UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 11-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 11 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги авлод муҳандисларини тайёрлаш ва муҳандислик таълимини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-278-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, умумий ўрта таълим ташкилотлари ўртасида муҳандисликка оид фанларни ўқитиш бўйича рақобат муҳитини яратиш ҳамда уларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-278-сон қарорига мувофиқ «Ўзбекистон — илғор муҳандислар мамлакати» ташаббусини амалга ошириш доирасида:

ҳар йили умумий ўрта таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — мактаб) ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш;

танловнинг республика босқичи ғолиблари учун хорижий давлатларга таълим саёҳатини ташкил этиш;

танловнинг республика босқичида 1-ўринни эгаллаган мактабга Давлат бюджети ҳисобидан муҳандисликка оид лабораториялар жамланмасини ўз ичига олган инновацион технопарк ташкил этиш учун 1 млрд сўм миқдорида маблағ ажратиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

мактаб терма жамоаларини шакллантириш, махсус платформада рўйхатдан ўтказиш;

танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита, ҳакамлар ҳайъати, апелляция комиссиясини ташкил этиш, уларнинг вазифа ва функцияларини белгилаш;

танловнинг туман (шаҳар), ҳудудий ва республика босқичларини ўтказиш, танлов ғолибларини аниқлаш ҳамда уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини топшириш тартиби.

3. Белгилансинки:

танлов ҳар йили 3 босқичда — туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика миқёсида мактаблар ўқувчилари ўртасида ташкил этилади;

танловда ҳар бир мактабдан фақат битта терма жамоа иштирок этади, мактаб терма жамоаси 8 — 10-синфнинг 5 нафар ўқувчилари ҳамда 1 нафар физика фани ўқитувчисидан иборат таркибда шакллантирилади;

инновацион технопаркка эга бўлган мактабларда меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра физика фани ўқитувчисига тенглаштирилган 1 та штат бирлигида лаборант лавозими киритилади.

4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги икки ой муддатда танловда иштирок этадиган мактабларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда мактаб терма жамоалари ўқитувчи ва ўқувчилари тўғрисидаги маълумотларни (ўқитувчиларнинг малака тоифа сертификатлари, ўқувчиларининг миллий ва халқаро сертификатлари, ўқувчиларнинг физика фанидан маҳаллий ҳамда халқаро олимпиада ва танловларда иштироки) баҳолаш имконини берувчи махсус платформани яратсин.

5. Муҳандис кадрлар тайёрлайдиган олий ва касбий таълим ташкилотларига бириктириладиган муҳандислик мактаблари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда бириктирилган техникумларга қуйидаги вазифалар юкланади:

муҳандислик бўйича креатив фикрлайдиган ўқувчиларни «Менинг келажакдаги касбим» дастури асосида тадбирларга жалб қилиш;

саноат корхоналарига экскурсияга олиб бориш ва ўқувчиларни ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан таништириш;

касб эгалари билан учрашувлар ташкил этиш орқали уларни муҳандислик соҳасига бўлган қизиқишини ошириш;

ўқувчиларни техникумлардаги мос касб ва мутахассисликлар билан таништириб бориш ва амалий дарсларга жалб этиш.

6. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирлар 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2027 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 июндаги 300-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — мактаб) ўртасида «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда танлов ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини топшириш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови (кейинги ўринларда — танлов) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик) тизимидаги мактабларнинг 8, 9 ва 10-синф ўқувчилари ўртасида ҳар йили холислик, ошкоралик ва адолат тамойилларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади.

3. Вазирлик ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар танловга жалб этилмайди.

4. Вазирлик ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари маркази (кейинги ўринларда — Марказ) танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ишчи орган ҳисобланади.

5. Танлов жараёнлари ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади ҳамда ғолиб аниқланади.

6. Танлов уч босқичда — туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика босқичларида ўтказилади.

7. Танловнинг барча босқичларида мактаб терма жамоалари тегишли турлар кесимида мазкур Низомга 2-илова билан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида умумий 100 балли тизим бўйича баҳоланади.

2-боб. Танловнинг мақсади ва вазифалари

8. Танловни ўтказишнинг асосий мақсади мактаблар ўртасида STEM фанларини ўқитишда рақобат ва янгиликка интилиш муҳитини яратиш, таълим жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишга кўмаклашиш, педагог ўқитувчиларнинг STEM фанларини ўқитишга бўлган қизиқиши ва интилишини кучайтириш ҳисобланади.

