UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 3-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 3 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 марта 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 March 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Креатив иқтисодиёт соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 26 мартдаги ПФ-61-сон Фармони ва «Креатив иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 16 февралдаги ПҚ-64-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Креатив индустрия парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Креатив индустрия парки учун барпо этилаётган объект фойдаланишга топширилгунига қадар унинг дирекцияси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг Тошкент шаҳри Миробод тумани Т. Шевченко кўчаси 1-уй манзилидаги биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Г.О. Умерова зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги 90-сон қарорига 1-ИЛОВА

Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгашининг (кейинги ўринларда — Кенгаш) асосий вазифалари ва ҳуқуқлари, таркибини шакллантириш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги Қонунига , Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

3. Кенгаш креатив индустрия соҳаларини ривожлантириш бўйича жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган маслаҳат органидир.

2-боб. Кенгашнинг таркиби ва уни шакллантириш тартиби

4. Кенгашнинг таркиби креатив индустрия соҳалари бўйича тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, креатив индустрия соҳаларидаги етакчи тадбиркорлар ҳамда халқаро ва маҳаллий экспертлардан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

5. Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан — жами 15 нафар кишидан иборат таркибда шакллантирилади. Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Кенгаш мажлисида Кенгаш раиси ўринбосари сайланади.

6. Кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади. Кенгаш фаолиятига вазирлик ва идоралар раҳбарлари, тегишли соҳа вакиллари ва мутахассислар жалб этилиши мумкин. Бунда жалб қилинадиган мутахассислар Кенгаш раиси томонидан аниқланади.

3-боб. Кенгашнинг асосий вазифалари ва ҳуқуқлари

7. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

креатив иқтисодиётни ривожлантириш ва креатив индустрия соҳаларини қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

креатив индустриянинг истиқболли йўналишлари ва «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш;

креатив индустрия парки фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда фаолияти тўғрисидаги ахборотни эшитиш;

креатив индустрия соҳаларида инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва халқаро бозорларга чиқиш чораларини кўриш;

креатив индустрия соҳаларида адолатли монетизация механизмларини такомиллаштириш ҳамда шу орқали интеллектуал мулк, шу жумладан, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

креатив индустрия соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар бериш;

креатив индустрия соҳасида давлат органлари, хусусий сектор ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларининг креатив иқтисодиёт соҳаларига тааллуқли масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш ҳамда тегишли қарор қабул қилиш.

8. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

креатив иқтисодиёт тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

давлат органлари ва ташкилотларидан креатив иқтисодиётга оид зарур материаллар ва маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларда креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига зид келган номувофиқликлар аниқланган ҳолларда, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш;

Кенгаш мажлисларида давлат органлари ва ташкилотларининг креатив иқтисодиёт соҳаларига оид таклифларини кўриб чиқиш;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан креатив иқтисодиёт бўйича муаммо ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш.

9. Кенгаш ўз ваколатлари доирасида фаолият йўналишлари бўйича эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларни тузиши мумкин.

4-боб. Кенгашнинг фаолиятини ташкил этиш

10. Кенгаш мажлиси Кенгаш фаолиятининг асосий ташкилий шакли ҳисобланади.

11. Кенгаш мажлисининг кун тартиби, шунингдек, уни ўтказиш жойи ва вақти Кенгаш раиси томонидан белгиланади.

12. Кенгаш мажлисларини Кенгаш раиси олиб боради, раис қатнашмаган ҳолларда эса, Кенгаш мажлисини унинг ўринбосари олиб боради.

13. Кенгаш мажлиси, заруратга кўра, бир йилда камида бир маротаба ўтказилади.

14. Кенгаш мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

15. Кенгашнинг қарори мажлисда қатнашаётган Кенгаш аъзоларининг очиқ овоз бериши орқали мажлис иштирокчиларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Раислик қилувчи охирида овоз беради. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.

16. Кенгашнинг қароридан рози бўлмаган Кенгаш аъзоси ўзининг алоҳида фикрини ёзма тарзда баён қилишга ҳақли бўлиб, ушбу фикр мажлис баённомасига қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди.

17. Кенгаш қарорлари баённома билан расмийлаштирилади, уни Кенгаш раиси ёки мажлисга раислик қилган унинг ўринбосари ва Кенгаш котиби имзолайди.

18. Кенгаш қарорларининг мазмуни (шарҳи) оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилиши мумкин.

19. Фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ахборотларни ўзида мужассам этган материаллар Кенгашнинг ёпиқ мажлисларида ваколатли аъзолар иштирокида кўриб чиқилади. Ушбу мажлисларда қабул қилинган қарорлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди.

20. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда — Ишчи орган) ҳисобланади.

21. Ишчи орган:

Кенгаш мажлиси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан зарур ҳужжатларни, материаллар ва таклифларни тайёрлаш;

Кенгаш фаолиятига тааллуқли материалларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш;

Кенгаш фаолиятини таъминлаш учун бошқа зарур бўлган барча чораларни кўради.

5-боб. Якунловчи қоидалар

22. Кенгаш фаолияти моддий-техник жиҳатдан Ишчи орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳисобидан таъминланади.

23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги 90-сон қарорига 2-ИЛОВА

Креатив индустрия парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Креатив индустрия парки ва унинг дирекцияси фаолиятини ташкил этиш, креатив индустрия субъектларини Креатив индустрия парки резидентлигига қабул қилиш ҳамда резидентларга солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

Креатив индустрия парки (кейинги ўринларда — Креатив парк) — Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик принциплари асосида креатив индустрия соҳаларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фаолият кўрсатадиган ташкилий-ҳуқуқий тузилма;

Креатив парк дирекцияси (кейинги ўринларда — Дирекция) — Креатив парк фаолиятини белгиланган тартибда бошқарувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс;

креатив индустрия субъектлари — креатив маҳсулотни яратиш, ишлаб чиқариш, сақлаш, тарқатиш ва илгари суриш билан шуғулланадиган жисмоний ва юридик шахслар;

креатив маҳсулот — креатив иқтисодиёт соҳасида иқтисодий қимматга эга бўлган товарлар (ишлар, хизматлар), шунингдек, бошқа фуқаролик-ҳуқуқий битимлар объектлари;

Креатив парк резиденти — Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик фаолиятини юритувчи, белгиланган тартибда Креатив парк резидентлигини олган юридик ёки жисмоний шахс;

Экспертлар кенгаши — Креатив парк резиденти мақомини олиш учун талабгорлик қилувчи креатив индустрия субъектларининг аризаларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш мақсадида Дирекцияда малакали мутахассислардан иборат таркибда ташкил этиладиган коллегиал эксперт-консультатив орган. Экспертлар кенгашининг иш тартиби ва таркиби Дирекция томонидан белгиланади;

веб-портал — Креатив парк резиденти мақомини олиш учун креатив индустрия субъектларидан ҳужжатлар қабул қилиш, Дирекция ва унинг резидентлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, улардан ҳисоботлар, хулосалар, бизнес-режалар ва бошқаларни қабул қилиш учун мўлжалланган Дирекциянинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти. Веб-порталнинг ишлаш тартиби Дирекция томонидан белгиланади;

виртуал офис — Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлашган юридик (почта) манзили орқали (жисмоний жойлашмаган ҳолда) ходимлар ўз ишларини бажаришлари, Креатив парк билан контрагентлар (етказиб берувчилар, харидорлар, давлат органлари ва бошқалар) мулоқот қилиш имконини берувчи жой.

3. Қуйидагилар Креатив паркнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

креатив иқтисодиёт соҳасида рақобатбардошли маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқилишини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ички ва ташқи бозорларга кириб боришини ва инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;

Креатив парк резидентларига фаолиятни амалга ошириш учун зарур инфратузилма, шу жумладан, замонавий лабораторияларни ижарага бериш, уларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатиш;

стартап-лойиҳаларни амалга оширишда, шу жумладан, венчур молиялаштириш асосида қўллаб-қувватлаш, креатив иқтисодиёт соҳасида фаолиятини янгидан бошлаётган ва кичик тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш;

лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этишда ўз резидентларига кўмаклашиш;

креатив маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқариш занжирининг узлуксизлигини таъминлаш учун илмий, илмий-тадқиқот, ўқув ва ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолияти ўзаро интеграциясига кўмаклашиш;

креатив иқтисодиёт соҳасида юқори малакали мутахассисларнинг замонавий синфини шакллантириш мақсадида аҳоли ва ёшларнинг ўқитилишини ташкил этиш;

креатив иқтисодиёт соҳасида етакчи компаниялар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда маҳорат дарслари, тренинглар ва малака ошириш курслари, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ўтказиш.

2-боб. Креатив парк дирекцияси фаолиятини ташкил этиш

4. Дирекцияга белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган Директор раҳбарлик қилади.

Директорнинг ваколатлари Дирекция уставида белгиланади.

