UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 28-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 28 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 января 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 January 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ДАВЛАТ НАМУНАСИ

Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги ПФ-6084-сон Фармони билан тасдиқланган 2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш ҳамда уни хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш, ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражаси бўйича малака сертификатига эга бўлиш имкониятини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Тилларни ўқитиш, ўрганиш ва баҳолаш бўйича умумевропа мезонлари (CEFR) талабларига мувофиқ чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини (кейинги ўринларда — малака сертификати) бериш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ўзбек тилидан малака имтиҳони учун талабгорларни рўйхатга олиш тартиби;

ўзбек тилидан малака имтиҳонини ташкил этиш, имтиҳон топшириқларини шакллантириш ва натижаларини баҳолаш тартиби;

малака сертификатини бериш ва сертификатлар реестрини юритиш тартиби.

3. Белгилансинки:

а) 2026 йил 1 мартдан бошлаб CEFR мезонларига мувофиқ чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билишнинг А1, А2 ва B1 даражалари бўйича, 2027 йил 1 мартдан бошлаб эса B2, C1 ва C2 даражалари бўйича малака сертификатини бериш учун имтиҳонлар жорий этилади;

б) ўзбек тилини билиш даражаси тўғрисида камида В1 даражадаги малака сертификатига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан озод этилади;

в) чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича малака имтиҳонини ташкил этиш ва сертификатлаш Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг «Илмий-ўқув амалий маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Илмий марказ) томонидан амалга оширилади.

4. Илмий марказга қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

малака сертификатини бериш имтиҳонини 4 та кўникма (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) асосида онлайн шаклда ташкил этиш;

малака сертификатини бериш имтиҳони учун талабгорларни рўйхатдан ўтказиш, тўловларни қабул қилиш, имтиҳонни ўтказиш, натижаларни эълон қилиш, апелляция мурожаатларини қабул қилиш ҳамда электрон сертификат беришни назарда тутувчи «Ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳони» («Uzbek language proficiency test») электрон платформасини ишга тушириш;

малака сертификати бериш учун ўтказиладиган имтиҳон материалларини (тест топшириқларини) ишлаб чиқиш;

чет тили ва умумтаълим фанларидан республикада тан олинган халқаро ва миллий сертификатларни «ягона нуқта» тамойили бўйича шартнома асосида верификация қилиш ҳамда электрон маълумот тақдим этишнинг рақамлашган тизимини яратиш;

малака имтиҳонларини ташкил этиш, ўтказиш, уларнинг натижаларини таҳлил этиш ва эълон қилиш;

хорижий имтиҳон олувчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонларини ҳамкорликда ташкил этиш, шунингдек, имтиҳон учун тўловларни қабул қилиш ёки ўтказиш;

талабгорларга имтиҳон натижалари таҳлили асосида тегишли фанни ўрганишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар бўйича тавсиялар бериш хизматини йўлга қўйиш.

5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ушбу қарор билан юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш ҳамда миллий тест тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Илмий марказ тузилмаси ва ходимларининг умумий чекланган сонини қайта тасдиқласин.

6. Қуйидагилар:

Туризм қўмитаси — «Ўзбек академияси» (Uzacademy) интернет платформасида;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — хориждаги ўзбек миллий маданий марказларида ҳамда республика олий таълим ташкилотларида ташкил этилган ўзбек тилини ўргатувчи марказларда;

Ташқи ишлар вазирлиги — Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузуридаги ўзбек тили курсларида малака сертификатини бериш тизими жорий этилганини кенг тарғиб қилсин.

7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 31-сон қарорига ИЛОВА

Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Тилларни ўқитиш, ўрганиш ва баҳолаш бўйича умумевропа мезонлари (CEFR) талабларига мувофиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини (кейинги ўринларда — малака сертификати) бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг «Илмий-ўқув амалий маркази» давлат муассасаси;

верификация қилиш — малака сертификатининг ҳақиқийлигини ва ишончлилигини ҳамда ҳақиқатда уни тақдим қилган шахсга оидлигини тасдиқлаш жараёни;

кўп даражали формат — талабгорларнинг билим ва малакаларини A1, A2, B1, B2, C1, C2 даражалардаги топшириқлар орқали аниқлашга қаратилган формат;

малака сертификати — ўзбек тили малака имтиҳонидан (кейинги ўринларда — малака имтиҳони) муваффақиятли ўтган талабгорга уч йил муддатга бериладиган, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўзбек тилини билиш даражасини тасдиқловчи давлат намунасидаги ҳужжат;

малака имтиҳони (Uzbek language proficiency exam — Uz-Pro) — талабгорнинг ўзбек тилини билиш даражасини тест синови, ёзма иш ва оғзаки суҳбат ўтказиш орқали аниқлаш шакли;

махсус дастур — малака имтиҳонининг «тинглаб тушуниш» ва «ўқиш» бўлимлари бўйича талабгорларнинг тилни билиш даражасини баҳолашда экспертлар томонидан фойдаланиладиган дастурий таъминот;

махсус код (токен) — талабгорнинг малака имтиҳонига масофадан киришини таъминлаш ва талабгорни электрон идентификация қилиш учун мўлжалланган электрон калит;

талабгор — малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонини топшириш истагини билдирган ва белгиланган тартибда ваколатли органнинг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтган чет эл фуқароси ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар;

«Ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳони» («Uzbek language proficiency test») электрон платформаси (кейинги ўринларда — имтиҳон платформаси) — малака имтиҳонига талабгорларни рўйхатдан ўтказиш, тўлов қабул қилиш ва имтиҳонни ўтказиш, натижаларни эълон қилиш, апелляция мурожаатларини қабул қилиш ҳамда малака сертификатини бериш учун ўзбек ва инглиз тилларида юритиладиган дастурий таъминот;

CEFR — Тилларни ўқитиш, ўрганиш ва баҳолаш бўйича умумевропа мезонлари. Бу мезонлар тиллар бўйича малака даражаларини баҳолаш учун қўлланади ҳамда A1, A2, B1, B2, C1, C2 даражаларидан иборат.

3. Малака имтиҳони CEFR мезонларига мувофиқ тайёрланган топшириқлар асосида кўп даражали форматда ваколатли орган томонидан имтиҳон платформаси орқали онлайн шаклда ўтказилади.

4. Малака имтиҳони тўртта кўникма (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) қамраб олинган ҳолда бир босқичда онлайн шаклда ўтказилади.

