UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 20-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 20 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 апреля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 April 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ҚОИДАЛАРИ

рўйхати

Ўзбекистон Республикасида ҳайвонларнинг рўйхати белгиланган юқумли касалликлари пайдо бўлганда, чекловчи тадбирлар (карантин)ни амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПҚ-34-сон қарорига мувофиқ мамлакатимиз ҳудудида ҳайвонларнинг рўйхати белгиланган юқумли касалликлари пайдо бўлганда, чекловчи тадбирлар (карантин)ни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида ҳайвонларнинг рўйхати белгиланган юқумли касалликлари пайдо бўлганда, чекловчи тадбирлар (карантин)ни амалга ошириш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиладиган ҳудудларни юқумли касаллик қўзғатувчиларининг биологик ва тарқалиш хусусиятлари ҳамда бошқа хавфлилик даражаларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;

чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилган ва хавф остида бўлган ҳудудларда ветеринария, ветеринария-санитария тадбирларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан ўтказиш;

профилактика карантини тадбирларини чегара постларидаги махсус ташкил этилган объектларда, бундай объектлар мавжуд бўлмаганда, ҳайвон эгаларининг хўжаликларида изоляцияланган шароитда амалга ошириш.

2. Чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиладиган ҳайвонларнинг юқумли касалликлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасида ҳайвонларнинг рўйхати белгиланган юқумли касалликлари пайдо бўлганда, чекловчи тадбирлар (карантин) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамкорлигида амалга оширилади.

4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 апрелдаги 190-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасида ҳайвонларнинг рўйхати белгиланган юқумли касалликлари пайдо бўлганда, чекловчи тадбирлар (карантин)ни амалга ошириш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасида ҳайвонларнинг рўйхати белгиланган юқумли касалликлари пайдо бўлганда, улар тарқалишининг олдини олиш учун юқумли касалликлар пайдо бўлган ҳудудда чекловчи тадбирлар (карантин)ни амалга ошириш, шунингдек, четдан олиб келинган ҳайвонларни профилактика карантинига қўйиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Қоидалар, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча турдаги ҳайвонларни сақлаш ва ҳайвонлар маҳсулотларини қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларга татбиқ этилади.

3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ваколатли орган — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари, туман/шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари;

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари — ветеринария соҳасидаги талабларни белгиловчи, давлат органлари ва бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар риоя этиши шарт бўлган ҳужжатлар;

ветеринария, ветеринария-санитария тадбирлари — инсонлар ёки ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи, мамлакатнинг бутун ёки алоҳида ҳудудида ҳар қандай хавфнинг келиб чиқиши, четдан кириб келиши ва тарқалиши билан боғлиқ ҳайвонларнинг юқумли касалликларидан ҳимоя қилиш учун қўлланадиган чоралар;

давлат ветеринария хизмати назоратидаги маҳсулотлар — ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашё, ветеринария дори воситалари, микроорганизмлар штаммлари, озиқалар ва озиқабоп қўшимчалар, ветеринария техника воситалари, шунингдек, бозорларда реализация қилинадиган ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотлари;

носоғлом ҳудуд — ҳайвонларда юқумли касалликларнинг қўзғатувчиси мавжудлиги аниқланган (тасдиқланган) ҳудуд;

профилактика карантини — диагностика текширувлари ва ветеринария ишловларини ўтказиш мақсадида импорт қилинган, янги келтирилган, сотиб олинган, кўчирилган ҳайвонларни маълум бир муддатга алоҳида сақлаш;

чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий этадиган органлар — Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман/шаҳар ҳокимликлари.

чекловчи тадбирлар (карантин) — ҳайвонлар юқумли касалликлари ўчоқларининг доираси кенгайиб кетишига йўл қўймасликка ва уларни тугатишга, улар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) маҳсулотлар ҳаракати чекланишини назарда тутувчи маъмурий, эпизоотияга қарши чора-тадбирлар ҳамда бошқа чора-тадбирлар;

эпизоотия — тегишли ҳудудда ҳайвонларнинг ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларининг тарқалиши;

эпизоотиянинг туман/шаҳар даражаси — юқумли касалликларнинг туман/шаҳар ҳудуди ичидаги касаллик ўчоқлари туман/шаҳар ҳудудининг иккидан бир қисмигача тарқалиши;

эпизоотиянинг вилоят даражаси — юқумли касалликларнинг бир неча туман/шаҳарлар ёки вилоятнинг иккидан бир қисмигача тарқалиши;

эпизоотиянинг республика даражаси — юқумли касалликларнинг бир нечта вилоят ёки республиканинг ҳудудлари бўйича тарқалиши;

ҳайвон — барча турдаги сут эмизувчилар, сув ҳайвонлари ёки паррандалар (қушлар), асаларилар;

ҳайвонларнинг юқумли касалликлари — пайдо бўлишига касалликларнинг қўзғатувчилари таъсири сабаб бўладиган, тарқалиши ҳамда бошқа ҳайвонларга ва одамга юқиши эҳтимоли мавжуд бўлган касалликлар.

2-боб. Чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий этиш ва бекор қилиш қоидалари

4. Республика ҳудудларида ҳайвонларнинг юқумли касалликлари хавфсизлиги бўйича ветеринария соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати ваколатли органлар, жамоатчилик назорати эса фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари томонидан амалга оширилади.

