UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 9-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 9 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 января 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 January 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Олий таълим ташкилотлари битирувчиларини иш билан таъминлашда буюртмачилар иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Замонавий меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш, олий таълим тизими жозибадорлигини ошириш, ўқишга киришда абитуриентларга қўшимча имкониятлар ҳамда таълим олувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, иш берувчилар талаблари асосида кадрлар тайёрлаш ва битирувчиларни кафолатли иш билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотларнинг кадрлар тайёрлаш бўйича йўналишлар кесимида берган буюртмаларига мувофиқ иккинчи ва ундан юқори курс талабалари орасидан муносибларини саралаб олиш ҳамда иш берувчи корхона ва ташкилотлар томонидан битирувчиларни ишлаб бериш шарти билан таълим олиш давридаги шартнома тўловларини қоплаб бериш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим ташкилотлари талабаларининг буюртмачилар билан ҳамкорлигини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотларнинг кадрлар тайёрлаш бўйича йўналишлар кесимида берган буюртмаларига мувофиқ иккинчи ва ундан юқори курс талабалари орасидан муносибларини саралаб олиш;

иш берувчи, олий таълим ташкилоти ва талаба ўртасида ўқишни тамомлаганидан сўнг ишлаб бериш шарти билан талабанинг таълим олиши учун шартнома тўловларини иш берувчи томонидан қоплаб беришни назарда тутувчи уч томонлама шартнома тузиш;

асосий фанлардан ташқари иш берувчининг талабига мувофиқ қўшимча таълим модулларини танлов фани сифатида жорий қилиш ҳамда ушбу фанлар бўйича талабага кредит балларини бериш;

иш берувчи томонидан талабанинг фанларни ўзлаштириши юзасидан ҳар семестр якуни бўйича мониторинг қилиб бориш;

талабанинг битирув малакавий иши мавзусини иш берувчининг таклифлари асосида унинг фаолиятига ёки инвестиция лойиҳасига оид масалалардан келиб чиққан ҳолда белгилаш;

уч томонлама шартнома асосида таҳсил оладиган битирувчиларни иш берувчи томонидан кафолатли ишга қабул қилиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги 8-сон қарорига ИЛОВА

Олий таълим ташкилотлари талабаларининг буюртмачилар билан ҳамкорлигини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларида иккинчи ва ундан юқори курсда ўқиётган талабалари орасидан муносибларини саралаб олиш, уларнинг ўқиши учун шартнома тўловларини иш берувчилар томонидан қоплаб бериш ҳамда уларни таълимни якунлаганидан сўнг ишга қабул қилиш, ўқиш даврида талабаларнинг фанларни ўзлаштиришини мониторинг қилиб бориш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:

буюртмачи — ишчилар сони 50 нафардан ортиқ бўлган ёки қиймати камида 1 млн АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаларига эга вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотлар;

талабгор — ўқишни битирганидан сўнг буюртмачи корхона ёки ташкилотда ишлаб бериш шарти билан буюртмачи томонидан шартнома тўловларини қоплаб бериш бўйича саралаб олишда иштирок этиш истагидаги иккинчи ва ундан юқори курсда таҳсил олувчи талаба;

танлов комиссияси — ўқишни битирганидан сўнг ишлаб бериш шарти билан буюртмачи томонидан шартнома тўловларини қоплаб беришга муносиб номзодларни саралаб олиш учун олий таълим ташкилотида тузиладиган комиссия;

уч томонлама шартнома — талабгор ўқишни битирганидан сўнг буюртмачи томонидан белгиланган корхона ёки ташкилотда ишлаб бериш шарти билан унинг олий таълим ташкилотида таълим олиши учун шартнома тўловларини буюртмачи томонидан қоплаб бериш бўйича буюртмачи, олий таълим ташкилоти ҳамда талабгор ўртасида тузиладиган ҳужжат.

3. Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларида иккинчи ва ундан юқори курсда ўқиётган талабалари орасидан муносиблари иш берувчилар томонидан олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда саралаб олинади.

4. Ушбу Низом доирасида олий таълим ташкилотлари ҳамда талабалар ўртасида уч томонлама шартномалар тузишда ишчилар сони 50 нафардан ортиқ бўлган ёки қиймати камида 1 млн АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаларига эга вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотлар буюртмачи сифатида иштирок этиши мумкин.