5. Ваколатли орган кўп даражали тест топшириқларининг қийинлик даражаси бўйича малака имтиҳони натижаларини белгиловчи жадвал ишлаб чиқиб, тасдиқлайди ҳамда имтиҳон платформаси орқали эълон қилади.

6. Малака сертификати CEFR мезонларидаги даражалар кесимида тақдим этилади.

7. Малака имтиҳони ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ўтказилади.

2-боб. Малака имтиҳони учун талабгорларни рўйхатга олиш тартиби

8. Малака имтиҳонини ўтказиш муддатлари ваколатли орган томонидан белгиланади ҳамда имтиҳон платформаси орқали эълон қилинади.

9. Талабгор имтиҳон платформаси орқали рўйхатдан ўтади.

Рўйхатдан ўтишда талабгор имтиҳон платформасига шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотларни (фамилияси, исми, туғилган санаси, фуқаролиги, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжат серияси ва рақами) киритади.

Рўйхатдан ўтишда автоматик тарзда талабгорнинг фотосурати олинади ҳамда имтиҳон бошланишидан олдин талабгорнинг шахси ушбу фотосурат орқали аниқланади.

Рўйхатдан ўтган талабгор учун имтиҳон платформасида шахсий кабинет яратилади ҳамда талабгорга оферта шартномаси тақдим этилади.

Талабгор рўйхатдан ўтишда электрон почта манзилини кўрсатади. Талабгорнинг электрон почта манзилини кўрсатгани унинг малака имтиҳонининг вақти, қоидалари ва натижалари юзасидан апелляция хулосаси ҳақида электрон почта орқали хабарнома олишга розилигини билдиради.

Талабгор рўйхатдан ўтишда ваколатли орган томонидан эълон қилинган имтиҳон саналаридан бирини танлайди.

Малака имтиҳони учун талабгорларни рўйхатга олиш имтиҳон санасидан камида беш иш куни олдин якунланади.

Талабгорлардан рўйхатдан ўтишда бошқа ҳужжатлар талаб этилмайди.

Ушбу бандда назарда тутилган маълумотлар кўрсатилмаганда, ҳужжатлар қабул қилиниши рад этилади.

Талабгор ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигига талабгорнинг шахсан ўзи жавобгар ҳисобланади.

10. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгор 50 АҚШ доллари миқдорида тўловни амалга оширади.

Бунда тўлов Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилганда 50 АҚШ доллари миқдорида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилганда тўлов амалга оширилган кундаги чет эл валютасининг Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки курси бўйича ҳисобланади.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида талабгор бир ой муддат ичида икки маротаба малака имтиҳони топшириш истагини билдирган тақдирда, иккинчи малака имтиҳони учун имтиҳон тўловининг 50 фоизи миқдорида чегирма тақдим этилади.

Талабгорлар томонидан тўлов банк тўлов тизимлари орқали банк валюта карталаридан фойдаланган ҳолда, электрон шаклда амалга оширилади.

Барча тўловлар ваколатли органнинг валюта ҳисобварағига ўтказилади.

Тўловни амалга оширган талабгорга малака имтиҳонида иштирок этиши учун бир марталик махсус код (токен) ва малака имтиҳонини топшириш қоидалари тўғрисидаги эслатма берилади.

Талабгор малака имтиҳонидан кейин бир ой муддатда қайта малака имтиҳони топшириш учун ҳам тўловни амалга оширган бўлса, унга қайта малака имтиҳони учун алоҳида махсус код (токен) берилади.

11. Талабгор унга берилган махсус код (токен)дан фойдаланса, малака имтиҳонида иштирок этган ҳисобланади.

12. Талабгор малака имтиҳони қоидаларини бузганлик учун малака имтиҳонидан четлаштирилган тақдирда, амалга оширилган тўлов қайтарилмайди.

13. Талабгор ваколатли орган томонидан электрон почта манзили ҳамда шахсий кабинети орқали малака имтиҳонининг аниқ вақти тўғрисида малака имтиҳони санасидан камида уч кун олдин хабардор қилинади.

3-боб. Малака имтиҳонини ўтказиш тартиби

14. Малака имтиҳонида қуйидаги билим, кўникма ва малакалар текширилади:

а) тинглаб тушуниш — оғзаки нутқни тушуниш малакаси, эшитилган матн ва унинг қисмларида ифодаланган умумий мазмун ва ғояни англаш, очиқ ва яширин ифодаланган маълумотларни аниқлай олиш, мазмуний ва грамматик боғланишларни таҳлил қила олиш каби кўникмалар;

б) гапириш — оғзаки нутқни шакллантира олиш малакаси, ўз фикрини оғзаки ифодалаш, қарашларини асослаш, тил бирликларини тўғри талаффуз қилиш, лексик бирликлардан унумли фойдалана олиш, оғзаки нутқда тил бирликларини грамматик ва мазмуний жиҳатдан тўғри қўллаш каби кўникмалар;

в) ўқиш — матнни ўқиб тушуниш малакаси, ўқилган матн ва унинг қисмларида ифодаланган умумий мазмун ва ғояни англаш, матн қисмлари ва гаплар ўртасидаги мантиқий изчилликни, мазмуний муносабатларни таҳлил қила олиш, очиқ ва яширин ифодаланган маълумотларни аниқлай олиш, хулоса чиқара олиш, лексик, грамматик бирликлар, тиниш белгиларининг матндаги вазифасини тушуниш, вербал-визуал ахборотларни таҳлил қила олиш каби кўникмалар;

г) ёзиш — берилган вазият ёки мавзуга мос равишда матн туза олиш малакаси, фикрни мазмуний изчилликда баён қила олиш, луғат бойлигидан унумли фойдаланиш, грамматик воситаларни тўғри қўллаш, синтактик бирликларни шакллантира олиш, имло қоидаларига риоя қилиш, тиниш белгиларини тўғри қўллай олиш каби кўникмалар.

Ногиронлиги бўлган талабгорларнинг малака имтиҳонида қуйидаги билим, кўникма ва малакалари текширилади:

кўзи ожиз талабгорлар учун — «тинглаб тушуниш» ва «гапириш»;

эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган талабгорлар учун — «ўқиш» ва «ёзиш»;

ёзиш имконияти чекланган талабгорлар учун — «тинглаб тушуниш», «ўқиш» ва «гапириш» кўникмалари.

