UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 13-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 13 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 января 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 January 2026 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон « Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида »ги ва 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон « Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида »ги қарорларига мувофиқ буюраман:

1. Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ 2026 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 январдаги 2-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги

Ушбу Низом нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш ва уни бекор қилиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Нотариус томонидан ижро хати нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали, электрон шаклда ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра нотариал идора биносидан ташқарида (сайёр тартибда) ёзилади.

Ижро хати видеоконференцалоқа орқали ёзилганда, унинг тасдиқловчи ёзувида бу ҳақида кўрсатилади ҳамда ёзиш жараёни нотариус томонидан мажбурий аудио ва видеода қайд этилади.

Ижро хати сайёр тартибда ёзилганда, унинг тасдиқловчи ёзувида у ёзилган жойнинг манзили кўрсатилади ва ёзиш ҳамда имзолаш жараёни нотариус томонидан мажбурий аудио ва видеода қайд этилади.

Ижро хати нотариус томонидан фақат юридик шахслар фойдасига қарздорликни ундиришни назарда тутувчи ҳужжатлар бўйича электрон шаклда ёзилиши мумкин. Бунда, ижро хатини ёзиш ва тасдиқлаш жараёнида мурожаат қилувчи иштирок этиши талаб этилмайди.

Ижро хатини ёзиш жараёнининг аудио ва видеода қайд этилиши талаб этиладиган ҳолларда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахс тасвирга тўлиқ туширилиши шарт.

Бунда нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, нотариал ҳаракат мазмуни ва аҳамияти нотариус томонидан овоз чиқариб тарафга тушунтириб берилиши, ҳужжат матни мурожаат қилувчига тўлиқ таништирилиши, унинг асл мақсадига мувофиқлиги тасдиқланиши ҳамда тўлиқ аудио ва видеода қайд этилиши лозим.

Агар ижро хати видеоконференцалоқа орқали ёзилса, ижро хати мурожаат қилувчи томонидан Face-ID билан тасдиқланади.

2. Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонунига (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) асосан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади.

Расмийлаштириладиган ҳужжат матни фуқаронинг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.

3. Агар ижро хати тараф тушунмаган ёки яхши билмаган тилда бажарилса, унда ҳужжат матни нотариус ёки тараф таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақида ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувида ким томонидан таржима қилинганлиги, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи ҳамда матн мазмуни тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак.

Таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.

4. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан бош тортган тақдирда, унинг мурожаати кўрмасдан қолдирилади. Бунда, ижро хатини ёзиш учун тўланган тўловлар қайтарилади.

5. Мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш ва бекор қилиш учун ўзи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

6. Нотариус ва унинг ходимлари ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахслар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг махфий сақланишини таъминлаши керак.

2-боб. Мурожаат қилиш тартиби

7. Мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш учун нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилади ёки нотариус хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд «E-notarius.uz» ахборот портали орқали (бундан буён матнда электрон тармоқ деб юритилади) рўйхатдан ўтади.

8. Нотариус «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) орқали келиб тушган мурожаатларни бир иш куни ичида кўриб чиқиши ёки мурожаат қилувчини қабул қилиши шарт.

9. Мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилишни, шунингдек ижро хатини ёзиш учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли ижро хати лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.

10. Мурожаат қилувчи(лар)нинг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўллаган мурожаат(лар)и Тизимда автоматик тарзда қайд қилинади.

11. Мурожаат қилувчи(лар) электрон тармоқ орқали ижро хатини ёзиш учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда, тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўллаган мурожаатлари уларнинг электрон рақамли имзоси ёки Face-ID билан тасдиқланади.

Ижро хати лойиҳаси мурожаат қилувчи ва нотариус томонидан келишилган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилади.

12. Мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш учун нотариусга низосиз талаблар бўйича мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

3-боб. Мурожаат қилувчини қабул қилиш, унинг шахсини, муомала ва ҳуқуқ лаёқатини аниқлаш тартиби

13. Мурожаат қилувчи нотариал идорага бевосита ўзи келганда уни нотариус ёрдамчиси, нотариус ёрдамчиси мавжуд бўлмаганда котиб ёки нотариус стажёри ёхуд нотариус қабул қилади ва унинг мақсадига аниқлик киритади.

Бунда нотариус ёрдамчиси (котиб ёки нотариус стажёри) мурожаат қилувчини нотариус қабулига электрон навбатга ёзиб қўйиши ва бу ҳақда нотариусни хабардор қилиши ёки бевосита нотариус қабулига йўналтириши мумкин, бундан нотариус қабулига навбатга ёзилган мурожаат қилувчи мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно.

14. Нотариус мурожаат қилувчининг шахсини аниқлайди.

Мурожаат қилувчининг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:

чет эл фуқаролари — уларнинг миллий паспорти (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, ID-картаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;

хориждаги доимий яшовчи ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;

фуқаролиги бўлмаган шахслар — Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг аслини тақдим этиш талаб этилмайди. Бунда мурожаат қилувчининг шахси унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда идентификация қилинади ҳамда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ёки Face-ID) орқали верификация қилинади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли асосида тасдиқланади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ изларининг йўқолганлиги ва бошқалар) сабабли махсус мосламалар орқали бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса, унинг шахси Face-ID орқали верификация қилинади.

15. Нотариус мурожаат қилувчининг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.

16. Нотариусда мурожаат қилувчининг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асос бўлса (шубҳа туғдирса), аммо шу шахснинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.

17. Нотариус ижро хатини ёзишда иштирок этувчи шахснинг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса) нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози тарафнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг ёзма розилигини талаб этади. Бунда ҳомийнинг розилиги алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлади.

18. Юридик шахслар иштирокидаги ижро хатларини ёзишда нотариус томонидан уларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текшириш пайтида нотариус юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан танишиб чиқиши, шунингдек у қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини Тизим орқали текшириши шарт.

19. Ижро хати вакилнинг мурожаатига асосан расмийлаштирилган тақдирда, унинг ваколати текширилади.

Вакилнинг ваколати унинг номига берилган ишончнома ва (ёки) ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва бошқалар) билан тасдиқланади. Бунда, ваколат берувчи жисмоний шахс бўлса, унинг ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги Тизим орқали «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида текширилади ва олинган маълумотнома Тизимда сақланади.

Нотариус таъсис ҳужжати бўйича нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсларнинг раҳбарларидан нотариал ҳаракатларни бажариш учун ишончнома талаб қилмайди. Бундай ҳолларда уларнинг мансаб мавқейини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.

Вакил томонидан тақдим этилган ишончнома шубҳа туғдирган тақдирда, нотариус уни тасдиқлаган мансабдор шахс (ташкилот) орқали тегишли равишда текшириши лозим. Нотариал тасдиқланган ишончноманинг бекор бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги маълумот Тизим орқали текширилади.

