📅 2026-yil 20-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 20-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 20 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 февраля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 February 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Суд экспертизасини ўтказишда электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-270-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, экспертиза тайинловчи органлар ва суд-экспертиза ташкилотлари ўртасида электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-270-сон қарорига мувофиқ:
а) экспертиза тайинловчи органлар билан суд-экспертиза ташкилотлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинувини таъминлашга мўлжалланган «E-ekspertiza» электрон ахборот тизимини жорий этиш белгилангани;
б) 2025 йил 15 декабрдан бошлаб «E-ekspertiza» платформаси экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилингани ва давлат суд-экспертиза муассасалари фаолиятига жорий этилгани;
в) «E-ekspertiza» платформаси ва экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимлари ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви қуйидаги босқичларда йўлга қўйилиши назарда тутилгани:
2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги экспертиза тайинловчи органларда;
2026 йил 1 июндан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги экспертиза тайинловчи органларда;
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб туман (шаҳар) даражасидаги экспертиза тайинловчи органларда жорий этилиши;
г) 2026 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида йўлга қўйилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Суд экспертизасини ўтказишда электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш;
суд экспертизасини тайинлаш ва иш материалларини юбориш;
электрон ахборот тизимлари орқали сўровларни қабул қилиш ва тадқиқотларни ўтказиш;
электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар айланиши тартиби ва муддатлари;
экспертиза тадқиқотлари якунига кўра хулоса тайёрлаш ва уни электрон ахборот тизимлари орқали юбориш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 февралдаги 74-сон қарорига 1-ИЛОВА
Суд экспертизасини ўтказишда электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат суд-экспертиза муассасалари, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, шунингдек, суд-экспертлик бюроларида (кейинги ўринларда — суд-экспертиза ташкилотлари) ҳамда экспертиза тайинловчи органлар билан «E-ekspertiza» электрон ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «E-ekspertiza» платформаси) электрон ҳужжатлар алмашинуви тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом талаблари давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларга ҳамда қўриқланадиган шахслар хавфсизлигига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ва ёпиқ суд мажлисларида кўриладиган ишлар бўйича суд экспертизасини тайинлаш ҳамда хулосаларни тақдим этиш ҳолатларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Бошқа барча ҳолатларда экспертиза тайинловчи органлар ва суд-экспертиза ташкилотлари ўртасида идоралараро электрон ҳамкорлик тўлиқ жорий этилгандан сўнг суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ва иш материаллари «E-ekspertiza» платформаси орқали юборилмаган тақдирда, бундай қарор (ажрим) асосида суд-экспертиза ташкилотлари томонидан экспертиза ўтказилишига йўл қўйилмайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат суд-экспертиза муассасаси — суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган ихтисослаштирилган муассаса, шунингдек, тегишли давлат органлари, вазирликлар ва идоралар тизимидаги ихтисослаштирилган суд экспертизаси бўлинмалари;
нодавлат суд-экспертиза ташкилоти — шартнома асосида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган, штатида суд эксперти сертификатига эга мутахассислари бўлган нотижорат ташкилот;
суд эксперти — хулоса бериш учун фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган, белгиланган тартибда суд эксперти сифатида жалб қилинган жисмоний шахс;
суд-экспертлик бюроси — шартнома асосида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган, якка тартибда суд эксперти томонидан таъсис этилган нотижорат ташкилот;
суд экспертизаси тадқиқоти (кейинги ўринларда — тадқиқотлар) — фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳолатларини аниқлашга ва суд эксперти томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимлар асосида тадқиқотларни ўтказиш ва хулоса беришга қаратилган фаолият;
суд экспертининг (суд экспертлари) хулосаси — суд экспертининг (суд экспертларининг) суд-экспертиза тадқиқотлари ўтказилишини ва уларнинг натижаларини акс эттирадиган ёзма ёки электрон ҳужжат;
экспертиза тайинловчи органлар — судлар, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар.
4. «E-ekspertiza» платформасидан суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари томонидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтган ҳамда шахсий кабинет очган ҳолда фойдаланишга рухсат этилади.
Давлат суд-экспертиза муассасаларининг суд экспертлари «E-ekspertiza» платформасида тегишли давлат суд-экспертиза муассасаси томонидан рўйхатдан ўтказилади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти ва суд-экспертлик бюроси суд экспертлари уларнинг мурожаатига кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси томонидан «E-ekspertiza» платформасида рўйхатдан ўтказилади.
5. «E-ekspertiza» платформасига интеграция қилинган экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимлари орқали экспертизалар ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар электрон шаклда алмашинади.
