UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 11-iyun · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 11 июнь · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 июня 2026 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 June 2026 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 10 сентябрда қабул қилинган Сенат томонидан 2026 йил 8 апрелда маъқулланган

Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида меҳнат муносабатларини замонавий талаблар асосида тартибга солишга, ҳар бир фуқарога муносиб меҳнат шароитларини яратишга, меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга ва самарали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга миллий қонунчиликни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, жумладан жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш (тартибга солиш) ҳамда ходимлар томонидан ўз ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ифода этилиши ва ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, шунингдек айрим тоифадаги шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга оид нормалардаги ноаниқликларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ходимларнинг иш ташлаш ҳуқуқини белгилашга, иш ташлашни амалга ошириш тартиби ва механизмини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг ҳомиладор аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга тўлиқсиз иш вақтини белгилашга доир нормалари аниқлаштирилмоқда.

Ушбу Қонун ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда жамоавий меҳнат низоларини ҳал этишни (тартибга солишни) самарали ташкил этишга хизмат қилади.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 15 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги 223-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 йил, № 4, 76-модда; 1992 йил, № 9, 363-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 4-5, 126-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 9, 330-модда; 2014 йил, № 12, 343-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 5, 464-модда) 6-моддасининг биринчи қисмидаги «уч минг» деган сўзлар «беш юз» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 1, 3-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165-модда; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 314-модда, № 12, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 12, 656-модда; 2007 йил, № 4, 158, 166-моддалар, № 6, 248-модда, № 9, 416, 422-моддалар, № 12, 607-модда; 2008 йил, № 4, 187, 188, 189-моддалар, № 7, 352-модда, № 9, 485, 487, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 128-модда, № 9, 329, 334, 335, 337-моддалар, № 12, 470-модда; 2010 йил, № 5, 176, 179-моддалар, № 9, 341-модда, № 12, 471, 477-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 343-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 3, 47-модда, № 6, 300-модда, № 9, 506, 510-моддалар; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 218, 224-моддалар, № 7, 430-модда, № 10, 679-модда; 2019 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 3, 161-модда, № 5, 259, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 471-модда, № 9, 592-модда, № 11, 787-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 204-модда, № 7, 449-модда, № 10, 593-модда, № 11, 651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 14-моддалар, № 2, 142, 144-моддалар, № 3, 217-модда, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 966, 968, 973-моддалар, № 12, 1193-модда; 2022 йил, № 2, 81-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 4, 337-модда, № 5, 464, 466-моддалар, № 6, 575-модда, № 10, 981-модда; 2023 йил, № 3, 185, 187, 188-моддалар, № 4, 265-модда, № 5, 319-модда, № 10, 798-модда, № 11, 921-модда; 2024 йил, № 1, 8-модда, № 2, 111-модда, № 3, 245-модда, № 8, 818-модда, № 9, 954, 964-моддалар, № 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1079, 1083-моддалар, № 11, 1186-модда, № 12, 1280, 1287-моддалар; 2025 йил, № 2, 196-модда, № 3, 376, 377-моддалар, № 5, 643, 647-моддалар, № 8, 968-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:

1) 218-модданинг номи ва диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« 218-модда. Фавқулодда ҳолат шароитида корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилиш

Фавқулодда ҳолат шароитида корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилиш»;

2) қуйидаги мазмундаги 218 1 -модда билан тўлдирилсин:

« 218 1 -модда. Иш ташлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш

Ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилиш, шунингдек иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда зарар етказилишига;

б) одам ўлишига;

в) бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Меҳнат қонунчилиги билан иш ташлаш тақиқланган ҳолларда унда иштирок этишга мажбур қилиш ва (ёки) унга раҳбарлик қилиш, —

уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) одам ўлишига;

б) бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, —

беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; 1996 йил, № 5-6, 69-модда, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 4-5, 126-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда, № 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 9, 498-модда, № 10, 536-модда, № 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, № 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, № 9, 416, 421-моддалар, № 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 181, 189, 192-моддалар, № 9, 486, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 334, 335, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, № 5, 175, 179-моддалар, № 6, 231-модда, № 9, 335, 339, 341-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 4, 104, 105-моддалар, № 9, 247, 252-моддалар, № 12/2, 365-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 1, 2-модда, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар, № 4, 224-модда, № 7, 430, 431, 432-моддалар, № 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 3, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 161, 165, 166-моддалар, № 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 469, 471-моддалар, № 9, 591, 592-моддалар, № 10, 674, 676-моддалар, № 11, 787, 791-моддалар, № 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 203, 204-моддалар, № 7, 449-модда, № 9, 539, 540-моддалар, № 10, 593, 596-моддалар, № 11, 651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, № 2, 142-модда, № 3, 217-модда, № 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800, 802, 803-моддалар, № 9, 903-модда, № 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, № 11, 1066-модда; 2022 йил, № 1, 1, 2-моддалар, № 2, 80, 81-моддалар, № 3, 215, 216-моддалар, № 4, 337-модда, № 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, № 8, 787-модда, № 10, 981, 984-моддалар, № 12, 1188-модда; 2023 йил, № 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, № 4, 265, 266, 268-моддалар, № 5, 319, 320-моддалар, № 7, 533, 534, 535, 537, 539-моддалар, № 8, 634-модда, № 10, 798-модда, № 11, 921, 923, 924-моддалар, № 12, 1004-модда; 2024 йил, № 1, 5, 7, 8, 9-моддалар, № 2, 102, 111, 115, 116-моддалар, № 3, 243, 245-моддалар, № 6, 530, 532-моддалар, № 7, 629-модда, № 8, 826, 829, 831-моддалар, № 9, 954, 964, 965-моддалар, № 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1078, 1083, 1084-моддалар, № 11, 1187, 1188, 1189-моддалар, № 12, 1279, 1280, 1282, 1286, 1287-моддалар; 2025 йил, № 1, 5, 8-моддалар, № 2, 187, 188, 196, 198, 201-моддалар, № 3, 368, 376-моддалар, № 4, 517, 521-моддалар, № 5, 643, 644-моддалар, № 6, 729-модда, № 7, 828, 829, 832-моддалар, № 8, 968, 971-моддалар) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:

1) қуйидаги мазмундаги 201 2 -модда билан тўлдирилсин:

« 201 2 -модда. Иш ташлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш

Меҳнат қонунчилиги билан иш ташлаш тақиқланган ҳолларда иш ташлашда иштирок этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик мулкий манфаатдор бўлиш эвазига ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан содир этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

2) 245-модданинг биринчи қисми «201 1 » рақамидан кейин «201 2 » рақами билан тўлдирилсин;

3) 255-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ушбу Кодекснинг 201 2 -моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, меҳнат бўйича давлат инспекторлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ҳамда уни ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборади»;

4) 305-модданинг иккинчи қисми «201» рақамидан кейин «201 2 » рақами билан тўлдирилсин.

4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ-460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 1-илова, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 5, 261-модда, № 9, 592-модда, № 10, 671-модда, № 11, 791, 792-моддалар, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1, 3-моддалар, № 3, 198, 199-моддалар; 2021 йил, № 1, 8-модда, 4-сонга илова, № 8, 803-модда, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 8, 787-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда, № 12, 1007-модда; 2024 йил, № 2, 115-модда, № 8, 827-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 11, 1191-модда, № 12, 1280, 1286-моддалар; 2025 йил, № 1, 8-модда, № 3, 373-модда, № 6, 729-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:

1) 50-модданинг биринчи қисми «давлат бюджетидан ундирувлар» деган сўзлардан кейин «эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш ташлашни ноқонуний деб топиш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

2) 266-модда қуйидаги мазмундаги 4 1 -банд билан тўлдирилсин:

«4 1 ) эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги»;

3) қуйидаги мазмундаги 23 3 -боб билан тўлдирилсин:

« 23 3 -боб. Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш хусусиятлари

270 11 -модда. Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишларни кўриш тартиби

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишлар фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

270 12 -модда. Даъво аризасини бериш

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси судга иш берувчи ёхуд прокурор томонидан берилади.

