UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 10-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 10 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 марта 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 March 2026 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) «Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар»ни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 161-моддасига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС)»Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар» иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2016 йил 12 декабрдаги 91-сон «Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) «Ҳисоб сиёсати»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2853, 2016 йил 27 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 52-сон, 610-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 10 мартдаги 341-сон буйруғига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) «Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар»

Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) «Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) томонидан ҳисоб сиёсатини танлаш ва қўллаш, ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришларни ва хатоларни тузатишни ҳисобга олиш тартибини белгилайди. Мазкур Стандарт бюджет ҳисобининг бошқа стандартлари билан биргаликда қўлланилади.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

амалга ошириб бўлмайдиган ҳолатлар — ташкилотлар бюджет ҳисоби стандартларида белгиланган талабни қўллашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни амалга оширганидан сўнг ҳам ушбу талабни қўллай олмаса, мазкур ҳолат амалга ошириб бўлмайдиган ҳолат ҳисобланади;

бюджет ҳисоби — бюджет тизими бюджетларини ижро этишда ҳисобга олинадиган, пулда ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг, шунингдек, мазкур активлар ва мажбуриятларни ўзгартирувчи операцияларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни тўплаш, рўйхатдан ўтказиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизими;

ҳисоб сиёсати — бу ташкилотлар томонидан бюджет ҳисобини юритиш, молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этиш жараёнида қўлланиладиган аниқ тамойиллар, асослар, шартли қоидалар, меъёрлар ҳамда амалий усуллар мажмуасидир;

ҳисоб баҳосидаги ўзгариш — активлар ва мажбуриятларнинг жорий ҳолати ҳамда улар билан боғлиқ кутилаётган келажакдаги фойда ва мажбуриятларни баҳолаш натижасида активнинг ёки мажбуриятнинг баланс қийматига ёки активнинг фойдали хизмат даврига киритилган тузатишдир. Ҳисоб баҳосидаги ўзгаришлар активлар ва мажбуриятларга доир янги ахборот олиниши ёки янги ҳолатлар юзага келиши натижасида амалга оширилади ва шу сабабли бу ўзгаришлар хатоларни тузатиш ҳисобланмайди;

олдинги давр хатолари — бу молиявий ҳисоботдаги ўтказиб юборишлар ёки нотўғри кўрсатишлар бўлиб, қуйидаги ишончли маълумотлардан нотўғри фойдаланиш ёки фойдаланмаслик натижасида юзага келади:

а) кўрсатилган даврлар учун молиявий ҳисоботлар тақдим этишга рухсат берилганда мавжуд бўлган;

б) молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этишда қабул қилиниши ва ҳисобга олиниши асосли бўлган.

Бундай хатоларга математик хатолар, ҳисоб сиёсатини қўллашдаги хатолар, фактларни эътиборсиз қолдириш ёки нотўғри талқин қилиш ва фирибгарлик таъсири киради;

перспектив қўллаш — ҳисоб сиёсати ўзгарган санадан кейин содир бўладиган операциялар, бошқа ҳодисалар ва ҳолатларга нисбатан янги ҳисоб сиёсатини қўллаш ҳамда ҳисоб баҳосидаги ўзгаришнинг таъсирини ушбу ўзгариш таъсир кўрсатадиган жорий ва келгуси даврларда тан олиш;

ретроспектив қўллаш — бу янги ҳисоб сиёсатига мувофиқ ўтган даврларда содир бўлган операциялар, бошқа ҳодисалар ва ҳолатларга ҳам шу сиёсат аввалдан қўлланганидек амал қилишдир;

ретроспектив қайта ҳисоблаш — бу олдинги даврдаги хатоларни тузатиш учун молиявий ҳисоботлар кўрсаткичларининг тан олиниши, баҳолаши ва очиб беришини хатолар олдиндан бўлмаганидек қайта ҳисоблашдир.

2. Мазкур Стандартнинг мақсади ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришларни ва хатоларни тузатишни ҳисобга олиш ва ёритиб бериш билан биргаликда ҳисоб сиёсатини танлаш ва ўзгартириш мезонларини белгилашдан иборатдир.

3. Мазкур Стандарт ташкилотларнинг молиявий ҳисоботларига бўлган ишончлилик даражасини ва маълум бир даврийликдаги молиявий ҳисоботларни, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг молиявий ҳисоботларини ўзаро солиштириш даражасини оширишга мўлжалланган.

2-боб. Ҳисоб сиёсати

1-§. Ҳисоб сиёсатларини танлаш ва қўллаш

4. Мазкур Стандарт ташкилотларда ҳисоб сиёсатини танлаш ва қўллашда, шунингдек ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва олдинги давр хатоларини тузатишларни ҳисобга олишда қўлланилади.

5. Муайян операцияга, ҳодиса ёки ҳолатга нисбатан тегишли бюджет ҳисоби стандарти қўлланилган тақдирда, ҳисобнинг мазкур объекти бўйича қўлланиладиган ҳисоб сиёсати ёки унинг қоидалари ўша бюджет ҳисоби стандартини қўллаш орқали белгиланади.

6. Бирор келишув, ҳодиса ёки ҳолатга аниқ тааллуқли бўлган бюджет ҳисоби стандарти мавжуд бўлмаганда, ташкилотнинг раҳбарияти қуйидаги хусусиятларга эга бўлган ахборотни таъминлайдиган ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқиш ва қўллашда профессионал мулоҳазага таяниши лозим:

а) фойдаланувчиларнинг қарор қабул қилиш эҳтиёжларига мос келиши;

б) ишончли бўлиши (ташкилотнинг молиявий ҳолати, молиявий фаолияти натижаларини ва пул маблағлари ҳаракатини ҳаққоний акс эттирадиган, келишувлар, бошқа ҳодисалар ва ҳолатларнинг юридик шаклини эмас, балки иқтисодий моҳиятини акс эттирадиган, эҳтиёткорлик тамойилига мувофиқ бўладиган, барча муҳим жиҳатлар тўлиқ бўлган молиявий ҳисоботлар).

7. Ташкилот раҳбарияти мазкур Стандартнинг 6-бандида тавсифланган қарорни қабул қилишда қуйидаги манбаларга эътибор бериши ва уларнинг қўлланишини кўриб чиқиши лозим:

а) ўхшаш ва алоқадор масалаларни қамраб олувчи бюджет ҳисоби стандартларидаги талаблар;

б) бюджет ҳисоби стандартларида келтирилган активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатларнинг таърифлари, тан олиш ва баҳолаш мезонлари.

2-§. Ҳисоб сиёсатининг изчиллиги

8. Агар бюджет ҳисоби стандарти турли сиёсатлар қўлланиши мумкин бўлган кўрсаткичларни алоҳида тоифаларга ажратишни махсус талаб қилмаса ёки рухсат бермаса, ташкилотлар ўхшаш операциялар, бошқа ҳодисалар ва ҳолатлар учун ўзининг ҳисоб сиёсатини изчил равишда танлаши ва қўллаши лозим.

Агар бюджет ҳисоби стандарти бундай тоифаларга ажратишни талаб қилса ёки рухсат берса, ҳар бир тоифа учун тегишли ҳисоб сиёсати танланиши ва изчил равишда қўлланилиши керак.

9. Ҳисоб сиёсати ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосарининг буйруғи ёки қарори билан тасдиқланади ва йилдан-йилга изчил қўлланилади.

3-§. Ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар

10. Ташкилотлар ҳисоб сиёсатини фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартириши мумкин:

янги бюджет ҳисоби стандартлари талаб қилганда;

ҳисоб сиёсатини ўзгартириш молиявий ҳисоботда операцияларнинг, бошқа ҳодисаларнинг ва ҳолатларнинг ташкилотлар молиявий ҳолатига, молиявий натижаларига ёки пул оқимларига таъсири тўғрисида ишончли ва янада ўринли маълумотлар акс эттирилишига олиб келганда.

11. Молиявий ҳисобот фойдаланувчилари ташкилотларнинг молиявий ҳолати, фаолияти ва пул оқимларидаги ўзгаришларни аниқлаш мақсадида унинг молиявий ҳисоботларини вақт ўтиши билан таққослаш имкониятига эга бўлишлари лозим. Шу сабабли, агар ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш мазкур Стандартнинг 10-бандидаги мезонлардан бирига мос келмаса, ҳар бир ҳисобот даврида ва бир ҳисобот давридан кейинги ҳисобот даврига ўтишда бир хил ҳисоб сиёсатлари қўлланилади.

12. Бюджет ҳисобининг бир усулидан бошқа усулига ўтиш ҳисоб сиёсатининг ўзгариши ҳисобланади.

13. Бюджет ҳисоби асосида бирор операция, ҳодиса ёки ҳолатни ҳисобга олиш усули, тан олиш ёки баҳолаш тартибидаги ўзгариш ҳисоб сиёсатининг ўзгариши сифатида қаралади.

14. Қуйидагилар ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар ҳисобланмайди:

а) олдин содир бўлган операциялар, ҳодисалар ёки ҳолатлардан иқтисодий моҳияти фарқ қиладиган янги операциялар, ҳодисалар ёки ҳолатларга нисбатан мавжуд ҳисоб сиёсатини қўллаш;

б) олдин содир бўлмаган ёки аҳамиятсиз бўлган операциялар, ҳодисалар ёки ҳолатларга нисбатан янги ҳисоб сиёсатини жорий этиш.

15. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) « Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар » (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) ёки Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (9-сонли БҲС) « Номоддий активлар »га (рўйхат рақами 3169, 2019 йил 24 июнь) мувофиқ активларни қайта баҳолаш сиёсатини дастлаб қўллаш, ушбу Стандартга эмас, балки мазкур бюджет ҳисобининг стандартларига (8 ва 9-сонли БҲСлар) мувофиқ қайта баҳолаш сифатида кўриб чиқиладиган ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш ҳисобланади.

