📅 2026-yil 7-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 7-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 7 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 7 мая 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Директор Национального Агентства Перспективных Проектов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 7 May 2026 · Ministry and agency documents · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МАЪЛУМОТЛАР
МАЪЛУМОТЛАР
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида »ги ва « Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида »ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-254-сон «Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон « Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида »ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ 2026 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 7 майдаги 18-сон буйруғига ИЛОВА
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги
Мазкур Низом фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш, лицензиатлар фаолиятини назорат қилиш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
асослантирилган мулоҳаза — қонунчиликда белгиланган талабларга қўшимча равишда лицензияловчи орган томонидан қўлланиладиган, кўриб чиқилаётган масаланинг ҳақиқий мазмуни расмий мазмунидан устуворлигини назарда тутувчи профессионал баҳолаш. Асослантирилган мулоҳаза лицензияловчи орган томонидан фонд биржаси ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш доирасида олинган ахборотга, жисмоний ва юридик шахслардан, халқаро ташкилотлардан, давлат органларидан, шу жумладан чет эл назорат органлари ҳамда ташкилотларидан, бошқа очиқ манбалардан олинган ва асослантирилган мулоҳазани шакллантириш учун муҳим бўлган бошқа ахборотга асосланади;
ахборот тизими — лицензияловчи органнинг фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялашни масофавий шаклда амалга ошириш учун мўлжалланган махсус электрон тизими;
бенефициар мулкдор — фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисини бевосита ёки билвосита таъсис этувчи ёхуд унинг устав жамғармасидаги (капиталидаги) улушларига (акцияларига) бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи ёхуд ушбу шахсга бевосита ёки билвосита эгалик қиладиган ёхуд уни назорат қиладиган жисмоний шахс;
фонд биржаси — оммавий ва ошкора биржа савдоларини олдиндан белгиланган жойда ва белгиланган вақтда ўрнатилган қоидалар асосида ташкил этиш ҳамда ўтказиш орқали фақат қимматли қоғозлар савдоси учун шароитлар яратиб берувчи юридик шахс ;
лицензиат — фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган акциядорлик жамияти ҳисобланадиган юридик шахс;
лицензия талабгори — лицензияни олиш учун мурожаат қилган юридик шахс;
лицензияловчи орган — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;
қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси — қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;
қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси — инвесторларга воситачиларни жалб этмай туриб савдода иштирок этиш имкониятини берувчи, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш бўйича фаолиятни буюртмалар қабул қилиш пунктларидан, махсус компьютер савдо тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширувчи юридик шахс .
2. Лицензия номи — «Биржа фаолияти учун лицензия».
Лицензияланадиган фаолият тури — «Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолияти».
3. Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш лицензияловчи орган томонидан ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш учун юридик шахсларга чекланмаган муддатга намунавий лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) берилади.
5. Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи лицензия берилган пайтдан бошлаб кучга киради.
6. Лицензияни бошқа юридик шахсга ўтказиш, шу жумладан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш, лицензияга бўлган ҳуқуқларни шартнома орқали бериш ва (ёки) улардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тақиқланади.
2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари
7. Қуйидагилар фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга оширишга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
а) биржа фаолиятини амалга ошириш ва қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ;
б) ишлаб турган электрон биржа савдо тизими мавжудлиги ;
в) тузилган биржа битишувлари бажарилишининг кафолатланиши тизими мавжудлиги;
г) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборотнинг махфийлигини таъминлаш ;
д) қуйидагиларни назарда тутувчи биржа савдоси қоидаларининг мавжудлиги :
биржа аъзоларининг биржа савдоларига қўйилиши;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси ёки инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган биржа аъзоларининг фонд биржасида (фонд бўлимларини ташкил этган бошқа биржаларнинг ҳам) биржа савдоларига қўйилиши;
биржа товарларига нархлар котировкаси ва улар тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш тартиби;
нархлар билан манипуляция қилиш ва махфий ахборотдан қонунга хилоф равишда фойдаланишга йўл қўймаслик;
ж) устав фондини базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 800 бараваридан кам бўлмаган миқдорда пул маблағи кўринишида шакллантириш ;
з) филиаллар мавжуд бўлган тақдирда, биржанинг барча аъзоларига ушбу савдоларда бир вақтнинг ўзида қатнашиш имкониятини берган ҳолда марказлаштирилган биржа савдоларини ўтказиш ;
и) биржа товарларига талаб ва таклиф нисбати асосида уларга котировкани амалга ошириш ;
к) ахборотни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиш ;
л) лицензияловчи органнинг талабига кўра биржа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни беғараз асосда тақдим этиш ;
м) биржа савдоларини фақат Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча биржа аъзолари бир пайтда ва тенг киришини таъминловчи электрон тизимда ўтказиш ;
н) қуйидаги шахсларнинг лицензиатга раҳбарлик қилишига йўл қўймаслик :
молия-иқтисод, юридик, математика ёки ахборот технологиялари мутахассисликларидан камида биттаси бўйича олий маълумотли бўлмаган шахслар;
қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларда, фонд биржаларида ёхуд иқтисодий, молиявий ва юридик фаолият соҳаларида, ахборот технологиялари соҳасида ёки кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлмаган шахслар;
якка тартибдаги ижро этувчи орган вазифасини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиси, фонд биржаси, кредит, суғурта ёки аудиторлик ташкилотининг таъсисчилари бўлган шахсларнинг айби билан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги сабабли, мазкур юридик шахснинг фаолият турини амалга ошириш учун берилган лицензияси амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтган бўлса;
иқтисодий жиноятлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, коррупция ва бошқарув тартибига қарши жиноятлар содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган бўлса;
о) фонд биржасининг ижроия органи ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбари I тоифали қимматли қоғозлар бозори мутахассиси малака гувоҳномасига эга бўлиши ;
п) уларнинг номидан қимматли қоғозлар билан оператсияларни, қимматли қоғозлар бозорида хизмат кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш бўйича мажбуриятга эга бўлган фонд биржасининг ходимлари II тоифали қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномасига эга бўлиши ;
р) лицензия эгаси ва (ёки) охирги бенефициар мулкдор сифатида лицензия эгасининг устав капиталида қуйидаги шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмаслиги :
ушбу банднинг «н» кичик бандида кўрсатилганлар;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда доимий яшовчи, жойлашган ёки рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, шу давлатларда рўйхатдан ўтган компаниялар ;
с) лицензия эгасининг устав капиталидаги улушларни жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, норезидентларга реализация қилишни лицензияловчи орган билан келишиш ;
т) лицензиатнинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) алмашишини лицензияловчи орган билан келишиш .
3-боб. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни ахборот тизими орқали тақдим этади:
а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), фаолиятни амалга ошириш жойи, электрон почта манзили, банкнинг номи ва банкдаги ҳисобварағи, аризани тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш ёки қайта расмийлаштириш), лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиши тўғрисидаги розилиги акс эттирилган ариза;
б) лицензия талабгорининг мулки, бошқарув ва шахсий таркибий тузилмаси тўғрисидаги маълумотлар;
в) лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчиси ҳақида мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган маълумотлар. Бунда, таъсисчилар ҳақидаги маълумотлар охирги бенефициар мулкдоргача (охирги бенефициар мулкдор ҳам) кўрсатилади;
г) лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 7-банди «н» кичик бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ҳолда тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлик ҳақидаги маълумотнома ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тартибда тасдиқланган таржимаси;
д) лицензия талабгорининг мутахассислари, мансабдор шахслари ва назоратчисининг лицензияловчи орган томонидан тасдиқланадиган малака талабларига мувофиқлиги ҳақидаги ҳужжат нусхаси;
ж) солиқ органи томонидан қабул қилинган охирги ҳисобот санасидаги бухгалтерия баланси нусхаси (янги ташкил этилган юридик шахслар бундан мустасно);
з) устав фондини базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 800 бараваридан кам бўлмаган миқдорда пул маблағи кўринишида шаклланганлигини тасдиқловчи банк маълумотномаси;
и) биржа савдоси қоидаларининг (қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш қоидаларининг) электрон нусхаси.
Лицензия талабгори қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси сифатида фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) биржадан ташқари савдони ташкил этиш бўйича дастурий воситани сотган (берган) ташкилот билан тузилган биржадан ташқари савдони ташкил этиш бўйича дастурий воситадан тижорат мақсадида фойдаланиш учун муаллифлик лицензияси шартномаси нусхаси;
б) клиринг фаолиятини амалга ошириш учун дастурий воситаларни тижорат мақсадида ишлатишга мазкур дастурий воситани сотган (берган) ташкилот билан тузилган муаллифлик лицензияси шартномасининг нусхаси;
в) тегишли дастурий таъминотнинг техник тавсифи;
г) қимматли қоғозларни муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш тартиботлари, қимматли қоғозлар нархлари котировкаси тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олувчи қимматли қоғозлар савдоси қоидаларининг электрон нусхаси;
д) клиринг хизматини амалга ошириш қоидалари;
ж) банк реквизитлари кўрсатилган ҳолда клиринг хизматини кўрсатиш учун лицензия талабгорининг алоҳида банк ҳисобрақами мавжудлиги тўғрисидаги тижорат банкининг ёзма тасдиқномаси;
з) Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси ва тижорат банки билан қимматли қоғозлар ва пул маблағларида ҳисоб-китобларни таъминлаш бўйича мос равишда тузилган шартнома нусхаси;
и) қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қатнашчиларини савдоларга қўйиш тартиби.
9. Лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганда, лицензияловчи орган мазкур Низомнинг 7-банди «н» кичик бандида назарда тутилган ҳолатларни ўзи мустақил тарзда текширади.
10. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар лицензия талабгорининг раҳбари томонидан тасдиқланиши (имзоланиши) шарт.
Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлар ўқиш мумкин бўлган юқори сифатда «PDF», «PNG» ёки «JPEG» форматларда бўлиши лозим.
Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
11. Лицензия талабгори лицензия олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни ахборот тизими орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар ҳар куни 24 соат давомида юбориши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда, навбатдаги иш куни лицензияловчи орган томонидан ариза қабул қилинган кун ҳисобланади.
12. Қабул қилинган аризалар тўғрисидаги маълумот лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
4-боб. Аризани кўриб чиқиш, лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
13. Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси қабул қилинган кундан эътиборан йигирма иш куни ичида қабул қилинади.
Лицензияловчи орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра бошқа давлат органларида мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни ахборот тизими орқали мустақил равишда олиши, шунингдек лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.
Лицензияловчи орган томонидан лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
14. Аризага киритилган маълумотлар ахборот тизими орқали идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида дастлабки тарзда автоматик равишда таққосланади ва текширилади.
Ариза қуйидаги ҳолларда автоматик тарзда қабул қилинмайди:
нотўғри ёки ёлғон маълумотлар киритилганлиги ахборот тизими орқали аниқланганда;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши тасдиқланмаганда;
лицензиялар электрон реестрида (бундан буён матнда лицензиялар реестри деб юритилади) лицензия талабгорининг айни бир хил фаолият бўйича киритилган ва амалда бўлган лицензияси мавжуд бўлган тақдирда;
лицензия талабгорининг айни бир хил фаолияти муайян муддатга тўхтатилганда;
лицензия талабгорининг тегишли фаолият билан шуғулланиши суднинг қарорига (ҳукмига) асосан муайян муддатга тақиқланганда.
15. Таркиби лицензияловчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган эксперт комиссияси ўн беш иш кунидан ошмайдиган муддат ичида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда улар асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди.
16. Лицензияловчи орган эксперт комиссияси хулосаси асосида тўрт иш куни ичида лицензия бериш ёки ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳолатларда лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
17. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.
Лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига банк ҳисобрақами реквизитлари ва давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда юборилади.
Лицензия берганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно).
18. Лицензия талабгори хабарнома юборилган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда давлат божи тўловини амалга оширади.
Лицензияни бериш учун давлат божи тўлови белгиланган муддатда амалга оширилмаслиги лицензияловчи орган томонидан лицензияни бериш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилиниши учун асос бўлади. Лицензия бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумот лицензия талабгорига юборилади. Бунда лицензия талабгори лицензияни олиш учун умумий тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
19. Давлат божи тўланганидан сўнг лицензия QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади ҳамда лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Электрон шаклда берилган лицензия манфаатдор шахслар томонидан қоғозда чоп этилиши мумкин. Бунда, қоғозда чоп этилган лицензиялар электрон шаклда берилган лицензияларга тенглаштирилади.
20. Лицензияни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг лицензия талабгори томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;
лицензия талабгорининг лицензия талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;
бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги;
лицензия талабгори томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;
лицензия талабгорининг раҳбари ва (ёки) таъсисчиларининг мазкур Низомнинг 7-банди «н» кичик бандида назарда тутилган жиноятларда иштирок этганлиги ёки иштирок этишда гумонланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжудлиги;
лицензияловчи органнинг асослантирилган мулоҳазаси.
Лицензия тўғрисидаги аризани беришни бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.
21. Мазкур Низомнинг 20-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллар аниқланганда, агар аризада бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, лицензияловчи орган уларни бартараф этиш учун лицензия талабгорига муддат беради. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорига бир иш куни ичида юборилади.
22. Хабарнома тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек лицензия талабгори кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
23. Камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборилган тақдирда, лицензияни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
24. Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда, лицензия беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
25. Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва лицензия талабгори мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади.
Лицензия талабгори рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
26. Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, лицензияни бериш ёхуд уни беришни рад этиш лицензия талабгорининг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмайдиган муддатда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.
27. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорига илгари баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши ҳамда мазкур Низомнинг 20-банди олтинчи ва еттинчи хатбошиларда назарда тутилган ҳолатлар мустасно.
28. Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан ёки мазкур Низомнинг 25-бандига мувофиқ ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш натижасида лицензия бериш рад этилганидан сўнг лицензия талабгори томонидан берилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва лицензияловчи орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
29. Лицензия талабгори лицензияловчи орган томонидан кўрсатилаётган хизматлардан фойдаланишдан уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
30. Берилган лицензиялар ҳақидаги маълумот лицензияловчи орган томонидан лицензияланадиган фаолият тури бўйича алоҳида юритиладиган лицензиялар реестрига киритилади.
5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш тартиби
31. Лицензиат — юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш кунида лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахслар — тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.
32. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензиат томонидан мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда берилади.
Лицензияни қайта расмийлаштириш учун давлат божи ва йиғим ундирилмайди.
33. Лицензияни қайта расмийлаштириш ҳамда бериш лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи орган томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади.
Лицензия қайта расмийлаштирилганда лицензияловчи орган томонидан лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.
6-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш
34. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда лицензияловчи орган ташаббуси билан тўхтатиб турилиши мумкин:
лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлиги аниқланганда;
лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарори бажарилмаганда.
35. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш лицензияловчи орган ёки суд томонидан амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга, суд томонидан эса ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
36. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилиши муддатини белгилаши шарт. Бунда, кўрсатилган муддат лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
37. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай юборилади.
38. Белгиланган муддат ичида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган сабаб ва камчиликлар бартараф қилинмаса, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатини узайтириш бўйича ёки лицензияни бекор қилиш ҳақида судга даъво ариза киритади.
39. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензиат бу ҳақида лицензияловчи органга тасдиқнома юборади.
40. Камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома лицензияловчи орган томонидан маълумотларни таҳлил қилиш ёки заруратга кўра камчиликлар бартараф этилганлигини жойига чиққан ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиш орқали амалга оширилади.
41. Таҳлил ёки ўрганишлар натижасида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилганлиги аниқланган тақдирда, лицензияловчи орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади.
42. Агар лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилмаса, лицензиат мазкур муддат ўтгандан сўнг лицензияловчи органни хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.
43. Лицензиат ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш ҳақида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Агар лицензиат лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганидан кейин олти ой ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат этмаган бўлса, лицензиянинг амал қилиши тугатилади.
44. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ахборот тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни ичида лицензиялар реестрига жойлаштирилиши керак.
45. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:
лицензиялаш тартиби бекор қилинганда;
лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат берилиб, мазкур хатбошида назарда тутилган муддат давомида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга мурожаат қилинмаган тақдирда.
Лицензиянинг амал қилиши ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган асос бўйича тўхтатилган тақдирда, лицензияловчи орган бу ҳақида бир иш куни ичида лицензиатга хабарнома юборади.
46. Лицензия қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
лицензиат лицензиянинг амал қилишини ихтиёрий равишда бекор қилиш тўғрисида мурожаат қилганда;
юридик шахс тугатилганда — тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда — қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан юзага келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда, қўшиб юборилиши мустасно;
лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
лицензиат томонидан мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда. Бунда, мазкур Низомнинг 7-банди «и» , «ж» , «н» , «о» , «п» ва «р» кичик бандларида белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилмаганлиги бир марта қўпол равишда бузилиш ҳамда «а» , «б» , «в» , «г» , «д» , «з» , «к» , «л» , «м» , «с» ва «т» кичик бандларида белгиланган талаблар ва шартларнинг бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта бажарилмаганлиги мунтазам равишда бузилиш деб ҳисобланади;
лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Ушбу банднинг олтинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда бир йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб лицензиатнинг муассасаси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
47. Лицензияни бекор қилиш мазкур Низомнинг 46-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда лицензияловчи органнинг қарори асосида беш иш куни ичида амалга оширилади.
Лицензия мазкур Низомнинг 46-банди тўртинчи — еттинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилинади.
Лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензияни бекор қилиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилиш асослари ва қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади.
48. Лицензия ушбу Низомнинг 46-банди еттинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.
49. Лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш ёки қайта тиклаш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг лицензияловчи орган ушбу маълумотни бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритади.
50. Лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги лицензияловчи органнинг қарори ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензияни бекор қилиш асослари ва қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказилади.
Лицензияловчи орган бекор қилинган лицензия тўғрисидаги ахборотни бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритади.
7-боб. Айрим лицензия талаблари ва шартларини амалга оширишнинг махсус тартиби
51. Лицензиат лицензияловчи орган билан қуйидагиларни келишиши лозим:
лицензия эгасининг устав капиталидаги улушларни жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан норезидентларга реализация қилиш;
лицензиатнинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) алмашиши.
