📅 2026-yil 4-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 4-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 4 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 мая 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 May 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚОИДАЛАРИ
ДАСТУРИ
Барқарор ривожланиш ва атроф-муҳит, ижтимоий ҳамда корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармонида йирик стратегик корхоналар томонидан экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойиллари асосида корпоратив дастурлар ишлаб чиқилиб, камида 5 та йирик саноат корхонасида ESG миллий ҳисоботи йўлга қўйилиши ва жамоатчиликка ошкор этиш амалиёти жорий этилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Атроф-муҳит, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойиллари асосида «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва барқарор ривожланиш тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш стандартлари»ни жорий этиш ва ушбу стандартлар асосида ҳисобот тайёрлаш қоидалари (кейинги ўринларда — Қоидалар) 1-иловага мувофиқ;
Трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар учун барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботи стандартларини жорий этиш бўйича тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар:
2026 йил 1 июлдан бошлаб Қоидаларни амалиётга жорий этиш ва ушбу қарорга 2-иловага мувофиқ маълумотларни ошкор этиш стандартларига босқичма-босқич ўтишни таъминласин;
2026 йил 1 августга қадар Қоидалар талабларини бажариш бўйича зарур чораларни кўрсин;
«UzAssets» АЖ трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар томонидан амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиб борсин ҳамда ҳар чорак якунида тегишли ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2027 йил 1 январга қадар:
қимматли қоғозлари «Тошкент» Республика фонд биржаси савдоларига қўйилган маҳаллий корхоналарда Қоидаларга мувофиқ барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботи тизимини ихтиёрий жорий этиш чораларини кўрсин;
барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботини тайёрлаш ҳамда ошкор қилишни босқичма-босқич ва ихтиёрий равишда жорий этиш бўйича режалаштирилаётган камида 50 та маҳаллий корхонани танлаб олиш мезонларини ишлаб чиқсин;
белгиланган тартибда жалб қилинадиган мустақил консультантлар билан биргаликда барқарор ривожланиш ва ESG соҳасида ахборотни ошкор этиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқсин ҳамда «Тошкент» Республика фонд биржасининг расмий веб-сайтида жойлаштирсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда тегишли манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
2027 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари (бизнес) фаолиятида қўлланадиган барқарор ривожланиш кўрсаткичларини ва уларнинг Қоидалар асосида номолиявий маълумотлар ҳисоботи шаклларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
йиғилган маълумотлар таҳлили натижасида аниқланадиган иқтисодий, экологик ва ижтимоий барқарорлик соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
Бунда номолиявий маълумотлар ҳисоботи шаклларидаги кўрсаткичлар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари барқарорлик бўйича маълумотларни ошкор этиш талабларига (IFRS SDS) ҳамда ушбу қарорга 1-иловада белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши таъминлансин.
6. 2028 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларида номолиявий маълумотлар ҳисоботи шакллари асосида маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва чоп этиш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади.
Бунда мазкур ҳисоботлар тадбиркорлик субъектлари томонидан ихтиёрийлик асосида тўлдирилади ва топширилади.
7. Ушбу қарор 2026 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 майдаги 221-сон қарорига 1-ИЛОВА
Атроф-муҳит, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойиллари асосида «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва барқарор ривожланиш тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш стандартлари»ни жорий этиш ва ушбу стандартлар асосида ҳисобот тайёрлаш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидалар атроф-муҳит, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (environmental, social and corporate governance) (кейинги ўринларда — ESG) бўйича «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва барқарорлик тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш стандартлари»ни (IFRS Sustainability Disclosure Standards) маҳаллий корхоналарда жорий этиш ва ушбу стандартлар асосида ҳисоботни тайёрлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Қоидалар маҳаллий корхоналарнинг барқарор ривожланиш ва ESG соҳасида ахборотни ошкор этиш фаолиятини тартибга солади ҳамда инвесторлар ва бошқа манфаатдор томонларга ишончли, долзарб ва қиёсланадиган маълумотларни тақдим этиш учун ҳуқуқий асос яратади.
3. Ушбу Қоидалар қуйидаги корхоналарга нисбатан татбиқ этилади:
трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар (банк-молия сектори ташкилотларидан ташқари);
устав фондида (устав капиталида) давлат улуши эллик фоиздан ортиқ бўлган ёки устав фондида (устав капиталида) давлат улуши хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушидан кўп бўлган хўжалик жамиятлари.
Ушбу Қоидалар бошқа корхоналарга, шу жумладан, маҳаллий корхоналарга нисбатан ихтиёрий равишда қўлланиши мумкин.
4. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
барқарор ривожланиш ва ESG бўйича маълумотларни ошкор қилиш — корхонанинг атроф-муҳитга ва жамиятга кўрсатаётган таъсири ҳамда ESG кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш жараёни. Ушбу маълумотларни ошкор этишда турли хил ҳисобот шакллари ва халқаро стандартлардан фойдаланилади;
ESG кўрсаткичлари — корхонанинг атроф-муҳитга ва жамиятга кўрсатадиган таъсири ҳамда бошқарув сифатини баҳолашда қўлланадиган миқдорий ва сифат кўрсаткичлари мажмуаси бўлиб, улардан атроф-муҳит, ижтимоий ва корпоратив бошқарувга оид хавф-хатарларни таҳлил қилишда фойдаланилади;
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Барқарор ривожланиш учун 2030 кун тартиби» (SDGs) — глобал муаммоларни ҳал этиш мақсадида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган, 17 та мақсаддан иборат ҳужжат. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг «Барқарор ривожланиш учун 2030 кун тартиби»га қўшилган ҳамда унинг доирасида иқтисодиёт ва жамиятнинг барқарор ривожланишига қаратилган ислоҳотларни амалга оширмоқда;
Халқаро барқарорлик стандартлари кенгаши (International Sustainability Standards Board (ISSB) — Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари фонди томонидан 2021 йилда ташкил этилган мустақил орган бўлиб, унинг асосий мақсади капитал бозорлари иштирокчилари учун барқарор ривожланиш соҳасидаги ахборотни ошкор этишнинг халқаро стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда мазкур стандартларнинг ягона глобал асосини шакллантиришга йўналтирилган;
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (International Financial Reporting Standards (IFRS) — жаҳон амалиётида қўлланадиган, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишнинг ягона талабларини белгилайдиган, молиявий ахборотнинг холислиги, шаффофлиги ва солиштирилишини таъминлашга қаратилган халқаро ҳисоб ва ҳисобот юритиш стандартлари мажмуи;
Барқарор ривожланиш соҳасидаги молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (International Financial Reporting Standards Sustainability Disclosure Standards — IFRS SDS — ISSB) — Халқаро барқарорлик стандартлари кенгаши (ISSB) томонидан ишлаб чиқилган стандартлар бўлиб, ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади, бироқ улар билан чекланиб қолмайди:
Барқарор ривожланиш ҳисоботлари стандартлари кенгаши (Sustainability Accounting Standards Board (SASB) стандартлари — Барқарор ривожланиш соҳасида ҳисобот стандартларини ишлаб чиқиш кенгаши томонидан қабул қилинган стандартлар бўлиб, улар IFRS SDS — ISSB таркибига киритилган ҳамда турли соҳаларни қамраб олувчи кўрсаткичлардан иборат;
Европа Иттифоқининг Корпоратив барқарор ривожланиш ва тегишли текширувлар бўйича директиваси (Corporate Sustainability Due Diligence Directive (CSDDD) — Европа компанияларини ўз етказиб берувчилари фаолиятини барқарор ривожлантириш мезонларига мувофиқлиги юзасидан текшириш мажбуриятини белгилайдиган норматив ҳужжат;
Европа барқарор ривожланиш бўйича ҳисобот стандартлари (European Sustainability Reporting Standards (ESRS) — Барқарор ривожланиш бўйича Европа ҳисоботлари стандартлари. ESRS Европа Иттифоқи Комиссиясининг Корпоратив барқарор ривожланиш ҳисоботи тўғрисидаги директиваси (CSRD) талабларини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. ESRS стандартлари корхоналардан жамият ва атроф-муҳитга кўрсатаётган таъсири, шунингдек, экологик ва ижтимоий муаммоларнинг корхоналар учун молиявий хатар ва имкониятлар юзага келтириши ҳақидаги маълумотларни очиқлашни талаб қилади;
«Яшил ювиш» (greenwashing) — корхона томонидан экологик масъулиятли фаолият юритаётгани ҳақида нотўғри ёки чалғитувчи таассурот уйғотиш орқали манфаатдор томонларни алдаш ҳолатини ифодалаш. Бунда корхонанинг амалдаги фаолияти мазкур даъволарга мос келмайди;
Ўзбекистон Миллий «яшил» иқтисодиёт таксономияси — экологик жиҳатдан барқарор иқтисодий фаолият турларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган классификация тизими бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 октябрдаги 561-сон қарори билан тасдиқланган. Мазкур таксономия мамлакатнинг 2030 йилгача «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасидаги дастурининг таркибий қисми ҳисобланади;
Миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссалар (Nationally Determined Contributions (NDC) — Париж келишувида иштирок этувчи давлатлар томонидан тақдим этиладиган стратегик ҳужжат бўлиб, унда иссиқхона газлари чиқиндиларининг ҳажмини қисқартириш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган миллий мақсадлар ҳамда уларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилади;
Икки томонлама муҳимликни баҳолаш (Double Materiality Assessment (DMA) — корхонага таъсир қилувчи икки томонлама муҳимликни баҳолаш жараёни бўлиб, молиявий муҳимлик (бозор хавфлари, тартибга солувчи ўзгаришлар, активлар қийматига таъсир қилувчи омиллар) ҳамда таъсир даражаси (иқлим ўзгариши, табиий ресурслардан фойдаланиш, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий масъулият масалалари) элементларини ўз ичига олади;
