📅 2026-yil 2-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 2-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 2 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 марта 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 March 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ёшлар ва педагог ходимларнинг хорижда таълим олишларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда ёшлар ва педагог ходимларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа, давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш истагидаги ёшлар ва педагог ходимларнинг таълим олишлари учун имтиёзли таълим кредити ажратишни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш истагидаги ёшлар ва педагог ходимларга бир ўқув йили учун 20 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда таълим кредити ажратиш тизими жорий этилсин.
Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан тижорат банкларига ресурслар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «resurs.imv.uz» платформаси орқали ажратилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш истагидаги ёшлар ва педагог ходимларга таълим кредитини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
таълим кредити учун маблағ ажратиладиган банкларни мувофиқлик мезонлари асосида белгилаш;
халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш учун таълим кредитини ажратишни расмийлаштириш;
таълим кредити миқдорини белгилаш, уни қайтариш ва кредит мониторингини юритиш.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Марказий банк, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, таълим кредити тизимини такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарори билан тасдиқланган Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 мартдаги 88-сон қарорига 1-ИЛОВА
Хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш истагидаги ёшлар ва педагог ходимларга таълим кредитини ажратиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш истагидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ёшлар ва педагог ходимларга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан имтиёзли таълим кредитини (кейинги ўринларда — таълим кредити) ажратиш ва уларни қайтариш тартибини белгилайди.
2. Таълим кредити банклар томонидан уларнинг қайтарилиши, тўловлилиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида белгиланган талабларга мувофиқ ажратилади.
3. Таълим кредити QS (Quacquarelli Symonds) ёки TНE (TheTimes Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг ТОП-300 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ёшлар (30 ёшдан ошмаган, шу жумладан, 30 ёшда бўлган) ва педагог ходимларга (кейинги ўринларда — кредит олувчи) банклар томонидан бакалавриат ҳамда магистратура дастурларида таълим олишлари учун ажратилади.
Бунда кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки бошқа учинчи шахслар таълим кредити шартномасида биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишлари мумкин.
4. Таълим кредити халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш истагидаги кредит олувчиларга бир ўқув йили учун 20 минг АҚШ долларигача миқдордаги эквивалентда миллий валютада ажратилади.
5. Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
Бунда таълим кредити учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш олий таълим ташкилотига маблағ ўтказилган санадан бошлаб, асосий қарзни қайтариш эса кредит олувчи томонидан олий таълим ташкилотида таълимнинг тегишли шакли бўйича ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугаллангандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб амалга оширилади.
2-боб. Банкларга қўйиладиган мувофиқлик мезонлари ва уларга маблағ ажратиш тартиби
6. Жамғарма томонидан таълим кредити учун маблағ ажратишда банкларга нисбатан қуйидаги мувофиқлик мезонлари белгиланади:
банкда таълим кредитини ажратиш юзасидан ички тартибнинг мавжудлиги;
банк «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poorʼs» рейтинг агентликларининг «B» даражасидан ёки «Moodyʼs Investors Service» рейтинг агентлигининг «B2» рейтингидан паст бўлмаган даражада кредит рейтингига эга бўлиши;
охирги уч йиллик молиявий ҳисоботлар бўйича аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси мавжудлиги;
агар банк уч йилдан кам муддат фаолият кўрсатган бўлса, банкнинг фаолият юритган йиллари учун молиявий ҳисоботлари бўйича аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси мавжудлиги;
банкнинг регулятив капитали 1 трлн сўмдан кам бўлмаслиги;
банк Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, Вазирлик томонидан жойлаштирилган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда — Марказий банк) томонидан белгиланган пруденциал нормативлар бузилгани сабабли унга нисбатан таълим кредити берилишига тўсқинлик қилувчи амалдаги чора ва санкцияларнинг мавжуд эмаслиги.
Вазирлик ушбу банднинг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни мурожаат этувчи банклардан, еттинчи хатбошисида келтирилган маълумотларни Марказий банкдан белгиланган тартибда сўраб олади.
Вазирлик банкларнинг мувофиқлик мезонларига мос келишини баҳолашда Марказий банкдан уларнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.
7. Банклар ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотларни Жамғармага тақдим этади.
Тақдим этилган ҳужжат ва маълумотлар Жамғарма томонидан беш иш куни ичида ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқлиги юзасидан ўрганилади.
Белгиланган мезонларга мувофиқ деб топилган банклар билан Вазирлик ўртасида таълим кредити учун маблағ ажратиш юзасидан Бош битим (кейинги ўринларда — Бош битим) тузилади.
Жамғарма томонидан ушбу Низом доирасида ажратиладиган маблағлар банкнинг биринчи даражали регулятив капиталидан ошиб кетмаслиги лозим.
8. Банклар ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мувофиқлик мезонларига мос эмас деб топилганда, улар билан Бош битим тузишни рад этиш ҳақида ёзма тарзда хабардор қилинади.
9. Вазирлик ушбу Низом доирасида Бош битим тузилган банкларнинг рўйхатини ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради ва доимий равишда янгилаб боради.
10. Вазирлик банкларга таълим кредити ажратиш учун 15 йилдан кўп бўлмаган муддатга депозит маблағларни жойлаштиради.
11. Банклар таълим кредити олиш истагини билдирган кредит олувчилар реестрини шакллантиради ва у асосида Жамғармага таълим кредити учун маблағ олиш мақсадида буюртманомани тақдим қилиб боради.
12. Кредит олувчи ўқув йили давомида тўлов-контракт миқдори ўзгарган ҳолларда, бу ҳақда тўлов-контракт миқдори ўзгарган кундан бошлаб беш иш куни ичида кредит ажратган банкни хабардор қилиши лозим.
13. Жамғармага буюртманомалар келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида банклар билан Вазирлик ўртасида таълим кредити учун маблағ ажратиш бўйича депозит шартномаси имзоланади ҳамда Жамғарма ушбу маблағларни банкларнинг тегишли ҳисобварағига ўтказиб беради.
14. Бош битимга мувофиқ Жамғарма маблағларни банкларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз паст ставкада жойлаштиради.
15. Вазирлик томонидан банкларга жойлаштирилган таълим кредити учун маблағларни қайтариш ва улар бўйича фоизларни тўлаш банклар ва Вазирлик ўртасида тузилган депозит шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.
16. Таълим кредити бўйича юзага келиши мумкин бўлган кредит таваккалчиликларини ўзаро тақсимлаш мақсадида Вазирлик томонидан Бош битимга мувофиқ банкларга жойлаштирилган маблағларининг 50 фоизини Жамғарма маблағлари ҳисобидан банкларга гаров депозити сифатида қўйиш бўйича банклар ва Вазирлик ўртасида гаров шартномаси (кейинги ўринларда — гаров шартномаси) тузилади.
