UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 20-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 20 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 апреля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 April 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

МЕЪЁРЛАРИ

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

Асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ва улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Асаларичиликни ривожлантириш, асалари оилаларини касаллик ва кимёвий воситалар таъсиридан ҳимоя қилиш, асаларичилик фаолиятини самарали ташкил этиш учун янада қулай шароитлар яратиш, шунингдек, асал етиштирувчилар билан ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг узвий алоқадорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ҳамда улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

асалари оилаларини жойлаштириш ва ташиш бўйича талаблар;

қишлоқ хўжалиги экинлари ва бошқа ўсимликларга пестицидлар билан ишлов бериш тўғрисида огоҳлантириш юбориш тартиби ҳамда пестицидлар билан ишлов беришда ваколатли органларнинг вазифалари;

пестицидлар билан ишлов бериш тадбирларини мониторинг қилиш.

2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч ой муддатда:

«Agrokoʻmakchi» мобил дастурининг «CropAgro» ахборот тизимига интеграция қилинишини;

«CropAgro» ахборот тизимидан «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси мунтазам равишда фойдаланиши учун зарур имкониятлар яратилишини таъминласин.

3. Белгилансинки, қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар ёрдамида чанглатиш бўйича агротехника тадбирларини амалга ошириш, асаларилар нобуд бўлишининг олдини олиш ишларига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар шахсан масъул ҳисобланади.

4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳамда «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси билан биргаликда ҳудудларда агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари ва асаларичилар учун асалариларнинг қишлоқ хўжалиги экинларини чанглатишдаги аҳамияти, пестицидларнинг асалариларга етказадиган зарари ва хавфсиз пестицидларни қўллаш ҳамда асалариларни касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича ўқув-семинарлар ташкил қилиб борсин.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 апрелдаги 189-сон қарорига ИЛОВА

Асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ҳамда улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ҳамда улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

асаларичилик — асосий фаолият йўналиши қишлоқ хўжалиги экинларини чанглатиб, ҳосилдорликни ошириш ҳамда асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат бўлган қишлоқ хўжалиги тармоғи;

асаларичи — асаларичилик соҳасида фаолият юритадиган юридик ва жисмоний шахслар;

асалари оиласи — биологик жиҳатдан мустақил мумкатакчаларда яшовчи ишчи, она ва эркак асаларилар жамоаси;

асалари уяси — асалари оиласини боқиш учун мўлжалланган сунъий қурилмалар;

асалари мавжуд ҳудуд — зарур иморат ва иншоотлар ҳамда асбоб-ускуналар билан жиҳозланган асалари уяларида жойлашган асалари оилалари бор ҳудуд;

ердан фойдаланувчи — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ер участкаси эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар (агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар);

пестицидлар — қишлоқ хўжалиги экинлари ва бошқа ўсимликларнинг зарарли организмларига қарши курашиш учун қўлланадиган кимёвий моддалар;

чанглатиш — ўсимликларда гулчангни кўчиришда тухум ҳужайрани уруғлантириш орқали кўпайиш усули;

энтомофил ўсимликлар — асалари учун табиий озиқ манбаи ҳисобланган ҳамда гулшира ва гулчанг чиқарадиган қишлоқ хўжалиги экинлари ва бошқа ўсимликлар.

2-боб. Асалари оилаларини жойлаштириш ва ташиш

3. Асаларичи томонидан ўзига тегишли бўлмаган ер участкаларида асаларичи ва ердан фойдаланувчи ўртасида (ихтиёрий) тузиладиган оғзаки келишув ёки ёзма шартномага асосан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 30-моддасига мувофиқ ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) асосида асалари уялари жойлаштирилиши мумкин.

Бунда асаларилар ердан фойдаланувчи ва унга чегарадош ердан фойдаланувчиларга ноқулайликлар туғдирмаслиги лозим.

Ноқулайликлар деганда, асаларилар чақиши хавфини оширувчи ҳолатлар, аҳоли яшайдиган ҳудудларга ёки чорвачилик ҳудудларига жуда яқин масофада асалари уяларини жойлаштириш, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари ҳамда экология соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмаслик, шовқин ёки ҳид билан боғлиқ безовталикларни келтириб чиқариш каби ҳолатлар назарда тутилади.

4. Асаларичи асалари мавжуд ҳудудда асалариларнинг инсон ва ҳайвонларни тасодифий чақишининг олдини олишга қаратилган огоҳлантириш чораларини (асалари мавжуд ҳудуд атрофига «EНTIYOT BOʻLING, ASALARI» белгисини ўрнатиш) кўради.

5. Асаларичи асалари уяларини қишлоқ хўжалиги экинлари (мевали боғ, пахта майдонлари ва бошқалар) ҳудудига жойлаштиргандан кейин уч кун муддатда ердан фойдаланувчи ва унга чегарадош ердан фойдаланувчилар ҳамда туман (Қувасой шаҳри) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимини ёзма равишда ёки «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграциялашув платформаси (кейинги ўринларда — Агропортал) ёхуд «Agrokoʻmakchi» мобил иловаси орқали огоҳлантиради.

6. Асалари уялари:

соғлиқни сақлаш, таълим, спорт ва маданият муассасалари, юқори қувватли электр узатиш линиялари ва темир йўллардан камида 300 — 500 метр;

чорвачилик ва паррандачилик мажмуалари, қандолатчилик ва кимё саноати корхоналаридан камида 500 — 1000 метр масофада жойлаштирилади.

7. Асалари мавжуд ҳудудда асалари уялари, мумкатакчалар, асаларичиликка оид асбоб-ускуналар, дезинфекция қилиш воситалари, тиббий ёрдам (ветеринария ёрдами) қутичаси ва унда аллергияга қарши (антигистамин) препаратлар, анафилактик шокнинг олдини олиш учун тиббий воситалар, тиббий воситаларни қўллаш бўйича қисқача йўриқномалар бўлиши лозим.

8. Асалари уялари ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ қишлоқ хўжалиги экинлари ва энтомофил ўсимликларга асалари оилаларини жойлаштириш меъёрлари ҳисобга олинган ҳолда жойлаштирилади.

9. Қишлоқ хўжалиги экинларининг (мевали боғ, пахта майдонлари ва бошқалар) гуллаш даврида икки ёки ундан ортиқ асаларичи ҳар бир асалари мавжуд ҳудудда асалари уяларини жойлаштиришда ўзаро келишув асосида, бир-бирини хабардор қилган ҳолда, асалари уяларини бир-биридан камида 1 000 метр оралиқ масофада ҳамда унинг кириб-чиқиш жойини (тешиги) бир-бирига тескари томонга қаратиб жойлаштиради.

Бунда ушбу асалари мавжуд ҳудудга келган асаларичи ўзидан олдин келган асаларичи(лар)ни хабардор қилади.

10. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ҳамда ўрмон фонди ерларида, тоғ ва тоғолди ҳудудларида асаларичиликни ривожлантириш ва асал йиғиш учун асалари мавжуд ҳудудлар бир-биридан камида 3 км радиусдан (она ариларни кўпайтириш (урчитиш) бундан мустасно) ташқарида жойлаштирилади.

Она ариларни кўпайтириш (урчитиш) учун асалари мавжуд ҳудудлар бир-биридан камида 25 км радиусдан ташқарида жойлаштирилади.

Бунда она ариларни кўпайтириш (урчитиш) билан шуғулланаётган асаларичи Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 сентябрдаги 449-сон қарори билан тасдиқланган Наслчилик хўжалиги мақомини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ асалари зотларини кўпайтириш (урчитиш) билан шуғулланувчи наслчилик хўжалиги мақомини олган бўлиши керак.

11. Асалари касалликлари тарқалишининг олдини олиш мақсадида асалари уялари ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари асосида ташилади.

3-боб. Қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов бериш тўғрисида огоҳлантириш юбориш

12. Барча ердан фойдаланувчилар ва асаларичилар Агропортал ёки «Agrokoʻmakchi» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтади.

13. Ердан фойдаланувчи:

қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов бериш тўғрисида ўз ҳудудида ва унга чегарадош ҳудудда асалари мавжуд ҳудуд ташкил этган асаларичиларни ҳамда туман (Қувасой шаҳри) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимини пестицидлар билан ишлов беришни бошлашдан камида уч кун олдин ёзма ёки электрон шаклда (SMS-хабарнома, «Agrokoʻmakchi» мобил иловаси ёки Агропортал орқали) огоҳлантиради;

пестицидлар қўлланадиган майдон жойи (GPS ёки кадастр рақами билан), ишлов бериш вақти (санаси ва соати), ишлатиладиган пестицид номи ва миқдори (дозаси) ҳамда пестицидлар билан ишлов берадиган масъул шахс ва унинг телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотларни ёзма равишда туман (Қувасой шаҳри) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимига ёки электрон шаклда Агропортал ёки «Agrokoʻmakchi» мобил иловасига киритиб боради.

14. Қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов берилиши ҳақидаги огоҳлантиришни олган асаларичилар дарҳол асалари уяларини ушбу ҳудуддан камида 7 км узоқликка олиб кетиш ёки уларни ҳимоя қилиш чораларини кўради.

4-боб. Қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов беришда ваколатли органларнинг вазифалари

15. Туман (Қувасой шаҳри) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими:

қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов бериш ҳақидаги хабарни ердан фойдаланувчидан олгандан 24 соат ичида туман (Қувасой шаҳри) фермерлари кенгаши, «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси ҳамда пестицидлар билан ишлов бериладиган ҳудуддаги ердан фойдаланувчилар (агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар) ва асаларичиларни ёзма ёки электрон шаклда (SMS-хабарнома, ижтимоий тармоқлар, электрон почталар ва мобил иловалар орқали) хабардор қилади;

хабарномада пестицидлар билан ишлов бериладиган майдон жойи (GPS ёки кадастр рақами билан), ишлов бериш вақти (сана ва соат), ишлатиладиган пестицид номи ва миқдори (дозаси) ҳамда пестицид билан ишлов берадиган масъул шахс ва унинг телефон рақамини эълон қилади;

қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов бериш натижасида асалари оилаларининг заҳарланиши ҳолатлари кузатилганда, дастлаб нобуд бўлган асаларилар, уларнинг маҳсулотлари, тупроқ ва ўсимликлардан намуналар олган ҳолда, лаборатория таҳлилларини ўтказади;

қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов бериш натижасида асалари оилалари нобуд бўлган ҳолатлар аниқланганда, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилайди ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича профилактика тадбирларини амалга оширади;

туман (Қувасой шаҳри) ҳудудидаги ердан фойдаланувчиларга асаларилар учун хавфсиз пестицидларни қўллаш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боради;

қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов беришда фойдаланишга рухсат этилган биологик воситалар ва кимёвий воситаларни асаларилар фаол бўлмаган вақтларда (фақат тунги вақтда) амалга ошириш бўйича тавсиялар беради;

пестицидлардан фойдаланишда асалари оилалари муҳофазасига оид меъёрларга риоя этилишини назорат қилади ва хулосалар беради.

