📅 2026-yil 26-may · Prezident farmonlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 26-may · Prezident farmonlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 26 май · Президент фармонлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 мая 2026 г. · Указы Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 May 2026 · Presidential decrees
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Сув хўжалиги соҳасида бозор механизмларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
Сув фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, тенглик, шаффофлик ҳамда бозор тамойилларига асосланган илғор хорижий тажрибани жорий этган ҳолда сув фонди ерларидан қўшимча иқтисодий самара олиш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар Сув хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотлари ҳисобидаги сув фонди ерларидан (кейинги ўринларда — сув фонди ерлари) оқилона фойдаланишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгилансин:
(а) 2026-2027 йилларда давлат рўйхатидан ўтказилмаган 268 минг гектар сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини якунлаш;
(б) 2026-2027 йилларда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 30 минг гектар сув фонди ерларини шаффоф ҳамда бозор тамойилларига асосланган ҳолда ижарага беришни ташкил этиш;
(в) сув фонди ерлари участкаларини сув хўжалиги ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш;
(г) 2027 йил якунига қадар сув фонди ерларида 100 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларга 220 миллиард сўм қўшимча даромад олиш манбаини яратиш.
II. Соҳага бозор механизмларини кенг жорий қилиш
2. Сув фонди ерларини ижарага беришда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Давлат муассасаси) ягона буюртмачи этиб белгилансин. Бунда Давлат муассасаси томонидан сув фонди ерлари қуйидаги йўналишларда ижарага берилади:
(а) сув фонди ерларининг соҳилбўйи минтақаларидан туристик хизматлар ва сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш;
(б) сув фонди ерларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш.
3. Белгилансинки:
(а) тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозаланиши лозим бўлган дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектлари рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар натижалари асосида шакллантирилади ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг қўшма қарори билан тасдиқланади;
(б) дарё ва сув хўжалиги объектлари ўзанларини тозалашда қирғоқларнинг ювилишига ва яқин ҳудудларнинг сув босишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳамда сув оқимига тўсқинлик қилаётган қум-шағал материаллари қазиб олинишига рухсат этилади;
(в) сув омборлари ва сел-сув омборлари, каналлар, коллекторлар, табиий кўллар ва гидротехника иншоотларини тупроқ материалларидан тозалаш тадбирларига ташаббускор тадбиркорлик субъектларини энг яхши таклифлари асосида тўғридан-тўғри шартнома асосида жалб қилишга рухсат этилади;
(г) сув омборлари ва сел-сув омборларининг сувдан бўшаган ҳамда тупроқ намлиги сақланган ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида ушбу ерлар ташаббускорларга қисқа муддатга экин экишга Давлат муассасаси томонидан электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага берилади;
(д) тозаланиши лозим бўлган сув хўжалиги объектининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун ушбу соҳадаги ихтисослашган нуфузли лойиҳа ташкилотлари жалб этилади.
III. Давлат назоратини такомиллаштириш
4. Сув хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар сув фонди ерларини ижарага бериш, мониторинг қилиш, шартномалар тузиш ва ҳисоботини онлайн юритиш имконини берувчи «Suv-yer-ijara» ахборот тизими ишга туширилиши ва Сув хўжалиги вазирлигининг «Raqamli suv xoʻjaligi» ягона ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминласин.
5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда балансдаги сув омборлари атрофидаги ижарага берилган сув фонди ерларида органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда халқаро сертификатлар талабларига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
6. Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига қуйидаги йўналишларда давлат назоратини амалга ошириш бўйича вазифалар юклансин:
(а) сув фонди ерларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни назорат қилиш;
(б) сув фонди ерлари ўзбошимчалик билан эгалланишининг олди олинишини назорат қилиш.
IV. Сув хўжалиги объектлари ер участкаларига доир ташкилий масалалар
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда:
(а) 2026 йил якунига қадар бегоналаштирилган ҳамда жисмоний ва юридик шахслар номига тегишлилиги бўйича мулк ва ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилмаган сув фонди ерларини хатловдан ўтказиб, уларга бўлган ҳуқуқлар қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинишини ҳамда ушбу ерлар сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилувчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилишини;
(б) сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилувчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиладиган сув фонди ерларидан тадбиркорлик субъектлари томонидан вақтинча фойдаланиш мақсадида тузилган ижара шартномалари Давлат муассасаси ҳамда сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилувчи ташкилотлар томонидан қайта рўйхатга олинишини таъминласин.
8. Белгилансинки, дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларидан қазиб олинадиган қум-шағал материаллари ҳажми Сув хўжалиги вазирлиги маблағлари ҳисобидан ва вазирликнинг сўровига асосан Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан техник имкониятлардан келиб чиқиб ҳисобланади.
Бунда ушбу ҳисоб дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларининг экологик экспертиза хулосасидаги ҳисобдан ижобий фарқ қилган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган тўловларни ҳисоблашда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг ҳисоб-китоблари қўлланади.
9. Қуйидагилар Давлат муассасасини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
(а) тадбиркорлик субъектлари томонидан дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларини тозалаш натижасида олинган қум-шағал материалларининг (ишлов берилмаган) ҳар бир метр кубига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи ва республиканинг бошқа ҳудудлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 фоизи миқдорида ундириладиган тўлов;
(б) сув фонди ерларини реализация қилиш ва ижарага беришдан тушган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
10. «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасасининг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
11. Сув хўжалиги вазирлиги сув фонди ер участкаларини хатловдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган ишларни Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси билан шартнома асосида сифатли амалга оширишни таъминласин.