15. Малака имтиҳони учун вақт меъёрлари, тест топшириқлари сони, тури ва мазмуни, баҳолаш мезонлари, шунингдек, малака имтиҳонларига мустақил тайёрланиш учун намунавий вариантлар ваколатли орган томонидан ишлаб чиқилади ҳамда имтиҳон платформасига жойлаштирилади.

16. Малака имтиҳонининг ёзма ва оғзаки бўлимлари натижаларини баҳолаш учун ваколатли орган томонидан экспертлар гуруҳи шакллантирилади.

Экспертлар гуруҳи таркибига ваколатли орган ходимлари, тажрибали педагоглар ва малакали мутахассислар киритилади.

17. Малака имтиҳони ваколатли орган масъул ходимининг кузатувида ўтказилади.

Малака имтиҳони вақтида ҳар бир компьютерда бир нафар талабгор малака имтиҳони топшириши ва бу жараён видеотасвирга ёки фотосуратга олиниши назорат қилинади.

18. Малака имтиҳонини ташкил этиш, ўтказиш, имтиҳон топшириқларини шакллантириш ва билимларни баҳолаш ҳамда апелляция жараёни учун мутахассислар, экспертлар ва кузатувчилар шартнома асосида жалб этилиши мумкин.

19. «Тинглаб тушуниш» ва «ўқиш» бўлимлари бўйича билимлар махсус дастурлар ёрдамида компьютерда текширилади.

«Ёзма иш» ва «гапириш» бўлимлари бўйича билимлар махсус дастурлар ёрдамида экспертлар гуруҳи томонидан баҳоланади.

20. Ваколатли орган малака имтиҳони натижаларини улар якунлангандан сўнг етти иш куни ичида имтиҳон платформасида эълон қилади.

21. Малака имтиҳони натижасидан қаноатланмаган талабгорларга уч ой муддатда 4 та кўникмадан исталган бири бўйича қўшимча тўлов (25 АҚШ доллари) асосида бир маротаба қайта имтиҳон топшириш ва сертификат олиш имконияти яратилади.

Қайта имтиҳон учун рўйхатдан ўтиш ва уни топшириш ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

22. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгор томонидан қуйидаги талаблар ижроси таъминланиши лозим:

малака имтиҳони жараёни учун зарур амалий дастурлар ва қўлланмалардан фойдаланиш имконини берувчи барқарор интернет алоқаси билан таъминланган, веб-камера ва микрофон билан жиҳозланган компьютер ёки ноутбук бўлиши;

имтиҳон топшириш хонасида битта кириш эшиги бўлиши ва у талабгорнинг орқа томонида жойлашган бўлиб, веб-камерада ёпиқ ҳолатда тўлиқ кўриниб туриши;

компьютер экрани фонида ойна ёки кўзгу бўлмаслиги;

талабгорнинг қўллари ва юзи доим веб-камерада кўриниб турадиган бўлиши;

малака имтиҳони шаффоф ва адолатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида, зарур ҳолларда имтиҳон экранини қулфлаш имконияти мавжудлиги;

малака имтиҳони хавфсизлигини таъминлаш мақсадида талабгор томонидан реал вақт режимида имтиҳон топшириш столи ва хона веб-камерада видеотасвирга туширилиши.

23. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида қуйидагилар тақиқланади:

малака имтиҳони ўтказилаётган компьютер ёки ноутбук экранини расмга олиш ёки видеотасвирга тушириш;

малака имтиҳони жараёнини сабабсиз тўхтатиш ёки малака имтиҳони топшириш жойини тарк этиш;

телекоммуникация воситалари орқали ёки бевосита бошқа шахслар билан мулоқот қилиш;

китоблар, ёзувлар ёки бошқа ёрдамчи манбалар олиб кириш ва улардан фойдаланиш;

бошқа шахслардан ёрдам сўраш ёки интернет манбаларидан фойдаланиш;

малака имтиҳони топшириш хонасида бошқа шахсларнинг бўлиши;

малака имтиҳони саволини кўчириб олиш ёки кўчириб олишга уриниш;

малака имтиҳони жараёнига халақит қилиш.

24. Талабгор қуйидаги ҳолларда малака имтиҳонидан четлаштирилади:

малака имтиҳони учун рўйхатдан ўтишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини нотўғри ёки ўзгартирилган ҳолда киритган бўлса;

малака имтиҳони жараёнида имтиҳон хавфсизлигини таъминлаш учун малака имтиҳони топшириш столини ва хонани реал вақт режимида видеотасвирга олиш талабини рад этган тақдирда;

малака имтиҳонининг исталган босқичида талабгорнинг шахсини аниқлаш бўйича ўтказиладиган онлайн назорат вақтида талабгорнинг шахси тасдиқланмаса;

ушбу Низомнинг 22-бандида белгиланган талаблардан бирини бажаришни рад этса;

ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган талаблардан бирига риоя қилмаса.

25. Ваколатли орган томонидан талабгорларга ўз билим ва кўникмаларини олдиндан баҳолаши учун тайёргарлик синовлари ташкил этилиши мумкин. Бунда ҳар бир талабгордан бир марта тайёргарлик синови учун 10 АҚШ доллари миқдорида тўлов ундирилади.

4-боб. Ўзбек тилини билиш даражаси тўғрисида малака сертификатини бериш ва сертификатлар реестрини юритиш

26. Ваколатли орган малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги буйруқ чиқарилган кундан бошлаб бир иш куни ичида малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган малака сертификатининг электрон шаклини шакллантиради ҳамда имтиҳон платформасидаги талабгорнинг шахсий кабинетига ёки электрон почтасига юборади.

Малака сертификати ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда ўзбек ва инглиз тилларида расмийлаштирилади.

Малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амал қилади.

27. Ваколатли орган томонидан берилган малака сертификатларининг реестри юритилади ҳамда унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

малака сертификати эгаларининг фамилияси, исми;

малака сертификати эгаларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари;

малака сертификатининг ҳисобга олиш рақами ва берилган санаси;

малака сертификатининг амал қилиш муддати.

28. Малака сертификатларининг реестри электрон шаклда юритилади ҳамда унинг шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

29. Малака сертификати имтиҳон платформаси орқали верификация қилинади.

5-боб. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш

30. Малака имтиҳони натижасидан қаноатланмаган талабгор натижалар эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида имтиҳон платформаси орқали апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

31. Апелляция шикояти тўлов асосида кўриб чиқилади.