9. Қуйидагилар танловнинг вазифалари ҳисобланади:

мактабларда STEM фанларини ўқитиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигини таҳлил қилиш;

STEM фанлари бўйича ўқувчиларга сифатли таълим бераётган, самарали фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш;

мактабларда STEM фанларини ўргатиш бўйича тегишли инфратузилмани яхшилаш;

танловда юқори кўрсаткичларни қайд этган мактабларни рағбатлантириш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш.

3-боб. Танловни ташкил этиш тартиби

10. Танловнинг тегишли босқичларини ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун Вазирлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ташкил этадилар.

1-§. Ташкилий қўмита

11. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари), туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — ташкилий қўмита ) тузилади.

Туман ташкилий қўмитаси ҳамда ҳудудий ташкилий қўмита таркибига вазирлик ҳамда тегишли ташкилотларнинг юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислари киритилиши мумкин.

12. Қуйидагилар туман ҳамда ҳудудий ташкилий қўмиталарнинг вазифалари ҳисобланади:

танлов ўтказиладиган жойни белгилаш ва тасдиқлаш;

ҳакамлар ҳайъати таркиби, апелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари, аудитория назоратчилари рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш;

танлов назорат материалларининг махфийлигини, танловнинг мазкур Низом талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш;

танловнинг ташкил этилиши, ўтказилиши ва натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш;

танловда иштирок этувчи барча мактаб жамоалари ҳақидаги маълумотлар махсус платформага киритилишини мувофиқлаштириш;

танловнинг туман ҳамда ҳудудий босқичларида ўтказиладиган турларда бериладиган топшириқларни бажаришга ажратиладиган вақт меъёрларини ҳакамлар ҳайъати тавсиясига асосан белгилаш;

танлов натижалари ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ғолибларни кейинги босқичда иштирок этиши бўйича тавсияни юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этиш.

2-§. Ҳакамлар ҳайъати

13. Танловнинг барча босқичларида ташкилий қўмита томонидан 3 нафардан 7 нафаргача тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда ҳакамлар ҳайъати тузилади.

14. Ҳакамлар ҳайъати:

танловда мактаб терма жамоалари томонидан бажарилган ишларни баҳолаш мезонлари асосида холисона текширади, баҳолайди ва ғолибларни аниқлайди;

танлов натижаларини танлов якунида эълон қилади;

ўтказилган танлов натижалари бўйича қарор қабул қилади ва уни ташкилий қўмитага тақдим этади.

15. Ҳакамлар ҳайъати таркибига тегишли соҳадаги юқори малакали (вазирлик ва идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотлар, хусусий сектор ва хорижий ташкилотлар вакилларидан ҳам келишув асосида жалб этилиши мумкин) маҳаллий ёки хорижий мутахассислар жалб қилинади.

Ҳакамлар ҳайъати таркибига киритиладиган номзодлар:

STEM фанлари бўйича фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлган олимлар, шунингдек, соҳа бўйича етук мутахассис бўлиши;

халқаро ёки республика миқёсидаги муҳандислик лойиҳаларида иштирок этган бўлиши;

муҳандислик, технология, IT, робототехника, инновациялар ёки тегишли йўналишларда амалий тажрибага эга бўлиши;

патент, муаллифлик гувоҳномаси ёки технологик ишланма муаллифлиги мавжуд бўлиши тавсия этилади.

16. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари назорат материалларининг махфийлигини таъминлаш ва танлов ғолибларини холисона аниқлашга шахсан жавобгар ҳисобланади.

3-§. Аудитория раҳбари ва назоратчилари

17. Ташкилий қўмита томонидан танловнинг барча босқичлари учун аудитория раҳбари ва назоратчилари тайинланади.

Физика фани ўқитувчилари аудиторияга раҳбар ёки назоратчи этиб тайинланишига йўл қўйилмайди.

18. Аудитория раҳбарлари:

мактаб терма жамоаларига танловнинг тартиб-қоидаларини қисқача тушунтиради;

танлов бошланиши ва тугаш вақтини, шунингдек, топшириқларни бажариш учун белгиланган вақт меъёрларини эълон қилади ҳамда танлов жараёнини назорат қилади;

танловнинг амалий топшириқлари учун олдиндан «хавфсизлик йўриқномаси» билан таништиради;

танлов жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилмаган ўқувчиларни далолатнома тузиб танловдан четлаштиради;

танловнинг амалий топшириқ қисмида иштирокчи жамоаларнинг бажарган ишларига тегишлилик белгисини қўйиб, текшириш учун ҳакамлар ҳайъатига топширади.