5. Дирекция фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

Креатив парк резидентлари томонидан тўланадиган аъзолик бадаллари;

Давлат бюджетидан Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси орқали ажратиладиган маблағлар;

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ўз ҳисобидан ажратиладиган, шу жумладан, Креатив парк ҳудудида жойлашган давлат шеригига тегишли бўлган бино ва иншоотларни ижарага беришдан тушган маблағлар;

товарларни (ишларни, хизматларни) яратиш ва реализация қилиш ва бошқа фаолият турларидан олинадиган даромадлар;

субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Дирекция:

Креатив парк резиденти мақомини олиш учун креатив индустрия субъектларидан буюртманомалар қабул қилинишини ташкил этади, шунингдек Креатив парк резидентларини Резидентларнинг ягона реестрига (кейинги ўринларда — резидентлар рўйхати) киритиш ва Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи гувоҳнома (сертификат) бериш орқали Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Креатив индустрия субъектларининг Креатив парк резиденти мақомини олиш учун берган аризаларини холис, профессионал ва мустақил тарзда кўриб чиқишни таъминлаш, шунингдек, Креатив парк резидентлари фаолиятини баҳолаш учун Экспертлар кенгашини ташкил этади;

ушбу Низомга мувофиқ креатив индустрия субъектлари томонидан тақдим этилган бизнес-режаларнинг Экспертлар кенгаши ҳамда бошқа экспертларни (илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни) жалб қилиш орқали экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

креатив иқтисодиёт соҳасида ягона ахборот майдонини шакллантириш, Креатив парк фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, Креатив парк резиденти мақомини бериш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида веб-портал ташкил этади;

шартнома асосида Креатив парк резидентлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ускуналар, лаборатория, тажриба учун ишлаб чиқариш майдонлари, офислар, ўқув хоналари, конференц заллар, аудиториялар ва бошқа хоналарни ижарага беради, шунингдек, виртуал офис ва тадбиркорликни бошлаш ва ташкил этиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш хизматларини кўрсатади;

креатив иқтисодиёт соҳасида кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга кўмаклашади;

Креатив парк ва унинг резидентлари фаолияти оммавий ахборот воситаларида ёритилишини ташкил этади;

ўз ваколатлари доирасида ахборот ва таҳлилий материалларни тайёрлайди ва нашр қилади;

ўз фаолиятини бошлаётган юридик ва жисмоний шахсларга инвесторлар ва кредиторлар билан шартномалар тузиш жараёнида молиявий, юридик ёки бошқа маслаҳат ёрдамини беради;

Креатив парк резидентларига уларнинг стартап-лойиҳалари учун инвестицияларни жалб қилишда кўмаклашади;

Креатив парк резидентларининг маҳсулотлари ва хизматлари ички ва ташқи бозорларга кириб боришини ташкил қилади;

Креатив парк резидентлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариладиган креатив маҳсулотларнинг халқаро ярмарка ва кўргазмаларини ташкил этади ва ўтказади, шунингдек, Креатив парк резидентларининг халқаро семинарлар, конференцияларда ва республикада ҳамда халқаро кўламда ўтказиладиган бошқа тадбирларда иштирок этишини ташкил этишга кўмаклашади;

Креатив индустрия субъектларини резидент мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилади.

Дирекция ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажаради.

Дирекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда муассис бўлишга ёки бошқа юридик шахсларнинг устав фондида (устав капиталида) бошқача тарзда иштирок этишга, ваколатхоналар ва филиаллар ташкил этишга ҳақлидир.

3-боб. Креатив индустрия парки резидентлигига қабул қилиш ва рад этиш ҳамда резидентларга имтиёзларни қўллаш тартиби

7. Креатив парк резиденти мақомини олишга йиллик умумий даромадининг камида саксон фоизи креатив индустрия соҳасига оид фаолиятдан иборат бўлган креатив индустрия субъектлари даъвогарлик қилиши мумкин.

Янги ташкил этилган (рўйхатдан ўтказилган) креатив индустрия субъектларини резидентликка қабул қилишда ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган креатив индустрия соҳасидаги фаолиятдан олинган даромаднинг минимал миқдори бўйича шартлар инобатга олинмайди. Бунда минимал миқдор бўйича талаблар молия йилининг якуни билан бажарилмаган тақдирда фойдаланилган имтиёзлар суммаси солиқ қонунчилигига асосан қайта ҳисобланади ва бюджетга ундирилади.

8. Креатив парк резиденти мақомини олиш учун юридик ва жисмоний шахслар қуйидаги мезонларга жавоб бериши лозим:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган бўлиши;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турларидан бирини амалга ошириши;

Креатив парк ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган иқтисодий асосланган бизнес-режага, шу жумладан аниқ ўлчанадиган ўсиш кўрсаткичларига (иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажми, тушум ўсиши ва тижоратлаштириш мумкин бўлган интеллектуал мулк элементларига эга маҳсулот ишлаб чиқариш ва бошқалар) эга бўлиши.

Иқтисодий асосланган бизнес-режа, ўсиш кўрсаткичлари, шунингдек асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) Дирекция томонидан индивидуал тартибда баҳоланади.

9. Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш учун юридик ёки жисмоний шахс (кейинги ўринларда — аризачи) белгиланган тартибда веб-портал орқали ариза топширади ва аризага Креатив парк резиденти сифатида амалга оширилиши таклиф этилаётган бизнес-режани илова қилади.

Бунда веб-портал тўлиқ ишга туширилгунга қадар аризачилар ўз аризаларини бевосита Дирекцияга тақдим этиши имконияти яратилади.

10. Креатив парк резиденти мақомини олиш учун ариза берган юридик ёки жисмоний шахсдан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

11. Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун аризачи жавобгардир.

12. Агар аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ушбу Низом ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига зид келувчи ҳолатлар аниқланса, аризачи беш иш куни ичида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва аризани қайта топшириш ҳуқуқига эга.

13. Агар аризачи белгиланган муддатда камчиликларни бартараф этмаса, аризалар биринчи марта тақдим этилган деб ҳисобланади. Бунда Дирекция аризани кўриб чиқмаслик ҳуқуқига эга.

14. Тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилганидан сўнг ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб ўн беш иш кун муддатда Дирекция Экспертлар кенгашининг хулосаси асосида аризачининг Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказилиши ёки буни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

15. Аризачининг Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишга берган сўровини рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

аризачи томонидан белгиланган муддатда аниқланган ҳужжатдаги номувофиқликларнинг бартараф этилмагани;

тақдим этилган режа креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турлари рўйхатида кўрсатилган соҳаларга мувофиқ эмаслиги ёки унинг амалга оширилиши белгиланган йўналишлар доирасидан чиқиб кетиши;

аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш вақтида аризачининг солиқ ҳисоботларининг тақдим қилинмагани, фаолият кўрсатмаётгани, тугатиш жараёнида эканлиги ёки аризачига нисбатан суд қарори билан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари (кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш) қўлланилгани;

давлат дастурлари ёки субсидиялардан суиистеъмол қилинган ҳолатлар мавжудлиги, шунингдек, солиқ ва йиғимлар бўйича муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги.

Рўйхатдан ўтказишни рад этиш сабаби Дирекциянинг аризачини Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарорида кўрсатилади ва бу ҳақида аризачига онлайн хабар берилади.

16. Агар аризачи Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишдан рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этса, ариза ушбу Низомга мувофиқ тарзда қайта кўриб чиқилади.

17. Юридик ёки жисмоний шахсни Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор юридик ёки жисмоний шахснинг Креатив парк резидентининг фаолият шартлари тўғрисидаги шартномага (кейинги ўринларда — Шартнома) розилиги сифатида талқин қилинади.

Шартнома шакли Дирекция томонидан тасдиқланади ва расмий веб-сайтида жойлаштирилади, шунингдек, ушбу ҳужжат оммавий оферта шартномаси ҳисобланади.

18. Креатив парк резидентлари аъзолик бадалини тўлайди ҳамда ушбу бадал қуйидаги миқдорларда белгиланади:

якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун — айланмасидан 0,1 фоиз;

юридик шахслар учун — айланмасидан 0,3 фоиз.

Аъзолик бадалини тўлаш муддатлари ҳамда тартиби Дирекция ва резидент ўртасидаги Шартнома шартларида келишилади.

19. Креатив парк резидентлигига қабул қилиш рад этилган тақдирда юридик ва жисмоний шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юқори турувчи орган ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

20. Креатив парк резиденти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

виртуал офисдан фойдаланиб ўз фаолиятини юритиш (қўшилган қиймат солиғи тўловчиларидан ташқари);

интернет ресурслари орқали онлайн дўконларда товарлар (ишлар хизматлар)ни экспортга электрон тижорат орқали божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан, ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ахборот киритмасдан, почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ реализация қилиш.

Креатив парк резиденти Шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

21. Креатив парк резидентларининг мажбуриятлари:

креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турлари рўйхати ва бизнес-режага мувофиқ фаолият юритиш;

Шартномага риоя этиш;

аъзолик бадалларини белгиланган муддатларда тўлаб бориш;

ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 июнидан кечиктирмай, ҳар йили молиявий-хўжалик фаолияти бўйича аудиторлик текширувини ўтказиш ва аудиторлик хулосасини (якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслардан ташқари) Дирекцияга тақдим этиш;

Креатив парк резиденти томонидан илгари тақдим этилган бизнес-режада кўрсатилмаган янги фаолият турларини фақат Дирекция томонидан янги (қўшимча) бизнес-режа тасдиқлангандан сўнг амалга ошириш;

Дирекция сўровига биноан креатив индустриялар йўналишида ўқув дастурларида қатнашиш ва мураббийлар ажратиш ҳамда Дирекция томонидан жалб қилинган мутахассис ва стажёрларга зарур шарт-шароитлар яратиб бериш.

22. Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг уч иш куни ичида Дирекция қуйидагиларни амалга оширади:

юридик ёки жисмоний шахснинг номи, фаолият тури, почта ва электрон манзили маълумотлари кўрсатилган ҳолда уларни резидентлар рўйхатига киритади;

юридик ёки жисмоний шахсга Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома (сертификат) тақдим этади;

юридик ёки жисмоний шахснинг Креатив парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги расмий хабарномани Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ва Божхона қўмитаси ҳамда резидентга хизмат кўрсатувчи тижорат банкига юборади.

23. Юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирда, агар бу қайта ташкил этиш қайта тузиш шаклида амалга оширилган бўлса, Креатив парк резиденти мақоми давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтади, бунда барча ҳуқуқлар ва илгари қабул қилинган мажбуриятлар сақланиб қолади.

Шу билан бирга, давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида юридик шахс Дирекцияга тегишли ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш бўйича ёзма мурожаат билан чиқиши лозим.

Ушбу тартиб юридик шахс номи ўзгартирилган ҳолларда ҳам қўлланилади.

