📅 2026-yil 31-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 31-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 31 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 января 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 January 2026 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 31 январдаги 4-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси (бундан буён матнда Олий малака комиссияси деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссияларининг қарорлари (бундан буён матнда малака комиссиялари деб юритилади) устидан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш мақсадида Олий малака комиссияси тузилади.
2. Олий малака комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларига ва мазкур Низомга амал қилади.
3. Олий малака комиссияси ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилишда мустақил ҳисобланади ва унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
4. Олий малака комиссияси ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади.
Олий малака комиссиясининг мазкур Низомга мувофиқ қабул қилган қарорлари малака комиссиялари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
5. Олий малака комиссиясининг моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
2-боб. Олий малака комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6. Олий малака комиссиясининг ҳуқуқлари:
манфаатдор шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;
зарур бўлганда, манфаатдор шахслар, тегишли ташкилотлардан ва малака комиссияларидан қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш;
қарор қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган янги очилган ҳолатларни ўрганиш;
малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек уларнинг фаолиятини ўрганиш мақсадида мурожаат қилиш ҳамда умумлаштириш ва таҳлил натижалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш.
7. Олий малака комиссияси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда:
Олий малака комиссиясига ўрганиб чиқиши учун киритилган масалаларни ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга;
қонунчилик ҳужжатларига, медиация фаолиятининг асосий принципларига қатъий риоя этишга мажбурдир.
3-боб. Олий малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш
8. Олий малака комиссияси медиаторлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Адлия вазирлигининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқ соҳасида тажрибага эга бўлган ходимлари орасидан тўққиз нафар аъзодан иборат бўлган таркибда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан уч йил муддатга тасдиқланади.
9. Бир шахс бир вақтнинг ўзида малака комиссиясининг ва Олий малака комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
10. Олий малака комиссияси раиси ва ўринбосари комиссиянинг биринчи йиғилишида тўлиқ таркибда иштирок этган аъзолар умумий сонининг оддий кўпчилик очиқ овоз бериши орқали олий малака комиссияси аъзолари орасидан сайланади. Олий малака комиссияси раислиги ва ўринбосарлигига номзодлар овоз беришда қатнашмайдилар.
Олий малака комиссияси раисининг ўринбосари Олий малака комиссиясининг мажлисида раис ҳозир бўлмаган ҳолларда раислик қилади.
Олий малака комиссияси аъзолигига медиаторлар орасидан номзодлар медиаторлик фаолияти бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олинади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг нотариат, адвокатура ва медиация бўйича масъул таркибий тузилмаси медиация соҳаси бўйича масъул ходими Олий малака комиссияси котиби (бундан буён матнда котиб деб юритилади) этиб тайинланади.
Котиб Олий малака комиссияси аъзоси ҳисобланмайди ва мажлисларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.
11. Қуйидаги ҳолатларда Олий малака комиссияси аъзоси комиссия таркибидан чиқарилади:
ўз аризасига биноан;
медиаторнинг фаолияти тўхтатиб турилганда ёки медиатор Медиаторлар реестридан чиқарилганда;
Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ходимларининг иш жойи ўзгарганда ёки ходимлар ишдан бўшатилганда;
комиссия аъзоси томонидан мазкур Низом талаблари қўпол равишда бузилганда;
комиссия аъзоси соғлиғининг ҳолатига кўра вазифаларини бажариш имкони бўлмаганда;
комиссия аъзоси комиссия йиғилишларида кетма-кет уч марта узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда.
Ушбу банднинг бешинчи — еттинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича Олий малака комиссияси аъзосини мазкур комиссия таркибидан чиқариш масаласи Олий малака комиссияси раиси томонидан комиссия йиғилишига киритилади.
Олий малака комиссияси аъзосини комиссия таркибидан чиқариш тўғрисидаги қарор комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида Олий малака комиссияси таркибидан чиқарилган комиссия аъзосига ёзма равишда маълум қилинади.
Олий малака комиссияси аъзоси комиссия таркибидан чиқарилганлиги тўғрисидаги қарор устидан қонунчиликда белгиланган муддатларда судга шикоят қилиши мумкин.
Олий малака комиссияси аъзосини ушбу банднинг иккинчи — еттинчи ҳатбошиларида назарда тутилмаган бошқа асослар бўйича мазкур комиссияси таркибидан чиқарилишига йўл қўйилмайди.
Олий малака комиссия таркибидан чиқарилган аъзо ўрнига Олий малака комиссияси раиси тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан янги комиссия аъзоси киритилади.
