UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 7-aprel · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 7 апрель · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 апреля 2026 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 April 2026 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

қарори

НИЗОМ

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги ПФ-82-сон «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сон «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор қилади:

1. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор 2026 йилнинг 1 августидан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 2026 йил 7 апрелдаги 2026/2-сон, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026 йил 18 мартдаги 348-сон, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил 11 мартдаги 24-мҳ-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2026 йил 13 мартдаги 03-11-2026-сон қарорига ИЛОВА

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар — жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари (бундан буён матнда ихтисослаштирилган таълим муассасалари деб юритилади) — таълим-тарбия бериш, ўқувчиларни умумий ўрта таълим муассасаларида инклюзив шароитда ўқишга тайёрлаш, коррекцион (тузатувчи) педагогик ёрдам кўрсатиш, касб ўргатиш ва соғломлаштириш муассасалари ;

махсус педагог — эшитишида, кўришида, руҳий ва ақлий ривожланишида ҳамда таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болаларни ўқитиш ва жамиятга мослаштириш билан шуғулланадиган мутахассис;

базавий тариф ставкаси — бир ставка дарс соати учун махсус педагогнинг маълумоти ва малака тоифасига кўра белгиланган базавий ҳақ миқдори;

тариф ставкаси — махсус педагогга бириктирилган дарс соатлари асосида бир ставка учун белгиланган базавий тариф ставкадан келиб чиқиб аниқланадиган миқдор;

синф комплекти — ўқувчиларни белгиланган меъёрлар асосида битта синфга жамлаш;

дарс соатлари сеткаси — умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ихтисослаштирилган таълим муассасалари синфлар сони, синф комплектидаги ўқувчилар сони ва тегишли мутахассислик бўйича махсус педагог мавжудлигини инобатга олган ҳолда барча фанлар бўйича шакллантирилган жами дарс соатлари;

электрон дастур — ихтисослаштирилган таълим муассасалари тўғрисида зарур маълумотлар киритиладиган ва исталган вақтда Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ушбу маълумотлардан фойдаланиш имкониятини яратиб берувчи дастур.

2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) тизимидаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.

2-боб. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш

3. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг синфлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сон «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, комплектланади.

4. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳар йили 30 августга қадар Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) ҳузуридаги ягона психологик-тиббий-педагогик комиссияларининг хулосаси асосида таълим олаётган ҳамда 1-синфга қабул қилинаётган ўқувчиларнинг номма-ном рўйхатини шакллантиради ҳамда электрон дастур орқали маълумотларни ҳудудий бошқармаларга кўриб чиқиш учун юборади.

Синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотларнинг тўғри, тўлиқ ва ҳаққоний киритилиши учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг директори масъул ва жавобгар ҳисобланади.

5. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари томонидан электрон дастур орқали юборилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий бошқармалар томонидан қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилади:

бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасаларидан келган ва кетган ўқувчиларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори буйруғи асосида саноққа киритилганлиги ёки саноқдан чиқарилганлигини ўрганиш;

ҳар бир ихтисослаштирилган синф бўйича ўтган йилга нисбатан синф сонининг ўсиши ёки камайишини таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда сунъий равишда синфлар сонининг кўпайиши ҳолатларига йўл қўймаслигини ўрганиш.

6. Кўриб чиқилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳар йили 15 сентябрга қадар ҳудудий бошқармалар томонидан тасдиқланади ёки аниқланган хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юборилади.

7. Қайта ишлаш учун юборилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ихтисослаштирилган таълим муассасалари томонидан икки иш куни ичида қайта кўриб чиқилади ва ҳудудий бошқармаларга электрон дастур орқали тасдиқлаш учун қайтадан юборилади.

Бунда қайта юборилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлари ҳудудий бошқармалар томонидан шу куннинг ўзида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

8. Тасдиқланган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳудудий бошқармаларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ташкил этиладиган синфлар комплектларини шакллантириш тўғрисидаги тегишли буйруғи қабул қилинади.

9. Ҳар йили январ ойида, шунингдек, синфлардаги ўқувчилар сонидан келиб чиқиб заруратга кўра, синфлар комплектлари мазкур Низомга асосан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

10. Тегишли молия йили учун тузилган харажатлар сметасида кўзда тутилган синфлар сонидан ортиқ синфларни ташкил этиш Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

3-боб. Тарификация рўйхатларини шакллантириш

11. Агентлик томонидан тарификация рўйхатларини шакллантириш учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг таянч ўқув режаси ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили 20 августга қадар тасдиқланади.

12. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари Агентлик томонидан тасдиқланган таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар:

ўқувчиларни академик тайёрлаш (фан, спорт, ижод) ва касбга ўргатиш мақсадида уларнинг индивидуал ривожланиш режаларини ишлаб чиқади;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг дарс соатлари сеткасини Агентликнинг ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда шакллантиради.

13. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида дарс бериш учун махсус педагогдан қуйидагилар талаб этилади:

ихтисослаштирилган таълим муассасасида коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси бўйича олий маълумот (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислари), ихтисослаштирилган таълим муассасасининг фаолият тури (соҳаси) бўйича тегишли қайта тайёрлашдан ўтганлиги;

эшитишида нуқсонлари бўлган ўқувчиларга дарс беришда дарс ўтиладиган имо-ишора тилини, нутқнинг фонетико-фонематик, лексик-грамматик, ўқиш ва ёзишдаги нуқсонларини, дудуқланиш ва нутқнинг тўлиқ ривожланмаганлигини бартараф этишга қаратилган махсус таълим-тарбия беришни билиши;

кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчилар учун Брайл алифбосида ўқитиш, тактил ва аудио ўқув воситаларидан фойдаланиш усулларини билиши;

ақли заиф ўқувчилар учун нутқнинг фонетико-фонематик, лексик-грамматик, ўқиш ва ёзишдаги нуқсонларни, дудуқланиш ва нутқнинг тўлиқ ривожланмаганлигини бартараф этиш ишларини олиб боришни билиши.

14. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси ихтисослаштирилган таълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар махсус педагогларга дарс соатлари (фан, коррекцион машғулот соатлари) қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:

олий малака тоифасига эга махсус педагоглар (педагогнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга кўра);

педагог ходимларга устама белгилашда қўлланиладиган миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга махсус педагоглар (сертификатнинг белгиланган даражасига кўра);

биринчи малака тоифасига эга махсус педагоглар (педагогнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга кўра);

иккинчи малака тоифасига эга махсус педагоглар (педагогнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга кўра);

коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича олий маълумотли (тоифасиз) махсус педагоглар;

касбий қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга махсус педагоглар (агар уларда қайта тайёрлаш мутахассислигига мувофиқ мазкур банднинг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган кўрсаткичлардан бири мавжуд бўлса, тегишли кўрсаткичларга эга бўлган махсус педагоглар билан тенг устуворликка эга деб ҳисобланади);

ўриндошлик асосида ишлаётган коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича олий маълумотли махсус педагоглар.

Ушбу кўрсаткичлар кетма-кетлиги асосида устунликка эга бўлган махсус педагогларга дарс соатларининг максимал миқдорлари белгиланиши тавсия этилади.

Махсус педагог мазкур кўрсаткичларнинг бир нечтасига эга бўлганда, кўрсаткичларнинг энг устуворини инобатга олган ҳолда дарс соатлари тақсимланади.

Айнан бир хил кўрсаткичлар мавжуд бўлган бир нечта махсус педагоглар ўртасида дарс соатлари тенг тақсимланади.

15. Мазкур Низомнинг 13 ва 14-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаган ҳолда махсус педагогларга дарс соатлари тақсимланишига йўл қўйилмайди.

16. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида тарбиячи штати қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:

коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича олий маълумотли махсус педагоглар;

коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича касбий қайта тайёрлов курсини тугатган махсус педагоглар;

ўриндошлик асосида ишлаётган коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича олий маълумотли махсус педагоглар;

олий таълим муассасаларининг коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича учинчи ва ундан юқори курс талабалари.

Тарбиячи мазкур кўрсаткичларнинг бир нечтасига эга бўлганда, кўрсаткичларнинг энг устуворини инобатга олган ҳолда дарс соатлари тақсимланади.

Айнан бир хил кўрсаткичлар мавжуд бўлган бир нечта тарбиячилар ўртасида тарбиячи штатлари тенг тақсимланади.

Ушбу бандда назарда тутилган мезонларга мувофиқ бўлмаган ҳолда тарбиячиларга тарбиячилик штати тақсимланишига йўл қўйилмайди.

17. Махсус педагогларга ярим (0,5) ставкадан кам ва бир (1) ставкадан ортиқ дарс соатлари белгиланишига йўл қўйилмайди, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қуйидаги ҳолларда махсус педагогларга дарс соатлари ярим (0,5) ставкадан кам ва бир (1,0) ставкадан ортиқ (бунда махсус педагогнинг тариф ставкаси бир ярим (1,5) ставкадан ортиб кетишига йўл қўйилмайди) белгиланиши мумкин:

ўқув режага мувофиқ битта фандан дарс соатлари ярим (0,5) ставкагача мавжуд бўлганда;

ўқув режага мувофиқ битта фандан дарс соатлари махсус педагогларга бир (1,0) ставкагача тақсимлангандан сўнг ушбу фандан ортиб қолган дарс соатлари ярим (0,5) ставкагача мавжуд бўлганда;

махсус педагог меҳнат таътили, ижодий таътил ёки меҳнатга лаёқатсизлиги даврида унинг дарсларини тегишли фан йўналишидаги бошқа махсус педагогларга тақсимлаш зарурати мавжуд бўлганда;

вакант соатлар мавжуд бўлганда ушбу вакант ўринга махсус педагог ишга қабул қилингунга қадар.

18. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг педагогик кенгаши томонидан тақсимланган дарс соатлари ҳар йили 17 сентябрга қадар электрон дастурга киритилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкин. Бунда қайта тақсимланган дарс соатлари бир иш куни ичида электрон дастурга киритилади.

19. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда бола парваришидан қайтган махсус педагогларга, шунингдек, пенсия ёшидаги махсус педагог ва тарбиячиларга дарс соатлари меҳнат қонунчилигига асосан тегишлича мазкур Низомнинг 14 ва 16-бандларида белгиланган кўрсаткичлар устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади.

20. Махсус педагогларнинг тарификация рўйхатини шакллантириш мақсадида ихтисослаштирилган таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан ҳар йили 20 сентябрга қадар электрон дастурга қуйидаги маълумотлар киритилади ва ҳудудий бошқармаларга кўриб чиқиш учун юборилади:

махсус педагогнинг исми, фамилияси, отасининг исми, диплом бўйича маълумоти, малака тоифаси тўғрисидаги маълумотлар;

базавий тариф ставкалари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан махсус педагогнинг тариф ставкалари тўғрисидаги маълумотлар (бунда махсус педагогнинг ҳар бир фан учун маълумоти ва тегишли малака тоифаси берилган санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилади);

педагогик кенгаш томонидан махсус педагоглар ўртасида тақсимланган дарс соатлари;

дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча ҳақ тўловлари;

махсус педагогга бириктирилган синф ва синф раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари;

уйда якка тартибда машғулотлар олиб бораётган махсус педагогларга тақсимланган дарс соатлари ва улар бўйича махсус педагогнинг тариф ставкалари;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган бошқа устама ва қўшимча тўловлар.

21. Ҳудудий бошқармалар томонидан махсус педагогларнинг тарификация рўйхати уч иш куни ичида мазкур Низомнинг 20-бандидаги маълумотларнинг тўғри ва тўлиқ киритилганлиги юзасидан кўриб чиқилади ҳамда Агентликка тасдиқлаш учун юборилади ёки аниқланган хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қайтарилади.

22. Қайта ишлаш учун юборилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхати ихтисослаштирилган таълим муассасалари томонидан икки иш куни ичида қайта кўриб чиқилади ва ҳудудий бошқармаларга электрон дастур орқали қайтадан юборилади.

Бунда қайта юборилган тарификация рўйхати ҳудудий бошқармалар томонидан шу куннинг ўзида кўриб чиқилади ва Агентликка тасдиқлаш учун юборилади.

23. Агентлик томонидан ҳар йили 25 сентябрга қадар махсус педагогларнинг тарификация рўйхати қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилади ҳамда тасдиқланади:

бир (1) ставкада ишловчи махсус педагог учун I — IV синфлардаги ҳафталик ўқув юкламаси — 18 соат ва педагогик юкламаси — 18 соатни ҳамда V — XI синфлардаги ҳафталик ўқув юкламаси — 20 соатни ва педагогик юклама — 16 соатни ташкил этади, бунда махсус педагогнинг педагогик юкламаси ҳафталик ўқув юкламасига мос равишда I — IV синфларда 1,0 коэффициентга, V — XI синфларда 0,8 коэффициентга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланганлиги;

уйда якка тартибда машғулотлар олиб бораётган махсус педагогларга ҳақ тўлаш базавий тариф ставкасини ўқув ва педагогик юкламаларга бўлиш, уларни якка тартибда ўтказилган ҳақиқий дарс соатларига кўпайтириш ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда махсус педагогнинг тариф ставкаси ҳамда лавозим маошлари миқдорига қўшимча тўлов амалга оширилганлиги (бунда якка тартибда ўқувчини уйда ўқитаётган махсус педагогларнинг асосий ойлик юкламаси ихтисослаштирилган таълим муассасасида бўлиши шарт);

махсус педагогларга кетма-кет икки ойдан ортиқ бўлмаган даврда касаллик ёки бошқа сабаблар билан ишда бўлмаган ходимларнинг ўрнини босиш тартибида ишлаб берилган соатлари учун соатбай ҳақ тўлашда махсус педагогларнинг лавозими ва малака тоифаси учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган базавий тариф ставкалари асосида тўловлар, устамалар ва қўшимча тўловлар амалга оширилганлиги;

дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча ҳақ махсус педагогнинг дафтарлар ва ёзма ишлар бўйича текшириладиган фанларнинг умумий соатлари ва синф комплектидаги ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланганлиги;

синф раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ синфдаги ўқувчилар сонига кўра белгиланган миқдорлар бўйича ҳисобланганлиги ;

махсус педагогларга биттадан ортиқ синфга раҳбарлик қилишга ва меҳнатини соатбай асосда олиб борувчи махсус педагогларга синфга раҳбарлик қилишга йўл қўйилмаслиги (бунда бошланғич синфларда синф раҳбарлиги она тили, ўқиш ва математика фанларидан дарс ўтадиган махсус педагогларга юклатилади);

махсус педагогларга ҳар ойлик қўшимча тўловлар ва устамалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланганлиги ;

фанлар бўйича вакант соатлар учун маблағларни режалаштириш барча устама ва қўшимчаларни инобатга олиб, бир (1,0) ставкада ишловчи махсус педагогнинг базавий тариф ставкаси ҳисобидан келиб чиққан ҳолда электрон дастур орқали ҳисобланганлиги;

вакант синф раҳбарлиги бўйича қўшимча ҳақ тўловлари синфдаги ўқувчилар сонига кўра белгиланган миқдорларда ҳисобланганлиги.