52. Мазкур Низомнинг 51-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатларда лицензиат лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни ахборот тизими орқали тақдим этишлари керак:
а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), электрон почта манзили, банкнинг номи ва банкдаги ҳисобварағи, аризани тўлдириш сабаби (устав капиталидаги улушларни жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан норезидентларга реализация қилиш ёки раҳбариятни (директор ва унинг ўринбосари) алмаштиришни келишиш) акс эттирилган ариза;
б) лицензиатнинг устав капиталидаги улушни сотиб олиш ниятида бўлган потенциал олувчи — жисмоний шахс ҳақидаги маълумотлар (Ф.И.О., шахсни тасдиқловчи ҳужжат рақами, ЖШШИР). Чет эл фуқаролари учун ушбу банднинг «г» кичик бандида назарда тутилган маълумотлар қўшимча равишда тақдим этилиши керак;
в) лицензиатнинг устав капиталидаги улушни сотиб олиш ниятида бўлган потенциал олувчи — юридик шахснинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақида ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги маълумотлар. Бунда, таъсисчилар ҳақидаги маълумотлар охирги бенефициар мулкдорга (охирги бенефициар мулкдор ҳам) қадар кўрсатилиши керак;
г) лицензиатнинг устав капиталидаги улушни потенциал олувчи — юридик шахснинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 7-банди «н» кичик бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ҳолда тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлик ҳақидаги маълумотнома ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тартибда тасдиқланган таржимаси.
53. Лицензияловчи орган аризани қабул қилган кундан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда келишиш ёки келишишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Бунда, мазкур Низомнинг 51-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлган тақдирда, лицензияловчи орган томонидан уларни келишиш ҳақида қарор қабул қилинади. Агар улар лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмас деб топилганда, уларни келишиш рад этилади.
54. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун йиғим ундирилмайди.
8-боб. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш
55. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат лицензияловчи орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
56. Лицензияловчи орган лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:
лицензиатни лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан текширишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;
текширув натижалари асосида лицензиат йўл қўйган лицензия талаблари ва шартларининг аниқ қоидабузарликларни кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш, шунингдек, судга лицензиянинг амал қилишини олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки лицензияни бекор қилиш ташаббуси билан мурожаат қилиш;
лицензия бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича юридик шахсларга жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уни мажбурий ундириш бўйича судга даъво аризаси киритиш.
57. Назорат қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
ахборот тизими орқали масофавий назорат;
лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини асослар мавжуд бўлган тақдирда ва қонунчиликда белгиланган тартибда жойга чиққан ҳолда текшириш;
статистик ахборотларни ва лицензиатдан сўраб олинадиган маълумотларни таҳлил қилиш.
58. Лицензияловчи орган масофавий назоратни ахборот тизими имкониятларидан келиб чиққан ҳолда лицензиатнинг ходимлари тўғрисидаги маълумотлар, лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинганлиги тўғрисида тақдим этилган маълумотлар, шунингдек, бошқа ваколатли органлар ва идоралардан олинган ахборотлар асосида амалга оширади.
Масофавий назоратни амалга оширишда лицензиялар реестрига киритилган лицензиатнинг лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари тўғрисида ахборот тизими орқали автоматик равишда келадиган хабарлар лицензияловчи органнинг шахсий кабинетига келиб тушади. Ушбу хабар орқали лицензияловчи орган лицензиатнинг фаолиятини таҳлил қилади ва ўрганади. Бунда лицензияловчи орган лицензия талаблари ва шартларининг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича лицензиатга кўрсатма беради.
Лицензиат масофавий назорат асосида лицензияловчи орган томонидан берилган кўрсатмада баён этилган талабларни ўн иш куни ичида бажариши ва бу ҳақида лицензияловчи органга хабар бериши лозим.
Кўрсатма лицензиат томонидан ўз вақтида ижро этилмаганда ёки бажарилиши таъминланмаганда лицензияловчи орган «хавфни таҳлил қилиш» тизими асосида унинг фаолиятини текшириши мумкин.
59. Лицензиатнинг фаолиятини жойига чиққан ҳолда текшириш қуйидагилар асосида амалга оширилади:
«хавфни таҳлил этиш» тизими;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, жамоатчилик назорати субъектларининг мурожаатлари.
60. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини жойига чиққан ҳолда текшириш ўн кунгача бўлган муддатда ўтказилиши лозим.
Лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиладиган текширишдан бош тортиш лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўладиган ҳаракат ҳисобланади.
9-боб. Лицензиялар реестрини юритиш тартиби
61. Лицензияловчи орган лицензияланадиган фаолият тури бўйича лицензиялар реестрини юритади.
Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:
лицензиатнинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, лицензияланадиган фаолият тури, жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), телефон рақами;
ахборот ресурсининг (тизимнинг, платформанинг) домен номи;
лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;
лицензияларни қайта расмийлаштириш, ўзгартириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, амал қилишини тугатиш ҳамда бекор қилиш асослари ва санаси.
62. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.
10-боб. Якуний қоидалар
63. Лицензиат лицензия талаб ва шартларининг бажарилганлиги юзасидан лицензияловчи органга сохта, ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
64. Лицензияловчи органнинг лицензияни беришни рад этиш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳақидаги қарорлари, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
65. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Лицензия талабгори Лицензия олиш учун ариза ва тегишли ҳужжатларни тайёрлайди ҳамда лицензияловчи органга юборади. ўз хоҳишига кўра 2-босқич Лицензияловчи орган Ариза ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. йигирма иш куни ичида Лицензияловчи орган 1. Эксперт комиссияси томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади. ўн беш иш куни ичида 2. Эксперт комиссияси хулосаси асосида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарорни қабул қилади. тўрт иш куни ичида 3. Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги юзасидан лицензия талабгорини хабардор қилади. бир иш куни ичида 3-босқич Лицензия талабгори Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат божини тўлайди. ўттиз кун ичида 4-босқич Лицензияловчи орган 1. Давлат божи тўланганидан сўнг лицензияни расмийлаштиради ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради. икки иш куни ичида 2. Лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланмаган тақдирда, лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганидан ўттиз кундан сўнг 5-босқич Лицензияловчи орган Лицензия бериш учун зарур ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, агар ушбу камчиликларни бартараф этиш мумкин бўлса, лицензия талабгорига камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборади. бир иш куни ичида 6-босқич Лицензия талабгори Камчиликларни бартараф этган ҳолда тегишли ҳужжатларни лицензияловчи органга тақдим этади. хабарномада кўрсатилган муддатда 7-босқич Лицензия талабгори Лицензия бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабабларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этади. рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатда 8-босқич Лицензияловчи орган Лицензия талабгори томонидан такроран тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. беш иш куни ичида 9-босқич Лицензиат 1. Тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради. 2. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради. рўйхатдан ўтгандан сўнг бир иш куни ичида 10-босқич Лицензияловчи орган Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ариза ва тегишли ҳужжатлар тақдим қилинганда лицензияни қайта расмийлаштиради ва бу ҳақида лицензияларнинг реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. беш иш куни ичида 11-босқич Лицензиат Лицензиат лицензиянинг амал қилишини ихтиёрий равишда бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганда, лицензиянинг амал қилишини ихтиёрий равишда бекор қилиш тўғрисида ариза беради. қарор қабул қилингандан сўнг 12-босқич Лицензияловчи орган Лицензияни амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилади ҳамда бу ҳақида лицензиатни хабардор қилади. беш иш куни ичида 13-босқич Лицензияловчи орган Лицензиянинг амал қилиши бекор қилинганлиги ҳақида лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. бир иш куни ичида
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақидаги
1-жадвал Лицензия талабгорининг раҳбарияти ( директор ва унинг ўринбосарлари ) Лавозим Фамилияси, исми ва отасининг исми Фуқаролик ЖШШИР (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат Ҳужжат тури Серияси ва рақами Берилган санаси ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8
2-жадвал Лицензия талабгорининг таъсисчилари Фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи Улуш ҳажми Фуқаролик (жисмоний шахслар учун) ёки давлат рўйхатидан ўтказилган жой (юридик шахслар учун) ЖШШИР (жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) ёки СТИР (юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки давлат рўйхатидан ўтказиш Ҳужжат тури Серияси ва рақами Берилган санаси ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини потенциал сотиб олувчи — юридик шахснинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақидаги
1-жадвал Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини потенциал сотиб олувчи — юридик шахс раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) Лавозим Фамилияси, исми ва отасининг исми Фуқаролик ЖШШИР (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат Ҳужжат тури Серияси ва рақами Берилган санаси ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8
2-жадвал Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини потенциал сотиб олувчи — юридик шахснинг таъсисчилари Фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи Улуш ҳажми Фуқаролик (жисмоний шахслар учун) ёки давлат рўйхатидан ўтказилган жойи (юридик шахслар учун) ЖШШИР (жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) ёки СТИР (юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки давлат рўйхатидан ўтказиш Ҳужжат тури Серияси ва рақами Берилган санаси ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 май,
18-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining
buyrugʻi
NIZOM
SXEMASI
MAʼLUMOTLAR
MAʼLUMOTLAR
Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash tartib-taomillari toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida ”gi va “ Qimmatli qogʻozlar bozori toʻgʻrisida ”gi qonunlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 18-dekabrdagi PF-254-son “Kapital bozorida investitsiya muhitini yaxshilashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoni va 2017-yil 27-iyuldagi PQ-3150-son “ Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida ”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash tartib-taomillari toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq 2026-yil 1-iyuldan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining 2026-yil 7-maydagi 18-son buyrugʻiga ILOVA
Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash tartib-taomillari toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash, litsenziatlar faoliyatini nazorat qilish va ularning hisobini yuritish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
asoslantirilgan mulohaza — qonunchilikda belgilangan talablarga qoʻshimcha ravishda litsenziyalovchi organ tomonidan qoʻllaniladigan, koʻrib chiqilayotgan masalaning haqiqiy mazmuni rasmiy mazmunidan ustuvorligini nazarda tutuvchi professional baholash. Asoslantirilgan mulohaza litsenziyalovchi organ tomonidan fond birjasi va qimmatli qogʻozlar bozorining professional ishtirokchilari faoliyati ustidan nazoratni amalga oshirish doirasida olingan axborotga, jismoniy va yuridik shaxslardan, xalqaro tashkilotlardan, davlat organlaridan, shu jumladan chet el nazorat organlari hamda tashkilotlaridan, boshqa ochiq manbalardan olingan va asoslantirilgan mulohazani shakllantirish uchun muhim boʻlgan boshqa axborotga asoslanadi;
axborot tizimi — litsenziyalovchi organning fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalashni masofaviy shaklda amalga oshirish uchun moʻljallangan maxsus elektron tizimi;
benefitsiar mulkdor — fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisini bevosita yoki bilvosita taʼsis etuvchi yoxud uning ustav jamgʻarmasidagi (kapitalidagi) ulushlariga (aksiyalariga) bevosita yoki bilvosita egalik qiluvchi yoxud ushbu shaxsga bevosita yoki bilvosita egalik qiladigan yoxud uni nazorat qiladigan jismoniy shaxs;
fond birjasi — ommaviy va oshkora birja savdolarini oldindan belgilangan joyda va belgilangan vaqtda oʻrnatilgan qoidalar asosida tashkil etish hamda oʻtkazish orqali faqat qimmatli qogʻozlar savdosi uchun sharoitlar yaratib beruvchi yuridik shaxs ;
litsenziat — fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziyaga ega boʻlgan aksiyadorlik jamiyati hisoblanadigan yuridik shaxs;
litsenziya talabgori — litsenziyani olish uchun murojaat qilgan yuridik shaxs;
litsenziyalovchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi;
qimmatli qogʻozlar bozorining professional ishtirokchisi — qimmatli qogʻozlar bozorida professional faoliyatni amalga oshiruvchi yuridik shaxs;
qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi — investorlarga vositachilarni jalb etmay turib savdoda ishtirok etish imkoniyatini beruvchi, qimmatli qogʻozlar savdosini tashkil etish boʻyicha faoliyatni buyurtmalar qabul qilish punktlaridan, maxsus kompyuter savdo tizimlaridan foydalangan holda amalga oshiruvchi yuridik shaxs .
2. Litsenziya nomi — “Birja faoliyati uchun litsenziya”.
Litsenziyalanadigan faoliyat turi — “Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyati”.
3. Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash litsenziyalovchi organ tomonidan ushbu Nizomning 1-ilovasida keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini amalga oshirish uchun yuridik shaxslarga cheklanmagan muddatga namunaviy litsenziya (bundan buyon matnda litsenziya deb yuritiladi) beriladi.
5. Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini amalga oshirish huquqi litsenziya berilgan paytdan boshlab kuchga kiradi.
6. Litsenziyani boshqa yuridik shaxsga oʻtkazish, shu jumladan faoliyatni amalga oshirish huquqini berish, litsenziyaga boʻlgan huquqlarni shartnoma orqali berish va (yoki) ulardan boshqa shaxs foydasiga voz kechish taqiqlanadi.
2-bob. Litsenziya talablari va shartlari
7. Quyidagilar fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini amalga oshirishga qoʻyiladigan litsenziya talablari va shartlari hisoblanadi:
a) birja faoliyatini amalga oshirish va qimmatli qogʻozlar bozori sohasidagi qonun hujjatlariga rioya qilish ;
b) ishlab turgan elektron birja savdo tizimi mavjudligi ;
v) tuzilgan birja bitishuvlari bajarilishining kafolatlanishi tizimi mavjudligi;
g) qonunchilik hujjatlariga muvofiq axborotning maxfiyligini taʼminlash ;
d) quyidagilarni nazarda tutuvchi birja savdosi qoidalarining mavjudligi :
birja aʼzolarining birja savdolariga qoʻyilishi;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq qimmatli qogʻozlar bozorida investitsiya vositachisi yoki investitsiya aktivlarining ishonchli boshqaruvchisi sifatida professional faoliyatni amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziyaga ega boʻlgan birja aʼzolarining fond birjasida (fond boʻlimlarini tashkil etgan boshqa birjalarning ham) birja savdolariga qoʻyilishi;
birja tovarlariga narxlar kotirovkasi va ular toʻgʻrisidagi axborotni oshkor qilish tartibi;
narxlar bilan manipulyatsiya qilish va maxfiy axborotdan qonunga xilof ravishda foydalanishga yoʻl qoʻymaslik;
j) ustav fondini bazaviy hisoblash miqdorining 5 800 baravaridan kam boʻlmagan miqdorda pul mablagʻi koʻrinishida shakllantirish ;
z) filiallar mavjud boʻlgan taqdirda, birjaning barcha aʼzolariga ushbu savdolarda bir vaqtning oʻzida qatnashish imkoniyatini bergan holda markazlashtirilgan birja savdolarini oʻtkazish ;
i) birja tovarlariga talab va taklif nisbati asosida ularga kotirovkani amalga oshirish ;
k) axborotni qonunchilik hujjatlariga muvofiq oshkor qilish ;
l) litsenziyalovchi organning talabiga koʻra birja faoliyatini amalga oshirish bilan bogʻliq axborotni begʻaraz asosda taqdim etish ;
m) birja savdolarini faqat Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida barcha birja aʼzolari bir paytda va teng kirishini taʼminlovchi elektron tizimda oʻtkazish ;
n) quyidagi shaxslarning litsenziatga rahbarlik qilishiga yoʻl qoʻymaslik :
moliya-iqtisod, yuridik, matematika yoki axborot texnologiyalari mutaxassisliklaridan kamida bittasi boʻyicha oliy maʼlumotli boʻlmagan shaxslar;
qimmatli qogʻozlar bozoridagi professional faoliyatni amalga oshiruvchi tashkilotlarda, fond birjalarida yoxud iqtisodiy, moliyaviy va yuridik faoliyat sohalarida, axborot texnologiyalari sohasida yoki koʻrsatib oʻtilgan yoʻnalishlar boʻyicha kamida ikki yillik ish stajiga ega boʻlmagan shaxslar;
yakka tartibdagi ijro etuvchi organ vazifasini bajargan, kollegial ijro etuvchi organ tarkibiga kirgan, qimmatli qogʻozlar bozori professional ishtirokchisi, fond birjasi, kredit, sugʻurta yoki auditorlik tashkilotining taʼsischilari boʻlgan shaxslarning aybi bilan litsenziya talablari va shartlari buzilganligi sababli, mazkur yuridik shaxsning faoliyat turini amalga oshirish uchun berilgan litsenziyasi amal qilishi toʻxtatilgan paytda, agar bunday toʻxtash paytidan boshlab uch yildan kam vaqt oʻtgan boʻlsa;
iqtisodiy jinoyatlar, shuningdek, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirish va ommaviy qirgʻin qurollarini tarqatishni moliyalashtirish, uyushgan jinoyatchilik, korrupsiya va boshqaruv tartibiga qarshi jinoyatlar sodir etganlik uchun sudlanganligi olib tashlanmagan yoki oʻtalmagan boʻlsa;
o) fond birjasining ijroiya organi va uning tuzilmaviy boʻlinmalari rahbari I toifali qimmatli qogʻozlar bozori mutaxassisi malaka guvohnomasiga ega boʻlishi ;
p) ularning nomidan qimmatli qogʻozlar bilan operatsiyalarni, qimmatli qogʻozlar bozorida xizmat koʻrsatish va (yoki) ishlarni amalga oshirish boʻyicha majburiyatga ega boʻlgan fond birjasining xodimlari II toifali qimmatli qogʻozlar bozori mutaxassisining malaka guvohnomasiga ega boʻlishi ;
r) litsenziya egasi va (yoki) oxirgi benefitsiar mulkdor sifatida litsenziya egasining ustav kapitalida quyidagi shaxslarning ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmasligi :
ushbu bandning “n” kichik bandida koʻrsatilganlar;
jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirish va ommaviy qirgʻin qurollarini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish sohasidagi xalqaro hamkorlikda ishtirok etmayotgan davlatlarda doimiy yashovchi, joylashgan yoki roʻyxatdan oʻtgan shaxslar, shuningdek, shu davlatlarda roʻyxatdan oʻtgan kompaniyalar ;
s) litsenziya egasining ustav kapitalidagi ulushlarni jismoniy va yuridik shaxslarga, shu jumladan, norezidentlarga realizatsiya qilishni litsenziyalovchi organ bilan kelishish ;
t) litsenziatning rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) almashishini litsenziyalovchi organ bilan kelishish .
