📅 2026-yil 22-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 22-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 22 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 января 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 January 2026 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини кейинчалик, зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини кейинчалик, зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 22 январдаги 3-сон буйруғига ИЛОВА
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини кейинчалик, зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом донор қони ва унинг таркибий қисмларини кейинчалик, зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) (бундан буён матнда аутодонорлик деб юритилади) тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоида
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
донор — ўз қони ва унинг таркибий қисмларидан бир қисмини тиббиёт эҳтиёжлари учун ихтиёрий равишда берувчи жисмоний шахс;
аутодонорлик — донорнинг ўз қони ва унинг таркибий қисмлари олдиндан олиниб, кейинчалик, зарурат бўлганда, донорнинг ўзига қайта қуйиш амалиёти.
2-боб. Аутодонорликни амалга ошириш
2. Аутодонорлик учун донорнинг ёши ўн саккизга тўлган бўлиши керак.
3. Аутодонорлик донорнинг жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилаётган давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида (бундан буён матнда тиббиёт муассасалари деб юритилади) донор ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги асосида бепул амалга оширилади.
4. Аутодонорлик қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
донорга аллоген қон қуйишнинг имкони мавжуд бўлмаса;
донорнинг қон гуруҳи кам учрайдиган бўлса;
донор ёки унинг қонуний вакили аллоген қон қуйишни рад этса.
5. Аутодонорлик учун донордан қон ва унинг таркибий қисмларини олишдан олдин тиббиёт муассасасидаги донорнинг даволовчи шифокори томонидан унинг ҳаётий кўрсаткичларининг (артериал босим, нафас олиш тезлиги, юрак уриши, тана ҳарорати ва бошқалар) барқарорлиги таъминланиши лозим.
6. Аутодонорликдан олдин донорнинг қони қуйидаги кўрсаткичлар бўйича лаборатория текширувларидан ўтказилиши шарт:
ABO тизими бўйича қон гуруҳи ва Rh тизими бўйича резус-мансублиги;
гемоглобин миқдори ва гематокрит кўрсаткичи;
ОИВ-1 ва ОИВ-2 вирусларига қарши антителолар ва антигенлар;
B гепатити вирусининг юзаки антигени ( HBsAg );
C гепатити вирусига қарши антителолар (анти HCV );
хира трепонемага қарши антителолар;
қон зардобида оқсилнинг умумий миқдори.
7. Донорнинг қонидан мазкур Низомнинг 6-бандига мувофиқ ўтказилган лаборатория текширувлари натижасида қуйидагилар аниқланса, аутодонорликка йўл қўйилмайди:
ОИВ (ОИТС) инфекция;
B ёки C вирус маркерлари;
захм касаллиги;
қондаги оқсил миқдори 60 г/л дан камлиги;
қоннинг камлиги (анемия) (гемоглобин миқори 110 г/л кам бўлганда);
гематокрит кўрсаткичи 25 фоиздан камлиги.
8. Аутодонорлик учун қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш истагида бўлган шахслар мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган рўйхатда назарда тутилган қарши кўрсатмалар мавжуд бўлган ҳолларда бутунлай донорликдан четлаштирилади.
9. Аутодонорлик қуйидаги даврлардан бирида амалга оширилади:
жарроҳлик амалиётидан олдин;
жарроҳлик амалиётига тайёргарлик жараёнида;
жарроҳлик амалиёти давомида.
10. Аутодонорлик учун донор қони ва унинг таркибий қисми қуйидаги тартибда олинади:
жарроҳлик амалиётидан олдин — донор қони ва унинг таркибий қисмлари жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилган кундан кўпи билан 30 кун олдин олинади;
жарроҳлик амалиётига тайёргарлик жараёнида — донор қони ва унинг таркибий қисмлари донорнинг ҳолати барқарор бўлганда, даволовчи шифокор ва анестезиологнинг тегишли хулосаси асосида олинади;
жарроҳлик амалиёти давомида — донорнинг жарроҳлик яраларидаги бўшлиқларга оқиб тушган қони Қонни интраоперацион қайта қуйиш аппарати ёрдамида йиғиб олинади (бунда донор ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги жарроҳлик амалиёти бошланишидан олдин олинган бўлиши лозим).
Жарроҳлик амалиёти давомида донорнинг жарроҳлик яраларидаги бўшлиқларга оқиб тушган қонида бактериал ифлосланиш ҳамда амниотик суюқликнинг тушиш ҳолати аниқланса, аутодонорлик ни амалга ошириш тақиқланади.
