📅 2026-yil 8-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 8-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 8 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 апреля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 April 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ТАРКИБИ
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 23 октябрдаги ПҚ-316-сон қарори ижросини таъминлаш, ёшларнинг касбга бўлган қизиқишларини ошириш, ўрта бўғин кадрлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, танлов ғолиби ва иштирокчиларини ички ва ташқи меҳнат бозорида юқори даромадли иш ўрнига эга бўлиш имкониятини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги ПҚ-316-сон қарорига мувофиқ касблар жозибадорлигини ошириш, ўрта бўғин кадрлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, ёшларнинг хорижий касбий танловларда иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун касбий маҳорат миллий танловини ўтказиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танлови (кейинги ўринларда — танлов)га танлаб олинган касблар бўйича топшириқларни ишлаб чиқиш ва экспертлар таркибини шакллантириш;
танловнинг туман (шаҳар), ҳудудий ва республика босқичларини ўтказиш, ғолибларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантириш;
танлов ғолибларини «WorldSkills» халқаро чемпионати мусобақаларида иштирок этиш учун тайёрлаш.
3. Қуйидагилар:
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби 2-иловага мувофиқ;
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ишчи гуруҳларининг намунавий таркиблари 2а ва 2б-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
а) танлов ҳар йили 10 та касб бўйича 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар) ўртасида туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика миқёсида ўтказилади;
б) танловнинг туман (шаҳар) босқичини ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджети даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика босқичларини ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар доирасида, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари ва даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан молиялаштирилади.
Бунда республика босқичи ғолибларини «WorldSkills» халқаро чемпионатига тайёргарлик кўриши ва унга иштирокчиларни юбориш билан боғлиқ харажатлар Агентликка Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;
в) танловнинг республика босқичи ғолибларига бериладиган олтин, кумуш ва бронза медалларини тайёрлаш харажатлари Агентликка ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
5. Агентлик танлов учун ҳар йили 1 декабрга қадар 10 та касб рўйхатини тасдиқласин.
6. Танловни юқори савияда ва сифатли ташкил этиш ҳамда ўтказиш мақсадида қуйидагилар манфаатдор вазирлик ва идораларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
а) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:
ички меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар рўйхатини ҳар йили 1 ноябрга қадар Агентликка тақдим этиш;
танлов ғолиблари ва иштирокчиларининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш;
танлов ғолиблари ва иштирокчиларини тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда ўзини ўзи банд қилишнинг бошқа шаклларини рағбатлантириш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
танловга ҳудуддаги йирик иш берувчи корхоналар (ташкилотлар)ни ихтиёрий равишда жалб қилиш;
танлов доирасида ўтказиладиган мусобақаларни ташкил этиш учун ҳар бир ҳудудда махсус полигонларни ташкил этиш;
танловни ўтказиш юзасидан барча зарур шароитларга эга бўлган бино ва иншоотларни тайёрлаш;
марказий кўчаларга танловга оид махсус ташқи тарғибот материалларини жойлаштириш;
ҳар йили 1 февралга қадар танлов иштирокчилари бандлигини таъминлаш мақсадида ихтиёрий равишда жалб этиладиган йирик иш берувчи корхоналар (ташкилотлар) рўйхатини тасдиқлаш;
в) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги:
танловга хорижий иш берувчи корхона ва ташкилотларни жалб қилиш;
танлов ғолиблари ва иштирокчилари хоҳишига кўра уларнинг ташқи меҳнат бозорида бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
г) Ёшлар ишлари агентлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда:
ёшлар, талабалар ва банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар)нинг танловнинг туман (шаҳар) босқичидаги иштирокини таъминлаш;
танлов тўғрисида тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиш;
д) Оила ва хотин-қизлар қўмитаси:
хотин-қизлар ўртасида танловга оид тарғибот ишларини олиб бориш;
хотин-қизларни танловга жалб қилиш чораларини кўриш.
7. Агентлик Рақамли технологиялар вазирлиги, «Киберхавфсизлик» ДУК ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда танловнинг электрон платформасини ишлаб чиқсин ва уни ишга туширсин.
Бунда ушбу платформани ишлаб чиқиш ва уни ишга тушириш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги 152-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар) ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш, ўтказиш, ғолибларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Танловнинг мақсади ёшларнинг касбга бўлган қизиқишларини ошириш, ўрта бўғин кадрлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, танлов ғолиби ва иштирокчилари учун ички ҳамда ташқи меҳнат бозорида юқори даромадли иш ўрнига эга бўлиш имкониятини яратишдан иборат.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
амалиёт устози — танлов иштирокчиларини танловда иштирок этишга тайёрлаш учун бириктирилган устоз;
бош эксперт — экспертлар гуруҳини бошқарадиган, амалий топшириқларни ишлаб чиқишга, танлов топшириқларини бажариш учун сарф этиладиган хомашёлар ва танловда фойдаланиладиган жиҳозлар рўйхатларини шакллантиришга раҳбарлик қиладиган «Worldskills» стандартлари бўйича баҳолаш сертификатига эга мутахассис;
ишчи гуруҳ — танловни ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни рағбатлантириш ҳамда танлов иштирокчиларини баҳолаш ва экспертлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика даражасида ташкил этилган тузилма;
танлов иштирокчилари — танлов ўтказиладиган йилда 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ва банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар);
танлов ғолиби — танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичида 1 — 5-ўринларни эгаллаган ҳамда республика босқичида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган танлов иштирокчилари;
эксперт — танлов иштирокчиларини «Worldskills» стандарти бўйича баҳолаш методикаси кўникмасига эга бўлган мутахассис;
электрон платформа — танловни ташкил этиш ва иштирокчиларни рўйхатга олиш учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик)нинг электрон ахборот тизими.
4. Танлов адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилади.
Бунда электрон платформадан фойдаланиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.
5. Танловнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларнинг касбий ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун шароитлар яратиш;
касбий маҳорати ва кўникмаси юқори бўлган ёшларни саралаш ҳамда аниқлаш;
ёшларда халқаро стандартларга мос касбий компетенцияларни шакллантириш;
касбий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро тажрибани жорий этиш.
6. Ногиронлиги бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ рухсат этилган касблар бўйича танловда иштирок этишлари мумкин.
7. Танлов ғолибининг кейинги йилларда ушбу касб бўйича ўтказиладиган танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
8. Ҳар йили 1 декабрга қадар танлов ўтказиладиган касблар рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланади.
9. Танлов қуйидаги босқичларда ташкил этилади:
1-босқич — туман (шаҳар) миқёсида;
2-босқич — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;
3-босқич — республика миқёсида.
10. Танловда:
1-босқичда — ёшлар, талабалар ва банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар) орасидан ҳар бир касб кесимида маҳаллалардан 3 нафардан номзод;
2-босқичда — техникум ўқувчилари ҳамда танловнинг 1-босқичида энг юқори натижа кўрсатган ҳар бир касб кесимида 1 — 3-ўрин эгалари;
3-босқичда — танловнинг 2-босқичида энг юқори натижа кўрсатган ҳар бир касб кесимида 1 — 5-ўрин эгалари иштирок этади.
2-боб. Ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари
11. Республика ишчи гуруҳи:
танловни касб турлари ва босқичлари кесимида ўтказиш муддатларини белгилайди ва тасдиқлайди;
танловнинг барча босқичлари ташкил этилиши ва ўтказилишини назорат қилади;
танловнинг ҳудудий ишчи гуруҳлари ва экспертлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
оммалашган халқаро касбий танловлар ва мусобақалар тажрибасидан кенг фойдаланган ҳолда, танлов топшириқлари ва уларни баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилишини ва тайёрланишини таъминлайди;
танловнинг мос босқичини ташкилий, моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;
танловнинг ҳар бир босқичи ва касблари бўйича экспертлар ва апелляция комиссиялари таркибини ва уларнинг иш тартибини белгилайди;
танлов иштирокчилари ва экспертлари учун талабларни белгилайди ҳамда уларнинг қўйилган талаблар асосида ўқитилишини таъминлайди;
танловнинг мос босқичида совринли ўринларни эгаллаган ғолибларни аниқлайди ҳамда уларни тақдирлашни ташкил қилади;
танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларининг оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминлайди.
12. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ишчи гуруҳлари:
танловнинг тегишли босқичида иштирок этиш учун танлов иштирокчилари таркибини белгилайди;
танловнинг тегишли босқичида танлов ўтказиладиган жой ҳамда экспертлар ва апелляция комиссияси таркиби бўйича Республика ишчи гуруҳига таклиф киритади;
рўйхатдан ўтган танлов иштирокчиларининг танловда иштирок этишини таъминлайди;
экспертларнинг танловнинг тегишли босқичида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;
танловнинг техника хавфсизлиги, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига амал қилган ҳолда ташкил этилишини таъминлайди;
танлов тўғрисида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боради;
танловнинг тегишли босқичи ғолиблари ҳақидаги маълумотларни электрон платформага жойлаштиришни таъминлайди;
экспертлар хулосаси асосида танловнинг тегишли босқичи якуни бўйича баённома расмийлаштиради ҳамда республика ишчи гуруҳига тақдим этади.
13. Туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари:
танловнинг тегишли босқичида иштирок этиш учун танлов иштирокчилари таркибини белгилайди;
танловнинг тегишли босқичида танлов ўтказиладиган жой ҳамда экспертлар ва апелляция комиссияси таркиби бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ишчи гуруҳига таклиф киритади;
рўйхатдан ўтган танлов иштирокчиларининг танловда иштирок этишини таъминлайди;
экспертларни танловнинг тегишли босқичида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар билан таъминлайди;
танловнинг техника хавфсизлиги, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига амал қилган ҳолда ташкил этилишини таъминлайди;
танлов тўғрисида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боради;
танловнинг тегишли босқичи ғолиблари ҳақидаги маълумотларни электрон платформага жойлаштиришни таъминлайди;
экспертлар хулосаси асосида танловнинг тегишли босқичи якуни бўйича баённома расмийлаштиради ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ишчи гуруҳига тақдим этади.
3-боб. Танловни ташкил этиш
14. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
15. Танлов Агентлик рўйхатини тасдиқлаган халқаро мусобақаларнинг мезонлари асосида ҳар йили февраль — июнь ойларида Агентлик ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этилади.
16. Агентлик ҳар йили 1 февралга қадар танловни эълон қилади.
17. Агентлик томонидан ҳар йили 1 мартга қадар (шу куни ҳам) электрон платформа орқали танловда иштирок этиш учун номзодлар рўйхатдан ўтказилади.
Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар) тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг «Рақамли маҳалла» платформаси орқали шакллантирилади.
18. Танловнинг 1-босқичи туман (шаҳар) ҳокимликлари, иш берувчилар, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимлари ва ишчи гуруҳлар томонидан ҳар йили 15 апрелга қадар ўтказилади.
19. Танловнинг 2-босқичи Агентлик, манфаатдор вазирлик, идоралар ва ишчи гуруҳлар томонидан ҳар йили 30 майга қадар ўтказилади ҳамда ғолиблар ушбу Низомга мувофиқ рағбатлантирилади.
20. Танловнинг 3-босқичи Агентлик, манфаатдор вазирлик, идоралар ва республика ишчи гуруҳи томонидан ҳар йили 25 июнга қадар ўтказилади.
21. Агентлик томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳар йили 30 июнга қадар танловнинг республика босқичи ғолиблари рағбатлантирилади.
Танловни ташкил қилиш ва ўтказиш муддатларига республика ишчи гуруҳи қарорига мувофиқ ўзгартириш киритилиши мумкин.
22. Танловни ўтказиш вақти ва жойи Агентлик томонидан белгиланади ва унинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда эълон қилинади.
23. Агентлик республика ишчи гуруҳининг ишчи органи ҳисобланади.
24. Танловнинг ҳар бир босқичи учун зарур экспертлар гуруҳи ҳамда беш кишидан иборат аппеляция комиссияси таркиби тегишли ишчи гуруҳлар томонидан тасдиқланади.
Бунда экспертларнинг асосий вазифалари ва мажбуриятлари ҳамда уларга қўйиладиган талаблар республика ишчи гуруҳи томонидан белгиланади.
25. Экспертлар таркиби олий ва касбий таълим ташкилотларининг малакали мутахассислари ҳамда иш берувчи корхона (ташкилот)ларнинг вакилларидан иборат бўлади.
Бунда танловнинг барча босқичларида экспертлар гуруҳи ҳамда аппеляция комиссияси аъзоларининг фарзандлари ёки яқин қариндошлари иштирок этаётган бўлса, ушбу шахслар ишчи гуруҳ қарори асосида экспертлар гуруҳи ҳамда аппеляция комиссияси аъзолари таркибидан чиқарилади.
Экспертлар таркибига хорижий мутахассислар жалб этилиши мумкин.
4-боб. Танловни ўтказиш ва иштирокчиларни баҳолаш
26. Танлов тегишли касб бўйича моддий-техник базаси мавжуд бўлган техникумларда, иш берувчи корхона (ташкилот)ларда ва IT-паркларда ҳамда мослаштирилган махсус полигонларда ўтказилади.
27. Танлов иштирокчилари учун танлов топшириқлари танлов бошланишидан камида бир ой олдин республика ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланади. Заруратга кўра, республика ишчи гуруҳи томонидан танлов топшириқларига 30 фоизгача ўзгартириш киритилиши мумкин.
Танлов иштирокчиларига танлов топшириқларини бажариш учун топшириқнинг мураккаблик даражасига қараб, 4 соатдан 12 соатгача вақт берилади.
28. Танлов иштирокчилари томонидан танлов топшириқларининг бажарилиши қуйидаги баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади:
амалий топшириқни бажариш — 70 балл;
ишни ташкил қилиш ва бошқариш (асбоб-ускуналар ва жиҳозларни тўғри танлаш ва жойлаштириш, ишлатиш, тежаш, хавфсизлик, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш) — 10 балл;
экспертлар билан мулоқот ва шахслараро муносабат — 10 балл;
муаммони ҳал этиш, креативлик ва тақсимот — 10 балл.
Жами тўпланадиган энг юқори балл 100 баллни ташкил этади.
Бунда ҳар бир босқичда иштирокчилар томонидан танлов топшириқларининг бажарилиши тегишли экспертлар томонидан баҳоланади.
29. Танловнинг 1-босқичига Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимлари мувофиқлаштирадиган «маҳалла еттилиги» томонидан ҳар бир маҳалла ҳудудида суҳбат асосида танлов касбларига мос танлов иштирокчилари саралаб олинади.
Бунда саралаш жараёнларида танлов иштирокчилари танлов касблари, шартлари ва талаблари билан таништирилади.
30. Ҳар бир маҳалладан танловнинг 1-босқичида иштирок этиш истагидаги ёшлар, талабалар ва банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар) касб кесимида 3 нафардан ошиб кетса, улар ўртасида саралаш имтиҳони ўтказилади.
Бунда саралаш имтиҳони туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари томонидан ушбу Низом талаблари асосида ўтказилади ҳамда 1 — 3-ўрин эгалари аниқланади.
31. Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг 1-босқичида ҳар бир касб бўйича ғолиб ва совриндор бўлган 3 нафар иштирокчи (1 — 3-ўринлар) танловнинг 2-босқичида иштирок этади.
32. Танловнинг 1-босқичида ҳар бир касб бўйича танлов иштирокчилари сони 3 нафар ва ундан кам бўлганда, улар бевосита тўғридан-тўғри танловнинг кейинги босқичида иштирок этади.
33. Танловнинг 2-босқичида техникум ўқувчилари ҳамда танловнинг 1-босқичи ғолиблари иштирок этади.
34. Танловнинг 2-босқичида техникумлардан иштирок этадиган ўқувчилар Педагогик кенгаш қарори асосида касбий фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган ўқувчилар орасидан танлаб олинади ҳамда техникум директорининг тавсияномаси асосида электрон платформада рўйхатдан ўтказилади.
35. Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг 2-босқичида ҳар бир касб бўйича 5 нафар танлов иштирокчиси (1 — 5-ўринлар бўйича), жами 700 нафар танлов иштирокчиси ғолиб сифатида 3-босқичга саралаб олинади.
36. Танловнинг 2-босқичи якунлангандан сўнг уч иш куни ичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ишчи гуруҳлари республика ишчи гуруҳига танловнинг 2-босқичи ғолиблари тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни тақдим этади:
2-босқич якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ишчи гуруҳлари баённомаси нусхаси;
танлов ғолиблари рўйхати;
танлов ғолибларининг 3х4 sm ўлчамдаги фотосуратлари.
Бунда маълумотларнинг ҳаққонийлигига тегишли ишчи гуруҳ раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.
37. Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг 3-босқичида ҳар бир касб бўйича 2 та 1-ўрин, 4 та 2-ўрин ва 6 та 3-ўрин эгалари аниқланади ҳамда жами 120 нафар иштирокчи ғолиб ва совриндор деб топилади.
38. Танлов босқичлари доирасида танлов иштирокчиларининг якуний баллари тенг бўлиб қолганда, экспертлар томонидан танлов иштирокчилари ўртасида қўшимча саралаш синовлари ўтказиш орқали ғолиблар аниқланади.