Бунда хатлов ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар Сув хўжалиги вазирлигига республика бюджетидан ажратилган ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
V. Қонунчиликни мувофиқлаштириш
12. Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(а) уч ой муддатда қуйидаги ваколатларни Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига ҳам беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини:
(i) сув фонди ерларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишни;
(ii) дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиш ҳамда ушбу тартибни бузганлик ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишни;
(б) ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган сув фонди ерлари ҳамда уларда ноқонуний қурилган бино ва иншоотларни бартараф этиш бўйича судларга киритилган даъволарни кўриб чиқиш юзасидан давлат божи тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини;
(в) бир ой муддатда Давлат муассасаси фаолиятини самарали ташкил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Сув хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
VI. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
16. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) Бош вазир ўринбосари Ж. Ходжаев, сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев — белгиланган топшириқ ва вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлашга;
(б) сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари З. Ишпулатов — сув фонди ерларини ижарага беришни рақамлаштириш ва улардан фойдаланишни доимий мониторинг қилишга;
(в) сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р. Қаршиев, Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси раиси М. Валиев — сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга;
(г) Бош прокурор ўринбосари Ш. Тўхтабоев — Фармонда белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатишга.
17. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Т.Н. Бутунбаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ-99-сон Фармонига 1-ИЛОВА
«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасасининг
1. Сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш, бўш турган ерларни аниқлаш ва сув хўжалиги объектига зарар етказмайдиган фаолият турлари бўйича ижарага бериш учун электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш.
2. Сув хўжалиги объектлари (сув ҳавзалари)нинг сувни муҳофаза қилиш зоналарида экотуризмни ташкил этиш мақсадида замонавий енгил конструкцияли туризм инфратузилма объектларини қуриш учун сув фонди ерларини юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдоларини ташкил этиш.
3. Сув хўжалиги объектлари ҳудудида жойлашган бўш бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш.
4. Дарё ўзанларини тозалаш ишларига тадбиркорлик субъектларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали жалб қилиш.
5. Сув омборлари ва сел-сув омборларининг лойқа ва норуда материаллари билан қопланган қисмини тозалаш.
6. Сув хўжалиги ташкилотлари фойдаланишидаги сув фонди ерларида ер тузиш, лойиҳа, геодезия, хатлов ва маркшейдерлик ишларини бажаришда салоҳиятли лойиҳа ташкилотларини жалб қилиш.
7. Дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишларини амалга ошириш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртма бериш ҳамда давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш.
8. Шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари натижасида олинган қум-шағал материаллари ҳажмининг ҳисобини юритиш.
9. Тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари олиб борилаётган участкалардаги ҳолатни ўрганиш.
10. Микро ва кичик гидроэлектрстанцияларни қуриш ва улардан фойдаланиш.
11. Қонунчиликда тақиқланмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ-99-сон Фармонига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майдаги «Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида»ги ПФ-74-сон Фармонида :
(а) 3-банднинг «б» кичик банди бешинчи хатбошиси «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси ташкил этилсин» сўзларидан кейин «ва Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси, 1-А уйнинг А-блок 4-қаватига жойлаштирилсин» сўзлари билан тўлдирилсин;
(б) 6-илованинг 7-позицияси «Масъул ижрочилар» устунидаги «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари» сўзлари «Вилоятлар ҳокимликлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
(в) 7-илованинг 12-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрдаги «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3286-сон қарорининг 1-банди саккизинчи хатбошисидаги «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасаси» сўзлари «Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 981-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Дарёлар ўзанларини тозалаш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда :
(а) 4-банднинг биринчи хатбошисидаги «Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — «Хавфсиз дарё бошқармаси») сўзлари «Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ)» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) 5-бандда :
(i) биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозаланиши лозим бўлган дарё ўзанларининг рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар натижалари бўйича шакллантирилади»;
(ii) қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тозаланиши лозим бўлган участкаларнинг рўйхати Сув хўжалиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг қўшма қарори билан тасдиқланади»;
(iii) иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
(в) 7-банддаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(г) 9 ва 10-бандлардаги «Табиат ресурслари вазирлигининг» сўзлари «Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
(д) 9 — 11-бандлардаги , 12-банднинг учинчи хатбошисидаги , 14-банднинг биринчи хатбошисидаги , 15 ва 16-бандлардаги , 17-банднинг «а» ва «г» кичик бандларидаги , 18-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги , 19-банднинг биринчи хатбошисидаги тегишли келишикдаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари тегишли келишикдаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ж) 19-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи аукционга қўйилиши ҳақидаги ахборотни Сув хўжалиги вазирлигига юборади»;
(з) 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«20. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тадбиркорлик субъектларини аукционда иштирок этишга кенг жалб қилишга доир чораларни кўради, шу жумладан, «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМдан олинган ҳужжатлар ва ахборотни аукционда иштирок этиш учун буюртма жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манзилига таянган ҳолда, ўз расмий веб-сайтида мажбурий тартибда жойлаштиради»;
(и) 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21. Дарёлар ўзанларини тозалаш учун ер участкасига бўлган ҳуқуқни электрон савдо платформасида реализация қилиш, тозаланиши лозим бўлган участкаларнинг рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар натижалари бўйича шакллантирилади.
