UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 9-fevral · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 9 февраль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 февраля 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 February 2026 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРининг

буйруғи

НИЗОМ

БАҲОЛАШ БЮЛЛЕТЕНИ

ЙИҒМА БАҲОЛАШ БЮЛЛЕТЕНИ

РЎЙХАТИ

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон « Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида »ги ва 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон « Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида »ги қарорларига мувофиқ буюраман:

1. Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Нотариал палата билан келишилган.

4. Мазкур буйруқ 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 9 февралдаги 5-мҳ-сон буйруғига 1-ИЛОВА

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом давлат нотариал идораси нотариусини лавозимга тайинлаш ҳамда хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича талабгорлар учун ягона танлов (бундан буён матнда ягона танлов деб юритилади) ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ягона танлов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) томонидан ўтказилади.

Ягона танлов ўтказишни ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш мақсадида комиссиянинг ишчи органи фаолият юритади.

Ишчи органнинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) инсон ресурслари бўйича масъул таркибий тузилмаси ходими ҳамда нотариат, адвокатура ва медиация бўйича масъул таркибий тузилмаси нотариат соҳаси бўйича масъул ходимлари орасидан шакллантирилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Ишчи орган ўз фаолиятини комиссия раисининг раҳбарлигида амалга оширади.

2. Ягона танлов нотариал округда нотариус лавозими бўш бўлган тақдирда ёки қўшимча (янги) нотариус лавозими таъсис этилганда ўтказилади.

Нотариуснинг болани парваришлаш таътилига чиқиши муносабати билан нотариус лавозими вақтинча бўшаган ҳолларда ягона танлов ўтказиш мазкур Низомнинг 39-бандида белгиланган тартибда амалга оширилади.

3. Ягона танлов икки босқичда ўтказилади:

биринчи босқичда — талабгорлар давлат ва жамият бошқаруви ҳамда коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик ҳуқуқи, нотариат ва ворислик ҳуқуқи соҳалари бўйича тест синовларидан ўтади. Бунда тест синовлари ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда комиссия томонидан тақдим этилган рўйхат асосида ягона танловда иштирок этишга рухсат берилган талабгорлар учун Агентлик томонидан ташкил этилади;

иккинчи босқичда — тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорлар комиссия томонидан ўтказиладиган амалий имтиҳонда (бундан буён матнда амалий имтиҳон деб юритилади) нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаларини махсус электрон платформада тайёрлайди ва муаммоли масалага (казусга) жавоб беради.

4. Ягона танловнинг биринчи босқичида тест синови жараёнлари видеоёзувда қайд этиб борилади. Ушбу видеоёзувлар Агентлик томонидан камида бир йил давомида сақланади.

Ягона танловнинг амалий имтиҳон босқичи жараёнлари аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади. Ушбу аудио ва видеоёзувлар Вазирлик томонидан камида бир йил муддат давомида сақланади.

2-боб. Ягона танлов ўтказишни ташкил этиш

5. Нотариал округдаги бўш нотариус лавозимлари ва қўшимча (янги) нотариус лавозимлари Вазирликнинг расмий веб-сайтида мунтазам равишда (ҳар ойда камида бир марта) эълон қилиб борилади.

Давлат нотариал идораси нотариуси лавозими ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лавозими бўшагандан кейин тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий адлия органи деб юритилади) томонидан бу ҳақида буйруқ чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай Вазирлик (буйруқни илова қилган ҳолда) хабардор қилинади.

6. Ҳудудий адлия органлари томонидан юборилган хабарнома олинган кундан бошлаб етти иш куни ичида ишчи орган томонидан «Инсон ва қонун» газетасида ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтида ягона танлов ўтказиш тўғрисида эълон берилади.

7. Ягона танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

нотариус лавозимига ягона танлов ўтказилаётган нотариал округ номи;

ягона танловда иштирок этувчиларга қўйиладиган талаблар;

ягона танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар ва уларни тақдим этишнинг охирги санаси. Бунда ҳужжатларни тақдим этиш муддати камида ўн беш кун этиб белгиланади;

боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили;

ягона танловда иштирок этиш учун мурожаат қилиш тартиби;

ягона танловнинг биринчи ва иккинчи босқичи ўтказиладиган жойлар.

Ягона танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон қўшимча равишда бошқа оммавий ахборот воситаларида, Вазирлик ва тегишли ҳудудий адлия органининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали берилиши мумкин.

Ягона танловда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида мажбурий ўқув курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3721, 2025 йил 9 декабрь) мувофиқ берилган сертификатга эга бўлган талабгорлар иштирок этиши мумкин.

8. Ягона танловда йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси иштирок этиши мумкин.

Бунда судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.

Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

нотариус, адвокат, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколатлари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун тугатилган шахс уч йил мобайнида.

9. Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш учун ягона танловда иштирок этиш истагини билдирган шахс Вазирликка қуйидаги ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этади:

мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза;

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ тўлдирилган сўровнома.

Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича ягона танловда иштирок учун мурожаат қилиш, уни кўриб чиқиш ҳамда уни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июлдаги 369-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий нотариал фаолият бўйича малака имтиҳонини ташкил этиш юзасидан давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) мувофиқ амалга оширилади.

Ягона танловда иштирок этиш истагини билдирган шахсдан мазкур Низомда ёки Регламентда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

10. Талабгор муқаддам нотариус, адвокат, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатида ишлаган бўлса, унинг ушбу лавозимларда ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этмаганлигини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотлардан маълумотлар олиниши мумкин.

11. Талабгорнинг ягона танловда иштирок этишини рад этишга асослар мавжуд бўлса, ишчи орган томонидан бу ҳақда хулоса тузилади. Мазкур хулоса комиссия раиси томонидан тасдиқланиб, бир иш куни ичида комиссия масъул котиби томонидан мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома юборилади.

12. Қуйидаги асосларга кўра талабгорнинг ягона танловда иштирок этиши рад этилади:

мазкур Низомнинг 8-банди талабларига мувофиқ бўлмаганда;

ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотлар аниқланганда;

ҳужжатлар ягона танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этилганда.

Талабгорнинг бошқа асосларга кўра ягона танловда иштирок этишини рад этишга йўл қўйилмайди.

13. Талабгорларнинг ҳужжатларини ўрганиш натижаларига кўра, ишчи орган томонидан тегишли равишда ягона танлов ўтказиш тўғрисида ёки ягона танлов ўтказишга қайта эълон бериш тўғрисида хулоса тузилади ва у комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

14. Қуйидаги ҳолларда ишчи орган томонидан ягона танлов ўтказишга қайта эълон бериш тўғрисида хулоса тузилади:

ягона танловда иштирок этиш учун бирорта ҳам талабгор бўлмаса;

ягона танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра барча талабгорларга танловда иштирок этиш рад этилган бўлса;

ягона танлов эълон қилинган нотариал округ учун ўтказилган имтиҳонлардан бирорта ҳам талабгор муваффақиятли ўта олмаса.

Ягона танлов ўтказиш бўйича қайта эълон тегишли хулоса комиссия раиси томонидан тасдиқланган кундан бошлаб етти иш куни мобайнида берилиши лозим. Мазкур Низомнинг 37-бандида назарда тутилган ҳолларда ягона танлов ўтказишга қайта эълон бериш комиссия қарорида кўрсатилган муддатда амалга оширилади.

15. Ягона танловнинг биринчи босқичида иштирок этиши мумкин бўлган талабгорларнинг рўйхати (фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ҳамда тест синовини топшириш ҳудуди) Вазирлик томонидан Агентликка тақдим этилган кундан бошлаб ўн кундан сўнг, бироқ ўн беш кундан кечиктирмай Агентлик томонидан ўтказилиши лозим.

Бунда талабгорларнинг рўйхати тақдим қилинган кундан бошлаб уч кун ичида Агентлик томонидан тест синови ўтказиш санаси ва вақти белгиланиб, Вазирлик хабардор қилиниши лозим.

Тест синовлари талабгорларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотидан келиб чиқиб, Агентликда ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида йил давомида (июль-август ойларидан ташқари) ўтказилади.

Талабгорлар тест синови ўтказиш санасидан камида беш кун олдин тест синови ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида Вазирлик томонидан электрон шаклда хабардор қилинади.

16. Ягона танловнинг амалий имтиҳон босқичи тест синовлари натижалари чиққан кундан бошлаб ўн кундан сўнг, бироқ ўн беш кундан кўп бўлмаган муддат ичида ўтказилади.

Амалий имтиҳон ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақида талабгорларга амалий имтиҳон ўтказиладиган кундан камида беш кун олдин масъул котиб томонидан электрон шаклда хабарнома юборилади.

17. Амалий имтиҳон ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақида ягона танлов ўтказилишидан беш кун олдин Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

3-боб. Ягона танлов ўтказиш

18. Тест синовида талабгорлар Агентликнинг махсус электрон платформалари орқали ўтказиладиган қуйидаги соҳалар бўйича тест синовини топширади:

давлат ва жамият бошқаруви ҳамда коррупцияга қарши курашиш;

фуқаролик ҳуқуқи;

нотариат ва ворислик ҳуқуқи.

