📅 2026-yil 31-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 31-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 31 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 марта 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 March 2026 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири»ни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 161-моддасига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 13 ноябрдаги 142-сон «Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3100, 2018 йил 14 декабрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.12.2018 й., 10/18/3100/2330-сон);
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 51-сон буйруғи (рўйхат рақами 3450, 2023 йил 31 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2023 й., 10/23/3450/0546-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларнинг 6-банди .
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 31 мартдаги 352-сон буйруғига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири»
Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларда (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) чет эл валютасида операцияларни юритиш ва уларнинг чет элдаги бўлинмасини молиявий ҳисоботда акс эттириш ҳамда молиявий ҳисоботни тақдим этиш валютасига ўтказиш тартибини белгилайди.
Мазкур Стандарт қўлланилиши лозим бўлган валюта алмашинув курсини (курсларини) белгилаш ва валюта алмашинув курсларидаги ўзгаришлар таъсирини молиявий ҳисоботларда тўғри акс эттириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу Стандарт бюджет ҳисобининг бошқа стандартлари билан биргаликда қўлланилади.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Стандарт Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ташкилотлар ва уларнинг чет элдаги бўлинмаларида чет эл валютасидаги операцияларни амалга ошириш ҳамда ташкилотларнинг молиявий ҳисоботларини чет эл валютасида тақдим этишга нисбатан қўлланилади.
2. Ҳисоблаш усули асосида молиявий ҳисоботларни тайёрлайдиган ва тақдим этадиган ташкилотлар ушбу Стандартни қуйидаги ҳолатларда қўллайди:
а) чет эл валютасидаги операциялар ва қолдиқларни ҳисобга олишда;
б) ташкилотларнинг молиявий ҳисоботига консолидация қилиш ёки улушдорлик усули (эқуитй метҳод) орқали киритилган чет элдаги бўлинманинг молиявий натижалари ва молиявий ҳолатини бошқа валютага ўтказишда;
д) ташкилотларнинг молиявий натижалари ва молиявий ҳолатини тақдим этиш валютасига ўтказишда.
3. Мазкур Стандарт пул оқимлари ҳисоботида чет эл валютасидаги операциялар натижасида юзага келган пул оқимларини тақдим этишга, шунингдек, чет элдаги фаолиятга оид пул оқимларини бир валютадан бошқа валютага ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»да ( рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) белгиланади.
4. Мазкур Стандарт мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
чет эл валютаси — ташкилотларнинг функционал валютасидан фарқли бўлган валюта;
чет элдаги бўлинма — ҳисобот берувчи ташкилотлар тизимидаги ва улар томонидан назорат қилинадиган ташкилот, ассоциацияланган ташкилот, шунингдек қўшма келишув асосида фаолият юритувчи тузилма ёки филиал бўлиб, унинг фаолияти ҳисобот берувчи ташкилотникидан фарқли давлатда ёки валютада амалга оширилади;
чет эл валютасидаги операциялар — бюджет ҳисобида чет эл валютасида амалга оширилиши ёки ҳисоб-китоб қилиниши белгиланган операциялар;
чет элдаги бўлинмага соф инвестиция — ҳисобот берувчи ташкилот томонидан унинг чет элдаги бўлинмасининг соф активлари/капиталига киритилган улуши миқдори;
в алюта курси — бир валютанинг иккинчи валютага айирбошлаш нисбати;
валюта курси фарқи — бир валютанинг муайян миқдордаги бирликларини бошқа валютага турли хил алмашинув курсларида ўтказиш натижасида юзага келадиган тафовут;
функционал валюта — ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширадиган асосий иқтисодий муҳитнинг валютаси;
монетар моддалар — эгалик қилинаётган валюта бирликлари, шунингдек, миқдори қатъий белгиланган ёки аниқласа бўладиган, валюта бирликларида олинадиган ёхуд тўланадиган активлар ва мажбуриятлар;
номонетар моддалар — белгиланган ёки аниқласа бўладиган миқдордаги валюта бирликларини олиш ҳуқуқи ёки тўлаш мажбурияти мавжуд бўлмаган активлар ва мажбуриятлар;
операция санаси — ташкилотларда чет эл валютасидаги операция натижасида қонунчилик ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ актив ва мажбуриятлар бухгалтерия ҳисобида акс эттириладиган (дастлабки тан олинадиган) сана;
тақдим этиш валютаси — молиявий ҳисоботлар тақдим этиладиган валюта;
жорий айирбошлаш курси — зудлик билан етказиб бериш учун қўлланиладиган валюта курси;
ёпилиш курси — ҳисобот санасида амал қиладиган жорий айирбошлаш курси.
1-§. Функционал валюта
5. Ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширадиган асосий иқтисодий муҳит улар томонидан пул маблағлари шакллантириладиган ва сарфланадиган муҳит ҳисобланади. Ташкилотлар ўз функционал валютасини белгилашда қуйидаги жиҳатларни инобатга олади:
а) даромад олинадиган валюта, жумладан, солиқлар, грантлар, трансфертлар ва жарималардан тушадиган маблағлар;
б) товарлар ва хизматларнинг сотиш нархларига таъсир кўрсатадиган валюта (бу одатда товарлар ва хизматлар бўйича сотиш нархлари белгиланадиган ва ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган валюта бўлади);
д) рақобат муҳити ҳамда ҳуқуқий тартибга солиш тизими товарлар ва хизматларнинг реализация нархларига таъсир кўрсатадиган мамлакат валютаси;
э) товарлар ва хизматларни етказиб беришдаги меҳнат, материаллар ҳамда бошқа харажатларга таъсир кўрсатадиган валюта (одатда бундай харажатлар белгиланадиган ва тўланадиган валюта).
6. Қуйидаги жиҳатлар ҳам ташкилотларнинг функционал валютасини аниқлашда қўшимча далил сифатида эътиборга олиниши мумкин:
а) молиялаштириш фаолияти (қарз мажбуриятлари ва улушли қимматли қоғозларни чиқариш) натижасида маблағлар шакллантириладиган валюта;
б) операцион фаолиятдан олинган тушумлар сақланадиган валюта.
7. Чет элдаги бўлинманинг функционал валютасини аниқлашда ҳамда унинг функционал валютаси ҳисобот берувчи ташкилотнинг (бунда ҳисобот берувчи ташкилот деганда чет элдаги бўлинмага ўзининг тизим ташкилоти, филиали, ассоциацияланган ташкилоти сифатида ёки қўшма келишув асосида эгалик қилувчи ташкилот тушунилади) функционал валютасига мос келиш ёки келмаслигини белгилашда қуйидаги қўшимча жиҳатлар инобатга олинади:
а) чет элдаги бўлинма фаолияти ҳисобот берувчи ташкилот фаолиятининг узвий давоми сифатида (боғлиқ ҳолда) амалга оширилаётганлиги ёки сезиларли даражадаги мустақиллик асосида юритилаётганлиги.
Масалан, мустақиллик асосида фаолият юритиш ҳолатига мисол сифатида хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарни келтириш мумкин. Бундай ваколатхоналар фаолиятини ўзи белгилаган функционал валютада амалга ошириши мумкин. Бунда ходимларга иш ҳақи асосан ваколатхона томонидан белгиланган функционал валютада тўланади. Шунингдек, ҳисобот берувчи ташкилот бошқаруви ва йўналиши остида фаолият юритувчи давлат университетининг чет элдаги филиалини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин.
Сезиларли даражада мустақилликка эга чет элдаги бўлинма пул маблағларини ва бошқа монетар моддаларни жамғариши, харажатларни амалга ошириши, даромадлар олиши, шунингдек, қарз маблағларини жалб қилиши мумкин ҳамда мазкур операциялар асосан ўзининг функционал валютасида амалга оширилади. Бундай ташкилотлар тижорат асосида фаолият юритувчи давлат сектори ташкилотлари сифатида ташкил этилиши мумкин;
б) чет элдаги бўлинманинг ҳисобот берувчи ташкилот билан амалга оширадиган операциялари улушининг даражаси;
д) чет элдаги бўлинма фаолиятидан келиб чиқадиган пул оқимларининг ҳисобот берувчи ташкилотлар пул оқимларига бевосита таъсири ҳамда уларни ҳисобот берувчи ташкилотлар ихтиёрига тезлик билан ўтказиш (ремиттанция қилиш) имконияти;
э) чет элдаги бўлинма фаолиятидан келиб чиқадиган пул оқимларининг ҳисобот берувчи ташкилот томонидан қўшимча маблағ ажратилмаган ҳолда мавжуд ва одатда кутилаётган қарз мажбуриятларини қоплаш учун етарлилиги.
8. Юқорида келтирилган жиҳатлар аралаш ҳолатда бўлганда ҳамда функционал валюта аниқ белгиланган ҳолларда, ташкилот раҳбарияти асосий операциялар, ҳодисалар ва шароитларнинг иқтисодий таъсирини энг ҳаққоний акс эттирувчи функционал валютани аниқлаш мақсадида ўз профессионал мулоҳазасидан фойдаланади.
Бунда ташкилот раҳбарияти функционал валютани аниқлашда қўшимча далилларни тақдим этиш учун мўлжалланган мазкур Стандартнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган жиҳатларни кўриб чиқишдан олдин, мазкур Стандартнинг 5-бандида белгиланган асосий жиҳатларга устувор аҳамият беради.
9. Ташкилотнинг функционал валютаси унинг фаолиятига дахлдор бўлган асосий операциялар, ҳодисалар ва ҳолатларнинг иқтисодий мазмунини акс эттиради. Шу муносабат билан, функционал валюта белгилангандан кейин у фақат ушбу операциялар, ҳодисалар ва ҳолатларда ўзгариш юз берган тақдирда ўзгартирилиши мумкин.
2-§. Монетар моддалар
10. Монетар модданинг асосий белгиси — белгиланган ёки аниқланиши мумкин бўлган миқдордаги валюта бирликларини олиш ҳуқуқи (ёки етказиб бериш мажбурияти) мавжудлигидир. Масалан, нақд пулда тўланадиган ижтимоий тўловлар бўйича мажбуриятлар ва ходимларга бериладиган бошқа тўловлар, нақд пулда қопланиши лозим бўлган захиралар, ижара мажбуриятлари, шунингдек, мажбурият сифатида тан олинган нақд дивидендлар ёки шунга ўхшаш тақсимотлар.
Аксинча, номонетар модданинг асосий белгиси — белгиланган ёки аниқланиши мумкин бўлган миқдордаги валюта бирликларини олиш ҳуқуқи (ёки етказиб бериш мажбурияти) мавжуд эмаслигидир. Масалан, товарлар ва хизматлар учун олдиндан тўланган суммалар, трансферт ҳуқуқи активлари, гудвилл, номоддий активлар, захиралар, асосий воситалар, ижара ҳуқуқи активлари ҳамда номонетар активни етказиб бериш орқали қопланадиган захиралар.
