UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 12-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 12 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 марта 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 March 2026 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг

буйруғи

Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (2-сонли МҲМС) «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари»ни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ-282-сон «Молиявий ҳисоб тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (2-сонли МҲМС) «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари» иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ 2027 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 12 мартдаги 345-сон буйруғига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (2-сонли МҲМС) «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари

Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (2-сонли МҲМС) «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) мулкчилик шаклидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган юридик шахслар (бундан Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар ва бюджет ташкилотлари мустасно) (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) томонидан молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асосларини белгилаш, шу жумладан ҳисоб сиёсатини танлаш ва қўллаш, ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ҳамда олдинги давр хатоларини тузатишни ҳисобга олиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Стандартда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

ҳисоб сиёсати — ташкилот томонидан молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этишда қўлланиладиган аниқ тамойиллар, асослар, умумқабул қилинган шартлар, қоидалар ва амалий ёндашувлар мажмуаси;

ҳисоб баҳолари — баҳолаш ноаниқлигига эга бўлган ва молиявий ҳисоботларда акс эттирилган пулда ифодаланувчи миқдорлар;

муҳим маълумотлар — тушириб қолдирилиши, нотўғри акс эттирилиши ёки етарли даражада очиқланмаслиги (яширилиши) молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларнинг (бундан буён матнда фойдаланувчи деб юритилади) молиявий ҳисоботлар асосида қабул қиладиган қарорларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотлар;

олдинги давр хатолари — ташкилотнинг бир ёки ундан ортиқ олдинги даврлар учун молиявий ҳисоботларидаги тушириб қолдиришлар ёки нотўғри акс эттиришлар ҳисобланиб, улар олдинги даврлар учун молиявий ҳисоботлар тасдиқланганда мавжуд бўлган ҳамда олдинги молиявий ҳисоботларни тайёрлашда ҳисобга олиниши мумкин бўлган ишончли маълумотлардан фойдаланмаслик ёки нотўғри фойдаланиш натижасида юзага келади;

ретроспектив қўллаш — янги ҳисоб сиёсатини операциялар, бошқа ҳодисалар ва вазиятларга (бундан буён матнда операциялар деб юритилади) нисбатан ушбу ҳисоб сиёсати ҳар доим қўллангандек татбиқ этиш;

ретроспектив қайта ҳисоблаш — молиявий ҳисоботлардаги элементлар қийматларининг тан олиниши, баҳоланиши ва ёритиб берилишини олдинги даврларда хатога йўл қўйилмагандек тузатиш;

амалий имконсиз — ташкилот томонидан ҳисоб сиёсатини ретроспектив қўллаш ёки хатони тузатиш мақсадида ретроспектив қайта ҳисоблаш бўйича талабларни амалда қўллашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларга қарамасдан уларни қўллай олмаслик;

перспектив қўллаш — ҳисоб сиёсати ўзгартирилган санадан кейин содир бўлган операцияларга нисбатан янги ҳисоб сиёсатини қўллаш ҳамда ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришнинг таъсирини ушбу ўзгариш таъсир кўрсатадиган жорий ва келгуси даврларда тан олиш.

2. Ушбу Стандартнинг мақсади молиявий ҳисоботларнинг ўринлилиги ва ишончлилигини, шунингдек олдинги ҳисобот даврларининг молиявий ҳисоботлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг молиявий ҳисоботлари билан қиёсланувчанлигини ошириш ҳисобланади.

Қуйидагилар молиявий ҳисоботларни тайёрлашнинг асослари этиб белгиланади:

умумий жиҳатлар;

ҳисоб сиёсатларини танлаш, ўзгартириш ва ёритиб бериш мезонлари;

ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳоларини ўзгартириш, хатоларни тузатишларни ҳисобга олиш ва ёритиб бериш.

2-боб. Молиявий ҳисоботларни тайёрлашнинг умумий жиҳатлари

1-§. Ҳаққоний тақдим этиш ва Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларига мувофиқлик

3. Ҳаққоний тақдим этиш Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш учун концептуал асосда (бундан буён матнда Концептуал асос деб юритилади) келтирилган активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатларнинг таърифлари ва тан олиш мезонларига мувофиқ операцияларнинг оқибатларини тўғри акс эттиришни талаб этади.

4. Молиявий ҳисоботларни Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларига (бундан буён матнда МҲМС деб юритилади) мувофиқ тайёрлайдиган ташкилот молиявий ҳисоботларга изоҳларда бундай мувофиқликни ошкора ва шартсиз баён этиши лозим.

Молиявий ҳисоботлар ташкилот томонидан МҲМСнинг барча талабларига мувофиқ бўлмагунга қадар МҲМСга мувофиқ деб баён этилмаслиги лозим.

5. Молиявий ҳисоботларнинг ҳаққоний тақдим этилишига эришиш учун ташкилот қўлланилган МҲМСга риоя этиши лозим. Бунда молиявий ҳисоботларни ҳаққоний тақдим этиш ташкилотдан қуйидагиларни талаб этади:

ўринли, ишончли, қиёсланувчан ва тушунарли, шу жумладан ҳисоб сиёсати учун зарур маълумотларни тақдим этиш;

ташкилотнинг молиявий ҳолати ва натижаларига муайян операциянинг таъсирини фойдаланувчилар томонидан тушуниб олиш учун маълумот етарли бўлмаганда МҲМСнинг муайян талабларига мувофиқ қўшимча маълумотларни ёритиб бериш.

6. Ташкилот фойдаланилган ҳисоб сиёсатини ёритиб бериш ёки изоҳлар (тушунтиришлар) орқали ноўрин қўлланган ҳисоб сиёсатини тузата олмайди.

2-§. Фаолиятнинг узлуксизлиги

7. Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш жараёнида ташкилот раҳбарияти ташкилот фаолиятининг узлуксиз давом этиш имкониятини баҳолайди.

Агар ташкилотнинг тугатилиши ёки фаолияти тўхтатилиши режалаштирилмаётган бўлса ёхуд ташкилотнинг тугатилиши ёки фаолияти тўхтатилишидан бошқа имкон қолмаган вазиятда бўлмаса, молиявий ҳисоботлар ташкилот фаолиятининг узлуксизлиги асосида тайёрланади.

Агар ташкилот фаолиятининг узлуксиз давом этиш имкониятини баҳолашда ташкилот раҳбари ташкилот фаолиятини узлуксиз давом этишига таъсир қилувчи муҳим ҳодиса ёки вазиятлардан хабардор бўлса, ташкилот мазкур ҳодиса ёки вазиятни молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб беради.

8. Фаолиятнинг узлуксизлигини баҳолашда ҳисобот даври охиридан кейинги камида ўн икки ойни қамраб олган маълумотлар ҳам инобатга олинади

3-§. Ҳисоблаш усули

9. Ташкилот пул оқимлари тўғрисидаги маълумотлардан ташқари молиявий ҳисоботларни ҳисоблаш усули асосида тайёрлаши лозим.

10. Ташкилот ҳисоблаш усулини қўллашда активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатларни (молиявий ҳисобот элементларини) улар Концептуал асосдаги ушбу элементларнинг таърифлари ва тан олиш мезонларига жавоб берганда тан олади.

3-боб. Ҳисоб сиёсати

1-§. Ҳисоб сиёсатини танлаш ва уни қўллаш

11. Муайян операцияга нисбатан муайян МҲМС махсус қўлланилса, ҳисобнинг бундай объектига нисбатан қўлланиладиган ҳисоб сиёсати ёки унинг қоидалари мазкур МҲМСни қўллаган ҳолда белгиланиши лозим.

12. Муайян операцияга нисбатан махсус қўлланиладиган МҲМС мавжуд бўлмаган тақдирда, ташкилот раҳбарияти қуйидаги маълумотларнинг шаклланишига олиб келадиган ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда ва қўллашда ўз мулоҳазасидан фойдаланиши лозим:

1) фойдаланувчилар томонидан қарорларни қабул қилиш учун ўринли бўлиши;

2) ишончли бўлиши, яъни молиявий ҳисоботлар:

ташкилотнинг молиявий ҳолати ва натижаси ҳамда пул оқимларини ҳаққоний кўрсатиши;

юридик шаклдан ташқари операцияларнинг иқтисодий моҳиятини акс эттириши;

холис, яъни тарафкашликдан холи бўлиши;

эҳтиёткорлик тамойилига мувофиқ бўлиши;

барча муҳим жиҳатлари бўйича тўлиқ бўлиши.

