📅 2026-yil 14-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 14-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 14 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 мая 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 May 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
2026 йилда иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда тармоқ корхоналарида энергиядан оқилона фойдаланишни ташкил қилиш орқали электр энергияси ва табиий газни тежашни таъминлаш тўғрисида
[Кўчирма]
Иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сон Фармонига мувофиқ 2026 йилда 4,3 миллиард кВт соат электр энергиясини ҳамда 2,8 миллиард куб метр табиий газни тежашга эришиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқлангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда тармоқ корхоналарида энергиядан оқилона фойдаланишни ташкил қилиш бўйича 2026 йилда:
Энергия ресурсларини иқтисод қилишнинг ойлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага * мувофиқ;
Энергия ресурсларини иқтисод қилишнинг истеъмолчилар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага * мувофиқ;
Энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган техник чора-тадбирлар ҳамда иқтисод қилинадиган энергия ресурсларининг мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага * мувофиқ;
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхоналар, ижтимоий соҳа муассасалари, тижорат банклари, суғурта компаниялари бинолари ҳамда аҳоли хонадонларида энергия самарадорлигини ошириш тадбирлари ва иқтисод қилинадиган энергия ресурсларининг мақсадли кўрсаткичлари 4-иловага * мувофиқ;
Аҳолига ажратиладиган «яшил» кредитларнинг мақсадли кўрсаткичлари 5-иловага * мувофиқ тасдиқлансин.
3. Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун амалга ошириладиган техник чора-тадбирлар режалари ва уларнинг туман (шаҳар) ва объектлар кесимидаги манзилли рўйхатларини тасдиқласин ҳамда уларнинг «Энергия тежамкорлик» рақамли платформасига (кейинги ўринларда — Платформа) киритилишини таъминласин;
ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш дастурлари ижросини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлар билан биргаликда доимий равишда мақсадли параметрлар ва чора-тадбирлар бажарилиши, шунингдек, иқтисод қилинган энергия ресурслари тўғрисидаги маълумотларнинг доимий тарзда Платформага киритиб борилишини ташкил қилсин;
ҳар ойда мақсадли параметрлар бажарилиши ва техник чора-тадбирлар натижаларини танқидий муҳокама қилиб боришни йўлга қўйсин.
4. Энергетика вазирлиги 2026 йил якунига қадар:
умумий қуввати 3 250 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилишини;
тизим корхоналарига белгиланган ташкилий техник чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилишини ҳамда 1 413 миллион кВт электр энергияси ва 731 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинишини;
«Ўзгидроэнерго» АЖ билан биргаликда 68 МВт гидро электр станцияларнинг қурилиши якунланиши ва ишга туширилишини;
903 та «оғир» тоифадаги маҳаллаларда 270 МВтлик кичик қувватдаги қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилишини;
Тошкент шаҳрида 100 МВт когенерация технологияларини жорий этишни таъминласин.
5. Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бир ой муддатда тармоқ корхоналарида энергия аудитини ўтказиш, «энергия менежменти» тизимини (ISO 50001) жорий этиш, технологик жараёнларни модернизация қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатишни назарда тутувчи манзилли «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда тегишли тармоқ раҳбарлари зиммасига корхоналарда энергия ресурсларини тежаш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тармоқ корхоналари томонидан энергия ресурсларини тежаш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишда энергия аудитини ўтказиш, технологик жараёнларни модернизация қилишда замонавий энергия тежовчи технологияларни жорий этиш борасида барча зарур услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин.
Саноат корхоналарида энергия аудити харажатларини ҳамда энергия аудити тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган кредит фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:
бир ой муддатда «Иссиқликтаъминот» АЖ билан биргаликда 2026 йилда иссиқлик тизимларини ёпиқ тизимга ўтказиш ва индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш;
икки ҳафта муддатда бошқарув сервис компаниялари билан биргаликда кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш тадбирларини бошласин.
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Агентлик, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Миллий статистика қўмитаси илғор халқаро тажриба асосида:
2026 йил 1 июнга қадар иқтисодиёт тармоқларида бир бирлик маҳсулот (хизмат) ишлаб чиқариш (яратиш) учун сарфланадиган ёқилғи-энергия ресурслари ҳажмини меъёрлаш тартибини;
2026 йил 1 августга қадар ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш бўйича амалга оширилган лойиҳалар натижасида тежалган ресурслар миқдорини ўлчаш ва тасдиқлаш методологиясини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 2026 йил август ойига қадар 7-иловада * кўрсатилган туман ва шаҳарлар марказларида камида 3 тадан 60 кВт ва ундан юқори қувватли электромобилларни қувватлаш станцияларини ишга туширсин.
9. Автомобиль йўллари қўмитаси балансидаги халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида ўрнатилган ёритиш ускуналарини 2026 — 2028 йилларда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда энергия самарадорлигини ошириш дастури 8-иловага * мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда Автомобиль йўллари қўмитаси икки ой муддатда:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Дастур ижроси учун талаб қилинадиган маблағларни ажратиш чораларини кўрсин;
Агентлик билан биргаликда автомобиль йўлларида янги ташкил қилинадиган ёритиш чироқлари ҳамда уларнинг конструктив элементлари ва ёрдамчи ускуналарига техник, меъёрий, хавфсизлик ва энергия самарадорлиги талабларини ҳамда ўрнатиш ва эксплуатация қилиш қоидаларини ишлаб чиқиб тасдиқласин.
10. Белгилансинки, 2026 йилдан бошлаб халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва модернизация қилиш лойиҳаларида ёритиш тизимлари фақатгина қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда ташкил қилинади ҳамда уларнинг электр тармоқларига уланиши тақиқланади.
11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Агентлик ва «Агростар» компаниялари 2026 йил якунига қадар иссиқхона хўжаликларида энергия сарфини оптималлаштиришга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи тажриба лойиҳаларини амалга оширишни бошласин:
иссиқхона хўжаликларини иссиқлик энергияси билан таъминлашда анъанавий ёқилғи ресурсларидан воз кечган ҳолда, қайта тикланувчи энергия манбалари, шу жумладан, паст потенциалли иссиқлик энергиясидан фойдаланувчи иссиқлик насослари (Heat pumps) ва биомассадан энергия олиш технологияларини татбиқ этиш;
иссиқхона иншоотларининг иссиқлик ҳимоясини кучайтириш мақсадида замонавий «энергия тежовчи қобиқ» (тент) технологияларини, энергия самарадорлиги юқори бўлган кўп қатламли полимер ва шиша қопламаларини ҳамда иссиқлик йўқотилишини камайтирадиган изоляция материалларини қўллаш;
микроиқлимни бошқаришнинг интеллектуал «Ақлли иссиқхона» (Smart Greenhouse) дастурий мажмуаларини жорий этиш орқали иссиқлик ва электр энергияси истеъмолининг реал вақт режимидаги автоматик мониторинги ва оптимал тақсимотини (Internet of Things — IoT технологиялари асосида) таъминлаш.
Иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насослари ҳамда уларга ўрнатиладиган калориферлар ва бойлерларни харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг ҳисоб-китобларига асосан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насослари ҳамда уларга ўрнатиладиган калориферлар ва бойлерларни харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун субсидияларга талаб этиладиган маблағларнинг назарда тутилишини таъминласин.
13. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
энергия аудитини ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми Давлат энергетика реестрига (кейинги ўринларда — Реестр) киритилган субъектлар ва саноат корхоналари томонидан энергия аудиторлик ташкилотлари Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали жалб этилганда қоплаб берилади;
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 апрелга қадар (2026 йилда 1 июлга қадар) Реестрга киритилган субъектларда энергия аудиторлик ташкилотини жалб қилиш ва энергия аудитидан ўтказиш дастурини тасдиқлайди.
14. Агентлик Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар энергия аудиторлари фаолияти ҳамда энергия аудитидан ўтказишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, энергия аудити жараёнларига бўлган талабларни кучайтириш ва рақамлаштиришни кенгайтириш бўйича халқаро амалиётни мамлакатимизга интеграция қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Бунда:
энергия аудитидан мажбурий тартибда ўтказиладиган истеъмолчилар реестрини шакллантиришда, субъектларнинг энергия ресурслари истеъмоли ҳажмларидаги ўзгаришлар динамикаси ва энергия самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда хавфни таҳлил қилиш (риск-анализ) тизимини жорий этиш;
Реестрга киритилган субъектлар томонидан энергия аудити тавсияларининг бажарилишини рақамли мониторинг қилиб бориш ҳамда энергия самарадорлиги паст бўлган ва энергия истеъмоли ҳажми асоссиз равишда ортиб бораётган корхоналарни навбатдан ташқари энергия аудитидан ўтказиш;
қонуности ҳужжатларда энергия аудити ҳисоботининг соҳалар кесимидаги ягона шаклини жорий қилиш кўзда тутилади.
15. Вазирлик ва идоралар, давлат иштирокидаги корхоналар ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотлар бино ва иншоотларида энергия тежамкорлиги тадбирларини молиявий манбалар билан таъминлаш мақсадида 2026 йил учун бир ҳафта муддатда, келгусида ҳар йили харажатлар сметасидаги тўртинчи гуруҳ харажатларининг камида 5 фоизи ҳамда бюджетдан ташқари маблағларининг камида 15 фоизини энергия самарадорлигини ошириш тадбирлари ва лойиҳалари учун режалаштирилишини таъминласин.
Бунда ушбу маблағлар мақсадли равишда:
энергия аудити асосида бино ва иншоотларда энергия йўқотилишининг олдини олиш, қайта тикланувчи энергия манбалари билан жиҳозлаш, ресурс истеъмоли юқори иситиш қозонларини янгилаш ҳамда геликоллекторлар ўрнатиш;
бино ва иншоотлар ёритиш тизимларининг энергия самарадорлигини ошириш, муқобил ёритиш тизимларига ўтказиш, шу жумладан, ЭСКО механизмлари асосида модернизация қилиш;
бино ва иншоотлар эҳтиёжини босқичма-босқич тўлиқ муқобил манбалар ҳисобидан қоплаш тадбирларига йўналтирилиши белгилаб қўйилсин.
16. Энергия самарадорлигини ошириш соҳасида ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида Агентликка бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини экспресс баҳолаш асосида аниқлаш ҳамда корхоналарда энергия аудитини ўтказиш, шу жумладан унинг асосий йўналишлари ва тартиб-таомилларини белгилаш вазифаси юклансин.
17. 2026 йилдан бошлаб республикадаги турар ва нотурар объектлар энергия самарадорлиги бўйича тоифаларга босқичма-босқич экспресс баҳолаш асосида ажратилади.
Бунда:
энергия самарадорлигини баҳолаш ишлари махсус электрон платформа орқали бино ва иншоот тўғрисидаги дастлабки маълумотлар асосида автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади;
баҳолаш натижалари ахборот хусусиятига эга бўлиб, тўлиқ энергия аудитини ўтказиш заруратини аниқлаш учун дастлабки баҳолаш воситаси сифатида қўлланади;
ҳар бир бино ва иншоот бўйича экспресс баҳолаш натижалари асосида электрон энергия паспортини шакллантириш чоралари кўрилади.
18. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур қарор билан тасдиқланган энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш тадбирлари учун талаб қилинадиган маблағлар белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.
19. Марказий банк ва Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси «яшил таъмир» кредитларини ажратишни жадаллаштириш мақсадида мазкур кредитлар бўйича гаров таъминотининг муқобил шаклларини, жумладан, кафиллик ва суғурта механизмларини жорий этиш чораларини кўрсин ҳамда амалиётга жорий қилиш тавсия этилсин.
20. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини ҳамда бино ва иншоотларни энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартибларини белгилаш тўғрисида» 2024 йил 19 октябрдаги 690-сон қарорига 10-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
21. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва А.Ж. Раматов, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори З.Б. Бадриддинов, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Д.А. Исакулов ва энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 14 майдаги 242-сон қарорига 6-ИЛОВА
Саноат корхоналарида энергия аудити харажатларини ҳамда энергия аудити тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган кредит фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом саноат корхоналарига энергия аудитини ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг (кейинги ўринларда — субсидия) ҳамда энергия аудиторларининг хулосалари асосидаги тадбирларни молиялаштириш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг (кейинги ўринларда — компенсация) бир қисмини қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
энергия аудити ҳисоботи — энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича саноат корхонасида энергия ресурсларини тежаш бўйича таклифлар ва ташкилий-техник тадбирлар режасини ўз ичига олган ҳисобот;
энергетика паспорти — энергия аудитидан ўтказиш натижасида ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқиладиган ҳужжат.
3. Субсидия ва компенсация:
Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси (кейинги ўринларда — Платформа) орқали Агентлик ягона реестрига киритилган энергия аудиторлик ташкилоти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 октябрдаги 690-сон қарори билан тасдиқланган Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини мажбурий энергия аудитидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида энергия аудити ўтказилгандан ва энергия аудити ҳисоботи олингандан сўнг;
корхонанинг асосий фаолият тури Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичининг (IFUT) «B», «C» ва «D» бўлимида назарда тутилган фаолият йўналишларига тааллуқли бўлганда;
энергия аудити хизматини кўрсатиш бўйича электрон шартнома (кейинги ўринларда — шартнома) Платформа орқали тузилганда, Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ҳисобидан ажратилади.
Бунда давлат буюртмачилари бўлган саноат корхоналари энергия аудитори билан қонунчиликда белгиланган тартибда шартнома тузади.
4. Субсидия энергия аудити ҳисоботида камида 10 фоиз энергия тежамкорликка эришилиши кўзда тутилган ҳолларда энергия аудитини ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, бироқ бир саноат корхонаси учун 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб бериш учун ажратилади.
5. Компенсация Марказий банк асосий ставкасидан юқори ва 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 2 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 10 фоизигача бандини 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда қоплаб бериш учун ажратилади.
Компенсация 1+2 тамойили асосида тўланади. Бунда:
компенсация биринчи йили тўлиқ тўланади;
иккинчи ва учинчи йилларда энергия аудиторининг Платформага юкланган ташкилий-техник тадбирлар натижасида камида 10 фоиз энергия тежамкорликка эришилгани тўғрисидаги маълумоти асосида тўланади.
2-боб. Саноат корхонаси ва энергия аудитори ўртасида хизматлар кўрсатиш шартномасини тузиш ва энергия аудити харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби
6. Шартнома тузиш учун саноат корхонаси энергия аудитини ўтказишнинг техник шартлари ҳамда охирги уч йиллик энергия ресурслари сарфи кўрсаткичларини Платформага юклайди ва ЭРИ билан тасдиқлайди.
7. Мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотлар Платформада лот тарзида шакллантирилади ва Платформада рўйхатдан ўтган барча энергия аудиторларига платформа томонидан хабарнома юборилади.
Бунда ушбу маълумотлар асосида 48 соат ичида энг паст нархларда ўз хизматини таклиф қилган энергия аудитори билан саноат корхонаси ўртасида энергия аудитини ўтказиш тўғрисида электрон шартнома расмийлаштирилади.
Энергия аудиторлари томонидан таклифлар киритилмаган ҳолларда электрон тизим нарх киритилгунига қадар таклиф киритиш жараёнини кўпи билан 30 календарь кунгача кейинги 48 соатга узайтириб боради.
8. Шартномага асосан саноат корхонаси томонидан энергия аудиторининг Платформада очилган ҳисобварағига шартнома маблағи 5 иш кунида тўлиқ ўтказилади ва маблағлар Платформада вақтинча банд қилинади.
9. Энергия аудити ҳисоботи, энергетика паспорти ҳамда энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича ташкилий-техник тадбирлар режаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Ўзэнергоинспекция) ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланган тартибда қабул қилиниб, тасдиқланганидан сўнг саноат корхонаси томонидан Платформа орқали қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
энергия аудити ҳисоботи ва энергетика паспорти;
энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича ташкилий-техник тадбирлар;
саноат корхонасининг асосий фаолият тури Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичининг (IFUT) «B», «C» ва «D» бўлимида назарда тутилган фаолият йўналишларига тааллуқлилиги тўғрисидаги маълумот.
Мазкур ҳужжатларнинг ҳаққонийлигига саноат корхонаси ва энергия аудитори ташкилоти тенг жавобгар бўлади.
10. Агентлик 7 кун ичида мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганини ўрганади ва субсидия ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида Платформа орқали икки иш кунида саноат корхонасини хабардор қилади.
11. Платформада хабардор қилингандан сўнг, вақтинча банд қилинган маблағ Оператор томонидан уч иш кунида энергия аудиторининг банк ҳисобварағига ўтказиб берилади.
12. Субсидия Агентлик томонидан саноат корхонасининг банк ҳисобварағига пул кўчириш орқали 5 иш кунида ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ажратилади.
13. Қуйидаги ҳолатлар субсидия ажратишни рад этишга асос бўлади:
энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар, энергия аудити ҳисоботи ва энергетика паспорти Ўзэнергоинспекция томонидан қабул қилинмаган бўлса;
мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса;
саноат корхонасининг асосий фаолият тури Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичининг (IFUT) «B», «C» ва «D» бўлимида назарда тутилган фаолият йўналишларига тааллуқли бўлмаса;
энергия аудити ҳисоботида камида 10 фоиз энергия тежамкорликка эришилиши кўзда тутилмаган бўлса;
энергия аудитини ўтказган ташкилот Агентлик ягона реестрида мавжуд эмаслиги аниқланса.
3-боб. Энергия аудиторларининг хулосалари асосидаги тадбирларни молиялаштириш учун саноат корхоналарига ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш тартиби
14. Бир саноат корхонасига фақат битта энергия аудити ҳисоботи асосидаги ташкилий-техник тадбирларни молиялаштириш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисми тўлаб берилади.
15. Тижорат банки томонидан саноат корхонасига кредит ва компенсация ажратиш шартлари бўйича ижобий қарор қабул қилиниб, саноат корхонаси ва тижорат банки ўртасидаги кредит шартномасига мувофиқ ажратилган кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши мониторинг қилингандан сўнг фоиз тўловларининг бир қисми ажратилади.
16. Тижорат банки кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган саноат корхоналарига компенсация бериш тўғрисидаги буюртманома билан ҳар ойда кейинги ойнинг 10-санасига қадар Агентликка мурожаат қилади ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда компенсация ажратиш тўғрисида буюртманома;
кредитлар ажратилган саноат корхоналарининг рўйхати (кредит олувчининг СТИРи, кредит суммаси, кредит муддати, фоиз ставкаси, кредит мақсади, қайтариш жадвали шакли, кредит берилган сана, кредитни қайтариш санаси, 16325-ҳисобварағидаги ҳисобланган фоизлар ҳамда бошқа маълумотлар).
17. Буюртманома ҳамда саноат корхоналари бўйича кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги бўйича тижорат банкининг буюртманомани имзолаган мансабдор шахси жавобгар ҳисобланади.
18. Агентликка нотўғри ва/ёки ҳақиқий бўлмаган маълумотларнинг тақдим қилиниши, ушбу маълумотлар асосида компенсация олганлик, шунингдек, тижорат банки ва саноат корхонаси томонидан мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани учун Агентлик жавобгар ҳисобланмайди.
19. Буюртманома ва унга илова қилинган ҳужжатлар Агентликка келиб тушган санадан бошлаб 7 кун ичида Агентлик томонидан кўриб чиқилади ҳамда 2 иш кунида ушбу Низомда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, компенсация ажратишни маъқуллаш ёки компенсация ажратишни рад этиш тўғрисида маълум қилинади.
20. Рад этилган буюртманома тижорат банкига компенсация ажратишни рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қайтарилади.
Бунда компенсация ажратиш қуйидаги ҳолатларда рад этилади:
кредитлар мақсадсиз ишлатилганда;
саноат корхонасининг асосий фаолият тури Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичининг (IFUT) «B», «C» ва «D» бўлимида назарда тутилган фаолият йўналишларига тааллуқли бўлмаса;
муддати ўтган қарздорлик 90 кундан ошиб кетганда.
Агентлик томонидан компенсация ажратилиши рад этилгани тўғрисида буюртманома олган тижорат банки бир иш куни ичида бу ҳақида ҳудудий филиалини ва қарз олувчини хабардор қилади.
21. Компенсация ажратиш маъқулланган буюртманома кўриб чиқилгандан сўнг Агентлик томонидан 3 иш куни ичида тижорат банкининг ушбу компенсация учун алоҳида очилган ҳисобварағига ўтказиб беради.
22. Агентлик томонидан компенсация ажратилиши шартлари ва миқдори тижорат банки ва саноат корхонаси ўртасида имзоланадиган кредит шартномасида алоҳида банд билан кўрсатилган бўлиши лозим.
23. Агентлик томонидан ажратилган компенсация маблағларининг мақсадли ишлатилишини ўрганиш мақсадида тижорат банкларидан компенсация маблағлари бўйича транзит ҳисобварақлари, саноат корхоналарининг 16325-ҳисобварақлари ҳамда компенсацияга тегишли бошқа ҳисобварақлари айланмалари сўралиши мумкин.
24. Агентлик томонидан компенсациянинг мақсадли сарфланиши юзасидан тижорат банки ва саноат корхонаси ўртасида тузилган кредит шартномаси ва кредитни қайтариш жадвали талаб қилиб олиниши мумкин.
4-боб. Компенсация ҳисобини юритиш
25. Тижорат банки компенсация шартномаларига асосан ҳисобланган ва Агентлик томонидан компенсация ажратилган фоиз тўловларининг ҳисобини алоҳида 16325-баланс ҳисобварақларида юритади.
26. Агентлик томонидан компенсация банк рўйхати асосида бир қанча кредит шартномалари бўйича банкнинг 29801-транзит ҳисобварағига ўтказилади.
Бунда 29801-транзит ҳисобварағига тушадиган маблағлар банкнинг Агентлик компенсациялари ҳисобидан қопланадиган фоизлар 16325-ҳисобварағига автоматик равишда ўтказилади.
27. Саноат корхонаси кредитни муддати ўтганидан сўнг қайтарган ҳолатларда, ажратиладиган компенсация миқдори тасдиқланган қайтариш жадвалида қайд этилган миқдордан ошмаслиги лозим.
28. Агентлик тижорат банкларининг хабарига асосан кредитлар бўйича компенсация ажратишни қуйидаги ҳолатларда тўхтатади:
фоиз тўловлари компенсация қилинадиган кредитдан мақсадсиз фойдаланилганда;
саноат корхонаси тўловлар жадвалига мувофиқ банкка тўловларни тўлаш мажбуриятларини уч ой ичида кетма-кет бажармаганда;
саноат корхонаси томонидан кредит миқдори муддатидан олдин сўндирилганда;
тижорат банки ва саноат корхонаси ўртасида кредит шартномаси бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда;
саноат корхонасининг банк ҳисобварағидаги маблағлари хатловга олинганда;
саноат корхонасининг тижорат банкига тақдим этган ҳужжатларида ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилгани аниқланганда;
тўловга қобилиятсизлик.
29. Тижорат банки белгиланган тартибда саноат корхонаси билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ саноат корхонасининг кредити ҳисобидан олинган ускуналарнинг ҳолатини ўрганиш мақсадида жойига чиққан ҳолда мониторинг юритади.
30. Тижорат банки ушбу Низомнинг 28-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, Агентликни компенсация ажратишни тўхтатиш учун 3 иш куни ичида хабардор қилади.
31. Агентлик тижорат банкидан хабарномани олгандан сўнг 3 иш куни ичида компенсация ажратиш тўхтатилиши тўғрисида қарор қабул қилади ва тўхтатиш сабаблари кўрсатилган ёзма хабарномани тижорат банкига юборади.
32. Агентлик қарорини олгандан сўнг тижорат банки 1 иш кунида қарз олувчини фоиз тўловларининг бир қисмини компенсация қилиш тўхтатилгани тўғрисида хат орқали хабардор қилади.
