📅 2026-yil 28-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 28-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 28 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 января 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 January 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДАСТУРИ
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»
Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида
Ўсиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, узлуксиз таълим тизимида ягона ғоявий тарбияни шакллантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини кенгайтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат фазилатларини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастури (кейинги ўринларда — Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим тизими (кейинги ўринларда — узлуксиз таълим тизими) ташкилотларида ягона миллий тарбиянинг яхлит тизимини яратиш, Ватанга садоқат ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришнинг вертикал тизимини амалга ошириш;
Дастурнинг асосий ғояси, мақсад ва вазифаларига эришиш учун «Миллий тарбия модели»ни амалга ошириш;
ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича аниқ механизмларни жорий этиш.
2. Белгилансинки:
а) Дастур уч босқичда амалга оширилади:
биринчи босқичда — мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган 3 — 6 ёшдаги болаларга миллий ўзлик туйғусининг ривожланиши, ўз хатти-ҳаракатларини бошқариш ва ўзини намоён қилишга интилиш, теварак-атрофга муносабат кўникмалари сингдирилади;
иккинчи босқичда — умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқиётган 7 — 18 ёшдаги ўқувчиларда буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, ўзига ишонч, мустақил қарор қабул қилиш, соғлом дунёқараш, бағрикенглик, бурч ва масъулият фазилатлари шакллантирилади;
учинчи босқичда — ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида билим олаётган 16 — 22 ёшдаги ўқувчи ва талабаларда миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанини ҳимоя қилишга тайёр, ҳарбий хизматга шай, фидойи шахсни тарбиялаш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўша оладиган фаол фуқаролик позицияси ривожлантирилади;
б) барча таълим ташкилотларида ҳар душанба куни «Келажак соати» дарси ўтилади.
Бунда:
долзарб мавзулар доирасида дарс сценарийлари асосида контентлар яратилади ҳамда «milliytarbiya.uz» электрон платформасига жойлаштириб борилади;
«Келажак соати» дарсларини ўтувчи педагог ходимлар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади;
в) Дастурда белгиланган вазифаларга эришиш мақсадида Ўзбекистоннинг Миллий тарбия модели ишлаб чиқилади;
г) ҳар йили маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул раҳбар ва педагоглар ўртасида «Миллий қадриятлар тарғиботчиси» республика танлови ўтказилади.
3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда:
2026 йил 1 июнга қадар Ўзбекистоннинг Миллий тарбия моделини;
ҳар йили 1 сентябрга қадар маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режаларини тасдиқласин.
4. Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурини 2026 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Мудофаа вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб «Жасорат мактаблари» ўқувчилари ўртасида икки босқичдан иборат «Жасорат учқунлари» ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасини ўтказсин;
2026 йил июнь ойида таълим ташкилотларидаги «Ватан таянчи» ҳаракати аъзоларининг ҳарбий-ватанпарварлик форумини ташкил этсин.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Мудофаа вазирлиги билан биргаликда талаба қизлар ўртасида «Тўмарис издошлари», талаба ўғил болалар ўртасида «Амир Темур ворислари» номли ҳарбий-спорт мусобақаларини ўтказсин.
7. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда:
«Келажак соати» дарслари учун миллий контентларни ишлаб чиқиш жараёнларига, шунингдек, «оила — маҳалла — таълим ташкилоти» ҳамкорлик механизми асосида таълим ташкилотларида китобхонлик кечалари ҳамда маданий учрашувларни ташкил этишда таниқли театр ва кино актёрлари, фаол жамоатчилик вакиллари, шоирлар ҳамда ёзувчиларни жалб этсин;
ўқувчи-ёшларни интеллектуал, ахлоқий, маънавий-маърифий ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳаларни амалиётга жорий этсин.
8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар Дастурни келгуси йилларда амалга ошириш бўйича тегишли «йўл хариталари» лойиҳаларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 3 октябрдаги 558-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 34-сон қарорига 1-ИЛОВА
Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш
1-боб. Умумий қоидалар
1. «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс сари» ғояси асосида узлуксиз таълим тизимида маънавий-маърифий, ўқувчи-ёшларни миллий қадриятларга содиқлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур Дастур ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, уларда «Мен ўзбекистонликман» деган фахр туйғусини шакллантириш, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган комил инсонни тарбиялашнинг устувор йўналишларини белгилайди.
2. Дастур давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, давлат мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларини (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) бирлаштирувчи ягона миллий тарбиянинг яхлит тизимини яратиш, Ватанга садоқат ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришнинг вертикал тизимини амалга оширишга қаратилган.
Нодавлат таълим ташкилотлари миллий тарбия тизимини яратиш, ўқувчи ва талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларда ғоявий иммунитетни шакллантиришда ушбу Дастурдан фойдаланиши мумкин.
2-боб. Дастурнинг мақсади ва асосий вазифалари
3. Дастурнинг мақсади таълим ташкилотларида миллий тарбияни изчил, тизимли ва самарали йўлга қўйиш орқали юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишда қатъий фуқаролик позициясига эга, жаҳолатга қарши маърифат билан курашувчи ёш авлодни вояга етказишдан иборат.