3-§. Чет элдаги бўлинмага соф инвестиция
11. Ташкилотда чет элдаги бўлинмадан олиниши ёки чет элдаги бўлинмага тўланиши лозим бўлган монетар модда бўлиши мумкин. Агар мазкур модда бўйича ҳисоб-китобни яқин келажакда амалга ошириш режалаштирилмаган ёки эҳтимоли паст бўлса, у амалда ташкилотнинг ушбу чет элдаги бўлинмага соф инвестициясининг бир қисми ҳисобланади ҳамда мазкур Стандартнинг 27 ва 28-бандларига мувофиқ қайд этилади. Бундай монетар моддаларга узоқ муддатли дебитор қарзлар ёки кредитлар кириши мумкин. Бироқ, улар товарлар ва хизматлар бўйича дебитор ва кредитор қарзларни ўз ичига олмайди.
12. Мазкур Стандартнинг 11-бандида қайд этилган, чет элдаги бўлинмадан олиниши ёки чет элдаги бўлинмага тўланиши лозим бўлган монетар моддага эга бўлган ташкилот иқтисодий ташкилот таркибига кирувчи ҳар қандай назорат қилинадиган ташкилот бўлиши мумкин. Масалан, ташкилот таркибида А ва Б номли иккита назорат қилинадиган ташкилот мавжуд бўлиб, Б ташкилот чет элдаги бўлинма ҳисобланади. А ташкилот Б ташкилотга қарз (кредит) ажратади.
Агар мазкур қарзнинг қайтарилиши яқин келажакда режалаштирилмаган ёки эҳтимоли паст бўлса, А ташкилотининг Б ташкилотдан бўлган дебитор қарзи А ташкилотининг Б ташкилотдаги соф инвестициясининг бир қисми сифатида эътироф этилади. Ушбу қоида А ташкилотнинг ўзи чет элдаги бўлинма бўлган тақдирда ҳам қўлланилади.
2-боб. Ушбу стандарт талаб қиладиган ёндашув
13. Молиявий ҳисоботларни тайёрлаганда ҳар бир ташкилот — алоҳида ташкилот, чет элдаги бўлинмага эга бўлган ташкилот ёки чет элдаги бўлинма ўз функционал валютасини мазкур Стандартнинг 5 — 9-бандлари талабларига мувофиқ белгилайди. Ташкилот чет эл валютасидаги моддаларни ўз функционал валютасига қайта ҳисоблайди ва бундай қайта ҳисоблашнинг таъсирларини мазкур Стандартнинг 16 — 35 ва 50-бандларига мувофиқ ҳисоботда акс эттиради.
14. Кўплаб ҳисобот берувчи ташкилотлар бир нечта алоҳида ташкилотлардан иборат бўлади (масалан, иқтисодий ташкилот назорат қилувчи ташкилот ҳамда бир ёки бир нечта назорат қилинадиган ташкилотлардан ташкил топади). Иқтисодий ташкилот таркибига кирувчи ёки ундан мустақил фаолият юритувчи турли ташкилотлар ассоциацияланган ташкилотларда ёки қўшма келишувларда инвестицияларга ва филиалларга эга бўлиши мумкин.
Ҳисобот берувчи ташкилотга киритилган ҳар бир алоҳида ташкилотнинг молиявий натижаси ва молиявий ҳолати ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботларни тақдим этадиган валютасига қайта ҳисобланиши лозим.
Ушбу Стандарт ҳисобот берувчи ташкилотнинг тақдим этиш валютаси исталган валютада ёки валюталарда бўлишига рухсат беради. Функционал валютаси тақдим этиш валютасидан фарқ қилувчи ҳар бир алоҳида ташкилотнинг молиявий натижаси ва молиявий ҳолати мазкур Стандартнинг 33 — 50-бандларига мувофиқ тақдим этиш валютасига қайта ҳисобланади.
15. Мазкур Стандарт алоҳида ташкилотга ёки алоҳида молиявий ҳисоботларни тайёрлайдиган ташкилотга ўз молиявий ҳисоботларини исталган валютада ёки валюталарда тақдим этишга рухсат беради.
Агар ташкилотнинг тақдим этиш валютаси унинг функционал валютасидан фарқ қилса, унинг молиявий натижаси ва молиявий ҳолати мазкур Стандартнинг 33 — 50-бандларига мувофиқ тақдим этиш валютасига қайта ҳисобланади.
3-боб. Чет эл валютасидаги операцияларни функционал валютада ҳисобга олиш
1-§. Дастлабки тан олиш
16. Чет эл валютасидаги операция қуйидаги ҳолатларда юзага келади:
а) нархи чет эл валютасида белгиланган товарлар ёки хизматларни сотиб олиш ёки сотиш;
б) тўланиши ёки олиниши лозим бўлган суммалар чет эл валютасида ифодаланган ҳолда маблағларни қарзга олиш ёки бериш;
д) бошқа ҳолларда чет эл валютасида ифодаланган активларга эгалик қилиш ёки уларни тасарруфдан чиқариш ёхуд мажбуриятларни қабул қилиш ёки бажариш.
17. Чет эл валютасидаги операция функционал валютада дастлабки тан олинаётганда, операция санасида функционал валюта билан чет эл валютаси ўртасидаги жорий (спот) айирбошлаш курси қўлланилган ҳолда, чет эл валютасидаги сумма функционал валютага қайта ҳисобланади.
18. Валюта курсининг ўзгариши чет эл валютасида сақланадиган ёки олиниши (тўланиши) лозим бўлган пул маблағлари ёки пул эквивалентларига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай валюта курслари фарқларининг тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»да ( рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) белгиланади.
Мазкур ўзгаришлар пул оқимлари ҳисобланмаса ҳам, ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги пул маблағлари ҳамда пул эквивалентларини мувофиқлаштириш мақсадида чет эл валютасида сақланадиган ёки олиниши (тўланиши) лозим бўлган пул маблағлари ҳамда пул эквивалентларига валюта курслари ўзгаришининг таъсири пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.
Ушбу суммалар операцион, инвестициявий ва молиялаштириш фаолиятларидан келиб чиққан пул оқимларидан алоҳида кўрсатилади ҳамда мазкур пул оқимлари ҳисобот даври охиридаги валюта курслари бўйича қайта ҳисобланганида фарқлар мавжуд бўлса, улар ҳам ушбу суммалар таркибига киритилади.
2-§. Кейинги ҳисобот даврларида ҳисобот тақдим қилиш
19. Ҳар бир ҳисобот санасида:
а) чет эл валютасида ифодаланган монетар моддалар ёпилиш курси бўйича қайта ҳисобланиши лозим;
б) чет эл валютасида тарихий қиймат асосида баҳоланадиган номонетар моддалар операция санасидаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланиши керак;
д) чет эл валютасида ҳаққоний ёки жорий операцион қиймат асосида баҳоланадиган номонетар моддалар мазкур қиймат аниқланган санадаги валюта курслари бўйича қайта ҳисобланиши шарт.
20. Модданинг баланс қиймати тегишли бошқа бюджет ҳисоби стандартлари талаблари билан биргаликда аниқланади. Масалан, асосий воситалар Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»га ( рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) мувофиқ тарихий қиймат, жорий операцион қиймат ёки ҳаққоний қиймат асосида баҳоланиши мумкин.
Модданинг баланс қиймати қайси асосда аниқланишидан қатъи назар, агар ушбу сумма чет эл валютасида белгиланган бўлса, у мазкур Стандарт талабларига мувофиқ функционал валютага қайта ҳисобланади.
21. Айрим моддаларнинг баланс қиймати икки ёки ундан ортиқ суммани таққослаш орқали аниқланади. Масалан, сотиш учун мўлжалланган захираларнинг баланс қиймати Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар»га ( рўйхат рақами 3120, 2019 йил 14 январь) мувофиқ таннарх ва соф реализация қийматидан энг пасти сифатида аниқланади.
Қадрсизланиш аломатлари мавжуд бўлган ва пул оқимини ҳосил қилмайдиган активнинг баланс қиймати унинг эҳтимолий қадрсизланиш зарарларини инобатга олмасдан олдинги баланс қиймати ҳамда тикланадиган хизмат қийматидан энг пасти сифатида аниқланади.
Агар бундай актив номонетар бўлиб, чет эл валютасида баҳоланган бўлса, унинг баланс қиймати қуйидагиларни таққослаш орқали аниқланади:
а) тегишли ҳолатга қараб, таннарх ёки баланс қиймати — ушбу сумма аниқланган санадаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланган ҳолда (масалан, тарихий қиймат асосида баҳоланган модда учун операция санасидаги курс бўйича);
б) тегишли ҳолатга қараб, соф реализация қиймати ёки тикланадиган хизмат қиймати — ушбу қиймат аниқланган санадаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланган ҳолда (масалан, ҳисобот санасидаги ёпилиш курси бўйича).
Бундай таққослашда валюта курслари ўзгариши туфайли бир хил актив бўйича функционал валютада қадрсизланиш зарари тан олиниши мумкин, бироқ чет эл валютасида бундай зарар тан олинмаслиги ёки аксинча ҳолат юзага келиши мумкин.
22. Агар бир нечта валюта курслари (масалан, расмий курс, банк курси ва б.) мавжуд бўлса, операция ёки баланс моддасига тааллуқли пул оқимлари баҳолаш санасида қайси курс бўйича ҳисоб-китоб қилиниши мумкин бўлса, ўша курс қўлланилади.
Агар икки валюта ўртасида айирбошлаш имконияти вақтинча мавжуд бўлмаса, қўлланиладиган курс сифатида айирбошлаш амалга оширилиши мумкин бўлган биринчи кейинги курс олинади.
3-§. Валюта курслари фарқларини тан олиш
23. Қуйидаги ҳолатларда ҳисобот даврида юзага келган валюта курслари фарқлари фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим, мазкур Стандартнинг 27-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно:
а) монетар моддалар бўйича ҳисоб-китобни амалга ошириш натижаси бўйича;
б) монетар моддаларни ҳисобот даври мобайнида ёки олдинги молиявий ҳисоботларда илк тан олиш вақтида қўлланилган курслардан фарқ қилувчи курслар бўйича қайта ҳисоблаш натижаси бўйича.
24. Агар монетар моддалар чет эл валютасидаги операцияси натижасида юзага келса ва операция санаси билан ҳисоб-китоб санаси ўртасида валюта курси ўзгарса, валюта курслари фарқи вужудга келади.
Агар операция амалга оширилган ҳисобот даврининг ўзида ҳисоб-китоб қилинса, валюта курслари фарқининг тўлиқ суммаси ушбу даврда тан олинади.
Агар операция кейинги ҳисобот даврида ҳисоб-китоб қилинса, ҳисоб-китоб санасига қадар ҳар бир ҳисобот даври учун тан олинадиган валюта курслари фарқи шу давр мобайнидаги курс ўзгариши асосида аниқланади.
25. Агар номонетар модда бўйича фойда ёки зарар тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олинса, ушбу фойда ёки зарарнинг валюта курслари билан боғлиқ қисми ҳам тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олинади.
Аксинча, агар номонетар модда бўйича фойда ёки зарар молиявий натижалар ҳисоботида фойда ёки зарар таркибида тан олинса, ушбу фойда ёки зарарнинг валюта курслари билан боғлиқ қисми ҳам молиявий натижалар ҳисоботида фойда ёки зарар таркибида тан олинади.
26. Бошқа бюджет ҳисоби стандартлари айрим фойда ва зарарларни тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олишни талаб қилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»да ( рўйхат рақами 3144, 2019 йил 30 март) асосий воситаларни қайта баҳолаш натижасида юзага келган айрим фойда ва зарарларни тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олиниши белгиланган.