ўтиш даври — корхоналарнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро IFRS SDS (ISSB) стандартларига тўлиқ ўтишини таъминлаш мақсадида белгиланган муддат. Мазкур муддатда корхоналарга янги талабларга босқичма-босқич мослашиш, ички назорат тизимларини ва ахборот йиғиш жараёнларини такомиллаштириш, ходимларни тегишли йўналишларда тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ахборот технологиялари тизимларини модернизация қилиш, шунингдек, зарур молиявий ва моддий ресурслар билан таъминлаш имконияти берилади. Бунда трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар учун молиявий ҳисобот йилларига мувофиқ ҳолда 2026-2027 йиллар ўтиш даври этиб белгиланади, бошқа корхоналарга нисбатан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
2-боб. Барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботини юритиш ҳамда ошкор қилиш талаблари
5. Барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботини тайёрлаш жараёнида корхоналарга қуйидаги мажбуриятлар белгиланади:
корхоналар ўз стратегияси ва фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланиш соҳасидаги узоқ муддатли стратегик мақсадлари ва устувор йўналишларига мувофиқ равишда шакллантириши ва амалга ошириши;
корхоналар Миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса (NDS) доирасида, жумладан, иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар билан мувофиқликни ҳамда БМТнинг «Барқарор ривожланиш учун 2030 кун тартиби» (SDGs) билан уйғунликни таъминлаши, барқарор ривожланиш ва ESG соҳалари бўйича ахборотни ошкор этишда миллий узоқ муддатли мақсадларга эришиш жараёнини тўлиқ ва холис тарзда акс эттириши;
корхоналар барқарор ривожланиш ҳамда ESG соҳасидаги маълумотларни Барқарор ривожланиш соҳасидаги молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (IFRS SDS — ISSB) мувофиқ равишда ҳар йили мунтазам равишда ошкор этиши. Бунда ушбу маълумотлар молиявий ва операцион ҳисоботлар билан мувофиқлаштирилган ҳолда тақдим этилиши ҳамда уларнинг изчиллиги, тўлиқлиги ва ишончлилиги таъминланиши лозим;
интеграциялашган йиллик ҳисоботларни тўлиқ жорий этиш амалиёти шакллангунга қадар, корхоналарга вақтинча чора сифатида барқарор ривожланиш ва ESG йўналишлари бўйича алоҳида ҳисоботлар тайёрлашга рухсат этилади;
барча манфаатдор томонларнинг ахборотга тенг ҳуқуқли киришини таъминлаш мақсадида, корхонанинг барқарор ривожланишга оид маълумотларини унинг расмий веб-сайтида жойлаштириши;
халқаро стандартлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талаблар ўзгарган тақдирда, корхона барқарор ривожланиш ҳамда ESG соҳаси бўйича ахборотни тайёрлаш жараёнлари ва методологиясини янги талаблар, манфаатдор томонларнинг фикр-мулоҳазалари, шунингдек, илғор халқаро тажриба асосида қайта кўриб чиқиши ва доимий равишда янгилаб бориши;
корхоналар Барқарор ривожланиш ҳисоботлари стандартлари кенгаши (SASB) томонидан ишлаб чиқилган ҳисобот стандартларини Барқарор ривожланиш соҳасидаги молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS SDS — ISSB) билан уйғун ҳолда қўллаши лозим. Ушбу талабнинг жорий этилиши натижасида тармоқнинг барқарор ривожланишга оид асосий кўрсаткичлари тўлиқ акс эттирилиши, шунингдек, мазкур тармоқда мавжуд хатарлар ва имкониятлар, уларнинг молиявий натижалари ҳамда компаниянинг узоқ муддатли қийматига таъсири аниқ ва ишончли тарзда ёритилишини таъминлайди;
Европа Иттифоқи бозорларида фаолият юритувчи ва Европа Иттифоқининг Корпоратив барқарор ривожланиш ва тегишли текширувлар бўйича директиваси (CSDDD) мезонларига мос келувчи корхоналар Европа барқарор ривожланиш бўйича ҳисобот стандартларини (ESRS) мажбурий тартибда жорий этиши;
Европа Иттифоқи давлатлари билан савдо фаолиятини амалга ошираётган ёки глобал таъминот занжирларида иштирок этаётган корхоналар ўз фаолиятида Европа Иттифоқининг Таксономияси (EU Taxonomy) ҳамда Европа Иттифоқининг Корпоратив барқарор ривожланиш ва тегишли текширувлар бўйича директиваси (CSDDD) талабларини инобатга олиши, шунингдек, мазкур талабларнинг ижроси натижаларини барқарор ривожланиш ва ESG кўрсаткичлари бўйича очиқланадиган маълумотларда акс эттириши лозим. Бу эса таъминот занжирларининг ишончлилигини ошириш ҳамда ESG-инвестициялар имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади;
корхоналар ўз фаолиятининг Ўзбекистон Миллий «яшил» иқтисодиёт таксономияси талабларига мувофиқлигини баҳолашлари ҳамда баҳолаш натижаларини барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботи доирасида ошкор этишлари лозим. Ўзбекистон Миллий «яшил» иқтисодиёт таксономияси экологик жиҳатдан барқарор ҳисобланган иқтисодий фаолият турларини белгилайди ва халқаро «яшил» молиялаштириш стандартларига мос келади. Ушбу ёндашув Ўзбекистон Республикасининг Париж битими доирасида белгиланган мажбуриятларини амалга оширишга ҳамда миллий иқтисодиётни босқичма-босқич паст углеродли ривожланиш моделига ўтказиш жараёнини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади;
корхоналар ўз фаолият йўналишига мос тармоқ стандартларини (масалан, нефть-газ соҳаси учун — IPIECA, тоғ-кон металлургия саноати учун — ICMM) ҳам ҳисобга олиши лозим. Ушбу стандартлар IFRS SDS — ISSB стандартлари талабларига қўшимча тарзда қабул қилиниши керак.
6. Барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботини тайёрлаш жараёнида корхоналар «яшил ювиш» (greenwashing) ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим. Бунда корхоналар қуйидагиларга амал қилиши шарт:
маълумотларнинг аниқ ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши;
фақат қарор қабул қилишга таъсир қилувчи муҳим маълумотларни киритиши;
маълумотларнинг холислиги ва барча жиҳатларни қамраб олиши;
маълумотларнинг очиқлиги ва ишончли манбаларда асослангани;
маълумотларни турли даврларда солиштириш имконини бериши;
маълумотлар камида сўнгги уч йилликни қамраб олиши ва ўзгаришларнинг асосланиши;
ҳисоботларни белгиланган муддатларда мунтазам эълон қилиши;
маълумотларнинг мустақил текширув учун ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши;
маълумотларнинг оддий ва равон тилда тақдим этилиши.
3-боб. Икки томонлама муҳимликни баҳолаш
7. Корхоналар барқарор ривожланиш ва ESG соҳасидаги маълумотларни тайёрлаши ва ошкор қилиши лозим. Бу маълумотлар Икки томонлама муҳимликни баҳолаш (Double Materiality Assessment — DMA) натижаларига асосланган бўлиши ва қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:
а) Икки томонлама муҳимликни баҳолаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
барқарор ривожланиш масалаларининг молиявий кўрсаткичларга, компания қиймати ва узоқ муддатли барқарорлигига таъсирини аниқлаш ва баҳолаш;
ташкилот фаолиятининг атроф-муҳит, жамият ва манфаатдор томонлар манфаатларига тўғридан-тўғри ва билвосита таъсирини баҳолаш;
б) Икки томонлама муҳимликни баҳолаш жараёнида амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро стандартлар — ISSB, GRI ва ESRS талабларига риоя этиш;
в) Икки томонлама муҳимликни баҳолашни биринчи ҳисобот давридан бошлаш ва кейинги ҳисобот даврларида ушбу баҳолашни барқарорлик бўйича маълумотларни тайёрлашда асосий манба ва методологик асос сифатида қўллаш;
г) ҳар уч йилда камида бир марта, агар қўлланаётган халқаро стандартлар бўйича бошқача муддат белгиланмаган бўлса, учинчи томоннинг иштирокида Икки томонлама муҳимликни баҳолаш натижаларининг мустақил тасдиғини таъминлаш. Бундай тасдиқ баҳолаш натижаларининг тўғри ва ишончли эканлигини кафолатлайди;
д) Икки томонлама муҳимликни баҳолаш жараёнида қўлланган методологиялар, қабул қилинган фаразлар ва мезонларни белгиланган тартибда ҳужжатлаштириш, ушбу ҳужжатларни барқарорлик ва ESG бўйича очиқлаш материалларига илова қилиш ҳамда манфаатдор томонларга уларга эркин кириш имконини таъминлаш.
4-боб. Барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботларини мустақил ташқи тасдиқлаш тартиби
8. Корхоналар мустақил ташқи текширув ва тасдиқлашни талаб қиладиган барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботлари бўйича қуйидаги талабларга риоя этиши лозим:
а) мустақил тасдиқлаш жараёнини биринчи ҳисобот йилидан бошлаб, Трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар учун барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботи стандартларини жорий этиш бўйича тадбирлар дастурида (кейинги ўринларда — Дастур) белгиланган муддатларга мувофиқ амалга ошириш;
б) барқарор ривожланиш бўйича маълумотларнинг мураккаблиги ва ҳажмидан келиб чиқиб, қуйидаги тасдиқлаш усулини жорий этиш:
юқори даражадаги ишонч билан тасдиқлаш (reasonable assurance);
чекланган даражадаги ишонч билан тасдиқлаш (limited assurance);
в) барқарор ривожланиш ва ESG бўйича маълумотларни тасдиқлашда чекланган ишонч билан тасдиқлаш (limited assurance) усулини қўллаш, шунингдек, мазкур талабни тасдиқлаш шартномаларида мажбурий шарт сифатида белгилаш;
г) тасдиқлаш ишларини IAASB (International Auditing and Assurance Standards Board) амалдаги стандартларига мувофиқ амалга ошириш;
д) барқарор ривожланиш ва ESG маълумотларини тасдиқлашда қуйидаги стандартларни қўллаш:
2025 йил ҳисоботлари учун — ISAE 3000 стандарти;
2026 йил ҳисоботлари учун — 2026 йил 1 январдан кучга кирувчи ISSA 5000 стандарти;
ISSA 5000 стандартига ўтиш жараёнида бошқарув тизимлари, бизнес-жараёнлар ва ички назорат тизимларини олдиндан тайёрлаш;
е) барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботларини фақат IAASB стандартларига мувофиқ хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган малакали ташкилотлар орқали тасдиқлаш, жумладан:
чет эл аудиторлик ташкилотларининг филиаллари ёки шуъба жамиятларини жалб этиш;
белгиланган тартибда аудиторлик ташкилотлари реестрига киритилган аудиторлик ташкилотларини жалб этиш;
ж) тасдиқлаш хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг мустақиллигини қуйидагилар асосида таъминлаши лозим:
IFAC Ахлоқ кодекси ва халқаро этика нормаларига риоя этиш;
тасдиқлаш билан боғлиқ манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи хизматларни тақиқлаш;
тасдиқлаш ишларини режалаштириш ва бажаришда тўлиқ автономияни таъминлаш;
хизмат кўрсатувчи ташкилотларга барча зарур маълумотлар ва ходимлар билан чекловларсиз ишлаш имкониятини яратиш;
Хизмат кўрсатиш жараёни ISQM 1 талабларига мувофиқ амалга оширилишини назорат қилишни таъминлаш;
з) тасдиқлаш хизматларини кўрсатувчи ташкилотларни жалб этиш. Бунда:
белгиланган муддат тугагач, хизмат кўрсатувчи ташкилотни алмаштириш;
шартномани кетма-кет иккинчи марта узайтиришни тақиқлаш;
хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ротациясини амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва IFAC Ахлоқ кодекси талабларига мувофиқ амалга ошириш;
тасдиқлаш хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг фаолиятини турли таҳдид ва босимлардан ҳимоя қилиш. Бундай таҳдид ва босимларга қуйидагилар киради:
хизмат ҳақларини тўлашни асоссиз кечиктириш ёки тўламаслик ҳолатларига йўл қўймаслик;
асоссиз суд ишлари билан таҳдид қилиш ҳолатларига чек қўйиш;
бошқа нохуш оқибатлар билан қўрқитиш ҳолатларига қарши кафолатли ҳимоя чораларини жорий этиш.
