UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 21-aprel · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 21 апрель · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 апреля 2026 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 April 2026 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 10 июнда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 4 сентябрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади масъулияти чекланган жамиятларнинг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши, шунингдек уларни бошқариш соҳасидаги муносабатларни ҳамда иштирокчиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солишдан иборат.

2-модда. Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонунчилик

Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни билан махсус ҳуқуқий режим ўрнатилган ҳудудда масъулияти чекланган жамиятларнинг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонунда белгиланганидан бошқача қоидалар билан тартибга солинади.

3-модда. Масъулияти чекланган жамиятнинг ҳуқуқий ҳолати

Бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорларда улушларга бўлинган хўжалик жамияти масъулияти чекланган жамият (бундан буён матнда жамият деб юритилади) деб ҳисобланади.

Жамият қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.

Жамият қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси бўлишга ёки уларнинг устав фондида (устав капиталида) бошқача тарзда иштирок этишга, ваколатхоналар ва филиаллар тузишга ҳақлидир.

Жамият, агар унинг таъсис ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, номуайян муддатга тузилади.

Жамият ўзининг тўлиқ фирма номи давлат тилида ифодаланган ва жамиятнинг жойлашган ери кўрсатилган думалоқ шаклдаги муҳрга эга бўлишга ҳақли. Жамиятнинг муҳрида унинг фирма номи жамиятнинг танловига кўра таъсис ҳужжатларида кўрсатилган бошқа тилларда ҳам ифодаланиши мумкин.

Жамият ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар ва (ёки) хизмат кўрсатиш белгиларига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларини, товарлар, ишлар ва хизматларни индивидуаллаштирувчи бошқа воситаларга эга бўлишга ҳақли.

Жамият ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларни ўз зиммасига олиши, судда даъвогар ёки жавобгар бўлиши мумкин.

Жамият қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турларини амалга ошириши мумкин.

Жамият ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатилмаган фаолият тури билан ҳам шуғулланиши мумкин.

Рўйхати қонунда белгиланадиган айрим фаолият турлари билан жамият фақат лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида ёхуд хабардор қилиш тартибида шуғулланиши мумкин.

4-модда. Жамиятнинг жавобгарлиги

Жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади. Жамият иштирокчилари жамиятнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.

Жамият иштирокчилари жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун жамиятга ўзи қўшган ҳиссалари қиймати доирасида жавобгар бўлади.

Жамиятнинг ўз ҳиссасини тўлиқ қўшмаган иштирокчилари жамият мажбуриятлари бўйича ҳар бир иштирокчи ҳиссасининг тўланмаган қисми қиймати доирасида солидар жавобгар бўлади.

Жамият ўз иштирокчиларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.

Агар жамиятнинг тўловга қобилиятсизлиги шу жамият учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг (директорнинг), коллегиал ижро этувчи органининг, кузатув кенгаши аъзосининг ёки жамият иштирокчисининг ёхуд ишончли бошқарувчининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли юзага келган бўлса, жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, бундай шахс зиммасига ўз мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин. Бунда, агар зарар бир неча шахс томонидан етказилган бўлса, улар биргаликда солидар жавобгар бўлади.

Давлат ва унинг органлари жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, худди шунингдек жамият ҳам давлат ва унинг органлари мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, бундан ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

5-модда. Жамиятнинг фирма номи ва жойлашган манзили

Жамият давлат тилидаги ва бир вақтда жамиятнинг ихтиёрига кўра бошқа тиллардаги тўлиқ фирма номига эга бўлиши мумкин ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақлидир.

Жамиятнинг тўлиқ фирма номи «масъулияти чекланган жамият» деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Жамиятнинг қисқартирилган фирма номи унинг тўлиқ ёки қисқартирилган номини ҳамда «масъулияти чекланган жамият» деган сўзларни ёки «MChJ» қисқартмасини ўз ичига олиши керак.

Жамиятнинг фирма номи унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акс эттирувчи, шу жумладан чет тиллардан ўзлаштирилган бошқа атамалар ва қисқартмаларни, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўз ичига олиши мумкин эмас.

Чет элликлар иштирокида ташкил этилаётган жамиятнинг фирма номига унинг муассислари қайси давлатга мансублигини кўрсатувчи қайд киритилиши мумкин.

Жамиятнинг жойлашган ери, агар қонунга мувофиқ жамиятнинг таъсис ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, у давлат рўйхатидан ўтказилган жойга кўра белгиланади. Жамиятнинг таъсис ҳужжатларида унинг бошқарув органлари доимий жойлашган ер ёки унинг асосий фаолияти юритиладиган жой жамиятнинг жойлашган ери деб белгиланиши мумкин.

Жамият ўзи билан алоқа амалга ошириладиган почта манзилига эга бўлиши керак ва юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органни ўзининг почта манзили ўзгарганлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт.

6-модда. Жамиятнинг ваколатхоналари ва филиаллари

Жамиятнинг ваколатхоналарини очиш ва филиалларини ташкил этиш жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирокчиларнинг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан (агар жамиятнинг уставида бундай қарорни қабул қилиш учун овозларнинг бундан кўпроқ сони зарурлиги назарда тутилмаган бўлса) қабул қилинган қарорга биноан амалга оширилади.

Филиал жамият жойлашган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхонанинг вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмадир.

Ваколатхона жамият жойлашган ердан ташқарида жойлашган, унинг манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қиладиган алоҳида бўлинмадир.

Жамиятнинг ваколатхонаси ва филиали юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда жамият томонидан тасдиқланган низом асосида фаолият юритади.

Ваколатхонанинг ёки филиалнинг раҳбари жамият ижро этувчи органининг қарорига асосан тайинланади ва жамият томонидан берилган ишончнома асосида иш юритади.

Агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ваколатхона ва филиал фаолияти учун уларни ташкил этган жамият жавобгар бўлади.

Жамиятнинг ваколатхоналари ва филиаллари Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрида кўрсатилиши шарт.

Жамият томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ваколатхоналар ва филиаллар жойлашган ердаги мамлакатнинг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

7-модда. Шуъба ва қарам хўжалик жамиятлари

Жамият шуъба ва қарам хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкин, бундан ушбу Қонун 8-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Шуъба ва қарам хўжалик жамиятлари юридик шахс ҳисобланади.

Агар бир (асосий) хўжалик жамияти иккинчи хўжалик жамиятининг устав фондида (устав капиталида) ундан устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиши туфайли ёхуд улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ёки бошқача тарзда иккинчи хўжалик жамияти томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бериш имконига эга бўлса, ушбу иккинчи хўжалик жамияти шуъба хўжалик жамияти ҳисобланади.

Шуъба хўжалик жамияти ўзининг мулкида ўз асосий жамиятининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушга эга бўлишга ҳақли эмас. Ушбу қисмда белгиланган тақиқ кучга киргунига қадар ўз асосий жамиятининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни олган шуъба хўжалик жамияти ўз асосий жамияти иштирокчиларининг умумий йиғилишида овоз беришга ҳақли эмас.

Агар бошқа иштирок этувчи жамият хўжалик жамиятининг овоз берувчи улушининг йигирма фоизидан ортиғига эга бўлса, хўжалик жамияти қарам деб эътироф этилади, бундан ушбу Қонун 8-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Қарам хўжалик жамияти ўз мулкида иштирок этувчи бошқа жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларга эга бўлишга ҳақли эмас. Иштирок этувчи бошқа жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларни олган қарам хўжалик жамияти иштирок этувчи бошқа жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида овоз беришга ушбу қисмда белгиланган тақиқ кучга киргунига қадар ҳақли эмас.

Шуъба хўжалик жамияти ўз асосий жамиятининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

Шуъба хўжалик жамиятига мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган асосий жамият бундай кўрсатмаларни бажариш учун шуъба хўжалик жамияти томонидан тузилган битимлар юзасидан шуъба хўжалик жамияти билан солидар жавобгар бўлади. Асосий жамият шуъба хўжалик жамиятига мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига фақат ушбу ҳуқуқ шуъба хўжалик жамияти билан тузилган шартномада ёки шуъба хўжалик жамиятининг уставида назарда тутилган тақдирда эга бўлади.

Шуъба хўжалик жамияти асосий жамиятнинг айби билан тўловга қобилиятсиз бўлиб қолган тақдирда, асосий жамият шуъба хўжалик жамиятининг мажбуриятлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади.

Шуъба хўжалик жамиятининг тўловга қобилиятсизлиги фақат асосий жамият шуъба хўжалик жамияти томонидан муайян ҳаракатлар амалга оширилиши оқибатида унинг тўловга қобилиятсиз бўлиб қолишини олдиндан била туриб, шундай ҳаракатларни амалга ошириши учун шуъба хўжалик жамиятига мажбурий кўрсатма берган ва (ёки) шуъба хўжалик жамиятининг имкониятидан фойдаланган ҳолларда асосий жамиятнинг айби билан юз берган деб ҳисобланади.

Шуъба хўжалик жамиятининг иштирокчилари асосий жамиятдан унинг айби билан шуъба хўжалик жамиятига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли. Асосий жамият шуъба хўжалик жамияти томонидан муайян ҳаракатлар амалга оширилиши оқибатида унинг зарар кўришини олдиндан била туриб, ўз ҳуқуқлари ва (ёки) имкониятидан шуъба хўжалик жамиятининг шундай ҳаракатларни амалга ошириши мақсадида фойдаланган тақдирда зарар асосий жамиятнинг айби билан етказилган деб ҳисобланади.

8-модда. Жамият иштирокчилари

Юридик ва жисмоний шахслар жамиятнинг иштирокчиларидир.

Қонунда айрим тоифадаги жисмоний шахсларнинг жамиятда иштирок этиши тақиқланиши ёки чекланиши мумкин.

Давлат органлари, агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жамият иштирокчилари бўлишга ҳақли эмас.

Жамият бир шахс томонидан таъсис этилиши мумкин ва у жамиятнинг ягона иштирокчисига айланади. Жамият кейинчалик бир иштирокчиси бўлган жамиятга айланиши мумкин.

Жамият ягона иштирокчи сифатида битта шахсдан иборат бошқа жамиятга эга бўлиши мумкин эмас, бундан бир акциядордан иборат акциядорлик жамияти жамиятнинг ягона иштирокчиси бўлган ҳоллар мустасно.

Жамият иштирокчиларининг сони эллик кишидан ошмаслиги керак.

Агар жамият иштирокчиларининг сони ушбу модданинг олтинчи қисмида белгиланган меъёрдан ошиб кетса, жамият бир йил ичида акциядорлик жамияти ёки ишлаб чиқариш кооперативи этиб қайта ташкил этилиши керак. Агар кўрсатилган муддат ичида жамият қайта ташкил этилмаса ва жамият иштирокчиларининг сони белгиланган меъёрга қадар камаймаса, у юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг мурожаатига асосан суд тартибида тугатилиши керак.

Жамият иштирокчилари ўртасидаги муросасиз зиддиятлар сабабли қарор қабул қилиш учун овозлар сони етарли бўлмаганлиги туфайли жамиятни бошқариш масалалари юзасидан келишувга эришиш имкони бўлмаганда низоли вазият суд томонидан ёки жамият таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тақдирда, медиация ёки ҳакамлик суди тартибида ҳал этилади.

9-модда. Жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари

Жамият иштирокчилари:

ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамият ишларини бошқаришда иштирок этишга;

қонунчиликда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг фаолияти тўғрисида ахборот олишга ҳамда унинг молиявий ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатлари билан танишишга;

фойдани тақсимлашда иштирок этишга;

жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёки унинг бир қисмини ушбу Қонунда ва жамият уставида назарда тутилган тартибда мазкур жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисига ёхуд учинчи шахсларга ўтказишга;

жамият бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар, ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жамиятдан чиқишга;

жамият тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олишга;

жамият муассислари (иштирокчилари) ўртасида уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган тартибда корпоратив шартномалар тузишга ҳақли.

Жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари уставда белгиланган ўз мажбуриятларини бажармаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг келгуси фаолиятига тўсқинлик қилаётган, уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчининг ёки иштирокчиларнинг жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақли.

Жамият иштирокчилари қонунчиликда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Иштирокчилар томонидан ҳуқуқларнинг амалга оширилиши бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

10-модда. Жамият иштирокчиларининг мажбуриятлари

Жамият иштирокчилари:

ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшиши;

ўзига оид маълумотлар (ўзининг жойлашган ери (почта манзили), телефон рақами, электрон почта манзили) ўзгарганлиги ҳақида жамиятни хабардор қилиши;

жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор этмаслиги шарт.

Жамият иштирокчиларининг зиммасида қонунчиликда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

2-боб. Жамиятни таъсис этиш

11-модда. Жамиятни таъсис этиш тартиби

Жамият муассисларнинг (муассиснинг) қарорига кўра таъсис этилади. Жамиятни таъсис этиш тўғрисидаги қарор таъсисчилар йиғилиши томонидан қабул қилинади. Жамият бир муассис томонидан таъсис этилган тақдирда, жамиятни таъсис этиш тўғрисидаги қарор шу муассис томонидан якка тартибда қабул қилинади.

Жамиятни ташкил этиш тўғрисидаги қарорда жамият муассисларининг овоз бериш натижалари ва улар томонидан жамиятни ташкил этиш, унинг фирма номини, жойлашган ерини ва устав фонди (устав капитали) миқдорини белгилаш, жамият уставини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа масалалар кўрсатилиши мумкин.

Жамиятнинг муассислари таъсис шартномасини тузади ва жамият уставини тасдиқлайди, бундан ушбу Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Жамият муассислари жамиятнинг ижро этувчи органларини сайлайди (тайинлайди), шунингдек жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) пулсиз ҳиссалар қўшилган тақдирда, уларнинг пулда ифодаланган баҳосини тасдиқлайди, бундан ушбу Қонун 16-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Жамият уставини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, шунингдек жамият муассислари киритадиган ҳиссаларнинг пулда ифодаланган баҳосини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор муассислар томонидан бир овоздан қабул қилинади. Бошқа қарорлар ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жамият муассислари томонидан қабул қилинади.

Жамиятнинг муассислари жамиятни таъсис этиш билан боғлиқ бўлган ва уни давлат рўйхатидан ўтказишга қадар юзага келган мажбуриятлар юзасидан солидар жавобгар бўлади. Жамиятнинг муассислари жамиятни таъсис этиш билан боғлиқ мажбуриятлари юзасидан фақат уларнинг ҳаракатлари кейинчалик жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан маъқулланган тақдирда жавобгар бўлади.

12-модда. Жамиятнинг таъсис ҳужжатлари

Таъсис шартномаси ва жамият устави жамиятнинг таъсис ҳужжатларидир.

Агар жамият бир шахс томонидан таъсис этилса, ушбу шахс тасдиқлаган устав жамиятнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади. Жамият иштирокчиларининг сони икки ва ундан ортиқ кишига кўпайса, улар ўртасида таъсис шартномаси тузилиши керак.

Жамият иштирокчисининг, аудиторнинг ёки манфаатдор шахснинг талабига биноан жамият уларга жамиятнинг таъсис ҳужжатлари билан, шу жумладан унга киритилган ўзгартиришлар билан танишиш имкониятини бериши шарт. Жамият иштирокчисининг талабига биноан жамият унга жамият таъсис шартномасининг ва уставининг кўчирма нусхаларини бериши шарт. Кўчирма нусхаларни берганлик учун жамият томонидан олинадиган ҳақ уларни тайёрлашга кетган харажатлардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан киритилади. Таъсис шартномаси қоидалари ва жамият устави қоидалари ўзаро мувофиқ бўлмаган тақдирда, жамият устави қоидалари учинчи шахслар ва жамият иштирокчилари учун устувор кучга эга бўлади.

13-модда. Жамиятнинг таъсис шартномаси

Таъсис шартномасида жамиятнинг муассислари жамиятни ташкил этиш мажбуриятини олади ва уни ташкил этиш юзасидан биргаликдаги фаолият тартибини белгилайди. Таъсис шартномасида қуйидагилар ҳам белгиланади:

жамият муассисларининг (иштирокчиларининг) таркиби;

жамият устав фондининг (устав капиталининг) миқдори ва жамият ҳар бир муассиси (иштирокчиси) улушининг миқдори;

жамият таъсис этилаётганда унинг устав фондига (устав капиталига) ҳиссаларни қўшиш тартиби, миқдори, усуллари ва муддатлари;

ҳиссаларни қўшиш бўйича мажбуриятларини бузганлик учун жамият муассисларининг (иштирокчиларининг) жавобгарлиги;

жамиятнинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида фойда ва зарарларни тақсимлаш шартлари ҳамда тартиби;

жамият органларининг таркиби ва жамият иштирокчиларининг жамиятдан чиқиши ҳамда учинчи шахсларни жамиятга қабул қилиш тартиби.

Таъсис шартномаси ва унга киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

14-модда. Жамият устави

Жамият уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

жамиятнинг тўлиқ ва қисқартирилган фирма номи;

жамият фаолиятининг предмети;

жамиятнинг почта манзили тўғрисидаги маълумотлар;

жамият органларининг таркиби ва ваколатлари тўғрисидаги, шу жумладан жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига кирувчи масалалар, жамият уставида жамиятнинг кузатув кенгашини тузиш назарда тутилган тақдирда, кузатув кенгашининг ваколатлари, жамият органлари томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, шу жумладан қарорлар бир овоздан ёки умумий овозлар сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан қабул қилинадиган масалалар тўғрисидаги маълумотлар;

жамият устав фондининг (устав капиталининг) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

жамият ҳар бир иштирокчиси улушининг миқдори ва номинал қиймати тўғрисидаги маълумотлар;

жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

жамият иштирокчисининг жамиятдан чиқиши тартиби ва унинг оқибатлари тўғрисидаги маълумотлар;

жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушнинг (улуш бир қисмининг) бошқа шахсга ўтиши тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

жамиятнинг ҳужжатларини сақлаш тартиби ҳамда жамият томонидан жамият иштирокчиларига ва бошқа шахсларга ахборот тақдим этиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

жамиятнинг ваколатхоналари ва филиаллари тўғрисидаги маълумотлар;

жамиятнинг шуъба ва қарам хўжалик жамиятлари тўғрисидаги маълумотлар;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа маълумотлар.

Жамият устави ва унга киритилган ўзгартиришлар қонунчиликда назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Жамият устави ва унга киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан учинчи шахслар учун кучга киради. Ваколатхоналар ва филиаллар ҳамда шуъба ва қарам хўжалик жамиятларининг ташкил этилиши, шунингдек жамиятнинг почта манзили ўзгариши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган ҳолларда, бундай ўзгартиришлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган хабардор қилинган пайтдан эътиборан учинчи шахслар учун кучга киради.

3-боб. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали)

15-модда. Жамият устав фондининг (устав капиталининг) таркиби

Жамият устав фонди (устав капитали) жамиятнинг уставида белгиланади ва унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматидан иборат бўлади.

Жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн минг бараваридан кўп бўлган нақд пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва у баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас.

Жамият устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори лицензия талабларида белгиланиши мумкин.

Жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши миқдори фоизларда ёки каср тарзида белгиланади. Жамият иштирокчиси улушининг миқдори унинг улуши номинал қиймати билан жамият устав фондининг (устав капиталининг) нисбатига тенг бўлиши керак.

Жамият иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади.

Жамиятнинг устави билан жамият иштирокчиси улушининг энг юқори миқдори, шунингдек жамият иштирокчилари улушларининг нисбатини ўзгартириш имконияти чекланиши мумкин. Бундай чекловлар жамиятнинг айрим иштирокчиларига нисбатан белгиланиши мумкин эмас. Кўрсатиб ўтилган қоидалар жамият таъсис этилаётганда унинг уставида назарда тутилиши, шунингдек жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинадиган қарорига биноан жамиятнинг уставига киритилиши, ўзгартирилиши ва ундан чиқариб ташланиши мумкин.

Жамият фақат кредит ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтказиладиган пайтга қадар унинг ҳар бир иштирокчиси таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз ҳиссасининг камида ўттиз фоизини киритиши шарт.

Жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси таъсис ҳужжатларида белгиланган ва жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмайдиган муддат ичида жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) ўз ҳиссасини тўлиқ киритиши керак.

Агар жамиятнинг таъсис ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг ўз ҳиссасини қўшмаган иштирокчилари, агар ушбу ҳаракатлар жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган бўлса ёки уни жиддий тарзда қийинлаштиришга олиб келса, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан, жамият ижро этувчи органининг аризасига асосан суд тартибида иштирокчилар сафидан чиқарилиши мумкин.

Жамиятнинг иштирокчиси томонидан ҳиссанинг тўлиқ киритилганлиги жамият иштирокчисига бериладиган гувоҳнома билан тасдиқланади.

Жамиятнинг ихтиёрига кўра ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда жамият устав фондининг (устав капиталининг) ҳисоби шартнома асосида «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» акциядорлик жамияти томонидан юритилиши мумкин.

16-модда. Жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган ҳиссалар

Пул, қимматли қоғозлар, ўзга ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган, бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган ҳиссалар бўлиши мумкин.

Жамиятнинг иштирокчилари ва жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахслар томонидан жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган пулсиз ҳиссаларнинг пулда ифодаланган баҳоси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамият барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинадиган қарори билан тасдиқланади.

Устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида жамиятга фойдаланиш учун берилган мол-мулкнинг муддат ўтгунига қадар ушбу мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилган тақдирда, жамиятнинг мол-мулкни берган иштирокчиси жамиятнинг талабига биноан жамиятга шундай мол-мулкдан қолган муддат мобайнида, шунга ўхшаш шароитларда фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақига тенг пул товони тўлаши шарт. Пул товони жамият томонидан уни бериш талабномаси тақдим этилганидан эътиборан, агар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан товон тўлашнинг бошқача тартиби белгиланмаган бўлса, бир ой ичида бир йўла тўланиши керак. Бундай қарор жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини берган ва бу ҳуқуқ муддатидан илгари тугатилган жамият иштирокчисининг овози ҳисобга олинмаган ҳолда, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Таъсис ҳужжатларида жамият иштирокчиси томонидан устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида жамиятга фойдаланиш учун берилган мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи муддатидан илгари тугатилганлиги учун жамият иштирокчиси томонидан товон тўлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлиши мумкин.

Жамиятдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган иштирокчи томонидан жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) ҳисса тариқасида фойдаланиш учун берилган мол-мулк, агар таъсис ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қанча муддатга берилган бўлса, шунча муддат давомида жамият фойдаланишида қолаверади.

Жамият иштирокчиларининг улушлари билан боғлиқ низолар суд томонидан кўриб чиқилаётганда жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) ўзгартиришлар киритиш суд тартибида чекланиши мумкин.

17-модда. Жамият устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтиришга у тўлиқ тўланганидан кейингина йўл қўйилади.

Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан (агар жамиятнинг уставида бундай қарорни қабул қилиш учун овозларнинг бундан кўпроқ сони зарурлиги назарда тутилмаган бўлса) қабул қилинган қарорига биноан кўпайтирилади.

Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) жамиятнинг мол-мулки ва (ёки) жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ҳисобидан ва (ёки), агар бу жамиятнинг устави билан тақиқланмаган бўлса, жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳамда тақсимланмаган фойда ҳисобидан кўпайтирилиши мумкин.

18-модда. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) унинг мол-мулки, шу жумладан жамиятнинг тақсимланмаган фойдаси ҳисобидан кўпайтириш

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) жамиятнинг мол-мулки, шу жумладан жамиятнинг тақсимланмаган фойдаси ҳисобидан кўпайтириш тўғрисидаги қарор фақат бундай қарор қабул қилинган йилдан олдинги йил учун жамиятнинг ташқи аудит хулосаси билан тасдиқланган молиявий ҳисоботи маълумотлари асосида қабул қилиниши мумкин.

Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) жамиятнинг мол-мулки, шу жумладан жамиятнинг тақсимланмаган фойдаси ҳисобидан кўпайтириладиган сумма жамият соф активларининг қиймати билан устав фонди (устав капитали) ҳамда захира фондининг йиғиндиси ўртасидаги фарқдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) ушбу моддага мувофиқ кўпайтирилганда жамият барча иштирокчилари улушларининг миқдорлари ўзгармаган ҳолда улар улушларининг номинал қиймати мутаносиб равишда кўпаяди.

19-модда. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) унинг иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ва жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобидан кўпайтириш

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) жамият барча иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар қўшиш ҳисобидан кўпайтириш тўғрисидаги қарорида қўшимча ҳиссаларнинг муайян умумий қиймати, жамият ҳар бир иштирокчисининг қўшимча ҳиссаси қийматининг миқдори, иштирокчилар томонидан қўшимча ҳиссаларни тўлиқ қўшиш муддати белгиланиши керак.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш ҳақида жамият иштирокчисининг қўшимча ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризасига (жамият иштирокчиларининг аризаларига) ва (ёки), агар бу жамиятнинг таъсис ҳужжатларида тақиқланмаган бўлса, учинчи шахснинг (учинчи шахсларнинг) уни (уларни) жамиятга қабул қилиш ва ҳисса қўшиш ҳақидаги аризасига (аризаларига) асосан бир овоздан қарор қабул қилиши мумкин.

Жамият иштирокчисининг ёки учинчи шахснинг аризасида ҳиссани қўшиш тартиби, унинг миқдори, усуллари ва муддати, шунингдек жамият иштирокчиси ёки учинчи шахс жамиятнинг устав фондида (устав капиталида) эга бўлишни хоҳлаган улуш миқдори кўрсатилган бўлиши керак. Аризада ҳиссаларни қўшиш ва жамиятга аъзо бўлиб киришнинг бошқа шартлари ҳам кўрсатилиши мумкин.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарор билан бир вақтда унинг таъсис ҳужжатларига жамият барча ёки айрим иштирокчиларининг (айрим иштирокчисининг) қўшимча ҳиссаларини қўшиш ҳисобидан ва (ёки) жамиятга учинчи шахснинг (учинчи шахсларнинг) қабул қилиниши, жамият иштирокчилари улушларининг номинал қиймати тегишлича кўпайтирилиши ва (ёки) учинчи шахс (учинчи шахслар) улушининг номинал қиймати ва миқдори аниқланиши муносабати билан ўзгартиришлар, шунингдек жамият иштирокчилари улушининг миқдорлари ўзгариши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилиниши керак. Бунда жамият иштирокчиси улушининг номинал қиймати унинг қўшимча ҳиссаси қийматидан кўпроқ суммага кўпайтирилиши мумкин эмас, жамиятга қабул қилинадиган ҳар бир учинчи шахс томонидан олинадиган улушнинг номинал қиймати унинг ҳиссаси қийматидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қўшимча ҳиссаларни қўшиш муддати тугаган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссаларини ва (ёки) учинчи шахсларнинг ҳиссаларини қўшиш якунларини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек жамиятнинг устав фонди (устав капитали) миқдорини кўпайтириш, қўшимча ҳиссалар қўшган жамият иштирокчилари улушларининг номинал қийматини кўпайтириш ва (ёки) учинчи шахс (учинчи шахслар) улушининг номинал қиймати ва миқдорларини аниқлаш, зарур ҳолларда жамият иштирокчилари улушларининг миқдорлари ўзгариши билан боғлиқ ўзгартиришларни жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, агар ҳиссалар қўшиш жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланган муддат ўтганидан кейин, белгиланган қўшимча ҳисса бир ёки бир неча иштирокчи томонидан тўлиқ ёки қисман қўшилмаган бўлса, умумий йиғилиш:

қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлаб белгиланган миқдорини жамият иштирокчилари амалда қўшган қўшимча ҳиссаларни ҳисобга олган ҳолда, уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши тегишлича ўзгартирилиб, амалда қўшилган ҳиссалар миқдорига қадар камайтириш тўғрисида;

қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини олдинги йиғилишнинг жамият иштирокчиларининг жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарори билан белгиланган улушларини сақлаб қолиш имкониятини берадиган миқдоргача камайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бу ҳолда жамият олдинги йиғилиш қарори билан белгиланган устав фондидаги (устав капиталидаги) жамият иштирокчиларининг улушлари ошиб кетишига олиб келган ўша қўшган пул ҳиссаларини жамият иштирокчиларига ўн кун муддат ичида қайтариши шарт.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган жамият уставидаги ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар, шунингдек жамият иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар ва (ёки) учинчи шахслар томонидан ҳиссалар тўлиқ миқдорда қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга таъсис ҳужжатига доир ўзгартиришлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида тасдиқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай тақдим этилиши керак. Уставдаги мазкур ўзгартиришлар улар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан жамият иштирокчилари ва учинчи шахслар учун кучга киради.

Ушбу модданинг бешинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган муддатларга риоя этилмаган тақдирда ёки ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қўшимча ҳиссалар барча иштирокчилар томонидан тўлиқ қўшилмаган ёхуд ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинмаган тақдирда, жамият устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши амалга ошмаган деб эътироф этилади. Бу ҳолда жамият жамиятнинг иштирокчиларига улар томонидан киритилган қўшимча пул ҳиссаларини ўн кун муддат ичида қайтариши шарт.

Пул ҳиссалари ушбу модда олтинчи қисмининг учинчи хатбошисида , шунингдек саккизинчи қисмида кўрсатилган муддатда ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда, жамият қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда фоизлар тўлаши шарт.

Пулсиз ҳиссалар қўшган жамият иштирокчиларига жамият ушбу модда олтинчи қисмининг учинчи хатбошисида , шунингдек саккизинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда уч ойлик муддатда уларнинг ҳиссаларини қўшилган шаклида ёки уларнинг розилиги билан пул шаклида қайтариши, ҳиссалар кўрсатилган муддатда қайтарилмаган тақдирда эса, ҳисса сифатида киритилган мол-мулкдан фойдалана олинмаганлиги оқибатида бой берилган фойданинг ўрнини ҳам қоплаши шарт.

20-модда. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш

Жамият ўз устав фондини (устав капиталини) камайтиришга ҳақли, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда эса жамият ўз иштирокчиларининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларининг номинал қийматини камайтириш ва (ёки) жамиятга тегишли улушларнинг ҳақини тўлаш орқали ўз устав фондини (устав капиталини) камайтириши шарт.

Жамиятнинг барча иштирокчилари улушларининг номинал қийматини камайтириш йўли билан жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш жамиятнинг барча иштирокчилари улушлари миқдорлари сақлаб қолинган ҳолда амалга оширилиши керак.

Жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида унинг устав фонди (устав капитали) тўлиқ тўланмаган тақдирда жамият ўз устав фондини (устав капиталини) амалда тўланган миқдоргача камайтиришини эълон қилиши ва унинг камайтирилганлигини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиши ёки жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

Агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан (устав капиталидан) кам бўлиб қолса, жамият ўз устав фонди (устав капитали) ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтирилишини эълон қилиши ва бундай камайтиришни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиши шарт.

Жамият соф активларининг қиймати қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.

Жамият кредиторлари жамиятнинг устав фонди (устав капитали) камайтирилганлигидан хабар топган санадан эътиборан ўттиз кун ичида жамиятдан жамиятнинг тегишли мажбуриятлари муддатидан илгари тугатилишини ёки бажарилишини ҳамда ўзлари кўрган зарарнинг ўрни қопланишини ёзма равишда талаб қилишга ҳақли.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш билан боғлиқ уставдаги ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда, агар жамият ўз устав фондини (устав капиталини) камайтириш ёки ўзининг тугатилиши тўғрисида уч ойлик муддатда қарор қабул қилмаса, кредиторлар жамият мажбуриятлари муддатидан илгари тугатилишини ёки ижро этилишини ва ўзлари кўрган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли. Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган бундай ҳолларда жамиятни тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақли.

21-модда. Жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушининг (улуши бир қисмининг) жамиятнинг бошқа иштирокчиларига ва учинчи шахсларга ўтиши

Жамият иштирокчиси жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёки унинг бир қисмини жамиятнинг бир ёхуд бир неча иштирокчисига ўтказишга ҳақли. Бундай битимни тузиш учун, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг ёки жамият бошқа иштирокчиларининг розилиги талаб қилинмайди.

Жамият иштирокчиси, агар жамиятнинг уставида тақиқланмаган бўлса, ўз улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсларга ушбу Қонунда ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларга мувофиқ ўтказиши мумкин.

Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битим, агар уни нотариал шаклда амалга ошириш ҳақидаги талаб жамиятнинг уставида назарда тутилмаган бўлса, оддий ёзма шаклда амалга оширилиши керак.

Жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига (улушининг бир қисмига) бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга бу ҳақда Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан ўтади ҳамда мазкур реестрдан кўчирма билан тасдиқланади.

Давлат рўйхатидан ўтказувчи орган улуш (улушнинг бир қисми) ўтиши ҳақидаги ёзувни тегишли улуш (улушнинг бир қисми) бошқа шахсга ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга асосан Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига киритади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган битимнинг ушбу моддада ёки жамият уставида белгиланган шаклига, шунингдек уни мазкур модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя этмаганлик унинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келади.

Жамият иштирокчисининг улуши ушбу Қонуннинг 15-моддасида кўрсатилган муддат давомида тўлиқ тўлангунига қадар бўлган даврда у фақат тўланган қисми бўйича бошқа шахсга ўтказилиши мумкин.

Жамият иштирокчиларидан бирортаси томонидан ўтказилаётган улушни (улушнинг бир қисмини) олишда жамият иштирокчилари учинчи шахслар олдида имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланади, бундан жамият уставида давлат улушини (давлат улушининг бир қисмини) оммавий савдолар орқали сотиш назарда тутилган ҳоллар мустасно. Бундай ҳуқуқдан жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси фойдаланиши мумкин. Агар жамиятнинг уставида ёки жамият иштирокчиларининг келишувида имтиёзли ҳуқуқни амалга ошириш учун улушни олишнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, жамият иштирокчилари томонидан улуш (улушнинг бир қисми) устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушлари миқдорларига мутаносиб равишда олинади.

Агар жамиятнинг бошқа иштирокчилари жамиятнинг иштирокчиси томонидан ўтказилаётган улушни (улушнинг бир қисмини) олишда ўзининг имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланмаган бўлса, жамият мазкур улушни (улушнинг бир қисмини) олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.

