📅 2026-yil 4-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 4-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 4 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 мая 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр занятости и сокращения бедности
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 May 2026 · Ministry and agency documents · Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ ВА БАНДЛИК ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссуда ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-258-сон «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони , 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-64-сон « Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида »ги, 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сон « 2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида »ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссуда ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Марказий банки, Солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 4 майдаги 03-2026/B-сон буйруғига 1-ИЛОВА
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссуда ажратиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссуда ажратиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
субсидия — Жамғарма маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга қайтариб бермаслик шарти билан бериладиган молиявий кўмак;
ссуда — Жамғарма маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган жисмоний ва юридик шахсларга қайтариб бериш шарти билан бериладиган фоизсиз молиявий кўмак;
«Бандлик хизмати» ахборот тизими — меҳнат органларига мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган электрон ахборот тизими ;
«Online mahalla» электрон платформаси — ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ахборот тизими ;
«subsidy.mf.uz» дастурий таъминоти — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг субсидия тўловларини автоматик равишда амалга оширувчи электрон дастурий таъминоти;
«sertifikat.mehnat.uz» ахборот тизими — касб-ҳунарга тайёрлаш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида яратилган электрон ахборот тизими.
2. Жамғарма маблағлари ҳисобидан субсидиялар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:
иш берувчиларга — туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари (бундан буён матнда бандлик бўлими деб юритилади) йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида ;
иш берувчиларга — аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун ҳар бир ходим учун ўн икки ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ;
иш берувчиларга — иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилган иш жойи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача;
иш берувчиларга — жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилиш учун ҳар бир шахс учун уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг бир марталик базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида. Мазкур субсидия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 сентябрдаги 450-сон қарори билан тасдиқланган Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ажратилади;
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига — халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (бундан буён матнда вазирлик деб юритилади) томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда ;
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига — харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ошмаган миқдорда .
3. Жамғарма маблағларидан ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш мақсадида уч йилгача муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.
4. Вазирлик томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ҳудудлар кесимидаги смета ҳужжатларига мувофиқ субсидиялар ва ссуда ажратилади.
Субсидиялар ва ссуда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) томонидан тасдиқланган смета ҳужжатларида белгиланган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
5. Субсидия ва ссуда олиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг хаққонийлиги учун ҳужжатларни тақдим этувчилар масъул ҳисобланади.
2-боб. Ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш
6. Бандлик бўлими йўлланмаси асосида ишга қабул қилинган ходимни (бундан буён матнда ходим деб юритилади) касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида иш берувчи Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (бундан буён матнда ЯИДХП деб юритилади) ёки «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (бундан буён матнда «ЯММТ» ИДАК деб юритилади) орқали субсидия олиш учун ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги бандлик бўлимига мурожаат қилади.
7. Мурожаатда иш берувчи томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:
ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (бундан буён матнда ЖШШИР деб юритилади);
касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқитиш жойининг манзили, иш берувчи ва давлат ёки нодавлат таълим ташкилоти билан тузилган шартноманинг электрон нусхаси, ходимни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш муддати;
субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган иш берувчининг банк реквизитлари.
Мурожаатга ходимнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади.
8. Иш берувчи ходимни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича давлат ёки нодавлат таълим ташкилоти билан шартнома тузган бўлиши лозим. Бунда давлат ёки нодавлат таълим ташкилоти «sertifikat.mehnat.uz» ахборот тизимида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.
9. Ҳудудий бошқармаларнинг бандлик дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш шуъбаси масъул ходими (бундан буён матнда масъул ходим деб юритилади) мурожаатда тақдим қилинган ҳужжатларни «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали уч иш кунида скоринг тизимига юборади. Бунда:
ходим бандлик бўлими йўлланмаси асосида ишга қабул қилинганлиги;
тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилади.
10. Иш берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, зарур маълумотлар кўрсатилмаган ёки бандлик бўлими йўлланмаси ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, масъул ходим «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали уч иш кунида субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида иш берувчини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.
11. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда уч иш кунида масъул ходим томонидан «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига юборилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади.
12. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига хулоса юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида иш берувчига ҳар бир ходим учун ходимнинг ўқиш муддатига мувофиқ олти ой давомида ҳар ойнинг охирида базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида субсидия тўланади.
13. Ходимнинг ўқиши якунлангандан сўнг иш берувчи беш иш куни ичида касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтган ёки малакаси оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни «sertifikat.mehnat.uz» ахборот тизимига киритиши шарт.
14. Ходим билан иш берувчи ўртасида касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муддати давомида меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, иш берувчи шу куннинг ўзида меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқни «Бандлик хизмати» ахборот тизимига киритади.
Бунда субсидия тўлаш автоматик равишда тўхтатилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади. Иш берувчига илгари тўланган субсидиялар қайтариб олинмайди.
3-боб. Иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун субсидия ажратиш
15. Иш берувчиларга «Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунида белгиланган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилганлиги учун субсидия ажратиш мақсадида иш берувчи ЯИДХП ёки «ЯММТ» ИДАК орқали ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги бандлик бўлимига мурожаат қилади.
16. Мурожаатда иш берувчи томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:
ишга қабул қилинган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, ЖШШИР;
шахснинг ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансублигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки маълумотлар;
шахснинг иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг электрон нусхаси;
субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган иш берувчи ташкилотнинг банк реквизитлари.
Мурожаатга ходимнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади.
17. Масъул ходим мурожаатда тақдим қилинган ҳужжатларни уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали скоринг тизимига юборади. Бунда:
шахснинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансублиги;
шахснинг иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинганлиги;
тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилади.
18. Иш берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, зарур маълумотлар кўрсатилмаган бўлса ёки иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари га кирувчи шахслар ишга қабул қилинганлиги тасдиқланмаса, масъул ходим «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали уч иш кунида субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида иш берувчини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.
Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда уч иш кунида масъул ходим томонидан «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига юборилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади.
19. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан «subsidy.mf.uz» дастурий таъминот орқали иш берувчига иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаси нинг ҳар бири учун ўн икки ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия тўловлари амалга оширилади.
20. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан «ЯММТ» ИДАК орқали ҳар ой якунида солиқ хизмати органларидан ушбу ташкилотда иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган шахсга иш ҳақи ҳисобланганлиги тўғрисидаги маълумотлар олинганидан бошлаб субсидия маблағлари «subsidy.mf.uz» дастурий таъминоти орқали бир иш куни ичида тўланади.
21. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан «ЯММТ» ИДАК орқали ҳар ой якунида солиқ хизмати органларидан ушбу ташкилотда иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган шахсга иш ҳақи ҳисобланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганда, субсидия тўлаш тўхтатилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади. Бунда тўланган субсидиялар қайтариб олинмайди.
4-боб. Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари ва шароитларини мослаштирган иш берувчиларга субсидия ажратиш
22. Иш берувчи иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсга мослаштирганлиги учун субсидия ажратишни сўраб ЯИДХП ёки «ЯММТ» ИДАК орқали ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги бандлик бўлимига мурожаат қилади.
