UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 15-aprel · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 15 апрель · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 15 апреля 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Директор Агентства по противодействию коррупции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 15 April 2026 · Ministry and agency documents · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ

БУЙРУҒИ

НИЗОМ

Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги ПҚ-147-сон «Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ 2026 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.

Келишилган:

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2026 йил 15 апрелдаги 90-сон буйруғига ИЛОВА

Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларидаги (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларининг (бундан буён матнда ички назорат тузилмалари ходимлари деб юритилади) малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ички назорат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш уларнинг коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини бошқариш соҳаларидаги билимларини мустаҳкамлаш ва янгилаш ҳамда уларнинг касбий тайёрлиги зиммасига юкланган вазифалари ва функцияларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

2. Ички назорат тузилмалари ходимларини стажировкадан ўтказиш стажёрнинг тайинланаётган лавозимда ўз вазифалари ва функцияларини сифатли бажариши, ушбу лавозимда самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган касбий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилади.

3. Ички назорат тузилмалари ходимларини аттестациядан ўтказиш уларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, қонунчиликда белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш мақсадида амалга оширилади.

4. Ички назорат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш қонунийлик, тенглик, очиқлик, холислик, малакалилик ва даврийлик тамойиллари асосида ташкил этилади.

2-боб. Ички назорат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш

5. Ички назорат тузилмалари ходимлари ҳар йили коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўйича қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитилади .

Ички назорат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформасида ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3565, 2024 йил 30 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бунда давлат органлари ва ташкилотлари ички назорат тузилмалари ўз ходимларининг «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформасида малака ошириш курсларида қатнашиши учун масъул ҳисобланади .

6. Ички назорат тузилмалари ходимлари давлат органлари ва ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) томонидан тасдиқланадиган режа-жадвалга асосан «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформасида ташкил этиладиган махсус ўқув курсларида ўқитилади .

3-боб. Ички назорат тузилмаларининг биринчи марта лавозимга тайинланган ходимларининг стажировка ўташи

7. Давлат органлари ва ташкилотлари ички назорат тузилмаси ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсни стажировкадан ўтказишни сўраб, у лавозимга тайинланган кундан эътиборан ўн кун ичида Агентликка ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Агентлик мурожаат келиб тушгандан сўнг, бир ой муддат ичида стажировкани ташкил қилиши ва уни ўташ бўйича аниқ муддатни кўрсатган ҳолда давлат органи ёки ташкилотининг раҳбарини стажировка бошланишидан камида бир ҳафта олдин ёзма ёки электрон равишда хабардор қилиши керак.

8. Стажёрни белгиланган муддатда стажировкадан ўтиш учун юбориш мажбурияти давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбари зиммасига юклатилади.

9. Стажировкани ташкил қилиш бўйича Агентликнинг «Комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш ва ички назорат тузилмалари фаолиятини тартибга солиш бошқармаси ва Кадрлар бўлими (бундан буён матнда стажировка бўйича ишчи орган деб юритилади) ишчи орган ҳисобланади.

Бунда давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинма ва таркибий ташкилотларидаги ички назорат тузилмалари ходимларининг стажировкадан ўтишини ташкил қилиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат ва кадрлар бўлинмалари стажировка бўйича ишчи орган ҳисобланади.

10. Давлат органлари ва ташкилотлари ички назорат тузилмаларининг биринчи марта лавозимга тайинланган ходимлари қуйидаги тартибда стажировкадан ўтади :

давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги ички назорат тузилмаларининг ходимлари — Агентликда;

ҳудудий бўлинма ва таркибий ташкилотлардаги ички назорат тузилмаларининг ходимлари — давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларида.

Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмаси ходими лавозимига тайинланган шахсларнинг келгусида ушбу ташкилотнинг ички назорат тузилмасидаги лавозими ўзгарганда (ҳудудий бўлинма ва таркибий ташкилотлардан давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги ички назорат тузилмаларига ишга ўтганда), шу жумладан, ушбу ходимлар давлат органлари ва ташкилотлари қайта ташкил этилиши ёки ташкилий бўйсунуви ўзгариши муносабати билан ички назорат тузилмаси масъул лавозимларига тайинланганда ёхуд бошқа давлат органи ёки ташкилотининг ички назорат тузилмаси ходими лавозимига ишга ўтганида қайта стажировкадан ўтиши талаб этилмайди.

11. Стажёрга методик ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги ички назорат тузилмаларининг ходимлари учун Агентликнинг малакали ва тажрибали мутахассислари орасидан стажировка раҳбари тайинланади.

Ҳудудий бўлинма ва таркибий ташкилотлардаги ички назорат тузилмаларининг ходимлари учун давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратидаги ички назорат тузилмаларининг малакали ва тажрибали ходимлари орасидан стажировка раҳбари тайинланади.

12. Стажировка раҳбари камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши керак.

13. Стажировка раҳбари томонидан ҳар бир стажёр учун бажариладиган ишлар мазмуни ва муддати кўрсатилган стажировкадан ўтиш режаси ишлаб чиқилади.

Стажировкадан ўтиш режаси стажировка бўйича ишчи орган томонидан тасдиқланади.

14. Стажировкадан ўтиш режаси ИСО 37001:2025 «Коррупцияга қарши халқаро стандарт» талаблари асосида ишлаб чиқилиб, унда қуйидагилар назарда тутилади:

коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этиш ва такомиллаштиришнинг норматив-ҳуқуқий асослари;

коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш механизмлари;

манфаатлар тўқнашувини бошқариш (аниқлаш ва бартараф этиш) механизмлари;

коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чоралари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби;

коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг баҳолаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш.

15. Стажировкадан ўтиш муддати икки ҳафтани ташкил этади ва стажировкадан ўтишдан озод қилишга йўл қўйилмайди.

16. Стажировкадан ўтишнинг биринчи кунида стажировка раҳбари стажёрни стажировкадан ўтиш режаси, муддатлари, ички меҳнат тартиби ва касб этикаси ҳамда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари, шунингдек иш режимининг хусусиятлари билан таништиради ҳамда стажёрга стажировкадан ўтиши учун зарур шароитларни яратади.

17. Стажировка раҳбари стажировка давомида:

стажёрга стажировкадан ўтиш режасида белгиланган тадбирларни бажариш билан боғлиқ материаллардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди;

стажёрнинг касбий билими ва амалий кўникмаларини шакллантириш учун унга тегишли тавсиялар беради;

стажировкадан ўтиш режасида белгиланган тадбирларнинг бажарилиши ва сифатини мунтазам равишда назорат қилиб боради;

стажёрнинг иш вақтидан самарали фойдаланишини таъминлайди.

18. Стажёр стажировкадан ўтиш давомида:

стажировка бўйича услубий ва кўрсатма материаллар билан танишиши;

стажировкани ташкил этиш ва ундан ўтиш билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиши;

стажировкадан ўтиш режасида назарда тутилган барча тадбирларни стажировка учун белгиланган муддат ичида, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажариши;

стажировкадан ўтиш якунлари бўйича ҳисобот тайёрлаши;

Агентлик ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотларида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилиши шарт.

