📅 2026-yil 10-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 10-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 10 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Олий таълим, фан ва инновациялар вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 марта 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр высшего образования, науки и инноваций
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 March 2026 · Ministry and agency documents · Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
Олий таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Олий таълим тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Спорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Туризм қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Бадиий академия билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2026 йил 10 мартдаги 99-сон буйруғига ИЛОВА
Олий таълим тўғрисидаги
Мазкур Низом олий таълим жараёни ва тизимини ташкил этиш, унинг молиявий, мулкий ҳамда халқаро ҳамкорлик муносабатларини, Ўзбекистон Республикаси миллий малакалар рамкасининг 6 ва 7-малака даражаларига мувофиқ олий таълим ташкилотларида юқори малакали кадрлар тайёрлашни, шунингдек олий таълим ташкилотлари талабалари ва ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
Ушбу Низом олий ҳарбий ҳамда ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.
Мазкур Низом Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўлланилади.
Ушбу Низом қоидалари нодавлат олий таълим ташкилотларига нисбатан тавсиявий характерга эга.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
олий таълим — бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашни таъминловчи таълим тури ;
бакалавриат — олий таълим йўналишларидан бири бўйича чуқурлаштирилган билим, малака ва кўникмалар берадиган, ўқиш давомийлиги камида уч йил бўлган таянч олий таълим босқичи ;
магистратура — тегишли бакалавриат негизидаги аниқ мутахассислик бўйича ўқиш давомийлиги камида бир йил бўлган олий таълим босқичи ;
бакалавр — бакалавриатнинг муайян таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотини муваффақиятли битирган шахсга бериладиган академик даража;
магистр — магистратуранинг муайян мутахассислиги бўйича олий таълим ташкилотини муваффақиятли битирган шахсга бериладиган академик даража;
дипломли мутахассис — олий таълим ташкилотларида 1997 йилгача жорий этилган мутахассислик дастурлари бўйича олинган олий маълумот тўғрисидаги дипломга эга бўлган шахслар;
олий таълим ташкилоти — олий таълимнинг давлат таълим стандартлари ва таълим дастурларига мувофиқ муайян бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таълим берувчи юридик шахс;
олий таълимнинг давлат таълим стандартлари — давлат томонидан олий таълимнинг мазмуни ва сифатига нисбатан талабларни белгиловчи Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (бундан буён матнда вазирлик деб юритилади) томонидан тасдиқланадиган Ўз ДСт 3556:2021 « Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар » (ҳисоб рақами 43, 2021 йил 27 октябрь) ва Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори (рўйхат рақами 3781, 2026 йил 28 февраль);
олий маълумот ҳақида давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) — олий таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрловчи, давлат аккредитациясидан ўтган (лицензияга эга) олий таълим ташкилоти битирувчисига бериладиган, унинг бакалавр ёки магистр академик даражасини тасдиқловчи, унга узлуксиз таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттириш ёки олган академик даражасига мувофиқ ишлаш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги ҳужжат;
малака талаблари — олий таълим ташкилотларининг бакалавриат ёки магистратура битирувчисининг касбий фаолият соҳаси, объектлари ва турларини, касбий компетенцияларига қўйиладиган талабларни, ихтисослигини (квалификациясини), шунингдек, мазкур компетенцияларни шаклланишига хизмат қиладиган мажбурий ўқув фанлари каталогини белгилайдиган, вазирлик томонидан тасдиқланадиган меъёрий-услубий ҳужжат;
ўқув режа — олий таълимнинг муайян бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги бўйича ўқув фаолияти турлари, ўқув фанлари ва курсларининг таркиби, уларни ўрганишнинг изчиллиги, соатлар ва кредитлардаги ҳажмини таълим даврининг тўлиқ муддати учун белгилайдиган олий таълим ташкилотлари томонидан тасдиқланадиган меъёрий-услубий ҳужжат;
ўқув фани — муайян таълим йўналиши ва мутахассислик бўйича ўзлаштирилиши белгиланган ўқув режасининг таркибий қисми ва таълимнинг мазмуни бўлиб, талаба эгаллаши зарур бўлган билим, кўникма ва компетенцияларни ўзида мужассам этган тизимлаштирилган илмий-услубий мажмуа;
ўқув дастури — таълим мазмунини белгиловчи ўқув фанининг асосий мавзулари, мазмуни, ўзлаштирилишининг энг мақбул усуллари, машғулотлар турлари ва ахборот манбалари кўрсатилган олий таълим ташкилотлари томонидан тасдиқланадиган меъёрий-услубий ҳужжат;
ўқув юкламаси — ўқув дастурларини ўзлаштириш учун зарур бўлган академик соатлар (кредитлар) ҳажми;
талаба — олий таълим ташкилоти бакалавриати ёки магистратурасига белгиланган тартибда қабул қилиниб, таълим олаётган шахс.
2. Олий таълим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланишини таъминлайди .
3. Олий таълимнинг бакалавриат босқичи умумий ўрта (ўн бир йиллик таълим), ўрта махсус (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик ўрта махсус таълим), бошланғич касбий таълим (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик бошланғич касбий таълим) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни кучга киргунига қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) негизида амалга оширилади.
Олий таълимнинг магистратура босқичи тегишли бакалавриат негизида амалга оширилади.
2-боб. Олий таълимнинг мақсади ва вазифалари
4. Мамлакатнинг истиқболини инобатга олган ҳолда юқори малакали, рақобатбардош, юксак билимли, илм-фан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, ватанпарварлик ҳиссига эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш олий таълимнинг асосий мақсади ҳисобланади.
5. Қуйидагилар олий таълим соҳасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
олий таълимнинг давлат таълим стандартлари ва халқаро стандартлар асосида юқори малакали, мустақил, креатив ва таҳлилий фикрлай оладиган кадрлар тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини намоён этиши ва маънавий баркамол шахс сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароит яратиш;
соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, таълим хизматлари ва олий таълим олиш имкониятларини, шунингдек олий таълим қамровини меҳнат бозори эҳтиёжлари ва жамият талаб-истаклари асосида кенгайтириб бориш;
олий таълим ташкилотларининг академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллигини таъминлаш;
олий таълимнинг халқаро рақобатбардошлигини таъминлаш, таълим жараёнига халқаро стандартлар, рақамли ва ахборот технологиялари, илғор замонавий усуллар ва педагогик технологияларни кенг жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш;
ўзаро фойдали халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, халқаро илмий ва академик лойиҳалар, қўшма таълим дастурлари, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг алмашуви ва тажриба орттиришини жорий этиш;
олий таълим давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва ўқув дастурларига мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура таълим жараёнини амалга ошириш, таълим сифатини яхшилаб бориш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини кенг жалб қилиш;
олий таълим ташкилотларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини таъминлаш, талабаларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш ҳамда олий таълимдан кейинги таълим институтида илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;
олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш ҳамда олий таълим тизимининг инновацион ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг фан, техника, технологияларни ривожлантиришга қаратилган илмий-ижодий фаолияти ва тадқиқотлари учун шароит яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда ушбу фаолият жараёнида самарали ютуқларга эришишини рағбатлантириш;
олий таълим ташкилотларини тизимли ривожлантириш, бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш, шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш.
3-боб. Олий таълим тизимининг тузилиши
6. Олий таълим тизими қуйидагилардан иборат :
олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари, ўқув дастурлари ва уларни амалга оширувчи олий таълим ташкилотлари;
олий таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий-педагогик ташкилотлар;
таълим сифатини баҳолашни амалга оширувчи ташкилотлар;
олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи, шунингдек унинг тасарруфидаги ташкилотлар.
7. Олий маълумот ҳақида давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) берувчи олий таълим ташкилотларида бакалавр ва магистрларни тайёрлаш олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари, ўқув режа ва ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.
8. Олий таълим ташкилотларининг қуйидаги турлари мавжуд:
университет;
институт;
академия;
консерватория;
олий мактаб;
филиал;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мақоми (статуси) уларга тенглаштирилган бошқа олий таълим ташкилотлари.
9. Олий таълим ташкилотларининг турлари қуйидагича белгиланади:
университет — олий таълимнинг камида учта таълим соҳасида ҳамда олий таълимдан кейинги таълим бўйича кадрлар тайёрловчи, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти билан юқори даражада шуғулланувчи йирик олий таълим ташкилоти;
институт — олий таълимнинг камида иккита таълим соҳасида ҳамда олий таълимдан кейинги таълим бўйича кадрлар тайёрловчи, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи олий таълим ташкилоти;
академия — олий ва олий таълимдан кейинги таълимнинг муайян йўналиш ва мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрловчи, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда муайян йўналиш бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи олий таълим ташкилоти;
консерватория — мусиқа санъати соҳаси бўйича олий ва олий таълимдан кейинги таълимни, ушбу соҳа бўйича кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда илмий тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи олий таълим ташкилоти;
олий мактаб — таълимнинг муайян йўналиш ва мутахассисликлари бўйича амалий мутахассис кадрлар тайёрлайдиган ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи олий таълим ташкилоти;
филиал — олий таълимнинг эҳтиёж юқори бўлган йўналиш ва мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрловчи, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи олий таълим ташкилотининг ҳудудларда ташкил этилган юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси.
10. Олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва таълим бериш шакллари бўйича факультетлар, регистратор офислари, филиаллар, кафедралар, ўқув, ўқув ва илмий лабораториялар, илмий ташкилотлар, ИТ-кластер (ахборот технологиялар парки, технопарк) ва бошқа таркибий бўлинмалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.
11. Олий таълим ташкилотларида олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малака талабларининг бажарилиши ҳамда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш вазирлик томонидан амалга оширилади .
4-боб. Бакалавриат ва магистратура
12. Бакалавриат таълим босқичи бўйича олий таълим ташкилотларида ўқитиш кундузги, сиртқи, кечки, масофавий, дуал ва қонунчиликда белгиланган бошқа таълим шаклларида амалга оширилади.
