📅 2026-yil 6-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Vazirlar mahkamasi huzuridagi sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 6-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Vazirlar mahkamasi huzuridagi sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 6 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 6 мая 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Комитет промышленной, радиационной и ядерной безопасности при Кабинете Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 6 May 2026 · Ministry and agency documents · Vazirlar mahkamasi huzuridagi sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ САНОАТ, РАДИАЦИЯ ВА ЯДРО ХАВФСИЗЛИГИ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ҚОИДАЛАРИ
Юк ортиш ва тушириш ишларида юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Юк ортиш ва тушириш ишларида юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 6 майдаги 42-сон қарорига ИЛОВА
Юк ортиш ва тушириш ишларида юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги
Мазкур Қоидалар юк ортиш ва тушириш ишларини бажаришда юкчилар учун ишларнинг хавфсизлигига оид талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотларда (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) юк ортиш ва тушириш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган ходимларга, шунингдек юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
узун ўлчамли юклар — махсус темир йўл платформалари ёки трайлерларда ташиладиган алоҳида гуруҳдаги юклар (йирик машиналар, металл конструкциялар деталлари ва қисмлари);
юк илиш мосламаси — ҳаракатланиш пайтида юкни ишончли ушлаб туриш учун унга маҳкамланадиган механик мослама;
контейнер — камида 1 m 3 ҳажмли, юкларни идишсиз, бирламчи ўрамда ёки енгиллаштирган идишда ташиш учун мўлжалланган кўп марталаб фойдаланиладиган идиш;
топшириқ-рухсатнома — таъмирлаш ва бошқа ишларни олиб бориш учун ходимларга кўприксимон ва кўчма консоль кранларининг кран йўлларига ва ўтиш галереяларига чиқиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома;
хавфли юклар — ўзига хос хоссалари ва хусусиятлари туфайли муайян омиллар мавжуд бўлган тақдирда ташиш, юк ортиш ва тушириш ишлари жараёнида ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бино ва иншоотлар, бошқа объектларнинг портлаши, ёниши ёки шикастланишига, шунингдек одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, буюмлар, чиқиндилар;
строплар — юкларни бошқа жойга кўчиришда юкларни илиб олиш ва ушлаб туриш учун илмоқ, илгак ёки бошқа илиб олиш мосламалари билан таъминланган канат;
юк илиш схемаси — юкни кўтариш ва бошқа жойга кўчириш вақтида унинг барқарор ва хавфсиз ушлаб турилишини таъминлаш учун стропларни юкка маҳкамлаш тартиби ва усулларини кўрсатувчи схема.
3. Иш берувчи мазкур Қоидаларга мувофиқ, ишлаб чиқариш хусусиятларини инобатга олган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ҳамда технологик жараёнлар ва ускуналардан фойдаланиш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқади ёки мавжудларини қайта кўриб чиқади.
4. Мазкур Қоидаларнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш юк ортиш ва тушириш жараёнида иш берувчи томонидан амалга оширилиши лозим.
5. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказиш, ўқитиш ва билимларни текшириш, малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
6. Меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларини самарали бажариш, хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 июлдаги 454-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Умумий хавфсизлик талаблари
1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш
7. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.
Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита иш берувчига бўйсунади.
9. Ходимлар юк ортиш ва туширишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг талабларига амал қилиши керак.
10. Ҳар бир ташкилотда раҳбарнинг буйруғи (бошқарув қарори) билан мазкур Қоидалар асосида билимлари текширувдан ўтган раҳбарлар ва мутахассислар орасидан юк ортиш ва тушириш ишларини хавфсиз амалга ошириш учун масъул шахс тайинланади.
11. Ташкилотнинг юк ортиш ва тушириш ишларини хавфсиз амалга ошириш учун масъул шахснинг мажбуриятлари мансаб йўриқномасида белгиланиши керак.
12. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлом ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш устидан назорат ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис томонидан олиб борилади.
13. Юк ортиш ва тушириш ишларига раҳбарлик қилувчи шахс қуйидагиларга мажбур:
иш бошланишидан олдин иш олиб бориладиган ҳудуднинг муҳофаза зонасини белгилаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш;
мазкур ишларни бажарадиган ходимларда тегишли малака кўникмаларига эга эканини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлигини текшириш;
юкларни ортиш, тушириш, кўчириш усуллари тўғри танланганлиги ва ишларни хавфсизлик талабларига мувофиқ олиб борилаётганлигини назорат қилиш;
авария ёки ходимларни шикастланиш ҳолатлари содир бўлганда зудлик билан ишларни тўхтатиш ва дарҳол хавфни бартараф этиш бўйича зарур бўлган чоралар кўриш;
юк ортиш ва тушириш ишлари иккита кран ёрдамида бажарилганда, шунингдек юк илиш схемаси ишлаб чиқилмаган юкларни ортиш ва тушириш ишларини бажариш жараёнида мазкур ишларга бевосита раҳбарликни таъминлаш;
яроқлилиги бўйича маълумот мавжуд бўлмаган, шунингдек нуқсонли юк илиш мосламалари ва идишларни қўллашга йўл қўймаслик.
2-§. Юкларни ортиш ва тушириш, омборга жойлаштириш ишларини амалга оширишда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари
14. Юкларни ортиш ва тушириш ҳамда омборга жойлаштириш ишларида ходимларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавфли ва зарарли омиллар қуйидагилардан ҳосил бўлади:
а) чанг;
б) зарарли газлар ва буғлар;
в) ҳаво ҳароратининг юқори ёки паст бўлиши;
г) шовқин;
д) ҳаво намлиги;
е) иш жойини етарли даражада ёритилмаганлиги;
ж) тўғридан-тўғри ва акс этган ёруғликнинг ялтироқ таъсири;
з) иш жойининг аҳамиятли даражада баландликда жойлашганлиги;
и) ҳаракатланаётган машина ва механизмлар, юк кўтариш кранининг ҳаракатланувчи қисмлари, кўтарилаётган ёки кўчирилаётган юклар, юк илиш мосламалари (строплар, илгаклар, қисқичлар), шунингдек транспорт воситаси ва темирйўл транспорти билан боғлиқ хавфлар;
к) электр юритмали кранларда қисқа туташув натижасида электр токининг инсон танаси орқали ўтиши билан боғлиқ юқори кучланиш хавфи.
15. Юк ортиш ва тушириш ишлари олиб бориладиган жойларидаги ҳавонинг тозалигини СанҚваН 0324-16 «Ишлаб чиқариш биноларининг микроиқлимнинг санитария-гигиеник нормалари» ва СанҚваН 0294-11 «Иш жойлари ҳавосидаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган миқдорининг гигиеник талаблари»га мувофиқ таъминлаши керак.
3-§. Юкларни ташиш жараёнларига қўйиладиган талаблар
16. Транспорт воситасида юкларни ташиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 1 августдаги 213-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидаларининг талабларига мувофиқ амалга оширилади.
17. Транспорт воситасида хавфли юкларни ташиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 35-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш қоидаларининг талабларига мувофиқ амалга оширилади.
18. Йирик габаритли ва (ёки) оғир вазнли транспорт воситасида юкларни ташишда ҳаракат хавфсизлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон қарори билан тасдиқланган Катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш қоидаларининг талабларига мувофиқ амалга оширилади.
19. Темир йўл транспортида юк ташиш Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларига (рўйхат рақами 3457, 2023 йил 21 сентябр) мувофиқ амалга оширилади.
20. Мазкур Қоидаларда белгиланган юкларни ташиш бўйича талаблар юкларни ташиш соҳасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган қисми бўйича амал қилади.
4-§. Юкларни ортиш ва тушириш ишларини қўлда бажаришга қўйиладиган талаблар
21. Юк ортиш ва тушириш ишларини бажаришда ва юкларни қўлда ташишда қуйидаги талабларга риоя этилиши керак:
учи ўткир, кесувчи, санчиладиган буюмлар ва асбоблар фақат ғилоф, пеналлардан фойдаланган ҳолда кўтарилиши;
қаттиқ идишдаги юклар фақатгина қўлқоп билан кўтарилиши;
шиша идишлар мустаҳкам тагликка ўрнатилиши, бўш шиша идишларни эса уячаларга эга махсус қутиларда сақлаш таъминланиши;
синиқлари ва ёриқлари бўлган шиша идишлардан фойдаланмаслиги;
носоз, михлари чиқиб турган, қиррали идишларда юклар ташилмаслиги;
ходимлар учун қўлда кўтариладиган ва ташиладиган юкларнинг оғирлиги Ишлаб чиқариш муҳити омилларининг зарарлилиги ва хавфлилиги, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги кўрсаткичлари бўйича меҳнат шароитларининг гигиеник таснифига (0069-24-сон СанҚваН) (ҳисоб рақами 241, 2024 йил 25 март) мувофиқ бўлиши;
ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юкларнинг оғирлиги Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1954, 2009 йил 12 май) талабларига жавоб бериши.
5-§. Юкларни жойлаштириш жараёнларига қўйиладиган талаблар
22. Кукунсимон ва сочилувчан материалларни ташишда уларни чангитмасдан ортиш, ташиш ва туширишни таъминловчи махсус темирйўл вагонлари ҳамда цемент ташувчи автомашиналардан фойдаланилиши лозим.
23. Кукунсимон материалларни ташиш учун мўлжалланган идишлардан фойдаланишнинг барча босқичларида, шу жумладан улар ишлаб чиқариш жараёнида қўлланилгунига қадар, қадоқнинг бутлиги ва материалнинг хавфсиз сақланиши таъминланиши ҳамда улар ортиқча қайта жойлаштиришни (оралиқ юклаш-тушириш ишларини) талаб этмаслиги керак.
24. Зарарли ва агрессив суюқ моддаларни ташиш учун махсус цистерналардан фойдаланилиши лозим.
25. Қовушқоқлиги юқори бўлган ёки тез музлайдиган моддаларни сақлаш ва ташишда уларнинг кимёвий хоссаларини ўзгартирмайдиган, шунингдек атмосферага зарарли газлар ажралиб чиқишига йўл қўймайдиган иситиш тизими қўлланилиши лозим.
26. Хавфли моддаларни ортиш, тўкиш, цистерналардан бўшатиш ҳамда уларни ювиш ишлари ходимларнинг ушбу моддалар билан тўғридан-тўғри алоқасини истисно этувчи, шунингдек ҳавога зарарли моддалар ажралиб чиқишининг олдини олувчи усуллар орқали амалга оширилиши лозим.
Суюқликни қуйиш ва тўкиш ишларини бошлашдан олдин цистернанинг ички бўшлиғини атмосфера билан боғловчи клапаннинг техник созлиги ва ишга яроқлилиги текширилиши шарт.
27. Юкларни темир йўл транспортига жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларининг (рўйхат рақами 3457, 2023 йил 21 сентябрь) талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
28. Темир йўл яқинида ортиш учун тайёрланган юклар баландлиги 1200 ммгача бўлганда чекка рельснинг ташқи чегарасидан камида 2 метр масофада, баландлиги бундан юқори бўлганда эса камида 2,5 метр масофада жойлаштирилиши ва маҳкамланиши шарт.
29. Ёпиқ вагонларда юклар жойлаштирилганда икки томонда жойлашган эшикларнинг эркин очилишига халақит қилмаслиги керак. Заруратга кўра, вагон эшиклари қалинлиги камида 40 mm бўлган тахталар ёки қалқонлар билан тўсилиши керак.
Вагон эшиклари очилганда ходимлар юк тушиб кетиш эҳтимоли мавжуд бўлган хавфли ҳудудда бўлмасликлари керак.
30. Юкларни транспорт воситаси кузови ёки темир йўл вагонида барқарор ва хавфсиз жойлаштириш учун ёғоч ёки металл тиргаклар, таянч рампалар ҳамда шчитлардан фойдаланилиши лозим.
31. Транспорт воситасига ортишда юк йўлнинг ўтиш жойидан 3,8 m дан ортиқ баланд кўтарилиб турмаслиги ва эни 2,5 m дан ортиқ бўлмаслиги керак.
32. Транспорт воситаси кузовининг бортларини очиш ва ёпиш ишлари камида икки нафар ходим томонидан амалга оширилиши лозим. Бунда, юкнинг барқарор ва хавфсиз жойлаштирилганлиги олдиндан текширилиши шарт.
33. Юк ортиш ва тушириш майдончалари, эстакадалар, кўприкчалар, тахта зиналар соз ва тоза ҳолатда бўлиши, қиш кунларида қор ва музлардан тозаланиши ҳамда қум, шлак ва сирпанчиқликка қарши ашёлар сепилиши керак.
34. Юк ортиш ва тушириш ишлари амалга ошириладиган ҳудудлар, шунингдек пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракатланадиган ўтиш жойлари етарли даражада табиий ва сунъий ёритиш ШНҚ 2.01.05-24 «Табиий ва сунъий ёритиш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Юк ортиш ва тушириш ишлари олиб бориладиган жойларда бегона буюмлар, материаллар ва бошқа ашёларни сақлашга йўл қўйилмайди.
35. Юк ортиш ва тушириш майдончалари транспорт воситалари орқага ҳаракатланиб келиб тўхтаганда уларнинг ҳаракатини чеклаш учун йўлка ва тўхтатгич билан жиҳозланган бўлиши лозим.
36. Канат ва юк ортиш қурилмалари билан бўладиган ишларни қўлқоплардан фойдаланган ҳолда бажариш керак.
37. Юк ортиш ва тушириш ишларини бажаришда юк билан боғлиқ ишлар қўлқопларда, юк кўтариш механизмлари қўлланилганда эса қўлқоп ва каскаларда олиб борилиши керак.
38. Платформа бортларининг занжирлари дастлаб ўрта қисмидан, сўнгра платформанинг ён томонларидан очилиши лозим. Бунда, ходим платформа бортидан камида 1 m масофада жойлашиши шарт.
Вагон люклари люк кўтаргичлар ёрдамида беркитилиши керак.
Люк кўтаргичлар мавжуд бўлмаган тақдирда ярим вагон люкларини ёпиш ишлари камида уч нафар ходимдан иборат бригада томонидан амалга оширилиши лозим.
Бунда:
икки нафар ходим ёрдамчи мосламалар (ломлар) ёрдамида люк қопқоғини кўтаради;
учинчи ходим ёрдамчи мосламаларни (ломларни) махсус тешикка жойлаштириб, қопқоқни ярим вагон рамасига зичлайди;
қопқоқ мустаҳкамланади ҳамда сақлагич секторлари (қулфлари) ўрнатилади.
39. Транспортер тасмаси носоз ҳолатда бўлганда ёки тўсатдан тўхтаб қолганда конвейерда ишлашга, ҳаракатланаётган тасмани тозалашга, шунингдек транспортер ишлаб турган вақтда транспортер тасмаси ҳамда барабанлари остида тўпланган тўкилмаларни тозалашга йўл қўйилмайди.
Конвейер ишлаётган вақтда уни таъмирлаш, конвейер фермасининг ҳолатини ўзгартириш ёки уни алмаштириш тақиқланади.
40. Юкнинг физик-кимёвий хусусиятларига таъсир кўрсатувчи метеорологик шароитлар ўзгарганда (масалан, заҳарлилик даражаси ошганда), юк ортиш ва тушириш ишлари дарҳол тўхтатилиши ҳамда бу ҳақда масъул шахсга зудлик билан хабар берилиши лозим.
6-§. Юкларни кўчириш жараёнларига қўйиладиган талаблар
41. Юкларни бошқа жойга кўчириш ишларини амалга ошириш учун ташкилот томонидан транспорт-технологик схема ишлаб чиқилиши лозим.
42. Ташкилотда транспорт воситалари ҳаракатини ташкил қилиш учун ҳаракат схемаси ишлаб чиқилган ва кўринарли жойга ўрнатилган бўлиши керак.
43. Шовқин даражаси юқори бўлган цехларда транспорт воситалари ҳаракати ҳақида ходимларни огоҳлантириш ва хабар бериш учун овозли сигналга қўшимча равишда ёруғлик сигнализацияси ҳам қўлланилиши лозим.
44. Транспорт воситаларида ташиладиган газ тўлдирилган баллонлар туридаги юкларни жўнатувчи ва қабул қилувчилар транспорт воситаси кузови поли баландлигида мазкур юкларни хавфсиз ортиш ва туширишни таъминлайдиган махсус жиҳозланган платформага эга бўлишлари лозим.
Транспорт воситалари юк ортиш ёки тушириш пунктига келганда, юк жўнатувчи ёки қабул қилувчи ҳайдовчидан йўл варақаси ҳамда юк ҳужжатларини талаб қилиши, ҳайдовчи эса уларни тақдим этиши шарт.
45. Газ ёки суюқлик тўлдирилган баллонлар ҳамда идишлардаги юкларни ортиш ва тушириш, шунингдек уларни транспорт воситаларида ташиш учун маҳкамлаш ишлари юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчи назорати остида амалга оширилиши лозим.
Бунда, ҳайдовчини юк ортиш ва тушириш ишларига жалб этиш йўриқномада назарда тутилган ҳолларда ҳамда мазкур шартлар шартномада белгиланган тақдирдагина рухсат этилади.
46. Юк кўтариш ва транспорт билан боғлиқ ишлар ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда қуйидаги чоралар орқали амалга оширилиши лозим:
тез алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларнинг оқиб чиқиши ҳамда тўкилишига йўл қўймаслик;
тез алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар буғларининг очиқ ҳолда ажралиб чиқишига йўл қўймаслик;
аланга олиш манбаларида учқун чиқишига йўл қўймаслик;
иш муҳити кўрсаткичларини портлаш ёки алангаланиш хавфини истисно этувчи чегараларда сақлаб туриш;
ходимларни хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш;
ташкилотнинг буйруғи асосида ишлаб чиқаришлар, цехлар ва участкаларнинг раҳбарлари зиммасига ёнғинга қарши тартибга ҳамда ёнғинга қарши профилактик чора-тадбирларга риоя этилиши учун жавобгарликни юклаш.
47. Юк кўтариш кранлари ёрдамида юк ортиш ва тушириш ишларини хавфсиз амалга ошириш мақсадида ташкилот маъмурияти иш жойларини фойдаланишга рухсат этилган юк илиш мосламалари, идишлар ва юклар рўйхати, уларнинг ўлчамлари, оғирлиги, илиш нуқталари ва сақлаш жойлари, шунингдек юк илиш схемалари билан таъминлаши лозим.
7-§. Ишлаб чиқариш жараёнларида юк ортиш ва тушириш ишларига қўйиладиган талаблар
48. Ишлаб чиқариш жараёнларида юк ортиш ва тушириш ишлари ушбу Қоидалар ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилиши керак.
49. Юкларни омборларга жойлаштириш тартиби, сақлаш жойлари ва жойлаштириш ўлчамлари, шунингдек пиёдалар ҳамда транспорт воситалари ҳаракатланиши учун ўтиш йўлаклари ўлчамлари кўрсатилган технологик карталар асосида амалга оширилиши лозим.
50. Технологик карталар омборхона режаси ёки жойлаштириш майдончаси кўринишида тузилиши ҳамда унда юк тахламларининг жойлашуви ва ўлчамлари, транспорт воситалари ва темир йўл кириш йўллари, ходимлар ҳаракатланиши учун ўтиш йўлаклари, кранлар учун рельсли йўллар ва хизмат кўрсатиш ҳудудлари, шунингдек ўзиюрар стрелали кранлар ҳамда юк ортиш ва тушириш транспорт воситалари ўрнатиладиган жойлар кўрсатилиши лозим.
51. Юкларни илдириш ишлари юк илиш схемасига мувофиқ, мазкур юкларни ташиш ҳужжатларида кўрсатилган ечиб олинадиган юк илиш мосламалари, идишлар ва бошқа воситалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши лозим.
52. Оғирлиги номаълум бўлган юкларни бошқа жойга кўчириш ишлари уларнинг ҳақиқий оғирлиги аниқлангандан сўнг амалга оширилиши лозим. Юкнинг оғирлиги юк кўтариш машинасининг юк кўтариш қобилияти ёки юк илиш мосламасининг рухсат этилган имкониятидан ортиқ бўлган тақдирда, бундай юкларни кўтариш тақиқланади.
53. Ташкилотларда юкларни хавфсиз кўтариш, кўчириш, буриб силжитиш, шунингдек ортиш ва тушириш ишларини таъминлаш мақсадида юкларнинг тури, оғирлиги ва шаклини инобатга олган ҳолда юк илиш схемалари ишлаб чиқилиши лозим.
54. Юк илиш схемаси (юкларни боғлаш, маҳкамлаш ҳамда канат, занжир ва бошқа ашёлардан ишланган строплар ёрдамида юк кўтариш машиналари илгагига илиш усуллари) юк илувчилар, кранчилар томонидан ўрганиб чиқилиши ва уларга имзо қўйдирган ҳолда берилиши ва ишлар олиб бориладиган жойларга илиб қўйилиши керак.
55. Юк илиш схемаси ишлаб чиқилмаган юкларни бошқа жойга кўчириш ишлари крандан хавфсиз фойдаланиш учун масъул шахс раҳбарлиги остида амалга оширилиши лозим.
56. Юкларнинг оғирлиги ва оғирлик маркази тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганда юкларни кўтариш ишлари масъул шахсдан маълумотларни олгандан сўнг олиб борилади.
Ушбу маълумотларни аниқлаш ушбу Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ олиб борилишига йўл қўйилади.
57. Юк илиш схемаларини ишлаб чиқишда қуйидагиларга риоя этилиши керак:
заводда ишлаб чиқилган буюмларнинг оғирлиги ва оғирлик маркази ушбу буюмларнинг техник ҳужжатларида кўрсатилган бўлиши;
дастгоҳ, машина, механизмлар ва бошқа ускуналарнинг массаси дастгоҳ ёки машиналарнинг станинасига ёки рамасига бириктирилган завод тахтачасида кўрсатилган бўлиши;
қадоқланган юкнинг оғирлиги, оғирлик маркази ва юкни илдириш жойи юкнинг қопламасида кўрсатилган бўлиши.
58. Транспорт воситаларини сочилувчан юкларни ортиш жойларига тўғри жойлаштириш учун ортиш нуқталарида йўналтирувчи белгилар ўрнатилиши ва ҳаракат чизиқлари белгиланиши лозим.
59. Юк кўтариш механизмлари ёрдамида юк ортиш ва тушириш ишлари амалга оширилаётганда, майдончаларда, транспорт воситаларида, юк илиш мосламаларини илиш ва ечиш жараёнида, шунингдек юк 200 — 300 mm дан ортиқ бўлмаган баландликка кўтарилиб, унинг тўғри илинганлиги текширилаётган пайтда юк илувчидан ташқари бошқа шахслар бўлишига йўл қўйилмайди.
60. Юк илувчи юкнинг ишончли илинганлигини текширгандан ҳамда юк пол (майдонча) сатҳидан 1 m дан ортиқ бўлмаган баландликка кўтарилгандан сўнг хавфсиз жойга ўтиши шарт.
61. Транспорт воситасида юк ортиш ёки юк тушириш ишлари амалга оширилаётганда унинг ўз-ўзидан ҳаракатланиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилган бўлиши керак.
62. Қирралари ва учлари ўткир, кесувчи юкларни ортиш ва туширишда юк илиш мосламалари шикастланишини олдини олувчи таглик (паддон) ва қистирмалар қўлланилиши керак.
63. Электр магнитли ва грейферли кранлар билан юкларни кўтариш ва бошқа жойга кўчириш ҳудудлари тўсиқлар билан ўралган бўлиши керак.
64. Тўсиқлар тегишли рангларга бўялган ва огоҳлантирувчи белгилар билан жиҳозланган бўлиши керак.
65. Юк ортиш ва тушириш ишлари олиб бориладиган майдончаларнинг чегаралари белгиланган бўлиши керак.
66. Юкларни бир нечта кранлар билан бошқа жойга кўчириш ишлари амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ олиб борилиши керак.
67. Юкларни вилкасимон ушлаш мосламасига эга авто ва электр юклагичлар ёрдамида бошқа жойга кўчиришда юк вилка элементларига нисбатан бир текис жойлаштирилиши ҳамда автоюклагичдан фойдаланиш қўлланмаси талабларига мувофиқ пол сатҳидан 300 — 400 mm баландликка кўтарилган бўлиши лозим.
Юкларни юклагичлар ёрдамида ташишда йўл қиялиги раманинг рухсат этилган қиялик бурчагидан ошмаслиги лозим.
68. Юкнинг оғирлик маркази вилкасимон ушлаш мосламасининг барқарорлигини таъминлайдиган тарзда жойлаштирилиши, бунда юкнинг таянч юзасидан чиқиб турган қисми чап ва ўнг томонларда симметрик равишда бир хил бўлиши ҳамда таянч юзаси узунлигининг учдан бир қисмидан ошмаслиги лозим.
69. Вилкасимон ушлаш мосламасига эга авто ва электр юклагичлар ёрдамида идишларни ташиш ҳамда уларни штабелга жойлаштириш ишлари доналаб жойлаштириш усулида амалга оширилиши лозим.
70. Катта ўлчамли юкларни авто ва электр юклагичлар ёрдамида бошқа жойга кўчириш ишлари орқага юриш орқали ҳамда фақат юкларни ортиш ва ташиш ишларига масъул шахс юклагични кузатиб борган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Мазкур масъул шахс юклагич ҳайдовчисига ҳаракат йўналишини кўрсатиши, огоҳлантирувчи сигналлар бериши ҳамда юклагичнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаши шарт.
8-§. Идишга солинган донали юкларни ортиш ва тушириш жараёнига қўйиладиган талаблар
71. Юклар транспорт воситаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидалари талабларига мувофиқ ташилиши керак.
Бунда:
юк ҳайдовчи ва атрофдагиларга хавф туғдирмаслиги, ҳайдовчига кўринишни чекламаслиги, транспорт воситаси барқарорлигини бузмаслиги, ёритиш ва сигнал асбоблари ҳамда рақам белгиларини беркитмаслиги, қўл сигналларини қабул қилишга халақит қилмаслиги, шовқин ва чанг чиқармаслиги, йўл ҳамда атроф-муҳитни ифлослантирмаслиги керак;
транспорт воситасининг габаритларидан олди ёки орқа томонга 1 m дан, ён томонга габаритнинг четки қисмидан 0,4 m дан ортиқ чиқиб турган юк «Катта ўлчамли юк» таниқлик белгиси билан белгиланиши, сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда эса, бунга қўшимча равишда олди оқ рангли чироқ ёки ёруғлик қайтаргич, орқаси эса қизил рангли чироқ ёки ёруғлик қайтаргич билан белгиланиши керак.
72. Транспорт воситалари (тиркама) кузовига юк ортиш ишлари кабина томонидан орқа борт томон йўналишда, юк тушириш ишлари эса тескари кетма-кетликда амалга оширилиши лозим.
Юклар транспорт воситаларига ташиш жараёнида силжимайдиган ва ағдарилиб кетмайдиган тарзда жойлаштирилиши ҳамда ўрнатилиши керак. Зарур ҳолларда юклар қўшимча равишда маҳкамланиши лозим.
73. Идишга солинган донали юклар таглик (паддон), контейнер ва бошқа қадоқлаш воситаларидан фойдаланган ҳолда ташилиши керак.
Қадоқ ичидаги юклар силжитмайдиган тарзда маҳкамланган бўлиши керак.
74. Юк таглик четларидан 20 mm дан ортиқ чиқиб турмаслиги лозим. Узунлиги 500 mm дан ортиқ бўлган мустаҳкам қутилар учун ушбу масофани 70 mm гача оширишга рухсат этилади.
75. Контейнер қопқоқлари юкларни бошқа жойга кўчириш учун бошқа буюмлардан тозаланган бўлиши керак. Контейнерларни илдириш ишлари юк илиш схемасига мувофиқ амалга оширилиши керак.
76. Контейнерларни қўлда илдириш ва илинган контейнерларни ечиш ишларини бажаришда юк илувчининг хавфсизлиги нарвонлар, икки томонлама очиладиган нарвонлар ҳамда бошқа мосламалардан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.
77. Контейнерларни кўтариш, тушириш ёки бошқа жойга кўчириш пайтида уларнинг устида, ичида ва ёнида жойлашган контейнерларда ходимлар бўлмаслиги керак.
78. Ёғоч-тахта материалларни транспорт воситаларига юклашда уларнинг намлиги ўзгариши натижасида кўтариладиган юкнинг оғирлиги ошишини инобатга олиб қадоқланган кўринишда юклаш керак.
79. Ёғоч-тахта материалларини ортиш ва тушириш жойларида қадоқлар ёки тахламларнинг ағдарилиб кетишини истисно этувчи мосламалар назарда тутилиши лозим.
80. Сочилувчан юкларни ортиш ва тушириш ишлари иш жойи ҳавосининг ифлосланишини истисно этувчи механизациялаштирилган усулларда амалга оширилиши керак.
Сочилувчан юкларни штабелдан олишда ағдарилиш хавфини келтириб чиқарувчи бўшлиқлар ҳосил қилган ҳолда юкнинг пастки қисмидан олишга йўл қўйилмайди.
81. Ярим вагонлардан сочилувчан юкларни туширишда люкларни, ходимларнинг хавфсиз масофада бўлишларини таьминлайдиган махсус мосламалар ёрдамида очиш керак.
82. Сочилувчан юкларни ярим вагонлардан эстакадада жойлашган, баландлиги 2,5 m бўлган йўлларда тушириш ишларини амалга оширишда люкларни очиш махсус супачалардан фойдаланган ҳолда бажарилиши лозим.
83. Бункерлар, минора ва бошқа сиғимларни сочилувчан ашёлардан бўшатишда (ортишда) сиғимларнинг юқори қисмида ходимларнинг сиғим ичига тушиб кетишининг олдини олувчи махсус қурилмалар (тўрлар, люклар, тўсиқлар) бўлиши керак.
84. Ходимлар катта оқимли ёки тортиб кетиш хусусиятига эга сочилувчан юклар устидан ўтиши зарур бўлган ҳолларда траплар ёки бутун ҳаракатланиш йўли бўйлаб тўсиқли ўтиш тўшамалари ўрнатилиши лозим.
Ходимлар сочилувчан материаллар устидан ҳаракатланишда хавфсизлик арқони билан жиҳозланган сақлагич белбоғлардан фойдаланишлари шарт.
85. Сочилувчан юкларни тепаликда жойлашган ағдарма транспорт воситаларидан туширишда, шунингдек хандақ ва зовурларни тупроқ билан тўлдириш ишларида жойлашган ағдарма транспорт воситалари табиий қиялик четига камида 1 m масофада жойлаштирилиши лозим.
86. Ағдарма транспорт воситаларини шиббаланмаган жойларга киришига, шунингдек тўхтатгич бруслар билан жиҳозланмаган эстакадалардан туриб юкни бўшатишга йўл қўйилмайди.
9-§. Юкларни транспорт воситаси кузовига жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
87. Идишсиз юкларни ортишда юк кузови бортларидан юқори чиқиб турмаслиги ҳамда кузов поли майдони бўйлаб бир текис жойлаштирилиши лозим.
88. Кузов бортларидан чиқиб турадиган донали юклар такелаж воситалари (канатлар, занжирлар) ёрдамида боғлаб маҳкамланиши лозим.
Юкларни боғлашишларини бажараётган ходимлар ортиш ва тушириш майдончасида хавфсиз жойда туришлари керак.
89. Транспорт воситасидаги юкнинг умумий баландлиги ҳаракат йўналишидаги кўприк ости йўллари ва кўприклар баландлигидан, шунингдек ер сатҳидан юкнинг энг юқори нуқтасигача 3,8 m дан ошмаслиги лозим.
90. Қутили, бочкали ва бошқа донали юклар ҳаракат вақтида (тўсатдан тормоз бериш, жойидан қўзғалиш ёки кескин бурилишларда) кузов поли бўйлаб силжиб кетмаслиги учун зич, бўш жой қолдирмасдан жойлаштирилиши лозим.
Юклар орасидаги бўшлиқлар мустаҳкам қистирмалар ва тиргаклар билан тўлдирилиши керак.
91. Бочкали идишлардаги юкларни бир неча қатор қилиб жойлаштиришда уларни ходача бўйлаб ёки ён томони билан думалатиб жойлаштириш лозим.
Суюқлик тўлдирилган бочкалар тиқин қисми юқорига қаратилган ҳолда ўрнатилиши керак. Бочкаларнинг ҳар бир қатори орасига тахтали қистирмалар қўйилиши, четки қаторлари эса поналар билан маҳкамланиши лозим. Поналар ўрнига бошқа буюмлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
92. Панжарали яшикларда жойлаштирилган, ичида суюқлик бўлган шиша идишлар тик ҳолатда ўрнатилиши лозим. Бундай юкларни ётқизиб жойлаштириш тақиқланади.
93. Панжарали яшиклардаги шиша идишли юкларни ташишда пастки қаторни шикастланишдан муҳофаза қилувчи мустаҳкам қистирмалар қўлланмасдан уларни икки қатор қилиб бир-бирининг устига жойлаштиришга рухсат этилмайди.
94. Ҳаракат жараёнида юкларнинг силжиб кетиши ёки ағдарилишига йўл қўймаслик мақсадида кузовдаги ҳар бир юк алоҳида тартибда маҳкамланиши лозим.
Суюқлик билан тўлиқ тўлдирилмаган цистернали транспорт воситалари бурилишларни паст тезликда амалга ошириши лозим.
95. Қоплардаги юклар штабелларда боғлаб жойлаштирилиши лозим. Йиртиқ идишлардаги юкларни штабелга тахлаш тақиқланади. Штабелнинг баландлиги 6 m дан ошмаслиги керак.
96. Идишларни кўздан кечириш ишлари кўздан кечириш тартиби ва усулларини, шунингдек аниқланган шикастланишлар ва носозликларни бартараф этиш усулларини белгилайдиган йўриқномалар асосида амалга оширилиши лозим.
97. Юк илувчилар идишлардан фойдаланишдан олдин уларнинг техник ҳолатини кўздан кечиришлари шарт.
98. Ишлар амалга ошириладиган жойларда яроқсиз ёки шикастланган идишларни сақлаш ва улардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
10-§. Идишларга юкларни ортиш ва уларни ташишга қўйиладиган талаблар
99. Идишга унинг номинал брутто массасидан ортиқ миқдорда юк ортилишига йўл қўйилмайди.
100. Юкни ортишда идишда деформациялар пайдо бўлмаслигини таъминлаши керак.
101. Идишга жойлаштирилган юк унинг бортларининг юқори чекка қисмидан камида 100 mm паст сатҳда жойлаштирилиши лозим.
102. Штабелдаги идишларнинг очиладиган қисми ёпиқ ҳолатда бўлиши лозим.
103. Идишларни ағдариш ишлари махсус мосламалар билан жиҳозланган юк кўтариш қурилмалари ёрдамида амалга оширилиши лозим.
104. Идишларни судраб тортиш ёки қиррасига буриб силжитишга йўл қўйилмайди.
105. Идишлар таьмирлангандан ёки фойдаланишга топширилгандан сўнг уларни синов юкламаси билан синаш талаб этилмайди.
106. Қутидаги юкларни бошқа жойга кўчиришда қўлларни шикастланишдан муҳофаза қилиш мақсадида ҳар бир қути олдиндан кўздан кечирилиши лозим.
Чиқиб турган михлар ва темир ўрамларнинг ўткир четлари қайирилиши ёки текисланиши ва хавфсиз ҳолатга келтирилиши лозим.
107. Штабелнинг юқори қисмидаги қути ёки кипларни олиш зарурати туғилганда, ёнма-ён жойлашган юкларнинг барқарор ҳолатда эканлиги ҳамда уларнинг ағдарилиб кетмаслигига ишонч ҳосил қилиниши лозим.
108. Қути ва кипларни ёпиқ омборхоналарда жойлаштиришда асосий ўтиш йўлакларининг кенглиги камида 3 — 5 m дан кам бўлмаслиги лозим.
109. Бочкалар, барабанлар ва рулонлардаги юкларни қўлда думалатиб ортишга фақат омборхона поли, вагон поли ёки транспорт воситаси кузови бир сатҳда жойлашган ҳолларда рухсат этилади.
110. Агар омборхона поли вагон поли ёки транспорт воситаси кузови сатҳидан паст жойлашган бўлса, бочкали юкларни ортиш ва тушириш қуйидаги тартибда амалга оширилишига рухсат этилади:
массаси 80 kg гача бўлган юклар — қўлда ёки икки нафар ходим томонидан думалатиш орқали;
массаси 80 kg дан ортиқ бўлган юклар — канатлар ёки механизация воситалари ёрдамида.
111. Бочкали юкларни, уларнинг оғирлигидан қатъи назар, елкада ташиш тақиқланади.
112. Думалатиб пастга туширилаётган юкнинг олди томонида туриш, шунингдек бочкали юкларни ходача орқали юқорига думалатиб чиқариш пайтида юкнинг орқа томонида туриш тақиқланади.
113. Юкларни ётиқ текислик бўйлаб уларнинг чет қисмидан итариш орқали силжитишга йўл қўйилмайди.
11-§. Ечиб олинадиган юк илиш мосламаларига қўйиладиган талаблар
114. Ишлатиш жараёнида ечиб олинадиган юк илиш мосламалари даврий равишда кўздан кечириб турилиши лозим:
строплар — камида ҳар ўн кунда;
қисқичлар, ушлагичлар, траверслар (кўтаргичлар) ва идишлар — ойига камида бир марта;
кам фойдаланиладиган строплар — фойдаланишга топширилишидан олдин.
Строплар махсус ташкилотлар томонидан тайёрлангандан ёки таъмирлангандан сўнг улар номинал юк кўтариш қобилиятининг 1,25 бараваридан кам бўлмаган юклама билан синовдан ўтказилиши лозим.
115. Строплар ва идишларни кўздан кечириш ишлари ихтисослаштирилган ташкилот томонидан ишлаб чиқилган, кўрик ўтказиш тартиби ва усуллари, яроқсизлик белгилари, шунингдек аниқланган бузилишларни бартараф этиш усулларини белгилаб берувчи йўриқнома асосида амалга оширилиши лозим.
12-§. Ярим вагонлар, платформалар, транспорт воситаларига юк ортиш жараёнига қўйиладиган талаблар
116. Транспорт воситаларига юклар уларни тушириш жараёнида қулай ва хавфсиз илдириш имкониятини таъминлайдиган тарзда ортилиши лозим.
117. Ярим вагонлар, платформалар, автомашиналар ва бошқа транспорт воситаларида ортиш ва тушириш ишлари уларнинг мувозанати бузилишига йўл қўймаган ҳолда амалга оширилиши керак.
118. Тайёр металл маҳсулотларни ярим вагонларга ортишда улар ярим вагоннинг бутун кенглиги бўйлаб кесими 40х100 мм² бўлган тахталардан тайёрланган кўндаланг қистирмалар устига тахланиши керак.
119. Тайёр металл маҳсулотларнинг алоҳида уюмлари бири-бирига параллел равишда ён томонларга оғишига йўл қўймаган ҳолда жойлаштирилиши керак.
Кесим ўлчами 180 mm гача бўлган ҳар бир тайёр металл маҳсулотларнинг диаметри 6 mm дан кам бўлмаган икки ипли ўралган сим билан:
металл узунлиги 6 m гача бўлганда икки жойидан;
металл узунлиги 6 m дан катта бўлганда уч жойидан боғланиши керак.
120. Кесим ўлчами 180 mm дан ортиқ ўлчамдаги тайёр металл маҳсулотлар ҳар бир уюми диаметри 6 мм бўлган икки ипли кўндаланг ўралган сим билан:
металл узунлиги 9 m гача бўлса — икки жойидан;
пўлат узунлиги 9 m дан катта бўлса — уч жойидан боғланиши керак.
121. Диаметри 111 — 450 mm бўлган қувурлар транспорт воситаларига қўшни қаторлар орасига кесими камида 35×100 mm² бўлган тахтадан тайёрланган, камида учта қистирма қўйилган ҳолда жойлаштирилиши керак.
122. Темир-бетон буюмлар ва конструкцияларни ярим вагонлар ҳамда платформаларга ортишда уларни тахлаш ишлари кесими камида 40×100 mm² бўлган тахтадан тайёрланган иккита кўндаланг ёғоч таглик устида амалга оширилиши лозим.
123. Конструкцияларни ярим вагонларда штабел қилиб тахлашда штабел қаторлари орасига эни таглик энидан 40 mm дан кўп бўлмаган қистирмалар жойлаштирилиши лозим. Бунда, қистирмалар тагликлар устига вертикал ўқ бўйича жойлаштирилиши лозим.
124. Таглик ва қистирмалар юк узунлиги бўйича бир текисда ва платформа ёки ярим вагон ўртасига нисбатан мутаносиб жойланиши керак.
13-§. Хизмат кўрсатувчи ходимларнинг хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
125. Электр магнитли ва грейферли кранлар ёрдамида юк ортиш ва тушириш ишлари амалга оширилаётганда платформаларда, транспорт воситаларида, ярим вагонларда ва бошқа ҳаракатланувчи таркибларда одамларнинг бўлиши тақиқланади.
Юк илувчининг иш жойи технологик ҳужжатларда белгиланган бўлиши ҳамда доимий иш жойлари тегишли тарзда жиҳозланиши (эстакада қурилмалари, бостирмали майдончалар ва бошқалар билан таъминланиши) лозим.
126. Юк ортиш ва тушириш ишларини амалга оширишга оид ҳужжатларда юк илувчи учун ҳар бир юкни кўтариш ва тушириш жараёнида хавфсиз жойлар кўрсатилган ҳолда ишларни босқичма-босқич бажариш тартиби назарда тутилган бўлиши лозим.
127. Юкларни жойлаштиришда қўлланиладиган усуллар қуйидагиларни таъминлаши керак:
штабеллар, қадоқлар ва юкларнинг барқарорлигини;
кўтарма-транспорт ускуналарининг осма ушлагичлари ёрдамида штабелларни механик равишда қисмларга бўлиш ва юкларни кўтариш имкониятини;
штабелда ёки унинг атрофидаги ходимлар хавфсизлигини;
ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари, ёнғин ўчиришнинг бирламчи воситалари ва техникаларидан хавфсиз фойдаланиш имкониятини;
ёпиқ омборхоналарда табиий ва сунъий шамоллатишда ҳаво оқимининг айланишини;
электр узатиш, муҳандислик коммуникация ва энергия таъминоти тизимида муҳофаза зоналари талабларига риоя қилинишини.
128. Юкларни ташиш хавфсизлик талабларига жавоб берадиган транспорт воситаларида амалга оширилиши керак.
129. Ташкилотнинг транспорт воситалари давлат рақам белгисига ёки ташкилотнинг ички рўйхат рақамига эга бўлиши керак.
130. Юкларни ташиш ушбу юкнинг ташиш бўйича технологик ҳужжатларида кўрсатилган идишларда ёки жиҳозларда амалга оширилиши керак.
131. Авто ва электр юклагичларни қаттиқ ва текис қопламали майдонларда ишлатиш керак.
132. Юкларни юклагичлар билан бошқа жойга кўчиришда технологик ҳужжатларга мувофиқ махсус мосламаларни (вилкали ушлагичлар, илгаклар, чўмичлар) қўллаш керак.
133. Майда ёки мувозанатини йўқотиш хавфи мавжуд юкларни ташишда вилкали ушлагичли юклагичлар ҳаракатланиш пайтида юкларни тираб туриш учун сақлагич рамка ёки каретка билан жиҳозланган бўлиши керак.
134. Вилкали ушлагичларнинг узайтиргичлари мустаҳкам маҳкамланадиган ва уларни ушлагичда ушлаб турадиган тегишли занжир ёки мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
135. Автоюклагич ҳайдовчисининг кўриш доирасини чеклайдиган йирик ўлчамли юкларни бошқа жойга кўчириш ишлари махсус ажратилган ва йўл-йўриқдан ўтказилган сигналчи кузатувида амалга оширилиши лозим.
136. Одамларни транспорт воситасида ташишга фақат транспорт воситасини ишлаб чиқарган корхона ҳужжатларига мувофиқ бажарилган ўтиргичлар мавжуд бўлгандагина рухсат этилади.
137. Транспорт воситаси кузовида юкчиларни ташишга рухсат этилмайди.
Агар иш хусусиятидан келиб чиқиб экспедитор ёки юкчини ташиш зарурати юзага келса, улар транспорт воситаси кабинасида жойлаштирилиши шарт.
