UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 11-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 11 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 марта 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 March 2026 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган ҳамда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-августдаги ПФ-137-сон «Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:

1. Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган ҳамда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган.

3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 11 мартдаги 6-сон буйруғига ИЛОВА

Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган ҳамда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш жараёнида уларнинг самарадорлигини халқаро илмий манбалар асосида ўрганиб чиқиш, жумладан самарадорлиги ўрганилган ва исбот топган, самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган ҳамда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситаларини аниқлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом қуйидаги дори воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди:

давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган маҳаллий оригинал дори воситаларига ;

гомеопатик дори воситаларига ;

гален препаратларига;

сиртга қўллаш учун таъсир этувчи, қитиқловчи, яллиғланишга қарши ва маҳаллий оғриқсизлантирувчи, антисептик ва микробларга қарши таъсирга эга женерик дори воситаларига.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза берувчи — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасига (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва гувоҳнома олиш учун мурожаат қилувчи ишлаб чиқувчи, ишлаб чиқарувчи, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг эгаси ёки улар номидан ишончнома асосида ҳаракат қилувчи юридик шахс;

далилларга асосланган тиббиёт асосида самарадорлик — беморларни даволашда уларга қўлланиладиган дори воситалари самарадорлиги мазкур Низомнинг иловасида келтирилган халқаро илмий манбалардаги далиллар асосида тасдиқланиши;

дори воситалари — касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори моддалари (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар асосида олинган воситалар, дори моддалари (субстанциялар), дори препаратлари;

самарадорлиги ўрганилган ва исбот топган дори воситалари — ушбу Низомнинг иловасида келтирилган халқаро илмий манбаларга мувофиқ самарадорлиги исбот топган дори воситалари;

самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган дори воситалари — мазкур Низомнинг иловасида келтирилган халқаро илмий манбаларга мувофиқ самарадорлиги исботланмаган дори воситалари;

самарадорлиги ўрганилмаган дори воситалари — ушбу Низомнинг иловасида келтирилган халқаро илмий манбаларда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситалари;

мета-таҳлиллар — дори воситаларининг самарадорлигини ўрганиш мақсадида ўтказилган бир нечта мустақил тадқиқотларнинг натижаларини статистик усуллар асосида бирлаштириш ҳамда уларни миқдорий таҳлил қилиш орқали амалга оширилган таҳлиллар тўплами;

рандомизацияланган назоратли тадқиқотлар — дори воситаларининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида иштирокчиларни тасодифий (рандом) усулда асосий ва назорат гуруҳларига тақсимлаш орқали ўтказиладиган, олдиндан режалаштирилган экспериментал тадқиқотлар;

тизимли шарҳ — дори воситаларининг самарадорлигини ўрганиш мақсадида шакллантириладиган сўров асосида тегишли бирламчи тадқиқотларни излаш ва уларни саралаш, такрорланадиган ҳамда шаффоф усулларини қўллаш орқали дори воситаларининг самарадорлигини аниқлаш, танқидий таҳлил қилиш ва уларни умумлаштиришга қаратилган илмий тадқиқот.

2. Дори воситаларининг далилларга асосланган тиббиёт асосида самарадорлиги Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 ноябрдаги 738-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг ихтисослаштирилган экспертизаси жараёнида ўрганилади.

2-боб. Самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган ҳамда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситаларини аниқлашни ташкил этиш

3. Дори воситаларининг далилларга асосланган тиббиёт асосида самарадорлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соҳа йўналишлари бўйича мустақил экспертлардан ташкил топган Илмий комиссиялари томонидан аниқланади.

Бунда Илмий комиссиялар таркиби тиббиёт ёки фармацевтика фанлари бўйича Фан доктори (Doctor of Science (DSc) ва фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасига эга бўлган, тиббиёт ёки фармацевтика мутахассислиги бўйича камида ўн йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот ёки клиник илмий-тадқиқот муассасаларида амалда меҳнат фаолиятини олиб бораётган мустақил экспертлардан ташкил топади.

4. Илмий комиссиялар таркиби Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланади.

5. Илмий комиссиялар ўз фаолиятини қонунийлик, мустақиллик ва холислик принциплари асосида амалга оширади.

6. Илмий комиссияларнинг мажлисларини Илмий комиссия раиси, Илмий комиссия раиси бўлмаган тақдирда Илмий комиссия раиси ўринбосари бошқаради.

7. Илмий комиссияларнинг мажлиси унда Илмий комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ўтказилган ҳисобланади.

8. Илмий комиссиялар хулосалари комиссия мажлиси баёни шаклида расмийлаштирилади ва Илмий комиссия раиси ёки раислик қилувчи томонидан имзоланади.

