UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 9-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 9 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 апреля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 April 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Сурхондарё вилоятида иссиқхона хўжаликларини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида жойлашган иссиқҳона хўжаликларини иқлим ўзгаришига мослаштириш, Сурхондарё вилоятининг иқлим шароити қулай ҳудудларига кўчириш, уларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ва замонавий иссиқхона инфратузилмасини барпо этиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда энергия тақсимотини самарали амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 25 мартдаги ПҚ-108-сон қарорига асосан Сурхондарё вилояти Шеробод туманида «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси ва «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган, атроф-муҳит ва инсонлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётган иссиқҳона хўжаликларини Сурхондарё вилоятида ташкил этиладиган «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда — «Сурхон-Агро» зонаси) ҳудудига кўчириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

3. Белгилансинки, «Сурхон-Агро» зонасига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларидаги иссиқхона хўжаликларини ихтиёрий кўчиришни рағбатлантириш ҳамда қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қуйидаги тартиблар жорий этилади:

танлов асосидаги аукцион савдоларида иштирок этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхати «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш томонидан тақдим этилади;

иссиқхона хўжаликларини кўчиришдан бўшаган ер участкаларида ижарачилар томонидан ҳудуднинг ихтисослигидан келиб чиқиб, интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик йўналишларида фаолиятини давом эттириш ёки «яшил боғлар»ни барпо этишга рухсат берилади;

давлат мулки бўлган ва тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларидаги иссиқхоналар фаолияти тўхтатилиб, ер участкаларида бино ва иншоотлар қуриш (капитал қурилиш) ишларини амалга ошириш тақиқланади.

4. Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари ҳудудидан Сурхондарё вилоятига кўчириладиган иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиблари жорий этилсин:

а) иссиқхона фаолиятини тўхтатиб, «Сурхон-Агро» зонаси ҳудудида фаолиятини давом эттирган тадбиркорлик субъектларига халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда тижорат банкларининг маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжаликлари учун ажратилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатлари 5 йилга, шундан имтиёзли даври 3 йилгача узайтирилади (муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликларини кредит даврига мутаносиб равишда узайтириш).

Бунда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан аввал тақдим қилинган кафиллик ва кредит фоизлари компенсациялари сақлаб қолинади;

б) 2028 йил 1 апрелга қадар «Сурхон-Агро» зонаси ҳудудига кўчадиган иссиқхоналар учун иссиқхона конструкция ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар 1 сотих ер майдони учун бир марталик, бироқ 500 минг сўмгача миқдорда Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

5. Белгилансинки, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида:

а) 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғиларидан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмайди;

б) 2026 йил 1 августдан бошлаб мавжуд иссиқхоналар фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини қайта кўриб чиқиш ва уларни шаҳарсозлик ҳамда экологик талабларга мослаштириш мақсадида қуйидаги чеклов ва оширилган тарифлар жорий этилади:

иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади;

иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади;

в) 2026 йил 1 августдан бошлаб иссиқхоналарда ёқилғи сифатида кўмир, шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ҳамда шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган материалларни ёқиш натижасида атроф табиий муҳит ифлослантиргани ва чиқиндилар жойлаштиргани учун компенсация тўловлари йигирма бараварга оширилган ҳолда қўлланади ва мазкур тадбиркорлик субъектига берилган экологик экспертиза хулосаси қайта кўриб чиқилади;

г) қуйидаги йўналишларда давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёз, хизмат ва молиявий қўллаб-қувватлаш чораларидан иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш учун фойдаланишга чекловлар ўрнатилади:

«маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарорлари асосида бериладиган барча турдаги ижтимоий ва моддий ёрдам ҳамда фаолият турини йўлга қўйиш мақсадида давлат томонидан бериладиган барча субсидия ва преференциялар;

жисмоний ва юридик шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга кредит линиялари ажратиш, кредит лимитларини белгилаш ва мавжуд кредитлар бўйича лимитларни қайта кўриб чиқиш;

экологик талабларга риоя этилмаган ҳолларда давлат экологик экспертизаси бўйича ижобий хулоса берилмайди, шунингдек, илгари берилган хулосанинг амал қилиши белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилади;

д) таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига илмий мақсадлар учун (селекция навлари синови, уруғ ва кўчатларни кўпайтириш, хорижий нав ва дурагайларни маҳаллий иқлимга мослаштириш), истисно тариқасида, экологик талабларга риоя этган ҳолда мавжуд иссиқхоналардан фойдаланишга рухсат этилади.