Тест саволлари Вазирлик томонидан тавсия этилган мутахассислар томонидан Агентлик биносида махфийлиги таъминланган ҳолда фақат битта тўғри жавобни ўз ичига олган тўртта жавоб вариант келтирилган шаклда, лотин алифбосида, давлат тилида ишлаб чиқилади.

Талабгорлар тест синовига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини (паспорт ёки идентификация ИД-картаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси) кўрсатган ҳолда қўйилади.

Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёки тест синовига белгиланган вақтда келмаган, шунингдек унда қатнаша олмаган талабгор тест синовига келмаган деб ҳисобланади ҳамда унга қайта тест синовини топшириш учун имконият берилмайди.

Бунда талабгорлар тест синовидан ўтмаган деб ҳисобланади ҳамда мазкур Низомнинг 9-бандига мувофиқ қайта мурожаат қилиши мумкин.

19. Тест синовлари ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланган рўйхатда келтирилган кузатувчилар иштирокида ўтказилади.

Тест синовлари ўтказилаётган хонага жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, калькулятор ҳамда бошқа телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш, бир-бири билан гаплашиш тақиқланади.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошисидаги талабларни бузган талабгорлар тест синовидан четлаштирилади ва тест синовидан ўтмаган деб ҳисобланади. Тест синовидан четлаштирилган талабгорлар бўйича Агентлик томонидан тасдиқланган рўйхатда келтирилган кузатувчилари томонидан далолатнома тузилади.

20. Тест синовлари бўйича талабгор бир вақтнинг ўзида фақат битта ҳудуд (нотариал округ) учун тест синовида иштирок этиши мумкин.

21. Тест синовларини топшириш учун 40 та тест саволларига 60 дақиқа вақт ажратилади.

Тест саволининг ҳар бир тўғри жавоби учун 2,5 баллдан берилади. Нотўғри жавоб берилган ёки жавоб берилмаган тест саволи учун балл берилмайди.

Тест синовлари натижаларига кўра 55 баллдан юқори тўплаган талабгорлар тест синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.

Бунда талабгорлар томонидан 55 ва ундан паст балл тўпланган тақдирда муваффақиятли ўтмаган деб ҳисобланади.

22. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорларнинг тест натижалари бир йил давомида амал қилади.

Бунда талабгорлар ягона танловнинг амалий имтиҳон босқичидан муваффақиятли ўтолмаган тақдирда, тест синовларининг натижаси чиққан кундан бошлаб бир йил давомида қайта тест синовларини топшириши талаб этилмайди.

23. Талабгорларнинг натижалари тест синовлари якунлангандан сўнг реал вақт режимида тест синовларини бажарган махсус электрон платформада ўзларига кўринади.

Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича тест синовида иштирок этаётган талабгорнинг натижаси тест синови якунлангандан сўнг бир вақтнинг ўзида талабгорнинг ҳамда комиссия масъул котибининг шахсий кабинетига электрон хабарнома шаклда келиб тушади.

Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш бўйича тест синовида иштирок этаётган талабгорнинг натижаси тест синови якунлангандан сўнг, шу куннинг ўзида Агентлик томонидан Вазирликка юборилади.

Бунда комиссия масъул котиби томонидан тест синови натижаси юзасидан талабгорнинг электрон почта манзилига хабарнома юборилади.

24. Талабгорлар тест синовлари бўйича апелляция шикоятларини тест ўтказиладиган вақтнинг ўзида ҳамда тест синовларини якунлагандан сўнг 30 дақиқа давомида электрон тест платформаси орқали беришлари мумкин.

Талабгорлар томонидан берилган апелляция шикоятлари Агентликда ташкил қилинган апелляция комиссияси томонидан апелляция шикояти берилган кундан бошлаб беш иш куни давомида кўриб чиқилади.

Апелляция шикоятлари кўриб чиқилгандан сўнг такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.

Апелляция шикоятини қаноатлантириш ва тест синови натижаларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарор апелляция шикоятида кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топган тақдирда қабул қилинади.

Апелляция шикоятлари бўйича апелляция комиссиясининг хулосаси Вазирлик орқали талабгорларга электрон шаклда ҳам юборилади.

25. Комиссия масъул котиби тест синовидан муваффақиятли ўтган талабгорларнинг рўйхатини шакллантиради.

26. Амалий имтиҳонда талабгорлар махсус электрон платформада нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаларини тайёрлайди ва муаммоли масалага (казусга) жавоб беради.

27. Комиссия мажлисида талабгорлар, қоида тариқасида, 5 тагача талабгордан иборат гуруҳ шакллантирилиб, навбат бўйича киритилади.

Талабгорлар амалий имтиҳонга шахсини тасдиқловчи ҳужжатини (паспорт ёки идентификация ИД-картаси, ҳайдовчилик гувоҳномасини) кўрсатган ҳолда қўйилади.

28. Нотариал ҳаракатларнинг лойиҳалари ва муаммоли масалалар (казуслар) рўйхати комиссия раиси томонидан тасдиқланади ва Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда қонунчилик ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда даврий равишда қайта кўриб чиқилади.

29. Комиссия мажлиси масъул котиби комиссия аъзоларига амалий имтиҳонда иштирок этаётган, шунингдек амалий имтиҳонга келмаган ҳамда унга қўйилмаган талабгорлар рўйхатини ўқиб эшиттиради.

30. Амалий имтиҳон бўйича талабгор комиссиянинг битта мажлиси давомида фақат битта ҳудуд (нотариал округ) учун амалий имтиҳонда иштирок этиши мумкин.

31. Нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаси ва муаммоли масала (казус) талабгор томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон дастур орқали тасодифий равишда танланади.

Талабгор томонидан тасодифий равишда танланган нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаси ва муаммоли масала (казус) комиссия масъул котиби томонидан принтерда чоп этилади ва (ёки электрон шаклда) талабгорга тақдим қилинади.

32. Талабгорларга жавоб беришга тайёргарлик кўришлари учун 20 дақиқа вақт ажратилади.

33. Ягона танлов ўтказиш жараёнида талабгорларга қуйидагилар тақиқланади:

алоқа ва телекоммуникация воситалари (телефон, компьютер, планшет ва бошқалар), китоб ҳамда шпаргалкалардан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

ягона танлов тугамасдан хонадан ташқарига чиқиш.

Талабгорнинг мазкур қоидаларга амал қилмаслиги уни ягона танловда қатнашишдан четлаштириш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатда масъул котиб томонидан мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги далолатнома расмийлаштирилади ва комиссия аъзоларининг камида уч нафари томонидан имзоланади.

Амалий имтиҳонда қатнашишдан четлаштирилган талабгор олти ой давомида кейинги амалий имтиҳонга қўйилмайди.

34. Талабгор комиссия аъзоларига дастлаб нотариал ҳаракатнинг лойиҳасини электрон тизимда тайёрлаб кўрсатади, сўнгра муаммоли масалага (казусга) жавоб беради.

Комиссия аъзолари нотариал ҳаракат лойиҳаси ёки муаммоли масала (казус) юзасидан аниқлаштириш мақсадида қўшимча саволлар бериши мумкин.

35. Амалий имтиҳон натижаси бўйича комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил равишда мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклдаги баҳолаш бюллетенида талабгорнинг жавобини 5 баллик тизимда баҳолайди.

Бунда комиссиянинг ҳар бир аъзоси талабгорни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:

берилган нотариал ҳаракат лойиҳасини тузишда қонунчилик ҳужжатлари талабларининг барчаси қамраб олинганлиги, муаммоли масалага (казусга) тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни мустақил таҳлил қила олиши — 5 балл;

берилган нотариал ҳаракат лойиҳасини тузишда қонунчилик талабларининг қамраб олинганлиги, муаммоли масалага (казусга) аниқ, бироқ тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни таҳлил қила олиши — 4 балл;

берилган нотариал ҳаракат лойиҳасини тузишда қонунчилик талабларининг қисман қамраб олинганлиги, муаммоли масалага (казусга) тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши — 3 балл;

берилган нотариал ҳаракат лойиҳасини тузишда қонунчилик талабларининг қамраб олинмаганлиги, муаммоли масалага (казусга) ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билмаслиги — 2 балл;

берилган нотариал ҳаракат лойиҳасини қонунчилик талабларига мувофиқ тузилмаганлиги, муаммоли масалага (казусга) ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга эмаслиги — 1 балл;

берилган нотариал ҳаракат лойиҳасини туза олмаслиги, муаммоли масалага (казусга) умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл.

36. Баҳолаш бюллетенида балларни ҳисоблаб чиқиш учун комиссия аъзолари орасидан 3 кишидан иборат ҳисоблаш гуруҳи тузилади.

