadi.
Tugatilayotgan bankning barcha mablagʻlari, shu jumladan chet el valyutasidagi mablagʻlar ushbu tugatish hisobvaraqlarida saqlanadi.
300. Tugatuvchi ushbu Nizomning 307-bandida koʻrsatilgan, kreditorlar tomonidan talablarni taqdim etish muddati tugaganidan keyin ikki oy ichida:
bank mol-mulkining tarkibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantiradi;
kreditorlarning talablari reyestrini shakllantiradi;
oraliq tugatish balansini tuzadi.
301. Tugatuvchi tomonidan kreditorlarning talablari reyestrini shakllantirish ushbu bobning 8-paragrafida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
302. Oraliq tugatish balansi u tuzilgan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida Markaziy bankka kreditorlarning talablari reyestri bilan birga taqdim etiladi.
Markaziy bank oraliq tugatish balansini u taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida tasdiqlaydi.
303. Kreditorlarning talablarini qanoatlantirish oraliq tugatish balansi Markaziy bank tomonidan tasdiqlanganidan soʻng keyingi kundan boshlanadi, bundan ushbu Nizomning 304-bandida koʻrsatilgan hollar mustasno.
Kreditorlarning talablari ushbu bobning 9-paragrafida belgilangan tartibda qanoatlantiriladi.
304. Tugatuvchi oraliq tugatish balansi Markaziy bank tomonidan tasdiqlanganidan keyin Oʻzbekiston Respublikasi “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunining 62-moddasida koʻrsatilgan hollarda va tartibda sudga majburiy tugatilayotgan bankni bankrot deb topish va tugatishga doir ish yuritishni boshlash toʻgʻrisidagi ishni koʻrib chiqish haqidagi ariza bilan murojaat qilishga haqli.
Bankni bankrot deb topish va tugatishga doir ish yuritishni boshlash toʻgʻrisida sud tomonidan qaror qabul qilingan paytdan eʼtiboran tugatuvchining bankni majburiy tugatishga doir vazifalari va Markaziy bankning bu boradagi vakolatlari tugatiladi.
305. Bankni majburiy tugatish jarayonida majburiy tugatilayotgan bankning aktivlari hamda majburiyatlarini boshqa bankka oʻtkazish va (yoki) bankning aktivlarini sotish vositalaridan foydalaniladi.
Ushbu Nizomda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, majburiy tugatish vositalaridan foydalanishda aksiyadorlarning, omonatchilar va kreditorlarning, shuningdek boshqa manfaatdor shaxslarning (tugatilayotgan bankka garov taʼminotini va kafolatlar taqdim etgan shaxslarning) roziligi talab etilmaydi.
Bankning majburiyatlari boshqa bankka oʻtkazilgan taqdirda, tugatuvchi bu haqda kreditorlarni bankning majburiyatlari oʻtkazilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida xabardor qilishi shart.
8-§. Majburiy tugatilayotgan bank kreditorlarining talablari reyestrini shakllantirish tartibi
306. Kreditorlar tomonidan talablarni taqdim etish muddati bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida eʼlon qilingan paytdan eʼtiboran ikki oydan kam boʻlmasligi kerak. Bunda mazkur muddat ushbu Nizomning 297-bandiga muvofiq ommaviy axborot vositalarida va bankning rasmiy veb-saytida eʼlon qilingan axborotda koʻrsatiladi.
Kreditorlarning barcha talablari faqat tugatuvchiga taqdim etilishi mumkin.
307. Tugatuvchiga kreditorlarning talablari yozma shaklda, ariza va mazkur talablarni tasdiqlovchi hujjatlar bilan birga taqdim etiladi. Kreditor talablar bayon etilgan arizada quyidagilarni koʻrsatishi shart:
oʻzi haqidagi maʼlumotlarni;
yuridik shaxslar uchun — firmaning toʻliq nomini, joylashgan yerini (pochta manzilini), bank rekvizitlarini;
jismoniy shaxslar uchun — jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamini, pochta manzili, bank rekvizitlarini (mavjud boʻlgan taqdirda);
elektron pochta manzilini (mavjud boʻlgan taqdirda).
Arizada elektron pochta manzilining koʻrsatilishi kreditorning bankka nisbatan talablarining turi va miqdori toʻgʻrisidagi xabarnomani, uning talablari toʻliq qanoatlantirilishi rad etilgan taqdirda, bu haqdagi xabarnomani elektron shaklda olishga boʻlgan roziligidir.