14-§. Юк ортиш ва тушириш ишларини олиб бориш ҳудудини жиҳозлашга қўйиладиган талаблар
138. Юк ортиш ва тушириш ишлари олиб бориладиган жойлар юклар ва кўтарма-транспорт машиналардан тушадиган юкламаларни қабул қилиш имкониятига эга бўлган, текис қаттиқ қопламали ёки тупроқли махсус ажратилган ҳудудда жойлаштирилиши керак.
139. Юк ортиш ва тушириш ишлари олиб бориш учун майдонлар 5° дан ортиқ бўлмаган, авто ва электр юклагичлар қўлланганда эса 3° дан кўп бўлмаган қияликка эга бўлиши керак.
140. Юк ортиш ва тушириш ишлари олиб бориладиган жойлар огоҳлантирувчи белгилар билан жиҳозланган бўлиши керак.
141. Юк ортиш ва тушириш ишлари олиб бориладиган жойларга кириш йўллари қаттиқ қопламага эга бўлиши ва соз ҳолатда сақланиши керак.
Юк ортиш ва тушириш ишлари олиб бориладиган жойларда транспорт воситаларининг ҳаракати ташкилот маъмурияти тасдиқлаган схема бўйича ташкил қилиниши, кириш ва чиқишда, бурилиш ва транспорт воситаларини тушириш (ортиш)га қўйишда махсус чизиқлар ва йўл белгилари билан тартибга солиб турилиши керак.
142. Йўлларнинг зовурлар, хандақлар ва темир йўл тармоқлари билан кесишган жойларида ўтиш учун тўшамалар ва кўприклар ўрнатилиши керак.
143. Ўтиш йўллари кенглиги транспорт воситаларининг икки томонлама ҳаракатланишида камида 6,2 m ва бир томонлама ҳаракатланишида камида 3,5 m бўлиб, йўлларнинг бурилиш жойлари тегишли равишда кенгайтирилган бўлиши керак.
144. Юк ортиш ва тушириш майдончалари ишларни хавфсиз бажариш учун нормал ўлчамларни таъминлаши керак.
145. Омборхоналарда ва қисқа муддатли сақлаш жойларида сақланаётган идишга солинган донали юкларни ортиш ва тушириш майдончаларида транспорт воситаси кузовининг поли баландлигига тенг бўлган баландликда платформалар, эстакадалар, рампалар қурилган бўлиши керак.
Транспорт воситалари кириш томонидаги рампаларнинг кенглиги 1,5 m дан кам бўлмаслиги ва 5° дан катта бўлмаган қияликка эга бўлиши керак.
Транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган эстакадалар кенглиги 3 m дан кам бўлмаслиги керак.
15-§. Ишлаб чиқариш биноларига (хоналари) қўйиладиган талаблар
146. Ертўла ва ярим ертўла хоналарда жойлашган, зиналар сони биттадан ортиқ ёки баландлиги 1,5 m дан юқори бўлган зиналарга эга омборхоналар юк тушириш учун люклар, траплар ҳамда юк кўтаргичлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
147. Биринчи қаватдан юқорида жойлашган ҳамда зиналар сони биттадан ортиқ ёки баландлиги 2 m дан юқори бўлган омборхоналар юкларни тушириш ва кўтариш учун кўтаргичлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
148. Юк ортиш ва тушириш ишларини олиб бориш жойлари етарли даражада ёритилган бўлиши керак.
Зарур ҳолларда катта майдонларни ёритиш учун прожекторли қурилмалардан фойдаланиш мумкин.
149. Ишлаб чиқариш биноларида юк ортиш ва тушириш ишларини олиб бориш учун микроиқлимнинг кўрсаткичлари СанҚваН 0324-16 «Ишлаб чиқариш биноларининг микроиқлимнинг санитария-гигиеник нормалари» талабларига мувофиқ бўлиши керак.
150. Пол майдони бир ходим учун 100 m² дан ортиқ тўғри келадиган ишлаб чиқариш хоналарида СанҚваН 0324-16 «Ишлаб чиқариш биноларининг микроиқлимнинг санитария-гигиеник нормалари» талабларида белгиланган ҳарорат, нисбий намлик ҳамда ҳаво ҳаракати тезлиги кўрсаткичлари фақат доимий иш жойларида таъминланиши лозим.
151. Иш жойи ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори СанҚваН 0294-11 «Иш жойлари ҳавосидаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган миқдорининг гигиеник талаблари»да белгиланган рухсат этилган концентрация чегарасидан ошмаслиги лозим.
Бунда:
иш жойи ҳавосида бир вақтнинг ўзида бир хил йўналишда таъсир кўрсатувчи бир нечта зарарли моддалар мавжуд бўлганда, уларнинг ҳақиқий концентрацияларини тегишли рухсат этилган концентрация чегарасига нисбатлари йиғиндиси бирдан ошмаслиги лозим;
иш жойи ҳавосида бир вақтнинг ўзида турли йўналишда таъсир қилувчи бир нечта зарарли моддалар мавжуд бўлса, ҳар бир модда учун белгиланган рухсат этилган концентрация чегараси алоҳида тартибда қўлланилади.
152. Иш жойларидаги рухсат этилган шовқин даражалари, ускуналарнинг шовқин чиқариш хусусиятлари, шовқиндан ҳимоя қилиш, тебранишлар Иш жойларидаги шовқин, тебраниш, инфратовуш ва ультратовуш даражаларига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0111-26-сон СанҚваН) (ҳисоб рақами 399, 2026 йил 28 апрель) талабларига мувофиқ белгиланади.
153. Ишлаб чиқариш биноларида ишлар оли борилаётганда темир йўл транспортида юк ортиш ва тушириш ишларини олиб боришдан олдин йўл ва стрела ҳолатини ҳамда темир йўл вагонларининг қўл тормозларини мустаҳкамлигини текшириш керак.
154. Ишлаб чиқариш бинолари ичидаги рельсли йўллар пол сатҳи билан бир текисда бўлиши лозим. Ташкилот ҳудудидаги рельсли йўллар эса текис, ишончли маҳкамланган ва бир хил турдаги рельслардан ташкил топган бўлиши керак.
155. Катта ўлчамли юклар ортиладиган жойларда темир йўлларда юкнинг баландлиги ва кенглиги бўйича рухсат этилган ўлчамларни белгилаб берувчи ўлчовли дарвозалар ўрнатилиши лозим.
156. Темир йўллар бўйлаб рельс каллаги сатҳида ходимларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминловчи тўшамалар ўрнатилган бўлиши керак.
157. Боши берк темир йўл излари тиргаклар билан жиҳозланиши лозим.
158. Юк ортиш ва тушириш майдончаларининг ўлчамлари транспорт воситалари ва юклар ўртасидаги масофа камида 1 m бўлиши лозим.
159. Ишлаб чиқариш бинолар яқинида юк ортиш ва тушириш ишлари амалга оширилганда бино билан юкланган транспорт воситаси ўртасидаги масофа камида 0,8 m бўлиши, бунда йўлка ҳамда тўхтатувчи бруслар назарда тутилиши керак.
16-§. Ишлаб чиқариш ускуналарига қўйиладиган талаблар
160. Юк ортиш ва тушириш ишларида қўлланиладиган ишлаб чиқариш ускуналари монтаж қилиш, фойдаланиш ва таъмирлаш жараёнларида, шунингдек алоҳида ёки технологик тизим таркибида қўлланилганда хавфсиз бўлиши лозим.
161. Юкларни кўтариш ва бошқа жойга кўчириш ишлари иккита кран ёрдамида амалга оширилганда, юкни боғлаш ва илдириш ишлари кранлар билан ишларнинг хавфсиз бажарилиши учун масъул шахснинг бевосита раҳбарлиги остида бажарилиши лозим.
17-§. Иш майдончасида транспорт воситалари ва юк кўтариш машиналарини жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
162. Юк ортиш ва тушириш майдончасида юкларни ортиш ёки тушириш учун транспорт воситалари ўртасидаги масофа қуйидагилардан кам бўлмаслиги лозим:
транспорт воситалари қатори ичида — 10 m;
юк тушириш майдони бўйлаб — 1,5 m;
омбор деворигача — 0,5 m;
юк штабелигача — 1 m.
163. Юк кўтариш машиналаридан биноларнинг қисмларигача ҳамда ускуналарнинг чиқиб турган элементларигача бўлган масофа мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида белгиланган меъёрлардан кам бўлмаслиги лозим.
164. Кўприксимон ва кўчма консол кранлар кабинасига кириш мустаҳкам бўлиши ҳамда турғун зиналар ва чиқиш майдончалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
165. Кран йўли бўйлаб жойлашган ўтиш галереяси баландлиги камида 1 m бўлган суянчиқлар, пастки қисмида баландлиги камида 0,1 m бўлган яхлит ҳимоя тўсиғи билан жиҳозланган ҳамда ҳар 200 m масофада зина орқали чиқиш йўлига эга бўлиши лозим.
166. Галереялар, майдончалар ва ўтиш йўллари узунлиги ҳамда эни бўйлаб сирпанишнинг олдини олувчи материаллардан, жумладан ботиқ-бўртма ёки тешикли пўлат листлардан тайёрланган тўшамалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
167. Чиқиш майдончалари ва галереялардаги зиналарнинг эни камида 0,6 m, кранларда эса камида 0,5 m бўлиши лозим.
Зинапоя қадамларининг ўлчами қуйидагича белгиланади:
тик зиналар учун — 300 mm;
қия зиналар учун — 250 mm;
минора кранларининг қия зиналари учун — 200 mm.
Қия зиналар икки томондан баландлиги камида 1,0 m бўлган суянчиқлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
Баландлиги 2,5 m дан ортиқ бўлган тик зиналар зинадан 700 mm масофада ўрнатилган, қадами 0,8 m дан ошмайдиган ҳимоя ёйлари билан тўсилган бўлиши лозим.
Зина баландлиги 10 m дан юқори бўлганда ҳар 6 m кўтарилганда суянчиқли тўсиқлар билан майдонча қурилиши керак.
168. Юк кўтариш машиналарини ўрнатишда юкни кўтариш жараёнида пўлат арқонларнинг қия тортилишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек юкни кўчириш вақтида ускуналар, юк штабеллари ҳамда бошқа объектлардан камида 0,5 m хавфсиз масофа таъминланиши лозим.
169. Кранни ердан туриб ёки радио орқали бошқаришда кран ҳаракатининг барча йўналишлари бўйича кранни бошқарувчи ходим учун эркин ҳаракатланиш йўли таъминланиши лозим.
170. Стрелали ўзиюрар кранни ўрнатиш ишлари кран паспортида кўрсатилган қиялик меъёрларидан ошмайдиган, шиббаланган ва тупроқ билан текисланган майдончада амалга оширилиши лозим.
171. Стрелали ўзиюрар ёки темир йўл кранларида иш бошлашдан олдин кран чиқариладиган таянчларга ўрнатилиши ҳамда таянчлар остига турғун ва мустаҳкам тагликлар қўйилиши лозим.
172. Ҳаво электр узатиш тармоқларининг муҳофаза ҳудудларида кранларни ўрнатиш ишлари мазкур тармоқлар эгалари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
173. Электр узатиш тармоқларининг энг четки симларидан ёки 42 V кучланишли ҳаво электр тармоғидан 30 m дан кам масофада транспорт воситаси, пневмоғилдиракли ва гусеницали (темир йўлли кранлардан ташқари) ўзиюрар стрелали кранларни ўрнатиш ҳамда улардан фойдаланиш ишлари топшириқ-рухсатнома асосида амалга оширилиши лозим.
18-§. Турли турдаги юкларни сақлаш, тахлашга қўйиладиган талаблар
174. Юкларни ташишда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари пайдо бўлишини истисно этувчи воситалардан фойдаланиш керак.
175. Йирик ўлчамли ва оғир вазнли юклар тагликларга бир қатор қилиб тахланиши керак.
176. Жойлаштирилаётган юклар йиқилиш, ағдарилиш ва тўкилиш хавфини истисно этган ҳолда, ишлаб чиқариш жараёнига ёки жўнатиш учун ортиш ишларига эркин кириб-чиқиш имкониятини ҳамда хавфсиз иш шароитларини таъминлайдиган тартибда тахланиши лозим.
177. Юкларни тахлашда, шу жумладан юк ортиш ва тушириш майдончалари ҳамда вақтинчалик сақлаш жойларида юкларни бинолар деворларига, устунларга ва ускуналарга зич қилиб жойлаштиришга, шунингдек штабелларни бир-бирига зич қилиб тахлашга йўл қўйилмайди.
178. Юк билан девор ёки устун ўртасидаги масофа камида 1 m, юк билан бино томи ўртасидаги масофа камида 1 m, шунингдек юк билан ёритиш чироғи ўртасидаги масофа камида 0,5 m бўлиши лозим.
179. Қути ва киплардаги юклар штабелларга мустаҳкам тахланиши керак.
180. Қоп ва қоғоз қоплардаги юклар штабелларга боғлаб тахланиши керак.
181. Қўл билан ортишда штабеллар баландлиги 3 m дан, юк кўтариш механизмлари қўлланилганда 6 m дан ошмаслиги керак.
182. Носоз, яроқсиз идишларни штабелга тахлашга рухсат этилмайди.
183. Юкларни тахлаш усуллари қуйидагиларни таъминлаши лозим:
тахланаётган штабеллар, қадоқлар ва юкларнинг барқарорлиги;
штабелларни механизациялаштирилган тарзда ажратиш ҳамда кўтариш транспорт воситаларининг осма ушлагичлари орқали юкларни кўтариш имконияти;
штабелда ёки унинг атрофида ишлаётган ходимларнинг хавфсизлиги;
ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва техникаларидан соз ҳолатда ҳамда хавфсиз фойдаланиш имконияти;
ёпиқ омборхоналарда табиий ва сунъий шамоллатиш (вентиляция) шароитида ҳаво оқимининг эркин айланиши;
электр узатиш тармоқлари, муҳандислик коммуникациялари ва энергия таъминоти муҳофаза ҳудудларига оид талабларга риоя этилиши.
184. Юк ортиш ва тушириш ишлари вақтида ҳаракатланувчи таркибдан юк тушиб кетиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудудда одамлар ва транспорт воситаларининг бўлишига йўл қўйилмайди.
185. Темир йўл ва ер усти кран йўллари яқинида жойлаштириладиган юклар рельс каллагининг юкка энг яқин ташқи чегарасидан штабел баландлиги 1,2 m гача бўлганда камида 2 m, штабел баландлиги 1,2 m дан ортиқ бўлганда эса камида 2,5 m масофада жойлаштирилиши лозим.
186. Юкларни тахлашда (сочилувчан юклар бундан мустасно) уларнинг қисилиб қолиши ёки майдонча қопламасига музлаб ёпишиб қолишининг олдини олувчи чоралар кўрилиши лозим.
187. Штабеллар қаторлари орасидаги масофа юкларни хавфсиз жойлаштириш ва тушириш имкониятини, шунингдек ёнғинга қарши белгиланган оралиқларга риоя этилишини таъминлайдиган тарзда белгиланиши лозим.
188. Омборхоналар ва юкларни вақтинча сақлаш майдончаларида штабеллар орасида кенглиги камида 1 m бўлган ўтиш йўлаклари, шунингдек транспорт воситалари, ташилаётган юклар ҳамда юк ортиш-тушириш механизмларининг ўлчамларига мос транспорт ҳаракати йўллари ташкил этилган бўлиши лозим.
189. Ҳаракатланувчи таркибга юкларни жойлаштиришда вагон тенг равишда юкланиши керак.
190. Вагонга тушадиган юклама ўртасидаги фарқ қуйидаги меъёрлардан ошмаслиги керак:
тўрт ўқли вагонлар учун — 10 t;
олти ўқли вагонлар учун — 15 t;
саккиз ўқли вагонлар учун — 20 t.
191. Ҳар бир вагонга тушадиган юклама мазкур турдаги вагон юк кўтариш қувватининг ярмидан ошмаслиги, юкнинг умумий оғирлик марказининг кўндаланг силжиши эса вагон бўйлама ўқининг вертикал текислигидан 100 mm дан ошмаслиги керак.
192. Юклар тагликларга тахланиши, ўқлар орасидаги масофа 700 mm дан кам бўлмаслиги керак.
193. Юк платформанинг орқага тушириладиган бортларига тиралиб турмаслиги керак.
Бунда, платформанинг туширилган бортлари бўйлама тўсинлардаги ҳалқаларга маҳкамланиши, улар мавжуд бўлмаганда эса диаметри камида 4 mm бўлган сим ёрдамида ён тутқичлар ва орқа тўсинга боғлаб қўйилиши лозим.
194. Юкнинг ярим вагон ёки платформанинг охирги тўсини чегарасидан чиқиб туриши 400 mm дан ошмаслиги керак.
195. Очиқ ҳаракатланадиган таркибда юкларни жойлаш ва маҳкамлаш учун ўрагичлар, тиргаклар, устунлар, тагликлар, қалқонлар, турникетлар ва бошқа мосламалар ҳамда кўп ишлатиладиган стандарт маҳкамлагичлар қўлланилади.
196. Юк ортиш ишларини бошлашдан олдин вагон поли, юкнинг таянч сирти, тагликлар, қистирмалар, бруслар ҳамда ўралган юклар сирти қор, муз ва бошқа ифлосликлардан тозаланган бўлиши лозим.
Қиш мавсумида вагон поллари ва тагликларнинг юк таянадиган қисмлари сирпанишининг олдини олиш мақсадида юпқа қатламда тоза қуруқ қум билан қопланган бўлиши керак.
197. Платформа поли сатҳидан ён томон устунларининг баландлиги 2,8 m дан ошмаслиги, калта устунларнинг баландлиги эса борт баландлигидан кам бўлмаслиги лозим.
198. Юкларни маҳкамлаш учун тортгичлар (ўрагичлар) сим, металл стержен, тасма, занжир ёки пўлат арқонлардан тайёрланган бўлиши мумкин.
Бунда, ҳар бир тортгичнинг бир учи юк конструкциясига, иккинчи учи эса юкни маҳкамлаш учун мўлжалланган вагон қисмларига ишончли тарзда маҳкамланган бўлиши керак.
199. Юк жўнатувчи юкларни ташишга жараёнида поездлар ҳаракатининг хавфсизлиги ва юкларнинг бутлиги таъминланиши керак.
200. Платформа ва ярим вагонларда ортиш ва туширишда қуйидагилар тақиқланади:
тишли грейферлар билан юкларни тушириш ва грейферларни платформа ёки ярим вагон полига куч билан уриб тушириш;
грейфер билан платформа бортига, ярим вагон кузовининг қопламасига ва юқори ўралмасига уриш;
чиғир ёрдамида ортишда тросларни ярим вагон кузовининг юқори боғловчи қисмига тегизиш;
100 °С дан ортиқ ҳароратдаги юкларни ортиш;
сочиладиган юкларни гидравлик усулда ортиш ва тушириш;
ёғоч бортли тўрт ўқли платформаларга бош ва ён ташқи тиргак скобаларига калта тиргаклар ўрнатмасдан сочилувчан юкларни ортиш;
темир-бетон плиталар, конструкциялар ва шунга ўхшаш юкларни ярим вагон кузови деворларига таянтирилган қия ҳолатда ортиш;
алоҳида бўлакларининг оғирлиги 100 kg дан ортиқ бўлган бўлакли ёки музлаб қолган рудалар, тошлар ҳамда бошқа сочилувчан юкларни грейфер, бункер ёки чўмични вагон поли ёки юк сатҳидан 2,3 m дан юқори баландликда очиш орқали ортиш;
электр магнитли кранлар билан электр магнитни ўчириб қўйиб ва юкларни вагон полидан ёки юк юзасидан 0,5 m дан юқори баландликдан юкни ташлаш орқали ортиш ва оғир вазнли юклар (қуймалар, хомашё бўлаклари, тўсинлар) юқоридан ташламасдан жойлаштириш;
юкларни вагонларнинг металл қисмларига пайвандлаш ёки тешиш орқали маҳкамлаш;
платформалар бортлари ва ярим вагон эшикларини ечиш.
201. Юк туширилгандан сўнг қабул қилувчи юк қолдиқлари ва чиқиндилардан тозаланиб, тиркамалар, бруслар, тортқичлардан бўшатилиши, ярим вагон люк қопқоқлари ҳамда платформа ён томон зулфинларидан симлар олиб ташланиб, платформа бортлари, ярим вагон эшиклари ва люклари ёпилиши керак.
19-§. Металл прокат маҳсулотларини ташиш ва жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
202. Металл прокат маҳсулотларини ташиш учун уларнинг тури ва гуруҳига қараб бортли платформали транспорт воситалари, ярим тиркамали шатакчилар, металл ташувчилар ҳамда тиркамали ёғоч аравали транспорт воситалари қўлланилади.
Металл прокат маҳсулотлари қуйидаги тартибда ташилиши лозим:
узун ўлчамли прокатлар (пўлат прокатлар, бурчаклар, швеллерлар ва қўштаврлар) — штабеллар ёки боғламлар кўринишида;
пўлат канатлар — бухта ёки барабанларга ўралган ҳолда;
ўрама тўрлар — юмшоқ пўлат сим билан боғланган ҳолда;
ясси тўрлар — қадоқларга боғланган ҳолда;
кичик габаритли металл буюмлар (михлар, болтлар, гайкалар, шайбалар, винтлар) — идишларга жойлаштирилган ҳолда;
электродлар — қоғозга ўралган ва қутиларга жойлаштирилган ҳолда;
рангли металлар ва қотишмалар — тахламларга ўралган ҳамда идишларга жойлаштирилган ҳолда.
Узун ўлчамли металларни тиркама-ёғоч араваларда ташишда тиркаманинг эркин бурилишини таъминлаш мақсадида транспорт воситаси кабинаси билан юк ўртасида ҳар икки томонга 90° бурилиш имконини берувчи етарли оралиқ таъминланиши лозим.
Ташувчи транспорт воситаси кузовининг олд қисмида юкнинг кабинага шикаст етказишининг олдини олиш мақсадида пўлат тўсиқ ўрнатилган бўлиши лозим.
203. Боғламдаги думалоқ ёки квадрат кесимли металл стерженларни ярим вагондан туширишда илгакли строплар қўлланилиши, боғлам ёки стерженлар эса «сиртмоқ» усулида маҳкамланиши лозим.
Юк 1 m гача кўтарилгандан сўнг юк илувчи юк илиш ишларининг тўғри бажарилганлигига ишонч ҳосил қилиши, ишларни бажариш режаси ёки технологик карталарда белгиланган хавфсиз жойга чиқиши ҳамда шу жойдан юкни кўтариш учун сигнал бериши шарт.
204. Ярим вагондан металл листларни туширишда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим:
ёрдамчи строп краннинг номинал юк кўтариш қобилиятидан ошмайдиган юк остига келтирилиши, строп сиртмоғи кран илгагига илиниши ва илгак аста-секин тортиб кўтарилиши керак. Юк илувчилар ишларни бажариш режаси ёки технологик карталарда белгиланган хавфсиз жойга чиқишлари;
катта юк илувчи сигналига мувофиқ кран машинисти юкни 0,5 m дан ортиқ бўлмаган баландликка кўтариши, ҳосил бўлган тирқишга эса юк илувчи асосий стропни киритиши керак. Шундан сўнг юк жойига туширилиши, ёрдамчи строп илгакдан ечилиши ва унинг ўрнига асосий строплар илиниши.
Юк илувчилар хавфсиз жойга ўтгандан кейин кран машинисти катта юк илувчи сигнали асосида юкни тахлаш жойига кўчиради. Тахлаш ишлари тагликлар ёки қистирмалар устида амалга оширилиши керак.
205. Электр магнитли кран ёрдамида ярим вагондан металл листларни туширишда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим:
юкнинг ҳолати текширилиши, бунда магнит шайба ёрдамида қалинлиги камида 14 mm бўлган листларни туширишга рухсат этилиши;
кран машинистига магнит шайбани юкка тушириш жойи кўрсатилиши, шундан сўнг юк илувчи кран машинистига кўринадиган хавфсиз жойга ўтиши ва юкни кўтариш учун сигнал бериши;
юк ярим вагон бортидан камида 0,5 m баландликка кўтарилиб, бошқа жойга кўчирилиши ва тахлаш жойига 1 m дан ортиқ бўлмаган баландликкача туширилиши, сўнг қўл асбоблари (узун дастакли илгаклар, тортқилар ва бошқалар) ёрдамида унинг ҳолати тўғриланиб штабелга тахланиши.
Мазкур тартиб тушириш ишлари тўлиқ якунлангунга қадар сақланиши шарт.
206. Металл прокат маҳсулотлари металлнинг хусусиятлари, ўлчамлари, ўралиш тури, юк оқимининг жадаллиги ҳамда ташиш усуллари инобатга олинган ҳолда штабеллар ёки стеллажларга, боғламларда ёки алоҳида ҳолда, очиқ, ёпиқ ва ярим ёпиқ омборхоналарда жойлаштирилиши лозим.
207. Очиқ майдончаларда ҳарорат ва ҳаво намлиги ўзгаришлари, атмосфера ёғинлари ҳамда қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсири натижасида ўз хусусияти ва сифатини йўқотмайдиган металл прокат маҳсулотлари жойлаштирилиши лозим.
208. Қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсири ва ёғинлар натижасида ишга яроқсиз ҳолга келиши мумкин бўлган металл прокат маҳсулотларини сақлаш учун соябонлар ўрнатилиши лозим.
209. Металл прокат маҳсулотларини жойлаштиришда штабеллар ёки стеллажлар қаторлари орасида кенглиги камида 1 m бўлган, шунингдек қатордаги штабеллар ёки стеллажлар орасида кенглиги камида 0,8 m бўлган ўтиш йўлаклари бўлиши лозим.
210. Металл прокатларни қўлда тахлашда штабел ёки стеллажларнинг баландлиги 1,5 m дан ошмаслиги керак.
211. Металл прокат маҳсулотларини механизациялаштирилган тарзда тахлашда штабел ёки стеллаж баландлиги полга тушадиган рухсат этилган юклама, тахлаш схемаси, штабел ёки стеллажнинг барқарорлиги ҳамда механизмлар билан ишларни хавфсиз бажариш талабларидан келиб чиққан ҳолда, 20 t гача юкни жойлаштириш имкониятини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.
Бунда, юк илувчининг штабел ёки стеллажнинг юқори қисмига хавфсиз чиқиши ва металл устида турмаган ҳолда юкни илдириш учун махсус майдончалар, мосламалар ёки зиналар бўлиши керак.
212. Кесими 160 х 160 sm ва ундан ортиқ бўлган қуймалар ва буюмлар полдаги штабелга доналаб тахланиши керак.
Илгак ёрдамида ушлашда штабел баландлиги 2 m дан ошмаслиги, юкни кўтариш воситалари билан автоматик ушлашда эса 4 m дан ошмаслиги лозим.
213. Металл прокат маҳсулотларини штабеллар ёки стеллажларга тахлашда пўлат арқонларни эркин бўшатиш имконияти таъминланиши лозим. Юкнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида тахламлар ва боғламлар орасига қалинлиги камида 40 mm бўлган тўртбурчак металл қистирмалар ўрнатилиши керак.
Қистирмаларнинг учлари штабел ва стеллаж чегараларидан 100 mm дан ортиқ чиқиб турмаслиги лозим.
214. Стеллажларга тахланаётган металл прокат маҳсулотларининг оғирлиги стеллажнинг юк кўтариш қобилиятидан ошмаслиги лозим.
Ҳар бир стеллажда унинг юк кўтариш қобилияти аниқ кўрсатилган бўлиши керак.
215. Металл прокат маҳсулотларининг думалаб кетишига йўл қўймаслик мақсадида стеллаж уячаларини устунлар баландлигидан ортиқ тўлдириш тақиқланади.
216. Металл прокат маҳсулотларини штабелга жойлаштириш ишлари олдиндан полга ётқизилган тагликлар устида амалга оширилиши лозим.
Таглик сифатида темир йўл шпаллари, бруслар ва шунга ўхшаш материаллардан фойдаланиш мумкин.
Металл прокат маҳсулотларини омборхона полига ёки майдонча тупроғига тўғридан-тўғри, тагликсиз ҳолда тахлашга йўл қўйилмайди.
217. Маълум бир сортли ва бир хил профилдаги металл прокат маҳсулотлари штабелларга арчасимон ёки тирама стеллажларга тахланиши лозим.
Қувурлар эса қаторлар ораси қистирмалар билан ажратилган ҳолда штабелларга жойлаштирилиши керак.
218. Арчасимон стеллажлар бир томонлама ёки икки томонлама қилиб бажарилиши ҳамда 12 қаватгача бўлиши мумкин.
219. Арчасимон стеллажларда прокат маҳсулотларини тахлаш баландлиги қуйидагича бўлиши лозим:
электр юклагичлар ёрдамида тахлашда — 4,5 m гача;
кран-штабелёрлар ёрдамида тахлашда — 8 m гача.
Тирама стеллажларда эса тахлаш баландлиги 2 m дан ошмаслиги лозим.
220. Қалин листли пўлатлар таянч майдончалари таянч устунлар томон қия жойлашган стеллажларга қирраси билан ёки қалинлиги камида 200 mm бўлган ёғоч қистирмалар устига ётқизилган ҳолда тахланиши лозим.
221. Юпқа листли пўлатлар лист ўрамларига кўндаланг жойлаштирилган ёғоч тагликлар устига ён томони билан тахланиши лозим.
Оғирлиги 5 t гача бўлган тахламдаги юпқа листли пўлатларни махсус стеллажларга уларнинг четларида букилиш ҳосил бўлишининг олдини олган ҳолда тахлашга рухсат этилади.
222. Маълум бир сортли ва бир хил профилдаги прокатдан тайёрланган ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр буюмлар идишларга жойлаштирилиши лозим.
223. Тилимли материаллар (металл полосалар, ленталар) уларни ташиш учун қулай тарзда олиб чиқиш имкониятини таъминлайдиган конструкцияга эга мосламаларда сақланиши лозим.
224. Ўрамларда келтириладиган металл буюмлар (пўлат канатлар, симлар) ёпиқ хоналарда сақланиши ҳамда ёғоч тўшама устига тик ҳолатда икки қаватдан ортиқ бўлмаган тарзда тахланиши лозим.
225. Совуқ прокатланган металл тасмалар текис ёғоч тагликлар устига каркасли стеллажларга жойлаштирилиши лозим.
Тахлаш ишлари қаватлар бўйича амалга оширилиши, бунда ҳар бир кейинги қаватлар аввалгисига нисбатан ўрам радиусининг ярми миқдорида силжитиб жойлаштирилиши керак.
Учинчи қават биринчи қават каби, тўртинчи қават эса иккинчи қават каби жойлаштирилади ва шу тартиб давом эттирилади. Юқори қаватнинг энг четига ўрамлар тахланмаслиги керак.
226. Электродлар қуруқ ёпиқ хоналарда завод қадоғида сақланиши ҳамда тагликлар устига каркасли стеллажларга жойлаштирилиши лозим.
227. Металл буюмлар жойлаштирилган штабеллар ва стеллажлар темир йўл излари ёки асосий ҳаракат йўлларига параллел равишда жойлаштирилиши лозим.
Штабеллар (стеллажлар) темир йўл изларига энг яқин рельсдан камида 2,5 m масофада жойлаштирилиши керак.
228. Металл прокат маҳсулотлари, металл конструкцияларни электр узатиш тармоқлари жойлашган ҳудудда мазкур тармоқларни эксплуатация қилувчи ташкилот билан келишмасдан сақлаш тақиқланади.
20-§. Ёғоч ва ёғоч-тахта материалларини ташиш ва жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
229. Ёғоч ташиш йўллари ва ёғоч кесиладиган майдонлар техник паспортга эга бўлиши лозим. Уларда «Технологик йўл» огоҳлантирувчи белгиси ўрнатилган бўлиши керак.
Ушбу йўлларнинг техник ҳолати, шу жумладан кўприклар ва бошқа иншоотлар, транспорт воситаларининг белгиланган тезликда ва мазкур йўл учун белгиланган максимал юк меъёридан ошмаган ҳолда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаши лозим.
230. Автопоезд габаритидан чиқиб турган дарахт шохлари ва дарахтлар ўлчами 400×400 mm, эни 50 mm бўлган қизил ва оқ рангли диагонал чизиқларга эга огоҳлантириш белгилари билан белгиланиши лозим.
231. Ёғоч ташувчи автопоездлар кабиналарида одамларни ташиш тақиқланади.
232. Аравача ва вагончаларни қўлда ҳаракатлантириш фақат итариш орқали амалга оширилиши лозим. Ҳаракатланаётган аравача, вагонча олдида туриш тақиқланади.
Аравача ва вагончаларнинг ҳаракат тезлиги 5 km/soat дан ошмаслиги, айланма йўллар орқали ўтишда эса 3 km/soat дан ошмаслиги керак.
Рельсда ҳаракатланадиган алоҳида вагончалар орасидаги оралиқ масофа 10 m дан кам бўлмаслиги керак.
233. Ёғоч материалларни ортиш ва тушириш жойларида ёғоч материалларининг ағдарилиб кетишининг олдини олувчи мосламалар қўлланилиши лозим.
234. Ёғоч материалларни темир йўл транспортига ортиш учун доимий, кўчма ёки кўтариб юриладиган махсус эстакадалардан фойдаланилиши лозим.
235. Ёғоч материалларни кранлар билан ортишда грейферлар қўлланилиши керак.
Ёғоч материалларни ортиш ишларида қўлланиладиган строплар юк илувчининг вагон, платформа ёки бошқа ҳаракатланувчи таркиб устига чиқмасдан туриб иш бажариш имконини берувчи, масофадан ечиладиган махсус мосламалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
236. Темир йўл вагонларига ёғоч материалларни ортиш тасдиқланган схемаларга мувофиқ олиб борилиши керак.
237. Ёғоч материаллар юкланадиган ёғоч тўплаш жойи билан ёғоч конвейеридан ташлаб тушириладиган ёғоч тўплаш жойлари орасидаги масофа, конвейердан тушириб юбориладиган ходалар узунлигидан камида икки баробар катта бўлиши керак.
238. Ёғоч материалларини туширишда қуйидаги хавфсизлик талабларига риоя қилиниши лозим:
ҳаракатланувчи таркибни тушириш ишларини бошлашдан олдин қулфлар, устунлар ва қистирмаларнинг созлиги ҳамда бутлиги текширилиши;
устунлари ёки уларнинг қулфлаш мосламалари носоз бўлган сцеплар ёки автомашиналар ёғоч материалларининг ҳаракатланувчи таркибдан ўз-ўзидан думалаб кетишининг олдини олувчи қўшимча механизмлар ёки мосламалар қўлланган ҳолда туширилиши;
қулфларни очишда туширилаётган томонга қарама-қарши томонда туриши.
239. Туширилаётган платформалар (вагонлар) ўртасида камида бир платформа узунлигига тенг масофа сақланиши лозим.
240. Сувдан ёғоч материалларни кранлар ёрдамида чиқаришда чиқарилаётган ёғоч материаллар боғлами ҳажми краннинг юк кўтариш қобилиятига мувофиқ бўлиши назорат қилиниши лозим.
Ёғоч материаллар боғламларини илдириш ишлари бонлар устида амалга оширилиши керак.
241. Сувдан ёғоч материаллар боғламларини чиғирлар ёрдамида чиқариш ишлари юкнинг барқарор ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминловчи йўналтирувчи қия туширгичлар бўйлаб амалга оширилиши лозим.
242. Ёғоч материалларни сувдан элеватор орқали чиқаришда конвейер илгакларига ёғоч материалларни бир текис жойлаштириш, икки ва ундан ортиқ, шунингдек диаметри илгак оғзидан катта ёки қийшайган йирик ёғоч материалларни илишга йўл қўймаслик керак.
Иш тўхтатилганда конвейер (элеватор) занжирларида ёғоч материалларни қолдириш тақиқланади.
243. Ёғоч материалларни сақлаш майдони текисланган, тупроғи зичланган ва ерусти сувларини чиқариб юбориш тизими билан таъминланган бўлиши лозим.
Ҳар бир штабел учун нам усулда сақлашда баландлиги камида 15 sm, қуруқ усулда сақлашда эса камида 25 sm бўлган таглик тахталардан ташкил этилган асос тайёрланган бўлиши лозим.
Тупроғи бўш бўлган ҳудудларда таглик тахталар остига ёғоч тўшама ётқизилиши лозим.
244. Омборхоналарда сақланиши лозим бўлган ёғоч материаллар турлари бўйича (дарахт турлари ва ўлчамлари) сараланган бўлиши керак.
245. Ёғоч материаллари омборхонасида ёғоч материалларини механик шикастланишдан, ёрилиб кетишдан, замбуруғлар ва ҳашаротлар билан зарарланишдан, шунингдек ортиқча намланишдан муҳофаза қилиш чоралари кўрилиши лозим.
Ёғоч материаллар камида ойига бир марта кўздан кечирилиши керак.
246. Зич штабелларни тахлаш ва ажратиш ишлари грейферли кранлар, чангакли ва манипуляторли ушлагичлар билан жиҳозланган юклагичлар, ўзи ечиладиган строплар билан жиҳозланган чиғирлар, ёғоч ушлагичлар ва ишларни хавфсиз бажаришни таъминловчи бошқа мосламалар ёрдамида амалга оширилиши лозим.
247. Омборхонага келиб тушаётган думалоқ ёғоч материалларининг юқори томонига шартли белгили тамға туширилган бўлиши лозим.
248. Штабеллар ва қадоқларни тахлаш ҳамда ажратиш ишларида уларнинг устига чиқиш ва тушиш штабелнинг олд ёки орқа қисмидаги қия юза орқали ёки қўйма зинадан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши лозим.
249. Думалоқ ёғоч материаллари штабелининг баландлиги унинг узунлигининг чорак қисмидан ортиқ бўлмаслиги ҳамда штабелга тахланаётган ёғочлар узунлигининг бир ярим бараваридан ошмаслиги лозим.
250. Штабел баландлиги қуйидагилардан ошмаслиги лозим:
қўлда тахлашда — 1,8 m;
чангакли юклагич ёрдамида тахлашда — 3 m;
кабелли кран ёрдамида тахлашда — 6 m;
кўприкли, минорали, портал ва харрак кранлар ёрдамида тахлашда — 12 m.
Баландлиги 7 m ва ундан ортиқ бўлган штабелларни шакллантириш ва ажратиш ишлари грейферлар ёрдамида амалга оширилиши лозим.
251. Думалоқ ёғоч материаллари штабелини тахлашда қуйидаги талабларга риоя қилиниши керак:
алоҳида ёғоч материаллар штабел чегарасидан 0,5 m дан ортиқ чиқиб турмаслиги;
қистирмалар штабелнинг бўйлама ўқига нисбатан симметрик равишда, ёғоч материаллар учидан ҳар икки томонда 1 m дан ортиқ бўлмаган масофада жойлаштирилиши;
штабел баландлиги бўйича қаторлар орасидаги қистирмалар бир вертикал текисликда жойлаштирилиши;
штабел бўйлаб қўйиладиган қистирмалар бир чизиқ бўйича жойлаштирилиши, уларнинг туташган жойлардаги учлари эса камида 1 m узунликда бир-бирини қоплаб туриши;
бир штабелга узунлиги ўртасидаги фарқ игнабаргли дарахтлар учун 1 m дан, баргли дарахтлар учун эса 0,5 m дан ошмайдиган думалоқ ёғоч материалларни тахлашга рухсат этилади;
қаторли штабелнинг учлари қияликка эга бўлиши лозим, бунда ҳар бир кейинги қатор олдингисидан ҳар икки томондан бир хода диаметри миқдорида қисқароқ қилиб тахланиши, ҳар бир қаторнинг четки ходалари эса қистирмалар учида тайёрланган, чуқурлиги қистирма қалинлигининг ярмидан ошмайдиган уяларга жойлаштирилиши;
зич қаторли ва боғламли штабеллар охирида ходаларнинг ўз-ўзидан думалаб кетишини олдини олувчи мосламалар бўлиши лозим. Бундай мосламалар мавжуд бўлмаганда штабел учлари ходаларнинг табиий думалаш бурчагига тенг қияликка эга бўлиши.
252. Темир йўл ёнидаги омборхоналарда бир хил узунликдаги думалоқ ёғоч материаллари бир штабелга тахланиши лозим.
253. Дарё бўйидаги омборхоналарда оқизиш учун мўлжалланган думалоқ ёғоч материалларни узунлиги ўртасидаги фарқ 2 m дан ошмаган ҳолда бир штабелга тахлашга рухсат этилади.
254. Чиғирлар ёрдамида зич тахланган ёғоч материаллари штабелларини шакллантириш жараёнида штабел устидаги ходимлар чиғир ишлаётган вақтда штабел четида турмасликлари ҳамда ҳаракатланаётган канатга 1 m дан яқин масофада келмасликлари лозим.
Илгаклари бўшатилган ёғоч материалларнинг тўплами тагидан канатларни тортишда эса ходимлар чиғирдан строплар узунлигидан кам бўлмаган масофада жойлашишлари керак.
255. Ёғоч материалларни кран билан зич ва боғламли штабелларга жойлаштиришда боғламларни тушириш пайтида ходимлар тахлаш жойидан камида 10 m масофада бўлишлари керак.
Боғламларни штабелга тахлаш жойига боришга, боғлам баландлиги 1 m дан ошмаган ҳолатга келтирилгандан кейин боришга рухсат этилади.
Боғламларни йўналтириш, қистирмаларни тўғрилашга фақат узунлиги 1,5 m дан кам бўлмаган чангакларда бажаришга рухсат этилади.
256. Ёғоч-тахта материалларни штабелларга тахлашда узун томони омборнинг транспорт ўтиш йўли бўйлаб жойлаштирилиши керак.
Ҳар бир штабел баландлиги бўйича ҳар 30 sm оралиқда кесими камида 125×125 mm бўлган горизонтал қистирмалар ўрнатиш орқали боғламларга ажратилган бўлиши лозим.
Қистирмаларнинг учлари штабел чегарасидан чиқиб турмаслиги лозим. Ёғоч материаллари омборхонага келиб тушган кундан бошлаб икки кун ичида штабелларга тахланиши керак.
Намлиги 25 % дан юқори бўлган ёғоч материаллари табиий қуритишни таъминловчи соябонлар остидаги штабелларда сақланиши лозим.
257. Қуруқ ёғоч материаллари штабелларини тахлаш, ажратиш ва қайта тахлаш ишларини ёмғир вақтида амалга оширишга йўл қўйилмайди.
258. Штабелларни тахлаш, ажратиш ва қайта жойлаштириш ишларида қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим:
қўшни штабелларда бир вақтнинг ўзида иш олиб бормаслик;
тахланаётган ёки ажратилаётган штабеллардан 10 m дан яқин масофада бўлмаслик;
қўшимча канатларни қўллаган ҳолда чиғир билан зич штабелни қулатишда унга 20 m дан яқин жойда турмаслик;
штабелларни тик равишда кесишга, ходаларни юмалатишга йўл қўймаслик.
259. Боғламли штабелларни чиғирлар билан ажратишда пастки қатордан боғламларни тортишга рухсат этилмайди.
Бунда, штабелларни поғонали усулда ёки қаторлар бўйича ажратиш усули қўлланилиши лозим.
260. Зич штабелларни чиғирлар ёрдамида ажратишда занжирли амортизаторлар, ёғоч ушлагичлар ва ишларни хавфсиз бажаришни таъминловчи бошқа мосламалар қўлланилиши лозим.
261. Зич ва боғламли штабелларни кранлар ёрдамида ажратишда кран томонидан строплар туширилаётган ва стропланган боғлам кўтарилаётган вақтда ходимлар штабел устида илдириш жойидан 10 m дан яқин масофада бўлмаслиги лозим.
262. Штабелга тахланаётган ёғоч материаллар қадоқлари бир хил баландликда бўлиши лозим. Вертикал қатордаги қадоқларнинг эни ҳам бир хил бўлиши керак.
Қадоқлар узунлиги ўртасидаги фарқ уларнинг ўртача узунлигининг 20 % дан ошмаслиги лозим.
263. Автоюклагичлар ёрдамида тахланадиган ёғочтахта материаллари штабелларининг баландлиги 7 m дан, кранлар ёрдамида тахланадиганлари 12 m дан, қўлда шакллантириладиганлари эса 4 m дан ошмаслиги лозим.
264. Штабелларни қўлда шакллантиришда штабел устида бир вақтнинг ўзида икки нафардан ортиқ ходимнинг ишлаши тақиқланади.
265. Тугалланган ҳар бир вертикал қадоқлар қатори автоюклагич ёки кран ёрдамида инвентар том билан ёпилиши лозим.