3-боб. Таълим кредитини расмийлаштириш ва ажратиш тартиби
17. Кредит олувчи таълим кредитини олиш учун банкка мурожаат қилишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим кредити олиш тўғрисидаги ариза;
ариза берувчи (биргаликда қарз олувчи)ларнинг амалда бўлган шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари нусхаси;
таълим ташкилотидан талабанинг қабул қилингани тўғрисидаги таклифнома-хат (1-курс талабалари учун);
ҳар бир ўқиш даврининг (семестр, триместр, ярим йиллик ва йиллик) якунлари бўйича академик ўзлаштириш натижалари тўғрисидаги ҳужжат (2-курсдан бошлаб);
тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома ҳамда олий таълим ташкилотининг банк реквизитлари (ҳисобварақ рақами, SWIFT коди) кўрсатилган инвойс;
биргаликда қарз олувчиларнинг сўнгги 12 ойлик даромадлари юзасидан маълумот;
ўттиз ёшдан ошган педагог ходимлар учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан юкланган меҳнат дафтарчасидан кўчирма нусхаси (мазкур ҳужжат кредит олувчининг педагог ходим эканлигини аниқлаш учун фойдаланилади);
банкнинг ички қоидаларида белгиланган бошқа ҳужжатлар.
18. Кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан бир вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади. Банк тақдим этилган ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақли.
19. Ўқишнинг кейинги босқичларига ўтган ҳамда хорижда бўлган талабалар белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома асосида ўзларининг қонуний вакили орқали банкка мурожаат қилишлари ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришлари мумкин.
20. Банклар кредит олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган барча ҳужжатларни беш иш куни ичида кўриб чиқиши ва таълим кредити шартномасини имзолаши ёки кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, қарор қабул қилинган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмасдан кредит олувчига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ҳолда жавоб хати бериши лозим.
21. Таълим кредити шартномаси кредит олувчи томонидан тақдим этилган талаба ва таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт)да кўрсатилган, бироқ ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган миқдордан ошмаган сумма доирасида тузилади.
Бунда кейинги ўқув йили учун тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартномада белгиланган тўлов миқдори ва таълим кредити олиш тўғрисидаги аризадан келиб чиқиб, кредит миқдори таълим кредити шартномасига қўшимча келишув имзолаш орқали ошириб борилади.
22. Банклар томонидан кредит олувчига ажратиладиган таълим кредитининг ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида белгиланади.
23. Таълим кредити кредит олувчи томонидан ссуда ҳисобварағидаги кредит маблағини таълим ташкилотига ўтказиш тўғрисидаги тўлов топшириқномасини берган кундаги банкнинг расмий алмашинув курси бўйича хорижий валютага конвертация қилиш орқали ажратилади.
Бунда конвертация жараёнида кредит олувчидан қўшимча комиссия ундирилмайди.
24. Банклар томонидан таълим кредити кредит олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг шахсий ёзма топшириғи асосида кредит олувчи ва олий таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида шартнома (контракт) ёки ҳисоб варақаси (фактураси)да (инвойсида) кўрсатиб ўтилган хориждаги таълим ташкилотининг банк ҳисобварағига SWIFT тизимида маблағ ўтказиш орқали амалга оширилади.
25. Банклар Вазирликдан ажратилган, бироқ кредит олувчи томонидан таълим кредитининг ўзлаштирилмаган қисми миқдоридаги маблағларни Вазирликка қайтаради.
26. Кредит олувчининг банкдан олган таълим кредити бўйича муддати ўтган фоиз қарздорлиги мавжуд бўлса ёки мунтазам равишда тўлов муддатини ўтказиб келган бўлса, банк таълим кредити шартномасида белгиланган тартибда кредит олувчига тўлов-контрактнинг навбатдаги қисми бўйича ёки кейинги йиллар учун таълим кредитини ажратишни рад этишга ҳақли.
4-боб. Кредитни қайтариш ва кредит мониторингини юритиш тартиби
27. Асосий қарз ва фоиз тўловлари кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) томонидан таълим кредити шартномасида кўрсатилган шартларда тўланади.
28. Кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) таълим кредитини таълим кредити шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақлидир.
29. Кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) таълим кредити бўйича фоиз тўловлари ва асосий қарзни таълим кредити шартномасида белгиланган муддатларда қайтармаса, банк таълим кредити бўйича муддати ўтган қарздорликни ўзининг ички қоидаларига асосан қайтариш чораларини кўради.
30. Банк даврий равишда кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) ўқишга қабул қилинган олий таълим ташкилотидан расмий хат ёки шартноманинг давомийлиги ҳақида расмий ҳужжат сўрашга ҳақли.
31. Таълим кредитининг асосий қарзи ва (ёки) фоизи бўйича 180 кундан ортиқ муддати ўтган қарздорлик юзага келганда, банк гаров шартномасига мувофиқ ўзининг Вазирлик олдидаги мажбуриятларини таълим кредитининг асосий қарзи қолдиғининг 50 фоизи миқдорига камайтириш юзасидан тегишли бухгалтерия ўтказмасини амалга оширади ва бу ҳақда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Вазирликни ёзма равишда хабардор қилади.
32. Банкнинг Вазирлик олдида ўз мажбуриятини ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган ҳолатларда камайтириши кредит олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) банкка таълим кредити бўйича фоиз ва асосий қарзни тўлиқ тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.
33. Агар таълим кредити банкнинг Вазирлик олдидаги мажбурияти камайтирилгандан сўнг тўлиқ ёки қисман қайтарилса, банк қайтарилган маблағнинг 50 фоизига тенг миқдорда ўзининг Вазирлик олдидаги мажбуриятини оширади ва қайтган маблағдан ушбу мажбуриятни сўндиради.
Банк қайтарилган маблағнинг қолган қисмини кредит олувчининг банк олдидаги қарздорлигини сўндиришга йўналтиради.
5-боб. Якунловчи қоидалар
34. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
35. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 мартдаги 88-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарори билан тасдиқланган Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ушбу Низом ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига ёки ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб бериш ҳамда давлат олий таълим муассасаларининг ижарада яшаётган талабаларига давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказ), Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус электрон платформаси (кейинги ўринларда — Махсус платформа) орқали ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом талаблари нодавлат олий таълим ташкилотларига, хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Давлат хизмати бепул кўрсатилади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — давлат олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ҳамда ижара ҳуқуқи асосида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, шунингдек, республикада доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган талаба;
ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талаба — ётоқхонада, ота-отаси ёки яқин қариндоши билан бирга яшамайдиган, ўзига ёки ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижарада яшовчи талаба;
ваколатли орган — давлат олий таълим муассасаси;
давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича талабгорларни танлаб олиш комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) — талабаларнинг аризасини кўриб чиқиш, ўрганиш ва ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилишга масъул бўлган, ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ таркибда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан тасдиқланадиган, жамоатчилик асосида доимий ишлайдиган тузилма;
талабгор — ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тўғрисида комиссия томонидан ижобий хулоса олган талаба».
2. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Ариза берувчи аризанинг давлат хизматини кўрсатиш доирасида кўриб чиқиш ҳолатини ЯИДХП ёки Махсус платформа орқали кузатиб бориши мумкин».
3. 2-боб қуйидаги мазмундаги 7 1 — 7 7 -бандлар билан тўлдирилсин:
«7 1 . ЯИДХП ва ваколатли орган ўртасидаги электрон давлат хизматини кўрсатиш доирасида ахборот алмашинуви «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграциялашув платформаси орқали амалга оширилади.
7 2 . Талабалар ўзларининг доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, исталган Марказга давлат хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилиши мумкин.
7 3 . Давлат олий таълим муассасалари талабалари учун ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича давлат хизмати ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
7 4 . Ариза берувчи давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХП ёки Махсус платформадан рўйхатдан ва (ёки) авторизациядан ўтади.
7 5 . Ариза берувчи Марказга ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП ёки Махсус платформа орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома бўйича маълумотларни электрон равишда киритади. Бунда ариза берувчининг мурожаатига оид қуйидаги маълумотлар «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграциялашув платформаси орқали автоматик тарзда аниқланади:
шахсга доир маълумотлар — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментининг электрон ахборот тизими орқали;
доимий яшаш манзили — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг манзил-маълумот электрон ахборот тизими орқали;
таҳсил олаётган олий таълим муассасаси бўйича таълим маълумотлари — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Олий таълим жараёнларини бошқариш — HEMIS» ахборот тизими орқали;
кўчмас мулк ижара шартномаси тўғрисидаги маълумотлар — Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг «Солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш ёки бепул фойдаланиш шартномаларини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ijara.soliq.uz) орқали.
Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига ариза берувчи шахсан жавобгар ҳисобланади.
Ариза берувчи томонидан ариза юборишда амалда қабул қилинган аризаси мавжуд бўлмаслиги талаб этилади. Бунда ариза берувчининг тегишли маълумотлари ўзгарган тақдирда, қайта ариза юбориш имконияти яратилади.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали давлат хизматидан фойдаланганда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
7 6 . Сўровномага зарур маълумотлар расмийлаштириб, киритилгандан сўнг Марказ ходими ариза берувчига QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сўровномани икки нусхада чоп этиб, тақдим этади. Ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз имзоси билан тасдиқлайди, бир нусхасини ўзида олиб қолади ва иккинчи нусхасини Марказ ходимига беради.
Сўровнома ариза берувчининг имзоси билан тасдиқлангандан сўнг Марказ ходимининг ЭРИси билан тасдиқланган ҳолда, Махсус платформага автоматик тарзда киритилади.
7 7 . Ваколатли орган томонидан аризалар ҳар ойнинг 15-санасига қадар кўриб чиқилади. Бунда олий таълим муассасаларида ташкил этилган ижара комиссиялар томонидан талабаларнинг аризалари асосида баённома электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали тасдиқланади ва буйруқлар шакллантирилади. Олий таълим муассасаси ректори (директори) комиссия аъзолари томонидан келишилган буйруқни электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди. Тасдиқланган буйруқ асосида талабаларга ижара тўловларининг бир қисми қоплаб берилади.
Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг мурожаати кўрилмасдан қолдирилади.
Ариза берувчи томонидан ариза маълумотларини ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда, ариза юборилган платформа орқали юклаб олиш имконияти яратилади».
4. 5-боб қуйидаги мазмундаги 32 1 — 32 3 -бандлар тўлдирилсин:
«32 1 . Марказлар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган ариза берувчи тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
32 2 . Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
32 3 . Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказлар ушбу Низом талабларининг ижроси юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини, жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ва мониторинг қилиб боради».
5. 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ариза берувчи 1. Ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказлар)га мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёхуд Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус платформаси орқали (кейинги ўринларда — Махсус платформа) рўйхатдан ўтади. 2. Марказларга ёки ЯИДХП ёхуд Махсус платформа орқали мурожаат этганда, белгиланган шаклдаги сўровномани тўлдиради. (Бунда талабгорнинг ижара шартномаси маълумотлари Солиқ қўмитасининг ijara.soliq.uz платформасидан интеграция орқали автоматик тарзда олинади. Мазкур ҳолатда 1-босқич талабаларидан жорий ўқув йилининг сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этилмайди.) 3. Маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани тасдиқлайди. Ҳар ойнинг 1-санасидан 7-санасига қадар 2-босқич Олий таълим муассасаси ижара комиссияси (Котиб) 1. Аризалар асосида баённома шакллантиради, Махсус платформада яратилган баённома белгиланган мезонлар бўйича автоматик текширилади. Шунингдек, тьюторлар билан биргаликда ариза берувчининг маълумотларини комиссияга тақдим этиш учун ҳар томонлама ўрганади. 2. Ижара комиссияси аъзоларига баённомани тасдиқлаш учун ахборот тизимида SMS-хабарнома орқали баённомани кўриб чиқиш ҳаволасини юборади. Ҳар ойнинг 7-санасидан 13-санасига қадар 3-босқич Олий таълим муассасаси ижара комиссияси (Аъзолар) Олий таълим муассасаси ижара комиссияси котиби томонидан юборилган баённомаларни электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди ёки рад этади. Ҳар ойнинг 14-санасига қадар 4-босқич Олий таълим муассасаси ижара комиссияси (Раис) Олий таълим муассасаси ижара комиссияси аъзолари томонидан тасдиқланган баённома қарорини электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди ёки рад этади. Ҳар ойнинг 14-санасига қадар 5-босқич Олий таълим муассасаси ижара комиссияси (Буйруқни келишувчилар) Ахборот тизимида тасдиқланган баённома асосида автоматик тарзда шаклланган буйруқни электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди ёки рад этади. Ҳар ойнинг 14-санасига қадар 6-босқич Олий таълим муассасаси ректори (директори) Олий таълим муассасаси ижара комиссияси аъзолари томонидан келишилган буйруқни Электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди ёки рад этади. Ҳар ойнинг 14-санасига қадар 7-босқич Олий таълим муассасаси бухгалтерияси Олий таълим муассасасида тасдиқланган буйруқ асосида ариза берувчининг ижара тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш миқдорини ҳисоблаш ҳужжатини яратади ҳамда тегишли тўловларнинг амалга оширилишини таъминлайди. Ҳар ойнинг 15-санасига қадар 8-босқич Олий таълим муассасаси ижара комиссияси (Котиб) Ариза берувчини давлат хизматини кўрсатиш натижаси ҳақида хабардор қилади. Ҳар ойнинг 15-санасига қадар » .