Ўз улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсга ўтказиш ниятида бўлган жамият иштирокчиси улушнинг (улушнинг бир қисмининг) баҳосини ва бошқа шартларни кўрсатган ҳолда, бу ҳақда жамиятнинг қолган иштирокчиларини ва жамиятнинг ўзини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт, бундан жамият уставида давлат улушини (давлат улушининг бир қисмини) оммавий савдолар орқали сотиш назарда тутилган ҳоллар мустасно. Жамиятнинг уставида хабарнома жамият иштирокчиларига жамият орқали юборилиши назарда тутилиши мумкин. Улушни (улушнинг бир қисмини) имтиёзли олиш ҳуқуқини амалга ошириш истагида бўлган жамият иштирокчиси ўз улушини (улушининг бир қисмини) ўтказишни таклиф этаётган жамият иштирокчисини етти кун муддатда бу ҳақда хабардор қилиши, бунда ўтказиш таклиф этилаётган улушни тўлиқ ёки унинг муайян қисмини олмоқчи эканлигини кўрсатиши керак. Агар келиб тушган таклифларнинг умумий миқдори ўтказилаётган улушнинг миқдоридан ошмаса, иштирокчилардан ҳар бири улушнинг ўз хабарномасида кўрсатилган қисмини олади. Агар улушнинг қолган қисми учинчи шахс ихтиёрига ўтказилгунига қадар жамият иштирокчиларидан қўшимча таклифлар келиб тушмаса, бундай қисм учинчи шахсга ўтказилиши мумкин. Агар келиб тушган таклифларнинг умумий миқдори ўтказилаётган улуш (улушнинг бир қисми) миқдоридан ошса, иштирокчилар, агар жамиятнинг уставида ёки жамият иштирокчиларининг келишувида бошқача тақсимлаш назарда тутилмаган бўлса, устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушлари миқдорларига мутаносиб равишда олади.

Жамият иштирокчилари ва (ёки) жамият ўтказиш учун таклиф қилинаётган бутун улушни (улушнинг бир қисмини) олишда имтиёзли ҳуқуқдан шундай хабар берилган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаган тақдирда, агар жамият уставида ёки жамият иштирокчиларининг келишувида бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, улуш (улушнинг бир қисми) жамиятга ва унинг иштирокчиларига маълум бўлган баҳода ҳамда шартларда учинчи шахсга ўтказилиши мумкин.

Улушни (улушнинг бир қисмини) жамият иштирокчилари улушларининг миқдорларига номутаносиб равишда олишга доир имтиёзли ҳуқуқни амалга ошириш тартибини белгиловчи қоидалар жамият уставида уни таъсис этиш чоғида назарда тутилиши, жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган умумий йиғилиш қарорига биноан жамиятнинг уставига киритилиши, ўзгартирилиши ва жамиятнинг уставидан чиқариб ташланиши мумкин.

Улуш (улушнинг бир қисми) уни олишнинг имтиёзли ҳуқуқи бузилган ҳолда ўтказилган тақдирда, жамиятнинг иштирокчиси ва (ёки) жамият, агар жамиятнинг уставида улушни (улушнинг бир қисмини) олишда жамият имтиёзли ҳуқуққа эга эканлиги назарда тутилган бўлса, бундай бузилишни билган ёхуд уни билиши лозим бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида олувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ўзига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Мазкур имтиёзли ҳуқуқдан бошқанинг фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.

Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуш (улушнинг бир қисми) бошқа шахсга ўтказилганлиги ҳақида жамият бундай ўтказишнинг далиллари тақдим этилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилиниши керак. Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) олувчи мазкур ўтказиш тўғрисида жамият ёзма равишда хабардор қилинган пайтдан эътиборан жамият иштирокчисининг ҳуқуқларини амалга оширади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) олувчига жамият иштирокчисининг мазкур улушни (улушнинг бир қисмини) бошқа шахсга ўтказгунига қадар юзага келган барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўтади.

Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлар жисмоний шахсларнинг меросхўрларига ва жамият иштирокчилари бўлган юридик шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига ўтади.

Жамият иштирокчиси бўлган юридик шахс тугатилган тақдирда, унинг кредиторлари билан ҳисоб-китоб тугалланганидан кейин қолган унга қарашли улуш, агар қонунчиликда ёки тугатилаётган юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тугатилаётган юридик шахс иштирокчилари ўртасида тақсимланади.

Жамият уставида ушбу модданинг ўн олтинчи ва ўн еттинчи қисмларида белгиланган улушнинг (улушнинг бир қисмининг) ўтиши ва тақсимланишига фақат жамиятнинг қолган иштирокчилари розилиги билан йўл қўйилиши назарда тутилиши мумкин.

Жамият вафот этган иштирокчисининг меросхўри томонидан мерос қабул қилингунига қадар жамиятнинг вафот этган иштирокчисининг ҳуқуқлари васиятномада кўрсатилган шахс томонидан амалга оширилади, унинг мажбуриятлари эса шу шахс томонидан бажарилади, бундай шахс бўлмаган тақдирда эса нотариус тайинлаган бошқарувчи томонидан амалга оширилади.

Жамият уставида жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) жамият иштирокчиларига ёки учинчи шахсларга ўтказиш, улушнинг (улушнинг бир қисмининг) меросхўрларга ёки ҳуқуқий ворисларга ўтиши ёхуд улушни (улушнинг бир қисмини) тугатилаётган юридик шахснинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш учун жамият иштирокчиларининг розилигини олиш зарурлиги назарда тутилган тақдирда, агар жамият иштирокчиларига мурожаат этилган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида ёки жамиятнинг уставида белгиланган бошқа муддат ичида жамиятнинг барча иштирокчиларининг ёзма розилиги олинган бўлса ёхуд жамият иштирокчиларининг бирортасидан ҳам розилик беришга ёзма раддия олинмаган бўлса, бундай розилик олинган деб ҳисобланади.

Жамият уставида жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) жамият иштирокчиларига ёки учинчи шахсларга ўтказиш учун жамиятнинг розилигини олиш зарурлиги назарда тутилган тақдирда, агар жамиятга мурожаат этилган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида ёки жамият уставида белгиланган бошқа муддат ичида жамиятнинг ёзма розилиги олинган бўлса ёхуд жамиятдан розилик беришга ёзма раддия олинмаган бўлса, бундай розилик олинган деб ҳисобланади.

Ушбу Қонунда ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуш (улушнинг бир қисми) очиқ кимошди савдоси орқали сотилганда, мазкур улушни (улушнинг бир қисмини) олувчи жамиятнинг ёки унинг иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар, жамият иштирокчисига айланади.

Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушнинг эллик ва ундан ортиқ фоизининг эгасига айланган шахс (бундан давлат мустасно), агар шахс бунгача жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларга эгалик қилмаган ёки улушнинг эллик фоизидан камроғига эгалик қилган бўлса, миноритар иштирокчиларга улушларини бозор қиймати бўйича ўзига сотишни ўн беш кун ичида таклиф этиши шарт. Жамиятнинг уставида ушбу таклиф жамият иштирокчиларига жамият орқали юборилиши назарда тутилиши мумкин.

Агар жамият иштирокчисининг ўзига тегишли улушини сотиши тўғрисида ўттиз кун ичида ёзма розилиги олинса, жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушнинг эллик ва ундан ортиқ фоизига эгалик қилувчи шахс таклиф этилган улушни сотиб олиши шарт.

22-модда. Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлар гарови

Жамиятнинг иштирокчиси жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўзига тегишли улушни (улушнинг бир қисмини) жамиятнинг бошқа иштирокчисига ёки, агар бу жамиятнинг уставида тақиқланмаган бўлса, жамиятнинг розилиги билан учинчи шахсга жамият барча иштирокчиларининг кўпчилик овози билан, агар бундай қарорни қабул қилиш учун жамиятнинг уставида бундан ҳам кўпроқ овозлар сони назарда тутилмаган бўлса, қабул қилинган жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан гаровга қўйишга ҳақли. Ўз улушини (улушининг бир қисмини) гаровга қўйиш ниятида бўлган жамият иштирокчисининг овозлари овоз бериш натижаларини аниқлашда ҳисобга олинмайди.

23-модда. Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) жамият томонидан олиш

Жамият ўз устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) олишга ҳақли эмас, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Жамиятнинг уставида жамият иштирокчисининг улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсларга ўтказиш тақиқланган бўлса, жамиятнинг бошқа иштирокчилари эса уни олишни рад этса, шунингдек улушни (улушнинг бир қисмини) жамиятнинг иштирокчисига ёки учинчи шахсга ўтказиш рад этилган тақдирда, агар бундай розиликни олиш зарурлиги жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса, жамият иштирокчисининг талабига биноан жамият унга қарашли улушни (улушнинг бир қисмини) олиши шарт. Бунда жамият ўз иштирокчисига бу улушнинг (улушнинг бир қисмининг) жамият иштирокчиси шундай талаб билан мурожаат этган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг молиявий ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамият иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.

Жамиятни таъсис этиш чоғида жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) ўз ҳиссасини ўз муддатида тўлиқ миқдорда қўшмаган жамият иштирокчисининг улуши, шунингдек ушбу Қонун 16-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган пул товонини муддатида тақдим этмаган жамият иштирокчисининг улуши жамиятга ўтади. Бунда жамият жамиятнинг иштирокчисига улушнинг (мол-мулк жамият фойдаланишида бўлган муддатга) у қўшган ҳиссанинг қисмига мутаносиб равишдаги қисмининг ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамият иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт. Улушнинг бир қисмининг ҳақиқий қиймати ҳиссани қўшиш ёки товонни тақдим этиш муддати ўтадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг молиявий ҳисоботлари маълумотларига асосан аниқланади.

Жамиятнинг уставида улушнинг ҳиссанинг тўланмаган қисмига ёки пул товони суммасига (қийматига) мутаносиб қисми жамиятга ўтиши назарда тутилиши мумкин.

Жамиятдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган жамият иштирокчисининг улуши жамиятга ўтади. Бунда жамият жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчига улушининг чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.

Ушбу Қонун 21-моддасининг ўн олтинчи , ўн еттинчи ва ўн саккизинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда жамият иштирокчилари улушнинг ўтишига ёки тақсимланишига розилик беришни рад этса, агар жамиятнинг уставига мувофиқ бундай розилик олиниши зарур бўлса, улуш жамиятга ўтади. Бунда жамият вафот этган иштирокчисининг меросхўрларига, қайта ташкил этилган жамият иштирокчиси бўлган юридик шахснинг ҳуқуқий ворисларига ёки жамият иштирокчиси бўлган тугатилган юридик шахснинг иштирокчиларига тегишинча вафот этган, қайта ташкил этилган ёки тугатилган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг молиявий ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаши ёхуд уларнинг розилиги билан уларга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.

Ушбу Қонуннинг 25-моддасига мувофиқ жамият томонидан жамият иштирокчиси улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қиймати унинг кредиторлари талабига биноан тўланган тақдирда, улуш ҳақиқий қийматининг жамият бошқа иштирокчилари томонидан тўланмаган қисми жамиятга ўтади, улушнинг қолган қисми жамиятнинг иштирокчилари ўртасида улар қўшган тўловга мутаносиб равишда тақсимланади.

Улуш (улушнинг бир қисми) жамиятнинг иштирокчиси у жамият томонидан олиниши тўғрисида талабнома тақдим этган ёки ҳиссани қўшиш муддати ўтган ёхуд товон берилган ёки иштирокчини жамиятдан чиқариш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирган ёки жамиятнинг исталган иштирокчиси улушнинг жамият иштирокчиси бўлган жисмоний шахсларнинг меросхўрларига (юридик шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига) ўтишига ёхуд унинг жамият иштирокчиси бўлган тугатилган юридик шахснинг иштирокчилари ўртасида тақсимланишига розилик беришни рад этган ёки жамият иштирокчиси улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қиймати унинг кредиторлари талабига биноан жамият томонидан тўланган пайтдан эътиборан жамиятга ўтади.

Улуш (улушнинг бир қисми) жамиятга ўтган пайтдан эътиборан бир йил ичида, агар жамиятнинг уставида камроқ муддат назарда тутилмаган бўлса, жамият улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлаши ёки худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.

Улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди (устав капитали) миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўз устав фондини (устав капиталини) етишмаётган суммага камайтириши шарт.

24-модда. Жамиятга қарашли улушлар

Жамиятга қарашли улушлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида овоз бериш натижаларини аниқлаш, шунингдек жамият тугатилган тақдирда унинг фойдаси ва мол-мулки тақсимланаётганда ҳисобга олинмайди.

Жамиятга қарашли улуш у жамиятга ўтган кундан эътиборан бир йил ичида жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан жамиятнинг барча иштирокчилари ўртасида уларнинг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тақсимланиши ёхуд жамиятнинг барча ёки айрим иштирокчиларига ва (ёки), агар бу жамиятнинг уставида тақиқланмаган бўлса, учинчи шахсларга сотилиши ҳамда тўлиқ тўланиши керак. Улушнинг тақсимланмаган ёки сотилмаган қисмининг ҳақи жамиятнинг устав фонди (устав капитали) тегишлича камайтирилган ҳолда тўланиши керак. Улушни жамият иштирокчиларининг улушлари миқдорлари ўзгарадиган тарзда жамият иштирокчиларига сотиш, улушни учинчи шахсларга сотиш, шунингдек улушни сотиш билан боғлиқ ўзгартиришлар жамиятнинг таъсис ҳужжатларига жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамият барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарорига асосан киритилади.

Ушбу моддада назарда тутилган, жамиятнинг уставига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар, улуш сотилган тақдирда эса, жамият томонидан сотилган улушнинг ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга жамият иштирокчилари улушларининг ҳақини тўлаш якунларини тасдиқлаш ва жамиятнинг таъсис ҳужжатига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида тақдим этилиши керак.

25-модда. Ундирувни жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига қаратиш

Кредиторларнинг талабига биноан жамият иштирокчисининг қарзлари бўйича ундирувни жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига (улушининг бир қисмига) қаратишга қарзларни тўлаш учун жамият иштирокчисининг бошқа мол-мулки етарли бўлмаганда, фақат суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Жамият иштирокчисининг қарзлари бўйича ундирув жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига қаратилган тақдирда, жамият кредиторларга жамият иштирокчиси улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлашга ҳақли.

Ундирув жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига қаратилганда ушбу улуш жамият томонидан сотиб олинмаган тақдирда, мол-мулкига ундирув қаратилган жамият иштирокчиси улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қиймати жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамият барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарорига биноан кредиторларга жамиятнинг қолган иштирокчилари томонидан, агар жамиятнинг уставида ёки жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорида ҳақ тўлаш миқдорини аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, уларнинг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тўланиши мумкин.

Жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қиймати ундирувни жамият иштирокчисининг қарзлари бўйича унинг улушига (улушининг бир қисмига) қаратиш тўғрисида жамиятга талаб қўйилган санадан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг молиявий ҳисоботлари маълумотларига асосан аниқланади.

Агар жамият кредиторлари томонидан талаб тақдим этилган пайтдан эътиборан уч ой ичида жамият ёки унинг иштирокчилари ундирув қаратилган жамият иштирокчиси бутун улушининг (бутун улуши бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўламаса, ундирувни жамият иштирокчисининг улушига (улушининг бир қисмига) қаратиш уни очиқ ким ошди савдосида сотиш йўли билан амалга оширилади.

26-модда. Жамиятнинг фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш

Жамият ўз соф фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида йилнинг ҳар чорагида, ярим йилда бир марта ёки бир йилда бир марта қарор қабул қилишга ҳақли. Жамиятнинг жамият иштирокчилари ўртасида тақсимланадиган фойдаси қисмини аниқлаш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Жамият фойдасининг унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш учун мўлжалланган қисми (дивидендлар) уларнинг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Дивидендларни тўлаш муддати ва тартиби жамиятнинг уставида ёки иштирокчиларнинг умумий йиғилиши қарорида белгиланади. Бунда дивидендларни тўлаш муддати жамият иштирокчилари ўртасида фойдани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан ошмаслиги керак.

27-модда. Жамиятнинг фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлашдаги чекловлар. Жамиятнинг фойдасини жамият иштирокчиларига тўлашдаги чекловлар

Жамият қуйидаги ҳолларда ўз фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас:

жамиятнинг бутун устав фонди (устав капитали) тўлиқ тўлангунига қадар;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда жамият иштирокчиси улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қиймати тўлангунига қадар;

агар бундай қарорни қабул қилиш пайтида жамиятда қонунга мувофиқ тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд бўлса ёки, агар мазкур аломатлар жамиятда шундай қарор қабул қилиниши натижасида пайдо бўлса;

агар шундай қарорни қабул қилиш пайтида жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан (устав капиталидан) ва захира фондидан кам бўлса ёки шундай қарор қабул қилиниши натижасида уларнинг миқдоридан камроқ бўлиб қолса;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Жамият ўз иштирокчилари ўртасида тақсимланиши тўғрисида қарор қабул қилинган фойдани жамият иштирокчиларига тўлашга қуйидаги ҳолларда ҳақли эмас:

агар тўлаш пайтида жамиятда қонунга мувофиқ тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд бўлса ёки, агар мазкур аломатлар жамиятда тўлов натижасида пайдо бўлса;

агар тўлаш пайтида жамиятнинг соф активлари қиймати унинг устав фондидан (устав капиталидан) ва захира фондидан кам бўлса ёки тўлаш натижасида уларнинг миқдоридан камроқ бўлиб қолса;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар тугаганидан кейин жамият ўз иштирокчилари ўртасида тақсимланиши тўғрисида қарор қабул қилинган фойдани тўлаши шарт.

28-модда. Жамиятнинг захира фонди

Жамият ўз уставида назарда тутилган миқдорда захира фондини ташкил этиши мумкин. Жамиятнинг захира фонди жамият уставида белгиланган миқдорга етгунига қадар ҳар йили соф фойдадан ажратмалар қилиш йўли билан шакллантирилади. Ҳар йилги ажратмалар миқдори жамиятнинг уставида назарда тутилади, лекин у жамиятнинг уставида белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойданинг беш фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Жамиятнинг захира фонди ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда унинг зарарлари ўрнини қоплаш ва жамият томонидан жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) олиш учун мўлжаллангандир.

29-модда. Жамият томонидан облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш

Жамият облигацияларни қонунчиликда белгиланган тартибда чиқаришга ва жойлаштиришга ҳақли.

Жамият томонидан облигацияларни чиқариш иштирокчиларнинг умумий йиғилиши қарорига ёки, агар жамият уставида жамиятнинг кузатув кенгашига бундай қарор қабул қилиш ваколати берилган бўлса, жамият кузатув кенгашининг қарорига кўра амалга оширилади.

Жамият томонидан облигациялар чиқаришга унинг устав фонди (устав капитали) тўлиқ тўланганидан кейин рухсат этилади.

Облигацияларни чиқарган жамият томонидан жойлаштириш йўли билан ошкор этилиши мажбурий бўлган муҳим факт ва бошқа ахборот қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланади.

Жамият томонидан корпоратив облигацияларини чиқариш ҳақидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан икки иш куни ичида Корпоратив ахборотнинг ягона порталига ва ўз расмий веб-сайтига муҳим факт сифатида жойлаштириш йўли билан ошкор қилинади.

4-боб. Жамиятда бошқарув

30-модда. Жамиятнинг бошқарув органлари

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамият бошқарувининг олий органидир.

Жамият уставида жамиятнинг кузатув кенгашини тузиш назарда тутилиши мумкин.

Жамиятнинг жорий фаолиятига жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи томонидан ёки жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи томонидан раҳбарлик қилинади. Жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишига ва, агар тузилиши жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдордир.

31-модда. Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлари

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлари ушбу Қонунга мувофиқ жамиятнинг устави билан белгиланади.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

жамият фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, шунингдек тижорат ташкилотларининг бошқа бирлашмаларида иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

жамият устав фондининг (устав капиталининг) миқдорини ўзгартириш;

таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

жамиятнинг ижро этувчи органларини тузиш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

жамиятнинг тафтиш комиссиясини (тафтишчисини) сайлаш ва унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

агар жамият уставида кузатув кенгашини тузиш назарда тутилган бўлса, уни сайлаш ва унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

молиявий ҳисоботларни тасдиқлаш;

жамиятнинг соф фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

жамият органларининг фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлаш (қабул қилиш);

аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш, аудиторлик ташкилотларига ҳамда уларнинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини аниқлаш;

бошқа юридик шахсларни, ваколатхоналар ва филиалларни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

жамиятни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

тугатувчини тайинлаш ва тугатиш балансларини тасдиқлаш;

ушбу Қонунда ва жамият уставида назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал қилиш.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига киритилган масалалар умумий йиғилиш томонидан жамиятнинг кузатув кенгашига ёки жамиятнинг ижро этувчи органига ҳал этиш учун топширилиши мумкин эмас, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

32-модда. Жамият иштирокчиларининг навбатдаги умумий йиғилиши

Жамият иштирокчиларининг навбатдаги умумий йиғилиши жамият уставида белгиланган муддатларда, лекин йилига камида бир марта ўтказилади. Жамият иштирокчиларининг навбатдаги умумий йиғилиши жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан чақирилади.

Жамиятнинг уставида жамият фаолиятининг йиллик натижалари тасдиқланадиган жамият иштирокчиларининг навбатдаги умумий йиғилишини ўтказиш муддати белгиланиши керак. Жамият иштирокчиларининг мазкур умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин кечи билан олти ой ичида ўтказилиши керак.

33-модда. Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши

Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамият уставида белгиланган ҳолларда, шунингдек, агар бундай умумий йиғилиш ўтказилишини жамият ва унинг иштирокчилари манфаатлари тақозо этса, бошқа ҳолларда ҳам ўтказилади.

Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан:

жамият иштирокчиларидан бирининг;

жамият кузатув кенгашининг;

жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) талабига биноан чақирилади.

Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши зарур ҳолларда жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан унинг ташаббусига биноан чақирилиши мумкин.

Жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талаб олинган санадан эътиборан уч кун ичида мазкур талабни кўриб чиқиши ва жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш ҳақида ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан фақат қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин:

агар жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабни тақдим этишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартибига риоя этилмаган бўлса;

агар жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф қилинган масалалардан бирортаси ҳам унинг ваколатлари жумласига кирмаса.

Агар жамиятнинг уставида кузатув кенгашини тузиш назарда тутилган бўлса, жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талаб олинган санадан эътиборан беш кун ичида бу талабни кузатув кенгаши кўриб чиқиши учун киритиши шарт. Кузатув кенгаши уч кун ичида мазкур талабни кўриб чиқиши ва жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида ёки ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф қилинган масалаларнинг бири ёки бир нечтаси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлари жумласига кирмаса ёки қонунчилик талабларига мос бўлмаса, мазкур масалалар кун тартибига киритилмайди.

Жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масалалар таърифига ўзгартиришлар киритишга, шунингдек жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишнинг таклиф қилинган шаклини ўзгартиришга ҳақли эмас.

Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф қилинган масалалар билан бир қаторда жамиятнинг ижро этувчи органи ўз ташаббуси билан кун тартиби расмий равишда ўқиб эшиттириладиган кундан кечиктирмай, унга қўшимча масалалар киритишга ҳақли.

Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бундай умумий йиғилиш уни ўтказиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан қирқ беш кундан кечиктирмай ўтказилиши шарт.

Агар ушбу Қонунда белгиланган муддат ичида жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уни ўтказишни талаб қилаётган органлар ёки шахслар томонидан чақирилиши мумкин. Бундай ҳолда жамиятнинг ижро этувчи органи мазкур органларга ёки шахсларга жамият иштирокчиларининг манзиллари кўрсатилган рўйхатни тақдим этиши шарт. Умумий йиғилишга тайёргарлик кўриш, уни чақириш ва ўтказиш харажатларининг ўрни жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан жамиятнинг маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

34-модда. Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тартиби

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар уни ўтказишдан камида ўттиз кун олдин бу ҳақда жамиятнинг ҳар бир иштирокчисини жамият иштирокчиларининг рўйхатида кўрсатилган манзил бўйича топширилганлиги маълум қилинадиган тилхат асосида ёки хабарнома олинганлигини тасдиқлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ёхуд жамиятнинг уставида назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилиши шарт.

Хабарномада жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган вақт ва жой, шунингдек таклиф қилинаётган кун тартиби кўрсатилиши керак.

Жамиятнинг иштирокчиси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг кун тартибига қўшимча масалаларни киритиш тўғрисида уни ўтказишдан камида ўн беш кун олдин таклифлар киритишга ҳақли. Қўшимча масалалар, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлари жумласига кирмайдиган масалаларни истисно этганда, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг кун тартибига киритилади.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг кун тартибига киритиш учун таклиф қилинган қўшимча масалалар таърифига ўзгартириш киритишга ҳақли эмас.

Агар жамият иштирокчиларининг таклифига биноан жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг дастлабки кун тартибига ўзгартиришлар киритиладиган бўлса, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар кун тартибига киритилган ўзгартиришлар ҳақида жамиятнинг барча иштирокчиларини умумий йиғилиш ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган усулда хабардор қилиши шарт.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишига тайёргарлик кўриш чоғида жамият иштирокчиларига тақдим этилиши лозим бўлган ахборот ва материаллар жумласига қуйидагилар киради:

жамиятнинг йиллик ҳисоботи;

жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) хулосаси;

молиявий ҳисоботларнинг тўғрилиги ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги аудиторлик хулосаси;

жамиятнинг ижро этувчи органларига, жамиятнинг кузатув кенгашига ва жамиятнинг тафтиш комиссиясига (тафтишчилигига) номзод (номзодлар) тўғрисидаги маълумотлар;

жамият таъсис ҳужжатларининг янги таҳрирдаги лойиҳалари, шунингдек уларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳалари;

жамиятнинг уставида назарда тутилган бошқа ахборот ва материаллар.

Агар жамият уставида жамият иштирокчиларини ахборот ва материаллар билан таништиришнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар уларга ахборот ва материалларни жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарнома билан биргаликда юбориши шарт, кун тартиби ўзгартирилган тақдирда, тегишли ахборот ва материаллар ана шундай ўзгартиш тўғрисидаги хабарнома билан биргаликда юборилади. Кўрсатилган ахборот ва материаллар жамият ижро этувчи органининг биносида танишиш учун жамиятнинг барча иштирокчиларига жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ўттиз кун ичида тақдим этилиши керак. Жамиятнинг уставида ушбу моддада кўрсатиб ўтилганидан қисқароқ муддатлар назарда тутилиши мумкин.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақиришнинг ушбу моддада белгиланган тартиби бузилган тақдирда, агар бундай умумий йиғилишда жамиятнинг барча иштирокчилари иштирок этаётган бўлса, мазкур умумий йиғилиш ваколатли деб эътироф этилади.

35-модда. Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказиш тартиби

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ушбу Қонунда, жамиятнинг уставида ва унинг ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади. Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказиш тартиби ушбу Қонун, жамиятнинг устави ва ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қисмида жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши очилишидан олдин жамият иштирокчилари рўйхатдан ўтказилади.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишда шахсан ёки ўз вакиллари орқали иштирок этишга ҳақли. Жамият иштирокчиларининг вакиллари ўз ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатни (ишончномани) кўрсатиши керак. Жисмоний шахс номидан берилган овоз беришга доир ишончнома нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак. Юридик шахс номидан овоз беришга доир ишончнома унинг раҳбарининг имзоси билан берилади ва ушбу юридик шахснинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Жамиятнинг иштирокчилари ёки уларнинг вакиллари кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш ва қарорларни қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга. Жамиятнинг жамият иштирокчиларининг кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларини чекловчи таъсис ҳужжатларининг қоидалари ёки жамият органларининг шундай қарорлари ҳақиқий эмас.

Жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушига мутаносиб овозлар сонига эга бўлади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Жамиятни таъсис этиш пайтида жамиятнинг уставига биноан ёки жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарорига биноан жамиятнинг уставига ўзгартиришлар киритиш йўли билан жамият иштирокчилари овозларининг сонини аниқлашнинг бошқача тартиби белгиланиши мумкин. Жамият уставининг бундай тартибни белгилайдиган қоидаларини ўзгартириш ва чиқариб ташлаш жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарори асосида амалга оширилади.

Жамиятнинг рўйхатдан ўтмаган иштирокчиси (жамият иштирокчисининг вакили) овоз беришда иштирок этишга ҳақли эмас.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган вақтда ёки, агар жамиятнинг барча иштирокчилари рўйхатдан ўтиб бўлган бўлса, олдинроқ очилади.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши фақат ушбу Қонун 34-моддасининг биринчи , иккинчи , учинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ жамият иштирокчиларига хабар қилинган кун тартибидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилишга ҳақли, бундан мазкур умумий йиғилишда жамиятнинг барча иштирокчилари иштирок этаётган ҳоллар мустасно.

Ушбу Қонун 31-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган масалаларга, шунингдек жамиятнинг уставида белгиланган бошқа масалаларга доир қарорлар, агар шундай қарорни қабул қилиш учун ушбу Қонунда ёки жамиятнинг уставида кўпроқ овозлар сони зарурлиги назарда тутилмаган бўлса, жамият иштирокчилари умумий овозлар сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Ушбу Қонун 31-моддаси иккинчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисида кўрсатилган масалага доир қарорлар жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинади. Қолган қарорлар, агар бундай қарорларни қабул қилиш учун ушбу Қонунда ёки жамиятнинг уставида кўпроқ овозлар сони зарурлиги назарда тутилмаган бўлса, жамият иштирокчилари умумий овозлар сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорлари, агар жамиятнинг уставида қарорларни қабул қилишнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг баённомаси юритилишини ташкил этади.

36-модда. Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг баённомаси

Иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

иштирокчилар умумий йиғилиши ўтказилган вақт ва жой;

йиғилишда иштирок этаётган иштирокчилар эга бўлган овозларнинг умумий сони;

йиғилишнинг раиси (раёсати) ва котиби, йиғилишнинг кун тартиби.

Иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида маърузаларнинг асосий қоидалари, овозга қўйилган масалалар ва улар бўйича овоз бериш якунлари, йиғилишда қабул қилинган қарорлар акс эттирилган бўлиши шарт.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг баённомаси йиғилиш ўтказилганидан кейин уч кундан кечиктирмай умумий йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши баённомаси расмийлаштирилганидан кейин беш иш куни ичида йиғилиш котиби унинг кўчирма нусхасини барча иштирокчиларга почта алоқаси ёки электрон почта орқали юбориши шарт.

37-модда. Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилинадиган қарори

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори йиғилишни ўтказмай (кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш ва овозга қўйилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш учун жамият иштирокчилари биргаликда ҳозир бўлмай) сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилиниши мумкин. Бундай овоз бериш почта, телеграф, телетайп, телефон, электрон алоқа ёки узатиб бериладиган ва қабул қилинадиган хабарларнинг тўғри бўлишини ва уларнинг ҳужжатлар билан тасдиқланишини таъминловчи бошқа алоқа воситасида ҳужжатларни айирбошлаш йўли билан ўтказилиши мумкин.

Ушбу Қонун 31-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган масалалар юзасидан жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилиниши мумкин эмас.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорини сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилиш чоғида ушбу Қонун 35-моддаси учинчи , еттинчи , саккизинчи ва тўққизинчи қисмларининг , шунингдек ушбу Қонун 34-моддаси биринчи , учинчи , бешинчи ва еттинчи қисмларининг қоидалари уларда назарда тутилган муддатларга оид қисмида қўлланилмайди.

Агар жамият уставида жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилиш тартиби назарда тутилган бўлса, унда сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) овоз бериш таклиф қилинаётган кун тартибини жамиятнинг барча иштирокчиларига хабар қилиш мажбурийлиги, жамиятнинг барча иштирокчилари овоз бериш бошлангунига қадар барча зарур ахборот ва материаллар билан танишиб чиқиши имконияти, кун тартибига қўшимча масалаларни киритиш тўғрисида таклифлар киритиш имконияти, овоз бериш бошлангунига қадар жамиятнинг барча иштирокчиларига ўзгартирилган кун тартибини, шунингдек овоз бериш тартиб-таомилининг тугаш муддатини хабар қилиш мажбурийлиги назарда тутилган бўлиши шарт.

38-модда. Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлари жумласига кирадиган масалалар юзасидан жамиятнинг ягона иштирокчиси томонидан қарорлар қабул қилиш

Бир иштирокчидан таркиб топган жамиятда жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига кирадиган масалаларга доир қарорлар жамиятнинг ягона иштирокчиси томонидан якка тартибда қабул қилинади ва ёзма равишда расмийлаштирилади.

39-модда. Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш тартиби

Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш тартиби жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланади.

Энг кўп овоз тўплаган номзодлар, агар таъсис ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгашининг таркибига уч йил муддатга сайланган деб ҳисобланади.

Жамиятнинг кузатув кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин.

Жамиятнинг кузатув кенгаши таркибига сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар жамият уставида ёки иштирокчиларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган қарорда белгиланиши мумкин.

Жамият кузатув кенгашининг сон таркиби жамият устави билан белгиланади, бунда кузатув кенгаши таркибига киритиладиган мустақил аъзолар сони алоҳида кўрсатилиши керак.

40-модда. Жамият кузатув кенгашининг ваколатлари

Жамият кузатув кенгашининг ваколатлари ушбу Қонунга мувофиқ жамиятнинг устави билан белгиланади.

Жамиятнинг уставида жамиятнинг ижро этувчи органларини тузиш, уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, ушбу Қонуннинг 50-моддасида назарда тутилган ҳолларда йирик битимлар тузиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишига тайёргарлик кўриш, уни чақириш ва ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш, шунингдек ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал этиш жамият кузатув кенгашининг ваколатлари жумласига киритилиши назарда тутилиши мумкин. Агар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишига тайёргарлик кўриш, уни чақириш ва ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш жамиятнинг устави билан жамият кузатув кенгашининг ваколатлари жумласига киритилган бўлса, жамиятнинг ижро этувчи органи жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Жамиятнинг кузатув кенгашини тузиш ва унинг фаолияти тартиби, шунингдек жамият кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатларини ва жамият кузатув кенгаши раисининг ваколатини тугатиш тартиби жамиятнинг устави билан белгиланади.

Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи ҳамда коллегиал ижро этувчи органининг, унинг шуъба ва қарам хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг аъзолари ҳамда айни шу шуъба, қарам хўжалик жамиятларида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар жамият кузатув кенгашининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан жамият кузатув кенгашининг аъзоларига ҳақ тўланиши ва (ёки) уларнинг ўз мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ харажатларининг ўрни қопланиши мумкин. Ҳақлар ва товонларнинг миқдорлари жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади.

Жамият кузатув кенгашининг аъзолари, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс ва жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органининг жамият иштирокчилари бўлмаган аъзолари жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

Жамият кузатув кенгаши аъзосининг овоз бериш ҳуқуқини ўзга шахсларга, шу жумладан кузатув кенгашининг бошқа аъзоларига ўтказишга йўл қўйилмайди.

Жамият кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум жамият уставида белгиланади, бироқ у жамиятнинг кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Агар жамият уставида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгашининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) жамият кузатув кенгаши аъзоларининг учдан икки қисмининг (малакали кўпчиликнинг) овози билан қабул қилиниши мумкин. Бундай овоз бериш почта, телеграф, телетайп, телефон, электрон алоқа ёки узатиб бериладиган ҳамда қабул қилинадиган хабарларнинг тўғри бўлишини ва уларнинг ҳужжатлар билан тасдиқланишини таъминловчи бошқа алоқа воситасида ҳужжатларни айирбошлаш йўли билан ўтказилиши мумкин.

Сиртдан (сўров йўли билан) овоз бериш имкониятини яратиш мажбуриятлари ушбу Қонун 37-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга асосан амалга оширилади.

