📅 2026-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 18 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 мая 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 May 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ
ТАРКИБИ
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, хорижий давлатларда ўзбек тилида таълим олаётган ўқувчиларнинг ўзбек тилига бўлган қизиқишини ва ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарорига мувофиқ:
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини (кейинги ўринларда — халқаро олимпиада) ҳар йили ўтказиб бориш;
халқаро олимпиада ғолибларини республика олий таълим ташкилотларининг «Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти» таълим йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
халқаро олимпиадани ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш;
халқаро олимпиаданинг дастури ва логотипини ишлаб чиқиш ҳамда ғолибларга бериладиган медаллар эскизини тасдиқлаш;
халқаро олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш;
халқаро олимпиада ўтказиладиган жой, иштирокчиларни рўйхатга олиш ва халқаро олимпиадани ўтказиш муддатларини белгилаш;
маҳаллий ва халқаро экспертларни шартнома асосида жалб этган ҳолда, халқаро олимпиаданинг Ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси таркибини тасдиқлаш;
халқаро олимпиадани ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича барча масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш.
4. Белгилансинки:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Фан олимпиадалари маркази Ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади;
халқаро олимпиадада 14 — 18 ёшдаги чет элда истиқомат қиладиган ватандошлар иштирок этади;
халқаро олимпиадада иштирок этадиган хорижий иштирокчилар ва жамоа раҳбарларини кутиб олиш, меҳмонхонага жойлаштириш, овқатлантириш, шаҳарда ҳаракатланиш учун транспорт воситаларидан фойдаланиш, экскурсиялар ташкил этиш, халқаро олимпиада иштирокчилари ва ғолибларига бериладиган сертификатлар, медаллар ва дипломлар, эсдалик совғаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар «Ватандошлар» жамоат фонди, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
халқаро олимпиада ҳар йили октябрь ойига қадар ўтказилади ҳамда ғолиблар тантанали тарзда тақдирланади.
5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йилдан бошлаб халқаро олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳар йилги харажатлар сметасини Ташкилий қўмитага киритиб борсин;
Ҳакамлар ҳайъати томонидан халқаро олимпиада учун назорат материаллари базасини шакллантириш ҳамда экспертизадан ўтказишни ташкил этсин;
икки ой муддатда халқаро олимпиада иштирокчиларини рўйхатга олиш, халқаро олимпиада, тадбирлар ўтказиладиган ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа диққатга сазовор жойлари тўғрисида маълумотларни олиш имконини берувчи махсус платформани ишга туширсин;
халқаро олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига маҳаллий ва хорижий волонтёрларни жалб этсин.
6. Ташқи ишлар вазирлиги:
Ташкилий қўмита томонидан тақдим этилган халқаро олимпиада ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва консуллик муассасаларига етказган ҳолда, халқаро олимпиадани хорижий давлатларда тарғиб қилсин;
халқаро олимпиадада иштирок этувчи ватандошлар учун Ўзбекистон Республикасига кириш визалари, консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирмасдан, заруратга кўра, И. Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида расмийлаштирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда халқаро олимпиада жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майдаги 250-сон қарорига 1-ИЛОВА
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини (кейинги ўринларда — халқаро олимпиада) ташкил этиш, ўтказиш ҳамда ғолибларни тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Халқаро олимпиадада 14 — 18 ёшдаги чет элда истиқомат қилувчи ватандош бўлган мактаб ўқувчилари якка тартибда ёки терма жамоа сифатида ўз хоҳишларига кўра, ихтиёрий равишда иштирок этади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
иштирокчи — мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган талабларга жавоб берувчи ва платформа орқали рўйхатдан ўтган ўқувчи ёки терма жамоа;
назорат материаллари — халқаро олимпиада давомида иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун ишлатиладиган ёзма иш ва тест топшириқлари тўплами;
баҳолаш мезони — халқаро олимпиада иштирокчиларининг натижаларини аниқлашда қўлланадиган талаблар ва кўрсаткичлар тизими;
платформа — Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг халқаро олимпиада иштирокчиларини рўйхатга олиш, маълумотларни қабул қилиш ва маълумот алмашишга мўлжалланган махсус электрон тизими.
4. Халқаро олимпиада ягона илмий-услубий ёндашув, адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилади.
5. Халқаро олимпиада ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.
2-боб. Халқаро олимпиаданинг мақсади ва асосий вазифалари
6. Халқаро олимпиаданинг мақсади хорижий давлатларда ўзбек тили ёки хорижий тилларда таълим олаётган мактаб ўқувчилари ўртасида ўзбек тилини ўрганишни кенг тарғиб қилиш ва хорижий давлатларда ўқувчиларнинг ўзбек тилини чуқур ўрганишга қизиқишларини оширишдан иборат.
7. Халқаро олимпиаданинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
хорижий давлатлардаги таълим ташкилотларида ўзбек тили фанини замонавий талаблар даражасида ўқитишга эришиш;
хорижий давлатларда таълим олаётган ватандош мактаб ўқувчилари орасида ўзбек тилини ўрганишга бўлган иштиёқни ошириш ва рағбатлантириш;
хорижий давлатларда ўзбек тили фани ўқитилаётган таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва ўқувчиларнинг халқаро миқёсда билимини синовдан ўтказиш.
3-боб. Ташкилий қўмита
8. Халқаро олимпиаданинг белгиланган талаблар асосида ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Фан олимпиадалари маркази (кейинги ўринларда — Марказ), «Ватандошлар» жамоат фонди (кейинги ўринларда — Фонд) ҳамда тегишли давлат ташкилотлари мутахассисларидан иборат таркибда тузиладиган Ташкилий қўмита томонидан таъминланади.
Марказ Ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади.
9. Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
халқаро олимпиадани ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш;
халқаро олимпиаданинг дастури ва логотипини ишлаб чиқиш ҳамда ғолибларга бериладиган медаллар эскизини тасдиқлаш;
халқаро олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш;
халқаро олимпиада ўтказиладиган жой, иштирокчиларни рўйхатга олиш ва халқаро олимпиадани ўтказиш муддатларини белгилаш;
халқаро олимпиаданинг Ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси таркибини тасдиқлаш;
халқаро олимпиадани ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича барча масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш.
Ташкилий қўмита халқаро олимпиадани юқори савияда ўтказиш учун масъул ҳисобланади.
10. Марказ ва Фонд биргаликда Ташкилий қўмита томонидан белгиланган халқаро олимпиада бўлиб ўтадиган манзилларни (имтиҳон бўлиб ўтадиган жой ва меҳмонхоналар) тайёрлайди.
4-боб. Ҳакамлар ҳайъати
11. Халқаро олимпиада ғолибларини аниқлашда холислик, адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида хорижий ва маҳаллий малакали мутахассислардан иборат Ҳакамлар ҳайъати ташкил этилади ва унинг таркиби Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари орасидан ҳайъат раиси сайланади.
12. Ҳакамлар ҳайъатининг фаолияти Марказ томонидан мувофиқлаштирилади.