Қадоқларнинг алоҳида вертикал қатори устида тахталардан қўлда том шакллантиришга йўл қўйилмайди.
266. Фанер ва шпонлар штабелга таяниш жойларида жойлаштирилади. Таяниш жойларнинг асоси горизонтал бўйича текисланган ва табиий шамоллатишни таъминлаш учун полдан камида 0,2 m баланд бўлиши керак.
267. Фанер штабелининг баландлиги механизациялаштирилган тарзда тахлашда 5,2 m дан, қўлда тахлашда эса 1,5 m дан ошмаслиги лозим.
268. Фанер ва шпонларни девор ва устунларга зич қилиб тахлашга йўл қўйилмайди. Девор ёки устун билан штабел ўртасидаги масофа камида 0,8 m, қоплама билан штабел ўртасидаги масофа камида 1 m, ёритиш чироқлари билан штабел ўртасидаги масофа эса камида 0,5 m бўлиши лозим.
Кўндаланг қатордаги штабеллар орасидаги масофа камида 0,5 m, бўйлама қатордаги штабеллар орасидаги масофа эса камида 0,2 m бўлиши керак.
269. Штабеллардаги ёғоч материаллари қадоқлари игнабаргли дарахт ёғочидан тайёрланган, кесими 100×100 mm бўлган ёғоч брус-қистирмалар билан ажратилган бўлиши лозим.
270. Ёғоч плиткалар штабелларга полдан камида 0,1 m баландликка ва қуриш имкони бор бўлган жойларга тахланиши керак.
271. Плиталарни юклагичлар билан стопларга тахлаш баландлиги 4,5 m дан ошмаслиги керак.
Кранлар хизмат қиладиган механизациялаштирилган омборларда плиталарни стопларга 4,5 m дан юқори тахлашга рухсат этилади.
272. Оғирлиги 50 kg дан ортиқ бўлган алоҳида ёғоч материаллари қадоқларини қайта юклашда, шунингдек оғирлиги 50 kg гача бўлган ёғоч материаллар ёки қадоқларни 3 m дан ортиқ баландликка кўтаришда техника воситаларини қўллаш мажбурий ҳисобланади.
273. Автоюклагичлардан узунлиги 6 m дан кичик бўлган ёғоч материалларни ортишда ва штабеллашда фойдаланиш мумкин.
274. Омборхоналарда ёғоч материалларини кесиш ва ёриш ишлари учун чиқиндилардан мунтазам тозалаб туриладиган махсус жойлар ажратилган бўлиши лозим.
275. Ёғоч материаллари штабелини тахлашда кўтарилаётган қадоқдан унинг ҳаракат йўналишига қарши томонга камида 3 m узоқликда туриш керак.
Қадоқни йўналтириш ишларида дастаси узунлиги камида 1 m бўлган илгакдан фойдаланилиши лозим. Ушлаш мосламалари юк тўлиқ туширилгандан сўнг ечилиши керак.
Ёғоч материаллари қадоқи остидан строплар қадоқнинг ағдарилиб кетишига йўл қўймаган ҳолда қўлда тортиб чиқарилиши лозим.
276. Штабел четида ёки қадоқлар орасидаги қистирмалар учида туришга, шунингдек штабел устига чиқиш ёки ундан тушиш учун крандан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
277. Ёнғин хавфсизлиги талабларидан келиб чиқиб, бинолардан думалоқ ёғоч ва ёғоч материаллари штабелларигача бўлган масофа мос равишда камида 15 m ва 30 m бўлиши лозим.
278. Узунлиги транспорт воситаси кузови узунлигидан 2 m дан ортиқ бўлган ёғоч материаллари аравали тиркамалар ёрдамида ташилиши лозим.
279. Ёғоч материалларини транспорт воситасидан ташлаб тушириш ва уларни бир вақтнинг ўзида штабелга тахлашга йўл қўйилмайди.
280. Ёғоч материаллари транспорт воситаси кузовидан диаметри камида 15 sm бўлган махсус ёғоч материаллар орқали туширилиши лозим. Махсус ёғоч материалларнинг юқори учларида уларни транспорт воситаси кузовига маҳкам ўрнатиш учун махсус металл илгаклар бўлиши керак.
281. Кучли шамол (6 балл ва ундан юқори), жала қуйганда, қалин туман (кўриш масофаси 50 m дан кам) ёки қор ёғиши вақтида баландлиги 2 m дан ортиқ бўлган штабелларни тахлаш ва ажратиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.
282. Боғламни илдириш ишлари якунлангандан сўнг юк илувчи юк ҳаракатланиш зонасининг қарама-қарши томонига камида 15 m масофага чекиниб, шундан кейин машинистга сигнал бериши лозим.
Кўтарилган юк илдириш жойидан 15 — 20 m масофага олиб кетилгандан кейингина навбатдаги боғламни илдиришга рухсат этилади.
Юк илувчининг штабел олдига қайтишига фақат юкни ушлаш мосламалари штабелга теггандан сўнг рухсат берилади.
283. Ёғоч материалларга антисептик билан ишлов берилгандан сўнг уларни елкаларда кўтариб ташиш тақиқланади.
Махсус кийим-бош ва ҳимоя воситалари (брезент куртка, шим, резина этик ва қўлқоплар) билан таъминланмаган ходимларни антисептик билан ишлов берилган ёғоч материаллари билан ишлашга йўл қўйилмайди.
21-§. Сочилувчан ва майда бўлакли материалларни ташиш ва жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
284. Қум, чақиқ тош, шағал, керамзит, перлит, аглокорит ва шунга ўхшаш материалларни ортиш, тушириш ишлари чўмичли ёки грейферли экскаваторлар, турли хил кранлар, фронтал юклагичлар, конвейерлар, автоюклагичлар ёрдамида амалга оширилиши лозим.
285. Музлаб қотган юклар сочилувчанлик хусусиятини тиклаш ва тушириш ишларини таъминлаш мақсадида юмшатилиши лозим.
Бундай юклар қиш мавсумида музлаб қотишнинг олдини олишга қаратилган профилактик чоралар билан таъминланиши лозим, жумладан:
материални сувсизлантириш;
материал қатламларини музламайдиган қўшимчалар билан ажратиш;
материални гранула ҳолатига келтириш;
музлаб қотишни тўлиқ бартараф этмайдиган, бироқ музлаган масса мустаҳкамлигини камайтирувчи моддалар қўшиш.
286. Музлаб қотган юкнинг сочилувчанлик хусусиятини махсус иситиш хоналарида қиздириш орқали тиклаш катта энергия сарфини талаб қилади ва кенг қўллаш учун тавсия этилмайди.
287. Музлаб қотган материалларнинг сочилувчанлик хусусиятини тиклашнинг механик усуллари устувор ҳисобланади ҳамда бундай ишлар бурғилаб юмшатувчи машиналар, осма тебратма-юмшатувчи агрегатлар ва тебратма-зарбли машиналар ёрдамида амалга оширилиши мумкин.
288. Вагонларни туширишдан кейин қолиб кетган материаллардан тозалаш ишларида тебранишли қурилмалар, сиқилган ҳаво, газ ёки сув оқими орқали юкка динамик таъсир кўрсатувчи мосламалар, шунингдек чўтка ва кураклардан фойдаланилиши мумкин.
289. Доимий (стационар) тушириш машиналари ишлаётганда темир йўл платформалари ва ярим вагонларни тушириш фронти бўйлаб ҳаракатлантириш манёвр қиладиган чиғир ёки қурилма ёрдамида амалга оширилиши лозим.
290. Ярим вагонларнинг пастки люклари қўл ёки механик юритмали, ярим вагоннинг ҳар икки томони бўйлаб жойлаштирилган стационар порталларга осиб қўйиладиган махсус мосламалар ёрдамида ёпилиши лозим.
291. Барча турдаги тушириш машиналари ишлаётган вақтда қабул қилиш қурилмаси ичида ва ҳаракатланувчи таркиб кузовида бўлиши, шунингдек юк ортиш-тушириш пунктида темир йўл вагонлари ҳаракатлантирилаётганда манёвр қурилмалари иш ҳудудида бўлиш тақиқланади.
292. Баланд йўллар ва эстакадаларда юклаш бункерлари остидаги хавфли майдонлар кўрсатиб қўйилган бўлиши лозим.
293. Юклагич чўмичини штабелдаги материалга тезлик билан келиб уриш орқали тўлдириш тақиқланади.
294. Кўп чўмичли юклагичдан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:
юклагични унинг паспортида кўрсатилган меъёрлардан ортиқ бўлган кўндаланг ёки бўйлама қияликка эга майдончада ҳаракатлантириш ва ишлатиш;
турли буюмлар билан тўсилиб қолган жойларда юклагичда ишлаш;
двигатель ишлаб турган вақтда шнек ва занжирдан ҳар қандай буюмларни олиб ташлаш;
бурилиш вақтида шнек айланишини ишга тушириш;
ишлаётган шнекка 1,5 m дан яқин масофада яқинлашиш.
295. Кўчма тасмали конвейерларни майдонча бўйлаб узоқ масофага ёки нотекис юзада ҳаракатлантиришга йўл қўйилмайди. Конвейерларни кўчириш вақтида электр узатувчи симлар ажратилган бўлиши лозим.
Конвейерлар жойлашган ўтиш ва ҳаракат йўллари конвейер габаритидан камида 1 m чиқиб турадиган соябонлар билан ҳимояланган бўлиши керак.
22-§. Кукунсимон материалларни ташиш ва жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
296. Кукунсимон ва чангсимон материалларни (цемент, гипс, оҳак) идишсиз ташиш юклаш ва ўзини ўзи тушириш қурилмалари билан жиҳозланган транспорт ва темир йўл воситаларида, шунингдек сув орқали ташишда цемент ташувчи кемалар ёрдамида амалга оширилиши керак.
297. Цемент, гипс ва кукунсимон оҳак қисқа масофаларга махсус контейнерлар орқали ташилиши мумкин.
298. Автоцемент ташувчилар силос туридаги омборхоналардан юклаш люклари орқали ёки ёпиқ темир йўл вагонларидан цемент қабул қилишда ўзини ўзи юклаш тизими орқали юкланиши лозим.
Тушириш ишлари автоцемент ташувчининг пневматик тизими ёрдамида амалга оширилади.
299. Вагон-цемент ташувчилар силос туридаги омборхоналардан юклаш люклари орқали юкланиши лозим. Юклаш ишлари тугагандан кейин люклар герметик тарзда ёпилиши керак.
Тушириш ишлари цементни қабул қилувчи объектнинг пневматик тушириш тизими орқали амалга оширилиши лозим.
300. Бункер типидаги вагон-цемент ташувчиларни бўшатиш ишлари ўз оқими билан амалга оширилиши лозим.
Тушириш жараёнида осилиб қолган материаллар тебраткич ёки узайтирилган дастакли махсус кураклар (темир косов) ёрдамида туширилиши керак.
Вагон цистернаси қопламасига (кувалда, лом ва бошқа воситалар билан) уриб юк қолдиқларини тушириш тақиқланади.
301. Тушириш ишлари якунлангандан сўнг вагон-цемент ташувчининг люк қопқоқлари белгиланган ҳолатгача ёпилиши лозим.
Вагоннинг юклаш ва тушириш люкларини очиқ ҳолда қолдириш тақиқланади.
302. Контейнерлар юклаш учун пневматик ёки гравитацион тизимлар, тушириш учун эса аэро-пневматик ёки материални тўлиқ ёки қисмлаб чиқариш имконини берувчи гравитацион тизимлар билан жиҳозланган бўлиши мумкин.
Контейнерлар металлдан ёки резина-кордли материаллардан тайёрланган юмшоқ конструкцияли бўлиши мумкин.
303. Цемент, оҳак кукуни ва бошқа кукунсимон материалларни темир йўлнинг ёпиқ вагонларидан туширишда сўрувчи ёки сўрувчи-ҳайдовчи турдаги туширгичлар қўлланилиши лозим.
304. Кукунсимон материалларни пневматик ташишда пневматик винтли ва оқимли насослар, пневматик камерали насослар, шунингдек аэрацион ташиш усулидан фойдаланилиши мумкин.
305. Ҳарорати 40 °С ва ундан юқори бўлган цементни қўлда тушириш ишларини амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Махсус кийим-бош, респиратор ва чангга қарши ҳимоя кўзойнагисиз ходимларни кукунсимон материаллар билан ишлашга қўйиш тақиқланади.
306. Бункер типидаги вагонлар люклари ва ёпиқ вагонлар эшикларини очишда махсус ричаглардан фойдаланиш лозим.
Люк қопқоғи тушиб кетиши мумкин бўлган ҳудудда туриш тақиқланади.
307. Пневматик тушириш тизимига эга вагон-цемент ташувчиларнинг юқори люкларини ҳамда барча турдаги автоцемент ташувчилар люкларини очишга идиш ичида босим йўқлиги текширилгандан кейингина рухсат этилади.
308. Кукунсимон материаллар тўлдирилган цистернани таянч устунларга ўрнатишга фақат текис ва қаттиқ грунтли юзада ёки махсус қистирмалар қўлланган ҳолда рухсат этилади.
309. Цемент ташийдиган автоцистернадаги босимни 0,15 MPa дан ортиқ кўтариш тақиқланади.
310. Компрессорни қайтариш клапанисиз, хавфсизлик клапанисиз ёки ҳимоя қопламалари ечиб ташланган ҳолда ишлатишга йўл қўйилмайди.
311. Кукунсимон материаллар солинган контейнерларни темир йўл ва транспорт воситаларининг ҳаракатланувчи таркибига ортишда ходимларнинг платформа устида бўлишига йўл қўйилмайди.
312. Эстакаданинг цемент ва бошқа чангсимон материалларни ортиш ва тушириш жойларида вагон томида хавфсиз ишлаш учун тўсиқлар назарда тутилиши керак.
Тушириш ишлари вақтида ходимларнинг вагон ичида бўлиши тақиқланади.
313. Кукунсимон материаллар учун мўлжалланган пневматик туширгич ишлаётган вақтда сўриб олиш қурилмасига 1 m дан яқин келиб туришга рухсат этилмайди. Пневматик туширгичнинг чўктириш камераси атрофидаги бўш ҳудуд камида 0,8 m бўлиши лозим.
Сўриб-ҳайдайдиган туширгичнинг аралаштириш камерасида босим 0,14 MPa дан ошганда шнек узатмасининг электр двигатели ўчирилиши ва аралаштириш камерасига сиқилган ҳаво берилиши тўхтатилиши керак.
314. Пневматик винтли кўтаргич учун аралаштириш камерасидаги босим 0,14 MPa дан, пневматик винтли насос учун эса 0,2 MPa дан ошганда электр двигателини ўчириш ва сиқилган ҳаво берилишини тўхтатиш лозим.
Шундан сўнг аралаштириш камерасидаги босим вентил ёрдамида 0,25 MPa дан оширмаган ҳолда тартибга солиниб, транспорт қувури сиқилган ҳаво билан аралаштириш камерасидаги босим 0,03 — 0,05 MPa гача пасайгунга қадар пуфлаб тозаланиши лозим.
315. Ишлаб турган компрессорларни (тўлиқ автоматлаштирилганларидан ташқари) хизмат кўрсатувчи ходимлар назоратисиз қолдириш тақиқланади.
23-§. Йиғма темир-бетон конструкциялар ва майда донали девор материалларни ташиш ва жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
316. Темир-бетон конструкцияни ортишда унинг транспорт воситасидаги жойлашуви қурилаётган иншоотдаги ишчи ҳолатига мос ёки унга яқин бўлиши лозим.
Бундан колонналар, қозиқлар ва бошқа узун ўлчамли буюмлар мустасно бўлиб, улар транспорт воситасининг юк майдончасида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши керак.
317. Енгил бетондан тайёрланган, эгилишга мўлжалланмаган йирик ўлчамли конструкциялар, шунингдек қалинлиги 20 sm дан кам бўлган буюмлар ташиш учун вертикал ҳолатда ўрнатилиши лозим.
318. Темир-бетон конструкцияларини ташишда улар ишлаб чиқарувчи томонидан тегишли белгилари билан кўрсатилган жойларга ўрнатилган ёғоч тагликлар ва қистирмалар устига жойлаштирилиши лозим.
319. Темир-бетон конструкцияларини кўп қаватли қилиб ортишда тагликлар ва қистирмалар бутун штабел бўйлаб қатъий равишда бир вертикал чизиқда жойлаштирилиши лозим.
Тагликлар ва қистирмаларнинг эни камида 25 mm бўлиши ҳамда уларнинг қалинлиги ташилаётган буюмларнинг ушлаш ҳалқалари ва бошқа чиқиб турувчи қисмлари баландлигидан катта бўлиши керак.
320. Буюмлар билан транспорт воситаси бортлари ўртасидаги оралиқ камида 5 sm бўлиши лозим.
Қурилиш конструкцияларини транспорт воситасининг юк платформасига маҳкамлаш уларнинг ташиш жараёнида бўйлама ва кўндаланг силжишини, шунингдек ўзаро тўқнашиши ёки жойидан қўзғалишини истисно этиши керак.
321. Темир-бетон девор панелларини вертикал ҳолатда ташишда панеллар бутун таянч юзаси билан транспорт воситаси платформасига ётиши ёки бир-биридан 0,5 m дан ортиқ бўлмаган масофада жойлаштирилган тагликларга таяниши лозим.
322. Девор панеллари қия ҳолатда ташилганда уларнинг пастки ва ён юзалари ўзаро 0,5 m дан ортиқ бўлмаган масофада жойлаштирилган тагликларга таянтирилган бўлиши лозим.
323. Қоплама панеллари горизонтал ҳолатда ташилганда улар қотирилган деталлар жойлашган нуқталарга таянтирилган бўлиши лозим.
324. Вертикал ҳолатда ташилаётган панеллар икки томондан, қия ҳолатда ташилаётган панеллар эса оғирлик марказидан юқори қисмида бир томондан маҳкамланиши лозим.
325. Бир вақтнинг ўзида бир нечта панел ташилганда улар орасига панелларнинг ўзаро тегиши, шунингдек ташиш жараёнида урилиш ёки ишқаланиш натижасида шикастланишининг олдини олувчи ажратувчи қистирмалар ўрнатилиши лозим.
326. Темир-бетон қоплама ва ёпма плиталари горизонтал ҳолатда, қотирилган деталлар жойлашган нуқталарга таянтирилган ҳолда ташилиши лозим.
Плиталарни ташишда уларни қалинлиги монтаж илмоқлари баландлигидан 20 mm ортиқ бўлган тагликлар устига тахлаб жойлаштиришга рухсат этилади.
327. Юкни платформага маҳкамлаш учун диаметри 6 mm бўлган симли тортқилар ёки тортиш мосламаларига эга пўлат арқонлар, металл кассеталар ва турникетлар қўлланилиши лозим.
328. Қадоқларни транспорт воситалари кузовига ўрнатиш, уларни тушириш ва иш жойига узатишда ишларни хавфсиз бажаришни таъминловчи ўз-ўзидан тортиладиган ушлагичлар ёки қадоқнинг паст қисми остига киритиладиган кўтаргич мосламалар қўлланилиши лозим.
329. Юк кўтариш қобилияти 60 t бўлган ярим вагонларга майда донали девор материалларни бир-бирига зич 2 қават қилиб ўрнатиш жоиз.
330. Майда донали девор материалларини етказиб беришда қўлланиладиган барча юк ушлагич мосламалари юк кўтариш номинал имкониятидан 1,25 баробар ортиқ юк билан 10 дақиқа давомида синовдан ўтказилиши ҳамда ишларни хавфсиз бажаришга масъул ходим томонидан ҳар ой кўрикдан ўтказилиши керак.
331. Қадоқларни строплар билан иш жойларида тушириш ва кўтариш тақиқланади.
24-§. Ўсимликлар, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ва омборга жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
332. Ўсимлик маҳсулотларини омборга жойлаштириш (ғарамлаш) учун мўлжалланган майдонча горизонтал, бегона предметлардан тозаланган ҳамда кириш йўллари билан таъминланган бўлиши лозим.
Бундай майдонча ҳаво электр узатиш тармоқларидан электр узатиш тармоғи таянчлари орасидаги масофадан кам бўлмаган масофада, бинолардан эса камида 100 m узоқликда жойлаштирилиши керак.
Ғарамлаш ишлари якунлангандан сўнг омбор майдончаси периметри бўйлаб эни камида 3 m бўлган ҳайдалган йўлак билан ажратилган бўлиши лозим.
333. Тоғли ҳудудларда кичик ҳажмли ғарамларни қияликларда жойлаштиришга рухсат этилади. Бунда, транспорт воситаларининг манёвр қилиши учун мўлжалланган майдонча ғарам ҳудудида 6° дан ортиқ бўлмаган қияликка эга бўлиши ҳамда қиялик бўйича ғарамдан юқори қисмида жойлаштирилиши лозим.
Бундай майдончаларда транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги 5 km/soat дан ошмаслиги керак.
334. Силос бостириш жойлари қудуқлар ва ичимлик суви ҳавзаларига бевосита яқин ҳудудларда, шунингдек электр узатиш тармоқлари остида жойлаштирилмаслиги лозим.
Силос бостириш жойларида кириш ва чиқиш йўлларининг қиялиги (хандақлар, уюмлар ва тепаликларда) 20° дан ошмаслиги керак.
335. Уюмлар ва тепаликлар ҳудуднинг горизонтал участкаларида жойлаштирилиши лозим.
Тоғли ҳудудларда хандақларни қияликларда жойлаштиришга рухсат этилади.
336. Қатлам намлиги машиналарнинг сирпаниб кетишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолларда, қуюқ туман шароитида (кўриш масофаси 50 m дан кам бўлганда), қор қоплами мавжуд бўлганда, ер қатлами музлаганда, шунингдек куннинг қоронғу вақтида қияликларда иш олиб бориш тақиқланади.
337. Транспорт воситаларини бўшатиш томонида хандақ чегаралари хандақ четидан камида 1 m масофада белгиланган бўлиши лозим.
Транспорт воситаларини бўшатиш томонида сақловчи брус ўрнатилган бўлиши керак.
Транспорт воситалари манёвр қилиши учун мўлжалланган майдонча қиялиги 6° дан ошмаслиги лозим.
Мазкур майдончада транспорт воситалари ҳаракат тезлиги 5 km/soat дан ошмаслиги керак.
338. Дарахтларнинг шох-шаббалари яқинида ишлаш учун мўлжалланган машина ва механизмлар ходимлар хавфсизлигини таъминловчи ҳимоя тўсиқлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
339. Транспорт воситалари ва трактор тиркамаларига яшил масса, уруғ, дон ва бошқа технологик маҳсулотларни ортишда, шунингдек маҳсулотларни сақлаш ёки сотиш жойларига ташишда кузовда одамларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.
340. Транспорт воситасига идишсиз ортилган маҳсулотлар (сабзавотлар, мевалар, илдизмевали ўсимликлар) кузовнинг бутун майдони бўйлаб бир текисда жойлаштирилиши ҳамда кузов бортлари баландлигидан ошиб чиқмаслиги лозим.
341. Уруғ ёки похолларни ғарамлашда ёки пичанлашда қуйидаги хавфсизлик талабларига риоя этилиши керак:
а) ишларга баландликда ишлаш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар қўйилиши, улар орасидан ғарамловчи тайинланиши ҳамда унга ишларни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш мажбурияти юклатилиши керак;
б) ходимлар қуйидаги соз ҳолатдаги воситалар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари лозим:
санчқилар (дастаси текис ва силлиқ, ёриқ ва ғудурсиз, қаттиқ турдаги қуруқ ёғочдан тайёрланган);
тираб қўйиладиган ёки арқонли нарвонлар;
200 kg статик юкламага мўлжалланган хавфсизлик арқонлари;
диаметри камида 14 mm ва узунлиги 2 m дан кам бўлмаган металл стерженлар;
сигнал воситалари (байроқча ва ҳуштаклар);
шахсий ҳимоя воситалари (қўлқоплар, ҳимоя кўзойнаклари ва этиклар);
в) ғарамлаш фақат куннинг ёруғ вақтида ва шамол тезлиги 6 m/s дан ошмаганда амалга оширилиш керак, чақмоқ чақиш пайтида ғарамлаш тақиқланади;
г) ғарамлашда бир пайтнинг ўзида ғарамловчилар сони 6 тадан ошмаслиги ва улар ғарам четидан 1,5 m дан яқин бўлмаган жойда бўлишлари керак;
д) ғарам баландлиги 2 m га етганда унинг атрофида эни 2 m ва қалинлиги 1 m бўлган (ходим ғарамдан тушиб кетган вазиятларда зарб кучини камайтириш учун) похол қатлами тўшаб чиқилиши керак;
е) ғарамлагич билан ғарамга похол узатилганда ғарамловчилар майдалагич панжарадан 3 m дан кам бўлмаган масофада бўлишлари керак;
ё) танаффус вақтида ғарамловчиларнинг ғарамда бўлишлари тақиқланади, ғарамлагичдан ходимларни ғарамга кўтариш ва ундан туширишда фойдаланишга йўл қўйилмайди;
ж) ғарамловчини ғарамга кўтариш ва туширишда ғарамнинг қуйи қисмига тескари томондан камида 1 m чуқурликда тик туширилган металл стержен билан боғланган, юқори қисмидан хавфсизлик арқонлари билан маҳкамланган тираб қўйиладиган ва арқонли нарвонлардан фойдаланиш керак;
з) ғарамни шакллантиришни тугатиш камида 2 нафар ғарамловчи билан амалга оширилиши керак.
Тугунларни ғарамга, пичан саройига ёки транспорт воситаси кузовига жойлаштириш уларни боғлаган ҳолда амалга оширилади. Бунда, тугунлар келишилган ҳолда узатилиши керак, тахловчилар ғарам четига (кузовга) 1,5 m гача яқин келмасликлари керак.
342. Идишларга солинмаган, қадоқсиз маҳсулотларни қўлда ортишда ходимлар транспорт воситаси кузовининг бир томонида, ортилаётган транспорт воситаси бортидан камида 2 m масофада туришлари керак.
343. Ғарамларни қўл билан ажратишда осилиб қолиши ва чиқиб қолишига йўл қўйилмаслиги керак. Улар тагида ишлаш тақиқланади.
344. Тартибга келтирилмаган ғарамни бир ёки бир нечта трактор ёрдамида судраб кўчириш ишлари олдиндан танланган ва тайёрланган ҳаракат йўналиши бўйича, масъул шахс раҳбарлиги остида амалга оширилиши лозим.
345. Юк ортиш ва тушириш ишларини амалга ошириш учун қўйилган транспорт воситаси ишончли тарзда тормозланган, двигатели ўчирилган ҳамда паст узатмага қўйилган бўлиши лозим.
Қишда транспорт воситаси ўз-ўзидан ҳаракатланиб кетишининг олдини олувчи чораларни кўрган ҳолда двигателни ўчирмасликка рухсат этилади.
346. Иссиқхоналарда юк ортиш-тушириш ишларини бажаришда ҳаво муҳитини зарарли чиқиндилар ҳамда заҳарли газлар билан ифлослантиришни истисно этувчи, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган машиналар, механизмлар ва агрегатлардан фойдаланилиши лозим.
347. Пестицидлар билан ифлосланган транспорт воситалари, идишлар ва махсус кийим-бошлар махсус рецептлар асосида зарарсизлантирилиши лозим.
348. Транспорт воситасининг тури мева-сабзавот маҳсулотларининг турига қараб танланиши керак.
349. Идишларга ортилган маҳсулотларни транспортда ташиш учун конвейер тасмаларининг ҳаракат тезлиги 1,2 m/s дан ошмаслиги керак. Тасма 0,2 m баландликдаги борт билан тўсилган бўлиши керак.
350. Мева-сабзавот маҳсулотларини омборхонага жойлашда қуйидаги асосий талаблар бажарилиши керак:
омборхонанинг чиқиб турган конструкцияларининг қуйи қисмидан уйманинг тепасигача бўлган масофа камида 0,8 m, штабел тепасигача эса камида 0,3 m бўлиши;
штабелдаги қутилар орасидаги масофа камида 0,02 m, қутили тагликлар орасидаги масофа камида 0,05 m бўлиши;
тўкиб жойлаштиришда маҳсулотлар баландлиги картошка учун 5 m, ўрамли карам ва сабзи учун 3 m, лавлаги учун 4 m, шолғом учун эса 3,5 m дан ошмаслиги;
идишларда жойлаштириш баландлиги картошка, ўрамли карам ва лавлаги учун 4,6 m, сабзи, шолғом, олма ва нок учун 5,0 m, помидор, узум ҳамда полиз экинлари учун эса 4,5 m дан ошмаслиги;
контейнерларга жойлаштириб сақлаш бўлмаларига ортишда 1 m ҳажмга тўғри келадиган юк миқдори картошка учун 0,5 t, ўрамли карам учун 0,3 t, сабзи учун 0,345 t, лавлаги учун 0,46 t, шолғом учун 0,38 t, олма ва нок учун 0,29 t ҳамда полиз экинлари учун 0,4 t дан ошмаслиги.
351. Картошка ва сабзавотларни уюм қилиб сақлаш учун майдончалар режа асосида бўлиши ва зовурлар, ариқлар, атмосфера ёғингарчиликларини чиқариб ташлаш учун ёмғир қабул қилгичлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
352. Ун, шакар, ёрма, дон ва бошқа маҳсулотлар учун идишсиз сақлашга мўлжалланган силослар, бункерлар, фильтрлар, ўтказгич қувурлар ва бошқа ускуналар ёнмайдиган ёки қийин ёнадиган материаллардан тайёрланиб, статик электрдан ҳимояланиш учун барча пўлат элементлари бўлиши керак.
353. Ун, ёрма, дон, шакар ва шу каби маҳсулотлар идишсиз ёки идишларда сақланганда, сақлаш бинолари полида тўпланган чанг ҳар бир иш сменасида камида бир марта тозаланиши керак. Деворлардаги чанг эса унинг йиғилиш даражасига қараб мунтазам равишда тозалаб турилиши лозим.
Идишсиз сақланадиган ун ва ёрма сақлаш сиғимлари чангни сўриб чиқариш ва ҳавони тозалашга мўлжалланган, фильтрлар билан жиҳозланган аспирация тизимига уланган бўлиши керак.
354. Оғирлиги 50 kg гача бўлган қутилар, 70 kg гача бўлган қоплар, шунингдек экстракт ёки сочилувчан маҳсулотлар солинган бочкалар қўлда тахланганда штабел баландлиги 2 m дан ошмаслиги лозим.
Ёғ маҳсулотлари жойланган бочкаларни тахлашда эса штабел баландлиги камида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 1,5 m дан ошмаслиги керак.
355. Оғирлиги 50 kg гача бўлган қутидаги юклар механизация ёрдамида тахланганда штабел баландлиги 3,6 m дан, 70 kg гача бўлган қопли юкларда 3,8 m дан, учқун чиқарувчи моддаларда 1,5 m дан, экстрактли бочкаларда 2,5 m дан, сочилувчан ашёли бочкалар жойлаштирилганда эса 3,0 m дан ошмаслиги керак.
356. Қадоқланмаган қутилар ва қопдаги юкларни штабелга боғлаган ҳолда тахлаш керак.
Штабелларнинг мустаҳкамлиги учун ҳар 2 қатор қутилардан кейин тахтача қўйиш, ҳар 5 қатор қоплардан кейин тахталар қўйиш лозим.
Қоғоз қоплардаги юкларни тахлаш ҳар бир қатор орасига тахтали қистирмалар қўйган ҳолда амалга оширилиш керак.
357. Штабелга қопларни қўлда тахлашда 8 қатордан ошмаган ҳолда, механизация ёрдамида кўпи билан 12 қатор қилиб жойлаштириш керак.
358. Мевали қутиларни тагликларга жойлашда штабел узунлиги 10 m дан, баландлиги эса 4 m дан ошмаслиги керак.
Мева ва сабзавотли қутиларни қўлда штабелларга тахлашда 1,5 m баландликкача ўрнатишга рухсат этилади.
359. Бочкалар штабелларга горизонтал (ётиқ) ҳолатда, кесилган пирамида шаклида ва кўпи билан 3 қатор қилиб тахланиши лозим. Ҳар бир қатор орасига тахтали қистирмалар қўйилиши, шунингдек барча четки қаторлар поналар билан маҳкамланиши керак.
Бочкаларни тик ҳолатда тахлашга эса кўпи билан 2 қаторгача рухсат этилади. Бунда, қаторлар ўртаси тахта қалинлигидаги қистирмалар билан ажратилиши ва мустаҳкамланиши лозим.
360. Оғирлиги 100 kg гача бўлган кичик ўлчамли бочкаларни ётиқ ҳолда 6 қатор қилиб, оғирлиги 100 дан 150 kg гача бўлганда кўпи билан 4 қатор тахлашга рухсат этилади.
361. Баландлиги 2,5 m дан ортиқ бўлган қутилар ҳамда икки ва ундан ортиқ қатор қилиб тахланган бочкалар штабеллари тўсиқлар билан ўралган бўлиши керак. Бунда, тўсиқ билан штабел ўртасидаги масофа 1,5 m дан кам бўлмаслиги лозим.
25-§. Савдо омборлари, чакана савдо ва умумий овқатланиш ташкилотларида маҳсулотларни ташиш ва жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
362. Юк ташишга мўлжалланган қўл аравачалари соз, мустаҳкам ва бошқаришга қулай, шунингдек жойлаштирилган юкларнинг барқарорлигини таъминловчи ечиладиган ёки маҳкамланган мосламалар ҳамда уларни қулай ҳаракатлантириш учун тутқичларга эга бўлиши лозим.
363. Уч ёки тўрт ғилдиракли аравачаларга юклар аравача платформаси чегарасидан ташқарига чиқмайдиган тарзда жойлаштирилиши керак.
Аравача платформаси ташилаётган юк турига мос шаклда бўлиши, зарур ҳолларда эса юкларни маҳкамлаш учун махсус мосламалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
364. Оғирлиги 300 kg гача бўлган юкни аравачаларда ташишда олдинги ғилдираклари бошқариладиган бўлиши керак.
365. Юкларни аравачаларда ташишда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим:
юк аравача платформасида ҳаракат вақтида тушиб кетиш хавфини келтириб чиқармайдиган тарзда текис ва барқарор жойлаштирилиши;
аравача унинг юк кўтариш қобилияти доирасида юкланиши;
аравача юкланган ёки юксиз ҳолатда 5 km/soat дан ортиқ тезликда ҳаракатланмаслиги;
аравача бортлари ёпиқ ҳолатда бўлиши, тиргаклари эса илгак ўймаларига мустаҳкам ўрнатилган бўлиши;
аравачани кузатиб бораётган ходим аравача ҳаракатланиши вақтида тор жойлар, дарвозалар ва эшик ораларида қисилиб қолиш хавфини олдини олиш мақсадида аравача ёнида юрмаслиги.
366. Иш бошлашдан олдин аравачанинг созлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Носоз аравачалардан фойдаланиш тақиқланади.
367. Қиялиги пастга қараб йўналган полда юкларни кўчиришда ходим аравача орқасида ҳаракатланиши керак.
Гидравлик аравачани тўхтатиш зарурати юзага келганда, бундай ҳаракатни юкни туширган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади.
368. Баланд штабелга жойланган юкни бошқа жойга кўчиришда штабелни ушлаб туриш учун иккинчи ходимни жалб этиш керак.
369. Аравачанинг белгиланган юк кўтариш қобилиятидан ортиқ юкни кўтариш ёки бошқа жойга кўчириш тақиқланади, шунингдек аравача рамасининг ҳаракатланиш зонасида ҳамда юк ҳаракатланадиган йўлда одамларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.
370. Бочкаларни бошқа жойга кўчириш учун мўлжалланган аравачалар дастасининг уч қисми сақловчи тутқичлар билан жиҳозланган бўлиши, шунингдек юк аравачадан ағдарилиб кетиши ёки силжиши ҳолатларида қўлни ҳимоя қилиш учун махсус мосламага эга бўлиши керак.
371. Иш тугагандан сўнг аравача текис майдончага ўрнатилиши керак.
Гидравлик аравачанинг рамаси горизонтал ҳолатга туширилган бўлиши керак.
Аравачанинг ўз-ўзидан ҳаракатланиб кетмаслик чоралари кўрилиши керак.
372. Турар жой бинолари ичида жойлашган ёки уларга туташ қурилган ташкилотларда юкларни ортиш ва тушириш ишлари турар жой биносининг деразалари ва ерости тоннеллари мавжуд бўлмаган ён томонидан ёки махсус ортиш хонасига эга бўлган магистрал томондан амалга оширилиши керак.
373. Баландлиги 1,5 m дан ортиқ бўлган ёки маршлар сони биттадан ортиқ зиналарга эга ертўла ва ярим ертўла хоналарида жойлашган дўконларда юкларни бевосита омборхонага тушириш учун люклар ва траплар жиҳозланган бўлиши керак.
374. Транспорт воситаси юк ортиш ва тушириш ишларини амалга ошириш учун бино яқинига қўйилганда, бино билан транспорт воситаси кузовининг орқа борти ўртасида камида 0,8 m масофа сақланиши керак.
375. Ҳудуд иқлимига боғлиқ ҳолда жойлашувига ва дўконнинг савдо майдони ўлчамига боғлиқ ҳолда юк тушириш платформалари иситилмайдиган ёки иситиладиган хоналарда соябон остида жойлашиши керак.
Соябонлар юк тушириш платформасини тўлиқ ва транспорт воситаси кузовининг 1 m қисмини ёпиши керак.
376. Идишлар, контейнерлар, тагликлар ва бошқа юкни қадоқлаш воситалари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
идишлар тоза ва соз ҳолатда бўлиши, уларда осилиб турган михлар, симлар ёки пўлат тасмалар, шунингдек шикастланишлар, тешиклар, ғадир-будурлар, тугунлар, қийшайишлар ва бошқа нуқсонлар бўлмаслиги лозим;
михларнинг чиқиб турган учлари қайрилган ва ёғоч ичига киритилган, скобаларнинг учлари эса қайрилган ҳамда ёғочга зич қисилган бўлиши керак;
қулфловчи ва қайд этувчи қурилмалар юк ортиш-тушириш, ташиш ва жойлаштириш ишлари вақтида ўз-ўзидан очилиб кетмаслиги лозим;
штабелга жойлаштириладиган идишлар ягона конструкция ва ўлчамдаги қайд этувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак;
қутилар стандарт ёки намунавий ҳамда белгиланган мақсадга мувофиқ бўлиши лозим;
бочкалар тоза бўлиши, уларда тешиклар, чуқурлар, қавариқлар ёки синган михпарчинлар мавжуд бўлмаслиги керак;
қоплар бутун ва тоза бўлиши, уларнинг чокларида ўтказиб юборилган тикишлар бўлмаслиги лозим;
қути ва устунчали тагликлар кўп қаватли штабеллашда барқарорликни таъминлаш учун фиксаторлар билан жиҳозланган бўлиши ҳамда улар юк кўтариш қобилиятининг камида тўрт бараварига тенг юкламага бардош бериши лозим.
377. Электр таль ёрдамида юк кўтаришда илгак ҳалқасини чекка ҳолатгача, яъни ўчиргичга етгунча олиб бориш, шунингдек ўчиргичдан автоматик тўхтатиш воситаси сифатида фойдаланиш тақиқланади.
378. Оғир вазнли, бироқ ўлчами катта бўлмаган юкларни бино зиналари бўйлаб кўчиришга зинапояларга ётқизилган тахталар устидан трос ёрдамида рухсат этилади.
Зинапоя бўйлаб юқорига кўтарилаётган юкнинг орқасида, шунингдек трос ёрдамида пастга туширилаётган юкнинг олдида туриш тақиқланади.
379. Оғир вазнли юкларни горизонтал юза бўйича ғўла ёрдамида кўчиришга рухсат этилади. Бунда, кўчириш йўли барча бегона предметлардан тозаланиши керак.
Ғўлаларни юк тагига келтириш учун лом ёки домкратлар қўлланилади.
Юк ағдарилиб кетмаслиги учун юкнинг олди қисмига қўшимча ғўлалар қўйиш керак.
380. Юкни қия текислик бўйлаб туширишда унинг ўз оғирлиги таъсирида юмалаб ёки сирпаниб кетиши, шунингдек ағдарилиб кетиши эҳтимолини бартараф этувчи зарур чоралар кўрилиши лозим.
26-§. Нефть маҳсулотларини ташиш ва жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
381. Қовушқоқ нефть маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ҳам темир йўл, ҳам транспорт воситалари), юк туширишни таъминлаш учун иситиш тизими билан жиҳозланиши керак.
382. Нефть маҳсулотларини транспорт воситаларига қуйиш, ундан тўкиш насослар ёрдамида ёки резервуардаги ва транспорт воситасидаги суюқлик сатҳлари фарқи ҳисобига ўз оқими билан олиб борилади.
383. Нефть маҳсулотлари шу турдаги маҳсулот сақланаётган резервуарларга қуйилиши керак.
384. Битта стоякдан фақат этилланган бензин ёки фақат этилланмаган бензин, керосин ва дизель ёнилғисини қабул қилиш учун фойдаланишга рухсат этилади. Резервуарлардан келувчи қувурлар бевосита стояк олдида жойлашган жўмракка ҳамда жўмракли тароққа (гребёнка) уланган бўлиши лозим.
385. Ёнилғини омборларда сақлашда буғланиш орқали йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида газ фазаси ҳажмини камайтириш, тўлдириш жараёнида буғ-ҳаво аралашмасининг атмосферага чиқиб кетишига йўл қўймаслик, мақбул ҳарорат режимини таъминлаш ҳамда бошқа зарур чоралар кўрилиши керак.
386. Сиғимни нефть маҳсулотлари билан тўлдиришда нефть маҳсулотларининг ҳарорат таъсирида ҳажми ўзгариши ҳисобга олиниши лозим. Шу муносабат билан сиғимнинг 2 % дан 5 % гача қисми тўлдирилмасдан қолдирилиши керак.
387. Нефть маҳсулотлари идишларда сақланганда омборхоналар ёнғинга бардошли материаллардан қурилган бўлиши ҳамда енгил алангаланувчи маҳсулотлар учун ҳар бири 200 m² дан ошмайдиган, чақнаш ҳарорати 45°С дан юқори бўлган маҳсулотлар учун эса ҳар бири 1000 m³ дан ошмайдиган алоҳида секцияларга бўлинган бўлиши керак.
388. Ҳажми 200 l бўлган пластик сурков мойли ёғоч бочкалар темир йўл вагонларига икки қават қилиб, кичик ҳажмли бочкалар эса уч қават қилиб юкланиши керак. Бунда, биринчи ва иккинчи қаватдаги бочкалар ён томони билан, учинчи қаватдагилари эса тиқинлари юқорига қаратилган ҳолда жойлаштирилади.
389. Вагонга 50 l ва 100 l ҳажмдаги бочкалар юкланганда, барча бочкалар ён томони билан жойлаштирилиши керак.
390. Бочка қаватлари орасига тахта тўшамалар қўйилиши, ётқизилган бочкалар эса қистирмалар ёрдамида маҳкамланиши лозим.
391. Транспорт воситаси кузовига бочкалар юкланганда, улар тиқинлари юқорига қаратилган ҳолда ён томони билан жойлаштирилиши ва ташиш вақтида қўзғалмаслиги учун мустаҳкам маҳкамланиши керак.
392. Омборхоналарда мойлар ва пластик мойлар стеллажларда уч қаватдан ортиқ бўлмаган ҳолда, штабель узунаси бўйича эса 10 тадан кўп бўлмаган бочкаларда сақланиши керак.
Бочкалар остига ёғоч қистирмалар қўйилиши ҳамда стеллажлар орасида камида 1,8 m кенгликда ўтиш йўли таъминланиши лозим.
393. Оғирлиги 100 kg гача бўлган бочкаларни ва ходаларга 30° дан кўп бўлмаган қияликда ётқизилганда транспорт воситасига қўлда ортишга рухсат этилади.
394. Нефть маҳсулотлари билан тўлдиришдан олдин цистерна кўздан кечирилиши, унинг ускуналари соз ҳолатдалиги, зулфинлари, нафас олиш клапанлари, қопқоғининг зичлиги ҳамда ичида қолдиқ моддалар мавжуд эмаслиги текширилиши керак.
Цистерна ва тўлдириш учун ажратилган транспорт идиши фақат бир хил турдаги нефть маҳсулотини ташиш ва сақлаш учун ишлатилиши лозим.
