📅 2026-yil 1-aprel · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 1-aprel · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 1 апрель · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 апреля 2026 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 April 2026 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МАЪЛУМОТ
Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-359-сон «Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг 2026 йил 1 апрелдаги 9-сон ва Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 31 мартдаги 6/11-сон қарорига ИЛОВА
Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги
Ушбу Низом барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини (бундан буён матнда махсус режим деб юритилади) тақдим этиш, махсус режим иштирокчиларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолияти устидан мониторингни амалга ошириш, махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш, шунингдек махсус режим иштирокчилари реестрини юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аризачи — махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилувчи юридик шахс;
махсус режим — барқарор токенлар айланмаси соҳасида технологияларни жорий этувчи ва (ёки) маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида тўлов тизимларини яратувчи ва тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширувчи юридик шахсларга алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш;
тажриба-синов лойиҳаси — маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида тажриба-синов тариқасида тўлов тизимини яратиш ва (ёки) барқарор токенларни чиқариш, шунингдек улардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш ва тўловни амалга оширишни назарда тутувчи лойиҳа;
махсус режим иштирокчиси — махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтган ва тажриба-синов лойиҳасини амалга оширувчи юридик шахс;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;
махсус режим иштирокчиларининг реестри (бундан буён матнда реестр деб юритилади) — рўйхатга олинган махсус режим иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар акс эттириладиган ҳамма учун очиқ бўлган ахборот ресурси;
мижозлар — тажриба-синов лойиҳалари доирасида махсус режим иштирокчиси билан шартномавий муносабатларни ўрнатаётган жисмоний ва (ёки) юридик шахслар, шу жумладан чет эллик жисмоний ва (ёки) юридик шахслар;
барқарор токен — қиймати миллий ёки хорижий валютанинг номинал қийматига тенг бўлган таъминланган токеннинг тури;
эмитентнинг экотизими — барқарор токенларни чиқариш, сақлаш, тақсимлаш, муомалага киритиш ва улар билан бошқа операцияларни амалга ошириш учун мўлжалланган эмитентнинг ахборот тизими, платформаси ва (ёки) техник ҳамда дастурий воситалари мажмуи;
барқарор токенни чиқариш — барқарор токеннинг пайдо бўлишига қаратилган ташкилий-техник тадбирлар;
барқарор токен чиқаришни рўйхатдан ўтказиш — чиқарилган барқарор токенларни муомалага киритишга рухсат бериш учун ушбу Низом талабларига мувофиқ текшириш ва барқарор токенларнинг электрон реестрига киритиш;
барқарор токеннинг дастлабки таклифини жойлаштириш — эмитентнинг экотизимида ёки крипто-активлар айланмаси соҳасидаги миллий ёки хорижий хизматлар провайдерларининг электрон платформаларида барқарор токенларни муомалага киритиш;
« White Paper » декларацияси — эмитент тўғрисидаги маълумотларни ҳамда барқарор токенларни чиқариш, сақлаш, дастлабки таклифини жойлаштириш, тарқатиш ва улардан фойдаланишга оид бошқа маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат;
эмитент — Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган, барқарор токенларни чиқарувчи ҳамда улар юзасидан «White Paper» декларациясида ва (ёки) шартномада белгиланган мажбуриятларни уларнинг эгалари олдида ўз зиммасига олувчи юридик шахс;
крипто-депозитарий — крипто-активларни чиқариш, уларни дастлабки жойлаштириш ва сақлаш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот;
барқарор токенларнинг реестри — ваколатли органнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган ва крипто-депозитарий томонидан барқарор токенлар чиқарилишини ҳисобга олувчи ахборот ресурси;
асослантирилган мулоҳаза — қонунчиликда белгиланган талабларга қўшимча равишда ваколатли орган томонидан қўлланиладиган, кўриб чиқилаётган масаланинг ҳақиқий мазмуни расмий мазмунидан устуворлигини назарда тутувчи профессионал баҳолаш. Асослантирилган мулоҳаза ваколатли орган хизматлар провайдерлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш доирасида олинган ахборотга, жисмоний ва юридик шахслардан, халқаро ташкилотлардан, давлат органларидан, шу жумладан чет эл назорат органлари ҳамда ташкилотларидан, бошқа очиқ манбалардан олинган ва асослантирилган мулоҳазани шакллантириш учун муҳим бўлган бошқа ахборотга асосланади;
охирги бенефициар мулкдор — аризачини бевосита ёки билвосита таъсис этувчи ёхуд унинг устав жамғармасидаги (капиталидаги) улушларига (акцияларига) бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи ёхуд ушбу шахсга бевосита ёки билвосита эгалик қиладиган ёхуд уни назорат қиладиган жисмоний шахс.
2. Махсус режимнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида тўлов тизимларини яратиш ва (ёки) барқарор токенларни чиқариш ҳамда улар билан операцияларни амалга ошириш, шунингдек улардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар тақдим этиш;
инвестицияларни жалб қилиш ва бозорда рақобатни ошириш;
маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган инновацион тўлов ечимларини жорий этишга кўмаклашиш;
истеъмолчилар ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш;
тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишнинг муваффақиятли натижалари якунлари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш.
Бунда махсус режим доирасида тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) пул-кредит сиёсати мақсадлари ва воситаларига зид келмаслиги, шунингдек молиявий ва нарх барқарорлигига таҳдид яратмаслиги лозим.
3. Махсус режим доирасида қуйидаги тажриба-синов лойиҳалари амалга оширилиши мумкин:
миллий ва (ёки) хорижий валюта, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган барқарор токенларни чиқариш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш;
халқаро ўтказмаларни (ҳисоб-китобларни) амалга ошириш мақсадида барқарор токенлардан фойдаланиш;
маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида фаолият юритувчи тўлов тизимларини яратиш.
Махсус режим доирасида маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида ёки ушбу технологиялардан фойдаланишда бошқа инновацион ёндашув қўлланиладиган тажриба-синов лойиҳалари ҳам амалга оширилиши мумкин.
4. Махсус режим иштирокчиларини рўйхатга олиш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
5. Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун тақдим этилган аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш, шунингдек тажриба-синов лойиҳалари устидан мониторингни амалга ошириш бўйича ваколатли органнинг ишчи органи функциялари Крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш департаментининг Крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бошқармаси (бундан буён матнда ишчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
6. Ишчи орган:
аризачининг махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаларини қабул қилади, рўйхатдан ўтказади ва кўриб чиқади;
тажриба-синов лойиҳалари бўйича тақдим этилган аризалар, ҳужжатлар ва маълумотларни ваколатли органнинг бошқа таркибий бўлинмалари билан биргаликда ўрганади;
тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишда истисно қилинаётган қонуности ҳужжатларининг тегишли нормалари рўйхатини шакллантиради;
махсус режим иштирокчилари томонидан амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалари доирасида тузиладиган хизмат кўрсатиш бўйича шартномалар (оферталар, битимлар)нинг максимал қиймати ва мижозларнинг чекланган сонини келишиб беради;
аризачилар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақидаги хулосани ваколатли органнинг раҳбари (ўринбосари)га киритади;
тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади;
реестр ва барқарор токенларнинг реестрини юритади;
махсус режим иштирокчиларини ташкилий-ҳуқуқий ва консультатив жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;
тажриба-синов лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг қилади, самарадорлигини баҳолайди ҳамда уларни амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш бўйича таклифларни ваколатли орган раҳбари (ўринбосари)га киритади;
ваколатли орган раҳбарига (ўринбосарига) махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш ва тажриба-синов лойиҳаларини тугатиш ҳақидаги таклифларни киритади.
7. Махсус режим доирасида молиявий тизим барқарорлиги ва тўлов тизимлари ишлашининг барқарорлигини таъминлаш масалаларига доир ҳужжатлар ва маълумотлар Марказий банкка келишиш учун юборилади.
8. Қуйидагилар Марказий банк билан мажбурий тартибда келишилиши лозим:
Марказий банк томонидан тартибга солинадиган соҳаларда тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишда истисно қилинаётган қонуности ҳужжатларининг тегишли нормалари;
ахборот тизимларининг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан хулоса;
миллий валютада номиналланган барқарор токенларни чиқаришнинг чекланган ҳажми;
тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш натижалари ижобий баҳоланганда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш зарурлиги тўғрисидаги хулоса.
9. Марказий банкка махсус режим доирасида келишиш учун тақдим этилган ҳужжатлар Марказий банкнинг Молиявий технологияларни ривожлантириш департаменти томонидан Тўлов тизимлари департаменти билан биргаликда кўриб чиқилади.
Аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган масалалар бўйича Марказий банкнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
2-боб. Махсус режим иштирокчиларини рўйхатга олиш талаблари ва шартлари
10. Махсус режим доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидагиларни чиқаришни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади:
алгоритмик барқарор токенларни;
анонимлик хусусиятига эга барқарор токенларни;
крипто-активлар билан таъминланган барқарор токенларни.
11. Барқарор токенларни чиқариш учун таъминот сифатида фақат қуйидагилардан фойдаланилиши мумкин:
Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилган миллий ва (ёки) хорижий валютадаги пул маблағлари;
эмитентга тегишли бўлган, Марказий депозитарий томонидан Марказий банк фойдасига блокланган давлат қимматли қоғозлари. Бунда эмитент улар бўйича даромадларни олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган пул маблағларини захирага қўйиш учун ҳисобварақ очиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.
Ушбу банднинг учинчи хатбошисида кўрсатилган давлат қимматли қоғозларини киритиш учун депо ҳисобварақларини очиш, ушбу қимматли қоғозларни блоклаш, шунингдек, уларни блокдан чиқариш Депозитар операциялар ҳисобини юритиш қоидаларига (рўйхат рақами 3628, 2025 йил 16 июнь) мувофиқ таъминотга (гаровга) қўйилган қимматли қоғозлар учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Барқарор токенларга таъминотни шакллантириш учун кредит ёки гаровга олинган маблағлар (активлар) ёхуд бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
12. Алоҳида ҳисобварақдаги маблағлар қолдиғи, шунингдек Марказий банк фойдасига блокланган давлат қимматли қоғозларининг номинал қиймати муомалада бўлган токенларнинг умумий номинал қийматидан кам бўлмаслиги лозим.
