📅 2026-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 18 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 мая 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 May 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш тартибини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 20 апрелдаги ПФ-113-сон Фармони ҳамда «Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-78-сон қарорига мувофиқ ер муносабатлари соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда — Регламент) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат хизмати кўрсатилишини Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ташкил этиш;
ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматини кўрсатишни рад этиш тартиби;
ариза берувчи томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда — Кадастр агентлиги) Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Регламентга мувофиқ давлат хизматининг Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали кўрсатилишини;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Солиқ қўмитаси ҳамда Кадастр агентлигининг ахборот тизимлари ЯИДХП билан ўзаро интеграция қилинишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ушбу қарорга мувофиқ давлат хизмати кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатсин;
Регламентга мувофиқ давлат хизматини кўрсатиш тартибини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чораларини қўлласин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майдаги 255-сон қарорига ИЛОВА
Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича ариза берган ижарачи ёки унинг ваколатли вакили;
ижарага берувчи — ер участкасини жисмоний ёки юридик шахсга ижарага берган туман (шаҳар) ҳокимлиги;
ижарачи — ер участкасини ижарага олган ва ундан ижара шартномасига мувофиқ фойдаланаётган жисмоний ёки юридик шахс;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси (кейинги ўринларда — ер участкаси) — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланиладиган ер участкалари (суғориладиган ва лалми ҳайдалма ерлар, бўз ерлар, кўп йиллик мевали-резавор дов-дарахтлар, токзорлар ва бошқа дарахтлар билан банд бўлган ерлар, яйлов ва пичанзорлар);
қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси (кейинги ўринларда — ер участкаси) — давлат мулки бўлган, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилмаган ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган ер участкаси.
3. Ушбу Регламент туман (шаҳар) ҳокимлиги билан тузилган:
ер участкаси ижара шартномаларининг амал қилиш муддати тугаган жисмоний ёки юридик шахсларнинг фойдаланишида бўлган ер участкалари;
жисмоний ёки юридик шахсларга ижара ҳуқуқи асосида тегишли ер участкаларининг ижара шартномасини янги муддатга узайтиришга татбиқ этилади.
Бунда ижарага олувчи шартноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар уч ой ичида ушбу шартномани узайтириш тўғрисида электрон равишда ижарага берувчига мурожаат қилиши шарт.
Ушбу Регламент ўрмон фонди, махсус иқтисодий зоналар, саноат зоналари ҳудудида жойлашган, давлат органлари томонидан ўзига доимий фойдаланиш асосида тегишли бўлган ер участкаларидан ижарага берилган ҳамда кўчма савдо объектлари учун ажратилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Ер участкасининг ижара шартномаси ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ янги муддатга узайтирилади.
5. Ер участкасининг ижара шартномаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатга узайтирилади.
6. Ер участкасининг ижара шартномаси ер участкаси ижарачиси ёки унинг ишончли вакилининг мурожаатига асосан янги муддатга узайтирилади.
7. Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматлари Давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали (кейинги ўринларда — филиал), Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари (кейинги ўринларда — бўлим), туман (шаҳар) солиқ инспекцияси ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматларини кўрсатиш
8. Ариза берувчи ижара шартномаси муддатини янги муддатга узайтириш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
9. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари марказлари ходими — ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса мустақил равишда, ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш учун тўлов тўлайди.
Ариза берувчи ихтиёрига кўра ер участкасининг ижара шартномаси муддатини янги муддатга узайтириш ва белгиланган тартибда кадастр паспортини олиш ҳамда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун бир вақтда (композит хизмат сифатида) ёки алоҳида мурожаат қилиши мумкин.
10. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
аввал расмийлаштирилган ер участкасининг ижара шартномаси;
ер участкасининг ижарачиси номидан ҳаракат қилингани бўйича ишончнома (агар ижарачининг номидан бошқа шахс мурожаат қилса).
Давлат хизматлари маркази томонидан ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
11. Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, ЭРИ, Mobil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
12. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, уни ариза берувчи тасдиқлагандан сўнг аризага илова қилинган ҳужжатлар реал вақт режимида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича филиалга ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича бўлимга, туман (шаҳар) солиқ инспекциясига электрон шаклда юборилади.
ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда филиал ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясига «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали юборилади.
13. Давлат хизматларини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Давлат хизматларини кўрсатиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, кўрсатилган хизматлар учун йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
14. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан ижара шартномаси имзолангунга қадар воз кечиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан воз кечганда, унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда ундирилган йиғим қайтарилмайди.
15. Давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўлов тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
16. Тўловлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:
18 фоизи — Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
10 фоизи — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги шахсий ҳисобварағига (тўлов Ягона биллинг тизими орқали тўланганда);
10 фоизи — солиқ инспекцияси ҳисобварағига;
қолган маблағлар тўлиқ миқдорда туман (шаҳар) ҳокимликларининг шахсий ҳисобварағига;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи — давлат хизмати Ягона биллинг тизими орқали кўрсатилганда) — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги шахсий ҳисобварағига;
10 фоизи — солиқ инспекцияси ҳисобварағига;
қолган маблағлар тўлиқ миқдорда туман (шаҳар) ҳокимликларининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.
Тўловлар давлат хизматлари кўрсатилгани учун давлат божлари ва тўловлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизими орқали тўланади.
17. Филиалга ва бўлимга сўровнома келиб тушган кунда автоматик тарзда ер участкасининг ижара шартномаси асосида ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ижарачи номига давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳамда ушбу кўчмас мулк бўйича ваколатли орган томонидан кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилгани ва сўровномалар мавжудлиги текширилади.
18. Туман (шаҳар) солиқ инспекцияси томонидан мол-мулк солиғи ҳамда ер участкасининг ижара тўловларидан қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслиги «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали автоматик текширилади.
19. Филиал, бўлим ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг маълумотлари «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ижарага берувчига юборилади.
20. Ижарага берувчи филиал, бўлим ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг маълумотларини олганидан сўнг 10 иш кун ичида:
ер участкасидан мунтазам равишда фойдаланилмаётгани ёки ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланилаётгани тўғрисида маълумот мавжудлигини текширади;
филиал, бўлим ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг маълумотларини ўрганади;
ўрганиш натижалари бўйича ариза келишилгани ёки рад этилгани тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган хабарномани шакллантиради ва уни Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига юборади.
Келишув ҳеч қандай эслатма ва шартларсиз, тегишли масъул ходимнинг ЭРИси билан тасдиқланадиган розилик резолюцияси орқали амалга оширилади.
Келишув рад этилган тақдирда, ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш мумкин эмаслиги ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг аниқ нормасига асосланган сабаблар кўрсатилган хабарнома ижарага берувчи томонидан тайёрланади.
21. Қуйидагилар давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади:
ижара шартномаси асосида ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ариза берувчи номига давлат рўйхатидан ўтказилмагани;
ер участкаси ва унинг ижараси тўғрисидаги сўровномада кўрсатилган маълумотларнинг давлат реестридаги маълумотларга мувофиқ эмаслиги;
ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланилаётгани;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан оқилона фойдаланилмагани;
белгиланган муддатлар мобайнида фойдаланилмагани тўғрисида маълумот мавжудлиги;
мол-мулк солиғи ҳамда ижара тўловларидан қарздорлик мавжудлиги;
давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўлов ўз вақтида ёки тўлиқ тўланмагани;
ижара шартномаси ариза берувчи томонидан белгиланган муддатда имзоланмагани;
сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилгани;
ушбу кўчмас мулк объектининг мансублиги масаласида низолар борлигидан далолат берувчи суд ҳужжатлари ва сўровномаларининг мавжудлиги;
ваколатли орган томонидан кўчмас мулк объектига тақиқ қўйилгани;
аризага илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.
22. Агар ижарага берувчи томонидан ариза берувчининг ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш тўғрисидаги мурожаатига бир ой ичида жавоб берилмаса, ижара шартномаси автоматик тарзда янги муддатга узайтирилган ҳисобланади.
Бундай ҳолларда ижара шартномаси тизимда автоматик тарзда расмийлаштирилади ва электрон шаклда тасдиқланган шартнома ариза берувчига электрон тарзда юборилади.