19. Стажировка бўйича ишчи орган ходимлари ҳамда стажировка раҳбари томонидан стажёрга стажировкадан ўтиш режаси билан боғлиқ бўлмаган вазифа ва топшириқлар берилишига йўл қўйилмайди.

20. Стажёр стажировкадан ўтиш режасида белгиланган тадбирларни бажариб бўлгач, у бўйича ёзма ёки электрон ҳисобот тайёрлайди. Ҳисобот стажёр томонидан имзоланади ҳамда стажировка раҳбари томонидан қабул қилинади ва тасдиқланади.

21. Стажировка раҳбари томонидан ҳисоботни қабул қилишда стажёрнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш учун у билан стажировка бўйича ишчи орган ходимлари иштирокида суҳбат ўтказилади ва унинг ҳисоботи муҳокама қилинади. Муҳокама жараёнида стажёрга унинг касби билан боғлиқ бўлган вазифаларни амалиётда қўллашга доир тавсиялар берилади.

Муҳокама натижаси стажировка бўйича ишчи орган томонидан расмийлаштириладиган баённомада акс эттирилади.

22. Стажировка муддати тугаганидан кейин стажировка раҳбари томонидан стажёрга нисбатан тавсифнома тузилади ва унда стажёрнинг стажировкадан ўтиш режасида назарда тутилган тадбирларни қанчалик ўзлаштирганлиги, тартиб-интизоми, стажировка давомида у томонидан эгалланган касбий билим ва амалий кўникмалар акс эттирилади.

Тавсифномада стажёрнинг Агентлик ёки тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмаганлиги, стажировкадан ўтиш режасида кўрсатилган тадбирларни тўлиқ бажармаганлиги ҳамда стажировкага узрли сабабларсиз келмаганлиги ҳам акс эттирилади.

23. Тавсифнома стажировка бўйича ишчи орган раҳбари томонидан имзоланади ҳамда Агентлик ёки тегишли давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппарати томонидан стажёрни юборган давлат органи ёки ташкилотига электрон шаклда жўнатилади.

24. Стажёр стажировкадан ўтказиш масалалари юзасидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.

4-боб. Ички назорат тузилмалари ходимларини аттестациядан ўтказиш

1-§. Аттестацияни ташкил этиш

25. Ички назорат тузилмалари ходимлари Агентликда ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтказилади.

Ички назорат тузилмалари ходимларининг улар ишлаётган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аттестациядан ўтказилишига йўл қўйилмайди.

26. Ички назорат тузилмаси ходими лавозимига қабул қилинган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб бир йил мобайнида аттестациядан ўтказилиши керак.

Ички назорат тузилмаси ходими лавозимига қабул қилинган ва мазкур Низомда белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган ҳамда аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномага (бундан буён матнда гувоҳнома деб юритилади) эга бўлган шахслар мазкур гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагунгача икки ой мобайнида аттестациядан ўтиши керак.

Қуйидагилар аттестациядан ўтказилмайди:

ҳомиладор аёллар, шунингдек уч ёшгача боласи бор аёл ёки уч ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) ҳамда ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс) (ушбу тоифадаги ходимлар мазкур имтиёзли давр тугагандан сўнг олти ойдан кейин аттестациядан ўтказилади);

бир ойдан ортиқ вақт давомида даволанаётган ёки ҳарбий ёхуд муқобил хизматни ўтаётган ходимлар (ушбу тоифадаги ходимлар хизмат вазифаларини бажаришга киришганидан сўнг олти ойдан кейин аттестациядан ўтказилади);

хизмат текшируви ўтказилаётган ёки бир ойгача бўлган муддатда меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган ходимлар (ушбу тоифадаги ходимлар хизмат текшируви ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври тугаганидан кейин аттестациядан умумий тартибда ўтказилади);

ички назорат тузилмаларида маъмурий-техник лавозимда (бошқарув ходимларидан ташқари) ишлаётган шахслар.

Мазкур Низомда назарда тутилган муддатларда ички назорат тузилмалари ходимларини аттестациядан ўтказиш учун юбориш вазифаси давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари зиммасига юкланади.

27. Ички назорат тузилмалари ходимларини аттестациядан ўтказиш учун Агентлик директорининг буйруғи билан уч йил муддатга аттестация комиссияси шакллантирилади ҳамда унинг таркиби камида етти нафар аъзо ва бир нафар комиссия котибидан иборат бўлади.

28. Аттестация комиссиясига Агентлик директорининг тегишли ўринбосари раислик қилади ҳамда унинг таркибига Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари ходимлари киритилади.

Аттестация комиссияси таркибига, келишувга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, илмий ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида билим, кўникма ва тажрибага эга бўлган эксперт ва мутахассислар киритилиши мумкин.

29. Аттестация комиссияси раиси:

аттестация комиссияси мажлисларида раислик қилади;

аттестацияни ўтказиш жойи ва муддатларини белгилайди;

ички назорат тузилмаларининг аттестациядан ўтишга талабгор бўлган ходимларининг (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) рўйхат бўйича таркибини белгилайди;

аттестацияни ўтказиш бўйича бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилади.

Аттестация комиссияси раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини раис ўринбосари амалга оширади.

30. Агентликнинг «Комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш ва ички назорат тузилмалари фаолиятини тартибга солиш бошқармаси аттестация комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади ва у:

аттестацияни ўтказиш жадвалини тузади ва уни тасдиқлаш учун аттестация комиссияси раисига тақдим этади;

аттестацияни ўтказиш санаси ва жойи тўғрисидаги маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда талабгорларга етказади;

аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этишга доир бошқа функцияларни амалга оширади.

2-§. Талабгорларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш тартиби

31. Давлат органлари ва ташкилотлари ички назорат тузилмалари ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги ёзма ёки электрон шаклдаги хатни мазкур Низомнинг 26-бандида белгиланган муддатлардан камида бир ой олдин Агентликка юборади.

«Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олиниши мумкин бўлган ҳужжатлардан ташқари хатга Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомда (рўйхат рақами 3829, 2026 йил 6 май) ички назорат тузилмалари ходимларига нисбатан белгиланган минимал малака талабларига мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

32. Ички назорат тузилмалари ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги хат келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида Агентлик томонидан кўриб чиқилади.

Талабгор коррупцияга қарши курашиш соҳасида тегишли малака ошириш курсларида ўқиганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги сертификатга эга бўлиши лозим.

33. Талабгорнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида тегишли малака ошириш курсларида малака оширмаганлиги уни аттестациядан ўтказишнинг рад этилиши учун асос ҳисобланади. Бунда аттестация комиссиясининг ишчи органи томонидан талабгорни аттестациядан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Аттестациядан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

34. Аттестациядан ўтказишнинг рад этилишига асос бўлган мазкур Низомнинг 33-бандида белгиланган камчилик бир ой муддатда бартараф этилган тақдирда талабгорни аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги хат такроран кўриб чиқиш учун юборилади.