2-боб. Олий таълим ташкилотлари талабалари орасидан муносиб номзодларни саралаб олиш ва уларни буюртма асосида тайёрлашни ташкил этиш

5. Талабалар орасидан ўқишни битирганидан сўнг ишлаб бериш шарти билан уларнинг ўқиши учун шартнома тўловларини қоплаб бериш мақсадида буюртмачи томонидан муносиблари ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ саралаб олинади.

6. Олий таълим ташкилоти ҳар йили янги ўқув йили бошлангунга қадар иш берувчиларнинг кадрларга бўлган истиқболдаги эҳтиёжлари ва буюртмаларини қабул қилади.

Бунда олий таълим ташкилоти буюртмачилардан тегишли маълумотларни (ташкилот номи, лавозими, иш тартиби, ойлик маоши, талабаларга қўйиладиган талаблар ва бошқалар кўрсатилган ҳолда) олади.

7. Буюртмачилар таклифига биноан тегишли бакалавриат таълим йўналишида асосий фанлардан ташқари қўшимча таълим модуллари танлов фани сифатида жорий қилиниши мумкин. Бунда ушбу фанлар бўйича талабага кредит баллари берилади.

Тегишли таълим йўналишига қўшимча таълим модулларини киритиш бўйича буюртмачининг талаб ва таклифлари ҳар йили 1 августга қадар қабул қилинади.

8. Буюртмачи томонидан тақдим этилган кадрларга бўлган истиқболдаги эҳтиёж, танловда иштирок этиш тартиблари ва талабгорларга қўйиладиган талабларни ҳар йили 10 сентябрга қадар олий таълим ташкилоти ўз расмий веб-сайтига ҳамда ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифаларига жойлаштиради ва бу ҳақида тегишли бакалавриат таълим йўналишларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабаларини хабардор қилади.

9. Иккинчи ва ундан юқори курс талабалари ҳар йили 20 сентябрга қадар ўқишни битирганидан сўнг буюртмачи корхона ёки ташкилотда ишлаб бериш шарти билан буюртмачи томонидан шартнома тўловларини қоплаб бериш бўйича саралаб олишда иштирок этиш учун ўзлаштириш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотнома (транскрипт)ни илова қилган ҳолда олий таълим ташкилотига электрон шаклда ариза топширади.

10. Ариза топшириш ва саралаб олишда иштирок этувчи талабгорлар олий таълим ташкилотида иккинчи ва ундан юқори курсда ўқиётган ҳамда уларнинг жорий ўқув йилида ўзлаштириш GPA кўрсаткичи 3 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади. Бунда ушбу талабларга буюртмачининг таклифлари асосида олий таълим ташкилоти томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

11. Талабгорларни саралаб олиш бўйича танлов комиссияси олий таълим ташкилоти ректори (директори) буйруғи асосида ташкил этилади.

Танлов комиссияси камида 5 нафардан иборат таркибда тузилади. Танлов комиссияси таркибига олий таълим ташкилотининг ходимлари ва буюртмачилар вакиллари киритилади ҳамда ўқув ишлари бўйича проректор (директор ўринбосари) танлов комиссиясига раислик қилади.

12. Танлов комиссияси ҳар йили 15 октябрга қадар олий таълим ташкилотида талабгорларни суҳбат асосида саралаб олишдан ўтказади.

Суҳбат жараёнида талабгорларнинг ҳар бирига қуйидаги мавзулар бўйича биттадан жами тўртта савол берилади:

мамлакатда ўз соҳасига оид амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушуниш;

буюртмачи билан ҳамкорлик қилишда мотивация (соҳа моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиш кўрсатиш);

таҳсил олаётган бакалавриат таълим йўналиши соҳасидаги билим ва кўникмаларнинг мавжудлиги;

саралаб олишдан муваффақиятли ўтган тақдирда, тузиладиган уч томонлама шартномага мувофиқ томонлар, жумладан, ўз масъулияти ва мажбуриятини тушуниш ва унга риоя қилиш.

Талабгорларни саралаб олишда буюртмачи вакили (ёки вакиллари) хулосаси асосий мезон ҳисобланади.

13. Суҳбат натижаси асосида буюртмачи, олий таълим ташкилоти ҳамда талаба ўртасида талаба ўқишни битирганидан сўнг буюртмачи томонидан белгиланган корхона ёки ташкилотда ишлаб бериш шарти билан унинг олий таълим ташкилотида таълим олиши учун шартнома тўловларини буюртмачи томонидан қоплаб бериш бўйича уч томонлама шартнома тузилади.