Таъминотдаги маблағлар фақат барқарор токенларни сўндириш учун ишлатилиши ва улардан эмитентнинг бошқа мажбуриятлари бўйича фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
Марказий банк ваколатли орган билан келишилган ҳолда ликвидлиликка ёки молиявий барқарорликка таҳдид юзага келган тақдирда операциялар ҳажмини ва мижозлар сонини чеклаш бўйича кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга.
Барқарор токенлар таъминоти устидан назоратни амалга ошириш тартиби, унинг етарлилигини тасдиқлаш даврийлиги ва ҳисобот шакли Марказий банк томонидан ваколатли орган билан келишилган ҳолда белгиланади.
13. Қуйидагилар махсус режим иштирокчиларининг раҳбарияти (раҳбари ва ўринбосарлари) ва охирги бенефициар мулкдорлари бўлиши мумкин эмас:
террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар;
иқтисодий жиноятларни, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм ва оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, шунингдек уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун олиб ташланмаган ёки тугалланмаган судланганлик ҳолати мавжуд бўлган, шунингдек содир этишда гумон қилинаётган шахслар;
имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор этишни ҳамда молиявий операцияларни ўтказишда ахборот тақдим этишни назарда тутмайдиган давлат ва ҳудуднинг резиденти бўлган, шундай давлат ва ҳудудда яшайдиган ёки рўйхатдан ўтган шахслар;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатлар ҳудудида доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар.
14. Махсус режим иштирокчилари тажриба-синов лойиҳаларини крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олмасдан амалга оширадилар.
Маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида тўлов тизимларини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда аризачи тўлов тизими оператори лицензиясига эга бўлиши лозим.
15. Эмитентнинг экотизими ахборот ва киберхавфсизликнинг тегишли даражасини таъминлаши, фаолият барқарорлиги, ахборотни ҳимоя қилиш ва барқарор токенларни чиқариш, сақлаш, тақсимлаш, муомалага киритиш ва улар билан бошқа операцияларни амалга оширишнинг узлуксизлигини таъминлаши лозим.
16. Махсус режим иштирокчиси:
а) ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш учун масъул мансабдор шахсни тайинлаши;
б) ахборот хавфсизлиги, киришга рухсатларни бошқариш, ҳодисаларга жавоб бериш ва фаолият узлуксизлигини таъминлаш масалаларини тартибга солувчи, шу жумладан, қуйидаги усулларни ўз ичига олган ички ҳужжатларни тасдиқлаши:
ишлаб чиқиш, тест синовидан ўтказиш ва саноат эксплуатацияси воситаларининг мантиқий ва (ёки) жисмоний ажратилишини таъминлаш;
муҳим (критик) қисмларда ягона носозлик нуқтаси мавжудлигини истисно қилиш;
муҳим аҳамиятга эга маълумотларнинг захира нусхаларини яратишни ва фаолиятни тиклаш имкониятини таъминлаш;
ташқи интерфейслар ва амалий дастурлаш интерфейсларини (API) ҳимоя қилиш;
криптографик калитларни генерация қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг ҳимояланган механизмларини қўллаш ҳамда шахсий (махфий) криптографик калитларнинг очиқ ҳолда сақланишига йўл қўймаслик;
эмитент экотизимининг муҳим қисмларига киришда кўп омилли аутентификациядан фойдаланиш;
в) эмитент экотизимининг муҳим қисмларини ишлаб чиқиш, улардан фойдаланиш ва бошқариш функцияларнинг тақсимланишини таъминлаши;
г) мижозларни мажбурий тартибда хабардор қилиш ва уларнинг тажриба-синов лойиҳаси доирасида иштирок этиши тўғрисидаги ёзма розиликларини олиши лозим.
17. Махсус режим иштирокчиси барқарор токенларни чиқариш, уларнинг айланмаси ёки таъминотига таъсир қилувчи ёхуд таъсир қилиши мумкин бўлган ҳодиса (инцидент) аниқланган пайтдан эътиборан дарҳол, бироқ 3 соатдан кечиктирмай ваколатли орган ва Марказий банкни хабардор қилиши лозим.
18. Тажриба-синов лойиҳаларини махсус режим доирасида амалга ошириш муддати уч йилдан ошмаслиги лозим.
Белгиланган муддат ўтгач ваколатли орган Марказий банк билан келишган ҳолда тажриба-синов лойиҳаларини махсус режим доирасидан чиқариш мақсадида амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида (тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш натижалари ижобий баҳоланган тақдирда) тегишли муносабатларни тартибга солиш ёки тегишли асосларни кўрсатган ҳолда тажриба-синов лойиҳасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
3-боб. Аризани тақдим этиш ва кўриб чиқиш
19. Аризачилар томонидан тақдим этилган ариза ва ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда махсус режим иштирокчисини рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди.
20. Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун аризачи мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза ҳамда қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатларни ваколатли органга тақдим этади:
мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги анкета;
аризачининг ҳамкори сифатида иштирок этувчи крипто-депозитарий билан имзоланган шартноманинг нусхаси. Бунда крипто-депозитарий аризачи сифатида иштирок этган тақдирда, мазкур шартномани тақдим этиш талаб этилмайди;
тажриба-синов лойиҳаси доирасида хизмат кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномалар (оферталар, битимлар) қиймати ва мижозларнинг сони;
чиқарилиши режалаштирилаётган барқарор токенларни тўлиқ таъминлаш учун маблағлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (маълумотлар);
«White paper» декларацияси;
аризачининг низоми ва бошқа таъсис ҳужжатлари;
аризачининг раҳбарияти ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 13-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган жиноятлар бўйича белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тартибда тасдиқланган таржимаси;
аризачининг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчи ҳақидаги мазкур Низомнинг 4-иловасида келтирилган маълумотлар. Бунда, таъсисчилар ҳақидаги маълумотлар охирги бенефициар мулкдоргача кўрсатилади.
Аризачининг раҳбарияти (раҳбари ва ўринбосарлари) ҳамда охирги бенефициар мулкдорлари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганда, ваколатли орган мазкур Низомнинг 13-банди иккинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатларни мустақил тарзда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали текширади.
21. Мазкур Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳужжатлар аризачининг раҳбари томонидан тасдиқланиши (имзоланиши) керак.
Электрон шаклда тақдим этилаётган маълумотлар юқори сифатда ва «PDF», «PNG» ёки «JPEG» форматларда бўлиши лозим.
22. Ариза ва ҳужжатлар ваколатли органга қоғоз шаклида ёки ваколатли органнинг электрон почтаси манзилига электрон шаклда юборилади.
23. Ваколатли орган ариза келиб тушган кундан бошлаб қирқ иш куни ичида аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Ариза ва тақдим этилган ҳужжатларни тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда қўшимча равишда текшириш талаб қилинган тақдирда, ишчи органнинг таклифига кўра аризани кўриб чиқиш муддати ваколатли орган раҳбари (ўринбосари) томонидан ўн иш кунигача узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда аризачи шу куннинг ўзида хабардор қилинади.
24. Ишчи орган аризани кўриб чиқиш жараёнида тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш учун қонуности ҳужжатларининг тегишли нормаларини истисно қилиш талаб этилиши ёки талаб этилмаслигини аниқлайди.
Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш учун қонуности ҳужжатларининг тегишли нормаларини истисно қилиш талаб қилинганда, ишчи орган тегишли ваколатли органлар билан маслаҳатлашувлар ўтказади ҳамда хулосада тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишда истисно қилинадиган қонуности ҳужжатларининг тегишли нормаларини кўрсатади.
25. Мазкур Низомнинг 8-бандида келтирилган ҳужжат ва маълумотларни келишиш Марказий банк томонидан улар келиб тушган кундан эътиборан ўн беш иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.
Қўшимча ўрганиш, текшириш ва (ёки) қўшимча материалларни сўраб олиш талаб этилган ҳолларда, ушбу муддат Марказий банк раҳбарияти томонидан бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Марказий банк келишиш муддати узайтирилганлиги ҳақида ваколатли органни, шунингдек аризачини бир кун ичида ёзма равишда хабардор қилиши лозим.
Бунда Марказий банк томонидан мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни келишиш даври мобайнида ишчи орган томонидан аризаларни кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
26. Ишчи орган ариза ва тақдим этилган ҳужжатларни ўттиз иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижаси бўйича хулосани ваколатли органнинг раҳбари (ўринбосари)га тақдим этади.
Бунда ҳужжатларни Марказий банк билан келишиш муддати алоҳида ҳисобга олинади.
27. Ишчи орган томонидан хулоса киритилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида ваколатли органнинг раҳбари (ўринбосари) томонидан аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.
28. Аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолатларда рад этилади:
аризачи мазкур Низомнинг 10 — 16-бандларида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаганда;
тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;
ваколатли органнинг асослантирилган мулоҳазаси (хулосаси) асосида.
29. Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда аризачига ишчи орган томонидан рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда бир иш куни ичида хабарнома юборилади.
Аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, рад этиш асосларини бартараф этган ҳолда ушбу Низомнинг 3-бобида назарда тутилган тартибда ариза топшириши мумкин. Бунда ваколатли орган аризани умумий асосларда кўриб чиқади.
30. Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ишчи орган бир иш куни ичида тегишли маълумотларни реестрга киритади ва бу ҳақда аризачига хабарнома юборади.
Бунда, рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорда махсус режим доирасида тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш учун қўйиладиган талаблар ва шартлар белгиланади.
Ишчи орган рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида аризачини мазкур қарор билан ёзма равишда таништиради ҳамда тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш талаблари ва шартларига риоя қилинмаган тақдирда, махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиниши тўғрисида огоҳлантиради.
4-боб. Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш, реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
31. Махсус режим иштирокчисига тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш учун дастлабки ўн икки ой муддат берилади.
32. Махсус режим иштирокчиси тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш истаги бўлган тақдирда, бу ҳақида ариза билан мазкур муддат тугашидан ўттиз кун олдин ваколатли органга мурожаат қилади.
33. Ишчи орган аризани у келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кўриб чиқади ва тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосани ваколатли органнинг раҳбари (ўринбосари)га киритади.
Ишчи орган томонидан хулоса киритилган кундан бошлаб беш иш куни ичида ваколатли орган раҳбари (ўринбосари) томонидан тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда бу ҳақда махсус режим иштирокчисига бир иш куни ичида хабарнома юборилади.