Ҳисоблаш гуруҳи томонидан баҳолаш бюллетенларидаги баллар ҳисоблаб чиқилади. Ҳисоблаш натижалари мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклдаги йиғма баҳолаш бюллетенига киритилади ва комиссия аъзоларига эълон қилинади.

Амалий имтиҳондан муваффақиятли ўтган деб топилган талабгорнинг умумий тўплаган балли танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан юқори бўлиши лозим.

Амалий имтиҳонда иштирок этган талабгорнинг тўплаган балли имтиҳонда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизи ёки ундан кам бўлса, талабгор амалий имтиҳондан ўта олмаган ҳисобланади.

37. Талабгорлардан бирортаси ҳам амалий имтиҳондан муваффақиятли ўтмаган тақдирда, комиссия амалий имтиҳон ўтказишга қайта эълон бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

38. Амалий имтиҳон натижасига кўра битта нотариал округ учун баллар тенг бўлиб қолган ҳолларда, амалий имтиҳон ғолиби энг кўп бир хил балл олган талабгорлар орасидан комиссия аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади.

Энг кўп овоз олган талабгор амалий имтиҳонда ғолиб деб топилади. Овозлар такроран тенг бўлиб қолса, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи бўлиб ҳисобланади.

39. Давлат нотариал идораси нотариуси лавозими учун ягона танловда ғолиб деб топилмаган ва олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан кўп балл тўплаган талабгорларга уларнинг розилиги билан комиссиянинг ушбу мажлиси давомида танлов ўтказилган, бироқ унда ғолиб аниқланмаган, шунингдек мазкур Низомда белгиланган тартибда икки марта эълон берилган, лекин ушбу бўш ўринга бирорта ҳам талабгор танловда иштирок этмаган бошқа бўш нотариус ўрнида ишлаш таклиф этилиши мумкин.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган талабгорларга нотариуснинг болани парваришлаш таътилига чиқиш даврида унинг ўрнида вақтинча нотариус лавозимида ишлаш таклиф этилиши мумкин.

40. Амалий имтиҳонда иштирок этиб, унда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизи ёки ундан кам балл тўплаган талабгор ушбу амалий имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб олти ой давомида ягона танловларга қўйилмайди.

41. Ягона танлов якунлари бўйича комиссия қарор қабул қилади.

Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

рақами ва қабул қилинган санаси;

иштирок этган комиссия аъзолари рўйхати;

ягона танлов натижалари;

ягона танловда ғолиб деб топилган ва ўта олмаган талабгорлар рўйхати;

ягона танловда ғолиб деб топилган талабгорлар томонидан қасамёд қабул қилинганлиги;

комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби.

Баҳолаш бюллетенлари ҳамда йиғма баҳолаш бюллетени комиссия қарорига илова қилинади.

Комиссия қарори раис томонидан тасдиқланади.

42. Талабгорлар томонидан тўпланган баллар, овоз бериш натижалари ҳамда комиссия қарори ягона танлов ўтказилган куннинг ўзида талабгорларга ўқиб эшиттирилади.

43. Комиссия қарори бир нусхада тузилади. Давлат нотариал идораси нотариуси лавозими учун ягона танловдан сўнг бир иш куни ичида қарордан кўчирма ягона танлов ғолиби билан меҳнат шартномасини тузиш ва уни нотариус лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқ қабул қилиш учун ҳудудий адлия органига юборилади.

Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия учун ягона танловдан сўнг қарордан кўчирма бир иш куни ичида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали талабгорга юборилади.

4-боб. Талабгордан нотариус қасамёдини қабул қилиш

44. Ягона танловда ғолиб деб топилган талабгор комиссия мажлисида Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонунга асосан қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

«Нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажаришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан».

45. Талабгор нотариус қасамёди матнини овоз чиқариб ўқийди ва талабгор тўғрисидаги маълумотлар, қасамёд қабул қилинган сана ва жой баён этилган тегишли ҳужжатни имзолайди.

Мазкур ҳужжат ҳам комиссия қарорига илова қилинади.

46. Ягона танловда ғолиб деб топилган талабгорнинг нотариус қасамёдини қабул қилишдан бош тортиши унинг нотариус лавозимига тайинланишдан воз кечиши деб ҳисобланади.

5-боб. Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш ва лицензия бериш

47. Комиссиянинг давлат нотариал идораси нотариуси лавозими учун ягона танлов якунлари бўйича қабул қилган қарори ягона танловда ғолиб деб топилган талабгор билан меҳнат шартномасини тузиш ва уни нотариус лавозимига тайинлашга асос бўлади.

Комиссиянинг хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия учун ягона танлов якунлари бўйича қабул қилган қарори хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия учун ягона танловда ғолиб деб топилган талабгорга лицензия беришга асос бўлади.

48. Ягона танлов ғолиби билан меҳнат шартномасини тузиш ва уни давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш тегишли ҳудудий адлия органининг буйруғи билан амалга оширилади.

Агар талабгор давлат нотариал идораси нотариусининг болани парваришлаш таътили даврига унинг ўрнида вақтинча ушбу лавозимда ишлаш учун тайинланган бўлса, у билан муддатли меҳнат шартномаси тузилади ва тегишли буйруқ чиқарилади.

Ягона танлов ғолиби билан меҳнат шартномасини тузиш ва уни давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш ҳақидаги буйруқ комиссия қароридан кўчирма олинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай чиқарилади.

Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июлдаги 369-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомда белгиланган тартибда берилади.

49. Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланган ёки лицензия олган, бироқ охирги уч йилда нотариус, нотариус ёрдамчиси, нотариус стажёри ёки нотариус котиби лавозимида ишламаган шахслар Вазирлик билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича бир ойлик амалиётни ўтайдилар.

Амалиёт ўташ давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқда ёки лицензия бериш тўғрисидаги қарорда назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ҳамда тегишли ҳудудий адлия органининг келишувига асосан соҳа бўйича етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлган ҳамда нотариус лавозимида камида уч йил ишлаётган нотариус амалиёт мураббийи этиб белгиланади.

6-боб. Ягона танловда иштирок этишдан ёхуд давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланишдан воз кечиш

50. Талабгор ягона танловнинг ҳар қандай босқичида, шунингдек ягона танловда иштирок этишдан, хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олишдан ёки давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланишдан воз кечишга ҳақли. Бунинг учун талабгор бевосита Вазирликка ёки тегишли ҳудудий адлия органига ариза билан мурожаат этиши лозим.

Агар ягона танловда ғолиб деб топилган талабгор ягона танлов ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ичида тегишли ҳудудий адлия органига меҳнат шартномасини тузиш ва давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланиш учун мурожаат қилмаса, бу ҳолат давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинланишдан воз кечиш деб ҳисобланади, келмаганлик сабаби узрли деб топилган ҳоллар (касаллиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) бундан мустасно.

51. Агар давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқ қабул қилингунга қадар нотариус лавозимига тайинланишдан воз кечса, ягона танловда мазкур талабгордан сўнг энг юқори балл олган талабгор комиссия қарори асосида нотариус лавозимига тайинланади.

Бунда ушбу талабгор ягона танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан кўп балл тўплаган ҳамда мазкур Низомнинг 39-бандига ҳамда 48-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ бошқа бўш (вақтинча бўш) нотариус ўрнига тайинланмаган бўлиши лозим.

52. Агар талабгор ягона танловга келмаса олти ой давомида кейинги танловларга ёки малака имтиҳонига қўйилмайди, келмаганлик сабаби узрли деб топилган ҳоллар (касаллиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) бундан мустасно.

7-боб. Ягона танлов бўйича ҳужжатларни юритиш

53. Ўтказилган ҳар бир ягона танлов бўйича материаллар, шу жумладан ягона танловни ўтказиш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзувлар ишчи орган томонидан электрон шаклда доимий сақланади.