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси тегишинча мазкур иш ташлаш амалга ошириладиган, амалга оширилаётган, амалга оширилган жойдаги судда кўриб чиқилади.

270 13 -модда. Даъво аризасининг шакли ҳамда мазмуни

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси ушбу Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Даъво аризасида қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) иш ташлаш ўтказилаётган ташкилотнинг номи;

2) иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган сана, иш ташлаш амалга ошириладиган (амалга оширилаётган, амалга оширилган) сана ва жой;

3) даъвогарнинг фикрига кўра, иш ташлаш туфайли бузилаётган ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлар тўғрисидаги маълумотлар;

4) даъвогарнинг фикрига кўра, иш ташлаш қайси қонун ҳужжатларига зид бўлса, ўша қонун ҳужжатлари.

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги даъво аризасида иш ташлашни кечиктириш ёки тўхтатиб туриш муддати ҳам кўрсатилиши лозим.

Даъво аризасига ушбу Кодекснинг 191-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор илова қилинади.

270 14 -модда. Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамасининг хусусиятлари

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишлар даъво аризаси берилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан иш берувчи, иш ташлашга раҳбарлик қилувчи, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади. Учинчи шахслар суд мажлисига чақирилиши мумкин.

Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд мажлисига келмаса, иш уларнинг йўқлигида кўрилиши мумкин.

Иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида суд иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорнинг қонунийлигини, иш ташлашни амалга оширишнинг қонунда белгиланган талабларига риоя этилганлигини текширади, шунингдек иш ташлаш туфайли ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлар бузилган-бузилмаганлигини аниқлайди.

270 15 -модда. Суднинг ҳал қилув қарори

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 23-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.

Иш ташлаш ноқонуний деб топилган тақдирда, суд тегишли жавобгарлик масаласини ҳал этиш тўғрисида прокурорга хабар қилади.

Суд иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорнинг ва иш ташлашнинг қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда иш ташлаш туфайли ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлар бузилмаётганлигини аниқласа, арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Суднинг эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида эълон қилинган иш ташлашни кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш муддати кўрсатилади ва у эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади».

5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 декабрда қабул қилинган «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги ЎРҚ-588-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 12, 882-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 5, 464-модда; 2023 йил, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 8, 822-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:

1) 44-модданинг биринчи қисмидаги «тегишли инспекторлари фаолият кўрсатадиган инспекциялар» деган сўзлар «тегишли маъмурий ваколатга эга бўлмаган инспекторлари фаолият кўрсатадиган инспекциялар» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) қуйидаги мазмундаги 45 1 -модда билан тўлдирилсин:

« 45 1 -модда. Касаба уюшмалари инспекцияларининг Давлат меҳнат инспекцияси билан ўзаро ҳамкорлиги

Касаба уюшмаларининг инспекциялари, шунингдек Давлат меҳнат инспекцияси ўз фаолиятларини ўзаро ҳамкорликда амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун исталган тараф иккинчи тарафга ҳамкорлик тўғрисида келишув, меморандум ва бошқа битим тузиш тўғрисида таклиф билан чиқишлари мумкин.

Тарафлар ўртасида имзоланган келишув, меморандум ва бошқа битим уни имзолаган тарафнинг ички фаолиятига аралашишни, шунингдек унинг фаолиятини бирор-бир тарзда чекловчи нормани ўз ичига олиши мумкин эмас».

6-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, 10-сонга илова; 2023 йил, № 4, 265-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 7, 627-модда, № 9, 964-модда; 2025 йил, № 2, 193-модда, № 6, 730-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

1) 36-модданинг олтинчи қисми:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«иш ташлашга оид масалалар тўғрисида қарор қабул қилади»;

олтинчи хатбошиси еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

2) 186-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ушбу Кодекснинг 398-моддасига мувофиқ»;

3) 398-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Иш берувчи қуйидаги шахсларга уларнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт:

ҳомиладор аёлга;

ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга);

тиббий хулосага мувофиқ оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахсга»;

4) 570-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Иш ташлаш — бу ходимларнинг меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи билан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришни тўхтатишдир»;

5) 576-модда қуйидаги мазмундаги тўққизинчи ва ўнинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Агар ушбу Кодекс 589-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига биноан жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш учун иш ташлаш ўтказиб бўлмайдиган бўлса, жамоавий меҳнат низосини меҳнат арбитражида кўриб чиқиш мажбурий ҳисобланади ва меҳнат арбитражининг қарори тарафлар учун, уларнинг ушбу масала бўйича келишуви мавжудлигидан қатъи назар, мажбурий ҳисобланади.

Агар тарафлар вақтинча меҳнат арбитражини тузиш, унинг таркиби ва қоидалари тўғрисида ёки жамоавий меҳнат низосини доимий меҳнат арбитражига ўтказиш тўғрисида келишувга эришмаса, ушбу масалалар юзасидан қарор жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органлари томонидан қабул қилинади»;

6) 577-модда қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларининг ваколатли ходимлари ташкилотдаги жамоавий меҳнат низоси тўғрисида хабар олинган пайтдан бошлаб иш берувчининг иш жойига жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш, низонинг сабабларини аниқлаш ва ҳал қилишга кўмаклашиш учун хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда монеликсиз ташриф буюриш ҳуқуқига эга»;

7) 581-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« 581-модда. Иш ташлаш ҳуқуқи

Агар ушбу Кодексда белгиланган яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари орқали жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, шунингдек иш берувчи яраштирув-воситачилик тартиб-таомилларидан бош тортган ёки жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш пайтида эришилган келишувни бажармаган бўлса, меҳнат жамоаси жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг усули сифатида иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Иш ташлашда қатнашиш ихтиёрийдир. Ҳеч ким иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиниши мумкин эмас.

Иш ташлаш, қоида тариқасида, ходимларнинг доимий иш жойида амалга оширилади»;

8) қуйидаги мазмундаги 582 — 593-моддалар билан тўлдирилсин:

« 582-модда. Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш

Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ташкилот (филиал, ваколатхона ёки бошқа алоҳида таркибий бўлинма) ходимларининг умумий йиғилишида (конференциясида) қатнашаётган ходимларнинг (делегатларнинг) эллик фоизидан кўпроғи ёқлаб берган овози билан қабул қилинади.

Ташкилот (филиал, ваколатхона ёки бошқа алоҳида таркибий бўлинма) ходимларининг умумий йиғилиши (конференцияси) томонидан иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш иш ташлаш бошланишидан камида бир ой олдин ушбу Кодекснинг 36-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

иш ташлашни эълон қилиш ва ўтказиш учун асос бўлган жамоавий меҳнат низоси тарафларининг келишмовчиликлари рўйхати;

иш ташлаш бошланадиган сана, вақт ва жой;

иш ташлашга раҳбарлик қилувчи ва унинг иш ташлаш чоғидаги ваколатлари тўғрисидаги маълумотлар;

ходимларнинг яраштирув-воситачилик тартиб-таомилларида иштирок этувчи вакиллари рўйхати.

583-модда. Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида хабардор қилиш

Касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида иш берувчини ушбу қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Иш берувчи бўлажак иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида ёзма хабарномани олган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларини ёзма равишда огоҳлантиради.

Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда белгиланган вақтда иш ташлаш бошланмаган бўлса, жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш ушбу Кодекснинг 573-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

584-модда. Иш ташлашга раҳбарлик қилиш

Иш ташлашга касаба уюшмаси қўмитасининг ваколатли вакили раҳбарлик қилади.