34. Ваколатли орган қуйидаги ҳолатларда тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтиришни рад этиши мумкин:
тажриба-синов лойиҳасини амалиётга жорий этиш учун қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қарор қабул қилиш учун етарли маълумотлар олинганда;
мақсадли кўрсаткичларга эришилмаганда.
Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш рад этилган тақдирда, махсус режим иштирокчиси ўн кун ичида лойиҳани амалга оширишни тугатиши лозим.
35. Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, унинг муддати ўн икки ойгача муддатга узайтирилиши мумкин. Бунда, тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддати мазкур Низомнинг 18-бандида кўрсатилган муддатдан ошмаслиги лозим.
36. Махсус режим иштирокчиси, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, махсус режим иштирокчиси ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин беш иш куни ичида ваколатли органга реестрга ўзгартиришни киритиш учун тегишли ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза бериши шарт.
Ваколатли орган аризани қабул қилганидан сўнг икки иш куни ичида реестрга тегишли ўзгартиришларни киритади.
5-боб. Тажриба-синов лойиҳаларини мониторинг қилиш ва махсус режим иштирокчисини мақомидан маҳрум қилиш
37. Ишчи орган тажриба-синов лойиҳалари амалга оширилиши устидан доимий мониторинг, шу жумладан, ахборот ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилиши, эмитент экотизими фаолиятининг барқарорлиги ва фирибгарликка қарши курашиш чораларини баҳолашни амалга оширади.
38. Махсус режим иштирокчилари ҳар ойда ўз фаолияти ҳамда уларга берилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланилиши бўйича ваколатли орган томонидан тасдиқланган шаклдаги ҳисоботларни, шунингдек Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақда сақланаётган таъминот маблағларининг ҳажми тўғрисидаги маълумотларни кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар ваколатли органга тақдим этади.
39. Махсус режим иштирокчиларининг ҳисоботлари ваколатли орган томонидан Марказий банкка тақдим этилиши мумкин.
40. Махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш ва тажриба-синов лойиҳасини тугатиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:
тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш учун белгиланган муддатнинг тугаши;
махсус режим иштирокчисининг махсус режим иштирокчиси мақомидан воз кечиш тўғрисидаги аризаси;
мамлакатнинг пул-кредит сиёсати ёки молиявий барқарорлигига таҳдид яратувчи асослантирилган ҳолатларнинг аниқланиши;
махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ва (ёки) тажриба-синов лойиҳалари бўйича берилган ҳисоботларда ёлғон маълумотлар берилганлиги;
тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш талаблари ва шартларининг бузилиши;
тажриба-синов лойиҳалари бўйича ҳисоботлар мазкур Низомнинг 38-бандида белгиланган муддатда тақдим этилмаганлиги;
тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишда учинчи шахслар билан тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги;
суд қарорига асосан махсус режим иштирокчисининг тўловга қобилиятсиз деб эътироф этилиши;
ваколатли органнинг асослантирилган мулоҳазаси;
махсус режим иштирокчиси (раҳбарлари ва ходимлари) томонидан қонунчилик талабларига мос келмайдиган ёки улар томонидан тўғридан-тўғри тақиқланган операцияларни амалга оширилиши факти аниқланиши.
41. Мазкур Низомнинг 40-бандида кўрсатилган ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб уч иш куни ичида ваколатли орган томонидан махсус режим иштирокчисини махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш ҳамда амалга оширилаётган тажриба-синов лойиҳасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
42. Ишчи орган махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида реестрга тегишли маълумотларни киритади ҳамда бу ҳақда тегишли юридик шахсни хабардор қилади.
6-боб. Махсус режим иштирокчиларининг реестрини юритиш
43. Реестр ишчи орган томонидан юритилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:
махсус режим иштирокчисининг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), телефон рақами;
махсус режим иштирокчисининг рўйхатдан ўтказиш рақами ва санаси;
махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш санаси ва асослари;
тажриба-синов лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар ва уларни амалга ошириш муддати;
тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш муддатини узайтириш, реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш асослари ва санаси.
44. Реестрда мавжуд бўлган маълумотлар ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.
7-боб. Якуний қоидалар
45. Махсус режим иштирокчиси махсус режим доирасида ваколатли орган томонидан қабул қилинган қарорлар устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
46. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Махсус режим иштирокчиларини рўйхатга олиш
Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Аризачи 1. Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза ва ҳужжатларни тайёрлайди. 2. Ариза ва тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) тақдим этади. ўз хоҳишига кўра 2-босқич Агентлик Ариза ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 40 иш куни, узайтирилган тақдирда қўшимча 10 иш куни Агентлик 1. Ишчи орган ариза ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди. 2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мажбурий тартибда келишилиши лозим бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни юборади. 30 иш куни, узайтирилган тақдирда қўшимча 10 иш куни Марказий банк Тақдим этилган ҳужжат ва маълумотларни кўриб чиқади ва келишади 15 иш куни, узайтирилган тақдирда бир ойдан кўп бўлмаган муддатда Агентлик Кўриб чиқиш натижасига кўра махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади 10 иш куни 3-босқич Ишчи орган Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда аризачига рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади 1 иш куни 4-босқич Аризачи Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш рад этилган тақдирда, ушбу Низомнинг 3-бобида назарда тутилган тартибда аризани топширади. ўз хоҳишига кўра Агентлик Аризани умумий асосларда кўриб чиқади. Кўрсатилган давр мобайнида 5-босқич Ишчи орган 1. Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бир иш куни ичида тегишли маълумотларни реестрга киритади ва аризачига хабарнома юборади. 1 иш куни 2. Аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор билан таништиради ҳамда тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш талаблари ва шартларига риоя қилинмаган тақдирда, махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиниши тўғрисида огоҳлантиради. 3 иш куни 6-босқич Махсус режим иштирокчиси 1. Махсус режим талаблари ва шартларига риоя қилган ҳолда тажриба-синов лойиҳасини амалга оширади. 12 ой 2. Тажриба-синов лойиҳасининг амалга ошириш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза билан Агентликка мурожаат қилади. муддат тугашидан 30 кун олдин 7-босқич Агентлик 1. Ишчи орган ариза ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосани Агентлик раҳбари (ўринбосари)га киритади. 10 иш куни 2. Ишчи орган хулосаси асосида тажриба-синов лойиҳасининг амалга ошириш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 5 иш куни 3. Қабул қилинган қарор тўғрисида махсус режим иштирокчисига бир иш куни ичида хабарнома юборилади. 1 иш куни 8-босқич Махсус режим иштирокчиси 1. Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лойиҳани амалга оширишни давом эттиради. 12 ой 2. Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш рад этилган тақдирда, махсус режим иштирокчиси лойиҳани амалга оширишни тугатади. 10 кун 9-босқич Махсус режим иштирокчиси Ўзгартирилган, номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, Агентликка кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза беради. 5 иш куни Агентлик Аризани қабул қилгандан сўнг реестрга тегишли ўзгартиришларни киритади. 2 иш куни 10-босқич Агентлик Мазкур Низомда кўрсатилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. 3 иш куни Ишчи орган Махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор асосида реестрга тегишли маълумотларни киритади ҳамда бу ҳақда тегишли юридик шахсни хабардор қилади. 1 иш куни
Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
АРИЗА
1. Юридик шахснинг номи: 2. Жойлашган жойи (почта манзили): 3. Электрон почта манзили: 4. Телефон рақами: 5. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) (мавжуд бўлган тақдирда) : 6. Хизмат кўрсатувчи банки: 7. Раҳбарининг фамилияси, исми ва отасининг исми: 8. Аризани топширишга ваколатли шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, телефон рақами, электрон почта манзили: Сиздан ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (мурожаат мақсади: махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки унинг муддатини узайтириш) ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (таклиф этилаётган тажриба-синов лойиҳасининг қисқача таснифи) амалга ошириш учун рухсат беришингизни сўраймиз. Аризага қуйидагилар илова қилинмоқда: 1. Анкета ___ варақда. 2. Тажриба-синов лойиҳа доирасида хизмат кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномалар (оферталар, битимлар)нинг қиймати ва мижозларнинг сони, тажриба-синов лойиҳасида иштирок этиш учун мижозларнинг ёзма розиликлари. 3. Бизнес-режа. 4. Низом ва таъсис ҳужжатларининг нусхаси. 5. Юридик шахснинг раҳбарияти (раҳбари ва ўринбосарлари) ҳамда таъсисчиси ҳақидаги маълумотлар. Юридик шахс раҳбарининг имзоси ___________________________ 20___ йил «____» ___________ (Ф.И.О.) (сана)
Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
АНКЕТА
