UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 17-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 17 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 апреля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 April 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ШАКЛИ

«Фавқулодда вазиятлар волонтёри» жамоатчилик гуруҳларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-310-сон қарори ижросини таъминлаш, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда «Фавқулодда вазиятлар волонтёри» жамоатчилик гуруҳларининг фаолиятини ривожлантириш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни «Фавқулодда вазиятлар волонтёри» жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

волонтёрларга Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бакалавриат таълим йўналишига ўқишга киришда тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш учун тавсиянома (кейинги ўринларда — тавсиянома) бериш тартиби;

кўнгилли қутқарувчиларга «маҳалла еттилиги» тавсияномасига асосан ҳудудий қутқарув тузилмаларида қутқарувчи лавозимига ишга қабул қилиш бўйича танловда устуворлик бериш тартиби.

2. Белгилансинки, волонтёрларга бериладиган тавсиянома бланкалари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ҳар йили назарда тутиладиган маблағлар доирасида «Давлат белгиси» МЧЖ томонидан тайёрланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги икки ой муддатда белгиланган тартибда:

волонтёрларга тавсиянома бериш учун танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комиссия регламентини;

тавсиянома бериш учун танловда волонтёрлар фаолиятини баҳолаш тартибини тасдиқласин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 775-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 53 3 -банд билан тўлдирилсин:

«53 3 . Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-310-сон қарорига мувофиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда фаоллик кўрсатган, натижалари билан бошқаларга ўрнак бўлган волонтёрларга Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири тавсияномасига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг бакалавриат таълим йўналишига ўқишга киришда ўзлари тўплаган балларнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл кўринишида имтиёз берилади».

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 апрелдаги 181-сон қарорига ИЛОВА

Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни «Фавқулодда вазиятлар волонтёри» жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни «Фавқулодда вазиятлар волонтёри» жамоатчилик гуруҳларига (кейинги ўринларда — жамоатчилик гуруҳлари) жалб этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.

2. Жамоатчилик гуруҳлари ҳар бир маҳаллада ёшлар орасида волонтёрлардан ва аҳоли ўртасида кўнгилли қутқарувчилардан иборат таркибда тегишли ҳудудда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш орқали ушбу маҳаллани фавқулодда вазиятлардан холи ҳудудга айлантириш мақсадида ташкил этилади.

3. Жамоатчилик гуруҳларининг аъзоларига қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда фаоллик кўрсатган, натижалари билан бошқаларга ўрнак бўлган волонтёрларга Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири тавсияномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг (кейинги ўринларда — Академия) бакалавриат таълим йўналишига ўқишга киришда ўзлари тўплаган балларнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш;

кўнгилли қутқарувчиларга «маҳалла еттилиги» тавсияномасига асосан ҳудудий қутқарув тузилмаларида қутқарувчи лавозимига ишга қабул қилиш бўйича танловда белгиланган тартибда устуворлик бериш.

2-боб. Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш

4. Жамоатчилик гуруҳларига фақат ўн саккиз ёшдан катта бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жалб этилади.

5. Қуйидаги фуқароларнинг жамоатчилик гуруҳларига жалб этилишига йўл қўйилмайди:

ўн саккиз ёшга тўлмаган;

муомалага лаёқати белгиланган тартибда чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган;

ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, шунингдек, қасддан жиноят содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судлангани олиб ташланмаган;

жиноий жазони ўтаётган;

белгиланган вазифаларни амалга оширишга монелик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсони мавжуд бўлган;

ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар.

6. Жамоатчилик гуруҳларига аъзо бўлиш истагидаги шахслар Волонтёрлар электрон платформаси (volontyor.uz) орқали белгиланган тартибда ҳисобга қўйилгандан сўнг ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларига (бош бошқармаларига) ариза билан мурожаат қилади.

7. Ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари):

ариза берувчиларнинг ушбу Низомнинг 5-банди талабларига мувофиқлигини тегишли давлат органлари ва ташкилотлардан, шу жумладан, ахборот тизимлари орқали белгиланган тартибда олинган маълумотлар асосида аниқлайди;

тегишли талабларга жавоб берувчи фуқароларни 24 соатлик ўқув дастури асосида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тайёргарликдан ва аттестациядан ўтказади;

аттестациядан ўтган фуқароларга «волонтёр қутқарувчи» мақомини ва «қутқарувчи дафтарчаси»ни беради ҳамда уларнинг ҳисобини юритади.