5-боб. Бошқарув, ички назорат ҳамда маълумотлар сифати бўйича талаблар
9. Бошқарув, ички назорат ҳамда маълумотлар сифатини таъминлаш бўйича корхоналар қуйидаги талабларга амал қилиши лозим:
а) Дастурда белгиланган ташкилотларнинг Кузатув кенгаши томонидан:
барқарор ривожланиш соҳасидаги миссия, стратегия ва қадриятларни белгилаш ҳамда ESG тамойилларини корхона фаолиятига изчил интеграция қилишни таъминлаш;
барқарор ривожланиш ва ESG соҳасидаги натижалар ва белгиланган мақсадларга эришиш бўйича ишлар самарадорлигини таҳлил қилиш, тўсиқларни бартараф этиш ва имкониятлардан самарали фойдаланиш чораларини кўриш;
барқарор ривожланиш ва ESG соҳасидаги хатарлар ҳамда имкониятларни ўз вақтида аниқлаш, баҳолаш ва самарали бошқариш тизимини жорий этиш;
барқарор ривожланиш ва ESG бўйича очиқланадиган маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлилигини таъминлаш;
барқарор ривожланиш соҳасидаги иқтисодий, ижтимоий ва экологик таъсир ҳамда натижаларни аниқ акс эттиришни таъминлаш;
Икки томонлама муҳимликни баҳолаш жараёнини самарали ташкил этиш ва унинг натижаларини расман тасдиқлаш;
ESG маълумотларини халқаро стандартлар, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ва норматив талабларга мувофиқ равишда шаффоф, объектив ва тўлиқ ҳолда тақдим этишни таъминлаш;
тасдиқлаш жараёнлари режасини шакллантириш, хулосаларни таҳлил қилиш, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;
барқарор ривожланиш стратегиясига мувофиқ аниқ ва амалий мақсадлар ҳамда асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI)ни белгилаш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш;
барқарор ривожланиш билан боғлиқ хатарларни умумий хатарлар бошқарув тизимига интеграция қилиш ҳамда уларнинг компания фаолияти натижаларига таъсирини баҳолаш;
барқарор ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш жараёнини ташкил этиш ва компанияни келгуси синовлар ҳамда имкониятларга тайёрлаш;
барқарор ривожланиш ва ESG бўйича маълумотларнинг стандартларга мослиги ва белгиланган мақсадлар билан уйғунлигини таъминлаш;
барқарор ривожланиш ва ESG бўйича йиллик ҳисоботларни тайёрлаш, тасдиқлаш ва белгиланган муддатларда жамоатчиликка тақдим этиш;
барқарор ривожланишни бошқариш жараёнларини режалаштириш ва назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш;
Дастурда белгиланган ташкилотларнинг Кузатув кенгаши раиси ҳамда Аудит ва хатарлар бошқаруви қўмитаси фаолиятини мувофиқлаштириш, корпоратив котиб томонидан йиллик иш режаларини ишлаб чиқишни таъминлаш;
б) Дастурда белгиланган ташкилотларнинг Кузатув кенгашларининг аудит ва хатарларни бошқариш қўмитаси:
ушбу Қоидаларга мувофиқ барқарор ривожланиш соҳасидаги стандартлар ва талабларни жорий этиш;
барқарор ривожланиш ва ESG бўйича маълумотларнинг тўғрилиги ҳамда тўлиқлигини таъминлаш, шунингдек, уларни тўплаш ва тайёрлаш жараёнларини текшириш;
барқарор ривожланишга оид маълумотларни молиявий ҳисоботга интеграция қилишни таъминлаш;
барқарор ривожланиш ва ESG маълумотларини тўплаш, тақдим этиш ҳамда тасдиқлаш билан боғлиқ ички назорат механизмларининг самарадорлигини баҳолаш;
ички назорат тизимидаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни белгилаш;
жорий этилган ички назорат механизмларининг самарадорлигини KPI кўрсаткичлари асосида баҳолаш ҳамда ушбу кўрсаткичларни ижроия органи фаолиятини рағбатлантириш тизимига интеграция қилиш;
барқарор ривожланиш соҳасида хатарларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар бажарилиши мониторингини таъминлаш;
барқарор ривожланиш натижаларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташқи омилларни, жумладан, қонунчиликдаги ўзгаришлар, бозор тенденциялари ва манфаатдор томонлар кутилмаларини баҳолаш;
Кузатув кенгашига барқарор ривожланиш ва ESG соҳасидаги муҳим ҳолатлар ҳамда хатарлар бўйича янгиланган маълумотларни мунтазам тақдим этиш;
барқарор ривожланиш стратегияси ва ҳисобот сифати бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни Кузатув кенгашига киритиш;
маълумотларни тўплаш ва тақдим этиш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда рақамли технологияларга инвестиция ажратилишини таъминлаш;
ходимларни ўқитиш, ахборот технологиялари тизимларини мослаштириш ва стандартларни жорий этишга тайёргарлик кўриш учун зарур ресурсларни ажратиш;
в) қуйидагилар Дастурда белгиланган ташкилотлар Ижроия органининг вазифалари ҳисобланади:
барқарор ривожланиш ва ESG соҳасидаги маълумотларни амалдаги стандартлар ҳамда қонунчилик талабларига мувофиқ йиғиш ва уларнинг аниқлигини таъминлаш;
барча қўлланаётган фараз ва тахминларни ҳужжатлаштириш, уларнинг асослилигини таъминлаш ҳамда ички аудит ва мустақил ташқи тасдиқлашни амалга ошириш;
барқарор ривожланиш кўрсаткичларини йиғиш, ҳисоблаш ва тақдим этиш бўйича ягона (стандартлаштирилган) услубий ёндашувларни жорий этиш;
маълумотларни йиғиш ва ҳисобот юритиш жараёнларини стандартлаштириш ҳамда ишончли ички назорат тизимини татбиқ этиш;
барқарор ривожланиш маълумотларига оид қўлланаётган услубиётлар ва чекловлар тўғрисидаги маълумотларни ошкора эълон қилиш;
маълумотлар яхлитлигини таъминлаш ва уларни молиявий ахборот билан мувофиқлаштириш бўйича назорат механизмларини жорий этиш;
барқарор ривожланиш ва ESG бўйича ҳисобот юритиш жараёнларини стандартлаштириш, ISSB ва SASB стандартларига мувофиқ йўриқномалар ишлаб чиқиш;
барқарор ривожланиш маълумотларининг ишончлилигини ички аудит орқали тасдиқлаш;
барқарор ривожланиш жараёнлари ҳамда ички назорат тизимларидаги мавжуд бўшлиқларни баҳолаш ва бартараф этиш мақсадида «йўл хариталари» ва жараёнлар матрицасини ишлаб чиқиш;
Дастурда белгиланган муддатларга мувофиқ икки молия йили давомида барқарор ривожланиш маълумотларининг сифат назорати тизимини тўлиқ жорий этиш.
6-боб. Жорий этиш ва ўтиш даври
10. Барқарор ривожланиш соҳасидаги молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (IFRS SDS — ISSB) жорий этиш бўйича ўтиш даври мобайнида корхоналар қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириши лозим:
а) IFRS SDS — ISSB стандартларига тайёргарлик ва босқичма-босқич ўтиш жараёнларини, Дастурда белгиланган тартибга мувофиқ изчил ва самарали тарзда амалга ошириш;
б) биринчи ҳисобот эълон қилинишидан камида олти ой олдин Икки томонлама муҳимликни баҳолашни (DMA) ўтказиш;
в) биринчи ҳисобот эълон қилинишидан камида олти ой олдин Икки томонлама муҳимликни баҳолаш (DMA) натижаларини мустақил тарзда тасдиқлатишни таъминлаш, баҳолаш жараёнини биринчи ҳисобот эълон қилинишидан камида олти ой олдин якунига етказиш ҳамда ушбу жараённи Дастурда белгиланган муддатларга мувофиқ амалга ошириш;
г) IFRS SDS (ISSB) стандартларига мувофиқликни таъминлаш учун зарур бўлган «фарқлар таҳлилини» (gap assessment) ўтказиш ва уни биринчи ҳисобот эълон қилинишидан камида олти ой олдин якунлаш;
д) ўтиш даврида ISSB стандартларига мослашиш жараёнида ва ички малака ошириш фаолиятида SASB стандартларидан фойдаланиш;
е) IFRS SDS (ISSB) стандартларини мажбурий равишда қўллашни таъминлаш, зарурат бўлганда ушбу Қоидаларнинг асосий талабларига зид бўлмаган ҳамда ахборот очиқлиги ва сифатини оширишга хизмат қиладиган бошқа халқаро эътироф этилган ҳисобот стандартларидан фойдаланиш;
ж) Икки томонлама муҳимликни баҳолаш (DMA) натижаларини белгиланган жадвалга мувофиқ мустақил тарзда тасдиқлаш, баҳолаш натижаларининг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш;
з) барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботларини ўз вақтида нашр этиш мақсадида уларга тайёргарликни олдиндан ташкил этиш, жумладан:
ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 январидан кечиктирмасдан ҳисобот маълумотларини тайёрлашни бошлаш;
ҳисобот тайёрлаш учун малакали ташкилотлар жалб этилганда, уларни танлаб олиш ва шартнома тузиш жараёнини ҳисобот йилининг 31 декабригача якунлаш;
маълумотларни тасдиқлаш (аудит) тартибини амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ режалаштириш ҳамда аудиторлик ташкилотларини танлаб олиш ва шартнома тузишни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 5 февралигача якунлаш;
и) барқарор ривожланиш ва ESG бўйича биринчи ҳисобот даврида ISAE 3000 стандарти талабларига мувофиқ «чекланган ишонч даражасидаги тасдиқлаш»ни амалга ошириш;
к) қўшимча тарзда:
ўтиш даврида аниқ маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда барқарор ривожланиш бўйича ахборотни шакллантиришда асосли тахминлардан фойдаланиш ва ушбу тахмин ҳамда методологияларни аниқ ҳужжатлаштириш;
тизимлар ва жараёнлар такомиллашиб бориши билан баҳоланган маълумотлардан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатиб, маълумотларнинг сифат ва ишончлилик даражасини ошириб бориш;
ички назорат тизимларини тўлиқ жорий этиш мажбуриятидан икки йилгача бўлган муддатда вақтинча озод этилиш ҳуқуқини назарда тутиш ҳамда мазкур давр мобайнида барқарор ривожланиш бўйича ички назорат тизимларини тўлиқ ишлаб чиқиш ва маълумотлар ишончлилигини молиявий ҳисобот стандартларига мос даражага етказиш.