23. Мурожаатда иш берувчи томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:
ишга қабул қилинган ногиронлиги бўлган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, биометрик паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, ЖШШИР;
иш ўринлари ва меҳнат шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун сарфланган харажатлар миқдорини тасдиқловчи маълумотлар;
субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган иш берувчи ташкилотнинг банк реквизитлари.
Мурожаатга ногиронлиги бўлган шахснинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси ва ногиронлиги бўлган шахсга уч ой давомида солиқ хизмати органларидан иш ҳақи ҳисобланганлиги тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.
24. Масъул ходим мурожаатда тақдим қилинган ҳужжатларни уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали скоринг тизимига юборади. Бунда:
ногиронлиги бўлган шахснинг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига киритилганлиги;
ногиронлиги бўлган шахсга иш ҳақи ҳисобланганлиги;
тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилади.
25. Бандлик бўлими мутахассиси иш берувчи томонидан ногиронлиги бўлган шахс учун иш ўринлари ва шароитларини мазкур Низомнинг иловасидаги Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари ва шароитларини мослаштириш воситалари рўйхатида белгиланган воситаларнинг бир ёки бир нечтаси асосида мослаштирилганлигини уч иш куни ичида жойига чиққан ҳолда ўрганади ҳамда бу ҳақда тасдиқловчи материаллар (фото ва бошқа тасдиқловчи материаллар) асосида далолатнома тузади.
Далолатнома бандлик бўлими мутахассиси, иш берувчи ва ногиронлиги бўлган шахс томонидан имзоланади ҳамда «Бандлик хизмати» ахборот тизимига бандлик бўлими мутахассиси томонидан шу куннинг ўзида киритилади.
26. Иш берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса ва зарур маълумотлар кўрсатилмаган бўлса, шунингдек мазкур Низомнинг 25-бандидаги далолатнома асосида иш ўринлари ва шароитлари ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаганлиги аниқланганда, масъул ходим «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали уч иш кунида субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида иш берувчини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.
27. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда, шунингдек мазкур Низомнинг 25-бандига асосан иш берувчи томонидан иш ўринлари ва шароитлари ногиронлиги бўлган шахсга мослаштирилганлиги тасдиқланганда, масъул ходим томонидан уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига юборилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади.
28. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига иш берувчига субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида ҳар бир ногиронлиги бўлган шахс учун мослаштирилган иш ўринлари ва меҳнат шароитларига сарфланган харажатлар миқдорини қоплаш мақсадида мурожаатда кўрсатилган миқдорда ҳар бир мослаштирилган иш жойи ва шароити учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача бир марталик субсидия тўланади.
5-боб. Ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига сертификатлар олиш учун сарфланган маблағларни қоплаш учун субсидия ажратиш
29. Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталари халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатларни, шунингдек, Вазирлик томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратишни сўраб мазкур сертификатларнинг амал қилиш муддати давомида ЯИДХП ёки «ЯММТ» ИДАК орқали бандлик бўлимига мурожаат қилади.
30. Мурожаатда ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:
ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устасининг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, ЖШШИР;
ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устасининг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида ушбу соҳада фаолият юритаётганлиги тўғрисида маълумот;
субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устасининг банк картаси рақами.
Мурожаатга халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификат ёки миллий сертификат ва амалга оширилган тўлов ҳужжати нусхалари илова қилинади.
31. Масъул ходим халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификат ёки миллий сертификатни «sertifikat.mehnat.uz» электрон платформасидан олинган маълумотлар асосида текширади ва уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали скоринг тизимига юборади. Бунда тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва мурожаатдаги маълумотларнинг тўғрилиги текширилади.
32. Ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устаси томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ва зарур маълумотлар кўрсатилмаган тақдирда, масъул ходим томонидан уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали субсидия ажратиш рад этилади ва бу ҳақда ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устаси шу куннинг ўзида рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилинади.
33. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда, масъул ходим томонидан уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига юборилади ҳамда бу ҳақда ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устаси шу куннинг ўзида хабардор қилинади.
34. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатларни, шунингдек, миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача бўлган миқдорда субсидия тўланади.
6-боб. Малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш
35. Малакани баҳолаш марказини ташкил этган тадбиркорлик субъекти томонидан баҳолаш воситаларини харид қилган санадан бошлаб уч ой ичида субсидия олиш мақсадида ЯИДХП ёки «ЯММТ» ИДАК орқали ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги бандлик бўлимига мурожаат қилади.
36. Мурожаатга тадбиркорлик субъекти томонидан қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
малакани баҳолаш маркази фаолияти йўналишининг лойиҳаси (концепцияси);
харид қилинган баҳолаш воситалари тўғрисидаги маълумот;
харид қилинган баҳолаш воситаларини етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар нусхалари;
субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган тадбиркорлик субъектининг банк реквизитлари.
37. Масъул ходим мурожаатда тақдим қилинган ҳужжатларни уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали скоринг тизимига юборади. Бунда тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва мурожаатдаги маълумотларнинг тўғрилиги текширилади.
38. Малакани баҳолаш марказини ташкил этган тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса ва зарур маълумотлар кўрсатилмаган тақдирда, масъул ходим «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали уч иш кунида субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида тадбиркорлик субъектини хабардор қилади.
39. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда масъул ходим томонидан уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса вазирликка келишиш учун юборилади.
40. Мазкур Низомнинг 39-бандида назарда тутилган хулоса вазирлик томонидан уч иш кунида малакани баҳолаш маркази фаолияти йўналиши лойиҳасининг (концепцияси) аниқлиги ва амалий йўналтирилганлиги, малакани баҳолаш маркази фаолиятининг мақсад ва вазифалари аниқ белгиланганлиги юзасидан ўрганилади.
41. Вазирлик томонидан малакани баҳолаш маркази фаолияти йўналиши лойиҳасининг (концепцияси) амалий йўналтирилмаган, малакани баҳолаш маркази фаолиятининг мақсад ва вазифалари аниқ белгиланмаган деб топилган тақдирда, субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса келишилмайди.
Масъул ходим Вазирлик томонидан субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса келишилмаган кундан бошлаб уч иш кунида «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида тадбиркорлик субъектини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.
42. Вазирлик томонидан субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса келишилганда, келишув баёни «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали шу куннинг ўзида худудий бошқармаларга юборилади.
43. Масъул ходим вазирлик томонидан келишилган субсидия ажратиш бўйича ижобий хулосани «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига йўналтиради ҳамда бу ҳақда шу куннинг ўзида тадбиркорлик субъектини хабардор қилади.
44. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан «subsidy.mf.uz» дастурий таъминотига ижобий хулоса юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида малакани баҳолаш марказини ташкил этган тадбиркорлик субъектига харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия тўланади.
7-боб. Ногиронлиги бўлган шахсларга ссуда ажратиш
45. Ногиронлиги бўлган шахс (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш мақсадида ссуда ажратишни сўраб яшаш жойидаги ҳоким ёрдамчисига ёки ЯИДХП ёхуд «Online mahalla» электрон платформаси орқали мурожаат қилади.
