UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 10-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 10 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 февраля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 February 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ПАРАМЕТРЛАРИ

ПАРАМЕТРЛАРИ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Миллий координаталар тизимини жорий этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Миллий координаталар тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Миллий координаталар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тартиби;

Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби;

Миллий координаталар тизими маълумотлар базасидан фойдаланиш тартиби;

Миллий координаталар тизимини ривожлантириш ва метрологик таъминлаш тартиби.

2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими тўғрисидаги низом талаблари давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда — Кадастр агентлиги) Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш ва юритишга масъул ҳисобланади;

Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида Кадастр агентлиги учун назарда тутиладиган маблағлар доирасида молиялаштирилади.

3. Кадастр агентлиги уч ой муддатда Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда веб-саҳифасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича техник топшириқ тасдиқланишини ҳамда 2026 йил 1 сентябрга қадар ахборот тизимининг тўлиқ ишга туширилишини таъминласин.

4. Давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда 2030 йил 1 январга қадар фойдаланишда бўлган координата тизимларини Миллий координаталар тизими маълумотлар базасига киритилишини таъминласин.

2030 йил 1 январдан фақат Миллий координаталар тизими маълумотлар базасига киритилган координата тизимларидан фойдаланилади.

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида координаталар халқаро геодезия тизимларини қўллаш ва улардан очиқ фойдаланиш тўғрисида» 2017 йил 26 декабрдаги 1022-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 10 февралдаги 49-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими ва унинг параметрларини ўрнатиш, жорий этиш ҳамда фойдаланиш, шунингдек, Миллий координаталар тизимининг маълумотлар базасини шакллантириш, юритиш, фойдаланиш, Миллий координаталар тизимига асосланган янги координаталар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, Миллий координаталар тизимини ривожлантириш ҳамда метрологик таъминлаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:

бошланғич ноль нуқта — Ўзбекистон Республикасининг Миллий координаталар тизими учун бош геодезия таянч пункти ҳисобланади;

Буюртмачи — геодезия, картография, кадастр ёки бошқа фазовий маълумотларга оид ишларни буюртма қилувчи ва техник топшириқ берувчи жисмоний ёки юридик шахс;

геоид — денгиз сатҳини энг яхши тарзда ифодаловчи сатҳий юза, у ҳар қандай нуқтада шовун чизиққа перпендикуляр бўлади;

геодезия референс датуми — ер билан боғланган икки ёки уч ўлчамли координата тизими ўртасидаги ўзаро боғлиқликни (алоқани) таърифлаб берувчи референс асос ёки датум;

датум — координата тизимининг бош нуқтаси, масштаби ва йўналишини аниқловчи параметр ёки параметрлар тўплами;

Ер гравитация майдонининг глобал модели — Ернинг гравитация майдони ва геоид юзасини ифодаловчи математик модель бўлиб, сунъий йўлдош кузатувлари ва гравиметрия маълумотлари асосида шакллантирилади ҳамда геодезия, картография ва навигацияда баландлик ва координата тизимларини уйғунлаштириш учун қўлланади;

координата эпохаси (coordinate epoch) — динамик координата референс тизимидаги координаталар боғланган эпоха вақт нуқтаси;

координаталар турлари силжиши (грид модели) — геоахборот тизимлари, топографик хариталар ва режалар координаталарини турли координата турларидан янги эпохадаги координаталарга аниқ трансформация қилиш учун олдиндан ҳисобланган координата турлари силжишлари қийматлари мажмуаси;

маҳаллий координаталар тизими — давлат ҳудудининг чекланган қисмига нисбатан ўрнатиладиган шартли координаталар тизими, унинг координаталар саноқ боши ва координаталар ўқлари йўналиши давлат координаталар тизимининг координаталар саноқ боши ва координаталар ўқлари йўналишига нисбатан сурилган бўлади;

Миллий геодезия референс датуми (UZGD2024) — Ўзбекистон Республикасида геодезия ҳисоблашларини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган Миллий геодезия референс датуми. Халқаро геодезия ва геофизика иттифоқи Бош ассамблеяси тавсиясига кўра GRS80 (Geodetic Reference System 1980) унинг эллипсоиди сифатида қабул қилинган;

Миллий координаталар тизими — Миллий геодезия референс датуми асосида яратилган проекцияланган референс координаталар ва геодезия моделлари тўплами;

Миллий координаталар тизими маълумотлар базаси — Миллий геодезия референс датуми асосида шакллантирилган проекцияланган координата тизимлари, геодезия пунктлари, баландликлар ва геоид моделлари ҳақидаги маълумотларни сақлайдиган ҳамда фойдаланиш учун тақдим этувчи давлат ахборот манбаи. Ушбу тизим очиқ ва ёпиқ қисмдан иборат бўлиб, давлат сирлари билан боғлиқ маълумотлар ва материаллар ушбу тизимнинг ёпиқ қисмида сақланади;

Миллий координаталар тизими маълумотлар базаси оператори (кейинги ўринларда — Оператор) — Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш, юритиш, хизмат кўрсатиш ва маълумотларнинг сақланишини таъминлашга масъул Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг (кейинги ўринларда — Кадастр агентлиги) «Республика аэрогеодезия маркази» давлат муассасаси;

шахсий кабинет — Миллий координаталар тизими маълумотлар базасида маълумотларни киритиш, юклаш, сақлаш, юбориш ва қайта ишлаш функцияларини амалга ошириш мақсадида бириктирилган саҳифа;

ITRS (International Terrestrial Reference System) — Ернинг оғирлик марказига асосланган, вақт билан мувофиқлаштирилган, глобал геоцентрик координата тизими бўлиб, геодезия ўлчашлари учун назарий асос ҳисобланади. Унинг амалиётдаги реализацияси ITRF орқали таъминланади;

ITRF (International Terrestrial Reference Frame) — ITRSнинг амалиётдаги реализацияси бўлиб, глобал GNSS ва сунъий йўлдош геодезия маълумотлари асосида янгиланиб борадиган, Ер юзасидаги геодезия станцияларининг аниқ координаталари ҳамда уларнинг вақт давомидаги ҳаракатини ифодалайди.

3. Амалдаги Давлат координаталари тизимини Миллий координаталар тизимига киритиш параметрларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган тартибда Кадастр агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

4. Халқаро келишувлар бўлганда, бошқа координаталар тизимидан фойдаланиш учун шартнома имзолаган ташкилотлар томонидан трансформация параметрлари Кадастр агентлигига тақдим этилади ва Оператор томонидан Миллий координаталар тизимининг маълумотлар базасига киритилади.

