📅 2026-yil 13-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 13-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 13 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 апреля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 April 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 14 апрелдаги ПФ-66-сон Фармони ҳамда «Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-78-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назоратини кучайтиришнинг таъсирчан замонавий механизмини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 14 апрелдаги ПФ-66-сон Фармонига мувофиқ:
якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назорати хусусий сектор (кейинги ўринларда — хусусий қурилиш назорати) томонидан бажарилиши;
хусусий қурилиш назорати архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган ҳамда қурилиш объекти лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти (кейинги ўринларда — лойиҳачи) томонидан шартнома асосида амалга оширилиши;
хусусий қурилиш назорати объектларида қурилиш (реконструкция ишлари) якунига етгандан сўнг лойиҳачи томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида хулоса шакллантирилиши ва буюртмачига тақдим этилиши;
қурилиши (реконструкция ишлари) тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома тегишли туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари (Тошкент шаҳрида — туман қурилиш бўлимлари) томонидан берилиши;
хусусий қурилиш назорати амалга оширилмаганда ёки назоратни амалга оширган лойиҳачининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаганда, объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, ушбу қарор билан белгиланган тартиб мазкур қарор тасдиқланган санадан олдин қурилиши ва реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони (ёрдамчи хўжалик иморатларини ҳисобга олмаган ҳолда) 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар, қурилиш ҳажми 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотларга нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.С. Хидоятов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 апрелдаги 167-сон қарорига ИЛОВА
Якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони (ёрдамчи хўжалик иморатларини ҳисобга олмаган ҳолда) 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар, қурилиш ҳажми 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар қурилиши ҳамда реконструкция қилиниши юзасидан қурилиш назорати хусусий сектор (кейинги ўринларда — хусусий қурилиш назорати) томонидан амалга оширилиши тартибини белгилайди.
Мазкур Низом Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 496-сон қарори билан тасдиқланган Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламентга 2-иловадаги Қурилиш объектларининг хавф-хатар тоифаси бўйича мураккаблик тоифалари таснифида кўрсатилган II — IV тоифадаги объектларга татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
буюртмачи (мулкдор) — қуриладиган ёки реконструкция қилинадиган икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони (ёрдамчи хўжалик иморатларини ҳисобга олмаган ҳолда) 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар, қурилиш ҳажми 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар эгаси, яъни мулкдор;
хусусий қурилиш назорати объекти — қуйидаги қурилиш объектлари хусусий қурилиш назорати объектлари ҳисобланади:
икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони (ёрдамчи хўжалик иморатларини ҳисобга олмаган ҳолда) 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
қурилиш ҳажми 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар;
енгил турдаги (конструкцияли) қурилмалар;
хусусий қурилиш назоратчиси — объектнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти ёки ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳолатларда архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган бошқа лойиҳа ташкилоти;
қурилиш босқичи — қурилиш объектининг сифати, мустаҳкамлиги, зилзилабардошлиги ва фойдаланишда ишончлилигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларининг хавфга учраши мумкинлиги юқори бўлган босқичи;
объектнинг лойиҳа ҳужжатлари — архитектура ва конструкция қисмларидан, шунингдек, қурилиш (реконструкция) маданиятига (объектни кўчалардан тўсиб турадиган мосламалар ўрнатиш, қурилиш материалларини кўчада сақламаслик) риоя этиш бўйича мажбурий кўрсатмалардан иборат ҳужжатлар;
қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма — хусусий қурилиш назоратчиси томонидан тақдим этилган, қоидабузарликлар ва уларни бартараф этиш муддатлари акс эттирилган бажарилиши шарт бўлган ёзма талаблар.
3. Хусусий қурилиш назорати:
хусусий қурилиш назорати объектнинг қурувчиси ва назоратчи ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади;
объектда қурилишнинг барча босқичларида бажариладиган қурилиш (реконструкция) ишларининг лойиҳа ҳужжатлари, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги юзасидан назорат ўрнатади;
объектни қуриш, реконструкция қилишнинг бутун даври давомида амалга оширилади.
Бунда хусусий қурилиш назоратини амалга ошираётган лойиҳа ташкилоти қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилганда ёки ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳолатларда хусусий қурилиш назорати бошқа архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилоти билан шартнома асосида амалга оширилади.
4. Хусусий қурилиш назоратини амалга оширишда лойиҳачи қуйидагиларга ҳақли:
а) объект қурилишида қурувчи томонидан объектнинг келишилган лойиҳа ҳужжатларига риоя қилмаганлик ҳолатларини аниқлаш. Бунда:
келишилган лойиҳа ҳужжатларига риоя қилмаслик ҳолатлари бўйича далолатнома тузиш;
қоидабузарликка йўл қўйган буюртмачини (мулкдор) мазкур ҳолатлар тўғрисида огоҳлантириш ҳамда қурилишни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма тақдим этиш;
б) объектда бажарилган ишлар лойиҳа ечимлари, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мос келмаслиги аниқланган ҳолларда талаблари бузилган ҳужжатнинг аниқ нормасини (ҳужжатнинг номи ва ундаги модда ёки бандини) кўрсатиш;
в) бажарилган қурилиш ва реконструкция ишлари юзасидан ўтказилган қурилиш назорати якунлари бўйича хулоса бериш;
г) қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда иштирок этиш.
5. Хусусий қурилиш назорати буюртмачининг (мулкдор) ихтиёри билан амалга оширилади.
Мазкур ҳолатларда буюртмачи (мулкдор) хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш зарурати мавжуд эмаслиги тўғрисида объектнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилотига у билан объектнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича шартномани тузиш жараёнида ёзма равишда билдиришномани тақдим этади.
Хусусий қурилиш назорати олиб бориладиган объектларда муаллифлик назорати юритилмайди.