4-боб. Кар-соқовлик нуқсони ва кўзи ожиз бўлган шахслар иштирокида ижро хатини ёзиш

20. Ижро хатини ёзишни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи), кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлган шахс(лар) мурожаат қилса (электрон шаклда ва видеоконференцалоқа шаклида қилинган мурожаатлар бундан мустасно) ҳамда у(лар) саводсиз бўлса, ижро хатини тасдиқлаш пайтида у(лар) билан муомала қила оладиган ва ҳужжатнинг мазмунини у(лар)нинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини тасдиқловчи сурдо ёки тифло таржимон ҳозир бўлиши шарт.

Агарда нотариус кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган фуқаролар билан мулоқот қила олса ва кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) фуқаро учун мўлжалланган мослама билан ишлай олса, унда сурдо ёки тифло таржимоннинг иштироки талаб этилмайди. Бу ҳолатда нотариус ўзи томонидан жисмоний нуқсони мавжуд бўлган фуқаролар билан шахсан мулоқот қилганлиги ҳақида ҳужжат матни ва тасдиқловчи ёзувида ёзиб қўяди.

21. Нотариус мазкур ҳаракатларни амалга оширишда шахснинг сурдо ёки тифло таржимоннинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлашни алоҳида нотариал ҳаракат сифатида рўйхатга олмайди.

Сурдо таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Карлар жамияти томонидан ва тифло таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти томонидан берилган ишончнома ва хизмат гувоҳномаси орқали аниқланади.

22. Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли шахс нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, ҳужжат унинг ўзи томонидан шахсан ёки нотариус томонидан ўқиб чиқилади.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли шахс ўз имзоси билан ҳужжат мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар ҳужжат билан бирга тикиб қўйилади.

23. Мазкур Низомнинг 20 — 22-бандларида белгиланган тартибда ижро хатини ёзиш жараёни аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

24. Сурдо таржимон ёхуд тифло таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.

5-боб. Ижро хатини ёзишга қўйиладиган умумий талаблар

25. Ижро хати қуйидаги ҳолларда ёзилади:

тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа;

мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтган бўлмаса.

Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.

26. Нотариуслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг бараваригача бўлган қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича ижро хати ёзилади:

нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;

ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;

ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.

27. Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

ижро хатини ёзаётган нотариуснинг исми ва отасининг исмини бош ҳарфлари, фамилияси, лавозими;

ундирувчи ва қарздорнинг номи, уларнинг манзиллари, жисмоний шахслар учун туғилган санаси, шахсий идентификация рақами, шунингдек юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;

ундириб олиш амалга ошириладиган муддат;

ундириб олиниши керак бўлган суммалар ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган нарсалар (кўчар мулклар), шу жумладан тўланиши керак бўлган пеня, фоизлар;

ундириб олувчи тўлаган ёки қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божи ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар суммалари;

қарздор ижро хатига қарши эътирозларини билдириб, ижро хатини ёзган нотариусга ижро хати нусхасини олган ёки ижро хати ёзилганлиги унга маълум бўлган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ижро хатини бекор қилишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши;

ижро хати ёзилган сана (йил, ой, кун);

ижро хатининг электрон реестрда қайд этилган тартиб рақами;

ижро хатини ёзган нотариуснинг имзоси, муҳри ва (ёки) QR-кодли (матрик штрихли кодли) имзоси.

28. Ижро хати, агар қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у ёзилган кундан бошлаб уч йил муддат ичида мажбурий ижро учун тақдим этилиши мумкин.

Ижро хатини тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини, шунингдек ижро хати бўйича ундиришни тиклаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

29. Нотариус ижро хатини ёзгандан сўнг уни ундирувчи ва қарздорга (унинг оила аъзоларидан бирига) топшириши ёки уларга почта ёхуд бошқа алоқа воситалари орқали, шу жумладан ижро хати жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи воситалардан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил телефонга (мавжуд бўлганда) юборади.

30. Ундирувчининг илтимосига кўра, қарздор томонидан ўн кун ичида ижро хатини ёзган нотариусга шикоят келиб тушмаган тақдирда ижро хати Тизимда нотариуснинг QR-кодли (матрик штрихли кодли) имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида қарздорнинг яшаш жойидаги, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган еридаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига мазкур муддат ўтгандан сўнг ижро учун юборилади.

6-боб. Ижро хати лойиҳасини тайёрлаш тартиби

31. Тегишли ҳужжатлар талаб қилиб олинган ва маълумотлар текширилганидан сўнг нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри ёки котиби томонидан ижро хати лойиҳаси тайёрланади.

32. Ижро хати матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши лозим, ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан, ҳужжатнинг матнида баҳолар кўрсатилса, рақам ҳамда сўз билан ёзилиши, юридик шахсларнинг номлари эса уларнинг органлари жойлашган ерни кўрсатган ҳолда қисқартиришларсиз ёзилиши, солиқ тўловчининг шахсий идентификация рақами кўрсатилиши лозим. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами тўлиқ кўрсатилган ҳолда ёзилиши, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда чет эл фуқаролари қатнашаётган бўлса, уларнинг фуқаролиги ҳам кўрсатиб ўтилиши керак.

Бунда ижро хатининг мазмуни Тизимга аниқ ва тўлиқ киритилиши лозим.

33. Бир хил шаклдаги ҳужжатлар бўйича (масалан, банк кредитлари, коммунал хизматлар учун тўланадиган тўловлар ҳамда шу кабилар) бир қанча ижро хатлари беришни амалга ошириш пайтида нотариал идорада қарздорларнинг рўйхатлари олинади. Бунда ундирувчи ва қарздорларнинг тўлиқ номи ва манзили, тўлов муддатлари, ижро хати бўйича қарз ундириш суммаси, зарур ҳолларда эса бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилади.

Нотариус ижро хатлари ёзишда рўйхатда кўрсатилган қарздорларнинг қарздорлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг бир нусхасини нотариал идорада қолдиради.

34. Ижро хати тўғрисидаги маълумотлар Тизимга киритилади ва ҳар бир ижро хати алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади. Бунда ижро хатининг тасдиқланган электрон шакли Тизимда сақланади.

7-боб. Ижро хатини ёзиш учун тўловларни амалга ошириш тартиби

35. Ижро хатини ёзишда нотариус томонидан Ўзбекистон Республикасининг « Давлат божи тўғрисида »ги Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига асосан давлат божи ва Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларнинг максимал миқдорларига (рўйхат рақами 3235, 2020 йил 29 май) мувофиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундирилади.