395. Омбордан бензин, дизель ёнилғиси ва мойлар биринчи навбатда камроқ тўлдирилган ҳамда узоқ муддат сақланаётган резервуарлардан берилиши керак.
396. Бочкаларнинг қуйиладиган тешиклари мой-бензинга бардошли резинадан ёки махсус картондан ишланган қистирмали металл тиқинлар билан беркитилиши керак.
397. Нефть маҳсулотлари сақланган бўш идишлар штабелларга узунаси бўйича 10 m дан ошмайдиган, эни 6 m ва баландлиги 2 m қилиб жойлаштирилиши керак.
Штабелнинг юқори қисми билан омборхона бостирмаси конструкциясининг чиқиб турган қисми ўртасида камида 0,5 m масофа сақланиши лозим.
Штабеллар девордан камида 1 m масофада жойлаштирилиши, штабеллар орасидаги узилиш камида 2 m, штабелдаги ҳар икки қатор бочкалар ораси эса камида 1 m бўлиши керак.
398. Нефт-битумлар идишларда (крафт қоплар, тахтали ёки металл бочкалар, бошқа майда идишлар ёки махсус контейнерларда) ташилиши керак.
Юк ортиш ва тушириш ишлари автоюклагичлар ҳамда юк кўтариш кранлари ёрдамида амалга оширилиши лозим.
Бункерли вагонлар ва темир йўл цистерналаридан битумни тушириш, унинг оқувчанлигини таъминлаш мақсадида махсус тизим орқали қиздирилгандан кейин амалга оширилади.
399. Битумни қиздириш учун буғ, газ, мой ёки электр ёрдамида ишлайдиган қиздириш тизимларидан фойдаланиш мумкин.
400. Нефть маҳсулотларини тўкиш ва қуйиш ишларини амалга ошириш тартиби, шунингдек резервуарлар, транспорт воситалари ҳамда идишларни эксплуатация қилиш электростатик учқунлар юзага келиши хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлиши керак.
401. Тиниқ нефть маҳсулотларини эркин оқим усулида қуйиш жараёнида резервуар ва цистерналарда статик электрланиш ҳосил бўлиши мумкин, бу эса электр разряди натижасида аланга юзага келишига ёки нефть маҳсулотларининг ҳаво билан аралашмаси портлашига сабаб бўлиши мумкин, шу сабабли цистерна, резервуар ва бошқа сиғимларга нефть маҳсулотларини эркин оқим билан қуйиш тақиқланади.
402. Суюқ нефть маҳсулотларини қуйишда қуйиш шлангининг патрубкаси сиғимнинг туб қисмигача туширилиши керак.
403. Статик электрланишнинг олдини олиш мақсадида эстакаданинг барча металл қисмлари, қуйиш учун мўлжалланган телескопик қувурлар, шланглар ва учликлар, шунингдек қуйиш ва тўкиш ишлари вақтида резервуарлар ҳамда цистерналар ерга уланган (ерлатилган) бўлиши керак.
404. Нефть маҳсулотлари омборлари стерженли, тросли ва тўрсимон турдаги яшин қайтаргичлардан фойдаланилган ҳолда яшиндан ҳимоя қилиш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.
405. Цистерна ва резервуарлар қопқоқларини очиш, шунингдек қуйиш ёки олиш қувурчалари учликларини киритиш ишлари эҳтиёткорлик билан ва зарба бермасдан амалга оширилиши керак.
406. Зиналар, тутқичлар, майдончалар, майдончалар тўсиқлари, цистерналар ва резервуарлар хизмат кўрсатувчи ходимларнинг меҳнат хавфсизлигини таъминлайдиган соз ҳолатда бўлиши керак.
407. Нефть маҳсулотлари билан ишлаш жараёнида очиқ оловдан фойдаланиш ва чекиш тақиқланади. Иситиш тизими ишончли ҳимояланган ҳолларда суюқ битумларни қиздириш учун электр иситгичлардан фойдаланишга рухсат этилади.
408. Темир йўл транспорти юк ортиш ва тушириш ишларини амалга ошириш учун қўйилганда, у бошмоқлар ёрдамида ишончли равишда тўхтатилган бўлиши ҳамда ишлар олиб борилаётган ҳудудга бошқа ҳаракатланувчи таркибнинг кириб келмаслиги бўйича чоралар кўрилиши керак.
Нефт-битумли бункер вагонларни тушириш жараёнида ходимларнинг бункерни ағдариш ҳудудида бўлиши тақиқланади.
409. Нефть маҳсулотларини тўшама (стеллаж) устида идишларда сақлашда уларни қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсиридан ҳамда ёғингарчиликлардан ҳимоя қилиш керак.
Нефть маҳсулотларини очиқ жойларда сақлашга фақат ёнғинга чидамли материаллардан тайёрланган соябонлар остида рухсат этилади.
410. Нефть маҳсулотлари омборлари ва қайта ортиш пунктлари портлашдан ҳимояланган электр ёритгичлар билан жиҳозланган бўлиши, шунингдек уларни ёқиш ва ўчириш вақтида ҳавода портлаш хавфига эга ёнилғи-ҳаво аралашмаси мавжуд эмаслиги таъминланиши керак.
411. Нефть маҳсулотлари билан хавфсиз ишлаш ёпиқ хоналарда ҳаво муҳитини доимий назорат қилиш ҳамда нефть маҳсулотлари буғларининг юқори концентрациясини бартараф этувчи самарали шамоллатиш (вентиляция) тизими орқали таъминланиши керак. Ҳаво вентиляторларининг узатмалари эса ёнғин ва портлашдан ҳимояланган бўлиши лозим.
27-§. Юкларни қўл билан бошқа жойга кўчиришга қўйиладиган талаблар
412. Ишчи кийим енг учларининг тугмалари тақилган ёки боғланган, кийимлар йиғиштирилган ва ҳилпираб турмайдиган ҳолатда бўлиши, сочлар бош кийим ичига олинган, бош кийим эса бошга зич ёпишиб туриши керак.
413. Шахсий ҳимоя воситалари (қўлқоп, кўзойнак, респиратор), иш қуроллари ҳамда мосламалар иш бошлашдан олдин текширилиши, улар ишга яроқсиз ёки носоз ҳолатда аниқланган тақдирда эса соз ва хавфсиз воситаларга алмаштирилиши керак.
414. Доимий иш майдончасида иш бажарилганда иш жойида:
юк ортиш ва тушириш майдончалари ҳамда ўтиш жойлари тирбанд қилинмаслиги, майдонча ва ўтиш жойларида тешиклар, чуқурликлар, бегона жисмлар ва сирпанчиқ жойлар бўлмаслиги керак (сирпанчиқ жойларга қум сепилиши керак);
ертўла ва ярим ертўлада жойлашган омборхоналарнинг люклари, траплари, кўтаргичлар соз ҳолатда бўлиши керак;
ишлар олиб бориладиган жойларнинг ёритилганлиги ишларни хавфсиз олиб бориш учун етарли бўлиши керак;
аниқланган камчиликлар, носозликлар тўғрисида бевосита иш раҳбарига хабар бериш керак ва унинг кўрсатмасисиз иш бошлашга рухсат этилмайди.
415. Оғирлиги 50 kg гача бўлган юкларни, агар уларни горизонтал йўналишда 25 m гача масофага кўчириш талаб этилса, қўлда ташишга рухсат этилади. Бошқа ҳолатларда эса аравачалар, вагончалар ва таллардан фойдаланилиши керак.
416. Оғирлиги 80 kg дан ортиқ бўлган юкни бир нафар юкчи томонидан ташиш тақиқланади.
417. Оғирлиги 50 kg гача бўлган бир жойдаги юкни кўтариш ёки тушириш ишлари камида икки нафар ходим томонидан амалга оширилиши керак.
418. Оғирлиги 50 kg гача бўлган юкни ходимнинг орқасига кўтариб бериш ёки орқасидан олиб тушириш бошқа юкчи томонидан амалга оширилиши керак.
419. Оғирлиги 80 kg дан 500 kg гача бўлган юкларни ортиш ва тушириш юк кўтариш механизмларини (таллар, блоклар, чиғир) қўллаган ҳолда, шунингдек қияликлар ва шу кабилардан фойдаланиб амалга ошириш керак.
Бундай юкларни қўлда ортиш ва тушириш, вақтинчалик майдончаларда тажрибали бригадир раҳбарлиги остида ва бир кишига 50 kg гача юк тўғри келиши шарти билан рухсат этилади.
420. Юк кўтариш механизмлари ва мосламаларни қўллаган ҳолда ортиш ва туширишда юкчилар, уларнинг хавфсиз қўлланилишига доир йўриқномалар ва қоидаларни билишлари ва улар билан муносабатда бўлишга доир малакага эга бўлишлари керак.
421. Бошқа юкчилар билан ҳамкорликда ишлаганда бригадир ёки катта ходимнинг кўрсатмалари аниқ бажарилиши керак.
422. Пиёда ва транспорт воситалари ўтиш жойларини тирбанд бўлишига йўл қўйилмайди.
423. Юкларни носоз стеллажларга, чорпояларга, ҳавозаларга, юкларни сақлаш учун тайёрланмаган жойларга тахлашга рухсат этилмайди.
424. Агар юк бир гуруҳ ходимлар билан ташилаётган бўлса, ҳар ким ҳамма билан баравар қадам ташлаши керак.
425. Узун ўлчамли юклар бир томон елкаларда (чап ёки ўнг) ташилиши керак.
Узун ўлчамли юкларни кўтариш ва туширишни бригадир ёки катта ходимнинг кўрсатмасига биноан амалга ошириш керак.
426. Юклар замбилда ташилганда иккала ходим баравар қадам босиши керак. Замбилда ташилаётган юкни туширишга кўрсатмани орқада келаётган ходим бериши керак.
427. Бензин, керосин, нефть ва бошқаларни ортиш ва туширишни тўкиш шлангларини қўллаган ҳолда насос ёрдамида амалга ошириш керак.
Сиғимларни челаклаб, очиқ қуйиш орқали тўлдириш, шунингдек нефть маҳсулотларини шлангларсиз тўкиш тақиқланади.
428. Чангланадиган ашёларни ортиш ва туширишда ҳимоя кўзойнаклари ва респираторлар қўлланилиши керак.
429. Кислоталар, ишқорлар ва бошқа кимёвий жадал моддалар бўлган юкларни қўлда кўтариб ташиш ёки транспортда ташишга фақат тўқилган саватларда ёки махсус мосламали замбиллар ёки юк ташувчи қўл аравачалар устида панжараларда ташишга рухсат этилади.
Ушбу моддалар бўлган бутилларни ортиш ва туширишда уларни транспорт воситасига ўрнатиш иккита юкчи билан амалга оширилади.
Кислотали бутилларни орқада ёки елкада ташиш тақиқланади.
430. Шиша идишлардаги юкларни транспортда ташиш пайтида ёки омборхонада сақлашда, пастки қаторни синишлардан сақловчи тегишли қистирмаларсиз икки қатор қилиб тахлаш тақиқланади.
431. Кислотали ва бошқа кимёвий жиҳатдан фаол моддалардан иборат юкларни лифт ва шахта кўтаргичларидан ташқари бошқа юк кўтариш механизмлари ёрдамида ортиш, тушириш ёки бошқа жойга кўчириш тақиқланади.
432. Сиқилган ва суюлтирилган газли баллонларни фақат махсус аравачаларда ёки кигиз билан қопланган, баллонлар учун мўлжалланган ўймалари мавжуд мосламаларда бошқа жойга кўчиришга рухсат этилади.
Баллонларни елкаларда ташиш, кўтарма-транспорт воситаларини қўллаш, уларнинг ағдарилиши портлашга олиб келиши мумкинлиги сабабли тақиқланади.
433. Ўта хавфли юкларни ортиш ва тушириш, ишларни олиб боришга жавобгар шахснинг раҳбарлиги остида ёки ушбу юкни жўнатиш ёки қабул қилишга жавобгар ходим томонидан амалга оширилади.
Ишлар ўта эҳтиёткорлик билан ва махсус йўриқдан ўтгандан сўнг амалга оширилади.
434. Кукунсимон ашёлар сақланадиган жойларда, штабел баландлиги катта бўлмаган тақдирда ҳам, уларнинг кўчиб кетиш эҳтимоли мавжудлиги сабабли ер ковлаш ишларини амалга ошириш тақиқланади.
435. Штабелга жойлаштирилган донали юклар штабелнинг ағдарилиб кетмаслиги учун унинг барқарорлиги таъминланган ҳолда фақат юқори қисмидан олиниши керак.
436. Оғир юкларни тахлашдан олдин юк туширилганда шикастланишининг олдини олиш ҳамда юк остидан стропларни осон ечиб олиш имкониятини таъминлаш мақсадида тагликлар қўйилиши керак.
437. Думалайдиган юкларни бошқа жойга кўчиришда юкчи юк орқасидан ҳаракатланиши ва юкни ўзига қарама-қарши йўналишда итариб бориши керак.
Бир нечта юкчилар ишлаганда бир-бирларига иш қуроллари ёки ишланаётган юклар билан шикаст етказиб қўймасликлари учун ҳар бири эҳтиёткор бўлиши керак.
438. Юкларни қўлда ташишда юкчи бўш, текис ва қисқароқ йўлни танлаши керак.
Жойланган юклар устидан юриш, олдинда бораётган юкчига етиб олиш ва ўзиб кетиш, йўлни ҳаракатдаги транспорт воситаси олдидан кесиб ўтиш мумкин эмас.
439. Узун ўлчамли юкларни юкни маҳкамлаш мосламаларига (ечиб олинадиган ёки кўтарма устунлар, пишиқ занжирлар ва бошқалар) эга бўлган тиркамали транспорт воситаларига ортишга рухсат этилади.
440. Узун ўлчамли юкларни қўлда ортиш ва туширишни думалатган ҳолда камида икки киши билан бажариш керак.
441. Оғир вазнли ва узун ўлчамли юкларни туширишда юкнинг канатлар ёрдамида хавфсизлиги таъминланиши ҳамда шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиниши керак. Узун ўлчамли юкларни думалатиш вақтида унинг ҳаракат йўналишига қарама-қарши томонда туришга, юкни транспорт воситаси кузовига жойлаштиришда эса кабина томонида туришга йўл қўйилмайди. Юкларни транспорт воситаси кузовига жойлаштиришда ломдан фойдаланиш керак.
442. Ишлар бажарилгандан сўнг иш жойини тартибга келтириш керак, одамлар ва транспортлар ўтиш жойлари ўрнатилган ўлчовларга мувофиқ очиқ, бемалол бўлиши, юк ортиш ва тушириш воситалари, иш қуроллари ва мосламалар тозаланган, тартибга келтирилган ва сақлашга топширилиши керак.
Барча камчиликлар ва иш жараёнида аниқланган носозликлар тўғрисида иш раҳбарига ва смена қабул қилувчига хабар бериши керак.
443. Ёпиқ вагонлар эшигини очишдан олдин улар тўғри маҳкамланганлигига ишонч ҳосил қилиш керак.
444. Ёпиқ вагонлар эшигини очишда эшик ва вагон ичидаги юкнинг ағанаш эҳтимоли мавжудлиги сабабли эшик қаршисида туриш тақиқланади.
Юкчилар вагон эшигини очишда ён тарафда туришлари ва эшикни тутқичидан ушлаган ҳолда ўзларига тортиб очишлари керак.
445. Темир йўл платформалари бортларини очиш вақтида ходимлар борт тушганда унинг зарбаси таъсирига тушмаслик учун бортнинг ён томонида туриши керак.
446. Бортли платформаларни ёпиш қуйидаги тартибда амалга оширилиши керак: аввал ён борт кўтарилади, бунда бир нафар ходим вагон ичида туриб бортни ушлаб туради, қолган ходимлар эса узун бортни кўтарадилар. Мазкур операцияларни бажариш вақтида бортнинг қаршисида туриш тақиқланади. Платформанинг носоз бортларини очиш ва ёпиш ишлари уста ёки бригадир раҳбарлиги остида амалга оширилиши керак.
447. Хопперларнинг люкларини очиш икки ходим томонидан амалга оширилиши керак.
448. Хоппер ва ярим вагонлар люкларини очишда ходимларнинг вагон ичида бўлиши тақиқланади.
449. Эстакадалари мавжуд бўлмаган омборларда ярим вагонлар ва хопперлар люкларини очишда алоҳида эҳтиёткорликка риоя қилиниши керак.
450. Эстакада тагида ёки яқинида одамлар, машиналар, механизмлар бўлганда эстакадада турган вагонлар люкларини очиш тақиқланади.
451. Хопперлар ва ярим вагонларнинг люкларини эстакадаларда очишга, тўшама йўлаклар олдин туширилган материаллардан тўлиқ бўшатилганидан сўнг рухсат этилади.
452. Тўшама йўлаклари мавжуд бўлмаган эстакадаларда ёпиқ вагонлар эшикларини очиш тақиқланади.
453. Люкларни ёпиш ишлари икки нафар ходим томонидан махсус ломлар ёрдамида бевосита юк тушириш жойида амалга оширилиши керак.
454. Платформа бортларини ёпишдан олдин барча боғловчи симлар вагондан ечиб ташланиши керак.
455. Киркалар, поналар, ўйма болғалар ва шу кабилар билан музлаб қолган юкли вагонларни тушириш вақтида вагон ичидаги ишлаётган ходим ёнида ишлаётган бошқа ходимга шикаст етказиш хавфини туғдирмайдиган масофада жойлашиши керак, шунингдек осилиб турган музлар қулаши, юк бўлакларининг сочилиб кетиши натижасида ҳам шикаст етказмаслик чоралари кўрилиши керак.
456. Музлаган юкнинг блокларини ажратиш ишлари ломдан фойдаланган ҳолда олиб борилиши керак.
Қўл билан музли блокларни ажратиш тақиқланади.
457. Юки музлаб қолган вагонларда юкни вагон борти бўйлаб кирка билан уриб тушириш тақиқланади. Кирка билан боғлиқ ишлар вагоннинг бутун кенглиги бўйлаб бир текисда амалга оширилиши керак.
458. Музлаган юкларни тушириш ишлари ишларни хавфсиз олиб боришга жавобгар шахс раҳбарлиги остида олиб борилиши керак.
459. Платформалардан ёғоч материаллари юкларини тушириш бригадир раҳбарлиги остида олиб борилиши керак.
Юкнинг платформада барқарор ҳолатида тушириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
барча боғламлар кесилади;
юкни тушириш томондаги устунчалар олинади;
тушириш ходачалар бўйича олиб борилади.
Барқарор бўлмаган ҳолатда бўлган юкни платформадан тушириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
четки устунлар ричаглар билан тираб қўйилади;
барча боғламлар кесилади;
тушириш томондаги ўрта устунчалар олинади;
четки устунлар платформа полидан 0,5 m атрофидаги баландликда кесилади;
кесилган устунлар сатҳигача бўлган барча қатор туширилади.
460. Ёғоч материаллари юклари ағдарилиб кетишининг олдини олиш мақсадида уларни тушириш ишлари горизонтал қаторлар бўйича амалга оширилиши керак.
461. Сирти музлаган, шунингдек қор ёки қиров билан қопланган тахталарни тушириш ва тахлаш (штабеллаш) вақтида уларнинг устида юриш ёки туриш тақиқланади. Бундай тахталар юкчилар ҳаракатланадиган йўлдан олиб ташланиши ҳамда алоҳида тахланиши керак.
462. Думалоқ бочкасимон юкларни (рулон, бочка) тушириш ходалардан фойдаланган ҳолда бригадир раҳбарлиги остида олиб борилади.
Арқонлардан фойдаланмаган ҳолда ходалар бўйлаб думалатиб тушириш пайтида ходалар оралиғида ёки ён тарафида туриш тақиқланади.
463. Ғиштларни қўлда тушириш, олдиндан тайёрлаб қўйилган текис майдончада, қиш пайтида эса қордан ва муздан тозаланган текис майдончаларда амалга оширилади.
464. Кислород баллонларини тушириш ва ортиш махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларда, махсус ўқитилган, йўриқдан ўтган ва белгиланган тартибда ишлаш учун рухсат этилган ходимлар томонидан амалга оширилиши керак.
Кислород баллонларини тушириш ва ортиш куннинг ёруғ вақтида амалга оширилади. Зарур ҳолларда, иш жойи етарли даражада ёритилган бўлса куннинг қоронғи вақтида амалга оширилади.
465. Кислород баллонларини ортиш, тушириш ва кўтариб ташишда қуйидагилар тақиқланади:
баллонларни елкада, орқада кўтариб ташиш, қиррасига кўтариб буриб силжитиш ва тушириб бошқасига ортиш, судраш, ташлаш, итариш, баллонларга уриш, бошқа жойга кўчиришда ломдан фойдаланиш;
юкчиларни мойли кийимларда, мойли ифлос қўлқопларда ишга қўйиш;
чекиш ва очиқ оловдан фойдаланиш;
баллонларни кўтариб ташишда вентилдан ушлаш;
баллонларни вентил қопқоғисиз транспортда ташиш;
баллонларни иситиш асбоблари, иссиқ деталлар ва печлар яқинига жойлаштириш, қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсирида ҳимоясиз қолдириш.
466. Баллондан кислороднинг сизиб чиқиши (вишиллаш) аниқланганда ходим зудлик билан бригадирга хабар бериши керак.
467. Баллонларни тушириш ва юклашда уларга мой тушишидан сақланиш керак.
468. Кислота ва бошқа ўювчи моддаларни ортиш ва тушириш ишлари бригадир раҳбарлигида олиб борилиши керак.
Юк ортиш ва тушириш жойлари яхши ёритилган бўлиши керак.
469. Қутиларга солинган кислотали шишалар ташилганда юкчилар қутиларнинг дастаси созлиги ва мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Шиша солинган қутиларни тахлаганда бир қатор қилиб жойлаштириш керак.
470. Кислотали шишаларни ва бошқа ўювчи моддаларни юкчи томонидан якка ҳолда, елкада, орқада ёки олд томонда қўлда ташиш тақиқланади.
471. Ҳар бир шиша махсус чуқурчага эга бўлган икки кишилик замбилда ташилиши керак.
472. Синган шишалар ёки шикастланган идишлар аниқланганда, улардаги моддалар таъсирида куйиш ҳолатларининг олдини олиш учун ишларни эҳтиёткорлик чораларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш керак.
3-боб. Иш ва дам олиш вақтини ташкил этиш тартиби.
1-§. Ходимларнинг иш ва дам олиш вақтларини беришга қўйиладиган талаблар
473. Юк ортиш ва тушириш ҳамда транспорт ишлари билан банд ходимларнинг меҳнат ва дам олиш вақтини белгилаш тартиби ушбу ходимлар фаолият юритаётган ташкилот маъмурияти томонидан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ белгиланиши керак.
474. Ишнинг тугаши ва унинг кейинги куни (сменада) бошланиши ўртасидаги ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олиш давомийлиги, шу жумладан дам олиш ва овқатланиш учун танаффус ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас.
475. Смена жадвали иш берувчи томонидан тегишли касаба уюшмаси ёки ходимларнинг вакиллик органлари билан келишиб, меҳнат жамоаси фикрини ҳисобга олиб, ўрнатилган иш ҳафтаси давомийлигига риоя қилган ҳолда тасдиқланиши керак.
476. Смена жадвали, уни кучга киришидан бир ой олдиндан кечиктирмай ходимлар эътиборига тақдим этилиши керак. Ходимларнинг смена бўйича алмашишлари баравар бўлиши керак. Ходимни кетма-кет иккита сменага ишга қўйилиши тақиқланади.
477. Юк ортиш ва тушириш ҳамда транспорт ишларида банд бўлган ходимларнинг қисқартирилган иш вақтлари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ белгиланиши керак.
478. Юк ортиш ва тушириш ҳамда транспорт ишларида банд бўлган ходимларнинг меҳнат ва дам олиш вақтини бериш тартиби ташкилот касаба уюшмаси ёки ходимларнинг вакиллик органлари билан келишилиши керак.
2-§. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилишга қўйиладиган талаблар
479. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.
480. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили дастлабки (меҳнат шартномасини тузаётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.
481. Мажбурий тиббий кўриклар ташкилотга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, улар бўлмаган тақдирда эса ташкилот жойлашган ердаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан ўтказилади.
482. Иш берувчи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд мажбурий тиббий кўрик натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажаришдан бўйин товлаган шахсларни ишдан четлаштириши шарт.
483. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўлади.
484. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.
4-боб. Касбий танлов ва ходимларни ўқитиш
1-§. Касбий танлов тартиби
485. Юк ортиш ва тушириш ҳамда транспорт ишларини бажаришга рухсат этилган ходимлар, мазкур ишлар хусусиятига мос равишдаги ишлар бўйича касбий тайёргарликка эга бўлишлари керак.
486. Иш берувчи ходимларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказиш, ўқитиш ва билимларни текшириш, малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш тўғрисидаги низомга мувофиқ меҳнат хавфсизлигига ўқитишни таъминлаши керак.
487. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
488. Ходимларнинг хавфсизлик талаблари бўйича билимларини текшириш ишга тушиш учун рухсат олишдан олдин ва белгиланган муддатларда даврий амалга оширилади.
489. Юк ортиш ва тушириш ҳамда транспорт ишларини бевосита бажарадиган ходимлар ушбу Қоидалар ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган лавозим ва ишлаб чиқариш йўриқномаларини ўрганиб, белгиланган тартибда билимларини синовдан ўтказишлари ва иш жараёнида уларга риоя этишлари керак.
490. Билимлари текширувдан ўтмаган ходимларнинг кўтарма-транспорт ишларига раҳбарлик қилишлари ёки уларни бажаришларига рухсат этилмайди.
491. Иш берувчи ушбу Қоидаларга мувофиқ қуйидагиларга мажбур:
ходимлар учун касби бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқишни ташкил этиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ходимларни ўқитиш ва билимларини белгиланган муддатларда текширишни ташкил этиш;
махсус кийим-бош ва пойабзал, шахсий ҳимоя ва гигиена воситаларининг сақланиши ҳамда тўғри ишлатилиши устидан назоратни ташкил этиш;
ходимларни сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган шўр сув ва шахсий ҳамда жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати органларининг қарорлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиш;
ходимлардан меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишларни бехатар олиб боришга доир қоидаларга риоя этилишини талаб қилиш;
алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатини текшириш учун ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш;
ходимларнинг ишлаб чиқаришда олган жароҳатларининг оғир ёки енгиллиги, жароҳатланишга олиб келувчи касалликлар мавжудлиги ҳамда алкоголь, гиёҳвандлик ёки токсик моддалар таъсирида маст ҳолатда бўлган-бўлмаганлиги тўғрисида маълумот олиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этганлик учун ходимларни мукофотлаш ва моддий рағбатлантириш чораларини кўриш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузганликда айбдор бўлган ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш.
2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш
492. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқитилиши, уларнинг билимларини синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.
493. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.
494. Ташкилотларда ходимларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитиш устидан назорат меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ёки ушбу вазифалар юклатилган мутахассис томонидан амалга оширилиши керак.
5-боб. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш бўйича талаблар
495. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.
496. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:
ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);
ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);
шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда асбоб-ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;
механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.
497. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.
498. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.
499. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.
500. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:
якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;
ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;
ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;
якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).
501. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.
6-боб. Якуний қоида
502. Мазкур Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Юк ортиш ва тушириш ишларида юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидаларига 1-ИЛОВА
Юклар материалларининг физик хусусиятлари
Юкларни кўтариш учун уларнинг массаси, оғирлик маркази ва юк илиш схемаси маълум бўлиши керак. Бунда, юкнинг массасини қуйидагича аниқланади:
Оддий юклар учун: Q = mV; мураккаб юклар учун: Q = m Σ Vi,
Бу ерда:
Q — юк массаси;
m — материалнинг солиштирма оғирлиги (сон жиҳатдан зичликка тенг);
V — юк ҳажми;
Σ Vi — юк ҳажмларининг барча қисмлари йиғиндиси.
Айрим материалларнинг ўзига хос оғирлиги 1-жадвалда келтирилган.
1-жадвал Материалларнинг солиштирма оғирлиги Материаллар Солиштирма оғирлиги, kg/m 3 Алюминий 2550 — 2700 Бетон 2200 Сув 1000 Вольфрам 19300 Ёғоч: Қайин 700 Эман 800 Қарағай 500 Тупроқ, лой 1300 — 2500 Қумтош 2200 — 2500 Қум: Қуруқ 1400 — 1600 Нам 1900 — 2000 Ғишт 1420 — 1700 Мис-руҳ қотишмалари (латунь) 8500 Муз 900 Мис 8900 Бўр 2400 Никель 8900 Қалай 7300 Парафин 900 Қўрғошин 11300 Темир: қаттиқ 7300 эритилган 7500 Руҳ 6900 — 7300 Чўян: оқ 7650 эгилувчан 7300 кулранг 7550 Кўмир 900 Кокс 450 Суюқ азот 790 Бензин 700 Ҳаво (суюқ) 860 Керосин 800 Кислород (суюқ) 1140 Мазут 900
Юкларни илиш нуқталарини танлашда юк кўтариш воситаларининг алоҳида тармоқларига ортиқча юклама тушишининг олдини олиш, шунингдек юкнинг мувозанатини йўқотиши ёки ағдарилиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида кўтарилаётган юкнинг оғирлик маркази жойлашуви аниқланиши керак.
Оддий геометрик шаклларнинг оғирлик марказининг ҳажми ва жойлашуви 2-жадвалда келтирилган.
2-жадвал Номи Ҳажми Оғирлик марказининг ҳолати Куб V = a 3 x = a/2, y = a/2, z = a/2 x = y = z = a/2 Тўртбурчак параллелепипед V = abc x = a/2, y = c/2, z = b/2 Цилиндр V = 3,14r 2 h x = r, y = 0, z = h/2 Шар V = 3,14D 3 /6 Агар координата ўқлари шарнинг маркази орқали ўтса, у ҳолда х = у = z = 0 (оғирлик маркази шарнинг маркази билан бир нуқтада жойлашган бўлади) Бочка V = 3,14/12 H (2D 2 + d 2 ) x = y = 0; z = H /2 Конус V = 3,14/12D 2 H x = y = 0; z = H /4 Кесилган конус V = (3,14 H /3) × (R 2 + r 2 + Rr) x = y = 0, z = H /4 (R 2 + 3r 2 + 2Rr)/(R 2 + r 2 + Rr) Пирамида V = (Fh)/3, бу ерда F — квадрат асос юзаси x = y = 0, z = h/4 Кесилган пирамида V = h(F + f + Ff)/3 x = y = 0, z = h/4((F + 2Ff + 3f)/F) + Ff + f Кесилган цилиндр V = 3,14R 2 (h 1 + h 2 )/2 x = y = 0; z = (h 1 + h 2 )/2
Юк ортиш ва тушириш ишларида юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидаларига 2-ИЛОВА
Бинолар ичида, очиқ майдончаларда, электр узатиш тармоқлари яқинида ва хандақлар олдида юк кўтариш машиналарини ўрнатишнинг энг кам рухсат этилган масофаси
1-жадвал Т/р Меъёрий масофа Рухсат этилган қийматлар, mm, камида Ерусти рельсли йўлда ҳаракатланадиган юк кўтариш машиналари (ЮКМ) 1. ЮКМнинг энг юқори нуқтасидан бино шифтигача, унга маҳкамланган стропил фермалар ҳамда бошқа предметларнинг қуйи белбоғигача, шунингдек юқори қаватда ишлаётган бошқа ЮКМнинг қуйи нуқтасигача бўлган масофа 100 2. Охирги тўсин ва аравачалар тўшамасидан, таянч клапани майдончаси ва галереяси тўшамасидан томнинг яхлит бостирмаси ёки унинг остки қисмигача, унга маҳкамланган стропил фермалар ҳамда бошқа предметларнинг қуйи белбоғигача, шунингдек юқори қаватда ишлаётган бошқа краннинг қуйи нуқтасигача бўлган масофа 1800 3. Краннинг ён томонидан чиқиб турган қисмларидан бинонинг устун ва деворларигача, ўтиш галереяларининг тўсиқларигача бўлган масофа 60 4. ЮКМнинг қуйи габарит нуқтасидан (юк ушлаш органларини ҳисобга олмаганда) кран ишлаб турган пайтда одамлар бўлиши мумкин бўлган цех ва майдончанинг полигача (кранни таъмирлашга мўлжалланган майдончадан ташқари) бўлган масофа 2000 5. ЮКМ кабинаси тачкасининг қуйи габарити билан цех поли оралиғи 2000 * 6. ЮКМнинг қуйи чиқиб турган қисмларидан (юк ушлаш органларини ҳисобга олмаганда) унинг ҳаракат зонасида жойлашган ускуналаргача бўлган масофа 400 7. Краннинг бошқарув кабинасига чиқадиган ўтиш майдончаси ёки юк ташийдиган электр аравачанинг полидан бино бостирмасининг қуйи қисмигача ёки бино конструкциясининг чиқиб турган қисмларигача бўлган масофа 1800 8. Бошқарув кабинасининг чиқиб турган қисмларидан ёки троллейларга хизмат кўрсатувчи кабинадан деворгача, ускуналаргача, биноларнинг чиқиб турган қисмларигача, устунларгача, ёрдамчи хоналар томи ва уларга нисбатан кабина ҳаракатланадиган бошқа предметларгача бўлган масофа. Ерусти рельс йўлларида ҳаракатланадиган кранлар учун. 400 9. Кранларнинг чиқиб турган қисмларидан (горизонтал бўйича) қурилмалар, юкларнинг штабеллари ва ер сатҳидан ёки иш майдончасидан қуйидаги баландликда жойлашган бошқа предметларгача бўлган масофа, m: 2 гача 700 2 дан юқори 400 10. Минора кранининг консоли остида жойлашган (вертикал бўйича) посанги консолидан ёки посангидан одамлар бўлиши мумкин бўлган майдончагача бўлган масофа 2000 11. Краннинг ҳар қандай ҳолатида унинг айланувчи қисми ҳамда қурилмалар, юк штабеллари ва бошқа предметлар ўртасидаги масофа 1000 12. Краннинг ҳар қандай ҳолатида унинг кўтарма сурилма қисми ва юк билан 42 В ҳамда ундан юқори кучланиш остида бўлган ҳаво электр узатиш тармоқларининг энг яқин симлари проекциясининг ердаги вертикал текислиги ўртасидаги масофа 30000 ** 13. Стрелани кўтаришда белгиланган масофанинг камайишига йўл қўймайдиган чеклагич ўрнатилганда, кран стреласи билан шаҳар транспортининг кучланиш остида бўлган контакт симлари ўртасидаги масофа 1000
Хандақнинг қиялик асосидан кўчма кран стреласининг яқин таянчигача рухсат этилган масофа
2-жадвал Хандақ чуқурлиги, m Тўкиладиган тупроқ қумли ва шағалли қумлоқ қумоқли тупроқ лойли тупроқ қуруқ Қиялик асосидан энг яқин таянчгача бўлган масофа, m 1 2 3 4 5 1,5 3,0 4,0 5,6 6,0 1,25 2,4 3,6 4,4 5,3 1,0 2,0 3,25 4,0 4,75 1,0 1,5 1,75 3,0 3,5 1,0 2,0 2,5 3,0 3,5
Раис А. РАФИҚОВ
Транспорт вазири И. МАХКАМОВ
Фавқулодда вазиятлар вазири А. ИКРАМОВ
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
Касаба уюшмалари Федерацияси р аиси К. РАФИКОВ
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
Савдо-саноат палатаси р аиси Д. ВАХАБОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 6 май,
2026 йил 5 май
2026 йил 31 март
2026 йил 28 март
2026 йил 18 февраль
2026 йил 14 февраль
2026 йил 13 февраль
2026 йил 2 февраль
2026 йил 20 январь
42-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASI HUZURIDAGI SANOAT, RADIATSIYA VA YADRO XAVFSIZLIGI QOʻMITASINING
QARORI
QOIDALARI
Yuk ortish va tushirish ishlarida yukchilar uchun ishlarning xavfsizligi qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat tili haqida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-sentabrdagi PF-161-son “Islohotlarni huquqiy jihatdan taʼminlash samaradorligini oshirish hamda ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishda vazirlik va idoralarning masʼuliyati va tashabbuskorligini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2000-yil 12-iyuldagi 267-son “Mehnatni muhofaza qilishga doir meʼyoriy hujjatlarni qayta koʻrib chiqish va ishlab chiqish toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi qaror qiladi:
1. Yuk ortish va tushirish ishlarida yukchilar uchun ishlarning xavfsizligi qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Transport vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi hamda Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.
3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining 2026-yil 6-maydagi 42-son qaroriga ILOVA
Yuk ortish va tushirish ishlarida yukchilar uchun ishlarning xavfsizligi
Mazkur Qoidalar yuk ortish va tushirish ishlarini bajarishda yukchilar uchun ishlarning xavfsizligiga oid talablarni belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Qoidalar tashkiliy-huquqiy va mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, tashkilotlarda (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) yuk ortish va tushirish ishlarini bajarish bilan bogʻliq boʻlgan xodimlarga, shuningdek yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi jismoniy shaxslarga nisbatan tatbiq etiladi.
2. Ushbu Qoidalarda quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:
uzun oʻlchamli yuklar — maxsus temir yoʻl platformalari yoki traylerlarda tashiladigan alohida guruhdagi yuklar (yirik mashinalar, metall konstruksiyalar detallari va qismlari);
yuk ilish moslamasi — harakatlanish paytida yukni ishonchli ushlab turish uchun unga mahkamlanadigan mexanik moslama;
konteyner — kamida 1 m 3 hajmli, yuklarni idishsiz, birlamchi oʻramda yoki yengillashtirgan idishda tashish uchun moʻljallangan koʻp martalab foydalaniladigan idish;
topshiriq-ruxsatnoma — taʼmirlash va boshqa ishlarni olib borish uchun xodimlarga koʻpriksimon va koʻchma konsol kranlarining kran yoʻllariga va oʻtish galereyalariga chiqish huquqini beruvchi ruxsatnoma;
xavfli yuklar — oʻziga xos xossalari va xususiyatlari tufayli muayyan omillar mavjud boʻlgan taqdirda tashish, yuk ortish va tushirish ishlari jarayonida tashilayotgan yuklar, texnika vositalari, qurilmalar, bino va inshootlar, boshqa obyektlarning portlashi, yonishi yoki shikastlanishiga, shuningdek odamlar hayoti va sogʻligʻiga, atrof-muhitga zarar yetkazilishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan moddalar, materiallar, buyumlar, chiqindilar;
stroplar — yuklarni boshqa joyga koʻchirishda yuklarni ilib olish va ushlab turish uchun ilmoq, ilgak yoki boshqa ilib olish moslamalari bilan taʼminlangan kanat;
yuk ilish sxemasi — yukni koʻtarish va boshqa joyga koʻchirish vaqtida uning barqaror va xavfsiz ushlab turilishini taʼminlash uchun stroplarni yukka mahkamlash tartibi va usullarini koʻrsatuvchi sxema.
3. Ish beruvchi mazkur Qoidalarga muvofiq, ishlab chiqarish xususiyatlarini inobatga olgan holda mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻriqnomalar hamda texnologik jarayonlar va uskunalardan foydalanish boʻyicha hujjatlarni ishlab chiqadi yoki mavjudlarini qayta koʻrib chiqadi.
4. Mazkur Qoidalarning talablariga rioya etilishini nazorat qilish yuk ortish va tushirish jarayonida ish beruvchi tomonidan amalga oshirilishi lozim.
5. Xodimlarning mehnatni muhofaza qilish boʻyicha bilimlarini sinovdan oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-dekabrdagi 819-son qarori bilan tasdiqlangan Mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazish, oʻqitish va bilimlarni tekshirish, malaka oshirish hamda qayta tayyorlash toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshirilishi lozim.
6. Mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi talablarini samarali bajarish, xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-iyuldagi 454-son qarori bilan tasdiqlangan Mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Umumiy xavfsizlik talablari
1-§. Mehnatni muhofaza qilish xizmatini tashkil etish
7. Tashkilotlarda mehnatni muhofaza qilish borasidagi ishlarni tashkil qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-dekabrdagi 819-son qarori bilan tasdiqlangan Tashkilotlarda mehnatni muhofaza qilish ishlarini hamda mehnatni muhofaza qilish xizmati faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi “Mehnatni muhofaza qilish toʻgʻrisida”gi Qonunining 12-moddasiga muvofiq ishlab chiqarish faoliyatini amalga oshiruvchi, xodimlarining soni ellik kishi va undan ortiq boʻlgan har bir tashkilotda mehnatni muhofaza qilish talablariga rioya etilishini taʼminlash, ularning bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshirish maqsadida mehnatni muhofaza qilish xizmati tashkil etiladi yoki mehnatni muhofaza qilish boʻyicha tegishli tayyorgarlikka ega boʻlgan mutaxassis lavozimi joriy etiladi. Ellikta va undan ortiq transport vositasi mavjud boʻlgan tashkilotda yoʻl harakati xavfsizligi xizmati ham tashkil etiladi yoki yoʻl harakati xavfsizligi boʻyicha mutaxassis lavozimi joriy etiladi.
Xodimlarining soni ellik nafardan kam boʻlgan tashkilotda mehnatni muhofaza qilish xizmatini tashkil etish yoki mehnatni muhofaza qilish boʻyicha mutaxassis lavozimini joriy etish toʻgʻrisidagi qaror ish beruvchi tomonidan mazkur tashkilot faoliyatining oʻziga xos xususiyati hisobga olingan holda qabul qilinadi.
Mehnatni muhofaza qilish xizmati va yoʻl harakati xavfsizligi xizmati tashkilotning mustaqil tarkibiy boʻlinmalari boʻlib, ular bevosita ish beruvchiga boʻysunadi.
9. Xodimlar yuk ortish va tushirishda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 20-oktabrdagi 649-son qarori bilan tasdiqlangan Yongʻin xavfsizligi qoidalarining talablariga amal qilishi kerak.
10. Har bir tashkilotda rahbarning buyrugʻi (boshqaruv qarori) bilan mazkur Qoidalar asosida bilimlari tekshiruvdan oʻtgan rahbarlar va mutaxassislar orasidan yuk ortish va tushirish ishlarini xavfsiz amalga oshirish uchun masʼul shaxs tayinlanadi.
11. Tashkilotning yuk ortish va tushirish ishlarini xavfsiz amalga oshirish uchun masʼul shaxsning majburiyatlari mansab yoʻriqnomasida belgilanishi kerak.
12. Mehnatni muhofaza qilish va sogʻlom hamda xavfsiz mehnat sharoitlarini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish ustidan nazorat tashkilotning mehnatni muhofaza qilish xizmati yoki mehnatni muhofaza qilish boʻyicha mutaxassis tomonidan olib boriladi.
13. Yuk ortish va tushirish ishlariga rahbarlik qiluvchi shaxs quyidagilarga majbur:
ish boshlanishidan oldin ish olib boriladigan hududning muhofaza zonasini belgilash va uning xavfsizligini taʼminlash;
mazkur ishlarni bajaradigan xodimlarda tegishli malaka koʻnikmalariga ega ekanini tasdiqlovchi hujjatlarning mavjudligini tekshirish;
yuklarni ortish, tushirish, koʻchirish usullari toʻgʻri tanlanganligi va ishlarni xavfsizlik talablariga muvofiq olib borilayotganligini nazorat qilish;
avariya yoki xodimlarni shikastlanish holatlari sodir boʻlganda zudlik bilan ishlarni toʻxtatish va darhol xavfni bartaraf etish boʻyicha zarur boʻlgan choralar koʻrish;
yuk ortish va tushirish ishlari ikkita kran yordamida bajarilganda, shuningdek yuk ilish sxemasi ishlab chiqilmagan yuklarni ortish va tushirish ishlarini bajarish jarayonida mazkur ishlarga bevosita rahbarlikni taʼminlash;
yaroqliligi boʻyicha maʼlumot mavjud boʻlmagan, shuningdek nuqsonli yuk ilish moslamalari va idishlarni qoʻllashga yoʻl qoʻymaslik.