6. Хусусий қурилиш назорати қиймати объект лойиҳа ҳужжатининг қийматидаги миқдорга тенг алоҳида миқдорни ташкил этади.
7. Хусусий қурилиш назоратчиси назоратни амалга ошириш бўйича ўз ваколатларини буюртмачининг розилиги (ёки ташаббуси) билан шартнома асосида бошқа архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган юридик шахсга топшириш ҳуқуқига эга.
8. Объектда хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификат олган ҳамда асосий иш жойи бўйича ишлаётган ходим бўлиши керак.
2-боб. Хусусий қурилиш назорати турлари ва принциплари
9. Объектларда бир ойда камида бир марта хусусий қурилиш назорати амалга оширилади.
Бунда ўтказиладиган ҳар бир хусусий қурилиш назоратининг муддати бир иш кунидан ошмаслиги шарт.
10. Хусусий қурилиш назорати аввалги назорат давомида аниқланган ҳамда қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмаларда қайд этилган қоидабузарликларга барҳам бериш мақсадида қайта ўтказилиши мумкин ва ушбу вазифа доирасидан четга чиқиши мумкин эмас.
Кейинги хусусий қурилиш назорати фақат қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмада берилган муддат тугагандан сўнг ўтказилиши мумкин.
11. Хусусий қурилиш назорати технологик жараён бузилганда, иншоотлар ва ускуналар ишдан чиққанда, шунингдек, одамлар ҳаёти ва саломатлиги, мол-мулки ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган авария ҳолатлари юзага келганда қўшимча тарзда ўтказилади.
12. Қуйидагилар хусусий қурилиш назоратини ўтказишнинг асосий принциплари ҳисобланади:
хусусий қурилиш назорати фаолиятининг қонунийлиги, холислиги ва ошкоралиги;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, молия-хўжалик фаолиятига аралашмаслик.
3-боб. Хусусий қурилиш назоратига олинадиган қурилишнинг босқичлари
13. Хусусий қурилиш назорати объект қурилишининг барча босқичларида амалга оширилади.
14. Қуйидагилар объект қурилишининг асосий босқичлари ҳисобланади:
бино ва иншоот пойдеворини қуриш (хандақ ва чуқурликлар);
пойдевор қуриш (ерости, ерусти қисми);
асосий кўтариб турувчи конструкцияларни қуриш (бино ва иншоотлар синчи);
деворлар ва тўсиб турувчи конструкцияларни қуриш;
том ёпиш;
махсус ишларни бажариш (сантехника, иситиш, сув таъминоти ва оқова сув (канализация) тармоқлари, чанг-газларни тутиб қолиш ускуналари, чиқиндиларни жойлаштириш объектлари, вентиляция, электрлаштириш ва газлаштириш тизимлари) бинолар фасадларини пардозлаш.
4-боб. Хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби
15. Объект буюртмачиси (мулкдор) қурилишнинг ҳар бир босқичи якунланишидан икки кун аввал хусусий қурилиш назоратчисини электрон ва ёзма шаклда хабардор қилиши лозим.
Хусусий қурилиш назоратчиси хабарномани олган кундан бошлаб 1 (бир) иш куни ичида қурилиш объектига сертификатланган назоратчини бириктиради.
16. Хусусий қурилиш назорати буюртмачи (мулкдор) иштирокида ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
17. Объектда бажарилган ишлар лойиҳа ечимлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ эмаслиги аниқланган ҳолатларда, талаблари бузилган ҳужжатнинг аниқ нормаси (ҳужжатнинг номи ва ундаги модда ёки бандлар), объектнинг қурилиш ёки реконструкция қилиш лойиҳасидан четлаб ўтилган аниқ ҳолат кўрсатилган ҳолда бажарилган қурилиш ва реконструкция қилиш ишларининг номувофиқлиги тўғрисида объект қурувчисига ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ёзма кўрсатма хусусий қурилиш назоратчиси томонидан имзоланган ва муҳрланган тарзда берилади.
Кўрсатма шаҳарсозлик фаолияти субъектларига нисбатан санкциялар қўллашни назарда тутмайди.
18. Икки қаватли якка тартибдаги уй-жойлар ва нотурар жойлар қурилишида визуал текширувлар инструментал-техник текширув ўтказилишини талаб этадиган ҳолларда бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошликка доир инструментал-техник текшируви хусусий қурилиш назоратчисининг асослантирилган ташаббуси билан ўтказилиши мумкин.
Инструментал-техник текширув қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциялари ёки махсус лицензияланган ташкилотлар ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан шартнома асосида амалга оширилади.
19. Буюртмачи (мулкдор) электрон ва ёзма шаклдаги кўрсатмада қайд этилган қоидабузарликларни рад этса, хусусий қурилиш назоратчисининг хатти-ҳаракатлари юзасидан судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
20. Аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма қоидабузарликни тузатиш мумкин бўлган ҳолатларда берилади.
Объектнинг конструктив ва бошқа хусусиятлари инобатга олиниб, камчиликларни бартараф этишнинг қуйидаги муддатлари ва текшириш санаси белгиланади:
аниқланган қоидабузарликни бартараф этиш учун — 30 календарь кун давомида;
қурилишни тўхтатиш — икки иш куни давомида.
21. Хусусий қурилиш назорати натижаларига кўра аввал аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилганда хусусий қурилиш назоратчиси томонидан қурилиши якунланган босқичнинг мувофиқлиги тўғрисидаги далолатноманинг «Қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар» қисмида тегишли ёзуви қайд этилади.