36. Мурожаат қилувчи тўғрисидаги маълумотлар Тизимга тўлиқ киритилганидан сўнг нотариал ҳаракат учун ундириладиган тўловлар миқдори Тизимда автоматик равишда ҳисобланади, тўлов квитанциялари (инвойс) мурожаат қилувчига берилади ва унинг Тизимга киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «ишонч телефони» рақами кўрсатилган СМС хабар йўлланади.

Мурожаат қилувчининг мобил телефони мавжуд бўлмаганда, истисно тариқасида, Тизимга у томонидан кўрсатилган, нотариал идорага бирга келган бошқа шахснинг мобил телефони рақамини, агар фақат ўзи келган бўлса, нотариуснинг мобил телефони рақамини киритишга рухсат этилади.

37. Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар Тизимга келиб тушгандан ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилувчи нотариал ҳаракатни тасдиқлаш кодини нотариусга берганидан сўнг тасдиқланади.

38. Бир хил шаклдаги ҳужжатлар юзасидан бир қанча ижро хатлари берилганда, рўйхатда кўрсатилган қарздорларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тўлов квитанциялари (инвойс) берилади.

Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумот тўлов квитанциялари (инвойс) Тизимда сақланади.

8-боб. Ижро хатига тузатиш киритиш ёки уни бекор қилиш тартиби

39. Нотариус ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра ижро хатининг барча нусхаларига унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган тузатишларни киритиши ёки унинг аниқ арифметик хатоларинигина тузатиши мумкин.

Ижро хатидаги тузатишлар тегишли матннинг охирида нотариуснинг имзосидан олдин изоҳланиши, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Бунда, тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзлар ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.

Ижро хатига киритилган тузатишлар тегишли тартибда Тизимга киритилади.

40. Нотариус йўл қўйган хатоси натижасида ўзи расмийлаштирган ижро хатининг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу ижро хатини белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш учун бу ҳақда прокурорга хабар қилишга мажбур. Нотариус прокурорга хабар қилганлиги тўғрисида тегишли ҳудудий адлия органларини хабардор қилади.

41. Қарздор ижро хатига қарши эътирозларини билдириб, ижро хати нусхасини олган ёки ижро хати ёзилганлиги унга маълум бўлган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли нотариусга ижро хатини бекор қилишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

Бундай ҳолда нотариус ижро хатини бекор қилиб, бу ҳақда қарор чиқаради. Ижро хатини бекор қилиш тўғрисидаги қарорда нотариус ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлиги ҳақида тушунтиради.

Ижро хатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор нусхаси ундирувчи ва қарздорга (унинг оила аъзоларидан бирига) топширилиши ёки уларга почта ёхуд бошқа алоқа воситалари орқали, шу жумладан қарор жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи воситалардан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил телефонга (мавжуд бўлганда) юборилади.

Агар ижро хати нотариус томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига юборилган бўлса, ижро хати бекор қилинганлиги ҳақидаги қарор ушбу қарор қабул қилинган куннинг ўзида мазкур органга ҳам юборилади.

Қарздор эътироз билдириш учун белгиланган ўн кунлик муддатни узрли сабабларсиз ўтказиб мурожаат қилса (бундан касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши ва бошқа узрли сабаблар бўлган ҳолатлар мустасно), нотариус ижро хатини бекор қилишни рад этади ва бу ҳақида қарор чиқаради. Ушбу қарор устидан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиниши мумкин.

Ижро хати ёзишга асос бўлган қарздорлик электрон тизимлардаги техник носозликлар сабабли юзага келганлиги (ҳисобланганлиги) аниқланган тақдирда ундирувчи ёки қарздорнинг шу ҳақидаги мурожаатига асосан ижро хати бекор қилинади.

9-боб. Ижро хати ёзишни рад қилиш тартиби

42. Нотариус қуйидаги ҳолларда ижро хати ёзишни рад этади, агар:

бундай ижро хатини ёзиш қонунга зид бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёки зарур ваколатлари бўлмаган вакил ижро хати ёзишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс манфаатида ёзилган ижро хати унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

ижро хати ёзиш қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

ижро хати ёзиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаса;

қарздор жисмоний шахс вафот этган бўлса;

мурожаат қилувчи ижро хатини ёзиш учун тўловни амалга оширмаса;

ундирувчи қарздорликни ҳақиқатда мавжудлигини исботлаб бера олмаса.

Ижро хатини ёзиш рад этилган тақдирда, нотариус ижро хати ёзишни рад этиш ҳақида мурожаат қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус ижро хатини ёзиш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

43. Нотариус ижро хати ёзишни рад этганда тўланган давлат божи ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилади.

10-боб. Якуний қоида

44. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ижро хатини ёзиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

1. Нотариал тасдиқланган битимлар бўйича ижро хатини олиш учун қуйидагилар тақдим этилади:

а) нотариал тасдиқланган битимнинг нусхаси;

б) ундирувчи томонидан қарздорга тўлов муддатини ўтказиб юборганлиги тўғрисида юборилган билдиришнома;

в) қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (электрон ёки ёзма).

Бунда 2020 йил 1 январдан кейин расмийлаштирилган битимлар Тизим орқали нотариус томонидан текширилади ҳамда ундирувчидан талаб этилмайди.

2. Ўзаро тузилган оддий ёзма шаклдаги битимлар бўйича ижро хатини олиш учун қуйидагилар тақдим этилади:

а) ўзаро тузилган битимнинг нусхаси;

б) ундирувчи томонидан қарздорга тўлов муддатини ўтказиб юборганлиги тўғрисида юборилган билдиришнома;

в) қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (электрон ёки ёзма).

3. Ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича ижро хатини олиш учун қуйидагилар тақдим этилади:

а) ҳисобварақнинг ундириб олувчи томонидан тасдиқланган нусхаси;

б) ундирувчи томонидан қарздорга тўлов муддатини ўтказиб юборганлиги тўғрисида юборилган билдиришнома;

в) қарздорлик фактини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (электрон ёки ёзма);

д) қарздорлик кўчмас мулк билан боғлиқ бўлса, унинг кадастр рақами;

е) қонунчиликда шартнома асосида хизмат кўрсатиш, шунингдек кўп квартирали уйни бошқариш назарда тутилган ҳолларда тегишли шартнома нусхаси.

Бунда кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорлик Тизим орқали нотариус томонидан текширилади.

Мазкур ҳужжатлар идоралараро электрон ахборот алмашуви орқали олиниши мумкин.