11. Аутодонорликда донордан бир марталик қон олиш миқдори 500 мл ошмаслиги керак.
Аутодонорликда донордан олинган қон ва унинг таркибий қисмларини донорнинг ўзига қуйишдан олдин қон гуруҳи қайта аниқланади ва индивидуал мувофиқлик текширилади (бундан жарроҳлик амалиётига тайёргарлик жараёнида ҳамда жарроҳлик амалиёти давомида донордан йиғилган қонни унинг ўзига қуйиш ҳолатлари мустасно).
12. Аутодонорлик учун донордан олинган қон ва унинг таркибий қисмларини бошқа бегона шахсларга қуйиш тақиқланади.
3-боб. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини сақлаш
13. Аутодонорлик учун донордан олинган қон ва унинг таркибий қисмлари жарроҳлик амалиётидан олдин олингандан сўнг, тиббиёт муассасаларининг қон ва унинг таркибий қисмларини сақлаш учун мўлжалланган хоналаридаги музлаткич ёки совутгичларда вақтинча сақлаш учун жойлаштирилиши керак.
14. Аутодонорлик учун донордан олинган қоннинг плазмаси у олинган кундан бошлаб музлаткичларда –25 — –40°С гача бўлган ҳароратда бир йилгача, қоннинг эритроцитар массаси эса у олинган кундан бошлаб совутгичларда +2°С — +6°С гача бўлган ҳароратда 35 кунгача сақлан ади .
15. Аутодонорлик учун донордан олинган қон ва унинг таркибий қисмлари музлаткич ёки совутгичларда вақтинча сақланганда уларнинг контейнерларида «Аутодонор» деган сўз ҳамда донорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, жинси, ёши ва қон гуруҳи, резус-мансублиги, қон ва унинг таркибий қисмлари олинган сана акс эттирилиши керак.
16. Аутодонорлик учун донордан олинган қон ва унинг таркибий қисмларининг сақлаш муддатлари мазкур Низомнинг 14-бандида белгиланган муддатлардан ошган тақдирда ҳамда жарроҳлик амалиётида фойдаланилмаганда Даволаш-профилактика муассасаларида чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва йўқ қилишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0317-15-сон СанҚваН) мувофиқ утилизация қилинади.
4-боб. Якуний қоида
17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини кейинчалик, зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Аутодонорлик учун қаршилик қилувчи кўрсатмалар
Т/р Номи 1. Онкологик касалликлар: хавфли ўсмалар ва қон касалликлари 2. Ўткирости трансфузион ғовакли энцефалопатиялар (ЎТҒЕ): Куру, Крейтсфельд-Якоб касаллиги, Герцтманн-Штреуслер синдроми, оила анамнезида (ЎТҒЕ) бўлган шахслар, амиотрофик лейкоспонгиоз 3. Эндокрин тизими касалликларининг моддалар алмашуви ва вазифаларини қайтариб бўлмайдиган ҳолатлари, қандли диабет (инсулинга боғлиқ шакли) 4. Гиёҳвандлик, алкоголизм, токсикомания 5. Юрак-қон томир касалликлари: стенокардия, ўткир аритмия, II ва III даражали гипертония, атеросклероз, атеросклеротик кардиосклероз, облитерацияловчи эндоартерит, қайталанувчи тромбофлебит, эндокардитлар, миокардитлар, юрак иллати 6. Юқумли касалликлар: мохов, сил (ҳамма шакллари), туляремия, тепкили терлама маркерлари бўйича ижобий текширув натижалари 7. Нафас олиш органлари касалликлари: бронхиал астма, бронхоэктатик касаллик, ўпкалар эмфиземаси, нафас етишмаслиги белгилари билан обструктив бронхит, декомпенсация босқичидаги диффуз пневмосклероз 8. Овқат ҳазм қилиш органлари касалликлари: меъда ва 12 бармоқли ичак яраси касаллиги қўзғалиш босқичидаги, сурункали панкреатит хуруж даврида, носпецифик ярали колит хуруж даврида 9. Жигар ва ўт йўллари касалликлари: гепатитлар, жумладан токсик ва ноаниқ этиологиядаги гепатитлар, цирроз, калькулёзли холецистит холангит белгилари билан 10. Кўриш органлари касалликлари: глаукома, юқори даражадаги миопия (6 ва ундан ортиқ диоптриялар), ретинопатиялар, тўр парданинг кўчиши, увейит, ирит, иридоциклит, хориоретинит, тўлиқ кўрлик, трахома 11. Тери касалликлари: тана бўйлаб тарқалиб кетган псориаз, қизил волчанка, пиодермия, пуфакчали экзема, дерматозлар, витилиго, чуқур микозлар 