22. Хусусий қурилиш назоратчиси қуйидаги ҳолларда объектлардаги қурилиш ва реконструкция ишларини тўхтатиш тўғрисида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ кўрсатма беради:
бино ва иншоотлар, уларнинг айрим қисмлари ва муҳандислик коммуникацияларининг ўзгариши ёки қулаб тушиш хавфини юзага келтирадиган камчиликлар (қоидабузарликлар) аниқланганда;
объект қурилиш лойиҳаси ўзгартирилиб, белгиланган тартибда келишилмаганда ёки қурилиш (реконструкция) ишлари тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига риоя этмасдан амалга оширилганда.
23. Хусусий қурилиш назоратчиси томонидан қурилиш ва реконструкция ишларини тўхтатиш тўғрисидаги кўрсатма бевосита буюртмачига (мулкдор) унинг имзоси мазкур ҳужжатнинг нусхасига қўйдирилган ҳолда топширилади.
Буюртмачининг (мулкдор) бевосита ўзига ушбу кўрсатмани топшириш имконияти бўлмаган ҳолатларда кўрсатма почта орқали юборилади.
24. Аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш имконияти бўлмаган ҳолатларда хусусий қурилиш назоратчиси шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бузилган ҳолда бажарилган конструктив элементларни бузиш (ёки демонтаж қилиш) тўғрисида тақдимнома расмийлаштиради.
25. Буюртмачи (мулкдор) томонидан назоратчининг кўрсатмаларини бажариш, шу жумладан, объектлардаги қурилиш ва реконструкция ишларини тўхтатиш рад этилган ҳолатларда хусусий қурилиш назоратчиси ушбу Низомнинг 18 , 24 ва 26-бандларида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда давлат архитектура назоратини ўтказиш ва буюртмачи (қурувчи)га нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан «Shaffof Qurilish» МАТ орқали Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Давлат архитектура назорати департаментига ёки бевосита туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимига мурожаат юборади.
26. Туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими мурожаат келиб тушгандан сўнг уни Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 мартдаги 192-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда давлат архитектура назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Давлат архитектура назорати департаментига юборади.
5-боб. Хусусий қурилиш назорати якунлари бўйича хулоса олиш
27. Объектнинг қурилиши якунланган ва хусусий қурилиш назоратчисининг қурилиш жараёнидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалари (мавжуд бўлганда) бажарилгандан сўнг буюртмачи (мулкдор) хусусий қурилиш назоратчисидан ижобий хулоса олиш учун ариза билан мурожаат қилади.
28. Хусусий қурилиш назоратчиси беш иш куни мобайнида ижобий хулоса беради ёки объектни қўшимча кўздан кечириб, ушбу Низомнинг 29-бандидаги асослар мавжуд бўлганда, ижобий хулоса беришни рад этади.
29. Қуйидагилар хулоса беришни рад этиш учун асос бўлади:
хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш учун тузилган шартномада белгиланган тўлов тўланмаганда;
келишилган лойиҳа ечимлари ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари талаблари бузилганда;
бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи конструктив қоидабузарликлар мавжуд бўлганда;
хусусий қурилиш назоратчисига объектни ўрганиш учун имконият яратилмагани. Бунда бу ҳақида камида иккита холис иштирокида далолатнома тузилиши лозим;
объект қурилиши шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ эмаслиги.
Хулоса беришни бошқа асослар, шунингдек, мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан рад этиш қатъиян тақиқланади.
Рад этиш шаҳарсозлик ҳужжатининг номи, унинг қисми, банди, кичик банди ёки хатбошисига асосланган ва у кўрсатилган бўлиши талаб этилади.
30. Буюртмачи (мулкдор) хулоса бериш рад этилган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида хулосани олиш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Хулосани беришни рад этиш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилиб, такроран ариза тушганидан сўнг объект хусусий қурилиш назоратчиси томонидан икки иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади ва ижобий хулоса берилади.
Аризани такроран кўриб чиқишда аввалги рад этиш асосларида баён этилмаган сабабларнинг келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.
6-боб. Якунловчи қоида
31. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Хусусий назоратни амалга ошириш
Босқичлар Масъуллар Амалга ошириш механизми Муддатлар 1-босқич Буюртмачи (мулкдор) 1. Якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция ишлари юзасидан қурилиш назорати амалга оширилиши учун объектнинг лойиҳаси муаллифи бўлган лойиҳа ташкилоти билан шартнома тузиш. 1. Лойиҳа ҳужжатлари келишилиб, қурилиш ёки реконструкция ишларини бошлашдан олдин 2. Хусусий қурилиш назоратчисини электрон ва ёзма шаклда хабардор қилиш. 2. Қурилиш (реконструкция) ишларининг ҳар бир босқичи якунланишидан икки кун аввал 2-босқич Хусусий қурилиш назоратчиси 1. Қурилиш объектига сертификатланган назоратчини бириктириш. Хабарнома олган кундан бошлаб 1 иш кунида 2. Қурилиш объектида қурилиш назорати ишларини амалга ошириш. Қурилишнинг ҳар бир босқичида бир иш кунидан ошмаган муддатда 3-босқич Буюртмачи (мулкдор) Хусусий қурилиш назоратчисига ижобий хулоса олиш учун ариза билан мурожаат қилиш. Объектларнинг қурилиши якунланган ва хусусий қурилиш назоратчисининг қурилиш жараёнидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалари (мавжуд бўлганда) бажарилгандан сўнг 4-босқич Хусусий қурилиш назоратчиси Буюртмачи (мулкдор) мурожаатига асосан хусусий қурилиш назорати якунлари бўйича хулосани бериш. 5 иш кунида
Якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