16. Мазкур Стандартнинг 20 — 30-бандлари ушбу Стандартнинг 15-бандида баён этилган ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришга нисбатан қўлланилмайди.

17. Ташкилотлар йиллик молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида келгуси молия йили учун ҳисоб сиёсатидаги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маълумот беради.

18. Ҳисоб сиёсати молиявий ҳисоботни барча қўлланилаётган бюджет ҳисоби стандартлари асосида шакллантирилишини таъминлаши керак.

Молиявий ҳисобот унга нисбатан бюджет ҳисоби стандартларида ўзига хос талаблар бўлмаганда:

а) аҳамиятга эга бўлиши — маълумот ундан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини қондириши;

б) ишончли бўлиши — ташкилотлар фаолиятининг барча натижалари ва молиявий ҳолатини холисона кўрсатиши, ҳодисалар ва операцияларнинг иқтисодий моҳиятини акс эттириши;

д) холис (беғараз) бўлиши ва мажбурий бўлмаслиги;

э) тўла (тугалланган) бўлиши — ташкилотлар хўжалик фаолиятининг барча фактларини тўла акс эттириши лозим.

19. Ҳисоб сиёсати ўз ичига қуйидагиларни олиши лозим:

ташкилотларда инвентаризация ўтказишнинг тартиби ва муддатларини (инвентаризация қилиш мажбурий бўлган ҳоллардан ташқари);

ташкилотлар томонидан фойдаланиладиган ва унда синтетик ва аналитик счётлар рўйхати бўлиши лозим бўлган ишчи счётлар режасини. Мазкур маълумот ҳисоб сиёсатига илова тарзида тақдим этилади;

намунавий шакллари назарда тутилмаган, хўжалик операцияларини қайд қилиш учун қўлланиладиган бирламчи ҳисоб ҳужжатларининг шаклларини;

асосий фондларни қайта баҳолаш услубларини;

инвентаризация қилишда (ортиқча ёки камомадда) мулкни баҳолаш услубларини;

товар (иш, хизмат)лар калькуляциясини шакллантириш тартибини.

4-§. Ҳисоб сиёсатларини танлаш ва қўллаш

20. Мазкур Стандартнинг 24-бандига мувофиқ:

агар янги бюджет ҳисоби стандартининг илк бор қўлланилиши натижасида ҳисоб сиёсати ўзгарса ва ушбу стандартда ўзгаришга оид ўтган даврлар учун махсус қоидалар белгиланган бўлса, ташкилотлар ушбу қоидаларга мувофиқ ҳисоб-китоб олиб бориши керак;

агар янги бюджет ҳисоби стандарти илк бор қўлланилганда ҳисоб сиёсати ўзгаришига оид ўтган давр учун махсус қоидалар белгиланмаган бўлса ёки ташкилотлар ўз ихтиёри билан ҳисоб сиёсатини ўзгартирса, ушбу ўзгариш ретроспектив тарзда қўлланиши керак.

21. Ушбу Стандарт мақсадлари учун янги қабул қилинган бюджет ҳисоби стандартини муддатидан олдин қўллаш ҳисоб сиёсатидаги ихтиёрий ўзгариш сифатида қаралмайди.

22. Муайян операция, ҳодиса ёки ҳолатга нисбатан аниқ қўлланиладиган бюджет ҳисоби стандарти мавжуд бўлмаганда, ташкилот раҳбарияти мазкур Стандартнинг 7-бандига мувофиқ қуйидагилардан ҳисоб сиёсатини қўллашда фойдаланиши мумкин:

а) бошқа стандартларни белгиловчи органларнинг сўнгги баёнотлари ва қоидалари;

б) давлат ёки хусусий секторда қабул қилинган амалиётлар, бироқ бу фақат мазкур Стандартнинг 7-бандига мувофиқлик даражасида амалга оширилади.

5-§. Ретроспектив қўллаш

23. Мазкур Стандартнинг 24-бандига мувофиқ ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар ушбу Стандартнинг 20-банди иккинчи ёки учинчи хатбошиларига биноан ретроспектив тарзда қўлланилганда, ташкилотлар тақдим этилган энг аввалги давр учун соф активлар ёхуд капитални ҳар бир таъсир қилган кўрсаткичининг бошланғич қолдиғини ва тақдим этилган ҳар бир олдинги давр учун бошқа таққослама маълумотларни янги ҳисоб сиёсати доимо қўлланилганидек тузатиши лозим.

6-§. Ретроспектив қўллаш бўйича чекловлар

24. Мазкур Стандартнинг 20-банди иккинчи ёки учинчи хатбошисига мувофиқ ҳисоб сиёсати ўзгариши одатда ретроспектив тарзда қўлланади, аммо агар ўзгаришнинг маълум бир даврга хос таъсирини ёки умумий жамланган таъсирини аниқлаш имкони бўлмаса, бундай ҳолатда ретроспектив қўллаш чекланиши (истисно тариқасида) мумкин.

25. Бир ёки бир нечта олдинги даврлар учун тақдим этилган қиёсий маълумотларга нисбатан ҳисоб сиёсатини ўзгартиришнинг даврга хос таъсирини аниқлаш имконсиз бўлса, ташкилотлар янги ҳисоб сиёсатини ретроспектив қўллаш мумкин бўлган энг дастлабки даврнинг бошидаги активлар ва мажбуриятларнинг баланс қийматларига нисбатан қўллаши лозим.

Бу жорий давр ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, ташкилотлар ушбу давр учун соф активлар ёки хусусий капитални ҳар бир таъсир қилган таркибий қисмининг бошланғич қолдиғига тегишли тузатиш киритиши керак.

26. Жорий давр бошида янги ҳисоб сиёсатини барча ўтган даврларга қўллашнинг умумий таъсирини аниқлаш имконсиз бўлганда, ташкилотлар қиёсий маълумотларни янги ҳисоб сиёсатини амалда бўлиши мумкин бўлган энг аввалги санадан бошлаб перспектив тарзда қўллаш учун тузатиши лозим.

27. Ташкилотлар янги ҳисоб сиёсатини ретроспектив тарзда қўллаганда, янги ҳисоб сиёсатини ўтган даврлар қиёсий маълумотларига энг аввалги даврлардан бошлаб қўллайди.

Ўтган давр учун ретроспектив қўллаш, агар ушбу давр учун молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботнинг боши ва охиридаги суммаларга умумий таъсирини аниқлашнинг имкони бўлмаса, амалга оширилмайди.

Молиявий ҳисоботларда келтирилган даврлардан олдинги даврларга тегишли тузатиш суммаси тақдим этилган энг олдинги даврнинг соф активлар ёки капитални ҳар бир таъсир қилган таркибий қисмининг бошланғич қолдиғига киритилади.

Одатда, тузатишлар жамғарилган фойда ёки зарарга киритилади. Бироқ тузатиш соф активлар ёки капиталнинг бошқа таркибий қисмига (масалан, бюджет ҳисоби стандартига мувофиқ) ҳам киритилиши мумкин.

Ўтган даврлар ҳақидаги бошқа маълумотлар, масалан, молиявий маълумотларнинг олдинги хулосалари ҳам энг аввалги даврлардан бошлаб тузатилади.

28. Агар ташкилотлар учун янги ҳисоб сиёсатини ретроспектив тарзда қўллаш имконсиз бўлса, яъни бу сиёсатни барча олдинги даврларга нисбатан қўллашнинг умумий таъсирини аниқлай олмаса, ташкилотлар мазкур Стандартнинг 26-бандига мувофиқ янги ҳисоб сиёсатини иложи борича энг аввалги даврнинг бошидан бошлаб перспектив тарзда қўллайди.

Шу сабабли, ташкилотлар ушбу санадан олдин юзага келган активлар, мажбуриятлар ва соф активлар ёки капиталдаги умумий тузатишнинг бир қисмини эътиборга олмайди.

Ҳисоб сиёсатини бирон-бир олдинги давр учун перспектив қўллаш имконсиз бўлса ҳам ҳисоб сиёсатини ўзгартиришга рухсат этилади.

7-§. Маълумотларни ёритиб бериш

29. Муайян бюджет ҳисоби стандартини дастлабки қўллаш жорий даврга ёки олдинги бирор бир даврга таъсир кўрсатса, бироқ тузатиш миқдорини аниқлаш имкони бўлмаса ёки келгуси даврларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, ташкилотлар қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

а) стандартнинг номи;

б) тегишли бўлганда, ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш ушбу Стандартнинг ўтиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилганлиги;

д) ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришнинг тавсифи;

э) тегишли бўлганда, ўтиш даври қоидаларининг тавсифи;

ф) тегишли бўлганда, келгуси даврларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўтиш даври қоидалари;

г) жорий давр ва тақдим этилган ҳар бир олдинги давр учун таъсир қилган ҳар бир молиявий ҳисобот кўрсаткичи бўйича тузатиш миқдори;

ҳ) тақдим этилган даврлардан олдинги даврларга тегишли бўлган тузатиш миқдори;

и) агар мазкур Стандартнинг 20-банди иккинчи ёки учинчи хатбошисида талаб қилинган ретроспектив қўллаш маълум бир олдинги давр учун ёки тақдим этилган даврлардан олдинги даврлар учун амалга ошириб бўлмайдиган ҳолат бўлса, бу ҳолатнинг юзага келишига олиб келган ҳолатлар ҳамда ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш қандай ва қачондан бошлаб қўлланилганлиги тавсифи.

Кейинги даврларнинг молиявий ҳисоботларида юқорида қайд этилган маълумотларни такрорлаш талаб этилмайди.