13. Ҳакамлар ҳайъати:
халқаро олимпиада жараёнида бериладиган назорат материалларини ишлаб чиқади ва экспертизадан ўтказади, топшириқларнинг мураккаблигига қўйиладиган талабларнинг даражасига мувофиқ бўлишини таъминлайди;
иштирокчилар томонидан бажарилган ишларни тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида текширади, баҳолайди ва ғолибларни аниқлайди;
иштирокчиларга халқаро олимпиаданинг тартиб-қоидалари тўғрисида тушунтириш беради;
халқаро олимпиаданинг бошланиши ва тугаш вақтини эълон қилади ҳамда халқаро олимпиада жараёнини назорат қилади;
халқаро олимпиада жараёнида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаган иштирокчиларни халқаро олимпиададан далолатнома тузиб, четлаштиради;
халқаро олимпиада якунлари юзасидан белгиланган тартибда қарорларни тайёрлайди ва расмийлаштиради;
халқаро олимпиада натижаларини халқаро олимпиада иштирокчилари ва жамоа раҳбарлари иштирокида эълон қилади;
халқаро олимпиада натижалари ҳақида Ташкилий қўмитага батафсил ҳисобот беради ва зарур ҳужжатларни тақдим этади.
14. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари халқаро олимпиада ғолибларини холисона аниқлашда ва назорат материалларининг махфийлигини таъминлашда шахсан жавобгар ҳисобланади.
5-боб. Халқаро олимпиадани ўтказиш
15. Ташкилий қўмита халқаро олимпиада бўлиб ўтадиган муддатлар ҳамда жойни белгилайди ва бу ҳақида эълон беради.
16. Халқаро олимпиада иштирокчилари платформа орқали рўйхатга олинади.
17. Рўйхатга олиш давомида иштирокчилар қуйидаги маълумотларни платформага юклайдилар:
халқаро олимпиадада иштирок этувчи ўқувчи ёки терма жамоа таркиби;
терма жамоа аъзолари ҳақида маълумотлар (туғилган кун, ой, йил, таълим ташкилоти, таълим тили, фуқаролиги);
иштирокчиларнинг шахсий эҳтиёжлари ҳақида маълумотлар (соғлиғи, овқатланиш ва бошқалар).
18. Халқаро олимпиада ҳар йили октябрь ойига қадар икки босқичда (тест топшириқлари ва ёзма иш шаклида) ўтказилади.
19. Халқаро олимпиадада иштирокчилар жамоавий ёки якка тартибда оффлайн ва онлайн шаклда иштирок этишлари мумкин.
20. Халқаро олимпиадада хорижий давлат терма жамоалари таркиби 6 нафаргача иштирокчи ва 1 нафар жамоа раҳбаридан иборат бўлади. Халқаро олимпиадада битта давлатдан 3 тагача терма жамоа иштирок этишига рухсат берилади.
21. Биринчи босқичда (тест) иштирокчилар умумий 50 балл билан баҳоланадиган 30 та тест топшириқларини 120 дақиқа ичида бажарадилар. Бунда:
тест топшириқларининг дастлабки 10 таси оддий қийинчилик даражасидаги ёпиқ тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 0,9 балл билан;
кейинги 10 таси ўрта қийинлик даражасидаги ёпиқ тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 1,5 балл билан;
қолган 10 таси юқори қийинлик даражасидаги ёпиқ тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 2,6 балл билан баҳоланади.
22. Иштирокчиларнинг тест топшириқларига берган жавоблар варағида битта саволга икки ва ундан ортиқ жавоблар тўғри деб белгиланган бўлса, уларнинг биронтаси ҳам инобатга олинмайди ҳамда ушбу саволнинг жавоби учун 0 балл қўйилади.
23. Иккинчи босқичда (ёзма иш) иштирокчилар Ҳакамлар ҳайъати томонидан тақдим этилган 5 тагача ёзма иш (эссе) мавзулари орасидан қуръа ташлаш йўли билан танланган битта мавзу асосида ижодий иш ёзадилар.
Ёзма иш бажариш учун 180 дақиқа вақт ажратилади ва умумий 50 балл билан баҳоланади.
24. Иккинчи босқичда иштирокчилар томонидан ёзилган ишлар мазкур Низомга 2-иловада келтирилган ёзма иш бўйича баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.
25. Икки босқич якунларига кўра совринли ўринлар учун бир нечта иштирокчиларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, ёзма иш (иккинчи босқич) бўйича кўп балл тўплаган иштирокчига устунлик берилади. Бунда:
ёзма иш бўйича баллар тенг бўлганда, тест топшириқларининг юқори қийинлик даражасидаги топшириқлар бўйича кўп балл тўплаган иштирокчига устунлик берилади;
кўзда тутилган барча ҳолатлар бўйича ғолиб ўринлар учун иштирокчиларнинг натижалари тенг бўлган тақдирда, Ҳакамлар ҳайъати томонидан қўшимча тест саволлари бериш орқали ғолиб аниқланади.
26. Халқаро олимпиада ўтказиладиган аудиториялар видеокузатув камералари билан жиҳозланади. Аудиторияда телефон ва турли алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Оммавий ахборот воситалари вакилларига халқаро олимпиада жараёнига халақит қилмаган ҳолда кузатишларига рухсат берилади.
27. Халқаро олимпиадада оффлайн иштирок этиш имконияти бўлмаган иштирокчилар қуйидаги талабларга жавоб берадиган жойларда халқаро олимпиадада иштирок этишлари мумкин:
тўлиқ овозли видеокузатув остидаги хонада жойлашиш;
халқаро олимпиада бўлиб ўтадиган муддатда мазкур хонанинг овозли видеокузатувларини онлайн шаклда марказлашган ҳолда халқаро олимпиада бўлиб ўтадиган манзилда узатилишини таъминлаш;
халқаро олимпиада жараёнлари якунлангандан сўнг иштирокчиларнинг бажарган ишларини видеокузатув остидаги хонанинг ўзида сканер қилиш ва Ташкилий қўмита томонидан белгиланган электрон манзилга юбориш.
28. Халқаро олимпиада ўтказиладиган жараёнда иштирокчиларнинг ўзаро гаплашиши, алоқа воситалари ва қўшимча манбалардан фойдаланиши тақиқланади.
Бундай ҳолатлар учун иштирокчи халқаро олимпиададан четлаштирилади, бажарган ишлари текширилмайди ва баҳоланмайди.
29. Халқаро олимпиада якунида иштирокчиларнинг тўплаган балларига кўра ғолиблар аниқланади ва ғолиблар улуши иштирокчиларнинг 60 фоизидан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Халқаро олимпиада ғолибларига олтин, кумуш, бронза медаллари ҳамда тегишли диплом ва сертификатлар топширилади. Медаллар сони мос равишда 1:2:3 нисбатда бўлинади.
30. Ташкилий қўмита халқаро олимпиадага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ягона илмий-услубий ёндашувни таъминлайди.
6-боб. Апелляция комиссияси фаолиятини ташкил этиш
31. Апелляция комиссияси Ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган уч нафаргача мутахассислардан иборат таркибда ташкил этилади.
32. Апелляция комиссияси томонидан халқаро олимпиада иштирокчиларининг аризалари халқаро олимпиада натижалари эълон қилинган куннинг ўзида қабул қилинади. Апелляция жараёнида Ҳакамлар ҳайъати аъзолари, иштирокчи ва жамоа раҳбари иштирок этиши мумкин.
33. Апелляцияга халқаро олимпиада иштирокчиларининг фақатгина ўзлари томонидан бажарилган ишларини қайта кўриб чиқиш бўйича аризалари қабул қилинади.