3-bob. Litsenziya olish uchun taqdim etiladigan hujjatlar
8. Litsenziya olish uchun litsenziya talabgori litsenziyalovchi organga quyidagi hujjatlarni axborot tizimi orqali taqdim etadi:
a) yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, pochta manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), faoliyatni amalga oshirish joyi, elektron pochta manzili, bankning nomi va bankdagi hisobvaragʻi, arizani toʻldirish sababi (yangi litsenziya olish yoki qayta rasmiylashtirish), litsenziya talabgorining litsenziya talablari va shartlariga rioya qilishi toʻgʻrisidagi roziligi aks ettirilgan ariza;
b) litsenziya talabgorining mulki, boshqaruv va shaxsiy tarkibiy tuzilmasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
v) litsenziya talabgorining rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) va taʼsischisi haqida mazkur Nizomning 2-ilovasida keltirilgan maʼlumotlar. Bunda, taʼsischilar haqidagi maʼlumotlar oxirgi benefitsiar mulkdorgacha (oxirgi benefitsiar mulkdor ham) koʻrsatiladi;
g) litsenziya talabgorining rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari chet el fuqarolari boʻlganda, mazkur Nizomning 7-bandi “n” kichik bandida nazarda tutilgan jinoyatlar boʻyicha belgilangan tartibda legallashtirilgan yoki apostil qoʻyilgan holda tegishli xorijiy mamlakatning vakolatli organidan olingan sudlanmaganlik haqidagi maʼlumotnoma hamda uning Oʻzbekiston Respublikasi davlat tiliga notarial tartibda tasdiqlangan tarjimasi;
d) litsenziya talabgorining mutaxassislari, mansabdor shaxslari va nazoratchisining litsenziyalovchi organ tomonidan tasdiqlanadigan malaka talablariga muvofiqligi haqidagi hujjat nusxasi;
j) soliq organi tomonidan qabul qilingan oxirgi hisobot sanasidagi buxgalteriya balansi nusxasi (yangi tashkil etilgan yuridik shaxslar bundan mustasno);
z) ustav fondini bazaviy hisoblash miqdorining 5 800 baravaridan kam boʻlmagan miqdorda pul mablagʻi koʻrinishida shakllanganligini tasdiqlovchi bank maʼlumotnomasi;
i) birja savdosi qoidalarining (qimmatli qogʻozlar savdosini tashkil qilish qoidalarining) elektron nusxasi.
Litsenziya talabgori qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi sifatida faoliyatni amalga oshirish uchun qoʻshimcha ravishda quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
a) birjadan tashqari savdoni tashkil etish boʻyicha dasturiy vositani sotgan (bergan) tashkilot bilan tuzilgan birjadan tashqari savdoni tashkil etish boʻyicha dasturiy vositadan tijorat maqsadida foydalanish uchun mualliflik litsenziyasi shartnomasi nusxasi;
b) kliring faoliyatini amalga oshirish uchun dasturiy vositalarni tijorat maqsadida ishlatishga mazkur dasturiy vositani sotgan (bergan) tashkilot bilan tuzilgan mualliflik litsenziyasi shartnomasining nusxasi;
v) tegishli dasturiy taʼminotning texnik tavsifi;
g) qimmatli qogʻozlarni muomalaga kiritish va muomaladan chiqarish tartibotlari, qimmatli qogʻozlar narxlari kotirovkasi toʻgʻrisidagi qoidalarni oʻz ichiga oluvchi qimmatli qogʻozlar savdosi qoidalarining elektron nusxasi;
d) kliring xizmatini amalga oshirish qoidalari;
j) bank rekvizitlari koʻrsatilgan holda kliring xizmatini koʻrsatish uchun litsenziya talabgorining alohida bank hisobraqami mavjudligi toʻgʻrisidagi tijorat bankining yozma tasdiqnomasi;
z) Qimmatli qogʻozlarning markaziy depozitariysi va tijorat banki bilan qimmatli qogʻozlar va pul mablagʻlarida hisob-kitoblarni taʼminlash boʻyicha mos ravishda tuzilgan shartnoma nusxasi;
i) qimmatli qogʻozlar bilan birjadan tashqari savdolar tashkilotchisining qatnashchilarini savdolarga qoʻyish tartibi.
9. Litsenziya talabgorining rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlganda, litsenziyalovchi organ mazkur Nizomning 7-bandi “n” kichik bandida nazarda tutilgan holatlarni oʻzi mustaqil tarzda tekshiradi.
10. Litsenziya olish uchun taqdim etiladigan hujjatlar litsenziya talabgorining rahbari tomonidan tasdiqlanishi (imzolanishi) shart.
Arizaga ilova qilinadigan hujjatlar va maʼlumotlar oʻqish mumkin boʻlgan yuqori sifatda “PDF”, “PNG” yoki “JPEG” formatlarda boʻlishi lozim.
Litsenziya talabgoridan ushbu Nizomda nazarda tutilmagan hujjatlarning taqdim etilishini talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
11. Litsenziya talabgori litsenziya olish uchun ariza va unga ilova qilinadigan hujjatlarni axborot tizimi orqali dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar har kuni 24 soat davomida yuborishi mumkin.
Bunda arizalar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlari kelib tushganda, navbatdagi ish kuni litsenziyalovchi organ tomonidan ariza qabul qilingan kun hisoblanadi.
12. Qabul qilingan arizalar toʻgʻrisidagi maʼlumot litsenziyalovchi organning rasmiy veb-saytida joylashtiriladi.
4-bob. Arizani koʻrib chiqish, litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish
13. Litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror litsenziya talabgorining arizasi qabul qilingan kundan eʼtiboran yigirma ish kuni ichida qabul qilinadi.
Litsenziyalovchi organ arizani koʻrib chiqish muddati davomida hujjatlarni tekshirishi, zaruratga koʻra boshqa davlat organlarida mavjud, qaror qabul qilish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni axborot tizimi orqali mustaqil ravishda olishi, shuningdek litsenziya talabgorining litsenziya talablari va shartlariga muvofiqligini belgilaydigan qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa harakatlarni amalga oshirishi mumkin.
Litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziya olish uchun taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish uchun yigʻim undirilmaydi.
14. Arizaga kiritilgan maʼlumotlar axborot tizimi orqali idoralararo hamkorlik tizimlarida mavjud maʼlumotlar asosida dastlabki tarzda avtomatik ravishda taqqoslanadi va tekshiriladi.
Ariza quyidagi hollarda avtomatik tarzda qabul qilinmaydi:
notoʻgʻri yoki yolgʻon maʼlumotlar kiritilganligi axborot tizimi orqali aniqlanganda;
litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi tasdiqlanmaganda;
litsenziyalar elektron reyestrida (bundan buyon matnda litsenziyalar reyestri deb yuritiladi) litsenziya talabgorining ayni bir xil faoliyat boʻyicha kiritilgan va amalda boʻlgan litsenziyasi mavjud boʻlgan taqdirda;
litsenziya talabgorining ayni bir xil faoliyati muayyan muddatga toʻxtatilganda;
litsenziya talabgorining tegishli faoliyat bilan shugʻullanishi sudning qaroriga (hukmiga) asosan muayyan muddatga taqiqlanganda.
15. Tarkibi litsenziyalovchi organ rahbari tomonidan tasdiqlangan ekspert komissiyasi oʻn besh ish kunidan oshmaydigan muddat ichida taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda ular asosida litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida xulosa tayyorlaydi.
16. Litsenziyalovchi organ ekspert komissiyasi xulosasi asosida toʻrt ish kuni ichida litsenziya berish yoki ushbu Nizomning 20-bandida nazarda tutilgan holatlarda litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
17. Litsenziyalovchi organ tegishli qaror qabul qilingan kundan boshlab bir ish kuni ichida litsenziya talabgorini qabul qilingan qaror toʻgʻrisida xabardor qiladi.
Litsenziya berishga qaror qabul qilinganligi haqidagi xabarnoma litsenziya talabgoriga bank hisobraqami rekvizitlari va davlat boji toʻlash muddati koʻrsatilgan holda yuboriladi.
Litsenziya berganlik uchun Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan miqdorda davlat boji undiriladi (chet el investitsiyalari ishtirokidagi korxonalar bundan mustasno).
18. Litsenziya talabgori xabarnoma yuborilgan kundan boshlab oʻttiz kundan ortiq boʻlmagan muddatda davlat boji toʻlovini amalga oshiradi.
Litsenziyani berish uchun davlat boji toʻlovi belgilangan muddatda amalga oshirilmasligi litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyani berish toʻgʻrisidagi qarorning bekor qilinishi uchun asos boʻladi. Litsenziya berish toʻgʻrisidagi qaror bekor qilinganligi haqidagi maʼlumot litsenziya talabgoriga yuboriladi. Bunda litsenziya talabgori litsenziyani olish uchun umumiy tartibda qayta murojaat qilish huquqiga ega boʻladi.