39. Экспертлар танлов ғолибларини холисона баҳолашда шахсан жавобгар ҳисобланади.
40. Танлов ўтказиладиган бино ва иншоотлар видеокузатув камералари билан жиҳозланади ҳамда танлов иштирокчиларига танлов жараёнида телефон ва турли алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.
41. Танлов жараёнлари видеоёзувларда қайд этилади ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали онлайн режимда трансляция қилинади.
42. Ота-оналар, оммавий ахборот воситалари, иш берувчи ҳамкор корхона (ташкилот) вакиллари танлов жараёнларини танлов жараёнига халал бермаган ҳолда кузатишлари мумкин.
5-боб. Танлов ғолибларини рағбатлантириш
43. Танловнинг 1-босқичи ғолиблари маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг қарорига мувофиқ рағбатлантирилади.
44. Танловнинг 2-босқичида ғолиб бўлган танлов иштирокчилари ва уларга бириктирилган амалиёт устозлари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин соҳибига — 12, амалиёт устозига — 70 баравари;
2-ўрин соҳибига — 10, амалиёт устозига — 60 баравари;
3-ўрин соҳибига — 8, амалиёт устозига — 50 баравари;
4-ўрин соҳибига — 6, амалиёт устозига — 40 баравари;
5-ўрин соҳибига — 4, амалиёт устозига — 30 баравари.
45. Танловнинг 3-босқичи ғолиблари ва уларга бириктирилган амалиёт устозлари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин (олтин медаль) соҳибига — 20, амалиёт устозига — 100 баравари;
2-ўрин (кумуш медаль) соҳибига — 15, амалиёт устозига — 80 баравари;
3-ўрин (бронза медаль) соҳибига — 10, амалиёт устозига — 60 баравари.
46. Агентлик томонидан танловнинг ҳар бир босқичида ғолиб бўлган иштирокчиларга республика ишчи гуруҳи йиғилиши баённомасига асосан тегишли сертификатлар берилади.
47. Танловнинг 3-босқичи ғолибларига «WorldSkills International» ташкилотининг «WorldSkills» халқаро чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Бунда Агентлик томонидан ғолиблар бошқа халқаро танловларда иштирок этиш бўйича тавсия қилиниши мумкин.
48. Танловнинг 3-босқичи ғолиблари Агентлик томонидан тегишли касблар бўйича «WorldSkills International» ташкилотининг юқори малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда қўшимча ўқитилади.
Бунда «WorldSkills» халқаро чемпионатида иштирокчилар сони чекланган тақдирда, Агентлик томонидан қўшимча саралаш ўтказилади.
49. Танловнинг 3-босқичи ғолиблари «WorldSkills International» ташкилотининг «WorldSkills» халқаро чемпионатида иштирок этиш учун белгиланган талаблар бўйича мос тушмаган тақдирда, уларнинг ўрнига танловда ғолиблар кетма-кетлиги бўйича кейинги ўринни эгаллаган ғолиблар иштирок этади.
50. «WorldSkills» халқаро чемпионатида ҳар бир касб (компетенция) бўйича ғолиблар ва уларнинг устозларига мос равишда умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг устозларига белгиланган имтиёзлар қўлланади.
Бунда имтиёзларни қўллашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорига мувофиқ халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин (олтин медаль) учун — 2 500, ўқитувчисига — 450 баравари;
2-ўрин (кумуш медаль) учун — 1 500, ўқитувчисига — 250 баравари;
3-ўрин (бронза медаль) учун — 1 000, ўқитувчисига — 150 баравари.
6-боб. Аппеляция комиссиясини ташкил этиш
51. Танлов натижаларидан норози бўлган танлов иштирокчилари танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида танловнинг тегишли босқичи бўйича Апелляция комиссиясига ёзма мурожаат (шикоят) беришлари мумкин.
52. Апелляция комиссияси мурожаат (шикоят) келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида мурожаат (шикоят)ни кўриб чиқади.
Зарур ҳолларда, мурожаат (шикоят) муаллифининг, тегишли танлов касби бўйича экспертлар ҳамда танловнинг бошқа субъектларининг фикрини эшитади.
53. Апелляция комиссияси йиғилишида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, унинг қабул қилган қарори қонуний кучга эга бўлади.
54. Апелляция комиссияси танлов иштирокчисининг танлов жараёнларига оид мурожаатини (шикоят) кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
танлов иштирокчисининг тўғри баҳолангани, танлов топшириқларида хато ва камчиликлар, шунингдек, синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, экспертларнинг баҳолаш натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
танлов иштирокчисининг танлов топшириғи экспертлар томонидан нотўғри баҳолангани, танлов топшириқларида хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, экспертларнинг баҳолаш натижаларини ўзгартириш;
танловни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, танлов топшириқларининг қайтадан топширилишини ташкил этиш.
55. Экспертлар томонидан баҳоланган иштирокчининг бажарган ишида баҳолаш мезонларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланганда, Апелляция комиссияси экспертлар қарорини бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
56. Апелляция комиссияси экспертларга апелляция натижалари бўйича изоҳ бериб, танлов натижаларини ўзгартириши мумкин ва бунда ишчи гуруҳ баённомаси қайта тасдиқланади.
57. Апелляция комиссиясининг қарори йиғилиш баённомасида қайд этилади. Баённома апелляция комиссиясининг раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
58. Апелляция комиссиясининг қарори қарор қабул қилинган куннинг ўзида мурожаатчига (шикоят) юборилади.
7-боб. Танловни молиялаштириш
59. Танловнинг туман (шаҳар) босқичини ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджети даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика босқичларини ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар эса Агентликка Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар доирасида, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари ва даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан молиялаштирилади.
Бунда:
маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар) ўртасида ўтказиладиган танловнинг туман (шаҳар) босқичи учун номзодларни саралаш, уларни рўйхатдан ўтказиш, тайёрлаш ва ушбу босқич ўтказиладиган жойга келиб-кетиши учун зарур бўлган маблағлар маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасидан ажратилади;
танловнинг 1-босқичини ташкил этиш, ўтказиш, ғолибларни рағбатлантириш, тайёрлаш ва уларнинг 2-босқич ўтказиладиган жойга келиб-кетиш билан боғлиқ харажатлари Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджети даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
танловнинг 2-босқичини ташкил этиш, ўтказиш, ғолибларни рағбатлантириш ва уларни тайёрлаш ҳамда 3-босқич ўтказиладиган жойга келиб-кетиши Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари ва даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари ҳисобидан молиялаштирилади;
танловнинг 3-босқичини ташкил этиш, ўтказиш, ғолибларни рағбатлантириш Агентликка Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар, ҳамкор вазирлик ва идоралар ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
60. Агентлик ҳар йили декабрь ойига қадар кейинги йил учун танловни ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар сметасини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тасдиқлаш учун киритади.
61. Танлов топшириқларини бажаришда сарфланадиган хомашё (материал)лар марказлашган ҳолда Агентлик ҳузуридаги Касбий таълим моддий-техника таъминоти маркази томонидан харид қилинади.
62. Танловда иштирок этган экспертларга ва апелляция комиссияси аъзоларига ҳар йили Агентлик учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида қуйидаги миқдорларда бир марталик тўловлар амалга оширилади:
2-босқичда — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари;
3-босқичда — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари.
63. «WorldSkills» халқаро чемпионатига тайёргарлик кўриш ва унга иштирокчиларни юбориш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Бунда давлат органлари ва ташкилотларга ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча иштирокчиларни юборишга рухсат берилади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
64. Танловнинг барча босқичларида, танлов иштирокчиларининг танлов ўтказиладиган жойга келиб-кетишини Агентлик талабномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати патруль автомобиллари ёрдамида кузатиш ҳамда уларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш Ички ишлар вазирлиги зиммасига юкланади.
65. Танловнинг 3-босқичи ғолиблари Ўзбекистон Республикасининг «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонуни талаблари асосида техникумларга ишлаб чиқариш таълим устаси лавозимига ишга олиниши мумкин.
66. Танлов ўтказиладиган жойнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мослиги, танлов иштирокчиларининг соғлиғи билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинади.
67. Танловни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар танлов босқичлари ўтказилгандан кейин 3 йил муддатда сақланади. Муддат тугагандан сўнг танловни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар белгиланган тартибда йўқ қилинади.
68. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Касбий таълим агентлиги «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танлови (кейинги ўринларда — танлов)ни эълон қилади. Ҳар йили 1 февралга қадар 2-босқич Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ҳудудий бошқармалари, Касбий таълим агентлиги Номзодларни рўйхатдан ўтказади. Ҳар йили 1 мартга қадар 3-босқич Туман (шаҳар) ҳокимликлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимлари, иш берувчилар, туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари Танловнинг туман (шаҳар) босқичини ўтказади, ғолибларни аниқлайди ва рағбатлантиради Ҳар йили 15 апрелга қадар 4-босқич Касбий таълим агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳудудий ишчи гуруҳлар Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичини ўтказади, ғолибларни аниқлайди ва рағбатлантиради. Ҳар йили 30 майга қадар 5-босқич Касбий таълим агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар Танловнинг республика босқичини ўтказади ва ғолибларни аниқлайди. Ҳар йили 25 июнга қадар 6-босқич Касбий таълим агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар Танловнинг республика босқичи ғолибларини рағбатлантиради. Ҳар йили 30 июнга қадар
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги 152-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика ишчи гуруҳи
1. А. Хусанов — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги директори, ишчи гуруҳ раҳбари 2. Келишув асосида — Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. А. Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори 4. Р. Турдибоева — камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари 5. Р. Каримжонов — рақамли технологиялар вазири ўринбосари 6. Э. Баситханова — соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари 7. О. Фазилкаримов — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари 8. С. Раҳимбоев — Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори ўринбосари 9. Лавозими бўйича — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори ўринбосари 10. Ш. Ибрагимова — Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари 11. М. Нурматова — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари 12. Д. Аллаев — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари 13. М. Сафаров — Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ўринбосари 14. А. Ғаффоров — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари 15. Лавозими бўйича — «WorldSkills Uzbekistan» ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси раҳбари 16. Лавозими бўйича — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги бўлим бошлиғи, ишчи гуруҳ котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги 152-сон қарорига 2а-ИЛОВА
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ишчи гуруҳининг
1. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари 2. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи 3. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи 4. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи 5. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи 6. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи 7. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Миграция агентлигининг ҳудудий филиали бошлиғи 8. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи 9. Лавозими бўйича — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи 10. Лавозими бўйича — Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи 11. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги директори, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармаси бошлиғи, Ишчи гуруҳ котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги 152-сон қарорига 2б-ИЛОВА
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича туман (шаҳар) ишчи гуруҳининг
1. Лавозими бўйича — туман (шаҳар) ҳокими, Ишчи гуруҳ раҳбари 2. Лавозими бўйича — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи 3. Лавозими бўйича — Давлат хавфсизлик хизмати туман (шаҳар) бўйича бўлими бошлиғи 4. Лавозими бўйича — туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи 5. Лавозими бўйича — туман (шаҳар) Соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи 6. Лавозими бўйича — туман (шаҳар) Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи 7. Лавозими бўйича — Савдо-саноат палатасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи 8. Лавозими бўйича — туман (шаҳар) Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи 9. Лавозими бўйича — давлат ва хусусий сектордаги иш берувчи корхона ва ташкилотлар 10. Лавозими бўйича — туман (шаҳар) Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи, ишчи гуруҳ котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 8 апрель,
152-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
TARKIBI
NAMUNAVIY TARKIBI
NAMUNAVIY TARKIBI
“Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kasbiy taʼlim tizimida islohotlarni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 23-oktabrdagi PQ-316-son qarori ijrosini taʼminlash, yoshlarning kasbga boʻlgan qiziqishlarini oshirish, oʻrta boʻgʻin kadrlari oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini yaratish, shuningdek, tanlov gʻolibi va ishtirokchilarini ichki va tashqi mehnat bozorida yuqori daromadli ish oʻrniga ega boʻlish imkoniyatini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 23-oktabrdagi PQ-316-son qaroriga muvofiq kasblar jozibadorligini oshirish, oʻrta boʻgʻin kadrlari oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini yaratish, yoshlarning xorijiy kasbiy tanlovlarda ishtirokini taʼminlash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun kasbiy mahorat milliy tanlovini oʻtkazish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovi (keyingi oʻrinlarda — tanlov)ga tanlab olingan kasblar boʻyicha topshiriqlarni ishlab chiqish va ekspertlar tarkibini shakllantirish;
tanlovning tuman (shahar), hududiy va respublika bosqichlarini oʻtkazish, gʻoliblarni aniqlash hamda ularni ragʻbatlantirish;
tanlov gʻoliblarini “WorldSkills” xalqaro chempionati musobaqalarida ishtirok etish uchun tayyorlash.
3. Quyidagilar:
“Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha respublika ishchi guruhi tarkibi 2-ilovaga muvofiq;
“Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda tuman (shahar) ishchi guruhlarining namunaviy tarkiblari 2a va 2b-ilovalarga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilansinki:
a) tanlov har yili 10 ta kasb boʻyicha 16 yoshga toʻlgan va 30 yoshdan oshmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan texnikum oʻquvchilari, yoshlar, talabalar hamda band boʻlmagan aholi (band boʻlmagan shaxslar) oʻrtasida tuman (shahar), Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda respublika miqyosida oʻtkaziladi;
b) tanlovning tuman (shahar) bosqichini tashkil etish, oʻtkazish va gʻoliblarni ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar Mahallaning ijtimoiy-iqtisodiy muammolarini hal etish jamgʻarmasi va tuman (shahar) mahalliy budjeti daromadlarining prognozdan oshirib bajarilgan qismi hisobidan, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda respublika bosqichlarini tashkil etish, oʻtkazish va gʻoliblarni ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar esa Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligiga (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Davlat budjetidan ushbu maqsadlar uchun ajratiladigan mablagʻlar doirasida, Qoraqalpogʻiston Respublikasining respublika budjeti, viloyatlarning viloyat budjetlari va Toshkent shahrining shahar budjeti mablagʻlari va daromadlarining prognozdan oshirib bajarilgan qismi hisobidan moliyalashtiriladi.
Bunda respublika bosqichi gʻoliblarini “WorldSkills” xalqaro chempionatiga tayyorgarlik koʻrishi va unga ishtirokchilarni yuborish bilan bogʻliq xarajatlar Agentlikka Davlat budjetidan ushbu maqsadlar uchun ajratiladigan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi;
v) tanlovning respublika bosqichi gʻoliblariga beriladigan oltin, kumush va bronza medallarini tayyorlash xarajatlari Agentlikka ushbu maqsadlar uchun ajratilgan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi.
5. Agentlik tanlov uchun har yili 1-dekabrga qadar 10 ta kasb roʻyxatini tasdiqlasin.
6. Tanlovni yuqori saviyada va sifatli tashkil etish hamda oʻtkazish maqsadida quyidagilar manfaatdor vazirlik va idoralarning asosiy vazifalari etib belgilansin:
a) Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi:
ichki mehnat bozorida talab yuqori boʻlgan kasblar roʻyxatini har yili 1-noyabrga qadar Agentlikka taqdim etish;
tanlov gʻoliblari va ishtirokchilarining daromadli mehnat bilan bandligini taʼminlash;
tanlov gʻoliblari va ishtirokchilarini tadbirkorlikka jalb qilish hamda oʻzini oʻzi band qilishning boshqa shakllarini ragʻbatlantirish va rivojlantirishni qoʻllab-quvvatlash;
b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari:
tanlovga hududdagi yirik ish beruvchi korxonalar (tashkilotlar)ni ixtiyoriy ravishda jalb qilish;
tanlov doirasida oʻtkaziladigan musobaqalarni tashkil etish uchun har bir hududda maxsus poligonlarni tashkil etish;
tanlovni oʻtkazish yuzasidan barcha zarur sharoitlarga ega boʻlgan bino va inshootlarni tayyorlash;
markaziy koʻchalarga tanlovga oid maxsus tashqi targʻibot materiallarini joylashtirish;
har yili 1-fevralga qadar tanlov ishtirokchilari bandligini taʼminlash maqsadida ixtiyoriy ravishda jalb etiladigan yirik ish beruvchi korxonalar (tashkilotlar) roʻyxatini tasdiqlash;
v) Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Migratsiya agentligi:
tanlovga xorijiy ish beruvchi korxona va tashkilotlarni jalb qilish;
tanlov gʻoliblari va ishtirokchilari xohishiga koʻra ularning tashqi mehnat bozorida bandligini taʼminlashga koʻmaklashish;
g) Yoshlar ishlari agentligi Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi bilan birgalikda:
yoshlar, talabalar va band boʻlmagan aholi (band boʻlmagan shaxslar)ning tanlovning tuman (shahar) bosqichidagi ishtirokini taʼminlash;
tanlov toʻgʻrisida targʻibot va tashviqot tadbirlarini oʻtkazish;
d) Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi:
xotin-qizlar oʻrtasida tanlovga oid targʻibot ishlarini olib borish;
xotin-qizlarni tanlovga jalb qilish choralarini koʻrish.
