UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 6-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Raqamli texnologiyalar vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 6 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Рақамли технологиялар вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 января 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр цифровых технологий

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 January 2026 · Ministry and agency documents · Raqamli texnologiyalar vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг

буйруғи

ҚОИДАЛАРИ

Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси , « Телекоммуникациялар тўғрисида »ги, « Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида »ги, « Давлат божи тўғрисида »ги, « Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида »ги ва « Шахсга доир маълумотлар тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ буюраман:

1. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг 2020 йил 30 июндаги 208-мҳ-сон «Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3275, 2020 йил 30 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3275/1194-сон) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан келишилган.

4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг 2026 йил 6 январдаги 287-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш

Мазкур Қоидалар телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларини белгилайди.

I бўлим. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникациялар операторлари (бундан буён матнда оператор деб юритилади), телекоммуникациялар хизматлари провайдерлари (бундан буён матнда провайдер деб юритилади), дилерлари ва эшиттирувчилар билан фойдаланувчилар ўртасида шартнома (келишув) асосида тақдим этиладиган телефон алоқаси, таксофонларда телефон алоқаси, қўриқлаш сигнализацияси аппаратурасини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, ахборот-маълумот, телеграф, маълумотлар узатиш тармоғи, Интернет, жамоат фойдаланиш жойларида Интернет жаҳон ахборот тармоғидан симсиз фойдалана олиш, мобил алоқа, миллий ва халқаро роуминг, тижорат асосидаги кабелли, эфир, интерактив, IPTV ( IP -телевидение), OTT ( Over the Top ) ва онлайн телевидение ва радиоэшиттириш хизматларини ташкил қилиш, шунингдек улардан фойдаланиш, хизматларни кўрсатиш тартиби, шартлари ҳамда субъектларнинг жавобгарлиги, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

2. Мазкур Қоидалар қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

идоравий телекоммуникациялар тармоқлари томонидан телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишга, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Электрон технологияларини ривожлантириш марказининг ажратилган алоқа тармоқларида, шунингдек ички ишлаб чиқариш ва технологик вазифадаги алоқа тармоқларида телеграф хизматларини кўрсатишга, Глобал ҳаракатдаги шахсий йўлдош алоқа тармоқларида роуминг хизматларини кўрсатишга;

дастурларни чекланмаган томошабинларга бепул асосда эркин томоша қилиш учун тарқатувчи эфир телевидение тармоқларига;

бир ташкилот (муассаса ёки корхона), шу жумладан таълим ташкилотининг бинолари ёки ҳудудлари билан чекланган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига;

абонентларнинг умумий сони ўнтадан ошмайдиган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига;

алоҳида телекоммуникациялар тармоқларига тааллуқли бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни қўриқлаш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган телевидение ва видеокузатув тармоқларига;

жисмоний шахсларнинг шахсий мулки бўлган ва индивидуал қабул қилишни ва эфир телерадиоэшиттириш дастурлари (шахсий эҳтиёжлари учун) тарқатилишини таъминлайдиган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига.

3. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

абонент — оператор ёки провайдер билан тузилган шартномага асосан телекоммуникациялар хизматларидан бевосита фойдаланувчи жисмоний ёки юридик шахс;

абонент линияси — телекоммуникациялар линиясининг оператор ёки провайдер телекоммуникациялар тармоғининг кириш нуқтасидан абонент розеткасигача ёки у мавжуд бўлмаганда фойдаланувчи қурилмасигача бўлган қисми;

абонент рақами — телекоммуникациялар хизматлари кўрсатилиши учун шартноманинг амал қилиш даврида абонентга оператор ва провайдер томонидан ажратиладиган рақам;

абонент рақамининг кўчиб ўтиши — мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида донор томонидан абонентга ажратилган абонент рақамини бошқа мобил алоқа оператори (реципиент) билан янги шартнома тузишда сақлаш ва ундан фойдаланиш учун амалга ошириладиган ташкилий-техник тадбирлар мажмуи;

абонент тармоғи — турар жой ёки жамоат биноси майдони чегарасида хизмат кўрсатиладиган абонентнинг техник воситалари, қурилмалари ва кабель линиялари мажмуи;

автоинформатор — чақираётган абонентга олдиндан ёзиб олинган нутқли хабар орқали ахборот тақдим этувчи мантиқий қурилма;

автоматик роуминг — мобил алоқа тармоғининг абонентига дастлабки аризасиз операторлар ўртасида роуминг тўғрисида шартнома тузилганлиги шарти билан бошқа мобил алоқа операторининг қамров ҳудудида кирувчи ва чиқувчи алоқага эга бўлиш имконини берадиган роуминг хизмати;

автоматик телефон станцияси (бундан буён матнда АТС деб юритилади) — телефон боғланишларнинг ва узилишларнинг автоматик равишда ўрнатилишини таъминловчи телефон станция;

автоматик хизмат кўрсатиш тизими — телефон алоқаси хизматларидан фойдаланувчи томонидан чақирилаётган абонент рақамини мустақил териш йўли билан оператор-телефонист ёрдамисиз ўрнатиладиган телефон боғланиш усули;

АТС таъсир ҳудуди — телефон станцияси ёки подстанциядан кабель (ҳаво) линиялари ёки радио фойдалана олиш воситалари орқали телефонлаштирилиши мумкин бўлган ҳудуд;

аутентификация — маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланувчи томонидан кўрсатилган идентификациялаш маълумотларининг ҳақиқийлигини аниқлаш;

ахборот-маълумот хизмати — фойдаланувчиларга, уларнинг ташаббусига кўра, оғзаки (товушли), чат ёки визуал сўров шаклида ифодаланган ахборотни (бир телефон боғланиш чегарасида) тақдим этувчи хизмат;

барча чақирувлар учун сўров ( All Call Query ) (бундан буён матнда All Call Query деб юритилади) — мобил телекоммуникация тармоғининг кўчирилган абонент рақамларига трафикни ўтказиш учун чақирувларни тўғридан-тўғри маршрутлаш методи, бунда чақирув ташаббускорининг тармоғи кўчирилган рақам тўғрисида ахборот олиш ва чақирувни белгиланган жойига кейинчалик маршрутлаш учун кўчирилган рақамларнинг операцион маълумотлар базасига сўровни амалга оширади;

бирламчи оператор — бирламчи равишда рақамлаш ресурси ажратилган, бу ресурсдан абонентга абонент рақами биринчи марта кўчирилган мобил алоқа оператори ёки провайдер;

буюртма хизмат кўрсатиш тизими — олдиндан буюртма берган ҳолда оператор-телефонист ёрдамида алоқа ўрнатилиши;

дарҳол хизмат кўрсатиш тизими — абонентдан буюртмани қабул қилгандан кейин оператор-телефонист ёрдамида зудлик билан телефон боғланишнинг ўрнатилиши;

дилернинг хизмат кўрсатиш пункти — дилер томонидан ташкил қилинадиган ва фойдаланиладиган хизмат кўрсатиш пункти;

домен номи — ахборот ресурсига ёки ахборот тизимига берилган, уларни Интернет жаҳон ахборот тармоғида идентификациялаш учун хизмат қиладиган ноёб ном;

домен номлари тизими — Интернет жаҳон ахборот тармоғида домен номларини бериш, рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби;

эфирга узатиш жадвали — дастурлар трансляциясининг ҳар кунги бошланиши ва тугаш вақтлари кўрсатилган, телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш учун телекоммуникациялар воситаларини ҳафталик, ойлик юкламалари режаси;

фойдаланувчи — телекоммуникациялар хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;

фойдаланувчи қурилмаси — телекоммуникациялар тармоқлари билан ўзаро боғланадиган ва сигналларни шакллантириш, узатиш, қабул қилиш учун мўлжалланган фойдаланувчининг техник воситаси;

идентификациялаш — мавжуд маълумотлар асосида телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланувчининг шахсини аниқлаш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғи (бундан буён матнда Интернет тармоғи деб юритилади) — ягона адрес ва номлар маконидан фойдаланиладиган, шлюзлар ёрдамида бирлаштирилган, ягона TCP/IP протоколига мувофиқ ишлайдиган кўплаб тармоқлардан иборат глобал халқаро тармоқ;

Интернет хизматларидан фойдаланувчи — Интернет хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;

Интернетдан жамоат бўлиб фойдаланиш пункти — керакли техник воситалар билан жиҳозланган, фойдаланувчиларнинг Интернет тармоғидан жамоа бўлиб фойдаланиш хизматлари кўрсатиладиган жой;

Интернет-провайдер — тижорат асосида Интернет тармоғидан фойдалана олиш хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;

кабелли, эфир, интерактив, IPTV (IP -телевидение), OTT (Over the Top ), онлайн телевидение ва радиоэшиттириш (бундан буён матнда эшиттирувчи деб юритилади) — эркин томоша қилиш мумкин бўлмаган телевидение каналларидан фойдаланган ҳолда теледастурлар ва бошқа телекоммуникациялар хабарларини муайян ҳудудда ишлаб чиқариш, шакллантириш ва тарқатишни таъминлайдиган тақсимлаш ва ташкилий-бошқарув жараёни билан шуғулланадиган субъект;

конференц-алоқа — учта ва ундан ортиқ абонентга бир вақтда телефон орқали мулоқот қилиш имконини берувчи хизмат;

контент хизматлари — мобил алоқа тармоқлари орқали тақдим этиладиган ва уларнинг истеъмол қийматини оширишга қаратилган, мобил алоқа абонентларига уларнинг рақами баланси ҳисобидан пуллик асосда маълумот, кўнгилочар ва бошқа маълумотларни олиш имкониятини берувчи қўшимча хизмат тури;

контент провайдери — мобил алоқа тармоқлари орқали контент хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти субъекти;

кўчирилган рақамлар марказлаштирилган базаси — (бундан буён матнда КРМБ деб юритилади) — мобил алоқа тармоқларида кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган маълумотлар базасини бошқарувчи аппарат-дастурий комплекс;

КРМБ оператори — КРМБ шакллантирилиши, ишлаши, техник кузатилиши ва ривожланишини таъминлайдиган, унинг ресурсларидан фойдаланишни тақдим этадиган ташкилот;

кўчирилган рақамларнинг локал базаси — чақирув ёки бошқа хабарларни кўчирилган рақамга тўғри маршрутлаш учун мобил алоқа оператори томонидан ундан реал вақтда фойдаланиладиган, бу операторда бўлган КРМБнинг нусхаси;

кўчирилган рақамларнинг локал базасини КРМБ билан синхронлаш — муайян даврийлик билан амалга ошириладиган, КРМБдаги ахборотнинг кўчирилган рақамлар локал базасига нусхасини кўчириш жараёни;

лицензия — юридик шахсга бериладиган, лицензия талаблари ва шартларига мажбурий равишда риоя этилган тақдирда фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки унинг кичик турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;

лицензиянинг амал қилиш ҳудуди — лицензия талаблари ва шартларида кўрсатилган оператор ва провайдер телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ҳудуд;

маҳаллий оператор — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларга мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи алоқа оператори (провайдери);

маҳаллий телефон алоқаси — битта аҳоли пункти ёки маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган фойдаланувчилар ўртасидаги телефон боғланиши;

маршрут рақами ( routing number, RN ) — мобил телекоммуникациялар тармоғининг кўчирилган абонент рақамига чақирувларни амалга ошириш учун телекоммуникациялар тармоқларида фойдаланиладиган манзилли ахборот;

маълумот хизмати — фойдаланувчига телекоммуникациялар хизматлари оператори ёки провайдери томонидан кўрсатиладиган телекоммуникациялар хизматлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этувчи хизмат;

маълумотлар узатиш — маълумотларни кейинги қайта ишлаш учун телекоммуникациялар воситалари ёрдамида сигналлар кўринишида бир пунктдан бошқа пунктга кўчириш;

маълумотлар узатиш тармоғи — маълумотлар узатилишини таъминлаш мақсадида маълум нуқталар ўртасида телекоммуникацияларни ташкил этиш учун тузилган телекоммуникациялар узеллари ва каналларининг мажмуи;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари — оператор ва провайдернинг маълумотлар узатиш тармоғи орқали сигналлар ва ахборотнинг бошқа турларини қабул қилиш, узатиш ва қайта ишлаш бўйича фаолияти маҳсули, IP -телефония бундан мустасно;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланувчи — маълумотлар узатиш тармоғи хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;

«механик» роуминг — роуминг хизматини кўрсатиш, бунда роумер-абонент роуминг даврида хизмат кўрсатувчи оператордан бошқа абонент рақамини олади ва маҳаллий операторга тегишли бўлган ўзининг уяли рақами бўйича кирувчи чақирувларни қабул қилиш имконига эга бўлмайди;

мобил алоқа операторлари ўртасида роуминг тўғрисидаги шартнома — роуминг хизматини ишлаб чиқариш ва ундан потенциал мобил алоқа абоненти томонидан фойдаланиш тўғрисида келишаётган томонларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари тўғрисида, томонларнинг ўзаро жавобгарлик чоралари тўғрисидаги юридик ҳужжат;

мобил алоқа тармоғи — абонентларга мобил алоқа (овоз, маълумотлар узатиш ва бошқалар) хизматларини кўрсатувчи техник воситалар (коммутацион ва радиоускуна, фойдаланувчи қурилмалари, уловчи линиялар, иншоотлар ва бошқалар) мажмуи. Мобил алоқа тармоқларига уяли, транк, локал-транк, радиал-ҳудуд тармоқлари киради;

мобил алоқа тармоғи оператори (провайдери)нинг дилери (бундан буён матнда дилер деб юритилади) — оператор (провайдер) номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун оператор (провайдер) билан шартнома тузган юридик шахс (бундан буён матнда дилерлик шартномаси деб юритилади), бунда дилер бир ёки бир нечта операторларнинг (провайдерларнинг) манфаатларини ифодалаши мумкин;

муаллифлик шартномаси — муаллифнинг мулкий ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида муаллиф ёки унинг вориси томонидан тузиладиган шартнома;

операторнинг (провайдернинг) ишлаш ҳудуди — оператор (провайдер) телекоммуникациялар хизматларини кўрсатадиган ҳудуд;

оператор (провайдер)-донор (бундан буён матнда донор деб юритилади) — телекоммуникациялар тармоғидан абонент рақами кўчириладиган мобил алоқа оператори (провайдери);

операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пункти — оператор (провайдер) томонидан ташкил қилинадиган ва фойдаланиладиган хизмат кўрсатиш пункти;

оператор (провайдер)-реципиент (бундан буён матнда реципиент деб юритилади) — телекоммуникациялар тармоғига абонент рақами кўчириладиган мобил алоқа оператори (провайдери);

«пластик» роуминг — «механик» роумингнинг бир тури бўлиб, бунда абонент маҳаллий оператор билан олдиндан хизмат кўрсатувчи оператор ҳудудига бориши тўғрисида келишиб олади ва у орқали хизмат кўрсатувчи операторга тегишли бўлган бошқа абонент рақамини олади ҳамда маҳаллий операторга тегишли бўлган ўзининг уяли алоқа рақамига кирадиган чақирувларни янги рақамга қайта йўналтиради (манзиллайди);

қисқа матнли хабар (СМС) (бундан буён матнда СМС деб юритилади) — қисқа хабарлар маркази орқали мобил алоқа абонентларига қисқа матнли хабарларни узатиш ва қабул қилиш учун мўлжалланган хизмат;

рақамни кўчириш мумкинлигини олдиндан текшириш — абонент рақамини кўчиришдан аввал, онлайн шаклда мобил алоқа операторларининг (провайдерининг) расмий веб-сайтида ёки мобил иловаси орқали абонент рақамини кўчириш имкониятини текшириш ҳамда рад этилганда асосланган изоҳларни тақдим этиш;

роумер-абонент — хизмат кўрсатувчи операторнинг (провайдернинг) мобил алоқа хизматларидан фойдаланувчи маҳаллий мобил алоқа операторининг абоненти;

роумер-ташриф буюрувчи — маҳаллий оператор тармоғи хизматларидан фойдаланувчи оператор-роуминг-шерикнинг абоненти;

роуминг — битта мобил алоқа оператори абонентининг битта давлат доирасида (миллий роуминг) ёки бошқа мамлакатда (халқаро роуминг) бўлган бошқа мобил алоқа операторининг хизмат кўрсатиш ҳудудида бўлганда бошқа мобил алоқа операторининг тармоғидан фойдалана олишини таъминловчи хизмат;

роуминг хизматини кўрсатувчи оператор — роуминг тўғрисидаги шартнома асосида ўз тармоғининг имкониятларидан фойдаланиб бошқа мобил алоқа операторининг (провайдерининг) абонентларига мобил алоқа хизматларини тақдим этувчи мобил алоқа оператори (провайдери) (роуминг-шерик/хизмат кўрсатувчи оператор (провайдер);

таксофон — телефон алоқани ўрнатиш, фойдаланувчиларга сўзлашувлар ва қўшимча хизматларни тақдим этиш учун мўлжалланган, фойдаланувчилар билан нақд пул ва нақд пулсиз тўлов воситалари (махсус жетон, тўлов картаси) ёрдамида дарҳол ҳисоб-китоб қилиш қурилмасидан иборат бўлган, шу жумладан сўзлашув пунктларида ўрнатиладиган охирги фойдаланувчи телефон қурилмаси;

тариф режаси — оператор (провайдер) томонидан телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланувчиларга бир ёки бир нечта хизматдан фойдаланиш учун тақдим этиладиган нархлар ва техник шартлар мажмуи;

тарификация бирлиги — оператор (провайдер) томонидан белгиланган тарификация тизимига боғлиқ бўлган кўрсатиладиган хизматнинг тўланадиган бирлиги;

телефон алоқаси хизматлари — операторнинг (провайдернинг) сўзлашувлар ва қўшимча хизматларни, шу жумладан IP -телефония орқали тақдим этишга доир фаолияти маҳсули;

телефон алоқаси хизматларидан фойдаланувчи — телефон алоқаси хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланадиган жисмоний ёки юридик шахс;

телефон боғланиш — иккита телефон аппарати ёки четки қурилмалар ўртасида алоқанинг ўрнатилиши;

телефон тармоғи — аҳоли, муассасалар, ташкилотлар ва корхоналарнинг телефон алоқаси хизматларига бўлган эҳтиёжини таъминловчи АТС, коммутация узеллари, линиялари, каналлари, охирги (терминал) ускуналарининг жами;

телекоммуникациялар иншоотлари (пассив телекоммуникациялар инфратузилмаси) (бундан буён матнда телекоммуникациялар иншоотлари деб юритилади) — телекоммуникацияларнинг амалга оширилишини таъминловчи бинолар, мосламалар, таянчлар, мачталар, тарқатиш қутилари, шкафлар ва бошқалар;

оператор — мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида телекоммуникациялар инфратузилмасига эга бўлган, унинг ишлашини, ривожланишини таъминловчи ва телекоммуникациялар хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;

телекоммуникациялар тармоғи — алоқа линиялари ёки алоқа каналлари орқали ўзаро боғланган, телекоммуникацияларни амалга оширадиган ускуналар мажмуи;

телекоммуникациялар воситалари (телекоммуникациялар инфратузилмаси ) (бундан буён матнда телекоммуникациялар воситалари деб юритилади) — телекоммуникациялар ускуналари, телекоммуникациялар иншоотлари, кабель линиялари ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи тизимлар;

телекоммуникациялар хизматлари — фойдаланувчиларга оператор ва провайдери томонидан телекоммуникациялар асосида тақдим этиладиган хизматлар;

провайдер — фойдаланувчиларга операторлар тармоғи орқали тижорат асосида телекоммуникациялар хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;

телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматлари буюртмачиси — телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларидан фойдаланиш учун оператор (провайдер) билан шартномада белгиланган муддатга шартномавий муносабатларга эга юридик шахс;

телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматлари ижрочиси — телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш техник воситаларига эга бўлган ҳамда телекоммуникациялар воситалари орқали ташкил этилган каналларни тақдим этиш йўли билан телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини кўрсатиш имкониятига эга юридик шахс;

телевидение тармоқлари — эркин томоша қилиш мумкин бўлмаган кабелли, эфир, IPTV (IP -телевидение), OTT (Over the Top ) ва онлайн телевидение каналлари орқали ҳар қандай ахборотни тарқатиш ва етказиб беришни таъминлайдиган телекоммуникациялар воситаларининг мажмуи;

телевидение хизматлари — эшиттирувчи (оператор, провайдер) билан тузилган шартнома асосида абонентларга тақдим этилувчи кабелли, эфир, IPTV (IP -телевидение), OTT (Over the Top) ва онлайн телевидение хизматлари;

телематик хизматлар — телекоммуникациялар тармоғи орқали ахборот узатилишини амалга оширувчи, аммо телефон алоқа, телеграф алоқа хизмати ёки маълумотлар узатиш хизмати ҳисобланмайдиган телехизматлар (факсимил, комфакс, хабарларни қайта ишлаш, видеотекст ва бошқалар);

техник қарши ҳаракат қилиш комплекси — Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларида халқаро овозли трафикни ўтказишда қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатларини аниқлаш ва улар тўғрисида маълумотларни олиш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда халқаро овозли трафикни ўтказиш тартибининг бузилишларига қарши ҳаракат қилиш тизими;

тизим ҳосил қилувчи роуминг-шерик — ўз ихтиёрида халқаро автоматик роумингни таъминловчи моддий-техник ва дастурий таъминот комплекси бўлган, маълумотлар узатиш каналлари ва сигнализация каналлари тармоғи мавжуд бўлган юридик шахс;

телевидение (радиоэшиттириш) тармоғида ретрансляция қилиш — телевидение дастурлари, радиодастурлар сигналлари ва телекоммуникацияларнинг бошқа хабарлари қабул қилинишини, уларнинг қайта ўзгартирилиши ва дастурлар таркибини ўзгартирмасдан тўлиқ ҳажмда абонентларга узатилишини таъминлайдиган кабелли, эфир, интерактив, IPTV (IP -телевидение), OTT (Over the Top ), онлайн телевидение ва радиоэшиттириш тармоғининг асосий ишлаш режими;

телевидение (радиоэшиттириш) тармоғида трансляция қилиш — телевидение дастурлари, радиодастурлар сигналлари ва телекоммуникацияларнинг бошқа хабарларини эшиттириш ташкилотига тааллуқли студия ускунасидан бевосита қабул қилинишини, уларнинг кейинчалик қайта ўзгартирилиши ва дастурлар таркибини ўзгартирмасдан тўлиқ ҳажмда абонентларга тарқатилишини (узатилишини) таъминлайдиган телевидение ва радиоэшиттириш тармоғининг асосий ишлаш режими;

тўлов картаси — кодланган маълумотни сақлайдиган, тармоқ фойдаланувчисини идентификация қилиш ва чақирувни инитциация қилиш имкониятини берувчи тўлов воситаси;

телекоммуникацияларнинг универсал хизматлари (бундан буён матнда универсал хизматлар деб юритилади) — умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқлари орқали барча фойдаланувчиларга кўрсатиладиган белгиланган сифатдаги мажбурий хизматлар тўплами (фойдаланувчиларнинг ушбу тармоқдан фойдаланишини таъминлаш, маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувлари, телеграммалар жўнатиш ва бошқалар);

халқаро телефон алоқаси — Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги телефон алоқаси хизматларидан фойдаланувчи ва бошқа давлат ҳудудидаги телефон алоқаси хизматларидан фойдаланувчи ўртасида телефон алоқаси орқали боғланиш;

хато кўчириш — абонент талабномасисиз мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан абонент рақамининг кўчирилиши («инсон омили» келтириб чиқарган хато сабабли, яъни техник тизимлар билан ўзаро ишлаганда ходимларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари сабабли абонентнинг талабномасида кўрсатилган рақамдан бошқа рақамнинг кўчирилиши);

хизмат кўрсатиш ҳудуди — оператор (провайдер) лицензия асосида телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўладиган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўрнатилган шартларга жавоб берадиган хизматлар сифатини таъминлаш учун техник имкониятларга эга бўлган ҳудуд;

хизмат кўрсатиш пункти — абонентлар ахборот-маълумот хизматларини олишлари, мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузишлари ва хизматларнинг бошқа турларини олишлари мумкин бўлган стационар савдо нуқтаси ва (ёки) хизмат кўрсатиш нуқтаси;

хизматларга абонент тўлов тизими — абонентнинг маълум (ҳисоб-китоб қилинадиган) вақт даври (ой, чорак, йил ва б.) учун тўловлари суммаси ҳақиқатда олинган хизматлар ҳажмига боғлиқ бўлмаган доимий миқдор ҳисобланадиган хизматларга ҳақ тўлаш тизими;

хизматларга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизими — маълум (ҳисоб-китоб қилинадиган) вақт даври учун абонент тўловлари суммаси ахборотни узатиш ва бошқа телефон алоқаси хизматларини олиш учун телефон тармоғи линиялари ва иншоотларидан фойдаланилган вақтга боғлиқ бўлган хизматларга ҳақ тўлаш тизими;

хостинг хизматлари — Интернет тармоғида доимий бўладиган серверда ахборотни жойлаштириш учун техник ресурсларни тақдим этиш хизмати;

йирик авария — маълум бир административ ҳудудда телекоммуникациялар хизматларини тақдим этишнинг тўхталишига олиб келадиган авария ҳолати;

Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (бундан буён матнда ЖШШИР деб юритилади) — ЖШШИРни аниқлаш тартибига мувофиқ жисмоний шахснинг паспорти бўйича аниқлаш мумкин бўлган ва 14 рақамдан иборат шахсий идентификация рақами;

ўзини-ўзи обрўсизлантирган дилер — иши давомида қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Қоидалар, дилерлик шартномаси талабларининг қўпол равишда бузилишига йўл қўйган ва улар асосида дилерлик шартномаси бекор қилинган ва дилер сертификати чақириб олинган дилер;

eSIM — фойдаланувчи қурилмасининг виртуал идентификация модули, унинг ёрдамида фойдаланувчи қурилмасини идентификация қилиш, унинг мобил алоқа тармоғидан фойдалана олиши, шунингдек абонент рақамидан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш таъминланади;

GSM -шлюз — мобил алоқа тармоқлари ва телекоммуникацияларнинг бошқа тармоқлари ўртасида трафикни ўтказиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий восита;

IMEI коди ( International Mobile Equipment Identifier ) ёки халқаро ўзига хос идентификация коди (бундан буён матнда IMEI -код деб юритилади) — 15 рақамдан иборат бўлган ва GSMA томонидан ажратиладиган, шунингдек, тармоқда GSM/UMTS/LTE стандартларида ишловчи мобил алоқа фойдаланувчи қурилмасини идентификацияловчи рақам;

IP -адрес — TCP/IP технологиялари билан бошқариладиган маълумотлар узатиш тармоғида компьютерлар ёки узелларни идентификациялайдиган ноёб адрес;

IP -телевидение ( IPTV ) — телевидение, видео, аудио, матн, графика ва шу каби бошқа маълумотлар, IP протоколи асосидаги тармоқлар таъминланадиган, сифат, хавфсизлик, интерактивлик ва ишончлиликнинг талаб қилинадиган даражасини таъминлаш мақсадида бошқариладиган мультимедиа хизматлари;

IP -телефония — IP технологияси асосида пакетлар коммутацияланадиган маълумотлар узатиш тармоқлари орқали нутқли ахборот, шу жумладан маҳаллий ва халқаро алоқани айирбошлаш хизмати;

IP -шлюз — IP тармоқлар ва телекоммуникацияларнинг бошқа тармоқлари ўртасида трафикни ўтказиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий восита;

MSISDN ( Mobile Station Integrated Services Digital Network ) — GSM/UMTS стандартларида алоқа учун хизматлари интеграциялашган рақамли тармоқ мобил абонентининг рақами (масалан: +998 ХХ-ХХХ-ХХ-ХХ);

прогрессив маршрутлаш ( Onward Routing ) (бундан буён матнда Onward Routing деб юритилади) — мобил телекоммуникациялар тармоғининг кўчирилган абонент рақамларига трафикни ўтказиш учун чақирувларни тўғридан-тўғри бўлмаган маршрутлаш методи, бунда чақирув ташаббускорининг тармоғи донор тармоғига сўровни амалга оширади, донор эса, ўз навбатида, кўчирилган рақам тўғрисида ахборот олиш ва чақирувни белгиланган жойига кейинчалик маршрутлаш учун кўчирилган рақамларнинг операцион маълумотлар базасига сўровни амалга оширади;

SIM/RUIM -карта (бундан буён матнда SIM- карта деб юритилади) — ичига микросхема ўрнатилган, олинувчи идентификация модули, унинг ёрдамида фойдаланувчи қурилмасини идентификация қилиш, унинг мобил алоқа тармоғидан фойдалана олиши, шунингдек, абонент рақамидан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш таъминланади;

SMS -шлюз — мобил телефондан фойдаланмасдан SMS хабарлар жўнатиш ва олиш имконини берадиган аппарат-дастурий восита;

Wi-Fi хизмати ташкилотчиси — маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш учун Wi-Fi технологияси бўйича ўзларининг четки ускуналаридан, мижозлар ёки ташриф буюрувчилар ҳисобланадиган тор доирадаги фойдаланувчиларга ускунадан фойдаланишни тақдим этадиган маълумотлар узатиш тармоғи оператори ёки маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари провайдери ёхуд абонент — юридик шахс;

Wi-Fi хизматлари — маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш учун Wi-Fi технологияси бўйича четки ускуналарга фойдаланувчиларнинг чекланган доирасига ускунадан фойдаланишни тақдим этиш.

4. Телекоммуникациялар хизматлари қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Қоидаларга мувофиқ оператор ёки провайдер ҳамда абонент ўртасида тўғридан-тўғри (ёхуд жисмоний шахслар учун дилер орқали) электрон ёки ёзма шаклда тузиладиган оммавий шартнома асосида тақдим этилади.

Оператор (провайдер) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникациялар хизматларини тақдим этиш билан боғлиқ бўлган маълумотларни абонентларга ёки истеъмолчиларга давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда тақдим этилишини таъминлайди.

5. Томонларнинг шартнома бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатларида ва ушбу Қоидаларда белгиланган ҳоллардагина бошқа шахсларга берилиши мумкин.

6. Операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш фаолияти белгиланган тартибда олинган лицензияга мувофиқ амалга оширилади.

7. Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда (зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқалар) (бундан буён матнда фавқулодда вазиятлар деб юритилади) ёки фавқулодда ҳолатда телекоммуникациялар соҳасидаги тартибга солувчи орган телекоммуникациялар инфратузилмаларидан устувор фойдаланиш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш ва ривожлантиришга доир ишларни марказлаштирилган тарзда бошқариш, шунингдек уларнинг ишлашини белгиланган тартибда чеклаш ёки тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.

8. Оператор ва провайдерлар томонидан фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатда телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларидан фойдаланиш пайтида уларга етказилган зарарларнинг ўрни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

9. Телекоммуникациялар хизматлари қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзлар ва афзалликларни, тариф режалари шартларини ҳисобга олиб барча абонентлар учун хизмат кўрсатишнинг бир хил шароитларини таъминлаган ҳолда кўрсатилади.

10. Телекоммуникациялар тармоғига мувофиқлик сертификатига эга фойдаланувчи қурилмалари (телефон аппаратлари, рақамни автоматик аниқлаш функцияларига эга телефон аппаратлари, маълумотлар узатиш ва телематик хизматлар ускуналари (телефакс, телетекс, видеотекс ва бошқалар), радиотелефон алоқа воситалари, автожавоббергичлар, сигнализация қурилмалари) уланади.

11. Фойдаланувчи қурилмаси фойдаланувчилар томонидан ўз ҳисобларидан сотиб олиниши ва уларнинг мулки ҳисобланиши ёки оператор (провайдер, дилер, эшиттирувчи) томонидан шартнома шартларига мувофиқ берилиши мумкин, бунда фойдаланувчи қурилмаси операторнинг (провайдерининг) мулки ҳисобланади ва шартномада белгиланган тартибда абонент ушбу қурилма учун моддий жавобгар бўлади.

12. Мобил алоқа тармоғи фойдаланувчи қурилмаси IMEI -коди рўйхатдан ўтган бўлиши керак.

13. Оператор (провайдер) абонентларнинг умумий фойдаланиш тармоғидан узлуксиз фойдалана олишини таъминлашга мажбур.

14. Фойдаланувчилар билан бевосита ўзаро ишлайдиган операторнинг таркибий бўлинмалари (оператор, провайдер, дилер) томонидан ташкил қилинган абонент бўлимлари ва ривожланиш цехлари, телефон станцияларининг абонент участкалари, сўзлашув пунктлари ва жамоа бўлиб фойдаланиш пунктлари, таъмирлаш бюроси, маълумот хизматлари, сервис хизматлари, телекоммуникациялар хизматларига ҳақ тўлаш пунктлари)нинг иш режимлари оператор (провайдер, дилер) томонидан белгиланади.

15. Оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчилари томонидан маълумот хизматлари ташкил қилиниши керак, бунда фойдаланувчиларга қуйидагилар тўғрисида бепул маълумот берилади:

а) телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олиш тартиби;

б) телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олишни тақдим этиш нархи;

д) телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш;

э) оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва уларнинг нархи;

ф) мобил алоқа хизматларига тарифлар ва уларни алмаштириш имкониятлари (мобил алоқа хизматлари учун);

г) бепул кўрсатиладиган ахборот-маълумот хизматлари;

ҳ) оператор (унинг филиаллари), провайдер, дилер жойлашган жойи ва иш режими;

и) абонент шахсий ҳисоб рақамининг ҳолати (ҳисобдаги пул маблағларининг қолдиғи, имтиёзли дақиқалар қолдиғи, ҳисобот давридаги маълумотлар, тўлаш учун ҳисобни тақдим этиш);

ж) операторнинг мобил алоқа тармоғининг хизмат кўрсатиш ҳудуди тўғрисида ахборот (мобил алоқа хизматлари учун);

к) телекоммуникациялар соҳасида фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул органнинг ишонч телефон рақамлари;

л) абонентдан техник носозликлар, SIM -карта ёки фойдаланувчи қурилмаси йўқолганлиги ( SIM -картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун), абонентнинг шахсий маълумотлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш;

м) мобил алоқа тармоқларида фойдаланувчи қурилмасидан фойдаланиш имконияти (мобил алоқа хизматлари учун);

н) мобил алоқа тармоқларининг операторлари тўғрисида — роуминг хизматларини тақдим этиш бўйича шериклар (мобил алоқа хизматлари учун);

о) қонунчилик ҳужжатларига асосан бошқа зарур маълумотлар.

Бепул ахборот-маълумот хизматларининг рўйхати оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчилар томонидан мустақил равишда кенгайтирилиши мумкин.

16. Ахборот-маълумот хабарлари бевосита оператор-телефонист орқали ёки автоинформатор ёрдамида, веб-сайт, мобил илова, ижтимоий тармоқлар орқали берилиши мумкин.

17. Оператор, провайдер, диллер ва телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш жараёнига алоқадор бошқа субъектлар телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари ва бошқа хабарлар, шунингдек, уларга тааллуқли бўлган барча маълумотларнинг сир тутилишини таъминлаши шарт.

18. Оператор, провайдер, дилер ва телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш жараёнига алоқадор бошқа субъектлар хизмат мажбуриятларини бажаришлари давомида уларга маълум бўлган абонентлар тўғрисидаги маълумотларни абонентнинг розилигисиз учинчи шахсларга бериш ёки тарқатишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Абонент тўғрисидаги маълумотларга қуйидагилар киради:

а) абонент-жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР, абонент рақами, абонент рақами баланси, тариф режаси, яшаш жойи, турган жойи ва абонент томонидан тақдим этилган бошқа маълумотлар;

б) абонент-юридик шахс ходимларининг шахсий маълумотлари, абонент манзили ёки охирги терминал ускуна ўрнатиладиган манзили, абонентни ва унинг охирги терминал ускунасини айнан идентификациялаш имконини берадиган тахаллуси, абонент рақамлари ва бошқа маълумотлар.

19. Оператор, провайдер ва телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш жараёнига алоқадор бошқа субъектлар томонидан яратилган ва абонентлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базалари конфиденциал тусдаги ҳужжатлар сифатида ҳимояланиши керак.

20. Абонентлар тўғрисидаги маълумотлардан бу абонентларнинг розилигисиз ахборот-маълумот хизмат кўрсатилиши учун фойдаланиш мумкин эмас.

21. Фойдаланувчилар ахборот ресурсларидан фойдалана олиш учун тенг ҳуқуқларга эга бўлиб, улар сўраётган ахборотни олиш учун бу ресурсларнинг эгалари олдида асослашга мажбур эмаслар, бундан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш чекланган ахборот мустасно.

22. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хабарларни узатиш технологик жараёнларида ягона ҳисоб-китоб ва ҳисобот бериш вақти — маҳаллий вақт ўрнатилади.

23. Ахборотни узатиш халқаро технологик жараёнларида ҳисоб-китоб ва ҳисобот бериш вақти давлатлараро келишувлар ва шартномаларга мувофиқ белгиланади.

24. Телеграф хизматларини кўрсатаётганда истеъмолчи ва алоқа корхонаси ўртасидаги муносабатлар квитанция ёки назорат-касса машинасининг чеки билан ёки шартнома билан ҳужжатлаштирилади.

25. Таксофонлар кўчаларда, майдонларда, бозорларда, алоқа бўлимларида, аэропортларда, вокзалларда, метро бекатларида, автобус бекатларида, дўконларда, таълим ташкилотларида, шаҳар жамоат транспорти бекатларида, тиббиёт ва даволаш муассасаларида, махсус жиҳозланган сўзлашув пунктларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг бино ва иншоотларида ҳамда бошқа жойларда келишув асосида ўрнатилиши мумкин. Таксофонлар алоҳида турувчи ҳамда ихчам ҳолатда жойлаштирилган бўлиши мумкин.

26. Ўрнатилган таксофонлар техник талаблар, стандартлар, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мос келиши керак.

27. Таксофонлар ўрнатилган жойларда қуйидагилар бўлиши шарт:

а) таксофондан фойдаланиш бўйича йўриқнома, таксофонларни эксплуатация қилувчи оператор ёки провайдер тўғрисида ахборот (номи, манзили, телефон рақамлари);

б) тақдим этиладиган хизматлар тарифи тўғрисида ахборот;

д) маълумот кўринишидаги ахборот (фавқулодда тезкор хизматлар ҳамда таксофонларни таъмирлаш хизматининг телефон рақамлари, яқин атрофда жойлашган таксофоннинг манзили ва бошқалар);

э) махсус жетонлар ва тўлов карталарини сотиб олиш жойлари тўғрисидаги ахборот.

28. Оператор томонидан таксофонларга телефон рақамлари ажратилган ҳолларда, шундай таксофонлардан кирувчи чақирувларни қабул қилиб олиш учун фойдаланиш мумкин.

29. Интернетдан жамоат бўлиб фойдаланиш пунктининг иш режими жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан белгиланади.

30. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчиларнинг ўзаро муносабатлар улар ўртасида тузилган шартномалар билан тартибга солинади.

31. Телекоммуникациялар тармоқларида фойдаланиладиган ва мажбурий сертификатланиши керак бўлган телекоммуникацияларнинг техник воситалари мувофиқлик сертификатларига эга бўлиши керак.

32. Телевидение (радиоэшиттириш) хизматлари оператор ва провайдерлари телевидение (радиоэшиттириш) дастурларининг мазмунини таҳрир қилиш, ўзгартириш ва тўлдиришга ҳақли эмас.

33. Оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчилар телекоммуникациялар тармоқларида ахборот ва киберхавфсизликни таъминлашда:

ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши;

одамларнинг денгиздаги, ердаги, ҳаводаги, космик фазодаги хавфсизлигига, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни ўтказишга тааллуқли барча хабарларга, шунингдек йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар ҳақидаги хабарларга мутлақ устуворлик бериши;

техник воситалардан Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш ва зўравонликни, шафқатсизликни, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этиш, давлат сирини ёки қонунчилик билан қўриқланадиган ўзга сирни ошкор этиш, жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриши керак.

34. Эшиттирувчилар, операторлар ва провайдерлар телевидение (радиоэшиттириш) тармоқларида аҳолини фавқулодда вазиятлар хавфидан ёки фавқулодда ҳолат тўғрисида хабардор қилишни ташкил қилиш учун зарур бўлган воситалар ўрнатилишини ва улардан фойдаланишни таъминлашлари шарт.

35. Эшиттирувчилар, операторлар ва провайдерларнинг телевидение (радиоэшиттириш) тармоқлари ва техник бинолари қўриқлаш, ҳимоялаш ва хавфсиз фаолиятини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 14 апрелдаги 92-сон қарори билан тасдиқланган Телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар объектларини қўриқлаш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг хавфсиз фаолият кўрсатиши қоидалари талабларига жавоб бериши шарт.

36. Интернет-кафеларда вояга етмаганларнинг ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ҳамроҳисиз тунги вақт (соат 22:00 дан 6:00 гача) Интернет тармоғидан фойдаланиш учун жамоат фойдаланиш жойларида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда видеокузатув камераларини қўллаб (видео ёзувни 90 кун сақлаган ҳолда), ташриф буюрувчилар хавфсизлиги чоралари кўрилиши керак.

37. Оператор ва провайдерлар ҳар бир абонентга, шу жумладан, абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида маблағлар бўлмаган ҳолда, тегишли хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган ягона рақамларни абонент томонидан териш ёрдамида фавқулодда тезкор хизматларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига қўнғироқларни бепул ва кеча-кундуз давомида чақириш имкониятини таъминлаши керак.

Фавқулодда тезкор хизматларга қуйидагилар киради:

ягона диспетчерлик хизмати;

ёнғин-қутқарув бўлинмалари;

ички ишлар органлари;

тез тиббий ёрдам;

газ тармоғининг авария хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув хизмати.

38. Абонент шартномаси бекор қилинганидан сўнг, оператор (провайдер) маълумотлар базасидан абонентларнинг шахсий маълумотлари йўқ қилишлари шарт.

II бўлим. Телекоммуникациялар хизматларини тақдим этиш

1 - боб. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш

1 - §. Телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш

39. Оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган телефон алоқаси хизматлари универсал ва қўшимча хизматларга бўлинади.

40. Универсал телекоммуникациялар хизматлари рўйхати ҳамда ушбу хизматларга тарифлар Универсал телекоммуникация хизматлари ва телекоммуникация хизматларининг айрим турлари учун тарифларни (нархларни) шакллантириш ва тартибга солиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3354, 2022 йил 18 март) мувофиқ белгиланади.

41. Фойдаланувчиларга кўрсатиладиган телефон алоқаси хизматлари рўйхати операторга (провайдерга) тегишли лицензия ҳамда телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларининг техник имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади.

42. Оператор (провайдер) томонидан қўшимча ва бепул телефон алоқаси хизматлари кўрсатилиши мумкин.

43. Қуйидагилар қўшимча телефон алоқаси хизматлари ҳисобланади:

а) телефон аппаратлари ва бошқа фойдаланувчи қурилмаларини қайта ўрнатиш, қайта улаш (улаш схемасини ўзгартириш);

б) параллел телефон аппаратларини ўрнатиш;

д) телекоммуникациялар тармоғининг алоқа каналларини ва физик занжирларини ижарага бериш;

э) маълумот-ахборот хизматлари, бундан ушбу Қоидаларда кўрсатилган маълумотномаларни бериш қўшимча хизматлари мустасно;

ф) маълумотлар узатиш хизматлари ва телематик хизматлардан (электрон почта, факсимил хабарларни узатиш хизмати, ахборот ресурсларидан фойдалана олиш хизмати ва бошқалар) фойдаланиш имконияти;

г) телеграммаларни телефон орқали бериш;

ҳ) чақирилаётган абонентда рақамни автоматик аниқлаш функцияларига эга телефон аппарати бўлганда маҳаллий телекоммуникациялар тармоғининг чақираётган абонент рақамини аниқлаш, шунингдек, абонент талабига кўра ҳисоб тафсилотларини бериш;

и) абонент мурожаатига асосан абонент рақамини ўзгартириш;

ж) чақирилаётган шахсга хабар қилган ҳолда халқаро телефон боғланиш;

к) бошқа ҳудуддан (аҳоли пунктидан) чақирилаётган абонентнинг телефон рақами тўғрисидаги маълумот бериш;

л) шартномада белгиланган вақтда телефон боғланишни тақдим этиш;

м) чақирилаётган шахс ҳисобидан шаҳарлараро телефон боғланиш;

н) телефонограммани узатган ҳолда абонент ўрнига сўзлашиш;

о) конференц-алоқа хизмати.

Телефон алоқа тармоғидан фойдаланишни тақдим этиш хизматининг нархига коммутация станциясидан абонентнинг телефон розеткасигача абонент линияларининг ташкил этилиши ҳисобга олинган станция ва линия ускунасининг нархи киради.

Телефон тармоғидан фойдаланишнинг тақдим этилиши тўловида охирги тақсимлаш қурилмасидан телефон розеткасигача бўлган шаҳар телефон тармоғида узунлиги 20 м дан кўп бўлмаган ва қишлоқ телефон тармоғида узунлиги 40 м дан кўп бўлмаган абонент линиясининг нархи ҳисобга олинади.

Абонент линиясини эксплуатация қилиш давомида абонент тармоғида оператор ёки провайдерга боғлиқ бўлмаган ҳолда абонент кабели яроқсиз ҳолга келганда уни тиклаш/таъмирлаш ишлари абонент ҳисобидан амалга оширилади.

Абонент тармоғидан ташқарида абонент кабели яроқсиз ҳолга келганда уни тиклаш/таъмирлаш ишлари оператор ва провайдерлар ҳисобидан амалга оширилади.

Бепул қўшимча телефон алоқаси хизматларига қуйидагилар киради:

а) телефон тармоғининг таъмирлаш бюросини чақириш;

б) чақирилаётган абонентнинг аҳоли пункти/оператори коди тўғрисида маълумотнома бериш;

д) чақирилаётган мамлакат ва чақирилаётган аҳоли пунктининг халқаро коди тўғрисида маълумот бериш;

э) маҳаллий ва халқаро телефон алоқаси хизматлари учун тарифлар тўғрисида маълумот бериш;

ф) автоматик телефон алоқасидан фойдаланиш тартиби тўғрисида маълумот бериш;

г) халқаро телефон боғланишни буюртма қилиш учун буюртма бериш хизматларини чақириш индекслари тўғрисида маълумот бериш.

Мазкур бандда кўрсатилган бепул хизматлар рўйхати камайтирилиши мумкин эмас.

44. Ушбу Қоидаларда кўрсатилган қўшимча телефон алоқаси хизматлари рўйхати (бепул ёки пуллик) қонунчилик ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда оператор ва провайдерга тегишли бўлган телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларининг техник имкониятларидан келиб чиқиб ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.

45. Таксофон орқали қуйидаги пуллик хизмат турлари кўрсатилади:

а) маҳаллий телефон сўзлашувлари;

б) шаҳарлараро телефон сўзлашувлари;

д) халқаро телефон сўзлашувлари;

э) ахборот-маълумот хизмати оператор-телефонистлари билан телефон алоқаси.

2-§. Шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш

46. Шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланиш автоматик хизмат кўрсатиш тизими, буюртма хизмат кўрсатиш тизими ва дарҳол хизмат кўрсатиш тизими бўйича амалга оширилиши мумкин.

47. Оператор ва провайдер автоматик алоқа йўналишларининг борлиги, шаҳарлар кодлари тўғрисида ва автоматик телефон алоқасидан фойдаланиш тартиби тўғрисида фойдаланувчиларни хабардор қилишга мажбур (оммавий ахборот воситалар, маълумот-ахборот хизматлари, Интернет тармоғи орқали, сўзлашув пунктларида).

48. Буюртма хизмат кўрсатиш тизимида чақираётган шахсга буюртмани қабул қилиш вақтида шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишга берилган буюртмани бажариш муддати хабар қилиниши керак.

Буюртма чақираётган шахснинг ихтиёрига кўра ёки буюртманинг амал қилиш муддати тугаши билан бекор қилиниши мумкин.

49. Буюртма бўйича шаҳарлараро телефон боғланиш тақдим этилиши керак бўлган вақт оператор (провайдер) томонидан мустақил равишда белгиланади, аммо буюртма қабул қилинган пайтдан бошлаб ёки чақираётган шахс томонидан сўзлашув учун белгиланган вақтдан бошлаб бир соатдан ошмаслиги керак. Кўрсатилган вақт тугаши билан чақираётган шахснинг розилиги билан бажарилмаган буюртма ушбу Қоидаларнинг 52-бандига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади ёки бекор қилинади.

Буюртма бўйича халқаро телефон боғланиш тақдим этилиши мумкин бўлган вақт оператор (провайдер) томонидан мустақил равишда белгиланади ва буюртмани қабул қилиш вақтида фойдаланувчига етказилади.

Чақираётган шахснинг талаби бўйича буюртма хизмат кўрсатиш тизимида шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишлар буюртма қабул қилинган вақтдан бошлаб 30 дақиқа (шошилинч буюртма) ичида тақдим этилиши мумкин. Шошилинч буюртмалар қабул қилинадиган йўналишлар рўйхати оператор (провайдер) томонидан белгиланади ва фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилинади.

50. Шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишга буюртма хизмат кўрсатиш тизимида буюртманинг амал қилиш муддати чиқувчи станция учун маҳаллий вақт билан соат 08:00 да тугайди ҳамда қуйидагича белгиланади:

а) телефон аппаратидан телефон аппаратига телефон боғланишлар учун — буюртма берилган кундан кейинги кунга;

б) шахсий телефон боғланишлар ва конференц-алоқа учун — буюртма берилган кундан кейин иккинчи кунга.

Халқаро телефон боғланиш учун буюртманинг амал қилиш муддати яна 8 соатга узайтирилиши мумкин, агар бу тегишли станциялар ёки эксплуатация қилиш ва трафикнинг ўтиш вақтидаги фарқ сабабли зарур деб тан олинган бўлса.

51. Шаҳарлараро телефон алоқа технологик жараёнларида ягона ҳисобга олиш-ҳисобот (технологик) вақт — маҳаллий вақт қўлланилади.

Халқаро телефон алоқасида ҳисобга олиш ҳисобот вақти миллий алоқа маъмуриятларининг халқаро келишувлари билан белгиланади.

52. Фойдаланувчиларга шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизматларини кўрсатишнинг техник имконияти бўлмаганда оператор (провайдер) сўзлашувлар сони ва уларнинг давомийлигига чекловларни киритади, буюртма ва дарҳол хизмат кўрсатиш тизимида алоқа тўлиқ бўлмаганда буюртмаларни қабул қилишни рад этади.

Шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизматларига чекловлар киритилганлиги тўғрисида фойдаланувчи буюртмани қабул қилиш вақтида ёки буюртма ва дарҳол хизмат кўрсатиш тизимларида телефон боғланиш тақдим этилаётган вақтда хабардор қилиниши керак.

Телефон алоқасидан фойдаланишда узоқ муддатли чекловлар юзага келган ҳолда оператор (провайдер) бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, маълумот хизматлари ёки телекоммуникациялар хизматларидан оммавий фойдаланиш пунктларида эълон бериш орқали фойдаланувчиларни хабардор қилиш чораларини кўриши керак.

53. Буюртма хизмат кўрсатиш тизимида телефон боғланишини тақдим этиш навбати сўзлашув тоифасига, буюртманинг шошилинч эканлигига ва келиб тушиш вақтига боғлиқ бўлади.

54. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оператор-телефонист ёрдамида тақдим этиладиган шаҳарлараро телефон сўзлашувларининг қуйидаги тоифалари белгиланган:

ҳар қандай навбатдан ташқари ва алоҳида пароллар бўйича;

ҳукуматга оид;

оддий.

55. «Ҳар қандай навбатдан ташқари» тоифа бўйича сўзлашувлар фақат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, амалдаги оддий тариф бўйича ҳақ тўлаган ҳолда абонент томонидан кўрсатилган исталган телефон бўйича бундай сўзлашувларни олиб бориш ҳуқуқидан фойдаланадиган мансабдор шахсларга тақдим этилади. Абонентнинг талабига кўра сўзлашувлар алоқанинг ишлаш жадвалини бузган ва қуйи тоифадаги бўлиб ўтаётган сўзлашувни узиб қўйган ҳолда тақдим этилади.

56. «Ҳар қандай навбатдан ташқари» тоифасидаги буюртмалар билан бир қаторда «Фалокат» пароли бўйича сўзлашувларга буюртмалар бажарилади. Ушбу парол бўйича сўзлашувлар амалдаги оддий тариф бўйича ҳақ тўлаган ҳолда фойдаланувчи томонидан кўрсатилган исталган телефондан, шунингдек сўзлашув пунктидан тақдим этилади. Ҳалокатга учраган денгиз, дарё ва ҳаво кемаларидан хабарларни узатиш учун шаҳарлараро телефон сўзлашувларига тўлов ундирилмайди.

57. Операторларга шартнома асосида тўланган вақтинча амал қилувчи паролларни киритиш ҳуқуқи берилади. Пароллар бўйича буюртмалар оддий тоифадаги буюртмалардан олдин берилади.

58. «Ҳукуматга оид» тоифасидаги шаҳарлараро телефон сўзлашувлари «ҳар қандай навбатдан ташқари» сўзлашувларидан кейин алоқанинг ишини бузмасдан ва бўлиб ўтаётган сўзлашувларни узиб қўймасдан амалдаги оддий тариф бўйича тақдим этилади. Сўзлашувлар фақат бундай сўзлашувларни олиб бориш ҳуқуқи берилган мансабдор шахсларга ва фақат рўйхатга олинган телефонлардан тақдим этилади.

59. Ҳеч бир бошланган сўзлашув оператор (провайдер) томонидан узиб қўйилиши мумкин эмас, «Ҳар қандай навбатдан ташқари» тоифасидаги ва «Фалокат» пароли бўйича сўзлашувни тақдим этиш зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно. Сўзлашув тугаганидан кейин фойдаланувчига узиб қўйилган сўзлашувни тугатиш имкони берилади.

60. Буюртма бўйича билдиришномали телефон боғланишлар сўзлашув учун белгиланган вақтни ҳисобга олган ҳолда тарифидан қатъи назар ушбу (буюртма) тоифадаги буюртмалар ичидан энг биринчи навбатда тақдим этилади.

61. Шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишга буюртмани қабул қилишда дарҳол хизмат кўрсатиш тизимида абонент телефон гўшагини қўймасдан, шу заҳоти, амалдаги оддий тариф бўйича чақирилаётган абонент билан телефон орқали боғланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дарҳол хизмат кўрсатиш тизими техник воситаларнинг тайёрлик даражасига қараб киритилади.

3-§. Телекоммуникациялар тармоқларида ахборот - маълумот хизматларини кўрсатиш

62. Телекоммуникациялар тармоқларида ахборот-маълумот хизматларининг қуйидаги турлари кўрсатилади:

учта ёки тўртта сонли рақамдан фойдаланиб, ахборот-маълумот хизматлари;

фойдалана олиш учун абонент рақамлари ажратиладиган ахборот-маълумот хизматлари.

63. Ахборот-маълумот хизматларидан фойдалана олиш учун рақамлар ажратилиши телекоммуникациялар соҳасидаги тартибга солувчи орган томонидан тасдиқланадиган рақамлаш тизими ва режасига мувофиқ амалга оширилади.

64. Қуйидагилар ахборот-маълумот хизматларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) фойдаланувчиларга маълумотлар бериш:

телекоммуникациялар тармоқларининг телефон рақамлари (ташкилотлар, муассасалар ва корхоналар телефонлари) тўғрисида;

қўшимча телефон алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг телефон рақамлари тўғрисида;

маҳаллий телефон тармоқларининг телефон узеллари таъмирлаш бюросининг телефон рақамлари тўғрисида;

б) манзилли, муассасавий, қўл ва электрон картотекаларини яратиш ҳамда уларга телекоммуникациялар тармоқларини реконструкция қилиш билан боғлиқ барча ўзгаришларни ўз вақтида киритиш;

д) телефон маълумотномаларини тайёрлаш.

65. Оператор (провайдер) телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ахборотни абонентларга тақдим этиш мақсадида ахборот-маълумот бериш бўйича хизмат кўрсатиш тизимини яратади.

Қуйидаги маълумотлар оператор (провайдер) томонидан абонентнинг сўровига мувофиқ 24 соат мобайнида ҳеч қандай чекловларсиз тақдим этилиши шарт:

маълумотлар узатиш тармоғи орқали кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларига бўлган тарифлар тўғрисидаги;

абонентга унинг шахсий ҳисобварағининг ҳолати ва маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш ҳақини тўлаш бўйича қарздорлик тўғрисидаги, жумладан абонентга уланган хизматлар (маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек лимитланган трафикли тарифлардаги трафик қолдиғи) тўғрисидаги;

техник носозликлар тўғрисидаги.

66. Операторларнинг (провайдерларнинг) фаолияти йўналишлари ва вазифаларига мувофиқ ахборот-маълумот хизматлари томонидан операторларнинг (провайдерларнинг) техник имкониятларидан келиб чиқиб бошқа ахборот ҳам берилиши мумкин.

67. Операторлар (провайдерлар) ахборот-маълумот хизматлари кўрсатишда қуйидаги функцияларни амалга оширади:

берилаётган ахборот сифатининг ишлаб чиқариш назорати;

белгиланган шакллар бўйича бирламчи ҳисоб ва ҳисоботни юритиш;

кўп сменали иш жадвалини ҳисобга олиб кадрларни жой-жойига қўйиш;

кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш;

маълумотнома картотекаларини эксплуатация қилиш ва юритиш;

маълумотнома картотекаларига тузатишлар киритиш учун ахборот олиш мақсадида маҳаллий телекоммуникациялар тармоқларининг телефон узеллари билан ўзаро ишлаш;

техник воситалардан эксплуатация қилиш қоидалари ва йўриқномаларига мувофиқ фойдаланиш;

меҳнатни илмий ташкил қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникасига доир чора-тадбирларни ўтказиш.

68. Телекоммуникациялар тармоқларининг ахборот-маълумот хизмати маълумот хизматининг махсус аппаратураси базасида ташкил қилинади, унинг таркибига коммутация ускунаси, оператор-телефонистлар столлари, картотека ускунаси, диспетчер ва ишлаб чиқариш назорати пультлари киради.

69. Ахборот-маълумот хизматлари шаҳарлар, туманлар, ташкилотлар жойлашган кўчалар номларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб, ўз маълумотлар базасини ўз вақтида янгилаб боришлари керак.

70. Чақирув келиб тушганда оператор-телефонист дарҳол ва аниқ ўзининг шахсий рақамини айтиши керак (масалан, «бешинчи», «ўттиз саккизинчи»). Агар фойдаланувчи жавоб бермаса, «Маълумотнома хизмати жавоб беради» деб такрорлайди. Иккинчи марта ҳам жавобни олмагандан кейин, оператор-телефонист алоқани узишга ҳақли. «Ҳа», «Эшитаман», «Алло» ва б. сўзларни айтишга рухсат берилмайди.

71. Оператор-телефонист ёнида ишлаётган телефончи операторга халақит қилмаслик учун овозни баландламасдан талаб қилинаётган ахборотни аниқ ва равшан бериши керак.

72. Оператор-телефонист фақат фойдаланувчи унга берилган ахборотни тўғри такрорлагандан кейингина алоқани узишга ҳақлидир. Агар фойдаланувчи ахборотни нотўғри такрорлаган бўлса, оператор-телефонист уни такрорлашга мажбур.

73. Оператор-телефонист биринчи талаб бўйича фойдаланувчига ўзининг шахсий рақамини такрорлаши керак.

74. Оператор-телефонист фойдаланувчилар билан хушмуомалали бўлиши, ҳеч қандай танбеҳлар билдирмаслиги ва у билан баҳс-мунозараларга киришмаслиги керак.

75. Фойдаланувчилар шикоят қилганда оператор-телефонист уларни дарҳол катта оператор-телефонист билан улаши керак.

76. Оператор-телефонист маълумот берилаётган материални, картотеканинг тузилиши ва маълумот материалларининг унда жойлашиш принципларини яхши билиши керак. Оператор-телефонист барча фавқулодда тезкор хизматлар рақамларини ёддан билиши керак.

77. Агар оператор-телефонист маълумотни беришга қийналса, у фойдаланувчига: «Илтимос, бир оз кутиб туринг» деб катта оператор-телефонистга мурожаат қилиши шарт. Катта оператор-телефонистнинг тушунтиришларини олиб, кутиб турган фойдаланувчига хизмат кўрсатади. Маълумот олиш учун ёнида ишлаётган оператор-телефонистга мурожаат қилиш қатъиян ман қилинади.

78. Оператор-телефонист фойдаланувчи сўровини эътибор билан эшитиши ва зарур бўлганда берилган саволни такрорлашини сўраши керак: «Илтимос, маълумотни қайтаринг» ёки «Илтимос, аниқроқ қайтаринг». Агар иккинчи бор сўровдан кейин оператор-телефонист фойдаланувчини деярли эшитмаса ёки умуман эшитмаса, у: «Сизни эшитмаяпман, илтимос қайта қўнғироқ қилинг» деб жавоб бериши керак.

79. Агар фойдаланувчи саволни нотўғри ифодалаган бўлса, оператор-телефонист фойдаланувчидан унга айнан қандай ахборот кераклигини аниқлаштиришни хушмуомалалик билан сўраши ва шундан кейин яна маълумот хизматини кўрсатиши керак.

80. Агар фойдаланувчи ушбу хизматга тегишли бўлмаган ахборот беришни сўраса, у ҳолда унга тегишли ахборот-маълумот хизматларининг телефон рақамларини берилиши керак.

81. Телефон рақамлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этишда оператор-телефонист рақамларни белгиланган тартибда оғзаки баён этиши шарт. Бунда, тўрт хонали телефон рақамлари икки хонадан иборат жуфтликларга бўлиниб айтилади (масалан, 44 — 32 — «қирқ тўрт», «ўттиз икки»). Тўққиз хонали телефон рақамлари эса кетма-кет равишда икки хонали, уч хонали ҳамда икки хонадан иборат жуфтликларга бўлиниб айтилади (масалан, 71 278-34-23 — «етмиш бир», «икки юз етмиш саккиз», «ўттиз тўрт», «йигирма уч»).

82. Агар фойдаланувчи телефон шикастланганлиги тўғрисида хабар қилмоқчи бўлса, оператор-телефонист қайси телефон рақами шикастланганлигини сўраши шарт ва фойдаланувчига телефон алоқа узелининг тегишли автоматлаштирилган таъмирлаш бюросининг рақамини хабар қилиши керак.

83. Оператор-телефонист қуйидаги ҳолларда фойдаланувчини катта оператор-телефонист билан улашга мажбур:

оператор-телефонист фойдаланувчи саволини тушунмаганда;

оператор-телефонист маълумот материалида фойдаланувчига керак бўлган ахборотни топа олмаганда;

фойдаланувчи шикоят билан мурожаат қилганда;

фойдаланувчи томонидан берилган савол маълумот хизматининг ваколатига кирмаганда.

84. Ахборот-маълумот хизматининг оператор-телефонист қуйидаги ҳолларда маълумот беришни рад этишга ҳақли:

корхона, муассаса, ташкилотнинг тўлиқ, қисқартирилган ёки шартли номи кўрсатилмаган бўлса;

якка тартибда фойдаланиладиган хонадон телефони абонентининг фамилияси, исми, отасининг исми ёки тўлиқ манзили айтилмаган бўлса, маълумот материалида эса, шу фамилиядаги шахслар кўп бўлса;

жамоа бўлиб фойдаланиладиган хонадон телефони ўрнатилган аниқ манзил кўрсатилмаган бўлса;

маълумот материалида сўралаётган ахборот бўлмаса;

фойдаланувчи унга маълумот хизмати бўйича иккитадан ортиқ маълумотлар беришни сўраса, бунда оператор-телефонист фойдаланувчига у маълумот хизматини иккинчи бор чақирганлигини айтиши керак.

4-§. Телефон тармоқларида қўриқлаш қурилмасини ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш

85. Телефон тармоқларида сигнализация ускуналарини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли органлар (бундан буён матнда қўриқлаш хизмати деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

86. Юридик ва жисмоний шахсларга қарашли корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, хонадонлар ҳимоя қилиш объектлари ҳисобланади.

87. Телефон станцияларини лойиҳалаш ва реконструкция қилишда қўриқлаш сигнализацияси аппаратини жойлаштириш учун кросс ва кросс яқинида, маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, технологик лойиҳалашнинг нормативларига мувофиқ майдонли аппаратура хонасини жиҳозлаш кўзда тутилиши лозим.