35. Аттестациядан ўтказишнинг рад этилиши учун асос бўлмаган тақдирда талабгор давлат органи ёки ташкилотининг хати келиб тушган кундан бошлаб икки ой муддат ичида аттестациядан ўтказилиши керак.

3-§. Аттестацияни ўтказиш тартиби

36. Агентлик томонидан аттестациянинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида талабгорнинг иш жойи бўйича давлат органи ёки ташкилотига аттестация ўтказиладиган санадан камида ўн беш кун олдин билдиришнома юборилади.

Бунда давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари ходимларининг аттестациядан ўтказилишида ортиқча вақт ва харажатларнинг олдини олиш мақсадида улар Агентлик томонидан махсус электрон платформа орқали масофавий шаклда аттестациядан ўтказилиши мумкин.

37. Ҳужжатлари аттестациядан ўтишга тақдим этилган ҳамда аттестацияга узрли сабабга кўра (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, меҳнат таътили, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) келмаган талабгорлар аттестация комиссиясининг навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилади.

Аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган талабгорлар бўйича улар ишлаётган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига билдиришнома юборилади. Талабгор аттестацияга узрсиз сабаб билан такроран келмаган тақдирда аттестация комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар (материаллар) асосида талабгорни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ҳақида қарор чиқаришга ҳақли.

38. Аттестация комиссияси, агар унинг мажлисида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади.

Талабгор ишлайдиган давлат органи ёки ташкилотининг вакили аттестация комиссияси мажлисида маслаҳат овози билан қатнашиши мумкин. Аттестация тугагандан кейин вакилнинг фикр-мулоҳазалари эшитилади.

39. Аттестация комиссияси мажлиси комиссия аъзоларига талабгорнинг ҳужжатларини таништиришдан бошланади.

40. Аттестация икки босқичда — тест синови ва суҳбат шаклида ўтказилади.

41. Талабгор билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган фаолият йўналишлари, миллий қонунчилик ва соҳага оид халқаро стандартлар, коррупцияга қарши курашишга доир билим ва кўникмалар, шу жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка доир мурожаатлар билан ишлаш каби йўналишлар бўйича тест синови ва суҳбат ўтказилади.

42. Тест синови 25 та саволдан иборат бўлиб, ҳар бир савол 2 балл билан баҳоланади.

Тест синовини топшириш учун талабгорларга 60 дақиқа вақт берилади.

43. Суҳбат жараёни умумий 50 баллик тизим асосида баҳоланади.

Бунда суҳбат саволлари бешта саволдан иборат бўлиб, ҳар бир савол комиссия аъзолари томонидан алоҳида баҳоланади. Ҳар бир комиссия аъзоси томонидан бир савол учун энг кўпи билан 10 балл қўйилиши мумкин.

Талабгорнинг суҳбат жараёнида тўплаган умумий бали комиссия аъзолари томонидан қўйилган баллар йиғиндисини комиссия аъзолари сонига бўлиш орқали аниқланади.

Суҳбат жараёнида талабгорга ички назорат тузилмалари ходимлари учун уларнинг касбий компетенциясига ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасига доир бўлмаган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.

44. Суҳбат саволлари талабгор томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон дастур орқали тасодифий равишда танланади.

Талабгор томонидан тасодифий равишда танланган суҳбат саволлари комиссия котиби томонидан принтерда чоп этилади ва (ёки электрон шаклда) талабгорга тақдим қилинади.

45. Талабгорларга жавоб беришга тайёргарлик кўришлари учун 5 дақиқа вақт ажратилади.

Аттестация комиссияси аъзолари томонидан талабгорга суҳбат саволлари юзасидан аниқлаштирувчи қўшимча саволлар берилиши мумкин.

46. Талабгор тўплаши мумкин бўлган энг юқори кўрсаткич 100 баллни ташкил этади. Талабгор аттестациядан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланиши учун умумий ҳисобда камида 56 балл натижа қайд этиши лозим.

Тест синови ва суҳбат жараёни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали реал вақт режимида кузатиш имкониятини яратган ҳолда ўтказилади.

Аттестация шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида уни ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга туширилади ҳамда ушбу видеотасвир Агентликда уч йил мобайнида сақланади.

47. Тест ва суҳбат саволларининг тахминий рўйхати ва аттестация комиссиясининг иш регламенти Агентлик томонидан тасдиқланади ва унинг расмий веб-сайтида аттестация бошланишидан камида бир ой олдин эълон қилинади.

48. Аттестация комиссияси талабгорнинг билимлари ва иш тажрибасини ҳисобга олиб, аттестациядан ўтказиш якуни бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

талабгорни аттестациядан ўтган деб эътироф этиш ва унга гувоҳнома бериш ҳақида;

талабгорни аттестациядан ўтмаган деб эътироф этиш ҳақида.

49. Аттестация комиссиясининг қарорлари аттестация комиссиясининг раиси ҳамда комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Аттестация натижалари балл қўйиш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол эълон қилинади.

50. Ички назорат тузилмасининг аттестациядан ўтган ходимига уч кун муддатда ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда гувоҳнома берилади.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати — уч йил.

Гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади ҳамда ҳимояланганлик даражасига, ҳисобга олиш сериясига ва тартиб рақамига эга бўлади.

Гувоҳнома уни идентификация қилиш имкониятини яратиш мақсадида ҚР-код (матрицали штрих код) қўйилган ҳолатда расмийлаштирилади. Гувоҳномалар реестри Агентлик томонидан уларнинг серияси, тартиб рақами ва амал қилиш муддати кўрсатилган ҳолда «Э-антисор.уз» электрон платформасида автоматик равишда юритилади.

51. Ички назорат тузилмаси ходими аттестациядан ўтмаган деб эътироф этилган тақдирда давлат органи ёки ташкилоти мазкур ходимни такрорий аттестациядан ўтказиш учун дастлабки аттестация ўтказилган кундан камида уч ой ўтгач, бироқ олти ойдан кечикмай мурожаат қилади.

Агар талабгор такрорий аттестациядан ўта олмаса ёки кўрсатилган муддатда такрорий аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилмаса, аттестация комиссияси унинг иш жойига билдиришнома юборади.

Давлат органи ёки ташкилоти раҳбари билдиришнома олинган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида ходимни меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ёхуд бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши ва кўрилган чоралар тўғрисида уч кун муддатда Агентликни ёзма ёки электрон равишда хабардор қилиши шарт.

52. Гувоҳноманинг амал қилиши аттестация комиссиясининг қарорига кўра, қуйидаги асослар бўйича муддатидан аввал тугатилиши мумкин:

ходим коррупцияга оид жиноятларни, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилганда;

гувоҳнома қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб олинганлиги аниқланганда.