13. Бакалавриат таълим босқичида ўқиш камида уч йил давом этади. Бакалавриатда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиш муддати кундузги таълим шаклига нисбатан сиртқи таълим шаклида камида бир ўқув йили, кечки таълим шаклида камида ярим ўқув йили муддатига узайтирилади.
14. Олий таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрловчи олий таълим ташкилотларининг бакалавриат ва магистратура битирувчиларига давлат аттестацияси натижаларига кўра тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва ихтисослик (квалификация) ёки магистратура мутахассислиги ва ихтисослик (квалификация) бўйича олий маълумот ҳақида давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси берилади.
15. Бакалаврлар ва магистрларни тайёрлашга қўйиладиган талаблар олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассислиги бўйича малака талабларида белгиланади.
16. Олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассислигининг ўқув режа ва ўқув дастурлари мазмунига қўйиладиган умумий талаблар ва уларни ишлаб чиқиш, малака талабларининг асосий қоидалари ва уларни ишлаб чиқиш тартиби, ўқув юкламасининг ҳажми, кадрлар тайёрлаш сифатини баҳолаш Ўз ДСт 3556:2021 « Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар » (ҳисоб рақами 43, 2021 йил 27 октябрь) асосида белгиланади.
Олий таълимнинг билим соҳалари, таълим соҳалари ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари Олий таълимнинг давлат таълим стандартлари. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторида (рўйхат рақами 3781, 2026 йил 28 февраль) белгиланади.
17. Бакалавр ва магистрнинг касбий фаолият соҳаси, касбий фаолият соҳасининг объектлари ва турлари, касбий вазифа ва компетенцияларига қўйиладиган талаблар, ихтисослиги (квалификацияси), шунингдек мазкур компетенцияларни шаклланишига хизмат қиладиган мажбурий ўқув фанлари каталоги ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича ишлаб чиқиладиган малака талабларида белгиланади.
18. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисларининг малака талаблари бевосита кадрлар буюртмачилари ва иш берувчи ташкилотларнинг талаб ва таклифлари асосида ҳамда улар билан ҳамкорликда олий таълим ташкилотлари (олий таълим ташкилотларининг таълим соҳалари бўйича уюшмалари) томонидан ишлаб чиқилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисларининг малака талаблари асосида олий таълим ташкилотлари томонидан ўқув режа ва ўқув дастурлари (силлабуслари) ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
19. Бакалавр:
олий маълумотли шахс эгаллаши лозим бўлган лавозимларда ишлаш;
бакалавриатнинг мос ва турдош таълим йўналиши негизидаги танлаган мутахассислиги бўйича магистратурада олий таълимни давом эттириш;
кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида қўшимча касбий билимларни олиш учун тайёрланади.
20. Олий таълимнинг муайян бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича малака талаби, ўқув режаси, ўқув дастурлари (силлабуслари) ҳамда тегишли услубий кўрсатмалардан иборат меъёрий-услубий ҳужжатлар мажмуаси ушбу таълим йўналиши (мутахассислиги)нинг таълим дастури деб юритилади.
21. Магистратура ва магистрлар тайёрлашнинг асосий қоидалари, тартиби ва талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 мартдаги 36-сон қарори билан тасдиқланган Магистратура тўғрисидаги низом билан белгиланади.
5-боб. Таълим жараёнини ташкил этиш
22. Олий маълумот ҳақида давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) берувчи олий таълим ташкилотларида таълим жараёни олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари, ўқув режа ва ўқув дастурларига мувофиқ ташкил этилади.
23. Олий таълим ташкилотларида ўқув машғулотларининг маъруза, семинар, амалий машғулот, лаборатория иши, коллоквиум, курс иши (лойиҳаси), якка тартибдаги ўқув машғулоти, маслаҳат, мустақил таълим, мустақил иш, ўқув дала амалиёти, малакавий амалиёт, тажриба орттириш (стажировка), бакалавриат талабалари учун битирув малакавий иши, диплом лойиҳаси, магистрантлар учун магистрлик диссертацияси ва бошқа турлари жорий қилинади.
24. Ўқув жараёни Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа тизимига (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) асосланган миллий кредит-модул тизимига мувофиқ амалга оширилади.
Кредит-модул тизимини таълим жараёнига татбиқ этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модул тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда олий таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорларига мувофиқ олий таълим ташкилотларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ўқув жараёни кредит-модул тизимидан бошқа тизим асосида амалга оширилиши мумкин.
25. Олий таълим ташкилотларида ўқув йили, одатда, талабалар ўзлаштиришини назорат қилиш учун ўтказиладиган якуний баҳолаш билан тугайдиган икки семестрга бўлинади.
Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3069, 2018 йил 26 сентябрь) асосида амалга оширилади.
26. Малакавий амалиётларнинг барча турлари давлат олий таълим ташкилотларида, олий таълим ташкилоти ва амалиёт ўтилиши мўлжалланган ташкилот ўртасидаги икки томонлама шартнома асосида, ўқув режалар ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўтказилади.
27. Олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув режа ва ўқув дастурларини ўзлаштириш натижалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 декабрдаги 836-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан баҳоланади.
28. Жисмоний шахслар шартнома асосида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни олиш ҳуқуқига эга.
29. Олий таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:
ўқув-илмий-ишлаб чиқариш комплексларини яратиш;
етакчи олим ва ишлаб чиқариш мутахассисларини ўқув жараёни ва илмий тадқиқотларга жалб этиш;
амалдаги қонунчиликка мувофиқ, илмий ташкилотларда, корхона ва муассасаларда олий таълим ташкилотлари марказлари, лабораториялари ва кафедралари филиалларини яратиш.
6-боб. Олий таълим ташкилоти талабалари
30. Талабага талабалик гувоҳномаси (ID карт) берилиши мумкин.
31. Олий таълим ташкилотларида талабаларни ўқитиш фаолияти Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими ёрдамида тартибга солинади ва мониторинг қилинади.
32. Олий таълим ташкилотларининг талабалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
олий таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ юқори сифатли олий таълим олиш;
фан, техника ва замонавий технологиялар ривожланишининг айни вақтдаги ривожланиш даражасига мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ўқув режа ва ўқув дастурларини янада такомиллаштириш юзасидан олий таълим ташкилоти раҳбариятига таклиф бериш;
олий таълим ташкилотлари фаолияти бўйича таълим жараёнига оид муҳокамаларда иштирок этиш;
кутубхона, ахборот ресурслари, ўқув, илмий, даволаш ва бошқа бўлинмалар хизматидан олий таълим ташкилоти низомида белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;
илмий-тадқиқот ва илмий-ижодий ишларда, анжуманларда, симпозиумларда, халқаро ва республика кўргазмаларида, фестивалларда иштирок этиш;
илмий-тадқиқот йўналишлари бўйича тайёрлаган ишларни нашрга тақдим этиш;
олий таълим ташкилоти раҳбарияти қарорларидан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда шикоят қилиш;
олий таълим ташкилоти талабаларининг академик мобиллик ва қўшма таълим дастурларида иштирок этиш.
Талабалар қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
33. Олий таълим ташкилотининг ўқув бўлинмаларида ҳарбий тайёргарлик таълимидан ўтмаган талабалар таълим муассасасини тамомлаганларидан кейин Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақириладилар .
34. Олий таълим ташкилотларида талабаларни таълим олиш билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш тақиқланади.
35. Талабалар таълим дастурларида белгиланган билимларни олишлари, ўқув режада тавсия этилган мажбурий ҳамда танлов фанларини ўзлаштириши, ўқув режасида назарда тутилган барча турдаги машғулотларда берилган топшириқларни белгиланган муддатда бажаришлари, олий таълим ташкилотининг низомига, ички тартиб қоидалари ва талабалар турар жойи талабларига риоя қилишлари шарт.
36. Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан стипендия тўланади.
37. Талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини олишлари мумкин.
38. Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўқув машғулотларидан бўш вақтларида, ўқиш жараёнига зарар етказмаган ҳолда, меҳнат қонунчилигига мувофиқ ва унда белгиланган меъёрлардан ошмаган ҳажмда меҳнат шартномаси асосида олий таълим ташкилотининг ўзида ёки бошқа корхона ва ташкилотларда ишлаши мумкин.
39. Таълим жараёнида талабаларга академик таътил берилиши мумкин. Академик таътил бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 344-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
40. Таълим дастурида белгиланган фанларни ўзлаштира олмаган талабалар академик қарздор ҳисобланади ва академик қарзларни бартараф этиш жараёни билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
41. Бошқа шаҳарлардан келган ва турар жойга муҳтож талабаларга талабалар турар жойидан белгиланган тартибда муайян муддатга олий таълим ташкилоти имкониятларидан келиб чиқиб жой берилиши мумкин .
Талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим ташкилотлари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади .
Олий таълим ташкилотлари томонидан мазкур ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин .
Талабалар турар жойларидан қонунчиликда белгиланмаган бошқа мақсадларда (ижарага бериш, олди-сотди, ҳадя ва бошқалар) фойдаланишга йўл қўйилмайди.
42. Олий таълим ташкилотларининг ички тартиб-қоидалари ва одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ талабалар:
а) 18 соат дарс қолдирган тақдирда (саломатлиги сабабли белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома тақдим этилган ҳолат бундан мустасно) олий таълим ташкилоти томонидан огоҳлантирилади;
б) 30 соат дарс қолдирган тақдирда (саломатлиги сабабли белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома тақдим этилган ҳолат бундан мустасно) олий таълим ташкилоти томонидан қатъий огоҳлантирилади ва бу ҳақда ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) хабардор қилинади.
43. Олий таълим ташкилоти талабалари сафидан четлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
7-боб. Олий таълим ташкилоти ходимлари
44. Олий таълим ташкилотларида Олий таълим муассасалари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларига мувофиқ (рўйхат рақами 2859, 2017 йил 21 февраль) педагог ходимлар, бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар фаолият олиб боради.
Педагог ходимлар таркибига кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ассистент, ўқитувчи, ўқитувчи-стажёр лавозимида ишлаётган шахслар киради.
Педагог ходимнинг мақоми ва педагогик фаолият билан шуғулланишга оид чекловлар Ўзбекистон Республикасининг «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунига асосан белгиланади.