13. Ташкилот раҳбари мазкур Стандартнинг 12-бандида келтирилган мулоҳазани қабул қилишда қуйидаги манбаларга эътибор бериши ва уларнинг қўлланишини кўриб чиқиши лозим:

ўхшаш ва алоқадор масалаларни қамраб олувчи МҲМСдаги ёки амалда бўлган Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларидаги талаблар;

Концептуал асосда келтирилган активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатларнинг таърифлари ҳамда уларни тан олиш ва баҳолаш мезонлари.

14. Агар бирор МҲМСда ўхшаш операциялар учун турли ҳисоб сиёсатларини қўллаш мумкин бўлган объектларни алоҳида туркумларга ажратиш учун махсус кўрсатма ёки талаб бўлмаса, ташкилот ўхшаш операциялар учун ўзининг ҳисоб сиёсатини танлаши ва изчил равишда қўллаши лозим.

Агар бирор МҲМСда бундай туркумлаш талаб этилса ёки унга рухсат берилса, ҳар бир туркум бўйича тегишли ҳисоб сиёсати танланади ва изчил равишда қўлланилади.

2-§. Ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар

15. Ташкилот ҳисоб сиёсатини фақат бирор МҲМСда талаб этилса ёки ҳисоб сиёсатини ўзгартириш молиявий ҳисоботларда ташкилотнинг молиявий ҳолати ва натижалари ҳамда пул оқимларига операцияларнинг таъсири тўғрисида янада ўринли ва ишончли маълумотлар акс эттирилишига олиб келса ўзгартириши мумкин.

16. Ташкилотнинг молиявий ҳолати ва натижалари ҳамда пул оқимларининг ўзгаришларини аниқлаш мақсадида фойдаланувчилар молиявий ҳисоботларни даврий таққослаш имкониятига эга бўлиши лозим.

Агар ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш мазкур Стандартнинг 15-бандида келтирилган мезонларга жавоб бермаса, ҳар бир ҳисобот даври мобайнида ҳамда ҳисобот даврлари орасида бир хил ҳисоб сиёсатлари қўлланилиши лозим.

17. Қуйидагилар ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш ҳисобланмайди:

олдин содир бўлган операциялардан мазмунан фарқ қиладиган операциялар учун ҳисоб сиёсатини қўллаш;

олдин содир бўлмаган ёки муҳим бўлмаган операцияларга нисбатан янги ҳисоб сиёсатини қўллаш.

18. Асосий воситалар ёки номоддий активларни қайта баҳолаш бўйича ҳисоб сиёсатини дастлабки қўллаш ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш ҳисобланади.

Бунда ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш асосий воситалар ёки номоддий активларнинг ҳар бирига тегишли МҲМСга мувофиқ қайта баҳолаш сифатида қўлланилади.

Мазкур бандда кўрсатилган ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришга нисбатан мазкур Стандартнинг 19 — 36-бандлари қўлланмайди.

3-§. Ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни қўллаш

19. Ташкилот мазкур Стандартнинг 21-бандини ҳисобга олган ҳолда:

махсус ўтиш қоидалари назарда тутилган муайян МҲМСни дастлабки қўллаш натижасида юзага келган ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришни ушбу МҲМС қоидаларига мувофиқ ҳисобга олиши;

ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришга нисбатан қўлланадиган махсус ўтиш қоидаларини ўз ичига олмаган муайян МҲМСни дастлабки қўллашда ҳисоб сиёсатини ўзгартирса ёки ҳисоб сиёсатини ихтиёрий равишда ўзгартирса, ушбу ташкилот бундай ўзгаришларни ретроспектив тарзда қўллаши лозим.

4-§. Ретроспектив қўллаш бўйича чекловлар

20. Ташкилот томонидан мазкур Стандартнинг 21-бандини ҳисобга олган ҳолда ҳисоб сиёсатини ўзгартириш ушбу Стандартнинг 19-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларига мувофиқ ретроспектив тарзда қўлланилса, ташкилот тақдим қилинган олдинги даврларнинг энг дастлабки даври учун ушбу ўзгариш таъсир қилган хусусий капиталдаги таркибий қисмларнинг бошланғич қолдиқлари ва ҳар битта тақдим қилинган олдинги давр учун ёритиб берилган бошқа қиёсий маълумотларга янги ҳисоб сиёсати ҳамма вақт қўлланилгандек тарзда тузатиш киритиши зарур.

21. Ретроспектив қўллаш мазкур Стандартнинг 19-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларига мувофиқ талаб қилинганда ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш ретроспектив тарзда қўлланиши лозим, бундан ўзгаришнинг бирор-бир даврга тегишли таъсирини ёки жамланган (кумулятив) таъсирини аниқлаш амалий имконсиз бўлган ҳолатлар мустасно.

22. Тақдим қилинган бир ёки ундан ортиқ олдинги даврларга тегишли қиёсий маълумотга нисбатан ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришнинг маълум даврга тегишли таъсирларини аниқлаш амалий имконсиз бўлганда ташкилот янги ҳисоб сиёсатини ретроспектив қўллашни амалий имкони бўлган энг олдинги давр (бу жорий давр бўлиши ҳам мумкин) бошига бўлган активлар ва мажбуриятларнинг баланс қийматига нисбатан қўллаши лозим.

Шунингдек, мазкур давр учун хусусий капиталнинг ҳар бир таъсир қилинган компонентининг давр бошидаги қолдиғига тегишли тузатиш киритиши лозим.

23. Агар янги ҳисоб сиёсатини барча олдинги даврларга нисбатан қўллашнинг жамланган (кумулятив) таъсирини жорий давр бошида аниқлаш амалий имконсиз бўлса, ташкилот янги ҳисоб сиёсатини қўллашни амалий имкони бўлган энг дастлабки санадан бошлаб перспектив қўллаш мақсадида қиёсий маълумотларга тузатиш киритиши керак.

5-§. Ҳисоб сиёсатини танлаш ва қўллаш бўйича маълумотларни ёритиб бериш

24. Ташкилот ҳисоб сиёсатига доир муҳим маълумотларни молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб бериши лозим.

25. Муҳим бўлмаган операциялар тегишли бўлган ҳисоб сиёсатига оид маълумот муҳим ҳисобланмайди ва уни ёритиб бериш талаб этилмайди.

Операцияларнинг қиймати муҳим бўлмаганда ҳам уларнинг хусусияти сабабли ҳисоб сиёсатига оид маълумот муҳим деб ҳисобланиши мумкин.

26. Агар ҳисоб сиёсатига оид маълумот муҳим операцияларга тегишли бўлса ҳамда қуйидаги вазиятлардан бири мавжуд бўлса, ташкилот ушбу маълумотни ўз молиявий ҳисоботлари учун муҳим деб баҳолаши мумкин:

ташкилот ҳисобот даври давомида ҳисоб сиёсатини ўзгартирган ҳамда ушбу ўзгариш молиявий ҳисоботлардаги маълумотга муҳим таъсир кўрсатган бўлса;

ташкилот ҳисоб сиёсатида МҲМСда рухсат этилган усулни ёки бир нечта усуллардан бирини танлаган бўлса;

муайян операцияга бевосита татбиқ этиладиган махсус қўлланадиган МҲМС мавжуд бўлмаганлиги сабабли ҳисоб сиёсати мазкур Стандартга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлса;

ҳисоб сиёсати ташкилотдан уни қўллашда муҳим мулоҳаза ёки фаразлар қабул қилишни талаб этадиган соҳаларга тегишли бўлса ҳамда ташкилот ушбу мулоҳаза ёки фаразларни мазкур Стандартнинг 30 ва 33-бандларига мувофиқ ёритиб берса;

муҳим операциялар бўйича қўлланиладиган ҳисобга олиш тартиби мураккаб бўлган ҳамда ушбу ҳисоб сиёсатига оид маълумот ёритиб берилмаган ҳолларда фойдаланувчилар ушбу муҳим операцияларни тушуна олмаса.

27. Ташкилотнинг муайян МҲМС талабларини ўз вазиятларига мослаб қўллаганлигини акс эттирувчи ҳисоб сиёсати тўғрисидаги маълумотлар фойдаланувчилар учун стандартлаштирилган ёки МҲМСнинг талабларини такрорлайдиган ёхуд умумлаштирадиган маълумотларга нисбатан фойдалироқ бўлган ҳамда айнан шу ташкилотга хос бўлган ахборотни акс эттиради.

28. Агар ташкилот ҳисоб сиёсатининг муҳим бўлмаган маълумотларини ёритиб берса, бундай маълумотлар ҳисоб сиёсатининг муҳим бўлган маълумотларининг аҳамиятини камайтирмаслиги керак.