46. Талабгорнинг мурожаатида унинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, ЖШШИР, «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига киритилганлиги, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш тўғрисидаги маълумотлар, сўралаётган ссуданинг миқдори ва талабгорнинг «ижтимоий карта» рақами кўрсатилади.
47. Ҳоким ёрдамчиси уч иш кунида ногиронлиги бўлган шахснинг мурожаатида қайд этилган маълумотларни ўрганиш учун «Online mahalla» электрон платформаси орқали скоринг тизимига юборади. Бунда:
талабгорнинг шахсий маълумотлари;
талабгорнинг ногиронлиги мавжудлигини тасдиқловчи маълумотлари;
тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқ ва тўғрилиги;
бажариладиган фаолият тури ва мақсади тўғрисидаги маълумотлар текширилади.
48. Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган, зарур маълумотлар кўрсатилмаган, талабгорнинг ногиронлиги тасдиқланмаган ҳолларда, ҳоким ёрдамчиси томонидан уч иш кунида «Online mahalla» электрон платформаси орқали ссуда ажратиш рад этилади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида талабгор рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилинади.
49. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда, ҳоким ёрдамчиси томонидан уч иш кунида «Online mahalla» электрон платформаси орқали ссуда ажратиш бўйича талабгорнинг мурожаати маъқулланади ва ижобий хулоса шакллантирилиб «Бандлик хизмати» ахборот тизимига юборилади ҳамда бу ҳақда шу куннинг ўзида талабгор хабардор қилинади.
50. Ҳудудий бошқарма талабгорнинг мурожаати маъқулланган кундан бошлаб беш иш кунида у билан ссуда ажратиш тўғрисида шартнома тузади. Шартномага тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматлари номи, ссудани қайтариш тартиби ҳамда жадвали илова қилинади.
51. Ҳудудий бошқарма ссуда ажратиш тўғрисида шартномага асосан Жамғармага маблағ ажратишни сўраб уч иш куни ичида мурожаат қилади.
52. Жамғарма ҳудудий бошқармага икки иш куни ичида мурожаатда кўрсатилган маблағларни ажратади.
53. Ҳудудий бошқарманинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан уч иш куни ичида уч йилгача муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан талабгорнинг мурожаатида кўрсатилган, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда маблағлари талабгорнинг банк карта рақамига ўтказиб берилади.
54. Ссудалардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шунингдек ўз вақтида қайтарилиши юзасидан талабгорнинг яшаш жойидаги ҳоким ёрдамчиси томонидан мониторинг амалга оширилади.
55. Ссуда олган шахс томонидан ажратилган ссуда маблағлари ссуда ажратиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, ушбу маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.
8-боб. Якуний қоидалар
56. Манфаатдор шахслар субсидия ва ссуда ажратиш тартибидан норози бўлган тақдирда, судга ёки ваколатли органларга қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
57. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссуда ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари ва шароитларини мослаштириш воситалари
I боб. Физик муҳит ва инфратузилмани мослаштириш воситалари 1. Пандуслар (стaционар ва кўчма) 2. Қўл таянчлар (перила) 3. Кенгайтирилган ва автоматик эшиклар 4. Сирпанишга қарши қопламалар (anti-slip) 5. Тактил йўлаклар ва белгилар 6. Мослаштирилган санитар-гигиена хоналари ва жиҳозлари 7. Автотураргоҳларда махсус жойлар II боб. Иш жойи жиҳозлари 8. Баландлиги мослаштириладиган иш столлари 9. Эргономик креслолар 10. Қўл ва бел учун таянчлар 11. Оёқ учун туткичлар 12. Мослаштирилган шкаф ва токчалар III боб. Оргтехника воситалари 13. Экранни ўқувчи дастурлар 14. Экранни катталаштирувчи дастурлар 15. Овоз орқали бошқарилувчи дастурлар 16. Матнни овозга айлантирувчи дастурлар 17. Брайл дисплей ва Брайл принтерлар 18. Катта тугмали ва махсус клавиатуралар 19. Сенсорли экранлар 20. Мослаштирилган компьютер сичқончалари; 21. Кўз орқали бошқарув (eye-tracking) тизимлари. IV боб. Кўриш имконияти чекланган шахслар учун воситалар 22. Юқори контрастли монитор ва қурилмалар 23. Катта шрифтли материаллар 24. Аудио форматдаги ҳужжатлар 25. Тактил белгилар 26. Катталаштиргичлар (лупалар) V боб. Эшитиш имконияти чекланган шахслар учун воситалар 27. Овозни кучайтириш (hearing loop) воситалари 28. Мулоқотни осонлаштирадиган технологиялар (FM тизимлар) 29. Ёруғликли ва вибрaцияли сигналлар 30. Субтитрлаш дастурлари 31. Видео таржимон ускуналари VI боб. Ҳаракатланиши чекланган шахслар учун воситалар 32. Ногиронлик аравачалари (электрон, механик) 33. Мослаштирилган иш жойлари 34. Кўтариш қурилмалари (лифтерлар) 35. Трансфер тахталари 36. Протез ва ортезлар 37. Махсус тутқич ва ушлагичлар VII боб. Когнитив ва психо-ижтимоий қўллаб-қувватлаш воситалари 38. Визуал режалар ва жадваллар 39. Оддий интерфейсга эга дастурлар 40. Шовқинни камайтирувчи қурилмалар 41. Рангли кодлаш (ранглар орқали ахборот бериш ва белгилаш) воситалари VIII боб. Коммуникaция ва алоқа воситалари 42. Альтернатив коммуникaция қурилмалари (AAC) 43. Махсус планшет ва мобил қурилмалар 44. Онлайн мулоқот платформалари 45. Матн асосидаги алоқа тизимлари IX боб. Транспорт ва ҳаракатланиш воситалари 46. Мослаштирилган транспорт воситалари 47. Автомобил учун қўл бошқаруви воситаси 48. Махсус транспорт хизматлари 49. Кўчма пандуслар X боб. Иш жараёнини мослаштириш воситалари 50. Масофавий иш технологиялари 51. Мослаштирилган иш жадвали дастурлари 52. Иш жойида ассистент (job coach) хизматлари 53. Хавфсизлик сигналлари ва мониторинг тизимлари XI боб. Ишлаб чиқариш ва махсус ускуналар 54. Енгил асбоб-ускуналар 55. Автоматлаштирилган иш линиялари 56. Мослаштирилган шахсий ҳимоя воситалари (PPE) 57. Осон бошқариладиган ускуналар
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 4 майдаги 03-2026/B-сон буйруғига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
1. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги 19-2019-Б-сон «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3163, 2019 йил 31 май) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.05.2019 й.).
2. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 24 мартдаги 7-2020/Б-сон «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3163-1, 2020 йил 31 март) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2020 й., 10/20/3163-1/0387-сон).
3. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 21 августдаги 33-2020-Б-сон «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3163-2, 2020 йил 26 август) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2020 й., 10/20/3163-2/1230-сон).
4. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2021 йил 9 апрелдаги 19-2021-Б-сон «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3163-3, 2021 йил 9 апрель) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.04.2021 й., 10/21/3163-3/0316-сон).
5. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сон «Давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3552, 2024 йил 15 август) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон) илованинг 96-банди .
Вазир Б. ЗАХИДОВ
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М. ОЛЛОЁРОВ
Рақамли технологиялар вазири Ш. ШEРМАТОВ
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
Марказий банк раиси Т. ИШМEТОВ
Фермерлар кенгаши раиси А. ХАИТОВ
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ
Солиқ қўмитаси раиси Ф. ПУЛАТОВ
Савдо-саноат палата раиси Д. ВАХАБОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 4 май,
2026 йил 2 май
2026 йил 24 апрель
2026 йил 1 апрель
2026 йил 31 март
2026 йил 28 март
2026 йил 4 март
2026 йил 3 март
2026 йил 27 февраль
03-2026/B-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI KAMBAGʻALLIKNI QISQARTIRISH VA BANDLIK VAZIRINING
BUYRUGʻI
NIZOM
ROʻYXATI
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiyalar va ssuda ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 26-dekabrdagi PF-258-son “Ijtimoiy himoyaga muhtoj aholi qatlamlariga davlat ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etish tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni , 2025-yil 14-fevraldagi PQ-64-son “ Aholini tadbirkorlikka jalb qilish va bandligini taʼminlash uchun moliyaviy yordamlar ajratish tizimini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi, 2026-yil 5-fevraldagi PQ-49-son “ 2026-yilda hududlarni yangicha yondashuvlar asosida rivojlantirish orqali aholi daromadini oshirish, barqaror ish oʻrinlarini yaratish hamda kambagʻallikni qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi qarorlariga muvofiq buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiyalar va ssuda ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Markaziy banki, Soliq qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi hamda Oʻzbekiston fermerlari kengashi bilan kelishilgan.
4. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirining 2026-yil 4-maydagi 03-2026/B-son buyrugʻiga 1-ILOVA
Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiyalar va ssuda ajratish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi huzuridagi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi (bundan buyon matnda Jamgʻarma deb yuritiladi) mablagʻlari hisobidan subsidiyalar va ssuda ajratish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
subsidiya — Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan jismoniy va yuridik shaxslarga qaytarib bermaslik sharti bilan beriladigan moliyaviy koʻmak;
ssuda — Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan koʻrsatiladigan jismoniy va yuridik shaxslarga qaytarib berish sharti bilan beriladigan foizsiz moliyaviy koʻmak;
“Bandlik xizmati” axborot tizimi — mehnat organlariga murojaat etgan jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlarni hisobga olish uchun moʻljallangan elektron axborot tizimi ;
“Online mahalla” elektron platformasi — hokim yordamchilari faoliyatini samarali tashkil etish uchun davlat organlari va tashkilotlarining maʼlumotlar bazalari bilan integratsiya qilingan axborot tizimi ;
“subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminoti — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining subsidiya toʻlovlarini avtomatik ravishda amalga oshiruvchi elektron dasturiy taʼminoti;
“sertifikat.mehnat.uz” axborot tizimi — kasb-hunarga tayyorlash jarayonida shaffoflik va xolislikni taʼminlash maqsadida yaratilgan elektron axborot tizimi.
2. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan subsidiyalar quyidagi maqsadlar uchun ajratiladi:
ish beruvchilarga — tuman (shahar) kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimlari (bundan buyon matnda bandlik boʻlimi deb yuritiladi) yoʻllanmasi boʻyicha ishga qabul qilingan xodimlarni kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishga sarflanadigan xarajatlarni qoplash uchun har bir xodim uchun 6 oy davomida har oyda bazaviy hisoblash miqdorining 4 baravari miqdorida ;
ish beruvchilarga — aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifalaridan boʻlgan shaxslarni ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda ishga qabul qilish uchun har bir xodim uchun oʻn ikki oy davomida har oyda bazaviy hisoblash miqdorining 2 baravari miqdorida ;
ish beruvchilarga — ish oʻrinlari va sharoitlarini nogironligi boʻlgan shaxslarga moslashtirish uchun har bir moslashtirilgan ish joyi uchun bazaviy hisoblash miqdorining 40 baravarigacha;
ish beruvchilarga — jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarni ishga qabul qilish uchun har bir shaxs uchun uch oydan ortiq muddatda mehnat faoliyatini davom ettirgandan soʻng bir martalik bazaviy hisoblash miqdorining 3 baravari miqdorida. Mazkur subsidiya Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 5-sentabrdagi 450-son qarori bilan tasdiqlangan Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarni ishga qabul qilgan ish beruvchilarga Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiya berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan ajratiladi;
2026-yil 1-iyuldan 2028-yil 1-yanvarga qadar oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalariga — xalqaro miqyosda tan olingan kasbiy taʼlimga oid sertifikatlarni, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi (bundan buyon matnda vazirlik deb yuritiladi) tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxat asosida milliy sertifikatlarni olish uchun sarflangan mablagʻlarning 50 foizi, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 20 baravarigacha miqdorda ;
2026-yil 1-iyuldan 2028-yil 1-yanvarga qadar malakani baholash markazlarini tashkil etgan tadbirkorlik subyektlariga — xarid qilingan baholash vositalari xarajatlarining 30 foizi, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 200 baravaridan oshmagan miqdorda .
3. Jamgʻarma mablagʻlaridan nogironligi boʻlgan shaxslarga ularning bandligini taʼminlash uchun zarur boʻlgan jihozlar, asbob-uskunalar va boshqa mehnat qurollari, xomashyo xarid qilish, internet xizmatlariga ulanish, tadbirkorlik faoliyatini boshlash yoki kengaytirish maqsadida uch yilgacha muddatga olti oylik imtiyozli davr bilan bazaviy hisoblash miqdorining 75 baravarigacha miqdorda foizsiz ssuda ajratiladi.
4. Vazirlik tomonidan har yili tasdiqlanadigan hududlar kesimidagi smeta hujjatlariga muvofiq subsidiyalar va ssuda ajratiladi.
Subsidiyalar va ssuda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik boshqarmalari (bundan buyon matnda hududiy boshqarmalar deb yuritiladi) tomonidan tasdiqlangan smeta hujjatlarida belgilangan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi.
5. Subsidiya va ssuda olish uchun taqdim etilgan hujjatlarning xaqqoniyligi uchun hujjatlarni taqdim etuvchilar masʼul hisoblanadi.
2-bob. Xodimlarni kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish
6. Bandlik boʻlimi yoʻllanmasi asosida ishga qabul qilingan xodimni (bundan buyon matnda xodim deb yuritiladi) kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish maqsadida ish beruvchi Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (bundan buyon matnda YIDXP deb yuritiladi) yoki “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksi (bundan buyon matnda “YAMMT” IDAK deb yuritiladi) orqali subsidiya olish uchun oʻzi roʻyxatdan oʻtgan hududdagi bandlik boʻlimiga murojaat qiladi.