308. Kafolatlash obyektining egasi boʻlgan kreditor (omonatchi) tugatuvchidan kafolatlash obyektining faqat kafolatlangan omonatdan oshadigan qismini talab qilishga haqli.
309. Tugatuvchi kreditorlar tomonidan talablar taqdim etish uchun belgilangan muddat tugaganidan keyin ikki oy ichida bankning buxgalteriya hisobi hujjatlariga, shuningdek kreditorlar tomonidan taqdim etilgan arizalarga asosan kreditorlarning talablari reyestrini shakllantiradi.
310. Bankning buxgalteriya hisobi hujjatlariga koʻra aniqlangan kreditorning talablari va kreditor tomonidan ushbu Nizomning 307-bandida belgilangan tartibda taqdim etilgan talablar muvofiq boʻlmagan taqdirda, bunday talablarning miqdori mazkur talablarni asoslovchi hujjatlarga yoki sud qaroriga asosan belgilanadi.
311. Kreditorlarning talablari reyestrida har bir kreditor toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, talablarni koʻrib chiqish natijalari, yaʼni qanoatlantirish uchun qabul qilingan yoki qanoatlantirish rad etilgan talablar haqidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
Kreditorlarning talablari reyestri shakllantirilganidan keyin tugatuvchi kreditorlar oʻz talablarining koʻrib chiqilishi natijalari toʻgʻrisida, talablarni qanoatlantirishning navbati va boshlanishi haqida axborot olishi mumkin boʻlgan sana va joy toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida eʼlon berishi kerak.
Kreditorlarga kreditorlarning talablari reyestri bilan tanishish imkoniyati taʼminlanishi kerak.
312. Tugatuvchi kreditorning yoki uning vakilining talabiga koʻra, bunday talabnoma olingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida mazkur kreditorga yoki uning vakiliga uning talablarini qanoatlantirish miqdori, tarkibi va navbati toʻgʻrisida kreditorlarning talablari reyestridan koʻchirma yuborishi shart. Bunday koʻchirmani tayyorlashga va yuborishga doir xarajatlar kreditorning zimmasiga yuklatiladi.
9-§. Majburiy tugatilayotgan bank kreditorlarining talablarini qanoatlantirish tartibi
313. Kreditorlarning quyidagi talablari (bundan buyon matnda bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlar deb yuritiladi) navbatdan tashqari qanoatlantiriladi:
kommunal xizmatlar uchun toʻlovlar, ijara haqi va boshqa joriy xizmatlar boʻyicha toʻlovlar;
tugatuvchini mukofotlash, bankning xodimlariga ishdan boʻshatish nafaqasini toʻlash, tugatuvchining va u bankni tugatishga jalb qilgan shaxslarning mehnatiga haq toʻlash bilan bogʻliq xarajatlar;
sud xarajatlari;
eʼlon berish hamda xabarnomalar yuborish bilan bogʻliq xarajatlar;
bank aktivlarining but saqlanishini taʼminlash, ularni boshqarish, baholash va inventarizatsiya qilish bilan bogʻliq xarajatlar;
bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar, shu jumladan soliqlar va yigʻimlar.
314. Kreditorlarning bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlar deb hisoblanmaydigan talablari quyidagi navbatda qanoatlantiriladi:
birinchi navbatda — sanatsiya qilish vositalarini qoʻllash va bankni tugatish maqsadida berilgan mablagʻlar boʻyicha Markaziy bankning, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining hamda Omonatlarni kafolatlash agentligining talablari;
ikkinchi navbatda — Oʻzbekiston Respublikasi “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Qonuni 150-moddasining ikkinchi qismida nazarda tutilgan talablar;
uchinchi navbatda — Oʻzbekiston Respublikasi “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Qonunining 31-moddasiga muvofiq Omonatlarni kafolatlash agentligiga oʻtgan talablar;
toʻrtinchi navbatda — Oʻzbekiston Respublikasi “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan kafolatlash obyektlarining kafolatlangan omonat miqdoridan oshadigan qismiga doir talablar;
beshinchi navbatda — ushbu bandning uchinchi — oltinchi va sakkizinchi — oʻn birinchi xatboshilarida nazarda tutilgan toifalarga tushmaydigan taʼminlanmagan talablar, shu jumladan bankning majburiyatlari bajarilishining taʼminoti sifatida taqdim etilgan mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar yetarli boʻlmaganligi natijasida qanoatlantirilmagan talablar;
oltinchi navbatda — bankka aloqador shaxslarning talablari;
yettinchi navbatda — kapital vositasi boʻlmagan subordinar qarzlarga doir talablar;
sakkizinchi navbatda — ikkinchi darajali kapital vositasi boʻlgan talablar;
toʻqqizinchi navbatda — birinchi darajali qoʻshimcha kapital vositasi boʻlgan talablar.
