UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 13-mart · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 13 март · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 марта 2026 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 March 2026 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

РЎЙХАТИ

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган.

3. Мазкур қарор 2026 йил 1 апрелдан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2026 йил 13 мартдаги 1-сон, Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 12 мартдаги 7/1-сон қарорига ИЛОВА

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг (бундан буён матнда транспорт воситаси деб юритилади) олди-сотди шартномалари (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишда нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом талаблари шартномани амалга ошириш жараёнида банк, нотариус ҳамда харидор, сотувчи ёки уларнинг вакилига (бундан буён матнда тарафлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

Мазкур Низом уй-жой қурилишига инвестиция киритиш шартномалари асосида расмийлаштириладиган олди-сотди шартномаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

2. Банк, нотариус ва унинг ходимлари ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахслар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг махфий сақланишини таъминлаши керак.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банки ушбу Низом талаблари ижроси бўйича доимий мониторингни амалга оширадилар.

2-боб. Тарафлар билан банк ўртасидаги муносабатларни амалга ошириш

4. Тарафлар ўзаро келишувга эришгандан сўнг, харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.

5. Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

тарафларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

тарафларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат рақами ва серияси;

тарафларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), агар тарафлар ёки улардан бири юридик шахс бўлса, унинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

шартнома объектининг маълумотлари;

шартнома суммаси;

тарафларнинг банк реквизитлари (бундан харидор ёки унинг вакили хизмат кўрсатувчи банкда янги эскроу ҳисобварағи очиш ҳолатлари мустасно).

6. Банк томонидан ариза асосида харидор ёки унинг вакили билан эскроу ҳисобварағи шартномаси тузилади ва эскроу ҳисобварағи очилади.

Харидор ёки унинг вакили бир нечта бўлишидан қатъи назар битта шартнома учун битта эскроу ҳисобварағи очилади.

Эскроу ҳисобварақларини очиш ва юритиш банкларнинг мобил иловаларида амалга оширилиши мумкин.

Харидор ёки унинг вакилининг банкдаги (банк картаси, талаб қилиб олингунча, электрон ҳамён) ҳисобварақларидан эскроу ҳисобварақ сифатида фойдаланилиши мумкин.

7. Эскроу ҳисобварағи шартномасида нотариус томонидан банкка шартнома тасдиқланганлиги бўйича «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) орқали маълумот тақдим этилганда, банк томонидан эскроу ҳисобварағига қўйилган пул маблағлари сотувчининг ёки унинг вакилининг ҳисобварағига (ҳисобварақларига) автоматик ўтказилиши назарда тутилиши мумкин.

Бунда сотувчилар ёки уларнинг вакиллари икки ёки ундан кўп бўлганда уларнинг ҳар бири учун пул маблағларининг тегишли миқдори аниқ кўрсатилади.

8. Эскроу ҳисобварағи шартномаси тузилгандан сўнг, харидор ёки унинг вакили томонидан тарафлар ўртасида шартнома объекти бўйича келишилган пул маблағлари нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағига кирим қилинади.

Шартнома тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан амалга оширилса, харидор ёки унинг вакили томонидан тегишли эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган (бошланғич) пул маблағлари кирим қилинади.

Шартнома тўлиқ ёки қисман кредит маблағлари асосида молиялаштирилганда, бу ҳақда кредит ажратаётган банк томонидан нотариусга электрон маълумот тақдим этилади ва кредит маблағлари шартнома тасдиқланганлиги бўйича маълумот олингандан сўнг, дастурий равишда шу банк иш кунида (агар маълумот иш куни тугагандан кейин келиб тушса, кейинги иш кунида) сотувчининг ёки унинг вакилининг ҳисобварағига (ҳисобварақларига) ўтказилади.

9. Банк томонидан пул маблағлари эскроу ҳисобварағига кирим қилингандан сўнг бу ҳақида ушбу банкнинг автоматлаштирилган банк тизимида мазкур Низомнинг 2-иловасидаги электрон маълумотлар шакллантирилади.

10. Эскроу ҳисобварағи шартномасини тузган банк Тизимдан шартнома тасдиқланганлиги бўйича маълумотни олгандан сўнг, дастурий равишда мемориал ордер билан харидорнинг ёки унинг вакилининг эскроу ҳисобварағидаги пул маблағларини шу банк иш кунида (агар маълумот иш куни тугагандан кейин келиб тушса, кейинги иш кунида) сотувчининг ёки унинг вакилининг ҳисобварағига (ҳисобварақларига) ўтказади.

