📅 2026-yil 13-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 13-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 13 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 января 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 January 2026 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон « Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида »ги ва 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон « Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида »ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Нотариал палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 январдаги 1-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда (бундан буён матнда нотариал округ деб юритилади) давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат (бундан буён матнда суҳбат деб юритилади) асосида тайинлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Суҳбат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) томонидан ўтказилади.
2. Суҳбат ўтказишни ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш мақсадида комиссиянинг ишчи органи фаолият юритади.
Ишчи органнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) Инсон ресурслари бошқармаси ҳамда Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармасининг соҳа бўйича масъул ходимлари орасидан шакллантирилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
Ишчи орган ўз фаолиятини комиссия раисининг раҳбарлигида амалга оширади.
3. Суҳбат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон қарори билан тасдиқланган Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига ягона танловда иштирок этмаган ҳолда суҳбат асосида нотариуслар тайинланиши мумкин бўлган олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)лар рўйхатида (бундан буён матнда Рўйхат деб юритилади) келтирилган нотариал округлар учун ўтказилади.
4. Суҳбат Рўйхатдаги нотариал округларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозими таъсис этилганда ёки шундай нотариус лавозими бўш бўлган тақдирда ушбу нотариус лавозимини тўлдириш мақсадида ўтказилади.
5. Суҳбат жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади.
2-боб. Суҳбатни ташкил этиш
6. Талабгорлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий адлия органлари деб юритилади) ҳузуридаги ҳудудий комиссиянинг хулосаси асосида суҳбатда иштирок этиши мумкин.
Ҳудудий адлия органлари ҳузуридаги ҳудудий комиссия (бундан буён матнда ҳудудий комиссия деб юритилади) ҳудудий адлия органи биринчи раҳбарининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси вакиллари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг ходимлари орасидан беш нафардан тўққиз нафар кишигача бўлган таркибда уч йил муддатга тоқ миқдорда тузилади.
7. Ҳудудий комиссия раисининг тақдимномасига кўра, ҳудудий адлия органи биринчи раҳбарининг буйруғи билан комиссия таркиби ўзгартирилиши ёки қайта тасдиқланиши мумкин.
8. Ҳудудий адлия органи биринчи раҳбарининг нотариат соҳасига раҳбарлик қилувчи ўринбосари қоида тариқасида ҳудудий комиссия раиси ҳисобланади.
Ҳудудий адлия органи нотариат, адвокатура ва медиация бўлимининг (шўбасининг) нотариат соҳаси бўйича масъул ходими ҳудудий комиссия котиби этиб тайинланади.
9. Ҳудудий комиссия талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар юзасидан қарорлар қабул қилишда мустақил ҳисобланади ва унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
10. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
11. Рўйхатдаги нотариал округларга суҳбат ўтказиш учун Вазирлик томонидан қуйидаги ҳолатларда «Инсон ва қонун» газетасида ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон берилади:
ягона танловда иштирок этиш учун бирорта ҳам талабгор бўлмаса;
ягона танловдан бирорта ҳам талабгор муваффақиятли ўта олмаган тақдирда.
Суҳбат ўтказиш тўғрисидаги эълон қўшимча равишда бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳамда ҳудудий адлия органлари ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида ҳам берилиши мумкин.
12. Суҳбат ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
нотариус лавозимига суҳбат ўтказилаётган давлат нотариал идорасининг номи;
суҳбатда иштирок этувчиларга қўйиладиган талаблар;
суҳбатда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар ва уларни тақдим этишнинг охирги санаси. Бунда, ҳужжатларни тақдим этиш муддати эълон берилгандан бошлаб камида 15 кун этиб белгиланади;
боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили;
суҳбат ўтказиладиган жой.
13. Суҳбатда йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси иштирок этиши мумкин. Бунда, судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.
Қуйидагилар танловда иштирок этиши мумкин эмас:
муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;
қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
нотариус, адвокат, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколатлари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун тугатилган шахс — уч йил мобайнида.
14. Суҳбатда иштирок этиш учун талабгорлар эълонга асосан ҳудудий адлия органларига қуйидаги ҳужжатларни электрон ёки ёзма шаклда тақдим этган ҳолда мурожаат қилади:
мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда ариза;
мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ тўлдирилган сўровнома;
Нотариусликка талабгорлар учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида мажбурий ўқув курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3721, 2025 йил 9 декабрь) мувофиқ берилган сертификат.
Талабгор муқаддам нотариус, адвокат, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатида ишлаган бўлса, унинг ушбу лавозимларда ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этмаганлигини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотлардан маълумотлар олиниши мумкин.
Талабгордан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
15. Талабгорнинг мурожаати келиб тушган кундан бошлаб ҳудудий комиссия томонидан 15 кун ичида кўриб чиқилади.
Келиб тушган мурожаатлар бўйича иш ҳужжатларини юритилишига ҳудудий комиссиянинг котиби масъул ҳисобланади.
16. Талабгор томонидан тақдим қилинган ҳужжатлари мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаганда ҳудудий комиссия томонидан камчиликларни бартараф этиш учун қайтариб юборади.
Талабгорнинг ҳужжатларини бошқа асосларга кўра қайтариб юборишга йўл қўйилмайди.
17. Мазкур Низомнинг 16-бандида кўрсатиб ўтилган асос мавжуд бўлганда ҳудудий комиссиянинг котиби томонидан мурожаат келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида талабгорнинг аризасида кўрсатилган электрон почта ёки яшаш манзили бўйича мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома юборилади.
18. Ҳужжатлари қайтариб юборилган талабгор ҳужжатларни қайтариб юборишга асос бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейин, мазкур эълон бўйича ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги санаси ўтгунига қадар ҳужжатларини қайта топшириши мумкин.
Ҳужжатларни қайта топширмаган талабгор ҳужжат топширмаган деб ҳисобланади, бундан қайта топширмаганлик сабаби узрли деб топилган ҳолатлар мустасно.
19. Ҳудудий комиссия томонидан ўрганиш натижаларига кўра, талабгорнинг ҳужжатлари мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ деб топилган тақдирда, талабгорнинг ҳужжатларини комиссияга тақдим этилиши юзасидан хулоса ҳудудий комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
20. Хулоса тасдиқлангандан сўнг, бир иш куни ичида ҳудудий комиссия котиби томонидан талабгорларнинг ҳужжатлари ва хулоса комиссияга юборилади ҳамда бу ҳақда талабгорларнинг электрон почта ёки яшаш манзили бўйича хабарнома юборилади.
21. Ҳудудий комиссиянинг фаолиятидан норози бўлган талабгорлар хабарнома олган кундан бошлаб 10 кун муддат ичида комиссияга шикоят қилиши мумкин.