6. Қуйидаги мазмундаги 3 ва 4-иловалар билан тўлдирилсин:
«Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
НАМУНА СЎРОВНОМА I. Ариза берувчининг шахсий маълумотлари 1.1. Фамилияси, исми ва отасининг исми 1.2. Туғилган санаси 1.3. Паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, ЖШШИР маълумотлари) 1.4. Фуқаролиги 1.5. Доимий яшаш манзили 1.6. Телефон рақами 1.7. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса) 1.8. Жинси 1.9. Ижтимоий ҳолати II. Ариза берувчининг таълим маълумотлари 2.1. Таҳсил олаётган олий таълим муассасаси номи 2.2. Факультети 2.3. Таълим йўналиши 2.4. Таълим шакли 2.5. Таълим босқичи 2.6. Гуруҳи 2.7. Таълим тили III. Ариза маълумотлари 3.1. Ижара шартномаси ID рақами 3.2. Ижарага олинган уй-жой ҳудуди ва манзили 3.3. Уй-жойнинг ижара суммаси 3.4. Ижара шартномасининг амал қилиш муддати 3.5. Ижара берувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми 3.6. Банк пластик картаси маълумотлари (МФО, банк пластик картаси тури, ҳисобварағи)
Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
НАМУНА АРИЗА 1. Талаба Ф.И.О. 2. Талаба манзили 3. Туғилган санаси 4. Жинси 5. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) 6. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) Ўқиш жойи Таълим йўналиши Таълим шакли Таълим босқичи 7. Ижарага олинган уй-жой ҳудуди ва манзили 8. Уй-жойнинг ижара суммаси Мен давлат томонидан ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб берилишидан манфаатдорлигимни билдираман. 9. Паспортим ва ижтимоий ҳолатимни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини илова қилмоқдаман. Ушбу ариза ва унга илова қилинаётган ҳужжатларда кўрсатилган барча маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайман. Қабул қилинган сана Қабул қилган шахс (QR код) Ариза ҳолати: Ахборот тизими номи ».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 2 март,
88-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Yoshlar va pedagog xodimlarning xorijda taʼlim olishlarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Xorijdagi yetakchi universitetlar, ilmiy markazlar va boshqa tashkilotlarda yoshlar va pedagog xodimlarning taʼlim olishini qoʻllab-quvvatlash, ijtimoiy soha, davlat boshqaruvi va iqtisodiyotning ustuvor tarmoqlarini yuqori malakali mutaxassislar bilan taʼminlash uchun zarur shart-sharoit yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Markaziy bankning Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Taʼlim kreditini moliyalashtirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan xalqaro eʼtirof etilgan tashkilotlar reytingida yuqori TOP-300 talik roʻyxatga kirgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish istagidagi yoshlar va pedagog xodimlarning taʼlim olishlari uchun imtiyozli taʼlim krediti ajratishni yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab xalqaro eʼtirof etilgan tashkilotlar reytingida yuqori TOP-300 talik roʻyxatga kirgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish istagidagi yoshlar va pedagog xodimlarga bir oʻquv yili uchun 20 ming AQSH dollarigacha boʻlgan miqdorda taʼlim krediti ajratish tizimi joriy etilsin.
Bunda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Taʼlim kreditini moliyalashtirish jamgʻarmasi tomonidan tijorat banklariga resurslar Iqtisodiyot va moliya vazirligining “resurs.imv.uz” platformasi orqali ajratiladi.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida oʻqish istagidagi yoshlar va pedagog xodimlarga taʼlim kreditini ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
taʼlim krediti uchun mablagʻ ajratiladigan banklarni muvofiqlik mezonlari asosida belgilash;
xalqaro eʼtirof etilgan tashkilotlar reytingida yuqori TOP-300 talik roʻyxatga kirgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida oʻqish uchun taʼlim kreditini ajratishni rasmiylashtirish;
taʼlim krediti miqdorini belgilash, uni qaytarish va kredit monitoringini yuritish.
4. Iqtisodiyot va moliya vazirligi:
bir oy muddatda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin;
Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Markaziy bank, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2026-yil 1-sentabrga qadar ilgʻor xorijiy tajribani oʻrgangan holda, taʼlim krediti tizimini takomillashtirish boʻyicha “Yoʻl xaritasi”ni ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
5. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 24-sentabrdagi 605-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat oliy taʼlim muassasalarining ijara huquqi asosida yashayotgan talabalariga oylik ijara toʻlovining bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 2-martdagi 88-son qaroriga 1-ILOVA
Xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida oʻqish istagidagi yoshlar va pedagog xodimlarga taʼlim kreditini ajratish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom xalqaro eʼtirof etilgan tashkilotlar reytingida yuqori TOP-300 talik roʻyxatga kirgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida oʻqish istagidagi Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari boʻlgan yoshlar va pedagog xodimlarga Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) huzuridagi Taʼlim kreditini moliyalashtirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hisobidan imtiyozli taʼlim kreditini (keyingi oʻrinlarda — taʼlim krediti) ajratish va ularni qaytarish tartibini belgilaydi.
2. Taʼlim krediti banklar tomonidan ularning qaytarilishi, toʻlovliligi, muddatliligi va ulardan maqsadli foydalanish shartlari asosida belgilangan talablarga muvofiq ajratiladi.
3. Taʼlim krediti QS (Quacquarelli Symonds) yoki TNE (TheTimes Higher Education) xalqaro reyting tashkilotlarining TOP-300 talik roʻyxatiga kiritilgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga qabul qilingan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari boʻlgan yoshlar (30 yoshdan oshmagan, shu jumladan, 30 yoshda boʻlgan) va pedagog xodimlarga (keyingi oʻrinlarda — kredit oluvchi) banklar tomonidan bakalavriat hamda magistratura dasturlarida taʼlim olishlari uchun ajratiladi.
Bunda kredit oluvchining doimiy daromad manbaiga ega boʻlgan oila aʼzolari (ota-onasi, aka-ukasi, opa-singlisi, eri yoki xotini) yoki boshqa uchinchi shaxslar taʼlim krediti shartnomasida birgalikda qarz oluvchi sifatida qatnashishlari mumkin.
4. Taʼlim krediti xalqaro eʼtirof etilgan tashkilotlar reytingida yuqori TOP-300 talik roʻyxatga kirgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish istagidagi kredit oluvchilarga bir oʻquv yili uchun 20 ming AQSH dollarigacha miqdordagi ekvivalentda milliy valyutada ajratiladi.
5. Taʼlim kreditining asosiy qarzi talabaning rasmiy oʻqish muddati tugagandan soʻng yettinchi oydan boshlab 7 yil davomida qaytariladi.
Bunda taʼlim krediti uchun foizlarni hisoblash va toʻlash oliy taʼlim tashkilotiga mablagʻ oʻtkazilgan sanadan boshlab, asosiy qarzni qaytarish esa kredit oluvchi tomonidan oliy taʼlim tashkilotida taʼlimning tegishli shakli boʻyicha oʻqishning rasmiy belgilangan muddati tugallangandan soʻng yettinchi oydan boshlab amalga oshiriladi.