Оптик толали алоқа линиялари орқали ташкил этилган кичик сиғимли телефон станцияларида қўриқлаш сигнализация аппаратуралари алоҳида шкафларда ўрнатилади.

88. Хавфсизлик сигнализация тизимининг таркибига хабарларни узатиш тизимлари рамкаларига абонент линияларини кроссировка қилиш ишлари 5 кун муддат ичида телефон тармоқлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳимоя бўлаклари ва кросснинг станцион рамкаларидан қўриқлаш сигнализацияси рамкаларигача бўлган кроссировкаси телефон тармоқлари ходимлари томонидан амалга оширилади.

89. Қўриқланадиган объектлардаги абонент линияларининг телефон розеткасига хабарларни узатиш тизимларининг якунловчи (терминал) қурилмаларини улаш қўриқлаш хизмати томонидан амалга оширилади.

90. Хабарларни узатиш тизимлари ускуналарига техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи қўриқлаш хизматининг мутахассисларига хабарларни узатиш тизимлари ускуналари ўрнатилган телефон станциялари биноларига кириш учун телефон тармоқлари маъмурияти томонидан махсус гувоҳномалар ёки рухсатномалар берилади.

91. Кечки ва тунги пайт, таътил ва дам олиш кунлари қўриқлаш хизмати ходимларининг кўрсатилган биноларга киришлари телефон тармоқлари диспетчерининг рухсати асосида бўлади.

Қўриқлаш хизмати ходимлари бажарадиган ишлар телефон тармоқлари ходимлари томонидан назорат қилинади. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ходимлари томонидан бажарилган барча ишлар махсус журналда қайд этилиши лозим.

92. Телефон линияларидан қўриқлаш мақсадида фойдаланилаётган абонентларнинг абонент карталарида қўриқлаш пульти белгиси бўлиши, рамка рақами ва сигнализация штифти кўрсатилиши лозим.

93. Объектларни қўриқлаш даври мобайнида абонент линияларини кроссдан текшириш фақатгина қўриқлаш хизматининг буюртмасига биноан амалга оширилади. Текширув учун буюртмалар бошқа шахслардан қабул қилинганда, кўрсатилган линиялар текшируви қўриқлаш сигнализацияси ўчирилганидан кейин, фақатгина қўриқлаш хизматининг рухсати билан амалга оширилади.

94. Қўриқлаш сигнализациялари учун ишлатиладиган тақсимлаш жавонлари, қути, бокс ва громполоса штифтлари телефон тармоқлари ходимлари томонидан бўёқ билан маркирланиши (белгиланиши) лозим.

95. Телефон станцияси кросслари ва линияларда таъмирлаш ҳамда профилактика ишлари ўтказилганда, қайта пайка қилинганда ва кабелларни алмаштириб қайта уланганда (станция ва линия иншоотларида) телефон тармоқлари ходимлари учун телефон линияларининг маркирланган симлари жуфтлиги жойма-жой алмаштирилишига, шунингдек улардан хизмат алоқаси учун фойдаланилишига рухсат берилмайди.

96. Қўриқлаш сигнализацияси учун ишлатиладиган линияларда профилактик режа асосида иш олиб боришлари тўғрисида телефон тармоқлари ходимлари қўриқлаш хизмати иш бошланишидан уч кун, ишлар шошилинч (режадан ташқари) бажарилиши керак бўлганда бевосита мазкур ишлар бажарилишидан олдин огоҳлантиради.

97. Қўриқлаш хизмати буюртмасига биноан, алоқа линиялар параметрлари ўлчовини телефон тармоқлари 15 кун ичида амалга оширади. Зарур бўлганда, қўриқлаш хизматининг мутахассислари ўлчовларда қатнашадилар. Телефон тармоқлари линиялари параметрларини белгиланган нормаларга мувофиқлаштиришни таъминлайди ёки техник имконият мавжуд бўлганда линияларни алмаштиради.

98. Қўриқлаш сигнализацияси юзага келиши билан боғлиқ бўлган сабаб туфайли телефон алоқаси бузилган бўлса, телефон тармоқлари ходимлари бу ҳақда қўриқлаш хизматига хабар беради ва қўриқлаш хизмати ходимлари билан биргаликда носозлик сабабини икки соат ичида аниқлаб, уни бартараф этиш чораларини кўради.

Қўриқлаш сигнализациясининг уч соатдан ортиқ вақт орқалиғидаги носозлик, телефон алоқасининг сифатли ишлашига таъсир кўрсатган ҳолда, телефон тармоқлари ходимлари қўриқлаш сигнализациясини телефон линиясидан узиб қўяди.

99. Марказий кузатув пультлари ва телефон станциясини боғлайдиган тўғри симлари бўлган кабеллар шикастланиши ёки таъмирланиши вақтида телефон тармоқлари томонидан техник имконият мавжуд бўлса уч соат ичида захира алоқаси тақдим этилади. Бундай имконият мавжуд бўлмаган ҳолда шикастланишлар белгиланган муддатларга мувофиқ, қўриқлаш хизматини хабардор қилган ҳолда бартараф этилади.

Қўриқлаш сигнализацияси учун фойдаланиладиган абонент телефон линияларидаги шикастланишлар, телефон тармоқлари ходимлари томонидан биринчи навбатда бартараф этилади.

100. Абонент линияларини қайта улаш, жуфтлик схема бўйича телефонларни ёқиш ҳамда қўриқлаш сигнализацияси фаолиятини тўхтатиб, телефонлар жойини алмаштириш қўриқлаш хизмати раҳбариятини олдиндан ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда телефон тармоқлари томонидан амалга оширилади. Бунда, қўриқлаш сигнализацияси аппаратурасини улаш учун тўлов ундирилмайди.

101. Қўриқлаш сигнализацияси учун телефон линияларидан фойдаланганда рўйхатдан ўтказиш ва абонент тўловлари амалдаги тарифларга мувофиқ қўриқлаш хизматидан ундирилади.

102. Қўриқлаш хизматига уланган объектлар телефонлари ўчирилганида ёки абонент мазкур Қоидаларни бузганлиги сабабли алоқа хизмати кўрсатилишидан тўхтатилганда, бу ҳақда кросс ходимлари қўриқлаш хизматини огоҳлантиради.

5-§. Телеграф алоқаси хизматларини кўрсатиш

103. Операторлар қуйидаги телеграф хизматларини кўрсатади:

телеграммалар қабул қилиш, юбориш;

абонент телеграф тармоғи бўйича сўзлашувлар олиб бориш;

«телекс» тармоғи бўйича сўзлашувлар олиб бориш;

телеграф каналларини ижарага бериш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа хизматлар.

104. Телеграф алоқасидан фойдаланилганда телеграммаларнинг қуйидаги турларидан фойдаланилади:

«топширилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан»;

«почта орқали буюртмали» етказиб бериш билан»;

«жўнатувчи томонидан кўрсатилган муддатда етказиб бериш билан»;

«бадиий бланкда етказиб бериш билан»;

«тасдиқланган»;

«жавоби тўланган»;

«схемали»;

«криптограмма»;

«перфотасмадаги криптограмма»;

«банклардан ўтказма».

105. Телеграммалар ишлов берилишига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:

оддий;

шошилинч;

тоифадан ташқари;

навбатдан ташқари;

олий ҳукуматга оид;

ҳукуматга оид.

Телеграммаларга ишлов бериш уларнинг тоифаларига мувофиқ амалга оширилади.

106. Ишлов беришдаги мутлақ устунлик одамларнинг денгиздаги, ердаги, ҳаводаги, космик фазодаги хавфсизлигига, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни ўтказишга тааллуқли барча хабарларга, шунингдек йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар ҳақидаги хабарлар бўлган телеграммаларга берилади.

107. «Оддий» телеграммаларга тоифаси тўғрисида белги бўлмаган телеграммалар киради.

108. «Шошилинч» тоифасига шошилинч тарифлар бўйича тўланадиган телеграммалар киради.

109. «Тоифадан ташқари» телеграммаларига «Ҳаво» («Воздух»), «Ракета», «Мобилизацион», «Самолёт» белгилари бўлган телеграммалар киради.

110. «Навбатдан ташқари» телеграммаларга «Авария», «Шторм», «Авиа» белгилари бўлган телеграммалар киради.

«Авария» белгили телеграммага — ҳаво ва дарё флотларида, темир йўлларда ва автотранспортда, саноат корхоналаридаги ҳодисалар ва алоқа воситаларининг ҳолати, ҳалокатлар, авариялар тўғрисидаги телеграммалар киради.

«Шторм» белгили телеграммага — ҳаво ва дарё флотлари, темир йўл ва автомобиль транспорти учун ноқулай об-ҳаво ҳодисалари (бўрон, тўфон, туман ва бошқалар), шунингдек табиий офатлар (зилзила, тошқин, ўрмон ёнғинлари ва бошқалар) тўғрисидаги огоҳлантириш телеграммалари киради.

«Авиа» белгили телеграммага — самолётларнинг учиши, келиши ва мажбурий қўниши тўғрисидаги хабарлар, шунингдек, об-ҳаво тўғрисида маълумотли телеграммалар киради.

«Ҳукуматга оид» ва «Олий ҳукуматга оид» телеграммаларини бериш ҳуқуқидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ мансабдор шахслар фойдаланади.

111. «Топширилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан» телеграммани юбораётганда жўнатувчи белгиланган жойда телеграммани 24 соат ичида, телеграф иши жадвал бўйича сеанслар билан амалга ошириладиган пунктларга манзилланган телеграммалар учун телеграммани қабул қилган пайтдан бошлаб 48 соат ичида топширилиши тўғрисида хабарномани олади.

112. «Жавоби тўланган» телеграммалар адресатнинг жўнатувчига у томонидан тўланган ахборот ҳажмидаги тўланган жавобини таъминлайди.

«Топширилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан», «жавоби тўланган», «банклардан ўтказма» турдаги телеграммалар фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қабул қилинади.

113. «Почта орқали буюртмали етказиб бериладиган» телеграммалар алоқа корхоналари бўлмаган аҳоли пунктларига манзилланади. Бундай телеграммалар адресатга шахсан қўлига топшириб етказилади, бу телеграмманинг ўтиш вақтини узайтиради.

114. «Жўнатувчи томонидан кўрсатилган муддатда етказиб бериш билан» телеграммалари адресатга жўнатувчи томонидан кўрсатилган муддатда телеграммани етказиб беришни таъминлайди ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларига, республиканинг вилоят ва туман марказларига юбориш учун етказиб бериш санасидан камида бир сутка олдин алоқа корхоналари томонидан қабул қилинади.

115. «Бадиий бланкларда етказиб бериш билан» телеграммалари жўнатувчининг хоҳишига кўра телеграммалар адресатларига бадиий бланкларда етказиб бериш билан қабул қилинади. Бундай телеграммалар фақат телеграф алоқаси бўлган пунктларга манзилланиши мумкин.

116. «Тасдиқланган» телеграммаларида алоқа корхонаси телеграммада хабар қилинаётган қандайдир фактни, жўнатувчининг имзосини ёки телеграммада юборилаётган ишончномани тасдиқлаши мумкин.

Истеъмолчи телеграммада хабар қилинаётган фактни тасдиқловчи расмий маълумотномани, гувоҳномани ёки бошқа ҳужжатни тақдим этиши керак.

Тасдиқланган телеграммалар белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

117. «Схемали» телеграммалар айнан бир хил матнни алоқа корхонаси томонидан олдиндан тузилган, рўйхатдан ўтказилган ва киритилган схема бўйича турли телеграф пунктларига узатилишини таъминлайди. Схемали телеграммалар юридик шахслар томонидан берилиши мумкин.

118. Телеграф жўнатмаларини манзиллаш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Давлатлараро ахборот ва жўнатмалар икки томонлама битимлар, шунингдек халқаро битимлар ва шартномалар билан белгиланган тилларда ишлов берилади.

Телеграмманинг манзили:

хат-хабарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юборилганда — давлат тилида, бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасига қорақалпоқ тилида;

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларига юборилганда — рус тилида ёки белгиланган мамлакат тилида;

узоқ хориж мамлакатларига юборилганда — белгиланган мамлакат тилида, лотин алифбоси ҳарфлари билан ёзилган бўлиши керак.

119. Телеграммалар очиқ (умумқабул қилинган) ёки шартли (кодланган) тилда ёзилиши мумкин. Агар ёзув давлат тилида ёки бошқа тилида тузилган бўлса, ҳарфлар ва рақамлар билан кўрсатилган завод, савдо белгилари ва маркалари ёки фақат рақамлардан иборат бўлган статистик ва бошқа маълумотларни ўз ичига олса, телеграмма очиқ (умумқабул қилинган) тилда ёзилган деб ҳисобланади. Жисмоний шахслардан телеграммалар фақат очиқ тилда (умумқабул қилинган) қабул қилинади.

Агар ёзув шартли белгилар ёки шартли қийматга эга бўлган оддий сўзлар ёрдамида тузилган бўлса, телеграмма шартли (кодланган) тилда ёзилади деб ҳисобланади. Бундай телеграммалар фақат юридик шахслардан қабул қилинади.

120. Таркибида ахлоқсиз, ҳақоратли ва инсон қадр-қимматини камситувчи сўзлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва давлат манфаатларига қарши қаратилган матн бўлган ҳамда фақат манзилдан иборат (матнсиз) телеграммалар қабул қилинмайди.

121. Республика ҳудудида истеъмолчиларга телеграф хизматларини кўрсатиш маҳаллий вақтни кўрсатган ҳолда амалга оширилади.

122. Алоқа корхоналарида телеграммани қабул қилиш белгиланган иш режимига мувофиқ амалга оширилади.

123. Алоқа корхоналари истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини, телеграф хабарларининг сир сақланишини таъминлашлари шарт.

124. Телеграф тармоғидаги телеграф станциялари ва телекс тармоқлари истеъмолчиларга тармоғига ва телекс тармоғига уланган корхоналар ва ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри сўзлашувларни олиб бориш ва ахборотни узатиш имконини яратиб беради. Истеъмолчиларнинг фойдаланувчи қурилмаларини телеграф станциясига ва телекс халқаро тармоғига улаш истеъмолчилар ва алоқа корхоналари ўртасида тузилган шартномалар билан расмийлаштирилади.

125. Телеграф каналлари алоқа корхонаси ва истеъмолчи ўртасидаги шартнома асосида ижарага берилади. Телеграф каналларини ижарага бериш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

126. Истеъмолчининг хоҳишига кўра алоқа корхонаси томонидан қуйидаги қўшимча телеграф алоқа хизматлари кўрсатилиши мумкин:

а) истеъмолчининг оғзаки аризалари бўйича:

берилган телеграммани бекор қилиш ёки телеграммани юборишдан аввал унинг манзилини ўзгартириш;

телеграммани адресатга етказилган (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида) кундан кейин 2 ой ичида унинг топширилганлигининг тасдиғини олиш;

«талаб қилингунга қадар» белгиси билан манзилланган телеграммаларни белгиланган бир ой муддатдан ташқари, кейинги бир ой мобайнида сақлаб туриш;

телеграмма берилган кундан бошлаб икки ой мобайнида телеграмманинг тасдиқланган нусхасини олиш;

б) истеъмолчининг ёзма аризаси бўйича:

телеграммани бошқа манзилга қайта жўнатиш ёки етказиб бериш;

телеграммаларни почта қутиларида ва абонент шкафларида қолдириш;

ўзларининг телеграммалари, шу жумладан телеграмма жўнатувчиларининг манзиллари тўғрисидаги барча маълумотларни жўнатувчиларга ва адресатларга бериш.

127. Алоқа корхоналари мазкур Қоидаларга зид бўлмаган ва амалда бажарилиши мумкин бошқа хизматларни ҳам кўрсатиши мумкин.

6-§. Маълумотларни узатиш тармоғи, шу жумладан интернет хизматларини кўрсатиш

128. Маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари рўйхати оператор ёки провайдер ҳамда абонент ўртасида тузиладиган маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш шартномасида белгиланган бўлиши керак.

129. Маълумотлар узатиш тармоғи орқали хизматларнинг қуйидаги турлари тақдим этилиши мумкин:

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш (турли стандартлар бўйича), трафик транзити, шунингдек маълумотлар узатишнинг халқаро тармоқларидан, жумладан Интернетдан фойдаланиш;

реал вақтда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш;

электрон хабарлар қабул қилиш ва узатиш (шу жумладан, электрон почта);

конфиденциал ахборотни криптографик ва бошқача муҳофаза қилиш;

кичик (қуйи) тармоқ ажратиш;

домен ва домен номлари тизимини рўйхатга олиш ва олиб бориш;

IP -адрес ажратиш ва тутиб туриш;

IP -телефония ва IP -телевидение ( IPTV );

хостинг хизматлари.

Оператор ёки провайдер қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ маълумотлар узатиш тармоғининг бошқа хизматларини ҳам кўрсатиши мумкин.

130. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси бўлган абонент-юридик шахс томонидан чекланган доирадаги фойдаланувчиларга бепул ёки пуллик асосда Wi-Fi хизматлари кўрсатиши мумкин. Фойдаланувчиларнинг чекланган доирасини аниқлаш шартлари Wi-Fi хизмати ташкилотчиси томонидан белгиланади. Wi-Fi хизматини кўрсатишда сессиянинг амал қилиш давомийлиги 24 соатдан ошмаслиги керак.

131. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси ўз ҳудудида бепул Wi-Fi хизматини ташкил этиш оператор ёки провайдер билан тузилган шартномага мувофиқ оператор ёки провайдернинг аппарат-дастурий воситалари асосида амалга оширилиши мумкин.

132. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси:

оператор ёки провайдер билан биргаликда, фойдаланувчиларнинг шахсини идентификациялаш ҳамда фойдаланилган веб-ресурслар (лог-файллар) ҳисобини юритиш бўйича аппарат-техник чора-тадбирлар кўриши ва уларни 3 ой ичида сақланишини ташкиллаштириш;

оператор ёки провайдер билан биргаликда, ахборот ресурслари ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни, шунингдек, порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ахборотнинг ва тарқатилиши қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотнинг тарқатилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриши керак.

133. Wi-Fi хизмати абонент — юридик шахс томонидан кўрсатилган тақдирда, абонент — юридик шахс ва оператор (провайдер) ўртасида тузиладиган шартномада фойдаланувчиларга Wi-Fi хизмати тақдим этиши тўғрисида маълумот кўрсатилиши, шунингдек фойдаланувчилар шахсини идентификациялаш бўйича кўриладиган чоралар белгиланиши зарур.

134. Фойдаланувчилар шахсини идентификациялаш мобил телефон рақами бўйича ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар асосида амалга оширилган бошқа рўйхатдан ўтиш маълумотлари (авиачипталар, темир йўл чипталари, меҳмонхонада рўйхатдан ўтиш маълумотлари ва шу каби бошқа маълумотлар), шунингдек Push -хабарлар (фойдаланувчи қурилмаси экранида акс этувчи қисқа хабар) орқали амалга оширилиши мумкин.

Фойдаланувчини мобил телефон рақами бўйича идентификациялашда, фойдаланувчининг мобил телефон рақамига SMS хабар воситасида бир марталик парол ( One Time Password — OTP ) юборилади ва фойдаланувчи аутентификация қилинади. Бунда, бир марталик паролнинг ( One Time Password — OTP ) активлик муддати чекланган бўлиши (10 дақиқадан кўп бўлмаслиги) керак.

135. Оператор (провайдер) Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ абонентларга ўзи томонидан кўрсатиладиган маълумотлар узатиш хизматлари тўғрисида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Оператор (провайдер) томонидан абонентга қуйидаги маълумотлар тақдим этилиши зарур:

операторнинг (провайдернинг) номи, почта манзили, фойдаланувчилар ва абонентлар билан ҳамкорлик қиладиган филиалларининг номи, улар жойлашган жой, иш тартиби ва алоқа телефонлари;

операторга (провайдерга) берилган лицензия рақами ва амал қилиш муддати;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари;

фойдаланиладиган абонент интерфейслари ва маълумотлар узатиш протоколлари;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатишдаги чекловлар;

тариф режалари;

муайян тариф режаси, маркетинг кампаниялари доирасида ёки тадбирлар ўтказиш даврида маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларини тақдим этишда имтиёзлар ёки чегирмалар;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланишнинг бепул ва пуллик хизматлари рўйхати;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларига ҳақ тўлаш муддатлари ва шакллари;

абонентларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби;

ахборот-маълумот хизматининг ва техник таъминлаш хизматининг телефон рақамлари (мавжуд бўлганда);

ахборот-маълумот бериш бўйича хизмат кўрсатиш тизими тўғрисидаги маълумотлар;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш ҳудудларида техник имкониятлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.

136. Оператор (провайдер) билан абонент ўртасида тузиладиган шартномада қуйидаги маълумотлар мажбурий равишда кўрсатилиши шарт:

шартнома тузилган жой ва сана;

операторнинг (провайдернинг) номи;

операторнинг (провайдернинг) ҳисобварағи реквизитлари;

операторга (провайдерга) берилган лицензия реквизитлари;

шартноманинг амал қилиш муддати;

абонент тўғрисидаги маълумотлар;

хизмат кўрсатиш манзили;

ҳисоб-китоб шакли ва тартиби;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

тариф режаси, хизматларнинг нархлари;

хизматнинг қайси технология бўйича тақдим этилиши;

шикастланишларни бартараф этиш муддатлари;

сифат кўрсаткичлари (маълумотлар узатишнинг максимал тезлиги, маълумотлар узатишнинг минимал кафолатланган тезлиги, маълумотлар узатиш кечикишининг максимал вақти);

форс-мажор ҳолати;

кўрсатиладиган хизматлар рўйхати (зарур бўлганда).

Шартномада томонлар ўртасидаги келишувга асосан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

137. Абонент оператор (провайдер) билан шартнома тузганидан кейин оператор (провайдер) уланиш усулига боғлиқ ҳолда, абонентга уланиш учун зарур параметрларни етказади ( IP -адрес ва бошқа адрес реквизитлари), маълумотлар узатиш тармоғида ишлаш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида йўл-йўриқ кўрсатади, фойдаланувчининг зарур ускунасини (компьютер, модем, факс) ва зарур дастурий таъминотни тавсия қилади.

138. Оператор (провайдер) маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ахборотни абонентларга тақдим этиш мақсадида ахборот-маълумот бериш бўйича хизмат кўрсатиш тизимини яратади.

Қуйидаги маълумотлар оператор (провайдер) томонидан абонентнинг сўровига мувофиқ 24 соат мобайнида ҳеч қандай чекловларсиз тақдим этилиши шарт:

маълумотлар узатиш тармоғининг кўрсатиладиган хизматлари тўғрисидаги;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларига бўлган тарифлар тўғрисидаги;

абонентга унинг шахсий ҳисобварағининг ҳолати ва маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш ҳақини тўлаш бўйича қарздорлик тўғрисидаги, жумладан абонентга уланган хизматлар: маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек лимитланган трафикли тарифлардаги трафик қолдиғи тўғрисидаги;

техник носозликлар тўғрисидаги.

7-§. Жамоат фойдаланиш жойларида интернет хизматларини тақдим этиш

139. Жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери қуйидаги хизматларни тақдим этиши мумкин:

а) Интернет тармоғидан фойдалана олиш;

б) Интернет тармоғига уланиш ва тармоқ ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича маслаҳатлар;

д) жамоат фойдаланиш жойи интернет-провайдерининг компьютеридан файлларни фойдаланувчи компьютерига узатиш.

Жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа хизматлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

140. Тақдим этилаётган хизматлар учун тарифлар жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан мустақил равишда ўрнатилади.

8-§. Мобил алоқа хизматларини тақдим этиш

141. Абонентларга оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган мобил алоқа хизматларининг рўйхати операторга тегишли бўлган мобил алоқа тармоғининг техник имкониятларини ҳисобга олган ҳолда оператор (провайдер) томонидан белгиланади.

142. Абонентларга кўрсатиладиган мобил алоқа хизматлари шартнома шартларига, шунингдек операторнинг (провайдернинг) хизматлар тўғрисидаги ахборотига мувофиқ бўлиши керак.

143. Оператор (провайдер) абонентга хизмат кўрсатиш ҳудудида мобил алоқа хизматларидан кечаю-кундуз фойдаланиш имконини таъминлашга мажбур.

144. Оператор (провайдер) ахборот-маълумот хизмати тизимига эга бўлиши ва пуллик ҳамда бепул ахборот-маълумот хизматларини кўрсатишга мажбур.

Оператор ёки провайдер тармоқ ичида унинг ахборот-маълумот хизматига бепул қўнғироқлар қилиш имконини таъминлаши керак.

145. Оператор (провайдер) пуллик ахборот-маълумот хизматларининг рўйхатини мустақил равишда белгилайди.

146. Оператор (провайдер) тақдим этиладиган хизматлар, уларни тақдим этиш ва мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш тартиби, ушбу хизматларга тарифлар, мобил алоқадан фойдаланишда чекланишлар тўғрисида абонентларни, шунингдек мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартномани тузиш истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларни хабардор қилишга мажбур.

Хизматларнинг пуллик эканлиги тўғрисида абонентларни олдиндан хабардор қилмасдан айрим пуллик хизматлар учун тўлов ундирилган ҳолда ушбу хатти-ҳаракат кўрсатилмаган хизматлар учун ундирилган тўловга тенглаштирилади.

Абонент — жисмоний шахсдан тариф режаси бўйича абонент тўлови ва ресурслардан фойдаланганлик учун маблағ ечишда ҳисобни салбий ҳолатга келтирилишига йўл қўйилмайди.

Тарифлар, хизматларни кўрсатиш тартиби, ҳисоб-китоблар шакли ва тартиби ўзгарган ҳолда, оператор (провайдер) бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали ва оператор (провайдер) томонидан танланган исталган бошқа усулда абонентни хабардор қилиши лозим.

Оператор тармоғида мобил алоқа хизматлари кўрсатилишининг тўхталишига олиб келадиган йирик авариялар юз берганда ҳамда учинчи шахс талаби бўйича ижара асосида ўрнатилган телекоммуникациялар иншоотларини кўчириш зарурати юзага келганда оператор (провайдер) абонентларни бу ҳақда, шунингдек хизматларни кўрсатиш тикланишининг тахминий муддатлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ёки оператор (провайдер) томонидан танланган исталган бошқа усулда хабардор қилишга мажбур.

9-§. Роуминг хизматини ташкил қилиш ва тақдим этиш

147. Мобил алоқанинг миллий роуминг хизмати юридик ва жисмоний шахслар — маҳаллий операторларнинг (провайдерларнинг) абонентларига улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлганда хизмат кўрсатувчи операторларнинг (провайдерларнинг) хизмат кўрсатиш ҳудудида маҳаллий операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш ҳудудининг ташқарисида улар фойдаланишлари учун тақдим этилади.

148. Мобил алоқанинг халқаро роуминг хизмати юридик ва жисмоний шахслар — маҳаллий операторларнинг (провайдерларнинг) абонентларига улар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудидан ташқарида бўлганда хорижий операторлар-роуминг-шерикларнинг хизмат кўрсатиш ҳудудида ҳамда юридик ва жисмоний шахслар — хорижий операторлар-роуминг-шерикларнинг абонентларига улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳаллий операторларнинг (провайдерларнинг) хизмат кўрсатиш ҳудудида бўлганда фойдаланиш учун тақдим этилади.

149. Миллий ва халқаро роуминг хизматлари, одатда автоматик равишда амалга оширилади.

Автоматик роумингни ташкил қилишнинг имкони бўлмаганда «механик» ёки «пластик» роумингни ташкил қилишга йўл қўйилади.

Айнан битта оператор тармоғи ичида амалга ошириладиган технологик роуминг (мобил оператор томонидан бир давлатнинг бир ҳудудида қайд қилинган абонентга ўша давлатни бошқа ҳудудида ҳам телекоммуникациялар хизматлари тақдим қилиниши) роуминг хизмати ҳисобланмайди.

150. Автоматик роумингни ташкил қилишда Ўзбекистон Республикаси телекоммуникациялар тармоқларида қабул қилинган сигнализация тизимларининг тегишли протоколлари ва спецификацияларидан фойдаланиш керак.

151. Роуминг хизматини тақдим этиш мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўртасида роуминг тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.

152. Халқаро роумингни ташкил қилиш ва тақдим этиш шартномаси Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ва хорижий операторлар ўртасида, миллий роумингни эса Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўртасида тузилади.

153. Мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўртасида роуминг тўғрисидаги шартнома қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади.

154. Роуминг тақдим этиш учун роуминг тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати оператор (провайдер) лицензиясининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.

155. Маҳаллий оператор (провайдер) ва хорижий оператор ўртасидаги роуминг тўғрисидаги шартнома халқаро ҳуқуқ нормаларига ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилади.

156. Маҳаллий оператор (провайдер) мобил алоқа хизматларини тақдим этиш учун абонент билан шартнома тузаётганда роумингни тақдим этиш шартлари тўғрисида уни хабардор қилиши керак.

157. Хизмат кўрсатувчи оператор абонентга унинг маҳаллий оператор (провайдер) билан шартнома муносабатларида белгиланган хизматлар рўйхатини тақдим этишга мажбур.

158. Маҳаллий оператор (провайдер) роумер ҳақиқийлигини идентификацияламасдан хизмат кўрсатувчи оператор томонидан роуминг тақдим этилиши учун жавобгар бўлмайди.

159. Роуминг хизмати учун абонент томонидан маҳаллий операторга (провайдерга) ҳақ тўлаш улар ўртасида тузилган мобил алоқа хизматларини тақдим этиш шартномасининг шартларига мувофиқ амалга оширилади.

160. Миллий роуминг хизматларини тақдим этишда маҳаллий операторлар (провайдерлар) ўртасида юзага келган низолар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суд томонидан ҳал қилинади.

161. Халқаро роуминг хизматини тақдим этишда маҳаллий оператор (провайдер) ва хорижий оператор (ёки тизим ҳосил қилувчи роуминг-шерик) ўртасида юзага келган низолар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал қилинади.

162. Маҳаллий ва хизмат кўрсатувчи операторлар (провайдерлар) роумингни ташкил қилишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларига риоя қилишлари шарт.

163. Роумер-ташриф буюрувчиларнинг фойдаланувчи қурилмаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

10-§. Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш хизматини тақдим этиш

164. Абонент учун абонент рақамини кўчириш хизмати мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан тақдим этилади.

165. Абонент рақамини кўчириш абонентга 30 кун мобайнида кўпи билан бир марта тақдим этилади.

166. Кўчириладиган рақамлар сифатида фақат мобил алоқа операторлари (провайдерлари) учун ажратилган рақамлар қўлланилиши мумкин.

Рақамни кўчириш оқибатида рақамни териш форматининг ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.

167. Қўзғалмас телефон алоқаси тармоқларида ишлатилаётган абонент рақамларини, шу жумладан мобил алоқа тармоқларига ва аксинча кўчирилиши тақиқланади, шунингдек юридик шахсларнинг абонент рақамлари донордан реципиентга фақат барчаси кўчирилаётганда йўл қўйилади.

168. КРМБ оператори абонент рақами кўчирилишини таъминлаш учун мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан тақдим этиладиган ахборотни йиғиш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва узатиш жараёнларини автоматлаштиради ва мувофиқлаштиради.

169. Абонент рақамларини кўчириш, кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги маълумотларни ўзгартириш, абонент рақамини кўчириш хизматини тўхтатиб туриш ва кўчирилган абонент рақамини бирламчи операторга қайтариш жараёнига тегишли ахборот билан алмашиш КРМБ оператори орқали амалга оширилади.

170. КРМБни шакллантириш, юритиш, ишлаши ва техник кузатуви, шу жумладан ундаги ахборот ва маълумотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш, узатиш, шунингдек КРМБдан фойдалана олиш имкониятини тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни талабларига риоя қилган ҳолда КРМБ оператори томонидан таъминланади.

171. Абонент рақамини кўчириш жараёнини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан КРМБ операторига ва аксинча Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни талабларига риоя қилган ҳолда тақдим этилади.

172. Мобил алоқа тармоқлари операторларининг (провайдерларининг) КРМБдан фойдаланиши КРМБ оператори ва мобил алоқа тармоқлари операторлари (провайдерлари) ўртасида тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

173. КРМБда қуйидаги ахборотлар сақланади ва (ёки) қайта ишланади:

мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича бошқа мобил алоқа операторлари (провайдерлари) билан янги шартномаларни тузиш вақтида абонентларда сақланадиган кўчирилган абонент рақамлари тўғрисида;

абонент рақамини кўчириш санаси ва вақти тўғрисида;

рақамлаш ресурсининг мобил алоқа операторига (провайдерига) тегишлилигини кўрсатиб, белгиланган тартибда мобил алоқа операторларига (провайдерларига) ажратилган рақамлаш тўғрисида.

174. КРМБ ишлашини ва техник кузатувини таъминлаш мақсадида КРМБ оператори қуйидаги тадбирларни амалга оширади:

а) КРМБ кечаю-кундуз ишлашини таъминлаш;

б) мобил алоқа операторлари (провайдерлари)дан келиб тушадиган кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги ва рақамни тўғри кўчиришни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш;

д) КРМБдаги ахборот муҳофазасини таъминлаш;

э) абонент рақамини кўчириш ва тўғри маршрутлашни амалга ошириш учун зарур бўлган, КРМБда мавжуд бўлган ахборотдан алоқа операторларининг фойдалана олиш имкониятларини тақдим этиш.

175. КРМБдаги ахборотни муҳофаза қилиш, шунингдек ундан фойдалана олиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда таъминланади.

176. Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш учун талабнома (бундан буён матнда талабнома деб юритилади) абонентдан қуйидаги тартибда қабул қилинади:

а) абонент реципиентнинг офисида мижозларга хизмат кўрсатиш пунктида шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этган ҳолда;

б) абонент шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлари киритган ҳолда реципиентнинг расмий веб-сайтида электрон кўринишда;

д) абонент шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотларни мобил илова орқали электрон кўринишда.

э) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали.

Донор билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилган пайтдан бошлаб абонентда унинг шахсий маълумотларида ўзгаришлар (донор билан шартнома тузиш вақтида фойдаланилган шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари алмашганда) юз берган ҳолда, талабномани беришдан олдин донор билан тузилган шартномага тегишли ўзгартиришлар киритилиши керак.

177. Реципиентнинг офисида мижозларга хизмат кўрсатиш пунктида мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш абонентдан олинган талабнома асосида 20 дақиқадан кўп бўлмаган вақт давомида мобил алоқа оператори (провайдери) томонидан таъминланади.

178. Реципиент:

абонентдан талабнома қабул қилади;

талабнома тўғри тўлдирилганлигини текширади, уни рўйхатга олади ва КРМБга сўров юборади ёки КРМБ томонидан талабномани мобил илова орқали олинганлигини тасдиқлайди;

абонент билан янги шартнома тузади ва реципиентга бириктирилган ҳамда абонент томонидан талабномада кўрсатилган тариф режасига уланган ушбу абонент номига расмийлаштирилган янги SIM- картани беради.

Электрон рўйхатдан ўтгандан кейин абонент SIM -картани олиш ва шартномани имзолаш учун оператор (провайдер) офисига келиши кераклиги тўғрисида хабардор қилинади. Агар реципиент абонентга eSIM ни қўллаб-қувватлайдиган қурилмалар учун хизматларни тақдим этса, оператор (провайдер) шартномани масофадан тузиш имконияти билан актив eSIM га рақам кўчирилишини таклиф қилиши мумкин.

179. Абонент рақамини кўчириш рад этилганда абонент унга берилган SIM -карта орқали реципиентнинг алоқа хизматларидан фойдаланишни давом эттириши мумкин.

Бунда, айнан шу реципиентга абонент рақамини кўчириш учун талабнома такроран берилганда алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисида янги шартномани тузиш талаб этилмайди.

180. Реципиентдан абонент рақамини кўчириш тўғрисида КРМБга берилган сўровда қуйидаги маълумотлар бўлади:

а) жисмоний шахслар учун:

абонентнинг маълумотлари (шахсни тасдиқловчи ҳужжат серияси, рақами, санаси, ЖШШИР ва берилган органи);

абонент рақами;

б) юридик шахслар учун:

ташкилотнинг СТИР;

абонент рақамларининг рўйхати;

Бунда, агар абонент рақамларидан биттасини бўлса ҳам кўчириш рад этилган бўлса, у ҳолда сўров рўйхатда акс эттирилган барча абонент рақамлари бўйича тўлиқ рад этилган ҳисобланади.

181. КРМБ оператори реципиентдан абонент рақамини кўчириш сўровини олганда қуйидаги шартларга риоя қилинганлик ҳолатини текширади:

КРМБда реципиент томонидан мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш учун сўровнинг тўғри тўлдирилганлигини.

Бунда, сўровнинг тўғри тўлдирилганлиги унинг талабнома талабларига мувофиқ равишда тўлиқ, аниқ ва хатосиз расмийлаштирилганлиги билан белгиланади. Мазкур шарт бажарилмаган тақдирда, КРМБ оператори реципиентни хабардор қилган ҳолда талабномани рад этади. Реципиент аниқланган камчиликларни бартараф этгач, КРМБ операторига янги сўровни юборади;

абонент рақамини кўчириш имкониятини тасдиқлаш — охирги кўчирилган пайтдан бошлаб камида 30 календар куни ўтганлиги, бундан хато кўчирилган ҳолатлар мустасно;

абонент рақамини кўчириш учун актив талабномалар йўқлиги.

Ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги шартлар бажарилмаган ҳолда КРМБ оператори реципиентга абонент рақамини кўчириш рад этилганлиги тўғрисида хабар қилади, бу ҳақда реципиентга SMS хабарни юбориш орқали, рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда абонентни хабардор қилади.

182. Реципиентдан абонент рақамини кўчириш тўғрисидаги сўров қабул қилинганда КРМБ оператори донорга абонент рақамини кўчириш тўғрисидаги сўровни юбориб, реципиентга кейин кўриб чиқиш учун талабнома қабул қилинганлиги тўғрисида хабар қилади.

183. Донор КРМБ операторидан абонент рақамини кўчириш сўровини олганда қуйидаги шартларга риоя қилинганлигини текширади:

абонент шахсий маълумотларининг ишончлилигини.

Бунда, ишончлилик КРМБдан сўровда келиб тушган шахсий маълумотларнинг донор ва абонент ўртасидаги мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган маълумотлар билан мослиги билан аниқланади;

донор билан тузилган алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бўйича донор томонидан текшириш пайтида абонент қарзларининг йўқлиги, роуминг хизматларидан ташқари;

абонентда донор олдидаги шартнома бўйича мажбуриятларининг йўқлиги.

Бунда, мазкур банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги шартлар бажарилмаган ҳолда КРМБ оператори реципиентга абонент рақамини кўчириш рад этилганлиги тўғрисида хабар қилади, бу ҳақда реципиентга SMS хабарни юбориш орқали, рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда абонентни хабардор қилади.

184. Донор томонидан талабномани кўриб чиқиш муддати КРМБ операторидан сўровни олган пайтдан бошлаб ҳисобланади ва 10 дақиқадан кўп бўлмаган вақтни ташкил қилади.

Бунда, кўриб чиқиш ажратилган муддатдан ошиб кетганда КРМБ автоматик равишда реципиент ва донорга абонент рақами кўчирилиши тўғрисида хабар қилади, КРМБ талабномани ўз вақтида тасдиқламаган донор томонидан бузилишга йўл қўйилганлигини қайд қилади.

Реципиент донор томонидан абонент рақамини кўчирилишига рухсат берилганидан сўнг, абонентга мобил алоқа хизматларини активация қилади.

185. Донор томонидан КРМБ операторига абонент рақамини кўчириш мумкинлигини тасдиқлаш мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

186. Донордан абонент рақамини кўчириш имконияти тўғрисида билдиришномани олгандан кейин КРМБ оператори реципиент ва донорга абонент рақамини техник кўчириш бошланиши тўғрисида хабар қилади, реципиент эса, ўз навбатида, бу ҳақда SMS хабарни юбориб абонентни хабардор қилади.

187. КРМБ операторидан абонент рақамини техник кўчиришни бошлаш тўғрисидаги хабарни олгандан кейин:

реципиент абонент рақамини ўз маълумотлар базасига киритиш, шу жумладан биллинг тизимлари ва абонентларни идентификациялаш маълумотлар базасига киритиш зарур хатти-ҳаракатларни бажаради, шунингдек SIM -картадаги вақтинча рақамни талабномада абонент томонидан кўчириладиган сифатида кўрсатилган рақамга алмаштиради ва КРМБ операторига абонент рақамини ўз тармоғида рўйхатга олиш ишлари тугалланганлиги тўғрисида хабар қилади;

донор абонент рақамини ўз биллинг тизимидан чиқариш бўйича керакли ишларни бажаради ва абонент деактивация қилинганлиги тўғрисида КРМБ операторига хабар қилади.

188. КРМБ оператори донордан рақам деактивация қилинганлиги тўғрисида ва реципиентдан абонент рақами рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабарларни олгандан кейин абонент рақами кўчирилганлиги тўғрисидаги маълумотларни КРМБга киритади ҳамда барча операторларни (провайдерларни) кўчирилган абонент рақами бўйича маршрутлашни ўзгартириш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

Ажратилган муддатдан ошиб кетган ҳолда КРМБ маршрутлаш ўзгарганлигини ўз вақтида тасдиқламаган оператор (провайдер) томонидан бузилишга йўл қўйилганлигини қайд қилади. Бузилиш тўғрисидаги бундай ахборот кейинчалик назорат қилувчи ваколатли органни хабардор қилиш учун КРМБ базасида рўйхатга олинади.

189. Операторлар (провайдерлар) КРМБдан операторидан хабарни олгандан кейин кўчирилган абонент рақами бўйича маршрутлашга ўзгартиришлар киритадилар ва ўз тармоқларида ишлар тугатилганлиги тўғрисида КРМБ операторига тасдиқ юборадилар.

190. КРМБ оператори кўчирилган абонент рақами бўйича маршрутлаш ўзгарганлиги тўғрисида операторлардан (провайдерлардан) тасдиқни олганларидан кейин ёки бу операция учун ажратилган муддат ошиб кетган ҳолда барча операторларга (провайдерларга) абонент рақамини кўчириш муваффақиятли тугалланганлиги тўғрисида хабар юборади. Ажратилган муддат ошиб кетган ҳолда КРМБ маршрутлаш ўзгарганлигини ўз вақтида тасдиқламаган оператор (провайдер) томонидан бузилишга йўл қўйилганлигини қайд қилади. Бузилиш тўғрисидаги бундай ахборот кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича инспекциясини хабардор қилиш учун КРМБда рўйхатга олинади.

191. Реципиент КРМБ операторидан абонент рақамини кўчириш муваффақиятли тугалланганлиги тўғрисидаги хабарни олгандан кейин бу ҳақда кўчирилган рақамли SIM- картага SMS хабарни юбориш орқали абонентни хабардор қилади.

192. Донор томонидан абонент рақамининг кўчирилиши тўғрисида сўров тасдиқлангунча абонент абонент рақамини кўчириш хизматларини рад этиши мумкин.

193. Аввал бир оператордан (провайдердан) бошқа операторга (провайдерга) кўчирилган абонент рақамини кўчириш жараёни абонентнинг талабномаси бўйича мазкур Қоидаларнинг 182 — 194-бандларида кўрсатилган кетма-кетликда бажарилади.

194. КРМБ оператори орқали абонент рақамини кўчириш процедуралари билан боғлиқ барча хатти-ҳаракатлар сўров олинганлигини мажбурий синхрон тасдиқлаган ҳолда бажарилади.

195. Алоқа тармоқларида кўчирилган абонент рақамлари учун уланишларнинг маршрутланишини таъминлаш учун қуйидаги технологиялар қўлланилади:

а) мобил алоқа тармоқларидан чақирувни бошлаб беришда кўчирилган рақамларнинг локал базасидан фойдаланган ҳолда « All Call Query »;

б) қайд қилинган алоқа тармоқларидан чақирувни бошлаб беришда « All Call Query » ёки « Onward Routing ».

196. Оператор (провайдер) қуйидагиларни таъминлайди:

кўчирилган абонент рақамларига ўз тармоғидан уланишларни тўғри маршрутлашни таъминлаш учун зарур бўлган кўчирилган рақамларнинг локал базасини шакллантириш, унинг ишлаши ва техник кузатиш;

КРМБ операторига талабномада абонент томонидан кўрсатилган абонент рақамлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;

кўчирилган абонент рақамларини ўзининг рақамлаш ресурсига киритиш ва мазкур Қоидаларида белгиланган тартибда тузилган шартноманинг амал қилиш муддатида мобил алоқа хизматларини кўрсатиш;

ўзининг ахборот тизимларида абонентларга берилган абонент рақамлари ҳамда кўчирилган ва қабул қилинган абонент рақамлари тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигини ва актуаллигини;

донор томонидан бошқа операторнинг тармоғига кўчирилиши керак бўлган рақамнинг берилиши;

абонент рақамини кўчириш ва кўчирилган абонент рақами бўйича ўз тармоқларида хизматларни лозим даражада кўрсатиш учун ўз тармоқларини техник жиҳатдан тайёрлаш;

фойдаланилаётган технология, тақдим этилаётган мобил алоқа хизматининг тури, абонент томонидан алоқа хизматларига ҳақ тўлаш усулидан қатъи назар мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш;

аҳолига мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш шартлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш;

рақамни кўчириш мумкинлигини олдиндан текшириш хизматини кўрсатиш учун шарт-шароит яратиш ва абонентга текширув натижалари ҳамда рад этилганда сабаблари кўрсатилган ҳолда асосланган рад жавобини бериш;

белгиланган муддатларда реципиент ва абонент ўртасида шартнома бекор қилинганда кўчирилган абонент рақамини бирламчи операторга қайтариш, бундан абонент рақамини кўчириш билан боғлиқ шартномани бекор қилиш ҳолатлари бундан мустасно.

197. КРМБ оператори қуйидагиларни таъминлайди:

КРМБни шакллантириш ва техник кузатиш ҳамда операторлар (провайдерлар) томонидан абонент рақамларини кўчириш учун унинг ресурсларидан фойдалана олиш имконини яратиш;

абонент рақамларини кўчириш жараёнида юзага келадиган масалалар бўйича операторлар (провайдерлар) ўртасида ўзаро ишлашни ташкил этиш;

КРМБнинг кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги ахборотни актуаллаштириш (маълумотларни синхронлаш) учун КРМБга уланган операторларнинг (провайдерларнинг) кўчирилган рақамларнинг локал базаси билан ўзаро ишлаши;

кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги ахборотни КРМБга киритиш (абонент рақамларини кўчириш жараёнида ахборотни янгилаш);

КРМБда сақланаётган маълумотларни рухсатсиз фойдалана олишдан ҳимоялаш;

операторларни (провайдерларни) кўчирилган абонент рақамига хизмат кўрсатувчи мобил алоқа операторининг (провайдерининг) алмашганлиги тўғрисида хабардор қилиш.

198. Абонент рақамларини кўчириш жараёнида юзага келадиган реципиент ва донорнинг ўзаро ишлашлари фақат КРМБ оператори орқали амалга оширилади.

199. КРМБда абонент рақамларини кўчириш жараёни, шу жумладан ахборот алмашиш жараёни автоматлаштирилган режимда амалга оширилади.

200. Мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўз тармоқларида абонент рақамининг кўчирилишини таъминлаш бўйича барча харажатларини, шу жумладан КРМБга уланиш ва абонентларга кўчириш жараёнларида кўзда тутилган SMS ларни жўнатиш учун алоқа каналларини ижарага олиш харажатларини ўз ҳисобларидан амалга оширадилар.

201. Мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан абонент рақамларидан, шу жумладан кўчирилган абонент рақамларидан фойдаланганлик учун тўлов абонентга мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи оператор (провайдер) томонидан амалга оширилади.

Абонент рақамини кўчириш хизмати учун абонент томонидан тўланадиган ҳақ миқдори реципиент томонидан мустақил равишда белгиланади.

202. Абонент томонидан абонент рақамини кўчириш хизмати учун тўланадиган ҳақ бир марталик ҳисобланади ва мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани тузишда реципиентга тўланади.

203. Оператор (провайдер) ва КРМБ операторининг ўзаро ишлаши ва ўзаро ҳисоб-китоблари жараёни оператор (провайдер) ва КРМБ оператори ўртасида тузилган шартнома билан белгиланади.

204. Мобил алоқа тармоқларида абонент рақами кўчирилганда абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида сарфланмаган пул маблағлари мавжуд бўлганда, ушбу маблағларни қайтариш мазкур Қоидаларга ва донор билан тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасига мувофиқ донор томонидан амалга оширилади.

Телефон алоқа тармоқларидан чақирув бошланганида « Onward Routing » хизматлари тақдим этилганлиги учун телефон ва мобил алоқа тармоқларининг операторлари (провайдерлари) ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар ушбу операторлар (провайдерлар) ўртасида тузилган шартнома шартлари билан белгиланади.

205. Абонентнинг донор олдида кўчирилган рақам бўйича кўрсатилган роуминг хизматлари учун қарздорлиги мавжуд бўлганда донор абонент рақами реципиент тармоғига кўчирилган санадан бошлаб 30 кун давомида кўрсатилган роуминг хизматларига ҳақ тўлаш учун ҳисобни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Бунда, донор КРМБ оператори орқали абонент рақамини, қарздорлик суммасини ва қарздорликни тўлаш муддатини кўрсатган ҳолда реципиентга сўров юборади. Қарздорликни бартараф этиш (тўлаш) муддати 7 иш кунидан ошмаслиги керак.

КРМБ оператори донорнинг кўчирилган абонент рақамининг қарздорлиги тўғрисида реципиент юборилган сўровини олганда, сўровнинг 30 кун давомида тақдим этилганлиги текширилади, агар сўров ушбу муддатга риоя қилинган ҳолда юборилганда КРМБ оператори донорнинг сўровини тасдиқлаб ва реципиентга абонент томонидан қарздорликни тўлаш зарурлиги тўғрисида хабар юборади, агар сўров ушбу муддатда тақдим этилмаганлиги аниқланганда, КРМБ оператори донорга сўровнинг рад этилиши ҳақида хабар юборади.

Реципиент КРМБ операторидан кўчирилган абонент рақами бўйича абонент томонидан қарздорликни тўлаш тўғрисидаги хабарномани олган пайтдан бошлаб 15 дақиқа ичида қуйидагилар ҳақида хабардор қилади:

абонентнинг донор олдидаги қарздорлигини тўлаш зарурлиги тўғрисида SMS -хабарномани жўнатиш йўли билан;

абонентни хабардор қилиш вақти тўғрисида КРМБ операторини.

КРМБ оператори реципиент томонидан абонент хабардор қилинган пайтидан бошлаб абонентнинг қарздорлигини тўлаш учун белгиланган вақтни ҳисоблаш бошланганлигини КРМБда қайд қилади ва бу ҳақда донорни хабардор қилади.

Абонент томонидан қарздорликни бартараф этиш тўғрисида реципиентдан хабарнома олинган вақтдан бошлаб 7 иш куни давомида қарздорлик бартараф этилмаган (тўланмаган) тақдирда, донор КРМБ операторига реципиент томонидан абонент учун алоқа хизматларини блокировка қилиш сўровини юборади.

Реципиент абонент донор олдидаги қарздорлигини тўлиқ тўлагунига қадар КРМБ операторидан хабарномани олган пайтдан бошлаб абонентга хизматлар кўрсатишни тўхтатади. Бунда, реципиент абонентга қарздорликни тўлаш зарурлиги тўғрисида SMS хабарни юборади.

Абонент қарздорлигини бартараф этганда (тўлаганда), донор 15 дақиқа ичида КРМБ операторига қарздорлик тўланганлиги ва абонент рақами блокировкадан чиқарилганлиги тўғрисида хабар юборади, бу ҳақда КРМБ оператори реципиентга хабар қилади.

206. Реципиент билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси бекор қилинганда, кўчирилган абонент рақами бир иш куни ичида бирламчи операторга қайтарилиши керак.

Бунда, реципиент томонидан КРМБ операторига абонент рақамини бирламчи операторга қайтариш тўғрисидаги сўров (бундан буён матнда сўров деб юритилади) юборилади.

207. КРМБ оператори қуйидаги ҳолларда абонент рақамини қайтаради:

рақам реципиентга тегишли бўлганда;

рақамни кўчириш актив жараёни бўлганда ёки бўлмаганда;

рақамни қайтариш сўровининг формати тўғри тўлдирилганда.

208. Сўров тасдиқлаганда КРМБ оператори реципиентга ва бирламчи операторга рақамни қайтариш тўғрисида хабарнома юборади, бунда параллел равишда операторларни (провайдерларни) тармоқда конфигурациянинг ўзгариши ва маршрутлашни ўзгартириш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

209. Бирламчи оператор КРМБ оператори орқали реципиентни қайтарилган абонент рақами олинганлиги тўғрисида хабардор қилади.

210. Абонент рақами хато кўчирилганда реципиент КРМБ операторига аниқланган хато ва абонент рақамининг қайтарилиши тўғрисида хабар юборади.

211. КРМБ оператори абонент рақамини қайтариш мумкинлигини, абонент рақамининг донорга тегишлилигини, актив кўчириш жараёни борлигини текширади. Текширув муваффақиятли ўтганда, КРМБ оператори реципиентга абонент рақамини қайтариш ва донорга хато рақамни қайтариш тўғрисида хабар юборади.

Абонент рақамини хато кўчиришни қайтариш сўровида хатоликлар аниқланганда КРМБ оператори реципиентга абонент рақами хато кўчирилганлигини қайтаришни рад этиш тўғрисида хабар юборади.

Реципиент хатоларни бартараф этади ва КРМБ операторига қайта сўровни юборади.

212. Донор КРМБ операторидан хато кўчирилган абонент рақами қайтарилганлиги тўғрисидаги хабарни олиб, сўровни текширади.

213. Абонент рақами хато кўчирилганлиги аниқланган ҳолда, бундай абонент рақамини қайтариш жараёни абонентнинг ёзма аризаси ёки донорнинг ахборот-маълумот хизматига мурожаати асосида донор томонидан бошлаб берилади. Бунда, абонентнинг айби билан бўлмаган хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш учун тўлов ундирилмайди.

214. Донор КРМБ операторига хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш тўғрисидаги сўровни юборади.

215. КРМБ оператори хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш сўровини олганда уни абонент рақамини кўчириш мумкинлиги юзасидан текширади, бу жараён қуйидагилардан иборат:

абонент маълумотларини тўлдириш;

ушбу абонент рақамини кўчириш учун актив талабномаларнинг борлиги.

216. Текширув муваффақиятли бўлган ҳолда КРМБ оператори донорга сўровни олганлигини тасдиқлайди ва уни хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа операторига (провайдерига) юборади.

217. Хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш сўровида хатоликлар аниқланганда КРМБ оператори донорга сабабини кўрсатган ҳолда хато кўчирилган абонент рақамининг қайтарилиши рад этилганлиги тўғрисида хабар юборади.

218. Мобил алоқа оператори (провайдери) КРМБ операторидан хато кўчирилган абонент рақами қайтарилганлиги тўғрисидаги хабарни олиб, сўровни текширади. Текширув натижалари бўйича хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа оператори (провайдери) КРМБ операторига хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш бошланганлигини ёки у рад этилганлигини тасдиқлайди.

Бунда, мобил алоқа хизматлари учун юзага келган абонентнинг қарздорлиги реципиент томонидан қопланади.

219. Агар хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа оператори (провайдери) 1 дақиқа ичида хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш ёки рад этиш тасдиқланганлиги тўғрисида КРМБ операторини хабардор қилмаса, КРМБ оператори донорга хато кўчирилган абонент рақами қайтарилганлигини тасдиқлаш тўғрисида автоматик равишда хабар қилади.

220. Донор КРМБ операторидан хато кўчирилган абонент рақами қайтарилганлиги тўғрисида хабар олган пайтдан бошлаб 1 дақиқа ичида абонентга хизматни активация қилади. Хизматлар муваффақиятли активация қилингандан кейин донор КРМБ операторига абонент рақами активация қилинганлигини тасдиқлайди.

221. КРМБ оператори хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа операторига (провайдерига) абонент рақами муваффақиятли активация қилинганлиги тўғрисида ва операторларга — тармоқдаги маршрут рақами ( routing number, RN ) ўзгарганлиги тўғрисида хабар юборади.

Бунда, хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа оператори (провайдери) 1 дақиқа ичида абонент рақамини деактивация қилади.

222. Оператор (провайдер) КРМБ операторидан хабар олган пайтдан бошлаб 1 дақиқадан кечиктирмай кўчирилган абонент рақами бўйича маршрутлашга ўзгартиришлар киритади ва КРМБ операторидан хабарни олган пайтдан бошлаб 10 дақиқадан кечиктирмай КРМБ операторига ўз тармоғида маршрутлаш ўзгарганлигини тасдиқлайди.

223. Хизматлар, тариф режаси, хато кўчирилган абонент рақами баланси хато кўчириш пайтидаги ҳолатгача донор томонидан тикланади.

11-§. Телевидение хизматларини ташкил қилиш ва тақдим этиш

224. Эшиттирувчи, оператор, провайдер телевидение хизматлари фаолиятини лицензия асосида амалга оширади.

225. Эшиттирувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлиши шарт, бундан телерадио дастурларига ва сигналларига ишлов бермасдан, ретрансляция қилувчилар мустасно.

226. Эшиттирувчи дастурларини тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва сотиш, шунингдек олинган дастурларни тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва сотиш фаолиятини хусусий ёки алоҳида муаллифлик шартномалари асосида амалга оширади.

227. Телевидение тармоқлари орқали қонунчилик билан тақиқланган маълумотларни тарқатишга йўл қўйилмайди. Реклама ва эълонлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тарқатилади.

228. Эшиттирувчи, оператор, провайдер томонидан кўрсатиладиган телевидение хизматларининг турлари ва рўйхати телевидение тармоғининг техник имкониятлари, ер усти ва йўлдош эфир эшиттириш дастурлари сигналларини қабул қилиш шартлари ва абонентлар эҳтиёжларига асосан белгиланади.

229. Қуйидагилар телевидениенинг ёрдамчи хизматлари ҳисобланади:

фойдаланувчи қурилмасини улаш схемасини ўзгартириш, янги элементларни монтаж қилиш ва улаш;

абонент тармоғи ёки қурилмасини абонентнинг талабномасига кўра вақтинчалик ўчириш ва қайтадан улаш;

абонент линиялари (абонент тармоғи), абонент розеткалари, абонент антеннаси ва абонент кабелларини алмаштириш, монтаж қилиш, улаш (ўчириш);

абонент линияси (абонент тармоғи), абонент розеткалари, кабеллари ва ускунасини таъмирлаш, созлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш;

фойдаланувчи қурилмасини созлаш ишлари хизмат кўрсатувчи томонидан тарқатилаётган сигнал параметрларига ўзгартиришлар киритилиши натижасида содир бўлиши бундан мустасно.

230. Ёрдамчи хизматлар телевидение хизматларини кўрсатиш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин. Ушбу хизматларнинг нархи телевидение хизматларига тарифларни аниқлашда ҳисобга олинади.

231. Телевидение хизматлари телевидение тармоқлари эшиттирувчилари (операторлари, провайдерлари) абонентлар билан ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартномалар асосида кўрсатилади.

232. Телевидение хизматларини кўрсатиш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

телевидение дастурлари, радиодастурлар ёки телекоммуникацияларнинг бошқа хабарлари сигналларини операторга (провайдерга) боғлиқ бўлмаган сабабга кўра телевидение тармоғининг киришига бериш, жумладан дастурларни эфир орқали трансляция қилиш тўхтатилганда;

телевидение тармоғида режали профилактика ёки таъмирлаш ишларини бажариш вақтида ёки фойдаланувчи қурилмасига электр энергиясининг берилиши тўхтатилганда;

телевидение тармоғи орқали одамларнинг денгиздаги, ердаги, ҳаводаги, космик фазодаги хавфсизлигига, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни ўтказишга тааллуқли барча хабарларга, шунингдек йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар ҳақидаги хабарлар тарқатилаётганда.

233. Телевидение хизматлари абонент хоналаридаги параметрлар соз ҳолатда ишлайдиган абонент тармоғи ва фойдаланувчи қурилмаси мавжуд бўлганда кўрсатилади.

234. Телевидение хизматларининг кўрсатилиши одамларнинг соғлиғи ёки хавфсизлигига таҳдид солса, хизматлар кўрсатиш рад этилиши мумкин. Абонентга телевидение хизматлари кўрсатишнинг рад этиш сабаблари оператор (провайдер) томонидан асослаб берилиши керак.

12-§. Телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ҳамда тарқатиш хизматларини кўрсатиш

235. Телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш техник воситаларидан фойдаланувчи юридик шахс (бундан буён матнда ижрочи деб юритилади) бошқа юридик шахсларга (бундан буён матнда буюртмачилар деб юритилади) мазкур техник воситаларда ташкил этилган каналларни тақдим этиш орқали телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини кўрсатиши мумкин.

236. Буюртмачи оммавий ахборот воситаси давлат рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда мазкур фаолият турига лицензия олгунига қадар ижрочига у билан телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини кўрсатиш учун шартнома тузишнинг бошланғич шартларини билиш мақсадида мурожаат қилиши мумкин.

237. Ижрочи буюртмачининг мурожаатини олгандан сўнг 30 кун ичида унга шартнома тузишга розилигини ёки шартномани бошқача шартларда тузишни, буюртмачи лицензия олиши учун зарур бўлган унга ажратилаётган телекоммуникациялар воситаларининг техник кўрсаткичларини келтирган ҳолда жавобни ёки асосланган рад жавобини юборади.

238. Буюртмачи қонунчилик ҳужжатлари асосида фақат икки томонлама шартномани расмийлаштирганидан сўнг телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини олиши мумкин.

239. Шартнома томонларнинг бири шартнома тузишга таклиф юбориши ва иккинчи томон таклифни қабул қилиши орқали тузилади. Буюртмачида белгиланган тартибда олинган оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда мазкур фаолият турига лицензия мавжуд бўлгандагина телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини кўрсатишга шартнома тузилади.

Бунда, буюртмачи ижрочининг, ижрочи эса буюртмачининг лицензияси нусхасига эга бўлишлари керак.

240. Телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини кўрсатишга шартнома тузиш учун буюртмачи ижрочига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия нусхаси;

белгиланган шаклдаги буюртмачининг оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш техник воситаларига кириш ҳуқуқига эга шахсларнинг, шунингдек уларнинг паспорти, идентификацияловчи ИД-картаси ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати маълумотлари илова қилинган рўйхати;

буюртмачи томонидан тасдиқланган телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш каналларининг ойлик юкламаси режаси;

ижрочининг техник воситалари киришига телевидение ва радиоэшиттириш сигналларини берувчи қурилмаларнинг, шунингдек уларнинг техник параметрлари кўрсатилган рўйхати.

241. Шартнома буюртмачи ва ижрочи томонидан имзоланган санадан бошлаб тузилган ҳисобланади ва томонлар учун мажбурий бўлади. Томонлар ўзлари тузган шартноманинг шартлари улар ўртасида шартнома тузгунга қадар юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилишини белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.

242. Шартнома буюртмачи ва ижрочи лицензияларининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.

243. Лицензиянинг амал қилиш муддати узайтирилганда шартнома томонларнинг келишувига биноан лицензиянинг янги амал қилиш муддатигача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

244. Шартномада ажратиладиган қурилмалар тури, каналлар рақами ва масофаси, уланиш нуқталари ва томонларнинг жавобгарлик тақсимоти чегаралари, ўртача кунлик юклама, кўрсатиладиган хизматларнинг амалдаги тарифи (прейскурант), йиллик ва чораклар бўйича нархи, аввалдан тўлов фоизи ва телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини кўрсатишга тааллуқли бошқа маълумотлар кўрсатилиши лозим.

245. Шартномага мувофиқ телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш учун ажратилган телекоммуникациялар воситаларининг ишлашида ижрочининг айби билан юзага келган техник тўхталишлар ҳамда ижрочи томонидан қурилмаларни режадан ташқари (авария ҳолатлари) техник таъмирлаш ва кўрикдан ўтказиш вақтлари учун буюртмачи тўловларни амалга оширмайди.

246. Телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматлари буюртмачиси ижрочига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра белгиланган муддатга телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини қабул қилиб ололмаса, буюртмачи хизматлар ҳақини шартномада кўрсатилган муддатдан бошлаб тўлайди.

