📅 2026-yil 9-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 9-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 9 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 апреля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 April 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-358-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, интеллектуал фаолият ва унинг натижаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-358-сон қарорига мувофиқ:
тадқиқот натижаларини патентлаш, ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш ҳамда тижоратлаштиришга кўмаклашувчи технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказларини олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопаркларида ташкил этиш;
ҳар йили «Энг яхши ихтиро», «Энг яхши фойдали модель», «Энг яхши саноат намунаси», «Энг яхши ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базаси» ва «Энг яхши селекция ютуғи» номинациялари бўйича республика танлови ўтказиб борилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопаркларида ташкил этиладиган технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари (кейинги ўринларда — марказлар) олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопаркларининг мавжуд штат бирликлари доирасида, уларнинг юридик шахс бўлмаган таркибий бўлинмаси сифатида ташкил этилади;
марказлар жисмоний ва юридик шахсларга ихтиролар ва фойдали моделларга ҳуқуқий ҳимоя ёрлиғини олишда амалий ёрдам кўрсатади, шунингдек, ҳуқуқий муҳофаза олган интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш, халқаро бозорларда технологиялар трансферини амалга оширишга кўмаклашади;
марказ ходимларининг таркиби олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопаркларининг интеллектуал мулк соҳасида махсус таълим олган ва тажрибага эга ходимлари ҳисобидан шакллантирилади;
интеллектуал фаолият натижалари бўйича интеллектуал мулк ҳуқуқини олган жисмоний шахслар ўртасида ҳудудлар ва республика миқёсида танловлар ташкил этилади ҳамда ғолиб деб топилган иштирокчилар рағбатлантирилади.
3. Қуйидагилар:
Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этиладиган олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопарклари рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопаркларида ташкил этиладиган технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари тўғрисидаги намунавий низом 2-иловага мувофиқ;
Интеллектуал фаолият бўйича танловларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
ҳар йили интеллектуал фаолият бўйича танловлар юқори савияда ўтказилишини таъминласин;
танловлар ғолибларини Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдирлаш чораларини кўрсин.
5. Адлия вазирлиги «im.adliya.uz» интеллектуал мулк электрон порталида тақдим этилган интеллектуал мулкнинг асословчи ҳужжатларини кўриш ва улардан фойдаланиш имкониятини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигига тақдим этсин.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 160-сон қарорига 1-ИЛОВА
Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этиладиган олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопарклари
Т/р Ташкилотлар номи I. Олий таълим ташкилотлари 1. Андижон давлат техника институти 2. Бухоро давлат техника университети 3. Жиззах политехника институти 4. Қарши давлат техника университети 5. Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети 6. Наманган давлат техника университети 7. Нукус давлат техника университети 8. Олмалиқ давлат техника институти 9. Фарғона давлат техника университети II. Ёшлар технопарклари 10. Андижон ёшлар технопарки 11. Гулистон ёшлар технопарки 12. Жиззах ёшлар технопарки 13. Қарши ёшлар технопарки 14. Навоий ёшлар технопарки 15. Наманган ёшлар технопарки 16. Нукус ёшлар технопарки 17. Оҳангарон ёшлар технопарки 18. Самарқанд ёшлар технопарки 19. Термиз ёшлар технопарки 20. Урганч ёшлар технопарки 21. Фарғона ёшлар технопарки 22. Яшнобод инновацион технопарки
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 160-сон қарорига 2-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопаркларида ташкил этиладиган технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Намунавий низом (кейинги ўринларда — Низом) олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопаркларида ташкил этиладиган технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказларининг (кейинги ўринларда — Марказ) мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Марказ олий таълим ташкилотлари ва ёшлар технопаркларининг (кейинги ўринларда — ташкилот) мавжуд штат бирликлари доирасида, унинг юридик шахс бўлмаган таркибий бўлинмаси сифатида жисмоний ва юридик шахсларга ихтиролар ва фойдали моделларга ҳуқуқий ҳимоя ёрлиғини олишда амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ҳуқуқий муҳофаза олган интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш, халқаро бозорларда технологиялар трансферини амалга оширишга кўмаклашиш учун ташкил этилади.
3. Марказнинг моддий таъминоти ташкилот томонидан амалга оширилади.
4. Марказ хизматлари ташкилот ходимларига бепул ва устуворлик асосида кўрсатилади, инновациялар ва технологияларни жорий қилиш бўйича контрагентларга эса ташкилотнинг ихтиёрига кўра, бепул ёки пулли асосда кўрсатилади.
5. Жисмоний ва юридик шахсларга, жумладан, олий таълим ташкилотлари ҳамда инновацион фаолият субъектларига Марказ томонидан интеллектуал мулк соҳасида хизматлар шартнома асосида кўрсатилади.
Марказ фаолияти юзасидан шартномаларни ташкилот раҳбари тузади.
2-боб. Марказнинг мақсади ва асосий вазифалари
6. Марказнинг мақсади қуйидагилардан иборат:
интеллектуал мулк объектларининг муҳофазаси соҳасида фойдаланувчиларга ахборот ва илмий-методик ёрдам кўрсатиш;
аҳолига интеллектуал мулк бўйича маслаҳат бериш;
патент ахборотидан фойдаланишни ўргатиш;
муаллифлар, тадқиқотчилар ва ихтирочиларга патент ҳужжатларини расмийлаштиришда, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш жараёнида кўмаклашиш;
ёшлар ўртасида интеллектуал мулк аҳамиятини тарғиб этиш орқали Ўзбекистон Республикасининг инновацион салоҳиятини ошириш.
7. Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ихтиролар ва фойдали моделларга ҳуқуқий ҳимоя ёрлиғини олишда амалий ёрдам кўрсатиш;
инновацион фаолият субъектларига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк маркази ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг патент ва патентсиз ахборот ресурсларидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали илмий-техник ахборотдан, шу жумладан, интеллектуал мулк соҳасида ихтисослаштирилган маълумотлар базаларидан самарали фойдаланишга кўмаклашиш;
интеллектуал фаолият соҳасида илмий-амалий конференциялар, семинарларни ташкил қилиш, тайёрлаш ва ўтказиш, шунингдек, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси асосларига бағишланган илмий-методик ва ахборот материалларини тарқатиш орқали жамиятда инновацион фаолиятни ташвиқ ва тарғиб қилиш;
ҳуқуқий муҳофаза олган интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш, шу жумладан, уларнинг халқаро бозорларда технологиялар трансферини амалга оширишига кўмаклашиш;
топширилаётган талабномаларнинг сифатини яхшилаш, шунингдек, саноат мулки объектларига берилаётган патентлар сонини ошириш мақсадида маълумотлар базаларида патент қидирувини ўргатиш;
саноат намуналари объектларини тижоратлаштиришда улар бўйича лицензия шартномаларини тузишда консультатив ёрдам кўрсатиш;
фойдаланувчилар учун патент тадқиқотларини ўтказиш, ишланмаларни тижоратлаштиришда патент ахборотидан фойдаланиш бўйича ўқув-методик, амалий материалларни, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ва семинарларнинг материалларини нашрга тайёрлаш ва чоп этишга кўмаклашиш.