Бунда сотувчининг ёки унинг вакилининг ҳисобварағига (ҳисобварақларига) кирим қилинган пул маблағлари унинг сўровига кўра хизмат кўрсатувчи банк томонидан нақд шаклда тақдим этилади.

3-боб. Шартноманинг ҳисоб-китоблари бўйича нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш

11. Эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган маблағлар кирим қилингандан сўнг, тарафлар қонунчиликда белгиланган тартибда нотариусга мурожаат қилади.

12. Нотариус шартномани тасдиқлашдан олдин Тизим орқали харидорнинг ёки унинг вакилининг эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлиги бўйича мазкур Низомнинг 2-иловасидаги маълумотларни дастлабки тарзда текшириб олиш учун эскроу ҳисобварағи очилган банкка электрон сўров юборади.

13. Банк томонидан нотариуснинг электрон сўровига мазкур Низомнинг 2-иловасидаги маълумотлар реал вақт режимида тақдим этилади.

Агар нотариус томонидан электрон сўров юборилгунга қадар тегишли эскроу ҳисобварағи ёпилган бўлса, банк томонидан тегишли эскроу ҳисобварағи ёпилганлиги ҳақида Тизимга электрон маълумот юборилади.

14. Банк томонидан тақдим этилган маълумотлар нотариус томонидан кўриб чиқилади ҳамда уларга нисбатан тарафларда эътироз мавжуд бўлмаган тақдирда шартнома тасдиқланади.

Бунда тегишли эскроу ҳисобварағи ёпилганлиги ёки эскроу ҳисобварағида шартнома суммасида назарда тутилган пул маблағларининг мавжуд эмаслиги (етарли эмаслиги) нотариус томонидан шартноманинг тасдиқланишини рад этиш учун асос ҳисобланади, бундан мазкур Низомнинг 8-банди учинчи хатбошиси мустасно.

15. Шартнома тасдиқлангандан сўнг, нотариус томонидан Тизим орқали эскроу ҳисобварағи очилган банкка шартнома тасдиқланганлиги бўйича мазкур Низомнинг 3-иловасида кўрсатилган маълумотлар электрон шаклда юборилади.

Шартнома тасдиқланмаган ҳамда банкка мазкур Низомнинг 3-иловасида кўрсатилган маълумотлар юборилмаган бўлса, харидор ёки унинг вакилининг сўровига асосан тегишли эскроу ҳисобварағидаги пул маблағлари қайтариб берилади.

4-боб. Якуний қоида

16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Харидор ёки унинг вакили Банкка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Банк 1. Эскроу ҳисобварағи шартномаси асосида эскроу ҳисобварағини очади. Эскроу ҳисобварағи шартномаси тузилган кунда 2. Тарафлар ўртасида келишилган пул маблағлари кирим қилинади. Тегишли пул маблағлари кирим қилинган вақтда 3-босқич Харидор ва сотувчи ёки уларнинг вакили Олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилади. Тегишли ҳужжатларни нотариусга тақдим қилади. Ўз хоҳишига кўра 4-босқич Нотариус Тегишли банкка эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлиги бўйича электрон сўров юборади. Шартномани тасдиқлашдан олдин Мазкур Низомнинг 2-иловасидаги маълумотларни олади. Реал вақт режимида Олди-сотди шартнома тасдиқланганлиги бўйича Тизим орқали банкка маълумот тақдим этади. Реал вақт режимида 5-босқич Банк Эскроу ҳисобварағидаги маблағларни сотувчи ёки унинг вакилининг ҳисобварағига ўтказади ҳамда унинг сўровига кўра ҳисобварағига кирим қилинган пул маблағларини нақд шаклда тақдим этади. Банкка шартнома тасдиқланганлиги бўйича маълумот келиб тушган банк иш кунида (маълумот иш куни тугагандан кейин келиб тушса, кейинги иш кунида)

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Банклар томонидан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига тақдим этиладиган маълумотлар

1. Тарафларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми.

2. Тарафларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат рақами ва серияси.

3. Тарафларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), агар тарафлар ёки улардан бири юридик шахс бўлса, унинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР).