Бунда, талабгор шикоят аризаси билан биргаликда мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳужжатларни комиссияга тақдим этади.
22. Талабгорнинг Вазирликка келиб тушган ҳужжатлари ишчи орган томонидан ҳудудий комиссиянинг тегишли хулосаси келиб тушган кундан бошлаб 20 иш куни ичида ўрганиб чиқилади.
Талабгорнинг суҳбатда иштирок этишини рад этишга асослар мавжуд бўлса, ишчи орган томонидан бу ҳақда хулоса тузилади. Мазкур хулоса комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
23. Қуйидаги асосларга кўра талабгорнинг суҳбатда иштирок этиши рад этилади:
талабгор мазкур Низомнинг 13-банди талабларига жавоб бермаганда;
ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотлар аниқланганда;
Талабгорнинг бошқа асосларга кўра суҳбатда иштирок этишини рад этишга йўл қўйилмайди.
24. Талабгорларнинг ҳужжатларини ўрганиш натижаларига кўра, ишчи орган томонидан тегишли равишда суҳбат ўтказиш тўғрисида ёки суҳбат ўтказишга қайта эълон бериш тўғрисида хулоса тузилади ва у комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
Суҳбат ўтказиш тўғрисидаги хулосада суҳбат ўтказиладиган сана кўрсатилади.
25. Қуйидаги ҳолларда ишчи орган томонидан суҳбат ўтказишга қайта эълон бериш тўғрисида хулоса тузилади:
суҳбатда иштирок этиш учун бирорта ҳам талабгор бўлмаса;
суҳбатда иштирок этиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра барча талабгорларнинг суҳбатда иштирок этиши рад этилган бўлса.
Суҳбат ўтказишга қайта эълон тегишли хулоса комиссия раиси томонидан тасдиқланган кундан бошлаб етти иш куни ичида берилиши лозим.
Суҳбатдан бирорта ҳам талабгор муваффақиятли ўта олмаган тақдирда суҳбат ўтказишга қайта эълон бериш комиссия қарорида кўрсатилган муддатда амалга оширилади.
26. Суҳбатда иштирок этиши рад этилган ҳар бир талабгорга комиссия раисининг тегишли хулосаси тасдиқланганидан кейин бир иш куни ичида комиссия масъул котиби томонидан аризада кўрсатилган электрон почта ёки яшаш манзили бўйича мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома юборилади.
27. Суҳбатни ўтказиш бўйича тегишли хулоса тасдиқланган кундан бошлаб бир ҳафтадан сўнг, лекин ўн беш кундан кечиктирмай ўтказилади.
Суҳбат ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақида у ўтказиладиган кундан камида бир ҳафта олдин суҳбат бўйича талабгорга унинг аризасида кўрсатилган электрон почта ёки яшаш манзили бўйича мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклдаги хабарнома юборилади ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
3-боб. Суҳбат ўтказиш тартиби
28. Комиссиянинг битта мажлисида бир нечта талабгорлар иштирок этиши мумкин.
Талабгорлар суҳбатга шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатган ҳолда қўйилади.
Комиссиянинг битта мажлисида ягона танлов ёки суҳбат ўтказилганда талабгорлар ягона танлов ёки суҳбатга навбат бўйича киритилади.
29. Суҳбат комиссия раиси ва комиссия аъзолари томонидан талабгорга нотариат соҳасидаги назарий ва амалий билимларини аниқлаш мақсадида саволлар бериш тарзида ўтказилади.
30. Суҳбат бўйича талабгор комиссиянинг битта мажлиси давомида фақат битта нотариал округ учун суҳбатда иштирок этиши мумкин.
31. Суҳбатни ўтказиш жараёнида талабгорларга қуйидагилар тақиқланади:
алоқа ва телекоммуникация воситалари (телефон, компьютер, планшет ва бошқалар), китоб ҳамда шпаргалкалардан фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
суҳбат тугамасдан хонадан ташқарига чиқиш.
Талабгор мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларидаги талабларга амал қилмаслиги уни суҳбатда қатнашишдан четлаштириш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатда масъул котиб томонидан мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклдаги далолатнома расмийлаштирилади ва комиссия аъзоларининг камида уч нафари томонидан имзоланади.
32. Талабгор саволларга жавоб бериб бўлганидан сўнг хонадан чиқишига рухсат берилади.
33. Суҳбат якуни бўйича талабгор суҳбатдан муваффақиятли ўтган ёки муваффақиятли ўтмаганлиги комиссия аъзоларининг умумий овозига кўра аниқланади.
Суҳбатда комиссия аъзолари талабгорларни берилган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни мустақил таҳлил қила олишига қараб баҳолайди.
Овоз бериш натижасига кўра комиссия аъзоларининг учдан икки қисми ёки ундан кўпи талабгорни муваффақиятли ўтган деб ҳисоблаган тақдирда у суҳбатдан ўтган деб топилади.
Комиссия аъзоларининг учдан икки қисмидан кам овоз олган талабгор суҳбатдан муваффақиятли ўтмаган деб топилади.
Рўйхатдаги битта нотариал округ учун ўтказилган суҳбатда икки ёки ундан ортиқ талабгор иштирок этган ҳолда комиссия аъзолари овозининг энг кўп қисмига эга бўлган талабгор суҳбатдан муваффақиятли ўтган деб топилади. Комиссия аъзолари овозлари тенг бўлиб қолса, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи бўлиб ҳисобланади.
Сўнгги олти ой давомида суҳбатда кетма-кет икки марта муваффақиятли ўтолмаган талабгор уни такроран топширишга кейинги суҳбат ўтказилган кундан бошлаб камида олти ойдан кейин йўл қўйилади.
34. Суҳбатдан муваффақиятли ўтмаган ва комиссия аъзоларининг етарли овозига эга бўлмаган талабгорларга уларнинг розилиги билан комиссиянинг ушбу мажлиси давомида суҳбат ўтказилган, бироқ ундан муваффақиятли ўтмаган, шунингдек мазкур Низомда белгиланган тартибда икки марта эълон берилган, лекин ушбу бўш ўринга бирорта ҳам талабгор суҳбатда иштирок этмаган бошқа бўш нотариус ўрнида ишлаш таклиф этилиши мумкин.
35. Суҳбат якунлари бўйича комиссия қарор қабул қилади.
Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:
рақами ва қабул қилинган санаси;
иштирок этган комиссия аъзолари рўйхати;
суҳбат натижалари;
суҳбатдан муваффақиятли ўтган деб топилган, шунингдек суҳбатдан муваффақиятли ўта олмаган талабгорлар рўйхати;
суҳбатдан муваффақиятли ўтган деб топилган талабгорлар томонидан қасамёд қабул қилинганлиги;
комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби.