30. Ҳисоб сиёсатидаги ихтиёрий ўзгариш жорий даврга ёки олдинги бирор бир даврга таъсир кўрсатса, бироқ тузатиш миқдорини аниқлаш имкони бўлмаса ёки келгуси даврларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, ташкилотлар қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

а) ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришнинг тавсифи;

б) янги ҳисоб сиёсатини қўллашдаги ишончлироқ ва аҳамиятлироқ маълумот тақдим этиш сабаблари;

д) жорий давр ва тақдим этилган ҳар бир олдинги давр учун таъсир қилган ҳар бир молиявий ҳисобот кўрсаткичи бўйича тузатиш миқдори;

э) тақдим этилган даврлардан олдинги даврларга тегишли бўлган тузатиш миқдори;

ф) агар маълум бир олдинги давр ёки тақдим этилган даврлардан олдинги даврлар учун ретроспектив қўллаш имконсиз бўлса, бу ҳолатнинг юзага келишига сабаб бўлган ҳолатлар ҳамда ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш қандай ва қачондан бошлаб қўлланилганлиги тавсифи.

Кейинги даврларнинг молиявий ҳисоботларида юқорида қайд этилган маълумотларни такрорлаш талаб этилмайди.

3-боб. Ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар

1-§. Ҳисоб баҳолари ва ҳисоб баҳосидаги ўзгаришларни тан олиш

31. Хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ ёки бошқа фаолиятларни амалга оширишдаги мавжуд ноаниқликлар туфайли, молиявий ҳисоботлардаги кўплаб кўрсаткичларни аниқ ўлчаб бўлмайди, балки фақат тахминий баҳолаш мумкин.

Ҳисоб баҳоси энг сўнгги мавжуд ва ишончли маълумотларга асосланган мулоҳазаларни ўз ичига олади. Масалан, қуйидагилар учун тахминлар талаб этилиши мумкин:

а) бюджетга тўланиши керак бўлган солиқлар;

б) ундирилмаган солиқлардан келиб чиқадиган умидсиз қарзлар;

д) товар-моддий захираларнинг жисмоний эскириши;

э) молиявий активлар ёки молиявий мажбуриятларнинг ҳаққоний қиймати;

ф) амортизация қилинадиган активларнинг фойдали хизмат муддати ёки уларда бўлган келажакдаги иқтисодий манфаат ёки хизмат кўрсатиш салоҳиятининг кутилаётган истеъмол тавсифи;

г) кафолат мажбуриятлари.

32. Молиявий ҳисоботларни тайёрлашда асосланган ҳисоб баҳосидан фойдаланиш муҳим жараён бўлиб, бу уларнинг ишончлигига салбий таъсир кўрсатмайди.

33. Ҳисоб баҳосига асос бўлган ҳолатларда ўзгаришлар рўй берганда ёки янги маълумотлар ёхуд кўпроқ тажриба тўпланиши натижасида ҳисоб баҳосини қайта кўриб чиқиш талаб этилиши мумкин. Ўз моҳиятига кўра, ҳисоб баҳосини қайта кўриб чиқиш ўтган даврларга алоқадор бўлмайди ва ушбу ўзгариш хатони тузатиш бўлиб ҳисобланмайди.

34. Қўлланилаётган ўлчов асосининг ўзгариши ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш ҳисобланади ва ҳисоб баҳосидаги ўзгариш ҳисобланмайди. Агар ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришни ҳисоб баҳосидаги ўзгаришдан фарқлаш қийин бўлса, бундай ўзгариш ҳисоб баҳосидаги ўзгариш сифатида қабул қилинади.

35. Ҳисоб баҳоси ўзгаришининг таъсири мазкур Стандартнинг 36-бандида кўрсатилган ўзгаришдан ташқари қуйидаги ҳолларда фойда ёки зарарга киритиш орқали перспектив тарзда тан олиниши лозим:

а) агар ўзгариш фақат жорий даврга таъсир қилса, ўзгариш содир бўлган даврда;

б) агар ўзгариш ҳам жорий, ҳам келгуси даврларга таъсир қилса, ўзгариш содир бўлган давр ва келгуси даврларда.

36. Ҳисоб баҳосидаги ўзгариш активлар ва мажбуриятларда ўзгаришларни келтириб чиқарса ёхуд соф активлар ёки капитал кўрсаткичига алоқадор бўлса, бундай ўзгариш тегишли актив, мажбурият ёхуд соф активлар ёки капитал кўрсаткичининг қолдиқ қийматини ўзгариш содир бўлган даврда тузатиш орқали тан олиниши лозим.

37. Ҳисоб баҳосидаги ўзгаришнинг таъсирини перспектив тан олиш деганда ушбу ўзгаришни операциялар, бошқа ҳодисалар ва ҳолатларга нисбатан ўзгариш рўй берган санадан бошлаб қўллаш тушунилади.

Ҳисоб баҳосидаги ўзгариш фақат жорий даврнинг фойда ёки зарарига, ёхуд ҳам жорий, ҳам келгуси даврларнинг фойда ёки зарарига таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, умидсиз қарзлар суммаси баҳосидаги ўзгариш фақат жорий даврнинг фойдаси ёки зарарига таъсир қилади. Шу сабабли жорий даврда тан олинади.

Бироқ эскириш ҳисобланадиган активларнинг фойдали хизмат муддати ёки уларда мужассамлашган келгуси иқтисодий нафлар истеъмолидаги ўзгариш жорий давр учун ва активнинг қолган фойдали хизмат муддати давомида ҳар бир келгуси давр учун эскириш харажатларига таъсир кўрсатади. Ҳар икки ҳолатда ўзгаришнинг жорий даврга тегишли бўлган таъсири жорий даврда даромад ёки харажат тарзида тан олинади.

2-§. Маълумотларни ёритиб бериш

38. Ташкилотлар жорий даврда таъсир кўрсатадиган ёки келгуси даврларга таъсир кўрсатиши кутилаётган ҳисоб баҳосидаги ўзгаришнинг хусусияти ва миқдорини ёритиб бериши лозим.

Бунда келгуси даврларга бўладиган таъсирни баҳолаш имкони бўлмаганда, ушбу таъсирни ёритиб бериш талаб этилмайди.

39. Агар келгуси даврлардаги таъсир миқдорини баҳолаш имкони бўлмаганлиги сабабли бу маълумот ёритиб берилмаса, ташкилотлар ушбу ҳолатни маълум қилиши лозим.

4-боб. Хатолар

1-§. Олдинги давр хатоларини аниқлаш ва ретроспектив тузатиш

40. Хатолар молиявий ҳисобот кўрсаткичларини тан олиш, баҳолаш, тақдим этиш ёки ёритиб бериш жараёнида юзага келиши мумкин. Агар молиявий ҳисоботда жиддий хатолар ёки ташкилотларнинг молиявий ҳолати, молиявий фаолияти ёхуд пул оқимларини муайян кўринишда қасддан киритилган муҳим бўлмаган хатолар мавжуд бўлса, бундай молиявий ҳисобот бюджет ҳисоби стандартларига мувофиқ ҳисобланмайди.

Жорий даврда аниқланган хатолар молиявий ҳисоботлар эълон қилишга рухсат берилишидан олдин тузатилади. Бироқ баъзи жиддий хатолар кейинги давргача аниқланмаслиги мумкин. Бундай олдинги давр хатолари кейинги давр учун молиявий ҳисоботларда тақдим этилган қиёсий маълумотларда тузатилади.

41. Ташкилотлар ўтган даврнинг муҳим хатоларини улар аниқлангандан кейин эълон қилиш учун маъқулланган молиявий ҳисоботнинг биринчи тўпламида қуйидагича ретроспектив тарзда тузатиши лозим (ушбу Стандартнинг 42-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно):

а) хатолик юз берган олдинги давр(лар) учун қиёсий кўрсаткичларни қайта ҳисоблаш;

б) агар хато тақдим этилган энг олдинги даврдан аввал содир бўлган бўлса, тақдим этилган энг олдинги давр учун активлар, мажбуриятлар ва соф активлар ёки капиталнинг бошланғич қолдиқларини қайта ҳисоблаш.

2-§. Ретроспектив қайта ҳисоблашнинг чекловлари

42. Олдинги давр хатосининг бирор-бир даврга тегишли таъсирини ёки умумий таъсирини аниқлаш имкони бўлмаса, ретроспектив қайта ҳисоблаш амалга оширилмайди.

43. Бир ёки бир нечта олдинги даврлар учун тақдим этилган қиёсий маълумотларга хатонинг даврга хос таъсирини аниқлаш имконсиз бўлганда, ташкилотлар ретроспектив қайта ҳисоблашни имкони бўлган энг олдинги давр бошига (бу жорий давр ҳам бўлиши мумкин) активларнинг, мажбуриятларнинг ва соф активлар ёки капиталнинг қолдиқларини қайта ҳисоблаши лозим.

44. Жорий давр бошида барча олдинги даврлар учун хатоликнинг умумий таъсирини аниқлаш имкони бўлмаганда, ташкилотлар хатоликни тузатиш мақсадида қиёсий маълумотларни амалда мумкин бўлган энг олдинги санадан бошлаб перспектив равишда қайта тайёрлаши лозим.

45. Олдинги давр хатосини тузатиш суммаси хато аниқланган даврнинг фойда ёки зарари таркибида акс эттирилмайди. Ўтган даврлар тўғрисида тақдим этилган ҳар қандай маълумот, шу жумладан, молиявий ҳисоботлар кўрсаткичларининг ўтган даврлардаги йиғиндиси, амалий имкони бўлган энг олдинги даврдан бошлаб қайта ҳисобланади.

46. Барча олдинги даврлар учун хатолик миқдорини (масалан, ҳисоб сиёсатини қўллашдаги хато) аниқлаш имкони бўлмаганда, ташкилотлар мазкур Стандартнинг 44-бандига мувофиқ қиёсий маълумотларни имкон қадар энг олдинги санадан бошлаб перспектив тарзда қайта ҳисоблайди.