8-боб. Якуний қоидалар

54. Комиссия қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

55. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясига _______________________________________ _______________________________________ (талабгорнинг яшаш манзили ва Ф.И.О.) АРИЗА Менга «Инсон ва қонун» газетаси (Адлия вазирлигининг расмий веб-сайти)нинг 20__ йил «___» ________ да берилган эълонига мувофиқ __________________________________________________ нотариуси лавозимига тайинлаш бўйича __________________________________________________________________ ____________________________ (давлат нотариал идорасининг номи) Ягона танловда иштирок этишга рухсат беришингизни сўрайман. Аввал нотариус лавозимига тайинлаш бўйича ягона танловда 20____ йил «______» ______________________________ да иштирок ________________________________ _____________ (этмаганман ёки этганман) Телефон рақамим: ____________________________ Электрон почта манзилим: ____________________________ Паспорт (идентификация ИД-карта) маълумотларим: ______ ___________ __________________ (серияси) (рақами) (ЖШШИР) _______________ ___________ (сана) (имзо)

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Сўровнома 1. Фамилияси: ______________________________________ расм Исми: _____________________________________________ Отасининг исми: _____________________________________ 2. Туғилган санаси: ______йил «_____» ________________. 3. Маълумоти: ______________________________ Тамомлаган: _______________________ (сана) _____________________________________________________________________________ (олий таълим ташкилоти номи) Диплом бўйича мутахассислиги: _________________________________ Илмий даражаси, илмий унвони (агар мавжуд бўлса): _______________________________ 4. Меҳнат дафтарчасидан иш стажи ҳақида маълумотлар: Т/р Ишга кириш санаси Ишдан кетиш санаси Иш жойи ва лавозими 1. 2. ... 5. Ўзига нисбатан муомала лаёқатини чеклаш ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисида суднинг қарори мавжудлиги: _____________________________________________________ 6. Судланганлик ҳолати: ________________________________________________________ 7. Сўровномадаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилигини тасдиқлайман. Сўровнома тўлдирилган сана: 20___ йил «_____» ______________. Шахсий имзо ______________________

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

20___ йил «____» _____ _____-сон Талабгор ___________________________га (Ф.И.О) ____________________________________ ____________________________________ (яшаш жойи) ХАБАРНОМА Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ________________________________________ __________________________________________________________________________________ нотариус (нотариус лавозимига ягона танлов ўтказилаётган нотариал идоранинг номи) лавозимига ўтказиладиган ягона танловда иштирок этиш учун тақдим этган ҳужжатларингиз кўриб чиқилди. _________________________________________________________________________________________ (ягона танловда иштирок этишни рад этиш сабаблари) _________________________________________________________________________________________ _____________________ сабабли Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-бандига мувофиқ Сизнинг ягона танловда иштирок этишингиз рад этилди. Комиссия масъул котиби ___________ __________________________ (имзо) (Ф.И.О)

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Ягона танловдан четлаштириш ҳақида ДАЛОЛАТНОМА Тошкент шаҳри 20__ йил «_____» _______________ Биз, қуйида имзо чекувчилар шуни тасдиқлаймизки, Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 33-банди талабларига асосан талабгор ___________________________ ____________________________________________________________________ қуйидаги сабабларга кўра (Ф.И.О) Ягона танловдан соат _____:_____ да четлатилди:  уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб ҳамда шпаргалкалардан фойдаланди;  бошқа талабгорлар билан суҳбатлашди;  ягона танлов тугамасидан хонадан ташқарига чиқди. Комиссия аъзоси ____________ ____________________________ (имзо) (Ф.И.О) Комиссия аъзоси ____________ ____________________________ (имзо) (Ф.И.О) Комиссия аъзоси ____________ ____________________________ (имзо) (Ф.И.О)

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси аъзосининг

Т/р Ягона танлов ўтказилаётган нотариал округ номи Талабгорларнинг Ф.И.О. Қўйилган балл 1. 2. 3. ... Комиссия аъзоси _______________ ________________________ (имзо) (Ф.И.О.)

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 6-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг _______-сон мажлиси

Т/р Ягона танлов ўтказилаётган нотариал округ номи Талабгорларнинг Ф.И.О. Комиссия аъзоларининг Ф.И.О. ва улар томонидан қўйилган баллар Жами балл Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. Ф.И.О. 1. 2. 3. ... Комиссия аъзоси _______________ ______________________ (имзо) (Ф.И.О.) Комиссия аъзоси _______________ ______________________ (имзо) (Ф.И.О.) Комиссия аъзоси _______________ ______________________ (имзо) (Ф.И.О.)

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 9 февралдаги 5-мҳ-сон буйруғига 2-ИЛОВА

Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 4 январдаги 3-мҳ-сон «Давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3114, 2019 йил 4 январь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2019 й., 10/18/3114/2423-сон).

2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йил 15 июндаги 134-мҳ-сон «Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3114-1, 2020 йил 15 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.06.2020 й., 10/20/3114-1/0763-сон).

3. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 27 февралдаги 3-мҳ-сон «Давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3114-2, 2021 йил 27 февраль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.02.2021 й., 10/21/3114-2/0168-сон).

4. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 7 октябрдаги 22-мҳ-сон «Давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3114-3, 2022 йил 7 октябрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2022 й., 10/22/3114-3/0901-сон).

5. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 1 февралдаги 1-мҳ-сон «Давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3114-4, 2025 йил 6 февраль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2025 й., 10/25/3114-4/0113-сон).

Вазир А. ТАШКУЛОВ

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ

Нотариал палата р аиси Д. АШУРОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 9 февраль,

2026 йил 14 январь

2026 йил 12 январь

5-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.02.2026 й., 10/26/3773/0132-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI ADLIYa VAZIRining

buyrugʻi

NIZOM

BAHOLASH BYULLETENI

YIGʻMA BAHOLASH BYULLETENI

ROʻYXATI

Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Notariat toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “ Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi va 2025-yil 9-sentabrdagi PQ-280-son “ Notariat institutini yanada rivojlantirish hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi qarorlariga muvofiq buyuraman:

1. Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi va Notarial palata bilan kelishilgan.

4. Mazkur buyruq 2026-yil 1-apreldan boshlab kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2026-yil 9-fevraldagi 5-mh-son buyrugʻiga 1-ILOVA

Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom davlat notarial idorasi notariusini lavozimga tayinlash hamda xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini berish boʻyicha talabgorlar uchun yagona tanlov (bundan buyon matnda yagona tanlov deb yuritiladi) oʻtkazish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Yagona tanlov Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Oliy malaka komissiyasi (bundan buyon matnda komissiya deb yuritiladi) hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) tomonidan oʻtkaziladi.

Yagona tanlov oʻtkazishni tashkiliy-texnik jihatdan taʼminlash maqsadida komissiyaning ishchi organi faoliyat yuritadi.

Ishchi organning tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining (bundan buyon matnda Vazirlik deb yuritiladi) inson resurslari boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmasi xodimi hamda notariat, advokatura va mediatsiya boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmasi notariat sohasi boʻyicha masʼul xodimlari orasidan shakllantiriladi va komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.

Ishchi organ oʻz faoliyatini komissiya raisining rahbarligida amalga oshiradi.

2. Yagona tanlov notarial okrugda notarius lavozimi boʻsh boʻlgan taqdirda yoki qoʻshimcha (yangi) notarius lavozimi taʼsis etilganda oʻtkaziladi.

Notariusning bolani parvarishlash taʼtiliga chiqishi munosabati bilan notarius lavozimi vaqtincha boʻshagan hollarda yagona tanlov oʻtkazish mazkur Nizomning 39-bandida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

3. Yagona tanlov ikki bosqichda oʻtkaziladi:

birinchi bosqichda — talabgorlar davlat va jamiyat boshqaruvi hamda korrupsiyaga qarshi kurashish, fuqarolik huquqi, notariat va vorislik huquqi sohalari boʻyicha test sinovlaridan oʻtadi. Bunda test sinovlari axborot texnologiyalaridan foydalangan holda komissiya tomonidan taqdim etilgan roʻyxat asosida yagona tanlovda ishtirok etishga ruxsat berilgan talabgorlar uchun Agentlik tomonidan tashkil etiladi;

ikkinchi bosqichda — test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorlar komissiya tomonidan oʻtkaziladigan amaliy imtihonda (bundan buyon matnda amaliy imtihon deb yuritiladi) notarial harakatlarning loyihalarini maxsus elektron platformada tayyorlaydi va muammoli masalaga (kazusga) javob beradi.

4. Yagona tanlovning birinchi bosqichida test sinovi jarayonlari videoyozuvda qayd etib boriladi. Ushbu videoyozuvlar Agentlik tomonidan kamida bir yil davomida saqlanadi.

Yagona tanlovning amaliy imtihon bosqichi jarayonlari audio va videoyozuvlarda qayd etib boriladi hamda Vazirlikning rasmiy veb-saytida real vaqt rejimida translyatsiya qilinadi. Ushbu audio va videoyozuvlar Vazirlik tomonidan kamida bir yil muddat davomida saqlanadi.

2-bob. Yagona tanlov oʻtkazishni tashkil etish

5. Notarial okrugdagi boʻsh notarius lavozimlari va qoʻshimcha (yangi) notarius lavozimlari Vazirlikning rasmiy veb-saytida muntazam ravishda (har oyda kamida bir marta) eʼlon qilib boriladi.

Davlat notarial idorasi notariusi lavozimi yoki xususiy amaliyot bilan shugʻullanuvchi notarius lavozimi boʻshagandan keyin tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari (bundan buyon matnda hududiy adliya organi deb yuritiladi) tomonidan bu haqida buyruq chiqarilgan kunning ertasidan kechiktirmay Vazirlik (buyruqni ilova qilgan holda) xabardor qilinadi.

6. Hududiy adliya organlari tomonidan yuborilgan xabarnoma olingan kundan boshlab yetti ish kuni ichida ishchi organ tomonidan “Inson va qonun” gazetasida hamda Vazirlikning rasmiy veb-saytida yagona tanlov oʻtkazish toʻgʻrisida eʼlon beriladi.