45. Олий таълим ташкилоти профессор-ўқитувчилари таркибининг сони мос равишда бакалавриат ва магистратурада Олий таълим ташкилотларида таълим соҳалари (таълим йўналишлари) бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг нормативларига (рўйхат рақами 3345, 2022 йил 24 январь) мувофиқ бўлиши лозим.
46. Профессор-ўқитувчиларнинг эгаллаб турган лавозимига кўра ўқув юкламаси ҳажми факультет деканининг (кафедра мудирлари) таклифларига мувофиқ келгуси ўқув йили бошлангунига қадар олий таълим ташкилоти Кенгаши томонидан кўриб чиқилади ҳамда ягона тақсимот шаклида тасдиқланади .
47. Олий таълим ташкилоти профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳамда ўқув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, «устоз-шогирд» ва бошқа иш турларини белгилаш Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишларини белгилаш қоидаларига (рўйхат рақами 3076, 2018 йил 8 октябрь) мувофиқ белгиланади.
Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳажмини белгилашда, шунингдек, уларнинг илмий даражаси ва илмий унвони ҳам инобатга олиниши мумкин.
48. Олий таълим ташкилотларига педагог ходимлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ишга қабул қилинади.
49. Олий таълим ташкилотлари педагог ходимларининг лавозимларига қўйиладиган малака рамкалари ва касбий стандартлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги ПҚ-345-сон «Ўзбекистон Республикаси миллий малака тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан белгиланади.
50. Олий таълим ташкилотларининг педагог ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга :
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда меҳнат ҳақи, устама ва моддий рағбатлантириш тўловларини олиш;
замонавий педагогик технологияларни, ўқитиш ва тарбия воситаларини ҳамда усулларини эркин танлаш ва улардан фойдаланиш;
белгиланган тартибда муаллифлик дастурларини ва ўқитиш услубиётини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ижодий фаоллик кўрсатиш, шунингдек тегишли ўқув фанлари, курслари ва модулларидан фойдаланиш;
касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;
ўқув, илмий ва услубий йўналишлардаги давлат ахборот-ресурс ҳамда ахборот-кутубхона марказларининг хизматларидан бепул фойдаланиш;
олий таълимнинг давлат таълим стандартларини, малака талабларини, ўқув режалари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиш;
илмий, илмий-тадқиқот ва ижодий фаолиятни амалга ошириш, тажриба-синов фаолиятида иштирок этиш, инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижодий ва меҳнат таътили олиш;
таълим ташкилотини бошқаришда, шунингдек таълим ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;
ўз касбий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш учун педагогларнинг жамоат бирлашмаларига бирлашиш ва уларда иштирок этиш;
ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланиш;
педагогик фаолияти давомида ўзига бириктирилган курсдаги (гуруҳдаги) таълим олувчиларнинг билимини мустақил баҳолаш;
талабалар ва уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, қонуний вакиллари) томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;
давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиш (давлат таълим ташкилотлари учун);
олий таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш;
олий таълим ташкилоти раҳбариятининг буйруқлари ва қарорларидан норози бўлганда қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш.
Педагог ходимлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
51. Олий таълим ташкилотлари педагог ходимларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат :
таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;
ўқув машғулотларини ўқув дастурлари ва давлат таълим стандартларига мувофиқ сифатли ўтказиши;
ўқув машғулотлари давомида таълим олувчиларнинг билим даражасини ошириш учун зарур чоралар кўриши;
ахборот-коммуникация технологияларидан, ўқитиш ва тарбиянинг илғор ҳамда инновацион шакллари ва усулларидан фойдаланиши;
дарс бераётган фанлари орқали талабаларда танлаган йўналиш (мутахассислиги) бўйича тегишли компетенцияларни шакллантириши;
таълим олувчиларнинг психологик ва ўзига хос хусусиятларини, жисмоний ва руҳий саломатлигини, физиологик ривожланишини ҳисобга олиши, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган шахсларни ўқитиш учун шарт-шароитлар яратилишига эътибор қаратиши ва уларни камситмаслиги;
ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориши, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик жиҳатидан даврий аттестациядан ўтиши;
олий таълим ташкилотининг уставига ва (ёки) бошқа таъсис ҳужжатларига, ички меҳнат тартиби қоидаларига ва педагогик этика қоидаларига риоя этиши;
ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнларининг юқори самарадорлигини таъминлаши;
талабаларда мустақил фикрлаш, ташаббускорликни ва ижодий қобилиятларни ривожлантириши;
мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши шарт.
Педагог ходимларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам берилиши мумкин.
52. Олий таълим ташкилотларида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 797-сон «Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан амалга оширилади.
53. Олий таълим ташкилотлари педагог ходимлари олий таълимдан кейинги таълим фаолияти билан шуғулланишлари мумкин.
Олий таълим ташкилотларида олий таълимдан кейинги таълим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон «Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилади.
Олий таълимдан кейинги таълим институтига кириш, илмий ва олий таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш соҳасида дипломли мутахассис дипломи магистр дипломи билан тенг ҳуқуқли ҳисобланади .
8-боб. Олий таълим тизимини бошқариш
54. Ўзбекистон Республикасида олий таълим ташкилотининг бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик, тасарруфида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан қонунчилик ҳужжатлари асосида уларга берилган ваколатлар доирасида амалга оширилади.
55. Давлат олий таълим ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампига, бланкаларига ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзининг фаолияти учун зарур бўлган бошқа хизмат белгилари ва реквизитларга эга бўлади.
56. Олий таълим ташкилотларининг бевосита бошқаруви унинг ректори (директори) томонидан амалга оширилади.
57. Давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим ташкилотининг ректори (хорижий олий таълим ташкилоти филиалининг маҳаллий ректори ёки директори, ижрочи директори) бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбарининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади .
58. Олий таълим ташкилотининг фаолияти учун ректор (директор) масъул ҳисобланади.
59. Ректор (директор) Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари ва олий таълим ташкилотининг уставига мувофиқ олий таълим ташкилоти номидан фаолият юритади, белгиланган тартибда мол-мулкка эгалик қилади, шартномалар тузади, ишончномаларни тақдим этади.
60. Олий таълим ташкилоти ваколатлари доирасида ректор (директор):
проректорлар (директор ўринбосарлари), деканлар ва бошқа таркибий бўлинмаларнинг аниқ вазифалари, мажбуриятлари ва масъулиятини белгилаб беради;
олий таълим ташкилоти ходим, профессор-ўқитувчилар ва талабалар бажариши мажбурий бўлган буйруқ ва топшириқлар чиқаради;
ишчи ва хизматчилар ҳамда педагогик ходимларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;
олий таълим ташкилоти таркибига кирувчи илмий-тадқиқот, тажрибавий-экспериментал ва бошқа ташкилотлар ҳамда бўлимларнинг ваколатларини аниқлаб беради ва улар тўғрисидаги низом (йўриқнома)ларни тасдиқлайди;
олий таълим ташкилоти ходимлари лавозим маошларига устама ва бошқа қўшимча тўловларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда белгилаб беради;
касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа давлат ваколатли органи билан келишилган ҳолда ички тартиб-қоидаларини тасдиқлайди;
қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни бажаради.
61. Ректор (директор) олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда, олий таълим ташкилоти Кенгашининг тавсиясига кўра факультетлар, кафедралар ва бошқа таркибий бўлинмаларни ташкил этиш ва тугатиш ҳуқуқига эга (молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари бундан мустасно).
62. Олий таълим ташкилоти фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун олий таълим ташкилоти Кенгаши ташкил қилинади.
Олий таълим ташкилоти Кенгашнинг таркиби, ваколатлари, шакллантириш тартиби ва фаолияти олий таълим ташкилоти ректори томонидан белгиланади.
63. Давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим ташкилотларининг проректорлари (маҳаллий олий таълим ташкилотларининг филиали директори, унинг ўринбосарлари, хорижий олий таълим ташкилоти директори ўринбосарлари) олий таълим ташкилоти ректорининг тавсиясига асосан бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бунда келишув масалалари қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади .
64. Давлат олий таълим ташкилотларининг факультет деканлари ҳамда бўлим бошлиқлари олий таълим ташкилотининг ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
65. Олий таълим ташкилотида жамоатчилик бошқарув органи сифатида Васийлик (Кузатув) кенгаши ташкил қилиниши мумкин. Қоида тариқасида, унинг таркибига таъсисчи(лар), маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, вазирлик ва идоралар, муассаса ва ташкилотлар, иш берувчилар, саноат ҳамкорлари, бошқа таълим ташкилотлари, жамоат ташкилотлари, жамғармалар ва ҳомийларнинг вакиллари киради.
66. Олий таълим ташкилоти ўз ҳузуридаги академик лицейлар ҳамда ихтисослашган мактабларнинг фаолиятига ўқув-услубий кўмак кўрсатади .
67. Амалдаги қонунчилик ва олий таълим ташкилоти уставига мувофиқ унда жамоат ташкилотлари, илмий ва кўнгилли жамиятлар, илмий даражалар берувчи илмий, илмий-услубий, илмий-техник кенгашлар ташкил қилиниши мумкин.
68. Олий таълим ташкилотларининг тузилмалари тегишли олий таълим ташкилотларининг ректорлари (маҳаллий олий таълим ташкилотлари филиалларининг директорлари) томонидан олий таълим ташкилотлари учун белгиланган нормативларга мувофиқ бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда тасдиқланади (молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари бундан мустасно).
9-боб. Олий таълим ташкилотининг мулки
69. Олий таълим ташкилоти жамғармалар ва айланма маблағлар, шунингдек унинг уставида белгиланган фаолиятни таъминлаш учун зарур бўлган бошқа моддий ресурсларга эга бўлиши мумкин.
70. Олий таълим ташкилоти ҳомийлик, беғараз ёрдам шаклида унга жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўтказилган пул маблағлари ва мулкни, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, халқаро ва молиявий ташкилотлар ва хорижий давлатлар ваколатхоналари билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар доирасида беғараз берилган мол-мулк ҳамда тадбиркорлик фаолиятидан олинган фойда ва хўжалик ҳисобидаги мулкдан фойдаланишдан тушган даромадларни олиш ва мустақил тасарруф қилиш ҳуқуқига эга.
