📅 2026-yil 21-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 21-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 21 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 мая 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 May 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ЖАДВАЛИ
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш бўйича маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 4 октябрдаги ПФ-180-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Белгилансинки, чет эл фуқаролари томонидан махсус солиқ режимини олиш бўйича аризалар Давлат хизматлари марказлари, Электрон солиқ хизматлари портали ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини жорий этишни назарда тутувчи тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг кучга киради.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Солиқ қўмитаси раиси Ф.Ж. Пулатов ва ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 270-сон қарорига 1-ИЛОВА
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 4 октябрдаги ПФ-180-сон Фармонига мувофиқ чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
махсус ваколатли крипто-биржа — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган крипто-биржа;
махсус ваколатли тижорат банки — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган тижорат банки;
махсус солиқ режими — белгиланган шартларга жавоб берадиган чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишни назарда тутувчи солиқ режими;
махсус солиқ режимининг солиқ резидентлари — махсус солиқ режими доирасида тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами ўттиз календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган ҳамда мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турар жой кўчмас мулк объектига эга бўлган чет эл фуқаролари;
махсус солиқ режими берилгани тўғрисида гувоҳнома — белгиланган шартларга жавоб берадиган чет эл фуқароларига махсус солиқ режими тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
Махсус солиқ режимини тақдим этиш комиссияси — чет эл фуқароларининг махсус солиқ режимини олиш бўйича мурожаатларига биноан махсус солиқ режимини тақдим этиш ёки тақдим этишни рад қилиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилувчи ваколатли органлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ;
Махсус солиқ режимини тақдим этиш комиссиясининг ишчи органи — Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси.
2-боб. Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби
3. Чет эл фуқароларига махсус солиқ режими ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида тақдим этилади.
4. Чет эл фуқароси махсус солиқ режимини тақдим этиш юзасидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки Электрон солиқ хизматлари портали орқали электрон шаклда ёхуд Давлат хизматлари марказларига шахсан ташриф буюрган ҳолда, Махсус солиқ режимини тақдим этиш комиссиясининг ишчи органига (кейинги ўринларда — Ишчи орган) ариза тақдим этади.
5. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
чет эл паспортининг нусхаси;
Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддатини тасдиқловчи ҳужжат (виза ёки бошқа ҳужжатлар).
Чет эл фуқароси аризада кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текширади ҳамда имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
6. Ишчи орган ариза тақдим этган чет эл фуқаросининг доимий яшашини (резидентлик) тасдиқлашда, унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган кунлари сонини ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ жадвал асосида ҳисоблайди.
7. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Ишчи орган томонидан электрон хизмат орқали бир иш кунида Комиссияга тақдим этилади.
8. Ишчи орган чет эл фуқаросининг аризасини кўриб чиқиш жараёнида заруратга кўра тегишли маълумотларни олиш учун вазирлик ва идораларга сўров юбориши мумкин.
9. Комиссия чет эл фуқаросининг аризасини уч иш куни мобайнида кўриб чиқади ва махсус солиқ режимини тақдим этиш ёки тақдим этишни рад қилиш тўғрисида хулоса расмийлаштиради.
10. Комиссия томонидан чет эл фуқаросининг аризасини кўриб чиқиш жараёнида тегишли вазирлик ва идоралардан қўшимча маълумотларни олиш талаб этилса, аризани кўриб чиқиш муддати маълумот тақдим этилгунга қадар тўхтатиб турилади.
11. Ишчи орган Комиссиянинг аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича расмийлаштирилган хулосаси юзасидан бир иш куни мобайнида чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ хабарнома юборади.
12. Махсус солиқ режимини олиш бўйича чет эл фуқароларининг аризаси қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:
ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинмаганда;
чет эл фуқароси томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларига махсус чеклов қўйган давлатларнинг фуқаролари томонидан тақдим этилганда;
Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари томонидан тақдим этилганда.
13. Комиссиянинг махсус солиқ режими тақдим этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосаси бўйича хабарномани олган чет эл фуқароси махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очади ҳамда 50 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғимни тўлайди.
14. Комиссиянинг махсус солиқ режими тақдим этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосаси бўйича хабарномани олган чет эл фуқаросининг вояга етган ҳар бир яқин қариндоши учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғим тўланганда, чет эл фуқаросининг яқин қариндоши ҳам махсус солиқ режимининг солиқ резиденти деб эътироф этилади.