2-§. Yuklarni ortish va tushirish, omborga joylashtirish ishlarini amalga oshirishda xavfli va zararli ishlab chiqarish omillari
14. Yuklarni ortish va tushirish hamda omborga joylashtirish ishlarida xodimlarga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan xavfli va zararli omillar quyidagilardan hosil boʻladi:
a) chang;
b) zararli gazlar va bugʻlar;
v) havo haroratining yuqori yoki past boʻlishi;
g) shovqin;
d) havo namligi;
e) ish joyini yetarli darajada yoritilmaganligi;
j) toʻgʻridan-toʻgʻri va aks etgan yorugʻlikning yaltiroq taʼsiri;
z) ish joyining ahamiyatli darajada balandlikda joylashganligi;
i) harakatlanayotgan mashina va mexanizmlar, yuk koʻtarish kranining harakatlanuvchi qismlari, koʻtarilayotgan yoki koʻchirilayotgan yuklar, yuk ilish moslamalari (stroplar, ilgaklar, qisqichlar), shuningdek transport vositasi va temiryoʻl transporti bilan bogʻliq xavflar;
k) elektr yuritmali kranlarda qisqa tutashuv natijasida elektr tokining inson tanasi orqali oʻtishi bilan bogʻliq yuqori kuchlanish xavfi.
15. Yuk ortish va tushirish ishlari olib boriladigan joylaridagi havoning tozaligini SanQvaN 0324-16 “Ishlab chiqarish binolarining mikroiqlimning sanitariya-gigiyenik normalari” va SanQvaN 0294-11 “Ish joylari havosidagi zararli moddalarning ruxsat etilgan miqdorining gigiyenik talablari”ga muvofiq taʼminlashi kerak.
3-§. Yuklarni tashish jarayonlariga qoʻyiladigan talablar
16. Transport vositasida yuklarni tashish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 1-avgustdagi 213-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida avtomobil transportida yuklarni tashish qoidalarining talablariga muvofiq amalga oshiriladi.
17. Transport vositasida xavfli yuklarni tashish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 16-fevraldagi 35-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida xavfli yuklarni avtomobil transportida tashish qoidalarining talablariga muvofiq amalga oshiriladi.
18. Yirik gabaritli va (yoki) ogʻir vaznli transport vositasida yuklarni tashishda harakat xavfsizligi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 26-dekabrdagi 342-son qarori bilan tasdiqlangan Katta hajmli va ogʻir vaznli yuklarni avtomobil transportida tashishda harakat xavfsizligini taʼminlash qoidalarining talablariga muvofiq amalga oshiriladi.
19. Temir yoʻl transportida yuk tashish Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻl transportida yuk tashish qoidalariga (roʻyxat raqami 3457, 2023-yil 21-sentabr) muvofiq amalga oshiriladi.
20. Mazkur Qoidalarda belgilangan yuklarni tashish boʻyicha talablar yuklarni tashish sohasida qabul qilingan qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilmagan qismi boʻyicha amal qiladi.
4-§. Yuklarni ortish va tushirish ishlarini qoʻlda bajarishga qoʻyiladigan talablar
21. Yuk ortish va tushirish ishlarini bajarishda va yuklarni qoʻlda tashishda quyidagi talablarga rioya etilishi kerak:
uchi oʻtkir, kesuvchi, sanchiladigan buyumlar va asboblar faqat gʻilof, penallardan foydalangan holda koʻtarilishi;
qattiq idishdagi yuklar faqatgina qoʻlqop bilan koʻtarilishi;
shisha idishlar mustahkam taglikka oʻrnatilishi, boʻsh shisha idishlarni esa uyachalarga ega maxsus qutilarda saqlash taʼminlanishi;
siniqlari va yoriqlari boʻlgan shisha idishlardan foydalanmasligi;
nosoz, mixlari chiqib turgan, qirrali idishlarda yuklar tashilmasligi;
xodimlar uchun qoʻlda koʻtariladigan va tashiladigan yuklarning ogʻirligi Ishlab chiqarish muhiti omillarining zararliligi va xavfliligi, mehnat jarayonining ogʻirligi va tigʻizligi koʻrsatkichlari boʻyicha mehnat sharoitlarining gigiyenik tasnifiga (0069-24-son SanQvaN) (hisob raqami 241, 2024-yil 25-mart) muvofiq boʻlishi;
oʻn sakkiz yoshgacha boʻlgan xodimlar uchun koʻtarishlari va tashishlari mumkin boʻlgan yuklarning ogʻirligi Oʻn sakkiz yoshgacha boʻlgan xodimlar koʻtarishlari va tashishlari mumkin boʻlgan ogʻir yuk normalarining chegarasini belgilash toʻgʻrisidagi nizom (roʻyxat raqami 1954, 2009-yil 12-may) talablariga javob berishi.
5-§. Yuklarni joylashtirish jarayonlariga qoʻyiladigan talablar
22. Kukunsimon va sochiluvchan materiallarni tashishda ularni changitmasdan ortish, tashish va tushirishni taʼminlovchi maxsus temiryoʻl vagonlari hamda sement tashuvchi avtomashinalardan foydalanilishi lozim.
23. Kukunsimon materiallarni tashish uchun moʻljallangan idishlardan foydalanishning barcha bosqichlarida, shu jumladan ular ishlab chiqarish jarayonida qoʻllanilguniga qadar, qadoqning butligi va materialning xavfsiz saqlanishi taʼminlanishi hamda ular ortiqcha qayta joylashtirishni (oraliq yuklash-tushirish ishlarini) talab etmasligi kerak.
24. Zararli va agressiv suyuq moddalarni tashish uchun maxsus sisternalardan foydalanilishi lozim.
25. Qovushqoqligi yuqori boʻlgan yoki tez muzlaydigan moddalarni saqlash va tashishda ularning kimyoviy xossalarini oʻzgartirmaydigan, shuningdek atmosferaga zararli gazlar ajralib chiqishiga yoʻl qoʻymaydigan isitish tizimi qoʻllanilishi lozim.
26. Xavfli moddalarni ortish, toʻkish, sisternalardan boʻshatish hamda ularni yuvish ishlari xodimlarning ushbu moddalar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri aloqasini istisno etuvchi, shuningdek havoga zararli moddalar ajralib chiqishining oldini oluvchi usullar orqali amalga oshirilishi lozim.
Suyuqlikni quyish va toʻkish ishlarini boshlashdan oldin sisternaning ichki boʻshligʻini atmosfera bilan bogʻlovchi klapanning texnik sozligi va ishga yaroqliligi tekshirilishi shart.
27. Yuklarni temir yoʻl transportiga joylashtirish Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻl transportida yuk tashish qoidalarining (roʻyxat raqami 3457, 2023-yil 21-sentabr) talablariga muvofiq amalga oshirilishi lozim.
28. Temir yoʻl yaqinida ortish uchun tayyorlangan yuklar balandligi 1200 mmgacha boʻlganda chekka relsning tashqi chegarasidan kamida 2 metr masofada, balandligi bundan yuqori boʻlganda esa kamida 2,5 metr masofada joylashtirilishi va mahkamlanishi shart.
29. Yopiq vagonlarda yuklar joylashtirilganda ikki tomonda joylashgan eshiklarning erkin ochilishiga xalaqit qilmasligi kerak. Zaruratga koʻra, vagon eshiklari qalinligi kamida 40 mm boʻlgan taxtalar yoki qalqonlar bilan toʻsilishi kerak.
Vagon eshiklari ochilganda xodimlar yuk tushib ketish ehtimoli mavjud boʻlgan xavfli hududda boʻlmasliklari kerak.
30. Yuklarni transport vositasi kuzovi yoki temir yoʻl vagonida barqaror va xavfsiz joylashtirish uchun yogʻoch yoki metall tirgaklar, tayanch rampalar hamda shchitlardan foydalanilishi lozim.
31. Transport vositasiga ortishda yuk yoʻlning oʻtish joyidan 3,8 m dan ortiq baland koʻtarilib turmasligi va eni 2,5 m dan ortiq boʻlmasligi kerak.
32. Transport vositasi kuzovining bortlarini ochish va yopish ishlari kamida ikki nafar xodim tomonidan amalga oshirilishi lozim. Bunda, yukning barqaror va xavfsiz joylashtirilganligi oldindan tekshirilishi shart.
33. Yuk ortish va tushirish maydonchalari, estakadalar, koʻprikchalar, taxta zinalar soz va toza holatda boʻlishi, qish kunlarida qor va muzlardan tozalanishi hamda qum, shlak va sirpanchiqlikka qarshi ashyolar sepilishi kerak.
34. Yuk ortish va tushirish ishlari amalga oshiriladigan hududlar, shuningdek piyodalar va transport vositalari harakatlanadigan oʻtish joylari yetarli darajada tabiiy va sunʼiy yoritish SHNQ 2.01.05-24 “Tabiiy va sunʼiy yoritish” shaharsozlik normalari va qoidalari talablariga muvofiq boʻlishi lozim.
Yuk ortish va tushirish ishlari olib boriladigan joylarda begona buyumlar, materiallar va boshqa ashyolarni saqlashga yoʻl qoʻyilmaydi.
35. Yuk ortish va tushirish maydonchalari transport vositalari orqaga harakatlanib kelib toʻxtaganda ularning harakatini cheklash uchun yoʻlka va toʻxtatgich bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
36. Kanat va yuk ortish qurilmalari bilan boʻladigan ishlarni qoʻlqoplardan foydalangan holda bajarish kerak.
37. Yuk ortish va tushirish ishlarini bajarishda yuk bilan bogʻliq ishlar qoʻlqoplarda, yuk koʻtarish mexanizmlari qoʻllanilganda esa qoʻlqop va kaskalarda olib borilishi kerak.
38. Platforma bortlarining zanjirlari dastlab oʻrta qismidan, soʻngra platformaning yon tomonlaridan ochilishi lozim. Bunda, xodim platforma bortidan kamida 1 m masofada joylashishi shart.
Vagon lyuklari lyuk koʻtargichlar yordamida berkitilishi kerak.
Lyuk koʻtargichlar mavjud boʻlmagan taqdirda yarim vagon lyuklarini yopish ishlari kamida uch nafar xodimdan iborat brigada tomonidan amalga oshirilishi lozim.
Bunda:
ikki nafar xodim yordamchi moslamalar (lomlar) yordamida lyuk qopqogʻini koʻtaradi;
uchinchi xodim yordamchi moslamalarni (lomlarni) maxsus teshikka joylashtirib, qopqoqni yarim vagon ramasiga zichlaydi;
qopqoq mustahkamlanadi hamda saqlagich sektorlari (qulflari) oʻrnatiladi.
39. Transporter tasmasi nosoz holatda boʻlganda yoki toʻsatdan toʻxtab qolganda konveyerda ishlashga, harakatlanayotgan tasmani tozalashga, shuningdek transporter ishlab turgan vaqtda transporter tasmasi hamda barabanlari ostida toʻplangan toʻkilmalarni tozalashga yoʻl qoʻyilmaydi.
Konveyer ishlayotgan vaqtda uni taʼmirlash, konveyer fermasining holatini oʻzgartirish yoki uni almashtirish taqiqlanadi.
40. Yukning fizik-kimyoviy xususiyatlariga taʼsir koʻrsatuvchi meteorologik sharoitlar oʻzgarganda (masalan, zaharlilik darajasi oshganda), yuk ortish va tushirish ishlari darhol toʻxtatilishi hamda bu haqda masʼul shaxsga zudlik bilan xabar berilishi lozim.
6-§. Yuklarni koʻchirish jarayonlariga qoʻyiladigan talablar
41. Yuklarni boshqa joyga koʻchirish ishlarini amalga oshirish uchun tashkilot tomonidan transport-texnologik sxema ishlab chiqilishi lozim.
42. Tashkilotda transport vositalari harakatini tashkil qilish uchun harakat sxemasi ishlab chiqilgan va koʻrinarli joyga oʻrnatilgan boʻlishi kerak.
43. Shovqin darajasi yuqori boʻlgan sexlarda transport vositalari harakati haqida xodimlarni ogohlantirish va xabar berish uchun ovozli signalga qoʻshimcha ravishda yorugʻlik signalizatsiyasi ham qoʻllanilishi lozim.
44. Transport vositalarida tashiladigan gaz toʻldirilgan ballonlar turidagi yuklarni joʻnatuvchi va qabul qiluvchilar transport vositasi kuzovi poli balandligida mazkur yuklarni xavfsiz ortish va tushirishni taʼminlaydigan maxsus jihozlangan platformaga ega boʻlishlari lozim.
Transport vositalari yuk ortish yoki tushirish punktiga kelganda, yuk joʻnatuvchi yoki qabul qiluvchi haydovchidan yoʻl varaqasi hamda yuk hujjatlarini talab qilishi, haydovchi esa ularni taqdim etishi shart.
45. Gaz yoki suyuqlik toʻldirilgan ballonlar hamda idishlardagi yuklarni ortish va tushirish, shuningdek ularni transport vositalarida tashish uchun mahkamlash ishlari yuk joʻnatuvchi yoki yuk qabul qiluvchi nazorati ostida amalga oshirilishi lozim.
Bunda, haydovchini yuk ortish va tushirish ishlariga jalb etish yoʻriqnomada nazarda tutilgan hollarda hamda mazkur shartlar shartnomada belgilangan taqdirdagina ruxsat etiladi.
46. Yuk koʻtarish va transport bilan bogʻliq ishlar yongʻin xavfsizligi talablariga rioya etgan holda quyidagi choralar orqali amalga oshirilishi lozim:
tez alangalanuvchi va yonuvchi suyuqliklarning oqib chiqishi hamda toʻkilishiga yoʻl qoʻymaslik;
tez alangalanuvchi va yonuvchi suyuqliklar bugʻlarining ochiq holda ajralib chiqishiga yoʻl qoʻymaslik;
alanga olish manbalarida uchqun chiqishiga yoʻl qoʻymaslik;
ish muhiti koʻrsatkichlarini portlash yoki alangalanish xavfini istisno etuvchi chegaralarda saqlab turish;
xodimlarni xavfli ishlab chiqarish omillari taʼsiridan himoya qilish choralarini amalga oshirish;
tashkilotning buyrugʻi asosida ishlab chiqarishlar, sexlar va uchastkalarning rahbarlari zimmasiga yongʻinga qarshi tartibga hamda yongʻinga qarshi profilaktik chora-tadbirlarga rioya etilishi uchun javobgarlikni yuklash.
47. Yuk koʻtarish kranlari yordamida yuk ortish va tushirish ishlarini xavfsiz amalga oshirish maqsadida tashkilot maʼmuriyati ish joylarini foydalanishga ruxsat etilgan yuk ilish moslamalari, idishlar va yuklar roʻyxati, ularning oʻlchamlari, ogʻirligi, ilish nuqtalari va saqlash joylari, shuningdek yuk ilish sxemalari bilan taʼminlashi lozim.
7-§. Ishlab chiqarish jarayonlarida yuk ortish va tushirish ishlariga qoʻyiladigan talablar
48. Ishlab chiqarish jarayonlarida yuk ortish va tushirish ishlari ushbu Qoidalar va qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda olib borilishi kerak.
49. Yuklarni omborlarga joylashtirish tartibi, saqlash joylari va joylashtirish oʻlchamlari, shuningdek piyodalar hamda transport vositalari harakatlanishi uchun oʻtish yoʻlaklari oʻlchamlari koʻrsatilgan texnologik kartalar asosida amalga oshirilishi lozim.
50. Texnologik kartalar omborxona rejasi yoki joylashtirish maydonchasi koʻrinishida tuzilishi hamda unda yuk taxlamlarining joylashuvi va oʻlchamlari, transport vositalari va temir yoʻl kirish yoʻllari, xodimlar harakatlanishi uchun oʻtish yoʻlaklari, kranlar uchun relsli yoʻllar va xizmat koʻrsatish hududlari, shuningdek oʻziyurar strelali kranlar hamda yuk ortish va tushirish transport vositalari oʻrnatiladigan joylar koʻrsatilishi lozim.
51. Yuklarni ildirish ishlari yuk ilish sxemasiga muvofiq, mazkur yuklarni tashish hujjatlarida koʻrsatilgan yechib olinadigan yuk ilish moslamalari, idishlar va boshqa vositalardan foydalangan holda amalga oshirilishi lozim.
52. Ogʻirligi nomaʼlum boʻlgan yuklarni boshqa joyga koʻchirish ishlari ularning haqiqiy ogʻirligi aniqlangandan soʻng amalga oshirilishi lozim. Yukning ogʻirligi yuk koʻtarish mashinasining yuk koʻtarish qobiliyati yoki yuk ilish moslamasining ruxsat etilgan imkoniyatidan ortiq boʻlgan taqdirda, bunday yuklarni koʻtarish taqiqlanadi.
53. Tashkilotlarda yuklarni xavfsiz koʻtarish, koʻchirish, burib siljitish, shuningdek ortish va tushirish ishlarini taʼminlash maqsadida yuklarning turi, ogʻirligi va shaklini inobatga olgan holda yuk ilish sxemalari ishlab chiqilishi lozim.
54. Yuk ilish sxemasi (yuklarni bogʻlash, mahkamlash hamda kanat, zanjir va boshqa ashyolardan ishlangan stroplar yordamida yuk koʻtarish mashinalari ilgagiga ilish usullari) yuk iluvchilar, kranchilar tomonidan oʻrganib chiqilishi va ularga imzo qoʻydirgan holda berilishi va ishlar olib boriladigan joylarga ilib qoʻyilishi kerak.
55. Yuk ilish sxemasi ishlab chiqilmagan yuklarni boshqa joyga koʻchirish ishlari krandan xavfsiz foydalanish uchun masʼul shaxs rahbarligi ostida amalga oshirilishi lozim.
56. Yuklarning ogʻirligi va ogʻirlik markazi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar mavjud boʻlmaganda yuklarni koʻtarish ishlari masʼul shaxsdan maʼlumotlarni olgandan soʻng olib boriladi.
Ushbu maʼlumotlarni aniqlash ushbu Qoidalarning 1-ilovasiga muvofiq olib borilishiga yoʻl qoʻyiladi.
57. Yuk ilish sxemalarini ishlab chiqishda quyidagilarga rioya etilishi kerak:
zavodda ishlab chiqilgan buyumlarning ogʻirligi va ogʻirlik markazi ushbu buyumlarning texnik hujjatlarida koʻrsatilgan boʻlishi;
dastgoh, mashina, mexanizmlar va boshqa uskunalarning massasi dastgoh yoki mashinalarning staninasiga yoki ramasiga biriktirilgan zavod taxtachasida koʻrsatilgan boʻlishi;
qadoqlangan yukning ogʻirligi, ogʻirlik markazi va yukni ildirish joyi yukning qoplamasida koʻrsatilgan boʻlishi.
58. Transport vositalarini sochiluvchan yuklarni ortish joylariga toʻgʻri joylashtirish uchun ortish nuqtalarida yoʻnaltiruvchi belgilar oʻrnatilishi va harakat chiziqlari belgilanishi lozim.
59. Yuk koʻtarish mexanizmlari yordamida yuk ortish va tushirish ishlari amalga oshirilayotganda, maydonchalarda, transport vositalarida, yuk ilish moslamalarini ilish va yechish jarayonida, shuningdek yuk 200 — 300 mm dan ortiq boʻlmagan balandlikka koʻtarilib, uning toʻgʻri ilinganligi tekshirilayotgan paytda yuk iluvchidan tashqari boshqa shaxslar boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
60. Yuk iluvchi yukning ishonchli ilinganligini tekshirgandan hamda yuk pol (maydoncha) sathidan 1 m dan ortiq boʻlmagan balandlikka koʻtarilgandan soʻng xavfsiz joyga oʻtishi shart.
61. Transport vositasida yuk ortish yoki yuk tushirish ishlari amalga oshirilayotganda uning oʻz-oʻzidan harakatlanib ketishining oldini olish choralari koʻrilgan boʻlishi kerak.
62. Qirralari va uchlari oʻtkir, kesuvchi yuklarni ortish va tushirishda yuk ilish moslamalari shikastlanishini oldini oluvchi taglik (paddon) va qistirmalar qoʻllanilishi kerak.
63. Elektr magnitli va greyferli kranlar bilan yuklarni koʻtarish va boshqa joyga koʻchirish hududlari toʻsiqlar bilan oʻralgan boʻlishi kerak.
64. Toʻsiqlar tegishli ranglarga boʻyalgan va ogohlantiruvchi belgilar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
65. Yuk ortish va tushirish ishlari olib boriladigan maydonchalarning chegaralari belgilangan boʻlishi kerak.
66. Yuklarni bir nechta kranlar bilan boshqa joyga koʻchirish ishlari amaldagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq olib borilishi kerak.
67. Yuklarni vilkasimon ushlash moslamasiga ega avto va elektr yuklagichlar yordamida boshqa joyga koʻchirishda yuk vilka elementlariga nisbatan bir tekis joylashtirilishi hamda avtoyuklagichdan foydalanish qoʻllanmasi talablariga muvofiq pol sathidan 300 — 400 mm balandlikka koʻtarilgan boʻlishi lozim.
Yuklarni yuklagichlar yordamida tashishda yoʻl qiyaligi ramaning ruxsat etilgan qiyalik burchagidan oshmasligi lozim.
68. Yukning ogʻirlik markazi vilkasimon ushlash moslamasining barqarorligini taʼminlaydigan tarzda joylashtirilishi, bunda yukning tayanch yuzasidan chiqib turgan qismi chap va oʻng tomonlarda simmetrik ravishda bir xil boʻlishi hamda tayanch yuzasi uzunligining uchdan bir qismidan oshmasligi lozim.
69. Vilkasimon ushlash moslamasiga ega avto va elektr yuklagichlar yordamida idishlarni tashish hamda ularni shtabelga joylashtirish ishlari donalab joylashtirish usulida amalga oshirilishi lozim.
70. Katta oʻlchamli yuklarni avto va elektr yuklagichlar yordamida boshqa joyga koʻchirish ishlari orqaga yurish orqali hamda faqat yuklarni ortish va tashish ishlariga masʼul shaxs yuklagichni kuzatib borgan holda amalga oshirilishi lozim.
Mazkur masʼul shaxs yuklagich haydovchisiga harakat yoʻnalishini koʻrsatishi, ogohlantiruvchi signallar berishi hamda yuklagichning xavfsiz harakatlanishini taʼminlashi shart.
8-§. Idishga solingan donali yuklarni ortish va tushirish jarayoniga qoʻyiladigan talablar
71. Yuklar transport vositalarida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-apreldagi 172-son qarori bilan tasdiqlangan Yoʻl harakati qoidalari talablariga muvofiq tashilishi kerak.
Bunda:
yuk haydovchi va atrofdagilarga xavf tugʻdirmasligi, haydovchiga koʻrinishni cheklamasligi, transport vositasi barqarorligini buzmasligi, yoritish va signal asboblari hamda raqam belgilarini berkitmasligi, qoʻl signallarini qabul qilishga xalaqit qilmasligi, shovqin va chang chiqarmasligi, yoʻl hamda atrof-muhitni ifloslantirmasligi kerak;
transport vositasining gabaritlaridan oldi yoki orqa tomonga 1 m dan, yon tomonga gabaritning chetki qismidan 0,4 m dan ortiq chiqib turgan yuk “Katta oʻlchamli yuk” taniqlik belgisi bilan belgilanishi, sutkaning qorongʻi vaqtida va yetarlicha koʻrinmaydigan sharoitda esa, bunga qoʻshimcha ravishda oldi oq rangli chiroq yoki yorugʻlik qaytargich, orqasi esa qizil rangli chiroq yoki yorugʻlik qaytargich bilan belgilanishi kerak.
72. Transport vositalari (tirkama) kuzoviga yuk ortish ishlari kabina tomonidan orqa bort tomon yoʻnalishda, yuk tushirish ishlari esa teskari ketma-ketlikda amalga oshirilishi lozim.
Yuklar transport vositalariga tashish jarayonida siljimaydigan va agʻdarilib ketmaydigan tarzda joylashtirilishi hamda oʻrnatilishi kerak. Zarur hollarda yuklar qoʻshimcha ravishda mahkamlanishi lozim.
73. Idishga solingan donali yuklar taglik (paddon), konteyner va boshqa qadoqlash vositalaridan foydalangan holda tashilishi kerak.
Qadoq ichidagi yuklar siljitmaydigan tarzda mahkamlangan boʻlishi kerak.
74. Yuk taglik chetlaridan 20 mm dan ortiq chiqib turmasligi lozim. Uzunligi 500 mm dan ortiq boʻlgan mustahkam qutilar uchun ushbu masofani 70 mm gacha oshirishga ruxsat etiladi.
75. Konteyner qopqoqlari yuklarni boshqa joyga koʻchirish uchun boshqa buyumlardan tozalangan boʻlishi kerak. Konteynerlarni ildirish ishlari yuk ilish sxemasiga muvofiq amalga oshirilishi kerak.
76. Konteynerlarni qoʻlda ildirish va ilingan konteynerlarni yechish ishlarini bajarishda yuk iluvchining xavfsizligi narvonlar, ikki tomonlama ochiladigan narvonlar hamda boshqa moslamalardan foydalanish orqali taʼminlanishi lozim.
77. Konteynerlarni koʻtarish, tushirish yoki boshqa joyga koʻchirish paytida ularning ustida, ichida va yonida joylashgan konteynerlarda xodimlar boʻlmasligi kerak.
78. Yogʻoch-taxta materiallarni transport vositalariga yuklashda ularning namligi oʻzgarishi natijasida koʻtariladigan yukning ogʻirligi oshishini inobatga olib qadoqlangan koʻrinishda yuklash kerak.
79. Yogʻoch-taxta materiallarini ortish va tushirish joylarida qadoqlar yoki taxlamlarning agʻdarilib ketishini istisno etuvchi moslamalar nazarda tutilishi lozim.
80. Sochiluvchan yuklarni ortish va tushirish ishlari ish joyi havosining ifloslanishini istisno etuvchi mexanizatsiyalashtirilgan usullarda amalga oshirilishi kerak.
Sochiluvchan yuklarni shtabeldan olishda agʻdarilish xavfini keltirib chiqaruvchi boʻshliqlar hosil qilgan holda yukning pastki qismidan olishga yoʻl qoʻyilmaydi.
81. Yarim vagonlardan sochiluvchan yuklarni tushirishda lyuklarni, xodimlarning xavfsiz masofada boʻlishlarini taminlaydigan maxsus moslamalar yordamida ochish kerak.
82. Sochiluvchan yuklarni yarim vagonlardan estakadada joylashgan, balandligi 2,5 m boʻlgan yoʻllarda tushirish ishlarini amalga oshirishda lyuklarni ochish maxsus supachalardan foydalangan holda bajarilishi lozim.
83. Bunkerlar, minora va boshqa sigʻimlarni sochiluvchan ashyolardan boʻshatishda (ortishda) sigʻimlarning yuqori qismida xodimlarning sigʻim ichiga tushib ketishining oldini oluvchi maxsus qurilmalar (toʻrlar, lyuklar, toʻsiqlar) boʻlishi kerak.
84. Xodimlar katta oqimli yoki tortib ketish xususiyatiga ega sochiluvchan yuklar ustidan oʻtishi zarur boʻlgan hollarda traplar yoki butun harakatlanish yoʻli boʻylab toʻsiqli oʻtish toʻshamalari oʻrnatilishi lozim.
Xodimlar sochiluvchan materiallar ustidan harakatlanishda xavfsizlik arqoni bilan jihozlangan saqlagich belbogʻlardan foydalanishlari shart.
85. Sochiluvchan yuklarni tepalikda joylashgan agʻdarma transport vositalaridan tushirishda, shuningdek xandaq va zovurlarni tuproq bilan toʻldirish ishlarida joylashgan agʻdarma transport vositalari tabiiy qiyalik chetiga kamida 1 m masofada joylashtirilishi lozim.
86. Agʻdarma transport vositalarini shibbalanmagan joylarga kirishiga, shuningdek toʻxtatgich bruslar bilan jihozlanmagan estakadalardan turib yukni boʻshatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
9-§. Yuklarni transport vositasi kuzoviga joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
87. Idishsiz yuklarni ortishda yuk kuzovi bortlaridan yuqori chiqib turmasligi hamda kuzov poli maydoni boʻylab bir tekis joylashtirilishi lozim.
88. Kuzov bortlaridan chiqib turadigan donali yuklar takelaj vositalari (kanatlar, zanjirlar) yordamida bogʻlab mahkamlanishi lozim.
Yuklarni bogʻlashishlarini bajarayotgan xodimlar ortish va tushirish maydonchasida xavfsiz joyda turishlari kerak.
89. Transport vositasidagi yukning umumiy balandligi harakat yoʻnalishidagi koʻprik osti yoʻllari va koʻpriklar balandligidan, shuningdek yer sathidan yukning eng yuqori nuqtasigacha 3,8 m dan oshmasligi lozim.
90. Qutili, bochkali va boshqa donali yuklar harakat vaqtida (toʻsatdan tormoz berish, joyidan qoʻzgʻalish yoki keskin burilishlarda) kuzov poli boʻylab siljib ketmasligi uchun zich, boʻsh joy qoldirmasdan joylashtirilishi lozim.
Yuklar orasidagi boʻshliqlar mustahkam qistirmalar va tirgaklar bilan toʻldirilishi kerak.
91. Bochkali idishlardagi yuklarni bir necha qator qilib joylashtirishda ularni xodacha boʻylab yoki yon tomoni bilan dumalatib joylashtirish lozim.
Suyuqlik toʻldirilgan bochkalar tiqin qismi yuqoriga qaratilgan holda oʻrnatilishi kerak. Bochkalarning har bir qatori orasiga taxtali qistirmalar qoʻyilishi, chetki qatorlari esa ponalar bilan mahkamlanishi lozim. Ponalar oʻrniga boshqa buyumlardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
92. Panjarali yashiklarda joylashtirilgan, ichida suyuqlik boʻlgan shisha idishlar tik holatda oʻrnatilishi lozim. Bunday yuklarni yotqizib joylashtirish taqiqlanadi.
93. Panjarali yashiklardagi shisha idishli yuklarni tashishda pastki qatorni shikastlanishdan muhofaza qiluvchi mustahkam qistirmalar qoʻllanmasdan ularni ikki qator qilib bir-birining ustiga joylashtirishga ruxsat etilmaydi.
94. Harakat jarayonida yuklarning siljib ketishi yoki agʻdarilishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida kuzovdagi har bir yuk alohida tartibda mahkamlanishi lozim.
Suyuqlik bilan toʻliq toʻldirilmagan sisternali transport vositalari burilishlarni past tezlikda amalga oshirishi lozim.
95. Qoplardagi yuklar shtabellarda bogʻlab joylashtirilishi lozim. Yirtiq idishlardagi yuklarni shtabelga taxlash taqiqlanadi. Shtabelning balandligi 6 m dan oshmasligi kerak.
96. Idishlarni koʻzdan kechirish ishlari koʻzdan kechirish tartibi va usullarini, shuningdek aniqlangan shikastlanishlar va nosozliklarni bartaraf etish usullarini belgilaydigan yoʻriqnomalar asosida amalga oshirilishi lozim.
97. Yuk iluvchilar idishlardan foydalanishdan oldin ularning texnik holatini koʻzdan kechirishlari shart.
98. Ishlar amalga oshiriladigan joylarda yaroqsiz yoki shikastlangan idishlarni saqlash va ulardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
10-§. Idishlarga yuklarni ortish va ularni tashishga qoʻyiladigan talablar
99. Idishga uning nominal brutto massasidan ortiq miqdorda yuk ortilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
100. Yukni ortishda idishda deformatsiyalar paydo boʻlmasligini taʼminlashi kerak.
101. Idishga joylashtirilgan yuk uning bortlarining yuqori chekka qismidan kamida 100 mm past sathda joylashtirilishi lozim.
102. Shtabeldagi idishlarning ochiladigan qismi yopiq holatda boʻlishi lozim.
103. Idishlarni agʻdarish ishlari maxsus moslamalar bilan jihozlangan yuk koʻtarish qurilmalari yordamida amalga oshirilishi lozim.
104. Idishlarni sudrab tortish yoki qirrasiga burib siljitishga yoʻl qoʻyilmaydi.
105. Idishlar tamirlangandan yoki foydalanishga topshirilgandan soʻng ularni sinov yuklamasi bilan sinash talab etilmaydi.
106. Qutidagi yuklarni boshqa joyga koʻchirishda qoʻllarni shikastlanishdan muhofaza qilish maqsadida har bir quti oldindan koʻzdan kechirilishi lozim.
Chiqib turgan mixlar va temir oʻramlarning oʻtkir chetlari qayirilishi yoki tekislanishi va xavfsiz holatga keltirilishi lozim.
107. Shtabelning yuqori qismidagi quti yoki kiplarni olish zarurati tugʻilganda, yonma-yon joylashgan yuklarning barqaror holatda ekanligi hamda ularning agʻdarilib ketmasligiga ishonch hosil qilinishi lozim.
108. Quti va kiplarni yopiq omborxonalarda joylashtirishda asosiy oʻtish yoʻlaklarining kengligi kamida 3 — 5 m dan kam boʻlmasligi lozim.
109. Bochkalar, barabanlar va rulonlardagi yuklarni qoʻlda dumalatib ortishga faqat omborxona poli, vagon poli yoki transport vositasi kuzovi bir sathda joylashgan hollarda ruxsat etiladi.
110. Agar omborxona poli vagon poli yoki transport vositasi kuzovi sathidan past joylashgan boʻlsa, bochkali yuklarni ortish va tushirish quyidagi tartibda amalga oshirilishiga ruxsat etiladi:
massasi 80 kg gacha boʻlgan yuklar — qoʻlda yoki ikki nafar xodim tomonidan dumalatish orqali;
massasi 80 kg dan ortiq boʻlgan yuklar — kanatlar yoki mexanizatsiya vositalari yordamida.
111. Bochkali yuklarni, ularning ogʻirligidan qatʼi nazar, yelkada tashish taqiqlanadi.
112. Dumalatib pastga tushirilayotgan yukning oldi tomonida turish, shuningdek bochkali yuklarni xodacha orqali yuqoriga dumalatib chiqarish paytida yukning orqa tomonida turish taqiqlanadi.
113. Yuklarni yotiq tekislik boʻylab ularning chet qismidan itarish orqali siljitishga yoʻl qoʻyilmaydi.
11-§. Yechib olinadigan yuk ilish moslamalariga qoʻyiladigan talablar
114. Ishlatish jarayonida yechib olinadigan yuk ilish moslamalari davriy ravishda koʻzdan kechirib turilishi lozim:
stroplar — kamida har oʻn kunda;
qisqichlar, ushlagichlar, traverslar (koʻtargichlar) va idishlar — oyiga kamida bir marta;
kam foydalaniladigan stroplar — foydalanishga topshirilishidan oldin.
Stroplar maxsus tashkilotlar tomonidan tayyorlangandan yoki taʼmirlangandan soʻng ular nominal yuk koʻtarish qobiliyatining 1,25 baravaridan kam boʻlmagan yuklama bilan sinovdan oʻtkazilishi lozim.
115. Stroplar va idishlarni koʻzdan kechirish ishlari ixtisoslashtirilgan tashkilot tomonidan ishlab chiqilgan, koʻrik oʻtkazish tartibi va usullari, yaroqsizlik belgilari, shuningdek aniqlangan buzilishlarni bartaraf etish usullarini belgilab beruvchi yoʻriqnoma asosida amalga oshirilishi lozim.
12-§. Yarim vagonlar, platformalar, transport vositalariga yuk ortish jarayoniga qoʻyiladigan talablar
116. Transport vositalariga yuklar ularni tushirish jarayonida qulay va xavfsiz ildirish imkoniyatini taʼminlaydigan tarzda ortilishi lozim.
117. Yarim vagonlar, platformalar, avtomashinalar va boshqa transport vositalarida ortish va tushirish ishlari ularning muvozanati buzilishiga yoʻl qoʻymagan holda amalga oshirilishi kerak.
118. Tayyor metall mahsulotlarni yarim vagonlarga ortishda ular yarim vagonning butun kengligi boʻylab kesimi 40x100 mm² boʻlgan taxtalardan tayyorlangan koʻndalang qistirmalar ustiga taxlanishi kerak.
119. Tayyor metall mahsulotlarning alohida uyumlari biri-biriga parallel ravishda yon tomonlarga ogʻishiga yoʻl qoʻymagan holda joylashtirilishi kerak.
Kesim oʻlchami 180 mm gacha boʻlgan har bir tayyor metall mahsulotlarning diametri 6 mm dan kam boʻlmagan ikki ipli oʻralgan sim bilan:
metall uzunligi 6 m gacha boʻlganda ikki joyidan;
metall uzunligi 6 m dan katta boʻlganda uch joyidan bogʻlanishi kerak.
120. Kesim oʻlchami 180 mm dan ortiq oʻlchamdagi tayyor metall mahsulotlar har bir uyumi diametri 6 mm boʻlgan ikki ipli koʻndalang oʻralgan sim bilan:
metall uzunligi 9 m gacha boʻlsa — ikki joyidan;
poʻlat uzunligi 9 m dan katta boʻlsa — uch joyidan bogʻlanishi kerak.
121. Diametri 111 — 450 mm boʻlgan quvurlar transport vositalariga qoʻshni qatorlar orasiga kesimi kamida 35×100 mm² boʻlgan taxtadan tayyorlangan, kamida uchta qistirma qoʻyilgan holda joylashtirilishi kerak.
122. Temir-beton buyumlar va konstruksiyalarni yarim vagonlar hamda platformalarga ortishda ularni taxlash ishlari kesimi kamida 40×100 mm² boʻlgan taxtadan tayyorlangan ikkita koʻndalang yogʻoch taglik ustida amalga oshirilishi lozim.
123. Konstruksiyalarni yarim vagonlarda shtabel qilib taxlashda shtabel qatorlari orasiga eni taglik enidan 40 mm dan koʻp boʻlmagan qistirmalar joylashtirilishi lozim. Bunda, qistirmalar tagliklar ustiga vertikal oʻq boʻyicha joylashtirilishi lozim.
124. Taglik va qistirmalar yuk uzunligi boʻyicha bir tekisda va platforma yoki yarim vagon oʻrtasiga nisbatan mutanosib joylanishi kerak.
13-§. Xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
125. Elektr magnitli va greyferli kranlar yordamida yuk ortish va tushirish ishlari amalga oshirilayotganda platformalarda, transport vositalarida, yarim vagonlarda va boshqa harakatlanuvchi tarkiblarda odamlarning boʻlishi taqiqlanadi.
Yuk iluvchining ish joyi texnologik hujjatlarda belgilangan boʻlishi hamda doimiy ish joylari tegishli tarzda jihozlanishi (estakada qurilmalari, bostirmali maydonchalar va boshqalar bilan taʼminlanishi) lozim.
126. Yuk ortish va tushirish ishlarini amalga oshirishga oid hujjatlarda yuk iluvchi uchun har bir yukni koʻtarish va tushirish jarayonida xavfsiz joylar koʻrsatilgan holda ishlarni bosqichma-bosqich bajarish tartibi nazarda tutilgan boʻlishi lozim.
127. Yuklarni joylashtirishda qoʻllaniladigan usullar quyidagilarni taʼminlashi kerak:
shtabellar, qadoqlar va yuklarning barqarorligini;
koʻtarma-transport uskunalarining osma ushlagichlari yordamida shtabellarni mexanik ravishda qismlarga boʻlish va yuklarni koʻtarish imkoniyatini;
shtabelda yoki uning atrofidagi xodimlar xavfsizligini;
xodimlarning shaxsiy himoya vositalari, yongʻin oʻchirishning birlamchi vositalari va texnikalaridan xavfsiz foydalanish imkoniyatini;
yopiq omborxonalarda tabiiy va sunʼiy shamollatishda havo oqimining aylanishini;
elektr uzatish, muhandislik kommunikatsiya va energiya taʼminoti tizimida muhofaza zonalari talablariga rioya qilinishini.
128. Yuklarni tashish xavfsizlik talablariga javob beradigan transport vositalarida amalga oshirilishi kerak.
129. Tashkilotning transport vositalari davlat raqam belgisiga yoki tashkilotning ichki roʻyxat raqamiga ega boʻlishi kerak.
130. Yuklarni tashish ushbu yukning tashish boʻyicha texnologik hujjatlarida koʻrsatilgan idishlarda yoki jihozlarda amalga oshirilishi kerak.
131. Avto va elektr yuklagichlarni qattiq va tekis qoplamali maydonlarda ishlatish kerak.
132. Yuklarni yuklagichlar bilan boshqa joyga koʻchirishda texnologik hujjatlarga muvofiq maxsus moslamalarni (vilkali ushlagichlar, ilgaklar, choʻmichlar) qoʻllash kerak.
133. Mayda yoki muvozanatini yoʻqotish xavfi mavjud yuklarni tashishda vilkali ushlagichli yuklagichlar harakatlanish paytida yuklarni tirab turish uchun saqlagich ramka yoki karetka bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
134. Vilkali ushlagichlarning uzaytirgichlari mustahkam mahkamlanadigan va ularni ushlagichda ushlab turadigan tegishli zanjir yoki moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
135. Avtoyuklagich haydovchisining koʻrish doirasini cheklaydigan yirik oʻlchamli yuklarni boshqa joyga koʻchirish ishlari maxsus ajratilgan va yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazilgan signalchi kuzatuvida amalga oshirilishi lozim.
136. Odamlarni transport vositasida tashishga faqat transport vositasini ishlab chiqargan korxona hujjatlariga muvofiq bajarilgan oʻtirgichlar mavjud boʻlgandagina ruxsat etiladi.
137. Transport vositasi kuzovida yukchilarni tashishga ruxsat etilmaydi.
Agar ish xususiyatidan kelib chiqib ekspeditor yoki yukchini tashish zarurati yuzaga kelsa, ular transport vositasi kabinasida joylashtirilishi shart.
14-§. Yuk ortish va tushirish ishlarini olib borish hududini jihozlashga qoʻyiladigan talablar
138. Yuk ortish va tushirish ishlari olib boriladigan joylar yuklar va koʻtarma-transport mashinalardan tushadigan yuklamalarni qabul qilish imkoniyatiga ega boʻlgan, tekis qattiq qoplamali yoki tuproqli maxsus ajratilgan hududda joylashtirilishi kerak.
139. Yuk ortish va tushirish ishlari olib borish uchun maydonlar 5° dan ortiq boʻlmagan, avto va elektr yuklagichlar qoʻllanganda esa 3° dan koʻp boʻlmagan qiyalikka ega boʻlishi kerak.
140. Yuk ortish va tushirish ishlari olib boriladigan joylar ogohlantiruvchi belgilar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
141. Yuk ortish va tushirish ishlari olib boriladigan joylarga kirish yoʻllari qattiq qoplamaga ega boʻlishi va soz holatda saqlanishi kerak.
Yuk ortish va tushirish ishlari olib boriladigan joylarda transport vositalarining harakati tashkilot maʼmuriyati tasdiqlagan sxema boʻyicha tashkil qilinishi, kirish va chiqishda, burilish va transport vositalarini tushirish (ortish)ga qoʻyishda maxsus chiziqlar va yoʻl belgilari bilan tartibga solib turilishi kerak.
142. Yoʻllarning zovurlar, xandaqlar va temir yoʻl tarmoqlari bilan kesishgan joylarida oʻtish uchun toʻshamalar va koʻpriklar oʻrnatilishi kerak.
143. Oʻtish yoʻllari kengligi transport vositalarining ikki tomonlama harakatlanishida kamida 6,2 m va bir tomonlama harakatlanishida kamida 3,5 m boʻlib, yoʻllarning burilish joylari tegishli ravishda kengaytirilgan boʻlishi kerak.
144. Yuk ortish va tushirish maydonchalari ishlarni xavfsiz bajarish uchun normal oʻlchamlarni taʼminlashi kerak.
145. Omborxonalarda va qisqa muddatli saqlash joylarida saqlanayotgan idishga solingan donali yuklarni ortish va tushirish maydonchalarida transport vositasi kuzovining poli balandligiga teng boʻlgan balandlikda platformalar, estakadalar, rampalar qurilgan boʻlishi kerak.
Transport vositalari kirish tomonidagi rampalarning kengligi 1,5 m dan kam boʻlmasligi va 5° dan katta boʻlmagan qiyalikka ega boʻlishi kerak.
Transport vositalari harakatlanishi uchun moʻljallangan estakadalar kengligi 3 m dan kam boʻlmasligi kerak.
15-§. Ishlab chiqarish binolariga (xonalari) qoʻyiladigan talablar
146. Yertoʻla va yarim yertoʻla xonalarda joylashgan, zinalar soni bittadan ortiq yoki balandligi 1,5 m dan yuqori boʻlgan zinalarga ega omborxonalar yuk tushirish uchun lyuklar, traplar hamda yuk koʻtargichlar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
147. Birinchi qavatdan yuqorida joylashgan hamda zinalar soni bittadan ortiq yoki balandligi 2 m dan yuqori boʻlgan omborxonalar yuklarni tushirish va koʻtarish uchun koʻtargichlar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
148. Yuk ortish va tushirish ishlarini olib borish joylari yetarli darajada yoritilgan boʻlishi kerak.
Zarur hollarda katta maydonlarni yoritish uchun projektorli qurilmalardan foydalanish mumkin.