12. Олий малака комиссияси раиси комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақтни белгилайди, шунингдек комиссия йиғилишларини ўтказади ва уларга раҳбарлик қилади.
13. Олий малака комиссияси раиси комиссия ишини ташкил қилиш ҳамда унинг ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.
14. Олий малака комиссиясининг аъзоси бўлган медиаторга нисбатан интизомий иш юритиш кўриб чиқилиши ёки Олий малака комиссияси аъзосининг малака имтиҳонини топшириши натижалари бўйича шикояти кўриб чиқилган ҳолларда, улар Олий малака комиссияси мажлисида қатнашишга ҳақли эмас.
Олий малака комиссияси аъзоси:
Олий малака комиссияси мажлисида кўрилаётган масалалар бўйича талабгор, медиатор ва бошқа манфаатдор шахснинг яқин қариндоши бўлса;
Олий малака комиссияси мажлисининг натижасидан ва унда қабул қилинадиган қарордан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, Олий малака комиссияси мажлисида иштирок этиши мумкин эмас ва у рад этилиши лозим.
Мазкур бандда кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Олий малака комиссияси аъзоси ўзини ўзи рад этиши шарт. Агар у бундай қилмаса, айни шу асослар бўйича Олий малака комиссиясининг бошқа аъзолари кўпчилик овози билан, шунингдек масаласи кўрилаётган талабгорлар, медиаторлар ва бошқа манфаатдор шахслар томонидан рад этилиши мумкин.
Рад этиш ҳақидаги баёнот асослантирилган бўлиши керак.
Рад этиш билдирилган Олий малака комиссияси аъзоси рад этиш тўғрисидаги масала кўрилишидан олдин ўз тушунтиришини беришга ҳақли.
Рад этиш тўғрисидаги масала рад қилинаётган шахснинг йўқлигида Олий малака комиссиясининг қолган аъзолари томонидан кўпчилик овози билан ҳал этилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда ҳам, ушбу комиссия аъзоси рад этилган ҳисобланади.
15. Олий малака комиссияси мажлиси, агар унда тегишли комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса, ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.
Ваколатли (кворумга эга) бўлмаган ҳолда тегишли комиссиянинг мажлисда ҳозир бўлган аъзолари томонидан мажлисни кейинга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади. Манфаатдор шахслар мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида қўшимча равишда хабардор қилинади.
16. Олий малака комиссиясининг мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
Олий малака комиссияси раиси комиссия мажлиси ўтказилишидан камида ўн кун олдин мажлиснинг кун тартиби, санаси, вақти ва жойини белгилайди.
Котиб комиссия мажлиси ўтказилишидан камида етти кун олдин мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида комиссия мажлисида иштирок этадиган манфаатдор шахсларни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.
17. Олий малака комиссиясининг қарорлари унинг мажлисида қатнашаётган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан, очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Олий малака комиссиясининг қарорлари улар қайси мажлисда қабул қилинган бўлса, ўша мажлисда раислик қилувчи томонидан эълон қилинади.
18. Олий малака комиссиясининг ишини юритиш котиб томонидан амалга оширилади.
19. Котиб:
шикоятларни кўриб чиқади;
малака комиссиясининг котибидан шикоят юзасидан тегишли материалларни талаб қилиб олади;
Олий малака комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган материалларни тайёрлайди ва уларнинг сақланишини таъминлайди;
Олий малака комиссияси аъзоларини, шунингдек шикоят берган шахсларни ва бошқа манфаатдор шахсларни Олий малака комиссиясининг мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади;
Олий малака комиссияси аъзолари ва манфаатдор шахсларнинг мажлисда ҳозир бўлганлигини текширади, ҳозир бўлмаганлик сабабларини аниқлайди ва бу ҳақида Олий малака комиссияси раисига ахборот беради;
Олий малака комиссияси мажлисларининг баённомаларини юритади;
раислик қилувчининг Олий малака комиссияси мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ топшириқларини бажаради, шунингдек мазкур Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
20. Олий малака комиссияси мажлисларида манфаатдор шахслар видеоконференцалоқа тизимида иштирок этиши мумкин.
21. Олий малака комиссиясининг мажлисларида баённома юритилади, у мажлисда раислик этувчи ва котиб томонидан имзоланади.
Олий малака комиссиясининг қароридан норози бўлган Олий малака комиссиясининг аъзоси комиссия мажлисининг баённомасига киритиладиган ўзининг нуқтаи назарини ёзма ёки электрон шаклда баён этишга ҳақли.
Олий малака комиссияси мажлислари баённомаси ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилиши мумкин.