19. Аудитория назоратчилари танлов ўтказилаётган ва ўзлари бириктирилган аудиторияда тартиб сақланишини таъминлайди ва аудитория раҳбарига қўйилган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашади.

20. Танлов ўтказиладиган аудиториялар видеокузатув камералари билан жиҳозланади.

Аудиторияда телефон ва турли алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Калькулятордан фойдаланишга рухсат этилади.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига танлов жараёнига халақит қилмаган ҳолда кузатишларига рухсат берилади.

21. Танлов ўтказилаётган жараёнда мактаб терма жамоаларининг ўзаро гаплашиши ва рухсат этилганидан бошқа турли хил қўшимча манбалардан, шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиши тақиқланади.

Бундай ҳолатларда мактаб терма жамоаси танловдан четлаштирилади, бажарган ишлари текширилмайди ва баҳоланмайди.

4-§. Апелляция комиссияси

22. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган тоқ сонда, уч нафаргача малакали соҳа мутахассисларидан иборат таркибда тузилади.

23. Апелляция комиссияси томонидан шикоят аризалари танлов натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 12 соат ичида қабул қилинади ҳамда мактаб терма жамоасининг фақат ўзига тегишли натижалари бўйича кўриб чиқилиб, шу куннинг ўзида натижа эълон қилинади.

Апелляция жараёнида ҳакамлар ҳайъати аъзолари, шикоят берган мактаб терма жамоаси иштирок этади.

24. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган мактаб терма жамоасининг бажарган ишида баҳолаш мезонларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланганда, апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

25. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъатига апелляция натижалари бўйича изоҳ бериб, танлов натижаларини ўзгартириши мумкин ва бунда ҳакамлар ҳайъати қарори қайта тасдиқланади.

26. Апелляция комиссияси қабул қилган қарори тўғрисида ҳакамлар ҳайъатини ҳамда ташкилий қўмитани хабардор қилади.

4-боб. Танловни ўтказиш

27. Танловда иштирок этиш истагини билдирган мактаблар ҳар йили 1 январдан 1 февралга қадар Марказнинг ўқитувчилар малака тоифаси сертификатлари, уларнинг миллий ва халқаро сертификатлари, ўқувчиларнинг физика фанидан маҳаллий ҳамда халқаро олимпиада ва танловларда иштироки тўғрисидаги маълумотлари киритиладиган махсус платформасида (кейинги ўринларда — махсус платформа) рўйхатдан ўтади ҳамда мактаб терма жамоаси таркибини белгилайди.

Бунда танловнинг биринчи (туман) босқичида баҳоланиши назарда тутилган мактабнинг асосий кўрсаткичларини асословчи ҳужжатлар вазирликнинг тегишли ахборот тизимларидан автоматик интеграциялаш орқали олинади.

28. Танловда ҳар бир мактабдан фақат битта мактаб терма жамоаси иштирок этиши мумкин.

Мактаб терма жамоаси 8 — 10-синфнинг 5 нафар ўқувчилари ҳамда 1 нафар физика фани ўқитувчисидан иборат таркибда шаклланади.

29. Махсус платформага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилигига мактаб директори шахсан жавобгар ҳисобланади.

30. Махсус платформада бир мактаб терма жамоасида рўйхатдан ўтказилган иштирокчи танлов якунига қадар бошқа мактаб терма жамоасида иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Заруратга кўра махсус платформага ҳар бир мактаб терма жамоаси 3 нафаргача захира ўқувчи ҳамда 1 нафар ўқитувчини киритиши мумкин.

Бунда танловнинг бирор-бир босқичида мактаб терма жамоаси аъзоларидан бири узрли сабабларга кўра жамоани тарк этган тақдирда, унинг ўрнига захира иштирокчи жалб қилиниши мумкин.

31. Танлов уч босқичда:

биринчи (туман ) босқич — ҳар йили 1 апрелга қадар тумандаги мактаб терма жамоалари ўртасида;

иккинчи (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) босқич (кейинги ўринларда — ҳудудий босқич) — ҳар йили 1 июлга қадар туман босқичида 1-ўринни қўлга киритиб, ғолиб бўлган мактаб терма жамоалари ўртасида;

учинчи (республика) босқич — ҳар йили 1 октябрга қадар ҳудудий босқичда 1-ўринни қўлга киритиб, ғолиб бўлган мактаб терма жамоалари ўртасида ўтказилади.