7-боб. Якунловчи қоида
11. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 майдаги 221-сон қарорига 2-ИЛОВА
Трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар учун барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботи стандартларини жорий этиш бўйича тадбирлар
Т/р Корхоналар номи ISSB ва ESRS стандартлари бўйича ҳисобот амалиётини жорий этиш босқичлари 1-босқич 2-босқич 3-босқич 4-босқич 5-босқич ISSB стандартлари бўйича маълумотларни ошкор қилиш амалиётини жорий этиш учун барча компаниялар учун мажбурий босқичлар Кўрсатилган мезонларга мос келганда қўлланадиган ихтиёрий босқич SASB стандартлари талабларига мувофиқ барқарор ривожланиш бўйича ҳисобот чиқариш ISSB стандартларига мувофиқликни таъминлаш учун бўшлиқларни баҳолаш Икки томонлама муҳимликни баҳолаш (DMA), ESG хавфини баҳолаш, IFRS S1 (ISSB) бўйича маълумотларни ошкор қилишга тайёргарлик IFRS S2 (ISSB) талабларига мувофиқ иқлим хавфларини баҳолаш ISSB (IFRS S1+S2) стандартлари талабларига мувофиқ барқарор ривожланиш бўйича ҳисобот чиқариш Ўзбекистон Миллий «яшил» таксономияси мезонларига мувофиқ маълумотларни ошкор қилиш Ўзбекистон Республикасида барқарор ривожланиш ва ESG соҳасида миллий ҳисобот стандартларини қўллаш ESRS стандартлари талабларига мувофиқ ҳисобот чиқариш Корпоратив барқарорлик ва тегишли текширув (CSDDD) директиваси талабларини ҳисобга олиш Европа Иттифоқи юрисдикциясидан ташқарида халқаро капитал бозорларига чиқишни (облигациялар чиқариш, акциялар жойлаштириш) режалаштираётган компаниялар учун талаблар Тармоқ стандартларини қўллаш. Масалан, нефть-газ саноати учун IPIECA, тоғ-кон-металлургия саноати учун ICMM ва бошқалар Европа Иттифоқи таксономияси талабларига мувофиқ маълумотларни ошкор қилиш 1. «Навоий КМК» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун Барқарор ривожланиш соҳасида маълумотларни ошкор қилиш бўйича стандартлар, нормалар ёки тавсиялар расман эълон қилиниб, мажбурий татбиқ этилиши лозим бўлган даврдан бошлаб барча компанияларга татбиқ этилади. ESRS стандарти қуйидаги мезонларга жавоб берадиган Европа Иттифоқи бозорлари билан боғлиқ фаолият юритувчи давлат корхоналарида татбиқ этилади: Амал қиладиган ҳисобот йили учун ( 2025 йилдан олдин эмас): Европа Иттифоқининг тартибга солинаётган бозорларида қимматли қоғозлари сотилаётган ёки еврооблигацияси мавжуд ёки чиқарилиши режалаштирилган учинчи мамлакат компаниялари; 2028 йил ҳисобот йили учун: Европа Иттифоқида йилига 150 млн евро ёки ундан кўпроқ даромад келтирадиган, лекин Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтмаган компаниялар ёки Европа Иттифоқида йилига 40 млн евро ёки ундан кўпроқ айланмага эга бўлган шуъба компаниялари мавжуд бўлган хорижий компаниялар; Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтмаган, лекин CSRD талабларига мувофиқ мажбурий ахборот ошкор этиш талаби татбиқ этиладиган компаниялар Барқарор ривожланиш бўйича ҳисоботда CSDDD талаблари ҳисоби қуйидаги мезонларга жавоб берадиган Европа Иттифоқи бозорлари билан боғлиқ фаолият юритувчи давлат корхоналарида татбиқ этилади: Европа Иттифоқидаги соф айланмаси 450 млн евро ёки ундан кўпроқ бўлса. CSDDD бошқа талаблари бўйича мажбурий маълумот ошкор қилишга тушадиган компаниялар. Маълумотлар ошкор қилишнинг биринчи ҳисобот йили — 2028 йил ҳисобот йили учун. Танланган биржа талабларига мувофиқ барқарор ривожланиш бўйича қўшимча маълумотларни ошкор қилиш. Маълумот ошкор қилишга тайёрлик даражасига қараб, компаниянинг тармоққа мансублигига мувофиқ тармоқ стандартларини юритиш. Барқарор ривожланиш ҳисоботида Европа Иттифоқи таксономияси талаблари ҳисоботини юритиш қуйидаги мезонларга жавоб берадиган Европа Иттифоқи бозорлари билан боғлиқ фаолият юритувчи давлат корхоналарида татбиқ этилади: Европа Иттифоқи ҳудудида соф даромади 150 млн евро ёки ундан кўпроқ бўлса. Европа Иттифоқида 40 млн евро ёки ундан кўпроқ айланмага эга филиали мавжуд бўлса. Европа Иттифоқида йирик компания мақомига эга ёки фонд биржасида савдога қўйилган кичик ва ўрта бизнес (МСБ) мақомидаги шуъба компанияси бўлса. Мажбурий маълумот ошкор қилиш бўйича бошқа тегишли талаблар остига тушадиган компаниялар. Биринчи ҳисобот йили — 2028 йил ҳисобот йили учун. 2. «Навоийуран» ДК 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 3. «Олмалиқ КМК» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 4. «Ўзметкомбинат» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2028 йил ҳисобот даври учун 5. «Ўзбекнефтгаз» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 6. «Ўзтрансгаз» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 7. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 8. «UzGazTrade» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2027 йилда Иккинчи босқич ишларини 2027 йилда амалга ошириш. 2027 йил ҳисобот даври учун 2028 йил ҳисобот даври учун 9. «Миллий электр тармоқлари» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 10. «Иссиқлик электр станциялари» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 11. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 12. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 13. «Ўзкимёсаноат» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2027 йилда Иккинчи босқич ишларини 2027 йилда амалга ошириш. 2027 йил ҳисобот даври учун 2028 йил ҳисобот даври учун 14. «Навоийазот» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 15. « Ўзбекистон темир йўллари » АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2027 йилда Иккинчи босқич ишларини 2027 йилда амалга ошириш. 2027 йил ҳисобот даври учун 2028 йил ҳисобот даври учун 16. «Uzbekistan Airways» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 17. «Uzbekistan Airports» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 18. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2027 йилда Иккинчи босқич ишларини 2027 йилда амалга ошириш. 2027 йил ҳисобот даври учун 2028 йил ҳисобот даври учун 19. «Ўзавтосаноат» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 20. «Ўзбектелеком» АК 2025 йил ҳисобот даври учун 2026 йилда Иккинчи босқич ишларини 2026 йилда амалга ошириш. 2026 йил ҳисобот даври учун 2027 йил ҳисобот даври учун 21. «Ўзбекистон почтаси» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2027 йилда Иккинчи босқич ишларини 2027 йилда амалга ошириш. 2027 йил ҳисобот даври учун 2028 йил ҳисобот даври учун 22. «Ўзбеккўмир» АЖ 2025 йил ҳисобот даври учун 2027 йилда Иккинчи босқич ишларини 2027 йилда амалга ошириш. 2027 йил ҳисобот даври учун 2028 йил ҳисобот даври учун 23. ESG стандартларига мувофиқ ахборотни ошкор қилишни босқичма-босқич ва ихтиёрий жорий этиш режалаштирилаётган, қимматли қоғозлари «Тошкент» Республика фонд биржасида савдоларга қўйилган 50 та маҳаллий корхона. 2027 йил ҳисобот давридан бошлаб ихтиёрий ҳисобот бериш
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 4 май,
221-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
QOIDALARI
DASTURI
Barqaror rivojlanish va atrof-muhit, ijtimoiy hamda korporativ boshqaruv (ESG) tamoyillarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini “Atrof-muhitni asrash va “yashil iqtisodiyot” yilida amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2025-yil 30-yanvardagi PF-16-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini “Atrof-muhitni asrash va “yashil iqtisodiyot” yilida amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2025-yil 30-yanvardagi PF-16-son Farmonida yirik strategik korxonalar tomonidan ekologik, ijtimoiy va korporativ boshqaruv (ESG) tamoyillari asosida korporativ dasturlar ishlab chiqilib, kamida 5 ta yirik sanoat korxonasida ESG milliy hisoboti yoʻlga qoʻyilishi va jamoatchilikka oshkor etish amaliyoti joriy etilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Atrof-muhit, ijtimoiy va korporativ boshqaruv (ESG) tamoyillari asosida “Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari va barqaror rivojlanish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor qilish standartlari”ni joriy etish va ushbu standartlar asosida hisobot tayyorlash qoidalari (keyingi oʻrinlarda — Qoidalar) 1-ilovaga muvofiq;
Transformatsiya jarayonidagi davlat ishtirokidagi korxonalar uchun barqaror rivojlanish va ESG hisoboti standartlarini joriy etish boʻyicha tadbirlar dasturi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Transformatsiya jarayonidagi davlat ishtirokidagi korxonalar:
2026-yil 1-iyuldan boshlab Qoidalarni amaliyotga joriy etish va ushbu qarorga 2-ilovaga muvofiq maʼlumotlarni oshkor etish standartlariga bosqichma-bosqich oʻtishni taʼminlasin;
2026-yil 1-avgustga qadar Qoidalar talablarini bajarish boʻyicha zarur choralarni koʻrsin;
“UzAssets” AJ transformatsiya jarayonidagi davlat ishtirokidagi korxonalar tomonidan amalga oshirilayotgan ishlarni monitoring qilib borsin hamda har chorak yakunida tegishli hisobotlarni Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritib borsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda 2027-yil 1-yanvarga qadar:
qimmatli qogʻozlari “Toshkent” Respublika fond birjasi savdolariga qoʻyilgan mahalliy korxonalarda Qoidalarga muvofiq barqaror rivojlanish va ESG hisoboti tizimini ixtiyoriy joriy etish choralarini koʻrsin;
barqaror rivojlanish va ESG hisobotini tayyorlash hamda oshkor qilishni bosqichma-bosqich va ixtiyoriy ravishda joriy etish boʻyicha rejalashtirilayotgan kamida 50 ta mahalliy korxonani tanlab olish mezonlarini ishlab chiqsin;
belgilangan tartibda jalb qilinadigan mustaqil konsultantlar bilan birgalikda barqaror rivojlanish va ESG sohasida axborotni oshkor etish boʻyicha metodik tavsiyalar ishlab chiqsin hamda “Toshkent” Respublika fond birjasining rasmiy veb-saytida joylashtirsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi hamda tegishli manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:
2027-yil 1-iyuldan boshlab tadbirkorlik subyektlari (biznes) faoliyatida qoʻllanadigan barqaror rivojlanish koʻrsatkichlarini va ularning Qoidalar asosida nomoliyaviy maʼlumotlar hisoboti shakllarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
yigʻilgan maʼlumotlar tahlili natijasida aniqlanadigan iqtisodiy, ekologik va ijtimoiy barqarorlik sohasidagi kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha maqsadli chora-tadbirlarni ishlab chiqsin va amalga oshirsin.