7. Agentlik Raqamli texnologiyalar vazirligi, “Kiberxavfsizlik” DUK hamda Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi bilan birgalikda bir oy muddatda tanlovning elektron platformasini ishlab chiqsin va uni ishga tushirsin.
Bunda ushbu platformani ishlab chiqish va uni ishga tushirish xarajatlari Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
8. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga ommaviy axborot vositalarida ushbu qarorning mazmun-mohiyati va ahamiyatini keng yoritish tavsiya etilsin.
9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 8-apreldagi 152-son qaroriga 1-ILOVA
“Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan 16 yoshga toʻlgan va 30 yoshdan oshmagan texnikum oʻquvchilari, yoshlar, talabalar hamda band boʻlmagan aholi (band boʻlmagan shaxslar) oʻrtasida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) tashkil etish, oʻtkazish, gʻoliblarni aniqlash hamda ularni ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Tanlovning maqsadi yoshlarning kasbga boʻlgan qiziqishlarini oshirish, oʻrta boʻgʻin kadrlari oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini yaratish, shuningdek, tanlov gʻolibi va ishtirokchilari uchun ichki hamda tashqi mehnat bozorida yuqori daromadli ish oʻrniga ega boʻlish imkoniyatini yaratishdan iborat.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:
amaliyot ustozi — tanlov ishtirokchilarini tanlovda ishtirok etishga tayyorlash uchun biriktirilgan ustoz;
bosh ekspert — ekspertlar guruhini boshqaradigan, amaliy topshiriqlarni ishlab chiqishga, tanlov topshiriqlarini bajarish uchun sarf etiladigan xomashyolar va tanlovda foydalaniladigan jihozlar roʻyxatlarini shakllantirishga rahbarlik qiladigan “Worldskills” standartlari boʻyicha baholash sertifikatiga ega mutaxassis;
ishchi guruh — tanlovni tashkil etish, oʻtkazish va gʻoliblarni ragʻbatlantirish hamda tanlov ishtirokchilarini baholash va ekspertlar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish boʻyicha tuman (shahar), Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda respublika darajasida tashkil etilgan tuzilma;
tanlov ishtirokchilari — tanlov oʻtkaziladigan yilda 16 yoshga toʻlgan va 30 yoshdan oshmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan texnikum oʻquvchilari, yoshlar, talabalar va band boʻlmagan aholi (band boʻlmagan shaxslar);
tanlov gʻolibi — tanlovning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri bosqichida 1 — 5-oʻrinlarni egallagan hamda respublika bosqichida oltin, kumush va bronza medallarini qoʻlga kiritgan tanlov ishtirokchilari;
ekspert — tanlov ishtirokchilarini “Worldskills” standarti boʻyicha baholash metodikasi koʻnikmasiga ega boʻlgan mutaxassis;
elektron platforma — tanlovni tashkil etish va ishtirokchilarni roʻyxatga olish uchun moʻljallangan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik)ning elektron axborot tizimi.
4. Tanlov adolatlilik, ochiqlik va shaffoflik tamoyillari asosida oʻtkaziladi.
Bunda elektron platformadan foydalanish tartibi Agentlik tomonidan belgilanadi.
5. Tanlovning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
iqtidorli yoshlarni aniqlash hamda ularning kasbiy va ijodiy qobiliyatlarini rivojlantirish uchun sharoitlar yaratish;
kasbiy mahorati va koʻnikmasi yuqori boʻlgan yoshlarni saralash hamda aniqlash;
yoshlarda xalqaro standartlarga mos kasbiy kompetensiyalarni shakllantirish;
kasbiy taʼlim tizimida kadrlar tayyorlash boʻyicha xalqaro tajribani joriy etish.
6. Nogironligi boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq ruxsat etilgan kasblar boʻyicha tanlovda ishtirok etishlari mumkin.
7. Tanlov gʻolibining keyingi yillarda ushbu kasb boʻyicha oʻtkaziladigan tanlovda ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
8. Har yili 1-dekabrga qadar tanlov oʻtkaziladigan kasblar roʻyxati Agentlik tomonidan tasdiqlanadi.
9. Tanlov quyidagi bosqichlarda tashkil etiladi:
1-bosqich — tuman (shahar) miqyosida;
2-bosqich — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri miqyosida;
3-bosqich — respublika miqyosida.
10. Tanlovda:
1-bosqichda — yoshlar, talabalar va band boʻlmagan aholi (band boʻlmagan shaxslar) orasidan har bir kasb kesimida mahallalardan 3 nafardan nomzod;
2-bosqichda — texnikum oʻquvchilari hamda tanlovning 1-bosqichida eng yuqori natija koʻrsatgan har bir kasb kesimida 1 — 3-oʻrin egalari;
3-bosqichda — tanlovning 2-bosqichida eng yuqori natija koʻrsatgan har bir kasb kesimida 1 — 5-oʻrin egalari ishtirok etadi.
2-bob. Ishchi guruhlarning asosiy vazifalari
11. Respublika ishchi guruhi:
tanlovni kasb turlari va bosqichlari kesimida oʻtkazish muddatlarini belgilaydi va tasdiqlaydi;
tanlovning barcha bosqichlari tashkil etilishi va oʻtkazilishini nazorat qiladi;
tanlovning hududiy ishchi guruhlari va ekspertlari faoliyatini muvofiqlashtiradi;
ommalashgan xalqaro kasbiy tanlovlar va musobaqalar tajribasidan keng foydalangan holda, tanlov topshiriqlari va ularni baholash mezonlari ishlab chiqilishini va tayyorlanishini taʼminlaydi;
tanlovning mos bosqichini tashkiliy, moddiy-texnik va uslubiy jihatdan taʼminlash masalalarini hal qiladi;
tanlovning har bir bosqichi va kasblari boʻyicha ekspertlar va apellyatsiya komissiyalari tarkibini va ularning ish tartibini belgilaydi;
tanlov ishtirokchilari va ekspertlari uchun talablarni belgilaydi hamda ularning qoʻyilgan talablar asosida oʻqitilishini taʼminlaydi;
tanlovning mos bosqichida sovrinli oʻrinlarni egallagan gʻoliblarni aniqlaydi hamda ularni taqdirlashni tashkil qiladi;
tanlovni tashkil etish va oʻtkazish jarayonlarining ommaviy axborot vositalari orqali keng yoritilishini taʼminlaydi.
12. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri ishchi guruhlari:
tanlovning tegishli bosqichida ishtirok etish uchun tanlov ishtirokchilari tarkibini belgilaydi;
tanlovning tegishli bosqichida tanlov oʻtkaziladigan joy hamda ekspertlar va apellyatsiya komissiyasi tarkibi boʻyicha Respublika ishchi guruhiga taklif kiritadi;
roʻyxatdan oʻtgan tanlov ishtirokchilarining tanlovda ishtirok etishini taʼminlaydi;
ekspertlarning tanlovning tegishli bosqichida ishtirok etishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratadi;
tanlovning texnika xavfsizligi, sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga amal qilgan holda tashkil etilishini taʼminlaydi;
tanlov toʻgʻrisida targʻibot va tashviqot ishlarini olib boradi;
tanlovning tegishli bosqichi gʻoliblari haqidagi maʼlumotlarni elektron platformaga joylashtirishni taʼminlaydi;
ekspertlar xulosasi asosida tanlovning tegishli bosqichi yakuni boʻyicha bayonnoma rasmiylashtiradi hamda respublika ishchi guruhiga taqdim etadi.
13. Tuman (shahar) ishchi guruhlari:
tanlovning tegishli bosqichida ishtirok etish uchun tanlov ishtirokchilari tarkibini belgilaydi;
tanlovning tegishli bosqichida tanlov oʻtkaziladigan joy hamda ekspertlar va apellyatsiya komissiyasi tarkibi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri ishchi guruhiga taklif kiritadi;
roʻyxatdan oʻtgan tanlov ishtirokchilarining tanlovda ishtirok etishini taʼminlaydi;
ekspertlarni tanlovning tegishli bosqichida ishtirok etishi uchun zarur shart-sharoitlar bilan taʼminlaydi;
tanlovning texnika xavfsizligi, sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga amal qilgan holda tashkil etilishini taʼminlaydi;
tanlov toʻgʻrisida targʻibot va tashviqot ishlarini olib boradi;
tanlovning tegishli bosqichi gʻoliblari haqidagi maʼlumotlarni elektron platformaga joylashtirishni taʼminlaydi;
ekspertlar xulosasi asosida tanlovning tegishli bosqichi yakuni boʻyicha bayonnoma rasmiylashtiradi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri ishchi guruhiga taqdim etadi.