Шунинг учун у ушбу санадан олдинги активлар, мажбуриятлар ва соф активлар ёки капиталнинг жамғарилган қайта ҳисоблаш қисмини эътиборга олмайди.

47. Хатоларни тузатиш ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлардан фарқ қилади. Ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ўз моҳиятига кўра аниқ ҳисоб-китоб эмас, балки мавжуд ахборотларга асосланган тахминий баҳолашлар бўлиб, қўшимча маълумотлар маълум бўлганда қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Масалан, шартли мажбурият натижаси бўйича тан олинган фойда ёки зарар хатони тузатиш ҳисобланмайди.

3-§. Олдинги даврлардаги хатоларни ёритиб бериш

48. Мазкур Стандартнинг 41-бандини қўллашда ташкилотлар қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

а) олдинги давр хатосининг моҳияти;

б) тақдим этилган ҳар бир олдинги ҳисобот даври бўйича, имкон қадар, таъсир кўрсатилган ҳар бир молиявий ҳисобот кўрсаткичи кесимида тузатиш суммаси;

д) тақдим этилган энг олдинги давр бошидаги қолдиққа тегишли тузатиш суммаси;

э) агар маълум бир олдинги давр учун ретроспектив қайта ҳисоблашни амалга ошириб бўлмаса, бу ҳолатнинг юзага келишига олиб келган ҳолатлар ҳамда хато қандай ва қачондан бошлаб тузатилганлиги ҳақидаги маълумот.

Кейинги ҳисобот даврлари молиявий ҳисоботларида ушбу маълумотларни такроран ёритиб бериш талаб этилмайди.

4-§. Ретроспектив қўллаш ва ретроспектив қайта ҳисоблашнинг амалга ошириб бўлмайдиган ҳолатлари

49. Муайян ўтган давр учун ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришни ретроспектив тарзда қўллаш ёки хатони тузатиш учун ретроспектив тарзда қайта ҳисоблашни қуйидаги ҳолларда амалга ошириб бўлмайди:

а) ретроспектив қўллаш ёки ретроспектив қайта ҳисоблашнинг таъсирини аниқлаш мумкин бўлмаса;

б) ретроспектив қўллаш ёки ретроспектив қайта ҳисоблаш ташкилот раҳбариятининг ўша даврдаги қарори қандай бўлганлиги ҳақидаги тахминларни талаб қилса;

д) ретроспектив қўллаш ёки ретроспектив қайта ҳисоблаш суммаларнинг муҳим баҳоларини талаб қилса ва қуйидаги ҳисоб баҳолари тўғрисидаги маълумотларни объектив равишда ажратиб бўлмаса:

ушбу суммалар тан олиниши, баҳоланиши ёки ошкор этилиши лозим бўлган сана(лар)да мавжуд бўлган ҳолатлар бўйича асосли ҳисоб баҳолари;

кўрсатилган олдинги давр учун молиявий ҳисоботларни тақдим этиш даврида мавжуд бўлган ҳисоб баҳолари.

50. Айрим ҳолларда жорий давр билан таққослаш учун бир ёки бир неча ўтган даврларнинг қиёсий маълумотларини мослаштиришнинг имкони бўлмайди.

Масалан, олдинги давр(лар)да маълумотлар янги ҳисоб сиёсатини ретроспектив қўллаш (шу жумладан, ушбу Стандартнинг 51 — 53-бандлари мақсадлари учун унинг ўтган даврларга нисбатан перспектив қўлланилиши) ёки олдинги даврдаги хатони тузатиш учун ретроспектив қайта ҳисоблаш имконини берадиган тарзда тўпланмаган бўлиши ва бу маълумотларни қайта тиклашнинг иложи бўлмаслиги мумкин.

51. Ҳисоб сиёсати молиявий ҳисобот кўрсаткичларига нисбатан қўлланилганда, операциялар, бошқа ҳодисалар ёки ҳолатлар билан боғлиқ равишда тан олинадиган ёки очиб бериладиган кўрсаткичлар бўйича кўп ҳолларда баҳолашни амалга ошириш зарур бўлади.

Баҳолаш ўз моҳиятига кўра муайян даражада ноаниқликка эга бўлиб, бундай баҳолашлар ҳисобот санасидан кейин ҳам шакллантирилиши мумкин.

Ҳисоб сиёсатини ретроспектив қўллаш ёки олдинги давр хатосини тузатиш учун ретроспектив қайта ҳисоблашни амалга оширишда таъсир кўрсатган операция, бошқа ҳодиса ёки ҳолат содир бўлганидан буён узоқроқ вақт ўтган бўлиши баҳолашни ишлаб чиқишни мураккаблаштириши мумкин.

Шундай бўлса-да, олдинги даврларга тааллуқли баҳолашларнинг мақсади жорий даврда амалга ошириладиган баҳолашларнинг мақсади билан бир хил бўлади, яъни баҳолаш тегишли операция, ҳодиса ёки ҳолат юз берган пайтда мавжуд бўлган ҳолатларни акс эттириши лозим.

52. Янги ҳисоб сиёсатини ретроспектив қўллаш ёки олдинги даврдаги хатони ретроспектив тарзда тузатиш жараёнида қуйидаги маълумотларни бошқа маълумотлардан фарқлаш талаб этилади:

а) операция, бошқа ҳодиса ёки ҳолат содир бўлган сана(лар)да мавжуд бўлган ҳолатларни тасдиқловчи далилларни ўз ичига олган маълумотлар;

б) ушбу ўтган ҳисобот даври учун молиявий ҳисоботлар чиқарилишига рухсат берилган пайтда мавжуд бўлган ёки мавжуд бўлиши мумкин бўлган маълумотлар.

Айрим турдаги баҳолашларда (масалан, кузатиладиган бозор нархи ёки кузатиладиган кириш маълумотларига асосланмаган адолатли қиймат баҳосида) ушбу турдаги маълумотларни бир-биридан ажратиш амалий жиҳатдан мумкин бўлмайди.

Агар ретроспектив қўллаш ёки ретроспектив қайта ҳисоблаш шундай муҳим баҳолашни талаб қилса, бироқ юқорида кўрсатилган икки турдаги маълумотларни ажратишнинг имкони бўлмаса, янги ҳисоб сиёсатини ретроспектив қўллаш ёки ўтган даврдаги хатони ретроспектив тарзда тузатиш амалий жиҳатдан мумкин эмас деб ҳисобланади.

53. Ўтган ҳисобот даврига нисбатан янги ҳисоб сиёсатини ретроспектив тарзда қўллашда ёки ушбу даврга тааллуқли суммаларни тузатишда, шунингдек, ташкилот раҳбариятининг ўтган даврдаги мақсад ва қарорларини қайта талқин қилишда ҳамда ўша даврда тан олинган, баҳоланган ёки очиб берилган кўрсаткичларни ҳисоблашда кейинчалик шаклланган ахборот ва ҳолатлардан фойдаланилмаслиги лозим.

Масалан, агар ташкилотлар ўтган даврда давлат биносини нотўғри равишда инвестиция сифатида таснифляган бўлса (аслида ушбу бино асосий воситалар таркибида ҳисобга олиниши лозим эди), ушбу хато тузатилганда, ташкилот раҳбарияти кейинчалик мазкур бинодан ўз эҳтиёжлари учун офис сифатида фойдаланишга қарор қилган бўлса ҳам, ўша ўтган давр учун таснифлаш асоси ўзгартирилмайди.

Ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар »га (рўйхат рақами 3562, 2024 йил 22 октябрь) мувофиқ давлат фаолияти натижасида юзага келган ифлосланишни тозалаш харажатлари учун мажбуриятни ҳисоблашдаги олдинги давр хатосини тузатаётганда, кейинги даврда ҳарбий таъминот кемасидан ғайриоддий катта миқдорда нефт сизиб чиққани ҳақидаги маълумотни эътиборга олмайди (агар бу маълумот олдинги давр молиявий ҳисоботи тасдиқлангандан сўнг маълум бўлган бўлса).

Олдинги даврлар учун тақдим этилган қиёсий маълумотларни ўзгартиришда кўпинча муҳим баҳолаш талаб қилинса-да, бу қиёсий маълумотларни ишончли тарзда тузатиш ёки тўғрилашга тўсқинлик қилмайди.

Вазир Д. КУЧКАРОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 10 март,

341-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.03.2026 й., 10/26/3797/0298-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI IQTISODIYOT VA MOLIYA VAZIRINING

BUYRUGʻI

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (1-sonli BHS) “Hisob siyosati, hisob baholaridagi oʻzgarishlar va xatolar”ni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Budjet kodeksining 161-moddasiga muvofiq va budjet hisobini davlat sektorida buxgalteriya hisobining xalqaro standartlari bilan muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (1-sonli BHS)”Hisob siyosati, hisob baholaridagi oʻzgarishlar va xatolar” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2016-yil 12-dekabrdagi 91-son “Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (1-sonli BHS) “Hisob siyosati”ni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2853, 2016-yil 27-dekabr) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2016-y., 52-son, 610-modda) oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2026-yil 10-martdagi 341-son buyrugʻiga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (1-sonli BHS) “Hisob siyosati, hisob baholaridagi oʻzgarishlar va xatolar”