34. Апелляция комиссияси иштирокчилар аризаларини мазкур Низом талаблари ҳамда баҳолаш мезонлари асосида кўриб чиқади ва Ҳакамлар ҳайъати қарорини ўзгартириш, бекор қилиш ёки ўзгартиришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.
35. Апелляция комиссияси Ҳакамлар ҳайъати қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганда, ушбу қарор бўйича Ҳакамлар ҳайъатига изоҳ беради. Бунда Ҳакамлар ҳайъати қарори қайта тасдиқланади.
36. Апелляция комиссияси томонидан қабул қилинган қарор ариза билан мурожаат этган иштирокчи, жамоа раҳбари ва Ҳакамлар ҳайъатига қарор қабул қилинган кунда эълон қилинади.
37. Ташкилий қўмита Ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси қарорлари асосида шаклланган якуний натижаларни халқаро олимпиада бўлиб ўтган кунда эълон қилади.
7-боб. Халқаро олимпиада ғолибларини тақдирлаш ва молиялаштириш
38. Халқаро олимпиада иштирокчилари сертификатлар, ғолиб ва совриндорлари Ташкилий қўмита томонидан олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Бунда халқаро олимпиада ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларига ташкилотчилар ёки ҳомийлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари берилиши мумкин.
39. Халқаро олимпиадада олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритган ғолиблар республика олий таълим ташкилотларининг «Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти» бакалавриат таълим йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёздан уч йил мобайнида фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади.
40. Халқаро олимпиадада иштирок этадиган иштирокчилар ва терма жамоа раҳбарларини кутиб олиш, меҳмонхонага жойлаштириш, овқатлантириш, шаҳарда ҳаракатланиш учун транспорт воситаларидан фойдаланиш, экскурсиялар ташкил этиш, халқаро олимпиада иштирокчилари ва ғолибларига сертификатлар, медаллар ва дипломлар, эсдалик совғаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Фонд маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
41. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
42. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш
Босқичлар Масъуллар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ташкилий қўмита Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси (кейинги ўринларда — халқаро олимпиада) Ҳакамлар ҳайъатини шакллантиради, халқаро олимпиада бўлиб ўтадиган муддатлар ҳамда жойни белгилайди ва бу ҳақида эълон беради. Ҳар йили 1 майга қадар 2-босқич Иштирокчилар (14 — 18 ёшдаги чет элда истиқомат қилувчи ватандош бўлган мактаб ўқувчилари ) Махсус платформада рўйхатдан ўтади. Ҳар йили июль — август ойларида 3-босқич Ҳакамлар ҳайъати Халқаро олимпиада назорат материалларини тайёрлайди. Ҳар йили 1 августга қадар 4-босқич Фан олимпиадалари маркази, «Ватандошлар» жамоат фонди Халқаро олимпиада бўлиб ўтадиган манзилларни (имтиҳон бўлиб ўтадиган жой ва меҳмонхоналар) тайёрлайди. Ҳар йили 1 сентябрга қадар 5-босқич Ташкилий қўмита, Фан олимпиадалари маркази, «Ватандошлар» жамоат фонди Халқаро олимпиадани юқори савияда ташкил этади, ўтказади ва ғолибларни аниқлайди. Ҳар йили октябрь ойига қадар
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси иккинчи босқичи (ёзма иш) бўйича
Т/р 4 балл 3 балл 2 балл 1 балл 0 балл Топшириқ талабларининг бажарилганлиги Эссе тўлиқ публицистик услубда ёзилган. Айрим ўринларда публицистик услубдан чекинилган. Эссе қисман публицистик услубда ёзилган. Эссе тўлиқ бадиий услубида ёзилган. Эссе тўлиқ сўзлашув услубида ёзилган. Вазият юзасидан ҳар иккала қараш ҳамда талабгорнинг шахсий қарашлари тўла ёритилган. Вазият юзасидан ҳар иккала қараш ёритилган, талабгорнинг шахсий фикри ёритилмаган. Вазият юзасидан қарашларнинг биттаси тўла ёритилган. Вазият юзасидан қарашларнинг фақат биттаси қисман ёритилган. Вазият юзасидан қарашлар ёритилмаган. Берилган вазият юзасидан ҳар иккала қарашлар ҳаётий мисоллар билан далилланган. Фақат битта қараш далилланган. Ҳар иккала қараш учун келтирилган айрим далиллар вазиятга мос эмас. Ҳар иккала қараш учун келтирилган далиллар вазиятга мос эмас. Ҳар иккала далилланмаган қараш. Матн яхлитлиги (нутқ композицияси, нутқнинг мантиқийлиги) Кириш, асосий қисм ва хулоса тўла ёритиб берилган. Кириш икки-уч жумладан иборат. Берилган вазият матни айнан кўчирилмаган. Асосий қисм камида учта хатбошидан иборат. Хулоса икки-уч жумладан иборат. Кириш қисми мавжуд. Асосий қисм икки хатбошидан иборат, қисман ёритилган. Хулоса ёзилган, мезонга мос. Кириш қисми мавжуд. Асосий қисм икки хатбошидан кам, мавзу етарлича ёритилмаган. Хулоса ёзилган, мезонга мос эмас. Кириш қисмида берилган вазият. айнан кўчирилган. Асосий қисм икки хатбошидан кам, мавзу етарлича ёритилмаган. Хулоса ёзилмаган. Кириш қисми ёзилмаган. Асосий қисм талабга мутлақо мос келмаган. Хулоса ёзилмаган. Мантиқий-қурилиш (матн қисмлари ёки гап қурилиши)да хатолик кузатилмаган. Эссе хатбошиларга тўғри ажратилган. Мантиқий-қурилиш (матн қисмлари ёки гап қурилиши)да ёки Эссени хатбошиларга ажратишда (1-2-ўринда) хатоликка йўл қўйилган. Мантиқий-қурилиш (матн қисмлари ёки гап қурилиши)да ёки Эссени хатбошиларга ажратишда (3-4-ўринда) хатоликка йўл қўйилган. Мантиқий-қурилиш (матн қисмлари ёки гап қурилиши)да ёки Эссени хатбошиларга ажратишда (5-6-ўринда) хатоликка йўл қўйилган. Мантиқий-қурилиш матн қисмлари ёки гап қурилиши)да 7 ва ундан кўп ўринда хатоликка йўл қўйилган. Эссе хатбошиларга умуман ажратилмаган. Мантиқий-мазмуний изчилликка тўлиқ риоя қилинган. Фикрлар такрори кузатилмаган. Фикрлар такрори учраган (1-2-ўринда), мантиқий-мазмуний изчиллик узилмаган. Фикрлар такрори учраган (3-4-ўринда), мантиқий-мазмуний изчиллик бузилган. Фикрлар такрори учраган (5-6-ўринда), мантиқий-мазмуний изчиллик бузилган. Фикрлар такрори 7 ва ундан ортиқ ўринда учраган, мантиқий- мазмуний изчиллик бузилган. Саводхонлик (нутқнинг тўғрилиги) Имло билан боғлиқ хатолик умуман учрамаган. Имло билан боғлиқ хатолик 1-2-ўринда учраган. Имло билан боғлиқ хатолик 3-4-ўринда учраган. Имло билан боғлиқ хатолик 5-6-ўринда учраган. Имло билан боғлиқ хатолик 7 ва ундан ортиқ ўринда учраган. Пунктуацион хатолик умуман учрамаган. Пунктуацион хатолик 1-2-ўринда учраган. Пунктуацион хатолик 3-4-ўринда учраган. Пунктуацион хатолик 5-6-ўринда учраган. Пунктуацион хатолик 7 ва ундан ортиқ ўринда учраган. Тил бирликлари услубияти (нутқнинг жўялилиги) Қўшимча қўллаш билан боғлиқ хатолик умуман учрамаган. Қўшимча қўллаш билан боғлиқ хатолик 1-2-ўринда учраган. Қўшимча қўллаш билан боғлиқ хатолик 3-4-ўринда учраган. Қўшимча қўллаш билан боғлиқ хатолик 5-6-ўринда учраган. Қўшимча қўллаш билан боғлиқ хатолик 7 ва ундан ортиқ ўринда учраган. Сўз қўллаш билан боғлиқ услубий хатолик кузатилмаган. Сўз қўллаш билан боғлиқ услубий хатолик 1-2-ўринда кузатилган Сўз қўллаш билан боғлиқ услубий хатолик 3-4-ўринда кузатилган. Сўз қўллаш билан боғлиқ услубий хатолик 5-6-ўринда кузатилган. Сўз қўллаш билан боғлиқ услубий хатолик 7 ва ундан кўп ўринда кузатилган. Луғат бойлиги (нутқнинг бойлиги, ифодалилиги ва софлиги) Лексик хилма-хиллик кузатилган: тасвирий ифодалар, вазиятга мос махсус лексик бирликлар ва бошқа барқарор бирикма (мақол, матал ҳикматли сўзлар ва ибора)лардан унумли фойдаланилган. Лексик хилма-хиллик кузатилмаган: тасвирий ифодалар, вазиятга мос махсус лексик бирликлар ва бошқа барқарор бирикмалардан айрим ўринларда фойдаланилган. Лексик хилма-хиллик кузатилган: тасвирий ифодалар, вазиятга мос махсус лексик бирликлар ва бошқа барқарор бирикмалардан фойдаланилган айрим ўринларда ноўрин фойдаланилган. Лексик хилма-хиллик кузатилмаган: тасвирий ифодалар, вазиятга мос махсус лексик бирликлар ва бошқа барқарор бирикмалардан ноўрин фойдаланилган. Лексик хилма-хиллик кузатилмаган: тасвирий ифодалар, вазиятга мос махсус лексик бирликлар ва бошқа барқарор бирикмалардан фойдаланилмаган. Ноўрин қўлланган шевага оид сўз ёки қўшимчалар, вульгаризм, варваризм, паразит сўзлар учрамайди. Шевага оид сўз ёки қўшимчалар, вульгаризм, варваризм, паразит сўзларнинг қўлланишига оид хатоликлар 1-2-ўринда учраган, аммо услубий ғализлик юзага келмаган. Шевага оид сўз ёки қўшимчалар, вульгаризм, варваризм, паразит сўзларнинг қўлланишига оид хатоликлар 3-4-ўринда учраган, услубий ғализлик юзага келган. Шевага оид сўз ёки қўшимчалар, вульгаризм, варваризм, паразит сўзларнинг қўлланишига оид хатоликлар 5-6-ўринда учраган, услубий ғализлик юзага келган. Шевага оид сўз ёки қўшимчалар, вульгаризм, варваризм, паразит сўзларнинг қўлланишига оид хатоликлар 7 ва ундан кўп ўринда учраган, услубий ғализлик юзага келган. Ҳуснихат 2 балл 1,5 балл 1 балл 0,5 балл 0 балл Эссе ҳуснихат талабида ёзилган, тузатишлардан холи бўлса. Эссе ҳуснихат талабида ёзилган, 1-2-ўринда тузатишлар мавжуд бўлса. Эссе ҳуснихат талабида ёзилган, 3-4-ўринда тузатишлар мавжуд бўлса. Эссе ҳуснихат талабига мос келмаса, 5-6-ўринда тузатишлар мавжуд бўлса. Эссе ҳуснихат талабига мос келмаса, ёзув тушунарсиз, 7 ва ундан ортиқ тузатишлар мавжуд бўлса. ЖАМИ: 50 балл
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майдаги 250-сон қарорига 2-ИЛОВА
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
1. Э.Г. Каримова — мактабгача ва мактаб таълими вазири, Ташкилий қўмита раиси 2. О.Б. Саттаров — «Ватандошлар» жамоат фонди бошқаруви раиси, Ташкилий қўмита ҳамраиси 3. Э.Э. Адилов — соғлиқни сақлаш вазири 4. С.Б. Раджабов — олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари 5. Б.Ж. Аълоев — ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари 6. О.Р. Фазилкаримов — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари 7. А.З. Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори 8. Ш.С. Сирожиддинов — Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори 9. С.Б. Шакирова — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори 10. Т.Ю. Шерматов — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Фан олимпиадалари маркази директори, Ташкилий қўмита котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 18 май,
250-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
BAHOLASH MEZONLARI
TARKIBI
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat tilini yanada rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-308-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, xorijiy davlatlarda oʻzbek tilida taʼlim olayotgan oʻquvchilarning oʻzbek tiliga boʻlgan qiziqishini va oʻzbek tilining xalqaro miqyosdagi nufuzini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-308-son qaroriga muvofiq:
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini (keyingi oʻrinlarda — xalqaro olimpiada) har yili oʻtkazib borish;
xalqaro olimpiada gʻoliblarini respublika oliy taʼlim tashkilotlarining “Filologiya va tillarni oʻqitish: oʻzbek tili va adabiyoti” taʼlim yoʻnalishiga umumiy qabul kvotasidan tashqari davlat granti asosida oʻqishga qabul qilish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda — Tashkiliy qoʻmita) tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Quyidagilar Tashkiliy qoʻmitaning asosiy vazifalari etib belgilansin:
xalqaro olimpiadani tashkil etish ishlarini muvofiqlashtirish;
xalqaro olimpiadaning dasturi va logotipini ishlab chiqish hamda gʻoliblarga beriladigan medallar eskizini tasdiqlash;
xalqaro olimpiadani tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha xarajatlar smetasini tasdiqlash;
xalqaro olimpiada oʻtkaziladigan joy, ishtirokchilarni roʻyxatga olish va xalqaro olimpiadani oʻtkazish muddatlarini belgilash;
mahalliy va xalqaro ekspertlarni shartnoma asosida jalb etgan holda, xalqaro olimpiadaning Hakamlar hayʼati va apellyatsiya komissiyasi tarkibini tasdiqlash;
xalqaro olimpiadani oʻtkazishga tayyorgarlik koʻrish boʻyicha barcha masalalarni tezkorlik bilan hal etish.
4. Belgilansinki:
Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligining Fan olimpiadalari markazi Tashkiliy qoʻmitaning ishchi organi hisoblanadi;
xalqaro olimpiadada 14 — 18 yoshdagi chet elda istiqomat qiladigan vatandoshlar ishtirok etadi;
xalqaro olimpiadada ishtirok etadigan xorijiy ishtirokchilar va jamoa rahbarlarini kutib olish, mehmonxonaga joylashtirish, ovqatlantirish, shaharda harakatlanish uchun transport vositalaridan foydalanish, ekskursiyalar tashkil etish, xalqaro olimpiada ishtirokchilari va gʻoliblariga beriladigan sertifikatlar, medallar va diplomlar, esdalik sovgʻalarini tayyorlash bilan bogʻliq xarajatlar “Vatandoshlar” jamoat fondi, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;
xalqaro olimpiada har yili oktabr oyiga qadar oʻtkaziladi hamda gʻoliblar tantanali tarzda taqdirlanadi.
5. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi:
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2026-yildan boshlab xalqaro olimpiadani tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq har yilgi xarajatlar smetasini Tashkiliy qoʻmitaga kiritib borsin;
Hakamlar hayʼati tomonidan xalqaro olimpiada uchun nazorat materiallari bazasini shakllantirish hamda ekspertizadan oʻtkazishni tashkil etsin;
ikki oy muddatda xalqaro olimpiada ishtirokchilarini roʻyxatga olish, xalqaro olimpiada, tadbirlar oʻtkaziladigan hamda Oʻzbekistonning boshqa diqqatga sazovor joylari toʻgʻrisida maʼlumotlarni olish imkonini beruvchi maxsus platformani ishga tushirsin;
xalqaro olimpiadani tashkil etish va oʻtkazish jarayonlariga mahalliy va xorijiy volontyorlarni jalb etsin.
6. Tashqi ishlar vazirligi:
Tashkiliy qoʻmita tomonidan taqdim etilgan xalqaro olimpiada haqidagi maʼlumotlarni Oʻzbekistonning xorijdagi elchixonalari va konsullik muassasalariga yetkazgan holda, xalqaro olimpiadani xorijiy davlatlarda targʻib qilsin;
xalqaro olimpiadada ishtirok etuvchi vatandoshlar uchun Oʻzbekiston Respublikasiga kirish vizalari, konsullik yigʻimlari va haqiqiy xarajatlarning oʻrnini qoplash hisobidan yigʻimlar undirmasdan, zaruratga koʻra, I. Karimov nomidagi “Toshkent” xalqaro aeroportida rasmiylashtirilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasiga Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi bilan birgalikda xalqaro olimpiada jarayonlarini ommaviy axborot vositalarida keng yoritib borish tavsiya etilsin.
8. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri E.G. Karimova hamda oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 18-maydagi 250-son qaroriga 1-ILOVA
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini (keyingi oʻrinlarda — xalqaro olimpiada) tashkil etish, oʻtkazish hamda gʻoliblarni taqdirlash tartibini belgilaydi.
2. Xalqaro olimpiadada 14 — 18 yoshdagi chet elda istiqomat qiluvchi vatandosh boʻlgan maktab oʻquvchilari yakka tartibda yoki terma jamoa sifatida oʻz xohishlariga koʻra, ixtiyoriy ravishda ishtirok etadi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ishtirokchi — mazkur Nizomning 2-bandida belgilangan talablarga javob beruvchi va platforma orqali roʻyxatdan oʻtgan oʻquvchi yoki terma jamoa;
nazorat materiallari — xalqaro olimpiada davomida ishtirokchilarning bilim va koʻnikmalarini baholash uchun ishlatiladigan yozma ish va test topshiriqlari toʻplami;
baholash mezoni — xalqaro olimpiada ishtirokchilarining natijalarini aniqlashda qoʻllanadigan talablar va koʻrsatkichlar tizimi;
platforma — Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining xalqaro olimpiada ishtirokchilarini roʻyxatga olish, maʼlumotlarni qabul qilish va maʼlumot almashishga moʻljallangan maxsus elektron tizimi.
4. Xalqaro olimpiada yagona ilmiy-uslubiy yondashuv, adolatlilik, ochiqlik va shaffoflik tamoyillari asosida oʻtkaziladi.
5. Xalqaro olimpiada ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq tashkil etiladi va oʻtkaziladi.
2-bob. Xalqaro olimpiadaning maqsadi va asosiy vazifalari
6. Xalqaro olimpiadaning maqsadi xorijiy davlatlarda oʻzbek tili yoki xorijiy tillarda taʼlim olayotgan maktab oʻquvchilari oʻrtasida oʻzbek tilini oʻrganishni keng targʻib qilish va xorijiy davlatlarda oʻquvchilarning oʻzbek tilini chuqur oʻrganishga qiziqishlarini oshirishdan iborat.
7. Xalqaro olimpiadaning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
xorijiy davlatlardagi taʼlim tashkilotlarida oʻzbek tili fanini zamonaviy talablar darajasida oʻqitishga erishish;
xorijiy davlatlarda taʼlim olayotgan vatandosh maktab oʻquvchilari orasida oʻzbek tilini oʻrganishga boʻlgan ishtiyoqni oshirish va ragʻbatlantirish;
xorijiy davlatlarda oʻzbek tili fani oʻqitilayotgan taʼlim tashkilotlari bilan hamkorlik oʻrnatish va oʻquvchilarning xalqaro miqyosda bilimini sinovdan oʻtkazish.
3-bob. Tashkiliy qoʻmita
8. Xalqaro olimpiadaning belgilangan talablar asosida oʻtkazilishi Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligining Fan olimpiadalari markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz), “Vatandoshlar” jamoat fondi (keyingi oʻrinlarda — Fond) hamda tegishli davlat tashkilotlari mutaxassislaridan iborat tarkibda tuziladigan Tashkiliy qoʻmita tomonidan taʼminlanadi.
Markaz Tashkiliy qoʻmitaning ishchi organi hisoblanadi.
9. Quyidagilar Tashkiliy qoʻmitaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
xalqaro olimpiadani tashkil etish ishlarini muvofiqlashtirish;
xalqaro olimpiadaning dasturi va logotipini ishlab chiqish hamda gʻoliblarga beriladigan medallar eskizini tasdiqlash;
xalqaro olimpiadani tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha xarajatlar smetasini tasdiqlash;
xalqaro olimpiada oʻtkaziladigan joy, ishtirokchilarni roʻyxatga olish va xalqaro olimpiadani oʻtkazish muddatlarini belgilash;
xalqaro olimpiadaning Hakamlar hayʼati va apellyatsiya komissiyasi tarkibini tasdiqlash;
xalqaro olimpiadani oʻtkazishga tayyorgarlik koʻrish boʻyicha barcha masalalarni tezkorlik bilan hal etish.
Tashkiliy qoʻmita xalqaro olimpiadani yuqori saviyada oʻtkazish uchun masʼul hisoblanadi.
10. Markaz va Fond birgalikda Tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilangan xalqaro olimpiada boʻlib oʻtadigan manzillarni (imtihon boʻlib oʻtadigan joy va mehmonxonalar) tayyorlaydi.
4-bob. Hakamlar hayʼati
11. Xalqaro olimpiada gʻoliblarini aniqlashda xolislik, adolat va shaffoflikni taʼminlash maqsadida xorijiy va mahalliy malakali mutaxassislardan iborat Hakamlar hayʼati tashkil etiladi va uning tarkibi Tashkiliy qoʻmita tomonidan tasdiqlanadi.
Hakamlar hayʼati aʼzolari orasidan hayʼat raisi saylanadi.