33. Саноат корхонасининг кредити бўйича компенсация ажратишни қайта тиклашга фақатгина ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан сўнг рухсат берилади.
34. Тижорат банки ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар Агентликка унинг компенсация маблағларининг сарфланиши, мижозлар кесимида сўндириш санаси ва бошқа маълумотлар тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиб боради.
5-боб. Якунловчи қоида
35. Ушбу Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Саноат корхоналарида энергия аудити харажатларини ҳамда энергия аудити тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган кредит фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Энергия аудити харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Саноат корхонаси Шартнома тузиш учун саноат корхонаси энергия аудитини ўтказишнинг техник шартлари ҳамда охирги уч йиллик энергия ресурслари сарфи кўрсаткичларини Платформага юклайди ва ЭРИ билан тасдиқлайди. Заруратга кўра 2-босқич Агентлик Платформага киритилган маълумотлар лот тарзида шакллантирилади ва Платформада рўйхатдан ўтган барча энергия аудиторларига Платформа томонидан хабарнома юборилади. Ушбу маълумотлар асосида энг паст нархларда ўз хизматини таклиф қилган энергия аудитори билан саноат корхонаси ўртасида энергия аудитини ўтказиш тўғрисида электрон шартномани расмийлаштиради. 48 соат ичида 3-босқич Саноат корхонаси Шартномага асосан энергия аудиторининг Платформада очилган ҳисобварағига шартнома маблағини тўлиқ ўтказади. 5 иш кунида 4-босқич Саноат корхонаси Платформа орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: энергия аудитини ўтказиш бўйича шартнома нусхаси; энергия аудити ҳисоботи ва энергетика паспорти; энергия аудитини ўтказиш натижалари бўйича ҳисоботдаги ташкилий-техник чора-тадбирлар; саноат корхонасининг асосий фаолият тури Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичининг (IFUT) «B», «C» ва «D» бўлимида назарда тутилган фаолият йўналишларига тааллуқлилиги тўғрисидаги маълумот. Ўзенергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланган тартибда қабул қилиниб, тасдиқланганидан сўнг 5-босқич Агентлик Ҳужжатларни тўлиқ тақдим этилганлигини ўрганади. 7 кунда 6-босқич Агентлик Субсидия ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида Платформа орқали саноат корхонасини хабардор қилади. 2 иш кунида 7-босқич Оператор Платформада хабардор қилингандан сўнг вақтинча банд қилинган маблағни энергия аудитори ҳисобварағига ўтказиб беради. 3 иш кунида 8-босқич Агентлик Субсидияни саноат корхонасининг банк ҳисобварағига пул кўчириш орқали ажратади. 5 иш кунида
Саноат корхоналарида энергия аудити харажатларини ҳамда энергия аудити тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган кредит фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 10 фоизигача бандини қоплаш қисмини компенсация қилиш тартиби
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Саноат корхонаси Саноат корхонасининг тижорат банкларига кредит берилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар тўпламини илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади. Заруратга кўра 2-босқич Тижорат банки Кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган саноат корхоналарига компенсация бериш тўғрисидаги буюртманома билан Агентликка ҳужжатларни илова қилиб мурожаат қилади. Ҳар ойнинг 10-санасига қадар 3-босқич Агентлик Буюртманомани кўриб чиқади ва компенсация ажратишни маъқуллаш ёки компенсация ажратишни рад этиш тўғрисида маълум қилади. 3 иш куни ичида 4-босқич Агентлик Компенсация ажратиш маъқулланган буюртманома бўйича компенсацияни тижорат банкининг алоҳида очилган ҳисобварағига ўтказиб беради. 3 иш куни ичида
Саноат корхоналарида энергия аудити харажатларини ҳамда энергия аудити тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган кредит фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Тижорат банки кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган саноат корхоналарига компенсация бериш тўғрисидаги БУЮРТМАНОМА 20___ йил __________ Буюртманома берувчи: _______________________________ банки Буюртманомани қабул қилувчи: Энергия самарадорлиги миллий агентлиги Компенсация суммаси: _________________________ Ҳисобварақ: _______________________ энергия аудити тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган кредит фоиз ставкаси бир қисмини қоплаб бериш назарда тутилган мижозлар рўйхати илова қилинмоқда. Буюртманома берувчи: _______________________________ банки Бошқаруви раиси _________________________ Ф.И.О.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 14 майдаги 242-сон қарорига 9-ИЛОВА
Иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насослари ҳамда уларга ўрнатиладиган калориферлар ва бойлерларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насослари ҳамда уларга ўрнатиладиган калориферлар ва бойлерларни (кейинги ўринларда — иссиқлик насослари) харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
«subsidiya.mf.uz» ахборот портали — иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун субсидия ажратиш билан боғлиқ амалиётлар бажариладиган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизими;
далолатнома — иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насосларини ўрнатилганини асословчи етказиб берувчи ва талабгор ўртасида расмийлаштириладиган қабул қилиш ва топшириш ҳужжати;
етказиб берувчи — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси (кейинги ўринларда — Платформа) орқали иссиқлик насосларини сотиш ва ўрнатиш хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;
иссиқлик насоси — атроф-муҳитдан (ҳаво, сув ёки геотермал манбалардан) энергия олиб, уни калорифер ва бойлер ёрдамида иссиқлик ёки совитиш энергиясига айлантириш ва етказиб берувчи янги ва ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган қурилма;
Платформа оператори — «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» акциядорлик жамияти;
субсидия — иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш учун Агентлик ҳузуридаги Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасидан (кейинги ўринларда — Жамғарма) ажратиладиган маблағлар;
талабгор — иссиқлик насосини харид қилиш ва иссиқхона хўжалигига ўрнатиш учун Платформа орқали буюртма берган хўжалик юритувчи субъект.
3. Иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисми ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ қоплаб берилади.
4. Иссиқлик насосларини етказиб берувчи томонидан сотиш ва талабгор томонидан харид қилиш ва уларни ўрнатганлик учун субсидия белгиланган тартибда Платформада рўйхатдан ўтган ҳолда ажратилади.
2-боб. Иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш
5. Талабгор етказиб берувчилар томонидан иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш бўйича Платформада етказиб бериш муддатлари кўрсатилган ҳолда жойлаштирилган таклифлардан бирини танлайди ҳамда қуйидаги қўшимча маълумотларни киритади ва буюртмани ЭРИ билан тасдиқлаган ҳолда шакллантиради:
иссиқхона манзили;
иситиш майдони (бўйи, эни ва баландлиги);
иссиқхонанинг устки (ташқи) қопламаси материали номи;
иссиқхона иссиқлик энергияси йўқотишларининг олдини олишга мўлжалланган иссиқлик изоляцияловчи қопламалар (тент) билан қопланган бўлиши.
Бунда ҳоким ёрдамчилари иссиқхона жойлашган ер участкасига чиқиб, иссиқхонанинг иссиқлик изоляцияловчи қопламалар (тент) билан қопланганини икки иш куни давомида ўрганади ва «Онлайн маҳалла» платформаси орқали сўралган маълумот мавжудлигини тасдиқлайди.
талаб этиладиган ҳарорат даражаси;
йиллик энергия ресурслари (электр, газ, кўмир ва бошқалар) истеъмоли ҳажми;
иссиқхона жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги маълумот (кадастр рақами, ер ажратиш тўғрисидаги қарор санаси ва рақами).
6. Агентлик талабгор томонидан таклифлар жойлаштирилган кундан бошлаб уч иш куни ичида ҳамда мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ ҳоким ёрдамчисининг «Онлайн маҳалла» платформаси орқали тасдиқланган маълумотлардан келиб чиқиб, таклифни савдога чиқаради.
Бунда мазкур Низомнинг 5-бандидаги маълумотлар тўлиқ бўлмаса ва иссиқхоналар иссиқлик изоляцияловчи қопламалар (тент) билан қопланмаган бўлса, Агентлик томонидан таклиф рад этилади ва савдога чиқарилмайди. Талабгор томонидан барча камчиликлар бартараф этилган ҳолда, такроран субсидия олиш учун Платформа орқали мурожаат қилиши мумкин.
7. Таклиф маълумотлари лот шаклида Платформадаги барча етказиб берувчиларга автоматик тарзда (онлайн) юборилади.
8. Етказиб берувчилар Платформага жойлаштирилган лот бўйича ўз нарх таклифларини лот жойлаштирилган санадан бошлаб беш кун ичида тақдим этади.
9. Ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган муддат якунлангандан сўнг энг мақбул нарх таклифини берган етказиб берувчи ва талабгор ўртасида шартнома Платформада автоматик тарзда расмийлаштирилади.
10. Талабгор шартномани расмийлаштирган санадан бошлаб ўн беш иш куни ичида шартнома қийматининг 80 фоизи миқдоридаги маблағларни Платформада белгиланган тартибда очилган шахсий ҳисобварағига ўтказади ҳамда ушбу маблағлар Платформада вақтинча банд қилинади.
11. Маблағлар Платформада банд қилингандан сўнг етказиб берувчи шартномада кўрсатилган муддатда иссиқлик насосини шартномада кўрсатилган техник кўрсаткичларга мувофиқ етказилишини ва ўрнатилишини таъминлайди.
Платформа оператори етказиб берувчи ва талабгорларга қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат кўрсатади.
3-боб. Иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш
12. Етказиб берувчи иссиқлик насосини ўрнатгандан сўнг Платформада ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги далолатномани электрон тарзда шакллантиради ҳамда бажарилган ишларни тасдиқловчи фото ва видео материалларни Платформага юклайди. Бунда далолатноманинг ҳаққонийлигига ва Платформага юкланган фото ва видео материаллар, уларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигига етказиб берувчи ҳамда талабгор тенг жавобгар ҳисобланади.
13. Далолатнома етказиб берувчи ва талабгор томонидан электрон тарзда тасдиқлангандан сўнг Платформа оператори:
Платформада вақтинча банд қилинган маблағларни бир иш кунидан кечикмасдан, етказиб берувчининг банк ҳисобварағига ўтказиб беради;
Платформадан «Онлайн маҳалла» платформаси орқали талабгорнинг буюртманомада кўрсатилган манзилдаги ҳоким ёрдамчисига ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг ҳудуддаги лойиҳа офиси (кейинги ўринларда — лойиҳа офиси) ходимига жойига чиққан ҳолда ўрганишни ўтказиш бўйича хабар (СМС) юборади.
14. «Онлайн маҳалла» платформаси орқали хабарнома келиб тушгандан сўнг ҳоким ёрдамчиси лойиҳа офиси ходими билан бирга икки иш куни ичида иссиқлик насосининг ҳақиқатда ўрнатилганини ва ишчи ҳолатдалигини, унинг техник кўрсаткичлари Платформадаги шартнома ва далолатномада кўрсатилган техник кўрсаткичларга мос келишини жойига чиққан ҳолда ўрганади.
15. Ҳоким ёрдамчиси ва лойиҳа офиси ходими томонидан «Онлайн маҳалла» платформаси орқали иссиқлик насосининг ҳақиқатда ўрнатилгани ва ишчи ҳолатдалиги ҳамда унинг техник кўрсаткичларини Платформадаги шартнома ва далолатномада кўрсатилган техник кўрсаткичларга мос келиши бўйича далолатнома тузган ҳолда тасдиқлайди ҳамда Агентликка юборади.
Далолатномага асосан Агентлик бир иш куни ичида «subsidiya.mf.uz» ахборот портали орқали шартнома қийматининг 20 фоизи миқдорини етказиб берувчининг ҳисобварағига автоматик равишда ўтказиб беради.
16. Ўрнатилган иссиқлик насоси ишга туширилгандан бошлаб 24 ой мобайнида бегоналаштириш (сотиш) тақиқланади. Ҳоким ёрдамчиси томонидан заруратга кўра мониторинг натижасида шундай ҳолат аниқланганда, ажратилган субсидия талабгор томонидан Агентликка тўлиқ миқдорда қайтарилади, ер участкаларининг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузиладиган ва кўчириладиган уй-жойлар бундан мустасно.