Вазир А. ТАШКУЛОВ

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раиси Д. АШУРОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 13 январь,

2025 йил 25 декабрь

2-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2026 й., 10/26/3757/0058-сон; 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining

buyrugʻi

NIZOM

ROʻYXATI

Notariuslar tomonidan ijro xatlarini yozish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Notariat toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “ Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi va 2025-yil 9-sentabrdagi PQ-280-son “ Notariat institutini yanada rivojlantirish hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi qarorlariga muvofiq buyuraman:

1. Notariuslar tomonidan ijro xatlarini yozish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Notarial palatasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq 2026-yil 1-martdan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2026-yil 13-yanvardagi 2-mh-son buyrugʻiga ILOVA

Notariuslar tomonidan ijro xatlarini yozish tartibi toʻgʻrisidagi

Ushbu Nizom notariuslar tomonidan ijro xatlarini yozish va uni bekor qilish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Notarius tomonidan ijro xati notarial idora binosida, videokonferensaloqa orqali, elektron shaklda yoki murojaat qiluvchilarning xohishiga koʻra notarial idora binosidan tashqarida (sayyor tartibda) yoziladi.

Ijro xati videokonferensaloqa orqali yozilganda, uning tasdiqlovchi yozuvida bu haqida koʻrsatiladi hamda yozish jarayoni notarius tomonidan majburiy audio va videoda qayd etiladi.

Ijro xati sayyor tartibda yozilganda, uning tasdiqlovchi yozuvida u yozilgan joyning manzili koʻrsatiladi va yozish hamda imzolash jarayoni notarius tomonidan majburiy audio va videoda qayd etiladi.

Ijro xati notarius tomonidan faqat yuridik shaxslar foydasiga qarzdorlikni undirishni nazarda tutuvchi hujjatlar boʻyicha elektron shaklda yozilishi mumkin. Bunda, ijro xatini yozish va tasdiqlash jarayonida murojaat qiluvchi ishtirok etishi talab etilmaydi.

Ijro xatini yozish jarayonining audio va videoda qayd etilishi talab etiladigan hollarda notarius va notarial harakatni amalga oshirishda ishtirok etuvchi shaxs tasvirga toʻliq tushirilishi shart.

Bunda notarius tomonidan qanday turdagi notarial harakat amalga oshirilayotganligi, notarial harakat mazmuni va ahamiyati notarius tomonidan ovoz chiqarib tarafga tushuntirib berilishi, hujjat matni murojaat qiluvchiga toʻliq tanishtirilishi, uning asl maqsadiga muvofiqligi tasdiqlanishi hamda toʻliq audio va videoda qayd etilishi lozim.

Agar ijro xati videokonferensaloqa orqali yozilsa, ijro xati murojaat qiluvchi tomonidan Face-ID bilan tasdiqlanadi.

2. Oʻzbekiston Respublikasining “Notariat toʻgʻrisida”gi Qonuniga (bundan buyon matnda Qonun deb yuritiladi) asosan Oʻzbekiston Respublikasida notarial harakatlar davlat tilida amalga oshiriladi.

Rasmiylashtiriladigan hujjat matni fuqaroning talabiga binoan notarius tomonidan rus tilida yoki imkon boʻlsa, boshqa maqbul tilda beriladi.

3. Agar ijro xati taraf tushunmagan yoki yaxshi bilmagan tilda bajarilsa, unda hujjat matni notarius yoki taraf taklif etgan tarjimon tomonidan ogʻzaki tarjima qilinishi mumkin. Bu haqida hujjat matnida va tasdiqlovchi yozuvida kim tomonidan tarjima qilinganligi, shaxsini tasdiqlaydigan hujjatning nomi, uning raqami, berilgan sanasi va shu hujjatni bergan organning nomi hamda matn mazmuni tushuntirilganligi koʻrsatilishi kerak.

Tarjimon hujjat tarjimasini notoʻgʻri yoki yolgʻon tarjima qilganligi uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgarlikka tortilishi haqida notarius tomonidan ogohlantiriladi va bu haqda hujjat matnida koʻrsatiladi.

4. Murojaat qiluvchi notarial xizmatdan foydalanishdan uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega. Murojaat qiluvchi notarial xizmatdan foydalanishdan bosh tortgan taqdirda, uning murojaati koʻrmasdan qoldiriladi. Bunda, ijro xatini yozish uchun toʻlangan toʻlovlar qaytariladi.

5. Murojaat qiluvchi ijro xatini yozish va bekor qilish uchun oʻzi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligi, toʻgʻriligi va haqqoniyligi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.

6. Notarius va uning xodimlari hamda amalga oshirilayotgan notarial harakatlar toʻgʻrisida oʻz xizmat vazifalarini bajarishi munosabati bilan xabardor boʻlib qolgan shaxslar oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan maʼlumotlarning maxfiy saqlanishini taʼminlashi kerak.

2-bob. Murojaat qilish tartibi

7. Murojaat qiluvchi ijro xatini yozish uchun notarial idoraga oʻzi kelib murojaat qiladi yoki notarius xizmatidan elektron tarzda foydalanish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoxud “E-notarius.uz” axborot portali orqali (bundan buyon matnda elektron tarmoq deb yuritiladi) roʻyxatdan oʻtadi.

8. Notarius “Notarius” avtomatlashtirilgan axborot tizimi (bundan buyon matnda Tizim deb yuritiladi) orqali kelib tushgan murojaatlarni bir ish kuni ichida koʻrib chiqishi yoki murojaat qiluvchini qabul qilishi shart.

9. Murojaat qiluvchi elektron tarmoq orqali notarius qabuliga navbatga yozilishni, shuningdek ijro xatini yozish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni joʻnatgan holda tegishli ijro xati loyihasining oldindan tayyorlab qoʻyilishini soʻrab murojaat qilishi mumkin.

10. Murojaat qiluvchi(lar)ning elektron tarmoq orqali notarius qabuliga yozilish boʻyicha yoʻllagan murojaat(lar)i Tizimda avtomatik tarzda qayd qilinadi.

11. Murojaat qiluvchi(lar) elektron tarmoq orqali ijro xatini yozish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni oldindan joʻnatgan holda, tegishli hujjatlarning tayyorlab qoʻyilishi boʻyicha yoʻllagan murojaatlari ularning elektron raqamli imzosi yoki Face-ID bilan tasdiqlanadi.

Ijro xati loyihasi murojaat qiluvchi va notarius tomonidan kelishilgan vaqtda oldindan tayyorlab qoʻyiladi.

12. Murojaat qiluvchi ijro xatini yozish uchun notariusga nizosiz talablar boʻyicha mazkur Nizomning ilovasida koʻrsatilgan tegishli hujjatlarni taqdim etadi.