15. Махсус солиқ режими тақдим этилган чет эл фуқароларининг банк ҳисобварағи ёки крипто-ҳамёнига маблағлар махсус ваколатли тижорат банклари ёки крипто-биржалар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар ва хавф-хатарларни баҳолаш натижалари асосида кирим қилинади.
16. Чет эл фуқароси махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очганини ҳамда махсус йиғимни тўланганини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини электрон хизмат орқали Ишчи органга тақдим этади.
17. Ишчи орган чет эл фуқароси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида бир иш кунида ушбу Низомга 4-иловада келтирилган шаклга мувофиқ Махсус солиқ режими берилгани тўғрисидаги гувоҳномани чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига юборади.
3-боб. Махсус солиқ режимининг амал қилиш муддати, уни узайтириш ва бекор қилиш тартиби
18. Махсус солиқ режими белгиланган талабларни бажарган чет эл фуқаролари ва уларнинг вояга етган яқин қариндошларига уларнинг аризасида кўрсатилган солиқ даври учун, бироқ беш йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.
19. Чет эл фуқароларига тақдим этилган махсус солиқ режими қуйидаги ҳолатларда муддатидан олдин бекор қилинади:
ушбу Низомнинг 12-банди учинчи — бешинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича маълумот келиб тушганда;
суд қарори асосида махсус солиқ режими муддатидан олдин бекор қилинганда;
чет эл фуқароси вафот этганда.
20. Чет эл фуқароларига тақдим этилган махсус солиқ режими муддатидан олдин бекор қилинганда, Ишчи орган бир иш куни мобайнида чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига хабарнома юборади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки — махсус ваколатли тижорат банклари, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги — махсус ваколатли крипто-биржалар рўйхатларини тасдиқлайди, уларни ўз расмий веб-сайтларида эълон қилади ва уларга ўзгартиришлар киритилган тақдирда, уч иш куни ичида Ишчи органга тақдим этади.
22. Махсус солиқ режимини тақдим этишда ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
23. Чет эл фуқароларининг даромадларини солиққа тортишнинг махсус солиқ режими юзасидан доимий мониторинг юритиш ва натижаларини таҳлил қилиб бориш Ишчи орган томонидан амалга оширилади.
24. Чет эл фуқаролари ваколатли органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини тақдим этиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Чет эл фуқаролари ЯИДХП ёки Электрон солиқ хизматлари портали орқали электрон шаклда ёхуд Давлат хизматлари марказларига шахсан ташриф буюрган ҳолда Ишчи органга ариза тақдим этади. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Ишчи орган Чет эл фуқаросининг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни электрон хизмат орқали Комиссияга тақдим этади. Бир иш кунида 3-босқич Ишчи орган Тегишли маълумотларни олиш учун вазирлик ва идораларга сўров юборади. Заруратга кўра 4-босқич Комиссия Чет эл фуқаросининг аризасини кўриб чиқади ва махсус солиқ режимини тақдим этиш ёки тақдим этишни рад қилиш тўғрисида хулоса расмийлаштиради. Уч иш кунида 5-босқич Ишчи орган Комиссиянинг аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича расмийлаштирилган хулосаси юзасидан чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига хабарнома юборади. Бир иш кунида 6-босқич Чет эл фуқаролари Ишчи органнинг махсус солиқ режими тақдим этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хабарномаси асосида махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очади ва белгиланган миқдордаги махсус йиғимни тўлайди. Ўз хоҳишига кўра 7-босқич Чет эл фуқаролари Махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очганини ҳамда махсус йиғимни тўланганини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини электрон хизмат орқали Ишчи органга тақдим этади. Ўз хоҳишига кўра 8-босқич Ишчи орган Чет эл фуқароси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида Махсус солиқ режими берилгани тўғрисидаги гувоҳномани чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига юборади. Бир иш кунида
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Чет эл фуқароларининг доимий яшашини (резидентлик) тасдиқлаш
Т/р Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган вақти Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиққан вақти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган кунлар сони 1. 2. 3. ...