2-боб. Миллий координаталар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тартиби

5. Миллий координаталар тизими Ўзбекистон Республикасида бажариладиган геодезия ва картография фаолиятига оид ишларни халқаро нормалар талабларига мувофиқлаштириш, барча геофазовий маълумотларни ягона координаталар тизимида интеграция қилиш, уларни аниқ ва ишончли бошқариш, геодезия, картография ҳамда навигация соҳаларида геодезия ўлчовларини тартибга солиш, шунингдек, Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилади.

6. Миллий координаталар тизими қуйидаги асосий таркибий қисмлардан иборат бўлади:

Миллий геодезия референс датуми;

Ер гравитация майдонининг глобал модели;

Миллий координаталар тизимининг бошланғич ноль нуқтаси;

Давлат геодезия тармоғи пунктлари каталоглари;

Миллий координаталар тизими маълумотлар базаси.

7. Миллий координаталар тизимининг бошланғич ноль нуқтаси Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги Чўпонота тепалигида жойлашган Давлат геодезия пункти ҳисобланади.

8. Миллий геодезия референс датуми ушбу Низомга 1-иловадаги жадвалда келтирилган параметрлар асосида ишлаб чиқилади.

9. EGM2008 Миллий координаталар тизимининг Ер гравитация майдонининг глобал модели ҳисобланади.

Ер гравитация моделининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига мос рақамли модели учун илмий-тадқиқот ишлари Кадастр агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда соҳа олимларини жалб қилган ҳолда олиб борилади.

10. Миллий координаталар тизимининг бошланғич ноль нуқтаси Халқаро геодезия ассоциацияси (IAG) томонидан таклиф этилган ITRF2020 глобал геоцентрик координата тизимига асосланади. Ушбу нуқта глобал геодезия тизимлари билан Миллий координаталар тизимини бирлаштиради.

11. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган Давлат геодезия тармоғи пунктлари Миллий координаталар тизимининг асосий геодезия инфратузилмаси ҳисобланади. Миллий координаталар тизимидаги барча геодезия пунктлари координаталари ITRF2020 глобал геоцентрик координата тизимида 2025 йил 1 октябрь эпохасига мувофиқ қайта ҳисобланади ва янгиланган координаталар рўйхати тузилади.

12. Глобал геоид модели маълумотлари, давлат геодезия, нивелир ва гравиметрия тармоқларида амалга оширилган ўлчов ишлари натижалари Миллий координаталар тизими параметрларини ҳисоблаш учун асос бўлади.

13. ITRF2020 глобал геоцентрик тизимидаги координата эпохаси ўзгарган тақдирда, Миллий координаталар тизимида қайд этилган барча геодезия пунктлари координаталари қайта ҳисобланади ва янги координата эпохасига трансформация қилинади. Ушбу жараёнда трансформация параметрлари ва қайта ҳисоблаш натижалари Миллий координаталар тизими маълумотлар базасига киритилади.

14. Миллий координаталар тизими Миллий геодезия референс датуми асосида ишлаб чиқилган проекцияланган референс координаталар тизимлари ва геодезия моделларини ягона маълумотлар базасига киритиш орқали амалга оширилади.

15. Миллий координаталар тизими қуйидагилар орқали жорий этилади:

мавжуд координата тизимларининг янги датумга асосланган координаталар тизимини яратиш ва ўтиш параметрларини ишлаб чиқиш;

геодезия пунктлари координаталарини Миллий геодезия референс датуми асосида қайта ҳисоблаш ва координаталар каталогларини (рўйхатларини) тузиш;

дастурий таъминотларга ҳамда глобал навигация сунъий йўлдош тизимлари геодезия ўлчов воситаларига тегишли координата параметрларини киритиш;

геоахборот тизимлари, топографик харита ва режаларни Миллий координаталар тизимига трансформация қилиш грид моделини янги эпохада яратиш ва уни ҳисобга олиш.

16. Давлат топографик хариталари ва режаларини Миллий координаталар тизимида янгилаш даврийлиги қуйидагича белгиланади:

1:25 000 ва 1:50 000 масштабдаги хариталар — ҳар 10 — 15 йилда;

1:10 000 масштабдаги хариталар — ҳар 5 — 10 йилда камида бир марта;

1:10 000, 1:25 000 масштабдаги қишлоқ хўжалиги хариталари — ҳар 5 йилда камида бир марта;

1:2 000 ва 1:5 000 масштабдаги режалар — умумий картография мониторинги асосида.

17. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат ахборот ресурсларининг майдон ўлчамларига оид геодезия ўлчов ишлари ва картография материаллари Миллий координаталар тизимининг UzREF24 проекцияланган координаталар тизими асосида ишлаб чиқилади.

Маълумотлар ва материаллар очиқ фойдаланишда бўлади ҳамда ушбу Низомга 2-иловада келтирилган жадвалдаги параметрларга асосланади.

18. Маҳаллий координаталар тизими ўрнатилган ҳудудларда (шаҳарлар ва аҳоли пунктлари) Миллий координаталар тизимининг ҳудудга мос янги проекцияланган координаталар тизими Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилади.

3-боб. Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби

19. Миллий координаталар тизими маълумотлар базаси ягона Миллий геодезия референс датуми асосида шакллантирилган проекцияланган координата тизимлари, геодезия пунктлари, баландликлар ва геоид моделлари ҳақидаги маълумотларни киритиш, сақлаш ҳамда фойдаланиш учун тақдим этиш имкониятини берувчи ахборот ресурси ҳисобланади.

20. Миллий координаталар тизими маълумотлар базаси қуйидагилардан ташкил топади:

UZGD2024 датум параметрлари — эллипсоид ўлчамлари, трансформация маълумотлари ва уларнинг техник файллари;

Ер гравитация майдонининг моделлари — Ер гравитация майдонининг глобал модели, миллий геоид модели, уларнинг рақамли маълумотлари ва изоҳловчи ҳужжатлар;

ITRF глобал геоцентрик координата тизимига боғланган маълумотлар — координаталар, ортометрик баландлик параметрлари ва мониторинг натижалари;

геодезия тармоғи очиқ маълумотлари — республика ҳудудидаги геодезия пунктларининг координаталари, баландликлари, техник тавсифлари ва уларнинг даврий янгиланиши тўғрисидаги очиқ фойдаланишдаги маълумотлар;

координата тизимлари ва проекциялар — амалдаги барча координата тизимлари, геодезия маълумотлари ва картография проекциялари тўғрисидаги маълумотлар;

Миллий координаталар тизимини юритиш ва ривожлантириш учун зарур бўлган қўшимча маълумотлар.