14. Уч томонлама шартнома ва унинг шартлари буюртмачи, олий таълим ташкилоти ҳамда талабанинг ўзаро келишуви асосида шакллантирилади.

15. Олий таълим ташкилоти томонидан буюртмачига талабани баҳолаш ва унинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида талабанинг фанларни ўзлаштиришини ҳар семестр якуни бўйича мониторинг қилиб бориш имконияти яратилади.

16. Уч томонлама шартнома тузган талабанинг битирув малакавий иши мавзуси иш берувчининг таклифлари асосида унинг фаолиятига ёки инвестиция лойиҳасига оид масалалардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

17. Уч томонлама шартнома тузган ва таълимни муваффақиятли тамомлаган талабалар ўқишини битирганидан кейин буюртмачи томонидан белгиланган тартибда ишга қабул қилинади.

3-боб. Якунловчи қоидалар

18. Ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалар буюртмачи, олий таълим ташкилоти ва талаба ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномада белгиланган шартлар асосида тартибга солинади.

19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Олий таълим ташкилотлари талабаларининг буюртмачилар билан ҳамкорлигини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА

Талабалар орасидан ўқишни битирганидан сўнг ишлаб бериш шарти билан ўқиши учун шартнома тўловларини қоплаб бериш мақсадида буюртмачи томонидан муносибларини саралаб олиш

Босқичлар Масъуллар Ўтказиладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотлар Олий таълим ташкилотининг тегишли таълим йўналишига қўшимча таълим модулларини киритиш бўйича талаб ва таклифлар беради. Ҳар йили 1 августга қадар 2-босқич Олий таълим ташкилоти Иш берувчиларнинг кадрларга бўлган истиқболдаги эҳтиёжлари ва буюртмаларини қабул қилади. Ҳар ўқув йили бошлангунга қадар 3-босқич Олий таълим ташкилоти Буюртмачи томонидан тақдим этилган кадрларга бўлган истиқболдаги эҳтиёж, саралаб олишда иштирок этиш тартиблари ва талабгорларга қўйиладиган талабларни ўз расмий веб-сайтига ҳамда ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифаларига жойлаштиради ва бу ҳақида тегишли бакалавриат таълим йўналишларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабаларини хабардор қилади. Ҳар йили 10 сентябрга қадар 4-босқич Иккинчи ва ундан юқори курс талабалари Ўқишни битирганидан сўнг буюртмачи корхона ёки ташкилотда ишлаб бериш шарти билан буюртмачи томонидан шартнома тўловларини қоплаб бериш бўйича саралаб олишда иштирок этиш учун ўзлаштириш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотнома (транскрипт)ни илова қилган ҳолда олий таълим ташкилотига электрон шаклда ариза топширади. Ҳар йили 20 сентябрга қадар 5-босқич Талабгорларни саралаб олиш бўйича танлов комиссияси Олий таълим ташкилотидаги ўқишини битирганидан сўнг ишлаб бериш шарти билан буюртмачи томонидан шартнома тўловларини қоплаб беришга муносиб номзодларни саралаб олиш учун суҳбат асосида саралашдан ўтказади. Ҳар йили 15 октябрга қадар 6-босқич Буюртмачи, олий таълим ташкилоти, иккинчи ва ундан юқори курс талабалари Суҳбат натижаси асосида буюртмачи, олий таълим ташкилоти ҳамда талаба ўртасида талаба ўқишни битирганидан сўнг буюртмачи томонидан белгиланган корхона ёки ташкилотда ишлаб бериш шарти билан унинг олий таълим ташкилотида таълим олиши учун шартнома тўловларини буюртмачи томонидан қоплаб бериш бўйича уч томонлама шартнома тузилади. Томонларнинг келишуви асосида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 9 январь,

8-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.01.2026 й., 09/26/8/0030-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

SXEMASI

Oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarini ish bilan taʼminlashda buyurtmachilar ishtirokini yanada kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Zamonaviy mehnat bozori talablariga mos yuqori malakali kadrlar tayyorlash, oliy taʼlim tizimi jozibadorligini oshirish, oʻqishga kirishda abituriyentlarga qoʻshimcha imkoniyatlar hamda taʼlim oluvchilarga qulay shart-sharoitlar yaratish, ularni moddiy va maʼnaviy qoʻllab-quvvatlash, ish beruvchilar talablari asosida kadrlar tayyorlash va bitiruvchilarni kafolatli ish bilan taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining vazirlik va idoralar hamda tashkilotlarning kadrlar tayyorlash boʻyicha yoʻnalishlar kesimida bergan buyurtmalariga muvofiq ikkinchi va undan yuqori kurs talabalari orasidan munosiblarini saralab olish hamda ish beruvchi korxona va tashkilotlar tomonidan bitiruvchilarni ishlab berish sharti bilan taʼlim olish davridagi shartnoma toʻlovlarini qoplab berish amaliyotini joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining buyurtmachilar bilan hamkorligini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