71. Олий таълим ташкилотининг мулкларидан фойдаланиш тартиби, шунингдек, олий таълим ташкилотининг даромадларини олиш ва ундан фойдаланиш тартиби унинг уставида белгиланади.
72. Олий таълим ташкилоти унинг фаолияти натижаси ҳисобланувчи интеллектуал ва ижодий меҳнат маҳсулига эгалик қилиш ҳуқуқига эга.
73. Давлат олий таълим ташкилотига белгиланган тартибда ажратилган ер майдонлари доимий бепул фойдаланиш учун унга бириктириб қўйилади.
10-боб. Маблағ ажратиш, ҳисоб-китоб ва ҳисобот бериш
74. Олий таълим ташкилотларига маблағ ажратиш мутахассислар тайёрлашга ажратиладиган давлат грантларига мувофиқ республика бюджети маблағлари, шунингдек амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низомга мувофиқ жалб қилинган бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Корхона, ташкилот ва фуқаролардан шартнома асосида олинган маблағлардан олий таълим ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатларига ва шартнома шартларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ фойдаланилади.
75. Олий таълим ташкилотлари томонидан ўтказилаётган илмий тадқиқотлар мазкур мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низомга асосан ажратилган Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари, буюртмачилар маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
76. Олий таълим ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бюджет ҳисобини юритади ва молиявий ҳисоботларини тузади, статистик ва бухгалтерия ҳисобини олиб боради.
77. Олий таълим ташкилотида бюджет ва молиявий интизом устидан назорат бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
11-боб. Халқаро ҳамкорлик ва қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш
78. Олий таълим ташкилоти олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тузган икки ва кўп томонлама шартномалар доирасида қуйидаги йўллар орқали амалга оширади:
талабалар, таянч докторантлар, докторантлар, педагогик ва илмий ходимларни икки ва кўп томонлама алмашув дастурларида иштирок этиш;
қўшма фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар, тажриба-конструкторлик ишлар олиб бориш, конгресслар, анжуманлар, симпозиумлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш;
олий таълимни такомиллаштириш бўйича халқаро дастурларда иштирок этиш;
халқаро рейтинги юқори бўлган, нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларининг таълим дастурлари асосида интеграциялаштирилган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш жараёнини йўлга қўйиш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўшма олий таълим ташкилотларини яратиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 июлдаги 421-сон «Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан қўшма таълим дастурлари асосида таълим жараёнини амалга ошириш;
хорижий ташкилот ва корхоналар, олий таълим ташкилотлари билан илмий-ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш.
79. Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикасида ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий мамлакатларда педагогик ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши давлатлараро, идоралараро, шунингдек хорижий юридик шахслар билан олий таълим ташкилоти томонидан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.
12-боб. Якуний қоидалар
80. Олий таълим ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тугатилади ва қайта ташкил этилади.
81. Олий таълим ташкилоти фаолиятидан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда олий таълим ташкилотлари тасарруфида бўлган вазирликлар ва идораларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
82. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Вазир К. ШАРИПОВ
Спорт вазири А. ИКРАМОВ
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Б. ИСЛАМОВ
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А. АБДУХАКИМОВ
Ташқи ишлар вазири Б. САИДОВ
Дин ишлари бўйича қўмита раиси С. ТОШБОЕВ
Туризм қўмитаси раиси А. АҚҚУЛОВ
Бадиий академия раиси А. НУРИДИНОВ
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари О. ПЕКОС
Транспорт вазири И. МАХКАМОВ
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Э. КАРИМОВА
Қишлоқ хўжалиги вазири И. АБДУРАХМОНОВ
Маданият вазири О. НАЗАРБЕКОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 10 март,
2026 йил 5 март
2026 йил 12 февраль
2026 йил 10 февраль
2026 йил 6 февраль
2026 йил 28 январь
2026 йил 28 январь
2026 йил 27 январь
2026 йил 26 январь
2026 йил 8 январь
2025 йил 22 декабрь
2025 йил 22 декабрь
2025 йил 19 декабрь
2025 йил 18 декабрь
99-сон
Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining
buyrugʻi
NIZOM
Oliy taʼlim toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Oliy taʼlim toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Madaniyat vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Transport vazirligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi, Sport vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Turizm qoʻmitasi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita hamda Badiiy akademiya bilan kelishilgan.
3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining 2026-yil 10-martdagi 99-son buyrugʻiga ILOVA
Oliy taʼlim toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom oliy taʼlim jarayoni va tizimini tashkil etish, uning moliyaviy, mulkiy hamda xalqaro hamkorlik munosabatlarini, Oʻzbekiston Respublikasi milliy malakalar ramkasining 6 va 7-malaka darajalariga muvofiq oliy taʼlim tashkilotlarida yuqori malakali kadrlar tayyorlashni, shuningdek oliy taʼlim tashkilotlari talabalari va xodimlarining huquq va majburiyatlarini belgilaydi.
Ushbu Nizom oliy harbiy hamda harbiylashtirilgan taʼlim muassasalariga tatbiq etilmaydi.
Mazkur Nizom Oʻzbekistonda faoliyat olib borayotgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari hamda ularning filiallariga qonunchilik hujjatlariga muvofiq qoʻllaniladi.
Ushbu Nizom qoidalari nodavlat oliy taʼlim tashkilotlariga nisbatan tavsiyaviy xarakterga ega.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
oliy taʼlim — bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha yuqori malakali kadrlar tayyorlashni taʼminlovchi taʼlim turi ;
bakalavriat — oliy taʼlim yoʻnalishlaridan biri boʻyicha chuqurlashtirilgan bilim, malaka va koʻnikmalar beradigan, oʻqish davomiyligi kamida uch yil boʻlgan tayanch oliy taʼlim bosqichi ;
magistratura — tegishli bakalavriat negizidagi aniq mutaxassislik boʻyicha oʻqish davomiyligi kamida bir yil boʻlgan oliy taʼlim bosqichi ;
bakalavr — bakalavriatning muayyan taʼlim yoʻnalishi boʻyicha oliy taʼlim tashkilotini muvaffaqiyatli bitirgan shaxsga beriladigan akademik daraja;
magistr — magistraturaning muayyan mutaxassisligi boʻyicha oliy taʼlim tashkilotini muvaffaqiyatli bitirgan shaxsga beriladigan akademik daraja;
diplomli mutaxassis — oliy taʼlim tashkilotlarida 1997-yilgacha joriy etilgan mutaxassislik dasturlari boʻyicha olingan oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplomga ega boʻlgan shaxslar;
oliy taʼlim tashkiloti — oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari va taʼlim dasturlariga muvofiq muayyan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha qonunchilik hujjatlariga muvofiq taʼlim beruvchi yuridik shaxs;
oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari — davlat tomonidan oliy taʼlimning mazmuni va sifatiga nisbatan talablarni belgilovchi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (bundan buyon matnda vazirlik deb yuritiladi) tomonidan tasdiqlanadigan Oʻz DSt 3556:2021 “ Oliy taʼlimning davlat taʼlim standarti. Asosiy qoidalar ” (hisob raqami 43, 2021-yil 27-oktabr) va Oliy taʼlimning davlat taʼlim standarti. Oliy taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklari klassifikatori (roʻyxat raqami 3781, 2026-yil 28-fevral);
oliy maʼlumot haqida davlat namunasidagi hujjat (diplom) — oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari asosida kadrlar tayyorlovchi, davlat akkreditatsiyasidan oʻtgan (litsenziyaga ega) oliy taʼlim tashkiloti bitiruvchisiga beriladigan, uning bakalavr yoki magistr akademik darajasini tasdiqlovchi, unga uzluksiz taʼlimning keyingi bosqichida oʻqishni davom ettirish yoki olgan akademik darajasiga muvofiq ishlash huquqini beruvchi davlat namunasidagi hujjat;
malaka talablari — oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriat yoki magistratura bitiruvchisining kasbiy faoliyat sohasi, obyektlari va turlarini, kasbiy kompetensiyalariga qoʻyiladigan talablarni, ixtisosligini (kvalifikatsiyasini), shuningdek, mazkur kompetensiyalarni shakllanishiga xizmat qiladigan majburiy oʻquv fanlari katalogini belgilaydigan, vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan meʼyoriy-uslubiy hujjat;
oʻquv reja — oliy taʼlimning muayyan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura mutaxassisligi boʻyicha oʻquv faoliyati turlari, oʻquv fanlari va kurslarining tarkibi, ularni oʻrganishning izchilligi, soatlar va kreditlardagi hajmini taʼlim davrining toʻliq muddati uchun belgilaydigan oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tasdiqlanadigan meʼyoriy-uslubiy hujjat;
oʻquv fani — muayyan taʼlim yoʻnalishi va mutaxassislik boʻyicha oʻzlashtirilishi belgilangan oʻquv rejasining tarkibiy qismi va taʼlimning mazmuni boʻlib, talaba egallashi zarur boʻlgan bilim, koʻnikma va kompetensiyalarni oʻzida mujassam etgan tizimlashtirilgan ilmiy-uslubiy majmua;
oʻquv dasturi — taʼlim mazmunini belgilovchi oʻquv fanining asosiy mavzulari, mazmuni, oʻzlashtirilishining eng maqbul usullari, mashgʻulotlar turlari va axborot manbalari koʻrsatilgan oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tasdiqlanadigan meʼyoriy-uslubiy hujjat;
oʻquv yuklamasi — oʻquv dasturlarini oʻzlashtirish uchun zarur boʻlgan akademik soatlar (kreditlar) hajmi;
talaba — oliy taʼlim tashkiloti bakalavriati yoki magistraturasiga belgilangan tartibda qabul qilinib, taʼlim olayotgan shaxs.
2. Oliy taʼlim bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha yuqori malakali kadrlar tayyorlanishini taʼminlaydi .