8. Келгусида Академияга ўқишга кириш истагида бўлган фуқаролар жамоатчилик гуруҳи волонтёри сифатида, фавқулодда вазиятлар органларига қутқарувчи лавозимига ишга кирмоқчи бўлган фуқаролар жамоатчилик гуруҳи кўнгилли қутқарувчиси сифатида рўйхатга олинади.

9. Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчилар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш ишларига ихтиёрийлик тамойили асосида жалб этилади.

10. Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчилар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг «қутқарувчи дафтарчаси»га туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлими (бошқармаси) бошлиғи томонидан қайд этиб борилади.

3-боб. Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш

1-§. Волонтёрларга тавсиянома бериш

11. Академияга ўқишга киришда қўшимча балл бериш учун тавсиянома Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этиладиган танловда ғолиб бўлган волонтёрларга берилади.

Танлов 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган волонтёрлар иштирокида ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.

12. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўйича ўринбосари раислигида комиссия тузилади.

Камида беш нафар раҳбар-ходимлар ва мутахассислардан иборат бўлган комиссия таркиби, шунингдек, комиссия регламенти ҳар йили 10 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги вакили ҳам киради, шунингдек, унга бошқа вазирлик ва идораларнинг соҳа мутахассислари ҳам жалб этилиши мумкин.

13. Волонтёрларнинг фаолияти туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасида қуйидаги мезонлар асосида тўпланган баллар орқали баҳоланади:

«маҳаллабай» тамойили асосида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича амалга оширган ишлари;

фавқулодда вазиятларда қидирув-қутқарув ишларидаги иштироки;

фавқулодда вазиятлар зонасида аҳолига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва эвакуация тадбирларидаги иштироки;

фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширган ишлари;

қўмондонлик ҳамда махсус-тактик машқлардаги иштироки.

Волонтёрларни ушбу мезонлар асосида саралаш ва баҳолаш тартиби Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири томонидан тасдиқланади.

14. Туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари (бошқармалари) туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимлари билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар волонтёрларни саралайди ҳамда фаолияти энг юқори баҳоланган 3 нафар волонтёр номзодига тегишли қуйидаги ҳужжатларни ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларига (бош бошқармаларига) электрон шаклда тақдим этади:

волонтёрлар рўйхати;

волонтёрларнинг идентификацияловчи ID-карталари (биометрик паспорти) нусхалари («Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали реал вақт режимида олинади);

волонтёрларнинг фаолияти бўйича туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлими (бошқармаси) бошлиғининг ҳисоботлари;

волонтёрларнинг «қутқарувчи дафтарчаси» нусхалари;

туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлими бошлиғининг фикрномалари;

волонтёрларнинг тегишли мезонлар бўйича бажарган ишларини тасдиқловчи фото ва видеоматериаллар.

Бунда волонтёрларни саралашда уларнинг фаолияти бўйича ҳисоботлар, «қутқарувчи дафтарчаси» ҳамда фото ва видеоматериаллардаги маълумотларнинг ўзаро мутаносиблиги ўрганилиши шарт.

15. Ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари) туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари (бошқармалари) томонидан тақдим этилган волонтёрларни белгиланган тартибда саралайди ҳамда фаолияти энг юқори баҳоланган 3 нафар волонтёр номзодини тегишли ҳужжатлар билан биргаликда ҳар йили 15 мартга қадар комиссияга тақдим этади.

16. Комиссия ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари) томонидан тақдим этилган номзодларни ҳар йили 1 апрелга қадар белгиланган тартибда саралайди ва уларнинг фаолиятини баҳолайди.

17. Баҳолаш натижаларига кўра ҳар бир ҳудуддан бир нафардан жами 14 нафар волонтёрга ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда тавсиянома берилади.

18. Тавсиянома берилган волонтёрларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи билан ҳар йили 10 апрелга қадар тасдиқланади.