149. Ishlab chiqarish binolarida yuk ortish va tushirish ishlarini olib borish uchun mikroiqlimning koʻrsatkichlari SanQvaN 0324-16 “Ishlab chiqarish binolarining mikroiqlimning sanitariya-gigiyenik normalari” talablariga muvofiq boʻlishi kerak.
150. Pol maydoni bir xodim uchun 100 m² dan ortiq toʻgʻri keladigan ishlab chiqarish xonalarida SanQvaN 0324-16 “Ishlab chiqarish binolarining mikroiqlimning sanitariya-gigiyenik normalari” talablarida belgilangan harorat, nisbiy namlik hamda havo harakati tezligi koʻrsatkichlari faqat doimiy ish joylarida taʼminlanishi lozim.
151. Ish joyi havosidagi zararli moddalar miqdori SanQvaN 0294-11 “Ish joylari havosidagi zararli moddalarning ruxsat etilgan miqdorining gigiyenik talablari”da belgilangan ruxsat etilgan konsentratsiya chegarasidan oshmasligi lozim.
Bunda:
ish joyi havosida bir vaqtning oʻzida bir xil yoʻnalishda taʼsir koʻrsatuvchi bir nechta zararli moddalar mavjud boʻlganda, ularning haqiqiy konsentratsiyalarini tegishli ruxsat etilgan konsentratsiya chegarasiga nisbatlari yigʻindisi birdan oshmasligi lozim;
ish joyi havosida bir vaqtning oʻzida turli yoʻnalishda taʼsir qiluvchi bir nechta zararli moddalar mavjud boʻlsa, har bir modda uchun belgilangan ruxsat etilgan konsentratsiya chegarasi alohida tartibda qoʻllaniladi.
152. Ish joylaridagi ruxsat etilgan shovqin darajalari, uskunalarning shovqin chiqarish xususiyatlari, shovqindan himoya qilish, tebranishlar Ish joylaridagi shovqin, tebranish, infratovush va ultratovush darajalariga doir sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari (0111-26-son SanQvaN) (hisob raqami 399, 2026-yil 28-aprel) talablariga muvofiq belgilanadi.
153. Ishlab chiqarish binolarida ishlar oli borilayotganda temir yoʻl transportida yuk ortish va tushirish ishlarini olib borishdan oldin yoʻl va strela holatini hamda temir yoʻl vagonlarining qoʻl tormozlarini mustahkamligini tekshirish kerak.
154. Ishlab chiqarish binolari ichidagi relsli yoʻllar pol sathi bilan bir tekisda boʻlishi lozim. Tashkilot hududidagi relsli yoʻllar esa tekis, ishonchli mahkamlangan va bir xil turdagi relslardan tashkil topgan boʻlishi kerak.
155. Katta oʻlchamli yuklar ortiladigan joylarda temir yoʻllarda yukning balandligi va kengligi boʻyicha ruxsat etilgan oʻlchamlarni belgilab beruvchi oʻlchovli darvozalar oʻrnatilishi lozim.
156. Temir yoʻllar boʻylab rels kallagi sathida xodimlarning xavfsiz harakatlanishini taʼminlovchi toʻshamalar oʻrnatilgan boʻlishi kerak.
157. Boshi berk temir yoʻl izlari tirgaklar bilan jihozlanishi lozim.
158. Yuk ortish va tushirish maydonchalarining oʻlchamlari transport vositalari va yuklar oʻrtasidagi masofa kamida 1 m boʻlishi lozim.
159. Ishlab chiqarish binolar yaqinida yuk ortish va tushirish ishlari amalga oshirilganda bino bilan yuklangan transport vositasi oʻrtasidagi masofa kamida 0,8 m boʻlishi, bunda yoʻlka hamda toʻxtatuvchi bruslar nazarda tutilishi kerak.
16-§. Ishlab chiqarish uskunalariga qoʻyiladigan talablar
160. Yuk ortish va tushirish ishlarida qoʻllaniladigan ishlab chiqarish uskunalari montaj qilish, foydalanish va taʼmirlash jarayonlarida, shuningdek alohida yoki texnologik tizim tarkibida qoʻllanilganda xavfsiz boʻlishi lozim.
161. Yuklarni koʻtarish va boshqa joyga koʻchirish ishlari ikkita kran yordamida amalga oshirilganda, yukni bogʻlash va ildirish ishlari kranlar bilan ishlarning xavfsiz bajarilishi uchun masʼul shaxsning bevosita rahbarligi ostida bajarilishi lozim.
17-§. Ish maydonchasida transport vositalari va yuk koʻtarish mashinalarini joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
162. Yuk ortish va tushirish maydonchasida yuklarni ortish yoki tushirish uchun transport vositalari oʻrtasidagi masofa quyidagilardan kam boʻlmasligi lozim:
transport vositalari qatori ichida — 10 m;
yuk tushirish maydoni boʻylab — 1,5 m;
ombor devorigacha — 0,5 m;
yuk shtabeligacha — 1 m.
163. Yuk koʻtarish mashinalaridan binolarning qismlarigacha hamda uskunalarning chiqib turgan elementlarigacha boʻlgan masofa mazkur Qoidalarning 2-ilovasida belgilangan meʼyorlardan kam boʻlmasligi lozim.
164. Koʻpriksimon va koʻchma konsol kranlar kabinasiga kirish mustahkam boʻlishi hamda turgʻun zinalar va chiqish maydonchalari bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
165. Kran yoʻli boʻylab joylashgan oʻtish galereyasi balandligi kamida 1 m boʻlgan suyanchiqlar, pastki qismida balandligi kamida 0,1 m boʻlgan yaxlit himoya toʻsigʻi bilan jihozlangan hamda har 200 m masofada zina orqali chiqish yoʻliga ega boʻlishi lozim.
166. Galereyalar, maydonchalar va oʻtish yoʻllari uzunligi hamda eni boʻylab sirpanishning oldini oluvchi materiallardan, jumladan botiq-boʻrtma yoki teshikli poʻlat listlardan tayyorlangan toʻshamalar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
167. Chiqish maydonchalari va galereyalardagi zinalarning eni kamida 0,6 m, kranlarda esa kamida 0,5 m boʻlishi lozim.
Zinapoya qadamlarining oʻlchami quyidagicha belgilanadi:
tik zinalar uchun — 300 mm;
qiya zinalar uchun — 250 mm;
minora kranlarining qiya zinalari uchun — 200 mm.
Qiya zinalar ikki tomondan balandligi kamida 1,0 m boʻlgan suyanchiqlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
Balandligi 2,5 m dan ortiq boʻlgan tik zinalar zinadan 700 mm masofada oʻrnatilgan, qadami 0,8 m dan oshmaydigan himoya yoylari bilan toʻsilgan boʻlishi lozim.
Zina balandligi 10 m dan yuqori boʻlganda har 6 m koʻtarilganda suyanchiqli toʻsiqlar bilan maydoncha qurilishi kerak.
168. Yuk koʻtarish mashinalarini oʻrnatishda yukni koʻtarish jarayonida poʻlat arqonlarning qiya tortilishiga yoʻl qoʻyilmasligi, shuningdek yukni koʻchirish vaqtida uskunalar, yuk shtabellari hamda boshqa obyektlardan kamida 0,5 m xavfsiz masofa taʼminlanishi lozim.
169. Kranni yerdan turib yoki radio orqali boshqarishda kran harakatining barcha yoʻnalishlari boʻyicha kranni boshqaruvchi xodim uchun erkin harakatlanish yoʻli taʼminlanishi lozim.
170. Strelali oʻziyurar kranni oʻrnatish ishlari kran pasportida koʻrsatilgan qiyalik meʼyorlaridan oshmaydigan, shibbalangan va tuproq bilan tekislangan maydonchada amalga oshirilishi lozim.
171. Strelali oʻziyurar yoki temir yoʻl kranlarida ish boshlashdan oldin kran chiqariladigan tayanchlarga oʻrnatilishi hamda tayanchlar ostiga turgʻun va mustahkam tagliklar qoʻyilishi lozim.
172. Havo elektr uzatish tarmoqlarining muhofaza hududlarida kranlarni oʻrnatish ishlari mazkur tarmoqlar egalari bilan kelishilgan holda amalga oshirilishi lozim.
173. Elektr uzatish tarmoqlarining eng chetki simlaridan yoki 42 V kuchlanishli havo elektr tarmogʻidan 30 m dan kam masofada transport vositasi, pnevmogʻildirakli va gusenitsali (temir yoʻlli kranlardan tashqari) oʻziyurar strelali kranlarni oʻrnatish hamda ulardan foydalanish ishlari topshiriq-ruxsatnoma asosida amalga oshirilishi lozim.
18-§. Turli turdagi yuklarni saqlash, taxlashga qoʻyiladigan talablar
174. Yuklarni tashishda xavfli va zararli ishlab chiqarish omillari paydo boʻlishini istisno etuvchi vositalardan foydalanish kerak.
175. Yirik oʻlchamli va ogʻir vaznli yuklar tagliklarga bir qator qilib taxlanishi kerak.
176. Joylashtirilayotgan yuklar yiqilish, agʻdarilish va toʻkilish xavfini istisno etgan holda, ishlab chiqarish jarayoniga yoki joʻnatish uchun ortish ishlariga erkin kirib-chiqish imkoniyatini hamda xavfsiz ish sharoitlarini taʼminlaydigan tartibda taxlanishi lozim.
177. Yuklarni taxlashda, shu jumladan yuk ortish va tushirish maydonchalari hamda vaqtinchalik saqlash joylarida yuklarni binolar devorlariga, ustunlarga va uskunalarga zich qilib joylashtirishga, shuningdek shtabellarni bir-biriga zich qilib taxlashga yoʻl qoʻyilmaydi.
178. Yuk bilan devor yoki ustun oʻrtasidagi masofa kamida 1 m, yuk bilan bino tomi oʻrtasidagi masofa kamida 1 m, shuningdek yuk bilan yoritish chirogʻi oʻrtasidagi masofa kamida 0,5 m boʻlishi lozim.
179. Quti va kiplardagi yuklar shtabellarga mustahkam taxlanishi kerak.
180. Qop va qogʻoz qoplardagi yuklar shtabellarga bogʻlab taxlanishi kerak.
181. Qoʻl bilan ortishda shtabellar balandligi 3 m dan, yuk koʻtarish mexanizmlari qoʻllanilganda 6 m dan oshmasligi kerak.
182. Nosoz, yaroqsiz idishlarni shtabelga taxlashga ruxsat etilmaydi.
183. Yuklarni taxlash usullari quyidagilarni taʼminlashi lozim:
taxlanayotgan shtabellar, qadoqlar va yuklarning barqarorligi;
shtabellarni mexanizatsiyalashtirilgan tarzda ajratish hamda koʻtarish transport vositalarining osma ushlagichlari orqali yuklarni koʻtarish imkoniyati;
shtabelda yoki uning atrofida ishlayotgan xodimlarning xavfsizligi;
xodimlarning shaxsiy himoya vositalari, birlamchi yongʻin oʻchirish vositalari va texnikalaridan soz holatda hamda xavfsiz foydalanish imkoniyati;
yopiq omborxonalarda tabiiy va sunʼiy shamollatish (ventilyatsiya) sharoitida havo oqimining erkin aylanishi;
elektr uzatish tarmoqlari, muhandislik kommunikatsiyalari va energiya taʼminoti muhofaza hududlariga oid talablarga rioya etilishi.
184. Yuk ortish va tushirish ishlari vaqtida harakatlanuvchi tarkibdan yuk tushib ketishi ehtimoli mavjud boʻlgan hududda odamlar va transport vositalarining boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
185. Temir yoʻl va yer usti kran yoʻllari yaqinida joylashtiriladigan yuklar rels kallagining yukka eng yaqin tashqi chegarasidan shtabel balandligi 1,2 m gacha boʻlganda kamida 2 m, shtabel balandligi 1,2 m dan ortiq boʻlganda esa kamida 2,5 m masofada joylashtirilishi lozim.
186. Yuklarni taxlashda (sochiluvchan yuklar bundan mustasno) ularning qisilib qolishi yoki maydoncha qoplamasiga muzlab yopishib qolishining oldini oluvchi choralar koʻrilishi lozim.
187. Shtabellar qatorlari orasidagi masofa yuklarni xavfsiz joylashtirish va tushirish imkoniyatini, shuningdek yongʻinga qarshi belgilangan oraliqlarga rioya etilishini taʼminlaydigan tarzda belgilanishi lozim.
188. Omborxonalar va yuklarni vaqtincha saqlash maydonchalarida shtabellar orasida kengligi kamida 1 m boʻlgan oʻtish yoʻlaklari, shuningdek transport vositalari, tashilayotgan yuklar hamda yuk ortish-tushirish mexanizmlarining oʻlchamlariga mos transport harakati yoʻllari tashkil etilgan boʻlishi lozim.
189. Harakatlanuvchi tarkibga yuklarni joylashtirishda vagon teng ravishda yuklanishi kerak.
190. Vagonga tushadigan yuklama oʻrtasidagi farq quyidagi meʼyorlardan oshmasligi kerak:
toʻrt oʻqli vagonlar uchun — 10 t;
olti oʻqli vagonlar uchun — 15 t;
sakkiz oʻqli vagonlar uchun — 20 t.
191. Har bir vagonga tushadigan yuklama mazkur turdagi vagon yuk koʻtarish quvvatining yarmidan oshmasligi, yukning umumiy ogʻirlik markazining koʻndalang siljishi esa vagon boʻylama oʻqining vertikal tekisligidan 100 mm dan oshmasligi kerak.
192. Yuklar tagliklarga taxlanishi, oʻqlar orasidagi masofa 700 mm dan kam boʻlmasligi kerak.
193. Yuk platformaning orqaga tushiriladigan bortlariga tiralib turmasligi kerak.
Bunda, platformaning tushirilgan bortlari boʻylama toʻsinlardagi halqalarga mahkamlanishi, ular mavjud boʻlmaganda esa diametri kamida 4 mm boʻlgan sim yordamida yon tutqichlar va orqa toʻsinga bogʻlab qoʻyilishi lozim.
194. Yukning yarim vagon yoki platformaning oxirgi toʻsini chegarasidan chiqib turishi 400 mm dan oshmasligi kerak.
195. Ochiq harakatlanadigan tarkibda yuklarni joylash va mahkamlash uchun oʻragichlar, tirgaklar, ustunlar, tagliklar, qalqonlar, turniketlar va boshqa moslamalar hamda koʻp ishlatiladigan standart mahkamlagichlar qoʻllaniladi.
196. Yuk ortish ishlarini boshlashdan oldin vagon poli, yukning tayanch sirti, tagliklar, qistirmalar, bruslar hamda oʻralgan yuklar sirti qor, muz va boshqa iflosliklardan tozalangan boʻlishi lozim.
Qish mavsumida vagon pollari va tagliklarning yuk tayanadigan qismlari sirpanishining oldini olish maqsadida yupqa qatlamda toza quruq qum bilan qoplangan boʻlishi kerak.
197. Platforma poli sathidan yon tomon ustunlarining balandligi 2,8 m dan oshmasligi, kalta ustunlarning balandligi esa bort balandligidan kam boʻlmasligi lozim.
198. Yuklarni mahkamlash uchun tortgichlar (oʻragichlar) sim, metall sterjen, tasma, zanjir yoki poʻlat arqonlardan tayyorlangan boʻlishi mumkin.
Bunda, har bir tortgichning bir uchi yuk konstruksiyasiga, ikkinchi uchi esa yukni mahkamlash uchun moʻljallangan vagon qismlariga ishonchli tarzda mahkamlangan boʻlishi kerak.
199. Yuk joʻnatuvchi yuklarni tashishga jarayonida poyezdlar harakatining xavfsizligi va yuklarning butligi taʼminlanishi kerak.
200. Platforma va yarim vagonlarda ortish va tushirishda quyidagilar taqiqlanadi:
tishli greyferlar bilan yuklarni tushirish va greyferlarni platforma yoki yarim vagon poliga kuch bilan urib tushirish;
greyfer bilan platforma bortiga, yarim vagon kuzovining qoplamasiga va yuqori oʻralmasiga urish;
chigʻir yordamida ortishda troslarni yarim vagon kuzovining yuqori bogʻlovchi qismiga tegizish;
100 °S dan ortiq haroratdagi yuklarni ortish;
sochiladigan yuklarni gidravlik usulda ortish va tushirish;
yogʻoch bortli toʻrt oʻqli platformalarga bosh va yon tashqi tirgak skobalariga kalta tirgaklar oʻrnatmasdan sochiluvchan yuklarni ortish;
temir-beton plitalar, konstruksiyalar va shunga oʻxshash yuklarni yarim vagon kuzovi devorlariga tayantirilgan qiya holatda ortish;
alohida boʻlaklarining ogʻirligi 100 kg dan ortiq boʻlgan boʻlakli yoki muzlab qolgan rudalar, toshlar hamda boshqa sochiluvchan yuklarni greyfer, bunker yoki choʻmichni vagon poli yoki yuk sathidan 2,3 m dan yuqori balandlikda ochish orqali ortish;
elektr magnitli kranlar bilan elektr magnitni oʻchirib qoʻyib va yuklarni vagon polidan yoki yuk yuzasidan 0,5 m dan yuqori balandlikdan yukni tashlash orqali ortish va ogʻir vaznli yuklar (quymalar, xomashyo boʻlaklari, toʻsinlar) yuqoridan tashlamasdan joylashtirish;
yuklarni vagonlarning metall qismlariga payvandlash yoki teshish orqali mahkamlash;
platformalar bortlari va yarim vagon eshiklarini yechish.
201. Yuk tushirilgandan soʻng qabul qiluvchi yuk qoldiqlari va chiqindilardan tozalanib, tirkamalar, bruslar, tortqichlardan boʻshatilishi, yarim vagon lyuk qopqoqlari hamda platforma yon tomon zulfinlaridan simlar olib tashlanib, platforma bortlari, yarim vagon eshiklari va lyuklari yopilishi kerak.
19-§. Metall prokat mahsulotlarini tashish va joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
202. Metall prokat mahsulotlarini tashish uchun ularning turi va guruhiga qarab bortli platformali transport vositalari, yarim tirkamali shatakchilar, metall tashuvchilar hamda tirkamali yogʻoch aravali transport vositalari qoʻllaniladi.
Metall prokat mahsulotlari quyidagi tartibda tashilishi lozim:
uzun oʻlchamli prokatlar (poʻlat prokatlar, burchaklar, shvellerlar va qoʻshtavrlar) — shtabellar yoki bogʻlamlar koʻrinishida;
poʻlat kanatlar — buxta yoki barabanlarga oʻralgan holda;
oʻrama toʻrlar — yumshoq poʻlat sim bilan bogʻlangan holda;
yassi toʻrlar — qadoqlarga bogʻlangan holda;
kichik gabaritli metall buyumlar (mixlar, boltlar, gaykalar, shaybalar, vintlar) — idishlarga joylashtirilgan holda;
elektrodlar — qogʻozga oʻralgan va qutilarga joylashtirilgan holda;
rangli metallar va qotishmalar — taxlamlarga oʻralgan hamda idishlarga joylashtirilgan holda.
Uzun oʻlchamli metallarni tirkama-yogʻoch aravalarda tashishda tirkamaning erkin burilishini taʼminlash maqsadida transport vositasi kabinasi bilan yuk oʻrtasida har ikki tomonga 90° burilish imkonini beruvchi yetarli oraliq taʼminlanishi lozim.
Tashuvchi transport vositasi kuzovining old qismida yukning kabinaga shikast yetkazishining oldini olish maqsadida poʻlat toʻsiq oʻrnatilgan boʻlishi lozim.
203. Bogʻlamdagi dumaloq yoki kvadrat kesimli metall sterjenlarni yarim vagondan tushirishda ilgakli stroplar qoʻllanilishi, bogʻlam yoki sterjenlar esa “sirtmoq” usulida mahkamlanishi lozim.
Yuk 1 m gacha koʻtarilgandan soʻng yuk iluvchi yuk ilish ishlarining toʻgʻri bajarilganligiga ishonch hosil qilishi, ishlarni bajarish rejasi yoki texnologik kartalarda belgilangan xavfsiz joyga chiqishi hamda shu joydan yukni koʻtarish uchun signal berishi shart.
204. Yarim vagondan metall listlarni tushirishda quyidagi talablarga rioya qilinishi lozim:
yordamchi strop kranning nominal yuk koʻtarish qobiliyatidan oshmaydigan yuk ostiga keltirilishi, strop sirtmogʻi kran ilgagiga ilinishi va ilgak asta-sekin tortib koʻtarilishi kerak. Yuk iluvchilar ishlarni bajarish rejasi yoki texnologik kartalarda belgilangan xavfsiz joyga chiqishlari;
katta yuk iluvchi signaliga muvofiq kran mashinisti yukni 0,5 m dan ortiq boʻlmagan balandlikka koʻtarishi, hosil boʻlgan tirqishga esa yuk iluvchi asosiy stropni kiritishi kerak. Shundan soʻng yuk joyiga tushirilishi, yordamchi strop ilgakdan yechilishi va uning oʻrniga asosiy stroplar ilinishi.
Yuk iluvchilar xavfsiz joyga oʻtgandan keyin kran mashinisti katta yuk iluvchi signali asosida yukni taxlash joyiga koʻchiradi. Taxlash ishlari tagliklar yoki qistirmalar ustida amalga oshirilishi kerak.
205. Elektr magnitli kran yordamida yarim vagondan metall listlarni tushirishda quyidagi talablarga rioya qilinishi lozim:
yukning holati tekshirilishi, bunda magnit shayba yordamida qalinligi kamida 14 mm boʻlgan listlarni tushirishga ruxsat etilishi;
kran mashinistiga magnit shaybani yukka tushirish joyi koʻrsatilishi, shundan soʻng yuk iluvchi kran mashinistiga koʻrinadigan xavfsiz joyga oʻtishi va yukni koʻtarish uchun signal berishi;
yuk yarim vagon bortidan kamida 0,5 m balandlikka koʻtarilib, boshqa joyga koʻchirilishi va taxlash joyiga 1 m dan ortiq boʻlmagan balandlikkacha tushirilishi, soʻng qoʻl asboblari (uzun dastakli ilgaklar, tortqilar va boshqalar) yordamida uning holati toʻgʻrilanib shtabelga taxlanishi.
Mazkur tartib tushirish ishlari toʻliq yakunlangunga qadar saqlanishi shart.
206. Metall prokat mahsulotlari metallning xususiyatlari, oʻlchamlari, oʻralish turi, yuk oqimining jadalligi hamda tashish usullari inobatga olingan holda shtabellar yoki stellajlarga, bogʻlamlarda yoki alohida holda, ochiq, yopiq va yarim yopiq omborxonalarda joylashtirilishi lozim.
207. Ochiq maydonchalarda harorat va havo namligi oʻzgarishlari, atmosfera yogʻinlari hamda quyosh nurlarining toʻgʻridan-toʻgʻri taʼsiri natijasida oʻz xususiyati va sifatini yoʻqotmaydigan metall prokat mahsulotlari joylashtirilishi lozim.
208. Quyosh nurlarining toʻgʻridan-toʻgʻri taʼsiri va yogʻinlar natijasida ishga yaroqsiz holga kelishi mumkin boʻlgan metall prokat mahsulotlarini saqlash uchun soyabonlar oʻrnatilishi lozim.
209. Metall prokat mahsulotlarini joylashtirishda shtabellar yoki stellajlar qatorlari orasida kengligi kamida 1 m boʻlgan, shuningdek qatordagi shtabellar yoki stellajlar orasida kengligi kamida 0,8 m boʻlgan oʻtish yoʻlaklari boʻlishi lozim.
210. Metall prokatlarni qoʻlda taxlashda shtabel yoki stellajlarning balandligi 1,5 m dan oshmasligi kerak.
211. Metall prokat mahsulotlarini mexanizatsiyalashtirilgan tarzda taxlashda shtabel yoki stellaj balandligi polga tushadigan ruxsat etilgan yuklama, taxlash sxemasi, shtabel yoki stellajning barqarorligi hamda mexanizmlar bilan ishlarni xavfsiz bajarish talablaridan kelib chiqqan holda, 20 t gacha yukni joylashtirish imkoniyatini hisobga olgan holda belgilanishi lozim.
Bunda, yuk iluvchining shtabel yoki stellajning yuqori qismiga xavfsiz chiqishi va metall ustida turmagan holda yukni ildirish uchun maxsus maydonchalar, moslamalar yoki zinalar boʻlishi kerak.
212. Kesimi 160 x 160 sm va undan ortiq boʻlgan quymalar va buyumlar poldagi shtabelga donalab taxlanishi kerak.
Ilgak yordamida ushlashda shtabel balandligi 2 m dan oshmasligi, yukni koʻtarish vositalari bilan avtomatik ushlashda esa 4 m dan oshmasligi lozim.
213. Metall prokat mahsulotlarini shtabellar yoki stellajlarga taxlashda poʻlat arqonlarni erkin boʻshatish imkoniyati taʼminlanishi lozim. Yukning barqarorligini taʼminlash maqsadida taxlamlar va bogʻlamlar orasiga qalinligi kamida 40 mm boʻlgan toʻrtburchak metall qistirmalar oʻrnatilishi kerak.
Qistirmalarning uchlari shtabel va stellaj chegaralaridan 100 mm dan ortiq chiqib turmasligi lozim.
214. Stellajlarga taxlanayotgan metall prokat mahsulotlarining ogʻirligi stellajning yuk koʻtarish qobiliyatidan oshmasligi lozim.
Har bir stellajda uning yuk koʻtarish qobiliyati aniq koʻrsatilgan boʻlishi kerak.
215. Metall prokat mahsulotlarining dumalab ketishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida stellaj uyachalarini ustunlar balandligidan ortiq toʻldirish taqiqlanadi.
216. Metall prokat mahsulotlarini shtabelga joylashtirish ishlari oldindan polga yotqizilgan tagliklar ustida amalga oshirilishi lozim.
Taglik sifatida temir yoʻl shpallari, bruslar va shunga oʻxshash materiallardan foydalanish mumkin.
Metall prokat mahsulotlarini omborxona poliga yoki maydoncha tuprogʻiga toʻgʻridan-toʻgʻri, tagliksiz holda taxlashga yoʻl qoʻyilmaydi.
217. Maʼlum bir sortli va bir xil profildagi metall prokat mahsulotlari shtabellarga archasimon yoki tirama stellajlarga taxlanishi lozim.
Quvurlar esa qatorlar orasi qistirmalar bilan ajratilgan holda shtabellarga joylashtirilishi kerak.
218. Archasimon stellajlar bir tomonlama yoki ikki tomonlama qilib bajarilishi hamda 12 qavatgacha boʻlishi mumkin.
219. Archasimon stellajlarda prokat mahsulotlarini taxlash balandligi quyidagicha boʻlishi lozim:
elektr yuklagichlar yordamida taxlashda — 4,5 m gacha;
kran-shtabelyorlar yordamida taxlashda — 8 m gacha.
Tirama stellajlarda esa taxlash balandligi 2 m dan oshmasligi lozim.
220. Qalin listli poʻlatlar tayanch maydonchalari tayanch ustunlar tomon qiya joylashgan stellajlarga qirrasi bilan yoki qalinligi kamida 200 mm boʻlgan yogʻoch qistirmalar ustiga yotqizilgan holda taxlanishi lozim.
221. Yupqa listli poʻlatlar list oʻramlariga koʻndalang joylashtirilgan yogʻoch tagliklar ustiga yon tomoni bilan taxlanishi lozim.
Ogʻirligi 5 t gacha boʻlgan taxlamdagi yupqa listli poʻlatlarni maxsus stellajlarga ularning chetlarida bukilish hosil boʻlishining oldini olgan holda taxlashga ruxsat etiladi.
222. Maʼlum bir sortli va bir xil profildagi prokatdan tayyorlangan yarim tayyor mahsulotlar va tayyor buyumlar idishlarga joylashtirilishi lozim.
223. Tilimli materiallar (metall polosalar, lentalar) ularni tashish uchun qulay tarzda olib chiqish imkoniyatini taʼminlaydigan konstruksiyaga ega moslamalarda saqlanishi lozim.
224. Oʻramlarda keltiriladigan metall buyumlar (poʻlat kanatlar, simlar) yopiq xonalarda saqlanishi hamda yogʻoch toʻshama ustiga tik holatda ikki qavatdan ortiq boʻlmagan tarzda taxlanishi lozim.
225. Sovuq prokatlangan metall tasmalar tekis yogʻoch tagliklar ustiga karkasli stellajlarga joylashtirilishi lozim.
Taxlash ishlari qavatlar boʻyicha amalga oshirilishi, bunda har bir keyingi qavatlar avvalgisiga nisbatan oʻram radiusining yarmi miqdorida siljitib joylashtirilishi kerak.
Uchinchi qavat birinchi qavat kabi, toʻrtinchi qavat esa ikkinchi qavat kabi joylashtiriladi va shu tartib davom ettiriladi. Yuqori qavatning eng chetiga oʻramlar taxlanmasligi kerak.
226. Elektrodlar quruq yopiq xonalarda zavod qadogʻida saqlanishi hamda tagliklar ustiga karkasli stellajlarga joylashtirilishi lozim.
227. Metall buyumlar joylashtirilgan shtabellar va stellajlar temir yoʻl izlari yoki asosiy harakat yoʻllariga parallel ravishda joylashtirilishi lozim.
Shtabellar (stellajlar) temir yoʻl izlariga eng yaqin relsdan kamida 2,5 m masofada joylashtirilishi kerak.
228. Metall prokat mahsulotlari, metall konstruksiyalarni elektr uzatish tarmoqlari joylashgan hududda mazkur tarmoqlarni ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot bilan kelishmasdan saqlash taqiqlanadi.
20-§. Yogʻoch va yogʻoch-taxta materiallarini tashish va joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
229. Yogʻoch tashish yoʻllari va yogʻoch kesiladigan maydonlar texnik pasportga ega boʻlishi lozim. Ularda “Texnologik yoʻl” ogohlantiruvchi belgisi oʻrnatilgan boʻlishi kerak.
Ushbu yoʻllarning texnik holati, shu jumladan koʻpriklar va boshqa inshootlar, transport vositalarining belgilangan tezlikda va mazkur yoʻl uchun belgilangan maksimal yuk meʼyoridan oshmagan holda xavfsiz harakatlanishini taʼminlashi lozim.
230. Avtopoyezd gabaritidan chiqib turgan daraxt shoxlari va daraxtlar oʻlchami 400×400 mm, eni 50 mm boʻlgan qizil va oq rangli diagonal chiziqlarga ega ogohlantirish belgilari bilan belgilanishi lozim.
231. Yogʻoch tashuvchi avtopoyezdlar kabinalarida odamlarni tashish taqiqlanadi.
232. Aravacha va vagonchalarni qoʻlda harakatlantirish faqat itarish orqali amalga oshirilishi lozim. Harakatlanayotgan aravacha, vagoncha oldida turish taqiqlanadi.
Aravacha va vagonchalarning harakat tezligi 5 km/soat dan oshmasligi, aylanma yoʻllar orqali oʻtishda esa 3 km/soat dan oshmasligi kerak.
Relsda harakatlanadigan alohida vagonchalar orasidagi oraliq masofa 10 m dan kam boʻlmasligi kerak.
233. Yogʻoch materiallarni ortish va tushirish joylarida yogʻoch materiallarining agʻdarilib ketishining oldini oluvchi moslamalar qoʻllanilishi lozim.
234. Yogʻoch materiallarni temir yoʻl transportiga ortish uchun doimiy, koʻchma yoki koʻtarib yuriladigan maxsus estakadalardan foydalanilishi lozim.
235. Yogʻoch materiallarni kranlar bilan ortishda greyferlar qoʻllanilishi kerak.
Yogʻoch materiallarni ortish ishlarida qoʻllaniladigan stroplar yuk iluvchining vagon, platforma yoki boshqa harakatlanuvchi tarkib ustiga chiqmasdan turib ish bajarish imkonini beruvchi, masofadan yechiladigan maxsus moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
236. Temir yoʻl vagonlariga yogʻoch materiallarni ortish tasdiqlangan sxemalarga muvofiq olib borilishi kerak.
237. Yogʻoch materiallar yuklanadigan yogʻoch toʻplash joyi bilan yogʻoch konveyeridan tashlab tushiriladigan yogʻoch toʻplash joylari orasidagi masofa, konveyerdan tushirib yuboriladigan xodalar uzunligidan kamida ikki barobar katta boʻlishi kerak.
238. Yogʻoch materiallarini tushirishda quyidagi xavfsizlik talablariga rioya qilinishi lozim:
harakatlanuvchi tarkibni tushirish ishlarini boshlashdan oldin qulflar, ustunlar va qistirmalarning sozligi hamda butligi tekshirilishi;
ustunlari yoki ularning qulflash moslamalari nosoz boʻlgan sseplar yoki avtomashinalar yogʻoch materiallarining harakatlanuvchi tarkibdan oʻz-oʻzidan dumalab ketishining oldini oluvchi qoʻshimcha mexanizmlar yoki moslamalar qoʻllangan holda tushirilishi;
qulflarni ochishda tushirilayotgan tomonga qarama-qarshi tomonda turishi.
239. Tushirilayotgan platformalar (vagonlar) oʻrtasida kamida bir platforma uzunligiga teng masofa saqlanishi lozim.
240. Suvdan yogʻoch materiallarni kranlar yordamida chiqarishda chiqarilayotgan yogʻoch materiallar bogʻlami hajmi kranning yuk koʻtarish qobiliyatiga muvofiq boʻlishi nazorat qilinishi lozim.
Yogʻoch materiallar bogʻlamlarini ildirish ishlari bonlar ustida amalga oshirilishi kerak.
241. Suvdan yogʻoch materiallar bogʻlamlarini chigʻirlar yordamida chiqarish ishlari yukning barqaror va xavfsiz harakatlanishini taʼminlovchi yoʻnaltiruvchi qiya tushirgichlar boʻylab amalga oshirilishi lozim.
242. Yogʻoch materiallarni suvdan elevator orqali chiqarishda konveyer ilgaklariga yogʻoch materiallarni bir tekis joylashtirish, ikki va undan ortiq, shuningdek diametri ilgak ogʻzidan katta yoki qiyshaygan yirik yogʻoch materiallarni ilishga yoʻl qoʻymaslik kerak.
Ish toʻxtatilganda konveyer (elevator) zanjirlarida yogʻoch materiallarni qoldirish taqiqlanadi.
243. Yogʻoch materiallarni saqlash maydoni tekislangan, tuprogʻi zichlangan va yerusti suvlarini chiqarib yuborish tizimi bilan taʼminlangan boʻlishi lozim.
Har bir shtabel uchun nam usulda saqlashda balandligi kamida 15 sm, quruq usulda saqlashda esa kamida 25 sm boʻlgan taglik taxtalardan tashkil etilgan asos tayyorlangan boʻlishi lozim.
Tuprogʻi boʻsh boʻlgan hududlarda taglik taxtalar ostiga yogʻoch toʻshama yotqizilishi lozim.
244. Omborxonalarda saqlanishi lozim boʻlgan yogʻoch materiallar turlari boʻyicha (daraxt turlari va oʻlchamlari) saralangan boʻlishi kerak.
245. Yogʻoch materiallari omborxonasida yogʻoch materiallarini mexanik shikastlanishdan, yorilib ketishdan, zamburugʻlar va hasharotlar bilan zararlanishdan, shuningdek ortiqcha namlanishdan muhofaza qilish choralari koʻrilishi lozim.
Yogʻoch materiallar kamida oyiga bir marta koʻzdan kechirilishi kerak.
246. Zich shtabellarni taxlash va ajratish ishlari greyferli kranlar, changakli va manipulyatorli ushlagichlar bilan jihozlangan yuklagichlar, oʻzi yechiladigan stroplar bilan jihozlangan chigʻirlar, yogʻoch ushlagichlar va ishlarni xavfsiz bajarishni taʼminlovchi boshqa moslamalar yordamida amalga oshirilishi lozim.
247. Omborxonaga kelib tushayotgan dumaloq yogʻoch materiallarining yuqori tomoniga shartli belgili tamgʻa tushirilgan boʻlishi lozim.
248. Shtabellar va qadoqlarni taxlash hamda ajratish ishlarida ularning ustiga chiqish va tushish shtabelning old yoki orqa qismidagi qiya yuza orqali yoki qoʻyma zinadan foydalangan holda amalga oshirilishi lozim.
249. Dumaloq yogʻoch materiallari shtabelining balandligi uning uzunligining chorak qismidan ortiq boʻlmasligi hamda shtabelga taxlanayotgan yogʻochlar uzunligining bir yarim baravaridan oshmasligi lozim.
250. Shtabel balandligi quyidagilardan oshmasligi lozim:
qoʻlda taxlashda — 1,8 m;
changakli yuklagich yordamida taxlashda — 3 m;
kabelli kran yordamida taxlashda — 6 m;
koʻprikli, minorali, portal va xarrak kranlar yordamida taxlashda — 12 m.
Balandligi 7 m va undan ortiq boʻlgan shtabellarni shakllantirish va ajratish ishlari greyferlar yordamida amalga oshirilishi lozim.
251. Dumaloq yogʻoch materiallari shtabelini taxlashda quyidagi talablarga rioya qilinishi kerak:
alohida yogʻoch materiallar shtabel chegarasidan 0,5 m dan ortiq chiqib turmasligi;
qistirmalar shtabelning boʻylama oʻqiga nisbatan simmetrik ravishda, yogʻoch materiallar uchidan har ikki tomonda 1 m dan ortiq boʻlmagan masofada joylashtirilishi;
shtabel balandligi boʻyicha qatorlar orasidagi qistirmalar bir vertikal tekislikda joylashtirilishi;
shtabel boʻylab qoʻyiladigan qistirmalar bir chiziq boʻyicha joylashtirilishi, ularning tutashgan joylardagi uchlari esa kamida 1 m uzunlikda bir-birini qoplab turishi;
bir shtabelga uzunligi oʻrtasidagi farq ignabargli daraxtlar uchun 1 m dan, bargli daraxtlar uchun esa 0,5 m dan oshmaydigan dumaloq yogʻoch materiallarni taxlashga ruxsat etiladi;
qatorli shtabelning uchlari qiyalikka ega boʻlishi lozim, bunda har bir keyingi qator oldingisidan har ikki tomondan bir xoda diametri miqdorida qisqaroq qilib taxlanishi, har bir qatorning chetki xodalari esa qistirmalar uchida tayyorlangan, chuqurligi qistirma qalinligining yarmidan oshmaydigan uyalarga joylashtirilishi;
zich qatorli va bogʻlamli shtabellar oxirida xodalarning oʻz-oʻzidan dumalab ketishini oldini oluvchi moslamalar boʻlishi lozim. Bunday moslamalar mavjud boʻlmaganda shtabel uchlari xodalarning tabiiy dumalash burchagiga teng qiyalikka ega boʻlishi.
252. Temir yoʻl yonidagi omborxonalarda bir xil uzunlikdagi dumaloq yogʻoch materiallari bir shtabelga taxlanishi lozim.
253. Daryo boʻyidagi omborxonalarda oqizish uchun moʻljallangan dumaloq yogʻoch materiallarni uzunligi oʻrtasidagi farq 2 m dan oshmagan holda bir shtabelga taxlashga ruxsat etiladi.
254. Chigʻirlar yordamida zich taxlangan yogʻoch materiallari shtabellarini shakllantirish jarayonida shtabel ustidagi xodimlar chigʻir ishlayotgan vaqtda shtabel chetida turmasliklari hamda harakatlanayotgan kanatga 1 m dan yaqin masofada kelmasliklari lozim.
Ilgaklari boʻshatilgan yogʻoch materiallarning toʻplami tagidan kanatlarni tortishda esa xodimlar chigʻirdan stroplar uzunligidan kam boʻlmagan masofada joylashishlari kerak.
255. Yogʻoch materiallarni kran bilan zich va bogʻlamli shtabellarga joylashtirishda bogʻlamlarni tushirish paytida xodimlar taxlash joyidan kamida 10 m masofada boʻlishlari kerak.
Bogʻlamlarni shtabelga taxlash joyiga borishga, bogʻlam balandligi 1 m dan oshmagan holatga keltirilgandan keyin borishga ruxsat etiladi.
Bogʻlamlarni yoʻnaltirish, qistirmalarni toʻgʻrilashga faqat uzunligi 1,5 m dan kam boʻlmagan changaklarda bajarishga ruxsat etiladi.
256. Yogʻoch-taxta materiallarni shtabellarga taxlashda uzun tomoni omborning transport oʻtish yoʻli boʻylab joylashtirilishi kerak.
Har bir shtabel balandligi boʻyicha har 30 sm oraliqda kesimi kamida 125×125 mm boʻlgan gorizontal qistirmalar oʻrnatish orqali bogʻlamlarga ajratilgan boʻlishi lozim.
Qistirmalarning uchlari shtabel chegarasidan chiqib turmasligi lozim. Yogʻoch materiallari omborxonaga kelib tushgan kundan boshlab ikki kun ichida shtabellarga taxlanishi kerak.
Namligi 25 % dan yuqori boʻlgan yogʻoch materiallari tabiiy quritishni taʼminlovchi soyabonlar ostidagi shtabellarda saqlanishi lozim.
257. Quruq yogʻoch materiallari shtabellarini taxlash, ajratish va qayta taxlash ishlarini yomgʻir vaqtida amalga oshirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
258. Shtabellarni taxlash, ajratish va qayta joylashtirish ishlarida quyidagi talablarga rioya qilinishi lozim:
qoʻshni shtabellarda bir vaqtning oʻzida ish olib bormaslik;
taxlanayotgan yoki ajratilayotgan shtabellardan 10 m dan yaqin masofada boʻlmaslik;
qoʻshimcha kanatlarni qoʻllagan holda chigʻir bilan zich shtabelni qulatishda unga 20 m dan yaqin joyda turmaslik;
shtabellarni tik ravishda kesishga, xodalarni yumalatishga yoʻl qoʻymaslik.
259. Bogʻlamli shtabellarni chigʻirlar bilan ajratishda pastki qatordan bogʻlamlarni tortishga ruxsat etilmaydi.
Bunda, shtabellarni pogʻonali usulda yoki qatorlar boʻyicha ajratish usuli qoʻllanilishi lozim.
260. Zich shtabellarni chigʻirlar yordamida ajratishda zanjirli amortizatorlar, yogʻoch ushlagichlar va ishlarni xavfsiz bajarishni taʼminlovchi boshqa moslamalar qoʻllanilishi lozim.
261. Zich va bogʻlamli shtabellarni kranlar yordamida ajratishda kran tomonidan stroplar tushirilayotgan va stroplangan bogʻlam koʻtarilayotgan vaqtda xodimlar shtabel ustida ildirish joyidan 10 m dan yaqin masofada boʻlmasligi lozim.
262. Shtabelga taxlanayotgan yogʻoch materiallar qadoqlari bir xil balandlikda boʻlishi lozim. Vertikal qatordagi qadoqlarning eni ham bir xil boʻlishi kerak.
Qadoqlar uzunligi oʻrtasidagi farq ularning oʻrtacha uzunligining 20 % dan oshmasligi lozim.
263. Avtoyuklagichlar yordamida taxlanadigan yogʻochtaxta materiallari shtabellarining balandligi 7 m dan, kranlar yordamida taxlanadiganlari 12 m dan, qoʻlda shakllantiriladiganlari esa 4 m dan oshmasligi lozim.
264. Shtabellarni qoʻlda shakllantirishda shtabel ustida bir vaqtning oʻzida ikki nafardan ortiq xodimning ishlashi taqiqlanadi.
265. Tugallangan har bir vertikal qadoqlar qatori avtoyuklagich yoki kran yordamida inventar tom bilan yopilishi lozim.
Qadoqlarning alohida vertikal qatori ustida taxtalardan qoʻlda tom shakllantirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
266. Faner va shponlar shtabelga tayanish joylarida joylashtiriladi. Tayanish joylarning asosi gorizontal boʻyicha tekislangan va tabiiy shamollatishni taʼminlash uchun poldan kamida 0,2 m baland boʻlishi kerak.
267. Faner shtabelining balandligi mexanizatsiyalashtirilgan tarzda taxlashda 5,2 m dan, qoʻlda taxlashda esa 1,5 m dan oshmasligi lozim.