4. Қуйидагилар мактабгача, мактаб, олий таълим тизимида ягона ғоявий тарбияни шакллантиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Дастурнинг стратегик ғояси, мақсад ва вазифаларига эришиш учун Ўзбекистоннинг Миллий тарбия моделини ишлаб чиқиш;
ёшларда мустақил ва бахтли ҳаёт учун зарур ижтимоий малака ва кўникмаларни ёшига мос, босқичма-босқич сингдириб боришнинг вертикал тизимини яратиш;
Дастурдаги вазифаларни таълим ташкилотларида амалга ошириш ҳамда мазмунга мос дастур ва режалар ишлаб чиқиш;
ҳар ўқув йилида таълим ташкилотлари учун Дастурдаги устувор йўналишлар асосида узлуксиз давом этувчи маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режасини тасдиқлаш;
ҳафтанинг ҳар душанба куни долзарб мавзулар доирасида таълим ташкилотлари учун узвийлик ва узлуксизликни таъминлашга қаратилган «Келажак соати» дарси ўтилишини йўлга қўйиш;
«Келажак соати» дарси сценарийлари, видеоконтент маҳсулотларини ишлаб чиқиш ҳамда рақамли контент шаклида «milliytarbiya.uz» электрон платформасига жойлаштириш;
ҳар ўқув йилида маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул раҳбар ва педагогларни рағбатлантиришга қаратилган «Миллий қадриятлар тарғиботчиси» республика танловини ўтказиш;
«оила-маҳалла-мактаб» тамойили асосида маҳаллалардаги маънавият, адабиёт, маданият, санъат намояндаларини ўз маҳаллаларидаги боғча ва мактабларга «Миллий мураббий» сифатида уларнинг розилиги асосида жалб этиш.
3-боб. Дастурни амалга ошириш механизмлари
5. Ёш авлодни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш бўйича мактабгача, мактаб, олий таълим тизимида яхлит тизимни яратиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
мактабгача ёшдаги болалар учун миллий қаҳрамон образини яратиш, эртаклар, афсона, достон ва мақоллар асосида мультимедиа маҳсулотларини тайёрлаш, улардан болалар тарбиясида кенг фойдаланиш;
таълим ташкилотларида ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда, маънавий-ахлоқий, шахсий фазилатларни шакллантирувчи тренинглар, симуляция, кейслар ва методик тавсияларни амалиётга жорий этиш;
ўқувчи-ёшларда касблар тўғрисидаги тасаввурларни кенгайтириш, уларнинг касбга ва меҳнатга қизиқишини орттириш ҳамда ўз бурч ва вазифаларини виждонан бажариш кўникмаларини ҳосил қилиш;
тарбиянинг миллий ва илғор хорижий тажрибаларидан самарали фойдаланиш, миллий ғоя ва қадриятларни интерфаол, замонавий шаклда сингдириш, тарбиячи ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириб бориш;
Дастур ва Миллий тарбия моделини амалга оширишда «оила — маҳалла — таълим муассасаси», шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ўртасида самарали ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш.
6. Дастур қуйидаги механизмлар орқали амалга оширилади:
ёш авлодни рақобатбардош, фидойи ва ватанпарвар, миллий қадриятлар, замонавий билим ҳамда кўникмаларга эга мутахассислар этиб тарбиялашнинг янги миллий технологияси — Ўзбекистоннинг Миллий тарбия модели яратилади;
ёш авлоднинг турли бузғунчи ғоялар, ахборот хуружлари, одоб-ахлоқни бузувчи иллатларга қарши иммунитетини шакллантиришга қаратилган тарбиявий контентлар, тарғибот материалларидан самарали фойдаланилади;
ёш авлодда миллий ватанпарварлик компетенциялари траекториясини белгилаш, кузатиш, ўлчаш, баҳолаш, яхшилаш ва ривожлантиришга қаратилган мониторинг юритилади.
7. Дастур қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:
а) биринчи босқич — мактабгача таълим 3 — 6 ёшгача бўлган даврни қамраб олади. Бунда:
болаларда миллий ўзлик туйғусининг ривожланиши, ўз хатти-ҳаракатларини бошқариш ва ўзини намоён қилишга интилиш, теварак-атрофга муносабат кўникмалари шакллантирилади;
«Келажак соати» дарси доирасида намунавий иш режаси, болаларнинг ёшига мос хулқ моделларини ўргатишга доир тарбиячилар учун қўлланма, болаларга мўлжалланган зарур кўргазмали воситалар тўпламлари, қизиқарли дидактик материаллар тайёрланади;
болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ота-оналарнинг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида «Фарзандим билан ижод» лойиҳаси амалга оширилади;
б) иккинчи босқич — умумий ўрта таълим тизимида 7 — 18 ёшгача бўлган даврни қамраб олади;
«Келажак соати» дарси учун намунавий иш режаси, зарур қўлланма ва кўргазмали воситалар тўплами, сценарийлар, матнли, аудио, видеоконтент маҳсулотлар тайёрланади;
ўқувчилар онгида мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, ўзига ишонч, мустақил қарор қабул қилиш, соғлом дунёқараш, бағрикенглик, бурч ва масъулият фазилатлари шакллантирилади;
мактаблардаги «Келажак соати» дарсини ўтувчи синф раҳбарлари ҳамда ўқитувчилар учун Миллий тарбия моделини ўргатиш бўйича тренинг ва мақсадли малака ошириш ўқув курслари каскад усулида ташкил этилади;
в) учинчи босқич — ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотлари тизимида 16 — 22 ёшгача бўлган даврни қамраб олади;
«Келажак соати» дарси учун намунавий иш режаси, зарур қўлланма ва кўргазмали воситалар тўплами, сценарийлар, матнли, аудио, видеоконтент маҳсулотлар тайёрланади;
таълим ташкилотларида тўғри овқатланиш, спорт ва соғломлаштириш дастурларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тадбирларни ўз ичига олган «Соғлом авлод — миллат келажаги» лойиҳаси амалга оширилади;
«Ўзликни англаш» туркумида «Миллий қадриятлар», «Касб маданияти» ва бошқа методик таъминотга ёрдам берувчи ўқув адабиётлари тайёрланади;
ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, талабалар спортини ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида фундаментал, илмий ва инновацион лойиҳалар учун танловлар ўтказилади.
4-боб. Дастурни амалга оширишдан кутилаётган натижалар
8. Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида қуйидагиларга эришилади:
таълим тизимида миллий қадриятларга содиқ, маънавий баркамол, фуқаролик позицияси мустаҳкам, жамиятда ўз ўрнини тўлиқ англаган ёш авлодни тарбиялаш борасидаги мафкуравий-тарбиявий йўналиш шакллантирилади;
ватанпарварликни асосий қадрият сифатида қабул қилувчи маданий муҳитни шакллантириш ва ёшлардаги мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш имкони яратилади;
таълим-тарбия соҳасида масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади;
мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган узлуксиз таълим тизимида ягона миллий тарбия тизими яратилади;
таълим ташкилотларида тарбия модели методик комплекслар ва фанлараро дастурлар билан узвий боғлиқ ҳолда жорий этилади.