19. Тавсияномалар волонтёрларга ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари) томонидан ҳар йили 1 майга қадар тақдим этилади.

20. Тавсиянома бир ўқув йили учун амал қилади.

2-§. Кўнгилли қутқарувчиларга ишга қабул қилишда устуворлик бериш

21. Ҳудудий қутқарув тузилмаларида қутқарувчи лавозимига ишга кириш истагини билдирган 30 ёшдан ошмаган кўнгилли қутқарувчилар маҳалла фуқаролар йиғини раисига тавсиянома олиш учун ариза билан мурожаат қилади. Аризага фуқаронинг «қутқарувчи дафтарчаси» нусхаси илова қилинади.

22. «Маҳалла еттилиги» аъзолари аризани бир ҳафта муддатда туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари (бошқармалари) бошлиқлари билан биргаликда кўриб чиқади.

23. Аризани кўриб чиқишда «қутқарувчи дафтарчаси»да қуйидаги маълумотлар қайд этилганига эътибор қаратилади:

фавқулодда вазиятларда қидирув-қутқарув ишларидаги иштироки;

фавқулодда вазиятлар зонасида аҳолига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва эвакуация тадбирларидаги иштироки;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширган ишлари;

қўмондонлик ҳамда махсус-тактик машқлардаги иштироки.

Бунда ушбу бандда назарда тутилган маълумотлардан камида иккитаси «қутқарувчи дафтарчаси»да қайд этилган тақдирда, кўнгилли қутқарувчига тавсиянома берилади.

24. Туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари (бошқармалари) томонидан тавсияномаларнинг ҳисоби юритилади.

25. Тавсиянома бир йил давомида амал қилади.

26. Тегишли қутқарув тузилмасида қутқарувчи лавозимига танлов эълон қилинганда, тавсиянома кўнгилли қутқарувчи томонидан бошқа ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этилади.

27. Тавсиянома эгалари қутқарувчи лавозимига ишга киришда танловда антропометрик параметри (бўйи) бўйича устуворликка эга бўлади ҳамда тест синовларидан озод этилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

28. Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчилар мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

29. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

30. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни «Фавқулодда вазиятлар волонтёри» жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Волонтёрларга Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бакалавриат таълим йўналишига ўқишга киришда тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш учун тавсиянома бериш

Босқичлар Масъуллар Ўтказиладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари (бошқармалари) туман (шаҳар), ёшлар ишлари бўлимлари Волонтёрларни саралайди ҳамда фаолияти энг юқори баҳоланган 3 нафар волонтёр номзодига тегишли ҳужжатларни ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларига (бош бошқармаларига) тақдим этади. Ҳар йили 1 мартга қадар 2-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун комиссия таркибини тасдиқлайди. Ҳар йили 10 мартга қадар 3-босқич Ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари) 1. Туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари (бошқармалари) томонидан тақдим этилган волонтёрларни саралайди. 2. Фаолияти энг юқори баҳоланган 3 нафар волонтёр номзодига тегишли ҳужжатларни комиссияга тақдим этади . Ҳар йили 15 мартга қадар 4-босқич Комиссия Ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари) томонидан тақдим этилган номзодларни саралайди ва уларнинг фаолиятини баҳолайди. Ҳар йили 1 апрелга қадар 5-босқич Фавқулодда вазиятлар вазири Тавсиянома берилган волонтёрларнинг рўйхатини тасдиқлайди. Ҳар йили 10 апрелга қадар 6-босқич Ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бош бошқармалари) Тавсияномаларни волонтёрларга тақдим этади. Ҳар йили 1 майга қадар

Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни «Фавқулодда вазиятлар волонтёри» жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИ АКАДЕМИЯСИГА ЎҚИШГА КИРИШ УЧУН БЕРИЛАДИГАН ТАВСИЯНОМА БЛАНКАСИНИНГ