Иш ташлашга раҳбарлик қилувчи:

ходимлар умумий йиғилишларини (конференцияларини) чақиришга;

иш берувчидан ходимларнинг манфаатларига дахлдор масалалар бўйича маълумот олишга;

иш ташлашни эълон қилиш ва ўтказиш учун асос бўлган келишмовчиликларни ҳал қилишда ходимлар номидан иш юритишга;

келишиб олиниши зарур бўлган масалалар бўйича фикрларни тайёрлаш учун мутахассисларни жалб қилишга;

иш ташлашда иштирок этаётган ходимларнинг эллик фоизидан кўпроғининг розилиги билан иш ташлашни тўхтатиб қўйишга ҳақли.

Иш ташлашга раҳбарлик қилувчи:

иш ташлаш амалга оширилаётган даврда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаши;

жамоавий меҳнат низосини тинч йўл билан ҳал этиш учун барча зарур чораларни кўриши;

иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган иш ташлаш бошланадиган сана, вақт ва жойга доир талабларга амал қилинишини таъминлаши;

жамоавий меҳнат низоси тарафларига, давлат органлари ва ташкилотларига ёлғон ёки бузиб кўрсатилган ахборот тақдим қилмаслиги;

ўзига берилган ваколатлар доирасидан четга чиқмаслиги шарт.

585-модда. Ходимларга иш ташлаш муносабати билан бериладиган кафолатлар

Ходимнинг иш ташлаш билан боғлиқ жараёнда иштирок этгани уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Иш ташлаш пайтида унда иштирок этадиган ходимнинг иш жойи ва лавозими сақланиб қолади.

Иш берувчи ходимга у иш ташлашда қатнашган вақтида иш ҳақини тўламаслик ҳуқуқига эга.

Иш ташлашда иштирок этмаган, бироқ иш ташлаш ўтказилаётганлиги сабабли бекор туриб қолган ходимларга ҳақ тўлаш ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади. Иш ташлашда иштирок этмаган ходимлар бекор туриб қолиш муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан ушбу Кодексда белгиланган тартибда вақтинча бошқа ишга ўтказилиши мумкин.

586-модда. Иш ташлашнинг бориши

Иш ташлаш пайтида жамоавий меҳнат низоси тарафлари низони яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари орқали ҳал қилишда давом этишлари керак.

Ходим, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлаш пайтида жамоат тартибини, иш берувчининг ва ходимларнинг мол-мулки хавфсизлигини, шунингдек тўхтатилиши инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ускуналарнинг ишлашини таъминлаш бўйича чоралар кўриши шарт.

Ушбу Кодекс 589-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган хизматларда (соҳаларда) минимал зарур ишлар (хизматлар) таъминланиши шарт.

587-модда. Эълон қилинган иш ташлашнинг бошлаш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш

Иш ташлаш инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарса, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, экологик барқарорликка таҳдид солса, суднинг қарорига асосан:

эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақти ўттиз календарь кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши;

иш ташлаш ўттиз календарь кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш тўғрисидаги суднинг қарори тўғрисида ходимлар иш ташлашга раҳбарлик қилувчи орқали дарҳол хабардор қилиниши шарт.

Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш тўғрисидаги суднинг қарори дарҳол ижро этилиши керак.

588-модда. Иш ташлашни қайта тиклаш

Иш берувчи томонидан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш (тартибга солиш) жараёнида меҳнат жамоаси билан эришилган келишувларда белгиланган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда тугатилган иш ташлаш қайта тикланиши мумкин.

Иш ташлашни қайта тиклаш учун жамоавий меҳнат низосини яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари асосида қайта кўриб чиқиш талаб қилинмайди.

Касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчини ва жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органини иш ташлаш қайта тикланиши тўғрисида камида етмиш икки соат олдин ёзма равишда огоҳлантириши керак.

589-модда. Иш ташлашга оид чекловлар

Фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар пайтида, уруш ҳолатида, умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш тақиқланади.

Иш ташлашда қуйидагиларнинг қатнашиши мумкин эмас ҳамда улар иштирокидаги иш ташлаш тақиқланган ҳисобланади:

тиббиёт ходимлари;

давлат органининг ваколатларини амалга ошириш учун Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган шахслар;

ҳарбий хизматчилар, судьялар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус (ҳарбий) унвонларга ёки мартаба (малака, мансаб) даражаларига эга ходимлари;

энергия ва сув таъминоти тизими ташкилотлари ходимлари;

алоқа тизими ходимлари.

Фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва шахсий хавфсизлиги учун фаолияти ҳаётий муҳим бўлмаган, бироқ аҳолининг кундалик ҳаётини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган ташкилотларда, шунингдек иш ташлаш давомийлиги ва кўлами туфайли аҳолининг одатдаги турмуш шароитларига таҳдид солувчи хизматларда (соҳаларда) минимал зарур ишлар (хизматлар) мажбурий жорий этилиши мумкин.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган минимал зарур ишлар (хизматлар) ва улар амалга оширилиши лозим бўлган ташкилотлар (хизматлар, соҳалар) рўйхати Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

590-модда. Ноқонуний иш ташлаш

Агар ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда назарда тутилган талабларни бузган ҳолда иш ташлаш амалга оширилган (амалга оширилаётган, амалга ошириладиган) ёки иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, бу ноқонуний иш ташлаш деб топилади.

Иш ташлаш суд томонидан ноқонуний деб топилганда, мазкур масала бўйича суднинг қарори тўғрисида ходимлар иш ташлашга раҳбарлик қилувчи орқали дарҳол хабардор қилиниши шарт.

Иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори дарҳол ижро этилиши керак.

591-модда. Иш ташлашни тугатиш

Иш ташлаш қуйидаги ҳолларда тугатилади:

жамоавий меҳнат низоси тарафлари томонидан ўзаро ёзма келишувга эришилганда;

иш берувчи томонидан иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда иш ташлашни эълон қилиш ва ўтказиш учун асос бўлган келишмовчиликлар бартараф этилганда;

суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ноқонуний деб топилганда;

иш ташлашда иштирок этаётган ходимларнинг эллик фоизидан кўпроғининг розилиги билан иш ташлашдан воз кечилганида.

Ходимлар иш ташлаш тугатилгандан кейинги иш кунидан кечиктирмай меҳнат шартномасида назарда тутилган мажбуриятларини давом эттириши зарур.

592-модда. Иш ташлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Иш ташлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

593-модда. Даъво хусусиятига эга жамоавий меҳнат низоларини судда кўриб чиқиш

Қонунчиликни, жамоа келишувларини ва жамоа шартномасини, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ички ҳужжатларни қўллаш хусусидаги жамоавий меҳнат низолари суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жамоавий меҳнат низоларини судларда кўриб чиқиш ҳамда суд қарорларини ижро этиш чоғида ушбу Кодексда якка тартибдаги меҳнат низолари учун белгиланган тегишли қоидалар ва муддатлар қўлланилади».

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва шахсий хавфсизлиги учун фаолияти ҳаётий муҳим бўлмаган, бироқ аҳолининг кундалик ҳаётини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган ташкилотларда, шунингдек иш ташлаш давомийлиги ва кўлами туфайли аҳолининг одатдаги турмуш шароитларига таҳдид солувчи хизматларда (соҳаларда) минимал зарур ишлар (хизматлар) ва улар амалга оширилиши лозим бўлган ташкилотлар (хизматлар, соҳалар) рўйхатини Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

9-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 11 июнь,

ЎРҚ- 1150 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.06.2026 й., 03/06/1150/0587-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Fuqarolarning mehnat huquqlari kafolatlari kuchaytirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 10-sentabrda qabul qilingan Senat tomonidan 2026-yil 8-aprelda maʼqullangan

Keyingi yillarda mamlakatimizda amalga oshirilayotgan islohotlar doirasida mehnat munosabatlarini zamonaviy talablar asosida tartibga solishga, har bir fuqaroga munosib mehnat sharoitlarini yaratishga, mehnat huquqlarini toʻlaqonli taʼminlashga va samarali himoya qilishga alohida eʼtibor qaratilmoqda.