24. Махсус педагогларнинг тарификация рўйхати мазкур Низомнинг 23-бандидаги мезонларга мувофиқ ҳолда электрон дастур орқали киритилган бўлса, Агентлик томонидан тасдиқланади.

25. Мазкур Низомнинг 23-бандидаги мезонларга номувофиқ ҳолда электрон дастур орқали киритилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхатини тасдиқлаш Агентлик томонидан хато ва камчиликлар кўрсатилган ҳолда рад этилади.

Рад этилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхати хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасасига қайтарилади.

Қайтарилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхати ихтисослаштирилган таълим муассасаси томонидан икки иш куни ичида қайта кўриб чиқилади ва электрон дастур орқали ҳудудий бошқармаларга қайта юборилади. Бунда ҳудудий бошқармалар томонидан махсус педагогларнинг тарификация рўйхати шу куннинг ўзида Агентликка электрон дастур орқали юборилади.

Қайта юборилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхати Агентлик томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

26. Махсус педагогларнинг тарификация рўйхати ўзгартирилиши ва қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бунда махсус педагоглар ўртасида тақсимланган дарс соатларига жами дарс соатлари режаси доирасида киритиладиган ўзгартиришлар ихтисослаштирилган таълим муассасаси томонидан амалга оширилади.

Махсус педагогларнинг тарификация рўйхатидаги синф сонининг кўпайиши ёки камайиши оқибатида киритиладиган ўзгартиришлар Агентлик томонидан қайта тасдиқланиши лозим.

4-боб. Якуний қоидалар

27. Манфаатдор шахслар ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш юзасидан норози бўлган тақдирда, судга ёки ваколатли органларга қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

28. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М. ОЛЛОЁРОВ

Иқтисодиёт ва молия вазири Д. КУЧКАРОВ

Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Э. КАРИМОВА

Тошкент ш.,

2026 йил 7 апрель,

Тошкент ш.,

2026 йил 18 март,

Тошкент ш.,

2026 йил 13 март,

Тошкент ш.,

2026 йил 11 март,

2026/2-сон

348-сон

03-11-2026-сон

24-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2026 й., 10/26/3819/0371-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining

qarori

NIZOM

Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun davlat ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida sinflarni komplektlash hamda tarifikatsiya roʻyxatlarini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 1-iyundagi PF-82-son “Aholiga sifatli ijtimoiy xizmat va yordam koʻrsatish hamda uning samarali nazorat tizimini yoʻlga qoʻyish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 12-oktabrdagi 638-son “Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarga taʼlim berishga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi qaror qiladi:

1. Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun davlat ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida sinflarni komplektlash hamda tarifikatsiya roʻyxatlarini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror 2026-yilning 1-avgustidan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining 2026-yil 7-apreldagi 2026/2-son, Iqtisodiyot va moliya vazirligining 2026-yil 18-martdagi 348-son, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining 2026-yil 11-martdagi 24-mh-son, Sogʻliqni saqlash vazirligining 2026-yil 13-martdagi 03-11-2026-son qaroriga ILOVA

Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun davlat ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida sinflarni komplektlash hamda tarifikatsiya roʻyxatlarini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun davlat ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida sinflarni komplektlash hamda tarifikatsiya roʻyxatlarini shakllantirish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar — jismoniy, aqliy, sensor (sezgi) yoki ruhiy nuqsonlari boʻlgan bolalar;

alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun davlat ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari (bundan buyon matnda ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari deb yuritiladi) — taʼlim-tarbiya berish, oʻquvchilarni umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida inklyuziv sharoitda oʻqishga tayyorlash, korreksion (tuzatuvchi) pedagogik yordam koʻrsatish, kasb oʻrgatish va sogʻlomlashtirish muassasalari ;

maxsus pedagog — eshitishida, koʻrishida, ruhiy va aqliy rivojlanishida hamda tayanch-harakat apparatida nuqsoni boʻlgan bolalarni oʻqitish va jamiyatga moslashtirish bilan shugʻullanadigan mutaxassis;

bazaviy tarif stavkasi — bir stavka dars soati uchun maxsus pedagogning maʼlumoti va malaka toifasiga koʻra belgilangan bazaviy haq miqdori;

tarif stavkasi — maxsus pedagogga biriktirilgan dars soatlari asosida bir stavka uchun belgilangan bazaviy tarif stavkadan kelib chiqib aniqlanadigan miqdor;

sinf komplekti — oʻquvchilarni belgilangan meʼyorlar asosida bitta sinfga jamlash;

dars soatlari setkasi — umumiy oʻrta taʼlimning tayanch oʻquv rejasi asosida ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari sinflar soni, sinf komplektidagi oʻquvchilar soni va tegishli mutaxassislik boʻyicha maxsus pedagog mavjudligini inobatga olgan holda barcha fanlar boʻyicha shakllantirilgan jami dars soatlari;

elektron dastur — ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari toʻgʻrisida zarur maʼlumotlar kiritiladigan va istalgan vaqtda Internet jahon axborot tarmogʻi orqali ushbu maʼlumotlardan foydalanish imkoniyatini yaratib beruvchi dastur.