5. Чекловчи тадбирлар (карантин) Ўзбекистон Республикаси бош давлат ветеринария инспектори, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман/шаҳар бош давлат ветеринария инспекторларининг тақдимномасига асосан Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман/шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан жорий этилади ва бекор қилинади.

6. Чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий этиш юзасидан тақдимнома ҳайвонларнинг юқумли касалликлари лаборатория усулида аниқланган (тасдиқланган)дан сўнг 24 соат ичида тақдим этилиши шарт.

Бунда чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий этиш бўйича қарор чекловчи тадбирлар (карантин)ни белгилайдиган орган томонидан 48 соатдан кечиктирмасдан қабул қилинади.

7. Тақдимномага қуйидагилар илова қилинади:

ветеринария лабораториялари (ташхис марказлари, илмий-тадқиқот институтлари ва бошқалар)нинг экспертиза хулосаси;

носоғлом ҳудудда чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий этиш тўғрисида қарор лойиҳаси;

чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиладиган ҳудуд ва унинг атрофида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси;

чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиладиган ҳудуднинг чегараси ва харитаси;

чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиладиган ҳудуддан олиб чиқиш тақиқланадиган ветеринария хизмати назоратидаги маҳсулотлар рўйхати.

8. Чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиладиган ҳудуд юқумли касалликлар қўзғатувчисининг биологик ва тарқалиш хусусиятлари ҳамда бошқа хавфлилик даражаларидан келиб чиқиб белгиланади.

9. Чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиладиган ҳудудларда ветеринария, ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиш ваколатли орган томонидан белгиланади.

10. Чекловчи тадбирлар (карантин) қуйидаги тартибда жорий этилади ва бекор қилинади:

туман/шаҳар даражасидаги чекловчи тадбирлар (карантин) туман/шаҳар бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига мувофиқ туман/шаҳар ҳокимлари қарори билан жорий этилади ва бекор қилинади. Бунда туман/шаҳар бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномаси тегишли ҳудуддаги участка ветеринария инспекторининг маълумотномасига мувофиқ тайёрланади;

вилоят даражасидаги чекловчи тадбирлар (карантин) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари қарори билан жорий этилади ва бекор қилинади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномаси туман/шаҳар бош давлат ветеринария инспекторларининг тақдимномасига мувофиқ тайёрланади;

республика даражасидаги чекловчи тадбирлар (карантин) Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жорий этилади ва бекор қилинади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторларининг тақдимномасига мувофиқ тайёрланади.

11. Участка ветеринария инспекторининг маълумотномаси лаборатория усулида тасдиқланган экспертиза хулосасига мувофиқ тайёрланади.

Бунда лаборатория хулосаси олингунга қадар, ҳайвонларнинг юқумли касалликлари мавжудлиги гумон қилинганда, унинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида, ушбу касалликка қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

12. Чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий этган органнинг қарорига кўра чекловчи тадбирлар (карантин) белгиланган ҳудудларда йўлларнинг айланма ҳаракатлари бўйича махсус белгилар, постлар ва шлагбаумлар ўрнатилади ҳамда кечаю кундуз навбатчилик ташкил этилади.

13. Носоғлом ҳудудга кириш-чиқиш жойлари дезгиламча ва дезбарьер билан жиҳозланади, рўйхатга олиш журналлари, ёзув буюмлари ва алоқа воситалари билан таъминланади.

14. Чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилган ҳудудда қуйидагилар тақиқланади:

ҳайвонларни олиб кириш ва уларни олиб чиқиш;

касал ҳайвонларни соғлом ҳайвонлар билан бирга сақлаш ва бошқа бевосита алоқада бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар;

бегона шахслар (хизмат кўрсатувчи ходимдан ташқари) ва транспорт воситаларининг кириши ва чиқиши;

давлат ветеринария хизмати назоратидаги маҳсулотларни олиб чиқиш ва уларни реализация қилиш;

келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар, озиқалар ва озиқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш (ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқариш бундан мустасно) ва олиб чиқиш;

ҳайвон бозорлари, ярмаркалари, кўргазмалари ҳамда улар иштирокидаги мусобақалар, цирк томошалари ва бошқаларни ташкил этиш;

хўжалик ичида ҳайвонларни қайта гуруҳларга ажратиш;

касалликнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар.

15. Чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилган ҳудудда туман/шаҳар бош давлат ветеринария инспекторининг кўрсатмасига мувофиқ:

давлат ветеринария хизмати назоратидаги маҳсулотлар қайта ишлашга йўналтирилади;

нобуд бўлган ҳайвонлар жасади йўқ қилинади (утилизация қилинади);

ҳайвонлар чиқиндилари (гўнг, тўшамалар, озиқа қолдиқлари ва бошқалар) зарарсизлантирилади ёки йўқ қилинади.

16. Чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилган ҳудудларда ҳайвонларнинг юқумли касаллиги бартараф этилиб, зарур ветеринария, ветеринария-санитария тадбирлари ўтказилганидан сўнг, ушбу касалликка қарши кураш бўйича белгиланган муддат ўтгач, тегишли давлат ветеринария инспектори тақдимномасига мувофиқ чекловчи тадбирлар (карантин) ваколатли орган томонидан бекор қилинади.

