UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 25-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 25 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 марта 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Комитет промышленной, радиационной и ядерной безопасности при Кабинете Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 March 2026 · Ministry and agency documents · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг

қарори

ҚОИДАЛАРИ

Атом электр станцияларида хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:

1. Атом электр станцияларида хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги, Фанлар академияси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 25 мартдаги 37-сон қарорига ИЛОВА

Атом электр станцияларида хавфсизлик

Мазкур Қоидалар атом электр станцияларида хавфсизлик бўйича талабларни белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

авария — атом электр станциясининг нормал эксплуатациясидан оғиш натижасида юзага келадиган ва атом электр станцияси хавфсизлигига таъсир кўрсатадиган, радиоактив моддалар ҳамда ионлаштирувчи нурланишнинг ажралиб чиқишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳодиса;

лойиҳавий авариялар — атом электр станцияси лойиҳасида кўзда тутилган бошланғич ҳодисалар натижасида содир бўладиган ҳамда уларнинг оқибатларини чеклаш учун хавфсизлик тизимлари назарда тутилган авариялар;

лойиҳадан ташқари авариялар — атом электр станцияси лойиҳасида кўзда тутилмаган сабаблар ёки ҳодисалар кетма-кетлиги натижасида юзага келадиган авариялар;

эксплуатация қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;

атом электр станцияси тизимлари (элементлари) — белгиланган функцияларни мустақил равишда ёки хавфсизлик тизимлари таркибида бажаришни таъминлайдиган, шунингдек атом электр станцияси лойиҳасида ишончлилик ва хавфсизлик таҳлилида таркибий қисмлар сифатида кўриб чиқиладиган қурилиш иншоотлари, асбоб-ускуналар, мосламалар, қувурлар, ўлчов воситалари, назорат, бошқарув ва автоматлаштириш воситалари, кабеллар ҳамда бошқа маҳсулотлар;

атом электр станцияси — ядро ёқилғисидан фойдаланиб электр энергиясини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ҳамда ядро ёқилғиси ва радиоактив чиқиндилар сақлаш жойларини ўз ичига олган мажмуа;

атом электр станцияси хавфсизлиги — атом электр станцияси ходимлари, аҳоли ҳамда атроф-муҳитнинг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ радиациявий таъсирдан ишончли ҳимоялаш;

атом электр станцияси блоки — ядро реактори, буғ генераторлари, турбина ва генераторни ўз ичига олган ҳамда электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайдиган мустақил технологик мажмуа;

атом электр станцияси ҳолатининг оғирлик даражаси — радиоактив моддалар ва (ёки) ионлаштирувчи нурланишнинг атроф-муҳитга тарқалишига тўсқинлик қилувчи жисмоний тўсиқларнинг шикастланиш даражаси билан тавсифланадиган атом электр станцияси ҳолати;

герметик тўсиқ — ядровий реактор қурилмаси ёки радиоактив моддаларни сақловчи бошқа объектлар атрофидаги фазони ажратиб турувчи, атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилган чегарани ҳосил қилувчи қурилиш ва бошқа конструкция элементлари мажмуи.

2-боб. Умумий хавфсизлик талаблари

2. Атом электр станциясининг нормал эксплуатация шароитида ҳамда нормал эксплуатация бузилганда, шу жумладан лойиҳавий аварияларгача бўлган ҳолатларда, ходимлар, аҳоли ва атроф-муҳитга радиациявий таъсир даражаси, нурланиш дозалари, газсимон ва суюқ радиоактив ташланмалар ҳажми СанҚваМ 0193-06-сон «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитар қоидаларида (РХТАСҚ 2006)» белгиланган нормалардан ошмаслиги лозим.

3. Атом электр станцияси хавфсизлиги атом электр станциясини лойиҳалаштириш, конструкциялаш, ускуналарни ишлаб чиқариш, жойлаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишнинг барча босқичларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига риоя этиш орқали таъминланади.

Бунда хавфсизлик маданияти шакллантирилади, эксплуатация қилиш тажрибаси ўрганилади, шунингдек фан ва техниканинг замонавий ривожланиш даражаси ҳисобга олинади.

4. Атом электр станцияси блокининг жисмоний тўсиқлари тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

реакторнинг совутиш контури чегарасини;

реактор қурилмасининг герметик тўсиғи ва биологик ҳимоясини;

ядровий ёқилғи асоси (матрицаси) ҳамда иссиқлик ажратувчи элементнинг қопламасини.

5. Техник ва ташкилий чора-тадбирлар тизими қуйидаги 5 даражали кўп босқичли ҳимояни (чуқур қатламли ҳимоя) ташкил этади:

а) 1-даража. Атом электр станциясини жойлаштириш шартлари ва нормал эксплуатациянинг бузилишини олдини олиш бўлиб, унга қуйидагилар киради:

атом электр станциясини жойлаштириш учун мос майдончани танлаш ва ўрганиш;

атом электр станцияси ҳудудида санитария-муҳофаза зонаси, кузатув зонаси, хавфсизлик зонасини ташкил этиш;

лойиҳа ҳужжатлари чегаравий таъсирларнинг олдини олиш чораларини ҳамда реактор қурилмасининг ички ўзини-ўзи ҳимоялаш хусусиятларининг ривожланганлик даражасига нисбатан консерватив ёндашувни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш;

атом электр станцияси тизимлари (элементлари) ва бажариладиган ишларнинг сифатини таъминлаш;

атом электр станцияси тизимларидаги нуқсонларни ўз вақтида аниқлаш, профилактика чораларини кўриш, ишлаш ресурслари тугаган ускуналарни алмаштириш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашнинг тизимини ташкил этиш, иш ва мониторинг натижаларини расмийлаштириш орқали хавфсизлик учун муҳим тизимлар ва элементларни ишчи ҳолатда сақлаш;

атом электр станциясининг нормал эксплуатация, шу жумладан авариялар ва авариялардан олдинги ҳолатларда ходимларни зарур даражадаги малака билан таъминлаш;

б) 2-даража. Нормал эксплуатация тизимлари билан лойиҳавий аварияларни олдини олиш бўлиб, унга қуйидагилар киради:

нормал эксплуатациядан оғишларни (четга чиқишлар) ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш;

оғишлар (четга чиқишлар) ҳолатида атом электр станциясини эксплуатация қилишини бошқариш;

в) 3-даража. Хавфсизлик тизимлари билан атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилмаган авариялар бўлиб, унга қуйидагилар киради:

атом электр станциясидан ажралиб чиқаётган радиоактив моддаларни локализация қилиш йўли билан уларнинг тарқалишини чеклаш, бартараф этиш ҳамда авария оқибатларини минималлаштириш;

г) 4-даража. Атом электр станциясининг лойиҳасида назарда тутилмаган аварияларни бошқариш бўлиб, унга қуйидагилар киради:

атом электр станциясининг бошқариладиган ҳолатга қайтариш, бунда парчаланиш занжир реакциясининг тўхташи, ёқилғи совутилишининг доимий ва ўрнатилган чегаралар ичида радиоактив моддаларнинг сақланишини таъминлаш;

атом электр станциясининг лойиҳасидан ташқари аварияларнинг ривожланишини олдини олиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш, шу жумладан, техник воситалар ва мавжуд тизимлар (элементлар) ҳамда нормал эксплуатация ва хавфсизлик тизимларидан фойдаланиш;

атом электр станциясининг лойиҳасида назарда тутилмаган аварияларда реактор қурилмаси герметик тўсиғининг бузилишини олдини олиш ва унинг ишга яроқлилигини сақлаб туриш;

д) 5-даража. Аварияга қарши режалаштириш бўлиб, бунда атом электр станцияси ҳудудида ва ундан ташқарида ходимлар ҳамда аҳолини ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уни амалга ошириш киради.

Кўп босқичли ҳимоя (чуқур қатламли ҳимоя) атом электр станциясининг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ барча фаолият босқичларида амалга оширилади.

6. Кўп босқичли ҳимоя (чуқур қатламли ҳимоя) даражаларининг бир-биридан мустақил бўлишини таъминлаш учун барча мавжуд ва амалга оширилиши мумкин бўлган чоралар кўрилади, шунингдек ушбу чоралар асосида ҳимоя тизими ташкил этилади.

7. Нормал эксплуатация жараёнида барча жисмоний тўсиқлар ишга яроқли ҳолатда сақланади.

Атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилган жисмоний тўсиқлардан камида биттасининг ишга яроқсизлиги аниқланганда, реактор қурилмаси тўхтатилади ва атом электр станцияси энергия блокини хавфсиз ҳолатга келтириш бўйича ташкилий ҳамда техник чора-тадбирлар амалга оширилади.

8. Атом электр станциясини лойиҳалашда бошқа тўсиқларнинг шикастланиши натижасида жисмоний тўсиқларнинг кетма-кет ёки бир вақтнинг ўзида шикастланишига йўл қўйилмайди.

9. Атом электр станцияси лойиҳасида хавфсиз эксплуатация чегаралари ва шартлари белгиланади, шунингдек ушбу чегаралар ва шартларнинг бузилишини олдини олишга қаратилган техник воситалар ҳамда ташкилий чоралар назарда тутилади.

10. Атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлаш учун амалга оширилган техник ва ташкилий чоралар аввалги тажриба, синовлар, тадқиқотлар ҳамда эксплуатация тажрибаси асосида синовдан ўтказилади.

11. Атом электр станциясининг хавфсизликни асослаш ҳисоботлари атом электр станциясининг ҳақиқий ҳолатига мос бўлиши ва ушбу мослик атом электр станциясининг бутун ишлаш муддати (тўлиқ ҳаётий даври) давомида эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан сақланиши керак.

12. Атом электр станцияси лойиҳасида аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишни таъминлайдиган техник воситалар ҳамда ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилади. Бунда:

реактор қурилмасининг ички ўзини ўзи ҳимоялаш хусусиятлари ва хавфсизлик тизимлари қўлланилиши натижасида лойиҳавий авариялар учун белгиланган чегаравий қийматлардан ошиб кетилишига йўл қўйилмаслиги;

лойиҳадан ташқари авариялар оқибатлари махсус техник воситалар, мавжуд бошқа техник воситалар ва ташкилий чора-тадбирлар орқали чекланиши;

лойиҳадан ташқари аварияларни бошқариш ҳамда ходимлар ва аҳолининг ҳимоя қилиш режалари бажарилиши таъминланади.

13. Атом электр станциясини лойиҳалашда ҳисобга олинган ҳар қандай бошланғич ҳодиса бўйича лойиҳавий авариялар учун белгиланган чегаралардан ошиб кетилишига йўл қўйилмайди. Бунда бошланғич ҳодисадан мустақил равишда қуйидагилардан биттасининг юз бериши ҳисобга олинади:

фаол элементнинг носозлиги;

механик ҳаракатланувчи қисмларга эга пассив элементнинг носозлиги;

ҳаракатланувчи қисмларсиз пассив элементнинг носозлиги;

хавфсизлик функциясининг ишдан чиқиш эҳтимоли 10 -3 ёки ундан ортиқ бўлган ҳолат;

инсон хатоси.

Бошланғич ҳодисадан қатъи назар, элементлардан бирининг ушбу ягона ишдан чиқиш оқибатида юзага келадиган барча иккиламчи ишдан чиқишлар, бошланғич ҳодиса натижасида келиб чиқадиган ишдан чиқишлар, шунингдек атом электр станцияси эксплуатацияси жараёнида аварияларнинг ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган аниқланмайдиган (яширин) элемент носозликлари инобатга олинади.

Юқори ишончлилик даражасига эга бўлган элементлар, шу жумладан уларнинг таркибига кирувчи тизимлар, шунингдек техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш учун белгиланган муддатда фойдаланишдан чиқарилган элементларни (тизимлар) ишдан чиққан деб топиш тартиби атом электр станцияси лойиҳасида белгиланади.

Элементнинг (тизим) ишончлилик кўрсаткичлари ҳаракатланувчи қисмларга эга бўлмаган хавфсизлик тизимларининг энг ишончли пассив элементлари кўрсаткичларидан паст бўлмаганда, у юқори ишончлилик даражасига эга ҳисобланади.

14. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларда белгиланган талабларига мувофиқ тайёрланган ва эксплуатация қилинадиган ускуналар ҳамда сиғимлар корпусларининг ёрилиши лойиҳавий аварияларнинг дастлабки ҳодисалари қаторига киритилмайди.

15. Атом электр станцияси лойиҳасида битта атом электр станцияси блоки реактори қобиғининг бузилиш эҳтимоли бир йил ҳисобида 10 -7 дан ошмаслиги асосланган бўлиши лозим.

16. Ҳар бир турдаги реактор бўйича лойиҳавий аварияларни таҳлил қилиш учун бошланғич ҳодисаларнинг якуний рўйхати атом электр станциясининг хавфсизлигини асословчи ҳисоботларда келтирилади.

17. Атом электр станциясининг хавфсизлигини асословчи ҳисоботларда кўрсатилган лойиҳавий аварияларни таҳлил қилиш учун бошланғич ҳодисалар рўйхатига 1 йил давомида юзага келиш эҳтимоли 10 -6 ёки ундан кам деб баҳоланган ички ҳодисаларни киритмасликка йўл қўйилади.

18. Атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилмаган аварияларнинг (оғир аварияларнинг) якуний рўйхати атом электр станциясининг хавфсизлигини асословчи ҳисоботларда кўрсатилади.

Мазкур ҳисоботларда бундай аварияларни бошқариш бўйича чоралар ҳам келтирилади.

19. Атом электр станцияси ҳолатининг оғирлик даражаси, шунингдек лойиҳада назарда тутилмаган аварияларни бошқариш учун мўлжалланган хавфсизлик тизимлари ва махсус техник воситаларнинг ишга яроқлилик ёки яроқсизлик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда таъминланади.

20. Атом электр станцияси хавфсизлигини асословчи ҳисоботларда келтирилган лойиҳада назарда тутилмаган авариялар таҳлили авария ҳолатларида ходимлар ва аҳолини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда бундай аварияларни бошқариш бўйича кўрсатмаларни тайёрлаш учун асос ҳисобланади.

21. Атом электр станцияси хавфсизлигининг мақсадли кўрсаткичлари қуйидагилардан иборат:

ҳар бир атом электр станцияси бўйича оғир аварияларнинг умумий эҳтимоли бир йиллик оралиқда 10 -5 дан ошмаслиги;

ҳар бир атом электр станцияси блоки бўйича катта авариявий радиоактив моддалар чиқарилишининг умумий эҳтимоли бир йиллик оралиқда 10 -7 дан ошмаслиги;

атом электр станцияси блоки таркибига кирмайдиган ядро ёқилғисини сақлаш жойлари мавжуд бўлган атом электр станцияси бўйича оғир аварияларнинг умумий эҳтимоли бир йиллик оралиқда 10 -5 дан ошмаслиги.

22. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атом электр станциясининг тўлиқ «ҳаётий» даврининг барча босқичларида Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ «ҳаётий» даври мобайнида сифатни таъминлашнинг умумий дастурига қўйиладиган талабларга (рўйхат рақами 3770, 2026 йил 9 февраль) мувофиқ сифатни таъминлаш бўйича дастурларни (сифатни таъминлаш бўйича умумий дастур) ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши таъминланади.

23. Атом электр станциясини жойлаштириш, қуриш, эксплуатация қилиш, эксплуатациядан чиқариш, шунингдек унинг тизимлари ва элементларини лойиҳалаштириш, конструкциялаш ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча ташкилотлар ва ходимларда хавфсизлик маданияти шакллантирилиши лозим.

24. Эксплуатация қилувчи ташкилот қуйидагиларни таъминлайди:

атом электр станциясининг хавфсизлигини;

аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш чораларини;

ядровий материаллар, радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндиларни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилишни;

ядровий қурилмалар, ядровий материаллар, радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндиларни жисман ҳимоя қилишни;

санитария-муҳофаза зонаси ва кузатув зонасида атроф-муҳит ҳолатининг радиациявий назоратини;

атом электр станциясидан фақат у лойиҳалаштирилган ва қурилган мақсадларда фойдаланилишини.

25. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси хавфсизлиги таҳлили натижалари ва эксплуатация қилиш тажрибасини инобатга олган ҳолда унинг хавфсизлигини ошириш бўйича тадбирларни амалга оширади.

26. Эксплуатация қилувчи ташкилот ходимларни танлаш ва ўқитишни ҳамда атом электр станцияси хавфсизлиги устидан узлуксиз назоратни амалга оширади.

27. Атом электр станцияси ходимларининг малака даражасига қўйиладиган талаблар атом электр станцияси лойиҳасида асослантирилади ва хавфсизликни асословчи ҳисоботларда кўрсатилади.

28. Атом электр станцияси лойиҳасида атом электр станциясининг жисман ҳимоясини, шунингдек ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган техник ва ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилади.

29. Атом электр станциясини нормал эксплуатация шароитида, лойиҳавий авариялар ҳамда лойиҳада назарда тутилмаган авария ҳолатларида бошқаришни ташкил этиш учун зарур алоқа, огоҳлантириш ва такрорловчи воситалар билан таъминланади.

30. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ядровий ёқилғиларни Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ядровий ёқилғиларни сақлаш ва ташишда хавфсизлик қоидаларига (рўйхат рақами 3769, 2026 йил 4 февраль) мувофиқ сақланиши ва ташилиши таъминланади.

31. Атом электр станцияларини эксплуатациядан чиқариш Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда хавфсизликни таъминлаш қоидаларига (рўйхат рақами 3771, 2026 йил 9 февраль) асосан амалга оширилади.

3-боб. Атом электр станциясининг тизимлари ва элементларининг таснифи

32. Атом электр станциясининг тизимлари ва элементларининг хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларга қуйидагилар киради:

хавфсизлик тизимлари (элементлари);

нормал эксплуатация тизимлари (элементлари) (агар уларнинг носозлиги нормал эксплуатациянинг бузилишига олиб келса ёки уни бартараф этишга тўсқинлик қилса ҳамда бундай носозликнинг оғир аварияга айланиш эҳтимоли 10 -6 ва ундан юқори бўлса);

носозлиги радиоактив моддаларнинг рухсат этилган ташланмалари, оқовалари ёки ишчи хоналардаги радиоактив ифлосланиш даражаларининг ошиб кетишига олиб келадиган нормал эксплуатация тизимлари (элементлари);

авариянинг бошланғич ҳолатидан кейинги камида 3 сутка давомида аварияларни бошқариш учун лойиҳада назарда тутилган элементлар;

радиациявий назорат тизимлари.