1-боб. Юридик шахс (аризачи) ва тажриба-синов лойиҳаси ҳақидаги маълумотлар Юридик шахснинг номи: Жойлашган жойи (почта манзили): Электрон почта манзили: Телефон рақами: Расмий веб-сайт: Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР): Давлат рўйхатидан ўтган санаси ва рақами: 1. Юридик шахс ҳақидаги маълумотлар: 1.1. Юридик шахснинг фаолияти, шу жумладан, ташкилот тузилмаси, фаолият йўналиши ва эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар. 1.2. Юридик шахснинг молиявий ҳолати, тажриба-синов лойиҳасининг қиймати, тажриба-синов лойиҳасининг молиялаштириш манбалари, шу жумладан ҳар қандай жалб қилинган ва (ёки) қарз маблағлари ҳақидаги маълумотлар. 2. Махсус режим доирасида тажрибадан ўтказилиши ёки фойдаланилиши режалаштирилаётган барқарор токенлар айланмаси соҳасидаги технология (маҳсулот, хизмат) ёки ушбу соҳада фойдаланишда қўлланиладиган инновацион ёндашув ҳақидаги маълумотлар: 2.1. Таклиф этилаётган технологиянинг (маҳсулотнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи, шу жумладан: таклиф этилаётган янги технологиянинг (маҳсулотнинг, хизматнинг) хос хусусиятлари ва устунликлари; таклиф этилаётган технологиянинг (маҳсулотлар, хизматларнинг) Ўзбекистон Республикасида қўлланилаётган технологиялардан (маҳсулотлар, хизматлардан) фарқи, ушбу технологиялар (маҳсулотлар, хизматлар) қайси давлатларда қўлланилгани ва қандай натижаларга эришилгани. 2.2. Таклиф этилаётган технологиянинг (маҳсулотнинг, хизматнинг) фойдаланиш бизнес-модели ва схемаси. Ҳар бир ҳолат бўйича таклиф этилаётган технологиядан (маҳсулотдан, хизматдан) фойдаланиш жараёнини батафсил баён этиш, шу жумладан: мижозлар билан барқарор токенлар айланмасини ташкил этиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизми; барқарор токенлар таъминотини, мижозларнинг маблағларини сақлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чоралари. 2.3. Таклиф этилаётган технологияни (маҳсулотни, хизматни) батафсил тавсифловчи техник тизим ва ечимлар ҳамда ундан фойдаланишнинг инновацион усуллари. 2.4. Таклиф этилаётган технологиянинг (маҳсулотнинг, хизматнинг) прототипи тайёрлиги, ишлаб чиқиш, шу жумладан комплекс намойиш этиш муддатлари. 3. Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш учун қўлланиши лозим бўлган имтиёз ва преференциялар ҳақидаги маълумот: 3.1. Тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари. 3.2. Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш давомида истисно этиш сўралаётган қонуности ҳужжатларининг аниқ нормалари ҳамда уларни истисно этиш заруриятини асослантириш. 4. Тажриба-синов лойиҳасининг концепцияси ва шакли ҳақидаги маълумотлар: 4.1. Тажриба-синов лойиҳаси бўйича барқарор токенлар айланмаси соҳасида ўтказилиши режалаштирилаётган экспериментлар, шу жумладан, операциялар турлари ва уларни амалга ошириш шакллари. 4.2. 4.1-бандда кўрсатилган ҳар бир экспериментни амалга оширилишини баҳолаш ва мониторинг қилиш кўрсаткичлари. 4.3. Тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишда қўлланиладиган чекловлар: амалга ошириш муддати (лойиҳанинг бошланиш ва тугатиш санаси); мижозлар сони ва тури (масалан, жисмоний ёки юридик шахслар); барқарор токенлар билан операцияларни амалга оширишда, уларни сақлашдаги лимитлар ва транзакцияларнинг меъёрий кўрсаткичлари, шунингдек бошқа миқдорий чекловлар; кўрилиши мумкин бўлган максимал йўқотиш ва зарарлар. 4.4. Тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишда юзага келадиган хавфлар, шу жумладан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш, шунингдек, ахборот хавфсизлиги хавфлари, технологик хавфлар ва муваффақиятсизликларни бошқариш учун жорий этиладиган назорат механизмлари. 4.5. Мижозлар билан низоли ҳолатларни ҳал этиш ва уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя этилишининг кафолатлари. 4.6. Тажриба-синов лойиҳасини тугатиш режаси. Бунда, тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишда қатнашаётган мижозларни лойиҳадан чиқариш, маблағларини қайтариш ва харажатларини тўлаш бўйича чоралар кўрсатилиши лозим. 2-боб. Декларациялаш 5. Юридик шахснинг раҳбарияти (директор, бошқарув раиси ва ўринбосарлари), таъсисчилари, акциядорлари ва охирги бенефициар мулкдорлари: ҳар қандай жиноят учун терговда қатнашган, айбланаётган, судланган ёхуд жиноий таъқиб остида бўлганми?; охирги 5 йил ичида лицензиялаш ёки қонунчилик ҳужжатларининг бошқа талабларини бузганлиги учун маъмурий ёки бошқа жавобгарликка (молиявий санкциялар, лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишни тўхтатиш, тугатиш ёки бекор қилиш билан боғлиқ) тортилганми? ☐ Ҳа ☐ Йўқ 5.1. Юридик шахс охирги 5 йил ичида шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар юзасидан судда даъво ёки бошқа ишларда иштирок этган ёки бугунги кунда иштирок этмоқдами? ☐ Ҳа ☐ Йўқ 5.2. Юридик шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилган ёки бугунги кунда қўлланилмоқдами? ☐ Ҳа ☐ Йўқ 5.3. Тажриба-синов лойиҳалари аризачи томонидан илгари тақдим этилганми? ☐ Ҳа ☐ Йўқ 5.4. Юридик шахс томонидан бугунги кунда ҳар қандай имтиёз ва преференциялардан фойдаланилмоқдами? ☐ Ҳа ☐ Йўқ Юқорида кўрсатиб ўтилган саволларга ижобий жавоб берилган тақдирда, қуйида батафсил маълумотлар кўрсатилиши лозим . ☐ Мазкур анкета ва унга илова қилинаётган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилигини ҳамда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар берилмаганлигини тасдиқлайман. ☐ Аризам қаноатлантирилганидан кейин тақдим этган ҳужжатларимда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланган тақдирда, махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум этилишим мумкинлигини тушунаман. Юридик шахс раҳбарининг фамилияси, исми ва отасининг исми Боғланиш телефон рақами Электрон почта манзили Юридик шахс раҳбарининг имзоси Сана Юридик шахс томонидан ариза ва ҳужжатларни тақдим этишга ваколат берилган шахс (агар юқоридагидан фарқ қилса) Лавозими Боғланиш телефон рақами Электрон почта манзили
Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Юридик шахс (аризачи)нинг раҳбарияти (раҳбар ва ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақидаги
1-жадвал Юридик шахснинг раҳбарияти (раҳбар ва ўринбосарлари) Лавозим Фамилияси, исми ва отасининг исми Фуқаролик ЖШШИР (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат Ҳужжат тури Серия ва рақами Берилган вақти ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8
2-жадвал Юридик шахснинг таъсисчилари Фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи Улуш ҳажми Фуқаролик (жисмоний шахслар учун) ёки давлат рўйхатидан ўтказилган жой (юридик шахслар учун) ЖШШИР (жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) , ёки СТИР (юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки давлат рўйхатидан ўтказиш Ҳужжат тури Серия ва рақами Берилган вақти ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Д. ЛИ
Марказий банк раиси Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 1 апрель,
Тошкент ш.,
2026 йил 31 март,
09-сон
6/11-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining
Qarori
NIZOM
SXEMASI
MAʼLUMOT
Barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 27-noyabrdagi PQ-359-son “Oʻzbekistonda moliyaviy texnologiyalar sohasini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi va Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligining 2026-yil 1-apreldagi 9-son va Markaziy banki boshqaruvining 2026-yil 31-martdagi 6/11-son qaroriga ILOVA
Barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi
Ushbu Nizom barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimini (bundan buyon matnda maxsus rejim deb yuritiladi) taqdim etish, maxsus rejim ishtirokchilarini roʻyxatga olish va ularning faoliyati ustidan monitoringni amalga oshirish, maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish, shuningdek maxsus rejim ishtirokchilari reyestrini yuritish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
arizachi — maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun ariza bilan murojaat qiluvchi yuridik shaxs;
maxsus rejim — barqaror tokenlar aylanmasi sohasida texnologiyalarni joriy etuvchi va (yoki) maʼlumotlarning taqsimlangan reyestri texnologiyasi asosida toʻlov tizimlarini yaratuvchi va tajriba-sinov loyihalarini amalga oshiruvchi yuridik shaxslarga alohida tashkiliy-huquqiy shart-sharoitlar yaratish;
tajriba-sinov loyihasi — maʼlumotlarning taqsimlangan reyestri texnologiyasi asosida tajriba-sinov tariqasida toʻlov tizimini yaratish va (yoki) barqaror tokenlarni chiqarish, shuningdek ulardan toʻlov vositasi sifatida foydalanish va toʻlovni amalga oshirishni nazarda tutuvchi loyiha;
maxsus rejim ishtirokchisi — maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtgan va tajriba-sinov loyihasini amalga oshiruvchi yuridik shaxs;
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi;
maxsus rejim ishtirokchilarining reyestri (bundan buyon matnda reyestr deb yuritiladi) — roʻyxatga olingan maxsus rejim ishtirokchilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettiriladigan hamma uchun ochiq boʻlgan axborot resursi;
mijozlar — tajriba-sinov loyihalari doirasida maxsus rejim ishtirokchisi bilan shartnomaviy munosabatlarni oʻrnatayotgan jismoniy va (yoki) yuridik shaxslar, shu jumladan chet ellik jismoniy va (yoki) yuridik shaxslar;
barqaror token — qiymati milliy yoki xorijiy valyutaning nominal qiymatiga teng boʻlgan taʼminlangan tokenning turi;
emitentning ekotizimi — barqaror tokenlarni chiqarish, saqlash, taqsimlash, muomalaga kiritish va ular bilan boshqa operatsiyalarni amalga oshirish uchun moʻljallangan emitentning axborot tizimi, platformasi va (yoki) texnik hamda dasturiy vositalari majmui;
barqaror tokenni chiqarish — barqaror tokenning paydo boʻlishiga qaratilgan tashkiliy-texnik tadbirlar;
barqaror token chiqarishni roʻyxatdan oʻtkazish — chiqarilgan barqaror tokenlarni muomalaga kiritishga ruxsat berish uchun ushbu Nizom talablariga muvofiq tekshirish va barqaror tokenlarning elektron reyestriga kiritish;
barqaror tokenning dastlabki taklifini joylashtirish — emitentning ekotizimida yoki kripto-aktivlar aylanmasi sohasidagi milliy yoki xorijiy xizmatlar provayderlarining elektron platformalarida barqaror tokenlarni muomalaga kiritish;
“ White Paper ” deklaratsiyasi — emitent toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni hamda barqaror tokenlarni chiqarish, saqlash, dastlabki taklifini joylashtirish, tarqatish va ulardan foydalanishga oid boshqa maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjat;
emitent — Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti boʻlgan, barqaror tokenlarni chiqaruvchi hamda ular yuzasidan “White Paper” deklaratsiyasida va (yoki) shartnomada belgilangan majburiyatlarni ularning egalari oldida oʻz zimmasiga oluvchi yuridik shaxs;
kripto-depozitariy — kripto-aktivlarni chiqarish, ularni dastlabki joylashtirish va saqlash yuzasidan xizmatlar koʻrsatish boʻyicha elektron platforma va (yoki) texnik va dasturiy vositalar majmuini taqdim etuvchi tashkilot;
barqaror tokenlarning reyestri — vakolatli organning Oʻzbekiston Respublikasi hududida chiqarilgan va kripto-depozitariy tomonidan barqaror tokenlar chiqarilishini hisobga oluvchi axborot resursi;
asoslantirilgan mulohaza — qonunchilikda belgilangan talablarga qoʻshimcha ravishda vakolatli organ tomonidan qoʻllaniladigan, koʻrib chiqilayotgan masalaning haqiqiy mazmuni rasmiy mazmunidan ustuvorligini nazarda tutuvchi professional baholash. Asoslantirilgan mulohaza vakolatli organ xizmatlar provayderlari faoliyati ustidan nazoratni amalga oshirish doirasida olingan axborotga, jismoniy va yuridik shaxslardan, xalqaro tashkilotlardan, davlat organlaridan, shu jumladan chet el nazorat organlari hamda tashkilotlaridan, boshqa ochiq manbalardan olingan va asoslantirilgan mulohazani shakllantirish uchun muhim boʻlgan boshqa axborotga asoslanadi;
oxirgi benefitsiar mulkdor — arizachini bevosita yoki bilvosita taʼsis etuvchi yoxud uning ustav jamgʻarmasidagi (kapitalidagi) ulushlariga (aksiyalariga) bevosita yoki bilvosita egalik qiluvchi yoxud ushbu shaxsga bevosita yoki bilvosita egalik qiladigan yoxud uni nazorat qiladigan jismoniy shaxs.