22. Олий малака комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган масалаларга қараб, баённомада:
Олий малака комиссияси мажлиси ўтказиладиган сана ва жой;
Олий малака комиссиясининг мажлисида қатнашган Олий малака комиссияси аъзоларининг рўйхати;
Олий малака комиссияси мажлисининг кун тартиби;
малака комиссиясининг қарори устидан келтирилган шикоят;
шикоятда баён этилган важлар, Олий малака комиссияси аъзоларининг, манфаатдор шахсларнинг сўзга чиқишлари ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосий мазмуни;
Олий малака комиссияси аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар;
шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича овоз бериш якунлари;
Олий малака комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган ҳар бир масала бўйича қарорлар;
Олий малака комиссияси қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби;
қарор қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар акс эттирилади.
23. Олий малака комиссияси мажлисининг баённомасидан кўчирмалар қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай котибнинг имзоси (электрон имзоси) билан манфаатдор шахсларга ёзма ёки электрон шаклда юборилади.
Олий малака комиссияси мажлиси баённомасидан кўчирмаларда Олий малака комиссиясининг мажлиси ўтказилган сана ва жой тўғрисидаги маълумотлар, Олий малака комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган қисмидаги, тегишли манфаатдор шахсларга тааллуқли бўлган масала бўйича қарор ва ушбу қарор устидан шикоят қилиш тартиби баён этилади.
4-боб. Шикоятларни кўриб чиқиш
24. Малака комиссиялари қарорларининг устидан келтирилган шикоятлар манфаатдор шахслар томонидан малака комиссияси мажлисининг баённомасидан кўчирма олинган кундан эътиборан Олий малака комиссиясига бир ой ичида берилиши мумкин.
Олий малака комиссияси муддат ўтказиб юборилганлиги сабабларини узрли деб топиб, ана шу муддатни тиклаши ва шикоятни мазмунан кўриб чиқиши мумкин.
Шикоятларни кўриб чиқиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3767, 2026 йил 2 февраль) мувофиқ амалга оширилади.
25. Шикоят Олий малака комиссияси томонидан у Адлия вазирлигига келиб тушган кундан эътиборан кўпи билан бир ой ичида кўриб чиқилиши керак.
26. Олий малака комиссияси интизомий иш юритиш бўйича шикоятни кўриб чиқиш вақтида интизомий иш юритиш билан боғлиқ алоҳида масалаларни ўрганиш талаб этилади деган хулосага келса, бундай ўрганишни ўтказиш вазифаси Олий малака комиссиясининг қарори билан ўз аъзоларидан бирининг ва (ёки) котибнинг зиммасига юклатилиши мумкин.
27. Олий малака комиссияси шикоятни кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
малака комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад қилиш;
малака комиссиясининг қарорини ўзгартириш ва янги қарор қабул қилиш;
талабгор малака имтиҳонини топшириши натижалари бўйича малака комиссиясининг қарорини бекор қилиш;
малака комиссияси қарорини бекор қилиш ва медиаторга нисбатан интизомий иш юритишни тугатиш;
шикоятни кўрмасдан қолдириш.
28. Олий малака комиссияси томонидан малака комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисидаги қарор:
шикоят мазкур Низом талабларига мувофиқ бўлмаган;
шикоятда баён этилган важлар тасдиқланмаган ҳолларда қабул қилинади.
29. Олий малака комиссияси томонидан малака комиссиясининг қарорини ўзгартириш ва янги қарор қабул қилиш:
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3767, 2026 йил 2 февраль) талаблари бузилган ҳолда, агар бундай қоидабузарлик малака комиссиясининг қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган бўлса;
малака комиссияси томонидан асослантирилмаган қарор қабул қилинган ҳолларда амалга оширилади.
30. Олий малака комиссияси томонидан талабгор малака имтиҳони топшириши натижалари бўйича малака комиссиясининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш:
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3767, 2026 йил 2 февраль) талаблари бузилган ҳолларда, агар бундай қоидабузарлик малака комиссиясининг қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган бўлса;
талабгор томонидан малака имтиҳонида берилган жавобларни баҳолашда малака комиссияси томонидан холислик ва беғаразлик таъминланмаган деб топилган ҳолларда амалга оширилади.
Олий малака комиссияси малака комиссиясининг талабгор томонидан малака имтиҳонини топшириши натижалари бўйича қарорини бекор қилиш билан бир вақтда ўз қарори билан малака имтиҳонини топширган деб топиш ҳақида қарор қабул қилади.