3-боб. Марказ фаолиятини ташкил этиш
8. Марказга ташкилот раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
9. Марказ директори Марказга умумий раҳбарлик қилади, унинг фаолияти юзасидан тўлиқ жавоб беради, хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган барча масалаларни ҳал қилади.
10. Марказ ходимлари таркиби ташкилотнинг интеллектуал мулк соҳасида махсус таълим олган ва тажрибага эга ходимлари ҳисобидан шакллантирилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк маркази Марказга консультатив ёрдам кўрсатади.
12. Марказ ўз ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиб боради.
13. Марказ интеллектуал мулк соҳасига оид маълумотларни вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан сўраб олади.
14. Марказ интеллектуал мулк соҳасида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро ташкилотлар ва марказлар билан ҳамкорлик қилади.
4-боб. Марказ фаолиятини молиялаштириш
15. Марказ ташкилот номидан ташкилий ишларни бажаради ҳамда унинг кадрлар, моддий-техник, молия ва бошқа ресурсларидан фойдаланади.
16. Марказ ўз ишлари ва хизматларини ташкилот томонидан тасдиқланган нархлар ва тарифлар бўйича амалга оширади.
17. Марказ кўрсатган хизматлари эвазига ташкилотнинг ҳисобварағига тушадиган маблағлардан ташкилот раҳбарининг рухсати билан фойдаланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
18. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 160-сон қарорига 3-ИЛОВА
Интеллектуал фаолият бўйича танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом интеллектуал фаолият бўйича танловларни (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш, ўтказиш, танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларини тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Танлов ҳар йили ихтирочилар фаоллигини рағбатлантириш, инновацион ва технологик салоҳиятни ривожлантириш ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги билимларни ошириш мақсадида ўтказилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
апелляция комиссияси — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан тасдиқланадиган, танлов давомида иштирокчилар томонидан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга комиссия;
баҳолаш мезонлари — танлов иштирокчиларини баҳолашда барча номинациялар учун умумий ҳамда ҳар бир номинация учун алоҳида қўлланадиган махсус мезонлар;
иштирокчи — танловда иштирок этиш учун электрон платформа орқали ҳужжатларни тақдим этган Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк ҳуқуқини олган жисмоний шахслар;
муҳофаза ҳужжати — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан берилган патент ёки гувоҳнома;
танлов комиссияси — танловларни ўтказиш ва иштирокчиларни баҳолаш учун тузиладиган республика ва ҳудудий баҳолаш комиссиялари;
ташкилотчи — интеллектуал фаолият бўйича танловларни ташкил этишга масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги;
электрон платформа — ташкилотчининг танловларни ташкил этиш ва иштирокчиларни рўйхатга олиш учун мўлжалланган Ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича кўрик танловлар ўтказиш электрон платформаси. Бунда электрон платформадан фойдаланиш тартиби ташкилотчи томонидан белгиланади.
4. Танлов адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида электрон платформа орқали ўтказилади.
5. Танловнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
энг яхши интеллектуал фаолият натижаларини адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида саралаш;
интеллектуал фаолият соҳасида самарадорликка эришган энг муваффақиятли ишланмаларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш;
ишланмалари мамлакатнинг технологик ривожланишидаги муҳим масалаларни ҳал қилишга қаратилган ихтирочиларнинг илм-фандаги муваффақиятларини кенг тарғиб қилиш.
6. Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ташкил этилади:
«Энг яхши ихтиро»;
«Энг яхши фойдали модель»;
«Энг яхши саноат намунаси»;
«Энг яхши электрон ҳисоблаш машинаси учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси»;
«Энг яхши селекция ютуғи».
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур номинацияларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин.
7. Танлов икки босқичда ташкил этилади:
1-босқич — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;
2-босқич — республика миқёсида.
8. Танловнинг:
1-босқичида ҳудудларда фаолият кўрсатаётган жисмоний шахслар интеллектуал фаолият йўналишлари бўйича ҳуқуқий муҳофаза ҳужжатига эга бўлган ишланмаси билан иштирок этади;
2-босқичида 1-босқичда ҳар бир номинация бўйича энг юқори натижа кўрсатган 1-ўрин эгалари иштирок этади.
9. Иштирокчи ариза топшириш орқали тақдим этган маълумотларининг (тижорат маълумотларидан ташқари) эълон қилинишига розилигини ҳамда ташкилотчининг сўровига асосан ахборот ва мультимедиа материалларини, шунингдек, ихтиро бўйича тақдимотларни ўтказиш орқали тарғиб қилишда иштирок этишга тайёрлигини билдиради.
2-боб. Танловларни ташкил этиш ва иштирокчиларни баҳолаш тартиби
10. Танлов ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.
11. Ташкилотчи ҳар йили 1 майга қадар танлов шартлари ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ҳамда ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танловни эълон қилади.
Бунда танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари эълонда кўрсатилиши лозим.
12. Иштирокчилар ҳар йили 1 июнга қадар эълонда белгиланган шартлар асосида аризаларни электрон платформа орқали тақдим этади.
13. Ташкилотчи ҳар йили 10 июнга қадар танловнинг 1-босқичини ўтказиш санаси ва жойини ўз веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилади.
14. Танловнинг 1-босқичи ҳудудий танлов комиссиялари томонидан ҳар йили 1 сентябрга қадар ҳудудлардаги ёшлар технопарклари ёки олий таълим ташкилотлари биноларида ўтказилади.