2. Maxsus rejimning asosiy maqsadlari quyidagilardan iborat:
maʼlumotlarning taqsimlangan reyestri texnologiyasi asosida toʻlov tizimlarini yaratish va (yoki) barqaror tokenlarni chiqarish hamda ular bilan operatsiyalarni amalga oshirish, shuningdek ulardan toʻlov vositasi sifatida foydalanish uchun qulay shart-sharoitlar taqdim etish;
investitsiyalarni jalb qilish va bozorda raqobatni oshirish;
maʼlumotlarning taqsimlangan reyestri texnologiyalaridan foydalangan holda amalga oshiriladigan innovatsion toʻlov yechimlarini joriy etishga koʻmaklashish;
isteʼmolchilar va investorlarning huquqlari hamda manfaatlarini himoya qilish;
tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirishning muvaffaqiyatli natijalari yakunlari boʻyicha qonunchilikni takomillashtirish.
Bunda maxsus rejim doirasida tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirish Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) pul-kredit siyosati maqsadlari va vositalariga zid kelmasligi, shuningdek moliyaviy va narx barqarorligiga tahdid yaratmasligi lozim.
3. Maxsus rejim doirasida quyidagi tajriba-sinov loyihalari amalga oshirilishi mumkin:
milliy va (yoki) xorijiy valyuta, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasining davlat qimmatli qogʻozlari bilan taʼminlangan barqaror tokenlarni chiqarish;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida barqaror tokenlardan toʻlov vositasi sifatida foydalanish;
xalqaro oʻtkazmalarni (hisob-kitoblarni) amalga oshirish maqsadida barqaror tokenlardan foydalanish;
maʼlumotlarning taqsimlangan reyestri texnologiyasi asosida faoliyat yurituvchi toʻlov tizimlarini yaratish.
Maxsus rejim doirasida maʼlumotlarning taqsimlangan reyestri texnologiyasi asosida yoki ushbu texnologiyalardan foydalanishda boshqa innovatsion yondashuv qoʻllaniladigan tajriba-sinov loyihalari ham amalga oshirilishi mumkin.
4. Maxsus rejim ishtirokchilarini roʻyxatga olish ushbu Nizomning 1-ilovasidagi sxemaga muvofiq vakolatli organ tomonidan amalga oshiriladi.
5. Maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun taqdim etilgan arizalarni qabul qilish va koʻrib chiqish, shuningdek tajriba-sinov loyihalari ustidan monitoringni amalga oshirish boʻyicha vakolatli organning ishchi organi funksiyalari Kripto-aktivlar aylanmasi sohasini rivojlantirish departamentining Kripto-aktivlar aylanmasi sohasini rivojlantirish boshqarmasi (bundan buyon matnda ishchi organ deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.
6. Ishchi organ:
arizachining maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi arizalarini qabul qiladi, roʻyxatdan oʻtkazadi va koʻrib chiqadi;
tajriba-sinov loyihalari boʻyicha taqdim etilgan arizalar, hujjatlar va maʼlumotlarni vakolatli organning boshqa tarkibiy boʻlinmalari bilan birgalikda oʻrganadi;
tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirishda istisno qilinayotgan qonunosti hujjatlarining tegishli normalari roʻyxatini shakllantiradi;
maxsus rejim ishtirokchilari tomonidan amalga oshiriladigan tajriba-sinov loyihalari doirasida tuziladigan xizmat koʻrsatish boʻyicha shartnomalar (ofertalar, bitimlar)ning maksimal qiymati va mijozlarning cheklangan sonini kelishib beradi;
arizachilar tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish natijasi boʻyicha maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish yoki roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish haqidagi xulosani vakolatli organning rahbari (oʻrinbosari)ga kiritadi;
tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirish muddatini uzaytirish toʻgʻrisidagi arizalarni qabul qiladi va koʻrib chiqadi;
reyestr va barqaror tokenlarning reyestrini yuritadi;
maxsus rejim ishtirokchilarini tashkiliy-huquqiy va konsultativ jihatdan qoʻllab-quvvatlaydi;
tajriba-sinov loyihalari amalga oshirilishini monitoring qiladi, samaradorligini baholaydi hamda ularni amalga oshirishda yuzaga keladigan munosabatlarni tartibga solish yuzasidan normativ-huquqiy hujjatlar qabul qilish boʻyicha takliflarni vakolatli organ rahbari (oʻrinbosari)ga kiritadi;
vakolatli organ rahbariga (oʻrinbosariga) maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish va tajriba-sinov loyihalarini tugatish haqidagi takliflarni kiritadi.
7. Maxsus rejim doirasida moliyaviy tizim barqarorligi va toʻlov tizimlari ishlashining barqarorligini taʼminlash masalalariga doir hujjatlar va maʼlumotlar Markaziy bankka kelishish uchun yuboriladi.
8. Quyidagilar Markaziy bank bilan majburiy tartibda kelishilishi lozim:
Markaziy bank tomonidan tartibga solinadigan sohalarda tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishda istisno qilinayotgan qonunosti hujjatlarining tegishli normalari;
axborot tizimlarining kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan xulosa;
milliy valyutada nominallangan barqaror tokenlarni chiqarishning cheklangan hajmi;
tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish natijalari ijobiy baholanganda tegishli normativ-huquqiy hujjatlarni qabul qilish zarurligi toʻgʻrisidagi xulosa.
9. Markaziy bankka maxsus rejim doirasida kelishish uchun taqdim etilgan hujjatlar Markaziy bankning Moliyaviy texnologiyalarni rivojlantirish departamenti tomonidan Toʻlov tizimlari departamenti bilan birgalikda koʻrib chiqiladi.
Arizachini maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olish toʻgʻrisida qaror qabul qilishga ushbu Nizomning 8-bandida nazarda tutilgan masalalar boʻyicha Markaziy bankning ijobiy xulosasi mavjud boʻlgan taqdirda yoʻl qoʻyiladi.
2-bob. Maxsus rejim ishtirokchilarini roʻyxatga olish talablari va shartlari
10. Maxsus rejim doirasida Oʻzbekiston Respublikasi hududida quyidagilarni chiqarishni nazarda tutuvchi loyihalarni amalga oshirish taqiqlanadi:
algoritmik barqaror tokenlarni;
anonimlik xususiyatiga ega barqaror tokenlarni;
kripto-aktivlar bilan taʼminlangan barqaror tokenlarni.
11. Barqaror tokenlarni chiqarish uchun taʼminot sifatida faqat quyidagilardan foydalanilishi mumkin:
Markaziy bankdagi alohida hisobvaraqda zaxiraga qoʻyilgan milliy va (yoki) xorijiy valyutadagi pul mablagʻlari;
emitentga tegishli boʻlgan, Markaziy depozitariy tomonidan Markaziy bank foydasiga bloklangan davlat qimmatli qogʻozlari. Bunda emitent ular boʻyicha daromadlarni olish huquqini saqlab qoladi.
Ushbu bandning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan pul mablagʻlarini zaxiraga qoʻyish uchun hisobvaraq ochish tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.
Ushbu bandning uchinchi xatboshisida koʻrsatilgan davlat qimmatli qogʻozlarini kiritish uchun depo hisobvaraqlarini ochish, ushbu qimmatli qogʻozlarni bloklash, shuningdek, ularni blokdan chiqarish Depozitar operatsiyalar hisobini yuritish qoidalariga (roʻyxat raqami 3628, 2025-yil 16-iyun) muvofiq taʼminotga (garovga) qoʻyilgan qimmatli qogʻozlar uchun nazarda tutilgan tartibda amalga oshiriladi.
Barqaror tokenlarga taʼminotni shakllantirish uchun kredit yoki garovga olingan mablagʻlar (aktivlar) yoxud boshqa jalb qilingan mablagʻlardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
12. Alohida hisobvaraqdagi mablagʻlar qoldigʻi, shuningdek Markaziy bank foydasiga bloklangan davlat qimmatli qogʻozlarining nominal qiymati muomalada boʻlgan tokenlarning umumiy nominal qiymatidan kam boʻlmasligi lozim.
Taʼminotdagi mablagʻlar faqat barqaror tokenlarni soʻndirish uchun ishlatilishi va ulardan emitentning boshqa majburiyatlari boʻyicha foydalanilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Markaziy bank vakolatli organ bilan kelishilgan holda likvidlilikka yoki moliyaviy barqarorlikka tahdid yuzaga kelgan taqdirda operatsiyalar hajmini va mijozlar sonini cheklash boʻyicha koʻrsatmalar berish huquqiga ega.
Barqaror tokenlar taʼminoti ustidan nazoratni amalga oshirish tartibi, uning yetarliligini tasdiqlash davriyligi va hisobot shakli Markaziy bank tomonidan vakolatli organ bilan kelishilgan holda belgilanadi.