12. Буйраклар ва пешоб чиқариш йўллари касалликлари: буйракнинг декомпенсация босқичидаги диффуз ва ўчоқли шикастланиши 13. Нур касаллиги 14. ЛОР-органлар касалликлари: озена, оғир кечадиган сурункали йирингли яллиғланувчи касалликлар 15. Паразитар касалликлар: лейшманиоз, эхинококкоз, токсоплазмоз, трипаносомоз, ришта 16. Бирон тана аъзосини олиб ташлаш билан боғлиқ жарроҳликлари амалиётлари, репродуктив тизим органлари бундан мустасно 17. Марказий асаб тизимининг органик касалликлари 18. Бириктирувчи тўқиманинг диффуз касалликлари 19. Сурункали ва ўткир остеомиелит 20. Тана аъзолари трансплантацияси 21. Руҳий ҳолатнинг бузилиши
Вазир А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 22 январь,
3-сон
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining
buyrugʻi
NIZOM
ROʻYXATI
Donor qoni va uning tarkibiy qismlarini keyinchalik, zarurat boʻlganda, donorning oʻziga ishlatilishini koʻzlab topshirish (autodonorlik) tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Qon va uning tarkibiy qismlari donorligi toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-sentabrdagi PF-161-son “Islohotlarni huquqiy jihatdan taʼminlash samaradorligini oshirish hamda ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishda vazirlik va idoralarning masʼuliyati va tashabbuskorligini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq buyuraman:
1. Donor qoni va uning tarkibiy qismlarini keyinchalik, zarurat boʻlganda, donorning oʻziga ishlatilishini koʻzlab topshirish (autodonorlik) tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining 2026-yil 22-yanvardagi 3-son buyrugʻiga ILOVA
Donor qoni va uning tarkibiy qismlarini keyinchalik, zarurat boʻlganda, donorning oʻziga ishlatilishini koʻzlab topshirish (autodonorlik) tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom donor qoni va uning tarkibiy qismlarini keyinchalik, zarurat boʻlganda, donorning oʻziga ishlatilishini koʻzlab topshirish (autodonorlik) (bundan buyon matnda autodonorlik deb yuritiladi) tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoida
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
donor — oʻz qoni va uning tarkibiy qismlaridan bir qismini tibbiyot ehtiyojlari uchun ixtiyoriy ravishda beruvchi jismoniy shaxs;
autodonorlik — donorning oʻz qoni va uning tarkibiy qismlari oldindan olinib, keyinchalik, zarurat boʻlganda, donorning oʻziga qayta quyish amaliyoti.
2-bob. Autodonorlikni amalga oshirish
2. Autodonorlik uchun donorning yoshi oʻn sakkizga toʻlgan boʻlishi kerak.
3. Autodonorlik donorning jarrohlik amaliyoti oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalarida (bundan buyon matnda tibbiyot muassasalari deb yuritiladi) donor yoki uning qonuniy vakilining yozma roziligi asosida bepul amalga oshiriladi.
4. Autodonorlik quyidagi hollarda amalga oshiriladi:
donorga allogen qon quyishning imkoni mavjud boʻlmasa;
donorning qon guruhi kam uchraydigan boʻlsa;
donor yoki uning qonuniy vakili allogen qon quyishni rad etsa.
5. Autodonorlik uchun donordan qon va uning tarkibiy qismlarini olishdan oldin tibbiyot muassasasidagi donorning davolovchi shifokori tomonidan uning hayotiy koʻrsatkichlarining (arterial bosim, nafas olish tezligi, yurak urishi, tana harorati va boshqalar) barqarorligi taʼminlanishi lozim.
6. Autodonorlikdan oldin donorning qoni quyidagi koʻrsatkichlar boʻyicha laboratoriya tekshiruvlaridan oʻtkazilishi shart:
ABO tizimi boʻyicha qon guruhi va Rh tizimi boʻyicha rezus-mansubligi;
gemoglobin miqdori va gematokrit koʻrsatkichi;
OIV-1 va OIV-2 viruslariga qarshi antitelolar va antigenlar;
B gepatiti virusining yuzaki antigeni ( HBsAg );
C gepatiti virusiga qarshi antitelolar (anti HCV );
xira treponemaga qarshi antitelolar;
qon zardobida oqsilning umumiy miqdori.