3. Oliy taʼlimning bakalavriat bosqichi umumiy oʻrta (oʻn bir yillik taʼlim), oʻrta maxsus (toʻqqiz yillik tayanch oʻrta va ikki yillik oʻrta maxsus taʼlim), boshlangʻich kasbiy taʼlim (toʻqqiz yillik tayanch oʻrta va ikki yillik boshlangʻich kasbiy taʼlim) hamda Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuni kuchga kirguniga qadar oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi (toʻqqiz yillik umumiy oʻrta va uch yillik oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi) negizida amalga oshiriladi.
Oliy taʼlimning magistratura bosqichi tegishli bakalavriat negizida amalga oshiriladi.
2-bob. Oliy taʼlimning maqsadi va vazifalari
4. Mamlakatning istiqbolini inobatga olgan holda yuqori malakali, raqobatbardosh, yuksak bilimli, ilm-fan taraqqiyotiga oʻz hissasini qoʻshadigan, mustaqil fikrlay oladigan, vatanparvarlik hissiga ega boʻlgan mutaxassislarni tayyorlash oliy taʼlimning asosiy maqsadi hisoblanadi.
5. Quyidagilar oliy taʼlim sohasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari va xalqaro standartlar asosida yuqori malakali, mustaqil, kreativ va tahliliy fikrlay oladigan kadrlar tayyorlash, ularning intellektual qobiliyatlarini namoyon etishi va maʼnaviy barkamol shaxs sifatida shakllanishi uchun zarur shart-sharoit yaratish;
sohada sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish, taʼlim xizmatlari va oliy taʼlim olish imkoniyatlarini, shuningdek oliy taʼlim qamrovini mehnat bozori ehtiyojlari va jamiyat talab-istaklari asosida kengaytirib borish;
oliy taʼlim tashkilotlarining akademik, tashkiliy-boshqaruv va moliyaviy mustaqilligini taʼminlash;
oliy taʼlimning xalqaro raqobatbardoshligini taʼminlash, taʼlim jarayoniga xalqaro standartlar, raqamli va axborot texnologiyalari, ilgʻor zamonaviy usullar va pedagogik texnologiyalarni keng joriy etish orqali taʼlim sifatini oshirish;
oʻzaro foydali xalqaro hamkorlikni amalga oshirish, xalqaro ilmiy va akademik loyihalar, qoʻshma taʼlim dasturlari, professor-oʻqituvchilar va talabalarning almashuvi va tajriba orttirishini joriy etish;
oliy taʼlim davlat taʼlim standartlari, malaka talablari, oʻquv reja va oʻquv dasturlariga muvofiq bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura taʼlim jarayonini amalga oshirish, taʼlim sifatini yaxshilab borish, yuqori malakali mutaxassislar tayyorlash jarayoniga kadrlar buyurtmachilarini keng jalb qilish;
oliy taʼlim tashkilotlarida ilmiy-tadqiqot ishlari natijadorligini taʼminlash, talabalarni ilmiy faoliyatga keng jalb qilish, ilm-fanning innovatsion infratuzilmasini shakllantirish hamda oliy taʼlimdan keyingi taʼlim institutida ilmiy va ilmiy-pedagogik kadrlarni tayyorlash;
oliy taʼlim, ilm-fan va ishlab chiqarishning oʻzaro integratsiyasini taʼminlash hamda oliy taʼlim tizimining innovatsion va investitsiyaviy jozibadorligini oshirish;
professor-oʻqituvchilar va talabalarning fan, texnika, texnologiyalarni rivojlantirishga qaratilgan ilmiy-ijodiy faoliyati va tadqiqotlari uchun sharoit yaratish, ularning ijtimoiy himoyasini taʼminlash hamda ushbu faoliyat jarayonida samarali yutuqlarga erishishini ragʻbatlantirish;
oliy taʼlim tashkilotlarini tizimli rivojlantirish, boshqaruv faoliyatini takomillashtirish, moddiy-texnik taʼminotini mustahkamlash, korrupsiyaga qarshi kurashish, shaffoflikni taʼminlashning taʼsirchan mexanizmlarini joriy etish.
3-bob. Oliy taʼlim tizimining tuzilishi
6. Oliy taʼlim tizimi quyidagilardan iborat :
oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari, malaka talablari, oʻquv rejalari, oʻquv dasturlari va ularni amalga oshiruvchi oliy taʼlim tashkilotlari;
oliy taʼlim tizimining faoliyat koʻrsatishi va rivojlanishini taʼminlash uchun zarur boʻlgan tadqiqot ishlarini bajaruvchi ilmiy-pedagogik tashkilotlar;
taʼlim sifatini baholashni amalga oshiruvchi tashkilotlar;
oliy taʼlimni boshqarish boʻyicha vakolatli davlat organi, shuningdek uning tasarrufidagi tashkilotlar.
7. Oliy maʼlumot haqida davlat namunasidagi hujjat (diplom) beruvchi oliy taʼlim tashkilotlarida bakalavr va magistrlarni tayyorlash oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari, bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha malaka talablari, oʻquv reja va oʻquv dasturlari asosida amalga oshiriladi.
8. Oliy taʼlim tashkilotlarining quyidagi turlari mavjud:
universitet;
institut;
akademiya;
konservatoriya;
oliy maktab;
filial;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq maqomi (statusi) ularga tenglashtirilgan boshqa oliy taʼlim tashkilotlari.
9. Oliy taʼlim tashkilotlarining turlari quyidagicha belgilanadi:
universitet — oliy taʼlimning kamida uchta taʼlim sohasida hamda oliy taʼlimdan keyingi taʼlim boʻyicha kadrlar tayyorlovchi, kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish hamda ilmiy-tadqiqot faoliyati bilan yuqori darajada shugʻullanuvchi yirik oliy taʼlim tashkiloti;
institut — oliy taʼlimning kamida ikkita taʼlim sohasida hamda oliy taʼlimdan keyingi taʼlim boʻyicha kadrlar tayyorlovchi, kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish hamda ilmiy-tadqiqot faoliyati bilan shugʻullanuvchi oliy taʼlim tashkiloti;
akademiya — oliy va oliy taʼlimdan keyingi taʼlimning muayyan yoʻnalish va mutaxassisliklari boʻyicha kadrlar tayyorlovchi, kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish hamda muayyan yoʻnalish boʻyicha ilmiy-tadqiqot faoliyatini amalga oshiruvchi oliy taʼlim tashkiloti;
konservatoriya — musiqa sanʼati sohasi boʻyicha oliy va oliy taʼlimdan keyingi taʼlimni, ushbu soha boʻyicha kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish hamda ilmiy tadqiqot faoliyatini amalga oshiruvchi oliy taʼlim tashkiloti;
oliy maktab — taʼlimning muayyan yoʻnalish va mutaxassisliklari boʻyicha amaliy mutaxassis kadrlar tayyorlaydigan hamda ilmiy-tadqiqot faoliyatini amalga oshiruvchi oliy taʼlim tashkiloti;
filial — oliy taʼlimning ehtiyoj yuqori boʻlgan yoʻnalish va mutaxassisliklari boʻyicha kadrlar tayyorlovchi, kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish hamda ilmiy tadqiqot faoliyatini amalga oshiruvchi oliy taʼlim tashkilotining hududlarda tashkil etilgan yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan tarkibiy boʻlinmasi.
10. Oliy taʼlim tashkilotlarida kadrlar tayyorlash yoʻnalishlari va taʼlim berish shakllari boʻyicha fakultetlar, registrator ofislari, filiallar, kafedralar, oʻquv, oʻquv va ilmiy laboratoriyalar, ilmiy tashkilotlar, IT-klaster (axborot texnologiyalar parki, texnopark) va boshqa tarkibiy boʻlinmalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tashkil etiladi.
11. Oliy taʼlim tashkilotlarida oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari, bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha malaka talablarining bajarilishi hamda kadrlar tayyorlash va ularning malakasini oshirish sifatini nazorat qilish vazirlik tomonidan amalga oshiriladi .
4-bob. Bakalavriat va magistratura
12. Bakalavriat taʼlim bosqichi boʻyicha oliy taʼlim tashkilotlarida oʻqitish kunduzgi, sirtqi, kechki, masofaviy, dual va qonunchilikda belgilangan boshqa taʼlim shakllarida amalga oshiriladi.
13. Bakalavriat taʼlim bosqichida oʻqish kamida uch yil davom etadi. Bakalavriatda ishlab chiqarishdan ajralmagan holda oʻqish muddati kunduzgi taʼlim shakliga nisbatan sirtqi taʼlim shaklida kamida bir oʻquv yili, kechki taʼlim shaklida kamida yarim oʻquv yili muddatiga uzaytiriladi.
14. Oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari asosida kadrlar tayyorlovchi oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriat va magistratura bitiruvchilariga davlat attestatsiyasi natijalariga koʻra tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va ixtisoslik (kvalifikatsiya) yoki magistratura mutaxassisligi va ixtisoslik (kvalifikatsiya) boʻyicha oliy maʼlumot haqida davlat namunasidagi hujjat (diplom) va uning ilovasi beriladi.
15. Bakalavrlar va magistrlarni tayyorlashga qoʻyiladigan talablar oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari, bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisligi boʻyicha malaka talablarida belgilanadi.
16. Oliy taʼlimning bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisligining oʻquv reja va oʻquv dasturlari mazmuniga qoʻyiladigan umumiy talablar va ularni ishlab chiqish, malaka talablarining asosiy qoidalari va ularni ishlab chiqish tartibi, oʻquv yuklamasining hajmi, kadrlar tayyorlash sifatini baholash Oʻz DSt 3556:2021 “ Oliy taʼlimning davlat taʼlim standarti. Asosiy qoidalar ” (hisob raqami 43, 2021-yil 27-oktabr) asosida belgilanadi.
Oliy taʼlimning bilim sohalari, taʼlim sohalari hamda bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari Oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari. Oliy taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklari klassifikatorida (roʻyxat raqami 3781, 2026-yil 28-fevral) belgilanadi.