29. Ташкилотнинг ҳисоб сиёсати тўғрисидаги маълумотнинг муҳим эмаслиги ҳақидаги хулосаси бошқа МҲМСда келтирилган тегишли ёритиб бериш талабларига таъсир қилмайди.

30. Ташкилот ҳисоб сиёсатининг муҳим жиҳатлари ёки бошқа изоҳлар билан биргаликда ташкилот раҳбарияти томонидан ҳисоб сиёсатини қўллаш жараёнида қабул қилинган ҳамда молиявий ҳисоботларда тан олинган қийматларга юқори аҳамиятли даражада таъсир этган мулоҳазаларни (бундан ҳисоб баҳоларига оид мулоҳазалар мустасно) ҳам ёритиб бериши лозим.

6-§. Ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни ёритиб бериш

31. Агар муайян МҲМСни дастлабки қўллаш жорий давр ёки ҳар қандай олдинги даврга таъсир кўрсатса ёки тузатиш суммасини аниқлаш амалий имконсиз бўлган ҳолда таъсир кўрсатиши мумкин бўлса ёхуд келгуси даврларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, ташкилот молиявий ҳисоботларга изоҳларда қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

МҲМСнинг номи;

ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришнинг тавсифи;

ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш тегишли МҲМСнинг ўтиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилгани (қўллаш мумкин бўлса);

ўтиш қоидаларининг тавсифи (қўллаш мумкин бўлса);

келгуси даврларга таъсир қилиши мумкин бўлган ўтиш қоидалари (қўллаш мумкин бўлса);

жорий давр ва ҳар бир тақдим этилган олдинги давр (амалий имкони бўлган даражада) учун ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш таъсир этган молиявий ҳисоботларнинг ҳар бир моддаси бўйича тузатиш суммаси;

тақдим қилинган даврлардан (амалий имкони бўлган даражада) олдинги даврларга тегишли бўлган тузатиш суммаси;

агар мазкур Стандартнинг 19-бандида талаб этилган ретроспектив қўллаш бирор олдинги давр ёки тақдим қилинган даврлардан олдинги даврлар учун амалий имконсиз бўлса, бундай вазият содир бўлишига олиб келган ҳолатлар ва ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш қачондан бошлаб ва қандай қўлланганининг тавсифи.

Кейинги даврларнинг молиявий ҳисоботларида юқорида қайд этилган маълумотларни қайтадан ёритиб бериш талаб этилмайди.

32. Агар ҳисоб сиёсатидаги ихтиёрий ўзгариш жорий давр ёки ҳар қандай олдинги даврга таъсир кўрсатса ёхуд тузатиш суммасини аниқлаш амалий имконсиз бўлган даврдан ташқари ҳар қандай олдинги даврга таъсир кўрсатиши мумкин бўлса ёки келгуси даврларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, ташкилот молиявий ҳисоботларга изоҳларда қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришнинг тавсифи;

янги ҳисоб сиёсатини қўллаш нисбатан ишончли ва ўринли маълумот беришининг сабаблари;

жорий давр ва ҳар бир тақдим этилган олдинги давр (амалий имкони бўлган даражада) учун ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш таъсир этган молиявий ҳисоботларнинг ҳар бир моддаси бўйича тузатиш суммаси;

тақдим қилинган даврлардан (амалий имкони бўлган даражада) олдинги даврларга тегишли бўлган тузатиш суммаси;

агар ретроспектив қўллаш бирор олдинги давр ёки тақдим қилинган даврлардан олдинги даврлар учун амалий имконсиз бўлса, бундай вазият содир бўлишига олиб келган ҳолатлар ва ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш қачондан бошлаб ва қандай қўлланганининг тавсифи.

7-§. Ҳисоб баҳоларининг ноаниқлиги бўйича манбаларни ёритиб бериш

33. Ташкилот келажакка оид фаразлар ва ҳисоб баҳоларининг ноаниқлиги бўйича бошқа асосий манбалар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим. Бунда ҳисоб баҳоларининг ноаниқлиги бўйича асосий манбалар активлар ва мажбуриятларнинг баланс қийматларига кейинги молиявий йилда муҳим тузатишлар киритилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган аҳамиятли рискка эга бўлиши ҳамда ҳисобот даврининг охирига тегишли бўлиши лозим.

Бунда активлар ва мажбуриятлар бўйича изоҳлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

активлар ва мажбуриятларнинг тавсифи;

ҳисобот даври охирида активлар ва мажбуриятларнинг баланс қиймати.

34. Айрим активлар ва мажбуриятларнинг баланс қийматини аниқлашда ҳисобот даври якунига кўра ноаниқ келгуси ҳодисаларнинг ушбу активлар ва мажбуриятларга таъсирини баҳолаш талаб этилади.

35. Ташкилот мазкур Стандартнинг 33-банди иккинчи хатбошисидаги ёритиб бериладиган маълумотларни ташкилотнинг раҳбарияти томонидан қабул қилинган келажакка оид мулоҳазалар ва ҳисоб баҳоларининг ноаниқлиги бўйича бошқа манбаларни тушунишга ёрдам берадиган тарзда фойдаланувчиларга тақдим этади.

Тақдим қилинадиган маълумотларнинг хусусияти ва кўлами келажакка оид фаразларнинг ва бошқа омилларнинг хусусиятига боғлиқ тарзда ўзгаради.

36. Мазкур Стандартнинг 30-бандида келтирилган ҳисоб сиёсатини қўллашда амалга оширилган муайян мулоҳазаларни ёритиб бериш ушбу Стандартнинг 33-бандидаги ҳисоб баҳоларининг ноаниқлиги бўйича манбаларини ёритиб беришга боғлиқ бўлмайди.

4-боб. Ҳисоб баҳолари

37. Ҳисоб сиёсати молиявий ҳисоботлардаги айрим моддаларни баҳолаш ноаниқлигини тақозо этадиган тарзда баҳолашни талаб қилиши мумкин.

Бунда ҳисоб сиёсатида бевосита кузатиш мумкин бўлмаган ва шу сабабли тахминий ҳисоблаш (баҳолаш) йўли билан аниқланиши лозим бўлган моддаларни пул миқдорларида баҳолаш белгиланиши мумкин. Бундай вазиятда ташкилот ҳисоб сиёсатида белгиланган мақсадга эришиш учун ҳисоб баҳосини ишлаб чиқади.

Ҳисоб баҳолари энг сўнгги ва ишончли маълумотларга асосланган мулоҳаза ёки фаразлардан фойдаланиш орқали ишлаб чиқилади.

Қуйидагилар ҳисоб баҳолари ҳисобланади:

кутилаётган кредит йўқотишлари бўйича захира;

товар-моддий захиралар моддасининг соф сотиш қиймати;

актив ёки мажбуриятнинг ҳаққоний қиймати;

асосий воситалар бўйича амортизация харажатлари;

кафолат мажбуриятлари бўйича баҳоланган мажбурият ва бошқалар.

38. Ташкилот ҳисоб баҳосини ишлаб чиқиш учун баҳолаш усуллари ва ҳисоб-китобда фойдаланиладиган маълумотларни (инпуц) қўллайди.

Баҳолаш усуллари тахминий ҳисоблаш ва қийматни аниқлаш усулларини ўз ичига олади.

39. Молиявий ҳисоботларни тайёрлашда асосланган ҳисоб баҳоларидан фойдаланилиши мумкин ҳамда бу молиявий ҳисоботларнинг ишончлилигига салбий таъсир кўрсатмайди.

40. Ҳисоб баҳосига асос бўлган ҳолатлар ўзгариши, янги маълумотлар олиниши ёки қўшимча тажриба тўпланиши натижасида ҳисоб баҳоси ўзгартирилиши мумкин.

Ҳисоб баҳосининг ўзгартирилиши ўз моҳияти бўйича олдинги даврларга тегишли бўлмайди ҳамда хатони тузатиш ҳисобланмайди.

41. Агар баҳолаш усули ёки ҳисоб-китоб учун фойдаланиладиган маълумотлардаги (инпуц) ўзгаришнинг ҳисоб баҳосига таъсири олдинги ҳисобот даврларининг хатоларини тузатиш натижасида юз бермаган бўлса, бундай ўзгаришлар ҳисоб баҳосидаги ўзгаришлар ҳисобланади.

42. Қўлланилаётган баҳолаш асосининг ўзгариши ҳисоб баҳосидаги ўзгариш эмас, ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш ҳисобланади.

Агар ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш билан ҳисоб баҳосидаги ўзгаришни фарқлаб бўлмаса, бундай ўзгариш ҳисоб баҳосидаги ўзгариш деб топилади.