17. Ҳоким ёрдамчиси ва лойиҳа офиси ходими томонидан «Онлайн маҳалла» платформаси орқали иссиқлик насосининг ҳақиқатда ўрнатилмагани ёки ишчи ҳолатда эмаслиги ёхуд техник кўрсаткичларнинг Платформадаги шартнома ва далолатномада кўрсатилган техник кўрсаткичларга мос эмаслиги аниқланган тақдирда, етказиб берувчи ва талабгорга Платформа орқали камчиликларни бартараф этиш бўйича хабарнома талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.
Етказиб берувчи бир ой муддатда аниқланган камчиликларни бартараф этган ҳолда, Платформа орқали талабгор хабардорлигида қайта далолатнома тузади ва бу тўғрисидаги маълумотларни Платформага юклайди.
Агентлик «Онлайн маҳалла» платформаси орқали ҳоким ёрдамчиси ва лойиҳа офиси ходимига камчиликлар бартараф этилганини аниқлаш юзасидан қайта хабарнома юборади.
Камчиликлар бартараф этилгани тасдиқлангандан сўнг субсидия бир иш куни давомида «Subsidiya.mf.uz» ахборот портали орқали белгиланган тартибда ажратилади.
18. Талабгор ҳоким ёрдамчисининг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
4-боб. Якунловчи қоида
19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насослари ҳамда уларга ўрнатиладиган калориферлар ва бойлерларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддат 1-босқич Талабгор Платформада етказиб берувчилар иссиқлик насослари бўйича жойлаштирилган таклифлардан бирини танлаб, қўшимча маълумотларни киритган ҳолда буюртмани ЭРИ билан тасдиқлаган ҳолда шакллантиради. Заруратга кўра 2-босқич Ҳоким ёрдамчиси Иссиқхона жойлашган ер участкасига чиқиб, иссиқхонанинг иссиқлик изоляцияловчи қопламалар (тент) билан қопланганини ўрганади ва «Онлайн маҳалла» платформаси орқали сўралган маълумотни мавжудлигини тасдиқлайди. 2 иш кунида 3-босқич Агентлик Талабгор томонидан таклифлар ҳоким ёрдамчисининг «Онлайн маҳалла» платформаси орқали тасдиқланган маълумотлардан келиб чиқиб, таклифни савдога чиқаради. 3 иш кунида 4-босқич Платформа оператори Буюртмани лот шаклида Платформага жойлаштиради ва ушбу лот маълумотларини барча етказиб берувчиларга автоматик тарзда юборади. 5 иш кунида 5-босқич Етказиб берувчи Жойлаштирилган лот бўйича ўз нарх таклифларини тақдим этади. 6-босқич Платформа оператори Энг мақбул нарх таклифи берган етказиб берувчи ва талабгор ўртасида шартномани расмийлаштиради. 7-босқич Талабгор Шартнома қийматининг 80 фоизи миқдоридаги маблағларни Платформада очилган шахсий ҳисобварағига ўтказади. 15 иш кунида 8-босқич Етказиб берувчи 1. Иссиқлик насосини шартномада кўрсатилган техник кўрсаткичларга мувофиқ ўрнатилишини таъминлайди. 2. Платформада далолатномани электрон тарзда шакллантиради, бажарилган ишларни тасдиқловчи фото ва видео материалларни Платформага юклайди. 3. Далолатномани тасдиқлайди. Шартномада белгиланган муддатда Етказиб берувчи ва талабгор Иссиқлик насоси ўрнатилгандан сўнг 9-босқич Платформа оператори 1. Вақтинча банд қилинган маблағларни етказиб берувчининг банк ҳисобварағига ўтказиб беради. 1 иш кунида 2. «Онлайн маҳалла» платформаси орқали талабгор манзилидаги ҳоким ёрдамчисига жойига чиққан ҳолда ўрганиш ўтказиш бўйича хабарнома юборади. Реал вақт режимида 10-босқич Ҳоким ёрдамчиси ва лойиҳа офиси ходими Иссиқлик насосининг ҳақиқатда ўрнатилганини ва ишчи ҳолатдалигини, унинг техник кўрсаткичлари Платформадаги шартнома ва далолатномада кўрсатилган техник кўрсаткичларга мос келишини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва ҳолатни тасдиқлайди ёки рад этади. 2 иш кунида 11-босқич Ҳоким ёрдамчиси ва лойиҳа офиси ходими «Онлайн маҳалла» платформаси орқали иссиқлик насосининг ҳақиқатда ўрнатилмагани ёки ишчи ҳолатда эмаслиги ёхуд техник кўрсаткичларнинг Платформадаги шартнома ва далолатномада кўрсатилган техник кўрсаткичларга мос эмаслиги тасдиқланган тақдирда, етказиб берувчи ва талабгорга Платформа орқали камчиликларни бартараф этиш бўйича хабарнома юборади. 1 иш кунида 12-босқич Агентлик Иссиқлик насосларининг техник кўрсаткичлари ўзаро мос келган тақдирда, «subsidiya.mf.uz» ахборот портали орқали шартнома қийматининг 20 фоизи миқдорини етказиб берувчининг ҳисобварағига автоматик равишда ўтказиб беради. 1 иш кунида
Иссиқхона хўжаликларига иссиқлик насослари ҳамда уларга ўрнатиладиган калориферлар ва бойлерларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Етказиб берувчи ва талабгор ўртасида тузилган топшириш ва қабул қилиш ДАЛОЛАТНОМАСИ Шартнома рақами: __________ Сана: 20__ _ йил «_ __ _» ____ _______ 1. Талабгор корхона номи ________________________________________ 2. Талабгор корхона раҳбари Ф.И.О. ________________________________________ 3. Етказиб берувчи корхона номи ________________________________________ 4. Етказиб берувчи раҳбари Ф.И.О. ________________________________________ 5. Етказиб берувчи телефон рақами ________________________________________ 6. Томонлар ушбу далолатномани қуйидаги мазмунда туздилар: томонлар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ишлар «Етказиб берувчи» томонидан бажарилди, ускуналар ўрнатилди ва синовдан ўтказилди; «Талабгор» томонидан бажарилган ишлар қабул қилиб олинди. 7. Иссиқлик насослари ўрнатилган жойнинг маълумотлари: Иссиқхона жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги маълумот (кадастр рақами, ер ажратиш тўғрисидаги қарор санаси ва рақами) _______________________________ ________________________________________________________________________________________ Иссиқхона манзили _______________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ Иссиқхона иситиш майдони _______________________________________________________________ 8. Ўрнатилган иссиқлик насосларининг техник кўрсаткичлари: Серия рақами: ___________________________________________________________________________ Модели: _________________________________________________________________________________ Сони: ___________________________________________________________________________________ Умумий қуввати: _________________________________________________________________________ 9. Молиялаштириш маълумотлари: Шартнома қиймати: _______________________________________________________________________ Талабгор тўлайдиган сумма: ________________________________________________________________ Субсидия суммаси: ________________________________________________________________________ Изоҳ. Ушбу Далолатнома электрон тарзда тузилди ҳамда томонларнинг шахсий кабинетида сақланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 14 майдаги 242-сон қарорига 10-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини ҳамда бино ва иншоотларни энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартибларини белгилаш тўғрисида» 2024 йил 19 октябрдаги 690-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1-иловада :
3-банднинг ўнинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги ўнинчи-ўн биринчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
« энергетика паспорти — ўтказилган энергия аудити натижасида ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида ишлаб чиқиладиган ҳужжат;
Ягона реестр — Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг Энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги энергия аудиторларининг ягона реестри»;
15-банддаги «бир ой муддатда» сўзлари «бир ой муддатда Ягона реестрдаги» сўзлари билан алмаштирилсин;
17-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги иккинчи-учинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«Бунда энергия аудитори Ўзэнергоинспекциянинг кўрсатмаларига мувофиқ дастурни қайта кўриб чиқиб, беш иш кунида тасдиқлаш учун Ўзэнергоинспекцияга такроран «Энергоназорат» платформаси орқали киритади.
Энергия аудитидан ўтказиш дастурлари ҳар йили 1 апрелга қадар тасдиқланади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 14 май,
242 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
2026-yilda iqtisodiyot tarmoqlarida energiya samaradorligini oshirish hamda tarmoq korxonalarida energiyadan oqilona foydalanishni tashkil qilish orqali elektr energiyasi va tabiiy gazni tejashni taʼminlash toʻgʻrisida
[Koʻchirma]
Iqtisodiyot tarmoqlarida energiya samaradorligini oshirish, energiya resurslarini tejash va ulardan oqilona foydalanishga qaratilgan tadbirlarni amalga oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2026-yilda energiya samaradorligini yanada oshirish, energiya resurslarini tejash va ulardan oqilona foydalanishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 29-apreldagi PF-70-son Farmoniga muvofiq 2026-yilda 4,3 milliard kVt soat elektr energiyasini hamda 2,8 milliard kub metr tabiiy gazni tejashga erishish boʻyicha maqsadli koʻrsatkichlar tasdiqlangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Iqtisodiyot tarmoqlarida energiya samaradorligini oshirish hamda tarmoq korxonalarida energiyadan oqilona foydalanishni tashkil qilish boʻyicha 2026-yilda:
Energiya resurslarini iqtisod qilishning oylar kesimidagi maqsadli koʻrsatkichlari 1-ilovaga * muvofiq;
Energiya resurslarini iqtisod qilishning isteʼmolchilar kesimidagi maqsadli koʻrsatkichlari 2-ilovaga * muvofiq;
Energiya samaradorligini oshirish boʻyicha amalga oshiriladigan texnik chora-tadbirlar hamda iqtisod qilinadigan energiya resurslarining maqsadli koʻrsatkichlari 3-ilovaga * muvofiq;
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, davlat ishtirokidagi korxonalar, ijtimoiy soha muassasalari, tijorat banklari, sugʻurta kompaniyalari binolari hamda aholi xonadonlarida energiya samaradorligini oshirish tadbirlari va iqtisod qilinadigan energiya resurslarining maqsadli koʻrsatkichlari 4-ilovaga * muvofiq;
Aholiga ajratiladigan “yashil” kreditlarning maqsadli koʻrsatkichlari 5-ilovaga * muvofiq tasdiqlansin.
3. Vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari:
maqsadli koʻrsatkichlarga erishish uchun amalga oshiriladigan texnik chora-tadbirlar rejalari va ularning tuman (shahar) va obyektlar kesimidagi manzilli roʻyxatlarini tasdiqlasin hamda ularning “Energiya tejamkorlik” raqamli platformasiga (keyingi oʻrinlarda — Platforma) kiritilishini taʼminlasin;
yoqilgʻi-energiya resurslarini tejash dasturlari ijrosini taʼminlash, energiya samaradorligini oshirish boʻyicha tuman (shahar) idoralararo ishchi guruhlar bilan birgalikda doimiy ravishda maqsadli parametrlar va chora-tadbirlar bajarilishi, shuningdek, iqtisod qilingan energiya resurslari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning doimiy tarzda Platformaga kiritib borilishini tashkil qilsin;
har oyda maqsadli parametrlar bajarilishi va texnik chora-tadbirlar natijalarini tanqidiy muhokama qilib borishni yoʻlga qoʻysin.
4. Energetika vazirligi 2026-yil yakuniga qadar:
umumiy quvvati 3 250 MVt boʻlgan qayta tiklanuvchi energiya manbalariga asoslangan yirik quyosh va shamol elektr stansiyalari ishga tushirilishini;
tizim korxonalariga belgilangan tashkiliy texnik chora-tadbirlar toʻliq amalga oshirilishini hamda 1 413 million kVt elektr energiyasi va 731 million kub metr tabiiy gaz iqtisod qilinishini;
“Oʻzgidroenergo” AJ bilan birgalikda 68 MVt gidro elektr stansiyalarning qurilishi yakunlanishi va ishga tushirilishini;
903 ta “ogʻir” toifadagi mahallalarda 270 MVtlik kichik quvvatdagi quyosh fotoelektr stansiyalari oʻrnatilishini;
Toshkent shahrida 100 MVt kogeneratsiya texnologiyalarini joriy etishni taʼminlasin.