Бунда талабгор малака имтиҳонининг апелляция бермоқчи бўлган ҳар бир бўлими учун 8 АҚШ доллари миқдоридаги тўловни ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган тартибда амалга оширади.

Апелляция шикояти тўлов амалга оширилгандан сўнг кўриб чиқилади.

32. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш учун ваколатли орган раҳбарининг буйруғи билан 5 — 7 кишидан иборат таркибда Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси таркиби ваколатли орган ходимлари, тажрибали экспертлар ва малакали мутахассислардан иборат бўлади.

Апелляция комиссияси таркибига экспертлар гуруҳи аъзоларининг киритилишига йўл қўйилмайди.

33. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш;

малака имтиҳони натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш.

34. Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция шикояти ушбу Низом талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляция шикоятида кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаса.

Апелляция шикоятида кўрсатилган далиллар Апелляция комиссияси томонидан тасдиқланган тақдирда, малака имтиҳони натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

35. Апелляция шикояти бир ҳафта ичида кўриб чиқилади. Талабгор Апелляция комиссияси қарори тўғрисида имтиҳон платформасидаги шахсий кабинети ёки электрон почтаси орқали хабардор қилинади.

36. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.

37. Талабгор Апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

38. Ваколатли орган ходимлари томонидан талабгорлар тўғрисидаги шахсий маълумотларнинг махфийлиги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминланади.

39. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

40. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзбек тили малака имтиҳонини ўтказиш

Босқич Масъуллар Чора-тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Талабгор (чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс) 1. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун «Uzbek language proficiency test» электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтади. 2. Тўловни амалга оширади. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Ваколатли орган (Илмий-ўқув амалий маркази) 1. Талабгорларнинг малака имтиҳонлари учун рўйхатга олинишини якунлайди. Имтиҳон санасидан камида 5 иш куни олдин 2. Тўловни амалга оширган талабгорга имтиҳонда иштирок этиши учун бир марталик махсус код (токен) ва имтиҳон топшириш қоидалари тўғрисида эслатма беради. Шу вақтнинг ўзида 3. Талабгорга электрон почта манзили ҳамда шахсий кабинети орқали малака имтиҳони белгиланган вақт ҳақида хабар жўнатади. Имтиҳон санасидан камида 3 кун олдин 3-босқич Ваколатли орган Малака имтиҳонини ташкил этади ва ўтказади. Йил давомида 4-босқич Ваколатли орган Малака имтиҳони натижаларини «Uzbek language proficiency test» электрон платформасида эълон қилади. Малака имтиҳони якунлангандан сўнг 7 иш кунида 5-босқич Ваколатли орган Малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган малака сертификатининг электрон шаклини шакллантиради ҳамда «Uzbek language proficiency test» электрон платформасидаги талабгорнинг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига юборади. Буйруқ чиқарилганидан бошлаб 1 иш кунида

Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўзбек тилини билиш даражаси тўғрисида малака сертификатининг

O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY TAʼLIM, FAN VA INNOVATSIYALAR VAZIRLIGI BILIM VA MALAKALARNI BAHOLASH AGENTLIGI ILMIY-OʻQUV AMALIY MARKAZI MINISTRY OF HIGHER EDUCATION, SCIENCE AND INNOVATION OF THE REPUBLIC OF UZBEKISTAN AGENCY FOR ASSESSMENT OF KNOWLEDGE AND COMPETENCES THE SCIENTIFIC AND EDUCATIONAL PRACTICAL CENTER OʻZBEK TILINI BILISH DARAJASI TOʻGʻRISIDA SERTIFIKAT CERTIFICATE OF UZBEK LANGUAGE PROFICIENCY Test sanasi :| Sertifikat raqami | Test date : Reference number ID-karta seriyasi va raqami: | ID series and number: Imtihon jarayonidan talabgorning veb-kamera orqali olingan fotosurati Familiyasi : | Surname: Ismi : | First Name: Tugʻilgan kuni : | Date of birth: Jinsi : | Sex: Mamlakat yoki mintaqa: | Country or Region of Origin Millati: | Country of nationality : Birinchi tili: | First language : Tinglab tushunish: | Oʻqish: | Yozish: | Gapirish: | Umumiy ball: | Listening: Reading : Writing: Speaking: Overall Score: Administrator izohlari | Administrator comments Daraja | Level: Berilgan sana: | Amal qilish muddati: | Date of Issue Valid until : Boshliq : | QR — kod F.I.O. Chief Sertifikatning haqiqiyligini *** sayti orqali tekshirish mumkin. The authenticity of the certificate can be verified through the *** website.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 28 январь,

31-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/31/0085-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

DAVLAT NAMUNASI

Chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash va malaka sertifikatini berish tizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 20-oktabrdagi PF-6084-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2020 — 2030-yillarda oʻzbek tilini rivojlantirish va til siyosatini takomillashtirish konsepsiyasiga muvofiq oʻzbek tilining xalqaro miqyosdagi oʻrni va nufuzini oshirish hamda uni xorijiy mamlakatlarda keng targʻib qilish, oʻzbek tilini oʻrganish istagida boʻlgan chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilish darajasi boʻyicha malaka sertifikatiga ega boʻlish imkoniyatini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining Tillarni oʻqitish, oʻrganish va baholash boʻyicha umumevropa mezonlari (CEFR) talablariga muvofiq chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash va malaka sertifikatini (keyingi oʻrinlarda — malaka sertifikati) berish tizimini joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash va malaka sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

oʻzbek tilidan malaka imtihoni uchun talabgorlarni roʻyxatga olish tartibi;

oʻzbek tilidan malaka imtihonini tashkil etish, imtihon topshiriqlarini shakllantirish va natijalarini baholash tartibi;

malaka sertifikatini berish va sertifikatlar reyestrini yuritish tartibi.

3. Belgilansinki:

a) 2026-yil 1-martdan boshlab CEFR mezonlariga muvofiq chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilishning A1, A2 va B1 darajalari boʻyicha, 2027-yil 1-martdan boshlab esa B2, C1 va C2 darajalari boʻyicha malaka sertifikatini berish uchun imtihonlar joriy etiladi;

b) oʻzbek tilini bilish darajasi toʻgʻrisida kamida V1 darajadagi malaka sertifikatiga ega chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar 2026-yil 1-apreldan boshlab Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligiga qabul qilishda davlat tilini bilish darajasini aniqlash imtihonidan ozod etiladi;

v) chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash boʻyicha malaka imtihonini tashkil etish va sertifikatlash Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligining “Ilmiy-oʻquv amaliy markazi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Ilmiy markaz) tomonidan amalga oshiriladi.