41-модда. Жамият кузатув кенгашининг мустақил аъзоси

Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши эллик фоиздан ортиқ бўлган жамиятнинг кузатув кенгаши таркибига камида бир нафар мустақил аъзо киритилиши керак. Бунда мустақил аъзоликка номзодлар, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан, қоида тариқасида, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши кўриб чиқиши учун танлов асосида кўрсатилади.

Қуйидагилар кузатув кенгашининг мустақил аъзоси бўлиши мумкин эмас:

сўнгги уч йил ичида жамиятда ва (ёки) унинг аффилланган шахсларида ишлаган шахс;

жамият устав фондининг (устав капиталининг) беш ёки ундан ортиқ фоизига эгалик қилувчи (тўғридан-тўғри ва (ёки) аффилланган шахслар орқали) шахс;

жамиятнинг ва (ёки) унинг аффилланган шахсининг йирик мижози ва (ёки) йирик етказиб берувчиси билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда бўлган шахс. Бунда қайси шахслар билан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг бараваридан кўп бўлган суммага тенг амалдаги шартнома мавжуд бўлса, ўша шахслар йирик мижоз ва йирик етказиб берувчи деб эътироф этилади;

сўнгги уч йил ичида жамиятга ва (ёки) жамиятнинг аффилланган шахсларига аудиторлик хизматларини кўрсатган аудиторлик ташкилотининг ходими;

кетма-кет олти йил давомида жамиятнинг кузатув кенгаши таркибига кирган шахс;

жамият ва (ёки) унинг аффилланган шахслари билан бирор-бир келишувга эга бўлган шахс, бундан кузатув кенгаши аъзосининг вазифалари ва функциялари бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ бўлган келишувлар мустасно;

жамиятнинг бошқарув ва ички назорат органларининг ва (ёки) унинг аффилланган шахсларининг аъзоси бўлган шахснинг ёки сўнгги уч йил ичида уларга аъзо бўлган шахснинг яқин қариндоши ёки қуда томондан қариндоши (ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, ўғиллари, қизлари, эри (хотини), шунингдек эрининг (хотинининг) ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) бўлган шахс;

давлат бошқаруви органининг ёки давлат корхонасининг ходими;

жамиятнинг уставида ёки жамият умумий йиғилишининг қарорлари билан тасдиқланган ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган шахс.

Жамият кузатув кенгашининг мустақил аъзоси кузатув кенгашининг бошқа аъзолари билан бир қаторда ушбу Қонунда белгиланган тенг ҳуқуқлар ва мажбуриятларга эга бўлади.

42-модда. Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи

Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директор) жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг уставида белгиланган муддатга сайланади. Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи унинг иштирокчилари бўлмаганлар орасидан ҳам сайланиши мумкин.

Тўла муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний шахс жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи этиб сайланиши мумкин.

Жамият ва унинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс ўртасидаги шартнома жамият номидан жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс сайланган умумий йиғилишдаги раислик қилувчи шахс томонидан ёки жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан ваколат берилган жамият иштирокчиси томонидан имзоланади.

Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи:

жамият номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди ва битимлар тузади;

жамият номидан вакиллик қилиш ҳуқуқи учун ишончномалар беради;

жамият ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ва уларни бекор қилади, ходимларга нисбатан рағбатлантириш чораларини ва интизомий жазоларни қўллайди;

ушбу Қонун ва жамиятнинг устави билан жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ва жамиятнинг кузатув кенгаши ваколатлари жумласига киритилмаган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг фаолияти ва у томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби жамиятнинг ҳужжатлари билан, шунингдек жамият ва унинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс ўртасида тузилган шартнома билан белгиланади.

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига кўра жамият ижро этувчи органининг ваколатлари шартнома асосида тижорат ташкилотига (ишончли бошқарувчига) берилиши мумкин. Тузиладиган шартноманинг шартлари жамият кузатув кенгаши томонидан, кузатув кенгаши мавжуд бўлмаганда эса, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, иштирокчиларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

43-модда. Жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи

Агар жамиятнинг уставида жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органини (бошқаруви, дирекцияси ва бошқаларни) тузиш назарда тутилган бўлса, бундай орган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан жамият уставида белгиланган миқдорда ва муддатга сайланади.

Жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органининг аъзоси этиб фақат жисмоний шахс сайланади, у жамиятнинг иштирокчиси бўлмаслиги мумкин.

Жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи жамиятнинг устави билан ўз ваколатлари жумласига киритилган ваколатларни амалга оширади.

Жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи раиси жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан сайланади.

Жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органининг фаолияти ва у томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби жамият ҳужжатлари билан белгиланади.

Жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органининг аъзоси овоз бериш ҳуқуқини ўзга шахсларга, шу жумладан жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органининг бошқа аъзоларига беришига йўл қўйилмайди.

44-модда. Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоларининг, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи ва коллегиал ижро этувчи органларининг мажбуриятлари (фидуциар мажбуриятлари)

Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг, жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи аъзоларининг мажбуриятлари (фидуциар мажбуриятлари) жумласига қуйидагилар киради:

ўз вазифалари ва мажбуриятларини амалга оширишда виждонан ҳаракат қилиб, жамият ва иштирокчилар манфаатларини энг кўп акс эттирувчи усуллардан фойдаланиш;

жамият мол-мулкидан жамиятнинг уставига ва ички ҳужжатларига зид равишда ва (ёки) иштирокчилар умумий йиғилишининг ва (ёки) кузатув кенгашининг қарорларисиз шахсий мақсадларда фойдаланмаслик ёки бошқа шахслар томонидан бундай тарзда фойдаланилишига йўл қўймаслик;

ўзига тақдим этилган (маълум бўлган), жамиятга тегишли ёки жамиятнинг қизиқиш объекти бўлиши мумкин бўлган бизнес имкониятларидан жамиятнинг тегишли бошқарув органлари розилигисиз, ўзининг ёки бошқа шахсларнинг шахсий фойдасини кўзлаб, ўз вазифаларини бажаришда ёки мавқеидан келиб чиққан ҳолда фойдаланмаслик;

жамиятнинг тегишли бошқарув органлари розилигисиз жамиятнинг асосий фаолияти йўналишларига хос бўлган соҳада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслик;

қонунчиликка ва шартномага мувофиқ жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутиладиган ахборотни ошкор қилмаслик;

ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш эвазига бундан манфаатдор бўлган шахслардан моддий қимматликлар олмаслик ёки мулкий манфаатдор бўлмаслик.

Қонунчиликда, жамиятнинг уставида ва ички ҳужжатларида жамият кузатув кенгаши аъзоларининг, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг (директорнинг), жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи аъзоларининг бошқа фидуциар мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

45-модда. Жамият бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят бериш

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Бундай ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин. Агар жамият иштирокчиси шикоятга сабаб бўлган қарорни қабул қилган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирок этган бўлса, мазкур ариза шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин.

Суд ишнинг барча ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, агар ариза берган жамият иштирокчисининг овози овоз бериш натижаларига таъсир кўрсата олиши мумкин бўлмаса ва (ёки) йўл қўйилган қоидабузарлик жиддий бўлмаса ва (ёки) қарор жамиятнинг ушбу иштирокчисига зарар етказмаган бўлса, шикоятга сабаб бўлган қарорни ўз кучида қолдиришга ҳақли.

Жамиятнинг кузатув кенгашининг, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг, коллегиал ижро этувчи органининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, жамият устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчисининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори жамият мазкур иштирокчисининг аризасига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

46-модда. Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоларининг, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг, коллегиал ижро этувчи органи аъзоларининг жавобгарлиги

Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи, коллегиал ижро этувчи органи аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда жамият манфаатларини кўзлаб, ҳалол ва оқилона ҳаракат қилиши керак.

Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи, коллегиал ижро этувчи органи аъзолари жамиятга ўз айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки фидуциар (муайян мажбурият олган шахснинг унга ишонч билдирган шахс манфаатлари йўлида ҳаракат қилиши) мажбуриятларини бажармаганлиги туфайли етказилган зарар учун, агар қонун ҳужжатларида бошқа асослар ва жавобгарлик миқдорлари кўрсатилмаган бўлса, жамият олдида жавобгар бўлади. Бунда жамиятга зарар етказилишига олиб келган қарорга қарши овоз берган ёки овоз беришда иштирок этмаган жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари, коллегиал ижро этувчи органи аъзолари жавобгар бўлмайди.

Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоларининг, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг, коллегиал ижро этувчи органи аъзоларининг жавобгарлиги асослари ва миқдорини аниқлашда иш муомаласи одатлари ҳамда иш учун аҳамиятли бошқа ҳолатлар эътиборга олиниши керак.

Агар ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ бир неча шахс жавобгар бўлса, уларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги солидар бўлади.

Жамият ёки унинг иштирокчиси жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи ва коллегиал ижро этувчи органи аъзоси томонидан жамиятга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Агар жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан йирик битим ёки аффилланган шахслар билан битим тузиш тартиби бузилганлиги натижасида жамиятга зарар етказилган бўлса ва бунда жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг (директорнинг) ёки коллегиал ижро этувчи органининг айби қонунчиликда белгиланган тартибда исботланса, жамиятнинг кредиторлар олдидаги қарздорлигини қоплаш учун унинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, жамиятнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлади.

47-модда. Жамият бошқарувида миноритар иштирокчилар

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши кун тартибидаги масала бўйича овоз бериш натижаларига ўз овози таъсир қилмайдиган иштирокчи миноритар иштирокчи ҳисобланади.

Миноритар иштирокчиларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамиятда уларнинг орасидан миноритар иштирокчилар қўмитаси ташкил этилиши мумкин.

Миноритар иштирокчилар қўмитаси жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятига, кузатув кенгаши ва ижро этувчи органи эса миноритар иштирокчилар қўмитасининг фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Миноритар иштирокчилар қўмитасини ташкил этиш тартиби ва унинг ваколатлари жамият уставида белгиланади.

48-модда. Жамият бошқарувида мажоритар иштирокчи

Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) эллик фоиздан ортиқ улушга эгалик қилувчи ёхуд улуши миқдори жамиятнинг бошқа ҳар бир иштирокчиси улушига нисбатан кўп бўлган ҳамда овози қарор натижасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин бўлган иштирокчи мажоритар иштирокчи ҳисобланади.

Жамиятнинг мажоритар иштирокчиси жамият ва бошқа иштирокчилар манфаатларига зарар етказилиши ўзига аён бўлган тақдирда, ўзига тегишли улушлар бўйича устунлик мавқеидан шахсий манфаатини кўзлаб фойдаланмаслиги ва қарорлар қабул қилмаслиги ҳамда жамият бошқарув органлари йиғилиши кун тартибига жамиятнинг ва бошқа иштирокчиларнинг манфаатларига мос келмайдиган ёки ушбу масала юзасидан қарор қабул қилиниши натижасида жамият манфаатларига зарар етказилиши олдиндан маълум бўлган масалаларни ҳал этиш учун киритмаслиги керак.

Жамиятнинг мажоритар иштирокчиси ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаслик натижасида жамиятга ва бошқа иштирокчиларга етказилган зарар учун жавобгар бўлади.

5-боб. Жамиятнинг битим тузишдан манфаатдорлиги. Йирик битимлар

49-модда. Жамиятнинг битим тузишдан манфаатдорлиги

Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс, коллегиал ижро этувчи органи аъзоси ёки ўз аффилланган шахслари билан биргаликда жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган жамият иштирокчиси тузилишидан манфаатдор бўлган битимлар жамият томонидан жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг розилигисиз тузилиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар, уларнинг эри (хотини), ота-онаси, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) уларнинг аффилланган шахслари қуйидаги ҳолларда жамият томонидан битим тузилишидан манфаатдор шахслар деб эътироф этилади:

улар битим тарафлари деб ҳисобланса ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ифодаласа;

битим тарафи ҳисобланувчи ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик шахс акцияларининг (пайларининг, улушларининг) йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлса (ҳар бири алоҳида-алоҳида ёки жамланган ҳолда);

битим тарафи ҳисобланувчи ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик шахснинг бошқарув органларида лавозимни эгаллаб турган бўлса.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жамият уставида белгиланган бошқа ҳолларда ҳам жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахслар деб эътироф этилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши эътиборига қуйидаги ахборотни етказиши керак:

ўзининг, ўз эри (хотини), ота-онаси, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) аффилланган шахсларининг акцияларининг (пайларининг, улушларининг) йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган юридик шахслар тўғрисидаги;

ўзининг, ўз эри (хотини), ота-онаси, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) уларнинг аффилланган шахслари бошқарув органларида лавозимни эгаллаб турган юридик шахслар тўғрисидаги;

улар тузилишидан манфаатдор деб эътироф этилиши мумкин бўлган тузиладиган ёки тахмин қилинадиган битимлар тўғрисидаги.

Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимларни жамият тузиши тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг унинг тузилишидан манфаатдор бўлмаган иштирокчилари умумий овозларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Агар битим жамият билан бошқа тараф ўртасида, битим тузилишидан манфаатдор шахс ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ шундай шахс деб эътироф этиладиган пайтга қадар бўлган одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузилган бўлса, манфаатдорлик бўлган битимни тузиш ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорини талаб қилмайди (жамият иштирокчиларининг кейинги умумий йиғилиши ўтказиладиган санага қадар қарор талаб қилинмайди).

Тузилишидан манфаатдорлик бўлган ва ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган битимлар жамиятнинг ёки унинг иштирокчисининг даъвоси асосида суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Манфаатдор шахс жамият олдида ўзи жамиятга етказган зарар миқдорида жавобгар бўлади. Агар бир неча шахс жавобгар бўлса, уларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги солидар бўлади.

Жамиятда жамиятнинг кузатув кенгаши ташкил этилган тақдирда, тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимларни тузиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш жамиятнинг устави билан унинг ваколатлари жумласига киритилиши мумкин, бундан битимнинг ёки битим предмети бўлган мол-мулкнинг қиймати бўйича ҳақ тўлаш суммаси жамиятнинг охирги ҳисобот давридаги молиявий ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган мол-мулки қийматининг беш фоизидан ортиқ бўлган ҳоллар мустасно.

50-модда. Йирик битимлар

Агар жамият уставида йирик битимларнинг анча катта миқдори назарда тутилмаган бўлса, бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун молиявий ҳисоботларнинг маълумотлари асосида аниқланган жамият соф активлари миқдорининг йигирма беш фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамият олиши, ўз тасарруфидан чиқариши ёки жамият бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади. Жамиятнинг одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузиладиган битимлар йирик битимлар деб эътироф этилмайди.

Ушбу модданинг мақсадлари учун йирик битим натижасида жамиятнинг тасарруфидан чиқариладиган мол-мулкнинг қиймати унинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида, жамият оладиган мол-мулкнинг қиймати эса таклиф қилинган баҳо асосида аниқланади.

Йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Жамиятда жамиятнинг кузатув кенгаши тузилган тақдирда, қиймати жамият мол-мулки қийматининг йигирма бешдан эллик фоизигачасини ташкил этадиган мол-мулкни олиш, тасарруфдан чиқариш ёки жамият бевосита ёхуд билвосита тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган йирик битимларни тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш жамиятнинг уставига биноан жамият кузатув кенгашининг ваколатлари жумласига киритилиши мумкин. Бунда жамият кузатув кенгашининг айби билан йирик битим тузилиши натижасида етказилган зарар учун жамиятнинг кузатув кенгаши умумий йиғилиш олдида жавобгар бўлади.

Ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган йирик битим жамиятнинг ёки унинг иштирокчисининг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

6-боб. Жамиятнинг фаолияти устидан назорат қилиш

51-модда. Жамиятнинг тафтиш комиссияси (тафтишчиси)

Жамият уставида жамиятнинг тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчисини сайлаш) назарда тутилиши мумкин. Жамиятнинг иштирокчиси бўлмаган шахс ҳам жамият тафтиш комиссиясининг аъзоси (тафтишчиси) бўлиши мумкин.

Агар жамият уставида назарда тутилган бўлса, жамиятнинг тафтиш комиссияси (тафтишчиси) вазифасини жамият, жамият кузатув кенгашининг аъзолари, ишончли бошқарувчи, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини бажарувчи шахс, коллегиал ижро этувчи органи аъзолари ва жамият иштирокчилари билан мулкий манфаатлар боғлаб турмайдиган аудиторлик ташкилоти амалга ошириши мумкин.

Жамият кузатув кенгашининг аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс ва жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи аъзолари жамият тафтиш комиссиясининг аъзолари (тафтишчиси) бўлиши мумкин эмас.

Жамиятнинг тафтиш комиссияси (тафтишчиси) жамият иштирокчилари умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг уставида белгиланган муддатга сайланади.

Жамият тафтиш комиссияси аъзоларининг сони жамиятнинг уставида белгиланади.

Жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ташаббусига, иштирокчилар умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг қарорига ёки жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг камида ўндан бир қисмига эга бўлган жамият иштирокчиларининг талабига биноан бир йиллик ёки бошқа давр учун фаолият якунларига кўра текширилади.

Жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) талабига биноан жамият кузатув кенгашининг аъзолари, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс, жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи аъзолари, шунингдек жамиятнинг ходимлари оғзаки ёки ёзма шаклда зарур тушунтиришлар бериши шарт.

Жамиятнинг тафтиш комиссияси (тафтишчиси) жамиятнинг йиллик ҳисоботларини ва бухгалтерия балансларини улар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида тасдиқлангунига қадар мажбурий тартибда текширишдан ўтказади.

Жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) иш тартиби жамиятнинг ҳужжатлари билан белгиланади.

52-модда. Ички аудит хизмати

Активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан кўп бўлган, давлат улуши эллик фоиз ва ундан ортиқ бўлган жамиятда ички аудит хизмати ташкил этилади. Кредит ташкилоти бўлган жамиятда ички аудит хизмати нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади. Жамиятнинг кузатув кенгаши ички аудит хизматини ташкил этади ва унинг ходимларини тайинлайди. Ички аудит хизмати жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдордир.

Ички аудит хизмати жамиятнинг ижро этувчи органи, ваколатхоналари ва филиаллари томонидан қонунчиликка, таъсис ҳужжатларига ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда тўғри акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек жамиятни бошқариш юзасидан қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ва бу борада мониторинг олиб бориш орқали жамиятнинг ижро этувчи органи, ваколатхоналари ва филиаллари ҳамда шуъба ва қарам хўжалик жамиятлари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди.

Ички аудит хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширади.

53-модда. Жамиятнинг аудиторлик текшируви

Молиявий ҳисоботнинг ҳамда у билан боғлиқ молиявий ахборотнинг ишончлилигини ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш учун жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан қонунчиликда белгиланган тартибда аудиторлик ташкилоти жалб этилади.

Жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директор) ёки коллегиал ижро этувчи органининг раиси ёки аъзоларидан бири сайлаб қўйиладиган лавозимда бўлиш муддати тугашидан ёхуд улардан бири ўз аризасига асосан лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат этганидан кейин жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига асосан жамият фаолияти ташқи аудитдан ўтказилиши мумкин.

Аудиторлик текшируви жамият иштирокчисининг талаби билан ўтказилган тақдирда, аудиторлик ташкилотининг хизматлари учун аудиторлик текшируви ўтказишни талаб қилган жамият иштирокчисининг маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.

Жамият иштирокчисининг аудиторлик ташкилоти хизматларига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларининг ўрни жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан жамият маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

Жамиятнинг молиявий ҳисоботлари қонунчилик ҳужжатларида ёки жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ошкор этилиши мумкин.

54-модда. Жамият ҳужжатларини сақлаш

Жамият, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қуйидаги ҳужжатларни уставда белгиланган муддат мобайнида сақлаши шарт:

жамиятнинг таъсис ҳужжатларини, шунингдек жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни;

жамият муассислари йиғилишининг жамиятни ташкил этиш ва жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган пулсиз ҳиссаларнинг пул баҳосини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорини, шунингдек жамиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа қарорларни ўз ичига олган баённомасини;

жамиятнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни;

жамиятнинг ўз балансида турган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни;

жамиятнинг филиаллари ва ваколатхоналари тўғрисидаги низомларни;

жамиятнинг шуъба ва қарам хўжалик жамиятлари тўғрисидаги низомларни;

жамият иштирокчилари умумий йиғилишларининг, жамиятнинг кузатув кенгаши, коллегиал ижро этувчи органи ва тафтиш комиссияси мажлисларининг баённомаларини;

жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ва аудиторлик ташкилотининг хулосаларини;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатларни.

Жамият ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатларни ўзининг ижро этувчи органи жойлашган ерда ёки жамият иштирокчиларига маълум бўлган ва улар учун қулай бўлган бошқа жойда сақлайди.

Жамият ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни қонунчиликда ёки жамият уставида белгиланган тартибда ва муддатда жамият иштирокчиларининг ва бошқа шахсларнинг талабига кўра тақдим этади.

Жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ўз ичига олган ҳужжатлар жамият билан жамият иштирокчиси ёки учинчи шахслар ўртасида уларни ошкор этмаслик тўғрисидаги шартнома асосида тақдим этилиши мумкин.

7-боб. Жамиятнинг аффилланган шахслари ҳамда аффилланган шахслар билан битимлар тузиш

55-модда. Жамиятнинг аффилланган шахслари

Жамият битим тузишидан манфаатдор бўлган шахслар мазкур жамиятга нисбатан аффилланган шахслар деб эътироф этилади.

Қуйидагилар жамиятнинг аффилланган шахслари деб эътироф этилади:

1) ушбу жамиятнинг йигирма ва ундан ортиқ фоиз улушига эгалик қилувчи юридик шахс;

2) ушбу жамиятнинг йигирма ва ундан ортиқ фоиз улушига эгалик қилувчи юридик шахснинг иштирокчилари, агар унинг улуши йигирма фоиздан ортиқни ташкил этса;

3) ушбу жамиятнинг йигирма ва ундан ортиқ фоиз улушига яқин қариндошлари билан биргаликда эгалик қилувчи жисмоний шахс;

4) ушбу жамият кузатув кенгаши аъзосининг, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг (директорнинг) ёхуд жамият коллегиал ижро этувчи органи аъзосининг ваколатларини амалга ошираётган шахс;

5) ушбу жамият қайси юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) йигирма ва ундан ортиқ фоизига эгалик қилса, ўша юридик шахс;

6) ушбу жамиятнинг шуъба хўжалик жамияти бўлган ёки ушбу жамият қайси жамиятнинг шуъба хўжалик жамияти бўлса, ўша жамиятнинг шуъба хўжалик жамияти бўлган юридик шахс;

7) ушбу жамият устав фондининг (устав капиталининг) йигирма ва ундан ортиқ фоиз улушига эгалик қилувчи айни бир шахс қайси юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) йигирма ва ундан ортиқ фоиз улушига эгалик қилса, ўша юридик шахс;

8) ушбу жамият кузатув кенгашининг камида учдан бир қисмини ташкил этувчи айни бир шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари қайси юридик шахс кузатув кенгашининг камида учдан бир қисмини ташкил этса, ўша юридик шахс;

9) ушбу жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директор) ёхуд жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи аъзоси бўлган айни бир шахс ёки унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахс ижро этувчи органининг раҳбари вазифасини амалга ошираётган бўлса, ўша юридик шахс;

10) яқин қариндошлари билан биргаликда ушбу жамият кузатув кенгашининг камида учдан бир қисмини ташкил этувчи шахс қайси юридик шахс раҳбарининг ёки ижро этувчи органи аъзосининг вазифасини амалга ошираётган бўлса, ўша юридик шахс;

11) ушбу жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг (директорнинг) ёки коллегиал ижро этувчи органи аъзосининг ваколатларини амалга ошираётган шахс яқин қариндошлари билан биргаликда қайси юридик шахс жамият кузатув кенгашининг камида учдан бир қисмини ташкил этса, ўша юридик шахс;

12) ушбу жамият билан битта хўжалик бирлашмасига кирувчи юридик шахс.

Қуйидагилар жамиятнинг аффилланган шахси бўлган жамият иштирокчиси – жисмоний шахснинг аффилланган шахслари деб эътироф этилади:

1) ушбу жисмоний шахс ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) йигирма фоизига ва ундан ортиқ фоизига эгалик қилса, ўша юридик шахс;

2) ушбу жамият иштирокчиси ёки унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахс кузатув кенгашининг аъзоси бўлса, ўша юридик шахс;

3) ушбу жамият иштирокчиси ёки унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда ижро этувчи органнинг аъзоси ваколатларини амалга ошираётган бўлса, ўша юридик шахс.

Ушбу модда иккинчи қисмининг 1 , 5 , 7-бандлари ва учинчи қисмининг 1-банди ишончли бошқарувчи ёки иштирокчининг вакили сифатида иш юритаётган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

56-модда. Жамиятнинг аффилланган шахслари билан битимлар тузиш тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш

Аффилланган шахс жамият билан битим тузишда аффилланган эканлиги тўғрисида тузилиши кутилаётган битим ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан битимда иштирок этаётган шахслар, битим предмети тўғрисидаги маълумотларни, тегишли битимнинг муҳим шартларини батафсил кўрсатган ҳолда ёзма билдиришни жамиятнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш, почта алоқаси ёки электрон почта орқали юбориш йўли билан жамиятни хабардор этиши шарт.

Аффилланган шахслар билан тузилган битимлар тўғрисидаги ахборот, шу жумладан аффилланган шахсларнинг ёзма билдиришлари ва битимлар бўйича қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ таърифлари, қарор қабул қилган шахслар ҳақидаги маълумотлар ҳамда аффилланган шахслар билан битимлар тузиш чоғидаги манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотлар жамият йиллик ҳисоботининг ажралмас қисми ҳисобланади.

57-модда. Жамиятнинг аффилланган шахси билан тузилиши кутилаётган битимни ўрганиш

Жамиятнинг аффилланган шахси билан тузиладиган битим тўғрисидаги, тузилиши кутилаётган битим тарафининг ёзма билдиришида кўрсатиладиган ахборот жамиятнинг ижро этувчи органи ва ички аудит хизмати (агар у мавжуд бўлса) томонидан ўрганилади. Жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан ўрганиш ёзма билдириш олинганидан кейин уч иш куни ичида амалга оширилади. Мазкур битимни ўрганишга ушбу битимдан манфаатдор бўлмаган жамият ходимлари жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг (директорнинг) ёки коллегиал ижро этувчи органининг қарорига кўра қўшимча равишда жалб қилиниши мумкин.

Аффилланган шахс билан тузилиши кутилаётган битимни жамият ижро этувчи органи ва ички аудит хизмати томонидан ўрганиш натижалари баённома билан расмийлаштирилади ҳамда битимни ўрганишда иштирок этган барча шахслар томонидан имзоланади. Баённомада битимнинг юридик, молиявий, техник ва бошқа муҳим жиҳатлари ҳамда унинг жамият фаолиятига кўрсатиши мумкин бўлган таъсири назарда тутилган бўлиши керак. Баённомада келтирилган фикрларга рози бўлмаган шахслар алоҳида фикрини илова қилиши мумкин.

58-модда. Жамиятнинг аффилланган шахси билан тузиладиган битимни маъқуллаш

Жамиятнинг ижро этувчи органи аффилланган шахс билан тузилиши кутилаётган битим тўғрисида уни ўрганиш натижалари баённомасини илова қилган ҳолда жамият кузатув кенгашини ёзма шаклда хабардор қилади.

Жамиятнинг кузатув кенгаши аффилланган шахс билан тузиладиган битим тўғрисидаги ахборотни ўрганади ва аффилланган шахснинг ёзма билдириши жамиятга келиб тушган санадан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай битим бўйича қарор қабул қилади.

Агар жамият кузатув кенгашининг икки ва ундан ортиқ аъзоси аффилланган шахс бўлса, битим бўйича қарор ушбу Қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Жамиятнинг аффилланган шахси жамиятнинг кузатув кенгаши ёки жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши мазкур битим юзасидан қарор қабул қилаётганда муҳокамада иштирок этишга ҳақли эмас ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Аффилланган шахс билан тузилаётган битимни маъқуллаш ҳақидаги қарор мажлисда иштирок этаётган жамият кузатув кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан ёхуд жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирок этаётган иштирокчилар умумий овозлари сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан қабул қилинади. Бунда аффилланган шахс билан тузилаётган, қиймати жамият соф активлари қийматининг ўн ёки ундан кўп фоизини ташкил этадиган битим тузиш тўғрисидаги қарор мол-мулкнинг баҳоловчи ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ белгиланган бозор қиймати ҳисобга олинган, мустақил ташқи аудиторлик ташкилоти томонидан битим шартлари ўрганилган ҳолда, мажбурий тартибда қабул қилинади.

Жамиятнинг ижро этувчи органи аффилланган шахс билан тузилаётган битим бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ўзи билан ушбу битим тузилиши кутилаётган тарафни ёзма шаклда хабардор қилади.

Агар аффилланган шахс билан тузилаётган битим айни бир вақтда йирик битим бўлса, битимни тузиш тартибига нисбатан ушбу Қонуннинг 5-бобида белгиланган йирик битим тузишга доир қоидалар қўлланилади.

59-модда. Аффилланган шахс билан тузилган битим бўйича низолашиш

Жамиятнинг иштирокчилари аффилланган шахс билан тузилган битимни маъқуллаш ҳақида қабул қилинган қарордан норози бўлган ёхуд жамият иштирокчиси қарорни қабул қилишда иштирок этмаган тақдирда, ушбу битим бўйича низолашиши мумкин.

Жамият иштирокчисининг талабига кўра унга жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директор) ёки коллегиал ижро этувчи органи томонидан имзоланган, аффилланган шахс билан тузилаётган битим ҳақидаги тегишли ахборот билан бирга қуйидагиларнинг кўчирма нусхалари уч иш куни ичида тақдим этилиши шарт:

аффилланган шахс билан тузилиши кутилаётган битим тарафи ёзма билдиришининг;

битимни ўрганиш натижаси баённомасининг;

битимни маъқуллаш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг;

тегишли шартноманинг, агар у тузилган бўлса.

Жамият иштирокчисининг талабига кўра, унга аффилланган шахс билан тузилаётган битимга тааллуқли бўлган бошқа ахборот ҳам тақдим этилади.

Аффилланган шахс билан тузилган қайси битим натижасида жамиятга зарар етказилган бўлса ёхуд ушбу битим тузилганлиги оқибатида келгусида зарар етказилиши мумкин бўлса, жамият иштирокчиси ўша битимни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Жамиятнинг беш фоиздан кам бўлмаган миқдордаги улушига эгалик қилувчи иштирокчиси аффилланган шахс билан тузилган қайси битим натижасида жамиятга зарар етказилган бўлса ёхуд ушбу битим тузилганлиги оқибатида келгусида зарар етказилиши мумкин бўлса, ўша битимни тузишга доир талаблар бузилишининг мавжуд белгиларини ўрганиш учун мустақил равишда аудиторлик ташкилотини жалб этишга ҳақли. Битим тузишга доир талаблар бузилганлиги факти суд томонидан аниқланган тақдирда, жамият суднинг қарори қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан бир ойлик муддатда жамият иштирокчисининг аудиторлик ташкилотини жалб этишга доир харажатларининг ўрнини мазкур хизматларнинг бозор қийматидан кўп бўлмаган миқдорда қоплаши шарт.

Аффилланган шахс билан тузилган битим қуйидаги ҳолларда суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин:

ушбу Қонунда битим тузиш бўйича белгиланган талабларга риоя этилмаганда;

битимнинг жамиятга зарар етказишига доир асослар мавжуд бўлганда;

битимни тузишда манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлганда;

қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлганда.

Аффилланган шахс билан тузилган битим қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас:

аффилланган шахс билан тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилган иштирокчининг овоз бериши ушбу битимни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинган умумий йиғилишда унинг иштирок этишидан ёки иштирок этмаслигидан қатъи назар, овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатмаса;

мазкур битимнинг тузилиши жамиятга ёки даъво билан судга мурожаат қилган жамият иштирокчисига зарар етказилишига сабаб бўлганлиги ёки зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкинлиги исботланмаган бўлса;

мазкур битим бўйича зарарлар битим тарафларининг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларнинг (форс-мажор ҳолатларнинг) натижаси бўлганлиги исботланган бўлса;

мазкур битимнинг ушбу бобда назарда тутилган тартибда кейинчалик маъқулланганлигига оид далиллар ишни судда кўриб чиқиш пайтида тақдим этилган бўлса.

8-боб. Жамиятни қайта ташкил этиш ва тугатиш

60-модда. Жамиятни қайта ташкил этиш

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан жамият ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда қайта ташкил этилиши мумкин.

Жамиятни қайта ташкил этиш қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Жамият қайта ташкил этиш натижасида тузилган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан қайта ташкил этилган деб ҳисобланади, бундан қўшиб олиш шаклидаги қайта ташкил этиш ҳоллари мустасно.

Жамият унга бошқа жамиятни қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганда улардан биринчиси юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига қўшиб олинган жамият фаолияти тугатилганлиги ҳақидаги ёзув киритилган пайтдан эътиборан қайта ташкил этилган деб ҳисобланади.

Қайта ташкил этиш натижасида тузилган жамиятларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта ташкил этилган жамиятларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги ёзувларни киритиш, шунингдек уставга киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жамият жамиятни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан, жамият қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганда эса, қўшилишда ёки қўшиб олишда иштирок этаётган жамиятлардан охиргиси томонидан бу ҳақда қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жамиятнинг ўзига маълум барча кредиторларини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилиши ва қабул қилинган қарор ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилиши шарт. Бунда жамият кредиторлари жамиятнинг тегишли мажбуриятлари муддатидан илгари тугатилишини ёки бажарилишини ва кўрган зарарларининг ўрни қопланишини ўзига хабарнома юборилган санадан эътиборан ўттиз кун ичида ёки қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабар эълон қилинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида ёзма равишда талаб қилишга ҳақли.

Қайта ташкил этиш натижасида тузилган жамиятларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта ташкил этилган жамиятларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги ёзувларни киритиш фақат ушбу модданинг олтинчи қисмида белгиланган тартибда кредиторлар хабардор қилинганлигининг далиллари тақдим этилган тақдирда амалга оширилади.

Агар юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшиб юбориш, қўшиб олиш ёки бўлиш шаклида қайта ташкил этилса, фаолияти тугатилаётган жамиятнинг тижорат банкларидаги барча ҳисобварақлари ёпилади ва ундаги мавжуд пул маблағлари белгиланган тартибда тегишинча тақсимланади.

61-модда. Жамиятларни қўшиб юбориш

Ўз фаолиятини тугатган икки ёки бир неча жамиятнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ўтказиш йўли билан янги жамиятни ташкил этиш жамиятларнинг қўшиб юборилиши деб эътироф этилади.