43. Ҳисоб баҳосидаги ўзгаришнинг таъсирини перспектив тарзда тан олиш деганда ушбу ўзгаришни операцияларга нисбатан ўзгариш рўй берган санадан бошлаб қўллаш тушунилади.

Ҳисоб баҳосидаги ўзгариш фақат жорий давр фойдаси ёки зарари ёхуд жорий ва келгуси даврларнинг фойдаси ёки зарарига таъсир кўрсатиши мумкин.

44. Мазкур Стандартнинг 46-бандида келтирилган ўзгаришдан ташқари ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришнинг таъсири қуйидаги даврларда фойда ёки зарар таркибида перспектив тарзда тан олиниши лозим:

агар ўзгариш фақат жорий даврга таъсир қилса, ўзгариш рўй берган даврда;

агар ўзгариш у рўй берган ҳамда келгуси даврларга таъсир кўрсатадиган бўлса, ўзгариш рўй берган даврда ва келгуси даврларда.

45. Ҳисоб баҳоларидаги ўзгариш активлар ва мажбуриятларнинг ўзгаришига сабаб бўлса ёки хусусий капиталнинг муайян моддасига тегишли бўлса, ушбу ўзгариш тегишли активларнинг, мажбуриятларнинг ёки хусусий капитал моддасининг баланс қийматига тузатиш киритиш орқали ўзгариш рўй берган даврда тан олиниши лозим.

46. Ташкилот жорий даврга ёки келгуси даврларга таъсир қилиши кутилаётган ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришнинг хусусияти ва қиймати тўғрисидаги маълумотларни молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб бериши керак, бундан келгуси даврларга таъсирини баҳолаш амалий имконсиз бўлган ҳоллар мустасно.

5-боб. Хатолар

1-§. Хатолар ва уларни тузатиш

47. Агар молиявий ҳисоботларда муҳим хатолар ёки ташкилотнинг молиявий ҳолати ва натижалари ҳамда пул оқимларини муайян кўринишда тақдим этишга эришиш мақсадида атайлаб қилинган муҳим бўлмаган хатолар мавжуд бўлса, молиявий ҳисоботлар МҲМСга мувофиқ ҳисобланмайди.

Жорий даврда аниқланган эҳтимолий хатолар молиявий ҳисоботлар тасдиқланишидан олдин тузатилиши лозим.

Олдинги даврнинг муҳим хатолари жорий даврнинг молиявий ҳисоботларидаги қиёсий маълумотларни қайта ҳисоблаш орқали тузатилади.

48. Олдинги давр хатолари математик хатолар, ҳисоб сиёсатини қўллашдаги хатолар, фактларни эътибордан четда қолдириш ёки нотўғри талқин қилиш, шунингдек фирибгарлик натижасида юзага келган хатоларни ўз ичига олади.

49. Мазкур Стандартнинг 50-бандида кўрсатилган талабларни инобатга олган ҳолда ташкилот олдинги даврнинг муҳим хатоларини улар аниқлангандан кейин тасдиқланган молиявий ҳисоботларнинг биринчи тўпламида қуйидагича ретроспектив тарзда тузатиши лозим:

хато юзага келган пайтда тақдим этилган олдинги давр(лар) учун қиёсий маълумотларни қайта ҳисоблаш орқали;

энг олдинги тақдим этилган даврдаги активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг давр бошига қолдиқларини қайта ҳисоблаш орқали (хато тақдим этилган энг олдинги даврдан аввал юзага келган бўлса).

2-§. Ретроспектив қайта ҳисоблашдаги чекловлар

50. Олдинги давр хатолари ретроспектив усул билан тузатилиши лозим, бундан хатонинг муайян даврга тегишли таъсирини ёки жамланган (кумулятив) таъсирини аниқлаш амалий имконсиз бўлган ҳолатлар мустасно.

51. Бир ёки ундан ортиқ олдинги даврлар учун тақдим қилинган қиёсий маълумотга хатонинг бирор-бир даврга тегишли бўлган таъсирини аниқлаш амалий имконсиз бўлганда ташкилот ретроспектив қайта ҳисоблашнинг амалий имкони бўлган энг олдинги давр бошига нисбатан активларнинг, мажбуриятларнинг ва хусусий капиталнинг қолдиқларини қайта ҳисоблаши лозим. Бунда ретроспектив қайта ҳисоблашни амалий имкони бўлган энг олдинги давр боши жорий даврнинг боши бўлиши ҳам мумкин.

52. Жорий даврнинг бошида хатонинг барча олдинги даврларга жамланган (кумулятив) таъсирини аниқлаш амалий имконсиз бўлганда хатони перспектив тарзда тузатиш мақсадида ташкилот қайта ҳисоблашни амалий имкони бўлган энг олдинги санадан бошлаб қиёсий маълумотларни қайта ҳисоблаши лозим.

53. Олдинги давр хатосини тузатиш суммаси хато аниқланган даврнинг фойда ёки зарари таркибида акс эттирилмайди.

Олдинги даврлар тўғрисида тақдим этилган ҳар қандай маълумот, шу жумладан молиявий маълумотларнинг ўтган давр жамланмаси амалий имкони бўлган энг олдинги даврдан бошлаб қайта ҳисобланади.

54. Барча олдинги даврлар учун хато суммасини аниқлаш амалий имконсиз бўлганда ташкилот мазкур Стандартнинг 52-бандига мувофиқ қиёсий маълумотларни хатолик суммасини аниқлашнинг амалий имкони бўлган энг олдинги санадан бошлаб перспектив тарзда қайта ҳисоблайди.

Бунда ташкилот хатолик суммасини аниқлашнинг амалий имкони бўлган энг олдинги санадан олдин юзага келадиган активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг жамланган (кумулятив) қайта ҳисоблаш қисмини ҳисобга олмайди.

55. Хатоларни тузатиш ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлардан фарқланади. Бунда ҳисоб баҳолари ҳисоб баҳосига асос бўлган ҳолатлар ўзгариши, янги маълумотлар олиниши ёки қўшимча тажриба тўпланиши билан ўзгартириш талаб этилиши мумкин бўлган тахминий қиймат ҳисобланади.

3-§. Хатолар бўйича маълумотларни ёритиб бериш

56. Мазкур Стандартнинг 49-бандини қўллашда ташкилот қуйидагиларни ёритиб беради:

олдинги даврдаги хатонинг тавсифи;

тақдим қилинган ҳар бир олдинги давр (амалий имкони бўлган даражада) учун молиявий ҳисоботларнинг ҳар бир моддаси бўйича тузатиш суммаси;

тақдим қилинган олдинги даврларнинг энг дастлабки даври бошига тузатишнинг суммаси;

агар ретроспектив қайта ҳисоблашни бирор олдинги давр учун амалга оширишнинг амалий имкони бўлмаса, бундай вазият содир бўлишига олиб келган ҳолатлар ва хато қачондан бошлаб ва қандай тузатилганининг тавсифи.

Кейинги даврларнинг молиявий ҳисоботларида юқорида қайд этилган маълумотларни қайтадан ёритиб бериш талаб этилмайди.

Вазир Д. КУЧКАРОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 12 март,

345 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 10/26/3810/0347-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining

buyrugʻi

Oʻzbekiston Respublikasi moliyaviy hisobotning milliy standarti (2-sonli MHMS) “Moliyaviy hisobotlarni tayyorlash asoslari: hisob siyosati va hisob baholari”ni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 15-sentabrdagi PQ-282-son “Moliyaviy hisob tizimini xalqaro talab va standartlarga muvofiq takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi moliyaviy hisobotning milliy standarti (2-sonli MHMS) “Moliyaviy hisobotlarni tayyorlash asoslari: hisob siyosati va hisob baholari” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq 2027-yil 1-yanvardan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2026-yil 12-martdagi 345-son buyrugʻiga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi moliyaviy hisobotning milliy standarti (2-sonli MHMS) “Moliyaviy hisobotlarni tayyorlash asoslari: hisob siyosati va hisob baholari