3-bob. Murojaat qiluvchini qabul qilish, uning shaxsini, muomala va huquq layoqatini aniqlash tartibi

13. Murojaat qiluvchi notarial idoraga bevosita oʻzi kelganda uni notarius yordamchisi, notarius yordamchisi mavjud boʻlmaganda kotib yoki notarius stajyori yoxud notarius qabul qiladi va uning maqsadiga aniqlik kiritadi.

Bunda notarius yordamchisi (kotib yoki notarius stajyori) murojaat qiluvchini notarius qabuliga elektron navbatga yozib qoʻyishi va bu haqda notariusni xabardor qilishi yoki bevosita notarius qabuliga yoʻnaltirishi mumkin, bundan notarius qabuliga navbatga yozilgan murojaat qiluvchi mavjud boʻlmagan hollar mustasno.

14. Notarius murojaat qiluvchining shaxsini aniqlaydi.

Murojaat qiluvchining shaxsi quyidagi hujjatlarga asosan aniqlanadi:

chet el fuqarolari — ularning milliy pasporti (qonunchilik hujjatlariga muvofiq chet el fuqarolari tegishli ichki ishlar organlari tomonidan roʻyxatga olinishi lozim) yoki Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasi, ID-kartasi yoxud diplomatik pasporti yoki Oʻzbekiston Respublikasida akkreditatsiya qilinganligini tasdiqlovchi akkreditatsiya kartochkasi;

xorijdagi doimiy yashovchi va konsullik roʻyxatida turgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasporti;

fuqaroligi boʻlmagan shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasi yoki ID-karta.

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarning aslini taqdim etish talab etilmaydi. Bunda murojaat qiluvchining shaxsi uning shaxsini tasdiqlovchi hujjat rekvizitlari orqali zamonaviy axborot texnologiyalaridan foydalangan holda identifikatsiya qilinadi hamda biometrik maʼlumotlar (barmoq izi yoki Face-ID) orqali verifikatsiya qilinadi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli asosida tasdiqlanadi.

Bunda Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining jismoniy nuqsoni (barmoqlarning yoʻqligi, barmoq izlarining yoʻqolganligi va boshqalar) sababli maxsus moslamalar orqali barmoq izlarini skaner qilish imkoniyati mavjud boʻlmasa, uning shaxsi Face-ID orqali verifikatsiya qilinadi.

15. Notarius murojaat qiluvchining muomala layoqatini u bilan shaxsiy muloqot davomida aniqlaydi.

16. Notariusda murojaat qiluvchining ruhiy holati buzilganligi yoki aqli zaifligi oqibatida oʻz xatti-harakatlarining ahamiyatini tushuna olmaydi yoki shu harakatlarni boshqara olmaydi deb yoxud spirtli ichimliklarni yoki giyohvandlik va psixotrop moddalarni isteʼmol qilishi oqibatida oʻz oilasini ogʻir moddiy ahvolga solib qoʻyadi deb hisoblash uchun asos boʻlsa (shubha tugʻdirsa), ammo shu shaxsning muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklanganligi toʻgʻrisida maʼlumotlar boʻlmasa, notarius notarial harakatni amalga oshirishni kechiktiradi va sudning shu shaxsni muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topganligi toʻgʻrisidagi qarori mavjud yoki mavjud emasligini Tizim orqali tekshiradi.

17. Notarius ijro xatini yozishda ishtirok etuvchi shaxsning bosim yoki kuchli ruhiy hayajonlanish ostida deb hisoblash uchun asosi boʻlsa (shubha tugʻdirsa) notarial harakatni amalga oshirishni kechiktiradi va zarur hollarda huquqni muhofaza qiluvchi organlarga xabar beradi.

Agar mazkur shaxs sud tomonidan muomalaga layoqatsiz deb topilgan boʻlsa, notarius notarial harakatni amalga oshirishni rad etish haqida qaror chiqaradi. Notarius ushbu qarordan norozi tarafning sudga murojaat qilish huquqini tushuntirishi lozim.

Agar mazkur shaxs sud tomonidan muomala layoqati cheklangan deb topilgan boʻlsa, notarius notarial harakatni amalga oshirishda muomala layoqati cheklangan shaxs homiysining yozma roziligini talab etadi. Bunda homiyning roziligi alohida ariza taqdim etish koʻrinishida boʻladi.

18. Yuridik shaxslar ishtirokidagi ijro xatlarini yozishda notarius tomonidan ularning huquq layoqati tekshiriladi. Yuridik shaxslarning huquq layoqatini tekshirish paytida notarius yuridik shaxsning taʼsis hujjatlari bilan tanishib chiqishi, shuningdek u qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligini hamda amalga oshirilayotgan notarial harakatlar ularning taʼsis hujjatlariga muvofiq yoki muvofiq emasligini Tizim orqali tekshirishi shart.

19. Ijro xati vakilning murojaatiga asosan rasmiylashtirilgan taqdirda, uning vakolati tekshiriladi.

Vakilning vakolati uning nomiga berilgan ishonchnoma va (yoki) vakolatini tasdiqlovchi boshqa hujjatlar (qaror, umumiy majlis bayonnomasi, kuzatuv kengashining qarori, buyruq va boshqalar) bilan tasdiqlanadi. Bunda, vakolat beruvchi jismoniy shaxs boʻlsa, uning oʻlim haqidagi dalolatnoma yozuvi qayd etilmaganligi Tizim orqali “FHDYning yagona elektron arxivi” axborot tizimida tekshiriladi va olingan maʼlumotnoma Tizimda saqlanadi.

Notarius taʼsis hujjati boʻyicha notarial harakatni amalga oshirish huquqiga ega boʻlgan yuridik shaxslarning rahbarlaridan notarial harakatlarni bajarish uchun ishonchnoma talab qilmaydi. Bunday hollarda ularning mansab mavqeyini tasdiqlovchi hujjat talab qilinadi.

Vakil tomonidan taqdim etilgan ishonchnoma shubha tugʻdirgan taqdirda, notarius uni tasdiqlagan mansabdor shaxs (tashkilot) orqali tegishli ravishda tekshirishi lozim. Notarial tasdiqlangan ishonchnomaning bekor boʻlgan yoki boʻlmaganligi haqidagi maʼlumot Tizim orqali tekshiriladi.

4-bob. Kar-soqovlik nuqsoni va koʻzi ojiz boʻlgan shaxslar ishtirokida ijro xatini yozish

20. Ijro xatini yozishni soʻrab kar-soqovlik nuqsoni (kar-soqov, kar, qulogʻi ogʻir, zaif eshituvchi), koʻzi ojiz (koʻr, zaif koʻruvchi) boʻlgan shaxs(lar) murojaat qilsa (elektron shaklda va videokonferensaloqa shaklida qilingan murojaatlar bundan mustasno) hamda u(lar) savodsiz boʻlsa, ijro xatini tasdiqlash paytida u(lar) bilan muomala qila oladigan va hujjatning mazmunini u(lar)ning xohish-irodasiga muvofiq ekanligini tasdiqlovchi surdo yoki tiflo tarjimon hozir boʻlishi shart.