Shu bilan birga milliy qonunchilikni xalqaro standartlar bilan uygʻunlashtirish, jumladan jamoaviy mehnat nizolarini hal etish (tartibga solish) hamda xodimlar tomonidan oʻz ijtimoiy-iqtisodiy manfaatlari ifoda etilishi va himoya qilinishining huquqiy mexanizmlarini yanada takomillashtirish, shuningdek ayrim toifadagi shaxslarning mehnatini huquqiy jihatdan tartibga solishga oid normalardagi noaniqliklarni bartaraf etish zaruriyati yuzaga kelmoqda.

Mazkur Qonun bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga xodimlarning ish tashlash huquqini belgilashga, ish tashlashni amalga oshirish tartibi va mexanizmini huquqiy jihatdan tartibga solishga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilmoqda.

Shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining homilador ayollarga va oilaviy vazifalarni bajarish bilan mashgʻul shaxslarga toʻliqsiz ish vaqtini belgilashga doir normalari aniqlashtirilmoqda.

Ushbu Qonun xodimlarning mehnat huquqlari kafolatlarini yanada kuchaytirishga hamda jamoaviy mehnat nizolarini hal etishni (tartibga solishni) samarali tashkil etishga xizmat qiladi.

1-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 1991-yil 15-fevralda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasida jamoat birlashmalari toʻgʻrisida”gi 223-XII-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashining Axborotnomasi, 1991-yil, № 4, 76-modda; 1992-yil, № 9, 363-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1997-yil, № 4-5, 126-modda; 1998-yil, № 3, 38-modda; 2004-yil, № 1-2, 18-modda, № 5, 90-modda; 2005-yil, № 1, 18-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2008-yil, № 12, 640-modda; 2009-yil, № 9, 330-modda; 2014-yil, № 12, 343-modda; 2018-yil, № 4, 224-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 5, 464-modda) 6-moddasining birinchi qismidagi “uch ming” degan soʻzlar “besh yuz” degan soʻzlar bilan almashtirilsin.

2-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 1994-yil 22-sentabrda qabul qilingan 2012-XII-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashining Axborotnomasi, 1995-yil, № 1, 3-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1996-yil, № 9, 144-modda; 1997-yil, № 2, 56-modda, № 9, 241-modda; 1998-yil, № 5-6, 102-modda, № 9, 181-modda; 1999-yil, № 1, 20-modda, № 5, 124-modda, № 9, 229-modda; 2000-yil, № 5-6, 153-modda; 2001-yil, № 1-2, 23-modda, № 9-10, 165-modda; 2002-yil, № 9, 165-modda; 2003-yil, № 1, 8-modda, № 9-10, 149-modda; 2004-yil, № 1-2, 18-modda, № 9, 171-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2005-yil, № 9, 314-modda, № 12, 417, 418-moddalar; 2006-yil, № 6, 261-modda, № 12, 656-modda; 2007-yil, № 4, 158, 166-moddalar, № 6, 248-modda, № 9, 416, 422-moddalar, № 12, 607-modda; 2008-yil, № 4, 187, 188, 189-moddalar, № 7, 352-modda, № 9, 485, 487, 488-moddalar, № 12, 640, 641-moddalar; 2009-yil, № 1, 1-modda, № 4, 128-modda, № 9, 329, 334, 335, 337-moddalar, № 12, 470-modda; 2010-yil, № 5, 176, 179-moddalar, № 9, 341-modda, № 12, 471, 477-moddalar; 2011-yil, № 1, 1-modda; 2012-yil, № 4, 108-modda, № 9/1, 242-modda, № 12, 336-modda; 2013-yil, № 4, 98-modda, № 10, 263-modda; 2014-yil, № 1, 2-modda, № 5, 130-modda, № 9, 244-modda, № 12, 343-modda; 2015-yil, № 6, 228-modda, № 8, 310, 312-moddalar, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 4, 125-modda, № 9, 276-modda, № 12, 383, 385-moddalar; 2017-yil, № 3, 47-modda, № 6, 300-modda, № 9, 506, 510-moddalar; 2018-yil, № 1, 4-modda, № 4, 218, 224-moddalar, № 7, 430-modda, № 10, 679-modda; 2019-yil, № 1, 3, 5-moddalar, № 3, 161-modda, № 5, 259, 267, 268-moddalar, № 7, 386-modda, № 8, 471-modda, № 9, 592-modda, № 11, 787-modda, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 1, 4-modda, № 3, 204-modda, № 7, 449-modda, № 10, 593-modda, № 11, 651-modda, № 12, 691-modda; 2021-yil, № 1, 5, 14-moddalar, № 2, 142, 144-moddalar, № 3, 217-modda, 4-songa ilova, № 8, 800, 803-moddalar, № 10, 966, 968, 973-moddalar, № 12, 1193-modda; 2022-yil, № 2, 81-modda, № 3, 215, 216-moddalar, № 4, 337-modda, № 5, 464, 466-moddalar, № 6, 575-modda, № 10, 981-modda; 2023-yil, № 3, 185, 187, 188-moddalar, № 4, 265-modda, № 5, 319-modda, № 10, 798-modda, № 11, 921-modda; 2024-yil, № 1, 8-modda, № 2, 111-modda, № 3, 245-modda, № 8, 818-modda, № 9, 954, 964-moddalar, № 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1079, 1083-moddalar, № 11, 1186-modda, № 12, 1280, 1287-moddalar; 2025-yil, № 2, 196-modda, № 3, 376, 377-moddalar, № 5, 643, 647-moddalar, № 8, 968-modda) quyidagi oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritilsin:

1) 218-moddaning nomi va dispozitsiyasi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ 218-modda. Favqulodda holat sharoitida korxona, muassasa yoxud tashkilotlar ishiga toʻsqinlik qilish

Favqulodda holat sharoitida korxona, muassasa yoxud tashkilotlar ishiga toʻsqinlik qilish”;

2) quyidagi mazmundagi 218 1 -modda bilan toʻldirilsin:

“ 218 1 -modda. Ish tashlash toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzish

Noqonuniy ish tashlashga rahbarlik qilish, shuningdek ish tashlashda qatnashishga yoki unda qatnashmaslikka majbur qilish, shunday harakatlar uchun maʼmuriy jazo qoʻllanilganidan keyin sodir etilgan boʻlsa, —

bazaviy hisoblash miqdorining yuz baravaridan uch yuz baravarigacha miqdorda jarima yoki uch yuz oltmish soatgacha majburiy jamoat ishlari yoki bir yildan uch yilgacha ozodlikni cheklash yoxud uch yilgacha ozodlikdan mahrum qilish bilan jazolanadi.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan harakatlar:

a) juda koʻp miqdorda zarar yetkazilishiga;

b) odam oʻlishiga;

v) boshqa ogʻir oqibatlarning kelib chiqishiga sabab boʻlsa, —

bazaviy hisoblash miqdorining uch yuz baravaridan olti yuz baravarigacha miqdorda jarima yoki ikki yildan besh yilgacha ozodlikni cheklash yoxud ikki yildan besh yilgacha ozodlikdan mahrum qilish bilan jazolanadi.

Mehnat qonunchiligi bilan ish tashlash taqiqlangan hollarda unda ishtirok etishga majbur qilish va (yoki) unga rahbarlik qilish, —

uch yildan besh yilgacha ozodlikni cheklash yoxud uch yildan besh yilgacha ozodlikdan mahrum qilish bilan jazolanadi.

Ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan harakatlar:

a) odam oʻlishiga;

b) boshqa ogʻir oqibatlarning kelib chiqishiga sabab boʻlsa, —

besh yildan oʻn yilgacha ozodlikdan mahrum qilish bilan jazolanadi”.