31. Олий малака комиссияси томонидан малака комиссиясининг қарорини бекор қилиш ва медиаторга нисбатан интизомий иш юритишни тугатиш тўғрисидаги қарор:
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3767, 2026 йил 2 февраль) талаблари бузилган ҳолларда, агар бундай қоидабузарлик малака комиссиясининг қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган бўлса;
малака комиссияси томонидан асослантирилмаган қарор қабул қилинган ҳолларда қабул қилинади.
32. Олий малака комиссияси томонидан шикоятни кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги қарор:
Олий малака комиссиясига шикоят берган шахснинг шикоятни кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги аризаси келиб тушган тақдирда;
судда худди шу масала бўйича фуқаролик иши қўзғатилган ёки иш бўйича суднинг тегишли қарори қабул қилинган ҳолларда;
айнан шу медиатор айнан шу ҳолатлар бўйича муқаддам адвокат ёки нотариус сифатида интизомий жавобгарликка тортилган бўлса;
медиатор интизомий иш қўзғатилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахс билан ярашувга эришган ҳолларда қабул қилинади.
5-боб. Малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш
33. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш мақсадида уларнинг фаолиятини ўрганади. Бундай ўрганишларга Олий малака комиссиясининг аъзолари ҳам жалб қилиниши мумкин.
34. Малака комиссияларининг фаолиятини ўрганиш якунлари бўйича уларнинг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек хулосалар ва тавсияларни ўз ичига олган таҳлилий маълумотнома тузилади.
35. Малака комиссияларининг фаолиятига доир таҳлилий маълумотнома Олий малака комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади ва унинг қарори билан тасдиқланади.
36. Олий малака комиссиясининг қарорига биноан таҳлилий маълумотнома раҳбарлик ва ижро қилиш учун малака комиссияларига юборилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
37. Олий малака комиссиясининг қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
38. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 31 январь,
4-mh -сон
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining
buyrugʻi
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Mediatorlar oliy malaka komissiyasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Mediatsiya toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Mediatorlar oliy malaka komissiyasi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2026-yil 31-yanvardagi 4-mh-son buyrugʻiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Mediatorlar oliy malaka komissiyasi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Mediatorlar oliy malaka komissiyasi (bundan buyon matnda Oliy malaka komissiyasi deb yuritiladi) faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari huzuridagi mediatorlar malaka komissiyalarining qarorlari (bundan buyon matnda malaka komissiyalari deb yuritiladi) ustidan berilgan apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish, shuningdek malaka komissiyalarining ish amaliyotini umumlashtirish va tahlil qilish maqsadida Oliy malaka komissiyasi tuziladi.
2. Oliy malaka komissiyasi oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga, Mediatorning kasb etikasi qoidalariga va mazkur Nizomga amal qiladi.
3. Oliy malaka komissiyasi oʻz vakolatlari doirasida qarorlar qabul qilishda mustaqil hisoblanadi va uning faoliyatiga aralashishga yoʻl qoʻyilmaydi.
4. Oliy malaka komissiyasi oʻz vakolatlari doirasida qarorlar qabul qiladi.
Oliy malaka komissiyasining mazkur Nizomga muvofiq qabul qilgan qarorlari malaka komissiyalari tomonidan ijro etilishi majburiydir.
5. Oliy malaka komissiyasining moddiy-texnika taʼminoti Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan amalga oshiriladi.
2-bob. Oliy malaka komissiyasining huquq va majburiyatlari
6. Oliy malaka komissiyasining huquqlari:
manfaatdor shaxslarning shikoyatlarini koʻrib chiqish va ular boʻyicha tegishli qarorlar qabul qilish;
zarur boʻlganda, manfaatdor shaxslar, tegishli tashkilotlardan va malaka komissiyalaridan qoʻshimcha hujjatlarni soʻrab olish;
qaror qabul qilish uchun ahamiyatga ega boʻlgan yangi ochilgan holatlarni oʻrganish;
malaka komissiyalarining ish amaliyotini umumlashtirish va tahlil qilish, shuningdek ularning faoliyatini oʻrganish maqsadida murojaat qilish hamda umumlashtirish va tahlil natijalari boʻyicha tegishli qarorlar qabul qilish.
7. Oliy malaka komissiyasi oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarni bajarishda:
Oliy malaka komissiyasiga oʻrganib chiqishi uchun kiritilgan masalalarni har tomonlama va xolisona koʻrib chiqishga;
qonunchilik hujjatlariga, mediatsiya faoliyatining asosiy prinsiplariga qatʼiy rioya etishga majburdir.