TAVSIYANOMA FVV 000000 _______-yilda tugʻilgan, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi _______________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________________________________________________________ga (familiyasi, ismi, otasining ismi) favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularni bartaraf etishda faol ishtirok etib, boshqalarga oʻrnak boʻlgani uchun berildi. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-310-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi akademiyasining bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga oʻqishga kirishda oʻzi toʻplagan ballning besh foizi miqdorida qoʻshimcha ball beriladi. Tavsiyanoma Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vazirining 20___-yil «___» _________-dagi ____-son buyrugʻiga asosan berildi. Tavsiyanoma rasmiylashtirilib berilgan sanadan eʼtiboran bir yil muddat davomida kuchga ega boʻladi. M.Oʻ.___________________________________________________________________________________ Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri (imzosi, familiyasi, ismi, otasining ismi)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 17 апрель,

181-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 09/26/181/0382-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SHAKLI

“Favqulodda vaziyatlar volontyori” jamoatchilik guruhlarini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Favqulodda vaziyatlar organlari faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-310-son qarori ijrosini taʼminlash, aholini va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilishda “Favqulodda vaziyatlar volontyori” jamoatchilik guruhlarining faoliyatini rivojlantirish hamda ularni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilarni “Favqulodda vaziyatlar volontyori” jamoatchilik guruhlariga jalb etish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

volontyorlarga Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi akademiyasi bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga oʻqishga kirishda toʻplagan ballarining 5 foizi miqdorida qoʻshimcha ball berish uchun tavsiyanoma (keyingi oʻrinlarda — tavsiyanoma) berish tartibi;

koʻngilli qutqaruvchilarga “mahalla yettiligi” tavsiyanomasiga asosan hududiy qutqaruv tuzilmalarida qutqaruvchi lavozimiga ishga qabul qilish boʻyicha tanlovda ustuvorlik berish tartibi.

2. Belgilansinki, volontyorlarga beriladigan tavsiyanoma blankalari Favqulodda vaziyatlar vazirligi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida har yili nazarda tutiladigan mablagʻlar doirasida “Davlat belgisi” MCHJ tomonidan tayyorlanadi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi ikki oy muddatda belgilangan tartibda:

volontyorlarga tavsiyanoma berish uchun tanlovni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha komissiya reglamentini;

tavsiyanoma berish uchun tanlovda volontyorlar faoliyatini baholash tartibini tasdiqlasin.

4. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 27-dekabrdagi 775-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi oliy harbiy taʼlim muassasalarida oʻqishga nomzodlarni saralab olish va qabul qilish, kursantlarni oʻqishdan chetlashtirish va qayta tiklash tartibi toʻgʻrisidagi nizom quyidagi mazmundagi 53 3 -band bilan toʻldirilsin:

“53 3 . Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Favqulodda vaziyatlar organlari faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-310-son qaroriga muvofiq favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularni bartaraf etishda faollik koʻrsatgan, natijalari bilan boshqalarga oʻrnak boʻlgan volontyorlarga Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri tavsiyanomasiga asosan Favqulodda vaziyatlar vazirligi akademiyasining bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga oʻqishga kirishda oʻzlari toʻplagan ballarning 5 foizi miqdorida qoʻshimcha ball koʻrinishida imtiyoz beriladi”.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri A.I. Ikramov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 17-apreldagi 181-son qaroriga ILOVA

Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilarni “Favqulodda vaziyatlar volontyori” jamoatchilik guruhlariga jalb etish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilarni “Favqulodda vaziyatlar volontyori” jamoatchilik guruhlariga (keyingi oʻrinlarda — jamoatchilik guruhlari) jalb etish va ularni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash tartibini belgilaydi.

2. Jamoatchilik guruhlari har bir mahallada yoshlar orasida volontyorlardan va aholi oʻrtasida koʻngilli qutqaruvchilardan iborat tarkibda tegishli hududda favqulodda vaziyatlarning oldini olish hamda oqibatlarini bartaraf etish orqali ushbu mahallani favqulodda vaziyatlardan xoli hududga aylantirish maqsadida tashkil etiladi.