4. Шартнома объектининг маълумотлари.

5. Шартнома суммаси.

6. Эскроу ҳисобварағи очилган банк коди.

7. Эскроу ҳисобварағи рақами.

8. Эскроу ҳисобварағига кирим қилинган пул маблағлари миқдори.

9. Ўтказиб бериладиган кредит маблағлари миқдори (олди-сотди шартномаси кредит маблағлари асосида молиялаштирилганда).

10. Сотувчига ёки унинг вакилига ўтказиладиган пул маблағлари миқдори.

11. Сотувчи ёки унинг вакилининг банк ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банк коди.

12. Сотувчи ёки унинг вакилининг банк ҳисобварағи (ҳисобварақлари).

13. Сотувчи ёки унинг вакилининг транзит ҳисобварағи (ҳисобварақлари) (банк картасига ўтказилганда).

14. Сотувчи ёки унинг вакилининг банк картаси рақами (банк картасига ўтказилганда).

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Нотариуслар томонидан банкларнинг электрон тизимларига тақдим этиладиган маълумотлар

1. Тизимда рўйхатга олинган шартноманинг реестр рақами.

2. Шартноманинг Тизимда рўйхатга олинган санаси (вақти).

3. Шартнома тузилганлигини ёки тузилмаганлигини тасдиқловчи белги.

4. Тарафларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми.

5. Тарафларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат рақами ва серияси.

6. Тарафларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), агар тарафлар ёки улардан бири юридик шахс бўлса, унинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР).

7. Шартнома объектининг маълумотлари.

8. Шартнома суммаси.

9. Сотувчига ёки унинг вакилига ўтказиладиган пул маблағлари миқдори.

10. Сотувчи ёки унинг вакилининг банк ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банк коди.

11. Сотувчи ёки унинг вакилининг банк ҳисобварағи (ҳисобварақлари).

12. Сотувчи ёки унинг вакилининг транзит ҳисобварағи (ҳисобварақлари) (банк картасига ўтказилганда).

13. Сотувчи ёки унинг вакилининг банк картаси рақами (банк картасига ўтказилганда).

Адлия вазири А. ТАШКУЛОВ

Марказий банк раиси Т. ИШМЕТОВ

Нотариал палата раиси Д. АШУРОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 13 март,

Тошкент ш.,

2026 йил 12 март,

2026 йил 11 февраль

1-сон

7/1-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.03.2026 й., 10/26/3790/0247-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining

Qarori

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

ROʻYXATI

Koʻchmas mulk va transport vositalarining oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun notariuslar va banklar oʻrtasida elektron maʼlumotlar almashish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 10-dekabrdagi PF-246-son “Naqdsiz hisob-kitoblarni ommalashtirish va yashirin iqtisodiyot ulushini qisqartirishga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Koʻchmas mulk va transport vositalarining oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun notariuslar va banklar oʻrtasida elektron maʼlumotlar almashish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Notarial palatasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur qaror 2026-yil 1-apreldan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining 2026-yil 13-martdagi 1-son, Markaziy bank boshqaruvining 2026-yil 12-martdagi 7/1-son qaroriga ILOVA

Koʻchmas mulk va transport vositalarining oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun notariuslar va banklar oʻrtasida elektron maʼlumotlar almashish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom koʻchmas mulk obyektlari, ishlab chiqarilganiga oʻn yildan oshmagan M, N, O va G toifaga kiruvchi transport vositalari hamda maxsus avtotransport vositalarining (bundan buyon matnda transport vositasi deb yuritiladi) oldi-sotdi shartnomalari (bundan buyon matnda shartnoma deb yuritiladi) boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirishda notariuslar va banklar oʻrtasida elektron maʼlumotlar almashish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom talablari shartnomani amalga oshirish jarayonida bank, notarius hamda xaridor, sotuvchi yoki ularning vakiliga (bundan buyon matnda taraflar deb yuritiladi) nisbatan tatbiq etiladi.

Mazkur Nizom uy-joy qurilishiga investitsiya kiritish shartnomalari asosida rasmiylashtiriladigan oldi-sotdi shartnomalariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

Koʻchmas mulk va transport vositalarining oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish mazkur Nizomning 1-ilovasidagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2. Bank, notarius va uning xodimlari hamda amalga oshirilayotgan notarial harakatlar toʻgʻrisida xizmat vazifalarini bajarishi munosabati bilan xabardor boʻlib qolgan shaxslar oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan maʼlumotlarning maxfiy saqlanishini taʼminlashi kerak.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi hamda Markaziy banki ushbu Nizom talablari ijrosi boʻyicha doimiy monitoringni amalga oshiradilar.