Oʻzbekiston Respublikasi moliyaviy hisobotning milliy standarti (2-sonli MHMS) “Moliyaviy hisobotlarni tayyorlash asoslari: hisob siyosati va hisob baholari” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) mulkchilik shaklidan qatʼiy nazar Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yuritayotgan yuridik shaxslar (bundan Jamoat ahamiyatiga ega tashkilotlar va budjet tashkilotlari mustasno) (bundan buyon matnda tashkilot deb yuritiladi) tomonidan moliyaviy hisobotlarni tayyorlash asoslarini belgilash, shu jumladan hisob siyosatini tanlash va qoʻllash, hisob siyosati va hisob baholaridagi oʻzgarishlar hamda oldingi davr xatolarini tuzatishni hisobga olish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Standartda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

hisob siyosati — tashkilot tomonidan moliyaviy hisobotlarni tayyorlash va taqdim etishda qoʻllaniladigan aniq tamoyillar, asoslar, umumqabul qilingan shartlar, qoidalar va amaliy yondashuvlar majmuasi;

hisob baholari — baholash noaniqligiga ega boʻlgan va moliyaviy hisobotlarda aks ettirilgan pulda ifodalanuvchi miqdorlar;

muhim maʼlumotlar — tushirib qoldirilishi, notoʻgʻri aks ettirilishi yoki yetarli darajada ochiqlanmasligi (yashirilishi) moliyaviy hisobotlardan foydalanuvchilarning (bundan buyon matnda foydalanuvchi deb yuritiladi) moliyaviy hisobotlar asosida qabul qiladigan qarorlariga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan maʼlumotlar;

oldingi davr xatolari — tashkilotning bir yoki undan ortiq oldingi davrlar uchun moliyaviy hisobotlaridagi tushirib qoldirishlar yoki notoʻgʻri aks ettirishlar hisoblanib, ular oldingi davrlar uchun moliyaviy hisobotlar tasdiqlanganda mavjud boʻlgan hamda oldingi moliyaviy hisobotlarni tayyorlashda hisobga olinishi mumkin boʻlgan ishonchli maʼlumotlardan foydalanmaslik yoki notoʻgʻri foydalanish natijasida yuzaga keladi;

retrospektiv qoʻllash — yangi hisob siyosatini operatsiyalar, boshqa hodisalar va vaziyatlarga (bundan buyon matnda operatsiyalar deb yuritiladi) nisbatan ushbu hisob siyosati har doim qoʻllangandek tatbiq etish;

retrospektiv qayta hisoblash — moliyaviy hisobotlardagi elementlar qiymatlarining tan olinishi, baholanishi va yoritib berilishini oldingi davrlarda xatoga yoʻl qoʻyilmagandek tuzatish;

amaliy imkonsiz — tashkilot tomonidan hisob siyosatini retrospektiv qoʻllash yoki xatoni tuzatish maqsadida retrospektiv qayta hisoblash boʻyicha talablarni amalda qoʻllashga qaratilgan barcha saʼy-harakatlarga qaramasdan ularni qoʻllay olmaslik;

perspektiv qoʻllash — hisob siyosati oʻzgartirilgan sanadan keyin sodir boʻlgan operatsiyalarga nisbatan yangi hisob siyosatini qoʻllash hamda hisob baholaridagi oʻzgarishning taʼsirini ushbu oʻzgarish taʼsir koʻrsatadigan joriy va kelgusi davrlarda tan olish.

2. Ushbu Standartning maqsadi moliyaviy hisobotlarning oʻrinliligi va ishonchliligini, shuningdek oldingi hisobot davrlarining moliyaviy hisobotlari hamda boshqa tashkilotlarning moliyaviy hisobotlari bilan qiyoslanuvchanligini oshirish hisoblanadi.

Quyidagilar moliyaviy hisobotlarni tayyorlashning asoslari etib belgilanadi:

umumiy jihatlar;

hisob siyosatlarini tanlash, oʻzgartirish va yoritib berish mezonlari;

hisob siyosati va hisob baholarini oʻzgartirish, xatolarni tuzatishlarni hisobga olish va yoritib berish.

2-bob. Moliyaviy hisobotlarni tayyorlashning umumiy jihatlari

1-§. Haqqoniy taqdim etish va Moliyaviy hisobotning milliy standartlariga muvofiqlik

3. Haqqoniy taqdim etish Moliyaviy hisobotlarni taqdim etish uchun konseptual asosda (bundan buyon matnda Konseptual asos deb yuritiladi) keltirilgan aktivlar, majburiyatlar, daromadlar va xarajatlarning taʼriflari va tan olish mezonlariga muvofiq operatsiyalarning oqibatlarini toʻgʻri aks ettirishni talab etadi.

4. Moliyaviy hisobotlarni Moliyaviy hisobotning milliy standartlariga (bundan buyon matnda MHMS deb yuritiladi) muvofiq tayyorlaydigan tashkilot moliyaviy hisobotlarga izohlarda bunday muvofiqlikni oshkora va shartsiz bayon etishi lozim.

Moliyaviy hisobotlar tashkilot tomonidan MHMSning barcha talablariga muvofiq boʻlmagunga qadar MHMSga muvofiq deb bayon etilmasligi lozim.

5. Moliyaviy hisobotlarning haqqoniy taqdim etilishiga erishish uchun tashkilot qoʻllanilgan MHMSga rioya etishi lozim. Bunda moliyaviy hisobotlarni haqqoniy taqdim etish tashkilotdan quyidagilarni talab etadi:

oʻrinli, ishonchli, qiyoslanuvchan va tushunarli, shu jumladan hisob siyosati uchun zarur maʼlumotlarni taqdim etish;

tashkilotning moliyaviy holati va natijalariga muayyan operatsiyaning taʼsirini foydalanuvchilar tomonidan tushunib olish uchun maʼlumot yetarli boʻlmaganda MHMSning muayyan talablariga muvofiq qoʻshimcha maʼlumotlarni yoritib berish.

6. Tashkilot foydalanilgan hisob siyosatini yoritib berish yoki izohlar (tushuntirishlar) orqali nooʻrin qoʻllangan hisob siyosatini tuzata olmaydi.

2-§. Faoliyatning uzluksizligi

7. Moliyaviy hisobotlarni tayyorlash jarayonida tashkilot rahbariyati tashkilot faoliyatining uzluksiz davom etish imkoniyatini baholaydi.

Agar tashkilotning tugatilishi yoki faoliyati toʻxtatilishi rejalashtirilmayotgan boʻlsa yoxud tashkilotning tugatilishi yoki faoliyati toʻxtatilishidan boshqa imkon qolmagan vaziyatda boʻlmasa, moliyaviy hisobotlar tashkilot faoliyatining uzluksizligi asosida tayyorlanadi.

Agar tashkilot faoliyatining uzluksiz davom etish imkoniyatini baholashda tashkilot rahbari tashkilot faoliyatini uzluksiz davom etishiga taʼsir qiluvchi muhim hodisa yoki vaziyatlardan xabardor boʻlsa, tashkilot mazkur hodisa yoki vaziyatni moliyaviy hisobotlarga izohlarda yoritib beradi.

8. Faoliyatning uzluksizligini baholashda hisobot davri oxiridan keyingi kamida oʻn ikki oyni qamrab olgan maʼlumotlar ham inobatga olinadi

3-§. Hisoblash usuli

9. Tashkilot pul oqimlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan tashqari moliyaviy hisobotlarni hisoblash usuli asosida tayyorlashi lozim.

10. Tashkilot hisoblash usulini qoʻllashda aktivlar, majburiyatlar, xususiy kapital, daromadlar va xarajatlarni (moliyaviy hisobot elementlarini) ular Konseptual asosdagi ushbu elementlarning taʼriflari va tan olish mezonlariga javob berganda tan oladi.

3-bob. Hisob siyosati

1-§. Hisob siyosatini tanlash va uni qoʻllash

11. Muayyan operatsiyaga nisbatan muayyan MHMS maxsus qoʻllanilsa, hisobning bunday obyektiga nisbatan qoʻllaniladigan hisob siyosati yoki uning qoidalari mazkur MHMSni qoʻllagan holda belgilanishi lozim.

12. Muayyan operatsiyaga nisbatan maxsus qoʻllaniladigan MHMS mavjud boʻlmagan taqdirda, tashkilot rahbariyati quyidagi maʼlumotlarning shakllanishiga olib keladigan hisob siyosatini ishlab chiqishda va qoʻllashda oʻz mulohazasidan foydalanishi lozim:

1) foydalanuvchilar tomonidan qarorlarni qabul qilish uchun oʻrinli boʻlishi;

2) ishonchli boʻlishi, yaʼni moliyaviy hisobotlar:

tashkilotning moliyaviy holati va natijasi hamda pul oqimlarini haqqoniy koʻrsatishi;

yuridik shakldan tashqari operatsiyalarning iqtisodiy mohiyatini aks ettirishi;

xolis, yaʼni tarafkashlikdan xoli boʻlishi;

ehtiyotkorlik tamoyiliga muvofiq boʻlishi;

barcha muhim jihatlari boʻyicha toʻliq boʻlishi.