16. Туман (Қувасой шаҳри) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими:

асалари оилаларининг касалликлар натижасида нобуд бўлиши ҳолатларини аниқлаб, нобуд бўлган асаларилар ва уларнинг маҳсулотларидан намуналар олган ҳолда, тегишли лаборатория таҳлилларини ўтказишга масъул ҳисобланади;

асалариларда вирусли ва бошқа турдаги касалликлар аниқланганда, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилайди ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича профилактика тадбирларини амалга оширади;

асаларичилар ўртасида асалари касалликлари тўғрисида, уларнинг тарқалишининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тушунтириш ҳамда тарғибот ишларини олиб боради;

вирусли ва бошқа турдаги касалликлар аниқланган асалари оилаларини карантинга олиш чораларини кўради;

асалари оилалари касалликлари бўйича доимий мониторинг қилиб боради;

хорижий давлатлардан олиб кириладиган бошқа турдаги чанглатувчи асаларилар, асалари оилалари, она асаларилар ва асаларичилик маҳсулотларининг лаборатория таҳлилидан ўтказилишини ташкил қилади.

5-боб. Пестицидлар билан ишлов бериш тадбирларини мониторинг қилиш

17. Пестицидлар билан ишлов бериш тадбирларини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилади.

18. Ишчи гуруҳ:

қишлоқ хўжалиги экинлари (мевали боғ, пахта майдонлари ва бошқалар)да мавсум давомида пестицидлар билан ишлов бериш тадбирларида шахсан иштирок этиб, асалари оилалари пестицидлар таъсирида нобуд бўлишининг олдини олиш чораларини кўриб боради;

асалари оилаларини жойлаштириш бўйича талабларнинг бажарилишини мониторинг қилиб боради, натижаларни умумлаштириш учун вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасига тақдим этади ҳамда ушбу маълумотларнинг вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига киритилишини ташкил этади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг расмий веб-сайтларида, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлар орқали пестицидлар билан ишланаётган ҳудуд тўғрисидаги маълумотларни ёритиб боради;

асалари оилалари пестицидлар, асалари касалликлари ёки бошқа омиллар таъсирида нобуд бўлганда, асаларичининг мурожаатига кўра беш иш куни ичида асалари оилаларининг нобуд бўлиш сабабларини аниқлаш бўйича ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ хулосани расмийлаштиради.

19. Хулоса расмийлаштирилган кундан бошлаб икки иш куни ичида мурожаат қилган асаларичига юборилади.

Хулоса низоларни ҳал қилиш юзасидан судда асос бўлувчи ҳужжат бўлиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

20. Асаларичи асалари оилалари нобуд бўлишининг олдини олиш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда асалари оиласини суғурта қилиши мумкин.

21. Ушбу Низом талабларига риоя қилмаганлик натижасида асалари оилаларининг нобуд бўлишида айбдор бўлган шахс асаларичига етказилган зарар учун жавобгар ҳисобланади.

Асаларичига етказилган зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ҳамда улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги экинлари ва энтомофил ўсимликларга асалари оилаларини жойлаштириш

Т/р Қишлоқ хўжалиги экинлари ва энтомофил ўсимликлар номи Ўртача гулшира маҳсулдорлиги, кг 1 гектарга талаб этиладиган асалари оилалари, та маҳсулот йиғиш учун чанглатиш учун I. Дала экинлари 1.1. Кунгабоқар 30 — 60 1 2-3 1.2. Рапс 60 — 100 1-2 2 — 4 1.3. Кашнич 100 — 150 2-3 2-3 1.4. Полиз 10 — 30 1 4 1.5. Суғориладиган беда 200 — 300 4 — 6 6 1.6. Эспарцет 70 — 120 2-3 3-4 1.7. Фацелия 100 — 350 2 — 7 2 — 7 1.8. Қашқар беда 200 — 500 4 — 8 3-4 1.9. Ғўза 30 — 50 1-2 5-6 1.10. Бошқалар 1 — 3 3 — 5 II. Дарахт-бута 2.1. Мевали 20 — 40 1-2 2 — 4 2.2. Интенсив боғ - 2 — 4 4 — 8 2.3. Суперинтенсив боғ - 6 — 12 12 — 24 2.4. Мевазорлар 50 — 100 1-2 2 — 4 2.5. Оқ акация 300 — 600 6 — 10 3-4 2.6. Сариқ акация 50 — 150 1 — 3 2-3 2.7. Бошқалар 1 — 3 3 — 5

Асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ҳамда улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов бериш тадбирларини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг

Т/р Ф.И.О Лавозими 1. Лавозимига кўра Туман (Қувасой шаҳри) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — ишчи гуруҳ раҳбари 2. Лавозимига кўра Туман (Қувасой шаҳри) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими бошлиғи — ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. Лавозимига кўра Туман (Қувасой шаҳри) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи 4. Лавозимига кўра Туман (Қувасой шаҳри) фермерлари кенгаши раиси 5. Келишувга кўра Ҳудудий асаларичилар уюшмаси раиси 6. Лавозимига кўра Туман (Қувасой шаҳри) қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси — ишчи гуруҳ котиби

Асалари оилаларини жойлаштириш, кўчириш ҳамда улар нобуд бўлишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги экинларига пестицидлар билан ишлов бериш тадбирларини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳ ХУЛОСАСИ 20__ йил «___» ___________ _______ тумани ( Қувасой шаҳри) Биз, ишчи гуруҳ аъзолари: ____________________________, ____________________________, ____________________________, ____________________________, ____________________________, ____________________________, 20__ йил «___» __________куни________________________________________________________ ________________________________________________________________________________ томонидан (қишлоқ хўжалиги субъекти ва асаларичининг Ф.И.О. ва паспорти (идентификация ID-картаси) маълумотлари, агар юридик шахс бўлса, унинг тўлиқ номи ва раҳбарининг Ф.И.О.) асалари оилаларининг қишлоқ хўжалиги экинларига кимёвий пестицидлар билан ишлов бериш тадбирлари натижасида нобуд бўлиши бўйича _____________зотига мансуб асалариларни ветеринария кўриги, клиник ва лаборатория текширувларидан ўтказиб, қуйидагиларни аниқладик: а) асалари уялари сони ва жойлашуви __________________________; б) лаборатория таҳлиллари учун олинган намуналар (асалари, мум парда, асал, ўсимликлар) _____________________________________________________; в) нобуд бўлган асалариларнинг ташқи белгилари (асалариларнинг уя атрофида ётиши, учолмаслиги, титроқ, ранг ўзгариши ва бошқалар) ___________________________; г) озиқлантириш (шира, гулчанг, асал, қанд шарбати) ___________________; д) касаллик ва паразитларга оид белгилар (варроатоз, нозематоз ва бошқалар) ________; е) атроф-муҳит шароити (об-ҳаво, яқин атрофдаги экинлар) ______________; ж) нобуд бўлиш сабаблари (пестицидлар билан заҳарланиш, касаллик, нотўғри парвариш, иқлим омиллари ва бошқалар) ___________________________; з) кимёвий пестицид сепилган деб тахмин қилинган тупроқ намунаси лаборатория таҳлили ва унинг нобуд бўлган асаларилардаги билан солиштирмаси _____________. Юқоридаги ветеринария кўриги, клиник ва лаборатория текширувларига асосланиб, асаларилар _____________________________ деб топилди. Шунга асосланиб асаларичига _________________________________ тавсиялар берилди. Хулосани тўғри деб имзо чекувчилар: Туман (Қувасой шаҳри) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари _____________ Имзо, муҳр (Ф.И.О.) Туман (Қувасой шаҳри) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими бошлиғи _____________ Имзо, муҳр (Ф.И.О.) Туман (Қувасой шаҳри) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи _____________ Имзо, муҳр (Ф.И.О.) Туман (Қувасой шаҳри) фермерлари кенгаши раиси _____________ Имзо, муҳр (Ф.И.О.) Ҳудудий асаларичилар уюшмаси раиси ___________ Имзо, муҳр (Ф.И.О.) Туман (Қувасой шаҳри) қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси _____________ Имзо (Ф.И.О.)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 20 апрель,

189 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2026 й., 09/26/189/0391-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

MEʼYORLARI

NAMUNAVIY TARKIBI

Asalari oilalarini joylashtirish, koʻchirish va ular nobud boʻlishining oldini olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Asalarichilikni rivojlantirish, asalari oilalarini kasallik va kimyoviy vositalar taʼsiridan himoya qilish, asalarichilik faoliyatini samarali tashkil etish uchun yanada qulay sharoitlar yaratish, shuningdek, asal yetishtiruvchilar bilan yer egalari, yerdan foydalanuvchilar, ijarachilar va mulkdorlarning uzviy aloqadorligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Asalari oilalarini joylashtirish, koʻchirish hamda ular nobud boʻlishining oldini olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

asalari oilalarini joylashtirish va tashish boʻyicha talablar;

qishloq xoʻjaligi ekinlari va boshqa oʻsimliklarga pestitsidlar bilan ishlov berish toʻgʻrisida ogohlantirish yuborish tartibi hamda pestitsidlar bilan ishlov berishda vakolatli organlarning vazifalari;

pestitsidlar bilan ishlov berish tadbirlarini monitoring qilish.

2. Qishloq xoʻjaligi vazirligi uch oy muddatda:

“Agrokoʻmakchi” mobil dasturining “CropAgro” axborot tizimiga integratsiya qilinishini;

“CropAgro” axborot tizimidan “Oʻzbekiston asalarichilari” uyushmasi muntazam ravishda foydalanishi uchun zarur imkoniyatlar yaratilishini taʼminlasin.

3. Belgilansinki, qishloq xoʻjaligi ekinlarini asalarilar yordamida changlatish boʻyicha agrotexnika tadbirlarini amalga oshirish, asalarilar nobud boʻlishining oldini olish ishlariga Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, Oʻsimliklar karantini va himoyasi agentligi, “Oʻzbekiston asalarichilari” uyushmasi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari, shuningdek, tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, barcha yer egalari, yerdan foydalanuvchilar, ijarachilar va mulkdorlar shaxsan masʼul hisoblanadi.