15. Танловнинг 1-босқичида:
иштирокчилар ҳудудий танлов комиссияларига ўз ишланмаларини тақдимот қиладилар;
ҳудудий танлов комиссиялари аъзолари ҳар бир иштирокчининг ҳужжатларини кўриб чиқади ва тақдимотлари асосида электрон платформа орқали баҳолайди;
баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг 1-босқичида ҳар бир номинация бўйича ғолиб бўлган бир нафардан иштирокчи танловнинг 2-босқичида қатнашади.
16. Ташкилотчи ҳар йили 10 сентябрга қадар танловнинг 2-босқичини ўтказиш санаси ва жойини ўз веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилади.
17. Танловнинг 2-босқичи ташкилотчи ва республика танлов комиссияси томонидан ҳар йили 1 ноябрга қадар ташкилотчи томонидан белгиланган жойда ўтказилади.
18. Танловнинг 2-босқичида:
иштирокчиларнинг ишланмалари прототиплари ёки намуналари кўргазмаси ташкил этилади;
иштирокчилар республика танлов комиссиясига ўз ишланмаларини тақдимот қиладилар;
республика танлов комиссияси аъзолари ҳар бир иштирокчи ҳужжатларини кўриб чиқади ва тақдимотлари асосида электрон платформа орқали баҳолайди.
19. Ташкилотчи томонидан ҳар йили 1 декабрга қадар танловнинг республика босқичи ғолиблари тақдирланади.
20. Танлов иштирокчилари амал қилиш муддати тугамаган ҳуқуқий муҳофаза ҳужжатига эга бўлишлари керак.
21. Танловнинг ҳар бир босқичини ўтказиш якуни бўйича танлов комиссияси баённомаси тузилади ва у комиссия раиси, масъул котиби ва танловда қатнашган бошқа комиссия аъзолари томонидан имзоланади.
Баённомада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
танловни ўтказиш жойи ва санаси, танловнинг бошланиш ва якунланиш вақти;
танловда қатнашган комиссия аъзоларининг рўйхати;
танловда қатнашган иштирокчилар ва танловга келмаган иштирокчилар рўйхати;
иштирокчига комиссия аъзолари томонидан қўйилган балларни ҳисоблаш натижалари, шу жумладан, ҳар бир иштирокчи томонидан тўпланган баллар;
танловни ўтказиш жараёнига тааллуқли бўлган бошқа маълумотлар;
танлов якунлари бўйича комиссия қарори, шу жумладан, танловда ғолиб деб топилган иштирокчилар;
комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби.
22. Танлов босқичлари доирасида иштирокчиларнинг якуний баллари тенг бўлиб қолганда, баҳолаш мезонларига мувофиқ ҳар бир номинация учун алоҳида қўлланадиган махсус мезонлар бўйича тўпланган баллари юқори бўлган иштирокчиларга устунлик берилади.
Баҳолаш мезонларининг ҳар бир номинация учун алоҳида қўлланадиган махсус мезонлар бўйича тўпланган баллар ҳам тенг бўлиб қолганда, танлов комиссияси томонидан иштирокчилар ўртасида қўшимча тақдимот ташкил этиш орқали ғолиблар аниқланади.
23. Танлов ўтказиладиган бино ва иншоотлар видеокузатув камералари билан жиҳозланади ҳамда танлов жараёни ёпиқ тарзда ўтказилади, иштирокчиларга телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Бунда иштирокчи, тақдимот вақтида алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳолати аниқланган тақдирда, далолатнома тузилган ҳолда танловдан четлаштирилади.
3-боб. Танлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш
24. Танловнинг ҳар бир босқичи учун 5 ёки 7 кишидан иборат ҳудудий ва республика танлов комиссиялари таркиби ташкилотчи томонидан тасдиқланади.
Бунда танлов комиссияларининг асосий вазифалари ва мажбуриятлари ҳамда уларга қўйиладиган талаблар ташкилотчи томонидан белгиланади.
25. Танлов комиссиялари таркиби олимлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳамда йирик саноат тармоқларининг малакали мутахассисларидан иборат бўлади.
Танловнинг 1-босқичида ижтимоий соҳага масъул бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосари, Танловнинг 2-босқичида Ўзбекистон Ихтирочилар ва рационализаторлар жамияти раҳбари танлов комиссиясига раислик қилади.
Танлов комиссияси мажлисини танлов комиссияси раиси, у бўлмаган тақдирда, танлов комиссияси раисининг ўринбосари бошқаради.
Агар танлов комиссияси аъзоси иштирокчи(лар)нинг яқин қариндоши бўлса ёки танлов натижасидан бевосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, аъзо ўзини ўзи рад этиши шарт.
Агар у бундай қилмаса, айни шу асослар бўйича танлов комиссиясининг бошқа аъзолари томонидан, шунингдек, иштирокчилар томонидан рад этилиши мумкин. Ушбу шахслар ташкилотчи қарори асосида танлов комиссияси аъзолари таркибидан чиқарилади ҳамда муқобил мутахассис билан тўлдирилади.
Мазкур тартибга риоя қилмаслик ўша иштирокчи(лар)га оид танлов натижаларини бекор қилишга асос бўлади.
Танлов комиссияси аъзосини таркибдан чиқариш сабаблари йиғилиш баёнида акс эттирилиши керак.
Рад этилиши билдирилган танлов комиссияси аъзоси рад этиш тўғрисидаги масала кўрилишидан олдин ўз тушунтиришини беришга ҳақли.
Рад этиш тўғрисидаги масала рад қилинаётган шахснинг йўқлигида танлов комиссиясининг қолган аъзолари томонидан кўпчилик овози билан ҳал этилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда ҳам, ушбу комиссия аъзоси рад этилган ҳисобланади.
Танлов комиссиялари таркибига хорижий мутахассислар жалб этилиши мумкин.
4-боб. Танлов ғолибларини эълон қилиш ва тақдирлаш
26. Танлов ғолиблари танлов ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади.
Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг 2-босқичида ҳар бир номинация бўйича 1 нафардан 1, 2 ва 3-ўрин эгалари аниқланади ва эълон қилинади.
27. Танловнинг 2-босқичи ғолиб ва совриндорлари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин эгаларига — 150 баравари;
2-ўрин эгаларига — 125 баравари;
3-ўрин эгаларига — 100 баравари.
28. Ташкилотчи томонидан танловнинг ҳар бир босқичида ғолиб бўлган иштирокчиларга танлов комиссияси йиғилиши баённомасига асосан тегишли сертификатлар берилади.