Қўшиб юбориш шаклидаги қайта ташкил этишда иштирок этувчи ҳар бир жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ана шундай қайта ташкил этиш тўғрисида, қўшиб юбориш шартномасини ва қўшиб юбориш натижасида тузилаётган жамиятнинг уставини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Қўшиб юбориш натижасида ташкил этилаётган жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан имзоланган қўшиб юбориш тўғрисидаги шартнома устав билан биргаликда унинг таъсис ҳужжати ҳисобланади ҳамда у Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва ушбу Қонун билан таъсис шартномасига қўйиладиган барча талабларга мос бўлиши керак.

Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этишда иштирок этувчи ҳар бир жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан шундай қайта ташкил этиш ҳақида ва қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномани, қўшиб юбориш натижасида ташкил этилаётган жамиятнинг уставини ва топшириш далолатномасини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, қўшиб юбориш натижасида ташкил этилаётган жамиятнинг ижро этувчи органларини сайлаш қўшиб юборишда иштирок этаётган жамиятлар иштирокчиларининг қўшма умумий йиғилишида амалга оширилади. Бундай умумий йиғилишни ўтказиш муддатлари ва тартиби қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада белгиланади.

Жамиятлар қўшиб юборилганда улардан ҳар бирининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, бу топшириш далолатномаларида кўрсатилганидан ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, қўшиб юбориш натижасида ташкил этилган жамиятга ўтади.

62-модда. Жамиятни қўшиб олиш

Бир ёки бир неча жамиятни уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа жамиятга ўтказган ҳолда тугатиш жамиятни қўшиб олиш деб эътироф этилади.

Қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этишда иштирок этувчи ҳар бир жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши бундай қайта ташкил этиш тўғрисида, қўшиб олиш тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилади, қўшиб олинаётган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши эса топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисида ҳам қарор қабул қилади.

Қўшиб олишда иштирок этувчи жамиятлар иштирокчиларининг қўшма умумий йиғилиши қўшиб олинаётган жамиятнинг таъсис ҳужжатларига жамиятнинг иштирокчилари таркиби ўзгариши, уларнинг улушлари миқдорларини белгилаш билан боғлиқ ўзгартиришларни, қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бошқа ўзгартиришларни киритади, шунингдек зарур бўлганда бошқа масалаларни, шу жумладан бирлаштирилаётган жамиятнинг органларини сайлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади. Бундай умумий йиғилишни ўтказиш муддатлари ва тартиби қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада белгиланади.

Бир жамият бошқасига қўшиб олинганда қўшиб олинаётган жамиятнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қўшиб олаётган жамиятга ўтади.

63-модда. Жамиятни бўлиш

Жамиятни унинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини янгитдан ташкил этилган жамиятларга ўтказган ҳолда тугатиш жамиятни бўлиш деб эътироф этилади.

Бўлиш шаклида қайта ташкил этилаётган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши бундай қайта ташкил этиш, жамиятни бўлиш тартиби ва шартлари, янги жамиятларни ташкил этиш ва бўлиш балансини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Бўлиш натижасида ташкил этилаётган ҳар бир жамиятнинг иштирокчилари таъсис шартномасини имзолайди. Бўлиш натижасида ташкил этилаётган ҳар бир жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамият уставини тасдиқлайди ва унинг органларини сайлайди.

Жамият бўлинганда унинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўлиш балансига мувофиқ бўлиш натижасида ташкил этилган жамиятларга ўтади.

Агар бўлиш баланси қайта ташкил этилган жамиятнинг ҳуқуқий ворисини аниқлаш имкониятини бермаса, қайта ташкил этиш натижасида ташкил этилган юридик шахслар қайта ташкил этилган жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан унинг кредиторлари олдида солидар жавобгар бўлади.

64-модда. Жамиятни ажратиб чиқариш

Қайта ташкил этилаётган жамиятни тугатмасдан, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисмини ўтказган ҳолда бир ёки бир неча жамиятни ташкил этиш жамиятни ажратиб чиқариш деб эътироф этилади.

Ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши бундай қайта ташкил этиш, ажратиб чиқариш тартиби ва шартлари, янги жамиятни (янги жамиятларни) ташкил этиш ва бўлиш балансини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади, ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган жамиятнинг таъсис ҳужжатларига жамият иштирокчилари таркибининг ўзгариши, уларнинг улушлари миқдорлари аниқланиши билан боғлиқ бўлган ўзгартиришларни ва ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган бошқа ўзгартиришларни киритади, шунингдек зарур бўлган тақдирда ўзга масалаларни, шу жумладан жамиятнинг органларини сайлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади.

Ажратиб чиқарилаётган жамиятнинг иштирокчилари таъсис шартномасини имзолайди. Ажратиб чиқарилаётган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамият уставини тасдиқлайди ва жамиятнинг органларини сайлайди.

Агар ажратиб чиқарилаётган жамиятнинг ягона иштирокчиси қайта ташкил этилаётган жамият бўлса, унинг умумий йиғилиши жамиятни ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисида, ажратиб чиқариш тартиби ва шартлари тўғрисида қарор қабул қилади, шунингдек ажратиб чиқарилаётган жамиятнинг уставини ва бўлиш балансини тасдиқлайди, ажратиб чиқарилаётган жамиятнинг органларини сайлайди.

Жамиятдан бир ёки бир неча жамият ажратиб чиқарилганда қайта ташкил этилган жамият ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисми бўлиш балансига мувофиқ уларнинг ҳар бирига ўтади.

Агар бўлиш баланси қайта ташкил этилган жамиятнинг ҳуқуқий ворисини аниқлаш имкониятини бермаса, қайта ташкил этиш натижасида ташкил топган юридик шахслар қайта ташкил этилган жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан унинг кредиторлари олдида солидар жавобгар бўлади.

65-модда. Жамиятни ўзгартириш

Жамият қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги тижорат ташкилоти этиб ўзгартирилиши мумкин.

Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этилаётган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши бундай қайта ташкил этиш, ўзгартириш тартиби ва шартлари, жамият иштирокчиларининг улушларини ўзгартириш натижасида ташкил этилаётган юридик шахснинг акцияларига (улушларига, пайларига) айирбошлаш тартиби ва ушбу юридик шахснинг таъсис ҳужжатларини тасдиқлаш, шунингдек топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ўзгартириш натижасида ташкил этилаётган юридик шахснинг иштирокчилари ушбу юридик шахслар тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ унинг органларини сайлаш ҳақида қарор қабул қилади ва тегишли органга ўзгартириш натижасида ташкил этилаётган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишни топширади.

Қайта ташкил этилган жамиятнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, бу топшириш далолатномаларида кўрсатилганлигидан ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, жамиятни ўзгартириш натижасида ташкил этилган юридик шахсга ўтади.

66-модда. Жамиятни тугатиш

Жамият ушбу Қонун ва жамият устави талаблари ҳисобга олинган ҳолда, белгиланган тартибда ихтиёрий равишда тугатилиши мумкин. Жамият қонунчиликда назарда тутилган асосларга кўра суднинг қарорига биноан ҳам тугатилиши мумкин.

Жамиятни тугатиш унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда фаолиятининг тугатилишига сабаб бўлади.

Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамиятни ихтиёрий равишда тугатиш ҳамда тугатувчини тайинлаш тўғрисидаги қарори жамият кузатув кенгашининг, ижро этувчи органининг ёки иштирокчисининг таклифига биноан қабул қилинади.

Ихтиёрий равишда тугатилаётган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамиятни тугатиш ва юридик шахсларни тугатувчини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Тугатувчи тайинланган пайтдан эътиборан жамият ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар тугатувчига ўтади. Тугатувчи тугатилаётган жамият номидан судда иштирок этади.

Давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг қарорига кўра жамият ушбу жамият молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида унинг фаолияти тикланмаган тақдирда тугатилади. Бунда тугатувчи тайинланмайди, бундан ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган жамиятни тугатишда тугатиш комиссияси тайинланади ва унинг таркибига давлат мулкини бошқарувчи органнинг вакили киритилади.

Жамиятни тугатиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

67-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш

Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилсин:

1. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Гаров тўғрисида»ги 736-ХII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган 614-I-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 96-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 156-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда; 2019 йил, № 10, 671-модда; 2020 йил, № 1, 3-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 11, 1062-модда; 2024 йил, № 10, 1079-модда; 2025 йил, № 2, 188-модда, № 4, 520, 522-моддалар) 7-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Мулкдорнинг умумий улушли мулкдаги ўз улушини гаровга қўйиши қолган мулкдорларнинг розилик беришини талаб қилмайди, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно».

2. Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги 258-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 9-10, 169-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 8, 367-модда, № 12, 598-модда; 2008 йил, № 4, 184, 187-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда; 2010 йил, № 9, 337, 340-моддалар; 2012 йил, № 12, 336-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 7, 389-модда, № 8, 469-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар; 2022 йил, № 4, 337-модда, № 6, 570-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 8, 827-модда, № 10, 1073-модда; 2025 йил, № 4, 522-модда) 48 3 -моддасига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:

иккинчи қисмдаги «қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

учинчи қисмдаги «қўшимча масъулиятли жамият» деган сўзлар чиқариб ташлансин.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ-461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 2-илова, № 7, 433-модда, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 5, 261, 266-моддалар, № 9, 592-модда, № 10, 671-модда, № 11, 791-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда; 2021 йил, № 1, 10-модда, 4-сонга илова, № 8, 803-модда, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 463-модда, № 6, 577-модда, № 8, 787-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда; № 12, 1008-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 12, 1280, 1286-моддалар; 2025 йил, № 3, 373-модда) 119-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг ўтиши календарь сананинг ёки муддатнинг бошланиши деб белгиланган воқеа юз берган куннинг эртасидан бошланади».

4. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган ЎРҚ-462-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 3-илова, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 5, 261-модда, № 9, 592-модда, № 11, 791-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 198-модда; 2021 йил, № 1, 9-модда, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 8, 787-модда, № 12, 1188; 2023 йил, № 3, 185-модда, № 4, 269-модда, № 11, 923-модда, № 12, 1009; 2024 йил, № 2, 115-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 12, 1286-модда; 2025 йил, № 3, 373-модда) 116-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг ўтиши календарь сананинг ёки муддатнинг бошланиши деб белгиланган воқеа юз берган куннинг эртасидан бошланади».

5. Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 3 июлда қабул қилинган «Рақобат тўғрисида»ги ЎРҚ-850-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, № 7, 533-модда; 2024 йил, № 9, 955-модда; 2025 йил, № 2, 188-модда, № 3, 370-модда) 26-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:

биринчи қисмнинг учинчи хатбошисидаги «ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

тўртинчи қисмнинг бешинчи хатбошисидаги «ёки қўшимча масъулиятли жамият» деган сўзлар чиқариб ташлансин.

68-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 6 декабрда қабул қилинган «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги 310-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 1, 10-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 6 декабрда қабул қилинган «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги 311-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 1, 11-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 4 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари қисқартирилганлиги ҳамда соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-28-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда) 9-моддаси ;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 23 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-104-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 7, 325-модда) 5-моддаси ;

5) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 14 декабрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-127-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 12, 598-модда) 5-моддаси ;

6) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-311-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, № 12/2, 363-модда) 8-моддаси ;

7) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-345-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 12, 336-модда) 15-моддаси ;

8) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-365-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 1, 2-модда) 22-моддаси ;

9) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-372-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 5, 130-модда) 22-моддаси ;

10) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 8, 312-модда) 27-моддаси ;

11) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган «Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-456-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 1, 1-модда) 26-моддаси ;

12) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-459-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 1, 4-модда) 14-моддаси ;

13) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартда қабул қилинган «Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-531-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 3, 166-модда) 10-моддаси ;

14) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 11 декабрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-592-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 12, 886-модда) 5-моддаси ;

15) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 декабрда қабул қилинган «Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-597-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 12, 891-модда) 12-моддаси ;

16) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 22 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-603-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 1, 4-модда) 9-моддаси ;

17) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-629-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 7, 449-модда) 6-моддаси ;

18) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 132-моддаси ;

19) Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 мартда қабул қилинган «Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-760-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 3, 217-модда) 4-моддаси ;

20) Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 20 апрелда қабул қилинган «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ-765-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 4, 340-модда) 41-моддасининг 3-банди ;

21) Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 18 январда қабул қилинган «Корпоратив бошқарув тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-814-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, № 1, 1-модда) 2-моддаси ;

22) Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 20 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-815-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, № 1, 2-модда) 5-моддаси ;

23) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 20 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-910-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 2, 110-модда) 3-моддаси ;

24) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 февралда қабул қилинган «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-911-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 2, 111-модда) 12-моддаси ;

25) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 22 октябрда қабул қилинган «Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-980-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 10, 1079-модда) 4-моддаси ;

26) Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 февралда қабул қилинган «Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1025-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2025 йил, № 2, 188-модда) 17-моддаси .

69-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

70-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

71-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 21 апрель,

ЎРҚ-1137-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2026 й., 03/26/1137/0396-сон; 14.07.2026 й., 03/26/1158/0727-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Masʼuliyati cheklangan jamiyatlar toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 10-iyunda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 4-sentabrda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi

Ushbu Qonunning maqsadi masʼuliyati cheklangan jamiyatlarning tashkil etilishi, faoliyati, qayta tashkil etilishi va tugatilishi, shuningdek ularni boshqarish sohasidagi munosabatlarni hamda ishtirokchilarning oʻzaro munosabatlarini tartibga solishdan iborat.

2-modda. Masʼuliyati cheklangan jamiyatlar toʻgʻrisidagi qonunchilik

Masʼuliyati cheklangan jamiyatlar toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonuni bilan maxsus huquqiy rejim oʻrnatilgan hududda masʼuliyati cheklangan jamiyatlarning tashkil etilishi, faoliyati, qayta tashkil etilishi va tugatilishi sohasidagi munosabatlar ushbu Qonunda belgilanganidan boshqacha qoidalar bilan tartibga solinadi.

3-modda. Masʼuliyati cheklangan jamiyatning huquqiy holati

Bir yoki bir necha shaxs tomonidan taʼsis etilgan, ustav fondi (ustav kapitali) taʼsis hujjatlari bilan belgilangan miqdorlarda ulushlarga boʻlingan xoʻjalik jamiyati masʼuliyati cheklangan jamiyat (bundan buyon matnda jamiyat deb yuritiladi) deb hisoblanadi.

Jamiyat qonunchilikda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran yuridik shaxs maqomiga ega boʻladi.

Jamiyat qonunchilikda belgilangan tartibda boshqa yuridik shaxslarning muassisi boʻlishga yoki ularning ustav fondida (ustav kapitalida) boshqacha tarzda ishtirok etishga, vakolatxonalar va filiallar tuzishga haqlidir.

Jamiyat, agar uning taʼsis hujjatlarida boshqacha qoida belgilanmagan boʻlsa, nomuayyan muddatga tuziladi.

Jamiyat oʻzining toʻliq firma nomi davlat tilida ifodalangan va jamiyatning joylashgan yeri koʻrsatilgan dumaloq shakldagi muhrga ega boʻlishga haqli. Jamiyatning muhrida uning firma nomi jamiyatning tanloviga koʻra taʼsis hujjatlarida koʻrsatilgan boshqa tillarda ham ifodalanishi mumkin.

Jamiyat oʻzining firma nomi yozilgan shtamplariga va blankalariga, oʻz emblemasiga, shuningdek belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilgan tovar va (yoki) xizmat koʻrsatish belgilariga hamda fuqarolik muomalasi ishtirokchilarini, tovarlar, ishlar va xizmatlarni individuallashtiruvchi boshqa vositalarga ega boʻlishga haqli.

Jamiyat oʻzining mustaqil balansida hisobga olinadigan alohida mol-mulkka ega boʻladi, oʻz nomidan huquqlarni olishi, majburiyatlarni oʻz zimmasiga olishi, sudda daʼvogar yoki javobgar boʻlishi mumkin.

Jamiyat qonunchilikda taqiqlanmagan har qanday faoliyat turlarini amalga oshirishi mumkin.

Jamiyat oʻz taʼsis hujjatlarida koʻrsatilmagan faoliyat turi bilan ham shugʻullanishi mumkin.

Roʻyxati qonunda belgilanadigan ayrim faoliyat turlari bilan jamiyat faqat litsenziya yoki ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar asosida yoxud xabardor qilish tartibida shugʻullanishi mumkin.

4-modda. Jamiyatning javobgarligi

Jamiyat oʻz majburiyatlari yuzasidan oʻziga tegishli barcha mol-mulk bilan javobgar boʻladi. Jamiyat ishtirokchilari jamiyatning majburiyatlari boʻyicha javobgar boʻlmaydi.

Jamiyat ishtirokchilari jamiyat faoliyati bilan bogʻliq zararlar uchun jamiyatga oʻzi qoʻshgan hissalari qiymati doirasida javobgar boʻladi.

Jamiyatning oʻz hissasini toʻliq qoʻshmagan ishtirokchilari jamiyat majburiyatlari boʻyicha har bir ishtirokchi hissasining toʻlanmagan qismi qiymati doirasida solidar javobgar boʻladi.

Jamiyat oʻz ishtirokchilarining majburiyatlari yuzasidan javob bermaydi.

Agar jamiyatning toʻlovga qobiliyatsizligi shu jamiyat uchun majburiy koʻrsatmalar berish huquqiga ega boʻlgan jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining (direktorning), kollegial ijro etuvchi organining, kuzatuv kengashi aʼzosining yoki jamiyat ishtirokchisining yoxud ishonchli boshqaruvchining gʻayriqonuniy harakatlari tufayli yuzaga kelgan boʻlsa, jamiyatning mol-mulki yetarli boʻlmagan taqdirda, bunday shaxs zimmasiga oʻz majburiyatlari boʻyicha subsidiar javobgarlik yuklatilishi mumkin. Bunda, agar zarar bir necha shaxs tomonidan yetkazilgan boʻlsa, ular birgalikda solidar javobgar boʻladi.

Davlat va uning organlari jamiyatning majburiyatlari yuzasidan javobgar boʻlmaydi, xuddi shuningdek jamiyat ham davlat va uning organlari majburiyatlari yuzasidan javobgar boʻlmaydi, bundan ushbu Qonun va boshqa qonun hujjatlarida nazarda tutilgan hollar mustasno.

5-modda. Jamiyatning firma nomi va joylashgan manzili

Jamiyat davlat tilidagi va bir vaqtda jamiyatning ixtiyoriga koʻra boshqa tillardagi toʻliq firma nomiga ega boʻlishi mumkin va qisqartirilgan firma nomiga ega boʻlishga haqlidir.

Jamiyatning toʻliq firma nomi “masʼuliyati cheklangan jamiyat” degan soʻzlarni oʻz ichiga olishi kerak. Jamiyatning qisqartirilgan firma nomi uning toʻliq yoki qisqartirilgan nomini hamda “masʼuliyati cheklangan jamiyat” degan soʻzlarni yoki “MChJ” qisqartmasini oʻz ichiga olishi kerak.

Jamiyatning firma nomi uning tashkiliy-huquqiy shaklini aks ettiruvchi, shu jumladan chet tillardan oʻzlashtirilgan boshqa atamalar va qisqartmalarni, agar qonun hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, oʻz ichiga olishi mumkin emas.

Chet elliklar ishtirokida tashkil etilayotgan jamiyatning firma nomiga uning muassislari qaysi davlatga mansubligini koʻrsatuvchi qayd kiritilishi mumkin.

Jamiyatning joylashgan yeri, agar qonunga muvofiq jamiyatning taʼsis hujjatlarida boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, u davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan joyga koʻra belgilanadi. Jamiyatning taʼsis hujjatlarida uning boshqaruv organlari doimiy joylashgan yer yoki uning asosiy faoliyati yuritiladigan joy jamiyatning joylashgan yeri deb belgilanishi mumkin.

Jamiyat oʻzi bilan aloqa amalga oshiriladigan pochta manziliga ega boʻlishi kerak va yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organni oʻzining pochta manzili oʻzgarganligi toʻgʻrisida xabardor qilishi shart.

6-modda. Jamiyatning vakolatxonalari va filiallari

Jamiyatning vakolatxonalarini ochish va filiallarini tashkil etish jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida ishtirokchilarning kamida uchdan ikki qismidan iborat koʻpchilik ovozi bilan (agar jamiyatning ustavida bunday qarorni qabul qilish uchun ovozlarning bundan koʻproq soni zarurligi nazarda tutilmagan boʻlsa) qabul qilingan qarorga binoan amalga oshiriladi.

Filial jamiyat joylashgan yerdan tashqarida joylashgan hamda uning barcha vazifalarini yoki vazifalarining bir qismini, shu jumladan vakolatxonaning vazifalarini bajaradigan alohida boʻlinmadir.

Vakolatxona jamiyat joylashgan yerdan tashqarida joylashgan, uning manfaatlarini ifodalaydigan va himoya qiladigan alohida boʻlinmadir.

Jamiyatning vakolatxonasi va filiali yuridik shaxs hisoblanmaydi hamda jamiyat tomonidan tasdiqlangan nizom asosida faoliyat yuritadi.

Vakolatxonaning yoki filialning rahbari jamiyat ijro etuvchi organining qaroriga asosan tayinlanadi va jamiyat tomonidan berilgan ishonchnoma asosida ish yuritadi.

Agar qonunda boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, vakolatxona va filial faoliyati uchun ularni tashkil etgan jamiyat javobgar boʻladi.

Jamiyatning vakolatxonalari va filiallari Tadbirkorlik subyektlarining yagona davlat reyestrida koʻrsatilishi shart.

Jamiyat tomonidan Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida vakolatxonalar ochish va filiallar tashkil etish, agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, vakolatxonalar va filiallar joylashgan yerdagi mamlakatning qonunchiligiga muvofiq amalga oshiriladi.

7-modda. Shuʼba va qaram xoʻjalik jamiyatlari

Jamiyat shuʼba va qaram xoʻjalik jamiyatlariga ega boʻlishi mumkin, bundan ushbu Qonun 8-moddasining beshinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno.

Shuʼba va qaram xoʻjalik jamiyatlari yuridik shaxs hisoblanadi.

Agar bir (asosiy) xoʻjalik jamiyati ikkinchi xoʻjalik jamiyatining ustav fondida (ustav kapitalida) undan ustunlik mavqeyiga ega boʻlgan holda ishtirok etishi tufayli yoxud ular oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq yoki boshqacha tarzda ikkinchi xoʻjalik jamiyati tomonidan qabul qilinadigan qarorlarni belgilab berish imkoniga ega boʻlsa, ushbu ikkinchi xoʻjalik jamiyati shuʼba xoʻjalik jamiyati hisoblanadi.

Shuʼba xoʻjalik jamiyati oʻzining mulkida oʻz asosiy jamiyatining ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushga ega boʻlishga haqli emas. Ushbu qismda belgilangan taqiq kuchga kirguniga qadar oʻz asosiy jamiyatining ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni olgan shuʼba xoʻjalik jamiyati oʻz asosiy jamiyati ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida ovoz berishga haqli emas.

Agar boshqa ishtirok etuvchi jamiyat xoʻjalik jamiyatining ovoz beruvchi ulushining yigirma foizidan ortigʻiga ega boʻlsa, xoʻjalik jamiyati qaram deb eʼtirof etiladi, bundan ushbu Qonun 8-moddasining beshinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno.

Qaram xoʻjalik jamiyati oʻz mulkida ishtirok etuvchi boshqa jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlarga ega boʻlishga haqli emas. Ishtirok etuvchi boshqa jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlarni olgan qaram xoʻjalik jamiyati ishtirok etuvchi boshqa jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida ovoz berishga ushbu qismda belgilangan taqiq kuchga kirguniga qadar haqli emas.

Shuʼba xoʻjalik jamiyati oʻz asosiy jamiyatining majburiyatlari yuzasidan javobgar boʻlmaydi.

Shuʼba xoʻjalik jamiyatiga majburiy koʻrsatmalar berish huquqiga ega boʻlgan asosiy jamiyat bunday koʻrsatmalarni bajarish uchun shuʼba xoʻjalik jamiyati tomonidan tuzilgan bitimlar yuzasidan shuʼba xoʻjalik jamiyati bilan solidar javobgar boʻladi. Asosiy jamiyat shuʼba xoʻjalik jamiyatiga majburiy koʻrsatmalar berish huquqiga faqat ushbu huquq shuʼba xoʻjalik jamiyati bilan tuzilgan shartnomada yoki shuʼba xoʻjalik jamiyatining ustavida nazarda tutilgan taqdirda ega boʻladi.

Shuʼba xoʻjalik jamiyati asosiy jamiyatning aybi bilan toʻlovga qobiliyatsiz boʻlib qolgan taqdirda, asosiy jamiyat shuʼba xoʻjalik jamiyatining majburiyatlari yuzasidan subsidiar javobgar boʻladi.

Shuʼba xoʻjalik jamiyatining toʻlovga qobiliyatsizligi faqat asosiy jamiyat shuʼba xoʻjalik jamiyati tomonidan muayyan harakatlar amalga oshirilishi oqibatida uning toʻlovga qobiliyatsiz boʻlib qolishini oldindan bila turib, shunday harakatlarni amalga oshirishi uchun shuʼba xoʻjalik jamiyatiga majburiy koʻrsatma bergan va (yoki) shuʼba xoʻjalik jamiyatining imkoniyatidan foydalangan hollarda asosiy jamiyatning aybi bilan yuz bergan deb hisoblanadi.

Shuʼba xoʻjalik jamiyatining ishtirokchilari asosiy jamiyatdan uning aybi bilan shuʼba xoʻjalik jamiyatiga yetkazilgan zararning oʻrni qoplanishini talab qilishga haqli. Asosiy jamiyat shuʼba xoʻjalik jamiyati tomonidan muayyan harakatlar amalga oshirilishi oqibatida uning zarar koʻrishini oldindan bila turib, oʻz huquqlari va (yoki) imkoniyatidan shuʼba xoʻjalik jamiyatining shunday harakatlarni amalga oshirishi maqsadida foydalangan taqdirda zarar asosiy jamiyatning aybi bilan yetkazilgan deb hisoblanadi.

8-modda. Jamiyat ishtirokchilari

Yuridik va jismoniy shaxslar jamiyatning ishtirokchilaridir.

Qonunda ayrim toifadagi jismoniy shaxslarning jamiyatda ishtirok etishi taqiqlanishi yoki cheklanishi mumkin.

Davlat organlari, agar qonunchilikda boshqacha qoida belgilanmagan boʻlsa, jamiyat ishtirokchilari boʻlishga haqli emas.

Jamiyat bir shaxs tomonidan taʼsis etilishi mumkin va u jamiyatning yagona ishtirokchisiga aylanadi. Jamiyat keyinchalik bir ishtirokchisi boʻlgan jamiyatga aylanishi mumkin.

Jamiyat yagona ishtirokchi sifatida bitta shaxsdan iborat boshqa jamiyatga ega boʻlishi mumkin emas, bundan bir aksiyadordan iborat aksiyadorlik jamiyati jamiyatning yagona ishtirokchisi boʻlgan hollar mustasno.

Jamiyat ishtirokchilarining soni ellik kishidan oshmasligi kerak.

Agar jamiyat ishtirokchilarining soni ushbu moddaning oltinchi qismida belgilangan meʼyordan oshib ketsa, jamiyat bir yil ichida aksiyadorlik jamiyati yoki ishlab chiqarish kooperativi etib qayta tashkil etilishi kerak. Agar koʻrsatilgan muddat ichida jamiyat qayta tashkil etilmasa va jamiyat ishtirokchilarining soni belgilangan meʼyorga qadar kamaymasa, u yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organning murojaatiga asosan sud tartibida tugatilishi kerak.

Jamiyat ishtirokchilari oʻrtasidagi murosasiz ziddiyatlar sababli qaror qabul qilish uchun ovozlar soni yetarli boʻlmaganligi tufayli jamiyatni boshqarish masalalari yuzasidan kelishuvga erishish imkoni boʻlmaganda nizoli vaziyat sud tomonidan yoki jamiyat taʼsis hujjatlarida nazarda tutilgan taqdirda, mediatsiya yoki hakamlik sudi tartibida hal etiladi.

9-modda. Jamiyat ishtirokchilarining huquqlari

Jamiyat ishtirokchilari:

ushbu Qonunda va jamiyatning taʼsis hujjatlarida belgilangan tartibda jamiyat ishlarini boshqarishda ishtirok etishga;

qonunchilikda va jamiyatning taʼsis hujjatlarida belgilangan tartibda jamiyatning faoliyati toʻgʻrisida axborot olishga hamda uning moliyaviy hisobotlari va boshqa hujjatlari bilan tanishishga;

foydani taqsimlashda ishtirok etishga;

jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) oʻz ulushini yoki uning bir qismini ushbu Qonunda va jamiyat ustavida nazarda tutilgan tartibda mazkur jamiyatning bir yoki bir necha ishtirokchisiga yoxud uchinchi shaxslarga oʻtkazishga;

jamiyat boshqa ishtirokchilarining roziligidan qatʼi nazar, ushbu Qonunda va jamiyatning taʼsis hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda jamiyatdan chiqishga;

jamiyat tugatilgan taqdirda, kreditorlar bilan hisob-kitob qilinganidan keyin qolgan mol-mulkning bir qismini yoki uning qiymatini olishga;

jamiyat muassislari (ishtirokchilari) oʻrtasida ularning huquqlarini amalga oshirish toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksida belgilangan tartibda korporativ shartnomalar tuzishga haqli.

Jami ulushlari jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) kamida oʻn foizini tashkil etadigan jamiyat ishtirokchilari ustavda belgilangan oʻz majburiyatlarini bajarmayotgan yoxud oʻz harakatlari (harakatsizligi) bilan jamiyatning kelgusi faoliyatiga toʻsqinlik qilayotgan, uni jiddiy tarzda qiyinlashtirayotgan ishtirokchining yoki ishtirokchilarning jamiyatdan sud tartibida chiqarilishini talab qilishga haqli.

Jamiyat ishtirokchilari qonunchilikda va jamiyatning taʼsis hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

Ishtirokchilar tomonidan huquqlarning amalga oshirilishi boshqa ishtirokchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini buzmasligi kerak.

10-modda. Jamiyat ishtirokchilarining majburiyatlari

Jamiyat ishtirokchilari:

ushbu Qonunda va jamiyatning taʼsis hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda, miqdorda, usullarda va muddatlarda hissa qoʻshishi;

oʻziga oid maʼlumotlar (oʻzining joylashgan yeri (pochta manzili), telefon raqami, elektron pochta manzili) oʻzgarganligi haqida jamiyatni xabardor qilishi;

jamiyat faoliyati toʻgʻrisidagi sir tutilgan axborotni oshkor etmasligi shart.

Jamiyat ishtirokchilarining zimmasida qonunchilikda va jamiyatning taʼsis hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.

2-bob. Jamiyatni taʼsis etish

11-modda. Jamiyatni taʼsis etish tartibi

Jamiyat muassislarning (muassisning) qaroriga koʻra taʼsis etiladi. Jamiyatni taʼsis etish toʻgʻrisidagi qaror taʼsischilar yigʻilishi tomonidan qabul qilinadi. Jamiyat bir muassis tomonidan taʼsis etilgan taqdirda, jamiyatni taʼsis etish toʻgʻrisidagi qaror shu muassis tomonidan yakka tartibda qabul qilinadi.

Jamiyatni tashkil etish toʻgʻrisidagi qarorda jamiyat muassislarining ovoz berish natijalari va ular tomonidan jamiyatni tashkil etish, uning firma nomini, joylashgan yerini va ustav fondi (ustav kapitali) miqdorini belgilash, jamiyat ustavini tasdiqlash toʻgʻrisidagi hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa masalalar koʻrsatilishi mumkin.

Jamiyatning muassislari taʼsis shartnomasini tuzadi va jamiyat ustavini tasdiqlaydi, bundan ushbu Qonun 12-moddasining ikkinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno. Jamiyat muassislari jamiyatning ijro etuvchi organlarini saylaydi (tayinlaydi), shuningdek jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) pulsiz hissalar qoʻshilgan taqdirda, ularning pulda ifodalangan bahosini tasdiqlaydi, bundan ushbu Qonun 16-moddasining ikkinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno.

Jamiyat ustavini tasdiqlash toʻgʻrisidagi qaror, shuningdek jamiyat muassislari kiritadigan hissalarning pulda ifodalangan bahosini tasdiqlash toʻgʻrisidagi qaror muassislar tomonidan bir ovozdan qabul qilinadi. Boshqa qarorlar ushbu Qonunda va jamiyatning taʼsis hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda jamiyat muassislari tomonidan qabul qilinadi.

Jamiyatning muassislari jamiyatni taʼsis etish bilan bogʻliq boʻlgan va uni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga qadar yuzaga kelgan majburiyatlar yuzasidan solidar javobgar boʻladi. Jamiyatning muassislari jamiyatni taʼsis etish bilan bogʻliq majburiyatlari yuzasidan faqat ularning harakatlari keyinchalik jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan maʼqullangan taqdirda javobgar boʻladi.

12-modda. Jamiyatning taʼsis hujjatlari

Taʼsis shartnomasi va jamiyat ustavi jamiyatning taʼsis hujjatlaridir.

Agar jamiyat bir shaxs tomonidan taʼsis etilsa, ushbu shaxs tasdiqlagan ustav jamiyatning taʼsis hujjati hisoblanadi. Jamiyat ishtirokchilarining soni ikki va undan ortiq kishiga koʻpaysa, ular oʻrtasida taʼsis shartnomasi tuzilishi kerak.

Jamiyat ishtirokchisining, auditorning yoki manfaatdor shaxsning talabiga binoan jamiyat ularga jamiyatning taʼsis hujjatlari bilan, shu jumladan unga kiritilgan oʻzgartirishlar bilan tanishish imkoniyatini berishi shart. Jamiyat ishtirokchisining talabiga binoan jamiyat unga jamiyat taʼsis shartnomasining va ustavining koʻchirma nusxalarini berishi shart. Koʻchirma nusxalarni berganlik uchun jamiyat tomonidan olinadigan haq ularni tayyorlashga ketgan xarajatlardan ortiq boʻlishi mumkin emas.

Jamiyatning taʼsis hujjatlariga oʻzgartirishlar jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qaroriga binoan kiritiladi. Taʼsis shartnomasi qoidalari va jamiyat ustavi qoidalari oʻzaro muvofiq boʻlmagan taqdirda, jamiyat ustavi qoidalari uchinchi shaxslar va jamiyat ishtirokchilari uchun ustuvor kuchga ega boʻladi.

13-modda. Jamiyatning taʼsis shartnomasi

Taʼsis shartnomasida jamiyatning muassislari jamiyatni tashkil etish majburiyatini oladi va uni tashkil etish yuzasidan birgalikdagi faoliyat tartibini belgilaydi. Taʼsis shartnomasida quyidagilar ham belgilanadi:

jamiyat muassislarining (ishtirokchilarining) tarkibi;

jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) miqdori va jamiyat har bir muassisi (ishtirokchisi) ulushining miqdori;

jamiyat taʼsis etilayotganda uning ustav fondiga (ustav kapitaliga) hissalarni qoʻshish tartibi, miqdori, usullari va muddatlari;

hissalarni qoʻshish boʻyicha majburiyatlarini buzganlik uchun jamiyat muassislarining (ishtirokchilarining) javobgarligi;

jamiyatning muassislari (ishtirokchilari) oʻrtasida foyda va zararlarni taqsimlash shartlari hamda tartibi;

jamiyat organlarining tarkibi va jamiyat ishtirokchilarining jamiyatdan chiqishi hamda uchinchi shaxslarni jamiyatga qabul qilish tartibi.