13. Quyidagilar maxsus rejim ishtirokchilarining rahbariyati (rahbari va oʻrinbosarlari) va oxirgi benefitsiar mulkdorlari boʻlishi mumkin emas:
terroristik faoliyatda yoki ommaviy qirgʻin qurollarini tarqatishda ishtirok etgan yoxud ishtirok etishda gumon qilinayotgan shaxslar;
iqtisodiy jinoyatlarni, shuningdek jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizm va ommaviy qirgʻin qurollarini tarqatish, shuningdek ularni moliyalashtirish, uyushgan jinoyatchilik, giyohvand moddalarning noqonuniy savdosi, korrupsiya va axborot texnologiyalari bilan bogʻliq jinoyatlarni sodir etganlik uchun olib tashlanmagan yoki tugallanmagan sudlanganlik holati mavjud boʻlgan, shuningdek sodir etishda gumon qilinayotgan shaxslar;
imtiyozli soliq rejimini taqdim etuvchi va (yoki) benefitsiar mulkdorning shaxsini oshkor etishni hamda moliyaviy operatsiyalarni oʻtkazishda axborot taqdim etishni nazarda tutmaydigan davlat va hududning rezidenti boʻlgan, shunday davlat va hududda yashaydigan yoki roʻyxatdan oʻtgan shaxslar;
jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish sohasida xalqaro hamkorlikda ishtirok etmaydigan davlatlar hududida doimiy yashayotgan, turgan yoki roʻyxatga olingan shaxslar.
14. Maxsus rejim ishtirokchilari tajriba-sinov loyihalarini kripto-aktivlar aylanmasi sohasida litsenziya yoki ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlarni olmasdan amalga oshiradilar.
Maʼlumotlarning taqsimlangan reyestri texnologiyasi asosida toʻlov tizimlarini yaratish boʻyicha loyihalarni amalga oshirishda arizachi toʻlov tizimi operatori litsenziyasiga ega boʻlishi lozim.
15. Emitentning ekotizimi axborot va kiberxavfsizlikning tegishli darajasini taʼminlashi, faoliyat barqarorligi, axborotni himoya qilish va barqaror tokenlarni chiqarish, saqlash, taqsimlash, muomalaga kiritish va ular bilan boshqa operatsiyalarni amalga oshirishning uzluksizligini taʼminlashi lozim.
16. Maxsus rejim ishtirokchisi:
a) axborot va kiberxavfsizlikni taʼminlash uchun masʼul mansabdor shaxsni tayinlashi;
b) axborot xavfsizligi, kirishga ruxsatlarni boshqarish, hodisalarga javob berish va faoliyat uzluksizligini taʼminlash masalalarini tartibga soluvchi, shu jumladan, quyidagi usullarni oʻz ichiga olgan ichki hujjatlarni tasdiqlashi:
ishlab chiqish, test sinovidan oʻtkazish va sanoat ekspluatatsiyasi vositalarining mantiqiy va (yoki) jismoniy ajratilishini taʼminlash;
muhim (kritik) qismlarda yagona nosozlik nuqtasi mavjudligini istisno qilish;
muhim ahamiyatga ega maʼlumotlarning zaxira nusxalarini yaratishni va faoliyatni tiklash imkoniyatini taʼminlash;
tashqi interfeyslar va amaliy dasturlash interfeyslarini (API) himoya qilish;
kriptografik kalitlarni generatsiya qilish, saqlash va ulardan foydalanishning himoyalangan mexanizmlarini qoʻllash hamda shaxsiy (maxfiy) kriptografik kalitlarning ochiq holda saqlanishiga yoʻl qoʻymaslik;
emitent ekotizimining muhim qismlariga kirishda koʻp omilli autentifikatsiyadan foydalanish;
v) emitent ekotizimining muhim qismlarini ishlab chiqish, ulardan foydalanish va boshqarish funksiyalarning taqsimlanishini taʼminlashi;
g) mijozlarni majburiy tartibda xabardor qilish va ularning tajriba-sinov loyihasi doirasida ishtirok etishi toʻgʻrisidagi yozma roziliklarini olishi lozim.
17. Maxsus rejim ishtirokchisi barqaror tokenlarni chiqarish, ularning aylanmasi yoki taʼminotiga taʼsir qiluvchi yoxud taʼsir qilishi mumkin boʻlgan hodisa (insident) aniqlangan paytdan eʼtiboran darhol, biroq 3 soatdan kechiktirmay vakolatli organ va Markaziy bankni xabardor qilishi lozim.
18. Tajriba-sinov loyihalarini maxsus rejim doirasida amalga oshirish muddati uch yildan oshmasligi lozim.
Belgilangan muddat oʻtgach vakolatli organ Markaziy bank bilan kelishgan holda tajriba-sinov loyihalarini maxsus rejim doirasidan chiqarish maqsadida amaldagi qonunchilik hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida (tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirish natijalari ijobiy baholangan taqdirda) tegishli munosabatlarni tartibga solish yoki tegishli asoslarni koʻrsatgan holda tajriba-sinov loyihasini tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
3-bob. Arizani taqdim etish va koʻrib chiqish
19. Arizachilar tomonidan taqdim etilgan ariza va hujjatlarni koʻrib chiqish hamda maxsus rejim ishtirokchisini roʻyxatdan oʻtkazish uchun yigʻim undirilmaydi.
20. Maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun arizachi mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza hamda quyidagi maʼlumotlar va hujjatlarni vakolatli organga taqdim etadi:
mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq shakldagi anketa;
arizachining hamkori sifatida ishtirok etuvchi kripto-depozitariy bilan imzolangan shartnomaning nusxasi. Bunda kripto-depozitariy arizachi sifatida ishtirok etgan taqdirda, mazkur shartnomani taqdim etish talab etilmaydi;
tajriba-sinov loyihasi doirasida xizmat koʻrsatish boʻyicha tuziladigan shartnomalar (ofertalar, bitimlar) qiymati va mijozlarning soni;
chiqarilishi rejalashtirilayotgan barqaror tokenlarni toʻliq taʼminlash uchun mablagʻlar mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlar (maʼlumotlar);
“White paper” deklaratsiyasi;
arizachining nizomi va boshqa taʼsis hujjatlari;
arizachining rahbariyati va taʼsischilari chet el fuqarolari boʻlganda, mazkur Nizomning 13-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan jinoyatlar boʻyicha belgilangan tartibda legallashtirilgan yoki apostil qoʻyilgan tegishli xorijiy mamlakatning vakolatli organidan olingan sudlanmaganligi haqidagi maʼlumotnoma hamda uning Oʻzbekiston Respublikasi davlat tiliga notarial tartibda tasdiqlangan tarjimasi;
arizachining rahbariyati (rahbar, uning oʻrinbosarlari) va taʼsischi haqidagi mazkur Nizomning 4-ilovasida keltirilgan maʼlumotlar. Bunda, taʼsischilar haqidagi maʼlumotlar oxirgi benefitsiar mulkdorgacha koʻrsatiladi.
Arizachining rahbariyati (rahbari va oʻrinbosarlari) hamda oxirgi benefitsiar mulkdorlari Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlganda, vakolatli organ mazkur Nizomning 13-bandi ikkinchi — beshinchi xatboshilarida nazarda tutilgan holatlarni mustaqil tarzda, shu jumladan “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali tekshiradi.
21. Mazkur Nizomning 20-bandida nazarda tutilgan hujjatlar arizachining rahbari tomonidan tasdiqlanishi (imzolanishi) kerak.
Elektron shaklda taqdim etilayotgan maʼlumotlar yuqori sifatda va “PDF”, “PNG” yoki “JPEG” formatlarda boʻlishi lozim.
22. Ariza va hujjatlar vakolatli organga qogʻoz shaklida yoki vakolatli organning elektron pochtasi manziliga elektron shaklda yuboriladi.
23. Vakolatli organ ariza kelib tushgan kundan boshlab qirq ish kuni ichida arizachini maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish yoki roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish haqida qaror qabul qiladi.
Ariza va taqdim etilgan hujjatlarni tegishli mutaxassislarni jalb qilgan holda qoʻshimcha ravishda tekshirish talab qilingan taqdirda, ishchi organning taklifiga koʻra arizani koʻrib chiqish muddati vakolatli organ rahbari (oʻrinbosari) tomonidan oʻn ish kunigacha uzaytirilishi mumkin. Bu haqda arizachi shu kunning oʻzida xabardor qilinadi.
24. Ishchi organ arizani koʻrib chiqish jarayonida tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish uchun qonunosti hujjatlarining tegishli normalarini istisno qilish talab etilishi yoki talab etilmasligini aniqlaydi.
Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish uchun qonunosti hujjatlarining tegishli normalarini istisno qilish talab qilinganda, ishchi organ tegishli vakolatli organlar bilan maslahatlashuvlar oʻtkazadi hamda xulosada tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishda istisno qilinadigan qonunosti hujjatlarining tegishli normalarini koʻrsatadi.
25. Mazkur Nizomning 8-bandida keltirilgan hujjat va maʼlumotlarni kelishish Markaziy bank tomonidan ular kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻn besh ish kunidan oshmaydigan muddatda amalga oshiriladi.
Qoʻshimcha oʻrganish, tekshirish va (yoki) qoʻshimcha materiallarni soʻrab olish talab etilgan hollarda, ushbu muddat Markaziy bank rahbariyati tomonidan bir oydan koʻp boʻlmagan muddatga uzaytirilishi mumkin. Markaziy bank kelishish muddati uzaytirilganligi haqida vakolatli organni, shuningdek arizachini bir kun ichida yozma ravishda xabardor qilishi lozim.
Bunda Markaziy bank tomonidan mazkur Nizomning 8-bandida koʻrsatilgan hujjatlar va maʼlumotlarni kelishish davri mobaynida ishchi organ tomonidan arizalarni koʻrib chiqish muddati toʻxtatib turiladi.
26. Ishchi organ ariza va taqdim etilgan hujjatlarni oʻttiz ish kuni ichida koʻrib chiqadi hamda koʻrib chiqish natijasi boʻyicha xulosani vakolatli organning rahbari (oʻrinbosari)ga taqdim etadi.
Bunda hujjatlarni Markaziy bank bilan kelishish muddati alohida hisobga olinadi.
27. Ishchi organ tomonidan xulosa kiritilgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida vakolatli organning rahbari (oʻrinbosari) tomonidan arizachini maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish yoki roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish haqida qaror qabul qilinadi.
28. Arizachini maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish quyidagi holatlarda rad etiladi:
arizachi mazkur Nizomning 10 — 16-bandlarida koʻrsatilgan talablarga muvofiq boʻlmaganda;
taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlganda;
vakolatli organning asoslantirilgan mulohazasi (xulosasi) asosida.
29. Maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish rad etilgan taqdirda, bu haqda arizachiga ishchi organ tomonidan rad etish asoslari koʻrsatilgan holda bir ish kuni ichida xabarnoma yuboriladi.