7. Yagona tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlonda quyidagilar koʻrsatilishi lozim:

notarius lavozimiga yagona tanlov oʻtkazilayotgan notarial okrug nomi;

yagona tanlovda ishtirok etuvchilarga qoʻyiladigan talablar;

yagona tanlovda ishtirok etish uchun taqdim etiladigan hujjatlar va ularni taqdim etishning oxirgi sanasi. Bunda hujjatlarni taqdim etish muddati kamida oʻn besh kun etib belgilanadi;

bogʻlanish uchun telefon raqami va elektron pochta manzili;

yagona tanlovda ishtirok etish uchun murojaat qilish tartibi;

yagona tanlovning birinchi va ikkinchi bosqichi oʻtkaziladigan joylar.

Yagona tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlon qoʻshimcha ravishda boshqa ommaviy axborot vositalarida, Vazirlik va tegishli hududiy adliya organining ijtimoiy tarmoqlaridagi sahifalari orqali berilishi mumkin.

Yagona tanlovda Adliya vazirligi huzuridagi Yuridik kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutida majburiy oʻquv kurslarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3721, 2025-yil 9-dekabr) muvofiq berilgan sertifikatga ega boʻlgan talabgorlar ishtirok etishi mumkin.

8. Yagona tanlovda yigirma besh yoshdan kichik boʻlmagan va oltmish besh yoshdan katta boʻlmagan, oliy yuridik maʼlumotga, yuridik mutaxassislik boʻyicha kamida uch yillik ish stajiga ega boʻlgan, shu jumladan notarial idorada kamida bir yil stajirovka oʻtagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi ishtirok etishi mumkin.

Bunda sudyalik lavozimida kamida besh yil ishlagan yoki notarius yordamchisi yoxud adliya organlarining notarial faoliyatga rahbarlik qilish va ushbu faoliyatni nazorat qilish bilan bogʻliq lavozimlarida kamida uch yil ishlagan shaxslar uchun stajirovkadan oʻtish talab qilinmaydi.

Surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, adliya organlarining ishi notariat faoliyati bilan bogʻliq boʻlmagan boshqaruv xodimi yoki advokat sifatida kamida uch yil ishlagan shaxslar, agar ularning vakolatlari tugatilgan paytdan eʼtiboran besh yil oʻtmagan boʻlsa, olti oy muddat stajirovka oʻtaydi.

Quyidagilar notarius boʻlishi mumkin emas:

muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilgan shaxs;

qasddan sodir etgan jinoyati uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan shaxs;

notarius, advokat, tergovchi, surishtiruvchi, prokuror, sudya yoki huquqni muhofaza qiluvchi organlarning boshqa xodimi sifatidagi vakolatlari oʻz kasbiy faoliyatiga mos kelmaydigan qilmishlar sodir etganligi uchun tugatilgan shaxs uch yil mobaynida.

9. Davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash uchun yagona tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan shaxs Vazirlikka quyidagi hujjatlar elektron shaklda taqdim etadi:

mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza;

mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq toʻldirilgan soʻrovnoma.

Xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini berish boʻyicha yagona tanlovda ishtirok uchun murojaat qilish, uni koʻrib chiqish hamda uni tashkil etish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 7-iyuldagi 369-son qarori bilan tasdiqlangan Xususiy notarial faoliyat boʻyicha malaka imtihonini tashkil etish yuzasidan davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga (bundan buyon matnda Reglament deb yuritiladi) muvofiq amalga oshiriladi.

Yagona tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan shaxsdan mazkur Nizomda yoki Reglamentda nazarda tutilmagan hujjatlar taqdim etilishini talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

10. Talabgor muqaddam notarius, advokat, surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sudya yoki huquqni muhofaza qiluvchi organlarning boshqa xodimi sifatida ishlagan boʻlsa, uning ushbu lavozimlarda oʻz kasbiy faoliyatiga mos kelmaydigan qilmishlar sodir etmaganligini aniqlash maqsadida tegishli tashkilotlardan maʼlumotlar olinishi mumkin.

11. Talabgorning yagona tanlovda ishtirok etishini rad etishga asoslar mavjud boʻlsa, ishchi organ tomonidan bu haqda xulosa tuziladi. Mazkur xulosa komissiya raisi tomonidan tasdiqlanib, bir ish kuni ichida komissiya masʼul kotibi tomonidan mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq shaklda xabarnoma yuboriladi.

12. Quyidagi asoslarga koʻra talabgorning yagona tanlovda ishtirok etishi rad etiladi:

mazkur Nizomning 8-bandi talablariga muvofiq boʻlmaganda;

hujjatlarda yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar aniqlanganda;

hujjatlar yagona tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlonda koʻrsatilgan hujjatlarni taqdim etishning oxirgi sanasi tugagandan keyin taqdim etilganda.

Talabgorning boshqa asoslarga koʻra yagona tanlovda ishtirok etishini rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

13. Talabgorlarning hujjatlarini oʻrganish natijalariga koʻra, ishchi organ tomonidan tegishli ravishda yagona tanlov oʻtkazish toʻgʻrisida yoki yagona tanlov oʻtkazishga qayta eʼlon berish toʻgʻrisida xulosa tuziladi va u komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.

14. Quyidagi hollarda ishchi organ tomonidan yagona tanlov oʻtkazishga qayta eʼlon berish toʻgʻrisida xulosa tuziladi:

yagona tanlovda ishtirok etish uchun birorta ham talabgor boʻlmasa;

yagona tanlovda ishtirok etish uchun taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish natijalariga koʻra barcha talabgorlarga tanlovda ishtirok etish rad etilgan boʻlsa;

yagona tanlov eʼlon qilingan notarial okrug uchun oʻtkazilgan imtihonlardan birorta ham talabgor muvaffaqiyatli oʻta olmasa.

Yagona tanlov oʻtkazish boʻyicha qayta eʼlon tegishli xulosa komissiya raisi tomonidan tasdiqlangan kundan boshlab yetti ish kuni mobaynida berilishi lozim. Mazkur Nizomning 37-bandida nazarda tutilgan hollarda yagona tanlov oʻtkazishga qayta eʼlon berish komissiya qarorida koʻrsatilgan muddatda amalga oshiriladi.

15. Yagona tanlovning birinchi bosqichida ishtirok etishi mumkin boʻlgan talabgorlarning roʻyxati (familiyasi, ismi va otasining ismi, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) hamda test sinovini topshirish hududi) Vazirlik tomonidan Agentlikka taqdim etilgan kundan boshlab oʻn kundan soʻng, biroq oʻn besh kundan kechiktirmay Agentlik tomonidan oʻtkazilishi lozim.

Bunda talabgorlarning roʻyxati taqdim qilingan kundan boshlab uch kun ichida Agentlik tomonidan test sinovi oʻtkazish sanasi va vaqti belgilanib, Vazirlik xabardor qilinishi lozim.

Test sinovlari talabgorlarning hududlar kesimidagi taqsimotidan kelib chiqib, Agentlikda hamda uning hududiy boʻlinmalarida yil davomida (iyul-avgust oylaridan tashqari) oʻtkaziladi.

Talabgorlar test sinovi oʻtkazish sanasidan kamida besh kun oldin test sinovi oʻtkazish sanasi, vaqti va joyi toʻgʻrisida Vazirlik tomonidan elektron shaklda xabardor qilinadi.

16. Yagona tanlovning amaliy imtihon bosqichi test sinovlari natijalari chiqqan kundan boshlab oʻn kundan soʻng, biroq oʻn besh kundan koʻp boʻlmagan muddat ichida oʻtkaziladi.

Amaliy imtihon oʻtkaziladigan kun, vaqt va joy haqida talabgorlarga amaliy imtihon oʻtkaziladigan kundan kamida besh kun oldin masʼul kotib tomonidan elektron shaklda xabarnoma yuboriladi.

17. Amaliy imtihon oʻtkaziladigan kun, vaqt va joy haqida yagona tanlov oʻtkazilishidan besh kun oldin Vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

3-bob. Yagona tanlov oʻtkazish

18. Test sinovida talabgorlar Agentlikning maxsus elektron platformalari orqali oʻtkaziladigan quyidagi sohalar boʻyicha test sinovini topshiradi:

davlat va jamiyat boshqaruvi hamda korrupsiyaga qarshi kurashish;

fuqarolik huquqi;

notariat va vorislik huquqi.

Test savollari Vazirlik tomonidan tavsiya etilgan mutaxassislar tomonidan Agentlik binosida maxfiyligi taʼminlangan holda faqat bitta toʻgʻri javobni oʻz ichiga olgan toʻrtta javob variant keltirilgan shaklda, lotin alifbosida, davlat tilida ishlab chiqiladi.

Talabgorlar test sinoviga shaxsini tasdiqlovchi hujjatini (pasport yoki identifikatsiya ID-kartasi, haydovchilik guvohnomasi) koʻrsatgan holda qoʻyiladi.