Юридик шахс томонидан қайта ташкил этиш ёки ном ўзгариши ҳақида юборилган хабарномага асосан Дирекция резидентлар рўйхатига мос ўзгартиришлар киритади.

4-боб. Юридик ёки жисмоний шахсни креатив парк резиденти мақомидан маҳрум қилиш асослари ва шикоят бериш тартиблари

24. Юридик ёки жисмоний шахсни Креатив парк резиденти мақомидан маҳрум қилиш асослари қуйидагилардан иборат:

резидентнинг амалдаги фаолияти креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турларига мос келмаслиги;

Шартнома бўйича Дирекция билан белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги;

Креатив парк резидентига нисбатан суд қарори билан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари (кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш) қўлланилиши;

резидентнинг ўз ихтиёри билан Креатив парк резиденти мақомидан воз кечиши;

белгиланган муддатларда ва тартибда ўз фаолияти, солиқ ва статистика ҳисоботлари, бизнес-режа, аудиторлик ҳисоботлари ва аудиторлик хулосасини тақдим этмаслик (бундан якка тартибдаги тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахслар мустасно) ёки уларда нотўғри маълумотларни тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бошқа асослар.

25. Дирекция Экспертлар кенгаши билан биргаликда ҳар йили Креатив парк резидентларининг бизнес-режалари, ўсиш кўрсаткичлари ва улар томонидан асосий самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) эришиш ҳолатини таҳлил қилади.

Агар хатоликлар аниқланса, Креатив парк резиденти икки иш кунида мазкур хатоликларни тузатиш чораларини кўрсатувчи режа тақдим этиши шарт.

Креатив парк резиденти томонидан бундай режа тақдим этилмаган тақдирда ёки ҳолат такроран юз берса, Дирекция томонидан резидент мақоми ўттиз кун муддатгача тўхтатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

26. Креатив парк резиденти мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор мазкур Низомнинг 25-бандида назарда тутилган таҳлил натижалари асосида Дирекция томонидан қабул қилинади.

Мазкур қарор қабул қилингач, юридик ёки жисмоний шахсга бу ҳақида хабарнома юборилади ҳамда резидентлар рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

27. Дирекция Креатив парк резиденти мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Креатив парк резиденти мақомидан маҳрум қилингани тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ва Божхона қўмитаси ҳамда резидентга хизмат кўрсатувчи тижорат банкига хабарнома юборади.

5-боб. Креатив парк резидентлари учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби

28. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ҳамда бошқа солиқ қонунчилиги ҳужжатларига мувофиқ Креатив парк резидентларига солиқ имтиёзлари берилади. Бунда резидентлар ўз хоҳишларига кўра имтиёзлардан қисман воз кечиш орқали умумий белгиланган солиққа тортиш тартибини танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

29. Мазкур Низомнинг 28-бандида назарда тутилган солиқ имтиёзлари юридик шахс ёки жисмоний шахс Креатив парк резиденти сифатида рўйхатга олингандан сўнг кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб қўлланади.

30. Креатив парк резидентлари томонидан ушбу Низомнинг 21-бандида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги Креатив парк резиденти мақомидан маҳрум бўлишни англатади ва Дирекция томонидан хабарнома юборилганидан сўнг давлат солиқ хизмати органлари уларга мазкур Низомнинг 28-бандида кўрсатилган солиқ имтиёзларини қўллашни бекор қилиш чораларини кўради, шунингдек, уларнинг Давлат бюджетига тўлов мажбуриятларини белгиланган тартибда тиклашни таъминлайди.

31. Юридик ёки жисмоний шахс Креатив парк резиденти мақомидан маҳрум қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб солиқлар ва йиғимлар бўйича имтиёзлардан фойдалана олмайди. Бунда юридик ёки жисмоний шахснинг Дирекцияга тақдим этган аризаси санаси, Креатив парк резидентининг мақомидан ихтиёрий равишда воз кечганлиги санаси ҳисобланади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

32. Креатив парк фаолияти мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қайта ташкил этилади ва тўхтатилади.

33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги 90-сон қарорига 3-ИЛОВА

Креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турлари

Т/р Фаолият турлари 1. Адабий ижод 1. Таржима қилиш хизматлари (бадиий адабиётни таржима қилиш, техник таржима, веб-сайтлар, фильмлар, компьютер ва мобил иловалар, тақдимотлар, видео, аудио ва рекламалар таржимаси) 2. Маърифий фаолиятни амалга ошириш 3. Кутубхоналар ва архивлар фаолияти 4. Ахборот-кутубхона хизматлари, жумладан, китоблар, архивлар ва маълумот ресурсларини тақдим этиш 5. Электрон кутубхоналар, рақамли архивлар ва маълумот базаларини яратиш ва юритиш 2. Амалий санъат ва ҳунармандчилик 6. Ганч ўймакорлиги 7. Қўлда гилам тўқиш 8. Гилам ва гилам маҳсулотларини ишлаб чиқариш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 9. Қўлда газламалар тўқиш 10. Тош ўймакорлиги 11. Тошни кесиш, унга ишлов бериш ва пардозлаш 12. Миниатюра, ранг-тасвир, наққошлик ва бўёқли нақшлар тайёрлаш 13. Металлдан буюмлар ясаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 14. Тунукадан буюмлар ясаш 15. Миллий пойабзал тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 16. Миллий либослар тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 17. Бош кийимлар тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 18. Ёғоч ўймакорлиги 19. Суякка ўйма нақш солиш 20. Гул босилган газламалар ва чокли буюмлар тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 21. Каштачилик 22. Зардўзлик буюмлари 23. Мусиқа асбобларини қўлда тайёрлаш 24. Чинни, фаянс ва сопол буюмлар тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 25. Қимматбаҳо металлдан заргарлик буюмларини ясаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 26. Ўйинчоқлар тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 27. Майда ҳайкалтарошлик буюмларини тайёрлаш 28. Чарм маҳсулотларини тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 29. Муаллифлик мебелларини тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 30. Ёғочдан халқ ҳунармандчилиги маҳсулотларини тайёрлаш 31. Новдалардан буюмлар тўқиш 32. Мозаика ишлари 33. Кўзгу тайёрлаш 34. Шиша пуфлаш ишлари 35. Эсдалик буюмларини тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 36. Оддий металлардан миллий услубда тақинчоқлар ясаш 37. От анжомларини тайёрлаш 38. Хаттотлик 39. Қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш 40. Макраме ва қўлда тўқилган буюмлар тайёрлаш 41. Анъанавий дўппичилик 42. Замонавий санъат асарларини яратиш 43. Деворга безак бериш 44. Анъанавий дизайнерлик хизматларини кўрсатиш 45. Қуроқчилик усулида тикиш 46. Газламаларга нақшлар солиш (газламалар ва кийим ашёларини қўлда бўяш, газламаларга, шу жумладан, трафаретли босма ва қўлда расм чизиш усули билан расмлар солиш) 47. Каштачилик 48. Галантерея буюмларини тайёрлаш ва таъмирлаш 49. Бижутерия ва жевакларни тайёрлаш ва таъмирлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 50. Гулчамбарлар (шу жумладан, мотам гулчамбарлари), сунъий гуллар, икебана, гул маржонларини тайёрлаш 51. Тўсиқлар, ҳайкаллар, металлдан гулчамбарларни тайёрлаш ва таъмирлаш 52. Мусиқа асбобларини таъмирлаш ва созлаш 53. Гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш) 54. Тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш 55. Ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 56. Ёғоч идишлар ишлаб чиқариш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 57. Кулолчилик 58. Атлас ва адрас тўқиш 59. Ипак толаларини тайёрлаш ва йигириш 60. Ипак газлама ишлаб чиқариш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 61. Майда мунчоқ (бисер) тикиш 62. Дўппидўзлик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш 63. Темирчилик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш 64. Қуроқчилик усулида кўйлак, кўрпа ва ёпинчиқлар тикиш 65. Пичоқ тайёрлаш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 66. Уй шароитида болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш 67. Миллий тақинчоқлар ясаш 68. Кандакорлик, мискарлик буюмларини уй шароитида тайёрлаш 69. Шиша ва ойналарни кесиш, шишага бадиий ишлов бериш 70. Заргарлик буюмлари ва шу каби буюмларни ишлаб чиқариш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 71. Бижутерия ва шу каби буюмларни ишлаб чиқариш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 72. Маиший ва декоратив керамик буюмларни ишлаб чиқариш (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 3. Архитектура, лойиҳалаштириш ва урбанистика 73. Меъморчилик соҳасидаги фаолият 74. Ободонлаштириш бўйича фаолият, ландшафтни режалаштириш 75. Муҳандислик изланишлари соҳасидаги фаолият ва ушбу соҳаларда техник маслаҳатлар кўрсатиш 4. Аудиовизуал санъати 76. Кино видеофильмлар ва телевизион дастурлар ишлаб чиқариш 77. Кино видеофильмлар ва телевизион дастурларни ишлаб чиқаришдан кейинги босқич 78. Кинофильмларни намойиш этиш 79. Фотография соҳасидаги фаолият 80. Видео ва фотосуратга олиш хизматлари 81. Видеоролик ва мусиқа клипларини ишлаб чиқариш хизмати 82. 2D, 3D Анимация хизматлари ва мультфильмлар ишлаб чиқариш 5. Ижрочилик санъати 83. Санъат соҳасидаги фаолият 84. Фонограммалар ва мусиқали ёзувларни нашр қилиш бўйича фаолият 85. Маданият соҳасидаги таълим 86. Актёрлик, мусиқачилик ва хонандалик хизматлари 87. Драматик, мусиқий ва қўғирчоқ театрларининг фаолияти 88. Опера, балет ва хореография (рақс) санъати 89. Яккахон ва жамоавий мусиқий ижро (вокал ва инструментал) 90. Фольклор, анъанавий ва замонавий ижро санъати 91. Цирк санъати ва саҳнавий пластикага оид чиқишлар 92. Перформанс, саҳнавий ўқишлар ва экспериментал ижро шакллари 93. Спектакллар ва бошқа жонли саҳна томошаларини тайёрлаш ва намойиш этиш 6. Концерт-томоша фаолияти ва оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш 94. Театр ва концерт заллари фаолияти 95. Театрлар фаолияти 96. Спектаклларни намойиш этишда техник қўллаб-қувватлаш 97. Маданият ва санъат соҳаларида конференциялар ва кўргазмалар ташкил қилиш 98. Концерт-томоша ва оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш фаолияти 7. Мода ва дизайн санъати 99. Ихтисослашган дизайнерлик фаолияти 100. Кийим-кечак, пойабзал ва аксессуарлар дизайни 101. Мода коллекцияларини яратиш, моделлаштириш ва ишлаб чиқиш 102. Тўқимачилик дизайни (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 103. График дизайн 104. Маҳсулот дизайни ва саноат дизайни (саноат усулида ишлаб чиқариш бундан мустасно) 105. Интерьер ва экспозиция дизайни 106. Мода иллюстрацияси ва стилизация 107. Стилистика, имижмейкинг ва фешн-консалтинг 108. Мода фотосъёмкаси ва визуал контент яратиш 109. Мода кўргазмалари, дефиле ва презентацияларни ташкил этиш 110. Дизайн соҳасида таълим, лабораториялар ва ижодий устахоналар фаолияти 111. Рақамли дизайн 8. Музейлар, бадиий галереялар (кўргазмалар), ахборот-кутубхона фаолияти 112. Музейлар, бадиий галереялар, кўргазма заллари фаолияти 113. Доимий ва вақтинча маданият ва санъат соҳаларида кўргазмаларни тайёрлаш ва намойиш этиш 114. Тарихий, бадиий, илмий ва маданий мерос объектларини сақлаш, реставрация қилиш ва ҳужжатлаштириш 115. Коллекцияларни шакллантириш, сақлаш ва рақамлаштириш 116. Кураторлик фаолияти, экспозиция концепциялари ва кўргазма сценарийларини ишлаб чиқиш 9. Нашриёт ва матбаа соҳасидаги ижодий фаолият 117. Газеталар, журналлар, даврий нашрлар нашр қилиш 118. Матбаа ва нашриётчилик фаолиятининг бошқа турлари 119. Босма шаклларни тайёрлаш ва ахборот фаолияти 10. Оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали узатиш йўли билан амалга ошириладиган ижодий фаолият 120. Ахборот тарқатувчилардаги ёзувларни акс эттириш 121. Радиоэшиттириш 122. Телевизион дастурларни яратиш ва намойиш қилиш бўйича фаолият 123. Ахборот агентликлари фаолияти 124. Мультимедиа, дизайн ва санъат материалларини яратиш ва ишлов бериш (веб-дизайнер, графика дизайнери, компьютер ўйинлари дизайнери, интерьер дизайнери, ландшафт дизайнери, либослар дизайнери, ретушер, фотоколлажчи, вектор графикаси муҳаррири, архитектор, визуаллаштирувчи дизайнер, маълумот дизайнери, интерфейс дизайнери, техник дизайнер, моушн-дизайнер, баннер ясовчи, нашриёт дизайнери, флешер, 3D-дизайнер, видео муҳаррир, видеооператор, бастакор, овоз режиссёри, аранжировкачи, сухандон, фото муҳаррир ва бошқалар) 125. Ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менежер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси) 126. Креатив индустрия соҳаларида онлайн консультация бериш (онлайн-консультант, онлайн-тренер, молиявий маслаҳатчи, вебинар олиб борувчи) 11. Продюсерлик фаолияти 127. Кино-продюсерлик фаолияти 128. Мусиқа продюсерлик фаолияти 129. Театр ва оммавий тадбирлар продюссери 12. Рақамли технологиялар соҳасидаги ижодий фаолият 130. Компьютер ва бошқа техник қурилмалар учун ўйинларни яратиш 131. Бошқа дастурий маҳсулот ва дастурий таъминотларни чиқариш 132. Дастурий таъминот, ахборот тизимлари, мобил иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш (дастурчи, дастурий таъминотни синовчи мутахассис, веб-саҳифаларни саҳифаловчи, веб-таҳлилчи, веб-сайтларни оптималлаштириш бўйича мутахассис) 13. Реклама соҳасидаги ижодий фаолият 133. Реклама агентликлари 134. Матнни яратиш ва ишлов бериш (копирайтер, рерайтер, SEO-копирайтер, SEO-рерайтер, мусаҳҳиҳ, контент-менежер, муҳаррир, e-mail орқали хатларни жўнатиш бўйича мутахассис, спичрайтер, транскрибер ва бошқалар) 14. Санъат ашёлари ва маданий мерос объектларини асрашга доир фаолият 135. Тарихий жойлар ва биноларни, маданият ёдгорликларини асраш бўйича фаолият 15. Тасвирий санъат 136. Рассомчилик 137. Замонавий тасвирий санъат 138. Рақамли тасвирий санъат 139. Арт-объектлар, арт-инсталляциялар ва оммавий макон учун санъат асарлари; 140. Тасвирий санъат асарларини яратиш, реставрация қилиш ва консервация қилиш 141. Арт-резиденциялар, ижодий устахоналар ва студиялар фаолияти 142. Тасвирий санъат асарларини экспертлаш, баҳолаш ва арт-консалтинг