3-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 1994-yil 22-sentabrda qabul qilingan 2015-XII-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashining Axborotnomasi, 1995-yil, № 3, 6-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1995-yil, № 9, 193-modda, № 12, 269-modda; 1996-yil, № 5-6, 69-modda, № 9, 144-modda; 1997-yil, № 2, 56-modda, № 4-5, 126-modda, № 9, 241-modda; 1998-yil, № 3, 38-modda, № 5-6, 102-modda, № 9, 181-modda; 1999-yil, № 1, 20-modda, № 5, 124-modda, № 9, 229-modda; 2000-yil, № 5-6, 153-modda, № 7-8, 217-modda; 2001-yil, № 1-2, 23-modda, № 9-10, 165, 182-moddalar; 2002-yil, № 1, 20-modda, № 9, 165-modda; 2003-yil, № 1, 8-modda, № 5, 67-modda, № 9-10, 149-modda; 2004-yil, № 1-2, 18-modda, № 5, 90-modda, № 9, 171-modda; 2005-yil, № 1, 18-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2005-yil, № 9, 312-modda, № 12, 413, 417, 418-moddalar; 2006-yil, № 6, 261-modda, № 9, 498-modda, № 10, 536-modda, № 12, 656, 659-moddalar; 2007-yil, № 4, 158, 159, 164, 165-moddalar, № 9, 416, 421-moddalar, № 12, 596, 604, 607-moddalar; 2008-yil, № 4, 181, 189, 192-moddalar, № 9, 486, 488-moddalar, № 12, 640, 641-moddalar; 2009-yil, № 1, 1-modda, № 9, 334, 335, 337-moddalar, № 10, 380-modda, № 12, 462, 468, 470, 472, 474-moddalar; 2010-yil, № 5, 175, 179-moddalar, № 6, 231-modda, № 9, 335, 339, 341-moddalar, № 10, 380-modda, № 12, 468, 473, 474-moddalar; 2011-yil, № 1, 1-modda, № 4, 104, 105-moddalar, № 9, 247, 252-moddalar, № 12/2, 365-modda; 2012-yil, № 4, 108-modda, № 9/1, 242-modda, № 12, 336-modda; 2013-yil, № 4, 98-modda, № 10, 263-modda; 2014-yil, № 1, 2-modda, № 5, 130-modda, № 9, 244-modda, № 12, 341, 343-moddalar; 2015-yil, № 6, 228-modda, № 8, 310, 312-moddalar, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 1, 2-modda, № 4, 125-modda, № 9, 276-modda, № 12, 383, 385-moddalar; 2017-yil, № 4, 137-modda, № 6, 300-modda, № 9, 510-modda, № 10, 605-modda; 2018-yil, № 1, 1, 4, 5-moddalar, № 4, 224-modda, № 7, 430, 431, 432-moddalar, № 10, 671, 673, 679-moddalar; 2019-yil, № 1, 1, 3, 5-moddalar, № 2, 47-modda, № 3, 161, 165, 166-moddalar, № 5, 259, 261, 267, 268-moddalar, № 7, 386-modda, № 8, 469, 471-moddalar, № 9, 591, 592-moddalar, № 10, 674, 676-moddalar, № 11, 787, 791-moddalar, № 12, 880, 891-moddalar; 2020-yil, № 1, 4-modda, № 3, 203, 204-moddalar, № 7, 449-modda, № 9, 539, 540-moddalar, № 10, 593, 596-moddalar, № 11, 651-modda, № 12, 691-modda; 2021-yil, № 1, 5, 7, 12, 13, 14-moddalar, № 2, 142-modda, № 3, 217-modda, № 4, 290, 293-moddalar, 4-songa ilova, № 8, 800, 802, 803-moddalar, № 9, 903-modda, № 10, 966, 967, 968, 973-moddalar, № 11, 1066-modda; 2022-yil, № 1, 1, 2-moddalar, № 2, 80, 81-moddalar, № 3, 215, 216-moddalar, № 4, 337-modda, № 5, 464, 465, 466, 467-moddalar, № 8, 787-modda, № 10, 981, 984-moddalar, № 12, 1188-modda; 2023-yil, № 3, 184, 185, 188, 189-moddalar, № 4, 265, 266, 268-moddalar, № 5, 319, 320-moddalar, № 7, 533, 534, 535, 537, 539-moddalar, № 8, 634-modda, № 10, 798-modda, № 11, 921, 923, 924-moddalar, № 12, 1004-modda; 2024-yil, № 1, 5, 7, 8, 9-moddalar, № 2, 102, 111, 115, 116-moddalar, № 3, 243, 245-moddalar, № 6, 530, 532-moddalar, № 7, 629-modda, № 8, 826, 829, 831-moddalar, № 9, 954, 964, 965-moddalar, № 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1078, 1083, 1084-moddalar, № 11, 1187, 1188, 1189-moddalar, № 12, 1279, 1280, 1282, 1286, 1287-moddalar; 2025-yil, № 1, 5, 8-moddalar, № 2, 187, 188, 196, 198, 201-moddalar, № 3, 368, 376-moddalar, № 4, 517, 521-moddalar, № 5, 643, 644-moddalar, № 6, 729-modda, № 7, 828, 829, 832-moddalar, № 8, 968, 971-moddalar) quyidagi qoʻshimchalar kiritilsin:

1) quyidagi mazmundagi 201 2 -modda bilan toʻldirilsin:

“ 201 2 -modda. Ish tashlash toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzish

Mehnat qonunchiligi bilan ish tashlash taqiqlangan hollarda ish tashlashda ishtirok etish, —

bazaviy hisoblash miqdorining uch baravaridan yetti baravarigacha miqdorda jarima solishga sabab boʻladi.

Noqonuniy ish tashlashga rahbarlik qilish, —

bazaviy hisoblash miqdorining oʻn baravaridan oʻn besh baravarigacha miqdorda jarima solishga sabab boʻladi.

Ushbu moddaning birinchi yoki ikkinchi qismida nazarda tutilgan huquqbuzarlik mulkiy manfaatdor boʻlish evaziga yoki boshqa biron shaxsiy manfaatni koʻzlab sodir etilgan boʻlsa, —

bazaviy hisoblash miqdorining oʻn besh baravaridan oʻttiz baravarigacha miqdorda jarima solishga sabab boʻladi.

Ish tashlashda qatnashishga yoki unda qatnashmaslikka majbur qilish, —

bazaviy hisoblash miqdorining oʻn besh baravaridan oʻttiz baravarigacha miqdorda jarima solishga sabab boʻladi.

Ushbu moddaning toʻrtinchi qismida nazarda tutilgan huquqbuzarlikni xizmat yuzasidan, moddiy yoki boshqa jihatdan aybdorga qaram boʻlgan shaxsga nisbatan sodir etish, —

bazaviy hisoblash miqdorining oʻttiz baravaridan ellik baravarigacha miqdorda jarima solishga sabab boʻladi”;

2) 245-moddaning birinchi qismi “201 1 ” raqamidan keyin “201 2 ” raqami bilan toʻldirilsin;

3) 255-modda quyidagi mazmundagi uchinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Ushbu Kodeksning 201 2 -moddasida nazarda tutilgan huquqbuzarlik aniqlangan taqdirda, mehnat boʻyicha davlat inspektorlari maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida bayonnoma tuzadi hamda uni ushbu Kodeksning 282-moddasida belgilangan tartibda sudga koʻrib chiqish uchun yuboradi”;

4) 305-moddaning ikkinchi qismi “201” raqamidan keyin “201 2 ” raqami bilan toʻldirilsin.