3-bob. Oliy malaka komissiyasi faoliyatini tashkil etish
8. Oliy malaka komissiyasi mediatorlar, fuqarolik jamiyati institutlari vakillari, Adliya vazirligining hamda boshqa tashkilotlarning huquq sohasida tajribaga ega boʻlgan xodimlari orasidan toʻqqiz nafar aʼzodan iborat boʻlgan tarkibda Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining buyrugʻi bilan uch yil muddatga tasdiqlanadi.
9. Bir shaxs bir vaqtning oʻzida malaka komissiyasining va Oliy malaka komissiyasining aʼzosi boʻlishi mumkin emas.
10. Oliy malaka komissiyasi raisi va oʻrinbosari komissiyaning birinchi yigʻilishida toʻliq tarkibda ishtirok etgan aʼzolar umumiy sonining oddiy koʻpchilik ochiq ovoz berishi orqali oliy malaka komissiyasi aʼzolari orasidan saylanadi. Oliy malaka komissiyasi raisligi va oʻrinbosarligiga nomzodlar ovoz berishda qatnashmaydilar.
Oliy malaka komissiyasi raisining oʻrinbosari Oliy malaka komissiyasining majlisida rais hozir boʻlmagan hollarda raislik qiladi.
Oliy malaka komissiyasi aʼzoligiga mediatorlar orasidan nomzodlar mediatorlik faoliyati boʻyicha kamida uch yillik ish stajiga ega boʻlgan shaxslar orasidan tanlab olinadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining notariat, advokatura va mediatsiya boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmasi mediatsiya sohasi boʻyicha masʼul xodimi Oliy malaka komissiyasi kotibi (bundan buyon matnda kotib deb yuritiladi) etib tayinlanadi.
Kotib Oliy malaka komissiyasi aʼzosi hisoblanmaydi va majlislarda ovoz berish huquqiga ega boʻlmaydi.
11. Quyidagi holatlarda Oliy malaka komissiyasi aʼzosi komissiya tarkibidan chiqariladi:
oʻz arizasiga binoan;
mediatorning faoliyati toʻxtatib turilganda yoki mediator Mediatorlar reyestridan chiqarilganda;
Adliya vazirligi va boshqa tashkilotlar xodimlarining ish joyi oʻzgarganda yoki xodimlar ishdan boʻshatilganda;
komissiya aʼzosi tomonidan mazkur Nizom talablari qoʻpol ravishda buzilganda;
komissiya aʼzosi sogʻligʻining holatiga koʻra vazifalarini bajarish imkoni boʻlmaganda;
komissiya aʼzosi komissiya yigʻilishlarida ketma-ket uch marta uzrli sabablarsiz ishtirok etmagan taqdirda.
Ushbu bandning beshinchi — yettinchi xatboshilarida nazarda tutilgan asoslar boʻyicha Oliy malaka komissiyasi aʼzosini mazkur komissiya tarkibidan chiqarish masalasi Oliy malaka komissiyasi raisi tomonidan komissiya yigʻilishiga kiritiladi.
Oliy malaka komissiyasi aʼzosini komissiya tarkibidan chiqarish toʻgʻrisidagi qaror komissiya aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.
Qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida Oliy malaka komissiyasi tarkibidan chiqarilgan komissiya aʼzosiga yozma ravishda maʼlum qilinadi.
Oliy malaka komissiyasi aʼzosi komissiya tarkibidan chiqarilganligi toʻgʻrisidagi qaror ustidan qonunchilikda belgilangan muddatlarda sudga shikoyat qilishi mumkin.
Oliy malaka komissiyasi aʼzosini ushbu bandning ikkinchi — yettinchi hatboshilarida nazarda tutilmagan boshqa asoslar boʻyicha mazkur komissiyasi tarkibidan chiqarilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Oliy malaka komissiya tarkibidan chiqarilgan aʼzo oʻrniga Oliy malaka komissiyasi raisi taqdimnomasiga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining buyrugʻi bilan yangi komissiya aʼzosi kiritiladi.
12. Oliy malaka komissiyasi raisi komissiyaning navbatdagi yigʻilishi oʻtkaziladigan kun va vaqtni belgilaydi, shuningdek komissiya yigʻilishlarini oʻtkazadi va ularga rahbarlik qiladi.
13. Oliy malaka komissiyasi raisi komissiya ishini tashkil qilish hamda uning oʻz vaqtida, toʻgʻri va haqqoniy oʻtkazilishi uchun masʼul hisoblanadi.
14. Oliy malaka komissiyasining aʼzosi boʻlgan mediatorga nisbatan intizomiy ish yuritish koʻrib chiqilishi yoki Oliy malaka komissiyasi aʼzosining malaka imtihonini topshirishi natijalari boʻyicha shikoyati koʻrib chiqilgan hollarda, ular Oliy malaka komissiyasi majlisida qatnashishga haqli emas.