6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда иссиқхоналарнинг кўчирилиши муносабати билан субсидияларни ажратиш ва тўлаш механизмларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2026 йил 1 сентябрга қадар «Сурхон-Агро» зонасининг мастер режаси ишлаб чиқилишини таъминласин.

7. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар «Сурхон-Агро» зонасига салоҳиятли инвесторлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчилари ҳамда элчихоналардаги савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар «Сурхон-Агро» зонасига хорижий инвесторларни ўзларининг лойиҳалари билан қатнашиши, уларнинг маблағларини жалб қилишга шахсан масъул этиб белгилансин.

8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар Солиқ кодексига Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги иссиқхоналар эгаллаб турган ер майдонлари учун ер солиғи ва кўчмас мулк учун мол-мулк солиғи ставкаларини амалдаги базавий ставкаларга нисбатан 10 баравар (ёки юқори оширилган коэффициентларда) миқдорида қўллашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритсин.

9. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда Дирекция мутахассислари ва ходимлари учун хизмат уй-жойлари ва вақтинчалик ётоқхоналар қуриш дастурини ишлаб чиқсин ҳамда 2026 йил якунига қадар қонунчиликда тақиқланмаган маблағлар ҳисобидан қурилиш ишларини якунласин.

10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 9 апрель,

162-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.04.2026 й., 09/26/162/0340-сон; 14.10.2026 й., 06/26/224/1026-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Surxondaryo viloyatida issiqxona xoʻjaliklarini yanada rivojlantirish boʻyicha navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Toshkent shahri va Toshkent viloyati hududlarida joylashgan issiqhona xoʻjaliklarini iqlim oʻzgarishiga moslashtirish, Surxondaryo viloyatining iqlim sharoiti qulay hududlariga koʻchirish, ularning faoliyatini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash va zamonaviy issiqxona infratuzilmasini barpo etish orqali oziq-ovqat xavfsizligini taʼminlash hamda energiya taqsimotini samarali amalga oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholini kuz-qish mavsumlarida qishloq xoʻjaligi mahsulotlari bilan barqaror taʼminlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 25-martdagi PQ-108-son qaroriga asosan Surxondaryo viloyati Sherobod tumanida “Surxon-Agro” erkin iqtisodiy zonasi va “Surxon-Agro” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi tashkil etilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Toshkent shahri, Surxondaryo va Toshkent viloyatlari hokimliklarining Toshkent shahri va Toshkent viloyatida joylashgan, atrof-muhit va insonlar sogʻligʻiga salbiy taʼsir koʻrsatayotgan issiqhona xoʻjaliklarini Surxondaryo viloyatida tashkil etiladigan “Surxon-Agro” erkin iqtisodiy zonasi (keyingi oʻrinlarda — “Surxon-Agro” zonasi) hududiga koʻchirish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

3. Belgilansinki, “Surxon-Agro” zonasiga Toshkent shahri va Toshkent viloyati hududlaridagi issiqxona xoʻjaliklarini ixtiyoriy koʻchirishni ragʻbatlantirish hamda qiymati kamida 10 million AQSH dollari ekvivalentida boʻlgan yirik investitsiya loyihalarini amalga oshirish uchun quyidagi tartiblar joriy etiladi:

tanlov asosidagi auksion savdolarida ishtirok etuvchi jismoniy va yuridik shaxslarning roʻyxati “Surxon-Agro” erkin iqtisodiy zonasi faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha kengash tomonidan taqdim etiladi;