9. Илмий комиссиялар томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган дори воситаларининг номидан келиб чиқиб, ушбу Низомнинг иловасида келтирилган халқаро илмий манбаларни (бундан буён матнда халқаро илмий манбалар деб юритилади) ўрганган ҳолда, дори воситаларининг самарадорлигини тасдиқловчи мета-таҳлиллар, рандомизацияланган назоратли тадқиқотлар, тизимли шарҳлар таҳлил қилинади.

Таҳлил натижалари асосида дори воситаларининг самарадорлиги халқаро илмий манбаларда исбот топган бўлса, бунда ушбу дори воситалари учун Илмий комиссиялар томонидан самарадорлиги ўрганилган ва исбот топган дори воситалари деган хулоса расмийлаштирилади.

Агар дори воситаларининг самарадорлиги халқаро илмий манбаларда исбот топмаган бўлса ёки дори воситаларининг самарадорлиги бўйича халқаро илмий манбаларда маълумотлар мавжуд бўлмаса, бунда ушбу дори воситалари учун Илмий комиссиялар томонидан самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган дори воситалари ёки самарадорлиги ўрганилмаган дори воситалари деган хулосалар расмийлаштирилади.

10. Илмий комиссиялар томонидан самарадорлиги ўрганилган ва исбот топган дори воситалари, самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган дори воситалари ҳамда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситаларининг рўйхати ушбу Низомнинг 9-бандидаги хулосалардан бири расмийлаштирилган кундан эътиборан 1 иш куни ичида электрон шаклда Марказга тақдим этилади ҳамда Марказнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

11. Марказ Илмий комиссияларнинг хулосаларидан келиб чиққан ҳолда, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 24-ноябрдаги 738-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ қарор қабул қилади.

12. Ариза берувчи Илмий комиссия ҳамда Марказнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёки бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

3-боб. Якуний қоида

13. Мазкур Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган ҳамда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Дори воситаларининг далилларга асосланган тиббиёт асосида самарадорлигини аниқлаш учун хизмат қиладиган халқаро илмий манбаларнинг

Т/р Халқаро илмий манбаларнинг номи Халқаро илмий манбаларнинг ўзбек тилидаги номи Халқаро илмий манбаларнинг Интернет бутун жаҳон ахборот тармоғидаги ҳаволалари 1. Cochrane Library Кокрейн (Cochrane) кутубхонаси www.cochranelibrary.com 2. N ational Library of Medicine АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонаси https://pubmed.ncbi.nlm.nih.gov 3. N ICE — N ational Institute for Health and Care Excellence Соғлиқни сақлаш ва парвариш сифати миллий институти www.nice.org.uk 4. UpToDate Долзарб тиббий маълумотлар базаси www.uptodate.com 5. WHO Model Lists of Essential Medicines ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) муҳим (зарур) дори воситалари рўйхати www.who.essential-medicines/essential-medicines-lists 6. Scopus Elsevier компаниясига тегишли йирик библиографик ва илмий маълумотлар базаси www. scopus.comlhome.uri 7. Springer Na ture (Elsevier) Springer N ature — илмий нашриёт компанияси www.springemature.com/gtrl 8. Guidelines International Work Халқаро клиник тавсиялар g-in.net/international_guidelines-library 9. Guidelines Central Тавсиялар маркази www.guidelinecentral.com 10. WHO Guidelines ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) тавсиялари www.who.int/publications/who_guidelines 11. Trip medical database Трип тиббий маълумотлар базаси https://www.tripdatabase.com/ 12. Mediqlab Медиқлаб https://mediqlab.com/

Вазир А. ХУДАЯРОВ

Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 11 март,

2026 йил 16 февраль

2026 йил 14 февраль

2026 йил 10 февраль

6-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.04.2026 й., 10/26/3806/0313-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirining

buyrugʻi

NIZOM

ROʻYXATI

Dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish jarayonida samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan hamda samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalarini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Dori vositalari va farmatsevtika faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 19-avgustdagi PF-137-son “Dori vositalari va tibbiy jihozlar muomalasini tartibga solishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq buyuraman:

1. Dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish jarayonida samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan hamda samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalarini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi bilan kelishilgan.