Mazkur Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (1-sonli BHS) “Hisob siyosati, hisob baholaridagi oʻzgarishlar va xatolar” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari hamda boshqa budjetdan tashqari jamgʻarmalar (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) tomonidan hisob siyosatini tanlash va qoʻllash, hisob siyosatidagi oʻzgarishlarni, hisob baholaridagi oʻzgarishlarni va xatolarni tuzatishni hisobga olish tartibini belgilaydi. Mazkur Standart budjet hisobining boshqa standartlari bilan birgalikda qoʻllaniladi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Standartda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

amalga oshirib boʻlmaydigan holatlar — tashkilotlar budjet hisobi standartlarida belgilangan talabni qoʻllashga qaratilgan barcha saʼy-harakatlarni amalga oshirganidan soʻng ham ushbu talabni qoʻllay olmasa, mazkur holat amalga oshirib boʻlmaydigan holat hisoblanadi;

budjet hisobi — budjet tizimi budjetlarini ijro etishda hisobga olinadigan, pulda ifodalangan aktivlar va majburiyatlarning, shuningdek, mazkur aktivlar va majburiyatlarni oʻzgartiruvchi operatsiyalarning holati toʻgʻrisidagi axborotni toʻplash, roʻyxatdan oʻtkazish va umumlashtirishning tartibga solingan tizimi;

hisob siyosati — bu tashkilotlar tomonidan budjet hisobini yuritish, moliyaviy hisobotlarni tayyorlash va taqdim etish jarayonida qoʻllaniladigan aniq tamoyillar, asoslar, shartli qoidalar, meʼyorlar hamda amaliy usullar majmuasidir;

hisob bahosidagi oʻzgarish — aktivlar va majburiyatlarning joriy holati hamda ular bilan bogʻliq kutilayotgan kelajakdagi foyda va majburiyatlarni baholash natijasida aktivning yoki majburiyatning balans qiymatiga yoki aktivning foydali xizmat davriga kiritilgan tuzatishdir. Hisob bahosidagi oʻzgarishlar aktivlar va majburiyatlarga doir yangi axborot olinishi yoki yangi holatlar yuzaga kelishi natijasida amalga oshiriladi va shu sababli bu oʻzgarishlar xatolarni tuzatish hisoblanmaydi;

oldingi davr xatolari — bu moliyaviy hisobotdagi oʻtkazib yuborishlar yoki notoʻgʻri koʻrsatishlar boʻlib, quyidagi ishonchli maʼlumotlardan notoʻgʻri foydalanish yoki foydalanmaslik natijasida yuzaga keladi:

a) koʻrsatilgan davrlar uchun moliyaviy hisobotlar taqdim etishga ruxsat berilganda mavjud boʻlgan;

b) moliyaviy hisobotlarni tayyorlash va taqdim etishda qabul qilinishi va hisobga olinishi asosli boʻlgan.

Bunday xatolarga matematik xatolar, hisob siyosatini qoʻllashdagi xatolar, faktlarni eʼtiborsiz qoldirish yoki notoʻgʻri talqin qilish va firibgarlik taʼsiri kiradi;

perspektiv qoʻllash — hisob siyosati oʻzgargan sanadan keyin sodir boʻladigan operatsiyalar, boshqa hodisalar va holatlarga nisbatan yangi hisob siyosatini qoʻllash hamda hisob bahosidagi oʻzgarishning taʼsirini ushbu oʻzgarish taʼsir koʻrsatadigan joriy va kelgusi davrlarda tan olish;

retrospektiv qoʻllash — bu yangi hisob siyosatiga muvofiq oʻtgan davrlarda sodir boʻlgan operatsiyalar, boshqa hodisalar va holatlarga ham shu siyosat avvaldan qoʻllanganidek amal qilishdir;

retrospektiv qayta hisoblash — bu oldingi davrdagi xatolarni tuzatish uchun moliyaviy hisobotlar koʻrsatkichlarining tan olinishi, baholashi va ochib berishini xatolar oldindan boʻlmaganidek qayta hisoblashdir.

2. Mazkur Standartning maqsadi hisob siyosatidagi oʻzgarishlarni, hisob baholaridagi oʻzgarishlarni va xatolarni tuzatishni hisobga olish va yoritib berish bilan birgalikda hisob siyosatini tanlash va oʻzgartirish mezonlarini belgilashdan iboratdir.

3. Mazkur Standart tashkilotlarning moliyaviy hisobotlariga boʻlgan ishonchlilik darajasini va maʼlum bir davriylikdagi moliyaviy hisobotlarni, shuningdek, boshqa tashkilotlarning moliyaviy hisobotlarini oʻzaro solishtirish darajasini oshirishga moʻljallangan.

2-bob. Hisob siyosati

1-§. Hisob siyosatlarini tanlash va qoʻllash

4. Mazkur Standart tashkilotlarda hisob siyosatini tanlash va qoʻllashda, shuningdek hisob siyosatidagi oʻzgarishlar, hisob baholaridagi oʻzgarishlar va oldingi davr xatolarini tuzatishlarni hisobga olishda qoʻllaniladi.

5. Muayyan operatsiyaga, hodisa yoki holatga nisbatan tegishli budjet hisobi standarti qoʻllanilgan taqdirda, hisobning mazkur obyekti boʻyicha qoʻllaniladigan hisob siyosati yoki uning qoidalari oʻsha budjet hisobi standartini qoʻllash orqali belgilanadi.

6. Biror kelishuv, hodisa yoki holatga aniq taalluqli boʻlgan budjet hisobi standarti mavjud boʻlmaganda, tashkilotning rahbariyati quyidagi xususiyatlarga ega boʻlgan axborotni taʼminlaydigan hisob siyosatini ishlab chiqish va qoʻllashda professional mulohazaga tayanishi lozim:

a) foydalanuvchilarning qaror qabul qilish ehtiyojlariga mos kelishi;

b) ishonchli boʻlishi (tashkilotning moliyaviy holati, moliyaviy faoliyati natijalarini va pul mablagʻlari harakatini haqqoniy aks ettiradigan, kelishuvlar, boshqa hodisalar va holatlarning yuridik shaklini emas, balki iqtisodiy mohiyatini aks ettiradigan, ehtiyotkorlik tamoyiliga muvofiq boʻladigan, barcha muhim jihatlar toʻliq boʻlgan moliyaviy hisobotlar).

7. Tashkilot rahbariyati mazkur Standartning 6-bandida tavsiflangan qarorni qabul qilishda quyidagi manbalarga eʼtibor berishi va ularning qoʻllanishini koʻrib chiqishi lozim:

a) oʻxshash va aloqador masalalarni qamrab oluvchi budjet hisobi standartlaridagi talablar;

b) budjet hisobi standartlarida keltirilgan aktivlar, majburiyatlar, daromadlar va xarajatlarning taʼriflari, tan olish va baholash mezonlari.

2-§. Hisob siyosatining izchilligi

8. Agar budjet hisobi standarti turli siyosatlar qoʻllanishi mumkin boʻlgan koʻrsatkichlarni alohida toifalarga ajratishni maxsus talab qilmasa yoki ruxsat bermasa, tashkilotlar oʻxshash operatsiyalar, boshqa hodisalar va holatlar uchun oʻzining hisob siyosatini izchil ravishda tanlashi va qoʻllashi lozim.

Agar budjet hisobi standarti bunday toifalarga ajratishni talab qilsa yoki ruxsat bersa, har bir toifa uchun tegishli hisob siyosati tanlanishi va izchil ravishda qoʻllanilishi kerak.

9. Hisob siyosati tashkilot rahbari yoki uning oʻrinbosarining buyrugʻi yoki qarori bilan tasdiqlanadi va yildan-yilga izchil qoʻllaniladi.

3-§. Hisob siyosatidagi oʻzgarishlar

10. Tashkilotlar hisob siyosatini faqat quyidagi hollarda oʻzgartirishi mumkin:

yangi budjet hisobi standartlari talab qilganda;

hisob siyosatini oʻzgartirish moliyaviy hisobotda operatsiyalarning, boshqa hodisalarning va holatlarning tashkilotlar moliyaviy holatiga, moliyaviy natijalariga yoki pul oqimlariga taʼsiri toʻgʻrisida ishonchli va yanada oʻrinli maʼlumotlar aks ettirilishiga olib kelganda.

11. Moliyaviy hisobot foydalanuvchilari tashkilotlarning moliyaviy holati, faoliyati va pul oqimlaridagi oʻzgarishlarni aniqlash maqsadida uning moliyaviy hisobotlarini vaqt oʻtishi bilan taqqoslash imkoniyatiga ega boʻlishlari lozim. Shu sababli, agar hisob siyosatidagi oʻzgarish mazkur Standartning 10-bandidagi mezonlardan biriga mos kelmasa, har bir hisobot davrida va bir hisobot davridan keyingi hisobot davriga oʻtishda bir xil hisob siyosatlari qoʻllaniladi.

12. Budjet hisobining bir usulidan boshqa usuliga oʻtish hisob siyosatining oʻzgarishi hisoblanadi.

13. Budjet hisobi asosida biror operatsiya, hodisa yoki holatni hisobga olish usuli, tan olish yoki baholash tartibidagi oʻzgarish hisob siyosatining oʻzgarishi sifatida qaraladi.

14. Quyidagilar hisob siyosatidagi oʻzgarishlar hisoblanmaydi:

a) oldin sodir boʻlgan operatsiyalar, hodisalar yoki holatlardan iqtisodiy mohiyati farq qiladigan yangi operatsiyalar, hodisalar yoki holatlarga nisbatan mavjud hisob siyosatini qoʻllash;

b) oldin sodir boʻlmagan yoki ahamiyatsiz boʻlgan operatsiyalar, hodisalar yoki holatlarga nisbatan yangi hisob siyosatini joriy etish.

15. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “ Koʻchmas mulk, bino va jihozlar ” (roʻyxat raqami 3144, 2019-yil 20-mart) yoki Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (9-sonli BHS) “ Nomoddiy aktivlar ”ga (roʻyxat raqami 3169, 2019-yil 24-iyun) muvofiq aktivlarni qayta baholash siyosatini dastlab qoʻllash, ushbu Standartga emas, balki mazkur budjet hisobining standartlariga (8 va 9-sonli BHSlar) muvofiq qayta baholash sifatida koʻrib chiqiladigan hisob siyosatidagi oʻzgarish hisoblanadi.