29. Танлов иштирокчиларини ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар ўз совғалари билан тақдирлашлари мумкин.
5-боб. Апелляция комиссиясини ташкил этиш
30. Танлов натижаларидан норози бўлган иштирокчилар танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида танловнинг тегишли босқичи бўйича апелляция комиссиясига ёзма мурожаат (шикоят) беришлари мумкин.
31. Апелляция комиссияси иштирокчиларнинг ёзма мурожаати (шикояти)ни кўриб кўриб чиқиш учун камида беш нафар тоқ сонли аъзодан иборат таркибда тузилади.
Апелляция комиссияси таркиби ташкилотчи ходимлари ва соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат бўлади.
Апелляция комиссияси таркибига танлов комиссияси аъзоларининг киритилишига йўл қўйилмайди.
32. Апелляция комиссияси мурожаат (шикоят) келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида мурожаат (шикоят)ни кўриб чиқади.
Зарур ҳолларда, мурожаат (шикоят) муаллифининг, тегишли танлов комиссияси аъзолари ҳамда танловнинг бошқа субъектларининг фикрини эшитади.
33. Апелляция комиссияси йиғилиши унда комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
34. Апелляция комиссияси танлов иштирокчисининг танлов жараёнларига оид мурожаатини (шикоятини) кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
танлов иштирокчисининг ишланмаси тўғри баҳоланган бўлса, шунингдек, танлов топшириқларида хато ва камчиликлар ҳамда синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, танлов натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш;
танлов иштирокчисининг ишланмаси танлов комиссияси томонидан нотўғри баҳолангани аниқланган тақдирда, баҳолаш натижаларини ўзгартириш.
35. Апелляция комиссиясига бошқа иштирокчиларнинг ишларини кўриб чиқиш ва мурожаат этувчининг иши билан солиштиришга рухсат берилмайди.
36. Танлов комиссияси томонидан баҳоланган иштирокчи ишланмасида баҳолаш мезонларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, апелляция комиссияси танлов комиссияси қарорини бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
Бунда апелляция комиссияси апелляция натижалари бўйича асослантирилган маълумотларни кўрсатган ҳолда, танлов натижаларини ўзгартириш тўғрисида баённомани расмийлаштиради.
37. Апелляция комиссиясининг қарори йиғилиш баённомасида қайд этилади. Баённома апелляция комиссиясининг раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
38. Апелляция комиссиясининг қарори қарор қабул қилинган куннинг ўзида мурожаат этувчига юборилади.
39. Апелляция комиссияси қарорига мувофиқ танлов натижалари ўзгарган тақдирда, танлов комиссиясининг қўшимча баённомаси расмийлаштирилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.
40. Иштирокчи апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
41. Танлов комиссиялари аъзолари танлов ғолибларини холисона баҳолашда шахсан жавобгар ҳисобланади.
42. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Интеллектуал фаолият бўйича танловларини ўтказиш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА
Интеллектуал фаолият бўйича танловларни ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Ташкилотчи) Танлов шартлари ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ҳамда ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танловни эълон қилади. Ҳар йили 1 майга қадар 2-босқич Иштирокчилар (интеллектуал мулк ҳуқуқини олган жисмоний шахслар) Эълонда белгиланган шартлар асосида аризаларни электрон платформа орқали тақдим этади. Ҳар йили 1 июнга қадар 3-босқич Ташкилотчи Танловнинг 1-босқичини ўтказиш санаси ва жойини ўз веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилади. Ҳар йили 10 июнга қадар 4 -босқич Ҳудудий танлов комиссиялари, ташкилотчи Танловнинг ҳудудлар миқёсидаги 1-босқичини ўтказади. Ҳар йили 1 сентябрга қадар 5-босқич Ташкилотчи Танловнинг 2-босқичини ўтказиш санаси ва жойини ўз веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилади. Ҳар йили 10 сентябрга қадар 6-босқич Республика танлов комиссияси, ташкилотчи Танловнинг республика миқёсидаги 2-босқичини ўтказади. Ҳар йили 10 сентябрга қадар 7-босқич Ташкилотчи Танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлайди. Ҳар йили 1 декабрга қадар
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 апрель,
160 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
NAMUNAVIY NIZOM
NIZOM
SXEMASI
Intellektual faoliyat natijalarini ragʻbatlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Intellektual faoliyat natijalarini ragʻbatlantirish hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etishni kengaytirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 27-noyabrdagi PQ-358-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, intellektual faoliyat va uning natijalarini qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 27-noyabrdagi PQ-358-son qaroriga muvofiq:
tadqiqot natijalarini patentlash, ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etish hamda tijoratlashtirishga koʻmaklashuvchi texnologiyalar va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash markazlarini oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklarida tashkil etish;
har yili “Eng yaxshi ixtiro”, “Eng yaxshi foydali model”, “Eng yaxshi sanoat namunasi”, “Eng yaxshi EHM uchun dastur va maʼlumotlar bazasi” va “Eng yaxshi seleksiya yutugʻi” nominatsiyalari boʻyicha respublika tanlovi oʻtkazib borilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklarida tashkil etiladigan texnologiyalar va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash markazlari (keyingi oʻrinlarda — markazlar) oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklarining mavjud shtat birliklari doirasida, ularning yuridik shaxs boʻlmagan tarkibiy boʻlinmasi sifatida tashkil etiladi;
markazlar jismoniy va yuridik shaxslarga ixtirolar va foydali modellarga huquqiy himoya yorligʻini olishda amaliy yordam koʻrsatadi, shuningdek, huquqiy muhofaza olgan intellektual mulk obyektlarini tijoratlashtirish, xalqaro bozorlarda texnologiyalar transferini amalga oshirishga koʻmaklashadi;
markaz xodimlarining tarkibi oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklarining intellektual mulk sohasida maxsus taʼlim olgan va tajribaga ega xodimlari hisobidan shakllantiriladi;
intellektual faoliyat natijalari boʻyicha intellektual mulk huquqini olgan jismoniy shaxslar oʻrtasida hududlar va respublika miqyosida tanlovlar tashkil etiladi hamda gʻolib deb topilgan ishtirokchilar ragʻbatlantiriladi.