247. Шартномада, шунингдек қуйидаги ҳолатларда буюртмачи тариф бўйича тўловларни амалга ошириши кўрсатилиши лозим:

буюртмачи билан боғлиқ бўлган сабабларга кўра тўхтаб туриш вақти;

буюртмачининг айби билан рўй берган телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш каналлари, сунъий йўлдош телевидение станцияси, кам қувватли ретрансляторлар ва юқори қувватли радиотелевидение узатиш станциялари ишидаги 30 дақиқадан кам давомийликдаги тўхталишлар вақти;

режадан ташқари узатишлар, шу жумладан техник синовнинг маълум қилинган вақти;

эфирга узатиш даврида буюртмачи ва/ёки ижрочи томонидан телерадиостанция ва антеннани қайта созлашнинг 30 дақиқагача бўлган вақти;

эфирга узатиш ёки дастурларни узатиш (перегон) олдидан буюртмачи ва/ёки ижрочи томонидан телекоммуникациялар воситаларини тайёрлаш вақти — 10 дақиқа;

телекоммуникациялар воситаларидан амалда ишлаган, лекин кафолатланган юкламадан кам бўлмаган вақт фойдаланилиши.

248. Хорижий телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ретрансляция қилиш тегишли қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.

249. Ижрочи ва буюртмачи ўртасида телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини кўрсатиш шартномасининг шартларидан келиб чиқувчи тушунмовчиликлар ва низолар музокаралар асосида ҳал этилади ёки манфаатдор томоннинг мурожаати бўйича судда кўриб чиқилади.

250. Ижрочи телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган, шартномада кўрсатилган техник воситаларни кафолатланган юкламага мувофиқ ажратишга мажбур:

телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш учун шаҳарлараро каналлар ва уланиш линияларини, уларнинг ажратилишини ҳисобга олган ҳолда;

юқори қувватли ва кам қувватли телевидение ва радиоэшиттириш узаткичларини антенна-фидер қурилмалари билан;

сунъий йўлдош телевидение ва/ёки радиоэшиттириш қабул қилиш ва узатиш станцияларини.

251. Ижрочи бошқа буюртмачиларга телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматларини қуйидаги ҳолатларда кўрсатади:

амалдаги шартномага эга буюртмачининг юкламасидан озод бўлган вақт даврида;

амалдаги шартномага эга буюртмачига хизмат кўрсатишда қўлланилмаётган қўшимча телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш техник воситаларидан ва/ёки каналларидан фойдаланганда.

252. Хизматларни кўрсатиш бўйича тузилган шартнома шартларига мувофиқ буюртмачи телевидение ва радиоэшиттириш дастурлари трансляциясини ижрочининг телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш қурилмаларига қадар тегишли канал мавжуд бўлганда ўз студиясидан ёки ижрочининг студиясидан амалга оширади.

253. Заруратга кўра буюртмачи ўз студиясидан ижрочининг қурилмаларига қадар узатиш каналини ташкил этади ҳамда ижрочи ҳам буюртмачи студиясидан ижрочининг қурилмаларига қадар узатиш каналини ташкил этишни таклиф этиши мумкин.

254. Телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматлари ижрочиси кўрсатилаётган телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш хизматлари учун ҳар ойда шартномада белгиланган миқдорда бўнак тўловини олади.

255. Шартноманинг амал қилиш муддати тугаганида ижрочи ва буюртмачи бўнак тўловини ва хизматнинг амалда кўрсатилган вақтини ҳисобга олган ҳолда якуний ўзаро ҳисоб-китобни амалга оширишади.

256. Тақдим этилган телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш каналлари орқали, тарқатиш манбасидан таркиби ўзгармасдан тарқатилаётган телевидение ва радиоэшиттириш дастурларининг мазмуни учун буюртмачи жавобгардир.

257. Ижрочининг телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш каналлари киришига берилаётган телевидение ва радиосигналлар параметрлари белгиланган талабларга мос бўлиши лозим ва булар буюртмачи томонидан таъминланади.

258. Ижрочининг телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш техник воситаларининг сифат кўрсаткичлари белгиланган талабларга мос бўлиши лозим.

259. Телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш техник воситаларининг параметрлари, шунингдек кўрсатилаётган хизматлар сифатининг назорати Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

260. Ижрочи одамларнинг денгиздаги, ердаги, ҳаводаги, космик фазодаги хавфсизлигига, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни ўтказишга тааллуқли барча хабарларига, шунингдек йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар ҳақидаги хабарларини тарқатиш учун буюртмачининг телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини трансляциядан чиқариш (ёки тўхтатиш) ҳуқуқига эга.

Бунда, фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатда томонларга етказилган зарарлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

261. Ижрочи авария ҳолатларида шартномага мувофиқ ажратилган техник воситаларни ўчириб қўйиш ҳуқуқига эга. Техник имконият мавжуд бўлганда ижрочи буюртмачини авария ва эшиттиришни таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида огоҳлантирган ҳолда телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатишнинг айланма (захира) трактини тақдим этади.

13-§. Мобил алоқа абонентларига контент хизматларини тақдим этиш

262. Контент хизматлари контент провайдерлари томонидан лицензия асосида тақдим этилади.

263. Контент провайдерларининг мобил алоқа операторлари орқали абонентларга уларнинг рақами баланси ҳисобидан тақдим этиладиган барча пуллик хизматлари, шунингдек контент хизматлари дастлаб нофаол ҳолатда бўлади.

Контент хизматларини абонент томонидан активация қилиш мобил алоқа операторининг мобил иловаси ёки USSD код орқали амалга оширилади.

Контент хизматларини абонент томонидан деактивация қилиш соддалаштирилган усулда мобил алоқа операторининг мобил иловаси ёки USSD код орқали амалга оширилади.

Бунда, пуллик хизматларни абонентларга автоматик улашга ҳамда дастлаб бепул бўлган хизматларни абонентнинг розилик тасдиғини олмасдан пуллик хизматга ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

264. Абонентларни пуллик хизматларга, шу жумладан контент хизматларига улаш икки босқичда амалга оширилади.

Бунда:

биринчи босқичда — танланган хизмат (хизмат тури, мазмуни, муаллифи, нархи, давомийлиги, хизматни бекор қилиш тартиби, боғланиш учун телефон рақамлари) ҳақида абонентга батафсил маълумот берилади;

иккинчи босқичда — танланган хизматни улаш учун абонентнинг розилик тасдиғи олинади.

Абонентнинг розилик тасдиғи фақат қуйидаги усуллар орқали олинганда ҳақиқий деб эътироф этилади:

бепул SMS хабар орқали махсус кодни юбориш орқали;

мобил алоқа операторининг мобил иловасида тўғридан-тўғри тасдиқлаш (тасдиқлаш ёки розилик бериш тугмасини босиш) орқали.

265. Абонентнинг розилик тасдиғисиз уланиш аниқланган тақдирда, мобил алоқа оператори ушбу хизматни 24 соат ичида бекор қилиши ва ечилган маблағни абонентга тўлиқ қайтариши шарт.

2-боб. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишга шартномалар тузиш ва бекор қилиш

1-§. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ва бекор қилиш

266. Телекоммуникациялар хизматлари оператор (провайдер, эшиттирувчи) ва абонент ўртасида тузиладиган шартнома асосида тақдим этилади.

Бунда:

абонент — жисмоний шахснинг шахсан иштирокида шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш орқали;

абонент — жисмоний шахс вакилининг шахсан иштирокида ва у томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ишончнома тақдим этиш орқали;

абонент — жисмоний шахснинг юзини биометрик идентификациялаш ( Face-ID ) ёрдамида тасдиқлаш орқали амалга оширилади.

Бунда, техник сабабларга кўра, биометрик идентификациялаш имкони бўлмаганида, абонент-жисмоний шахс мобил алоқа операторларининг офисларига мурожаат қилади.

267. Оператор (провайдер) шартномани бевосита ёки ўзининг тижорат вакили — дилер орқали тузишлари мумкин.

268. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартномаси жисмоний ва юридик шахслар томонидан тузилади.

269. Жисмоний ва юридик шахслар телекоммуникациялар хизматларига уланиш учун аризани операторнинг (провайдернинг, эшиттирувчининг) расмий веб-сайти, уларнинг махсус ахборот тизимлари ва операторга уланиш учун ариза қолдириш имконияти яратилган давлат томонидан тақдим этиладиган онлайн хизмат порталлари орқали интерактив усулда юборишлари мумкин.

Бунда, электрон аризалар ёзма аризаларга тенглаштирилади ва кўриб чиқилади.

270. Телекоммуникациялар хизматларига уланиш учун ариза:

муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний шахс томонидан;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган юридик шахс, шунингдек унинг филиали ёки ваколатхонаси томонидан берилиши мумкин.

Телефон хизмати учун — яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ёки ушбу турар жойнинг эгаси ёки ижарага олувчиси ҳисобланадиган жисмоний шахс томонидан берилиши мумкин.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан телекоммуникациялар хизматларига уланиш учун ариза бериши мумкин.

271. Ариза ушбу ҳудудда телекоммуникациялар тармоқлари хизматларини кўрсатиш лицензиясига эга исталган операторига (провайдерига, эшиттирувчига) берилиши мумкин.

Аризалар оператор (провайдер, эшиттирувчи) томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинади. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) аризани қабул қилишдан бош тортишга ҳақли эмас.

272. Бевосита мурожаат қилинганда операторга (провайдерга, эшиттирувчига) ёки дилерга қуйидаги маълумотлар тақдим қилиниши керак:

фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари (серияси, рақами ва ЖШШИР) — жисмоний шахслар учун;

жисмоний шахснинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлардан бири:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросига — биометрик паспорт, идентификация ИД-картаси, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча яшаётган чет эл фуқаросига — хорижий давлат фуқаросининг паспорти;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсга — ҳаракатланиш ҳужжати;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсга — яшаш гувоҳномаси, идентификация ИД-картаси.

номи (фирма номи), банк реквизитлари, жойлашган манзили, СТИР — юридик шахслар учун);

боғланиш учун маълумотлар (телефон рақами, электрон почта манзили — агар мавжуд бўлса);

телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланиш кўзланаётган манзил.

Электрон тарзда мурожаат қилинганда ушбу бандда кўрсатилган маълумотлар электрон шаклда тақдим қилинади.

Электрон тарзда мурожаат қилинганда оператор (провайдер, эшиттирувчи) томонидан мурожаатчига бир иш куни ичида шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлганда шартнома тузиш учун аниқ манзил ва вақт кўрсатилган жавоб ёки шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлмаганда бунинг сабаблари кўрсатилган жавоб юборилади.

273. Шартномани тузиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

мурожаатчи вояга етмаган жисмоний шахс бўлганда, бундан ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги бўлган ҳоллар мустасно;

телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланиш кўзланилаётган манзил оператор (провайдер, эшиттирувчи) хизмат кўрсатиш ҳудудига кирмаганда;

техник имконият бўлмаганда;

мурожаатчи томонидан маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

тақдим қилинган маълумотларнинг сохталиги ёки нотўғрилиги аниқланганда.

274. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади ва уни тузиш техник имконияти бўлганда аризаларни бериш навбати тартибида тузилади.

Шартнома икки нусхада тузилади ва томонлар тарафидан имзоланади.

Шартнома томони сифатида намоён бўладиган ариза берувчи абонент мақомига эга бўлади.

275. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишда ажратилган абонент рақами оператор (провайдер) маълумот хизматининг маълумотлар базасига киритилади. Абонентнинг аризасига кўра, рақам оператор (провайдер) маълумот хизматининг маълумотлар базасидан чиқарилиши мумкин.

276. Тузилган шартнома икки томонлама шартнома бўлиб, у тузилган вақтдан бошлаб кучга киради, шартнома муддатсиз ҳисобланади, агар унда бошқача қоида белгиланмаган бўлса.

277. Жисмоний шахс билан шартнома тузиш учун техник имкониятнинг йўқлиги кўрсатилган шартномани тузиш учун техник имконият бўлган, аризани кечроқ берган бошқа жисмоний шахс билан шартнома тузиш учун тўсиқ бўла олмайди.

278. Шартномада қуйидагилар акс этган бўлиши лозим:

шартнома предмети;

шартнома тузилган сана ва жойи;

оператор (провайдер, эшиттирувчи) номи (фирма номи);

операторнинг (провайдернинг, эшиттирувчининг) банк реквизитлари;

абонент тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари (серияси, рақами ва ЖШШИР) — жисмоний шахс учун, номи (фирма номи), банк реквизитлари, жойлашган манзили, СТИР — юридик шахс учун), абонент билан боғланиш маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили — агар мавжуд бўлса);

абонентга тақдим этилган абонент рақами (телефон ва мобил алоқаси хизматлари учун), абонентни идентификация рақами (маълумотлар узатиш ва Интернет, телевидение хизматлари учун);

шартномани тузишда абонент томонидан танланган тариф режаси ва хизматлар рўйхати;

шартнома дилер орқали тузилган ҳолда — дилернинг реквизитлари (фирма номи, шахсий рақами, имзоси ва муҳри);

мобил алоқа хизматлари учун абонент оладиган рақамдан (СИМ-картадан) фойдаланиш истаги бўлган мобил алоқа фойдаланувчи қурилмасининг асосий турлари, шу жумладан мобил телефон, УСБ-модем, электр энергияси/сув/газ ҳисоблагичлари, онлайн тўловлар терминаллари ёки ускунанинг бошқа турлари;

тақдим этиладиган телевидение ва радиоэшиттириш дастурлари (телевидение хизматлари учун);

кўрсатиладиган ишлар (хизматлар кўрсатиш) номи ва ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) шартлари ва муддатлари;

шартнома баҳоси ва ишлар бажаришнинг (хизматлар кўрсатишнинг) кафолати;

ишларга (хизматларга) ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китоблар тартиби, муддатлари ва шакли;

ҳисобни етказиб бериш усули;

шикоятларни кўриб чиқиш тартиби;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

кўрсатилаётган хизматлар сифатига доир буюртмаларни қабул қилиш телефон рақамлари (ёки қисқа рақамлар) ва корхонанинг «Ишонч телефони» рақамлари;

шартноманинг амал қилинишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ва абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида қолган пул маблағларини қайтариш шартлари.

Мазкур бандда келтирилган маълумотлар операторнинг (провайдернинг, эшиттирувчининг) абонентлар базасига киритилган бўлиши керак.

Шартномадаги абонент тўғрисидаги маълумотлар ўзгариши билан боғлиқ ўзгаришлар қўшимча тўлов ундирилмасдан киритилиши керак.

Шартномада қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга зид келмайдиган бошқа маълумотлар ва/ёки шартлар бўлиши мумкин.

279. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш учун шартнома оператор (провайдер, эшиттирувчи) лицензиясининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга расмийлаштирилади. Оператор (провайдер) лицензиясининг амал қилиш муддати узайтирилганда шартнома лицензиянинг янгидан белгиланган амал қилиш муддатигача узайтирилган деб ҳисобланади.

280. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) ва абонент ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб даври, агар шартномада бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса, қоида тариқасида, бир календар ойга тенг деб белгиланади.

281. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) абонентни алоҳида ҳақ эвазига кўрсатиладиган қўшимча телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга ҳақли эмас.

282. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) битта хизматни кўрсатиш технологик жиҳатдан бошқа хизмат билан шарт қилиб қўйилган ҳолатдан ташқари, телекоммуникацияларнинг битта хизматини кўрсатиш учун телекоммуникацияларнинг бошқа хизматларини кўрсатишни шарт қилиб қўйишга ҳақли эмас.

Хизматлар тўпламини ўзгартириш, янги хизматларни улаш (масалан, роуминг хизматини улаш), хизматлар учун фойдаланилаётган тарифни ўзгартириш ва шу кабиларни автоматик (абонент томонидан танланганлигини тасдиқламасдан) ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Аввал абонентнинг сўрови билан уланган телекоммуникациялар хизматларини абонентга хабар қилган ҳолда, унинг ўзи ўчирмагунча, автоматик узайтиришга йўл қўйилади.

283. Шартнома қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

абонентнинг ташаббуси билан исталган вақтда;

операторнинг (провайдернинг, эшиттирувчининг) ташаббуси бўйича, ушбу Қоидалар ва/ёки шартнома шартларида белгиланган талаблар абонент томонидан бузилганда;

абонент-жисмоний шахс вафот этганда ёки абонент-юридик шахс тугатилган ҳолда, тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда;

абонентнинг шахсий ҳисобидаги маблағ хизмат кўрсатишни давом эттириш учун етарли бўлмаган кундан бошлаб 365 кундан кўп вақт ўтгандан кейин, бунда 90 кундан ўтган давр учун оператордан (провайдердан) абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ундирилмайди;

абонентнинг мобил рақами бошқа оператор (провайдер) тармоғига кўчирилганида;

шартномада ёки қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

284. Шартнома бекор қилинганда томонлар ўзларининг барча мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишлари керак.

285. Абонент операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида шартномани бошқа шахснинг номига унинг иштирокида ва розилиги билан қайта расмийлаштириши мумкин.

Бунда, оператор (провайдер) ва амалдаги абонент ўртасида тузилган шартнома бекор қилинади ва рақам номига қайта расмийлаштирилаётган шахс билан белгиланган тартибда янги шартнома тузилади.

286. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) абонент билан тузилган шартнома бекор қилингач абонентнинг шахсга доир маълумотларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзининг маълумотлар базасидан йўқ қилишлари шарт.

Дилер абонент тўғрисидаги маълумотларни операторга (провайдерга) тақдим этганидан сўнг ўзига маълум бўлган шахсга доир маълумотларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўқ қилиши шарт.

2-§. Телефон алоқаси ва маълумотлар узатиш хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ва бекор қилишнинг алоҳида шартлари

287. Жисмоний ва юридик шахсларнинг шартномани тузиш учун мурожаати шартномани тузиш учун техник имконият бўлганда, қуйидагилар белгиланган тартибда оператор томонидан қаноатлантирилади:

жисмоний шахс учун ариза берувчининг шахсини ҳамда кўрсатилган яшаш жойи бўйича ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки турар жойга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат;

юридик шахс учун юридик шахснинг эгалик ҳуқуқи ёки ижарага олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси.

288. Шартномани янги шахс номига тузиш тўғрисидаги аризани қайта расмийлаштириш ариза берувчининг розилиги билан амалга оширилади, бундан ариза берувчининг кўчиб кетиши ёки ушбу турар жойга эгалик ҳуқуқи янги шахс номига ўтказилганлиги билан боғлиқ ҳолатлар мустасно.

289. Хизматларни тақдим этиш учун зарур телекоммуникациялар тармоқлари мавжуд бўлмаганда, янги тармоқларни ўтказиш бўйича қурилиш ишлари ариза берувчининг маблағлари ҳисобидан (у рози бўлганда), шу жумладан оператор томонидан берилган техник шартлар асосида пудрат шартномасини тузиш йўли орқали ўтказилиши мумкин. Ариза берувчи мазкур ишлар унинг ҳисобидан бажарилишига рози бўлганда операторга техник шартларни олиш учун ариза беради. Техник шартларни бериш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги керак.

290. Томонларнинг келишувига кўра телекоммуникациялар тармоғидан фойдаланиш имконини бериш бўйича ишларнинг бир қисми ёки барчасини бажаришга техник шартлар берилиши мумкин. Бунда, шартномада қурилишдан ташқари тўловлар назарда тутилади. Қурилишдан ташқари ишлар учун тўлов материалларнинг харажати телефон тармоғидан фойдаланиш имконини бериш учун тўловда назарда тутилган нормадан ошиб кетса, телефон тармоғидан фойдаланиш имконини бериш учун тўловга қўшимча равишда ундирилади. Мазкур ишлар учун ҳақ аризачи томонидан материаллар ва бажарилган ишларнинг қиймати бўйича амалга оширилади.

291. Тўлиқ ёки қисман ариза берувчининг ҳисобидан қурилган телекоммуникациялар воситалари ва иншоотлари техник хизмат кўрсатиш, беғараз фойдаланиш ёки мулк сифатида операторга берилиши мумкин. Телекоммуникациялар воситалари ва иншоотларини бериш тартиби ва эксплуатация қилиш шартлари ариза берувчи ва оператор ўртасидаги шартнома билан белгиланади.

Агар қурилган телекоммуникациялар воситалари ва иншоотлари техник хизмат кўрсатиш, фойдаланишга ёки мулкига берилмаган бўлса, у ҳолда уларни эксплуатация қилиш Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг норматив ҳужжатларига мувофиқ абонент томонидан мустақил амалга оширилади.

Техник шартларни сўралаётган параметрларда бериш имконияти бўлмаган ҳолларда оператор 3 иш куни ичида асосланган рад жавоби ва рад этишнинг аниқ сабаблари ҳамда қонунчилик ҳужжатларининг нормалари кўрсатилган ёзма жавобни тайёрлайди.

Ариза берувчи оператордан ёки телекоммуникациялар воситалари ва иншоотларини лойиҳалаштириш лицензиясига эга бўлган бошқа ташкилотдан олинган техник шартлар асосида лойиҳа-смета ҳужжатларига буюртма бериш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи лойиҳа-смета ҳужжатларининг мустақил экспертизасини ўтказиш ҳуқуқига эга.

292. Телефон ва маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш имконини бериш бўйича ишлари бажарилганидан кейин оператор ариза берувчи билан шартнома тузади.

293. Телефон ва маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш имконини бериш бўйича ишларини бажариш муддатлари:

техник имкониятни ўрганиш ва техник имконият бўлмаган тақдирда ариза берувчига асосланган рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган жавобини бериш 7 кундан ошмаслиги керак;

техник имконият бўлганда шартнома тузилган кундан бошлаб 10 иш кунида уланишни амалга ошириш;

техник имконият бўлмаганда, янги тармоқларни ариза берувчининг ҳисобидан ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда пудрат шартномаси тузилган санадан бошлаб 180 кунгача бўлиши керак.

294. Жисмоний шахслар, мансабдор шахслар, ташкилотларнинг айрим тоифалари учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ телекоммуникациялар тармоғидан фойдаланишни таъминлаш навбати ва хизматлардан фойдаланиш тартиби қисмида устунликлар белгиланиши мумкин.

295. Абонент худди АТСнинг хизмат кўрсатиш ҳудудидаги янги турар жойга кўчиб ўтганда унинг аризасига кўра ва шартномани тузиш учун техник имконият мавжуд бўлганда абонент кўчиб ўтган уй бўйича қаноатлантирилмаган аризалар, шу жумладан, бундай шартномани навбатдан ташқари тузиш имтиёзларига эга шахслардан олинган қаноатлантирилмаган аризалар бўлишидан қатъи назар аввал ажратилган абонент рақамидан фойдаланиб шартнома қайта расмийлаштирилади.

Абонент АТС таъсир ҳудудидан ташқарида бўлган худди ўша операторнинг ишлаш ҳудудидаги янги яшаш жойига кўчганда унинг аризаси бўйича ва шартномани тузиш учун техник имконият мавжуд бўлганда шартнома янги абонент рақамини ажратган ҳолда қайта расмийлаштирилади.

296. Янги АТС ишга туширилиши ва маҳаллий телефон тармоқларининг реконструкция қилиниши, янги технология жорий этилиши муносабати билан абонент рақамларини алмаштириш абонентларга автоматик қўнғироқ қилиш ёки ёзма хабарнома билан уларни камида 20 кун олдин ҳамда ахборотни 30 кун олдин операторнинг расмий веб-сайтида олдиндан жойлаштириш йўли билан бепул бажарилади.

Абонент рақамини алмаштириш шартномага тегишли ўзгартиришларни киритиш йўли билан расмийлаштирилади.

3-§. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартнома тузишнинг алоҳида шартлари

297. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси фақат абонент-жисмоний шахс шахсан бўлганда ва у томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси тақдим этилганда ёки унинг вакили шахсан иштирок этганда ва у томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома тақдим этилганда тузилади.

298. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишдан олдин оператор (провайдер, дилер) ушбу абонент билан илгари тузилган амалдаги шартномаларнинг мавжудлигини маълумотлар базаси билан солиштиради.

Бунда, техник қарши ҳаракат қилиш комплекси (халқаро овозли трафикни ўтказиш) тартибини бузган абонент билан шартнома имзолаш қонунчиликда белгиланган асосда амалга оширилади.

299. Илгари тузилган амалдаги шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан ортиқ рақамларига эга бўлган абонент-жисмоний шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш учун мазкур Қоидаларда кўрсатилган шартлар таъминланганда фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилади.

Ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан ортиқ рақамларини олиш учун абонент-юридик шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ушбу миқдордаги рақамларга эҳтиёж ёзма равишда асослаб берилганда ва ушбу Қоидаларда кўрсатилган шартлар таъминланганда операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилади.

300. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси оператор (провайдер) ёки дилернинг мулкида, хўжалик юритувида, тезкор бошқарувида бўлган ёки ижарасига олинган бинода, бинонинг бир қисмида жойлашган хизмат кўрсатиш пунктларида, шунингдек савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган ва бир ёки бир нечта иш жойларига мўлжалланган савдо залларига эга стационар савдо объектлари ва ҳудудларидаги жиҳозланган савдо жойларида тузилади.

Хизмат кўрсатиш пунктига келиш имкониятига эга бўлмаган жисмоний шахсларнинг якка тартибдаги талабномалари бўйича яшаш жойига бориш, сайёр сотув нуқталарини ташкил этиш орқали қишлоқ, узоқда жойлашган, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида абонентларга хизмат кўрсатиш учун махсус жиҳозланган транспорт воситаларида оператор (провайдер) томонидан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишга йўл қўйилади.

Стационар бўлмаган савдо объектларида мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш тақиқланади, қишлоқ, узоқда жойлашган, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида абонентларга хизмат кўрсатиш учун махсус жиҳозланган транспорт воситаларида алоқа оператори (провайдери) томонидан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш ҳоллари бундан мустасно.

301. Ўзбекистон Республикасидаги аэропортлар, вокзаллар ҳамда турист-ахборот марказлари ҳудудларида чет эл фуқаролари — сайёҳлар (туристлар) билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

Чет эл фуқаролари — сайёҳлар (туристлар)дан турар жойи (шу жумладан, яшаш жойи) кўрсатилиши талаб этилмайди.

Шартномага фақатгина чет эл фуқаролари — сайёҳлар (туристлар) учун, уларни қайси мамлакатдан ва қанча муддатга ташриф буюрганликлари ҳақидаги маълумотлар киритилади.

Чет эл фуқаролари — сайёҳлар (туристлар)га хизмат кўрсатиш даври уларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши муддати билан чекланади.

Битта чет эл фуқароси шахсини тасдиқловчи ҳужжатига учтадан кўп абонент рақами расмийлаштирилишига йўл қўйилмайди.

Мазкур банд қоидалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган яшаш гувоҳномаси, идентификация ИД-картасининг амал қилиш даврида татбиқ этилмайди.

III бўлим. Операторлар ва провайдерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

1 - боб. Операторлар ва провайдерларнинг хизматларни кўрсатишдаги ҳуқуқлари

1 - §. Операторлар ва провайдерларининг умумий ҳуқуқлари

302. Оператор (провайдер) телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

абонент ва/ёки фойдаланувчиларга хизматлар кўрсатиш;

фойдаланувчиларнинг айби билан телекоммуникациялар тармоқларида юз берган ҳодисалар натижасида унга етказилган зарар ўрнини қоплаш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш;

абонент ёки фойдаланувчи ушбу Қоидаларни бузганлиги ёки уларга кўрсатилган телекоммуникациялар хизматлари учун белгиланган муддатда ҳақ тўламаганлиги сабабли унинг хатти-ҳаракатлари бўйича даъво қилиш;

абонент шартнома шартларини бузганда телекоммуникациялар хизматидан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш;

телекоммуникациялар тармоқларида хабарларни узатишда хавфсизликни таъминлаш ва тармоқ абонент ёки фойдаланувчиларига кўрсатиладиган хизматларнинг тегишли сифатини таъминлаш мақсадида телекоммуникациялар хизматлари кўрсатишнинг тўхтатилишини назарда тутадиган техник тадбирларни ўтказиш.

Оператор (провайдер) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

2 - §. Телефон алоқа хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерларнинг ҳуқуқлари

303. Оператор (провайдер) фойдаланувчи қурилмасини телефон алоқа тармоғидан вақтинча узиб қўйиш йўли билан абонентнинг телефон алоқа тармоғидан фойдалана олишини қуйидаги ҳолларда тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга:

а) белгиланган муддатларда маҳаллий ва халқаро телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўланмаганда, бу ҳақда абонентни узиб қўйишдан камида 10 кун олдин телефон, ёзма ёки электрон хабар билан электрон почта манзилга ёки қисқа матнли хабар орқали хабардор қилган ҳолда;

б) абонент томонидан операторга (провайдерга) тегишли телекоммуникациялар ускунаси нормал ишлашининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган фойдаланувчи қурилмасини эксплуатация қилиш қоидалари бузилганда.

Абонентнинг телефон тармоғидан фойдаланишининг вақтинча тўхтатиб қўйилишига олиб келган бузилишлар бартараф этилгандан ва кўрсатилган хизматлар учун абонент томонидан тўлов киритилгандан, шунингдек абонентнинг айби билан фойдаланувчи қурилмаси ишламай турган вақт учун абонент тўлови киритилгандан кейин сутка давомида фойдаланишни тиклаш амалга оширилади.

Бунда, телефон алоқа тармоғидан фойдаланиш тикланганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Агар абонент телефон алоқасидан фойдаланиш тўхтатиб қўйилгандан кейин 60 кундан ортиқ муддат ичида телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўлаш бўйича қарздорлигини бартараф этмаса, оператор (провайдер) Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ бир томонлама тартибда шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда оператор (провайдер) абонентга мазкур банднинг «а» кичик бандида белгиланган усуллардан бири орқали камида 10 кун олдин хабар бериши керак.

3-§. Оператор ва провайдерларнинг мобил алоқа хизматларини кўрсатишдаги ҳуқуқлари

304. Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда операторлар (провайдерлар) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзини ўзи обрўсизлантирмаганлар ичидан дилерларни мустақил равишда танлаш ва дилер билан тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ уларнинг фаолияти учун мукофотлар белгилаш;

оператор (провайдер) номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун дилерлар билан шартномалар тузиш.

Бунда, дилер билан шартнома маълум муддатга тузилади ва шартномани тузишда оператор (провайдер) дилерга тузилган шартноманинг реквизитлари, унинг амал қилиш ва узайтириш муддати кўрсатилган дилер сертификатини беради. Сертификат дилернинг хизмат кўрсатиш пунктлари сонига тўғри келадиган миқдордаги асл нусхаларда берилади;

абонент томонидан мобил алоқанинг айрим хизматлари ёки мобил алоқа хизматлари тўпламлари учун махсус тарифлардан (тариф режаларидан) операторнинг (провайдернинг) белгиланган талабларига мувофиқ мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш. Хизматлардан мақсадсиз фойдаланиш аниқланганда, абонентга хабар қилган ҳолда бошқа тариф режасига ўтказиш;

абонент томонидан оператор тармоғида овозли трафикни ўтказиш тартиби бузилишлари қайд этилган ҳолларда ушбу абонентга телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишни тўхтатиш;

абонент томонидан кетма-кет 90 кун мобайнида мобил алоқа хизматларини олиш ҳуқуқини берадиган транзакциялар амалга оширилмаганда, мобил алоқа хизматларини кўрсатишни тўхтатиш.

305. Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда дилер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оператор (провайдер) номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун операторлар (провайдерлар) билан шартномалар тузиш;

оператор (провайдер) номидан абонентларга хизмат кўрсатиш шартномасининг шартларига, қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ оператор (провайдер) номидан абонентлар билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш;

абонентларга оператор (провайдер) номидан хизмат кўрсатиш учун тузилган шартномага мувофиқ оператордан (провайдердан) мукофотлар олиш;

оператор (провайдер) томонидан абонентларни улаш ва уларга хизмат кўрсатиш шартлари тўғрисидаги ишончли ахборотни оператордан (провайдердан) олиш;

абонентларга сотилган фойдаланувчи қурилмаларига кафолатли ва кафолат муддатидан кейин хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

дилер томонидан оператордан (провайдердан) сотиб олинган ёки олинган фойдаланувчи қурилмалари учун мувофиқлик сертификатларининг тасдиқланган нусхаларини оператордан (провайдердан) олиш;

оператордан (провайдердан) дилернинг ўз мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган SIM -карталар, ҳужжатлар, шартномалар, бланкали маҳсулотлар, ахборот-сўровнома маълумотлари, реклама ва бошқа материалларни олиш;

оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган мобил алоқа хизматлари учун абонентлардан тўловни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилиш;

абонентларга хизмат кўрсатишни амалга ошириш.

4 - §. Операторлар ва провайдерларнинг маълумот узатиш хизматларини кўрсатишдаги ҳуқуқлари

306. Маълумот узатиш хизматларини кўрсатишда оператор ва провайдерлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

абонент томонидан маълумотлар узатиш тармоғининг фойдаланилган веб-ресурсларининг ҳисобга олинишини (лог-файлларининг юритилишини) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил қилиш;

операторни (провайдерни) огоҳлантирмасдан маълумотлар узатиш тармоғига GSM , IP ёки SMS -шлюзлар уланганда, шу жумладан маълумотлар узатиш тармоғида махсус аппарат-дастурий воситаларини ўрнатиш йўли билан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда хизматлар кўрсатишни бир томонлама тўхтатиш.

5 - §. Эшиттирувчилар, операторлар ва провайдерларнинг телевидение хизматларини кўрсатишдаги ҳуқуқлари

307. Телевидение хизматларини кўрсатишда эшиттирувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз дастурларини телевидение тармоғи орқали шартнома асосида тарқатиш;

дастурларини бош муҳаррир томонидан эшиттириш сеткаси тасдиқлангандан кейин узатиш;

хусусий ёки алоҳида муаллифлик шартномалари бўйича олинган дастурларни тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва сотиш, шунингдек олинган дастурларни тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва сотиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бериш;

ўз телевидение дастурлари трансляциясини шартнома асосида ёзиш ва унинг тарқатилишини таъминлаш;

телевидение тармоқларини лойиҳалаш, қуриш ва модернизациялашда зарур техник воситаларни мустақил танлаш.

308. Телевидение хизматларини кўрсатишда оператор эшиттирувчи (эшиттирувчилар) билан тузилган шартнома асосида уларнинг телевидение дастурлари тарқатилишини амалга оширади.

309. Телевидение хизматларини кўрсатишда оператор эшиттирувчи (эшиттирувчилар) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

эшиттирувчиларнинг телевидение дастурларини шартнома асосида трансляция ва ретрансляция қилиш;

провайдерлар ва абонентлар билан телевидение тармоғи хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузиш ҳамда уларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш;

провайдер ва абонентларга лицензияда назарда тутилган ҳажмда ва белгиланган стандартларга мувофиқ келадиган телевидение хизматларини кўрсатиш;

провайдерлар ва абонентлар томонидан хизматлар учун тўлов бўйича шартнома мажбуриятлари ҳамда телевидениенинг тармоғи ёки фойдаланувчи қурилмасини техник эксплуатация қилиш қоидалари бузилганда телевидение хизматларидан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш;

телевидение тармоғини ташкил қилиш ва ривожлантиришда техник воситаларни мустақил танлаш.

310. Телевидение провайдери телевидение дастурларининг сигналларини оператор (операторлар) билан тузилган шартнома асосида қабул қилади ва уларнинг тарқатилишини амалга оширади.

311. Телевидение провайдери қуйидаги ҳуқуқларга эга:

телевидение дастурларининг сигналлари берилишини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таъминлаш;

абонентлар билан телевидение тармоғи хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузиш ва уларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш;

телевидение тизимларини ташкил қилиш ва ривожлантиришда техник ечимлар ва воситаларни танлаш.

6 - §. Провайдерларнинг таксофон хизматини кўрсатишдаги ҳуқуқлари

312. Таксофон хизматини кўрсатишда провайдер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оператор томонидан шартнома шартлари бузилган тақдирда оператор хизматларини рад этиш;

оператордан узилишларда ёки телекоммуникациялар тармоғидан лозим даражада фойдаланилмаганда тўловларнинг қайта ҳисобланишини талаб қилиш;

фойдаланувчиларга таксофон орқали телефон алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича техник сиёсатни мустақил равишда белгилаш ва ташкилий тадбирларни амалга ошириш;

оператор ёки фойдаланувчининг айби билан етказилган моддий зарар қопланишини талаб қилиш;

ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш.

2 - боб. Операторлар ва провайдерларнинг хизматларни кўрсатишдаги мажбуриятлари

1 - §. Оператор ва провайдерларнинг умумий мажбуриятлари

313. Оператор ва провайдерлар телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини лицензия шартлари ва ушбу Қоидаларга мувофиқ амалга ошириш;

кўрсатилаётган хизматлар сифатини амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, техник ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаш;

амалдаги шаклларга мувофиқ статистика ҳисоботларини белгиланган тартибда ва муддатларда ваколатли органларга тақдим этиш;

телекоммуникациялар тармоқлари бўйлаб узатиладиган телефон сўзлашувлари ва барча турдаги маълумотларни сир сақлаш;

фойдаланувчиларга телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартлари ва тартиби, шу жумладан, хизматлар учун тарифлар ўзгарганлиги тўғрисидаги батафсил ахборотни тақдим этиш;

телекоммуникациялар тармоқларидан рухсатсиз фойдалана олиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш;

абонентларга шартнома шартлари бажарилмаганлиги ёки тегишли даражада бажарилмаганлиги, шунингдек кўрсатилаётган хизматлар сифатини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, техник ҳужжатлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлишини таъминланмаганлиги ҳамда абонентнинг розилигисиз кўрсатилган хизматлар учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ зарар ўрнини қоплаш;

шартномада белгиланган муддатларда телекоммуникациялар алоқаси хизматларини кўрсатиш;

хизматлар, кечаю-кундуз кўрсатилишини таъминлаш;

кўрсатилган хизматларнинг камчиликларини шартномада, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этиш;

телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш ҳудудига лицензиянинг амал қилиш ҳудудида жойлашган барча аҳоли пунктларини, магистрал автомобиль йўлларини ва темир йўлларини, стратегик муҳим объектларни киритиш мақсадида тақсимотга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган режага мувофиқ мобил алоқа тармоғини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича ишларни изчиллик билан босқичма-босқич олиб бориш;

оператор ва провайдер тармоғидаги IP протоколи асосида ишловчи қурилмаларни IPv 6 протоколи версиясини қўллаб-қувватлашини таъминлаш;

абонентларни тармоқларда бўладиган йирик авариялар, уларни реконструкция қилиш тўғрисида ҳамда ишларни тугатишнинг тахмин қилинган муддатлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, ўзининг расмий веб-сайтида ёки SMS орқали хабардор қилиш;

фойдаланувчи билан муомала қилиш этикасига риоя қилиш, телефон орқали сўзлашувда ўз лавозимини, фамилияси ёки шахсий рақамини айтиш;

абонент мурожаат қилганда унинг талабига кўра шахсий ҳисоб рақамининг ҳолати ва қарздорлиги мавжудлиги тўғрисида хабардор қилиш;

ўз веб-сайтлари орқали тақдим этиладиган тарифлар ўзгарганлиги тўғрисидаги батафсил ахборотни ўз вақтида тақдим этишга ва маълумотларни янгилаш;

ахборот ресурслари ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни, шунингдек, порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ва тарқатилиши қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотнинг тарқатилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриш;

операторлар ва провайдерлар томонидан абонентларга телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда овозини ўзгартириш ва абонент рақамини сохталаштириш, ўзгартириш технологияларига асосланган хизматлар кўрсатмаслик;

абонент/фойдаланувчиларнинг мурожаатларини (ёзма ёки ахборот-коммуникация тизимлари орқали) келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида, материалларни қўшимча ўрганиш зарур бўлганда абонентни ёзма огоҳлантирган ҳолда бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқиш;

абонентлар операторнинг (провайдернинг) ахборот-маълумот хизматига қўнғироқ қилиб боғланишида тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш.

Бунда, абонентлар операторнинг (провайдернинг) ахборот-маълумот хизматига қўнғироқ қилиб боғланишларида маълум бир абонентларга бошқа абонентларга нисбатан устуворлик (боғланиш вақти, хизмат кўрсатиш вақти ва бошқалар) тақдим этилишига йўл қўйилмайди.

314. Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текширув ўтказилиши, қўшимча материалларни талаб қилиш ёки бошқа чораларни кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари мурожаат қилувчига хабар қилган ҳолда операторнинг (провайдернинг) раҳбари томонидан истисно тариқасида бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Таклиф операторга (провайдерга) келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддатгача кўриб чиқилади, қўшимча кўриб чиқишни талаб қиладиган таклифлардан ташқари, бу ҳақда ёзма шаклда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга беш кун ичида хабар қилинади.

315. Ушбу Қоидаларни фойдаланувчилар эътиборига етказиш, шунингдек уларни ўз расмий веб-сайтида жойлаштиришга мажбур.

316. Телекоммуникациялар тармоғидаги шикастланишлар абонент мурожаат қилган кундан бошлаб белгиланган муддат ичида оператор (провайдер) томонидан бартараф этилиши керак. Телекоммуникациялар тармоғида шикастланишларни бартараф этиш шартномада қисқа муддатлар ичида бартараф этиш белгиланмаган бўлса, норматив ҳужжатларда белгиланган муддатлардан ортиқ бўлмаслиги керак.

317. Оператор ва провайдерларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.

2 - §. Телефон алоқаси хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерларнинг мажбуриятлари

318. Оператор ва провайдерлар телефон алоқа хизматларини кўрсатишда қуйидагиларга мажбур:

а) телефон алоқаси абонентнинг айби билан бузилмаган ҳолларда абонент томонидан таъмирлаш бюросига талабнома берилган вақтдан бошлаб талабнома ёпилган пайтгача фойдаланувчи қурилмасининг бутун ишламаган вақти учун ҳар ойлик тўлов ҳисобланадиган барча телефон алоқаси хизматлари учун қайта ҳисоб-китоб қилишга;

б) буюртма бўйича халқаро телефон алоқасидан фойдаланганда ҳамда сўзлашувлар учун вақтбай тўлов тизими жорий қилинганда сўзлашувнинг минимал ҳақ тўланадиган давомийлигини абонентлар эътиборига етказишга;

в) техник сабабларга кўра абонент рақамини алмаштириш тўғрисида камида 10 кун олдин абонентни тегишли тарзда хабардор қилишга;

г) маҳаллий телефон алоқаси хизматларининг нархини ҳисобга олиш тизимининг ўзгарганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ва ўзининг расмий веб-сайтида камида уч ой олдин эълон қилиш;

д) оммавий ахборот воситаларида ва ўзининг расмий веб-сайтида янги тарифлар кучга киришидан камида 15 кун олдин универсал телефон алоқаси хизматларига тарифларни ўзгартириш тўғрисидаги қарорни нашр қилишга;

э) фойдаланувчи қурилмасининг узилишига олиб келган бузилишлар бартараф этилгандан, телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўлаш қарздорлиги тугатилганда ва абонент айби билан фойдаланувчи қурилмаси ишламаган вақти учун абонент тўлови киритилгандан кейин телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўланмаганлиги ёки фойдаланувчи қурилмасини эксплуатация қилиш қоидалари бузилганлиги учун ўчирилган фойдаланувчи қурилмасини бепул тармоққа улашга;

ж) телекоммуникациялар тармоғи орқали кўрсатилаётган маҳаллий телефон алоқаси хизматлари коммутацион қурилмадан телекоммуникациялар тармоғининг кира олиш нуқтасидаги абонент розеткасигача ёки у мавжуд бўлмаганда фойдаланувчи қурилмасигача бўлган қисмига қадар хизмат кўрсатишга.

319. Оператор (провайдер) томонидан тақдим этиладиган ахборотда:

а) операторнинг (провайдернинг) номи ва унинг таркибий бўлинмаларининг номи, улар жойлашган жой (почта манзили), боғланиш учун телефон рақамлари, расмий веб-сайти ва иш тартиби;

б) фойдаланувчиларга кўрсатиладиган универсал ва қўшимча (пуллик ва бепул) телефон алоқаси хизматлари рўйхати;

в) телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартлари ва тартиби;

г) телефон алоқаси хизматларини кўрсатишдаги чекловлар;

д) телефон алоқаси хизматлари учун тарифлар ва бу хизматларни кўрсатиш ҳамда ҳақ тўлашдаги имтиёзлар;

э) телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўлаш тартиби ва шакллари;

ж) янги АТСни эксплуатацияга киритиш муддатлари ва мавжуд АТСлар абонент сиғимини кўпайтириш;

з) шартномаларни тузиш тартиби, аризаларни қондириш муддатлари ва шартномаларни тузиш навбатининг ҳаракати;

и) телекоммуникациялар тармоқларида қўллашга рухсат берилган фойдаланувчи қурилмаларининг рўйхати;

к) маълумот, фавқулодда тезкор хизматлар ва таъмирлаш бюросининг телефон рақамлари;

л) фойдаланувчи ушбу Қоидалар билан танишиши мумкин бўлган жой тўғрисидаги ахборот.

Кўрсатилган ахборот шартномаларни тузишда оммавий ахборот воситалари, маълумот-ахборот хизматлари ёки телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш жойларида мижозлар билан ўзаро ишлар хизматлари орқали кўргазмали ва фойдаланиш қулай бўлган шаклда бепул абонентлар эътиборига етказилади.

320. Оператор (провайдер) телекоммуникациялар воситалари ва иншоотларидан фойдаланиб у томонидан кўрсатилган, аммо айни дамда телефон алоқаси хизматлари бўлиб ҳисобланмаган хизматларга (масалан, қўриқлаш сигнализацияси, Интернет тармоғи хизматлари ва бошқа) ҳақ тўланмаган ҳолда абонентнинг телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олишини тўхтатиб туришга ҳақли эмас.

321. Оператор (провайдер) абонент розилигисиз алоҳида тўлов эвазига кўрсатиладиган қўшимча хизматлар тақдим этилишини талаб қилиб туриб олишга ҳақли эмас.

322. Оператор (провайдер) томонидан таксофон орқали телефон алоқа хизматлари бевосита кўрсатилган ҳолда, оператор қуйидагиларга мажбурдир:

фойдаланувчини таксофон орқали сифатли телефон алоқа хизматларидан фойдаланишини таъминлаш;

таксофонлар, кабиналар ва ярим кабиналарнинг соз ҳолатда сақланишини таъминлаш;

таксофон орқали телефон алоқа хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни фойдаланувчиларга тақдим этиш;

фойдаланувчилар учун қулай бўлган (савдо тармоғи, алоқа бўлими ва ҳоказо) жойларда махсус жетон ёки тўлов карталари сотилишини таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг шикоятларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқиш.

3 - §. Мобил алоқа операторларининг (провайдерларининг) мажбуриятлари

323. Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда оператор (провайдер) қуйидагиларга мажбур:

хизмат кўрсатиш ҳудуди доирасида мобил алоқа хизматларини сифатли, ўз вақтида ва кеча-ю кундуз кўрсатилишини таъминлаш;

абонент шартноманинг бекор қилиниши вақтигача қарзини ва олдиндан тўловнинг зарур суммаси тўлиқ ҳажмда тўлаганида абонентга мобил алоқа хизматлари кўрсатилишини тиклаш;

абонентнинг ёзма (хизмат кўрсатувчи операторнинг веб-сайтида абонентнинг шахсий кабинети орқали) мурожаатига асосан бир йилгача абонент рақамидан фойдаланиш даври ичида абонент шахсий ҳисобварағидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг жорий ҳолати тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш. Узоқроқ муддат ва ушбу ахборотни тақдим этиш шартлари шартномада белгиланиши мумкин;

хизматлар кўрсатилиши тўхтаган ҳолларда абонент тўловини қайта ҳисоблаб чиқиш;

СИМ-карта ёки фойдаланувчи қурилмаси (СИМ-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун ва eSIM ) йўқолганда абонентнинг ёзма аризаси бўйича ёки абонент учун қулай бўлган, оператор (провайдер) томонидан ўрнатилган, бошқа усулда берилган хабар бўйича хизматларнинг кўрсатилишини зудлик билан тўхтатиш;

абонент-юридик шахсга мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун у билан тузилган шартноманинг нусхасини тақдим этиш;

абонент-жисмоний шахсга мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун у билан тузилган шартноманинг нусхасини ёки мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун оммавий шартнома тузилганлигининг тасдиғини тақдим этиш;

дилерлар учун оператор (провайдер) билан биргаликда ишлашнинг тенг имкониятларини қўллаш;

дилерлар томонидан улар зиммасига юкланган мажбуриятларнинг қатъий бажарилишини назорат қилиш, дилерларга нисбатан у билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ шартномани бекор қилиш ва дилер сертификатини қайтариб олишгача бўлган жазо чораларини қўллаш;

дилерларда ходимларнинг минимал сони ҳар бир хизмат кўрсатиш пунктига биттадан ходим, аммо битта дилерга камида иккитадан ходим бўлганда абонентларни улаш учун дилерларга операторнинг (провайдернинг) тизимидан фойдаланишни тақдим этиш;

ўзининг хизмат кўрсатиш пунктларида ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, видеокузатув камераларини қўллаган ҳолда (видео ёзувни 90 кун сақлаган ҳолда);

дилерларга амалдаги абонентлар ва уларнинг телекоммуникациялар тармоқларидаги ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш ва ўзгартириш киритишга йўл қўймаслик;

ўзини-ўзи обрўсизлантирган дилерлар билан шартномалар тузмаслик;

ўзининг расмий веб-сайтида дилерларнинг рўйхатини уларнинг тўлиқ номларини, юридик манзили ва хизмат кўрсатиш пунктларини кўрсатган ҳолда юритиш;

ўзининг расмий веб-сайтида расмий ахборотни, шу жумладан тақдим этиладиган хизматлар рўйхатининг ўзгариши тўғрисидаги ахборот, тарифлар, прайс-варақлар, хизматларни тақдим этиш тартиби ва шартларини ўз вақтида эълон қилиш;

дилернинг ходимларига ушбу Қоидаларнинг талаблари ва оператор (провайдер) ҳамда дилер ўртасидаги шартнома шартларига мувофиқ дилер томонидан ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур ва етарли бўлган даражада операторнинг (провайдернинг) маълумотлар базасидан шахсан фойдаланишни тақдим этиш;

дилерни SIM -карталар, ҳужжатлар, шартномалар, бланк маҳсулотлари, унинг ўз мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган ахборот-сўровнома маълумотлар билан, шунингдек ўз молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, реклама ва бошқа материаллар билан таъминлаш;

ушбу Қоидаларнинг талаблари ва оператор (провайдер) ҳамда дилер ўртасидаги шартнома шартларига мувофиқ дилер томонидан ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур ва етарли бўлган даражада дилер ходимларини ўқитишни ва ҳар икки йилда малакасини оширишни ташкил қилиш;

дилер томонидан қўпол қоида бузишларга йўл қўйилганда дилер билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ унга нисбатан шартномани бекор қилиш ва дилер сертификатини қайтариб олишгача бўлган жавобгарлик чораларини қўллаш;

аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан кўп рақамларига эга абонент-жисмоний шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида тузилишини таъминлаш;

аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент-жисмоний шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишда янги уланиш тўғрисида абонентнинг ушбу оператор (провайдер) билан аввал тузилган шартномалар бўйича мавжуд бўлган барча рақамларига SMS хабар орқали хабардор қилишни амалга ошириш;

СИМ-картани алмаштириш, шунингдек абонентнинг аризаси бўйича рақамни бошқа фойдаланувчи қурилмасига қайта дастурлаш (СИМ-картадан фойдаланишни кўзда тутмайдиган мобил алоқа стандартлари учун) хизматларини кўрсатиш фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилишини таъминлаш;

дилер орқали тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида абонентга мобил алоқа хизматларини тақдим этиш;

абонент тўғрисидаги маълумотлар онлайн режимида операторнинг (провайдернинг) маълумотлар базасига киритилгандан кейин бир ҳафта муддатдан кечиктирмасдан дилердан тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси нусхасини, абонент шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхасини тегишли ҳужжатлар билан бирга олиш. Ҳужжатларни олишнинг бошқа муддати узоқда ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган дилерлар учун дилерлик шартномасида оператор (провайдер) томонидан ҳақиқий имкониятлардан келиб чиқиб транспорт инфратузилмасининг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин;

ўзини-ўзи обрўсизлантирган дилерлар тўғрисидаги маълумотларни, операторнинг (провайдернинг) мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи дилер сертификатдан маҳрум қилинган дилернинг реквизитлари, таъсисчилари ва бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига марказлаштирилган онлайн базага киритиш учун дарҳол юбориш;

ўзининг расмий веб-сайтида мобил алоқа хизматларининг турлари ва стандартлари бўйича хизмат кўрсатиш ҳудудини намойиш этувчи интерактив онлайн электрон картани, шунингдек аҳоли пунктларининг рўйхатини юритиш;

халқаро трафикнинг ноқонуний ўтказилиши ҳамда GSM , IP ёки SMS -шлюзлардан яширин фойдаланишга қарши чораларни кўриш, шу жумладан тармоқда махсус аппарат-дастурий воситаларни ўрнатиш йўли билан;

операторнинг (провайдернинг) мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъий назар тартибга солувчи орган топшириғи билан ажратиладиган қисқа рақамларни созлаш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида GSM стандартида ишлайдиган барча оператор (провайдер) КРМБга уланиш;

абонент томонидан донорга роуминг хизматлари учун аниқланган қарздорлик тўланмаган тақдирда хизмат кўрсатишни тўхтатиб қўйиш;

абонентнинг оператор тармоқларида абонент рақамини кўчиб ўтиш хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмаслик;

мунтазам равишда ўз телекоммуникациялар тармоқларида халқаро трафикни ўтказиш тартиби бузилишларининг олдини олиш, аниқлаш ва тугатишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ва абонентнинг ҳаракатларини таҳлил қилиш ёки тегишли тадбирларни амалга ошириш йўли билан абонент рақамларини фаол аниқлаш принципларига асосланган воситалар ва тизимларни қўллаш.

324. Оператор (провайдер) абонентларга қуйидаги ахборотларни абонентларга бепул тақдим этишга мажбур (шу жумладан, дилерлар орқали):

мобил алоқа тармоқларида фойдаланувчи қурилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида;

кўрсатилаётган хизматларнинг рўйхати, шунингдек уларни кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги тўғрисида;

хизмат кўрсатиш ҳудуди ўзгарганлиги тўғрисида;

хизматларга тарифлар ўзгарганлиги тўғрисида янги тарифлар жорий қилингунга қадар камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, ўзининг расмий веб-сайти ёки SMS орқали мажбурий тартибда хабардор қилиш;

операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктлари иш режими ўзгарганлиги тўғрисида;

ўз реквизитларининг ўзгарганлиги тўғрисида;

SMS , шунингдек абонентларнинг USSD сўровларига USSD хабарларни жўнатиш йўли орқали бепул ёки имтиёзли дақиқалар, SMS , Интернет трафик ва бошқа хизматларнинг тугаганлиги тўғрисида.

325. Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда дилер қуйидагиларга мажбур:

хизмат кўрсатиш пунктларини фақат оператор, провайдер ёки дилернинг тасарруфида, хўжалик юритувида, тезкор бошқарувида ёки ижарасида бўлган бинода, бинонинг қисмида, шунингдек стационар савдо нуқталарининг жиҳозланган савдо жойларида ва савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган ва бир ёки бир нечта иш жойлари учун мўлжалланган савдо залларига эга ҳудудларда жойлаштириш. Дилернинг хизмат кўрсатиш пунктини стационар бўлмаган савдо объектларига жойлаш тақиқланади;

дилернинг барча хизмат кўрсатиш пунктларида дилерлик хизматларини тақдим этиш ҳуқуқи тўғрисидаги дилер сертификатининг асл нусхаси бор бўлишини ва кўринадиган жойга қўйилишини таъминлаш;

дилернинг барча хизмат кўрсатиш пунктларини малакали ходимлар билан тўлдириш;

дилер томонидан хизмат кўрсатиш пунктларида оператор (провайдер) ахборотига кўра аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент-жисмоний шахс билан операторнинг (провайдернинг) мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишга йўл қўймаслик;

дилернинг хизмат кўрсатиш пунктларида SIM -картани алмаштириш хизматларини кўрсатишга йўл қўймаслик (узоқ ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудлардаги дилернинг хизмат кўрсатиш пунктлари бундан мустасно);

абонент маълумотлари онлайн режимида операторнинг (провайдернинг) маълумотлар базасига киритилгандан кейин бир ҳафта муддатдан кечиктирмай операторга (провайдерга) абонент билан тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси нусхасини, абонент шахсини тасдиқловчи ҳужжатларининг нусхасини тегишли ҳужжатлар билан бирга операторга (провайдерга) тақдим этиш. Ҳужжатларни тақдим этишнинг бошқа муддати узоқда ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган дилерлар учун дилерлик шартномасида оператор (провайдер) томонидан реал имкониятлардан келиб чиқиб транспорт инфратузилмасининг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин;

абонентларнинг SIM -карта ёки фойдаланувчи қурилмаси ( SIM -картадан фойдаланишни кўзда тутмайдиган мобил алоқа стандартлари учун) йўқолганлиги тўғрисида ёзма аризаларини қабул қилиш ва тегишли ахборотни операторга (провайдерга) юбориш;

дилернинг хизмат кўрсатиш пунктларида ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлик чораларини таъминлаш, шу жумладан видеокузатув камераларини қўллаб видеоёзув ва товушни камида 90 кун сақлаган ҳолда;

326. Дилер абонентларга операторнинг (провайдернинг) қуйидаги ахборотини тақдим этишга мажбур:

мобил алоқа тармоғида фойдаланувчи қурилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида;

кўрсатиладиган хизматлар рўйхатининг, шунингдек уларни кўрсатиш тартиби ва шартларининг ўзгариши тўғрисида;

операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш ҳудуди ўзгариши тўғрисида;

абонентларга хизмат кўрсатиш пунктлари иш режимининг ўзгариши тўғрисида;

оператор (провайдер) реквизитларининг ўзгариши тўғрисида;

аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент-жисмоний шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишда бундай абонентни фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида уланишини кўзда тутадиган чекловлар тўғрисида;

СИМ-картани алмаштириш хизматларини фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида кўрсатиш бўйича чекловлар тўғрисида.

327. Дилернинг ходимлари томонидан йўл қўйилган қоида бузишлар учун улар билан бир қаторда дилерлик хизмати кўрсатиш пунктининг бевосита раҳбари ва дилер-юридик шахснинг раҳбари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

328. Дилер томонидан ушбу Қоидалар ва оператор (провайдер) билан тузилган шартнома талабларининг қўпол бузилишига йўл қўйилиши у билан дилерлик шартномасини бекор қилиш ва дилерни ўзини ўзи обрўсизлантирган дилерлар реестрига киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Абонентнинг хабари бўлмаган ёки унинг розилигисиз, имзоларни қалбакилаштириб, сохта ҳужжатлар бўйича, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхасини текширмасдан абонент шартномасининг расмийлаштирилиши қўпол қоида бузиш ҳисобланади.

4 - §. Операторлар ва провайдерларнинг маълумотлар узатиш хизматларини кўрсатишдаги мажбуриятлари

329. Оператор ва провайдерлар маълумот узатиш хизматларини кўрсатишда қуйидагиларга мажбур:

а) Wi-Fi хизмати кўрсатиш вақтида фойдаланувчиларнинг шахсини идентификациялаш ҳамда фойдаланилган Интернет тармоғининг веб-ресурслари (лог-файллар) ҳисобини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юритиш бўйича аппарат-техник чора-тадбирлар кўриш ва уларни 3 ой ичида сақланишини ташкиллаштириш;

б) абонентларга ўзининг веб-сайтида ва (ёки) оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда, шунингдек абонентлар ва фойдаланувчилар билан ишлаш жойларида қуйидаги ахборотларни тақдим этиш:

хизматларни кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги, шу жумладан хизматлар учун тарифлар ўзгарганлиги тўғрисида ўзгартиришлар кучга киришидан камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, ўзининг расмий веб-сайти ёки SMS орқали хабардор қилиш;

иш вақти, почта манзили ва банк реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида тегишли ўзгаришлар киритилган вақтдан бошлаб;

в) шартноманинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги, шунингдек абонентнинг аризасига кўра хизматлар кўрсатилмаганлиги ёки шартномада белгиланган даражадаги сифатга эга хизматлар кўрсатилмаганлиги учун қайта ҳисоб-китоб қилиш;

г) абонентнинг жорий ҳолати, шу жумладан маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборотнинг ҳажми тўғрисида батафсил ахборотни тақдим этиш;

д) халқаро трафик ноқонуний ўтказиш (шу жумладан GSM , IP ёки SMS -шлюзлардан), шунингдек тармоқда махсус аппарат-дастурий воситаларини ўрнатиш йўли билан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш чораларини кўриш;

э) абонентга хизматни шартномада кўрсатилган манзилда кўрсатишни таъминлаш.

330. Операторларга (провайдерларга) хизматларга уланиш учун ариза келиб тушганда қуйидаги муддатларда иш кўриши керак:

техник имкониятни ўрганиш ва техник имконият бўлмаган тақдирда ариза берувчига асосланган рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган жавобини бериш 7 кундан ошмаслиги керак;

техник имконият бўлганда шартнома тузилганган кундан бошлаб 10 иш кунида уланишни амалга ошириш;

техник имконият бўлмаганда, янги тармоқларни ариза берувчининг ҳисобидан ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда пудрат шартномаси тузилган санадан бошлаб 180 кунгача бўлиши керак.

Оператор (провайдер) абонентни ҳақ тўлаш эвазига қўшимча хизматлар кўрсатишга ёки маълум бир хизматни кўрсатиш учун бошқа хизматларни олишга мажбурлашга, шунингдек абонентдан кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундиришга ҳақли эмас.

5 - §. Эшиттирувчилар, операторлар ва провайдерларнинг телевидение хизматларини кўрсатишдаги мажбуриятлари

331. Эшиттирувчи амалга оширадиган фаолияти турига кўра қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари, муаллифлик шартномалари, шунингдек мазкур Қоидалар асосида амалга оширишга;

чет эл оммавий ахборот воситаларининг дастурлари ёки маҳсулотларини тегишли қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талаблари асосида тарқатишга;

эфирга чиқишда, узлуксиз эшиттиришларда эса, бир кеча-кундузда камида тўрт марта тенг тақсимлаган ҳолда ўз номини эълон қилишга;

ҳар ҳафталик телевидение дастурлари тўғрисидаги ахборотни Интернет тармоғида эълон қилиш йўли билан абонентларга етказишга.

332. Телевидение хизматларини кўрсатишда оператор қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари, муаллифлик шартномалари, шунингдек мазкур Қоидалар асосида амалга оширишга;

эшиттирувчининг телевидение дастурларини ўзгартириш ва қўшимчаларсиз трансляция қилишга;

телевидение тармоғининг техник ҳолатини мазкур тизимларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлари талабларига мувофиқ тарзда сақлашга;

кўрсатиладиган хизматлар сифатини амалдаги стандартларга мувофиқ таъминлашга.

333. Телевидение хизматларини кўрсатишда провайдер қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширишга;

телевидение дастурларининг ўзгартириш ва қўшимчаларсиз узатилишини таъминлашга;

уй ёки хонадон ичидаги телевидение тармоқларининг техник ҳолатини мазкур тизимларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлари талабларига мувофиқ сақлашга;

кўрсатиладиган хизматлар сифатини амалдаги стандартларга мувофиқ таъминлашга.

6 - §. Провайдерларнинг таксофон хизматини кўрсатишдаги мажбуриятлари

334. Таксофон хизматини кўрсатишда провайдерлар қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширишга;

телекоммуникациялар тармоғидан фойдаланиш учун операторга тўловни ўз вақтида амалга оширишга;

операторнинг иш сифатини пасайтиришга ёки телекоммуникациялар тармоқларини шикастлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмасликка;

фойдаланувчининг таксофон орқали сифатли телефон алоқа хизматларидан фойдаланишини таъминлашга;

таксофонлар, кабиналар ва ярим кабиналар соз ҳолатда сақланишини таъминлашга;

таксофон орқали телефон алоқа хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни фойдаланувчиларга тақдим этишга;

фойдаланувчилар учун қулай бўлган (савдо тармоғи, алоқа бўлими ва ҳоказо) жойларда махсус жетон ёки тўлов карталари сотилишини таъминлашга;

фойдаланувчиларнинг шикоятларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқишга.