Тозаланиши лозим бўлган участкаларнинг рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг қўшма қарори билан тасдиқланади»;
(к) 23-бандда :
(i) биринчи хатбошидаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ Сув хўжалиги вазирлигига аукцион ғолиби тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади»;
(л) 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«24. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМдан олинган аукцион ғолиби тўғрисидаги маълумотларни уч иш куни мобайнида ўз расмий веб-сайтида мажбурий тартибда жойлаштиради»;
(м) 25-бандда :
(i) биринчи хатбошидаги «Хавфсиз дарё бошқармасининг» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМнинг» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(н) 29-банддаги «Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг» сўзлари «Сув хўжалиги вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
(о) 30-бандда :
(i) биринчи хатбошидаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) иккинчи хатбошидаги «Табиат ресурслари вазирлиги» сўзлари «Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
(п) 31-бандда :
(i) «Хавфсиз дарё бошқармаси» сўзлари «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига» сўзлари «Сув хўжалиги вазирлигига» сўзлари билан алмаштирилсин;
(р) 1 ва 2-иловалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Дарёлар ўзанларини тозалаш учун ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Дарёлар ўзанларини тозалаш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материалларни тайёрлаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг вилоят бошқармалари Дарёлар ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар рўйхатини (кейинги ўринларда — участкалар рўйхати) шакллантиради. Заруратга кўра 2-босқич Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тозаланиши лозим бўлган участкаларнинг рўйхатини қўшма қарори билан тасдиқлайди. 5 иш куни мобайнида 3-босқич Сув хўжалиги вазирлиги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ Тасдиқланган участкалар рўйхати бўйича босқичма-босқич ҳар бир участкага лойиҳа ҳужжатларини «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ томонидан заруратга кўра бошқа лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқади. 5 иш куни мобайнида 4-босқич Лойиҳа ташкилотлари Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади. Шартномага мувофиқ 5-босқич «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ Давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органларига лойиҳа ҳужжатларини тақдим этади. 2 иш куни мобайнида 6-босқич Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари Ҳар бир лойиҳа ҳужжатлари бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасини тайёрлайди ва «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ вакилига ишончнома асосида топширади. 20 иш куни мобайнида 7-босқич «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини аукционда реализация қилиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖга (кейинги ўринларда — оператор) электрон буюртма беради. 2 иш куни мобайнида 8-босқич Оператор Ўтказилган аукцион натижалари ҳақидаги баённомани «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМга тақдим этади ва тегишли маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради. 1 иш куни мобайнида 9-босқич «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ Аукцион ғолиби билан шартнома тузади ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги аукцион ғолиблари тўғрисида маълумотлар тақдим этади. 3 иш куни мобайнида 10-босқич «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ Аукцион ғолиблари тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтида мажбурий тартибда жойлаштиради. 3 иш куни мобайнида 11-босқич «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Сувхўжаликназорат» инспекцияси Жойларга чиққан ҳолда, дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари амалга оширилаётган участкалардаги ҳолатни ўрганади. Доимий равишда 12-босқич «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ Шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари натижасида олинган қум-шағал материалларининг ҳисобини юритади. Доимий равишда
Дарёлар ўзанларини тозалаш учун ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукцион ташкил қилиш ҳақида ЭЛЕКТРОН БУЮРТМА 20___ йил «____» __ ____ ____да ________ «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ ва «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ ўртасида тузилган ____-сон шартномага мувофиқ, шунингдек, «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ бошлиғининг 20___ йил «_____» ___ ___ ______ даги буйруғига биноан «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ қуйидаги лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш учун ушбу буюртмани тақдим этади: 1. Лойиҳанинг ўзига хос рақами ___________ _______________________ _____________________. 2. Лойиҳани амалга ошириш жойи _____________ ________________________ ________________. 3. Белгиланган мақсад ________________________ ________________________ _______________. 4. Лойиҳа бўйича қум-шағал захирасининг ҳажми ________________________________________. 5. Лойиҳанинг минимал қиймати (бошланғич нархи) (сўмда) _ _______________________ ______. 6. Электрон онлайн-аукцион ғолибининг мажбуриятлари: 6.1. Лойиҳани амалга ошириш муддати ___________________ ________________________ ______; 6.2. Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи эгасига давлат экологик экспертизаси хулосасига мувофиқ қўйиладиган талаблар: _____________________________________________________________________ ______ _____________________________________________________ _______________________ _______; 6.3. Шартнома шартлари ва тартибига тааллуқли бошқа талаблар ___________________________ ______ ________________________________________________ _________________________ __________. 7. Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини реализация қилишдан тушган маблағлар ўтказилиши мумкин бўлган банк реквизитлари: Банк номи _________________________________ ________________________ ________________; Банк МФО ____________________________________ _______________________ ______________; Банк ҳисобварағи ___________________________ ________________________ ________________. 8. «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ нинг манзили ва боғланиш учун маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқалар) _____ ___ ________________ ___________________ ______ _ _____________ _ _______________________________________________ __. Буюртма 20 ___ йил «____» _______________ да тақдим этилди. «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» ДМ бошлиғи ___________ ______________ _________ (Ф.И.О.) ЭРИ ».