____________________________________________________________________________ Лойиҳа ташкилотининг номи ____________________ 20_ _ _ йил «_ _ __» ____ _ ______ Қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларининг бажарилишида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича _______-сон ЁЗМА КЎРСАТМА Кимга _____________________________________ _________ _________________________________ (жисмоний шахснинг Ф.И.О. ёки юридик шахснинг номи ва раҳбарининг Ф.И.О.) Қурилиш объектининг номи ___________________________ _________________________________ ____ Объектнинг манзили _______________________ ________________________________________ _______ Текширилган кунда бажарилаётган ишлар ___________________________ _____________________ ____ Т/р Аниқланди Берилган кўрсатмалар Бажариш муддати Бажарилганлиги ҳақида белгилар 1 2 3 4 5 Изоҳ : 1. Кўрсатмани олган жисмоний ёки юридик шахс: аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича уч кун муддат ичида тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва имзолайди; аниқланган камчиликлар бартараф этилгани тўғрисида туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой бўлими ёки маҳалла фуқаролари йиғини вакили билан далолатнома тузади ва уни назорат ўтказаётган лойиҳа ташкилотига тақдим этади. 2. Назоратни амалга оширувчи лойиҳачининг ваколатли шахси ушбу Кўрсатманинг 5-устунида аниқланган камчиликлар бартараф этилганини қайд этиб, ўз имзосини қўяди. Лойиҳа ташкилотининг раҳбари ____________ ________________ (имзо) (Ф.И.О) Назоратни амалга оширувчи лойиҳачининг ваколатли шахси ____________ ________________ (имзо) (Ф.И.О)
Якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
_____________________________________________________________________________________ Лойиҳа ташкилотининг номи ____________________ 20___ йил «____» ___________ ҚУРИЛИШНИ ТЎХТАТИШ ТЎҒРИСИДА _______-сон ЁЗМА КЎРСАТМА Кимга ______________________________________________________________________ (жисмоний ёки юридик шахснинг номи) Объект: ____________________________________________________________________________ (тўлиқ номи) Бажарилаётган қурилиш ва реконструкция ишларида қуйидаги қоидабузарликлар аниқланди: _____________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ Аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгунга қадар __________________________________ (иш турлари) ____________________________________________________________________________________ 20____ «____»_____________ дан эътиборан вақтинча ТЎХТАТИЛСИН . Изоҳ: Кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг жисмоний ёки юридик шахс назорат олиб борган лойиҳа ташкилотига хабар бериши шарт. Қурилиш ва реконструкция ишларини давом эттиришга фақат лойиҳа ташкилоти рухсат беради. Лойиҳа ташкилотининг раҳбари ____________ ________________ (имзо) (Ф.И.О) Назоратни амалга оширувчи лойиҳачининг ваколатли шахси ____________ ________________ (имзо) (Ф.И.О) «Кўрсатмани олдим» _____________________________________________________________ ( жисмоний шахснинг Ф.И.О ёки юридик шахс раҳбарининг имзоси ва Ф.И.О.) 20___ йил «____» «___________»
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 13 апрель,
167 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Yakka tartibdagi uy-joylar hamda kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya qilish ishlari yuzasidan xususiy qurilish nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida davlat nazoratini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 14-apreldagi PF-66-son Farmoni hamda “Xizmatlar sohasi barqaror rivojlanishi uchun qulay shart-sharoitlar yaratishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 27-fevraldagi PQ-78-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, yakka tartibdagi uy-joylar hamda kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya qilish ishlari yuzasidan qurilish nazoratini kuchaytirishning taʼsirchan zamonaviy mexanizmini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida davlat nazoratini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 14-apreldagi PF-66-son Farmoniga muvofiq:
yakka tartibdagi uy-joylar va kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya qilish ishlari yuzasidan qurilish nazorati xususiy sektor (keyingi oʻrinlarda — xususiy qurilish nazorati) tomonidan bajarilishi;
xususiy qurilish nazorati arxitektura-shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish faoliyati uchun litsenziyaga ega boʻlgan hamda qurilish obyekti loyiha-smeta hujjatlarining arxitektura qismini ishlab chiqqan loyiha tashkiloti (keyingi oʻrinlarda — loyihachi) tomonidan shartnoma asosida amalga oshirilishi;
xususiy qurilish nazorati obyektlarida qurilish (rekonstruksiya ishlari) yakuniga yetgandan soʻng loyihachi tomonidan “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida xulosa shakllantirilishi va buyurtmachiga taqdim etilishi;
qurilishi (rekonstruksiya ishlari) tugallangan obyektdan foydalanish uchun ruxsatnoma tegishli tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi boʻlimlari (Toshkent shahrida — tuman qurilish boʻlimlari) tomonidan berilishi;
xususiy qurilish nazorati amalga oshirilmaganda yoki nazoratni amalga oshirgan loyihachining ijobiy xulosasi mavjud boʻlmaganda, obyektlarni foydalanishga qabul qilish taqiqlanishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Yakka tartibdagi uy-joylar hamda kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya qilish ishlari yuzasidan xususiy qurilish nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki, ushbu qaror bilan belgilangan tartib mazkur qaror tasdiqlangan sanadan oldin qurilishi va rekonstruksiya qilish ishlari boshlab yuborilgan ikki qavatdan yuqori boʻlmagan (sokolni hisobga olmagan holda), balandligi yer yuzasidan 12 metrdan va (yoki) umumiy maydoni (yordamchi xoʻjalik imoratlarini hisobga olmagan holda) 500 kvadrat metrdan ortiq boʻlmagan yakka tartibdagi uy-joylar, qurilish hajmi 300 kub metrdan ortiq boʻlmagan noturar bino va inshootlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri Sh.S. Xidoyatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-apreldagi 167-son qaroriga ILOVA