Чекловчи тадбирлар (карантин)ни ўтказиш харажатлари тегишли бюджет (хўжалик юритувчи субъектлар) маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

3-боб. Республика ҳудудига олиб келинадиган ҳайвонларда профилактика карантинини амалга ошириш тартиби

17. Республика ҳудудига давлат ветеринария хизмати назоратидаги маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспектори томонидан тасдиқланган ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари асосида олиб кирилади.

18. Четдан олиб келинадиган ҳайвонлар жўнатувчи ва қабул қилувчи давлатларда, агар халқаро умумэътироф этилган нормаларда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, профилактика карантинига қўйилади.

19. Республика ҳудудига киритиладиган ҳайвонларда клиник кузатув, зарур диагностика текшируви ва профилактика эмлашлари ўтказиш учун туман/шаҳар бош давлат ветеринария инспектори томонидан профилактика карантини жорий этилади.

20. Профилактика карантини давлат чегара постларидаги махсус ташкил этилган объектларда амалга оширилади, бундай объектлар мавжуд бўлмаганда, ҳайвон эгаларининг хўжаликларида изоляцияланган шароитда ўтказилади.

21. Ҳайвонларни сақлаш ва профилактика карантини тадбирларини ўтказиш учун талаб этиладиган маблағлар ҳайвонларни олиб келувчи субъектлар ҳисобидан қопланади.

22. Профилактика карантини белгиланган ҳудудда қуйидаги ветеринария, ветеринария-санитария тадбирлари жорий этилади:

профилактика карантини ҳудудига касалликка мойил (зарур ҳолларда касалликка чалинмайдиган) ҳайвонларни олиб кириш ва уларни чиқариш, шунингдек, ҳайвон маҳсулотлари ва хомашёлари, хашак, пичан ва бошқа озиқаларни йиғиш;

профилактика карантини ҳудудига бегона шахслар (хизмат кўрсатувчи ходимдан ташқари) ва транспорт воситалари кириши тақиқланади;

профилактика карантини ҳудудидаги ҳайвонларга хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус кийимлар ва жиҳозлар билан таъминланади;

профилактика карантини тадбири тугагандан кейин ветеринария хизмати томонидан карантин объектларида дезинфекция тадбирлари амалга оширилади.

23. Четдан олиб келинган ҳайвонларнинг ветеринария ҳужжатларида келгусида уларни сўйиш кўрсатилган бўлса, профилактика карантини тадбирлари амалга оширилмайди.

24. Профилактика карантини даври ўттиз календарь кундан кам бўлмаслиги шарт.

25. Профилактика карантини эҳтиёжи, унинг давомийлиги ва шароитлари туман/шаҳар бош давлат ветеринария инспектори томонидан белгиланади.

26. Профилактика карантини даврида ҳайвон касалликка гумон қилинса, қайта диагностика текшируви хулосаларига кўра, унинг муддати узайтирилиши мумкин, шунингдек, касаллик мавжудлиги тасдиқланганда, ваколатли орган томонидан чеклов тадбирлари (карантин) жорий этилади.

27. Профилактика карантини даврида ҳайвонларнинг диагностика текшируви натижасига кўра, уларда юқумли касалликлар аниқланганда, ваколатли орган ҳайвонларни олиб келишни тақиқлайди.

28. Жисмоний ва юридик шахслар четдан ҳайвонлар олиб келиши тўғрисида туман/шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимини ўттиз календарь кундан кам бўлмаган муддатда ёзма равишда огоҳлантиради.

29. Ҳудудий давлат ветеринария хизмати томонидан жисмоний ва юридик шахслардан олинган маълумотлар асосида беш иш куни мобайнида ҳайвонларни профилактика карантинига қўйиш режаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда уч иш куни мобайнида жисмоний ва юридик шахсларга юборилади.

30. Профилактика карантини режасида унинг муддати ва шартлари, клиник кўрикдан ўтказиш ҳамда диагностика текшируви ўтказиладиган ва ишлов бериладиган касалликлар рўйхати ҳамда уларни ўтказиш санаси кабилар кўрсатилади.

31. Профилактика карантини режасига мувофиқ диагностика текширувлари ҳайвонларнинг қуйидаги юқумли касалликлари бўйича ўтказилади:

йирик шохли молларда — бруцеллёз, туберкулёз, паратуберкулёз, лейкоз, трихомоноз, кампилобактериоз, хламидиоз, лептоспироз;

майда шохли молларда — бруцеллёз, юқумли эпидидимит, лептоспироз, блутанг, хламидиоз;

туяларда — бруцеллёз;

тоқ туёқли ҳайвонларда — манқа, жинсий қочириш касаллиги.

32. Бошқа турдаги касалликлар бўйича текширишлар, агарда республика ҳудудида бошқа бирор турдаги касалликнинг профилактикаси ёки уни батамом йўқотиш бўйича дастур амалга оширилаётган бўлса, ўтказилади.

33. Қўшимча диагностика текширувлари ва ветеринария ишловлари (шу жумладан, эмлаш тадбирлари) қабул қилувчи томон сўровномасига асосан юқумли касаллик пайдо бўлганда ёки касалликка гумон қилинганда, амалга оширилади.

34. Диагностика текширувлари ва ветеринария ишловлари ҳудудий давлат ветеринария хизмати томонидан амалга оширилади.

35. Агар диагностика текширувларини ўтказиш жараёнида жўнатувчи томон ҳудудида касаллик аниқланса ёки гумон натижалари олинса, белгиланган тартибда бу ҳақида зудлик билан қабул қилувчи давлатнинг ваколатли органи ёки хўжалик юритувчи субъекти хабардор қилинади.