3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining 2026-yil 11-martdagi 6-son buyrugʻiga ILOVA

Dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish jarayonida samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan hamda samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalarini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazilganlik guvohnomasining amal qilish muddatini uzaytirish jarayonida ularning samaradorligini xalqaro ilmiy manbalar asosida oʻrganib chiqish, jumladan samaradorligi oʻrganilgan va isbot topgan, samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan hamda samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalarini aniqlash tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom quyidagi dori vositalariga nisbatan tatbiq etilmaydi:

davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun taqdim etilgan mahalliy original dori vositalariga ;

gomeopatik dori vositalariga ;

galen preparatlariga;

sirtga qoʻllash uchun taʼsir etuvchi, qitiqlovchi, yalligʻlanishga qarshi va mahalliy ogʻriqsizlantiruvchi, antiseptik va mikroblarga qarshi taʼsirga ega jenerik dori vositalariga.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ariza beruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining “Farmatsevtika mahsulotlari xavfsizligi markazi” davlat muassasasiga (bundan buyon matnda Markaz deb yuritiladi) dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va guvohnoma olish uchun murojaat qiluvchi ishlab chiquvchi, ishlab chiqaruvchi, roʻyxatdan oʻtkazilganlik guvohnomasining egasi yoki ular nomidan ishonchnoma asosida harakat qiluvchi yuridik shaxs;

dalillarga asoslangan tibbiyot asosida samaradorlik — bemorlarni davolashda ularga qoʻllaniladigan dori vositalari samaradorligi mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan xalqaro ilmiy manbalardagi dalillar asosida tasdiqlanishi;

dori vositalari — kasalliklar profilaktikasi, ularga tashxis qoʻyish va ularni davolash, shuningdek odam organizmining holati va funksiyalarini oʻzgartirish uchun tibbiyot amaliyotida qoʻllanilishiga ruxsat etilgan dori moddalari (substansiyalar) va yordamchi moddalar asosida olingan vositalar, dori moddalari (substansiyalar), dori preparatlari;

samaradorligi oʻrganilgan va isbot topgan dori vositalari — ushbu Nizomning ilovasida keltirilgan xalqaro ilmiy manbalarga muvofiq samaradorligi isbot topgan dori vositalari;

samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan dori vositalari — mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan xalqaro ilmiy manbalarga muvofiq samaradorligi isbotlanmagan dori vositalari;

samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalari — ushbu Nizomning ilovasida keltirilgan xalqaro ilmiy manbalarda samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalari;

meta-tahlillar — dori vositalarining samaradorligini oʻrganish maqsadida oʻtkazilgan bir nechta mustaqil tadqiqotlarning natijalarini statistik usullar asosida birlashtirish hamda ularni miqdoriy tahlil qilish orqali amalga oshirilgan tahlillar toʻplami;

randomizatsiyalangan nazoratli tadqiqotlar — dori vositalarining samaradorligini baholash maqsadida ishtirokchilarni tasodifiy (random) usulda asosiy va nazorat guruhlariga taqsimlash orqali oʻtkaziladigan, oldindan rejalashtirilgan eksperimental tadqiqotlar;

tizimli sharh — dori vositalarining samaradorligini oʻrganish maqsadida shakllantiriladigan soʻrov asosida tegishli birlamchi tadqiqotlarni izlash va ularni saralash, takrorlanadigan hamda shaffof usullarini qoʻllash orqali dori vositalarining samaradorligini aniqlash, tanqidiy tahlil qilish va ularni umumlashtirishga qaratilgan ilmiy tadqiqot.

2. Dori vositalarining dalillarga asoslangan tibbiyot asosida samaradorligi Markaz tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-noyabrdagi 738-son qarori bilan tasdiqlangan Dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazishning ixtisoslashtirilgan ekspertizasi jarayonida oʻrganiladi.

2-bob. Samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan hamda samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalarini aniqlashni tashkil etish

3. Dori vositalarining dalillarga asoslangan tibbiyot asosida samaradorligi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining soha yoʻnalishlari boʻyicha mustaqil ekspertlardan tashkil topgan Ilmiy komissiyalari tomonidan aniqlanadi.

Bunda Ilmiy komissiyalar tarkibi tibbiyot yoki farmatsevtika fanlari boʻyicha Fan doktori (Doctor of Science (DSc) va falsafa doktori (Doctor of Philosophy (PhD) ilmiy darajasiga ega boʻlgan, tibbiyot yoki farmatsevtika mutaxassisligi boʻyicha kamida oʻn yillik ish stajiga ega boʻlgan, shu jumladan ilmiy-amaliy tibbiyot markazlari, ilmiy-tadqiqot yoki klinik ilmiy-tadqiqot muassasalarida amalda mehnat faoliyatini olib borayotgan mustaqil ekspertlardan tashkil topadi.

4. Ilmiy komissiyalar tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri tomonidan tasdiqlanadi.

5. Ilmiy komissiyalar oʻz faoliyatini qonuniylik, mustaqillik va xolislik prinsiplari asosida amalga oshiradi.

6. Ilmiy komissiyalarning majlislarini Ilmiy komissiya raisi, Ilmiy komissiya raisi boʻlmagan taqdirda Ilmiy komissiya raisi oʻrinbosari boshqaradi.

7. Ilmiy komissiyalarning majlisi unda Ilmiy komissiya aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi qatnashganda oʻtkazilgan hisoblanadi.