33. Атом электр станцияси элементларининг хавфсизликка таъсири даражасига кўра қуйидаги 4 та хавфсизлик синфига бўлинади:

а) 1-синф. Иссиқлик ажратувчи элементлар ҳамда атом электр станциясининг уларнинг ишдан чиқиши хавфсизлик тизимларининг лойиҳавий ишлаши шароитида иссиқлик ажратувчи элементлар учун белгиланган максимал лойиҳавий чегарадан ошиб кетишга олиб келадиган аварияларнинг дастлабки сабабчиси;

б) 2-синф. 1-синфга киритилмаган қуйидаги атом электр станцияси элементлари киради:

хавфсизлик тизимларининг лойиҳавий ишлаши шароитида, ушбу тизимлар бўйича лойиҳавий авариялар учун носозликлар сони ҳисобга олинган ҳолда, иссиқлик ажратувчи элементларнинг максимал лойиҳавий чегарадан ошмаган даражада шикастланишига олиб келадиган бошланғич ҳодисаларни юзага келтирувчи элементлар;

алоҳида носозлиги лойиҳавий авария юз берганда, лойиҳавий чегараларнинг бузилишига олиб келадиган хавфсизлик тизимлари элементлари;

в) 3-синф. Хавфсизлик учун муҳим бўлган, бироқ 1 ва 2-синфларга киритилмаган атом электр станцияси элементлари;

г) 4-синф. Хавфсизликка таъсир кўрсатмайдиган ҳамда 1 — 3-синфларга киритилмаган атом электр станциясининг нормал эксплуатация элементлари.

1 — 3-хавфсизлик синфларига киритилмаган, бироқ лойиҳадан ташқари аварияларни бошқаришда қўлланиладиган элементлар 4-хавфсизлик синфига киритилади.

Агар бирор элемент бир вақтнинг ўзида турли хавфсизлик синфлари белгиларига эга бўлса, у юқорироқ хавфсизлик синфига киритилади.

34. Турли хавфсизлик синфларига мансуб алоҳида элементларни ажратиб турувчи қурилмалар (қувур арматуралари ва дроссел мосламалари) юқорироқ хавфсизлик синфига киритилади.

35. Атом электр станцияси элементлари учун хавфсизлик синфлари мазкур Қоидаларга мувофиқ атом электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқувчилар томонидан белгиланади.

36. Элементларнинг 1 — 4-синфларга киритилиши атом электр станцияси тизимлари ва элементларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга оид ҳужжатларда асослаб берилади ҳамда атом электр станциясининг хавфсизлигини асословчи ҳисоботларда келтирилади.

Таснифлаш белгиси элементнинг хавфсизликнинг 1 — 4-синфига мансублиги аниқланади ҳамда унинг бажарадиган функциясини ифодаловчи белги билан кўрсатилади.

Бунда қуйидаги белгилар қўлланилади:

Н — нормал эксплуатация бўлиб, нормал ишлаш шароитида фаолият кўрсатадиган элемент;

Ҳ — ҳимояловчи бўлиб, хавфни бартараф этувчи ёки ҳимоя вазифасини бажарадиган элемент;

Л — локализацияловчи бўлиб, радиация ёки хавфли моддаларнинг тарқалишини чеклайдиган элемент;

Т — таъминловчи бўлиб, бошқа тизимлар ёки функциялар ишлашини таъминлайдиган элемент;

Б — бошқарув бўлиб, хавфсизлик тизимини бевосита бошқарувчи элемент;

Т2 — лойиҳадан ташқари аварияларни бошқариш учун мўлжалланган махсус техник воситалар элементи.

Элемент бир нечта вазифага эга бўлса, унда уларнинг барчаси белгиланади (таснифлаш белгилари — 2Н, 3Ҳ, 2НҲ, 3Т).

Элемент бир нечта функцияни бажарганда, унинг таснифлаш белгисида (2Н, 3Ҳ, 2НҲ, 3Т) ушбу функцияларнинг барчаси кўрсатилади.

4-боб. Атом электр станцияси ва унинг тизимлари лойиҳасида амалга ошириладиган хавфсизлик

37. Атом электр станцияси қуйидаги хавфсизлик тизимларига эга бўлади:

реакторни авариявий тўхтатиш ва уни субкритик ҳолатда ушлаб туриш тизимига;

авариявий ҳолатларда реактордан ажралиб чиқадиган иссиқликни чиқариб ташлаш тизимига;

радиоактив моддаларни белгиланган чегараларда ушлаб қолиш тизимига.

Бунда хавфсизлик функцияларининг лозим даражада бажарилишига тўсқинлик қилувчи хавфсизлик тизимлари ўртасидаги ўзаро таъсирга йўл қўйилмайди.

Хавфсизлик тизимларининг мустақиллиги жисмоний ажратиш, функционал мустақиллик ва бошқа техник ечимлар орқали таъминланади.

Хавфсизликнинг асосий функцияларига, нормал эксплуатация тизимлари томонидан бажарилишига йўл қўйиладиган, ядро ёқилғисини сақлаш ва ташишда субкритикликни таъминлаш, шунингдек атом электр станцияси майдончаси доирасида сақлаш ва ташиш вақтида ядро ёқилғисидан ажралиб чиқадиган иссиқликни чиқариб юбориш функциялари ҳам киради.

38. Атом электр станцияси лойиҳадан ташқари аварияларни бошқаришни таъминлайдиган қуйидаги махсус техник воситалар билан жиҳозланади:

реактор қурилмаси ва ядро ёқилғисини сақлаш омборларидан ажралиб чиқадиган иссиқликни якуний ютгичга чиқариб юборишни таъминлайдиган нормал эксплуатация тизимлари ҳамда қўшимча пассив хавфсизлик тизимлари;

авариявий мустақил электр таъминоти тизимлари.

Бунда атом электр станцияси лойиҳасида махсус техник воситаларни ташқи таъсирлардан, шунингдек лойиҳадан ташқари авариялар оқибатида юзага келадиган таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар, шу жумладан хавфсиз жойларда сақланадиган мобил воситалардан фойдаланилади.

39. Атом электр станцияси лойиҳасида авария ва оғир авария ҳолатларида реактор қурилмаси ҳамда атом электр станцияси ҳолатини назорат қилиш учун техник воситалар, шунингдек авариядан кейинги мониторинг воситалари назарда тутилади.

40. Атом электр станцияси лойиҳасида қурилмалар ва мосламаларни назорат қилиш бўйича қуйидаги вазифалар белгиланади:

тизимлар ва элементларнинг (реактор ичидаги қурилмалар) ишга яроқлилигини текшириш ва хизмат муддати тугаган ускуналарни алмаштириш;

тизимларнинг лойиҳавий кўрсаткичларга мувофиқлигини аниқлаш ҳамда синовларни ўтказиш;

ускуналарнинг ишга тушириш, огоҳлантирувчи ва авария сигнализацияси кетма-кетлигини текшириш;

ускуналар ва қувурлар металли (пайвандланган бирикмалар) ҳолатини текшириш.

41. Атом электр станцияси лойиҳасида атом электр станциясини ёнғиндан ҳимоя қилиш учун зарур ва етарли воситалар, шунингдек ёнғин тўғрисида хабар бериш, одамларни огоҳлантириш ва эвакуация қилиш, тутунга қарши шамоллатиш, автоматик ёнғин ўчириш ҳамда бошқа ёнғинга қарши ҳимоя тизимлари назарда тутилади.

42. Хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлар ва элементлар атом электр станцияси лойиҳасида ташқи табиий таъсирлар (зилзилалар, бўронлар, қуюнлар, тошқинлар ва бошқа ҳодисалар), шунингдек авариялар оқибатида юзага келадиган гидравлик, механик, иссиқлик, кимёвий таъсирларни ҳисобга олган ҳолда ўз вазифаларини белгиланган даражада бажаришни таъминлаши лозим.

43. Атом электр станциясини лойиҳалашда хавфсизлик тизимлари ва элементларини, шунингдек аварияларни бошқариш учун мўлжалланган махсус техник воситалар тизимлари ва элементларини захиралаш ҳамда мустақиллигини таъминлаш чоралари кўриб чиқилади.

44. Хавфсизлик тизимларининг ишга тушиши автоматлаштирилган бўлиши зарур.

45. Атом электр станцияси лойиҳасида ходимлар хатоларининг олдини олишга ёки уларнинг оқибатларини, шу жумладан техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнида камайтиришга имкон берадиган воситалар назарда тутилади.

46. Хавфсизлик тизимлари ва уларнинг элементларидан кўп мақсадли фойдаланиш асослантирилиши, нормал эксплуатация функциялари ҳамда хавфсизлик талабларининг бузилишига олиб келмаслиги, шунингдек хавфсизлик функцияларининг талаб этиладиган ишончлилигини пасайтирмаслиги шарт.

47. Кўп блокли атом электр станциясида ҳар бир блокнинг хавфсизлик тизимлари бошқа блокларнинг хавфсизлик тизимларидан мустақил бўлиши зарур.

48. Кўп блокли атом электр станциясининг барча блокларида фавқулодда вазиятлар содир бўлганда, лойиҳадан ташқари аварияларни бошқариш учун махсус техник воситаларнинг етарли бўлиши лозим.

49. Хавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси тизимлари ва элементлари эксплуатацияга киритишда, шунингдек таъмирдан кейинги даврий баҳолаш жараёнида лойиҳавий тавсифларга мувофиқлиги бўйича текширувдан ўтказилади.

50. Атом электр станцияси лойиҳасида хавфсизлик тизимларининг ҳолатини техник диагностика қилиш (текшириш), лойиҳада назарда тутилмаган аварияларни бошқариш учун мўлжалланган махсус техник воситаларни, шунингдек хавфсизликнинг 1 ва 2-синфларига киритилган, нормал эксплуатация хавфсизлиги учун муҳим бўлган элементларни синовдан ўтказиш тартиби белгиланади.

51. Хавфсизлик тизимлари ўз функцияларини тўлиқ ҳажмда бажариши ва ишга туширилганидан сўнг уларнинг ҳаракати узлуксиз давом этиши лозим.

52. Хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлар дастурланадиган рақамли қурилмалар асосида амалга оширилганда, уларнинг бутун ҳаётий даври давомида дастурий таъминотни рухсатсиз аралашувдан ҳимоя қилиш воситалари назарда тутилиши шарт.

53. Атом электр станциясининг хавфсизлигини асословчи ҳисоботларда хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлар томонидан функцияларни бажариш ишончлилиги таҳлили, шунингдек хавфсизлик учун муҳим бўлган элементларнинг ишончлилик кўрсаткичлари келтирилади.

Ишончлилик таҳлили умумий носозликлар ҳамда ходимларнинг хатолари оқибатида юзага келадиган ишдан чиқишлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

54. Эксплуатация жараёнида хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлар ва элементларнинг ишончлилик кўрсаткичлари атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган даврийликка ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, шунингдек металларнинг ва пайвандланган бирикмаларнинг ҳолатини назорат қилиш йўли билан сақлаб турилиши шарт.

55. Атом электр станциясининг барча эксплуатация ҳолатлари учун реакторнинг қувват билан ишлаши, тўхтатилган ҳолати ва ёқилғини юклаш жараёнида амал қилинадиган хавфсиз эксплуатация чегаралари ҳамда шартлари атом электр станцияси лойиҳасида белгиланади ва асослантирилади, шунингдек хавфсизликни асословчи ҳисоботларда келтирилади.

5-боб. Атом электр станцияси фаол зонасининг конструкцияси ва тавсифлари

56. Атом электр станцияси лойиҳасида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиш чегаралари, шу жумладан уларнинг йўл қўйиладиган шикастланиш даражаси ва миқдори, шунингдек мазкур кўрсаткичлар билан боғлиқ реактор совутиш тизими ҳамда репер изотоплар бўйича биринчи контурнинг бошқа технологик муҳитидаги радиоактивлик даражалари белгиланади.

57. Ҳимоя тизимлари таъсирини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги нормал эксплуатация бузилишлари содир бўлганда иссиқлик ажратувчи элементлар шикастланишининг хавфсиз эксплуатация чегараларидан ошишига йўл қўйилмайди:

реактор қурилмасини бошқариш тизимларидаги ишдан чиқишлар;

асосий совутиш контури насосларининг электр таъминоти узилиши;

турбогенераторлар ҳамда иссиқликни қабул қилувчи истеъмолчиларнинг узилиши;

нормал эксплуатация учун мўлжалланган электр таъминоти манбаларининг йўқолиши;

реактор совутиш контуридаги сизиб чиқишларнинг нормал эксплуатацияни таъминлаш тизимлари ҳисобидан қопланиши;

буғ генератори ва турбоқурилмага буғ узатувчи буғ қувурлари тизимидаги клапанларнинг ёпилмай қолиши.

58. Атом электр станцияси лойиҳасида фаол зонада нормал эксплуатация даврида ҳамда лойиҳавий авариягача бўлган бузилишлар шароитида реактор реактивлигини бошқариш ва авариявий тўхтатиш воситаларининг нормал ишлашини бузадиган, шунингдек иссиқлик ажратувчи элементларнинг совутилишига тўсқинлик қиладиган, уларнинг белгиланган лойиҳавий чегаралардан ортиқ шикастланишига сабаб бўладиган фаол зона компонентларининг деформациясига йўл қўйилмаслиги лозим.

59. Эксплуатация ҳолатларида тартибга солиш органлари ҳамда реактивликка таъсир этувчи бошқа омиллар туфайли юзага келадиган реактивлик ўзгаришлари, шунингдек лойиҳавий авариялар шароитида, фаол зонада иссиқлик ажратувчи элементларнинг белгиланган лойиҳавий чегаралардан ортиқ шикастланишига олиб келадиган энергия ажралишининг бошқариб бўлмайдиган ортишига йўл қўйилмайди.

60. Фаол зонанинг тавсифи, реактор конструкцияси ҳамда биринчи контурнинг бошқа ускуналари бошқа тизимларнинг ишлаши ҳисобига оғир авариялар шароитида, шу жумладан ёқилғи эриши ҳолатларида, иккиламчи критик массаларнинг ҳосил бўлишига йўл қўйилмайди.

6-боб. Атом электр станцияси реакторининг иссиқлик ташувчи контури

61. Реакторнинг иссиқлик ташувчи контури схемаси таркибига кирувчи ускуналар ва қувурларнинг унинг ҳар қандай қисмида юзага келадиган статик ва динамик юкламалар ҳамда ҳарорат таъсирига, ҳимоя хавфсизлик тизимларининг ишлаши ва уларнинг эҳтимолий носозликлари инобатга олинган ҳолда, лойиҳавий авариягача бўлган нормал эксплуатация бузилишлари шароитида, шу жумладан совутиш суюқлигига энергиянинг бехосдан ажралиб чиқиши ҳолатларида, бузилишсиз бардош бериши лозим.

Мазкур ускуналар ва қувурлар қуйидаги ҳолларда ҳам мустаҳкамлиги ҳамда иш қобилиятини сақлаши шарт:

реактивликка таъсир қилувчи органнинг максимал самарадорлик билан максимал тезликда ҳаракатланиши натижасида, агар бундай таъсир оқибатлари конструкция билан олдиндан бартараф этилмаган бўлса, ижобий реактивликнинг тасодифий миқдорда фаол зонага киритилганда;

фаол зонага «совуқ» иссиқлик ташувчини киритиш оқибатида, иссиқлик ташувчи ҳароратига нисбатан реактивликнинг манфий коэффициенти мавжуд бўлганда, шунингдек иссиқлик ташувчи билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ижобий реактивлик миқдори юзага келганда.

62. Реакторнинг иссиқлик ташувчи контурини ортиқча босимдан ҳимоя қилувчи босимни пасайтириш қурилмаларининг ишлаши натижасида биринчи контур иссиқлик ташувчисининг реактор қурилмасининг герметик тўсиғи чегарасидан ташқарига чиқарилишига йўл қўйилмайди.

63. Атом электр станцияси лойиҳасида реакторнинг иссиқлик ташувчи контури учун «бузилишдан олдинги сизиб чиқиш» концепцияси назарда тутилади.

Бунда реакторнинг иссиқлик ташувчи контури қувурларида юзага келадиган ёриқларни ўз вақтида аниқлашни ҳамда улар критик ўлчамларга етгунга қадар реактор қурилмасини хавфсиз ҳолатга ўтказишни таъминлайдиган техник воситалар ва ташкилий чора-тадбирлар белгиланади.

64. Ускуналарнинг жойлашуви ва биринчи контур геометрияси мажбурий циркуляция йўқолганда, лойиҳавий авариялар шароитида биринчи контур бўйлаб иссиқлик ташувчининг табиий циркуляцияси юзага келиши ва ривожланиши учун зарур шароитларни таъминлаши зарур.

65. Реакторнинг иссиқлик ташувчи тизимини радиоактив ифлосликлардан тозалаш қурилмаси атом электр станциясининг реактор иссиқлик ташувчи контури активлигининг паст даражасида эксплуатация қилинишини таъминлаш мақсадида иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиши бўйича белгиланган хавфсиз эксплуатация чегарасига эришилгунга қадар ишлаши лозим.

66. Атом электр станцияси лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

биринчи контур ускуналари ва қувурларида газларнинг портловчи концентрацияларда тўпланишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар;

биринчи контурга бегона жисмларнинг тушишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар;

биринчи контур иссиқлик ташувчисидаги нейтрон ютгичлар таркибидаги, шунингдек биринчи контурга юбориладиган муҳитлардаги нуклидларнинг таркиби ва миқдорини назорат қилишга мўлжалланган техник воситалар;

биринчи контур иссиқлик ташувчиси ҳамда биринчи контурнинг бошқа технологик муҳитлари активлигини назорат қилишга мўлжалланган техник воситалар;

реактордаги иссиқлик ташувчи сатҳини назорат қилишга мўлжалланган техник воситалар;

биринчи контурнинг иссиқлик ташувчисидаги сизиб чиқишлар сарфини чеклашга мўлжалланган техник воситалар;

ҳарорат ўзгариши таъсирида биринчи контур ускуналари ва қувурларининг силжишини назорат қилишга мўлжалланган техник воситалар;

биринчи контур иссиқлик изоляциясининг хавфсизлик тизимлари ишига салбий таъсирини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар.

7-боб. Атом электр станциясида технологик жараёнларни бошқариш

67. Атом электр станцияси блокида қуйидаги технологик жараёнларни бошқариш учун нормал эксплуатация ва хавфсизлик тизимлари назарда тутилади:

бошқарув пункти;

захира бошқарув пункти;

нормал эксплуатацияни бошқариш тизимлари;

хавфсизликни бошқариш тизимлари;

тезкор алоқа ва ахборот билан таъминлаш тизимлари;

маълумотларни қайд этиш ва сақлашнинг мустақил воситалари.

68. Атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳалари, шунингдек атом электр станциясининг хавфсизлигини асословчи ҳисоботлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

бошқарув тизимларида юз бериши мумкин бўлган носозликларга ушбу тизимларнинг реакцияси таҳлилини;

бошқарув тизимлари ишлашининг ишончлилик таҳлилини;

автоматик бошқариш контурларининг барқарорлик таҳлилини.

8-боб. Атом электр станциясининг блокли ва захира бошқарув пунктлари

69. Бошқарув пункти атом электр станциясининг ходимларига нормал эксплуатация тизимлари ва элементларини эксплуатация чегаралари ҳамда шартларига риоя этилиши устидан назорат қилган ҳолда тўлиқ ҳажмда бошқариш, шунингдек нормал эксплуатация бузилишлари, эксплуатация чегараларидан четга чиқиш ҳолатлари, лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар шароитида хавфсизлик тизимлари ва элементларини ҳамда махсус техник воситаларни бошқаришни таъминлайдиган воситалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.

70. Атом электр станцияси лойиҳасида барча нормал эксплуатация режимларида, шунингдек нормал эксплуатация бузилишлари, лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар шароитида бошқарув пунктининг ишлашга лаёқатлилиги, мослашувчанлиги ҳамда нормал эксплуатацияни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг етарлилиги асослаб берилади.

71. Бошқарув пунктида назорат қилинадиган атом электр станцияси параметрларининг кўрсатилиши ходимларни атом электр станциясининг хавфсиз эксплуатацияси учун белгиланган чекловлар ва шартларга риоя этилиши тўғрисидаги аниқ ахборот билан, шунингдек хавфсизлик тизимларининг автоматик ишга туширилиши ва уларнинг ишлаши ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаши лозим.

72. Бошқарув пунктига узатиладиган сигналлар хавфсизлик даражаси бўйича тартибга солинган бўлиши шарт.

73. Атом электр станцияси лойиҳасида бошқарув пункти қуйидаги воситалар билан таъминланади:

нормал эксплуатация режимларида, нормал эксплуатация бузилишларида, фавқулодда ҳолатларда, шунингдек фаол зонанинг барча режим ва ҳолатларида, шу жумладан реактор субкритик ҳолатда бўлганда ёқилғини юклаш жараёнида занжирли реакцияни назорат қилиш ва бошқариш воситалари;

реактивликка таъсир этувчи воситаларнинг ҳолатини кўрсатиш, иссиқ нейтронларни ютувчи модда концентрациясини автоматик назорат қилиш, шунингдек реактивликка таъсир этувчи бошқа воситаларнинг ҳолатини кўрсатиш учун мўлжалланган ускуналар.

74. Бошқарув пункти ва захира бошқарув пункти панелларидан автоматик бошқариш тизими ёки масофадан бошқариш тугмалари ёхуд бошқа воситалар орқали шакллантирилган бошқарув буйруқлари автоматик равишда қайд этилиши лозим.

75. Бошқарув пункти ва захира бошқарув пункти қуйидаги функцияларни бажаришни таъминлайди:

хавфсизлик тизимларини бошқаришни;

реактор фаол зонасини субкритик ҳолатга ўтказиш ҳамда уни субкритик ҳолатда сақлаб турилишини назорат қилишни;

реактордан ва ишлатилган ядровий ёқилғини сақлаш бакларидан иссиқликни олиб чиқишни бошқаришни;

реактор қурилмаси ҳамда ишлатилган ядровий ёқилғини сақлаш бакларининг ҳолатини назорат қилишни.

76. Захира бошқарув пунктининг бошқарув пунктидан мустақиллиги таъминланиши, шунингдек захира бошқарув пунктининг ишончлилиги ва ишлашга яроқлилиги асослантирилган бўлиши лозим.

77. Бошқарув пункти ва захира бошқарув пунктининг умумий сабабларга кўра бир вақтда ишдан чиқиш эҳтимоли атом электр станцияси лойиҳасида асослантирилади, атом электр станцияси хавфсизлигини асословчи ҳисоботларда эса бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади.

78. Техник ҳамда ташкилий чора-тадбирлар бошқарув пункти ва захира бошқарув пунктидан бир вақтнинг ўзида бошқарув буйруқлари берилишига йўл қўймасликни таъминлаши лозим.

79. Бошқарув пункти ва захира бошқарув пункти фавқулодда вазиятларга қарши ҳаракатларни бошқариш бўйича муҳофаза қилинган пункт билан алоқа воситалари билан таъминланади.

9-боб. Атом электр станциясининг нормал эксплуатацияси ва хавфсизликни бошқариш тизимлари

80. Атом электр станцияси блокининг нормал эксплуатацияни бошқариш тизимлари барча иш режимларида технологик жараёнларни бошқаришни таъминлаши, шунингдек атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган сифат кўрсаткичлари, ишончлилик ва метрологик хусусиятлар бўйича назоратни амалга ошириши лозим.

81. Нормал эксплуатацияни бошқариш тизимлари қуйидагилар билан таъминланади:

бошқарув пунктидан ташқарида ишларни амалга ошираётган ходимлар билан бошқарув пункти ва захира бошқарув пункти ўртасида алоқа ўрнатишни таъминловчи воситалар;

нормал эксплуатация бузилишлари, авариялар ва уларнинг ривожланиши, хавфсизлик тизимлари ҳамда хавфсизлик учун муҳим бўлган элементларнинг ишлашининг ҳақиқий алгоритмини белгилаш, шунингдек бошқарув ва бошқариш тизимлари фаолиятининг белгиланган алгоритмлардан оғишини, ходимлар ҳаракатларини ўз вақтида аниқлаш учун етарли бўлган маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, ҳужжатлаштириш ва сақлаш воситалари;

биринчи контур совутиш суви сизиб чиқишининг атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган қийматдан ошганини, шунингдек сизиб чиқиш жойини аниқлашга мўлжалланган воситалар;

биринчи контур совутиш суви ва унинг радиоактивлигини автоматик назорат қилиш воситалари.

82. Нормал эксплуатацияни бошқариш тизимлари атом электр станцияси блокининг ҳолати ҳамда эксплуатация режимларини автоматик диагностика қилишни, шунингдек мазкур тизимлар таркибига кирадиган техник воситалар, шу жумладан дастурий таъминот асосида ишловчи техник воситаларнинг техник ҳолатини автоматик диагностика қилишни таъминлайди.

83. Атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган шартлар юзага келганда хавфсизликни бошқариш тизимлари ўзига юклатилган функцияларни автоматик равишда бажаришни таъминлаши лозим.

84. Хавфсизликни бошқариш тизимлари автоматик ишга туширилганидан кейин 10 — 30 дақиқа давомида эксплуатация ходимлар томонидан ўчириб қўйилишининг олдини оладиган тарзда лойиҳалаштирилиши лозим.

Бунда мазкур тизимлар технологик регламентларда назарда тутилган авария юзага келганда, аварияларни бартараф этиш бўйича йўриқномаларда ва лойиҳадан ташқари аварияларни бошқариш бўйича кўрсатмаларда ходимнинг тўғри ҳаракатларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги шарт.

85. Атом электр станциясида хавфсизлик тизимларини масофадан бошқариш, шунингдек арматура ўрнатилган жойда қўлда бошқариш имконияти назарда тутилган бўлиши лозим.

86. Автоматик ишга тушириш занжиридаги носозлик масофадан туриб бошқариш имкониятига ҳамда хавфсизлик функцияларининг бажарилишига тўсқинлик қилмаслиги зарур.

87. Хавфсизликни бошқариш тизимлари нормал эксплуатацияни бошқариш тизимларидан ажратилган бўлиши шарт.

Хавфсизликни бошқариш тизимларининг бирон-бир элементи ёки каналидаги бузилиш нормал эксплуатацияни бошқариш тизимларининг ўз функцияларини бажариш қобилиятига таъсир кўрсатмаслиги лозим.

88. Хавфсизликни бошқариш тизимлари қуйидаги хавфсизлик талабларига жавоб бериши шарт:

захиралаш;

мустақиллик;

хилма-хиллик.

89. Хавфсизликни бошқариш тизимларида қуйидагилар таъминланади:

бошқарув тизимлари ишлашининг доимий автоматик назорати ва таҳлилини;

бошқарув пункти ҳамда захира бошқарув пунктидан хавфсизликни бошқариш тизимлари каналларининг ишга яроқлилигини даврий техник текшириш, шунингдек технологик ускуналарнинг ҳолатини таҳлил қилиш имкониятини.

90. Хавфсизликни бошқариш тизимларининг техник ва дастурий таъминот воситаларида ишдан чиқиш ёки носозлик ҳолатлари юзага келганда, бу ҳақда бошқарув пункти ҳамда захира бошқарув пунктига сигнал узатилиши, шунингдек атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар кўрилиши керак.

10-боб. Атом электр станцияси хавфсизлигини ҳимоя тизимлари

91. Атом электр станцияси лойиҳасида реакторнинг авария ҳолатида ишончли ўчирилишини, бузилишлар юзага келганда унинг субкритик ҳолатда ушлаб турилишини, шунингдек лойиҳавий авариягача бўлган шароитларда хавфсизликни таъминловчи ҳимоя тизимлари назарда тутилиши лозим.

92. Реакторнинг авариявий ўчириш тизимларининг самарадорлиги ва тезкорлиги энергия ажралишини иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиши бўйича белгиланган лойиҳавий чегаралар бузилмайдиган даражада чеклаш, шунингдек нормал эксплуатация ва лойиҳавий авариялар шароитида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай ижобий реактивликни бостириш учун етарли бўлиши лозим.

93. Реакторнинг авариявий ўчирилиши электр таъминоти манбаларининг мавжудлиги ва ҳолатидан қатъи назар таъминланиши шарт.

94. Хавфсизликни ҳимоя қилиш тизимлари таркибида бир нечта мустақил каналлардан ташкил топган, реактордан якуний иссиқликни қабул қилиш ва чиқариб юборишни таъминловчи тизимлар назарда тутилади.

95. Нормал эксплуатация учун мўлжалланган совутиш тизимларидан реактордаги авариявий иссиқликни олиб кетиш тизимлари сифатида фойдаланишга рухсат этилади.

96. Реакторнинг авариявий иссиқликни олиб кетиш тизими ишга туширилганда ва унинг ишлаши давомида реакторнинг критик ҳолатга ўтишига ҳамда реактор иссиқлик ташувчи контури тизимларида рухсат этилган босим қийматларининг ошиб кетишига йўл қўйилмайди.

97. Хавфсизликни ҳимоя қилиш тизимларининг ишга тушиши нормал эксплуатация тизимлари ускуналарининг ишдан чиқишига олиб келмаслиги лозим.

Лойиҳалашда атом электр станцияси блокининг эксплуатация муддати давомида хавфсизлик тизимлари учун йўл қўйиладиган ишга тушишлар, шу жумладан ёлғон ишга тушишлар сони ускунанинг хизмат муддати ва унга кўрсатиладиган таъсир инобатга олинган ҳолда асослантирилади.

11-боб. Атом электр станцияси хавфсизлигни локализацияловчи тизимлар

98. Хавфсизликни локаллаштирувчи тизимлар авария шароитида радиоактив моддалар ҳамда ионлаштирувчи нурланишнинг атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилган чегараларда ушлаб турилишини ва уларнинг белгиланган чегаралардан ташқарига тарқалмаслигини таъминлаши зарур.

99. Реактор ҳамда таркибида радиоактив моддалар мавжуд бўлган тизимлар ва реактор қурилмаси элементлари лойиҳавий авариялар пайтида ажралиб чиқадиган радиоактив моддаларни локаллаштириш мақсадида реактор қурилмасининг тўлиқ герметик ёпиқ ҳажмида жойлаштирилади.

Оғир авариялар шароитида ажралиб чиқадиган радиоактив моддаларни локаллаштириш фильтрлаш тизими орқали таъминланади.

100. Ҳар бир атом электр станциясида хавфсизликни локаллаштирувчи тизимлар назарда тутилган бўлиши ҳамда мазкур тизимлар лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар шароитида улар учун белгиланган вазифаларни бажаришни таъминлаши керак.

101. Герметик ўралган тўсиқ ичида босимнинг ошиб кетишининг олдини олиш учун фаол элементлар ва иссиқликни олиб кетиш тизимлари назарда тутилган бўлса, мазкур тизимлар таркибида ўзаро мустақил бир нечта каналлар бўлиши лозим.

102. Авария содир бўлганда ажралиб чиқадиган радиоактив моддалар таъсири инобатга олинган ҳолда, герметик ўралган тўсиқ чегарасини кесиб ўтувчи барча коммуникациялар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ изоляцияловчи элементлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.

103. Атом электр станцияси лойиҳасида герметик ўралган тўсиқнинг йўл қўйиладиган ногерметиклик даражаси асослантирилган бўлиши керак.

Реактор биринчи маротаба ядровий ёқилғи билан юкланишидан олдин герметик ёпиқ тўсиқнинг амалдаги герметиклиги лойиҳа талабларига мувофиқлиги бўйича тасдиқланади, шунингдек эксплуатация жараёнида атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган муддатларда такроран текшириб борилади.

104. Атом электр станциясини эксплуатацияга топшириш жараёнида герметик ўралган тўсиқ лойиҳавий босим остида синовдан ўтказилади.

Кейинги синовлар атом электр станцияси лойиҳасида асослантирилган босим қийматларида ўтказилади.

Герметик ўралган тўсиқ ичида жойлашган ускуналарни босим остида синаш уларнинг ишга яроқлилигига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.

105. Герметик ўралган тўсиқнинг лойиҳа параметрларига мувофиқлигини синаш усуллари ва техник воситалари атом электр станцияси лойиҳасида белгиланади.

106. Водород портлашидан ҳимояланиш бўйича чора-тадбирлар атом электр станцияси лойиҳасида асослантирилган бўлиши лозим.

Герметик ўралган тўсиқ ичида водород мавжуд бўлган аралашма муҳитининг физик-кимёвий параметрларини назорат қилишга мўлжалланган воситалар назарда тутилиши зарур.

12-боб. Атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлаш тизимлари

107. Атом электр станцияси лойиҳасида хавфсизлик тизимларининг ишчи муҳит, энергия таъминоти ва уларнинг ишлаши учун зарур шарт-шароитлар билан таъминланишини, шу жумладан иссиқликни охирги ютгичга узатиш функциясини бажаришни кафолатлайдиган ёрдамчи хавфсизлик тизимлари белгиланиши лозим.

Хавфсизликни таъминловчи тизимлар таркибига ёнғин юзага келганда хавфсизлик тизимларининг ишлаши учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган ёки ёнғиннинг хавфсизлик тизимларига тарқалишининг олдини оладиган ёнғинга қарши ҳимоя тизимлари ҳам киритилиши мумкин.

108. Хавфсизликни таъминловчи тизимлар ўзига юклатилган функцияларни бажариш бўйича зарур ишончлилик кўрсаткичларига эга бўлиши зарур.

Мазкур кўрсаткичлар улар таъминлайдиган хавфсизлик тизимларининг ишончлилик кўрсаткичлари билан биргаликда атом электр станцияси лойиҳасида белгиланган хавфсизлик тизимлари ишлашининг талаб этиладиган ишончлилик даражасига эришиш учун етарли бўлиши лозим.

109. Хавфсизликни таъминловчи тизимлар элементларига татбиқ этиладиган ўчириб бўлмайдиган ички ҳимоя воситалари рўйхати атом электр станцияси лойиҳасида белгиланади.

110. Атом электр станцияси лойиҳасида хавфсизликни таъминловчи тизимларнинг ўчириб бўлмайдиган ички ҳимоя элементлари рўйхати келтирилади.

13-боб. Эксплуатацияни ташкил қилиш ва эксплуатация ҳужжатлари

111. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи барча фаолият устидан, шу жумладан ўз фаолиятини ўзини ўзи баҳолаш асосида доимий назоратни таъминлайди.

112. Атом электр станцияси блокининг хавфсиз ишлашини белгиловчи асосий ҳужжат атом электр станцияси блоки ишлашининг технологик регламенти ҳисобланади.

Мазкур регламентда эксплуатация қоидалари ва асосий техник талаблар, хавфсизлик билан боғлиқ жараёнларни бажаришнинг умумий тартиби, шунингдек хавфсиз эксплуатация чегаралари ҳамда шартлари белгиланади.

113. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси ҳамда реактор қурилмаси лойиҳасини ишлаб чиқувчилар иштирокида, атом электр станцияси лойиҳаси ва унинг хавфсизлигини асослаш ҳисоботига мувофиқ атом электр станцияси блоки ишлашининг технологик регламентини ишлаб чиқишни таъминлайди.

114. Атом электр станцияси блокини унинг ишлаши бўйича технологик регламент талаблари бузилган ҳолда эксплуатация қилиш тақиқланади.

115. Реактор ишлаши давомида белгиланган чегаралар ва (ёки) хавфсиз эксплуатация шартлари бажарилмаганда, атом электр станцияси блоки тўхтатилади ҳамда атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилган хавфсиз ҳолатга ўтказилади.

116. Атом электр станцияси тизимлари ва элементларининг эксплуатацияси жараёнида атом электр станциясида белгиланган физик-кимёвий кўрсаткичларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида атом электр станцияси блоки ишлашининг технологик регламентида тизимлар ва элементларда қўлланиладиган ишчи муҳитларнинг кимёвий режимини бошқаришга оид талаблар, чегаралар ҳамда шартлар белгиланади.

117. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блоки ишлаши учун тасдиқланган технологик регламент, ускуналарни ишлаб чиқувчиларнинг ҳужжатлари, шунингдек атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқувчиларнинг ишга туширишдан олдинги ҳамда ишга туширишга оид ҳужжатлари асосида тизимлар ва ускуналарни эксплуатация қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Тизимлар ва ускуналарни эксплуатация қилиш бўйича йўриқномалар ходимлар учун нормал иш режимларида, оғишлар юзага келганда ҳамда авариядан олдинги вазиятларда ҳаракат қилиш тартибига оид аниқ кўрсатмаларни ўз ичига олади.

118. Йўриқнома ва кўрсатмаларда белгиланган ходимлар ҳаракатлари содир бўлаётган ҳодисалар, шунингдек реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг умумий ҳолатини ифодаловчи белгилар ҳамда авариянинг кутилаётган ривожланиш прогнозига асосланган бўлиши зарур.