3-bob. Tanlovni tashkil etish
14. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
15. Tanlov Agentlik roʻyxatini tasdiqlagan xalqaro musobaqalarning mezonlari asosida har yili fevral — iyun oylarida Agentlik hamda manfaatdor vazirlik va idoralar tomonidan tashkil etiladi.
16. Agentlik har yili 1-fevralga qadar tanlovni eʼlon qiladi.
17. Agentlik tomonidan har yili 1-martga qadar (shu kuni ham) elektron platforma orqali tanlovda ishtirok etish uchun nomzodlar roʻyxatdan oʻtkaziladi.
Bunda Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan 16 yoshga toʻlgan va 30 yoshdan oshmagan yoshlar, talabalar hamda band boʻlmagan aholi (band boʻlmagan shaxslar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining “Raqamli mahalla” platformasi orqali shakllantiriladi.
18. Tanlovning 1-bosqichi tuman (shahar) hokimliklari, ish beruvchilar, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining tuman (shahar) boʻlimlari va ishchi guruhlar tomonidan har yili 15-aprelga qadar oʻtkaziladi.
19. Tanlovning 2-bosqichi Agentlik, manfaatdor vazirlik, idoralar va ishchi guruhlar tomonidan har yili 30-mayga qadar oʻtkaziladi hamda gʻoliblar ushbu Nizomga muvofiq ragʻbatlantiriladi.
20. Tanlovning 3-bosqichi Agentlik, manfaatdor vazirlik, idoralar va respublika ishchi guruhi tomonidan har yili 25-iyunga qadar oʻtkaziladi.
21. Agentlik tomonidan manfaatdor vazirlik va idoralar bilan hamkorlikda har yili 30-iyunga qadar tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari ragʻbatlantiriladi.
Tanlovni tashkil qilish va oʻtkazish muddatlariga respublika ishchi guruhi qaroriga muvofiq oʻzgartirish kiritilishi mumkin.
22. Tanlovni oʻtkazish vaqti va joyi Agentlik tomonidan belgilanadi va uning rasmiy veb-saytida, ommaviy axborot vositalarida hamda ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarda eʼlon qilinadi.
23. Agentlik respublika ishchi guruhining ishchi organi hisoblanadi.
24. Tanlovning har bir bosqichi uchun zarur ekspertlar guruhi hamda besh kishidan iborat appelyatsiya komissiyasi tarkibi tegishli ishchi guruhlar tomonidan tasdiqlanadi.
Bunda ekspertlarning asosiy vazifalari va majburiyatlari hamda ularga qoʻyiladigan talablar respublika ishchi guruhi tomonidan belgilanadi.
25. Ekspertlar tarkibi oliy va kasbiy taʼlim tashkilotlarining malakali mutaxassislari hamda ish beruvchi korxona (tashkilot)larning vakillaridan iborat boʻladi.
Bunda tanlovning barcha bosqichlarida ekspertlar guruhi hamda appelyatsiya komissiyasi aʼzolarining farzandlari yoki yaqin qarindoshlari ishtirok etayotgan boʻlsa, ushbu shaxslar ishchi guruh qarori asosida ekspertlar guruhi hamda appelyatsiya komissiyasi aʼzolari tarkibidan chiqariladi.
Ekspertlar tarkibiga xorijiy mutaxassislar jalb etilishi mumkin.
4-bob. Tanlovni oʻtkazish va ishtirokchilarni baholash
26. Tanlov tegishli kasb boʻyicha moddiy-texnik bazasi mavjud boʻlgan texnikumlarda, ish beruvchi korxona (tashkilot)larda va IT-parklarda hamda moslashtirilgan maxsus poligonlarda oʻtkaziladi.
27. Tanlov ishtirokchilari uchun tanlov topshiriqlari tanlov boshlanishidan kamida bir oy oldin respublika ishchi guruhi tomonidan tasdiqlanadi. Zaruratga koʻra, respublika ishchi guruhi tomonidan tanlov topshiriqlariga 30 foizgacha oʻzgartirish kiritilishi mumkin.
Tanlov ishtirokchilariga tanlov topshiriqlarini bajarish uchun topshiriqning murakkablik darajasiga qarab, 4 soatdan 12 soatgacha vaqt beriladi.
28. Tanlov ishtirokchilari tomonidan tanlov topshiriqlarining bajarilishi quyidagi baholash mezonlariga muvofiq baholanadi:
amaliy topshiriqni bajarish — 70 ball;
ishni tashkil qilish va boshqarish (asbob-uskunalar va jihozlarni toʻgʻri tanlash va joylashtirish, ishlatish, tejash, xavfsizlik, sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga rioya qilish) — 10 ball;
ekspertlar bilan muloqot va shaxslararo munosabat — 10 ball;
muammoni hal etish, kreativlik va taqsimot — 10 ball.
Jami toʻplanadigan eng yuqori ball 100 ballni tashkil etadi.
Bunda har bir bosqichda ishtirokchilar tomonidan tanlov topshiriqlarining bajarilishi tegishli ekspertlar tomonidan baholanadi.
29. Tanlovning 1-bosqichiga Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining tuman (shahar) boʻlimlari muvofiqlashtiradigan “mahalla yettiligi” tomonidan har bir mahalla hududida suhbat asosida tanlov kasblariga mos tanlov ishtirokchilari saralab olinadi.
Bunda saralash jarayonlarida tanlov ishtirokchilari tanlov kasblari, shartlari va talablari bilan tanishtiriladi.
30. Har bir mahalladan tanlovning 1-bosqichida ishtirok etish istagidagi yoshlar, talabalar va band boʻlmagan aholi (band boʻlmagan shaxslar) kasb kesimida 3 nafardan oshib ketsa, ular oʻrtasida saralash imtihoni oʻtkaziladi.
Bunda saralash imtihoni tuman (shahar) ishchi guruhlari tomonidan ushbu Nizom talablari asosida oʻtkaziladi hamda 1 — 3-oʻrin egalari aniqlanadi.
31. Baholash natijalariga koʻra, tanlovning 1-bosqichida har bir kasb boʻyicha gʻolib va sovrindor boʻlgan 3 nafar ishtirokchi (1 — 3-oʻrinlar) tanlovning 2-bosqichida ishtirok etadi.
32. Tanlovning 1-bosqichida har bir kasb boʻyicha tanlov ishtirokchilari soni 3 nafar va undan kam boʻlganda, ular bevosita toʻgʻridan-toʻgʻri tanlovning keyingi bosqichida ishtirok etadi.
33. Tanlovning 2-bosqichida texnikum oʻquvchilari hamda tanlovning 1-bosqichi gʻoliblari ishtirok etadi.
34. Tanlovning 2-bosqichida texnikumlardan ishtirok etadigan oʻquvchilar Pedagogik kengash qarori asosida kasbiy fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichi yuqori boʻlgan oʻquvchilar orasidan tanlab olinadi hamda texnikum direktorining tavsiyanomasi asosida elektron platformada roʻyxatdan oʻtkaziladi.
35. Baholash natijalariga koʻra, tanlovning 2-bosqichida har bir kasb boʻyicha 5 nafar tanlov ishtirokchisi (1 — 5-oʻrinlar boʻyicha), jami 700 nafar tanlov ishtirokchisi gʻolib sifatida 3-bosqichga saralab olinadi.
36. Tanlovning 2-bosqichi yakunlangandan soʻng uch ish kuni ichida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri ishchi guruhlari respublika ishchi guruhiga tanlovning 2-bosqichi gʻoliblari toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlarni taqdim etadi:
2-bosqich yakuni boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri ishchi guruhlari bayonnomasi nusxasi;
tanlov gʻoliblari roʻyxati;
tanlov gʻoliblarining 3x4 sm oʻlchamdagi fotosuratlari.
Bunda maʼlumotlarning haqqoniyligiga tegishli ishchi guruh rahbari shaxsan javobgar hisoblanadi.
37. Baholash natijalariga koʻra, tanlovning 3-bosqichida har bir kasb boʻyicha 2 ta 1-oʻrin, 4 ta 2-oʻrin va 6 ta 3-oʻrin egalari aniqlanadi hamda jami 120 nafar ishtirokchi gʻolib va sovrindor deb topiladi.
38. Tanlov bosqichlari doirasida tanlov ishtirokchilarining yakuniy ballari teng boʻlib qolganda, ekspertlar tomonidan tanlov ishtirokchilari oʻrtasida qoʻshimcha saralash sinovlari oʻtkazish orqali gʻoliblar aniqlanadi.
39. Ekspertlar tanlov gʻoliblarini xolisona baholashda shaxsan javobgar hisoblanadi.
40. Tanlov oʻtkaziladigan bino va inshootlar videokuzatuv kameralari bilan jihozlanadi hamda tanlov ishtirokchilariga tanlov jarayonida telefon va turli aloqa vositalaridan foydalanish taqiqlanadi.