36. Агар диагностика текширувлари ўтказилиши жараёнида қабул қилувчи томон ҳудудида касаллик аниқланса ёки гумон натижалари олинса, бу ҳақда зудлик билан жўнатувчи давлатнинг ваколатли органи ёки хўжалик юритувчи субъекти хабардор қилинади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

37. Чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилган ҳудудда ҳайвонлар тўғрисидаги ахборотлар, ёзувлар, профилактика тадбирлари ҳамда касал ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб борилади.

38. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 апрелдаги 190-сон қарорига 2-ИЛОВА

Чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиладиган ҳайвонларнинг юқумли касалликлари

I. Турли хил ҳайвонлар учун умумий касалликлар 1. Оқсил (яшур) 2. Куйдирги 3. Ауески касаллиги 4. Лептоспироз 5. Туберкулёз (сил) 6. Бруцеллёз (қўчқорлар эпидидимити) 7. Ўлат 8. Қутуриш 9. КУ-иситма 10. Листериоз 11. Некробактериоз 12. Везикуляр стоматит 13. Пастереллёз 14. Трихофития 15. Чечак II. Қорамоллар касалликлари 16. Нодуляр дерматит касаллиги 17. Ғоваксимон энцефалопатия 18. Контагиозли плевропневмония 19. Парагрипп-3 касаллиги 20. Қорасон 21. Инфекцион ринотрахеит 22. Эфемер иситмаси касаллиги 23. Лейкоз 24. Ёмон сифатли катарал иситма III. Қўй ва эчкилар касалликлари 25. Эчкилар инфекцион плевропневмонияси 26. Контагиоз пустулёзли стоматит (дерматит-эктима) 27. Қўйларнинг инфекцион туёқ чириш касаллиги 28. Инфекцион агалактия 29. Қўйларнинг хламидиозли аборти 30. Кампилобактериоз 31. Қўйларнинг инфекцион энтеротоксемияси 32. Қўйларнинг брадзот касаллиги IV. От, эшак ва туялар касалликлари 33. Отларнинг инфекцион энцефаломиелитлари 34. Отлар гриппи 35. Африка ўлати 36. Манқа 37. Инфекцион анемия 38. Контагиозли плевропневмония 39. Ринопневмония V. Чўчқалар касалликлари 40. Вирусли гастроэнтерит 41. Африка ўлати 42. Инфекцион атрофик ринит 43. Сарамас VI. Паррандалар касалликлари 44. Ньюкасл касаллиги 45. Юқори патогенли грипп 46. Инфекцион бурсит-Гамборо касаллиги 47. Марек касаллиги 48. Респиратор микоплазмоз 49. Пуллароз 50. Инфекцион бронхит 51. Инфекцион ларинготрахеит VII. Асаларилар касалликлари 52. Америкача чириш касаллиги 53. Европача чириш касаллиги 54. Варратоз 55. Сурункали вирусли фалаж 56. Халтасимон чириш касаллиги 57. Тропилелапсоз VIII. Балиқ касалликлари 58. Аэромоноз 59. Бронхиомикоз 60. Вирусли септицемия 61. Фурункулёз IX. Мўйнали ҳайвонлар касалликлари 62. Қоракўзан (норка)лар псевдомонози 63. Қоракўзан (норка)ларнинг алеут касаллиги 64. Қуёнларнинг миксоматози 65. Қуёнларнинг геморрагик касаллиги X. Республика ҳудудида илгари рўйхатга олинмаган барча турдаги ҳайвонларнинг юқумли касалликлари

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 20 апрель,

190-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2026 й., 09/26/190/0392-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

QOIDALARI

roʻyxati

Oʻzbekiston Respublikasida hayvonlarning roʻyxati belgilangan yuqumli kasalliklari paydo boʻlganda, cheklovchi tadbirlar (karantin)ni amalga oshirish qoidalarini tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Veterinariya toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Chorvachilik va parrandachilikni qoʻllab-quvvatlash, sohada yuqori qoʻshilgan qiymat yaratish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 30-yanvardagi PQ-34-son qaroriga muvofiq mamlakatimiz hududida hayvonlarning roʻyxati belgilangan yuqumli kasalliklari paydo boʻlganda, cheklovchi tadbirlar (karantin)ni amalga oshirish tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasida hayvonlarning roʻyxati belgilangan yuqumli kasalliklari paydo boʻlganda, cheklovchi tadbirlar (karantin)ni amalga oshirish qoidalari 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etiladigan hududlarni yuqumli kasallik qoʻzgʻatuvchilarining biologik va tarqalish xususiyatlari hamda boshqa xavflilik darajalaridan kelib chiqqan holda belgilash;

cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etilgan va xavf ostida boʻlgan hududlarda veterinariya, veterinariya-sanitariya tadbirlarini Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi va uning hududiy organlari tomonidan oʻtkazish;

profilaktika karantini tadbirlarini chegara postlaridagi maxsus tashkil etilgan obyektlarda, bunday obyektlar mavjud boʻlmaganda, hayvon egalarining xoʻjaliklarida izolyatsiyalangan sharoitda amalga oshirish.

2. Cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etiladigan hayvonlarning yuqumli kasalliklari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilab qoʻyilsinki, Oʻzbekiston Respublikasida hayvonlarning roʻyxati belgilangan yuqumli kasalliklari paydo boʻlganda, cheklovchi tadbirlar (karantin) Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Bojxona qoʻmitasi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari hamkorligida amalga oshiriladi.

4. Qishloq xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-apreldagi 190-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasida hayvonlarning roʻyxati belgilangan yuqumli kasalliklari paydo boʻlganda, cheklovchi tadbirlar (karantin)ni amalga oshirish

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasida hayvonlarning roʻyxati belgilangan yuqumli kasalliklari paydo boʻlganda, ular tarqalishining oldini olish uchun yuqumli kasalliklar paydo boʻlgan hududda cheklovchi tadbirlar (karantin)ni amalga oshirish, shuningdek, chetdan olib kelingan hayvonlarni profilaktika karantiniga qoʻyish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Qoidalar, tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi barcha turdagi hayvonlarni saqlash va hayvonlar mahsulotlarini qayta ishlash faoliyati bilan shugʻullanuvchi jismoniy va yuridik shaxslarga tatbiq etiladi.

3. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

vakolatli organ — Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, viloyatlar hamda Toshkent shahar veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boshqarmalari, tuman/shahar veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boʻlimlari;

veterinariya, veterinariya-sanitariya qoidalari va normalari — veterinariya sohasidagi talablarni belgilovchi, davlat organlari va boshqa organlar, yuridik va jismoniy shaxslar rioya etishi shart boʻlgan hujjatlar;

veterinariya, veterinariya-sanitariya tadbirlari — insonlar yoki hayvonlarning hayoti va sogʻligʻiga xavf soluvchi, mamlakatning butun yoki alohida hududida har qanday xavfning kelib chiqishi, chetdan kirib kelishi va tarqalishi bilan bogʻliq hayvonlarning yuqumli kasalliklaridan himoya qilish uchun qoʻllanadigan choralar;

davlat veterinariya xizmati nazoratidagi mahsulotlar — hayvonlar, kelib chiqishi hayvonotga mansub mahsulot va xomashyo, veterinariya dori vositalari, mikroorganizmlar shtammlari, oziqalar va oziqabop qoʻshimchalar, veterinariya texnika vositalari, shuningdek, bozorlarda realizatsiya qilinadigan oʻsimlik oziq-ovqat mahsulotlari;

nosogʻlom hudud — hayvonlarda yuqumli kasalliklarning qoʻzgʻatuvchisi mavjudligi aniqlangan (tasdiqlangan) hudud;

profilaktika karantini — diagnostika tekshiruvlari va veterinariya ishlovlarini oʻtkazish maqsadida import qilingan, yangi keltirilgan, sotib olingan, koʻchirilgan hayvonlarni maʼlum bir muddatga alohida saqlash;

cheklovchi tadbirlar (karantin)ni joriy etadigan organlar — Vazirlar Mahkamasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda tuman/shahar hokimliklari.

cheklovchi tadbirlar (karantin) — hayvonlar yuqumli kasalliklari oʻchoqlarining doirasi kengayib ketishiga yoʻl qoʻymaslikka va ularni tugatishga, ular tarqalishining oldini olishga qaratilgan, xoʻjalik faoliyati va boshqa faoliyatning alohida tartibini, aholi, transport vositalari, yuklar va (yoki) mahsulotlar harakati cheklanishini nazarda tutuvchi maʼmuriy, epizootiyaga qarshi chora-tadbirlar hamda boshqa chora-tadbirlar;

epizootiya — tegishli hududda hayvonlarning oʻta xavfli va boshqa yuqumli kasalliklarining tarqalishi;

epizootiyaning tuman/shahar darajasi — yuqumli kasalliklarning tuman/shahar hududi ichidagi kasallik oʻchoqlari tuman/shahar hududining ikkidan bir qismigacha tarqalishi;

epizootiyaning viloyat darajasi — yuqumli kasalliklarning bir necha tuman/shaharlar yoki viloyatning ikkidan bir qismigacha tarqalishi;

epizootiyaning respublika darajasi — yuqumli kasalliklarning bir nechta viloyat yoki respublikaning hududlari boʻyicha tarqalishi;

hayvon — barcha turdagi sut emizuvchilar, suv hayvonlari yoki parrandalar (qushlar), asalarilar;

hayvonlarning yuqumli kasalliklari — paydo boʻlishiga kasalliklarning qoʻzgʻatuvchilari taʼsiri sabab boʻladigan, tarqalishi hamda boshqa hayvonlarga va odamga yuqishi ehtimoli mavjud boʻlgan kasalliklar.

2-bob. Cheklovchi tadbirlar (karantin)ni joriy etish va bekor qilish qoidalari

4. Respublika hududlarida hayvonlarning yuqumli kasalliklari xavfsizligi boʻyicha veterinariya sohasiga oid normativ-huquqiy hujjatlarga rioya etilishi ustidan davlat nazorati vakolatli organlar, jamoatchilik nazorati esa fuqarolar va jamoatchilik vakillari tomonidan amalga oshiriladi.

5. Cheklovchi tadbirlar (karantin) Oʻzbekiston Respublikasi bosh davlat veterinariya inspektori, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hamda tuman/shahar bosh davlat veterinariya inspektorlarining taqdimnomasiga asosan Vazirlar Mahkamasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda tuman/shahar hokimlarining qarorlari bilan joriy etiladi va bekor qilinadi.