2. Ushbu Nizom talablari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) tizimidagi ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalariga nisbatan tatbiq etiladi.

2-bob. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida sinflarni komplektlash

3. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarining sinflari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 12-oktabrdagi 638-son “Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarga taʼlim berishga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi qarorida belgilangan oʻquvchilar sonidan kelib chiqib, komplektlanadi.

4. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari har yili 30-avgustga qadar Agentlikning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari (bundan buyon matnda hududiy boshqarmalar deb yuritiladi) huzuridagi yagona psixologik-tibbiy-pedagogik komissiyalarining xulosasi asosida taʼlim olayotgan hamda 1-sinfga qabul qilinayotgan oʻquvchilarning nomma-nom roʻyxatini shakllantiradi hamda elektron dastur orqali maʼlumotlarni hududiy boshqarmalarga koʻrib chiqish uchun yuboradi.

Sinflar komplektini shakllantirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning toʻgʻri, toʻliq va haqqoniy kiritilishi uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarining direktori masʼul va javobgar hisoblanadi.

5. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari tomonidan elektron dastur orqali yuborilgan sinflar komplektini shakllantirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hududiy boshqarmalar tomonidan quyidagi mezonlar asosida koʻrib chiqiladi:

boshqa ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalaridan kelgan va ketgan oʻquvchilarning ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasi direktori buyrugʻi asosida sanoqqa kiritilganligi yoki sanoqdan chiqarilganligini oʻrganish;

har bir ixtisoslashtirilgan sinf boʻyicha oʻtgan yilga nisbatan sinf sonining oʻsishi yoki kamayishini tahlil qilish;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlaridan samarali foydalanish hamda sunʼiy ravishda sinflar sonining koʻpayishi holatlariga yoʻl qoʻymasligini oʻrganish.

6. Koʻrib chiqilgan sinflar komplektini shakllantirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar har yili 15-sentabrga qadar hududiy boshqarmalar tomonidan tasdiqlanadi yoki aniqlangan xato va kamchiliklarni asoslantirgan holda qayta ishlash uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalariga yuboriladi.

7. Qayta ishlash uchun yuborilgan sinflar komplektini shakllantirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari tomonidan ikki ish kuni ichida qayta koʻrib chiqiladi va hududiy boshqarmalarga elektron dastur orqali tasdiqlash uchun qaytadan yuboriladi.

Bunda qayta yuborilgan sinflar komplektini shakllantirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlari hududiy boshqarmalar tomonidan shu kunning oʻzida koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi.

8. Tasdiqlangan sinflar komplektini shakllantirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida hududiy boshqarmalarning ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida tashkil etiladigan sinflar komplektlarini shakllantirish toʻgʻrisidagi tegishli buyrugʻi qabul qilinadi.

9. Har yili yanvar oyida, shuningdek, sinflardagi oʻquvchilar sonidan kelib chiqib zaruratga koʻra, sinflar komplektlari mazkur Nizomga asosan qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

10. Tegishli moliya yili uchun tuzilgan xarajatlar smetasida koʻzda tutilgan sinflar sonidan ortiq sinflarni tashkil etish Agentlik bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.

3-bob. Tarifikatsiya roʻyxatlarini shakllantirish

11. Agentlik tomonidan tarifikatsiya roʻyxatlarini shakllantirish uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarining tayanch oʻquv rejasi ishlab chiqiladi va Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi bilan kelishilgan holda har yili 20-avgustga qadar tasdiqlanadi.

12. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari Agentlik tomonidan tasdiqlangan tayanch oʻquv rejasi asosida har yili 10-sentabrga qadar:

oʻquvchilarni akademik tayyorlash (fan, sport, ijod) va kasbga oʻrgatish maqsadida ularning individual rivojlanish rejalarini ishlab chiqadi;

ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarining dars soatlari setkasini Agentlikning hududiy boshqarmalari bilan kelishgan holda shakllantiradi.

13. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida dars berish uchun maxsus pedagogdan quyidagilar talab etiladi:

ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasida korreksion pedagogika va defektologiya sohasi boʻyicha oliy maʼlumot (surdopedagogika, tiflopedagogika, oligofrenopedagogika va logopediya mutaxassislari), ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasining faoliyat turi (sohasi) boʻyicha tegishli qayta tayyorlashdan oʻtganligi;

eshitishida nuqsonlari boʻlgan oʻquvchilarga dars berishda dars oʻtiladigan imo-ishora tilini, nutqning fonetiko-fonematik, leksik-grammatik, oʻqish va yozishdagi nuqsonlarini, duduqlanish va nutqning toʻliq rivojlanmaganligini bartaraf etishga qaratilgan maxsus taʼlim-tarbiya berishni bilishi;

koʻzi ojiz va zaif koʻruvchi oʻquvchilar uchun Brayl alifbosida oʻqitish, taktil va audio oʻquv vositalaridan foydalanish usullarini bilishi;

aqli zaif oʻquvchilar uchun nutqning fonetiko-fonematik, leksik-grammatik, oʻqish va yozishdagi nuqsonlarni, duduqlanish va nutqning toʻliq rivojlanmaganligini bartaraf etish ishlarini olib borishni bilishi.

14. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasi tomonidan shakllantirilgan dars soatlari setkasi ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasining pedagogik kengashi tomonidan ikki ish kuni ichida koʻrib chiqilib, har yili 15-sentabrga qadar maxsus pedagoglarga dars soatlari (fan, korreksion mashgʻulot soatlari) quyidagi koʻrsatkichlarning ustuvor ketma-ketligi asosida taqsimlanadi:

oliy malaka toifasiga ega maxsus pedagoglar (pedagogning attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisidagi sertifikatga koʻra);

pedagog xodimlarga ustama belgilashda qoʻllaniladigan milliy yoki xalqaro tan olingan sertifikatga ega maxsus pedagoglar (sertifikatning belgilangan darajasiga koʻra);

birinchi malaka toifasiga ega maxsus pedagoglar (pedagogning attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisidagi sertifikatga koʻra);

ikkinchi malaka toifasiga ega maxsus pedagoglar (pedagogning attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisidagi sertifikatga koʻra);

korreksion pedagogika va defektologiya sohasi (surdopedagogika, tiflopedagogika, oligofrenopedagogika va logopediya mutaxassisligi) boʻyicha oliy maʼlumotli (toifasiz) maxsus pedagoglar;

kasbiy qayta tayyorlash boʻyicha diplomga ega maxsus pedagoglar (agar ularda qayta tayyorlash mutaxassisligiga muvofiq mazkur bandning ikkinchi — oltinchi xatboshilarida nazarda tutilgan koʻrsatkichlardan biri mavjud boʻlsa, tegishli koʻrsatkichlarga ega boʻlgan maxsus pedagoglar bilan teng ustuvorlikka ega deb hisoblanadi);

oʻrindoshlik asosida ishlayotgan korreksion pedagogika va defektologiya sohasi (surdopedagogika, tiflopedagogika, oligofrenopedagogika va logopediya mutaxassisligi) boʻyicha oliy maʼlumotli maxsus pedagoglar.

Ushbu koʻrsatkichlar ketma-ketligi asosida ustunlikka ega boʻlgan maxsus pedagoglarga dars soatlarining maksimal miqdorlari belgilanishi tavsiya etiladi.

Maxsus pedagog mazkur koʻrsatkichlarning bir nechtasiga ega boʻlganda, koʻrsatkichlarning eng ustuvorini inobatga olgan holda dars soatlari taqsimlanadi.

Aynan bir xil koʻrsatkichlar mavjud boʻlgan bir nechta maxsus pedagoglar oʻrtasida dars soatlari teng taqsimlanadi.

15. Mazkur Nizomning 13 va 14-bandlarida nazarda tutilgan talablarga muvofiq boʻlmagan holda maxsus pedagoglarga dars soatlari taqsimlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

16. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida tarbiyachi shtati quyidagi koʻrsatkichlarning ustuvor ketma-ketligi asosida taqsimlanadi:

korreksion pedagogika va defektologiya sohasi (surdopedagogika, tiflopedagogika, oligofrenopedagogika va logopediya mutaxassisligi) boʻyicha oliy maʼlumotli maxsus pedagoglar;

korreksion pedagogika va defektologiya sohasi (surdopedagogika, tiflopedagogika, oligofrenopedagogika va logopediya mutaxassisligi) boʻyicha kasbiy qayta tayyorlov kursini tugatgan maxsus pedagoglar;

oʻrindoshlik asosida ishlayotgan korreksion pedagogika va defektologiya sohasi (surdopedagogika, tiflopedagogika, oligofrenopedagogika va logopediya mutaxassisligi) boʻyicha oliy maʼlumotli maxsus pedagoglar;

oliy taʼlim muassasalarining korreksion pedagogika va defektologiya sohasi (surdopedagogika, tiflopedagogika, oligofrenopedagogika va logopediya mutaxassisligi) boʻyicha uchinchi va undan yuqori kurs talabalari.

Tarbiyachi mazkur koʻrsatkichlarning bir nechtasiga ega boʻlganda, koʻrsatkichlarning eng ustuvorini inobatga olgan holda dars soatlari taqsimlanadi.

Aynan bir xil koʻrsatkichlar mavjud boʻlgan bir nechta tarbiyachilar oʻrtasida tarbiyachi shtatlari teng taqsimlanadi.