17. Bakalavr va magistrning kasbiy faoliyat sohasi, kasbiy faoliyat sohasining obyektlari va turlari, kasbiy vazifa va kompetensiyalariga qoʻyiladigan talablar, ixtisosligi (kvalifikatsiyasi), shuningdek mazkur kompetensiyalarni shakllanishiga xizmat qiladigan majburiy oʻquv fanlari katalogi har bir bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va magistratura mutaxassisligi boʻyicha ishlab chiqiladigan malaka talablarida belgilanadi.
18. Bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassislarining malaka talablari bevosita kadrlar buyurtmachilari va ish beruvchi tashkilotlarning talab va takliflari asosida hamda ular bilan hamkorlikda oliy taʼlim tashkilotlari (oliy taʼlim tashkilotlarining taʼlim sohalari boʻyicha uyushmalari) tomonidan ishlab chiqiladi.
Bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassislarining malaka talablari asosida oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan oʻquv reja va oʻquv dasturlari (sillabuslari) ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
19. Bakalavr:
oliy maʼlumotli shaxs egallashi lozim boʻlgan lavozimlarda ishlash;
bakalavriatning mos va turdosh taʼlim yoʻnalishi negizidagi tanlagan mutaxassisligi boʻyicha magistraturada oliy taʼlimni davom ettirish;
kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimida qoʻshimcha kasbiy bilimlarni olish uchun tayyorlanadi.
20. Oliy taʼlimning muayyan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi) boʻyicha malaka talabi, oʻquv rejasi, oʻquv dasturlari (sillabuslari) hamda tegishli uslubiy koʻrsatmalardan iborat meʼyoriy-uslubiy hujjatlar majmuasi ushbu taʼlim yoʻnalishi (mutaxassisligi)ning taʼlim dasturi deb yuritiladi.
21. Magistratura va magistrlar tayyorlashning asosiy qoidalari, tartibi va talablari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2015-yil 2-martdagi 36-son qarori bilan tasdiqlangan Magistratura toʻgʻrisidagi nizom bilan belgilanadi.
5-bob. Taʼlim jarayonini tashkil etish
22. Oliy maʼlumot haqida davlat namunasidagi hujjat (diplom) beruvchi oliy taʼlim tashkilotlarida taʼlim jarayoni oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari, tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha malaka talablari, oʻquv reja va oʻquv dasturlariga muvofiq tashkil etiladi.
23. Oliy taʼlim tashkilotlarida oʻquv mashgʻulotlarining maʼruza, seminar, amaliy mashgʻulot, laboratoriya ishi, kollokvium, kurs ishi (loyihasi), yakka tartibdagi oʻquv mashgʻuloti, maslahat, mustaqil taʼlim, mustaqil ish, oʻquv dala amaliyoti, malakaviy amaliyot, tajriba orttirish (stajirovka), bakalavriat talabalari uchun bitiruv malakaviy ishi, diplom loyihasi, magistrantlar uchun magistrlik dissertatsiyasi va boshqa turlari joriy qilinadi.
24. Oʻquv jarayoni Kredit toʻplash va koʻchirishning Yevropa tizimiga (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) asoslangan milliy kredit-modul tizimiga muvofiq amalga oshiriladi.
Kredit-modul tizimini taʼlim jarayoniga tatbiq etish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-dekabrdagi 824-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom hamda oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari asosida amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Hukumatining qarorlariga muvofiq oliy taʼlim tashkilotlarining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda oʻquv jarayoni kredit-modul tizimidan boshqa tizim asosida amalga oshirilishi mumkin.
25. Oliy taʼlim tashkilotlarida oʻquv yili, odatda, talabalar oʻzlashtirishini nazorat qilish uchun oʻtkaziladigan yakuniy baholash bilan tugaydigan ikki semestrga boʻlinadi.
Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholash Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholash tizimi toʻgʻrisidagi nizom (roʻyxat raqami 3069, 2018-yil 26-sentabr) asosida amalga oshiriladi.
26. Malakaviy amaliyotlarning barcha turlari davlat oliy taʼlim tashkilotlarida, oliy taʼlim tashkiloti va amaliyot oʻtilishi moʻljallangan tashkilot oʻrtasidagi ikki tomonlama shartnoma asosida, oʻquv rejalar va qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻtkaziladi.
27. Oliy taʼlimning bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha oʻquv reja va oʻquv dasturlarini oʻzlashtirish natijalari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-dekabrdagi 836-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan baholanadi.
28. Jismoniy shaxslar shartnoma asosida ikkinchi va undan keyingi oliy maʼlumotni olish huquqiga ega.
29. Oliy taʼlimning fan va ishlab chiqarish bilan integratsiyasi quyidagi usullar orqali amalga oshiriladi:
oʻquv-ilmiy-ishlab chiqarish komplekslarini yaratish;
yetakchi olim va ishlab chiqarish mutaxassislarini oʻquv jarayoni va ilmiy tadqiqotlarga jalb etish;
amaldagi qonunchilikka muvofiq, ilmiy tashkilotlarda, korxona va muassasalarda oliy taʼlim tashkilotlari markazlari, laboratoriyalari va kafedralari filiallarini yaratish.
6-bob. Oliy taʼlim tashkiloti talabalari
30. Talabaga talabalik guvohnomasi (ID kart) berilishi mumkin.
31. Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarni oʻqitish faoliyati Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish axborot tizimi yordamida tartibga solinadi va monitoring qilinadi.
32. Oliy taʼlim tashkilotlarining talabalari quyidagi huquqlarga ega:
oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlariga muvofiq yuqori sifatli oliy taʼlim olish;
fan, texnika va zamonaviy texnologiyalar rivojlanishining ayni vaqtdagi rivojlanish darajasiga muvofiq bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari oʻquv reja va oʻquv dasturlarini yanada takomillashtirish yuzasidan oliy taʼlim tashkiloti rahbariyatiga taklif berish;
oliy taʼlim tashkilotlari faoliyati boʻyicha taʼlim jarayoniga oid muhokamalarda ishtirok etish;
kutubxona, axborot resurslari, oʻquv, ilmiy, davolash va boshqa boʻlinmalar xizmatidan oliy taʼlim tashkiloti nizomida belgilangan tartibda bepul foydalanish;
ilmiy-tadqiqot va ilmiy-ijodiy ishlarda, anjumanlarda, simpoziumlarda, xalqaro va respublika koʻrgazmalarida, festivallarda ishtirok etish;
ilmiy-tadqiqot yoʻnalishlari boʻyicha tayyorlagan ishlarni nashrga taqdim etish;
oliy taʼlim tashkiloti rahbariyati qarorlaridan norozi boʻlgan taqdirda, belgilangan tartibda shikoyat qilish;
oliy taʼlim tashkiloti talabalarining akademik mobillik va qoʻshma taʼlim dasturlarida ishtirok etish.
Talabalar qonunchilikda belgilangan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
33. Oliy taʼlim tashkilotining oʻquv boʻlinmalarida harbiy tayyorgarlik taʼlimidan oʻtmagan talabalar taʼlim muassasasini tamomlaganlaridan keyin Oʻzbekiston Respublikasining “Umumiy harbiy majburiyat va harbiy xizmat toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq muddatli harbiy xizmatni oʻtash uchun chaqiriladilar .
34. Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarni taʼlim olish bilan bogʻliq boʻlmagan ishlarga jalb etish taqiqlanadi.
35. Talabalar taʼlim dasturlarida belgilangan bilimlarni olishlari, oʻquv rejada tavsiya etilgan majburiy hamda tanlov fanlarini oʻzlashtirishi, oʻquv rejasida nazarda tutilgan barcha turdagi mashgʻulotlarda berilgan topshiriqlarni belgilangan muddatda bajarishlari, oliy taʼlim tashkilotining nizomiga, ichki tartib qoidalari va talabalar turar joyi talablariga rioya qilishlari shart.
36. Kunduzgi taʼlim shaklida tahsil olayotgan talabalarga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-yanvardagi 59-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim muassasalari talabalariga stipendiyalar tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan stipendiya toʻlanadi.
37. Talabalar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2008-yil 13-oktabrdagi 226-son “Oʻzbekiston iqtidorli yoshlarini taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida”gi qaroriga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalarini olishlari mumkin.
38. Kunduzgi taʼlim shaklida tahsil olayotgan talabalar oʻquv mashgʻulotlaridan boʻsh vaqtlarida, oʻqish jarayoniga zarar yetkazmagan holda, mehnat qonunchiligiga muvofiq va unda belgilangan meʼyorlardan oshmagan hajmda mehnat shartnomasi asosida oliy taʼlim tashkilotining oʻzida yoki boshqa korxona va tashkilotlarda ishlashi mumkin.
39. Taʼlim jarayonida talabalarga akademik taʼtil berilishi mumkin. Akademik taʼtil berish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 3-iyundagi 344-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalari talabalariga akademik taʼtil berish toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
40. Taʼlim dasturida belgilangan fanlarni oʻzlashtira olmagan talabalar akademik qarzdor hisoblanadi va akademik qarzlarni bartaraf etish jarayoni bilan bogʻliq masalalar qonunchilik hujjatlari bilan tartibga solinadi.
41. Boshqa shaharlardan kelgan va turar joyga muhtoj talabalarga talabalar turar joyidan belgilangan tartibda muayyan muddatga oliy taʼlim tashkiloti imkoniyatlaridan kelib chiqib joy berilishi mumkin .
Talabalar turar joyi bilan qamrab olinmagan va oʻziga, shu jumladan ota-onasi (qonuniy vakillari)ga tegishli boʻlmagan uyda ijara huquqi asosida yashaydigan davlat oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining 60 foiziga ular tomonidan toʻlanadigan oylik ijara toʻlovining 50 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab beriladi .
Oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan mazkur tashkilotlarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan ijara huquqi asosida yashaydigan boshqa talabalarga ham oylik ijara toʻlovining bir qismi qoplab berilishi mumkin .
Talabalar turar joylaridan qonunchilikda belgilanmagan boshqa maqsadlarda (ijaraga berish, oldi-sotdi, hadya va boshqalar) foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
42. Oliy taʼlim tashkilotlarining ichki tartib-qoidalari va odob-axloq qoidalariga muvofiq talabalar:
a) 18 soat dars qoldirgan taqdirda (salomatligi sababli belgilangan shakldagi tibbiy maʼlumotnoma taqdim etilgan holat bundan mustasno) oliy taʼlim tashkiloti tomonidan ogohlantiriladi;
b) 30 soat dars qoldirgan taqdirda (salomatligi sababli belgilangan shakldagi tibbiy maʼlumotnoma taqdim etilgan holat bundan mustasno) oliy taʼlim tashkiloti tomonidan qatʼiy ogohlantiriladi va bu haqda ota-onasi (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar) xabardor qilinadi.
