UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 23-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 23 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 февраля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 February 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Тадбиркорлик субъектлари ҳамда илмий ҳамжамият ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 августдаги ПФ-138-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишни ташкил қилиш, натижаларини тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида инобатга олиш ва тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар илмий ҳамжамият билан тадбиркорлик субъектларининг илмий ва инновацион ҳамкорлик алоқаларининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

тадбиркорлик соҳасида илмий ишланмалар, инновацион лойиҳалар, жумладан, хорижда қўлланадиган илғор услуб ва технологияларни амалиётга жорий этиш;

ишлаб чиқариш ва хизматларнинг янги ҳамда замонавий турларини яратиш, ишланмалар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инновацион менежментни ривожлантириш;

илмий ишланмаларни тижоратлаштириш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий ҳамжамият ўртасида кооперацияни ривожлантириш;

иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш ва тадбиркорлик субъектларининг инновацион салоҳиятини кучайтириш;

янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ушбу фаолиятни тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида инобатга олиш.

2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2026 йил 1 июлга қадар тадбиркорлик субъектлари ҳамда илмий ҳамжамият ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини таъминлаш мақсадида қуйидаги имкониятларни ўз ичига олган махсус электрон платформани (кейинги ўринларда — Махсус платформа) ишлаб чиқсин:

яратилган янги ишланмалар бўйича тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун батафсил маълумотларни акс эттирувчи электрон шаклда юритиладиган Янги ишланмалар базасини ташкил этиш;

илмий изланувчилар ва уларнинг тадқиқот мавзулари реестрини юритиш орқали илмий тадқиқот йўналишлари бўйича илмий ишланмалар муаллифлари ва тадбиркорлик субъектлари учун очиқ маълумотлар майдонини яратиш;

сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши орқали йўналишлар бўйича илмий ишланмалар муаллифлари ва тадбиркорлик субъектларини аниқлаш, уларни ўзаро боғлаш, тегишли хабарларни юбориш ҳамда ҳамкорлик жараёнларини жадаллаштириш имкониятини яратиш;

илмий ишланмалар муаллифлари ва тадбиркорлик субъектлари ўзаро ҳамкорлик келишувини имзолагандан кейин Махсус платформа орқали шартномаларни электрон кўринишда шакллантириш ва имзолаш имкониятини яратиш;

илмий ишланмаларга асосан маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича лицензия шартномасига эга бўлган илмий ишланмалар муаллифлари ва тадбиркорлик субъектларига Агентлик томонидан эълон қилинадиган янги ишланмаларни тижоратлаштиришни молиялаштириш танловларида (кейинги ўринларда — танловлар) иштирок этиш учун аризалар юбориш имкониятини яратиш;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз фаолият йўналишларида илмий тадқиқотлар орқали ечимини топиш зарур бўлган муаммоларни киритиш имкониятини яратиш;

Махсус платформа орқали ҳамкорлик шартномаларини имзолаган тадбиркорлик субъектларининг илмий ҳамкорлик реестрини жорий қилиш;

илмий ҳамкорлик реестрига киритилган тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида қўшимча балл бериш мақсадида «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасига ўзаро интеграция қилиш.

3. Агентлик Махсус платформада янги ишланмалар базаси ҳамда илмий изланувчилар ва уларнинг тадқиқот мавзулари реестри юритилишини таъминласин.

4. Солиқ қўмитаси Агентлик билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар Махсус платформа «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасига интеграция қилинишини таъминласин.

5. Белгилансинки:

Махсус платформа орқали илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий қилишни ҳамкорликда йўлга қўйган олимлар ва тадбиркорлик субъектларининг тажриба-синов ишлари учун сарфланадиган харажатлари Агентлик томонидан ҳар йили ўтказиладиган янги ишланмалар танловлари доирасида Инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

илмий ҳамкорлик реестрига киритилган тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида қўшимча балл берилади;

илмий лойиҳалар бўйича имзоланган келишувлар ёки шартномалар тарафлар томонидан имзоланиб, рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб тузилган ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолият йўналишларида илмий тадқиқотлар орқали ечимини топиш зарур бўлган муаммоларни илмий тадқиқоти сифатида танлаган изланувчи ёки олимларга Агентлик томонидан эълон қилинадиган танловларда устуворликлар берилади.

6. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 январдаги 55-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 23 февралдаги 75-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 январдаги 55-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартибига киритилаётган қўшимчалар

1. 10-банднинг «в» кичик банди куйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«илмий тадқиқот натижасида яратилган янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этган тадбиркорлик субъектлари».

2. Қуйидаги мазмундаги 34 4 -банд билан тўлдирилсин:

«34 4 . Тадбиркорлик субъектлари илмий тадқиқот натижасида яратилган янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиши орқали илмий ҳамкорлик реестрига киритилган бўлса — 5 балл берилади.

Бунда лойиҳа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигининг Махсус платформасида илмий тадқиқот натижасида яратилган янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиб, илмий ҳамкорлик реестрига киритилган кундан эътиборан 12 ой давомида қўшимча балл берилади».

3. 2-илова қуйидаги мазмундаги 27-позиция билан тўлдирилсин:

« 27. Тадбиркорлик субъектлари илмий тадқиқот натижасида яратилган янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиши орқали илмий ҳамкорлик реестрига киритилгани Кунлик Солиқ қўмитаси » .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 23 февраль,

75-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.02.2026 й., 09/26/75/0172-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Tadbirkorlik subyektlari hamda ilmiy hamjamiyat oʻrtasida oʻzaro hamkorlik aloqalarini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tadbirkorlar bilan V ochiq muloqotida belgilangan vazifalarni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-avgustdagi PF-138-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, tadbirkorlik subyektlarining ilmiy-tadqiqot institutlari bilan hamkorlikda loyihalarni amalga oshirishni tashkil qilish, natijalarini tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingida inobatga olish va tadbirkorlik subyektlariga yanada qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar ilmiy hamjamiyat bilan tadbirkorlik subyektlarining ilmiy va innovatsion hamkorlik aloqalarining asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:

tadbirkorlik sohasida ilmiy ishlanmalar, innovatsion loyihalar, jumladan, xorijda qoʻllanadigan ilgʻor uslub va texnologiyalarni amaliyotga joriy etish;

ishlab chiqarish va xizmatlarning yangi hamda zamonaviy turlarini yaratish, ishlanmalar va texnologiyalarni qoʻllab-quvvatlash maqsadida innovatsion menejmentni rivojlantirish;

ilmiy ishlanmalarni tijoratlashtirish maqsadida ishlab chiqarish korxonalari va ilmiy hamjamiyat oʻrtasida kooperatsiyani rivojlantirish;

iqtisodiyotning raqobatbardoshligini oshirish, ilmiy ishlanmalarni amaliyotga joriy qilish va tadbirkorlik subyektlarining innovatsion salohiyatini kuchaytirish;

yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etgan tadbirkorlik subyektlari faoliyatini ragʻbatlantirish maqsadida ushbu faoliyatni tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingida inobatga olish.

2. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Savdo-sanoat palatasi bilan birgalikda 2026-yil 1-iyulga qadar tadbirkorlik subyektlari hamda ilmiy hamjamiyat oʻrtasida oʻzaro hamkorlik aloqalarini taʼminlash maqsadida quyidagi imkoniyatlarni oʻz ichiga olgan maxsus elektron platformani (keyingi oʻrinlarda — Maxsus platforma) ishlab chiqsin:

yaratilgan yangi ishlanmalar boʻyicha tadbirkorlik subyektlari va investorlar uchun batafsil maʼlumotlarni aks ettiruvchi elektron shaklda yuritiladigan Yangi ishlanmalar bazasini tashkil etish;

ilmiy izlanuvchilar va ularning tadqiqot mavzulari reyestrini yuritish orqali ilmiy tadqiqot yoʻnalishlari boʻyicha ilmiy ishlanmalar mualliflari va tadbirkorlik subyektlari uchun ochiq maʼlumotlar maydonini yaratish;

sunʼiy intellekt texnologiyalari joriy etilishi orqali yoʻnalishlar boʻyicha ilmiy ishlanmalar mualliflari va tadbirkorlik subyektlarini aniqlash, ularni oʻzaro bogʻlash, tegishli xabarlarni yuborish hamda hamkorlik jarayonlarini jadallashtirish imkoniyatini yaratish;