268. Faner va shponlarni devor va ustunlarga zich qilib taxlashga yoʻl qoʻyilmaydi. Devor yoki ustun bilan shtabel oʻrtasidagi masofa kamida 0,8 m, qoplama bilan shtabel oʻrtasidagi masofa kamida 1 m, yoritish chiroqlari bilan shtabel oʻrtasidagi masofa esa kamida 0,5 m boʻlishi lozim.
Koʻndalang qatordagi shtabellar orasidagi masofa kamida 0,5 m, boʻylama qatordagi shtabellar orasidagi masofa esa kamida 0,2 m boʻlishi kerak.
269. Shtabellardagi yogʻoch materiallari qadoqlari ignabargli daraxt yogʻochidan tayyorlangan, kesimi 100×100 mm boʻlgan yogʻoch brus-qistirmalar bilan ajratilgan boʻlishi lozim.
270. Yogʻoch plitkalar shtabellarga poldan kamida 0,1 m balandlikka va qurish imkoni bor boʻlgan joylarga taxlanishi kerak.
271. Plitalarni yuklagichlar bilan stoplarga taxlash balandligi 4,5 m dan oshmasligi kerak.
Kranlar xizmat qiladigan mexanizatsiyalashtirilgan omborlarda plitalarni stoplarga 4,5 m dan yuqori taxlashga ruxsat etiladi.
272. Ogʻirligi 50 kg dan ortiq boʻlgan alohida yogʻoch materiallari qadoqlarini qayta yuklashda, shuningdek ogʻirligi 50 kg gacha boʻlgan yogʻoch materiallar yoki qadoqlarni 3 m dan ortiq balandlikka koʻtarishda texnika vositalarini qoʻllash majburiy hisoblanadi.
273. Avtoyuklagichlardan uzunligi 6 m dan kichik boʻlgan yogʻoch materiallarni ortishda va shtabellashda foydalanish mumkin.
274. Omborxonalarda yogʻoch materiallarini kesish va yorish ishlari uchun chiqindilardan muntazam tozalab turiladigan maxsus joylar ajratilgan boʻlishi lozim.
275. Yogʻoch materiallari shtabelini taxlashda koʻtarilayotgan qadoqdan uning harakat yoʻnalishiga qarshi tomonga kamida 3 m uzoqlikda turish kerak.
Qadoqni yoʻnaltirish ishlarida dastasi uzunligi kamida 1 m boʻlgan ilgakdan foydalanilishi lozim. Ushlash moslamalari yuk toʻliq tushirilgandan soʻng yechilishi kerak.
Yogʻoch materiallari qadoqi ostidan stroplar qadoqning agʻdarilib ketishiga yoʻl qoʻymagan holda qoʻlda tortib chiqarilishi lozim.
276. Shtabel chetida yoki qadoqlar orasidagi qistirmalar uchida turishga, shuningdek shtabel ustiga chiqish yoki undan tushish uchun krandan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
277. Yongʻin xavfsizligi talablaridan kelib chiqib, binolardan dumaloq yogʻoch va yogʻoch materiallari shtabellarigacha boʻlgan masofa mos ravishda kamida 15 m va 30 m boʻlishi lozim.
278. Uzunligi transport vositasi kuzovi uzunligidan 2 m dan ortiq boʻlgan yogʻoch materiallari aravali tirkamalar yordamida tashilishi lozim.
279. Yogʻoch materiallarini transport vositasidan tashlab tushirish va ularni bir vaqtning oʻzida shtabelga taxlashga yoʻl qoʻyilmaydi.
280. Yogʻoch materiallari transport vositasi kuzovidan diametri kamida 15 sm boʻlgan maxsus yogʻoch materiallar orqali tushirilishi lozim. Maxsus yogʻoch materiallarning yuqori uchlarida ularni transport vositasi kuzoviga mahkam oʻrnatish uchun maxsus metall ilgaklar boʻlishi kerak.
281. Kuchli shamol (6 ball va undan yuqori), jala quyganda, qalin tuman (koʻrish masofasi 50 m dan kam) yoki qor yogʻishi vaqtida balandligi 2 m dan ortiq boʻlgan shtabellarni taxlash va ajratish ishlarini amalga oshirish taqiqlanadi.
282. Bogʻlamni ildirish ishlari yakunlangandan soʻng yuk iluvchi yuk harakatlanish zonasining qarama-qarshi tomoniga kamida 15 m masofaga chekinib, shundan keyin mashinistga signal berishi lozim.
Koʻtarilgan yuk ildirish joyidan 15 — 20 m masofaga olib ketilgandan keyingina navbatdagi bogʻlamni ildirishga ruxsat etiladi.
Yuk iluvchining shtabel oldiga qaytishiga faqat yukni ushlash moslamalari shtabelga teggandan soʻng ruxsat beriladi.
283. Yogʻoch materiallarga antiseptik bilan ishlov berilgandan soʻng ularni yelkalarda koʻtarib tashish taqiqlanadi.
Maxsus kiyim-bosh va himoya vositalari (brezent kurtka, shim, rezina etik va qoʻlqoplar) bilan taʼminlanmagan xodimlarni antiseptik bilan ishlov berilgan yogʻoch materiallari bilan ishlashga yoʻl qoʻyilmaydi.
21-§. Sochiluvchan va mayda boʻlakli materiallarni tashish va joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
284. Qum, chaqiq tosh, shagʻal, keramzit, perlit, aglokorit va shunga oʻxshash materiallarni ortish, tushirish ishlari choʻmichli yoki greyferli ekskavatorlar, turli xil kranlar, frontal yuklagichlar, konveyerlar, avtoyuklagichlar yordamida amalga oshirilishi lozim.
285. Muzlab qotgan yuklar sochiluvchanlik xususiyatini tiklash va tushirish ishlarini taʼminlash maqsadida yumshatilishi lozim.
Bunday yuklar qish mavsumida muzlab qotishning oldini olishga qaratilgan profilaktik choralar bilan taʼminlanishi lozim, jumladan:
materialni suvsizlantirish;
material qatlamlarini muzlamaydigan qoʻshimchalar bilan ajratish;
materialni granula holatiga keltirish;
muzlab qotishni toʻliq bartaraf etmaydigan, biroq muzlagan massa mustahkamligini kamaytiruvchi moddalar qoʻshish.
286. Muzlab qotgan yukning sochiluvchanlik xususiyatini maxsus isitish xonalarida qizdirish orqali tiklash katta energiya sarfini talab qiladi va keng qoʻllash uchun tavsiya etilmaydi.
287. Muzlab qotgan materiallarning sochiluvchanlik xususiyatini tiklashning mexanik usullari ustuvor hisoblanadi hamda bunday ishlar burgʻilab yumshatuvchi mashinalar, osma tebratma-yumshatuvchi agregatlar va tebratma-zarbli mashinalar yordamida amalga oshirilishi mumkin.
288. Vagonlarni tushirishdan keyin qolib ketgan materiallardan tozalash ishlarida tebranishli qurilmalar, siqilgan havo, gaz yoki suv oqimi orqali yukka dinamik taʼsir koʻrsatuvchi moslamalar, shuningdek choʻtka va kuraklardan foydalanilishi mumkin.
289. Doimiy (statsionar) tushirish mashinalari ishlayotganda temir yoʻl platformalari va yarim vagonlarni tushirish fronti boʻylab harakatlantirish manyovr qiladigan chigʻir yoki qurilma yordamida amalga oshirilishi lozim.
290. Yarim vagonlarning pastki lyuklari qoʻl yoki mexanik yuritmali, yarim vagonning har ikki tomoni boʻylab joylashtirilgan statsionar portallarga osib qoʻyiladigan maxsus moslamalar yordamida yopilishi lozim.
291. Barcha turdagi tushirish mashinalari ishlayotgan vaqtda qabul qilish qurilmasi ichida va harakatlanuvchi tarkib kuzovida boʻlishi, shuningdek yuk ortish-tushirish punktida temir yoʻl vagonlari harakatlantirilayotganda manyovr qurilmalari ish hududida boʻlish taqiqlanadi.
292. Baland yoʻllar va estakadalarda yuklash bunkerlari ostidagi xavfli maydonlar koʻrsatib qoʻyilgan boʻlishi lozim.
293. Yuklagich choʻmichini shtabeldagi materialga tezlik bilan kelib urish orqali toʻldirish taqiqlanadi.
294. Koʻp choʻmichli yuklagichdan foydalanishda quyidagilar taqiqlanadi:
yuklagichni uning pasportida koʻrsatilgan meʼyorlardan ortiq boʻlgan koʻndalang yoki boʻylama qiyalikka ega maydonchada harakatlantirish va ishlatish;
turli buyumlar bilan toʻsilib qolgan joylarda yuklagichda ishlash;
dvigatel ishlab turgan vaqtda shnek va zanjirdan har qanday buyumlarni olib tashlash;
burilish vaqtida shnek aylanishini ishga tushirish;
ishlayotgan shnekka 1,5 m dan yaqin masofada yaqinlashish.
295. Koʻchma tasmali konveyerlarni maydoncha boʻylab uzoq masofaga yoki notekis yuzada harakatlantirishga yoʻl qoʻyilmaydi. Konveyerlarni koʻchirish vaqtida elektr uzatuvchi simlar ajratilgan boʻlishi lozim.
Konveyerlar joylashgan oʻtish va harakat yoʻllari konveyer gabaritidan kamida 1 m chiqib turadigan soyabonlar bilan himoyalangan boʻlishi kerak.
22-§. Kukunsimon materiallarni tashish va joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
296. Kukunsimon va changsimon materiallarni (sement, gips, ohak) idishsiz tashish yuklash va oʻzini oʻzi tushirish qurilmalari bilan jihozlangan transport va temir yoʻl vositalarida, shuningdek suv orqali tashishda sement tashuvchi kemalar yordamida amalga oshirilishi kerak.
297. Sement, gips va kukunsimon ohak qisqa masofalarga maxsus konteynerlar orqali tashilishi mumkin.
298. Avtotsement tashuvchilar silos turidagi omborxonalardan yuklash lyuklari orqali yoki yopiq temir yoʻl vagonlaridan sement qabul qilishda oʻzini oʻzi yuklash tizimi orqali yuklanishi lozim.
Tushirish ishlari avtotsement tashuvchining pnevmatik tizimi yordamida amalga oshiriladi.
299. Vagon-sement tashuvchilar silos turidagi omborxonalardan yuklash lyuklari orqali yuklanishi lozim. Yuklash ishlari tugagandan keyin lyuklar germetik tarzda yopilishi kerak.
Tushirish ishlari sementni qabul qiluvchi obyektning pnevmatik tushirish tizimi orqali amalga oshirilishi lozim.
300. Bunker tipidagi vagon-sement tashuvchilarni boʻshatish ishlari oʻz oqimi bilan amalga oshirilishi lozim.
Tushirish jarayonida osilib qolgan materiallar tebratkich yoki uzaytirilgan dastakli maxsus kuraklar (temir kosov) yordamida tushirilishi kerak.
Vagon sisternasi qoplamasiga (kuvalda, lom va boshqa vositalar bilan) urib yuk qoldiqlarini tushirish taqiqlanadi.
301. Tushirish ishlari yakunlangandan soʻng vagon-sement tashuvchining lyuk qopqoqlari belgilangan holatgacha yopilishi lozim.
Vagonning yuklash va tushirish lyuklarini ochiq holda qoldirish taqiqlanadi.
302. Konteynerlar yuklash uchun pnevmatik yoki gravitatsion tizimlar, tushirish uchun esa aero-pnevmatik yoki materialni toʻliq yoki qismlab chiqarish imkonini beruvchi gravitatsion tizimlar bilan jihozlangan boʻlishi mumkin.
Konteynerlar metalldan yoki rezina-kordli materiallardan tayyorlangan yumshoq konstruksiyali boʻlishi mumkin.
303. Sement, ohak kukuni va boshqa kukunsimon materiallarni temir yoʻlning yopiq vagonlaridan tushirishda soʻruvchi yoki soʻruvchi-haydovchi turdagi tushirgichlar qoʻllanilishi lozim.
304. Kukunsimon materiallarni pnevmatik tashishda pnevmatik vintli va oqimli nasoslar, pnevmatik kamerali nasoslar, shuningdek aeratsion tashish usulidan foydalanilishi mumkin.
305. Harorati 40 °S va undan yuqori boʻlgan sementni qoʻlda tushirish ishlarini amalga oshirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Maxsus kiyim-bosh, respirator va changga qarshi himoya koʻzoynagisiz xodimlarni kukunsimon materiallar bilan ishlashga qoʻyish taqiqlanadi.
306. Bunker tipidagi vagonlar lyuklari va yopiq vagonlar eshiklarini ochishda maxsus richaglardan foydalanish lozim.
Lyuk qopqogʻi tushib ketishi mumkin boʻlgan hududda turish taqiqlanadi.
307. Pnevmatik tushirish tizimiga ega vagon-sement tashuvchilarning yuqori lyuklarini hamda barcha turdagi avtotsement tashuvchilar lyuklarini ochishga idish ichida bosim yoʻqligi tekshirilgandan keyingina ruxsat etiladi.
308. Kukunsimon materiallar toʻldirilgan sisternani tayanch ustunlarga oʻrnatishga faqat tekis va qattiq gruntli yuzada yoki maxsus qistirmalar qoʻllangan holda ruxsat etiladi.
309. Sement tashiydigan avtotsisternadagi bosimni 0,15 MPa dan ortiq koʻtarish taqiqlanadi.
310. Kompressorni qaytarish klapanisiz, xavfsizlik klapanisiz yoki himoya qoplamalari yechib tashlangan holda ishlatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
311. Kukunsimon materiallar solingan konteynerlarni temir yoʻl va transport vositalarining harakatlanuvchi tarkibiga ortishda xodimlarning platforma ustida boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
312. Estakadaning sement va boshqa changsimon materiallarni ortish va tushirish joylarida vagon tomida xavfsiz ishlash uchun toʻsiqlar nazarda tutilishi kerak.
Tushirish ishlari vaqtida xodimlarning vagon ichida boʻlishi taqiqlanadi.
313. Kukunsimon materiallar uchun moʻljallangan pnevmatik tushirgich ishlayotgan vaqtda soʻrib olish qurilmasiga 1 m dan yaqin kelib turishga ruxsat etilmaydi. Pnevmatik tushirgichning choʻktirish kamerasi atrofidagi boʻsh hudud kamida 0,8 m boʻlishi lozim.
Soʻrib-haydaydigan tushirgichning aralashtirish kamerasida bosim 0,14 MPa dan oshganda shnek uzatmasining elektr dvigateli oʻchirilishi va aralashtirish kamerasiga siqilgan havo berilishi toʻxtatilishi kerak.
314. Pnevmatik vintli koʻtargich uchun aralashtirish kamerasidagi bosim 0,14 MPa dan, pnevmatik vintli nasos uchun esa 0,2 MPa dan oshganda elektr dvigatelini oʻchirish va siqilgan havo berilishini toʻxtatish lozim.
Shundan soʻng aralashtirish kamerasidagi bosim ventil yordamida 0,25 MPa dan oshirmagan holda tartibga solinib, transport quvuri siqilgan havo bilan aralashtirish kamerasidagi bosim 0,03 — 0,05 MPa gacha pasaygunga qadar puflab tozalanishi lozim.
315. Ishlab turgan kompressorlarni (toʻliq avtomatlashtirilganlaridan tashqari) xizmat koʻrsatuvchi xodimlar nazoratisiz qoldirish taqiqlanadi.
23-§. Yigʻma temir-beton konstruksiyalar va mayda donali devor materiallarni tashish va joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
316. Temir-beton konstruksiyani ortishda uning transport vositasidagi joylashuvi qurilayotgan inshootdagi ishchi holatiga mos yoki unga yaqin boʻlishi lozim.
Bundan kolonnalar, qoziqlar va boshqa uzun oʻlchamli buyumlar mustasno boʻlib, ular transport vositasining yuk maydonchasida gorizontal holatda joylashtirilishi kerak.
317. Yengil betondan tayyorlangan, egilishga moʻljallanmagan yirik oʻlchamli konstruksiyalar, shuningdek qalinligi 20 sm dan kam boʻlgan buyumlar tashish uchun vertikal holatda oʻrnatilishi lozim.
318. Temir-beton konstruksiyalarini tashishda ular ishlab chiqaruvchi tomonidan tegishli belgilari bilan koʻrsatilgan joylarga oʻrnatilgan yogʻoch tagliklar va qistirmalar ustiga joylashtirilishi lozim.
319. Temir-beton konstruksiyalarini koʻp qavatli qilib ortishda tagliklar va qistirmalar butun shtabel boʻylab qatʼiy ravishda bir vertikal chiziqda joylashtirilishi lozim.
Tagliklar va qistirmalarning eni kamida 25 mm boʻlishi hamda ularning qalinligi tashilayotgan buyumlarning ushlash halqalari va boshqa chiqib turuvchi qismlari balandligidan katta boʻlishi kerak.
320. Buyumlar bilan transport vositasi bortlari oʻrtasidagi oraliq kamida 5 sm boʻlishi lozim.
Qurilish konstruksiyalarini transport vositasining yuk platformasiga mahkamlash ularning tashish jarayonida boʻylama va koʻndalang siljishini, shuningdek oʻzaro toʻqnashishi yoki joyidan qoʻzgʻalishini istisno etishi kerak.
321. Temir-beton devor panellarini vertikal holatda tashishda panellar butun tayanch yuzasi bilan transport vositasi platformasiga yotishi yoki bir-biridan 0,5 m dan ortiq boʻlmagan masofada joylashtirilgan tagliklarga tayanishi lozim.
322. Devor panellari qiya holatda tashilganda ularning pastki va yon yuzalari oʻzaro 0,5 m dan ortiq boʻlmagan masofada joylashtirilgan tagliklarga tayantirilgan boʻlishi lozim.
323. Qoplama panellari gorizontal holatda tashilganda ular qotirilgan detallar joylashgan nuqtalarga tayantirilgan boʻlishi lozim.
324. Vertikal holatda tashilayotgan panellar ikki tomondan, qiya holatda tashilayotgan panellar esa ogʻirlik markazidan yuqori qismida bir tomondan mahkamlanishi lozim.
325. Bir vaqtning oʻzida bir nechta panel tashilganda ular orasiga panellarning oʻzaro tegishi, shuningdek tashish jarayonida urilish yoki ishqalanish natijasida shikastlanishining oldini oluvchi ajratuvchi qistirmalar oʻrnatilishi lozim.
326. Temir-beton qoplama va yopma plitalari gorizontal holatda, qotirilgan detallar joylashgan nuqtalarga tayantirilgan holda tashilishi lozim.
Plitalarni tashishda ularni qalinligi montaj ilmoqlari balandligidan 20 mm ortiq boʻlgan tagliklar ustiga taxlab joylashtirishga ruxsat etiladi.
327. Yukni platformaga mahkamlash uchun diametri 6 mm boʻlgan simli tortqilar yoki tortish moslamalariga ega poʻlat arqonlar, metall kassetalar va turniketlar qoʻllanilishi lozim.
328. Qadoqlarni transport vositalari kuzoviga oʻrnatish, ularni tushirish va ish joyiga uzatishda ishlarni xavfsiz bajarishni taʼminlovchi oʻz-oʻzidan tortiladigan ushlagichlar yoki qadoqning past qismi ostiga kiritiladigan koʻtargich moslamalar qoʻllanilishi lozim.
329. Yuk koʻtarish qobiliyati 60 t boʻlgan yarim vagonlarga mayda donali devor materiallarni bir-biriga zich 2 qavat qilib oʻrnatish joiz.
330. Mayda donali devor materiallarini yetkazib berishda qoʻllaniladigan barcha yuk ushlagich moslamalari yuk koʻtarish nominal imkoniyatidan 1,25 barobar ortiq yuk bilan 10 daqiqa davomida sinovdan oʻtkazilishi hamda ishlarni xavfsiz bajarishga masʼul xodim tomonidan har oy koʻrikdan oʻtkazilishi kerak.
331. Qadoqlarni stroplar bilan ish joylarida tushirish va koʻtarish taqiqlanadi.
24-§. Oʻsimliklar, meva-sabzavot va oziq-ovqat mahsulotlarini tashish va omborga joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
332. Oʻsimlik mahsulotlarini omborga joylashtirish (gʻaramlash) uchun moʻljallangan maydoncha gorizontal, begona predmetlardan tozalangan hamda kirish yoʻllari bilan taʼminlangan boʻlishi lozim.
Bunday maydoncha havo elektr uzatish tarmoqlaridan elektr uzatish tarmogʻi tayanchlari orasidagi masofadan kam boʻlmagan masofada, binolardan esa kamida 100 m uzoqlikda joylashtirilishi kerak.
Gʻaramlash ishlari yakunlangandan soʻng ombor maydonchasi perimetri boʻylab eni kamida 3 m boʻlgan haydalgan yoʻlak bilan ajratilgan boʻlishi lozim.
333. Togʻli hududlarda kichik hajmli gʻaramlarni qiyaliklarda joylashtirishga ruxsat etiladi. Bunda, transport vositalarining manyovr qilishi uchun moʻljallangan maydoncha gʻaram hududida 6° dan ortiq boʻlmagan qiyalikka ega boʻlishi hamda qiyalik boʻyicha gʻaramdan yuqori qismida joylashtirilishi lozim.
Bunday maydonchalarda transport vositalarining harakatlanish tezligi 5 km/soat dan oshmasligi kerak.
334. Silos bostirish joylari quduqlar va ichimlik suvi havzalariga bevosita yaqin hududlarda, shuningdek elektr uzatish tarmoqlari ostida joylashtirilmasligi lozim.
Silos bostirish joylarida kirish va chiqish yoʻllarining qiyaligi (xandaqlar, uyumlar va tepaliklarda) 20° dan oshmasligi kerak.
335. Uyumlar va tepaliklar hududning gorizontal uchastkalarida joylashtirilishi lozim.
Togʻli hududlarda xandaqlarni qiyaliklarda joylashtirishga ruxsat etiladi.
336. Qatlam namligi mashinalarning sirpanib ketishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan hollarda, quyuq tuman sharoitida (koʻrish masofasi 50 m dan kam boʻlganda), qor qoplami mavjud boʻlganda, yer qatlami muzlaganda, shuningdek kunning qorongʻu vaqtida qiyaliklarda ish olib borish taqiqlanadi.
337. Transport vositalarini boʻshatish tomonida xandaq chegaralari xandaq chetidan kamida 1 m masofada belgilangan boʻlishi lozim.
Transport vositalarini boʻshatish tomonida saqlovchi brus oʻrnatilgan boʻlishi kerak.
Transport vositalari manyovr qilishi uchun moʻljallangan maydoncha qiyaligi 6° dan oshmasligi lozim.
Mazkur maydonchada transport vositalari harakat tezligi 5 km/soat dan oshmasligi kerak.
338. Daraxtlarning shox-shabbalari yaqinida ishlash uchun moʻljallangan mashina va mexanizmlar xodimlar xavfsizligini taʼminlovchi himoya toʻsiqlari bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
339. Transport vositalari va traktor tirkamalariga yashil massa, urugʻ, don va boshqa texnologik mahsulotlarni ortishda, shuningdek mahsulotlarni saqlash yoki sotish joylariga tashishda kuzovda odamlarning boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
340. Transport vositasiga idishsiz ortilgan mahsulotlar (sabzavotlar, mevalar, ildizmevali oʻsimliklar) kuzovning butun maydoni boʻylab bir tekisda joylashtirilishi hamda kuzov bortlari balandligidan oshib chiqmasligi lozim.
341. Urugʻ yoki poxollarni gʻaramlashda yoki pichanlashda quyidagi xavfsizlik talablariga rioya etilishi kerak:
a) ishlarga balandlikda ishlash huquqiga ega boʻlgan xodimlar qoʻyilishi, ular orasidan gʻaramlovchi tayinlanishi hamda unga ishlarni tashkil etish va xavfsizlikni taʼminlash majburiyati yuklatilishi kerak;
b) xodimlar quyidagi soz holatdagi vositalar va shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlangan boʻlishlari lozim:
sanchqilar (dastasi tekis va silliq, yoriq va gʻudursiz, qattiq turdagi quruq yogʻochdan tayyorlangan);
tirab qoʻyiladigan yoki arqonli narvonlar;
200 kg statik yuklamaga moʻljallangan xavfsizlik arqonlari;
diametri kamida 14 mm va uzunligi 2 m dan kam boʻlmagan metall sterjenlar;
signal vositalari (bayroqcha va hushtaklar);
shaxsiy himoya vositalari (qoʻlqoplar, himoya koʻzoynaklari va etiklar);
v) gʻaramlash faqat kunning yorugʻ vaqtida va shamol tezligi 6 m/s dan oshmaganda amalga oshirilish kerak, chaqmoq chaqish paytida gʻaramlash taqiqlanadi;
g) gʻaramlashda bir paytning oʻzida gʻaramlovchilar soni 6 tadan oshmasligi va ular gʻaram chetidan 1,5 m dan yaqin boʻlmagan joyda boʻlishlari kerak;
d) gʻaram balandligi 2 m ga yetganda uning atrofida eni 2 m va qalinligi 1 m boʻlgan (xodim gʻaramdan tushib ketgan vaziyatlarda zarb kuchini kamaytirish uchun) poxol qatlami toʻshab chiqilishi kerak;
e) gʻaramlagich bilan gʻaramga poxol uzatilganda gʻaramlovchilar maydalagich panjaradan 3 m dan kam boʻlmagan masofada boʻlishlari kerak;
yo) tanaffus vaqtida gʻaramlovchilarning gʻaramda boʻlishlari taqiqlanadi, gʻaramlagichdan xodimlarni gʻaramga koʻtarish va undan tushirishda foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi;
j) gʻaramlovchini gʻaramga koʻtarish va tushirishda gʻaramning quyi qismiga teskari tomondan kamida 1 m chuqurlikda tik tushirilgan metall sterjen bilan bogʻlangan, yuqori qismidan xavfsizlik arqonlari bilan mahkamlangan tirab qoʻyiladigan va arqonli narvonlardan foydalanish kerak;
z) gʻaramni shakllantirishni tugatish kamida 2 nafar gʻaramlovchi bilan amalga oshirilishi kerak.
Tugunlarni gʻaramga, pichan saroyiga yoki transport vositasi kuzoviga joylashtirish ularni bogʻlagan holda amalga oshiriladi. Bunda, tugunlar kelishilgan holda uzatilishi kerak, taxlovchilar gʻaram chetiga (kuzovga) 1,5 m gacha yaqin kelmasliklari kerak.
342. Idishlarga solinmagan, qadoqsiz mahsulotlarni qoʻlda ortishda xodimlar transport vositasi kuzovining bir tomonida, ortilayotgan transport vositasi bortidan kamida 2 m masofada turishlari kerak.
343. Gʻaramlarni qoʻl bilan ajratishda osilib qolishi va chiqib qolishiga yoʻl qoʻyilmasligi kerak. Ular tagida ishlash taqiqlanadi.
344. Tartibga keltirilmagan gʻaramni bir yoki bir nechta traktor yordamida sudrab koʻchirish ishlari oldindan tanlangan va tayyorlangan harakat yoʻnalishi boʻyicha, masʼul shaxs rahbarligi ostida amalga oshirilishi lozim.
345. Yuk ortish va tushirish ishlarini amalga oshirish uchun qoʻyilgan transport vositasi ishonchli tarzda tormozlangan, dvigateli oʻchirilgan hamda past uzatmaga qoʻyilgan boʻlishi lozim.
Qishda transport vositasi oʻz-oʻzidan harakatlanib ketishining oldini oluvchi choralarni koʻrgan holda dvigatelni oʻchirmaslikka ruxsat etiladi.
346. Issiqxonalarda yuk ortish-tushirish ishlarini bajarishda havo muhitini zararli chiqindilar hamda zaharli gazlar bilan ifloslantirishni istisno etuvchi, mehnatni muhofaza qilish talablariga javob beradigan mashinalar, mexanizmlar va agregatlardan foydalanilishi lozim.
347. Pestitsidlar bilan ifloslangan transport vositalari, idishlar va maxsus kiyim-boshlar maxsus retseptlar asosida zararsizlantirilishi lozim.
348. Transport vositasining turi meva-sabzavot mahsulotlarining turiga qarab tanlanishi kerak.
349. Idishlarga ortilgan mahsulotlarni transportda tashish uchun konveyer tasmalarining harakat tezligi 1,2 m/s dan oshmasligi kerak. Tasma 0,2 m balandlikdagi bort bilan toʻsilgan boʻlishi kerak.
350. Meva-sabzavot mahsulotlarini omborxonaga joylashda quyidagi asosiy talablar bajarilishi kerak:
omborxonaning chiqib turgan konstruksiyalarining quyi qismidan uymaning tepasigacha boʻlgan masofa kamida 0,8 m, shtabel tepasigacha esa kamida 0,3 m boʻlishi;
shtabeldagi qutilar orasidagi masofa kamida 0,02 m, qutili tagliklar orasidagi masofa kamida 0,05 m boʻlishi;
toʻkib joylashtirishda mahsulotlar balandligi kartoshka uchun 5 m, oʻramli karam va sabzi uchun 3 m, lavlagi uchun 4 m, sholgʻom uchun esa 3,5 m dan oshmasligi;
idishlarda joylashtirish balandligi kartoshka, oʻramli karam va lavlagi uchun 4,6 m, sabzi, sholgʻom, olma va nok uchun 5,0 m, pomidor, uzum hamda poliz ekinlari uchun esa 4,5 m dan oshmasligi;
konteynerlarga joylashtirib saqlash boʻlmalariga ortishda 1 m hajmga toʻgʻri keladigan yuk miqdori kartoshka uchun 0,5 t, oʻramli karam uchun 0,3 t, sabzi uchun 0,345 t, lavlagi uchun 0,46 t, sholgʻom uchun 0,38 t, olma va nok uchun 0,29 t hamda poliz ekinlari uchun 0,4 t dan oshmasligi.
351. Kartoshka va sabzavotlarni uyum qilib saqlash uchun maydonchalar reja asosida boʻlishi va zovurlar, ariqlar, atmosfera yogʻingarchiliklarini chiqarib tashlash uchun yomgʻir qabul qilgichlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
352. Un, shakar, yorma, don va boshqa mahsulotlar uchun idishsiz saqlashga moʻljallangan siloslar, bunkerlar, filtrlar, oʻtkazgich quvurlar va boshqa uskunalar yonmaydigan yoki qiyin yonadigan materiallardan tayyorlanib, statik elektrdan himoyalanish uchun barcha poʻlat elementlari boʻlishi kerak.
353. Un, yorma, don, shakar va shu kabi mahsulotlar idishsiz yoki idishlarda saqlanganda, saqlash binolari polida toʻplangan chang har bir ish smenasida kamida bir marta tozalanishi kerak. Devorlardagi chang esa uning yigʻilish darajasiga qarab muntazam ravishda tozalab turilishi lozim.
Idishsiz saqlanadigan un va yorma saqlash sigʻimlari changni soʻrib chiqarish va havoni tozalashga moʻljallangan, filtrlar bilan jihozlangan aspiratsiya tizimiga ulangan boʻlishi kerak.
354. Ogʻirligi 50 kg gacha boʻlgan qutilar, 70 kg gacha boʻlgan qoplar, shuningdek ekstrakt yoki sochiluvchan mahsulotlar solingan bochkalar qoʻlda taxlanganda shtabel balandligi 2 m dan oshmasligi lozim.
Yogʻ mahsulotlari joylangan bochkalarni taxlashda esa shtabel balandligi kamida xavfsizlikni taʼminlash maqsadida 1,5 m dan oshmasligi kerak.
355. Ogʻirligi 50 kg gacha boʻlgan qutidagi yuklar mexanizatsiya yordamida taxlanganda shtabel balandligi 3,6 m dan, 70 kg gacha boʻlgan qopli yuklarda 3,8 m dan, uchqun chiqaruvchi moddalarda 1,5 m dan, ekstraktli bochkalarda 2,5 m dan, sochiluvchan ashyoli bochkalar joylashtirilganda esa 3,0 m dan oshmasligi kerak.
356. Qadoqlanmagan qutilar va qopdagi yuklarni shtabelga bogʻlagan holda taxlash kerak.
Shtabellarning mustahkamligi uchun har 2 qator qutilardan keyin taxtacha qoʻyish, har 5 qator qoplardan keyin taxtalar qoʻyish lozim.
Qogʻoz qoplardagi yuklarni taxlash har bir qator orasiga taxtali qistirmalar qoʻygan holda amalga oshirilish kerak.
357. Shtabelga qoplarni qoʻlda taxlashda 8 qatordan oshmagan holda, mexanizatsiya yordamida koʻpi bilan 12 qator qilib joylashtirish kerak.
358. Mevali qutilarni tagliklarga joylashda shtabel uzunligi 10 m dan, balandligi esa 4 m dan oshmasligi kerak.
Meva va sabzavotli qutilarni qoʻlda shtabellarga taxlashda 1,5 m balandlikkacha oʻrnatishga ruxsat etiladi.
359. Bochkalar shtabellarga gorizontal (yotiq) holatda, kesilgan piramida shaklida va koʻpi bilan 3 qator qilib taxlanishi lozim. Har bir qator orasiga taxtali qistirmalar qoʻyilishi, shuningdek barcha chetki qatorlar ponalar bilan mahkamlanishi kerak.
Bochkalarni tik holatda taxlashga esa koʻpi bilan 2 qatorgacha ruxsat etiladi. Bunda, qatorlar oʻrtasi taxta qalinligidagi qistirmalar bilan ajratilishi va mustahkamlanishi lozim.
360. Ogʻirligi 100 kg gacha boʻlgan kichik oʻlchamli bochkalarni yotiq holda 6 qator qilib, ogʻirligi 100 dan 150 kg gacha boʻlganda koʻpi bilan 4 qator taxlashga ruxsat etiladi.
361. Balandligi 2,5 m dan ortiq boʻlgan qutilar hamda ikki va undan ortiq qator qilib taxlangan bochkalar shtabellari toʻsiqlar bilan oʻralgan boʻlishi kerak. Bunda, toʻsiq bilan shtabel oʻrtasidagi masofa 1,5 m dan kam boʻlmasligi lozim.
25-§. Savdo omborlari, chakana savdo va umumiy ovqatlanish tashkilotlarida mahsulotlarni tashish va joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
362. Yuk tashishga moʻljallangan qoʻl aravachalari soz, mustahkam va boshqarishga qulay, shuningdek joylashtirilgan yuklarning barqarorligini taʼminlovchi yechiladigan yoki mahkamlangan moslamalar hamda ularni qulay harakatlantirish uchun tutqichlarga ega boʻlishi lozim.
363. Uch yoki toʻrt gʻildirakli aravachalarga yuklar aravacha platformasi chegarasidan tashqariga chiqmaydigan tarzda joylashtirilishi kerak.
Aravacha platformasi tashilayotgan yuk turiga mos shaklda boʻlishi, zarur hollarda esa yuklarni mahkamlash uchun maxsus moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
364. Ogʻirligi 300 kg gacha boʻlgan yukni aravachalarda tashishda oldingi gʻildiraklari boshqariladigan boʻlishi kerak.
365. Yuklarni aravachalarda tashishda quyidagi talablarga rioya qilinishi lozim:
yuk aravacha platformasida harakat vaqtida tushib ketish xavfini keltirib chiqarmaydigan tarzda tekis va barqaror joylashtirilishi;
aravacha uning yuk koʻtarish qobiliyati doirasida yuklanishi;
aravacha yuklangan yoki yuksiz holatda 5 km/soat dan ortiq tezlikda harakatlanmasligi;
aravacha bortlari yopiq holatda boʻlishi, tirgaklari esa ilgak oʻymalariga mustahkam oʻrnatilgan boʻlishi;
aravachani kuzatib borayotgan xodim aravacha harakatlanishi vaqtida tor joylar, darvozalar va eshik oralarida qisilib qolish xavfini oldini olish maqsadida aravacha yonida yurmasligi.
366. Ish boshlashdan oldin aravachaning sozligiga ishonch hosil qilish kerak. Nosoz aravachalardan foydalanish taqiqlanadi.
367. Qiyaligi pastga qarab yoʻnalgan polda yuklarni koʻchirishda xodim aravacha orqasida harakatlanishi kerak.
Gidravlik aravachani toʻxtatish zarurati yuzaga kelganda, bunday harakatni yukni tushirgan holda amalga oshirishga ruxsat etiladi.
368. Baland shtabelga joylangan yukni boshqa joyga koʻchirishda shtabelni ushlab turish uchun ikkinchi xodimni jalb etish kerak.
369. Aravachaning belgilangan yuk koʻtarish qobiliyatidan ortiq yukni koʻtarish yoki boshqa joyga koʻchirish taqiqlanadi, shuningdek aravacha ramasining harakatlanish zonasida hamda yuk harakatlanadigan yoʻlda odamlarning boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
370. Bochkalarni boshqa joyga koʻchirish uchun moʻljallangan aravachalar dastasining uch qismi saqlovchi tutqichlar bilan jihozlangan boʻlishi, shuningdek yuk aravachadan agʻdarilib ketishi yoki siljishi holatlarida qoʻlni himoya qilish uchun maxsus moslamaga ega boʻlishi kerak.
371. Ish tugagandan soʻng aravacha tekis maydonchaga oʻrnatilishi kerak.
Gidravlik aravachaning ramasi gorizontal holatga tushirilgan boʻlishi kerak.
Aravachaning oʻz-oʻzidan harakatlanib ketmaslik choralari koʻrilishi kerak.
372. Turar joy binolari ichida joylashgan yoki ularga tutash qurilgan tashkilotlarda yuklarni ortish va tushirish ishlari turar joy binosining derazalari va yerosti tonnellari mavjud boʻlmagan yon tomonidan yoki maxsus ortish xonasiga ega boʻlgan magistral tomondan amalga oshirilishi kerak.
373. Balandligi 1,5 m dan ortiq boʻlgan yoki marshlar soni bittadan ortiq zinalarga ega yertoʻla va yarim yertoʻla xonalarida joylashgan doʻkonlarda yuklarni bevosita omborxonaga tushirish uchun lyuklar va traplar jihozlangan boʻlishi kerak.
374. Transport vositasi yuk ortish va tushirish ishlarini amalga oshirish uchun bino yaqiniga qoʻyilganda, bino bilan transport vositasi kuzovining orqa borti oʻrtasida kamida 0,8 m masofa saqlanishi kerak.
375. Hudud iqlimiga bogʻliq holda joylashuviga va doʻkonning savdo maydoni oʻlchamiga bogʻliq holda yuk tushirish platformalari isitilmaydigan yoki isitiladigan xonalarda soyabon ostida joylashishi kerak.
Soyabonlar yuk tushirish platformasini toʻliq va transport vositasi kuzovining 1 m qismini yopishi kerak.
376. Idishlar, konteynerlar, tagliklar va boshqa yukni qadoqlash vositalari quyidagi talablarga javob berishi kerak:
idishlar toza va soz holatda boʻlishi, ularda osilib turgan mixlar, simlar yoki poʻlat tasmalar, shuningdek shikastlanishlar, teshiklar, gʻadir-budurlar, tugunlar, qiyshayishlar va boshqa nuqsonlar boʻlmasligi lozim;
mixlarning chiqib turgan uchlari qayrilgan va yogʻoch ichiga kiritilgan, skobalarning uchlari esa qayrilgan hamda yogʻochga zich qisilgan boʻlishi kerak;
qulflovchi va qayd etuvchi qurilmalar yuk ortish-tushirish, tashish va joylashtirish ishlari vaqtida oʻz-oʻzidan ochilib ketmasligi lozim;
shtabelga joylashtiriladigan idishlar yagona konstruksiya va oʻlchamdagi qayd etuvchi qurilmalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak;
qutilar standart yoki namunaviy hamda belgilangan maqsadga muvofiq boʻlishi lozim;
bochkalar toza boʻlishi, ularda teshiklar, chuqurlar, qavariqlar yoki singan mixparchinlar mavjud boʻlmasligi kerak;
qoplar butun va toza boʻlishi, ularning choklarida oʻtkazib yuborilgan tikishlar boʻlmasligi lozim;
quti va ustunchali tagliklar koʻp qavatli shtabellashda barqarorlikni taʼminlash uchun fiksatorlar bilan jihozlangan boʻlishi hamda ular yuk koʻtarish qobiliyatining kamida toʻrt baravariga teng yuklamaga bardosh berishi lozim.
377. Elektr tal yordamida yuk koʻtarishda ilgak halqasini chekka holatgacha, yaʼni oʻchirgichga yetguncha olib borish, shuningdek oʻchirgichdan avtomatik toʻxtatish vositasi sifatida foydalanish taqiqlanadi.
378. Ogʻir vaznli, biroq oʻlchami katta boʻlmagan yuklarni bino zinalari boʻylab koʻchirishga zinapoyalarga yotqizilgan taxtalar ustidan tros yordamida ruxsat etiladi.
Zinapoya boʻylab yuqoriga koʻtarilayotgan yukning orqasida, shuningdek tros yordamida pastga tushirilayotgan yukning oldida turish taqiqlanadi.
379. Ogʻir vaznli yuklarni gorizontal yuza boʻyicha gʻoʻla yordamida koʻchirishga ruxsat etiladi. Bunda, koʻchirish yoʻli barcha begona predmetlardan tozalanishi kerak.
Gʻoʻlalarni yuk tagiga keltirish uchun lom yoki domkratlar qoʻllaniladi.
Yuk agʻdarilib ketmasligi uchun yukning oldi qismiga qoʻshimcha gʻoʻlalar qoʻyish kerak.
380. Yukni qiya tekislik boʻylab tushirishda uning oʻz ogʻirligi taʼsirida yumalab yoki sirpanib ketishi, shuningdek agʻdarilib ketishi ehtimolini bartaraf etuvchi zarur choralar koʻrilishi lozim.
26-§. Neft mahsulotlarini tashish va joylashtirishga qoʻyiladigan talablar
381. Qovushqoq neft mahsulotlarini tashish uchun moʻljallangan transport vositalari (ham temir yoʻl, ham transport vositalari), yuk tushirishni taʼminlash uchun isitish tizimi bilan jihozlanishi kerak.
382. Neft mahsulotlarini transport vositalariga quyish, undan toʻkish nasoslar yordamida yoki rezervuardagi va transport vositasidagi suyuqlik sathlari farqi hisobiga oʻz oqimi bilan olib boriladi.
383. Neft mahsulotlari shu turdagi mahsulot saqlanayotgan rezervuarlarga quyilishi kerak.
384. Bitta stoyakdan faqat etillangan benzin yoki faqat etillanmagan benzin, kerosin va dizel yonilgʻisini qabul qilish uchun foydalanishga ruxsat etiladi. Rezervuarlardan keluvchi quvurlar bevosita stoyak oldida joylashgan joʻmrakka hamda joʻmrakli taroqqa (grebyonka) ulangan boʻlishi lozim.
385. Yonilgʻini omborlarda saqlashda bugʻlanish orqali yoʻqotishlarning oldini olish maqsadida gaz fazasi hajmini kamaytirish, toʻldirish jarayonida bugʻ-havo aralashmasining atmosferaga chiqib ketishiga yoʻl qoʻymaslik, maqbul harorat rejimini taʼminlash hamda boshqa zarur choralar koʻrilishi kerak.
386. Sigʻimni neft mahsulotlari bilan toʻldirishda neft mahsulotlarining harorat taʼsirida hajmi oʻzgarishi hisobga olinishi lozim. Shu munosabat bilan sigʻimning 2 % dan 5 % gacha qismi toʻldirilmasdan qoldirilishi kerak.
387. Neft mahsulotlari idishlarda saqlanganda omborxonalar yongʻinga bardoshli materiallardan qurilgan boʻlishi hamda yengil alangalanuvchi mahsulotlar uchun har biri 200 m² dan oshmaydigan, chaqnash harorati 45°S dan yuqori boʻlgan mahsulotlar uchun esa har biri 1000 m³ dan oshmaydigan alohida seksiyalarga boʻlingan boʻlishi kerak.
388. Hajmi 200 l boʻlgan plastik surkov moyli yogʻoch bochkalar temir yoʻl vagonlariga ikki qavat qilib, kichik hajmli bochkalar esa uch qavat qilib yuklanishi kerak. Bunda, birinchi va ikkinchi qavatdagi bochkalar yon tomoni bilan, uchinchi qavatdagilari esa tiqinlari yuqoriga qaratilgan holda joylashtiriladi.
389. Vagonga 50 l va 100 l hajmdagi bochkalar yuklanganda, barcha bochkalar yon tomoni bilan joylashtirilishi kerak.
390. Bochka qavatlari orasiga taxta toʻshamalar qoʻyilishi, yotqizilgan bochkalar esa qistirmalar yordamida mahkamlanishi lozim.