7. Murojaatda ish beruvchi tomonidan quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim:
xodimning familiyasi, ismi va otasining ismi, yashash joyi, pasport (ID-karta) seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (bundan buyon matnda JSHSHIR deb yuritiladi);
kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha oʻqitish joyining manzili, ish beruvchi va davlat yoki nodavlat taʼlim tashkiloti bilan tuzilgan shartnomaning elektron nusxasi, xodimni kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash yoki malakasini oshirish muddati;
subsidiya mablagʻlari oʻtkazilishi lozim boʻlgan ish beruvchining bank rekvizitlari.
Murojaatga xodimning ishga qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi buyruq nusxasi ilova qilinadi.
8. Ish beruvchi xodimni kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish boʻyicha davlat yoki nodavlat taʼlim tashkiloti bilan shartnoma tuzgan boʻlishi lozim. Bunda davlat yoki nodavlat taʼlim tashkiloti “sertifikat.mehnat.uz” axborot tizimida roʻyxatdan oʻtgan boʻlishi lozim.
9. Hududiy boshqarmalarning bandlik dasturlarini shakllantirish va monitoring qilish shuʼbasi masʼul xodimi (bundan buyon matnda masʼul xodim deb yuritiladi) murojaatda taqdim qilingan hujjatlarni “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali uch ish kunida skoring tizimiga yuboradi. Bunda:
xodim bandlik boʻlimi yoʻllanmasi asosida ishga qabul qilinganligi;
taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligi va toʻgʻriligi tekshiriladi.
10. Ish beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlar toʻliq boʻlmasa, zarur maʼlumotlar koʻrsatilmagan yoki bandlik boʻlimi yoʻllanmasi haqiqiy emas deb topilgan taqdirda, masʼul xodim “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali uch ish kunida subsidiya ajratishni rad etadi va bu haqda shu kunning oʻzida ish beruvchini rad etish asoslarini koʻrsatgan holda xabardor qiladi.
11. Hujjatlar toʻliq va toʻgʻri taqdim etilganda uch ish kunida masʼul xodim tomonidan “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa beriladi va ushbu xulosa “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga yuboriladi hamda bu haqda ish beruvchi shu kunning oʻzida xabardor qilinadi.
12. Hududiy boshqarmalarning moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga xulosa yuborilgan kundan boshlab bir ish kuni ichida ish beruvchiga har bir xodim uchun xodimning oʻqish muddatiga muvofiq olti oy davomida har oyning oxirida bazaviy hisoblash miqdorining 4 baravari miqdorida subsidiya toʻlanadi.
13. Xodimning oʻqishi yakunlangandan soʻng ish beruvchi besh ish kuni ichida kasbga tayyorlashdan, qayta tayyorlashdan oʻtgan yoki malakasi oshirilganligini tasdiqlovchi hujjatni “sertifikat.mehnat.uz” axborot tizimiga kiritishi shart.
14. Xodim bilan ish beruvchi oʻrtasida kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish muddati davomida mehnat shartnomasi bekor qilingan taqdirda, ish beruvchi shu kunning oʻzida mehnat shartnomasi bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi buyruqni “Bandlik xizmati” axborot tizimiga kiritadi.
Bunda subsidiya toʻlash avtomatik ravishda toʻxtatiladi hamda bu haqda ish beruvchi shu kunning oʻzida xabardor qilinadi. Ish beruvchiga ilgari toʻlangan subsidiyalar qaytarib olinmaydi.
3-bob. Ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda ishga qabul qilish uchun subsidiya ajratish
15. Ish beruvchilarga “Oʻzbekiston Respublikasining “Aholi bandligi toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifalarini ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda ishga qabul qilganligi uchun subsidiya ajratish maqsadida ish beruvchi YIDXP yoki “YAMMT” IDAK orqali oʻzi roʻyxatdan oʻtgan hududdagi bandlik boʻlimiga murojaat qiladi.
16. Murojaatda ish beruvchi tomonidan quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim:
ishga qabul qilingan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, pasport (ID-karta) seriyasi va raqami, JSHSHIR;
shaxsning ijtimoiy ehtiyojmand aholi qatlamlariga mansubligini tasdiqlovchi hujjatlar yoki maʼlumotlar;
shaxsning ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda ishga qabul qilinganligini tasdiqlovchi hujjatning elektron nusxasi;
subsidiya mablagʻlari oʻtkazilishi lozim boʻlgan ish beruvchi tashkilotning bank rekvizitlari.
Murojaatga xodimning ishga qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi buyruq nusxasi ilova qilinadi.
17. Masʼul xodim murojaatda taqdim qilingan hujjatlarni uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali skoring tizimiga yuboradi. Bunda:
shaxsning aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifalariga mansubligi;
shaxsning ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda ishga qabul qilinganligi;
taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligi va toʻgʻriligi tekshiriladi.
18. Ish beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlar toʻliq boʻlmasa, zarur maʼlumotlar koʻrsatilmagan boʻlsa yoki ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifalari ga kiruvchi shaxslar ishga qabul qilinganligi tasdiqlanmasa, masʼul xodim “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali uch ish kunida subsidiya ajratishni rad etadi va bu haqda shu kunning oʻzida ish beruvchini rad etish asoslarini koʻrsatgan holda xabardor qiladi.
Hujjatlar toʻliq va toʻgʻri taqdim etilganda uch ish kunida masʼul xodim tomonidan “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa beriladi va ushbu xulosa “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga yuboriladi hamda bu haqda ish beruvchi shu kunning oʻzida xabardor qilinadi.
19. Hududiy boshqarmalarning moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminot orqali ish beruvchiga ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda ishga qabul qilingan aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasi ning har biri uchun oʻn ikki oy davomida har oyda bazaviy hisoblash miqdorining 2 baravari miqdorida subsidiya toʻlovlari amalga oshiriladi.
20. Hududiy boshqarmalarning moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan “YAMMT” IDAK orqali har oy yakunida soliq xizmati organlaridan ushbu tashkilotda ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda ishga qabul qilingan shaxsga ish haqi hisoblanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar olinganidan boshlab subsidiya mablagʻlari “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminoti orqali bir ish kuni ichida toʻlanadi.
21. Hududiy boshqarmalarning moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan “YAMMT” IDAK orqali har oy yakunida soliq xizmati organlaridan ushbu tashkilotda ish oʻrinlarining belgilangan eng kam sonidan ortiq miqdorda ishga qabul qilingan shaxsga ish haqi hisoblanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar mavjud boʻlmaganda, subsidiya toʻlash toʻxtatiladi hamda bu haqda ish beruvchi shu kunning oʻzida xabardor qilinadi. Bunda toʻlangan subsidiyalar qaytarib olinmaydi.
4-bob. Nogironligi boʻlgan shaxslar uchun ish oʻrinlari va sharoitlarini moslashtirgan ish beruvchilarga subsidiya ajratish
22. Ish beruvchi ish oʻrinlari va sharoitlarini nogironligi boʻlgan shaxsga moslashtirganligi uchun subsidiya ajratishni soʻrab YIDXP yoki “YAMMT” IDAK orqali oʻzi roʻyxatdan oʻtgan hududdagi bandlik boʻlimiga murojaat qiladi.