Bunda nomoliyaviy maʼlumotlar hisoboti shakllaridagi koʻrsatkichlar moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari barqarorlik boʻyicha maʼlumotlarni oshkor etish talablariga (IFRS SDS) hamda ushbu qarorga 1-ilovada belgilangan talablarga muvofiq boʻlishi taʼminlansin.
6. 2028-yildan boshlab tadbirkorlik subyektlarida nomoliyaviy maʼlumotlar hisoboti shakllari asosida maʼlumotlarni yigʻish, tahlil qilish va chop etish amaliyoti bosqichma-bosqich joriy etiladi.
Bunda mazkur hisobotlar tadbirkorlik subyektlari tomonidan ixtiyoriylik asosida toʻldiriladi va topshiriladi.
7. Ushbu qaror 2026-yil 1-iyuldan eʼtiboran kuchga kiradi.
8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 4-maydagi 221-son qaroriga 1-ILOVA
Atrof-muhit, ijtimoiy va korporativ boshqaruv (ESG) tamoyillari asosida “Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari va barqaror rivojlanish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor qilish standartlari”ni joriy etish va ushbu standartlar asosida hisobot tayyorlash
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Qoidalar atrof-muhit, ijtimoiy va korporativ boshqaruv (environmental, social and corporate governance) (keyingi oʻrinlarda — ESG) boʻyicha “Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari va barqarorlik toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor etish standartlari”ni (IFRS Sustainability Disclosure Standards) mahalliy korxonalarda joriy etish va ushbu standartlar asosida hisobotni tayyorlash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Qoidalar mahalliy korxonalarning barqaror rivojlanish va ESG sohasida axborotni oshkor etish faoliyatini tartibga soladi hamda investorlar va boshqa manfaatdor tomonlarga ishonchli, dolzarb va qiyoslanadigan maʼlumotlarni taqdim etish uchun huquqiy asos yaratadi.
3. Ushbu Qoidalar quyidagi korxonalarga nisbatan tatbiq etiladi:
transformatsiya jarayonidagi davlat ishtirokidagi korxonalar (bank-moliya sektori tashkilotlaridan tashqari);
ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi ellik foizdan ortiq boʻlgan yoki ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi xoʻjalik jamiyatining boshqa har bir aksiyadori (ishtirokchisi) ulushidan koʻp boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari.
Ushbu Qoidalar boshqa korxonalarga, shu jumladan, mahalliy korxonalarga nisbatan ixtiyoriy ravishda qoʻllanishi mumkin.
4. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
barqaror rivojlanish va ESG boʻyicha maʼlumotlarni oshkor qilish — korxonaning atrof-muhitga va jamiyatga koʻrsatayotgan taʼsiri hamda ESG koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish jarayoni. Ushbu maʼlumotlarni oshkor etishda turli xil hisobot shakllari va xalqaro standartlardan foydalaniladi;
ESG koʻrsatkichlari — korxonaning atrof-muhitga va jamiyatga koʻrsatadigan taʼsiri hamda boshqaruv sifatini baholashda qoʻllanadigan miqdoriy va sifat koʻrsatkichlari majmuasi boʻlib, ulardan atrof-muhit, ijtimoiy va korporativ boshqaruvga oid xavf-xatarlarni tahlil qilishda foydalaniladi;
Birlashgan Millatlar Tashkilotining “Barqaror rivojlanish uchun 2030 kun tartibi” (SDGs) — global muammolarni hal etish maqsadida BMT Bosh Assambleyasi tomonidan qabul qilingan, 17 ta maqsaddan iborat hujjat. Oʻzbekiston Respublikasi BMTning “Barqaror rivojlanish uchun 2030 kun tartibi”ga qoʻshilgan hamda uning doirasida iqtisodiyot va jamiyatning barqaror rivojlanishiga qaratilgan islohotlarni amalga oshirmoqda;
Xalqaro barqarorlik standartlari kengashi (International Sustainability Standards Board (ISSB) — Xalqaro moliyaviy hisobot standartlari fondi tomonidan 2021-yilda tashkil etilgan mustaqil organ boʻlib, uning asosiy maqsadi kapital bozorlari ishtirokchilari uchun barqaror rivojlanish sohasidagi axborotni oshkor etishning xalqaro standartlarini ishlab chiqish hamda mazkur standartlarning yagona global asosini shakllantirishga yoʻnaltirilgan;
Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari (International Financial Reporting Standards (IFRS) — jahon amaliyotida qoʻllanadigan, xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan moliyaviy hisobotni tayyorlash va taqdim etishning yagona talablarini belgilaydigan, moliyaviy axborotning xolisligi, shaffofligi va solishtirilishini taʼminlashga qaratilgan xalqaro hisob va hisobot yuritish standartlari majmui;
Barqaror rivojlanish sohasidagi moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari (International Financial Reporting Standards Sustainability Disclosure Standards — IFRS SDS — ISSB) — Xalqaro barqarorlik standartlari kengashi (ISSB) tomonidan ishlab chiqilgan standartlar boʻlib, oʻz ichiga quyidagilarni qamrab oladi, biroq ular bilan cheklanib qolmaydi:
Barqaror rivojlanish hisobotlari standartlari kengashi (Sustainability Accounting Standards Board (SASB) standartlari — Barqaror rivojlanish sohasida hisobot standartlarini ishlab chiqish kengashi tomonidan qabul qilingan standartlar boʻlib, ular IFRS SDS — ISSB tarkibiga kiritilgan hamda turli sohalarni qamrab oluvchi koʻrsatkichlardan iborat;
Yevropa Ittifoqining Korporativ barqaror rivojlanish va tegishli tekshiruvlar boʻyicha direktivasi (Corporate Sustainability Due Diligence Directive (CSDDD) — Yevropa kompaniyalarini oʻz yetkazib beruvchilari faoliyatini barqaror rivojlantirish mezonlariga muvofiqligi yuzasidan tekshirish majburiyatini belgilaydigan normativ hujjat;
Yevropa barqaror rivojlanish boʻyicha hisobot standartlari (European Sustainability Reporting Standards (ESRS) — Barqaror rivojlanish boʻyicha Yevropa hisobotlari standartlari. ESRS Yevropa Ittifoqi Komissiyasining Korporativ barqaror rivojlanish hisoboti toʻgʻrisidagi direktivasi (CSRD) talablarini amalga oshirish maqsadida ishlab chiqilgan. ESRS standartlari korxonalardan jamiyat va atrof-muhitga koʻrsatayotgan taʼsiri, shuningdek, ekologik va ijtimoiy muammolarning korxonalar uchun moliyaviy xatar va imkoniyatlar yuzaga keltirishi haqidagi maʼlumotlarni ochiqlashni talab qiladi;
“Yashil yuvish” (greenwashing) — korxona tomonidan ekologik masʼuliyatli faoliyat yuritayotgani haqida notoʻgʻri yoki chalgʻituvchi taassurot uygʻotish orqali manfaatdor tomonlarni aldash holatini ifodalash. Bunda korxonaning amaldagi faoliyati mazkur daʼvolarga mos kelmaydi;
Oʻzbekiston Milliy “yashil” iqtisodiyot taksonomiyasi — ekologik jihatdan barqaror iqtisodiy faoliyat turlarini belgilash maqsadida ishlab chiqilgan klassifikatsiya tizimi boʻlib, Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 25-oktabrdagi 561-son qarori bilan tasdiqlangan. Mazkur taksonomiya mamlakatning 2030-yilgacha “yashil” iqtisodiyotga oʻtish strategiyasi doirasidagi dasturining tarkibiy qismi hisoblanadi;
Milliy miqyosda belgilanadigan hissalar (Nationally Determined Contributions (NDC) — Parij kelishuvida ishtirok etuvchi davlatlar tomonidan taqdim etiladigan strategik hujjat boʻlib, unda issiqxona gazlari chiqindilarining hajmini qisqartirish va iqlim oʻzgarishiga moslashishga qaratilgan milliy maqsadlar hamda ularni amalga oshirish chora-tadbirlari belgilab beriladi;
Ikki tomonlama muhimlikni baholash (Double Materiality Assessment (DMA) — korxonaga taʼsir qiluvchi ikki tomonlama muhimlikni baholash jarayoni boʻlib, moliyaviy muhimlik (bozor xavflari, tartibga soluvchi oʻzgarishlar, aktivlar qiymatiga taʼsir qiluvchi omillar) hamda taʼsir darajasi (iqlim oʻzgarishi, tabiiy resurslardan foydalanish, inson huquqlari va ijtimoiy masʼuliyat masalalari) elementlarini oʻz ichiga oladi;