119. Хавфсизлик тизимларининг ишлашга яроқлилигини таъминлаш ҳамда хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларнинг ишдан чиқишининг олдини олиш мақсадида уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, синовдан ўтказиш амалга оширилади.

Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси лойиҳаси ва унинг хавфсизлигини асослаш ҳисоботи асосида, атом электр станцияси ҳамда реактор қурилмаси лойиҳасини ишлаб чиқувчилар иштирокида техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, синовдан ўтказиш қоидалари ишлаб чиқилишини таъминлайди.

120. Хавфсизлик тизимларини техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, шунингдек синов ўтказиш учун вақтинча эксплуатациядан чиқаришда атом электр станцияси блоки ишлашининг технологик регламентида белгиланган хавфсиз эксплуатация шартларига риоя этилиши шарт.

121. Ҳар бир атом электр станцияси блоки, шунингдек атом электр станцияси майдончасида жойлашган атом энергиясидан фойдаланиладиган бошқа объектлар учун эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ядровий хавфли ишлар рўйхати ишлаб чиқилиши зарур.

Ядровий хавфли ишлар махсус иш дастурларига мувофиқ амалга оширилади.

122. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг хавфсизлик учун муҳим бўлган элементлар ва тизимлар уларнинг ишга яроқлилиги ҳамда лойиҳа хусусиятларига мувофиқлиги бўйича текширилади ҳамда унинг натижалари расмийлаштирилади.

123. Эксплуатация қилувчи ташкилот эксплуатация ҳужжатларини юритиш, сақлаш ва қайта кўриб чиқиш тартибини белгилаши ҳамда унинг ижросини таъминлаши шарт.

124. Атом электр станцияси лойиҳаси, атом электр станциясини жиҳозлашга оид ижро ҳужжатлари, синов ҳужжатлари, шунингдек хавфсизлик тизимлари (элементлари) ҳамда хавфсизлик учун муҳим бўлган 1 ва 2-синфларга мансуб элементларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ижро ҳужжатлари атом электр станциясида унинг бутун ҳаётий даври давомида сақланади.

125. Ташқи назорат натижалари ҳамда хавфсиз фойдаланиш шартларига оид маълумотлар атом электр станциясида ядровий ёқилғини фаол зонага қайта юклашни ўз ичига олган икки юклаш оралиғидаги давр мобайнида, бироқ камида 2 йил давомида сақланади.

Мазкур ёзувлар йўқ қилинишидан олдин уларнинг натижалари эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тайёрланадиган атом электр станцияси хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги даврий ҳисоботларга киритилади.

126. Атом электр станцияси блоки ишлашининг технологик регламентида ва эксплуатация қилиш бўйича йўриқномаларда назарда тутилмаган атом электр станцияси синовлари ядровий хавфли ишлар тоифасига киритилади ҳамда ушбу синовларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир чораларни ўз ичига олган бажарилган хавфсизлик таҳлилига асосланган дастурларга мувофиқ амалга оширилади.

127. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси фаолиятида илгари бузилишларга сабаб бўлган омиллар туфайли бундай бузилишларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

128. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси фаолиятидаги бузилишларни текшириш материаллари атом электр станциясининг бутун эксплуатация муддати давомида сақлайди.

129. Эксплуатация қилувчи ташкилот оғир аварияга сабаб бўлиши мумкин бўлган оғиш ёки ҳодисани аниқлаганда, агар бундай оғиш ёки ҳодисанинг оғир аварияга ўтишининг шартли эҳтимоли 10⁻³ ёки ундан юқори бўлса, шунга ўхшаш оғишлар ва ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади. Бунда эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блокини мазкур чора-тадбирлар амалга оширилгунга қадар қувват режимида эксплуатация қилиш имкониятини асослаб беради.

130. 10 йилдан ортиқ муддатга фойдаланиш учун лицензияга эга бўлган атом электр станциялари бўйича ҳар 10 йилда атом электр станцияси блоки хавфсизлигининг даврий баҳоланиши амалга оширилиши шарт.

Мазкур баҳолаш атом электр станцияси жойлашган ҳудуд хусусиятларидаги ўзгаришлар, атом электр станцияси элементларининг, шу жумладан ускуналар ва қурилиш иншоотларининг эскириш жараёнлари, модернизация ишлари, эксплуатация тажрибаси, фан ва технологиялар, ишлаб чиқариш соҳасидаги замонавий ривожланиш даражаси, шунингдек атом электр станциясининг хавфсиз эксплуатациясини давом эттириш имкониятини тасдиқлаш учун зарур бўлган атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларидаги ўзгаришлар ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади.

131. Хавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси элементлари ресурсларини бошқариш ҳамда уларнинг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқлигини таҳлил қилиш бўйича фаолият натижаларига кўра, эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блоки ишлаш муддатини лойиҳа ҳужжатларида белгиланган муддатдан ортиқ муддатга узайтириш масаласини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

14-боб. Атом электр станция блокини эксплуатацияга тушириш

132. Атом электр станцияси хавфсизлигини асословчи ҳисоботларда дастлабки ишга туширишдан олдинги созлаш ишлари, физик ишга тушириш, энергиявий ишга тушириш ҳамда саноат-синов эксплуатацияси босқичларида бажариладиган ишларнинг кетма-кетлиги ва ҳажми, уларнинг лойиҳа кўрсаткичлари ҳамда ишга қабул қилиш мезонларига мувофиқлиги, шунингдек хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлар ва элементларни текшириш тартиби ва уларга қўйиладиган талаблар атом электр станцияси лойиҳасида белгиланади.

133. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станциясининг хавфсизлигини асословчи ҳисоботлар асосида атом электр станцияси блокини ишга тушириш дастурини ишлаб чиқади ҳамда унинг амалга оширилишини таъминлайди.

134. Жисмоний ишга туширишдан олдин хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлар ва элементлар, асбоб-ускуналар ҳамда қурилмалар, шунингдек қуйидаги дастурлар ва қўлланмалар тайёрланган ва текширилган бўлиши шарт:

тизимлар ва элементларнинг, шунингдек реактор ички қурилмаларининг ишлашини текшириш ҳамда хизмат муддати тугаган ускуналарни алмаштириш;

тизимларнинг лойиҳа кўрсаткичларига мувофиқлигини текшириш;

ускуналарнинг ишга тушиши ва сигналлар узатилиши кетма-кетлигини (авариявий электр таъминоти манбаларига ўтиш жараёнини) текшириш;

металлнинг, ускуналар ва қувурларнинг пайвандланган чоклари ҳолатини назорат қилиш;

ўлчов воситалари ҳамда ўлчаш тизимлари ўлчов каналларини лойиҳа талабларига мувофиқ текширувдан ўтказиш.

135. Дастлабки созлаш ишлари, жисмоний ишга тушириш, энергиявий ишга тушириш ҳамда саноат-синов эксплуатацияси босқичларини тартибга солувчи ҳужжатларда ядровий хавфли ишлар рўйхати, шунингдек ядровий авариянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар рўйхати белгиланади.

136. Атом электр станцияси блокини эксплуатацияга топширишда хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларнинг амалдаги ҳолатдаги тавсифлари аниқланади ва улар расмийлаштирилади, шунингдек ускуна ва тизимларнинг тавсифлари ҳамда бошқарув тизимларининг ишга тушириш ва созлаш параметрлари аниқланади.

Бунда лойиҳавий чегаралар ва шартлар, эксплуатация ҳужжатлари қайта кўриб чиқилади ҳамда уларда тизимлар ва ускуналарнинг амалдаги ҳолатдаги тавсифлари келтирилади.

Расмийлаштирилиши лозим бўлган тавсифлар рўйхати синов дастурлари билан белгиланади.

137. Атом электр станцияси блокини эксплуатацияга топшириш жараёнида ушбу блокнинг амалдаги атом электр станцияси блокларидан ва қурилиш ишлари олиб борилаётган майдонлардан ташкилий ҳамда техник жиҳатдан ажратилади.

138. Қурилиш ишлари давом этаётган майдончада юзага нормал эксплуатация бузилишлари, шунингдек лойиҳавий авариялар ишга туширилаётган атом электр станцияси блокининг хавфсизлигига таъсир кўрсатмаслиги керак.

15-боб. Атом электр станцияси ходимларини танлаш ва тайёрлаш талаблари

139. Атом электр станциясига ядровий ёқилғини олиб келишдан аввал атом электр станцияси зарур малакага эга ва эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан мустақил ишлашга рухсат этилган ходимлар билан тўлиқ комплектланган бўлиши лозим.

140. Атом электр станциясини эксплуатация қилиш жараёнида мустақил ишлаш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар жалб этилади.

Бунда ходимларнинг сони ва таркибига қўйиладиган минимал талаблар атом электр станцияси лойиҳасида белгиланади ҳамда хавфсизликни асослаш бўйича ҳисоботда ва атом электр станцияси блоки эксплуатациясининг технологик регламентида келтирилади.

141. Эксплуатация қилувчи ташкилот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 январдаги 13-сон қарори билан тасдиқланган Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича ишларни бажаришда, бажарувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси оширилишини таъминлаши керак.

142. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси ходимларининг касбий тайёргарлиги ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида техник воситалар ҳамда турли хил симуляторлардан фойдаланиши мумкин.

143. Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ ходимлар тиббий кўрикдан ўтишлари зарур.

144. Атом электр станцияси ходимлари лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар шароитида бажарилиши лозим бўлган ҳаракатларни амалга оширишга тайёрланган бўлиши зарур.

145. Лойиҳадан ташқари авариялар юзага келганда атом электр станцияси ходимларининг ҳаракатлари лойиҳавий ҳамда лойиҳадан ташқари авариялар таҳлили натижалари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилади ва махсус кўрсатмалар билан тартибга солинади.

146. Лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар юзага келганда ходимларнинг ҳаракатларга тайёргарлигини ошириш мақсадида авария ўқув машқлари усуллари ҳамда дастурлари ишлаб чиқилади, шунингдек авария ва ёнғинга қарши ўқув машғулотлари ходимларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун доимий равишда ўтказилади.

16-боб. Эксплуатация вақтида радиациявий хавфсизлик

147. Атом электр станцияси лойиҳасида радиация назорати тизимлари назарда тутилади.

Мазкур тизимлар атом электр станциясининг бинолари ва ҳудудида, шунингдек санитария-муҳофаза зонаси ҳамда кузатув зонасида радиациявий ҳолатни тавсифловчи назорат қилинадиган параметрларнинг белгиланган қийматларини аниқлашни ва назорат қилишни таъминлаши лозим.

Ушбу тизимлар атом электр станциясининг барча эксплуатация режимларида, лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар шароитида, шунингдек атом электр станциясини эксплуатациядан чиқариш жараёнида радиациявий ҳолат устидан назоратни таъминлаши шарт.

148. Атом электр станцияси лойиҳасида атом электр станциясининг нормал эксплуатацияси даврида, нормал эксплуатация бузилишларида, лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар шароитида санитария-муҳофаза зонаси ва кузатув зонасида ионлаштирувчи нурланиш даражаси, шамол тезлиги ҳамда бошқа метеорологик параметрлар доимий ўлчаниши, шунингдек атрофдаги радиациявий вазиятни баҳолаш ва прогноз қилиш мақсадида радиоактив тушум зичлигининг даврий ўлчаниши таъминланиши назарда тутилиши лозим.

Мазкур баҳолаш ва прогнозларни амалга ошириш учун зарур техник воситалар белгиланади.

149. Эксплуатация қилувчи ташкилот радиоактив чиқиндиларни Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг хавфсизлик талабларига (рўйхат рақами 3694, 2025 йил 28 октябрь) мувофиқ сақлашни таъминлайди.

17-боб. Авариялар юзага келганда ва уларни бошқариш жараёнида ходимлар ҳамда аҳолини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатлар режалари

150. Атом электр станциясига ядровий ёқилғи олиб келинишидан олдин, атом электр станциясида авария юз берганда, ходимлар ва аҳолини ҳимоя қилиш бўйича эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ ҳаракатлар режалари, лойиҳавий аварияларнинг радиациявий оқибатлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқади.

Ҳаракат режаларида лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар натижасида атом электр станцияси майдонидан ташқаридаги инфратузилма объектлари шикастланганда ёки ишдан чиққанда, шу жумладан кириш йўллари тўсилиб қолганда, атом электр станциясининг электр таъминоти бузилганда ёки алоқа узилганда кўриладиган чора-тадбирлар назарда тутилади.

151. Атом электр станциясида авария ҳолатида ходимлар ва аҳолини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатлар режаларида фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва жавоб чоралари даражаси, шунингдек ҳаракатлар режаларини амалга ошириш бошланганлиги тўғрисида хабар бериш тартиби эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан белгиланади.

Атом электр станциясига ядровий ёқилғи олиб келинишидан олдин ҳимояланган аварияларни бошқариш пунктлари ташкил этилиши, уларнинг доимий тайёр ҳолатда сақланиши, зарур ускуна-асбоблар ва алоқа воситалари билан жиҳозланиши, шунингдек авария юзага келганда ҳаракатлар режаларини амалга оширишни бошқариш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан таъминланиши зарур.

152. Лойиҳадан ташқари аварияларни бошқаришда атом электр станцияси блокини бошқариладиган ва назорат остидаги ҳолатга қайтариш, занжирли парчаланиш реакциясини тўхтатиш, ёқилғининг узлуксиз совутилишини таъминлаш ҳамда радиоактив моддаларнинг белгиланган чегараларда ушлаб турилишини таъминлаш лозим.

153. Лойиҳадан ташқари аварияларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини юмшатиш, шунингдек реакторнинг герметик тўсиқ билан ўралган ҳажмини бузилишдан ҳимоя қилиш ҳамда унинг ишга яроқлилигини сақлаб қолиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши керак.

18-боб. Якуний қоида

154. Мазкур Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Раис А. РАФИҚОВ

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Б. МАХМАДАЛИЕВ

Фавқулодда вазиятлар вазири Б. КУДРАТХОДЖАЕВ

Энергетика вазири Ж. МИРЗАМАҲМУДОВ

Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ

Фанлар академияси биринчи вице-президенти Ш. САГДУЛЛАЕВ

Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 25 март,

2026 йил 18 март

2026 йил 10 март

2025 йил 29 декабрь

2025 йил 24 декабрь

2025 йил 9 декабрь

2025 йил 4 декабрь

2025 йил 27 ноябрь

37-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.04.2026 й., 10/26/3815/0361-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining

qarori

QOIDALARI

Atom elektr stansiyalarida xavfsizlik qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 24-dekabrdagi PF-224-son “Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi sohasida davlat nazoratini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi qaror qiladi:

1. Atom elektr stansiyalarida xavfsizlik qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi, Fanlar akademiyasi va Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining 2026-yil 25-martdagi 37-son qaroriga ILOVA

Atom elektr stansiyalarida xavfsizlik

Mazkur Qoidalar atom elektr stansiyalarida xavfsizlik boʻyicha talablarni belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

avariya — atom elektr stansiyasining normal ekspluatatsiyasidan ogʻish natijasida yuzaga keladigan va atom elektr stansiyasi xavfsizligiga taʼsir koʻrsatadigan, radioaktiv moddalar hamda ionlashtiruvchi nurlanishning ajralib chiqishiga olib kelgan yoki olib kelishi mumkin boʻlgan hodisa;

loyihaviy avariyalar — atom elektr stansiyasi loyihasida koʻzda tutilgan boshlangʻich hodisalar natijasida sodir boʻladigan hamda ularning oqibatlarini cheklash uchun xavfsizlik tizimlari nazarda tutilgan avariyalar;

loyihadan tashqari avariyalar — atom elektr stansiyasi loyihasida koʻzda tutilmagan sabablar yoki hodisalar ketma-ketligi natijasida yuzaga keladigan avariyalar;

ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tashkil etilgan hamda yadroviy qurilma va (yoki) saqlash punkti uchun masʼul etib tayinlangan hamda oʻz kuchlari bilan yoki boshqa yuridik shaxslarni jalb etgan holda yadroviy qurilmani va (yoki) saqlash punktini ekspluatatsiya qilishga qodir boʻlgan yuridik shaxs;

atom elektr stansiyasi tizimlari (elementlari) — belgilangan funksiyalarni mustaqil ravishda yoki xavfsizlik tizimlari tarkibida bajarishni taʼminlaydigan, shuningdek atom elektr stansiyasi loyihasida ishonchlilik va xavfsizlik tahlilida tarkibiy qismlar sifatida koʻrib chiqiladigan qurilish inshootlari, asbob-uskunalar, moslamalar, quvurlar, oʻlchov vositalari, nazorat, boshqaruv va avtomatlashtirish vositalari, kabellar hamda boshqa mahsulotlar;

atom elektr stansiyasi — yadro yoqilgʻisidan foydalanib elektr energiyasini ishlab chiqarish uchun moʻljallangan hamda yadro yoqilgʻisi va radioaktiv chiqindilar saqlash joylarini oʻz ichiga olgan majmua;

atom elektr stansiyasi xavfsizligi — atom elektr stansiyasi xodimlari, aholi hamda atrof-muhitning atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiq radiatsiyaviy taʼsirdan ishonchli himoyalash;

atom elektr stansiyasi bloki — yadro reaktori, bugʻ generatorlari, turbina va generatorni oʻz ichiga olgan hamda elektr energiyasi ishlab chiqarishni taʼminlaydigan mustaqil texnologik majmua;

atom elektr stansiyasi holatining ogʻirlik darajasi — radioaktiv moddalar va (yoki) ionlashtiruvchi nurlanishning atrof-muhitga tarqalishiga toʻsqinlik qiluvchi jismoniy toʻsiqlarning shikastlanish darajasi bilan tavsiflanadigan atom elektr stansiyasi holati;

germetik toʻsiq — yadroviy reaktor qurilmasi yoki radioaktiv moddalarni saqlovchi boshqa obyektlar atrofidagi fazoni ajratib turuvchi, atom elektr stansiyasi loyihasida nazarda tutilgan chegarani hosil qiluvchi qurilish va boshqa konstruksiya elementlari majmui.

2-bob. Umumiy xavfsizlik talablari

2. Atom elektr stansiyasining normal ekspluatatsiya sharoitida hamda normal ekspluatatsiya buzilganda, shu jumladan loyihaviy avariyalargacha boʻlgan holatlarda, xodimlar, aholi va atrof-muhitga radiatsiyaviy taʼsir darajasi, nurlanish dozalari, gazsimon va suyuq radioaktiv tashlanmalar hajmi SanQvaM 0193-06-son “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitar qoidalarida (RXTASQ 2006)” belgilangan normalardan oshmasligi lozim.