Комиссия қарори раис томонидан тасдиқланади.
36. Талабгорларга комиссиянинг овоз бериш натижалари ҳамда комиссия қарори суҳбат ўтказилган куннинг ўзида талабгорларга ўқиб эшиттирилади.
37. Суҳбат натижасига кўра бир нусхада комиссия қарори тузилади.
Суҳбатдан сўнг уч иш куни ичида суҳбатдан муваффақиятли ўтган талабгорни давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш тўғрисида Адлия вазирининг буйруғи чиқарилади.
Буйруқ имзолангандан сўнг бир иш куни ичида буйруқ ва қарордан кўчирма суҳбатдан муваффақиятли ўтган талабгор билан меҳнат шартномаси тузиш учун ҳудудий адлия органига юборилади.
4-боб. Талабгордан нотариус қасамёдини қабул қилиш
38. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган деб топилган талабгор комиссия мажлисида Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига асосан қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:
«Нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажаришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан».
39. Талабгор нотариус қасамёди матнини овоз чиқариб ўқийди ва талабгор тўғрисидаги маълумотлар, қасамёд қабул қилинган сана ва жой баён этилган тегишли ҳужжатни имзолайди.
Мазкур ҳужжат ҳам комиссия қарорига илова қилинади.
40. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган деб топилган талабгорнинг нотариус қасамёдини қабул қилишдан бош тортиши унинг нотариус лавозимига тайинланишдан воз кечиши деб ҳисобланади.
5-боб. Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш
41. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган талабгор билан меҳнат шартномасини тузиш ва уни давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлашга Адлия вазирининг буйруғига асосан ҳудудий адлия органи масъул ҳисобланади.
Суҳбатдан муваффақиятли ўтган талабгор билан меҳнат шартномасини тузиш ва уни давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш ҳақидаги ҳудудий адлия органи буйруғи Адлия вазирининг буйруғи ва комиссия қароридан кўчирма олинган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай чиқарилади.
42. Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланган, бироқ охирги уч йилда нотариус, нотариус ёрдамчиси, нотариус стажёри ёки нотариус котиби лавозимида ишламаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича бир ойлик амалиётни ўтайдилар.
Амалиёт ўташ давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқда назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ҳамда тегишли ҳудудий адлия органининг келишувига асосан соҳа бўйича етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлган ҳамда нотариус лавозимида камида уч йил ишлаётган нотариус амалиёт мураббийи этиб белгиланади.
43. Рўйхатдаги нотариал округларда камида уч йил давомида нотариуслик фаолиятини амалга оширган нотариус ўз хоҳишига кўра республиканинг исталган бошқа ҳудудида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус сифатида фаолиятини давом эттириш учун комиссияга ариза топшириши мумкин.
44. Ариза комиссиянинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Нотариус томонидан аризада кўрсатилган нотариал округдаги нотариуслар сони белгиланган энг кўп миқдорга тенг бўлган тақдирда, комиссия томонидан ариза берган нотариусга хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лавозими бўш бўлган бошқа нотариал округлар рўйхати тақдим этилади.
Бунда, тақдим этилган рўйхатдаги нотариал округлардан бири нотариус томонидан танланади ва комиссия томонидан ушбу нотариус томонидан танланган нотариал округда хусусий амалиёт билан шуғулланиши фаолиятини юритиши мумкинлиги юзасидан қарор қабул қилинади.
45. Нотариусга комиссия қароридан кўчирма бир иш куни ичида юборилади.
46. Нотариус қарордан кўчирмани олгандан сўнг хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июлдаги 369-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомда белгиланган тартибда лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилади.
6-боб. Суҳбатда иштирок этишдан ёхуд давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланишдан воз кечиш
47. Талабгор суҳбатнинг ҳар қандай босқичида, шунингдек давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқ қабул қилингунга қадар воз кечишга ҳақли. Бунинг учун талабгор бевосита Вазирликка ёки тегишли ҳудудий адлия органига ариза билан мурожаат этиши лозим.
Агар суҳбатдан муваффақиятли ўтган деб топилган талабгор суҳбат ўтказилган кундан бошлаб беш кун ичида тегишли ҳудудий адлия органига меҳнат шартномасини тузиш ва давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланиш учун мурожаат қилмаса, бу ҳолат давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланишдан воз кечиш деб ҳисобланади, келмаганлик сабаби узрли деб топилган ҳоллар бундан мустасно.
48. Агар суҳбатдан муваффақиятли ўтган деб топилган талабгор нотариус лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқ қабул қилингунга қадар нотариус лавозимига тайинланишдан воз кечса, суҳбатда мазкур талабгордан сўнг энг кўп овоз олган талабгор комиссия қарори асосида нотариус лавозимига тайинланади.
7-боб. Суҳбат бўйича ҳужжатларни юритиш
49. Ўтказилган ҳар бир суҳбат бўйича материаллар, шу жумладан суҳбат ўтказиш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзувлар электрон шаклда сақланади.
50. Суҳбатни ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар ҳар бир суҳбат бўйича электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида доимий сақланади.