5. Yengil sanoatni rivojlantirish agentligi, “Oʻzeltexsanoat” uyushmasi, Tibbiyot va farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi bir oy muddatda tarmoq korxonalarida energiya auditini oʻtkazish, “energiya menejmenti” tizimini (ISO 50001) joriy etish, texnologik jarayonlarni modernizatsiya qilish va qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalarini oʻrnatishni nazarda tutuvchi manzilli “yoʻl xaritalari”ni ishlab chiqib, tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
Bunda tegishli tarmoq rahbarlari zimmasiga korxonalarda energiya resurslarini tejash boʻyicha belgilangan maqsadli koʻrsatkichlarga soʻzsiz erishishni taʼminlash yuzasidan shaxsiy javobgarlik yuklansin.
Energiya samaradorligi milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tarmoq korxonalari tomonidan energiya resurslarini tejash boʻyicha belgilangan maqsadli koʻrsatkichlarga erishishda energiya auditini oʻtkazish, texnologik jarayonlarni modernizatsiya qilishda zamonaviy energiya tejovchi texnologiyalarni joriy etish borasida barcha zarur uslubiy va amaliy yordam koʻrsatsin.
Sanoat korxonalarida energiya auditi xarajatlarini hamda energiya auditi tadbirlarini moliyalashtirish uchun ajratilgan kredit foiz stavkasining bir qismini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 6-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi:
bir oy muddatda “Issiqliktaʼminot” AJ bilan birgalikda 2026-yilda issiqlik tizimlarini yopiq tizimga oʻtkazish va individual issiqlik punktlarini oʻrnatish;
ikki hafta muddatda boshqaruv servis kompaniyalari bilan birgalikda koʻp kvartirali uylarning energiya samaradorligini oshirish tadbirlarini boshlasin.
7. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Agentlik, Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi, Milliy statistika qoʻmitasi ilgʻor xalqaro tajriba asosida:
2026-yil 1-iyunga qadar iqtisodiyot tarmoqlarida bir birlik mahsulot (xizmat) ishlab chiqarish (yaratish) uchun sarflanadigan yoqilgʻi-energiya resurslari hajmini meʼyorlash tartibini;
2026-yil 1-avgustga qadar yoqilgʻi-energiya resurslarini tejash boʻyicha amalga oshirilgan loyihalar natijasida tejalgan resurslar miqdorini oʻlchash va tasdiqlash metodologiyasini ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ 2026-yil avgust oyiga qadar 7-ilovada * koʻrsatilgan tuman va shaharlar markazlarida kamida 3 tadan 60 kVt va undan yuqori quvvatli elektromobillarni quvvatlash stansiyalarini ishga tushirsin.
9. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi balansidagi xalqaro, davlat va mahalliy ahamiyatdagi avtomobil yoʻllarida oʻrnatilgan yoritish uskunalarini 2026 — 2028-yillarda qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalaridan foydalangan holda energiya samaradorligini oshirish dasturi 8-ilovaga * muvofiq tasdiqlansin.
Bunda Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi ikki oy muddatda:
Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda Dastur ijrosi uchun talab qilinadigan mablagʻlarni ajratish choralarini koʻrsin;
Agentlik bilan birgalikda avtomobil yoʻllarida yangi tashkil qilinadigan yoritish chiroqlari hamda ularning konstruktiv elementlari va yordamchi uskunalariga texnik, meʼyoriy, xavfsizlik va energiya samaradorligi talablarini hamda oʻrnatish va ekspluatatsiya qilish qoidalarini ishlab chiqib tasdiqlasin.
10. Belgilansinki, 2026-yildan boshlab xalqaro, davlat va mahalliy ahamiyatdagi avtomobil yoʻllarida amalga oshiriladigan qurilish, taʼmirlash va modernizatsiya qilish loyihalarida yoritish tizimlari faqatgina qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalaridan foydalangan holda tashkil qilinadi hamda ularning elektr tarmoqlariga ulanishi taqiqlanadi.
11. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Agentlik va “Agrostar” kompaniyalari 2026-yil yakuniga qadar issiqxona xoʻjaliklarida energiya sarfini optimallashtirishga qaratilgan quyidagilarni nazarda tutuvchi tajriba loyihalarini amalga oshirishni boshlasin:
issiqxona xoʻjaliklarini issiqlik energiyasi bilan taʼminlashda anʼanaviy yoqilgʻi resurslaridan voz kechgan holda, qayta tiklanuvchi energiya manbalari, shu jumladan, past potensialli issiqlik energiyasidan foydalanuvchi issiqlik nasoslari (Heat pumps) va biomassadan energiya olish texnologiyalarini tatbiq etish;
issiqxona inshootlarining issiqlik himoyasini kuchaytirish maqsadida zamonaviy “energiya tejovchi qobiq” (tent) texnologiyalarini, energiya samaradorligi yuqori boʻlgan koʻp qatlamli polimer va shisha qoplamalarini hamda issiqlik yoʻqotilishini kamaytiradigan izolyatsiya materiallarini qoʻllash;
mikroiqlimni boshqarishning intellektual “Aqlli issiqxona” (Smart Greenhouse) dasturiy majmualarini joriy etish orqali issiqlik va elektr energiyasi isteʼmolining real vaqt rejimidagi avtomatik monitoringi va optimal taqsimotini (Internet of Things — IoT texnologiyalari asosida) taʼminlash.
Issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslari hamda ularga oʻrnatiladigan kaloriferlar va boylerlarni xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 9-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
12. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Energiya samaradorligi milliy agentligining hisob-kitoblariga asosan har yili Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslari hamda ularga oʻrnatiladigan kaloriferlar va boylerlarni xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish uchun subsidiyalarga talab etiladigan mablagʻlarning nazarda tutilishini taʼminlasin.
13. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra:
energiya auditini oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarning bir qismi Davlat energetika reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) kiritilgan subyektlar va sanoat korxonalari tomonidan energiya auditorlik tashkilotlari Energiya samaradorligini oshirish raqamli platformasi orqali jalb etilganda qoplab beriladi;
Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi tegishli vazirlik va idoralar bilan birgalikda har yili 1-aprelga qadar (2026-yilda 1-iyulga qadar) Reyestrga kiritilgan subyektlarda energiya auditorlik tashkilotini jalb qilish va energiya auditidan oʻtkazish dasturini tasdiqlaydi.
14. Agentlik Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi bilan birgalikda 2026-yil 1-avgustga qadar energiya auditorlari faoliyati hamda energiya auditidan oʻtkazishni tartibga soluvchi normativ-huquqiy bazani takomillashtirish, energiya auditi jarayonlariga boʻlgan talablarni kuchaytirish va raqamlashtirishni kengaytirish boʻyicha xalqaro amaliyotni mamlakatimizga integratsiya qilish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
Bunda:
energiya auditidan majburiy tartibda oʻtkaziladigan isteʼmolchilar reyestrini shakllantirishda, subyektlarning energiya resurslari isteʼmoli hajmlaridagi oʻzgarishlar dinamikasi va energiya samaradorligi koʻrsatkichlaridan kelib chiqqan holda xavfni tahlil qilish (risk-analiz) tizimini joriy etish;
Reyestrga kiritilgan subyektlar tomonidan energiya auditi tavsiyalarining bajarilishini raqamli monitoring qilib borish hamda energiya samaradorligi past boʻlgan va energiya isteʼmoli hajmi asossiz ravishda ortib borayotgan korxonalarni navbatdan tashqari energiya auditidan oʻtkazish;
qonunosti hujjatlarda energiya auditi hisobotining sohalar kesimidagi yagona shaklini joriy qilish koʻzda tutiladi.
15. Vazirlik va idoralar, davlat ishtirokidagi korxonalar va budjetdan mablagʻ oluvchi tashkilotlar bino va inshootlarida energiya tejamkorligi tadbirlarini moliyaviy manbalar bilan taʼminlash maqsadida 2026-yil uchun bir hafta muddatda, kelgusida har yili xarajatlar smetasidagi toʻrtinchi guruh xarajatlarining kamida 5 foizi hamda budjetdan tashqari mablagʻlarining kamida 15 foizini energiya samaradorligini oshirish tadbirlari va loyihalari uchun rejalashtirilishini taʼminlasin.
Bunda ushbu mablagʻlar maqsadli ravishda:
energiya auditi asosida bino va inshootlarda energiya yoʻqotilishining oldini olish, qayta tiklanuvchi energiya manbalari bilan jihozlash, resurs isteʼmoli yuqori isitish qozonlarini yangilash hamda gelikollektorlar oʻrnatish;
bino va inshootlar yoritish tizimlarining energiya samaradorligini oshirish, muqobil yoritish tizimlariga oʻtkazish, shu jumladan, ESKO mexanizmlari asosida modernizatsiya qilish;
bino va inshootlar ehtiyojini bosqichma-bosqich toʻliq muqobil manbalar hisobidan qoplash tadbirlariga yoʻnaltirilishi belgilab qoʻyilsin.
16. Energiya samaradorligini oshirish sohasida yagona yondashuvni taʼminlash maqsadida Agentlikka bino va inshootlarning energiya samaradorligi toifasini ekspress baholash asosida aniqlash hamda korxonalarda energiya auditini oʻtkazish, shu jumladan uning asosiy yoʻnalishlari va tartib-taomillarini belgilash vazifasi yuklansin.
17. 2026-yildan boshlab respublikadagi turar va noturar obyektlar energiya samaradorligi boʻyicha toifalarga bosqichma-bosqich ekspress baholash asosida ajratiladi.
Bunda:
energiya samaradorligini baholash ishlari maxsus elektron platforma orqali bino va inshoot toʻgʻrisidagi dastlabki maʼlumotlar asosida avtomatlashtirilgan tarzda amalga oshiriladi;
baholash natijalari axborot xususiyatiga ega boʻlib, toʻliq energiya auditini oʻtkazish zaruratini aniqlash uchun dastlabki baholash vositasi sifatida qoʻllanadi;
har bir bino va inshoot boʻyicha ekspress baholash natijalari asosida elektron energiya pasportini shakllantirish choralari koʻriladi.
18. Iqtisodiyot va moliya vazirligi mazkur qaror bilan tasdiqlangan energiya samaradorligini oshirish va yoqilgʻi-energetika resurslarini tejash tadbirlari uchun talab qilinadigan mablagʻlar belgilangan tartibda ajratilishini taʼminlasin.
19. Markaziy bank va Oʻzbekiston ipotekani qayta moliyalashtirish kompaniyasi “yashil taʼmir” kreditlarini ajratishni jadallashtirish maqsadida mazkur kreditlar boʻyicha garov taʼminotining muqobil shakllarini, jumladan, kafillik va sugʻurta mexanizmlarini joriy etish choralarini koʻrsin hamda amaliyotga joriy qilish tavsiya etilsin.
20. Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini hamda bino va inshootlarni energiya isteʼmolini energiya auditidan oʻtkazish tartiblarini belgilash toʻgʻrisida” 2024-yil 19-oktabrdagi 690-son qaroriga 10-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
21. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari J.A. Qoʻchqorov va A.J. Ramatov, Energiya samaradorligi milliy agentligi direktori Z.B. Badriddinov, Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi D.A. Isakulov va energetika vaziri J.T. Mirzamahmudov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 14-maydagi 242-son qaroriga 6-ILOVA
Sanoat korxonalarida energiya auditi xarajatlarini hamda energiya auditi tadbirlarini moliyalashtirish uchun ajratilgan kredit foiz stavkasining bir qismini qoplash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom sanoat korxonalariga energiya auditini oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarning (keyingi oʻrinlarda — subsidiya) hamda energiya auditorlarining xulosalari asosidagi tadbirlarni moliyalashtirish uchun ajratiladigan kreditlar boʻyicha foiz toʻlovlarining (keyingi oʻrinlarda — kompensatsiya) bir qismini qoplab berish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
energiya auditi hisoboti — energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha sanoat korxonasida energiya resurslarini tejash boʻyicha takliflar va tashkiliy-texnik tadbirlar rejasini oʻz ichiga olgan hisobot;
energetika pasporti — energiya auditidan oʻtkazish natijasida yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish boʻyicha ishlab chiqiladigan hujjat.