32. Танлов жараёнида фойдаланиладиган тест ва амалий иш топшириқлари (кейинги ўринларда — назорат материаллари) Марказ томонидан ишлаб чиқилади.

33. Танловнинг биринчи ва иккинчи босқичлари учун тайёрланган назорат материаллари тегишли ҳудудларга муҳрланган ҳолда, вазирлик томонидан бириктирилган масъул иштирокида Марказ томонидан бир кун олдин етказиб берилади.

34. Танловнинг биринчи (туман) босқичида мактаб терма жамоалари қуйидаги 2 турда беллашади:

а) 1-турда махсус платформада рўйхатдан ўтган мактаблар томонидан киритилган қуйидаги асосий кўрсаткичлари баҳоланади:

мактабда фаолият юритиб келаётган барча физика фани ўқитувчиларининг малака тоифа сертификатлари тўғрисидаги маълумотлар;

физика фанидан мактаб ўқитувчилари ҳамда ўқувчиларнинг миллий ва халқаро сертификатлари тўғрисидаги маълумотлар;

мактаб ўқувчиларининг физика фанидан олимпиада ва танловлардаги натижалари.

Бунда малака тоифаси сертификатлари ҳамда миллий ва халқаро сертификатлар тўғрисидаги маълумотлар вазирликнинг тегишли ахборот тизимидан автоматик тарзда олинади.

Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими махсус платформага киритилган маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва 20 февралга қадар ҳаққонийлигини тасдиқлайди.

Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг танлов жараёнини ташкил этиш бўйича фаолияти, шунингдек, мактабларнинг ҳаққоний маълумотларни тақдим этишлари Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан назорат қилинади;

б) 2-турда мактаб терма жамоасининг ҳар бир иштирокчиси STEM фанларини билиш даражаси бўйича тест топширади.

Тест жараёнида ҳар бир ўқувчи индивидуал баҳоланиб, мактаб терма жамоасининг натижалари умумлаштирилади ва танловнинг 1-турида мактабнинг асосий кўрсаткичларига қўйилган балларга қўшилган ҳолда мактабларнинг умумий натижаси ҳисоблаб чиқилади.

Умумий натижага кўра энг юқори балл тўплаган мактаблар баллар кетма-кетлиги асосида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган мактаблар сифатида белгиланади.

Танловнинг биринчи (туман) босқичи натижалари туман ташкилий қўмитаси томонидан махсус платформага киритилади.

Танловнинг биринчи (туман) босқичида 1-ўринни эгаллаган мактаб терма жамоаси танловнинг иккинчи (ҳудудий) босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Танловнинг иккинчи (ҳудудий) босқичида иштирок этадиган мактаб терма жамоаларига танловнинг биринчи (туман) босқичи якунлангандан сўнг 21 кун муддат ичида навбатдаги босқичнинг лойиҳа иши мавзуси ва унинг техник топшириғи тақдим этилади.

35. Танловнинг иккинчи (ҳудудий) босқичида мактаб терма жамоалари қуйидаги 2 турда беллашади ва умумий 100 балли тизим бўйича баҳоланади:

а) 1-турда мактаб терма жамоалари аввалдан берилган лойиҳа иши мавзуси доирасида тайёрлаб келган модель (макет)ларини тақдим этади, уларнинг ишлаш ҳолати текширилади ҳамда баҳоланади.

Ҳакамлар ҳайъати лойиҳа ишини техник талаблар, ижодкорлик, натижанинг амалий аҳамияти ва жамоавий меҳнатга асосланиб баҳолайди;

б) 2-турда мактаб терма жамоаси амалий иш топшириқларини бажариш орқали баҳоланади.

Мактаб терма жамоалари муҳандислик (ёки физика) йўналишидаги амалий иш топшириқларини белгиланган вақт давомида бажаради. Бунда амалий иш топшириқлари инновацион, ҳаётий долзарб муаммоларни ечишга қаратилган бўлиши лозим.

Мактаб терма жамоаларининг 1 ва 2-турда тўплаган баллари ҳакамлар ҳайъати томонидан умумлаштирилиб, якуний баллар шакллантирилади.

Танловнинг иккинчи (ҳудудий) босқичи натижаларига кўра умумий ҳисобда энг юқори балл тўплаган мактаб терма жамоалари баллар кетма-кетлиги асосида иккинчи (ҳудудий) босқичда 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган мактаблар деб топилади.