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 3 март,

90-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.03.2026 й., 09/26/90/0191-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

NIZOM

ROʻYXATI

Kreativ iqtisodiyot sohasidagi ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Kreativ iqtisodiyot toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining yoshlar bilan ochiq muloqotida belgilangan vazifalarni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 26-martdagi PF-61-son Farmoni va “Kreativ iqtisodiyotni rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 16-fevraldagi PQ-64-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Kreativ iqtisodiyotni rivojlantirish boʻyicha respublika kengashi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Kreativ industriya parki faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

Kreativ industriya sohalaridagi iqtisodiy faoliyat turlari roʻyxati 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Kreativ industriya parki uchun barpo etilayotgan obyekt foydalanishga topshirilguniga qadar uning direksiyasi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasining Toshkent shahri Mirobod tumani T. Shevchenko koʻchasi 1-uy manzilidagi binosiga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.

3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi raisi G.O. Umerova zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 3-martdagi 90-son qaroriga 1-ILOVA

Kreativ iqtisodiyotni rivojlantirish boʻyicha respublika kengashi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Kreativ iqtisodiyotni rivojlantirish boʻyicha respublika kengashining (keyingi oʻrinlarda — Kengash) asosiy vazifalari va huquqlari, tarkibini shakllantirish hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Kengash oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasining “Kreativ iqtisodiyot toʻgʻrisida”gi Qonuniga , Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlari, shuningdek, ushbu Nizomga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

3. Kengash kreativ industriya sohalarini rivojlantirish boʻyicha jamoatchilik asosida faoliyat koʻrsatadigan maslahat organidir.

2-bob. Kengashning tarkibi va uni shakllantirish tartibi

4. Kengashning tarkibi kreativ industriya sohalari boʻyicha tegishli davlat organlari va fuqarolik jamiyati institutlari vakillari, kreativ industriya sohalaridagi yetakchi tadbirkorlar hamda xalqaro va mahalliy ekspertlardan iborat boʻlib, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tasdiqlanadi.

5. Kengash rais, rais oʻrinbosari, uning aʼzolari va kotibidan — jami 15 nafar kishidan iborat tarkibda shakllantiriladi. Kengash raisining taqdimnomasiga binoan Kengash majlisida Kengash raisi oʻrinbosari saylanadi.

6. Kengashi aʼzolari boshqa ishga oʻtgan taqdirda, uning tarkibiga ushbu lavozimlarga yangi tayinlangan yoki zimmasiga tegishli vazifalarni bajarish yuklangan shaxslar kiritiladi. Kengash faoliyatiga vazirlik va idoralar rahbarlari, tegishli soha vakillari va mutaxassislar jalb etilishi mumkin. Bunda jalb qilinadigan mutaxassislar Kengash raisi tomonidan aniqlanadi.

3-bob. Kengashning asosiy vazifalari va huquqlari

7. Kengashning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

kreativ iqtisodiyotni rivojlantirish va kreativ industriya sohalarini qoʻllab-quvvatlash yuzasidan takliflar ishlab chiqish;

kreativ industriya sohalaridagi iqtisodiy faoliyat turlarini belgilash boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

kreativ industriyaning istiqbolli yoʻnalishlari va “oʻsish nuqtalari”ni aniqlash;

kreativ industriya parki faoliyatini takomillashtirish yuzasidan tavsiyalar ishlab chiqish hamda faoliyati toʻgʻrisidagi axborotni eshitish;

kreativ industriya sohalarida investitsiyalarni jalb qilish, eksport salohiyatini oshirish va xalqaro bozorlarga chiqish choralarini koʻrish;

kreativ industriya sohalarida adolatli monetizatsiya mexanizmlarini takomillashtirish hamda shu orqali intellektual mulk, shu jumladan, mualliflik huquqlarini himoya qilish yuzasidan takliflar ishlab chiqish;

kreativ industriya sohasida kadrlar tayyorlash, qayta tayyorlash va ular malakasini oshirish tizimini takomillashtirish yuzasidan tavsiyalar berish;

kreativ industriya sohasida davlat organlari, xususiy sektor va nodavlat tashkilotlar oʻrtasida samarali hamkorlikni taʼminlashga qaratilgan chora-tadbirlarni muvofiqlashtirish;

respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning mansabdor shaxslarining kreativ iqtisodiyot sohalariga taalluqli masalalar yuzasidan axborotlarini eshitish hamda tegishli qaror qabul qilish.