Agarda notarius kar-soqovlik nuqsoni (kar-soqov, kar, qulogʻi ogʻir, zaif eshituvchi) boʻlgan fuqarolar bilan muloqot qila olsa va koʻzi ojiz (koʻr, zaif koʻruvchi) fuqaro uchun moʻljallangan moslama bilan ishlay olsa, unda surdo yoki tiflo tarjimonning ishtiroki talab etilmaydi. Bu holatda notarius oʻzi tomonidan jismoniy nuqsoni mavjud boʻlgan fuqarolar bilan shaxsan muloqot qilganligi haqida hujjat matni va tasdiqlovchi yozuvida yozib qoʻyadi.

21. Notarius mazkur harakatlarni amalga oshirishda shaxsning surdo yoki tiflo tarjimonning imzosi haqiqiyligini shahodatlashni alohida notarial harakat sifatida roʻyxatga olmaydi.

Surdo tarjimonning vakolati unga Oʻzbekiston Karlar jamiyati tomonidan va tiflo tarjimonning vakolati unga Oʻzbekiston koʻzi ojizlar jamiyati tomonidan berilgan ishonchnoma va xizmat guvohnomasi orqali aniqlanadi.

22. Kar-soqovlik nuqsoni (kar-soqov, kar, qulogʻi ogʻir, zaif eshituvchi) boʻlgan hamda muomala layoqatiga ega boʻlgan savodli shaxs notarial harakatlarni amalga oshirishni soʻrab murojaat qilsa, hujjat uning oʻzi tomonidan shaxsan yoki notarius tomonidan oʻqib chiqiladi.

Kar-soqovlik nuqsoni (kar-soqov, kar, qulogʻi ogʻir, zaif eshituvchi) boʻlgan, muomala layoqatiga ega boʻlgan, biroq surdo tarjimon bilan muloqot qila olmaydigan savodli shaxs oʻz imzosi bilan hujjat mazmuni oʻzining xohish-irodasiga muvofiq ekanligini notarius bilan yozma ravishda bildiradigan boʻlsa, notarial harakatlarni amalga oshirishda surdo tarjimonning ishtiroki shart emas. Ushbu yozishmalar hujjat bilan birga tikib qoʻyiladi.

23. Mazkur Nizomning 20 — 22-bandlarida belgilangan tartibda ijro xatini yozish jarayoni audio va videoyozuv vositalaridan foydalanilgan holda amalga oshiriladi.

24. Surdo tarjimon yoxud tiflo tarjimon hujjat tarjimasini notoʻgʻri yoki yolgʻon tarjima qilganligi uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgarlikka tortilishlari haqida notarius tomonidan ogohlantiriladi va bu haqda hujjat matnida koʻrsatiladi.

5-bob. Ijro xatini yozishga qoʻyiladigan umumiy talablar

25. Ijro xati quyidagi hollarda yoziladi:

taqdim etilgan hujjatlar qarzdorning undirib oluvchidan qarzdor ekanligi yoki boshqa majburiyatini shubhasiz tasdiqlasa;

majburiyat bajarilmagan yoki lozim darajada bajarilmaganda daʼvo qilish huquqi vujudga kelgan kundan boshlab uch yildan ortiq vaqt oʻtgan boʻlmasa.

Agar ijro xati berish haqidagi talab uchun qonunchilikda boshqa muddat belgilangan boʻlsa, ijro xati shu muddat ichida beriladi.

26. Notariuslar tomonidan bazaviy hisoblash miqdorining bir ming baravarigacha boʻlgan quyidagi fuqarolik-huquqiy nizosiz talablar boʻyicha ijro xati yoziladi:

notarial tasdiqlangan bitimlarga asoslangan talab;

yozma va notarial tasdiqlangan bitim mavjud boʻlgan taqdirda, undiruvni qarzdorning majburiyatlari bajarilishining taʼminoti boʻlgan koʻchar mol-mulkka qaratish toʻgʻrisida talab;

ijara toʻlovlari, koʻp kvartirali uylardagi joylarning mulkdorlaridan majburiy badallar va toʻlovlar, kommunal va aloqa xizmatlari boʻyicha qarzdorlikni undirish toʻgʻrisida talablar.

27. Ijro xatida quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi lozim:

ijro xatini yozayotgan notariusning ismi va otasining ismini bosh harflari, familiyasi, lavozimi;

undiruvchi va qarzdorning nomi, ularning manzillari, jismoniy shaxslar uchun tugʻilgan sanasi, shaxsiy identifikatsiya raqami, shuningdek yuridik shaxsning soliq toʻlovchi identifikatsiya raqami;

undirib olish amalga oshiriladigan muddat;

undirib olinishi kerak boʻlgan summalar yoki talab qilib olinishi kerak boʻlgan narsalar (koʻchar mulklar), shu jumladan toʻlanishi kerak boʻlgan penya, foizlar;

undirib oluvchi toʻlagan yoki qarzdordan undirilishi kerak boʻlgan davlat boji hamda huquqiy va texnik tusdagi qoʻshimcha harakatlar amalga oshirilganligi uchun toʻlovlar summalari;

qarzdor ijro xatiga qarshi eʼtirozlarini bildirib, ijro xatini yozgan notariusga ijro xati nusxasini olgan yoki ijro xati yozilganligi unga maʼlum boʻlgan kundan eʼtiboran oʻn kunlik muddatda ijro xatini bekor qilishni soʻrab murojaat qilish huquqi tushuntirilishi;

ijro xati yozilgan sana (yil, oy, kun);

ijro xatining elektron reyestrda qayd etilgan tartib raqami;

ijro xatini yozgan notariusning imzosi, muhri va (yoki) QR-kodli (matrik shtrixli kodli) imzosi.

28. Ijro xati, agar qonunchilikda boshqa muddat belgilangan boʻlmasa, u yozilgan kundan boshlab uch yil muddat ichida majburiy ijro uchun taqdim etilishi mumkin.

Ijro xatini taqdim etishning oʻtkazib yuborilgan muddatini, shuningdek ijro xati boʻyicha undirishni tiklash qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

29. Notarius ijro xatini yozgandan soʻng uni undiruvchi va qarzdorga (uning oila aʼzolaridan biriga) topshirishi yoki ularga pochta yoxud boshqa aloqa vositalari orqali, shu jumladan ijro xati joʻnatilganligi va qabul qilib olinganligi faktini qayd etish imkonini beruvchi vositalardan foydalangan holda elektron pochtaga yoki mobil telefonga (mavjud boʻlganda) yuboradi.