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 981-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби тўғрисидаги низомда :
(а) 30-банд қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ер тузиш лойиҳаси бўйича дарё ва қуримайдиган сойлар эгаллаган ерлар ва уларнинг соҳилбўйи минтақалари Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 20-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори асосида тегишлича сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади»;
(б) 38-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«38. Каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектларининг соҳилбўйи минтақаларини белгилаш бўйича лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган ҳудудлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 20-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори асосида тегишлича улардан фойдаланувчи сув хўжалиги ва бошқа ташкилотларга ажратиб берилади».
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ-99-сон Фармонига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-14-сон Фармонига 2-илованинг 12-банди .
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгашини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-106-сон Фармонига 7-илованинг 8-банди .
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 июлдаги «Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3841-сон қарори .
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги «Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-426-сон қарорига 3-илованинг 2-банди .
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 26 май,
ПФ-99-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING
FARMONI
ASOSIY VAZIFALARI
SXEMASI
ROʻYXATI
Suv xoʻjaligi sohasida bozor mexanizmlarini keng joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Suv fondi yerlaridan foydalanish samaradorligini oshirish, shuningdek, tenglik, shaffoflik hamda bozor tamoyillariga asoslangan ilgʻor xorijiy tajribani joriy etgan holda suv fondi yerlaridan qoʻshimcha iqtisodiy samara olish va yangi ish oʻrinlarini yaratish maqsadida qaror qilaman:
I. Maqsadlar
1. Quyidagilar Suv xoʻjaligi vazirligi tizim tashkilotlari hisobidagi suv fondi yerlaridan (keyingi oʻrinlarda — suv fondi yerlari) oqilona foydalanishning asosiy maqsadli koʻrsatkichlari etib belgilansin:
(a) 2026-2027-yillarda davlat roʻyxatidan oʻtkazilmagan 268 ming gektar suv fondi yerlarini xatlovdan oʻtkazish va kadastr hujjatlarini rasmiylashtirish ishlarini yakunlash;
(b) 2026-2027-yillarda suv xoʻjaligi tashkilotlari hisobidagi 30 ming gektar suv fondi yerlarini shaffof hamda bozor tamoyillariga asoslangan holda ijaraga berishni tashkil etish;
(v) suv fondi yerlari uchastkalarini suv xoʻjaligi tashkilotlariga doimiy foydalanish huquqi asosida ajratish;
(g) 2027-yil yakuniga qadar suv fondi yerlarida 100 ming nafar aholi bandligini taʼminlash orqali ularga 220 milliard soʻm qoʻshimcha daromad olish manbaini yaratish.
II. Sohaga bozor mexanizmlarini keng joriy qilish
2. Suv fondi yerlarini ijaraga berishda Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat muassasasi) yagona buyurtmachi etib belgilansin. Bunda Davlat muassasasi tomonidan suv fondi yerlari quyidagi yoʻnalishlarda ijaraga beriladi:
(a) suv fondi yerlarining sohilboʻyi mintaqalaridan turistik xizmatlar va suv boʻyida plyaj zonalarini tashkil etish, shuningdek, qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish;
(b) suv fondi yerlarini tozalash jarayonida qum-shagʻal materiallarini qazib olish.
3. Belgilansinki:
(a) toʻplanib qolgan qum-shagʻal materiallaridan tozalanishi lozim boʻlgan daryo oʻzanlari va suv xoʻjaligi obyektlari roʻyxati Suv xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining hududiy boshqarmalari tomonidan oʻtkaziladigan oʻrganishlar natijalari asosida shakllantiriladi hamda Suv xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining qoʻshma qarori bilan tasdiqlanadi;
(b) daryo va suv xoʻjaligi obyektlari oʻzanlarini tozalashda qirgʻoqlarning yuvilishiga va yaqin hududlarning suv bosishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan hamda suv oqimiga toʻsqinlik qilayotgan qum-shagʻal materiallari qazib olinishiga ruxsat etiladi;
(v) suv omborlari va sel-suv omborlari, kanallar, kollektorlar, tabiiy koʻllar va gidrotexnika inshootlarini tuproq materiallaridan tozalash tadbirlariga tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarini eng yaxshi takliflari asosida toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida jalb qilishga ruxsat etiladi;
(g) suv omborlari va sel-suv omborlarining suvdan boʻshagan hamda tuproq namligi saqlangan yerlaridan samarali foydalanish maqsadida ushbu yerlar tashabbuskorlarga qisqa muddatga ekin ekishga Davlat muassasasi tomonidan elektron onlayn auksion savdolari orqali ijaraga beriladi;
(d) tozalanishi lozim boʻlgan suv xoʻjaligi obyektining loyiha hujjatlarini ishlab chiqish uchun ushbu sohadagi ixtisoslashgan nufuzli loyiha tashkilotlari jalb etiladi.
III. Davlat nazoratini takomillashtirish
4. Suv xoʻjaligi vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2026-yil 1-avgustga qadar suv fondi yerlarini ijaraga berish, monitoring qilish, shartnomalar tuzish va hisobotini onlayn yuritish imkonini beruvchi “Suv-yer-ijara” axborot tizimi ishga tushirilishi va Suv xoʻjaligi vazirligining “Raqamli suv xoʻjaligi” yagona axborot tizimiga integratsiya qilinishini taʼminlasin.