Танловнинг иккинчи (ҳудудий) босқичида 1-ўринни эгаллаган мактаб терма жамоаси танловнинг учинчи (республика) босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

36. Танловнинг учинчи (республика) босқичида мактаб терма жамоалари қуйидаги 2 турда беллашади ҳамда умумий 100 баллик тизим бўйича баҳоланади:

а) 1-турда мактаб терма жамоаси ўқувчиларига муаммоли масала тақдим этилади.

Мактаб терма жамоаси ўқувчилари белгиланган вақт давомида берилган масалага ечим тақдим қилади.

Мазкур турда мактаб терма жамоасидаги физика фани ўқитувчиси тест синовидан ўтказилади. Бунда ўқитувчининг тўплаган баллари мактаб терма жамоаси ўқувчилари баллари билан қўшиб ҳисобланади;

б) 2-турда мактаб терма жамоаси амалий иш топшириқларини бажариш орқали баҳоланади.

Мактаб терма жамоаси муҳандислик (ёки физика) йўналишидаги амалий иш топшириғини белгиланган вақт давомида бажаради. Бунда амалий иш топшириғи ҳаётий долзарб муаммоларни ечишга қаратилган бўлиши мумкин.

Мактаб терма жамоаларининг 1 ва 2-турда тўпланган баллари умумлаштирилиб, якуний баллар шакллантирилади.

Учинчи (республика) босқич натижаларига кўра умумий ҳисобда энг юқори балл тўплаган мактаб терма жамоалари баллар кетма-кетлиги асосида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган мактаблар сифатида белгиланади.

37. Танловнинг ҳар бир босқичида ғолибликка даъвогар мактаб терма жамоаларининг баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, мактаб терма жамоалари ўртасида қўшимча синов ташкил этилади.

Бунда баллари тенг бўлиб қолган мактаб терма жамоалари томонидан танланган бир нафар аъзога ҳакамлар ҳайъати томонидан очиқ тест саволлари бериш орқали ғолиб аниқланади.

38. Танлов жараёнининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида танловнинг барча босқичлари узлуксиз равишда овозли видеотасвирга туширилади, видеотасвир Марказда камида бир йил мобайнида сақланади.

39. Республика босқичида 1-ўринни қўлга киритган мактаб терма жамоаси Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини соҳиби сифатида эълон қилинади.

5-боб. Танловни ташкил этишни молиялаштириш

40. Танловни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари, ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамда вазирликнинг ҳар йилги марказлашган харажатлар сметасида режалаштирилади.

41. Танловнинг иккинчи (ҳудудий) ҳамда учинчи (республика) босқичларида иштирок этган ҳакамлар ҳайъати аъзолари, апелляция комиссияси аъзолари ҳамда аудитория раҳбари ва аудитория назоратчиларига ҳар йили Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган вазирликнинг марказлашган харажатлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда бир марталик ҳақ тўланади:

а) иккинчи босқичда:

ҳакамлар ҳайъати аъзоларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 50 фоиз миқдорида;

апелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари ва назоратчиларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 25 фоиз миқдорида;

б) учинчи босқичда:

ҳакамлар ҳайъати аъзоларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 100 фоиз миқдорида;

апелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари ва назоратчиларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 50 фоиз миқдорида.

42. Назорат материалларини тайёрлаш учун жалб қилинган мутахассисларга қуйидаги миқдорларда ҳақ тўланади:

а) биринчи босқичда танлов учун тайёрланган ҳар бир тест топшириғи, жумладан, очиқ тест топшириғи (унинг ечими билан) тузиш, таржима қилиш ва экспертизадан ўтказиш учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 30 фоиз миқдорида;

б) иккинчи босқичда:

танлов учун тайёрланган ҳар бир лойиҳа иши (унинг баҳолаш мезони билан) учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 140 фоиз миқдорида;

танлов учун тайёрланган ҳар бир амалий иш топшириғи учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 140 фоиз миқдорида;

в) учинчи босқичда:

танлов учун тайёрланган ҳар бир назарий иш топшириғи (унинг ечими билан) учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 140 фоиз миқдорида;

танлов учун тайёрланган ҳар бир тест топшириғи (унинг ечими билан) учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 30 фоиз миқдорида;

танлов учун тайёрланган ҳар бир амалий иш топшириғи учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 240 фоиз миқдорида.