9. Дастур Янги Ўзбекистонда ёш авлодни маънавий юксалтириш, кенг дунёқарашга эга бўлиши, ватанпарвар ва жамиятда бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси асосида тарбиялашга хизмат қилади.
5-боб. Дастурнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш
10. Дастурнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, умумий мувофиқлаштириш, республикада таълим ташкилотлари ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
11. Дастурни амалга ошириш мониторинги натижалари тўғрисидаги маълумотлар белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 34-сон қарорига 2-ИЛОВА
Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурини 2026 йилда амалга ошириш бўйича
Т/р Чора-тадбирлар Амалга ошириш механизми Ижро муддати Молиялаштириш манбаи Масъул ижрочилар 1. Таълим ташкилотларида маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул раҳбар ва педагогларни рағбатлантириш мақсадида ҳар ўқув йилида «Миллий қадриятлар тарғиботчиси» республика танловини ўтказиш. 1. Тегишли идоралар ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш. 2026 йил февраль Ижрочилар маблағлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2. «Миллий қадриятлар тарғиботчиси» республика танлови тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2026 йил апрель 3. Режа асосида танловнинг туман, шаҳар, вилоят ва республика босқичларини ўтказиш. Режа-жадвал асосида 4. Танловни юқори савияда ташкил этиш ва ғолибларни рағбатлантириш. 2026 йил ноябрь 2. Мактабгача, мактаб ҳамда олий таълим ташкилотларида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурининг стратегик ғояси, мақсад ва вазифаларига эришиш учун Ўзбекистоннинг Миллий тарбия моделини ишлаб чиқиш. 1. Экспертлар гуруҳини шакллантириш. 2026 йил февраль - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази 2. Миллий тарбия модели бўйича қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2026 йил июнь 3. «Келажак соати» дарси учун миллий контентларни ишлаб чиқиш жараёнларига, шунингдек, «оила — маҳалла — таълим ташкилоти» ҳамкорлик механизми асосида таълим ташкилотларида китобхонлик кечалари ҳамда маданий учрашувларни ташкил этишда таниқли театр ва кино актёрлари, фаол жамоатчилик вакиллари, шоирлар ҳамда ёзувчиларни жалб этиш. 1. Таниқли театр ва кино актёрлари, маънавият тарғиботчилари, шоирлар, ёзувчилар рўйхатини тузиш. 2026 йил февраль - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси 2. Миллий контентларни ишлаб чиқиш жараёнларида таниқли театр ва кино актёрлари, маънавият тарғиботчилари, шоирлар, ёзувчилар иштирокини таъминлаш. 3. Сифатли ва намунавий контентлар ишлаб чиққан соҳа мутахассисларини рағбатлантириш чораларини кўриб бориш. доимий 4. Республикадаги ҳар бир туман (шаҳар)да фаолияти йўлга қўйилган «Жасорат мактаби» ўқувчилари ўртасида икки босқичдан иборат «Жасорат учқунлари» ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасини ўтказиш. 1. «Жасорат учқунлари» ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасини ташкил этиш юзасидан ишчи гуруҳ тузиш. 2026 йил февраль - Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2. «Жасорат учқунлари» ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги қўшма қарор ҳамда Низомни тасдиқлаш. 2026 йил май 3. Мусобақа ғолибларини аниқлаш ва муносиб тақдирлаш. 4. Республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган ғолиб жамоани хорижга таълим саёҳатига юбориш. 2026 йил июль 5. «Ўзликни англаш» туркумида «Ўзбек педагогикаси», «Ўзбек маданияти», «Ўзбек фалсафаси» ва бошқа методик таъминотга ёрдам берувчи ўқув адабиётларини тайёрлаш. 1. Ўқув адабиётларини яратувчи муаллифлар гуруҳини шакллантириш. 2026 йил февраль Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари Республика Маънавият ва маърифат маркази, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2. Ўқув адабиётларини тайёрлаш. 2026 йил май 3. Ўқув адабиётларини Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари доирасида ажратилган грант ҳисобидан чоп этиш. 2026 йил декабрь 6. Мактабгача таълим ташкилотларида «Фарзандим билан ижод», мактаб ва олий таълим тизимида «Соғлом авлод — миллат келажаги» ва «Экофаол ёшлар» лойиҳаларини амалга ошириш. 1. Лойиҳаларни ташкил этиш дастури ва сценарийсини ишлаб чиқиш. 2026 йил март Ижрочилар маблағлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Спорт вазирлиги 2. Ишлаб чиқилган сценарийлар асосида лойиҳа доирасидаги тадбирларни юқори савияда ўтказиш. 2026 йил апрель-май 7. Таълим ташкилотларида ташкил этилган «Ватан таянчи» ҳаракати аъзоларининг ҳарбий-ватанпарварлик форумини ташкил этиш. 1. Форумни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2026 йил май «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маблағлари Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2. Форумни ташкил этиш ва унинг доирасида: Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ва «Ватан таянчи» ҳаракати аъзолари ўртасида очиқ мулоқотлар ташкил этиш; мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган «Ватан таянчи» ҳаракати аъзоларига тантанали равишда имтиёзли тавсияномалар топшириш; ўқув йили давомида юқори натижаларга эришган «Ватан таянчи» ҳаракати аъзоларини тақдирлаш. 2026 йил июнь 8. Талаба қизлар ўртасида «Тўмарис издошлари», талаба йигитлар ўртасида «Амир Темур ворислари» номли ҳарбий-спорт мусобақаларини ўтказиш. 1. Ҳарбий — спорт мусобақалари низомини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2026 йил май Ижрочилар маблағлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги 2. Белгиланган техник талабларга асосида ҳар бир ҳудуддаги битта олий таълим ташкилотида мусобақаларни ўтказишга мос равишда жиҳозлаш. 