Shaxsni tasdiqlovchi hujjatga ega boʻlmagan yoki test sinoviga belgilangan vaqtda kelmagan, shuningdek unda qatnasha olmagan talabgor test sinoviga kelmagan deb hisoblanadi hamda unga qayta test sinovini topshirish uchun imkoniyat berilmaydi.

Bunda talabgorlar test sinovidan oʻtmagan deb hisoblanadi hamda mazkur Nizomning 9-bandiga muvofiq qayta murojaat qilishi mumkin.

19. Test sinovlari axborot texnologiyalaridan foydalanilgan holda Agentlik tomonidan tasdiqlangan roʻyxatda keltirilgan kuzatuvchilar ishtirokida oʻtkaziladi.

Test sinovlari oʻtkazilayotgan xonaga jadval, kitob, uyali telefon, kompyuter, kalkulyator hamda boshqa telekommunikatsiya vositalari va shpargalkalar olib kirish, bir-biri bilan gaplashish taqiqlanadi.

Mazkur bandning ikkinchi xatboshisidagi talablarni buzgan talabgorlar test sinovidan chetlashtiriladi va test sinovidan oʻtmagan deb hisoblanadi. Test sinovidan chetlashtirilgan talabgorlar boʻyicha Agentlik tomonidan tasdiqlangan roʻyxatda keltirilgan kuzatuvchilari tomonidan dalolatnoma tuziladi.

20. Test sinovlari boʻyicha talabgor bir vaqtning oʻzida faqat bitta hudud (notarial okrug) uchun test sinovida ishtirok etishi mumkin.

21. Test sinovlarini topshirish uchun 40 ta test savollariga 60 daqiqa vaqt ajratiladi.

Test savolining har bir toʻgʻri javobi uchun 2,5 balldan beriladi. Notoʻgʻri javob berilgan yoki javob berilmagan test savoli uchun ball berilmaydi.

Test sinovlari natijalariga koʻra 55 balldan yuqori toʻplagan talabgorlar test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi.

Bunda talabgorlar tomonidan 55 va undan past ball toʻplangan taqdirda muvaffaqiyatli oʻtmagan deb hisoblanadi.

22. Test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorlarning test natijalari bir yil davomida amal qiladi.

Bunda talabgorlar yagona tanlovning amaliy imtihon bosqichidan muvaffaqiyatli oʻtolmagan taqdirda, test sinovlarining natijasi chiqqan kundan boshlab bir yil davomida qayta test sinovlarini topshirishi talab etilmaydi.

23. Talabgorlarning natijalari test sinovlari yakunlangandan soʻng real vaqt rejimida test sinovlarini bajargan maxsus elektron platformada oʻzlariga koʻrinadi.

Xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini berish boʻyicha test sinovida ishtirok etayotgan talabgorning natijasi test sinovi yakunlangandan soʻng bir vaqtning oʻzida talabgorning hamda komissiya masʼul kotibining shaxsiy kabinetiga elektron xabarnoma shaklda kelib tushadi.

Davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash boʻyicha test sinovida ishtirok etayotgan talabgorning natijasi test sinovi yakunlangandan soʻng, shu kunning oʻzida Agentlik tomonidan Vazirlikka yuboriladi.

Bunda komissiya masʼul kotibi tomonidan test sinovi natijasi yuzasidan talabgorning elektron pochta manziliga xabarnoma yuboriladi.

24. Talabgorlar test sinovlari boʻyicha apellyatsiya shikoyatlarini test oʻtkaziladigan vaqtning oʻzida hamda test sinovlarini yakunlagandan soʻng 30 daqiqa davomida elektron test platformasi orqali berishlari mumkin.

Talabgorlar tomonidan berilgan apellyatsiya shikoyatlari Agentlikda tashkil qilingan apellyatsiya komissiyasi tomonidan apellyatsiya shikoyati berilgan kundan boshlab besh ish kuni davomida koʻrib chiqiladi.

Apellyatsiya shikoyatlari koʻrib chiqilgandan soʻng takroriy apellyatsiyaga yoʻl qoʻyilmaydi.

Apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish va test sinovi natijalariga oʻzgartirish kiritish toʻgʻrisidagi qaror apellyatsiya shikoyatida koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topgan taqdirda qabul qilinadi.

Apellyatsiya shikoyatlari boʻyicha apellyatsiya komissiyasining xulosasi Vazirlik orqali talabgorlarga elektron shaklda ham yuboriladi.

25. Komissiya masʼul kotibi test sinovidan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorlarning roʻyxatini shakllantiradi.

26. Amaliy imtihonda talabgorlar maxsus elektron platformada notarial harakatlarning loyihalarini tayyorlaydi va muammoli masalaga (kazusga) javob beradi.

27. Komissiya majlisida talabgorlar, qoida tariqasida, 5 tagacha talabgordan iborat guruh shakllantirilib, navbat boʻyicha kiritiladi.

Talabgorlar amaliy imtihonga shaxsini tasdiqlovchi hujjatini (pasport yoki identifikatsiya ID-kartasi, haydovchilik guvohnomasini) koʻrsatgan holda qoʻyiladi.

28. Notarial harakatlarning loyihalari va muammoli masalalar (kazuslar) roʻyxati komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi va Vazirlikning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi hamda qonunchilik hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirish va qoʻshimchalarni hisobga olgan holda davriy ravishda qayta koʻrib chiqiladi.

29. Komissiya majlisi masʼul kotibi komissiya aʼzolariga amaliy imtihonda ishtirok etayotgan, shuningdek amaliy imtihonga kelmagan hamda unga qoʻyilmagan talabgorlar roʻyxatini oʻqib eshittiradi.

30. Amaliy imtihon boʻyicha talabgor komissiyaning bitta majlisi davomida faqat bitta hudud (notarial okrug) uchun amaliy imtihonda ishtirok etishi mumkin.

31. Notarial harakatlarning loyihasi va muammoli masala (kazus) talabgor tomonidan axborot texnologiyalaridan foydalangan holda elektron dastur orqali tasodifiy ravishda tanlanadi.

Talabgor tomonidan tasodifiy ravishda tanlangan notarial harakatlarning loyihasi va muammoli masala (kazus) komissiya masʼul kotibi tomonidan printerda chop etiladi va (yoki elektron shaklda) talabgorga taqdim qilinadi.

32. Talabgorlarga javob berishga tayyorgarlik koʻrishlari uchun 20 daqiqa vaqt ajratiladi.

33. Yagona tanlov oʻtkazish jarayonida talabgorlarga quyidagilar taqiqlanadi:

aloqa va telekommunikatsiya vositalari (telefon, kompyuter, planshet va boshqalar), kitob hamda shpargalkalardan foydalanish;

boshqa talabgorlar bilan suhbatlashish;

yagona tanlov tugamasdan xonadan tashqariga chiqish.

Talabgorning mazkur qoidalarga amal qilmasligi uni yagona tanlovda qatnashishdan chetlashtirish uchun asos boʻladi. Ushbu holatda masʼul kotib tomonidan mazkur Nizomning 4-ilovasiga muvofiq shakldagi dalolatnoma rasmiylashtiriladi va komissiya aʼzolarining kamida uch nafari tomonidan imzolanadi.

Amaliy imtihonda qatnashishdan chetlashtirilgan talabgor olti oy davomida keyingi amaliy imtihonga qoʻyilmaydi.

34. Talabgor komissiya aʼzolariga dastlab notarial harakatning loyihasini elektron tizimda tayyorlab koʻrsatadi, soʻngra muammoli masalaga (kazusga) javob beradi.

Komissiya aʼzolari notarial harakat loyihasi yoki muammoli masala (kazus) yuzasidan aniqlashtirish maqsadida qoʻshimcha savollar berishi mumkin.

35. Amaliy imtihon natijasi boʻyicha komissiyaning har bir aʼzosi boshqa aʼzolardan mustaqil ravishda mazkur Nizomning 5-ilovasiga muvofiq shakldagi baholash byulletenida talabgorning javobini 5 ballik tizimda baholaydi.

Bunda komissiyaning har bir aʼzosi talabgorni quyidagi mezonlarga asosan baholaydi:

berilgan notarial harakat loyihasini tuzishda qonunchilik hujjatlari talablarining barchasi qamrab olinganligi, muammoli masalaga (kazusga) toʻliq va aniq javob berishi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq tizimli bilimlarga ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida mustaqil foydalanishni bilishi, ijtimoiy muammolar va jarayonlarni mustaqil tahlil qila olishi — 5 ball;

berilgan notarial harakat loyihasini tuzishda qonunchilik talablarining qamrab olinganligi, muammoli masalaga (kazusga) aniq, biroq toʻliq javob berolmasligi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq bilimlarga ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida foydalanishni bilishi, ijtimoiy muammolar va jarayonlarni tahlil qila olishi — 4 ball;

berilgan notarial harakat loyihasini tuzishda qonunchilik talablarining qisman qamrab olinganligi, muammoli masalaga (kazusga) toʻliq javob berolmasligi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq bilimlarga yetarli darajada ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida foydalanishni bilishi — 3 ball;

berilgan notarial harakat loyihasini tuzishda qonunchilik talablarining qamrab olinmaganligi, muammoli masalaga (kazusga) noaniq javob berishi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq bilimlarga ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida foydalanishni bilmasligi — 2 ball;

berilgan notarial harakat loyihasini qonunchilik talablariga muvofiq tuzilmaganligi, muammoli masalaga (kazusga) noaniq javob berishi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq bilimlarga yetarli darajada ega emasligi — 1 ball;

berilgan notarial harakat loyihasini tuza olmasligi, muammoli masalaga (kazusga) umuman javob bera olmasligi — 0 ball.