oʻtish davri — korxonalarning barqaror rivojlanish sohasidagi xalqaro IFRS SDS (ISSB) standartlariga toʻliq oʻtishini taʼminlash maqsadida belgilangan muddat. Mazkur muddatda korxonalarga yangi talablarga bosqichma-bosqich moslashish, ichki nazorat tizimlarini va axborot yigʻish jarayonlarini takomillashtirish, xodimlarni tegishli yoʻnalishlarda tayyorlash va ularning malakasini oshirish, axborot texnologiyalari tizimlarini modernizatsiya qilish, shuningdek, zarur moliyaviy va moddiy resurslar bilan taʼminlash imkoniyati beriladi. Bunda transformatsiya jarayonidagi davlat ishtirokidagi korxonalar uchun moliyaviy hisobot yillariga muvofiq holda 2026-2027-yillar oʻtish davri etib belgilanadi, boshqa korxonalarga nisbatan ixtiyoriylik asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Barqaror rivojlanish va ESG hisobotini yuritish hamda oshkor qilish talablari
5. Barqaror rivojlanish va ESG hisobotini tayyorlash jarayonida korxonalarga quyidagi majburiyatlar belgilanadi:
korxonalar oʻz strategiyasi va faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasining barqaror rivojlanish sohasidagi uzoq muddatli strategik maqsadlari va ustuvor yoʻnalishlariga muvofiq ravishda shakllantirishi va amalga oshirishi;
korxonalar Milliy miqyosda belgilanadigan hissa (NDS) doirasida, jumladan, issiqxona gazlari chiqindilarini qisqartirishga qaratilgan chora-tadbirlar bilan muvofiqlikni hamda BMTning “Barqaror rivojlanish uchun 2030 kun tartibi” (SDGs) bilan uygʻunlikni taʼminlashi, barqaror rivojlanish va ESG sohalari boʻyicha axborotni oshkor etishda milliy uzoq muddatli maqsadlarga erishish jarayonini toʻliq va xolis tarzda aks ettirishi;
korxonalar barqaror rivojlanish hamda ESG sohasidagi maʼlumotlarni Barqaror rivojlanish sohasidagi moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga (IFRS SDS — ISSB) muvofiq ravishda har yili muntazam ravishda oshkor etishi. Bunda ushbu maʼlumotlar moliyaviy va operatsion hisobotlar bilan muvofiqlashtirilgan holda taqdim etilishi hamda ularning izchilligi, toʻliqligi va ishonchliligi taʼminlanishi lozim;
integratsiyalashgan yillik hisobotlarni toʻliq joriy etish amaliyoti shakllangunga qadar, korxonalarga vaqtincha chora sifatida barqaror rivojlanish va ESG yoʻnalishlari boʻyicha alohida hisobotlar tayyorlashga ruxsat etiladi;
barcha manfaatdor tomonlarning axborotga teng huquqli kirishini taʼminlash maqsadida, korxonaning barqaror rivojlanishga oid maʼlumotlarini uning rasmiy veb-saytida joylashtirishi;
xalqaro standartlar va normativ-huquqiy hujjatlarda belgilangan talablar oʻzgargan taqdirda, korxona barqaror rivojlanish hamda ESG sohasi boʻyicha axborotni tayyorlash jarayonlari va metodologiyasini yangi talablar, manfaatdor tomonlarning fikr-mulohazalari, shuningdek, ilgʻor xalqaro tajriba asosida qayta koʻrib chiqishi va doimiy ravishda yangilab borishi;
korxonalar Barqaror rivojlanish hisobotlari standartlari kengashi (SASB) tomonidan ishlab chiqilgan hisobot standartlarini Barqaror rivojlanish sohasidagi moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari (IFRS SDS — ISSB) bilan uygʻun holda qoʻllashi lozim. Ushbu talabning joriy etilishi natijasida tarmoqning barqaror rivojlanishga oid asosiy koʻrsatkichlari toʻliq aks ettirilishi, shuningdek, mazkur tarmoqda mavjud xatarlar va imkoniyatlar, ularning moliyaviy natijalari hamda kompaniyaning uzoq muddatli qiymatiga taʼsiri aniq va ishonchli tarzda yoritilishini taʼminlaydi;
Yevropa Ittifoqi bozorlarida faoliyat yurituvchi va Yevropa Ittifoqining Korporativ barqaror rivojlanish va tegishli tekshiruvlar boʻyicha direktivasi (CSDDD) mezonlariga mos keluvchi korxonalar Yevropa barqaror rivojlanish boʻyicha hisobot standartlarini (ESRS) majburiy tartibda joriy etishi;
Yevropa Ittifoqi davlatlari bilan savdo faoliyatini amalga oshirayotgan yoki global taʼminot zanjirlarida ishtirok etayotgan korxonalar oʻz faoliyatida Yevropa Ittifoqining Taksonomiyasi (EU Taxonomy) hamda Yevropa Ittifoqining Korporativ barqaror rivojlanish va tegishli tekshiruvlar boʻyicha direktivasi (CSDDD) talablarini inobatga olishi, shuningdek, mazkur talablarning ijrosi natijalarini barqaror rivojlanish va ESG koʻrsatkichlari boʻyicha ochiqlanadigan maʼlumotlarda aks ettirishi lozim. Bu esa taʼminot zanjirlarining ishonchliligini oshirish hamda ESG-investitsiyalar imkoniyatlarini kengaytirishga xizmat qiladi;
korxonalar oʻz faoliyatining Oʻzbekiston Milliy “yashil” iqtisodiyot taksonomiyasi talablariga muvofiqligini baholashlari hamda baholash natijalarini barqaror rivojlanish va ESG hisoboti doirasida oshkor etishlari lozim. Oʻzbekiston Milliy “yashil” iqtisodiyot taksonomiyasi ekologik jihatdan barqaror hisoblangan iqtisodiy faoliyat turlarini belgilaydi va xalqaro “yashil” moliyalashtirish standartlariga mos keladi. Ushbu yondashuv Oʻzbekiston Respublikasining Parij bitimi doirasida belgilangan majburiyatlarini amalga oshirishga hamda milliy iqtisodiyotni bosqichma-bosqich past uglerodli rivojlanish modeliga oʻtkazish jarayonini qoʻllab-quvvatlashga xizmat qiladi;
korxonalar oʻz faoliyat yoʻnalishiga mos tarmoq standartlarini (masalan, neft-gaz sohasi uchun — IPIECA, togʻ-kon metallurgiya sanoati uchun — ICMM) ham hisobga olishi lozim. Ushbu standartlar IFRS SDS — ISSB standartlari talablariga qoʻshimcha tarzda qabul qilinishi kerak.
6. Barqaror rivojlanish va ESG hisobotini tayyorlash jarayonida korxonalar “yashil yuvish” (greenwashing) holatlariga yoʻl qoʻymasligi lozim. Bunda korxonalar quyidagilarga amal qilishi shart:
maʼlumotlarning aniq va hujjatlar bilan tasdiqlangan boʻlishi;
faqat qaror qabul qilishga taʼsir qiluvchi muhim maʼlumotlarni kiritishi;
maʼlumotlarning xolisligi va barcha jihatlarni qamrab olishi;
maʼlumotlarning ochiqligi va ishonchli manbalarda asoslangani;
maʼlumotlarni turli davrlarda solishtirish imkonini berishi;
maʼlumotlar kamida soʻnggi uch yillikni qamrab olishi va oʻzgarishlarning asoslanishi;
hisobotlarni belgilangan muddatlarda muntazam eʼlon qilishi;
maʼlumotlarning mustaqil tekshiruv uchun hujjatlar bilan tasdiqlangan boʻlishi;
maʼlumotlarning oddiy va ravon tilda taqdim etilishi.
3-bob. Ikki tomonlama muhimlikni baholash
7. Korxonalar barqaror rivojlanish va ESG sohasidagi maʼlumotlarni tayyorlashi va oshkor qilishi lozim. Bu maʼlumotlar Ikki tomonlama muhimlikni baholash (Double Materiality Assessment — DMA) natijalariga asoslangan boʻlishi va quyidagi talablarga muvofiq boʻlishi lozim:
a) Ikki tomonlama muhimlikni baholash quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
barqaror rivojlanish masalalarining moliyaviy koʻrsatkichlarga, kompaniya qiymati va uzoq muddatli barqarorligiga taʼsirini aniqlash va baholash;
tashkilot faoliyatining atrof-muhit, jamiyat va manfaatdor tomonlar manfaatlariga toʻgʻridan-toʻgʻri va bilvosita taʼsirini baholash;
b) Ikki tomonlama muhimlikni baholash jarayonida amaldagi qonunchilik hujjatlari va xalqaro standartlar — ISSB, GRI va ESRS talablariga rioya etish;
v) Ikki tomonlama muhimlikni baholashni birinchi hisobot davridan boshlash va keyingi hisobot davrlarida ushbu baholashni barqarorlik boʻyicha maʼlumotlarni tayyorlashda asosiy manba va metodologik asos sifatida qoʻllash;
g) har uch yilda kamida bir marta, agar qoʻllanayotgan xalqaro standartlar boʻyicha boshqacha muddat belgilanmagan boʻlsa, uchinchi tomonning ishtirokida Ikki tomonlama muhimlikni baholash natijalarining mustaqil tasdigʻini taʼminlash. Bunday tasdiq baholash natijalarining toʻgʻri va ishonchli ekanligini kafolatlaydi;
d) Ikki tomonlama muhimlikni baholash jarayonida qoʻllangan metodologiyalar, qabul qilingan farazlar va mezonlarni belgilangan tartibda hujjatlashtirish, ushbu hujjatlarni barqarorlik va ESG boʻyicha ochiqlash materiallariga ilova qilish hamda manfaatdor tomonlarga ularga erkin kirish imkonini taʼminlash.