391. Transport vositasi kuzoviga bochkalar yuklanganda, ular tiqinlari yuqoriga qaratilgan holda yon tomoni bilan joylashtirilishi va tashish vaqtida qoʻzgʻalmasligi uchun mustahkam mahkamlanishi kerak.
392. Omborxonalarda moylar va plastik moylar stellajlarda uch qavatdan ortiq boʻlmagan holda, shtabel uzunasi boʻyicha esa 10 tadan koʻp boʻlmagan bochkalarda saqlanishi kerak.
Bochkalar ostiga yogʻoch qistirmalar qoʻyilishi hamda stellajlar orasida kamida 1,8 m kenglikda oʻtish yoʻli taʼminlanishi lozim.
393. Ogʻirligi 100 kg gacha boʻlgan bochkalarni va xodalarga 30° dan koʻp boʻlmagan qiyalikda yotqizilganda transport vositasiga qoʻlda ortishga ruxsat etiladi.
394. Neft mahsulotlari bilan toʻldirishdan oldin sisterna koʻzdan kechirilishi, uning uskunalari soz holatdaligi, zulfinlari, nafas olish klapanlari, qopqogʻining zichligi hamda ichida qoldiq moddalar mavjud emasligi tekshirilishi kerak.
Sisterna va toʻldirish uchun ajratilgan transport idishi faqat bir xil turdagi neft mahsulotini tashish va saqlash uchun ishlatilishi lozim.
395. Ombordan benzin, dizel yonilgʻisi va moylar birinchi navbatda kamroq toʻldirilgan hamda uzoq muddat saqlanayotgan rezervuarlardan berilishi kerak.
396. Bochkalarning quyiladigan teshiklari moy-benzinga bardoshli rezinadan yoki maxsus kartondan ishlangan qistirmali metall tiqinlar bilan berkitilishi kerak.
397. Neft mahsulotlari saqlangan boʻsh idishlar shtabellarga uzunasi boʻyicha 10 m dan oshmaydigan, eni 6 m va balandligi 2 m qilib joylashtirilishi kerak.
Shtabelning yuqori qismi bilan omborxona bostirmasi konstruksiyasining chiqib turgan qismi oʻrtasida kamida 0,5 m masofa saqlanishi lozim.
Shtabellar devordan kamida 1 m masofada joylashtirilishi, shtabellar orasidagi uzilish kamida 2 m, shtabeldagi har ikki qator bochkalar orasi esa kamida 1 m boʻlishi kerak.
398. Neft-bitumlar idishlarda (kraft qoplar, taxtali yoki metall bochkalar, boshqa mayda idishlar yoki maxsus konteynerlarda) tashilishi kerak.
Yuk ortish va tushirish ishlari avtoyuklagichlar hamda yuk koʻtarish kranlari yordamida amalga oshirilishi lozim.
Bunkerli vagonlar va temir yoʻl sisternalaridan bitumni tushirish, uning oquvchanligini taʼminlash maqsadida maxsus tizim orqali qizdirilgandan keyin amalga oshiriladi.
399. Bitumni qizdirish uchun bugʻ, gaz, moy yoki elektr yordamida ishlaydigan qizdirish tizimlaridan foydalanish mumkin.
400. Neft mahsulotlarini toʻkish va quyish ishlarini amalga oshirish tartibi, shuningdek rezervuarlar, transport vositalari hamda idishlarni ekspluatatsiya qilish elektrostatik uchqunlar yuzaga kelishi xavfsizligi talablariga muvofiq boʻlishi kerak.
401. Tiniq neft mahsulotlarini erkin oqim usulida quyish jarayonida rezervuar va sisternalarda statik elektrlanish hosil boʻlishi mumkin, bu esa elektr razryadi natijasida alanga yuzaga kelishiga yoki neft mahsulotlarining havo bilan aralashmasi portlashiga sabab boʻlishi mumkin, shu sababli sisterna, rezervuar va boshqa sigʻimlarga neft mahsulotlarini erkin oqim bilan quyish taqiqlanadi.
402. Suyuq neft mahsulotlarini quyishda quyish shlangining patrubkasi sigʻimning tub qismigacha tushirilishi kerak.
403. Statik elektrlanishning oldini olish maqsadida estakadaning barcha metall qismlari, quyish uchun moʻljallangan teleskopik quvurlar, shlanglar va uchliklar, shuningdek quyish va toʻkish ishlari vaqtida rezervuarlar hamda sisternalar yerga ulangan (yerlatilgan) boʻlishi kerak.
404. Neft mahsulotlari omborlari sterjenli, trosli va toʻrsimon turdagi yashin qaytargichlardan foydalanilgan holda yashindan himoya qilish tizimi bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
405. Sisterna va rezervuarlar qopqoqlarini ochish, shuningdek quyish yoki olish quvurchalari uchliklarini kiritish ishlari ehtiyotkorlik bilan va zarba bermasdan amalga oshirilishi kerak.
406. Zinalar, tutqichlar, maydonchalar, maydonchalar toʻsiqlari, sisternalar va rezervuarlar xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning mehnat xavfsizligini taʼminlaydigan soz holatda boʻlishi kerak.
407. Neft mahsulotlari bilan ishlash jarayonida ochiq olovdan foydalanish va chekish taqiqlanadi. Isitish tizimi ishonchli himoyalangan hollarda suyuq bitumlarni qizdirish uchun elektr isitgichlardan foydalanishga ruxsat etiladi.
408. Temir yoʻl transporti yuk ortish va tushirish ishlarini amalga oshirish uchun qoʻyilganda, u boshmoqlar yordamida ishonchli ravishda toʻxtatilgan boʻlishi hamda ishlar olib borilayotgan hududga boshqa harakatlanuvchi tarkibning kirib kelmasligi boʻyicha choralar koʻrilishi kerak.
Neft-bitumli bunker vagonlarni tushirish jarayonida xodimlarning bunkerni agʻdarish hududida boʻlishi taqiqlanadi.
409. Neft mahsulotlarini toʻshama (stellaj) ustida idishlarda saqlashda ularni quyosh nurlarining toʻgʻridan-toʻgʻri taʼsiridan hamda yogʻingarchiliklardan himoya qilish kerak.
Neft mahsulotlarini ochiq joylarda saqlashga faqat yongʻinga chidamli materiallardan tayyorlangan soyabonlar ostida ruxsat etiladi.
410. Neft mahsulotlari omborlari va qayta ortish punktlari portlashdan himoyalangan elektr yoritgichlar bilan jihozlangan boʻlishi, shuningdek ularni yoqish va oʻchirish vaqtida havoda portlash xavfiga ega yonilgʻi-havo aralashmasi mavjud emasligi taʼminlanishi kerak.
411. Neft mahsulotlari bilan xavfsiz ishlash yopiq xonalarda havo muhitini doimiy nazorat qilish hamda neft mahsulotlari bugʻlarining yuqori konsentratsiyasini bartaraf etuvchi samarali shamollatish (ventilyatsiya) tizimi orqali taʼminlanishi kerak. Havo ventilyatorlarining uzatmalari esa yongʻin va portlashdan himoyalangan boʻlishi lozim.
27-§. Yuklarni qoʻl bilan boshqa joyga koʻchirishga qoʻyiladigan talablar
412. Ishchi kiyim yeng uchlarining tugmalari taqilgan yoki bogʻlangan, kiyimlar yigʻishtirilgan va hilpirab turmaydigan holatda boʻlishi, sochlar bosh kiyim ichiga olingan, bosh kiyim esa boshga zich yopishib turishi kerak.
413. Shaxsiy himoya vositalari (qoʻlqop, koʻzoynak, respirator), ish qurollari hamda moslamalar ish boshlashdan oldin tekshirilishi, ular ishga yaroqsiz yoki nosoz holatda aniqlangan taqdirda esa soz va xavfsiz vositalarga almashtirilishi kerak.
414. Doimiy ish maydonchasida ish bajarilganda ish joyida:
yuk ortish va tushirish maydonchalari hamda oʻtish joylari tirband qilinmasligi, maydoncha va oʻtish joylarida teshiklar, chuqurliklar, begona jismlar va sirpanchiq joylar boʻlmasligi kerak (sirpanchiq joylarga qum sepilishi kerak);
yertoʻla va yarim yertoʻlada joylashgan omborxonalarning lyuklari, traplari, koʻtargichlar soz holatda boʻlishi kerak;
ishlar olib boriladigan joylarning yoritilganligi ishlarni xavfsiz olib borish uchun yetarli boʻlishi kerak;
aniqlangan kamchiliklar, nosozliklar toʻgʻrisida bevosita ish rahbariga xabar berish kerak va uning koʻrsatmasisiz ish boshlashga ruxsat etilmaydi.
415. Ogʻirligi 50 kg gacha boʻlgan yuklarni, agar ularni gorizontal yoʻnalishda 25 m gacha masofaga koʻchirish talab etilsa, qoʻlda tashishga ruxsat etiladi. Boshqa holatlarda esa aravachalar, vagonchalar va tallardan foydalanilishi kerak.
416. Ogʻirligi 80 kg dan ortiq boʻlgan yukni bir nafar yukchi tomonidan tashish taqiqlanadi.
417. Ogʻirligi 50 kg gacha boʻlgan bir joydagi yukni koʻtarish yoki tushirish ishlari kamida ikki nafar xodim tomonidan amalga oshirilishi kerak.
418. Ogʻirligi 50 kg gacha boʻlgan yukni xodimning orqasiga koʻtarib berish yoki orqasidan olib tushirish boshqa yukchi tomonidan amalga oshirilishi kerak.
419. Ogʻirligi 80 kg dan 500 kg gacha boʻlgan yuklarni ortish va tushirish yuk koʻtarish mexanizmlarini (tallar, bloklar, chigʻir) qoʻllagan holda, shuningdek qiyaliklar va shu kabilardan foydalanib amalga oshirish kerak.
Bunday yuklarni qoʻlda ortish va tushirish, vaqtinchalik maydonchalarda tajribali brigadir rahbarligi ostida va bir kishiga 50 kg gacha yuk toʻgʻri kelishi sharti bilan ruxsat etiladi.
420. Yuk koʻtarish mexanizmlari va moslamalarni qoʻllagan holda ortish va tushirishda yukchilar, ularning xavfsiz qoʻllanilishiga doir yoʻriqnomalar va qoidalarni bilishlari va ular bilan munosabatda boʻlishga doir malakaga ega boʻlishlari kerak.
421. Boshqa yukchilar bilan hamkorlikda ishlaganda brigadir yoki katta xodimning koʻrsatmalari aniq bajarilishi kerak.
422. Piyoda va transport vositalari oʻtish joylarini tirband boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
423. Yuklarni nosoz stellajlarga, chorpoyalarga, havozalarga, yuklarni saqlash uchun tayyorlanmagan joylarga taxlashga ruxsat etilmaydi.
424. Agar yuk bir guruh xodimlar bilan tashilayotgan boʻlsa, har kim hamma bilan baravar qadam tashlashi kerak.
425. Uzun oʻlchamli yuklar bir tomon yelkalarda (chap yoki oʻng) tashilishi kerak.
Uzun oʻlchamli yuklarni koʻtarish va tushirishni brigadir yoki katta xodimning koʻrsatmasiga binoan amalga oshirish kerak.
426. Yuklar zambilda tashilganda ikkala xodim baravar qadam bosishi kerak. Zambilda tashilayotgan yukni tushirishga koʻrsatmani orqada kelayotgan xodim berishi kerak.
427. Benzin, kerosin, neft va boshqalarni ortish va tushirishni toʻkish shlanglarini qoʻllagan holda nasos yordamida amalga oshirish kerak.
Sigʻimlarni chelaklab, ochiq quyish orqali toʻldirish, shuningdek neft mahsulotlarini shlanglarsiz toʻkish taqiqlanadi.
428. Changlanadigan ashyolarni ortish va tushirishda himoya koʻzoynaklari va respiratorlar qoʻllanilishi kerak.
429. Kislotalar, ishqorlar va boshqa kimyoviy jadal moddalar boʻlgan yuklarni qoʻlda koʻtarib tashish yoki transportda tashishga faqat toʻqilgan savatlarda yoki maxsus moslamali zambillar yoki yuk tashuvchi qoʻl aravachalar ustida panjaralarda tashishga ruxsat etiladi.
Ushbu moddalar boʻlgan butillarni ortish va tushirishda ularni transport vositasiga oʻrnatish ikkita yukchi bilan amalga oshiriladi.
Kislotali butillarni orqada yoki yelkada tashish taqiqlanadi.
430. Shisha idishlardagi yuklarni transportda tashish paytida yoki omborxonada saqlashda, pastki qatorni sinishlardan saqlovchi tegishli qistirmalarsiz ikki qator qilib taxlash taqiqlanadi.
431. Kislotali va boshqa kimyoviy jihatdan faol moddalardan iborat yuklarni lift va shaxta koʻtargichlaridan tashqari boshqa yuk koʻtarish mexanizmlari yordamida ortish, tushirish yoki boshqa joyga koʻchirish taqiqlanadi.
432. Siqilgan va suyultirilgan gazli ballonlarni faqat maxsus aravachalarda yoki kigiz bilan qoplangan, ballonlar uchun moʻljallangan oʻymalari mavjud moslamalarda boshqa joyga koʻchirishga ruxsat etiladi.
Ballonlarni yelkalarda tashish, koʻtarma-transport vositalarini qoʻllash, ularning agʻdarilishi portlashga olib kelishi mumkinligi sababli taqiqlanadi.
433. Oʻta xavfli yuklarni ortish va tushirish, ishlarni olib borishga javobgar shaxsning rahbarligi ostida yoki ushbu yukni joʻnatish yoki qabul qilishga javobgar xodim tomonidan amalga oshiriladi.
Ishlar oʻta ehtiyotkorlik bilan va maxsus yoʻriqdan oʻtgandan soʻng amalga oshiriladi.
434. Kukunsimon ashyolar saqlanadigan joylarda, shtabel balandligi katta boʻlmagan taqdirda ham, ularning koʻchib ketish ehtimoli mavjudligi sababli yer kovlash ishlarini amalga oshirish taqiqlanadi.
435. Shtabelga joylashtirilgan donali yuklar shtabelning agʻdarilib ketmasligi uchun uning barqarorligi taʼminlangan holda faqat yuqori qismidan olinishi kerak.
436. Ogʻir yuklarni taxlashdan oldin yuk tushirilganda shikastlanishining oldini olish hamda yuk ostidan stroplarni oson yechib olish imkoniyatini taʼminlash maqsadida tagliklar qoʻyilishi kerak.
437. Dumalaydigan yuklarni boshqa joyga koʻchirishda yukchi yuk orqasidan harakatlanishi va yukni oʻziga qarama-qarshi yoʻnalishda itarib borishi kerak.
Bir nechta yukchilar ishlaganda bir-birlariga ish qurollari yoki ishlanayotgan yuklar bilan shikast yetkazib qoʻymasliklari uchun har biri ehtiyotkor boʻlishi kerak.
438. Yuklarni qoʻlda tashishda yukchi boʻsh, tekis va qisqaroq yoʻlni tanlashi kerak.
Joylangan yuklar ustidan yurish, oldinda borayotgan yukchiga yetib olish va oʻzib ketish, yoʻlni harakatdagi transport vositasi oldidan kesib oʻtish mumkin emas.
439. Uzun oʻlchamli yuklarni yukni mahkamlash moslamalariga (yechib olinadigan yoki koʻtarma ustunlar, pishiq zanjirlar va boshqalar) ega boʻlgan tirkamali transport vositalariga ortishga ruxsat etiladi.
440. Uzun oʻlchamli yuklarni qoʻlda ortish va tushirishni dumalatgan holda kamida ikki kishi bilan bajarish kerak.
441. Ogʻir vaznli va uzun oʻlchamli yuklarni tushirishda yukning kanatlar yordamida xavfsizligi taʼminlanishi hamda shaxsiy xavfsizlik choralariga qatʼiy rioya qilinishi kerak. Uzun oʻlchamli yuklarni dumalatish vaqtida uning harakat yoʻnalishiga qarama-qarshi tomonda turishga, yukni transport vositasi kuzoviga joylashtirishda esa kabina tomonida turishga yoʻl qoʻyilmaydi. Yuklarni transport vositasi kuzoviga joylashtirishda lomdan foydalanish kerak.
442. Ishlar bajarilgandan soʻng ish joyini tartibga keltirish kerak, odamlar va transportlar oʻtish joylari oʻrnatilgan oʻlchovlarga muvofiq ochiq, bemalol boʻlishi, yuk ortish va tushirish vositalari, ish qurollari va moslamalar tozalangan, tartibga keltirilgan va saqlashga topshirilishi kerak.
Barcha kamchiliklar va ish jarayonida aniqlangan nosozliklar toʻgʻrisida ish rahbariga va smena qabul qiluvchiga xabar berishi kerak.
443. Yopiq vagonlar eshigini ochishdan oldin ular toʻgʻri mahkamlanganligiga ishonch hosil qilish kerak.
444. Yopiq vagonlar eshigini ochishda eshik va vagon ichidagi yukning agʻanash ehtimoli mavjudligi sababli eshik qarshisida turish taqiqlanadi.
Yukchilar vagon eshigini ochishda yon tarafda turishlari va eshikni tutqichidan ushlagan holda oʻzlariga tortib ochishlari kerak.
445. Temir yoʻl platformalari bortlarini ochish vaqtida xodimlar bort tushganda uning zarbasi taʼsiriga tushmaslik uchun bortning yon tomonida turishi kerak.
446. Bortli platformalarni yopish quyidagi tartibda amalga oshirilishi kerak: avval yon bort koʻtariladi, bunda bir nafar xodim vagon ichida turib bortni ushlab turadi, qolgan xodimlar esa uzun bortni koʻtaradilar. Mazkur operatsiyalarni bajarish vaqtida bortning qarshisida turish taqiqlanadi. Platformaning nosoz bortlarini ochish va yopish ishlari usta yoki brigadir rahbarligi ostida amalga oshirilishi kerak.
447. Xopperlarning lyuklarini ochish ikki xodim tomonidan amalga oshirilishi kerak.
448. Xopper va yarim vagonlar lyuklarini ochishda xodimlarning vagon ichida boʻlishi taqiqlanadi.
449. Estakadalari mavjud boʻlmagan omborlarda yarim vagonlar va xopperlar lyuklarini ochishda alohida ehtiyotkorlikka rioya qilinishi kerak.
450. Estakada tagida yoki yaqinida odamlar, mashinalar, mexanizmlar boʻlganda estakadada turgan vagonlar lyuklarini ochish taqiqlanadi.
451. Xopperlar va yarim vagonlarning lyuklarini estakadalarda ochishga, toʻshama yoʻlaklar oldin tushirilgan materiallardan toʻliq boʻshatilganidan soʻng ruxsat etiladi.
452. Toʻshama yoʻlaklari mavjud boʻlmagan estakadalarda yopiq vagonlar eshiklarini ochish taqiqlanadi.
453. Lyuklarni yopish ishlari ikki nafar xodim tomonidan maxsus lomlar yordamida bevosita yuk tushirish joyida amalga oshirilishi kerak.
454. Platforma bortlarini yopishdan oldin barcha bogʻlovchi simlar vagondan yechib tashlanishi kerak.
455. Kirkalar, ponalar, oʻyma bolgʻalar va shu kabilar bilan muzlab qolgan yukli vagonlarni tushirish vaqtida vagon ichidagi ishlayotgan xodim yonida ishlayotgan boshqa xodimga shikast yetkazish xavfini tugʻdirmaydigan masofada joylashishi kerak, shuningdek osilib turgan muzlar qulashi, yuk boʻlaklarining sochilib ketishi natijasida ham shikast yetkazmaslik choralari koʻrilishi kerak.
456. Muzlagan yukning bloklarini ajratish ishlari lomdan foydalangan holda olib borilishi kerak.
Qoʻl bilan muzli bloklarni ajratish taqiqlanadi.
457. Yuki muzlab qolgan vagonlarda yukni vagon borti boʻylab kirka bilan urib tushirish taqiqlanadi. Kirka bilan bogʻliq ishlar vagonning butun kengligi boʻylab bir tekisda amalga oshirilishi kerak.
458. Muzlagan yuklarni tushirish ishlari ishlarni xavfsiz olib borishga javobgar shaxs rahbarligi ostida olib borilishi kerak.
459. Platformalardan yogʻoch materiallari yuklarini tushirish brigadir rahbarligi ostida olib borilishi kerak.
Yukning platformada barqaror holatida tushirish quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
barcha bogʻlamlar kesiladi;
yukni tushirish tomondagi ustunchalar olinadi;
tushirish xodachalar boʻyicha olib boriladi.
Barqaror boʻlmagan holatda boʻlgan yukni platformadan tushirish quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
chetki ustunlar richaglar bilan tirab qoʻyiladi;
barcha bogʻlamlar kesiladi;
tushirish tomondagi oʻrta ustunchalar olinadi;
chetki ustunlar platforma polidan 0,5 m atrofidagi balandlikda kesiladi;
kesilgan ustunlar sathigacha boʻlgan barcha qator tushiriladi.
460. Yogʻoch materiallari yuklari agʻdarilib ketishining oldini olish maqsadida ularni tushirish ishlari gorizontal qatorlar boʻyicha amalga oshirilishi kerak.
461. Sirti muzlagan, shuningdek qor yoki qirov bilan qoplangan taxtalarni tushirish va taxlash (shtabellash) vaqtida ularning ustida yurish yoki turish taqiqlanadi. Bunday taxtalar yukchilar harakatlanadigan yoʻldan olib tashlanishi hamda alohida taxlanishi kerak.
462. Dumaloq bochkasimon yuklarni (rulon, bochka) tushirish xodalardan foydalangan holda brigadir rahbarligi ostida olib boriladi.
Arqonlardan foydalanmagan holda xodalar boʻylab dumalatib tushirish paytida xodalar oraligʻida yoki yon tarafida turish taqiqlanadi.
463. Gʻishtlarni qoʻlda tushirish, oldindan tayyorlab qoʻyilgan tekis maydonchada, qish paytida esa qordan va muzdan tozalangan tekis maydonchalarda amalga oshiriladi.
464. Kislorod ballonlarini tushirish va ortish maxsus ajratilgan va jihozlangan joylarda, maxsus oʻqitilgan, yoʻriqdan oʻtgan va belgilangan tartibda ishlash uchun ruxsat etilgan xodimlar tomonidan amalga oshirilishi kerak.
Kislorod ballonlarini tushirish va ortish kunning yorugʻ vaqtida amalga oshiriladi. Zarur hollarda, ish joyi yetarli darajada yoritilgan boʻlsa kunning qorongʻi vaqtida amalga oshiriladi.
465. Kislorod ballonlarini ortish, tushirish va koʻtarib tashishda quyidagilar taqiqlanadi:
ballonlarni yelkada, orqada koʻtarib tashish, qirrasiga koʻtarib burib siljitish va tushirib boshqasiga ortish, sudrash, tashlash, itarish, ballonlarga urish, boshqa joyga koʻchirishda lomdan foydalanish;
yukchilarni moyli kiyimlarda, moyli iflos qoʻlqoplarda ishga qoʻyish;
chekish va ochiq olovdan foydalanish;
ballonlarni koʻtarib tashishda ventildan ushlash;
ballonlarni ventil qopqogʻisiz transportda tashish;
ballonlarni isitish asboblari, issiq detallar va pechlar yaqiniga joylashtirish, quyosh nurlarining toʻgʻridan-toʻgʻri taʼsirida himoyasiz qoldirish.
466. Ballondan kislorodning sizib chiqishi (vishillash) aniqlanganda xodim zudlik bilan brigadirga xabar berishi kerak.
467. Ballonlarni tushirish va yuklashda ularga moy tushishidan saqlanish kerak.
468. Kislota va boshqa oʻyuvchi moddalarni ortish va tushirish ishlari brigadir rahbarligida olib borilishi kerak.
Yuk ortish va tushirish joylari yaxshi yoritilgan boʻlishi kerak.
469. Qutilarga solingan kislotali shishalar tashilganda yukchilar qutilarning dastasi sozligi va mustahkamligiga ishonch hosil qilishi kerak. Shisha solingan qutilarni taxlaganda bir qator qilib joylashtirish kerak.
470. Kislotali shishalarni va boshqa oʻyuvchi moddalarni yukchi tomonidan yakka holda, yelkada, orqada yoki old tomonda qoʻlda tashish taqiqlanadi.
471. Har bir shisha maxsus chuqurchaga ega boʻlgan ikki kishilik zambilda tashilishi kerak.
472. Singan shishalar yoki shikastlangan idishlar aniqlanganda, ulardagi moddalar taʼsirida kuyish holatlarining oldini olish uchun ishlarni ehtiyotkorlik choralariga rioya qilgan holda amalga oshirish kerak.
3-bob. Ish va dam olish vaqtini tashkil etish tartibi.
1-§. Xodimlarning ish va dam olish vaqtlarini berishga qoʻyiladigan talablar
473. Yuk ortish va tushirish hamda transport ishlari bilan band xodimlarning mehnat va dam olish vaqtini belgilash tartibi ushbu xodimlar faoliyat yuritayotgan tashkilot maʼmuriyati tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksiga muvofiq belgilanishi kerak.
474. Ishning tugashi va uning keyingi kuni (smenada) boshlanishi oʻrtasidagi har kungi (smenalar oraligʻidagi) dam olish davomiyligi, shu jumladan dam olish va ovqatlanish uchun tanaffus oʻn ikki soatdan kam boʻlishi mumkin emas.
475. Smena jadvali ish beruvchi tomonidan tegishli kasaba uyushmasi yoki xodimlarning vakillik organlari bilan kelishib, mehnat jamoasi fikrini hisobga olib, oʻrnatilgan ish haftasi davomiyligiga rioya qilgan holda tasdiqlanishi kerak.
476. Smena jadvali, uni kuchga kirishidan bir oy oldindan kechiktirmay xodimlar eʼtiboriga taqdim etilishi kerak. Xodimlarning smena boʻyicha almashishlari baravar boʻlishi kerak. Xodimni ketma-ket ikkita smenaga ishga qoʻyilishi taqiqlanadi.
477. Yuk ortish va tushirish hamda transport ishlarida band boʻlgan xodimlarning qisqartirilgan ish vaqtlari Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksiga muvofiq belgilanishi kerak.
478. Yuk ortish va tushirish hamda transport ishlarida band boʻlgan xodimlarning mehnat va dam olish vaqtini berish tartibi tashkilot kasaba uyushmasi yoki xodimlarning vakillik organlari bilan kelishilishi kerak.
2-§. Xodimlarning sogʻligʻini nazorat qilishga qoʻyiladigan talablar
479. Tashkilotlarda xodimlarning salomatligini nazorat qilish Xodimlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 2387, 2012-yil 29-avgust) muvofiq amalga oshirilishi lozim.
480. Tashkilot rahbariyati (yoki ish beruvchi) kasaba uyushmasi qoʻmitasi va vakolatli sogʻliqni saqlash organlari bilan birgalikda har yili dastlabki (mehnat shartnomasini tuzayotganda) va davriy (mehnat faoliyati davomida) majburiy tibbiy koʻrikdan oʻtishi lozim boʻlgan xodimlarning roʻyxatini tuzishi hamda xodimlarning koʻrikka kelishini taʼminlashi lozim.
481. Majburiy tibbiy koʻriklar tashkilotga tibbiy xizmatlar koʻrsatuvchi davolash-profilaktika muassasalari tomonidan, ular boʻlmagan taqdirda esa tashkilot joylashgan yerdagi davolash-profilaktika muassasalari tomonidan oʻtkaziladi.
482. Ish beruvchi majburiy tibbiy koʻrikdan oʻtmagan yoxud majburiy tibbiy koʻrik natijalariga koʻra tibbiy komissiyalar tomonidan berilgan tavsiyalarni bajarishdan boʻyin tovlagan shaxslarni ishdan chetlashtirishi shart.
483. Tashkilot rahbariyati oʻz xodimlarining majburiy tibbiy koʻrikdan oʻz vaqtida oʻtishi uchun va majburiy tibbiy koʻrikdan oʻtmagan shaxslarni ishga qoʻyish natijasida fuqarolarning sogʻligʻiga yetkazilgan zararli oqibatlar uchun javobgar boʻladi.
484. Xodimlarni sogʻligʻi tufayli ularga ruxsat etilmagan ishlarda ishlatish taqiqlanadi.
4-bob. Kasbiy tanlov va xodimlarni oʻqitish
1-§. Kasbiy tanlov tartibi
485. Yuk ortish va tushirish hamda transport ishlarini bajarishga ruxsat etilgan xodimlar, mazkur ishlar xususiyatiga mos ravishdagi ishlar boʻyicha kasbiy tayyorgarlikka ega boʻlishlari kerak.
486. Ish beruvchi xodimlarni Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-dekabrdagi 819-son qarori bilan tasdiqlangan Mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazish, oʻqitish va bilimlarni tekshirish, malaka oshirish hamda qayta tayyorlash toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq mehnat xavfsizligiga oʻqitishni taʼminlashi kerak.
487. Tashkilotlarda mehnatni muhofaza qilish borasidagi ishlarni tashkil qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-dekabrdagi 819-son qarori bilan tasdiqlangan Tashkilotlarda mehnatni muhofaza qilish ishlarini hamda mehnatni muhofaza qilish xizmati faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
488. Xodimlarning xavfsizlik talablari boʻyicha bilimlarini tekshirish ishga tushish uchun ruxsat olishdan oldin va belgilangan muddatlarda davriy amalga oshiriladi.
489. Yuk ortish va tushirish hamda transport ishlarini bevosita bajaradigan xodimlar ushbu Qoidalar hamda ular asosida ishlab chiqilgan lavozim va ishlab chiqarish yoʻriqnomalarini oʻrganib, belgilangan tartibda bilimlarini sinovdan oʻtkazishlari va ish jarayonida ularga rioya etishlari kerak.
490. Bilimlari tekshiruvdan oʻtmagan xodimlarning koʻtarma-transport ishlariga rahbarlik qilishlari yoki ularni bajarishlariga ruxsat etilmaydi.
491. Ish beruvchi ushbu Qoidalarga muvofiq quyidagilarga majbur:
xodimlar uchun kasbi boʻyicha yoʻriqnomalarni ishlab chiqishni tashkil etish;
mehnatni muhofaza qilish boʻyicha xodimlarni oʻqitish va bilimlarini belgilangan muddatlarda tekshirishni tashkil etish;
maxsus kiyim-bosh va poyabzal, shaxsiy himoya va gigiyena vositalarining saqlanishi hamda toʻgʻri ishlatilishi ustidan nazoratni tashkil etish;
xodimlarni sut, davolash-profilaktika oziq-ovqati, gazlangan shoʻr suv va shaxsiy hamda jamoaviy himoya vositalari bilan taʼminlash;
mehnatni muhofaza qilish boʻyicha davlat nazorati organlarining qarorlari hamda mansabdor shaxslarning harakatlari (harakatsizligi) ustidan yuqori turuvchi organga yoki bevosita sudga shikoyat qilish;
xodimlardan mehnatni muhofaza qilish va ishlarni bexatar olib borishga doir qoidalarga rioya etilishini talab qilish;
alkogolli ichimlikdan, giyohvandlik yoki toksik modda taʼsiridan mastlik holatini tekshirish uchun xodimlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish;
xodimlarning ishlab chiqarishda olgan jarohatlarining ogʻir yoki yengilligi, jarohatlanishga olib keluvchi kasalliklar mavjudligi hamda alkogol, giyohvandlik yoki toksik moddalar taʼsirida mast holatda boʻlgan-boʻlmaganligi toʻgʻrisida maʼlumot olish;
mehnatni muhofaza qilish talablariga rioya etganlik uchun xodimlarni mukofotlash va moddiy ragʻbatlantirish choralarini koʻrish;
mehnatni muhofaza qilish talablarini buzganlikda aybdor boʻlgan xodimlarni intizomiy javobgarlikka tortish.
2-§. Xodimlarni oʻqitish, ularning bilimlarini sinovdan oʻtkazish va ularga yoʻl-yoʻriq berishni tashkil etish
492. Tashkilot xodimlari oʻz kasblari va ish turlari boʻyicha belgilangan tartibda oʻqitilishi, ularning bilimlarini sinovdan oʻtkazilishi va ularga yoʻl-yoʻriq berilishi kerak.
493. Mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻriqnomalar ishlab chiqiladi hamda tashkilot xodimlarini va ish joylarini ushbu yoʻriqnomalar bilan taʼminlash tashkilot rahbariyati zimmasiga yuklatiladi.
494. Tashkilotlarda xodimlarni mehnat xavfsizligi boʻyicha oʻqitish ustidan nazorat mehnatni muhofaza qilish xizmati yoki ushbu vazifalar yuklatilgan mutaxassis tomonidan amalga oshirilishi kerak.
5-bob. Jamoaviy va yakka tartibdagi himoya vositalarini qoʻllash boʻyicha talablar
495. Xodimlarni xavfli va zararli ishlab chiqarish muhiti omillaridan himoya qilish jamoaviy va yakka tartibdagi himoya vositalaridan foydalanish orqali taʼminlanishi lozim.
496. Jamoaviy himoya qilish vositalariga quyidagilar kiradi:
ishlab chiqarish xonalari va ish joylarining havo muhitini meʼyorlashtirish vositalari (shamollatish va havo tozalash, isitish, havo haroratini, namligini bir xil meʼyorda saqlash va boshqalar);
ishlab chiqarish xonalari va ish joylarining yorugʻligini normallashtirish vositalari (yoritish asboblari, yorugʻlikdan himoya qilish moslamalari va boshqalar);
shovqindan, tebranishdan, elektr va statik toklar urishidan hamda asbob-uskunalar yuzasini yuqori darajadagi haroratdan himoya qilish vositalari;
mexanik va kimyoviy omillarning taʼsiridan himoya qilish vositalari.
497. Jamoaviy himoya vositalari xavfli va zararli ishlab chiqarish omillari boʻlgan xonadagi barcha xodimlarga taʼsir qilganda qoʻllanishi shart va tashkilotni qurish yoki rekonstruksiya qilish loyihalariga kiritilishi lozim.
498. Jamoaviy himoya vositalari xavfli va zararli ishlab chiqarish omillarini ruxsat etilgan miqdorgacha kamaytirish imkonini bermagan hollarda yakka tartibdagi himoya vositalari qoʻllanilishi lozim. Bunday hollarda yakka tartibdagi himoya vositalarisiz xodimlarning ishga jalb qilinishi taqiqlanadi.
499. Yakka tartibdagi himoya vositalaridan foydalanadigan xodimlar ularni qoʻllashi, himoya xususiyatlari va amal qilish muddati toʻgʻrisida maʼlumotlarga ega boʻlishi lozim.
500. Tashkilotda quyidagilar taʼminlanishi shart:
yakka tartibdagi himoya vositalarining zarur miqdori va nomenklaturasi;
himoya vositalarini qoʻllash va toʻgʻri foydalanish ustidan doimiy nazorat amalga oshirilishi;
himoya vositalarining samaradorligi va sozligi tekshirilishi;
yakka tartibdagi himoya vositalaridan xavfli va zaharli moddalar muhitida foydalanilganda ularning degazatsiya va dezinfeksiya qilinishi (bir marta qoʻllaniladigan himoya vositalari bundan mustasno).
501. Turli agressiv moddalar bilan ishlayotganda teri kasalliklarining oldini olish uchun profilaktik pasta va mazlardan foydalanish lozim.
6-bob. Yakuniy qoida
502. Mazkur Qoidalar talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Yuk ortish va tushirish ishlarida yukchilar uchun ishlarning xavfsizligi qoidalariga 1-ILOVA
Yuklar materiallarining fizik xususiyatlari
Yuklarni koʻtarish uchun ularning massasi, ogʻirlik markazi va yuk ilish sxemasi maʼlum boʻlishi kerak. Bunda, yukning massasini quyidagicha aniqlanadi:
Oddiy yuklar uchun: Q = mV; murakkab yuklar uchun: Q = m Σ Vi,
Bu yerda:
Q — yuk massasi;
m — materialning solishtirma ogʻirligi (son jihatdan zichlikka teng);
V — yuk hajmi;
Σ Vi — yuk hajmlarining barcha qismlari yigʻindisi.
Ayrim materiallarning oʻziga xos ogʻirligi 1-jadvalda keltirilgan.
1-jadval Materiallarning solishtirma ogʻirligi Materiallar Solishtirma ogʻirligi, kg/m 3 Aluminiy 2550 — 2700 Beton 2200 Suv 1000 Volfram 19300 Yogʻoch: Qayin 700 Eman 800 Qaragʻay 500 Tuproq, loy 1300 — 2500 Qumtosh 2200 — 2500 Qum: Quruq 1400 — 1600 Nam 1900 — 2000 Gʻisht 1420 — 1700 Mis-ruh qotishmalari (latun) 8500 Muz 900 Mis 8900 Boʻr 2400 Nikel 8900 Qalay 7300 Parafin 900 Qoʻrgʻoshin 11300 Temir: qattiq 7300 eritilgan 7500 Ruh 6900 — 7300 Choʻyan: oq 7650 egiluvchan 7300 kulrang 7550 Koʻmir 900 Koks 450 Suyuq azot 790 Benzin 700 Havo (suyuq) 860 Kerosin 800 Kislorod (suyuq) 1140 Mazut 900
Yuklarni ilish nuqtalarini tanlashda yuk koʻtarish vositalarining alohida tarmoqlariga ortiqcha yuklama tushishining oldini olish, shuningdek yukning muvozanatini yoʻqotishi yoki agʻdarilib ketishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida koʻtarilayotgan yukning ogʻirlik markazi joylashuvi aniqlanishi kerak.
Oddiy geometrik shakllarning ogʻirlik markazining hajmi va joylashuvi 2-jadvalda keltirilgan.
2-jadval Nomi Hajmi Ogʻirlik markazining holati Kub V = a 3 x = a/2, y = a/2, z = a/2 x = y = z = a/2 Toʻrtburchak parallelepiped V = abc x = a/2, y = c/2, z = b/2 Silindr V = 3,14r 2 h x = r, y = 0, z = h/2 Shar V = 3,14D 3 /6 Agar koordinata oʻqlari sharning markazi orqali oʻtsa, u holda x = u = z = 0 (ogʻirlik markazi sharning markazi bilan bir nuqtada joylashgan boʻladi) Bochka V = 3,14/12 H (2D 2 + d 2 ) x = y = 0; z = H /2 Konus V = 3,14/12D 2 H x = y = 0; z = H /4 Kesilgan konus V = (3,14 H /3) × (R 2 + r 2 + Rr) x = y = 0, z = H /4 (R 2 + 3r 2 + 2Rr)/(R 2 + r 2 + Rr) Piramida V = (Fh)/3, bu yerda F — kvadrat asos yuzasi x = y = 0, z = h/4 Kesilgan piramida V = h(F + f + Ff)/3 x = y = 0, z = h/4((F + 2Ff + 3f)/F) + Ff + f Kesilgan silindr V = 3,14R 2 (h 1 + h 2 )/2 x = y = 0; z = (h 1 + h 2 )/2
Yuk ortish va tushirish ishlarida yukchilar uchun ishlarning xavfsizligi qoidalariga 2-ILOVA
Binolar ichida, ochiq maydonchalarda, elektr uzatish tarmoqlari yaqinida va xandaqlar oldida yuk koʻtarish mashinalarini oʻrnatishning eng kam ruxsat etilgan masofasi
1-jadval T/r Meʼyoriy masofa Ruxsat etilgan qiymatlar, mm, kamida Yerusti relsli yoʻlda harakatlanadigan yuk koʻtarish mashinalari (YUKM) 1. YUKMning eng yuqori nuqtasidan bino shiftigacha, unga mahkamlangan stropil fermalar hamda boshqa predmetlarning quyi belbogʻigacha, shuningdek yuqori qavatda ishlayotgan boshqa YUKMning quyi nuqtasigacha boʻlgan masofa 100 2. Oxirgi toʻsin va aravachalar toʻshamasidan, tayanch klapani maydonchasi va galereyasi toʻshamasidan tomning yaxlit bostirmasi yoki uning ostki qismigacha, unga mahkamlangan stropil fermalar hamda boshqa predmetlarning quyi belbogʻigacha, shuningdek yuqori qavatda ishlayotgan boshqa kranning quyi nuqtasigacha boʻlgan masofa 1800 3. Kranning yon tomonidan chiqib turgan qismlaridan binoning ustun va devorlarigacha, oʻtish galereyalarining toʻsiqlarigacha boʻlgan masofa 60 4. YUKMning quyi gabarit nuqtasidan (yuk ushlash organlarini hisobga olmaganda) kran ishlab turgan paytda odamlar boʻlishi mumkin boʻlgan sex va maydonchaning poligacha (kranni taʼmirlashga moʻljallangan maydonchadan tashqari) boʻlgan masofa 2000 5. YUKM kabinasi tachkasining quyi gabariti bilan sex poli oraligʻi 2000 * 6. YUKMning quyi chiqib turgan qismlaridan (yuk ushlash organlarini hisobga olmaganda) uning harakat zonasida joylashgan uskunalargacha boʻlgan masofa 400 7. Kranning boshqaruv kabinasiga chiqadigan oʻtish maydonchasi yoki yuk tashiydigan elektr aravachaning polidan bino bostirmasining quyi qismigacha yoki bino konstruksiyasining chiqib turgan qismlarigacha boʻlgan masofa 1800 8. Boshqaruv kabinasining chiqib turgan qismlaridan yoki trolleylarga xizmat koʻrsatuvchi kabinadan devorgacha, uskunalargacha, binolarning chiqib turgan qismlarigacha, ustunlargacha, yordamchi xonalar tomi va ularga nisbatan kabina harakatlanadigan boshqa predmetlargacha boʻlgan masofa. Yerusti rels yoʻllarida harakatlanadigan kranlar uchun. 400 9. Kranlarning chiqib turgan qismlaridan (gorizontal boʻyicha) qurilmalar, yuklarning shtabellari va yer sathidan yoki ish maydonchasidan quyidagi balandlikda joylashgan boshqa predmetlargacha boʻlgan masofa, m: 2 gacha 700 2 dan yuqori 400 10. Minora kranining konsoli ostida joylashgan (vertikal boʻyicha) posangi konsolidan yoki posangidan odamlar boʻlishi mumkin boʻlgan maydonchagacha boʻlgan masofa 2000 11. Kranning har qanday holatida uning aylanuvchi qismi hamda qurilmalar, yuk shtabellari va boshqa predmetlar oʻrtasidagi masofa 1000 12. Kranning har qanday holatida uning koʻtarma surilma qismi va yuk bilan 42 V hamda undan yuqori kuchlanish ostida boʻlgan havo elektr uzatish tarmoqlarining eng yaqin simlari proyeksiyasining yerdagi vertikal tekisligi oʻrtasidagi masofa 30000 ** 13. Strelani koʻtarishda belgilangan masofaning kamayishiga yoʻl qoʻymaydigan cheklagich oʻrnatilganda, kran strelasi bilan shahar transportining kuchlanish ostida boʻlgan kontakt simlari oʻrtasidagi masofa 1000
Xandaqning qiyalik asosidan koʻchma kran strelasining yaqin tayanchigacha ruxsat etilgan masofa
2-jadval Xandaq chuqurligi, m Toʻkiladigan tuproq qumli va shagʻalli qumloq qumoqli tuproq loyli tuproq quruq Qiyalik asosidan eng yaqin tayanchgacha boʻlgan masofa, m 1 2 3 4 5 1,5 3,0 4,0 5,6 6,0 1,25 2,4 3,6 4,4 5,3 1,0 2,0 3,25 4,0 4,75 1,0 1,5 1,75 3,0 3,5 1,0 2,0 2,5 3,0 3,5
Rais A. RAFIQOV
Transport vaziri I. MAXKAMOV
Favqulodda vaziyatlar vaziri A. IKRAMOV
Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri Sh. XIDOYATOV
Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B. ZAXIDOV
Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil A. BURIYEV
Kasaba uyushmalari Federatsiyasi r aisi K. RAFIKOV
Sogʻliqni saqlash vaziri A. XUDAYAROV
Savdo-sanoat palatasi r aisi D. VAXABOV
Toshkent sh.,
2026-yil 6-may,
2026-yil 5-may
2026-yil 31-mart
2026-yil 28-mart
2026-yil 18-fevral
2026-yil 14-fevral
2026-yil 13-fevral
2026-yil 2-fevral
2026-yil 20-yanvar
42-son