4-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 22-yanvarda qabul qilingan OʻRQ-460-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik protsessual kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, 1-songa 1-ilova, № 10, 672-modda; 2019-yil, № 3, 166-modda, № 5, 261-modda, № 9, 592-modda, № 10, 671-modda, № 11, 791, 792-moddalar, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 1, 1, 3-moddalar, № 3, 198, 199-moddalar; 2021-yil, № 1, 8-modda, 4-songa ilova, № 8, 803-modda, № 9, 903-modda; 2022-yil, № 3, 216-modda, № 8, 787-modda; 2023-yil, № 4, 269-modda, № 12, 1007-modda; 2024-yil, № 2, 115-modda, № 8, 827-modda, № 9, 964, 969-moddalar, № 11, 1191-modda, № 12, 1280, 1286-moddalar; 2025-yil, № 1, 8-modda, № 3, 373-modda, № 6, 729-modda) quyidagi qoʻshimchalar kiritilsin:

1) 50-moddaning birinchi qismi “davlat budjetidan undiruvlar” degan soʻzlardan keyin “eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish, ish tashlashni toʻxtatib turish, ish tashlashni noqonuniy deb topish” degan soʻzlar bilan toʻldirilsin;

2) 266-modda quyidagi mazmundagi 4 1 -band bilan toʻldirilsin:

“4 1 ) eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish, ish tashlashni toʻxtatib turish, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi”;

3) quyidagi mazmundagi 23 3 -bob bilan toʻldirilsin:

“ 23 3 -bob. Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish, ish tashlashni toʻxtatib turish, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish xususiyatlari

270 11 -modda. Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish, ish tashlashni toʻxtatib turish, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi ishlarni koʻrish tartibi

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish, ish tashlashni toʻxtatib turish, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi ishlar fuqarolik sud ishlarini yuritishning umumiy qoidalari boʻyicha, mazkur bobda belgilangan xususiyatlar inobatga olingan holda sud tomonidan koʻrib chiqiladi.

270 12 -modda. Daʼvo arizasini berish

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish toʻgʻrisidagi, ish tashlashni toʻxtatib turish haqidagi, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi daʼvo arizasi sudga ish beruvchi yoxud prokuror tomonidan beriladi.

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish toʻgʻrisidagi, ish tashlashni toʻxtatib turish haqidagi, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi daʼvo arizasi tegishincha mazkur ish tashlash amalga oshiriladigan, amalga oshirilayotgan, amalga oshirilgan joydagi sudda koʻrib chiqiladi.

270 13 -modda. Daʼvo arizasining shakli hamda mazmuni

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish toʻgʻrisidagi, ish tashlashni toʻxtatib turish haqidagi, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi daʼvo arizasi ushbu Kodeksning 189-moddasida nazarda tutilgan talablarga muvofiq boʻlishi kerak.

Daʼvo arizasida quyidagilar ham koʻrsatilishi kerak:

1) ish tashlash oʻtkazilayotgan tashkilotning nomi;

2) ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sana, ish tashlash amalga oshiriladigan (amalga oshirilayotgan, amalga oshirilgan) sana va joy;

3) daʼvogarning fikriga koʻra, ish tashlash tufayli buzilayotgan huquqlar, erkinliklar va qonuniy manfaatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

4) daʼvogarning fikriga koʻra, ish tashlash qaysi qonun hujjatlariga zid boʻlsa, oʻsha qonun hujjatlari.

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish toʻgʻrisidagi, ish tashlashni toʻxtatib turish haqidagi daʼvo arizasida ish tashlashni kechiktirish yoki toʻxtatib turish muddati ham koʻrsatilishi lozim.

Daʼvo arizasiga ushbu Kodeksning 191-moddasida koʻrsatilgan hujjatlar, shuningdek ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qaror ilova qilinadi.

270 14 -modda. Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish toʻgʻrisidagi, ish tashlashni toʻxtatib turish haqidagi, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud muhokamasining xususiyatlari

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish toʻgʻrisidagi, ish tashlashni toʻxtatib turish haqidagi, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi ishlar daʼvo arizasi berilgan kundan eʼtiboran oʻn kunlik muddatda sud tomonidan ish beruvchi, ish tashlashga rahbarlik qiluvchi, shuningdek prokuror ishtirokida koʻrib chiqiladi. Uchinchi shaxslar sud majlisiga chaqirilishi mumkin.

Ish muhokamasining vaqti va joyi toʻgʻrisida tegishli tarzda xabardor qilingan taraflar va ishda ishtirok etuvchi boshqa shaxslar sud majlisiga kelmasa, ish ularning yoʻqligida koʻrilishi mumkin.

Ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi ishni koʻrib chiqish chogʻida sud ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qarorning qonuniyligini, ish tashlashni amalga oshirishning qonunda belgilangan talablariga rioya etilganligini tekshiradi, shuningdek ish tashlash tufayli huquqlar, erkinliklar va qonuniy manfaatlar buzilgan-buzilmaganligini aniqlaydi.

270 15 -modda. Sudning hal qiluv qarori

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish toʻgʻrisidagi, ish tashlashni toʻxtatib turish haqidagi, ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi ish boʻyicha hal qiluv qarori ushbu Kodeksning 23-bobida belgilangan qoidalarga koʻra sud tomonidan qabul qilinadi.

Ish tashlash noqonuniy deb topilgan taqdirda, sud tegishli javobgarlik masalasini hal etish toʻgʻrisida prokurorga xabar qiladi.

Sud ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qarorning va ish tashlashning qonunga muvofiq ekanligini hamda ish tashlash tufayli huquqlar, erkinliklar va qonuniy manfaatlar buzilmayotganligini aniqlasa, arz qilingan talabni qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisida hal qiluv qarori qabul qiladi.

Sudning eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish toʻgʻrisidagi yoki ish tashlashni toʻxtatib turish haqidagi daʼvo arizasini qanoatlantirish toʻgʻrisidagi hal qiluv qarorida eʼlon qilingan ish tashlashni kechiktirish yoki ish tashlashni toʻxtatib turish muddati koʻrsatiladi va u eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish yoki ish tashlashni toʻxtatib turish uchun asos boʻladi”.

5-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 6-dekabrda qabul qilingan “Kasaba uyushmalari toʻgʻrisida”gi OʻRQ-588-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 12, 882-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 5, 464-modda; 2023-yil, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 8, 822-modda) quyidagi oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritilsin:

1) 44-moddaning birinchi qismidagi “tegishli inspektorlari faoliyat koʻrsatadigan inspeksiyalar” degan soʻzlar “tegishli maʼmuriy vakolatga ega boʻlmagan inspektorlari faoliyat koʻrsatadigan inspeksiyalar” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

2) quyidagi mazmundagi 45 1 -modda bilan toʻldirilsin:

“ 45 1 -modda. Kasaba uyushmalari inspeksiyalarining Davlat mehnat inspeksiyasi bilan oʻzaro hamkorligi

Kasaba uyushmalarining inspeksiyalari, shuningdek Davlat mehnat inspeksiyasi oʻz faoliyatlarini oʻzaro hamkorlikda amalga oshirishlari mumkin. Buning uchun istalgan taraf ikkinchi tarafga hamkorlik toʻgʻrisida kelishuv, memorandum va boshqa bitim tuzish toʻgʻrisida taklif bilan chiqishlari mumkin.

Taraflar oʻrtasida imzolangan kelishuv, memorandum va boshqa bitim uni imzolagan tarafning ichki faoliyatiga aralashishni, shuningdek uning faoliyatini biror-bir tarzda cheklovchi normani oʻz ichiga olishi mumkin emas”.

