UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 3-aprel · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oʻzbеkiston rеspublikasi istiqbolli loyihalar milliy agеntligi dirеktori

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 3 апрель · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 апреля 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Директор Национального агентства перспективных проектов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 April 2026 · Ministry and agency documents · Oʻzbеkiston rеspublikasi istiqbolli loyihalar milliy agеntligi dirеktori

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ

буйруғи

НИЗОМ

Пай фондларининг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони ва 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон «Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Пай фондларининг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 3 апрелдаги 11-сон буйруғига ИЛОВА

Пай фондларининг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом пай фондларининг ягона реестрини (бундан буён матнда ягона реестр деб юритилади) шакллантириш, юритиш, ягона реестрга ўзгартириш киритиш, шунингдек пай фондини ягона реестрдан чиқариш ва ягона реестрдан маълумотларни тақдим этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ягона реестр Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган ҳамда фаолият юритаётган пай фондлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборот тизими ҳисобланади.

2. Пай фонди Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) томонидан ягона реестрга киритилган ҳамда тегишли маълумотлар Агентлик ва «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади .

3. Пай фондини ягона реестрга киритиш бепул амалга оширилади.

2-боб. Пай фондини ягона реестрга киритиш

4. Пай фондини ягона реестрга киритиш учун пай фондининг ишончли бошқарувчиси Агентликка қуйидаги ҳужжатларни ёзма ёки электрон шаклда тақдим этади:

пай фондининг ишончли бошқарувчиси томонидан имзоланган пай фондини ягона реестрга киритиш тўғрисидаги ариза;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия нусхаси ;

ишончли бошқарувчининг пай фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарори нусхаси ;

инвесторлар билан пай фондини ишончли бошқариш тўғрисидаги шартнома нусхаси ;

пай фондининг инвестиция декларацияси нусхаси .

5. Агентликнинг ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш бўйича ишчи орган функцияларини Капитал бозорини ривожлантириш департаменти (бундан буён матнда ишчи орган деб юритилади) амалга оширади.

6. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қоғоз шаклда Агентликка ёки электрон шаклда Агентликнинг электрон почтасига тақдим этилади.

Электрон шаклда тақдим этиладиган маълумотлар юқори сифатли бўлиши ва « PDF », « PNG » ёки « JPEG » форматларида бўлиши лозим.

7. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар олингандан кейин Агентлик етти иш куни ичида пай фондини ягона реестрга киритиш ёки ягона реестрга киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

8. Ишчи орган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни беш иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижалари бўйича хулосани Агентлик раҳбарига (ўринбосарига) тақдим этади.

9. Агентлик раҳбари (ўринбосари) ишчи орган томонидан хулоса тақдим этилган кундан бошлаб икки иш куни ичида пай фондини ягона реестрга киритиш ёки ягона реестрга киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

10. Пай фонди тўғрисидаги маълумотларни ягона реестрга киритиш пай фондини реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин бир иш куни ичида амалга оширилади.

11. Пай фондини ягона реестрга киритиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

ушбу Низомнинг 3-бандида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилганда;

тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги аниқланганда.

12. Пай фондини ягона реестрга киритиш рад этилган тақдирда ишчи орган томонидан пай фондининг ишончли бошқарувчисига бир иш куни ичида рад этиш сабаблари кўрсатилган хабарнома юборилади.

3-боб. Ягона реестрга киритиладиган маълумотлар

13. Ягона реестрга пай фонди тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:

пай фондини ягона реестрга киритиш санаси ва рақами;

пай фондининг тўлиқ ва қисқартирилган номи ;

фонд тури (муомалага чиқарилган инвестиция пайларини ишончли бошқарувчи томонидан фонднинг маблағлари ҳисобидан қайтариб сотиб олиш мажбурияти билан ёки сотиб олиш мажбуриятисиз);

пай фондини ташкил этиш ва унинг фаолиятини амалга ошириш мақсади ;

пай жамғармаси маблағлари инвестиция қилинадиган инвестиция активлари рўйхати ;

ишончли бошқарувчи тўғрисидаги маълумотлар (тўлиқ номи, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия рақами ва санаси, жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ва веб-сайти (мавжуд бўлса), СТИР);

пай фондини ишончли бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати (агар белгиланган бўлса).