Taʼsis shartnomasi va unga kiritilgan oʻzgartirishlar davlat roʻyxatidan oʻtkazilmaydi.

14-modda. Jamiyat ustavi

Jamiyat ustavida quyidagilar koʻrsatilishi kerak:

jamiyatning toʻliq va qisqartirilgan firma nomi;

jamiyat faoliyatining predmeti;

jamiyatning pochta manzili toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyat organlarining tarkibi va vakolatlari toʻgʻrisidagi, shu jumladan jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining mutlaq vakolatlari jumlasiga kiruvchi masalalar, jamiyat ustavida jamiyatning kuzatuv kengashini tuzish nazarda tutilgan taqdirda, kuzatuv kengashining vakolatlari, jamiyat organlari tomonidan qarorlar qabul qilish tartibi, shu jumladan qarorlar bir ovozdan yoki umumiy ovozlar sonining kamida uchdan ikki qismidan iborat koʻpchilik (malakali koʻpchilik) ovozi bilan qabul qilinadigan masalalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyat har bir ishtirokchisi ulushining miqdori va nominal qiymati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyat ishtirokchilarining huquqlari va majburiyatlari;

jamiyat ishtirokchisining jamiyatdan chiqishi tartibi va uning oqibatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushning (ulush bir qismining) boshqa shaxsga oʻtishi tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyatning hujjatlarini saqlash tartibi hamda jamiyat tomonidan jamiyat ishtirokchilariga va boshqa shaxslarga axborot taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyatning vakolatxonalari va filiallari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyatning shuʼba va qaram xoʻjalik jamiyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

qonunchilikka zid boʻlmagan boshqa maʼlumotlar.

Jamiyat ustavi va unga kiritilgan oʻzgartirishlar qonunchilikda nazarda tutilgan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi kerak.

Jamiyat ustavi va unga kiritilgan oʻzgartirishlar davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran uchinchi shaxslar uchun kuchga kiradi. Vakolatxonalar va filiallar hamda shuʼba va qaram xoʻjalik jamiyatlarining tashkil etilishi, shuningdek jamiyatning pochta manzili oʻzgarishi bilan bogʻliq oʻzgartirishlar kiritilgan hollarda, bunday oʻzgartirishlar yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organ xabardor qilingan paytdan eʼtiboran uchinchi shaxslar uchun kuchga kiradi.

3-bob. Jamiyatning ustav fondi (ustav kapitali)

15-modda. Jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) tarkibi

Jamiyat ustav fondi (ustav kapitali) jamiyatning ustavida belgilanadi va uning ishtirokchilari ulushlarining nominal qiymatidan iborat boʻladi.

Jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) qoʻshiladigan, qiymati bazaviy hisoblash miqdorining oʻn ming baravaridan koʻp boʻlgan naqd pulsiz hissalar baholovchi tashkilot tomonidan baholanadi va u baholangan qiymatdan yuqori boʻlishi mumkin emas.

Jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) eng kam miqdori litsenziya talablarida belgilanishi mumkin.

Jamiyat ishtirokchisining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushi miqdori foizlarda yoki kasr tarzida belgilanadi. Jamiyat ishtirokchisi ulushining miqdori uning ulushi nominal qiymati bilan jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) nisbatiga teng boʻlishi kerak.

Jamiyat ishtirokchisi ulushining haqiqiy qiymati jamiyat sof aktivlari qiymatining uning ulushi miqdoriga mutanosib boʻlgan bir qismiga mos boʻladi.

Jamiyatning ustavi bilan jamiyat ishtirokchisi ulushining eng yuqori miqdori, shuningdek jamiyat ishtirokchilari ulushlarining nisbatini oʻzgartirish imkoniyati cheklanishi mumkin. Bunday cheklovlar jamiyatning ayrim ishtirokchilariga nisbatan belgilanishi mumkin emas. Koʻrsatib oʻtilgan qoidalar jamiyat taʼsis etilayotganda uning ustavida nazarda tutilishi, shuningdek jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyatning barcha ishtirokchilari tomonidan bir ovozdan qabul qilinadigan qaroriga binoan jamiyatning ustaviga kiritilishi, oʻzgartirilishi va undan chiqarib tashlanishi mumkin.

Jamiyat faqat kredit tashkiloti sifatida davlat roʻyxatidan oʻtkaziladigan paytga qadar uning har bir ishtirokchisi taʼsis hujjatlarida koʻrsatilgan jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) oʻz hissasining kamida oʻttiz foizini kiritishi shart.

Jamiyatning har bir ishtirokchisi taʼsis hujjatlarida belgilangan va jamiyat davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran bir yildan oshmaydigan muddat ichida jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) oʻz hissasini toʻliq kiritishi kerak.

Agar jamiyatning taʼsis hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyatning oʻz hissasini qoʻshmagan ishtirokchilari, agar ushbu harakatlar jamiyatning faoliyat koʻrsatishiga imkon bermayotgan boʻlsa yoki uni jiddiy tarzda qiyinlashtirishga olib kelsa, jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qaroriga binoan, jamiyat ijro etuvchi organining arizasiga asosan sud tartibida ishtirokchilar safidan chiqarilishi mumkin.

Jamiyatning ishtirokchisi tomonidan hissaning toʻliq kiritilganligi jamiyat ishtirokchisiga beriladigan guvohnoma bilan tasdiqlanadi.

Jamiyatning ixtiyoriga koʻra yoki qonunchilikda nazarda tutilgan hollarda jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) hisobi shartnoma asosida “Qimmatli qogʻozlar markaziy depozitariysi” aksiyadorlik jamiyati tomonidan yuritilishi mumkin.

16-modda. Jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) qoʻshiladigan hissalar

Pul, qimmatli qogʻozlar, oʻzga ashyolar yoki mulkiy huquqlar yoxud pul bahosiga ega boʻlgan, boshqa shaxsga oʻtkaziladigan oʻzga huquqlar jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) qoʻshiladigan hissalar boʻlishi mumkin.

Jamiyatning ishtirokchilari va jamiyatga qabul qilinadigan uchinchi shaxslar tomonidan jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) qoʻshiladigan pulsiz hissalarning pulda ifodalangan bahosi jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyat barcha ishtirokchilari tomonidan bir ovozdan qabul qilinadigan qarori bilan tasdiqlanadi.

Ustav fondiga (ustav kapitaliga) hissa sifatida jamiyatga foydalanish uchun berilgan mol-mulkning muddat oʻtguniga qadar ushbu mol-mulkdan foydalanish huquqi tugatilgan taqdirda, jamiyatning mol-mulkni bergan ishtirokchisi jamiyatning talabiga binoan jamiyatga shunday mol-mulkdan qolgan muddat mobaynida, shunga oʻxshash sharoitlarda foydalanganlik uchun toʻlanadigan haqiga teng pul tovoni toʻlashi shart. Pul tovoni jamiyat tomonidan uni berish talabnomasi taqdim etilganidan eʼtiboran, agar jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarori bilan tovon toʻlashning boshqacha tartibi belgilanmagan boʻlsa, bir oy ichida bir yoʻla toʻlanishi kerak. Bunday qaror jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) hissa sifatida mol-mulkdan foydalanish huquqini bergan va bu huquq muddatidan ilgari tugatilgan jamiyat ishtirokchisining ovozi hisobga olinmagan holda, jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan qabul qilinadi.

Taʼsis hujjatlarida jamiyat ishtirokchisi tomonidan ustav fondiga (ustav kapitaliga) hissa sifatida jamiyatga foydalanish uchun berilgan mol-mulkdan foydalanish huquqi muddatidan ilgari tugatilganligi uchun jamiyat ishtirokchisi tomonidan tovon toʻlashning boshqacha tartibi nazarda tutilgan boʻlishi mumkin.

Jamiyatdan chiqarilgan yoki undan chiqib ketgan ishtirokchi tomonidan jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) hissa tariqasida foydalanish uchun berilgan mol-mulk, agar taʼsis hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, u qancha muddatga berilgan boʻlsa, shuncha muddat davomida jamiyat foydalanishida qolaveradi.

Jamiyat ishtirokchilarining ulushlari bilan bogʻliq nizolar sud tomonidan koʻrib chiqilayotganda jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) oʻzgartirishlar kiritish sud tartibida cheklanishi mumkin.

17-modda. Jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) koʻpaytirilishi

Jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) koʻpaytirishga u toʻliq toʻlanganidan keyingina yoʻl qoʻyiladi.

Jamiyatning ustav fondi (ustav kapitali) jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyat ishtirokchilari umumiy ovozlari sonining kamida uchdan ikki qismidan iborat koʻpchilik (malakali koʻpchilik) ovozi bilan (agar jamiyatning ustavida bunday qarorni qabul qilish uchun ovozlarning bundan koʻproq soni zarurligi nazarda tutilmagan boʻlsa) qabul qilingan qaroriga binoan koʻpaytiriladi.

Jamiyatning ustav fondi (ustav kapitali) jamiyatning mol-mulki va (yoki) jamiyat ishtirokchilarining qoʻshimcha hissalari hisobidan va (yoki), agar bu jamiyatning ustavi bilan taqiqlanmagan boʻlsa, jamiyatga qabul qilinadigan uchinchi shaxslarning hissalari hamda taqsimlanmagan foyda hisobidan koʻpaytirilishi mumkin.

18-modda. Jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) uning mol-mulki, shu jumladan jamiyatning taqsimlanmagan foydasi hisobidan koʻpaytirish

Jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) jamiyatning mol-mulki, shu jumladan jamiyatning taqsimlanmagan foydasi hisobidan koʻpaytirish toʻgʻrisidagi qaror faqat bunday qaror qabul qilingan yildan oldingi yil uchun jamiyatning tashqi audit xulosasi bilan tasdiqlangan moliyaviy hisoboti maʼlumotlari asosida qabul qilinishi mumkin.

Jamiyatning ustav fondi (ustav kapitali) jamiyatning mol-mulki, shu jumladan jamiyatning taqsimlanmagan foydasi hisobidan koʻpaytiriladigan summa jamiyat sof aktivlarining qiymati bilan ustav fondi (ustav kapitali) hamda zaxira fondining yigʻindisi oʻrtasidagi farqdan ortiq boʻlmasligi kerak.

Jamiyatning ustav fondi (ustav kapitali) ushbu moddaga muvofiq koʻpaytirilganda jamiyat barcha ishtirokchilari ulushlarining miqdorlari oʻzgarmagan holda ular ulushlarining nominal qiymati mutanosib ravishda koʻpayadi.

19-modda. Jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) uning ishtirokchilarining qoʻshimcha hissalari va jamiyatga qabul qilinadigan uchinchi shaxslarning hissalari hisobidan koʻpaytirish

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) jamiyat barcha ishtirokchilari tomonidan qoʻshimcha hissalar qoʻshish hisobidan koʻpaytirish toʻgʻrisidagi qarorida qoʻshimcha hissalarning muayyan umumiy qiymati, jamiyat har bir ishtirokchisining qoʻshimcha hissasi qiymatining miqdori, ishtirokchilar tomonidan qoʻshimcha hissalarni toʻliq qoʻshish muddati belgilanishi kerak.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) koʻpaytirish haqida jamiyat ishtirokchisining qoʻshimcha hissa qoʻshish toʻgʻrisidagi arizasiga (jamiyat ishtirokchilarining arizalariga) va (yoki), agar bu jamiyatning taʼsis hujjatlarida taqiqlanmagan boʻlsa, uchinchi shaxsning (uchinchi shaxslarning) uni (ularni) jamiyatga qabul qilish va hissa qoʻshish haqidagi arizasiga (arizalariga) asosan bir ovozdan qaror qabul qilishi mumkin.

Jamiyat ishtirokchisining yoki uchinchi shaxsning arizasida hissani qoʻshish tartibi, uning miqdori, usullari va muddati, shuningdek jamiyat ishtirokchisi yoki uchinchi shaxs jamiyatning ustav fondida (ustav kapitalida) ega boʻlishni xohlagan ulush miqdori koʻrsatilgan boʻlishi kerak. Arizada hissalarni qoʻshish va jamiyatga aʼzo boʻlib kirishning boshqa shartlari ham koʻrsatilishi mumkin.

Jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) koʻpaytirish toʻgʻrisidagi qaror bilan bir vaqtda uning taʼsis hujjatlariga jamiyat barcha yoki ayrim ishtirokchilarining (ayrim ishtirokchisining) qoʻshimcha hissalarini qoʻshish hisobidan va (yoki) jamiyatga uchinchi shaxsning (uchinchi shaxslarning) qabul qilinishi, jamiyat ishtirokchilari ulushlarining nominal qiymati tegishlicha koʻpaytirilishi va (yoki) uchinchi shaxs (uchinchi shaxslar) ulushining nominal qiymati va miqdori aniqlanishi munosabati bilan oʻzgartirishlar, shuningdek jamiyat ishtirokchilari ulushining miqdorlari oʻzgarishi bilan bogʻliq oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilinishi kerak. Bunda jamiyat ishtirokchisi ulushining nominal qiymati uning qoʻshimcha hissasi qiymatidan koʻproq summaga koʻpaytirilishi mumkin emas, jamiyatga qabul qilinadigan har bir uchinchi shaxs tomonidan olinadigan ulushning nominal qiymati uning hissasi qiymatidan ortiq boʻlishi mumkin emas.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi qoʻshimcha hissalarni qoʻshish muddati tugagan kundan eʼtiboran bir oydan kechiktirmay jamiyat ishtirokchilarining qoʻshimcha hissalarini va (yoki) uchinchi shaxslarning hissalarini qoʻshish yakunlarini tasdiqlash haqida, shuningdek jamiyatning ustav fondi (ustav kapitali) miqdorini koʻpaytirish, qoʻshimcha hissalar qoʻshgan jamiyat ishtirokchilari ulushlarining nominal qiymatini koʻpaytirish va (yoki) uchinchi shaxs (uchinchi shaxslar) ulushining nominal qiymati va miqdorlarini aniqlash, zarur hollarda jamiyat ishtirokchilari ulushlarining miqdorlari oʻzgarishi bilan bogʻliq oʻzgartirishlarni jamiyatning taʼsis hujjatlariga kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi kerak.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan hollarda, agar hissalar qoʻshish jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan belgilangan muddat oʻtganidan keyin, belgilangan qoʻshimcha hissa bir yoki bir necha ishtirokchi tomonidan toʻliq yoki qisman qoʻshilmagan boʻlsa, umumiy yigʻilish:

qoʻshimcha hissalar umumiy qiymatining dastlab belgilangan miqdorini jamiyat ishtirokchilari amalda qoʻshgan qoʻshimcha hissalarni hisobga olgan holda, ularning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushi tegishlicha oʻzgartirilib, amalda qoʻshilgan hissalar miqdoriga qadar kamaytirish toʻgʻrisida;

qoʻshimcha hissalar umumiy qiymatining dastlabki belgilangan miqdorini oldingi yigʻilishning jamiyat ishtirokchilarining jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) koʻpaytirish toʻgʻrisidagi qarori bilan belgilangan ulushlarini saqlab qolish imkoniyatini beradigan miqdorgacha kamaytirish toʻgʻrisida qaror qabul qilishga haqli. Bu holda jamiyat oldingi yigʻilish qarori bilan belgilangan ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) jamiyat ishtirokchilarining ulushlari oshib ketishiga olib kelgan oʻsha qoʻshgan pul hissalarini jamiyat ishtirokchilariga oʻn kun muddat ichida qaytarishi shart.

Ushbu moddaning beshinchi qismida nazarda tutilgan jamiyat ustavidagi oʻzgartirishlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun hujjatlar, shuningdek jamiyat ishtirokchilari tomonidan qoʻshimcha hissalar va (yoki) uchinchi shaxslar tomonidan hissalar toʻliq miqdorda qoʻshilganligini tasdiqlovchi hujjatlar yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organga taʼsis hujjatiga doir oʻzgartirishlar jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida tasdiqlangan kundan eʼtiboran bir oydan kechiktirmay taqdim etilishi kerak. Ustavdagi mazkur oʻzgartirishlar ular yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organ tomonidan davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan kundan eʼtiboran jamiyat ishtirokchilari va uchinchi shaxslar uchun kuchga kiradi.

Ushbu moddaning beshinchi va yettinchi qismlarida nazarda tutilgan muddatlarga rioya etilmagan taqdirda yoki ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan qoʻshimcha hissalar barcha ishtirokchilar tomonidan toʻliq qoʻshilmagan yoxud ushbu moddaning oltinchi qismida nazarda tutilgan qoʻshimcha hissalar umumiy qiymatining dastlabki belgilangan miqdorini kamaytirish toʻgʻrisida qaror qabul qilinmagan taqdirda, jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) koʻpaytirilishi amalga oshmagan deb eʼtirof etiladi. Bu holda jamiyat jamiyatning ishtirokchilariga ular tomonidan kiritilgan qoʻshimcha pul hissalarini oʻn kun muddat ichida qaytarishi shart.

Pul hissalari ushbu modda oltinchi qismining uchinchi xatboshisida , shuningdek sakkizinchi qismida koʻrsatilgan muddatda oʻz vaqtida qaytarilmagan taqdirda, jamiyat qonunchilikda belgilangan tartibda va muddatlarda foizlar toʻlashi shart.

Pulsiz hissalar qoʻshgan jamiyat ishtirokchilariga jamiyat ushbu modda oltinchi qismining uchinchi xatboshisida , shuningdek sakkizinchi qismida koʻrsatilgan hollarda uch oylik muddatda ularning hissalarini qoʻshilgan shaklida yoki ularning roziligi bilan pul shaklida qaytarishi, hissalar koʻrsatilgan muddatda qaytarilmagan taqdirda esa, hissa sifatida kiritilgan mol-mulkdan foydalana olinmaganligi oqibatida boy berilgan foydaning oʻrnini ham qoplashi shart.

20-modda. Jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) kamaytirish

Jamiyat oʻz ustav fondini (ustav kapitalini) kamaytirishga haqli, ushbu Qonunda nazarda tutilgan hollarda esa jamiyat oʻz ishtirokchilarining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlarining nominal qiymatini kamaytirish va (yoki) jamiyatga tegishli ulushlarning haqini toʻlash orqali oʻz ustav fondini (ustav kapitalini) kamaytirishi shart.

Jamiyatning barcha ishtirokchilari ulushlarining nominal qiymatini kamaytirish yoʻli bilan jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) kamaytirish jamiyatning barcha ishtirokchilari ulushlari miqdorlari saqlab qolingan holda amalga oshirilishi kerak.

Jamiyat davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran bir yil ichida uning ustav fondi (ustav kapitali) toʻliq toʻlanmagan taqdirda jamiyat oʻz ustav fondini (ustav kapitalini) amalda toʻlangan miqdorgacha kamaytirishini eʼlon qilishi va uning kamaytirilganligini belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazishi yoki jamiyatni tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi kerak.

Agar ikkinchi va har bir keyingi moliya yili tugaganidan keyin jamiyat sof aktivlarining qiymati uning ustav fondidan (ustav kapitalidan) kam boʻlib qolsa, jamiyat oʻz ustav fondi (ustav kapitali) oʻzining sof aktivlari qiymatidan oshmaydigan miqdorgacha kamaytirilishini eʼlon qilishi va bunday kamaytirishni belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazishi shart.

Jamiyat sof aktivlarining qiymati qonunchilikda belgilangan tartibda aniqlanadi.

Jamiyat kreditorlari jamiyatning ustav fondi (ustav kapitali) kamaytirilganligidan xabar topgan sanadan eʼtiboran oʻttiz kun ichida jamiyatdan jamiyatning tegishli majburiyatlari muddatidan ilgari tugatilishini yoki bajarilishini hamda oʻzlari koʻrgan zararning oʻrni qoplanishini yozma ravishda talab qilishga haqli.

Jamiyatning ustav fondini (ustav kapitalini) kamaytirish bilan bogʻliq ustavdagi oʻzgartirishlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish qonunchilikka muvofiq amalga oshiriladi.

Ushbu moddada nazarda tutilgan hollarda, agar jamiyat oʻz ustav fondini (ustav kapitalini) kamaytirish yoki oʻzining tugatilishi toʻgʻrisida uch oylik muddatda qaror qabul qilmasa, kreditorlar jamiyat majburiyatlari muddatidan ilgari tugatilishini yoki ijro etilishini va oʻzlari koʻrgan zararning oʻrni qoplanishini talab qilishga haqli. Yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organ bunday hollarda jamiyatni tugatish toʻgʻrisida sudga murojaat qilishga haqli.

21-modda. Jamiyat ishtirokchisining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushining (ulushi bir qismining) jamiyatning boshqa ishtirokchilariga va uchinchi shaxslarga oʻtishi

Jamiyat ishtirokchisi jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) oʻz ulushini yoki uning bir qismini jamiyatning bir yoxud bir necha ishtirokchisiga oʻtkazishga haqli. Bunday bitimni tuzish uchun, agar jamiyat ustavida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyatning yoki jamiyat boshqa ishtirokchilarining roziligi talab qilinmaydi.

Jamiyat ishtirokchisi, agar jamiyatning ustavida taqiqlanmagan boʻlsa, oʻz ulushini (ulushining bir qismini) uchinchi shaxslarga ushbu Qonunda yoki boshqa qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan talablarga muvofiq oʻtkazishi mumkin.

Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni (ulushning bir qismini) boshqa shaxsga oʻtkazish toʻgʻrisidagi bitim, agar uni notarial shaklda amalga oshirish haqidagi talab jamiyatning ustavida nazarda tutilmagan boʻlsa, oddiy yozma shaklda amalga oshirilishi kerak.

Jamiyat ishtirokchisining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushiga (ulushining bir qismiga) boʻlgan huquq boshqa shaxsga bu haqda Tadbirkorlik subyektlarining yagona davlat reyestriga tegishli yozuv kiritilgan paytdan eʼtiboran oʻtadi hamda mazkur reyestrdan koʻchirma bilan tasdiqlanadi.

Davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organ ulush (ulushning bir qismi) oʻtishi haqidagi yozuvni tegishli ulush (ulushning bir qismi) boshqa shaxsga oʻtganligini tasdiqlovchi hujjatlarga asosan Tadbirkorlik subyektlarining yagona davlat reyestriga kiritadi.

Ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan bitimning ushbu moddada yoki jamiyat ustavida belgilangan shakliga, shuningdek uni mazkur moddaning toʻrtinchi qismida nazarda tutilgan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazish talabiga rioya etmaganlik uning haqiqiy emas deb topilishiga olib keladi.

Jamiyat ishtirokchisining ulushi ushbu Qonunning 15-moddasida koʻrsatilgan muddat davomida toʻliq toʻlanguniga qadar boʻlgan davrda u faqat toʻlangan qismi boʻyicha boshqa shaxsga oʻtkazilishi mumkin.

Jamiyat ishtirokchilaridan birortasi tomonidan oʻtkazilayotgan ulushni (ulushning bir qismini) olishda jamiyat ishtirokchilari uchinchi shaxslar oldida imtiyozli huquqdan foydalanadi, bundan jamiyat ustavida davlat ulushini (davlat ulushining bir qismini) ommaviy savdolar orqali sotish nazarda tutilgan hollar mustasno. Bunday huquqdan jamiyatning har bir ishtirokchisi foydalanishi mumkin. Agar jamiyatning ustavida yoki jamiyat ishtirokchilarining kelishuvida imtiyozli huquqni amalga oshirish uchun ulushni olishning boshqacha tartibi nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyat ishtirokchilari tomonidan ulush (ulushning bir qismi) ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) oʻz ulushlari miqdorlariga mutanosib ravishda olinadi.

Agar jamiyatning boshqa ishtirokchilari jamiyatning ishtirokchisi tomonidan oʻtkazilayotgan ulushni (ulushning bir qismini) olishda oʻzining imtiyozli huquqidan foydalanmagan boʻlsa, jamiyat mazkur ulushni (ulushning bir qismini) olishda imtiyozli huquqqa ega boʻladi.

Oʻz ulushini (ulushining bir qismini) uchinchi shaxsga oʻtkazish niyatida boʻlgan jamiyat ishtirokchisi ulushning (ulushning bir qismining) bahosini va boshqa shartlarni koʻrsatgan holda, bu haqda jamiyatning qolgan ishtirokchilarini va jamiyatning oʻzini yozma shaklda xabardor qilishi shart, bundan jamiyat ustavida davlat ulushini (davlat ulushining bir qismini) ommaviy savdolar orqali sotish nazarda tutilgan hollar mustasno. Jamiyatning ustavida xabarnoma jamiyat ishtirokchilariga jamiyat orqali yuborilishi nazarda tutilishi mumkin. Ulushni (ulushning bir qismini) imtiyozli olish huquqini amalga oshirish istagida boʻlgan jamiyat ishtirokchisi oʻz ulushini (ulushining bir qismini) oʻtkazishni taklif etayotgan jamiyat ishtirokchisini yetti kun muddatda bu haqda xabardor qilishi, bunda oʻtkazish taklif etilayotgan ulushni toʻliq yoki uning muayyan qismini olmoqchi ekanligini koʻrsatishi kerak. Agar kelib tushgan takliflarning umumiy miqdori oʻtkazilayotgan ulushning miqdoridan oshmasa, ishtirokchilardan har biri ulushning oʻz xabarnomasida koʻrsatilgan qismini oladi. Agar ulushning qolgan qismi uchinchi shaxs ixtiyoriga oʻtkazilguniga qadar jamiyat ishtirokchilaridan qoʻshimcha takliflar kelib tushmasa, bunday qism uchinchi shaxsga oʻtkazilishi mumkin. Agar kelib tushgan takliflarning umumiy miqdori oʻtkazilayotgan ulush (ulushning bir qismi) miqdoridan oshsa, ishtirokchilar, agar jamiyatning ustavida yoki jamiyat ishtirokchilarining kelishuvida boshqacha taqsimlash nazarda tutilmagan boʻlsa, ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) oʻz ulushlari miqdorlariga mutanosib ravishda oladi.

Jamiyat ishtirokchilari va (yoki) jamiyat oʻtkazish uchun taklif qilinayotgan butun ulushni (ulushning bir qismini) olishda imtiyozli huquqdan shunday xabar berilgan kundan eʼtiboran bir oy ichida foydalanmagan taqdirda, agar jamiyat ustavida yoki jamiyat ishtirokchilarining kelishuvida boshqa muddat nazarda tutilmagan boʻlsa, ulush (ulushning bir qismi) jamiyatga va uning ishtirokchilariga maʼlum boʻlgan bahoda hamda shartlarda uchinchi shaxsga oʻtkazilishi mumkin.

Ulushni (ulushning bir qismini) jamiyat ishtirokchilari ulushlarining miqdorlariga nomutanosib ravishda olishga doir imtiyozli huquqni amalga oshirish tartibini belgilovchi qoidalar jamiyat ustavida uni taʼsis etish chogʻida nazarda tutilishi, jamiyatning barcha ishtirokchilari tomonidan bir ovozdan qabul qilingan umumiy yigʻilish qaroriga binoan jamiyatning ustaviga kiritilishi, oʻzgartirilishi va jamiyatning ustavidan chiqarib tashlanishi mumkin.

Ulush (ulushning bir qismi) uni olishning imtiyozli huquqi buzilgan holda oʻtkazilgan taqdirda, jamiyatning ishtirokchisi va (yoki) jamiyat, agar jamiyatning ustavida ulushni (ulushning bir qismini) olishda jamiyat imtiyozli huquqqa ega ekanligi nazarda tutilgan boʻlsa, bunday buzilishni bilgan yoxud uni bilishi lozim boʻlgan paytdan eʼtiboran uch oy ichida oluvchining huquqlari va majburiyatlarini oʻziga oʻtkazishni sud tartibida talab qilishga haqli. Mazkur imtiyozli huquqdan boshqaning foydasiga voz kechishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulush (ulushning bir qismi) boshqa shaxsga oʻtkazilganligi haqida jamiyat bunday oʻtkazishning dalillari taqdim etilgan holda yozma ravishda xabardor qilinishi kerak. Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni (ulushning bir qismini) oluvchi mazkur oʻtkazish toʻgʻrisida jamiyat yozma ravishda xabardor qilingan paytdan eʼtiboran jamiyat ishtirokchisining huquqlarini amalga oshiradi va uning majburiyatlarini oʻz zimmasiga oladi.

Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni (ulushning bir qismini) oluvchiga jamiyat ishtirokchisining mazkur ulushni (ulushning bir qismini) boshqa shaxsga oʻtkazguniga qadar yuzaga kelgan barcha huquqlari va majburiyatlari oʻtadi.

Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlar jismoniy shaxslarning merosxoʻrlariga va jamiyat ishtirokchilari boʻlgan yuridik shaxslarning huquqiy vorislariga oʻtadi.

Jamiyat ishtirokchisi boʻlgan yuridik shaxs tugatilgan taqdirda, uning kreditorlari bilan hisob-kitob tugallanganidan keyin qolgan unga qarashli ulush, agar qonunchilikda yoki tugatilayotgan yuridik shaxsning taʼsis hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, tugatilayotgan yuridik shaxs ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlanadi.

Jamiyat ustavida ushbu moddaning oʻn oltinchi va oʻn yettinchi qismlarida belgilangan ulushning (ulushning bir qismining) oʻtishi va taqsimlanishiga faqat jamiyatning qolgan ishtirokchilari roziligi bilan yoʻl qoʻyilishi nazarda tutilishi mumkin.

Jamiyat vafot etgan ishtirokchisining merosxoʻri tomonidan meros qabul qilinguniga qadar jamiyatning vafot etgan ishtirokchisining huquqlari vasiyatnomada koʻrsatilgan shaxs tomonidan amalga oshiriladi, uning majburiyatlari esa shu shaxs tomonidan bajariladi, bunday shaxs boʻlmagan taqdirda esa notarius tayinlagan boshqaruvchi tomonidan amalga oshiriladi.

Jamiyat ustavida jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni (ulushning bir qismini) jamiyat ishtirokchilariga yoki uchinchi shaxslarga oʻtkazish, ulushning (ulushning bir qismining) merosxoʻrlarga yoki huquqiy vorislarga oʻtishi yoxud ulushni (ulushning bir qismini) tugatilayotgan yuridik shaxsning ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlash uchun jamiyat ishtirokchilarining roziligini olish zarurligi nazarda tutilgan taqdirda, agar jamiyat ishtirokchilariga murojaat etilgan paytdan eʼtiboran oʻttiz kun ichida yoki jamiyatning ustavida belgilangan boshqa muddat ichida jamiyatning barcha ishtirokchilarining yozma roziligi olingan boʻlsa yoxud jamiyat ishtirokchilarining birortasidan ham rozilik berishga yozma raddiya olinmagan boʻlsa, bunday rozilik olingan deb hisoblanadi.

Jamiyat ustavida jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni (ulushning bir qismini) jamiyat ishtirokchilariga yoki uchinchi shaxslarga oʻtkazish uchun jamiyatning roziligini olish zarurligi nazarda tutilgan taqdirda, agar jamiyatga murojaat etilgan paytdan eʼtiboran oʻttiz kun ichida yoki jamiyat ustavida belgilangan boshqa muddat ichida jamiyatning yozma roziligi olingan boʻlsa yoxud jamiyatdan rozilik berishga yozma raddiya olinmagan boʻlsa, bunday rozilik olingan deb hisoblanadi.

Ushbu Qonunda yoki boshqa qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulush (ulushning bir qismi) ochiq kimoshdi savdosi orqali sotilganda, mazkur ulushni (ulushning bir qismini) oluvchi jamiyatning yoki uning ishtirokchilarining roziligidan qatʼi nazar, jamiyat ishtirokchisiga aylanadi.

Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushning ellik va undan ortiq foizining egasiga aylangan shaxs (bundan davlat mustasno), agar shaxs bungacha jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlarga egalik qilmagan yoki ulushning ellik foizidan kamrogʻiga egalik qilgan boʻlsa, minoritar ishtirokchilarga ulushlarini bozor qiymati boʻyicha oʻziga sotishni oʻn besh kun ichida taklif etishi shart. Jamiyatning ustavida ushbu taklif jamiyat ishtirokchilariga jamiyat orqali yuborilishi nazarda tutilishi mumkin.

Agar jamiyat ishtirokchisining oʻziga tegishli ulushini sotishi toʻgʻrisida oʻttiz kun ichida yozma roziligi olinsa, jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushning ellik va undan ortiq foiziga egalik qiluvchi shaxs taklif etilgan ulushni sotib olishi shart.

22-modda. Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlar garovi

Jamiyatning ishtirokchisi jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) oʻziga tegishli ulushni (ulushning bir qismini) jamiyatning boshqa ishtirokchisiga yoki, agar bu jamiyatning ustavida taqiqlanmagan boʻlsa, jamiyatning roziligi bilan uchinchi shaxsga jamiyat barcha ishtirokchilarining koʻpchilik ovozi bilan, agar bunday qarorni qabul qilish uchun jamiyatning ustavida bundan ham koʻproq ovozlar soni nazarda tutilmagan boʻlsa, qabul qilingan jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qaroriga binoan garovga qoʻyishga haqli. Oʻz ulushini (ulushining bir qismini) garovga qoʻyish niyatida boʻlgan jamiyat ishtirokchisining ovozlari ovoz berish natijalarini aniqlashda hisobga olinmaydi.

23-modda. Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni (ulushning bir qismini) jamiyat tomonidan olish

Jamiyat oʻz ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni (ulushning bir qismini) olishga haqli emas, bundan ushbu Qonunda nazarda tutilgan hollar mustasno.

Jamiyatning ustavida jamiyat ishtirokchisining ulushini (ulushining bir qismini) uchinchi shaxslarga oʻtkazish taqiqlangan boʻlsa, jamiyatning boshqa ishtirokchilari esa uni olishni rad etsa, shuningdek ulushni (ulushning bir qismini) jamiyatning ishtirokchisiga yoki uchinchi shaxsga oʻtkazish rad etilgan taqdirda, agar bunday rozilikni olish zarurligi jamiyatning ustavida nazarda tutilgan boʻlsa, jamiyat ishtirokchisining talabiga binoan jamiyat unga qarashli ulushni (ulushning bir qismini) olishi shart. Bunda jamiyat oʻz ishtirokchisiga bu ulushning (ulushning bir qismining) jamiyat ishtirokchisi shunday talab bilan murojaat etgan kundan oldingi oxirgi hisobot davri uchun jamiyatning moliyaviy hisobotlari maʼlumotlari asosida aniqlanadigan haqiqiy qiymatini toʻlashi yoki jamiyat ishtirokchisining roziligi bilan unga xuddi shunday qiymatdagi mol-mulkni asli holida berishi shart.

