UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 3-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 3 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон халқининг уч минг йилдан зиёд давлатчилик тарихининг ажралмас қисми бўлган ҳарбий тарих, буюк саркардаларнинг юксак ҳарбий маҳорати, миллий Қуролли Кучларимизнинг барпо этилиши ва ривожланиш босқичлари, шунингдек, Янги Ўзбекистонда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларни халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган авлод ва дунё жамоатчилигига танитиш ва тарғиб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ва Фанлар академияси Тарих институтининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейини Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейи (кейинги ўринларда — музей) этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейини ташкил этиш концепти ва тематик-экспозицион режасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, Фанлар академияси Тарих институти ва Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда:

музей экспозицияларини юксак ғоявий-бадиий савияда яратиш учун энг истеъдодли ва маҳоратли ижодкорлар ҳамда мутахассисларни жалб этсин;

музейнинг умумий кўриниши ва меъморий тузилиши миллий услуб ҳамда анъаналарга мос бўлишини, экспозициялар жаҳондаги илғор тажрибаларни ўзида мужассам этишини таъминласин;

музей экспозициялари ва композицияларини таъсирчан, интерактив усуллар, инновацион технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда яратсин;

музей экспонатлари орқали мамлакатимиз ҳарбий тарихи ва меросини ҳаққоний ёритишга, ҳарбий хизматнинг жозибадорлигини ҳамда ёшларнинг ҳарбий касбга қизиқишини оширишга, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратсин;

музейда аҳолининг мамлакатимиз ҳарбий санъати тарихи ва миллий армиямизнинг бугунги куч-қудрати ва салоҳияти билан яқиндан танишиши, илмий изланишлар олиб бориши, кўргазмалар, оммавий-маданий тадбирлар ҳамда ижодий учрашувлар ўтказиши учун барча шароитлар яратсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти ва Маданий мерос агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейини ташкил этиш концепти ва тематик-экспозицион режасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган музейни ташкил этиш концепти ва тарихий хронологик тартибдаги тематик-экспозицион режасини тасдиқласин;

в) Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан биргаликда музей фондида сақланаётган экспонатларни Миллий музей фондининг Давлат каталогига киритиш ишларини амалга оширсин.

4. Музейнинг мавжуд биносини реконструкция қилиш, ҳудудини ободонлаштириш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги «Ягона буюртмачи хизмати» — буюртмачи этиб;

режалаштирилган лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари бўйича бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланиши;

лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, Сафарбарлик чақирув резерви маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши;

қурилиш-монтаж ишлари бўйича музей қиймати лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, ижобий экспертиза хулосалари олингандан сўнг белгилансин.

5. Музей бўйича белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши ва экспертизадан ўтказилишини таъминласин;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси қурилиш-монтаж ишларида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини ўрнатсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги музей экспонатларини сақлаш тартиб-қоидаларига риоя этилишини назорат қилиб боради;

музейнинг маъмурий-бошқарув ходимлари, шунингдек, ижодий ходимлар ва мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларига кўра Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июндаги 458-сон қарори билан тасдиқланган давлат музейларининг мос келувчи ходимларига тенглаштирилади;

музей биносини сақлаш, жиҳозлаш ҳамда унинг фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Мудофаа вазирлигига ушбу мақсадлар учун ҳар йили ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари доирасида, Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, музей томонидан пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Фанлар академияси Тарих институти билан биргаликда музей фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича илмий-услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

Мудофаа вазирлиги билан биргаликда музей экспозициясини бойитиш мақсадида хорижий мамлакатларда сақланаётган Ўзбекистон ҳарбий тарихига оид экспонатлар ва ҳужжатларни ёки уларнинг фотосурати ва нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўрсин;

музейга хорижий давлатлар музейлари ва халқаро ташкилотлар билан илмий ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги уч ой муддатда:

а) музейнинг янги ташкилий-штат тузилмаси ҳамда Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейи тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқласин;

б) Рақамли технологиялар вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан биргаликда:

музейни белгиланган тартибда телекоммуникация ва юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминласин;

музейга кириш чипталарининг онлайн савдосини ташкил этсин;

музей экспонатларини юқори сифатли 3D сканерлаш ва фотограмметрия орқали рақамли нусхаларга айлантириш, барча экспонатлар бўйича ягона электрон реестрни яратиш ва музей ички маълумотлар базаси билан интеграция қилиш чораларини кўрсин;