Агар бундай актив чет эл валютасида баҳоланган бўлса, ушбу Стандартнинг 19-банди «д» кичик бандига мувофиқ қайта баҳоланган сумма ушбу қиймат аниқланган санадаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланади. Натижада юзага келган валюта курслари фарқи ҳам тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олинади.
27. Агар валюта курслари фарқлари монетар модда бўйича юзага келса ва ушбу монетар модда мазкур Стандартнинг 11-бандига мувофиқ ҳисобот берувчи ташкилотнинг чет элдаги бўлинмасидаги соф инвестицияси таркибига кирса, қуйидагича ҳисобга олинади:
ҳисобот берувчи ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботларида ёки чет элдаги бўлинманинг алоҳида молиявий ҳисоботларида — фойда ёки зарар таркибида;
агар чет элдаги бўлинма ва ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари консолидациялашган ҳолда тақдим этилса, валюта курслари фарқи дастлаб тўғридан-тўғри соф активлар/капиталнинг алоҳида таркибида тан олинади ҳамда ушбу инвестиция сотилганда мазкур Стандартнинг 44-бандига мувофиқ валюта курслари фарқи фойда ёки зарар таркибида тан олинади.
28. Агар монетар модда ҳисобот берувчи ташкилотнинг чет элдаги бўлинмасидаги соф инвестицияси таркибига кирса ва у ҳисобот берувчи ташкилотнинг функционал валютасида ифодаланган бўлса, валюта курслари фарқи мазкур Стандартнинг 23-бандига мувофиқ чет элдаги бўлинманинг алоҳида молиявий ҳисоботларида юзага келади.
Агар монетар модда чет элдаги бўлинманинг функционал валютасида ифодаланган бўлса, валюта курслари фарқи мазкур Стандартнинг 23-бандига мувофиқ ҳисобот берувчи ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботларида юзага келади.
Агар монетар модда ҳисобот берувчи ташкилот ёки унинг чет элдаги бўлинмасининг функционал валютасидан фарқ қилувчи бошқа валютада ифодаланган бўлса, валюта курслари фарқи мазкур Стандартнинг 23-бандига мувофиқ ҳисобот берувчи ташкилот ва унинг чет элдаги бўлинмасининг алоҳида молиявий ҳисоботларида юзага келади.
Мазкур валюта курслари фарқлари чет элдаги бўлинма ва ҳисобот берувчи ташкилотни ўз ичига олган молиявий ҳисоботларда (яъни чет элдаги бўлинма консолидация қилинадиган ёки улушдорлик усули (эқуитй метҳод) асосида ҳисобга олинадиган молиявий ҳисоботларда) соф активлар/капиталнинг алоҳида таркибига қайта таснифланади.
29. Агар ташкилот бухгалтерия ҳисобини ўз функционал валютасидан фарқ қилувчи валютада юритса, молиявий ҳисоботни тайёрлаш пайтида барча суммалар мазкур Стандартнинг 16 — 22-бандларига мувофиқ функционал валютага қайта ҳисобланади.
Бунда қайта ҳисоблаш натижасида функционал валютада ҳосил бўладиган суммалар илк бор функционал валютада қайд этилганида шаклланиши мумкин бўлган суммаларга тенг бўлади. Масалан, монетар моддалар функционал валютага ёпилиш курси бўйича қайта ҳисобланади, тарихий қиймат асосида баҳоланган номонетар моддалар эса уларни тан олишга асос бўлган операция санасидаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланади.
4-§. Функционал валютадаги ўзгариш
30. Ташкилотларнинг функционал валютаси ўзгарган тақдирда, янги функционал валютага нисбатан қўлланиладиган қайта ҳисоблаш тартиблари мазкур функционал валюта ўзгарган санадан бошлаб қўлланилади.
31. Ташкилотларнинг функционал валютаси мазкур Стандартнинг 9-бандида белгиланган ҳолларда ўзгартирилиши мумкин. Масалан, товарлар ва хизматлар нархларига асосий таъсир кўрсатувчи валютанинг ўзгариши ташкилотлар функционал валютасининг ўзгаришига олиб келиши мумкин.
32. Функционал валюта ўзгаришининг таъсири келгуси даврга нисбатан ҳисобга олинади. Бошқача айтганда, ташкилот барча моддаларни ўзгариш санасидаги валюта курси бўйича янги функционал валютага қайта ҳисоблайди.
Бунда номонетар моддалар бўйича қайта ҳисобланган суммалар уларнинг тарихий қиймати сифатида қабул қилинади.
Мазкур Стандартнинг 27-банди ва 34-банди «д» кичик бандига мувофиқ аввал соф активлар/капитал таркибида таснифланган чет эл элдаги операцияни қайта ҳисоблаш натижасида юзага келган валюта курслари фарқлари ушбу операция реализация қилинмагунича фойда ёки зарар таркибида тан олинмайди.
4-боб. Функционал валютадан бошқа тақдим этиш валютасидан фойдаланиш
1-§. Тақдим этиш валютасига ўтказиш
33. Ташкилотлар молиявий ҳисоботларини молиявий ҳисоботларни қабул қилувчи ташкилотларга тақдим этиш валютасида тақдим этади. Агар тақдим этиш валютаси ташкилотларнинг функционал валютасидан фарқ қилса, у ўз молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолатини тақдим этиш валютасига қайта ҳисоблайди.
Масалан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ёки бюджет ташкилотларининг чет элдаги бўлинмалари турли функционал валюталарда фаолият юритган тақдирда, консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тузиш учун уларнинг ҳар бирининг молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолати ягона тақдим этиш валютасида ифодаланади.
Ўзбекистон Республикасида бюджет ҳисобини тақдим этиш валютаси миллий валютада — сўмда юритилади.
34. Функционал валютаси бошқа бўлган ташкилотларнинг молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолати тақдим этиш валютасига қуйидаги тартибда қайта ҳисобланади:
а) ҳар бир тақдим этилган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот (шу жумладан, таққословчи маълумотлар) бўйича активлар ва мажбуриятлар мазкур ҳисобот санасидаги ёпилиш курси бўйича;
б) ҳар бир тақдим этилган молиявий фаолият натижалари тўғрисидаги ҳисобот (шу жумладан, таққословчи маълумотлар) бўйича даромадлар ва харажатлар операциялар амалга оширилган санадаги валюта курслари бўйича;
д) ушбу қайта ҳисоблаш натижасида юзага келган барча валюта курслари фарқлари соф активлар/капитал таркибида алоҳида модда сифатида эътироф этилади.
35. Мазкур Стандартнинг 34-банди «д» кичик бандида қайд этилган валюта курслари фарқлари қуйидаги ҳолатларда юзага келади:
а) даромад ва харажатларни операция санасидаги валюта курслари бўйича, актив ва мажбуриятларни эса ёпилиш курси бўйича қайта ҳисоблаш натижасида. Бундай валюта курслари фарқлари фойда ёки зарар таркибида тан олинган даромад ва харажатлар бўйича ҳамда тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олинган моддалар бўйича ҳам юзага келади;
б) дастлабки соф активлар/капиталнинг аввалги ёпилиш курсидан фарқ қиладиган ёпилиш курси бўйича қайта ҳисоблаш натижасида.
Мазкур валюта курслари фарқлари фойда ёки зарар таркибида тан олинмайди, чунки валюта курсларининг ўзгариши операцион фаолиятдан келиб чиқадиган жорий ва келгусидаги пул оқимларига бевосита ёки сезиларли таъсир кўрсатмайди.
Агар бундай валюта курслари фарқлари консолидация қилинадиган, бироқ тўлиқ эгалик қилинмайдиган чет элдаги бўлинмага тегишли бўлса, қайта ҳисоблаш натижасида жамланган ва назорат қилинмайдиган улушларга тааллуқли бўлган валюта курслари фарқлари тақсимланади ҳамда консолидациялашган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда назорат қилинмайдиган улушлар таркибида тан олинади.
36. Ҳисобот берувчи ташкилотлар чет элдаги бўлинманинг пул оқимлари, яъни пул тушумлари ва пул тўловларини унинг пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботига киритиш мақсадида қайта ҳисоблашда Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот» ( рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) талабларига риоя этиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»га ( рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) мувофиқ, чет элдаги бўлинма таърифига жавоб берадиган назорат қилинувчи ташкилотнинг пул оқимлари тақдим этиш валютаси ва чет эл валютаси ўртасидаги пул оқимлари амалга оширилган санадаги валюта курслари бўйича қайта ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»да ( рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) чет эл валютасида сақланадиган ёки олиниши (тўланиши) лозим бўлган пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари бўйича валюта курслари ўзгариши натижасида юзага келган, амалда ҳали пул ҳаракати билан тасдиқланмаган (амалга оширилмаган) фойда ва зарарларнинг тақдим этилиши тартиби белгиланган.
2-§. Чет элдаги бўлинманинг молиявий ҳисоботларини бир валютадан бошқа валютага ўтказиш
37. Чет элдаги бўлинманинг молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолатини тақдим этиш валютасига қайта ҳисоблашда мазкур бўлинмани ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботларига консолидация қилиш ёки улушдорлик усули (эқуитй метҳод) асосида ҳисобга олиш мақсадида мазкур Стандартнинг 33 — 36-бандлари ҳамда ушбу параграф талаблари қўлланилади.
38. Чет элдаги бўлинманинг молиявий натижалари ва молиявий ҳолатини ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари билан бирлаштириш одатий консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тузиш тартибига мувофиқ амалга оширилади. Бунда иқтисодий ташкилот доирасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар ва операциялар чиқариб ташланади.
39. Иқтисодий ташкилот доирасидаги монетар актив (ёки мажбурият), қисқа ёки узоқ муддатли бўлишидан қатъи назар, иқтисодий ташкилот ичидаги мос мажбурият (ёки актив) билан валюталар курсининг ўзгариши натижаларини консолидациялашган молиявий ҳисоботларда акс эттирмасдан ўзаро ҳисобдан чиқарилиши мумкин эмас.
Бунда монетар модда:
а) бир валютани бошқа валютага алмаштириш мажбуриятини ифода этади;
б) валюта курслари ўзгариши натижасида ҳисобот тақдим этувчи ташкилот учун фойда ёки зарар келтириб чиқариши мумкин.
Шу муносабат билан, ҳисобот тақдим этувчи ташкилотнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботларида бундай курс фарқи фойда ёки зарар таркибида тан олинади ёки агар у мазкур Стандартнинг 27-бандида кўрсатилган ҳолатлардан келиб чиққан бўлса, чет элдаги бўлинма тугатилгунга қадар соф активлар/капитал таркибида таснифланади.
40. Чет элдаги бўлинманинг молиявий ҳисоботлари ҳисобот берувчи ташкилотникидан бошқа санада тузилган бўлса, чет элдаги бўлинма ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари санасига мувофиқ қўшимча ҳисоботлар тайёрлайди.
41. Ҳисобот берувчи ташкилот ва чет элдаги бўлинманинг ҳисобот санаси орасида фарқ бўлса, чет элдаги бўлинманинг актив ва мажбуриятлари унинг ўз ҳисобот санасидаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланади.