3. Quyidagilar:
Texnologiyalar va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash markazlari tashkil etiladigan oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklari roʻyxati 1-ilovaga muvofiq;
Oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklarida tashkil etiladigan texnologiyalar va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash markazlari toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 2-ilovaga muvofiq;
Intellektual faoliyat boʻyicha tanlovlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
har yili intellektual faoliyat boʻyicha tanlovlar yuqori saviyada oʻtkazilishini taʼminlasin;
tanlovlar gʻoliblarini Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan taqdirlash choralarini koʻrsin.
5. Adliya vazirligi “im.adliya.uz” intellektual mulk elektron portalida taqdim etilgan intellektual mulkning asoslovchi hujjatlarini koʻrish va ulardan foydalanish imkoniyatini Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligiga taqdim etsin.
6. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-apreldagi 160-son qaroriga 1-ILOVA
Texnologiyalar va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash markazlari tashkil etiladigan oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklari
T/r Tashkilotlar nomi I. Oliy taʼlim tashkilotlari 1. Andijon davlat texnika instituti 2. Buxoro davlat texnika universiteti 3. Jizzax politexnika instituti 4. Qarshi davlat texnika universiteti 5. Navoiy davlat konchilik va texnologiyalar universiteti 6. Namangan davlat texnika universiteti 7. Nukus davlat texnika universiteti 8. Olmaliq davlat texnika instituti 9. Fargʻona davlat texnika universiteti II. Yoshlar texnoparklari 10. Andijon yoshlar texnoparki 11. Guliston yoshlar texnoparki 12. Jizzax yoshlar texnoparki 13. Qarshi yoshlar texnoparki 14. Navoiy yoshlar texnoparki 15. Namangan yoshlar texnoparki 16. Nukus yoshlar texnoparki 17. Ohangaron yoshlar texnoparki 18. Samarqand yoshlar texnoparki 19. Termiz yoshlar texnoparki 20. Urganch yoshlar texnoparki 21. Fargʻona yoshlar texnoparki 22. Yashnobod innovatsion texnoparki
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-apreldagi 160-son qaroriga 2-ILOVA
Oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklarida tashkil etiladigan texnologiyalar va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash markazlari toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Namunaviy nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklarida tashkil etiladigan texnologiyalar va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash markazlarining (keyingi oʻrinlarda — Markaz) maqomi, maqsadi va asosiy vazifalari, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Markaz oliy taʼlim tashkilotlari va yoshlar texnoparklarining (keyingi oʻrinlarda — tashkilot) mavjud shtat birliklari doirasida, uning yuridik shaxs boʻlmagan tarkibiy boʻlinmasi sifatida jismoniy va yuridik shaxslarga ixtirolar va foydali modellarga huquqiy himoya yorligʻini olishda amaliy yordam koʻrsatish, shuningdek, huquqiy muhofaza olgan intellektual mulk obyektlarini tijoratlashtirish, xalqaro bozorlarda texnologiyalar transferini amalga oshirishga koʻmaklashish uchun tashkil etiladi.
3. Markazning moddiy taʼminoti tashkilot tomonidan amalga oshiriladi.
4. Markaz xizmatlari tashkilot xodimlariga bepul va ustuvorlik asosida koʻrsatiladi, innovatsiyalar va texnologiyalarni joriy qilish boʻyicha kontragentlarga esa tashkilotning ixtiyoriga koʻra, bepul yoki pulli asosda koʻrsatiladi.
5. Jismoniy va yuridik shaxslarga, jumladan, oliy taʼlim tashkilotlari hamda innovatsion faoliyat subyektlariga Markaz tomonidan intellektual mulk sohasida xizmatlar shartnoma asosida koʻrsatiladi.
Markaz faoliyati yuzasidan shartnomalarni tashkilot rahbari tuzadi.
2-bob. Markazning maqsadi va asosiy vazifalari
6. Markazning maqsadi quyidagilardan iborat:
intellektual mulk obyektlarining muhofazasi sohasida foydalanuvchilarga axborot va ilmiy-metodik yordam koʻrsatish;
aholiga intellektual mulk boʻyicha maslahat berish;
patent axborotidan foydalanishni oʻrgatish;
mualliflar, tadqiqotchilar va ixtirochilarga patent hujjatlarini rasmiylashtirishda, ilmiy ishlanmalarni tijoratlashtirish jarayonida koʻmaklashish;
yoshlar oʻrtasida intellektual mulk ahamiyatini targʻib etish orqali Oʻzbekiston Respublikasining innovatsion salohiyatini oshirish.
7. Markazning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
ixtirolar va foydali modellarga huquqiy himoya yorligʻini olishda amaliy yordam koʻrsatish;
innovatsion faoliyat subyektlariga Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Intellektual mulk markazi va Butunjahon intellektual mulk tashkilotining patent va patentsiz axborot resurslaridan bepul foydalanish imkoniyatini taqdim etish orqali ilmiy-texnik axborotdan, shu jumladan, intellektual mulk sohasida ixtisoslashtirilgan maʼlumotlar bazalaridan samarali foydalanishga koʻmaklashish;
intellektual faoliyat sohasida ilmiy-amaliy konferensiyalar, seminarlarni tashkil qilish, tayyorlash va oʻtkazish, shuningdek, intellektual mulk obyektlarining huquqiy muhofazasi asoslariga bagʻishlangan ilmiy-metodik va axborot materiallarini tarqatish orqali jamiyatda innovatsion faoliyatni tashviq va targʻib qilish;
huquqiy muhofaza olgan intellektual mulk obyektlarini tijoratlashtirish, shu jumladan, ularning xalqaro bozorlarda texnologiyalar transferini amalga oshirishiga koʻmaklashish;
topshirilayotgan talabnomalarning sifatini yaxshilash, shuningdek, sanoat mulki obyektlariga berilayotgan patentlar sonini oshirish maqsadida maʼlumotlar bazalarida patent qidiruvini oʻrgatish;
sanoat namunalari obyektlarini tijoratlashtirishda ular boʻyicha litsenziya shartnomalarini tuzishda konsultativ yordam koʻrsatish;
foydalanuvchilar uchun patent tadqiqotlarini oʻtkazish, ishlanmalarni tijoratlashtirishda patent axborotidan foydalanish boʻyicha oʻquv-metodik, amaliy materiallarni, shuningdek, ilmiy-amaliy konferensiyalar va seminarlarning materiallarini nashrga tayyorlash va chop etishga koʻmaklashish.
3-bob. Markaz faoliyatini tashkil etish
8. Markazga tashkilot rahbari tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi.
9. Markaz direktori Markazga umumiy rahbarlik qiladi, uning faoliyati yuzasidan toʻliq javob beradi, xoʻjalik faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan barcha masalalarni hal qiladi.