8-боб. Якуний қоидалар
51. Комиссия қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
52. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий комиссиясига ____________________________ ____________________________ (талабгорнинг яшаш манзили ва Ф.И.О.) АРИЗА Менга «Инсон ва қонун» газетаси (Адлия вазирлигининг расмий веб-сайти)нинг 20___ йил «____» _______ да берилган эълонига мувофиқ ____________________________________________________________________ нотариуси лавозимига тайинлаш бўйича __________________________________________________ (давлат нотариал идорасининг номи) суҳбатда иштирок этишга рухсат беришингизни сўрайман. Аввал нотариус лавозимига тайинлаш бўйича суҳбатда (танлов ёки малака имтиҳонида) 20___ йил «____» ______________________________ да (суҳбатда, танлов ёки малака имтиҳонида иштирок этганда кўрсатилади) иштирок ________________________________. ___________________ (этмаганман ёки этганман) Телефон рақамим: ____________________________ Электрон почта манзилим: ____________________________ Паспорт (идентификация ID-карта) маълумотларим: ______ ___________ __________________ (серияси) (рақами) (ЖШШИР) _______________ ___________ (сана) (имзо)
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Сўровнома 1. Фамилияси: __________________________________ Исми: _________________________________________ Отасининг исми: _________________________________ расм 2. Туғилган санаси: _____ йил «____» _______________. 3. Маълумоти: ______________________________ Тамомлаган: _______________________ (сана) _____________________________________________________________________________ (олий таълим ташкилоти номи) Диплом бўйича мутахассислиги: _________________________________ Илмий даражаси, илмий унвони (агар мавжуд бўлса): _______________________________ 4. Меҳнат дафтарчасидан иш стажи ҳақида маълумотлар: Т/р Ишга кириш санаси Ишдан кетиш санаси Иш жойи ва лавозими 1. 2. ... 5. Ўзига нисбатан муомала лаёқатини чеклаш ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисида суднинг қарори мавжудлиги: _____________________________________________________ 6. Судланганлик ҳолати: ________________________________________________________ 7. Сўровномадаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилигини тасдиқлайман. Сўровнома тўлдирилган сана: 20____ йил «_____» ______________. Шахсий имзо ______________________
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
20___ йил «___» _____ _____-сон Талабгор ___________________га (Ф.И.О) _____________________________ _____________________________ (яшаш жойи) ХАБАРНОМА Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ____________________________________ _________________________________________________________________________________ нотариус (нотариус лавозимига суҳбат ўтказилаётган давлат нотариал идорасининг номи) лавозимига ўтказиладиган суҳбатда иштирок этиш учун тақдим этган ҳужжатларингиз кўриб чиқилди. _________________________________________________________________________________________ (ҳужжатларни қайтариб юбориш асосларини кўрсатган ҳолда санаб ўтилади) сабабли Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 17-бандига мувофиқ Сизнинг ҳужжатларингиз қайтариб юборилмоқда. Мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ ушбу суҳбат учун берилган эълон бўйича ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги санаси ўтгунига қадар ҳужжатларингизни қайта топширишингиз мумкин. Ҳудудий комиссия котиби ___________ ______________________ (имзо) (Ф.И.О)
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
20___ йил «___» _____ _____-сон Талабгор ___________________га (Ф.И.О) _____________________________ _____________________________ (яшаш жойи) ХАБАРНОМА Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ___________________________________ _________________________________________________________________________________ нотариус (нотариус лавозимига суҳбат ўтказилаётган давлат нотариал идорасининг номи) лавозимига ўтказиладиган суҳбатда иштирок этиш учун тақдим этган ҳужжатларингиз кўриб чиқилди. _________________________________________________________________________________________ (суҳбатда иштирок этишни рад этиш сабаблари) сабабли Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 26-бандига мувофиқ Сизнинг суҳбатда иштирок этишингиз рад этилди. Комиссия масъул котиби ___________ ______________________ (имзо) (Ф.И.О)
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
20___ йил «___» _____ _____-сон Талабгор ___________________га (Ф.И.О) _____________________________ _____________________________ (яшаш жойи) ХАБАРНОМА Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ___________________________________ _________________________________________________________________________________ нотариус (нотариус лавозимига суҳбат ўтказилаётган давлат нотариал идорасининг номи) лавозимига ўтказиладиган суҳбатда иштирок этиш учун тақдим этган ҳужжатларингиз кўриб чиқилди ва Сиз суҳбатда иштирок этишингиз мумкин. Суҳбат 20____ йил «_____» ________ куни соат ___:___ да Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги биносида ўтказилади. Комиссия масъул котиби ___________ ______________________ (имзо) (Ф.И.О)
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга 6-ИЛОВА
Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш бўйича суҳбатдан четлаштириш ҳақида ДАЛОЛАТНОМА Тошкент шаҳри 20__ йил «____» ______________ Биз, қуйида имзо чекувчилар шуни тасдиқлаймизки, Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 31-банди талабларига асосан талабгор __ _____________________________________________________________ қуйидаги сабабларга кўра (Ф.И.О) суҳбатдан соат _____:_____ да четлатилди: уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб ҳамда шпаргалкалардан фойдаланди; бошқа талабгорлар билан суҳбатлашди; суҳбат тугамасидан хонадан ташқарига чиқди. Комиссия аъзоси ____________ _____________________________ (имзо) (Ф.И.О) Комиссия аъзоси ____________ _____________________________ (имзо) (Ф.И.О) Комиссия аъзоси ____________ _____________________________ (имзо) (Ф.И.О)
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Д. АШУРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 13 январь,
2025 йил 15 декабрь
1 -мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining
buyrugʻi
NIZOM
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Notariat toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “ Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi va 2025-yil 9-sentabrdagi PQ-280-son “ Notariat institutini yanada rivojlantirish hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi qarorlariga muvofiq buyuraman:
1. Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Notarial palatasi bilan kelishilgan.
3. Mazkur buyruq 2026-yil 1-apreldan boshlab kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2026-yil 13-yanvardagi 1-mh-son buyrugʻiga ILOVA
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda (bundan buyon matnda notarial okrug deb yuritiladi) davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat (bundan buyon matnda suhbat deb yuritiladi) asosida tayinlash tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Suhbat Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Oliy malaka komissiyasi (bundan buyon matnda komissiya deb yuritiladi) tomonidan oʻtkaziladi.
2. Suhbat oʻtkazishni tashkiliy-texnik jihatdan taʼminlash maqsadida komissiyaning ishchi organi faoliyat yuritadi.
Ishchi organning shaxsiy tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi (bundan buyon matnda Vazirlik deb yuritiladi) Inson resurslari boshqarmasi hamda Notariat, advokatura va mediatsiya boshqarmasining soha boʻyicha masʼul xodimlari orasidan shakllantiriladi va komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.
Ishchi organ oʻz faoliyatini komissiya raisining rahbarligida amalga oshiradi.
3. Suhbat Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 9-sentabrdagi PQ-280-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga yagona tanlovda ishtirok etmagan holda suhbat asosida notariuslar tayinlanishi mumkin boʻlgan olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)lar roʻyxatida (bundan buyon matnda Roʻyxat deb yuritiladi) keltirilgan notarial okruglar uchun oʻtkaziladi.
4. Suhbat Roʻyxatdagi notarial okruglarda davlat notarial idorasi notariusi lavozimi taʼsis etilganda yoki shunday notarius lavozimi boʻsh boʻlgan taqdirda ushbu notarius lavozimini toʻldirish maqsadida oʻtkaziladi.
5. Suhbat jarayoni audio va videoyozuvlarda qayd etib boriladi.
2-bob. Suhbatni tashkil etish
6. Talabgorlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari (bundan buyon matnda hududiy adliya organlari deb yuritiladi) huzuridagi hududiy komissiyaning xulosasi asosida suhbatda ishtirok etishi mumkin.
Hududiy adliya organlari huzuridagi hududiy komissiya (bundan buyon matnda hududiy komissiya deb yuritiladi) hududiy adliya organi birinchi rahbarining buyrugʻi bilan Oʻzbekiston Respublikasi Notarial palatasining tegishli hududiy boshqarmasi vakillari, notariuslar hamda adliya organlarining xodimlari orasidan besh nafardan toʻqqiz nafar kishigacha boʻlgan tarkibda uch yil muddatga toq miqdorda tuziladi.