5. Qishloq xoʻjaligi vazirligi Suv xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda balansdagi suv omborlari atrofidagi ijaraga berilgan suv fondi yerlarida organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirishda xalqaro sertifikatlar talablariga rioya etilishi ustidan doimiy nazorat oʻrnatsin.
6. Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasiga quyidagi yoʻnalishlarda davlat nazoratini amalga oshirish boʻyicha vazifalar yuklansin:
(a) suv fondi yerlaridan oqilona va maqsadli foydalanishni nazorat qilish;
(b) suv fondi yerlari oʻzboshimchalik bilan egallanishining oldi olinishini nazorat qilish.
IV. Suv xoʻjaligi obyektlari yer uchastkalariga doir tashkiliy masalalar
7. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Suv xoʻjaligi vazirligi hamda Kadastr agentligi bilan birgalikda:
(a) 2026-yil yakuniga qadar begonalashtirilgan hamda jismoniy va yuridik shaxslar nomiga tegishliligi boʻyicha mulk va ijara huquqi asosida davlat roʻyxatidan oʻtkazilmagan suv fondi yerlarini xatlovdan oʻtkazib, ularga boʻlgan huquqlar qonunchilikda belgilangan tartibda bekor qilinishini hamda ushbu yerlar suv xoʻjaligi obyektlarini ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotlarga doimiy foydalanish huquqi asosida ajratilishini;
(b) suv xoʻjaligi obyektlarini ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotlarga doimiy foydalanish huquqi asosida ajratiladigan suv fondi yerlaridan tadbirkorlik subyektlari tomonidan vaqtincha foydalanish maqsadida tuzilgan ijara shartnomalari Davlat muassasasi hamda suv xoʻjaligi obyektlarini ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotlar tomonidan qayta roʻyxatga olinishini taʼminlasin.
8. Belgilansinki, daryo oʻzanlari va suv xoʻjaligi obyektlaridan qazib olinadigan qum-shagʻal materiallari hajmi Suv xoʻjaligi vazirligi mablagʻlari hisobidan va vazirlikning soʻroviga asosan Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi tomonidan texnik imkoniyatlardan kelib chiqib hisoblanadi.
Bunda ushbu hisob daryo oʻzanlari va suv xoʻjaligi obyektlarining ekologik ekspertiza xulosasidagi hisobdan ijobiy farq qilgan taqdirda, tadbirkorlik subyektlari tomonidan amalga oshiriladigan toʻlovlarni hisoblashda Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligining hisob-kitoblari qoʻllanadi.
9. Quyidagilar Davlat muassasasini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
(a) tadbirkorlik subyektlari tomonidan daryo oʻzanlari va suv xoʻjaligi obyektlarini tozalash natijasida olingan qum-shagʻal materiallarining (ishlov berilmagan) har bir metr kubiga Toshkent shahri va Toshkent viloyati hududlari uchun bazaviy hisoblash miqdorining 2 foizi va respublikaning boshqa hududlari uchun bazaviy hisoblash miqdorining 1 foizi miqdorida undiriladigan toʻlov;
(b) suv fondi yerlarini realizatsiya qilish va ijaraga berishdan tushgan mablagʻlar hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.
10. “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” davlat muassasasining asosiy vazifalari 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
11. Suv xoʻjaligi vazirligi suv fondi yer uchastkalarini xatlovdan oʻtkazish va kadastr hujjatlarini rasmiylashtirish bilan bogʻliq boʻlgan ishlarni Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasi bilan shartnoma asosida sifatli amalga oshirishni taʼminlasin.
Bunda xatlov va kadastr hujjatlarini rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlar Suv xoʻjaligi vazirligiga respublika budjetidan ajratilgan va budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi.
V. Qonunchilikni muvofiqlashtirish
12. Suv xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda quyidagilarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:
(a) uch oy muddatda quyidagi vakolatlarni Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasiga ham berishni nazarda tutuvchi qonun loyihasini:
(i) suv fondi yerlaridan boshqa maqsadlarda foydalanish, oʻzboshimchalik bilan egallab olish hamda gidrotexnika inshootlarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi qonunchilik talablari buzilishi bilan bogʻliq maʼmuriy huquqbuzarliklarni koʻrib chiqishni;
(ii) daryolarning oʻzanlarini tozalashga va qirgʻoqlarini mustahkamlashga doir ishlarni amalga oshirish tartibiga rioya etilishi ustidan nazorat qilish hamda ushbu tartibni buzganlik holatlari boʻyicha maʼmuriy huquqbuzarliklarni koʻrib chiqishni;
(b) oʻzboshimchalik bilan egallab olingan suv fondi yerlari hamda ularda noqonuniy qurilgan bino va inshootlarni bartaraf etish boʻyicha sudlarga kiritilgan daʼvolarni koʻrib chiqish yuzasidan davlat boji toʻlashdan ozod qilish toʻgʻrisidagi qonun loyihasini;
(v) bir oy muddatda Davlat muassasasi faoliyatini samarali tashkil etishni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim hujjatlari 3-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
15. Suv xoʻjaligi vazirligi ikki oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu Farmondan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisidagi takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
VI. Farmon ijrosini tashkil etish, taʼminlash va nazorat
16. Mazkur Farmon ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsan javobgar etib quyidagilar belgilansin:
(a) Bosh vazir oʻrinbosari J. Xodjayev, suv xoʻjaligi vaziri Sh. Xamrayev — belgilangan topshiriq va vazifalarning oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlashga;
(b) suv xoʻjaligi vazirining birinchi oʻrinbosari Z. Ishpulatov — suv fondi yerlarini ijaraga berishni raqamlashtirish va ulardan foydalanishni doimiy monitoring qilishga;
(v) suv xoʻjaligi vazirining oʻrinbosari R. Qarshiyev, Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasi raisi M. Valiyev — suv fondi yerlarini xatlovdan oʻtkazish va kadastr hujjatlarini rasmiylashtirishga;
(g) Bosh prokuror oʻrinbosari Sh. Toʻxtaboyev — Farmonda belgilangan topshiriqlarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishi ustidan doimiy nazorat oʻrnatishga.