Har bir keyingi navbatning talablari oldingi navbatning talablari toʻliq qanoatlantirilganidan keyin qanoatlantiriladi.
315. Tugatuvchi kreditorlar bilan hisob-kitoblarni tugatish massasi hisobidan, kreditorlarning talablari reyestriga muvofiq amalga oshiradi.
316. Tugatish jarayoni boshlanishi paytida bankning barcha aktivlari hamda tugatish jarayoni davomida aniqlangan mol-mulki tugatish massasini shakllantirish manbasi boʻladi. Bunda tugatish massasiga quyidagilar kirmaydi:
garov narsasi boʻlgan mol-mulk, bundan ushbu Nizomning 319-bandi ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan hollar mustasno;
bank seyflarida saqlash uchun topshirilgan qimmatliklar;
bank ijara huquqi asosida foydalanayotgan, ishonchli boshqaruvda boʻlgan mol-mulk;
majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlarni amalga oshirish uchun Markaziy bankdan jalb etilgan mablagʻlar;
qonunchilikka muvofiq bankning mulki boʻlmagan boshqa mol-mulk.
317. Kreditorlarning talablarini qanoatlantirish uchun mablagʻlar yetarli boʻlmagan taqdirda, tugatuvchi bankning aktivlarini, shu jumladan mol-mulkini sotishga haqli. Bunda tugatuvchi oraliq tugatish balansi Markaziy bank tomonidan tasdiqlangan kundan eʼtiboran oʻn ikki oy ichida bank aktivlari sotilishini taʼminlashi kerak.
Tugatuvchining asoslantirilgan soʻroviga asosan Markaziy bank aktivlarni sotish muddatini koʻpi bilan oʻn ikki oyga uzaytirishga haqli.
318. Bankning sotilishi qiyin boʻlgan mol-mulki bir turdagi kreditorlarning talablarini qanoatlantirish uchun ularning roziligi bilan ularga toʻgʻridan-toʻgʻri topshirilishi mumkin.
Ushbu Nizom maqsadlarida bankning sotilishi qiyin boʻlgan mol-mulki deganda tugatuvchi tomonidan tugatilayotgan bankning mol-mulkini sotish uchun barcha mavjud imkoniyatlar qoʻllanilgandan soʻng sotilmay qolgan bankning mol-mulki tushuniladi.
319. Kreditorlarning bank mol-mulki bilan taʼminlangan talablarini qanoatlantirish ushbu mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi. Bunda garov narsasi boʻlgan bank mol-mulkini baholash baholovchi tashkilot tomonidan majburiy tartibda amalga oshiriladi.
Bank majburiyatlari bajarilishining taʼminoti sifatida taqdim etilgan mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar mazkur kreditorlarning talablaridan ortgan taqdirda, ularning qolgan qismi tugatish massasiga yoʻnaltiriladi.
Bank majburiyatlari bajarilishining taʼminoti sifatida taqdim etilgan mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar kreditorlarning talablarini qanoatlantirish uchun yetarli boʻlmagan taqdirda, mazkur talablarning qanoatlantirilmagan qismi ushbu Nizomning 314-bandida belgilangan navbatga muvofiq qanoatlantiriladi.
320. Kreditorlarning talablari reyestriga kiritilgan talabni kreditorga qaytarish yoki mablagʻlarni uning hisobvaragʻiga oʻtkazish mumkin boʻlmagan taqdirda, mazkur kreditorga tegishli mablagʻlar boshqa bankda uning foydasiga ochilgan hisobvaraqqa oʻtkaziladi.
321. Bir turdagi kreditorlarning talablarini toʻliq qanoatlantirish uchun mablagʻlar yetarli boʻlmaganda ushbu talablar har bir kreditorga tegishli boʻlgan summaga mutanosib ravishda qanoatlantiriladi.