41. Tanlov jarayonlari videoyozuvlarda qayd etiladi hamda Internet jahon axborot tarmogʻi orqali onlayn rejimda translyatsiya qilinadi.
42. Ota-onalar, ommaviy axborot vositalari, ish beruvchi hamkor korxona (tashkilot) vakillari tanlov jarayonlarini tanlov jarayoniga xalal bermagan holda kuzatishlari mumkin.
5-bob. Tanlov gʻoliblarini ragʻbatlantirish
43. Tanlovning 1-bosqichi gʻoliblari mahalla fuqarolar yigʻini kengashining qaroriga muvofiq ragʻbatlantiriladi.
44. Tanlovning 2-bosqichida gʻolib boʻlgan tanlov ishtirokchilari va ularga biriktirilgan amaliyot ustozlari bazaviy hisoblash miqdorining quyidagi miqdorlarida bir martalik pul mukofotlari bilan taqdirlanadi:
1-oʻrin sohibiga — 12, amaliyot ustoziga — 70 baravari;
2-oʻrin sohibiga — 10, amaliyot ustoziga — 60 baravari;
3-oʻrin sohibiga — 8, amaliyot ustoziga — 50 baravari;
4-oʻrin sohibiga — 6, amaliyot ustoziga — 40 baravari;
5-oʻrin sohibiga — 4, amaliyot ustoziga — 30 baravari.
45. Tanlovning 3-bosqichi gʻoliblari va ularga biriktirilgan amaliyot ustozlari bazaviy hisoblash miqdorining quyidagi miqdorlarida bir martalik pul mukofotlari bilan taqdirlanadi:
1-oʻrin (oltin medal) sohibiga — 20, amaliyot ustoziga — 100 baravari;
2-oʻrin (kumush medal) sohibiga — 15, amaliyot ustoziga — 80 baravari;
3-oʻrin (bronza medal) sohibiga — 10, amaliyot ustoziga — 60 baravari.
46. Agentlik tomonidan tanlovning har bir bosqichida gʻolib boʻlgan ishtirokchilarga respublika ishchi guruhi yigʻilishi bayonnomasiga asosan tegishli sertifikatlar beriladi.
47. Tanlovning 3-bosqichi gʻoliblariga “WorldSkills International” tashkilotining “WorldSkills” xalqaro chempionatida ishtirok etish huquqi beriladi.
Bunda Agentlik tomonidan gʻoliblar boshqa xalqaro tanlovlarda ishtirok etish boʻyicha tavsiya qilinishi mumkin.
48. Tanlovning 3-bosqichi gʻoliblari Agentlik tomonidan tegishli kasblar boʻyicha “WorldSkills International” tashkilotining yuqori malakali mutaxassislarini jalb qilgan holda qoʻshimcha oʻqitiladi.
Bunda “WorldSkills” xalqaro chempionatida ishtirokchilar soni cheklangan taqdirda, Agentlik tomonidan qoʻshimcha saralash oʻtkaziladi.
49. Tanlovning 3-bosqichi gʻoliblari “WorldSkills International” tashkilotining “WorldSkills” xalqaro chempionatida ishtirok etish uchun belgilangan talablar boʻyicha mos tushmagan taqdirda, ularning oʻrniga tanlovda gʻoliblar ketma-ketligi boʻyicha keyingi oʻrinni egallagan gʻoliblar ishtirok etadi.
50. “WorldSkills” xalqaro chempionatida har bir kasb (kompetensiya) boʻyicha gʻoliblar va ularning ustozlariga mos ravishda umumtaʼlim fanlari boʻyicha xalqaro olimpiadalar gʻoliblari va ularning ustozlariga belgilangan imtiyozlar qoʻllanadi.
Bunda imtiyozlarni qoʻllashda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 3-maydagi PQ-4306-son qaroriga muvofiq xalqaro olimpiadalar gʻoliblari va ularning oʻqituvchilari bazaviy hisoblash miqdorining quyidagi miqdorlarida bir martalik pul mukofotlari bilan taqdirlanadi:
1-oʻrin (oltin medal) uchun — 2 500, oʻqituvchisiga — 450 baravari;
2-oʻrin (kumush medal) uchun — 1 500, oʻqituvchisiga — 250 baravari;
3-oʻrin (bronza medal) uchun — 1 000, oʻqituvchisiga — 150 baravari.
6-bob. Appelyatsiya komissiyasini tashkil etish
51. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan tanlov ishtirokchilari tanlov natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab bir ish kuni ichida tanlovning tegishli bosqichi boʻyicha Apellyatsiya komissiyasiga yozma murojaat (shikoyat) berishlari mumkin.
52. Apellyatsiya komissiyasi murojaat (shikoyat) kelib tushgan kundan boshlab bir ish kuni ichida murojaat (shikoyat)ni koʻrib chiqadi.
Zarur hollarda, murojaat (shikoyat) muallifining, tegishli tanlov kasbi boʻyicha ekspertlar hamda tanlovning boshqa subyektlarining fikrini eshitadi.
53. Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishida komissiya aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etsa, uning qabul qilgan qarori qonuniy kuchga ega boʻladi.
54. Apellyatsiya komissiyasi tanlov ishtirokchisining tanlov jarayonlariga oid murojaatini (shikoyat) koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
tanlov ishtirokchisining toʻgʻri baholangani, tanlov topshiriqlarida xato va kamchiliklar, shuningdek, sinovlarni oʻtkazish jarayonida tashkiliy-texnik jihatdan kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, ekspertlarning baholash natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;
tanlov ishtirokchisining tanlov topshirigʻi ekspertlar tomonidan notoʻgʻri baholangani, tanlov topshiriqlarida xato va kamchiliklar mavjudligi aniqlangan taqdirda, ekspertlarning baholash natijalarini oʻzgartirish;
tanlovni oʻtkazish jarayonida tashkiliy-texnik jihatdan kamchiliklar mavjudligi aniqlangan taqdirda, tanlov topshiriqlarining qaytadan topshirilishini tashkil etish.
55. Ekspertlar tomonidan baholangan ishtirokchining bajargan ishida baholash mezonlariga mos kelmaslik holatlari aniqlanganda, Apellyatsiya komissiyasi ekspertlar qarorini bekor qilish yoki ularga oʻzgartirishlar kiritish huquqiga ega.
56. Apellyatsiya komissiyasi ekspertlarga apellyatsiya natijalari boʻyicha izoh berib, tanlov natijalarini oʻzgartirishi mumkin va bunda ishchi guruh bayonnomasi qayta tasdiqlanadi.
57. Apellyatsiya komissiyasining qarori yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi. Bayonnoma apellyatsiya komissiyasining raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi.
58. Apellyatsiya komissiyasining qarori qaror qabul qilingan kunning oʻzida murojaatchiga (shikoyat) yuboriladi.
7-bob. Tanlovni moliyalashtirish
59. Tanlovning tuman (shahar) bosqichini tashkil etish, oʻtkazish va gʻoliblarni ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar Mahallaning ijtimoiy-iqtisodiy muammolarini hal etish jamgʻarmasi va tuman (shahar) mahalliy budjeti daromadlarining prognozdan oshirib bajarilgan qismi hisobidan, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda respublika bosqichlarini tashkil etish, oʻtkazish va gʻoliblarni ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar esa Agentlikka Davlat budjetidan ushbu maqsadlar uchun ajratiladigan mablagʻlar doirasida, Qoraqalpogʻiston Respublikasining respublika budjeti, viloyatlarning viloyat budjetlari va Toshkent shahrining shahar budjeti mablagʻlari va daromadlarining prognozdan oshirib bajarilgan qismi hisobidan moliyalashtiriladi.