13. Tashkilot rahbari mazkur Standartning 12-bandida keltirilgan mulohazani qabul qilishda quyidagi manbalarga eʼtibor berishi va ularning qoʻllanishini koʻrib chiqishi lozim:

oʻxshash va aloqador masalalarni qamrab oluvchi MHMSdagi yoki amalda boʻlgan Buxgalteriya hisobining milliy standartlaridagi talablar;

Konseptual asosda keltirilgan aktivlar, majburiyatlar, daromadlar va xarajatlarning taʼriflari hamda ularni tan olish va baholash mezonlari.

14. Agar biror MHMSda oʻxshash operatsiyalar uchun turli hisob siyosatlarini qoʻllash mumkin boʻlgan obyektlarni alohida turkumlarga ajratish uchun maxsus koʻrsatma yoki talab boʻlmasa, tashkilot oʻxshash operatsiyalar uchun oʻzining hisob siyosatini tanlashi va izchil ravishda qoʻllashi lozim.

Agar biror MHMSda bunday turkumlash talab etilsa yoki unga ruxsat berilsa, har bir turkum boʻyicha tegishli hisob siyosati tanlanadi va izchil ravishda qoʻllaniladi.

2-§. Hisob siyosatidagi oʻzgarishlar

15. Tashkilot hisob siyosatini faqat biror MHMSda talab etilsa yoki hisob siyosatini oʻzgartirish moliyaviy hisobotlarda tashkilotning moliyaviy holati va natijalari hamda pul oqimlariga operatsiyalarning taʼsiri toʻgʻrisida yanada oʻrinli va ishonchli maʼlumotlar aks ettirilishiga olib kelsa oʻzgartirishi mumkin.

16. Tashkilotning moliyaviy holati va natijalari hamda pul oqimlarining oʻzgarishlarini aniqlash maqsadida foydalanuvchilar moliyaviy hisobotlarni davriy taqqoslash imkoniyatiga ega boʻlishi lozim.

Agar hisob siyosatidagi oʻzgarish mazkur Standartning 15-bandida keltirilgan mezonlarga javob bermasa, har bir hisobot davri mobaynida hamda hisobot davrlari orasida bir xil hisob siyosatlari qoʻllanilishi lozim.

17. Quyidagilar hisob siyosatidagi oʻzgarish hisoblanmaydi:

oldin sodir boʻlgan operatsiyalardan mazmunan farq qiladigan operatsiyalar uchun hisob siyosatini qoʻllash;

oldin sodir boʻlmagan yoki muhim boʻlmagan operatsiyalarga nisbatan yangi hisob siyosatini qoʻllash.

18. Asosiy vositalar yoki nomoddiy aktivlarni qayta baholash boʻyicha hisob siyosatini dastlabki qoʻllash hisob siyosatidagi oʻzgarish hisoblanadi.

Bunda hisob siyosatidagi oʻzgarish asosiy vositalar yoki nomoddiy aktivlarning har biriga tegishli MHMSga muvofiq qayta baholash sifatida qoʻllaniladi.

Mazkur bandda koʻrsatilgan hisob siyosatidagi oʻzgarishga nisbatan mazkur Standartning 19 — 36-bandlari qoʻllanmaydi.

3-§. Hisob siyosatidagi oʻzgarishlarni qoʻllash

19. Tashkilot mazkur Standartning 21-bandini hisobga olgan holda:

maxsus oʻtish qoidalari nazarda tutilgan muayyan MHMSni dastlabki qoʻllash natijasida yuzaga kelgan hisob siyosatidagi oʻzgarishni ushbu MHMS qoidalariga muvofiq hisobga olishi;

hisob siyosatidagi oʻzgarishga nisbatan qoʻllanadigan maxsus oʻtish qoidalarini oʻz ichiga olmagan muayyan MHMSni dastlabki qoʻllashda hisob siyosatini oʻzgartirsa yoki hisob siyosatini ixtiyoriy ravishda oʻzgartirsa, ushbu tashkilot bunday oʻzgarishlarni retrospektiv tarzda qoʻllashi lozim.

4-§. Retrospektiv qoʻllash boʻyicha cheklovlar

20. Tashkilot tomonidan mazkur Standartning 21-bandini hisobga olgan holda hisob siyosatini oʻzgartirish ushbu Standartning 19-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilariga muvofiq retrospektiv tarzda qoʻllanilsa, tashkilot taqdim qilingan oldingi davrlarning eng dastlabki davri uchun ushbu oʻzgarish taʼsir qilgan xususiy kapitaldagi tarkibiy qismlarning boshlangʻich qoldiqlari va har bitta taqdim qilingan oldingi davr uchun yoritib berilgan boshqa qiyosiy maʼlumotlarga yangi hisob siyosati hamma vaqt qoʻllanilgandek tarzda tuzatish kiritishi zarur.

21. Retrospektiv qoʻllash mazkur Standartning 19-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilariga muvofiq talab qilinganda hisob siyosatidagi oʻzgarish retrospektiv tarzda qoʻllanishi lozim, bundan oʻzgarishning biror-bir davrga tegishli taʼsirini yoki jamlangan (kumulyativ) taʼsirini aniqlash amaliy imkonsiz boʻlgan holatlar mustasno.

22. Taqdim qilingan bir yoki undan ortiq oldingi davrlarga tegishli qiyosiy maʼlumotga nisbatan hisob siyosatidagi oʻzgarishning maʼlum davrga tegishli taʼsirlarini aniqlash amaliy imkonsiz boʻlganda tashkilot yangi hisob siyosatini retrospektiv qoʻllashni amaliy imkoni boʻlgan eng oldingi davr (bu joriy davr boʻlishi ham mumkin) boshiga boʻlgan aktivlar va majburiyatlarning balans qiymatiga nisbatan qoʻllashi lozim.

Shuningdek, mazkur davr uchun xususiy kapitalning har bir taʼsir qilingan komponentining davr boshidagi qoldigʻiga tegishli tuzatish kiritishi lozim.

23. Agar yangi hisob siyosatini barcha oldingi davrlarga nisbatan qoʻllashning jamlangan (kumulyativ) taʼsirini joriy davr boshida aniqlash amaliy imkonsiz boʻlsa, tashkilot yangi hisob siyosatini qoʻllashni amaliy imkoni boʻlgan eng dastlabki sanadan boshlab perspektiv qoʻllash maqsadida qiyosiy maʼlumotlarga tuzatish kiritishi kerak.

5-§. Hisob siyosatini tanlash va qoʻllash boʻyicha maʼlumotlarni yoritib berish

24. Tashkilot hisob siyosatiga doir muhim maʼlumotlarni moliyaviy hisobotlarga izohlarda yoritib berishi lozim.

25. Muhim boʻlmagan operatsiyalar tegishli boʻlgan hisob siyosatiga oid maʼlumot muhim hisoblanmaydi va uni yoritib berish talab etilmaydi.

Operatsiyalarning qiymati muhim boʻlmaganda ham ularning xususiyati sababli hisob siyosatiga oid maʼlumot muhim deb hisoblanishi mumkin.

26. Agar hisob siyosatiga oid maʼlumot muhim operatsiyalarga tegishli boʻlsa hamda quyidagi vaziyatlardan biri mavjud boʻlsa, tashkilot ushbu maʼlumotni oʻz moliyaviy hisobotlari uchun muhim deb baholashi mumkin:

tashkilot hisobot davri davomida hisob siyosatini oʻzgartirgan hamda ushbu oʻzgarish moliyaviy hisobotlardagi maʼlumotga muhim taʼsir koʻrsatgan boʻlsa;

tashkilot hisob siyosatida MHMSda ruxsat etilgan usulni yoki bir nechta usullardan birini tanlagan boʻlsa;

muayyan operatsiyaga bevosita tatbiq etiladigan maxsus qoʻllanadigan MHMS mavjud boʻlmaganligi sababli hisob siyosati mazkur Standartga muvofiq ishlab chiqilgan boʻlsa;

hisob siyosati tashkilotdan uni qoʻllashda muhim mulohaza yoki farazlar qabul qilishni talab etadigan sohalarga tegishli boʻlsa hamda tashkilot ushbu mulohaza yoki farazlarni mazkur Standartning 30 va 33-bandlariga muvofiq yoritib bersa;

muhim operatsiyalar boʻyicha qoʻllaniladigan hisobga olish tartibi murakkab boʻlgan hamda ushbu hisob siyosatiga oid maʼlumot yoritib berilmagan hollarda foydalanuvchilar ushbu muhim operatsiyalarni tushuna olmasa.