6. Экспертиза тайинловчи органлар ва суд-экспертиза ташкилотлари ўртасида электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар айланиши ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Экспертиза тайинлаш ва иш материалларини юбориш тартиби
7. Иш материаллари (тадқиқотларни ўтказишда асли тақдим этилиши шарт бўладиган ёки рақамлаштириш имкони бўлмаган буюмлар, тадқиқот объектлари ва иш материаллари бундан мустасно) экспертиза тайинловчи органнинг (шахснинг) электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда — ЭРИ) билан тасдиқланган қарорига (ажримига) илова қилинган ҳолда, шу куннинг ўзида ахборот тизимлари орқали суд-экспертиза ташкилотларига юборилади.
Бунда электрон шаклда юбориш имкони бўлмаган тадқиқот объектларини (буюмни) экспертиза тайинловчи орган (шахс) томонидан дарҳол суд-экспертиза ташкилотларига юборилиши таъминланади ёки жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилиши лозим бўлган тадқиқот объектининг турган (жойлашган) аниқ манзили қарорда (ажримда) кўрсатилади.
8. Суд-экспертиза ташкилотларига ахборот тизимлари орқали юбориладиган иш материаллари сифатли сканер қилинган бўлиши лозим.
9. «E-ekspertiza» платформасида шартнома асосида тўлов амалга оширилиши лозим бўлган иш материаллари юзасидан электрон тўлов қилиш имкониятлари яратилади.
10. Экспертиза тайинловчи орган (шахс) ўзи томонидан тайинлаган экспертизанинг ижро ҳолатини ахборот тизимлари орқали онлайн кузатиб боради.
3-боб. Электрон ахборот тизимлари орқали сўровларни қабул қилиш ва тадқиқотларни ўтказиш
11. Суд-экспертиза ташкилотларига электрон ахборот тизимлари орқали экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ҳамда иш материаллари келиб тушган вақтдан бошлаб, тегишли суд эксперти экспертизани ўтказишга киришади.
12. Суд экспертининг тақдим этилган тадқиқот объектидаги нуқсонларни бартараф этиш, қўшимча материалларни тақдим этиш ҳақидаги илтимосномалари ЭРИ билан тасдиқланади ҳамда «E-ekspertiza» электрон ахборот тизими орқали электрон ҳужжат кўринишида экспертиза тайинловчи органга (шахсга) юборилади.
13. Қуйидаги ҳолларда электрон ахборот тизимлари орқали келиб тушган ҳужжатлар экспертиза тайинловчи органга қайтарилади:
тадқиқотларни мазкур суд-экспертиза ташкилотида ўтказиш назарда тутилмаган бўлса;
суд-экспертиза ташкилоти тегишли мутахассисларга ёки асбоб-ускуналарга эга бўлмаса;
экспертиза тайинлашга ваколати бўлмаган орган (шахс) томонидан ёхуд ваколатли орган (шахс) томонидан экспертиза тайинлаш ваколатига кирмайдиган ишлар юзасидан тадқиқотлар тайинланганда.
14. Суд-экспертиза ташкилоти раҳбари ёки унинг бевосита суд экспертизаси йўналишига масъул ўринбосари тадқиқотлар ўтказиш учун тақдим қилинган ҳужжатларни уч иш кунида тадқиқотлар бажарилмаганлиги сабабларини кўрсатган ҳолда, экспертизани тайинлаган ваколатли органга (шахсга) қайтаради.
15. Қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан сўнг экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) экспертиза тайинловчи орган (шахс) томонидан такроран тақдим этилиши мумкин.
16. Суд-экспертиза ташкилотлари томонидан электрон ахборот тизимлари орқали тайинланган экспертизалар юзасидан тадқиқотлар суд-экспертлик фаолиятига доир қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талаблар ва муддатлар асосида ўтказилади.
4-боб. Экспертиза тадқиқотлари якунига кўра хулосани тайёрлаш ва уни электрон ахборот тизими орқали юбориш
17. Суд-экспертиза ташкилотларининг суд эксперти томонидан тайинланган экспертиза тадқиқотлари натижалари юзасидан тайёрланган хулоса ЭРИ билан тасдиқланиши ҳамда электрон ахборот тизимлари орқали экспертиза тайинловчи органга (шахсга) юборилиши лозим.
Бунда тайинланган комиссиявий ва комплекс экспертизалар натижаси бўйича тузилаётган хулосаларда суд-экспертиза ташкилотларидан бошқа ташкилотларнинг мутахассислари қатнашганда, уларга электрон ахборот тизимлари орқали хулосани ЭРИ билан тасдиқлаш имкони яратилади.