2-bob. Banklarga qoʻyiladigan muvofiqlik mezonlari va ularga mablagʻ ajratish tartibi
6. Jamgʻarma tomonidan taʼlim krediti uchun mablagʻ ajratishda banklarga nisbatan quyidagi muvofiqlik mezonlari belgilanadi:
bankda taʼlim kreditini ajratish yuzasidan ichki tartibning mavjudligi;
bank “Fitch Ratings” yoki “Standard & Poorʼs” reyting agentliklarining “B” darajasidan yoki “Moodyʼs Investors Service” reyting agentligining “B2” reytingidan past boʻlmagan darajada kredit reytingiga ega boʻlishi;
oxirgi uch yillik moliyaviy hisobotlar boʻyicha auditorlik tashkilotining ijobiy xulosasi mavjudligi;
agar bank uch yildan kam muddat faoliyat koʻrsatgan boʻlsa, bankning faoliyat yuritgan yillari uchun moliyaviy hisobotlari boʻyicha auditorlik tashkilotining ijobiy xulosasi mavjudligi;
bankning regulyativ kapitali 1 trln soʻmdan kam boʻlmasligi;
bank Davlat budjeti mablagʻlari, shu jumladan, Vazirlik tomonidan joylashtirilgan mablagʻlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorlikka ega boʻlmasligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (keyingi oʻrinlarda — Markaziy bank) tomonidan belgilangan prudensial normativlar buzilgani sababli unga nisbatan taʼlim krediti berilishiga toʻsqinlik qiluvchi amaldagi chora va sanksiyalarning mavjud emasligi.
Vazirlik ushbu bandning ikkinchi — oltinchi xatboshilarida nazarda tutilgan hujjat va maʼlumotlarni murojaat etuvchi banklardan, yettinchi xatboshisida keltirilgan maʼlumotlarni Markaziy bankdan belgilangan tartibda soʻrab oladi.
Vazirlik banklarning muvofiqlik mezonlariga mos kelishini baholashda Markaziy bankdan ularning moliyaviy holati toʻgʻrisidagi qoʻshimcha axborotni soʻrab olishi mumkin.
7. Banklar ushbu Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan mezonlarga muvofiqlikni tasdiqlovchi hujjat va maʼlumotlarni Jamgʻarmaga taqdim etadi.
Taqdim etilgan hujjat va maʼlumotlar Jamgʻarma tomonidan besh ish kuni ichida ushbu Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan mezonlarga muvofiqligi yuzasidan oʻrganiladi.
Belgilangan mezonlarga muvofiq deb topilgan banklar bilan Vazirlik oʻrtasida taʼlim krediti uchun mablagʻ ajratish yuzasidan Bosh bitim (keyingi oʻrinlarda — Bosh bitim) tuziladi.
Jamgʻarma tomonidan ushbu Nizom doirasida ajratiladigan mablagʻlar bankning birinchi darajali regulyativ kapitalidan oshib ketmasligi lozim.
8. Banklar ushbu Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan muvofiqlik mezonlariga mos emas deb topilganda, ular bilan Bosh bitim tuzishni rad etish haqida yozma tarzda xabardor qilinadi.
9. Vazirlik ushbu Nizom doirasida Bosh bitim tuzilgan banklarning roʻyxatini oʻz rasmiy veb-saytida joylashtiradi va doimiy ravishda yangilab boradi.
10. Vazirlik banklarga taʼlim krediti ajratish uchun 15 yildan koʻp boʻlmagan muddatga depozit mablagʻlarni joylashtiradi.
11. Banklar taʼlim krediti olish istagini bildirgan kredit oluvchilar reyestrini shakllantiradi va u asosida Jamgʻarmaga taʼlim krediti uchun mablagʻ olish maqsadida buyurtmanomani taqdim qilib boradi.
12. Kredit oluvchi oʻquv yili davomida toʻlov-kontrakt miqdori oʻzgargan hollarda, bu haqda toʻlov-kontrakt miqdori oʻzgargan kundan boshlab besh ish kuni ichida kredit ajratgan bankni xabardor qilishi lozim.
13. Jamgʻarmaga buyurtmanomalar kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida banklar bilan Vazirlik oʻrtasida taʼlim krediti uchun mablagʻ ajratish boʻyicha depozit shartnomasi imzolanadi hamda Jamgʻarma ushbu mablagʻlarni banklarning tegishli hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi.
14. Bosh bitimga muvofiq Jamgʻarma mablagʻlarni banklarga Markaziy bankning asosiy stavkasidan toʻrt foiz past stavkada joylashtiradi.
15. Vazirlik tomonidan banklarga joylashtirilgan taʼlim krediti uchun mablagʻlarni qaytarish va ular boʻyicha foizlarni toʻlash banklar va Vazirlik oʻrtasida tuzilgan depozit shartnomasida belgilangan tartibda va muddatlarda amalga oshiriladi.
16. Taʼlim krediti boʻyicha yuzaga kelishi mumkin boʻlgan kredit tavakkalchiliklarini oʻzaro taqsimlash maqsadida Vazirlik tomonidan Bosh bitimga muvofiq banklarga joylashtirilgan mablagʻlarining 50 foizini Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan banklarga garov depoziti sifatida qoʻyish boʻyicha banklar va Vazirlik oʻrtasida garov shartnomasi (keyingi oʻrinlarda — garov shartnomasi) tuziladi.
3-bob. Taʼlim kreditini rasmiylashtirish va ajratish tartibi
17. Kredit oluvchi taʼlim kreditini olish uchun bankka murojaat qilishda quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
taʼlim krediti olish toʻgʻrisidagi ariza;
ariza beruvchi (birgalikda qarz oluvchi)larning amalda boʻlgan shaxsni tasdiqlovchi hujjatlari nusxasi;
taʼlim tashkilotidan talabaning qabul qilingani toʻgʻrisidagi taklifnoma-xat (1-kurs talabalari uchun);
har bir oʻqish davrining (semestr, trimestr, yarim yillik va yillik) yakunlari boʻyicha akademik oʻzlashtirish natijalari toʻgʻrisidagi hujjat (2-kursdan boshlab);
toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqida belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan shartnoma hamda oliy taʼlim tashkilotining bank rekvizitlari (hisobvaraq raqami, SWIFT kodi) koʻrsatilgan invoys;
birgalikda qarz oluvchilarning soʻnggi 12 oylik daromadlari yuzasidan maʼlumot;
oʻttiz yoshdan oshgan pedagog xodimlar uchun Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksidan yuklangan mehnat daftarchasidan koʻchirma nusxasi (mazkur hujjat kredit oluvchining pedagog xodim ekanligini aniqlash uchun foydalaniladi);
bankning ichki qoidalarida belgilangan boshqa hujjatlar.