3. Atom elektr stansiyasi xavfsizligi atom elektr stansiyasini loyihalashtirish, konstruksiyalash, uskunalarni ishlab chiqarish, joylashtirish, qurish va ekspluatatsiya qilishning barcha bosqichlarida atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga rioya etish orqali taʼminlanadi.

Bunda xavfsizlik madaniyati shakllantiriladi, ekspluatatsiya qilish tajribasi oʻrganiladi, shuningdek fan va texnikaning zamonaviy rivojlanish darajasi hisobga olinadi.

4. Atom elektr stansiyasi blokining jismoniy toʻsiqlari tizimi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

reaktorning sovutish konturi chegarasini;

reaktor qurilmasining germetik toʻsigʻi va biologik himoyasini;

yadroviy yoqilgʻi asosi (matritsasi) hamda issiqlik ajratuvchi elementning qoplamasini.

5. Texnik va tashkiliy chora-tadbirlar tizimi quyidagi 5 darajali koʻp bosqichli himoyani (chuqur qatlamli himoya) tashkil etadi:

a) 1-daraja. Atom elektr stansiyasini joylashtirish shartlari va normal ekspluatatsiyaning buzilishini oldini olish boʻlib, unga quyidagilar kiradi:

atom elektr stansiyasini joylashtirish uchun mos maydonchani tanlash va oʻrganish;

atom elektr stansiyasi hududida sanitariya-muhofaza zonasi, kuzatuv zonasi, xavfsizlik zonasini tashkil etish;

loyiha hujjatlari chegaraviy taʼsirlarning oldini olish choralarini hamda reaktor qurilmasining ichki oʻzini-oʻzi himoyalash xususiyatlarining rivojlanganlik darajasiga nisbatan konservativ yondashuvni hisobga olgan holda ishlab chiqish;

atom elektr stansiyasi tizimlari (elementlari) va bajariladigan ishlarning sifatini taʼminlash;

atom elektr stansiyasi tizimlaridagi nuqsonlarni oʻz vaqtida aniqlash, profilaktika choralarini koʻrish, ishlash resurslari tugagan uskunalarni almashtirish, texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlashning tizimini tashkil etish, ish va monitoring natijalarini rasmiylashtirish orqali xavfsizlik uchun muhim tizimlar va elementlarni ishchi holatda saqlash;

atom elektr stansiyasining normal ekspluatatsiya, shu jumladan avariyalar va avariyalardan oldingi holatlarda xodimlarni zarur darajadagi malaka bilan taʼminlash;

b) 2-daraja. Normal ekspluatatsiya tizimlari bilan loyihaviy avariyalarni oldini olish boʻlib, unga quyidagilar kiradi:

normal ekspluatatsiyadan ogʻishlarni (chetga chiqishlar) oʻz vaqtida aniqlash va ularni bartaraf etish;

ogʻishlar (chetga chiqishlar) holatida atom elektr stansiyasini ekspluatatsiya qilishini boshqarish;

v) 3-daraja. Xavfsizlik tizimlari bilan atom elektr stansiyasi loyihasida nazarda tutilmagan avariyalar boʻlib, unga quyidagilar kiradi:

atom elektr stansiyasidan ajralib chiqayotgan radioaktiv moddalarni lokalizatsiya qilish yoʻli bilan ularning tarqalishini cheklash, bartaraf etish hamda avariya oqibatlarini minimallashtirish;

g) 4-daraja. Atom elektr stansiyasining loyihasida nazarda tutilmagan avariyalarni boshqarish boʻlib, unga quyidagilar kiradi:

atom elektr stansiyasining boshqariladigan holatga qaytarish, bunda parchalanish zanjir reaksiyasining toʻxtashi, yoqilgʻi sovutilishining doimiy va oʻrnatilgan chegaralar ichida radioaktiv moddalarning saqlanishini taʼminlash;

atom elektr stansiyasining loyihasidan tashqari avariyalarning rivojlanishini oldini olish va ularning oqibatlarini yumshatish, shu jumladan, texnik vositalar va mavjud tizimlar (elementlar) hamda normal ekspluatatsiya va xavfsizlik tizimlaridan foydalanish;

atom elektr stansiyasining loyihasida nazarda tutilmagan avariyalarda reaktor qurilmasi germetik toʻsigʻining buzilishini oldini olish va uning ishga yaroqliligini saqlab turish;

d) 5-daraja. Avariyaga qarshi rejalashtirish boʻlib, bunda atom elektr stansiyasi hududida va undan tashqarida xodimlar hamda aholini himoya qilish boʻyicha tadbirlar rejasini ishlab chiqish, tasdiqlash va uni amalga oshirish kiradi.

Koʻp bosqichli himoya (chuqur qatlamli himoya) atom elektr stansiyasining xavfsizligini taʼminlash bilan bogʻliq barcha faoliyat bosqichlarida amalga oshiriladi.

6. Koʻp bosqichli himoya (chuqur qatlamli himoya) darajalarining bir-biridan mustaqil boʻlishini taʼminlash uchun barcha mavjud va amalga oshirilishi mumkin boʻlgan choralar koʻriladi, shuningdek ushbu choralar asosida himoya tizimi tashkil etiladi.

7. Normal ekspluatatsiya jarayonida barcha jismoniy toʻsiqlar ishga yaroqli holatda saqlanadi.

Atom elektr stansiyasi loyihasida nazarda tutilgan jismoniy toʻsiqlardan kamida bittasining ishga yaroqsizligi aniqlanganda, reaktor qurilmasi toʻxtatiladi va atom elektr stansiyasi energiya blokini xavfsiz holatga keltirish boʻyicha tashkiliy hamda texnik chora-tadbirlar amalga oshiriladi.

8. Atom elektr stansiyasini loyihalashda boshqa toʻsiqlarning shikastlanishi natijasida jismoniy toʻsiqlarning ketma-ket yoki bir vaqtning oʻzida shikastlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

9. Atom elektr stansiyasi loyihasida xavfsiz ekspluatatsiya chegaralari va shartlari belgilanadi, shuningdek ushbu chegaralar va shartlarning buzilishini oldini olishga qaratilgan texnik vositalar hamda tashkiliy choralar nazarda tutiladi.

10. Atom elektr stansiyasi xavfsizligini taʼminlash uchun amalga oshirilgan texnik va tashkiliy choralar avvalgi tajriba, sinovlar, tadqiqotlar hamda ekspluatatsiya tajribasi asosida sinovdan oʻtkaziladi.

11. Atom elektr stansiyasining xavfsizlikni asoslash hisobotlari atom elektr stansiyasining haqiqiy holatiga mos boʻlishi va ushbu moslik atom elektr stansiyasining butun ishlash muddati (toʻliq hayotiy davri) davomida ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan saqlanishi kerak.

12. Atom elektr stansiyasi loyihasida avariyalarning oldini olish va ularning oqibatlarini bartaraf etishni taʼminlaydigan texnik vositalar hamda tashkiliy chora-tadbirlar nazarda tutiladi. Bunda:

reaktor qurilmasining ichki oʻzini oʻzi himoyalash xususiyatlari va xavfsizlik tizimlari qoʻllanilishi natijasida loyihaviy avariyalar uchun belgilangan chegaraviy qiymatlardan oshib ketilishiga yoʻl qoʻyilmasligi;

loyihadan tashqari avariyalar oqibatlari maxsus texnik vositalar, mavjud boshqa texnik vositalar va tashkiliy chora-tadbirlar orqali cheklanishi;

loyihadan tashqari avariyalarni boshqarish hamda xodimlar va aholining himoya qilish rejalari bajarilishi taʼminlanadi.

13. Atom elektr stansiyasini loyihalashda hisobga olingan har qanday boshlangʻich hodisa boʻyicha loyihaviy avariyalar uchun belgilangan chegaralardan oshib ketilishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Bunda boshlangʻich hodisadan mustaqil ravishda quyidagilardan bittasining yuz berishi hisobga olinadi:

faol elementning nosozligi;

mexanik harakatlanuvchi qismlarga ega passiv elementning nosozligi;

harakatlanuvchi qismlarsiz passiv elementning nosozligi;

xavfsizlik funksiyasining ishdan chiqish ehtimoli 10 -3 yoki undan ortiq boʻlgan holat;

inson xatosi.

Boshlangʻich hodisadan qatʼi nazar, elementlardan birining ushbu yagona ishdan chiqish oqibatida yuzaga keladigan barcha ikkilamchi ishdan chiqishlar, boshlangʻich hodisa natijasida kelib chiqadigan ishdan chiqishlar, shuningdek atom elektr stansiyasi ekspluatatsiyasi jarayonida avariyalarning rivojlanishiga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan aniqlanmaydigan (yashirin) element nosozliklari inobatga olinadi.

Yuqori ishonchlilik darajasiga ega boʻlgan elementlar, shu jumladan ularning tarkibiga kiruvchi tizimlar, shuningdek texnik xizmat koʻrsatish hamda taʼmirlash uchun belgilangan muddatda foydalanishdan chiqarilgan elementlarni (tizimlar) ishdan chiqqan deb topish tartibi atom elektr stansiyasi loyihasida belgilanadi.

Elementning (tizim) ishonchlilik koʻrsatkichlari harakatlanuvchi qismlarga ega boʻlmagan xavfsizlik tizimlarining eng ishonchli passiv elementlari koʻrsatkichlaridan past boʻlmaganda, u yuqori ishonchlilik darajasiga ega hisoblanadi.

14. Atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarda belgilangan talablariga muvofiq tayyorlangan va ekspluatatsiya qilinadigan uskunalar hamda sigʻimlar korpuslarining yorilishi loyihaviy avariyalarning dastlabki hodisalari qatoriga kiritilmaydi.

15. Atom elektr stansiyasi loyihasida bitta atom elektr stansiyasi bloki reaktori qobigʻining buzilish ehtimoli bir yil hisobida 10 -7 dan oshmasligi asoslangan boʻlishi lozim.

16. Har bir turdagi reaktor boʻyicha loyihaviy avariyalarni tahlil qilish uchun boshlangʻich hodisalarning yakuniy roʻyxati atom elektr stansiyasining xavfsizligini asoslovchi hisobotlarda keltiriladi.

17. Atom elektr stansiyasining xavfsizligini asoslovchi hisobotlarda koʻrsatilgan loyihaviy avariyalarni tahlil qilish uchun boshlangʻich hodisalar roʻyxatiga 1 yil davomida yuzaga kelish ehtimoli 10 -6 yoki undan kam deb baholangan ichki hodisalarni kiritmaslikka yoʻl qoʻyiladi.

18. Atom elektr stansiyasi loyihasida nazarda tutilmagan avariyalarning (ogʻir avariyalarning) yakuniy roʻyxati atom elektr stansiyasining xavfsizligini asoslovchi hisobotlarda koʻrsatiladi.

Mazkur hisobotlarda bunday avariyalarni boshqarish boʻyicha choralar ham keltiriladi.

19. Atom elektr stansiyasi holatining ogʻirlik darajasi, shuningdek loyihada nazarda tutilmagan avariyalarni boshqarish uchun moʻljallangan xavfsizlik tizimlari va maxsus texnik vositalarning ishga yaroqlilik yoki yaroqsizlik holatini hisobga olgan holda taʼminlanadi.

20. Atom elektr stansiyasi xavfsizligini asoslovchi hisobotlarda keltirilgan loyihada nazarda tutilmagan avariyalar tahlili avariya holatlarida xodimlar va aholini himoya qilish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqish hamda bunday avariyalarni boshqarish boʻyicha koʻrsatmalarni tayyorlash uchun asos hisoblanadi.

21. Atom elektr stansiyasi xavfsizligining maqsadli koʻrsatkichlari quyidagilardan iborat:

har bir atom elektr stansiyasi boʻyicha ogʻir avariyalarning umumiy ehtimoli bir yillik oraliqda 10 -5 dan oshmasligi;

har bir atom elektr stansiyasi bloki boʻyicha katta avariyaviy radioaktiv moddalar chiqarilishining umumiy ehtimoli bir yillik oraliqda 10 -7 dan oshmasligi;

atom elektr stansiyasi bloki tarkibiga kirmaydigan yadro yoqilgʻisini saqlash joylari mavjud boʻlgan atom elektr stansiyasi boʻyicha ogʻir avariyalarning umumiy ehtimoli bir yillik oraliqda 10 -5 dan oshmasligi.

22. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan atom elektr stansiyasining toʻliq “hayotiy” davrining barcha bosqichlarida Atom energiyasidan foydalanish obyektining toʻliq “hayotiy” davri mobaynida sifatni taʼminlashning umumiy dasturiga qoʻyiladigan talablarga (roʻyxat raqami 3770, 2026-yil 9-fevral) muvofiq sifatni taʼminlash boʻyicha dasturlarni (sifatni taʼminlash boʻyicha umumiy dastur) ishlab chiqilishi va amalga oshirilishi taʼminlanadi.

23. Atom elektr stansiyasini joylashtirish, qurish, ekspluatatsiya qilish, ekspluatatsiyadan chiqarish, shuningdek uning tizimlari va elementlarini loyihalashtirish, konstruksiyalash hamda ishlab chiqarish bilan bogʻliq barcha tashkilotlar va xodimlarda xavfsizlik madaniyati shakllantirilishi lozim.

24. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot quyidagilarni taʼminlaydi:

atom elektr stansiyasining xavfsizligini;

avariyalarning oldini olish va ularning oqibatlarini kamaytirish choralarini;

yadroviy materiallar, radioaktiv moddalar va radioaktiv chiqindilarni hisobga olish hamda nazorat qilishni;

yadroviy qurilmalar, yadroviy materiallar, radioaktiv moddalar va radioaktiv chiqindilarni jisman himoya qilishni;

sanitariya-muhofaza zonasi va kuzatuv zonasida atrof-muhit holatining radiatsiyaviy nazoratini;

atom elektr stansiyasidan faqat u loyihalashtirilgan va qurilgan maqsadlarda foydalanilishini.

25. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi xavfsizligi tahlili natijalari va ekspluatatsiya qilish tajribasini inobatga olgan holda uning xavfsizligini oshirish boʻyicha tadbirlarni amalga oshiradi.

26. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot xodimlarni tanlash va oʻqitishni hamda atom elektr stansiyasi xavfsizligi ustidan uzluksiz nazoratni amalga oshiradi.

27. Atom elektr stansiyasi xodimlarining malaka darajasiga qoʻyiladigan talablar atom elektr stansiyasi loyihasida asoslantiriladi va xavfsizlikni asoslovchi hisobotlarda koʻrsatiladi.

28. Atom elektr stansiyasi loyihasida atom elektr stansiyasining jisman himoyasini, shuningdek yongʻin xavfsizligini taʼminlashga qaratilgan texnik va tashkiliy chora-tadbirlar nazarda tutiladi.

29. Atom elektr stansiyasini normal ekspluatatsiya sharoitida, loyihaviy avariyalar hamda loyihada nazarda tutilmagan avariya holatlarida boshqarishni tashkil etish uchun zarur aloqa, ogohlantirish va takrorlovchi vositalar bilan taʼminlanadi.

30. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan yadroviy yoqilgʻilarni Atom energiyasidan foydalanish obyektlarida yadroviy yoqilgʻilarni saqlash va tashishda xavfsizlik qoidalariga (roʻyxat raqami 3769, 2026-yil 4-fevral) muvofiq saqlanishi va tashilishi taʼminlanadi.

31. Atom elektr stansiyalarini ekspluatatsiyadan chiqarish Atom elektr stansiyasi blokini ekspluatatsiyadan chiqarishda xavfsizlikni taʼminlash qoidalariga (roʻyxat raqami 3771, 2026-yil 9-fevral) asosan amalga oshiriladi.

3-bob. Atom elektr stansiyasining tizimlari va elementlarining tasnifi

32. Atom elektr stansiyasining tizimlari va elementlarining xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlarga quyidagilar kiradi:

xavfsizlik tizimlari (elementlari);

normal ekspluatatsiya tizimlari (elementlari) (agar ularning nosozligi normal ekspluatatsiyaning buzilishiga olib kelsa yoki uni bartaraf etishga toʻsqinlik qilsa hamda bunday nosozlikning ogʻir avariyaga aylanish ehtimoli 10 -6 va undan yuqori boʻlsa);

nosozligi radioaktiv moddalarning ruxsat etilgan tashlanmalari, oqovalari yoki ishchi xonalardagi radioaktiv ifloslanish darajalarining oshib ketishiga olib keladigan normal ekspluatatsiya tizimlari (elementlari);

avariyaning boshlangʻich holatidan keyingi kamida 3 sutka davomida avariyalarni boshqarish uchun loyihada nazarda tutilgan elementlar;

radiatsiyaviy nazorat tizimlari.

33. Atom elektr stansiyasi elementlarining xavfsizlikka taʼsiri darajasiga koʻra quyidagi 4 ta xavfsizlik sinfiga boʻlinadi:

a) 1-sinf. Issiqlik ajratuvchi elementlar hamda atom elektr stansiyasining ularning ishdan chiqishi xavfsizlik tizimlarining loyihaviy ishlashi sharoitida issiqlik ajratuvchi elementlar uchun belgilangan maksimal loyihaviy chegaradan oshib ketishga olib keladigan avariyalarning dastlabki sababchisi;

b) 2-sinf. 1-sinfga kiritilmagan quyidagi atom elektr stansiyasi elementlari kiradi:

xavfsizlik tizimlarining loyihaviy ishlashi sharoitida, ushbu tizimlar boʻyicha loyihaviy avariyalar uchun nosozliklar soni hisobga olingan holda, issiqlik ajratuvchi elementlarning maksimal loyihaviy chegaradan oshmagan darajada shikastlanishiga olib keladigan boshlangʻich hodisalarni yuzaga keltiruvchi elementlar;

alohida nosozligi loyihaviy avariya yuz berganda, loyihaviy chegaralarning buzilishiga olib keladigan xavfsizlik tizimlari elementlari;

v) 3-sinf. Xavfsizlik uchun muhim boʻlgan, biroq 1 va 2-sinflarga kiritilmagan atom elektr stansiyasi elementlari;

g) 4-sinf. Xavfsizlikka taʼsir koʻrsatmaydigan hamda 1 — 3-sinflarga kiritilmagan atom elektr stansiyasining normal ekspluatatsiya elementlari.

1 — 3-xavfsizlik sinflariga kiritilmagan, biroq loyihadan tashqari avariyalarni boshqarishda qoʻllaniladigan elementlar 4-xavfsizlik sinfiga kiritiladi.