17. Farmon ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul tashkilotlar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi rahbari oʻrinbosari T.N. Butunbayev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 26-maydagi PF-99-son Farmoniga 1-ILOVA
“Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” davlat muassasasining
1. Suv fondi yerlarini xatlovdan oʻtkazish, boʻsh turgan yerlarni aniqlash va suv xoʻjaligi obyektiga zarar yetkazmaydigan faoliyat turlari boʻyicha ijaraga berish uchun elektron onlayn auksion savdolariga chiqarish.
2. Suv xoʻjaligi obyektlari (suv havzalari)ning suvni muhofaza qilish zonalarida ekoturizmni tashkil etish maqsadida zamonaviy yengil konstruksiyali turizm infratuzilma obyektlarini qurish uchun suv fondi yerlarini yuridik va jismoniy shaxslarga ijaraga berish boʻyicha elektron onlayn auksion savdolarini tashkil etish.
3. Suv xoʻjaligi obyektlari hududida joylashgan boʻsh bino va inshootlardan samarali foydalanishni tashkil qilish.
4. Daryo oʻzanlarini tozalash ishlariga tadbirkorlik subyektlarini elektron onlayn auksion savdolari orqali jalb qilish.
5. Suv omborlari va sel-suv omborlarining loyqa va noruda materiallari bilan qoplangan qismini tozalash.
6. Suv xoʻjaligi tashkilotlari foydalanishidagi suv fondi yerlarida yer tuzish, loyiha, geodeziya, xatlov va marksheyderlik ishlarini bajarishda salohiyatli loyiha tashkilotlarini jalb qilish.
7. Daryo oʻzanlarini tozalash jarayonida qum-shagʻal materiallarini qazib olish ishlarini amalga oshirish uchun loyiha hujjatlarini ishlab chiqish boʻyicha buyurtma berish hamda davlat ekologik ekspertizasi xulosasini olish.
8. Shartnoma asosida jalb etilgan tadbirkorlik subyektlari va boshqa tashkilotlar tomonidan daryolar oʻzanlarini tozalash ishlari natijasida olingan qum-shagʻal materiallari hajmining hisobini yuritish.
9. Tadbirkorlik subyektlari va boshqa tashkilotlar tomonidan daryolar oʻzanlarini tozalash ishlari olib borilayotgan uchastkalardagi holatni oʻrganish.
10. Mikro va kichik gidroelektrstansiyalarni qurish va ulardan foydalanish.
11. Qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa vazifalarni amalga oshirish.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 26-maydagi PF-99-son Farmoniga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 7-maydagi “Suv xoʻjaligida zamonaviy boshqaruv tizimini joriy qilish va rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini belgilash toʻgʻrisida”gi PF-74-son Farmonida :
(a) 3-bandning “b” kichik bandi beshinchi xatboshisi “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” davlat muassasasi tashkil etilsin” soʻzlaridan keyin “va Suv xoʻjaligi vazirligi tasarrufidagi Toshkent shahri, Shayxontohur tumani, Labzak koʻchasi, 1-A uyning A-blok 4-qavatiga joylashtirilsin” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
(b) 6-ilovaning 7-pozitsiyasi “Masʼul ijrochilar” ustunidagi “Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyatlar hokimlari” soʻzlari “Viloyatlar hokimliklari” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(v) 7-ilovaning 12-bandi oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 25-sentabrdagi “Suv obyektlarini muhofaza qilish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-3286-son qarorining 1-bandi sakkizinchi xatboshisidagi “Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi “Xavfsiz daryo boshqarmasi” davlat muassasasi” soʻzlari “Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” davlat muassasasi” soʻzlari bilan almashtirilsin.
3. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 3-dekabrdagi 981-son qarori 1-ilovasi bilan tasdiqlangan Daryolar oʻzanlarini tozalash maqsadida ishlab chiqilgan loyihalarni amalga oshirish huquqini elektron onlayn-auksion orqali realizatsiya qilish uchun materiallar tayyorlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
(a) 4-bandning birinchi xatboshisidagi “Favqulodda vaziyatlar vazirligi “Xavfsiz daryo boshqarmasi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — “Xavfsiz daryo boshqarmasi”) soʻzlari “Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM)” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(b) 5-bandda :
(i) birinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“5. Toʻplanib qolgan qum-shagʻal materiallaridan tozalanishi lozim boʻlgan daryo oʻzanlarining roʻyxati Suv xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi xodimlari tomonidan oʻtkaziladigan oʻrganishlar natijalari boʻyicha shakllantiriladi”;
(ii) quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“tozalanishi lozim boʻlgan uchastkalarning roʻyxati Suv xoʻjaligi va Favqulodda vaziyatlar vazirliklarining qoʻshma qarori bilan tasdiqlanadi”;
(iii) ikkinchi xatboshi uchinchi xatboshi deb hisoblansin;
(v) 7-banddagi “Xavfsiz daryo boshqarmasi” soʻzlari “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(g) 9 va 10-bandlardagi “Tabiat resurslari vazirligining” soʻzlari “Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(d) 9 — 11-bandlardagi , 12-bandning uchinchi xatboshisidagi , 14-bandning birinchi xatboshisidagi , 15 va 16-bandlardagi , 17-bandning “a” va “g” kichik bandlaridagi , 18-bandning birinchi va ikkinchi xatboshilaridagi , 19-bandning birinchi xatboshisidagi tegishli kelishikdagi “Xavfsiz daryo boshqarmasi” soʻzlari tegishli kelishikdagi “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(j) 19-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM loyihani amalga oshirish huquqi auksionga qoʻyilishi haqidagi axborotni Suv xoʻjaligi vazirligiga yuboradi”;
(z) 20-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“20. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tadbirkorlik subyektlarini auksionda ishtirok etishga keng jalb qilishga doir choralarni koʻradi, shu jumladan, “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DMdan olingan hujjatlar va axborotni auksionda ishtirok etish uchun buyurtma joylashtiriladigan Internet jahon axborot tarmogʻidagi manziliga tayangan holda, oʻz rasmiy veb-saytida majburiy tartibda joylashtiradi”;
(i) 21-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“21. Daryolar oʻzanlarini tozalash uchun yer uchastkasiga boʻlgan huquqni elektron savdo platformasida realizatsiya qilish, tozalanishi lozim boʻlgan uchastkalarning roʻyxati Suv xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining hududiy boshqarmalari tomonidan oʻtkaziladigan oʻrganishlar natijalari boʻyicha shakllantiriladi.
Tozalanishi lozim boʻlgan uchastkalarning roʻyxati Suv xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi va Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining qoʻshma qarori bilan tasdiqlanadi”;
(k) 23-bandda :
(i) birinchi xatboshidagi “Xavfsiz daryo boshqarmasi” soʻzlari “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(ii) uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM Suv xoʻjaligi vazirligiga auksion gʻolibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etadi”;
(l) 24-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“24. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DMdan olingan auksion gʻolibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni uch ish kuni mobaynida oʻz rasmiy veb-saytida majburiy tartibda joylashtiradi”;
(m) 25-bandda :
(i) birinchi xatboshidagi “Xavfsiz daryo boshqarmasining” soʻzlari “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DMning” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(ii) ikkinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
(n) 29-banddagi “Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligining” soʻzlari “Suv xoʻjaligi vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(o) 30-bandda :
(i) birinchi xatboshidagi “Xavfsiz daryo boshqarmasi” soʻzlari “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish DM” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(ii) ikkinchi xatboshidagi “Tabiat resurslari vazirligi” soʻzlari “Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(p) 31-bandda :
(i) “Xavfsiz daryo boshqarmasi” soʻzlari “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(ii) “Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligiga” soʻzlari “Suv xoʻjaligi vazirligiga” soʻzlari bilan almashtirilsin;
(r) 1 va 2-ilovalar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Daryolar oʻzanlarini tozalash uchun ishlab chiqilgan loyihalarni amalga oshirish huquqini elektron onlayn-auksion orqali realizatsiya qilish uchun materiallar tayyorlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Daryolar oʻzanlarini tozalash maqsadida ishlab chiqilgan loyihalarni amalga oshirish huquqini elektron onlayn-auksion orqali realizatsiya qilish uchun materiallarni tayyorlash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining viloyat boshqarmalari Daryolar oʻzanlarida qum-shagʻal materiallari toʻplanib qolgan va tozalanishi lozim boʻlgan uchastkalar roʻyxatini (keyingi oʻrinlarda — uchastkalar roʻyxati) shakllantiradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi Tozalanishi lozim boʻlgan uchastkalarning roʻyxatini qoʻshma qarori bilan tasdiqlaydi. 5 ish kuni mobaynida 3-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM Tasdiqlangan uchastkalar roʻyxati boʻyicha bosqichma-bosqich har bir uchastkaga loyiha hujjatlarini “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM tomonidan zaruratga koʻra boshqa loyiha tashkilotlarini jalb qilgan holda ishlab chiqadi. 5 ish kuni mobaynida 4-bosqich Loyiha tashkilotlari Loyiha hujjatlarini ishlab chiqadi. Shartnomaga muvofiq 5-bosqich “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM Davlat ekologik ekspertizasi xulosasini olish uchun Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining davlat ekologik ekspertizasi organlariga loyiha hujjatlarini taqdim etadi. 2 ish kuni mobaynida 6-bosqich Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining davlat ekologik ekspertizasi organlari Har bir loyiha hujjatlari boʻyicha davlat ekologik ekspertizasi xulosasini tayyorlaydi va “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM vakiliga ishonchnoma asosida topshiradi. 