7. Donorning qonidan mazkur Nizomning 6-bandiga muvofiq oʻtkazilgan laboratoriya tekshiruvlari natijasida quyidagilar aniqlansa, autodonorlikka yoʻl qoʻyilmaydi:
OIV (OITS) infeksiya;
B yoki C virus markerlari;
zaxm kasalligi;
qondagi oqsil miqdori 60 g/l dan kamligi;
qonning kamligi (anemiya) (gemoglobin miqori 110 g/l kam boʻlganda);
gematokrit koʻrsatkichi 25 foizdan kamligi.
8. Autodonorlik uchun qon va uning tarkibiy qismlarini topshirish istagida boʻlgan shaxslar mazkur Nizomning ilovasida koʻrsatilgan roʻyxatda nazarda tutilgan qarshi koʻrsatmalar mavjud boʻlgan hollarda butunlay donorlikdan chetlashtiriladi.
9. Autodonorlik quyidagi davrlardan birida amalga oshiriladi:
jarrohlik amaliyotidan oldin;
jarrohlik amaliyotiga tayyorgarlik jarayonida;
jarrohlik amaliyoti davomida.
10. Autodonorlik uchun donor qoni va uning tarkibiy qismi quyidagi tartibda olinadi:
jarrohlik amaliyotidan oldin — donor qoni va uning tarkibiy qismlari jarrohlik amaliyoti oʻtkazilishi rejalashtirilgan kundan koʻpi bilan 30 kun oldin olinadi;
jarrohlik amaliyotiga tayyorgarlik jarayonida — donor qoni va uning tarkibiy qismlari donorning holati barqaror boʻlganda, davolovchi shifokor va anesteziologning tegishli xulosasi asosida olinadi;
jarrohlik amaliyoti davomida — donorning jarrohlik yaralaridagi boʻshliqlarga oqib tushgan qoni Qonni intraoperatsion qayta quyish apparati yordamida yigʻib olinadi (bunda donor yoki uning qonuniy vakilining yozma roziligi jarrohlik amaliyoti boshlanishidan oldin olingan boʻlishi lozim).
Jarrohlik amaliyoti davomida donorning jarrohlik yaralaridagi boʻshliqlarga oqib tushgan qonida bakterial ifloslanish hamda amniotik suyuqlikning tushish holati aniqlansa, autodonorlik ni amalga oshirish taqiqlanadi.
11. Autodonorlikda donordan bir martalik qon olish miqdori 500 ml oshmasligi kerak.
Autodonorlikda donordan olingan qon va uning tarkibiy qismlarini donorning oʻziga quyishdan oldin qon guruhi qayta aniqlanadi va individual muvofiqlik tekshiriladi (bundan jarrohlik amaliyotiga tayyorgarlik jarayonida hamda jarrohlik amaliyoti davomida donordan yigʻilgan qonni uning oʻziga quyish holatlari mustasno).
12. Autodonorlik uchun donordan olingan qon va uning tarkibiy qismlarini boshqa begona shaxslarga quyish taqiqlanadi.
3-bob. Donor qoni va uning tarkibiy qismlarini saqlash
13. Autodonorlik uchun donordan olingan qon va uning tarkibiy qismlari jarrohlik amaliyotidan oldin olingandan soʻng, tibbiyot muassasalarining qon va uning tarkibiy qismlarini saqlash uchun moʻljallangan xonalaridagi muzlatkich yoki sovutgichlarda vaqtincha saqlash uchun joylashtirilishi kerak.
14. Autodonorlik uchun donordan olingan qonning plazmasi u olingan kundan boshlab muzlatkichlarda –25 — –40°С gacha boʻlgan haroratda bir yilgacha, qonning eritrotsitar massasi esa u olingan kundan boshlab sovutgichlarda +2°С — +6°С gacha boʻlgan haroratda 35 kungacha saqlan adi .
15. Autodonorlik uchun donordan olingan qon va uning tarkibiy qismlari muzlatkich yoki sovutgichlarda vaqtincha saqlanganda ularning konteynerlarida “Autodonor” degan soʻz hamda donorning familiyasi, ismi, otasining ismi, jinsi, yoshi va qon guruhi, rezus-mansubligi, qon va uning tarkibiy qismlari olingan sana aks ettirilishi kerak.