Oliy malaka komissiyasi aʼzosi:
Oliy malaka komissiyasi majlisida koʻrilayotgan masalalar boʻyicha talabgor, mediator va boshqa manfaatdor shaxsning yaqin qarindoshi boʻlsa;
Oliy malaka komissiyasi majlisining natijasidan va unda qabul qilinadigan qarordan bevosita yoki bilvosita manfaatdor boʻlsa yoxud uning begʻarazligiga shubha tugʻdiradigan boshqa holatlar mavjud boʻlsa, Oliy malaka komissiyasi majlisida ishtirok etishi mumkin emas va u rad etilishi lozim.
Mazkur bandda koʻrsatilgan holatlar mavjud boʻlgan taqdirda, Oliy malaka komissiyasi aʼzosi oʻzini oʻzi rad etishi shart. Agar u bunday qilmasa, ayni shu asoslar boʻyicha Oliy malaka komissiyasining boshqa aʼzolari koʻpchilik ovozi bilan, shuningdek masalasi koʻrilayotgan talabgorlar, mediatorlar va boshqa manfaatdor shaxslar tomonidan rad etilishi mumkin.
Rad etish haqidagi bayonot asoslantirilgan boʻlishi kerak.
Rad etish bildirilgan Oliy malaka komissiyasi aʼzosi rad etish toʻgʻrisidagi masala koʻrilishidan oldin oʻz tushuntirishini berishga haqli.
Rad etish toʻgʻrisidagi masala rad qilinayotgan shaxsning yoʻqligida Oliy malaka komissiyasining qolgan aʼzolari tomonidan koʻpchilik ovozi bilan hal etiladi. Ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda ham, ushbu komissiya aʼzosi rad etilgan hisoblanadi.
15. Oliy malaka komissiyasi majlisi, agar unda tegishli komissiya aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi qatnashsa, vakolatli (kvorumga ega) hisoblanadi.
Vakolatli (kvorumga ega) boʻlmagan holda tegishli komissiyaning majlisda hozir boʻlgan aʼzolari tomonidan majlisni keyinga qoldirish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi. Manfaatdor shaxslar majlis oʻtkaziladigan sana, vaqt va joy haqida qoʻshimcha ravishda xabardor qilinadi.
16. Oliy malaka komissiyasining majlislari zaruratga qarab, lekin har chorakda kamida bir marta oʻtkaziladi.
Oliy malaka komissiyasi raisi komissiya majlisi oʻtkazilishidan kamida oʻn kun oldin majlisning kun tartibi, sanasi, vaqti va joyini belgilaydi.
Kotib komissiya majlisi oʻtkazilishidan kamida yetti kun oldin majlis oʻtkaziladigan sana, vaqt va joy haqida komissiya majlisida ishtirok etadigan manfaatdor shaxslarni yozma yoki elektron shaklda xabardor qiladi.
17. Oliy malaka komissiyasining qarorlari uning majlisida qatnashayotgan komissiya aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan, ochiq ovoz berish orqali qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlganda, raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
Oliy malaka komissiyasining qarorlari ular qaysi majlisda qabul qilingan boʻlsa, oʻsha majlisda raislik qiluvchi tomonidan eʼlon qilinadi.
18. Oliy malaka komissiyasining ishini yuritish kotib tomonidan amalga oshiriladi.
19. Kotib:
shikoyatlarni koʻrib chiqadi;
malaka komissiyasining kotibidan shikoyat yuzasidan tegishli materiallarni talab qilib oladi;
Oliy malaka komissiyasining majlisida koʻrib chiqilishi lozim boʻlgan materiallarni tayyorlaydi va ularning saqlanishini taʼminlaydi;
Oliy malaka komissiyasi aʼzolarini, shuningdek shikoyat bergan shaxslarni va boshqa manfaatdor shaxslarni Oliy malaka komissiyasining majlisi oʻtkaziladigan sana, vaqt va joy toʻgʻrisida xabardor qiladi;
Oliy malaka komissiyasi aʼzolari va manfaatdor shaxslarning majlisda hozir boʻlganligini tekshiradi, hozir boʻlmaganlik sabablarini aniqlaydi va bu haqida Oliy malaka komissiyasi raisiga axborot beradi;
Oliy malaka komissiyasi majlislarining bayonnomalarini yuritadi;
raislik qiluvchining Oliy malaka komissiyasi majlisiga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish bilan bogʻliq topshiriqlarini bajaradi, shuningdek mazkur Nizomga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshiradi.