issiqxona xoʻjaliklarini koʻchirishdan boʻshagan yer uchastkalarida ijarachilar tomonidan hududning ixtisosligidan kelib chiqib, intensiv bogʻdorchilik, uzumchilik va koʻchatchilik yoʻnalishlarida faoliyatini davom ettirish yoki “yashil bogʻlar”ni barpo etishga ruxsat beriladi;

davlat mulki boʻlgan va tadbirkorlik subyektlariga ijara huquqi asosida berilgan yer uchastkalaridagi issiqxonalar faoliyati toʻxtatilib, yer uchastkalarida bino va inshootlar qurish (kapital qurilish) ishlarini amalga oshirish taqiqlanadi.

4. Toshkent shahri, Toshkent viloyatining Yuqori Chirchiq, Qibray, Yangiyoʻl, Zangiota va Toshkent tumanlari hududidan Surxondaryo viloyatiga koʻchiriladigan issiqxona xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlashning quyidagi tartiblari joriy etilsin:

a) issiqxona faoliyatini toʻxtatib, “Surxon-Agro” zonasi hududida faoliyatini davom ettirgan tadbirkorlik subyektlariga xalqaro moliya institutlari, maqsadli jamgʻarmalar, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi hamda tijorat banklarining mablagʻlari hisobidan issiqxona xoʻjaliklari uchun ajratilgan milliy va xorijiy valyutadagi kreditlarni qaytarish muddatlari 5 yilga, shundan imtiyozli davri 3 yilgacha uzaytiriladi (muddati oʻtgan asosiy va foiz qarzdorliklarini kredit davriga mutanosib ravishda uzaytirish).

Bunda Tadbirkorlik faoliyatini qoʻllab-quvvatlash davlat jamgʻarmasi tomonidan avval taqdim qilingan kafillik va kredit foizlari kompensatsiyalari saqlab qolinadi;

b) 2028-yil 1-aprelga qadar “Surxon-Agro” zonasi hududiga koʻchadigan issiqxonalar uchun issiqxona konstruksiya va uskunalarini demontaj qilish, tashish va qayta oʻrnatish bilan bogʻliq xarajatlar 1 sotix yer maydoni uchun bir martalik, biroq 500 ming soʻmgacha miqdorda Umummilliy ekologik muammolarni bartaraf etish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi.

5. Belgilansinki, Toshkent shahri hamda Toshkent viloyatining Yuqori Chirchiq, Qibray, Yangiyoʻl, Zangiota va Toshkent tumanlarida atmosfera havosi sifatini yaxshilash maqsadida:

a) 2026-yil 1-iyundan boshlab koʻmir, mazut va atmosferaga zararli yoqilgʻilaridan foydalanishni nazarda tutuvchi yangi issiqxona xoʻjaliklarini tashkil etish va davlat roʻyxatidan oʻtkazishga ruxsat berilmaydi;

b) 2026-yil 1-avgustdan boshlab mavjud issiqxonalar faoliyatining iqtisodiy samaradorligini qayta koʻrib chiqish va ularni shaharsozlik hamda ekologik talablarga moslashtirish maqsadida quyidagi cheklov va oshirilgan tariflar joriy etiladi:

issiqxonalarga tabiiy gaz yetkazib berish toʻliq toʻxtatiladi va mavjud shartnomalar belgilangan tartibda gaz taʼminoti tashkilotlari tomonidan bekor qilinadi;

issiqxonalar tomonidan isteʼmol qilinadigan suv resurslari uchun toʻlovlar (soliq stavkasi) sanoat korxonalari uchun belgilangan eng yuqori tariflarning 5 baravari miqdorida hisoblanadi;

v) 2026-yil 1-avgustdan boshlab issiqxonalarda yoqilgʻi sifatida koʻmir, shinalar, bitum, mazut, plyonka, sintetik karton, rezina, jun tolasi hamda shunga oʻxshash komponentlarni oʻz ichiga olgan materiallarni yoqish natijasida atrof tabiiy muhit ifloslantirgani va chiqindilar joylashtirgani uchun kompensatsiya toʻlovlari yigirma baravarga oshirilgan holda qoʻllanadi va mazkur tadbirkorlik subyektiga berilgan ekologik ekspertiza xulosasi qayta koʻrib chiqiladi;

g) quyidagi yoʻnalishlarda davlat tomonidan taqdim etiladigan imtiyoz, xizmat va moliyaviy qoʻllab-quvvatlash choralaridan issiqxona xoʻjaliklarini tashkil etish uchun foydalanishga cheklovlar oʻrnatiladi:

“mahalla yettiligi”ning kollegial qarorlari asosida beriladigan barcha turdagi ijtimoiy va moddiy yordam hamda faoliyat turini yoʻlga qoʻyish maqsadida davlat tomonidan beriladigan barcha subsidiya va preferensiyalar;

jismoniy va yuridik shaxslarni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash maqsadida ularga kredit liniyalari ajratish, kredit limitlarini belgilash va mavjud kreditlar boʻyicha limitlarni qayta koʻrib chiqish;

ekologik talablarga rioya etilmagan hollarda davlat ekologik ekspertizasi boʻyicha ijobiy xulosa berilmaydi, shuningdek, ilgari berilgan xulosaning amal qilishi belgilangan tartibda vaqtincha toʻxtatiladi;

d) taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalariga ilmiy maqsadlar uchun (seleksiya navlari sinovi, urugʻ va koʻchatlarni koʻpaytirish, xorijiy nav va duragaylarni mahalliy iqlimga moslashtirish), istisno tariqasida, ekologik talablarga rioya etgan holda mavjud issiqxonalardan foydalanishga ruxsat etiladi.

6. Qishloq xoʻjaligi vazirligi:

Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi bilan birgalikda ikki oy muddatda issiqxonalarning koʻchirilishi munosabati bilan subsidiyalarni ajratish va toʻlash mexanizmlarini nazarda tutuvchi qaror loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

2026-yil 1-sentabrga qadar “Surxon-Agro” zonasining master rejasi ishlab chiqilishini taʼminlasin.

7. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Tashqi ishlar vazirligi bilan birgalikda 2026-yil 1-mayga qadar “Surxon-Agro” zonasiga salohiyatli investorlar, xalqaro tashkilotlar va moliya institutlarining mablagʻlarini jalb qilish choralarini koʻrsin.

Oʻzbekiston Respublikasining xorijiy mamlakatlardagi elchilari hamda elchixonalardagi savdo-iqtisodiy masalalar boʻyicha maslahatchilar “Surxon-Agro” zonasiga xorijiy investorlarni oʻzlarining loyihalari bilan qatnashishi, ularning mablagʻlarini jalb qilishga shaxsan masʼul etib belgilansin.

8. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Soliq qoʻmitasi bilan birgalikda 2026-yil 1-sentabrga qadar Soliq kodeksiga Toshkent shahri hamda Toshkent viloyatining Yuqori Chirchiq, Qibray, Yangiyoʻl, Zangiota va Toshkent tumanlaridagi issiqxonalar egallab turgan yer maydonlari uchun yer soligʻi va koʻchmas mulk uchun mol-mulk soligʻi stavkalarini amaldagi bazaviy stavkalarga nisbatan 10 baravar (yoki yuqori oshirilgan koeffitsiyentlarda) miqdorida qoʻllashni nazarda tutuvchi qonun loyihasini kiritsin.

9. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Surxondaryo viloyati hokimligi bilan birgalikda uch oy muddatda Direksiya mutaxassislari va xodimlari uchun xizmat uy-joylari va vaqtinchalik yotoqxonalar qurish dasturini ishlab chiqsin hamda 2026-yil yakuniga qadar qonunchilikda taqiqlanmagan mablagʻlar hisobidan qurilish ishlarini yakunlasin.

10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev hamda qishloq xoʻjaligi vaziri I.Yu. Abdurahmonov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 9-aprel,

162-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 10.04.2026-y., 09/26/162/0340-son; 14.10.2026-y., 06/26/224/1026-son)

lex.uz