42. Ҳисобот берувчи ташкилотнинг ҳисобот санасига қадар бўлган валюта курсларидаги ўзгаришлар учун тузатишлар амалга оширилиши мумкин. Бу тузатишлар консолидациялашган молиявий ҳисоботларда актив ва мажбуриятларни яна бир марта қайта баҳолашга имкон беради.
43. Чет элдаги бўлинмани сотиб олиш натижасида юзага келадиган гудвилл, шунингдек мазкур бўлинмани сотиб олиш муносабати билан активлар ва мажбуриятларнинг баланс қийматларига киритилган ҳаққоний қиймат бўйича тузатишлар ушбу чет элдаги бўлинманинг активлари ва мажбуриятлари сифатида қаралади.
Шу муносабат билан, улар чет элдаги бўлинманинг функционал валютасида ифодаланади ҳамда мазкур Стандартнинг 34-бандига мувофиқ ёпилиш курси бўйича қайта ҳисобланади.
3-§. Чет элдаги бўлинмани тасарруфдан чиқариш (сотиш) ёки қисман тасарруфдан чиқариш (сотиш)
44. Чет элдаги бўлинма тасарруфдан чиқарилганда (сотилганда), мазкур бўлинмага тегишли бўлган ҳамда илгари соф активлар/капиталнинг алоҳида таркибида тўпланган валюта курслари фарқининг умумий қиймати, тасарруфдан чиқаришдан (сотишдан) олинган фойда ёки зарар тан олинган вақтда, соф активлар/капитал таркибидан фойда ёки зарар таркибига қайта ўтказилади.
45. Ташкилотнинг чет элдаги бўлинмасидаги ўз улушини тўлиқ тасарруфдан чиқаришдан ташқари қуйидаги қисман тасарруфдан чиқариш ҳолатлари ҳам тасарруфдан чиқариш сифатида ҳисобга олинади:
а) агар қисман тасарруфдан чиқариш чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган назорат қилинадиган ташкилот устидан назоратни йўқотишга олиб келса (бунда ҳисобот берувчи ташкилот мазкур назорат қилинадиган ташкилотда қисман тасарруфдан чиқаришдан сўнг назорат қилинмайдиган улушни сақлаб қолган тақдирда ҳам ушбу ҳолат қисман тасарруфдан чиқариш деб ҳисобланади);
б) агар қўшма келишувдаги улуш ёки чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган ассоциацияланган ташкилотдаги улуш қисман тасарруфдан чиқарилгандан сўнг сақланиб қолган улуш молиявий актив сифатида эътироф этилса.
46. Чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган назорат қилинадиган ташкилот тасарруфдан чиқарилганда, мазкур чет элдаги бўлинмага тегишли ва чегараланган назоратдаги иштирокчиларга тегишли тўпланган валюта курслари фарқларининг қиймати, тўғридан-тўғри тўпланган фойда ёки зарар таркибига ўтказилади.
47. Чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган назорат қилинадиган ташкилот қисман тасарруфдан чиқарилганда, ташкилот соф активлар/капиталнинг алоҳида тоифасида тўпланган валюта курслари фарқларининг мутаносиб қисмини мазкур чет элдаги бўлинмадаги чегараланган назоратдаги иштирокчилар ҳисобига қайта тақсимлайди.
Чет элдаги бўлинманинг бошқа ҳар қандай қисман тасарруфдан чиқариш ҳолатларида эса, ташкилотлар соф активлар/капиталда тўпланган валюта курслари фарқларининг мутаносиб қисмини тўпланган фойда ёки зарар таркибига ўтказади.
48. Чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган назорат қилинадиган ташкилотнинг қисман тасарруфдан чиқарилиши чет элдаги бўлинмадаги улушнинг ҳар қандай камайиши ҳисобланади, фақат мазкур Стандартнинг 45-бандида қайд этилган ҳолатлар ушбу камайишга киритилмайди.
49. Ташкилот чет элдаги бўлинмадаги ўз улушини сотиш, тугатиш, устав капиталига киритилган маблағларни қайтариб олиш ёки ушбу ташкилотдаги улушдан тўлиқ ёхуд қисман воз кечиш орқали тасарруфдан чиқариши ёки қисман тасарруфдан чиқариши мумкин.
Дивиденд ёки шунга ўхшаш тақсимот фақат инвестицияни қайтариш сифатида амалга оширилган тақдирда тасарруфдан чиқаришнинг бир қисми ҳисобланади (масалан, дивиденд ёки шунга ўхшаш тақсимот сотиб олишдан олдинги фойдадан тўланган бўлса).
Чет элдаги бўлинманинг баланс қийматини камайтириш, у бўлинманинг ўз зарарларидан келиб чиқадими ёки мазкур улушга эга ташкилот томонидан қадрсизланиш сифатида тан олиниши сабаблими, қисман тасарруфдан чиқариш ҳисобланмайди. Шу муносабат билан, туширилган валюта курслари орқали келган фойда ёки зарарнинг ҳеч бир қисми балансдаги қийматни камайтириш пайтида соф фойда ёки зарар таркибига ўтказилмайди.
5-боб. Валюта курслари фарқларининг солиқ солишга таъсири
50. Фойда солиғи тўлайдиган ҳисобот берувчи ташкилотлар учун қуйидагилар билан боғлиқ солиқ оқибатлари фойда солиғига оид тегишли халқаро ёки Ўзбекистон Республикасининг бюджет ҳисоби стандартларида белгиланган тартибда аниқланади:
а) чет эл валютасидаги операциялар бўйича фойда ва зарарлар билан боғлиқ солиқ оқибатлари;
б) ташкилотнинг ва унинг чет элдаги бўлинмасининг молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолатини бошқа валютага қайта ҳисоблаш натижасида юзага келадиган валюта курслари фарқлари.
6-боб. Ахборотни очиб бериш
51. Мазкур Стандартнинг 53 , 55 ва 56-бандларида келтирилган «функционал валюта» тушунчаси иқтисодий ташкилотга нисбатан қўлланилганда, у назорат қилувчи ташкилотнинг функционал валютасини англатади.
52. Ташкилот қуйидаги маълумотларни очиб бериши шарт:
а) фойда ёки зарар таркибида тан олинган валюта курслари фарқлари суммаси;
б) соф активлар/капитал таркибида алоҳида модда сифатида таснифланган валюта курслари фарқларининг жами суммаси ҳамда ушбу сумманинг ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги ҳолати бўйича қиёсий маълумот (узвий боғлиқ кўрсаткичлар ҳаракати).
53. Тақдим этиш валютаси функционал валютадан фарқ қилган ҳолларда, ушбу ҳолат тўғрисида ахборот очиб берилиши шарт. Шу билан бирга, функционал валюта ва бошқа тақдим этиш валютасидан фойдаланиш сабаблари ҳам кўрсатилиши лозим.
54. Ҳисобот берувчи ташкилот ёки чет элдаги бўлинманинг функционал валютаси ўзгарган тақдирда, ушбу ҳолат ва функционал валюта ўзгаришининг сабаб(лар)и молиявий ҳисоботда очиб берилиши шарт.
55. Ташкилот молиявий ҳисоботни ўзининг функционал валютасидан фарқ қиладиган валютада тақдим этган тақдирда, у молиявий ҳисоботни мазкур Стандарт талабларига мувофиқ деб кўрсатиш учун ушбу Стандарт билан боғлиқ барча тегишли стандартлар талабларини, шу жумладан мазкур Стандартнинг 34-бандида белгиланган қайта ҳисоблаш усулини тўлиқ бажариши шарт.
56. Ташкилот молиявий ҳисоботни ёки бошқа молиявий маълумотларни ўзининг функционал валютасидан ёки тақдим этиш валютасидан фарқ қилувчи бошқа валютада тақдим этганда ҳамда мазкур Стандартнинг 55-банди талабларига риоя этмаган тақдирда, у қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
а) ушбу маълумотларни мазкур Стандарт талабларига мувофиқ тайёрланган ҳисоботдан ажратиш мақсадида уларни қўшимча ахборот сифатида аниқ белгилаш;
б) қўшимча ахборот қайси валютада тақдим этилганини очиб бериш;
д) ташкилотнинг функционал валютасини ҳамда қўшимча ахборотни тайёрлашда қўлланган қайта ҳисоблаш усулини очиб бериш.
Вазир Ж. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 31 март,
352-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirining
buyrugʻi
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (4-sonli BHS) “Valyuta kursi oʻzgarishining taʼsiri”ni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Budjet kodeksining 161-moddasiga muvofiq va budjet hisobini davlat sektorida buxgalteriya hisobining xalqaro standartlari bilan muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (4-sonli BHS) “Valyuta kursi oʻzgarishining taʼsiri” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Quyidagilar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin:
Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2018-yil 13-noyabrdagi 142-son “Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (4-sonli BHS) “Valyuta kursi oʻzgarishining taʼsiri”ni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3100, 2018-yil 14-dekabr) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 15.12.2018-y., 10/18/3100/2330-son);
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2023-yil 6-iyuldagi 51-son buyrugʻi (roʻyxat raqami 3450, 2023-yil 31-iyul) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.08.2023-y., 10/23/3450/0546-son) bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlarning 6-bandi .
3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2026-yil 31-martdagi 352-son buyrugʻiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (4-sonli BHS) “Valyuta kursi oʻzgarishining taʼsiri”
Mazkur Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (4-sonli BHS) “Valyuta kursi oʻzgarishining taʼsiri” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari hamda boshqa budjetdan tashqari jamgʻarmalarda (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) chet el valyutasida operatsiyalarni yuritish va ularning chet eldagi boʻlinmasini moliyaviy hisobotda aks ettirish hamda moliyaviy hisobotni taqdim etish valyutasiga oʻtkazish tartibini belgilaydi.
Mazkur Standart qoʻllanilishi lozim boʻlgan valyuta almashinuv kursini (kurslarini) belgilash va valyuta almashinuv kurslaridagi oʻzgarishlar taʼsirini moliyaviy hisobotlarda toʻgʻri aks ettirish maqsadida ishlab chiqilgan.
Ushbu Standart budjet hisobining boshqa standartlari bilan birgalikda qoʻllaniladi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Standart Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi tashkilotlar va ularning chet eldagi boʻlinmalarida chet el valyutasidagi operatsiyalarni amalga oshirish hamda tashkilotlarning moliyaviy hisobotlarini chet el valyutasida taqdim etishga nisbatan qoʻllaniladi.
2. Hisoblash usuli asosida moliyaviy hisobotlarni tayyorlaydigan va taqdim etadigan tashkilotlar ushbu Standartni quyidagi holatlarda qoʻllaydi:
a) chet el valyutasidagi operatsiyalar va qoldiqlarni hisobga olishda;
b) tashkilotlarning moliyaviy hisobotiga konsolidatsiya qilish yoki ulushdorlik usuli (equity method) orqali kiritilgan chet eldagi boʻlinmaning moliyaviy natijalari va moliyaviy holatini boshqa valyutaga oʻtkazishda;
d) tashkilotlarning moliyaviy natijalari va moliyaviy holatini taqdim etish valyutasiga oʻtkazishda.