20. Oliy malaka komissiyasi majlislarida manfaatdor shaxslar videokonferensaloqa tizimida ishtirok etishi mumkin.
21. Oliy malaka komissiyasining majlislarida bayonnoma yuritiladi, u majlisda raislik etuvchi va kotib tomonidan imzolanadi.
Oliy malaka komissiyasining qaroridan norozi boʻlgan Oliy malaka komissiyasining aʼzosi komissiya majlisining bayonnomasiga kiritiladigan oʻzining nuqtai nazarini yozma yoki elektron shaklda bayon etishga haqli.
Oliy malaka komissiyasi majlislari bayonnomasi yozma yoki elektron shaklda rasmiylashtirilishi mumkin.
22. Oliy malaka komissiyasi majlisining kun tartibiga kiritilgan masalalarga qarab, bayonnomada:
Oliy malaka komissiyasi majlisi oʻtkaziladigan sana va joy;
Oliy malaka komissiyasining majlisida qatnashgan Oliy malaka komissiyasi aʼzolarining roʻyxati;
Oliy malaka komissiyasi majlisining kun tartibi;
malaka komissiyasining qarori ustidan keltirilgan shikoyat;
shikoyatda bayon etilgan vajlar, Oliy malaka komissiyasi aʼzolarining, manfaatdor shaxslarning soʻzga chiqishlari hamda tegishli tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan hujjatlarning asosiy mazmuni;
Oliy malaka komissiyasi aʼzolari tomonidan bildirilgan fikr-mulohazalar;
shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha ovoz berish yakunlari;
Oliy malaka komissiyasi majlisining kun tartibiga kiritilgan har bir masala boʻyicha qarorlar;
Oliy malaka komissiyasi qarorlari ustidan shikoyat qilish tartibi;
qaror qabul qilish uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlar aks ettiriladi.
23. Oliy malaka komissiyasi majlisining bayonnomasidan koʻchirmalar qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kunidan kechiktirmay kotibning imzosi (elektron imzosi) bilan manfaatdor shaxslarga yozma yoki elektron shaklda yuboriladi.
Oliy malaka komissiyasi majlisi bayonnomasidan koʻchirmalarda Oliy malaka komissiyasining majlisi oʻtkazilgan sana va joy toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, Oliy malaka komissiyasi majlisining kun tartibiga kiritilgan qismidagi, tegishli manfaatdor shaxslarga taalluqli boʻlgan masala boʻyicha qaror va ushbu qaror ustidan shikoyat qilish tartibi bayon etiladi.
4-bob. Shikoyatlarni koʻrib chiqish
24. Malaka komissiyalari qarorlarining ustidan keltirilgan shikoyatlar manfaatdor shaxslar tomonidan malaka komissiyasi majlisining bayonnomasidan koʻchirma olingan kundan eʼtiboran Oliy malaka komissiyasiga bir oy ichida berilishi mumkin.
Oliy malaka komissiyasi muddat oʻtkazib yuborilganligi sabablarini uzrli deb topib, ana shu muddatni tiklashi va shikoyatni mazmunan koʻrib chiqishi mumkin.
Shikoyatlarni koʻrib chiqish Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari huzuridagi Mediatorlar malaka komissiyalari toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3767, 2026-yil 2-fevral) muvofiq amalga oshiriladi.
25. Shikoyat Oliy malaka komissiyasi tomonidan u Adliya vazirligiga kelib tushgan kundan eʼtiboran koʻpi bilan bir oy ichida koʻrib chiqilishi kerak.
26. Oliy malaka komissiyasi intizomiy ish yuritish boʻyicha shikoyatni koʻrib chiqish vaqtida intizomiy ish yuritish bilan bogʻliq alohida masalalarni oʻrganish talab etiladi degan xulosaga kelsa, bunday oʻrganishni oʻtkazish vazifasi Oliy malaka komissiyasining qarori bilan oʻz aʼzolaridan birining va (yoki) kotibning zimmasiga yuklatilishi mumkin.
27. Oliy malaka komissiyasi shikoyatni koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
malaka komissiyasining qarorini oʻzgarishsiz qoldirish va shikoyatni qanoatlantirishni rad qilish;
malaka komissiyasining qarorini oʻzgartirish va yangi qaror qabul qilish;
talabgor malaka imtihonini topshirishi natijalari boʻyicha malaka komissiyasining qarorini bekor qilish;
malaka komissiyasi qarorini bekor qilish va mediatorga nisbatan intizomiy ish yuritishni tugatish;
shikoyatni koʻrmasdan qoldirish.