322. Kreditorlarning tugatuvchi tomonidan shakllantirilgan talablar reyestriga kiritilmagan, bankni majburiy tugatishni boshlash toʻgʻrisidagi eʼlonda belgilangan kreditorlar talablarini taqdim etish muddati tugaganidan keyin bildirilgan talablari, shuningdek majburiy tugatish boshlanganidan keyin yuzaga kelgan soliqlar va yigʻimlar boʻyicha talablar ushbu Nizomning 315 va 316-bandlarida nazarda tutilgan tartibda, ular qaysi muddatda taqdim etilganidan qatʼi nazar, talablar roʻyxatiga kiritilgan kreditorlarning talablari qanoatlantirilganidan keyin qanoatlantiriladi.
323. Kreditorlarning talablari tugatilayotgan bank va kreditor talablarini oʻzaro hisobga olish yoʻli bilan quyidagi shartlarga rioya etgan holda qanoatlantirilishi mumkin:
talablar boʻyicha toʻlov muddatining yetib kelgan boʻlishi;
ikkala tarafning qarzni inkasso qilish va toʻlash huquqiga ega boʻlishi;
kreditorning talablarini qanoatlantirish navbati yetib kelgan boʻlishi;
taraflar bir-biriga ariza bilan murojaat qilgan boʻlishi;
kreditorning tugatilayotgan bankka nisbatan talablari talab qilish huquqidan boshqa shaxs foydasiga voz kechishga doir shartnoma tufayli yuzaga kelmagan boʻlishi;
kreditorning bankka aloqador shaxs boʻlmasligi.
324. Kreditorlarning bankning mol-mulki yetarli boʻlmaganligi sababli qanoatlantirilmagan talablari qanoatlantirilgan deb hisoblanadi.
325. Tugatuvchi kreditorlarning talablari reyestriga kreditorlarning talablari qanoatlantirilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritadi.
326. Kreditorlar bilan hisob-kitoblar yakunlanganidan keyin tugatuvchi yakuniy tugatish balansini tuzadi.
327. Kreditorlar bilan hisob-kitoblar yakunlanganidan keyin qolgan tugatish massasi aksiyadorlar oʻrtasida qonunchilikka muvofiq taqsimlanadi.
10-§. Bankni tugatishni yakunlash
328. Tugatuvchi ushbu bobning tegishincha 5 yoki 9-paragraflarida nazarda tutilgan tartib-taomillar yakunlanganidan keyin bank qimmatli qogʻozlari chiqarilishining davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligini bekor qilish uchun zarur boʻlgan chora-tadbirlarni qonunchilikda belgilangan tartibda va muddatlarda amalga oshiradi.
329. Tugatuvchi bank qimmatli qogʻozlari chiqarilishining davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi bekor qilingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida Markaziy bankka tugatish yakunlanganligini tasdiqlovchi quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
tugatuvchi tomonidan qilingan ishlar toʻgʻrisidagi hisobotni;
bankni tugatish toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida berilgan eʼlonlarning koʻchirma nusxalarini;
bankning oxirgi ish kunidagi balansini;
yakuniy tugatish balansini;
balansdan tashqari hisobvaraqlar boʻyicha yakuniy tugatish balansini;
bank hujjatlarini va yigʻmajildlarini yoʻq qilish uchun ajratish toʻgʻrisidagi dalolatnomani;
bank hujjatlarini va elektron bazasi maʼlumotlarini arxivda saqlash uchun tuzilgan qabul qilish-topshirish toʻgʻrisidagi dalolatnomani;
bankning muhrlari va shtamplari yoʻq qilinganligini tasdiqlovchi hujjatni;
bank qimmatli qogʻozlari chiqarilishining davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi bekor qilinganligini tasdiqlovchi hujjatlarni.