3. Mazkur Standart pul oqimlari hisobotida chet el valyutasidagi operatsiyalar natijasida yuzaga kelgan pul oqimlarini taqdim etishga, shuningdek, chet eldagi faoliyatga oid pul oqimlarini bir valyutadan boshqa valyutaga oʻtkazishga nisbatan tatbiq etilmaydi. Pul oqimlari toʻgʻrisidagi hisobotni tuzish va taqdim etish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (14-sonli BHS) “Pul oqimlari toʻgʻrisida hisobot”da ( roʻyxat raqami 3396, 2022-yil 2-noyabr) belgilanadi.
4. Mazkur Standart maqsadlarida quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
chet el valyutasi — tashkilotlarning funksional valyutasidan farqli boʻlgan valyuta;
chet eldagi boʻlinma — hisobot beruvchi tashkilotlar tizimidagi va ular tomonidan nazorat qilinadigan tashkilot, assotsiatsiyalangan tashkilot, shuningdek qoʻshma kelishuv asosida faoliyat yurituvchi tuzilma yoki filial boʻlib, uning faoliyati hisobot beruvchi tashkilotnikidan farqli davlatda yoki valyutada amalga oshiriladi;
chet el valyutasidagi operatsiyalar — budjet hisobida chet el valyutasida amalga oshirilishi yoki hisob-kitob qilinishi belgilangan operatsiyalar;
chet eldagi boʻlinmaga sof investitsiya — hisobot beruvchi tashkilot tomonidan uning chet eldagi boʻlinmasining sof aktivlari/kapitaliga kiritilgan ulushi miqdori;
v alyuta kursi — bir valyutaning ikkinchi valyutaga ayirboshlash nisbati;
valyuta kursi farqi — bir valyutaning muayyan miqdordagi birliklarini boshqa valyutaga turli xil almashinuv kurslarida oʻtkazish natijasida yuzaga keladigan tafovut;
funksional valyuta — tashkilotlar oʻz faoliyatini amalga oshiradigan asosiy iqtisodiy muhitning valyutasi;
monetar moddalar — egalik qilinayotgan valyuta birliklari, shuningdek, miqdori qatʼiy belgilangan yoki aniqlasa boʻladigan, valyuta birliklarida olinadigan yoxud toʻlanadigan aktivlar va majburiyatlar;
nomonetar moddalar — belgilangan yoki aniqlasa boʻladigan miqdordagi valyuta birliklarini olish huquqi yoki toʻlash majburiyati mavjud boʻlmagan aktivlar va majburiyatlar;
operatsiya sanasi — tashkilotlarda chet el valyutasidagi operatsiya natijasida qonunchilik hujjatlariga yoki shartnomaga muvofiq aktiv va majburiyatlar buxgalteriya hisobida aks ettiriladigan (dastlabki tan olinadigan) sana;
taqdim etish valyutasi — moliyaviy hisobotlar taqdim etiladigan valyuta;
joriy ayirboshlash kursi — zudlik bilan yetkazib berish uchun qoʻllaniladigan valyuta kursi;
yopilish kursi — hisobot sanasida amal qiladigan joriy ayirboshlash kursi.
1-§. Funksional valyuta
5. Tashkilotlar oʻz faoliyatini amalga oshiradigan asosiy iqtisodiy muhit ular tomonidan pul mablagʻlari shakllantiriladigan va sarflanadigan muhit hisoblanadi. Tashkilotlar oʻz funksional valyutasini belgilashda quyidagi jihatlarni inobatga oladi:
a) daromad olinadigan valyuta, jumladan, soliqlar, grantlar, transfertlar va jarimalardan tushadigan mablagʻlar;
b) tovarlar va xizmatlarning sotish narxlariga taʼsir koʻrsatadigan valyuta (bu odatda tovarlar va xizmatlar boʻyicha sotish narxlari belgilanadigan va hisob-kitoblar amalga oshiriladigan valyuta boʻladi);
d) raqobat muhiti hamda huquqiy tartibga solish tizimi tovarlar va xizmatlarning realizatsiya narxlariga taʼsir koʻrsatadigan mamlakat valyutasi;
e) tovarlar va xizmatlarni yetkazib berishdagi mehnat, materiallar hamda boshqa xarajatlarga taʼsir koʻrsatadigan valyuta (odatda bunday xarajatlar belgilanadigan va toʻlanadigan valyuta).
6. Quyidagi jihatlar ham tashkilotlarning funksional valyutasini aniqlashda qoʻshimcha dalil sifatida eʼtiborga olinishi mumkin:
a) moliyalashtirish faoliyati (qarz majburiyatlari va ulushli qimmatli qogʻozlarni chiqarish) natijasida mablagʻlar shakllantiriladigan valyuta;
b) operatsion faoliyatdan olingan tushumlar saqlanadigan valyuta.
7. Chet eldagi boʻlinmaning funksional valyutasini aniqlashda hamda uning funksional valyutasi hisobot beruvchi tashkilotning (bunda hisobot beruvchi tashkilot deganda chet eldagi boʻlinmaga oʻzining tizim tashkiloti, filiali, assotsiatsiyalangan tashkiloti sifatida yoki qoʻshma kelishuv asosida egalik qiluvchi tashkilot tushuniladi) funksional valyutasiga mos kelish yoki kelmasligini belgilashda quyidagi qoʻshimcha jihatlar inobatga olinadi:
a) chet eldagi boʻlinma faoliyati hisobot beruvchi tashkilot faoliyatining uzviy davomi sifatida (bogʻliq holda) amalga oshirilayotganligi yoki sezilarli darajadagi mustaqillik asosida yuritilayotganligi.
Masalan, mustaqillik asosida faoliyat yuritish holatiga misol sifatida xorijiy davlatlardagi diplomatik vakolatxonalarni keltirish mumkin. Bunday vakolatxonalar faoliyatini oʻzi belgilagan funksional valyutada amalga oshirishi mumkin. Bunda xodimlarga ish haqi asosan vakolatxona tomonidan belgilangan funksional valyutada toʻlanadi. Shuningdek, hisobot beruvchi tashkilot boshqaruvi va yoʻnalishi ostida faoliyat yurituvchi davlat universitetining chet eldagi filialini ham misol sifatida keltirish mumkin.
Sezilarli darajada mustaqillikka ega chet eldagi boʻlinma pul mablagʻlarini va boshqa monetar moddalarni jamgʻarishi, xarajatlarni amalga oshirishi, daromadlar olishi, shuningdek, qarz mablagʻlarini jalb qilishi mumkin hamda mazkur operatsiyalar asosan oʻzining funksional valyutasida amalga oshiriladi. Bunday tashkilotlar tijorat asosida faoliyat yurituvchi davlat sektori tashkilotlari sifatida tashkil etilishi mumkin;
b) chet eldagi boʻlinmaning hisobot beruvchi tashkilot bilan amalga oshiradigan operatsiyalari ulushining darajasi;
d) chet eldagi boʻlinma faoliyatidan kelib chiqadigan pul oqimlarining hisobot beruvchi tashkilotlar pul oqimlariga bevosita taʼsiri hamda ularni hisobot beruvchi tashkilotlar ixtiyoriga tezlik bilan oʻtkazish (remittansiya qilish) imkoniyati;
e) chet eldagi boʻlinma faoliyatidan kelib chiqadigan pul oqimlarining hisobot beruvchi tashkilot tomonidan qoʻshimcha mablagʻ ajratilmagan holda mavjud va odatda kutilayotgan qarz majburiyatlarini qoplash uchun yetarliligi.
8. Yuqorida keltirilgan jihatlar aralash holatda boʻlganda hamda funksional valyuta aniq belgilangan hollarda, tashkilot rahbariyati asosiy operatsiyalar, hodisalar va sharoitlarning iqtisodiy taʼsirini eng haqqoniy aks ettiruvchi funksional valyutani aniqlash maqsadida oʻz professional mulohazasidan foydalanadi.
Bunda tashkilot rahbariyati funksional valyutani aniqlashda qoʻshimcha dalillarni taqdim etish uchun moʻljallangan mazkur Standartning 6 va 7-bandlarida nazarda tutilgan jihatlarni koʻrib chiqishdan oldin, mazkur Standartning 5-bandida belgilangan asosiy jihatlarga ustuvor ahamiyat beradi.
9. Tashkilotning funksional valyutasi uning faoliyatiga daxldor boʻlgan asosiy operatsiyalar, hodisalar va holatlarning iqtisodiy mazmunini aks ettiradi. Shu munosabat bilan, funksional valyuta belgilangandan keyin u faqat ushbu operatsiyalar, hodisalar va holatlarda oʻzgarish yuz bergan taqdirda oʻzgartirilishi mumkin.
2-§. Monetar moddalar
10. Monetar moddaning asosiy belgisi — belgilangan yoki aniqlanishi mumkin boʻlgan miqdordagi valyuta birliklarini olish huquqi (yoki yetkazib berish majburiyati) mavjudligidir. Masalan, naqd pulda toʻlanadigan ijtimoiy toʻlovlar boʻyicha majburiyatlar va xodimlarga beriladigan boshqa toʻlovlar, naqd pulda qoplanishi lozim boʻlgan zaxiralar, ijara majburiyatlari, shuningdek, majburiyat sifatida tan olingan naqd dividendlar yoki shunga oʻxshash taqsimotlar.
Aksincha, nomonetar moddaning asosiy belgisi — belgilangan yoki aniqlanishi mumkin boʻlgan miqdordagi valyuta birliklarini olish huquqi (yoki yetkazib berish majburiyati) mavjud emasligidir. Masalan, tovarlar va xizmatlar uchun oldindan toʻlangan summalar, transfert huquqi aktivlari, gudvill, nomoddiy aktivlar, zaxiralar, asosiy vositalar, ijara huquqi aktivlari hamda nomonetar aktivni yetkazib berish orqali qoplanadigan zaxiralar.
3-§. Chet eldagi boʻlinmaga sof investitsiya
11. Tashkilotda chet eldagi boʻlinmadan olinishi yoki chet eldagi boʻlinmaga toʻlanishi lozim boʻlgan monetar modda boʻlishi mumkin. Agar mazkur modda boʻyicha hisob-kitobni yaqin kelajakda amalga oshirish rejalashtirilmagan yoki ehtimoli past boʻlsa, u amalda tashkilotning ushbu chet eldagi boʻlinmaga sof investitsiyasining bir qismi hisoblanadi hamda mazkur Standartning 27 va 28-bandlariga muvofiq qayd etiladi. Bunday monetar moddalarga uzoq muddatli debitor qarzlar yoki kreditlar kirishi mumkin. Biroq, ular tovarlar va xizmatlar boʻyicha debitor va kreditor qarzlarni oʻz ichiga olmaydi.
12. Mazkur Standartning 11-bandida qayd etilgan, chet eldagi boʻlinmadan olinishi yoki chet eldagi boʻlinmaga toʻlanishi lozim boʻlgan monetar moddaga ega boʻlgan tashkilot iqtisodiy tashkilot tarkibiga kiruvchi har qanday nazorat qilinadigan tashkilot boʻlishi mumkin. Masalan, tashkilot tarkibida A va B nomli ikkita nazorat qilinadigan tashkilot mavjud boʻlib, B tashkilot chet eldagi boʻlinma hisoblanadi. A tashkilot B tashkilotga qarz (kredit) ajratadi.