Ushbu bandda nazarda tutilgan mezonlarga muvofiq boʻlmagan holda tarbiyachilarga tarbiyachilik shtati taqsimlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

17. Maxsus pedagoglarga yarim (0,5) stavkadan kam va bir (1) stavkadan ortiq dars soatlari belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi, ushbu bandning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

Quyidagi hollarda maxsus pedagoglarga dars soatlari yarim (0,5) stavkadan kam va bir (1,0) stavkadan ortiq (bunda maxsus pedagogning tarif stavkasi bir yarim (1,5) stavkadan ortib ketishiga yoʻl qoʻyilmaydi) belgilanishi mumkin:

oʻquv rejaga muvofiq bitta fandan dars soatlari yarim (0,5) stavkagacha mavjud boʻlganda;

oʻquv rejaga muvofiq bitta fandan dars soatlari maxsus pedagoglarga bir (1,0) stavkagacha taqsimlangandan soʻng ushbu fandan ortib qolgan dars soatlari yarim (0,5) stavkagacha mavjud boʻlganda;

maxsus pedagog mehnat taʼtili, ijodiy taʼtil yoki mehnatga layoqatsizligi davrida uning darslarini tegishli fan yoʻnalishidagi boshqa maxsus pedagoglarga taqsimlash zarurati mavjud boʻlganda;

vakant soatlar mavjud boʻlganda ushbu vakant oʻringa maxsus pedagog ishga qabul qilingunga qadar.

18. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarining pedagogik kengashi tomonidan taqsimlangan dars soatlari har yili 17-sentabrga qadar elektron dasturga kiritiladi.

Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasi pedagogik kengashi tomonidan dars soatlari qayta taqsimlanishi mumkin. Bunda qayta taqsimlangan dars soatlari bir ish kuni ichida elektron dasturga kiritiladi.

19. Homiladorlik va tugʻish taʼtili hamda bola parvarishidan qaytgan maxsus pedagoglarga, shuningdek, pensiya yoshidagi maxsus pedagog va tarbiyachilarga dars soatlari mehnat qonunchiligiga asosan tegishlicha mazkur Nizomning 14 va 16-bandlarida belgilangan koʻrsatkichlar ustuvor ketma-ketligi asosida taqsimlanadi.

20. Maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxatini shakllantirish maqsadida ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasining oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari tomonidan har yili 20-sentabrga qadar elektron dasturga quyidagi maʼlumotlar kiritiladi va hududiy boshqarmalarga koʻrib chiqish uchun yuboriladi:

maxsus pedagogning ismi, familiyasi, otasining ismi, diplom boʻyicha maʼlumoti, malaka toifasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

bazaviy tarif stavkalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shu jumladan maxsus pedagogning tarif stavkalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (bunda maxsus pedagogning har bir fan uchun maʼlumoti va tegishli malaka toifasi berilgan sanasi va amal qilish muddati koʻrsatiladi);

pedagogik kengash tomonidan maxsus pedagoglar oʻrtasida taqsimlangan dars soatlari;

daftarlarni va yozma ishlarni tekshirganlik uchun qoʻshimcha haq toʻlovlari;

maxsus pedagogga biriktirilgan sinf va sinf rahbarligi uchun qoʻshimcha haq toʻlovlari;

uyda yakka tartibda mashgʻulotlar olib borayotgan maxsus pedagoglarga taqsimlangan dars soatlari va ular boʻyicha maxsus pedagogning tarif stavkalari;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadigan boshqa ustama va qoʻshimcha toʻlovlar.

21. Hududiy boshqarmalar tomonidan maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati uch ish kuni ichida mazkur Nizomning 20-bandidagi maʼlumotlarning toʻgʻri va toʻliq kiritilganligi yuzasidan koʻrib chiqiladi hamda Agentlikka tasdiqlash uchun yuboriladi yoki aniqlangan xato va kamchiliklarni asoslantirgan holda qayta ishlash uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalariga qaytariladi.

22. Qayta ishlash uchun yuborilgan maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari tomonidan ikki ish kuni ichida qayta koʻrib chiqiladi va hududiy boshqarmalarga elektron dastur orqali qaytadan yuboriladi.

Bunda qayta yuborilgan tarifikatsiya roʻyxati hududiy boshqarmalar tomonidan shu kunning oʻzida koʻrib chiqiladi va Agentlikka tasdiqlash uchun yuboriladi.

23. Agentlik tomonidan har yili 25-sentabrga qadar maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati quyidagi mezonlar asosida koʻrib chiqiladi hamda tasdiqlanadi:

bir (1) stavkada ishlovchi maxsus pedagog uchun I — IV sinflardagi haftalik oʻquv yuklamasi — 18 soat va pedagogik yuklamasi — 18 soatni hamda V — XI sinflardagi haftalik oʻquv yuklamasi — 20 soatni va pedagogik yuklama — 16 soatni tashkil etadi, bunda maxsus pedagogning pedagogik yuklamasi haftalik oʻquv yuklamasiga mos ravishda I — IV sinflarda 1,0 koeffitsiyentga, V — XI sinflarda 0,8 koeffitsiyentga koʻpaytirilgan holda hisoblanganligi;