21. Миллий координаталар тизими маълумотлар базасида фойдаланилиши ёпиқ координаталар тизими тўғрисида метамаълумотлар келтирилади.

4-боб. Миллий координаталар тизимига асосланган янги координаталар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тартиби

22. Миллий координаталар тизимига асосланган янги координаталар тизимини ишлаб чиқиш учун Буюртмачи Операторга Миллий координаталар тизимининг веб-саҳифаси орқали техник топшириқни ушбу Низомга 3-иловада келтирилган схемага мувофиқ юборади.

23. Техник топшириқда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

янги координаталар тизимини ўрнатишнинг мақсади;

янги координаталар тизими ўрнатилаётган ҳудуднинг жойлашуви, шу жумладан, маъмурий жойлашуви, чегаралари ва майдони;

янги координаталар тизимини амалга киритиш муддатлари;

ўлчамлар аниқлигига қўйилган талаблар.

24. Оператор техник топшириқни кўриб чиқади ва икки иш кунида техник топшириққа мувофиқ шартномани шакллантиради ҳамда Буюртмачига юборади.

25. Шартномага мувофиқ Оператор техник лойиҳани ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарорига мувофиқ геодезия ва картография ишларини Кадастр агентлигида рўйхатдан ўтказади.

26. Оператор техник лойиҳада кўрсатилган геодезия ва картография ишларини амалга оширади ҳамда техник ҳисоботни Кадастр агентлигига янги координаталар тизимини маълумотлар базасига киритишга хулоса олиш учун тақдим қилади.

27. Кадастр агентлиги техник ҳисоботни кўриб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 июндаги 395-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, умумдавлат ҳамда махсус (тармоққа оид) аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш натижасида олинган геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ экспертизадан ўтказади.

Ижобий хулоса берилган тақдирда, маълумотларни базага киритиш тўғрисидаги хулосани Операторга юборади.

Салбий хулоса берилган тақдирда, техник ҳисоботни камчиликларни бартараф этиш учун Операторга қайтаради.

28. Оператор Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини янгилайди ва Миллий координаталар тизимининг веб-саҳифасида янги координата тизими тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради ҳамда Буюртмачига уч иш кунида бу ҳақда ахборот юборади.

5-боб. Миллий координаталар тизими маълумотлар базасидан фойдаланиш тартиби

29. Миллий координаталар тизими маълумотлар базасидан Миллий координаталар тизимининг веб-саҳифаси орқали фойдаланилади.

30. Миллий координаталар тизими веб-саҳифасининг бош саҳифасида янгиликлар ва Миллий координаталар тизими ҳамда маълумотлар базаси тўғрисида умумий маълумотлар берилади.

31. Миллий координаталар тизимининг веб-саҳифасидан авторизациядан ўтган ихтисослашган ташкилотга шахсий кабинети орқали буюртма бериш, маълумотларни юклаб олиш, мурожаат ва аризалар қолдириш имконияти яратилади.

Шахсий кабинетга Рақамли ҳукумат фойдаланувчиларининг Ягона идентификация тизими орқали кирилади.

32. Буюртмачи шахсий кабинети орқали маълумотлар базасидан ўзига зарур ҳудудда жойлашган геодезия пунктларига оид кўчирма олади, зарур бўлганда, Миллий координаталар тизимининг веб-саҳифаси орқали ушбу Низомга 4-иловада келтирилган схемага мувофиқ авторизациядан ўтади ва шахсий кабинетидан геодезия пунктларига оид кўчирма олиш саҳифасига ўтади.

Саҳифада объектнинг чегараси кўрсатилган, рақамли кўринишда DWG, ShP, KML вектор форматларида файл юкланади ва кўчирмани олишдан мақсад ҳамда асослар изоҳ бериш саҳифасида келтирилади.

Кадастр агентлиги тақдим қилинган ҳужжатларни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Картография ва геодезия материалларининг (маълумотларининг) чекловчи грифларини белгилаш, фойдаланиш учун очиқ бўлган хариталарни яратиш, махфий картография ва геодезия материалларини бериш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби ҳамда геодезия ва картография соҳасидаги давлат сирларининг сақланишини таъминлаш бўйича рухсат бериш тартиботлари тўғрисидаги низом талабларига асосан ўрганади ҳамда хулоса ижобий бўлган тақдирда, веб-саҳифа орқали Операторга рухсатнома юборади.

Оператор Буюртмачи томонидан сўралган маълумотларни тайёрлайди ва Буюртмачининг шахсий кабинетига тегишли файлни юклаб олиш ҳаволасини юборади.

33. Буюртмачи Миллий координаталар тизими веб-саҳифасидаги шахсий кабинетидан буюртмаси бўйича маълумотларни юклаб олади.

6-боб. Миллий координаталар тизимини ривожлантириш ва метрологик таъминлаш тартиби

34. Миллий координаталар тизими Кадастр агентлиги томонидан метрологик таъминланади.

Бу жараён Миллий координаталар тизимининг бошланғич ноль нуқтасини ишчи ҳолатда сақлаб туриш, геодезия эталон базисларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, замонавий лабораториялар фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини ривожлантиришни ўз ичига олади.

35. Миллий координаталар тизимининг бошланғич ноль нуқтаси ҳамда геодезия эталон базислари метрологик таъминлаш бўйича давлат аҳамиятидаги объектлар бўлиб, улар жойлашган ҳудудларнинг ер тоифаси ўзгартирилиши ва ер участкасини ажратиш талаб этилмайди ҳамда Кадастр агентлиги томонидан ҳисобга олинади.

36. Геодезия эталон базислари ва метрологик ўлчов ускуналари камида ҳар беш йилда бир марта метрологик текширувдан ўтказилади ҳамда халқаро эталонлар билан таққосланади (интеркалибрация қилинади).

37. Миллий координаталар тизимининг метрологик таъминотини илмий жиҳатдан ривожлантириш ва инновацияларни жорий этиш фундаментал ҳамда амалий тадқиқотларни бажариш орқали амалга оширилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

38. Миллий координаталар тизимининг параметрлари ва улардан фойдаланиш тартибига Кадастр агентлигининг таклифига асосан, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилади.