Yakka tartibdagi uy-joylar hamda kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya qilish ishlari yuzasidan xususiy qurilish nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom ikki qavatdan yuqori boʻlmagan (sokolni hisobga olmagan holda), balandligi yer yuzasidan 12 metrdan va (yoki) umumiy maydoni (yordamchi xoʻjalik imoratlarini hisobga olmagan holda) 500 kvadrat metrdan ortiq boʻlmagan yakka tartibdagi uy-joylar, qurilish hajmi 300 kub metrdan ortiq boʻlmagan noturar bino va inshootlar qurilishi hamda rekonstruksiya qilinishi yuzasidan qurilish nazorati xususiy sektor (keyingi oʻrinlarda — xususiy qurilish nazorati) tomonidan amalga oshirilishi tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 20-avgustdagi 496-son qarori bilan tasdiqlangan Obyektlarda davlat qurilish nazoratini amalga oshirish boʻyicha maʼmuriy reglamentga 2-ilovadagi Qurilish obyektlarining xavf-xatar toifasi boʻyicha murakkablik toifalari tasnifida koʻrsatilgan II — IV toifadagi obyektlarga tatbiq etilmaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:
buyurtmachi (mulkdor) — quriladigan yoki rekonstruksiya qilinadigan ikki qavatdan yuqori boʻlmagan (sokolni hisobga olmagan holda), balandligi yer yuzasidan 12 metrdan va (yoki) umumiy maydoni (yordamchi xoʻjalik imoratlarini hisobga olmagan holda) 500 kvadrat metrdan ortiq boʻlmagan yakka tartibdagi uy-joylar, qurilish hajmi 300 kub metrdan ortiq boʻlmagan noturar bino va inshootlar egasi, yaʼni mulkdor;
xususiy qurilish nazorati obyekti — quyidagi qurilish obyektlari xususiy qurilish nazorati obyektlari hisoblanadi:
ikki qavatdan yuqori boʻlmagan (sokolni hisobga olmagan holda), balandligi yer yuzasidan 12 metrdan va (yoki) umumiy maydoni (yordamchi xoʻjalik imoratlarini hisobga olmagan holda) 500 kvadrat metrdan ortiq boʻlmagan yakka tartibdagi uy-joylar;
qurilish hajmi 300 kub metrdan ortiq boʻlmagan noturar bino va inshootlar;
yengil turdagi (konstruksiyali) qurilmalar;
xususiy qurilish nazoratchisi — obyektning loyiha hujjatlarini ishlab chiqqan loyiha tashkiloti yoki ushbu Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan holatlarda arxitektura-shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish faoliyati uchun litsenziyaga ega boʻlgan boshqa loyiha tashkiloti;
qurilish bosqichi — qurilish obyektining sifati, mustahkamligi, zilzilabardoshligi va foydalanishda ishonchliligini taʼminlash borasida amalga oshirilayotgan qurilish-montaj ishlarining xavfga uchrashi mumkinligi yuqori boʻlgan bosqichi;
obyektning loyiha hujjatlari — arxitektura va konstruksiya qismlaridan, shuningdek, qurilish (rekonstruksiya) madaniyatiga (obyektni koʻchalardan toʻsib turadigan moslamalar oʻrnatish, qurilish materiallarini koʻchada saqlamaslik) rioya etish boʻyicha majburiy koʻrsatmalardan iborat hujjatlar;
qoidabuzarliklarni bartaraf etish boʻyicha koʻrsatma — xususiy qurilish nazoratchisi tomonidan taqdim etilgan, qoidabuzarliklar va ularni bartaraf etish muddatlari aks ettirilgan bajarilishi shart boʻlgan yozma talablar.
3. Xususiy qurilish nazorati:
xususiy qurilish nazorati obyektning quruvchisi va nazoratchi oʻrtasida tuziladigan shartnoma asosida amalga oshiriladi;
obyektda qurilishning barcha bosqichlarida bajariladigan qurilish (rekonstruksiya) ishlarining loyiha hujjatlari, shuningdek, shaharsozlik normalari va qoidalariga muvofiqligi yuzasidan nazorat oʻrnatadi;
obyektni qurish, rekonstruksiya qilishning butun davri davomida amalga oshiriladi.
Bunda xususiy qurilish nazoratini amalga oshirayotgan loyiha tashkiloti qonunchilikda belgilangan tartibda tugatilganda yoki ushbu Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan holatlarda xususiy qurilish nazorati boshqa arxitektura-shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish faoliyati uchun litsenziyaga ega boʻlgan loyiha tashkiloti bilan shartnoma asosida amalga oshiriladi.
4. Xususiy qurilish nazoratini amalga oshirishda loyihachi quyidagilarga haqli:
a) obyekt qurilishida quruvchi tomonidan obyektning kelishilgan loyiha hujjatlariga rioya qilmaganlik holatlarini aniqlash. Bunda:
kelishilgan loyiha hujjatlariga rioya qilmaslik holatlari boʻyicha dalolatnoma tuzish;
qoidabuzarlikka yoʻl qoʻygan buyurtmachini (mulkdor) mazkur holatlar toʻgʻrisida ogohlantirish hamda qurilishni toʻxtatish toʻgʻrisida koʻrsatma taqdim etish;
b) obyektda bajarilgan ishlar loyiha yechimlari, texnik reglamentlar, shaharsozlik normalari va qoidalari, texnik tartibga solish sohasidagi boshqa normativ hujjatlar, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlarga mos kelmasligi aniqlangan hollarda talablari buzilgan hujjatning aniq normasini (hujjatning nomi va undagi modda yoki bandini) koʻrsatish;
v) bajarilgan qurilish va rekonstruksiya ishlari yuzasidan oʻtkazilgan qurilish nazorati yakunlari boʻyicha xulosa berish;
g) qurilishi tugallangan obyektlarni foydalanishga qabul qilishda ishtirok etish.
5. Xususiy qurilish nazorati buyurtmachining (mulkdor) ixtiyori bilan amalga oshiriladi.
Mazkur holatlarda buyurtmachi (mulkdor) xususiy qurilish nazoratini amalga oshirish zarurati mavjud emasligi toʻgʻrisida obyektning loyiha hujjatlarini ishlab chiqqan loyiha tashkilotiga u bilan obyektning loyiha hujjatlarini ishlab chiqish boʻyicha shartnomani tuzish jarayonida yozma ravishda bildirishnomani taqdim etadi.