3. Subsidiya va kompensatsiya:
Energiya samaradorligi milliy agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Energiya samaradorligini oshirish raqamli platformasi (keyingi oʻrinlarda — Platforma) orqali Agentlik yagona reyestriga kiritilgan energiya auditorlik tashkiloti tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 19-oktabrdagi 690-son qarori bilan tasdiqlangan Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini majburiy energiya auditidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablari asosida energiya auditi oʻtkazilgandan va energiya auditi hisoboti olingandan soʻng;
korxonaning asosiy faoliyat turi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy faoliyat turlari umumdavlat tasniflagichining (IFUT) “B”, “C” va “D” boʻlimida nazarda tutilgan faoliyat yoʻnalishlariga taalluqli boʻlganda;
energiya auditi xizmatini koʻrsatish boʻyicha elektron shartnoma (keyingi oʻrinlarda — shartnoma) Platforma orqali tuzilganda, Energiya samaradorligini ragʻbatlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) hisobidan ajratiladi.
Bunda davlat buyurtmachilari boʻlgan sanoat korxonalari energiya auditori bilan qonunchilikda belgilangan tartibda shartnoma tuzadi.
4. Subsidiya energiya auditi hisobotida kamida 10 foiz energiya tejamkorlikka erishilishi koʻzda tutilgan hollarda energiya auditini oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizini, biroq bir sanoat korxonasi uchun 100 million soʻmdan oshmagan miqdorda qoplab berish uchun ajratiladi.
5. Kompensatsiya Markaziy bank asosiy stavkasidan yuqori va 1,75 baravaridan oshmagan stavkada milliy valyutada 2 milliard soʻmgacha ajratiladigan kreditlar foiz stavkasining 10 foizigacha bandini 3 yildan ortiq boʻlmagan muddatda qoplab berish uchun ajratiladi.
Kompensatsiya 1+2 tamoyili asosida toʻlanadi. Bunda:
kompensatsiya birinchi yili toʻliq toʻlanadi;
ikkinchi va uchinchi yillarda energiya auditorining Platformaga yuklangan tashkiliy-texnik tadbirlar natijasida kamida 10 foiz energiya tejamkorlikka erishilgani toʻgʻrisidagi maʼlumoti asosida toʻlanadi.
2-bob. Sanoat korxonasi va energiya auditori oʻrtasida xizmatlar koʻrsatish shartnomasini tuzish va energiya auditi xarajatlarining bir qismini qoplash tartibi
6. Shartnoma tuzish uchun sanoat korxonasi energiya auditini oʻtkazishning texnik shartlari hamda oxirgi uch yillik energiya resurslari sarfi koʻrsatkichlarini Platformaga yuklaydi va ERI bilan tasdiqlaydi.
7. Mazkur Nizomning 6-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar Platformada lot tarzida shakllantiriladi va Platformada roʻyxatdan oʻtgan barcha energiya auditorlariga platforma tomonidan xabarnoma yuboriladi.
Bunda ushbu maʼlumotlar asosida 48 soat ichida eng past narxlarda oʻz xizmatini taklif qilgan energiya auditori bilan sanoat korxonasi oʻrtasida energiya auditini oʻtkazish toʻgʻrisida elektron shartnoma rasmiylashtiriladi.
Energiya auditorlari tomonidan takliflar kiritilmagan hollarda elektron tizim narx kiritilguniga qadar taklif kiritish jarayonini koʻpi bilan 30 kalendar kungacha keyingi 48 soatga uzaytirib boradi.
8. Shartnomaga asosan sanoat korxonasi tomonidan energiya auditorining Platformada ochilgan hisobvaragʻiga shartnoma mablagʻi 5 ish kunida toʻliq oʻtkaziladi va mablagʻlar Platformada vaqtincha band qilinadi.
9. Energiya auditi hisoboti, energetika pasporti hamda energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlar rejasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Oʻzenergoinspeksiya) hududiy boshqarmalari tomonidan belgilangan tartibda qabul qilinib, tasdiqlanganidan soʻng sanoat korxonasi tomonidan Platforma orqali quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:
energiya auditi hisoboti va energetika pasporti;
energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlar;
sanoat korxonasining asosiy faoliyat turi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy faoliyat turlari umumdavlat tasniflagichining (IFUT) “B”, “C” va “D” boʻlimida nazarda tutilgan faoliyat yoʻnalishlariga taalluqliligi toʻgʻrisidagi maʼlumot.
Mazkur hujjatlarning haqqoniyligiga sanoat korxonasi va energiya auditori tashkiloti teng javobgar boʻladi.
10. Agentlik 7 kun ichida mazkur Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan hujjatlar toʻliq taqdim etilganini oʻrganadi va subsidiya ajratish yoki ajratishni rad etish toʻgʻrisida Platforma orqali ikki ish kunida sanoat korxonasini xabardor qiladi.
11. Platformada xabardor qilingandan soʻng, vaqtincha band qilingan mablagʻ Operator tomonidan uch ish kunida energiya auditorining bank hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi.
12. Subsidiya Agentlik tomonidan sanoat korxonasining bank hisobvaragʻiga pul koʻchirish orqali 5 ish kunida ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq ajratiladi.
13. Quyidagi holatlar subsidiya ajratishni rad etishga asos boʻladi:
energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha tashkiliy-texnik chora-tadbirlar, energiya auditi hisoboti va energetika pasporti Oʻzenergoinspeksiya tomonidan qabul qilinmagan boʻlsa;
mazkur Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan hujjatlar toʻliq boʻlmasa;
sanoat korxonasining asosiy faoliyat turi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy faoliyat turlari umumdavlat tasniflagichining (IFUT) “B”, “C” va “D” boʻlimida nazarda tutilgan faoliyat yoʻnalishlariga taalluqli boʻlmasa;
energiya auditi hisobotida kamida 10 foiz energiya tejamkorlikka erishilishi koʻzda tutilmagan boʻlsa;
energiya auditini oʻtkazgan tashkilot Agentlik yagona reyestrida mavjud emasligi aniqlansa.
3-bob. Energiya auditorlarining xulosalari asosidagi tadbirlarni moliyalashtirish uchun sanoat korxonalariga ajratiladigan kreditlar boʻyicha foiz toʻlovlarining bir qismini qoplash tartibi
14. Bir sanoat korxonasiga faqat bitta energiya auditi hisoboti asosidagi tashkiliy-texnik tadbirlarni moliyalashtirish uchun ajratilgan kreditlar boʻyicha foiz toʻlovlarining bir qismi toʻlab beriladi.
15. Tijorat banki tomonidan sanoat korxonasiga kredit va kompensatsiya ajratish shartlari boʻyicha ijobiy qaror qabul qilinib, sanoat korxonasi va tijorat banki oʻrtasidagi kredit shartnomasiga muvofiq ajratilgan kredit mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi monitoring qilingandan soʻng foiz toʻlovlarining bir qismi ajratiladi.
16. Tijorat banki kredit ajratish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanoat korxonalariga kompensatsiya berish toʻgʻrisidagi buyurtmanoma bilan har oyda keyingi oyning 10-sanasiga qadar Agentlikka murojaat qiladi va quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shaklda kompensatsiya ajratish toʻgʻrisida buyurtmanoma;
kreditlar ajratilgan sanoat korxonalarining roʻyxati (kredit oluvchining STIRi, kredit summasi, kredit muddati, foiz stavkasi, kredit maqsadi, qaytarish jadvali shakli, kredit berilgan sana, kreditni qaytarish sanasi, 16325-hisobvaragʻidagi hisoblangan foizlar hamda boshqa maʼlumotlar).
17. Buyurtmanoma hamda sanoat korxonalari boʻyicha koʻrsatilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi boʻyicha tijorat bankining buyurtmanomani imzolagan mansabdor shaxsi javobgar hisoblanadi.
18. Agentlikka notoʻgʻri va/yoki haqiqiy boʻlmagan maʼlumotlarning taqdim qilinishi, ushbu maʼlumotlar asosida kompensatsiya olganlik, shuningdek, tijorat banki va sanoat korxonasi tomonidan majburiyatlar oʻz vaqtida bajarilmagani uchun Agentlik javobgar hisoblanmaydi.
19. Buyurtmanoma va unga ilova qilingan hujjatlar Agentlikka kelib tushgan sanadan boshlab 7 kun ichida Agentlik tomonidan koʻrib chiqiladi hamda 2 ish kunida ushbu Nizomda belgilangan talablardan kelib chiqib, kompensatsiya ajratishni maʼqullash yoki kompensatsiya ajratishni rad etish toʻgʻrisida maʼlum qilinadi.
20. Rad etilgan buyurtmanoma tijorat bankiga kompensatsiya ajratishni rad etish sabablarini koʻrsatgan holda qaytariladi.
Bunda kompensatsiya ajratish quyidagi holatlarda rad etiladi:
kreditlar maqsadsiz ishlatilganda;
sanoat korxonasining asosiy faoliyat turi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy faoliyat turlari umumdavlat tasniflagichining (IFUT) “B”, “C” va “D” boʻlimida nazarda tutilgan faoliyat yoʻnalishlariga taalluqli boʻlmasa;
muddati oʻtgan qarzdorlik 90 kundan oshib ketganda.
Agentlik tomonidan kompensatsiya ajratilishi rad etilgani toʻgʻrisida buyurtmanoma olgan tijorat banki bir ish kuni ichida bu haqida hududiy filialini va qarz oluvchini xabardor qiladi.
21. Kompensatsiya ajratish maʼqullangan buyurtmanoma koʻrib chiqilgandan soʻng Agentlik tomonidan 3 ish kuni ichida tijorat bankining ushbu kompensatsiya uchun alohida ochilgan hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi.
22. Agentlik tomonidan kompensatsiya ajratilishi shartlari va miqdori tijorat banki va sanoat korxonasi oʻrtasida imzolanadigan kredit shartnomasida alohida band bilan koʻrsatilgan boʻlishi lozim.
23. Agentlik tomonidan ajratilgan kompensatsiya mablagʻlarining maqsadli ishlatilishini oʻrganish maqsadida tijorat banklaridan kompensatsiya mablagʻlari boʻyicha tranzit hisobvaraqlari, sanoat korxonalarining 16325-hisobvaraqlari hamda kompensatsiyaga tegishli boshqa hisobvaraqlari aylanmalari soʻralishi mumkin.
24. Agentlik tomonidan kompensatsiyaning maqsadli sarflanishi yuzasidan tijorat banki va sanoat korxonasi oʻrtasida tuzilgan kredit shartnomasi va kreditni qaytarish jadvali talab qilib olinishi mumkin.
4-bob. Kompensatsiya hisobini yuritish
25. Tijorat banki kompensatsiya shartnomalariga asosan hisoblangan va Agentlik tomonidan kompensatsiya ajratilgan foiz toʻlovlarining hisobini alohida 16325-balans hisobvaraqlarida yuritadi.
26. Agentlik tomonidan kompensatsiya bank roʻyxati asosida bir qancha kredit shartnomalari boʻyicha bankning 29801-tranzit hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
Bunda 29801-tranzit hisobvaragʻiga tushadigan mablagʻlar bankning Agentlik kompensatsiyalari hisobidan qoplanadigan foizlar 16325-hisobvaragʻiga avtomatik ravishda oʻtkaziladi.
27. Sanoat korxonasi kreditni muddati oʻtganidan soʻng qaytargan holatlarda, ajratiladigan kompensatsiya miqdori tasdiqlangan qaytarish jadvalida qayd etilgan miqdordan oshmasligi lozim.
28. Agentlik tijorat banklarining xabariga asosan kreditlar boʻyicha kompensatsiya ajratishni quyidagi holatlarda toʻxtatadi:
foiz toʻlovlari kompensatsiya qilinadigan kreditdan maqsadsiz foydalanilganda;
sanoat korxonasi toʻlovlar jadvaliga muvofiq bankka toʻlovlarni toʻlash majburiyatlarini uch oy ichida ketma-ket bajarmaganda;
sanoat korxonasi tomonidan kredit miqdori muddatidan oldin soʻndirilganda;
tijorat banki va sanoat korxonasi oʻrtasida kredit shartnomasi bekor qilinganda yoki haqiqiy emas deb topilganda;
sanoat korxonasining bank hisobvaragʻidagi mablagʻlari xatlovga olinganda;
sanoat korxonasining tijorat bankiga taqdim etgan hujjatlarida ishonchsiz yoki notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etilgani aniqlanganda;
toʻlovga qobiliyatsizlik.