4. Ilmiy markazga quyidagi qoʻshimcha vazifalar yuklansin:

malaka sertifikatini berish imtihonini 4 ta koʻnikma (tinglab tushunish, oʻqish, yozish va gapirish) asosida onlayn shaklda tashkil etish;

malaka sertifikatini berish imtihoni uchun talabgorlarni roʻyxatdan oʻtkazish, toʻlovlarni qabul qilish, imtihonni oʻtkazish, natijalarni eʼlon qilish, apellyatsiya murojaatlarini qabul qilish hamda elektron sertifikat berishni nazarda tutuvchi “Oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash imtihoni” (“Uzbek language proficiency test”) elektron platformasini ishga tushirish;

malaka sertifikati berish uchun oʻtkaziladigan imtihon materiallarini (test topshiriqlarini) ishlab chiqish;

chet tili va umumtaʼlim fanlaridan respublikada tan olingan xalqaro va milliy sertifikatlarni “yagona nuqta” tamoyili boʻyicha shartnoma asosida verifikatsiya qilish hamda elektron maʼlumot taqdim etishning raqamlashgan tizimini yaratish;

malaka imtihonlarini tashkil etish, oʻtkazish, ularning natijalarini tahlil etish va eʼlon qilish;

xorijiy imtihon oluvchi tashkilotlar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar tuzish, oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash imtihonlarini hamkorlikda tashkil etish, shuningdek, imtihon uchun toʻlovlarni qabul qilish yoki oʻtkazish;

talabgorlarga imtihon natijalari tahlili asosida tegishli fanni oʻrganishda eʼtibor qaratilishi lozim boʻlgan jihatlar boʻyicha tavsiyalar berish xizmatini yoʻlga qoʻyish.

5. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi ushbu qaror bilan yuklangan vazifalarni samarali amalga oshirish hamda milliy test tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Ilmiy markaz tuzilmasi va xodimlarining umumiy cheklangan sonini qayta tasdiqlasin.

6. Quyidagilar:

Turizm qoʻmitasi — “Oʻzbek akademiyasi” (Uzacademy) internet platformasida;

Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi — xorijdagi oʻzbek milliy madaniy markazlarida hamda respublika oliy taʼlim tashkilotlarida tashkil etilgan oʻzbek tilini oʻrgatuvchi markazlarda;

Tashqi ishlar vazirligi — Oʻzbekistonning xorijdagi diplomatik vakolatxonalari huzuridagi oʻzbek tili kurslarida malaka sertifikatini berish tizimi joriy etilganini keng targʻib qilsin.

7. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 28-yanvardagi 31-son qaroriga ILOVA

Chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash va malaka sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Tillarni oʻqitish, oʻrganish va baholash boʻyicha umumevropa mezonlari (CEFR) talablariga muvofiq chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar uchun oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash va malaka sertifikatini (keyingi oʻrinlarda — malaka sertifikati) berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligining “Ilmiy-oʻquv amaliy markazi” davlat muassasasi;

verifikatsiya qilish — malaka sertifikatining haqiqiyligini va ishonchliligini hamda haqiqatda uni taqdim qilgan shaxsga oidligini tasdiqlash jarayoni;

koʻp darajali format — talabgorlarning bilim va malakalarini A1, A2, B1, B2, C1, C2 darajalardagi topshiriqlar orqali aniqlashga qaratilgan format;

malaka sertifikati — oʻzbek tili malaka imtihonidan (keyingi oʻrinlarda — malaka imtihoni) muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorga uch yil muddatga beriladigan, QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan oʻzbek tilini bilish darajasini tasdiqlovchi davlat namunasidagi hujjat;

malaka imtihoni (Uzbek language proficiency exam — Uz-Pro) — talabgorning oʻzbek tilini bilish darajasini test sinovi, yozma ish va ogʻzaki suhbat oʻtkazish orqali aniqlash shakli;

maxsus dastur — malaka imtihonining “tinglab tushunish” va “oʻqish” boʻlimlari boʻyicha talabgorlarning tilni bilish darajasini baholashda ekspertlar tomonidan foydalaniladigan dasturiy taʼminot;

maxsus kod (token) — talabgorning malaka imtihoniga masofadan kirishini taʼminlash va talabgorni elektron identifikatsiya qilish uchun moʻljallangan elektron kalit;

talabgor — malaka sertifikatini olish uchun malaka imtihonini topshirish istagini bildirgan va belgilangan tartibda vakolatli organning rasmiy veb-sayti orqali roʻyxatdan oʻtgan chet el fuqarosi hamda fuqaroligi boʻlmagan shaxslar;

“Oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash imtihoni” (“Uzbek language proficiency test”) elektron platformasi (keyingi oʻrinlarda — imtihon platformasi) — malaka imtihoniga talabgorlarni roʻyxatdan oʻtkazish, toʻlov qabul qilish va imtihonni oʻtkazish, natijalarni eʼlon qilish, apellyatsiya murojaatlarini qabul qilish hamda malaka sertifikatini berish uchun oʻzbek va ingliz tillarida yuritiladigan dasturiy taʼminot;

CEFR — Tillarni oʻqitish, oʻrganish va baholash boʻyicha umumevropa mezonlari. Bu mezonlar tillar boʻyicha malaka darajalarini baholash uchun qoʻllanadi hamda A1, A2, B1, B2, C1, C2 darajalaridan iborat.

3. Malaka imtihoni CEFR mezonlariga muvofiq tayyorlangan topshiriqlar asosida koʻp darajali formatda vakolatli organ tomonidan imtihon platformasi orqali onlayn shaklda oʻtkaziladi.

4. Malaka imtihoni toʻrtta koʻnikma (tinglab tushunish, oʻqish, yozish va gapirish) qamrab olingan holda bir bosqichda onlayn shaklda oʻtkaziladi.

5. Vakolatli organ koʻp darajali test topshiriqlarining qiyinlik darajasi boʻyicha malaka imtihoni natijalarini belgilovchi jadval ishlab chiqib, tasdiqlaydi hamda imtihon platformasi orqali eʼlon qiladi.