6-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2022-yil 28-oktabrda qabul qilingan OʻRQ-798-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, 10-songa ilova; 2023-yil, № 4, 265-modda, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 7, 627-modda, № 9, 964-modda; 2025-yil, № 2, 193-modda, № 6, 730-modda) quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 36-moddaning oltinchi qismi:

quyidagi mazmundagi oltinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“ish tashlashga oid masalalar toʻgʻrisida qaror qabul qiladi”;

oltinchi xatboshisi yettinchi xatboshi deb hisoblansin;

2) 186-modda ikkinchi qismining ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ushbu Kodeksning 398-moddasiga muvofiq”;

3) 398-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Ish beruvchi quyidagi shaxslarga ularning iltimosiga koʻra toʻliqsiz ish vaqti belgilashi shart:

homilador ayolga;

oʻn toʻrt yoshga toʻlmagan bolaning (oʻn olti yoshga toʻlmagan nogironligi boʻlgan bolaning) ota-onasidan biriga (ota-onaning oʻrnini bosuvchi shaxsga);

tibbiy xulosaga muvofiq oilaning betob aʼzosini parvarishlashni amalga oshirayotgan shaxsga”;

4) 570-modda quyidagi mazmundagi beshinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Ish tashlash — bu xodimlarning mehnatga oid, ijtimoiy-iqtisodiy va kasbiy manfaatlarini himoya qilish maqsadida ish beruvchi bilan jamoaviy mehnat nizosini hal etish usuli sifatida mehnat majburiyatlarini vaqtincha, ixtiyoriy va birgalikda toʻliq yoki qisman bajarishni toʻxtatishdir”;

5) 576-modda quyidagi mazmundagi toʻqqizinchi va oʻninchi qismlar bilan toʻldirilsin:

“Agar ushbu Kodeks 589-moddasining birinchi va ikkinchi qismlariga binoan jamoaviy mehnat nizosini hal qilish uchun ish tashlash oʻtkazib boʻlmaydigan boʻlsa, jamoaviy mehnat nizosini mehnat arbitrajida koʻrib chiqish majburiy hisoblanadi va mehnat arbitrajining qarori taraflar uchun, ularning ushbu masala boʻyicha kelishuvi mavjudligidan qatʼi nazar, majburiy hisoblanadi.

Agar taraflar vaqtincha mehnat arbitrajini tuzish, uning tarkibi va qoidalari toʻgʻrisida yoki jamoaviy mehnat nizosini doimiy mehnat arbitrajiga oʻtkazish toʻgʻrisida kelishuvga erishmasa, ushbu masalalar yuzasidan qaror jamoaviy mehnat nizolarini tartibga solish boʻyicha davlat organlari tomonidan qabul qilinadi”;

6) 577-modda quyidagi mazmundagi yettinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Jamoaviy mehnat nizolarini tartibga solish boʻyicha davlat organlarining vakolatli xodimlari tashkilotdagi jamoaviy mehnat nizosi toʻgʻrisida xabar olingan paytdan boshlab ish beruvchining ish joyiga jamoaviy mehnat nizosini hal qilish, nizoning sabablarini aniqlash va hal qilishga koʻmaklashish uchun xizmat guvohnomasini koʻrsatgan holda moneliksiz tashrif buyurish huquqiga ega”;

7) 581-modda quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ 581-modda. Ish tashlash huquqi

Agar ushbu Kodeksda belgilangan yarashtiruv-vositachilik tartib-taomillari orqali jamoaviy mehnat nizosini hal qilishning iloji boʻlmasa, shuningdek ish beruvchi yarashtiruv-vositachilik tartib-taomillaridan bosh tortgan yoki jamoaviy mehnat nizosini hal qilish paytida erishilgan kelishuvni bajarmagan boʻlsa, mehnat jamoasi jamoaviy mehnat nizosini hal qilishning usuli sifatida ish tashlash toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin.

Ish tashlashda qatnashish ixtiyoriydir. Hech kim ish tashlashda qatnashishga yoki unda qatnashmaslikka majbur qilinishi mumkin emas.

Ish tashlash, qoida tariqasida, xodimlarning doimiy ish joyida amalga oshiriladi”;

8) quyidagi mazmundagi 582 — 593-moddalar bilan toʻldirilsin:

“ 582-modda. Ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilish

Ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qaror tashkilot (filial, vakolatxona yoki boshqa alohida tarkibiy boʻlinma) xodimlarining umumiy yigʻilishida (konferensiyasida) qatnashayotgan xodimlarning (delegatlarning) ellik foizidan koʻprogʻi yoqlab bergan ovozi bilan qabul qilinadi.

Tashkilot (filial, vakolatxona yoki boshqa alohida tarkibiy boʻlinma) xodimlarining umumiy yigʻilishi (konferensiyasi) tomonidan ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilish ish tashlash boshlanishidan kamida bir oy oldin ushbu Kodeksning 36-moddasida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qarorda quyidagilar koʻrsatilishi kerak:

ish tashlashni eʼlon qilish va oʻtkazish uchun asos boʻlgan jamoaviy mehnat nizosi taraflarining kelishmovchiliklari roʻyxati;

ish tashlash boshlanadigan sana, vaqt va joy;

ish tashlashga rahbarlik qiluvchi va uning ish tashlash chogʻidagi vakolatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

xodimlarning yarashtiruv-vositachilik tartib-taomillarida ishtirok etuvchi vakillari roʻyxati.

583-modda. Ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qaror haqida xabardor qilish

Kasaba uyushmasi qoʻmitasi ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qaror haqida ish beruvchini ushbu qaror qabul qilingan paytdan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay yozma ravishda xabardor qilishi kerak.

Ish beruvchi boʻlajak ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisida yozma xabarnomani olgan paytdan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay bu haqda jamoaviy mehnat nizolarini tartibga solish boʻyicha davlat organlarini yozma ravishda ogohlantiradi.

Ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qarorda belgilangan vaqtda ish tashlash boshlanmagan boʻlsa, jamoaviy mehnat nizosini hal qilish ushbu Kodeksning 573-moddasida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

584-modda. Ish tashlashga rahbarlik qilish

Ish tashlashga kasaba uyushmasi qoʻmitasining vakolatli vakili rahbarlik qiladi.

Ish tashlashga rahbarlik qiluvchi:

xodimlar umumiy yigʻilishlarini (konferensiyalarini) chaqirishga;

ish beruvchidan xodimlarning manfaatlariga daxldor masalalar boʻyicha maʼlumot olishga;

ish tashlashni eʼlon qilish va oʻtkazish uchun asos boʻlgan kelishmovchiliklarni hal qilishda xodimlar nomidan ish yuritishga;

kelishib olinishi zarur boʻlgan masalalar boʻyicha fikrlarni tayyorlash uchun mutaxassislarni jalb qilishga;

ish tashlashda ishtirok etayotgan xodimlarning ellik foizidan koʻprogʻining roziligi bilan ish tashlashni toʻxtatib qoʻyishga haqli.

Ish tashlashga rahbarlik qiluvchi:

ish tashlash amalga oshirilayotgan davrda Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi, qonunlari va boshqa qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini taʼminlashi;

jamoaviy mehnat nizosini tinch yoʻl bilan hal etish uchun barcha zarur choralarni koʻrishi;

ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qarorda nazarda tutilgan ish tashlash boshlanadigan sana, vaqt va joyga doir talablarga amal qilinishini taʼminlashi;

jamoaviy mehnat nizosi taraflariga, davlat organlari va tashkilotlariga yolgʻon yoki buzib koʻrsatilgan axborot taqdim qilmasligi;

oʻziga berilgan vakolatlar doirasidan chetga chiqmasligi shart.

585-modda. Xodimlarga ish tashlash munosabati bilan beriladigan kafolatlar

Xodimning ish tashlash bilan bogʻliq jarayonda ishtirok etgani uni intizomiy javobgarlikka tortish uchun asos sifatida koʻrib chiqilishi mumkin emas.

Ish tashlash paytida unda ishtirok etadigan xodimning ish joyi va lavozimi saqlanib qoladi.

Ish beruvchi xodimga u ish tashlashda qatnashgan vaqtida ish haqini toʻlamaslik huquqiga ega.