29. Tijorat banki belgilangan tartibda sanoat korxonasi bilan tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq sanoat korxonasining krediti hisobidan olingan uskunalarning holatini oʻrganish maqsadida joyiga chiqqan holda monitoring yuritadi.
30. Tijorat banki ushbu Nizomning 28-bandida nazarda tutilgan holatlar aniqlangan taqdirda, Agentlikni kompensatsiya ajratishni toʻxtatish uchun 3 ish kuni ichida xabardor qiladi.
31. Agentlik tijorat bankidan xabarnomani olgandan soʻng 3 ish kuni ichida kompensatsiya ajratish toʻxtatilishi toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va toʻxtatish sabablari koʻrsatilgan yozma xabarnomani tijorat bankiga yuboradi.
32. Agentlik qarorini olgandan soʻng tijorat banki 1 ish kunida qarz oluvchini foiz toʻlovlarining bir qismini kompensatsiya qilish toʻxtatilgani toʻgʻrisida xat orqali xabardor qiladi.
33. Sanoat korxonasining krediti boʻyicha kompensatsiya ajratishni qayta tiklashga faqatgina ushbu Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan holatlar bartaraf etilganidan soʻng ruxsat beriladi.
34. Tijorat banki har oyda hisobot oyidan keyingi oyning 5-sanasiga qadar Agentlikka uning kompensatsiya mablagʻlarining sarflanishi, mijozlar kesimida soʻndirish sanasi va boshqa maʼlumotlar toʻgʻrisida hisobotlar taqdim etib boradi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
35. Ushbu Nizomning talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Sanoat korxonalarida energiya auditi xarajatlarini hamda energiya auditi tadbirlarini moliyalashtirish uchun ajratilgan kredit foiz stavkasining bir qismini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Energiya auditi xarajatlarining bir qismini qoplash tartibi
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Sanoat korxonasi Shartnoma tuzish uchun sanoat korxonasi energiya auditini oʻtkazishning texnik shartlari hamda oxirgi uch yillik energiya resurslari sarfi koʻrsatkichlarini Platformaga yuklaydi va ERI bilan tasdiqlaydi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Agentlik Platformaga kiritilgan maʼlumotlar lot tarzida shakllantiriladi va Platformada roʻyxatdan oʻtgan barcha energiya auditorlariga Platforma tomonidan xabarnoma yuboriladi. Ushbu maʼlumotlar asosida eng past narxlarda oʻz xizmatini taklif qilgan energiya auditori bilan sanoat korxonasi oʻrtasida energiya auditini oʻtkazish toʻgʻrisida elektron shartnomani rasmiylashtiradi. 48 soat ichida 3-bosqich Sanoat korxonasi Shartnomaga asosan energiya auditorining Platformada ochilgan hisobvaragʻiga shartnoma mablagʻini toʻliq oʻtkazadi. 5 ish kunida 4-bosqich Sanoat korxonasi Platforma orqali quyidagi hujjatlarni taqdim etadi: energiya auditini oʻtkazish boʻyicha shartnoma nusxasi; energiya auditi hisoboti va energetika pasporti; energiya auditini oʻtkazish natijalari boʻyicha hisobotdagi tashkiliy-texnik chora-tadbirlar; sanoat korxonasining asosiy faoliyat turi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy faoliyat turlari umumdavlat tasniflagichining (IFUT) “B”, “C” va “D” boʻlimida nazarda tutilgan faoliyat yoʻnalishlariga taalluqliligi toʻgʻrisidagi maʼlumot. Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari tomonidan belgilangan tartibda qabul qilinib, tasdiqlanganidan soʻng 5-bosqich Agentlik Hujjatlarni toʻliq taqdim etilganligini oʻrganadi. 7 kunda 6-bosqich Agentlik Subsidiya ajratish yoki ajratishni rad etish toʻgʻrisida Platforma orqali sanoat korxonasini xabardor qiladi. 2 ish kunida 7-bosqich Operator Platformada xabardor qilingandan soʻng vaqtincha band qilingan mablagʻni energiya auditori hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi. 3 ish kunida 8-bosqich Agentlik Subsidiyani sanoat korxonasining bank hisobvaragʻiga pul koʻchirish orqali ajratadi. 5 ish kunida
Sanoat korxonalarida energiya auditi xarajatlarini hamda energiya auditi tadbirlarini moliyalashtirish uchun ajratilgan kredit foiz stavkasining bir qismini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Tijorat banklari tomonidan ajratiladigan kreditlar foiz stavkasining 10 foizigacha bandini qoplash qismini kompensatsiya qilish tartibi
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Sanoat korxonasi Sanoat korxonasining tijorat banklariga kredit berilishi uchun zarur boʻlgan hujjatlar toʻplamini ilova qilgan holda ariza bilan murojaat qiladi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Tijorat banki Kredit ajratish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanoat korxonalariga kompensatsiya berish toʻgʻrisidagi buyurtmanoma bilan Agentlikka hujjatlarni ilova qilib murojaat qiladi. Har oyning 10-sanasiga qadar 3-bosqich Agentlik Buyurtmanomani koʻrib chiqadi va kompensatsiya ajratishni maʼqullash yoki kompensatsiya ajratishni rad etish toʻgʻrisida maʼlum qiladi. 3 ish kuni ichida 4-bosqich Agentlik Kompensatsiya ajratish maʼqullangan buyurtmanoma boʻyicha kompensatsiyani tijorat bankining alohida ochilgan hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi. 3 ish kuni ichida
Sanoat korxonalarida energiya auditi xarajatlarini hamda energiya auditi tadbirlarini moliyalashtirish uchun ajratilgan kredit foiz stavkasining bir qismini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Tijorat banki kredit ajratish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanoat korxonalariga kompensatsiya berish toʻgʻrisidagi BUYURTMANOMA 20___ yil __________ Buyurtmanoma beruvchi: _______________________________ banki Buyurtmanomani qabul qiluvchi: Energiya samaradorligi milliy agentligi Kompensatsiya summasi: _________________________ Hisobvaraq: _______________________ energiya auditi tadbirlarini moliyalashtirish uchun ajratilgan kredit foiz stavkasi bir qismini qoplab berish nazarda tutilgan mijozlar roʻyxati ilova qilinmoqda. Buyurtmanoma beruvchi: _______________________________ banki Boshqaruvi raisi _________________________ F.I.O.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 14-maydagi 242-son qaroriga 9-ILOVA
Issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslari hamda ularga oʻrnatiladigan kaloriferlar va boylerlarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslari hamda ularga oʻrnatiladigan kaloriferlar va boylerlarni (keyingi oʻrinlarda — issiqlik nasoslari) xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:
“subsidiya.mf.uz” axborot portali — issiqlik nasoslarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish uchun subsidiya ajratish bilan bogʻliq amaliyotlar bajariladigan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining axborot tizimi;
dalolatnoma — issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslarini oʻrnatilganini asoslovchi yetkazib beruvchi va talabgor oʻrtasida rasmiylashtiriladigan qabul qilish va topshirish hujjati;
yetkazib beruvchi — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Energiya samaradorligi milliy agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Energiya samaradorligini oshirish raqamli platformasi (keyingi oʻrinlarda — Platforma) orqali issiqlik nasoslarini sotish va oʻrnatish xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxs;
issiqlik nasosi — atrof-muhitdan (havo, suv yoki geotermal manbalardan) energiya olib, uni kalorifer va boyler yordamida issiqlik yoki sovitish energiyasiga aylantirish va yetkazib beruvchi yangi va ishlab chiqarilganiga 3 yildan oshmagan qurilma;
Platforma operatori — “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” aksiyadorlik jamiyati;
subsidiya — issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarning bir qismini qoplab berish uchun Agentlik huzuridagi Energiya samaradorligini ragʻbatlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) ajratiladigan mablagʻlar;
talabgor — issiqlik nasosini xarid qilish va issiqxona xoʻjaligiga oʻrnatish uchun Platforma orqali buyurtma bergan xoʻjalik yurituvchi subyekt.
3. Issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismi ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq qoplab beriladi.
4. Issiqlik nasoslarini yetkazib beruvchi tomonidan sotish va talabgor tomonidan xarid qilish va ularni oʻrnatganlik uchun subsidiya belgilangan tartibda Platformada roʻyxatdan oʻtgan holda ajratiladi.
2-bob. Issiqlik nasoslarini xarid qilish va oʻrnatish
5. Talabgor yetkazib beruvchilar tomonidan issiqlik nasoslarini xarid qilish va oʻrnatish boʻyicha Platformada yetkazib berish muddatlari koʻrsatilgan holda joylashtirilgan takliflardan birini tanlaydi hamda quyidagi qoʻshimcha maʼlumotlarni kiritadi va buyurtmani ERI bilan tasdiqlagan holda shakllantiradi:
issiqxona manzili;
isitish maydoni (boʻyi, eni va balandligi);
issiqxonaning ustki (tashqi) qoplamasi materiali nomi;
issiqxona issiqlik energiyasi yoʻqotishlarining oldini olishga moʻljallangan issiqlik izolyatsiyalovchi qoplamalar (tent) bilan qoplangan boʻlishi.
Bunda hokim yordamchilari issiqxona joylashgan yer uchastkasiga chiqib, issiqxonaning issiqlik izolyatsiyalovchi qoplamalar (tent) bilan qoplanganini ikki ish kuni davomida oʻrganadi va “Onlayn mahalla” platformasi orqali soʻralgan maʼlumot mavjudligini tasdiqlaydi.
talab etiladigan harorat darajasi;
yillik energiya resurslari (elektr, gaz, koʻmir va boshqalar) isteʼmoli hajmi;
issiqxona joylashgan yer uchastkasiga boʻlgan huquq toʻgʻrisidagi maʼlumot (kadastr raqami, yer ajratish toʻgʻrisidagi qaror sanasi va raqami).
6. Agentlik talabgor tomonidan takliflar joylashtirilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida hamda mazkur Nizomning 5-bandiga muvofiq hokim yordamchisining “Onlayn mahalla” platformasi orqali tasdiqlangan maʼlumotlardan kelib chiqib, taklifni savdoga chiqaradi.
Bunda mazkur Nizomning 5-bandidagi maʼlumotlar toʻliq boʻlmasa va issiqxonalar issiqlik izolyatsiyalovchi qoplamalar (tent) bilan qoplanmagan boʻlsa, Agentlik tomonidan taklif rad etiladi va savdoga chiqarilmaydi. Talabgor tomonidan barcha kamchiliklar bartaraf etilgan holda, takroran subsidiya olish uchun Platforma orqali murojaat qilishi mumkin.
7. Taklif maʼlumotlari lot shaklida Platformadagi barcha yetkazib beruvchilarga avtomatik tarzda (onlayn) yuboriladi.
8. Yetkazib beruvchilar Platformaga joylashtirilgan lot boʻyicha oʻz narx takliflarini lot joylashtirilgan sanadan boshlab besh kun ichida taqdim etadi.
9. Ushbu Nizomning 8-bandida koʻrsatilgan muddat yakunlangandan soʻng eng maqbul narx taklifini bergan yetkazib beruvchi va talabgor oʻrtasida shartnoma Platformada avtomatik tarzda rasmiylashtiriladi.
10. Talabgor shartnomani rasmiylashtirgan sanadan boshlab oʻn besh ish kuni ichida shartnoma qiymatining 80 foizi miqdoridagi mablagʻlarni Platformada belgilangan tartibda ochilgan shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkazadi hamda ushbu mablagʻlar Platformada vaqtincha band qilinadi.