8. Ilmiy komissiyalar xulosalari komissiya majlisi bayoni shaklida rasmiylashtiriladi va Ilmiy komissiya raisi yoki raislik qiluvchi tomonidan imzolanadi.

9. Ilmiy komissiyalar tomonidan davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun taqdim etilgan dori vositalarining nomidan kelib chiqib, ushbu Nizomning ilovasida keltirilgan xalqaro ilmiy manbalarni (bundan buyon matnda xalqaro ilmiy manbalar deb yuritiladi) oʻrgangan holda, dori vositalarining samaradorligini tasdiqlovchi meta-tahlillar, randomizatsiyalangan nazoratli tadqiqotlar, tizimli sharhlar tahlil qilinadi.

Tahlil natijalari asosida dori vositalarining samaradorligi xalqaro ilmiy manbalarda isbot topgan boʻlsa, bunda ushbu dori vositalari uchun Ilmiy komissiyalar tomonidan samaradorligi oʻrganilgan va isbot topgan dori vositalari degan xulosa rasmiylashtiriladi.

Agar dori vositalarining samaradorligi xalqaro ilmiy manbalarda isbot topmagan boʻlsa yoki dori vositalarining samaradorligi boʻyicha xalqaro ilmiy manbalarda maʼlumotlar mavjud boʻlmasa, bunda ushbu dori vositalari uchun Ilmiy komissiyalar tomonidan samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan dori vositalari yoki samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalari degan xulosalar rasmiylashtiriladi.

10. Ilmiy komissiyalar tomonidan samaradorligi oʻrganilgan va isbot topgan dori vositalari, samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan dori vositalari hamda samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalarining roʻyxati ushbu Nizomning 9-bandidagi xulosalardan biri rasmiylashtirilgan kundan eʼtiboran 1 ish kuni ichida elektron shaklda Markazga taqdim etiladi hamda Markazning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

11. Markaz Ilmiy komissiyalarning xulosalaridan kelib chiqqan holda, dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazishda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-noyabrdagi 738-son qarori bilan tasdiqlangan Dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq qaror qabul qiladi.

12. Ariza beruvchi Ilmiy komissiya hamda Markazning qarorlari va xatti-harakatlari (harakatsizligi) yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligiga yoki bevosita sudga shikoyat qilishga haqli.

3-bob. Yakuniy qoida

13. Mazkur Nizomning talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Dori vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish jarayonida samaradorligi oʻrganilgan, lekin isbot topmagan hamda samaradorligi oʻrganilmagan dori vositalarini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Dori vositalarining dalillarga asoslangan tibbiyot asosida samaradorligini aniqlash uchun xizmat qiladigan xalqaro ilmiy manbalarning

T/r Xalqaro ilmiy manbalarning nomi Xalqaro ilmiy manbalarning oʻzbek tilidagi nomi Xalqaro ilmiy manbalarning Internet butun jahon axborot tarmogʻidagi havolalari 1. Cochrane Library Kokreyn (Cochrane) kutubxonasi www.cochranelibrary.com 2. N ational Library of Medicine AQSH Milliy tibbiyot kutubxonasi https://pubmed.ncbi.nlm.nih.gov 3. N ICE — N ational Institute for Health and Care Excellence Sogʻliqni saqlash va parvarish sifati milliy instituti www.nice.org.uk 4. UpToDate Dolzarb tibbiy maʼlumotlar bazasi www.uptodate.com 5. WHO Model Lists of Essential Medicines JSST (Jahon sogʻliqni saqlash tashkiloti) muhim (zarur) dori vositalari roʻyxati www.who.essential-medicines/essential-medicines-lists 6. Scopus Elsevier kompaniyasiga tegishli yirik bibliografik va ilmiy maʼlumotlar bazasi www. scopus.comlhome.uri 7. Springer Na ture (Elsevier) Springer N ature — ilmiy nashriyot kompaniyasi www.springemature.com/gtrl 8. Guidelines International Work Xalqaro klinik tavsiyalar g-in.net/international_guidelines-library 9. Guidelines Central Tavsiyalar markazi www.guidelinecentral.com 10. WHO Guidelines JSST (Jahon sogʻliqni saqlash tashkiloti) tavsiyalari www.who.int/publications/who_guidelines 11. Trip medical database Trip tibbiy maʼlumotlar bazasi https://www.tripdatabase.com/ 12. Mediqlab Mediqlab https://mediqlab.com/

Vazir A. XUDAYAROV

Fanlar akademiyasi prezidenti Sh. AYUPOV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil A. BURIYEV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Toshkent sh.,

2026-yil 11-mart,

2026-yil 16-fevral

2026-yil 14-fevral

2026-yil 10-fevral

6-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.04.2026-y., 10/26/3806/0313-son)

lex.uz