4. Qishloq xoʻjaligi vazirligi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, Oʻsimliklar karantini va himoyasi agentligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi hamda “Oʻzbekiston asalarichilari” uyushmasi bilan birgalikda hududlarda agroklasterlar, fermer va dehqon xoʻjaliklari hamda boshqa qishloq xoʻjaligi subyektlari va asalarichilar uchun asalarilarning qishloq xoʻjaligi ekinlarini changlatishdagi ahamiyati, pestitsidlarning asalarilarga yetkazadigan zarari va xavfsiz pestitsidlarni qoʻllash hamda asalarilarni kasalliklardan himoya qilish boʻyicha oʻquv-seminarlar tashkil qilib borsin.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-apreldagi 189-son qaroriga ILOVA

Asalari oilalarini joylashtirish, koʻchirish hamda ular nobud boʻlishining oldini olish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom asalari oilalarini joylashtirish, koʻchirish hamda ular nobud boʻlishining oldini olish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

asalarichilik — asosiy faoliyat yoʻnalishi qishloq xoʻjaligi ekinlarini changlatib, hosildorlikni oshirish hamda asal mahsulotlari ishlab chiqarishdan iborat boʻlgan qishloq xoʻjaligi tarmogʻi;

asalarichi — asalarichilik sohasida faoliyat yuritadigan yuridik va jismoniy shaxslar;

asalari oilasi — biologik jihatdan mustaqil mumkatakchalarda yashovchi ishchi, ona va erkak asalarilar jamoasi;

asalari uyasi — asalari oilasini boqish uchun moʻljallangan sunʼiy qurilmalar;

asalari mavjud hudud — zarur imorat va inshootlar hamda asbob-uskunalar bilan jihozlangan asalari uyalarida joylashgan asalari oilalari bor hudud;

yerdan foydalanuvchi — qonunchilik hujjatlariga muvofiq yer uchastkasi egalari, yerdan foydalanuvchilar, ijarachilar va mulkdorlar (agroklaster, fermer va dehqon xoʻjaliklari hamda boshqa yuridik va jismoniy shaxslar);

pestitsidlar — qishloq xoʻjaligi ekinlari va boshqa oʻsimliklarning zararli organizmlariga qarshi kurashish uchun qoʻllanadigan kimyoviy moddalar;

changlatish — oʻsimliklarda gulchangni koʻchirishda tuxum hujayrani urugʻlantirish orqali koʻpayish usuli;

entomofil oʻsimliklar — asalari uchun tabiiy oziq manbai hisoblangan hamda gulshira va gulchang chiqaradigan qishloq xoʻjaligi ekinlari va boshqa oʻsimliklar.

2-bob. Asalari oilalarini joylashtirish va tashish

3. Asalarichi tomonidan oʻziga tegishli boʻlmagan yer uchastkalarida asalarichi va yerdan foydalanuvchi oʻrtasida (ixtiyoriy) tuziladigan ogʻzaki kelishuv yoki yozma shartnomaga asosan Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksi 30-moddasiga muvofiq oʻzganing yer uchastkasidan cheklangan tarzda foydalanish huquqi (servitut) asosida asalari uyalari joylashtirilishi mumkin.

Bunda asalarilar yerdan foydalanuvchi va unga chegaradosh yerdan foydalanuvchilarga noqulayliklar tugʻdirmasligi lozim.

Noqulayliklar deganda, asalarilar chaqishi xavfini oshiruvchi holatlar, aholi yashaydigan hududlarga yoki chorvachilik hududlariga juda yaqin masofada asalari uyalarini joylashtirish, veterinariya, veterinariya-sanitariya qoidalari va normalari hamda ekologiya sohasiga oid qonunchilik hujjatlariga rioya etmaslik, shovqin yoki hid bilan bogʻliq bezovtaliklarni keltirib chiqarish kabi holatlar nazarda tutiladi.

4. Asalarichi asalari mavjud hududda asalarilarning inson va hayvonlarni tasodifiy chaqishining oldini olishga qaratilgan ogohlantirish choralarini (asalari mavjud hudud atrofiga “ENTIYOT BOʻLING, ASALARI” belgisini oʻrnatish) koʻradi.

5. Asalarichi asalari uyalarini qishloq xoʻjaligi ekinlari (mevali bogʻ, paxta maydonlari va boshqalar) hududiga joylashtirgandan keyin uch kun muddatda yerdan foydalanuvchi va unga chegaradosh yerdan foydalanuvchilar hamda tuman (Quvasoy shahri) oʻsimliklar karantini va himoyasi boʻlimini yozma ravishda yoki “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsiyalashuv platformasi (keyingi oʻrinlarda — Agroportal) yoxud “Agrokoʻmakchi” mobil ilovasi orqali ogohlantiradi.

6. Asalari uyalari:

sogʻliqni saqlash, taʼlim, sport va madaniyat muassasalari, yuqori quvvatli elektr uzatish liniyalari va temir yoʻllardan kamida 300 — 500 metr;

chorvachilik va parrandachilik majmualari, qandolatchilik va kimyo sanoati korxonalaridan kamida 500 — 1000 metr masofada joylashtiriladi.