2026 йил давомида 3. Мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш. Белгиланган муддатларда 9. Таълим ташкилотлари учун Дастурдаги устувор йўналишлар асосида узлуксиз давом этувчи Маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режасини ишлаб чиқиш. 1. Ҳар ўқув йили учун Маънавий-маърифий тадбирлар намунавий иш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2026 йил 1 сентябрга қадар - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2. Иш режасида белгиланган тадбирларни юқори савияда ўтказиш. Белгиланган муддатларда 10. Мактабгача, мактаб, ўрта махсус, касбий таълим ташкилотларида ҳафтанинг ҳар душанба куни «Келажак соати» дарсини ўтказишни йўлга қўйиш. Олий таълим ташкилотларида дарс жадвалига мувофиқ «Келажак соати» рукни остида Маърифат дарсларининг мунтазам ўтилишини ташкил этиш 1. Ўқув йили учун дарс мавзуларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2026 йил июль Ижрочилар маблағлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Болалар контентини ривожлантириш маркази Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси мазмуни ва моҳиятини ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг асосий йўналишлари ва мақсадлари ҳақида тушунча ва кўникмаларни беришга алоҳида эътибор қаратиш. 2026 йил август 2. Долзарб мавзулар доирасида, дарс сценарийларини ишлаб чиқиш, видеоконтент маҳсулотларини тайёрлаш режа-жадвалини тасдиқлаш. 3. Режа-жадвалга мувофиқ дарс сценарийлари ва видеоконтент маҳсулотларини тайёрлаш. 4. Тайёрланган барча методик материалларни «milliytarbiya.uz» электрон платформасига жойлаштириш. Режа-жадвал асосида 11. Умумий ўрта таълим ташкилотларидаги «Келажак соати» дарсини ўтувчи синф раҳбарлари учун мақсадли малака ошириш ўқувларини каскад усулида ташкил этиш. 1. «Келажак соати» дарсини ўтувчи синф раҳбарлари учун малака ошириш ўқув курсларининг режа-жадвалини тузиш. 2026 йил август - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2. Тасдиқланган режа-жадвал асосида малака ошириш ўқув курсларини каскад усулида ташкил этиш. Режа-жадвал асосида 12. Ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни ёритиш. 1. Ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар тўғрисида ахборот материалларини тайёрлаш. 2. Тайёрланган материалларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш. 2026 йил давомида - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 28 январь,
34 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
DASTURI
“YOʻL XARITASI”
Uzluksiz taʼlim tizimida yoshlarni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash samaradorligini oshirish dasturini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻsib kelayotgan yosh avlodni milliy qadriyatlarga hurmat ruhida tarbiyalash, uzluksiz taʼlim tizimida yagona gʻoyaviy tarbiyani shakllantirish, yoshlarning intellektual salohiyati, ongu tafakkuri va dunyoqarashini kengaytirish, vatanparvarlik, xalqqa muhabbat va sadoqat fazilatlarini rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Uzluksiz taʼlim tizimida yoshlarni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash samaradorligini oshirish dasturi (keyingi oʻrinlarda — Dastur) 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
maktabgacha, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, kasbiy hamda oliy taʼlim tizimi (keyingi oʻrinlarda — uzluksiz taʼlim tizimi) tashkilotlarida yagona milliy tarbiyaning yaxlit tizimini yaratish, Vatanga sadoqat va faol fuqarolik pozitsiyasini shakllantirishning vertikal tizimini amalga oshirish;
Dasturning asosiy gʻoyasi, maqsad va vazifalariga erishish uchun “Milliy tarbiya modeli”ni amalga oshirish;
yosh avlodni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash boʻyicha aniq mexanizmlarni joriy etish.
2. Belgilansinki:
a) Dastur uch bosqichda amalga oshiriladi:
birinchi bosqichda — maktabgacha taʼlim tashkilotlarida tarbiyalanayotgan 3 — 6 yoshdagi bolalarga milliy oʻzlik tuygʻusining rivojlanishi, oʻz xatti-harakatlarini boshqarish va oʻzini namoyon qilishga intilish, tevarak-atrofga munosabat koʻnikmalari singdiriladi;
ikkinchi bosqichda — umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida oʻqiyotgan 7 — 18 yoshdagi oʻquvchilarda buyuk ajdodlarimizning maʼnaviy merosini chuqur oʻrganish, oʻziga ishonch, mustaqil qaror qabul qilish, sogʻlom dunyoqarash, bagʻrikenglik, burch va masʼuliyat fazilatlari shakllantiriladi;
uchinchi bosqichda — oʻrta maxsus, kasbiy va oliy taʼlim tashkilotlarida bilim olayotgan 16 — 22 yoshdagi oʻquvchi va talabalarda milliy qadriyatlarga hurmat, Vatanini himoya qilishga tayyor, harbiy xizmatga shay, fidoyi shaxsni tarbiyalash, Oʻzbekistonning jahon hamjamiyatidagi oʻrni va nufuzini yuksaltirishga oʻz hissasini qoʻsha oladigan faol fuqarolik pozitsiyasi rivojlantiriladi;
b) barcha taʼlim tashkilotlarida har dushanba kuni “Kelajak soati” darsi oʻtiladi.
Bunda:
dolzarb mavzular doirasida dars ssenariylari asosida kontentlar yaratiladi hamda “milliytarbiya.uz” elektron platformasiga joylashtirib boriladi;
“Kelajak soati” darslarini oʻtuvchi pedagog xodimlar uchun maqsadli malaka oshirish kurslari tashkil etiladi;
v) Dasturda belgilangan vazifalarga erishish maqsadida Oʻzbekistonning Milliy tarbiya modeli ishlab chiqiladi;
g) har yili maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha masʼul rahbar va pedagoglar oʻrtasida “Milliy qadriyatlar targʻibotchisi” respublika tanlovi oʻtkaziladi.
3. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda:
2026-yil 1-iyunga qadar Oʻzbekistonning Milliy tarbiya modelini;
har yili 1-sentabrga qadar maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarning namunaviy ish rejalarini tasdiqlasin.
4. Uzluksiz taʼlim tizimida yoshlarni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash samaradorligini oshirish dasturini 2026-yilda amalga oshirish boʻyicha “yoʻl xaritasi” 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Mudofaa vazirligi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:
2025/2026 oʻquv yilidan boshlab “Jasorat maktablari” oʻquvchilari oʻrtasida ikki bosqichdan iborat “Jasorat uchqunlari” harbiy-vatanparvarlik va sport musobaqasini oʻtkazsin;
2026-yil iyun oyida taʼlim tashkilotlaridagi “Vatan tayanchi” harakati aʼzolarining harbiy-vatanparvarlik forumini tashkil etsin.
6. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Mudofaa vazirligi bilan birgalikda talaba qizlar oʻrtasida “Toʻmaris izdoshlari”, talaba oʻgʻil bolalar oʻrtasida “Amir Temur vorislari” nomli harbiy-sport musobaqalarini oʻtkazsin.
7. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi hamda Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda:
“Kelajak soati” darslari uchun milliy kontentlarni ishlab chiqish jarayonlariga, shuningdek, “oila — mahalla — taʼlim tashkiloti” hamkorlik mexanizmi asosida taʼlim tashkilotlarida kitobxonlik kechalari hamda madaniy uchrashuvlarni tashkil etishda taniqli teatr va kino aktyorlari, faol jamoatchilik vakillari, shoirlar hamda yozuvchilarni jalb etsin;
oʻquvchi-yoshlarni intellektual, axloqiy, maʼnaviy-maʼrifiy va jismoniy jihatdan har tomonlama rivojlantirishga yoʻnaltirilgan loyihalarni amaliyotga joriy etsin.
8. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda har yili 1-dekabrga qadar Dasturni kelgusi yillarda amalga oshirish boʻyicha tegishli “yoʻl xaritalari” loyihalarini ishlab chiqib, tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritib borsin.
9. Vazirlar Mahkamasining “Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida maʼnaviy-maʼrifiy hamda tarbiyaviy ishlar samaradorligini oshirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 3-oktabrdagi 558-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri E.G. Karimova hamda oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 28-yanvardagi 34-son qaroriga 1-ILOVA
Uzluksiz taʼlim tizimida yoshlarni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash samaradorligini oshirish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. “Yangi Oʻzbekiston — Uchinchi Renessans sari” gʻoyasi asosida uzluksiz taʼlim tizimida maʼnaviy-maʼrifiy, oʻquvchi-yoshlarni milliy qadriyatlarga sodiqlik, vatanparvarlik ruhida tarbiyalash, jamiyatda boʻlayotgan oʻzgarishlarga daxldorlik hissini shakllantirish zarurati yuzaga kelmoqda.
Mazkur Dastur yosh avlodning intellektual salohiyati, zamonaviy bilim va koʻnikmalarni egallash, ularda “Men oʻzbekistonlikman” degan faxr tuygʻusini shakllantirish, xalqqa muhabbat va sadoqat tuygʻusi bilan yashaydigan komil insonni tarbiyalashning ustuvor yoʻnalishlarini belgilaydi.
2. Dastur davlatchiligimiz rivojining boy milliy-tarixiy tajribasiga tayangan holda ishlab chiqilgan boʻlib, davlat maktabgacha, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, kasbiy va oliy taʼlim tashkilotlarini (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkilotlari) birlashtiruvchi yagona milliy tarbiyaning yaxlit tizimini yaratish, Vatanga sadoqat va faol fuqarolik pozitsiyasini shakllantirishning vertikal tizimini amalga oshirishga qaratilgan.
Nodavlat taʼlim tashkilotlari milliy tarbiya tizimini yaratish, oʻquvchi va talabalarni vatanparvarlik ruhida tarbiyalash hamda ularda gʻoyaviy immunitetni shakllantirishda ushbu Dasturdan foydalanishi mumkin.
2-bob. Dasturning maqsadi va asosiy vazifalari
3. Dasturning maqsadi taʼlim tashkilotlarida milliy tarbiyani izchil, tizimli va samarali yoʻlga qoʻyish orqali yuksak maʼnaviyatli, mustaqil fikrlaydigan, davlat va jamiyat manfaatlarini himoya qilishda qatʼiy fuqarolik pozitsiyasiga ega, jaholatga qarshi maʼrifat bilan kurashuvchi yosh avlodni voyaga yetkazishdan iborat.
4. Quyidagilar maktabgacha, maktab, oliy taʼlim tizimida yagona gʻoyaviy tarbiyani shakllantirishning asosiy vazifalari hisoblanadi:
Dasturning strategik gʻoyasi, maqsad va vazifalariga erishish uchun Oʻzbekistonning Milliy tarbiya modelini ishlab chiqish;
yoshlarda mustaqil va baxtli hayot uchun zarur ijtimoiy malaka va koʻnikmalarni yoshiga mos, bosqichma-bosqich singdirib borishning vertikal tizimini yaratish;
Dasturdagi vazifalarni taʼlim tashkilotlarida amalga oshirish hamda mazmunga mos dastur va rejalar ishlab chiqish;
har oʻquv yilida taʼlim tashkilotlari uchun Dasturdagi ustuvor yoʻnalishlar asosida uzluksiz davom etuvchi maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarning namunaviy ish rejasini tasdiqlash;
haftaning har dushanba kuni dolzarb mavzular doirasida taʼlim tashkilotlari uchun uzviylik va uzluksizlikni taʼminlashga qaratilgan “Kelajak soati” darsi oʻtilishini yoʻlga qoʻyish;
“Kelajak soati” darsi ssenariylari, videokontent mahsulotlarini ishlab chiqish hamda raqamli kontent shaklida “milliytarbiya.uz” elektron platformasiga joylashtirish;
har oʻquv yilida maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha masʼul rahbar va pedagoglarni ragʻbatlantirishga qaratilgan “Milliy qadriyatlar targʻibotchisi” respublika tanlovini oʻtkazish;
“oila-mahalla-maktab” tamoyili asosida mahallalardagi maʼnaviyat, adabiyot, madaniyat, sanʼat namoyandalarini oʻz mahallalaridagi bogʻcha va maktablarga “Milliy murabbiy” sifatida ularning roziligi asosida jalb etish.