330. Tugatuvchi tomonidan qilingan ishlar toʻgʻrisidagi hisobotda quyidagilar aks ettirilishi kerak:
tugatilayotgan bankning nomi va manzili;
tugatuvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
undirilgan debitorlik qarzlarining umumiy summasi;
shakllantirilgan tugatish massasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shu jumladan bankning mol-mulkini inventarizatsiya qilish jarayoni va natijalari haqidagi, mol-mulkni baholash jarayoni hamda natijalari toʻgʻrisidagi, ularni sotishdan tushgan mablagʻlar haqidagi, bankning mol-mulkini sotib olgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
yaroqsiz yoki qimmatga ega boʻlmagan deb topilgan aktivlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
tugatuvchining bankning qolgan aktivlari likvidli emasligi yoki ularni sotish murakkabligi haqidagi xulosasining asosi;
kreditorlar tomonidan taqdim etilgan talablarning umumiy summasi, shu jumladan tugatuvchi tomonidan tan olingan va tan olinmagan talablar summasi, har bir navbat kreditorlari talablarining qanoatlantirilgan umumiy summasi, bankning sotilmagan mol-mulki hisobidan toʻgʻridan-toʻgʻri qanoatlantirilgan talablar summasi;
bankning mol-mulki yetarli boʻlmaganligi sababli qanoatlantirilgan deb hisoblanadigan talablar summasi, shuningdek bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlarning har bir moddasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar — bank majburiy tugatilgan taqdirda. Bunda bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlarning oʻrnini qoplash uchun Markaziy bankning mablagʻlaridan foydalanilgan hollarda mazkur mablagʻlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
331. Bank ixtiyoriy tugatilganda yoki suddan tashqari tartibda majburiy tugatilgan taqdirda, Markaziy bank yakuniy tugatish balansini ushbu Nizomning 330-bandida koʻrsatilgan hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida tasdiqlaydi hamda Banklarning davlat reyestriga bankni tugatish yakunlanganligi va bank tugatilganligi toʻgʻrisidagi yozuvni kiritadi.
332. Banklarning davlat reyestriga bank tugatilganligi toʻgʻrisidagi yozuv kiritilgan kundan eʼtiboran bankni tugatish tamomlangan, bank esa tugatilgan deb hisoblanadi.
11-§. Bankni tugatish jarayonida tugatuvchining hisobdorligi
333. Tugatuvchi har oyda, hisobot oyidan keyingi oyning 10-sanasiga qadar ushbu Nizomning 336-bandida koʻrsatilgan hisobot va maʼlumotlarni Markaziy bankka taqdim etishi lozim.
334. Tugatuvchi tomonidan Markaziy bankka taqdim etiladigan hisobot va maʼlumotlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
tugatish jarayoni toʻgʻrisidagi, shu jumladan kreditorlarning qanoatlantirilgan talablari, sotilgan va sotilayotgan aktivlar haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hisobotni;
bankni tugatish rejasini amalga oshirishga yoki bankni tugatishga toʻsqinlik qilishi mumkin boʻlgan har qanday holatlar toʻgʻrisidagi axborotni;
Markaziy bankning soʻroviga koʻra uning tugatish jarayoni ustidan nazoratni amalga oshirishi uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlarni.
VII boʻlim. Yakuniy qoidalar
335. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
336. Bank faoliyatiga ruxsat berishga doir nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.
337. Markaziy bankning qarorlari ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilinishi mumkin.”.
10. 11-ilovaning 6.1-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“6.1. Sizning quyida keltirilgan sohalardagi bilim darajangiz:
Soha nomi Bilim darajasi yuqori oʻrtacha past mavjud emas Bank faoliyatining asosiy yoʻnalishlari va ular bilan bogʻliq boʻlgan tavakkalchiliklar Moliyaviy bozorlar, shu jumladan pul bozori va qimmatli qogʻozlar bozori Buxgalteriya hisobi va hisoboti Tavakkalchiliklarni boshqarish Jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish Ichki audit Axborot texnologiyalari va xavfsizlik Oʻzbekiston Respublikasining normativ-huquqiy hujjatlari Strategik rejalashtirish Ekologik, ijtimoiy va korporativ boshqaruv (ESG) tamoyillari
11. 16-ilova mazkur oʻzgartirish va qoʻshimchalarning 1-ilovasiga muvofiq tahrirda bayon etilsin.
12. Mazkur oʻzgartirish va qoʻshimchalarning 2 va 3-ilovalariga muvofiq tahrirdagi 17 va 18-ilovalar bilan toʻldirilsin.
Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalarga 1-ILOVA
“Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga 16-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnoma berish toʻgʻrisida ARIZA _________________________________________________________________________________________ (bankning toʻliq firma nomi) aksiyadorlari umumiy yigʻilishining (yagona aksiyadorining) 20__ yil “__” _________ dagi bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi ______-son qarori qabul qilinganligi munosabati bilan Sizdan bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnoma berishingizni soʻraymiz. I. Soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR): __________________________ II. Bogʻlanish uchun masʼul shaxs: F.I.O.: __________________________________________________________________ Egallab turgan lavozimi: ___________________________________________________ Telefon raqami: __________________________________________________________ Elektron pochta manzili: ___________________________________________________ III. Arizaga ilova qilingan hujjatlar roʻyxati (___ varaqda) : 1) __________________________________________ (___ varaqda) 2) __________________________________________ (___ varaqda) 3) __________________________________________ (___ varaqda) … “___” _________________ 20___ y. Kuzatuv kengashi raisi ___________ (imzo) ”.
Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalarga 2-ILOVA
“Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga 17-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnoma berish toʻgʻrisida ARIZA ________________________________________________________________________________________ (bankning toʻliq firma nomi) aksiyadorlari umumiy yigʻilishining (yagona aksiyadorining) 20__ yil “__” _________ dagi bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi ______-son qarori qabul qilinganligi munosabati bilan Sizdan bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnoma berishingizni soʻraymiz. Ushbu orqali bankdagi kafolatlash obyektlari toʻliq qaytarilganligini va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilganligini tasdiqlaymiz. I. Soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR): __________________________ II. Bogʻlanish uchun masʼul shaxs: F.I.O.: __________________________________________________________________ Egallab turgan lavozimi: ___________________________________________________ Telefon raqami: __________________________________________________________ Elektron pochta manzili: ___________________________________________________ III. Arizaga ilova qilingan hujjatlar roʻyxati (___ varaqda) : 1) __________________________________________ (___ varaqda) 2) __________________________________________ (___ varaqda) 3) __________________________________________ (___ varaqda) … “___” _________________ 20___ y. Kuzatuv kengashi raisi ___________ (imzo) ”.
Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalarga 3-ILOVA
“Bank faoliyatiga ruxsat berish tartibi va shartlari toʻgʻrisidagi nizomga 18-ILOVA
Tugatuvchi va tugatilayotgan bank oʻrtasidagi manfaatlar toʻqnashuvi yuzasidan
1. Tugatuvchining F.I.O.: __________________________________________________; 2. Tugatuvchi va uning yaqin qarindoshlarining tugatilayotgan bank oldidagi majburiyatlari. Bunda yaqin qarindoshlar deganda ota-onalar, aka-ukalar, opa-singillar, oʻgʻillar, qizlar, er-xotinlar, shuningdek er-xotinlarning ota-onalari, aka-ukalari, opa-singillari va farzandlari tushuniladi. F.I.O. JSHSHIR Qarindoshlik darajasi 1 Majburiyat miqdori Majburiyat turi 2 Majburiyat yuzaga kelgan sana Milliy valyutadagi majburiyat Xorijiy valyutadagi majburiyat 3. Tugatilayotgan bankning tugatuvchi va uning yaqin qarindoshlari oldidagi majburiyatlari: F.I.O. JSHSHIR Qarindoshlik darajasi Talab miqdori Talab turi 3 Talab yuzaga kelgan sana Milliy valyutadagi talab Xorijiy valyutadagi talab 4. Tugatuvchi va uning yaqin qarindoshlarining tugatilayotgan bankda soʻnggi 5 yil ichidagi mehnat faoliyati: F.I.O. JSHSHIR Qarindoshlik darajasi Egallagan lavozimi Mehnat faoliyati davri Boshlangan sana Yakunlangan sana 5. Tugatilayotgan bankda tugatuvchi va uning yaqin qarindoshlari tomonidan egalik qilinayotgan yoki soʻnggi 5 yil ichida egalik qilingan ulushlar: F.I.O. JSHSHIR Qarindoshlik darajasi Ulush miqdori 4 Ulushga egalik qilish davri Soʻmda Foizda Boshlangan sana Yakunlangan sana 5 6. Tugatuvchining soʻnggi 5 yil davomida boshqa banklarning hal qiluvchi egalikka ega aksiyadori va (yoki) boshqaruv organlari aʼzosi sifatidagi munosabatlari: Bank nomi Egallagan lavozimi Ulush miqdori Mehnat faoliyati (ulushga egalik qilish) davri Soʻmda Foizda Boshlangan sana Yakunlangan sana 7. Tugatish jarayonida tugatuvchi oʻz vazifalarini xolis bajarishiga toʻsqinlik qilishi mumkin boʻlgan har qanday boshqa moliyaviy va ishbilarmonlik manfaatlari yoki holatlar haqida batafsil maʼlumotlar: ___________________________________________
Rais T. ISHMETOV
Toshkent sh.,
2025-yil 3-dekabr,
32/1-son