8. Kengash quyidagi huquqlarga ega:

kreativ iqtisodiyot toʻgʻrisidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etish;

davlat organlari va tashkilotlaridan kreativ iqtisodiyotga oid zarur materiallar va maʼlumotlarni belgilangan tartibda soʻrab olish;

normativ-huquqiy hujjatlar va boshqa hujjatlarda kreativ iqtisodiyot toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga zid kelgan nomuvofiqliklar aniqlangan hollarda, ularni bartaraf etish yuzasidan takliflar kiritish;

Kengash majlislarida davlat organlari va tashkilotlarining kreativ iqtisodiyot sohalariga oid takliflarini koʻrib chiqish;

davlat organlari va tashkilotlari tomonidan kreativ iqtisodiyot boʻyicha muammo va kamchiliklarga yoʻl qoʻyilgani aniqlangan taqdirda, ularni bartaraf etish choralarini koʻrish.

9. Kengash oʻz vakolatlari doirasida faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha ekspert kengashlari va ishchi guruhlarni tuzishi mumkin.

4-bob. Kengashning faoliyatini tashkil etish

10. Kengash majlisi Kengash faoliyatining asosiy tashkiliy shakli hisoblanadi.

11. Kengash majlisining kun tartibi, shuningdek, uni oʻtkazish joyi va vaqti Kengash raisi tomonidan belgilanadi.

12. Kengash majlislarini Kengash raisi olib boradi, rais qatnashmagan hollarda esa, Kengash majlisini uning oʻrinbosari olib boradi.

13. Kengash majlisi, zaruratga koʻra, bir yilda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.

14. Kengash majlisi oʻz aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi.

15. Kengashning qarori majlisda qatnashayotgan Kengash aʼzolarining ochiq ovoz berishi orqali majlis ishtirokchilarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.

Raislik qiluvchi oxirida ovoz beradi. Ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda, raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi boʻladi.

16. Kengashning qaroridan rozi boʻlmagan Kengash aʼzosi oʻzining alohida fikrini yozma tarzda bayon qilishga haqli boʻlib, ushbu fikr majlis bayonnomasiga qoʻshib qoʻyiladi, lekin eʼlon qilinmaydi.

17. Kengash qarorlari bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi, uni Kengash raisi yoki majlisga raislik qilgan uning oʻrinbosari va Kengash kotibi imzolaydi.

18. Kengash qarorlarining mazmuni (sharhi) ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qilib borilishi mumkin.

19. Foydalanish huquqi cheklangan axborotlarni oʻzida mujassam etgan materiallar Kengashning yopiq majlislarida vakolatli aʼzolar ishtirokida koʻrib chiqiladi. Ushbu majlislarda qabul qilingan qarorlar belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi va ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinmaydi.

20. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi Kengashning ishchi organi (keyingi oʻrinlarda — Ishchi organ) hisoblanadi.

21. Ishchi organ:

Kengash majlisi kun tartibiga kiritilgan masalalar yuzasidan zarur hujjatlarni, materiallar va takliflarni tayyorlash;

Kengash faoliyatiga taalluqli materiallarni umumlashtirish va tahlil qilish;

Kengash faoliyatini taʼminlash uchun boshqa zarur boʻlgan barcha choralarni koʻradi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

22. Kengash faoliyati moddiy-texnik jihatdan Ishchi organ tomonidan qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan manbalar hisobidan taʼminlanadi.

23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 3-martdagi 90-son qaroriga 2-ILOVA

Kreativ industriya parki faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Kreativ industriya parki va uning direksiyasi faoliyatini tashkil etish, kreativ industriya subyektlarini Kreativ industriya parki rezidentligiga qabul qilish hamda rezidentlarga soliq imtiyozlarini qoʻllash tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

Kreativ industriya parki (keyingi oʻrinlarda — Kreativ park) — Oʻzbekiston Respublikasi hududi doirasida eksterritoriallik prinsiplari asosida kreativ industriya sohalarini rivojlantirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida faoliyat koʻrsatadigan tashkiliy-huquqiy tuzilma;

Kreativ park direksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) — Kreativ park faoliyatini belgilangan tartibda boshqaruvchi masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi yuridik shaxs;

kreativ industriya subyektlari — kreativ mahsulotni yaratish, ishlab chiqarish, saqlash, tarqatish va ilgari surish bilan shugʻullanadigan jismoniy va yuridik shaxslar;

kreativ mahsulot — kreativ iqtisodiyot sohasida iqtisodiy qimmatga ega boʻlgan tovarlar (ishlar, xizmatlar), shuningdek, boshqa fuqarolik-huquqiy bitimlar obyektlari;

Kreativ park rezidenti — Oʻzbekiston Respublikasida roʻyxatdan oʻtgan tadbirkorlik faoliyatini yurituvchi, belgilangan tartibda Kreativ park rezidentligini olgan yuridik yoki jismoniy shaxs;

Ekspertlar kengashi — Kreativ park rezidenti maqomini olish uchun talabgorlik qiluvchi kreativ industriya subyektlarining arizalarini koʻrib chiqish va tahlil qilish maqsadida Direksiyada malakali mutaxassislardan iborat tarkibda tashkil etiladigan kollegial ekspert-konsultativ organ. Ekspertlar kengashining ish tartibi va tarkibi Direksiya tomonidan belgilanadi;

veb-portal — Kreativ park rezidenti maqomini olish uchun kreativ industriya subyektlaridan hujjatlar qabul qilish, Direksiya va uning rezidentlari oʻrtasida oʻzaro hamkorlik qilish, shu jumladan, ulardan hisobotlar, xulosalar, biznes-rejalar va boshqalarni qabul qilish uchun moʻljallangan Direksiyaning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-sayti. Veb-portalning ishlash tartibi Direksiya tomonidan belgilanadi;

virtual ofis — Internet jahon axborot tarmogʻida joylashgan yuridik (pochta) manzili orqali (jismoniy joylashmagan holda) xodimlar oʻz ishlarini bajarishlari, Kreativ park bilan kontragentlar (yetkazib beruvchilar, xaridorlar, davlat organlari va boshqalar) muloqot qilish imkonini beruvchi joy.

3. Quyidagilar Kreativ parkning asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:

kreativ iqtisodiyot sohasida raqobatbardoshli mahsulotlar va xizmatlar ishlab chiqilishini rivojlantirish va ishlab chiqarish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish, ularning ichki va tashqi bozorlarga kirib borishini va innovatsion ishlanmalarni ragʻbatlantirish;

Kreativ park rezidentlariga faoliyatni amalga oshirish uchun zarur infratuzilma, shu jumladan, zamonaviy laboratoriyalarni ijaraga berish, ularga moliyaviy, marketing, yuridik va boshqa konsalting xizmatlarini koʻrsatish;

startap-loyihalarni amalga oshirishda, shu jumladan, venchur moliyalashtirish asosida qoʻllab-quvvatlash, kreativ iqtisodiyot sohasida faoliyatini yangidan boshlayotgan va kichik tadbirkorlik subyektlariga koʻmaklashish;

loyihalarni birgalikda amalga oshirish uchun mahalliy va xorijiy investorlarni jalb etishda oʻz rezidentlariga koʻmaklashish;

kreativ mahsulot va xizmatlarni ishlab chiqarish zanjirining uzluksizligini taʼminlash uchun ilmiy, ilmiy-tadqiqot, oʻquv va ishlab chiqarish tashkilotlari faoliyati oʻzaro integratsiyasiga koʻmaklashish;

kreativ iqtisodiyot sohasida yuqori malakali mutaxassislarning zamonaviy sinfini shakllantirish maqsadida aholi va yoshlarning oʻqitilishini tashkil etish;

kreativ iqtisodiyot sohasida yetakchi kompaniyalar va mutaxassislarni jalb etgan holda mahorat darslari, treninglar va malaka oshirish kurslari, shuningdek, ilmiy-amaliy konferensiyalar oʻtkazish.

2-bob. Kreativ park direksiyasi faoliyatini tashkil etish

4. Direksiyaga belgilangan tartibda lavozimga tayinlanadigan Direktor rahbarlik qiladi.

Direktorning vakolatlari Direksiya ustavida belgilanadi.

5. Direksiya faoliyati quyidagi manbalar hisobidan moliyalashtiriladi:

Kreativ park rezidentlari tomonidan toʻlanadigan aʼzolik badallari;

Davlat budjetidan Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi orqali ajratiladigan mablagʻlar;

Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasining oʻz hisobidan ajratiladigan, shu jumladan, Kreativ park hududida joylashgan davlat sherigiga tegishli boʻlgan bino va inshootlarni ijaraga berishdan tushgan mablagʻlar;

tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) yaratish va realizatsiya qilish va boshqa faoliyat turlaridan olinadigan daromadlar;

subsidiyalar, grantlar va ijtimoiy buyurtmalar;

yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

6. Direksiya:

Kreativ park rezidenti maqomini olish uchun kreativ industriya subyektlaridan buyurtmanomalar qabul qilinishini tashkil etadi, shuningdek Kreativ park rezidentlarini Rezidentlarning yagona reyestriga (keyingi oʻrinlarda — rezidentlar roʻyxati) kiritish va Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtganlikni tasdiqlovchi guvohnoma (sertifikat) berish orqali Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi;