3-bob. Dasturni amalga oshirish mexanizmlari
5. Yosh avlodni milliy qadriyatlar va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash samaradorligini oshirish boʻyicha maktabgacha, maktab, oliy taʼlim tizimida yaxlit tizimni yaratish maqsadida quyidagi chora-tadbirlar amalga oshiriladi:
maktabgacha yoshdagi bolalar uchun milliy qahramon obrazini yaratish, ertaklar, afsona, doston va maqollar asosida multimedia mahsulotlarini tayyorlash, ulardan bolalar tarbiyasida keng foydalanish;
taʼlim tashkilotlarida yosh xususiyatlarini inobatga olgan holda, maʼnaviy-axloqiy, shaxsiy fazilatlarni shakllantiruvchi treninglar, simulyatsiya, keyslar va metodik tavsiyalarni amaliyotga joriy etish;
oʻquvchi-yoshlarda kasblar toʻgʻrisidagi tasavvurlarni kengaytirish, ularning kasbga va mehnatga qiziqishini orttirish hamda oʻz burch va vazifalarini vijdonan bajarish koʻnikmalarini hosil qilish;
tarbiyaning milliy va ilgʻor xorijiy tajribalaridan samarali foydalanish, milliy gʻoya va qadriyatlarni interfaol, zamonaviy shaklda singdirish, tarbiyachi va oʻqituvchilarning malakasini oshirib borish;
Dastur va Milliy tarbiya modelini amalga oshirishda “oila — mahalla — taʼlim muassasasi”, shuningdek, davlat va nodavlat tashkilotlari, fuqarolik jamiyati institutlari, ommaviy axborot vositalari oʻrtasida samarali hamkorlik mexanizmini yoʻlga qoʻyish.
6. Dastur quyidagi mexanizmlar orqali amalga oshiriladi:
yosh avlodni raqobatbardosh, fidoyi va vatanparvar, milliy qadriyatlar, zamonaviy bilim hamda koʻnikmalarga ega mutaxassislar etib tarbiyalashning yangi milliy texnologiyasi — Oʻzbekistonning Milliy tarbiya modeli yaratiladi;
yosh avlodning turli buzgʻunchi gʻoyalar, axborot xurujlari, odob-axloqni buzuvchi illatlarga qarshi immunitetini shakllantirishga qaratilgan tarbiyaviy kontentlar, targʻibot materiallaridan samarali foydalaniladi;
yosh avlodda milliy vatanparvarlik kompetensiyalari trayektoriyasini belgilash, kuzatish, oʻlchash, baholash, yaxshilash va rivojlantirishga qaratilgan monitoring yuritiladi.
7. Dastur quyidagi uch bosqichda amalga oshiriladi:
a) birinchi bosqich — maktabgacha taʼlim 3 — 6 yoshgacha boʻlgan davrni qamrab oladi. Bunda:
bolalarda milliy oʻzlik tuygʻusining rivojlanishi, oʻz xatti-harakatlarini boshqarish va oʻzini namoyon qilishga intilish, tevarak-atrofga munosabat koʻnikmalari shakllantiriladi;
“Kelajak soati” darsi doirasida namunaviy ish rejasi, bolalarning yoshiga mos xulq modellarini oʻrgatishga doir tarbiyachilar uchun qoʻllanma, bolalarga moʻljallangan zarur koʻrgazmali vositalar toʻplamlari, qiziqarli didaktik materiallar tayyorlanadi;
bolalarni vatanparvarlik ruhida tarbiyalash hamda ota-onalarning hamkorligini kuchaytirish maqsadida “Farzandim bilan ijod” loyihasi amalga oshiriladi;
b) ikkinchi bosqich — umumiy oʻrta taʼlim tizimida 7 — 18 yoshgacha boʻlgan davrni qamrab oladi;
“Kelajak soati” darsi uchun namunaviy ish rejasi, zarur qoʻllanma va koʻrgazmali vositalar toʻplami, ssenariylar, matnli, audio, videokontent mahsulotlar tayyorlanadi;
oʻquvchilar ongida mafkuraviy immunitetni mustahkamlash, buyuk ajdodlarimizning maʼnaviy merosini chuqur oʻrganish, oʻziga ishonch, mustaqil qaror qabul qilish, sogʻlom dunyoqarash, bagʻrikenglik, burch va masʼuliyat fazilatlari shakllantiriladi;
maktablardagi “Kelajak soati” darsini oʻtuvchi sinf rahbarlari hamda oʻqituvchilar uchun Milliy tarbiya modelini oʻrgatish boʻyicha trening va maqsadli malaka oshirish oʻquv kurslari kaskad usulida tashkil etiladi;
v) uchinchi bosqich — oʻrta maxsus, kasbiy va oliy taʼlim tashkilotlari tizimida 16 — 22 yoshgacha boʻlgan davrni qamrab oladi;
“Kelajak soati” darsi uchun namunaviy ish rejasi, zarur qoʻllanma va koʻrgazmali vositalar toʻplami, ssenariylar, matnli, audio, videokontent mahsulotlar tayyorlanadi;
taʼlim tashkilotlarida toʻgʻri ovqatlanish, sport va sogʻlomlashtirish dasturlarini hayotga tatbiq etishga qaratilgan tadbirlarni oʻz ichiga olgan “Sogʻlom avlod — millat kelajagi” loyihasi amalga oshiriladi;
“Oʻzlikni anglash” turkumida “Milliy qadriyatlar”, “Kasb madaniyati” va boshqa metodik taʼminotga yordam beruvchi oʻquv adabiyotlari tayyorlanadi;
yoshlarni milliy qadriyatlar va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash, talabalar sportini rivojlantirish va sogʻlom turmush tarzini keng targʻib qilish maqsadida fundamental, ilmiy va innovatsion loyihalar uchun tanlovlar oʻtkaziladi.