12. Hakamlar hayʼatining faoliyati Markaz tomonidan muvofiqlashtiriladi.
13. Hakamlar hayʼati:
xalqaro olimpiada jarayonida beriladigan nazorat materiallarini ishlab chiqadi va ekspertizadan oʻtkazadi, topshiriqlarning murakkabligiga qoʻyiladigan talablarning darajasiga muvofiq boʻlishini taʼminlaydi;
ishtirokchilar tomonidan bajarilgan ishlarni tasdiqlangan baholash mezonlari asosida tekshiradi, baholaydi va gʻoliblarni aniqlaydi;
ishtirokchilarga xalqaro olimpiadaning tartib-qoidalari toʻgʻrisida tushuntirish beradi;
xalqaro olimpiadaning boshlanishi va tugash vaqtini eʼlon qiladi hamda xalqaro olimpiada jarayonini nazorat qiladi;
xalqaro olimpiada jarayonida belgilangan tartib-qoidalarga amal qilmagan ishtirokchilarni xalqaro olimpiadadan dalolatnoma tuzib, chetlashtiradi;
xalqaro olimpiada yakunlari yuzasidan belgilangan tartibda qarorlarni tayyorlaydi va rasmiylashtiradi;
xalqaro olimpiada natijalarini xalqaro olimpiada ishtirokchilari va jamoa rahbarlari ishtirokida eʼlon qiladi;
xalqaro olimpiada natijalari haqida Tashkiliy qoʻmitaga batafsil hisobot beradi va zarur hujjatlarni taqdim etadi.
14. Hakamlar hayʼati aʼzolari xalqaro olimpiada gʻoliblarini xolisona aniqlashda va nazorat materiallarining maxfiyligini taʼminlashda shaxsan javobgar hisoblanadi.
5-bob. Xalqaro olimpiadani oʻtkazish
15. Tashkiliy qoʻmita xalqaro olimpiada boʻlib oʻtadigan muddatlar hamda joyni belgilaydi va bu haqida eʼlon beradi.
16. Xalqaro olimpiada ishtirokchilari platforma orqali roʻyxatga olinadi.
17. Roʻyxatga olish davomida ishtirokchilar quyidagi maʼlumotlarni platformaga yuklaydilar:
xalqaro olimpiadada ishtirok etuvchi oʻquvchi yoki terma jamoa tarkibi;
terma jamoa aʼzolari haqida maʼlumotlar (tugʻilgan kun, oy, yil, taʼlim tashkiloti, taʼlim tili, fuqaroligi);
ishtirokchilarning shaxsiy ehtiyojlari haqida maʼlumotlar (sogʻligʻi, ovqatlanish va boshqalar).
18. Xalqaro olimpiada har yili oktabr oyiga qadar ikki bosqichda (test topshiriqlari va yozma ish shaklida) oʻtkaziladi.
19. Xalqaro olimpiadada ishtirokchilar jamoaviy yoki yakka tartibda offlayn va onlayn shaklda ishtirok etishlari mumkin.
20. Xalqaro olimpiadada xorijiy davlat terma jamoalari tarkibi 6 nafargacha ishtirokchi va 1 nafar jamoa rahbaridan iborat boʻladi. Xalqaro olimpiadada bitta davlatdan 3 tagacha terma jamoa ishtirok etishiga ruxsat beriladi.
21. Birinchi bosqichda (test) ishtirokchilar umumiy 50 ball bilan baholanadigan 30 ta test topshiriqlarini 120 daqiqa ichida bajaradilar. Bunda:
test topshiriqlarining dastlabki 10 tasi oddiy qiyinchilik darajasidagi yopiq test boʻlib, har bir toʻgʻri javob uchun 0,9 ball bilan;
keyingi 10 tasi oʻrta qiyinlik darajasidagi yopiq test boʻlib, har bir toʻgʻri javob uchun 1,5 ball bilan;
qolgan 10 tasi yuqori qiyinlik darajasidagi yopiq test boʻlib, har bir toʻgʻri javob uchun 2,6 ball bilan baholanadi.
22. Ishtirokchilarning test topshiriqlariga bergan javoblar varagʻida bitta savolga ikki va undan ortiq javoblar toʻgʻri deb belgilangan boʻlsa, ularning birontasi ham inobatga olinmaydi hamda ushbu savolning javobi uchun 0 ball qoʻyiladi.
23. Ikkinchi bosqichda (yozma ish) ishtirokchilar Hakamlar hayʼati tomonidan taqdim etilgan 5 tagacha yozma ish (esse) mavzulari orasidan qurʼa tashlash yoʻli bilan tanlangan bitta mavzu asosida ijodiy ish yozadilar.
Yozma ish bajarish uchun 180 daqiqa vaqt ajratiladi va umumiy 50 ball bilan baholanadi.
24. Ikkinchi bosqichda ishtirokchilar tomonidan yozilgan ishlar mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan yozma ish boʻyicha baholash mezonlari asosida baholanadi.
25. Ikki bosqich yakunlariga koʻra sovrinli oʻrinlar uchun bir nechta ishtirokchilarning ballari teng boʻlgan taqdirda, yozma ish (ikkinchi bosqich) boʻyicha koʻp ball toʻplagan ishtirokchiga ustunlik beriladi. Bunda:
yozma ish boʻyicha ballar teng boʻlganda, test topshiriqlarining yuqori qiyinlik darajasidagi topshiriqlar boʻyicha koʻp ball toʻplagan ishtirokchiga ustunlik beriladi;
koʻzda tutilgan barcha holatlar boʻyicha gʻolib oʻrinlar uchun ishtirokchilarning natijalari teng boʻlgan taqdirda, Hakamlar hayʼati tomonidan qoʻshimcha test savollari berish orqali gʻolib aniqlanadi.
26. Xalqaro olimpiada oʻtkaziladigan auditoriyalar videokuzatuv kameralari bilan jihozlanadi. Auditoriyada telefon va turli aloqa vositalaridan foydalanish taqiqlanadi.
Ommaviy axborot vositalari vakillariga xalqaro olimpiada jarayoniga xalaqit qilmagan holda kuzatishlariga ruxsat beriladi.
27. Xalqaro olimpiadada offlayn ishtirok etish imkoniyati boʻlmagan ishtirokchilar quyidagi talablarga javob beradigan joylarda xalqaro olimpiadada ishtirok etishlari mumkin:
toʻliq ovozli videokuzatuv ostidagi xonada joylashish;
xalqaro olimpiada boʻlib oʻtadigan muddatda mazkur xonaning ovozli videokuzatuvlarini onlayn shaklda markazlashgan holda xalqaro olimpiada boʻlib oʻtadigan manzilda uzatilishini taʼminlash;
xalqaro olimpiada jarayonlari yakunlangandan soʻng ishtirokchilarning bajargan ishlarini videokuzatuv ostidagi xonaning oʻzida skaner qilish va Tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilangan elektron manzilga yuborish.
28. Xalqaro olimpiada oʻtkaziladigan jarayonda ishtirokchilarning oʻzaro gaplashishi, aloqa vositalari va qoʻshimcha manbalardan foydalanishi taqiqlanadi.
Bunday holatlar uchun ishtirokchi xalqaro olimpiadadan chetlashtiriladi, bajargan ishlari tekshirilmaydi va baholanmaydi.
29. Xalqaro olimpiada yakunida ishtirokchilarning toʻplagan ballariga koʻra gʻoliblar aniqlanadi va gʻoliblar ulushi ishtirokchilarning 60 foizidan ortiq boʻlmasligi lozim.
Xalqaro olimpiada gʻoliblariga oltin, kumush, bronza medallari hamda tegishli diplom va sertifikatlar topshiriladi. Medallar soni mos ravishda 1:2:3 nisbatda boʻlinadi.
30. Tashkiliy qoʻmita xalqaro olimpiadaga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazishda yagona ilmiy-uslubiy yondashuvni taʼminlaydi.