16. Autodonorlik uchun donordan olingan qon va uning tarkibiy qismlarining saqlash muddatlari mazkur Nizomning 14-bandida belgilangan muddatlardan oshgan taqdirda hamda jarrohlik amaliyotida foydalanilmaganda Davolash-profilaktika muassasalarida chiqindilarni yigʻish, saqlash va yoʻq qilishning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga (0317-15-son SanQvaN) muvofiq utilizatsiya qilinadi.
4-bob. Yakuniy qoida
17. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Donor qoni va uning tarkibiy qismlarini keyinchalik, zarurat boʻlganda, donorning oʻziga ishlatilishini koʻzlab topshirish (autodonorlik) tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Autodonorlik uchun qarshilik qiluvchi koʻrsatmalar
T/r Nomi 1. Onkologik kasalliklar: xavfli oʻsmalar va qon kasalliklari 2. Oʻtkirosti transfuzion gʻovakli ensefalopatiyalar (OʻTGʻE): Kuru, Kreytsfeld-Yakob kasalligi, Gerstmann-Shtreusler sindromi, oila anamnezida (OʻTGʻE) boʻlgan shaxslar, amiotrofik leykospongioz 3. Endokrin tizimi kasalliklarining moddalar almashuvi va vazifalarini qaytarib boʻlmaydigan holatlari, qandli diabet (insulinga bogʻliq shakli) 4. Giyohvandlik, alkogolizm, toksikomaniya 5. Yurak-qon tomir kasalliklari: stenokardiya, oʻtkir aritmiya, II va III darajali gipertoniya, ateroskleroz, aterosklerotik kardioskleroz, obliteratsiyalovchi endoarterit, qaytalanuvchi tromboflebit, endokarditlar, miokarditlar, yurak illati 6. Yuqumli kasalliklar: moxov, sil (hamma shakllari), tulyaremiya, tepkili terlama markerlari boʻyicha ijobiy tekshiruv natijalari 7. Nafas olish organlari kasalliklari: bronxial astma, bronxoektatik kasallik, oʻpkalar emfizemasi, nafas yetishmasligi belgilari bilan obstruktiv bronxit, dekompensatsiya bosqichidagi diffuz pnevmoskleroz 8. Ovqat hazm qilish organlari kasalliklari: meʼda va 12 barmoqli ichak yarasi kasalligi qoʻzgʻalish bosqichidagi, surunkali pankreatit xuruj davrida, nospetsifik yarali kolit xuruj davrida 9. Jigar va oʻt yoʻllari kasalliklari: gepatitlar, jumladan toksik va noaniq etiologiyadagi gepatitlar, sirroz, kalkulyozli xoletsistit xolangit belgilari bilan 10. Koʻrish organlari kasalliklari: glaukoma, yuqori darajadagi miopiya (6 va undan ortiq dioptriyalar), retinopatiyalar, toʻr pardaning koʻchishi, uveyit, irit, iridotsiklit, xorioretinit, toʻliq koʻrlik, traxoma 11. Teri kasalliklari: tana boʻylab tarqalib ketgan psoriaz, qizil volchanka, piodermiya, pufakchali ekzema, dermatozlar, vitiligo, chuqur mikozlar 12. Buyraklar va peshob chiqarish yoʻllari kasalliklari: buyrakning dekompensatsiya bosqichidagi diffuz va oʻchoqli shikastlanishi 13. Nur kasalligi 14. LOR-organlar kasalliklari: ozena, ogʻir kechadigan surunkali yiringli yalligʻlanuvchi kasalliklar 15. Parazitar kasalliklar: leyshmanioz, exinokokkoz, toksoplazmoz, tripanosomoz, rishta 16. Biron tana aʼzosini olib tashlash bilan bogʻliq jarrohliklari amaliyotlari, reproduktiv tizim organlari bundan mustasno 17. Markaziy asab tizimining organik kasalliklari 18. Biriktiruvchi toʻqimaning diffuz kasalliklari 19. Surunkali va oʻtkir osteomiyelit 20. Tana aʼzolari transplantatsiyasi 21. Ruhiy holatning buzilishi
Vazir A. XUDAYAROV
Toshkent sh.,
2026-yil 22-yanvar,
3-son