39. Ушбу Низом талабларининг бажарилиши Кадастр агентлиги томонидан назорат қилинади.

40. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Миллий геодезия референс датуми

Т/р Параметр номлари Ўлчамлари 1. Номланиши Uzbekistan Geodetic Datum 2024 (UZGD2024) 2. Бурчак бирлиги, радиан 0,0174532925199433 (1° = π/180 рад) 3. Бош меридиан Гринвич 4. Эллипсоид GRS 1980 5. Эллипсоид катта ярим ўқи, метр 6378137.0 6. Эллипсоид кичик ярим ўқи, метр 6356752.314140356 7. Қутбий сиқилиш 1:298.257222101 8. Гравитация доимийси (GM)3.986005 × 10 14 м³/c² 9. Ернинг айланиш бурчак тезлиги (Ω): 7.292115 × 10 -5 рад/с 10. EPSG базасидаги кодлари EPSG:10723 UZGD2024 (Geocentric) EPSG:10724 UZGD2024 (Geographic 3D) EPSG:10725 UZGD2024 (Geographic 2D)

Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

UzREF24 проекцияланган координата тизими

Т/р Параметр номлари UZREF24 40-ҳудуд 41-ҳудуд 42-ҳудуд 43-ҳудуд 1. Геодезия референс датуми UzGD2024 2. Эллипсоиди GRS80 3. Проекцияси Кўндаланг цилиндрик 4. Меридиан ўқи, шарққа сурилиш масофаси, (м) 350000,0 5. Экватордан шимолга сурилиши, (м) 0,0 6. Меридиан ўқи, (градус) 57,0 63,0 69,0 75,0 7. Масштаб коэффициенти 0,9999984965 0,99999730738 0,9999962402 0,999995546 8. Кенглик бошланиши, (градус) 40,0 37,0 36,0 39,0 9. Чизиқли ўлчам бирлиги (м) 1,0 10. EPSG базасидаги кодлари EPSG:10726 EPSG:10727 EPSG:10728 EPSG:10729

Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Миллий координаталар тизими базасига киритиладиган маълумотларни ишлаб чиқиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддатлари 1-босқич Буюртмачи Миллий координаталар тизими базасига киритиладиган маълумотларни тавсифловчи техник топшириқни илова қилган ҳолда операторга ёзма мурожаат қилади. Ихтиёрига кўра 2-босқич Оператор Техник топшириққа мувофиқ харажатлар сметасини шакллантиради ва буюртмачига жўнатади. 2 иш куни 3-босқич Буюртмачи Харажатлар сметасини кўриб чиқади ва тасдиқланган харажатлар сметасини операторга тақдим қилади. 5 иш куни 4-босқич Оператор Техник лойиҳани ишлаб чиқади ҳамда license.gov.uz ахборот тизимида геодезия ва картография ишларини рўйхатдан ўтказади. 10 иш куни 5-босқич Оператор Техник лойиҳада кўрсатилган геодезия ва картография ишларини амалга оширади ҳамда техник ҳисоботни Кадастр агентлигига рухсат олиш учун киритади. Техник лойиҳада кўрсатилган муддатда 6-босқич Кадастр агентлиги Техник ҳисоботни кўриб чиқиб, маълумотларни базага киритиш тўғрисидаги қарорни операторга юборади. 10 иш куни 7-босқич Оператор Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини янгилайди ва веб-саҳифада янги координата тизими тўғрисидаги қарор маълумотларини жойлаштиради ҳамда буюртмачига ёзма ахборотни юборади. 1 иш куни

Ўзбекистон Республикаси Миллий координаталар тизими тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Миллий координаталар тизими маълумотлар базасидан геодезия пунктларига оид кўчирма бериш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддатлари 1-босқич Буюртмачи 1. Веб-саҳифада авторизациядан ўтади. 2. Шахсий кабинетидан геодезия пунктларига оид кўчирма олиш саҳифасига ўтади. 3. Саҳифада объектнинг чегараси кўрсатилган, рақамли кўринишда DWG, ShP, KML вектор форматларида файл юкланади ҳамда кўчирмани олишдан мақсад ва асослар изоҳ бериш саҳифасида келтирилади. Ихтиёрига кўра 2-босқич Кадастр агентлиги Тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганади ва хулосани саҳифа орқали буюртмачига юборади. 2 иш куни 3-босқич Кадастр агентлиги Тақдим қилинган ҳужжатларни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан ўрганади ва хулоса ижобий бўлган тақдирда, веб-саҳифа орқали операторга рухсатнома юборади. Хулоса билан бирга 4-босқич Оператор Буюртмачининг шахсий кабинетига тегишли файлни юклаб олиш ҳаволасини юборади. 1 иш куни

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 10 февраль,

49-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.02.2026 й., 09/26/49/0130-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

PARAMETRLARI

PARAMETRLARI

SXEMASI

SXEMASI

Oʻzbekiston Respublikasi hududida Milliy koordinatalar tizimini joriy etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Geodeziya va kartografiya faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi hududida Milliy koordinatalar tizimini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Milliy koordinatalar tizimi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Milliy koordinatalar tizimini ishlab chiqish va joriy etish tartibi;

Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritish tartibi;

Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasidan foydalanish tartibi;

Milliy koordinatalar tizimini rivojlantirish va metrologik taʼminlash tartibi.

2. Belgilansinki:

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy koordinatalar tizimi toʻgʻrisidagi nizom talablari davlat organlari, xoʻjalik yurituvchi subyektlar va boshqa manfaatdor tashkilotlar uchun majburiy hisoblanadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Urbanizatsiya va uy-joy bozorini barqaror rivojlantirish milliy qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi (keyingi oʻrinlarda — Kadastr agentligi) Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritishga masʼul hisoblanadi;

Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritish ishlari Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti parametrlarida Kadastr agentligi uchun nazarda tutiladigan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi.

3. Kadastr agentligi uch oy muddatda Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini shakllantirish hamda veb-sahifasini ishlab chiqish va joriy etish boʻyicha texnik topshiriq tasdiqlanishini hamda 2026-yil 1-sentabrga qadar axborot tizimining toʻliq ishga tushirilishini taʼminlasin.

4. Davlat organlari, xoʻjalik yurituvchi subyektlar va boshqa manfaatdor tashkilotlar Kadastr agentligi bilan hamkorlikda 2030-yil 1-yanvarga qadar foydalanishda boʻlgan koordinata tizimlarini Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasiga kiritilishini taʼminlasin.