Xususiy qurilish nazorati olib boriladigan obyektlarda mualliflik nazorati yuritilmaydi.
6. Xususiy qurilish nazorati qiymati obyekt loyiha hujjatining qiymatidagi miqdorga teng alohida miqdorni tashkil etadi.
7. Xususiy qurilish nazoratchisi nazoratni amalga oshirish boʻyicha oʻz vakolatlarini buyurtmachining roziligi (yoki tashabbusi) bilan shartnoma asosida boshqa arxitektura-shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish faoliyati uchun litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxsga topshirish huquqiga ega.
8. Obyektda xususiy qurilish nazoratini amalga oshirish boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sertifikat olgan hamda asosiy ish joyi boʻyicha ishlayotgan xodim boʻlishi kerak.
2-bob. Xususiy qurilish nazorati turlari va prinsiplari
9. Obyektlarda bir oyda kamida bir marta xususiy qurilish nazorati amalga oshiriladi.
Bunda oʻtkaziladigan har bir xususiy qurilish nazoratining muddati bir ish kunidan oshmasligi shart.
10. Xususiy qurilish nazorati avvalgi nazorat davomida aniqlangan hamda qoidabuzarliklarni bartaraf etish boʻyicha koʻrsatmalarda qayd etilgan qoidabuzarliklarga barham berish maqsadida qayta oʻtkazilishi mumkin va ushbu vazifa doirasidan chetga chiqishi mumkin emas.
Keyingi xususiy qurilish nazorati faqat qoidabuzarliklarni bartaraf etish boʻyicha koʻrsatmada berilgan muddat tugagandan soʻng oʻtkazilishi mumkin.
11. Xususiy qurilish nazorati texnologik jarayon buzilganda, inshootlar va uskunalar ishdan chiqqanda, shuningdek, odamlar hayoti va salomatligi, mol-mulki hamda atrof-muhitga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan avariya holatlari yuzaga kelganda qoʻshimcha tarzda oʻtkaziladi.
12. Quyidagilar xususiy qurilish nazoratini oʻtkazishning asosiy prinsiplari hisoblanadi:
xususiy qurilish nazorati faoliyatining qonuniyligi, xolisligi va oshkoraligi;
yuridik va jismoniy shaxslarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini himoya qilish;
xususiy qurilish nazoratini amalga oshirish jarayonida xoʻjalik yurituvchi subyektlarning moliyalashtirish manbalaridan qatʼi nazar, moliya-xoʻjalik faoliyatiga aralashmaslik.
3-bob. Xususiy qurilish nazoratiga olinadigan qurilishning bosqichlari
13. Xususiy qurilish nazorati obyekt qurilishining barcha bosqichlarida amalga oshiriladi.
14. Quyidagilar obyekt qurilishining asosiy bosqichlari hisoblanadi:
bino va inshoot poydevorini qurish (xandaq va chuqurliklar);
poydevor qurish (yerosti, yerusti qismi);
asosiy koʻtarib turuvchi konstruksiyalarni qurish (bino va inshootlar sinchi);
devorlar va toʻsib turuvchi konstruksiyalarni qurish;
tom yopish;
maxsus ishlarni bajarish (santexnika, isitish, suv taʼminoti va oqova suv (kanalizatsiya) tarmoqlari, chang-gazlarni tutib qolish uskunalari, chiqindilarni joylashtirish obyektlari, ventilyatsiya, elektrlashtirish va gazlashtirish tizimlari) binolar fasadlarini pardozlash.
4-bob. Xususiy qurilish nazoratini amalga oshirish tartibi
15. Obyekt buyurtmachisi (mulkdor) qurilishning har bir bosqichi yakunlanishidan ikki kun avval xususiy qurilish nazoratchisini elektron va yozma shaklda xabardor qilishi lozim.
Xususiy qurilish nazoratchisi xabarnomani olgan kundan boshlab 1 (bir) ish kuni ichida qurilish obyektiga sertifikatlangan nazoratchini biriktiradi.
16. Xususiy qurilish nazorati buyurtmachi (mulkdor) ishtirokida ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
17. Obyektda bajarilgan ishlar loyiha yechimlari, shaharsozlik normalari va qoidalari, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq emasligi aniqlangan holatlarda, talablari buzilgan hujjatning aniq normasi (hujjatning nomi va undagi modda yoki bandlar), obyektning qurilish yoki rekonstruksiya qilish loyihasidan chetlab oʻtilgan aniq holat koʻrsatilgan holda bajarilgan qurilish va rekonstruksiya qilish ishlarining nomuvofiqligi toʻgʻrisida obyekt quruvchisiga ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq yozma koʻrsatma xususiy qurilish nazoratchisi tomonidan imzolangan va muhrlangan tarzda beriladi.
Koʻrsatma shaharsozlik faoliyati subyektlariga nisbatan sanksiyalar qoʻllashni nazarda tutmaydi.
18. Ikki qavatli yakka tartibdagi uy-joylar va noturar joylar qurilishida vizual tekshiruvlar instrumental-texnik tekshiruv oʻtkazilishini talab etadigan hollarda binolar va inshootlarning zilzilabardoshlikka doir instrumental-texnik tekshiruvi xususiy qurilish nazoratchisining asoslantirilgan tashabbusi bilan oʻtkazilishi mumkin.
Instrumental-texnik tekshiruv qonunchilikda belgilangan tartibda qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat qilish inspeksiyalari yoki maxsus litsenziyalangan tashkilotlar va ilmiy-tadqiqot muassasalari tomonidan shartnoma asosida amalga oshiriladi.
19. Buyurtmachi (mulkdor) elektron va yozma shakldagi koʻrsatmada qayd etilgan qoidabuzarliklarni rad etsa, xususiy qurilish nazoratchisining xatti-harakatlari yuzasidan sudga belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.
20. Aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish boʻyicha koʻrsatma qoidabuzarlikni tuzatish mumkin boʻlgan holatlarda beriladi.
Obyektning konstruktiv va boshqa xususiyatlari inobatga olinib, kamchiliklarni bartaraf etishning quyidagi muddatlari va tekshirish sanasi belgilanadi:
aniqlangan qoidabuzarlikni bartaraf etish uchun — 30 kalendar kun davomida;
qurilishni toʻxtatish — ikki ish kuni davomida.
21. Xususiy qurilish nazorati natijalariga koʻra avval aniqlangan qoidabuzarliklar bartaraf etilganda xususiy qurilish nazoratchisi tomonidan qurilishi yakunlangan bosqichning muvofiqligi toʻgʻrisidagi dalolatnomaning “Qoidabuzarlikni bartaraf etish toʻgʻrisida koʻrsatmalar” qismida tegishli yozuvi qayd etiladi.
22. Xususiy qurilish nazoratchisi quyidagi hollarda obyektlardagi qurilish va rekonstruksiya ishlarini toʻxtatish toʻgʻrisida ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq koʻrsatma beradi:
bino va inshootlar, ularning ayrim qismlari va muhandislik kommunikatsiyalarining oʻzgarishi yoki qulab tushish xavfini yuzaga keltiradigan kamchiliklar (qoidabuzarliklar) aniqlanganda;
obyekt qurilish loyihasi oʻzgartirilib, belgilangan tartibda kelishilmaganda yoki qurilish (rekonstruksiya) ishlari tasdiqlangan loyiha hujjatlariga rioya etmasdan amalga oshirilganda.
23. Xususiy qurilish nazoratchisi tomonidan qurilish va rekonstruksiya ishlarini toʻxtatish toʻgʻrisidagi koʻrsatma bevosita buyurtmachiga (mulkdor) uning imzosi mazkur hujjatning nusxasiga qoʻydirilgan holda topshiriladi.
Buyurtmachining (mulkdor) bevosita oʻziga ushbu koʻrsatmani topshirish imkoniyati boʻlmagan holatlarda koʻrsatma pochta orqali yuboriladi.
24. Aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish imkoniyati boʻlmagan holatlarda xususiy qurilish nazoratchisi shaharsozlik normalari va qoidalari buzilgan holda bajarilgan konstruktiv elementlarni buzish (yoki demontaj qilish) toʻgʻrisida taqdimnoma rasmiylashtiradi.
25. Buyurtmachi (mulkdor) tomonidan nazoratchining koʻrsatmalarini bajarish, shu jumladan, obyektlardagi qurilish va rekonstruksiya ishlarini toʻxtatish rad etilgan holatlarda xususiy qurilish nazoratchisi ushbu Nizomning 18 , 24 va 26-bandlarida nazarda tutilgan hujjatlarni ilova qilgan holda davlat arxitektura nazoratini oʻtkazish va buyurtmachi (quruvchi)ga nisbatan tegishli choralar koʻrish yuzasidan “Shaffof Qurilish” MAT orqali Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligining Davlat arxitektura nazorati departamentiga yoki bevosita tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi boʻlimiga murojaat yuboradi.
26. Tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi boʻlimi murojaat kelib tushgandan soʻng uni Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-martdagi 192-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etishda davlat arxitektura nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligining Davlat arxitektura nazorati departamentiga yuboradi.
5-bob. Xususiy qurilish nazorati yakunlari boʻyicha xulosa olish
27. Obyektning qurilishi yakunlangan va xususiy qurilish nazoratchisining qurilish jarayonidagi kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha koʻrsatmalari (mavjud boʻlganda) bajarilgandan soʻng buyurtmachi (mulkdor) xususiy qurilish nazoratchisidan ijobiy xulosa olish uchun ariza bilan murojaat qiladi.
28. Xususiy qurilish nazoratchisi besh ish kuni mobaynida ijobiy xulosa beradi yoki obyektni qoʻshimcha koʻzdan kechirib, ushbu Nizomning 29-bandidagi asoslar mavjud boʻlganda, ijobiy xulosa berishni rad etadi.
29. Quyidagilar xulosa berishni rad etish uchun asos boʻladi:
xususiy qurilish nazoratini amalga oshirish uchun tuzilgan shartnomada belgilangan toʻlov toʻlanmaganda;
kelishilgan loyiha yechimlari hamda shaharsozlik hujjatlari talablari buzilganda;
bino va inshootlarning zilzilabardoshliligiga taʼsir qiluvchi, shuningdek, fuqarolar hayoti va sogʻligʻiga tahdid soluvchi konstruktiv qoidabuzarliklar mavjud boʻlganda;
xususiy qurilish nazoratchisiga obyektni oʻrganish uchun imkoniyat yaratilmagani. Bunda bu haqida kamida ikkita xolis ishtirokida dalolatnoma tuzilishi lozim;
obyekt qurilishi shaharsozlik normalari va qoidalariga muvofiq emasligi.
Xulosa berishni boshqa asoslar, shuningdek, maqsadga muvofiq emas degan vaj bilan rad etish qatʼiyan taqiqlanadi.
Rad etish shaharsozlik hujjatining nomi, uning qismi, bandi, kichik bandi yoki xatboshisiga asoslangan va u koʻrsatilgan boʻlishi talab etiladi.
30. Buyurtmachi (mulkdor) xulosa berish rad etilgan kundan boshlab oʻn ish kuni mobaynida xulosani olish uchun qayta murojaat qilish huquqiga ega.
Xulosani berishni rad etish uchun asos boʻlgan holatlar bartaraf etilib, takroran ariza tushganidan soʻng obyekt xususiy qurilish nazoratchisi tomonidan ikki ish kunidan oshmagan muddatda koʻrib chiqiladi va ijobiy xulosa beriladi.