27. Tashkilotning muayyan MHMS talablarini oʻz vaziyatlariga moslab qoʻllaganligini aks ettiruvchi hisob siyosati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar foydalanuvchilar uchun standartlashtirilgan yoki MHMSning talablarini takrorlaydigan yoxud umumlashtiradigan maʼlumotlarga nisbatan foydaliroq boʻlgan hamda aynan shu tashkilotga xos boʻlgan axborotni aks ettiradi.

28. Agar tashkilot hisob siyosatining muhim boʻlmagan maʼlumotlarini yoritib bersa, bunday maʼlumotlar hisob siyosatining muhim boʻlgan maʼlumotlarining ahamiyatini kamaytirmasligi kerak.

29. Tashkilotning hisob siyosati toʻgʻrisidagi maʼlumotning muhim emasligi haqidagi xulosasi boshqa MHMSda keltirilgan tegishli yoritib berish talablariga taʼsir qilmaydi.

30. Tashkilot hisob siyosatining muhim jihatlari yoki boshqa izohlar bilan birgalikda tashkilot rahbariyati tomonidan hisob siyosatini qoʻllash jarayonida qabul qilingan hamda moliyaviy hisobotlarda tan olingan qiymatlarga yuqori ahamiyatli darajada taʼsir etgan mulohazalarni (bundan hisob baholariga oid mulohazalar mustasno) ham yoritib berishi lozim.

6-§. Hisob siyosatidagi oʻzgarishlarni yoritib berish

31. Agar muayyan MHMSni dastlabki qoʻllash joriy davr yoki har qanday oldingi davrga taʼsir koʻrsatsa yoki tuzatish summasini aniqlash amaliy imkonsiz boʻlgan holda taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa yoxud kelgusi davrlarga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa, tashkilot moliyaviy hisobotlarga izohlarda quyidagilarni yoritib berishi lozim:

MHMSning nomi;

hisob siyosatidagi oʻzgarishning tavsifi;

hisob siyosatidagi oʻzgarish tegishli MHMSning oʻtish qoidalariga muvofiq amalga oshirilgani (qoʻllash mumkin boʻlsa);

oʻtish qoidalarining tavsifi (qoʻllash mumkin boʻlsa);

kelgusi davrlarga taʼsir qilishi mumkin boʻlgan oʻtish qoidalari (qoʻllash mumkin boʻlsa);

joriy davr va har bir taqdim etilgan oldingi davr (amaliy imkoni boʻlgan darajada) uchun hisob siyosatidagi oʻzgarish taʼsir etgan moliyaviy hisobotlarning har bir moddasi boʻyicha tuzatish summasi;

taqdim qilingan davrlardan (amaliy imkoni boʻlgan darajada) oldingi davrlarga tegishli boʻlgan tuzatish summasi;

agar mazkur Standartning 19-bandida talab etilgan retrospektiv qoʻllash biror oldingi davr yoki taqdim qilingan davrlardan oldingi davrlar uchun amaliy imkonsiz boʻlsa, bunday vaziyat sodir boʻlishiga olib kelgan holatlar va hisob siyosatidagi oʻzgarish qachondan boshlab va qanday qoʻllanganining tavsifi.

Keyingi davrlarning moliyaviy hisobotlarida yuqorida qayd etilgan maʼlumotlarni qaytadan yoritib berish talab etilmaydi.

32. Agar hisob siyosatidagi ixtiyoriy oʻzgarish joriy davr yoki har qanday oldingi davrga taʼsir koʻrsatsa yoxud tuzatish summasini aniqlash amaliy imkonsiz boʻlgan davrdan tashqari har qanday oldingi davrga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa yoki kelgusi davrlarga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa, tashkilot moliyaviy hisobotlarga izohlarda quyidagilarni yoritib berishi lozim:

hisob siyosatidagi oʻzgarishning tavsifi;

yangi hisob siyosatini qoʻllash nisbatan ishonchli va oʻrinli maʼlumot berishining sabablari;

joriy davr va har bir taqdim etilgan oldingi davr (amaliy imkoni boʻlgan darajada) uchun hisob siyosatidagi oʻzgarish taʼsir etgan moliyaviy hisobotlarning har bir moddasi boʻyicha tuzatish summasi;

taqdim qilingan davrlardan (amaliy imkoni boʻlgan darajada) oldingi davrlarga tegishli boʻlgan tuzatish summasi;

agar retrospektiv qoʻllash biror oldingi davr yoki taqdim qilingan davrlardan oldingi davrlar uchun amaliy imkonsiz boʻlsa, bunday vaziyat sodir boʻlishiga olib kelgan holatlar va hisob siyosatidagi oʻzgarish qachondan boshlab va qanday qoʻllanganining tavsifi.

7-§. Hisob baholarining noaniqligi boʻyicha manbalarni yoritib berish

33. Tashkilot kelajakka oid farazlar va hisob baholarining noaniqligi boʻyicha boshqa asosiy manbalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yoritib berishi lozim. Bunda hisob baholarining noaniqligi boʻyicha asosiy manbalar aktivlar va majburiyatlarning balans qiymatlariga keyingi moliyaviy yilda muhim tuzatishlar kiritilishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan ahamiyatli riskka ega boʻlishi hamda hisobot davrining oxiriga tegishli boʻlishi lozim.

Bunda aktivlar va majburiyatlar boʻyicha izohlar quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi lozim:

aktivlar va majburiyatlarning tavsifi;

hisobot davri oxirida aktivlar va majburiyatlarning balans qiymati.

34. Ayrim aktivlar va majburiyatlarning balans qiymatini aniqlashda hisobot davri yakuniga koʻra noaniq kelgusi hodisalarning ushbu aktivlar va majburiyatlarga taʼsirini baholash talab etiladi.

35. Tashkilot mazkur Standartning 33-bandi ikkinchi xatboshisidagi yoritib beriladigan maʼlumotlarni tashkilotning rahbariyati tomonidan qabul qilingan kelajakka oid mulohazalar va hisob baholarining noaniqligi boʻyicha boshqa manbalarni tushunishga yordam beradigan tarzda foydalanuvchilarga taqdim etadi.

Taqdim qilinadigan maʼlumotlarning xususiyati va koʻlami kelajakka oid farazlarning va boshqa omillarning xususiyatiga bogʻliq tarzda oʻzgaradi.

36. Mazkur Standartning 30-bandida keltirilgan hisob siyosatini qoʻllashda amalga oshirilgan muayyan mulohazalarni yoritib berish ushbu Standartning 33-bandidagi hisob baholarining noaniqligi boʻyicha manbalarini yoritib berishga bogʻliq boʻlmaydi.

4-bob. Hisob baholari

37. Hisob siyosati moliyaviy hisobotlardagi ayrim moddalarni baholash noaniqligini taqozo etadigan tarzda baholashni talab qilishi mumkin.

Bunda hisob siyosatida bevosita kuzatish mumkin boʻlmagan va shu sababli taxminiy hisoblash (baholash) yoʻli bilan aniqlanishi lozim boʻlgan moddalarni pul miqdorlarida baholash belgilanishi mumkin. Bunday vaziyatda tashkilot hisob siyosatida belgilangan maqsadga erishish uchun hisob bahosini ishlab chiqadi.

Hisob baholari eng soʻnggi va ishonchli maʼlumotlarga asoslangan mulohaza yoki farazlardan foydalanish orqali ishlab chiqiladi.

Quyidagilar hisob baholari hisoblanadi:

kutilayotgan kredit yoʻqotishlari boʻyicha zaxira;

tovar-moddiy zaxiralar moddasining sof sotish qiymati;

aktiv yoki majburiyatning haqqoniy qiymati;

asosiy vositalar boʻyicha amortizatsiya xarajatlari;

kafolat majburiyatlari boʻyicha baholangan majburiyat va boshqalar.

38. Tashkilot hisob bahosini ishlab chiqish uchun baholash usullari va hisob-kitobda foydalaniladigan maʼlumotlarni (inputs) qoʻllaydi.

Baholash usullari taxminiy hisoblash va qiymatni aniqlash usullarini oʻz ichiga oladi.

39. Moliyaviy hisobotlarni tayyorlashda asoslangan hisob baholaridan foydalanilishi mumkin hamda bu moliyaviy hisobotlarning ishonchliligiga salbiy taʼsir koʻrsatmaydi.

40. Hisob bahosiga asos boʻlgan holatlar oʻzgarishi, yangi maʼlumotlar olinishi yoki qoʻshimcha tajriba toʻplanishi natijasida hisob bahosi oʻzgartirilishi mumkin.