7. Hududiy komissiya raisining taqdimnomasiga koʻra, hududiy adliya organi birinchi rahbarining buyrugʻi bilan komissiya tarkibi oʻzgartirilishi yoki qayta tasdiqlanishi mumkin.
8. Hududiy adliya organi birinchi rahbarining notariat sohasiga rahbarlik qiluvchi oʻrinbosari qoida tariqasida hududiy komissiya raisi hisoblanadi.
Hududiy adliya organi notariat, advokatura va mediatsiya boʻlimining (shoʻbasining) notariat sohasi boʻyicha masʼul xodimi hududiy komissiya kotibi etib tayinlanadi.
9. Hududiy komissiya talabgorlar tomonidan taqdim etilgan hujjatlar yuzasidan qarorlar qabul qilishda mustaqil hisoblanadi va uning faoliyatiga aralashishga yoʻl qoʻyilmaydi.
10. Hududiy komissiya oʻz faoliyatini mazkur Nizom hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiradi.
11. Roʻyxatdagi notarial okruglarga suhbat oʻtkazish uchun Vazirlik tomonidan quyidagi holatlarda “Inson va qonun” gazetasida va vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon beriladi:
yagona tanlovda ishtirok etish uchun birorta ham talabgor boʻlmasa;
yagona tanlovdan birorta ham talabgor muvaffaqiyatli oʻta olmagan taqdirda.
Suhbat oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlon qoʻshimcha ravishda boshqa ommaviy axborot vositalarida hamda hududiy adliya organlari ijtimoiy tarmoqlaridagi sahifalarida ham berilishi mumkin.
12. Suhbat oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlonda quyidagilar koʻrsatilishi lozim:
notarius lavozimiga suhbat oʻtkazilayotgan davlat notarial idorasining nomi;
suhbatda ishtirok etuvchilarga qoʻyiladigan talablar;
suhbatda ishtirok etish uchun taqdim etiladigan hujjatlar va ularni taqdim etishning oxirgi sanasi. Bunda, hujjatlarni taqdim etish muddati eʼlon berilgandan boshlab kamida 15 kun etib belgilanadi;
bogʻlanish uchun telefon raqami va elektron pochta manzili;
suhbat oʻtkaziladigan joy.
13. Suhbatda yigirma besh yoshdan kichik boʻlmagan va oltmish besh yoshdan katta boʻlmagan, oliy yuridik maʼlumotga, yuridik mutaxassislik boʻyicha kamida uch yillik ish stajiga ega boʻlgan, shu jumladan notarial idorada kamida bir yil stajirovka oʻtagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi ishtirok etishi mumkin. Bunda, sudyalik lavozimida kamida besh yil ishlagan yoki notarius yordamchisi yoxud adliya organlarining notarial faoliyatga rahbarlik qilish va ushbu faoliyatni nazorat qilish bilan bogʻliq lavozimlarida kamida uch yil ishlagan shaxslar uchun stajirovkadan oʻtish talab qilinmaydi.
Surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, adliya organlarining ishi notariat faoliyati bilan bogʻliq boʻlmagan boshqaruv xodimi yoki advokat sifatida kamida uch yil ishlagan shaxslar, agar ularning vakolatlari tugatilgan paytdan eʼtiboran besh yil oʻtmagan boʻlsa, olti oy muddat stajirovka oʻtaydi.
Quyidagilar tanlovda ishtirok etishi mumkin emas:
muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilgan shaxs;
qasddan sodir etgan jinoyati uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan shaxs;
notarius, advokat, tergovchi, surishtiruvchi, prokuror, sudya yoki huquqni muhofaza qiluvchi organlarning boshqa xodimi sifatidagi vakolatlari oʻz kasbiy faoliyatiga mos kelmaydigan qilmishlar sodir etganligi uchun tugatilgan shaxs — uch yil mobaynida.
14. Suhbatda ishtirok etish uchun talabgorlar eʼlonga asosan hududiy adliya organlariga quyidagi hujjatlarni elektron yoki yozma shaklda taqdim etgan holda murojaat qiladi:
mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shaklda ariza;
mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq toʻldirilgan soʻrovnoma;
Notariuslikka talabgorlar uchun Adliya vazirligi huzuridagi Yuridik kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutida majburiy oʻquv kurslarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3721, 2025-yil 9-dekabr) muvofiq berilgan sertifikat.
Talabgor muqaddam notarius, advokat, surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sudya yoki huquqni muhofaza qiluvchi organlarning boshqa xodimi sifatida ishlagan boʻlsa, uning ushbu lavozimlarda oʻz kasbiy faoliyatiga mos kelmaydigan qilmishlar sodir etmaganligini aniqlash maqsadida tegishli tashkilotlardan maʼlumotlar olinishi mumkin.
Talabgordan mazkur Nizomda nazarda tutilmagan hujjatlarni taqdim etilishini talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
15. Talabgorning murojaati kelib tushgan kundan boshlab hududiy komissiya tomonidan 15 kun ichida koʻrib chiqiladi.
Kelib tushgan murojaatlar boʻyicha ish hujjatlarini yuritilishiga hududiy komissiyaning kotibi masʼul hisoblanadi.
16. Talabgor tomonidan taqdim qilingan hujjatlari mazkur Nizomning 14-bandida nazarda tutilgan talablarga muvofiq boʻlmaganda hududiy komissiya tomonidan kamchiliklarni bartaraf etish uchun qaytarib yuboradi.
Talabgorning hujjatlarini boshqa asoslarga koʻra qaytarib yuborishga yoʻl qoʻyilmaydi.
17. Mazkur Nizomning 16-bandida koʻrsatib oʻtilgan asos mavjud boʻlganda hududiy komissiyaning kotibi tomonidan murojaat kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni ichida talabgorning arizasida koʻrsatilgan elektron pochta yoki yashash manzili boʻyicha mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq shaklda xabarnoma yuboriladi.
18. Hujjatlari qaytarib yuborilgan talabgor hujjatlarni qaytarib yuborishga asos boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etgandan keyin, mazkur eʼlon boʻyicha hujjatlarni taqdim etishning oxirgi sanasi oʻtguniga qadar hujjatlarini qayta topshirishi mumkin.
Hujjatlarni qayta topshirmagan talabgor hujjat topshirmagan deb hisoblanadi, bundan qayta topshirmaganlik sababi uzrli deb topilgan holatlar mustasno.
19. Hududiy komissiya tomonidan oʻrganish natijalariga koʻra, talabgorning hujjatlari mazkur Nizomning 14-bandida nazarda tutilgan talablarga muvofiq deb topilgan taqdirda, talabgorning hujjatlarini komissiyaga taqdim etilishi yuzasidan xulosa hududiy komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.