Arizani takroran koʻrib chiqishda avvalgi rad etish asoslarida bayon etilmagan sabablarning keltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, avval koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilganligini tasdiqlovchi maʼlumotlar bilan bogʻliq rad etish sabablari keltirilishi bundan mustasno.
6-bob. Yakunlovchi qoida
31. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Yakka tartibdagi uy-joylar hamda kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya qilish ishlari yuzasidan qurilish nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Xususiy nazoratni amalga oshirish
Bosqichlar Masʼullar Amalga oshirish mexanizmi Muddatlar 1-bosqich Buyurtmachi (mulkdor) 1. Yakka tartibdagi uy-joylar hamda kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya ishlari yuzasidan qurilish nazorati amalga oshirilishi uchun obyektning loyihasi muallifi boʻlgan loyiha tashkiloti bilan shartnoma tuzish. 1. Loyiha hujjatlari kelishilib, qurilish yoki rekonstruksiya ishlarini boshlashdan oldin 2. Xususiy qurilish nazoratchisini elektron va yozma shaklda xabardor qilish. 2. Qurilish (rekonstruksiya) ishlarining har bir bosqichi yakunlanishidan ikki kun avval 2-bosqich Xususiy qurilish nazoratchisi 1. Qurilish obyektiga sertifikatlangan nazoratchini biriktirish. Xabarnoma olgan kundan boshlab 1 ish kunida 2. Qurilish obyektida qurilish nazorati ishlarini amalga oshirish. Qurilishning har bir bosqichida bir ish kunidan oshmagan muddatda 3-bosqich Buyurtmachi (mulkdor) Xususiy qurilish nazoratchisiga ijobiy xulosa olish uchun ariza bilan murojaat qilish. Obyektlarning qurilishi yakunlangan va xususiy qurilish nazoratchisining qurilish jarayonidagi kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha koʻrsatmalari (mavjud boʻlganda) bajarilgandan soʻng 4-bosqich Xususiy qurilish nazoratchisi Buyurtmachi (mulkdor) murojaatiga asosan xususiy qurilish nazorati yakunlari boʻyicha xulosani berish. 5 ish kunida
Yakka tartibdagi uy-joylar hamda kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya qilish ishlari yuzasidan qurilish nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
____________________________________________________________________________ Loyiha tashkilotining nomi ____________________ 20_ _ _ yil “_ _ __” ____ _ ______ Qurilish meʼyorlari va qoidalari talablarining bajarilishida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf qilish boʻyicha _______-son YOZMA KOʻRSATMA Kimga _____________________________________ _________ _________________________________ (jismoniy shaxsning F.I.O. yoki yuridik shaxsning nomi va rahbarining F.I.O.) Qurilish obyektining nomi ___________________________ _________________________________ ____ Obyektning manzili _______________________ ________________________________________ _______ Tekshirilgan kunda bajarilayotgan ishlar ___________________________ _____________________ ____ T/r Aniqlandi Berilgan koʻrsatmalar Bajarish muddati Bajarilganligi haqida belgilar 1 2 3 4 5 Izoh : 1. Koʻrsatmani olgan jismoniy yoki yuridik shaxs: aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha uch kun muddat ichida tadbirlar rejasini ishlab chiqadi va imzolaydi; aniqlangan kamchiliklar bartaraf etilgani toʻgʻrisida tuman (shahar) qurilish va uy-joy boʻlimi yoki mahalla fuqarolari yigʻini vakili bilan dalolatnoma tuzadi va uni nazorat oʻtkazayotgan loyiha tashkilotiga taqdim etadi. 2. Nazoratni amalga oshiruvchi loyihachining vakolatli shaxsi ushbu Koʻrsatmaning 5-ustunida aniqlangan kamchiliklar bartaraf etilganini qayd etib, oʻz imzosini qoʻyadi. Loyiha tashkilotining rahbari ____________ ________________ (imzo) (F.I.O) Nazoratni amalga oshiruvchi loyihachining vakolatli shaxsi ____________ ________________ (imzo) (F.I.O)
Yakka tartibdagi uy-joylar hamda kichik hajmdagi noturar bino va inshootlarni qurish hamda rekonstruksiya qilish ishlari yuzasidan qurilish nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
_____________________________________________________________________________________ Loyiha tashkilotining nomi ____________________ 20___ yil “____” ___________ QURILISHNI TOʻXTATISH TOʻGʻRISIDA _______-son YOZMA KOʻRSATMA Kimga ______________________________________________________________________ (jismoniy yoki yuridik shaxsning nomi) Obyekt: ____________________________________________________________________________ (toʻliq nomi) Bajarilayotgan qurilish va rekonstruksiya ishlarida quyidagi qoidabuzarliklar aniqlandi: _____________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ Aniqlangan qoidabuzarliklar bartaraf etilgunga qadar __________________________________ (ish turlari) ____________________________________________________________________________________ 20____ “____”_____________ dan eʼtiboran vaqtincha TOʻXTATILSIN . Izoh: Koʻrsatilgan kamchiliklar bartaraf etilgandan soʻng jismoniy yoki yuridik shaxs nazorat olib borgan loyiha tashkilotiga xabar berishi shart. Qurilish va rekonstruksiya ishlarini davom ettirishga faqat loyiha tashkiloti ruxsat beradi. Loyiha tashkilotining rahbari ____________ ________________ (imzo) (F.I.O) Nazoratni amalga oshiruvchi loyihachining vakolatli shaxsi ____________ ________________ (imzo) (F.I.O) “Koʻrsatmani oldim” _____________________________________________________________ ( jismoniy shaxsning F.I.O yoki yuridik shaxs rahbarining imzosi va F.I.O.) 20___ yil “____” “___________”
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 13-aprel,
167 -son