36. Baholash byulletenida ballarni hisoblab chiqish uchun komissiya aʼzolari orasidan 3 kishidan iborat hisoblash guruhi tuziladi.

Hisoblash guruhi tomonidan baholash byulletenlaridagi ballar hisoblab chiqiladi. Hisoblash natijalari mazkur Nizomning 6-ilovasiga muvofiq shakldagi yigʻma baholash byulleteniga kiritiladi va komissiya aʼzolariga eʼlon qilinadi.

Amaliy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtgan deb topilgan talabgorning umumiy toʻplagan balli tanlovda olinishi mumkin boʻlgan eng yuqori ballning 55 foizidan yuqori boʻlishi lozim.

Amaliy imtihonda ishtirok etgan talabgorning toʻplagan balli imtihonda olinishi mumkin boʻlgan eng yuqori ballning 55 foizi yoki undan kam boʻlsa, talabgor amaliy imtihondan oʻta olmagan hisoblanadi.

37. Talabgorlardan birortasi ham amaliy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtmagan taqdirda, komissiya amaliy imtihon oʻtkazishga qayta eʼlon berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

38. Amaliy imtihon natijasiga koʻra bitta notarial okrug uchun ballar teng boʻlib qolgan hollarda, amaliy imtihon gʻolibi eng koʻp bir xil ball olgan talabgorlar orasidan komissiya aʼzolari tomonidan ovoz berish yoʻli bilan aniqlanadi.

Eng koʻp ovoz olgan talabgor amaliy imtihonda gʻolib deb topiladi. Ovozlar takroran teng boʻlib qolsa, komissiya raisining ovozi hal qiluvchi boʻlib hisoblanadi.

39. Davlat notarial idorasi notariusi lavozimi uchun yagona tanlovda gʻolib deb topilmagan va olinishi mumkin boʻlgan eng yuqori ballning 55 foizidan koʻp ball toʻplagan talabgorlarga ularning roziligi bilan komissiyaning ushbu majlisi davomida tanlov oʻtkazilgan, biroq unda gʻolib aniqlanmagan, shuningdek mazkur Nizomda belgilangan tartibda ikki marta eʼlon berilgan, lekin ushbu boʻsh oʻringa birorta ham talabgor tanlovda ishtirok etmagan boshqa boʻsh notarius oʻrnida ishlash taklif etilishi mumkin.

Ushbu bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan talabgorlarga notariusning bolani parvarishlash taʼtiliga chiqish davrida uning oʻrnida vaqtincha notarius lavozimida ishlash taklif etilishi mumkin.

40. Amaliy imtihonda ishtirok etib, unda olinishi mumkin boʻlgan eng yuqori ballning 55 foizi yoki undan kam ball toʻplagan talabgor ushbu amaliy imtihon oʻtkazilgan kundan boshlab olti oy davomida yagona tanlovlarga qoʻyilmaydi.

41. Yagona tanlov yakunlari boʻyicha komissiya qaror qabul qiladi.

Qarorda quyidagilar koʻrsatiladi:

raqami va qabul qilingan sanasi;

ishtirok etgan komissiya aʼzolari roʻyxati;

yagona tanlov natijalari;

yagona tanlovda gʻolib deb topilgan va oʻta olmagan talabgorlar roʻyxati;

yagona tanlovda gʻolib deb topilgan talabgorlar tomonidan qasamyod qabul qilinganligi;

komissiya qarori ustidan shikoyat qilish tartibi.

Baholash byulletenlari hamda yigʻma baholash byulleteni komissiya qaroriga ilova qilinadi.

Komissiya qarori rais tomonidan tasdiqlanadi.

42. Talabgorlar tomonidan toʻplangan ballar, ovoz berish natijalari hamda komissiya qarori yagona tanlov oʻtkazilgan kunning oʻzida talabgorlarga oʻqib eshittiriladi.

43. Komissiya qarori bir nusxada tuziladi. Davlat notarial idorasi notariusi lavozimi uchun yagona tanlovdan soʻng bir ish kuni ichida qarordan koʻchirma yagona tanlov gʻolibi bilan mehnat shartnomasini tuzish va uni notarius lavozimiga tayinlash toʻgʻrisidagi buyruq qabul qilish uchun hududiy adliya organiga yuboriladi.

Xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya uchun yagona tanlovdan soʻng qarordan koʻchirma bir ish kuni ichida Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali talabgorga yuboriladi.

4-bob. Talabgordan notarius qasamyodini qabul qilish

44. Yagona tanlovda gʻolib deb topilgan talabgor komissiya majlisida Oʻzbekiston Respublikasi “Notariat toʻgʻrisida”gi Qonunga asosan quyidagi mazmunda qasamyod qabul qiladi:

“Notarius vazifasini halol va vijdonan bajarishga, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga qatʼiy rioya etishga tantanali qasamyod qilaman”.

45. Talabgor notarius qasamyodi matnini ovoz chiqarib oʻqiydi va talabgor toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, qasamyod qabul qilingan sana va joy bayon etilgan tegishli hujjatni imzolaydi.

Mazkur hujjat ham komissiya qaroriga ilova qilinadi.

46. Yagona tanlovda gʻolib deb topilgan talabgorning notarius qasamyodini qabul qilishdan bosh tortishi uning notarius lavozimiga tayinlanishdan voz kechishi deb hisoblanadi.

5-bob. Davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash va litsenziya berish

47. Komissiyaning davlat notarial idorasi notariusi lavozimi uchun yagona tanlov yakunlari boʻyicha qabul qilgan qarori yagona tanlovda gʻolib deb topilgan talabgor bilan mehnat shartnomasini tuzish va uni notarius lavozimiga tayinlashga asos boʻladi.

Komissiyaning xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya uchun yagona tanlov yakunlari boʻyicha qabul qilgan qarori xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya uchun yagona tanlovda gʻolib deb topilgan talabgorga litsenziya berishga asos boʻladi.

48. Yagona tanlov gʻolibi bilan mehnat shartnomasini tuzish va uni davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash tegishli hududiy adliya organining buyrugʻi bilan amalga oshiriladi.

Agar talabgor davlat notarial idorasi notariusining bolani parvarishlash taʼtili davriga uning oʻrnida vaqtincha ushbu lavozimda ishlash uchun tayinlangan boʻlsa, u bilan muddatli mehnat shartnomasi tuziladi va tegishli buyruq chiqariladi.

Yagona tanlov gʻolibi bilan mehnat shartnomasini tuzish va uni davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash haqidagi buyruq komissiya qaroridan koʻchirma olingan kundan boshlab uch kundan kechiktirmay chiqariladi.

Xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 7-iyuldagi 369-son qarori bilan tasdiqlangan Xususiy notarial faoliyatni litsenziyalash tartibi toʻgʻrisida nizomda belgilangan tartibda beriladi.

49. Davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlangan yoki litsenziya olgan, biroq oxirgi uch yilda notarius, notarius yordamchisi, notarius stajyori yoki notarius kotibi lavozimida ishlamagan shaxslar Vazirlik bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Notarial palatasi tomonidan tasdiqlanadigan dastur boʻyicha bir oylik amaliyotni oʻtaydilar.

Amaliyot oʻtash davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash toʻgʻrisidagi buyruqda yoki litsenziya berish toʻgʻrisidagi qarorda nazarda tutiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Notarial palatasining tegishli hududiy boshqarmasi hamda tegishli hududiy adliya organining kelishuviga asosan soha boʻyicha yetarli tajriba va koʻnikmalarga ega boʻlgan hamda notarius lavozimida kamida uch yil ishlayotgan notarius amaliyot murabbiyi etib belgilanadi.

6-bob. Yagona tanlovda ishtirok etishdan yoxud davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlanishdan voz kechish

50. Talabgor yagona tanlovning har qanday bosqichida, shuningdek yagona tanlovda ishtirok etishdan, xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya olishdan yoki davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlanishdan voz kechishga haqli. Buning uchun talabgor bevosita Vazirlikka yoki tegishli hududiy adliya organiga ariza bilan murojaat etishi lozim.