10. Markaz xodimlari tarkibi tashkilotning intellektual mulk sohasida maxsus taʼlim olgan va tajribaga ega xodimlari hisobidan shakllantiriladi.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Intellektual mulk markazi Markazga konsultativ yordam koʻrsatadi.
12. Markaz oʻz xodimlarining malakasini oshirishni tashkil etib boradi.
13. Markaz intellektual mulk sohasiga oid maʼlumotlarni vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlardan soʻrab oladi.
14. Markaz intellektual mulk sohasida faoliyat koʻrsatayotgan nufuzli xalqaro tashkilotlar va markazlar bilan hamkorlik qiladi.
4-bob. Markaz faoliyatini moliyalashtirish
15. Markaz tashkilot nomidan tashkiliy ishlarni bajaradi hamda uning kadrlar, moddiy-texnik, moliya va boshqa resurslaridan foydalanadi.
16. Markaz oʻz ishlari va xizmatlarini tashkilot tomonidan tasdiqlangan narxlar va tariflar boʻyicha amalga oshiradi.
17. Markaz koʻrsatgan xizmatlari evaziga tashkilotning hisobvaragʻiga tushadigan mablagʻlardan tashkilot rahbarining ruxsati bilan foydalanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
18. Mazkur Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
19. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-apreldagi 160-son qaroriga 3-ILOVA
Intellektual faoliyat boʻyicha tanlovlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom intellektual faoliyat boʻyicha tanlovlarni (keyingi oʻrinlarda — tanlov) tashkil etish, oʻtkazish, tanlov ishtirokchilarini baholash va gʻoliblarini taqdirlash tartibini belgilaydi.
2. Tanlov har yili ixtirochilar faolligini ragʻbatlantirish, innovatsion va texnologik salohiyatni rivojlantirish hamda intellektual mulk sohasidagi bilimlarni oshirish maqsadida oʻtkaziladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:
apellyatsiya komissiyasi — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi tomonidan tasdiqlanadigan, tanlov davomida ishtirokchilar tomonidan berilgan apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish hamda tegishli qaror qabul qilish vakolatiga ega komissiya;
baholash mezonlari — tanlov ishtirokchilarini baholashda barcha nominatsiyalar uchun umumiy hamda har bir nominatsiya uchun alohida qoʻllanadigan maxsus mezonlar;
ishtirokchi — tanlovda ishtirok etish uchun elektron platforma orqali hujjatlarni taqdim etgan Oʻzbekiston Respublikasida intellektual mulk huquqini olgan jismoniy shaxslar;
muhofaza hujjati — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan berilgan patent yoki guvohnoma;
tanlov komissiyasi — tanlovlarni oʻtkazish va ishtirokchilarni baholash uchun tuziladigan respublika va hududiy baholash komissiyalari;
tashkilotchi — intellektual faoliyat boʻyicha tanlovlarni tashkil etishga masʼul boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi;
elektron platforma — tashkilotchining tanlovlarni tashkil etish va ishtirokchilarni roʻyxatga olish uchun moʻljallangan Ixtirochilik va ratsionalizatorlik boʻyicha koʻrik tanlovlar oʻtkazish elektron platformasi. Bunda elektron platformadan foydalanish tartibi tashkilotchi tomonidan belgilanadi.
4. Tanlov adolatlilik, ochiqlik va shaffoflik tamoyillari asosida elektron platforma orqali oʻtkaziladi.
5. Tanlovning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
eng yaxshi intellektual faoliyat natijalarini adolatlilik, ochiqlik va shaffoflik tamoyillari asosida saralash;
intellektual faoliyat sohasida samaradorlikka erishgan eng muvaffaqiyatli ishlanmalarni aniqlash va ularni ragʻbatlantirish;
ishlanmalari mamlakatning texnologik rivojlanishidagi muhim masalalarni hal qilishga qaratilgan ixtirochilarning ilm-fandagi muvaffaqiyatlarini keng targʻib qilish.
6. Tanlov quyidagi nominatsiyalar boʻyicha tashkil etiladi:
“Eng yaxshi ixtiro”;
“Eng yaxshi foydali model”;
“Eng yaxshi sanoat namunasi”;
“Eng yaxshi elektron hisoblash mashinasi uchun yaratilgan dastur va maʼlumotlar bazasi”;
“Eng yaxshi seleksiya yutugʻi”.
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi mazkur nominatsiyalarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritishi mumkin.
7. Tanlov ikki bosqichda tashkil etiladi:
1-bosqich — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri miqyosida;
2-bosqich — respublika miqyosida.
8. Tanlovning:
1-bosqichida hududlarda faoliyat koʻrsatayotgan jismoniy shaxslar intellektual faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha huquqiy muhofaza hujjatiga ega boʻlgan ishlanmasi bilan ishtirok etadi;
2-bosqichida 1-bosqichda har bir nominatsiya boʻyicha eng yuqori natija koʻrsatgan 1-oʻrin egalari ishtirok etadi.
9. Ishtirokchi ariza topshirish orqali taqdim etgan maʼlumotlarining (tijorat maʼlumotlaridan tashqari) eʼlon qilinishiga roziligini hamda tashkilotchining soʻroviga asosan axborot va multimedia materiallarini, shuningdek, ixtiro boʻyicha taqdimotlarni oʻtkazish orqali targʻib qilishda ishtirok etishga tayyorligini bildiradi.
2-bob. Tanlovlarni tashkil etish va ishtirokchilarni baholash tartibi
10. Tanlov ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil etiladi va oʻtkaziladi.
11. Tashkilotchi har yili 1-mayga qadar tanlov shartlari va baholash mezonlarini tasdiqlaydi hamda oʻz rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida tanlovni eʼlon qiladi.
Bunda tanlov shartlari va baholash mezonlari eʼlonda koʻrsatilishi lozim.
12. Ishtirokchilar har yili 1-iyunga qadar eʼlonda belgilangan shartlar asosida arizalarni elektron platforma orqali taqdim etadi.
13. Tashkilotchi har yili 10-iyunga qadar tanlovning 1-bosqichini oʻtkazish sanasi va joyini oʻz veb-saytida va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida eʼlon qiladi.
14. Tanlovning 1-bosqichi hududiy tanlov komissiyalari tomonidan har yili 1-sentabrga qadar hududlardagi yoshlar texnoparklari yoki oliy taʼlim tashkilotlari binolarida oʻtkaziladi.