16. Mazkur Standartning 20 — 30-bandlari ushbu Standartning 15-bandida bayon etilgan hisob siyosatidagi oʻzgarishga nisbatan qoʻllanilmaydi.

17. Tashkilotlar yillik moliyaviy hisobotga tushuntirish xatida kelgusi moliya yili uchun hisob siyosatidagi oʻzgartirish va qoʻshimchalar haqida maʼlumot beradi.

18. Hisob siyosati moliyaviy hisobotni barcha qoʻllanilayotgan budjet hisobi standartlari asosida shakllantirilishini taʼminlashi kerak.

Moliyaviy hisobot unga nisbatan budjet hisobi standartlarida oʻziga xos talablar boʻlmaganda:

a) ahamiyatga ega boʻlishi — maʼlumot undan foydalanuvchilarning ehtiyojlarini qondirishi;

b) ishonchli boʻlishi — tashkilotlar faoliyatining barcha natijalari va moliyaviy holatini xolisona koʻrsatishi, hodisalar va operatsiyalarning iqtisodiy mohiyatini aks ettirishi;

d) xolis (begʻaraz) boʻlishi va majburiy boʻlmasligi;

e) toʻla (tugallangan) boʻlishi — tashkilotlar xoʻjalik faoliyatining barcha faktlarini toʻla aks ettirishi lozim.

19. Hisob siyosati oʻz ichiga quyidagilarni olishi lozim:

tashkilotlarda inventarizatsiya oʻtkazishning tartibi va muddatlarini (inventarizatsiya qilish majburiy boʻlgan hollardan tashqari);

tashkilotlar tomonidan foydalaniladigan va unda sintetik va analitik schyotlar roʻyxati boʻlishi lozim boʻlgan ishchi schyotlar rejasini. Mazkur maʼlumot hisob siyosatiga ilova tarzida taqdim etiladi;

namunaviy shakllari nazarda tutilmagan, xoʻjalik operatsiyalarini qayd qilish uchun qoʻllaniladigan birlamchi hisob hujjatlarining shakllarini;

asosiy fondlarni qayta baholash uslublarini;

inventarizatsiya qilishda (ortiqcha yoki kamomadda) mulkni baholash uslublarini;

tovar (ish, xizmat)lar kalkulyatsiyasini shakllantirish tartibini.

4-§. Hisob siyosatlarini tanlash va qoʻllash

20. Mazkur Standartning 24-bandiga muvofiq:

agar yangi budjet hisobi standartining ilk bor qoʻllanilishi natijasida hisob siyosati oʻzgarsa va ushbu standartda oʻzgarishga oid oʻtgan davrlar uchun maxsus qoidalar belgilangan boʻlsa, tashkilotlar ushbu qoidalarga muvofiq hisob-kitob olib borishi kerak;

agar yangi budjet hisobi standarti ilk bor qoʻllanilganda hisob siyosati oʻzgarishiga oid oʻtgan davr uchun maxsus qoidalar belgilanmagan boʻlsa yoki tashkilotlar oʻz ixtiyori bilan hisob siyosatini oʻzgartirsa, ushbu oʻzgarish retrospektiv tarzda qoʻllanishi kerak.

21. Ushbu Standart maqsadlari uchun yangi qabul qilingan budjet hisobi standartini muddatidan oldin qoʻllash hisob siyosatidagi ixtiyoriy oʻzgarish sifatida qaralmaydi.

22. Muayyan operatsiya, hodisa yoki holatga nisbatan aniq qoʻllaniladigan budjet hisobi standarti mavjud boʻlmaganda, tashkilot rahbariyati mazkur Standartning 7-bandiga muvofiq quyidagilardan hisob siyosatini qoʻllashda foydalanishi mumkin:

a) boshqa standartlarni belgilovchi organlarning soʻnggi bayonotlari va qoidalari;

b) davlat yoki xususiy sektorda qabul qilingan amaliyotlar, biroq bu faqat mazkur Standartning 7-bandiga muvofiqlik darajasida amalga oshiriladi.

5-§. Retrospektiv qoʻllash

23. Mazkur Standartning 24-bandiga muvofiq hisob siyosatidagi oʻzgarishlar ushbu Standartning 20-bandi ikkinchi yoki uchinchi xatboshilariga binoan retrospektiv tarzda qoʻllanilganda, tashkilotlar taqdim etilgan eng avvalgi davr uchun sof aktivlar yoxud kapitalni har bir taʼsir qilgan koʻrsatkichining boshlangʻich qoldigʻini va taqdim etilgan har bir oldingi davr uchun boshqa taqqoslama maʼlumotlarni yangi hisob siyosati doimo qoʻllanilganidek tuzatishi lozim.

6-§. Retrospektiv qoʻllash boʻyicha cheklovlar

24. Mazkur Standartning 20-bandi ikkinchi yoki uchinchi xatboshisiga muvofiq hisob siyosati oʻzgarishi odatda retrospektiv tarzda qoʻllanadi, ammo agar oʻzgarishning maʼlum bir davrga xos taʼsirini yoki umumiy jamlangan taʼsirini aniqlash imkoni boʻlmasa, bunday holatda retrospektiv qoʻllash cheklanishi (istisno tariqasida) mumkin.

25. Bir yoki bir nechta oldingi davrlar uchun taqdim etilgan qiyosiy maʼlumotlarga nisbatan hisob siyosatini oʻzgartirishning davrga xos taʼsirini aniqlash imkonsiz boʻlsa, tashkilotlar yangi hisob siyosatini retrospektiv qoʻllash mumkin boʻlgan eng dastlabki davrning boshidagi aktivlar va majburiyatlarning balans qiymatlariga nisbatan qoʻllashi lozim.

Bu joriy davr ham boʻlishi mumkin. Shuningdek, tashkilotlar ushbu davr uchun sof aktivlar yoki xususiy kapitalni har bir taʼsir qilgan tarkibiy qismining boshlangʻich qoldigʻiga tegishli tuzatish kiritishi kerak.

26. Joriy davr boshida yangi hisob siyosatini barcha oʻtgan davrlarga qoʻllashning umumiy taʼsirini aniqlash imkonsiz boʻlganda, tashkilotlar qiyosiy maʼlumotlarni yangi hisob siyosatini amalda boʻlishi mumkin boʻlgan eng avvalgi sanadan boshlab perspektiv tarzda qoʻllash uchun tuzatishi lozim.

27. Tashkilotlar yangi hisob siyosatini retrospektiv tarzda qoʻllaganda, yangi hisob siyosatini oʻtgan davrlar qiyosiy maʼlumotlariga eng avvalgi davrlardan boshlab qoʻllaydi.

Oʻtgan davr uchun retrospektiv qoʻllash, agar ushbu davr uchun moliyaviy holat toʻgʻrisidagi hisobotning boshi va oxiridagi summalarga umumiy taʼsirini aniqlashning imkoni boʻlmasa, amalga oshirilmaydi.

Moliyaviy hisobotlarda keltirilgan davrlardan oldingi davrlarga tegishli tuzatish summasi taqdim etilgan eng oldingi davrning sof aktivlar yoki kapitalni har bir taʼsir qilgan tarkibiy qismining boshlangʻich qoldigʻiga kiritiladi.

Odatda, tuzatishlar jamgʻarilgan foyda yoki zararga kiritiladi. Biroq tuzatish sof aktivlar yoki kapitalning boshqa tarkibiy qismiga (masalan, budjet hisobi standartiga muvofiq) ham kiritilishi mumkin.

Oʻtgan davrlar haqidagi boshqa maʼlumotlar, masalan, moliyaviy maʼlumotlarning oldingi xulosalari ham eng avvalgi davrlardan boshlab tuzatiladi.

28. Agar tashkilotlar uchun yangi hisob siyosatini retrospektiv tarzda qoʻllash imkonsiz boʻlsa, yaʼni bu siyosatni barcha oldingi davrlarga nisbatan qoʻllashning umumiy taʼsirini aniqlay olmasa, tashkilotlar mazkur Standartning 26-bandiga muvofiq yangi hisob siyosatini iloji boricha eng avvalgi davrning boshidan boshlab perspektiv tarzda qoʻllaydi.

Shu sababli, tashkilotlar ushbu sanadan oldin yuzaga kelgan aktivlar, majburiyatlar va sof aktivlar yoki kapitaldagi umumiy tuzatishning bir qismini eʼtiborga olmaydi.

Hisob siyosatini biron-bir oldingi davr uchun perspektiv qoʻllash imkonsiz boʻlsa ham hisob siyosatini oʻzgartirishga ruxsat etiladi.

7-§. Maʼlumotlarni yoritib berish

29. Muayyan budjet hisobi standartini dastlabki qoʻllash joriy davrga yoki oldingi biror bir davrga taʼsir koʻrsatsa, biroq tuzatish miqdorini aniqlash imkoni boʻlmasa yoki kelgusi davrlarga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa, tashkilotlar quyidagilarni yoritib berishi lozim:

a) standartning nomi;

b) tegishli boʻlganda, hisob siyosatidagi oʻzgarish ushbu Standartning oʻtish qoidalariga muvofiq amalga oshirilganligi;

d) hisob siyosatidagi oʻzgarishning tavsifi;

e) tegishli boʻlganda, oʻtish davri qoidalarining tavsifi;

f) tegishli boʻlganda, kelgusi davrlarga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan oʻtish davri qoidalari;

g) joriy davr va taqdim etilgan har bir oldingi davr uchun taʼsir qilgan har bir moliyaviy hisobot koʻrsatkichi boʻyicha tuzatish miqdori;

h) taqdim etilgan davrlardan oldingi davrlarga tegishli boʻlgan tuzatish miqdori;

i) agar mazkur Standartning 20-bandi ikkinchi yoki uchinchi xatboshisida talab qilingan retrospektiv qoʻllash maʼlum bir oldingi davr uchun yoki taqdim etilgan davrlardan oldingi davrlar uchun amalga oshirib boʻlmaydigan holat boʻlsa, bu holatning yuzaga kelishiga olib kelgan holatlar hamda hisob siyosatidagi oʻzgarish qanday va qachondan boshlab qoʻllanilganligi tavsifi.