6. Malaka sertifikati CEFR mezonlaridagi darajalar kesimida taqdim etiladi.

7. Malaka imtihoni ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida oʻtkaziladi.

2-bob. Malaka imtihoni uchun talabgorlarni roʻyxatga olish tartibi

8. Malaka imtihonini oʻtkazish muddatlari vakolatli organ tomonidan belgilanadi hamda imtihon platformasi orqali eʼlon qilinadi.

9. Talabgor imtihon platformasi orqali roʻyxatdan oʻtadi.

Roʻyxatdan oʻtishda talabgor imtihon platformasiga shaxsni tasdiqlovchi hujjatdagi maʼlumotlarni (familiyasi, ismi, tugʻilgan sanasi, fuqaroligi, fuqaroligi boʻlmagan shaxs hujjat seriyasi va raqami) kiritadi.

Roʻyxatdan oʻtishda avtomatik tarzda talabgorning fotosurati olinadi hamda imtihon boshlanishidan oldin talabgorning shaxsi ushbu fotosurat orqali aniqlanadi.

Roʻyxatdan oʻtgan talabgor uchun imtihon platformasida shaxsiy kabinet yaratiladi hamda talabgorga oferta shartnomasi taqdim etiladi.

Talabgor roʻyxatdan oʻtishda elektron pochta manzilini koʻrsatadi. Talabgorning elektron pochta manzilini koʻrsatgani uning malaka imtihonining vaqti, qoidalari va natijalari yuzasidan apellyatsiya xulosasi haqida elektron pochta orqali xabarnoma olishga roziligini bildiradi.

Talabgor roʻyxatdan oʻtishda vakolatli organ tomonidan eʼlon qilingan imtihon sanalaridan birini tanlaydi.

Malaka imtihoni uchun talabgorlarni roʻyxatga olish imtihon sanasidan kamida besh ish kuni oldin yakunlanadi.

Talabgorlardan roʻyxatdan oʻtishda boshqa hujjatlar talab etilmaydi.

Ushbu bandda nazarda tutilgan maʼlumotlar koʻrsatilmaganda, hujjatlar qabul qilinishi rad etiladi.

Talabgor haqidagi maʼlumotlarning toʻgʻriligiga talabgorning shaxsan oʻzi javobgar hisoblanadi.

10. Malaka imtihonida ishtirok etish uchun talabgor 50 AQSH dollari miqdorida toʻlovni amalga oshiradi.

Bunda toʻlov Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida amalga oshirilganda 50 AQSH dollari miqdorida, Oʻzbekiston Respublikasi hududida amalga oshirilganda toʻlov amalga oshirilgan kundagi chet el valyutasining Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki kursi boʻyicha hisoblanadi.

Roʻyxatdan oʻtish jarayonida talabgor bir oy muddat ichida ikki marotaba malaka imtihoni topshirish istagini bildirgan taqdirda, ikkinchi malaka imtihoni uchun imtihon toʻlovining 50 foizi miqdorida chegirma taqdim etiladi.

Talabgorlar tomonidan toʻlov bank toʻlov tizimlari orqali bank valyuta kartalaridan foydalangan holda, elektron shaklda amalga oshiriladi.

Barcha toʻlovlar vakolatli organning valyuta hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

Toʻlovni amalga oshirgan talabgorga malaka imtihonida ishtirok etishi uchun bir martalik maxsus kod (token) va malaka imtihonini topshirish qoidalari toʻgʻrisidagi eslatma beriladi.

Talabgor malaka imtihonidan keyin bir oy muddatda qayta malaka imtihoni topshirish uchun ham toʻlovni amalga oshirgan boʻlsa, unga qayta malaka imtihoni uchun alohida maxsus kod (token) beriladi.

11. Talabgor unga berilgan maxsus kod (token)dan foydalansa, malaka imtihonida ishtirok etgan hisoblanadi.

12. Talabgor malaka imtihoni qoidalarini buzganlik uchun malaka imtihonidan chetlashtirilgan taqdirda, amalga oshirilgan toʻlov qaytarilmaydi.

13. Talabgor vakolatli organ tomonidan elektron pochta manzili hamda shaxsiy kabineti orqali malaka imtihonining aniq vaqti toʻgʻrisida malaka imtihoni sanasidan kamida uch kun oldin xabardor qilinadi.

3-bob. Malaka imtihonini oʻtkazish tartibi

14. Malaka imtihonida quyidagi bilim, koʻnikma va malakalar tekshiriladi:

a) tinglab tushunish — ogʻzaki nutqni tushunish malakasi, eshitilgan matn va uning qismlarida ifodalangan umumiy mazmun va gʻoyani anglash, ochiq va yashirin ifodalangan maʼlumotlarni aniqlay olish, mazmuniy va grammatik bogʻlanishlarni tahlil qila olish kabi koʻnikmalar;

b) gapirish — ogʻzaki nutqni shakllantira olish malakasi, oʻz fikrini ogʻzaki ifodalash, qarashlarini asoslash, til birliklarini toʻgʻri talaffuz qilish, leksik birliklardan unumli foydalana olish, ogʻzaki nutqda til birliklarini grammatik va mazmuniy jihatdan toʻgʻri qoʻllash kabi koʻnikmalar;

v) oʻqish — matnni oʻqib tushunish malakasi, oʻqilgan matn va uning qismlarida ifodalangan umumiy mazmun va gʻoyani anglash, matn qismlari va gaplar oʻrtasidagi mantiqiy izchillikni, mazmuniy munosabatlarni tahlil qila olish, ochiq va yashirin ifodalangan maʼlumotlarni aniqlay olish, xulosa chiqara olish, leksik, grammatik birliklar, tinish belgilarining matndagi vazifasini tushunish, verbal-vizual axborotlarni tahlil qila olish kabi koʻnikmalar;

g) yozish — berilgan vaziyat yoki mavzuga mos ravishda matn tuza olish malakasi, fikrni mazmuniy izchillikda bayon qila olish, lugʻat boyligidan unumli foydalanish, grammatik vositalarni toʻgʻri qoʻllash, sintaktik birliklarni shakllantira olish, imlo qoidalariga rioya qilish, tinish belgilarini toʻgʻri qoʻllay olish kabi koʻnikmalar.

Nogironligi boʻlgan talabgorlarning malaka imtihonida quyidagi bilim, koʻnikma va malakalari tekshiriladi:

koʻzi ojiz talabgorlar uchun — “tinglab tushunish” va “gapirish”;

eshitish va gapirishida nuqsoni boʻlgan talabgorlar uchun — “oʻqish” va “yozish”;

yozish imkoniyati cheklangan talabgorlar uchun — “tinglab tushunish”, “oʻqish” va “gapirish” koʻnikmalari.