4-bob. Barqaror rivojlanish va ESG hisobotlarini mustaqil tashqi tasdiqlash tartibi
8. Korxonalar mustaqil tashqi tekshiruv va tasdiqlashni talab qiladigan barqaror rivojlanish va ESG hisobotlari boʻyicha quyidagi talablarga rioya etishi lozim:
a) mustaqil tasdiqlash jarayonini birinchi hisobot yilidan boshlab, Transformatsiya jarayonidagi davlat ishtirokidagi korxonalar uchun barqaror rivojlanish va ESG hisoboti standartlarini joriy etish boʻyicha tadbirlar dasturida (keyingi oʻrinlarda — Dastur) belgilangan muddatlarga muvofiq amalga oshirish;
b) barqaror rivojlanish boʻyicha maʼlumotlarning murakkabligi va hajmidan kelib chiqib, quyidagi tasdiqlash usulini joriy etish:
yuqori darajadagi ishonch bilan tasdiqlash (reasonable assurance);
cheklangan darajadagi ishonch bilan tasdiqlash (limited assurance);
v) barqaror rivojlanish va ESG boʻyicha maʼlumotlarni tasdiqlashda cheklangan ishonch bilan tasdiqlash (limited assurance) usulini qoʻllash, shuningdek, mazkur talabni tasdiqlash shartnomalarida majburiy shart sifatida belgilash;
g) tasdiqlash ishlarini IAASB (International Auditing and Assurance Standards Board) amaldagi standartlariga muvofiq amalga oshirish;
d) barqaror rivojlanish va ESG maʼlumotlarini tasdiqlashda quyidagi standartlarni qoʻllash:
2025-yil hisobotlari uchun — ISAE 3000 standarti;
2026-yil hisobotlari uchun — 2026-yil 1-yanvardan kuchga kiruvchi ISSA 5000 standarti;
ISSA 5000 standartiga oʻtish jarayonida boshqaruv tizimlari, biznes-jarayonlar va ichki nazorat tizimlarini oldindan tayyorlash;
e) barqaror rivojlanish va ESG hisobotlarini faqat IAASB standartlariga muvofiq xizmat koʻrsatish huquqiga ega boʻlgan malakali tashkilotlar orqali tasdiqlash, jumladan:
chet el auditorlik tashkilotlarining filiallari yoki shuʼba jamiyatlarini jalb etish;
belgilangan tartibda auditorlik tashkilotlari reyestriga kiritilgan auditorlik tashkilotlarini jalb etish;
j) tasdiqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi tashkilotlarning mustaqilligini quyidagilar asosida taʼminlashi lozim:
IFAC Axloq kodeksi va xalqaro etika normalariga rioya etish;
tasdiqlash bilan bogʻliq manfaatlar toʻqnashuviga olib keluvchi xizmatlarni taqiqlash;
tasdiqlash ishlarini rejalashtirish va bajarishda toʻliq avtonomiyani taʼminlash;
xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarga barcha zarur maʼlumotlar va xodimlar bilan cheklovlarsiz ishlash imkoniyatini yaratish;
Xizmat koʻrsatish jarayoni ISQM 1 talablariga muvofiq amalga oshirilishini nazorat qilishni taʼminlash;
z) tasdiqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi tashkilotlarni jalb etish. Bunda:
belgilangan muddat tugagach, xizmat koʻrsatuvchi tashkilotni almashtirish;
shartnomani ketma-ket ikkinchi marta uzaytirishni taqiqlash;
xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar rotatsiyasini amaldagi normativ-huquqiy hujjatlar va IFAC Axloq kodeksi talablariga muvofiq amalga oshirish;
tasdiqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi tashkilotlarning faoliyatini turli tahdid va bosimlardan himoya qilish. Bunday tahdid va bosimlarga quyidagilar kiradi:
xizmat haqlarini toʻlashni asossiz kechiktirish yoki toʻlamaslik holatlariga yoʻl qoʻymaslik;
asossiz sud ishlari bilan tahdid qilish holatlariga chek qoʻyish;
boshqa noxush oqibatlar bilan qoʻrqitish holatlariga qarshi kafolatli himoya choralarini joriy etish.
5-bob. Boshqaruv, ichki nazorat hamda maʼlumotlar sifati boʻyicha talablar
9. Boshqaruv, ichki nazorat hamda maʼlumotlar sifatini taʼminlash boʻyicha korxonalar quyidagi talablarga amal qilishi lozim:
a) Dasturda belgilangan tashkilotlarning Kuzatuv kengashi tomonidan:
barqaror rivojlanish sohasidagi missiya, strategiya va qadriyatlarni belgilash hamda ESG tamoyillarini korxona faoliyatiga izchil integratsiya qilishni taʼminlash;
barqaror rivojlanish va ESG sohasidagi natijalar va belgilangan maqsadlarga erishish boʻyicha ishlar samaradorligini tahlil qilish, toʻsiqlarni bartaraf etish va imkoniyatlardan samarali foydalanish choralarini koʻrish;
barqaror rivojlanish va ESG sohasidagi xatarlar hamda imkoniyatlarni oʻz vaqtida aniqlash, baholash va samarali boshqarish tizimini joriy etish;
barqaror rivojlanish va ESG boʻyicha ochiqlanadigan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va ishonchliligini taʼminlash;
barqaror rivojlanish sohasidagi iqtisodiy, ijtimoiy va ekologik taʼsir hamda natijalarni aniq aks ettirishni taʼminlash;
Ikki tomonlama muhimlikni baholash jarayonini samarali tashkil etish va uning natijalarini rasman tasdiqlash;
ESG maʼlumotlarini xalqaro standartlar, amaldagi qonunchilik hujjatlariga va normativ talablarga muvofiq ravishda shaffof, obyektiv va toʻliq holda taqdim etishni taʼminlash;
tasdiqlash jarayonlari rejasini shakllantirish, xulosalarni tahlil qilish, xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar bilan samarali hamkorlikni yoʻlga qoʻyish hamda aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish choralarini koʻrish;
barqaror rivojlanish strategiyasiga muvofiq aniq va amaliy maqsadlar hamda asosiy samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI)ni belgilash va ularning bajarilishini taʼminlash;
barqaror rivojlanish bilan bogʻliq xatarlarni umumiy xatarlar boshqaruv tizimiga integratsiya qilish hamda ularning kompaniya faoliyati natijalariga taʼsirini baholash;
barqaror rivojlanish strategiyalarini ishlab chiqish jarayonini tashkil etish va kompaniyani kelgusi sinovlar hamda imkoniyatlarga tayyorlash;
barqaror rivojlanish va ESG boʻyicha maʼlumotlarning standartlarga mosligi va belgilangan maqsadlar bilan uygʻunligini taʼminlash;
barqaror rivojlanish va ESG boʻyicha yillik hisobotlarni tayyorlash, tasdiqlash va belgilangan muddatlarda jamoatchilikka taqdim etish;
barqaror rivojlanishni boshqarish jarayonlarini rejalashtirish va nazorat qilish tizimini yoʻlga qoʻyish;
Dasturda belgilangan tashkilotlarning Kuzatuv kengashi raisi hamda Audit va xatarlar boshqaruvi qoʻmitasi faoliyatini muvofiqlashtirish, korporativ kotib tomonidan yillik ish rejalarini ishlab chiqishni taʼminlash;
b) Dasturda belgilangan tashkilotlarning Kuzatuv kengashlarining audit va xatarlarni boshqarish qoʻmitasi:
ushbu Qoidalarga muvofiq barqaror rivojlanish sohasidagi standartlar va talablarni joriy etish;
barqaror rivojlanish va ESG boʻyicha maʼlumotlarning toʻgʻriligi hamda toʻliqligini taʼminlash, shuningdek, ularni toʻplash va tayyorlash jarayonlarini tekshirish;
barqaror rivojlanishga oid maʼlumotlarni moliyaviy hisobotga integratsiya qilishni taʼminlash;
barqaror rivojlanish va ESG maʼlumotlarini toʻplash, taqdim etish hamda tasdiqlash bilan bogʻliq ichki nazorat mexanizmlarining samaradorligini baholash;
ichki nazorat tizimidagi kamchiliklarni aniqlash va ularni bartaraf etish boʻyicha tegishli choralarni belgilash;
joriy etilgan ichki nazorat mexanizmlarining samaradorligini KPI koʻrsatkichlari asosida baholash hamda ushbu koʻrsatkichlarni ijroiya organi faoliyatini ragʻbatlantirish tizimiga integratsiya qilish;
barqaror rivojlanish sohasida xatarlarni kamaytirish boʻyicha chora-tadbirlar bajarilishi monitoringini taʼminlash;
barqaror rivojlanish natijalariga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan tashqi omillarni, jumladan, qonunchilikdagi oʻzgarishlar, bozor tendensiyalari va manfaatdor tomonlar kutilmalarini baholash;
Kuzatuv kengashiga barqaror rivojlanish va ESG sohasidagi muhim holatlar hamda xatarlar boʻyicha yangilangan maʼlumotlarni muntazam taqdim etish;
barqaror rivojlanish strategiyasi va hisobot sifati boʻyicha takliflarni ishlab chiqish hamda ularni Kuzatuv kengashiga kiritish;
maʼlumotlarni toʻplash va taqdim etish jarayonlarini avtomatlashtirish hamda raqamli texnologiyalarga investitsiya ajratilishini taʼminlash;
xodimlarni oʻqitish, axborot texnologiyalari tizimlarini moslashtirish va standartlarni joriy etishga tayyorgarlik koʻrish uchun zarur resurslarni ajratish;
v) quyidagilar Dasturda belgilangan tashkilotlar Ijroiya organining vazifalari hisoblanadi:
barqaror rivojlanish va ESG sohasidagi maʼlumotlarni amaldagi standartlar hamda qonunchilik talablariga muvofiq yigʻish va ularning aniqligini taʼminlash;
barcha qoʻllanayotgan faraz va taxminlarni hujjatlashtirish, ularning asosliligini taʼminlash hamda ichki audit va mustaqil tashqi tasdiqlashni amalga oshirish;
barqaror rivojlanish koʻrsatkichlarini yigʻish, hisoblash va taqdim etish boʻyicha yagona (standartlashtirilgan) uslubiy yondashuvlarni joriy etish;
maʼlumotlarni yigʻish va hisobot yuritish jarayonlarini standartlashtirish hamda ishonchli ichki nazorat tizimini tatbiq etish;
barqaror rivojlanish maʼlumotlariga oid qoʻllanayotgan uslubiyotlar va cheklovlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkora eʼlon qilish;
maʼlumotlar yaxlitligini taʼminlash va ularni moliyaviy axborot bilan muvofiqlashtirish boʻyicha nazorat mexanizmlarini joriy etish;
barqaror rivojlanish va ESG boʻyicha hisobot yuritish jarayonlarini standartlashtirish, ISSB va SASB standartlariga muvofiq yoʻriqnomalar ishlab chiqish;
barqaror rivojlanish maʼlumotlarining ishonchliligini ichki audit orqali tasdiqlash;
barqaror rivojlanish jarayonlari hamda ichki nazorat tizimlaridagi mavjud boʻshliqlarni baholash va bartaraf etish maqsadida “yoʻl xaritalari” va jarayonlar matritsasini ishlab chiqish;
Dasturda belgilangan muddatlarga muvofiq ikki moliya yili davomida barqaror rivojlanish maʼlumotlarining sifat nazorati tizimini toʻliq joriy etish.