15. Tanlovning 1-bosqichida:
ishtirokchilar hududiy tanlov komissiyalariga oʻz ishlanmalarini taqdimot qiladilar;
hududiy tanlov komissiyalari aʼzolari har bir ishtirokchining hujjatlarini koʻrib chiqadi va taqdimotlari asosida elektron platforma orqali baholaydi;
baholash natijalariga koʻra, tanlovning 1-bosqichida har bir nominatsiya boʻyicha gʻolib boʻlgan bir nafardan ishtirokchi tanlovning 2-bosqichida qatnashadi.
16. Tashkilotchi har yili 10-sentabrga qadar tanlovning 2-bosqichini oʻtkazish sanasi va joyini oʻz veb-saytida va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida eʼlon qiladi.
17. Tanlovning 2-bosqichi tashkilotchi va respublika tanlov komissiyasi tomonidan har yili 1-noyabrga qadar tashkilotchi tomonidan belgilangan joyda oʻtkaziladi.
18. Tanlovning 2-bosqichida:
ishtirokchilarning ishlanmalari prototiplari yoki namunalari koʻrgazmasi tashkil etiladi;
ishtirokchilar respublika tanlov komissiyasiga oʻz ishlanmalarini taqdimot qiladilar;
respublika tanlov komissiyasi aʼzolari har bir ishtirokchi hujjatlarini koʻrib chiqadi va taqdimotlari asosida elektron platforma orqali baholaydi.
19. Tashkilotchi tomonidan har yili 1-dekabrga qadar tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari taqdirlanadi.
20. Tanlov ishtirokchilari amal qilish muddati tugamagan huquqiy muhofaza hujjatiga ega boʻlishlari kerak.
21. Tanlovning har bir bosqichini oʻtkazish yakuni boʻyicha tanlov komissiyasi bayonnomasi tuziladi va u komissiya raisi, masʼul kotibi va tanlovda qatnashgan boshqa komissiya aʼzolari tomonidan imzolanadi.
Bayonnomada quyidagilar koʻrsatilishi shart:
tanlovni oʻtkazish joyi va sanasi, tanlovning boshlanish va yakunlanish vaqti;
tanlovda qatnashgan komissiya aʼzolarining roʻyxati;
tanlovda qatnashgan ishtirokchilar va tanlovga kelmagan ishtirokchilar roʻyxati;
ishtirokchiga komissiya aʼzolari tomonidan qoʻyilgan ballarni hisoblash natijalari, shu jumladan, har bir ishtirokchi tomonidan toʻplangan ballar;
tanlovni oʻtkazish jarayoniga taalluqli boʻlgan boshqa maʼlumotlar;
tanlov yakunlari boʻyicha komissiya qarori, shu jumladan, tanlovda gʻolib deb topilgan ishtirokchilar;
komissiya qarori ustidan shikoyat qilish tartibi.
22. Tanlov bosqichlari doirasida ishtirokchilarning yakuniy ballari teng boʻlib qolganda, baholash mezonlariga muvofiq har bir nominatsiya uchun alohida qoʻllanadigan maxsus mezonlar boʻyicha toʻplangan ballari yuqori boʻlgan ishtirokchilarga ustunlik beriladi.
Baholash mezonlarining har bir nominatsiya uchun alohida qoʻllanadigan maxsus mezonlar boʻyicha toʻplangan ballar ham teng boʻlib qolganda, tanlov komissiyasi tomonidan ishtirokchilar oʻrtasida qoʻshimcha taqdimot tashkil etish orqali gʻoliblar aniqlanadi.
23. Tanlov oʻtkaziladigan bino va inshootlar videokuzatuv kameralari bilan jihozlanadi hamda tanlov jarayoni yopiq tarzda oʻtkaziladi, ishtirokchilarga telefon va boshqa aloqa vositalaridan foydalanish taqiqlanadi.
Bunda ishtirokchi, taqdimot vaqtida aloqa vositalaridan foydalanish holati aniqlangan taqdirda, dalolatnoma tuzilgan holda tanlovdan chetlashtiriladi.
3-bob. Tanlov komissiyalari faoliyatini tashkil etish
24. Tanlovning har bir bosqichi uchun 5 yoki 7 kishidan iborat hududiy va respublika tanlov komissiyalari tarkibi tashkilotchi tomonidan tasdiqlanadi.
Bunda tanlov komissiyalarining asosiy vazifalari va majburiyatlari hamda ularga qoʻyiladigan talablar tashkilotchi tomonidan belgilanadi.
25. Tanlov komissiyalari tarkibi olimlar, tegishli vazirlik va idoralarning vakillari hamda yirik sanoat tarmoqlarining malakali mutaxassislaridan iborat boʻladi.
Tanlovning 1-bosqichida ijtimoiy sohaga masʼul boʻlgan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining oʻrinbosari va viloyatlar hamda Toshkent shahri hokimlarining oʻrinbosari, Tanlovning 2-bosqichida Oʻzbekiston Ixtirochilar va ratsionalizatorlar jamiyati rahbari tanlov komissiyasiga raislik qiladi.
Tanlov komissiyasi majlisini tanlov komissiyasi raisi, u boʻlmagan taqdirda, tanlov komissiyasi raisining oʻrinbosari boshqaradi.
Agar tanlov komissiyasi aʼzosi ishtirokchi(lar)ning yaqin qarindoshi boʻlsa yoki tanlov natijasidan bevosita manfaatdor boʻlsa yoxud uning xolisligiga shubha tugʻdiruvchi boshqa holatlar mavjud boʻlsa, aʼzo oʻzini oʻzi rad etishi shart.
Agar u bunday qilmasa, ayni shu asoslar boʻyicha tanlov komissiyasining boshqa aʼzolari tomonidan, shuningdek, ishtirokchilar tomonidan rad etilishi mumkin. Ushbu shaxslar tashkilotchi qarori asosida tanlov komissiyasi aʼzolari tarkibidan chiqariladi hamda muqobil mutaxassis bilan toʻldiriladi.
Mazkur tartibga rioya qilmaslik oʻsha ishtirokchi(lar)ga oid tanlov natijalarini bekor qilishga asos boʻladi.
Tanlov komissiyasi aʼzosini tarkibdan chiqarish sabablari yigʻilish bayonida aks ettirilishi kerak.