19. Davlat boji toʻlanganidan soʻng litsenziya QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan holda elektron shaklda rasmiylashtiriladi hamda litsenziyalovchi organning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.
Elektron shaklda berilgan litsenziya manfaatdor shaxslar tomonidan qogʻozda chop etilishi mumkin. Bunda, qogʻozda chop etilgan litsenziyalar elektron shaklda berilgan litsenziyalarga tenglashtiriladi.
20. Litsenziyani berish toʻgʻrisidagi arizani rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:
ushbu Nizomning 8-bandida nazarda tutilgan hujjatlarning litsenziya talabgori tomonidan toʻliq boʻlmagan hajmda taqdim etilganligi;
litsenziya talabgorining litsenziya talablari hamda shartlariga muvofiq emasligi;
bir yil muddatga litsenziyani olish yoki sudning qaroriga (hukmiga) asosan shaxsga nisbatan muayyan faoliyat turi bilan shugʻullanish taqiqlanganligi;
litsenziya talabgori tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjudligi;
litsenziya talabgorining rahbari va (yoki) taʼsischilarining mazkur Nizomning 7-bandi “n” kichik bandida nazarda tutilgan jinoyatlarda ishtirok etganligi yoki ishtirok etishda gumonlanayotganligi haqida maʼlumotlar mavjudligi;
litsenziyalovchi organning asoslantirilgan mulohazasi.
Litsenziya toʻgʻrisidagi arizani berishni boshqa asoslarga koʻra rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
21. Mazkur Nizomning 20-bandi ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan hollar aniqlanganda, agar arizada bartaraf etish mumkin boʻlgan kamchiliklar mavjud boʻlsa, litsenziyalovchi organ ularni bartaraf etish uchun litsenziya talabgoriga muddat beradi. Kamchiliklarni bartaraf etish zarurligi toʻgʻrisidagi xabarnoma litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziya talabgoriga bir ish kuni ichida yuboriladi.
22. Xabarnoma taqdim etilgan hujjatlarda aniqlangan kamchiliklar hamda ularni bartaraf etish usullari, shuningdek litsenziya talabgori koʻrsatilgan sabablarni bartaraf qilib, tegishli hujjatlarni koʻrib chiqish uchun takroran taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi. Xabarnomada koʻrsatilgan muddat kamchiliklarni bartaraf etish uchun zarur boʻladigan vaqtga mutanosib boʻlishi, lekin ushbu muddat oʻttiz ish kunidan ortiq boʻlmasligi kerak.
23. Kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisida xabarnoma yuborilgan taqdirda, litsenziyani berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish muddati toʻxtatib turiladi.
24. Hujjatlar xabarnomada koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etmasdan yoki xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtgandan keyin takroran taqdim etilgan taqdirda, litsenziyalovchi organ litsenziyani berishni rad etish haqida qaror qabul qilishga haqli. Bunda, litsenziya berishni kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisida xabarnomada koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
25. Litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnoma litsenziya talabgoriga rad etish sabablari, qonunchilikning aniq normalari va litsenziya talabgori mazkur sabablarni bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi.
Litsenziya talabgori rad etish sabablarini bartaraf etishga va hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishga haqli boʻlgan muddat litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnoma olingan kundan eʼtiboran oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.
26. Litsenziya talabgori litsenziya berishni rad etish uchun asos boʻlgan sabablarni belgilangan muddatda bartaraf etgan taqdirda, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish, litsenziyani berish yoxud uni berishni rad etish litsenziya talabgorining rad etish sabablari bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi arizasi va rad etish sabablari bartaraf etilganligini tasdiqlovchi tegishli hujjatlar olingan kundan eʼtiboran besh ish kunidan oshmaydigan muddatda litsenziyalovchi organ tomonidan amalga oshiriladi.
27. Hujjatlarni takroran koʻrib chiqishda litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziya talabgoriga ilgari bayon qilinmagan rad etish sabablarini keltirishga yoʻl qoʻyilmaydi, bundan ilgari koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilganligini tasdiqlovchi hujjatlar bilan bogʻliq rad etish sabablari keltirilishi hamda mazkur Nizomning 20-bandi oltinchi va yettinchi xatboshilarda nazarda tutilgan holatlar mustasno.
28. Litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtganidan yoki mazkur Nizomning 25-bandiga muvofiq hujjatlarni takroran koʻrib chiqish natijasida litsenziya berish rad etilganidan soʻng litsenziya talabgori tomonidan berilgan ariza yangidan topshirilgan hisoblanadi va litsenziyalovchi organ tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.
29. Litsenziya talabgori litsenziyalovchi organ tomonidan koʻrsatilayotgan xizmatlardan foydalanishdan ularni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega.
30. Berilgan litsenziyalar haqidagi maʼlumot litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyalanadigan faoliyat turi boʻyicha alohida yuritiladigan litsenziyalar reyestriga kiritiladi.
5-bob. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish tartibi
31. Litsenziat — yuridik shaxs hisoblangan tadbirkorlik subyekti oʻzgartirilganda, uning nomi yoki joylashgan joyi (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, tadbirkorlik subyekti yoxud uning huquqiy vorisi qayta roʻyxatdan oʻtganidan keyin besh ish kunida litsenziyalovchi organga litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza berishi shart.
Yangidan vujudga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida ayni bir faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziyasi mavjud boʻlgan yuridik shaxslar — tadbirkorlik subyektlari qoʻshib yuborilgan taqdirda, litsenziyani ushbu bandning birinchi xatboshisida belgilangan tartibda qayta rasmiylashtirishga yoʻl qoʻyiladi.
32. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun zarur boʻlgan hujjatlar litsenziat tomonidan mazkur Nizomning 8-bandida nazarda tutilgan tartibda beriladi.
Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun davlat boji va yigʻim undirilmaydi.
33. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish hamda berish litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi ariza tegishli hujjatlar ilova qilingan holda litsenziyalovchi organ tomonidan qabul qilib olingan kundan eʼtiboran besh ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda amalga oshiriladi.
Litsenziya qayta rasmiylashtirilguniga qadar litsenziat yoki uning huquqiy vorisi litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi arizasi asosida unda koʻrsatilgan faoliyatni amalga oshiradi.
Litsenziya qayta rasmiylashtirilganda litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyalar reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi.
6-bob. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilish
34. Litsenziyaning amal qilishi quyidagi hollarda litsenziyalovchi organ tashabbusi bilan toʻxtatib turilishi mumkin:
litsenziya talablari va shartlari litsenziat tomonidan buzilganligi aniqlanganda;
litsenziat tomonidan litsenziyalovchi organning litsenziat zimmasiga aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish majburiyatini yuklovchi qarori bajarilmaganda.
35. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish litsenziyalovchi organ yoki sud tomonidan amalga oshiriladi. Litsenziyaning amal qilishi litsenziyalovchi organ tomonidan oʻn kundan koʻp boʻlmagan muddatga, sud tomonidan esa oʻn kundan ortiq, lekin olti oydan koʻp boʻlmagan muddatga toʻxtatib turilishi mumkin.
36. Litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga sabab boʻlgan holatlar litsenziat tomonidan bartaraf etilishi muddatini belgilashi shart. Bunda, koʻrsatilgan muddat litsenziat litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarorni olgan kundan eʼtiboran besh ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.
37. Litsenziyalovchi organning litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarori litsenziatga litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish sabablari va qonunchilikning aniq normalari koʻrsatilgan holda, qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay yuboriladi.
38. Belgilangan muddat ichida litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish uchun asos boʻlgan sabab va kamchiliklar bartaraf qilinmasa, litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish muddatini uzaytirish boʻyicha yoki litsenziyani bekor qilish haqida sudga daʼvo ariza kiritadi.
39. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga sabab boʻlgan holatlar litsenziat tomonidan bartaraf etilgan taqdirda, litsenziat bu haqida litsenziyalovchi organga tasdiqnoma yuboradi.
40. Kamchiliklar bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi tasdiqnoma litsenziyalovchi organ tomonidan maʼlumotlarni tahlil qilish yoki zaruratga koʻra kamchiliklar bartaraf etilganligini joyiga chiqqan holda qonunchilikda belgilangan tartibda oʻrganish orqali amalga oshiriladi.
41. Tahlil yoki oʻrganishlar natijasida litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga sabab boʻlgan holatlar litsenziat tomonidan bartaraf etilganligi aniqlangan taqdirda, litsenziyalovchi organ kamchiliklar bartaraf etilganligi toʻgʻrisida tasdiqnoma olingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
42. Agar litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash haqida yoki qayta tiklashni rad etish toʻgʻrisida uch ish kuni ichida qaror qabul qilmasa, litsenziat mazkur muddat oʻtgandan soʻng litsenziyalovchi organni xabardor qilgan holda oʻz faoliyatini davom ettirishi mumkin.
43. Litsenziat oʻz faoliyatini vaqtincha toʻxtatib turgan taqdirda, litsenziyaning amal qilishini olti oygacha muddatga toʻxtatib turish haqida litsenziyalovchi organga ariza bilan murojaat qilishi mumkin.
Agar litsenziat litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilganidan keyin olti oy ichida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida litsenziyalovchi organga ariza bilan murojaat etmagan boʻlsa, litsenziyaning amal qilishi tugatiladi.
44. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish va qayta tiklash toʻgʻrisidagi axborot tegishli qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran bir ish kuni ichida litsenziyalar reyestriga joylashtirilishi kerak.
45. Litsenziyaning amal qilishi quyidagi hollarda tugatiladi:
litsenziyalash tartibi bekor qilinganda;
litsenziat tomonidan litsenziyalovchi organga litsenziyaning amal qilishini olti oygacha toʻxtatib turish toʻgʻrisida murojaat berilib, mazkur xatboshida nazarda tutilgan muddat davomida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida litsenziyalovchi organga murojaat qilinmagan taqdirda.
Litsenziyaning amal qilishi ushbu bandning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan asos boʻyicha toʻxtatilgan taqdirda, litsenziyalovchi organ bu haqida bir ish kuni ichida litsenziatga xabarnoma yuboradi.
46. Litsenziya quyidagi hollarda bekor qilinadi:
litsenziat litsenziyaning amal qilishini ixtiyoriy ravishda bekor qilish toʻgʻrisida murojaat qilganda;
yuridik shaxs tugatilganda — tugatilgan paytdan eʼtiboran yoki uning faoliyati qayta tashkil etish natijasida tugatilganda — qayta tashkil etilgan paytdan eʼtiboran, bundan uning oʻzgartirilishi, shuningdek yangidan yuzaga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida qayta tashkil etilayotgan yuridik shaxsda faoliyatning ayni bir litsenziyalanadigan turini amalga oshirish uchun litsenziya mavjud boʻlgan taqdirda, qoʻshib yuborilishi mustasno;
litsenziat litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishiga olib kelgan holatlarni litsenziyalovchi organ yoki sud belgilagan muddatda bartaraf etmaganda;
litsenziyalovchi organning litsenziyani berish toʻgʻrisidagi qarorining qonunga xilofligi aniqlanganda;
litsenziat tomonidan mazkur Nizomning 7-bandida belgilangan litsenziya talablari va shartlari muntazam ravishda (bir yil davomida ikki va undan ortiq marotaba) yoki bir marotaba qoʻpol ravishda buzilganda. Bunda, mazkur Nizomning 7-bandi “i” , “j” , “n” , “o” , “p” va “r” kichik bandlarida belgilangan talablar va shartlarning bajarilmaganligi bir marta qoʻpol ravishda buzilish hamda “a” , “b” , “v” , “g” , “d” , “z” , “k” , “l” , “m” , “s” va “t” kichik bandlarida belgilangan talablar va shartlarning bir yil davomida ikki va undan ortiq marta bajarilmaganligi muntazam ravishda buzilish deb hisoblanadi;
litsenziya qalbaki hujjatlardan foydalangan holda olinganligi fakti aniqlanganda.
Ushbu bandning oltinchi va yettinchi xatboshilarida nazarda tutilgan hollarda bir yil davomida qaytadan litsenziya berilmaydi. Mazkur talab litsenziatning muassasasi yoki benefitsiar mulkdori tomonidan tashkil etiladigan yangi tadbirkorlik subyektlariga nisbatan ham tatbiq etiladi.
47. Litsenziyani bekor qilish mazkur Nizomning 46-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollarda litsenziyalovchi organning qarori asosida besh ish kuni ichida amalga oshiriladi.
Litsenziya mazkur Nizomning 46-bandi toʻrtinchi — yettinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollarda sud tomonidan bekor qilinadi.
Litsenziyalovchi organ litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida sudga ariza bilan murojaat qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay litsenziatga litsenziyani bekor qilish haqida ariza bilan sudga murojaat qilish asoslari va qonunchilikning aniq normalarini koʻrsatgan holda xabarnoma yuboradi.
48. Litsenziya ushbu Nizomning 46-bandi yettinchi xatboshisida koʻrsatilgan asosga koʻra bekor qilingan taqdirda, u berilgan sanadan eʼtiboran bekor qilingan deb hisoblanadi.
49. Litsenziyaning amal qilishini bekor qilish yoki qayta tiklash toʻgʻrisidagi sud qarori qonuniy kuchga kirgandan soʻng litsenziyalovchi organ ushbu maʼlumotni bir ish kuni ichida litsenziyalar reyestriga kiritadi.
50. Litsenziyaning amal qilishini bekor qilish toʻgʻrisidagi litsenziyalovchi organning qarori ushbu qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay litsenziatga litsenziyani bekor qilish asoslari va qonunchilikning aniq normalarini koʻrsatgan holda yetkaziladi.
Litsenziyalovchi organ bekor qilingan litsenziya toʻgʻrisidagi axborotni bir ish kuni ichida litsenziyalar reyestriga kiritadi.
7-bob. Ayrim litsenziya talablari va shartlarini amalga oshirishning maxsus tartibi
51. Litsenziat litsenziyalovchi organ bilan quyidagilarni kelishishi lozim:
litsenziya egasining ustav kapitalidagi ulushlarni jismoniy va yuridik shaxslarga, shu jumladan norezidentlarga realizatsiya qilish;
litsenziatning rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) almashishi.
52. Mazkur Nizomning 51-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan holatlarda litsenziat litsenziyalovchi organga quyidagi hujjatlarni axborot tizimi orqali taqdim etishlari kerak:
a) yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, pochta manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), elektron pochta manzili, bankning nomi va bankdagi hisobvaragʻi, arizani toʻldirish sababi (ustav kapitalidagi ulushlarni jismoniy va yuridik shaxslarga, shu jumladan norezidentlarga realizatsiya qilish yoki rahbariyatni (direktor va uning oʻrinbosari) almashtirishni kelishish) aks ettirilgan ariza;
b) litsenziatning ustav kapitalidagi ulushni sotib olish niyatida boʻlgan potensial oluvchi — jismoniy shaxs haqidagi maʼlumotlar (F.I.O., shaxsni tasdiqlovchi hujjat raqami, JSHSHIR). Chet el fuqarolari uchun ushbu bandning “g” kichik bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar qoʻshimcha ravishda taqdim etilishi kerak;
v) litsenziatning ustav kapitalidagi ulushni sotib olish niyatida boʻlgan potensial oluvchi — yuridik shaxsning rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari haqida ushbu Nizomning 3-ilovasiga muvofiq shakldagi maʼlumotlar. Bunda, taʼsischilar haqidagi maʼlumotlar oxirgi benefitsiar mulkdorga (oxirgi benefitsiar mulkdor ham) qadar koʻrsatilishi kerak;
g) litsenziatning ustav kapitalidagi ulushni potensial oluvchi — yuridik shaxsning rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari chet el fuqarolari boʻlganda, mazkur Nizomning 7-bandi “n” kichik bandida nazarda tutilgan jinoyatlar boʻyicha belgilangan tartibda legallashtirilgan yoki apostil qoʻyilgan holda tegishli xorijiy mamlakatning vakolatli organidan olingan sudlanmaganlik haqidagi maʼlumotnoma hamda uning Oʻzbekiston Respublikasi davlat tiliga notarial tartibda tasdiqlangan tarjimasi.
53. Litsenziyalovchi organ arizani qabul qilgan kundan boshlab oʻn ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda kelishish yoki kelishishni rad etish haqida qaror qabul qiladi.
Bunda, mazkur Nizomning 51-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslar litsenziya talablari va shartlariga muvofiq boʻlgan taqdirda, litsenziyalovchi organ tomonidan ularni kelishish haqida qaror qabul qilinadi. Agar ular litsenziya talablari va shartlariga muvofiq emas deb topilganda, ularni kelishish rad etiladi.
54. Arizani koʻrib chiqish va qaror qabul qilish uchun yigʻim undirilmaydi.
8-bob. Litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilish
55. Litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi ustidan nazorat litsenziyalovchi organ tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
56. Litsenziyalovchi organ litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilishda oʻz vakolatlari doirasida quyidagilarga haqli:
litsenziatni litsenziya talablari va shartlariga rioya etayotganligi ustidan tekshirishni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakilni xabardor etgan holda qonunchilikda belgilangan tartibda joyiga chiqqan holda oʻtkazish;
litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi ustidan tekshiruvlar oʻtkazilayotganda yuzaga keladigan masalalar boʻyicha litsenziatdan zarur maʼlumotlarni soʻrash va olish;
tekshiruv natijalari asosida litsenziat yoʻl qoʻygan litsenziya talablari va shartlarining aniq qoidabuzarliklarni koʻrsatgan holda dalolatnomalar (maʼlumotnomalar) tuzish;
litsenziat zimmasiga aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish majburiyatini yuklovchi qarorlar chiqarish, bunday qoidabuzarliklarni bartaraf etish muddatlarini belgilash;
litsenziyaning amal qilishini oʻn ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatga toʻxtatib turish, shuningdek, sudga litsenziyaning amal qilishini olti oydan ortiq boʻlmagan muddatga toʻxtatib turish yoki litsenziyani bekor qilish tashabbusi bilan murojaat qilish;
litsenziya berish tartib-taomillari sohasidagi huquqbuzarliklar boʻyicha yuridik shaxslarga jarima qoʻllash toʻgʻrisida qaror qabul qilish, uni majburiy undirish boʻyicha sudga daʼvo arizasi kiritish.