18. Суд-экспертиза ташкилоти электрон ахборот тизими орқали юбориш мумкин бўлмаган тадқиқот объектлари бўлган предметлар ва ҳужжатлар ҳамда бошқа иш материаллари экспертизани тайинлаган органга (шахсга) шахсан берилиши ёки почта орқали юборилишини таъминлайди.
Тадқиқот объектларининг ўлчамлари ва хоссалари имкон бермаган ёхуд қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ почта (фельдъегерлик хизмати) орқали юбориш мумкин бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно.
19. Суд-экспертиза ташкилоти ўлчамлари ва хоссалари имкон бермаган ёхуд қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ почта (фельдъегерлик хизмати) орқали юбориш мумкин бўлмаган тадқиқот объектларини сақлаб қолади ва экспертиза тайинловчи органни (шахсни) хабардор қилади.
20. Экспертиза тайинловчи орган тадқиқот объектларини олиб кетишни ташкил этиши лозим.
5-боб. Якунловчи қоидалар
21. Экспертиза тайинловчи орган(шахс) ҳамда суд экспертлари электрон ахборот тизимларига киритиладиган маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.
22. Электрон ахборот тизимлари тегишли бўлган вазирлик ва идоралар электрон ҳужжат алмашинуви жараёнида ҳужжатларнинг ошкор қилинмаслигига ҳамда қонунчиликда белгиланган хавфсизлик талабларини таъминлашга масъул ҳисобланади.
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Суд экспертизасини ўтказишда электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Экспертиза тайинловчи органлар ва суд-экспертиза ташкилотлари ўртасида электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар айланиши
Экспертиза тайинловчи орган (шахс) 1. Экспертизани тайинлаш учун экспертиза тайинловчи орган (шахс) қарорини (ажримини) (кейинги ўринларда — сўров) иш материаллари билан бирга суд-экспертиза ташкилотига юборади. Заруратга кўра 2. Электрон ахборот тизимлари орқали юбориш имкони бўлмаган ёки тадқиқот ўтказишда асли талаб этиладиган иш материаллари ва тадқиқот объектларини суд-экспертиза ташкилотига тақдим қилади. 5 иш кунида (сўров юборилгандан сўнг) Суд-экспертиза ташкилоти 1. Келиб тушган сўровни қабул қилади ва ижрога қаратади. 1 иш кунида 2. Заруратга кўра қўшимча маълумотларни ҳамда тўлов амалга оширилишини сўраб илтимосномалар чиқаради. 2 иш кунида 3. Сўровни қайтариш учун асослар мавжуд бўлганда, уни экспертиза тайинлаган органга (шахсга) қайтаради. 3 иш кунида Экспертиза тайинловчи орган (шахс) 1. Келиб тушган илтимосномани ижрога қаратади. 1 иш кунида 2. Илтимосномани ўрганиб чиқади. 2 иш кунида 3. Илтимосномага жавобни ЭРИ билан тасдиқланган электрон ҳужжат шаклида суд-экспертиза ташкилотига юборади (асли шарт бўлган ёки рақамлаштириш имкони бўлмаган иш материаллари, тадқиқот объектлари бундан мустасно). 7 иш кунида (сўров келиб тушгандан сўнг) Суд-экспертиза ташкилоти 1. Келиб тушган илтимоснома жавобини ижрога қаратади. 1 иш кунида 2. Илтимосномада кўрсатилган масалалар экспертиза тайинловчи орган (шахс) томонидан ҳал этилмаганлиги сабабли экспертиза хулосасини тайёрлашнинг имкони бўлмаган ҳолатларда сўровни ижросиз қайтариб юборади. 10 иш кунидан кейин (илтимоснома чиқарилгандан сўнг) 3. ЭРИ билан тасдиқланган эксперт хулосасини тайёрлайди. 30 кун ичида (экспертизанинг мураккаблигидан келиб чиқиб) 4. Экспертизани белгиланган муддатда якунлаш имкони бўлмаганда, қўшимча муддатни келишиш учун экспертиза тайинловчи органга (шахсга) хабар қилади. Муддатидан 3 иш куни олдин 5. Тайёр бўлган экспертиза хулосасини юборади. 1 иш кунида Экспертиза тайинловчи орган (шахс) 1. Қўшимча муддат бериш масаласини кўриб чиқади. 3 иш кунида 2. Электрон ахборот тизимлари орқали келиб тушган эксперт хулосасини қабул қилади ва ижрога қаратади. 1 иш кунида Экспертиза тайинловчи орган (шахс) Электрон ахборот тизимлари, почта (фельдъегерлик хизмати) орқали юбориш имкони мавжуд бўлмаган иш материаллари, тадқиқот объектлари қайтариб олинишини таъминлайди. 5 иш кунида
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 февралдаги 74-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 22 ноябрдаги 704-сон қарорига 2-илованинг 3-бандидаги «давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига» сўзлари «давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, шу жумладан, суд-экспертлик бюроларига (кейинги ўринларда — давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари)» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Суд экспертиза соҳасини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 22 ноябрдаги 706-сон қарорида :
а) 1-иловада:
қуйидаги мазмундаги 23 1 -банд билан тўлдирилсин:
«23 1 . Нодавлат суд эксперти бўлиш учун якуний малака имтиҳони қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Эксперт-малака комиссияси томонидан ўтказилади.