2-bob. Taraflar bilan bank oʻrtasidagi munosabatlarni amalga oshirish

4. Taraflar oʻzaro kelishuvga erishgandan soʻng, xaridor yoki uning vakili bankka yozma yoki elektron shakldagi ariza bilan murojaat qiladi.

5. Arizada quyidagilar koʻrsatiladi:

taraflarning familiyasi, ismi va otasining ismi;

taraflarning shaxsini tasdiqlovchi hujjat raqami va seriyasi;

taraflarning jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR), agar taraflar yoki ulardan biri yuridik shaxs boʻlsa, uning nomi va soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR);

shartnoma obyektining maʼlumotlari;

shartnoma summasi;

taraflarning bank rekvizitlari (bundan xaridor yoki uning vakili xizmat koʻrsatuvchi bankda yangi eskrou hisobvaragʻi ochish holatlari mustasno).

6. Bank tomonidan ariza asosida xaridor yoki uning vakili bilan eskrou hisobvaragʻi shartnomasi tuziladi va eskrou hisobvaragʻi ochiladi.

Xaridor yoki uning vakili bir nechta boʻlishidan qatʼi nazar bitta shartnoma uchun bitta eskrou hisobvaragʻi ochiladi.

Eskrou hisobvaraqlarini ochish va yuritish banklarning mobil ilovalarida amalga oshirilishi mumkin.

Xaridor yoki uning vakilining bankdagi (bank kartasi, talab qilib olinguncha, elektron hamyon) hisobvaraqlaridan eskrou hisobvaraq sifatida foydalanilishi mumkin.

7. Eskrou hisobvaragʻi shartnomasida notarius tomonidan bankka shartnoma tasdiqlanganligi boʻyicha “Notarius” avtomatlashtirilgan axborot tizimi (bundan buyon matnda Tizim deb yuritiladi) orqali maʼlumot taqdim etilganda, bank tomonidan eskrou hisobvaragʻiga qoʻyilgan pul mablagʻlari sotuvchining yoki uning vakilining hisobvaragʻiga (hisobvaraqlariga) avtomatik oʻtkazilishi nazarda tutilishi mumkin.

Bunda sotuvchilar yoki ularning vakillari ikki yoki undan koʻp boʻlganda ularning har biri uchun pul mablagʻlarining tegishli miqdori aniq koʻrsatiladi.

8. Eskrou hisobvaragʻi shartnomasi tuzilgandan soʻng, xaridor yoki uning vakili tomonidan taraflar oʻrtasida shartnoma obyekti boʻyicha kelishilgan pul mablagʻlari naqd yoki naqdsiz shaklda eskrou hisobvaragʻiga kirim qilinadi.

Shartnoma toʻlov majburiyatlarini kechiktirish sharti bilan amalga oshirilsa, xaridor yoki uning vakili tomonidan tegishli eskrou hisobvaragʻiga taraflar oʻrtasida kelishilgan (boshlangʻich) pul mablagʻlari kirim qilinadi.

Shartnoma toʻliq yoki qisman kredit mablagʻlari asosida moliyalashtirilganda, bu haqda kredit ajratayotgan bank tomonidan notariusga elektron maʼlumot taqdim etiladi va kredit mablagʻlari shartnoma tasdiqlanganligi boʻyicha maʼlumot olingandan soʻng, dasturiy ravishda shu bank ish kunida (agar maʼlumot ish kuni tugagandan keyin kelib tushsa, keyingi ish kunida) sotuvchining yoki uning vakilining hisobvaragʻiga (hisobvaraqlariga) oʻtkaziladi.

9. Bank tomonidan pul mablagʻlari eskrou hisobvaragʻiga kirim qilingandan soʻng bu haqida ushbu bankning avtomatlashtirilgan bank tizimida mazkur Nizomning 2-ilovasidagi elektron maʼlumotlar shakllantiriladi.