6. Cheklovchi tadbirlar (karantin)ni joriy etish yuzasidan taqdimnoma hayvonlarning yuqumli kasalliklari laboratoriya usulida aniqlangan (tasdiqlangan)dan soʻng 24 soat ichida taqdim etilishi shart.

Bunda cheklovchi tadbirlar (karantin)ni joriy etish boʻyicha qaror cheklovchi tadbirlar (karantin)ni belgilaydigan organ tomonidan 48 soatdan kechiktirmasdan qabul qilinadi.

7. Taqdimnomaga quyidagilar ilova qilinadi:

veterinariya laboratoriyalari (tashxis markazlari, ilmiy-tadqiqot institutlari va boshqalar)ning ekspertiza xulosasi;

nosogʻlom hududda cheklovchi tadbirlar (karantin)ni joriy etish toʻgʻrisida qaror loyihasi;

cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etiladigan hudud va uning atrofida amalga oshiriladigan chora-tadbirlar rejasi;

cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etiladigan hududning chegarasi va xaritasi;

cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etiladigan hududdan olib chiqish taqiqlanadigan veterinariya xizmati nazoratidagi mahsulotlar roʻyxati.

8. Cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etiladigan hudud yuqumli kasalliklar qoʻzgʻatuvchisining biologik va tarqalish xususiyatlari hamda boshqa xavflilik darajalaridan kelib chiqib belgilanadi.

9. Cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etiladigan hududlarda veterinariya, veterinariya-sanitariya tadbirlarini oʻtkazish vakolatli organ tomonidan belgilanadi.

10. Cheklovchi tadbirlar (karantin) quyidagi tartibda joriy etiladi va bekor qilinadi:

tuman/shahar darajasidagi cheklovchi tadbirlar (karantin) tuman/shahar bosh davlat veterinariya inspektorining taqdimnomasiga muvofiq tuman/shahar hokimlari qarori bilan joriy etiladi va bekor qilinadi. Bunda tuman/shahar bosh davlat veterinariya inspektorining taqdimnomasi tegishli hududdagi uchastka veterinariya inspektorining maʼlumotnomasiga muvofiq tayyorlanadi;

viloyat darajasidagi cheklovchi tadbirlar (karantin) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar bosh davlat veterinariya inspektorining taqdimnomasiga muvofiq Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlari qarori bilan joriy etiladi va bekor qilinadi. Bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar bosh davlat veterinariya inspektorining taqdimnomasi tuman/shahar bosh davlat veterinariya inspektorlarining taqdimnomasiga muvofiq tayyorlanadi;

respublika darajasidagi cheklovchi tadbirlar (karantin) Oʻzbekiston Respublikasi Bosh davlat veterinariya inspektorining taqdimnomasiga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qarori bilan joriy etiladi va bekor qilinadi. Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh davlat veterinariya inspektorining taqdimnomasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar bosh davlat veterinariya inspektorlarining taqdimnomasiga muvofiq tayyorlanadi.

11. Uchastka veterinariya inspektorining maʼlumotnomasi laboratoriya usulida tasdiqlangan ekspertiza xulosasiga muvofiq tayyorlanadi.

Bunda laboratoriya xulosasi olingunga qadar, hayvonlarning yuqumli kasalliklari mavjudligi gumon qilinganda, uning keng tarqalib ketishining oldini olish maqsadida, ushbu kasallikka qarshi kurashish boʻyicha chora-tadbirlar amalga oshiriladi.

12. Cheklovchi tadbirlar (karantin)ni joriy etgan organning qaroriga koʻra cheklovchi tadbirlar (karantin) belgilangan hududlarda yoʻllarning aylanma harakatlari boʻyicha maxsus belgilar, postlar va shlagbaumlar oʻrnatiladi hamda kechayu kunduz navbatchilik tashkil etiladi.

13. Nosogʻlom hududga kirish-chiqish joylari dezgilamcha va dezbaryer bilan jihozlanadi, roʻyxatga olish jurnallari, yozuv buyumlari va aloqa vositalari bilan taʼminlanadi.

14. Cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etilgan hududda quyidagilar taqiqlanadi:

hayvonlarni olib kirish va ularni olib chiqish;

kasal hayvonlarni sogʻlom hayvonlar bilan birga saqlash va boshqa bevosita aloqada boʻlishi bilan bogʻliq holatlar;

begona shaxslar (xizmat koʻrsatuvchi xodimdan tashqari) va transport vositalarining kirishi va chiqishi;

davlat veterinariya xizmati nazoratidagi mahsulotlarni olib chiqish va ularni realizatsiya qilish;

kelib chiqishi hayvonotga mansub mahsulotlar, oziqalar va oziqabop qoʻshimchalarni ishlab chiqarish (oʻz ehtiyoji uchun ishlab chiqarish bundan mustasno) va olib chiqish;

hayvon bozorlari, yarmarkalari, koʻrgazmalari hamda ular ishtirokidagi musobaqalar, sirk tomoshalari va boshqalarni tashkil etish;

xoʻjalik ichida hayvonlarni qayta guruhlarga ajratish;

kasallikning tarqalishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan boshqa holatlar.

15. Cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etilgan hududda tuman/shahar bosh davlat veterinariya inspektorining koʻrsatmasiga muvofiq:

davlat veterinariya xizmati nazoratidagi mahsulotlar qayta ishlashga yoʻnaltiriladi;

nobud boʻlgan hayvonlar jasadi yoʻq qilinadi (utilizatsiya qilinadi);

hayvonlar chiqindilari (goʻng, toʻshamalar, oziqa qoldiqlari va boshqalar) zararsizlantiriladi yoki yoʻq qilinadi.

16. Cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etilgan hududlarda hayvonlarning yuqumli kasalligi bartaraf etilib, zarur veterinariya, veterinariya-sanitariya tadbirlari oʻtkazilganidan soʻng, ushbu kasallikka qarshi kurash boʻyicha belgilangan muddat oʻtgach, tegishli davlat veterinariya inspektori taqdimnomasiga muvofiq cheklovchi tadbirlar (karantin) vakolatli organ tomonidan bekor qilinadi.

Cheklovchi tadbirlar (karantin)ni oʻtkazish xarajatlari tegishli budjet (xoʻjalik yurituvchi subyektlar) mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

3-bob. Respublika hududiga olib kelinadigan hayvonlarda profilaktika karantinini amalga oshirish tartibi

17. Respublika hududiga davlat veterinariya xizmati nazoratidagi mahsulotlar Oʻzbekiston Respublikasi Bosh davlat veterinariya inspektori tomonidan tasdiqlangan veterinariya, veterinariya-sanitariya qoidalari va normalari asosida olib kiriladi.

18. Chetdan olib kelinadigan hayvonlar joʻnatuvchi va qabul qiluvchi davlatlarda, agar xalqaro umumeʼtirof etilgan normalarda boshqacha qoidalar nazarda tutilmagan boʻlsa, profilaktika karantiniga qoʻyiladi.

19. Respublika hududiga kiritiladigan hayvonlarda klinik kuzatuv, zarur diagnostika tekshiruvi va profilaktika emlashlari oʻtkazish uchun tuman/shahar bosh davlat veterinariya inspektori tomonidan profilaktika karantini joriy etiladi.

20. Profilaktika karantini davlat chegara postlaridagi maxsus tashkil etilgan obyektlarda amalga oshiriladi, bunday obyektlar mavjud boʻlmaganda, hayvon egalarining xoʻjaliklarida izolyatsiyalangan sharoitda oʻtkaziladi.

21. Hayvonlarni saqlash va profilaktika karantini tadbirlarini oʻtkazish uchun talab etiladigan mablagʻlar hayvonlarni olib keluvchi subyektlar hisobidan qoplanadi.

22. Profilaktika karantini belgilangan hududda quyidagi veterinariya, veterinariya-sanitariya tadbirlari joriy etiladi:

profilaktika karantini hududiga kasallikka moyil (zarur hollarda kasallikka chalinmaydigan) hayvonlarni olib kirish va ularni chiqarish, shuningdek, hayvon mahsulotlari va xomashyolari, xashak, pichan va boshqa oziqalarni yigʻish;

profilaktika karantini hududiga begona shaxslar (xizmat koʻrsatuvchi xodimdan tashqari) va transport vositalari kirishi taqiqlanadi;

profilaktika karantini hududidagi hayvonlarga xizmat koʻrsatuvchi xodimlar maxsus kiyimlar va jihozlar bilan taʼminlanadi;

profilaktika karantini tadbiri tugagandan keyin veterinariya xizmati tomonidan karantin obyektlarida dezinfeksiya tadbirlari amalga oshiriladi.

23. Chetdan olib kelingan hayvonlarning veterinariya hujjatlarida kelgusida ularni soʻyish koʻrsatilgan boʻlsa, profilaktika karantini tadbirlari amalga oshirilmaydi.

24. Profilaktika karantini davri oʻttiz kalendar kundan kam boʻlmasligi shart.

25. Profilaktika karantini ehtiyoji, uning davomiyligi va sharoitlari tuman/shahar bosh davlat veterinariya inspektori tomonidan belgilanadi.

26. Profilaktika karantini davrida hayvon kasallikka gumon qilinsa, qayta diagnostika tekshiruvi xulosalariga koʻra, uning muddati uzaytirilishi mumkin, shuningdek, kasallik mavjudligi tasdiqlanganda, vakolatli organ tomonidan cheklov tadbirlari (karantin) joriy etiladi.

27. Profilaktika karantini davrida hayvonlarning diagnostika tekshiruvi natijasiga koʻra, ularda yuqumli kasalliklar aniqlanganda, vakolatli organ hayvonlarni olib kelishni taqiqlaydi.

28. Jismoniy va yuridik shaxslar chetdan hayvonlar olib kelishi toʻgʻrisida tuman/shahar veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boʻlimini oʻttiz kalendar kundan kam boʻlmagan muddatda yozma ravishda ogohlantiradi.

29. Hududiy davlat veterinariya xizmati tomonidan jismoniy va yuridik shaxslardan olingan maʼlumotlar asosida besh ish kuni mobaynida hayvonlarni profilaktika karantiniga qoʻyish rejasi ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi hamda uch ish kuni mobaynida jismoniy va yuridik shaxslarga yuboriladi.

30. Profilaktika karantini rejasida uning muddati va shartlari, klinik koʻrikdan oʻtkazish hamda diagnostika tekshiruvi oʻtkaziladigan va ishlov beriladigan kasalliklar roʻyxati hamda ularni oʻtkazish sanasi kabilar koʻrsatiladi.