6-bob. Joriy etish va oʻtish davri
10. Barqaror rivojlanish sohasidagi moliyaviy hisobotning xalqaro standartlarini (IFRS SDS — ISSB) joriy etish boʻyicha oʻtish davri mobaynida korxonalar quyidagi chora-tadbirlarni amalga oshirishi lozim:
a) IFRS SDS — ISSB standartlariga tayyorgarlik va bosqichma-bosqich oʻtish jarayonlarini, Dasturda belgilangan tartibga muvofiq izchil va samarali tarzda amalga oshirish;
b) birinchi hisobot eʼlon qilinishidan kamida olti oy oldin Ikki tomonlama muhimlikni baholashni (DMA) oʻtkazish;
v) birinchi hisobot eʼlon qilinishidan kamida olti oy oldin Ikki tomonlama muhimlikni baholash (DMA) natijalarini mustaqil tarzda tasdiqlatishni taʼminlash, baholash jarayonini birinchi hisobot eʼlon qilinishidan kamida olti oy oldin yakuniga yetkazish hamda ushbu jarayonni Dasturda belgilangan muddatlarga muvofiq amalga oshirish;
g) IFRS SDS (ISSB) standartlariga muvofiqlikni taʼminlash uchun zarur boʻlgan “farqlar tahlilini” (gap assessment) oʻtkazish va uni birinchi hisobot eʼlon qilinishidan kamida olti oy oldin yakunlash;
d) oʻtish davrida ISSB standartlariga moslashish jarayonida va ichki malaka oshirish faoliyatida SASB standartlaridan foydalanish;
e) IFRS SDS (ISSB) standartlarini majburiy ravishda qoʻllashni taʼminlash, zarurat boʻlganda ushbu Qoidalarning asosiy talablariga zid boʻlmagan hamda axborot ochiqligi va sifatini oshirishga xizmat qiladigan boshqa xalqaro eʼtirof etilgan hisobot standartlaridan foydalanish;
j) Ikki tomonlama muhimlikni baholash (DMA) natijalarini belgilangan jadvalga muvofiq mustaqil tarzda tasdiqlash, baholash natijalarining aniqligi va ishonchliligini taʼminlash;
z) barqaror rivojlanish va ESG hisobotlarini oʻz vaqtida nashr etish maqsadida ularga tayyorgarlikni oldindan tashkil etish, jumladan:
hisobot yilidan keyingi yilning 15-yanvaridan kechiktirmasdan hisobot maʼlumotlarini tayyorlashni boshlash;
hisobot tayyorlash uchun malakali tashkilotlar jalb etilganda, ularni tanlab olish va shartnoma tuzish jarayonini hisobot yilining 31-dekabrigacha yakunlash;
maʼlumotlarni tasdiqlash (audit) tartibini amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq rejalashtirish hamda auditorlik tashkilotlarini tanlab olish va shartnoma tuzishni hisobot yilidan keyingi yilning 5-fevraligacha yakunlash;
i) barqaror rivojlanish va ESG boʻyicha birinchi hisobot davrida ISAE 3000 standarti talablariga muvofiq “cheklangan ishonch darajasidagi tasdiqlash”ni amalga oshirish;
k) qoʻshimcha tarzda:
oʻtish davrida aniq maʼlumotlar mavjud boʻlmagan hollarda barqaror rivojlanish boʻyicha axborotni shakllantirishda asosli taxminlardan foydalanish va ushbu taxmin hamda metodologiyalarni aniq hujjatlashtirish;
tizimlar va jarayonlar takomillashib borishi bilan baholangan maʼlumotlardan foydalanishni bosqichma-bosqich toʻxtatib, maʼlumotlarning sifat va ishonchlilik darajasini oshirib borish;
ichki nazorat tizimlarini toʻliq joriy etish majburiyatidan ikki yilgacha boʻlgan muddatda vaqtincha ozod etilish huquqini nazarda tutish hamda mazkur davr mobaynida barqaror rivojlanish boʻyicha ichki nazorat tizimlarini toʻliq ishlab chiqish va maʼlumotlar ishonchliligini moliyaviy hisobot standartlariga mos darajaga yetkazish.
7-bob. Yakunlovchi qoida
11. Ushbu Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 4-maydagi 221-son qaroriga 2-ILOVA
Transformatsiya jarayonidagi davlat ishtirokidagi korxonalar uchun barqaror rivojlanish va ESG hisoboti standartlarini joriy etish boʻyicha tadbirlar
T/r Korxonalar nomi ISSB va ESRS standartlari boʻyicha hisobot amaliyotini joriy etish bosqichlari 1-bosqich 2-bosqich 3-bosqich 4-bosqich 5-bosqich ISSB standartlari boʻyicha maʼlumotlarni oshkor qilish amaliyotini joriy etish uchun barcha kompaniyalar uchun majburiy bosqichlar Koʻrsatilgan mezonlarga mos kelganda qoʻllanadigan ixtiyoriy bosqich SASB standartlari talablariga muvofiq barqaror rivojlanish boʻyicha hisobot chiqarish ISSB standartlariga muvofiqlikni taʼminlash uchun boʻshliqlarni baholash Ikki tomonlama muhimlikni baholash (DMA), ESG xavfini baholash, IFRS S1 (ISSB) boʻyicha maʼlumotlarni oshkor qilishga tayyorgarlik IFRS S2 (ISSB) talablariga muvofiq iqlim xavflarini baholash ISSB (IFRS S1+S2) standartlari talablariga muvofiq barqaror rivojlanish boʻyicha hisobot chiqarish Oʻzbekiston Milliy “yashil” taksonomiyasi mezonlariga muvofiq maʼlumotlarni oshkor qilish Oʻzbekiston Respublikasida barqaror rivojlanish va ESG sohasida milliy hisobot standartlarini qoʻllash ESRS standartlari talablariga muvofiq hisobot chiqarish Korporativ barqarorlik va tegishli tekshiruv (CSDDD) direktivasi talablarini hisobga olish Yevropa Ittifoqi yurisdiksiyasidan tashqarida xalqaro kapital bozorlariga chiqishni (obligatsiyalar chiqarish, aksiyalar joylashtirish) rejalashtirayotgan kompaniyalar uchun talablar Tarmoq standartlarini qoʻllash. Masalan, neft-gaz sanoati uchun IPIECA, togʻ-kon-metallurgiya sanoati uchun ICMM va boshqalar Yevropa Ittifoqi taksonomiyasi talablariga muvofiq maʼlumotlarni oshkor qilish 1. “Navoiy KMK” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun Barqaror rivojlanish sohasida maʼlumotlarni oshkor qilish boʻyicha standartlar, normalar yoki tavsiyalar rasman eʼlon qilinib, majburiy tatbiq etilishi lozim boʻlgan davrdan boshlab barcha kompaniyalarga tatbiq etiladi. ESRS standarti quyidagi mezonlarga javob beradigan Yevropa Ittifoqi bozorlari bilan bogʻliq faoliyat yurituvchi davlat korxonalarida tatbiq etiladi: Amal qiladigan hisobot yili uchun ( 2025 yildan oldin emas): Yevropa Ittifoqining tartibga solinayotgan bozorlarida qimmatli qogʻozlari sotilayotgan yoki yevroobligatsiyasi mavjud yoki chiqarilishi rejalashtirilgan uchinchi mamlakat kompaniyalari; 2028-yil hisobot yili uchun: Yevropa Ittifoqida yiliga 150 mln yevro yoki undan koʻproq daromad keltiradigan, lekin Yevropa Ittifoqida roʻyxatdan oʻtmagan kompaniyalar yoki Yevropa Ittifoqida yiliga 40 mln yevro yoki undan koʻproq aylanmaga ega boʻlgan shuʼba kompaniyalari mavjud boʻlgan xorijiy kompaniyalar; Yevropa Ittifoqida roʻyxatdan oʻtmagan, lekin CSRD talablariga muvofiq majburiy axborot oshkor etish talabi tatbiq etiladigan kompaniyalar Barqaror rivojlanish boʻyicha hisobotda CSDDD talablari hisobi quyidagi mezonlarga javob beradigan Yevropa Ittifoqi bozorlari bilan bogʻliq faoliyat yurituvchi davlat korxonalarida tatbiq etiladi: Yevropa Ittifoqidagi sof aylanmasi 450 mln yevro yoki undan koʻproq boʻlsa. CSDDD boshqa talablari boʻyicha majburiy maʼlumot oshkor qilishga tushadigan kompaniyalar. Maʼlumotlar oshkor qilishning birinchi hisobot yili — 2028-yil hisobot yili uchun. Tanlangan birja talablariga muvofiq barqaror rivojlanish boʻyicha qoʻshimcha maʼlumotlarni oshkor qilish. Maʼlumot oshkor qilishga tayyorlik darajasiga qarab, kompaniyaning tarmoqqa mansubligiga muvofiq tarmoq standartlarini yuritish. Barqaror rivojlanish hisobotida Yevropa Ittifoqi taksonomiyasi talablari hisobotini yuritish quyidagi mezonlarga javob beradigan Yevropa Ittifoqi bozorlari bilan bogʻliq faoliyat yurituvchi davlat korxonalarida tatbiq etiladi: Yevropa Ittifoqi hududida sof daromadi 150 mln yevro yoki undan koʻproq boʻlsa. Yevropa Ittifoqida 40 mln yevro yoki undan koʻproq aylanmaga ega filiali mavjud boʻlsa. Yevropa Ittifoqida yirik kompaniya maqomiga ega yoki fond birjasida savdoga qoʻyilgan kichik va oʻrta biznes (MSB) maqomidagi shuʼba kompaniyasi boʻlsa. Majburiy maʼlumot oshkor qilish boʻyicha boshqa tegishli talablar ostiga tushadigan kompaniyalar. Birinchi hisobot yili — 2028-yil hisobot yili uchun. 2. “Navoiyuran” DK 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 3. “Olmaliq KMK” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 4. “Oʻzmetkombinat” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2028 yil hisobot davri uchun 5. “Oʻzbekneftgaz” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 6. “Oʻztransgaz” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 7. “Hududgaztaʼminot” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 8. “UzGazTrade” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2027 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2027 yilda amalga oshirish. 2027 yil hisobot davri uchun 2028 yil hisobot davri uchun 9. “Milliy elektr tarmoqlari” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 10. “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 11. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 12. “Oʻzbekgidroenergo” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 13. “Oʻzkimyosanoat” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2027 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2027 yilda amalga oshirish. 2027 yil hisobot davri uchun 2028 yil hisobot davri uchun 14. “Navoiyazot” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 15. “ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2027 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2027 yilda amalga oshirish. 2027 yil hisobot davri uchun 2028 yil hisobot davri uchun 16. “Uzbekistan Airways” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 17. “Uzbekistan Airports” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 18. “Toshshahartransxizmat” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2027 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2027 yilda amalga oshirish. 2027 yil hisobot davri uchun 2028 yil hisobot davri uchun 19. “Oʻzavtosanoat” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 20. “Oʻzbektelekom” AK 2025 yil hisobot davri uchun 2026 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2026 yilda amalga oshirish. 2026 yil hisobot davri uchun 2027 yil hisobot davri uchun 21. “Oʻzbekiston pochtasi” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2027 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2027 yilda amalga oshirish. 2027 yil hisobot davri uchun 2028 yil hisobot davri uchun 22. “Oʻzbekkoʻmir” AJ 2025 yil hisobot davri uchun 2027 yilda Ikkinchi bosqich ishlarini 2027 yilda amalga oshirish. 2027 yil hisobot davri uchun 2028 yil hisobot davri uchun 23. ESG standartlariga muvofiq axborotni oshkor qilishni bosqichma-bosqich va ixtiyoriy joriy etish rejalashtirilayotgan, qimmatli qogʻozlari “Toshkent” Respublika fond birjasida savdolarga qoʻyilgan 50 ta mahalliy korxona. 2027-yil hisobot davridan boshlab ixtiyoriy hisobot berish
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 4-may,
221-son