18. Kredit oluvchi (birgalikda qarz oluvchi) ushbu Nizomning 17-bandida nazarda tutilgan hujjatlarni bankka taqdim etish bilan bir vaqtda shaxsini tasdiqlovchi hujjatni koʻrsatadi. Bank taqdim etilgan hujjatlardan zarur koʻchirmalar va nusxalar olishga haqli.
19. Oʻqishning keyingi bosqichlariga oʻtgan hamda xorijda boʻlgan talabalar belgilangan tartibda tasdiqlangan ishonchnoma asosida oʻzlarining qonuniy vakili orqali bankka murojaat qilishlari va tegishli hujjatlarni rasmiylashtirishlari mumkin.
20. Banklar kredit oluvchi tomonidan taʼlim krediti berishni soʻrab bankka taqdim qilingan ariza va unga ilova qilingan barcha hujjatlarni besh ish kuni ichida koʻrib chiqishi va taʼlim krediti shartnomasini imzolashi yoki kredit berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, qaror qabul qilingan sanadan boshlab keyingi ish kunidan kechiktirmasdan kredit oluvchiga kredit berishning rad etilishi sababi koʻrsatilgan holda javob xati berishi lozim.
21. Taʼlim krediti shartnomasi kredit oluvchi tomonidan taqdim etilgan talaba va taʼlim tashkiloti oʻrtasidagi toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqidagi shartnoma (kontrakt)da koʻrsatilgan, biroq ushbu Nizomning 4-bandida koʻrsatilgan miqdordan oshmagan summa doirasida tuziladi.
Bunda keyingi oʻquv yili uchun toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqidagi shartnomada belgilangan toʻlov miqdori va taʼlim krediti olish toʻgʻrisidagi arizadan kelib chiqib, kredit miqdori taʼlim krediti shartnomasiga qoʻshimcha kelishuv imzolash orqali oshirib boriladi.
22. Banklar tomonidan kredit oluvchiga ajratiladigan taʼlim kreditining stavkasi Markaziy bankning asosiy stavkasi miqdorida belgilanadi.
23. Taʼlim krediti kredit oluvchi tomonidan ssuda hisobvaragʻidagi kredit mablagʻini taʼlim tashkilotiga oʻtkazish toʻgʻrisidagi toʻlov topshiriqnomasini bergan kundagi bankning rasmiy almashinuv kursi boʻyicha xorijiy valyutaga konvertatsiya qilish orqali ajratiladi.
Bunda konvertatsiya jarayonida kredit oluvchidan qoʻshimcha komissiya undirilmaydi.
24. Banklar tomonidan taʼlim krediti kredit oluvchining ssuda hisobvaragʻidan uning shaxsiy yozma topshirigʻi asosida kredit oluvchi va oliy taʼlim tashkiloti oʻrtasidagi toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqida shartnoma (kontrakt) yoki hisob varaqasi (fakturasi)da (invoysida) koʻrsatib oʻtilgan xorijdagi taʼlim tashkilotining bank hisobvaragʻiga SWIFT tizimida mablagʻ oʻtkazish orqali amalga oshiriladi.
25. Banklar Vazirlikdan ajratilgan, biroq kredit oluvchi tomonidan taʼlim kreditining oʻzlashtirilmagan qismi miqdoridagi mablagʻlarni Vazirlikka qaytaradi.
26. Kredit oluvchining bankdan olgan taʼlim krediti boʻyicha muddati oʻtgan foiz qarzdorligi mavjud boʻlsa yoki muntazam ravishda toʻlov muddatini oʻtkazib kelgan boʻlsa, bank taʼlim krediti shartnomasida belgilangan tartibda kredit oluvchiga toʻlov-kontraktning navbatdagi qismi boʻyicha yoki keyingi yillar uchun taʼlim kreditini ajratishni rad etishga haqli.
4-bob. Kreditni qaytarish va kredit monitoringini yuritish tartibi
27. Asosiy qarz va foiz toʻlovlari kredit oluvchi (birgalikda qarz oluvchi) tomonidan taʼlim krediti shartnomasida koʻrsatilgan shartlarda toʻlanadi.
28. Kredit oluvchi (birgalikda qarz oluvchi) taʼlim kreditini taʼlim krediti shartnomasida belgilangan muddatlardan oldin qaytarishga haqlidir.
29. Kredit oluvchi (birgalikda qarz oluvchi) taʼlim krediti boʻyicha foiz toʻlovlari va asosiy qarzni taʼlim krediti shartnomasida belgilangan muddatlarda qaytarmasa, bank taʼlim krediti boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorlikni oʻzining ichki qoidalariga asosan qaytarish choralarini koʻradi.
30. Bank davriy ravishda kredit oluvchi (birgalikda qarz oluvchi) oʻqishga qabul qilingan oliy taʼlim tashkilotidan rasmiy xat yoki shartnomaning davomiyligi haqida rasmiy hujjat soʻrashga haqli.
31. Taʼlim kreditining asosiy qarzi va (yoki) foizi boʻyicha 180 kundan ortiq muddati oʻtgan qarzdorlik yuzaga kelganda, bank garov shartnomasiga muvofiq oʻzining Vazirlik oldidagi majburiyatlarini taʼlim kreditining asosiy qarzi qoldigʻining 50 foizi miqdoriga kamaytirish yuzasidan tegishli buxgalteriya oʻtkazmasini amalga oshiradi va bu haqda hisobot oyidan keyingi oyning 15-sanasiga qadar Vazirlikni yozma ravishda xabardor qiladi.
32. Bankning Vazirlik oldida oʻz majburiyatini ushbu Nizomning 31-bandida koʻrsatilgan holatlarda kamaytirishi kredit oluvchining (birgalikda qarz oluvchining) bankka taʼlim krediti boʻyicha foiz va asosiy qarzni toʻliq toʻlash majburiyatidan ozod etmaydi.
33. Agar taʼlim krediti bankning Vazirlik oldidagi majburiyati kamaytirilgandan soʻng toʻliq yoki qisman qaytarilsa, bank qaytarilgan mablagʻning 50 foiziga teng miqdorda oʻzining Vazirlik oldidagi majburiyatini oshiradi va qaytgan mablagʻdan ushbu majburiyatni soʻndiradi.