Бунда ўқув режаси ва дастурида назарда тутилган барча модулларни муваффақиятли ўзлаштирган тингловчининг таълим олган вақти, соати, экспертиза йўналиши номи ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари акс эттирилган маълумотнома Эксперт-малака комиссиясига тақдим этилгандан сўнг якуний малака имтиҳонини топширишга рухсат этилади»;
33-банд «нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида» сўзларидан кейин «шунингдек, суд-экспертлик бюросини таъсис этган ҳолда» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 2-иловада :
2-банддаги «Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти» сўзлари «Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти, шу жумладан суд-экспертлик бюроси (кейинги ўринларда — нодавлат суд-экспертиза ташкилоти)» сўзлари билан алмаштирилсин;
3-бандда:
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
« суд-экспертлик бюроси — шартнома асосида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган, якка тартибда суд эксперти томонидан таъсис этилган нотижорат ташкилот»;
бешинчи — ўн учинчи хатбошилар тегишлича олтинчи — ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида» 2023 йил 21 февралдаги 73-сон қарорида :
а) 1-иловада:
1-банднинг биринчи хатбошиси «нодавлат суд-экспертиза ташкилоти» сўзларидан кейин «шу жумладан суд-экспертлик бюроси» сўзлари билан тўлдирилсин;
2-банд қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
« суд-экспертлик бюроси — шартнома асосида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган, якка тартибда суд эксперти томонидан таъсис этилган нотижорат ташкилот»;
еттинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишлича саккизинчи — ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 мартдаги 171-сон қарорига 6-илова қуйидаги мазмундаги 38-позиция билан тўлдирилсин:
« 38. Институтда ўтказиладиган тадбирлар (конференция, семинар ва бошқалар) иштирокчиларига ва Институт тингловчиларига қўшимча қулайлик яратиш ҳамда ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус вақтлардан унумли фойдаланиш мақсадида кофе-брейклар ташкил этиш, аутсорсинг, кейтеринг ва бошқа хизматлардан фойдаланиш. Ташкилий чора-тадбирлар Доимий Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари Адлия вазирлиги (А. Ташкулов) ».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 20 февраль,
74 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Sud ekspertizasini oʻtkazishda elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar almashinuvini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sud-ekspertlik faoliyatini yanada takomillashtirish va sohaga zamonaviy texnologiyalarni keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-270-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, ekspertiza tayinlovchi organlar va sud-ekspertiza tashkilotlari oʻrtasida elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar almashinuvini toʻliq joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sud-ekspertlik faoliyatini yanada takomillashtirish va sohaga zamonaviy texnologiyalarni keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-270-son qaroriga muvofiq:
a) ekspertiza tayinlovchi organlar bilan sud-ekspertiza tashkilotlari oʻrtasida elektron hujjatlar almashinuvini taʼminlashga moʻljallangan “E-ekspertiza” elektron axborot tizimini joriy etish belgilangani;
b) 2025-yil 15-dekabrdan boshlab “E-ekspertiza” platformasi ekspertiza tayinlovchi organlarning axborot tizimlari bilan integratsiya qilingani va davlat sud-ekspertiza muassasalari faoliyatiga joriy etilgani;
v) “E-ekspertiza” platformasi va ekspertiza tayinlovchi organlarning axborot tizimlari oʻrtasida oʻzaro elektron axborot almashinuvi quyidagi bosqichlarda yoʻlga qoʻyilishi nazarda tutilgani:
2026-yil 1-yanvardan boshlab respublika darajasidagi ekspertiza tayinlovchi organlarda;
2026-yil 1-iyundan boshlab Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri darajasidagi ekspertiza tayinlovchi organlarda;
2026-yil 1-sentabrdan boshlab tuman (shahar) darajasidagi ekspertiza tayinlovchi organlarda joriy etilishi;
g) 2026-yil 1-iyuldan boshlab nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarida yoʻlga qoʻyilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Sud ekspertizasini oʻtkazishda elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar almashinuvini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar almashinuvini tashkil etish;
sud ekspertizasini tayinlash va ish materiallarini yuborish;
elektron axborot tizimlari orqali soʻrovlarni qabul qilish va tadqiqotlarni oʻtkazish;
elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar aylanishi tartibi va muddatlari;
ekspertiza tadqiqotlari yakuniga koʻra xulosa tayyorlash va uni elektron axborot tizimlari orqali yuborish tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
4. Adliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-fevraldagi 74-son qaroriga 1-ILOVA
Sud ekspertizasini oʻtkazishda elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar almashinuvini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat sud-ekspertiza muassasalari, nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari, shuningdek, sud-ekspertlik byurolarida (keyingi oʻrinlarda — sud-ekspertiza tashkilotlari) hamda ekspertiza tayinlovchi organlar bilan “E-ekspertiza” elektron axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “E-ekspertiza” platformasi) elektron hujjatlar almashinuvi tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizom talablari davlat sirlari yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirlarga hamda qoʻriqlanadigan shaxslar xavfsizligiga taalluqli maʼlumotlar mavjud boʻlgan va yopiq sud majlislarida koʻriladigan ishlar boʻyicha sud ekspertizasini tayinlash hamda xulosalarni taqdim etish holatlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Boshqa barcha holatlarda ekspertiza tayinlovchi organlar va sud-ekspertiza tashkilotlari oʻrtasida idoralararo elektron hamkorlik toʻliq joriy etilgandan soʻng sud ekspertizasini tayinlash toʻgʻrisidagi qaror (ajrim) va ish materiallari “E-ekspertiza” platformasi orqali yuborilmagan taqdirda, bunday qaror (ajrim) asosida sud-ekspertiza tashkilotlari tomonidan ekspertiza oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
davlat sud-ekspertiza muassasasi — sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirish uchun tashkil etilgan ixtisoslashtirilgan muassasa, shuningdek, tegishli davlat organlari, vazirliklar va idoralar tizimidagi ixtisoslashtirilgan sud ekspertizasi boʻlinmalari;
nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti — shartnoma asosida fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud ekspertizasini hamda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari yuzasidan tadqiqotlar oʻtkazishga ixtisoslashtirilgan, shtatida sud eksperti sertifikatiga ega mutaxassislari boʻlgan notijorat tashkilot;
sud eksperti — xulosa berish uchun fan, texnika, sanʼat yoki hunar sohasida maxsus bilimlarga ega boʻlgan, belgilangan tartibda sud eksperti sifatida jalb qilingan jismoniy shaxs;
sud-ekspertlik byurosi — shartnoma asosida fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud ekspertizasini hamda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari yuzasidan tadqiqotlar oʻtkazishga ixtisoslashtirilgan, yakka tartibda sud eksperti tomonidan taʼsis etilgan notijorat tashkilot;
sud ekspertizasi tadqiqoti (keyingi oʻrinlarda — tadqiqotlar) — fuqarolik, iqtisodiy, jinoyat, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ish holatlarini aniqlashga va sud eksperti tomonidan fan, texnika, sanʼat yoki hunar sohasidagi maxsus bilimlar asosida tadqiqotlarni oʻtkazish va xulosa berishga qaratilgan faoliyat;
sud ekspertining (sud ekspertlari) xulosasi — sud ekspertining (sud ekspertlarining) sud-ekspertiza tadqiqotlari oʻtkazilishini va ularning natijalarini aks ettiradigan yozma yoki elektron hujjat;
ekspertiza tayinlovchi organlar — sudlar, tergovga qadar tekshiruv, surishtiruv, dastlabki tergov organlari va maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi ishlarni koʻrib chiqishga vakolati boʻlgan organlar.
4. “E-ekspertiza” platformasidan sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlari tomonidan tegishli tartibda roʻyxatdan oʻtgan hamda shaxsiy kabinet ochgan holda foydalanishga ruxsat etiladi.
Davlat sud-ekspertiza muassasalarining sud ekspertlari “E-ekspertiza” platformasida tegishli davlat sud-ekspertiza muassasasi tomonidan roʻyxatdan oʻtkaziladi.
Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti va sud-ekspertlik byurosi sud ekspertlari ularning murojaatiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Adliya organlari va muassasalarida axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi” davlat muassasasi tomonidan “E-ekspertiza” platformasida roʻyxatdan oʻtkaziladi.
5. “E-ekspertiza” platformasiga integratsiya qilingan ekspertiza tayinlovchi organlarning axborot tizimlari orqali ekspertizalar oʻtkazish bilan bogʻliq hujjatlar elektron shaklda almashinadi.