Agar mazkur qarzning qaytarilishi yaqin kelajakda rejalashtirilmagan yoki ehtimoli past boʻlsa, A tashkilotining B tashkilotdan boʻlgan debitor qarzi A tashkilotining B tashkilotdagi sof investitsiyasining bir qismi sifatida eʼtirof etiladi. Ushbu qoida A tashkilotning oʻzi chet eldagi boʻlinma boʻlgan taqdirda ham qoʻllaniladi.
2-bob. Ushbu standart talab qiladigan yondashuv
13. Moliyaviy hisobotlarni tayyorlaganda har bir tashkilot — alohida tashkilot, chet eldagi boʻlinmaga ega boʻlgan tashkilot yoki chet eldagi boʻlinma oʻz funksional valyutasini mazkur Standartning 5 — 9-bandlari talablariga muvofiq belgilaydi. Tashkilot chet el valyutasidagi moddalarni oʻz funksional valyutasiga qayta hisoblaydi va bunday qayta hisoblashning taʼsirlarini mazkur Standartning 16 — 35 va 50-bandlariga muvofiq hisobotda aks ettiradi.
14. Koʻplab hisobot beruvchi tashkilotlar bir nechta alohida tashkilotlardan iborat boʻladi (masalan, iqtisodiy tashkilot nazorat qiluvchi tashkilot hamda bir yoki bir nechta nazorat qilinadigan tashkilotlardan tashkil topadi). Iqtisodiy tashkilot tarkibiga kiruvchi yoki undan mustaqil faoliyat yurituvchi turli tashkilotlar assotsiatsiyalangan tashkilotlarda yoki qoʻshma kelishuvlarda investitsiyalarga va filiallarga ega boʻlishi mumkin.
Hisobot beruvchi tashkilotga kiritilgan har bir alohida tashkilotning moliyaviy natijasi va moliyaviy holati hisobot beruvchi tashkilotning moliyaviy hisobotlarni taqdim etadigan valyutasiga qayta hisoblanishi lozim.
Ushbu Standart hisobot beruvchi tashkilotning taqdim etish valyutasi istalgan valyutada yoki valyutalarda boʻlishiga ruxsat beradi. Funksional valyutasi taqdim etish valyutasidan farq qiluvchi har bir alohida tashkilotning moliyaviy natijasi va moliyaviy holati mazkur Standartning 33 — 50-bandlariga muvofiq taqdim etish valyutasiga qayta hisoblanadi.
15. Mazkur Standart alohida tashkilotga yoki alohida moliyaviy hisobotlarni tayyorlaydigan tashkilotga oʻz moliyaviy hisobotlarini istalgan valyutada yoki valyutalarda taqdim etishga ruxsat beradi.
Agar tashkilotning taqdim etish valyutasi uning funksional valyutasidan farq qilsa, uning moliyaviy natijasi va moliyaviy holati mazkur Standartning 33 — 50-bandlariga muvofiq taqdim etish valyutasiga qayta hisoblanadi.
3-bob. Chet el valyutasidagi operatsiyalarni funksional valyutada hisobga olish
1-§. Dastlabki tan olish
16. Chet el valyutasidagi operatsiya quyidagi holatlarda yuzaga keladi:
a) narxi chet el valyutasida belgilangan tovarlar yoki xizmatlarni sotib olish yoki sotish;
b) toʻlanishi yoki olinishi lozim boʻlgan summalar chet el valyutasida ifodalangan holda mablagʻlarni qarzga olish yoki berish;
d) boshqa hollarda chet el valyutasida ifodalangan aktivlarga egalik qilish yoki ularni tasarrufdan chiqarish yoxud majburiyatlarni qabul qilish yoki bajarish.
17. Chet el valyutasidagi operatsiya funksional valyutada dastlabki tan olinayotganda, operatsiya sanasida funksional valyuta bilan chet el valyutasi oʻrtasidagi joriy (spot) ayirboshlash kursi qoʻllanilgan holda, chet el valyutasidagi summa funksional valyutaga qayta hisoblanadi.
18. Valyuta kursining oʻzgarishi chet el valyutasida saqlanadigan yoki olinishi (toʻlanishi) lozim boʻlgan pul mablagʻlari yoki pul ekvivalentlariga taʼsir koʻrsatishi mumkin. Bunday valyuta kurslari farqlarining taqdim etish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (14-sonli BHS) “Pul oqimlari toʻgʻrisida hisobot”da ( roʻyxat raqami 3396, 2022-yil 2-noyabr) belgilanadi.
Mazkur oʻzgarishlar pul oqimlari hisoblanmasa ham, hisobot davri boshidagi va oxiridagi pul mablagʻlari hamda pul ekvivalentlarini muvofiqlashtirish maqsadida chet el valyutasida saqlanadigan yoki olinishi (toʻlanishi) lozim boʻlgan pul mablagʻlari hamda pul ekvivalentlariga valyuta kurslari oʻzgarishining taʼsiri pul oqimlari toʻgʻrisidagi hisobotda aks ettiriladi.
Ushbu summalar operatsion, investitsiyaviy va moliyalashtirish faoliyatlaridan kelib chiqqan pul oqimlaridan alohida koʻrsatiladi hamda mazkur pul oqimlari hisobot davri oxiridagi valyuta kurslari boʻyicha qayta hisoblanganida farqlar mavjud boʻlsa, ular ham ushbu summalar tarkibiga kiritiladi.
2-§. Keyingi hisobot davrlarida hisobot taqdim qilish
19. Har bir hisobot sanasida:
a) chet el valyutasida ifodalangan monetar moddalar yopilish kursi boʻyicha qayta hisoblanishi lozim;
b) chet el valyutasida tarixiy qiymat asosida baholanadigan nomonetar moddalar operatsiya sanasidagi valyuta kursi boʻyicha qayta hisoblanishi kerak;
d) chet el valyutasida haqqoniy yoki joriy operatsion qiymat asosida baholanadigan nomonetar moddalar mazkur qiymat aniqlangan sanadagi valyuta kurslari boʻyicha qayta hisoblanishi shart.
20. Moddaning balans qiymati tegishli boshqa budjet hisobi standartlari talablari bilan birgalikda aniqlanadi. Masalan, asosiy vositalar Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar”ga ( roʻyxat raqami 3144, 2019-yil 20-mart) muvofiq tarixiy qiymat, joriy operatsion qiymat yoki haqqoniy qiymat asosida baholanishi mumkin.
Moddaning balans qiymati qaysi asosda aniqlanishidan qatʼi nazar, agar ushbu summa chet el valyutasida belgilangan boʻlsa, u mazkur Standart talablariga muvofiq funksional valyutaga qayta hisoblanadi.
21. Ayrim moddalarning balans qiymati ikki yoki undan ortiq summani taqqoslash orqali aniqlanadi. Masalan, sotish uchun moʻljallangan zaxiralarning balans qiymati Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (7-sonli BHS) “Tovar-moddiy zaxiralar”ga ( roʻyxat raqami 3120, 2019-yil 14-yanvar) muvofiq tannarx va sof realizatsiya qiymatidan eng pasti sifatida aniqlanadi.
Qadrsizlanish alomatlari mavjud boʻlgan va pul oqimini hosil qilmaydigan aktivning balans qiymati uning ehtimoliy qadrsizlanish zararlarini inobatga olmasdan oldingi balans qiymati hamda tiklanadigan xizmat qiymatidan eng pasti sifatida aniqlanadi.
Agar bunday aktiv nomonetar boʻlib, chet el valyutasida baholangan boʻlsa, uning balans qiymati quyidagilarni taqqoslash orqali aniqlanadi:
a) tegishli holatga qarab, tannarx yoki balans qiymati — ushbu summa aniqlangan sanadagi valyuta kursi boʻyicha qayta hisoblangan holda (masalan, tarixiy qiymat asosida baholangan modda uchun operatsiya sanasidagi kurs boʻyicha);
b) tegishli holatga qarab, sof realizatsiya qiymati yoki tiklanadigan xizmat qiymati — ushbu qiymat aniqlangan sanadagi valyuta kursi boʻyicha qayta hisoblangan holda (masalan, hisobot sanasidagi yopilish kursi boʻyicha).
Bunday taqqoslashda valyuta kurslari oʻzgarishi tufayli bir xil aktiv boʻyicha funksional valyutada qadrsizlanish zarari tan olinishi mumkin, biroq chet el valyutasida bunday zarar tan olinmasligi yoki aksincha holat yuzaga kelishi mumkin.
22. Agar bir nechta valyuta kurslari (masalan, rasmiy kurs, bank kursi va b.) mavjud boʻlsa, operatsiya yoki balans moddasiga taalluqli pul oqimlari baholash sanasida qaysi kurs boʻyicha hisob-kitob qilinishi mumkin boʻlsa, oʻsha kurs qoʻllaniladi.
Agar ikki valyuta oʻrtasida ayirboshlash imkoniyati vaqtincha mavjud boʻlmasa, qoʻllaniladigan kurs sifatida ayirboshlash amalga oshirilishi mumkin boʻlgan birinchi keyingi kurs olinadi.
3-§. Valyuta kurslari farqlarini tan olish
23. Quyidagi holatlarda hisobot davrida yuzaga kelgan valyuta kurslari farqlari foyda yoki zarar tarkibida tan olinishi lozim, mazkur Standartning 27-bandida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno:
a) monetar moddalar boʻyicha hisob-kitobni amalga oshirish natijasi boʻyicha;
b) monetar moddalarni hisobot davri mobaynida yoki oldingi moliyaviy hisobotlarda ilk tan olish vaqtida qoʻllanilgan kurslardan farq qiluvchi kurslar boʻyicha qayta hisoblash natijasi boʻyicha.
24. Agar monetar moddalar chet el valyutasidagi operatsiyasi natijasida yuzaga kelsa va operatsiya sanasi bilan hisob-kitob sanasi oʻrtasida valyuta kursi oʻzgarsa, valyuta kurslari farqi vujudga keladi.
Agar operatsiya amalga oshirilgan hisobot davrining oʻzida hisob-kitob qilinsa, valyuta kurslari farqining toʻliq summasi ushbu davrda tan olinadi.
Agar operatsiya keyingi hisobot davrida hisob-kitob qilinsa, hisob-kitob sanasiga qadar har bir hisobot davri uchun tan olinadigan valyuta kurslari farqi shu davr mobaynidagi kurs oʻzgarishi asosida aniqlanadi.
25. Agar nomonetar modda boʻyicha foyda yoki zarar toʻgʻridan-toʻgʻri sof aktivlar/kapital tarkibida tan olinsa, ushbu foyda yoki zararning valyuta kurslari bilan bogʻliq qismi ham toʻgʻridan-toʻgʻri sof aktivlar/kapital tarkibida tan olinadi.
Aksincha, agar nomonetar modda boʻyicha foyda yoki zarar moliyaviy natijalar hisobotida foyda yoki zarar tarkibida tan olinsa, ushbu foyda yoki zararning valyuta kurslari bilan bogʻliq qismi ham moliyaviy natijalar hisobotida foyda yoki zarar tarkibida tan olinadi.