11. Mablagʻlar Platformada band qilingandan soʻng yetkazib beruvchi shartnomada koʻrsatilgan muddatda issiqlik nasosini shartnomada koʻrsatilgan texnik koʻrsatkichlarga muvofiq yetkazilishini va oʻrnatilishini taʼminlaydi.
Platforma operatori yetkazib beruvchi va talabgorlarga qonunchilikda belgilangan tartibda xizmat koʻrsatadi.
3-bob. Issiqlik nasoslarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish
12. Yetkazib beruvchi issiqlik nasosini oʻrnatgandan soʻng Platformada ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi dalolatnomani elektron tarzda shakllantiradi hamda bajarilgan ishlarni tasdiqlovchi foto va video materiallarni Platformaga yuklaydi. Bunda dalolatnomaning haqqoniyligiga va Platformaga yuklangan foto va video materiallar, ularda koʻrsatilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va toʻliqligiga yetkazib beruvchi hamda talabgor teng javobgar hisoblanadi.
13. Dalolatnoma yetkazib beruvchi va talabgor tomonidan elektron tarzda tasdiqlangandan soʻng Platforma operatori:
Platformada vaqtincha band qilingan mablagʻlarni bir ish kunidan kechikmasdan, yetkazib beruvchining bank hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi;
Platformadan “Onlayn mahalla” platformasi orqali talabgorning buyurtmanomada koʻrsatilgan manzildagi hokim yordamchisiga va Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligining hududdagi loyiha ofisi (keyingi oʻrinlarda — loyiha ofisi) xodimiga joyiga chiqqan holda oʻrganishni oʻtkazish boʻyicha xabar (SMS) yuboradi.
14. “Onlayn mahalla” platformasi orqali xabarnoma kelib tushgandan soʻng hokim yordamchisi loyiha ofisi xodimi bilan birga ikki ish kuni ichida issiqlik nasosining haqiqatda oʻrnatilganini va ishchi holatdaligini, uning texnik koʻrsatkichlari Platformadagi shartnoma va dalolatnomada koʻrsatilgan texnik koʻrsatkichlarga mos kelishini joyiga chiqqan holda oʻrganadi.
15. Hokim yordamchisi va loyiha ofisi xodimi tomonidan “Onlayn mahalla” platformasi orqali issiqlik nasosining haqiqatda oʻrnatilgani va ishchi holatdaligi hamda uning texnik koʻrsatkichlarini Platformadagi shartnoma va dalolatnomada koʻrsatilgan texnik koʻrsatkichlarga mos kelishi boʻyicha dalolatnoma tuzgan holda tasdiqlaydi hamda Agentlikka yuboradi.
Dalolatnomaga asosan Agentlik bir ish kuni ichida “subsidiya.mf.uz” axborot portali orqali shartnoma qiymatining 20 foizi miqdorini yetkazib beruvchining hisobvaragʻiga avtomatik ravishda oʻtkazib beradi.
16. Oʻrnatilgan issiqlik nasosi ishga tushirilgandan boshlab 24 oy mobaynida begonalashtirish (sotish) taqiqlanadi. Hokim yordamchisi tomonidan zaruratga koʻra monitoring natijasida shunday holat aniqlanganda, ajratilgan subsidiya talabgor tomonidan Agentlikka toʻliq miqdorda qaytariladi, yer uchastkalarining jamoat ehtiyojlari uchun olib qoʻyilishi munosabati bilan buziladigan va koʻchiriladigan uy-joylar bundan mustasno.
17. Hokim yordamchisi va loyiha ofisi xodimi tomonidan “Onlayn mahalla” platformasi orqali issiqlik nasosining haqiqatda oʻrnatilmagani yoki ishchi holatda emasligi yoxud texnik koʻrsatkichlarning Platformadagi shartnoma va dalolatnomada koʻrsatilgan texnik koʻrsatkichlarga mos emasligi aniqlangan taqdirda, yetkazib beruvchi va talabgorga Platforma orqali kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha xabarnoma talabgorning shaxsiy kabinetiga yuboriladi.
Yetkazib beruvchi bir oy muddatda aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etgan holda, Platforma orqali talabgor xabardorligida qayta dalolatnoma tuzadi va bu toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Platformaga yuklaydi.
Agentlik “Onlayn mahalla” platformasi orqali hokim yordamchisi va loyiha ofisi xodimiga kamchiliklar bartaraf etilganini aniqlash yuzasidan qayta xabarnoma yuboradi.
Kamchiliklar bartaraf etilgani tasdiqlangandan soʻng subsidiya bir ish kuni davomida “Subsidiya.mf.uz” axborot portali orqali belgilangan tartibda ajratiladi.
18. Talabgor hokim yordamchisining subsidiya ajratishni rad etish toʻgʻrisidagi qaroridan norozi boʻlgan taqdirda, belgilangan tartibda yuqori turuvchi tashkilotga yoki sudga shikoyat qilish huquqiga ega.
4-bob. Yakunlovchi qoida
19. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslari hamda ularga oʻrnatiladigan kaloriferlar va boylerlarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddat 1-bosqich Talabgor Platformada yetkazib beruvchilar issiqlik nasoslari boʻyicha joylashtirilgan takliflardan birini tanlab, qoʻshimcha maʼlumotlarni kiritgan holda buyurtmani ERI bilan tasdiqlagan holda shakllantiradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Hokim yordamchisi Issiqxona joylashgan yer uchastkasiga chiqib, issiqxonaning issiqlik izolyatsiyalovchi qoplamalar (tent) bilan qoplanganini oʻrganadi va “Onlayn mahalla” platformasi orqali soʻralgan maʼlumotni mavjudligini tasdiqlaydi. 2 ish kunida 3-bosqich Agentlik Talabgor tomonidan takliflar hokim yordamchisining “Onlayn mahalla” platformasi orqali tasdiqlangan maʼlumotlardan kelib chiqib, taklifni savdoga chiqaradi. 3 ish kunida 4-bosqich Platforma operatori Buyurtmani lot shaklida Platformaga joylashtiradi va ushbu lot maʼlumotlarini barcha yetkazib beruvchilarga avtomatik tarzda yuboradi. 5 ish kunida 5-bosqich Yetkazib beruvchi Joylashtirilgan lot boʻyicha oʻz narx takliflarini taqdim etadi. 6-bosqich Platforma operatori Eng maqbul narx taklifi bergan yetkazib beruvchi va talabgor oʻrtasida shartnomani rasmiylashtiradi. 7-bosqich Talabgor Shartnoma qiymatining 80 foizi miqdoridagi mablagʻlarni Platformada ochilgan shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkazadi. 15 ish kunida 8-bosqich Yetkazib beruvchi 1. Issiqlik nasosini shartnomada koʻrsatilgan texnik koʻrsatkichlarga muvofiq oʻrnatilishini taʼminlaydi. 2. Platformada dalolatnomani elektron tarzda shakllantiradi, bajarilgan ishlarni tasdiqlovchi foto va video materiallarni Platformaga yuklaydi. 3. Dalolatnomani tasdiqlaydi. Shartnomada belgilangan muddatda Yetkazib beruvchi va talabgor Issiqlik nasosi oʻrnatilgandan soʻng 9-bosqich Platforma operatori 1. Vaqtincha band qilingan mablagʻlarni yetkazib beruvchining bank hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi. 1 ish kunida 2. “Onlayn mahalla” platformasi orqali talabgor manzilidagi hokim yordamchisiga joyiga chiqqan holda oʻrganish oʻtkazish boʻyicha xabarnoma yuboradi. Real vaqt rejimida 10-bosqich Hokim yordamchisi va loyiha ofisi xodimi Issiqlik nasosining haqiqatda oʻrnatilganini va ishchi holatdaligini, uning texnik koʻrsatkichlari Platformadagi shartnoma va dalolatnomada koʻrsatilgan texnik koʻrsatkichlarga mos kelishini joyiga chiqqan holda oʻrganadi va holatni tasdiqlaydi yoki rad etadi. 2 ish kunida 11-bosqich Hokim yordamchisi va loyiha ofisi xodimi “Onlayn mahalla” platformasi orqali issiqlik nasosining haqiqatda oʻrnatilmagani yoki ishchi holatda emasligi yoxud texnik koʻrsatkichlarning Platformadagi shartnoma va dalolatnomada koʻrsatilgan texnik koʻrsatkichlarga mos emasligi tasdiqlangan taqdirda, yetkazib beruvchi va talabgorga Platforma orqali kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha xabarnoma yuboradi. 1 ish kunida 12-bosqich Agentlik Issiqlik nasoslarining texnik koʻrsatkichlari oʻzaro mos kelgan taqdirda, “subsidiya.mf.uz” axborot portali orqali shartnoma qiymatining 20 foizi miqdorini yetkazib beruvchining hisobvaragʻiga avtomatik ravishda oʻtkazib beradi. 1 ish kunida
Issiqxona xoʻjaliklariga issiqlik nasoslari hamda ularga oʻrnatiladigan kaloriferlar va boylerlarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Yetkazib beruvchi va talabgor oʻrtasida tuzilgan topshirish va qabul qilish DALOLATNOMASI Shartnoma raqami: __________ Sana: 20__ _ yil “_ __ _” ____ _______ 1. Talabgor korxona nomi ________________________________________ 2. Talabgor korxona rahbari F.I.O. ________________________________________ 3. Yetkazib beruvchi korxona nomi ________________________________________ 4. Yetkazib beruvchi rahbari F.I.O. ________________________________________ 5. Yetkazib beruvchi telefon raqami ________________________________________ 6. Tomonlar ushbu dalolatnomani quyidagi mazmunda tuzdilar: tomonlar oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq ishlar “Yetkazib beruvchi” tomonidan bajarildi, uskunalar oʻrnatildi va sinovdan oʻtkazildi; “Talabgor” tomonidan bajarilgan ishlar qabul qilib olindi. 7. Issiqlik nasoslari oʻrnatilgan joyning maʼlumotlari: Issiqxona joylashgan yer uchastkasiga boʻlgan huquq toʻgʻrisidagi maʼlumot (kadastr raqami, yer ajratish toʻgʻrisidagi qaror sanasi va raqami) _______________________________ ________________________________________________________________________________________ Issiqxona manzili _______________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ Issiqxona isitish maydoni _______________________________________________________________ 8. Oʻrnatilgan issiqlik nasoslarining texnik koʻrsatkichlari: Seriya raqami: ___________________________________________________________________________ Modeli: _________________________________________________________________________________ Soni: ___________________________________________________________________________________ Umumiy quvvati: _________________________________________________________________________ 9. Moliyalashtirish maʼlumotlari: Shartnoma qiymati: _______________________________________________________________________ Talabgor toʻlaydigan summa: ________________________________________________________________ Subsidiya summasi: ________________________________________________________________________ Izoh. Ushbu Dalolatnoma elektron tarzda tuzildi hamda tomonlarning shaxsiy kabinetida saqlanadi.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 14-maydagi 242-son qaroriga 10-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini hamda bino va inshootlarni energiya isteʼmolini energiya auditidan oʻtkazish tartiblarini belgilash toʻgʻrisida” 2024-yil 19-oktabrdagi 690-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1-ilovada :
3-bandning oʻninchi xatboshisi quyidagi mazmundagi oʻninchi-oʻn birinchi xatboshilar bilan almashtirilsin:
“ energetika pasporti — oʻtkazilgan energiya auditi natijasida yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish toʻgʻrisida ishlab chiqiladigan hujjat;
Yagona reyestr — Energiya samaradorligi milliy agentligining Energiya samaradorligini oshirish sohasidagi energiya auditorlarining yagona reyestri”;
15-banddagi “bir oy muddatda” soʻzlari “bir oy muddatda Yagona reyestrdagi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
17-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi mazmundagi ikkinchi-uchinchi xatboshilar bilan almashtirilsin:
“Bunda energiya auditori Oʻzenergoinspeksiyaning koʻrsatmalariga muvofiq dasturni qayta koʻrib chiqib, besh ish kunida tasdiqlash uchun Oʻzenergoinspeksiyaga takroran “Energonazorat” platformasi orqali kiritadi.
Energiya auditidan oʻtkazish dasturlari har yili 1-aprelga qadar tasdiqlanadi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 14-may,
242 -son