20 ish kuni mobaynida 7-bosqich “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM Loyihani amalga oshirish huquqini auksionda realizatsiya qilish uchun Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJga (keyingi oʻrinlarda — operator) elektron buyurtma beradi. 2 ish kuni mobaynida 8-bosqich Operator Oʻtkazilgan auksion natijalari haqidagi bayonnomani “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DMga taqdim etadi va tegishli maʼlumotlarni oʻz rasmiy veb-saytiga joylashtiradi. 1 ish kuni mobaynida 9-bosqich “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM Auksion gʻolibi bilan shartnoma tuzadi hamda Suv xoʻjaligi vazirligi auksion gʻoliblari toʻgʻrisida maʼlumotlar taqdim etadi. 3 ish kuni mobaynida 10-bosqich “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM Auksion gʻoliblari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz rasmiy veb-saytida majburiy tartibda joylashtiradi. 3 ish kuni mobaynida 11-bosqich “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, “Suvxoʻjaliknazorat” inspeksiyasi Joylarga chiqqan holda, daryolar oʻzanlarini tozalash ishlari amalga oshirilayotgan uchastkalardagi holatni oʻrganadi. Doimiy ravishda 12-bosqich “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM Shartnoma asosida jalb etilgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan daryolar oʻzanlarini tozalash ishlari natijasida olingan qum-shagʻal materiallarining hisobini yuritadi. Doimiy ravishda
Daryolar oʻzanlarini tozalash uchun ishlab chiqilgan loyihalarni amalga oshirish huquqini elektron onlayn-auksion orqali realizatsiya qilish uchun materiallar tayyorlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Loyihani amalga oshirish huquqini realizatsiya qilish boʻyicha elektron onlayn-auksion tashkil qilish haqida ELEKTRON BUYURTMA 20___ yil “____” __ ____ ____da ________ “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM va “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ oʻrtasida tuzilgan ____-son shartnomaga muvofiq, shuningdek, “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM boshligʻining 20___ yil “_____” ___ ___ ______ dagi buyrugʻiga binoan “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM quyidagi loyihani amalga oshirish huquqini elektron onlayn-auksionda realizatsiya qilish uchun ushbu buyurtmani taqdim etadi: 1. Loyihaning oʻziga xos raqami ___________ _______________________ _____________________. 2. Loyihani amalga oshirish joyi _____________ ________________________ ________________. 3. Belgilangan maqsad ________________________ ________________________ _______________. 4. Loyiha boʻyicha qum-shagʻal zaxirasining hajmi ________________________________________. 5. Loyihaning minimal qiymati (boshlangʻich narxi) (soʻmda) _ _______________________ ______. 6. Elektron onlayn-auksion gʻolibining majburiyatlari: 6.1. Loyihani amalga oshirish muddati ___________________ ________________________ ______; 6.2. Loyihani amalga oshirish huquqi egasiga davlat ekologik ekspertizasi xulosasiga muvofiq qoʻyiladigan talablar: _____________________________________________________________________ ______ _____________________________________________________ _______________________ _______; 6.3. Shartnoma shartlari va tartibiga taalluqli boshqa talablar ___________________________ ______ ________________________________________________ _________________________ __________. 7. Loyihani amalga oshirish huquqini realizatsiya qilishdan tushgan mablagʻlar oʻtkazilishi mumkin boʻlgan bank rekvizitlari: Bank nomi _________________________________ ________________________ ________________; Bank MFO ____________________________________ _______________________ ______________; Bank hisobvaragʻi ___________________________ ________________________ ________________. 8. “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM ning manzili va bogʻlanish uchun maʼlumotlari (telefon raqami, elektron pochta manzili va boshqalar) _____ ___ ________________ ___________________ ______ _ _____________ _ _______________________________________________ __. Buyurtma 20 ___ yil “____” _______________ da taqdim etildi. “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” DM boshligʻi ___________ ______________ _________ (F.I.O.) ERI ”.
4. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 11-dekabrdagi 981-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi suv obyektlarining suvni muhofaza qilish va sanitariya-muhofaza zonalarini belgilash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
(a) 30-band quyidagi mazmundagi oʻn birinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Yer tuzish loyihasi boʻyicha daryo va qurimaydigan soylar egallagan yerlar va ularning sohilboʻyi mintaqalari Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksining 20-moddasiga muvofiq, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining qarori asosida tegishlicha suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlariga doimiy foydalanish huquqi bilan ajratib beriladi”;
(b) 38-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“38. Kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari hamda boshqa suv xoʻjaligi obyektlarining sohilboʻyi mintaqalarini belgilash boʻyicha loyiha hujjatlarida koʻrsatilgan hududlar Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksining 20-moddasiga muvofiq, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining qarori asosida tegishlicha ulardan foydalanuvchi suv xoʻjaligi va boshqa tashkilotlarga ajratib beriladi”.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 26-maydagi PF-99-son Farmoniga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim hujjatlari
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 17-yanvardagi “Suv havzalarida noruda materiallarni qazib olishni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-14-son Farmoniga 2-ilovaning 12-bandi .
2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 23-iyuldagi “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzurida Iqlim kengashini tashkil etish toʻgʻrisida”gi PF-106-son Farmoniga 7-ilovaning 8-bandi .
3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 9-iyuldagi “Ichki bozorni qum-shagʻal materiallari bilan barqaror taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-3841-son qarori .
4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 18-noyabrdagi “Aholini va hududlarni xavfli gidrometeorologik hodisalar hamda geologik jarayonlar bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-426-son qaroriga 3-ilovaning 2-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2026-yil 26-may,
PF-99-son