30. Undiruvchining iltimosiga koʻra, qarzdor tomonidan oʻn kun ichida ijro xatini yozgan notariusga shikoyat kelib tushmagan taqdirda ijro xati Tizimda notariusning QR-kodli (matrik shtrixli kodli) imzosi bilan tasdiqlangan elektron hujjat tarzida qarzdorning yashash joyidagi, agar qarzdor yuridik shaxs boʻlsa, uning joylashgan yeridagi Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosining tegishli boʻlinmasiga mazkur muddat oʻtgandan soʻng ijro uchun yuboriladi.

6-bob. Ijro xati loyihasini tayyorlash tartibi

31. Tegishli hujjatlar talab qilib olingan va maʼlumotlar tekshirilganidan soʻng notarius, notarius yordamchisi, stajyori yoki kotibi tomonidan ijro xati loyihasi tayyorlanadi.

32. Ijro xati matni aniq va ravshan yozilgan boʻlishi lozim, hujjatning mazmuniga taalluqli sana va muddatlar hech boʻlmaganda bir marta soʻz bilan, hujjatning matnida baholar koʻrsatilsa, raqam hamda soʻz bilan yozilishi, yuridik shaxslarning nomlari esa ularning organlari joylashgan yerni koʻrsatgan holda qisqartirishlarsiz yozilishi, soliq toʻlovchining shaxsiy identifikatsiya raqami koʻrsatilishi lozim. Fuqarolarning familiyasi, ismi, otasining ismi, yashash joyi yoki turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olingan manzili, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami toʻliq koʻrsatilgan holda yozilishi, notarial harakatlarni amalga oshirishda chet el fuqarolari qatnashayotgan boʻlsa, ularning fuqaroligi ham koʻrsatib oʻtilishi kerak.

Bunda ijro xatining mazmuni Tizimga aniq va toʻliq kiritilishi lozim.

33. Bir xil shakldagi hujjatlar boʻyicha (masalan, bank kreditlari, kommunal xizmatlar uchun toʻlanadigan toʻlovlar hamda shu kabilar) bir qancha ijro xatlari berishni amalga oshirish paytida notarial idorada qarzdorlarning roʻyxatlari olinadi. Bunda undiruvchi va qarzdorlarning toʻliq nomi va manzili, toʻlov muddatlari, ijro xati boʻyicha qarz undirish summasi, zarur hollarda esa boshqa maʼlumotlar ham koʻrsatiladi.

Notarius ijro xatlari yozishda roʻyxatda koʻrsatilgan qarzdorlarning qarzdorligini tasdiqlovchi hujjatning bir nusxasini notarial idorada qoldiradi.

34. Ijro xati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Tizimga kiritiladi va har bir ijro xati alohida tartib raqami bilan roʻyxatga olinadi. Bunda ijro xatining tasdiqlangan elektron shakli Tizimda saqlanadi.

7-bob. Ijro xatini yozish uchun toʻlovlarni amalga oshirish tartibi

35. Ijro xatini yozishda notarius tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining “ Davlat boji toʻgʻrisida ”gi Qonuni bilan tasdiqlangan Davlat boji stavkalarining miqdorlariga asosan davlat boji va Notariuslar tomonidan amalga oshiriladigan huquqiy va texnik tusdagi qoʻshimcha harakatlar uchun undiriladigan toʻlovlarning maksimal miqdorlariga (roʻyxat raqami 3235, 2020-yil 29-may) muvofiq huquqiy va texnik tusdagi qoʻshimcha harakatlar amalga oshirilganligi uchun haq undiriladi.

36. Murojaat qiluvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Tizimga toʻliq kiritilganidan soʻng notarial harakat uchun undiriladigan toʻlovlar miqdori Tizimda avtomatik ravishda hisoblanadi, toʻlov kvitansiyalari (invoys) murojaat qiluvchiga beriladi va uning Tizimga kiritilgan mobil telefoni raqamiga toʻlovlarning miqdori, notarial harakatni tasdiqlash kodi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining “ishonch telefoni” raqami koʻrsatilgan SMS xabar yoʻllanadi.

Murojaat qiluvchining mobil telefoni mavjud boʻlmaganda, istisno tariqasida, Tizimga u tomonidan koʻrsatilgan, notarial idoraga birga kelgan boshqa shaxsning mobil telefoni raqamini, agar faqat oʻzi kelgan boʻlsa, notariusning mobil telefoni raqamini kiritishga ruxsat etiladi.

37. Toʻlovlar amalga oshirilganligi haqidagi maʼlumotlar Tizimga kelib tushgandan hamda notarial harakatni amalga oshirish uchun murojaat qiluvchi notarial harakatni tasdiqlash kodini notariusga berganidan soʻng tasdiqlanadi.

38. Bir xil shakldagi hujjatlar yuzasidan bir qancha ijro xatlari berilganda, roʻyxatda koʻrsatilgan qarzdorlarning har biri boʻyicha alohida toʻlov kvitansiyalari (invoys) beriladi.

Toʻlovlar amalga oshirilganligi haqidagi maʼlumot toʻlov kvitansiyalari (invoys) Tizimda saqlanadi.

8-bob. Ijro xatiga tuzatish kiritish yoki uni bekor qilish tartibi

39. Notarius oʻz tashabbusi bilan yoki manfaatdor shaxslarning iltimosiga koʻra ijro xatining barcha nusxalariga uning mohiyatini oʻzgartirmaydigan tuzatishlarni kiritishi yoki uning aniq arifmetik xatolarinigina tuzatishi mumkin.

Ijro xatidagi tuzatishlar tegishli matnning oxirida notariusning imzosidan oldin izohlanishi, notariusning imzosi va muhri bilan tasdiqlanishi kerak. Bunda, tuzatishlar shunday qilinishi kerakki, oʻchirilgan barcha soʻzlar va raqamlarni boshlangʻich matnda oʻqish imkoni boʻlishi lozim.

Ijro xatiga kiritilgan tuzatishlar tegishli tartibda Tizimga kiritiladi.

40. Notarius yoʻl qoʻygan xatosi natijasida oʻzi rasmiylashtirgan ijro xatining notoʻgʻriligini bilib qolgan taqdirda, u ana shu ijro xatini belgilangan tartibda bekor qilish choralarini koʻrish uchun bu haqda prokurorga xabar qilishga majbur. Notarius prokurorga xabar qilganligi toʻgʻrisida tegishli hududiy adliya organlarini xabardor qiladi.