43. Oliy taʼlim tashkiloti talabalari safidan chetlashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 13-sentabrdagi 578-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan amalga oshiriladi.
7-bob. Oliy taʼlim tashkiloti xodimlari
44. Oliy taʼlim tashkilotlarida Oliy taʼlim muassasalari boshqaruv, texnik, xizmat koʻrsatuvchi va oʻquv-yordamchi xodimlarining namunaviy shtatlariga muvofiq (roʻyxat raqami 2859, 2017-yil 21-fevral) pedagog xodimlar, boshqaruv, texnik, xizmat koʻrsatuvchi va oʻquv-yordamchi xodimlar faoliyat olib boradi.
Pedagog xodimlar tarkibiga kafedra mudiri, professor, dotsent, katta oʻqituvchi, assistent, oʻqituvchi, oʻqituvchi-stajyor lavozimida ishlayotgan shaxslar kiradi.
Pedagog xodimning maqomi va pedagogik faoliyat bilan shugʻullanishga oid cheklovlar Oʻzbekiston Respublikasining “Pedagogning maqomi toʻgʻrisida”gi Qonuniga asosan belgilanadi.
45. Oliy taʼlim tashkiloti professor-oʻqituvchilari tarkibining soni mos ravishda bakalavriat va magistraturada Oliy taʼlim tashkilotlarida taʼlim sohalari (taʼlim yoʻnalishlari) boʻyicha bir nafar oʻqituvchi hisobiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbatining normativlariga (roʻyxat raqami 3345, 2022-yil 24-yanvar) muvofiq boʻlishi lozim.
46. Professor-oʻqituvchilarning egallab turgan lavozimiga koʻra oʻquv yuklamasi hajmi fakultet dekanining (kafedra mudirlari) takliflariga muvofiq kelgusi oʻquv yili boshlanguniga qadar oliy taʼlim tashkiloti Kengashi tomonidan koʻrib chiqiladi hamda yagona taqsimot shaklida tasdiqlanadi .
47. Oliy taʼlim tashkiloti professor-oʻqituvchilarning oʻquv yuklamasi hamda oʻquv, oʻquv-uslubiy, ilmiy-tadqiqot, “ustoz-shogird” va boshqa ish turlarini belgilash Oliy taʼlim muassasasi professor-oʻqituvchilar tarkibining oʻquv yuklamasi hamda oʻquv-uslubiy, ilmiy-tadqiqot va “ustoz-shogird” ishlarini belgilash qoidalariga (roʻyxat raqami 3076, 2018-yil 8-oktabr) muvofiq belgilanadi.
Professor-oʻqituvchilarning oʻquv yuklamasi hajmini belgilashda, shuningdek, ularning ilmiy darajasi va ilmiy unvoni ham inobatga olinishi mumkin.
48. Oliy taʼlim tashkilotlariga pedagog xodimlar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2006-yil 10-fevraldagi 20-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim muassasalariga pedagog xodimlarni tanlov asosida ishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan ishga qabul qilinadi.
49. Oliy taʼlim tashkilotlari pedagog xodimlarining lavozimlariga qoʻyiladigan malaka ramkalari va kasbiy standartlar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 30-sentabrdagi PQ-345-son “Oʻzbekiston Respublikasi milliy malaka tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga asosan belgilanadi.
50. Oliy taʼlim tashkilotlarining pedagog xodimlari quyidagi huquqlarga ega :
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda va miqdorlarda mehnat haqi, ustama va moddiy ragʻbatlantirish toʻlovlarini olish;
zamonaviy pedagogik texnologiyalarni, oʻqitish va tarbiya vositalarini hamda usullarini erkin tanlash va ulardan foydalanish;
belgilangan tartibda mualliflik dasturlarini va oʻqitish uslubiyotini ishlab chiqish va joriy etish, ijodiy faollik koʻrsatish, shuningdek tegishli oʻquv fanlari, kurslari va modullaridan foydalanish;
kasbiy faoliyatni amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratilishini talab qilish;
oʻquv, ilmiy va uslubiy yoʻnalishlardagi davlat axborot-resurs hamda axborot-kutubxona markazlarining xizmatlaridan bepul foydalanish;
oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlarini, malaka talablarini, oʻquv rejalari va oʻquv dasturlarini ishlab chiqish jarayonida ishtirok etish;
ilmiy, ilmiy-tadqiqot va ijodiy faoliyatni amalga oshirish, tajriba-sinov faoliyatida ishtirok etish, innovatsiyalarni ishlab chiqish va joriy etish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq ijodiy va mehnat taʼtili olish;
taʼlim tashkilotini boshqarishda, shuningdek taʼlim tashkilotining faoliyati bilan bogʻliq masalalarni muhokama qilishda ishtirok etish;
oʻz kasbiy huquqlarini va manfaatlarini ifoda etish hamda himoya qilish uchun pedagoglarning jamoat birlashmalariga birlashish va ularda ishtirok etish;
oʻz kasbiy faoliyatiga gʻayriqonuniy ravishda aralashuvdan himoyalanish;
pedagogik faoliyati davomida oʻziga biriktirilgan kursdagi (guruhdagi) taʼlim oluvchilarning bilimini mustaqil baholash;
talabalar va ularning ota-onalari (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar, qonuniy vakillari) tomonidan pedagogning kasbiga hurmat bilan munosabatda boʻlishni talab qilish;
davlat sogʻliqni saqlash muassasalarida majburiy tibbiy koʻrikdan bepul oʻtish (davlat taʼlim tashkilotlari uchun);
oliy taʼlim oluvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilishda ishtirok etish;
oliy taʼlim tashkiloti rahbariyatining buyruqlari va qarorlaridan norozi boʻlganda qonunchilikda belgilangan tartibda murojaat qilish.
Pedagog xodimlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
51. Oliy taʼlim tashkilotlari pedagog xodimlarining majburiyatlari quyidagilardan iborat :
taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining shaʼni, qadr-qimmati va ishchanlik obroʻsini hurmat qilishi;
oʻquv mashgʻulotlarini oʻquv dasturlari va davlat taʼlim standartlariga muvofiq sifatli oʻtkazishi;
oʻquv mashgʻulotlari davomida taʼlim oluvchilarning bilim darajasini oshirish uchun zarur choralar koʻrishi;
axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan, oʻqitish va tarbiyaning ilgʻor hamda innovatsion shakllari va usullaridan foydalanishi;
dars berayotgan fanlari orqali talabalarda tanlagan yoʻnalish (mutaxassisligi) boʻyicha tegishli kompetensiyalarni shakllantirishi;
taʼlim oluvchilarning psixologik va oʻziga xos xususiyatlarini, jismoniy va ruhiy salomatligini, fiziologik rivojlanishini hisobga olishi, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan shaxslarni oʻqitish uchun shart-sharoitlar yaratilishiga eʼtibor qaratishi va ularni kamsitmasligi;
oʻz malakasini muntazam ravishda oshirib borishi, egallab turgan lavozimiga muvofiqlik jihatidan davriy attestatsiyadan oʻtishi;
oliy taʼlim tashkilotining ustaviga va (yoki) boshqa taʼsis hujjatlariga, ichki mehnat tartibi qoidalariga va pedagogik etika qoidalariga rioya etishi;
oʻquv va ilmiy-tadqiqot jarayonlarining yuqori samaradorligini taʼminlashi;
talabalarda mustaqil fikrlash, tashabbuskorlikni va ijodiy qobiliyatlarni rivojlantirishi;
majburiy tibbiy koʻrikdan oʻz vaqtida oʻtishi shart.
Pedagog xodimlarga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham berilishi mumkin.
52. Oliy taʼlim tashkilotlarida kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-sentabrdagi 797-son “Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining malakasini oshirish tizimini yanada takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga asosan amalga oshiriladi.
53. Oliy taʼlim tashkilotlari pedagog xodimlari oliy taʼlimdan keyingi taʼlim faoliyati bilan shugʻullanishlari mumkin.
Oliy taʼlim tashkilotlarida oliy taʼlimdan keyingi taʼlim Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 22-maydagi 304-son “Oliy taʼlimdan keyingi taʼlim tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qarori asosida amalga oshiriladi.
Oliy taʼlimdan keyingi taʼlim institutiga kirish, ilmiy va oliy taʼlim tashkilotlarida pedagogik faoliyat bilan shugʻullanish sohasida diplomli mutaxassis diplomi magistr diplomi bilan teng huquqli hisoblanadi .
8-bob. Oliy taʼlim tizimini boshqarish
54. Oʻzbekiston Respublikasida oliy taʼlim tashkilotining boshqaruvi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi, vazirlik, tasarrufida oliy taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirliklar va idoralar tomonidan qonunchilik hujjatlari asosida ularga berilgan vakolatlar doirasida amalga oshiriladi.
55. Davlat oliy taʼlim tashkiloti Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga, shtampiga, blankalariga va qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻzining faoliyati uchun zarur boʻlgan boshqa xizmat belgilari va rekvizitlarga ega boʻladi.
56. Oliy taʼlim tashkilotlarining bevosita boshqaruvi uning rektori (direktori) tomonidan amalga oshiriladi.
57. Davlat va davlat ulushi mavjud boʻlgan oliy taʼlim tashkilotining rektori (xorijiy oliy taʼlim tashkiloti filialining mahalliy rektori yoki direktori, ijrochi direktori) boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora rahbarining tavsiyasiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi .
58. Oliy taʼlim tashkilotining faoliyati uchun rektor (direktor) masʼul hisoblanadi.
59. Rektor (direktor) Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlari va oliy taʼlim tashkilotining ustaviga muvofiq oliy taʼlim tashkiloti nomidan faoliyat yuritadi, belgilangan tartibda mol-mulkka egalik qiladi, shartnomalar tuzadi, ishonchnomalarni taqdim etadi.