3. Jamoatchilik guruhlarining aʼzolariga quyidagi imtiyozlar taqdim etiladi:

favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularni bartaraf etishda faollik koʻrsatgan, natijalari bilan boshqalarga oʻrnak boʻlgan volontyorlarga Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri tavsiyanomasiga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi akademiyasining (keyingi oʻrinlarda — Akademiya) bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga oʻqishga kirishda oʻzlari toʻplagan ballarning 5 foizi miqdorida qoʻshimcha ball berish;

koʻngilli qutqaruvchilarga “mahalla yettiligi” tavsiyanomasiga asosan hududiy qutqaruv tuzilmalarida qutqaruvchi lavozimiga ishga qabul qilish boʻyicha tanlovda belgilangan tartibda ustuvorlik berish.

2-bob. Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilarni jamoatchilik guruhlariga jalb etish

4. Jamoatchilik guruhlariga faqat oʻn sakkiz yoshdan katta boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari jalb etiladi.

5. Quyidagi fuqarolarning jamoatchilik guruhlariga jalb etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

oʻn sakkiz yoshga toʻlmagan;

muomalaga layoqati belgilangan tartibda cheklangan yoki muomalaga layoqatsiz deb topilgan;

oʻziga nisbatan jinoyat ishi qoʻzgʻatilgan, shuningdek, qasddan jinoyat sodir etganlik uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlangani olib tashlanmagan;

jinoiy jazoni oʻtayotgan;

belgilangan vazifalarni amalga oshirishga monelik qiladigan kasalligi yoki jismoniy nuqsoni mavjud boʻlgan;

haqiqiy harbiy xizmatdagi shaxslar.

6. Jamoatchilik guruhlariga aʼzo boʻlish istagidagi shaxslar Volontyorlar elektron platformasi (volontyor.uz) orqali belgilangan tartibda hisobga qoʻyilgandan soʻng hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalariga (bosh boshqarmalariga) ariza bilan murojaat qiladi.

7. Hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalari (bosh boshqarmalari):

ariza beruvchilarning ushbu Nizomning 5-bandi talablariga muvofiqligini tegishli davlat organlari va tashkilotlardan, shu jumladan, axborot tizimlari orqali belgilangan tartibda olingan maʼlumotlar asosida aniqlaydi;

tegishli talablarga javob beruvchi fuqarolarni 24 soatlik oʻquv dasturi asosida Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan belgilangan tartibda tayyorgarlikdan va attestatsiyadan oʻtkazadi;

attestatsiyadan oʻtgan fuqarolarga “volontyor qutqaruvchi” maqomini va “qutqaruvchi daftarchasi”ni beradi hamda ularning hisobini yuritadi.

8. Kelgusida Akademiyaga oʻqishga kirish istagida boʻlgan fuqarolar jamoatchilik guruhi volontyori sifatida, favqulodda vaziyatlar organlariga qutqaruvchi lavozimiga ishga kirmoqchi boʻlgan fuqarolar jamoatchilik guruhi koʻngilli qutqaruvchisi sifatida roʻyxatga olinadi.

9. Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilar favqulodda vaziyatlarning oldini olish hamda oqibatlarini bartaraf etish ishlariga ixtiyoriylik tamoyili asosida jalb etiladi.

10. Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilar tomonidan amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ularning “qutqaruvchi daftarchasi”ga tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimi (boshqarmasi) boshligʻi tomonidan qayd etib boriladi.

3-bob. Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilarni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash

1-§. Volontyorlarga tavsiyanoma berish

11. Akademiyaga oʻqishga kirishda qoʻshimcha ball berish uchun tavsiyanoma Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan tashkil etiladigan tanlovda gʻolib boʻlgan volontyorlarga beriladi.

Tanlov 18 yoshdan 25 yoshgacha boʻlgan volontyorlar ishtirokida ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

12. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish uchun Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vazirining maʼnaviy-maʼrifiy ishlar va kadrlar bilan taʼminlash boʻyicha oʻrinbosari raisligida komissiya tuziladi.

Kamida besh nafar rahbar-xodimlar va mutaxassislardan iborat boʻlgan komissiya tarkibi, shuningdek, komissiya reglamenti har yili 10-martga qadar Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

Komissiya tarkibiga Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi vakili ham kiradi, shuningdek, unga boshqa vazirlik va idoralarning soha mutaxassislari ham jalb etilishi mumkin.