Agar biror element bir vaqtning oʻzida turli xavfsizlik sinflari belgilariga ega boʻlsa, u yuqoriroq xavfsizlik sinfiga kiritiladi.

34. Turli xavfsizlik sinflariga mansub alohida elementlarni ajratib turuvchi qurilmalar (quvur armaturalari va drossel moslamalari) yuqoriroq xavfsizlik sinfiga kiritiladi.

35. Atom elektr stansiyasi elementlari uchun xavfsizlik sinflari mazkur Qoidalarga muvofiq atom elektr stansiyasi loyihasini ishlab chiquvchilar tomonidan belgilanadi.

36. Elementlarning 1 — 4-sinflarga kiritilishi atom elektr stansiyasi tizimlari va elementlarini loyihalashtirish, qurish va foydalanishga oid hujjatlarda asoslab beriladi hamda atom elektr stansiyasining xavfsizligini asoslovchi hisobotlarda keltiriladi.

Tasniflash belgisi elementning xavfsizlikning 1 — 4-sinfiga mansubligi aniqlanadi hamda uning bajaradigan funksiyasini ifodalovchi belgi bilan koʻrsatiladi.

Bunda quyidagi belgilar qoʻllaniladi:

N — normal ekspluatatsiya boʻlib, normal ishlash sharoitida faoliyat koʻrsatadigan element;

H — himoyalovchi boʻlib, xavfni bartaraf etuvchi yoki himoya vazifasini bajaradigan element;

L — lokalizatsiyalovchi boʻlib, radiatsiya yoki xavfli moddalarning tarqalishini cheklaydigan element;

T — taʼminlovchi boʻlib, boshqa tizimlar yoki funksiyalar ishlashini taʼminlaydigan element;

B — boshqaruv boʻlib, xavfsizlik tizimini bevosita boshqaruvchi element;

T2 — loyihadan tashqari avariyalarni boshqarish uchun moʻljallangan maxsus texnik vositalar elementi.

Element bir nechta vazifaga ega boʻlsa, unda ularning barchasi belgilanadi (tasniflash belgilari — 2N, 3H, 2NH, 3T).

Element bir nechta funksiyani bajarganda, uning tasniflash belgisida (2N, 3H, 2NH, 3T) ushbu funksiyalarning barchasi koʻrsatiladi.

4-bob. Atom elektr stansiyasi va uning tizimlari loyihasida amalga oshiriladigan xavfsizlik

37. Atom elektr stansiyasi quyidagi xavfsizlik tizimlariga ega boʻladi:

reaktorni avariyaviy toʻxtatish va uni subkritik holatda ushlab turish tizimiga;

avariyaviy holatlarda reaktordan ajralib chiqadigan issiqlikni chiqarib tashlash tizimiga;

radioaktiv moddalarni belgilangan chegaralarda ushlab qolish tizimiga.

Bunda xavfsizlik funksiyalarining lozim darajada bajarilishiga toʻsqinlik qiluvchi xavfsizlik tizimlari oʻrtasidagi oʻzaro taʼsirga yoʻl qoʻyilmaydi.

Xavfsizlik tizimlarining mustaqilligi jismoniy ajratish, funksional mustaqillik va boshqa texnik yechimlar orqali taʼminlanadi.

Xavfsizlikning asosiy funksiyalariga, normal ekspluatatsiya tizimlari tomonidan bajarilishiga yoʻl qoʻyiladigan, yadro yoqilgʻisini saqlash va tashishda subkritiklikni taʼminlash, shuningdek atom elektr stansiyasi maydonchasi doirasida saqlash va tashish vaqtida yadro yoqilgʻisidan ajralib chiqadigan issiqlikni chiqarib yuborish funksiyalari ham kiradi.

38. Atom elektr stansiyasi loyihadan tashqari avariyalarni boshqarishni taʼminlaydigan quyidagi maxsus texnik vositalar bilan jihozlanadi:

reaktor qurilmasi va yadro yoqilgʻisini saqlash omborlaridan ajralib chiqadigan issiqlikni yakuniy yutgichga chiqarib yuborishni taʼminlaydigan normal ekspluatatsiya tizimlari hamda qoʻshimcha passiv xavfsizlik tizimlari;

avariyaviy mustaqil elektr taʼminoti tizimlari.

Bunda atom elektr stansiyasi loyihasida maxsus texnik vositalarni tashqi taʼsirlardan, shuningdek loyihadan tashqari avariyalar oqibatida yuzaga keladigan taʼsirlardan himoya qilish boʻyicha chora-tadbirlar, shu jumladan xavfsiz joylarda saqlanadigan mobil vositalardan foydalaniladi.

39. Atom elektr stansiyasi loyihasida avariya va ogʻir avariya holatlarida reaktor qurilmasi hamda atom elektr stansiyasi holatini nazorat qilish uchun texnik vositalar, shuningdek avariyadan keyingi monitoring vositalari nazarda tutiladi.

40. Atom elektr stansiyasi loyihasida qurilmalar va moslamalarni nazorat qilish boʻyicha quyidagi vazifalar belgilanadi:

tizimlar va elementlarning (reaktor ichidagi qurilmalar) ishga yaroqliligini tekshirish va xizmat muddati tugagan uskunalarni almashtirish;

tizimlarning loyihaviy koʻrsatkichlarga muvofiqligini aniqlash hamda sinovlarni oʻtkazish;

uskunalarning ishga tushirish, ogohlantiruvchi va avariya signalizatsiyasi ketma-ketligini tekshirish;

uskunalar va quvurlar metalli (payvandlangan birikmalar) holatini tekshirish.

41. Atom elektr stansiyasi loyihasida atom elektr stansiyasini yongʻindan himoya qilish uchun zarur va yetarli vositalar, shuningdek yongʻin toʻgʻrisida xabar berish, odamlarni ogohlantirish va evakuatsiya qilish, tutunga qarshi shamollatish, avtomatik yongʻin oʻchirish hamda boshqa yongʻinga qarshi himoya tizimlari nazarda tutiladi.

42. Xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlar va elementlar atom elektr stansiyasi loyihasida tashqi tabiiy taʼsirlar (zilzilalar, boʻronlar, quyunlar, toshqinlar va boshqa hodisalar), shuningdek avariyalar oqibatida yuzaga keladigan gidravlik, mexanik, issiqlik, kimyoviy taʼsirlarni hisobga olgan holda oʻz vazifalarini belgilangan darajada bajarishni taʼminlashi lozim.

43. Atom elektr stansiyasini loyihalashda xavfsizlik tizimlari va elementlarini, shuningdek avariyalarni boshqarish uchun moʻljallangan maxsus texnik vositalar tizimlari va elementlarini zaxiralash hamda mustaqilligini taʼminlash choralari koʻrib chiqiladi.

44. Xavfsizlik tizimlarining ishga tushishi avtomatlashtirilgan boʻlishi zarur.

45. Atom elektr stansiyasi loyihasida xodimlar xatolarining oldini olishga yoki ularning oqibatlarini, shu jumladan texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash jarayonida kamaytirishga imkon beradigan vositalar nazarda tutiladi.

46. Xavfsizlik tizimlari va ularning elementlaridan koʻp maqsadli foydalanish asoslantirilishi, normal ekspluatatsiya funksiyalari hamda xavfsizlik talablarining buzilishiga olib kelmasligi, shuningdek xavfsizlik funksiyalarining talab etiladigan ishonchliligini pasaytirmasligi shart.

47. Koʻp blokli atom elektr stansiyasida har bir blokning xavfsizlik tizimlari boshqa bloklarning xavfsizlik tizimlaridan mustaqil boʻlishi zarur.

48. Koʻp blokli atom elektr stansiyasining barcha bloklarida favqulodda vaziyatlar sodir boʻlganda, loyihadan tashqari avariyalarni boshqarish uchun maxsus texnik vositalarning yetarli boʻlishi lozim.

49. Xavfsizlik uchun muhim boʻlgan atom elektr stansiyasi tizimlari va elementlari ekspluatatsiyaga kiritishda, shuningdek taʼmirdan keyingi davriy baholash jarayonida loyihaviy tavsiflarga muvofiqligi boʻyicha tekshiruvdan oʻtkaziladi.

50. Atom elektr stansiyasi loyihasida xavfsizlik tizimlarining holatini texnik diagnostika qilish (tekshirish), loyihada nazarda tutilmagan avariyalarni boshqarish uchun moʻljallangan maxsus texnik vositalarni, shuningdek xavfsizlikning 1 va 2-sinflariga kiritilgan, normal ekspluatatsiya xavfsizligi uchun muhim boʻlgan elementlarni sinovdan oʻtkazish tartibi belgilanadi.

51. Xavfsizlik tizimlari oʻz funksiyalarini toʻliq hajmda bajarishi va ishga tushirilganidan soʻng ularning harakati uzluksiz davom etishi lozim.

52. Xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlar dasturlanadigan raqamli qurilmalar asosida amalga oshirilganda, ularning butun hayotiy davri davomida dasturiy taʼminotni ruxsatsiz aralashuvdan himoya qilish vositalari nazarda tutilishi shart.

53. Atom elektr stansiyasining xavfsizligini asoslovchi hisobotlarda xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlar tomonidan funksiyalarni bajarish ishonchliligi tahlili, shuningdek xavfsizlik uchun muhim boʻlgan elementlarning ishonchlilik koʻrsatkichlari keltiriladi.

Ishonchlilik tahlili umumiy nosozliklar hamda xodimlarning xatolari oqibatida yuzaga keladigan ishdan chiqishlar hisobga olingan holda amalga oshiriladi.

54. Ekspluatatsiya jarayonida xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlar va elementlarning ishonchlilik koʻrsatkichlari atom elektr stansiyasi loyihasida belgilangan davriylikka hamda atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiq texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash, shuningdek metallarning va payvandlangan birikmalarning holatini nazorat qilish yoʻli bilan saqlab turilishi shart.

55. Atom elektr stansiyasining barcha ekspluatatsiya holatlari uchun reaktorning quvvat bilan ishlashi, toʻxtatilgan holati va yoqilgʻini yuklash jarayonida amal qilinadigan xavfsiz ekspluatatsiya chegaralari hamda shartlari atom elektr stansiyasi loyihasida belgilanadi va asoslantiriladi, shuningdek xavfsizlikni asoslovchi hisobotlarda keltiriladi.

5-bob. Atom elektr stansiyasi faol zonasining konstruksiyasi va tavsiflari

56. Atom elektr stansiyasi loyihasida atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiq issiqlik ajratuvchi elementlarning shikastlanish chegaralari, shu jumladan ularning yoʻl qoʻyiladigan shikastlanish darajasi va miqdori, shuningdek mazkur koʻrsatkichlar bilan bogʻliq reaktor sovutish tizimi hamda reper izotoplar boʻyicha birinchi konturning boshqa texnologik muhitidagi radioaktivlik darajalari belgilanadi.

57. Himoya tizimlari taʼsirini hisobga olgan holda quyidagi normal ekspluatatsiya buzilishlari sodir boʻlganda issiqlik ajratuvchi elementlar shikastlanishining xavfsiz ekspluatatsiya chegaralaridan oshishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

reaktor qurilmasini boshqarish tizimlaridagi ishdan chiqishlar;

asosiy sovutish konturi nasoslarining elektr taʼminoti uzilishi;

turbogeneratorlar hamda issiqlikni qabul qiluvchi isteʼmolchilarning uzilishi;

normal ekspluatatsiya uchun moʻljallangan elektr taʼminoti manbalarining yoʻqolishi;

reaktor sovutish konturidagi sizib chiqishlarning normal ekspluatatsiyani taʼminlash tizimlari hisobidan qoplanishi;

bugʻ generatori va turboqurilmaga bugʻ uzatuvchi bugʻ quvurlari tizimidagi klapanlarning yopilmay qolishi.

58. Atom elektr stansiyasi loyihasida faol zonada normal ekspluatatsiya davrida hamda loyihaviy avariyagacha boʻlgan buzilishlar sharoitida reaktor reaktivligini boshqarish va avariyaviy toʻxtatish vositalarining normal ishlashini buzadigan, shuningdek issiqlik ajratuvchi elementlarning sovutilishiga toʻsqinlik qiladigan, ularning belgilangan loyihaviy chegaralardan ortiq shikastlanishiga sabab boʻladigan faol zona komponentlarining deformatsiyasiga yoʻl qoʻyilmasligi lozim.

59. Ekspluatatsiya holatlarida tartibga solish organlari hamda reaktivlikka taʼsir etuvchi boshqa omillar tufayli yuzaga keladigan reaktivlik oʻzgarishlari, shuningdek loyihaviy avariyalar sharoitida, faol zonada issiqlik ajratuvchi elementlarning belgilangan loyihaviy chegaralardan ortiq shikastlanishiga olib keladigan energiya ajralishining boshqarib boʻlmaydigan ortishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

60. Faol zonaning tavsifi, reaktor konstruksiyasi hamda birinchi konturning boshqa uskunalari boshqa tizimlarning ishlashi hisobiga ogʻir avariyalar sharoitida, shu jumladan yoqilgʻi erishi holatlarida, ikkilamchi kritik massalarning hosil boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

6-bob. Atom elektr stansiyasi reaktorining issiqlik tashuvchi konturi

61. Reaktorning issiqlik tashuvchi konturi sxemasi tarkibiga kiruvchi uskunalar va quvurlarning uning har qanday qismida yuzaga keladigan statik va dinamik yuklamalar hamda harorat taʼsiriga, himoya xavfsizlik tizimlarining ishlashi va ularning ehtimoliy nosozliklari inobatga olingan holda, loyihaviy avariyagacha boʻlgan normal ekspluatatsiya buzilishlari sharoitida, shu jumladan sovutish suyuqligiga energiyaning bexosdan ajralib chiqishi holatlarida, buzilishsiz bardosh berishi lozim.

Mazkur uskunalar va quvurlar quyidagi hollarda ham mustahkamligi hamda ish qobiliyatini saqlashi shart:

reaktivlikka taʼsir qiluvchi organning maksimal samaradorlik bilan maksimal tezlikda harakatlanishi natijasida, agar bunday taʼsir oqibatlari konstruksiya bilan oldindan bartaraf etilmagan boʻlsa, ijobiy reaktivlikning tasodifiy miqdorda faol zonaga kiritilganda;

faol zonaga “sovuq” issiqlik tashuvchini kiritish oqibatida, issiqlik tashuvchi haroratiga nisbatan reaktivlikning manfiy koeffitsiyenti mavjud boʻlganda, shuningdek issiqlik tashuvchi bilan bogʻliq boʻlishi mumkin boʻlgan har qanday ijobiy reaktivlik miqdori yuzaga kelganda.

62. Reaktorning issiqlik tashuvchi konturini ortiqcha bosimdan himoya qiluvchi bosimni pasaytirish qurilmalarining ishlashi natijasida birinchi kontur issiqlik tashuvchisining reaktor qurilmasining germetik toʻsigʻi chegarasidan tashqariga chiqarilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

63. Atom elektr stansiyasi loyihasida reaktorning issiqlik tashuvchi konturi uchun “buzilishdan oldingi sizib chiqish” konsepsiyasi nazarda tutiladi.

Bunda reaktorning issiqlik tashuvchi konturi quvurlarida yuzaga keladigan yoriqlarni oʻz vaqtida aniqlashni hamda ular kritik oʻlchamlarga yetgunga qadar reaktor qurilmasini xavfsiz holatga oʻtkazishni taʼminlaydigan texnik vositalar va tashkiliy chora-tadbirlar belgilanadi.

64. Uskunalarning joylashuvi va birinchi kontur geometriyasi majburiy sirkulyatsiya yoʻqolganda, loyihaviy avariyalar sharoitida birinchi kontur boʻylab issiqlik tashuvchining tabiiy sirkulyatsiyasi yuzaga kelishi va rivojlanishi uchun zarur sharoitlarni taʼminlashi zarur.

65. Reaktorning issiqlik tashuvchi tizimini radioaktiv iflosliklardan tozalash qurilmasi atom elektr stansiyasining reaktor issiqlik tashuvchi konturi aktivligining past darajasida ekspluatatsiya qilinishini taʼminlash maqsadida issiqlik ajratuvchi elementlarning shikastlanishi boʻyicha belgilangan xavfsiz ekspluatatsiya chegarasiga erishilgunga qadar ishlashi lozim.

66. Atom elektr stansiyasi loyihasida quyidagilar nazarda tutiladi:

birinchi kontur uskunalari va quvurlarida gazlarning portlovchi konsentratsiyalarda toʻplanishining oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlar;

birinchi konturga begona jismlarning tushishining oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlar;

birinchi kontur issiqlik tashuvchisidagi neytron yutgichlar tarkibidagi, shuningdek birinchi konturga yuboriladigan muhitlardagi nuklidlarning tarkibi va miqdorini nazorat qilishga moʻljallangan texnik vositalar;

birinchi kontur issiqlik tashuvchisi hamda birinchi konturning boshqa texnologik muhitlari aktivligini nazorat qilishga moʻljallangan texnik vositalar;

reaktordagi issiqlik tashuvchi sathini nazorat qilishga moʻljallangan texnik vositalar;

birinchi konturning issiqlik tashuvchisidagi sizib chiqishlar sarfini cheklashga moʻljallangan texnik vositalar;

harorat oʻzgarishi taʼsirida birinchi kontur uskunalari va quvurlarining siljishini nazorat qilishga moʻljallangan texnik vositalar;

birinchi kontur issiqlik izolyatsiyasining xavfsizlik tizimlari ishiga salbiy taʼsirini bartaraf etishga qaratilgan chora-tadbirlar.

7-bob. Atom elektr stansiyasida texnologik jarayonlarni boshqarish

67. Atom elektr stansiyasi blokida quyidagi texnologik jarayonlarni boshqarish uchun normal ekspluatatsiya va xavfsizlik tizimlari nazarda tutiladi:

boshqaruv punkti;

zaxira boshqaruv punkti;

normal ekspluatatsiyani boshqarish tizimlari;

xavfsizlikni boshqarish tizimlari;

tezkor aloqa va axborot bilan taʼminlash tizimlari;

maʼlumotlarni qayd etish va saqlashning mustaqil vositalari.

68. Atom elektr stansiyasi va reaktor qurilmasi loyihalari, shuningdek atom elektr stansiyasining xavfsizligini asoslovchi hisobotlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

boshqaruv tizimlarida yuz berishi mumkin boʻlgan nosozliklarga ushbu tizimlarning reaksiyasi tahlilini;

boshqaruv tizimlari ishlashining ishonchlilik tahlilini;

avtomatik boshqarish konturlarining barqarorlik tahlilini.