6-bob. Apellyatsiya komissiyasi faoliyatini tashkil etish
31. Apellyatsiya komissiyasi Hakamlar hayʼati tarkibiga kirmagan uch nafargacha mutaxassislardan iborat tarkibda tashkil etiladi.
32. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan xalqaro olimpiada ishtirokchilarining arizalari xalqaro olimpiada natijalari eʼlon qilingan kunning oʻzida qabul qilinadi. Apellyatsiya jarayonida Hakamlar hayʼati aʼzolari, ishtirokchi va jamoa rahbari ishtirok etishi mumkin.
33. Apellyatsiyaga xalqaro olimpiada ishtirokchilarining faqatgina oʻzlari tomonidan bajarilgan ishlarini qayta koʻrib chiqish boʻyicha arizalari qabul qilinadi.
34. Apellyatsiya komissiyasi ishtirokchilar arizalarini mazkur Nizom talablari hamda baholash mezonlari asosida koʻrib chiqadi va Hakamlar hayʼati qarorini oʻzgartirish, bekor qilish yoki oʻzgartirishsiz qoldirish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
35. Apellyatsiya komissiyasi Hakamlar hayʼati qarorini oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilganda, ushbu qaror boʻyicha Hakamlar hayʼatiga izoh beradi. Bunda Hakamlar hayʼati qarori qayta tasdiqlanadi.
36. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan qabul qilingan qaror ariza bilan murojaat etgan ishtirokchi, jamoa rahbari va Hakamlar hayʼatiga qaror qabul qilingan kunda eʼlon qilinadi.
37. Tashkiliy qoʻmita Hakamlar hayʼati va apellyatsiya komissiyasi qarorlari asosida shakllangan yakuniy natijalarni xalqaro olimpiada boʻlib oʻtgan kunda eʼlon qiladi.
7-bob. Xalqaro olimpiada gʻoliblarini taqdirlash va moliyalashtirish
38. Xalqaro olimpiada ishtirokchilari sertifikatlar, gʻolib va sovrindorlari Tashkiliy qoʻmita tomonidan oltin, kumush, bronza medallari, diplom va esdalik sovgʻalari bilan taqdirlanadi.
Bunda xalqaro olimpiada gʻoliblari, sovrindorlari va ishtirokchilariga tashkilotchilar yoki homiylar tomonidan diplom va esdalik sovgʻalari berilishi mumkin.
39. Xalqaro olimpiadada oltin, kumush, bronza medallarini qoʻlga kiritgan gʻoliblar respublika oliy taʼlim tashkilotlarining “Filologiya va tillarni oʻqitish: oʻzbek tili va adabiyoti” bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga umumiy qabul kvotasidan tashqari davlat granti asosida oʻqishga kirish boʻyicha imtiyozdan uch yil mobaynida foydalanish huquqini qoʻlga kiritadi.
40. Xalqaro olimpiadada ishtirok etadigan ishtirokchilar va terma jamoa rahbarlarini kutib olish, mehmonxonaga joylashtirish, ovqatlantirish, shaharda harakatlanish uchun transport vositalaridan foydalanish, ekskursiyalar tashkil etish, xalqaro olimpiada ishtirokchilari va gʻoliblariga sertifikatlar, medallar va diplomlar, esdalik sovgʻalarini tayyorlash bilan bogʻliq xarajatlar Fond mablagʻlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
41. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
42. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini tashkil etish va oʻtkazish
Bosqichlar Masʼullar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Tashkiliy qoʻmita Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasi (keyingi oʻrinlarda — xalqaro olimpiada) Hakamlar hayʼatini shakllantiradi, xalqaro olimpiada boʻlib oʻtadigan muddatlar hamda joyni belgilaydi va bu haqida eʼlon beradi. Har yili 1-mayga qadar 2-bosqich Ishtirokchilar (14 — 18 yoshdagi chet elda istiqomat qiluvchi vatandosh boʻlgan maktab oʻquvchilari ) Maxsus platformada roʻyxatdan oʻtadi. Har yili iyul — avgust oylarida 3-bosqich Hakamlar hayʼati Xalqaro olimpiada nazorat materiallarini tayyorlaydi. Har yili 1-avgustga qadar 4-bosqich Fan olimpiadalari markazi, “Vatandoshlar” jamoat fondi Xalqaro olimpiada boʻlib oʻtadigan manzillarni (imtihon boʻlib oʻtadigan joy va mehmonxonalar) tayyorlaydi. Har yili 1-sentabrga qadar 5-bosqich Tashkiliy qoʻmita, Fan olimpiadalari markazi, “Vatandoshlar” jamoat fondi Xalqaro olimpiadani yuqori saviyada tashkil etadi, oʻtkazadi va gʻoliblarni aniqlaydi. Har yili oktabr oyiga qadar
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasi ikkinchi bosqichi (yozma ish) boʻyicha
T/r 4 ball 3 ball 2 ball 1 ball 0 ball Topshiriq talablarining bajarilganligi Esse toʻliq publitsistik uslubda yozilgan. Ayrim oʻrinlarda publitsistik uslubdan chekinilgan. Esse qisman publitsistik uslubda yozilgan. Esse toʻliq badiiy uslubida yozilgan. Esse toʻliq soʻzlashuv uslubida yozilgan. Vaziyat yuzasidan har ikkala qarash hamda talabgorning shaxsiy qarashlari toʻla yoritilgan. Vaziyat yuzasidan har ikkala qarash yoritilgan, talabgorning shaxsiy fikri yoritilmagan. Vaziyat yuzasidan qarashlarning bittasi toʻla yoritilgan. Vaziyat yuzasidan qarashlarning faqat bittasi qisman yoritilgan. Vaziyat yuzasidan qarashlar yoritilmagan. Berilgan vaziyat yuzasidan har ikkala qarashlar hayotiy misollar bilan dalillangan. Faqat bitta qarash dalillangan. Har ikkala qarash uchun keltirilgan ayrim dalillar vaziyatga mos emas. Har ikkala qarash uchun keltirilgan dalillar vaziyatga mos emas. Har ikkala dalillanmagan qarash. Matn yaxlitligi (nutq kompozitsiyasi, nutqning mantiqiyligi) Kirish, asosiy qism va xulosa toʻla yoritib berilgan. Kirish ikki-uch jumladan iborat. Berilgan vaziyat matni aynan koʻchirilmagan. Asosiy qism kamida uchta xatboshidan iborat. Xulosa ikki-uch jumladan iborat. Kirish qismi mavjud. Asosiy qism ikki xatboshidan iborat, qisman yoritilgan. Xulosa yozilgan, mezonga mos. Kirish qismi mavjud. Asosiy qism ikki xatboshidan kam, mavzu yetarlicha yoritilmagan. Xulosa yozilgan, mezonga mos emas. Kirish qismida berilgan vaziyat. aynan koʻchirilgan. Asosiy qism ikki xatboshidan kam, mavzu yetarlicha yoritilmagan. Xulosa