4-bob. Dasturni amalga oshirishdan kutilayotgan natijalar
8. Dasturda belgilangan vazifalarni amalga oshirish natijasida quyidagilarga erishiladi:
taʼlim tizimida milliy qadriyatlarga sodiq, maʼnaviy barkamol, fuqarolik pozitsiyasi mustahkam, jamiyatda oʻz oʻrnini toʻliq anglagan yosh avlodni tarbiyalash borasidagi mafkuraviy-tarbiyaviy yoʻnalish shakllantiriladi;
vatanparvarlikni asosiy qadriyat sifatida qabul qiluvchi madaniy muhitni shakllantirish va yoshlardagi mafkuraviy immunitetni mustahkamlash imkoni yaratiladi;
taʼlim-tarbiya sohasida masʼul vazirlik va idoralar, nodavlat notijorat tashkilotlar hamda fuqarolik jamiyati institutlari bilan hamkorlik yoʻlga qoʻyiladi;
maktabgacha taʼlimdan oliy taʼlimgacha boʻlgan uzluksiz taʼlim tizimida yagona milliy tarbiya tizimi yaratiladi;
taʼlim tashkilotlarida tarbiya modeli metodik komplekslar va fanlararo dasturlar bilan uzviy bogʻliq holda joriy etiladi.
9. Dastur Yangi Oʻzbekistonda yosh avlodni maʼnaviy yuksaltirish, keng dunyoqarashga ega boʻlishi, vatanparvar va jamiyatda boʻlayotgan oʻzgarishlarga daxldorlik hissi asosida tarbiyalashga xizmat qiladi.
5-bob. Dasturning amalga oshirilishini monitoring qilish
10. Dasturning amalga oshirilishini tizimli monitoring qilish, umumiy muvofiqlashtirish, respublikada taʼlim tashkilotlari rivojlanishiga toʻsqinlik qiluvchi muammoli masalalarni tezkor koʻrib chiqish va hal qilish tegishliligi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan amalga oshiriladi.
11. Dasturni amalga oshirish monitoringi natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar belgilangan muddatlarda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga va Vazirlar Mahkamasiga kiritib boriladi.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 28-yanvardagi 34-son qaroriga 2-ILOVA
Uzluksiz taʼlim tizimida yoshlarni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash samaradorligini oshirish dasturini 2026-yilda amalga oshirish boʻyicha
T/r Chora-tadbirlar Amalga oshirish mexanizmi Ijro muddati Moliyalashtirish manbai Masʼul ijrochilar 1. Taʼlim tashkilotlarida maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha masʼul rahbar va pedagoglarni ragʻbatlantirish maqsadida har oʻquv yilida “Milliy qadriyatlar targʻibotchisi” respublika tanlovini oʻtkazish. 1. Tegishli idoralar va tashkilotlar vakillaridan iborat ishchi guruh tuzish. 2026-yil fevral Ijrochilar mablagʻlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 2. “Milliy qadriyatlar targʻibotchisi” respublika tanlovi toʻgʻrisidagi nizomni ishlab chiqish va tasdiqlash. 2026-yil aprel 3. Reja asosida tanlovning tuman, shahar, viloyat va respublika bosqichlarini oʻtkazish. Reja-jadval asosida 4. Tanlovni yuqori saviyada tashkil etish va gʻoliblarni ragʻbatlantirish. 2026-yil noyabr 2. Maktabgacha, maktab hamda oliy taʼlim tashkilotlarida yoshlarni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash samaradorligini oshirish dasturining strategik gʻoyasi, maqsad va vazifalariga erishish uchun Oʻzbekistonning Milliy tarbiya modelini ishlab chiqish. 1. Ekspertlar guruhini shakllantirish. 2026-yil fevral - Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi, Taʼlimni rivojlantirish respublika ilmiy-metodik markazi 2. Milliy tarbiya modeli boʻyicha qoʻshma qaror loyihasini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2026-yil iyun 3. “Kelajak soati” darsi uchun milliy kontentlarni ishlab chiqish jarayonlariga, shuningdek, “oila — mahalla — taʼlim tashkiloti” hamkorlik mexanizmi asosida taʼlim tashkilotlarida kitobxonlik kechalari hamda madaniy uchrashuvlarni tashkil etishda taniqli teatr va kino aktyorlari, faol jamoatchilik vakillari, shoirlar hamda yozuvchilarni jalb etish. 1. Taniqli teatr va kino aktyorlari, maʼnaviyat targʻibotchilari, shoirlar, yozuvchilar roʻyxatini tuzish. 2026-yil fevral - Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi, Yozuvchilar uyushmasi 2. Milliy kontentlarni ishlab chiqish jarayonlarida taniqli teatr va kino aktyorlari, maʼnaviyat targʻibotchilari, shoirlar, yozuvchilar ishtirokini taʼminlash. 3. Sifatli va namunaviy kontentlar ishlab chiqqan soha mutaxassislarini ragʻbatlantirish choralarini koʻrib borish. doimiy 4. Respublikadagi har bir tuman (shahar)da faoliyati yoʻlga qoʻyilgan “Jasorat maktabi” oʻquvchilari oʻrtasida ikki bosqichdan iborat “Jasorat uchqunlari” harbiy-vatanparvarlik va sport musobaqasini oʻtkazish. 1. “Jasorat uchqunlari” harbiy-vatanparvarlik va sport musobaqasini tashkil etish yuzasidan ishchi guruh tuzish. 2026-yil fevral - Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Yoshlar ishlari agentligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 2. “Jasorat uchqunlari” harbiy-vatanparvarlik va sport musobaqasini tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisidagi qoʻshma qaror hamda Nizomni tasdiqlash. 2026-yil may 3. Musobaqa gʻoliblarini aniqlash va munosib taqdirlash. 4. Respublika bosqichida birinchi oʻrinni egallagan gʻolib jamoani xorijga taʼlim sayohatiga yuborish. 2026-yil iyul 5. “Oʻzlikni anglash” turkumida “Oʻzbek pedagogikasi”, “Oʻzbek madaniyati”, “Oʻzbek falsafasi” va boshqa metodik taʼminotga yordam beruvchi oʻquv adabiyotlarini tayyorlash. 