7. Asalari mavjud hududda asalari uyalari, mumkatakchalar, asalarichilikka oid asbob-uskunalar, dezinfeksiya qilish vositalari, tibbiy yordam (veterinariya yordami) qutichasi va unda allergiyaga qarshi (antigistamin) preparatlar, anafilaktik shokning oldini olish uchun tibbiy vositalar, tibbiy vositalarni qoʻllash boʻyicha qisqacha yoʻriqnomalar boʻlishi lozim.

8. Asalari uyalari ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq qishloq xoʻjaligi ekinlari va entomofil oʻsimliklarga asalari oilalarini joylashtirish meʼyorlari hisobga olingan holda joylashtiriladi.

9. Qishloq xoʻjaligi ekinlarining (mevali bogʻ, paxta maydonlari va boshqalar) gullash davrida ikki yoki undan ortiq asalarichi har bir asalari mavjud hududda asalari uyalarini joylashtirishda oʻzaro kelishuv asosida, bir-birini xabardor qilgan holda, asalari uyalarini bir-biridan kamida 1 000 metr oraliq masofada hamda uning kirib-chiqish joyini (teshigi) bir-biriga teskari tomonga qaratib joylashtiradi.

Bunda ushbu asalari mavjud hududga kelgan asalarichi oʻzidan oldin kelgan asalarichi(lar)ni xabardor qiladi.

10. Qishloq xoʻjaligida foydalanilmaydigan hamda oʻrmon fondi yerlarida, togʻ va togʻoldi hududlarida asalarichilikni rivojlantirish va asal yigʻish uchun asalari mavjud hududlar bir-biridan kamida 3 km radiusdan (ona arilarni koʻpaytirish (urchitish) bundan mustasno) tashqarida joylashtiriladi.

Ona arilarni koʻpaytirish (urchitish) uchun asalari mavjud hududlar bir-biridan kamida 25 km radiusdan tashqarida joylashtiriladi.

Bunda ona arilarni koʻpaytirish (urchitish) bilan shugʻullanayotgan asalarichi Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 5-sentabrdagi 449-son qarori bilan tasdiqlangan Naslchilik xoʻjaligi maqomini berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga muvofiq asalari zotlarini koʻpaytirish (urchitish) bilan shugʻullanuvchi naslchilik xoʻjaligi maqomini olgan boʻlishi kerak.

11. Asalari kasalliklari tarqalishining oldini olish maqsadida asalari uyalari veterinariya, veterinariya-sanitariya qoidalari va normalari asosida tashiladi.

3-bob. Qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berish toʻgʻrisida ogohlantirish yuborish

12. Barcha yerdan foydalanuvchilar va asalarichilar Agroportal yoki “Agrokoʻmakchi” mobil ilovasi orqali roʻyxatdan oʻtadi.

13. Yerdan foydalanuvchi:

qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berish toʻgʻrisida oʻz hududida va unga chegaradosh hududda asalari mavjud hudud tashkil etgan asalarichilarni hamda tuman (Quvasoy shahri) oʻsimliklar karantini va himoyasi boʻlimini pestitsidlar bilan ishlov berishni boshlashdan kamida uch kun oldin yozma yoki elektron shaklda (SMS-xabarnoma, “Agrokoʻmakchi” mobil ilovasi yoki Agroportal orqali) ogohlantiradi;

pestitsidlar qoʻllanadigan maydon joyi (GPS yoki kadastr raqami bilan), ishlov berish vaqti (sanasi va soati), ishlatiladigan pestitsid nomi va miqdori (dozasi) hamda pestitsidlar bilan ishlov beradigan masʼul shaxs va uning telefon raqamlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yozma ravishda tuman (Quvasoy shahri) oʻsimliklar karantini va himoyasi boʻlimiga yoki elektron shaklda Agroportal yoki “Agrokoʻmakchi” mobil ilovasiga kiritib boradi.

14. Qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berilishi haqidagi ogohlantirishni olgan asalarichilar darhol asalari uyalarini ushbu hududdan kamida 7 km uzoqlikka olib ketish yoki ularni himoya qilish choralarini koʻradi.

4-bob. Qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berishda vakolatli organlarning vazifalari

15. Tuman (Quvasoy shahri) oʻsimliklar karantini va himoyasi boʻlimi:

qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berish haqidagi xabarni yerdan foydalanuvchidan olgandan 24 soat ichida tuman (Quvasoy shahri) fermerlari kengashi, “Oʻzbekiston asalarichilari” uyushmasi hamda pestitsidlar bilan ishlov beriladigan hududdagi yerdan foydalanuvchilar (agroklasterlar, fermer va dehqon xoʻjaliklari hamda boshqa yuridik va jismoniy shaxslar) va asalarichilarni yozma yoki elektron shaklda (SMS-xabarnoma, ijtimoiy tarmoqlar, elektron pochtalar va mobil ilovalar orqali) xabardor qiladi;

xabarnomada pestitsidlar bilan ishlov beriladigan maydon joyi (GPS yoki kadastr raqami bilan), ishlov berish vaqti (sana va soat), ishlatiladigan pestitsid nomi va miqdori (dozasi) hamda pestitsid bilan ishlov beradigan masʼul shaxs va uning telefon raqamini eʼlon qiladi;

qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berish natijasida asalari oilalarining zaharlanishi holatlari kuzatilganda, dastlab nobud boʻlgan asalarilar, ularning mahsulotlari, tuproq va oʻsimliklardan namunalar olgan holda, laboratoriya tahlillarini oʻtkazadi;

qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berish natijasida asalari oilalari nobud boʻlgan holatlar aniqlanganda, ularni bartaraf etish yuzasidan tegishli chora-tadbirlarni belgilaydi hamda ularning oldini olish boʻyicha profilaktika tadbirlarini amalga oshiradi;

tuman (Quvasoy shahri) hududidagi yerdan foydalanuvchilarga asalarilar uchun xavfsiz pestitsidlarni qoʻllash boʻyicha tushuntirish va targʻibot ishlarini olib boradi;

qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berishda foydalanishga ruxsat etilgan biologik vositalar va kimyoviy vositalarni asalarilar faol boʻlmagan vaqtlarda (faqat tungi vaqtda) amalga oshirish boʻyicha tavsiyalar beradi;

pestitsidlardan foydalanishda asalari oilalari muhofazasiga oid meʼyorlarga rioya etilishini nazorat qiladi va xulosalar beradi.

16. Tuman (Quvasoy shahri) veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boʻlimi:

asalari oilalarining kasalliklar natijasida nobud boʻlishi holatlarini aniqlab, nobud boʻlgan asalarilar va ularning mahsulotlaridan namunalar olgan holda, tegishli laboratoriya tahlillarini oʻtkazishga masʼul hisoblanadi;

asalarilarda virusli va boshqa turdagi kasalliklar aniqlanganda, ularni bartaraf etish yuzasidan tegishli chora-tadbirlarni belgilaydi hamda ularning oldini olish boʻyicha profilaktika tadbirlarini amalga oshiradi;

asalarichilar oʻrtasida asalari kasalliklari toʻgʻrisida, ularning tarqalishining oldini olish va bartaraf etish boʻyicha tushuntirish hamda targʻibot ishlarini olib boradi;

virusli va boshqa turdagi kasalliklar aniqlangan asalari oilalarini karantinga olish choralarini koʻradi;

asalari oilalari kasalliklari boʻyicha doimiy monitoring qilib boradi;

xorijiy davlatlardan olib kiriladigan boshqa turdagi changlatuvchi asalarilar, asalari oilalari, ona asalarilar va asalarichilik mahsulotlarining laboratoriya tahlilidan oʻtkazilishini tashkil qiladi.

5-bob. Pestitsidlar bilan ishlov berish tadbirlarini monitoring qilish

17. Pestitsidlar bilan ishlov berish tadbirlarini monitoring qilish boʻyicha ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — Ishchi guruh) ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq tarkibda tashkil etiladi.

18. Ishchi guruh:

qishloq xoʻjaligi ekinlari (mevali bogʻ, paxta maydonlari va boshqalar)da mavsum davomida pestitsidlar bilan ishlov berish tadbirlarida shaxsan ishtirok etib, asalari oilalari pestitsidlar taʼsirida nobud boʻlishining oldini olish choralarini koʻrib boradi;

asalari oilalarini joylashtirish boʻyicha talablarning bajarilishini monitoring qilib boradi, natijalarni umumlashtirish uchun viloyat oʻsimliklar karantini va himoyasi boshqarmasiga taqdim etadi hamda ushbu maʼlumotlarning viloyat qishloq xoʻjaligi boshqarmasi bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga kiritilishini tashkil etadi;

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining rasmiy veb-saytlarida, televideniye, radio va ijtimoiy tarmoqlar orqali pestitsidlar bilan ishlanayotgan hudud toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yoritib boradi;

asalari oilalari pestitsidlar, asalari kasalliklari yoki boshqa omillar taʼsirida nobud boʻlganda, asalarichining murojaatiga koʻra besh ish kuni ichida asalari oilalarining nobud boʻlish sabablarini aniqlash boʻyicha ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq xulosani rasmiylashtiradi.

19. Xulosa rasmiylashtirilgan kundan boshlab ikki ish kuni ichida murojaat qilgan asalarichiga yuboriladi.

Xulosa nizolarni hal qilish yuzasidan sudda asos boʻluvchi hujjat boʻlishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Asalarichi asalari oilalari nobud boʻlishining oldini olish uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda asalari oilasini sugʻurta qilishi mumkin.

21. Ushbu Nizom talablariga rioya qilmaganlik natijasida asalari oilalarining nobud boʻlishida aybdor boʻlgan shaxs asalarichiga yetkazilgan zarar uchun javobgar hisoblanadi.

Asalarichiga yetkazilgan zarar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qoplanadi.

22. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Asalari oilalarini joylashtirish, koʻchirish hamda ular nobud boʻlishining oldini olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Qishloq xoʻjaligi ekinlari va entomofil oʻsimliklarga asalari oilalarini joylashtirish

T/r Qishloq xoʻjaligi ekinlari va entomofil oʻsimliklar nomi Oʻrtacha gulshira mahsuldorligi, kg 1 gektarga talab etiladigan asalari oilalari, ta mahsulot yigʻish uchun changlatish uchun I. Dala ekinlari 1.1. Kungaboqar 30 — 60 1 2-3 1.2. Raps 60 — 100 1-2 2 — 4 1.3. Kashnich 100 — 150 2-3 2-3 1.4. Poliz 10 — 30 1 4 1.5. Sugʻoriladigan beda 200 — 300 4 — 6 6 1.6. Esparset 70 — 120 2-3 3-4 1.7. Fatseliya 100 — 350 2 — 7 2 — 7 1.8. Qashqar beda 200 — 500 4 — 8 3-4 1.9. Gʻoʻza 30 — 50 1-2 5-6 1.10. Boshqalar 1 — 3 3 — 5 II. Daraxt-buta 2.1. Mevali 20 — 40 1-2 2 — 4 2.2. Intensiv bogʻ - 2 — 4 4 — 8 2.3. Superintensiv bogʻ - 6 — 12 12 — 24 2.4. Mevazorlar 50 — 100 1-2 2 — 4 2.5. Oq akatsiya 300 — 600 6 — 10 3-4 2.6. Sariq akatsiya 50 — 150 1 — 3 2-3 2.7. Boshqalar 1 — 3 3 — 5

Asalari oilalarini joylashtirish, koʻchirish hamda ular nobud boʻlishining oldini olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berish tadbirlarini monitoring qilish boʻyicha ishchi guruhning

T/r F.I.O Lavozimi 1. Lavozimiga koʻra Tuman (Quvasoy shahri) hokimining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosari — ishchi guruh rahbari 2. Lavozimiga koʻra Tuman (Quvasoy shahri) oʻsimliklar karantini va himoyasi boʻlimi boshligʻi — ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 3. Lavozimiga koʻra Tuman (Quvasoy shahri) veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boʻlimi boshligʻi 4. Lavozimiga koʻra Tuman (Quvasoy shahri) fermerlari kengashi raisi 5. Kelishuvga koʻra Hududiy asalarichilar uyushmasi raisi 6. Lavozimiga koʻra Tuman (Quvasoy shahri) qishloq xoʻjaligi boʻlimi mutaxassisi — ishchi guruh kotibi

Asalari oilalarini joylashtirish, koʻchirish hamda ular nobud boʻlishining oldini olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Qishloq xoʻjaligi ekinlariga pestitsidlar bilan ishlov berish tadbirlarini monitoring qilish boʻyicha ishchi guruh XULOSASI 20__ yil “___” ___________ _______ tumani ( Quvasoy shahri) Biz, ishchi guruh aʼzolari: ____________________________, ____________________________, ____________________________, ____________________________, ____________________________, ____________________________, 20__ yil “___” __________kuni________________________________________________________ ________________________________________________________________________________ tomonidan (qishloq xoʻjaligi subyekti va asalarichining F.I.O. va pasporti (identifikatsiya ID-kartasi) maʼlumotlari, agar yuridik shaxs boʻlsa, uning toʻliq nomi va rahbarining F.I.O.) asalari oilalarining qishloq xoʻjaligi ekinlariga kimyoviy pestitsidlar bilan ishlov berish tadbirlari natijasida nobud boʻlishi boʻyicha _____________zotiga mansub asalarilarni veterinariya koʻrigi, klinik va laboratoriya tekshiruvlaridan oʻtkazib, quyidagilarni aniqladik: a) asalari uyalari soni va joylashuvi __________________________; b) laboratoriya tahlillari uchun olingan namunalar (asalari, mum parda, asal, oʻsimliklar) _____________________________________________________; v) nobud boʻlgan asalarilarning tashqi belgilari (asalarilarning uya atrofida yotishi, ucholmasligi, titroq, rang oʻzgarishi va boshqalar) ___________________________; g) oziqlantirish (shira, gulchang, asal, qand sharbati) ___________________; d) kasallik va parazitlarga oid belgilar (varroatoz, nozematoz va boshqalar) ________; e) atrof-muhit sharoiti (ob-havo, yaqin atrofdagi ekinlar) ______________; j) nobud boʻlish sabablari (pestitsidlar bilan zaharlanish, kasallik, notoʻgʻri parvarish, iqlim omillari va boshqalar) ___________________________; z) kimyoviy pestitsid sepilgan deb taxmin qilingan tuproq namunasi laboratoriya tahlili va uning nobud boʻlgan asalarilardagi bilan solishtirmasi _____________. Yuqoridagi veterinariya koʻrigi, klinik va laboratoriya tekshiruvlariga asoslanib, asalarilar _____________________________ deb topildi. Shunga asoslanib asalarichiga _________________________________ tavsiyalar berildi. Xulosani toʻgʻri deb imzo chekuvchilar: Tuman (Quvasoy shahri) hokimining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosari _____________ Imzo, muhr (F.I.O.) Tuman (Quvasoy shahri) oʻsimliklar karantini va himoyasi boʻlimi boshligʻi _____________ Imzo, muhr (F.I.O.) Tuman (Quvasoy shahri) veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boʻlimi boshligʻi _____________ Imzo, muhr (F.I.O.) Tuman (Quvasoy shahri) fermerlari kengashi raisi _____________ Imzo, muhr (F.I.O.) Hududiy asalarichilar uyushmasi raisi ___________ Imzo, muhr (F.I.O.) Tuman (Quvasoy shahri) qishloq xoʻjaligi boʻlimi mutaxassisi _____________ Imzo (F.I.O.)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 20-aprel,

189 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.04.2026-y., 09/26/189/0391-son)

lex.uz