vazirlik va idoralar hamda tashkilotlarning kadrlar tayyorlash boʻyicha yoʻnalishlar kesimida bergan buyurtmalariga muvofiq ikkinchi va undan yuqori kurs talabalari orasidan munosiblarini saralab olish;

ish beruvchi, oliy taʼlim tashkiloti va talaba oʻrtasida oʻqishni tamomlaganidan soʻng ishlab berish sharti bilan talabaning taʼlim olishi uchun shartnoma toʻlovlarini ish beruvchi tomonidan qoplab berishni nazarda tutuvchi uch tomonlama shartnoma tuzish;

asosiy fanlardan tashqari ish beruvchining talabiga muvofiq qoʻshimcha taʼlim modullarini tanlov fani sifatida joriy qilish hamda ushbu fanlar boʻyicha talabaga kredit ballarini berish;

ish beruvchi tomonidan talabaning fanlarni oʻzlashtirishi yuzasidan har semestr yakuni boʻyicha monitoring qilib borish;

talabaning bitiruv malakaviy ishi mavzusini ish beruvchining takliflari asosida uning faoliyatiga yoki investitsiya loyihasiga oid masalalardan kelib chiqqan holda belgilash;

uch tomonlama shartnoma asosida tahsil oladigan bitiruvchilarni ish beruvchi tomonidan kafolatli ishga qabul qilish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-yanvardagi 8-son qaroriga ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining buyurtmachilar bilan hamkorligini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarida ikkinchi va undan yuqori kursda oʻqiyotgan talabalari orasidan munosiblarini saralab olish, ularning oʻqishi uchun shartnoma toʻlovlarini ish beruvchilar tomonidan qoplab berish hamda ularni taʼlimni yakunlaganidan soʻng ishga qabul qilish, oʻqish davrida talabalarning fanlarni oʻzlashtirishini monitoring qilib borish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:

buyurtmachi — ishchilar soni 50 nafardan ortiq boʻlgan yoki qiymati kamida 1 mln AQSH dollari boʻlgan investitsiya loyihalariga ega vazirlik va idoralar hamda tashkilotlar;

talabgor — oʻqishni bitirganidan soʻng buyurtmachi korxona yoki tashkilotda ishlab berish sharti bilan buyurtmachi tomonidan shartnoma toʻlovlarini qoplab berish boʻyicha saralab olishda ishtirok etish istagidagi ikkinchi va undan yuqori kursda tahsil oluvchi talaba;

tanlov komissiyasi — oʻqishni bitirganidan soʻng ishlab berish sharti bilan buyurtmachi tomonidan shartnoma toʻlovlarini qoplab berishga munosib nomzodlarni saralab olish uchun oliy taʼlim tashkilotida tuziladigan komissiya;

uch tomonlama shartnoma — talabgor oʻqishni bitirganidan soʻng buyurtmachi tomonidan belgilangan korxona yoki tashkilotda ishlab berish sharti bilan uning oliy taʼlim tashkilotida taʼlim olishi uchun shartnoma toʻlovlarini buyurtmachi tomonidan qoplab berish boʻyicha buyurtmachi, oliy taʼlim tashkiloti hamda talabgor oʻrtasida tuziladigan hujjat.

3. Oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarida ikkinchi va undan yuqori kursda oʻqiyotgan talabalari orasidan munosiblari ish beruvchilar tomonidan oliy taʼlim tashkilotlari bilan hamkorlikda saralab olinadi.

4. Ushbu Nizom doirasida oliy taʼlim tashkilotlari hamda talabalar oʻrtasida uch tomonlama shartnomalar tuzishda ishchilar soni 50 nafardan ortiq boʻlgan yoki qiymati kamida 1 mln AQSH dollari boʻlgan investitsiya loyihalariga ega vazirlik va idoralar hamda tashkilotlar buyurtmachi sifatida ishtirok etishi mumkin.