Keyingi davrlarning moliyaviy hisobotlarida yuqorida qayd etilgan maʼlumotlarni takrorlash talab etilmaydi.

30. Hisob siyosatidagi ixtiyoriy oʻzgarish joriy davrga yoki oldingi biror bir davrga taʼsir koʻrsatsa, biroq tuzatish miqdorini aniqlash imkoni boʻlmasa yoki kelgusi davrlarga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa, tashkilotlar quyidagilarni yoritib berishi lozim:

a) hisob siyosatidagi oʻzgarishning tavsifi;

b) yangi hisob siyosatini qoʻllashdagi ishonchliroq va ahamiyatliroq maʼlumot taqdim etish sabablari;

d) joriy davr va taqdim etilgan har bir oldingi davr uchun taʼsir qilgan har bir moliyaviy hisobot koʻrsatkichi boʻyicha tuzatish miqdori;

e) taqdim etilgan davrlardan oldingi davrlarga tegishli boʻlgan tuzatish miqdori;

f) agar maʼlum bir oldingi davr yoki taqdim etilgan davrlardan oldingi davrlar uchun retrospektiv qoʻllash imkonsiz boʻlsa, bu holatning yuzaga kelishiga sabab boʻlgan holatlar hamda hisob siyosatidagi oʻzgarish qanday va qachondan boshlab qoʻllanilganligi tavsifi.

Keyingi davrlarning moliyaviy hisobotlarida yuqorida qayd etilgan maʼlumotlarni takrorlash talab etilmaydi.

3-bob. Hisob baholaridagi oʻzgarishlar

1-§. Hisob baholari va hisob bahosidagi oʻzgarishlarni tan olish

31. Xizmat koʻrsatish, savdo-sotiq yoki boshqa faoliyatlarni amalga oshirishdagi mavjud noaniqliklar tufayli, moliyaviy hisobotlardagi koʻplab koʻrsatkichlarni aniq oʻlchab boʻlmaydi, balki faqat taxminiy baholash mumkin.

Hisob bahosi eng soʻnggi mavjud va ishonchli maʼlumotlarga asoslangan mulohazalarni oʻz ichiga oladi. Masalan, quyidagilar uchun taxminlar talab etilishi mumkin:

a) budjetga toʻlanishi kerak boʻlgan soliqlar;

b) undirilmagan soliqlardan kelib chiqadigan umidsiz qarzlar;

d) tovar-moddiy zaxiralarning jismoniy eskirishi;

e) moliyaviy aktivlar yoki moliyaviy majburiyatlarning haqqoniy qiymati;

f) amortizatsiya qilinadigan aktivlarning foydali xizmat muddati yoki ularda boʻlgan kelajakdagi iqtisodiy manfaat yoki xizmat koʻrsatish salohiyatining kutilayotgan isteʼmol tavsifi;

g) kafolat majburiyatlari.

32. Moliyaviy hisobotlarni tayyorlashda asoslangan hisob bahosidan foydalanish muhim jarayon boʻlib, bu ularning ishonchligiga salbiy taʼsir koʻrsatmaydi.

33. Hisob bahosiga asos boʻlgan holatlarda oʻzgarishlar roʻy berganda yoki yangi maʼlumotlar yoxud koʻproq tajriba toʻplanishi natijasida hisob bahosini qayta koʻrib chiqish talab etilishi mumkin. Oʻz mohiyatiga koʻra, hisob bahosini qayta koʻrib chiqish oʻtgan davrlarga aloqador boʻlmaydi va ushbu oʻzgarish xatoni tuzatish boʻlib hisoblanmaydi.

34. Qoʻllanilayotgan oʻlchov asosining oʻzgarishi hisob siyosatidagi oʻzgarish hisoblanadi va hisob bahosidagi oʻzgarish hisoblanmaydi. Agar hisob siyosatidagi oʻzgarishni hisob bahosidagi oʻzgarishdan farqlash qiyin boʻlsa, bunday oʻzgarish hisob bahosidagi oʻzgarish sifatida qabul qilinadi.

35. Hisob bahosi oʻzgarishining taʼsiri mazkur Standartning 36-bandida koʻrsatilgan oʻzgarishdan tashqari quyidagi hollarda foyda yoki zararga kiritish orqali perspektiv tarzda tan olinishi lozim:

a) agar oʻzgarish faqat joriy davrga taʼsir qilsa, oʻzgarish sodir boʻlgan davrda;

b) agar oʻzgarish ham joriy, ham kelgusi davrlarga taʼsir qilsa, oʻzgarish sodir boʻlgan davr va kelgusi davrlarda.

36. Hisob bahosidagi oʻzgarish aktivlar va majburiyatlarda oʻzgarishlarni keltirib chiqarsa yoxud sof aktivlar yoki kapital koʻrsatkichiga aloqador boʻlsa, bunday oʻzgarish tegishli aktiv, majburiyat yoxud sof aktivlar yoki kapital koʻrsatkichining qoldiq qiymatini oʻzgarish sodir boʻlgan davrda tuzatish orqali tan olinishi lozim.

37. Hisob bahosidagi oʻzgarishning taʼsirini perspektiv tan olish deganda ushbu oʻzgarishni operatsiyalar, boshqa hodisalar va holatlarga nisbatan oʻzgarish roʻy bergan sanadan boshlab qoʻllash tushuniladi.

Hisob bahosidagi oʻzgarish faqat joriy davrning foyda yoki zarariga, yoxud ham joriy, ham kelgusi davrlarning foyda yoki zarariga taʼsir koʻrsatishi mumkin. Masalan, umidsiz qarzlar summasi bahosidagi oʻzgarish faqat joriy davrning foydasi yoki zarariga taʼsir qiladi. Shu sababli joriy davrda tan olinadi.

Biroq eskirish hisoblanadigan aktivlarning foydali xizmat muddati yoki ularda mujassamlashgan kelgusi iqtisodiy naflar isteʼmolidagi oʻzgarish joriy davr uchun va aktivning qolgan foydali xizmat muddati davomida har bir kelgusi davr uchun eskirish xarajatlariga taʼsir koʻrsatadi. Har ikki holatda oʻzgarishning joriy davrga tegishli boʻlgan taʼsiri joriy davrda daromad yoki xarajat tarzida tan olinadi.

2-§. Maʼlumotlarni yoritib berish

38. Tashkilotlar joriy davrda taʼsir koʻrsatadigan yoki kelgusi davrlarga taʼsir koʻrsatishi kutilayotgan hisob bahosidagi oʻzgarishning xususiyati va miqdorini yoritib berishi lozim.

Bunda kelgusi davrlarga boʻladigan taʼsirni baholash imkoni boʻlmaganda, ushbu taʼsirni yoritib berish talab etilmaydi.

39. Agar kelgusi davrlardagi taʼsir miqdorini baholash imkoni boʻlmaganligi sababli bu maʼlumot yoritib berilmasa, tashkilotlar ushbu holatni maʼlum qilishi lozim.

4-bob. Xatolar

1-§. Oldingi davr xatolarini aniqlash va retrospektiv tuzatish

40. Xatolar moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini tan olish, baholash, taqdim etish yoki yoritib berish jarayonida yuzaga kelishi mumkin. Agar moliyaviy hisobotda jiddiy xatolar yoki tashkilotlarning moliyaviy holati, moliyaviy faoliyati yoxud pul oqimlarini muayyan koʻrinishda qasddan kiritilgan muhim boʻlmagan xatolar mavjud boʻlsa, bunday moliyaviy hisobot budjet hisobi standartlariga muvofiq hisoblanmaydi.

Joriy davrda aniqlangan xatolar moliyaviy hisobotlar eʼlon qilishga ruxsat berilishidan oldin tuzatiladi. Biroq baʼzi jiddiy xatolar keyingi davrgacha aniqlanmasligi mumkin. Bunday oldingi davr xatolari keyingi davr uchun moliyaviy hisobotlarda taqdim etilgan qiyosiy maʼlumotlarda tuzatiladi.

41. Tashkilotlar oʻtgan davrning muhim xatolarini ular aniqlangandan keyin eʼlon qilish uchun maʼqullangan moliyaviy hisobotning birinchi toʻplamida quyidagicha retrospektiv tarzda tuzatishi lozim (ushbu Standartning 42-bandida koʻrsatilgan holatlar bundan mustasno):

a) xatolik yuz bergan oldingi davr(lar) uchun qiyosiy koʻrsatkichlarni qayta hisoblash;

b) agar xato taqdim etilgan eng oldingi davrdan avval sodir boʻlgan boʻlsa, taqdim etilgan eng oldingi davr uchun aktivlar, majburiyatlar va sof aktivlar yoki kapitalning boshlangʻich qoldiqlarini qayta hisoblash.

2-§. Retrospektiv qayta hisoblashning cheklovlari

42. Oldingi davr xatosining biror-bir davrga tegishli taʼsirini yoki umumiy taʼsirini aniqlash imkoni boʻlmasa, retrospektiv qayta hisoblash amalga oshirilmaydi.

43. Bir yoki bir nechta oldingi davrlar uchun taqdim etilgan qiyosiy maʼlumotlarga xatoning davrga xos taʼsirini aniqlash imkonsiz boʻlganda, tashkilotlar retrospektiv qayta hisoblashni imkoni boʻlgan eng oldingi davr boshiga (bu joriy davr ham boʻlishi mumkin) aktivlarning, majburiyatlarning va sof aktivlar yoki kapitalning qoldiqlarini qayta hisoblashi lozim.