14. Пай фонди тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги учун пай фондининг ишончли бошқарувчиси масъул ҳисобланади.

4-боб. Ягона реестрга ўзгартириш киритиш тартиби

15. Ишончли бошқарувчи ягона реестрга киритилиши лозим бўлган маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида Агентликни бундай ўзгариш юз берган санадан бошлаб уч иш куни ичида тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши шарт.

16. Ишчи орган пай фондининг ишончли бошқарувчисидан хабарнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар олинган пайтдан бошлаб икки иш куни ичида ягона реестрга ўзгартиришлар киритади.

17. Пай фондига киритилган ўзгартиришлар тарихи ягона реестрнинг электрон тизимида сақланади.

5-боб. Пай фондини ягона реестрдан чиқариш

18. Пай фонди тугатилган тақдирда ишончли бошқарувчи Агентликни бу тўғрисида икки иш куни ичида пай фондини тугатиш асосларини кўрсатган ва тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қилади.

19. Ишчи орган пай фондининг ишончли бошқарувчисидан хабарнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар олинган пайтдан бошлаб бир иш куни ичида тугатилган пай фонди тўғрисидаги маълумотларни ягона реестрдан чиқаради.

20. Ягона реестрдан чиқариб ташланган пай фонди тўғрисидаги маълумотлар ягона реестрнинг электрон архивида сақланади.

6-боб. Ягона реестрдан маълумотларни тақдим этиш

21. Ягона реестрга киритилган маълумотлар қуйидаги усуллар билан тақдим этилади:

Агентликнинг расмий веб-сайтига барча фойдаланиши мумкин бўлган мазкур Низомнинг 22-бандида назарда тутилган маълумотларни жойлаштириш;

манфаатдор шахсларнинг сўровига асосан қўшимча маълумотларни тақдим этиш.

22. Ягона реестрга киритилган қуйидаги маълумотлар Агентликнинг расмий веб-сайтида барча фойдаланувчилар учун очиқ эълон қилинади:

пай фондини ягона реестрга киритиш санаси ва рақами;

пай фондининг тўлиқ ва қисқартирилган номи ;

пай фондини ишончли бошқарувчининг номи.

23. Ягона реестрдан қўшимча маълумотларни олиш учун ёзма ёки электрон шаклдаги сўровда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

маълумотларнинг тақдим этилишини сўраётган манфаатдор шахснинг номи;

алоқа маълумотлари (манзил, телефон рақам ва (ёки) электрон почта);

сўралаётган маълумотлар рўйхати;

сўралаётган маълумотларни олиш учун ҳуқуқий асос.

24. Қонунчиликка мувофиқ махфий ахборот жумласига киритилган маълумотлар фақат уни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга берилади.

7-боб. Якуний қоида

25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Директор Д. ЛИ

Тошкент ш.,

2026 йил 3 апрель,

11 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 10/26/3825/0431-сон)

lex.uz

OʻZBЕKISTON RЕSPUBLIKASI ISTIQBOLLI LOYIHALAR MILLIY AGЕNTLIGI DIRЕKTORINING

buyrugʻi

NIZOM

Pay fondlarining yagona reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Investitsiya va pay fondlari toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-sentabrdagi PF-161-son “Islohotlarni huquqiy jihatdan taʼminlash samaradorligini oshirish hamda ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishda vazirlik va idoralarning masʼuliyati va tashabbuskorligini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” Farmoni va 2017-yil 27-iyuldagi PQ-3150-son “Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Pay fondlarining yagona reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining 2026-yil 3-apreldagi 11-son buyrugʻiga ILOVA

Pay fondlarining yagona reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom pay fondlarining yagona reyestrini (bundan buyon matnda yagona reyestr deb yuritiladi) shakllantirish, yuritish, yagona reyestrga oʻzgartirish kiritish, shuningdek pay fondini yagona reyestrdan chiqarish va yagona reyestrdan maʼlumotlarni taqdim etish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Yagona reyestr Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashkil etilgan hamda faoliyat yuritayotgan pay fondlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan axborot tizimi hisoblanadi.