8-bob. Atom elektr stansiyasining blokli va zaxira boshqaruv punktlari

69. Boshqaruv punkti atom elektr stansiyasining xodimlariga normal ekspluatatsiya tizimlari va elementlarini ekspluatatsiya chegaralari hamda shartlariga rioya etilishi ustidan nazorat qilgan holda toʻliq hajmda boshqarish, shuningdek normal ekspluatatsiya buzilishlari, ekspluatatsiya chegaralaridan chetga chiqish holatlari, loyihaviy va loyihadan tashqari avariyalar sharoitida xavfsizlik tizimlari va elementlarini hamda maxsus texnik vositalarni boshqarishni taʼminlaydigan vositalar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.

70. Atom elektr stansiyasi loyihasida barcha normal ekspluatatsiya rejimlarida, shuningdek normal ekspluatatsiya buzilishlari, loyihaviy va loyihadan tashqari avariyalar sharoitida boshqaruv punktining ishlashga layoqatliligi, moslashuvchanligi hamda normal ekspluatatsiyani taʼminlashga qaratilgan chora-tadbirlarning yetarliligi asoslab beriladi.

71. Boshqaruv punktida nazorat qilinadigan atom elektr stansiyasi parametrlarining koʻrsatilishi xodimlarni atom elektr stansiyasining xavfsiz ekspluatatsiyasi uchun belgilangan cheklovlar va shartlarga rioya etilishi toʻgʻrisidagi aniq axborot bilan, shuningdek xavfsizlik tizimlarining avtomatik ishga tushirilishi va ularning ishlashi haqidagi maʼlumotlar bilan taʼminlashi lozim.

72. Boshqaruv punktiga uzatiladigan signallar xavfsizlik darajasi boʻyicha tartibga solingan boʻlishi shart.

73. Atom elektr stansiyasi loyihasida boshqaruv punkti quyidagi vositalar bilan taʼminlanadi:

normal ekspluatatsiya rejimlarida, normal ekspluatatsiya buzilishlarida, favqulodda holatlarda, shuningdek faol zonaning barcha rejim va holatlarida, shu jumladan reaktor subkritik holatda boʻlganda yoqilgʻini yuklash jarayonida zanjirli reaksiyani nazorat qilish va boshqarish vositalari;

reaktivlikka taʼsir etuvchi vositalarning holatini koʻrsatish, issiq neytronlarni yutuvchi modda konsentratsiyasini avtomatik nazorat qilish, shuningdek reaktivlikka taʼsir etuvchi boshqa vositalarning holatini koʻrsatish uchun moʻljallangan uskunalar.

74. Boshqaruv punkti va zaxira boshqaruv punkti panellaridan avtomatik boshqarish tizimi yoki masofadan boshqarish tugmalari yoxud boshqa vositalar orqali shakllantirilgan boshqaruv buyruqlari avtomatik ravishda qayd etilishi lozim.

75. Boshqaruv punkti va zaxira boshqaruv punkti quyidagi funksiyalarni bajarishni taʼminlaydi:

xavfsizlik tizimlarini boshqarishni;

reaktor faol zonasini subkritik holatga oʻtkazish hamda uni subkritik holatda saqlab turilishini nazorat qilishni;

reaktordan va ishlatilgan yadroviy yoqilgʻini saqlash baklaridan issiqlikni olib chiqishni boshqarishni;

reaktor qurilmasi hamda ishlatilgan yadroviy yoqilgʻini saqlash baklarining holatini nazorat qilishni.

76. Zaxira boshqaruv punktining boshqaruv punktidan mustaqilligi taʼminlanishi, shuningdek zaxira boshqaruv punktining ishonchliligi va ishlashga yaroqliligi asoslantirilgan boʻlishi lozim.

77. Boshqaruv punkti va zaxira boshqaruv punktining umumiy sabablarga koʻra bir vaqtda ishdan chiqish ehtimoli atom elektr stansiyasi loyihasida asoslantiriladi, atom elektr stansiyasi xavfsizligini asoslovchi hisobotlarda esa bunday holatlarning oldini olish va ularning oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar nazarda tutiladi.

78. Texnik hamda tashkiliy chora-tadbirlar boshqaruv punkti va zaxira boshqaruv punktidan bir vaqtning oʻzida boshqaruv buyruqlari berilishiga yoʻl qoʻymaslikni taʼminlashi lozim.

79. Boshqaruv punkti va zaxira boshqaruv punkti favqulodda vaziyatlarga qarshi harakatlarni boshqarish boʻyicha muhofaza qilingan punkt bilan aloqa vositalari bilan taʼminlanadi.

9-bob. Atom elektr stansiyasining normal ekspluatatsiyasi va xavfsizlikni boshqarish tizimlari

80. Atom elektr stansiyasi blokining normal ekspluatatsiyani boshqarish tizimlari barcha ish rejimlarida texnologik jarayonlarni boshqarishni taʼminlashi, shuningdek atom elektr stansiyasi loyihasida belgilangan sifat koʻrsatkichlari, ishonchlilik va metrologik xususiyatlar boʻyicha nazoratni amalga oshirishi lozim.

81. Normal ekspluatatsiyani boshqarish tizimlari quyidagilar bilan taʼminlanadi:

boshqaruv punktidan tashqarida ishlarni amalga oshirayotgan xodimlar bilan boshqaruv punkti va zaxira boshqaruv punkti oʻrtasida aloqa oʻrnatishni taʼminlovchi vositalar;

normal ekspluatatsiya buzilishlari, avariyalar va ularning rivojlanishi, xavfsizlik tizimlari hamda xavfsizlik uchun muhim boʻlgan elementlarning ishlashining haqiqiy algoritmini belgilash, shuningdek boshqaruv va boshqarish tizimlari faoliyatining belgilangan algoritmlardan ogʻishini, xodimlar harakatlarini oʻz vaqtida aniqlash uchun yetarli boʻlgan maʼlumotlarni yigʻish, tahlil qilish, hujjatlashtirish va saqlash vositalari;

birinchi kontur sovutish suvi sizib chiqishining atom elektr stansiyasi loyihasida belgilangan qiymatdan oshganini, shuningdek sizib chiqish joyini aniqlashga moʻljallangan vositalar;

birinchi kontur sovutish suvi va uning radioaktivligini avtomatik nazorat qilish vositalari.

82. Normal ekspluatatsiyani boshqarish tizimlari atom elektr stansiyasi blokining holati hamda ekspluatatsiya rejimlarini avtomatik diagnostika qilishni, shuningdek mazkur tizimlar tarkibiga kiradigan texnik vositalar, shu jumladan dasturiy taʼminot asosida ishlovchi texnik vositalarning texnik holatini avtomatik diagnostika qilishni taʼminlaydi.

83. Atom elektr stansiyasi loyihasida belgilangan shartlar yuzaga kelganda xavfsizlikni boshqarish tizimlari oʻziga yuklatilgan funksiyalarni avtomatik ravishda bajarishni taʼminlashi lozim.

84. Xavfsizlikni boshqarish tizimlari avtomatik ishga tushirilganidan keyin 10 — 30 daqiqa davomida ekspluatatsiya xodimlar tomonidan oʻchirib qoʻyilishining oldini oladigan tarzda loyihalashtirilishi lozim.

Bunda mazkur tizimlar texnologik reglamentlarda nazarda tutilgan avariya yuzaga kelganda, avariyalarni bartaraf etish boʻyicha yoʻriqnomalarda va loyihadan tashqari avariyalarni boshqarish boʻyicha koʻrsatmalarda xodimning toʻgʻri harakatlarini amalga oshirishiga toʻsqinlik qilmasligi shart.

85. Atom elektr stansiyasida xavfsizlik tizimlarini masofadan boshqarish, shuningdek armatura oʻrnatilgan joyda qoʻlda boshqarish imkoniyati nazarda tutilgan boʻlishi lozim.

86. Avtomatik ishga tushirish zanjiridagi nosozlik masofadan turib boshqarish imkoniyatiga hamda xavfsizlik funksiyalarining bajarilishiga toʻsqinlik qilmasligi zarur.

87. Xavfsizlikni boshqarish tizimlari normal ekspluatatsiyani boshqarish tizimlaridan ajratilgan boʻlishi shart.

Xavfsizlikni boshqarish tizimlarining biron-bir elementi yoki kanalidagi buzilish normal ekspluatatsiyani boshqarish tizimlarining oʻz funksiyalarini bajarish qobiliyatiga taʼsir koʻrsatmasligi lozim.

88. Xavfsizlikni boshqarish tizimlari quyidagi xavfsizlik talablariga javob berishi shart:

zaxiralash;

mustaqillik;

xilma-xillik.

89. Xavfsizlikni boshqarish tizimlarida quyidagilar taʼminlanadi:

boshqaruv tizimlari ishlashining doimiy avtomatik nazorati va tahlilini;

boshqaruv punkti hamda zaxira boshqaruv punktidan xavfsizlikni boshqarish tizimlari kanallarining ishga yaroqliligini davriy texnik tekshirish, shuningdek texnologik uskunalarning holatini tahlil qilish imkoniyatini.

90. Xavfsizlikni boshqarish tizimlarining texnik va dasturiy taʼminot vositalarida ishdan chiqish yoki nosozlik holatlari yuzaga kelganda, bu haqda boshqaruv punkti hamda zaxira boshqaruv punktiga signal uzatilishi, shuningdek atom elektr stansiyasi xavfsizligini taʼminlashga qaratilgan zarur chora-tadbirlar koʻrilishi kerak.

10-bob. Atom elektr stansiyasi xavfsizligini himoya tizimlari

91. Atom elektr stansiyasi loyihasida reaktorning avariya holatida ishonchli oʻchirilishini, buzilishlar yuzaga kelganda uning subkritik holatda ushlab turilishini, shuningdek loyihaviy avariyagacha boʻlgan sharoitlarda xavfsizlikni taʼminlovchi himoya tizimlari nazarda tutilishi lozim.

92. Reaktorning avariyaviy oʻchirish tizimlarining samaradorligi va tezkorligi energiya ajralishini issiqlik ajratuvchi elementlarning shikastlanishi boʻyicha belgilangan loyihaviy chegaralar buzilmaydigan darajada cheklash, shuningdek normal ekspluatatsiya va loyihaviy avariyalar sharoitida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan har qanday ijobiy reaktivlikni bostirish uchun yetarli boʻlishi lozim.

93. Reaktorning avariyaviy oʻchirilishi elektr taʼminoti manbalarining mavjudligi va holatidan qatʼi nazar taʼminlanishi shart.

94. Xavfsizlikni himoya qilish tizimlari tarkibida bir nechta mustaqil kanallardan tashkil topgan, reaktordan yakuniy issiqlikni qabul qilish va chiqarib yuborishni taʼminlovchi tizimlar nazarda tutiladi.

95. Normal ekspluatatsiya uchun moʻljallangan sovutish tizimlaridan reaktordagi avariyaviy issiqlikni olib ketish tizimlari sifatida foydalanishga ruxsat etiladi.

96. Reaktorning avariyaviy issiqlikni olib ketish tizimi ishga tushirilganda va uning ishlashi davomida reaktorning kritik holatga oʻtishiga hamda reaktor issiqlik tashuvchi konturi tizimlarida ruxsat etilgan bosim qiymatlarining oshib ketishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

97. Xavfsizlikni himoya qilish tizimlarining ishga tushishi normal ekspluatatsiya tizimlari uskunalarining ishdan chiqishiga olib kelmasligi lozim.

Loyihalashda atom elektr stansiyasi blokining ekspluatatsiya muddati davomida xavfsizlik tizimlari uchun yoʻl qoʻyiladigan ishga tushishlar, shu jumladan yolgʻon ishga tushishlar soni uskunaning xizmat muddati va unga koʻrsatiladigan taʼsir inobatga olingan holda asoslantiriladi.

11-bob. Atom elektr stansiyasi xavfsizligni lokalizatsiyalovchi tizimlar

98. Xavfsizlikni lokallashtiruvchi tizimlar avariya sharoitida radioaktiv moddalar hamda ionlashtiruvchi nurlanishning atom elektr stansiyasi loyihasida nazarda tutilgan chegaralarda ushlab turilishini va ularning belgilangan chegaralardan tashqariga tarqalmasligini taʼminlashi zarur.

99. Reaktor hamda tarkibida radioaktiv moddalar mavjud boʻlgan tizimlar va reaktor qurilmasi elementlari loyihaviy avariyalar paytida ajralib chiqadigan radioaktiv moddalarni lokallashtirish maqsadida reaktor qurilmasining toʻliq germetik yopiq hajmida joylashtiriladi.

Ogʻir avariyalar sharoitida ajralib chiqadigan radioaktiv moddalarni lokallashtirish filtrlash tizimi orqali taʼminlanadi.

100. Har bir atom elektr stansiyasida xavfsizlikni lokallashtiruvchi tizimlar nazarda tutilgan boʻlishi hamda mazkur tizimlar loyihaviy va loyihadan tashqari avariyalar sharoitida ular uchun belgilangan vazifalarni bajarishni taʼminlashi kerak.

101. Germetik oʻralgan toʻsiq ichida bosimning oshib ketishining oldini olish uchun faol elementlar va issiqlikni olib ketish tizimlari nazarda tutilgan boʻlsa, mazkur tizimlar tarkibida oʻzaro mustaqil bir nechta kanallar boʻlishi lozim.

102. Avariya sodir boʻlganda ajralib chiqadigan radioaktiv moddalar taʼsiri inobatga olingan holda, germetik oʻralgan toʻsiq chegarasini kesib oʻtuvchi barcha kommunikatsiyalar atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiq izolyatsiyalovchi elementlar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.

103. Atom elektr stansiyasi loyihasida germetik oʻralgan toʻsiqning yoʻl qoʻyiladigan nogermetiklik darajasi asoslantirilgan boʻlishi kerak.

Reaktor birinchi marotaba yadroviy yoqilgʻi bilan yuklanishidan oldin germetik yopiq toʻsiqning amaldagi germetikligi loyiha talablariga muvofiqligi boʻyicha tasdiqlanadi, shuningdek ekspluatatsiya jarayonida atom elektr stansiyasi loyihasida belgilangan muddatlarda takroran tekshirib boriladi.

104. Atom elektr stansiyasini ekspluatatsiyaga topshirish jarayonida germetik oʻralgan toʻsiq loyihaviy bosim ostida sinovdan oʻtkaziladi.

Keyingi sinovlar atom elektr stansiyasi loyihasida asoslantirilgan bosim qiymatlarida oʻtkaziladi.

Germetik oʻralgan toʻsiq ichida joylashgan uskunalarni bosim ostida sinash ularning ishga yaroqliligiga salbiy taʼsir koʻrsatmasligi kerak.

105. Germetik oʻralgan toʻsiqning loyiha parametrlariga muvofiqligini sinash usullari va texnik vositalari atom elektr stansiyasi loyihasida belgilanadi.

106. Vodorod portlashidan himoyalanish boʻyicha chora-tadbirlar atom elektr stansiyasi loyihasida asoslantirilgan boʻlishi lozim.

Germetik oʻralgan toʻsiq ichida vodorod mavjud boʻlgan aralashma muhitining fizik-kimyoviy parametrlarini nazorat qilishga moʻljallangan vositalar nazarda tutilishi zarur.

12-bob. Atom elektr stansiyasi xavfsizligini taʼminlash tizimlari

107. Atom elektr stansiyasi loyihasida xavfsizlik tizimlarining ishchi muhit, energiya taʼminoti va ularning ishlashi uchun zarur shart-sharoitlar bilan taʼminlanishini, shu jumladan issiqlikni oxirgi yutgichga uzatish funksiyasini bajarishni kafolatlaydigan yordamchi xavfsizlik tizimlari belgilanishi lozim.

Xavfsizlikni taʼminlovchi tizimlar tarkibiga yongʻin yuzaga kelganda xavfsizlik tizimlarining ishlashi uchun zarur shart-sharoitlarni taʼminlaydigan yoki yongʻinning xavfsizlik tizimlariga tarqalishining oldini oladigan yongʻinga qarshi himoya tizimlari ham kiritilishi mumkin.

108. Xavfsizlikni taʼminlovchi tizimlar oʻziga yuklatilgan funksiyalarni bajarish boʻyicha zarur ishonchlilik koʻrsatkichlariga ega boʻlishi zarur.

Mazkur koʻrsatkichlar ular taʼminlaydigan xavfsizlik tizimlarining ishonchlilik koʻrsatkichlari bilan birgalikda atom elektr stansiyasi loyihasida belgilangan xavfsizlik tizimlari ishlashining talab etiladigan ishonchlilik darajasiga erishish uchun yetarli boʻlishi lozim.

109. Xavfsizlikni taʼminlovchi tizimlar elementlariga tatbiq etiladigan oʻchirib boʻlmaydigan ichki himoya vositalari roʻyxati atom elektr stansiyasi loyihasida belgilanadi.

110. Atom elektr stansiyasi loyihasida xavfsizlikni taʼminlovchi tizimlarning oʻchirib boʻlmaydigan ichki himoya elementlari roʻyxati keltiriladi.

13-bob. Ekspluatatsiyani tashkil qilish va ekspluatatsiya hujjatlari

111. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi xavfsizligiga taʼsir koʻrsatuvchi barcha faoliyat ustidan, shu jumladan oʻz faoliyatini oʻzini oʻzi baholash asosida doimiy nazoratni taʼminlaydi.

112. Atom elektr stansiyasi blokining xavfsiz ishlashini belgilovchi asosiy hujjat atom elektr stansiyasi bloki ishlashining texnologik reglamenti hisoblanadi.

Mazkur reglamentda ekspluatatsiya qoidalari va asosiy texnik talablar, xavfsizlik bilan bogʻliq jarayonlarni bajarishning umumiy tartibi, shuningdek xavfsiz ekspluatatsiya chegaralari hamda shartlari belgilanadi.

113. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi hamda reaktor qurilmasi loyihasini ishlab chiquvchilar ishtirokida, atom elektr stansiyasi loyihasi va uning xavfsizligini asoslash hisobotiga muvofiq atom elektr stansiyasi bloki ishlashining texnologik reglamentini ishlab chiqishni taʼminlaydi.

114. Atom elektr stansiyasi blokini uning ishlashi boʻyicha texnologik reglament talablari buzilgan holda ekspluatatsiya qilish taqiqlanadi.