Kreativ industriya subyektlarining Kreativ park rezidenti maqomini olish uchun bergan arizalarini xolis, professional va mustaqil tarzda koʻrib chiqishni taʼminlash, shuningdek, Kreativ park rezidentlari faoliyatini baholash uchun Ekspertlar kengashini tashkil etadi;

ushbu Nizomga muvofiq kreativ industriya subyektlari tomonidan taqdim etilgan biznes-rejalarning Ekspertlar kengashi hamda boshqa ekspertlarni (ilmiy va boshqa tashkilotlar, olimlar va mutaxassislarni) jalb qilish orqali ekspertizadan oʻtkazilishini tashkil etadi;

kreativ iqtisodiyot sohasida yagona axborot maydonini shakllantirish, Kreativ park faoliyatining ochiqligi va shaffofligini taʼminlash, shuningdek, Kreativ park rezidenti maqomini berish jarayonlarini raqamlashtirish maqsadida veb-portal tashkil etadi;

shartnoma asosida Kreativ park rezidentlari va boshqa xoʻjalik yurituvchi subyektlarga uskunalar, laboratoriya, tajriba uchun ishlab chiqarish maydonlari, ofislar, oʻquv xonalari, konferens zallar, auditoriyalar va boshqa xonalarni ijaraga beradi, shuningdek, virtual ofis va tadbirkorlikni boshlash va tashkil etish boʻyicha hujjatlarni tayyorlash xizmatlarini koʻrsatadi;

kreativ iqtisodiyot sohasida kadrlarni tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil etishga koʻmaklashadi;

Kreativ park va uning rezidentlari faoliyati ommaviy axborot vositalarida yoritilishini tashkil etadi;

oʻz vakolatlari doirasida axborot va tahliliy materiallarni tayyorlaydi va nashr qiladi;

oʻz faoliyatini boshlayotgan yuridik va jismoniy shaxslarga investorlar va kreditorlar bilan shartnomalar tuzish jarayonida moliyaviy, yuridik yoki boshqa maslahat yordamini beradi;

Kreativ park rezidentlariga ularning startap-loyihalari uchun investitsiyalarni jalb qilishda koʻmaklashadi;

Kreativ park rezidentlarining mahsulotlari va xizmatlari ichki va tashqi bozorlarga kirib borishini tashkil qiladi;

Kreativ park rezidentlari va boshqa xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan ishlab chiqariladigan kreativ mahsulotlarning xalqaro yarmarka va koʻrgazmalarini tashkil etadi va oʻtkazadi, shuningdek, Kreativ park rezidentlarining xalqaro seminarlar, konferensiyalarda va respublikada hamda xalqaro koʻlamda oʻtkaziladigan boshqa tadbirlarda ishtirok etishini tashkil etishga koʻmaklashadi;

Kreativ industriya subyektlarini rezident maqomidan mahrum qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qiladi.

Direksiya ushbu Nizom va qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham bajaradi.

Direksiya oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish doirasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda muassis boʻlishga yoki boshqa yuridik shaxslarning ustav fondida (ustav kapitalida) boshqacha tarzda ishtirok etishga, vakolatxonalar va filiallar tashkil etishga haqlidir.

3-bob. Kreativ industriya parki rezidentligiga qabul qilish va rad etish hamda rezidentlarga imtiyozlarni qoʻllash tartibi

7. Kreativ park rezidenti maqomini olishga yillik umumiy daromadining kamida sakson foizi kreativ industriya sohasiga oid faoliyatdan iborat boʻlgan kreativ industriya subyektlari daʼvogarlik qilishi mumkin.

Yangi tashkil etilgan (roʻyxatdan oʻtkazilgan) kreativ industriya subyektlarini rezidentlikka qabul qilishda ushbu bandning birinchi xatboshida nazarda tutilgan kreativ industriya sohasidagi faoliyatdan olingan daromadning minimal miqdori boʻyicha shartlar inobatga olinmaydi. Bunda minimal miqdor boʻyicha talablar moliya yilining yakuni bilan bajarilmagan taqdirda foydalanilgan imtiyozlar summasi soliq qonunchiligiga asosan qayta hisoblanadi va budjetga undiriladi.

8. Kreativ park rezidenti maqomini olish uchun yuridik va jismoniy shaxslar quyidagi mezonlarga javob berishi lozim:

Oʻzbekiston Respublikasi hududida yuridik shaxs, yakka tartibdagi tadbirkor yoki oʻzini oʻzi band qilgan jismoniy shaxs sifatida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan boʻlishi;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq kreativ industriya sohalaridagi iqtisodiy faoliyat turlaridan birini amalga oshirishi;

Kreativ park hududida amalga oshirilishi rejalashtirilgan iqtisodiy asoslangan biznes-rejaga, shu jumladan aniq oʻlchanadigan oʻsish koʻrsatkichlariga (ish oʻrinlari yaratish, eksport hajmi, tushum oʻsishi va tijoratlashtirish mumkin boʻlgan intellektual mulk elementlariga ega mahsulot ishlab chiqarish va boshqalar) ega boʻlishi.

Iqtisodiy asoslangan biznes-reja, oʻsish koʻrsatkichlari, shuningdek asosiy samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) Direksiya tomonidan individual tartibda baholanadi.

9. Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun yuridik yoki jismoniy shaxs (keyingi oʻrinlarda — arizachi) belgilangan tartibda veb-portal orqali ariza topshiradi va arizaga Kreativ park rezidenti sifatida amalga oshirilishi taklif etilayotgan biznes-rejani ilova qiladi.

Bunda veb-portal toʻliq ishga tushirilgunga qadar arizachilar oʻz arizalarini bevosita Direksiyaga taqdim etishi imkoniyati yaratiladi.

10. Kreativ park rezidenti maqomini olish uchun ariza bergan yuridik yoki jismoniy shaxsdan ushbu Nizomda nazarda tutilmagan hujjatlarni taqdim etish talab qilinmaydi.

11. Taqdim etilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi uchun arizachi javobgardir.

12. Agar arizachi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda ushbu Nizom va Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi talablariga zid keluvchi holatlar aniqlansa, arizachi besh ish kuni ichida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish va arizani qayta topshirish huquqiga ega.

13. Agar arizachi belgilangan muddatda kamchiliklarni bartaraf etmasa, arizalar birinchi marta taqdim etilgan deb hisoblanadi. Bunda Direksiya arizani koʻrib chiqmaslik huquqiga ega.

14. Taqdim etilgan hujjatlar koʻrib chiqilganidan soʻng hujjatlar qabul qilingan kundan boshlab oʻn besh ish kun muddatda Direksiya Ekspertlar kengashining xulosasi asosida arizachining Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtkazilishi yoki buni rad etish haqida qaror qabul qiladi.

15. Arizachining Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtkazishga bergan soʻrovini rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:

arizachi tomonidan belgilangan muddatda aniqlangan hujjatdagi nomuvofiqliklarning bartaraf etilmagani;

taqdim etilgan reja kreativ industriya sohalaridagi iqtisodiy faoliyat turlari roʻyxatida koʻrsatilgan sohalarga muvofiq emasligi yoki uning amalga oshirilishi belgilangan yoʻnalishlar doirasidan chiqib ketishi;

arizani koʻrib chiqish va qaror qabul qilish vaqtida arizachining soliq hisobotlarining taqdim qilinmagani, faoliyat koʻrsatmayotgani, tugatish jarayonida ekanligi yoki arizachiga nisbatan sud qarori bilan toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillari (kuzatuv, sud sanatsiyasi, tashqi boshqaruv, tugatishga doir ish yuritish) qoʻllanilgani;

davlat dasturlari yoki subsidiyalardan suiisteʼmol qilingan holatlar mavjudligi, shuningdek, soliq va yigʻimlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorlik mavjudligi.

Roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish sababi Direksiyaning arizachini Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisidagi qarorida koʻrsatiladi va bu haqida arizachiga onlayn xabar beriladi.

16. Agar arizachi Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtkazishdan rad etish uchun asos boʻlgan sabablarni bartaraf etsa, ariza ushbu Nizomga muvofiq tarzda qayta koʻrib chiqiladi.

17. Yuridik yoki jismoniy shaxsni Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi qaror yuridik yoki jismoniy shaxsning Kreativ park rezidentining faoliyat shartlari toʻgʻrisidagi shartnomaga (keyingi oʻrinlarda — Shartnoma) roziligi sifatida talqin qilinadi.

Shartnoma shakli Direksiya tomonidan tasdiqlanadi va rasmiy veb-saytida joylashtiriladi, shuningdek, ushbu hujjat ommaviy oferta shartnomasi hisoblanadi.

18. Kreativ park rezidentlari aʼzolik badalini toʻlaydi hamda ushbu badal quyidagi miqdorlarda belgilanadi:

yakka tartibdagi tadbirkorlar va oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar uchun — aylanmasidan 0,1 foiz;

yuridik shaxslar uchun — aylanmasidan 0,3 foiz.

Aʼzolik badalini toʻlash muddatlari hamda tartibi Direksiya va rezident oʻrtasidagi Shartnoma shartlarida kelishiladi.

19. Kreativ park rezidentligiga qabul qilish rad etilgan taqdirda yuridik va jismoniy shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuqori turuvchi organ yoki sudga shikoyat qilishga haqli.

20. Kreativ park rezidenti quyidagi huquqlarga ega:

virtual ofisdan foydalanib oʻz faoliyatini yuritish (qoʻshilgan qiymat soligʻi toʻlovchilaridan tashqari);

internet resurslari orqali onlayn doʻkonlarda tovarlar (ishlar xizmatlar)ni eksportga elektron tijorat orqali bojxona yuk deklaratsiyasini rasmiylashtirmasdan, tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimiga axborot kiritmasdan, pochta xizmatlarini koʻrsatish qoidalariga muvofiq realizatsiya qilish.

Kreativ park rezidenti Shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

21. Kreativ park rezidentlarining majburiyatlari:

kreativ industriya sohalaridagi iqtisodiy faoliyat turlari roʻyxati va biznes-rejaga muvofiq faoliyat yuritish;

Shartnomaga rioya etish;

aʼzolik badallarini belgilangan muddatlarda toʻlab borish;

hisobot yilidan keyingi yilning 15-iyunidan kechiktirmay, har yili moliyaviy-xoʻjalik faoliyati boʻyicha auditorlik tekshiruvini oʻtkazish va auditorlik xulosasini (yakka tartibdagi tadbirkorlar va oʻzini oʻzi band qilgan shaxslardan tashqari) Direksiyaga taqdim etish;

Kreativ park rezidenti tomonidan ilgari taqdim etilgan biznes-rejada koʻrsatilmagan yangi faoliyat turlarini faqat Direksiya tomonidan yangi (qoʻshimcha) biznes-reja tasdiqlangandan soʻng amalga oshirish;

Direksiya soʻroviga binoan kreativ industriyalar yoʻnalishida oʻquv dasturlarida qatnashish va murabbiylar ajratish hamda Direksiya tomonidan jalb qilingan mutaxassis va stajyorlarga zarur shart-sharoitlar yaratib berish.

22. Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingandan soʻng uch ish kuni ichida Direksiya quyidagilarni amalga oshiradi:

yuridik yoki jismoniy shaxsning nomi, faoliyat turi, pochta va elektron manzili maʼlumotlari koʻrsatilgan holda ularni rezidentlar roʻyxatiga kiritadi;

yuridik yoki jismoniy shaxsga Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtganligini tasdiqlovchi guvohnoma (sertifikat) taqdim etadi;

yuridik yoki jismoniy shaxsning Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatdan oʻtkazilgani toʻgʻrisidagi rasmiy xabarnomani Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi va Bojxona qoʻmitasi hamda rezidentga xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankiga yuboradi.

23. Yuridik shaxs qayta tashkil etilgan taqdirda, agar bu qayta tashkil etish qayta tuzish shaklida amalga oshirilgan boʻlsa, Kreativ park rezidenti maqomi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan sanadan boshlab qayta tashkil etilgan yuridik shaxsga oʻtadi, bunda barcha huquqlar va ilgari qabul qilingan majburiyatlar saqlanib qoladi.

Shu bilan birga, davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida yuridik shaxs Direksiyaga tegishli hujjatlarga oʻzgartirishlar kiritish boʻyicha yozma murojaat bilan chiqishi lozim.

Ushbu tartib yuridik shaxs nomi oʻzgartirilgan hollarda ham qoʻllaniladi.

Yuridik shaxs tomonidan qayta tashkil etish yoki nom oʻzgarishi haqida yuborilgan xabarnomaga asosan Direksiya rezidentlar roʻyxatiga mos oʻzgartirishlar kiritadi.

4-bob. Yuridik yoki jismoniy shaxsni kreativ park rezidenti maqomidan mahrum qilish asoslari va shikoyat berish tartiblari

24. Yuridik yoki jismoniy shaxsni Kreativ park rezidenti maqomidan mahrum qilish asoslari quyidagilardan iborat:

rezidentning amaldagi faoliyati kreativ industriya sohalaridagi iqtisodiy faoliyat turlariga mos kelmasligi;

Shartnoma boʻyicha Direksiya bilan belgilangan majburiyatlarning bajarilmasligi;

Kreativ park rezidentiga nisbatan sud qarori bilan toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillari (kuzatuv, sud sanatsiyasi, tashqi boshqaruv, tugatishga doir ish yuritish) qoʻllanilishi;

rezidentning oʻz ixtiyori bilan Kreativ park rezidenti maqomidan voz kechishi;

belgilangan muddatlarda va tartibda oʻz faoliyati, soliq va statistika hisobotlari, biznes-reja, auditorlik hisobotlari va auditorlik xulosasini taqdim etmaslik (bundan yakka tartibdagi tadbirkor va oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar mustasno) yoki ularda notoʻgʻri maʼlumotlarni taqdim etish;

Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq boshqa asoslar.

25. Direksiya Ekspertlar kengashi bilan birgalikda har yili Kreativ park rezidentlarining biznes-rejalari, oʻsish koʻrsatkichlari va ular tomonidan asosiy samaradorlik koʻrsatkichlariga (KPI) erishish holatini tahlil qiladi.

Agar xatoliklar aniqlansa, Kreativ park rezidenti ikki ish kunida mazkur xatoliklarni tuzatish choralarini koʻrsatuvchi reja taqdim etishi shart.

Kreativ park rezidenti tomonidan bunday reja taqdim etilmagan taqdirda yoki holat takroran yuz bersa, Direksiya tomonidan rezident maqomi oʻttiz kun muddatgacha toʻxtatilishi yoki bekor qilinishi mumkin.

26. Kreativ park rezidenti maqomidan mahrum qilish toʻgʻrisidagi qaror mazkur Nizomning 25-bandida nazarda tutilgan tahlil natijalari asosida Direksiya tomonidan qabul qilinadi.

Mazkur qaror qabul qilingach, yuridik yoki jismoniy shaxsga bu haqida xabarnoma yuboriladi hamda rezidentlar roʻyxatiga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.

27. Direksiya Kreativ park rezidenti maqomidan mahrum qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida Kreativ park rezidenti maqomidan mahrum qilingani toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi va Bojxona qoʻmitasi hamda rezidentga xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankiga xabarnoma yuboradi.

5-bob. Kreativ park rezidentlari uchun soliq imtiyozlarini qoʻllash tartibi

28. Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksi hamda boshqa soliq qonunchiligi hujjatlariga muvofiq Kreativ park rezidentlariga soliq imtiyozlari beriladi. Bunda rezidentlar oʻz xohishlariga koʻra imtiyozlardan qisman voz kechish orqali umumiy belgilangan soliqqa tortish tartibini tanlash huquqiga egadirlar.

29. Mazkur Nizomning 28-bandida nazarda tutilgan soliq imtiyozlari yuridik shaxs yoki jismoniy shaxs Kreativ park rezidenti sifatida roʻyxatga olingandan soʻng keyingi oyning 1-sanasidan boshlab qoʻllanadi.

30. Kreativ park rezidentlari tomonidan ushbu Nizomning 21-bandida nazarda tutilgan majburiyatlarning bajarilmasligi Kreativ park rezidenti maqomidan mahrum boʻlishni anglatadi va Direksiya tomonidan xabarnoma yuborilganidan soʻng davlat soliq xizmati organlari ularga mazkur Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan soliq imtiyozlarini qoʻllashni bekor qilish choralarini koʻradi, shuningdek, ularning Davlat budjetiga toʻlov majburiyatlarini belgilangan tartibda tiklashni taʼminlaydi.

31. Yuridik yoki jismoniy shaxs Kreativ park rezidenti maqomidan mahrum qilingan oydan keyingi oyning 1-sanasidan boshlab soliqlar va yigʻimlar boʻyicha imtiyozlardan foydalana olmaydi. Bunda yuridik yoki jismoniy shaxsning Direksiyaga taqdim etgan arizasi sanasi, Kreativ park rezidentining maqomidan ixtiyoriy ravishda voz kechganligi sanasi hisoblanadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

32. Kreativ park faoliyati mazkur Nizom va qonunchilik hujjatlariga muvofiq qayta tashkil etiladi va toʻxtatiladi.

33. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 3-martdagi 90-son qaroriga 3-ILOVA