ilmiy ishlanmalar mualliflari va tadbirkorlik subyektlari oʻzaro hamkorlik kelishuvini imzolagandan keyin Maxsus platforma orqali shartnomalarni elektron koʻrinishda shakllantirish va imzolash imkoniyatini yaratish;

ilmiy ishlanmalarga asosan mahsulot ishlab chiqarish boʻyicha litsenziya shartnomasiga ega boʻlgan ilmiy ishlanmalar mualliflari va tadbirkorlik subyektlariga Agentlik tomonidan eʼlon qilinadigan yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishni moliyalashtirish tanlovlarida (keyingi oʻrinlarda — tanlovlar) ishtirok etish uchun arizalar yuborish imkoniyatini yaratish;

tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻz faoliyat yoʻnalishlarida ilmiy tadqiqotlar orqali yechimini topish zarur boʻlgan muammolarni kiritish imkoniyatini yaratish;

Maxsus platforma orqali hamkorlik shartnomalarini imzolagan tadbirkorlik subyektlarining ilmiy hamkorlik reyestrini joriy qilish;

ilmiy hamkorlik reyestriga kiritilgan tadbirkorlik subyektlariga tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingida qoʻshimcha ball berish maqsadida “Tadbirkorlarning barqarorlik reytingi” elektron platformasiga oʻzaro integratsiya qilish.

3. Agentlik Maxsus platformada yangi ishlanmalar bazasi hamda ilmiy izlanuvchilar va ularning tadqiqot mavzulari reyestri yuritilishini taʼminlasin.

4. Soliq qoʻmitasi Agentlik bilan birgalikda 2026-yil 1-avgustga qadar Maxsus platforma “Tadbirkorlarning barqarorlik reytingi” elektron platformasiga integratsiya qilinishini taʼminlasin.

5. Belgilansinki:

Maxsus platforma orqali ilmiy ishlanmalarni ishlab chiqarishga joriy qilishni hamkorlikda yoʻlga qoʻygan olimlar va tadbirkorlik subyektlarining tajriba-sinov ishlari uchun sarflanadigan xarajatlari Agentlik tomonidan har yili oʻtkaziladigan yangi ishlanmalar tanlovlari doirasida Innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;

ilmiy hamkorlik reyestriga kiritilgan tadbirkorlik subyektlariga tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingida qoʻshimcha ball beriladi;

ilmiy loyihalar boʻyicha imzolangan kelishuvlar yoki shartnomalar taraflar tomonidan imzolanib, roʻyxatdan oʻtkazilgan kundan boshlab tuzilgan hisoblanadi;

tadbirkorlik subyektlari tomonidan faoliyat yoʻnalishlarida ilmiy tadqiqotlar orqali yechimini topish zarur boʻlgan muammolarni ilmiy tadqiqoti sifatida tanlagan izlanuvchi yoki olimlarga Agentlik tomonidan eʼlon qilinadigan tanlovlarda ustuvorliklar beriladi.

6. Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-yanvardagi 55-son qarori bilan tasdiqlangan Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq qoʻshimchalar kiritilsin.

7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 23-fevraldagi 75-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-yanvardagi 55-son qarori bilan tasdiqlangan Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash tartibiga kiritilayotgan qoʻshimchalar

1. 10-bandning “v” kichik bandi kuyidagi mazmundagi toʻqqizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etgan tadbirkorlik subyektlari”.

2. Quyidagi mazmundagi 34 4 -band bilan toʻldirilsin:

“34 4 . Tadbirkorlik subyektlari ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etishi orqali ilmiy hamkorlik reyestriga kiritilgan boʻlsa — 5 ball beriladi.

Bunda loyiha Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligining Maxsus platformasida ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etib, ilmiy hamkorlik reyestriga kiritilgan kundan eʼtiboran 12 oy davomida qoʻshimcha ball beriladi”.

3. 2-ilova quyidagi mazmundagi 27-pozitsiya bilan toʻldirilsin:

“ 27. Tadbirkorlik subyektlari ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etishi orqali ilmiy hamkorlik reyestriga kiritilgani Kunlik Soliq qoʻmitasi ” .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 23-fevral,

75-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.02.2026-y., 09/26/75/0172-son)

lex.uz