IV бўлим. Абонентлар ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

1 - боб. Абонентлар ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

1 - §. Абонентлар ва фойдаланувчиларнинг умумий ҳуқуқлари

335. Жисмоний ёки юридик шахс оператор ёки провайдер билан шартнома тузишдан олдин оператор ёки провайдердан:

тақдим этиладиган асосий ва қўшимча телекоммуникациялар хизматлари рўйхати;

тақдим этиладиган телекоммуникациялар хизматлари нархи ва тарифлар;

алоқани ва абонентнинг телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олишни ташкил қилиш усуллари;

уланиш ва хизмат кўрсатиш тартиби;

телекоммуникациялар хизматларини тақдим этиш қоидалари;

кафолатланган хизмат кўрсатиш даражаси, сифат даражаси, оператор (провайдер) серверида абонент ахборотининг ҳимояланганлигини таъминлашнинг кафолатланган даражаси ва бошқа маълумотларни, ахборотларни олишга ҳақли.

336. Абонентлар ва фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) умумий фойдаланиш телекоммуникациялар тармоғидаги хизматлардан фойдаланиш учун оператор ва провайдерлар билан шартномалар тузиш;

б) ўз фойдаланувчи қурилмасини ушбу Қоидалар ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартибда тармоққа улаш;

д) оператордан (провайдердан) ушбу Қоидаларда белгиланган мажбуриятларини, шунингдек унинг телекоммуникациялар тармоқлари хизматларини тақдим этиш шартномаси бўйича мажбуриятларини бажаришини ҳамда ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатилишини талаб қилиш;

э) шартномада кўзда тутилган телекоммуникациялар хизматларидан амалдаги тарифларга, хизматларнинг тавсифи ва хизматлар сифатига мувофиқ, шунингдек оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматлардан фойдаланиш;

ф) оператордан (провайдердан) телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш учун шартномада белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш;

г) оператор (провайдер) томонидан шартномада келишилган шартлар бузилган ҳолда телекоммуникациялар хизматларидан воз кечиш ва оператор (провайдер) билан шартномани қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш;

ҳ) телекоммуникациялар хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки тегишли сифатга эга бўлган хизматлар кўрсатилмаслиги натижасида оператор (провайдер) томонидан етказилган зарар ўрнининг қопланишини талаб қилиш, устидан шикоят қилиш, ҳамда маънавий зарар ўрнининг тўлдирилишини талаб қилиш;

и) абонент ва фойдаланувчилар оператор (провайдер) томонидан телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилганда, агар шартномани ўз вақтида бажариш бошланмаган ёки ишлар (хизматлар) шартномада белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлганда, шунингдек бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар сифати шартнома шартларида белгиланганидан паст даражада бўлганда, камчиликларини бепул бартараф этиш, оператор (провайдер) билан келишув бўйича телекоммуникациялар тармоғи хизмати кўрсатилиши мумкин бўлган янги муддатни белгилаш, телекоммуникациялар тармоғи хизматининг нархини қайта ҳисоблашни талаб қилиш;

ж) қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзлар ва афзалликлар берилишини талаб қилиш, имтиёзлар ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар тақдим этилгандан бошлаб имтиёзлар ва афзалликлар амал қилади, шунингдек шартномага тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

к) шартномада кўзда тутилмаган ва абонент ёки фойдаланувчи томонидан талаб қилинмаган телекоммуникациялар хизматлари учун ҳақ тўлашни рад этиш;

л) фавқулодда тезкор хизматларни (ёнғин-қутқарув бўлинмаларини, ички ишлар органларини, тез тиббий ёрдамни, газ тармоғининг авария хизматини ва бошқа хизматларни) чақиришда, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига қўнғироқларни амалга оширишда, шунингдек шартномада кўзда тутилган ҳолларда телекоммуникациялар хизматларидан бепул фойдаланиш;

м) унга розилигисиз тақдим этилган телекоммуникациялар хизматлари учун тўловни тўлашни рад этиш;

н) оператор (провайдер) томонидан тақдим этилаётган телекоммуникациялар хизматлари бўйича аризалар, таклифлар ва эътирозлар билан операторга (провайдерга) мурожаат этиш;

о) мобил иловада рўйхатдан ўтган ҳолда оператор (провайдер) билан ўзаро муносабат ўрнатиш;

п) агар телекоммуникациялар хизматини кўрсатиш муддатларига риоя қилмасликка енгиб бўлмайдиган куч сабаб бўлган бўлса, оператор (провайдер) билан келишиб телекоммуникациялар хизматини бажаришнинг янги муддатини белгилаш, бу ҳақда телекоммуникациялар хизматини бажариш учун белгиланган муддат тугагунига қадар абонентга ёки фойдаланувчига хабар қилинади;

қ) уларнинг ҳуқуқлари бузилганда ваколатланган давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш;

р) белгиланган тартибда операторнинг (провайдернинг) расмий веб-сайтларида рўйхатдан ўтиш ва тақдим этилаётган интерактив хизматлардан фойдаланиш;

с) исталган амалдаги тариф режасига бепул ўтиш, бундан фойдаланувчиларнинг муайян гуруҳига ёки маълум чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш мустасно.

337. Ахборот-маълумот хизматларини ёки маълумот хизматларини кўрсатиш жараёнида камчиликлар аниқланганда абонентлар ва фойдаланувчилар ўз танлови бўйича қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

ахборот-маълумот хизматлари ва маълумот хизматларининг камчиликларини бепул бартараф этиш;

телекоммуникациялар хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки лозим даражада бўлмаган сифатли телекоммуникациялар хизматлари кўрсатилмаганлиги натижасида етказилган зарарлар ўрнини тўлдириш, маънавий зарарларнинг компенсация қилиш.

338. Фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдалана олишга;

б) жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатилишига;

д) жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан тақдим этиладиган хизматлар сифатининг ёмонлашишига ёки бошқа оқибатларга олиб келадиган катта камчиликларга йўл қўйилган ҳолда фойдаланувчи ўз хоҳиши билан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

камчиликларни бепул бартараф этиш;

тақдим этилган хизматларнинг нархини мос равишда камайтириш;

хизматларни такроран тақдим этиш;

шартномани бекор қилиш;

улар ҳуқуқлари бузилган ҳолда ваколатланган давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш.

339. Фойдаланувчи жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдеридан қуйидаги ахборотни олиш ҳуқуқига эга:

жамоат фойдаланиш жойининг фирма номи;

жамоат фойдаланиш жойининг жойлашган жойи (юридик манзили);

жамоат фойдаланиш жойининг иш режими;

тақдим этиладиган хизматлар рўйхати;

тақдим этиладиган хизматлар нархи, тарифлар;

хизматларни кўрсатиш бўйича бошқа ахборотни.

Абонент ва фойдаланувчи қонунчилик ҳужжатларида ва ушбу Қоидаларда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

2 - §. Телефон алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари

340. Телефон алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

абонентнинг айбисиз алоқа бўлмаган даврда таъмирлаш бюросида унинг талабномаси мавжуд бўлганида, шунингдек фойдаланувчининг аризасисиз қўшимча пуллик хизматлар ва бошқалар тақдим қилинганда телефон алоқаси хизматлари учун тўловларни қайта ҳисоблашни ёки ушбу хизматлардан фойдаланганлик учун пул маблағларининг қайтарилишини талаб қилиш;

маҳаллий телефон алоқаси хизматлари учун вақтбай тўлов тизимидан фойдаланган ҳолда тўланган давр учун ҳисоб тақдим этилганда алоҳида тўлов эвазига бўлиб ўтган телефон боғланишлар расшифровкасини (ҳисобнинг батафсил тавсифини) талаб қилиш.

341. Телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилганда абонент ўз танловига кўра:

операторга шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш кераклиги давомида янги муддатни тайинлаш ва ушбу хизматнинг нархини пасайтиришни талаб қилиш;

шартномани бекор қилиш ва зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

342. Агар оператор телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш жараёнида камчиликларга йўл қўйса, абонент ўз хоҳишига кўра қуйидагиларни талаб қилиш ҳуқуқига эга:

телефон алоқаси хизматларининг камчиликларини бепул бартараф этишга;

телефон алоқаси хизматларини қайта тақдим этишга;

халқаро, шаҳарлараро ва маҳаллий телефон алоқаси хизматларининг нархларини камайтиришга;

етказилган зарарларни қоплаш билан шартномани бекор қилишга.

3 - §. Телеграф алоқа хизматлари фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари

343. Фойдаланувчи алоқа корхонасининг ишлаш тартиби, кўрсатилаётган хизматлар, телеграммаларнинг ўтиш муддатлари, телеграф алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари ва ушбу хизматлар учун тарифлар бўйича керакли ва ишончли ахборотни талаб қилишга ҳақли.

4 - §. Таксофон орқали телефон алоқа хизматлари фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари

344. Таксофон орқали телефон алоқа хизматлари фойдаланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таксофонларни эксплуатация қилувчи операторни (провайдерни) таксофонларнинг сифатсиз ишлаши, кабина ва ярим кабиналарнинг қониқарсиз ҳолати тўғрисида арз қилиш;

таксофон орқали телефон алоқа хизматларини тақдим этиш билан боғлиқ таклифлар ва даъволар билан операторга (провайдерга) мурожаат қилиш;

операторнинг (провайдернинг) айби билан телефон алоқа хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки сифатсиз кўрсатилганлиги натижасида келтирилган зарар ўрнини қопланишини талаб қилиш.

5 - §. Мобил алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари

345. Мобил алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

барча хизматлар турлари бўйича батафсил ҳисобни барча амалга оширилган уланишларнинг санаси ва вақти, уларнинг давомийлиги ва абонент рақамларини кўрсатган ҳолда абонент рақамидан фойдаланган бир йилгача давр учун оператор (провайдер) томонидан белгиланган тартиб ва шартларда олиш. Ушбу ахборотни тақдим этишнинг каттароқ муддати ва шартлари шартномада белгиланиши мумкин;

ушбу Қоидалар ва шартномалар шартларига риоя қилган ҳолда, шунингдек муайян ҳудудда (аэропорт, самолёт, антенна майдони ва бошқалар) амал қиладиган алоҳида қоидаларни ҳамда тўсқинлик қилиши ёки хавфли вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда (тиббиёт муассасалари, ёқилғини сақлаш ва қайта юклаш ҳудуди, портлаш ишларини ўтказиш жойларида ва бошқалар) чекланишларни ҳисобга олган ҳолда, техник талабларга мос бўлган фойдаланувчи қурилмасидан фойдаланиш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда оператор (провайдер) тармоқларида абонент рақамини кўчиб ўтиш хизматидан фойдаланиши.

2 - боб. Абонентлар ва фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

1 - §. Абонентлар ва фойдаланувчиларнинг умумий мажбуриятлари

346. Абонентлар ва фойдаланувчилар қуйидагиларга мажбур:

а) оператор (провайдер) билан тузилган шартнома шартларига риоя қилишга;

б) унга тегишли бўлган фойдаланувчи қурилмаси ёрдамида кўрсатиладиган телекоммуникациялар хизматлари учун шартномада белгиланган муддатларда ва тўлиқ ҳажмда тўловни тўлашга;

в) телекоммуникациялар тармоғидан давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонунчилик билан қўриқланадиган бошқа сирни узатиш учун фойдаланишга йўл қўймасликка;

г) телекоммуникациялар тармоғи орқали Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ахборотни ва тарқатилиши қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотни тарқатмасликка;

д) телекоммуникациялар тармоғи ёрдамида фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатмасликка;

э) қонунчилик ҳужжатларига асосан телекоммуникациялар тармоғи орқали тарқатилиши тақиқланган ахборотлардан тижорат ёки нотижорат мақсадларда тарқатиш учун фойдаланмасликка;

ж) телекоммуникациялар тармоқлари иш сифатининг пасайишига ёки телекоммуникациялар тармоқларининг шикастланишига олиб келадиган ҳаракатларни бажармасликка;

з) операторни (провайдерни) ўзининг фойдаланувчи қурилмаси, тармоғи ва дастурий таъминотидаги барча носозликлар ёки ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилишга;

и) ўз хоналарида жойлашган абонент тармоғи ва фойдаланувчи қурилмасини техник ҳужжатлар қоидаларига риоя қилишга;

к) маълумотлар базаларидан рухсатсиз фойдаланмасликка ва операторнинг (провайдернинг) дастурий воситаларини ўзгартирмасликка;

л) операторга (провайдерга) етказилган зарарни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қоплашга;

м) таркибида компьютер вируслари ёки тармоқ учун зарар етказиши мумкин бўлган ахборотни ёки дастурий таъминотни эълон қилмаслик ёки узатмасликка;

н) компьютер ахборотидан, яъни ахборот-ҳисоблаш тизимлари, тармоқлари ва уларнинг таркибий қисмларидаги ахборотлардан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланмасликка;

о) телекоммуникациялар тармоғида тақдим этилган ахборот ва интеллектуал мулк объекти учун муаллифлик ҳуқуқларини бузмасликка;

п) телевидение тармоқларида бошқа шахсларнинг бериладиган сигналга уланиш ҳолатларига йўл қўймасликка;

р) оператор (провайдер) вакилларига уларни текшириш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун телекоммуникациялар иншоотлари ва қурилмалари жойлашган ҳудудларга киришни таъминлашга.

347. Абонент ва фойдаланувчига қонунчилик ҳужжатларида ва ушбу Қоидаларда назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

2 - §. Телефон алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчиларининг мажбуриятлари

348. Телефон алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидагиларга мажбур:

оператор (провайдер) билан тузилган шартномага мувофиқ телефонлаштирилган турар-жойдан кўчиш, сотиш, алмаштириш, ижарага бериш, ижарага (иккиламчи ижарага) олиш, фамилия, турар-жой манзили, реквизитлари, корхона номининг ўзгариши, телефон алоқаси хизматларига тўлаш ва кўрсатиш бўйича имтиёзларни олиш ёки йўқотган ҳолларда бир ой муддат ичида оператор (провайдер) билан шартномани қайта расмийлаштириш ёки бекор қилишга;

абонент линиясини ва қурилмасини ўз уйида яхши ҳолатда сақлашга.

Якка тартибда фойдаланадиган телефонга эга абонент, шунингдек ташкилотлардаги (шу жумладан, меҳмонхоналар, ётоқхоналар, санаторийлар, дам олиш уйлари, чет эл ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар) телефон эгалари уларнинг телефонларидан амалга оширилган маҳаллий ва халқаро телефон боғланишларга ҳақ тўлаш учун жавобгар бўлади.

3 - §. Таксофон орқали телефон алоқа хизматлари фойдаланувчиларининг мажбуриятлари

349. Таксофон орқали телефон алоқа хизматлари фойдаланувчилари қуйидагиларга мажбур:

таксофондан фойдаланиш бўйича йўриқномага мувофиқ фойдаланиш, таксофонлар, кабиналар ёки ярим кабиналарнинг шикастланишига йўл қўймасликка;

тақдим этилган сўзлашув тўлови учун таксофонларнинг ушбу типи учун мўлжалланган нақд пул ва нақд пулсиз тўлов воситаларидан (махсус жетон, тўлов картаси) фойдаланишга.

4 - §. Маълумот узатиш хизматлари абонентлари ва фойдаланувчиларининг мажбуриятлари

350. Маълумот узатиш хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидагиларга мажбур:

телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш учун GSM , IP ёки SMS -шлюзлар ёки шунга ўхшаш аппарат-дастурий воситалардан фойдаланиш нияти бўлганда, бу ҳақда операторни (провайдерни) огоҳлантиришга;

маълумотлар узатиш тармоғидан халқаро трафикни ноқонуний ўтказиш мақсадида фойдаланмасликка, шу жумладан GSM ва IP -шлюзлар орқали.

5 - §. Мобил алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчиларининг мажбуриятлари

351. Мобил алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидагиларга мажбур:

а) SIM -карта ёки фойдаланувчи қурилмаси ( SIM -картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун ва eSIM ) йўқолганлиги тўғрисида операторнинг (провайдернинг) Call -марказига зудлик билан қўнғироқ қилиб хабар қилиш, кейинчалик операторга (провайдерга) ёки дилер орқали ёзма аризани тақдим қилган ҳолда. Абонент томонидан ушбу шартларга риоя қилинмаган ҳолда у йўқотилган SIM -карта ёки фойдаланувчи қурилмасидан ( SIM -картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун ва eSIM ) фойдаланган ҳолда олинган оператор (провайдер) томонидан кўрсатилган мобил алоқа хизматларига тўлов бўйича оператор (провайдер) абонентнинг улар йўқолганлиги ва хизматлар кўрсатишни тўхтатиш истаги тўғрисидаги аризасини олган вақтигача мажбуриятга эга, агар хабар қилишнинг абонент учун қулай бўлган бошқа усули оператор (провайдер) томонидан кўзда тутилмаган бўлса;

б) маълумотлар ўзгаргани ҳақида операторга (провайдерга) 15 кун ичида хабар беришга:

жисмоний шахс учун — фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинганлиги ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ҳақиқий ҳужжатни тақдим этган ҳолда ёхуд унинг вакили томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаси ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончномани тақдим этиш йўли билан;

юридик шахс учун — номи (фирма номи), юридик манзили ўзгарганлиги, шунингдек юридик шахс тугатилганлиги тўғрисида хабар қилишга;

д) мобил алоқа хизматлари кўрсатиш шартномасини тузаётганда ушбу оператор (провайдер) билан аввал тузилган шартномалар бўйича актив рақамларнинг мавжудлиги тўғрисида хабар қилишга;

э) мобил алоқанинг айрим хизматлари ёки мобил алоқа хизматларининг тўпламлари учун оператор (провайдер) томонидан белгиланган шартларга мувофиқ махсус тарифлар (тариф режалари)дан мақсадли фойдаланишни таъминлашга;

ф) олинган абонент рақамидан GSM , IP ёки SMS -шлюзларда ёки аналог ускуналарда фойдаланиш ёки телекоммуникациялар хизматлари кўрсатиш ёки оммавий SMS жўнатмалар учун фойдаланиш истаги бўлганда, буни олдиндан оператор (провайдер) билан келишишга;

г) шартнома тузишда олинадиган рақам (СИМ-карта) бирга фойдаланиладиган фойдаланувчи қурилмасининг асосий турлари (уяли телефон, USB -модем, электр энергияси/сув/газ ҳисоблагичлари, онлайн тўлов терминаллари, GSM , IP ёки SMS- шлюзлар ёки ускунанинг бошқа турлари)ни кўрсатишга;

ҳ) абонент рақамидан шахсий мақсадларда ёки ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун (якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун) фойдаланиш, спамга, фирибгарликка, оператор (провайдер) билан олдиндан келишмасдан оммавий SMS жўнатмаларга, шунингдек, бошқа ноқонуний фойдаланишга йўл қўймасликка;

и) абонент рақамидан халқаро трафикни ноқонуний ўтказиш учун фойдаланмаслик, шу жумладан, GSM ва IP шлюзлардан фойдаланган ҳолда.

ж) ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда телекоммуникациялар тармоғидан фойдаланиш ҳамда халқаро трафикни ўтказиш мақсадида телекоммуникациялар тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланмасликка, шунингдек мазкур мақсадлар учун мўлжалланган махсус дастурий ёки аппарат воситаларини қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) сақлаш ва уларнинг фаолиятига йўл қўймаслик;

к) абонент рақами кўчирилган тақдирда, донор билан тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси бўйича мобил алоқа тармоғи хизматлари учун мавжуд қарзни тўлашга.

V бўлим. Кўрсатилган телекоммуникациялар хизматлари учун ҳисоб - китоблар ва тўловлар

1-боб. Телекоммуникациялар хизматлари учун ҳисоб - китоблар ва тўловлар

352. Телекоммуникациялар хизматлари учун тарифлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шакллантирилади ва тартибга солинади.

Телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини узатиш ва тарқатиш тасдиқланган амалдаги тариф (прейскурант) асосида кўрсатилади.

353. Фойдаланувчиларнинг айрим тоифалари учун телекоммуникациялар хизматларига ҳақ тўлаш ва телекоммуникациялар тармоғидан фойдаланишни тақдим этиш бўйича имтиёзлар белгиланиши мумкин.

354. Телекоммуникациялар хизматларига ҳақ тўлаш шакли ва тартиби тарафлар ўртасида тузиладиган телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномада белгиланади.

Телекоммуникациялар хизматлари учун ҳисоб-китобларни бу хизматларни кўрсатган оператор (провайдер, эшиттирувчи) ёки шартнома асосида улар томонидан ваколатланган шахс олиб боради.

355. Телекоммуникациялар хизматлари учун тарифларни белгилаш, ҳисоб-китоблар ва барча тўловлар Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида амалга оширилади.

Кўрсатилган телекоммуникациялар хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга оширишда хорижий валютадан, шунингдек хорижий валютадаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланишга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, тартиб ва шартларда йўл қўйилади.

356. Ҳисоб-китоблар шакли ва тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, операторнинг (провайдернинг) технологик имкониятлардан келиб чиқиб абонент билан келишилган ҳолда оператор (провайдер) томонидан белгиланади ҳамда шартномада акс эттирилади ва ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

357. Телекоммуникациялар хизматлари учун тарифлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ томонлар ўртасида тузиладиган шартномада белгиланилади.

358. Телекоммуникациялар хизматларига тарифлар айрим хизматлар ёки хизматларнинг тўпламига тарифлар (тариф режалари) кўринишида белгиланиши мумкин.

Тариф режалари операторлар томонидан мустақил равишда белгиланади (қонунчиликда белгиланган тартибда тартибга солинувчи тарифлар бундан мустасно).

Бунда, оператор (провайдер) томонидан, фойдаланувчиларнинг муайян гуруҳига ёки маълум чекланган ҳудудда алоҳида тариф режалар ва имтиёзлар тақдим этилиши мумкин.

Оператор ва провайдерларнинг белгиланган талаблари бўйича телекоммуникацияларнинг айрим хизматлари ёки хизматларининг тўпламлари учун (масалан, УСБ-модемлар, электр энергияси, сув, газ ҳисоблагичлари, онлайн тўлов терминаллари, GSM , IP ёки SMS -шлюзлар ёки ускунанинг бошқа турларида фойдаланиш учун, шунингдек муайян тоифалардаги шахсларга тақдим этиладиган) махсус тарифлар (тариф режалари) белгиланиши мумкин.

359. Телекоммуникациялар хизматлари учун тарифлар ва тариф режаларини шакллантиришда тарификациянинг қуйидаги турлари қўлланиши мумкин:

абонентлик, бунда муайян давр (ҳисоб-китоб даври) учун абонентнинг тўлов миқдори ҳақиқатда олинган телекоммуникациялар хизматларининг ҳажмига боғлиқ бўлмаган доимий катталик ҳисобланади;

вақтбай, бунда абонентнинг тўлов миқдори ҳисоб-китоб даври давомида тақдим этилган абонентнинг ташаббуси билан амалга оширилган уланишлар давомийлигининг суммасига боғлиқ бўлади;

ҳар бир кўрсатилган телекоммуникациялар хизмати учун, бунда тўлов миқдори амалда кўрсатилган хизмат учун аниқланади.

Тариф режаларини шакллантиришда тарификациянинг бир нечта турларини бирга қўшишга йўл қўйилади.

360. Оператор, провайдер кўрсатилаётган телекоммуникациялар хизматлари учун ҳисоб-китоб даврини мустақил белгилайди.

361. Телекоммуникациялар хизматлари учун тўлов қуйидагича амалга оширилади:

хизматлар кўрсатилганидан кейин тўлов тўлаш;

хизматлар кўрсатилишидан олдин тўлов тўлаш;

шартномада белгиланган ёки ҳисобда кўрсатилган ҳисоб-китоб даври муддатига кечиктирилган тўлов тўлаш йўли билан.

Абонент ўз хоҳишига кўра, 2 ойдан кўп бўлмаган муддатга телекоммуникациялар хизматлари учун абонентлик тўловларини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Ушбу тартиб бир ойдан ортиқ муддат учун тақдим этиладиган тарифларга татбиқ этилмайди.

362. Телекоммуникациялар хизматлари учун ҳисоб-китоб ва тўловлар хизматлар кўрсатиш вақтида амалда бўлган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Тарифларни ўзгартириш ва амалга киритиш тўғрисидаги ахборот оператор (провайдер) томонидан оммавий ахборот воситаларида, ўзининг расмий веб-сайтида ёки SMS орқали камида 15 кун олдин мажбурий эълон қилиниши лозим.

363. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) ва абонент ўртасида тўловни ундириш бўйича келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, келишмовчиликлар суд тартибида ҳал этилади.

Бегона шахслар томонидан телекоммуникациялар тармоғига рухсатсиз уланиш ва фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган келишмовчиликларда бажарилган сўзлашувларнинг кимга тегишлилиги белгиланган тартибда текширилиши (аниқланиши) керак. Текширув натижаларидан рози бўлмаган абонент судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

364. Телекоммуникациялар хизматлари учун тўловлар нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкин.

365. Телекоммуникациялар хизматлари учун тўловлар қабул қилинишини оператор, провайдер, эшиттирувчи, дилер мустақил равишда ёки тўлов агентлари орқали ташкил қилиши мумкин.

366. Шартнома бекор қилинган ҳолларда абонент аванс сифатида киритилган пул маблағларини қайтариш учун операторга (провайдерга, эшиттирувчига) мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда оператор (провайдер, эшиттирувчи) 15 кун муддат ичида пул маблағларининг фойдаланилмаган қолдиғини қайтаришга мажбур.

367. Телефонлаштирилган турар жойга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда ушбу яшаш жойи бўйича ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинмаган шахсларга ўтганда шартнома тузилган ҳолда фойдалана олиш тақдим этилганлиги учун тўловлар қўлланилади.

368. Маҳаллий телефон боғланишлар хизматлари учун абонент тўлов тизимини ёки хизматлар учун вақтбай тўлов тизимини қўллаган ҳолда тўланади.

Маҳаллий телефон боғланишларни вақтбай ҳисобга олиш техник имконияти бўлмаганда хизматлар учун абонент тўлов тизимидан фойдаланилади.

Маҳаллий телефон боғланишларни вақтбай ҳисобга олинишини таъминлаш техник воситаларининг тайёр бўлишига қараб хизматлар учун вақтбай тўлов тизими киритилади.

Вақтбай тўлов тизимида телефондан фойдаланганлик учун тўлов миқдори телефон боғланишларнинг маълум давомийлиги учун белгиланган қайд қилинган катталикдан ва қайд қилинган катталикдан ташқари телефон боғланишнинг давомийлигига боғлиқ бўлган ўзгарувчан катталикдан ташкил топади.

369. Автоматик маҳаллий, халқаро телефон алоқадан фойдаланганлик учун хизматларга тўлов вақтбай тўлов тизимида абонент томонидан фақат унга тегишли бўлган фойдаланувчи қурилмасидан чиқадиган телефон боғланишлар учун тўланади, бундан чақирилаётган абонент ёки операторнинг (провайдернинг) ҳисобидан кўрсатиладиган хизматлар мустасно.

370. Оператор-телефонист ёки автоматик усул билан тақдим этилган халқаро телефон боғланишларга телефон боғланишнинг давомийлигига боғлиқ ҳолда амалдаги тарифлар бўйича тўлов тўланади.

371. Маҳаллий (хизматларга вақтбай тўлов тизимида), халқаро телефон боғланишда телефон боғланишларининг давомийлигини ҳисобга олиш оператор томонидан қабул қилинган тарификация бирлигига мувофиқ юритилади.

372. Маҳаллий ва халқаро телефон боғланишларининг тарификация бирлиги миқдори ва тўлиқ бўлмаган тарификация бирлигини тўлаш тартиби фойдаланилаётган коммутацион техниканинг техник имкониятларига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Бунда, тарификация бирлиги бир дақиқадан кўп бўлмаслиги керак.

373. Автоматик маҳаллий (хизматларга вақтбай тўлов тизимида), шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишдан фойдаланганда телефон боғланишининг давомийлиги исталган шахс ёки фойдаланувчи қурилмасининг жавоб бериш пайтидан чақираётган ёки чақирилаётган шахс ёки фойдаланувчи қурилмасининг узилишигача ҳисобланади.

374. Жавоб сигнали чақирилаётган шахснинг жавобига тенглаштириладиган ва телефон боғланишининг давомийлигини ҳисоблаш боши бўлиб хизмат қиладиган фойдаланувчи қурилмасига қуйидагилар киради:

маълумотлар узатиш аппаратураси (модем ва бошқалар);

факсимил аппарати;

автожавоббергич билан таъминланган фойдаланувчи қурилмаси;

рақамни автоматик аниқловчи телефон аппарати;

абонент бўлмаганда унинг ўрнини босадиган ва ахборот алмашинувини таъминлайдиган (ёки имитация қиладиган) бошқа фойдаланувчи қурилмаси.

375. Агар абонент линияси йўқ бўлган абонентлар хизматига ўтказилган ёки абонент бўлмаганда унинг ўрнига фойдаланиладиган (хабарларни ёзиб олувчи ёки маълумотлар билан алмашиш учун хизмат қиладиган) қурилма билан уланганда, бу хизмат ёки бу қурилмага абонентнинг сўровига кўра у учун жавоб берадиган шахс сифатида қаралади. Бундай ҳолда телефон боғланиш ўрнатилади ва тўлов ҳисобланади.

Абонент операторнинг (провайдернинг) Call -марказига қўнғироқ қилганда олдиндан ёзиб олинган овозли хабарлар тизимини эшитиш вақти ёки автоинформаторнинг аудио хабарлари боғланишнинг тарификацияланадиган давомийлигига киритилмайди.

376. Конференцалоқа хизматининг давомийлиги барча чақирилаётган шахслар чақираётган шахс билан телефон боғланиш ўрнатилгандан кейин ҳисобланади, чақираётган шахснинг «отбой» сигнали бошланиш пайтидан тугайди.

377. Боғланиш учун буюртма (оператор-телефонист орқали) халқаро телефон боғланишлар тақдим этилганда тўланиши керак бўлган телефон боғланишининг минимал давомийлиги белгиланади. Бунда, минимал давомийликдан кам давом этган телефон боғланишига минимал давомийликдаги телефон боғланиши сифатида тўлов тўланади.

Телефон боғланишининг кўрсатилган минимал давомийлиги бир дақиқадан ошмаслиги керак.

378. Маҳаллий (хизматлар учун вақтбай тўлов тизимида), халқаро телефон боғланиши учун тўлов телефон боғланиши ўрнатилишидан бошлаб жорий суткада амал қиладиган тариф бўйича амалга оширилади.

379. Чақираётган шахс у томонидан буюртма берилган олдинроқ ўрнатилган шаҳарлараро ёки халқаро телефон боғланишни рад этганда, бундай телефон боғланиш тақдим этилган вақтда абонентдан боғланишга буюртма қилинган тариф бўйича сўзлашув дақиқасининг нархи ва телефон боғланиши пайтига оператор-телефонист томонидан бажарилган хизматларнинг тўлиқ қиймати миқдорида тўлов ундирилади.

380. Агар чақирилаётган шахс билан билдиришномали шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланиш кўрсатилган манзил бўйича чақирилаётган шахснинг турмаслиги сабабли билдиришнома бу шахсга топширилмаганлиги ёки топшириш имконияти йўқлиги сабабли бўлиб ўтмаган бўлса, чақирилаётган шахсдан хизмат нархи миқдорида тўлов ундирилади.

Агар чақирилаётган шахс билан билдиришномали шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланиш чақирилаётган ёки чақираётган шахснинг сўзлашув пунктига келмаганлиги ёки чақирилаётган шахснинг кўрсатилган телефон рақами бўйича бўлмаганлиги сабабли телефон боғланиши учун тайинланган вақтдан кейин бир соат ичида бўлиб ўтмаса, тўлов хизматининг нархи миқдорида ундирилади.

381. Агар чақираётган шахс халқаро телефон боғланишга буюртма бераётганда чақирилаётган фойдаланувчи қурилмасининг нотўғри абонент рақамини кўрсатган бўлса, у ҳолда у ушбу буюртма учун амалдаги тарифлар бўйича ўрнатилган телефон боғланишининг ҳақиқий давомийлигига ҳақ тўлайди.

382. Автоматик хизмат кўрсатиш тизими бўйича тақдим этилган маҳаллий (хизматлар учун вақтбай тўлов тизими) ёки халқаро телефон боғланишда абонентга ҳисобни тақдим этиш учун магнит ташувчи (магнит тасмалар, дисклар)га ёзилган қийматни ҳисоблаш аппаратурасининг маълумотлари, оператор-телефонист ёрдамида халқаро телефон боғланиш тақдим этилганда оператор-телефонист томонидан буюртма бланкига киритилган ёки автоматлаштирилган ҳисоб-китоблар тизимининг, шунингдек электрон коммутаторларнинг магнит ташувчилари (магнит тасмалар, дисклар)га ёзилган маълумотлар асос бўлиб ҳисобланади.

383. Маҳаллий шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувлари хизматлари учун тўловлар сўзлашув пунктларида боғланиш учун буюртма қилишда фойдаланувчи буюртма қилинаётган телефон сўзлашувининг давомийлиги ва буюртмада кўрсатилган қўшимча пулли хизматлар учун олдиндан ҳақ тўлаши керак. Компьютер билан жиҳозланган сўзлашув пунктида телефон орқали сўзлашувдан кейин тўловни амалга оширишга йўл қўйилади.

Олдиндан тўловни тасдиқлаш учун фойдаланувчига мажбурий тартибда буюртма бланкидан йиртиб олинадиган талон берилади. Мазкур талонда тақвим штемпелининг ёки талонни берган оператор касса аппаратининг изи бўлиши керак.

384. Агар сўзлашув буюртмада кўрсатилган вақтдан кам давом этса ёки умуман бўлиб ўтмаган бўлса, фойдаланувчига пулнинг қолган қисми ёки бутун тўланган сумма қайтарилади. Ҳисоб-китоб қилиш учун фойдаланувчи йиртиб олинадиган талонни қайтариши керак.

Пулнинг қолган қисми берилганда йиртиб олинадиган талон фойдаланувчидан олиб қўйилади ва бу талон ўрнига ундан ундирилган сумма учун квитанция берилади. Квитанция ҳар бир сўзлашув учун бепул берилади.

385. Кўрсатиладиган телеграф хизматларига ҳақ тўлаш белгиланган тарифларга мувофиқ амалга оширилади.

386. Таксофон орқали телефон алоқа хизматига ҳақ тўлаш учун махсус жетон, тўлов картаси, танга ва миллий валютанинг тегишли купюраси ишлатилади.

387. Таксофон орқали маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизмати учун тарифлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

388. Таксофон орқали шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқасининг тарификация бирлигининг ўлчови ҳамда тарификация бирлигининг тўлиқ бўлмаган бирлигини тўлаш тартиби оператор (провайдер) томонидан фойдаланиладиган коммутация техникасининг техник имкониятларига боғлиқ ҳолда белгиланади. Бунда, тарификация бирлиги бир дақиқадан кўп бўлмаслиги керак.

389. Таксофон орқали телефон сўзлашувининг давомийлиги чақирилувчи абонент ёки фойдаланувчи қурилмасининг жавобидан то чақирувчи ёки чақирилувчи абонентнинг ёки фойдаланувчи қурилмасининг узилишигача ҳисобланади.

390. Чақирилувчи шахснинг жавобига тенглаштирилган, жавоб сигнали телефон сўзлашуви давомийлиги ҳисобининг бошланиши бўлган фойдаланувчи қурилмасига қуйидагилар киради:

маълумотлар узатиш аппаратураси (модем ва бошқалар);

факсимил аппарати;

автожавоббергич билан жиҳозланган фойдаланувчи қурилмаси;

рақамни автоматик аниқловчи телефон аппарати;

абонент бўлмаганда унинг ўрнини босадиган ва ахборот алмашинувини таъминлайдиган (ёки имитация қиладиган) бошқа фойдаланувчи қурилмаси.

391. Маълумотлар узатиш тармоғи оператори (провайдери) автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимлари ёрдамида абонентга кўрсатилган хизматлар (маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек абонент пул маблағларининг ҳаракати ва бошқалар) тўғрисидаги ахборот ҳисобини юритади.

392. Оператор (провайдер) шартнома асосида ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш тўғрисида абонентга ахборот тақдим этади.

Бунда, қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

оператор (провайдер) реквизитлари ва мурожаат учун телефон рақамлари;

ҳисоб-китоб даври;

бажарилган ишлар нархи;

тақдим этиладиган хизматлар рўйхати, ҳар бир хизмат учун ҳисоб-китоб даври ва улар учун тўланадиган сумма;

қўшилган қиймат солиғи суммаси (агар ундирилса);

умумий тўланадиган сумма;

ҳисоб тақдим этилган сана;

ҳақ тўлаш муддати.

393. Оператор (провайдер) томонидан абонентнинг ҳисобварағи юритилган тақдирда, тўлов тўғрисида кўрсатилган ахборот оператор (провайдер) ва абонент ўртасидаги шартнома шартларининг ўзгаришлари билан боғлиқ абонентнинг ҳисобварағи бўйича баланс тузатишларини, шунингдек келиб тушган ва абонентнинг ҳисобварағида акс эттирилган олдинги ҳисоб-китоб давридаги хизматлар учун абонентнинг тўловлари тўғрисидаги ахборотларни ўз ичига олиши керак.

394. Мобил алоқа тармоғи бўйича уланиш давомийлигининг тарификация бирлиги оператор (провайдер) томонидан белгиланади, аммо бир дақиқадан кўп бўлмаслиги керак.

Мобил алоқа тармоғида ҳар бир интернет сессияни алоҳида ҳисобга олган ҳолда маълумотлар узатиш трафигининг ҳар бир йўналиши бўйича узатилган ва олинган маълумотлар ҳажмининг тарификация бирлиги оператор (провайдер) томонидан белгиланади, аммо 16 КБ дан кўп бўлмаслиги керак.

Бошқа операторнинг (провайдернинг) мобил алоқа тармоғидаги ҳар бир интернет сессияни алоҳида ҳисобга олган ҳолда роумингда Интернет-трафикни яхлитлаш халқаро роуминг тўғрисидаги келишувга кўра белгиланади, аммо маълумотлар узатиш трафигининг ҳар бир йўналиши бўйича тарификация бирлиги 16 КБ дан кўп бўлмаслиги керак.

395. Уланишнинг давомийлигини ҳисобга олиш оператор (провайдер) томонидан қабул қилинган тарификация бирлигига мувофиқ олиб борилади.

396. Тўлов миқдорини аниқлаш учун фойдаланиладиган мобил алоқа тармоғи бўйича уланиш давомийлиги чақирилувчи абонент ёки абонент жавоб берган деб тенглаштирилган жавоб сигнали бўлган ускуна жавоб берган секунддан бошлаб чақирувчи ёки чақирилувчи абонент ёки шу ускуна сўзлашуви тугаган вақтгача ҳисобланади.

Оператор (провайдер) томонидан белгиланган минимал ҳисобланган вақт бирликларида ҳисобланган уланишлар давомийлиги тўлиқ бирликкача яхлитланади.

Оператор (провайдер) томонидан белгиланган трафик ҳажмининг минимал ҳисоб-китоб бирликларида ҳисобланган ишлатилган маълумотлар узатиш трафигининг ҳажми тўлиқ бирликкача яхлитланади.

Оператор (провайдер, эшиттирувчи) ушбу Қоидаларга нисбатан абонент ҳолатини ёмонлаштирмайдиган мобил алоқа хизматлари тарификацияси қоидаларини мустақил белгилайди.

397. Абонент томонидан ушбу Қоидаларда белгиланган талаблар, шунингдек шартнома шартлари бузилган ҳолларда, бузилишлар бартараф этилгунига қадар оператор (провайдер) мобил алоқа хизматлари кўрсатилишини тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Бунда, мобил алоқа тармоғидан фойдалана олиш ва абонент томонидан фавқулодда тезкор хизматларни чақириш имконияти сақланади.

398. Оператор (провайдер) томонидан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўхтатилгандан кейин абонент шартнома ва қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган муддатда аниқланган бузилишларни бартараф этиш ҳуқуқига эга. Аниқланган бузилишлар бартараф этилгандан кейин мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш тикланади.

399. Кредитга тақдим этилган мобил алоқа хизматлари учун тўлов муддатини оператор (провайдер) мустақил белгилайди.

400. Абонент рақамини кўчириб ўтиш хизматлари учун тўлов ва реципиент билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузиш абонент томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

401. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича имзоланган шартнома асосида операторга (провайдерга) мобил алоқа хизматлари тўлови амалга оширилади.

402. Ҳар бири резидент ҳисобланган мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўртасидаги ҳисоб-китоблар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ миллий валютада амалга оширилади.

403. Маҳаллий операторнинг хизмат кўрсатувчи хорижий операторлар (роуминг-шериклар) билан ва тизим ҳосил қилувчи роуминг-шериклар билан ҳисоб-китоблари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига ва халқаро қоидаларга мувофиқ бажарилади.

VI бўлим. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартномаси томонларининг жавобгарлиги ва якуний қоидалар

1-боб. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартномаси томонларининг жавобгарлиги

404. Оператор (провайдер) тузилган шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ҳамда телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш муддатларини ва шикастланишларни бартараф этиш муддатларини бузганлиги учун қуйидаги ҳолларда абонент олдида жавобгардир:

телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олишни таъминлаш муддатларининг бузилиши;

шартномада белгиланган телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш муддатларининг бузилиши;

шартномада кўрсатилган ва абонент томонидан талаб қилинган телекоммуникациялар хизматларининг барча турларини кўрсатмаганлик;

телекоммуникациялар хизматларини сифатсиз кўрсатиш;

телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ ахборотнинг тақдим этилмаганлиги, тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги;

шартномани бажариш натижасида операторга (провайдерга) маълум бўлган абонент тўғрисидаги маълумотларнинг тарқатилишини чеклаш тўғрисидаги талабларнинг бузилиши.

405. Мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик фойдаланувчининг айби билан ёки енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) оқибатида содир этилган бўлса, оператор (провайдер) абонент/фойдаланувчи олдида жавобгар бўлмайди.

406. Телеграф хизматида жўнатувчи томонидан манзил нотўғри кўрсатилганлиги сабабли телеграмма топширилмаган бўлса, оператор абонент ёки фойдаланувчи олдида жавобгар бўлмайди.

407. Телекоммуникациялар тармоғида юзага келган носозлик ёки шикастланишлар шартномада белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, оператор (провайдер, эшиттирувчи) абонентнинг талабига кўра шартномада белгиланган миқдорда жарима (пеня) тўлайди.

Оператор (провайдер, эшиттирувчи) томонидан жарима (пеня) тўланганлиги уларни шартнома бўйича зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.

408. Ушбу Қоидалар ва шартномада кўзда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, томонлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

409. Томонлар ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш шартномасини бекор қилиш тартиби ва шартлари абонент ва оператор (провайдер, эшиттирувчи) ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.

410. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

411. Агар мобил алоқа операторининг (провайдерининг) жавобгарлиги дилернинг айби билан юзага келган бўлса, оператор (провайдер) дилердан у билан тузилган шартномага ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

412. Оператор, провайдер, Wi-Fi хизмати ташкилотчиси ўз ихтиёрида (бевосита бошқаруви ва назорати остида) бўлмаган маълумотлар узатиш тармоғининг ресурслари, серверлари ва сегментлари мазмуни, улардан фойдаланиш имконияти ва ишлаш қобилияти учун жавобгар бўлмайди.

413. Абонент ўз мажбуриятларини бажармаганлиги, шу жумладан шартномага мувофиқ белгиланган муддатда хизматлар учун ҳақ тўламаганлиги учун шартномага мувофиқ жавобгар бўлади.

414. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам жавобгардир.

415. Абонент томонидан қилинган шикоят ёзма, оғзаки ва/ёки электрон шаклда амалга оширилади, у операторга (провайдерга, эшиттирувчига) келиб тушган кун рўйхатга олиниши керак.

Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишни рад этиш, шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ёки лозим даражада бажарилмаслик билан боғлиқ масалалар юзасидан шикоятлар телекоммуникациялар хизматлари кўрсатилган, уни кўрсатиш рад этилган ёки ҳисоб тақдим этилган кундан бошлаб 6 ой ичида берилади.

2-боб. Якуний қоида

416. Мазкур Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Вазирнинг биринчи ўринбосари О. ПЕКОС

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси А. ДЖУРАБАЕВ

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Б. КУРБАНОВ

Электрон технологияларни ривожлантириш маркази раҳбари О. ХОДЖАКБАРОВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 6 январь,

2025 йил 18 декабрь

2025 йил 17 декабрь

2025 йил 14 декабрь

2025 йил 10 декабрь

2025 йил 9 декабрь

287-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.01.2026 й., 10/26/3762/0082-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vazirining

buyrugʻi

QOIDALARI

Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksi , “ Telekommunikatsiyalar toʻgʻrisida ”gi, “ Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida ”gi, “ Davlat boji toʻgʻrisida ”gi, “ Isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida ”gi va “ Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq buyuraman:

1. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirining 2020-yil 30-iyundagi 208-mh-son “Telekommunikatsiya xizmatlarini koʻrsatish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3275, 2020-yil 30-iyun) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.06.2020-y., 10/20/3275/1194-son) oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Elektron texnologiyalarni rivojlantirish markazi hamda Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi bilan kelishilgan.

4. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vazirining 2026-yil 6-yanvardagi 287-mh-son buyrugʻiga ILOVA

Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish

Mazkur Qoidalar telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish qoidalarini belgilaydi.

I boʻlim. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasi hududida telekommunikatsiyalar operatorlari (bundan buyon matnda operator deb yuritiladi), telekommunikatsiyalar xizmatlari provayderlari (bundan buyon matnda provayder deb yuritiladi), dilerlari va eshittiruvchilar bilan foydalanuvchilar oʻrtasida shartnoma (kelishuv) asosida taqdim etiladigan telefon aloqasi, taksofonlarda telefon aloqasi, qoʻriqlash signalizatsiyasi apparaturasini oʻrnatish va ularga texnik xizmat koʻrsatish, axborot-maʼlumot, telegraf, maʼlumotlar uzatish tarmogʻi, Internet, jamoat foydalanish joylarida Internet jahon axborot tarmogʻidan simsiz foydalana olish, mobil aloqa, milliy va xalqaro rouming, tijorat asosidagi kabelli, efir, interaktiv, IPTV ( IP -televideniye), OTT ( Over the Top ) va onlayn televideniye va radioeshittirish xizmatlarini tashkil qilish, shuningdek ulardan foydalanish, xizmatlarni koʻrsatish tartibi, shartlari hamda subyektlarning javobgarligi, huquq va majburiyatlarini belgilaydi.

2. Mazkur Qoidalar quyidagilarga nisbatan tatbiq etilmaydi:

idoraviy telekommunikatsiyalar tarmoqlari tomonidan telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatishga, Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Davlat xavfsizlik xizmati, Milliy gvardiya va Elektron texnologiyalarini rivojlantirish markazining ajratilgan aloqa tarmoqlarida, shuningdek ichki ishlab chiqarish va texnologik vazifadagi aloqa tarmoqlarida telegraf xizmatlarini koʻrsatishga, Global harakatdagi shaxsiy yoʻldosh aloqa tarmoqlarida rouming xizmatlarini koʻrsatishga;

dasturlarni cheklanmagan tomoshabinlarga bepul asosda erkin tomosha qilish uchun tarqatuvchi efir televideniye tarmoqlariga;

bir tashkilot (muassasa yoki korxona), shu jumladan taʼlim tashkilotining binolari yoki hududlari bilan cheklangan kabel, efir televideniyesi tarmoqlariga;

abonentlarning umumiy soni oʻntadan oshmaydigan kabel, efir televideniyesi tarmoqlariga;

alohida telekommunikatsiyalar tarmoqlariga taalluqli boʻlgan hamda Oʻzbekiston Respublikasida davlat boshqaruvi, mudofaa, xavfsizlik va huquq-tartibotni qoʻriqlash ehtiyojlari uchun foydalaniladigan televideniye va videokuzatuv tarmoqlariga;

jismoniy shaxslarning shaxsiy mulki boʻlgan va individual qabul qilishni va efir teleradioeshittirish dasturlari (shaxsiy ehtiyojlari uchun) tarqatilishini taʼminlaydigan kabel, efir televideniyesi tarmoqlariga.

3. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

abonent — operator yoki provayder bilan tuzilgan shartnomaga asosan telekommunikatsiyalar xizmatlaridan bevosita foydalanuvchi jismoniy yoki yuridik shaxs;

abonent liniyasi — telekommunikatsiyalar liniyasining operator yoki provayder telekommunikatsiyalar tarmogʻining kirish nuqtasidan abonent rozetkasigacha yoki u mavjud boʻlmaganda foydalanuvchi qurilmasigacha boʻlgan qismi;

abonent raqami — telekommunikatsiyalar xizmatlari koʻrsatilishi uchun shartnomaning amal qilish davrida abonentga operator va provayder tomonidan ajratiladigan raqam;

abonent raqamining koʻchib oʻtishi — mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi asosida donor tomonidan abonentga ajratilgan abonent raqamini boshqa mobil aloqa operatori (retsipiyent) bilan yangi shartnoma tuzishda saqlash va undan foydalanish uchun amalga oshiriladigan tashkiliy-texnik tadbirlar majmui;

abonent tarmogʻi — turar joy yoki jamoat binosi maydoni chegarasida xizmat koʻrsatiladigan abonentning texnik vositalari, qurilmalari va kabel liniyalari majmui;

avtoinformator — chaqirayotgan abonentga oldindan yozib olingan nutqli xabar orqali axborot taqdim etuvchi mantiqiy qurilma;

avtomatik rouming — mobil aloqa tarmogʻining abonentiga dastlabki arizasiz operatorlar oʻrtasida rouming toʻgʻrisida shartnoma tuzilganligi sharti bilan boshqa mobil aloqa operatorining qamrov hududida kiruvchi va chiquvchi aloqaga ega boʻlish imkonini beradigan rouming xizmati;

avtomatik telefon stansiyasi (bundan buyon matnda ATS deb yuritiladi) — telefon bogʻlanishlarning va uzilishlarning avtomatik ravishda oʻrnatilishini taʼminlovchi telefon stansiya;

avtomatik xizmat koʻrsatish tizimi — telefon aloqasi xizmatlaridan foydalanuvchi tomonidan chaqirilayotgan abonent raqamini mustaqil terish yoʻli bilan operator-telefonist yordamisiz oʻrnatiladigan telefon bogʻlanish usuli;

ATS taʼsir hududi — telefon stansiyasi yoki podstansiyadan kabel (havo) liniyalari yoki radio foydalana olish vositalari orqali telefonlashtirilishi mumkin boʻlgan hudud;

autentifikatsiya — maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlaridan foydalanuvchi tomonidan koʻrsatilgan identifikatsiyalash maʼlumotlarining haqiqiyligini aniqlash;

axborot-maʼlumot xizmati — foydalanuvchilarga, ularning tashabbusiga koʻra, ogʻzaki (tovushli), chat yoki vizual soʻrov shaklida ifodalangan axborotni (bir telefon bogʻlanish chegarasida) taqdim etuvchi xizmat;

barcha chaqiruvlar uchun soʻrov ( All Call Query ) (bundan buyon matnda All Call Query deb yuritiladi) — mobil telekommunikatsiya tarmogʻining koʻchirilgan abonent raqamlariga trafikni oʻtkazish uchun chaqiruvlarni toʻgʻridan-toʻgʻri marshrutlash metodi, bunda chaqiruv tashabbuskorining tarmogʻi koʻchirilgan raqam toʻgʻrisida axborot olish va chaqiruvni belgilangan joyiga keyinchalik marshrutlash uchun koʻchirilgan raqamlarning operatsion maʼlumotlar bazasiga soʻrovni amalga oshiradi;

birlamchi operator — birlamchi ravishda raqamlash resursi ajratilgan, bu resursdan abonentga abonent raqami birinchi marta koʻchirilgan mobil aloqa operatori yoki provayder;

buyurtma xizmat koʻrsatish tizimi — oldindan buyurtma bergan holda operator-telefonist yordamida aloqa oʻrnatilishi;

darhol xizmat koʻrsatish tizimi — abonentdan buyurtmani qabul qilgandan keyin operator-telefonist yordamida zudlik bilan telefon bogʻlanishning oʻrnatilishi;

dilerning xizmat koʻrsatish punkti — diler tomonidan tashkil qilinadigan va foydalaniladigan xizmat koʻrsatish punkti;

domen nomi — axborot resursiga yoki axborot tizimiga berilgan, ularni Internet jahon axborot tarmogʻida identifikatsiyalash uchun xizmat qiladigan noyob nom;

domen nomlari tizimi — Internet jahon axborot tarmogʻida domen nomlarini berish, roʻyxatdan oʻtkazish va ulardan foydalanish tartibi;

efirga uzatish jadvali — dasturlar translyatsiyasining har kungi boshlanishi va tugash vaqtlari koʻrsatilgan, televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish uchun telekommunikatsiyalar vositalarini haftalik, oylik yuklamalari rejasi;

foydalanuvchi — telekommunikatsiyalar xizmatlarining isteʼmolchisi hisoblangan yuridik yoki jismoniy shaxs;

foydalanuvchi qurilmasi — telekommunikatsiyalar tarmoqlari bilan oʻzaro bogʻlanadigan va signallarni shakllantirish, uzatish, qabul qilish uchun moʻljallangan foydalanuvchining texnik vositasi;

identifikatsiyalash — mavjud maʼlumotlar asosida telekommunikatsiyalar xizmatlaridan foydalanuvchining shaxsini aniqlash;

Internet jahon axborot tarmogʻi (bundan buyon matnda Internet tarmogʻi deb yuritiladi) — yagona adres va nomlar makonidan foydalaniladigan, shlyuzlar yordamida birlashtirilgan, yagona TCP/IP protokoliga muvofiq ishlaydigan koʻplab tarmoqlardan iborat global xalqaro tarmoq;

Internet xizmatlaridan foydalanuvchi — Internet xizmatlarining isteʼmolchisi hisoblangan yuridik yoki jismoniy shaxs;

Internetdan jamoat boʻlib foydalanish punkti — kerakli texnik vositalar bilan jihozlangan, foydalanuvchilarning Internet tarmogʻidan jamoa boʻlib foydalanish xizmatlari koʻrsatiladigan joy;

Internet-provayder — tijorat asosida Internet tarmogʻidan foydalana olish xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxs;

kabelli, efir, interaktiv, IPTV (IP -televideniye), OTT (Over the Top ), onlayn televideniye va radioeshittirish (bundan buyon matnda eshittiruvchi deb yuritiladi) — erkin tomosha qilish mumkin boʻlmagan televideniye kanallaridan foydalangan holda teledasturlar va boshqa telekommunikatsiyalar xabarlarini muayyan hududda ishlab chiqarish, shakllantirish va tarqatishni taʼminlaydigan taqsimlash va tashkiliy-boshqaruv jarayoni bilan shugʻullanadigan subyekt;

konferens-aloqa — uchta va undan ortiq abonentga bir vaqtda telefon orqali muloqot qilish imkonini beruvchi xizmat;

kontent xizmatlari — mobil aloqa tarmoqlari orqali taqdim etiladigan va ularning isteʼmol qiymatini oshirishga qaratilgan, mobil aloqa abonentlariga ularning raqami balansi hisobidan pullik asosda maʼlumot, koʻngilochar va boshqa maʼlumotlarni olish imkoniyatini beruvchi qoʻshimcha xizmat turi;

kontent provayderi — mobil aloqa tarmoqlari orqali kontent xizmatlarini koʻrsatuvchi tadbirkorlik faoliyati subyekti;

koʻchirilgan raqamlar markazlashtirilgan bazasi — (bundan buyon matnda KRMB deb yuritiladi) — mobil aloqa tarmoqlarida koʻchirilgan abonent raqamlari toʻgʻrisidagi axborotni oʻz ichiga olgan maʼlumotlar bazasini boshqaruvchi apparat-dasturiy kompleks;

KRMB operatori — KRMB shakllantirilishi, ishlashi, texnik kuzatilishi va rivojlanishini taʼminlaydigan, uning resurslaridan foydalanishni taqdim etadigan tashkilot;

koʻchirilgan raqamlarning lokal bazasi — chaqiruv yoki boshqa xabarlarni koʻchirilgan raqamga toʻgʻri marshrutlash uchun mobil aloqa operatori tomonidan undan real vaqtda foydalaniladigan, bu operatorda boʻlgan KRMBning nusxasi;

koʻchirilgan raqamlarning lokal bazasini KRMB bilan sinxronlash — muayyan davriylik bilan amalga oshiriladigan, KRMBdagi axborotning koʻchirilgan raqamlar lokal bazasiga nusxasini koʻchirish jarayoni;

litsenziya — yuridik shaxsga beriladigan, litsenziya talablari va shartlariga majburiy ravishda rioya etilgan taqdirda faoliyatning litsenziyalanadigan turini yoki uning kichik turini amalga oshirish huquqini beruvchi hujjat;

litsenziyaning amal qilish hududi — litsenziya talablari va shartlarida koʻrsatilgan operator va provayder telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish huquqiga ega boʻlgan hudud;

mahalliy operator — Oʻzbekiston Respublikasi hududida jismoniy va yuridik shaxslarga mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatuvchi aloqa operatori (provayderi);

mahalliy telefon aloqasi — bitta aholi punkti yoki maʼmuriy hudud doirasida joylashgan foydalanuvchilar oʻrtasidagi telefon bogʻlanishi;

marshrut raqami ( routing number, RN ) — mobil telekommunikatsiyalar tarmogʻining koʻchirilgan abonent raqamiga chaqiruvlarni amalga oshirish uchun telekommunikatsiyalar tarmoqlarida foydalaniladigan manzilli axborot;

maʼlumot xizmati — foydalanuvchiga telekommunikatsiyalar xizmatlari operatori yoki provayderi tomonidan koʻrsatiladigan telekommunikatsiyalar xizmatlari toʻgʻrisidagi axborotni taqdim etuvchi xizmat;

maʼlumotlar uzatish — maʼlumotlarni keyingi qayta ishlash uchun telekommunikatsiyalar vositalari yordamida signallar koʻrinishida bir punktdan boshqa punktga koʻchirish;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻi — maʼlumotlar uzatilishini taʼminlash maqsadida maʼlum nuqtalar oʻrtasida telekommunikatsiyalarni tashkil etish uchun tuzilgan telekommunikatsiyalar uzellari va kanallarining majmui;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlari — operator va provayderning maʼlumotlar uzatish tarmogʻi orqali signallar va axborotning boshqa turlarini qabul qilish, uzatish va qayta ishlash boʻyicha faoliyati mahsuli, IP -telefoniya bundan mustasno;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlaridan foydalanuvchi — maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlarining isteʼmolchisi hisoblangan yuridik yoki jismoniy shaxs;

“mexanik” rouming — rouming xizmatini koʻrsatish, bunda roumer-abonent rouming davrida xizmat koʻrsatuvchi operatordan boshqa abonent raqamini oladi va mahalliy operatorga tegishli boʻlgan oʻzining uyali raqami boʻyicha kiruvchi chaqiruvlarni qabul qilish imkoniga ega boʻlmaydi;

mobil aloqa operatorlari oʻrtasida rouming toʻgʻrisidagi shartnoma — rouming xizmatini ishlab chiqarish va undan potensial mobil aloqa abonenti tomonidan foydalanish toʻgʻrisida kelishayotgan tomonlarning majburiyatlari va huquqlari toʻgʻrisida, tomonlarning oʻzaro javobgarlik choralari toʻgʻrisidagi yuridik hujjat;

mobil aloqa tarmogʻi — abonentlarga mobil aloqa (ovoz, maʼlumotlar uzatish va boshqalar) xizmatlarini koʻrsatuvchi texnik vositalar (kommutatsion va radiouskuna, foydalanuvchi qurilmalari, ulovchi liniyalar, inshootlar va boshqalar) majmui. Mobil aloqa tarmoqlariga uyali, trank, lokal-trank, radial-hudud tarmoqlari kiradi;

mobil aloqa tarmogʻi operatori (provayderi)ning dileri (bundan buyon matnda diler deb yuritiladi) — operator (provayder) nomidan abonentlarga xizmat koʻrsatish uchun operator (provayder) bilan shartnoma tuzgan yuridik shaxs (bundan buyon matnda dilerlik shartnomasi deb yuritiladi), bunda diler bir yoki bir nechta operatorlarning (provayderlarning) manfaatlarini ifodalashi mumkin;

mualliflik shartnomasi — muallifning mulkiy huquqlarini boshqa shaxsga oʻtkazish toʻgʻrisida muallif yoki uning vorisi tomonidan tuziladigan shartnoma;

operatorning (provayderning) ishlash hududi — operator (provayder) telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatadigan hudud;

operator (provayder)-donor (bundan buyon matnda donor deb yuritiladi) — telekommunikatsiyalar tarmogʻidan abonent raqami koʻchiriladigan mobil aloqa operatori (provayderi);

operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punkti — operator (provayder) tomonidan tashkil qilinadigan va foydalaniladigan xizmat koʻrsatish punkti;

operator (provayder)-retsipiyent (bundan buyon matnda retsipiyent deb yuritiladi) — telekommunikatsiyalar tarmogʻiga abonent raqami koʻchiriladigan mobil aloqa operatori (provayderi);