6. Ekspertiza tayinlovchi organlar va sud-ekspertiza tashkilotlari oʻrtasida elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar aylanishi ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Ekspertiza tayinlash va ish materiallarini yuborish tartibi
7. Ish materiallari (tadqiqotlarni oʻtkazishda asli taqdim etilishi shart boʻladigan yoki raqamlashtirish imkoni boʻlmagan buyumlar, tadqiqot obyektlari va ish materiallari bundan mustasno) ekspertiza tayinlovchi organning (shaxsning) elektron raqamli imzosi (keyingi oʻrinlarda — ERI) bilan tasdiqlangan qaroriga (ajrimiga) ilova qilingan holda, shu kunning oʻzida axborot tizimlari orqali sud-ekspertiza tashkilotlariga yuboriladi.
Bunda elektron shaklda yuborish imkoni boʻlmagan tadqiqot obyektlarini (buyumni) ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) tomonidan darhol sud-ekspertiza tashkilotlariga yuborilishi taʼminlanadi yoki joyiga chiqqan holda koʻzdan kechirilishi lozim boʻlgan tadqiqot obyektining turgan (joylashgan) aniq manzili qarorda (ajrimda) koʻrsatiladi.
8. Sud-ekspertiza tashkilotlariga axborot tizimlari orqali yuboriladigan ish materiallari sifatli skaner qilingan boʻlishi lozim.
9. “E-ekspertiza” platformasida shartnoma asosida toʻlov amalga oshirilishi lozim boʻlgan ish materiallari yuzasidan elektron toʻlov qilish imkoniyatlari yaratiladi.
10. Ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) oʻzi tomonidan tayinlagan ekspertizaning ijro holatini axborot tizimlari orqali onlayn kuzatib boradi.
3-bob. Elektron axborot tizimlari orqali soʻrovlarni qabul qilish va tadqiqotlarni oʻtkazish
11. Sud-ekspertiza tashkilotlariga elektron axborot tizimlari orqali ekspertizani tayinlash toʻgʻrisidagi qaror (ajrim) hamda ish materiallari kelib tushgan vaqtdan boshlab, tegishli sud eksperti ekspertizani oʻtkazishga kirishadi.
12. Sud ekspertining taqdim etilgan tadqiqot obyektidagi nuqsonlarni bartaraf etish, qoʻshimcha materiallarni taqdim etish haqidagi iltimosnomalari ERI bilan tasdiqlanadi hamda “E-ekspertiza” elektron axborot tizimi orqali elektron hujjat koʻrinishida ekspertiza tayinlovchi organga (shaxsga) yuboriladi.
13. Quyidagi hollarda elektron axborot tizimlari orqali kelib tushgan hujjatlar ekspertiza tayinlovchi organga qaytariladi:
tadqiqotlarni mazkur sud-ekspertiza tashkilotida oʻtkazish nazarda tutilmagan boʻlsa;
sud-ekspertiza tashkiloti tegishli mutaxassislarga yoki asbob-uskunalarga ega boʻlmasa;
ekspertiza tayinlashga vakolati boʻlmagan organ (shaxs) tomonidan yoxud vakolatli organ (shaxs) tomonidan ekspertiza tayinlash vakolatiga kirmaydigan ishlar yuzasidan tadqiqotlar tayinlanganda.
14. Sud-ekspertiza tashkiloti rahbari yoki uning bevosita sud ekspertizasi yoʻnalishiga masʼul oʻrinbosari tadqiqotlar oʻtkazish uchun taqdim qilingan hujjatlarni uch ish kunida tadqiqotlar bajarilmaganligi sabablarini koʻrsatgan holda, ekspertizani tayinlagan vakolatli organga (shaxsga) qaytaradi.
15. Qaytarish uchun asos boʻlgan holatlar bartaraf etilganidan soʻng ekspertizani tayinlash toʻgʻrisidagi qaror (ajrim) ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) tomonidan takroran taqdim etilishi mumkin.
16. Sud-ekspertiza tashkilotlari tomonidan elektron axborot tizimlari orqali tayinlangan ekspertizalar yuzasidan tadqiqotlar sud-ekspertlik faoliyatiga doir qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan talablar va muddatlar asosida oʻtkaziladi.
4-bob. Ekspertiza tadqiqotlari yakuniga koʻra xulosani tayyorlash va uni elektron axborot tizimi orqali yuborish
17. Sud-ekspertiza tashkilotlarining sud eksperti tomonidan tayinlangan ekspertiza tadqiqotlari natijalari yuzasidan tayyorlangan xulosa ERI bilan tasdiqlanishi hamda elektron axborot tizimlari orqali ekspertiza tayinlovchi organga (shaxsga) yuborilishi lozim.