13. Volontyorlarning faoliyati tuman (shahar), viloyat va respublika darajasida quyidagi mezonlar asosida toʻplangan ballar orqali baholanadi:

“mahallabay” tamoyili asosida favqulodda vaziyatlarning oldini olish boʻyicha amalga oshirgan ishlari;

favqulodda vaziyatlarda qidiruv-qutqaruv ishlaridagi ishtiroki;

favqulodda vaziyatlar zonasida aholiga birinchi tibbiy yordam koʻrsatish va evakuatsiya tadbirlaridagi ishtiroki;

favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha amalga oshirgan ishlari;

qoʻmondonlik hamda maxsus-taktik mashqlardagi ishtiroki.

Volontyorlarni ushbu mezonlar asosida saralash va baholash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri tomonidan tasdiqlanadi.

14. Tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimlari (boshqarmalari) tuman (shahar) yoshlar ishlari boʻlimlari bilan birgalikda har yili 1-martga qadar volontyorlarni saralaydi hamda faoliyati eng yuqori baholangan 3 nafar volontyor nomzodiga tegishli quyidagi hujjatlarni hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalariga (bosh boshqarmalariga) elektron shaklda taqdim etadi:

volontyorlar roʻyxati;

volontyorlarning identifikatsiyalovchi ID-kartalari (biometrik pasporti) nusxalari (“Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali real vaqt rejimida olinadi);

volontyorlarning faoliyati boʻyicha tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimi (boshqarmasi) boshligʻining hisobotlari;

volontyorlarning “qutqaruvchi daftarchasi” nusxalari;

tuman (shahar) yoshlar ishlari boʻlimi boshligʻining fikrnomalari;

volontyorlarning tegishli mezonlar boʻyicha bajargan ishlarini tasdiqlovchi foto va videomateriallar.

Bunda volontyorlarni saralashda ularning faoliyati boʻyicha hisobotlar, “qutqaruvchi daftarchasi” hamda foto va videomateriallardagi maʼlumotlarning oʻzaro mutanosibligi oʻrganilishi shart.

15. Hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalari (bosh boshqarmalari) tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimlari (boshqarmalari) tomonidan taqdim etilgan volontyorlarni belgilangan tartibda saralaydi hamda faoliyati eng yuqori baholangan 3 nafar volontyor nomzodini tegishli hujjatlar bilan birgalikda har yili 15-martga qadar komissiyaga taqdim etadi.

16. Komissiya hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalari (bosh boshqarmalari) tomonidan taqdim etilgan nomzodlarni har yili 1-aprelga qadar belgilangan tartibda saralaydi va ularning faoliyatini baholaydi.

17. Baholash natijalariga koʻra har bir hududdan bir nafardan jami 14 nafar volontyorga ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda tavsiyanoma beriladi.

18. Tavsiyanoma berilgan volontyorlarning roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vazirining buyrugʻi bilan har yili 10-aprelga qadar tasdiqlanadi.

19. Tavsiyanomalar volontyorlarga hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalari (bosh boshqarmalari) tomonidan har yili 1-mayga qadar taqdim etiladi.

20. Tavsiyanoma bir oʻquv yili uchun amal qiladi.

2-§. Koʻngilli qutqaruvchilarga ishga qabul qilishda ustuvorlik berish

21. Hududiy qutqaruv tuzilmalarida qutqaruvchi lavozimiga ishga kirish istagini bildirgan 30 yoshdan oshmagan koʻngilli qutqaruvchilar mahalla fuqarolar yigʻini raisiga tavsiyanoma olish uchun ariza bilan murojaat qiladi. Arizaga fuqaroning “qutqaruvchi daftarchasi” nusxasi ilova qilinadi.

22. “Mahalla yettiligi” aʼzolari arizani bir hafta muddatda tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimlari (boshqarmalari) boshliqlari bilan birgalikda koʻrib chiqadi.

23. Arizani koʻrib chiqishda “qutqaruvchi daftarchasi”da quyidagi maʼlumotlar qayd etilganiga eʼtibor qaratiladi:

favqulodda vaziyatlarda qidiruv-qutqaruv ishlaridagi ishtiroki;

favqulodda vaziyatlar zonasida aholiga birinchi tibbiy yordam koʻrsatish va evakuatsiya tadbirlaridagi ishtiroki;

favqulodda vaziyatlarning oldini olish va oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha amalga oshirgan ishlari;

qoʻmondonlik hamda maxsus-taktik mashqlardagi ishtiroki.