20. Xulosa tasdiqlangandan soʻng, bir ish kuni ichida hududiy komissiya kotibi tomonidan talabgorlarning hujjatlari va xulosa komissiyaga yuboriladi hamda bu haqda talabgorlarning elektron pochta yoki yashash manzili boʻyicha xabarnoma yuboriladi.
21. Hududiy komissiyaning faoliyatidan norozi boʻlgan talabgorlar xabarnoma olgan kundan boshlab 10 kun muddat ichida komissiyaga shikoyat qilishi mumkin.
Bunda, talabgor shikoyat arizasi bilan birgalikda mazkur Nizomning 14-bandida nazarda tutilgan hujjatlarni komissiyaga taqdim etadi.
22. Talabgorning Vazirlikka kelib tushgan hujjatlari ishchi organ tomonidan hududiy komissiyaning tegishli xulosasi kelib tushgan kundan boshlab 20 ish kuni ichida oʻrganib chiqiladi.
Talabgorning suhbatda ishtirok etishini rad etishga asoslar mavjud boʻlsa, ishchi organ tomonidan bu haqda xulosa tuziladi. Mazkur xulosa komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.
23. Quyidagi asoslarga koʻra talabgorning suhbatda ishtirok etishi rad etiladi:
talabgor mazkur Nizomning 13-bandi talablariga javob bermaganda;
hujjatlarda yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar aniqlanganda;
Talabgorning boshqa asoslarga koʻra suhbatda ishtirok etishini rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
24. Talabgorlarning hujjatlarini oʻrganish natijalariga koʻra, ishchi organ tomonidan tegishli ravishda suhbat oʻtkazish toʻgʻrisida yoki suhbat oʻtkazishga qayta eʼlon berish toʻgʻrisida xulosa tuziladi va u komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.
Suhbat oʻtkazish toʻgʻrisidagi xulosada suhbat oʻtkaziladigan sana koʻrsatiladi.
25. Quyidagi hollarda ishchi organ tomonidan suhbat oʻtkazishga qayta eʼlon berish toʻgʻrisida xulosa tuziladi:
suhbatda ishtirok etish uchun birorta ham talabgor boʻlmasa;
suhbatda ishtirok etish uchun taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish natijalariga koʻra barcha talabgorlarning suhbatda ishtirok etishi rad etilgan boʻlsa.
Suhbat oʻtkazishga qayta eʼlon tegishli xulosa komissiya raisi tomonidan tasdiqlangan kundan boshlab yetti ish kuni ichida berilishi lozim.
Suhbatdan birorta ham talabgor muvaffaqiyatli oʻta olmagan taqdirda suhbat oʻtkazishga qayta eʼlon berish komissiya qarorida koʻrsatilgan muddatda amalga oshiriladi.
26. Suhbatda ishtirok etishi rad etilgan har bir talabgorga komissiya raisining tegishli xulosasi tasdiqlanganidan keyin bir ish kuni ichida komissiya masʼul kotibi tomonidan arizada koʻrsatilgan elektron pochta yoki yashash manzili boʻyicha mazkur Nizomning 4-ilovasiga muvofiq shaklda xabarnoma yuboriladi.
27. Suhbatni oʻtkazish boʻyicha tegishli xulosa tasdiqlangan kundan boshlab bir haftadan soʻng, lekin oʻn besh kundan kechiktirmay oʻtkaziladi.
Suhbat oʻtkaziladigan kun, vaqt va joy haqida u oʻtkaziladigan kundan kamida bir hafta oldin suhbat boʻyicha talabgorga uning arizasida koʻrsatilgan elektron pochta yoki yashash manzili boʻyicha mazkur Nizomning 5-ilovasiga muvofiq shakldagi xabarnoma yuboriladi hamda Vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
3-bob. Suhbat oʻtkazish tartibi
28. Komissiyaning bitta majlisida bir nechta talabgorlar ishtirok etishi mumkin.
Talabgorlar suhbatga shaxsini tasdiqlovchi hujjatini koʻrsatgan holda qoʻyiladi.
Komissiyaning bitta majlisida yagona tanlov yoki suhbat oʻtkazilganda talabgorlar yagona tanlov yoki suhbatga navbat boʻyicha kiritiladi.
29. Suhbat komissiya raisi va komissiya aʼzolari tomonidan talabgorga notariat sohasidagi nazariy va amaliy bilimlarini aniqlash maqsadida savollar berish tarzida oʻtkaziladi.
30. Suhbat boʻyicha talabgor komissiyaning bitta majlisi davomida faqat bitta notarial okrug uchun suhbatda ishtirok etishi mumkin.
31. Suhbatni oʻtkazish jarayonida talabgorlarga quyidagilar taqiqlanadi:
aloqa va telekommunikatsiya vositalari (telefon, kompyuter, planshet va boshqalar), kitob hamda shpargalkalardan foydalanish;
boshqa talabgorlar bilan suhbatlashish;
suhbat tugamasdan xonadan tashqariga chiqish.
Talabgor mazkur bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilaridagi talablarga amal qilmasligi uni suhbatda qatnashishdan chetlashtirish uchun asos boʻladi. Ushbu holatda masʼul kotib tomonidan mazkur Nizomning 6-ilovasiga muvofiq shakldagi dalolatnoma rasmiylashtiriladi va komissiya aʼzolarining kamida uch nafari tomonidan imzolanadi.
32. Talabgor savollarga javob berib boʻlganidan soʻng xonadan chiqishiga ruxsat beriladi.
33. Suhbat yakuni boʻyicha talabgor suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan yoki muvaffaqiyatli oʻtmaganligi komissiya aʼzolarining umumiy ovoziga koʻra aniqlanadi.
Suhbatda komissiya aʼzolari talabgorlarni berilgan savollarga toʻliq va aniq javob berishi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq tizimli bilimlarga ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida mustaqil foydalanishni bilishi, ijtimoiy muammolar va jarayonlarni mustaqil tahlil qila olishiga qarab baholaydi.
Ovoz berish natijasiga koʻra komissiya aʼzolarining uchdan ikki qismi yoki undan koʻpi talabgorni muvaffaqiyatli oʻtgan deb hisoblagan taqdirda u suhbatdan oʻtgan deb topiladi.
Komissiya aʼzolarining uchdan ikki qismidan kam ovoz olgan talabgor suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtmagan deb topiladi.
Roʻyxatdagi bitta notarial okrug uchun oʻtkazilgan suhbatda ikki yoki undan ortiq talabgor ishtirok etgan holda komissiya aʼzolari ovozining eng koʻp qismiga ega boʻlgan talabgor suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan deb topiladi. Komissiya aʼzolari ovozlari teng boʻlib qolsa, komissiya raisining ovozi hal qiluvchi boʻlib hisoblanadi.