Jamiyatni taʼsis etish chogʻida jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) oʻz hissasini oʻz muddatida toʻliq miqdorda qoʻshmagan jamiyat ishtirokchisining ulushi, shuningdek ushbu Qonun 16-moddasining uchinchi qismida nazarda tutilgan pul tovonini muddatida taqdim etmagan jamiyat ishtirokchisining ulushi jamiyatga oʻtadi. Bunda jamiyat jamiyatning ishtirokchisiga ulushning (mol-mulk jamiyat foydalanishida boʻlgan muddatga) u qoʻshgan hissaning qismiga mutanosib ravishdagi qismining haqiqiy qiymatini toʻlashi yoki jamiyat ishtirokchisining roziligi bilan unga xuddi shunday qiymatdagi mol-mulkni asli holida berishi shart. Ulushning bir qismining haqiqiy qiymati hissani qoʻshish yoki tovonni taqdim etish muddati oʻtadigan kundan oldingi oxirgi hisobot davri uchun jamiyatning moliyaviy hisobotlari maʼlumotlariga asosan aniqlanadi.

Jamiyatning ustavida ulushning hissaning toʻlanmagan qismiga yoki pul tovoni summasiga (qiymatiga) mutanosib qismi jamiyatga oʻtishi nazarda tutilishi mumkin.

Jamiyatdan chiqarilgan yoki undan chiqib ketgan jamiyat ishtirokchisining ulushi jamiyatga oʻtadi. Bunda jamiyat jamiyatdan chiqarilgan yoki chiqib ketgan ishtirokchiga ulushining chiqarilish yoki chiqib ketish sanasidan oldingi oxirgi hisobot davri uchun jamiyatning buxgalteriya hisobotlari maʼlumotlari boʻyicha aniqlanadigan haqiqiy qiymatini toʻlashi yoki jamiyatdan chiqarilgan yoki chiqib ketgan ishtirokchining roziligi bilan unga xuddi shunday qiymatdagi mol-mulkni asli holida berishi shart.

Ushbu Qonun 21-moddasining oʻn oltinchi , oʻn yettinchi va oʻn sakkizinchi qismlarida nazarda tutilgan hollarda jamiyat ishtirokchilari ulushning oʻtishiga yoki taqsimlanishiga rozilik berishni rad etsa, agar jamiyatning ustaviga muvofiq bunday rozilik olinishi zarur boʻlsa, ulush jamiyatga oʻtadi. Bunda jamiyat vafot etgan ishtirokchisining merosxoʻrlariga, qayta tashkil etilgan jamiyat ishtirokchisi boʻlgan yuridik shaxsning huquqiy vorislariga yoki jamiyat ishtirokchisi boʻlgan tugatilgan yuridik shaxsning ishtirokchilariga tegishincha vafot etgan, qayta tashkil etilgan yoki tugatilgan kundan oldingi oxirgi hisobot davri uchun jamiyatning moliyaviy hisobotlari maʼlumotlari asosida aniqlanadigan ulushning haqiqiy qiymatini toʻlashi yoxud ularning roziligi bilan ularga xuddi shunday qiymatdagi mol-mulkni asli holida berishi shart.

Ushbu Qonunning 25-moddasiga muvofiq jamiyat tomonidan jamiyat ishtirokchisi ulushining (ulushi bir qismining) haqiqiy qiymati uning kreditorlari talabiga binoan toʻlangan taqdirda, ulush haqiqiy qiymatining jamiyat boshqa ishtirokchilari tomonidan toʻlanmagan qismi jamiyatga oʻtadi, ulushning qolgan qismi jamiyatning ishtirokchilari oʻrtasida ular qoʻshgan toʻlovga mutanosib ravishda taqsimlanadi.

Ulush (ulushning bir qismi) jamiyatning ishtirokchisi u jamiyat tomonidan olinishi toʻgʻrisida talabnoma taqdim etgan yoki hissani qoʻshish muddati oʻtgan yoxud tovon berilgan yoki ishtirokchini jamiyatdan chiqarish toʻgʻrisidagi sud qarori qonuniy kuchga kirgan yoki jamiyatning istalgan ishtirokchisi ulushning jamiyat ishtirokchisi boʻlgan jismoniy shaxslarning merosxoʻrlariga (yuridik shaxslarning huquqiy vorislariga) oʻtishiga yoxud uning jamiyat ishtirokchisi boʻlgan tugatilgan yuridik shaxsning ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlanishiga rozilik berishni rad etgan yoki jamiyat ishtirokchisi ulushining (ulushi bir qismining) haqiqiy qiymati uning kreditorlari talabiga binoan jamiyat tomonidan toʻlangan paytdan eʼtiboran jamiyatga oʻtadi.

Ulush (ulushning bir qismi) jamiyatga oʻtgan paytdan eʼtiboran bir yil ichida, agar jamiyatning ustavida kamroq muddat nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyat ulushning (ulush bir qismining) haqiqiy qiymatini toʻlashi yoki xuddi shunday qiymatdagi mol-mulkni asli holida berishi shart.

Ulushning (ulush bir qismining) haqiqiy qiymati jamiyat sof aktivlarining qiymati bilan uning ustav fondi (ustav kapitali) miqdori oʻrtasidagi farq hisobidan toʻlanadi. Agar bunday farq yetarli boʻlmasa, jamiyat oʻz ustav fondini (ustav kapitalini) yetishmayotgan summaga kamaytirishi shart.

24-modda. Jamiyatga qarashli ulushlar

Jamiyatga qarashli ulushlar jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida ovoz berish natijalarini aniqlash, shuningdek jamiyat tugatilgan taqdirda uning foydasi va mol-mulki taqsimlanayotganda hisobga olinmaydi.

Jamiyatga qarashli ulush u jamiyatga oʻtgan kundan eʼtiboran bir yil ichida jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qaroriga binoan jamiyatning barcha ishtirokchilari oʻrtasida ularning jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlariga mutanosib ravishda taqsimlanishi yoxud jamiyatning barcha yoki ayrim ishtirokchilariga va (yoki), agar bu jamiyatning ustavida taqiqlanmagan boʻlsa, uchinchi shaxslarga sotilishi hamda toʻliq toʻlanishi kerak. Ulushning taqsimlanmagan yoki sotilmagan qismining haqi jamiyatning ustav fondi (ustav kapitali) tegishlicha kamaytirilgan holda toʻlanishi kerak. Ulushni jamiyat ishtirokchilarining ulushlari miqdorlari oʻzgaradigan tarzda jamiyat ishtirokchilariga sotish, ulushni uchinchi shaxslarga sotish, shuningdek ulushni sotish bilan bogʻliq oʻzgartirishlar jamiyatning taʼsis hujjatlariga jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyat barcha ishtirokchilari tomonidan bir ovozdan qabul qilingan qaroriga asosan kiritiladi.

Ushbu moddada nazarda tutilgan, jamiyatning ustaviga kiritilgan oʻzgartirishlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun hujjatlar, ulush sotilgan taqdirda esa, jamiyat tomonidan sotilgan ulushning haqi toʻlanganligini tasdiqlovchi hujjatlar ham yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organga jamiyat ishtirokchilari ulushlarining haqini toʻlash yakunlarini tasdiqlash va jamiyatning taʼsis hujjatiga tegishli oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir oy ichida taqdim etilishi kerak.

25-modda. Undiruvni jamiyat ishtirokchisining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushiga qaratish

Kreditorlarning talabiga binoan jamiyat ishtirokchisining qarzlari boʻyicha undiruvni jamiyat ishtirokchisining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushiga (ulushining bir qismiga) qaratishga qarzlarni toʻlash uchun jamiyat ishtirokchisining boshqa mol-mulki yetarli boʻlmaganda, faqat sudning qaroriga asosan yoʻl qoʻyiladi.

Jamiyat ishtirokchisining qarzlari boʻyicha undiruv jamiyat ishtirokchisining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushiga qaratilgan taqdirda, jamiyat kreditorlarga jamiyat ishtirokchisi ulushining (ulushi bir qismining) haqiqiy qiymatini toʻlashga haqli.

Undiruv jamiyat ishtirokchisining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushiga qaratilganda ushbu ulush jamiyat tomonidan sotib olinmagan taqdirda, mol-mulkiga undiruv qaratilgan jamiyat ishtirokchisi ulushining (ulushi bir qismining) haqiqiy qiymati jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyat barcha ishtirokchilari tomonidan bir ovozdan qabul qilingan qaroriga binoan kreditorlarga jamiyatning qolgan ishtirokchilari tomonidan, agar jamiyatning ustavida yoki jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi qarorida haq toʻlash miqdorini aniqlashning boshqacha tartibi nazarda tutilmagan boʻlsa, ularning jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlariga mutanosib ravishda toʻlanishi mumkin.

Jamiyat ishtirokchisining jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushining (ulushi bir qismining) haqiqiy qiymati undiruvni jamiyat ishtirokchisining qarzlari boʻyicha uning ulushiga (ulushining bir qismiga) qaratish toʻgʻrisida jamiyatga talab qoʻyilgan sanadan oldingi oxirgi hisobot davri uchun jamiyatning moliyaviy hisobotlari maʼlumotlariga asosan aniqlanadi.

Agar jamiyat kreditorlari tomonidan talab taqdim etilgan paytdan eʼtiboran uch oy ichida jamiyat yoki uning ishtirokchilari undiruv qaratilgan jamiyat ishtirokchisi butun ulushining (butun ulushi bir qismining) haqiqiy qiymatini toʻlamasa, undiruvni jamiyat ishtirokchisining ulushiga (ulushining bir qismiga) qaratish uni ochiq kim oshdi savdosida sotish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

26-modda. Jamiyatning foydasini jamiyat ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlash

Jamiyat oʻz sof foydasini jamiyat ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlash toʻgʻrisida yilning har choragida, yarim yilda bir marta yoki bir yilda bir marta qaror qabul qilishga haqli. Jamiyatning jamiyat ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlanadigan foydasi qismini aniqlash toʻgʻrisidagi qaror jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan qabul qilinadi.

Jamiyat foydasining uning ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlash uchun moʻljallangan qismi (dividendlar) ularning jamiyat ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlariga mutanosib ravishda taqsimlanadi.

Dividendlarni toʻlash muddati va tartibi jamiyatning ustavida yoki ishtirokchilarning umumiy yigʻilishi qarorida belgilanadi. Bunda dividendlarni toʻlash muddati jamiyat ishtirokchilari oʻrtasida foydani taqsimlash toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran oltmish kundan oshmasligi kerak.

27-modda. Jamiyatning foydasini jamiyat ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlashdagi cheklovlar. Jamiyatning foydasini jamiyat ishtirokchilariga toʻlashdagi cheklovlar

Jamiyat quyidagi hollarda oʻz foydasini jamiyat ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlash toʻgʻrisida qaror qabul qilishga haqli emas:

jamiyatning butun ustav fondi (ustav kapitali) toʻliq toʻlanguniga qadar;

ushbu Qonunda nazarda tutilgan hollarda jamiyat ishtirokchisi ulushining (ulushi bir qismining) haqiqiy qiymati toʻlanguniga qadar;

agar bunday qarorni qabul qilish paytida jamiyatda qonunga muvofiq toʻlovga qobiliyatsizlik alomatlari mavjud boʻlsa yoki, agar mazkur alomatlar jamiyatda shunday qaror qabul qilinishi natijasida paydo boʻlsa;

agar shunday qarorni qabul qilish paytida jamiyat sof aktivlarining qiymati uning ustav fondidan (ustav kapitalidan) va zaxira fondidan kam boʻlsa yoki shunday qaror qabul qilinishi natijasida ularning miqdoridan kamroq boʻlib qolsa;

qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa hollarda.

Jamiyat oʻz ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlanishi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan foydani jamiyat ishtirokchilariga toʻlashga quyidagi hollarda haqli emas:

agar toʻlash paytida jamiyatda qonunga muvofiq toʻlovga qobiliyatsizlik alomatlari mavjud boʻlsa yoki, agar mazkur alomatlar jamiyatda toʻlov natijasida paydo boʻlsa;

agar toʻlash paytida jamiyatning sof aktivlari qiymati uning ustav fondidan (ustav kapitalidan) va zaxira fondidan kam boʻlsa yoki toʻlash natijasida ularning miqdoridan kamroq boʻlib qolsa;

qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa hollarda.

Ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan holatlar tugaganidan keyin jamiyat oʻz ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlanishi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan foydani toʻlashi shart.

28-modda. Jamiyatning zaxira fondi

Jamiyat oʻz ustavida nazarda tutilgan miqdorda zaxira fondini tashkil etishi mumkin. Jamiyatning zaxira fondi jamiyat ustavida belgilangan miqdorga yetguniga qadar har yili sof foydadan ajratmalar qilish yoʻli bilan shakllantiriladi. Har yilgi ajratmalar miqdori jamiyatning ustavida nazarda tutiladi, lekin u jamiyatning ustavida belgilangan miqdorga yetguniga qadar sof foydaning besh foizidan kam boʻlishi mumkin emas.

Jamiyatning zaxira fondi ushbu Qonunda nazarda tutilgan hollarda uning zararlari oʻrnini qoplash va jamiyat tomonidan jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushni (ulushning bir qismini) olish uchun moʻljallangandir.

29-modda. Jamiyat tomonidan obligatsiyalarni chiqarish va joylashtirish

Jamiyat obligatsiyalarni qonunchilikda belgilangan tartibda chiqarishga va joylashtirishga haqli.

Jamiyat tomonidan obligatsiyalarni chiqarish ishtirokchilarning umumiy yigʻilishi qaroriga yoki, agar jamiyat ustavida jamiyatning kuzatuv kengashiga bunday qaror qabul qilish vakolati berilgan boʻlsa, jamiyat kuzatuv kengashining qaroriga koʻra amalga oshiriladi.

Jamiyat tomonidan obligatsiyalar chiqarishga uning ustav fondi (ustav kapitali) toʻliq toʻlanganidan keyin ruxsat etiladi.

Obligatsiyalarni chiqargan jamiyat tomonidan joylashtirish yoʻli bilan oshkor etilishi majburiy boʻlgan muhim fakt va boshqa axborot qimmatli qogʻozlar bozori toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida belgilanadi.

Jamiyat tomonidan korporativ obligatsiyalarini chiqarish haqidagi qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran ikki ish kuni ichida Korporativ axborotning yagona portaliga va oʻz rasmiy veb-saytiga muhim fakt sifatida joylashtirish yoʻli bilan oshkor qilinadi.

4-bob. Jamiyatda boshqaruv

30-modda. Jamiyatning boshqaruv organlari

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi jamiyat boshqaruvining oliy organidir.

Jamiyat ustavida jamiyatning kuzatuv kengashini tuzish nazarda tutilishi mumkin.

Jamiyatning joriy faoliyatiga jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi tomonidan yoki jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi tomonidan rahbarlik qilinadi. Jamiyatning ijro etuvchi organi jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishiga va, agar tuzilishi jamiyatning ustavida nazarda tutilgan boʻlsa, jamiyatning kuzatuv kengashiga hisobdordir.

31-modda. Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining vakolatlari

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining vakolatlari ushbu Qonunga muvofiq jamiyatning ustavi bilan belgilanadi.

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining mutlaq vakolatlari jumlasiga quyidagilar kiradi:

jamiyat faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini belgilash, shuningdek tijorat tashkilotlarining boshqa birlashmalarida ishtirok etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) miqdorini oʻzgartirish;

taʼsis hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;

jamiyatning ijro etuvchi organlarini tuzish va ularning vakolatlarini muddatidan ilgari tugatish;

jamiyatning taftish komissiyasini (taftishchisini) saylash va uning vakolatlarini muddatidan ilgari tugatish;

agar jamiyat ustavida kuzatuv kengashini tuzish nazarda tutilgan boʻlsa, uni saylash va uning vakolatlarini muddatidan ilgari tugatish;

moliyaviy hisobotlarni tasdiqlash;

jamiyatning sof foydasini jamiyat ishtirokchilari oʻrtasida taqsimlash toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

jamiyat organlarining faoliyatini tartibga soluvchi hujjatlarni tasdiqlash (qabul qilish);

auditorlik tekshiruvini oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilish, auditorlik tashkilotlariga hamda ularning xizmatlariga toʻlanadigan haqning eng koʻp miqdorini aniqlash;

boshqa yuridik shaxslarni, vakolatxonalar va filiallarni tashkil etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

jamiyatni qayta tashkil etish yoki tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

tugatuvchini tayinlash va tugatish balanslarini tasdiqlash;

ushbu Qonunda va jamiyat ustavida nazarda tutilgan boshqa masalalarni hal qilish.

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining mutlaq vakolatlari jumlasiga kiritilgan masalalar umumiy yigʻilish tomonidan jamiyatning kuzatuv kengashiga yoki jamiyatning ijro etuvchi organiga hal etish uchun topshirilishi mumkin emas, bundan ushbu Qonunda nazarda tutilgan hollar mustasno.

32-modda. Jamiyat ishtirokchilarining navbatdagi umumiy yigʻilishi

Jamiyat ishtirokchilarining navbatdagi umumiy yigʻilishi jamiyat ustavida belgilangan muddatlarda, lekin yiliga kamida bir marta oʻtkaziladi. Jamiyat ishtirokchilarining navbatdagi umumiy yigʻilishi jamiyatning ijro etuvchi organi tomonidan chaqiriladi.

Jamiyatning ustavida jamiyat faoliyatining yillik natijalari tasdiqlanadigan jamiyat ishtirokchilarining navbatdagi umumiy yigʻilishini oʻtkazish muddati belgilanishi kerak. Jamiyat ishtirokchilarining mazkur umumiy yigʻilishi moliya yili tugaganidan keyin kechi bilan olti oy ichida oʻtkazilishi kerak.

33-modda. Jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi

Jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi jamiyat ustavida belgilangan hollarda, shuningdek, agar bunday umumiy yigʻilish oʻtkazilishini jamiyat va uning ishtirokchilari manfaatlari taqozo etsa, boshqa hollarda ham oʻtkaziladi.

Jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi jamiyatning ijro etuvchi organi tomonidan:

jamiyat ishtirokchilaridan birining;

jamiyat kuzatuv kengashining;

jamiyat taftish komissiyasining (taftishchisining) talabiga binoan chaqiriladi.

Jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi zarur hollarda jamiyatning ijro etuvchi organi tomonidan uning tashabbusiga binoan chaqirilishi mumkin.

Jamiyatning ijro etuvchi organi jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisidagi talab olingan sanadan eʼtiboran uch kun ichida mazkur talabni koʻrib chiqishi va jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazish haqida yoki uni oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi shart.

Jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror jamiyatning ijro etuvchi organi tomonidan faqat quyidagi hollarda qabul qilinishi mumkin:

agar jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisidagi talabni taqdim etishning ushbu Qonunda belgilangan tartibiga rioya etilmagan boʻlsa;

agar jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi kun tartibiga kiritish uchun taklif qilingan masalalardan birortasi ham uning vakolatlari jumlasiga kirmasa.

Agar jamiyatning ustavida kuzatuv kengashini tuzish nazarda tutilgan boʻlsa, jamiyatning ijro etuvchi organi jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisidagi talab olingan sanadan eʼtiboran besh kun ichida bu talabni kuzatuv kengashi koʻrib chiqishi uchun kiritishi shart. Kuzatuv kengashi uch kun ichida mazkur talabni koʻrib chiqishi va jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisida yoki ushbu moddaning beshinchi qismida koʻrsatilgan asoslar boʻyicha uni oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi shart.

Jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi kun tartibiga kiritish uchun taklif qilingan masalalarning biri yoki bir nechtasi jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining vakolatlari jumlasiga kirmasa yoki qonunchilik talablariga mos boʻlmasa, mazkur masalalar kun tartibiga kiritilmaydi.

Jamiyatning ijro etuvchi organi jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi kun tartibiga kiritish uchun taklif etilgan masalalar taʼrifiga oʻzgartirishlar kiritishga, shuningdek jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazishning taklif qilingan shaklini oʻzgartirishga haqli emas.

Jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi kun tartibiga kiritish uchun taklif qilingan masalalar bilan bir qatorda jamiyatning ijro etuvchi organi oʻz tashabbusi bilan kun tartibi rasmiy ravishda oʻqib eshittiriladigan kundan kechiktirmay, unga qoʻshimcha masalalar kiritishga haqli.

Jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, bunday umumiy yigʻilish uni oʻtkazish toʻgʻrisidagi talabnoma olingan kundan eʼtiboran qirq besh kundan kechiktirmay oʻtkazilishi shart.

Agar ushbu Qonunda belgilangan muddat ichida jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilinmagan yoki uni oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan boʻlsa, jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi uni oʻtkazishni talab qilayotgan organlar yoki shaxslar tomonidan chaqirilishi mumkin. Bunday holda jamiyatning ijro etuvchi organi mazkur organlarga yoki shaxslarga jamiyat ishtirokchilarining manzillari koʻrsatilgan roʻyxatni taqdim etishi shart. Umumiy yigʻilishga tayyorgarlik koʻrish, uni chaqirish va oʻtkazish xarajatlarining oʻrni jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qaroriga binoan jamiyatning mablagʻlari hisobidan qoplanishi mumkin.

34-modda. Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini chaqirish tartibi

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini chaqiruvchi organ yoki shaxslar uni oʻtkazishdan kamida oʻttiz kun oldin bu haqda jamiyatning har bir ishtirokchisini jamiyat ishtirokchilarining roʻyxatida koʻrsatilgan manzil boʻyicha topshirilganligi maʼlum qilinadigan tilxat asosida yoki xabarnoma olinganligini tasdiqlaydigan aloqa vositalaridan foydalangan holda yoxud jamiyatning ustavida nazarda tutilgan boshqa usulda xabardor qilishi shart.

Xabarnomada jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi oʻtkaziladigan vaqt va joy, shuningdek taklif qilinayotgan kun tartibi koʻrsatilishi kerak.

Jamiyatning ishtirokchisi jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining kun tartibiga qoʻshimcha masalalarni kiritish toʻgʻrisida uni oʻtkazishdan kamida oʻn besh kun oldin takliflar kiritishga haqli. Qoʻshimcha masalalar, jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining vakolatlari jumlasiga kirmaydigan masalalarni istisno etganda, jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining kun tartibiga kiritiladi.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini chaqiruvchi organ yoki shaxslar jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining kun tartibiga kiritish uchun taklif qilingan qoʻshimcha masalalar taʼrifiga oʻzgartirish kiritishga haqli emas.

Agar jamiyat ishtirokchilarining taklifiga binoan jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining dastlabki kun tartibiga oʻzgartirishlar kiritiladigan boʻlsa, jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini chaqiruvchi organ yoki shaxslar kun tartibiga kiritilgan oʻzgartirishlar haqida jamiyatning barcha ishtirokchilarini umumiy yigʻilish oʻtkaziladigan kundan kamida oʻn kun oldin, ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan usulda xabardor qilishi shart.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishiga tayyorgarlik koʻrish chogʻida jamiyat ishtirokchilariga taqdim etilishi lozim boʻlgan axborot va materiallar jumlasiga quyidagilar kiradi:

jamiyatning yillik hisoboti;

jamiyatning moliya-xoʻjalik faoliyatini tekshirish yakunlariga koʻra jamiyat taftish komissiyasining (taftishchisining) xulosasi;

moliyaviy hisobotlarning toʻgʻriligi va buxgalteriya hisobini yuritish tartibi belgilangan talablarga muvofiqligi toʻgʻrisidagi auditorlik xulosasi;

jamiyatning ijro etuvchi organlariga, jamiyatning kuzatuv kengashiga va jamiyatning taftish komissiyasiga (taftishchiligiga) nomzod (nomzodlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

jamiyat taʼsis hujjatlarining yangi tahrirdagi loyihalari, shuningdek ularga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar loyihalari;

jamiyatning ustavida nazarda tutilgan boshqa axborot va materiallar.

Agar jamiyat ustavida jamiyat ishtirokchilarini axborot va materiallar bilan tanishtirishning boshqacha tartibi nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini chaqiruvchi organ yoki shaxslar ularga axborot va materiallarni jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisidagi xabarnoma bilan birgalikda yuborishi shart, kun tartibi oʻzgartirilgan taqdirda, tegishli axborot va materiallar ana shunday oʻzgartish toʻgʻrisidagi xabarnoma bilan birgalikda yuboriladi. Koʻrsatilgan axborot va materiallar jamiyat ijro etuvchi organining binosida tanishish uchun jamiyatning barcha ishtirokchilariga jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi oʻtkazilguniga qadar oʻttiz kun ichida taqdim etilishi kerak. Jamiyatning ustavida ushbu moddada koʻrsatib oʻtilganidan qisqaroq muddatlar nazarda tutilishi mumkin.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini chaqirishning ushbu moddada belgilangan tartibi buzilgan taqdirda, agar bunday umumiy yigʻilishda jamiyatning barcha ishtirokchilari ishtirok etayotgan boʻlsa, mazkur umumiy yigʻilish vakolatli deb eʼtirof etiladi.

35-modda. Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini oʻtkazish tartibi

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi ushbu Qonunda, jamiyatning ustavida va uning hujjatlarida belgilangan tartibda oʻtkaziladi. Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini oʻtkazish tartibi ushbu Qonun, jamiyatning ustavi va hujjatlari bilan tartibga solinmagan qismida jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarori bilan belgilanadi.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi ochilishidan oldin jamiyat ishtirokchilari roʻyxatdan oʻtkaziladi.

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishda shaxsan yoki oʻz vakillari orqali ishtirok etishga haqli. Jamiyat ishtirokchilarining vakillari oʻz vakolatlarini tasdiqlovchi hujjatni (ishonchnomani) koʻrsatishi kerak. Jismoniy shaxs nomidan berilgan ovoz berishga doir ishonchnoma notarial tartibda tasdiqlangan boʻlishi kerak. Yuridik shaxs nomidan ovoz berishga doir ishonchnoma uning rahbarining imzosi bilan beriladi va ushbu yuridik shaxsning muhri bilan (muhr mavjud boʻlgan taqdirda) tasdiqlanadi.

Jamiyatning ishtirokchilari yoki ularning vakillari kun tartibidagi masalalarni muhokama qilishda ishtirok etish va qarorlarni qabul qilishda ovoz berish huquqiga ega. Jamiyatning jamiyat ishtirokchilarining koʻrsatib oʻtilgan huquqlarini cheklovchi taʼsis hujjatlarining qoidalari yoki jamiyat organlarining shunday qarorlari haqiqiy emas.

Jamiyatning har bir ishtirokchisi jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) oʻz ulushiga mutanosib ovozlar soniga ega boʻladi, bundan ushbu Qonunda nazarda tutilgan hollar mustasno.

Jamiyatni taʼsis etish paytida jamiyatning ustaviga binoan yoki jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyatning barcha ishtirokchilari tomonidan bir ovozdan qabul qilingan qaroriga binoan jamiyatning ustaviga oʻzgartirishlar kiritish yoʻli bilan jamiyat ishtirokchilari ovozlarining sonini aniqlashning boshqacha tartibi belgilanishi mumkin. Jamiyat ustavining bunday tartibni belgilaydigan qoidalarini oʻzgartirish va chiqarib tashlash jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyatning barcha ishtirokchilari tomonidan bir ovozdan qabul qilingan qarori asosida amalga oshiriladi.

Jamiyatning roʻyxatdan oʻtmagan ishtirokchisi (jamiyat ishtirokchisining vakili) ovoz berishda ishtirok etishga haqli emas.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan vaqtda yoki, agar jamiyatning barcha ishtirokchilari roʻyxatdan oʻtib boʻlgan boʻlsa, oldinroq ochiladi.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi faqat ushbu Qonun 34-moddasining birinchi , ikkinchi , uchinchi va beshinchi qismlariga muvofiq jamiyat ishtirokchilariga xabar qilingan kun tartibidagi masalalar boʻyicha qarorlar qabul qilishga haqli, bundan mazkur umumiy yigʻilishda jamiyatning barcha ishtirokchilari ishtirok etayotgan hollar mustasno.

Ushbu Qonun 31-moddasi ikkinchi qismining ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan masalalarga, shuningdek jamiyatning ustavida belgilangan boshqa masalalarga doir qarorlar, agar shunday qarorni qabul qilish uchun ushbu Qonunda yoki jamiyatning ustavida koʻproq ovozlar soni zarurligi nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyat ishtirokchilari umumiy ovozlar sonining kamida uchdan ikki qismidan iborat koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.

Ushbu Qonun 31-moddasi ikkinchi qismining oʻn ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan masalaga doir qarorlar jamiyatning barcha ishtirokchilari tomonidan bir ovozdan qabul qilinadi. Qolgan qarorlar, agar bunday qarorlarni qabul qilish uchun ushbu Qonunda yoki jamiyatning ustavida koʻproq ovozlar soni zarurligi nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyat ishtirokchilari umumiy ovozlar sonining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarorlari, agar jamiyatning ustavida qarorlarni qabul qilishning boshqacha tartibi nazarda tutilmagan boʻlsa, ochiq ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi.

Jamiyatning ijro etuvchi organi jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining bayonnomasi yuritilishini tashkil etadi.

36-modda. Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining bayonnomasi

Ishtirokchilar umumiy yigʻilishining bayonnomasida quyidagilar koʻrsatiladi:

ishtirokchilar umumiy yigʻilishi oʻtkazilgan vaqt va joy;

yigʻilishda ishtirok etayotgan ishtirokchilar ega boʻlgan ovozlarning umumiy soni;

yigʻilishning raisi (rayosati) va kotibi, yigʻilishning kun tartibi.

Ishtirokchilar umumiy yigʻilishining bayonnomasida maʼruzalarning asosiy qoidalari, ovozga qoʻyilgan masalalar va ular boʻyicha ovoz berish yakunlari, yigʻilishda qabul qilingan qarorlar aks ettirilgan boʻlishi shart.

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining bayonnomasi yigʻilish oʻtkazilganidan keyin uch kundan kechiktirmay umumiy yigʻilish raisi va kotibi tomonidan imzolanadi.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi bayonnomasi rasmiylashtirilganidan keyin besh ish kuni ichida yigʻilish kotibi uning koʻchirma nusxasini barcha ishtirokchilarga pochta aloqasi yoki elektron pochta orqali yuborishi shart.

37-modda. Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining sirtdan ovoz berish yoʻli bilan (soʻrov yoʻli bilan) qabul qilinadigan qarori

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarori yigʻilishni oʻtkazmay (kun tartibidagi masalalarni muhokama qilish va ovozga qoʻyilgan masalalar yuzasidan qarorlar qabul qilish uchun jamiyat ishtirokchilari birgalikda hozir boʻlmay) sirtdan ovoz berish yoʻli bilan (soʻrov yoʻli bilan) qabul qilinishi mumkin. Bunday ovoz berish pochta, telegraf, teletayp, telefon, elektron aloqa yoki uzatib beriladigan va qabul qilinadigan xabarlarning toʻgʻri boʻlishini va ularning hujjatlar bilan tasdiqlanishini taʼminlovchi boshqa aloqa vositasida hujjatlarni ayirboshlash yoʻli bilan oʻtkazilishi mumkin.

Ushbu Qonun 31-moddasining ikkinchi qismida koʻrsatilgan masalalar yuzasidan jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarori, agar jamiyat ustavida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, sirtdan ovoz berish yoʻli bilan (soʻrov yoʻli bilan) qabul qilinishi mumkin emas.

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarorini sirtdan ovoz berish yoʻli bilan (soʻrov yoʻli bilan) qabul qilish chogʻida ushbu Qonun 35-moddasi uchinchi , yettinchi , sakkizinchi va toʻqqizinchi qismlarining , shuningdek ushbu Qonun 34-moddasi birinchi , uchinchi , beshinchi va yettinchi qismlarining qoidalari ularda nazarda tutilgan muddatlarga oid qismida qoʻllanilmaydi.

Agar jamiyat ustavida jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining sirtdan ovoz berish yoʻli bilan (soʻrov yoʻli bilan) qabul qilish tartibi nazarda tutilgan boʻlsa, unda sirtdan ovoz berish yoʻli bilan (soʻrov yoʻli bilan) ovoz berish taklif qilinayotgan kun tartibini jamiyatning barcha ishtirokchilariga xabar qilish majburiyligi, jamiyatning barcha ishtirokchilari ovoz berish boshlanguniga qadar barcha zarur axborot va materiallar bilan tanishib chiqishi imkoniyati, kun tartibiga qoʻshimcha masalalarni kiritish toʻgʻrisida takliflar kiritish imkoniyati, ovoz berish boshlanguniga qadar jamiyatning barcha ishtirokchilariga oʻzgartirilgan kun tartibini, shuningdek ovoz berish tartib-taomilining tugash muddatini xabar qilish majburiyligi nazarda tutilgan boʻlishi shart.

38-modda. Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining vakolatlari jumlasiga kiradigan masalalar yuzasidan jamiyatning yagona ishtirokchisi tomonidan qarorlar qabul qilish

Bir ishtirokchidan tarkib topgan jamiyatda jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi vakolatlari jumlasiga kiradigan masalalarga doir qarorlar jamiyatning yagona ishtirokchisi tomonidan yakka tartibda qabul qilinadi va yozma ravishda rasmiylashtiriladi.

39-modda. Jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzolarini saylash tartibi

Jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzolarini saylash tartibi jamiyatning taʼsis hujjatlarida belgilanadi.

Eng koʻp ovoz toʻplagan nomzodlar, agar taʼsis hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyat kuzatuv kengashining tarkibiga uch yil muddatga saylangan deb hisoblanadi.

Jamiyatning kuzatuv kengashi tarkibiga saylangan shaxslar cheklanmagan tarzda qayta saylanishi mumkin.

Jamiyatning kuzatuv kengashi tarkibiga saylanadigan shaxslarga nisbatan qoʻyiladigan talablar jamiyat ustavida yoki ishtirokchilarning umumiy yigʻilishi tomonidan tasdiqlangan qarorda belgilanishi mumkin.

Jamiyat kuzatuv kengashining son tarkibi jamiyat ustavi bilan belgilanadi, bunda kuzatuv kengashi tarkibiga kiritiladigan mustaqil aʼzolar soni alohida koʻrsatilishi kerak.

40-modda. Jamiyat kuzatuv kengashining vakolatlari

Jamiyat kuzatuv kengashining vakolatlari ushbu Qonunga muvofiq jamiyatning ustavi bilan belgilanadi.

Jamiyatning ustavida jamiyatning ijro etuvchi organlarini tuzish, ularning vakolatlarini muddatidan ilgari tugatish, ichki audit xizmatini tashkil etish va uning xodimlarini tayinlash, ushbu Qonunning 50-moddasida nazarda tutilgan hollarda yirik bitimlar tuzish toʻgʻrisidagi masalalarni hal qilish, jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishiga tayyorgarlik koʻrish, uni chaqirish va oʻtkazish bilan bogʻliq masalalarni hal qilish, shuningdek ushbu Qonunda nazarda tutilgan boshqa masalalarni hal etish jamiyat kuzatuv kengashining vakolatlari jumlasiga kiritilishi nazarda tutilishi mumkin. Agar jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishiga tayyorgarlik koʻrish, uni chaqirish va oʻtkazish bilan bogʻliq masalalarni hal qilish jamiyatning ustavi bilan jamiyat kuzatuv kengashining vakolatlari jumlasiga kiritilgan boʻlsa, jamiyatning ijro etuvchi organi jamiyat ishtirokchilarining navbatdan tashqari umumiy yigʻilishi oʻtkazilishini talab qilish huquqiga ega boʻladi.

Jamiyatning kuzatuv kengashini tuzish va uning faoliyati tartibi, shuningdek jamiyat kuzatuv kengashi aʼzolarining vakolatlarini va jamiyat kuzatuv kengashi raisining vakolatini tugatish tartibi jamiyatning ustavi bilan belgilanadi.

Jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi hamda kollegial ijro etuvchi organining, uning shuʼba va qaram xoʻjalik jamiyatlari boshqaruv organlarining aʼzolari hamda ayni shu shuʼba, qaram xoʻjalik jamiyatlarida mehnat shartnomasi (kontrakt) boʻyicha ishlayotgan shaxslar jamiyat kuzatuv kengashining aʼzosi boʻlishi mumkin emas.

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qaroriga binoan jamiyat kuzatuv kengashining aʼzolariga haq toʻlanishi va (yoki) ularning oʻz majburiyatlarini bajarishi bilan bogʻliq xarajatlarining oʻrni qoplanishi mumkin. Haqlar va tovonlarning miqdorlari jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarori bilan belgilanadi.

Jamiyat kuzatuv kengashining aʼzolari, jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi vazifasini amalga oshiruvchi shaxs va jamiyatning kollegial ijro etuvchi organining jamiyat ishtirokchilari boʻlmagan aʼzolari jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida maslahat ovozi huquqi bilan ishtirok etishi mumkin.

Jamiyat kuzatuv kengashi aʼzosining ovoz berish huquqini oʻzga shaxslarga, shu jumladan kuzatuv kengashining boshqa aʼzolariga oʻtkazishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Jamiyat kuzatuv kengashining majlisini oʻtkazish uchun kvorum jamiyat ustavida belgilanadi, biroq u jamiyatning kuzatuv kengashiga saylangan aʼzolarning yetmish besh foizidan kam boʻlmasligi kerak.

Agar jamiyat ustavida boshqacha qoidalar nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyat kuzatuv kengashining qarorlari sirtdan ovoz berish yoʻli bilan (soʻrov yoʻli bilan) jamiyat kuzatuv kengashi aʼzolarining uchdan ikki qismining (malakali koʻpchilikning) ovozi bilan qabul qilinishi mumkin. Bunday ovoz berish pochta, telegraf, teletayp, telefon, elektron aloqa yoki uzatib beriladigan hamda qabul qilinadigan xabarlarning toʻgʻri boʻlishini va ularning hujjatlar bilan tasdiqlanishini taʼminlovchi boshqa aloqa vositasida hujjatlarni ayirboshlash yoʻli bilan oʻtkazilishi mumkin.

Sirtdan (soʻrov yoʻli bilan) ovoz berish imkoniyatini yaratish majburiyatlari ushbu Qonun 37-moddasining toʻrtinchi qismida nazarda tutilgan qoidalarga asosan amalga oshiriladi.

41-modda. Jamiyat kuzatuv kengashining mustaqil aʼzosi

Ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi ellik foizdan ortiq boʻlgan jamiyatning kuzatuv kengashi tarkibiga kamida bir nafar mustaqil aʼzo kiritilishi kerak. Bunda mustaqil aʼzolikka nomzodlar, agar jamiyat ustavida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyatning kuzatuv kengashi tomonidan, qoida tariqasida, jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi koʻrib chiqishi uchun tanlov asosida koʻrsatiladi.

Quyidagilar kuzatuv kengashining mustaqil aʼzosi boʻlishi mumkin emas:

soʻnggi uch yil ichida jamiyatda va (yoki) uning affillangan shaxslarida ishlagan shaxs;

jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) besh yoki undan ortiq foiziga egalik qiluvchi (toʻgʻridan-toʻgʻri va (yoki) affillangan shaxslar orqali) shaxs;

jamiyatning va (yoki) uning affillangan shaxsining yirik mijozi va (yoki) yirik yetkazib beruvchisi bilan fuqarolik-huquqiy munosabatlarda boʻlgan shaxs. Bunda qaysi shaxslar bilan bazaviy hisoblash miqdorining ikki ming baravaridan koʻp boʻlgan summaga teng amaldagi shartnoma mavjud boʻlsa, oʻsha shaxslar yirik mijoz va yirik yetkazib beruvchi deb eʼtirof etiladi;

soʻnggi uch yil ichida jamiyatga va (yoki) jamiyatning affillangan shaxslariga auditorlik xizmatlarini koʻrsatgan auditorlik tashkilotining xodimi;

ketma-ket olti yil davomida jamiyatning kuzatuv kengashi tarkibiga kirgan shaxs;

jamiyat va (yoki) uning affillangan shaxslari bilan biror-bir kelishuvga ega boʻlgan shaxs, bundan kuzatuv kengashi aʼzosining vazifalari va funksiyalari bajarilishini taʼminlash bilan bogʻliq boʻlgan kelishuvlar mustasno;

jamiyatning boshqaruv va ichki nazorat organlarining va (yoki) uning affillangan shaxslarining aʼzosi boʻlgan shaxsning yoki soʻnggi uch yil ichida ularga aʼzo boʻlgan shaxsning yaqin qarindoshi yoki quda tomondan qarindoshi (ota-onasi, aka-ukalari, opa-singillari, oʻgʻillari, qizlari, eri (xotini), shuningdek erining (xotinining) ota-onasi, aka-ukalari, opa-singillari va farzandlari) boʻlgan shaxs;

davlat boshqaruvi organining yoki davlat korxonasining xodimi;

jamiyatning ustavida yoki jamiyat umumiy yigʻilishining qarorlari bilan tasdiqlangan hujjatlarda belgilangan talablarga muvofiq boʻlmagan shaxs.

Jamiyat kuzatuv kengashining mustaqil aʼzosi kuzatuv kengashining boshqa aʼzolari bilan bir qatorda ushbu Qonunda belgilangan teng huquqlar va majburiyatlarga ega boʻladi.

42-modda. Jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi

Jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi (direktor) jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan jamiyatning ustavida belgilangan muddatga saylanadi. Jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi uning ishtirokchilari boʻlmaganlar orasidan ham saylanishi mumkin.

Toʻla muomala layoqatiga ega boʻlgan jismoniy shaxs jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi etib saylanishi mumkin.

Jamiyat va uning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi vazifasini amalga oshiruvchi shaxs oʻrtasidagi shartnoma jamiyat nomidan jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi vazifasini amalga oshiruvchi shaxs saylangan umumiy yigʻilishdagi raislik qiluvchi shaxs tomonidan yoki jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarori bilan vakolat berilgan jamiyat ishtirokchisi tomonidan imzolanadi.

Jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi:

jamiyat nomidan ishonchnomasiz ish yuritadi, shu jumladan uning manfaatlarini ifodalaydi va bitimlar tuzadi;

jamiyat nomidan vakillik qilish huquqi uchun ishonchnomalar beradi;

jamiyat xodimlari bilan mehnat shartnomalari tuzadi va ularni bekor qiladi, xodimlarga nisbatan ragʻbatlantirish choralarini va intizomiy jazolarni qoʻllaydi;

ushbu Qonun va jamiyatning ustavi bilan jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi va jamiyatning kuzatuv kengashi vakolatlari jumlasiga kiritilmagan boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

Jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining faoliyati va u tomonidan qarorlar qabul qilish tartibi jamiyatning hujjatlari bilan, shuningdek jamiyat va uning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi vazifasini amalga oshiruvchi shaxs oʻrtasida tuzilgan shartnoma bilan belgilanadi.

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi qaroriga koʻra jamiyat ijro etuvchi organining vakolatlari shartnoma asosida tijorat tashkilotiga (ishonchli boshqaruvchiga) berilishi mumkin. Tuziladigan shartnomaning shartlari jamiyat kuzatuv kengashi tomonidan, kuzatuv kengashi mavjud boʻlmaganda esa, agar jamiyat ustavida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, ishtirokchilarning umumiy yigʻilishi tomonidan tasdiqlanadi.

43-modda. Jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi

Agar jamiyatning ustavida jamiyatning kollegial ijro etuvchi organini (boshqaruvi, direksiyasi va boshqalarni) tuzish nazarda tutilgan boʻlsa, bunday organ jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan jamiyat ustavida belgilangan miqdorda va muddatga saylanadi.

Jamiyatning kollegial ijro etuvchi organining aʼzosi etib faqat jismoniy shaxs saylanadi, u jamiyatning ishtirokchisi boʻlmasligi mumkin.

Jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi jamiyatning ustavi bilan oʻz vakolatlari jumlasiga kiritilgan vakolatlarni amalga oshiradi.

Jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi raisi jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan saylanadi.

Jamiyatning kollegial ijro etuvchi organining faoliyati va u tomonidan qarorlar qabul qilish tartibi jamiyat hujjatlari bilan belgilanadi.

Jamiyatning kollegial ijro etuvchi organining aʼzosi ovoz berish huquqini oʻzga shaxslarga, shu jumladan jamiyatning kollegial ijro etuvchi organining boshqa aʼzolariga berishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

44-modda. Jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzolarining, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi va kollegial ijro etuvchi organlarining majburiyatlari (fidutsiar majburiyatlari)

Jamiyat kuzatuv kengashi aʼzolarining, jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining, jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi aʼzolarining majburiyatlari (fidutsiar majburiyatlari) jumlasiga quyidagilar kiradi:

oʻz vazifalari va majburiyatlarini amalga oshirishda vijdonan harakat qilib, jamiyat va ishtirokchilar manfaatlarini eng koʻp aks ettiruvchi usullardan foydalanish;

jamiyat mol-mulkidan jamiyatning ustaviga va ichki hujjatlariga zid ravishda va (yoki) ishtirokchilar umumiy yigʻilishining va (yoki) kuzatuv kengashining qarorlarisiz shaxsiy maqsadlarda foydalanmaslik yoki boshqa shaxslar tomonidan bunday tarzda foydalanilishiga yoʻl qoʻymaslik;

oʻziga taqdim etilgan (maʼlum boʻlgan), jamiyatga tegishli yoki jamiyatning qiziqish obyekti boʻlishi mumkin boʻlgan biznes imkoniyatlaridan jamiyatning tegishli boshqaruv organlari roziligisiz, oʻzining yoki boshqa shaxslarning shaxsiy foydasini koʻzlab, oʻz vazifalarini bajarishda yoki mavqeyidan kelib chiqqan holda foydalanmaslik;

jamiyatning tegishli boshqaruv organlari roziligisiz jamiyatning asosiy faoliyati yoʻnalishlariga xos boʻlgan sohada tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanmaslik;

qonunchilikka va shartnomaga muvofiq jamiyat faoliyati toʻgʻrisidagi sir tutiladigan axborotni oshkor qilmaslik;

oʻz vazifalarini bajarish bilan bogʻliq qarorlar qabul qilish evaziga bundan manfaatdor boʻlgan shaxslardan moddiy qimmatliklar olmaslik yoki mulkiy manfaatdor boʻlmaslik.

Qonunchilikda, jamiyatning ustavida va ichki hujjatlarida jamiyat kuzatuv kengashi aʼzolarining, jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining (direktorning), jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi aʼzolarining boshqa fidutsiar majburiyatlari ham belgilab qoʻyilishi mumkin.

45-modda. Jamiyat boshqaruv organlarining qarorlari ustidan shikoyat berish

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlari, jamiyatning ustavi talablari buzilgan holda qabul qilingan hamda jamiyat ishtirokchilarining huquqlarini va qonuniy manfaatlarini buzadigan qarori ovoz berishda ishtirok etmagan yoki bahsli qarorga qarshi ovoz bergan jamiyat ishtirokchisining arizasiga koʻra sud tomonidan haqiqiy emas deb topilishi mumkin.

Bunday ariza jamiyat ishtirokchisi qabul qilingan qaror toʻgʻrisida bilgan yoki bilishi lozim boʻlgan kundan eʼtiboran ikki oy ichida berilishi mumkin. Agar jamiyat ishtirokchisi shikoyatga sabab boʻlgan qarorni qabul qilgan jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida ishtirok etgan boʻlsa, mazkur ariza shunday qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran ikki oy ichida berilishi mumkin.

Sud ishning barcha holatlarini hisobga olgan holda, agar ariza bergan jamiyat ishtirokchisining ovozi ovoz berish natijalariga taʼsir koʻrsata olishi mumkin boʻlmasa va (yoki) yoʻl qoʻyilgan qoidabuzarlik jiddiy boʻlmasa va (yoki) qaror jamiyatning ushbu ishtirokchisiga zarar yetkazmagan boʻlsa, shikoyatga sabab boʻlgan qarorni oʻz kuchida qoldirishga haqli.

Jamiyatning kuzatuv kengashining, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining, kollegial ijro etuvchi organining ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlari, jamiyat ustavi talablari buzilgan holda qabul qilingan hamda jamiyat ishtirokchisining huquqlarini va qonuniy manfaatlarini buzadigan qarori jamiyat mazkur ishtirokchisining arizasiga binoan sud tomonidan haqiqiy emas deb topilishi mumkin.

46-modda. Jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzolarining, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining, kollegial ijro etuvchi organi aʼzolarining javobgarligi

Jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzolari, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi, kollegial ijro etuvchi organi aʼzolari oʻz huquqlarini amalga oshirishda va majburiyatlarini bajarishda jamiyat manfaatlarini koʻzlab, halol va oqilona harakat qilishi kerak.

Jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzolari, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi, kollegial ijro etuvchi organi aʼzolari jamiyatga oʻz aybli harakatlari (harakatsizligi) yoki fidutsiar (muayyan majburiyat olgan shaxsning unga ishonch bildirgan shaxs manfaatlari yoʻlida harakat qilishi) majburiyatlarini bajarmaganligi tufayli yetkazilgan zarar uchun, agar qonun hujjatlarida boshqa asoslar va javobgarlik miqdorlari koʻrsatilmagan boʻlsa, jamiyat oldida javobgar boʻladi. Bunda jamiyatga zarar yetkazilishiga olib kelgan qarorga qarshi ovoz bergan yoki ovoz berishda ishtirok etmagan jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzolari, kollegial ijro etuvchi organi aʼzolari javobgar boʻlmaydi.

Jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzolarining, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining, kollegial ijro etuvchi organi aʼzolarining javobgarligi asoslari va miqdorini aniqlashda ish muomalasi odatlari hamda ish uchun ahamiyatli boshqa holatlar eʼtiborga olinishi kerak.

Agar ushbu moddaning qoidalariga muvofiq bir necha shaxs javobgar boʻlsa, ularning jamiyat oldidagi javobgarligi solidar boʻladi.

Jamiyat yoki uning ishtirokchisi jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzosi, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi va kollegial ijro etuvchi organi aʼzosi tomonidan jamiyatga yetkazilgan zararning oʻrni qoplanishi toʻgʻrisidagi daʼvo bilan sudga murojaat etishga haqli.

Agar jamiyatning ijro etuvchi organi tomonidan yirik bitim yoki affillangan shaxslar bilan bitim tuzish tartibi buzilganligi natijasida jamiyatga zarar yetkazilgan boʻlsa va bunda jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining (direktorning) yoki kollegial ijro etuvchi organining aybi qonunchilikda belgilangan tartibda isbotlansa, jamiyatning kreditorlar oldidagi qarzdorligini qoplash uchun uning mol-mulki yetarli boʻlmagan taqdirda, jamiyatning majburiyatlari boʻyicha subsidiar javobgar boʻladi.

47-modda. Jamiyat boshqaruvida minoritar ishtirokchilar

Jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi kun tartibidagi masala boʻyicha ovoz berish natijalariga oʻz ovozi taʼsir qilmaydigan ishtirokchi minoritar ishtirokchi hisoblanadi.

Minoritar ishtirokchilarning huquqlarini va qonuniy manfaatlarini himoya qilish maqsadida jamiyatda ularning orasidan minoritar ishtirokchilar qoʻmitasi tashkil etilishi mumkin.

Minoritar ishtirokchilar qoʻmitasi jamiyatning moliya-xoʻjalik faoliyatiga, kuzatuv kengashi va ijro etuvchi organi esa minoritar ishtirokchilar qoʻmitasining faoliyatiga aralashishga haqli emas.

Minoritar ishtirokchilar qoʻmitasini tashkil etish tartibi va uning vakolatlari jamiyat ustavida belgilanadi.

48-modda. Jamiyat boshqaruvida majoritar ishtirokchi

Jamiyatning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ellik foizdan ortiq ulushga egalik qiluvchi yoxud ulushi miqdori jamiyatning boshqa har bir ishtirokchisi ulushiga nisbatan koʻp boʻlgan hamda ovozi qaror natijasiga hal qiluvchi taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan ishtirokchi majoritar ishtirokchi hisoblanadi.

Jamiyatning majoritar ishtirokchisi jamiyat va boshqa ishtirokchilar manfaatlariga zarar yetkazilishi oʻziga ayon boʻlgan taqdirda, oʻziga tegishli ulushlar boʻyicha ustunlik mavqeyidan shaxsiy manfaatini koʻzlab foydalanmasligi va qarorlar qabul qilmasligi hamda jamiyat boshqaruv organlari yigʻilishi kun tartibiga jamiyatning va boshqa ishtirokchilarning manfaatlariga mos kelmaydigan yoki ushbu masala yuzasidan qaror qabul qilinishi natijasida jamiyat manfaatlariga zarar yetkazilishi oldindan maʼlum boʻlgan masalalarni hal etish uchun kiritmasligi kerak.

Jamiyatning majoritar ishtirokchisi ushbu moddada nazarda tutilgan majburiyatlarni bajarmaslik natijasida jamiyatga va boshqa ishtirokchilarga yetkazilgan zarar uchun javobgar boʻladi.

5-bob. Jamiyatning bitim tuzishdan manfaatdorligi. Yirik bitimlar

49-modda. Jamiyatning bitim tuzishdan manfaatdorligi

Jamiyatning kuzatuv kengashi aʼzosi, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi vazifasini amalga oshiruvchi shaxs, kollegial ijro etuvchi organi aʼzosi yoki oʻz affillangan shaxslari bilan birgalikda jamiyat ishtirokchilari umumiy ovozlari sonining yigirma va undan ortiq foiziga ega boʻlgan jamiyat ishtirokchisi tuzilishidan manfaatdor boʻlgan bitimlar jamiyat tomonidan jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining roziligisiz tuzilishi mumkin emas.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan shaxslar, ularning eri (xotini), ota-onasi, bolalari, aka-ukalari, opa-singillari va (yoki) ularning affillangan shaxslari quyidagi hollarda jamiyat tomonidan bitim tuzilishidan manfaatdor shaxslar deb eʼtirof etiladi:

ular bitim taraflari deb hisoblansa yoki jamiyat bilan munosabatlarda uchinchi shaxslarning manfaatlarini ifodalasa;

bitim tarafi hisoblanuvchi yoki jamiyat bilan munosabatlarda uchinchi shaxslarning manfaatlarini himoya qiluvchi yuridik shaxs aksiyalarining (paylarining, ulushlarining) yigirma va undan ortiq foiziga ega boʻlsa (har biri alohida-alohida yoki jamlangan holda);

bitim tarafi hisoblanuvchi yoki jamiyat bilan munosabatlarda uchinchi shaxslarning manfaatlarini himoya qiluvchi yuridik shaxsning boshqaruv organlarida lavozimni egallab turgan boʻlsa.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan shaxslar jamiyat ustavida belgilangan boshqa hollarda ham jamiyatning bitim tuzishidan manfaatdor shaxslar deb eʼtirof etiladi.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan shaxslar jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi eʼtiboriga quyidagi axborotni yetkazishi kerak:

oʻzining, oʻz eri (xotini), ota-onasi, bolalari, aka-ukalari, opa-singillari va (yoki) affillangan shaxslarining aksiyalarining (paylarining, ulushlarining) yigirma va undan ortiq foiziga ega boʻlgan yuridik shaxslar toʻgʻrisidagi;

oʻzining, oʻz eri (xotini), ota-onasi, bolalari, aka-ukalari, opa-singillari va (yoki) ularning affillangan shaxslari boshqaruv organlarida lavozimni egallab turgan yuridik shaxslar toʻgʻrisidagi;

ular tuzilishidan manfaatdor deb eʼtirof etilishi mumkin boʻlgan tuziladigan yoki taxmin qilinadigan bitimlar toʻgʻrisidagi.

Tuzilishidan manfaatdorlik boʻlgan bitimlarni jamiyat tuzishi toʻgʻrisidagi qaror jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan jamiyatning uning tuzilishidan manfaatdor boʻlmagan ishtirokchilari umumiy ovozlarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.

Agar bitim jamiyat bilan boshqa taraf oʻrtasida, bitim tuzilishidan manfaatdor shaxs ushbu moddaning birinchi va ikkinchi qismlariga muvofiq shunday shaxs deb eʼtirof etiladigan paytga qadar boʻlgan odatdagi xoʻjalik faoliyati jarayonida tuzilgan boʻlsa, manfaatdorlik boʻlgan bitimni tuzish ushbu moddaning beshinchi qismida nazarda tutilgan jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarorini talab qilmaydi (jamiyat ishtirokchilarining keyingi umumiy yigʻilishi oʻtkaziladigan sanaga qadar qaror talab qilinmaydi).

Tuzilishidan manfaatdorlik boʻlgan va ushbu moddada nazarda tutilgan talablar buzilgan holda tuzilgan bitimlar jamiyatning yoki uning ishtirokchisining daʼvosi asosida sud tomonidan haqiqiy emas deb topilishi mumkin.

Manfaatdor shaxs jamiyat oldida oʻzi jamiyatga yetkazgan zarar miqdorida javobgar boʻladi. Agar bir necha shaxs javobgar boʻlsa, ularning jamiyat oldidagi javobgarligi solidar boʻladi.

Jamiyatda jamiyatning kuzatuv kengashi tashkil etilgan taqdirda, tuzilishidan manfaatdorlik boʻlgan bitimlarni tuzish toʻgʻrisidagi qarorni qabul qilish jamiyatning ustavi bilan uning vakolatlari jumlasiga kiritilishi mumkin, bundan bitimning yoki bitim predmeti boʻlgan mol-mulkning qiymati boʻyicha haq toʻlash summasi jamiyatning oxirgi hisobot davridagi moliyaviy hisobotlari maʼlumotlari asosida aniqlangan mol-mulki qiymatining besh foizidan ortiq boʻlgan hollar mustasno.

50-modda. Yirik bitimlar

Agar jamiyat ustavida yirik bitimlarning ancha katta miqdori nazarda tutilmagan boʻlsa, bunday bitimlarni tuzish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinadigan kundan oldingi oxirgi hisobot davri uchun moliyaviy hisobotlarning maʼlumotlari asosida aniqlangan jamiyat sof aktivlari miqdorining yigirma besh foizidan ortiq qiymatga ega boʻlgan mol-mulkni jamiyat olishi, oʻz tasarrufidan chiqarishi yoki jamiyat bevosita yoxud bilvosita mol-mulkni tasarrufidan chiqarishi ehtimoli bilan bogʻliq boʻlgan bitim yoki oʻzaro bogʻliq bir necha bitim yirik bitim deb hisoblanadi. Jamiyatning odatdagi xoʻjalik faoliyati jarayonida tuziladigan bitimlar yirik bitimlar deb eʼtirof etilmaydi.

Ushbu moddaning maqsadlari uchun yirik bitim natijasida jamiyatning tasarrufidan chiqariladigan mol-mulkning qiymati uning buxgalteriya hisobi maʼlumotlari asosida, jamiyat oladigan mol-mulkning qiymati esa taklif qilingan baho asosida aniqlanadi.

Yirik bitimni tuzish toʻgʻrisidagi qaror jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan qabul qilinadi.

Jamiyatda jamiyatning kuzatuv kengashi tuzilgan taqdirda, qiymati jamiyat mol-mulki qiymatining yigirma beshdan ellik foizigachasini tashkil etadigan mol-mulkni olish, tasarrufdan chiqarish yoki jamiyat bevosita yoxud bilvosita tasarrufidan chiqarishi ehtimoli bilan bogʻliq boʻlgan yirik bitimlarni tuzish toʻgʻrisidagi qarorlarni qabul qilish jamiyatning ustaviga binoan jamiyat kuzatuv kengashining vakolatlari jumlasiga kiritilishi mumkin. Bunda jamiyat kuzatuv kengashining aybi bilan yirik bitim tuzilishi natijasida yetkazilgan zarar uchun jamiyatning kuzatuv kengashi umumiy yigʻilish oldida javobgar boʻladi.

Ushbu moddada nazarda tutilgan talablar buzilgan holda tuzilgan yirik bitim jamiyatning yoki uning ishtirokchisining daʼvosiga binoan sud tomonidan haqiqiy emas deb topilishi mumkin.

6-bob. Jamiyatning faoliyati ustidan nazorat qilish

51-modda. Jamiyatning taftish komissiyasi (taftishchisi)

Jamiyat ustavida jamiyatning taftish komissiyasini tuzish (taftishchisini saylash) nazarda tutilishi mumkin. Jamiyatning ishtirokchisi boʻlmagan shaxs ham jamiyat taftish komissiyasining aʼzosi (taftishchisi) boʻlishi mumkin.

Agar jamiyat ustavida nazarda tutilgan boʻlsa, jamiyatning taftish komissiyasi (taftishchisi) vazifasini jamiyat, jamiyat kuzatuv kengashining aʼzolari, ishonchli boshqaruvchi, jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi vazifasini bajaruvchi shaxs, kollegial ijro etuvchi organi aʼzolari va jamiyat ishtirokchilari bilan mulkiy manfaatlar bogʻlab turmaydigan auditorlik tashkiloti amalga oshirishi mumkin.

Jamiyat kuzatuv kengashining aʼzolari, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi vazifasini amalga oshiruvchi shaxs va jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi aʼzolari jamiyat taftish komissiyasining aʼzolari (taftishchisi) boʻlishi mumkin emas.

Jamiyatning taftish komissiyasi (taftishchisi) jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishi tomonidan jamiyatning ustavida belgilangan muddatga saylanadi.

Jamiyat taftish komissiyasi aʼzolarining soni jamiyatning ustavida belgilanadi.

Jamiyatning moliya-xoʻjalik faoliyati taftish komissiyasining (taftishchisining) tashabbusiga, ishtirokchilar umumiy yigʻilishining, kuzatuv kengashining qaroriga yoki jamiyat ishtirokchilari umumiy ovozlari sonining kamida oʻndan bir qismiga ega boʻlgan jamiyat ishtirokchilarining talabiga binoan bir yillik yoki boshqa davr uchun faoliyat yakunlariga koʻra tekshiriladi.

Jamiyat taftish komissiyasining (taftishchisining) talabiga binoan jamiyat kuzatuv kengashining aʼzolari, jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi vazifasini amalga oshiruvchi shaxs, jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi aʼzolari, shuningdek jamiyatning xodimlari ogʻzaki yoki yozma shaklda zarur tushuntirishlar berishi shart.

Jamiyatning taftish komissiyasi (taftishchisi) jamiyatning yillik hisobotlarini va buxgalteriya balanslarini ular jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida tasdiqlanguniga qadar majburiy tartibda tekshirishdan oʻtkazadi.

Jamiyat taftish komissiyasining (taftishchisining) ish tartibi jamiyatning hujjatlari bilan belgilanadi.

52-modda. Ichki audit xizmati

Aktivlarining balans qiymati bazaviy hisoblash miqdorining yuz ming baravaridan koʻp boʻlgan, davlat ulushi ellik foiz va undan ortiq boʻlgan jamiyatda ichki audit xizmati tashkil etiladi. Kredit tashkiloti boʻlgan jamiyatda ichki audit xizmati nobank kredit tashkilotlari va mikromoliyalashtirish faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq tashkil etiladi. Jamiyatning kuzatuv kengashi ichki audit xizmatini tashkil etadi va uning xodimlarini tayinlaydi. Ichki audit xizmati jamiyatning kuzatuv kengashiga hisobdordir.

Ichki audit xizmati jamiyatning ijro etuvchi organi, vakolatxonalari va filiallari tomonidan qonunchilikka, taʼsis hujjatlariga va boshqa hujjatlarga rioya etilishini, buxgalteriya hisobi va moliyaviy hisobotlarda maʼlumotlarning toʻliq hamda toʻgʻri aks ettirilishi taʼminlanishini, xoʻjalik operatsiyalarini amalga oshirishning belgilangan qoidalari va tartib-taomillariga rioya etilishini, aktivlarning saqlanishini, shuningdek jamiyatni boshqarish yuzasidan qonunchilikda belgilangan talablarga rioya etilishini tekshirish va bu borada monitoring olib borish orqali jamiyatning ijro etuvchi organi, vakolatxonalari va filiallari hamda shuʼba va qaram xoʻjalik jamiyatlari ishini nazorat qiladi hamda baholaydi.

Ichki audit xizmati oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadigan tartibga muvofiq amalga oshiradi.

53-modda. Jamiyatning auditorlik tekshiruvi

Moliyaviy hisobotning hamda u bilan bogʻliq moliyaviy axborotning ishonchliligini va buxgalteriya hisobi toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga muvofiqligini tekshirish uchun jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qaroriga binoan qonunchilikda belgilangan tartibda auditorlik tashkiloti jalb etiladi.

Jamiyat ustavida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi (direktor) yoki kollegial ijro etuvchi organining raisi yoki aʼzolaridan biri saylab qoʻyiladigan lavozimda boʻlish muddati tugashidan yoxud ulardan biri oʻz arizasiga asosan lavozimidan ozod etishni soʻrab murojaat etganidan keyin jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi qaroriga asosan jamiyat faoliyati tashqi auditdan oʻtkazilishi mumkin.

Auditorlik tekshiruvi jamiyat ishtirokchisining talabi bilan oʻtkazilgan taqdirda, auditorlik tashkilotining xizmatlari uchun auditorlik tekshiruvi oʻtkazishni talab qilgan jamiyat ishtirokchisining mablagʻlari hisobidan haq toʻlanadi.

Jamiyat ishtirokchisining auditorlik tashkiloti xizmatlariga haq toʻlash bilan bogʻliq xarajatlarining oʻrni jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qarori bilan jamiyat mablagʻlari hisobidan qoplanishi mumkin.

Jamiyatning moliyaviy hisobotlari qonunchilik hujjatlarida yoki jamiyatning taʼsis hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda oshkor etilishi mumkin.

54-modda. Jamiyat hujjatlarini saqlash

Jamiyat, agar qonunchilikda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, quyidagi hujjatlarni ustavda belgilangan muddat mobaynida saqlashi shart:

jamiyatning taʼsis hujjatlarini, shuningdek jamiyatning taʼsis hujjatlariga kiritilgan hamda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan oʻzgartirishlar va qoʻshimchalarni;

jamiyat muassislari yigʻilishining jamiyatni tashkil etish va jamiyatning ustav fondiga (ustav kapitaliga) qoʻshiladigan pulsiz hissalarning pul bahosini tasdiqlash toʻgʻrisidagi qarorini, shuningdek jamiyatni tashkil etish bilan bogʻliq boshqa qarorlarni oʻz ichiga olgan bayonnomasini;

jamiyatning davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjatni;

jamiyatning oʻz balansida turgan mol-mulkka boʻlgan huquqini tasdiqlovchi hujjatlarni;

jamiyatning filiallari va vakolatxonalari toʻgʻrisidagi nizomlarni;

jamiyatning shuʼba va qaram xoʻjalik jamiyatlari toʻgʻrisidagi nizomlarni;

jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishlarining, jamiyatning kuzatuv kengashi, kollegial ijro etuvchi organi va taftish komissiyasi majlislarining bayonnomalarini;

jamiyat taftish komissiyasining (taftishchisining) va auditorlik tashkilotining xulosalarini;

qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa hujjatlarni.

Jamiyat ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan hujjatlarni oʻzining ijro etuvchi organi joylashgan yerda yoki jamiyat ishtirokchilariga maʼlum boʻlgan va ular uchun qulay boʻlgan boshqa joyda saqlaydi.

Jamiyat ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan hujjatlarni qonunchilikda yoki jamiyat ustavida belgilangan tartibda va muddatda jamiyat ishtirokchilarining va boshqa shaxslarning talabiga koʻra taqdim etadi.

Jamiyat faoliyati toʻgʻrisidagi sir tutilgan axborotni oʻz ichiga olgan hujjatlar jamiyat bilan jamiyat ishtirokchisi yoki uchinchi shaxslar oʻrtasida ularni oshkor etmaslik toʻgʻrisidagi shartnoma asosida taqdim etilishi mumkin.

7-bob. Jamiyatning affillangan shaxslari hamda affillangan shaxslar bilan bitimlar tuzish

55-modda. Jamiyatning affillangan shaxslari

Jamiyat bitim tuzishidan manfaatdor boʻlgan shaxslar mazkur jamiyatga nisbatan affillangan shaxslar deb eʼtirof etiladi.

Quyidagilar jamiyatning affillangan shaxslari deb eʼtirof etiladi:

1) ushbu jamiyatning yigirma va undan ortiq foiz ulushiga egalik qiluvchi yuridik shaxs;

2) ushbu jamiyatning yigirma va undan ortiq foiz ulushiga egalik qiluvchi yuridik shaxsning ishtirokchilari, agar uning ulushi yigirma foizdan ortiqni tashkil etsa;

3) ushbu jamiyatning yigirma va undan ortiq foiz ulushiga yaqin qarindoshlari bilan birgalikda egalik qiluvchi jismoniy shaxs;

4) ushbu jamiyat kuzatuv kengashi aʼzosining, yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining (direktorning) yoxud jamiyat kollegial ijro etuvchi organi aʼzosining vakolatlarini amalga oshirayotgan shaxs;

5) ushbu jamiyat qaysi yuridik shaxs ustav fondining (ustav kapitalining) yigirma va undan ortiq foiziga egalik qilsa, oʻsha yuridik shaxs;

6) ushbu jamiyatning shuʼba xoʻjalik jamiyati boʻlgan yoki ushbu jamiyat qaysi jamiyatning shuʼba xoʻjalik jamiyati boʻlsa, oʻsha jamiyatning shuʼba xoʻjalik jamiyati boʻlgan yuridik shaxs;

7) ushbu jamiyat ustav fondining (ustav kapitalining) yigirma va undan ortiq foiz ulushiga egalik qiluvchi ayni bir shaxs qaysi yuridik shaxs ustav fondining (ustav kapitalining) yigirma va undan ortiq foiz ulushiga egalik qilsa, oʻsha yuridik shaxs;

8) ushbu jamiyat kuzatuv kengashining kamida uchdan bir qismini tashkil etuvchi ayni bir shaxslar va ularning yaqin qarindoshlari qaysi yuridik shaxs kuzatuv kengashining kamida uchdan bir qismini tashkil etsa, oʻsha yuridik shaxs;

9) ushbu jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi (direktor) yoxud jamiyatning kollegial ijro etuvchi organi aʼzosi boʻlgan ayni bir shaxs yoki uning yaqin qarindoshlari qaysi yuridik shaxs ijro etuvchi organining rahbari vazifasini amalga oshirayotgan boʻlsa, oʻsha yuridik shaxs;

10) yaqin qarindoshlari bilan birgalikda ushbu jamiyat kuzatuv kengashining kamida uchdan bir qismini tashkil etuvchi shaxs qaysi yuridik shaxs rahbarining yoki ijro etuvchi organi aʼzosining vazifasini amalga oshirayotgan boʻlsa, oʻsha yuridik shaxs;

11) ushbu jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining (direktorning) yoki kollegial ijro etuvchi organi aʼzosining vakolatlarini amalga oshirayotgan shaxs yaqin qarindoshlari bilan birgalikda qaysi yuridik shaxs jamiyat kuzatuv kengashining kamida uchdan bir qismini tashkil etsa, oʻsha yuridik shaxs;

12) ushbu jamiyat bilan bitta xoʻjalik birlashmasiga kiruvchi yuridik shaxs.