6-боб. Танлов ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини топшириш

43. Танлов ғолиблари қуйидаги миқдорларда пул мукофоти билан мукофотланади:

а) туман (шаҳар) босқичида 1-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, 2-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, 3-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида;

б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичида 1-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари, 2-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 баравари, 3-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида;

в) республика босқичида 1-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари, 2-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 450 баравари, 3-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида.

44. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини сифатида берилган пул мукофотлари танловнинг белгиланган босқичи якунлангандан сўнг 5 иш куни ичида ғолиб мактабнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиб берилади.

45. Ғолиб мактабнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилган маблағлар қуйидагича йўналтирилади:

танлов шартларига кўра асосий кўрсаткичлар бўйича мактабнинг юқори баҳоланишига ҳисса қўшган ҳамда ўқувчиларни танловга тайёрлаган физика фани ўқитувчиларини рағбатлантириш учун — умумий мукофот суммасининг 25 фоизи;

танловда қатнашиб, юқори натижалар кўрсатган терма жамоа аъзолари бўлган ўқувчиларни эсдалик совғалари ёки нақд пул шаклида рағбатлантириш учун — умумий мукофот суммасининг 25 фоизигача;

мактабнинг бошқа эҳтиёжлари, жумладан, танловнинг кейинги босқичига тайёргарлик учун зарур харажатлар, физика фанини ўқитишни янада яхшилаш учун шарт-шароитлар яратиш, физика хоналарини жиҳозлаш учун — мукофот суммасининг қолган қисми.

Терма жамоа аъзоларига бир хил қийматдаги совғалар ажратилади ёки мукофот суммаси жамоа аъзолари ўртасида тенг тақсимланади.

46. Танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.

47. Танловнинг республика босқичида 1-ўринни эгаллаган мактабга муҳандисликка оид лабораториялар жамланмасини ўз ичига олган инновацион технопарк ташкил этиш учун 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Бунда:

инновацион технопаркка эга бўлган мактабларда меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра физика фани ўқитувчисига тенглаштирилган 1 та штат бирлигида лаборант лавозими киритилади;

мазкур танлов доирасида муҳандисликка оид лабораториялар жамланмасини ўз ичига олган инновацион технопарк ташкил этиш учун 1 миллиард сўм маблағ битта мактабга фақат бир марта ажратилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

48. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимлари вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тантанали равишда ташкил этилади ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.

49. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

50. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ғолибини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини топшириш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Мактаблар Платформада рўйхатдан ўтади ҳамда мактабнинг асосий кўрсаткичларини киритади. 1 январдан 1 февралга қадар 2-босқич Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари Махсус платформага киритилган маълумотлар ҳаққонийлигини текширади. 20 февралга қадар 3-босқич Фан олимпиадалари маркази Танловнинг биринчи (туман) босқичи учун назорат материалларини тайёрлайди. 1 мартга қадар 4-босқич Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича туман ташкилий қўмитаси Танловнинг биринчи (туман) босқичини ўтказади ва ғолибларни аниқлайди. 1 апрелга қадар 5-босқич Фан олимпиадалари маркази Танловнинг иккинчи (ҳудудий) босқичи учун назорат материалларини тайёрлайди. Апрель ойида 6-босқич Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳудудий ташкилий қўмита Танловнинг иккинчи (ҳудудий) босқичини ўтказади ва ғолибларни аниқлайди. 1 июлга қадар 7-босқич Фан олимпиадалари маркази Танловнинг учинчи (республика) босқичи учун назорат материалларини тайёрлайди. Август-сентябрь ойларида 8-босқич Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси Танловнинг учинчи (республика) босқичини ўтказади ва ғолибларни аниқлайди. 1 октябрга қадар