Kreativ industriya sohalaridagi iqtisodiy faoliyat turlari

T/r Faoliyat turlari 1. Adabiy ijod 1. Tarjima qilish xizmatlari (badiiy adabiyotni tarjima qilish, texnik tarjima, veb-saytlar, filmlar, kompyuter va mobil ilovalar, taqdimotlar, video, audio va reklamalar tarjimasi) 2. Maʼrifiy faoliyatni amalga oshirish 3. Kutubxonalar va arxivlar faoliyati 4. Axborot-kutubxona xizmatlari, jumladan, kitoblar, arxivlar va maʼlumot resurslarini taqdim etish 5. Elektron kutubxonalar, raqamli arxivlar va maʼlumot bazalarini yaratish va yuritish 2. Amaliy sanʼat va hunarmandchilik 6. Ganch oʻymakorligi 7. Qoʻlda gilam toʻqish 8. Gilam va gilam mahsulotlarini ishlab chiqarish (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 9. Qoʻlda gazlamalar toʻqish 10. Tosh oʻymakorligi 11. Toshni kesish, unga ishlov berish va pardozlash 12. Miniatura, rang-tasvir, naqqoshlik va boʻyoqli naqshlar tayyorlash 13. Metalldan buyumlar yasash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 14. Tunukadan buyumlar yasash 15. Milliy poyabzal tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 16. Milliy liboslar tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 17. Bosh kiyimlar tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 18. Yogʻoch oʻymakorligi 19. Suyakka oʻyma naqsh solish 20. Gul bosilgan gazlamalar va chokli buyumlar tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 21. Kashtachilik 22. Zardoʻzlik buyumlari 23. Musiqa asboblarini qoʻlda tayyorlash 24. Chinni, fayans va sopol buyumlar tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 25. Qimmatbaho metalldan zargarlik buyumlarini yasash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 26. Oʻyinchoqlar tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 27. Mayda haykaltaroshlik buyumlarini tayyorlash 28. Charm mahsulotlarini tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 29. Mualliflik mebellarini tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 30. Yogʻochdan xalq hunarmandchiligi mahsulotlarini tayyorlash 31. Novdalardan buyumlar toʻqish 32. Mozaika ishlari 33. Koʻzgu tayyorlash 34. Shisha puflash ishlari 35. Esdalik buyumlarini tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 36. Oddiy metallardan milliy uslubda taqinchoqlar yasash 37. Ot anjomlarini tayyorlash 38. Xattotlik 39. Qadimiy qoʻlyozmalarni restavratsiya qilish 40. Makrame va qoʻlda toʻqilgan buyumlar tayyorlash 41. Anʼanaviy doʻppichilik 42. Zamonaviy sanʼat asarlarini yaratish 43. Devorga bezak berish 44. Anʼanaviy dizaynerlik xizmatlarini koʻrsatish 45. Quroqchilik usulida tikish 46. Gazlamalarga naqshlar solish (gazlamalar va kiyim ashyolarini qoʻlda boʻyash, gazlamalarga, shu jumladan, trafaretli bosma va qoʻlda rasm chizish usuli bilan rasmlar solish) 47. Kashtachilik 48. Galantereya buyumlarini tayyorlash va taʼmirlash 49. Bijuteriya va jevaklarni tayyorlash va taʼmirlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 50. Gulchambarlar (shu jumladan, motam gulchambarlari), sunʼiy gullar, ikebana, gul marjonlarini tayyorlash 51. Toʻsiqlar, haykallar, metalldan gulchambarlarni tayyorlash va taʼmirlash 52. Musiqa asboblarini taʼmirlash va sozlash 53. Gips va ganchdan buyumlar yasash (uy jihozlari, ertak qahramonlari haykallarini yasash) 54. Tosh va tosh mahsulotlaridan yodgorlik, suvenir va dekorativ buyumlar tayyorlash 55. Yogʻoch mahsulotlaridan savat, non mahsulotlari uchun maxsus idish va boshqa buyumlarni toʻqish (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 56. Yogʻoch idishlar ishlab chiqarish (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 57. Kulolchilik 58. Atlas va adras toʻqish 59. Ipak tolalarini tayyorlash va yigirish 60. Ipak gazlama ishlab chiqarish (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 61. Mayda munchoq (biser) tikish 62. Doʻppidoʻzlik mahsulotlarini uy sharoitida tayyorlash 63. Temirchilik mahsulotlarini uy sharoitida tayyorlash 64. Quroqchilik usulida koʻylak, koʻrpa va yopinchiqlar tikish 65. Pichoq tayyorlash (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 66. Uy sharoitida bolalar oʻyinchogʻi ishlab chiqarish 67. Milliy taqinchoqlar yasash 68. Kandakorlik, miskarlik buyumlarini uy sharoitida tayyorlash 69. Shisha va oynalarni kesish, shishaga badiiy ishlov berish 70. Zargarlik buyumlari va shu kabi buyumlarni ishlab chiqarish (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 71. Bijuteriya va shu kabi buyumlarni ishlab chiqarish (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 72. Maishiy va dekorativ keramik buyumlarni ishlab chiqarish (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 3. Arxitektura, loyihalashtirish va urbanistika 73. Meʼmorchilik sohasidagi faoliyat 74. Obodonlashtirish boʻyicha faoliyat, landshaftni rejalashtirish 75. Muhandislik izlanishlari sohasidagi faoliyat va ushbu sohalarda texnik maslahatlar koʻrsatish 4. Audiovizual sanʼati 76. Kino videofilmlar va televizion dasturlar ishlab chiqarish 77. Kino videofilmlar va televizion dasturlarni ishlab chiqarishdan keyingi bosqich 78. Kinofilmlarni namoyish etish 79. Fotografiya sohasidagi faoliyat 80. Video va fotosuratga olish xizmatlari 81. Videorolik va musiqa kliplarini ishlab chiqarish xizmati 82. 2D, 3D Animatsiya xizmatlari va multfilmlar ishlab chiqarish 5. Ijrochilik sanʼati 83. Sanʼat sohasidagi faoliyat 84. Fonogrammalar va musiqali yozuvlarni nashr qilish boʻyicha faoliyat 85. Madaniyat sohasidagi taʼlim 86. Aktyorlik, musiqachilik va xonandalik xizmatlari 87. Dramatik, musiqiy va qoʻgʻirchoq teatrlarining faoliyati 88. Opera, balet va xoreografiya (raqs) sanʼati 89. Yakkaxon va jamoaviy musiqiy ijro (vokal va instrumental) 90. Folklor, anʼanaviy va zamonaviy ijro sanʼati 91. Sirk sanʼati va sahnaviy plastikaga oid chiqishlar 92. Performans, sahnaviy oʻqishlar va eksperimental ijro shakllari 93. Spektakllar va boshqa jonli sahna tomoshalarini tayyorlash va namoyish etish 6. Konsert-tomosha faoliyati va ommaviy-madaniy tadbirlarni tashkil etish 94. Teatr va konsert zallari faoliyati 95. Teatrlar faoliyati 96. Spektakllarni namoyish etishda texnik qoʻllab-quvvatlash 97. Madaniyat va sanʼat sohalarida konferensiyalar va koʻrgazmalar tashkil qilish 98. Konsert-tomosha va ommaviy-madaniy tadbirlarni tashkil etish faoliyati 7. Moda va dizayn sanʼati 99. Ixtisoslashgan dizaynerlik faoliyati 100. Kiyim-kechak, poyabzal va aksessuarlar dizayni 101. Moda kolleksiyalarini yaratish, modellashtirish va ishlab chiqish 102. Toʻqimachilik dizayni (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 103. Grafik dizayn 104. Mahsulot dizayni va sanoat dizayni (sanoat usulida ishlab chiqarish bundan mustasno) 105. Interyer va ekspozitsiya dizayni 106. Moda illustratsiyasi va stilizatsiya 107. Stilistika, imijmeyking va feshn-konsalting 108. Moda fotosʼyomkasi va vizual kontent yaratish 109. Moda koʻrgazmalari, defile va prezentatsiyalarni tashkil etish 110. Dizayn sohasida taʼlim, laboratoriyalar va ijodiy ustaxonalar faoliyati 111. Raqamli dizayn 8. Muzeylar, badiiy galereyalar (koʻrgazmalar), axborot-kutubxona faoliyati 112. Muzeylar, badiiy galereyalar, koʻrgazma zallari faoliyati 113. Doimiy va vaqtincha madaniyat va sanʼat sohalarida koʻrgazmalarni tayyorlash va namoyish etish 114. Tarixiy, badiiy, ilmiy va madaniy meros obyektlarini saqlash, restavratsiya qilish va hujjatlashtirish 115. Kolleksiyalarni shakllantirish, saqlash va raqamlashtirish 116. Kuratorlik faoliyati, ekspozitsiya konsepsiyalari va koʻrgazma ssenariylarini ishlab chiqish 9. Nashriyot va matbaa sohasidagi ijodiy faoliyat 117. Gazetalar, jurnallar, davriy nashrlar nashr qilish 118. Matbaa va nashriyotchilik faoliyatining boshqa turlari 119. Bosma shakllarni tayyorlash va axborot faoliyati 10. Ommaviy axborot vositalari sohasidagi va Internet jahon axborot tarmogʻi orqali uzatish yoʻli bilan amalga oshiriladigan ijodiy faoliyat 120. Axborot tarqatuvchilardagi yozuvlarni aks ettirish 121. Radioeshittirish 122. Televizion dasturlarni yaratish va namoyish qilish boʻyicha faoliyat 123. Axborot agentliklari faoliyati 124. Multimedia, dizayn va sanʼat materiallarini yaratish va ishlov berish (veb-dizayner, grafika dizayneri, kompyuter oʻyinlari dizayneri, interyer dizayneri, landshaft dizayneri, liboslar dizayneri, retusher, fotokollajchi, vektor grafikasi muharriri, arxitektor, vizuallashtiruvchi dizayner, maʼlumot dizayneri, interfeys dizayneri, texnik dizayner, moushn-dizayner, banner yasovchi, nashriyot dizayneri, flesher, 3D-dizayner, video muharrir, videooperator, bastakor, ovoz rejissori, aranjirovkachi, suxandon, foto muharrir va boshqalar) 125. Ijtimoiy tarmoqlardagi faoliyat (PR-menejer, internet-marketolog, ijtimoiy tarmoqlarda tovarlar (ishlar, xizmatlar)ni ilgari surish va reklama qilish (SMM), ijtimoiy tarmoq sahifalari administratori, akkaunt-menejer, marketolog, link-menejer, targetolog, kontekst-reklama boʻyicha mutaxassis, direktolog, media rejalashtiruvchi, SMO mutaxassisi) 126. Kreativ industriya sohalarida onlayn konsultatsiya berish (onlayn-konsultant, onlayn-trener, moliyaviy maslahatchi, vebinar olib boruvchi) 11. Prodyuserlik faoliyati 127. Kino-prodyuserlik faoliyati 128. Musiqa prodyuserlik faoliyati 129. Teatr va ommaviy tadbirlar prodyusseri 12. Raqamli texnologiyalar sohasidagi ijodiy faoliyat 130. Kompyuter va boshqa texnik qurilmalar uchun oʻyinlarni yaratish 131. Boshqa dasturiy mahsulot va dasturiy taʼminotlarni chiqarish 132. Dasturiy taʼminot, axborot tizimlari, mobil ilovalar va veb-saytlarni ishlab chiqish va texnik qoʻllab-quvvatlash (dasturchi, dasturiy taʼminotni sinovchi mutaxassis, veb-sahifalarni sahifalovchi, veb-tahlilchi, veb-saytlarni optimallashtirish boʻyicha mutaxassis) 13. Reklama sohasidagi ijodiy faoliyat 133. Reklama agentliklari 134. Matnni yaratish va ishlov berish (kopirayter, rerayter, SEO-kopirayter, SEO-rerayter, musahhih, kontent-menejer, muharrir, e-mail orqali xatlarni joʻnatish boʻyicha mutaxassis, spichrayter, transkriber va boshqalar) 14. Sanʼat ashyolari va madaniy meros obyektlarini asrashga doir faoliyat 135. Tarixiy joylar va binolarni, madaniyat yodgorliklarini asrash boʻyicha faoliyat 15. Tasviriy sanʼat 136. Rassomchilik 137. Zamonaviy tasviriy sanʼat 138. Raqamli tasviriy sanʼat 139. Art-obyektlar, art-installyatsiyalar va ommaviy makon uchun sanʼat asarlari; 140. Tasviriy sanʼat asarlarini yaratish, restavratsiya qilish va konservatsiya qilish 141. Art-rezidensiyalar, ijodiy ustaxonalar va studiyalar faoliyati 142. Tasviriy sanʼat asarlarini ekspertlash, baholash va art-konsalting

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 3-mart,

90-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.03.2026-y., 09/26/90/0191-son)

lex.uz