Soʻnggi olti oy davomida suhbatda ketma-ket ikki marta muvaffaqiyatli oʻtolmagan talabgor uni takroran topshirishga keyingi suhbat oʻtkazilgan kundan boshlab kamida olti oydan keyin yoʻl qoʻyiladi.
34. Suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtmagan va komissiya aʼzolarining yetarli ovoziga ega boʻlmagan talabgorlarga ularning roziligi bilan komissiyaning ushbu majlisi davomida suhbat oʻtkazilgan, biroq undan muvaffaqiyatli oʻtmagan, shuningdek mazkur Nizomda belgilangan tartibda ikki marta eʼlon berilgan, lekin ushbu boʻsh oʻringa birorta ham talabgor suhbatda ishtirok etmagan boshqa boʻsh notarius oʻrnida ishlash taklif etilishi mumkin.
35. Suhbat yakunlari boʻyicha komissiya qaror qabul qiladi.
Qarorda quyidagilar koʻrsatiladi:
raqami va qabul qilingan sanasi;
ishtirok etgan komissiya aʼzolari roʻyxati;
suhbat natijalari;
suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan deb topilgan, shuningdek suhbatdan muvaffaqiyatli oʻta olmagan talabgorlar roʻyxati;
suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan deb topilgan talabgorlar tomonidan qasamyod qabul qilinganligi;
komissiya qarori ustidan shikoyat qilish tartibi.
Komissiya qarori rais tomonidan tasdiqlanadi.
36. Talabgorlarga komissiyaning ovoz berish natijalari hamda komissiya qarori suhbat oʻtkazilgan kunning oʻzida talabgorlarga oʻqib eshittiriladi.
37. Suhbat natijasiga koʻra bir nusxada komissiya qarori tuziladi.
Suhbatdan soʻng uch ish kuni ichida suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorni davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash toʻgʻrisida Adliya vazirining buyrugʻi chiqariladi.
Buyruq imzolangandan soʻng bir ish kuni ichida buyruq va qarordan koʻchirma suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgor bilan mehnat shartnomasi tuzish uchun hududiy adliya organiga yuboriladi.
4-bob. Talabgordan notarius qasamyodini qabul qilish
38. Suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan deb topilgan talabgor komissiya majlisida Oʻzbekiston Respublikasi “Notariat toʻgʻrisida”gi Qonunining 3-moddasiga asosan quyidagi mazmunda qasamyod qabul qiladi:
“Notarius vazifasini halol va vijdonan bajarishga, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga qatʼiy rioya etishga tantanali qasamyod qilaman”.
39. Talabgor notarius qasamyodi matnini ovoz chiqarib oʻqiydi va talabgor toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, qasamyod qabul qilingan sana va joy bayon etilgan tegishli hujjatni imzolaydi.
Mazkur hujjat ham komissiya qaroriga ilova qilinadi.
40. Suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan deb topilgan talabgorning notarius qasamyodini qabul qilishdan bosh tortishi uning notarius lavozimiga tayinlanishdan voz kechishi deb hisoblanadi.
5-bob. Davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash
41. Suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgor bilan mehnat shartnomasini tuzish va uni davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlashga Adliya vazirining buyrugʻiga asosan hududiy adliya organi masʼul hisoblanadi.
Suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgor bilan mehnat shartnomasini tuzish va uni davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash haqidagi hududiy adliya organi buyrugʻi Adliya vazirining buyrugʻi va komissiya qaroridan koʻchirma olingan kundan boshlab besh kundan kechiktirmay chiqariladi.
42. Davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlangan, biroq oxirgi uch yilda notarius, notarius yordamchisi, notarius stajyori yoki notarius kotibi lavozimida ishlamagan shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan dastur boʻyicha bir oylik amaliyotni oʻtaydilar.
Amaliyot oʻtash davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash toʻgʻrisidagi buyruqda nazarda tutiladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Notarial palatasining tegishli hududiy boshqarmasi hamda tegishli hududiy adliya organining kelishuviga asosan soha boʻyicha yetarli tajriba va koʻnikmalarga ega boʻlgan hamda notarius lavozimida kamida uch yil ishlayotgan notarius amaliyot murabbiyi etib belgilanadi.
43. Roʻyxatdagi notarial okruglarda kamida uch yil davomida notariuslik faoliyatini amalga oshirgan notarius oʻz xohishiga koʻra respublikaning istalgan boshqa hududida xususiy amaliyot bilan shugʻullanuvchi notarius sifatida faoliyatini davom ettirish uchun komissiyaga ariza topshirishi mumkin.
44. Ariza komissiyaning navbatdagi majlisida koʻrib chiqiladi.
Notarius tomonidan arizada koʻrsatilgan notarial okrugdagi notariuslar soni belgilangan eng koʻp miqdorga teng boʻlgan taqdirda, komissiya tomonidan ariza bergan notariusga xususiy amaliyot bilan shugʻullanuvchi notarius lavozimi boʻsh boʻlgan boshqa notarial okruglar roʻyxati taqdim etiladi.
Bunda, taqdim etilgan roʻyxatdagi notarial okruglardan biri notarius tomonidan tanlanadi va komissiya tomonidan ushbu notarius tomonidan tanlangan notarial okrugda xususiy amaliyot bilan shugʻullanishi faoliyatini yuritishi mumkinligi yuzasidan qaror qabul qilinadi.
45. Notariusga komissiya qaroridan koʻchirma bir ish kuni ichida yuboriladi.
46. Notarius qarordan koʻchirmani olgandan soʻng xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya olish uchun Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 7-iyuldagi 369-son qarori bilan tasdiqlangan Xususiy notarial faoliyatni litsenziyalash tartibi toʻgʻrisida nizomda belgilangan tartibda litsenziyalovchi organga ariza bilan murojaat qiladi.
6-bob. Suhbatda ishtirok etishdan yoxud davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlanishdan voz kechish
47. Talabgor suhbatning har qanday bosqichida, shuningdek davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash toʻgʻrisidagi buyruq qabul qilingunga qadar voz kechishga haqli. Buning uchun talabgor bevosita Vazirlikka yoki tegishli hududiy adliya organiga ariza bilan murojaat etishi lozim.
Agar suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan deb topilgan talabgor suhbat oʻtkazilgan kundan boshlab besh kun ichida tegishli hududiy adliya organiga mehnat shartnomasini tuzish va davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlanish uchun murojaat qilmasa, bu holat davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlanishdan voz kechish deb hisoblanadi, kelmaganlik sababi uzrli deb topilgan hollar bundan mustasno.
48. Agar suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan deb topilgan talabgor notarius lavozimiga tayinlash toʻgʻrisidagi buyruq qabul qilingunga qadar notarius lavozimiga tayinlanishdan voz kechsa, suhbatda mazkur talabgordan soʻng eng koʻp ovoz olgan talabgor komissiya qarori asosida notarius lavozimiga tayinlanadi.