23. Murojaatda ish beruvchi tomonidan quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi shart:
ishga qabul qilingan nogironligi boʻlgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, biometrik pasport (ID-karta) seriyasi va raqami, JSHSHIR;
ish oʻrinlari va mehnat sharoitlarini nogironligi boʻlgan shaxslarga moslashtirish uchun sarflangan xarajatlar miqdorini tasdiqlovchi maʼlumotlar;
subsidiya mablagʻlari oʻtkazilishi lozim boʻlgan ish beruvchi tashkilotning bank rekvizitlari.
Murojaatga nogironligi boʻlgan shaxsning ishga qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi buyruq nusxasi va nogironligi boʻlgan shaxsga uch oy davomida soliq xizmati organlaridan ish haqi hisoblanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ilova qilinadi.
24. Masʼul xodim murojaatda taqdim qilingan hujjatlarni uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali skoring tizimiga yuboradi. Bunda:
nogironligi boʻlgan shaxsning “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimiga kiritilganligi;
nogironligi boʻlgan shaxsga ish haqi hisoblanganligi;
taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligi va toʻgʻriligi tekshiriladi.
25. Bandlik boʻlimi mutaxassisi ish beruvchi tomonidan nogironligi boʻlgan shaxs uchun ish oʻrinlari va sharoitlarini mazkur Nizomning ilovasidagi Nogironligi boʻlgan shaxslar uchun ish oʻrinlari va sharoitlarini moslashtirish vositalari roʻyxatida belgilangan vositalarning bir yoki bir nechtasi asosida moslashtirilganligini uch ish kuni ichida joyiga chiqqan holda oʻrganadi hamda bu haqda tasdiqlovchi materiallar (foto va boshqa tasdiqlovchi materiallar) asosida dalolatnoma tuzadi.
Dalolatnoma bandlik boʻlimi mutaxassisi, ish beruvchi va nogironligi boʻlgan shaxs tomonidan imzolanadi hamda “Bandlik xizmati” axborot tizimiga bandlik boʻlimi mutaxassisi tomonidan shu kunning oʻzida kiritiladi.
26. Ish beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlar toʻliq boʻlmasa va zarur maʼlumotlar koʻrsatilmagan boʻlsa, shuningdek mazkur Nizomning 25-bandidagi dalolatnoma asosida ish oʻrinlari va sharoitlari nogironligi boʻlgan shaxslar uchun moslashtirilmaganligi aniqlanganda, masʼul xodim “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali uch ish kunida subsidiya ajratishni rad etadi va bu haqda shu kunning oʻzida ish beruvchini rad etish asoslarini koʻrsatgan holda xabardor qiladi.
27. Hujjatlar toʻliq va toʻgʻri taqdim etilganda, shuningdek mazkur Nizomning 25-bandiga asosan ish beruvchi tomonidan ish oʻrinlari va sharoitlari nogironligi boʻlgan shaxsga moslashtirilganligi tasdiqlanganda, masʼul xodim tomonidan uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa beriladi va ushbu xulosa “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga yuboriladi hamda bu haqda ish beruvchi shu kunning oʻzida xabardor qilinadi.
28. Hududiy boshqarmalarning moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga ish beruvchiga subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa yuborilgan kundan boshlab bir ish kuni ichida har bir nogironligi boʻlgan shaxs uchun moslashtirilgan ish oʻrinlari va mehnat sharoitlariga sarflangan xarajatlar miqdorini qoplash maqsadida murojaatda koʻrsatilgan miqdorda har bir moslashtirilgan ish joyi va sharoiti uchun bazaviy hisoblash miqdorining 40 baravarigacha bir martalik subsidiya toʻlanadi.
5-bob. Oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalariga sertifikatlar olish uchun sarflangan mablagʻlarni qoplash uchun subsidiya ajratish
29. Davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlarida faoliyat yuritayotgan oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlim ustalari xalqaro miqyosda tan olingan kasbiy taʼlimga oid sertifikatlarni, shuningdek, Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxat asosida milliy sertifikatlarni olish uchun sarflangan mablagʻlarning 50 foizi, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 20 baravarigacha boʻlgan miqdorda subsidiya ajratishni soʻrab mazkur sertifikatlarning amal qilish muddati davomida YIDXP yoki “YAMMT” IDAK orqali bandlik boʻlimiga murojaat qiladi.
30. Murojaatda oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalari tomonidan quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim:
oʻqituvchi yoki ishlab chiqarish taʼlimi ustasining familiyasi, ismi va otasining ismi, yashash joyi, pasport (ID-karta) seriyasi va raqami, JSHSHIR;
oʻqituvchi yoki ishlab chiqarish taʼlimi ustasining davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlarida ushbu sohada faoliyat yuritayotganligi toʻgʻrisida maʼlumot;
subsidiya mablagʻlari oʻtkazilishi lozim boʻlgan oʻqituvchi yoki ishlab chiqarish taʼlimi ustasining bank kartasi raqami.
Murojaatga xalqaro miqyosda tan olingan kasbiy taʼlimga oid sertifikat yoki milliy sertifikat va amalga oshirilgan toʻlov hujjati nusxalari ilova qilinadi.
31. Masʼul xodim xalqaro miqyosda tan olingan kasbiy taʼlimga oid sertifikat yoki milliy sertifikatni “sertifikat.mehnat.uz” elektron platformasidan olingan maʼlumotlar asosida tekshiradi va uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali skoring tizimiga yuboradi. Bunda taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligi va murojaatdagi maʼlumotlarning toʻgʻriligi tekshiriladi.
32. Oʻqituvchi yoki ishlab chiqarish taʼlimi ustasi tomonidan hujjatlar toʻliq taqdim etilmagan va zarur maʼlumotlar koʻrsatilmagan taqdirda, masʼul xodim tomonidan uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali subsidiya ajratish rad etiladi va bu haqda oʻqituvchi yoki ishlab chiqarish taʼlimi ustasi shu kunning oʻzida rad etish asoslarini koʻrsatgan holda xabardor qilinadi.
33. Hujjatlar toʻliq va toʻgʻri taqdim etilganda, masʼul xodim tomonidan uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa beriladi va ushbu xulosa “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga yuboriladi hamda bu haqda oʻqituvchi yoki ishlab chiqarish taʼlimi ustasi shu kunning oʻzida xabardor qilinadi.
34. Hududiy boshqarmalarning moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa yuborilgan kundan boshlab bir ish kuni ichida oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalariga xalqaro miqyosda tan olingan kasbiy taʼlimga oid sertifikatlarni, shuningdek, milliy sertifikatlarni olish uchun sarflangan mablagʻlarning 50 foizi, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 20 baravarigacha boʻlgan miqdorda subsidiya toʻlanadi.