сунъий интеллект асосида музей экспонатлари ҳақида автоматик изоҳ, мультипликацияли тақдимот ўтказиш ва индивидуал таржима қилиш бўйича интеллектуал аудиогид, хорижий тилларда онлайн гид, музейга электрон саёҳат платформалари, 360° виртуал турлар, рақамли архивлар, онлайн экскурсия ва кўргазмалар ўтказиш тизимини жорий этсин;

музейда сенсорли панеллар, мультимедиа инсталляциялари, AR/VR технологиялари асосида жозибадор музей экспозицияларини, голографик намойишлар, рақамли макетлар ва интерактив тажриба зоналарини ташкил этсин;

ҳарбий техника, тарихий воқеалар ва махсус операцияларни виртуал муҳитда симуляция қилиш имкониятини яратсин;

музейнинг замонавий сайтини яратсин ҳамда унда музей фаолияти билан боғлиқ маълумотлар бериб борилишини йўлга қўйсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси билан биргаликда музейни туризм йўналишлари рўйхатига киритсин ҳамда унга ички ва ташқи сайёҳларни кенг жалб этиш чораларини кўрсин;

г) Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда музейга таълим муассасалари талабалари, ўқувчи-ёшларнинг мунтазам ташрифларини ташкил этсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Ш.Г. Халмухамедов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 280-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейини ташкил этиш концепти ва тематик-экспозицион режасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби

1. Ш.Г. Халмухамедов — мудофаа вазири, ишчи гуруҳи раҳбари 2. Х.А. Каршиев — мудофаа вазири ўринбосари, ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари 3. Б.М. Ахмедов — маданият вазирининг биринчи ўринбосари 4. Б.Г. Абдикаримов — Маданий мерос агентлиги директори 5. Б.А. Абдуҳалимов — Фанлар академияси вице-президенти 6. У.М. Юсупов — «Ўзархив» агентлиги директори 7. О.А. Хасанов — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари 8. А.Ҳ. Зиё — Фанлар академияси Тарих институти директори 9. А.В. Нуридинов — Ўзбекистон Бадиий академияси раиси 10. О.А. Усаров — мудофаа вазири маслаҳатчиси 11. Э.Г. Раджапов — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги 12. Ш.Н. Юсупов — Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси бошлиғи 13. Ж.Ҳ. Исмоилова — Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори 14. Х.Т. Файзиев — Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи директори 15. И.М. Валихўжаев — Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси 16. Ш.Р. Пидаев — Фанлар академияси Санъатшунослик институти директори 17. Х.Х. Холматов — «Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамияти раиси 18. Б.В. Хасанов — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори 19. Ф.А. Мақсудов — Фанлар академияси Миллий археология маркази директори 20. А.А. Эргашев — Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти бошлиғи, ишчи гуруҳи котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 280-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар музейи фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2010 йил 25 мартдаги 54-сон қарорининг 2 , 3 , 6 , 7 , 8 , 9-бандлари ва иловаси ўз кучини йўқотган деб топилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган музейлари, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхатининг «Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган музейлар» бўлими 7-позициясидаги «Қуролли Кучлар тарихи давлат музейи» сўзлари «Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейи» сўзлари билан алмаштирилсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маданият департаменти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 24 июндаги 356-сон қарорида:

а) 1-банднинг тўртинчи хатбошисида «Қуролли Кучлар давлат музейи» сўзлари «Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейи» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 3-банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги «Қуролли Кучлар давлат музейи» сўзлари «Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейи» сўзлари билан алмаштирилсин;

в) 1-илованинг 15-позициясида «Қуролли Кучлар давлат музейи» сўзлари «Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейи» сўзлари билан алмаштирилсин;

г) 2-иловада:

6-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Департамент ва унинг бўйсунувидаги бўлинмалар томонидан ташкил этиладиган театр ва концерт томоша намойишларига, Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейига кириш чипталарини сотиш, шартнома асосида театр, концерт-томоша ва бошқа оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш ҳамда бошқа пулли хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар»;

8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«8. Департамент ва унинг бўйсунувидаги бўлинмалар томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш, улар томонидан ташкил этиладиган театр ва концерт-томоша намойишларига, Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи давлат музейига кириш учун чипта нархи, тўгарак ва ўқув курслари учун тўловлар, Департамент ва унинг бўйсунувидаги бўлинмаларга тегишли ҳудудда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўтказиладиган тадбирлар, шунингдек, шартнома асосида театр, концерт-томоша ва бошқа оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш ҳамда бошқа пулли хизматлар кўрсатиш учун тарифлар Ўзбекистон Республикасида кўрсатиладиган ўхшаш хизматлар учун белгиланган ўртача нархларни қўллаган ҳолда шакллантирилади.»;