yozilmagan. Kirish qismi yozilmagan. Asosiy qism talabga mutlaqo mos kelmagan. Xulosa yozilmagan. Mantiqiy-qurilish (matn qismlari yoki gap qurilishi)da xatolik kuzatilmagan. Esse xatboshilarga toʻgʻri ajratilgan. Mantiqiy-qurilish (matn qismlari yoki gap qurilishi)da yoki Esseni xatboshilarga ajratishda (1-2-oʻrinda) xatolikka yoʻl qoʻyilgan. Mantiqiy-qurilish (matn qismlari yoki gap qurilishi)da yoki Esseni xatboshilarga ajratishda (3-4-oʻrinda) xatolikka yoʻl qoʻyilgan. Mantiqiy-qurilish (matn qismlari yoki gap qurilishi)da yoki Esseni xatboshilarga ajratishda (5-6-oʻrinda) xatolikka yoʻl qoʻyilgan. Mantiqiy-qurilish matn qismlari yoki gap qurilishi)da 7 va undan koʻp oʻrinda xatolikka yoʻl qoʻyilgan. Esse xatboshilarga umuman ajratilmagan. Mantiqiy-mazmuniy izchillikka toʻliq rioya qilingan. Fikrlar takrori kuzatilmagan. Fikrlar takrori uchragan (1-2-oʻrinda), mantiqiy-mazmuniy izchillik uzilmagan. Fikrlar takrori uchragan (3-4-oʻrinda), mantiqiy-mazmuniy izchillik buzilgan. Fikrlar takrori uchragan (5-6-oʻrinda), mantiqiy-mazmuniy izchillik buzilgan. Fikrlar takrori 7 va undan ortiq oʻrinda uchragan, mantiqiy- mazmuniy izchillik buzilgan. Savodxonlik (nutqning toʻgʻriligi) Imlo bilan bogʻliq xatolik umuman uchramagan. Imlo bilan bogʻliq xatolik 1-2-oʻrinda uchragan. Imlo bilan bogʻliq xatolik 3-4-oʻrinda uchragan. Imlo bilan bogʻliq xatolik 5-6-oʻrinda uchragan. Imlo bilan bogʻliq xatolik 7 va undan ortiq oʻrinda uchragan. Punktuatsion xatolik umuman uchramagan. Punktuatsion xatolik 1-2-oʻrinda uchragan. Punktuatsion xatolik 3-4-oʻrinda uchragan. Punktuatsion xatolik 5-6-oʻrinda uchragan. Punktuatsion xatolik 7 va undan ortiq oʻrinda uchragan. Til birliklari uslubiyati (nutqning joʻyaliligi) Qoʻshimcha qoʻllash bilan bogʻliq xatolik umuman uchramagan. Qoʻshimcha qoʻllash bilan bogʻliq xatolik 1-2-oʻrinda uchragan. Qoʻshimcha qoʻllash bilan bogʻliq xatolik 3-4-oʻrinda uchragan. Qoʻshimcha qoʻllash bilan bogʻliq xatolik 5-6-oʻrinda uchragan. Qoʻshimcha qoʻllash bilan bogʻliq xatolik 7 va undan ortiq oʻrinda uchragan. Soʻz qoʻllash bilan bogʻliq uslubiy xatolik kuzatilmagan. Soʻz qoʻllash bilan bogʻliq uslubiy xatolik 1-2-oʻrinda kuzatilgan Soʻz qoʻllash bilan bogʻliq uslubiy xatolik 3-4-oʻrinda kuzatilgan. Soʻz qoʻllash bilan bogʻliq uslubiy xatolik 5-6-oʻrinda kuzatilgan. Soʻz qoʻllash bilan bogʻliq uslubiy xatolik 7 va undan koʻp oʻrinda kuzatilgan. Lugʻat boyligi (nutqning boyligi, ifodaliligi va sofligi) Leksik xilma-xillik kuzatilgan: tasviriy ifodalar, vaziyatga mos maxsus leksik birliklar va boshqa barqaror birikma (maqol, matal hikmatli soʻzlar va ibora)lardan unumli foydalanilgan. Leksik xilma-xillik kuzatilmagan: tasviriy ifodalar, vaziyatga mos maxsus leksik birliklar va boshqa barqaror birikmalardan ayrim oʻrinlarda foydalanilgan. Leksik xilma-xillik kuzatilgan: tasviriy ifodalar, vaziyatga mos maxsus leksik birliklar va boshqa barqaror birikmalardan foydalanilgan ayrim oʻrinlarda nooʻrin foydalanilgan. Leksik xilma-xillik kuzatilmagan: tasviriy ifodalar, vaziyatga mos maxsus leksik birliklar va boshqa barqaror birikmalardan nooʻrin foydalanilgan. Leksik xilma-xillik kuzatilmagan: tasviriy ifodalar, vaziyatga mos maxsus leksik birliklar va boshqa barqaror birikmalardan foydalanilmagan. Nooʻrin qoʻllangan shevaga oid soʻz yoki qoʻshimchalar, vulgarizm, varvarizm, parazit soʻzlar uchramaydi. Shevaga oid soʻz yoki qoʻshimchalar, vulgarizm, varvarizm, parazit soʻzlarning qoʻllanishiga oid xatoliklar 1-2-oʻrinda uchragan, ammo uslubiy gʻalizlik yuzaga kelmagan. Shevaga oid soʻz yoki qoʻshimchalar, vulgarizm, varvarizm, parazit soʻzlarning qoʻllanishiga oid xatoliklar 3-4-oʻrinda uchragan, uslubiy gʻalizlik yuzaga kelgan. Shevaga oid soʻz yoki qoʻshimchalar, vulgarizm, varvarizm, parazit soʻzlarning qoʻllanishiga oid xatoliklar 5-6-oʻrinda uchragan, uslubiy gʻalizlik yuzaga kelgan. Shevaga oid soʻz yoki qoʻshimchalar, vulgarizm, varvarizm, parazit soʻzlarning qoʻllanishiga oid xatoliklar 7 va undan koʻp oʻrinda uchragan, uslubiy gʻalizlik yuzaga kelgan. Husnixat 2 ball 1,5 ball 1 ball 0,5 ball 0 ball Esse husnixat talabida yozilgan, tuzatishlardan xoli boʻlsa. Esse husnixat talabida yozilgan, 1-2-oʻrinda tuzatishlar mavjud boʻlsa. Esse husnixat talabida yozilgan, 3-4-oʻrinda tuzatishlar mavjud boʻlsa. Esse husnixat talabiga mos kelmasa, 5-6-oʻrinda tuzatishlar mavjud boʻlsa. Esse husnixat talabiga mos kelmasa, yozuv tushunarsiz, 7 va undan ortiq tuzatishlar mavjud boʻlsa. JAMI: 50 ball
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 18-maydagi 250-son qaroriga 2-ILOVA
Alisher Navoiy nomidagi xalqaro oʻzbek tili olimpiadasini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita
1. E.G. Karimova — maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri, Tashkiliy qoʻmita raisi 2. O.B. Sattarov — “Vatandoshlar” jamoat fondi boshqaruvi raisi, Tashkiliy qoʻmita hamraisi 3. E.E. Adilov — sogʻliqni saqlash vaziri 4. S.B. Radjabov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari 5. B.J. Aʼloyev — tashqi ishlar vazirining birinchi oʻrinbosari 6. O.R. Fazilkarimov — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari 7. A.Z. Saʼdullayev — Yoshlar ishlari agentligi direktori 8. Sh.S. Sirojiddinov — Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti rektori 9. S.B. Shakirova — Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi direktori 10. T.Yu. Shermatov — Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligining Fan olimpiadalari markazi direktori, Tashkiliy qoʻmita kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 18-may,
250-son