Bank qaytarilgan mablagʻning qolgan qismini kredit oluvchining bank oldidagi qarzdorligini soʻndirishga yoʻnaltiradi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
35. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 2-martdagi 88-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 24-sentabrdagi 605-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat oliy taʼlim muassasalarining ijara huquqi asosida yashayotgan talabalariga oylik ijara toʻlovining bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 1 va 2-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“1. Ushbu Nizom yotoqxona bilan qamrab olinmagan va oʻziga yoki ota-onasi (qonuniy vakillari)ga tegishli boʻlmagan uyda ijara huquqi asosida yashaydigan davlat oliy taʼlim muassasalari talabalarining oylik ijara toʻlovining bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan qoplab berish hamda davlat oliy taʼlim muassasalarining ijarada yashayotgan talabalariga davlat xizmatlari markazlari (keyingi oʻrinlarda — Markaz), Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) yoki Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining maxsus elektron platformasi (keyingi oʻrinlarda — Maxsus platforma) orqali oylik ijara toʻlovining bir qismini qaytarish boʻyicha davlat xizmatini (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmati) koʻrsatish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom talablari nodavlat oliy taʼlim tashkilotlariga, xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarining filiallari, oliy harbiy va harbiylashtirilgan taʼlim muassasalariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Davlat xizmati bepul koʻrsatiladi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ariza beruvchi — davlat oliy taʼlim muassasasida tahsil olayotgan hamda ijara huquqi asosida yashovchi Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlgan, shuningdek, respublikada doimiy yashayotgan fuqaroligi boʻlmagan talaba;
ijara huquqi asosida yashaydigan talaba — yotoqxonada, ota-otasi yoki yaqin qarindoshi bilan birga yashamaydigan, oʻziga yoki ota-onasi (qonuniy vakillari)ga tegishli boʻlmagan uyda ijarada yashovchi talaba;
vakolatli organ — davlat oliy taʼlim muassasasi;
davlat oliy taʼlim muassasalarining ijara huquqi asosida yashayotgan talabalariga oylik ijara toʻlovining bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab berish boʻyicha talabgorlarni tanlab olish komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — komissiya) — talabalarning arizasini koʻrib chiqish, oʻrganish va oylik ijara toʻlovining bir qismini qoplab berish boʻyicha qaror qabul qilishga masʼul boʻlgan, ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq tarkibda oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) tomonidan tasdiqlanadigan, jamoatchilik asosida doimiy ishlaydigan tuzilma;
talabgor — ijara toʻlovining bir qismini qoplab berish toʻgʻrisida komissiya tomonidan ijobiy xulosa olgan talaba”.
2. 7-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“7. Ariza beruvchi arizaning davlat xizmatini koʻrsatish doirasida koʻrib chiqish holatini YIDXP yoki Maxsus platforma orqali kuzatib borishi mumkin”.
3. 2-bob quyidagi mazmundagi 7 1 — 7 7 -bandlar bilan toʻldirilsin:
“7 1 . YIDXP va vakolatli organ oʻrtasidagi elektron davlat xizmatini koʻrsatish doirasida axborot almashinuvi “Elektron hukumat” idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali amalga oshiriladi.
7 2 . Talabalar oʻzlarining doimiy yashash joyi yoki vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olingan joyidan qatʼi nazar, istalgan Markazga davlat xizmatidan foydalanish uchun murojaat qilishi mumkin.
7 3 . Davlat oliy taʼlim muassasalari talabalari uchun oylik ijara toʻlovining bir qismini qaytarish boʻyicha davlat xizmati ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq sxema asosida koʻrsatiladi.
7 4 . Ariza beruvchi davlat xizmatidan elektron shaklda foydalanish uchun YIDXP yoki Maxsus platformadan roʻyxatdan va (yoki) avtorizatsiyadan oʻtadi.
7 5 . Ariza beruvchi Markazga oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda, Markaz xodimi ariza beruvchi nomidan, YIDXP yoki Maxsus platforma orqali murojaat etgan taqdirda esa, mustaqil ravishda ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnoma boʻyicha maʼlumotlarni elektron ravishda kiritadi. Bunda ariza beruvchining murojaatiga oid quyidagi maʼlumotlar “Elektron hukumat” idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali avtomatik tarzda aniqlanadi:
shaxsga doir maʼlumotlar — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Migratsiya va personallashtirish departamentining elektron axborot tizimi orqali;
doimiy yashash manzili — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining manzil-maʼlumot elektron axborot tizimi orqali;
tahsil olayotgan oliy taʼlim muassasasi boʻyicha taʼlim maʼlumotlari — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish — HEMIS” axborot tizimi orqali;
koʻchmas mulk ijara shartnomasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar — Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining “Soliq toʻlovchilar tomonidan koʻchmas mulkni ijaraga berish yoki bepul foydalanish shartnomalarini soliq organlarida roʻyxatdan oʻtkazish” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — ijara.soliq.uz) orqali.
Ariza beruvchidan ushbu bandda koʻrsatilmagan maʼlumot va hujjatlarni talab qilish taqiqlanadi.
Taqdim etilgan hujjatlardagi maʼlumotlarning haqqoniyligiga ariza beruvchi shaxsan javobgar hisoblanadi.
Ariza beruvchi tomonidan ariza yuborishda amalda qabul qilingan arizasi mavjud boʻlmasligi talab etiladi. Bunda ariza beruvchining tegishli maʼlumotlari oʻzgargan taqdirda, qayta ariza yuborish imkoniyati yaratiladi.
Ariza beruvchi YIDXP orqali davlat xizmatidan foydalanganda, soʻrovnomani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash talab etilmaydi.
7 6 . Soʻrovnomaga zarur maʼlumotlar rasmiylashtirib, kiritilgandan soʻng Markaz xodimi ariza beruvchiga QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan soʻrovnomani ikki nusxada chop etib, taqdim etadi. Ariza beruvchi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshirib, soʻrovnomani oʻz imzosi bilan tasdiqlaydi, bir nusxasini oʻzida olib qoladi va ikkinchi nusxasini Markaz xodimiga beradi.
Soʻrovnoma ariza beruvchining imzosi bilan tasdiqlangandan soʻng Markaz xodimining ERIsi bilan tasdiqlangan holda, Maxsus platformaga avtomatik tarzda kiritiladi.
7 7 . Vakolatli organ tomonidan arizalar har oyning 15-sanasiga qadar koʻrib chiqiladi. Bunda oliy taʼlim muassasalarida tashkil etilgan ijara komissiyalar tomonidan talabalarning arizalari asosida bayonnoma elektron raqamli imzo (ERI) orqali tasdiqlanadi va buyruqlar shakllantiriladi. Oliy taʼlim muassasasi rektori (direktori) komissiya aʼzolari tomonidan kelishilgan buyruqni elektron raqamli imzo orqali tasdiqlaydi. Tasdiqlangan buyruq asosida talabalarga ijara toʻlovlarining bir qismi qoplab beriladi.
Soʻrovnomada notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilishi davlat xizmatini koʻrsatishni rad etish uchun asos hisoblanadi.
Davlat xizmatini koʻrsatishni boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi.
Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishda uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan bosh tortganda, uning murojaati koʻrilmasdan qoldiriladi.
Ariza beruvchi tomonidan ariza maʼlumotlarini ushbu Nizomga 4-ilovaga muvofiq shaklda, ariza yuborilgan platforma orqali yuklab olish imkoniyati yaratiladi”.
4. 5-bob quyidagi mazmundagi 32 1 — 32 3 -bandlar toʻldirilsin:
“32 1 . Markazlar, oliy taʼlim muassasalari va tashkilotlar oʻz faoliyatini amalga oshirish natijasida olingan ariza beruvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlaydi.