“plastik” rouming — “mexanik” roumingning bir turi boʻlib, bunda abonent mahalliy operator bilan oldindan xizmat koʻrsatuvchi operator hududiga borishi toʻgʻrisida kelishib oladi va u orqali xizmat koʻrsatuvchi operatorga tegishli boʻlgan boshqa abonent raqamini oladi hamda mahalliy operatorga tegishli boʻlgan oʻzining uyali aloqa raqamiga kiradigan chaqiruvlarni yangi raqamga qayta yoʻnaltiradi (manzillaydi);

qisqa matnli xabar (SMS) (bundan buyon matnda SMS deb yuritiladi) — qisqa xabarlar markazi orqali mobil aloqa abonentlariga qisqa matnli xabarlarni uzatish va qabul qilish uchun moʻljallangan xizmat;

raqamni koʻchirish mumkinligini oldindan tekshirish — abonent raqamini koʻchirishdan avval, onlayn shaklda mobil aloqa operatorlarining (provayderining) rasmiy veb-saytida yoki mobil ilovasi orqali abonent raqamini koʻchirish imkoniyatini tekshirish hamda rad etilganda asoslangan izohlarni taqdim etish;

roumer-abonent — xizmat koʻrsatuvchi operatorning (provayderning) mobil aloqa xizmatlaridan foydalanuvchi mahalliy mobil aloqa operatorining abonenti;

roumer-tashrif buyuruvchi — mahalliy operator tarmogʻi xizmatlaridan foydalanuvchi operator-rouming-sherikning abonenti;

rouming — bitta mobil aloqa operatori abonentining bitta davlat doirasida (milliy rouming) yoki boshqa mamlakatda (xalqaro rouming) boʻlgan boshqa mobil aloqa operatorining xizmat koʻrsatish hududida boʻlganda boshqa mobil aloqa operatorining tarmogʻidan foydalana olishini taʼminlovchi xizmat;

rouming xizmatini koʻrsatuvchi operator — rouming toʻgʻrisidagi shartnoma asosida oʻz tarmogʻining imkoniyatlaridan foydalanib boshqa mobil aloqa operatorining (provayderining) abonentlariga mobil aloqa xizmatlarini taqdim etuvchi mobil aloqa operatori (provayderi) (rouming-sherik/xizmat koʻrsatuvchi operator (provayder);

taksofon — telefon aloqani oʻrnatish, foydalanuvchilarga soʻzlashuvlar va qoʻshimcha xizmatlarni taqdim etish uchun moʻljallangan, foydalanuvchilar bilan naqd pul va naqd pulsiz toʻlov vositalari (maxsus jeton, toʻlov kartasi) yordamida darhol hisob-kitob qilish qurilmasidan iborat boʻlgan, shu jumladan soʻzlashuv punktlarida oʻrnatiladigan oxirgi foydalanuvchi telefon qurilmasi;

tarif rejasi — operator (provayder) tomonidan telekommunikatsiyalar xizmatlaridan foydalanuvchilarga bir yoki bir nechta xizmatdan foydalanish uchun taqdim etiladigan narxlar va texnik shartlar majmui;

tarifikatsiya birligi — operator (provayder) tomonidan belgilangan tarifikatsiya tizimiga bogʻliq boʻlgan koʻrsatiladigan xizmatning toʻlanadigan birligi;

telefon aloqasi xizmatlari — operatorning (provayderning) soʻzlashuvlar va qoʻshimcha xizmatlarni, shu jumladan IP -telefoniya orqali taqdim etishga doir faoliyati mahsuli;

telefon aloqasi xizmatlaridan foydalanuvchi — telefon aloqasi xizmatlarining isteʼmolchisi hisoblanadigan jismoniy yoki yuridik shaxs;

telefon bogʻlanish — ikkita telefon apparati yoki chetki qurilmalar oʻrtasida aloqaning oʻrnatilishi;

telefon tarmogʻi — aholi, muassasalar, tashkilotlar va korxonalarning telefon aloqasi xizmatlariga boʻlgan ehtiyojini taʼminlovchi ATS, kommutatsiya uzellari, liniyalari, kanallari, oxirgi (terminal) uskunalarining jami;

telekommunikatsiyalar inshootlari (passiv telekommunikatsiyalar infratuzilmasi) (bundan buyon matnda telekommunikatsiyalar inshootlari deb yuritiladi) — telekommunikatsiyalarning amalga oshirilishini taʼminlovchi binolar, moslamalar, tayanchlar, machtalar, tarqatish qutilari, shkaflar va boshqalar;

operator — mulk huquqi yoki boshqa ashyoviy huquqlar asosida telekommunikatsiyalar infratuzilmasiga ega boʻlgan, uning ishlashini, rivojlanishini taʼminlovchi va telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxs;

telekommunikatsiyalar tarmogʻi — aloqa liniyalari yoki aloqa kanallari orqali oʻzaro bogʻlangan, telekommunikatsiyalarni amalga oshiradigan uskunalar majmui;

telekommunikatsiyalar vositalari (telekommunikatsiyalar infratuzilmasi ) (bundan buyon matnda telekommunikatsiyalar vositalari deb yuritiladi) — telekommunikatsiyalar uskunalari, telekommunikatsiyalar inshootlari, kabel liniyalari hamda ularni boshqarish imkonini beruvchi tizimlar;

telekommunikatsiyalar xizmatlari — foydalanuvchilarga operator va provayderi tomonidan telekommunikatsiyalar asosida taqdim etiladigan xizmatlar;

provayder — foydalanuvchilarga operatorlar tarmogʻi orqali tijorat asosida telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxs;

televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlari buyurtmachisi — televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlaridan foydalanish uchun operator (provayder) bilan shartnomada belgilangan muddatga shartnomaviy munosabatlarga ega yuridik shaxs;

televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlari ijrochisi — televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish texnik vositalariga ega boʻlgan hamda telekommunikatsiyalar vositalari orqali tashkil etilgan kanallarni taqdim etish yoʻli bilan televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini koʻrsatish imkoniyatiga ega yuridik shaxs;

televideniye tarmoqlari — erkin tomosha qilish mumkin boʻlmagan kabelli, efir, IPTV (IP -televideniye), OTT (Over the Top ) va onlayn televideniye kanallari orqali har qanday axborotni tarqatish va yetkazib berishni taʼminlaydigan telekommunikatsiyalar vositalarining majmui;

televideniye xizmatlari — eshittiruvchi (operator, provayder) bilan tuzilgan shartnoma asosida abonentlarga taqdim etiluvchi kabelli, efir, IPTV (IP -televideniye), OTT (Over the Top) va onlayn televideniye xizmatlari;

telematik xizmatlar — telekommunikatsiyalar tarmogʻi orqali axborot uzatilishini amalga oshiruvchi, ammo telefon aloqa, telegraf aloqa xizmati yoki maʼlumotlar uzatish xizmati hisoblanmaydigan telexizmatlar (faksimil, komfaks, xabarlarni qayta ishlash, videotekst va boshqalar);

texnik qarshi harakat qilish kompleksi — Oʻzbekiston Respublikasi telekommunikatsiya tarmoqlarida xalqaro ovozli trafikni oʻtkazishda qonunchilik talablari buzilganligi holatlarini aniqlash va ular toʻgʻrisida maʼlumotlarni olish jarayonlarini avtomatlashtirish hamda xalqaro ovozli trafikni oʻtkazish tartibining buzilishlariga qarshi harakat qilish tizimi;

tizim hosil qiluvchi rouming-sherik — oʻz ixtiyorida xalqaro avtomatik roumingni taʼminlovchi moddiy-texnik va dasturiy taʼminot kompleksi boʻlgan, maʼlumotlar uzatish kanallari va signalizatsiya kanallari tarmogʻi mavjud boʻlgan yuridik shaxs;

televideniye (radioeshittirish) tarmogʻida retranslyatsiya qilish — televideniye dasturlari, radiodasturlar signallari va telekommunikatsiyalarning boshqa xabarlari qabul qilinishini, ularning qayta oʻzgartirilishi va dasturlar tarkibini oʻzgartirmasdan toʻliq hajmda abonentlarga uzatilishini taʼminlaydigan kabelli, efir, interaktiv, IPTV (IP -televideniye), OTT (Over the Top ), onlayn televideniye va radioeshittirish tarmogʻining asosiy ishlash rejimi;

televideniye (radioeshittirish) tarmogʻida translyatsiya qilish — televideniye dasturlari, radiodasturlar signallari va telekommunikatsiyalarning boshqa xabarlarini eshittirish tashkilotiga taalluqli studiya uskunasidan bevosita qabul qilinishini, ularning keyinchalik qayta oʻzgartirilishi va dasturlar tarkibini oʻzgartirmasdan toʻliq hajmda abonentlarga tarqatilishini (uzatilishini) taʼminlaydigan televideniye va radioeshittirish tarmogʻining asosiy ishlash rejimi;

toʻlov kartasi — kodlangan maʼlumotni saqlaydigan, tarmoq foydalanuvchisini identifikatsiya qilish va chaqiruvni initsiatsiya qilish imkoniyatini beruvchi toʻlov vositasi;

telekommunikatsiyalarning universal xizmatlari (bundan buyon matnda universal xizmatlar deb yuritiladi) — umumiy foydalanishdagi telekommunikatsiyalar tarmoqlari orqali barcha foydalanuvchilarga koʻrsatiladigan belgilangan sifatdagi majburiy xizmatlar toʻplami (foydalanuvchilarning ushbu tarmoqdan foydalanishini taʼminlash, mahalliy, shaharlararo va xalqaro telefon soʻzlashuvlari, telegrammalar joʻnatish va boshqalar);

xalqaro telefon aloqasi — Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi telefon aloqasi xizmatlaridan foydalanuvchi va boshqa davlat hududidagi telefon aloqasi xizmatlaridan foydalanuvchi oʻrtasida telefon aloqasi orqali bogʻlanish;

xato koʻchirish — abonent talabnomasisiz mobil aloqa operatorlari (provayderlari) tomonidan abonent raqamining koʻchirilishi (“inson omili” keltirib chiqargan xato sababli, yaʼni texnik tizimlar bilan oʻzaro ishlaganda xodimlarning notoʻgʻri xatti-harakatlari sababli abonentning talabnomasida koʻrsatilgan raqamdan boshqa raqamning koʻchirilishi);

xizmat koʻrsatish hududi — operator (provayder) litsenziya asosida telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish huquqiga ega boʻladigan va normativ-huquqiy hujjatlar bilan oʻrnatilgan shartlarga javob beradigan xizmatlar sifatini taʼminlash uchun texnik imkoniyatlarga ega boʻlgan hudud;

xizmat koʻrsatish punkti — abonentlar axborot-maʼlumot xizmatlarini olishlari, mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomalarini tuzishlari va xizmatlarning boshqa turlarini olishlari mumkin boʻlgan statsionar savdo nuqtasi va (yoki) xizmat koʻrsatish nuqtasi;

xizmatlarga abonent toʻlov tizimi — abonentning maʼlum (hisob-kitob qilinadigan) vaqt davri (oy, chorak, yil va b.) uchun toʻlovlari summasi haqiqatda olingan xizmatlar hajmiga bogʻliq boʻlmagan doimiy miqdor hisoblanadigan xizmatlarga haq toʻlash tizimi;

xizmatlarga haq toʻlashning vaqtbay tizimi — maʼlum (hisob-kitob qilinadigan) vaqt davri uchun abonent toʻlovlari summasi axborotni uzatish va boshqa telefon aloqasi xizmatlarini olish uchun telefon tarmogʻi liniyalari va inshootlaridan foydalanilgan vaqtga bogʻliq boʻlgan xizmatlarga haq toʻlash tizimi;

xosting xizmatlari — Internet tarmogʻida doimiy boʻladigan serverda axborotni joylashtirish uchun texnik resurslarni taqdim etish xizmati;

yirik avariya — maʼlum bir administrativ hududda telekommunikatsiyalar xizmatlarini taqdim etishning toʻxtalishiga olib keladigan avariya holati;

Oʻzbekiston Respublikasida jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (bundan buyon matnda JSHSHIR deb yuritiladi) — JSHSHIRni aniqlash tartibiga muvofiq jismoniy shaxsning pasporti boʻyicha aniqlash mumkin boʻlgan va 14 raqamdan iborat shaxsiy identifikatsiya raqami;

oʻzini-oʻzi obroʻsizlantirgan diler — ishi davomida qonunchilik hujjatlari, ushbu Qoidalar, dilerlik shartnomasi talablarining qoʻpol ravishda buzilishiga yoʻl qoʻygan va ular asosida dilerlik shartnomasi bekor qilingan va diler sertifikati chaqirib olingan diler;

eSIM — foydalanuvchi qurilmasining virtual identifikatsiya moduli, uning yordamida foydalanuvchi qurilmasini identifikatsiya qilish, uning mobil aloqa tarmogʻidan foydalana olishi, shuningdek abonent raqamidan ruxsatsiz foydalanishdan himoya qilish taʼminlanadi;

GSM -shlyuz — mobil aloqa tarmoqlari va telekommunikatsiyalarning boshqa tarmoqlari oʻrtasida trafikni oʻtkazish uchun moʻljallangan apparat-dasturiy vosita;

IMEI kodi ( International Mobile Equipment Identifier ) yoki xalqaro oʻziga xos identifikatsiya kodi (bundan buyon matnda IMEI -kod deb yuritiladi) — 15 raqamdan iborat boʻlgan va GSMA tomonidan ajratiladigan, shuningdek, tarmoqda GSM/UMTS/LTE standartlarida ishlovchi mobil aloqa foydalanuvchi qurilmasini identifikatsiyalovchi raqam;

IP -adres — TCP/IP texnologiyalari bilan boshqariladigan maʼlumotlar uzatish tarmogʻida kompyuterlar yoki uzellarni identifikatsiyalaydigan noyob adres;

IP -televideniye ( IPTV ) — televideniye, video, audio, matn, grafika va shu kabi boshqa maʼlumotlar, IP protokoli asosidagi tarmoqlar taʼminlanadigan, sifat, xavfsizlik, interaktivlik va ishonchlilikning talab qilinadigan darajasini taʼminlash maqsadida boshqariladigan multimedia xizmatlari;

IP -telefoniya — IP texnologiyasi asosida paketlar kommutatsiyalanadigan maʼlumotlar uzatish tarmoqlari orqali nutqli axborot, shu jumladan mahalliy va xalqaro aloqani ayirboshlash xizmati;

IP -shlyuz — IP tarmoqlar va telekommunikatsiyalarning boshqa tarmoqlari oʻrtasida trafikni oʻtkazish uchun moʻljallangan apparat-dasturiy vosita;

MSISDN ( Mobile Station Integrated Services Digital Network ) — GSM/UMTS standartlarida aloqa uchun xizmatlari integratsiyalashgan raqamli tarmoq mobil abonentining raqami (masalan: +998 XX-XXX-XX-XX);

progressiv marshrutlash ( Onward Routing ) (bundan buyon matnda Onward Routing deb yuritiladi) — mobil telekommunikatsiyalar tarmogʻining koʻchirilgan abonent raqamlariga trafikni oʻtkazish uchun chaqiruvlarni toʻgʻridan-toʻgʻri boʻlmagan marshrutlash metodi, bunda chaqiruv tashabbuskorining tarmogʻi donor tarmogʻiga soʻrovni amalga oshiradi, donor esa, oʻz navbatida, koʻchirilgan raqam toʻgʻrisida axborot olish va chaqiruvni belgilangan joyiga keyinchalik marshrutlash uchun koʻchirilgan raqamlarning operatsion maʼlumotlar bazasiga soʻrovni amalga oshiradi;

SIM/RUIM -karta (bundan buyon matnda SIM- karta deb yuritiladi) — ichiga mikrosxema oʻrnatilgan, olinuvchi identifikatsiya moduli, uning yordamida foydalanuvchi qurilmasini identifikatsiya qilish, uning mobil aloqa tarmogʻidan foydalana olishi, shuningdek, abonent raqamidan ruxsatsiz foydalanishdan himoya qilish taʼminlanadi;

SMS -shlyuz — mobil telefondan foydalanmasdan SMS xabarlar joʻnatish va olish imkonini beradigan apparat-dasturiy vosita;

Wi-Fi xizmati tashkilotchisi — maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlaridan foydalanish uchun Wi-Fi texnologiyasi boʻyicha oʻzlarining chetki uskunalaridan, mijozlar yoki tashrif buyuruvchilar hisoblanadigan tor doiradagi foydalanuvchilarga uskunadan foydalanishni taqdim etadigan maʼlumotlar uzatish tarmogʻi operatori yoki maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlari provayderi yoxud abonent — yuridik shaxs;

Wi-Fi xizmatlari — maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlaridan foydalanish uchun Wi-Fi texnologiyasi boʻyicha chetki uskunalarga foydalanuvchilarning cheklangan doirasiga uskunadan foydalanishni taqdim etish.

4. Telekommunikatsiyalar xizmatlari qonunchilik hujjatlari va ushbu Qoidalarga muvofiq operator yoki provayder hamda abonent oʻrtasida toʻgʻridan-toʻgʻri (yoxud jismoniy shaxslar uchun diler orqali) elektron yoki yozma shaklda tuziladigan ommaviy shartnoma asosida taqdim etiladi.

Operator (provayder) Oʻzbekiston Respublikasi hududida telekommunikatsiyalar xizmatlarini taqdim etish bilan bogʻliq boʻlgan maʼlumotlarni abonentlarga yoki isteʼmolchilarga davlat tilida, shuningdek boshqa tillarda taqdim etilishini taʼminlaydi.

5. Tomonlarning shartnoma boʻyicha huquqlari va majburiyatlari qonunchilik hujjatlarida va ushbu Qoidalarda belgilangan hollardagina boshqa shaxslarga berilishi mumkin.

6. Operatorlar va provayderlarning telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish faoliyati belgilangan tartibda olingan litsenziyaga muvofiq amalga oshiriladi.

7. Tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlarda (zilzilalar, suv toshqinlari, yongʻinlar, epidemiyalar va boshqalar) (bundan buyon matnda favqulodda vaziyatlar deb yuritiladi) yoki favqulodda holatda telekommunikatsiyalar sohasidagi tartibga soluvchi organ telekommunikatsiyalar infratuzilmalaridan ustuvor foydalanish hamda ularning faoliyatini tiklash va rivojlantirishga doir ishlarni markazlashtirilgan tarzda boshqarish, shuningdek ularning ishlashini belgilangan tartibda cheklash yoki toʻxtatib turish huquqiga ega.

8. Operator va provayderlar tomonidan favqulodda vaziyatlarda yoki favqulodda holatda telekommunikatsiyalar tarmoqlari va vositalaridan foydalanish paytida ularga yetkazilgan zararlarning oʻrni davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

9. Telekommunikatsiyalar xizmatlari qonunchilik hujjatlarida koʻzda tutilgan imtiyozlar va afzalliklarni, tarif rejalari shartlarini hisobga olib barcha abonentlar uchun xizmat koʻrsatishning bir xil sharoitlarini taʼminlagan holda koʻrsatiladi.

10. Telekommunikatsiyalar tarmogʻiga muvofiqlik sertifikatiga ega foydalanuvchi qurilmalari (telefon apparatlari, raqamni avtomatik aniqlash funksiyalariga ega telefon apparatlari, maʼlumotlar uzatish va telematik xizmatlar uskunalari (telefaks, teleteks, videoteks va boshqalar), radiotelefon aloqa vositalari, avtojavobbergichlar, signalizatsiya qurilmalari) ulanadi.

11. Foydalanuvchi qurilmasi foydalanuvchilar tomonidan oʻz hisoblaridan sotib olinishi va ularning mulki hisoblanishi yoki operator (provayder, diler, eshittiruvchi) tomonidan shartnoma shartlariga muvofiq berilishi mumkin, bunda foydalanuvchi qurilmasi operatorning (provayderining) mulki hisoblanadi va shartnomada belgilangan tartibda abonent ushbu qurilma uchun moddiy javobgar boʻladi.

12. Mobil aloqa tarmogʻi foydalanuvchi qurilmasi IMEI -kodi roʻyxatdan oʻtgan boʻlishi kerak.

13. Operator (provayder) abonentlarning umumiy foydalanish tarmogʻidan uzluksiz foydalana olishini taʼminlashga majbur.

14. Foydalanuvchilar bilan bevosita oʻzaro ishlaydigan operatorning tarkibiy boʻlinmalari (operator, provayder, diler) tomonidan tashkil qilingan abonent boʻlimlari va rivojlanish sexlari, telefon stansiyalarining abonent uchastkalari, soʻzlashuv punktlari va jamoa boʻlib foydalanish punktlari, taʼmirlash byurosi, maʼlumot xizmatlari, servis xizmatlari, telekommunikatsiyalar xizmatlariga haq toʻlash punktlari)ning ish rejimlari operator (provayder, diler) tomonidan belgilanadi.

15. Operator, provayder, diler va eshittiruvchilari tomonidan maʼlumot xizmatlari tashkil qilinishi kerak, bunda foydalanuvchilarga quyidagilar toʻgʻrisida bepul maʼlumot beriladi:

a) telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalana olish tartibi;

b) telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalana olishni taqdim etish narxi;

d) telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzish;

e) operator (provayder) tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar va ularning narxi;

f) mobil aloqa xizmatlariga tariflar va ularni almashtirish imkoniyatlari (mobil aloqa xizmatlari uchun);

g) bepul koʻrsatiladigan axborot-maʼlumot xizmatlari;

h) operator (uning filiallari), provayder, diler joylashgan joyi va ish rejimi;

i) abonent shaxsiy hisob raqamining holati (hisobdagi pul mablagʻlarining qoldigʻi, imtiyozli daqiqalar qoldigʻi, hisobot davridagi maʼlumotlar, toʻlash uchun hisobni taqdim etish);

j) operatorning mobil aloqa tarmogʻining xizmat koʻrsatish hududi toʻgʻrisida axborot (mobil aloqa xizmatlari uchun);

k) telekommunikatsiyalar sohasida foydalanuvchilar huquqlarini himoya qilishga masʼul organning ishonch telefon raqamlari;

l) abonentdan texnik nosozliklar, SIM -karta yoki foydalanuvchi qurilmasi yoʻqolganligi ( SIM -kartadan foydalanish koʻzda tutilmagan mobil aloqa standartlari uchun), abonentning shaxsiy maʼlumotlari oʻzgarganligi toʻgʻrisidagi axborotni qabul qilish;

m) mobil aloqa tarmoqlarida foydalanuvchi qurilmasidan foydalanish imkoniyati (mobil aloqa xizmatlari uchun);

n) mobil aloqa tarmoqlarining operatorlari toʻgʻrisida — rouming xizmatlarini taqdim etish boʻyicha sheriklar (mobil aloqa xizmatlari uchun);

o) qonunchilik hujjatlariga asosan boshqa zarur maʼlumotlar.

Bepul axborot-maʼlumot xizmatlarining roʻyxati operator, provayder, diler va eshittiruvchilar tomonidan mustaqil ravishda kengaytirilishi mumkin.

16. Axborot-maʼlumot xabarlari bevosita operator-telefonist orqali yoki avtoinformator yordamida, veb-sayt, mobil ilova, ijtimoiy tarmoqlar orqali berilishi mumkin.

17. Operator, provayder, diller va telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish jarayoniga aloqador boshqa subyektlar telekommunikatsiyalar tarmoqlari orqali uzatiladigan telefon soʻzlashuvlari va boshqa xabarlar, shuningdek, ularga taalluqli boʻlgan barcha maʼlumotlarning sir tutilishini taʼminlashi shart.

18. Operator, provayder, diler va telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish jarayoniga aloqador boshqa subyektlar xizmat majburiyatlarini bajarishlari davomida ularga maʼlum boʻlgan abonentlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni abonentning roziligisiz uchinchi shaxslarga berish yoki tarqatishga haqli emas, qonun hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

Abonent toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga quyidagilar kiradi:

a) abonent-jismoniy shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi, JSHSHIR, abonent raqami, abonent raqami balansi, tarif rejasi, yashash joyi, turgan joyi va abonent tomonidan taqdim etilgan boshqa maʼlumotlar;

b) abonent-yuridik shaxs xodimlarining shaxsiy maʼlumotlari, abonent manzili yoki oxirgi terminal uskuna oʻrnatiladigan manzili, abonentni va uning oxirgi terminal uskunasini aynan identifikatsiyalash imkonini beradigan taxallusi, abonent raqamlari va boshqa maʼlumotlar.

19. Operator, provayder va telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish jarayoniga aloqador boshqa subyektlar tomonidan yaratilgan va abonentlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan maʼlumotlar bazalari konfidensial tusdagi hujjatlar sifatida himoyalanishi kerak.

20. Abonentlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan bu abonentlarning roziligisiz axborot-maʼlumot xizmat koʻrsatilishi uchun foydalanish mumkin emas.

21. Foydalanuvchilar axborot resurslaridan foydalana olish uchun teng huquqlarga ega boʻlib, ular soʻrayotgan axborotni olish uchun bu resurslarning egalari oldida asoslashga majbur emaslar, bundan qonunchilik hujjatlariga muvofiq foydalanish cheklangan axborot mustasno.

22. Oʻzbekiston Respublikasi hududida xabarlarni uzatish texnologik jarayonlarida yagona hisob-kitob va hisobot berish vaqti — mahalliy vaqt oʻrnatiladi.

23. Axborotni uzatish xalqaro texnologik jarayonlarida hisob-kitob va hisobot berish vaqti davlatlararo kelishuvlar va shartnomalarga muvofiq belgilanadi.

24. Telegraf xizmatlarini koʻrsatayotganda isteʼmolchi va aloqa korxonasi oʻrtasidagi munosabatlar kvitansiya yoki nazorat-kassa mashinasining cheki bilan yoki shartnoma bilan hujjatlashtiriladi.

25. Taksofonlar koʻchalarda, maydonlarda, bozorlarda, aloqa boʻlimlarida, aeroportlarda, vokzallarda, metro bekatlarida, avtobus bekatlarida, doʻkonlarda, taʼlim tashkilotlarida, shahar jamoat transporti bekatlarida, tibbiyot va davolash muassasalarida, maxsus jihozlangan soʻzlashuv punktlarida, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarining bino va inshootlarida hamda boshqa joylarda kelishuv asosida oʻrnatilishi mumkin. Taksofonlar alohida turuvchi hamda ixcham holatda joylashtirilgan boʻlishi mumkin.

26. Oʻrnatilgan taksofonlar texnik talablar, standartlar, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari va yongʻin xavfsizligi talablariga mos kelishi kerak.

27. Taksofonlar oʻrnatilgan joylarda quyidagilar boʻlishi shart:

a) taksofondan foydalanish boʻyicha yoʻriqnoma, taksofonlarni ekspluatatsiya qiluvchi operator yoki provayder toʻgʻrisida axborot (nomi, manzili, telefon raqamlari);

b) taqdim etiladigan xizmatlar tarifi toʻgʻrisida axborot;

d) maʼlumot koʻrinishidagi axborot (favqulodda tezkor xizmatlar hamda taksofonlarni taʼmirlash xizmatining telefon raqamlari, yaqin atrofda joylashgan taksofonning manzili va boshqalar);

e) maxsus jetonlar va toʻlov kartalarini sotib olish joylari toʻgʻrisidagi axborot.

28. Operator tomonidan taksofonlarga telefon raqamlari ajratilgan hollarda, shunday taksofonlardan kiruvchi chaqiruvlarni qabul qilib olish uchun foydalanish mumkin.

29. Internetdan jamoat boʻlib foydalanish punktining ish rejimi jamoat foydalanish joyining internet-provayderi tomonidan belgilanadi.

30. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatishda operator, provayder, diler va eshittiruvchilarning oʻzaro munosabatlar ular oʻrtasida tuzilgan shartnomalar bilan tartibga solinadi.

31. Telekommunikatsiyalar tarmoqlarida foydalaniladigan va majburiy sertifikatlanishi kerak boʻlgan telekommunikatsiyalarning texnik vositalari muvofiqlik sertifikatlariga ega boʻlishi kerak.

32. Televideniye (radioeshittirish) xizmatlari operator va provayderlari televideniye (radioeshittirish) dasturlarining mazmunini tahrir qilish, oʻzgartirish va toʻldirishga haqli emas.

33. Operator, provayder, diler va eshittiruvchilar telekommunikatsiyalar tarmoqlarida axborot va kiberxavfsizlikni taʼminlashda:

axborot va kiberxavfsizlikni taʼminlash sohasida qonunchilik hujjatlariga rioya qilishi;

odamlarning dengizdagi, yerdagi, havodagi, kosmik fazodagi xavfsizligiga, mudofaa, xavfsizlik va huquq-tartibotni saqlash sohasidagi kechiktirib boʻlmaydigan tadbirlarni oʻtkazishga taalluqli barcha xabarlarga, shuningdek yirik avariyalar, falokatlar, epidemiyalar, yongʻinlar va boshqa favqulodda vaziyatlar haqidagi xabarlarga mutlaq ustuvorlik berishi;

texnik vositalardan Oʻzbekiston Respublikasining mavjud konstitutsiyaviy tuzumini, hududiy yaxlitligini zoʻrlik bilan oʻzgartirishga daʼvat qilish, urush va zoʻravonlikni, shafqatsizlikni, milliy, irqiy va diniy adovatni targʻib etish, davlat sirini yoki qonunchilik bilan qoʻriqlanadigan oʻzga sirni oshkor etish, jinoiy javobgarlikka sabab boʻladigan boshqa xatti-harakatlarni sodir qilish maqsadida foydalanilishiga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan choralarni koʻrishi kerak.

34. Eshittiruvchilar, operatorlar va provayderlar televideniye (radioeshittirish) tarmoqlarida aholini favqulodda vaziyatlar xavfidan yoki favqulodda holat toʻgʻrisida xabardor qilishni tashkil qilish uchun zarur boʻlgan vositalar oʻrnatilishini va ulardan foydalanishni taʼminlashlari shart.

35. Eshittiruvchilar, operatorlar va provayderlarning televideniye (radioeshittirish) tarmoqlari va texnik binolari qoʻriqlash, himoyalash va xavfsiz faoliyatini taʼminlash Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 14-apreldagi 92-son qarori bilan tasdiqlangan Telekoʻrsatuvlar va radioeshittirishlar obyektlarini qoʻriqlash, muhofaza qilish hamda ularning xavfsiz faoliyat koʻrsatishi qoidalari talablariga javob berishi shart.

36. Internet-kafelarda voyaga yetmaganlarning ota-onasidan biri yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxs hamrohisiz tungi vaqt (soat 22:00 dan 6:00 gacha) Internet tarmogʻidan foydalanish uchun jamoat foydalanish joylarida boʻlishiga yoʻl qoʻymaslik hamda videokuzatuv kameralarini qoʻllab (video yozuvni 90 kun saqlagan holda), tashrif buyuruvchilar xavfsizligi choralari koʻrilishi kerak.

37. Operator va provayderlar har bir abonentga, shu jumladan, abonentning shaxsiy hisob raqamida mablagʻlar boʻlmagan holda, tegishli xizmatlar uchun Oʻzbekiston Respublikasi hududida belgilangan yagona raqamlarni abonent tomonidan terish yordamida favqulodda tezkor xizmatlarni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti virtual qabulxonasining ishonch telefonlariga qoʻngʻiroqlarni bepul va kecha-kunduz davomida chaqirish imkoniyatini taʼminlashi kerak.

Favqulodda tezkor xizmatlarga quyidagilar kiradi:

yagona dispetcherlik xizmati;

yongʻin-qutqaruv boʻlinmalari;

ichki ishlar organlari;

tez tibbiy yordam;

gaz tarmogʻining avariya xizmati;

Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining qutqaruv xizmati.

38. Abonent shartnomasi bekor qilinganidan soʻng, operator (provayder) maʼlumotlar bazasidan abonentlarning shaxsiy maʼlumotlari yoʻq qilishlari shart.

II boʻlim. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini taqdim etish

1 - bob. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish

1 - §. Telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatish

39. Operator (provayder) tomonidan koʻrsatiladigan telefon aloqasi xizmatlari universal va qoʻshimcha xizmatlarga boʻlinadi.

40. Universal telekommunikatsiyalar xizmatlari roʻyxati hamda ushbu xizmatlarga tariflar Universal telekommunikatsiya xizmatlari va telekommunikatsiya xizmatlarining ayrim turlari uchun tariflarni (narxlarni) shakllantirish va tartibga solish toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3354, 2022-yil 18-mart) muvofiq belgilanadi.

41. Foydalanuvchilarga koʻrsatiladigan telefon aloqasi xizmatlari roʻyxati operatorga (provayderga) tegishli litsenziya hamda telekommunikatsiyalar tarmoqlari va vositalarining texnik imkoniyatlaridan kelib chiqib belgilanadi.

42. Operator (provayder) tomonidan qoʻshimcha va bepul telefon aloqasi xizmatlari koʻrsatilishi mumkin.

43. Quyidagilar qoʻshimcha telefon aloqasi xizmatlari hisoblanadi:

a) telefon apparatlari va boshqa foydalanuvchi qurilmalarini qayta oʻrnatish, qayta ulash (ulash sxemasini oʻzgartirish);

b) parallel telefon apparatlarini oʻrnatish;

d) telekommunikatsiyalar tarmogʻining aloqa kanallarini va fizik zanjirlarini ijaraga berish;

e) maʼlumot-axborot xizmatlari, bundan ushbu Qoidalarda koʻrsatilgan maʼlumotnomalarni berish qoʻshimcha xizmatlari mustasno;

f) maʼlumotlar uzatish xizmatlari va telematik xizmatlardan (elektron pochta, faksimil xabarlarni uzatish xizmati, axborot resurslaridan foydalana olish xizmati va boshqalar) foydalanish imkoniyati;

g) telegrammalarni telefon orqali berish;

h) chaqirilayotgan abonentda raqamni avtomatik aniqlash funksiyalariga ega telefon apparati boʻlganda mahalliy telekommunikatsiyalar tarmogʻining chaqirayotgan abonent raqamini aniqlash, shuningdek, abonent talabiga koʻra hisob tafsilotlarini berish;

i) abonent murojaatiga asosan abonent raqamini oʻzgartirish;

j) chaqirilayotgan shaxsga xabar qilgan holda xalqaro telefon bogʻlanish;

k) boshqa hududdan (aholi punktidan) chaqirilayotgan abonentning telefon raqami toʻgʻrisidagi maʼlumot berish;

l) shartnomada belgilangan vaqtda telefon bogʻlanishni taqdim etish;

m) chaqirilayotgan shaxs hisobidan shaharlararo telefon bogʻlanish;

n) telefonogrammani uzatgan holda abonent oʻrniga soʻzlashish;

o) konferens-aloqa xizmati.

Telefon aloqa tarmogʻidan foydalanishni taqdim etish xizmatining narxiga kommutatsiya stansiyasidan abonentning telefon rozetkasigacha abonent liniyalarining tashkil etilishi hisobga olingan stansiya va liniya uskunasining narxi kiradi.

Telefon tarmogʻidan foydalanishning taqdim etilishi toʻlovida oxirgi taqsimlash qurilmasidan telefon rozetkasigacha boʻlgan shahar telefon tarmogʻida uzunligi 20 m dan koʻp boʻlmagan va qishloq telefon tarmogʻida uzunligi 40 m dan koʻp boʻlmagan abonent liniyasining narxi hisobga olinadi.

Abonent liniyasini ekspluatatsiya qilish davomida abonent tarmogʻida operator yoki provayderga bogʻliq boʻlmagan holda abonent kabeli yaroqsiz holga kelganda uni tiklash/taʼmirlash ishlari abonent hisobidan amalga oshiriladi.

Abonent tarmogʻidan tashqarida abonent kabeli yaroqsiz holga kelganda uni tiklash/taʼmirlash ishlari operator va provayderlar hisobidan amalga oshiriladi.

Bepul qoʻshimcha telefon aloqasi xizmatlariga quyidagilar kiradi:

a) telefon tarmogʻining taʼmirlash byurosini chaqirish;

b) chaqirilayotgan abonentning aholi punkti/operatori kodi toʻgʻrisida maʼlumotnoma berish;

d) chaqirilayotgan mamlakat va chaqirilayotgan aholi punktining xalqaro kodi toʻgʻrisida maʼlumot berish;

e) mahalliy va xalqaro telefon aloqasi xizmatlari uchun tariflar toʻgʻrisida maʼlumot berish;

f) avtomatik telefon aloqasidan foydalanish tartibi toʻgʻrisida maʼlumot berish;

g) xalqaro telefon bogʻlanishni buyurtma qilish uchun buyurtma berish xizmatlarini chaqirish indekslari toʻgʻrisida maʼlumot berish.

Mazkur bandda koʻrsatilgan bepul xizmatlar roʻyxati kamaytirilishi mumkin emas.

44. Ushbu Qoidalarda koʻrsatilgan qoʻshimcha telefon aloqasi xizmatlari roʻyxati (bepul yoki pullik) qonunchilik hujjatlari talablarini hisobga olgan holda operator va provayderga tegishli boʻlgan telekommunikatsiyalar tarmoqlari va vositalarining texnik imkoniyatlaridan kelib chiqib oʻzgartirilishi yoki toʻldirilishi mumkin.

45. Taksofon orqali quyidagi pullik xizmat turlari koʻrsatiladi:

a) mahalliy telefon soʻzlashuvlari;

b) shaharlararo telefon soʻzlashuvlari;

d) xalqaro telefon soʻzlashuvlari;

e) axborot-maʼlumot xizmati operator-telefonistlari bilan telefon aloqasi.

2-§. Shaharlararo va xalqaro telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatish

46. Shaharlararo va xalqaro telefon bogʻlanish avtomatik xizmat koʻrsatish tizimi, buyurtma xizmat koʻrsatish tizimi va darhol xizmat koʻrsatish tizimi boʻyicha amalga oshirilishi mumkin.

47. Operator va provayder avtomatik aloqa yoʻnalishlarining borligi, shaharlar kodlari toʻgʻrisida va avtomatik telefon aloqasidan foydalanish tartibi toʻgʻrisida foydalanuvchilarni xabardor qilishga majbur (ommaviy axborot vositalar, maʼlumot-axborot xizmatlari, Internet tarmogʻi orqali, soʻzlashuv punktlarida).

48. Buyurtma xizmat koʻrsatish tizimida chaqirayotgan shaxsga buyurtmani qabul qilish vaqtida shaharlararo va xalqaro telefon bogʻlanishga berilgan buyurtmani bajarish muddati xabar qilinishi kerak.

Buyurtma chaqirayotgan shaxsning ixtiyoriga koʻra yoki buyurtmaning amal qilish muddati tugashi bilan bekor qilinishi mumkin.

49. Buyurtma boʻyicha shaharlararo telefon bogʻlanish taqdim etilishi kerak boʻlgan vaqt operator (provayder) tomonidan mustaqil ravishda belgilanadi, ammo buyurtma qabul qilingan paytdan boshlab yoki chaqirayotgan shaxs tomonidan soʻzlashuv uchun belgilangan vaqtdan boshlab bir soatdan oshmasligi kerak. Koʻrsatilgan vaqt tugashi bilan chaqirayotgan shaxsning roziligi bilan bajarilmagan buyurtma ushbu Qoidalarning 52-bandiga muvofiq boshqa vaqtga koʻchiriladi yoki bekor qilinadi.

Buyurtma boʻyicha xalqaro telefon bogʻlanish taqdim etilishi mumkin boʻlgan vaqt operator (provayder) tomonidan mustaqil ravishda belgilanadi va buyurtmani qabul qilish vaqtida foydalanuvchiga yetkaziladi.

Chaqirayotgan shaxsning talabi boʻyicha buyurtma xizmat koʻrsatish tizimida shaharlararo va xalqaro telefon bogʻlanishlar buyurtma qabul qilingan vaqtdan boshlab 30 daqiqa (shoshilinch buyurtma) ichida taqdim etilishi mumkin. Shoshilinch buyurtmalar qabul qilinadigan yoʻnalishlar roʻyxati operator (provayder) tomonidan belgilanadi va foydalanuvchilar eʼtiboriga havola qilinadi.

50. Shaharlararo va xalqaro telefon bogʻlanishga buyurtma xizmat koʻrsatish tizimida buyurtmaning amal qilish muddati chiquvchi stansiya uchun mahalliy vaqt bilan soat 08:00 da tugaydi hamda quyidagicha belgilanadi:

a) telefon apparatidan telefon apparatiga telefon bogʻlanishlar uchun — buyurtma berilgan kundan keyingi kunga;

b) shaxsiy telefon bogʻlanishlar va konferens-aloqa uchun — buyurtma berilgan kundan keyin ikkinchi kunga.

Xalqaro telefon bogʻlanish uchun buyurtmaning amal qilish muddati yana 8 soatga uzaytirilishi mumkin, agar bu tegishli stansiyalar yoki ekspluatatsiya qilish va trafikning oʻtish vaqtidagi farq sababli zarur deb tan olingan boʻlsa.

51. Shaharlararo telefon aloqa texnologik jarayonlarida yagona hisobga olish-hisobot (texnologik) vaqt — mahalliy vaqt qoʻllaniladi.

Xalqaro telefon aloqasida hisobga olish hisobot vaqti milliy aloqa maʼmuriyatlarining xalqaro kelishuvlari bilan belgilanadi.

52. Foydalanuvchilarga shaharlararo va xalqaro telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatishning texnik imkoniyati boʻlmaganda operator (provayder) soʻzlashuvlar soni va ularning davomiyligiga cheklovlarni kiritadi, buyurtma va darhol xizmat koʻrsatish tizimida aloqa toʻliq boʻlmaganda buyurtmalarni qabul qilishni rad etadi.

Shaharlararo va xalqaro telefon aloqasi xizmatlariga cheklovlar kiritilganligi toʻgʻrisida foydalanuvchi buyurtmani qabul qilish vaqtida yoki buyurtma va darhol xizmat koʻrsatish tizimlarida telefon bogʻlanish taqdim etilayotgan vaqtda xabardor qilinishi kerak.

Telefon aloqasidan foydalanishda uzoq muddatli cheklovlar yuzaga kelgan holda operator (provayder) bu haqda ommaviy axborot vositalari, maʼlumot xizmatlari yoki telekommunikatsiyalar xizmatlaridan ommaviy foydalanish punktlarida eʼlon berish orqali foydalanuvchilarni xabardor qilish choralarini koʻrishi kerak.

53. Buyurtma xizmat koʻrsatish tizimida telefon bogʻlanishini taqdim etish navbati soʻzlashuv toifasiga, buyurtmaning shoshilinch ekanligiga va kelib tushish vaqtiga bogʻliq boʻladi.

54. Oʻzbekiston Respublikasi hududida operator-telefonist yordamida taqdim etiladigan shaharlararo telefon soʻzlashuvlarining quyidagi toifalari belgilangan:

har qanday navbatdan tashqari va alohida parollar boʻyicha;

hukumatga oid;

oddiy.

55. “Har qanday navbatdan tashqari” toifa boʻyicha soʻzlashuvlar faqat qonunchilik hujjatlariga muvofiq, amaldagi oddiy tarif boʻyicha haq toʻlagan holda abonent tomonidan koʻrsatilgan istalgan telefon boʻyicha bunday soʻzlashuvlarni olib borish huquqidan foydalanadigan mansabdor shaxslarga taqdim etiladi. Abonentning talabiga koʻra soʻzlashuvlar aloqaning ishlash jadvalini buzgan va quyi toifadagi boʻlib oʻtayotgan soʻzlashuvni uzib qoʻygan holda taqdim etiladi.

56. “Har qanday navbatdan tashqari” toifasidagi buyurtmalar bilan bir qatorda “Falokat” paroli boʻyicha soʻzlashuvlarga buyurtmalar bajariladi. Ushbu parol boʻyicha soʻzlashuvlar amaldagi oddiy tarif boʻyicha haq toʻlagan holda foydalanuvchi tomonidan koʻrsatilgan istalgan telefondan, shuningdek soʻzlashuv punktidan taqdim etiladi. Halokatga uchragan dengiz, daryo va havo kemalaridan xabarlarni uzatish uchun shaharlararo telefon soʻzlashuvlariga toʻlov undirilmaydi.

57. Operatorlarga shartnoma asosida toʻlangan vaqtincha amal qiluvchi parollarni kiritish huquqi beriladi. Parollar boʻyicha buyurtmalar oddiy toifadagi buyurtmalardan oldin beriladi.

58. “Hukumatga oid” toifasidagi shaharlararo telefon soʻzlashuvlari “har qanday navbatdan tashqari” soʻzlashuvlaridan keyin aloqaning ishini buzmasdan va boʻlib oʻtayotgan soʻzlashuvlarni uzib qoʻymasdan amaldagi oddiy tarif boʻyicha taqdim etiladi. Soʻzlashuvlar faqat bunday soʻzlashuvlarni olib borish huquqi berilgan mansabdor shaxslarga va faqat roʻyxatga olingan telefonlardan taqdim etiladi.

59. Hech bir boshlangan soʻzlashuv operator (provayder) tomonidan uzib qoʻyilishi mumkin emas, “Har qanday navbatdan tashqari” toifasidagi va “Falokat” paroli boʻyicha soʻzlashuvni taqdim etish zarur boʻlgan hollar bundan mustasno. Soʻzlashuv tugaganidan keyin foydalanuvchiga uzib qoʻyilgan soʻzlashuvni tugatish imkoni beriladi.

60. Buyurtma boʻyicha bildirishnomali telefon bogʻlanishlar soʻzlashuv uchun belgilangan vaqtni hisobga olgan holda tarifidan qatʼi nazar ushbu (buyurtma) toifadagi buyurtmalar ichidan eng birinchi navbatda taqdim etiladi.

61. Shaharlararo va xalqaro telefon bogʻlanishga buyurtmani qabul qilishda darhol xizmat koʻrsatish tizimida abonent telefon goʻshagini qoʻymasdan, shu zahoti, amaldagi oddiy tarif boʻyicha chaqirilayotgan abonent bilan telefon orqali bogʻlanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi hududida darhol xizmat koʻrsatish tizimi texnik vositalarning tayyorlik darajasiga qarab kiritiladi.

3-§. Telekommunikatsiyalar tarmoqlarida axborot - maʼlumot xizmatlarini koʻrsatish

62. Telekommunikatsiyalar tarmoqlarida axborot-maʼlumot xizmatlarining quyidagi turlari koʻrsatiladi:

uchta yoki toʻrtta sonli raqamdan foydalanib, axborot-maʼlumot xizmatlari;

foydalana olish uchun abonent raqamlari ajratiladigan axborot-maʼlumot xizmatlari.

63. Axborot-maʼlumot xizmatlaridan foydalana olish uchun raqamlar ajratilishi telekommunikatsiyalar sohasidagi tartibga soluvchi organ tomonidan tasdiqlanadigan raqamlash tizimi va rejasiga muvofiq amalga oshiriladi.

64. Quyidagilar axborot-maʼlumot xizmatlarining asosiy vazifalari hisoblanadi:

a) foydalanuvchilarga maʼlumotlar berish:

telekommunikatsiyalar tarmoqlarining telefon raqamlari (tashkilotlar, muassasalar va korxonalar telefonlari) toʻgʻrisida;

qoʻshimcha telefon aloqa xizmatlarini koʻrsatuvchi tashkilotlarning telefon raqamlari toʻgʻrisida;

mahalliy telefon tarmoqlarining telefon uzellari taʼmirlash byurosining telefon raqamlari toʻgʻrisida;

b) manzilli, muassasaviy, qoʻl va elektron kartotekalarini yaratish hamda ularga telekommunikatsiyalar tarmoqlarini rekonstruksiya qilish bilan bogʻliq barcha oʻzgarishlarni oʻz vaqtida kiritish;

d) telefon maʼlumotnomalarini tayyorlash.

65. Operator (provayder) telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq boʻlgan axborotni abonentlarga taqdim etish maqsadida axborot-maʼlumot berish boʻyicha xizmat koʻrsatish tizimini yaratadi.

Quyidagi maʼlumotlar operator (provayder) tomonidan abonentning soʻroviga muvofiq 24 soat mobaynida hech qanday cheklovlarsiz taqdim etilishi shart:

maʼlumotlar uzatish tarmogʻi orqali koʻrsatiladigan xizmatlar toʻgʻrisidagi;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻidan foydalanish xizmatlariga boʻlgan tariflar toʻgʻrisidagi;

abonentga uning shaxsiy hisobvaragʻining holati va maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlaridan foydalanish haqini toʻlash boʻyicha qarzdorlik toʻgʻrisidagi, jumladan abonentga ulangan xizmatlar (maʼlumotlar uzatish vaqti, tezligi, olingan va (yoki) uzatilgan axborot hajmi, shuningdek limitlangan trafikli tariflardagi trafik qoldigʻi) toʻgʻrisidagi;

texnik nosozliklar toʻgʻrisidagi.

66. Operatorlarning (provayderlarning) faoliyati yoʻnalishlari va vazifalariga muvofiq axborot-maʼlumot xizmatlari tomonidan operatorlarning (provayderlarning) texnik imkoniyatlaridan kelib chiqib boshqa axborot ham berilishi mumkin.

67. Operatorlar (provayderlar) axborot-maʼlumot xizmatlari koʻrsatishda quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

berilayotgan axborot sifatining ishlab chiqarish nazorati;

belgilangan shakllar boʻyicha birlamchi hisob va hisobotni yuritish;

koʻp smenali ish jadvalini hisobga olib kadrlarni joy-joyiga qoʻyish;

kadrlarni oʻqitish va malakasini oshirish;

maʼlumotnoma kartotekalarini ekspluatatsiya qilish va yuritish;

maʼlumotnoma kartotekalariga tuzatishlar kiritish uchun axborot olish maqsadida mahalliy telekommunikatsiyalar tarmoqlarining telefon uzellari bilan oʻzaro ishlash;

texnik vositalardan ekspluatatsiya qilish qoidalari va yoʻriqnomalariga muvofiq foydalanish;

mehnatni ilmiy tashkil qilish, mehnatni muhofaza qilish va xavfsizlik texnikasiga doir chora-tadbirlarni oʻtkazish.

68. Telekommunikatsiyalar tarmoqlarining axborot-maʼlumot xizmati maʼlumot xizmatining maxsus apparaturasi bazasida tashkil qilinadi, uning tarkibiga kommutatsiya uskunasi, operator-telefonistlar stollari, kartoteka uskunasi, dispetcher va ishlab chiqarish nazorati pultlari kiradi.

69. Axborot-maʼlumot xizmatlari shaharlar, tumanlar, tashkilotlar joylashgan koʻchalar nomlaridagi oʻzgarishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritib, oʻz maʼlumotlar bazasini oʻz vaqtida yangilab borishlari kerak.

70. Chaqiruv kelib tushganda operator-telefonist darhol va aniq oʻzining shaxsiy raqamini aytishi kerak (masalan, “beshinchi”, “oʻttiz sakkizinchi”). Agar foydalanuvchi javob bermasa, “Maʼlumotnoma xizmati javob beradi” deb takrorlaydi. Ikkinchi marta ham javobni olmagandan keyin, operator-telefonist aloqani uzishga haqli. “Ha”, “Eshitaman”, “Allo” va b. soʻzlarni aytishga ruxsat berilmaydi.

71. Operator-telefonist yonida ishlayotgan telefonchi operatorga xalaqit qilmaslik uchun ovozni balandlamasdan talab qilinayotgan axborotni aniq va ravshan berishi kerak.

72. Operator-telefonist faqat foydalanuvchi unga berilgan axborotni toʻgʻri takrorlagandan keyingina aloqani uzishga haqlidir. Agar foydalanuvchi axborotni notoʻgʻri takrorlagan boʻlsa, operator-telefonist uni takrorlashga majbur.

73. Operator-telefonist birinchi talab boʻyicha foydalanuvchiga oʻzining shaxsiy raqamini takrorlashi kerak.

74. Operator-telefonist foydalanuvchilar bilan xushmuomalali boʻlishi, hech qanday tanbehlar bildirmasligi va u bilan bahs-munozaralarga kirishmasligi kerak.

75. Foydalanuvchilar shikoyat qilganda operator-telefonist ularni darhol katta operator-telefonist bilan ulashi kerak.

76. Operator-telefonist maʼlumot berilayotgan materialni, kartotekaning tuzilishi va maʼlumot materiallarining unda joylashish prinsiplarini yaxshi bilishi kerak. Operator-telefonist barcha favqulodda tezkor xizmatlar raqamlarini yoddan bilishi kerak.

77. Agar operator-telefonist maʼlumotni berishga qiynalsa, u foydalanuvchiga: “Iltimos, bir oz kutib turing” deb katta operator-telefonistga murojaat qilishi shart. Katta operator-telefonistning tushuntirishlarini olib, kutib turgan foydalanuvchiga xizmat koʻrsatadi. Maʼlumot olish uchun yonida ishlayotgan operator-telefonistga murojaat qilish qatʼiyan man qilinadi.

78. Operator-telefonist foydalanuvchi soʻrovini eʼtibor bilan eshitishi va zarur boʻlganda berilgan savolni takrorlashini soʻrashi kerak: “Iltimos, maʼlumotni qaytaring” yoki “Iltimos, aniqroq qaytaring”. Agar ikkinchi bor soʻrovdan keyin operator-telefonist foydalanuvchini deyarli eshitmasa yoki umuman eshitmasa, u: “Sizni eshitmayapman, iltimos qayta qoʻngʻiroq qiling” deb javob berishi kerak.

79. Agar foydalanuvchi savolni notoʻgʻri ifodalagan boʻlsa, operator-telefonist foydalanuvchidan unga aynan qanday axborot kerakligini aniqlashtirishni xushmuomalalik bilan soʻrashi va shundan keyin yana maʼlumot xizmatini koʻrsatishi kerak.

80. Agar foydalanuvchi ushbu xizmatga tegishli boʻlmagan axborot berishni soʻrasa, u holda unga tegishli axborot-maʼlumot xizmatlarining telefon raqamlarini berilishi kerak.

81. Telefon raqamlari toʻgʻrisidagi axborotni taqdim etishda operator-telefonist raqamlarni belgilangan tartibda ogʻzaki bayon etishi shart. Bunda, toʻrt xonali telefon raqamlari ikki xonadan iborat juftliklarga boʻlinib aytiladi (masalan, 44 — 32 — “qirq toʻrt”, “oʻttiz ikki”). Toʻqqiz xonali telefon raqamlari esa ketma-ket ravishda ikki xonali, uch xonali hamda ikki xonadan iborat juftliklarga boʻlinib aytiladi (masalan, 71 278-34-23 — “yetmish bir”, “ikki yuz yetmish sakkiz”, “oʻttiz toʻrt”, “yigirma uch”).

82. Agar foydalanuvchi telefon shikastlanganligi toʻgʻrisida xabar qilmoqchi boʻlsa, operator-telefonist qaysi telefon raqami shikastlanganligini soʻrashi shart va foydalanuvchiga telefon aloqa uzelining tegishli avtomatlashtirilgan taʼmirlash byurosining raqamini xabar qilishi kerak.

83. Operator-telefonist quyidagi hollarda foydalanuvchini katta operator-telefonist bilan ulashga majbur:

operator-telefonist foydalanuvchi savolini tushunmaganda;

operator-telefonist maʼlumot materialida foydalanuvchiga kerak boʻlgan axborotni topa olmaganda;

foydalanuvchi shikoyat bilan murojaat qilganda;

foydalanuvchi tomonidan berilgan savol maʼlumot xizmatining vakolatiga kirmaganda.

84. Axborot-maʼlumot xizmatining operator-telefonist quyidagi hollarda maʼlumot berishni rad etishga haqli:

korxona, muassasa, tashkilotning toʻliq, qisqartirilgan yoki shartli nomi koʻrsatilmagan boʻlsa;

yakka tartibda foydalaniladigan xonadon telefoni abonentining familiyasi, ismi, otasining ismi yoki toʻliq manzili aytilmagan boʻlsa, maʼlumot materialida esa, shu familiyadagi shaxslar koʻp boʻlsa;

jamoa boʻlib foydalaniladigan xonadon telefoni oʻrnatilgan aniq manzil koʻrsatilmagan boʻlsa;

maʼlumot materialida soʻralayotgan axborot boʻlmasa;

foydalanuvchi unga maʼlumot xizmati boʻyicha ikkitadan ortiq maʼlumotlar berishni soʻrasa, bunda operator-telefonist foydalanuvchiga u maʼlumot xizmatini ikkinchi bor chaqirganligini aytishi kerak.

4-§. Telefon tarmoqlarida qoʻriqlash qurilmasini oʻrnatish va xizmat koʻrsatish

85. Telefon tarmoqlarida signalizatsiya uskunalarini oʻrnatish va ularga texnik xizmat koʻrsatishni tashkil etish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli organlar (bundan buyon matnda qoʻriqlash xizmati deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.

86. Yuridik va jismoniy shaxslarga qarashli korxonalar, tashkilotlar, muassasalar, xonadonlar himoya qilish obyektlari hisoblanadi.

87. Telefon stansiyalarini loyihalash va rekonstruksiya qilishda qoʻriqlash signalizatsiyasi apparatini joylashtirish uchun kross va kross yaqinida, mahalliy sharoitlarni hisobga olgan holda, texnologik loyihalashning normativlariga muvofiq maydonli apparatura xonasini jihozlash koʻzda tutilishi lozim.

Optik tolali aloqa liniyalari orqali tashkil etilgan kichik sigʻimli telefon stansiyalarida qoʻriqlash signalizatsiya apparaturalari alohida shkaflarda oʻrnatiladi.

88. Xavfsizlik signalizatsiya tizimining tarkibiga xabarlarni uzatish tizimlari ramkalariga abonent liniyalarini krossirovka qilish ishlari 5 kun muddat ichida telefon tarmoqlari hisobidan amalga oshiriladi.

Himoya boʻlaklari va krossning stansion ramkalaridan qoʻriqlash signalizatsiyasi ramkalarigacha boʻlgan krossirovkasi telefon tarmoqlari xodimlari tomonidan amalga oshiriladi.

89. Qoʻriqlanadigan obyektlardagi abonent liniyalarining telefon rozetkasiga xabarlarni uzatish tizimlarining yakunlovchi (terminal) qurilmalarini ulash qoʻriqlash xizmati tomonidan amalga oshiriladi.

90. Xabarlarni uzatish tizimlari uskunalariga texnik xizmat koʻrsatish bilan shugʻullanuvchi qoʻriqlash xizmatining mutaxassislariga xabarlarni uzatish tizimlari uskunalari oʻrnatilgan telefon stansiyalari binolariga kirish uchun telefon tarmoqlari maʼmuriyati tomonidan maxsus guvohnomalar yoki ruxsatnomalar beriladi.

91. Kechki va tungi payt, taʼtil va dam olish kunlari qoʻriqlash xizmati xodimlarining koʻrsatilgan binolarga kirishlari telefon tarmoqlari dispetcherining ruxsati asosida boʻladi.

Qoʻriqlash xizmati xodimlari bajaradigan ishlar telefon tarmoqlari xodimlari tomonidan nazorat qilinadi. Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti xodimlari tomonidan bajarilgan barcha ishlar maxsus jurnalda qayd etilishi lozim.

92. Telefon liniyalaridan qoʻriqlash maqsadida foydalanilayotgan abonentlarning abonent kartalarida qoʻriqlash pulti belgisi boʻlishi, ramka raqami va signalizatsiya shtifti koʻrsatilishi lozim.

93. Obyektlarni qoʻriqlash davri mobaynida abonent liniyalarini krossdan tekshirish faqatgina qoʻriqlash xizmatining buyurtmasiga binoan amalga oshiriladi. Tekshiruv uchun buyurtmalar boshqa shaxslardan qabul qilinganda, koʻrsatilgan liniyalar tekshiruvi qoʻriqlash signalizatsiyasi oʻchirilganidan keyin, faqatgina qoʻriqlash xizmatining ruxsati bilan amalga oshiriladi.

94. Qoʻriqlash signalizatsiyalari uchun ishlatiladigan taqsimlash javonlari, quti, boks va grompolosa shtiftlari telefon tarmoqlari xodimlari tomonidan boʻyoq bilan markirlanishi (belgilanishi) lozim.

95. Telefon stansiyasi krosslari va liniyalarda taʼmirlash hamda profilaktika ishlari oʻtkazilganda, qayta payka qilinganda va kabellarni almashtirib qayta ulanganda (stansiya va liniya inshootlarida) telefon tarmoqlari xodimlari uchun telefon liniyalarining markirlangan simlari juftligi joyma-joy almashtirilishiga, shuningdek ulardan xizmat aloqasi uchun foydalanilishiga ruxsat berilmaydi.

96. Qoʻriqlash signalizatsiyasi uchun ishlatiladigan liniyalarda profilaktik reja asosida ish olib borishlari toʻgʻrisida telefon tarmoqlari xodimlari qoʻriqlash xizmati ish boshlanishidan uch kun, ishlar shoshilinch (rejadan tashqari) bajarilishi kerak boʻlganda bevosita mazkur ishlar bajarilishidan oldin ogohlantiradi.

97. Qoʻriqlash xizmati buyurtmasiga binoan, aloqa liniyalar parametrlari oʻlchovini telefon tarmoqlari 15 kun ichida amalga oshiradi. Zarur boʻlganda, qoʻriqlash xizmatining mutaxassislari oʻlchovlarda qatnashadilar. Telefon tarmoqlari liniyalari parametrlarini belgilangan normalarga muvofiqlashtirishni taʼminlaydi yoki texnik imkoniyat mavjud boʻlganda liniyalarni almashtiradi.

98. Qoʻriqlash signalizatsiyasi yuzaga kelishi bilan bogʻliq boʻlgan sabab tufayli telefon aloqasi buzilgan boʻlsa, telefon tarmoqlari xodimlari bu haqda qoʻriqlash xizmatiga xabar beradi va qoʻriqlash xizmati xodimlari bilan birgalikda nosozlik sababini ikki soat ichida aniqlab, uni bartaraf etish choralarini koʻradi.

Qoʻriqlash signalizatsiyasining uch soatdan ortiq vaqt orqaligʻidagi nosozlik, telefon aloqasining sifatli ishlashiga taʼsir koʻrsatgan holda, telefon tarmoqlari xodimlari qoʻriqlash signalizatsiyasini telefon liniyasidan uzib qoʻyadi.

99. Markaziy kuzatuv pultlari va telefon stansiyasini bogʻlaydigan toʻgʻri simlari boʻlgan kabellar shikastlanishi yoki taʼmirlanishi vaqtida telefon tarmoqlari tomonidan texnik imkoniyat mavjud boʻlsa uch soat ichida zaxira aloqasi taqdim etiladi. Bunday imkoniyat mavjud boʻlmagan holda shikastlanishlar belgilangan muddatlarga muvofiq, qoʻriqlash xizmatini xabardor qilgan holda bartaraf etiladi.

Qoʻriqlash signalizatsiyasi uchun foydalaniladigan abonent telefon liniyalaridagi shikastlanishlar, telefon tarmoqlari xodimlari tomonidan birinchi navbatda bartaraf etiladi.

100. Abonent liniyalarini qayta ulash, juftlik sxema boʻyicha telefonlarni yoqish hamda qoʻriqlash signalizatsiyasi faoliyatini toʻxtatib, telefonlar joyini almashtirish qoʻriqlash xizmati rahbariyatini oldindan yozma ravishda ogohlantirgan holda telefon tarmoqlari tomonidan amalga oshiriladi. Bunda, qoʻriqlash signalizatsiyasi apparaturasini ulash uchun toʻlov undirilmaydi.

101. Qoʻriqlash signalizatsiyasi uchun telefon liniyalaridan foydalanganda roʻyxatdan oʻtkazish va abonent toʻlovlari amaldagi tariflarga muvofiq qoʻriqlash xizmatidan undiriladi.

102. Qoʻriqlash xizmatiga ulangan obyektlar telefonlari oʻchirilganida yoki abonent mazkur Qoidalarni buzganligi sababli aloqa xizmati koʻrsatilishidan toʻxtatilganda, bu haqda kross xodimlari qoʻriqlash xizmatini ogohlantiradi.

5-§. Telegraf aloqasi xizmatlarini koʻrsatish

103. Operatorlar quyidagi telegraf xizmatlarini koʻrsatadi:

telegrammalar qabul qilish, yuborish;

abonent telegraf tarmogʻi boʻyicha soʻzlashuvlar olib borish;

“teleks” tarmogʻi boʻyicha soʻzlashuvlar olib borish;

telegraf kanallarini ijaraga berish;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa xizmatlar.

104. Telegraf aloqasidan foydalanilganda telegrammalarning quyidagi turlaridan foydalaniladi:

“topshirilganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma bilan”;

“pochta orqali buyurtmali” yetkazib berish bilan”;

“joʻnatuvchi tomonidan koʻrsatilgan muddatda yetkazib berish bilan”;

“badiiy blankda yetkazib berish bilan”;

“tasdiqlangan”;

“javobi toʻlangan”;

“sxemali”;

“kriptogramma”;

“perfotasmadagi kriptogramma”;

“banklardan oʻtkazma”.

105. Telegrammalar ishlov berilishiga qarab quyidagi toifalarga boʻlinadi:

oddiy;

shoshilinch;

toifadan tashqari;

navbatdan tashqari;

oliy hukumatga oid;

hukumatga oid.

Telegrammalarga ishlov berish ularning toifalariga muvofiq amalga oshiriladi.

106. Ishlov berishdagi mutlaq ustunlik odamlarning dengizdagi, yerdagi, havodagi, kosmik fazodagi xavfsizligiga, mudofaa, xavfsizlik va huquq-tartibotni saqlash sohasidagi kechiktirib boʻlmaydigan tadbirlarni oʻtkazishga taalluqli barcha xabarlarga, shuningdek yirik avariyalar, falokatlar, epidemiyalar, yongʻinlar va boshqa favqulodda vaziyatlar haqidagi xabarlar boʻlgan telegrammalarga beriladi.

107. “Oddiy” telegrammalarga toifasi toʻgʻrisida belgi boʻlmagan telegrammalar kiradi.

108. “Shoshilinch” toifasiga shoshilinch tariflar boʻyicha toʻlanadigan telegrammalar kiradi.

109. “Toifadan tashqari” telegrammalariga “Havo” (“Vozdux”), “Raketa”, “Mobilizatsion”, “Samolyot” belgilari boʻlgan telegrammalar kiradi.

110. “Navbatdan tashqari” telegrammalarga “Avariya”, “Shtorm”, “Avia” belgilari boʻlgan telegrammalar kiradi.

“Avariya” belgili telegrammaga — havo va daryo flotlarida, temir yoʻllarda va avtotransportda, sanoat korxonalaridagi hodisalar va aloqa vositalarining holati, halokatlar, avariyalar toʻgʻrisidagi telegrammalar kiradi.

“Shtorm” belgili telegrammaga — havo va daryo flotlari, temir yoʻl va avtomobil transporti uchun noqulay ob-havo hodisalari (boʻron, toʻfon, tuman va boshqalar), shuningdek tabiiy ofatlar (zilzila, toshqin, oʻrmon yongʻinlari va boshqalar) toʻgʻrisidagi ogohlantirish telegrammalari kiradi.

“Avia” belgili telegrammaga — samolyotlarning uchishi, kelishi va majburiy qoʻnishi toʻgʻrisidagi xabarlar, shuningdek, ob-havo toʻgʻrisida maʼlumotli telegrammalar kiradi.

“Hukumatga oid” va “Oliy hukumatga oid” telegrammalarini berish huquqidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan roʻyxatga muvofiq mansabdor shaxslar foydalanadi.

111. “Topshirilganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma bilan” telegrammani yuborayotganda joʻnatuvchi belgilangan joyda telegrammani 24 soat ichida, telegraf ishi jadval boʻyicha seanslar bilan amalga oshiriladigan punktlarga manzillangan telegrammalar uchun telegrammani qabul qilgan paytdan boshlab 48 soat ichida topshirilishi toʻgʻrisida xabarnomani oladi.

112. “Javobi toʻlangan” telegrammalar adresatning joʻnatuvchiga u tomonidan toʻlangan axborot hajmidagi toʻlangan javobini taʼminlaydi.

“Topshirilganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma bilan”, “javobi toʻlangan”, “banklardan oʻtkazma” turdagi telegrammalar faqat Oʻzbekiston Respublikasi hududida qabul qilinadi.