15. Malaka imtihoni uchun vaqt meʼyorlari, test topshiriqlari soni, turi va mazmuni, baholash mezonlari, shuningdek, malaka imtihonlariga mustaqil tayyorlanish uchun namunaviy variantlar vakolatli organ tomonidan ishlab chiqiladi hamda imtihon platformasiga joylashtiriladi.

16. Malaka imtihonining yozma va ogʻzaki boʻlimlari natijalarini baholash uchun vakolatli organ tomonidan ekspertlar guruhi shakllantiriladi.

Ekspertlar guruhi tarkibiga vakolatli organ xodimlari, tajribali pedagoglar va malakali mutaxassislar kiritiladi.

17. Malaka imtihoni vakolatli organ masʼul xodimining kuzatuvida oʻtkaziladi.

Malaka imtihoni vaqtida har bir kompyuterda bir nafar talabgor malaka imtihoni topshirishi va bu jarayon videotasvirga yoki fotosuratga olinishi nazorat qilinadi.

18. Malaka imtihonini tashkil etish, oʻtkazish, imtihon topshiriqlarini shakllantirish va bilimlarni baholash hamda apellyatsiya jarayoni uchun mutaxassislar, ekspertlar va kuzatuvchilar shartnoma asosida jalb etilishi mumkin.

19. “Tinglab tushunish” va “oʻqish” boʻlimlari boʻyicha bilimlar maxsus dasturlar yordamida kompyuterda tekshiriladi.

“Yozma ish” va “gapirish” boʻlimlari boʻyicha bilimlar maxsus dasturlar yordamida ekspertlar guruhi tomonidan baholanadi.

20. Vakolatli organ malaka imtihoni natijalarini ular yakunlangandan soʻng yetti ish kuni ichida imtihon platformasida eʼlon qiladi.

21. Malaka imtihoni natijasidan qanoatlanmagan talabgorlarga uch oy muddatda 4 ta koʻnikmadan istalgan biri boʻyicha qoʻshimcha toʻlov (25 AQSH dollari) asosida bir marotaba qayta imtihon topshirish va sertifikat olish imkoniyati yaratiladi.

Qayta imtihon uchun roʻyxatdan oʻtish va uni topshirish ushbu Nizomda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

22. Malaka imtihonida ishtirok etish uchun talabgor tomonidan quyidagi talablar ijrosi taʼminlanishi lozim:

malaka imtihoni jarayoni uchun zarur amaliy dasturlar va qoʻllanmalardan foydalanish imkonini beruvchi barqaror internet aloqasi bilan taʼminlangan, veb-kamera va mikrofon bilan jihozlangan kompyuter yoki noutbuk boʻlishi;

imtihon topshirish xonasida bitta kirish eshigi boʻlishi va u talabgorning orqa tomonida joylashgan boʻlib, veb-kamerada yopiq holatda toʻliq koʻrinib turishi;

kompyuter ekrani fonida oyna yoki koʻzgu boʻlmasligi;

talabgorning qoʻllari va yuzi doim veb-kamerada koʻrinib turadigan boʻlishi;

malaka imtihoni shaffof va adolatli oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida, zarur hollarda imtihon ekranini qulflash imkoniyati mavjudligi;

malaka imtihoni xavfsizligini taʼminlash maqsadida talabgor tomonidan real vaqt rejimida imtihon topshirish stoli va xona veb-kamerada videotasvirga tushirilishi.

23. Malaka imtihonini topshirish jarayonida quyidagilar taqiqlanadi:

malaka imtihoni oʻtkazilayotgan kompyuter yoki noutbuk ekranini rasmga olish yoki videotasvirga tushirish;

malaka imtihoni jarayonini sababsiz toʻxtatish yoki malaka imtihoni topshirish joyini tark etish;

telekommunikatsiya vositalari orqali yoki bevosita boshqa shaxslar bilan muloqot qilish;

kitoblar, yozuvlar yoki boshqa yordamchi manbalar olib kirish va ulardan foydalanish;

boshqa shaxslardan yordam soʻrash yoki internet manbalaridan foydalanish;

malaka imtihoni topshirish xonasida boshqa shaxslarning boʻlishi;

malaka imtihoni savolini koʻchirib olish yoki koʻchirib olishga urinish;

malaka imtihoni jarayoniga xalaqit qilish.

24. Talabgor quyidagi hollarda malaka imtihonidan chetlashtiriladi:

malaka imtihoni uchun roʻyxatdan oʻtishda shaxsni tasdiqlovchi hujjat maʼlumotlarini notoʻgʻri yoki oʻzgartirilgan holda kiritgan boʻlsa;

malaka imtihoni jarayonida imtihon xavfsizligini taʼminlash uchun malaka imtihoni topshirish stolini va xonani real vaqt rejimida videotasvirga olish talabini rad etgan taqdirda;

malaka imtihonining istalgan bosqichida talabgorning shaxsini aniqlash boʻyicha oʻtkaziladigan onlayn nazorat vaqtida talabgorning shaxsi tasdiqlanmasa;

ushbu Nizomning 22-bandida belgilangan talablardan birini bajarishni rad etsa;

ushbu Nizomning 23-bandida nazarda tutilgan talablardan biriga rioya qilmasa.

25. Vakolatli organ tomonidan talabgorlarga oʻz bilim va koʻnikmalarini oldindan baholashi uchun tayyorgarlik sinovlari tashkil etilishi mumkin. Bunda har bir talabgordan bir marta tayyorgarlik sinovi uchun 10 AQSH dollari miqdorida toʻlov undiriladi.

4-bob. Oʻzbek tilini bilish darajasi toʻgʻrisida malaka sertifikatini berish va sertifikatlar reyestrini yuritish

26. Vakolatli organ malaka imtihoni natijalari toʻgʻrisidagi buyruq chiqarilgan kundan boshlab bir ish kuni ichida malaka imtihonidan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorlarga QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan malaka sertifikatining elektron shaklini shakllantiradi hamda imtihon platformasidagi talabgorning shaxsiy kabinetiga yoki elektron pochtasiga yuboradi.

Malaka sertifikati ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda oʻzbek va ingliz tillarida rasmiylashtiriladi.

Malaka sertifikati Oʻzbekiston Respublikasining barcha hududlarida amal qiladi.