Rad etilishi bildirilgan tanlov komissiyasi aʼzosi rad etish toʻgʻrisidagi masala koʻrilishidan oldin oʻz tushuntirishini berishga haqli.
Rad etish toʻgʻrisidagi masala rad qilinayotgan shaxsning yoʻqligida tanlov komissiyasining qolgan aʼzolari tomonidan koʻpchilik ovozi bilan hal etiladi. Ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda ham, ushbu komissiya aʼzosi rad etilgan hisoblanadi.
Tanlov komissiyalari tarkibiga xorijiy mutaxassislar jalb etilishi mumkin.
4-bob. Tanlov gʻoliblarini eʼlon qilish va taqdirlash
26. Tanlov gʻoliblari tanlov oʻtkazilgan kunning oʻzida eʼlon qilinadi.
Baholash natijalariga koʻra, tanlovning 2-bosqichida har bir nominatsiya boʻyicha 1 nafardan 1, 2 va 3-oʻrin egalari aniqlanadi va eʼlon qilinadi.
27. Tanlovning 2-bosqichi gʻolib va sovrindorlari bazaviy hisoblash miqdorining quyidagi miqdorlarida pul mukofotlari bilan taqdirlanadi:
1-oʻrin egalariga — 150 baravari;
2-oʻrin egalariga — 125 baravari;
3-oʻrin egalariga — 100 baravari.
28. Tashkilotchi tomonidan tanlovning har bir bosqichida gʻolib boʻlgan ishtirokchilarga tanlov komissiyasi yigʻilishi bayonnomasiga asosan tegishli sertifikatlar beriladi.
29. Tanlov ishtirokchilarini homiylar va hamkor tashkilotlar oʻz sovgʻalari bilan taqdirlashlari mumkin.
5-bob. Apellyatsiya komissiyasini tashkil etish
30. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan ishtirokchilar tanlov natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida tanlovning tegishli bosqichi boʻyicha apellyatsiya komissiyasiga yozma murojaat (shikoyat) berishlari mumkin.
31. Apellyatsiya komissiyasi ishtirokchilarning yozma murojaati (shikoyati)ni koʻrib koʻrib chiqish uchun kamida besh nafar toq sonli aʼzodan iborat tarkibda tuziladi.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibi tashkilotchi xodimlari va sohaning malakali mutaxassislaridan iborat boʻladi.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga tanlov komissiyasi aʼzolarining kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
32. Apellyatsiya komissiyasi murojaat (shikoyat) kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida murojaat (shikoyat)ni koʻrib chiqadi.
Zarur hollarda, murojaat (shikoyat) muallifining, tegishli tanlov komissiyasi aʼzolari hamda tanlovning boshqa subyektlarining fikrini eshitadi.
33. Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishi unda komissiya aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.
34. Apellyatsiya komissiyasi tanlov ishtirokchisining tanlov jarayonlariga oid murojaatini (shikoyatini) koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
tanlov ishtirokchisining ishlanmasi toʻgʻri baholangan boʻlsa, shuningdek, tanlov topshiriqlarida xato va kamchiliklar hamda sinovlarni oʻtkazish jarayonida tashkiliy-texnik jihatdan kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, tanlov natijalarini oʻzgartirishsiz qoldirish;
tanlov ishtirokchisining ishlanmasi tanlov komissiyasi tomonidan notoʻgʻri baholangani aniqlangan taqdirda, baholash natijalarini oʻzgartirish.
35. Apellyatsiya komissiyasiga boshqa ishtirokchilarning ishlarini koʻrib chiqish va murojaat etuvchining ishi bilan solishtirishga ruxsat berilmaydi.
36. Tanlov komissiyasi tomonidan baholangan ishtirokchi ishlanmasida baholash mezonlariga mos kelmaslik holatlari aniqlangan taqdirda, apellyatsiya komissiyasi tanlov komissiyasi qarorini bekor qilish yoki ularga oʻzgartirishlar kiritish huquqiga ega.
Bunda apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya natijalari boʻyicha asoslantirilgan maʼlumotlarni koʻrsatgan holda, tanlov natijalarini oʻzgartirish toʻgʻrisida bayonnomani rasmiylashtiradi.
37. Apellyatsiya komissiyasining qarori yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi. Bayonnoma apellyatsiya komissiyasining raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi.
38. Apellyatsiya komissiyasining qarori qaror qabul qilingan kunning oʻzida murojaat etuvchiga yuboriladi.
39. Apellyatsiya komissiyasi qaroriga muvofiq tanlov natijalari oʻzgargan taqdirda, tanlov komissiyasining qoʻshimcha bayonnomasi rasmiylashtiriladi va belgilangan tartibda tasdiqlanadi.
40. Ishtirokchi apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
41. Tanlov komissiyalari aʼzolari tanlov gʻoliblarini xolisona baholashda shaxsan javobgar hisoblanadi.
42. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Intellektual faoliyat boʻyicha tanlovlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA
Intellektual faoliyat boʻyicha tanlovlarni oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Tashkilotchi) Tanlov shartlari va baholash mezonlarini tasdiqlaydi hamda oʻz rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida tanlovni eʼlon qiladi. Har yili 1-mayga qadar 2-bosqich Ishtirokchilar (intellektual mulk huquqini olgan jismoniy shaxslar) Eʼlonda belgilangan shartlar asosida arizalarni elektron platforma orqali taqdim etadi. Har yili 1-iyunga qadar 3-bosqich Tashkilotchi Tanlovning 1-bosqichini oʻtkazish sanasi va joyini oʻz veb-saytida va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida eʼlon qiladi. Har yili 10-iyunga qadar 4 -bosqich Hududiy tanlov komissiyalari, tashkilotchi Tanlovning hududlar miqyosidagi 1-bosqichini oʻtkazadi. Har yili 1-sentabrga qadar 5-bosqich Tashkilotchi Tanlovning 2-bosqichini oʻtkazish sanasi va joyini oʻz veb-saytida va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida eʼlon qiladi. Har yili 10-sentabrga qadar 6-bosqich Respublika tanlov komissiyasi, tashkilotchi Tanlovning respublika miqyosidagi 2-bosqichini oʻtkazadi. Har yili 10-sentabrga qadar 7-bosqich Tashkilotchi Tanlovning respublika bosqichi gʻoliblarini taqdirlaydi. Har yili 1-dekabrga qadar
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 9-aprel,
160 -son