9-банднинг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«б) 25 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда — Департамент ва унинг бўйсунувидаги бўлинмаларнинг ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчиларини моддий рағбатлантириш учун.»;

д) 3-илованинг 1-банди чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 3 июнь,

280-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.06.2026 й., 09/26/280/0553-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston xalqining uch ming yildan ziyod davlatchilik tarixining ajralmas qismi boʻlgan harbiy tarix, buyuk sarkardalarning yuksak harbiy mahorati, milliy Qurolli Kuchlarimizning barpo etilishi va rivojlanish bosqichlari, shuningdek, Yangi Oʻzbekistonda harbiy sohada amalga oshirilayotgan tarixiy oʻzgarishlarni xalqimiz, ayniqsa, oʻsib kelayotgan avlod va dunyo jamoatchiligiga tanitish va targʻib etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Madaniyat vazirligi, Madaniy meros agentligi va Fanlar akademiyasi Tarix institutining Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari davlat muzeyini Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyi (keyingi oʻrinlarda — muzey) etib qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyini tashkil etish konsepti va tematik-ekspozitsion rejasini ishlab chiqish boʻyicha ishchi guruh tarkibi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Madaniy meros agentligi, Fanlar akademiyasi Tarix instituti va Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi bilan birgalikda:

muzey ekspozitsiyalarini yuksak gʻoyaviy-badiiy saviyada yaratish uchun eng isteʼdodli va mahoratli ijodkorlar hamda mutaxassislarni jalb etsin;

muzeyning umumiy koʻrinishi va meʼmoriy tuzilishi milliy uslub hamda anʼanalarga mos boʻlishini, ekspozitsiyalar jahondagi ilgʻor tajribalarni oʻzida mujassam etishini taʼminlasin;

muzey ekspozitsiyalari va kompozitsiyalarini taʼsirchan, interaktiv usullar, innovatsion texnologiyalar va sunʼiy intellekt imkoniyatlaridan keng foydalangan holda yaratsin;

muzey eksponatlari orqali mamlakatimiz harbiy tarixi va merosini haqqoniy yoritishga, harbiy xizmatning jozibadorligini hamda yoshlarning harbiy kasbga qiziqishini oshirishga, ularni vatanparvarlik ruhida tarbiyalashga alohida ahamiyat qaratsin;

muzeyda aholining mamlakatimiz harbiy sanʼati tarixi va milliy armiyamizning bugungi kuch-qudrati va salohiyati bilan yaqindan tanishishi, ilmiy izlanishlar olib borishi, koʻrgazmalar, ommaviy-madaniy tadbirlar hamda ijodiy uchrashuvlar oʻtkazishi uchun barcha sharoitlar yaratsin;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Tarix instituti va Madaniy meros agentligi bilan birgalikda bir oy muddatda Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyini tashkil etish konsepti va tematik-ekspozitsion rejasini ishlab chiqish boʻyicha ishchi guruh tomonidan ishlab chiqilgan muzeyni tashkil etish konsepti va tarixiy xronologik tartibdagi tematik-ekspozitsion rejasini tasdiqlasin;

v) Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi bilan birgalikda muzey fondida saqlanayotgan eksponatlarni Milliy muzey fondining Davlat katalogiga kiritish ishlarini amalga oshirsin.

4. Muzeyning mavjud binosini rekonstruksiya qilish, hududini obodonlashtirish va jihozlash ishlarini amalga oshirish doirasida:

Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi “Yagona buyurtmachi xizmati” — buyurtmachi etib;

rejalashtirilgan loyihalashtirish va qurilish-montaj ishlari boʻyicha bosh loyiha va bosh pudrat tashkilotlari davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilikda belgilangan tartibda aniqlanishi;

loyiha-qidiruv va qurilish-montaj ishlari Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari, Safarbarlik chaqiruv rezervi mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtirilishi;

qurilish-montaj ishlari boʻyicha muzey qiymati loyiha-smeta hujjatlari ishlab chiqilib, ijobiy ekspertiza xulosalari olingandan soʻng belgilansin.

5. Muzey boʻyicha belgilangan tartibda:

Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqishda shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari, shaharsozlik normalari va qoidalari, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya etilishi va ekspertizadan oʻtkazilishini taʼminlasin;

Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi qurilish-montaj ishlarida tasdiqlangan loyiha hujjatlari talablariga rioya etilishi yuzasidan davlat nazoratini oʻrnatsin.