Quyidagilar jamiyatning affillangan shaxsi boʻlgan jamiyat ishtirokchisi – jismoniy shaxsning affillangan shaxslari deb eʼtirof etiladi:

1) ushbu jismoniy shaxs va (yoki) uning yaqin qarindoshlari qaysi yuridik shaxs ustav fondining (ustav kapitalining) yigirma foiziga va undan ortiq foiziga egalik qilsa, oʻsha yuridik shaxs;

2) ushbu jamiyat ishtirokchisi yoki uning yaqin qarindoshlari qaysi yuridik shaxs kuzatuv kengashining aʼzosi boʻlsa, oʻsha yuridik shaxs;

3) ushbu jamiyat ishtirokchisi yoki uning yaqin qarindoshlari qaysi yuridik shaxsda ijro etuvchi organning aʼzosi vakolatlarini amalga oshirayotgan boʻlsa, oʻsha yuridik shaxs.

Ushbu modda ikkinchi qismining 1 , 5 , 7-bandlari va uchinchi qismining 1-bandi ishonchli boshqaruvchi yoki ishtirokchining vakili sifatida ish yuritayotgan shaxslarga nisbatan ham tatbiq etiladi.

56-modda. Jamiyatning affillangan shaxslari bilan bitimlar tuzish toʻgʻrisidagi axborotni oshkor etish

Affillangan shaxs jamiyat bilan bitim tuzishda affillangan ekanligi toʻgʻrisida tuzilishi kutilayotgan bitim haqidagi maʼlumotlarni, shu jumladan bitimda ishtirok etayotgan shaxslar, bitim predmeti toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, tegishli bitimning muhim shartlarini batafsil koʻrsatgan holda yozma bildirishni jamiyatning rasmiy veb-saytiga joylashtirish, pochta aloqasi yoki elektron pochta orqali yuborish yoʻli bilan jamiyatni xabardor etishi shart.

Affillangan shaxslar bilan tuzilgan bitimlar toʻgʻrisidagi axborot, shu jumladan affillangan shaxslarning yozma bildirishlari va bitimlar boʻyicha qabul qilingan qarorlarning toʻliq taʼriflari, qaror qabul qilgan shaxslar haqidagi maʼlumotlar hamda affillangan shaxslar bilan bitimlar tuzish chogʻidagi manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar jamiyat yillik hisobotining ajralmas qismi hisoblanadi.

57-modda. Jamiyatning affillangan shaxsi bilan tuzilishi kutilayotgan bitimni oʻrganish

Jamiyatning affillangan shaxsi bilan tuziladigan bitim toʻgʻrisidagi, tuzilishi kutilayotgan bitim tarafining yozma bildirishida koʻrsatiladigan axborot jamiyatning ijro etuvchi organi va ichki audit xizmati (agar u mavjud boʻlsa) tomonidan oʻrganiladi. Jamiyatning ijro etuvchi organi tomonidan oʻrganish yozma bildirish olinganidan keyin uch ish kuni ichida amalga oshiriladi. Mazkur bitimni oʻrganishga ushbu bitimdan manfaatdor boʻlmagan jamiyat xodimlari jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organining (direktorning) yoki kollegial ijro etuvchi organining qaroriga koʻra qoʻshimcha ravishda jalb qilinishi mumkin.

Affillangan shaxs bilan tuzilishi kutilayotgan bitimni jamiyat ijro etuvchi organi va ichki audit xizmati tomonidan oʻrganish natijalari bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi hamda bitimni oʻrganishda ishtirok etgan barcha shaxslar tomonidan imzolanadi. Bayonnomada bitimning yuridik, moliyaviy, texnik va boshqa muhim jihatlari hamda uning jamiyat faoliyatiga koʻrsatishi mumkin boʻlgan taʼsiri nazarda tutilgan boʻlishi kerak. Bayonnomada keltirilgan fikrlarga rozi boʻlmagan shaxslar alohida fikrini ilova qilishi mumkin.

58-modda. Jamiyatning affillangan shaxsi bilan tuziladigan bitimni maʼqullash

Jamiyatning ijro etuvchi organi affillangan shaxs bilan tuzilishi kutilayotgan bitim toʻgʻrisida uni oʻrganish natijalari bayonnomasini ilova qilgan holda jamiyat kuzatuv kengashini yozma shaklda xabardor qiladi.

Jamiyatning kuzatuv kengashi affillangan shaxs bilan tuziladigan bitim toʻgʻrisidagi axborotni oʻrganadi va affillangan shaxsning yozma bildirishi jamiyatga kelib tushgan sanadan eʼtiboran oʻn besh kundan kechiktirmay bitim boʻyicha qaror qabul qiladi.

Agar jamiyat kuzatuv kengashining ikki va undan ortiq aʼzosi affillangan shaxs boʻlsa, bitim boʻyicha qaror ushbu Qonunda belgilangan tartibda va muddatlarda jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan qabul qilinadi.

Jamiyatning affillangan shaxsi jamiyatning kuzatuv kengashi yoki jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi mazkur bitim yuzasidan qaror qabul qilayotganda muhokamada ishtirok etishga haqli emas va ovoz berish huquqiga ega boʻlmaydi.

Affillangan shaxs bilan tuzilayotgan bitimni maʼqullash haqidagi qaror majlisda ishtirok etayotgan jamiyat kuzatuv kengashi aʼzolari tomonidan bir ovozdan yoxud jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishida ishtirok etayotgan ishtirokchilar umumiy ovozlari sonining kamida uchdan ikki qismidan iborat koʻpchilik (malakali koʻpchilik) ovozi bilan qabul qilinadi. Bunda affillangan shaxs bilan tuzilayotgan, qiymati jamiyat sof aktivlari qiymatining oʻn yoki undan koʻp foizini tashkil etadigan bitim tuzish toʻgʻrisidagi qaror mol-mulkning baholovchi tashkilot tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq belgilangan bozor qiymati hisobga olingan, mustaqil tashqi auditorlik tashkiloti tomonidan bitim shartlari oʻrganilgan holda, majburiy tartibda qabul qilinadi.

Jamiyatning ijro etuvchi organi affillangan shaxs bilan tuzilayotgan bitim boʻyicha qabul qilingan qaror haqida oʻzi bilan ushbu bitim tuzilishi kutilayotgan tarafni yozma shaklda xabardor qiladi.

Agar affillangan shaxs bilan tuzilayotgan bitim ayni bir vaqtda yirik bitim boʻlsa, bitimni tuzish tartibiga nisbatan ushbu Qonunning 5-bobida belgilangan yirik bitim tuzishga doir qoidalar qoʻllaniladi.

59-modda. Affillangan shaxs bilan tuzilgan bitim boʻyicha nizolashish

Jamiyatning ishtirokchilari affillangan shaxs bilan tuzilgan bitimni maʼqullash haqida qabul qilingan qarordan norozi boʻlgan yoxud jamiyat ishtirokchisi qarorni qabul qilishda ishtirok etmagan taqdirda, ushbu bitim boʻyicha nizolashishi mumkin.

Jamiyat ishtirokchisining talabiga koʻra unga jamiyatning yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organi (direktor) yoki kollegial ijro etuvchi organi tomonidan imzolangan, affillangan shaxs bilan tuzilayotgan bitim haqidagi tegishli axborot bilan birga quyidagilarning koʻchirma nusxalari uch ish kuni ichida taqdim etilishi shart:

affillangan shaxs bilan tuzilishi kutilayotgan bitim tarafi yozma bildirishining;

bitimni oʻrganish natijasi bayonnomasining;

bitimni maʼqullash toʻgʻrisida qabul qilingan qarorning;

tegishli shartnomaning, agar u tuzilgan boʻlsa.

Jamiyat ishtirokchisining talabiga koʻra, unga affillangan shaxs bilan tuzilayotgan bitimga taalluqli boʻlgan boshqa axborot ham taqdim etiladi.

Affillangan shaxs bilan tuzilgan qaysi bitim natijasida jamiyatga zarar yetkazilgan boʻlsa yoxud ushbu bitim tuzilganligi oqibatida kelgusida zarar yetkazilishi mumkin boʻlsa, jamiyat ishtirokchisi oʻsha bitimni haqiqiy emas deb topish yuzasidan sudga murojaat qilishga haqli.

Jamiyatning besh foizdan kam boʻlmagan miqdordagi ulushiga egalik qiluvchi ishtirokchisi affillangan shaxs bilan tuzilgan qaysi bitim natijasida jamiyatga zarar yetkazilgan boʻlsa yoxud ushbu bitim tuzilganligi oqibatida kelgusida zarar yetkazilishi mumkin boʻlsa, oʻsha bitimni tuzishga doir talablar buzilishining mavjud belgilarini oʻrganish uchun mustaqil ravishda auditorlik tashkilotini jalb etishga haqli. Bitim tuzishga doir talablar buzilganligi fakti sud tomonidan aniqlangan taqdirda, jamiyat sudning qarori qonuniy kuchga kirgan paytdan eʼtiboran bir oylik muddatda jamiyat ishtirokchisining auditorlik tashkilotini jalb etishga doir xarajatlarining oʻrnini mazkur xizmatlarning bozor qiymatidan koʻp boʻlmagan miqdorda qoplashi shart.

Affillangan shaxs bilan tuzilgan bitim quyidagi hollarda sud tartibida haqiqiy emas deb topilishi mumkin:

ushbu Qonunda bitim tuzish boʻyicha belgilangan talablarga rioya etilmaganda;

bitimning jamiyatga zarar yetkazishiga doir asoslar mavjud boʻlganda;

bitimni tuzishda manfaatlar toʻqnashuvi mavjud boʻlganda;

qonunda nazarda tutilgan boshqa asoslar mavjud boʻlganda.

Affillangan shaxs bilan tuzilgan bitim quyidagi holatlardan biri mavjud boʻlganda haqiqiy emas deb topilishi mumkin emas:

affillangan shaxs bilan tuzilgan bitimni haqiqiy emas deb topish toʻgʻrisidagi daʼvo bilan sudga murojaat qilgan ishtirokchining ovoz berishi ushbu bitimni maʼqullash toʻgʻrisida qaror qabul qilingan umumiy yigʻilishda uning ishtirok etishidan yoki ishtirok etmasligidan qatʼi nazar, ovoz berish natijalariga taʼsir koʻrsatmasa;

mazkur bitimning tuzilishi jamiyatga yoki daʼvo bilan sudga murojaat qilgan jamiyat ishtirokchisiga zarar yetkazilishiga sabab boʻlganligi yoki zarar yetkazilishiga sabab boʻlishi mumkinligi isbotlanmagan boʻlsa;

mazkur bitim boʻyicha zararlar bitim taraflarining harakatlariga bogʻliq boʻlmagan holatlarning (fors-major holatlarning) natijasi boʻlganligi isbotlangan boʻlsa;

mazkur bitimning ushbu bobda nazarda tutilgan tartibda keyinchalik maʼqullanganligiga oid dalillar ishni sudda koʻrib chiqish paytida taqdim etilgan boʻlsa.

8-bob. Jamiyatni qayta tashkil etish va tugatish

60-modda. Jamiyatni qayta tashkil etish

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining qaroriga binoan jamiyat ushbu Qonunda nazarda tutilgan tartibda qayta tashkil etilishi mumkin.

Jamiyatni qayta tashkil etish qoʻshib yuborish, qoʻshib olish, boʻlish, ajratib chiqarish va oʻzgartirish shaklida amalga oshirilishi mumkin.

Jamiyat qayta tashkil etish natijasida tuzilgan yuridik shaxslar davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran qayta tashkil etilgan deb hisoblanadi, bundan qoʻshib olish shaklidagi qayta tashkil etish hollari mustasno.

Jamiyat unga boshqa jamiyatni qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etilganda ulardan birinchisi yuridik shaxslarning yagona davlat reyestriga qoʻshib olingan jamiyat faoliyati tugatilganligi haqidagi yozuv kiritilgan paytdan eʼtiboran qayta tashkil etilgan deb hisoblanadi.

Qayta tashkil etish natijasida tuzilgan jamiyatlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish va qayta tashkil etilgan jamiyatlarning faoliyatini tugatish toʻgʻrisidagi yozuvlarni kiritish, shuningdek ustavga kiritilgan oʻzgartirishlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Jamiyat jamiyatni qayta tashkil etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran, jamiyat qoʻshib yuborish yoki qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etilganda esa, qoʻshilishda yoki qoʻshib olishda ishtirok etayotgan jamiyatlardan oxirgisi tomonidan bu haqda qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran oʻttiz kundan kechiktirmay jamiyatning oʻziga maʼlum barcha kreditorlarini bu haqda yozma ravishda xabardor qilishi va qabul qilingan qaror haqida ommaviy axborot vositalarida xabar eʼlon qilishi shart. Bunda jamiyat kreditorlari jamiyatning tegishli majburiyatlari muddatidan ilgari tugatilishini yoki bajarilishini va koʻrgan zararlarining oʻrni qoplanishini oʻziga xabarnoma yuborilgan sanadan eʼtiboran oʻttiz kun ichida yoki qaror qabul qilinganligi toʻgʻrisida xabar eʼlon qilingan sanadan eʼtiboran oʻttiz kun ichida yozma ravishda talab qilishga haqli.

Qayta tashkil etish natijasida tuzilgan jamiyatlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish, qayta tashkil etilgan jamiyatlarning faoliyatini tugatish toʻgʻrisidagi yozuvlarni kiritish faqat ushbu moddaning oltinchi qismida belgilangan tartibda kreditorlar xabardor qilinganligining dalillari taqdim etilgan taqdirda amalga oshiriladi.

Agar yuridik shaxs boshqa yuridik shaxsga qoʻshib yuborish, qoʻshib olish yoki boʻlish shaklida qayta tashkil etilsa, faoliyati tugatilayotgan jamiyatning tijorat banklaridagi barcha hisobvaraqlari yopiladi va undagi mavjud pul mablagʻlari belgilangan tartibda tegishincha taqsimlanadi.

61-modda. Jamiyatlarni qoʻshib yuborish

Oʻz faoliyatini tugatgan ikki yoki bir necha jamiyatning barcha huquqlari va majburiyatlarini oʻtkazish yoʻli bilan yangi jamiyatni tashkil etish jamiyatlarning qoʻshib yuborilishi deb eʼtirof etiladi.

Qoʻshib yuborish shaklidagi qayta tashkil etishda ishtirok etuvchi har bir jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi ana shunday qayta tashkil etish toʻgʻrisida, qoʻshib yuborish shartnomasini va qoʻshib yuborish natijasida tuzilayotgan jamiyatning ustavini tasdiqlash haqida, shuningdek topshirish dalolatnomasini tasdiqlash toʻgʻrisida qarorlar qabul qiladi.

Qoʻshib yuborish natijasida tashkil etilayotgan jamiyatning barcha ishtirokchilari tomonidan imzolangan qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnoma ustav bilan birgalikda uning taʼsis hujjati hisoblanadi hamda u Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksi va ushbu Qonun bilan taʼsis shartnomasiga qoʻyiladigan barcha talablarga mos boʻlishi kerak.

Qoʻshib yuborish shaklida qayta tashkil etishda ishtirok etuvchi har bir jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi tomonidan shunday qayta tashkil etish haqida va qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnomani, qoʻshib yuborish natijasida tashkil etilayotgan jamiyatning ustavini va topshirish dalolatnomasini tasdiqlash haqida qaror qabul qilingan taqdirda, qoʻshib yuborish natijasida tashkil etilayotgan jamiyatning ijro etuvchi organlarini saylash qoʻshib yuborishda ishtirok etayotgan jamiyatlar ishtirokchilarining qoʻshma umumiy yigʻilishida amalga oshiriladi. Bunday umumiy yigʻilishni oʻtkazish muddatlari va tartibi qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnomada belgilanadi.

Jamiyatlar qoʻshib yuborilganda ulardan har birining barcha huquqlari va majburiyatlari, bu topshirish dalolatnomalarida koʻrsatilganidan yoki koʻrsatilmaganligidan qatʼi nazar, qoʻshib yuborish natijasida tashkil etilgan jamiyatga oʻtadi.

62-modda. Jamiyatni qoʻshib olish

Bir yoki bir necha jamiyatni ularning huquqlari va majburiyatlarini boshqa jamiyatga oʻtkazgan holda tugatish jamiyatni qoʻshib olish deb eʼtirof etiladi.

Qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etishda ishtirok etuvchi har bir jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi bunday qayta tashkil etish toʻgʻrisida, qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomani tasdiqlash haqida qaror qabul qiladi, qoʻshib olinayotgan jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi esa topshirish dalolatnomasini tasdiqlash toʻgʻrisida ham qaror qabul qiladi.

Qoʻshib olishda ishtirok etuvchi jamiyatlar ishtirokchilarining qoʻshma umumiy yigʻilishi qoʻshib olinayotgan jamiyatning taʼsis hujjatlariga jamiyatning ishtirokchilari tarkibi oʻzgarishi, ularning ulushlari miqdorlarini belgilash bilan bogʻliq oʻzgartirishlarni, qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomada nazarda tutilgan boshqa oʻzgartirishlarni kiritadi, shuningdek zarur boʻlganda boshqa masalalarni, shu jumladan birlashtirilayotgan jamiyatning organlarini saylash toʻgʻrisidagi masalalarni hal etadi. Bunday umumiy yigʻilishni oʻtkazish muddatlari va tartibi qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomada belgilanadi.

Bir jamiyat boshqasiga qoʻshib olinganda qoʻshib olinayotgan jamiyatning barcha huquqlari va majburiyatlari qoʻshib olayotgan jamiyatga oʻtadi.

63-modda. Jamiyatni boʻlish

Jamiyatni uning barcha huquqlari va majburiyatlarini yangitdan tashkil etilgan jamiyatlarga oʻtkazgan holda tugatish jamiyatni boʻlish deb eʼtirof etiladi.

Boʻlish shaklida qayta tashkil etilayotgan jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi bunday qayta tashkil etish, jamiyatni boʻlish tartibi va shartlari, yangi jamiyatlarni tashkil etish va boʻlish balansini tasdiqlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Boʻlish natijasida tashkil etilayotgan har bir jamiyatning ishtirokchilari taʼsis shartnomasini imzolaydi. Boʻlish natijasida tashkil etilayotgan har bir jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi jamiyat ustavini tasdiqlaydi va uning organlarini saylaydi.

Jamiyat boʻlinganda uning barcha huquqlari va majburiyatlari boʻlish balansiga muvofiq boʻlish natijasida tashkil etilgan jamiyatlarga oʻtadi.

Agar boʻlish balansi qayta tashkil etilgan jamiyatning huquqiy vorisini aniqlash imkoniyatini bermasa, qayta tashkil etish natijasida tashkil etilgan yuridik shaxslar qayta tashkil etilgan jamiyatning majburiyatlari yuzasidan uning kreditorlari oldida solidar javobgar boʻladi.

64-modda. Jamiyatni ajratib chiqarish

Qayta tashkil etilayotgan jamiyatni tugatmasdan, uning huquqlari va majburiyatlarining bir qismini oʻtkazgan holda bir yoki bir necha jamiyatni tashkil etish jamiyatni ajratib chiqarish deb eʼtirof etiladi.

Ajratib chiqarish shaklida qayta tashkil etilayotgan jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi bunday qayta tashkil etish, ajratib chiqarish tartibi va shartlari, yangi jamiyatni (yangi jamiyatlarni) tashkil etish va boʻlish balansini tasdiqlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi, ajratib chiqarish shaklida qayta tashkil etilayotgan jamiyatning taʼsis hujjatlariga jamiyat ishtirokchilari tarkibining oʻzgarishi, ularning ulushlari miqdorlari aniqlanishi bilan bogʻliq boʻlgan oʻzgartirishlarni va ajratib chiqarish toʻgʻrisidagi qarorda nazarda tutilgan boshqa oʻzgartirishlarni kiritadi, shuningdek zarur boʻlgan taqdirda oʻzga masalalarni, shu jumladan jamiyatning organlarini saylash toʻgʻrisidagi masalalarni hal etadi.

Ajratib chiqarilayotgan jamiyatning ishtirokchilari taʼsis shartnomasini imzolaydi. Ajratib chiqarilayotgan jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi jamiyat ustavini tasdiqlaydi va jamiyatning organlarini saylaydi.

Agar ajratib chiqarilayotgan jamiyatning yagona ishtirokchisi qayta tashkil etilayotgan jamiyat boʻlsa, uning umumiy yigʻilishi jamiyatni ajratib chiqarish shaklida qayta tashkil etish toʻgʻrisida, ajratib chiqarish tartibi va shartlari toʻgʻrisida qaror qabul qiladi, shuningdek ajratib chiqarilayotgan jamiyatning ustavini va boʻlish balansini tasdiqlaydi, ajratib chiqarilayotgan jamiyatning organlarini saylaydi.

Jamiyatdan bir yoki bir necha jamiyat ajratib chiqarilganda qayta tashkil etilgan jamiyat huquqlari va majburiyatlarining bir qismi boʻlish balansiga muvofiq ularning har biriga oʻtadi.

Agar boʻlish balansi qayta tashkil etilgan jamiyatning huquqiy vorisini aniqlash imkoniyatini bermasa, qayta tashkil etish natijasida tashkil topgan yuridik shaxslar qayta tashkil etilgan jamiyatning majburiyatlari yuzasidan uning kreditorlari oldida solidar javobgar boʻladi.

65-modda. Jamiyatni oʻzgartirish

Jamiyat qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa tashkiliy-huquqiy shakldagi tijorat tashkiloti etib oʻzgartirilishi mumkin.

Oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etilayotgan jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi bunday qayta tashkil etish, oʻzgartirish tartibi va shartlari, jamiyat ishtirokchilarining ulushlarini oʻzgartirish natijasida tashkil etilayotgan yuridik shaxsning aksiyalariga (ulushlariga, paylariga) ayirboshlash tartibi va ushbu yuridik shaxsning taʼsis hujjatlarini tasdiqlash, shuningdek topshirish dalolatnomasini tasdiqlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Oʻzgartirish natijasida tashkil etilayotgan yuridik shaxsning ishtirokchilari ushbu yuridik shaxslar toʻgʻrisidagi qonun talablariga muvofiq uning organlarini saylash haqida qaror qabul qiladi va tegishli organga oʻzgartirish natijasida tashkil etilayotgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish bilan bogʻliq harakatlarni amalga oshirishni topshiradi.

Qayta tashkil etilgan jamiyatning barcha huquqlari va majburiyatlari, bu topshirish dalolatnomalarida koʻrsatilganligidan yoki koʻrsatilmaganligidan qatʼi nazar, jamiyatni oʻzgartirish natijasida tashkil etilgan yuridik shaxsga oʻtadi.

66-modda. Jamiyatni tugatish

Jamiyat ushbu Qonun va jamiyat ustavi talablari hisobga olingan holda, belgilangan tartibda ixtiyoriy ravishda tugatilishi mumkin. Jamiyat qonunchilikda nazarda tutilgan asoslarga koʻra sudning qaroriga binoan ham tugatilishi mumkin.

Jamiyatni tugatish uning huquqlari va majburiyatlari huquqiy vorislik tartibida boshqa shaxslarga oʻtmagan holda faoliyatining tugatilishiga sabab boʻladi.

Jamiyat ishtirokchilari umumiy yigʻilishining jamiyatni ixtiyoriy ravishda tugatish hamda tugatuvchini tayinlash toʻgʻrisidagi qarori jamiyat kuzatuv kengashining, ijro etuvchi organining yoki ishtirokchisining taklifiga binoan qabul qilinadi.

Ixtiyoriy ravishda tugatilayotgan jamiyat ishtirokchilarining umumiy yigʻilishi jamiyatni tugatish va yuridik shaxslarni tugatuvchini tayinlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Tugatuvchi tayinlangan paytdan eʼtiboran jamiyat ishlarini boshqarish boʻyicha barcha vakolatlar tugatuvchiga oʻtadi. Tugatuvchi tugatilayotgan jamiyat nomidan sudda ishtirok etadi.

Davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organning qaroriga koʻra jamiyat ushbu jamiyat moliya-xoʻjalik faoliyati amalga oshirilmaganligi sababli belgilangan tartibda harakatsiz rejimga oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran bir yil ichida uning faoliyati tiklanmagan taqdirda tugatiladi. Bunda tugatuvchi tayinlanmaydi, bundan ushbu moddaning yettinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno.

Ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi mavjud boʻlgan jamiyatni tugatishda tugatish komissiyasi tayinlanadi va uning tarkibiga davlat mulkini boshqaruvchi organning vakili kiritiladi.

Jamiyatni tugatish tartibi qonunchilik bilan belgilanadi.

67-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirishlar kiritish

Oʻzbekiston Respublikasining quyidagi qonun hujjatlariga oʻzgartirishlar kiritilsin:

1. Oʻzbekiston Respublikasining 1992-yil 9-dekabrda qabul qilingan “Garov toʻgʻrisida”gi 736-XII-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasining 1998-yil 1-mayda qabul qilingan 614-I-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1998-yil, № 5-6, 96-modda; 2002-yil, № 1, 20-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2007-yil, № 4, 156-modda; 2009-yil, № 9, 337-modda; 2015-yil, № 8, 312-modda; 2018-yil, № 1, 4-modda, № 4, 224-modda; 2019-yil, № 10, 671-modda; 2020-yil, № 1, 3-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 11, 1062-modda; 2024-yil, № 10, 1079-modda; 2025-yil, № 2, 188-modda, № 4, 520, 522-moddalar) 7-moddasining uchinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Mulkdorning umumiy ulushli mulkdagi oʻz ulushini garovga qoʻyishi qolgan mulkdorlarning rozilik berishini talab qilmaydi, bundan qonun hujjatlarida nazarda tutilgan hollar mustasno”.

2. Oʻzbekiston Respublikasining 2001-yil 29-avgustda qabul qilingan “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi 258-II-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2001-yil, № 9-10, 169-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2007-yil, № 8, 367-modda, № 12, 598-modda; 2008-yil, № 4, 184, 187-moddalar; 2009-yil, № 1, 1-modda; 2010-yil, № 9, 337, 340-moddalar; 2012-yil, № 12, 336-modda; 2014-yil, № 5, 130-modda; 2015-yil, № 8, 312-modda, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 9, 276-modda; 2017-yil, № 9, 510-modda; 2018-yil, № 1, 1, 4, 5-moddalar; 2019-yil, № 2, 47-modda, № 5, 267-modda, № 7, 389-modda, № 8, 469-modda, № 10, 671-modda, № 12, 880-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 8, 800, 803-moddalar; 2022-yil, № 4, 337-modda, № 6, 570-modda; 2023-yil, № 4, 269-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 8, 827-modda, № 10, 1073-modda; 2025-yil, № 4, 522-modda) 48 3 -moddasiga quyidagi oʻzgartirishlar kiritilsin:

ikkinchi qismdagi “qoʻshimcha masʼuliyatli jamiyat ishtirokchilari” degan soʻzlar chiqarib tashlansin;

uchinchi qismdagi “qoʻshimcha masʼuliyatli jamiyat” degan soʻzlar chiqarib tashlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 24-yanvarda qabul qilingan OʻRQ-461-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Iqtisodiy protsessual kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, 1-songa 2-ilova, № 7, 433-modda, № 10, 672-modda; 2019-yil, № 3, 166-modda, № 5, 261, 266-moddalar, № 9, 592-modda, № 10, 671-modda, № 11, 791-modda, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 1, 1-modda, № 3, 198-modda, № 10, 593-modda; 2021-yil, № 1, 10-modda, 4-songa ilova, № 8, 803-modda, № 9, 903-modda; 2022-yil, № 3, 216-modda, № 5, 463-modda, № 6, 577-modda, № 8, 787-modda; 2023-yil, № 4, 269-modda; № 12, 1008-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 9, 964, 969-moddalar, № 12, 1280, 1286-moddalar; 2025-yil, № 3, 373-modda) 119-moddasining toʻrtinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Yillar, oylar yoki kunlar bilan hisoblanadigan protsessual muddatning oʻtishi kalendar sananing yoki muddatning boshlanishi deb belgilangan voqea yuz bergan kunning ertasidan boshlanadi”.

4. Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 25-yanvarda qabul qilingan OʻRQ-462-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, 1-songa 3-ilova, № 10, 672-modda; 2019-yil, № 5, 261-modda, № 9, 592-modda, № 11, 791-modda, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 1, 1-modda, № 3, 198-modda; 2021-yil, № 1, 9-modda, 4-songa ilova, № 8, 800, 803-moddalar, № 9, 903-modda; 2022-yil, № 8, 787-modda, № 12, 1188; 2023-yil, № 3, 185-modda, № 4, 269-modda, № 11, 923-modda, № 12, 1009; 2024-yil, № 2, 115-modda, № 9, 964, 969-moddalar, № 12, 1286-modda; 2025-yil, № 3, 373-modda) 116-moddasining toʻrtinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Yillar, oylar yoki kunlar bilan hisoblanadigan protsessual muddatning oʻtishi kalendar sananing yoki muddatning boshlanishi deb belgilangan voqea yuz bergan kunning ertasidan boshlanadi”.

5. Oʻzbekiston Respublikasining 2023-yil 3-iyulda qabul qilingan “Raqobat toʻgʻrisida”gi OʻRQ-850-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2023-yil, № 7, 533-modda; 2024-yil, № 9, 955-modda; 2025-yil, № 2, 188-modda, № 3, 370-modda) 26-moddasiga quyidagi oʻzgartirishlar kiritilsin:

birinchi qismning uchinchi xatboshisidagi “yoki qoʻshimcha masʼuliyatli jamiyatning” degan soʻzlar chiqarib tashlansin;

toʻrtinchi qismning beshinchi xatboshisidagi “yoki qoʻshimcha masʼuliyatli jamiyat” degan soʻzlar chiqarib tashlansin.

68-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish

Quyidagilar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin:

1) Oʻzbekiston Respublikasining 2001-yil 6-dekabrda qabul qilingan “Masʼuliyati cheklangan jamiyatlar toʻgʻrisida”gi 310-II-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2002-yil, № 1, 10-modda);

2) Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining 2001-yil 6-dekabrda qabul qilingan “Masʼuliyati cheklangan hamda qoʻshimcha masʼuliyatli jamiyatlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunini amalga kiritish tartibi haqida”gi 311-II-sonli Qarori (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2002-yil, № 1, 11-modda);

3) Oʻzbekiston Respublikasining 2006-yil 4-aprelda qabul qilingan “Tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsat berish tartib-taomillari turlari qisqartirilganligi hamda soddalashtirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-28-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2006-yil, № 4, 154-modda) 9-moddasi ;

4) Oʻzbekiston Respublikasining 2007-yil 23-iyulda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining iqtisodiy sohadagi ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-104-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2007-yil, № 7, 325-modda) 5-moddasi ;

5) Oʻzbekiston Respublikasining 2007-yil 14-dekabrda qabul qilingan “Tadbirkorlik subyektlarini ixtiyoriy tugatish tartibini takomillashtirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-127-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2007-yil, № 12, 598-modda) 5-moddasi ;

6) Oʻzbekiston Respublikasining 2011-yil 21-dekabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-311-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2011-yil, № 12/2, 363-modda) 8-moddasi ;

7) Oʻzbekiston Respublikasining 2012-yil 29-dekabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-345-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2012-yil, № 12, 336-modda) 15-moddasi ;

8) Oʻzbekiston Respublikasining 2014-yil 20-yanvarda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-365-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2014-yil, № 1, 2-modda) 22-moddasi ;

9) Oʻzbekiston Respublikasining 2014-yil 14-mayda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-372-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2014-yil, № 5, 130-modda) 22-moddasi ;

10) Oʻzbekiston Respublikasining 2015-yil 20-avgustda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga xususiy mulkni, tadbirkorlik subyektlarini ishonchli himoya qilishni yanada kuchaytirishga, ularni jadal rivojlantirish yoʻlidagi toʻsiqlarni bartaraf etishga qaratilgan oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-391-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2015-yil, № 8, 312-modda) 27-moddasi ;

11) Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 3-yanvarda qabul qilingan “Ayrim davlat organlari faoliyati takomillashtirilishi, shuningdek fuqarolarning huquqlari va erkinliklarini himoya qilish kafolatlarini taʼminlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar qabul qilinishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-456-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, № 1, 1-modda) 26-moddasi ;

12) Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 9-yanvarda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-459-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, № 1, 4-modda) 14-moddasi ;

13) Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 20-martda qabul qilingan “Mamlakatda ishbilarmonlik muhitini yaxshilash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar qabul qilinganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-531-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 3, 166-modda) 10-moddasi ;

14) Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 11-dekabrda qabul qilingan “Tadbirkorlik subyektlarini tugatish tartibi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-592-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 12, 886-modda) 5-moddasi ;

15) Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 24-dekabrda qabul qilingan “Baʼzi davlat organlarining faoliyati takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-597-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 12, 891-modda) 12-moddasi ;

16) Oʻzbekiston Respublikasining 2020-yil 22-yanvarda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-603-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2020-yil, № 1, 4-modda) 9-moddasi ;

17) Oʻzbekiston Respublikasining 2020-yil 21-iyulda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-629-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2020-yil, № 7, 449-modda) 6-moddasi ;

18) Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-683-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, 4-songa ilova) 132-moddasi ;

19) Oʻzbekiston Respublikasining 2022-yil 29-martda qabul qilingan “Korporativ boshqaruv tizimi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-760-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, № 3, 217-modda) 4-moddasi ;

20) Oʻzbekiston Respublikasining 2022-yil 20-aprelda qabul qilingan “Nobank kredit tashkilotlari va mikromoliyalashtirish faoliyati toʻgʻrisida”gi OʻRQ-765-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, № 4, 340-modda) 41-moddasining 3-bandi ;

21) Oʻzbekiston Respublikasining 2023-yil 18-yanvarda qabul qilingan “Korporativ boshqaruv tizimi yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-814-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2023-yil, № 1, 1-modda) 2-moddasi ;

22) Oʻzbekiston Respublikasining 2023-yil 20-yanvarda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-815-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2023-yil, № 1, 2-modda) 5-moddasi ;

23) Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 20-fevralda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-910-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2024-yil, № 2, 110-modda) 3-moddasi ;

24) Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 21-fevralda qabul qilingan “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni qabul qilinganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi OʻRQ-911-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2024-yil, № 2, 111-modda) 12-moddasi ;

25) Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 22-oktabrda qabul qilingan “Davlat mulkini boshqarish sohasi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-980-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2024-yil, № 10, 1079-modda) 4-moddasi ;

26) Oʻzbekiston Respublikasining 2025-yil 7-fevralda qabul qilingan “Korporativ munosabatlarning huquqiy asoslari yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-1025-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2025-yil, № 2, 188-modda) 17-moddasi .

69-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, Savdo-sanoat palatasi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

70-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

71-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 21-aprel,

OʻRQ-1137-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.04.2026-y., 03/26/1137/0396-son; 14.07.2026-y., 03/26/1158/0727-son)

lex.uz