uyda yakka tartibda mashgʻulotlar olib borayotgan maxsus pedagoglarga haq toʻlash bazaviy tarif stavkasini oʻquv va pedagogik yuklamalarga boʻlish, ularni yakka tartibda oʻtkazilgan haqiqiy dars soatlariga koʻpaytirish va qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorda maxsus pedagogning tarif stavkasi hamda lavozim maoshlari miqdoriga qoʻshimcha toʻlov amalga oshirilganligi (bunda yakka tartibda oʻquvchini uyda oʻqitayotgan maxsus pedagoglarning asosiy oylik yuklamasi ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasida boʻlishi shart);

maxsus pedagoglarga ketma-ket ikki oydan ortiq boʻlmagan davrda kasallik yoki boshqa sabablar bilan ishda boʻlmagan xodimlarning oʻrnini bosish tartibida ishlab berilgan soatlari uchun soatbay haq toʻlashda maxsus pedagoglarning lavozimi va malaka toifasi uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan bazaviy tarif stavkalari asosida toʻlovlar, ustamalar va qoʻshimcha toʻlovlar amalga oshirilganligi;

daftarlarni va yozma ishlarni tekshirganlik uchun qoʻshimcha haq maxsus pedagogning daftarlar va yozma ishlar boʻyicha tekshiriladigan fanlarning umumiy soatlari va sinf komplektidagi oʻquvchilar sonidan kelib chiqqan holda hisoblanganligi;

sinf rahbarligi uchun qoʻshimcha haq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2005-yil 21-dekabrdagi 275-son “Xalq taʼlimi xodimlari mehnatiga haq toʻlashning takomillashtirilgan tizimini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq sinfdagi oʻquvchilar soniga koʻra belgilangan miqdorlar boʻyicha hisoblanganligi ;

maxsus pedagoglarga bittadan ortiq sinfga rahbarlik qilishga va mehnatini soatbay asosda olib boruvchi maxsus pedagoglarga sinfga rahbarlik qilishga yoʻl qoʻyilmasligi (bunda boshlangʻich sinflarda sinf rahbarligi ona tili, oʻqish va matematika fanlaridan dars oʻtadigan maxsus pedagoglarga yuklatiladi);

maxsus pedagoglarga har oylik qoʻshimcha toʻlovlar va ustamalar qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanganligi ;

fanlar boʻyicha vakant soatlar uchun mablagʻlarni rejalashtirish barcha ustama va qoʻshimchalarni inobatga olib, bir (1,0) stavkada ishlovchi maxsus pedagogning bazaviy tarif stavkasi hisobidan kelib chiqqan holda elektron dastur orqali hisoblanganligi;

vakant sinf rahbarligi boʻyicha qoʻshimcha haq toʻlovlari sinfdagi oʻquvchilar soniga koʻra belgilangan miqdorlarda hisoblanganligi.

24. Maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati mazkur Nizomning 23-bandidagi mezonlarga muvofiq holda elektron dastur orqali kiritilgan boʻlsa, Agentlik tomonidan tasdiqlanadi.

25. Mazkur Nizomning 23-bandidagi mezonlarga nomuvofiq holda elektron dastur orqali kiritilgan maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxatini tasdiqlash Agentlik tomonidan xato va kamchiliklar koʻrsatilgan holda rad etiladi.

Rad etilgan maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati xato va kamchiliklarni asoslantirgan holda qayta ishlash uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasiga qaytariladi.

Qaytarilgan maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasi tomonidan ikki ish kuni ichida qayta koʻrib chiqiladi va elektron dastur orqali hududiy boshqarmalarga qayta yuboriladi. Bunda hududiy boshqarmalar tomonidan maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati shu kunning oʻzida Agentlikka elektron dastur orqali yuboriladi.

Qayta yuborilgan maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati Agentlik tomonidan bir ish kuni ichida koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi.

26. Maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxati oʻzgartirilishi va qayta koʻrib chiqilishi mumkin. Bunda maxsus pedagoglar oʻrtasida taqsimlangan dars soatlariga jami dars soatlari rejasi doirasida kiritiladigan oʻzgartirishlar ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasi tomonidan amalga oshiriladi.

Maxsus pedagoglarning tarifikatsiya roʻyxatidagi sinf sonining koʻpayishi yoki kamayishi oqibatida kiritiladigan oʻzgartirishlar Agentlik tomonidan qayta tasdiqlanishi lozim.

4-bob. Yakuniy qoidalar

27. Manfaatdor shaxslar ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida sinflarni komplektlash hamda tarifikatsiya roʻyxatlarini shakllantirish yuzasidan norozi boʻlgan taqdirda, sudga yoki vakolatli organlarga qonunchilikda belgilangan tartibda murojaat qilish huquqiga ega.

28. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori M. OLLOYOROV

Iqtisodiyot va moliya vaziri D. KUCHKAROV

Sogʻliqni saqlash vaziri A. XUDAYAROV

Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri E. KARIMOVA

Toshkent sh.,

2026-yil 7-aprel,

Toshkent sh.,

2026-yil 18-mart,

Toshkent sh.,

2026-yil 13-mart,

Toshkent sh.,

2026-yil 11-mart,

2026/2-son

348-son

03-11-2026-son

24-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.04.2026-y., 10/26/3819/0371-son)

lex.uz