Ички назорат тузилмаси ходими унга берилган гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш масаласини кўриб чиқишда аттестация комиссияси мажлисида иштирок этиши мумкин. Мажлис ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида ички назорат тузилмаси ходимига мажлис ўтказилишидан камида ўн кун олдин Агентлик томонидан хабар берилади.

Ички назорат тузилмаси ходимининг аттестация комиссияси мажлисида қатнашмаслиги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга тўсқинлик қилмайди. Қабул қилинган қарор тўғрисида ички назорат тузилмаси ходимига Агентлик томонидан уч кун муддатда хабар берилади.

53. Аттестация комиссиясининг қарорлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

4-§. Гувоҳномани қайта расмийлаштириш

54. Гувоҳномани қайта расмийлаштириш Агентлик томонидан ички назорат тузилмаси ходимининг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда унинг аризаси асосида амалга оширилади.

Гувоҳнома қайта расмийлаштирилгунга қадар ички назорат тузилмаси ходими ўз фаолиятини илгари берилган гувоҳнома асосида амалга оширади.

55. Агентлик томонидан қайта расмийлаштириш вақтида аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши лозим, бунда аттестациядан ўтганлик тўғрисида олдин берилган гувоҳнома бекор қилинади.

56. Гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ички назорат тузилмаси ходимининг аризасига кўра, ушбу ариза берилган кундан бошлаб ўн кун ичида унинг дубликати берилади.

57. Дубликатни беришда ички назорат тузилмаси ходимига Агентлик томонидан «ДУБЛИКАТ» белгиси қўйилган аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши керак.

58. Гувоҳноманинг қайта расмийлаштирилиши ва дубликати берилиши учун аттестациядан ўтиш талаб қилинмайди.

59. Ички назорат тузилмаси ходими бошқа давлат органи ёки ташкилотига ўтган тақдирда агар унинг гувоҳномаси амал қилиш муддати тугамаган бўлса, у қайта аттестациядан ўтмасдан фаолиятини давом эттириши мумкин.

5-боб. Якуний қоида

60. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ходимининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги ГУВОҲНОМА ________ № __________________ (серияси) Ушбу билан ____________________________________________________________________________________________ (давлат органи ёки ташкилоти ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми) _______________________________________________________________________________________________________ Коррупцияга қарши курашиш агентлигида аттестациядан ўтганлиги тасдиқланади ва у давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида ички назорат тузилмасида ишлаши мумкин. (йил, кун ва ой) Аттестация комиссияси раиси: ҚР код _______________________________ (имзо) (фамилияси, исми, отасининг исми)

Директор А. БУРХАНОВ

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ

Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в. б. У. ХУСАИНОВ

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К. РАФИКОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 15 апрель,

2026 йил 15 апрель

2026 йил 14 апрель

2026 йил 10 апрель

90-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.05.2026 й., 10/26/3835/0507-сон; 07.09.2026 й., 10/26/3934/0898-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI KORRUPSIYAGA QARSHI KURASHISH AGENTLIGI DIREKTORINING

BUYRUGʻI

NIZOM

Davlat organlari va tashkilotlarining komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining malakasini oshirish, ularni stajirovka va attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 21-apreldagi PQ-147-son “Davlat organlari va tashkilotlarining korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻlinmalari mustaqilligini taʼminlash hamda faoliyati samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Davlat organlari va tashkilotlarining komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining malakasini oshirish, ularni stajirovka va attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi va Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq 2026-yil 1-iyuldan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishilgan:

Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktorining 2026-yil 15-apreldagi 90-son buyrugʻiga ILOVA

Davlat organlari va tashkilotlarining komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining malakasini oshirish, ularni stajirovka va attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom davlat organlari va tashkilotlari, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlaridagi (bundan buyon matnda davlat organlari va tashkilotlari deb yuritiladi) komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlarining (bundan buyon matnda ichki nazorat tuzilmalari xodimlari deb yuritiladi) malakasini oshirish, ularni stajirovka va attestatsiyadan oʻtkazish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining malakasini oshirish ularning korrupsiya holatlarining oldini olish va manfaatlar toʻqnashuvini boshqarish sohalaridagi bilimlarini mustahkamlash va yangilash hamda ularning kasbiy tayyorligi zimmasiga yuklangan vazifalari va funksiyalariga muvofiqligini taʼminlash maqsadida amalga oshiriladi.

2. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarini stajirovkadan oʻtkazish stajyorning tayinlanayotgan lavozimda oʻz vazifalari va funksiyalarini sifatli bajarishi, ushbu lavozimda samarali faoliyat yuritishi uchun zarur boʻlgan kasbiy bilim, koʻnikma va malakalarni shakllantirish hamda mustahkamlash maqsadida amalga oshiriladi.

3. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish ularning kasbiga munosibligi darajasini xolisona baholash, qonunchilikda belgilangan malaka talablariga muvofiqligini aniqlash, zimmasiga yuklangan vazifa va funksiyalarni bajarish yuzasidan masʼuliyatini oshirish maqsadida amalga oshiriladi.

4. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining malakasini oshirish, ularni stajirovka va attestatsiyadan oʻtkazish qonuniylik, tenglik, ochiqlik, xolislik, malakalilik va davriylik tamoyillari asosida tashkil etiladi.

2-bob. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining malakasini oshirish

5. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlari har yili korrupsiyaga qarshi kurashish va komplayens nazorat boʻyicha qisqa muddatli malaka oshirish kurslarida oʻqitiladi .

Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining malakasini oshirish “Korrupsiyaga qarshi kurashish virtual akademiyasi” elektron platformasida oʻqitishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda (roʻyxat raqami 3565, 2024-yil 30-oktabr) belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Bunda davlat organlari va tashkilotlari ichki nazorat tuzilmalari oʻz xodimlarining “Korrupsiyaga qarshi kurashish virtual akademiyasi” elektron platformasida malaka oshirish kurslarida qatnashishi uchun masʼul hisoblanadi .

6. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlari davlat organlari va tashkilotlarining oʻz mablagʻlari hisobidan Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) tomonidan tasdiqlanadigan reja-jadvalga asosan “Korrupsiyaga qarshi kurashish virtual akademiyasi” elektron platformasida tashkil etiladigan maxsus oʻquv kurslarida oʻqitiladi .

3-bob. Ichki nazorat tuzilmalarining birinchi marta lavozimga tayinlangan xodimlarining stajirovka oʻtashi

7. Davlat organlari va tashkilotlari ichki nazorat tuzilmasi xodimi lavozimiga birinchi marta tayinlangan shaxsni stajirovkadan oʻtkazishni soʻrab, u lavozimga tayinlangan kundan eʼtiboran oʻn kun ichida Agentlikka yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi.

Agentlik murojaat kelib tushgandan soʻng, bir oy muddat ichida stajirovkani tashkil qilishi va uni oʻtash boʻyicha aniq muddatni koʻrsatgan holda davlat organi yoki tashkilotining rahbarini stajirovka boshlanishidan kamida bir hafta oldin yozma yoki elektron ravishda xabardor qilishi kerak.