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
____________________________________га фуқаро Ф.И.О. ЖШШИР _____________________________ ______________________________________ рўйхатга олинган манзили ХАБАРНОМА Ҳурматли __________________ Сизнинг мурожаатингиз белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди. Комиссиянинг хулосасига кўра махсус солиқ режимининг тақдим этилиши мақсадга мувофиқ (ёки мувофиқ эмас) деб топилди. Шунга асосан белгиланган миқдордаги махсус йиғимни тўлашингиз (ёки вояга етган ҳар бир қариндошингиз учун) ҳамда махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағини ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очишингиз сўралади. Юқоридаги талаблар бажарилган тақдирда, Сизга махсус гувоҳнома тақдим этилади. QR код
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ Махсус солиқ режими берилгани тўғрисида ГУВОҲНОМА №00000000 20___ йил «____» __________ Комиссиянинг хулосасига асосан чет эл фуқароси _________________га (ЖШШИР: _________________, рўйхатдан ўтказилган манзили: ___________) махсус солиқ режими тақдим этилди. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати ______ йилгача. QR код
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 270-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 17-банд қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Махсус солиқ режими берилгани тўғрисида гувоҳнома — махсус солиқ режими қўлланилган чет эл фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ва опа-сингиллари, эри (хотини), фарзандлари, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, боболари, бувилари, неваралари, шунингдек, эрининг (хотинининг) ота-онаси) учун»;
саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
2. Қуйидаги мазмундаги 20 1 -банд билан тўлдирилсин:
«20 1 . Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилган ва махсус йиғим тўлаган қуйидаги чет эл фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган жойи (уларга ёки уларнинг яқин қариндошларига мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жой кўчмас мулк объекти) бўйича ариза ва махсус солиқ режими берилгани тўғрисидаги гувоҳнома асосида бир иш кунида рўйхатдан ўтказилади:
бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари 5 йилгача, бироқ виза муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга;
Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш режими белгиланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари 5 йилгача, аммо Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмасдан туриб олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 21 май,
270 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
JADVALI
Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish boʻyicha maʼmuriy reglamentni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Chet el fuqarolari uchun maxsus soliq rejimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 4-oktabrdagi PF-180-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi hududida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
3. Belgilansinki, chet el fuqarolari tomonidan maxsus soliq rejimini olish boʻyicha arizalar Davlat xizmatlari markazlari, Elektron soliq xizmatlari portali yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali taqdim etiladi.
4. Ushbu qaror Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini joriy etishni nazarda tutuvchi tegishli oʻzgartirishlar kiritilgandan soʻng kuchga kiradi.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov, Soliq qoʻmitasi raisi F.J. Pulatov va ichki ishlar vaziri A.A. Tashpulatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 21-maydagi 270-son qaroriga 1-ILOVA
Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Chet el fuqarolari uchun maxsus soliq rejimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 4-oktabrdagi PF-180-son Farmoniga muvofiq chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
maxsus vakolatli kripto-birja — Istiqbolli loyihalar milliy agentligi tomonidan tasdiqlangan roʻyxatga kiritilgan kripto-birja;
maxsus vakolatli tijorat banki — Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan tasdiqlangan roʻyxatga kiritilgan tijorat banki;
maxsus soliq rejimi — belgilangan shartlarga javob beradigan chet el fuqarolarining Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqaridagi manbalardan olingan daromadlarini jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻidan ozod qilishni nazarda tutuvchi soliq rejimi;
maxsus soliq rejimining soliq rezidentlari — maxsus soliq rejimi doirasida tegishli maqomi oʻziga nisbatan belgilangan soliq davri boshlanadigan yoki tugaydigan har qanday ketma-ket oʻn ikki oylik davr davomida jami oʻttiz kalendar kundan koʻproq Oʻzbekiston Respublikasida haqiqatda boʻlgan hamda mulk yoki ijara huquqi asosida Oʻzbekiston Respublikasi hududida turar joy koʻchmas mulk obyektiga ega boʻlgan chet el fuqarolari;
maxsus soliq rejimi berilgani toʻgʻrisida guvohnoma — belgilangan shartlarga javob beradigan chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimi taqdim etilganligini tasdiqlovchi hujjat;
Maxsus soliq rejimini taqdim etish komissiyasi — chet el fuqarolarining maxsus soliq rejimini olish boʻyicha murojaatlariga binoan maxsus soliq rejimini taqdim etish yoki taqdim etishni rad qilish toʻgʻrisidagi qarorlar qabul qiluvchi vakolatli organlar vakillaridan iborat ishchi guruh;
Maxsus soliq rejimini taqdim etish komissiyasining ishchi organi — Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi.