2-bob. Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari orasidan munosib nomzodlarni saralab olish va ularni buyurtma asosida tayyorlashni tashkil etish

5. Talabalar orasidan oʻqishni bitirganidan soʻng ishlab berish sharti bilan ularning oʻqishi uchun shartnoma toʻlovlarini qoplab berish maqsadida buyurtmachi tomonidan munosiblari ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq saralab olinadi.

6. Oliy taʼlim tashkiloti har yili yangi oʻquv yili boshlangunga qadar ish beruvchilarning kadrlarga boʻlgan istiqboldagi ehtiyojlari va buyurtmalarini qabul qiladi.

Bunda oliy taʼlim tashkiloti buyurtmachilardan tegishli maʼlumotlarni (tashkilot nomi, lavozimi, ish tartibi, oylik maoshi, talabalarga qoʻyiladigan talablar va boshqalar koʻrsatilgan holda) oladi.

7. Buyurtmachilar taklifiga binoan tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishida asosiy fanlardan tashqari qoʻshimcha taʼlim modullari tanlov fani sifatida joriy qilinishi mumkin. Bunda ushbu fanlar boʻyicha talabaga kredit ballari beriladi.

Tegishli taʼlim yoʻnalishiga qoʻshimcha taʼlim modullarini kiritish boʻyicha buyurtmachining talab va takliflari har yili 1-avgustga qadar qabul qilinadi.

8. Buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan kadrlarga boʻlgan istiqboldagi ehtiyoj, tanlovda ishtirok etish tartiblari va talabgorlarga qoʻyiladigan talablarni har yili 10-sentabrga qadar oliy taʼlim tashkiloti oʻz rasmiy veb-saytiga hamda ijtimoiy tarmoqlaridagi rasmiy sahifalariga joylashtiradi va bu haqida tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarining ikkinchi va undan yuqori kurs talabalarini xabardor qiladi.

9. Ikkinchi va undan yuqori kurs talabalari har yili 20-sentabrga qadar oʻqishni bitirganidan soʻng buyurtmachi korxona yoki tashkilotda ishlab berish sharti bilan buyurtmachi tomonidan shartnoma toʻlovlarini qoplab berish boʻyicha saralab olishda ishtirok etish uchun oʻzlashtirish koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma (transkript)ni ilova qilgan holda oliy taʼlim tashkilotiga elektron shaklda ariza topshiradi.

10. Ariza topshirish va saralab olishda ishtirok etuvchi talabgorlar oliy taʼlim tashkilotida ikkinchi va undan yuqori kursda oʻqiyotgan hamda ularning joriy oʻquv yilida oʻzlashtirish GPA koʻrsatkichi 3 va undan yuqori boʻlishi talab etiladi. Bunda ushbu talablarga buyurtmachining takliflari asosida oliy taʼlim tashkiloti tomonidan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.

11. Talabgorlarni saralab olish boʻyicha tanlov komissiyasi oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) buyrugʻi asosida tashkil etiladi.

Tanlov komissiyasi kamida 5 nafardan iborat tarkibda tuziladi. Tanlov komissiyasi tarkibiga oliy taʼlim tashkilotining xodimlari va buyurtmachilar vakillari kiritiladi hamda oʻquv ishlari boʻyicha prorektor (direktor oʻrinbosari) tanlov komissiyasiga raislik qiladi.

12. Tanlov komissiyasi har yili 15-oktabrga qadar oliy taʼlim tashkilotida talabgorlarni suhbat asosida saralab olishdan oʻtkazadi.

Suhbat jarayonida talabgorlarning har biriga quyidagi mavzular boʻyicha bittadan jami toʻrtta savol beriladi:

mamlakatda oʻz sohasiga oid amalga oshirilayotgan islohotlarning mohiyati va ahamiyatini tushunish;

buyurtmachi bilan hamkorlik qilishda motivatsiya (soha mohiyati va ijtimoiy ahamiyatini tushunish, unga doimiy qiziqish koʻrsatish);

tahsil olayotgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi sohasidagi bilim va koʻnikmalarning mavjudligi;

saralab olishdan muvaffaqiyatli oʻtgan taqdirda, tuziladigan uch tomonlama shartnomaga muvofiq tomonlar, jumladan, oʻz masʼuliyati va majburiyatini tushunish va unga rioya qilish.

Talabgorlarni saralab olishda buyurtmachi vakili (yoki vakillari) xulosasi asosiy mezon hisoblanadi.