Arizachini maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish rad etilgan taqdirda, rad etish asoslarini bartaraf etgan holda ushbu Nizomning 3-bobida nazarda tutilgan tartibda ariza topshirishi mumkin. Bunda vakolatli organ arizani umumiy asoslarda koʻrib chiqadi.
30. Maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, ishchi organ bir ish kuni ichida tegishli maʼlumotlarni reyestrga kiritadi va bu haqda arizachiga xabarnoma yuboradi.
Bunda, roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi qarorda maxsus rejim doirasida tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish uchun qoʻyiladigan talablar va shartlar belgilanadi.
Ishchi organ roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida arizachini mazkur qaror bilan yozma ravishda tanishtiradi hamda tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish talablari va shartlariga rioya qilinmagan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilinishi toʻgʻrisida ogohlantiradi.
4-bob. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish, reyestrga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish
31. Maxsus rejim ishtirokchisiga tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish uchun dastlabki oʻn ikki oy muddat beriladi.
32. Maxsus rejim ishtirokchisi tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish istagi boʻlgan taqdirda, bu haqida ariza bilan mazkur muddat tugashidan oʻttiz kun oldin vakolatli organga murojaat qiladi.
33. Ishchi organ arizani u kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqadi va tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi xulosani vakolatli organning rahbari (oʻrinbosari)ga kiritadi.
Ishchi organ tomonidan xulosa kiritilgan kundan boshlab besh ish kuni ichida vakolatli organ rahbari (oʻrinbosari) tomonidan tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish yoki uzaytirishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi hamda bu haqda maxsus rejim ishtirokchisiga bir ish kuni ichida xabarnoma yuboriladi.
34. Vakolatli organ quyidagi holatlarda tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirishni rad etishi mumkin:
tajriba-sinov loyihasini amaliyotga joriy etish uchun qonunchilik hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida qaror qabul qilish uchun yetarli maʼlumotlar olinganda;
maqsadli koʻrsatkichlarga erishilmaganda.
Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish rad etilgan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi oʻn kun ichida loyihani amalga oshirishni tugatishi lozim.
35. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, uning muddati oʻn ikki oygacha muddatga uzaytirilishi mumkin. Bunda, tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddati mazkur Nizomning 18-bandida koʻrsatilgan muddatdan oshmasligi lozim.
36. Maxsus rejim ishtirokchisi, uning nomi yoki joylashgan yeri (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi yoxud uning huquqiy vorisi qayta davlat roʻyxatidan oʻtkazilganidan keyin besh ish kuni ichida vakolatli organga reyestrga oʻzgartirishni kiritish uchun tegishli oʻzgartirishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda ariza berishi shart.
Vakolatli organ arizani qabul qilganidan soʻng ikki ish kuni ichida reyestrga tegishli oʻzgartirishlarni kiritadi.
5-bob. Tajriba-sinov loyihalarini monitoring qilish va maxsus rejim ishtirokchisini maqomidan mahrum qilish
37. Ishchi organ tajriba-sinov loyihalari amalga oshirilishi ustidan doimiy monitoring, shu jumladan, axborot va kiberxavfsizlik talablariga rioya etilishi, emitent ekotizimi faoliyatining barqarorligi va firibgarlikka qarshi kurashish choralarini baholashni amalga oshiradi.
38. Maxsus rejim ishtirokchilari har oyda oʻz faoliyati hamda ularga berilgan imtiyoz va preferensiyalardan foydalanilishi boʻyicha vakolatli organ tomonidan tasdiqlangan shakldagi hisobotlarni, shuningdek Markaziy bankdagi alohida hisobvaraqda saqlanayotgan taʼminot mablagʻlarining hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni keyingi oyning beshinchi sanasiga qadar vakolatli organga taqdim etadi.
39. Maxsus rejim ishtirokchilarining hisobotlari vakolatli organ tomonidan Markaziy bankka taqdim etilishi mumkin.
40. Maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish va tajriba-sinov loyihasini tugatish uchun quyidagilar asos hisoblanadi:
tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish uchun belgilangan muddatning tugashi;
maxsus rejim ishtirokchisining maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan voz kechish toʻgʻrisidagi arizasi;
mamlakatning pul-kredit siyosati yoki moliyaviy barqarorligiga tahdid yaratuvchi asoslantirilgan holatlarning aniqlanishi;
maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish uchun taqdim etilgan hujjatlar va (yoki) tajriba-sinov loyihalari boʻyicha berilgan hisobotlarda yolgʻon maʼlumotlar berilganligi;
tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish talablari va shartlarining buzilishi;
tajriba-sinov loyihalari boʻyicha hisobotlar mazkur Nizomning 38-bandida belgilangan muddatda taqdim etilmaganligi;
tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishda uchinchi shaxslar bilan tuzilgan shartnomalar boʻyicha majburiyatlarning bajarilmaganligi;
sud qaroriga asosan maxsus rejim ishtirokchisining toʻlovga qobiliyatsiz deb eʼtirof etilishi;
vakolatli organning asoslantirilgan mulohazasi;
maxsus rejim ishtirokchisi (rahbarlari va xodimlari) tomonidan qonunchilik talablariga mos kelmaydigan yoki ular tomonidan toʻgʻridan-toʻgʻri taqiqlangan operatsiyalarni amalga oshirilishi fakti aniqlanishi.
41. Mazkur Nizomning 40-bandida koʻrsatilgan holatlar aniqlangan kundan boshlab uch ish kuni ichida vakolatli organ tomonidan maxsus rejim ishtirokchisini maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish hamda amalga oshirilayotgan tajriba-sinov loyihasini tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.
42. Ishchi organ maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan boshlab bir ish kuni ichida reyestrga tegishli maʼlumotlarni kiritadi hamda bu haqda tegishli yuridik shaxsni xabardor qiladi.
6-bob. Maxsus rejim ishtirokchilarining reyestrini yuritish
43. Reyestr ishchi organ tomonidan yuritiladi va unda quyidagilar koʻrsatiladi:
maxsus rejim ishtirokchisining nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, joylashgan yeri (pochta manzili), elektron pochta manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), telefon raqami;
maxsus rejim ishtirokchisining roʻyxatdan oʻtkazish raqami va sanasi;
maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish sanasi va asoslari;
tajriba-sinov loyihalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va ularni amalga oshirish muddati;
tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirish muddatini uzaytirish, reyestrga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish asoslari va sanasi.
44. Reyestrda mavjud boʻlgan maʼlumotlar vakolatli organning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi va tanishib chiqish uchun ochiq hisoblanadi.
7-bob. Yakuniy qoidalar
45. Maxsus rejim ishtirokchisi maxsus rejim doirasida vakolatli organ tomonidan qabul qilingan qarorlar ustidan sudga shikoyat qilish huquqiga ega.
46. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar boʻladilar.
Barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Maxsus rejim ishtirokchilarini roʻyxatga olish
Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Arizachi 1. Barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimi ishtirokchi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish uchun ariza va hujjatlarni tayyorlaydi. 2. Ariza va tegishli hujjatlarni Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligiga (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) taqdim etadi. oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Agentlik Ariza va tegishli hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda arizachini maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish yoki roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 40 ish kuni, uzaytirilgan taqdirda qoʻshimcha 10 ish kuni Agentlik 1. Ishchi organ ariza va tegishli hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda arizachini maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish yoki roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisida xulosa tayyorlaydi. 2. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga majburiy tartibda kelishilishi lozim boʻlgan hujjatlar va maʼlumotlarni yuboradi. 30 ish kuni, uzaytirilgan taqdirda qoʻshimcha 10 ish kuni Markaziy bank Taqdim etilgan hujjat va maʼlumotlarni koʻrib chiqadi va kelishadi 15 ish kuni, uzaytirilgan taqdirda bir oydan koʻp boʻlmagan muddatda Agentlik Koʻrib chiqish natijasiga koʻra maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish yoki roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi 10 ish kuni 3-bosqich Ishchi organ Maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish rad etilgan taqdirda, bu haqda arizachiga rad etish asoslarini koʻrsatgan holda xabarnoma yuboradi 1 ish kuni 4-bosqich Arizachi Maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtish rad etilgan taqdirda, ushbu Nizomning 3-bobida nazarda tutilgan tartibda arizani topshiradi. oʻz xohishiga koʻra Agentlik Arizani umumiy asoslarda koʻrib chiqadi. Koʻrsatilgan davr mobaynida 5-bosqich Ishchi organ 1. Maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, bir ish kuni ichida tegishli maʼlumotlarni reyestrga kiritadi va arizachiga xabarnoma yuboradi. 1 ish kuni 2. Arizachini maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi qaror bilan tanishtiradi hamda tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish talablari va shartlariga rioya qilinmagan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilinishi toʻgʻrisida ogohlantiradi. 3 ish kuni 6-bosqich Maxsus rejim ishtirokchisi 1. Maxsus rejim talablari va shartlariga rioya qilgan holda tajriba-sinov loyihasini amalga oshiradi. 12 oy 2. Tajriba-sinov loyihasining amalga oshirish muddatini uzaytirish toʻgʻrisidagi ariza bilan Agentlikka murojaat qiladi. muddat tugashidan 30 kun oldin 7-bosqich Agentlik 1. Ishchi organ ariza va tegishli hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi xulosani Agentlik rahbari (oʻrinbosari)ga kiritadi. 10 ish kuni 2. Ishchi organ xulosasi asosida tajriba-sinov loyihasining amalga oshirish muddatini uzaytirish yoki uzaytirishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 5 ish kuni 3. Qabul qilingan qaror toʻgʻrisida maxsus rejim ishtirokchisiga bir ish kuni ichida xabarnoma yuboriladi. 1 ish kuni 8-bosqich Maxsus rejim ishtirokchisi 1. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, loyihani amalga oshirishni davom ettiradi. 12 oy 2. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish muddatini uzaytirish rad etilgan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi loyihani amalga oshirishni tugatadi. 10 kun 9-bosqich Maxsus rejim ishtirokchisi Oʻzgartirilgan, nomi yoki joylashgan yeri (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, Agentlikka koʻrsatib oʻtilgan maʼlumotlarni tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda ariza beradi. 5 ish kuni Agentlik Arizani qabul qilgandan soʻng reyestrga tegishli oʻzgartirishlarni kiritadi. 2 ish kuni 10-bosqich Agentlik Mazkur Nizomda koʻrsatilgan holatlar aniqlangan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 3 ish kuni Ishchi organ Maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish toʻgʻrisida qaror asosida reyestrga tegishli maʼlumotlarni kiritadi hamda bu haqda tegishli yuridik shaxsni xabardor qiladi. 1 ish kuni
Barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
ARIZA
1. Yuridik shaxsning nomi: 2. Joylashgan joyi (pochta manzili): 3. Elektron pochta manzili: 4. Telefon raqami: 5. Soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR) (mavjud boʻlgan taqdirda) : 6. Xizmat koʻrsatuvchi banki: 7. Rahbarining familiyasi, ismi va otasining ismi: 8. Arizani topshirishga vakolatli shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, telefon raqami, elektron pochta manzili: Sizdan ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (murojaat maqsadi: maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish yoki uning muddatini uzaytirish) ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (taklif etilayotgan tajriba-sinov loyihasining qisqacha tasnifi) amalga oshirish uchun ruxsat berishingizni soʻraymiz. Arizaga quyidagilar ilova qilinmoqda: 1. Anketa ___ varaqda. 2. Tajriba-sinov loyiha doirasida xizmat koʻrsatish boʻyicha tuziladigan shartnomalar (ofertalar, bitimlar)ning qiymati va mijozlarning soni, tajriba-sinov loyihasida ishtirok etish uchun mijozlarning yozma roziliklari. 3. Biznes-reja. 4. Nizom va taʼsis hujjatlarining nusxasi. 5. Yuridik shaxsning rahbariyati (rahbari va oʻrinbosarlari) hamda taʼsischisi haqidagi maʼlumotlar. Yuridik shaxs rahbarining imzosi ___________________________ 20___ yil “____” ___________ (F.I.O.) (sana)
Barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
ANKETA
1-bob. Yuridik shaxs (arizachi) va tajriba-sinov loyihasi haqidagi maʼlumotlar Yuridik shaxsning nomi: Joylashgan joyi (pochta manzili): Elektron pochta manzili: Telefon raqami: Rasmiy veb-sayt: Soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR): Davlat roʻyxatidan oʻtgan sanasi va raqami: 1. Yuridik shaxs haqidagi maʼlumotlar: 1.1. Yuridik shaxsning faoliyati, shu jumladan, tashkilot tuzilmasi, faoliyat yoʻnalishi va erishgan yutuqlari haqidagi maʼlumotlar. 1.2. Yuridik shaxsning moliyaviy holati, tajriba-sinov loyihasining qiymati, tajriba-sinov loyihasining moliyalashtirish manbalari, shu jumladan har qanday jalb qilingan va (yoki) qarz mablagʻlari haqidagi maʼlumotlar. 2. Maxsus rejim doirasida tajribadan oʻtkazilishi yoki foydalanilishi rejalashtirilayotgan barqaror tokenlar aylanmasi sohasidagi texnologiya (mahsulot, xizmat) yoki ushbu sohada foydalanishda qoʻllaniladigan innovatsion yondashuv haqidagi maʼlumotlar: 2.1. Taklif etilayotgan texnologiyaning (mahsulotning, xizmatning) batafsil tavsifi, shu jumladan: taklif etilayotgan yangi texnologiyaning (mahsulotning, xizmatning) xos xususiyatlari va ustunliklari; taklif etilayotgan texnologiyaning (mahsulotlar, xizmatlarning) Oʻzbekiston Respublikasida qoʻllanilayotgan texnologiyalardan (mahsulotlar, xizmatlardan) farqi, ushbu texnologiyalar (mahsulotlar, xizmatlar) qaysi davlatlarda qoʻllanilgani va qanday natijalarga erishilgani. 2.2. Taklif etilayotgan texnologiyaning (mahsulotning, xizmatning) foydalanish biznes-modeli va sxemasi. Har bir holat boʻyicha taklif etilayotgan texnologiyadan (mahsulotdan, xizmatdan) foydalanish jarayonini batafsil bayon etish, shu jumladan: mijozlar bilan barqaror tokenlar aylanmasini tashkil etish va hisob-kitoblarni amalga oshirish mexanizmi; barqaror tokenlar taʼminotini, mijozlarning mablagʻlarini saqlash va axborot xavfsizligini taʼminlash choralari. 2.3. Taklif etilayotgan texnologiyani (mahsulotni, xizmatni) batafsil tavsiflovchi texnik tizim va yechimlar hamda undan foydalanishning innovatsion usullari. 2.4. Taklif etilayotgan texnologiyaning (mahsulotning, xizmatning) prototipi tayyorligi, ishlab chiqish, shu jumladan kompleks namoyish etish muddatlari. 3. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish uchun qoʻllanishi lozim boʻlgan imtiyoz va preferensiyalar haqidagi maʼlumot: 3.1. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishga toʻsqinlik qilayotgan normativ-huquqiy hujjatlarning talablari. 3.2. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish davomida istisno etish soʻralayotgan qonunosti hujjatlarining aniq normalari hamda ularni istisno etish zaruriyatini asoslantirish. 4. Tajriba-sinov loyihasining konsepsiyasi va shakli haqidagi maʼlumotlar: 4.1. Tajriba-sinov loyihasi boʻyicha barqaror tokenlar aylanmasi sohasida oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan eksperimentlar, shu jumladan, operatsiyalar turlari va ularni amalga oshirish shakllari. 4.2. 4.1-bandda koʻrsatilgan har bir eksperimentni amalga oshirilishini baholash va monitoring qilish koʻrsatkichlari. 4.3. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishda qoʻllaniladigan cheklovlar: amalga oshirish muddati (loyihaning boshlanish va tugatish sanasi); mijozlar soni va turi (masalan, jismoniy yoki yuridik shaxslar); barqaror tokenlar bilan operatsiyalarni amalga oshirishda, ularni saqlashdagi limitlar va tranzaksiyalarning meʼyoriy koʻrsatkichlari, shuningdek boshqa miqdoriy cheklovlar; koʻrilishi mumkin boʻlgan maksimal yoʻqotish va zararlar. 4.4. Tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishda yuzaga keladigan xavflar, shu jumladan jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirish, shuningdek, axborot xavfsizligi xavflari, texnologik xavflar va muvaffaqiyatsizliklarni boshqarish uchun joriy etiladigan nazorat mexanizmlari. 4.5. Mijozlar bilan nizoli holatlarni hal etish va ularning qonuniy huquqlari va manfaatlariga rioya etilishining kafolatlari. 4.6. Tajriba-sinov loyihasini tugatish rejasi. Bunda, tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishda qatnashayotgan mijozlarni loyihadan chiqarish, mablagʻlarini qaytarish va xarajatlarini toʻlash boʻyicha choralar koʻrsatilishi lozim. 2-bob. Deklaratsiyalash 5. Yuridik shaxsning rahbariyati (direktor, boshqaruv raisi va oʻrinbosarlari), taʼsischilari, aksiyadorlari va oxirgi benefitsiar mulkdorlari: har qanday jinoyat uchun tergovda qatnashgan, ayblanayotgan, sudlangan yoxud jinoiy taʼqib ostida boʻlganmi?; oxirgi 5 yil ichida litsenziyalash yoki qonunchilik hujjatlarining boshqa talablarini buzganligi uchun maʼmuriy yoki boshqa javobgarlikka (moliyaviy sanksiyalar, litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatning amal qilishni toʻxtatish, tugatish yoki bekor qilish bilan bogʻliq) tortilganmi? ☐ Ha ☐ Yoʻq 5.1. Yuridik shaxs oxirgi 5 yil ichida shartnomaviy-huquqiy munosabatlar yuzasidan sudda daʼvo yoki boshqa ishlarda ishtirok etgan yoki bugungi kunda ishtirok etmoqdami? ☐ Ha ☐ Yoʻq 5.2. Yuridik shaxsga nisbatan toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillari qoʻllanilgan yoki bugungi kunda qoʻllanilmoqdami? ☐ Ha ☐ Yoʻq 5.3. Tajriba-sinov loyihalari arizachi tomonidan ilgari taqdim etilganmi? ☐ Ha ☐ Yoʻq 5.4. Yuridik shaxs tomonidan bugungi kunda har qanday imtiyoz va preferensiyalardan foydalanilmoqdami? ☐ Ha ☐ Yoʻq Yuqorida koʻrsatib oʻtilgan savollarga ijobiy javob berilgan taqdirda, quyida batafsil maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim . ☐ Mazkur anketa va unga ilova qilinayotgan hujjatlardagi maʼlumotlarning haqiqiyligi va toʻgʻriligini hamda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar berilmaganligini tasdiqlayman. ☐ Arizam qanoatlantirilganidan keyin taqdim etgan hujjatlarimda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar aniqlangan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum etilishim mumkinligini tushunaman. Yuridik shaxs rahbarining familiyasi, ismi va otasining ismi Bogʻlanish telefon raqami Elektron pochta manzili Yuridik shaxs rahbarining imzosi Sana Yuridik shaxs tomonidan ariza va hujjatlarni taqdim etishga vakolat berilgan shaxs (agar yuqoridagidan farq qilsa) Lavozimi Bogʻlanish telefon raqami Elektron pochta manzili
Barqaror tokenlar aylanmasini tartibga solishning maxsus huquqiy rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
Yuridik shaxs (arizachi)ning rahbariyati (rahbar va oʻrinbosarlari) va taʼsischilari haqidagi
1-jadval Yuridik shaxsning rahbariyati (rahbar va oʻrinbosarlari) Lavozim Familiyasi, ismi va otasining ismi Fuqarolik JSHSHIR (Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat Hujjat turi Seriya va raqami Berilgan vaqti va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8
2-jadval Yuridik shaxsning taʼsischilari Familiyasi, ismi va otasining ismi yoki yuridik shaxsning nomi Ulush hajmi Fuqarolik (jismoniy shaxslar uchun) yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan joy (yuridik shaxslar uchun) JSHSHIR (jismoniy shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) , yoki STIR (yuridik shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazish Hujjat turi Seriya va raqami Berilgan vaqti va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8
Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori D. LI
Markaziy bank raisi T. ISHMETOV
Toshkent sh.,
2026-yil 1-aprel,
Toshkent sh.,
2026-yil 31-mart,
09-son
6/11-son