Ish tashlashda ishtirok etmagan, biroq ish tashlash oʻtkazilayotganligi sababli bekor turib qolgan xodimlarga haq toʻlash ushbu Kodeksda belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Ish tashlashda ishtirok etmagan xodimlar bekor turib qolish munosabati bilan ish beruvchining tashabbusi bilan ushbu Kodeksda belgilangan tartibda vaqtincha boshqa ishga oʻtkazilishi mumkin.

586-modda. Ish tashlashning borishi

Ish tashlash paytida jamoaviy mehnat nizosi taraflari nizoni yarashtiruv-vositachilik tartib-taomillari orqali hal qilishda davom etishlari kerak.

Xodim, ish beruvchi va kasaba uyushmasi qoʻmitasi ish tashlash paytida jamoat tartibini, ish beruvchining va xodimlarning mol-mulki xavfsizligini, shuningdek toʻxtatilishi inson hayoti va sogʻligʻiga bevosita xavf tugʻdiradigan uskunalarning ishlashini taʼminlash boʻyicha choralar koʻrishi shart.

Ushbu Kodeks 589-moddasining uchinchi qismida nazarda tutilgan xizmatlarda (sohalarda) minimal zarur ishlar (xizmatlar) taʼminlanishi shart.

587-modda. Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlash vaqtini kechiktirish yoki ish tashlashni toʻxtatib turish

Ish tashlash insonlarning hayoti va sogʻligʻiga zarar yetkazish real xavfini keltirib chiqarsa, tinchlik va xavfsizlikka, jamoat xavfsizligi va jamoat tartibiga, ekologik barqarorlikka tahdid solsa, sudning qaroriga asosan:

eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqti oʻttiz kalendar kundan koʻp boʻlmagan muddatga kechiktirilishi;

ish tashlash oʻttiz kalendar kundan koʻp boʻlmagan muddatga toʻxtatib turilishi mumkin.

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish yoki ish tashlashni toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi sudning qarori toʻgʻrisida xodimlar ish tashlashga rahbarlik qiluvchi orqali darhol xabardor qilinishi shart.

Eʼlon qilingan ish tashlashning boshlanish vaqtini kechiktirish yoki ish tashlashni toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi sudning qarori darhol ijro etilishi kerak.

588-modda. Ish tashlashni qayta tiklash

Ish beruvchi tomonidan jamoaviy mehnat nizosini hal etish (tartibga solish) jarayonida mehnat jamoasi bilan erishilgan kelishuvlarda belgilangan majburiyatlar bajarilmagan taqdirda tugatilgan ish tashlash qayta tiklanishi mumkin.

Ish tashlashni qayta tiklash uchun jamoaviy mehnat nizosini yarashtiruv-vositachilik tartib-taomillari asosida qayta koʻrib chiqish talab qilinmaydi.

Kasaba uyushmasi qoʻmitasi ish beruvchini va jamoaviy mehnat nizolarini tartibga solish boʻyicha davlat organini ish tashlash qayta tiklanishi toʻgʻrisida kamida yetmish ikki soat oldin yozma ravishda ogohlantirishi kerak.

589-modda. Ish tashlashga oid cheklovlar

Favqulodda holat yoki favqulodda vaziyatlar paytida, urush holatida, umumiy safarbarlik eʼlon qilingan davrda ish tashlash taqiqlanadi.

Ish tashlashda quyidagilarning qatnashishi mumkin emas hamda ular ishtirokidagi ish tashlash taqiqlangan hisoblanadi:

tibbiyot xodimlari;

davlat organining vakolatlarini amalga oshirish uchun Davlat fuqarolik xizmati lavozimlarining davlat reyestriga kiritilgan shaxslar;

harbiy xizmatchilar, sudyalar, sud va huquqni muhofaza qiluvchi organlarning maxsus (harbiy) unvonlarga yoki martaba (malaka, mansab) darajalariga ega xodimlari;

energiya va suv taʼminoti tizimi tashkilotlari xodimlari;

aloqa tizimi xodimlari.

Fuqarolarning hayoti, sogʻligʻi va shaxsiy xavfsizligi uchun faoliyati hayotiy muhim boʻlmagan, biroq aholining kundalik hayotini taʼminlashda muhim oʻrin tutadigan tashkilotlarda, shuningdek ish tashlash davomiyligi va koʻlami tufayli aholining odatdagi turmush sharoitlariga tahdid soluvchi xizmatlarda (sohalarda) minimal zarur ishlar (xizmatlar) majburiy joriy etilishi mumkin.

Ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan minimal zarur ishlar (xizmatlar) va ular amalga oshirilishi lozim boʻlgan tashkilotlar (xizmatlar, sohalar) roʻyxati Ijtimoiy-mehnat masalalari boʻyicha respublika uch tomonlama komissiyasi bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

590-modda. Noqonuniy ish tashlash

Agar ushbu Kodeks va boshqa qonunlarda nazarda tutilgan talablarni buzgan holda ish tashlash amalga oshirilgan (amalga oshirilayotgan, amalga oshiriladigan) yoki ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan boʻlsa, bu noqonuniy ish tashlash deb topiladi.

Ish tashlash sud tomonidan noqonuniy deb topilganda, mazkur masala boʻyicha sudning qarori toʻgʻrisida xodimlar ish tashlashga rahbarlik qiluvchi orqali darhol xabardor qilinishi shart.

Ish tashlashni noqonuniy deb topish toʻgʻrisidagi sudning qarori darhol ijro etilishi kerak.

591-modda. Ish tashlashni tugatish

Ish tashlash quyidagi hollarda tugatiladi:

jamoaviy mehnat nizosi taraflari tomonidan oʻzaro yozma kelishuvga erishilganda;

ish beruvchi tomonidan ish tashlashni eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qarorda ish tashlashni eʼlon qilish va oʻtkazish uchun asos boʻlgan kelishmovchiliklar bartaraf etilganda;

sud tomonidan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda noqonuniy deb topilganda;

ish tashlashda ishtirok etayotgan xodimlarning ellik foizidan koʻprogʻining roziligi bilan ish tashlashdan voz kechilganida.

Xodimlar ish tashlash tugatilgandan keyingi ish kunidan kechiktirmay mehnat shartnomasida nazarda tutilgan majburiyatlarini davom ettirishi zarur.

592-modda. Ish tashlash toʻgʻrisidagi qonun hujjatlarini buzganlik uchun javobgarlik

Ish tashlash toʻgʻrisidagi qonun hujjatlarini buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

593-modda. Daʼvo xususiyatiga ega jamoaviy mehnat nizolarini sudda koʻrib chiqish

Qonunchilikni, jamoa kelishuvlarini va jamoa shartnomasini, ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi bilan kelishilgan holda qabul qilingan ichki hujjatlarni qoʻllash xususidagi jamoaviy mehnat nizolari sud tomonidan koʻrib chiqilishi lozim.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan jamoaviy mehnat nizolarini sudlarda koʻrib chiqish hamda sud qarorlarini ijro etish chogʻida ushbu Kodeksda yakka tartibdagi mehnat nizolari uchun belgilangan tegishli qoidalar va muddatlar qoʻllaniladi”.

7-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

8-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

fuqarolarning hayoti, sogʻligʻi va shaxsiy xavfsizligi uchun faoliyati hayotiy muhim boʻlmagan, biroq aholining kundalik hayotini taʼminlashda muhim oʻrin tutadigan tashkilotlarda, shuningdek ish tashlash davomiyligi va koʻlami tufayli aholining odatdagi turmush sharoitlariga tahdid soluvchi xizmatlarda (sohalarda) minimal zarur ishlar (xizmatlar) va ular amalga oshirilishi lozim boʻlgan tashkilotlar (xizmatlar, sohalar) roʻyxatini Ijtimoiy-mehnat masalalari boʻyicha respublika uch tomonlama komissiyasi bilan kelishilgan holda ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida belgilasin;

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

9-modda. Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 11-iyun,

OʻRQ- 1150 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.06.2026-y., 03/06/1150/0587-son)

lex.uz