113. “Pochta orqali buyurtmali yetkazib beriladigan” telegrammalar aloqa korxonalari boʻlmagan aholi punktlariga manzillanadi. Bunday telegrammalar adresatga shaxsan qoʻliga topshirib yetkaziladi, bu telegrammaning oʻtish vaqtini uzaytiradi.

114. “Joʻnatuvchi tomonidan koʻrsatilgan muddatda yetkazib berish bilan” telegrammalari adresatga joʻnatuvchi tomonidan koʻrsatilgan muddatda telegrammani yetkazib berishni taʼminlaydi va Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi mamlakatlariga, respublikaning viloyat va tuman markazlariga yuborish uchun yetkazib berish sanasidan kamida bir sutka oldin aloqa korxonalari tomonidan qabul qilinadi.

115. “Badiiy blanklarda yetkazib berish bilan” telegrammalari joʻnatuvchining xohishiga koʻra telegrammalar adresatlariga badiiy blanklarda yetkazib berish bilan qabul qilinadi. Bunday telegrammalar faqat telegraf aloqasi boʻlgan punktlarga manzillanishi mumkin.

116. “Tasdiqlangan” telegrammalarida aloqa korxonasi telegrammada xabar qilinayotgan qandaydir faktni, joʻnatuvchining imzosini yoki telegrammada yuborilayotgan ishonchnomani tasdiqlashi mumkin.

Isteʼmolchi telegrammada xabar qilinayotgan faktni tasdiqlovchi rasmiy maʼlumotnomani, guvohnomani yoki boshqa hujjatni taqdim etishi kerak.

Tasdiqlangan telegrammalar belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi.

117. “Sxemali” telegrammalar aynan bir xil matnni aloqa korxonasi tomonidan oldindan tuzilgan, roʻyxatdan oʻtkazilgan va kiritilgan sxema boʻyicha turli telegraf punktlariga uzatilishini taʼminlaydi. Sxemali telegrammalar yuridik shaxslar tomonidan berilishi mumkin.

118. Telegraf joʻnatmalarini manzillash Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat tili haqida”gi Qonuniga muvofiq amalga oshiriladi.

Davlatlararo axborot va joʻnatmalar ikki tomonlama bitimlar, shuningdek xalqaro bitimlar va shartnomalar bilan belgilangan tillarda ishlov beriladi.

Telegrammaning manzili:

xat-xabarlar Oʻzbekiston Respublikasi hududida yuborilganda — davlat tilida, bundan tashqari, Qoraqalpogʻiston Respublikasiga qoraqalpoq tilida;

Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi davlatlariga yuborilganda — rus tilida yoki belgilangan mamlakat tilida;

uzoq xorij mamlakatlariga yuborilganda — belgilangan mamlakat tilida, lotin alifbosi harflari bilan yozilgan boʻlishi kerak.

119. Telegrammalar ochiq (umumqabul qilingan) yoki shartli (kodlangan) tilda yozilishi mumkin. Agar yozuv davlat tilida yoki boshqa tilida tuzilgan boʻlsa, harflar va raqamlar bilan koʻrsatilgan zavod, savdo belgilari va markalari yoki faqat raqamlardan iborat boʻlgan statistik va boshqa maʼlumotlarni oʻz ichiga olsa, telegramma ochiq (umumqabul qilingan) tilda yozilgan deb hisoblanadi. Jismoniy shaxslardan telegrammalar faqat ochiq tilda (umumqabul qilingan) qabul qilinadi.

Agar yozuv shartli belgilar yoki shartli qiymatga ega boʻlgan oddiy soʻzlar yordamida tuzilgan boʻlsa, telegramma shartli (kodlangan) tilda yoziladi deb hisoblanadi. Bunday telegrammalar faqat yuridik shaxslardan qabul qilinadi.

120. Tarkibida axloqsiz, haqoratli va inson qadr-qimmatini kamsituvchi soʻzlar, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligi va davlat manfaatlariga qarshi qaratilgan matn boʻlgan hamda faqat manzildan iborat (matnsiz) telegrammalar qabul qilinmaydi.

121. Respublika hududida isteʼmolchilarga telegraf xizmatlarini koʻrsatish mahalliy vaqtni koʻrsatgan holda amalga oshiriladi.

122. Aloqa korxonalarida telegrammani qabul qilish belgilangan ish rejimiga muvofiq amalga oshiriladi.

123. Aloqa korxonalari isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish madaniyatini, telegraf xabarlarining sir saqlanishini taʼminlashlari shart.

124. Telegraf tarmogʻidagi telegraf stansiyalari va teleks tarmoqlari isteʼmolchilarga tarmogʻiga va teleks tarmogʻiga ulangan korxonalar va tashkilotlar oʻrtasida toʻgʻridan-toʻgʻri soʻzlashuvlarni olib borish va axborotni uzatish imkonini yaratib beradi. Isteʼmolchilarning foydalanuvchi qurilmalarini telegraf stansiyasiga va teleks xalqaro tarmogʻiga ulash isteʼmolchilar va aloqa korxonalari oʻrtasida tuzilgan shartnomalar bilan rasmiylashtiriladi.

125. Telegraf kanallari aloqa korxonasi va isteʼmolchi oʻrtasidagi shartnoma asosida ijaraga beriladi. Telegraf kanallarini ijaraga berish tartibi qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.

126. Isteʼmolchining xohishiga koʻra aloqa korxonasi tomonidan quyidagi qoʻshimcha telegraf aloqa xizmatlari koʻrsatilishi mumkin:

a) isteʼmolchining ogʻzaki arizalari boʻyicha:

berilgan telegrammani bekor qilish yoki telegrammani yuborishdan avval uning manzilini oʻzgartirish;

telegrammani adresatga yetkazilgan (Oʻzbekiston Respublikasi hududida) kundan keyin 2 oy ichida uning topshirilganligining tasdigʻini olish;

“talab qilingunga qadar” belgisi bilan manzillangan telegrammalarni belgilangan bir oy muddatdan tashqari, keyingi bir oy mobaynida saqlab turish;

telegramma berilgan kundan boshlab ikki oy mobaynida telegrammaning tasdiqlangan nusxasini olish;

b) isteʼmolchining yozma arizasi boʻyicha:

telegrammani boshqa manzilga qayta joʻnatish yoki yetkazib berish;

telegrammalarni pochta qutilarida va abonent shkaflarida qoldirish;

oʻzlarining telegrammalari, shu jumladan telegramma joʻnatuvchilarining manzillari toʻgʻrisidagi barcha maʼlumotlarni joʻnatuvchilarga va adresatlarga berish.

127. Aloqa korxonalari mazkur Qoidalarga zid boʻlmagan va amalda bajarilishi mumkin boshqa xizmatlarni ham koʻrsatishi mumkin.

6-§. Maʼlumotlarni uzatish tarmogʻi, shu jumladan internet xizmatlarini koʻrsatish

128. Maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlari roʻyxati operator yoki provayder hamda abonent oʻrtasida tuziladigan maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlarini koʻrsatish shartnomasida belgilangan boʻlishi kerak.

129. Maʼlumotlar uzatish tarmogʻi orqali xizmatlarning quyidagi turlari taqdim etilishi mumkin:

maʼlumotlar uzatish tarmogʻidan foydalanish (turli standartlar boʻyicha), trafik tranziti, shuningdek maʼlumotlar uzatishning xalqaro tarmoqlaridan, jumladan Internetdan foydalanish;

real vaqtda axborot resurslari va axborot tizimlaridan foydalanish;

elektron xabarlar qabul qilish va uzatish (shu jumladan, elektron pochta);

konfidensial axborotni kriptografik va boshqacha muhofaza qilish;

kichik (quyi) tarmoq ajratish;

domen va domen nomlari tizimini roʻyxatga olish va olib borish;

IP -adres ajratish va tutib turish;

IP -telefoniya va IP -televideniye ( IPTV );

xosting xizmatlari.

Operator yoki provayder qonunchilik hujjatlariga muvofiq maʼlumotlar uzatish tarmogʻining boshqa xizmatlarini ham koʻrsatishi mumkin.

130. Wi-Fi xizmati tashkilotchisi boʻlgan abonent-yuridik shaxs tomonidan cheklangan doiradagi foydalanuvchilarga bepul yoki pullik asosda Wi-Fi xizmatlari koʻrsatishi mumkin. Foydalanuvchilarning cheklangan doirasini aniqlash shartlari Wi-Fi xizmati tashkilotchisi tomonidan belgilanadi. Wi-Fi xizmatini koʻrsatishda sessiyaning amal qilish davomiyligi 24 soatdan oshmasligi kerak.

131. Wi-Fi xizmati tashkilotchisi oʻz hududida bepul Wi-Fi xizmatini tashkil etish operator yoki provayder bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq operator yoki provayderning apparat-dasturiy vositalari asosida amalga oshirilishi mumkin.

132. Wi-Fi xizmati tashkilotchisi:

operator yoki provayder bilan birgalikda, foydalanuvchilarning shaxsini identifikatsiyalash hamda foydalanilgan veb-resurslar (log-fayllar) hisobini yuritish boʻyicha apparat-texnik chora-tadbirlar koʻrishi va ularni 3 oy ichida saqlanishini tashkillashtirish;

operator yoki provayder bilan birgalikda, axborot resurslari himoya qilinishini taʼminlashga, Oʻzbekiston Respublikasining mavjud konstitutsiyaviy tuzumini, hududiy yaxlitligini zoʻrlik bilan oʻzgartirishga daʼvat etishga, urush, zoʻravonlik va terrorizmni, shuningdek diniy ekstremizm, separatizm va fundamentalizm gʻoyalarini targʻib qilishga, milliy, irqiy, etnik yoki diniy adovat qoʻzgʻatuvchi axborotni, shuningdek, pornografiyani targʻib qilishga qaratilgan axborotning va tarqatilishi qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlangan boshqa axborotning tarqatilishiga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan choralarni koʻrishi kerak.

133. Wi-Fi xizmati abonent — yuridik shaxs tomonidan koʻrsatilgan taqdirda, abonent — yuridik shaxs va operator (provayder) oʻrtasida tuziladigan shartnomada foydalanuvchilarga Wi-Fi xizmati taqdim etishi toʻgʻrisida maʼlumot koʻrsatilishi, shuningdek foydalanuvchilar shaxsini identifikatsiyalash boʻyicha koʻriladigan choralar belgilanishi zarur.

134. Foydalanuvchilar shaxsini identifikatsiyalash mobil telefon raqami boʻyicha yoki shaxsni tasdiqlovchi hujjatdagi maʼlumotlar asosida amalga oshirilgan boshqa roʻyxatdan oʻtish maʼlumotlari (aviachiptalar, temir yoʻl chiptalari, mehmonxonada roʻyxatdan oʻtish maʼlumotlari va shu kabi boshqa maʼlumotlar), shuningdek Push -xabarlar (foydalanuvchi qurilmasi ekranida aks etuvchi qisqa xabar) orqali amalga oshirilishi mumkin.

Foydalanuvchini mobil telefon raqami boʻyicha identifikatsiyalashda, foydalanuvchining mobil telefon raqamiga SMS xabar vositasida bir martalik parol ( One Time Password — OTP ) yuboriladi va foydalanuvchi autentifikatsiya qilinadi. Bunda, bir martalik parolning ( One Time Password — OTP ) aktivlik muddati cheklangan boʻlishi (10 daqiqadan koʻp boʻlmasligi) kerak.

135. Operator (provayder) Oʻzbekiston Respublikasining “Isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq abonentlarga oʻzi tomonidan koʻrsatiladigan maʼlumotlar uzatish xizmatlari toʻgʻrisida oʻz vaqtida zarur, toʻgʻri va tushunarli maʼlumot berishi shart.

Operator (provayder) tomonidan abonentga quyidagi maʼlumotlar taqdim etilishi zarur:

operatorning (provayderning) nomi, pochta manzili, foydalanuvchilar va abonentlar bilan hamkorlik qiladigan filiallarining nomi, ular joylashgan joy, ish tartibi va aloqa telefonlari;

operatorga (provayderga) berilgan litsenziya raqami va amal qilish muddati;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlarini koʻrsatish tartibi va shartlari;

foydalaniladigan abonent interfeyslari va maʼlumotlar uzatish protokollari;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlarini koʻrsatishdagi cheklovlar;

tarif rejalari;

muayyan tarif rejasi, marketing kampaniyalari doirasida yoki tadbirlar oʻtkazish davrida maʼlumotlar uzatish tarmogʻidan foydalanish xizmatlarini taqdim etishda imtiyozlar yoki chegirmalar;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻidan foydalanishning bepul va pullik xizmatlari roʻyxati;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlariga haq toʻlash muddatlari va shakllari;

abonentlarning ariza va shikoyatlarini koʻrib chiqish tartibi;

axborot-maʼlumot xizmatining va texnik taʼminlash xizmatining telefon raqamlari (mavjud boʻlganda);

axborot-maʼlumot berish boʻyicha xizmat koʻrsatish tizimi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlarini koʻrsatish hududlarida texnik imkoniyatlari mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

136. Operator (provayder) bilan abonent oʻrtasida tuziladigan shartnomada quyidagi maʼlumotlar majburiy ravishda koʻrsatilishi shart:

shartnoma tuzilgan joy va sana;

operatorning (provayderning) nomi;

operatorning (provayderning) hisobvaragʻi rekvizitlari;

operatorga (provayderga) berilgan litsenziya rekvizitlari;

shartnomaning amal qilish muddati;

abonent toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

xizmat koʻrsatish manzili;

hisob-kitob shakli va tartibi;

tomonlarning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi;

tarif rejasi, xizmatlarning narxlari;

xizmatning qaysi texnologiya boʻyicha taqdim etilishi;

shikastlanishlarni bartaraf etish muddatlari;

sifat koʻrsatkichlari (maʼlumotlar uzatishning maksimal tezligi, maʼlumotlar uzatishning minimal kafolatlangan tezligi, maʼlumotlar uzatish kechikishining maksimal vaqti);

fors-major holati;

koʻrsatiladigan xizmatlar roʻyxati (zarur boʻlganda).

Shartnomada tomonlar oʻrtasidagi kelishuvga asosan qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa maʼlumotlar ham koʻrsatilishi mumkin.

137. Abonent operator (provayder) bilan shartnoma tuzganidan keyin operator (provayder) ulanish usuliga bogʻliq holda, abonentga ulanish uchun zarur parametrlarni yetkazadi ( IP -adres va boshqa adres rekvizitlari), maʼlumotlar uzatish tarmogʻida ishlash va foydalanish tartibi toʻgʻrisida yoʻl-yoʻriq koʻrsatadi, foydalanuvchining zarur uskunasini (kompyuter, modem, faks) va zarur dasturiy taʼminotni tavsiya qiladi.

138. Operator (provayder) maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq boʻlgan axborotni abonentlarga taqdim etish maqsadida axborot-maʼlumot berish boʻyicha xizmat koʻrsatish tizimini yaratadi.

Quyidagi maʼlumotlar operator (provayder) tomonidan abonentning soʻroviga muvofiq 24 soat mobaynida hech qanday cheklovlarsiz taqdim etilishi shart:

maʼlumotlar uzatish tarmogʻining koʻrsatiladigan xizmatlari toʻgʻrisidagi;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻidan foydalanish xizmatlariga boʻlgan tariflar toʻgʻrisidagi;

abonentga uning shaxsiy hisobvaragʻining holati va maʼlumotlar uzatish tarmogʻi xizmatlaridan foydalanish haqini toʻlash boʻyicha qarzdorlik toʻgʻrisidagi, jumladan abonentga ulangan xizmatlar: maʼlumotlar uzatish vaqti, tezligi, olingan va (yoki) uzatilgan axborot hajmi, shuningdek limitlangan trafikli tariflardagi trafik qoldigʻi toʻgʻrisidagi;

texnik nosozliklar toʻgʻrisidagi.

7-§. Jamoat foydalanish joylarida internet xizmatlarini taqdim etish

139. Jamoat foydalanish joyining internet-provayderi quyidagi xizmatlarni taqdim etishi mumkin:

a) Internet tarmogʻidan foydalana olish;

b) Internet tarmogʻiga ulanish va tarmoq resurslaridan foydalanish masalalari boʻyicha maslahatlar;

d) jamoat foydalanish joyi internet-provayderining kompyuteridan fayllarni foydalanuvchi kompyuteriga uzatish.

Jamoat foydalanish joyining internet-provayderi tomonidan qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa xizmatlar ham koʻrsatilishi mumkin.

140. Taqdim etilayotgan xizmatlar uchun tariflar jamoat foydalanish joyining internet-provayderi tomonidan mustaqil ravishda oʻrnatiladi.

8-§. Mobil aloqa xizmatlarini taqdim etish

141. Abonentlarga operator (provayder) tomonidan koʻrsatiladigan mobil aloqa xizmatlarining roʻyxati operatorga tegishli boʻlgan mobil aloqa tarmogʻining texnik imkoniyatlarini hisobga olgan holda operator (provayder) tomonidan belgilanadi.

142. Abonentlarga koʻrsatiladigan mobil aloqa xizmatlari shartnoma shartlariga, shuningdek operatorning (provayderning) xizmatlar toʻgʻrisidagi axborotiga muvofiq boʻlishi kerak.

143. Operator (provayder) abonentga xizmat koʻrsatish hududida mobil aloqa xizmatlaridan kechayu-kunduz foydalanish imkonini taʼminlashga majbur.

144. Operator (provayder) axborot-maʼlumot xizmati tizimiga ega boʻlishi va pullik hamda bepul axborot-maʼlumot xizmatlarini koʻrsatishga majbur.

Operator yoki provayder tarmoq ichida uning axborot-maʼlumot xizmatiga bepul qoʻngʻiroqlar qilish imkonini taʼminlashi kerak.

145. Operator (provayder) pullik axborot-maʼlumot xizmatlarining roʻyxatini mustaqil ravishda belgilaydi.

146. Operator (provayder) taqdim etiladigan xizmatlar, ularni taqdim etish va mobil aloqa xizmatlaridan foydalanish tartibi, ushbu xizmatlarga tariflar, mobil aloqadan foydalanishda cheklanishlar toʻgʻrisida abonentlarni, shuningdek mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish uchun shartnomani tuzish istagi boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslarni xabardor qilishga majbur.

Xizmatlarning pullik ekanligi toʻgʻrisida abonentlarni oldindan xabardor qilmasdan ayrim pullik xizmatlar uchun toʻlov undirilgan holda ushbu xatti-harakat koʻrsatilmagan xizmatlar uchun undirilgan toʻlovga tenglashtiriladi.

Abonent — jismoniy shaxsdan tarif rejasi boʻyicha abonent toʻlovi va resurslardan foydalanganlik uchun mablagʻ yechishda hisobni salbiy holatga keltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Tariflar, xizmatlarni koʻrsatish tartibi, hisob-kitoblar shakli va tartibi oʻzgargan holda, operator (provayder) bu haqda ommaviy axborot vositalari orqali va operator (provayder) tomonidan tanlangan istalgan boshqa usulda abonentni xabardor qilishi lozim.

Operator tarmogʻida mobil aloqa xizmatlari koʻrsatilishining toʻxtalishiga olib keladigan yirik avariyalar yuz berganda hamda uchinchi shaxs talabi boʻyicha ijara asosida oʻrnatilgan telekommunikatsiyalar inshootlarini koʻchirish zarurati yuzaga kelganda operator (provayder) abonentlarni bu haqda, shuningdek xizmatlarni koʻrsatish tiklanishining taxminiy muddatlari toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari orqali yoki operator (provayder) tomonidan tanlangan istalgan boshqa usulda xabardor qilishga majbur.

9-§. Rouming xizmatini tashkil qilish va taqdim etish

147. Mobil aloqaning milliy rouming xizmati yuridik va jismoniy shaxslar — mahalliy operatorlarning (provayderlarning) abonentlariga ular Oʻzbekiston Respublikasi hududida boʻlganda xizmat koʻrsatuvchi operatorlarning (provayderlarning) xizmat koʻrsatish hududida mahalliy operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish hududining tashqarisida ular foydalanishlari uchun taqdim etiladi.

148. Mobil aloqaning xalqaro rouming xizmati yuridik va jismoniy shaxslar — mahalliy operatorlarning (provayderlarning) abonentlariga ular Oʻzbekiston Respublikasining hududidan tashqarida boʻlganda xorijiy operatorlar-rouming-sheriklarning xizmat koʻrsatish hududida hamda yuridik va jismoniy shaxslar — xorijiy operatorlar-rouming-sheriklarning abonentlariga ular Oʻzbekiston Respublikasi hududida mahalliy operatorlarning (provayderlarning) xizmat koʻrsatish hududida boʻlganda foydalanish uchun taqdim etiladi.

149. Milliy va xalqaro rouming xizmatlari, odatda avtomatik ravishda amalga oshiriladi.

Avtomatik roumingni tashkil qilishning imkoni boʻlmaganda “mexanik” yoki “plastik” roumingni tashkil qilishga yoʻl qoʻyiladi.

Aynan bitta operator tarmogʻi ichida amalga oshiriladigan texnologik rouming (mobil operator tomonidan bir davlatning bir hududida qayd qilingan abonentga oʻsha davlatni boshqa hududida ham telekommunikatsiyalar xizmatlari taqdim qilinishi) rouming xizmati hisoblanmaydi.

150. Avtomatik roumingni tashkil qilishda Oʻzbekiston Respublikasi telekommunikatsiyalar tarmoqlarida qabul qilingan signalizatsiya tizimlarining tegishli protokollari va spetsifikatsiyalaridan foydalanish kerak.

151. Rouming xizmatini taqdim etish mobil aloqa operatorlari (provayderlari) oʻrtasida rouming toʻgʻrisidagi shartnoma asosida amalga oshiriladi.

152. Xalqaro roumingni tashkil qilish va taqdim etish shartnomasi Oʻzbekiston Respublikasi mobil aloqa operatorlari (provayderlari) va xorijiy operatorlar oʻrtasida, milliy roumingni esa Oʻzbekiston Respublikasi mobil aloqa operatorlari (provayderlari) oʻrtasida tuziladi.

153. Mobil aloqa operatorlari (provayderlari) oʻrtasida rouming toʻgʻrisidagi shartnoma qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi va roʻyxatga olinadi.

154. Rouming taqdim etish uchun rouming toʻgʻrisidagi shartnomaning amal qilish muddati operator (provayder) litsenziyasining amal qilish muddatidan oshmasligi kerak.

155. Mahalliy operator (provayder) va xorijiy operator oʻrtasidagi rouming toʻgʻrisidagi shartnoma xalqaro huquq normalariga va Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuziladi.

156. Mahalliy operator (provayder) mobil aloqa xizmatlarini taqdim etish uchun abonent bilan shartnoma tuzayotganda roumingni taqdim etish shartlari toʻgʻrisida uni xabardor qilishi kerak.

157. Xizmat koʻrsatuvchi operator abonentga uning mahalliy operator (provayder) bilan shartnoma munosabatlarida belgilangan xizmatlar roʻyxatini taqdim etishga majbur.

158. Mahalliy operator (provayder) roumer haqiqiyligini identifikatsiyalamasdan xizmat koʻrsatuvchi operator tomonidan rouming taqdim etilishi uchun javobgar boʻlmaydi.

159. Rouming xizmati uchun abonent tomonidan mahalliy operatorga (provayderga) haq toʻlash ular oʻrtasida tuzilgan mobil aloqa xizmatlarini taqdim etish shartnomasining shartlariga muvofiq amalga oshiriladi.

160. Milliy rouming xizmatlarini taqdim etishda mahalliy operatorlar (provayderlar) oʻrtasida yuzaga kelgan nizolar Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq sud tomonidan hal qilinadi.

161. Xalqaro rouming xizmatini taqdim etishda mahalliy operator (provayder) va xorijiy operator (yoki tizim hosil qiluvchi rouming-sherik) oʻrtasida yuzaga kelgan nizolar Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari va xalqaro huquq normalariga muvofiq hal qilinadi.

162. Mahalliy va xizmat koʻrsatuvchi operatorlar (provayderlar) roumingni tashkil qilishda axborot xavfsizligini taʼminlash talablariga rioya qilishlari shart.

163. Roumer-tashrif buyuruvchilarning foydalanuvchi qurilmalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirish Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchilik hujjatlari bilan tartibga solinadi.

10-§. Mobil aloqa tarmoqlarida abonent raqamlarini koʻchirish xizmatini taqdim etish

164. Abonent uchun abonent raqamini koʻchirish xizmati mobil aloqa operatorlari (provayderlari) tomonidan taqdim etiladi.

165. Abonent raqamini koʻchirish abonentga 30 kun mobaynida koʻpi bilan bir marta taqdim etiladi.

166. Koʻchiriladigan raqamlar sifatida faqat mobil aloqa operatorlari (provayderlari) uchun ajratilgan raqamlar qoʻllanilishi mumkin.

Raqamni koʻchirish oqibatida raqamni terish formatining oʻzgartirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

167. Qoʻzgʻalmas telefon aloqasi tarmoqlarida ishlatilayotgan abonent raqamlarini, shu jumladan mobil aloqa tarmoqlariga va aksincha koʻchirilishi taqiqlanadi, shuningdek yuridik shaxslarning abonent raqamlari donordan retsipiyentga faqat barchasi koʻchirilayotganda yoʻl qoʻyiladi.

168. KRMB operatori abonent raqami koʻchirilishini taʼminlash uchun mobil aloqa operatorlari (provayderlari) tomonidan taqdim etiladigan axborotni yigʻish, uni qayta ishlash, saqlash va uzatish jarayonlarini avtomatlashtiradi va muvofiqlashtiradi.

169. Abonent raqamlarini koʻchirish, koʻchirilgan abonent raqamlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻzgartirish, abonent raqamini koʻchirish xizmatini toʻxtatib turish va koʻchirilgan abonent raqamini birlamchi operatorga qaytarish jarayoniga tegishli axborot bilan almashish KRMB operatori orqali amalga oshiriladi.

170. KRMBni shakllantirish, yuritish, ishlashi va texnik kuzatuvi, shu jumladan undagi axborot va maʼlumotlarni yigʻish, saqlash, qayta ishlash, uzatish, shuningdek KRMBdan foydalana olish imkoniyatini taqdim etish Oʻzbekiston Respublikasining “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga rioya qilgan holda KRMB operatori tomonidan taʼminlanadi.

171. Abonent raqamini koʻchirish jarayonini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlar mobil aloqa operatorlari (provayderlari) tomonidan KRMB operatoriga va aksincha Oʻzbekiston Respublikasining “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga rioya qilgan holda taqdim etiladi.

172. Mobil aloqa tarmoqlari operatorlarining (provayderlarining) KRMBdan foydalanishi KRMB operatori va mobil aloqa tarmoqlari operatorlari (provayderlari) oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

173. KRMBda quyidagi axborotlar saqlanadi va (yoki) qayta ishlanadi:

mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha boshqa mobil aloqa operatorlari (provayderlari) bilan yangi shartnomalarni tuzish vaqtida abonentlarda saqlanadigan koʻchirilgan abonent raqamlari toʻgʻrisida;

abonent raqamini koʻchirish sanasi va vaqti toʻgʻrisida;

raqamlash resursining mobil aloqa operatoriga (provayderiga) tegishliligini koʻrsatib, belgilangan tartibda mobil aloqa operatorlariga (provayderlariga) ajratilgan raqamlash toʻgʻrisida.

174. KRMB ishlashini va texnik kuzatuvini taʼminlash maqsadida KRMB operatori quyidagi tadbirlarni amalga oshiradi:

a) KRMB kechayu-kunduz ishlashini taʼminlash;

b) mobil aloqa operatorlari (provayderlari)dan kelib tushadigan koʻchirilgan abonent raqamlari toʻgʻrisidagi va raqamni toʻgʻri koʻchirishni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborotni yigʻish, saqlash va qayta ishlash;

d) KRMBdagi axborot muhofazasini taʼminlash;

e) abonent raqamini koʻchirish va toʻgʻri marshrutlashni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan, KRMBda mavjud boʻlgan axborotdan aloqa operatorlarining foydalana olish imkoniyatlarini taqdim etish.

175. KRMBdagi axborotni muhofaza qilish, shuningdek undan foydalana olish qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga rioya qilgan holda taʼminlanadi.

176. Mobil aloqa tarmoqlarida abonent raqamini koʻchirish uchun talabnoma (bundan buyon matnda talabnoma deb yuritiladi) abonentdan quyidagi tartibda qabul qilinadi:

a) abonent retsipiyentning ofisida mijozlarga xizmat koʻrsatish punktida shaxsini tasdiqlovchi hujjatini taqdim etgan holda;

b) abonent shaxsini tasdiqlovchi hujjatdagi maʼlumotlari kiritgan holda retsipiyentning rasmiy veb-saytida elektron koʻrinishda;

d) abonent shaxsini tasdiqlovchi hujjatdagi maʼlumotlarni mobil ilova orqali elektron koʻrinishda.

e) Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali.

Donor bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma tuzilgan paytdan boshlab abonentda uning shaxsiy maʼlumotlarida oʻzgarishlar (donor bilan shartnoma tuzish vaqtida foydalanilgan shaxsni tasdiqlovchi hujjatlari almashganda) yuz bergan holda, talabnomani berishdan oldin donor bilan tuzilgan shartnomaga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishi kerak.

177. Retsipiyentning ofisida mijozlarga xizmat koʻrsatish punktida mobil aloqa tarmoqlarida abonent raqamlarini koʻchirish abonentdan olingan talabnoma asosida 20 daqiqadan koʻp boʻlmagan vaqt davomida mobil aloqa operatori (provayderi) tomonidan taʼminlanadi.

178. Retsipiyent:

abonentdan talabnoma qabul qiladi;

talabnoma toʻgʻri toʻldirilganligini tekshiradi, uni roʻyxatga oladi va KRMBga soʻrov yuboradi yoki KRMB tomonidan talabnomani mobil ilova orqali olinganligini tasdiqlaydi;

abonent bilan yangi shartnoma tuzadi va retsipiyentga biriktirilgan hamda abonent tomonidan talabnomada koʻrsatilgan tarif rejasiga ulangan ushbu abonent nomiga rasmiylashtirilgan yangi SIM- kartani beradi.

Elektron roʻyxatdan oʻtgandan keyin abonent SIM -kartani olish va shartnomani imzolash uchun operator (provayder) ofisiga kelishi kerakligi toʻgʻrisida xabardor qilinadi. Agar retsipiyent abonentga eSIM ni qoʻllab-quvvatlaydigan qurilmalar uchun xizmatlarni taqdim etsa, operator (provayder) shartnomani masofadan tuzish imkoniyati bilan aktiv eSIM ga raqam koʻchirilishini taklif qilishi mumkin.

179. Abonent raqamini koʻchirish rad etilganda abonent unga berilgan SIM -karta orqali retsipiyentning aloqa xizmatlaridan foydalanishni davom ettirishi mumkin.

Bunda, aynan shu retsipiyentga abonent raqamini koʻchirish uchun talabnoma takroran berilganda aloqa xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisida yangi shartnomani tuzish talab etilmaydi.

180. Retsipiyentdan abonent raqamini koʻchirish toʻgʻrisida KRMBga berilgan soʻrovda quyidagi maʼlumotlar boʻladi:

a) jismoniy shaxslar uchun:

abonentning maʼlumotlari (shaxsni tasdiqlovchi hujjat seriyasi, raqami, sanasi, JSHSHIR va berilgan organi);

abonent raqami;

b) yuridik shaxslar uchun:

tashkilotning STIR;

abonent raqamlarining roʻyxati;

Bunda, agar abonent raqamlaridan bittasini boʻlsa ham koʻchirish rad etilgan boʻlsa, u holda soʻrov roʻyxatda aks ettirilgan barcha abonent raqamlari boʻyicha toʻliq rad etilgan hisoblanadi.

181. KRMB operatori retsipiyentdan abonent raqamini koʻchirish soʻrovini olganda quyidagi shartlarga rioya qilinganlik holatini tekshiradi:

KRMBda retsipiyent tomonidan mobil aloqa tarmoqlarida abonent raqamini koʻchirish uchun soʻrovning toʻgʻri toʻldirilganligini.

Bunda, soʻrovning toʻgʻri toʻldirilganligi uning talabnoma talablariga muvofiq ravishda toʻliq, aniq va xatosiz rasmiylashtirilganligi bilan belgilanadi. Mazkur shart bajarilmagan taqdirda, KRMB operatori retsipiyentni xabardor qilgan holda talabnomani rad etadi. Retsipiyent aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etgach, KRMB operatoriga yangi soʻrovni yuboradi;

abonent raqamini koʻchirish imkoniyatini tasdiqlash — oxirgi koʻchirilgan paytdan boshlab kamida 30 kalendar kuni oʻtganligi, bundan xato koʻchirilgan holatlar mustasno;

abonent raqamini koʻchirish uchun aktiv talabnomalar yoʻqligi.

Ushbu bandning uchinchi va toʻrtinchi xatboshilaridagi shartlar bajarilmagan holda KRMB operatori retsipiyentga abonent raqamini koʻchirish rad etilganligi toʻgʻrisida xabar qiladi, bu haqda retsipiyentga SMS xabarni yuborish orqali, rad etish sababini koʻrsatgan holda abonentni xabardor qiladi.

182. Retsipiyentdan abonent raqamini koʻchirish toʻgʻrisidagi soʻrov qabul qilinganda KRMB operatori donorga abonent raqamini koʻchirish toʻgʻrisidagi soʻrovni yuborib, retsipiyentga keyin koʻrib chiqish uchun talabnoma qabul qilinganligi toʻgʻrisida xabar qiladi.

183. Donor KRMB operatoridan abonent raqamini koʻchirish soʻrovini olganda quyidagi shartlarga rioya qilinganligini tekshiradi:

abonent shaxsiy maʼlumotlarining ishonchliligini.

Bunda, ishonchlilik KRMBdan soʻrovda kelib tushgan shaxsiy maʼlumotlarning donor va abonent oʻrtasidagi mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomada koʻrsatilgan maʼlumotlar bilan mosligi bilan aniqlanadi;

donor bilan tuzilgan aloqa xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma boʻyicha donor tomonidan tekshirish paytida abonent qarzlarining yoʻqligi, rouming xizmatlaridan tashqari;

abonentda donor oldidagi shartnoma boʻyicha majburiyatlarining yoʻqligi.

Bunda, mazkur bandning uchinchi va toʻrtinchi xatboshilaridagi shartlar bajarilmagan holda KRMB operatori retsipiyentga abonent raqamini koʻchirish rad etilganligi toʻgʻrisida xabar qiladi, bu haqda retsipiyentga SMS xabarni yuborish orqali, rad etish sababini koʻrsatgan holda abonentni xabardor qiladi.

184. Donor tomonidan talabnomani koʻrib chiqish muddati KRMB operatoridan soʻrovni olgan paytdan boshlab hisoblanadi va 10 daqiqadan koʻp boʻlmagan vaqtni tashkil qiladi.

Bunda, koʻrib chiqish ajratilgan muddatdan oshib ketganda KRMB avtomatik ravishda retsipiyent va donorga abonent raqami koʻchirilishi toʻgʻrisida xabar qiladi, KRMB talabnomani oʻz vaqtida tasdiqlamagan donor tomonidan buzilishga yoʻl qoʻyilganligini qayd qiladi.

Retsipiyent donor tomonidan abonent raqamini koʻchirilishiga ruxsat berilganidan soʻng, abonentga mobil aloqa xizmatlarini aktivatsiya qiladi.

185. Donor tomonidan KRMB operatoriga abonent raqamini koʻchirish mumkinligini tasdiqlash mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomani bekor qilish uchun asos boʻlib hisoblanadi.

186. Donordan abonent raqamini koʻchirish imkoniyati toʻgʻrisida bildirishnomani olgandan keyin KRMB operatori retsipiyent va donorga abonent raqamini texnik koʻchirish boshlanishi toʻgʻrisida xabar qiladi, retsipiyent esa, oʻz navbatida, bu haqda SMS xabarni yuborib abonentni xabardor qiladi.

187. KRMB operatoridan abonent raqamini texnik koʻchirishni boshlash toʻgʻrisidagi xabarni olgandan keyin:

retsipiyent abonent raqamini oʻz maʼlumotlar bazasiga kiritish, shu jumladan billing tizimlari va abonentlarni identifikatsiyalash maʼlumotlar bazasiga kiritish zarur xatti-harakatlarni bajaradi, shuningdek SIM -kartadagi vaqtincha raqamni talabnomada abonent tomonidan koʻchiriladigan sifatida koʻrsatilgan raqamga almashtiradi va KRMB operatoriga abonent raqamini oʻz tarmogʻida roʻyxatga olish ishlari tugallanganligi toʻgʻrisida xabar qiladi;

donor abonent raqamini oʻz billing tizimidan chiqarish boʻyicha kerakli ishlarni bajaradi va abonent deaktivatsiya qilinganligi toʻgʻrisida KRMB operatoriga xabar qiladi.

188. KRMB operatori donordan raqam deaktivatsiya qilinganligi toʻgʻrisida va retsipiyentdan abonent raqami roʻyxatga olinganligi toʻgʻrisidagi xabarlarni olgandan keyin abonent raqami koʻchirilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni KRMBga kiritadi hamda barcha operatorlarni (provayderlarni) koʻchirilgan abonent raqami boʻyicha marshrutlashni oʻzgartirish zarurligi toʻgʻrisida xabardor qiladi.

Ajratilgan muddatdan oshib ketgan holda KRMB marshrutlash oʻzgarganligini oʻz vaqtida tasdiqlamagan operator (provayder) tomonidan buzilishga yoʻl qoʻyilganligini qayd qiladi. Buzilish toʻgʻrisidagi bunday axborot keyinchalik nazorat qiluvchi vakolatli organni xabardor qilish uchun KRMB bazasida roʻyxatga olinadi.

189. Operatorlar (provayderlar) KRMBdan operatoridan xabarni olgandan keyin koʻchirilgan abonent raqami boʻyicha marshrutlashga oʻzgartirishlar kiritadilar va oʻz tarmoqlarida ishlar tugatilganligi toʻgʻrisida KRMB operatoriga tasdiq yuboradilar.

190. KRMB operatori koʻchirilgan abonent raqami boʻyicha marshrutlash oʻzgarganligi toʻgʻrisida operatorlardan (provayderlardan) tasdiqni olganlaridan keyin yoki bu operatsiya uchun ajratilgan muddat oshib ketgan holda barcha operatorlarga (provayderlarga) abonent raqamini koʻchirish muvaffaqiyatli tugallanganligi toʻgʻrisida xabar yuboradi. Ajratilgan muddat oshib ketgan holda KRMB marshrutlash oʻzgarganligini oʻz vaqtida tasdiqlamagan operator (provayder) tomonidan buzilishga yoʻl qoʻyilganligini qayd qiladi. Buzilish toʻgʻrisidagi bunday axborot keyinchalik Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Axborotlashtirish va telekommunikatsiyalar sohasida nazorat boʻyicha inspeksiyasini xabardor qilish uchun KRMBda roʻyxatga olinadi.

191. Retsipiyent KRMB operatoridan abonent raqamini koʻchirish muvaffaqiyatli tugallanganligi toʻgʻrisidagi xabarni olgandan keyin bu haqda koʻchirilgan raqamli SIM- kartaga SMS xabarni yuborish orqali abonentni xabardor qiladi.

192. Donor tomonidan abonent raqamining koʻchirilishi toʻgʻrisida soʻrov tasdiqlanguncha abonent abonent raqamini koʻchirish xizmatlarini rad etishi mumkin.

193. Avval bir operatordan (provayderdan) boshqa operatorga (provayderga) koʻchirilgan abonent raqamini koʻchirish jarayoni abonentning talabnomasi boʻyicha mazkur Qoidalarning 182 — 194-bandlarida koʻrsatilgan ketma-ketlikda bajariladi.

194. KRMB operatori orqali abonent raqamini koʻchirish protseduralari bilan bogʻliq barcha xatti-harakatlar soʻrov olinganligini majburiy sinxron tasdiqlagan holda bajariladi.

195. Aloqa tarmoqlarida koʻchirilgan abonent raqamlari uchun ulanishlarning marshrutlanishini taʼminlash uchun quyidagi texnologiyalar qoʻllaniladi:

a) mobil aloqa tarmoqlaridan chaqiruvni boshlab berishda koʻchirilgan raqamlarning lokal bazasidan foydalangan holda “ All Call Query ”;

b) qayd qilingan aloqa tarmoqlaridan chaqiruvni boshlab berishda “ All Call Query ” yoki “ Onward Routing ”.

196. Operator (provayder) quyidagilarni taʼminlaydi:

koʻchirilgan abonent raqamlariga oʻz tarmogʻidan ulanishlarni toʻgʻri marshrutlashni taʼminlash uchun zarur boʻlgan koʻchirilgan raqamlarning lokal bazasini shakllantirish, uning ishlashi va texnik kuzatish;

KRMB operatoriga talabnomada abonent tomonidan koʻrsatilgan abonent raqamlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish;

koʻchirilgan abonent raqamlarini oʻzining raqamlash resursiga kiritish va mazkur Qoidalarida belgilangan tartibda tuzilgan shartnomaning amal qilish muddatida mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish;

oʻzining axborot tizimlarida abonentlarga berilgan abonent raqamlari hamda koʻchirilgan va qabul qilingan abonent raqamlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning toʻgʻriligini va aktualligini;

donor tomonidan boshqa operatorning tarmogʻiga koʻchirilishi kerak boʻlgan raqamning berilishi;

abonent raqamini koʻchirish va koʻchirilgan abonent raqami boʻyicha oʻz tarmoqlarida xizmatlarni lozim darajada koʻrsatish uchun oʻz tarmoqlarini texnik jihatdan tayyorlash;

foydalanilayotgan texnologiya, taqdim etilayotgan mobil aloqa xizmatining turi, abonent tomonidan aloqa xizmatlariga haq toʻlash usulidan qatʼi nazar mobil aloqa tarmoqlarida abonent raqamlarini koʻchirish;

aholiga mobil aloqa tarmoqlarida abonent raqamlarini koʻchirish shartlari toʻgʻrisidagi axborotni taqdim etish;

raqamni koʻchirish mumkinligini oldindan tekshirish xizmatini koʻrsatish uchun shart-sharoit yaratish va abonentga tekshiruv natijalari hamda rad etilganda sabablari koʻrsatilgan holda asoslangan rad javobini berish;

belgilangan muddatlarda retsipiyent va abonent oʻrtasida shartnoma bekor qilinganda koʻchirilgan abonent raqamini birlamchi operatorga qaytarish, bundan abonent raqamini koʻchirish bilan bogʻliq shartnomani bekor qilish holatlari bundan mustasno.

197. KRMB operatori quyidagilarni taʼminlaydi:

KRMBni shakllantirish va texnik kuzatish hamda operatorlar (provayderlar) tomonidan abonent raqamlarini koʻchirish uchun uning resurslaridan foydalana olish imkonini yaratish;

abonent raqamlarini koʻchirish jarayonida yuzaga keladigan masalalar boʻyicha operatorlar (provayderlar) oʻrtasida oʻzaro ishlashni tashkil etish;

KRMBning koʻchirilgan abonent raqamlari toʻgʻrisidagi axborotni aktuallashtirish (maʼlumotlarni sinxronlash) uchun KRMBga ulangan operatorlarning (provayderlarning) koʻchirilgan raqamlarning lokal bazasi bilan oʻzaro ishlashi;

koʻchirilgan abonent raqamlari toʻgʻrisidagi axborotni KRMBga kiritish (abonent raqamlarini koʻchirish jarayonida axborotni yangilash);

KRMBda saqlanayotgan maʼlumotlarni ruxsatsiz foydalana olishdan himoyalash;

operatorlarni (provayderlarni) koʻchirilgan abonent raqamiga xizmat koʻrsatuvchi mobil aloqa operatorining (provayderining) almashganligi toʻgʻrisida xabardor qilish.

198. Abonent raqamlarini koʻchirish jarayonida yuzaga keladigan retsipiyent va donorning oʻzaro ishlashlari faqat KRMB operatori orqali amalga oshiriladi.

199. KRMBda abonent raqamlarini koʻchirish jarayoni, shu jumladan axborot almashish jarayoni avtomatlashtirilgan rejimda amalga oshiriladi.

200. Mobil aloqa operatorlari (provayderlari) oʻz tarmoqlarida abonent raqamining koʻchirilishini taʼminlash boʻyicha barcha xarajatlarini, shu jumladan KRMBga ulanish va abonentlarga koʻchirish jarayonlarida koʻzda tutilgan SMS larni joʻnatish uchun aloqa kanallarini ijaraga olish xarajatlarini oʻz hisoblaridan amalga oshiradilar.

201. Mobil aloqa operatorlari (provayderlari) tomonidan abonent raqamlaridan, shu jumladan koʻchirilgan abonent raqamlaridan foydalanganlik uchun toʻlov abonentga mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatuvchi operator (provayder) tomonidan amalga oshiriladi.

Abonent raqamini koʻchirish xizmati uchun abonent tomonidan toʻlanadigan haq miqdori retsipiyent tomonidan mustaqil ravishda belgilanadi.

202. Abonent tomonidan abonent raqamini koʻchirish xizmati uchun toʻlanadigan haq bir martalik hisoblanadi va mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomani tuzishda retsipiyentga toʻlanadi.

203. Operator (provayder) va KRMB operatorining oʻzaro ishlashi va oʻzaro hisob-kitoblari jarayoni operator (provayder) va KRMB operatori oʻrtasida tuzilgan shartnoma bilan belgilanadi.

204. Mobil aloqa tarmoqlarida abonent raqami koʻchirilganda abonentning shaxsiy hisob raqamida sarflanmagan pul mablagʻlari mavjud boʻlganda, ushbu mablagʻlarni qaytarish mazkur Qoidalarga va donor bilan tuzilgan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasiga muvofiq donor tomonidan amalga oshiriladi.

Telefon aloqa tarmoqlaridan chaqiruv boshlanganida “ Onward Routing ” xizmatlari taqdim etilganligi uchun telefon va mobil aloqa tarmoqlarining operatorlari (provayderlari) oʻrtasidagi oʻzaro hisob-kitoblar ushbu operatorlar (provayderlar) oʻrtasida tuzilgan shartnoma shartlari bilan belgilanadi.

205. Abonentning donor oldida koʻchirilgan raqam boʻyicha koʻrsatilgan rouming xizmatlari uchun qarzdorligi mavjud boʻlganda donor abonent raqami retsipiyent tarmogʻiga koʻchirilgan sanadan boshlab 30 kun davomida koʻrsatilgan rouming xizmatlariga haq toʻlash uchun hisobni taqdim etish huquqiga ega.

Bunda, donor KRMB operatori orqali abonent raqamini, qarzdorlik summasini va qarzdorlikni toʻlash muddatini koʻrsatgan holda retsipiyentga soʻrov yuboradi. Qarzdorlikni bartaraf etish (toʻlash) muddati 7 ish kunidan oshmasligi kerak.

KRMB operatori donorning koʻchirilgan abonent raqamining qarzdorligi toʻgʻrisida retsipiyent yuborilgan soʻrovini olganda, soʻrovning 30 kun davomida taqdim etilganligi tekshiriladi, agar soʻrov ushbu muddatga rioya qilingan holda yuborilganda KRMB operatori donorning soʻrovini tasdiqlab va retsipiyentga abonent tomonidan qarzdorlikni toʻlash zarurligi toʻgʻrisida xabar yuboradi, agar soʻrov ushbu muddatda taqdim etilmaganligi aniqlanganda, KRMB operatori donorga soʻrovning rad etilishi haqida xabar yuboradi.

Retsipiyent KRMB operatoridan koʻchirilgan abonent raqami boʻyicha abonent tomonidan qarzdorlikni toʻlash toʻgʻrisidagi xabarnomani olgan paytdan boshlab 15 daqiqa ichida quyidagilar haqida xabardor qiladi:

abonentning donor oldidagi qarzdorligini toʻlash zarurligi toʻgʻrisida SMS -xabarnomani joʻnatish yoʻli bilan;

abonentni xabardor qilish vaqti toʻgʻrisida KRMB operatorini.

KRMB operatori retsipiyent tomonidan abonent xabardor qilingan paytidan boshlab abonentning qarzdorligini toʻlash uchun belgilangan vaqtni hisoblash boshlanganligini KRMBda qayd qiladi va bu haqda donorni xabardor qiladi.

Abonent tomonidan qarzdorlikni bartaraf etish toʻgʻrisida retsipiyentdan xabarnoma olingan vaqtdan boshlab 7 ish kuni davomida qarzdorlik bartaraf etilmagan (toʻlanmagan) taqdirda, donor KRMB operatoriga retsipiyent tomonidan abonent uchun aloqa xizmatlarini blokirovka qilish soʻrovini yuboradi.

Retsipiyent abonent donor oldidagi qarzdorligini toʻliq toʻlaguniga qadar KRMB operatoridan xabarnomani olgan paytdan boshlab abonentga xizmatlar koʻrsatishni toʻxtatadi. Bunda, retsipiyent abonentga qarzdorlikni toʻlash zarurligi toʻgʻrisida SMS xabarni yuboradi.

Abonent qarzdorligini bartaraf etganda (toʻlaganda), donor 15 daqiqa ichida KRMB operatoriga qarzdorlik toʻlanganligi va abonent raqami blokirovkadan chiqarilganligi toʻgʻrisida xabar yuboradi, bu haqda KRMB operatori retsipiyentga xabar qiladi.

206. Retsipiyent bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi bekor qilinganda, koʻchirilgan abonent raqami bir ish kuni ichida birlamchi operatorga qaytarilishi kerak.

Bunda, retsipiyent tomonidan KRMB operatoriga abonent raqamini birlamchi operatorga qaytarish toʻgʻrisidagi soʻrov (bundan buyon matnda soʻrov deb yuritiladi) yuboriladi.

207. KRMB operatori quyidagi hollarda abonent raqamini qaytaradi:

raqam retsipiyentga tegishli boʻlganda;

raqamni koʻchirish aktiv jarayoni boʻlganda yoki boʻlmaganda;

raqamni qaytarish soʻrovining formati toʻgʻri toʻldirilganda.

208. Soʻrov tasdiqlaganda KRMB operatori retsipiyentga va birlamchi operatorga raqamni qaytarish toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi, bunda parallel ravishda operatorlarni (provayderlarni) tarmoqda konfiguratsiyaning oʻzgarishi va marshrutlashni oʻzgartirish zarurligi toʻgʻrisida xabardor qiladi.

209. Birlamchi operator KRMB operatori orqali retsipiyentni qaytarilgan abonent raqami olinganligi toʻgʻrisida xabardor qiladi.

210. Abonent raqami xato koʻchirilganda retsipiyent KRMB operatoriga aniqlangan xato va abonent raqamining qaytarilishi toʻgʻrisida xabar yuboradi.

211. KRMB operatori abonent raqamini qaytarish mumkinligini, abonent raqamining donorga tegishliligini, aktiv koʻchirish jarayoni borligini tekshiradi. Tekshiruv muvaffaqiyatli oʻtganda, KRMB operatori retsipiyentga abonent raqamini qaytarish va donorga xato raqamni qaytarish toʻgʻrisida xabar yuboradi.

Abonent raqamini xato koʻchirishni qaytarish soʻrovida xatoliklar aniqlanganda KRMB operatori retsipiyentga abonent raqami xato koʻchirilganligini qaytarishni rad etish toʻgʻrisida xabar yuboradi.

Retsipiyent xatolarni bartaraf etadi va KRMB operatoriga qayta soʻrovni yuboradi.

212. Donor KRMB operatoridan xato koʻchirilgan abonent raqami qaytarilganligi toʻgʻrisidagi xabarni olib, soʻrovni tekshiradi.

213. Abonent raqami xato koʻchirilganligi aniqlangan holda, bunday abonent raqamini qaytarish jarayoni abonentning yozma arizasi yoki donorning axborot-maʼlumot xizmatiga murojaati asosida donor tomonidan boshlab beriladi. Bunda, abonentning aybi bilan boʻlmagan xato koʻchirilgan abonent raqamini qaytarish uchun toʻlov undirilmaydi.

214. Donor KRMB operatoriga xato koʻchirilgan abonent raqamini qaytarish toʻgʻrisidagi soʻrovni yuboradi.

215. KRMB operatori xato koʻchirilgan abonent raqamini qaytarish soʻrovini olganda uni abonent raqamini koʻchirish mumkinligi yuzasidan tekshiradi, bu jarayon quyidagilardan iborat:

abonent maʼlumotlarini toʻldirish;

ushbu abonent raqamini koʻchirish uchun aktiv talabnomalarning borligi.

216. Tekshiruv muvaffaqiyatli boʻlgan holda KRMB operatori donorga soʻrovni olganligini tasdiqlaydi va uni xato koʻchirilgan abonent raqami boʻlgan mobil aloqa operatoriga (provayderiga) yuboradi.

217. Xato koʻchirilgan abonent raqamini qaytarish soʻrovida xatoliklar aniqlanganda KRMB operatori donorga sababini koʻrsatgan holda xato koʻchirilgan abonent raqamining qaytarilishi rad etilganligi toʻgʻrisida xabar yuboradi.

218. Mobil aloqa operatori (provayderi) KRMB operatoridan xato koʻchirilgan abonent raqami qaytarilganligi toʻgʻrisidagi xabarni olib, soʻrovni tekshiradi. Tekshiruv natijalari boʻyicha xato koʻchirilgan abonent raqami boʻlgan mobil aloqa operatori (provayderi) KRMB operatoriga xato koʻchirilgan abonent raqamini qaytarish boshlanganligini yoki u rad etilganligini tasdiqlaydi.

Bunda, mobil aloqa xizmatlari uchun yuzaga kelgan abonentning qarzdorligi retsipiyent tomonidan qoplanadi.

219. Agar xato koʻchirilgan abonent raqami boʻlgan mobil aloqa operatori (provayderi) 1 daqiqa ichida xato koʻchirilgan abonent raqamini qaytarish yoki rad etish tasdiqlanganligi toʻgʻrisida KRMB operatorini xabardor qilmasa, KRMB operatori donorga xato koʻchirilgan abonent raqami qaytarilganligini tasdiqlash toʻgʻrisida avtomatik ravishda xabar qiladi.

220. Donor KRMB operatoridan xato koʻchirilgan abonent raqami qaytarilganligi toʻgʻrisida xabar olgan paytdan boshlab 1 daqiqa ichida abonentga xizmatni aktivatsiya qiladi. Xizmatlar muvaffaqiyatli aktivatsiya qilingandan keyin donor KRMB operatoriga abonent raqami aktivatsiya qilinganligini tasdiqlaydi.

221. KRMB operatori xato koʻchirilgan abonent raqami boʻlgan mobil aloqa operatoriga (provayderiga) abonent raqami muvaffaqiyatli aktivatsiya qilinganligi toʻgʻrisida va operatorlarga — tarmoqdagi marshrut raqami ( routing number, RN ) oʻzgarganligi toʻgʻrisida xabar yuboradi.

Bunda, xato koʻchirilgan abonent raqami boʻlgan mobil aloqa operatori (provayderi) 1 daqiqa ichida abonent raqamini deaktivatsiya qiladi.

222. Operator (provayder) KRMB operatoridan xabar olgan paytdan boshlab 1 daqiqadan kechiktirmay koʻchirilgan abonent raqami boʻyicha marshrutlashga oʻzgartirishlar kiritadi va KRMB operatoridan xabarni olgan paytdan boshlab 10 daqiqadan kechiktirmay KRMB operatoriga oʻz tarmogʻida marshrutlash oʻzgarganligini tasdiqlaydi.

223. Xizmatlar, tarif rejasi, xato koʻchirilgan abonent raqami balansi xato koʻchirish paytidagi holatgacha donor tomonidan tiklanadi.

11-§. Televideniye xizmatlarini tashkil qilish va taqdim etish

224. Eshittiruvchi, operator, provayder televideniye xizmatlari faoliyatini litsenziya asosida amalga oshiradi.

225. Eshittiruvchi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ommaviy axborot vositasi sifatida davlat roʻyxatidan oʻtgan boʻlishi shart, bundan teleradio dasturlariga va signallariga ishlov bermasdan, retranslyatsiya qiluvchilar mustasno.

226. Eshittiruvchi dasturlarini tarqatish (translyatsiya, retranslyatsiya qilish) va sotish, shuningdek olingan dasturlarni tarqatish (translyatsiya, retranslyatsiya qilish) va sotish faoliyatini xususiy yoki alohida mualliflik shartnomalari asosida amalga oshiradi.

227. Televideniye tarmoqlari orqali qonunchilik bilan taqiqlangan maʼlumotlarni tarqatishga yoʻl qoʻyilmaydi. Reklama va eʼlonlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tarqatiladi.

228. Eshittiruvchi, operator, provayder tomonidan koʻrsatiladigan televideniye xizmatlarining turlari va roʻyxati televideniye tarmogʻining texnik imkoniyatlari, yer usti va yoʻldosh efir eshittirish dasturlari signallarini qabul qilish shartlari va abonentlar ehtiyojlariga asosan belgilanadi.

229. Quyidagilar televideniyening yordamchi xizmatlari hisoblanadi:

foydalanuvchi qurilmasini ulash sxemasini oʻzgartirish, yangi elementlarni montaj qilish va ulash;

abonent tarmogʻi yoki qurilmasini abonentning talabnomasiga koʻra vaqtinchalik oʻchirish va qaytadan ulash;

abonent liniyalari (abonent tarmogʻi), abonent rozetkalari, abonent antennasi va abonent kabellarini almashtirish, montaj qilish, ulash (oʻchirish);

abonent liniyasi (abonent tarmogʻi), abonent rozetkalari, kabellari va uskunasini taʼmirlash, sozlash va unga texnik xizmat koʻrsatish;

foydalanuvchi qurilmasini sozlash ishlari xizmat koʻrsatuvchi tomonidan tarqatilayotgan signal parametrlariga oʻzgartirishlar kiritilishi natijasida sodir boʻlishi bundan mustasno.

230. Yordamchi xizmatlar televideniye xizmatlarini koʻrsatish uchun tegishli litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxslar tomonidan ham koʻrsatilishi mumkin. Ushbu xizmatlarning narxi televideniye xizmatlariga tariflarni aniqlashda hisobga olinadi.

231. Televideniye xizmatlari televideniye tarmoqlari eshittiruvchilari (operatorlari, provayderlari) abonentlar bilan yozma yoki elektron shaklda tuziladigan shartnomalar asosida koʻrsatiladi.

232. Televideniye xizmatlarini koʻrsatish quyidagi hollarda toʻxtatib turiladi:

televideniye dasturlari, radiodasturlar yoki telekommunikatsiyalarning boshqa xabarlari signallarini operatorga (provayderga) bogʻliq boʻlmagan sababga koʻra televideniye tarmogʻining kirishiga berish, jumladan dasturlarni efir orqali translyatsiya qilish toʻxtatilganda;

televideniye tarmogʻida rejali profilaktika yoki taʼmirlash ishlarini bajarish vaqtida yoki foydalanuvchi qurilmasiga elektr energiyasining berilishi toʻxtatilganda;

televideniye tarmogʻi orqali odamlarning dengizdagi, yerdagi, havodagi, kosmik fazodagi xavfsizligiga, mudofaa, xavfsizlik va huquq-tartibotni saqlash sohasidagi kechiktirib boʻlmaydigan tadbirlarni oʻtkazishga taalluqli barcha xabarlarga, shuningdek yirik avariyalar, falokatlar, epidemiyalar, yongʻinlar va boshqa favqulodda vaziyatlar haqidagi xabarlar tarqatilayotganda.

233. Televideniye xizmatlari abonent xonalaridagi parametrlar soz holatda ishlaydigan abonent tarmogʻi va foydalanuvchi qurilmasi mavjud boʻlganda koʻrsatiladi.

234. Televideniye xizmatlarining koʻrsatilishi odamlarning sogʻligʻi yoki xavfsizligiga tahdid solsa, xizmatlar koʻrsatish rad etilishi mumkin. Abonentga televideniye xizmatlari koʻrsatishning rad etish sabablari operator (provayder) tomonidan asoslab berilishi kerak.

12-§. Televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish hamda tarqatish xizmatlarini koʻrsatish

235. Televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish texnik vositalaridan foydalanuvchi yuridik shaxs (bundan buyon matnda ijrochi deb yuritiladi) boshqa yuridik shaxslarga (bundan buyon matnda buyurtmachilar deb yuritiladi) mazkur texnik vositalarda tashkil etilgan kanallarni taqdim etish orqali televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini koʻrsatishi mumkin.

236. Buyurtmachi ommaviy axborot vositasi davlat roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma hamda mazkur faoliyat turiga litsenziya olguniga qadar ijrochiga u bilan televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini koʻrsatish uchun shartnoma tuzishning boshlangʻich shartlarini bilish maqsadida murojaat qilishi mumkin.

237. Ijrochi buyurtmachining murojaatini olgandan soʻng 30 kun ichida unga shartnoma tuzishga roziligini yoki shartnomani boshqacha shartlarda tuzishni, buyurtmachi litsenziya olishi uchun zarur boʻlgan unga ajratilayotgan telekommunikatsiyalar vositalarining texnik koʻrsatkichlarini keltirgan holda javobni yoki asoslangan rad javobini yuboradi.

238. Buyurtmachi qonunchilik hujjatlari asosida faqat ikki tomonlama shartnomani rasmiylashtirganidan soʻng televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini olishi mumkin.

239. Shartnoma tomonlarning biri shartnoma tuzishga taklif yuborishi va ikkinchi tomon taklifni qabul qilishi orqali tuziladi. Buyurtmachida belgilangan tartibda olingan ommaviy axborot vositasi roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma hamda mazkur faoliyat turiga litsenziya mavjud boʻlgandagina televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini koʻrsatishga shartnoma tuziladi.

Bunda, buyurtmachi ijrochining, ijrochi esa buyurtmachining litsenziyasi nusxasiga ega boʻlishlari kerak.

240. Televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini koʻrsatishga shartnoma tuzish uchun buyurtmachi ijrochiga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

litsenziya nusxasi;

belgilangan shakldagi buyurtmachining ommaviy axborot vositasi sifatida roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma nusxasi;

televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish texnik vositalariga kirish huquqiga ega shaxslarning, shuningdek ularning pasporti, identifikatsiyalovchi ID-kartasi yoki shaxsini tasdiqlovchi boshqa hujjati maʼlumotlari ilova qilingan roʻyxati;

buyurtmachi tomonidan tasdiqlangan televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish kanallarining oylik yuklamasi rejasi;

ijrochining texnik vositalari kirishiga televideniye va radioeshittirish signallarini beruvchi qurilmalarning, shuningdek ularning texnik parametrlari koʻrsatilgan roʻyxati.

241. Shartnoma buyurtmachi va ijrochi tomonidan imzolangan sanadan boshlab tuzilgan hisoblanadi va tomonlar uchun majburiy boʻladi. Tomonlar oʻzlari tuzgan shartnomaning shartlari ular oʻrtasida shartnoma tuzgunga qadar yuzaga kelgan munosabatlarga nisbatan ham qoʻllanilishini belgilab qoʻyishga haqlidirlar.

242. Shartnoma buyurtmachi va ijrochi litsenziyalarining amal qilish muddatidan ortiq boʻlmagan muddatga tuziladi.

243. Litsenziyaning amal qilish muddati uzaytirilganda shartnoma tomonlarning kelishuviga binoan litsenziyaning yangi amal qilish muddatigacha boʻlgan muddatga uzaytirilishi mumkin.

244. Shartnomada ajratiladigan qurilmalar turi, kanallar raqami va masofasi, ulanish nuqtalari va tomonlarning javobgarlik taqsimoti chegaralari, oʻrtacha kunlik yuklama, koʻrsatiladigan xizmatlarning amaldagi tarifi (preyskurant), yillik va choraklar boʻyicha narxi, avvaldan toʻlov foizi va televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini koʻrsatishga taalluqli boshqa maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim.

245. Shartnomaga muvofiq televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish uchun ajratilgan telekommunikatsiyalar vositalarining ishlashida ijrochining aybi bilan yuzaga kelgan texnik toʻxtalishlar hamda ijrochi tomonidan qurilmalarni rejadan tashqari (avariya holatlari) texnik taʼmirlash va koʻrikdan oʻtkazish vaqtlari uchun buyurtmachi toʻlovlarni amalga oshirmaydi.

246. Televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlari buyurtmachisi ijrochiga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra belgilangan muddatga televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini qabul qilib ololmasa, buyurtmachi xizmatlar haqini shartnomada koʻrsatilgan muddatdan boshlab toʻlaydi.