2030-yil 1-yanvardan faqat Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasiga kiritilgan koordinata tizimlaridan foydalaniladi.

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi hududida koordinatalar xalqaro geodeziya tizimlarini qoʻllash va ulardan ochiq foydalanish toʻgʻrisida” 2017-yil 26-dekabrdagi 1022-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Urbanizatsiya va uy-joy bozorini barqaror rivojlantirish milliy qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarning ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirilishini taʼminlasin.

7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari A.J. Ramatov va J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 10-fevraldagi 49-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy koordinatalar tizimi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Milliy koordinatalar tizimi va uning parametrlarini oʻrnatish, joriy etish hamda foydalanish, shuningdek, Milliy koordinatalar tizimining maʼlumotlar bazasini shakllantirish, yuritish, foydalanish, Milliy koordinatalar tizimiga asoslangan yangi koordinatalar tizimini ishlab chiqish va joriy etish, Milliy koordinatalar tizimini rivojlantirish hamda metrologik taʼminlash tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:

boshlangʻich nol nuqta — Oʻzbekiston Respublikasining Milliy koordinatalar tizimi uchun bosh geodeziya tayanch punkti hisoblanadi;

Buyurtmachi — geodeziya, kartografiya, kadastr yoki boshqa fazoviy maʼlumotlarga oid ishlarni buyurtma qiluvchi va texnik topshiriq beruvchi jismoniy yoki yuridik shaxs;

geoid — dengiz sathini eng yaxshi tarzda ifodalovchi sathiy yuza, u har qanday nuqtada shovun chiziqqa perpendikulyar boʻladi;

geodeziya referens datumi — yer bilan bogʻlangan ikki yoki uch oʻlchamli koordinata tizimi oʻrtasidagi oʻzaro bogʻliqlikni (aloqani) taʼriflab beruvchi referens asos yoki datum;

datum — koordinata tizimining bosh nuqtasi, masshtabi va yoʻnalishini aniqlovchi parametr yoki parametrlar toʻplami;

Yer gravitatsiya maydonining global modeli — Yerning gravitatsiya maydoni va geoid yuzasini ifodalovchi matematik model boʻlib, sunʼiy yoʻldosh kuzatuvlari va gravimetriya maʼlumotlari asosida shakllantiriladi hamda geodeziya, kartografiya va navigatsiyada balandlik va koordinata tizimlarini uygʻunlashtirish uchun qoʻllanadi;

koordinata epoxasi (coordinate epoch) — dinamik koordinata referens tizimidagi koordinatalar bogʻlangan epoxa vaqt nuqtasi;

koordinatalar turlari siljishi (grid modeli) — geoaxborot tizimlari, topografik xaritalar va rejalar koordinatalarini turli koordinata turlaridan yangi epoxadagi koordinatalarga aniq transformatsiya qilish uchun oldindan hisoblangan koordinata turlari siljishlari qiymatlari majmuasi;

mahalliy koordinatalar tizimi — davlat hududining cheklangan qismiga nisbatan oʻrnatiladigan shartli koordinatalar tizimi, uning koordinatalar sanoq boshi va koordinatalar oʻqlari yoʻnalishi davlat koordinatalar tizimining koordinatalar sanoq boshi va koordinatalar oʻqlari yoʻnalishiga nisbatan surilgan boʻladi;

Milliy geodeziya referens datumi (UZGD2024) — Oʻzbekiston Respublikasida geodeziya hisoblashlarini tartibga solish maqsadida qabul qilingan Milliy geodeziya referens datumi. Xalqaro geodeziya va geofizika ittifoqi Bosh assambleyasi tavsiyasiga koʻra GRS80 (Geodetic Reference System 1980) uning ellipsoidi sifatida qabul qilingan;

Milliy koordinatalar tizimi — Milliy geodeziya referens datumi asosida yaratilgan proyeksiyalangan referens koordinatalar va geodeziya modellari toʻplami;

Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasi — Milliy geodeziya referens datumi asosida shakllantirilgan proyeksiyalangan koordinata tizimlari, geodeziya punktlari, balandliklar va geoid modellari haqidagi maʼlumotlarni saqlaydigan hamda foydalanish uchun taqdim etuvchi davlat axborot manbai. Ushbu tizim ochiq va yopiq qismdan iborat boʻlib, davlat sirlari bilan bogʻliq maʼlumotlar va materiallar ushbu tizimning yopiq qismida saqlanadi;

Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasi operatori (keyingi oʻrinlarda — Operator) — Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini shakllantirish, yuritish, xizmat koʻrsatish va maʼlumotlarning saqlanishini taʼminlashga masʼul Oʻzbekiston Respublikasi Urbanizatsiya va uy-joy bozorini barqaror rivojlantirish milliy qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligining (keyingi oʻrinlarda — Kadastr agentligi) “Respublika aerogeodeziya markazi” davlat muassasasi;

shaxsiy kabinet — Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasida maʼlumotlarni kiritish, yuklash, saqlash, yuborish va qayta ishlash funksiyalarini amalga oshirish maqsadida biriktirilgan sahifa;

ITRS (International Terrestrial Reference System) — Yerning ogʻirlik markaziga asoslangan, vaqt bilan muvofiqlashtirilgan, global geotsentrik koordinata tizimi boʻlib, geodeziya oʻlchashlari uchun nazariy asos hisoblanadi. Uning amaliyotdagi realizatsiyasi ITRF orqali taʼminlanadi;

ITRF (International Terrestrial Reference Frame) — ITRSning amaliyotdagi realizatsiyasi boʻlib, global GNSS va sunʼiy yoʻldosh geodeziya maʼlumotlari asosida yangilanib boradigan, Yer yuzasidagi geodeziya stansiyalarining aniq koordinatalari hamda ularning vaqt davomidagi harakatini ifodalaydi.

3. Amaldagi Davlat koordinatalari tizimini Milliy koordinatalar tizimiga kiritish parametrlarini ishlab chiqish va joriy qilish ushbu Nizomning 4-bobida belgilangan tartibda Kadastr agentligi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi bilan hamkorlikda amalga oshiriladi.

4. Xalqaro kelishuvlar boʻlganda, boshqa koordinatalar tizimidan foydalanish uchun shartnoma imzolagan tashkilotlar tomonidan transformatsiya parametrlari Kadastr agentligiga taqdim etiladi va Operator tomonidan Milliy koordinatalar tizimining maʼlumotlar bazasiga kiritiladi.