Bunda ushbu bandda nazarda tutilgan maʼlumotlardan kamida ikkitasi “qutqaruvchi daftarchasi”da qayd etilgan taqdirda, koʻngilli qutqaruvchiga tavsiyanoma beriladi.

24. Tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimlari (boshqarmalari) tomonidan tavsiyanomalarning hisobi yuritiladi.

25. Tavsiyanoma bir yil davomida amal qiladi.

26. Tegishli qutqaruv tuzilmasida qutqaruvchi lavozimiga tanlov eʼlon qilinganda, tavsiyanoma koʻngilli qutqaruvchi tomonidan boshqa hujjatlar bilan birgalikda taqdim etiladi.

27. Tavsiyanoma egalari qutqaruvchi lavozimiga ishga kirishda tanlovda antropometrik parametri (boʻyi) boʻyicha ustuvorlikka ega boʻladi hamda test sinovlaridan ozod etiladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

28. Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilar mansabdor shaxslarning xatti-harakatlari ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.

29. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

30. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilarni “Favqulodda vaziyatlar volontyori” jamoatchilik guruhlariga jalb etish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Volontyorlarga Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi akademiyasi bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga oʻqishga kirishda toʻplagan ballarining 5 foizi miqdorida qoʻshimcha ball berish uchun tavsiyanoma berish

Bosqichlar Masʼullar Oʻtkaziladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimlari (boshqarmalari) tuman (shahar), yoshlar ishlari boʻlimlari Volontyorlarni saralaydi hamda faoliyati eng yuqori baholangan 3 nafar volontyor nomzodiga tegishli hujjatlarni hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalariga (bosh boshqarmalariga) taqdim etadi. Har yili 1-martga qadar 2-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish uchun komissiya tarkibini tasdiqlaydi. Har yili 10-martga qadar 3-bosqich Hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalari (bosh boshqarmalari) 1. Tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimlari (boshqarmalari) tomonidan taqdim etilgan volontyorlarni saralaydi. 2. Faoliyati eng yuqori baholangan 3 nafar volontyor nomzodiga tegishli hujjatlarni komissiyaga taqdim etadi . Har yili 15-martga qadar 4-bosqich Komissiya Hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalari (bosh boshqarmalari) tomonidan taqdim etilgan nomzodlarni saralaydi va ularning faoliyatini baholaydi. Har yili 1-aprelga qadar 5-bosqich Favqulodda vaziyatlar vaziri Tavsiyanoma berilgan volontyorlarning roʻyxatini tasdiqlaydi. Har yili 10-aprelga qadar 6-bosqich Hududiy favqulodda vaziyatlar boshqarmalari (bosh boshqarmalari) Tavsiyanomalarni volontyorlarga taqdim etadi. Har yili 1-mayga qadar

Volontyorlar va koʻngilli qutqaruvchilarni “Favqulodda vaziyatlar volontyori” jamoatchilik guruhlariga jalb etish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI FAVQULODDA VAZIYATLAR VAZIRLIGI AKADEMIYASIGA OʻQISHGA KIRISH UCHUN BERILADIGAN TAVSIYANOMA BLANKASINING

TAVSIYANOMA FVV 000000 _______-yilda tugʻilgan, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi _______________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________________________________________________________ga (familiyasi, ismi, otasining ismi) favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularni bartaraf etishda faol ishtirok etib, boshqalarga oʻrnak boʻlgani uchun berildi. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-310-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi akademiyasining bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga oʻqishga kirishda oʻzi toʻplagan ballning besh foizi miqdorida qoʻshimcha ball beriladi. Tavsiyanoma Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vazirining 20___-yil “___” _________-dagi ____-son buyrugʻiga asosan berildi. Tavsiyanoma rasmiylashtirilib berilgan sanadan eʼtiboran bir yil muddat davomida kuchga ega boʻladi. M.Oʻ.___________________________________________________________________________________ Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri (imzosi, familiyasi, ismi, otasining ismi)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 17-aprel,

181-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.04.2026-y., 09/26/181/0382-son)

lex.uz