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловининг

I. Биринчи (туман) босқич Жами: 100 баллгача 1-тур. Асосий кўрсаткичлар 20 баллгача Физика фани ўқитувчиларининг малака тоифасига эгалиги 10 баллгача Олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши 50 фоиздан ошганда. 10 балл Олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши 50 фоиз ва ундан кам бўлганда. 5 балл Физика фани ўқитувчилари ҳамда ўқувчиларнинг халқаро имтиҳон тизимлари бўйича махсус сертификатларга эгалиги 5 баллгача Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги) томонидан бериладиган физика фанини билиш даражаси ҳақидаги A+ даражасидаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга ўқитувчи ва ўқувчиларнинг умумий сони 5 ёки ундан ортиқ бўлганда. 5 балл Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган физика фанини билиш даражаси ҳақидаги A+ даражасидаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга ўқитувчи ва ўқувчиларнинг умумий сони 2 тадан 4 тагача бўлганда. 3 балл Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган физика фанини билиш даражаси ҳақидаги A+ даражасидаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга ўқитувчи ва ўқувчилар мавжуд бўлганда. 1 балл Ўқувчиларнинг олимпиада ва танловларда эришган натижалари * 5 баллгача Аввалги ўқув йилида ўқувчиси физика фани бўйича республика олимпиадасига йўлланма олганда. 5 балл Аввалги ўқув йилида ўқувчиси физика фани бўйича вилоят олимпиадасига йўлланма олганда. 3 балл 2-тур. Тест топшириқлари 80 баллгача Ҳар бир иштирокчи учун 30 та тест топшириқлари (максимал 16 балл) 5 * 16 балл 10 та енгил даражадаги тест топшириқлари — ҳар бир тўғри жавоб учун 0,3 балл. 3 балл 10 та ўрта даражадаги тест топшириқлари — ҳар бир тўғри жавоб учун 0,5 балл. 5 балл 10 та мураккаб даражадаги тест топшириқлари — ҳар бир тўғри жавоб учун 0,8 балл. 8 балл II. Иккинчи (ҳудудий) босқич Жами 100 баллгача 1-тур. Лойиҳа иши: Лойиҳа иши мавзуси доирасида модель (макет) тайёрланади. 30 баллгача 2-тур. Амалий иш топшириғи: Мактаб терма жамоаси муҳандислик (ёки физика) йўналишидаги амалий иш топшириқларига белгиланган вақт давомида ечим тақдим этади. 70 баллгача III. Учинчи (республика) босқич Жами 100 баллгача 1-тур. Назарий топшириқ 50 баллгача Мактаб терма жамоаси ўқувчиларига муаммоли масала тақдим этилади. 40 баллгача Мактаб жамоаси ўқитувчисига 20 та тест топшириқлари тақдим этилади (ҳар бир тўғри жавоб учун 0,5 балл). 10 баллгача 2-тур. Амалий иш топшириғи: Мактаб терма жамоасига муҳандислик йўналишидаги амалий иш топшириғи тақдим этилади. 50 баллгача

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 июндаги 300-сон қарорига 2-ИЛОВА

Муҳандис кадрлар тайёрлайдиган олий ва касбий таълим ташкилотларига бириктириладиган муҳандислик мактаблари

Т/р Ҳудудлар Муҳандислик олийгоҳлари * Муҳандислик техникумлари ** Муҳандислик мактаби 1. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус давлат техника университети Нукус шаҳар 1-сон техникуми Нукус шаҳридаги муҳандислик мактаби 2. Андижон вилояти Андижон давлат техника институти Андижон шаҳар 6-сон техникуми Андижон шаҳридаги муҳандислик мактаби 3. Бухоро вилояти Бухоро давлат техника университети Бухоро шаҳар 2-сон техникуми Бухоро шаҳридаги муҳандислик мактаби 4. Жиззах вилояти Жиззах политехника институти Шароф Рашидов тумани 1-сон техникуми Жиззах шаҳридаги муҳандислик мактаби 5. Қашқадарё вилояти Қарши давлат техника университети Қарши шаҳар 3-сон техникуми Қарши шаҳридаги муҳандислик мактаби 6. Навоий вилояти Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Навоий шаҳар техникуми Навоий шаҳридаги муҳандислик мактаби 7. Наманган вилояти Наманган давлат техника университети Наманган шаҳар 2-сон техникуми Наманган шаҳридаги муҳандислик мактаби 8. Самарқанд вилояти Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети Самарқанд шаҳар 3-сон техникуми Самарқанд шаҳридаги муҳандислик мактаби 9. Сирдарё вилояти Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали Сирдарё илғор касбий маҳорат техникуми Мирзаобод туманидаги муҳандислик мактаби 10. Сурхондарё вилояти Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети Жарқўрғон тумани 1-сон техникуми Жарқўрғон туманидаги муҳандислик мактаби 11. Тошкент вилояти Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали Ангрен шаҳар 2-сон техникуми Ангрен шаҳридаги муҳандислик мактаби 12. Фарғона вилояти Фарғона давлат техника университети Фарғона шаҳар 5-сон техникуми Фарғона шаҳридаги муҳандислик мактаби 13. Хоразм вилояти Ал-Хоразмий университети Урганч шаҳар 2-сон техникуми Урганч шаҳридаги муҳандислик мактаби