2-bob. Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish tartibi
3. Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimi ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida taqdim etiladi.
4. Chet el fuqarosi maxsus soliq rejimini taqdim etish yuzasidan Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) yoki Elektron soliq xizmatlari portali orqali elektron shaklda yoxud Davlat xizmatlari markazlariga shaxsan tashrif buyurgan holda, Maxsus soliq rejimini taqdim etish komissiyasining ishchi organiga (keyingi oʻrinlarda — Ishchi organ) ariza taqdim etadi.
5. Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
chet el pasportining nusxasi;
Oʻzbekiston Respublikasida boʻlish muddatini tasdiqlovchi hujjat (viza yoki boshqa hujjatlar).
Chet el fuqarosi arizada koʻrsatilgan maʼlumotlar toʻgʻriligini tekshiradi hamda imzolarni identifikatsiya qilishning tegishli vositalari (ERI, daktiloskopiya, elektron imzo, mobil-ID va boshqalar) bilan tasdiqlaydi.
6. Ishchi organ ariza taqdim etgan chet el fuqarosining doimiy yashashini (rezidentlik) tasdiqlashda, uning Oʻzbekiston Respublikasi hududida boʻlgan kunlari sonini ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq jadval asosida hisoblaydi.
7. Ariza va unga ilova qilingan hujjatlar Ishchi organ tomonidan elektron xizmat orqali bir ish kunida Komissiyaga taqdim etiladi.
8. Ishchi organ chet el fuqarosining arizasini koʻrib chiqish jarayonida zaruratga koʻra tegishli maʼlumotlarni olish uchun vazirlik va idoralarga soʻrov yuborishi mumkin.
9. Komissiya chet el fuqarosining arizasini uch ish kuni mobaynida koʻrib chiqadi va maxsus soliq rejimini taqdim etish yoki taqdim etishni rad qilish toʻgʻrisida xulosa rasmiylashtiradi.
10. Komissiya tomonidan chet el fuqarosining arizasini koʻrib chiqish jarayonida tegishli vazirlik va idoralardan qoʻshimcha maʼlumotlarni olish talab etilsa, arizani koʻrib chiqish muddati maʼlumot taqdim etilgunga qadar toʻxtatib turiladi.
11. Ishchi organ Komissiyaning arizani koʻrib chiqish natijasi boʻyicha rasmiylashtirilgan xulosasi yuzasidan bir ish kuni mobaynida chet el fuqarosining shaxsiy kabinetiga yoki elektron pochta manziliga ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq xabarnoma yuboradi.
12. Maxsus soliq rejimini olish boʻyicha chet el fuqarolarining arizasi quyidagi asoslarga koʻra rad etilishi mumkin:
ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan hujjatlar ilova qilinmaganda;
chet el fuqarosi tomonidan jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirish holatlari toʻgʻrisida maʼlumotlar mavjud boʻlganda;
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining huquqlariga maxsus cheklov qoʻygan davlatlarning fuqarolari tomonidan taqdim etilganda;
Oʻzbekiston Respublikasida boʻlishi nomaqbul deb topilgan chet el fuqarolari tomonidan taqdim etilganda.
13. Komissiyaning maxsus soliq rejimi taqdim etilishi maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosasi boʻyicha xabarnomani olgan chet el fuqarosi maxsus vakolatli tijorat bankida bank hisobvaragʻi yoki maxsus vakolatli kripto-birjada kripto-hamyon ochadi hamda 50 ming AQSH dollari miqdorida maxsus yigʻimni toʻlaydi.
14. Komissiyaning maxsus soliq rejimi taqdim etilishi maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosasi boʻyicha xabarnomani olgan chet el fuqarosining voyaga yetgan har bir yaqin qarindoshi uchun 10 ming AQSH dollari miqdorida maxsus yigʻim toʻlanganda, chet el fuqarosining yaqin qarindoshi ham maxsus soliq rejimining soliq rezidenti deb eʼtirof etiladi.
15. Maxsus soliq rejimi taqdim etilgan chet el fuqarolarining bank hisobvaragʻi yoki kripto-hamyoniga mablagʻlar maxsus vakolatli tijorat banklari yoki kripto-birjalar tomonidan jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashishga qaratilgan chora-tadbirlar va xavf-xatarlarni baholash natijalari asosida kirim qilinadi.