32 2 . Ariza beruvchi davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining noqonuniy xatti-harakatlari (harakatsizligi) yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.
32 3 . Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va Markazlar ushbu Nizom talablarining ijrosi yuzasidan davlat organlari va boshqa tashkilotlar faoliyatini, jumladan, YIDXP orqali doimiy nazorat va monitoring qilib boradi”.
5. 2-ilova quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Davlat oliy taʼlim muassasalarining ijara huquqi asosida yashayotgan talabalariga oylik ijara toʻlovining bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Davlat oliy taʼlim muassasalarining ijara huquqi asosida yashayotgan talabalariga oylik ijara toʻlovining bir qismini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ariza beruvchi 1. Oylik ijara toʻlovining bir qismini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatlari markazlari (keyingi oʻrinlarda — Markazlar)ga murojaat qiladi yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) yoxud Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining maxsus platformasi orqali (keyingi oʻrinlarda — Maxsus platforma) roʻyxatdan oʻtadi. 2. Markazlarga yoki YIDXP yoxud Maxsus platforma orqali murojaat etganda, belgilangan shakldagi soʻrovnomani toʻldiradi. (Bunda talabgorning ijara shartnomasi maʼlumotlari Soliq qoʻmitasining ijara.soliq.uz platformasidan integratsiya orqali avtomatik tarzda olinadi. Mazkur holatda 1-bosqich talabalaridan joriy oʻquv yilining sentabr va oktabr oylari uchun ijara shartnomasi talab etilmaydi.) 3. Maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshirib, soʻrovnomani tasdiqlaydi. Har oyning 1-sanasidan 7-sanasiga qadar 2-bosqich Oliy taʼlim muassasasi ijara komissiyasi (Kotib) 1. Arizalar asosida bayonnoma shakllantiradi, Maxsus platformada yaratilgan bayonnoma belgilangan mezonlar boʻyicha avtomatik tekshiriladi. Shuningdek, tyutorlar bilan birgalikda ariza beruvchining maʼlumotlarini komissiyaga taqdim etish uchun har tomonlama oʻrganadi. 2. Ijara komissiyasi aʼzolariga bayonnomani tasdiqlash uchun axborot tizimida SMS-xabarnoma orqali bayonnomani koʻrib chiqish havolasini yuboradi. Har oyning 7-sanasidan 13-sanasiga qadar 3-bosqich Oliy taʼlim muassasasi ijara komissiyasi (Aʼzolar) Oliy taʼlim muassasasi ijara komissiyasi kotibi tomonidan yuborilgan bayonnomalarni elektron raqamli imzo orqali tasdiqlaydi yoki rad etadi. Har oyning 14-sanasiga qadar 4-bosqich Oliy taʼlim muassasasi ijara komissiyasi (Rais) Oliy taʼlim muassasasi ijara komissiyasi aʼzolari tomonidan tasdiqlangan bayonnoma qarorini elektron raqamli imzo orqali tasdiqlaydi yoki rad etadi. Har oyning 14-sanasiga qadar 5-bosqich Oliy taʼlim muassasasi ijara komissiyasi (Buyruqni kelishuvchilar) Axborot tizimida tasdiqlangan bayonnoma asosida avtomatik tarzda shakllangan buyruqni elektron raqamli imzo orqali tasdiqlaydi yoki rad etadi. Har oyning 14-sanasiga qadar 6-bosqich Oliy taʼlim muassasasi rektori (direktori) Oliy taʼlim muassasasi ijara komissiyasi aʼzolari tomonidan kelishilgan buyruqni Elektron raqamli imzo orqali tasdiqlaydi yoki rad etadi. Har oyning 14-sanasiga qadar 7-bosqich Oliy taʼlim muassasasi buxgalteriyasi Oliy taʼlim muassasasida tasdiqlangan buyruq asosida ariza beruvchining ijara toʻlovlarining bir qismini qoplab berish miqdorini hisoblash hujjatini yaratadi hamda tegishli toʻlovlarning amalga oshirilishini taʼminlaydi. Har oyning 15-sanasiga qadar 8-bosqich Oliy taʼlim muassasasi ijara komissiyasi (Kotib) Ariza beruvchini davlat xizmatini koʻrsatish natijasi haqida xabardor qiladi. Har oyning 15-sanasiga qadar ” .
6. Quyidagi mazmundagi 3 va 4-ilovalar bilan toʻldirilsin:
“Davlat oliy taʼlim muassasalarining ijara huquqi asosida yashayotgan talabalariga oylik ijara toʻlovining bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
NAMUNA SOʻROVNOMA I. Ariza beruvchining shaxsiy maʼlumotlari 1.1. Familiyasi, ismi va otasining ismi 1.2. Tugʻilgan sanasi 1.3. Pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi maʼlumotlari (seriyasi va raqami, JSHSHIR maʼlumotlari) 1.4. Fuqaroligi 1.5. Doimiy yashash manzili 1.6. Telefon raqami 1.7. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) 1.8. Jinsi 1.9. Ijtimoiy holati II. Ariza beruvchining taʼlim maʼlumotlari 2.1. Tahsil olayotgan oliy taʼlim muassasasi nomi 2.2. Fakulteti 2.3. Taʼlim yoʻnalishi 2.4. Taʼlim shakli 2.5. Taʼlim bosqichi 2.6. Guruhi 2.7. Taʼlim tili III. Ariza maʼlumotlari 3.1. Ijara shartnomasi ID raqami 3.2. Ijaraga olingan uy-joy hududi va manzili 3.3. Uy-joyning ijara summasi 3.4. Ijara shartnomasining amal qilish muddati 3.5. Ijara beruvchining familiyasi, ismi va otasining ismi 3.6. Bank plastik kartasi maʼlumotlari (MFO, bank plastik kartasi turi, hisobvaragʻi)
Davlat oliy taʼlim muassasalarining ijara huquqi asosida yashayotgan talabalariga oylik ijara toʻlovining bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
NAMUNA ARIZA 1. Talaba F.I.O. 2. Talaba manzili 3. Tugʻilgan sanasi 4. Jinsi 5. Soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR) 6. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) Oʻqish joyi Taʼlim yoʻnalishi Taʼlim shakli Taʼlim bosqichi 7. Ijaraga olingan uy-joy hududi va manzili 8. Uy-joyning ijara summasi Men davlat tomonidan oylik ijara toʻlovining bir qismini qoplab berilishidan manfaatdorligimni bildiraman. 9. Pasportim va ijtimoiy holatimni tasdiqlovchi hujjatlar nusxalarini ilova qilmoqdaman. Ushbu ariza va unga ilova qilinayotgan hujjatlarda koʻrsatilgan barcha maʼlumotlarning haqiqiyligini tasdiqlayman. Qabul qilingan sana Qabul qilgan shaxs (QR kod) Ariza holati: Axborot tizimi nomi ”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 2-mart,
88-son