10. Eskrou hisobvaragʻi shartnomasini tuzgan bank Tizimdan shartnoma tasdiqlanganligi boʻyicha maʼlumotni olgandan soʻng, dasturiy ravishda memorial order bilan xaridorning yoki uning vakilining eskrou hisobvaragʻidagi pul mablagʻlarini shu bank ish kunida (agar maʼlumot ish kuni tugagandan keyin kelib tushsa, keyingi ish kunida) sotuvchining yoki uning vakilining hisobvaragʻiga (hisobvaraqlariga) oʻtkazadi.

Bunda sotuvchining yoki uning vakilining hisobvaragʻiga (hisobvaraqlariga) kirim qilingan pul mablagʻlari uning soʻroviga koʻra xizmat koʻrsatuvchi bank tomonidan naqd shaklda taqdim etiladi.

3-bob. Shartnomaning hisob-kitoblari boʻyicha notariuslar va banklar oʻrtasida elektron maʼlumotlar almashish

11. Eskrou hisobvaragʻiga taraflar oʻrtasida kelishilgan mablagʻlar kirim qilingandan soʻng, taraflar qonunchilikda belgilangan tartibda notariusga murojaat qiladi.

12. Notarius shartnomani tasdiqlashdan oldin Tizim orqali xaridorning yoki uning vakilining eskrou hisobvaragʻida mablagʻlar mavjudligi boʻyicha mazkur Nizomning 2-ilovasidagi maʼlumotlarni dastlabki tarzda tekshirib olish uchun eskrou hisobvaragʻi ochilgan bankka elektron soʻrov yuboradi.

13. Bank tomonidan notariusning elektron soʻroviga mazkur Nizomning 2-ilovasidagi maʼlumotlar real vaqt rejimida taqdim etiladi.

Agar notarius tomonidan elektron soʻrov yuborilgunga qadar tegishli eskrou hisobvaragʻi yopilgan boʻlsa, bank tomonidan tegishli eskrou hisobvaragʻi yopilganligi haqida Tizimga elektron maʼlumot yuboriladi.

14. Bank tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar notarius tomonidan koʻrib chiqiladi hamda ularga nisbatan taraflarda eʼtiroz mavjud boʻlmagan taqdirda shartnoma tasdiqlanadi.

Bunda tegishli eskrou hisobvaragʻi yopilganligi yoki eskrou hisobvaragʻida shartnoma summasida nazarda tutilgan pul mablagʻlarining mavjud emasligi (yetarli emasligi) notarius tomonidan shartnomaning tasdiqlanishini rad etish uchun asos hisoblanadi, bundan mazkur Nizomning 8-bandi uchinchi xatboshisi mustasno.

15. Shartnoma tasdiqlangandan soʻng, notarius tomonidan Tizim orqali eskrou hisobvaragʻi ochilgan bankka shartnoma tasdiqlanganligi boʻyicha mazkur Nizomning 3-ilovasida koʻrsatilgan maʼlumotlar elektron shaklda yuboriladi.

Shartnoma tasdiqlanmagan hamda bankka mazkur Nizomning 3-ilovasida koʻrsatilgan maʼlumotlar yuborilmagan boʻlsa, xaridor yoki uning vakilining soʻroviga asosan tegishli eskrou hisobvaragʻidagi pul mablagʻlari qaytarib beriladi.

4-bob. Yakuniy qoida

16. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Koʻchmas mulk va transport vositalarining oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun notariuslar va banklar oʻrtasida elektron maʼlumotlar almashish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Koʻchmas mulk va transport vositalarining oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Xaridor yoki uning vakili Bankka yozma yoki elektron shakldagi ariza bilan murojaat qiladi Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Bank 1. Eskrou hisobvaragʻi shartnomasi asosida eskrou hisobvaragʻini ochadi. Eskrou hisobvaragʻi shartnomasi tuzilgan kunda 2. Taraflar oʻrtasida kelishilgan pul mablagʻlari kirim qilinadi. Tegishli pul mablagʻlari kirim qilingan vaqtda 3-bosqich Xaridor va sotuvchi yoki ularning vakili Oldi-sotdi shartnomasini rasmiylashtirish uchun notariusga murojaat qiladi. Tegishli hujjatlarni notariusga taqdim qiladi. Oʻz xohishiga koʻra 4-bosqich Notarius Tegishli bankka eskrou hisobvaragʻida mablagʻlar mavjudligi boʻyicha elektron soʻrov yuboradi. Shartnomani tasdiqlashdan oldin Mazkur Nizomning 2-ilovasidagi maʼlumotlarni oladi. Real vaqt rejimida Oldi-sotdi shartnoma tasdiqlanganligi boʻyicha Tizim orqali bankka maʼlumot taqdim etadi. Real vaqt rejimida 5-bosqich Bank Eskrou hisobvaragʻidagi mablagʻlarni sotuvchi yoki uning vakilining hisobvaragʻiga oʻtkazadi hamda uning soʻroviga koʻra hisobvaragʻiga kirim qilingan pul mablagʻlarini naqd shaklda taqdim etadi. Bankka shartnoma tasdiqlanganligi boʻyicha maʼlumot kelib tushgan bank ish kunida (maʼlumot ish kuni tugagandan keyin kelib tushsa, keyingi ish kunida)