1. Oʻquv adabiyotlarini yaratuvchi mualliflar guruhini shakllantirish. 2026-yil fevral Maʼnaviyat va ijodni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi, Taʼlimni rivojlantirish respublika ilmiy-metodik markazi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 2. Oʻquv adabiyotlarini tayyorlash. 2026-yil may 3. Oʻquv adabiyotlarini Maʼnaviyat va ijodni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari doirasida ajratilgan grant hisobidan chop etish. 2026-yil dekabr 6. Maktabgacha taʼlim tashkilotlarida “Farzandim bilan ijod”, maktab va oliy taʼlim tizimida “Sogʻlom avlod — millat kelajagi” va “Ekofaol yoshlar” loyihalarini amalga oshirish. 1. Loyihalarni tashkil etish dasturi va ssenariysini ishlab chiqish. 2026-yil mart Ijrochilar mablagʻlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Madaniyat vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Sport vazirligi 2. Ishlab chiqilgan ssenariylar asosida loyiha doirasidagi tadbirlarni yuqori saviyada oʻtkazish. 2026-yil aprel-may 7. Taʼlim tashkilotlarida tashkil etilgan “Vatan tayanchi” harakati aʼzolarining harbiy-vatanparvarlik forumini tashkil etish. 1. Forumni yuqori saviyada tashkil etish va oʻtkazish dasturini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2026-yil may “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakatini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari Mudofaa vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 2. Forumni tashkil etish va uning doirasida: Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning rahbarlari va “Vatan tayanchi” harakati aʼzolari oʻrtasida ochiq muloqotlar tashkil etish; maktabni aʼlo baholar bilan tamomlagan “Vatan tayanchi” harakati aʼzolariga tantanali ravishda imtiyozli tavsiyanomalar topshirish; oʻquv yili davomida yuqori natijalarga erishgan “Vatan tayanchi” harakati aʼzolarini taqdirlash. 2026-yil iyun 8. Talaba qizlar oʻrtasida “Toʻmaris izdoshlari”, talaba yigitlar oʻrtasida “Amir Temur vorislari” nomli harbiy-sport musobaqalarini oʻtkazish. 1. Harbiy — sport musobaqalari nizomini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2026-yil may Ijrochilar mablagʻlari Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Mudofaa vazirligi, Sport vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi 2. Belgilangan texnik talablarga asosida har bir hududdagi bitta oliy taʼlim tashkilotida musobaqalarni oʻtkazishga mos ravishda jihozlash. 2026-yil davomida 3. Musobaqalarni yuqori saviyada tashkil etish. Belgilangan muddatlarda 9. Taʼlim tashkilotlari uchun Dasturdagi ustuvor yoʻnalishlar asosida uzluksiz davom etuvchi Maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarning namunaviy ish rejasini ishlab chiqish. 1. Har oʻquv yili uchun Maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlar namunaviy ish rejasini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2026-yil 1-sentabrga qadar - Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 2. Ish rejasida belgilangan tadbirlarni yuqori saviyada oʻtkazish. Belgilangan muddatlarda 10. Maktabgacha, maktab, oʻrta maxsus, kasbiy taʼlim tashkilotlarida haftaning har dushanba kuni “Kelajak soati” darsini oʻtkazishni yoʻlga qoʻyish. Oliy taʼlim tashkilotlarida dars jadvaliga muvofiq “Kelajak soati” rukni ostida Maʼrifat darslarining muntazam oʻtilishini tashkil etish 1. Oʻquv yili uchun dars mavzularini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2026-yil iyul Ijrochilar mablagʻlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Bolalar kontentini rivojlantirish markazi Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Oliy Majlis va Oʻzbekiston xalqiga murojaatnomasi mazmuni va mohiyatini hamda “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasining asosiy yoʻnalishlari va maqsadlari haqida tushuncha va koʻnikmalarni berishga alohida eʼtibor qaratish. 2026-yil avgust 2. Dolzarb mavzular doirasida, dars ssenariylarini ishlab chiqish, videokontent mahsulotlarini tayyorlash reja-jadvalini tasdiqlash. 3. Reja-jadvalga muvofiq dars ssenariylari va videokontent mahsulotlarini tayyorlash. 4. Tayyorlangan barcha metodik materiallarni “milliytarbiya.uz” elektron platformasiga joylashtirish. Reja-jadval asosida 11. Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlaridagi “Kelajak soati” darsini oʻtuvchi sinf rahbarlari uchun maqsadli malaka oshirish oʻquvlarini kaskad usulida tashkil etish. 1. “Kelajak soati” darsini oʻtuvchi sinf rahbarlari uchun malaka oshirish oʻquv kurslarining reja-jadvalini tuzish. 2026-yil avgust - Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 2. Tasdiqlangan reja-jadval asosida malaka oshirish oʻquv kurslarini kaskad usulida tashkil etish. Reja-jadval asosida 12. Yosh avlodni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash borasida amalga oshirilayotgan ishlarni yoritish. 1. Yosh avlodni milliy qadriyatlarga sadoqat va vatanparvarlik ruhida tarbiyalash boʻyicha oʻtkazilayotgan tadbirlar toʻgʻrisida axborot materiallarini tayyorlash. 2. Tayyorlangan materiallarni OAV va ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritish. 2026-yil davomida - Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 28-yanvar,
34 -son