26. Boshqa budjet hisobi standartlari ayrim foyda va zararlarni toʻgʻridan-toʻgʻri sof aktivlar/kapital tarkibida tan olishni talab qiladi. Masalan, Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar”da ( roʻyxat raqami 3144, 2019-yil 30-mart) asosiy vositalarni qayta baholash natijasida yuzaga kelgan ayrim foyda va zararlarni toʻgʻridan-toʻgʻri sof aktivlar/kapital tarkibida tan olinishi belgilangan.
Agar bunday aktiv chet el valyutasida baholangan boʻlsa, ushbu Standartning 19-bandi “d” kichik bandiga muvofiq qayta baholangan summa ushbu qiymat aniqlangan sanadagi valyuta kursi boʻyicha qayta hisoblanadi. Natijada yuzaga kelgan valyuta kurslari farqi ham toʻgʻridan-toʻgʻri sof aktivlar/kapital tarkibida tan olinadi.
27. Agar valyuta kurslari farqlari monetar modda boʻyicha yuzaga kelsa va ushbu monetar modda mazkur Standartning 11-bandiga muvofiq hisobot beruvchi tashkilotning chet eldagi boʻlinmasidagi sof investitsiyasi tarkibiga kirsa, quyidagicha hisobga olinadi:
hisobot beruvchi tashkilotning alohida moliyaviy hisobotlarida yoki chet eldagi boʻlinmaning alohida moliyaviy hisobotlarida — foyda yoki zarar tarkibida;
agar chet eldagi boʻlinma va hisobot beruvchi tashkilotning moliyaviy hisobotlari konsolidatsiyalashgan holda taqdim etilsa, valyuta kurslari farqi dastlab toʻgʻridan-toʻgʻri sof aktivlar/kapitalning alohida tarkibida tan olinadi hamda ushbu investitsiya sotilganda mazkur Standartning 44-bandiga muvofiq valyuta kurslari farqi foyda yoki zarar tarkibida tan olinadi.
28. Agar monetar modda hisobot beruvchi tashkilotning chet eldagi boʻlinmasidagi sof investitsiyasi tarkibiga kirsa va u hisobot beruvchi tashkilotning funksional valyutasida ifodalangan boʻlsa, valyuta kurslari farqi mazkur Standartning 23-bandiga muvofiq chet eldagi boʻlinmaning alohida moliyaviy hisobotlarida yuzaga keladi.
Agar monetar modda chet eldagi boʻlinmaning funksional valyutasida ifodalangan boʻlsa, valyuta kurslari farqi mazkur Standartning 23-bandiga muvofiq hisobot beruvchi tashkilotning alohida moliyaviy hisobotlarida yuzaga keladi.
Agar monetar modda hisobot beruvchi tashkilot yoki uning chet eldagi boʻlinmasining funksional valyutasidan farq qiluvchi boshqa valyutada ifodalangan boʻlsa, valyuta kurslari farqi mazkur Standartning 23-bandiga muvofiq hisobot beruvchi tashkilot va uning chet eldagi boʻlinmasining alohida moliyaviy hisobotlarida yuzaga keladi.
Mazkur valyuta kurslari farqlari chet eldagi boʻlinma va hisobot beruvchi tashkilotni oʻz ichiga olgan moliyaviy hisobotlarda (yaʼni chet eldagi boʻlinma konsolidatsiya qilinadigan yoki ulushdorlik usuli (equity method) asosida hisobga olinadigan moliyaviy hisobotlarda) sof aktivlar/kapitalning alohida tarkibiga qayta tasniflanadi.
29. Agar tashkilot buxgalteriya hisobini oʻz funksional valyutasidan farq qiluvchi valyutada yuritsa, moliyaviy hisobotni tayyorlash paytida barcha summalar mazkur Standartning 16 — 22-bandlariga muvofiq funksional valyutaga qayta hisoblanadi.
Bunda qayta hisoblash natijasida funksional valyutada hosil boʻladigan summalar ilk bor funksional valyutada qayd etilganida shakllanishi mumkin boʻlgan summalarga teng boʻladi. Masalan, monetar moddalar funksional valyutaga yopilish kursi boʻyicha qayta hisoblanadi, tarixiy qiymat asosida baholangan nomonetar moddalar esa ularni tan olishga asos boʻlgan operatsiya sanasidagi valyuta kursi boʻyicha qayta hisoblanadi.
4-§. Funksional valyutadagi oʻzgarish
30. Tashkilotlarning funksional valyutasi oʻzgargan taqdirda, yangi funksional valyutaga nisbatan qoʻllaniladigan qayta hisoblash tartiblari mazkur funksional valyuta oʻzgargan sanadan boshlab qoʻllaniladi.
31. Tashkilotlarning funksional valyutasi mazkur Standartning 9-bandida belgilangan hollarda oʻzgartirilishi mumkin. Masalan, tovarlar va xizmatlar narxlariga asosiy taʼsir koʻrsatuvchi valyutaning oʻzgarishi tashkilotlar funksional valyutasining oʻzgarishiga olib kelishi mumkin.
32. Funksional valyuta oʻzgarishining taʼsiri kelgusi davrga nisbatan hisobga olinadi. Boshqacha aytganda, tashkilot barcha moddalarni oʻzgarish sanasidagi valyuta kursi boʻyicha yangi funksional valyutaga qayta hisoblaydi.
Bunda nomonetar moddalar boʻyicha qayta hisoblangan summalar ularning tarixiy qiymati sifatida qabul qilinadi.
Mazkur Standartning 27-bandi va 34-bandi “d” kichik bandiga muvofiq avval sof aktivlar/kapital tarkibida tasniflangan chet el eldagi operatsiyani qayta hisoblash natijasida yuzaga kelgan valyuta kurslari farqlari ushbu operatsiya realizatsiya qilinmagunicha foyda yoki zarar tarkibida tan olinmaydi.
4-bob. Funksional valyutadan boshqa taqdim etish valyutasidan foydalanish
1-§. Taqdim etish valyutasiga oʻtkazish
33. Tashkilotlar moliyaviy hisobotlarini moliyaviy hisobotlarni qabul qiluvchi tashkilotlarga taqdim etish valyutasida taqdim etadi. Agar taqdim etish valyutasi tashkilotlarning funksional valyutasidan farq qilsa, u oʻz moliyaviy faoliyati natijalari va moliyaviy holatini taqdim etish valyutasiga qayta hisoblaydi.
Masalan, Oʻzbekiston Respublikasining xorijiy davlatlardagi diplomatik vakolatxonalari yoki budjet tashkilotlarining chet eldagi boʻlinmalari turli funksional valyutalarda faoliyat yuritgan taqdirda, konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotlarni tuzish uchun ularning har birining moliyaviy faoliyati natijalari va moliyaviy holati yagona taqdim etish valyutasida ifodalanadi.
Oʻzbekiston Respublikasida budjet hisobini taqdim etish valyutasi milliy valyutada — soʻmda yuritiladi.
34. Funksional valyutasi boshqa boʻlgan tashkilotlarning moliyaviy faoliyati natijalari va moliyaviy holati taqdim etish valyutasiga quyidagi tartibda qayta hisoblanadi:
a) har bir taqdim etilgan moliyaviy holat toʻgʻrisidagi hisobot (shu jumladan, taqqoslovchi maʼlumotlar) boʻyicha aktivlar va majburiyatlar mazkur hisobot sanasidagi yopilish kursi boʻyicha;
b) har bir taqdim etilgan moliyaviy faoliyat natijalari toʻgʻrisidagi hisobot (shu jumladan, taqqoslovchi maʼlumotlar) boʻyicha daromadlar va xarajatlar operatsiyalar amalga oshirilgan sanadagi valyuta kurslari boʻyicha;
d) ushbu qayta hisoblash natijasida yuzaga kelgan barcha valyuta kurslari farqlari sof aktivlar/kapital tarkibida alohida modda sifatida eʼtirof etiladi.
35. Mazkur Standartning 34-bandi “d” kichik bandida qayd etilgan valyuta kurslari farqlari quyidagi holatlarda yuzaga keladi:
a) daromad va xarajatlarni operatsiya sanasidagi valyuta kurslari boʻyicha, aktiv va majburiyatlarni esa yopilish kursi boʻyicha qayta hisoblash natijasida. Bunday valyuta kurslari farqlari foyda yoki zarar tarkibida tan olingan daromad va xarajatlar boʻyicha hamda toʻgʻridan-toʻgʻri sof aktivlar/kapital tarkibida tan olingan moddalar boʻyicha ham yuzaga keladi;
b) dastlabki sof aktivlar/kapitalning avvalgi yopilish kursidan farq qiladigan yopilish kursi boʻyicha qayta hisoblash natijasida.
Mazkur valyuta kurslari farqlari foyda yoki zarar tarkibida tan olinmaydi, chunki valyuta kurslarining oʻzgarishi operatsion faoliyatdan kelib chiqadigan joriy va kelgusidagi pul oqimlariga bevosita yoki sezilarli taʼsir koʻrsatmaydi.
Agar bunday valyuta kurslari farqlari konsolidatsiya qilinadigan, biroq toʻliq egalik qilinmaydigan chet eldagi boʻlinmaga tegishli boʻlsa, qayta hisoblash natijasida jamlangan va nazorat qilinmaydigan ulushlarga taalluqli boʻlgan valyuta kurslari farqlari taqsimlanadi hamda konsolidatsiyalashgan moliyaviy holat toʻgʻrisidagi hisobotda nazorat qilinmaydigan ulushlar tarkibida tan olinadi.
36. Hisobot beruvchi tashkilotlar chet eldagi boʻlinmaning pul oqimlari, yaʼni pul tushumlari va pul toʻlovlarini uning pul oqimlari toʻgʻrisidagi hisobotiga kiritish maqsadida qayta hisoblashda Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (14-sonli BHS) “Pul oqimlari toʻgʻrisida hisobot” ( roʻyxat raqami 3396, 2022-yil 2-noyabr) talablariga rioya etishi shart.
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (14-sonli BHS) “Pul oqimlari toʻgʻrisida hisobot”ga ( roʻyxat raqami 3396, 2022-yil 2-noyabr) muvofiq, chet eldagi boʻlinma taʼrifiga javob beradigan nazorat qilinuvchi tashkilotning pul oqimlari taqdim etish valyutasi va chet el valyutasi oʻrtasidagi pul oqimlari amalga oshirilgan sanadagi valyuta kurslari boʻyicha qayta hisoblanadi.
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (14-sonli BHS) “Pul oqimlari toʻgʻrisida hisobot”da ( roʻyxat raqami 3396, 2022-yil 2-noyabr) chet el valyutasida saqlanadigan yoki olinishi (toʻlanishi) lozim boʻlgan pul mablagʻlari va ularning ekvivalentlari boʻyicha valyuta kurslari oʻzgarishi natijasida yuzaga kelgan, amalda hali pul harakati bilan tasdiqlanmagan (amalga oshirilmagan) foyda va zararlarning taqdim etilishi tartibi belgilangan.
2-§. Chet eldagi boʻlinmaning moliyaviy hisobotlarini bir valyutadan boshqa valyutaga oʻtkazish
37. Chet eldagi boʻlinmaning moliyaviy faoliyati natijalari va moliyaviy holatini taqdim etish valyutasiga qayta hisoblashda mazkur boʻlinmani hisobot beruvchi tashkilotning moliyaviy hisobotlariga konsolidatsiya qilish yoki ulushdorlik usuli (equity method) asosida hisobga olish maqsadida mazkur Standartning 33 — 36-bandlari hamda ushbu paragraf talablari qoʻllaniladi.