7-bob. Suhbat boʻyicha hujjatlarni yuritish
49. Oʻtkazilgan har bir suhbat boʻyicha materiallar, shu jumladan suhbat oʻtkazish jarayoni qayd etilgan audio va videoyozuvlar elektron shaklda saqlanadi.
50. Suhbatni oʻtkazish bilan bogʻliq boʻlgan barcha hujjatlar har bir suhbat boʻyicha elektron shaklda Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligida doimiy saqlanadi.
8-bob. Yakuniy qoidalar
51. Komissiya qarorlari ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin.
52. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari huzuridagi hududiy komissiyasiga ____________________________ ____________________________ (talabgorning yashash manzili va F.I.O.) ARIZA Menga “Inson va qonun” gazetasi (Adliya vazirligining rasmiy veb-sayti)ning 20___ yil “____” _______ da berilgan eʼloniga muvofiq ____________________________________________________________________ notariusi lavozimiga tayinlash boʻyicha __________________________________________________ (davlat notarial idorasining nomi) suhbatda ishtirok etishga ruxsat berishingizni soʻrayman. Avval notarius lavozimiga tayinlash boʻyicha suhbatda (tanlov yoki malaka imtihonida) 20___ yil “____” ______________________________ da (suhbatda, tanlov yoki malaka imtihonida ishtirok etganda koʻrsatiladi) ishtirok ________________________________. ___________________ (etmaganman yoki etganman) Telefon raqamim: ____________________________ Elektron pochta manzilim: ____________________________ Pasport (identifikatsiya ID-karta) maʼlumotlarim: ______ ___________ __________________ (seriyasi) (raqami) (JSHSHIR) _______________ ___________ (sana) (imzo)
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Soʻrovnoma 1. Familiyasi: __________________________________ Ismi: _________________________________________ Otasining ismi: _________________________________ rasm 2. Tugʻilgan sanasi: _____ yil “____” _______________. 3. Maʼlumoti: ______________________________ Tamomlagan: _______________________ (sana) _____________________________________________________________________________ (oliy taʼlim tashkiloti nomi) Diplom boʻyicha mutaxassisligi: _________________________________ Ilmiy darajasi, ilmiy unvoni (agar mavjud boʻlsa): _______________________________ 4. Mehnat daftarchasidan ish staji haqida maʼlumotlar: T/r Ishga kirish sanasi Ishdan ketish sanasi Ish joyi va lavozimi 1. 2. ... 5. Oʻziga nisbatan muomala layoqatini cheklash yoki muomalaga layoqatsiz deb topish toʻgʻrisida sudning qarori mavjudligi: _____________________________________________________ 6. Sudlanganlik holati: ________________________________________________________ 7. Soʻrovnomadagi maʼlumotlarning haqiqiyligi va toʻgʻriligini tasdiqlayman. Soʻrovnoma toʻldirilgan sana: 20____ yil “_____” ______________. Shaxsiy imzo ______________________
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
20___ yil “___” _____ _____-son Talabgor ___________________ga (F.I.O) _____________________________ _____________________________ (yashash joyi) XABARNOMA Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan ____________________________________ _________________________________________________________________________________ notarius (notarius lavozimiga suhbat oʻtkazilayotgan davlat notarial idorasining nomi) lavozimiga oʻtkaziladigan suhbatda ishtirok etish uchun taqdim etgan hujjatlaringiz koʻrib chiqildi. _________________________________________________________________________________________ (hujjatlarni qaytarib yuborish asoslarini koʻrsatgan holda sanab oʻtiladi) sababli Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 17-bandiga muvofiq Sizning hujjatlaringiz qaytarib yuborilmoqda. Mazkur Nizomning 18-bandiga muvofiq ushbu suhbat uchun berilgan eʼlon boʻyicha hujjatlarni taqdim etishning oxirgi sanasi oʻtguniga qadar hujjatlaringizni qayta topshirishingiz mumkin. Hududiy komissiya kotibi ___________ ______________________ (imzo) (F.I.O)
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
20___ yil “___” _____ _____-son Talabgor ___________________ga (F.I.O) _____________________________ _____________________________ (yashash joyi) XABARNOMA Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan ___________________________________ _________________________________________________________________________________ notarius (notarius lavozimiga suhbat oʻtkazilayotgan davlat notarial idorasining nomi) lavozimiga oʻtkaziladigan suhbatda ishtirok etish uchun taqdim etgan hujjatlaringiz koʻrib chiqildi. _________________________________________________________________________________________ (suhbatda ishtirok etishni rad etish sabablari) sababli Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 26-bandiga muvofiq Sizning suhbatda ishtirok etishingiz rad etildi. Komissiya masʼul kotibi ___________ ______________________ (imzo) (F.I.O)
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
20___ yil “___” _____ _____-son Talabgor ___________________ga (F.I.O) _____________________________ _____________________________ (yashash joyi) XABARNOMA Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan ___________________________________ _________________________________________________________________________________ notarius (notarius lavozimiga suhbat oʻtkazilayotgan davlat notarial idorasining nomi) lavozimiga oʻtkaziladigan suhbatda ishtirok etish uchun taqdim etgan hujjatlaringiz koʻrib chiqildi va Siz suhbatda ishtirok etishingiz mumkin. Suhbat 20____ yil “_____” ________ kuni soat ___:___ da Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi binosida oʻtkaziladi. Komissiya masʼul kotibi ___________ ______________________ (imzo) (F.I.O)
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 6-ILOVA
Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash boʻyicha suhbatdan chetlashtirish haqida DALOLATNOMA Toshkent shahri 20__ yil “____” ______________ Biz, quyida imzo chekuvchilar shuni tasdiqlaymizki, Olis (chekka) va notarius lavozimiga talab yuqori boʻlmagan hudud (notarial okrug)larda davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga talabgorlarni Oliy malaka komissiyasi tomonidan suhbat asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 31-bandi talablariga asosan talabgor __ _____________________________________________________________ quyidagi sabablarga koʻra (F.I.O) suhbatdan soat _____:_____ da chetlatildi: uyali telefon, boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, kitob hamda shpargalkalardan foydalandi; boshqa talabgorlar bilan suhbatlashdi; suhbat tugamasidan xonadan tashqariga chiqdi. Komissiya aʼzosi ____________ _____________________________ (imzo) (F.I.O) Komissiya aʼzosi ____________ _____________________________ (imzo) (F.I.O) Komissiya aʼzosi ____________ _____________________________ (imzo) (F.I.O)
Vazir A. TASHKULOV
Oʻzbekiston Notarial palatasi raisi D. ASHUROV
Toshkent sh.,
2026-yil 13-yanvar,
2025-yil 15-dekabr
1 -mh-son