6-bob. Malakani baholash markazlarini tashkil etgan tadbirkorlik subyektlariga subsidiya ajratish
35. Malakani baholash markazini tashkil etgan tadbirkorlik subyekti tomonidan baholash vositalarini xarid qilgan sanadan boshlab uch oy ichida subsidiya olish maqsadida YIDXP yoki “YAMMT” IDAK orqali oʻzi roʻyxatdan oʻtgan hududdagi bandlik boʻlimiga murojaat qiladi.
36. Murojaatga tadbirkorlik subyekti tomonidan quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
malakani baholash markazi faoliyati yoʻnalishining loyihasi (konsepsiyasi);
xarid qilingan baholash vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumot;
xarid qilingan baholash vositalarini yetkazib beruvchilar bilan tuzilgan shartnomalar nusxalari;
subsidiya mablagʻlari oʻtkazilishi lozim boʻlgan tadbirkorlik subyektining bank rekvizitlari.
37. Masʼul xodim murojaatda taqdim qilingan hujjatlarni uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali skoring tizimiga yuboradi. Bunda taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligi va murojaatdagi maʼlumotlarning toʻgʻriligi tekshiriladi.
38. Malakani baholash markazini tashkil etgan tadbirkorlik subyekti tomonidan taqdim etilgan hujjatlar toʻliq boʻlmasa va zarur maʼlumotlar koʻrsatilmagan taqdirda, masʼul xodim “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali uch ish kunida subsidiya ajratishni rad etadi va bu haqda shu kunning oʻzida tadbirkorlik subyektini xabardor qiladi.
39. Hujjatlar toʻliq va toʻgʻri taqdim etilganda masʼul xodim tomonidan uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa beriladi va ushbu xulosa vazirlikka kelishish uchun yuboriladi.
40. Mazkur Nizomning 39-bandida nazarda tutilgan xulosa vazirlik tomonidan uch ish kunida malakani baholash markazi faoliyati yoʻnalishi loyihasining (konsepsiyasi) aniqligi va amaliy yoʻnaltirilganligi, malakani baholash markazi faoliyatining maqsad va vazifalari aniq belgilanganligi yuzasidan oʻrganiladi.
41. Vazirlik tomonidan malakani baholash markazi faoliyati yoʻnalishi loyihasining (konsepsiyasi) amaliy yoʻnaltirilmagan, malakani baholash markazi faoliyatining maqsad va vazifalari aniq belgilanmagan deb topilgan taqdirda, subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa kelishilmaydi.
Masʼul xodim Vazirlik tomonidan subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa kelishilmagan kundan boshlab uch ish kunida “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali subsidiya ajratishni rad etadi va bu haqda shu kunning oʻzida tadbirkorlik subyektini rad etish asoslarini koʻrsatgan holda xabardor qiladi.
42. Vazirlik tomonidan subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosa kelishilganda, kelishuv bayoni “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali shu kunning oʻzida xududiy boshqarmalarga yuboriladi.
43. Masʼul xodim vazirlik tomonidan kelishilgan subsidiya ajratish boʻyicha ijobiy xulosani “Bandlik xizmati” axborot tizimi orqali “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga yoʻnaltiradi hamda bu haqda shu kunning oʻzida tadbirkorlik subyektini xabardor qiladi.
44. Hududiy boshqarmalarning moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan “subsidy.mf.uz” dasturiy taʼminotiga ijobiy xulosa yuborilgan kundan boshlab bir ish kuni ichida malakani baholash markazini tashkil etgan tadbirkorlik subyektiga xarid qilingan baholash vositalari xarajatlarining 30 foizi, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 200 baravaridan oshmagan miqdorda subsidiya toʻlanadi.
7-bob. Nogironligi boʻlgan shaxslarga ssuda ajratish
45. Nogironligi boʻlgan shaxs (bundan buyon matnda talabgor deb yuritiladi) zarur boʻlgan jihozlar, asbob-uskunalar va boshqa mehnat qurollari, xomashyo xarid qilish, internet xizmatlariga ulanish, tadbirkorlik faoliyatini boshlash yoki kengaytirish maqsadida ssuda ajratishni soʻrab yashash joyidagi hokim yordamchisiga yoki YIDXP yoxud “Online mahalla” elektron platformasi orqali murojaat qiladi.
46. Talabgorning murojaatida uning familiyasi, ismi va otasining ismi, yashash joyi, pasport (ID-karta) seriyasi va raqami, JSHSHIR, “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimiga kiritilganligi, tadbirkorlik faoliyatini boshlash yoki kengaytirish, ularning bandligini taʼminlash uchun zarur boʻlgan jihozlar, asbob-uskunalar va boshqa mehnat qurollari, xomashyo xarid qilish, internet xizmatlariga ulanish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, soʻralayotgan ssudaning miqdori va talabgorning “ijtimoiy karta” raqami koʻrsatiladi.
47. Hokim yordamchisi uch ish kunida nogironligi boʻlgan shaxsning murojaatida qayd etilgan maʼlumotlarni oʻrganish uchun “Online mahalla” elektron platformasi orqali skoring tizimiga yuboradi. Bunda:
talabgorning shaxsiy maʼlumotlari;
talabgorning nogironligi mavjudligini tasdiqlovchi maʼlumotlari;
taqdim etilgan hujjatlarning toʻliq va toʻgʻriligi;
bajariladigan faoliyat turi va maqsadi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar tekshiriladi.
48. Hujjatlar toʻliq taqdim etilmagan, zarur maʼlumotlar koʻrsatilmagan, talabgorning nogironligi tasdiqlanmagan hollarda, hokim yordamchisi tomonidan uch ish kunida “Online mahalla” elektron platformasi orqali ssuda ajratish rad etiladi va bu haqda shu kunning oʻzida talabgor rad etish asoslarini koʻrsatgan holda xabardor qilinadi.
49. Hujjatlar toʻliq va toʻgʻri taqdim etilganda, hokim yordamchisi tomonidan uch ish kunida “Online mahalla” elektron platformasi orqali ssuda ajratish boʻyicha talabgorning murojaati maʼqullanadi va ijobiy xulosa shakllantirilib “Bandlik xizmati” axborot tizimiga yuboriladi hamda bu haqda shu kunning oʻzida talabgor xabardor qilinadi.
50. Hududiy boshqarma talabgorning murojaati maʼqullangan kundan boshlab besh ish kunida u bilan ssuda ajratish toʻgʻrisida shartnoma tuzadi. Shartnomaga tadbirkorlik faoliyatini boshlash yoki kengaytirish, ularning bandligini taʼminlash uchun zarur boʻlgan jihozlar, asbob-uskunalar va boshqa mehnat qurollari, xomashyo xarid qilish, internet xizmatlari nomi, ssudani qaytarish tartibi hamda jadvali ilova qilinadi.
51. Hududiy boshqarma ssuda ajratish toʻgʻrisida shartnomaga asosan Jamgʻarmaga mablagʻ ajratishni soʻrab uch ish kuni ichida murojaat qiladi.
52. Jamgʻarma hududiy boshqarmaga ikki ish kuni ichida murojaatda koʻrsatilgan mablagʻlarni ajratadi.
53. Hududiy boshqarmaning moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan uch ish kuni ichida uch yilgacha muddatga olti oylik imtiyozli davr bilan talabgorning murojaatida koʻrsatilgan, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 75 baravarigacha miqdorda foizsiz ssuda mablagʻlari talabgorning bank karta raqamiga oʻtkazib beriladi.