16. Chet el fuqarosi maxsus vakolatli tijorat bankida bank hisobvaragʻi yoki maxsus vakolatli kripto-birjada kripto-hamyon ochganini hamda maxsus yigʻimni toʻlanganini tasdiqlovchi hujjatlar nusxasini elektron xizmat orqali Ishchi organga taqdim etadi.
17. Ishchi organ chet el fuqarosi tomonidan taqdim etilgan hujjatlar asosida bir ish kunida ushbu Nizomga 4-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq Maxsus soliq rejimi berilgani toʻgʻrisidagi guvohnomani chet el fuqarosining shaxsiy kabinetiga yoki elektron pochta manziliga yuboradi.
3-bob. Maxsus soliq rejimining amal qilish muddati, uni uzaytirish va bekor qilish tartibi
18. Maxsus soliq rejimi belgilangan talablarni bajargan chet el fuqarolari va ularning voyaga yetgan yaqin qarindoshlariga ularning arizasida koʻrsatilgan soliq davri uchun, biroq besh yildan koʻp boʻlmagan muddatga beriladi.
19. Chet el fuqarolariga taqdim etilgan maxsus soliq rejimi quyidagi holatlarda muddatidan oldin bekor qilinadi:
ushbu Nizomning 12-bandi uchinchi — beshinchi xatboshilarida koʻrsatilgan holatlar boʻyicha maʼlumot kelib tushganda;
sud qarori asosida maxsus soliq rejimi muddatidan oldin bekor qilinganda;
chet el fuqarosi vafot etganda.
20. Chet el fuqarolariga taqdim etilgan maxsus soliq rejimi muddatidan oldin bekor qilinganda, Ishchi organ bir ish kuni mobaynida chet el fuqarosining shaxsiy kabinetiga yoki elektron pochta manziliga xabarnoma yuboradi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
21. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki — maxsus vakolatli tijorat banklari, Istiqbolli loyihalar milliy agentligi — maxsus vakolatli kripto-birjalar roʻyxatlarini tasdiqlaydi, ularni oʻz rasmiy veb-saytlarida eʼlon qiladi va ularga oʻzgartirishlar kiritilgan taqdirda, uch ish kuni ichida Ishchi organga taqdim etadi.
22. Maxsus soliq rejimini taqdim etishda vakolatli organlar oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.
23. Chet el fuqarolarining daromadlarini soliqqa tortishning maxsus soliq rejimi yuzasidan doimiy monitoring yuritish va natijalarini tahlil qilib borish Ishchi organ tomonidan amalga oshiriladi.
24. Chet el fuqarolari vakolatli organlar xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.
25. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Chet el fuqarolari uchun maxsus soliq rejimini taqdim etish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Chet el fuqarolari YIDXP yoki Elektron soliq xizmatlari portali orqali elektron shaklda yoxud Davlat xizmatlari markazlariga shaxsan tashrif buyurgan holda Ishchi organga ariza taqdim etadi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Ishchi organ Chet el fuqarosining arizasi va unga ilova qilingan hujjatlarni elektron xizmat orqali Komissiyaga taqdim etadi. Bir ish kunida 3-bosqich Ishchi organ Tegishli maʼlumotlarni olish uchun vazirlik va idoralarga soʻrov yuboradi. Zaruratga koʻra 4-bosqich Komissiya Chet el fuqarosining arizasini koʻrib chiqadi va maxsus soliq rejimini taqdim etish yoki taqdim etishni rad qilish toʻgʻrisida xulosa rasmiylashtiradi. Uch ish kunida 5-bosqich Ishchi organ Komissiyaning arizani koʻrib chiqish natijasi boʻyicha rasmiylashtirilgan xulosasi yuzasidan chet el fuqarosining shaxsiy kabinetiga yoki elektron pochta manziliga xabarnoma yuboradi. Bir ish kunida 6-bosqich Chet el fuqarolari Ishchi organning maxsus soliq rejimi taqdim etilishi maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisidagi xabarnomasi asosida maxsus vakolatli tijorat bankida bank hisobvaragʻi yoki maxsus vakolatli kripto-birjada kripto-hamyon ochadi va belgilangan miqdordagi maxsus yigʻimni toʻlaydi. Oʻz xohishiga koʻra 7-bosqich Chet el fuqarolari Maxsus vakolatli tijorat bankida bank hisobvaragʻi yoki maxsus vakolatli kripto-birjada kripto-hamyon ochganini hamda maxsus yigʻimni toʻlanganini tasdiqlovchi hujjatlar nusxasini elektron xizmat orqali Ishchi organga taqdim etadi. Oʻz xohishiga koʻra 8-bosqich Ishchi organ Chet el fuqarosi tomonidan taqdim etilgan hujjatlar asosida Maxsus soliq rejimi berilgani toʻgʻrisidagi guvohnomani chet el fuqarosining shaxsiy kabinetiga yoki elektron pochta manziliga yuboradi. Bir ish kunida
Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Chet el fuqarolarining doimiy yashashini (rezidentlik) tasdiqlash
T/r Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirgan vaqti Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqqan vaqti Oʻzbekiston Respublikasi hududida boʻlgan kunlar soni 1. 2. 3. ...
Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
____________________________________ga fuqaro F.I.O. JSHSHIR _____________________________ ______________________________________ roʻyxatga olingan manzili XABARNOMA Hurmatli __________________ Sizning murojaatingiz belgilangan tartibda oʻrganib chiqildi. Komissiyaning xulosasiga koʻra maxsus soliq rejimining taqdim etilishi maqsadga muvofiq (yoki muvofiq emas) deb topildi. Shunga asosan belgilangan miqdordagi maxsus yigʻimni toʻlashingiz (yoki voyaga yetgan har bir qarindoshingiz uchun) hamda maxsus vakolatli tijorat bankida bank hisobvaragʻini yoki maxsus vakolatli kripto-birjada kripto-hamyon ochishingiz soʻraladi. Yuqoridagi talablar bajarilgan taqdirda, Sizga maxsus guvohnoma taqdim etiladi. QR kod
Chet el fuqarolariga maxsus soliq rejimini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI SOLIQ QOʻMITASI Maxsus soliq rejimi berilgani toʻgʻrisida GUVOHNOMA №00000000 20___ yil “____” __________ Komissiyaning xulosasiga asosan chet el fuqarosi _________________ga (JSHSHIR: _________________, roʻyxatdan oʻtkazilgan manzili: ___________) maxsus soliq rejimi taqdim etildi. Guvohnomaning amal qilish muddati ______ yilgacha. QR kod
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-maydagi 270-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi hududida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 17-band quyidagi mazmundagi sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Maxsus soliq rejimi berilgani toʻgʻrisida guvohnoma — maxsus soliq rejimi qoʻllanilgan chet el fuqarolari va ularning yaqin qarindoshlari (ota-onasi, tugʻishgan va oʻgay aka-ukalari va opa-singillari, eri (xotini), farzandlari, shu jumladan, farzandlikka olinganlar, bobolari, buvilari, nevaralari, shuningdek, erining (xotinining) ota-onasi) uchun”;
sakkizinchi xatboshi toʻqqizinchi xatboshi deb hisoblansin.
2. Quyidagi mazmundagi 20 1 -band bilan toʻldirilsin:
“20 1 . Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasining soliq rezidentlari deb eʼtirof etilgan va maxsus yigʻim toʻlagan quyidagi chet el fuqarolari va ularning yaqin qarindoshlari Oʻzbekiston Respublikasi hududida turgan joyi (ularga yoki ularning yaqin qarindoshlariga mulk yoki ijara huquqi asosida tegishli boʻlgan turar joy koʻchmas mulk obyekti) boʻyicha ariza va maxsus soliq rejimi berilgani toʻgʻrisidagi guvohnoma asosida bir ish kunida roʻyxatdan oʻtkaziladi:
boshqa davlatlar hududida doimiy yashaydigan va Oʻzbekiston Respublikasi hududida vaqtincha turgan chet el fuqarolari va ularning yaqin qarindoshlari 5 yilgacha, biroq viza muddatidan ortiq boʻlmagan muddatga;
Oʻzbekiston Respublikasiga vizasiz kirish rejimi belgilangan Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligiga aʼzo davlatlar fuqarolari va ularning yaqin qarindoshlari 5 yilgacha, ammo Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqmasdan turib olti oydan ortiq boʻlmagan muddatga”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 21-may,
270 -son