28. Oliy malaka komissiyasi tomonidan malaka komissiyasining qarorini oʻzgarishsiz qoldirish va shikoyatni qanoatlantirishni rad qilish toʻgʻrisidagi qaror:
shikoyat mazkur Nizom talablariga muvofiq boʻlmagan;
shikoyatda bayon etilgan vajlar tasdiqlanmagan hollarda qabul qilinadi.
29. Oliy malaka komissiyasi tomonidan malaka komissiyasining qarorini oʻzgartirish va yangi qaror qabul qilish:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari huzuridagi Mediatorlar malaka komissiyalari toʻgʻrisidagi nizom (roʻyxat raqami 3767, 2026-yil 2-fevral) talablari buzilgan holda, agar bunday qoidabuzarlik malaka komissiyasining qaror qabul qilishiga taʼsir koʻrsatgan boʻlsa;
malaka komissiyasi tomonidan asoslantirilmagan qaror qabul qilingan hollarda amalga oshiriladi.
30. Oliy malaka komissiyasi tomonidan talabgor malaka imtihoni topshirishi natijalari boʻyicha malaka komissiyasining qarorini bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilish:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari huzuridagi Mediatorlar malaka komissiyalari toʻgʻrisidagi nizom (roʻyxat raqami 3767, 2026-yil 2-fevral) talablari buzilgan hollarda, agar bunday qoidabuzarlik malaka komissiyasining qaror qabul qilishiga taʼsir koʻrsatgan boʻlsa;
talabgor tomonidan malaka imtihonida berilgan javoblarni baholashda malaka komissiyasi tomonidan xolislik va begʻarazlik taʼminlanmagan deb topilgan hollarda amalga oshiriladi.
Oliy malaka komissiyasi malaka komissiyasining talabgor tomonidan malaka imtihonini topshirishi natijalari boʻyicha qarorini bekor qilish bilan bir vaqtda oʻz qarori bilan malaka imtihonini topshirgan deb topish haqida qaror qabul qiladi.
31. Oliy malaka komissiyasi tomonidan malaka komissiyasining qarorini bekor qilish va mediatorga nisbatan intizomiy ish yuritishni tugatish toʻgʻrisidagi qaror:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari huzuridagi Mediatorlar malaka komissiyalari toʻgʻrisidagi nizom (roʻyxat raqami 3767, 2026-yil 2-fevral) talablari buzilgan hollarda, agar bunday qoidabuzarlik malaka komissiyasining qaror qabul qilishiga taʼsir koʻrsatgan boʻlsa;
malaka komissiyasi tomonidan asoslantirilmagan qaror qabul qilingan hollarda qabul qilinadi.
32. Oliy malaka komissiyasi tomonidan shikoyatni koʻrmasdan qoldirish toʻgʻrisidagi qaror:
Oliy malaka komissiyasiga shikoyat bergan shaxsning shikoyatni koʻrmasdan qoldirish toʻgʻrisidagi arizasi kelib tushgan taqdirda;
sudda xuddi shu masala boʻyicha fuqarolik ishi qoʻzgʻatilgan yoki ish boʻyicha sudning tegishli qarori qabul qilingan hollarda;
aynan shu mediator aynan shu holatlar boʻyicha muqaddam advokat yoki notarius sifatida intizomiy javobgarlikka tortilgan boʻlsa;
mediator intizomiy ish qoʻzgʻatilishiga sabab boʻlgan shikoyatni bergan shaxs bilan yarashuvga erishgan hollarda qabul qilinadi.
5-bob. Malaka komissiyalarining ish amaliyotini umumlashtirish va tahlil qilish
33. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi malaka komissiyalarining ish amaliyotini umumlashtirish va tahlil qilish maqsadida ularning faoliyatini oʻrganadi. Bunday oʻrganishlarga Oliy malaka komissiyasining aʼzolari ham jalb qilinishi mumkin.
34. Malaka komissiyalarining faoliyatini oʻrganish yakunlari boʻyicha ularning ish amaliyotini umumlashtirish va tahlil qilish, shuningdek xulosalar va tavsiyalarni oʻz ichiga olgan tahliliy maʼlumotnoma tuziladi.
35. Malaka komissiyalarining faoliyatiga doir tahliliy maʼlumotnoma Oliy malaka komissiyasining majlisida koʻrib chiqiladi va uning qarori bilan tasdiqlanadi.
36. Oliy malaka komissiyasining qaroriga binoan tahliliy maʼlumotnoma rahbarlik va ijro qilish uchun malaka komissiyalariga yuboriladi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
37. Oliy malaka komissiyasining qarorlari ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin.
38. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Vazir A. TASHKULOV
Toshkent sh.,
2026-yil 31-yanvar,
4-mh -son