23. Ариза берувчи рад жавобини олган кундан бошлаб бир ой ичида давлат хизматини кўрсатиш учун тўловни тўламасдан, ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтиришни рад этиш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта ариза топширишга ҳақли.
Ушбу Регламентнинг 21-банди иккинчи хатбошисида белгиланган ҳолатлар аниқланганда ижара шартномасини янги муддатга узайтириш тўлиқ рад этилади ҳамда қайта ариза топшириш имконияти яратилмайди. Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг аниқ нормасига асосланган сабаблар кўрсатилган хабарнома ижарага берувчи томонидан тайёрланади.
24. Ер участкасининг ижара шартномаси янги муддатга узайтириш учун келишилгани тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган хабарнома шакллантирилгандан сўнг ижара шартномаси автоматик равишда Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда ЭРИ билан имзолаш учун тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳамда ариза берувчига электрон шаклда юборилади.
25. Ер участкасининг ижара шартномаси келиб тушгандан сўнг ижарага берувчи ва ариза берувчи 5 иш кунида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 6 ва 24-моддаларига асосан ижара муддатини белгилаган ҳолда ер участкасининг ижара шартномасини имзолайди.
26. Ер участкасининг ижара шартномаси туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан имзолангандан сўнг автоматик тарзда ариза берувчига юборилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
27. Давлат хизматлари марказлари, филиал, бўлим, туман (шаҳар) солиқ инспекцияси ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган ариза берувчи ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши шарт.
28. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ушбу Регламент талаблари бажарилиши бўйича фаолиятини, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ва мониторинг қилиб боради.
29. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
30. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи 1. Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қилади. 2. Давлат хизматини кўрсатиш учун йиғимни тўлайди. Заруратга кўра 2-босқич Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП Ариза берувчининг сўровномасини аризага илова қилинган ҳужжатлар билан Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалига, туман (шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимига, туман (шаҳар) солиқ инспекциясига ҳамда ижарага берувчига электрон шаклда юборади. Реал вақт режимида 3-босқич Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали, Туман (шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими Сўровнома келиб тушган кунда автоматик тарзда ер участкаси ижара шартномаси асосида ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ижарачи номига давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳамда ушбу кўчмас мулк объекти бўйича ваколатли орган томонидан кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилгани ва сўровномаларнинг мавжудлигини текширади. Автоматик тарзда Туман (шаҳар) солиқ инспекцияси Мол-мулк солиғи ҳамда ер участкасининг ижара тўловларидан қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслигини «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали текширади. Автоматик тарзда 4-босқич Ижарага берувчи 1. Филиал, бўлим ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг маълумотларини олгандан сўнг қуйидагиларни ўрганади: ер участкасидан мунтазам равишда фойдаланилмаётгани тўғрисида маълумот мавжудлигини; филиал ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг маълумотларини. 2. Ўрганиш натижалари бўйича ариза келишилгани ёки рад этилгани тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган хабарномани шакллантиради ва уни Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП орқали ариза берувчига юборади. 10 иш куни ичида 5-босқич Ижарага берувчи Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 6 ва 24-моддаларига асосан ер участкасининг ижара муддатини белгилаган ҳолда ижара шартномасини имзолайди. 5 иш куни 6-босқич Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП Ер участкасининг ижара шартномаси тарафлар томонидан имзолангандан сўнг уни автоматик тарзда ариза берувчига юборади. Реал вақт режимида
Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
_________________ ______________ (сана) (рақами) Ер участкасининг ижара шартномасини янги муддатга узайтириш бўйича СЎРОВНОМА I. Ариза берувчи — жисмоний шахс тўғрисида маълумот: 1. Ф.И.О.: 2. Паспорт (ID-карта) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами): 3. Телефон рақами: 4. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): II. Ариза берувчи — юридик шахс тўғрисида маълумот: 1. Расмий номи (тўлиқ): 2. Жойлашган манзили: 3. Телефон рақами: 4. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): III. Ер участкалари тўғрисида маълумот: 1. Ер участкаларининг манзили (индекс, манзил, мўлжал): 2. Ер участкаларининг кадастр рақами: 3. Ер участкаларининг майдонлари (га): 4. Аввалги ер ижара шартномаси (илова қилинади).
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 18 май,
255 -сон