60. Oliy taʼlim tashkiloti vakolatlari doirasida rektor (direktor):
prorektorlar (direktor oʻrinbosarlari), dekanlar va boshqa tarkibiy boʻlinmalarning aniq vazifalari, majburiyatlari va masʼuliyatini belgilab beradi;
oliy taʼlim tashkiloti xodim, professor-oʻqituvchilar va talabalar bajarishi majburiy boʻlgan buyruq va topshiriqlar chiqaradi;
ishchi va xizmatchilar hamda pedagogik xodimlarni Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ishga qabul qiladi va ishdan boʻshatadi;
oliy taʼlim tashkiloti tarkibiga kiruvchi ilmiy-tadqiqot, tajribaviy-eksperimental va boshqa tashkilotlar hamda boʻlimlarning vakolatlarini aniqlab beradi va ular toʻgʻrisidagi nizom (yoʻriqnoma)larni tasdiqlaydi;
oliy taʼlim tashkiloti xodimlari lavozim maoshlariga ustama va boshqa qoʻshimcha toʻlovlarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda belgilab beradi;
kasaba uyushmasi qoʻmitasi yoki boshqa davlat vakolatli organi bilan kelishilgan holda ichki tartib-qoidalarini tasdiqlaydi;
qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni bajaradi.
61. Rektor (direktor) oliy taʼlimni boshqarish boʻyicha vakolatli davlat organi bilan kelishilgan holda, oliy taʼlim tashkiloti Kengashining tavsiyasiga koʻra fakultetlar, kafedralar va boshqa tarkibiy boʻlinmalarni tashkil etish va tugatish huquqiga ega (moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotlari bundan mustasno).
62. Oliy taʼlim tashkiloti faoliyatining asosiy masalalarini koʻrib chiqish uchun oliy taʼlim tashkiloti Kengashi tashkil qilinadi.
Oliy taʼlim tashkiloti Kengashning tarkibi, vakolatlari, shakllantirish tartibi va faoliyati oliy taʼlim tashkiloti rektori tomonidan belgilanadi.
63. Davlat va davlat ulushi mavjud boʻlgan oliy taʼlim tashkilotlarining prorektorlari (mahalliy oliy taʼlim tashkilotlarining filiali direktori, uning oʻrinbosarlari, xorijiy oliy taʼlim tashkiloti direktori oʻrinbosarlari) oliy taʼlim tashkiloti rektorining tavsiyasiga asosan boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora rahbari tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi, bunda kelishuv masalalari qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi .
64. Davlat oliy taʼlim tashkilotlarining fakultet dekanlari hamda boʻlim boshliqlari oliy taʼlim tashkilotining rektori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
65. Oliy taʼlim tashkilotida jamoatchilik boshqaruv organi sifatida Vasiylik (Kuzatuv) kengashi tashkil qilinishi mumkin. Qoida tariqasida, uning tarkibiga taʼsischi(lar), mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, vazirlik va idoralar, muassasa va tashkilotlar, ish beruvchilar, sanoat hamkorlari, boshqa taʼlim tashkilotlari, jamoat tashkilotlari, jamgʻarmalar va homiylarning vakillari kiradi.
66. Oliy taʼlim tashkiloti oʻz huzuridagi akademik litseylar hamda ixtisoslashgan maktablarning faoliyatiga oʻquv-uslubiy koʻmak koʻrsatadi .
67. Amaldagi qonunchilik va oliy taʼlim tashkiloti ustaviga muvofiq unda jamoat tashkilotlari, ilmiy va koʻngilli jamiyatlar, ilmiy darajalar beruvchi ilmiy, ilmiy-uslubiy, ilmiy-texnik kengashlar tashkil qilinishi mumkin.
68. Oliy taʼlim tashkilotlarining tuzilmalari tegishli oliy taʼlim tashkilotlarining rektorlari (mahalliy oliy taʼlim tashkilotlari filiallarining direktorlari) tomonidan oliy taʼlim tashkilotlari uchun belgilangan normativlarga muvofiq boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi (moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotlari bundan mustasno).
9-bob. Oliy taʼlim tashkilotining mulki
69. Oliy taʼlim tashkiloti jamgʻarmalar va aylanma mablagʻlar, shuningdek uning ustavida belgilangan faoliyatni taʼminlash uchun zarur boʻlgan boshqa moddiy resurslarga ega boʻlishi mumkin.
70. Oliy taʼlim tashkiloti homiylik, begʻaraz yordam shaklida unga jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan oʻtkazilgan pul mablagʻlari va mulkni, shuningdek qonunchilik hujjatlariga muvofiq, xalqaro va moliyaviy tashkilotlar va xorijiy davlatlar vakolatxonalari bilan hamkorlikda amalga oshirilgan loyihalar doirasida begʻaraz berilgan mol-mulk hamda tadbirkorlik faoliyatidan olingan foyda va xoʻjalik hisobidagi mulkdan foydalanishdan tushgan daromadlarni olish va mustaqil tasarruf qilish huquqiga ega.
71. Oliy taʼlim tashkilotining mulklaridan foydalanish tartibi, shuningdek, oliy taʼlim tashkilotining daromadlarini olish va undan foydalanish tartibi uning ustavida belgilanadi.
72. Oliy taʼlim tashkiloti uning faoliyati natijasi hisoblanuvchi intellektual va ijodiy mehnat mahsuliga egalik qilish huquqiga ega.
73. Davlat oliy taʼlim tashkilotiga belgilangan tartibda ajratilgan yer maydonlari doimiy bepul foydalanish uchun unga biriktirib qoʻyiladi.
10-bob. Mablagʻ ajratish, hisob-kitob va hisobot berish
74. Oliy taʼlim tashkilotlariga mablagʻ ajratish mutaxassislar tayyorlashga ajratiladigan davlat grantlariga muvofiq respublika budjeti mablagʻlari, shuningdek amaldagi qonunchilik hujjatlari va mazkur Nizomga muvofiq jalb qilingan budjetdan tashqari manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
Korxona, tashkilot va fuqarolardan shartnoma asosida olingan mablagʻlardan oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan qonunchilik hujjatlariga va shartnoma shartlarida nazarda tutilgan maqsadlarga muvofiq foydalaniladi.
75. Oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan oʻtkazilayotgan ilmiy tadqiqotlar mazkur maqsadlar uchun Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 9-martdagi 133-son qarori bilan tasdiqlangan Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi toʻgʻrisidagi nizomga asosan ajratilgan Oʻzbekiston Respublikasi budjeti mablagʻlari, buyurtmachilar mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.
76. Oliy taʼlim tashkiloti qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda budjet hisobini yuritadi va moliyaviy hisobotlarini tuzadi, statistik va buxgalteriya hisobini olib boradi.
77. Oliy taʼlim tashkilotida budjet va moliyaviy intizom ustidan nazorat budjet toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
11-bob. Xalqaro hamkorlik va qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlash
78. Oliy taʼlim tashkiloti oliy taʼlim sohasidagi xalqaro hamkorlikni xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlar bilan tuzgan ikki va koʻp tomonlama shartnomalar doirasida quyidagi yoʻllar orqali amalga oshiradi:
talabalar, tayanch doktorantlar, doktorantlar, pedagogik va ilmiy xodimlarni ikki va koʻp tomonlama almashuv dasturlarida ishtirok etish;
qoʻshma fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy tadqiqotlar, tajriba-konstruktorlik ishlar olib borish, kongresslar, anjumanlar, simpoziumlar va boshqa tadbirlar oʻtkazish;
oliy taʼlimni takomillashtirish boʻyicha xalqaro dasturlarda ishtirok etish;
xalqaro reytingi yuqori boʻlgan, nufuzli xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarining taʼlim dasturlari asosida integratsiyalashtirilgan taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlash jarayonini yoʻlga qoʻyish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq qoʻshma oliy taʼlim tashkilotlarini yaratish;
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 6-iyuldagi 421-son “Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qaroriga asosan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim jarayonini amalga oshirish;
xorijiy tashkilot va korxonalar, oliy taʼlim tashkilotlari bilan ilmiy-ishlab chiqarish loyihalarini amalga oshirish.
79. Xorijiy fuqarolarni Oʻzbekiston Respublikasida oʻqitish, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijiy mamlakatlarda pedagogik va ilmiy-tadqiqot ishlarini olib borishi davlatlararo, idoralararo, shuningdek xorijiy yuridik shaxslar bilan oliy taʼlim tashkiloti tomonidan tuzilgan shartnomalar asosida amalga oshiriladi.
12-bob. Yakuniy qoidalar
80. Oliy taʼlim tashkiloti qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda tugatiladi va qayta tashkil etiladi.
81. Oliy taʼlim tashkiloti faoliyatidan norozi boʻlgan shaxslar belgilangan tartibda oliy taʼlim tashkilotlari tasarrufida boʻlgan vazirliklar va idoralarga yoki sudga murojaat qilish huquqiga ega.
82. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Vazir K. SHARIPOV
Sport vaziri A. IKRAMOV
Togʻ-kon sanoati va geologiya vaziri B. ISLAMOV
Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi raisi A. ABDUXAKIMOV
Tashqi ishlar vaziri B. SAIDOV
Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi S. TOSHBOYEV
Turizm qoʻmitasi raisi A. AQQULOV
Badiiy akademiya raisi A. NURIDINOV
Sogʻliqni saqlash vaziri A. XUDAYAROV
Raqamli texnologiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari O. PEKOS
Transport vaziri I. MAXKAMOV
Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri E. KARIMOVA
Qishloq xoʻjaligi vaziri I. ABDURAXMONOV
Madaniyat vaziri O. NAZARBEKOV
Toshkent sh.,
2026-yil 10-mart,
2026-yil 5-mart
2026-yil 12-fevral
2026-yil 10-fevral
2026-yil 6-fevral
2026-yil 28-yanvar
2026-yil 28-yanvar
2026-yil 27-yanvar
2026-yil 26-yanvar
2026-yil 8-yanvar
2025-yil 22-dekabr
2025-yil 22-dekabr
2025-yil 19-dekabr
2025-yil 18-dekabr
99-son