Agar yagona tanlovda gʻolib deb topilgan talabgor yagona tanlov oʻtkazilgan kundan boshlab oʻn kun ichida tegishli hududiy adliya organiga mehnat shartnomasini tuzish va davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlanish uchun murojaat qilmasa, bu holat davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlanishdan voz kechish deb hisoblanadi, kelmaganlik sababi uzrli deb topilgan hollar (kasalligi, davlat yoki jamoat vazifalarini bajarganligi, yaqin qarindoshlarining vafoti, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi sababli) bundan mustasno.

51. Agar davlat notarial idorasi notariusi lavozimiga tayinlash toʻgʻrisidagi buyruq qabul qilingunga qadar notarius lavozimiga tayinlanishdan voz kechsa, yagona tanlovda mazkur talabgordan soʻng eng yuqori ball olgan talabgor komissiya qarori asosida notarius lavozimiga tayinlanadi.

Bunda ushbu talabgor yagona tanlovda olinishi mumkin boʻlgan eng yuqori ballning 55 foizidan koʻp ball toʻplagan hamda mazkur Nizomning 39-bandiga hamda 48-bandining ikkinchi xatboshisiga muvofiq boshqa boʻsh (vaqtincha boʻsh) notarius oʻrniga tayinlanmagan boʻlishi lozim.

52. Agar talabgor yagona tanlovga kelmasa olti oy davomida keyingi tanlovlarga yoki malaka imtihoniga qoʻyilmaydi, kelmaganlik sababi uzrli deb topilgan hollar (kasalligi, davlat yoki jamoat vazifalarini bajarganligi, yaqin qarindoshlarining vafoti, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi sababli) bundan mustasno.

7-bob. Yagona tanlov boʻyicha hujjatlarni yuritish

53. Oʻtkazilgan har bir yagona tanlov boʻyicha materiallar, shu jumladan yagona tanlovni oʻtkazish jarayoni qayd etilgan audio va videoyozuvlar ishchi organ tomonidan elektron shaklda doimiy saqlanadi.

8-bob. Yakuniy qoidalar

54. Komissiya qarorlari ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin.

55. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Oliy malaka komissiyasiga _______________________________________ _______________________________________ (talabgorning yashash manzili va F.I.O.) ARIZA Menga “Inson va qonun” gazetasi (Adliya vazirligining rasmiy veb-sayti)ning 20__ yil “___” ________ da berilgan eʼloniga muvofiq __________________________________________________ notariusi lavozimiga tayinlash boʻyicha __________________________________________________________________ ____________________________ (davlat notarial idorasining nomi) Yagona tanlovda ishtirok etishga ruxsat berishingizni soʻrayman. Avval notarius lavozimiga tayinlash boʻyicha yagona tanlovda 20____ yil “______” ______________________________ da ishtirok ________________________________ _____________ (etmaganman yoki etganman) Telefon raqamim: ____________________________ Elektron pochta manzilim: ____________________________ Pasport (identifikatsiya ID-karta) maʼlumotlarim: ______ ___________ __________________ (seriyasi) (raqami) (JSHSHIR) _______________ ___________ (sana) (imzo)

Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Soʻrovnoma 1. Familiyasi: ______________________________________ rasm Ismi: _____________________________________________ Otasining ismi: _____________________________________ 2. Tugʻilgan sanasi: ______yil “_____” ________________. 3. Maʼlumoti: ______________________________ Tamomlagan: _______________________ (sana) _____________________________________________________________________________ (oliy taʼlim tashkiloti nomi) Diplom boʻyicha mutaxassisligi: _________________________________ Ilmiy darajasi, ilmiy unvoni (agar mavjud boʻlsa): _______________________________ 4. Mehnat daftarchasidan ish staji haqida maʼlumotlar: T/r Ishga kirish sanasi Ishdan ketish sanasi Ish joyi va lavozimi 1. 2. ... 5. Oʻziga nisbatan muomala layoqatini cheklash yoki muomalaga layoqatsiz deb topish toʻgʻrisida sudning qarori mavjudligi: _____________________________________________________ 6. Sudlanganlik holati: ________________________________________________________ 7. Soʻrovnomadagi maʼlumotlarning haqiqiyligi va toʻgʻriligini tasdiqlayman. Soʻrovnoma toʻldirilgan sana: 20___ yil “_____” ______________. Shaxsiy imzo ______________________

Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

20___ yil “____” _____ _____-son Talabgor ___________________________ga (F.I.O) ____________________________________ ____________________________________ (yashash joyi) XABARNOMA Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan ________________________________________ __________________________________________________________________________________ notarius (notarius lavozimiga yagona tanlov oʻtkazilayotgan notarial idoraning nomi) lavozimiga oʻtkaziladigan yagona tanlovda ishtirok etish uchun taqdim etgan hujjatlaringiz koʻrib chiqildi. _________________________________________________________________________________________ (yagona tanlovda ishtirok etishni rad etish sabablari) _________________________________________________________________________________________ _____________________ sababli Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 12-bandiga muvofiq Sizning yagona tanlovda ishtirok etishingiz rad etildi. Komissiya masʼul kotibi ___________ __________________________ (imzo) (F.I.O)

Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Yagona tanlovdan chetlashtirish haqida DALOLATNOMA Toshkent shahri 20__ yil “_____” _______________ Biz, quyida imzo chekuvchilar shuni tasdiqlaymizki, Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 33-bandi talablariga asosan talabgor ___________________________ ____________________________________________________________________ quyidagi sabablarga koʻra (F.I.O) Yagona tanlovdan soat _____:_____ da chetlatildi:  uyali telefon, boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, kitob hamda shpargalkalardan foydalandi;  boshqa talabgorlar bilan suhbatlashdi;  yagona tanlov tugamasidan xonadan tashqariga chiqdi. Komissiya aʼzosi ____________ ____________________________ (imzo) (F.I.O) Komissiya aʼzosi ____________ ____________________________ (imzo) (F.I.O) Komissiya aʼzosi ____________ ____________________________ (imzo) (F.I.O)

Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Oliy malaka komissiyasi aʼzosining

T/r Yagona tanlov oʻtkazilayotgan notarial okrug nomi Talabgorlarning F.I.O. Qoʻyilgan ball 1. 2. 3. ... Komissiya aʼzosi _______________ ________________________ (imzo) (F.I.O.)

Notariuslikka talabgorlar uchun yagona tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 6-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Oliy malaka komissiyasining _______-son majlisi

T/r Yagona tanlov oʻtkazilayotgan notarial okrug nomi Talabgorlarning F.I.O. Komissiya aʼzolarining F.I.O. va ular tomonidan qoʻyilgan ballar Jami ball F.I.O. F.I.O. F.I.O. F.I.O. F.I.O. F.I.O. F.I.O. F.I.O. F.I.O. F.I.O. F.I.O. 1. 2. 3. ... Komissiya aʼzosi _______________ ______________________ (imzo) (F.I.O.) Komissiya aʼzosi _______________ ______________________ (imzo) (F.I.O.) Komissiya aʼzosi _______________ ______________________ (imzo) (F.I.O.)

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2026-yil 9-fevraldagi 5-mh-son buyrugʻiga 2-ILOVA

Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2019-yil 4-yanvardagi 3-mh-son “Davlat notarial idorasi notariusini lavozimiga tayinlash boʻyicha tanlov va xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini berish boʻyicha malaka imtihonini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3114, 2019-yil 4-yanvar) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 05.01.2019-y., 10/18/3114/2423-son).

2. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2020-yil 15-iyundagi 134-mh-son “Notarius lavozimiga tayinlash boʻyicha tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi buyruqqa oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3114-1, 2020-yil 15-iyun) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 15.06.2020-y., 10/20/3114-1/0763-son).

3. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2021-yil 27-fevraldagi 3-mh-son “Davlat notarial idorasi notariusini lavozimiga tayinlash boʻyicha tanlov va xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini berish boʻyicha malaka imtihonini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimchalar va oʻzgartirish kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3114-2, 2021-yil 27-fevral) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 27.02.2021-y., 10/21/3114-2/0168-son).

4. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2022-yil 7-oktabrdagi 22-mh-son “Davlat notarial idorasi notariusini lavozimiga tayinlash boʻyicha tanlov va xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini berish boʻyicha malaka imtihonini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi buyruqqa oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3114-3, 2022-yil 7-oktabr) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.10.2022-y., 10/22/3114-3/0901-son).

5. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2025-yil 1-fevraldagi 1-mh-son “Davlat notarial idorasi notariusini lavozimiga tayinlash boʻyicha tanlov va xususiy notarial faoliyat bilan shugʻullanish huquqini berish boʻyicha malaka imtihonini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3114-4, 2025-yil 6-fevral) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.02.2025-y., 10/25/3114-4/0113-son).

Vazir A. TASHKULOV

Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K. SHARIPOV

Notarial palata r aisi D. ASHUROV

Toshkent sh.,

2026-yil 9-fevral,

2026-yil 14-yanvar

2026-yil 12-yanvar

5-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.02.2026 y., 10/26/3773/0132-son)

lex.uz