8. Stajyorni belgilangan muddatda stajirovkadan oʻtish uchun yuborish majburiyati davlat organlari va tashkilotlarining rahbari zimmasiga yuklatiladi.

9. Stajirovkani tashkil qilish boʻyicha Agentlikning “Komplayens-nazorat” tizimini joriy etish va ichki nazorat tuzilmalari faoliyatini tartibga solish boshqarmasi va Kadrlar boʻlimi (bundan buyon matnda stajirovka boʻyicha ishchi organ deb yuritiladi) ishchi organ hisoblanadi.

Bunda davlat organlari va tashkilotlarining hududiy boʻlinma va tarkibiy tashkilotlaridagi ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining stajirovkadan oʻtishini tashkil qilish boʻyicha davlat organlari va tashkilotlarining markaziy apparatidagi komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat va kadrlar boʻlinmalari stajirovka boʻyicha ishchi organ hisoblanadi.

10. Davlat organlari va tashkilotlari ichki nazorat tuzilmalarining birinchi marta lavozimga tayinlangan xodimlari quyidagi tartibda stajirovkadan oʻtadi :

davlat organlari va tashkilotlarining markaziy apparatidagi ichki nazorat tuzilmalarining xodimlari — Agentlikda;

hududiy boʻlinma va tarkibiy tashkilotlardagi ichki nazorat tuzilmalarining xodimlari — davlat organlari va tashkilotlarining markaziy apparatidagi komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalarida.

Davlat organlari va tashkilotlarining ichki nazorat tuzilmasi xodimi lavozimiga tayinlangan shaxslarning kelgusida ushbu tashkilotning ichki nazorat tuzilmasidagi lavozimi oʻzgarganda (hududiy boʻlinma va tarkibiy tashkilotlardan davlat organlari va tashkilotlarining markaziy apparatidagi ichki nazorat tuzilmalariga ishga oʻtganda), shu jumladan, ushbu xodimlar davlat organlari va tashkilotlari qayta tashkil etilishi yoki tashkiliy boʻysunuvi oʻzgarishi munosabati bilan ichki nazorat tuzilmasi masʼul lavozimlariga tayinlanganda yoxud boshqa davlat organi yoki tashkilotining ichki nazorat tuzilmasi xodimi lavozimiga ishga oʻtganida qayta stajirovkadan oʻtishi talab etilmaydi.

11. Stajyorga metodik yordam koʻrsatish hamda uning amaliy koʻnikmalarini shakllantirish maqsadida davlat organlari va tashkilotlarining markaziy apparatidagi ichki nazorat tuzilmalarining xodimlari uchun Agentlikning malakali va tajribali mutaxassislari orasidan stajirovka rahbari tayinlanadi.

Hududiy boʻlinma va tarkibiy tashkilotlardagi ichki nazorat tuzilmalarining xodimlari uchun davlat organlari va tashkilotlarining markaziy apparatidagi ichki nazorat tuzilmalarining malakali va tajribali xodimlari orasidan stajirovka rahbari tayinlanadi.

12. Stajirovka rahbari kamida ikki yillik ish stajiga ega boʻlishi kerak.

13. Stajirovka rahbari tomonidan har bir stajyor uchun bajariladigan ishlar mazmuni va muddati koʻrsatilgan stajirovkadan oʻtish rejasi ishlab chiqiladi.

Stajirovkadan oʻtish rejasi stajirovka boʻyicha ishchi organ tomonidan tasdiqlanadi.

14. Stajirovkadan oʻtish rejasi ISO 37001:2025 “Korrupsiyaga qarshi xalqaro standart” talablari asosida ishlab chiqilib, unda quyidagilar nazarda tutiladi:

korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tizimini joriy etish va takomillashtirishning normativ-huquqiy asoslari;

korrupsiyaviy xavf-xatarlarni aniqlash, baholash va ularni kamaytirish mexanizmlari;

manfaatlar toʻqnashuvini boshqarish (aniqlash va bartaraf etish) mexanizmlari;

korrupsiyaviy huquqbuzarliklarning oldini olish va bartaraf etish choralari, sud va huquqni muhofaza qiluvchi organlar bilan oʻzaro hamkorlik qilish tartibi;

korrupsiyaga qarshi kurashish ishlari samaradorligini reyting baholash ishlarini tashkil etish va amalga oshirish.

15. Stajirovkadan oʻtish muddati ikki haftani tashkil etadi va stajirovkadan oʻtishdan ozod qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

16. Stajirovkadan oʻtishning birinchi kunida stajirovka rahbari stajyorni stajirovkadan oʻtish rejasi, muddatlari, ichki mehnat tartibi va kasb etikasi hamda texnika va yongʻin xavfsizligi qoidalari, shuningdek ish rejimining xususiyatlari bilan tanishtiradi hamda stajyorga stajirovkadan oʻtishi uchun zarur sharoitlarni yaratadi.

17. Stajirovka rahbari stajirovka davomida:

stajyorga stajirovkadan oʻtish rejasida belgilangan tadbirlarni bajarish bilan bogʻliq materiallardan foydalanish imkoniyatini taʼminlaydi;

stajyorning kasbiy bilimi va amaliy koʻnikmalarini shakllantirish uchun unga tegishli tavsiyalar beradi;

stajirovkadan oʻtish rejasida belgilangan tadbirlarning bajarilishi va sifatini muntazam ravishda nazorat qilib boradi;

stajyorning ish vaqtidan samarali foydalanishini taʼminlaydi.

18. Stajyor stajirovkadan oʻtish davomida:

stajirovka boʻyicha uslubiy va koʻrsatma materiallar bilan tanishishi;

stajirovkani tashkil etish va undan oʻtish bilan bogʻliq tadbirlarda ishtirok etishi;

stajirovkadan oʻtish rejasida nazarda tutilgan barcha tadbirlarni stajirovka uchun belgilangan muddat ichida, toʻliq hajmda va sifatli bajarishi;

stajirovkadan oʻtish yakunlari boʻyicha hisobot tayyorlashi;

Agentlik hamda tegishli davlat organlari va tashkilotlarida oʻrnatilgan tartib-qoidalarga rioya qilishi shart.

19. Stajirovka boʻyicha ishchi organ xodimlari hamda stajirovka rahbari tomonidan stajyorga stajirovkadan oʻtish rejasi bilan bogʻliq boʻlmagan vazifa va topshiriqlar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

20. Stajyor stajirovkadan oʻtish rejasida belgilangan tadbirlarni bajarib boʻlgach, u boʻyicha yozma yoki elektron hisobot tayyorlaydi. Hisobot stajyor tomonidan imzolanadi hamda stajirovka rahbari tomonidan qabul qilinadi va tasdiqlanadi.

21. Stajirovka rahbari tomonidan hisobotni qabul qilishda stajyorning kasbiy bilim va amaliy koʻnikmalarini baholash uchun u bilan stajirovka boʻyicha ishchi organ xodimlari ishtirokida suhbat oʻtkaziladi va uning hisoboti muhokama qilinadi. Muhokama jarayonida stajyorga uning kasbi bilan bogʻliq boʻlgan vazifalarni amaliyotda qoʻllashga doir tavsiyalar beriladi.