44. Joriy davr boshida barcha oldingi davrlar uchun xatolikning umumiy taʼsirini aniqlash imkoni boʻlmaganda, tashkilotlar xatolikni tuzatish maqsadida qiyosiy maʼlumotlarni amalda mumkin boʻlgan eng oldingi sanadan boshlab perspektiv ravishda qayta tayyorlashi lozim.

45. Oldingi davr xatosini tuzatish summasi xato aniqlangan davrning foyda yoki zarari tarkibida aks ettirilmaydi. Oʻtgan davrlar toʻgʻrisida taqdim etilgan har qanday maʼlumot, shu jumladan, moliyaviy hisobotlar koʻrsatkichlarining oʻtgan davrlardagi yigʻindisi, amaliy imkoni boʻlgan eng oldingi davrdan boshlab qayta hisoblanadi.

46. Barcha oldingi davrlar uchun xatolik miqdorini (masalan, hisob siyosatini qoʻllashdagi xato) aniqlash imkoni boʻlmaganda, tashkilotlar mazkur Standartning 44-bandiga muvofiq qiyosiy maʼlumotlarni imkon qadar eng oldingi sanadan boshlab perspektiv tarzda qayta hisoblaydi.

Shuning uchun u ushbu sanadan oldingi aktivlar, majburiyatlar va sof aktivlar yoki kapitalning jamgʻarilgan qayta hisoblash qismini eʼtiborga olmaydi.

47. Xatolarni tuzatish hisob baholaridagi oʻzgarishlardan farq qiladi. Hisob baholaridagi oʻzgarishlar oʻz mohiyatiga koʻra aniq hisob-kitob emas, balki mavjud axborotlarga asoslangan taxminiy baholashlar boʻlib, qoʻshimcha maʼlumotlar maʼlum boʻlganda qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

Masalan, shartli majburiyat natijasi boʻyicha tan olingan foyda yoki zarar xatoni tuzatish hisoblanmaydi.

3-§. Oldingi davrlardagi xatolarni yoritib berish

48. Mazkur Standartning 41-bandini qoʻllashda tashkilotlar quyidagilarni yoritib berishi lozim:

a) oldingi davr xatosining mohiyati;

b) taqdim etilgan har bir oldingi hisobot davri boʻyicha, imkon qadar, taʼsir koʻrsatilgan har bir moliyaviy hisobot koʻrsatkichi kesimida tuzatish summasi;

d) taqdim etilgan eng oldingi davr boshidagi qoldiqqa tegishli tuzatish summasi;

e) agar maʼlum bir oldingi davr uchun retrospektiv qayta hisoblashni amalga oshirib boʻlmasa, bu holatning yuzaga kelishiga olib kelgan holatlar hamda xato qanday va qachondan boshlab tuzatilganligi haqidagi maʼlumot.

Keyingi hisobot davrlari moliyaviy hisobotlarida ushbu maʼlumotlarni takroran yoritib berish talab etilmaydi.

4-§. Retrospektiv qoʻllash va retrospektiv qayta hisoblashning amalga oshirib boʻlmaydigan holatlari

49. Muayyan oʻtgan davr uchun hisob siyosatidagi oʻzgarishni retrospektiv tarzda qoʻllash yoki xatoni tuzatish uchun retrospektiv tarzda qayta hisoblashni quyidagi hollarda amalga oshirib boʻlmaydi:

a) retrospektiv qoʻllash yoki retrospektiv qayta hisoblashning taʼsirini aniqlash mumkin boʻlmasa;

b) retrospektiv qoʻllash yoki retrospektiv qayta hisoblash tashkilot rahbariyatining oʻsha davrdagi qarori qanday boʻlganligi haqidagi taxminlarni talab qilsa;

d) retrospektiv qoʻllash yoki retrospektiv qayta hisoblash summalarning muhim baholarini talab qilsa va quyidagi hisob baholari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni obyektiv ravishda ajratib boʻlmasa:

ushbu summalar tan olinishi, baholanishi yoki oshkor etilishi lozim boʻlgan sana(lar)da mavjud boʻlgan holatlar boʻyicha asosli hisob baholari;

koʻrsatilgan oldingi davr uchun moliyaviy hisobotlarni taqdim etish davrida mavjud boʻlgan hisob baholari.

50. Ayrim hollarda joriy davr bilan taqqoslash uchun bir yoki bir necha oʻtgan davrlarning qiyosiy maʼlumotlarini moslashtirishning imkoni boʻlmaydi.

Masalan, oldingi davr(lar)da maʼlumotlar yangi hisob siyosatini retrospektiv qoʻllash (shu jumladan, ushbu Standartning 51 — 53-bandlari maqsadlari uchun uning oʻtgan davrlarga nisbatan perspektiv qoʻllanilishi) yoki oldingi davrdagi xatoni tuzatish uchun retrospektiv qayta hisoblash imkonini beradigan tarzda toʻplanmagan boʻlishi va bu maʼlumotlarni qayta tiklashning iloji boʻlmasligi mumkin.

51. Hisob siyosati moliyaviy hisobot koʻrsatkichlariga nisbatan qoʻllanilganda, operatsiyalar, boshqa hodisalar yoki holatlar bilan bogʻliq ravishda tan olinadigan yoki ochib beriladigan koʻrsatkichlar boʻyicha koʻp hollarda baholashni amalga oshirish zarur boʻladi.

Baholash oʻz mohiyatiga koʻra muayyan darajada noaniqlikka ega boʻlib, bunday baholashlar hisobot sanasidan keyin ham shakllantirilishi mumkin.

Hisob siyosatini retrospektiv qoʻllash yoki oldingi davr xatosini tuzatish uchun retrospektiv qayta hisoblashni amalga oshirishda taʼsir koʻrsatgan operatsiya, boshqa hodisa yoki holat sodir boʻlganidan buyon uzoqroq vaqt oʻtgan boʻlishi baholashni ishlab chiqishni murakkablashtirishi mumkin.

Shunday boʻlsa-da, oldingi davrlarga taalluqli baholashlarning maqsadi joriy davrda amalga oshiriladigan baholashlarning maqsadi bilan bir xil boʻladi, yaʼni baholash tegishli operatsiya, hodisa yoki holat yuz bergan paytda mavjud boʻlgan holatlarni aks ettirishi lozim.

52. Yangi hisob siyosatini retrospektiv qoʻllash yoki oldingi davrdagi xatoni retrospektiv tarzda tuzatish jarayonida quyidagi maʼlumotlarni boshqa maʼlumotlardan farqlash talab etiladi:

a) operatsiya, boshqa hodisa yoki holat sodir boʻlgan sana(lar)da mavjud boʻlgan holatlarni tasdiqlovchi dalillarni oʻz ichiga olgan maʼlumotlar;

b) ushbu oʻtgan hisobot davri uchun moliyaviy hisobotlar chiqarilishiga ruxsat berilgan paytda mavjud boʻlgan yoki mavjud boʻlishi mumkin boʻlgan maʼlumotlar.

Ayrim turdagi baholashlarda (masalan, kuzatiladigan bozor narxi yoki kuzatiladigan kirish maʼlumotlariga asoslanmagan adolatli qiymat bahosida) ushbu turdagi maʼlumotlarni bir-biridan ajratish amaliy jihatdan mumkin boʻlmaydi.

Agar retrospektiv qoʻllash yoki retrospektiv qayta hisoblash shunday muhim baholashni talab qilsa, biroq yuqorida koʻrsatilgan ikki turdagi maʼlumotlarni ajratishning imkoni boʻlmasa, yangi hisob siyosatini retrospektiv qoʻllash yoki oʻtgan davrdagi xatoni retrospektiv tarzda tuzatish amaliy jihatdan mumkin emas deb hisoblanadi.

53. Oʻtgan hisobot davriga nisbatan yangi hisob siyosatini retrospektiv tarzda qoʻllashda yoki ushbu davrga taalluqli summalarni tuzatishda, shuningdek, tashkilot rahbariyatining oʻtgan davrdagi maqsad va qarorlarini qayta talqin qilishda hamda oʻsha davrda tan olingan, baholangan yoki ochib berilgan koʻrsatkichlarni hisoblashda keyinchalik shakllangan axborot va holatlardan foydalanilmasligi lozim.

Masalan, agar tashkilotlar oʻtgan davrda davlat binosini notoʻgʻri ravishda investitsiya sifatida tasniflyagan boʻlsa (aslida ushbu bino asosiy vositalar tarkibida hisobga olinishi lozim edi), ushbu xato tuzatilganda, tashkilot rahbariyati keyinchalik mazkur binodan oʻz ehtiyojlari uchun ofis sifatida foydalanishga qaror qilgan boʻlsa ham, oʻsha oʻtgan davr uchun tasniflash asosi oʻzgartirilmaydi.

Tashkilotlar Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (16-sonli BHS) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar ”ga (roʻyxat raqami 3562, 2024-yil 22-oktabr) muvofiq davlat faoliyati natijasida yuzaga kelgan ifloslanishni tozalash xarajatlari uchun majburiyatni hisoblashdagi oldingi davr xatosini tuzatayotganda, keyingi davrda harbiy taʼminot kemasidan gʻayrioddiy katta miqdorda neft sizib chiqqani haqidagi maʼlumotni eʼtiborga olmaydi (agar bu maʼlumot oldingi davr moliyaviy hisoboti tasdiqlangandan soʻng maʼlum boʻlgan boʻlsa).

Oldingi davrlar uchun taqdim etilgan qiyosiy maʼlumotlarni oʻzgartirishda koʻpincha muhim baholash talab qilinsa-da, bu qiyosiy maʼlumotlarni ishonchli tarzda tuzatish yoki toʻgʻrilashga toʻsqinlik qilmaydi.

Vazir D. KUCHKAROV

Toshkent sh.,

2026-yil 10-mart,

341-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.03.2026-y., 10/26/3797/0298-son)

lex.uz