Koʻchmas mulk va transport vositalarining oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun notariuslar va banklar oʻrtasida elektron maʼlumotlar almashish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Banklar tomonidan “Notarius” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga taqdim etiladigan maʼlumotlar

1. Taraflarning familiyasi, ismi va otasining ismi.

2. Taraflarning shaxsini tasdiqlovchi hujjat raqami va seriyasi.

3. Taraflarning jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR), agar taraflar yoki ulardan biri yuridik shaxs boʻlsa, uning nomi va soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR).

4. Shartnoma obyektining maʼlumotlari.

5. Shartnoma summasi.

6. Eskrou hisobvaragʻi ochilgan bank kodi.

7. Eskrou hisobvaragʻi raqami.

8. Eskrou hisobvaragʻiga kirim qilingan pul mablagʻlari miqdori.

9. Oʻtkazib beriladigan kredit mablagʻlari miqdori (oldi-sotdi shartnomasi kredit mablagʻlari asosida moliyalashtirilganda).

10. Sotuvchiga yoki uning vakiliga oʻtkaziladigan pul mablagʻlari miqdori.

11. Sotuvchi yoki uning vakilining bank hisobvaragʻiga xizmat koʻrsatuvchi bank kodi.

12. Sotuvchi yoki uning vakilining bank hisobvaragʻi (hisobvaraqlari).

13. Sotuvchi yoki uning vakilining tranzit hisobvaragʻi (hisobvaraqlari) (bank kartasiga oʻtkazilganda).

14. Sotuvchi yoki uning vakilining bank kartasi raqami (bank kartasiga oʻtkazilganda).

Koʻchmas mulk va transport vositalarining oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun notariuslar va banklar oʻrtasida elektron maʼlumotlar almashish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Notariuslar tomonidan banklarning elektron tizimlariga taqdim etiladigan maʼlumotlar

1. Tizimda roʻyxatga olingan shartnomaning reyestr raqami.

2. Shartnomaning Tizimda roʻyxatga olingan sanasi (vaqti).

3. Shartnoma tuzilganligini yoki tuzilmaganligini tasdiqlovchi belgi.

4. Taraflarning familiyasi, ismi va otasining ismi.

5. Taraflarning shaxsini tasdiqlovchi hujjat raqami va seriyasi.

6. Taraflarning jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR), agar taraflar yoki ulardan biri yuridik shaxs boʻlsa, uning nomi va soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR).

7. Shartnoma obyektining maʼlumotlari.

8. Shartnoma summasi.

9. Sotuvchiga yoki uning vakiliga oʻtkaziladigan pul mablagʻlari miqdori.

10. Sotuvchi yoki uning vakilining bank hisobvaragʻiga xizmat koʻrsatuvchi bank kodi.

11. Sotuvchi yoki uning vakilining bank hisobvaragʻi (hisobvaraqlari).

12. Sotuvchi yoki uning vakilining tranzit hisobvaragʻi (hisobvaraqlari) (bank kartasiga oʻtkazilganda).

13. Sotuvchi yoki uning vakilining bank kartasi raqami (bank kartasiga oʻtkazilganda).

Adliya vaziri A. TASHKULOV

Markaziy bank raisi T. ISHMETOV

Notarial palata raisi D. ASHUROV

Toshkent sh.,

2026-yil 13-mart,

Toshkent sh.,

2026-yil 12-mart,

2026-yil 11-fevral

1-son

7/1-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.03.2026-y., 10/26/3790/0247-son)

lex.uz