Muhokama natijasi stajirovka boʻyicha ishchi organ tomonidan rasmiylashtiriladigan bayonnomada aks ettiriladi.

22. Stajirovka muddati tugaganidan keyin stajirovka rahbari tomonidan stajyorga nisbatan tavsifnoma tuziladi va unda stajyorning stajirovkadan oʻtish rejasida nazarda tutilgan tadbirlarni qanchalik oʻzlashtirganligi, tartib-intizomi, stajirovka davomida u tomonidan egallangan kasbiy bilim va amaliy koʻnikmalar aks ettiriladi.

Tavsifnomada stajyorning Agentlik yoki tegishli davlat organlari va tashkilotlarining markaziy apparatida belgilangan tartib-qoidalarga rioya qilmaganligi, stajirovkadan oʻtish rejasida koʻrsatilgan tadbirlarni toʻliq bajarmaganligi hamda stajirovkaga uzrli sabablarsiz kelmaganligi ham aks ettiriladi.

23. Tavsifnoma stajirovka boʻyicha ishchi organ rahbari tomonidan imzolanadi hamda Agentlik yoki tegishli davlat organlari va tashkilotlari markaziy apparati tomonidan stajyorni yuborgan davlat organi yoki tashkilotiga elektron shaklda joʻnatiladi.

24. Stajyor stajirovkadan oʻtkazish masalalari yuzasidan yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.

4-bob. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish

1-§. Attestatsiyani tashkil etish

25. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlari Agentlikda har uch yilda bir marta attestatsiyadan oʻtkaziladi.

Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining ular ishlayotgan davlat organlari va tashkilotlari tomonidan attestatsiyadan oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

26. Ichki nazorat tuzilmasi xodimi lavozimiga qabul qilingan shaxslar ishga qabul qilingan kundan boshlab bir yil mobaynida attestatsiyadan oʻtkazilishi kerak.

Ichki nazorat tuzilmasi xodimi lavozimiga qabul qilingan va mazkur Nizomda belgilangan tartibda attestatsiyadan oʻtkazilgan hamda attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomaga (bundan buyon matnda guvohnoma deb yuritiladi) ega boʻlgan shaxslar mazkur guvohnomaning amal qilish muddati tugagungacha ikki oy mobaynida attestatsiyadan oʻtishi kerak.

Quyidagilar attestatsiyadan oʻtkazilmaydi:

homilador ayollar, shuningdek uch yoshgacha bolasi bor ayol yoki uch yoshgacha boʻlgan bolani yolgʻiz tarbiyalayotgan ota (vasiy) hamda oʻn olti yoshga toʻlmagan nogironligi boʻlgan bolani yolgʻiz tarbiyalayotgan ota-ona (ularning oʻrnini bosuvchi shaxs) (ushbu toifadagi xodimlar mazkur imtiyozli davr tugagandan soʻng olti oydan keyin attestatsiyadan oʻtkaziladi);

bir oydan ortiq vaqt davomida davolanayotgan yoki harbiy yoxud muqobil xizmatni oʻtayotgan xodimlar (ushbu toifadagi xodimlar xizmat vazifalarini bajarishga kirishganidan soʻng olti oydan keyin attestatsiyadan oʻtkaziladi);

xizmat tekshiruvi oʻtkazilayotgan yoki bir oygacha boʻlgan muddatda mehnatga layoqatsizlik davrida boʻlgan xodimlar (ushbu toifadagi xodimlar xizmat tekshiruvi yoki vaqtincha mehnatga layoqatsizlik davri tugaganidan keyin attestatsiyadan umumiy tartibda oʻtkaziladi);

ichki nazorat tuzilmalarida maʼmuriy-texnik lavozimda (boshqaruv xodimlaridan tashqari) ishlayotgan shaxslar.

Mazkur Nizomda nazarda tutilgan muddatlarda ichki nazorat tuzilmalari xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish uchun yuborish vazifasi davlat organlari va tashkilotlari rahbari zimmasiga yuklanadi.

27. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish uchun Agentlik direktorining buyrugʻi bilan uch yil muddatga attestatsiya komissiyasi shakllantiriladi hamda uning tarkibi kamida yetti nafar aʼzo va bir nafar komissiya kotibidan iborat boʻladi.

28. Attestatsiya komissiyasiga Agentlik direktorining tegishli oʻrinbosari raislik qiladi hamda uning tarkibiga Agentlikning tegishli tarkibiy boʻlinmalari xodimlari kiritiladi.

Attestatsiya komissiyasi tarkibiga, kelishuvga koʻra, huquqni muhofaza qiluvchi organlar, ilmiy va oliy taʼlim muassasalari vakillari hamda korrupsiyaning oldini olish va unga qarshi kurashish sohasida bilim, koʻnikma va tajribaga ega boʻlgan ekspert va mutaxassislar kiritilishi mumkin.

29. Attestatsiya komissiyasi raisi:

attestatsiya komissiyasi majlislarida raislik qiladi;

attestatsiyani oʻtkazish joyi va muddatlarini belgilaydi;

ichki nazorat tuzilmalarining attestatsiyadan oʻtishga talabgor boʻlgan xodimlarining (bundan buyon matnda talabgor deb yuritiladi) roʻyxat boʻyicha tarkibini belgilaydi;

attestatsiyani oʻtkazish boʻyicha boshqa tashkiliy masalalarni hal qiladi.

Attestatsiya komissiyasi raisi boʻlmagan taqdirda uning vazifalarini rais oʻrinbosari amalga oshiradi.

30. Agentlikning “Komplayens-nazorat” tizimini joriy etish va ichki nazorat tuzilmalari faoliyatini tartibga solish boshqarmasi attestatsiya komissiyasining ishchi organi hisoblanadi va u:

attestatsiyani oʻtkazish jadvalini tuzadi va uni tasdiqlash uchun attestatsiya komissiyasi raisiga taqdim etadi;

attestatsiyani oʻtkazish sanasi va joyi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni attestatsiya komissiyasi aʼzolariga hamda talabgorlarga yetkazadi;

attestatsiya komissiyasi faoliyatini tashkil etishga doir boshqa funksiyalarni amalga oshiradi.

2-§. Talabgorlarning hujjatlarini koʻrib chiqish tartibi

31. Davlat organlari va tashkilotlari ichki nazorat tuzilmalari xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish toʻgʻrisidagi yozma yoki elektron shakldagi xatni mazkur Nizomning 26-bandida belgilangan muddatlardan kamida bir oy oldin Agentlikka yuboradi.

“Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali olinishi mumkin boʻlgan hujjatlardan tashqari xatga Korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻlinmalari faoliyati toʻgʻrisidagi namunaviy nizomda (roʻyxat raqami 3829, 2026-yil 6-may) ichki nazorat tuzilmalari xodimlariga nisbatan belgilangan minimal malaka talablariga muvofiqlikni tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilinadi.

32. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish toʻgʻrisidagi xat kelib tushgan kundan boshlab besh kun ichida Agentlik tomonidan koʻrib chiqiladi.

Talabgor korrupsiyaga qarshi kurashish sohasida tegishli malaka oshirish kurslarida oʻqiganligi toʻgʻrisida belgilangan namunadagi sertifikatga ega boʻlishi lozim.

33. Talabgorning korrupsiyaga qarshi kurashish sohasida tegishli malaka oshirish kurslarida malaka oshirmaganligi uni attestatsiyadan oʻtkazishning rad etilishi uchun asos hisoblanadi. Bunda attestatsiya komissiyasining ishchi organi tomonidan talabgorni attestatsiyadan oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.

Attestatsiyadan oʻtkazishni boshqa asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

34. Attestatsiyadan oʻtkazishning rad etilishiga asos boʻlgan mazkur Nizomning 33-bandida belgilangan kamchilik bir oy muddatda bartaraf etilgan taqdirda talabgorni attestatsiyadan oʻtkazish toʻgʻrisidagi xat takroran koʻrib chiqish uchun yuboriladi.

35. Attestatsiyadan oʻtkazishning rad etilishi uchun asos boʻlmagan taqdirda talabgor davlat organi yoki tashkilotining xati kelib tushgan kundan boshlab ikki oy muddat ichida attestatsiyadan oʻtkazilishi kerak.

3-§. Attestatsiyani oʻtkazish tartibi

36. Agentlik tomonidan attestatsiyaning oʻtkazilish joyi va vaqti toʻgʻrisida talabgorning ish joyi boʻyicha davlat organi yoki tashkilotiga attestatsiya oʻtkaziladigan sanadan kamida oʻn besh kun oldin bildirishnoma yuboriladi.

Bunda davlat organlari va tashkilotlarining ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining attestatsiyadan oʻtkazilishida ortiqcha vaqt va xarajatlarning oldini olish maqsadida ular Agentlik tomonidan maxsus elektron platforma orqali masofaviy shaklda attestatsiyadan oʻtkazilishi mumkin.

37. Hujjatlari attestatsiyadan oʻtishga taqdim etilgan hamda attestatsiyaga uzrli sababga koʻra (kasalligi, yaqin qarindoshlarining vafoti, mehnat taʼtili, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi sababli) kelmagan talabgorlar attestatsiya komissiyasining navbatdagi majlisida attestatsiyadan oʻtkaziladi.

Attestatsiyaga uzrsiz sababga koʻra kelmagan talabgorlar boʻyicha ular ishlayotgan davlat organlari va tashkilotlari rahbarlariga bildirishnoma yuboriladi. Talabgor attestatsiyaga uzrsiz sabab bilan takroran kelmagan taqdirda attestatsiya komissiyasi taqdim etilgan hujjatlar (materiallar) asosida talabgorni attestatsiyadan oʻtmagan deb hisoblash haqida qaror chiqarishga haqli.

38. Attestatsiya komissiyasi, agar uning majlisida komissiya aʼzolarining yarmidan koʻpi qatnashsa, vakolatli hisoblanadi.

Talabgor ishlaydigan davlat organi yoki tashkilotining vakili attestatsiya komissiyasi majlisida maslahat ovozi bilan qatnashishi mumkin. Attestatsiya tugagandan keyin vakilning fikr-mulohazalari eshitiladi.

39. Attestatsiya komissiyasi majlisi komissiya aʼzolariga talabgorning hujjatlarini tanishtirishdan boshlanadi.

40. Attestatsiya ikki bosqichda — test sinovi va suhbat shaklida oʻtkaziladi.

41. Talabgor bilan uning kasb faoliyatiga bogʻliq boʻlgan faoliyat yoʻnalishlari, milliy qonunchilik va sohaga oid xalqaro standartlar, korrupsiyaga qarshi kurashishga doir bilim va koʻnikmalar, shu jumladan, korrupsiyaviy xavf-xatarlarni baholash, manfaatlar toʻqnashuvini boshqarish, korrupsiyaga oid huquqbuzarlikka doir murojaatlar bilan ishlash kabi yoʻnalishlar boʻyicha test sinovi va suhbat oʻtkaziladi.

42. Test sinovi 25 ta savoldan iborat boʻlib, har bir savol 2 ball bilan baholanadi.

Test sinovini topshirish uchun talabgorlarga 60 daqiqa vaqt beriladi.

43. Suhbat jarayoni umumiy 50 ballik tizim asosida baholanadi.

Bunda suhbat savollari beshta savoldan iborat boʻlib, har bir savol komissiya aʼzolari tomonidan alohida baholanadi. Har bir komissiya aʼzosi tomonidan bir savol uchun eng koʻpi bilan 10 ball qoʻyilishi mumkin.

Talabgorning suhbat jarayonida toʻplagan umumiy bali komissiya aʼzolari tomonidan qoʻyilgan ballar yigʻindisini komissiya aʼzolari soniga boʻlish orqali aniqlanadi.

Suhbat jarayonida talabgorga ichki nazorat tuzilmalari xodimlari uchun ularning kasbiy kompetensiyasiga hamda korrupsiyaga qarshi kurashish sohasiga doir boʻlmagan savollar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

44. Suhbat savollari talabgor tomonidan axborot texnologiyalaridan foydalangan holda elektron dastur orqali tasodifiy ravishda tanlanadi.

Talabgor tomonidan tasodifiy ravishda tanlangan suhbat savollari komissiya kotibi tomonidan printerda chop etiladi va (yoki elektron shaklda) talabgorga taqdim qilinadi.

45. Talabgorlarga javob berishga tayyorgarlik koʻrishlari uchun 5 daqiqa vaqt ajratiladi.

Attestatsiya komissiyasi aʼzolari tomonidan talabgorga suhbat savollari yuzasidan aniqlashtiruvchi qoʻshimcha savollar berilishi mumkin.

46. Talabgor toʻplashi mumkin boʻlgan eng yuqori koʻrsatkich 100 ballni tashkil etadi. Talabgor attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtgan deb hisoblanishi uchun umumiy hisobda kamida 56 ball natija qayd etishi lozim.

Test sinovi va suhbat jarayoni Internet jahon axborot tarmogʻi orqali real vaqt rejimida kuzatish imkoniyatini yaratgan holda oʻtkaziladi.

Attestatsiya shaffofligi va xolisligini taʼminlash maqsadida uni oʻtkazish jarayoni uzluksiz ravishda videoyozuvga tushiriladi hamda ushbu videotasvir Agentlikda uch yil mobaynida saqlanadi.

47. Test va suhbat savollarining taxminiy roʻyxati va attestatsiya komissiyasining ish reglamenti Agentlik tomonidan tasdiqlanadi va uning rasmiy veb-saytida attestatsiya boshlanishidan kamida bir oy oldin eʼlon qilinadi.