115. Reaktor ishlashi davomida belgilangan chegaralar va (yoki) xavfsiz ekspluatatsiya shartlari bajarilmaganda, atom elektr stansiyasi bloki toʻxtatiladi hamda atom elektr stansiyasi loyihasida nazarda tutilgan xavfsiz holatga oʻtkaziladi.

116. Atom elektr stansiyasi tizimlari va elementlarining ekspluatatsiyasi jarayonida atom elektr stansiyasida belgilangan fizik-kimyoviy koʻrsatkichlarga rioya etilishini taʼminlash maqsadida atom elektr stansiyasi bloki ishlashining texnologik reglamentida tizimlar va elementlarda qoʻllaniladigan ishchi muhitlarning kimyoviy rejimini boshqarishga oid talablar, chegaralar hamda shartlar belgilanadi.

117. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi bloki ishlashi uchun tasdiqlangan texnologik reglament, uskunalarni ishlab chiquvchilarning hujjatlari, shuningdek atom elektr stansiyasi va reaktor qurilmasi loyihalarini ishlab chiquvchilarning ishga tushirishdan oldingi hamda ishga tushirishga oid hujjatlari asosida tizimlar va uskunalarni ekspluatatsiya qilish boʻyicha yoʻriqnomalar ishlab chiqilishini taʼminlaydi.

Tizimlar va uskunalarni ekspluatatsiya qilish boʻyicha yoʻriqnomalar xodimlar uchun normal ish rejimlarida, ogʻishlar yuzaga kelganda hamda avariyadan oldingi vaziyatlarda harakat qilish tartibiga oid aniq koʻrsatmalarni oʻz ichiga oladi.

118. Yoʻriqnoma va koʻrsatmalarda belgilangan xodimlar harakatlari sodir boʻlayotgan hodisalar, shuningdek reaktor qurilmasi va atom elektr stansiyasining umumiy holatini ifodalovchi belgilar hamda avariyaning kutilayotgan rivojlanish prognoziga asoslangan boʻlishi zarur.

119. Xavfsizlik tizimlarining ishlashga yaroqliligini taʼminlash hamda xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlarning ishdan chiqishining oldini olish maqsadida ularga texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash, sinovdan oʻtkazish amalga oshiriladi.

Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi loyihasi va uning xavfsizligini asoslash hisoboti asosida, atom elektr stansiyasi hamda reaktor qurilmasi loyihasini ishlab chiquvchilar ishtirokida texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash, sinovdan oʻtkazish qoidalari ishlab chiqilishini taʼminlaydi.

120. Xavfsizlik tizimlarini texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash, shuningdek sinov oʻtkazish uchun vaqtincha ekspluatatsiyadan chiqarishda atom elektr stansiyasi bloki ishlashining texnologik reglamentida belgilangan xavfsiz ekspluatatsiya shartlariga rioya etilishi shart.

121. Har bir atom elektr stansiyasi bloki, shuningdek atom elektr stansiyasi maydonchasida joylashgan atom energiyasidan foydalaniladigan boshqa obyektlar uchun ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan yadroviy xavfli ishlar roʻyxati ishlab chiqilishi zarur.

Yadroviy xavfli ishlar maxsus ish dasturlariga muvofiq amalga oshiriladi.

122. Texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlari yakunlangandan soʻng xavfsizlik uchun muhim boʻlgan elementlar va tizimlar ularning ishga yaroqliligi hamda loyiha xususiyatlariga muvofiqligi boʻyicha tekshiriladi hamda uning natijalari rasmiylashtiriladi.

123. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot ekspluatatsiya hujjatlarini yuritish, saqlash va qayta koʻrib chiqish tartibini belgilashi hamda uning ijrosini taʼminlashi shart.

124. Atom elektr stansiyasi loyihasi, atom elektr stansiyasini jihozlashga oid ijro hujjatlari, sinov hujjatlari, shuningdek xavfsizlik tizimlari (elementlari) hamda xavfsizlik uchun muhim boʻlgan 1 va 2-sinflarga mansub elementlarga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash boʻyicha ijro hujjatlari atom elektr stansiyasida uning butun hayotiy davri davomida saqlanadi.

125. Tashqi nazorat natijalari hamda xavfsiz foydalanish shartlariga oid maʼlumotlar atom elektr stansiyasida yadroviy yoqilgʻini faol zonaga qayta yuklashni oʻz ichiga olgan ikki yuklash oraligʻidagi davr mobaynida, biroq kamida 2 yil davomida saqlanadi.

Mazkur yozuvlar yoʻq qilinishidan oldin ularning natijalari ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan tayyorlanadigan atom elektr stansiyasi xavfsizligi holati toʻgʻrisidagi davriy hisobotlarga kiritiladi.

126. Atom elektr stansiyasi bloki ishlashining texnologik reglamentida va ekspluatatsiya qilish boʻyicha yoʻriqnomalarda nazarda tutilmagan atom elektr stansiyasi sinovlari yadroviy xavfli ishlar toifasiga kiritiladi hamda ushbu sinovlarning xavfsizligini taʼminlashga doir choralarni oʻz ichiga olgan bajarilgan xavfsizlik tahliliga asoslangan dasturlarga muvofiq amalga oshiriladi.

127. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi faoliyatida ilgari buzilishlarga sabab boʻlgan omillar tufayli bunday buzilishlarning takrorlanishiga yoʻl qoʻymaslik boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqadi va amalga oshiradi.

128. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi faoliyatidagi buzilishlarni tekshirish materiallari atom elektr stansiyasining butun ekspluatatsiya muddati davomida saqlaydi.

129. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot ogʻir avariyaga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan ogʻish yoki hodisani aniqlaganda, agar bunday ogʻish yoki hodisaning ogʻir avariyaga oʻtishining shartli ehtimoli 10⁻³ yoki undan yuqori boʻlsa, shunga oʻxshash ogʻishlar va hodisalarning oldini olish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqadi. Bunda ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi blokini mazkur chora-tadbirlar amalga oshirilgunga qadar quvvat rejimida ekspluatatsiya qilish imkoniyatini asoslab beradi.

130. 10 yildan ortiq muddatga foydalanish uchun litsenziyaga ega boʻlgan atom elektr stansiyalari boʻyicha har 10 yilda atom elektr stansiyasi bloki xavfsizligining davriy baholanishi amalga oshirilishi shart.

Mazkur baholash atom elektr stansiyasi joylashgan hudud xususiyatlaridagi oʻzgarishlar, atom elektr stansiyasi elementlarining, shu jumladan uskunalar va qurilish inshootlarining eskirish jarayonlari, modernizatsiya ishlari, ekspluatatsiya tajribasi, fan va texnologiyalar, ishlab chiqarish sohasidagi zamonaviy rivojlanish darajasi, shuningdek atom elektr stansiyasining xavfsiz ekspluatatsiyasini davom ettirish imkoniyatini tasdiqlash uchun zarur boʻlgan atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablaridagi oʻzgarishlar hisobga olingan holda oʻtkaziladi.

131. Xavfsizlik uchun muhim boʻlgan atom elektr stansiyasi elementlari resurslarini boshqarish hamda ularning atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiqligini tahlil qilish boʻyicha faoliyat natijalariga koʻra, ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi bloki ishlash muddatini loyiha hujjatlarida belgilangan muddatdan ortiq muddatga uzaytirish masalasini koʻrib chiqish tashabbusi bilan chiqishi mumkin.

14-bob. Atom elektr stansiya blokini ekspluatatsiyaga tushirish

132. Atom elektr stansiyasi xavfsizligini asoslovchi hisobotlarda dastlabki ishga tushirishdan oldingi sozlash ishlari, fizik ishga tushirish, energiyaviy ishga tushirish hamda sanoat-sinov ekspluatatsiyasi bosqichlarida bajariladigan ishlarning ketma-ketligi va hajmi, ularning loyiha koʻrsatkichlari hamda ishga qabul qilish mezonlariga muvofiqligi, shuningdek xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlar va elementlarni tekshirish tartibi va ularga qoʻyiladigan talablar atom elektr stansiyasi loyihasida belgilanadi.

133. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasining xavfsizligini asoslovchi hisobotlar asosida atom elektr stansiyasi blokini ishga tushirish dasturini ishlab chiqadi hamda uning amalga oshirilishini taʼminlaydi.

134. Jismoniy ishga tushirishdan oldin xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlar va elementlar, asbob-uskunalar hamda qurilmalar, shuningdek quyidagi dasturlar va qoʻllanmalar tayyorlangan va tekshirilgan boʻlishi shart:

tizimlar va elementlarning, shuningdek reaktor ichki qurilmalarining ishlashini tekshirish hamda xizmat muddati tugagan uskunalarni almashtirish;

tizimlarning loyiha koʻrsatkichlariga muvofiqligini tekshirish;

uskunalarning ishga tushishi va signallar uzatilishi ketma-ketligini (avariyaviy elektr taʼminoti manbalariga oʻtish jarayonini) tekshirish;

metallning, uskunalar va quvurlarning payvandlangan choklari holatini nazorat qilish;

oʻlchov vositalari hamda oʻlchash tizimlari oʻlchov kanallarini loyiha talablariga muvofiq tekshiruvdan oʻtkazish.

135. Dastlabki sozlash ishlari, jismoniy ishga tushirish, energiyaviy ishga tushirish hamda sanoat-sinov ekspluatatsiyasi bosqichlarini tartibga soluvchi hujjatlarda yadroviy xavfli ishlar roʻyxati, shuningdek yadroviy avariyaning oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlar roʻyxati belgilanadi.

136. Atom elektr stansiyasi blokini ekspluatatsiyaga topshirishda xavfsizlik uchun muhim boʻlgan tizimlarning amaldagi holatdagi tavsiflari aniqlanadi va ular rasmiylashtiriladi, shuningdek uskuna va tizimlarning tavsiflari hamda boshqaruv tizimlarining ishga tushirish va sozlash parametrlari aniqlanadi.

Bunda loyihaviy chegaralar va shartlar, ekspluatatsiya hujjatlari qayta koʻrib chiqiladi hamda ularda tizimlar va uskunalarning amaldagi holatdagi tavsiflari keltiriladi.

Rasmiylashtirilishi lozim boʻlgan tavsiflar roʻyxati sinov dasturlari bilan belgilanadi.

137. Atom elektr stansiyasi blokini ekspluatatsiyaga topshirish jarayonida ushbu blokning amaldagi atom elektr stansiyasi bloklaridan va qurilish ishlari olib borilayotgan maydonlardan tashkiliy hamda texnik jihatdan ajratiladi.

138. Qurilish ishlari davom etayotgan maydonchada yuzaga normal ekspluatatsiya buzilishlari, shuningdek loyihaviy avariyalar ishga tushirilayotgan atom elektr stansiyasi blokining xavfsizligiga taʼsir koʻrsatmasligi kerak.

15-bob. Atom elektr stansiyasi xodimlarini tanlash va tayyorlash talablari

139. Atom elektr stansiyasiga yadroviy yoqilgʻini olib kelishdan avval atom elektr stansiyasi zarur malakaga ega va ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan mustaqil ishlashga ruxsat etilgan xodimlar bilan toʻliq komplektlangan boʻlishi lozim.

140. Atom elektr stansiyasini ekspluatatsiya qilish jarayonida mustaqil ishlash huquqiga ega boʻlgan xodimlar jalb etiladi.

Bunda xodimlarning soni va tarkibiga qoʻyiladigan minimal talablar atom elektr stansiyasi loyihasida belgilanadi hamda xavfsizlikni asoslash boʻyicha hisobotda va atom elektr stansiyasi bloki ekspluatatsiyasining texnologik reglamentida keltiriladi.

141. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 10-yanvardagi 13-son qarori bilan tasdiqlangan Atom energiyasidan foydalanish sohasida faoliyat olib boradigan ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotlar va boshqa yuridik shaxslar xodimlarini tayyorlash, qayta tayyorlash, ularning malakasini oshirish hamda ularni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga koʻra atom elektr stansiyasi blokini ekspluatatsiyadan chiqarish boʻyicha ishlarni bajarishda, bajaruvchi va xizmatlar koʻrsatuvchi tashkilotlar xodimlarini tayyorlash, qayta tayyorlash hamda malakasi oshirilishini taʼminlashi kerak.

142. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi xodimlarining kasbiy tayyorgarligi va amaliy koʻnikmalarini oshirish maqsadida texnik vositalar hamda turli xil simulyatorlardan foydalanishi mumkin.

143. Xodimlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 2387, 2012-yil 29-avgust) muvofiq xodimlar tibbiy koʻrikdan oʻtishlari zarur.

144. Atom elektr stansiyasi xodimlari loyihaviy va loyihadan tashqari avariyalar sharoitida bajarilishi lozim boʻlgan harakatlarni amalga oshirishga tayyorlangan boʻlishi zarur.

145. Loyihadan tashqari avariyalar yuzaga kelganda atom elektr stansiyasi xodimlarining harakatlari loyihaviy hamda loyihadan tashqari avariyalar tahlili natijalari inobatga olingan holda ishlab chiqiladi va maxsus koʻrsatmalar bilan tartibga solinadi.

146. Loyihaviy va loyihadan tashqari avariyalar yuzaga kelganda xodimlarning harakatlarga tayyorgarligini oshirish maqsadida avariya oʻquv mashqlari usullari hamda dasturlari ishlab chiqiladi, shuningdek avariya va yongʻinga qarshi oʻquv mashgʻulotlari xodimlarning amaliy koʻnikmalarini mustahkamlash uchun doimiy ravishda oʻtkaziladi.

16-bob. Ekspluatatsiya vaqtida radiatsiyaviy xavfsizlik

147. Atom elektr stansiyasi loyihasida radiatsiya nazorati tizimlari nazarda tutiladi.

Mazkur tizimlar atom elektr stansiyasining binolari va hududida, shuningdek sanitariya-muhofaza zonasi hamda kuzatuv zonasida radiatsiyaviy holatni tavsiflovchi nazorat qilinadigan parametrlarning belgilangan qiymatlarini aniqlashni va nazorat qilishni taʼminlashi lozim.

Ushbu tizimlar atom elektr stansiyasining barcha ekspluatatsiya rejimlarida, loyihaviy va loyihadan tashqari avariyalar sharoitida, shuningdek atom elektr stansiyasini ekspluatatsiyadan chiqarish jarayonida radiatsiyaviy holat ustidan nazoratni taʼminlashi shart.

148. Atom elektr stansiyasi loyihasida atom elektr stansiyasining normal ekspluatatsiyasi davrida, normal ekspluatatsiya buzilishlarida, loyihaviy va loyihadan tashqari avariyalar sharoitida sanitariya-muhofaza zonasi va kuzatuv zonasida ionlashtiruvchi nurlanish darajasi, shamol tezligi hamda boshqa meteorologik parametrlar doimiy oʻlchanishi, shuningdek atrofdagi radiatsiyaviy vaziyatni baholash va prognoz qilish maqsadida radioaktiv tushum zichligining davriy oʻlchanishi taʼminlanishi nazarda tutilishi lozim.

Mazkur baholash va prognozlarni amalga oshirish uchun zarur texnik vositalar belgilanadi.

149. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot radioaktiv chiqindilarni Radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishning xavfsizlik talablariga (roʻyxat raqami 3694, 2025-yil 28-oktabr) muvofiq saqlashni taʼminlaydi.

17-bob. Avariyalar yuzaga kelganda va ularni boshqarish jarayonida xodimlar hamda aholini himoya qilish boʻyicha harakatlar rejalari

150. Atom elektr stansiyasiga yadroviy yoqilgʻi olib kelinishidan oldin, atom elektr stansiyasida avariya yuz berganda, xodimlar va aholini himoya qilish boʻyicha ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiq harakatlar rejalari, loyihaviy avariyalarning radiatsiyaviy oqibatlari inobatga olingan holda ishlab chiqadi.

Harakat rejalarida loyihaviy va loyihadan tashqari avariyalar natijasida atom elektr stansiyasi maydonidan tashqaridagi infratuzilma obyektlari shikastlanganda yoki ishdan chiqqanda, shu jumladan kirish yoʻllari toʻsilib qolganda, atom elektr stansiyasining elektr taʼminoti buzilganda yoki aloqa uzilganda koʻriladigan chora-tadbirlar nazarda tutiladi.

151. Atom elektr stansiyasida avariya holatida xodimlar va aholini himoya qilish boʻyicha harakatlar rejalarida favqulodda vaziyatlarga tayyorgarlik koʻrish va javob choralari darajasi, shuningdek harakatlar rejalarini amalga oshirish boshlanganligi toʻgʻrisida xabar berish tartibi ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan belgilanadi.

Atom elektr stansiyasiga yadroviy yoqilgʻi olib kelinishidan oldin himoyalangan avariyalarni boshqarish punktlari tashkil etilishi, ularning doimiy tayyor holatda saqlanishi, zarur uskuna-asboblar va aloqa vositalari bilan jihozlanishi, shuningdek avariya yuzaga kelganda harakatlar rejalarini amalga oshirishni boshqarish ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan taʼminlanishi zarur.

152. Loyihadan tashqari avariyalarni boshqarishda atom elektr stansiyasi blokini boshqariladigan va nazorat ostidagi holatga qaytarish, zanjirli parchalanish reaksiyasini toʻxtatish, yoqilgʻining uzluksiz sovutilishini taʼminlash hamda radioaktiv moddalarning belgilangan chegaralarda ushlab turilishini taʼminlash lozim.

153. Loyihadan tashqari avariyalarning oldini olish, ularning oqibatlarini yumshatish, shuningdek reaktorning germetik toʻsiq bilan oʻralgan hajmini buzilishdan himoya qilish hamda uning ishga yaroqliligini saqlab qolish boʻyicha chora-tadbirlar amalga oshirilishi kerak.

18-bob. Yakuniy qoida

154. Mazkur Qoidalarning buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Rais A. RAFIQOV

Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B. ZAXIDOV

Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi raisi o'rinbosari B. MAXMADALIYEV

Favqulodda vaziyatlar vaziri B. KUDRATXODJAYEV

Energetika vaziri J. MIRZAMAHMUDOV

Atom energiyasi agentligi direktori A. AXMEDXADJAYEV

Fanlar akademiyasi birinchi vitse-prezidenti SH. SAGDULLAYEV

Sogʻliqni saqlash vaziri A. XUDAYAROV

Toshkent sh.,

2026-yil 25-mart,

2026-yil 18-mart

2026-yil 10-mart

2025-yil 29-dekabr

2025-yil 24-dekabr

2025-yil 9-dekabr

2025-yil 4-dekabr

2025-yil 27-noyabr

37-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 16.04.2026-y., 10/26/3815/0361-son)

lex.uz