247. Shartnomada, shuningdek quyidagi holatlarda buyurtmachi tarif boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirishi koʻrsatilishi lozim:

buyurtmachi bilan bogʻliq boʻlgan sabablarga koʻra toʻxtab turish vaqti;

buyurtmachining aybi bilan roʻy bergan televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish kanallari, sunʼiy yoʻldosh televideniye stansiyasi, kam quvvatli retranslyatorlar va yuqori quvvatli radiotelevideniye uzatish stansiyalari ishidagi 30 daqiqadan kam davomiylikdagi toʻxtalishlar vaqti;

rejadan tashqari uzatishlar, shu jumladan texnik sinovning maʼlum qilingan vaqti;

efirga uzatish davrida buyurtmachi va/yoki ijrochi tomonidan teleradiostansiya va antennani qayta sozlashning 30 daqiqagacha boʻlgan vaqti;

efirga uzatish yoki dasturlarni uzatish (peregon) oldidan buyurtmachi va/yoki ijrochi tomonidan telekommunikatsiyalar vositalarini tayyorlash vaqti — 10 daqiqa;

telekommunikatsiyalar vositalaridan amalda ishlagan, lekin kafolatlangan yuklamadan kam boʻlmagan vaqt foydalanilishi.

248. Xorijiy televideniye va radioeshittirish dasturlarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida retranslyatsiya qilish tegishli qonunchilik hujjatlari va Oʻzbekiston Respublikasi xalqaro shartnomalari asosida amalga oshiriladi.

249. Ijrochi va buyurtmachi oʻrtasida televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini koʻrsatish shartnomasining shartlaridan kelib chiquvchi tushunmovchiliklar va nizolar muzokaralar asosida hal etiladi yoki manfaatdor tomonning murojaati boʻyicha sudda koʻrib chiqiladi.

250. Ijrochi televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini koʻrsatish uchun zarur boʻlgan, shartnomada koʻrsatilgan texnik vositalarni kafolatlangan yuklamaga muvofiq ajratishga majbur:

televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish uchun shaharlararo kanallar va ulanish liniyalarini, ularning ajratilishini hisobga olgan holda;

yuqori quvvatli va kam quvvatli televideniye va radioeshittirish uzatkichlarini antenna-fider qurilmalari bilan;

sunʼiy yoʻldosh televideniye va/yoki radioeshittirish qabul qilish va uzatish stansiyalarini.

251. Ijrochi boshqa buyurtmachilarga televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlarini quyidagi holatlarda koʻrsatadi:

amaldagi shartnomaga ega buyurtmachining yuklamasidan ozod boʻlgan vaqt davrida;

amaldagi shartnomaga ega buyurtmachiga xizmat koʻrsatishda qoʻllanilmayotgan qoʻshimcha televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish texnik vositalaridan va/yoki kanallaridan foydalanganda.

252. Xizmatlarni koʻrsatish boʻyicha tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq buyurtmachi televideniye va radioeshittirish dasturlari translyatsiyasini ijrochining televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish qurilmalariga qadar tegishli kanal mavjud boʻlganda oʻz studiyasidan yoki ijrochining studiyasidan amalga oshiradi.

253. Zaruratga koʻra buyurtmachi oʻz studiyasidan ijrochining qurilmalariga qadar uzatish kanalini tashkil etadi hamda ijrochi ham buyurtmachi studiyasidan ijrochining qurilmalariga qadar uzatish kanalini tashkil etishni taklif etishi mumkin.

254. Televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlari ijrochisi koʻrsatilayotgan televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish xizmatlari uchun har oyda shartnomada belgilangan miqdorda boʻnak toʻlovini oladi.

255. Shartnomaning amal qilish muddati tugaganida ijrochi va buyurtmachi boʻnak toʻlovini va xizmatning amalda koʻrsatilgan vaqtini hisobga olgan holda yakuniy oʻzaro hisob-kitobni amalga oshirishadi.

256. Taqdim etilgan televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish kanallari orqali, tarqatish manbasidan tarkibi oʻzgarmasdan tarqatilayotgan televideniye va radioeshittirish dasturlarining mazmuni uchun buyurtmachi javobgardir.

257. Ijrochining televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish kanallari kirishiga berilayotgan televideniye va radiosignallar parametrlari belgilangan talablarga mos boʻlishi lozim va bular buyurtmachi tomonidan taʼminlanadi.

258. Ijrochining televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish texnik vositalarining sifat koʻrsatkichlari belgilangan talablarga mos boʻlishi lozim.

259. Televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish texnik vositalarining parametrlari, shuningdek koʻrsatilayotgan xizmatlar sifatining nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Axborotlashtirish va telekommunikatsiyalar sohasida nazorat inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

260. Ijrochi odamlarning dengizdagi, yerdagi, havodagi, kosmik fazodagi xavfsizligiga, mudofaa, xavfsizlik va huquq-tartibotni saqlash sohasidagi kechiktirib boʻlmaydigan tadbirlarni oʻtkazishga taalluqli barcha xabarlariga, shuningdek yirik avariyalar, falokatlar, epidemiyalar, yongʻinlar va boshqa favqulodda vaziyatlar haqidagi xabarlarini tarqatish uchun buyurtmachining televideniye va radioeshittirish dasturlarini translyatsiyadan chiqarish (yoki toʻxtatish) huquqiga ega.

Bunda, favqulodda vaziyatlarda yoki favqulodda holatda tomonlarga yetkazilgan zararlar davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

261. Ijrochi avariya holatlarida shartnomaga muvofiq ajratilgan texnik vositalarni oʻchirib qoʻyish huquqiga ega. Texnik imkoniyat mavjud boʻlganda ijrochi buyurtmachini avariya va eshittirishni taʼminlash boʻyicha koʻrilayotgan choralar toʻgʻrisida ogohlantirgan holda televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatishning aylanma (zaxira) traktini taqdim etadi.

13-§. Mobil aloqa abonentlariga kontent xizmatlarini taqdim etish

262. Kontent xizmatlari kontent provayderlari tomonidan litsenziya asosida taqdim etiladi.

263. Kontent provayderlarining mobil aloqa operatorlari orqali abonentlarga ularning raqami balansi hisobidan taqdim etiladigan barcha pullik xizmatlari, shuningdek kontent xizmatlari dastlab nofaol holatda boʻladi.

Kontent xizmatlarini abonent tomonidan aktivatsiya qilish mobil aloqa operatorining mobil ilovasi yoki USSD kod orqali amalga oshiriladi.

Kontent xizmatlarini abonent tomonidan deaktivatsiya qilish soddalashtirilgan usulda mobil aloqa operatorining mobil ilovasi yoki USSD kod orqali amalga oshiriladi.

Bunda, pullik xizmatlarni abonentlarga avtomatik ulashga hamda dastlab bepul boʻlgan xizmatlarni abonentning rozilik tasdigʻini olmasdan pullik xizmatga oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

264. Abonentlarni pullik xizmatlarga, shu jumladan kontent xizmatlariga ulash ikki bosqichda amalga oshiriladi.

Bunda:

birinchi bosqichda — tanlangan xizmat (xizmat turi, mazmuni, muallifi, narxi, davomiyligi, xizmatni bekor qilish tartibi, bogʻlanish uchun telefon raqamlari) haqida abonentga batafsil maʼlumot beriladi;

ikkinchi bosqichda — tanlangan xizmatni ulash uchun abonentning rozilik tasdigʻi olinadi.

Abonentning rozilik tasdigʻi faqat quyidagi usullar orqali olinganda haqiqiy deb eʼtirof etiladi:

bepul SMS xabar orqali maxsus kodni yuborish orqali;

mobil aloqa operatorining mobil ilovasida toʻgʻridan-toʻgʻri tasdiqlash (tasdiqlash yoki rozilik berish tugmasini bosish) orqali.

265. Abonentning rozilik tasdigʻisiz ulanish aniqlangan taqdirda, mobil aloqa operatori ushbu xizmatni 24 soat ichida bekor qilishi va yechilgan mablagʻni abonentga toʻliq qaytarishi shart.

2-bob. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatishga shartnomalar tuzish va bekor qilish

1-§. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzish va bekor qilish

266. Telekommunikatsiyalar xizmatlari operator (provayder, eshittiruvchi) va abonent oʻrtasida tuziladigan shartnoma asosida taqdim etiladi.

Bunda:

abonent — jismoniy shaxsning shaxsan ishtirokida shaxsini tasdiqlovchi hujjat taqdim etish orqali;

abonent — jismoniy shaxs vakilining shaxsan ishtirokida va u tomonidan shaxsini tasdiqlovchi hujjat va ishonchnoma taqdim etish orqali;

abonent — jismoniy shaxsning yuzini biometrik identifikatsiyalash ( Face-ID ) yordamida tasdiqlash orqali amalga oshiriladi.

Bunda, texnik sabablarga koʻra, biometrik identifikatsiyalash imkoni boʻlmaganida, abonent-jismoniy shaxs mobil aloqa operatorlarining ofislariga murojaat qiladi.

267. Operator (provayder) shartnomani bevosita yoki oʻzining tijorat vakili — diler orqali tuzishlari mumkin.

268. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan tuziladi.

269. Jismoniy va yuridik shaxslar telekommunikatsiyalar xizmatlariga ulanish uchun arizani operatorning (provayderning, eshittiruvchining) rasmiy veb-sayti, ularning maxsus axborot tizimlari va operatorga ulanish uchun ariza qoldirish imkoniyati yaratilgan davlat tomonidan taqdim etiladigan onlayn xizmat portallari orqali interaktiv usulda yuborishlari mumkin.

Bunda, elektron arizalar yozma arizalarga tenglashtiriladi va koʻrib chiqiladi.

270. Telekommunikatsiyalar xizmatlariga ulanish uchun ariza:

muomala layoqatiga ega boʻlgan jismoniy shaxs tomonidan;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan yuridik shaxs, shuningdek uning filiali yoki vakolatxonasi tomonidan berilishi mumkin.

Telefon xizmati uchun — yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan yoki ushbu turar joyning egasi yoki ijaraga oluvchisi hisoblanadigan jismoniy shaxs tomonidan berilishi mumkin.

Oʻn toʻrt yoshdan oʻn sakkiz yoshgacha boʻlgan voyaga yetmaganlar oʻz ota-onalari, farzandlikka oluvchilari yoki homiylarining yozma roziligi bilan telekommunikatsiyalar xizmatlariga ulanish uchun ariza berishi mumkin.

271. Ariza ushbu hududda telekommunikatsiyalar tarmoqlari xizmatlarini koʻrsatish litsenziyasiga ega istalgan operatoriga (provayderiga, eshittiruvchiga) berilishi mumkin.

Arizalar operator (provayder, eshittiruvchi) tomonidan belgilangan tartibda roʻyxatga olinadi. Operator (provayder, eshittiruvchi) arizani qabul qilishdan bosh tortishga haqli emas.

272. Bevosita murojaat qilinganda operatorga (provayderga, eshittiruvchiga) yoki dilerga quyidagi maʼlumotlar taqdim qilinishi kerak:

familiyasi, ismi, otasining ismi, yashash joyi, shaxsini tasdiqlovchi hujjat rekvizitlari (seriyasi, raqami va JSHSHIR) — jismoniy shaxslar uchun;

jismoniy shaxsning shaxsini tasdiqlaydigan hujjatlardan biri:

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosiga — biometrik pasport, identifikatsiya ID-kartasi, yangi namunadagi haydovchilik guvohnomasi;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida vaqtincha yashayotgan chet el fuqarosiga — xorijiy davlat fuqarosining pasporti;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida vaqtincha yashayotgan fuqaroligi boʻlmagan shaxsga — harakatlanish hujjati;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashayotgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxsga — yashash guvohnomasi, identifikatsiya ID-kartasi.

nomi (firma nomi), bank rekvizitlari, joylashgan manzili, STIR — yuridik shaxslar uchun);

bogʻlanish uchun maʼlumotlar (telefon raqami, elektron pochta manzili — agar mavjud boʻlsa);

telekommunikatsiyalar xizmatlaridan foydalanish koʻzlanayotgan manzil.

Elektron tarzda murojaat qilinganda ushbu bandda koʻrsatilgan maʼlumotlar elektron shaklda taqdim qilinadi.

Elektron tarzda murojaat qilinganda operator (provayder, eshittiruvchi) tomonidan murojaatchiga bir ish kuni ichida shartnoma tuzish imkoniyati mavjud boʻlganda shartnoma tuzish uchun aniq manzil va vaqt koʻrsatilgan javob yoki shartnoma tuzish imkoniyati mavjud boʻlmaganda buning sabablari koʻrsatilgan javob yuboriladi.

273. Shartnomani tuzish quyidagi hollarda rad etiladi:

murojaatchi voyaga yetmagan jismoniy shaxs boʻlganda, bundan oʻn toʻrt yoshdan oʻn sakkiz yoshgacha boʻlgan voyaga yetmaganlarning oʻz ota-onalari, farzandlikka oluvchilari yoki homiylarining yozma roziligi boʻlgan hollar mustasno;

telekommunikatsiyalar xizmatlaridan foydalanish koʻzlanilayotgan manzil operator (provayder, eshittiruvchi) xizmat koʻrsatish hududiga kirmaganda;

texnik imkoniyat boʻlmaganda;

murojaatchi tomonidan maʼlumotlar toʻliq taqdim etilmaganda;

taqdim qilingan maʼlumotlarning soxtaligi yoki notoʻgʻriligi aniqlanganda.

274. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi ommaviy shartnoma hisoblanadi va uni tuzish texnik imkoniyati boʻlganda arizalarni berish navbati tartibida tuziladi.

Shartnoma ikki nusxada tuziladi va tomonlar tarafidan imzolanadi.

Shartnoma tomoni sifatida namoyon boʻladigan ariza beruvchi abonent maqomiga ega boʻladi.

275. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzishda ajratilgan abonent raqami operator (provayder) maʼlumot xizmatining maʼlumotlar bazasiga kiritiladi. Abonentning arizasiga koʻra, raqam operator (provayder) maʼlumot xizmatining maʼlumotlar bazasidan chiqarilishi mumkin.

276. Tuzilgan shartnoma ikki tomonlama shartnoma boʻlib, u tuzilgan vaqtdan boshlab kuchga kiradi, shartnoma muddatsiz hisoblanadi, agar unda boshqacha qoida belgilanmagan boʻlsa.

277. Jismoniy shaxs bilan shartnoma tuzish uchun texnik imkoniyatning yoʻqligi koʻrsatilgan shartnomani tuzish uchun texnik imkoniyat boʻlgan, arizani kechroq bergan boshqa jismoniy shaxs bilan shartnoma tuzish uchun toʻsiq boʻla olmaydi.

278. Shartnomada quyidagilar aks etgan boʻlishi lozim:

shartnoma predmeti;

shartnoma tuzilgan sana va joyi;

operator (provayder, eshittiruvchi) nomi (firma nomi);

operatorning (provayderning, eshittiruvchining) bank rekvizitlari;

abonent toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (familiyasi, ismi, otasining ismi, yashash joyi, shaxsini tasdiqlovchi hujjat rekvizitlari (seriyasi, raqami va JSHSHIR) — jismoniy shaxs uchun, nomi (firma nomi), bank rekvizitlari, joylashgan manzili, STIR — yuridik shaxs uchun), abonent bilan bogʻlanish maʼlumotlari (telefon raqami, elektron pochta manzili — agar mavjud boʻlsa);

abonentga taqdim etilgan abonent raqami (telefon va mobil aloqasi xizmatlari uchun), abonentni identifikatsiya raqami (maʼlumotlar uzatish va Internet, televideniye xizmatlari uchun);

shartnomani tuzishda abonent tomonidan tanlangan tarif rejasi va xizmatlar roʻyxati;

shartnoma diler orqali tuzilgan holda — dilerning rekvizitlari (firma nomi, shaxsiy raqami, imzosi va muhri);

mobil aloqa xizmatlari uchun abonent oladigan raqamdan (SIM-kartadan) foydalanish istagi boʻlgan mobil aloqa foydalanuvchi qurilmasining asosiy turlari, shu jumladan mobil telefon, USB-modem, elektr energiyasi/suv/gaz hisoblagichlari, onlayn toʻlovlar terminallari yoki uskunaning boshqa turlari;

taqdim etiladigan televideniye va radioeshittirish dasturlari (televideniye xizmatlari uchun);

koʻrsatiladigan ishlar (xizmatlar koʻrsatish) nomi va ishlarni bajarish (xizmatlar koʻrsatish) shartlari va muddatlari;

shartnoma bahosi va ishlar bajarishning (xizmatlar koʻrsatishning) kafolati;

ishlarga (xizmatlarga) haq toʻlash va hisob-kitoblar tartibi, muddatlari va shakli;

hisobni yetkazib berish usuli;

shikoyatlarni koʻrib chiqish tartibi;

tomonlarning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi;

koʻrsatilayotgan xizmatlar sifatiga doir buyurtmalarni qabul qilish telefon raqamlari (yoki qisqa raqamlar) va korxonaning “Ishonch telefoni” raqamlari;

shartnomaning amal qilinishini toʻxtatib turish yoki bekor qilish va abonentning shaxsiy hisob raqamida qolgan pul mablagʻlarini qaytarish shartlari.

Mazkur bandda keltirilgan maʼlumotlar operatorning (provayderning, eshittiruvchining) abonentlar bazasiga kiritilgan boʻlishi kerak.

Shartnomadagi abonent toʻgʻrisidagi maʼlumotlar oʻzgarishi bilan bogʻliq oʻzgarishlar qoʻshimcha toʻlov undirilmasdan kiritilishi kerak.

Shartnomada qonunchilik hujjatlariga va mazkur Qoidalarga zid kelmaydigan boshqa maʼlumotlar va/yoki shartlar boʻlishi mumkin.

279. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish uchun shartnoma operator (provayder, eshittiruvchi) litsenziyasining amal qilish muddatidan ortiq boʻlmagan muddatga rasmiylashtiriladi. Operator (provayder) litsenziyasining amal qilish muddati uzaytirilganda shartnoma litsenziyaning yangidan belgilangan amal qilish muddatigacha uzaytirilgan deb hisoblanadi.

280. Operator (provayder, eshittiruvchi) va abonent oʻrtasidagi oʻzaro hisob-kitob davri, agar shartnomada boshqa muddat koʻrsatilmagan boʻlsa, qoida tariqasida, bir kalendar oyga teng deb belgilanadi.

281. Operator (provayder, eshittiruvchi) abonentni alohida haq evaziga koʻrsatiladigan qoʻshimcha telekommunikatsiyalar xizmatlaridan foydalanishga majburlashga haqli emas.

282. Operator (provayder, eshittiruvchi) bitta xizmatni koʻrsatish texnologik jihatdan boshqa xizmat bilan shart qilib qoʻyilgan holatdan tashqari, telekommunikatsiyalarning bitta xizmatini koʻrsatish uchun telekommunikatsiyalarning boshqa xizmatlarini koʻrsatishni shart qilib qoʻyishga haqli emas.

Xizmatlar toʻplamini oʻzgartirish, yangi xizmatlarni ulash (masalan, rouming xizmatini ulash), xizmatlar uchun foydalanilayotgan tarifni oʻzgartirish va shu kabilarni avtomatik (abonent tomonidan tanlanganligini tasdiqlamasdan) oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi. Avval abonentning soʻrovi bilan ulangan telekommunikatsiyalar xizmatlarini abonentga xabar qilgan holda, uning oʻzi oʻchirmaguncha, avtomatik uzaytirishga yoʻl qoʻyiladi.

283. Shartnoma quyidagi hollarda bekor qilinishi mumkin:

abonentning tashabbusi bilan istalgan vaqtda;

operatorning (provayderning, eshittiruvchining) tashabbusi boʻyicha, ushbu Qoidalar va/yoki shartnoma shartlarida belgilangan talablar abonent tomonidan buzilganda;

abonent-jismoniy shaxs vafot etganda yoki abonent-yuridik shaxs tugatilgan holda, tasdiqlovchi hujjatlar taqdim etilgan taqdirda;

abonentning shaxsiy hisobidagi mablagʻ xizmat koʻrsatishni davom ettirish uchun yetarli boʻlmagan kundan boshlab 365 kundan koʻp vaqt oʻtgandan keyin, bunda 90 kundan oʻtgan davr uchun operatordan (provayderdan) abonent raqamidan foydalanganlik uchun toʻlov undirilmaydi;

abonentning mobil raqami boshqa operator (provayder) tarmogʻiga koʻchirilganida;

shartnomada yoki qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda.

284. Shartnoma bekor qilinganda tomonlar oʻzlarining barcha majburiyatlari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirishlari kerak.

285. Abonent operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punktlarida shartnomani boshqa shaxsning nomiga uning ishtirokida va roziligi bilan qayta rasmiylashtirishi mumkin.

Bunda, operator (provayder) va amaldagi abonent oʻrtasida tuzilgan shartnoma bekor qilinadi va raqam nomiga qayta rasmiylashtirilayotgan shaxs bilan belgilangan tartibda yangi shartnoma tuziladi.

286. Operator (provayder, eshittiruvchi) abonent bilan tuzilgan shartnoma bekor qilingach abonentning shaxsga doir maʼlumotlarini qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻzining maʼlumotlar bazasidan yoʻq qilishlari shart.

Diler abonent toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni operatorga (provayderga) taqdim etganidan soʻng oʻziga maʼlum boʻlgan shaxsga doir maʼlumotlarni qonunchilik hujjatlariga muvofiq yoʻq qilishi shart.

2-§. Telefon aloqasi va maʼlumotlar uzatish xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzish va bekor qilishning alohida shartlari

287. Jismoniy va yuridik shaxslarning shartnomani tuzish uchun murojaati shartnomani tuzish uchun texnik imkoniyat boʻlganda, quyidagilar belgilangan tartibda operator tomonidan qanoatlantiriladi:

jismoniy shaxs uchun ariza beruvchining shaxsini hamda koʻrsatilgan yashash joyi boʻyicha yoki turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinganligini tasdiqlovchi hujjat yoki turar joyga boʻlgan huquqni tasdiqlovchi hujjat;

yuridik shaxs uchun yuridik shaxsning egalik huquqi yoki ijaraga olish huquqini tasdiqlovchi hujjat hamda davlat roʻyxatidan oʻtganligi toʻgʻrisidagi guvohnomasi.

288. Shartnomani yangi shaxs nomiga tuzish toʻgʻrisidagi arizani qayta rasmiylashtirish ariza beruvchining roziligi bilan amalga oshiriladi, bundan ariza beruvchining koʻchib ketishi yoki ushbu turar joyga egalik huquqi yangi shaxs nomiga oʻtkazilganligi bilan bogʻliq holatlar mustasno.

289. Xizmatlarni taqdim etish uchun zarur telekommunikatsiyalar tarmoqlari mavjud boʻlmaganda, yangi tarmoqlarni oʻtkazish boʻyicha qurilish ishlari ariza beruvchining mablagʻlari hisobidan (u rozi boʻlganda), shu jumladan operator tomonidan berilgan texnik shartlar asosida pudrat shartnomasini tuzish yoʻli orqali oʻtkazilishi mumkin. Ariza beruvchi mazkur ishlar uning hisobidan bajarilishiga rozi boʻlganda operatorga texnik shartlarni olish uchun ariza beradi. Texnik shartlarni berish muddati 3 ish kunidan oshmasligi kerak.

290. Tomonlarning kelishuviga koʻra telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalanish imkonini berish boʻyicha ishlarning bir qismi yoki barchasini bajarishga texnik shartlar berilishi mumkin. Bunda, shartnomada qurilishdan tashqari toʻlovlar nazarda tutiladi. Qurilishdan tashqari ishlar uchun toʻlov materiallarning xarajati telefon tarmogʻidan foydalanish imkonini berish uchun toʻlovda nazarda tutilgan normadan oshib ketsa, telefon tarmogʻidan foydalanish imkonini berish uchun toʻlovga qoʻshimcha ravishda undiriladi. Mazkur ishlar uchun haq arizachi tomonidan materiallar va bajarilgan ishlarning qiymati boʻyicha amalga oshiriladi.

291. Toʻliq yoki qisman ariza beruvchining hisobidan qurilgan telekommunikatsiyalar vositalari va inshootlari texnik xizmat koʻrsatish, begʻaraz foydalanish yoki mulk sifatida operatorga berilishi mumkin. Telekommunikatsiyalar vositalari va inshootlarini berish tartibi va ekspluatatsiya qilish shartlari ariza beruvchi va operator oʻrtasidagi shartnoma bilan belgilanadi.

Agar qurilgan telekommunikatsiyalar vositalari va inshootlari texnik xizmat koʻrsatish, foydalanishga yoki mulkiga berilmagan boʻlsa, u holda ularni ekspluatatsiya qilish Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining normativ hujjatlariga muvofiq abonent tomonidan mustaqil amalga oshiriladi.

Texnik shartlarni soʻralayotgan parametrlarda berish imkoniyati boʻlmagan hollarda operator 3 ish kuni ichida asoslangan rad javobi va rad etishning aniq sabablari hamda qonunchilik hujjatlarining normalari koʻrsatilgan yozma javobni tayyorlaydi.

Ariza beruvchi operatordan yoki telekommunikatsiyalar vositalari va inshootlarini loyihalashtirish litsenziyasiga ega boʻlgan boshqa tashkilotdan olingan texnik shartlar asosida loyiha-smeta hujjatlariga buyurtma berish huquqiga ega. Ariza beruvchi loyiha-smeta hujjatlarining mustaqil ekspertizasini oʻtkazish huquqiga ega.

292. Telefon va maʼlumotlar uzatish tarmogʻidan foydalanish imkonini berish boʻyicha ishlari bajarilganidan keyin operator ariza beruvchi bilan shartnoma tuzadi.

293. Telefon va maʼlumotlar uzatish tarmogʻidan foydalanish imkonini berish boʻyicha ishlarini bajarish muddatlari:

texnik imkoniyatni oʻrganish va texnik imkoniyat boʻlmagan taqdirda ariza beruvchiga asoslangan rad etishning aniq sabablari koʻrsatilgan javobini berish 7 kundan oshmasligi kerak;

texnik imkoniyat boʻlganda shartnoma tuzilgan kundan boshlab 10 ish kunida ulanishni amalga oshirish;

texnik imkoniyat boʻlmaganda, yangi tarmoqlarni ariza beruvchining hisobidan oʻtkazilishini hisobga olgan holda pudrat shartnomasi tuzilgan sanadan boshlab 180 kungacha boʻlishi kerak.

294. Jismoniy shaxslar, mansabdor shaxslar, tashkilotlarning ayrim toifalari uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalanishni taʼminlash navbati va xizmatlardan foydalanish tartibi qismida ustunliklar belgilanishi mumkin.

295. Abonent xuddi ATSning xizmat koʻrsatish hududidagi yangi turar joyga koʻchib oʻtganda uning arizasiga koʻra va shartnomani tuzish uchun texnik imkoniyat mavjud boʻlganda abonent koʻchib oʻtgan uy boʻyicha qanoatlantirilmagan arizalar, shu jumladan, bunday shartnomani navbatdan tashqari tuzish imtiyozlariga ega shaxslardan olingan qanoatlantirilmagan arizalar boʻlishidan qatʼi nazar avval ajratilgan abonent raqamidan foydalanib shartnoma qayta rasmiylashtiriladi.

Abonent ATS taʼsir hududidan tashqarida boʻlgan xuddi oʻsha operatorning ishlash hududidagi yangi yashash joyiga koʻchganda uning arizasi boʻyicha va shartnomani tuzish uchun texnik imkoniyat mavjud boʻlganda shartnoma yangi abonent raqamini ajratgan holda qayta rasmiylashtiriladi.

296. Yangi ATS ishga tushirilishi va mahalliy telefon tarmoqlarining rekonstruksiya qilinishi, yangi texnologiya joriy etilishi munosabati bilan abonent raqamlarini almashtirish abonentlarga avtomatik qoʻngʻiroq qilish yoki yozma xabarnoma bilan ularni kamida 20 kun oldin hamda axborotni 30 kun oldin operatorning rasmiy veb-saytida oldindan joylashtirish yoʻli bilan bepul bajariladi.

Abonent raqamini almashtirish shartnomaga tegishli oʻzgartirishlarni kiritish yoʻli bilan rasmiylashtiriladi.

3-§. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish uchun shartnoma tuzishning alohida shartlari

297. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi faqat abonent-jismoniy shaxs shaxsan boʻlganda va u tomonidan shaxsini tasdiqlovchi hujjatning asl nusxasi taqdim etilganda yoki uning vakili shaxsan ishtirok etganda va u tomonidan shaxsini tasdiqlovchi hujjatning asl nusxasi va belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan ishonchnoma taqdim etilganda tuziladi.

298. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzishdan oldin operator (provayder, diler) ushbu abonent bilan ilgari tuzilgan amaldagi shartnomalarning mavjudligini maʼlumotlar bazasi bilan solishtiradi.

Bunda, texnik qarshi harakat qilish kompleksi (xalqaro ovozli trafikni oʻtkazish) tartibini buzgan abonent bilan shartnoma imzolash qonunchilikda belgilangan asosda amalga oshiriladi.

299. Ilgari tuzilgan amaldagi shartnomalar boʻyicha ushbu operatorning (provayderning) beshta va undan ortiq raqamlariga ega boʻlgan abonent-jismoniy shaxs bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzish uchun mazkur Qoidalarda koʻrsatilgan shartlar taʼminlanganda faqat operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punktlarida amalga oshiriladi.

Ushbu operatorning (provayderning) beshta va undan ortiq raqamlarini olish uchun abonent-yuridik shaxs bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzish ushbu miqdordagi raqamlarga ehtiyoj yozma ravishda asoslab berilganda va ushbu Qoidalarda koʻrsatilgan shartlar taʼminlanganda operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punktlarida amalga oshiriladi.

300. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi operator (provayder) yoki dilerning mulkida, xoʻjalik yurituvida, tezkor boshqaruvida boʻlgan yoki ijarasiga olingan binoda, binoning bir qismida joylashgan xizmat koʻrsatish punktlarida, shuningdek savdo faoliyatini amalga oshirish uchun moʻljallangan va bir yoki bir nechta ish joylariga moʻljallangan savdo zallariga ega statsionar savdo obyektlari va hududlaridagi jihozlangan savdo joylarida tuziladi.

Xizmat koʻrsatish punktiga kelish imkoniyatiga ega boʻlmagan jismoniy shaxslarning yakka tartibdagi talabnomalari boʻyicha yashash joyiga borish, sayyor sotuv nuqtalarini tashkil etish orqali qishloq, uzoqda joylashgan, yetib borish qiyin boʻlgan aholi punktlarida abonentlarga xizmat koʻrsatish uchun maxsus jihozlangan transport vositalarida operator (provayder) tomonidan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzishga yoʻl qoʻyiladi.

Statsionar boʻlmagan savdo obyektlarida mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomalarini tuzish taqiqlanadi, qishloq, uzoqda joylashgan, yetib borish qiyin boʻlgan aholi punktlarida abonentlarga xizmat koʻrsatish uchun maxsus jihozlangan transport vositalarida aloqa operatori (provayderi) tomonidan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomalarini tuzish hollari bundan mustasno.

301. Oʻzbekiston Respublikasidagi aeroportlar, vokzallar hamda turist-axborot markazlari hududlarida chet el fuqarolari — sayyohlar (turistlar) bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzish soddalashtirilgan tartibda amalga oshiriladi.

Chet el fuqarolari — sayyohlar (turistlar)dan turar joyi (shu jumladan, yashash joyi) koʻrsatilishi talab etilmaydi.

Shartnomaga faqatgina chet el fuqarolari — sayyohlar (turistlar) uchun, ularni qaysi mamlakatdan va qancha muddatga tashrif buyurganliklari haqidagi maʼlumotlar kiritiladi.

Chet el fuqarolari — sayyohlar (turistlar)ga xizmat koʻrsatish davri ularning Oʻzbekiston Respublikasida boʻlishi muddati bilan cheklanadi.

Bitta chet el fuqarosi shaxsini tasdiqlovchi hujjatiga uchtadan koʻp abonent raqami rasmiylashtirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Mazkur band qoidalari Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashayotgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga berilgan yashash guvohnomasi, identifikatsiya ID-kartasining amal qilish davrida tatbiq etilmaydi.

III boʻlim. Operatorlar va provayderlarning huquq va majburiyatlari

1 - bob. Operatorlar va provayderlarning xizmatlarni koʻrsatishdagi huquqlari

1 - §. Operatorlar va provayderlarining umumiy huquqlari

302. Operator (provayder) telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatishda quyidagi huquqlarga ega:

abonent va/yoki foydalanuvchilarga xizmatlar koʻrsatish;

foydalanuvchilarning aybi bilan telekommunikatsiyalar tarmoqlarida yuz bergan hodisalar natijasida unga yetkazilgan zarar oʻrnini qoplash;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuridik va jismoniy shaxslarning noqonuniy xatti-harakatlari ustidan shikoyat qilish;

abonent yoki foydalanuvchi ushbu Qoidalarni buzganligi yoki ularga koʻrsatilgan telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun belgilangan muddatda haq toʻlamaganligi sababli uning xatti-harakatlari boʻyicha daʼvo qilish;

abonent shartnoma shartlarini buzganda telekommunikatsiyalar xizmatidan foydalanishni toʻxtatib qoʻyish;

telekommunikatsiyalar tarmoqlarida xabarlarni uzatishda xavfsizlikni taʼminlash va tarmoq abonent yoki foydalanuvchilariga koʻrsatiladigan xizmatlarning tegishli sifatini taʼminlash maqsadida telekommunikatsiyalar xizmatlari koʻrsatishning toʻxtatilishini nazarda tutadigan texnik tadbirlarni oʻtkazish.

Operator (provayder) qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

2 - §. Telefon aloqa xizmatlarini koʻrsatuvchi operator va provayderlarning huquqlari

303. Operator (provayder) foydalanuvchi qurilmasini telefon aloqa tarmogʻidan vaqtincha uzib qoʻyish yoʻli bilan abonentning telefon aloqa tarmogʻidan foydalana olishini quyidagi hollarda toʻxtatib turish huquqiga ega:

a) belgilangan muddatlarda mahalliy va xalqaro telefon aloqasi xizmatlariga haq toʻlanmaganda, bu haqda abonentni uzib qoʻyishdan kamida 10 kun oldin telefon, yozma yoki elektron xabar bilan elektron pochta manzilga yoki qisqa matnli xabar orqali xabardor qilgan holda;

b) abonent tomonidan operatorga (provayderga) tegishli telekommunikatsiyalar uskunasi normal ishlashining buzilishiga olib kelishi mumkin boʻlgan foydalanuvchi qurilmasini ekspluatatsiya qilish qoidalari buzilganda.

Abonentning telefon tarmogʻidan foydalanishining vaqtincha toʻxtatib qoʻyilishiga olib kelgan buzilishlar bartaraf etilgandan va koʻrsatilgan xizmatlar uchun abonent tomonidan toʻlov kiritilgandan, shuningdek abonentning aybi bilan foydalanuvchi qurilmasi ishlamay turgan vaqt uchun abonent toʻlovi kiritilgandan keyin sutka davomida foydalanishni tiklash amalga oshiriladi.

Bunda, telefon aloqa tarmogʻidan foydalanish tiklanganligi uchun toʻlov undirilmaydi.

Agar abonent telefon aloqasidan foydalanish toʻxtatib qoʻyilgandan keyin 60 kundan ortiq muddat ichida telefon aloqasi xizmatlariga haq toʻlash boʻyicha qarzdorligini bartaraf etmasa, operator (provayder) Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksiga muvofiq bir tomonlama tartibda shartnomani bekor qilish huquqiga ega. Bu haqda operator (provayder) abonentga mazkur bandning “a” kichik bandida belgilangan usullardan biri orqali kamida 10 kun oldin xabar berishi kerak.

3-§. Operator va provayderlarning mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatishdagi huquqlari

304. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatishda operatorlar (provayderlar) quyidagi huquqlarga ega:

oʻzini oʻzi obroʻsizlantirmaganlar ichidan dilerlarni mustaqil ravishda tanlash va diler bilan tuziladigan shartnoma shartlariga muvofiq ularning faoliyati uchun mukofotlar belgilash;

operator (provayder) nomidan abonentlarga xizmat koʻrsatish uchun dilerlar bilan shartnomalar tuzish.

Bunda, diler bilan shartnoma maʼlum muddatga tuziladi va shartnomani tuzishda operator (provayder) dilerga tuzilgan shartnomaning rekvizitlari, uning amal qilish va uzaytirish muddati koʻrsatilgan diler sertifikatini beradi. Sertifikat dilerning xizmat koʻrsatish punktlari soniga toʻgʻri keladigan miqdordagi asl nusxalarda beriladi;

abonent tomonidan mobil aloqaning ayrim xizmatlari yoki mobil aloqa xizmatlari toʻplamlari uchun maxsus tariflardan (tarif rejalaridan) operatorning (provayderning) belgilangan talablariga muvofiq maqsadli foydalanilishini nazorat qilish. Xizmatlardan maqsadsiz foydalanish aniqlanganda, abonentga xabar qilgan holda boshqa tarif rejasiga oʻtkazish;

abonent tomonidan operator tarmogʻida ovozli trafikni oʻtkazish tartibi buzilishlari qayd etilgan hollarda ushbu abonentga telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatishni toʻxtatish;

abonent tomonidan ketma-ket 90 kun mobaynida mobil aloqa xizmatlarini olish huquqini beradigan tranzaksiyalar amalga oshirilmaganda, mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatishni toʻxtatish.

305. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatishda diler quyidagi huquqlarga ega:

operator (provayder) nomidan abonentlarga xizmat koʻrsatish uchun operatorlar (provayderlar) bilan shartnomalar tuzish;

operator (provayder) nomidan abonentlarga xizmat koʻrsatish shartnomasining shartlariga, qonunchilik hujjatlari va ushbu Qoidalar talablariga muvofiq operator (provayder) nomidan abonentlar bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomalarini tuzish;

abonentlarga operator (provayder) nomidan xizmat koʻrsatish uchun tuzilgan shartnomaga muvofiq operatordan (provayderdan) mukofotlar olish;

operator (provayder) tomonidan abonentlarni ulash va ularga xizmat koʻrsatish shartlari toʻgʻrisidagi ishonchli axborotni operatordan (provayderdan) olish;

abonentlarga sotilgan foydalanuvchi qurilmalariga kafolatli va kafolat muddatidan keyin xizmat koʻrsatilishini taʼminlash;

diler tomonidan operatordan (provayderdan) sotib olingan yoki olingan foydalanuvchi qurilmalari uchun muvofiqlik sertifikatlarining tasdiqlangan nusxalarini operatordan (provayderdan) olish;

operatordan (provayderdan) dilerning oʻz majburiyatlarini bajarishi uchun zarur boʻlgan SIM -kartalar, hujjatlar, shartnomalar, blankali mahsulotlar, axborot-soʻrovnoma maʼlumotlari, reklama va boshqa materiallarni olish;

operator (provayder) tomonidan koʻrsatiladigan mobil aloqa xizmatlari uchun abonentlardan toʻlovni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qabul qilish;

abonentlarga xizmat koʻrsatishni amalga oshirish.

4 - §. Operatorlar va provayderlarning maʼlumot uzatish xizmatlarini koʻrsatishdagi huquqlari

306. Maʼlumot uzatish xizmatlarini koʻrsatishda operator va provayderlar quyidagi huquqlarga ega:

abonent tomonidan maʼlumotlar uzatish tarmogʻining foydalanilgan veb-resurslarining hisobga olinishini (log-fayllarining yuritilishini) qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tashkil qilish;

operatorni (provayderni) ogohlantirmasdan maʼlumotlar uzatish tarmogʻiga GSM , IP yoki SMS -shlyuzlar ulanganda, shu jumladan maʼlumotlar uzatish tarmogʻida maxsus apparat-dasturiy vositalarini oʻrnatish yoʻli bilan noqonuniy foydalanish holatlari aniqlanganda xizmatlar koʻrsatishni bir tomonlama toʻxtatish.

5 - §. Eshittiruvchilar, operatorlar va provayderlarning televideniye xizmatlarini koʻrsatishdagi huquqlari

307. Televideniye xizmatlarini koʻrsatishda eshittiruvchi quyidagi huquqlarga ega:

oʻz dasturlarini televideniye tarmogʻi orqali shartnoma asosida tarqatish;

dasturlarini bosh muharrir tomonidan eshittirish setkasi tasdiqlangandan keyin uzatish;

xususiy yoki alohida mualliflik shartnomalari boʻyicha olingan dasturlarni tarqatish (translyatsiya, retranslyatsiya qilish) va sotish, shuningdek olingan dasturlarni tarqatish (translyatsiya, retranslyatsiya qilish) va sotish huquqini uchinchi shaxslarga berish;

oʻz televideniye dasturlari translyatsiyasini shartnoma asosida yozish va uning tarqatilishini taʼminlash;

televideniye tarmoqlarini loyihalash, qurish va modernizatsiyalashda zarur texnik vositalarni mustaqil tanlash.

308. Televideniye xizmatlarini koʻrsatishda operator eshittiruvchi (eshittiruvchilar) bilan tuzilgan shartnoma asosida ularning televideniye dasturlari tarqatilishini amalga oshiradi.

309. Televideniye xizmatlarini koʻrsatishda operator eshittiruvchi (eshittiruvchilar) quyidagi huquqlarga ega:

eshittiruvchilarning televideniye dasturlarini shartnoma asosida translyatsiya va retranslyatsiya qilish;

provayderlar va abonentlar bilan televideniye tarmogʻi xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisida shartnomalar tuzish hamda ularni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bekor qilish;

provayder va abonentlarga litsenziyada nazarda tutilgan hajmda va belgilangan standartlarga muvofiq keladigan televideniye xizmatlarini koʻrsatish;

provayderlar va abonentlar tomonidan xizmatlar uchun toʻlov boʻyicha shartnoma majburiyatlari hamda televideniyening tarmogʻi yoki foydalanuvchi qurilmasini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalari buzilganda televideniye xizmatlaridan foydalanishni toʻxtatib turish yoki tugatish;

televideniye tarmogʻini tashkil qilish va rivojlantirishda texnik vositalarni mustaqil tanlash.

310. Televideniye provayderi televideniye dasturlarining signallarini operator (operatorlar) bilan tuzilgan shartnoma asosida qabul qiladi va ularning tarqatilishini amalga oshiradi.

311. Televideniye provayderi quyidagi huquqlarga ega:

televideniye dasturlarining signallari berilishini qonunchilik hujjatlariga muvofiq taʼminlash;

abonentlar bilan televideniye tarmogʻi xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisida shartnomalar tuzish va ularni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bekor qilish;

televideniye tizimlarini tashkil qilish va rivojlantirishda texnik yechimlar va vositalarni tanlash.

6 - §. Provayderlarning taksofon xizmatini koʻrsatishdagi huquqlari

312. Taksofon xizmatini koʻrsatishda provayder quyidagi huquqlarga ega:

operator tomonidan shartnoma shartlari buzilgan taqdirda operator xizmatlarini rad etish;

operatordan uzilishlarda yoki telekommunikatsiyalar tarmogʻidan lozim darajada foydalanilmaganda toʻlovlarning qayta hisoblanishini talab qilish;

foydalanuvchilarga taksofon orqali telefon aloqa xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha texnik siyosatni mustaqil ravishda belgilash va tashkiliy tadbirlarni amalga oshirish;

operator yoki foydalanuvchining aybi bilan yetkazilgan moddiy zarar qoplanishini talab qilish;

oʻz huquqlari buzilgan taqdirda vakolatli davlat organlariga yoki sudga murojaat qilish.

2 - bob. Operatorlar va provayderlarning xizmatlarni koʻrsatishdagi majburiyatlari

1 - §. Operator va provayderlarning umumiy majburiyatlari

313. Operator va provayderlar telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatishda quyidagilarga majbur:

oʻz faoliyatini litsenziya shartlari va ushbu Qoidalarga muvofiq amalga oshirish;

koʻrsatilayotgan xizmatlar sifatini amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar, texnik hujjatlar va normativ-huquqiy hujjatlar talablariga muvofiq boʻlishini taʼminlash;

amaldagi shakllarga muvofiq statistika hisobotlarini belgilangan tartibda va muddatlarda vakolatli organlarga taqdim etish;

telekommunikatsiyalar tarmoqlari boʻylab uzatiladigan telefon soʻzlashuvlari va barcha turdagi maʼlumotlarni sir saqlash;

foydalanuvchilarga telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartlari va tartibi, shu jumladan, xizmatlar uchun tariflar oʻzgarganligi toʻgʻrisidagi batafsil axborotni taqdim etish;

telekommunikatsiyalar tarmoqlaridan ruxsatsiz foydalana olish holatlariga yoʻl qoʻymaslik choralarini koʻrish;

abonentlarga shartnoma shartlari bajarilmaganligi yoki tegishli darajada bajarilmaganligi, shuningdek koʻrsatilayotgan xizmatlar sifatini texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar, texnik hujjatlar va boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq boʻlishini taʼminlanmaganligi hamda abonentning roziligisiz koʻrsatilgan xizmatlar uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq zarar oʻrnini qoplash;

shartnomada belgilangan muddatlarda telekommunikatsiyalar aloqasi xizmatlarini koʻrsatish;

xizmatlar, kechayu-kunduz koʻrsatilishini taʼminlash;

koʻrsatilgan xizmatlarning kamchiliklarini shartnomada, qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda bartaraf etish;

telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish hududiga litsenziyaning amal qilish hududida joylashgan barcha aholi punktlarini, magistral avtomobil yoʻllarini va temir yoʻllarini, strategik muhim obyektlarni kiritish maqsadida taqsimotga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan kelishilgan rejaga muvofiq mobil aloqa tarmogʻini rivojlantirish va modernizatsiyalash boʻyicha ishlarni izchillik bilan bosqichma-bosqich olib borish;

operator va provayder tarmogʻidagi IP protokoli asosida ishlovchi qurilmalarni IPv 6 protokoli versiyasini qoʻllab-quvvatlashini taʼminlash;

abonentlarni tarmoqlarda boʻladigan yirik avariyalar, ularni rekonstruksiya qilish toʻgʻrisida hamda ishlarni tugatishning taxmin qilingan muddatlari toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida, oʻzining rasmiy veb-saytida yoki SMS orqali xabardor qilish;

foydalanuvchi bilan muomala qilish etikasiga rioya qilish, telefon orqali soʻzlashuvda oʻz lavozimini, familiyasi yoki shaxsiy raqamini aytish;

abonent murojaat qilganda uning talabiga koʻra shaxsiy hisob raqamining holati va qarzdorligi mavjudligi toʻgʻrisida xabardor qilish;

oʻz veb-saytlari orqali taqdim etiladigan tariflar oʻzgarganligi toʻgʻrisidagi batafsil axborotni oʻz vaqtida taqdim etishga va maʼlumotlarni yangilash;

axborot resurslari himoya qilinishini taʼminlashga, Oʻzbekiston Respublikasining mavjud konstitutsiyaviy tuzumini, hududiy yaxlitligini zoʻrlik bilan oʻzgartirishga daʼvat etishga, urush, zoʻravonlik va terrorizmni, shuningdek, diniy ekstremizm, separatizm va fundamentalizm gʻoyalarini targʻib qilishga, milliy, irqiy, etnik yoki diniy adovat qoʻzgʻatuvchi axborotni, shuningdek, pornografiyani targʻib qilishga qaratilgan va tarqatilishi qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlangan boshqa axborotning tarqatilishiga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan choralarni koʻrish;

operatorlar va provayderlar tomonidan abonentlarga telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatishda ovozini oʻzgartirish va abonent raqamini soxtalashtirish, oʻzgartirish texnologiyalariga asoslangan xizmatlar koʻrsatmaslik;

abonent/foydalanuvchilarning murojaatlarini (yozma yoki axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali) kelib tushgan kundan boshlab 15 kun ichida, materiallarni qoʻshimcha oʻrganish zarur boʻlganda abonentni yozma ogohlantirgan holda bir oygacha boʻlgan muddat ichida koʻrib chiqish;

abonentlar operatorning (provayderning) axborot-maʼlumot xizmatiga qoʻngʻiroq qilib bogʻlanishida teng huquqliligini taʼminlash.

Bunda, abonentlar operatorning (provayderning) axborot-maʼlumot xizmatiga qoʻngʻiroq qilib bogʻlanishlarida maʼlum bir abonentlarga boshqa abonentlarga nisbatan ustuvorlik (bogʻlanish vaqti, xizmat koʻrsatish vaqti va boshqalar) taqdim etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

314. Ariza va shikoyatlarni koʻrib chiqish uchun tekshiruv oʻtkazilishi, qoʻshimcha materiallarni talab qilish yoki boshqa choralarni koʻrish zarur boʻlgan hollarda, ularni koʻrib chiqish muddatlari murojaat qiluvchiga xabar qilgan holda operatorning (provayderning) rahbari tomonidan istisno tariqasida bir oydan koʻp boʻlmagan muddatga uzaytirilishi mumkin.

Taklif operatorga (provayderga) kelib tushgan kundan boshlab bir oy muddatgacha koʻrib chiqiladi, qoʻshimcha koʻrib chiqishni talab qiladigan takliflardan tashqari, bu haqda yozma shaklda taklifni kiritgan jismoniy yoki yuridik shaxsga besh kun ichida xabar qilinadi.

315. Ushbu Qoidalarni foydalanuvchilar eʼtiboriga yetkazish, shuningdek ularni oʻz rasmiy veb-saytida joylashtirishga majbur.

316. Telekommunikatsiyalar tarmogʻidagi shikastlanishlar abonent murojaat qilgan kundan boshlab belgilangan muddat ichida operator (provayder) tomonidan bartaraf etilishi kerak. Telekommunikatsiyalar tarmogʻida shikastlanishlarni bartaraf etish shartnomada qisqa muddatlar ichida bartaraf etish belgilanmagan boʻlsa, normativ hujjatlarda belgilangan muddatlardan ortiq boʻlmasligi kerak.

317. Operator va provayderlarning qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlari ham boʻlishi mumkin.

2 - §. Telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatuvchi operator va provayderlarning majburiyatlari

318. Operator va provayderlar telefon aloqa xizmatlarini koʻrsatishda quyidagilarga majbur:

a) telefon aloqasi abonentning aybi bilan buzilmagan hollarda abonent tomonidan taʼmirlash byurosiga talabnoma berilgan vaqtdan boshlab talabnoma yopilgan paytgacha foydalanuvchi qurilmasining butun ishlamagan vaqti uchun har oylik toʻlov hisoblanadigan barcha telefon aloqasi xizmatlari uchun qayta hisob-kitob qilishga;

b) buyurtma boʻyicha xalqaro telefon aloqasidan foydalanganda hamda soʻzlashuvlar uchun vaqtbay toʻlov tizimi joriy qilinganda soʻzlashuvning minimal haq toʻlanadigan davomiyligini abonentlar eʼtiboriga yetkazishga;

v) texnik sabablarga koʻra abonent raqamini almashtirish toʻgʻrisida kamida 10 kun oldin abonentni tegishli tarzda xabardor qilishga;

g) mahalliy telefon aloqasi xizmatlarining narxini hisobga olish tizimining oʻzgarganligi toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida va oʻzining rasmiy veb-saytida kamida uch oy oldin eʼlon qilish;

d) ommaviy axborot vositalarida va oʻzining rasmiy veb-saytida yangi tariflar kuchga kirishidan kamida 15 kun oldin universal telefon aloqasi xizmatlariga tariflarni oʻzgartirish toʻgʻrisidagi qarorni nashr qilishga;

e) foydalanuvchi qurilmasining uzilishiga olib kelgan buzilishlar bartaraf etilgandan, telefon aloqasi xizmatlariga haq toʻlash qarzdorligi tugatilganda va abonent aybi bilan foydalanuvchi qurilmasi ishlamagan vaqti uchun abonent toʻlovi kiritilgandan keyin telefon aloqasi xizmatlariga haq toʻlanmaganligi yoki foydalanuvchi qurilmasini ekspluatatsiya qilish qoidalari buzilganligi uchun oʻchirilgan foydalanuvchi qurilmasini bepul tarmoqqa ulashga;

j) telekommunikatsiyalar tarmogʻi orqali koʻrsatilayotgan mahalliy telefon aloqasi xizmatlari kommutatsion qurilmadan telekommunikatsiyalar tarmogʻining kira olish nuqtasidagi abonent rozetkasigacha yoki u mavjud boʻlmaganda foydalanuvchi qurilmasigacha boʻlgan qismiga qadar xizmat koʻrsatishga.

319. Operator (provayder) tomonidan taqdim etiladigan axborotda:

a) operatorning (provayderning) nomi va uning tarkibiy boʻlinmalarining nomi, ular joylashgan joy (pochta manzili), bogʻlanish uchun telefon raqamlari, rasmiy veb-sayti va ish tartibi;

b) foydalanuvchilarga koʻrsatiladigan universal va qoʻshimcha (pullik va bepul) telefon aloqasi xizmatlari roʻyxati;

v) telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatish shartlari va tartibi;

g) telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatishdagi cheklovlar;

d) telefon aloqasi xizmatlari uchun tariflar va bu xizmatlarni koʻrsatish hamda haq toʻlashdagi imtiyozlar;

e) telefon aloqasi xizmatlariga haq toʻlash tartibi va shakllari;

j) yangi ATSni ekspluatatsiyaga kiritish muddatlari va mavjud ATSlar abonent sigʻimini koʻpaytirish;

z) shartnomalarni tuzish tartibi, arizalarni qondirish muddatlari va shartnomalarni tuzish navbatining harakati;

i) telekommunikatsiyalar tarmoqlarida qoʻllashga ruxsat berilgan foydalanuvchi qurilmalarining roʻyxati;

k) maʼlumot, favqulodda tezkor xizmatlar va taʼmirlash byurosining telefon raqamlari;

l) foydalanuvchi ushbu Qoidalar bilan tanishishi mumkin boʻlgan joy toʻgʻrisidagi axborot.

Koʻrsatilgan axborot shartnomalarni tuzishda ommaviy axborot vositalari, maʼlumot-axborot xizmatlari yoki telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatish joylarida mijozlar bilan oʻzaro ishlar xizmatlari orqali koʻrgazmali va foydalanish qulay boʻlgan shaklda bepul abonentlar eʼtiboriga yetkaziladi.

320. Operator (provayder) telekommunikatsiyalar vositalari va inshootlaridan foydalanib u tomonidan koʻrsatilgan, ammo ayni damda telefon aloqasi xizmatlari boʻlib hisoblanmagan xizmatlarga (masalan, qoʻriqlash signalizatsiyasi, Internet tarmogʻi xizmatlari va boshqa) haq toʻlanmagan holda abonentning telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalana olishini toʻxtatib turishga haqli emas.

321. Operator (provayder) abonent roziligisiz alohida toʻlov evaziga koʻrsatiladigan qoʻshimcha xizmatlar taqdim etilishini talab qilib turib olishga haqli emas.

322. Operator (provayder) tomonidan taksofon orqali telefon aloqa xizmatlari bevosita koʻrsatilgan holda, operator quyidagilarga majburdir:

foydalanuvchini taksofon orqali sifatli telefon aloqa xizmatlaridan foydalanishini taʼminlash;

taksofonlar, kabinalar va yarim kabinalarning soz holatda saqlanishini taʼminlash;

taksofon orqali telefon aloqa xizmatlarini koʻrsatish tartibi va shartlari oʻzgarganligi toʻgʻrisidagi axborotni foydalanuvchilarga taqdim etish;

foydalanuvchilar uchun qulay boʻlgan (savdo tarmogʻi, aloqa boʻlimi va hokazo) joylarda maxsus jeton yoki toʻlov kartalari sotilishini taʼminlash;

foydalanuvchilarning shikoyatlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda koʻrib chiqish.

3 - §. Mobil aloqa operatorlarining (provayderlarining) majburiyatlari

323. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatishda operator (provayder) quyidagilarga majbur:

xizmat koʻrsatish hududi doirasida mobil aloqa xizmatlarini sifatli, oʻz vaqtida va kecha-yu kunduz koʻrsatilishini taʼminlash;

abonent shartnomaning bekor qilinishi vaqtigacha qarzini va oldindan toʻlovning zarur summasi toʻliq hajmda toʻlaganida abonentga mobil aloqa xizmatlari koʻrsatilishini tiklash;

abonentning yozma (xizmat koʻrsatuvchi operatorning veb-saytida abonentning shaxsiy kabineti orqali) murojaatiga asosan bir yilgacha abonent raqamidan foydalanish davri ichida abonent shaxsiy hisobvaragʻidagi oʻzaro hisob-kitoblarning joriy holati toʻgʻrisidagi axborotni taqdim etish. Uzoqroq muddat va ushbu axborotni taqdim etish shartlari shartnomada belgilanishi mumkin;

xizmatlar koʻrsatilishi toʻxtagan hollarda abonent toʻlovini qayta hisoblab chiqish;

SIM-karta yoki foydalanuvchi qurilmasi (SIM-kartadan foydalanish koʻzda tutilmagan mobil aloqa standartlari uchun va eSIM ) yoʻqolganda abonentning yozma arizasi boʻyicha yoki abonent uchun qulay boʻlgan, operator (provayder) tomonidan oʻrnatilgan, boshqa usulda berilgan xabar boʻyicha xizmatlarning koʻrsatilishini zudlik bilan toʻxtatish;

abonent-yuridik shaxsga mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish uchun u bilan tuzilgan shartnomaning nusxasini taqdim etish;

abonent-jismoniy shaxsga mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish uchun u bilan tuzilgan shartnomaning nusxasini yoki mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish uchun ommaviy shartnoma tuzilganligining tasdigʻini taqdim etish;

dilerlar uchun operator (provayder) bilan birgalikda ishlashning teng imkoniyatlarini qoʻllash;

dilerlar tomonidan ular zimmasiga yuklangan majburiyatlarning qatʼiy bajarilishini nazorat qilish, dilerlarga nisbatan u bilan tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq shartnomani bekor qilish va diler sertifikatini qaytarib olishgacha boʻlgan jazo choralarini qoʻllash;

dilerlarda xodimlarning minimal soni har bir xizmat koʻrsatish punktiga bittadan xodim, ammo bitta dilerga kamida ikkitadan xodim boʻlganda abonentlarni ulash uchun dilerlarga operatorning (provayderning) tizimidan foydalanishni taqdim etish;

oʻzining xizmat koʻrsatish punktlarida tashrif buyuruvchilar xavfsizligini taʼminlash, jumladan, videokuzatuv kameralarini qoʻllagan holda (video yozuvni 90 kun saqlagan holda);

dilerlarga amaldagi abonentlar va ularning telekommunikatsiyalar tarmoqlaridagi harakatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bilan tanishish va oʻzgartirish kiritishga yoʻl qoʻymaslik;

oʻzini-oʻzi obroʻsizlantirgan dilerlar bilan shartnomalar tuzmaslik;

oʻzining rasmiy veb-saytida dilerlarning roʻyxatini ularning toʻliq nomlarini, yuridik manzili va xizmat koʻrsatish punktlarini koʻrsatgan holda yuritish;

oʻzining rasmiy veb-saytida rasmiy axborotni, shu jumladan taqdim etiladigan xizmatlar roʻyxatining oʻzgarishi toʻgʻrisidagi axborot, tariflar, prays-varaqlar, xizmatlarni taqdim etish tartibi va shartlarini oʻz vaqtida eʼlon qilish;

dilerning xodimlariga ushbu Qoidalarning talablari va operator (provayder) hamda diler oʻrtasidagi shartnoma shartlariga muvofiq diler tomonidan oʻz majburiyatlarini bajarish uchun zarur va yetarli boʻlgan darajada operatorning (provayderning) maʼlumotlar bazasidan shaxsan foydalanishni taqdim etish;

dilerni SIM -kartalar, hujjatlar, shartnomalar, blank mahsulotlari, uning oʻz majburiyatlarini bajarishi uchun zarur boʻlgan axborot-soʻrovnoma maʼlumotlar bilan, shuningdek oʻz moliyaviy imkoniyatlaridan kelib chiqib, reklama va boshqa materiallar bilan taʼminlash;

ushbu Qoidalarning talablari va operator (provayder) hamda diler oʻrtasidagi shartnoma shartlariga muvofiq diler tomonidan oʻz majburiyatlarini bajarish uchun zarur va yetarli boʻlgan darajada diler xodimlarini oʻqitishni va har ikki yilda malakasini oshirishni tashkil qilish;

diler tomonidan qoʻpol qoida buzishlarga yoʻl qoʻyilganda diler bilan tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq unga nisbatan shartnomani bekor qilish va diler sertifikatini qaytarib olishgacha boʻlgan javobgarlik choralarini qoʻllash;

avval tuzilgan shartnomalar boʻyicha ushbu operatorning (provayderning) beshta va undan koʻp raqamlariga ega abonent-jismoniy shaxs bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini faqat operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punktlarida tuzilishini taʼminlash;

avval tuzilgan shartnomalar boʻyicha ushbu operatorning (provayderning) beshta va undan koʻp raqamlariga ega boʻlgan abonent-jismoniy shaxs bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzishda yangi ulanish toʻgʻrisida abonentning ushbu operator (provayder) bilan avval tuzilgan shartnomalar boʻyicha mavjud boʻlgan barcha raqamlariga SMS xabar orqali xabardor qilishni amalga oshirish;

SIM-kartani almashtirish, shuningdek abonentning arizasi boʻyicha raqamni boshqa foydalanuvchi qurilmasiga qayta dasturlash (SIM-kartadan foydalanishni koʻzda tutmaydigan mobil aloqa standartlari uchun) xizmatlarini koʻrsatish faqat operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punktlarida amalga oshirilishini taʼminlash;

diler orqali tuzilgan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi asosida abonentga mobil aloqa xizmatlarini taqdim etish;

abonent toʻgʻrisidagi maʼlumotlar onlayn rejimida operatorning (provayderning) maʼlumotlar bazasiga kiritilgandan keyin bir hafta muddatdan kechiktirmasdan dilerdan tuzilgan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi nusxasini, abonent shaxsni tasdiqlovchi hujjatlarning nusxasini tegishli hujjatlar bilan birga olish. Hujjatlarni olishning boshqa muddati uzoqda va yetib borish qiyin boʻlgan hududlarda joylashgan dilerlar uchun dilerlik shartnomasida operator (provayder) tomonidan haqiqiy imkoniyatlardan kelib chiqib transport infratuzilmasining mavjudligini hisobga olgan holda belgilanishi mumkin;

oʻzini-oʻzi obroʻsizlantirgan dilerlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, operatorning (provayderning) mijozlariga xizmat koʻrsatish huquqini beruvchi diler sertifikatdan mahrum qilingan dilerning rekvizitlari, taʼsischilari va boshqa maʼlumotlarni koʻrsatgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Axborotlashtirish va telekommunikatsiyalar sohasida nazorat inspeksiyasiga markazlashtirilgan onlayn bazaga kiritish uchun darhol yuborish;

oʻzining rasmiy veb-saytida mobil aloqa xizmatlarining turlari va standartlari boʻyicha xizmat koʻrsatish hududini namoyish etuvchi interaktiv onlayn elektron kartani, shuningdek aholi punktlarining roʻyxatini yuritish;

xalqaro trafikning noqonuniy oʻtkazilishi hamda GSM , IP yoki SMS -shlyuzlardan yashirin foydalanishga qarshi choralarni koʻrish, shu jumladan tarmoqda maxsus apparat-dasturiy vositalarni oʻrnatish yoʻli bilan;

operatorning (provayderning) mulkchilik shakli va idoraviy boʻysunishidan qatʼiy nazar tartibga soluvchi organ topshirigʻi bilan ajratiladigan qisqa raqamlarni sozlash boʻyicha tegishli ishlarni amalga oshirish;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida GSM standartida ishlaydigan barcha operator (provayder) KRMBga ulanish;

abonent tomonidan donorga rouming xizmatlari uchun aniqlangan qarzdorlik toʻlanmagan taqdirda xizmat koʻrsatishni toʻxtatib qoʻyish;

abonentning operator tarmoqlarida abonent raqamini koʻchib oʻtish xizmatidan foydalanish huquqiga toʻsqinlik qilmaslik;

muntazam ravishda oʻz telekommunikatsiyalar tarmoqlarida xalqaro trafikni oʻtkazish tartibi buzilishlarining oldini olish, aniqlash va tugatishga doir chora-tadbirlarni amalga oshirish va abonentning harakatlarini tahlil qilish yoki tegishli tadbirlarni amalga oshirish yoʻli bilan abonent raqamlarini faol aniqlash prinsiplariga asoslangan vositalar va tizimlarni qoʻllash.