6. Belgilab qoʻyilsinki:

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi muzey eksponatlarini saqlash tartib-qoidalariga rioya etilishini nazorat qilib boradi;

muzeyning maʼmuriy-boshqaruv xodimlari, shuningdek, ijodiy xodimlar va mutaxassislar mehnatiga haq toʻlash shartlariga koʻra Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 19-iyundagi 458-son qarori bilan tasdiqlangan davlat muzeylarining mos keluvchi xodimlariga tenglashtiriladi;

muzey binosini saqlash, jihozlash hamda uning faoliyatini taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlar Mudofaa vazirligiga ushbu maqsadlar uchun har yili ajratiladigan Davlat budjeti mablagʻlari doirasida, Mudofaa vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari, muzey tomonidan pulli xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi Fanlar akademiyasi Tarix instituti bilan birgalikda muzey faoliyatini samarali tashkil etish boʻyicha ilmiy-uslubiy va amaliy yordam koʻrsatsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi:

Mudofaa vazirligi bilan birgalikda muzey ekspozitsiyasini boyitish maqsadida xorijiy mamlakatlarda saqlanayotgan Oʻzbekiston harbiy tarixiga oid eksponatlar va hujjatlarni yoki ularning fotosurati va nusxalarini Oʻzbekistonga olib kelish choralarini koʻrsin;

muzeyga xorijiy davlatlar muzeylari va xalqaro tashkilotlar bilan ilmiy hamkorlikni oʻrnatish va rivojlantirishda amaliy yordam koʻrsatsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi uch oy muddatda:

a) muzeyning yangi tashkiliy-shtat tuzilmasi hamda Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyi toʻgʻrisidagi nizomni belgilangan tartibda tasdiqlasin;

b) Raqamli texnologiyalar vazirligi va Madaniyat vazirligi bilan birgalikda:

muzeyni belgilangan tartibda telekommunikatsiya va yuqori tezlikdagi Internet tarmogʻiga ulanishini taʼminlasin;

muzeyga kirish chiptalarining onlayn savdosini tashkil etsin;

muzey eksponatlarini yuqori sifatli 3D skanerlash va fotogrammetriya orqali raqamli nusxalarga aylantirish, barcha eksponatlar boʻyicha yagona elektron reyestrni yaratish va muzey ichki maʼlumotlar bazasi bilan integratsiya qilish choralarini koʻrsin;

sunʼiy intellekt asosida muzey eksponatlari haqida avtomatik izoh, multiplikatsiyali taqdimot oʻtkazish va individual tarjima qilish boʻyicha intellektual audiogid, xorijiy tillarda onlayn gid, muzeyga elektron sayohat platformalari, 360° virtual turlar, raqamli arxivlar, onlayn ekskursiya va koʻrgazmalar oʻtkazish tizimini joriy etsin;

muzeyda sensorli panellar, multimedia installyatsiyalari, AR/VR texnologiyalari asosida jozibador muzey ekspozitsiyalarini, golografik namoyishlar, raqamli maketlar va interaktiv tajriba zonalarini tashkil etsin;

harbiy texnika, tarixiy voqealar va maxsus operatsiyalarni virtual muhitda simulyatsiya qilish imkoniyatini yaratsin;

muzeyning zamonaviy saytini yaratsin hamda unda muzey faoliyati bilan bogʻliq maʼlumotlar berib borilishini yoʻlga qoʻysin;

v) Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasi bilan birgalikda muzeyni turizm yoʻnalishlari roʻyxatiga kiritsin hamda unga ichki va tashqi sayyohlarni keng jalb etish choralarini koʻrsin;

g) Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi bilan birgalikda muzeyga taʼlim muassasalari talabalari, oʻquvchi-yoshlarning muntazam tashriflarini tashkil etsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritilsin.

11. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi mudofaa vaziri Sh.G. Xalmuxamedov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 3-iyundagi 280-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyini tashkil etish konsepti va tematik-ekspozitsion rejasini ishlab chiqish boʻyicha ishchi guruh tarkibi

1. Sh.G. Xalmuxamedov — mudofaa vaziri, ishchi guruhi rahbari 2. X.A. Karshiyev — mudofaa vaziri oʻrinbosari, ishchi guruhi rahbari oʻrinbosari 3. B.M. Axmedov — madaniyat vazirining birinchi oʻrinbosari 4. B.G. Abdikarimov — Madaniy meros agentligi direktori 5. B.A. Abduhalimov — Fanlar akademiyasi vitse-prezidenti 6. U.M. Yusupov — “Oʻzarxiv” agentligi direktori 7. O.A. Xasanov — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi rahbari 8. A.H. Ziyo — Fanlar akademiyasi Tarix instituti direktori 9. A.V. Nuridinov — Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisi 10. O.A. Usarov — mudofaa vaziri maslahatchisi 11. E.G. Radjapov — Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi 12. Sh.N. Yusupov — Mudofaa vazirligi huzuridagi “Gʻalaba bogʻi” yodgorlik majmuasi boshligʻi 13. J.H. Ismoilova — Fanlar akademiyasi Oʻzbekiston tarixi davlat muzeyi direktori 14. X.T. Fayziyev — Fanlar akademiyasi Temuriylar tarixi davlat muzeyi direktori 15. I.M. Valixoʻjayev — Oʻzbekiston Badiiy ijodkorlar uyushmasi raisi 16. Sh.R. Pidayev — Fanlar akademiyasi Sanʼatshunoslik instituti direktori 17. X.X. Xolmatov — “Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyati raisi 18. B.V. Xasanov — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi “Qatagʻon qurbonlari xotirasi” muzeyi direktori 19. F.A. Maqsudov — Fanlar akademiyasi Milliy arxeologiya markazi direktori 20. A.A. Ergashev — Mudofaa vazirligi Maʼnaviyat va madaniyat departamenti boshligʻi, ishchi guruhi kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 3-iyundagi 280-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlar muzeyi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2010-yil 25-martdagi 54-son qarorining 2 , 3 , 6 , 7 , 8 , 9-bandlari va ilovasi oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 11-dekabrdagi 975-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan moliyalashtiriladigan muzeylari, ularning filial va boʻlimlari roʻyxatining “Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan moliyalashtiriladigan muzeylar” boʻlimi 7-pozitsiyasidagi “Qurolli Kuchlar tarixi davlat muzeyi” soʻzlari “Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyi” soʻzlari bilan almashtirilsin.

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining Maʼnaviyat va madaniyat departamenti faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 24-iyundagi 356-son qarorida:

a) 1-bandning toʻrtinchi xatboshisida “Qurolli Kuchlar davlat muzeyi” soʻzlari “Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) 3-bandning uchinchi va toʻrtinchi xatboshilaridagi “Qurolli Kuchlar davlat muzeyi” soʻzlari “Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

v) 1-ilovaning 15-pozitsiyasida “Qurolli Kuchlar davlat muzeyi” soʻzlari “Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

g) 2-ilovada:

6-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Departament va uning boʻysunuvidagi boʻlinmalar tomonidan tashkil etiladigan teatr va konsert tomosha namoyishlariga, Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyiga kirish chiptalarini sotish, shartnoma asosida teatr, konsert-tomosha va boshqa ommaviy-madaniy tadbirlarni tashkil etish hamda boshqa pulli xizmatlar koʻrsatishdan tushgan tushumlar”;

8-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“8. Departament va uning boʻysunuvidagi boʻlinmalar tomonidan oʻtkaziladigan tadbirlarda ishtirok etish, ular tomonidan tashkil etiladigan teatr va konsert-tomosha namoyishlariga, Oʻzbekiston harbiy sanʼati tarixi davlat muzeyiga kirish uchun chipta narxi, toʻgarak va oʻquv kurslari uchun toʻlovlar, Departament va uning boʻysunuvidagi boʻlinmalarga tegishli hududda jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan oʻtkaziladigan tadbirlar, shuningdek, shartnoma asosida teatr, konsert-tomosha va boshqa ommaviy-madaniy tadbirlarni tashkil etish hamda boshqa pulli xizmatlar koʻrsatish uchun tariflar Oʻzbekiston Respublikasida koʻrsatiladigan oʻxshash xizmatlar uchun belgilangan oʻrtacha narxlarni qoʻllagan holda shakllantiriladi.”;

9-bandning “b” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“b) 25 foizdan koʻp boʻlmagan miqdorda — Departament va uning boʻysunuvidagi boʻlinmalarning harbiy xizmatchilari, Qurolli Kuchlar ishchi va xizmatchilarini moddiy ragʻbatlantirish uchun.”;

d) 3-ilovaning 1-bandi chiqarib tashlansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 3-iyun,

280-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 03.06.2026-y., 09/26/280/0553-son)

lex.uz