Bunda:
mahalla fuqarolar yigʻini tomonidan yoshlar, talabalar hamda band boʻlmagan aholi (band boʻlmagan shaxslar) oʻrtasida oʻtkaziladigan tanlovning tuman (shahar) bosqichi uchun nomzodlarni saralash, ularni roʻyxatdan oʻtkazish, tayyorlash va ushbu bosqich oʻtkaziladigan joyga kelib-ketishi uchun zarur boʻlgan mablagʻlar mahalla fuqarolar yigʻini kengashining qarori asosida Mahallaning ijtimoiy-iqtisodiy muammolarini hal etish jamgʻarmasidan ajratiladi;
tanlovning 1-bosqichini tashkil etish, oʻtkazish, gʻoliblarni ragʻbatlantirish, tayyorlash va ularning 2-bosqich oʻtkaziladigan joyga kelib-ketish bilan bogʻliq xarajatlari Mahallaning ijtimoiy-iqtisodiy muammolarini hal etish jamgʻarmasi va tuman (shahar) mahalliy budjeti daromadlarining prognozdan oshirib bajarilgan qismi va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;
tanlovning 2-bosqichini tashkil etish, oʻtkazish, gʻoliblarni ragʻbatlantirish va ularni tayyorlash hamda 3-bosqich oʻtkaziladigan joyga kelib-ketishi Qoraqalpogʻiston Respublikasining respublika budjeti, viloyatlarning viloyat budjetlari va Toshkent shahrining shahar budjeti mablagʻlari va daromadlarining prognozdan oshirib bajarilgan qismi va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan homiylik xayriyalari hisobidan moliyalashtiriladi;
tanlovning 3-bosqichini tashkil etish, oʻtkazish, gʻoliblarni ragʻbatlantirish Agentlikka Davlat budjetidan ushbu maqsadlar uchun ajratiladigan mablagʻlar, hamkor vazirlik va idoralar homiylik xayriyalari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.
60. Agentlik har yili dekabr oyiga qadar keyingi yil uchun tanlovni tashkil etish, oʻtkazish va gʻoliblarni ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar smetasini ishlab chiqadi hamda belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga tasdiqlash uchun kiritadi.
61. Tanlov topshiriqlarini bajarishda sarflanadigan xomashyo (material)lar markazlashgan holda Agentlik huzuridagi Kasbiy taʼlim moddiy-texnika taʼminoti markazi tomonidan xarid qilinadi.
62. Tanlovda ishtirok etgan ekspertlarga va apellyatsiya komissiyasi aʼzolariga har yili Agentlik uchun Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar doirasida quyidagi miqdorlarda bir martalik toʻlovlar amalga oshiriladi:
2-bosqichda — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 3 baravari;
3-bosqichda — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 5 baravari.
63. “WorldSkills” xalqaro chempionatiga tayyorgarlik koʻrish va unga ishtirokchilarni yuborish bilan bogʻliq xarajatlar Davlat budjeti hisobidan moliyalashtiriladi.
Bunda davlat organlari va tashkilotlarga oʻz mablagʻlari hisobidan qoʻshimcha ishtirokchilarni yuborishga ruxsat beriladi.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
64. Tanlovning barcha bosqichlarida, tanlov ishtirokchilarining tanlov oʻtkaziladigan joyga kelib-ketishini Agentlik talabnomasiga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati patrul avtomobillari yordamida kuzatish hamda ularning harakat xavfsizligini taʼminlash Ichki ishlar vazirligi zimmasiga yuklanadi.
65. Tanlovning 3-bosqichi gʻoliblari Oʻzbekiston Respublikasining “Pedagogning maqomi toʻgʻrisida”gi Qonuni talablari asosida texnikumlarga ishlab chiqarish taʼlim ustasi lavozimiga ishga olinishi mumkin.
66. Tanlov oʻtkaziladigan joyning sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga mosligi, tanlov ishtirokchilarining sogʻligʻi bilan bogʻliq masalalar Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan nazoratga olinadi.
67. Tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq hujjatlar tanlov bosqichlari oʻtkazilgandan keyin 3 yil muddatda saqlanadi. Muddat tugagandan soʻng tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq hujjatlar belgilangan tartibda yoʻq qilinadi.
68. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
“Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Kasbiy taʼlim agentligi “Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovi (keyingi oʻrinlarda — tanlov)ni eʼlon qiladi. Har yili 1-fevralga qadar 2-bosqich Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining hududiy boshqarmalari, Kasbiy taʼlim agentligi Nomzodlarni roʻyxatdan oʻtkazadi. Har yili 1-martga qadar 3-bosqich Tuman (shahar) hokimliklari, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining tuman (shahar) boʻlimlari, ish beruvchilar, tuman (shahar) ishchi guruhlari Tanlovning tuman (shahar) bosqichini oʻtkazadi, gʻoliblarni aniqlaydi va ragʻbatlantiradi Har yili 15-aprelga qadar 4-bosqich Kasbiy taʼlim agentligi, manfaatdor vazirlik va idoralar, hududiy ishchi guruhlar Tanlovning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri bosqichini oʻtkazadi, gʻoliblarni aniqlaydi va ragʻbatlantiradi. Har yili 30-mayga qadar 5-bosqich Kasbiy taʼlim agentligi, manfaatdor vazirlik va idoralar Tanlovning respublika bosqichini oʻtkazadi va gʻoliblarni aniqlaydi. Har yili 25-iyunga qadar 6-bosqich Kasbiy taʼlim agentligi, manfaatdor vazirlik va idoralar Tanlovning respublika bosqichi gʻoliblarini ragʻbatlantiradi. Har yili 30-iyunga qadar
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 8-apreldagi 152-son qaroriga 2-ILOVA
“Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha respublika ishchi guruhi
1. A. Xusanov — Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi direktori, ishchi guruh rahbari 2. Kelishuv asosida — Davlat xavfsizlik xizmati raisi oʻrinbosari, ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 3. A. Saʼdullayev — Yoshlar ishlari agentligi direktori 4. R. Turdiboyeva — kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri oʻrinbosari 5. R. Karimjonov — raqamli texnologiyalar vaziri oʻrinbosari 6. E. Basitxanova — sogʻliqni saqlash vaziri oʻrinbosari 7. O. Fazilkarimov — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari 8. S. Rahimboyev — Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi direktori oʻrinbosari 9. Lavozimi boʻyicha — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Migratsiya agentligi direktori oʻrinbosari 10. Sh. Ibragimova — Savdo-sanoat palatasi raisi oʻrinbosari 11. M. Nurmatova — Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi raisi oʻrinbosari 12. D. Allayev — Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi raisi oʻrinbosari 13. M. Safarov — Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi raisi oʻrinbosari 14. A. Gʻafforov — Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bosh direktori oʻrinbosari 15. Lavozimi boʻyicha — “WorldSkills Uzbekistan” ishchi kasblarni rivojlantirish va ommalashtirish assotsiatsiyasi rahbari 16. Lavozimi boʻyicha — Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi boʻlim boshligʻi, ishchi guruh kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 8-apreldagi 152-son qaroriga 2a-ILOVA
“Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri ishchi guruhining
1. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlarining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari, ishchi guruh rahbari 2. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri Davlat xavfsizlik xizmati boshqarmasi boshligʻi 3. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri, viloyatlar va Toshkent shahri kambagʻallikni qisqartirish va bandlik boshqarmasi boshligʻi 4. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri, viloyat sogʻliqni saqlash boshqarmasi boshligʻi va Toshkent shahri sogʻliqni saqlash bosh boshqarmasi boshligʻi 5. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vaziri, viloyatlar va Toshkent shahar iqtisodiyot va moliya bosh boshqarmasi boshligʻi 6. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi raisi, viloyatlar va Toshkent shahri oila va xotin-qizlar boshqarmasi boshligʻi 7. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri Migratsiya agentligining hududiy filiali boshligʻi 8. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri Savdo-sanoat palatasining hududiy boshqarmasi boshligʻi 9. Lavozimi boʻyicha — Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boshqarmasi boshligʻi 10. Lavozimi boʻyicha — Yoshlar ishlari agentligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi viloyatlar va Toshkent shahri boshqarmasi boshligʻi 11. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Kasbiy taʼlim agentligi direktori, viloyatlar va Toshkent shahri kasbiy taʼlim boshqarmasi boshligʻi, Ishchi guruh kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 8-apreldagi 152-son qaroriga 2b-ILOVA
“Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlari” kasbiy mahorat milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tuman (shahar) ishchi guruhining
1. Lavozimi boʻyicha — tuman (shahar) hokimi, Ishchi guruh rahbari 2. Lavozimi boʻyicha — Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining tuman (shahar) boʻlimi boshligʻi 3. Lavozimi boʻyicha — Davlat xavfsizlik xizmati tuman (shahar) boʻyicha boʻlimi boshligʻi 4. Lavozimi boʻyicha — tuman (shahar) Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi boshligʻi 5. Lavozimi boʻyicha — tuman (shahar) Sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻi 6. Lavozimi boʻyicha — tuman (shahar) Iqtisodiyot va moliya boʻlimi boshligʻi 7. Lavozimi boʻyicha — Savdo-sanoat palatasining tuman (shahar) boʻlimi boshligʻi 8. Lavozimi boʻyicha — tuman (shahar) Oila va xotin-qizlar boʻlimi boshligʻi 9. Lavozimi boʻyicha — davlat va xususiy sektordagi ish beruvchi korxona va tashkilotlar 10. Lavozimi boʻyicha — tuman (shahar) Yoshlar ishlari boʻlimi boshligʻi, ishchi guruh kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 8-aprel,
152-son