324. Operator (provayder) abonentlarga quyidagi axborotlarni abonentlarga bepul taqdim etishga majbur (shu jumladan, dilerlar orqali):

mobil aloqa tarmoqlarida foydalanuvchi qurilmasidan foydalanish imkoniyati toʻgʻrisida;

koʻrsatilayotgan xizmatlarning roʻyxati, shuningdek ularni koʻrsatish tartibi va shartlari oʻzgarganligi toʻgʻrisida;

xizmat koʻrsatish hududi oʻzgarganligi toʻgʻrisida;

xizmatlarga tariflar oʻzgarganligi toʻgʻrisida yangi tariflar joriy qilingunga qadar kamida 15 kun oldin ommaviy axborot vositalari, oʻzining rasmiy veb-sayti yoki SMS orqali majburiy tartibda xabardor qilish;

operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punktlari ish rejimi oʻzgarganligi toʻgʻrisida;

oʻz rekvizitlarining oʻzgarganligi toʻgʻrisida;

SMS , shuningdek abonentlarning USSD soʻrovlariga USSD xabarlarni joʻnatish yoʻli orqali bepul yoki imtiyozli daqiqalar, SMS , Internet trafik va boshqa xizmatlarning tugaganligi toʻgʻrisida.

325. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatishda diler quyidagilarga majbur:

xizmat koʻrsatish punktlarini faqat operator, provayder yoki dilerning tasarrufida, xoʻjalik yurituvida, tezkor boshqaruvida yoki ijarasida boʻlgan binoda, binoning qismida, shuningdek statsionar savdo nuqtalarining jihozlangan savdo joylarida va savdo faoliyatini amalga oshirish uchun moʻljallangan va bir yoki bir nechta ish joylari uchun moʻljallangan savdo zallariga ega hududlarda joylashtirish. Dilerning xizmat koʻrsatish punktini statsionar boʻlmagan savdo obyektlariga joylash taqiqlanadi;

dilerning barcha xizmat koʻrsatish punktlarida dilerlik xizmatlarini taqdim etish huquqi toʻgʻrisidagi diler sertifikatining asl nusxasi bor boʻlishini va koʻrinadigan joyga qoʻyilishini taʼminlash;

dilerning barcha xizmat koʻrsatish punktlarini malakali xodimlar bilan toʻldirish;

diler tomonidan xizmat koʻrsatish punktlarida operator (provayder) axborotiga koʻra avval tuzilgan shartnomalar boʻyicha ushbu operatorning (provayderning) beshta va undan koʻp raqamlariga ega boʻlgan abonent-jismoniy shaxs bilan operatorning (provayderning) mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzishga yoʻl qoʻymaslik;

dilerning xizmat koʻrsatish punktlarida SIM -kartani almashtirish xizmatlarini koʻrsatishga yoʻl qoʻymaslik (uzoq va yetib borish qiyin boʻlgan hududlardagi dilerning xizmat koʻrsatish punktlari bundan mustasno);

abonent maʼlumotlari onlayn rejimida operatorning (provayderning) maʼlumotlar bazasiga kiritilgandan keyin bir hafta muddatdan kechiktirmay operatorga (provayderga) abonent bilan tuzilgan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi nusxasini, abonent shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarining nusxasini tegishli hujjatlar bilan birga operatorga (provayderga) taqdim etish. Hujjatlarni taqdim etishning boshqa muddati uzoqda va yetib borish qiyin boʻlgan hududlarda joylashgan dilerlar uchun dilerlik shartnomasida operator (provayder) tomonidan real imkoniyatlardan kelib chiqib transport infratuzilmasining mavjudligini hisobga olgan holda belgilanishi mumkin;

abonentlarning SIM -karta yoki foydalanuvchi qurilmasi ( SIM -kartadan foydalanishni koʻzda tutmaydigan mobil aloqa standartlari uchun) yoʻqolganligi toʻgʻrisida yozma arizalarini qabul qilish va tegishli axborotni operatorga (provayderga) yuborish;

dilerning xizmat koʻrsatish punktlarida tashrif buyuruvchilarning xavfsizlik choralarini taʼminlash, shu jumladan videokuzatuv kameralarini qoʻllab videoyozuv va tovushni kamida 90 kun saqlagan holda;

326. Diler abonentlarga operatorning (provayderning) quyidagi axborotini taqdim etishga majbur:

mobil aloqa tarmogʻida foydalanuvchi qurilmasidan foydalanish imkoniyati toʻgʻrisida;

koʻrsatiladigan xizmatlar roʻyxatining, shuningdek ularni koʻrsatish tartibi va shartlarining oʻzgarishi toʻgʻrisida;

operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish hududi oʻzgarishi toʻgʻrisida;

abonentlarga xizmat koʻrsatish punktlari ish rejimining oʻzgarishi toʻgʻrisida;

operator (provayder) rekvizitlarining oʻzgarishi toʻgʻrisida;

avval tuzilgan shartnomalar boʻyicha ushbu operatorning (provayderning) beshta va undan koʻp raqamlariga ega boʻlgan abonent-jismoniy shaxs bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini tuzishda bunday abonentni faqat operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punktlarida ulanishini koʻzda tutadigan cheklovlar toʻgʻrisida;

SIM-kartani almashtirish xizmatlarini faqat operatorning (provayderning) xizmat koʻrsatish punktlarida koʻrsatish boʻyicha cheklovlar toʻgʻrisida.

327. Dilerning xodimlari tomonidan yoʻl qoʻyilgan qoida buzishlar uchun ular bilan bir qatorda dilerlik xizmati koʻrsatish punktining bevosita rahbari va diler-yuridik shaxsning rahbari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

328. Diler tomonidan ushbu Qoidalar va operator (provayder) bilan tuzilgan shartnoma talablarining qoʻpol buzilishiga yoʻl qoʻyilishi u bilan dilerlik shartnomasini bekor qilish va dilerni oʻzini oʻzi obroʻsizlantirgan dilerlar reyestriga kiritish uchun asos boʻlib xizmat qiladi.

Abonentning xabari boʻlmagan yoki uning roziligisiz, imzolarni qalbakilashtirib, soxta hujjatlar boʻyicha, shaxsni tasdiqlovchi hujjatlarning asl nusxasini tekshirmasdan abonent shartnomasining rasmiylashtirilishi qoʻpol qoida buzish hisoblanadi.

4 - §. Operatorlar va provayderlarning maʼlumotlar uzatish xizmatlarini koʻrsatishdagi majburiyatlari

329. Operator va provayderlar maʼlumot uzatish xizmatlarini koʻrsatishda quyidagilarga majbur:

a) Wi-Fi xizmati koʻrsatish vaqtida foydalanuvchilarning shaxsini identifikatsiyalash hamda foydalanilgan Internet tarmogʻining veb-resurslari (log-fayllar) hisobini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yuritish boʻyicha apparat-texnik chora-tadbirlar koʻrish va ularni 3 oy ichida saqlanishini tashkillashtirish;

b) abonentlarga oʻzining veb-saytida va (yoki) ommaviy axborot vositalaridan foydalangan holda, shuningdek abonentlar va foydalanuvchilar bilan ishlash joylarida quyidagi axborotlarni taqdim etish:

xizmatlarni koʻrsatish tartibi va shartlari oʻzgarganligi, shu jumladan xizmatlar uchun tariflar oʻzgarganligi toʻgʻrisida oʻzgartirishlar kuchga kirishidan kamida 15 kun oldin ommaviy axborot vositalari, oʻzining rasmiy veb-sayti yoki SMS orqali xabardor qilish;

ish vaqti, pochta manzili va bank rekvizitlari oʻzgarganligi toʻgʻrisida tegishli oʻzgarishlar kiritilgan vaqtdan boshlab;

v) shartnomaning bajarilmaganligi yoki lozim darajada bajarilmaganligi, shuningdek abonentning arizasiga koʻra xizmatlar koʻrsatilmaganligi yoki shartnomada belgilangan darajadagi sifatga ega xizmatlar koʻrsatilmaganligi uchun qayta hisob-kitob qilish;

g) abonentning joriy holati, shu jumladan maʼlumotlar uzatish vaqti, tezligi, olingan va (yoki) uzatilgan axborotning hajmi toʻgʻrisida batafsil axborotni taqdim etish;

d) xalqaro trafik noqonuniy oʻtkazish (shu jumladan GSM , IP yoki SMS -shlyuzlardan), shuningdek tarmoqda maxsus apparat-dasturiy vositalarini oʻrnatish yoʻli bilan noqonuniy foydalanishga qarshi kurashish choralarini koʻrish;

e) abonentga xizmatni shartnomada koʻrsatilgan manzilda koʻrsatishni taʼminlash.

330. Operatorlarga (provayderlarga) xizmatlarga ulanish uchun ariza kelib tushganda quyidagi muddatlarda ish koʻrishi kerak:

texnik imkoniyatni oʻrganish va texnik imkoniyat boʻlmagan taqdirda ariza beruvchiga asoslangan rad etishning aniq sabablari koʻrsatilgan javobini berish 7 kundan oshmasligi kerak;

texnik imkoniyat boʻlganda shartnoma tuzilgangan kundan boshlab 10 ish kunida ulanishni amalga oshirish;

texnik imkoniyat boʻlmaganda, yangi tarmoqlarni ariza beruvchining hisobidan oʻtkazilishini hisobga olgan holda pudrat shartnomasi tuzilgan sanadan boshlab 180 kungacha boʻlishi kerak.

Operator (provayder) abonentni haq toʻlash evaziga qoʻshimcha xizmatlar koʻrsatishga yoki maʼlum bir xizmatni koʻrsatish uchun boshqa xizmatlarni olishga majburlashga, shuningdek abonentdan koʻrsatilmagan xizmatlar uchun toʻlov undirishga haqli emas.

5 - §. Eshittiruvchilar, operatorlar va provayderlarning televideniye xizmatlarini koʻrsatishdagi majburiyatlari

331. Eshittiruvchi amalga oshiradigan faoliyati turiga koʻra quyidagilarga majbur:

oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlari, mualliflik shartnomalari, shuningdek mazkur Qoidalar asosida amalga oshirishga;

chet el ommaviy axborot vositalarining dasturlari yoki mahsulotlarini tegishli qonunchilik hujjatlari va Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari talablari asosida tarqatishga;

efirga chiqishda, uzluksiz eshittirishlarda esa, bir kecha-kunduzda kamida toʻrt marta teng taqsimlagan holda oʻz nomini eʼlon qilishga;

har haftalik televideniye dasturlari toʻgʻrisidagi axborotni Internet tarmogʻida eʼlon qilish yoʻli bilan abonentlarga yetkazishga.

332. Televideniye xizmatlarini koʻrsatishda operator quyidagilarga majbur:

oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlari, mualliflik shartnomalari, shuningdek mazkur Qoidalar asosida amalga oshirishga;

eshittiruvchining televideniye dasturlarini oʻzgartirish va qoʻshimchalarsiz translyatsiya qilishga;

televideniye tarmogʻining texnik holatini mazkur tizimlarni loyihalash, qurish va ekspluatatsiya qilish texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlari talablariga muvofiq tarzda saqlashga;

koʻrsatiladigan xizmatlar sifatini amaldagi standartlarga muvofiq taʼminlashga.

333. Televideniye xizmatlarini koʻrsatishda provayder quyidagilarga majbur:

oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshirishga;

televideniye dasturlarining oʻzgartirish va qoʻshimchalarsiz uzatilishini taʼminlashga;

uy yoki xonadon ichidagi televideniye tarmoqlarining texnik holatini mazkur tizimlarni loyihalash, qurish va ekspluatatsiya qilish texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlari talablariga muvofiq saqlashga;

koʻrsatiladigan xizmatlar sifatini amaldagi standartlarga muvofiq taʼminlashga.

6 - §. Provayderlarning taksofon xizmatini koʻrsatishdagi majburiyatlari

334. Taksofon xizmatini koʻrsatishda provayderlar quyidagilarga majbur:

oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshirishga;

telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalanish uchun operatorga toʻlovni oʻz vaqtida amalga oshirishga;

operatorning ish sifatini pasaytirishga yoki telekommunikatsiyalar tarmoqlarini shikastlantirishga qaratilgan xatti-harakatlar qilmaslikka;

foydalanuvchining taksofon orqali sifatli telefon aloqa xizmatlaridan foydalanishini taʼminlashga;

taksofonlar, kabinalar va yarim kabinalar soz holatda saqlanishini taʼminlashga;

taksofon orqali telefon aloqa xizmatlarini koʻrsatish tartibi va shartlari oʻzgarganligi toʻgʻrisidagi axborotni foydalanuvchilarga taqdim etishga;

foydalanuvchilar uchun qulay boʻlgan (savdo tarmogʻi, aloqa boʻlimi va hokazo) joylarda maxsus jeton yoki toʻlov kartalari sotilishini taʼminlashga;

foydalanuvchilarning shikoyatlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda koʻrib chiqishga.

IV boʻlim. Abonentlar va foydalanuvchilarning huquq va majburiyatlari

1 - bob. Abonentlar va foydalanuvchilarning huquqlari

1 - §. Abonentlar va foydalanuvchilarning umumiy huquqlari

335. Jismoniy yoki yuridik shaxs operator yoki provayder bilan shartnoma tuzishdan oldin operator yoki provayderdan:

taqdim etiladigan asosiy va qoʻshimcha telekommunikatsiyalar xizmatlari roʻyxati;

taqdim etiladigan telekommunikatsiyalar xizmatlari narxi va tariflar;

aloqani va abonentning telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalana olishni tashkil qilish usullari;

ulanish va xizmat koʻrsatish tartibi;

telekommunikatsiyalar xizmatlarini taqdim etish qoidalari;

kafolatlangan xizmat koʻrsatish darajasi, sifat darajasi, operator (provayder) serverida abonent axborotining himoyalanganligini taʼminlashning kafolatlangan darajasi va boshqa maʼlumotlarni, axborotlarni olishga haqli.

336. Abonentlar va foydalanuvchilar quyidagi huquqlarga ega:

a) umumiy foydalanish telekommunikatsiyalar tarmogʻidagi xizmatlardan foydalanish uchun operator va provayderlar bilan shartnomalar tuzish;

b) oʻz foydalanuvchi qurilmasini ushbu Qoidalar va qonunchilik hujjatlarida belgilangan shartlar va tartibda tarmoqqa ulash;

d) operatordan (provayderdan) ushbu Qoidalarda belgilangan majburiyatlarini, shuningdek uning telekommunikatsiyalar tarmoqlari xizmatlarini taqdim etish shartnomasi boʻyicha majburiyatlarini bajarishini hamda oʻz vaqtida sifatli xizmat koʻrsatilishini talab qilish;

e) shartnomada koʻzda tutilgan telekommunikatsiyalar xizmatlaridan amaldagi tariflarga, xizmatlarning tavsifi va xizmatlar sifatiga muvofiq, shuningdek operator (provayder) tomonidan koʻrsatiladigan qoʻshimcha xizmatlardan foydalanish;

f) operatordan (provayderdan) telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish uchun shartnomada belgilangan majburiyatlarning bajarilishini talab qilish;

g) operator (provayder) tomonidan shartnomada kelishilgan shartlar buzilgan holda telekommunikatsiyalar xizmatlaridan voz kechish va operator (provayder) bilan shartnomani qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bekor qilish;

h) telekommunikatsiyalar xizmatlari koʻrsatilmaganligi yoki tegishli sifatga ega boʻlgan xizmatlar koʻrsatilmasligi natijasida operator (provayder) tomonidan yetkazilgan zarar oʻrnining qoplanishini talab qilish, ustidan shikoyat qilish, hamda maʼnaviy zarar oʻrnining toʻldirilishini talab qilish;

i) abonent va foydalanuvchilar operator (provayder) tomonidan telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish muddatlari buzilganda, agar shartnomani oʻz vaqtida bajarish boshlanmagan yoki ishlar (xizmatlar) shartnomada belgilangan muddatda bajarilmasligi ayon boʻlganda, shuningdek bajarilgan ishlar va koʻrsatilgan xizmatlar sifati shartnoma shartlarida belgilanganidan past darajada boʻlganda, kamchiliklarini bepul bartaraf etish, operator (provayder) bilan kelishuv boʻyicha telekommunikatsiyalar tarmogʻi xizmati koʻrsatilishi mumkin boʻlgan yangi muddatni belgilash, telekommunikatsiyalar tarmogʻi xizmatining narxini qayta hisoblashni talab qilish;

j) qonunchilik hujjatlarida koʻzda tutilgan imtiyozlar va afzalliklar berilishini talab qilish, imtiyozlar huquqini beruvchi hujjatlar taqdim etilgandan boshlab imtiyozlar va afzalliklar amal qiladi, shuningdek shartnomaga tegishli oʻzgartishlar va qoʻshimchalar kiritish;

k) shartnomada koʻzda tutilmagan va abonent yoki foydalanuvchi tomonidan talab qilinmagan telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun haq toʻlashni rad etish;

l) favqulodda tezkor xizmatlarni (yongʻin-qutqaruv boʻlinmalarini, ichki ishlar organlarini, tez tibbiy yordamni, gaz tarmogʻining avariya xizmatini va boshqa xizmatlarni) chaqirishda, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti virtual qabulxonasining ishonch telefonlariga qoʻngʻiroqlarni amalga oshirishda, shuningdek shartnomada koʻzda tutilgan hollarda telekommunikatsiyalar xizmatlaridan bepul foydalanish;

m) unga roziligisiz taqdim etilgan telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun toʻlovni toʻlashni rad etish;

n) operator (provayder) tomonidan taqdim etilayotgan telekommunikatsiyalar xizmatlari boʻyicha arizalar, takliflar va eʼtirozlar bilan operatorga (provayderga) murojaat etish;

o) mobil ilovada roʻyxatdan oʻtgan holda operator (provayder) bilan oʻzaro munosabat oʻrnatish;

p) agar telekommunikatsiyalar xizmatini koʻrsatish muddatlariga rioya qilmaslikka yengib boʻlmaydigan kuch sabab boʻlgan boʻlsa, operator (provayder) bilan kelishib telekommunikatsiyalar xizmatini bajarishning yangi muddatini belgilash, bu haqda telekommunikatsiyalar xizmatini bajarish uchun belgilangan muddat tugaguniga qadar abonentga yoki foydalanuvchiga xabar qilinadi;

q) ularning huquqlari buzilganda vakolatlangan davlat organlariga yoki sudga murojaat qilish;

r) belgilangan tartibda operatorning (provayderning) rasmiy veb-saytlarida roʻyxatdan oʻtish va taqdim etilayotgan interaktiv xizmatlardan foydalanish;

s) istalgan amaldagi tarif rejasiga bepul oʻtish, bundan foydalanuvchilarning muayyan guruhiga yoki maʼlum cheklangan hudud uchun ishlab chiqilgan alohida tarif rejalariga oʻtish mustasno.

337. Axborot-maʼlumot xizmatlarini yoki maʼlumot xizmatlarini koʻrsatish jarayonida kamchiliklar aniqlanganda abonentlar va foydalanuvchilar oʻz tanlovi boʻyicha quyidagilarni talab qilishga haqli:

axborot-maʼlumot xizmatlari va maʼlumot xizmatlarining kamchiliklarini bepul bartaraf etish;

telekommunikatsiyalar xizmatlari koʻrsatilmaganligi yoki lozim darajada boʻlmagan sifatli telekommunikatsiyalar xizmatlari koʻrsatilmaganligi natijasida yetkazilgan zararlar oʻrnini toʻldirish, maʼnaviy zararlarning kompensatsiya qilish.

338. Foydalanuvchi quyidagi huquqlarga ega:

a) jamoat foydalanish joyining internet-provayderi tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlardan foydalana olishga;

b) jamoat foydalanish joyining internet-provayderi tomonidan oʻz vaqtida va sifatli xizmat koʻrsatilishiga;

d) jamoat foydalanish joyining internet-provayderi tomonidan taqdim etiladigan xizmatlar sifatining yomonlashishiga yoki boshqa oqibatlarga olib keladigan katta kamchiliklarga yoʻl qoʻyilgan holda foydalanuvchi oʻz xohishi bilan quyidagilarni talab qilishga haqli:

kamchiliklarni bepul bartaraf etish;

taqdim etilgan xizmatlarning narxini mos ravishda kamaytirish;

xizmatlarni takroran taqdim etish;

shartnomani bekor qilish;

ular huquqlari buzilgan holda vakolatlangan davlat organlariga yoki sudga murojaat qilish.

339. Foydalanuvchi jamoat foydalanish joyining internet-provayderidan quyidagi axborotni olish huquqiga ega:

jamoat foydalanish joyining firma nomi;

jamoat foydalanish joyining joylashgan joyi (yuridik manzili);

jamoat foydalanish joyining ish rejimi;

taqdim etiladigan xizmatlar roʻyxati;

taqdim etiladigan xizmatlar narxi, tariflar;

xizmatlarni koʻrsatish boʻyicha boshqa axborotni.

Abonent va foydalanuvchi qonunchilik hujjatlarida va ushbu Qoidalarda belgilangan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

2 - §. Telefon aloqa xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilarining huquqlari

340. Telefon aloqa xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilari quyidagi huquqlarga ega:

abonentning aybisiz aloqa boʻlmagan davrda taʼmirlash byurosida uning talabnomasi mavjud boʻlganida, shuningdek foydalanuvchining arizasisiz qoʻshimcha pullik xizmatlar va boshqalar taqdim qilinganda telefon aloqasi xizmatlari uchun toʻlovlarni qayta hisoblashni yoki ushbu xizmatlardan foydalanganlik uchun pul mablagʻlarining qaytarilishini talab qilish;

mahalliy telefon aloqasi xizmatlari uchun vaqtbay toʻlov tizimidan foydalangan holda toʻlangan davr uchun hisob taqdim etilganda alohida toʻlov evaziga boʻlib oʻtgan telefon bogʻlanishlar rasshifrovkasini (hisobning batafsil tavsifini) talab qilish.

341. Telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatish muddatlari buzilganda abonent oʻz tanloviga koʻra:

operatorga shaharlararo va xalqaro telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatish kerakligi davomida yangi muddatni tayinlash va ushbu xizmatning narxini pasaytirishni talab qilish;

shartnomani bekor qilish va zararni qoplashni talab qilish huquqiga ega.

342. Agar operator telefon aloqasi xizmatlarini koʻrsatish jarayonida kamchiliklarga yoʻl qoʻysa, abonent oʻz xohishiga koʻra quyidagilarni talab qilish huquqiga ega:

telefon aloqasi xizmatlarining kamchiliklarini bepul bartaraf etishga;

telefon aloqasi xizmatlarini qayta taqdim etishga;

xalqaro, shaharlararo va mahalliy telefon aloqasi xizmatlarining narxlarini kamaytirishga;

yetkazilgan zararlarni qoplash bilan shartnomani bekor qilishga.

3 - §. Telegraf aloqa xizmatlari foydalanuvchilarining huquqlari

343. Foydalanuvchi aloqa korxonasining ishlash tartibi, koʻrsatilayotgan xizmatlar, telegrammalarning oʻtish muddatlari, telegraf aloqa xizmatlarini koʻrsatish qoidalari va ushbu xizmatlar uchun tariflar boʻyicha kerakli va ishonchli axborotni talab qilishga haqli.

4 - §. Taksofon orqali telefon aloqa xizmatlari foydalanuvchilarining huquqlari

344. Taksofon orqali telefon aloqa xizmatlari foydalanuvchilari quyidagi huquqlarga ega:

taksofonlarni ekspluatatsiya qiluvchi operatorni (provayderni) taksofonlarning sifatsiz ishlashi, kabina va yarim kabinalarning qoniqarsiz holati toʻgʻrisida arz qilish;

taksofon orqali telefon aloqa xizmatlarini taqdim etish bilan bogʻliq takliflar va daʼvolar bilan operatorga (provayderga) murojaat qilish;

operatorning (provayderning) aybi bilan telefon aloqa xizmatlari koʻrsatilmaganligi yoki sifatsiz koʻrsatilganligi natijasida keltirilgan zarar oʻrnini qoplanishini talab qilish.

5 - §. Mobil aloqa xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilarining huquqlari

345. Mobil aloqa xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilari quyidagi huquqlarga ega:

barcha xizmatlar turlari boʻyicha batafsil hisobni barcha amalga oshirilgan ulanishlarning sanasi va vaqti, ularning davomiyligi va abonent raqamlarini koʻrsatgan holda abonent raqamidan foydalangan bir yilgacha davr uchun operator (provayder) tomonidan belgilangan tartib va shartlarda olish. Ushbu axborotni taqdim etishning kattaroq muddati va shartlari shartnomada belgilanishi mumkin;

ushbu Qoidalar va shartnomalar shartlariga rioya qilgan holda, shuningdek muayyan hududda (aeroport, samolyot, antenna maydoni va boshqalar) amal qiladigan alohida qoidalarni hamda toʻsqinlik qilishi yoki xavfli vaziyatlar yuzaga kelishi mumkin boʻlgan holatlarda (tibbiyot muassasalari, yoqilgʻini saqlash va qayta yuklash hududi, portlash ishlarini oʻtkazish joylarida va boshqalar) cheklanishlarni hisobga olgan holda, texnik talablarga mos boʻlgan foydalanuvchi qurilmasidan foydalanish;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda operator (provayder) tarmoqlarida abonent raqamini koʻchib oʻtish xizmatidan foydalanishi.

2 - bob. Abonentlar va foydalanuvchilarning majburiyatlari

1 - §. Abonentlar va foydalanuvchilarning umumiy majburiyatlari

346. Abonentlar va foydalanuvchilar quyidagilarga majbur:

a) operator (provayder) bilan tuzilgan shartnoma shartlariga rioya qilishga;

b) unga tegishli boʻlgan foydalanuvchi qurilmasi yordamida koʻrsatiladigan telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun shartnomada belgilangan muddatlarda va toʻliq hajmda toʻlovni toʻlashga;

v) telekommunikatsiyalar tarmogʻidan davlat siri boʻlgan maʼlumotlarni yoki qonunchilik bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni uzatish uchun foydalanishga yoʻl qoʻymaslikka;

g) telekommunikatsiyalar tarmogʻi orqali Oʻzbekiston Respublikasining mavjud konstitutsiyaviy tuzumini, hududiy yaxlitligini zoʻrlik bilan oʻzgartirishga daʼvat etishga, urush, zoʻravonlik va terrorizmni, shuningdek, diniy ekstremizm, separatizm va fundamentalizm gʻoyalarini targʻib qilishga, milliy, irqiy, etnik yoki diniy adovat qoʻzgʻatuvchi, shuningdek pornografiyani targʻib qilishga qaratilgan axborotni va tarqatilishi qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlangan boshqa axborotni tarqatmaslikka;

d) telekommunikatsiyalar tarmogʻi yordamida fuqarolarning shaʼni va qadr-qimmatiga yoki ishchanlik obroʻsiga putur yetkazuvchi, ularning shaxsiy hayotiga aralashishga yoʻl qoʻyuvchi axborotni tarqatmaslikka;

e) qonunchilik hujjatlariga asosan telekommunikatsiyalar tarmogʻi orqali tarqatilishi taqiqlangan axborotlardan tijorat yoki notijorat maqsadlarda tarqatish uchun foydalanmaslikka;

j) telekommunikatsiyalar tarmoqlari ish sifatining pasayishiga yoki telekommunikatsiyalar tarmoqlarining shikastlanishiga olib keladigan harakatlarni bajarmaslikka;

z) operatorni (provayderni) oʻzining foydalanuvchi qurilmasi, tarmogʻi va dasturiy taʼminotidagi barcha nosozliklar yoki oʻzgarishlar toʻgʻrisida xabardor qilishga;

i) oʻz xonalarida joylashgan abonent tarmogʻi va foydalanuvchi qurilmasini texnik hujjatlar qoidalariga rioya qilishga;

k) maʼlumotlar bazalaridan ruxsatsiz foydalanmaslikka va operatorning (provayderning) dasturiy vositalarini oʻzgartirmaslikka;

l) operatorga (provayderga) yetkazilgan zararni qonunchilik hujjatlariga muvofiq qoplashga;

m) tarkibida kompyuter viruslari yoki tarmoq uchun zarar yetkazishi mumkin boʻlgan axborotni yoki dasturiy taʼminotni eʼlon qilmaslik yoki uzatmaslikka;

n) kompyuter axborotidan, yaʼni axborot-hisoblash tizimlari, tarmoqlari va ularning tarkibiy qismlaridagi axborotlardan qonunga xilof ravishda (ruxsatsiz) foydalanmaslikka;

o) telekommunikatsiyalar tarmogʻida taqdim etilgan axborot va intellektual mulk obyekti uchun mualliflik huquqlarini buzmaslikka;

p) televideniye tarmoqlarida boshqa shaxslarning beriladigan signalga ulanish holatlariga yoʻl qoʻymaslikka;

r) operator (provayder) vakillariga ularni tekshirish, taʼmirlash va texnik xizmat koʻrsatish uchun telekommunikatsiyalar inshootlari va qurilmalari joylashgan hududlarga kirishni taʼminlashga.

347. Abonent va foydalanuvchiga qonunchilik hujjatlarida va ushbu Qoidalarda nazarda tutilgan boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

2 - §. Telefon aloqa xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilarining majburiyatlari

348. Telefon aloqa xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilari quyidagilarga majbur:

operator (provayder) bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq telefonlashtirilgan turar-joydan koʻchish, sotish, almashtirish, ijaraga berish, ijaraga (ikkilamchi ijaraga) olish, familiya, turar-joy manzili, rekvizitlari, korxona nomining oʻzgarishi, telefon aloqasi xizmatlariga toʻlash va koʻrsatish boʻyicha imtiyozlarni olish yoki yoʻqotgan hollarda bir oy muddat ichida operator (provayder) bilan shartnomani qayta rasmiylashtirish yoki bekor qilishga;

abonent liniyasini va qurilmasini oʻz uyida yaxshi holatda saqlashga.

Yakka tartibda foydalanadigan telefonga ega abonent, shuningdek tashkilotlardagi (shu jumladan, mehmonxonalar, yotoqxonalar, sanatoriylar, dam olish uylari, chet el vakolatxonalari va xalqaro tashkilotlar) telefon egalari ularning telefonlaridan amalga oshirilgan mahalliy va xalqaro telefon bogʻlanishlarga haq toʻlash uchun javobgar boʻladi.

3 - §. Taksofon orqali telefon aloqa xizmatlari foydalanuvchilarining majburiyatlari

349. Taksofon orqali telefon aloqa xizmatlari foydalanuvchilari quyidagilarga majbur:

taksofondan foydalanish boʻyicha yoʻriqnomaga muvofiq foydalanish, taksofonlar, kabinalar yoki yarim kabinalarning shikastlanishiga yoʻl qoʻymaslikka;

taqdim etilgan soʻzlashuv toʻlovi uchun taksofonlarning ushbu tipi uchun moʻljallangan naqd pul va naqd pulsiz toʻlov vositalaridan (maxsus jeton, toʻlov kartasi) foydalanishga.

4 - §. Maʼlumot uzatish xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilarining majburiyatlari

350. Maʼlumot uzatish xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilari quyidagilarga majbur:

telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish uchun GSM , IP yoki SMS -shlyuzlar yoki shunga oʻxshash apparat-dasturiy vositalardan foydalanish niyati boʻlganda, bu haqda operatorni (provayderni) ogohlantirishga;

maʼlumotlar uzatish tarmogʻidan xalqaro trafikni noqonuniy oʻtkazish maqsadida foydalanmaslikka, shu jumladan GSM va IP -shlyuzlar orqali.

5 - §. Mobil aloqa xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilarining majburiyatlari

351. Mobil aloqa xizmatlari abonentlari va foydalanuvchilari quyidagilarga majbur:

a) SIM -karta yoki foydalanuvchi qurilmasi ( SIM -kartadan foydalanish koʻzda tutilmagan mobil aloqa standartlari uchun va eSIM ) yoʻqolganligi toʻgʻrisida operatorning (provayderning) Call -markaziga zudlik bilan qoʻngʻiroq qilib xabar qilish, keyinchalik operatorga (provayderga) yoki diler orqali yozma arizani taqdim qilgan holda. Abonent tomonidan ushbu shartlarga rioya qilinmagan holda u yoʻqotilgan SIM -karta yoki foydalanuvchi qurilmasidan ( SIM -kartadan foydalanish koʻzda tutilmagan mobil aloqa standartlari uchun va eSIM ) foydalangan holda olingan operator (provayder) tomonidan koʻrsatilgan mobil aloqa xizmatlariga toʻlov boʻyicha operator (provayder) abonentning ular yoʻqolganligi va xizmatlar koʻrsatishni toʻxtatish istagi toʻgʻrisidagi arizasini olgan vaqtigacha majburiyatga ega, agar xabar qilishning abonent uchun qulay boʻlgan boshqa usuli operator (provayder) tomonidan koʻzda tutilmagan boʻlsa;

b) maʼlumotlar oʻzgargani haqida operatorga (provayderga) 15 kun ichida xabar berishga:

jismoniy shaxs uchun — familiyasi, ismi, otasining ismi, yashash joyi yoki turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinganligi va shaxsini tasdiqlovchi hujjat maʼlumotlari haqiqiy hujjatni taqdim etgan holda yoxud uning vakili tomonidan shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarning asl nusxasi va belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan ishonchnomani taqdim etish yoʻli bilan;

yuridik shaxs uchun — nomi (firma nomi), yuridik manzili oʻzgarganligi, shuningdek yuridik shaxs tugatilganligi toʻgʻrisida xabar qilishga;

d) mobil aloqa xizmatlari koʻrsatish shartnomasini tuzayotganda ushbu operator (provayder) bilan avval tuzilgan shartnomalar boʻyicha aktiv raqamlarning mavjudligi toʻgʻrisida xabar qilishga;

e) mobil aloqaning ayrim xizmatlari yoki mobil aloqa xizmatlarining toʻplamlari uchun operator (provayder) tomonidan belgilangan shartlarga muvofiq maxsus tariflar (tarif rejalari)dan maqsadli foydalanishni taʼminlashga;

f) olingan abonent raqamidan GSM , IP yoki SMS -shlyuzlarda yoki analog uskunalarda foydalanish yoki telekommunikatsiyalar xizmatlari koʻrsatish yoki ommaviy SMS joʻnatmalar uchun foydalanish istagi boʻlganda, buni oldindan operator (provayder) bilan kelishishga;

g) shartnoma tuzishda olinadigan raqam (SIM-karta) birga foydalaniladigan foydalanuvchi qurilmasining asosiy turlari (uyali telefon, USB -modem, elektr energiyasi/suv/gaz hisoblagichlari, onlayn toʻlov terminallari, GSM , IP yoki SMS- shlyuzlar yoki uskunaning boshqa turlari)ni koʻrsatishga;

h) abonent raqamidan shaxsiy maqsadlarda yoki ishlab chiqarish ehtiyojlari uchun (yakka tartibdagi tadbirkorlar va yuridik shaxslar uchun) foydalanish, spamga, firibgarlikka, operator (provayder) bilan oldindan kelishmasdan ommaviy SMS joʻnatmalarga, shuningdek, boshqa noqonuniy foydalanishga yoʻl qoʻymaslikka;

i) abonent raqamidan xalqaro trafikni noqonuniy oʻtkazish uchun foydalanmaslik, shu jumladan, GSM va IP shlyuzlardan foydalangan holda.

j) oʻrnatilgan himoya tizimlarini chetlab oʻtgan holda telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalanish hamda xalqaro trafikni oʻtkazish maqsadida telekommunikatsiyalar tarmogʻidan qonunga xilof ravishda (ruxsatsiz) foydalanmaslikka, shuningdek mazkur maqsadlar uchun moʻljallangan maxsus dasturiy yoki apparat vositalarini qonunga xilof ravishda (ruxsatsiz) saqlash va ularning faoliyatiga yoʻl qoʻymaslik;

k) abonent raqami koʻchirilgan taqdirda, donor bilan tuzilgan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi boʻyicha mobil aloqa tarmogʻi xizmatlari uchun mavjud qarzni toʻlashga.

V boʻlim. Koʻrsatilgan telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun hisob - kitoblar va toʻlovlar

1-bob. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun hisob - kitoblar va toʻlovlar

352. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun tariflar qonunchilik hujjatlariga muvofiq shakllantiriladi va tartibga solinadi.

Televideniye va radioeshittirish dasturlarini uzatish va tarqatish tasdiqlangan amaldagi tarif (preyskurant) asosida koʻrsatiladi.

353. Foydalanuvchilarning ayrim toifalari uchun telekommunikatsiyalar xizmatlariga haq toʻlash va telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalanishni taqdim etish boʻyicha imtiyozlar belgilanishi mumkin.

354. Telekommunikatsiyalar xizmatlariga haq toʻlash shakli va tartibi taraflar oʻrtasida tuziladigan telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomada belgilanadi.

Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun hisob-kitoblarni bu xizmatlarni koʻrsatgan operator (provayder, eshittiruvchi) yoki shartnoma asosida ular tomonidan vakolatlangan shaxs olib boradi.

355. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun tariflarni belgilash, hisob-kitoblar va barcha toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasida amalga oshiriladi.

Koʻrsatilgan telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun hisob-kitoblarni amalga oshirishda xorijiy valyutadan, shuningdek xorijiy valyutadagi toʻlov hujjatlaridan foydalanishga qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda, tartib va shartlarda yoʻl qoʻyiladi.

356. Hisob-kitoblar shakli va tartibi qonunchilik hujjatlariga muvofiq, operatorning (provayderning) texnologik imkoniyatlardan kelib chiqib abonent bilan kelishilgan holda operator (provayder) tomonidan belgilanadi hamda shartnomada aks ettiriladi va hisob-kitoblar amalga oshiriladi.

357. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun tariflar qonunchilik hujjatlariga muvofiq tomonlar oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilaniladi.

358. Telekommunikatsiyalar xizmatlariga tariflar ayrim xizmatlar yoki xizmatlarning toʻplamiga tariflar (tarif rejalari) koʻrinishida belgilanishi mumkin.

Tarif rejalari operatorlar tomonidan mustaqil ravishda belgilanadi (qonunchilikda belgilangan tartibda tartibga solinuvchi tariflar bundan mustasno).

Bunda, operator (provayder) tomonidan, foydalanuvchilarning muayyan guruhiga yoki maʼlum cheklangan hududda alohida tarif rejalar va imtiyozlar taqdim etilishi mumkin.

Operator va provayderlarning belgilangan talablari boʻyicha telekommunikatsiyalarning ayrim xizmatlari yoki xizmatlarining toʻplamlari uchun (masalan, USB-modemlar, elektr energiyasi, suv, gaz hisoblagichlari, onlayn toʻlov terminallari, GSM , IP yoki SMS -shlyuzlar yoki uskunaning boshqa turlarida foydalanish uchun, shuningdek muayyan toifalardagi shaxslarga taqdim etiladigan) maxsus tariflar (tarif rejalari) belgilanishi mumkin.

359. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun tariflar va tarif rejalarini shakllantirishda tarifikatsiyaning quyidagi turlari qoʻllanishi mumkin:

abonentlik, bunda muayyan davr (hisob-kitob davri) uchun abonentning toʻlov miqdori haqiqatda olingan telekommunikatsiyalar xizmatlarining hajmiga bogʻliq boʻlmagan doimiy kattalik hisoblanadi;

vaqtbay, bunda abonentning toʻlov miqdori hisob-kitob davri davomida taqdim etilgan abonentning tashabbusi bilan amalga oshirilgan ulanishlar davomiyligining summasiga bogʻliq boʻladi;

har bir koʻrsatilgan telekommunikatsiyalar xizmati uchun, bunda toʻlov miqdori amalda koʻrsatilgan xizmat uchun aniqlanadi.

Tarif rejalarini shakllantirishda tarifikatsiyaning bir nechta turlarini birga qoʻshishga yoʻl qoʻyiladi.

360. Operator, provayder koʻrsatilayotgan telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun hisob-kitob davrini mustaqil belgilaydi.

361. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun toʻlov quyidagicha amalga oshiriladi:

xizmatlar koʻrsatilganidan keyin toʻlov toʻlash;

xizmatlar koʻrsatilishidan oldin toʻlov toʻlash;

shartnomada belgilangan yoki hisobda koʻrsatilgan hisob-kitob davri muddatiga kechiktirilgan toʻlov toʻlash yoʻli bilan.

Abonent oʻz xohishiga koʻra, 2 oydan koʻp boʻlmagan muddatga telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun abonentlik toʻlovlarini oldindan toʻlab qoʻyishi mumkin va bunda tarif oʻzgarsa ham qiymat qayta hisob-kitob qilinmaydi. Ushbu tartib bir oydan ortiq muddat uchun taqdim etiladigan tariflarga tatbiq etilmaydi.

362. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun hisob-kitob va toʻlovlar xizmatlar koʻrsatish vaqtida amalda boʻlgan tariflar boʻyicha amalga oshiriladi.

Tariflarni oʻzgartirish va amalga kiritish toʻgʻrisidagi axborot operator (provayder) tomonidan ommaviy axborot vositalarida, oʻzining rasmiy veb-saytida yoki SMS orqali kamida 15 kun oldin majburiy eʼlon qilinishi lozim.

363. Operator (provayder, eshittiruvchi) va abonent oʻrtasida toʻlovni undirish boʻyicha kelishmovchiliklar yuzaga kelgan holda, kelishmovchiliklar sud tartibida hal etiladi.

Begona shaxslar tomonidan telekommunikatsiyalar tarmogʻiga ruxsatsiz ulanish va foydalanish natijasida kelib chiqadigan kelishmovchiliklarda bajarilgan soʻzlashuvlarning kimga tegishliligi belgilangan tartibda tekshirilishi (aniqlanishi) kerak. Tekshiruv natijalaridan rozi boʻlmagan abonent sudga murojaat qilish huquqiga ega.

364. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun toʻlovlar naqd pul yoki naqd pulsiz shaklda amalga oshirilishi mumkin.

365. Telekommunikatsiyalar xizmatlari uchun toʻlovlar qabul qilinishini operator, provayder, eshittiruvchi, diler mustaqil ravishda yoki toʻlov agentlari orqali tashkil qilishi mumkin.

366. Shartnoma bekor qilingan hollarda abonent avans sifatida kiritilgan pul mablagʻlarini qaytarish uchun operatorga (provayderga, eshittiruvchiga) murojaat qilish huquqiga ega. Bunday holda operator (provayder, eshittiruvchi) 15 kun muddat ichida pul mablagʻlarining foydalanilmagan qoldigʻini qaytarishga majbur.

367. Telefonlashtirilgan turar joyga nisbatan egalik qilish huquqi belgilangan tartibda ushbu yashash joyi boʻyicha yoki turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinmagan shaxslarga oʻtganda shartnoma tuzilgan holda foydalana olish taqdim etilganligi uchun toʻlovlar qoʻllaniladi.

368. Mahalliy telefon bogʻlanishlar xizmatlari uchun abonent toʻlov tizimini yoki xizmatlar uchun vaqtbay toʻlov tizimini qoʻllagan holda toʻlanadi.

Mahalliy telefon bogʻlanishlarni vaqtbay hisobga olish texnik imkoniyati boʻlmaganda xizmatlar uchun abonent toʻlov tizimidan foydalaniladi.

Mahalliy telefon bogʻlanishlarni vaqtbay hisobga olinishini taʼminlash texnik vositalarining tayyor boʻlishiga qarab xizmatlar uchun vaqtbay toʻlov tizimi kiritiladi.

Vaqtbay toʻlov tizimida telefondan foydalanganlik uchun toʻlov miqdori telefon bogʻlanishlarning maʼlum davomiyligi uchun belgilangan qayd qilingan kattalikdan va qayd qilingan kattalikdan tashqari telefon bogʻlanishning davomiyligiga bogʻliq boʻlgan oʻzgaruvchan kattalikdan tashkil topadi.

369. Avtomatik mahalliy, xalqaro telefon aloqadan foydalanganlik uchun xizmatlarga toʻlov vaqtbay toʻlov tizimida abonent tomonidan faqat unga tegishli boʻlgan foydalanuvchi qurilmasidan chiqadigan telefon bogʻlanishlar uchun toʻlanadi, bundan chaqirilayotgan abonent yoki operatorning (provayderning) hisobidan koʻrsatiladigan xizmatlar mustasno.

370. Operator-telefonist yoki avtomatik usul bilan taqdim etilgan xalqaro telefon bogʻlanishlarga telefon bogʻlanishning davomiyligiga bogʻliq holda amaldagi tariflar boʻyicha toʻlov toʻlanadi.

371. Mahalliy (xizmatlarga vaqtbay toʻlov tizimida), xalqaro telefon bogʻlanishda telefon bogʻlanishlarining davomiyligini hisobga olish operator tomonidan qabul qilingan tarifikatsiya birligiga muvofiq yuritiladi.

372. Mahalliy va xalqaro telefon bogʻlanishlarining tarifikatsiya birligi miqdori va toʻliq boʻlmagan tarifikatsiya birligini toʻlash tartibi foydalanilayotgan kommutatsion texnikaning texnik imkoniyatlariga bogʻliq holda belgilanadi.

Bunda, tarifikatsiya birligi bir daqiqadan koʻp boʻlmasligi kerak.

373. Avtomatik mahalliy (xizmatlarga vaqtbay toʻlov tizimida), shaharlararo va xalqaro telefon bogʻlanishdan foydalanganda telefon bogʻlanishining davomiyligi istalgan shaxs yoki foydalanuvchi qurilmasining javob berish paytidan chaqirayotgan yoki chaqirilayotgan shaxs yoki foydalanuvchi qurilmasining uzilishigacha hisoblanadi.

374. Javob signali chaqirilayotgan shaxsning javobiga tenglashtiriladigan va telefon bogʻlanishining davomiyligini hisoblash boshi boʻlib xizmat qiladigan foydalanuvchi qurilmasiga quyidagilar kiradi:

maʼlumotlar uzatish apparaturasi (modem va boshqalar);

faksimil apparati;

avtojavobbergich bilan taʼminlangan foydalanuvchi qurilmasi;

raqamni avtomatik aniqlovchi telefon apparati;

abonent boʻlmaganda uning oʻrnini bosadigan va axborot almashinuvini taʼminlaydigan (yoki imitatsiya qiladigan) boshqa foydalanuvchi qurilmasi.

375. Agar abonent liniyasi yoʻq boʻlgan abonentlar xizmatiga oʻtkazilgan yoki abonent boʻlmaganda uning oʻrniga foydalaniladigan (xabarlarni yozib oluvchi yoki maʼlumotlar bilan almashish uchun xizmat qiladigan) qurilma bilan ulanganda, bu xizmat yoki bu qurilmaga abonentning soʻroviga koʻra u uchun javob beradigan shaxs sifatida qaraladi. Bunday holda telefon bogʻlanish oʻrnatiladi va toʻlov hisoblanadi.

Abonent operatorning (provayderning) Call -markaziga qoʻngʻiroq qilganda oldindan yozib olingan ovozli xabarlar tizimini eshitish vaqti yoki avtoinformatorning audio xabarlari bogʻlanishning tarifikatsiyalanadigan davomiyligiga kiritilmaydi.

376. Konferensaloqa xizmatining davomiyligi barcha chaqirilayotgan shaxslar chaqirayotgan shaxs bilan telefon bogʻlanish oʻrnatilgandan keyin hisoblanadi, chaqirayotgan shaxsning “otboy” signali boshlanish paytidan tugaydi.

377. Bogʻlanish uchun buyurtma (operator-telefonist orqali) xalqaro telefon bogʻlanishlar taqdim etilganda toʻlanishi kerak boʻlgan telefon bogʻlanishining minimal davomiyligi belgilanadi. Bunda, minimal davomiylikdan kam davom etgan telefon bogʻlanishiga minimal davomiylikdagi telefon bogʻlanishi sifatida toʻlov toʻlanadi.

Telefon bogʻlanishining koʻrsatilgan minimal davomiyligi bir daqiqadan oshmasligi kerak.

378. Mahalliy (xizmatlar uchun vaqtbay toʻlov tizimida), xalqaro telefon bogʻlanishi uchun toʻlov telefon bogʻlanishi oʻrnatilishidan boshlab joriy sutkada amal qiladigan tarif boʻyicha amalga oshiriladi.

379. Chaqirayotgan shaxs u tomonidan buyurtma berilgan oldinroq oʻrnatilgan shaharlararo yoki xalqaro telefon bogʻlanishni rad etganda, bunday telefon bogʻlanish taqdim etilgan vaqtda abonentdan bogʻlanishga buyurtma qilingan tarif boʻyicha soʻzlashuv daqiqasining narxi va telefon bogʻlanishi paytiga operator-telefonist tomonidan bajarilgan xizmatlarning toʻliq qiymati miqdorida toʻlov undiriladi.

380. Agar chaqirilayotgan shaxs bilan bildirishnomali shaharlararo va xalqaro telefon bogʻlanish koʻrsatilgan manzil boʻyicha chaqirilayotgan shaxsning turmasligi sababli bildirishnoma bu shaxsga topshirilmaganligi yoki topshirish imkoniyati yoʻqligi sababli boʻlib oʻtmagan boʻlsa, chaqirilayotgan shaxsdan xizmat narxi miqdorida toʻlov undiriladi.

Agar chaqirilayotgan shaxs bilan bildirishnomali shaharlararo va xalqaro telefon bogʻlanish chaqirilayotgan yoki chaqirayotgan shaxsning soʻzlashuv punktiga kelmaganligi yoki chaqirilayotgan shaxsning koʻrsatilgan telefon raqami boʻyicha boʻlmaganligi sababli telefon bogʻlanishi uchun tayinlangan vaqtdan keyin bir soat ichida boʻlib oʻtmasa, toʻlov xizmatining narxi miqdorida undiriladi.

381. Agar chaqirayotgan shaxs xalqaro telefon bogʻlanishga buyurtma berayotganda chaqirilayotgan foydalanuvchi qurilmasining notoʻgʻri abonent raqamini koʻrsatgan boʻlsa, u holda u ushbu buyurtma uchun amaldagi tariflar boʻyicha oʻrnatilgan telefon bogʻlanishining haqiqiy davomiyligiga haq toʻlaydi.

382. Avtomatik xizmat koʻrsatish tizimi boʻyicha taqdim etilgan mahalliy (xizmatlar uchun vaqtbay toʻlov tizimi) yoki xalqaro telefon bogʻlanishda abonentga hisobni taqdim etish uchun magnit tashuvchi (magnit tasmalar, disklar)ga yozilgan qiymatni hisoblash apparaturasining maʼlumotlari, operator-telefonist yordamida xalqaro telefon bogʻlanish taqdim etilganda operator-telefonist tomonidan buyurtma blankiga kiritilgan yoki avtomatlashtirilgan hisob-kitoblar tizimining, shuningdek elektron kommutatorlarning magnit tashuvchilari (magnit tasmalar, disklar)ga yozilgan maʼlumotlar asos boʻlib hisoblanadi.

383. Mahalliy shaharlararo va xalqaro telefon soʻzlashuvlari xizmatlari uchun toʻlovlar soʻzlashuv punktlarida bogʻlanish uchun buyurtma qilishda foydalanuvchi buyurtma qilinayotgan telefon soʻzlashuvining davomiyligi va buyurtmada koʻrsatilgan qoʻshimcha pulli xizmatlar uchun oldindan haq toʻlashi kerak. Kompyuter bilan jihozlangan soʻzlashuv punktida telefon orqali soʻzlashuvdan keyin toʻlovni amalga oshirishga yoʻl qoʻyiladi.

Oldindan toʻlovni tasdiqlash uchun foydalanuvchiga majburiy tartibda buyurtma blankidan yirtib olinadigan talon beriladi. Mazkur talonda taqvim shtempelining yoki talonni bergan operator kassa apparatining izi boʻlishi kerak.

384. Agar soʻzlashuv buyurtmada koʻrsatilgan vaqtdan kam davom etsa yoki umuman boʻlib oʻtmagan boʻlsa, foydalanuvchiga pulning qolgan qismi yoki butun toʻlangan summa qaytariladi. Hisob-kitob qilish uchun foydalanuvchi yirtib olinadigan talonni qaytarishi kerak.

Pulning qolgan qismi berilganda yirtib olinadigan talon foydalanuvchidan olib qoʻyiladi va bu talon oʻrniga undan undirilgan summa uchun kvitansiya beriladi. Kvitansiya har bir soʻzlashuv uchun bepul beriladi.

385. Koʻrsatiladigan telegraf xizmatlariga haq toʻlash belgilangan tariflarga muvofiq amalga oshiriladi.

386. Taksofon orqali telefon aloqa xizmatiga haq toʻlash uchun maxsus jeton, toʻlov kartasi, tanga va milliy valyutaning tegishli kupyurasi ishlatiladi.

387. Taksofon orqali mahalliy, shaharlararo va xalqaro telefon aloqasi xizmati uchun tariflar qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

388. Taksofon orqali shaharlararo va xalqaro telefon aloqasining tarifikatsiya birligining oʻlchovi hamda tarifikatsiya birligining toʻliq boʻlmagan birligini toʻlash tartibi operator (provayder) tomonidan foydalaniladigan kommutatsiya texnikasining texnik imkoniyatlariga bogʻliq holda belgilanadi. Bunda, tarifikatsiya birligi bir daqiqadan koʻp boʻlmasligi kerak.

389. Taksofon orqali telefon soʻzlashuvining davomiyligi chaqiriluvchi abonent yoki foydalanuvchi qurilmasining javobidan to chaqiruvchi yoki chaqiriluvchi abonentning yoki foydalanuvchi qurilmasining uzilishigacha hisoblanadi.

390. Chaqiriluvchi shaxsning javobiga tenglashtirilgan, javob signali telefon soʻzlashuvi davomiyligi hisobining boshlanishi boʻlgan foydalanuvchi qurilmasiga quyidagilar kiradi:

maʼlumotlar uzatish apparaturasi (modem va boshqalar);

faksimil apparati;

avtojavobbergich bilan jihozlangan foydalanuvchi qurilmasi;

raqamni avtomatik aniqlovchi telefon apparati;

abonent boʻlmaganda uning oʻrnini bosadigan va axborot almashinuvini taʼminlaydigan (yoki imitatsiya qiladigan) boshqa foydalanuvchi qurilmasi.

391. Maʼlumotlar uzatish tarmogʻi operatori (provayderi) avtomatlashtirilgan hisob-kitob tizimlari yordamida abonentga koʻrsatilgan xizmatlar (maʼlumotlar uzatish vaqti, tezligi, olingan va (yoki) uzatilgan axborot hajmi, shuningdek abonent pul mablagʻlarining harakati va boshqalar) toʻgʻrisidagi axborot hisobini yuritadi.

392. Operator (provayder) shartnoma asosida hisob-kitoblarni amalga oshirish maqsadida bajarilgan ishlar va koʻrsatilgan xizmatlarga haq toʻlash toʻgʻrisida abonentga axborot taqdim etadi.

Bunda, quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi shart:

operator (provayder) rekvizitlari va murojaat uchun telefon raqamlari;

hisob-kitob davri;

bajarilgan ishlar narxi;

taqdim etiladigan xizmatlar roʻyxati, har bir xizmat uchun hisob-kitob davri va ular uchun toʻlanadigan summa;

qoʻshilgan qiymat soligʻi summasi (agar undirilsa);

umumiy toʻlanadigan summa;

hisob taqdim etilgan sana;

haq toʻlash muddati.

393. Operator (provayder) tomonidan abonentning hisobvaragʻi yuritilgan taqdirda, toʻlov toʻgʻrisida koʻrsatilgan axborot operator (provayder) va abonent oʻrtasidagi shartnoma shartlarining oʻzgarishlari bilan bogʻliq abonentning hisobvaragʻi boʻyicha balans tuzatishlarini, shuningdek kelib tushgan va abonentning hisobvaragʻida aks ettirilgan oldingi hisob-kitob davridagi xizmatlar uchun abonentning toʻlovlari toʻgʻrisidagi axborotlarni oʻz ichiga olishi kerak.

394. Mobil aloqa tarmogʻi boʻyicha ulanish davomiyligining tarifikatsiya birligi operator (provayder) tomonidan belgilanadi, ammo bir daqiqadan koʻp boʻlmasligi kerak.

Mobil aloqa tarmogʻida har bir internet sessiyani alohida hisobga olgan holda maʼlumotlar uzatish trafigining har bir yoʻnalishi boʻyicha uzatilgan va olingan maʼlumotlar hajmining tarifikatsiya birligi operator (provayder) tomonidan belgilanadi, ammo 16 KB dan koʻp boʻlmasligi kerak.

Boshqa operatorning (provayderning) mobil aloqa tarmogʻidagi har bir internet sessiyani alohida hisobga olgan holda roumingda Internet-trafikni yaxlitlash xalqaro rouming toʻgʻrisidagi kelishuvga koʻra belgilanadi, ammo maʼlumotlar uzatish trafigining har bir yoʻnalishi boʻyicha tarifikatsiya birligi 16 KB dan koʻp boʻlmasligi kerak.

395. Ulanishning davomiyligini hisobga olish operator (provayder) tomonidan qabul qilingan tarifikatsiya birligiga muvofiq olib boriladi.

396. Toʻlov miqdorini aniqlash uchun foydalaniladigan mobil aloqa tarmogʻi boʻyicha ulanish davomiyligi chaqiriluvchi abonent yoki abonent javob bergan deb tenglashtirilgan javob signali boʻlgan uskuna javob bergan sekunddan boshlab chaqiruvchi yoki chaqiriluvchi abonent yoki shu uskuna soʻzlashuvi tugagan vaqtgacha hisoblanadi.

Operator (provayder) tomonidan belgilangan minimal hisoblangan vaqt birliklarida hisoblangan ulanishlar davomiyligi toʻliq birlikkacha yaxlitlanadi.

Operator (provayder) tomonidan belgilangan trafik hajmining minimal hisob-kitob birliklarida hisoblangan ishlatilgan maʼlumotlar uzatish trafigining hajmi toʻliq birlikkacha yaxlitlanadi.

Operator (provayder, eshittiruvchi) ushbu Qoidalarga nisbatan abonent holatini yomonlashtirmaydigan mobil aloqa xizmatlari tarifikatsiyasi qoidalarini mustaqil belgilaydi.

397. Abonent tomonidan ushbu Qoidalarda belgilangan talablar, shuningdek shartnoma shartlari buzilgan hollarda, buzilishlar bartaraf etilguniga qadar operator (provayder) mobil aloqa xizmatlari koʻrsatilishini toʻxtatish huquqiga ega.

Bunda, mobil aloqa tarmogʻidan foydalana olish va abonent tomonidan favqulodda tezkor xizmatlarni chaqirish imkoniyati saqlanadi.

398. Operator (provayder) tomonidan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish toʻxtatilgandan keyin abonent shartnoma va qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan muddatda aniqlangan buzilishlarni bartaraf etish huquqiga ega. Aniqlangan buzilishlar bartaraf etilgandan keyin mobil aloqa xizmatlaridan foydalanish tiklanadi.

399. Kreditga taqdim etilgan mobil aloqa xizmatlari uchun toʻlov muddatini operator (provayder) mustaqil belgilaydi.

400. Abonent raqamini koʻchirib oʻtish xizmatlari uchun toʻlov va retsipiyent bilan mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha shartnoma tuzish abonent tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

401. Mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha imzolangan shartnoma asosida operatorga (provayderga) mobil aloqa xizmatlari toʻlovi amalga oshiriladi.

402. Har biri rezident hisoblangan mobil aloqa operatorlari (provayderlari) oʻrtasidagi hisob-kitoblar qonunchilik hujjatlariga muvofiq milliy valyutada amalga oshiriladi.

403. Mahalliy operatorning xizmat koʻrsatuvchi xorijiy operatorlar (rouming-sheriklar) bilan va tizim hosil qiluvchi rouming-sheriklar bilan hisob-kitoblari Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga va xalqaro qoidalarga muvofiq bajariladi.

VI boʻlim. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi tomonlarining javobgarligi va yakuniy qoidalar

1-bob. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi tomonlarining javobgarligi

404. Operator (provayder) tuzilgan shartnoma boʻyicha oʻz majburiyatlarini bajarmaganligi yoki lozim darajada bajarmaganligi hamda telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish muddatlarini va shikastlanishlarni bartaraf etish muddatlarini buzganligi uchun quyidagi hollarda abonent oldida javobgardir:

telekommunikatsiyalar tarmogʻidan foydalana olishni taʼminlash muddatlarining buzilishi;

shartnomada belgilangan telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish muddatlarining buzilishi;

shartnomada koʻrsatilgan va abonent tomonidan talab qilingan telekommunikatsiyalar xizmatlarining barcha turlarini koʻrsatmaganlik;

telekommunikatsiyalar xizmatlarini sifatsiz koʻrsatish;

telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq axborotning taqdim etilmaganligi, toʻliq taqdim etilmaganligi yoki oʻz vaqtida taqdim etilmaganligi;

shartnomani bajarish natijasida operatorga (provayderga) maʼlum boʻlgan abonent toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning tarqatilishini cheklash toʻgʻrisidagi talablarning buzilishi.

405. Majburiyatlarni bajarmaslik yoki lozim darajada bajarmaslik foydalanuvchining aybi bilan yoki yengib boʻlmaydigan kuch, yaʼni favqulodda va muayyan sharoitlarda oldini olib boʻlmaydigan vaziyatlar (fors-major) oqibatida sodir etilgan boʻlsa, operator (provayder) abonent/foydalanuvchi oldida javobgar boʻlmaydi.

406. Telegraf xizmatida joʻnatuvchi tomonidan manzil notoʻgʻri koʻrsatilganligi sababli telegramma topshirilmagan boʻlsa, operator abonent yoki foydalanuvchi oldida javobgar boʻlmaydi.

407. Telekommunikatsiyalar tarmogʻida yuzaga kelgan nosozlik yoki shikastlanishlar shartnomada belgilangan muddatda bartaraf etilmagan taqdirda, operator (provayder, eshittiruvchi) abonentning talabiga koʻra shartnomada belgilangan miqdorda jarima (penya) toʻlaydi.

Operator (provayder, eshittiruvchi) tomonidan jarima (penya) toʻlanganligi ularni shartnoma boʻyicha zimmasiga yuklatilgan majburiyatlarni bajarishdan ozod etmaydi.

408. Ushbu Qoidalar va shartnomada koʻzda tutilgan oʻz majburiyatlarini bajarmagan taqdirda, tomonlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

409. Tomonlar oʻz majburiyatlarini bajarmagan hollarda, telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish shartnomasini bekor qilish tartibi va shartlari abonent va operator (provayder, eshittiruvchi) oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.

410. Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq nizoli masalalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

411. Agar mobil aloqa operatorining (provayderining) javobgarligi dilerning aybi bilan yuzaga kelgan boʻlsa, operator (provayder) dilerdan u bilan tuzilgan shartnomaga va qonunchilik hujjatlariga muvofiq yetkazilgan zararni qoplashni talab qilishga haqli.

412. Operator, provayder, Wi-Fi xizmati tashkilotchisi oʻz ixtiyorida (bevosita boshqaruvi va nazorati ostida) boʻlmagan maʼlumotlar uzatish tarmogʻining resurslari, serverlari va segmentlari mazmuni, ulardan foydalanish imkoniyati va ishlash qobiliyati uchun javobgar boʻlmaydi.

413. Abonent oʻz majburiyatlarini bajarmaganligi, shu jumladan shartnomaga muvofiq belgilangan muddatda xizmatlar uchun haq toʻlamaganligi uchun shartnomaga muvofiq javobgar boʻladi.

414. Operator (provayder, eshittiruvchi) qonunchilik hujjatlarida koʻzda tutilgan boshqa holatlarda ham javobgardir.

415. Abonent tomonidan qilingan shikoyat yozma, ogʻzaki va/yoki elektron shaklda amalga oshiriladi, u operatorga (provayderga, eshittiruvchiga) kelib tushgan kun roʻyxatga olinishi kerak.

Telekommunikatsiyalar xizmatlarini koʻrsatishni rad etish, shartnomadan kelib chiqadigan majburiyatlarni oʻz vaqtida bajarmaslik yoki lozim darajada bajarilmaslik bilan bogʻliq masalalar yuzasidan shikoyatlar telekommunikatsiyalar xizmatlari koʻrsatilgan, uni koʻrsatish rad etilgan yoki hisob taqdim etilgan kundan boshlab 6 oy ichida beriladi.

2-bob. Yakuniy qoida

416. Mazkur Qoidalar talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Vazirning birinchi o'rinbosari O. PEKOS

Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi raisi A. DJURABAYEV

Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi raisi H. TURAXUJAYEV

Davlat xavfsizlik xizmati raisi B. KURBANOV

Elektron texnologiyalarni rivojlantirish markazi rahbari O. XODJAKBAROV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Toshkent sh.,

2026-yil 6-yanvar,

2025-yil 18-dekabr

2025-yil 17-dekabr

2025-yil 14-dekabr

2025-yil 10-dekabr

2025-yil 9-dekabr

287-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 27.01.2026-y., 10/26/3762/0082-son)

lex.uz