2. Pay fondi Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) tomonidan yagona reyestrga kiritilgan hamda tegishli maʼlumotlar Agentlik va “Qimmatli qogʻozlar markaziy depozitariysi” AJning rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilingan paytdan eʼtiboran tashkil etilgan deb hisoblanadi .

3. Pay fondini yagona reyestrga kiritish bepul amalga oshiriladi.

2-bob. Pay fondini yagona reyestrga kiritish

4. Pay fondini yagona reyestrga kiritish uchun pay fondining ishonchli boshqaruvchisi Agentlikka quyidagi hujjatlarni yozma yoki elektron shaklda taqdim etadi:

pay fondining ishonchli boshqaruvchisi tomonidan imzolangan pay fondini yagona reyestrga kiritish toʻgʻrisidagi ariza;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida investitsiya aktivlarining ishonchli boshqaruvchisi faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziya nusxasi ;

ishonchli boshqaruvchining pay fondini tashkil etish toʻgʻrisidagi qarori nusxasi ;

investorlar bilan pay fondini ishonchli boshqarish toʻgʻrisidagi shartnoma nusxasi ;

pay fondining investitsiya deklaratsiyasi nusxasi .

5. Agentlikning ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni qabul qilish va koʻrib chiqish boʻyicha ishchi organ funksiyalarini Kapital bozorini rivojlantirish departamenti (bundan buyon matnda ishchi organ deb yuritiladi) amalga oshiradi.

6. Ariza va unga ilova qilingan hujjatlar qogʻoz shaklda Agentlikka yoki elektron shaklda Agentlikning elektron pochtasiga taqdim etiladi.

Elektron shaklda taqdim etiladigan maʼlumotlar yuqori sifatli boʻlishi va “ PDF ”, “ PNG ” yoki “ JPEG ” formatlarida boʻlishi lozim.

7. Ariza va unga ilova qilingan hujjatlar olingandan keyin Agentlik yetti ish kuni ichida pay fondini yagona reyestrga kiritish yoki yagona reyestrga kiritishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

8. Ishchi organ ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni besh ish kuni ichida koʻrib chiqadi hamda koʻrib chiqish natijalari boʻyicha xulosani Agentlik rahbariga (oʻrinbosariga) taqdim etadi.

9. Agentlik rahbari (oʻrinbosari) ishchi organ tomonidan xulosa taqdim etilgan kundan boshlab ikki ish kuni ichida pay fondini yagona reyestrga kiritish yoki yagona reyestrga kiritishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

10. Pay fondi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yagona reyestrga kiritish pay fondini reyestrga kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan keyin bir ish kuni ichida amalga oshiriladi.

11. Pay fondini yagona reyestrga kiritish quyidagi hollarda rad etilishi mumkin:

ushbu Nizomning 3-bandida qayd etilgan hujjatlar toʻliq taqdim etilmaganda;

taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilganda;

taqdim etilgan hujjatlarning qonunchilik hujjatlari talablariga nomuvofiqligi aniqlanganda.

12. Pay fondini yagona reyestrga kiritish rad etilgan taqdirda ishchi organ tomonidan pay fondining ishonchli boshqaruvchisiga bir ish kuni ichida rad etish sabablari koʻrsatilgan xabarnoma yuboriladi.