Bunda tayinlangan komissiyaviy va kompleks ekspertizalar natijasi boʻyicha tuzilayotgan xulosalarda sud-ekspertiza tashkilotlaridan boshqa tashkilotlarning mutaxassislari qatnashganda, ularga elektron axborot tizimlari orqali xulosani ERI bilan tasdiqlash imkoni yaratiladi.
18. Sud-ekspertiza tashkiloti elektron axborot tizimi orqali yuborish mumkin boʻlmagan tadqiqot obyektlari boʻlgan predmetlar va hujjatlar hamda boshqa ish materiallari ekspertizani tayinlagan organga (shaxsga) shaxsan berilishi yoki pochta orqali yuborilishini taʼminlaydi.
Tadqiqot obyektlarining oʻlchamlari va xossalari imkon bermagan yoxud qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq pochta (feldyegerlik xizmati) orqali yuborish mumkin boʻlmagan holatlar bundan mustasno.
19. Sud-ekspertiza tashkiloti oʻlchamlari va xossalari imkon bermagan yoxud qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq pochta (feldyegerlik xizmati) orqali yuborish mumkin boʻlmagan tadqiqot obyektlarini saqlab qoladi va ekspertiza tayinlovchi organni (shaxsni) xabardor qiladi.
20. Ekspertiza tayinlovchi organ tadqiqot obyektlarini olib ketishni tashkil etishi lozim.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
21. Ekspertiza tayinlovchi organ(shaxs) hamda sud ekspertlari elektron axborot tizimlariga kiritiladigan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va haqqoniyligi uchun qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar hisoblanadi.
22. Elektron axborot tizimlari tegishli boʻlgan vazirlik va idoralar elektron hujjat almashinuvi jarayonida hujjatlarning oshkor qilinmasligiga hamda qonunchilikda belgilangan xavfsizlik talablarini taʼminlashga masʼul hisoblanadi.
23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Sud ekspertizasini oʻtkazishda elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar almashinuvini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Ekspertiza tayinlovchi organlar va sud-ekspertiza tashkilotlari oʻrtasida elektron axborot tizimlari orqali hujjatlar aylanishi
Ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) 1. Ekspertizani tayinlash uchun ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) qarorini (ajrimini) (keyingi oʻrinlarda — soʻrov) ish materiallari bilan birga sud-ekspertiza tashkilotiga yuboradi. Zaruratga koʻra 2. Elektron axborot tizimlari orqali yuborish imkoni boʻlmagan yoki tadqiqot oʻtkazishda asli talab etiladigan ish materiallari va tadqiqot obyektlarini sud-ekspertiza tashkilotiga taqdim qiladi. 5 ish kunida (soʻrov yuborilgandan soʻng) Sud-ekspertiza tashkiloti 1. Kelib tushgan soʻrovni qabul qiladi va ijroga qaratadi. 1 ish kunida 2. Zaruratga koʻra qoʻshimcha maʼlumotlarni hamda toʻlov amalga oshirilishini soʻrab iltimosnomalar chiqaradi. 2 ish kunida 3. Soʻrovni qaytarish uchun asoslar mavjud boʻlganda, uni ekspertiza tayinlagan organga (shaxsga) qaytaradi. 3 ish kunida Ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) 1. Kelib tushgan iltimosnomani ijroga qaratadi. 1 ish kunida 2. Iltimosnomani oʻrganib chiqadi. 2 ish kunida 3. Iltimosnomaga javobni ERI bilan tasdiqlangan elektron hujjat shaklida sud-ekspertiza tashkilotiga yuboradi (asli shart boʻlgan yoki raqamlashtirish imkoni boʻlmagan ish materiallari, tadqiqot obyektlari bundan mustasno). 7 ish kunida (soʻrov kelib tushgandan soʻng) Sud-ekspertiza tashkiloti 1. Kelib tushgan iltimosnoma javobini ijroga qaratadi. 1 ish kunida 2. Iltimosnomada koʻrsatilgan masalalar ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) tomonidan hal etilmaganligi sababli ekspertiza xulosasini tayyorlashning imkoni boʻlmagan holatlarda soʻrovni ijrosiz qaytarib yuboradi. 10 ish kunidan keyin (iltimosnoma chiqarilgandan soʻng) 3. ERI bilan tasdiqlangan ekspert xulosasini tayyorlaydi. 30 kun ichida (ekspertizaning murakkabligidan kelib chiqib) 4. Ekspertizani belgilangan muddatda yakunlash imkoni boʻlmaganda, qoʻshimcha muddatni kelishish uchun ekspertiza tayinlovchi organga (shaxsga) xabar qiladi. Muddatidan 3 ish kuni oldin 5. Tayyor boʻlgan ekspertiza xulosasini yuboradi. 1 ish kunida Ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) 1. Qoʻshimcha muddat berish masalasini koʻrib chiqadi. 3 ish kunida 2. Elektron axborot tizimlari orqali kelib tushgan ekspert xulosasini qabul qiladi va ijroga qaratadi. 1 ish kunida Ekspertiza tayinlovchi organ (shaxs) Elektron axborot tizimlari, pochta (feldyegerlik xizmati) orqali yuborish imkoni mavjud boʻlmagan ish materiallari, tadqiqot obyektlari qaytarib olinishini taʼminlaydi. 5 ish kunida