13. Suhbat natijasi asosida buyurtmachi, oliy taʼlim tashkiloti hamda talaba oʻrtasida talaba oʻqishni bitirganidan soʻng buyurtmachi tomonidan belgilangan korxona yoki tashkilotda ishlab berish sharti bilan uning oliy taʼlim tashkilotida taʼlim olishi uchun shartnoma toʻlovlarini buyurtmachi tomonidan qoplab berish boʻyicha uch tomonlama shartnoma tuziladi.

14. Uch tomonlama shartnoma va uning shartlari buyurtmachi, oliy taʼlim tashkiloti hamda talabaning oʻzaro kelishuvi asosida shakllantiriladi.

15. Oliy taʼlim tashkiloti tomonidan buyurtmachiga talabani baholash va uning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish maqsadida talabaning fanlarni oʻzlashtirishini har semestr yakuni boʻyicha monitoring qilib borish imkoniyati yaratiladi.

16. Uch tomonlama shartnoma tuzgan talabaning bitiruv malakaviy ishi mavzusi ish beruvchining takliflari asosida uning faoliyatiga yoki investitsiya loyihasiga oid masalalardan kelib chiqqan holda belgilanadi.

17. Uch tomonlama shartnoma tuzgan va taʼlimni muvaffaqiyatli tamomlagan talabalar oʻqishini bitirganidan keyin buyurtmachi tomonidan belgilangan tartibda ishga qabul qilinadi.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

18. Ushbu Nizomda nazarda tutilmagan masalalar buyurtmachi, oliy taʼlim tashkiloti va talaba oʻrtasida tuziladigan uch tomonlama shartnomada belgilangan shartlar asosida tartibga solinadi.

19. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining buyurtmachilar bilan hamkorligini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA

Talabalar orasidan oʻqishni bitirganidan soʻng ishlab berish sharti bilan oʻqishi uchun shartnoma toʻlovlarini qoplab berish maqsadida buyurtmachi tomonidan munosiblarini saralab olish

Bosqichlar Masʼullar Oʻtkaziladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Vazirlik va idoralar hamda tashkilotlar Oliy taʼlim tashkilotining tegishli taʼlim yoʻnalishiga qoʻshimcha taʼlim modullarini kiritish boʻyicha talab va takliflar beradi. Har yili 1-avgustga qadar 2-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti Ish beruvchilarning kadrlarga boʻlgan istiqboldagi ehtiyojlari va buyurtmalarini qabul qiladi. Har oʻquv yili boshlangunga qadar 3-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti Buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan kadrlarga boʻlgan istiqboldagi ehtiyoj, saralab olishda ishtirok etish tartiblari va talabgorlarga qoʻyiladigan talablarni oʻz rasmiy veb-saytiga hamda ijtimoiy tarmoqlaridagi rasmiy sahifalariga joylashtiradi va bu haqida tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarining ikkinchi va undan yuqori kurs talabalarini xabardor qiladi. Har yili 10-sentabrga qadar 4-bosqich Ikkinchi va undan yuqori kurs talabalari Oʻqishni bitirganidan soʻng buyurtmachi korxona yoki tashkilotda ishlab berish sharti bilan buyurtmachi tomonidan shartnoma toʻlovlarini qoplab berish boʻyicha saralab olishda ishtirok etish uchun oʻzlashtirish koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma (transkript)ni ilova qilgan holda oliy taʼlim tashkilotiga elektron shaklda ariza topshiradi. Har yili 20-sentabrga qadar 5-bosqich Talabgorlarni saralab olish boʻyicha tanlov komissiyasi Oliy taʼlim tashkilotidagi oʻqishini bitirganidan soʻng ishlab berish sharti bilan buyurtmachi tomonidan shartnoma toʻlovlarini qoplab berishga munosib nomzodlarni saralab olish uchun suhbat asosida saralashdan oʻtkazadi. Har yili 15-oktabrga qadar 6-bosqich Buyurtmachi, oliy taʼlim tashkiloti, ikkinchi va undan yuqori kurs talabalari Suhbat natijasi asosida buyurtmachi, oliy taʼlim tashkiloti hamda talaba oʻrtasida talaba oʻqishni bitirganidan soʻng buyurtmachi tomonidan belgilangan korxona yoki tashkilotda ishlab berish sharti bilan uning oliy taʼlim tashkilotida taʼlim olishi uchun shartnoma toʻlovlarini buyurtmachi tomonidan qoplab berish boʻyicha uch tomonlama shartnoma tuziladi. Tomonlarning kelishuvi asosida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 9-yanvar,

8-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.01.2026-y., 09/26/8/0030-son)

lex.uz