54. Ssudalardan maqsadli va samarali foydalanilishi, shuningdek oʻz vaqtida qaytarilishi yuzasidan talabgorning yashash joyidagi hokim yordamchisi tomonidan monitoring amalga oshiriladi.
55. Ssuda olgan shaxs tomonidan ajratilgan ssuda mablagʻlari ssuda ajratish toʻgʻrisidagi shartnomada belgilangan muddatlarda qaytarilmagan taqdirda, ushbu mablagʻlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undiriladi.
8-bob. Yakuniy qoidalar
56. Manfaatdor shaxslar subsidiya va ssuda ajratish tartibidan norozi boʻlgan taqdirda, sudga yoki vakolatli organlarga qonunchilikda belgilangan tartibda murojaat qilish huquqiga ega.
57. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar boʻladilar.
Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiyalar va ssuda ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Nogironligi boʻlgan shaxslar uchun ish oʻrinlari va sharoitlarini moslashtirish vositalari
I bob. Fizik muhit va infratuzilmani moslashtirish vositalari 1. Panduslar (stasionar va koʻchma) 2. Qoʻl tayanchlar (perila) 3. Kengaytirilgan va avtomatik eshiklar 4. Sirpanishga qarshi qoplamalar (anti-slip) 5. Taktil yoʻlaklar va belgilar 6. Moslashtirilgan sanitar-gigiyena xonalari va jihozlari 7. Avtoturargohlarda maxsus joylar II bob. Ish joyi jihozlari 8. Balandligi moslashtiriladigan ish stollari 9. Ergonomik kreslolar 10. Qoʻl va bel uchun tayanchlar 11. Oyoq uchun tutkichlar 12. Moslashtirilgan shkaf va tokchalar III bob. Orgtexnika vositalari 13. Ekranni oʻquvchi dasturlar 14. Ekranni kattalashtiruvchi dasturlar 15. Ovoz orqali boshqariluvchi dasturlar 16. Matnni ovozga aylantiruvchi dasturlar 17. Brayl displey va Brayl printerlar 18. Katta tugmali va maxsus klaviaturalar 19. Sensorli ekranlar 20. Moslashtirilgan kompyuter sichqonchalari; 21. Koʻz orqali boshqaruv (eye-tracking) tizimlari. IV bob. Koʻrish imkoniyati cheklangan shaxslar uchun vositalar 22. Yuqori kontrastli monitor va qurilmalar 23. Katta shriftli materiallar 24. Audio formatdagi hujjatlar 25. Taktil belgilar 26. Kattalashtirgichlar (lupalar) V bob. Eshitish imkoniyati cheklangan shaxslar uchun vositalar 27. Ovozni kuchaytirish (hearing loop) vositalari 28. Muloqotni osonlashtiradigan texnologiyalar (FM tizimlar) 29. Yorugʻlikli va vibrasiyali signallar 30. Subtitrlash dasturlari 31. Video tarjimon uskunalari VI bob. Harakatlanishi cheklangan shaxslar uchun vositalar 32. Nogironlik aravachalari (elektron, mexanik) 33. Moslashtirilgan ish joylari 34. Koʻtarish qurilmalari (lifterlar) 35. Transfer taxtalari 36. Protez va ortezlar 37. Maxsus tutqich va ushlagichlar VII bob. Kognitiv va psixo-ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash vositalari 38. Vizual rejalar va jadvallar 39. Oddiy interfeysga ega dasturlar 40. Shovqinni kamaytiruvchi qurilmalar 41. Rangli kodlash (ranglar orqali axborot berish va belgilash) vositalari VIII bob. Kommunikasiya va aloqa vositalari 42. Alternativ kommunikasiya qurilmalari (AAC) 43. Maxsus planshet va mobil qurilmalar 44. Onlayn muloqot platformalari 45. Matn asosidagi aloqa tizimlari IX bob. Transport va harakatlanish vositalari 46. Moslashtirilgan transport vositalari 47. Avtomobil uchun qoʻl boshqaruvi vositasi 48. Maxsus transport xizmatlari 49. Koʻchma panduslar X bob. Ish jarayonini moslashtirish vositalari 50. Masofaviy ish texnologiyalari 51. Moslashtirilgan ish jadvali dasturlari 52. Ish joyida assistent (job coach) xizmatlari 53. Xavfsizlik signallari va monitoring tizimlari XI bob. Ishlab chiqarish va maxsus uskunalar 54. Yengil asbob-uskunalar 55. Avtomatlashtirilgan ish liniyalari 56. Moslashtirilgan shaxsiy himoya vositalari (PPE) 57. Oson boshqariladigan uskunalar
Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirining 2026-yil 4-maydagi 03-2026/B-son buyrugʻiga 2-ILOVA
Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar
1. Oʻzbekiston Respublikasi bandlik va mehnat munosabatlari vazirining 2019-yil 10-maydagi 19-2019-B-son “Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiya va grantlar ajratish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3163, 2019-yil 31-may) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 31.05.2019-y.).
2. Oʻzbekiston Respublikasi bandlik va mehnat munosabatlari vazirining 2020-yil 24-martdagi 7-2020/B-son “Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiya va grantlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3163-1, 2020-yil 31-mart) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 31.03.2020-y., 10/20/3163-1/0387-son).
3. Oʻzbekiston Respublikasi bandlik va mehnat munosabatlari vazirining 2020-yil 21-avgustdagi 33-2020-B-son “Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiya va grantlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3163-2, 2020-yil 26-avgust) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.08.2020-y., 10/20/3163-2/1230-son).
4. Oʻzbekiston Respublikasi bandlik va mehnat munosabatlari vazirining 2021-yil 9-apreldagi 19-2021-B-son “Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan subsidiya va grantlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3163-3, 2021-yil 9-aprel) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 09.04.2021-y., 10/21/3163-3/0316-son).
5. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2024-yil 13-avgustdagi 18-mh-son “Davlat boshqaruvi tizimi takomillashtirilishi munosabati bilan ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻiga (roʻyxat raqami 3552, 2024-yil 15-avgust) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.08.2024-y., 10/24/3552/0630-son) ilovaning 96-bandi .
Vazir B. ZAXIDOV
Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori M. OLLOYOROV
Raqamli texnologiyalar vaziri Sh. SHERMATOV
Iqtisodiyot va moliya vaziri J. KUCHKAROV
Markaziy bank raisi T. ISHMETOV
Fermerlar kengashi raisi A. XAITOV
Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K. SHARIPOV
Soliq qoʻmitasi raisi F. PULATOV
Savdo-sanoat palata raisi D. VAXABOV
Toshkent sh.,
2026-yil 4-may,
2026-yil 2-may
2026-yil 24-aprel
2026-yil 1-aprel
2026-yil 31-mart
2026-yil 28-mart
2026-yil 4-mart
2026-yil 3-mart
2026-yil 27-fevral
03-2026/B-son