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-fevraldagi 74-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi X. Sulaymonova nomidagi Respublika sud-ekspertiza markazining Sud-ekspertlik ilmiy-tadqiqot instituti faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 22-noyabrdagi 704-son qaroriga 2-ilovaning 3-bandidagi “davlat sud-ekspertiza muassasalari va nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlariga” soʻzlari “davlat sud-ekspertiza muassasalari va nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari, shu jumladan, sud-ekspertlik byurolariga (keyingi oʻrinlarda — davlat sud-ekspertiza muassasalari va nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari)” soʻzlari bilan almashtirilsin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Sud ekspertiza sohasini tartibga soluvchi ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2021-yil 22-noyabrdagi 706-son qarorida :
a) 1-ilovada:
quyidagi mazmundagi 23 1 -band bilan toʻldirilsin:
“23 1 . Nodavlat sud eksperti boʻlish uchun yakuniy malaka imtihoni qonunchilikda belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Ekspert-malaka komissiyasi tomonidan oʻtkaziladi.
Bunda oʻquv rejasi va dasturida nazarda tutilgan barcha modullarni muvaffaqiyatli oʻzlashtirgan tinglovchining taʼlim olgan vaqti, soati, ekspertiza yoʻnalishi nomi hamda oʻzlashtirish koʻrsatkichlari aks ettirilgan maʼlumotnoma Ekspert-malaka komissiyasiga taqdim etilgandan soʻng yakuniy malaka imtihonini topshirishga ruxsat etiladi”;
33-band “nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarida” soʻzlaridan keyin “shuningdek, sud-ekspertlik byurosini taʼsis etgan holda” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
b) 2-ilovada :
2-banddagi “Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti” soʻzlari “Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti, shu jumladan sud-ekspertlik byurosi (keyingi oʻrinlarda — nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti)” soʻzlari bilan almashtirilsin;
3-bandda:
quyidagi mazmundagi beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“ sud-ekspertlik byurosi — shartnoma asosida fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud ekspertizasini hamda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari yuzasidan tadqiqotlar oʻtkazishga ixtisoslashtirilgan, yakka tartibda sud eksperti tomonidan taʼsis etilgan notijorat tashkilot”;
beshinchi — oʻn uchinchi xatboshilar tegishlicha oltinchi — oʻn toʻrtinchi xatboshilar deb hisoblansin.
3. Vazirlar Mahkamasining “Sud ekspertizasi tadqiqotlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash haqida” 2023-yil 21-fevraldagi 73-son qarorida :
a) 1-ilovada:
1-bandning birinchi xatboshisi “nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti” soʻzlaridan keyin “shu jumladan sud-ekspertlik byurosi” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
2-band quyidagi mazmundagi yettinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“ sud-ekspertlik byurosi — shartnoma asosida fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud ekspertizasini hamda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari yuzasidan tadqiqotlar oʻtkazishga ixtisoslashtirilgan, yakka tartibda sud eksperti tomonidan taʼsis etilgan notijorat tashkilot”;
yettinchi — toʻqqizinchi xatboshilar tegishlicha sakkizinchi — oʻninchi xatboshilar deb hisoblansin.
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Yuridik kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-martdagi 171-son qaroriga 6-ilova quyidagi mazmundagi 38-pozitsiya bilan toʻldirilsin:
“ 38. Institutda oʻtkaziladigan tadbirlar (konferensiya, seminar va boshqalar) ishtirokchilariga va Institut tinglovchilariga qoʻshimcha qulaylik yaratish hamda oʻquv mashgʻulotlari oraligʻidagi tanaffus vaqtlardan unumli foydalanish maqsadida kofe-breyklar tashkil etish, autsorsing, keytering va boshqa xizmatlardan foydalanish. Tashkiliy chora-tadbirlar Doimiy Institutning budjetdan tashqari mablagʻlari Adliya vazirligi (A. Tashkulov) ”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 20-fevral,
74 -son