3-bob. Yagona reyestrga kiritiladigan maʼlumotlar

13. Yagona reyestrga pay fondi toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:

pay fondini yagona reyestrga kiritish sanasi va raqami;

pay fondining toʻliq va qisqartirilgan nomi ;

fond turi (muomalaga chiqarilgan investitsiya paylarini ishonchli boshqaruvchi tomonidan fondning mablagʻlari hisobidan qaytarib sotib olish majburiyati bilan yoki sotib olish majburiyatisiz);

pay fondini tashkil etish va uning faoliyatini amalga oshirish maqsadi ;

pay jamgʻarmasi mablagʻlari investitsiya qilinadigan investitsiya aktivlari roʻyxati ;

ishonchli boshqaruvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (toʻliq nomi, investitsiya aktivlarining ishonchli boshqaruvchisi faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziya raqami va sanasi, joylashgan joyi (pochta manzili), elektron pochta manzili va veb-sayti (mavjud boʻlsa), STIR);

pay fondini ishonchli boshqarish shartnomasining amal qilish muddati (agar belgilangan boʻlsa).

14. Pay fondi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning ishonchliligi uchun pay fondining ishonchli boshqaruvchisi masʼul hisoblanadi.

4-bob. Yagona reyestrga oʻzgartirish kiritish tartibi

15. Ishonchli boshqaruvchi yagona reyestrga kiritilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar oʻzgarganligi toʻgʻrisida Agentlikni bunday oʻzgarish yuz bergan sanadan boshlab uch ish kuni ichida tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etgan holda yozma yoki elektron shaklda xabardor qilishi shart.

16. Ishchi organ pay fondining ishonchli boshqaruvchisidan xabarnoma va tasdiqlovchi hujjatlar olingan paytdan boshlab ikki ish kuni ichida yagona reyestrga oʻzgartirishlar kiritadi.

17. Pay fondiga kiritilgan oʻzgartirishlar tarixi yagona reyestrning elektron tizimida saqlanadi.

5-bob. Pay fondini yagona reyestrdan chiqarish

18. Pay fondi tugatilgan taqdirda ishonchli boshqaruvchi Agentlikni bu toʻgʻrisida ikki ish kuni ichida pay fondini tugatish asoslarini koʻrsatgan va tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda xabardor qiladi.

19. Ishchi organ pay fondining ishonchli boshqaruvchisidan xabarnoma va tasdiqlovchi hujjatlar olingan paytdan boshlab bir ish kuni ichida tugatilgan pay fondi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yagona reyestrdan chiqaradi.

20. Yagona reyestrdan chiqarib tashlangan pay fondi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar yagona reyestrning elektron arxivida saqlanadi.

6-bob. Yagona reyestrdan maʼlumotlarni taqdim etish

21. Yagona reyestrga kiritilgan maʼlumotlar quyidagi usullar bilan taqdim etiladi:

Agentlikning rasmiy veb-saytiga barcha foydalanishi mumkin boʻlgan mazkur Nizomning 22-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlarni joylashtirish;

manfaatdor shaxslarning soʻroviga asosan qoʻshimcha maʼlumotlarni taqdim etish.

22. Yagona reyestrga kiritilgan quyidagi maʼlumotlar Agentlikning rasmiy veb-saytida barcha foydalanuvchilar uchun ochiq eʼlon qilinadi:

pay fondini yagona reyestrga kiritish sanasi va raqami;

pay fondining toʻliq va qisqartirilgan nomi ;

pay fondini ishonchli boshqaruvchining nomi.

23. Yagona reyestrdan qoʻshimcha maʼlumotlarni olish uchun yozma yoki elektron shakldagi soʻrovda quyidagilar koʻrsatilishi kerak:

maʼlumotlarning taqdim etilishini soʻrayotgan manfaatdor shaxsning nomi;

aloqa maʼlumotlari (manzil, telefon raqam va (yoki) elektron pochta);

soʻralayotgan maʼlumotlar roʻyxati;

soʻralayotgan maʼlumotlarni olish uchun huquqiy asos.

24. Qonunchilikka muvofiq maxfiy axborot jumlasiga kiritilgan maʼlumotlar faqat uni olish huquqiga ega boʻlgan shaxslarga beriladi.

7-bob. Yakuniy qoida

25. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Direktor D. LI

Toshkent sh.,

2026-yil 3-aprel,

11 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.04.2026 y., 10/26/3825/0431-son)

lex.uz