31. Profilaktika karantini rejasiga muvofiq diagnostika tekshiruvlari hayvonlarning quyidagi yuqumli kasalliklari boʻyicha oʻtkaziladi:

yirik shoxli mollarda — brutsellyoz, tuberkulyoz, paratuberkulyoz, leykoz, trixomonoz, kampilobakterioz, xlamidioz, leptospiroz;

mayda shoxli mollarda — brutsellyoz, yuqumli epididimit, leptospiroz, blutang, xlamidioz;

tuyalarda — brutsellyoz;

toq tuyoqli hayvonlarda — manqa, jinsiy qochirish kasalligi.

32. Boshqa turdagi kasalliklar boʻyicha tekshirishlar, agarda respublika hududida boshqa biror turdagi kasallikning profilaktikasi yoki uni batamom yoʻqotish boʻyicha dastur amalga oshirilayotgan boʻlsa, oʻtkaziladi.

33. Qoʻshimcha diagnostika tekshiruvlari va veterinariya ishlovlari (shu jumladan, emlash tadbirlari) qabul qiluvchi tomon soʻrovnomasiga asosan yuqumli kasallik paydo boʻlganda yoki kasallikka gumon qilinganda, amalga oshiriladi.

34. Diagnostika tekshiruvlari va veterinariya ishlovlari hududiy davlat veterinariya xizmati tomonidan amalga oshiriladi.

35. Agar diagnostika tekshiruvlarini oʻtkazish jarayonida joʻnatuvchi tomon hududida kasallik aniqlansa yoki gumon natijalari olinsa, belgilangan tartibda bu haqida zudlik bilan qabul qiluvchi davlatning vakolatli organi yoki xoʻjalik yurituvchi subyekti xabardor qilinadi.

36. Agar diagnostika tekshiruvlari oʻtkazilishi jarayonida qabul qiluvchi tomon hududida kasallik aniqlansa yoki gumon natijalari olinsa, bu haqda zudlik bilan joʻnatuvchi davlatning vakolatli organi yoki xoʻjalik yurituvchi subyekti xabardor qilinadi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

37. Cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etilgan hududda hayvonlar toʻgʻrisidagi axborotlar, yozuvlar, profilaktika tadbirlari hamda kasal hayvonlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar qayd etib boriladi.

38. Ushbu Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-apreldagi 190-son qaroriga 2-ILOVA

Cheklovchi tadbirlar (karantin) joriy etiladigan hayvonlarning yuqumli kasalliklari

I. Turli xil hayvonlar uchun umumiy kasalliklar 1. Oqsil (yashur) 2. Kuydirgi 3. Auyeski kasalligi 4. Leptospiroz 5. Tuberkulyoz (sil) 6. Brutsellyoz (qoʻchqorlar epididimiti) 7. Oʻlat 8. Quturish 9. KU-isitma 10. Listerioz 11. Nekrobakterioz 12. Vezikulyar stomatit 13. Pasterellyoz 14. Trixofitiya 15. Chechak II. Qoramollar kasalliklari 16. Nodulyar dermatit kasalligi 17. Gʻovaksimon ensefalopatiya 18. Kontagiozli plevropnevmoniya 19. Paragripp-3 kasalligi 20. Qorason 21. Infeksion rinotraxeit 22. Efemer isitmasi kasalligi 23. Leykoz 24. Yomon sifatli kataral isitma III. Qoʻy va echkilar kasalliklari 25. Echkilar infeksion plevropnevmoniyasi 26. Kontagioz pustulyozli stomatit (dermatit-ektima) 27. Qoʻylarning infeksion tuyoq chirish kasalligi 28. Infeksion agalaktiya 29. Qoʻylarning xlamidiozli aborti 30. Kampilobakterioz 31. Qoʻylarning infeksion enterotoksemiyasi 32. Qoʻylarning bradzot kasalligi IV. Ot, eshak va tuyalar kasalliklari 33. Otlarning infeksion ensefalomiyelitlari 34. Otlar grippi 35. Afrika oʻlati 36. Manqa 37. Infeksion anemiya 38. Kontagiozli plevropnevmoniya 39. Rinopnevmoniya V. Choʻchqalar kasalliklari 40. Virusli gastroenterit 41. Afrika oʻlati 42. Infeksion atrofik rinit 43. Saramas VI. Parrandalar kasalliklari 44. Nyukasl kasalligi 45. Yuqori patogenli gripp 46. Infeksion bursit-Gamboro kasalligi 47. Marek kasalligi 48. Respirator mikoplazmoz 49. Pullaroz 50. Infeksion bronxit 51. Infeksion laringotraxeit VII. Asalarilar kasalliklari 52. Amerikacha chirish kasalligi 53. Yevropacha chirish kasalligi 54. Varratoz 55. Surunkali virusli falaj 56. Xaltasimon chirish kasalligi 57. Tropilelapsoz VIII. Baliq kasalliklari 58. Aeromonoz 59. Bronxiomikoz 60. Virusli septitsemiya 61. Furunkulyoz IX. Moʻynali hayvonlar kasalliklari 62. Qorakoʻzan (norka)lar psevdomonozi 63. Qorakoʻzan (norka)larning aleut kasalligi 64. Quyonlarning miksomatozi 65. Quyonlarning gemorragik kasalligi X. Respublika hududida ilgari roʻyxatga olinmagan barcha turdagi hayvonlarning yuqumli kasalliklari

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 20-aprel,

190-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.04.2026-y., 09/26/190/0392-son)

lex.uz