2-bob. Milliy koordinatalar tizimini ishlab chiqish va joriy etish tartibi

5. Milliy koordinatalar tizimi Oʻzbekiston Respublikasida bajariladigan geodeziya va kartografiya faoliyatiga oid ishlarni xalqaro normalar talablariga muvofiqlashtirish, barcha geofazoviy maʼlumotlarni yagona koordinatalar tizimida integratsiya qilish, ularni aniq va ishonchli boshqarish, geodeziya, kartografiya hamda navigatsiya sohalarida geodeziya oʻlchovlarini tartibga solish, shuningdek, Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini shakllantirish maqsadida ishlab chiqiladi.

6. Milliy koordinatalar tizimi quyidagi asosiy tarkibiy qismlardan iborat boʻladi:

Milliy geodeziya referens datumi;

Yer gravitatsiya maydonining global modeli;

Milliy koordinatalar tizimining boshlangʻich nol nuqtasi;

Davlat geodeziya tarmogʻi punktlari kataloglari;

Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasi.

7. Milliy koordinatalar tizimining boshlangʻich nol nuqtasi Samarqand viloyati Samarqand shahridagi Choʻponota tepaligida joylashgan Davlat geodeziya punkti hisoblanadi.

8. Milliy geodeziya referens datumi ushbu Nizomga 1-ilovadagi jadvalda keltirilgan parametrlar asosida ishlab chiqiladi.

9. EGM2008 Milliy koordinatalar tizimining Yer gravitatsiya maydonining global modeli hisoblanadi.

Yer gravitatsiya modelining Oʻzbekiston Respublikasi hududiga mos raqamli modeli uchun ilmiy-tadqiqot ishlari Kadastr agentligi tomonidan vazirlik va idoralar mutaxassislari hamda soha olimlarini jalb qilgan holda olib boriladi.

10. Milliy koordinatalar tizimining boshlangʻich nol nuqtasi Xalqaro geodeziya assotsiatsiyasi (IAG) tomonidan taklif etilgan ITRF2020 global geotsentrik koordinata tizimiga asoslanadi. Ushbu nuqta global geodeziya tizimlari bilan Milliy koordinatalar tizimini birlashtiradi.

11. Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan Davlat geodeziya tarmogʻi punktlari Milliy koordinatalar tizimining asosiy geodeziya infratuzilmasi hisoblanadi. Milliy koordinatalar tizimidagi barcha geodeziya punktlari koordinatalari ITRF2020 global geotsentrik koordinata tizimida 2025-yil 1-oktabr epoxasiga muvofiq qayta hisoblanadi va yangilangan koordinatalar roʻyxati tuziladi.

12. Global geoid modeli maʼlumotlari, davlat geodeziya, nivelir va gravimetriya tarmoqlarida amalga oshirilgan oʻlchov ishlari natijalari Milliy koordinatalar tizimi parametrlarini hisoblash uchun asos boʻladi.

13. ITRF2020 global geotsentrik tizimidagi koordinata epoxasi oʻzgargan taqdirda, Milliy koordinatalar tizimida qayd etilgan barcha geodeziya punktlari koordinatalari qayta hisoblanadi va yangi koordinata epoxasiga transformatsiya qilinadi. Ushbu jarayonda transformatsiya parametrlari va qayta hisoblash natijalari Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasiga kiritiladi.

14. Milliy koordinatalar tizimi Milliy geodeziya referens datumi asosida ishlab chiqilgan proyeksiyalangan referens koordinatalar tizimlari va geodeziya modellarini yagona maʼlumotlar bazasiga kiritish orqali amalga oshiriladi.

15. Milliy koordinatalar tizimi quyidagilar orqali joriy etiladi:

mavjud koordinata tizimlarining yangi datumga asoslangan koordinatalar tizimini yaratish va oʻtish parametrlarini ishlab chiqish;

geodeziya punktlari koordinatalarini Milliy geodeziya referens datumi asosida qayta hisoblash va koordinatalar kataloglarini (roʻyxatlarini) tuzish;

dasturiy taʼminotlarga hamda global navigatsiya sunʼiy yoʻldosh tizimlari geodeziya oʻlchov vositalariga tegishli koordinata parametrlarini kiritish;

geoaxborot tizimlari, topografik xarita va rejalarni Milliy koordinatalar tizimiga transformatsiya qilish grid modelini yangi epoxada yaratish va uni hisobga olish.

16. Davlat topografik xaritalari va rejalarini Milliy koordinatalar tizimida yangilash davriyligi quyidagicha belgilanadi:

1:25 000 va 1:50 000 masshtabdagi xaritalar — har 10 — 15 yilda;

1:10 000 masshtabdagi xaritalar — har 5 — 10 yilda kamida bir marta;

1:10 000, 1:25 000 masshtabdagi qishloq xoʻjaligi xaritalari — har 5 yilda kamida bir marta;

1:2 000 va 1:5 000 masshtabdagi rejalar — umumiy kartografiya monitoringi asosida.

17. Oʻzbekiston Respublikasi hududida davlat axborot resurslarining maydon oʻlchamlariga oid geodeziya oʻlchov ishlari va kartografiya materiallari Milliy koordinatalar tizimining UzREF24 proyeksiyalangan koordinatalar tizimi asosida ishlab chiqiladi.

Maʼlumotlar va materiallar ochiq foydalanishda boʻladi hamda ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan jadvaldagi parametrlarga asoslanadi.

18. Mahalliy koordinatalar tizimi oʻrnatilgan hududlarda (shaharlar va aholi punktlari) Milliy koordinatalar tizimining hududga mos yangi proyeksiyalangan koordinatalar tizimi Kadastr agentligi tomonidan ishlab chiqiladi.

3-bob. Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritish tartibi

19. Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasi yagona Milliy geodeziya referens datumi asosida shakllantirilgan proyeksiyalangan koordinata tizimlari, geodeziya punktlari, balandliklar va geoid modellari haqidagi maʼlumotlarni kiritish, saqlash hamda foydalanish uchun taqdim etish imkoniyatini beruvchi axborot resursi hisoblanadi.

20. Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasi quyidagilardan tashkil topadi:

UZGD2024 datum parametrlari — ellipsoid oʻlchamlari, transformatsiya maʼlumotlari va ularning texnik fayllari;

Yer gravitatsiya maydonining modellari — Yer gravitatsiya maydonining global modeli, milliy geoid modeli, ularning raqamli maʼlumotlari va izohlovchi hujjatlar;

ITRF global geotsentrik koordinata tizimiga bogʻlangan maʼlumotlar — koordinatalar, ortometrik balandlik parametrlari va monitoring natijalari;

geodeziya tarmogʻi ochiq maʼlumotlari — respublika hududidagi geodeziya punktlarining koordinatalari, balandliklari, texnik tavsiflari va ularning davriy yangilanishi toʻgʻrisidagi ochiq foydalanishdagi maʼlumotlar;

koordinata tizimlari va proyeksiyalar — amaldagi barcha koordinata tizimlari, geodeziya maʼlumotlari va kartografiya proyeksiyalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Milliy koordinatalar tizimini yuritish va rivojlantirish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha maʼlumotlar.

21. Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasida foydalanilishi yopiq koordinatalar tizimi toʻgʻrisida metamaʼlumotlar keltiriladi.

4-bob. Milliy koordinatalar tizimiga asoslangan yangi koordinatalar tizimini ishlab chiqish va joriy etish tartibi

22. Milliy koordinatalar tizimiga asoslangan yangi koordinatalar tizimini ishlab chiqish uchun Buyurtmachi Operatorga Milliy koordinatalar tizimining veb-sahifasi orqali texnik topshiriqni ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq yuboradi.

23. Texnik topshiriqda quyidagi maʼlumotlar aks ettiriladi:

yangi koordinatalar tizimini oʻrnatishning maqsadi;

yangi koordinatalar tizimi oʻrnatilayotgan hududning joylashuvi, shu jumladan, maʼmuriy joylashuvi, chegaralari va maydoni;

yangi koordinatalar tizimini amalga kiritish muddatlari;

oʻlchamlar aniqligiga qoʻyilgan talablar.

24. Operator texnik topshiriqni koʻrib chiqadi va ikki ish kunida texnik topshiriqqa muvofiq shartnomani shakllantiradi hamda Buyurtmachiga yuboradi.

25. Shartnomaga muvofiq Operator texnik loyihani ishlab chiqadi va Vazirlar Mahkamasining “Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qaroriga muvofiq geodeziya va kartografiya ishlarini Kadastr agentligida roʻyxatdan oʻtkazadi.

26. Operator texnik loyihada koʻrsatilgan geodeziya va kartografiya ishlarini amalga oshiradi hamda texnik hisobotni Kadastr agentligiga yangi koordinatalar tizimini maʼlumotlar bazasiga kiritishga xulosa olish uchun taqdim qiladi.

27. Kadastr agentligi texnik hisobotni koʻrib chiqib, Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 28-iyundagi 395-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan, umumdavlat hamda maxsus (tarmoqqa oid) ahamiyatiga molik geodeziya va kartografiyaga oid ishlarni bajarish natijasida olingan geodeziya va kartografiyaga doir materiallarni (maʼlumotlarni) ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablariga muvofiq ekspertizadan oʻtkazadi.

Ijobiy xulosa berilgan taqdirda, maʼlumotlarni bazaga kiritish toʻgʻrisidagi xulosani Operatorga yuboradi.

Salbiy xulosa berilgan taqdirda, texnik hisobotni kamchiliklarni bartaraf etish uchun Operatorga qaytaradi.

28. Operator Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini yangilaydi va Milliy koordinatalar tizimining veb-sahifasida yangi koordinata tizimi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joylashtiradi hamda Buyurtmachiga uch ish kunida bu haqda axborot yuboradi.

5-bob. Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasidan foydalanish tartibi

29. Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasidan Milliy koordinatalar tizimining veb-sahifasi orqali foydalaniladi.

30. Milliy koordinatalar tizimi veb-sahifasining bosh sahifasida yangiliklar va Milliy koordinatalar tizimi hamda maʼlumotlar bazasi toʻgʻrisida umumiy maʼlumotlar beriladi.

31. Milliy koordinatalar tizimining veb-sahifasidan avtorizatsiyadan oʻtgan ixtisoslashgan tashkilotga shaxsiy kabineti orqali buyurtma berish, maʼlumotlarni yuklab olish, murojaat va arizalar qoldirish imkoniyati yaratiladi.

Shaxsiy kabinetga Raqamli hukumat foydalanuvchilarining Yagona identifikatsiya tizimi orqali kiriladi.

32. Buyurtmachi shaxsiy kabineti orqali maʼlumotlar bazasidan oʻziga zarur hududda joylashgan geodeziya punktlariga oid koʻchirma oladi, zarur boʻlganda, Milliy koordinatalar tizimining veb-sahifasi orqali ushbu Nizomga 4-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq avtorizatsiyadan oʻtadi va shaxsiy kabinetidan geodeziya punktlariga oid koʻchirma olish sahifasiga oʻtadi.

Sahifada obyektning chegarasi koʻrsatilgan, raqamli koʻrinishda DWG, ShP, KML vektor formatlarida fayl yuklanadi va koʻchirmani olishdan maqsad hamda asoslar izoh berish sahifasida keltiriladi.

Kadastr agentligi taqdim qilingan hujjatlarni Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 14-yanvardagi 22-son qarori bilan tasdiqlangan Kartografiya va geodeziya materiallarining (maʼlumotlarining) cheklovchi griflarini belgilash, foydalanish uchun ochiq boʻlgan xaritalarni yaratish, maxfiy kartografiya va geodeziya materiallarini berish, hisobga olish va saqlash tartibi hamda geodeziya va kartografiya sohasidagi davlat sirlarining saqlanishini taʼminlash boʻyicha ruxsat berish tartibotlari toʻgʻrisidagi nizom talablariga asosan oʻrganadi hamda xulosa ijobiy boʻlgan taqdirda, veb-sahifa orqali Operatorga ruxsatnoma yuboradi.

Operator Buyurtmachi tomonidan soʻralgan maʼlumotlarni tayyorlaydi va Buyurtmachining shaxsiy kabinetiga tegishli faylni yuklab olish havolasini yuboradi.

33. Buyurtmachi Milliy koordinatalar tizimi veb-sahifasidagi shaxsiy kabinetidan buyurtmasi boʻyicha maʼlumotlarni yuklab oladi.

6-bob. Milliy koordinatalar tizimini rivojlantirish va metrologik taʼminlash tartibi

34. Milliy koordinatalar tizimi Kadastr agentligi tomonidan metrologik taʼminlanadi.

Bu jarayon Milliy koordinatalar tizimining boshlangʻich nol nuqtasini ishchi holatda saqlab turish, geodeziya etalon bazislarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash, ilmiy-tadqiqot ishlarini yoʻlga qoʻyish, zamonaviy laboratoriyalar faoliyatini tashkil etish hamda ularning moddiy-texnik bazasini rivojlantirishni oʻz ichiga oladi.