41. Qarzdor ijro xatiga qarshi eʼtirozlarini bildirib, ijro xati nusxasini olgan yoki ijro xati yozilganligi unga maʼlum boʻlgan kundan eʼtiboran oʻn kunlik muddatda tegishli notariusga ijro xatini bekor qilishni soʻrab murojaat qilishga haqli.

Bunday holda notarius ijro xatini bekor qilib, bu haqda qaror chiqaradi. Ijro xatini bekor qilish toʻgʻrisidagi qarorda notarius undiruvchi bildirgan talab daʼvo ishini yuritish tartibida taqdim etilishi mumkinligi haqida tushuntiradi.

Ijro xatini bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror nusxasi undiruvchi va qarzdorga (uning oila aʼzolaridan biriga) topshirilishi yoki ularga pochta yoxud boshqa aloqa vositalari orqali, shu jumladan qaror joʻnatilganligi va qabul qilib olinganligi faktini qayd etish imkonini beruvchi vositalardan foydalangan holda elektron pochtaga yoki mobil telefonga (mavjud boʻlganda) yuboriladi.

Agar ijro xati notarius tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosining tegishli boʻlinmasiga yuborilgan boʻlsa, ijro xati bekor qilinganligi haqidagi qaror ushbu qaror qabul qilingan kunning oʻzida mazkur organga ham yuboriladi.

Qarzdor eʼtiroz bildirish uchun belgilangan oʻn kunlik muddatni uzrli sabablarsiz oʻtkazib murojaat qilsa (bundan kasalligi, yaqin qarindoshlarining vafoti, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi va boshqa uzrli sabablar boʻlgan holatlar mustasno), notarius ijro xatini bekor qilishni rad etadi va bu haqida qaror chiqaradi. Ushbu qaror ustidan belgilangan tartibda sudga murojaat qilinishi mumkin.

Ijro xati yozishga asos boʻlgan qarzdorlik elektron tizimlardagi texnik nosozliklar sababli yuzaga kelganligi (hisoblanganligi) aniqlangan taqdirda undiruvchi yoki qarzdorning shu haqidagi murojaatiga asosan ijro xati bekor qilinadi.

9-bob. Ijro xati yozishni rad qilish tartibi

42. Notarius quyidagi hollarda ijro xati yozishni rad etadi, agar:

bunday ijro xatini yozish qonunga zid boʻlsa;

muomalaga layoqatsiz fuqaro yoki zarur vakolatlari boʻlmagan vakil ijro xati yozishni soʻrab murojaat qilgan boʻlsa;

yuridik shaxs manfaatida yozilgan ijro xati uning ustavida yoki nizomida koʻrsatilgan maqsadlarga zid boʻlsa;

ijro xati yozish qonun talablariga muvofiq boʻlmasa;

ijro xati yozish uchun taqdim etilayotgan hujjatlar qonunchilik talablariga muvofiq boʻlmasa;

qarzdor jismoniy shaxs vafot etgan boʻlsa;

murojaat qiluvchi ijro xatini yozish uchun toʻlovni amalga oshirmasa;

undiruvchi qarzdorlikni haqiqatda mavjudligini isbotlab bera olmasa.

Ijro xatini yozish rad etilgan taqdirda, notarius ijro xati yozishni rad etish haqida murojaat qilingan kundan boshlab uch ish kunidan kechiktirmasdan qaror chiqaradi.

Notarius ijro xatini yozish toʻgʻrisidagi murojaati rad etilgan shaxsning iltimosiga binoan rad etish sababini yozma ravishda bayon etishi va rad etish ustidan shikoyat qilish tartibini tushuntirib berishi lozim.

43. Notarius ijro xati yozishni rad etganda toʻlangan davlat boji hamda huquqiy va texnik tusdagi qoʻshimcha harakatlar amalga oshirilganligi uchun toʻlovlar qaytariladi.

10-bob. Yakuniy qoida

44. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Notariuslar tomonidan ijro xatlarini yozish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Ijro xatini yozish uchun taqdim etiladigan hujjatlar

1. Notarial tasdiqlangan bitimlar boʻyicha ijro xatini olish uchun quyidagilar taqdim etiladi:

a) notarial tasdiqlangan bitimning nusxasi;

b) undiruvchi tomonidan qarzdorga toʻlov muddatini oʻtkazib yuborganligi toʻgʻrisida yuborilgan bildirishnoma;

v) qarzdorlik faktini tasdiqlovchi hujjat nusxasi (elektron yoki yozma).

Bunda 2020-yil 1-yanvardan keyin rasmiylashtirilgan bitimlar Tizim orqali notarius tomonidan tekshiriladi hamda undiruvchidan talab etilmaydi.

2. Oʻzaro tuzilgan oddiy yozma shakldagi bitimlar boʻyicha ijro xatini olish uchun quyidagilar taqdim etiladi:

a) oʻzaro tuzilgan bitimning nusxasi;

b) undiruvchi tomonidan qarzdorga toʻlov muddatini oʻtkazib yuborganligi toʻgʻrisida yuborilgan bildirishnoma;

v) qarzdorlik faktini tasdiqlovchi hujjat nusxasi (elektron yoki yozma).

3. Ijara toʻlovlari, koʻp kvartirali uylardagi joylarning mulkdorlaridan majburiy badallar va toʻlovlar, kommunal va aloqa xizmatlari boʻyicha ijro xatini olish uchun quyidagilar taqdim etiladi:

a) hisobvaraqning undirib oluvchi tomonidan tasdiqlangan nusxasi;

b) undiruvchi tomonidan qarzdorga toʻlov muddatini oʻtkazib yuborganligi toʻgʻrisida yuborilgan bildirishnoma;

v) qarzdorlik faktini tasdiqlovchi hujjat nusxasi (elektron yoki yozma);

d) qarzdorlik koʻchmas mulk bilan bogʻliq boʻlsa, uning kadastr raqami;

e) qonunchilikda shartnoma asosida xizmat koʻrsatish, shuningdek koʻp kvartirali uyni boshqarish nazarda tutilgan hollarda tegishli shartnoma nusxasi.

Bunda koʻp kvartirali uylardagi joylarning mulkdorlaridan majburiy badallar va toʻlovlar, kommunal va aloqa xizmatlari boʻyicha qarzdorlik Tizim orqali notarius tomonidan tekshiriladi.

Mazkur hujjatlar idoralararo elektron axborot almashuvi orqali olinishi mumkin.

Vazir A. TASHKULOV

Oʻzbekiston Respublikasi Notarial palatasi raisi D. ASHUROV

Toshkent sh.,

2026-yil 13-yanvar,

2025-yil 25-dekabr

2-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.01.2026-y., 10/26/3757/0058-son; 10.08.2026-y., 10/26/3757-1/0829-son)

lex.uz