48. Attestatsiya komissiyasi talabgorning bilimlari va ish tajribasini hisobga olib, attestatsiyadan oʻtkazish yakuni boʻyicha quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

talabgorni attestatsiyadan oʻtgan deb eʼtirof etish va unga guvohnoma berish haqida;

talabgorni attestatsiyadan oʻtmagan deb eʼtirof etish haqida.

49. Attestatsiya komissiyasining qarorlari attestatsiya komissiyasining raisi hamda komissiya aʼzolari tomonidan imzolanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Attestatsiya natijalari ball qoʻyish jarayoni tamom boʻlgandan keyin darhol eʼlon qilinadi.

50. Ichki nazorat tuzilmasining attestatsiyadan oʻtgan xodimiga uch kun muddatda ushbu Nizomning ilovasiga muvofiq shaklda guvohnoma beriladi.

Guvohnomaning amal qilish muddati — uch yil.

Guvohnoma blankalari qatʼiy hisobot beriladigan hujjatlar hisoblanadi hamda himoyalanganlik darajasiga, hisobga olish seriyasiga va tartib raqamiga ega boʻladi.

Guvohnoma uni identifikatsiya qilish imkoniyatini yaratish maqsadida QR-kod (matritsali shtrix kod) qoʻyilgan holatda rasmiylashtiriladi. Guvohnomalar reyestri Agentlik tomonidan ularning seriyasi, tartib raqami va amal qilish muddati koʻrsatilgan holda “E-anticor.uz” elektron platformasida avtomatik ravishda yuritiladi.

51. Ichki nazorat tuzilmasi xodimi attestatsiyadan oʻtmagan deb eʼtirof etilgan taqdirda davlat organi yoki tashkiloti mazkur xodimni takroriy attestatsiyadan oʻtkazish uchun dastlabki attestatsiya oʻtkazilgan kundan kamida uch oy oʻtgach, biroq olti oydan kechikmay murojaat qiladi.

Agar talabgor takroriy attestatsiyadan oʻta olmasa yoki koʻrsatilgan muddatda takroriy attestatsiyadan oʻtish uchun murojaat qilmasa, attestatsiya komissiyasi uning ish joyiga bildirishnoma yuboradi.

Davlat organi yoki tashkiloti rahbari bildirishnoma olingan kundan boshlab oʻn besh kun mobaynida xodimni mehnat qonunchiligiga muvofiq egallab turgan lavozimidan ozod qilish yoxud boshqa ishga oʻtkazish toʻgʻrisidagi masalani koʻrib chiqishi va koʻrilgan choralar toʻgʻrisida uch kun muddatda Agentlikni yozma yoki elektron ravishda xabardor qilishi shart.

52. Guvohnomaning amal qilishi attestatsiya komissiyasining qaroriga koʻra, quyidagi asoslar boʻyicha muddatidan avval tugatilishi mumkin:

xodim korrupsiyaga oid jinoyatlarni, shuningdek, ogʻir va oʻta ogʻir jinoyatlarni sodir etishda sud tomonidan aybdor deb topilganda;

guvohnoma qalbaki hujjatlardan foydalanib olinganligi aniqlanganda.

Ichki nazorat tuzilmasi xodimi unga berilgan guvohnomaning amal qilishini tugatish masalasini koʻrib chiqishda attestatsiya komissiyasi majlisida ishtirok etishi mumkin. Majlis oʻtkaziladigan joy va vaqt toʻgʻrisida ichki nazorat tuzilmasi xodimiga majlis oʻtkazilishidan kamida oʻn kun oldin Agentlik tomonidan xabar beriladi.

Ichki nazorat tuzilmasi xodimining attestatsiya komissiyasi majlisida qatnashmasligi guvohnomaning amal qilishini tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilishga toʻsqinlik qilmaydi. Qabul qilingan qaror toʻgʻrisida ichki nazorat tuzilmasi xodimiga Agentlik tomonidan uch kun muddatda xabar beriladi.

53. Attestatsiya komissiyasining qarorlari yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda sudga shikoyat qilish mumkin.

4-§. Guvohnomani qayta rasmiylashtirish

54. Guvohnomani qayta rasmiylashtirish Agentlik tomonidan ichki nazorat tuzilmasi xodimining familiyasi, ismi yoki otasining ismi oʻzgargan taqdirda uning arizasi asosida amalga oshiriladi.

Guvohnoma qayta rasmiylashtirilgunga qadar ichki nazorat tuzilmasi xodimi oʻz faoliyatini ilgari berilgan guvohnoma asosida amalga oshiradi.

55. Agentlik tomonidan qayta rasmiylashtirish vaqtida attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi yangi guvohnoma beriladi, ushbu guvohnomada oldingi guvohnomada koʻrsatilgan amal qilish muddati qayd etilgan boʻlishi lozim, bunda attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisida oldin berilgan guvohnoma bekor qilinadi.

56. Guvohnoma yoʻqolgan yoki yaroqsiz holga kelgan taqdirda ichki nazorat tuzilmasi xodimining arizasiga koʻra, ushbu ariza berilgan kundan boshlab oʻn kun ichida uning dublikati beriladi.

57. Dublikatni berishda ichki nazorat tuzilmasi xodimiga Agentlik tomonidan “DUBLIKAT” belgisi qoʻyilgan attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi yangi guvohnoma beriladi, ushbu guvohnomada oldingi guvohnomada koʻrsatilgan amal qilish muddati qayd etilgan boʻlishi kerak.

58. Guvohnomaning qayta rasmiylashtirilishi va dublikati berilishi uchun attestatsiyadan oʻtish talab qilinmaydi.

59. Ichki nazorat tuzilmasi xodimi boshqa davlat organi yoki tashkilotiga oʻtgan taqdirda agar uning guvohnomasi amal qilish muddati tugamagan boʻlsa, u qayta attestatsiyadan oʻtmasdan faoliyatini davom ettirishi mumkin.

5-bob. Yakuniy qoida

60. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Davlat organlari va tashkilotlarining komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari xodimlarining malakasini oshirish, ularni stajirovka va attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmasi xodimining attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisidagi GUVOHNOMA ________ № __________________ (seriyasi) Ushbu bilan ____________________________________________________________________________________________ (davlat organi yoki tashkiloti xodimining familiyasi, ismi, otasining ismi) _______________________________________________________________________________________________________ Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligida attestatsiyadan oʻtganligi tasdiqlanadi va u davlat organlari va tashkilotlari, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlarida ichki nazorat tuzilmasida ishlashi mumkin. (yil, kun va oy) Attestatsiya komissiyasi raisi: QR kod _______________________________ (imzo) (familiyasi, ismi, otasining ismi)

Direktor A. BURXANOV

Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B. ZAXIDOV

Boshqaruv samaradorligi agentligi direktori v. b. U. XUSAINOV

Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashi raisi K. RAFIKOV

Toshkent sh.,

2026-yil 15-aprel,

2026-yil 15-aprel

2026-yil 14-aprel

2026-yil 10-aprel

90-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.05.2026 y., 10/26/3835/0507-son; 07.09.2026 y., 10/26/3934/0898-son)

lex.uz