38. Chet eldagi boʻlinmaning moliyaviy natijalari va moliyaviy holatini hisobot beruvchi tashkilotning moliyaviy hisobotlari bilan birlashtirish odatiy konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotlarni tuzish tartibiga muvofiq amalga oshiriladi. Bunda iqtisodiy tashkilot doirasidagi oʻzaro hisob-kitoblar va operatsiyalar chiqarib tashlanadi.
39. Iqtisodiy tashkilot doirasidagi monetar aktiv (yoki majburiyat), qisqa yoki uzoq muddatli boʻlishidan qatʼi nazar, iqtisodiy tashkilot ichidagi mos majburiyat (yoki aktiv) bilan valyutalar kursining oʻzgarishi natijalarini konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotlarda aks ettirmasdan oʻzaro hisobdan chiqarilishi mumkin emas.
Bunda monetar modda:
a) bir valyutani boshqa valyutaga almashtirish majburiyatini ifoda etadi;
b) valyuta kurslari oʻzgarishi natijasida hisobot taqdim etuvchi tashkilot uchun foyda yoki zarar keltirib chiqarishi mumkin.
Shu munosabat bilan, hisobot taqdim etuvchi tashkilotning konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotlarida bunday kurs farqi foyda yoki zarar tarkibida tan olinadi yoki agar u mazkur Standartning 27-bandida koʻrsatilgan holatlardan kelib chiqqan boʻlsa, chet eldagi boʻlinma tugatilgunga qadar sof aktivlar/kapital tarkibida tasniflanadi.
40. Chet eldagi boʻlinmaning moliyaviy hisobotlari hisobot beruvchi tashkilotnikidan boshqa sanada tuzilgan boʻlsa, chet eldagi boʻlinma hisobot beruvchi tashkilotning moliyaviy hisobotlari sanasiga muvofiq qoʻshimcha hisobotlar tayyorlaydi.
41. Hisobot beruvchi tashkilot va chet eldagi boʻlinmaning hisobot sanasi orasida farq boʻlsa, chet eldagi boʻlinmaning aktiv va majburiyatlari uning oʻz hisobot sanasidagi valyuta kursi boʻyicha qayta hisoblanadi.
42. Hisobot beruvchi tashkilotning hisobot sanasiga qadar boʻlgan valyuta kurslaridagi oʻzgarishlar uchun tuzatishlar amalga oshirilishi mumkin. Bu tuzatishlar konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotlarda aktiv va majburiyatlarni yana bir marta qayta baholashga imkon beradi.
43. Chet eldagi boʻlinmani sotib olish natijasida yuzaga keladigan gudvill, shuningdek mazkur boʻlinmani sotib olish munosabati bilan aktivlar va majburiyatlarning balans qiymatlariga kiritilgan haqqoniy qiymat boʻyicha tuzatishlar ushbu chet eldagi boʻlinmaning aktivlari va majburiyatlari sifatida qaraladi.
Shu munosabat bilan, ular chet eldagi boʻlinmaning funksional valyutasida ifodalanadi hamda mazkur Standartning 34-bandiga muvofiq yopilish kursi boʻyicha qayta hisoblanadi.
3-§. Chet eldagi boʻlinmani tasarrufdan chiqarish (sotish) yoki qisman tasarrufdan chiqarish (sotish)
44. Chet eldagi boʻlinma tasarrufdan chiqarilganda (sotilganda), mazkur boʻlinmaga tegishli boʻlgan hamda ilgari sof aktivlar/kapitalning alohida tarkibida toʻplangan valyuta kurslari farqining umumiy qiymati, tasarrufdan chiqarishdan (sotishdan) olingan foyda yoki zarar tan olingan vaqtda, sof aktivlar/kapital tarkibidan foyda yoki zarar tarkibiga qayta oʻtkaziladi.
45. Tashkilotning chet eldagi boʻlinmasidagi oʻz ulushini toʻliq tasarrufdan chiqarishdan tashqari quyidagi qisman tasarrufdan chiqarish holatlari ham tasarrufdan chiqarish sifatida hisobga olinadi:
a) agar qisman tasarrufdan chiqarish chet eldagi boʻlinmani oʻz ichiga olgan nazorat qilinadigan tashkilot ustidan nazoratni yoʻqotishga olib kelsa (bunda hisobot beruvchi tashkilot mazkur nazorat qilinadigan tashkilotda qisman tasarrufdan chiqarishdan soʻng nazorat qilinmaydigan ulushni saqlab qolgan taqdirda ham ushbu holat qisman tasarrufdan chiqarish deb hisoblanadi);
b) agar qoʻshma kelishuvdagi ulush yoki chet eldagi boʻlinmani oʻz ichiga olgan assotsiatsiyalangan tashkilotdagi ulush qisman tasarrufdan chiqarilgandan soʻng saqlanib qolgan ulush moliyaviy aktiv sifatida eʼtirof etilsa.
46. Chet eldagi boʻlinmani oʻz ichiga olgan nazorat qilinadigan tashkilot tasarrufdan chiqarilganda, mazkur chet eldagi boʻlinmaga tegishli va chegaralangan nazoratdagi ishtirokchilarga tegishli toʻplangan valyuta kurslari farqlarining qiymati, toʻgʻridan-toʻgʻri toʻplangan foyda yoki zarar tarkibiga oʻtkaziladi.
47. Chet eldagi boʻlinmani oʻz ichiga olgan nazorat qilinadigan tashkilot qisman tasarrufdan chiqarilganda, tashkilot sof aktivlar/kapitalning alohida toifasida toʻplangan valyuta kurslari farqlarining mutanosib qismini mazkur chet eldagi boʻlinmadagi chegaralangan nazoratdagi ishtirokchilar hisobiga qayta taqsimlaydi.
Chet eldagi boʻlinmaning boshqa har qanday qisman tasarrufdan chiqarish holatlarida esa, tashkilotlar sof aktivlar/kapitalda toʻplangan valyuta kurslari farqlarining mutanosib qismini toʻplangan foyda yoki zarar tarkibiga oʻtkazadi.
48. Chet eldagi boʻlinmani oʻz ichiga olgan nazorat qilinadigan tashkilotning qisman tasarrufdan chiqarilishi chet eldagi boʻlinmadagi ulushning har qanday kamayishi hisoblanadi, faqat mazkur Standartning 45-bandida qayd etilgan holatlar ushbu kamayishga kiritilmaydi.
49. Tashkilot chet eldagi boʻlinmadagi oʻz ulushini sotish, tugatish, ustav kapitaliga kiritilgan mablagʻlarni qaytarib olish yoki ushbu tashkilotdagi ulushdan toʻliq yoxud qisman voz kechish orqali tasarrufdan chiqarishi yoki qisman tasarrufdan chiqarishi mumkin.
Dividend yoki shunga oʻxshash taqsimot faqat investitsiyani qaytarish sifatida amalga oshirilgan taqdirda tasarrufdan chiqarishning bir qismi hisoblanadi (masalan, dividend yoki shunga oʻxshash taqsimot sotib olishdan oldingi foydadan toʻlangan boʻlsa).
Chet eldagi boʻlinmaning balans qiymatini kamaytirish, u boʻlinmaning oʻz zararlaridan kelib chiqadimi yoki mazkur ulushga ega tashkilot tomonidan qadrsizlanish sifatida tan olinishi sabablimi, qisman tasarrufdan chiqarish hisoblanmaydi. Shu munosabat bilan, tushirilgan valyuta kurslari orqali kelgan foyda yoki zararning hech bir qismi balansdagi qiymatni kamaytirish paytida sof foyda yoki zarar tarkibiga oʻtkazilmaydi.
5-bob. Valyuta kurslari farqlarining soliq solishga taʼsiri
50. Foyda soligʻi toʻlaydigan hisobot beruvchi tashkilotlar uchun quyidagilar bilan bogʻliq soliq oqibatlari foyda soligʻiga oid tegishli xalqaro yoki Oʻzbekiston Respublikasining budjet hisobi standartlarida belgilangan tartibda aniqlanadi:
a) chet el valyutasidagi operatsiyalar boʻyicha foyda va zararlar bilan bogʻliq soliq oqibatlari;
b) tashkilotning va uning chet eldagi boʻlinmasining moliyaviy faoliyati natijalari va moliyaviy holatini boshqa valyutaga qayta hisoblash natijasida yuzaga keladigan valyuta kurslari farqlari.
6-bob. Axborotni ochib berish
51. Mazkur Standartning 53 , 55 va 56-bandlarida keltirilgan “funksional valyuta” tushunchasi iqtisodiy tashkilotga nisbatan qoʻllanilganda, u nazorat qiluvchi tashkilotning funksional valyutasini anglatadi.
52. Tashkilot quyidagi maʼlumotlarni ochib berishi shart:
a) foyda yoki zarar tarkibida tan olingan valyuta kurslari farqlari summasi;
b) sof aktivlar/kapital tarkibida alohida modda sifatida tasniflangan valyuta kurslari farqlarining jami summasi hamda ushbu summaning hisobot davri boshidagi va oxiridagi holati boʻyicha qiyosiy maʼlumot (uzviy bogʻliq koʻrsatkichlar harakati).
53. Taqdim etish valyutasi funksional valyutadan farq qilgan hollarda, ushbu holat toʻgʻrisida axborot ochib berilishi shart. Shu bilan birga, funksional valyuta va boshqa taqdim etish valyutasidan foydalanish sabablari ham koʻrsatilishi lozim.
54. Hisobot beruvchi tashkilot yoki chet eldagi boʻlinmaning funksional valyutasi oʻzgargan taqdirda, ushbu holat va funksional valyuta oʻzgarishining sabab(lar)i moliyaviy hisobotda ochib berilishi shart.
55. Tashkilot moliyaviy hisobotni oʻzining funksional valyutasidan farq qiladigan valyutada taqdim etgan taqdirda, u moliyaviy hisobotni mazkur Standart talablariga muvofiq deb koʻrsatish uchun ushbu Standart bilan bogʻliq barcha tegishli standartlar talablarini, shu jumladan mazkur Standartning 34-bandida belgilangan qayta hisoblash usulini toʻliq bajarishi shart.
56. Tashkilot moliyaviy hisobotni yoki boshqa moliyaviy maʼlumotlarni oʻzining funksional valyutasidan yoki taqdim etish valyutasidan farq qiluvchi boshqa valyutada taqdim etganda hamda mazkur Standartning 55-bandi talablariga rioya etmagan taqdirda, u quyidagilarni amalga oshirishi shart:
a) ushbu maʼlumotlarni mazkur Standart talablariga muvofiq tayyorlangan hisobotdan ajratish maqsadida ularni qoʻshimcha axborot sifatida aniq belgilash;
b) qoʻshimcha axborot qaysi valyutada taqdim etilganini ochib berish;
d) tashkilotning funksional valyutasini hamda qoʻshimcha axborotni tayyorlashda qoʻllangan qayta hisoblash usulini ochib berish.
Vazir J. KUCHKAROV
Toshkent sh.,
2026 yil 31 mart,
352-son