57. Nazorat qilish quyidagi shakllarda amalga oshiriladi:
axborot tizimi orqali masofaviy nazorat;
litsenziya talablari hamda shartlariga rioya etilishini asoslar mavjud boʻlgan taqdirda va qonunchilikda belgilangan tartibda joyga chiqqan holda tekshirish;
statistik axborotlarni va litsenziatdan soʻrab olinadigan maʼlumotlarni tahlil qilish.
58. Litsenziyalovchi organ masofaviy nazoratni axborot tizimi imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda litsenziatning xodimlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, litsenziya talablari va shartlariga rioya qilinganligi toʻgʻrisida taqdim etilgan maʼlumotlar, shuningdek, boshqa vakolatli organlar va idoralardan olingan axborotlar asosida amalga oshiradi.
Masofaviy nazoratni amalga oshirishda litsenziyalar reyestriga kiritilgan litsenziatning litsenziya talablari va shartlarini buzish holatlari toʻgʻrisida axborot tizimi orqali avtomatik ravishda keladigan xabarlar litsenziyalovchi organning shaxsiy kabinetiga kelib tushadi. Ushbu xabar orqali litsenziyalovchi organ litsenziatning faoliyatini tahlil qiladi va oʻrganadi. Bunda litsenziyalovchi organ litsenziya talablari va shartlarining buzilishi holatlarini bartaraf etish boʻyicha litsenziatga koʻrsatma beradi.
Litsenziat masofaviy nazorat asosida litsenziyalovchi organ tomonidan berilgan koʻrsatmada bayon etilgan talablarni oʻn ish kuni ichida bajarishi va bu haqida litsenziyalovchi organga xabar berishi lozim.
Koʻrsatma litsenziat tomonidan oʻz vaqtida ijro etilmaganda yoki bajarilishi taʼminlanmaganda litsenziyalovchi organ “xavfni tahlil qilish” tizimi asosida uning faoliyatini tekshirishi mumkin.
59. Litsenziatning faoliyatini joyiga chiqqan holda tekshirish quyidagilar asosida amalga oshiriladi:
“xavfni tahlil etish” tizimi;
jismoniy va yuridik shaxslarning, shu jumladan, jamoatchilik nazorati subyektlarining murojaatlari.
60. Litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini joyiga chiqqan holda tekshirish oʻn kungacha boʻlgan muddatda oʻtkazilishi lozim.
Litsenziyalovchi organ tomonidan belgilangan tartibda joyiga chiqqan holda oʻtkaziladigan tekshirishdan bosh tortish litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish uchun asos boʻladigan harakat hisoblanadi.
9-bob. Litsenziyalar reyestrini yuritish tartibi
61. Litsenziyalovchi organ litsenziyalanadigan faoliyat turi boʻyicha litsenziyalar reyestrini yuritadi.
Litsenziyalar reyestrida quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi lozim:
litsenziatning nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, litsenziyalanadigan faoliyat turi, joylashgan yeri (pochta manzili), elektron pochta manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), telefon raqami;
axborot resursining (tizimning, platformaning) domen nomi;
litsenziyalarning berilgan sanasi va tartib raqami;
litsenziyalarni qayta rasmiylashtirish, oʻzgartirish, amal qilishini toʻxtatib turish, qayta tiklash, amal qilishini tugatish hamda bekor qilish asoslari va sanasi.
62. Litsenziyalar reyestrida mavjud boʻlgan maʼlumotlar litsenziyalovchi organning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi va tanishib chiqish uchun ochiq boʻladi.
10-bob. Yakuniy qoidalar
63. Litsenziat litsenziya talab va shartlarining bajarilganligi yuzasidan litsenziyalovchi organga soxta, yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar berganligi uchun qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
64. Litsenziyalovchi organning litsenziyani berishni rad etish, amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilish haqidagi qarorlari, shuningdek litsenziyalovchi organ mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan belgilangan tartibda sudga shikoyat qilinishi mumkin.
65. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar boʻladilar.
Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash tartib-taomillari toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Litsenziya talabgori Litsenziya olish uchun ariza va tegishli hujjatlarni tayyorlaydi hamda litsenziyalovchi organga yuboradi. oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Litsenziyalovchi organ Ariza va tegishli hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. yigirma ish kuni ichida Litsenziyalovchi organ 1. Ekspert komissiyasi tomonidan hujjatlar koʻrib chiqiladi hamda litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida xulosa tayyorlanadi. oʻn besh ish kuni ichida 2. Ekspert komissiyasi xulosasi asosida litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qarorni qabul qiladi. toʻrt ish kuni ichida 3. Litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinganligi yuzasidan litsenziya talabgorini xabardor qiladi. bir ish kuni ichida 3-bosqich Litsenziya talabgori Litsenziya berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, davlat bojini toʻlaydi. oʻttiz kun ichida 4-bosqich Litsenziyalovchi organ 1. Davlat boji toʻlanganidan soʻng litsenziyani rasmiylashtiradi va oʻzining rasmiy veb-saytiga joylashtiradi. ikki ish kuni ichida 2. Litsenziya talabgori tomonidan davlat boji toʻlanmagan taqdirda, litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. litsenziya berish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganidan oʻttiz kundan soʻng 5-bosqich Litsenziyalovchi organ Litsenziya berish uchun zarur hujjatlar toʻliq taqdim etilmagan taqdirda, agar ushbu kamchiliklarni bartaraf etish mumkin boʻlsa, litsenziya talabgoriga kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi. bir ish kuni ichida 6-bosqich Litsenziya talabgori Kamchiliklarni bartaraf etgan holda tegishli hujjatlarni litsenziyalovchi organga taqdim etadi. xabarnomada koʻrsatilgan muddatda 7-bosqich Litsenziya talabgori Litsenziya berish rad etilgan taqdirda, rad etish sabablarini bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etadi. rad etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddatda 8-bosqich Litsenziyalovchi organ Litsenziya talabgori tomonidan takroran taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. besh ish kuni ichida 9-bosqich Litsenziat 1. Tadbirkorlik subyekti oʻzgartirilgan, uning nomi yoki joylashgan yeri (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, tadbirkorlik subyekti yoxud uning huquqiy vorisi litsenziyalovchi organga litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza beradi. 2. Yangidan vujudga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida ayni bir faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziyasi mavjud boʻlgan tadbirkorlik subyektlari qoʻshib yuborilgan taqdirda, litsenziyalovchi organga litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza beradi. roʻyxatdan oʻtgandan soʻng bir ish kuni ichida 10-bosqich Litsenziyalovchi organ Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun ariza va tegishli hujjatlar taqdim qilinganda litsenziyani qayta rasmiylashtiradi va bu haqida litsenziyalarning reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi. besh ish kuni ichida 11-bosqich Litsenziat Litsenziat litsenziyaning amal qilishini ixtiyoriy ravishda bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilganda, litsenziyaning amal qilishini ixtiyoriy ravishda bekor qilish toʻgʻrisida ariza beradi. qaror qabul qilingandan soʻng 12-bosqich Litsenziyalovchi organ Litsenziyani amal qilishini bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qiladi hamda bu haqida litsenziatni xabardor qiladi. besh ish kuni ichida 13-bosqich Litsenziyalovchi organ Litsenziyaning amal qilishi bekor qilinganligi haqida litsenziyalar reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi. bir ish kuni ichida
Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash tartib-taomillari toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Litsenziya talabgorining rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari haqidagi
1-jadval Litsenziya talabgorining rahbariyati ( direktor va uning oʻrinbosarlari ) Lavozim Familiyasi, ismi va otasining ismi Fuqarolik JSHSHIR (Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat Hujjat turi Seriyasi va raqami Berilgan sanasi va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8
2-jadval Litsenziya talabgorining taʼsischilari Familiyasi, ismi va otasining ismi yoki yuridik shaxsning nomi Ulush hajmi Fuqarolik (jismoniy shaxslar uchun) yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan joy (yuridik shaxslar uchun) JSHSHIR (jismoniy shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) yoki STIR (yuridik shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazish Hujjat turi Seriyasi va raqami Berilgan sanasi va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8
Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisi faoliyatini litsenziyalash tartib-taomillari toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini potensial sotib oluvchi — yuridik shaxsning rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari haqidagi
1-jadval Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini potensial sotib oluvchi — yuridik shaxs rahbariyati (direktor va uning oʻrinbosarlari) Lavozim Familiyasi, ismi va otasining ismi Fuqarolik JSHSHIR (Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat Hujjat turi Seriyasi va raqami Berilgan sanasi va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8
2-jadval Fond birjasi va qimmatli qogʻozlarning birjadan tashqari savdosi tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini potensial sotib oluvchi — yuridik shaxsning taʼsischilari Familiyasi, ismi va otasining ismi yoki yuridik shaxsning nomi Ulush hajmi Fuqarolik (jismoniy shaxslar uchun) yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan joyi (yuridik shaxslar uchun) JSHSHIR (jismoniy shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) yoki STIR (yuridik shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazish Hujjat turi Seriyasi va raqami Berilgan sanasi va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8
Direktor D. LI
Toshkent sh.,
2026-yil 7-may,
18-son