Hisob bahosining oʻzgartirilishi oʻz mohiyati boʻyicha oldingi davrlarga tegishli boʻlmaydi hamda xatoni tuzatish hisoblanmaydi.

41. Agar baholash usuli yoki hisob-kitob uchun foydalaniladigan maʼlumotlardagi (inputs) oʻzgarishning hisob bahosiga taʼsiri oldingi hisobot davrlarining xatolarini tuzatish natijasida yuz bermagan boʻlsa, bunday oʻzgarishlar hisob bahosidagi oʻzgarishlar hisoblanadi.

42. Qoʻllanilayotgan baholash asosining oʻzgarishi hisob bahosidagi oʻzgarish emas, hisob siyosatidagi oʻzgarish hisoblanadi.

Agar hisob siyosatidagi oʻzgarish bilan hisob bahosidagi oʻzgarishni farqlab boʻlmasa, bunday oʻzgarish hisob bahosidagi oʻzgarish deb topiladi.

43. Hisob bahosidagi oʻzgarishning taʼsirini perspektiv tarzda tan olish deganda ushbu oʻzgarishni operatsiyalarga nisbatan oʻzgarish roʻy bergan sanadan boshlab qoʻllash tushuniladi.

Hisob bahosidagi oʻzgarish faqat joriy davr foydasi yoki zarari yoxud joriy va kelgusi davrlarning foydasi yoki zarariga taʼsir koʻrsatishi mumkin.

44. Mazkur Standartning 46-bandida keltirilgan oʻzgarishdan tashqari hisob baholaridagi oʻzgarishning taʼsiri quyidagi davrlarda foyda yoki zarar tarkibida perspektiv tarzda tan olinishi lozim:

agar oʻzgarish faqat joriy davrga taʼsir qilsa, oʻzgarish roʻy bergan davrda;

agar oʻzgarish u roʻy bergan hamda kelgusi davrlarga taʼsir koʻrsatadigan boʻlsa, oʻzgarish roʻy bergan davrda va kelgusi davrlarda.

45. Hisob baholaridagi oʻzgarish aktivlar va majburiyatlarning oʻzgarishiga sabab boʻlsa yoki xususiy kapitalning muayyan moddasiga tegishli boʻlsa, ushbu oʻzgarish tegishli aktivlarning, majburiyatlarning yoki xususiy kapital moddasining balans qiymatiga tuzatish kiritish orqali oʻzgarish roʻy bergan davrda tan olinishi lozim.

46. Tashkilot joriy davrga yoki kelgusi davrlarga taʼsir qilishi kutilayotgan hisob baholaridagi oʻzgarishning xususiyati va qiymati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni moliyaviy hisobotlarga izohlarda yoritib berishi kerak, bundan kelgusi davrlarga taʼsirini baholash amaliy imkonsiz boʻlgan hollar mustasno.

5-bob. Xatolar

1-§. Xatolar va ularni tuzatish

47. Agar moliyaviy hisobotlarda muhim xatolar yoki tashkilotning moliyaviy holati va natijalari hamda pul oqimlarini muayyan koʻrinishda taqdim etishga erishish maqsadida ataylab qilingan muhim boʻlmagan xatolar mavjud boʻlsa, moliyaviy hisobotlar MHMSga muvofiq hisoblanmaydi.

Joriy davrda aniqlangan ehtimoliy xatolar moliyaviy hisobotlar tasdiqlanishidan oldin tuzatilishi lozim.

Oldingi davrning muhim xatolari joriy davrning moliyaviy hisobotlaridagi qiyosiy maʼlumotlarni qayta hisoblash orqali tuzatiladi.

48. Oldingi davr xatolari matematik xatolar, hisob siyosatini qoʻllashdagi xatolar, faktlarni eʼtibordan chetda qoldirish yoki notoʻgʻri talqin qilish, shuningdek firibgarlik natijasida yuzaga kelgan xatolarni oʻz ichiga oladi.

49. Mazkur Standartning 50-bandida koʻrsatilgan talablarni inobatga olgan holda tashkilot oldingi davrning muhim xatolarini ular aniqlangandan keyin tasdiqlangan moliyaviy hisobotlarning birinchi toʻplamida quyidagicha retrospektiv tarzda tuzatishi lozim:

xato yuzaga kelgan paytda taqdim etilgan oldingi davr(lar) uchun qiyosiy maʼlumotlarni qayta hisoblash orqali;

eng oldingi taqdim etilgan davrdagi aktivlar, majburiyatlar va xususiy kapitalning davr boshiga qoldiqlarini qayta hisoblash orqali (xato taqdim etilgan eng oldingi davrdan avval yuzaga kelgan boʻlsa).

2-§. Retrospektiv qayta hisoblashdagi cheklovlar

50. Oldingi davr xatolari retrospektiv usul bilan tuzatilishi lozim, bundan xatoning muayyan davrga tegishli taʼsirini yoki jamlangan (kumulyativ) taʼsirini aniqlash amaliy imkonsiz boʻlgan holatlar mustasno.

51. Bir yoki undan ortiq oldingi davrlar uchun taqdim qilingan qiyosiy maʼlumotga xatoning biror-bir davrga tegishli boʻlgan taʼsirini aniqlash amaliy imkonsiz boʻlganda tashkilot retrospektiv qayta hisoblashning amaliy imkoni boʻlgan eng oldingi davr boshiga nisbatan aktivlarning, majburiyatlarning va xususiy kapitalning qoldiqlarini qayta hisoblashi lozim. Bunda retrospektiv qayta hisoblashni amaliy imkoni boʻlgan eng oldingi davr boshi joriy davrning boshi boʻlishi ham mumkin.

52. Joriy davrning boshida xatoning barcha oldingi davrlarga jamlangan (kumulyativ) taʼsirini aniqlash amaliy imkonsiz boʻlganda xatoni perspektiv tarzda tuzatish maqsadida tashkilot qayta hisoblashni amaliy imkoni boʻlgan eng oldingi sanadan boshlab qiyosiy maʼlumotlarni qayta hisoblashi lozim.

53. Oldingi davr xatosini tuzatish summasi xato aniqlangan davrning foyda yoki zarari tarkibida aks ettirilmaydi.

Oldingi davrlar toʻgʻrisida taqdim etilgan har qanday maʼlumot, shu jumladan moliyaviy maʼlumotlarning oʻtgan davr jamlanmasi amaliy imkoni boʻlgan eng oldingi davrdan boshlab qayta hisoblanadi.

54. Barcha oldingi davrlar uchun xato summasini aniqlash amaliy imkonsiz boʻlganda tashkilot mazkur Standartning 52-bandiga muvofiq qiyosiy maʼlumotlarni xatolik summasini aniqlashning amaliy imkoni boʻlgan eng oldingi sanadan boshlab perspektiv tarzda qayta hisoblaydi.

Bunda tashkilot xatolik summasini aniqlashning amaliy imkoni boʻlgan eng oldingi sanadan oldin yuzaga keladigan aktivlar, majburiyatlar va xususiy kapitalning jamlangan (kumulyativ) qayta hisoblash qismini hisobga olmaydi.

55. Xatolarni tuzatish hisob baholaridagi oʻzgarishlardan farqlanadi. Bunda hisob baholari hisob bahosiga asos boʻlgan holatlar oʻzgarishi, yangi maʼlumotlar olinishi yoki qoʻshimcha tajriba toʻplanishi bilan oʻzgartirish talab etilishi mumkin boʻlgan taxminiy qiymat hisoblanadi.

3-§. Xatolar boʻyicha maʼlumotlarni yoritib berish

56. Mazkur Standartning 49-bandini qoʻllashda tashkilot quyidagilarni yoritib beradi:

oldingi davrdagi xatoning tavsifi;

taqdim qilingan har bir oldingi davr (amaliy imkoni boʻlgan darajada) uchun moliyaviy hisobotlarning har bir moddasi boʻyicha tuzatish summasi;

taqdim qilingan oldingi davrlarning eng dastlabki davri boshiga tuzatishning summasi;

agar retrospektiv qayta hisoblashni biror oldingi davr uchun amalga oshirishning amaliy imkoni boʻlmasa, bunday vaziyat sodir boʻlishiga olib kelgan holatlar va xato qachondan boshlab va qanday tuzatilganining tavsifi.

Keyingi davrlarning moliyaviy hisobotlarida yuqorida qayd etilgan maʼlumotlarni qaytadan yoritib berish talab etilmaydi.

Vazir D. KUCHKAROV

Toshkent sh.,

2026-yil 12-mart,

345 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.04.2026 y., 10/26/3810/0347-son)

lex.uz