35. Milliy koordinatalar tizimining boshlangʻich nol nuqtasi hamda geodeziya etalon bazislari metrologik taʼminlash boʻyicha davlat ahamiyatidagi obyektlar boʻlib, ular joylashgan hududlarning yer toifasi oʻzgartirilishi va yer uchastkasini ajratish talab etilmaydi hamda Kadastr agentligi tomonidan hisobga olinadi.

36. Geodeziya etalon bazislari va metrologik oʻlchov uskunalari kamida har besh yilda bir marta metrologik tekshiruvdan oʻtkaziladi hamda xalqaro etalonlar bilan taqqoslanadi (interkalibratsiya qilinadi).

37. Milliy koordinatalar tizimining metrologik taʼminotini ilmiy jihatdan rivojlantirish va innovatsiyalarni joriy etish fundamental hamda amaliy tadqiqotlarni bajarish orqali amalga oshiriladi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

38. Milliy koordinatalar tizimining parametrlari va ulardan foydalanish tartibiga Kadastr agentligining taklifiga asosan, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻzgartirishlar kiritiladi.

39. Ushbu Nizom talablarining bajarilishi Kadastr agentligi tomonidan nazorat qilinadi.

40. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy koordinatalar tizimi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Milliy geodeziya referens datumi

T/r Parametr nomlari Oʻlchamlari 1. Nomlanishi Uzbekistan Geodetic Datum 2024 (UZGD2024) 2. Burchak birligi, radian 0,0174532925199433 (1° = π/180 rad) 3. Bosh meridian Grinvich 4. Ellipsoid GRS 1980 5. Ellipsoid katta yarim oʻqi, metr 6378137.0 6. Ellipsoid kichik yarim oʻqi, metr 6356752.314140356 7. Qutbiy siqilish 1:298.257222101 8. Gravitatsiya doimiysi (GM)3.986005 × 10 14 m³/c² 9. Yerning aylanish burchak tezligi (Ω): 7.292115 × 10 -5 rad/s 10. EPSG bazasidagi kodlari EPSG:10723 UZGD2024 (Geocentric) EPSG:10724 UZGD2024 (Geographic 3D) EPSG:10725 UZGD2024 (Geographic 2D)

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy koordinatalar tizimi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

UzREF24 proyeksiyalangan koordinata tizimi

T/r Parametr nomlari UZREF24 40-hudud 41-hudud 42-hudud 43-hudud 1. Geodeziya referens datumi UzGD2024 2. Ellipsoidi GRS80 3. Proyeksiyasi Koʻndalang silindrik 4. Meridian oʻqi, sharqqa surilish masofasi, (m) 350000,0 5. Ekvatordan shimolga surilishi, (m) 0,0 6. Meridian oʻqi, (gradus) 57,0 63,0 69,0 75,0 7. Masshtab koeffitsiyenti 0,9999984965 0,99999730738 0,9999962402 0,999995546 8. Kenglik boshlanishi, (gradus) 40,0 37,0 36,0 39,0 9. Chiziqli oʻlcham birligi (m) 1,0 10. EPSG bazasidagi kodlari EPSG:10726 EPSG:10727 EPSG:10728 EPSG:10729

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy koordinatalar tizimi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Milliy koordinatalar tizimi bazasiga kiritiladigan maʼlumotlarni ishlab chiqish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddatlari 1-bosqich Buyurtmachi Milliy koordinatalar tizimi bazasiga kiritiladigan maʼlumotlarni tavsiflovchi texnik topshiriqni ilova qilgan holda operatorga yozma murojaat qiladi. Ixtiyoriga koʻra 2-bosqich Operator Texnik topshiriqqa muvofiq xarajatlar smetasini shakllantiradi va buyurtmachiga joʻnatadi. 2 ish kuni 3-bosqich Buyurtmachi Xarajatlar smetasini koʻrib chiqadi va tasdiqlangan xarajatlar smetasini operatorga taqdim qiladi. 5 ish kuni 4-bosqich Operator Texnik loyihani ishlab chiqadi hamda license.gov.uz axborot tizimida geodeziya va kartografiya ishlarini roʻyxatdan oʻtkazadi. 10 ish kuni 5-bosqich Operator Texnik loyihada koʻrsatilgan geodeziya va kartografiya ishlarini amalga oshiradi hamda texnik hisobotni Kadastr agentligiga ruxsat olish uchun kiritadi. Texnik loyihada koʻrsatilgan muddatda 6-bosqich Kadastr agentligi Texnik hisobotni koʻrib chiqib, maʼlumotlarni bazaga kiritish toʻgʻrisidagi qarorni operatorga yuboradi. 10 ish kuni 7-bosqich Operator Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasini yangilaydi va veb-sahifada yangi koordinata tizimi toʻgʻrisidagi qaror maʼlumotlarini joylashtiradi hamda buyurtmachiga yozma axborotni yuboradi. 1 ish kuni

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy koordinatalar tizimi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Milliy koordinatalar tizimi maʼlumotlar bazasidan geodeziya punktlariga oid koʻchirma berish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddatlari 1-bosqich Buyurtmachi 1. Veb-sahifada avtorizatsiyadan oʻtadi. 2. Shaxsiy kabinetidan geodeziya punktlariga oid koʻchirma olish sahifasiga oʻtadi. 3. Sahifada obyektning chegarasi koʻrsatilgan, raqamli koʻrinishda DWG, ShP, KML vektor formatlarida fayl yuklanadi hamda koʻchirmani olishdan maqsad va asoslar izoh berish sahifasida keltiriladi. Ixtiyoriga koʻra 2-bosqich Kadastr agentligi Taqdim qilingan hujjatlarni oʻrganadi va xulosani sahifa orqali buyurtmachiga yuboradi. 2 ish kuni 3-bosqich Kadastr agentligi Taqdim qilingan hujjatlarni Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 14-yanvardagi 22-son qarori bilan tasdiqlangan Nizom talablariga asosan oʻrganadi va xulosa ijobiy boʻlgan taqdirda, veb-sahifa orqali operatorga ruxsatnoma yuboradi. Xulosa bilan birga 4-bosqich Operator Buyurtmachining shaxsiy kabinetiga tegishli faylni yuklab olish havolasini yuboradi. 1 ish kuni

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 10-fevral,

49-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.02.2026-y., 09/26/49/0130-son)

lex.uz