27. Vakolatli organ tomonidan berilgan malaka sertifikatlarining reyestri yuritiladi hamda unda quyidagi maʼlumotlar qayd etiladi:

malaka sertifikati egalarining familiyasi, ismi;

malaka sertifikati egalarining shaxsini tasdiqlovchi hujjat maʼlumotlari;

malaka sertifikatining hisobga olish raqami va berilgan sanasi;

malaka sertifikatining amal qilish muddati.

28. Malaka sertifikatlarining reyestri elektron shaklda yuritiladi hamda uning shakli vakolatli organ tomonidan tasdiqlanadi.

29. Malaka sertifikati imtihon platformasi orqali verifikatsiya qilinadi.

5-bob. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish

30. Malaka imtihoni natijasidan qanoatlanmagan talabgor natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab bir oy ichida imtihon platformasi orqali apellyatsiya shikoyati berish huquqiga ega.

31. Apellyatsiya shikoyati toʻlov asosida koʻrib chiqiladi.

Bunda talabgor malaka imtihonining apellyatsiya bermoqchi boʻlgan har bir boʻlimi uchun 8 AQSH dollari miqdoridagi toʻlovni ushbu Nizomning 10-bandida belgilangan tartibda amalga oshiradi.

Apellyatsiya shikoyati toʻlov amalga oshirilgandan soʻng koʻrib chiqiladi.

32. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish uchun vakolatli organ rahbarining buyrugʻi bilan 5 — 7 kishidan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tuziladi.

Apellyatsiya komissiyasi tarkibi vakolatli organ xodimlari, tajribali ekspertlar va malakali mutaxassislardan iborat boʻladi.

Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga ekspertlar guruhi aʼzolarining kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

33. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

malaka imtihoni natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyati qanoatlantirilishini rad etish;

malaka imtihoni natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish.

34. Malaka imtihoni natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyati qanoatlantirilishini rad etish toʻgʻrisidagi qaror quyidagi hollarda qabul qilinadi:

apellyatsiya shikoyati ushbu Nizom talablari buzilgan holda taqdim etilgan boʻlsa;

apellyatsiya shikoyatida koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topmasa.

Apellyatsiya shikoyatida koʻrsatilgan dalillar Apellyatsiya komissiyasi tomonidan tasdiqlangan taqdirda, malaka imtihoni natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.

35. Apellyatsiya shikoyati bir hafta ichida koʻrib chiqiladi. Talabgor Apellyatsiya komissiyasi qarori toʻgʻrisida imtihon platformasidagi shaxsiy kabineti yoki elektron pochtasi orqali xabardor qilinadi.

36. Takroriy apellyatsiyaga yoʻl qoʻyilmaydi.

37. Talabgor Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

38. Vakolatli organ xodimlari tomonidan talabgorlar toʻgʻrisidagi shaxsiy maʼlumotlarning maxfiyligi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taʼminlanadi.

39. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

40. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash va malaka sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzbek tili malaka imtihonini oʻtkazish

Bosqich Masʼullar Chora-tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Talabgor (chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs) 1. Malaka imtihonida ishtirok etish uchun “Uzbek language proficiency test” elektron platformasi orqali roʻyxatdan oʻtadi. 2. Toʻlovni amalga oshiradi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Vakolatli organ (Ilmiy-oʻquv amaliy markazi) 1. Talabgorlarning malaka imtihonlari uchun roʻyxatga olinishini yakunlaydi. Imtihon sanasidan kamida 5 ish kuni oldin 2. Toʻlovni amalga oshirgan talabgorga imtihonda ishtirok etishi uchun bir martalik maxsus kod (token) va imtihon topshirish qoidalari toʻgʻrisida eslatma beradi. Shu vaqtning oʻzida 3. Talabgorga elektron pochta manzili hamda shaxsiy kabineti orqali malaka imtihoni belgilangan vaqt haqida xabar joʻnatadi. Imtihon sanasidan kamida 3 kun oldin 3-bosqich Vakolatli organ Malaka imtihonini tashkil etadi va oʻtkazadi. Yil davomida 4-bosqich Vakolatli organ Malaka imtihoni natijalarini “Uzbek language proficiency test” elektron platformasida eʼlon qiladi. Malaka imtihoni yakunlangandan soʻng 7 ish kunida 5-bosqich Vakolatli organ Malaka imtihonidan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorlarga QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan malaka sertifikatining elektron shaklini shakllantiradi hamda “Uzbek language proficiency test” elektron platformasidagi talabgorning shaxsiy kabinetiga yoki elektron pochta manziliga yuboradi. Buyruq chiqarilganidan boshlab 1 ish kunida

Chet el fuqarolari uchun oʻzbek tilini bilish darajasini aniqlash va malaka sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻzbek tilini bilish darajasi toʻgʻrisida malaka sertifikatining

O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY TAʼLIM, FAN VA INNOVATSIYALAR VAZIRLIGI BILIM VA MALAKALARNI BAHOLASH AGENTLIGI ILMIY-OʻQUV AMALIY MARKAZI MINISTRY OF HIGHER EDUCATION, SCIENCE AND INNOVATION OF THE REPUBLIC OF UZBEKISTAN AGENCY FOR ASSESSMENT OF KNOWLEDGE AND COMPETENCES THE SCIENTIFIC AND EDUCATIONAL PRACTICAL CENTER OʻZBEK TILINI BILISH DARAJASI TOʻGʻRISIDA SERTIFIKAT CERTIFICATE OF UZBEK LANGUAGE PROFICIENCY Test sanasi :| Sertifikat raqami | Test date : Reference number ID-karta seriyasi va raqami: | ID series and number: Imtihon jarayonidan talabgorning veb-kamera orqali olingan fotosurati Familiyasi : | Surname: Ismi : | First Name: Tugʻilgan kuni : | Date of birth: Jinsi : | Sex: Mamlakat yoki mintaqa: | Country or Region of Origin Millati: | Country of nationality : Birinchi tili: | First language : Tinglab tushunish: | Oʻqish: | Yozish: | Gapirish: | Umumiy ball: | Listening: Reading : Writing: Speaking: Overall Score: Administrator izohlari | Administrator comments Daraja | Level: Berilgan sana: | Amal qilish muddati: | Date of Issue Valid until : Boshliq : | QR — kod F.I.O. Chief Sertifikatning haqiqiyligini *** sayti orqali tekshirish mumkin. The authenticity of the certificate can be verified through the *** website.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 28-yanvar,

31-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.01.2026-y., 09/26/31/0085-son)

lex.uz