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 11 июнь,

300 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 09/26/300/0594-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

SXEMASI

BAHOLASH MEZONLARI

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yangi avlod muhandislarini tayyorlash va muhandislik taʼlimini rivojlantirishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-278-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari oʻrtasida muhandislikka oid fanlarni oʻqitish boʻyicha raqobat muhitini yaratish hamda ularni ragʻbatlantirish tizimini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-278-son qaroriga muvofiq “Oʻzbekiston — ilgʻor muhandislar mamlakati” tashabbusini amalga oshirish doirasida:

har yili umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — maktab) oʻrtasida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) oʻtkazish;

tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari uchun xorijiy davlatlarga taʼlim sayohatini tashkil etish;

tanlovning respublika bosqichida 1-oʻrinni egallagan maktabga Davlat budjeti hisobidan muhandislikka oid laboratoriyalar jamlanmasini oʻz ichiga olgan innovatsion texnopark tashkil etish uchun 1 mlrd soʻm miqdorida mablagʻ ajratish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

maktab terma jamoalarini shakllantirish, maxsus platformada roʻyxatdan oʻtkazish;

tanlovni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita, hakamlar hayʼati, apellyatsiya komissiyasini tashkil etish, ularning vazifa va funksiyalarini belgilash;

tanlovning tuman (shahar), hududiy va respublika bosqichlarini oʻtkazish, tanlov gʻoliblarini aniqlash hamda ularga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrinini topshirish tartibi.

3. Belgilansinki:

tanlov har yili 3 bosqichda — tuman (shahar), Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda respublika miqyosida maktablar oʻquvchilari oʻrtasida tashkil etiladi;

tanlovda har bir maktabdan faqat bitta terma jamoa ishtirok etadi, maktab terma jamoasi 8 — 10-sinfning 5 nafar oʻquvchilari hamda 1 nafar fizika fani oʻqituvchisidan iborat tarkibda shakllantiriladi;

innovatsion texnoparkka ega boʻlgan maktablarda mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlariga koʻra fizika fani oʻqituvchisiga tenglashtirilgan 1 ta shtat birligida laborant lavozimi kiritiladi.

4. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ikki oy muddatda tanlovda ishtirok etadigan maktablarni roʻyxatdan oʻtkazish hamda maktab terma jamoalari oʻqituvchi va oʻquvchilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (oʻqituvchilarning malaka toifa sertifikatlari, oʻquvchilarining milliy va xalqaro sertifikatlari, oʻquvchilarning fizika fanidan mahalliy hamda xalqaro olimpiada va tanlovlarda ishtiroki) baholash imkonini beruvchi maxsus platformani yaratsin.

5. Muhandis kadrlar tayyorlaydigan oliy va kasbiy taʼlim tashkilotlariga biriktiriladigan muhandislik maktablari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Bunda biriktirilgan texnikumlarga quyidagi vazifalar yuklanadi:

muhandislik boʻyicha kreativ fikrlaydigan oʻquvchilarni “Mening kelajakdagi kasbim” dasturi asosida tadbirlarga jalb qilish;

sanoat korxonalariga ekskursiyaga olib borish va oʻquvchilarni ishlab chiqarish jarayoni bilan yaqindan tanishtirish;

kasb egalari bilan uchrashuvlar tashkil etish orqali ularni muhandislik sohasiga boʻlgan qiziqishini oshirish;

oʻquvchilarni texnikumlardagi mos kasb va mutaxassisliklar bilan tanishtirib borish va amaliy darslarga jalb etish.

6. Belgilab qoʻyilsinki, mazkur qarorda nazarda tutilgan tadbirlar 2026-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi, 2027-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.

7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri E.G. Karimova zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 11-iyundagi 300-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — maktab) oʻrtasida “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovini tashkil etish, oʻtkazish hamda tanlov gʻoliblariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrinini topshirish tartibini belgilaydi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovi (keyingi oʻrinlarda — tanlov) Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vazirlik) tizimidagi maktablarning 8, 9 va 10-sinf oʻquvchilari oʻrtasida har yili xolislik, oshkoralik va adolat tamoyillariga rioya qilingan holda oʻtkaziladi.

3. Vazirlik huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablar tanlovga jalb etilmaydi.

4. Vazirlik huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi huzuridagi Fan olimpiadalari markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tanlovni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha masʼul ishchi organ hisoblanadi.

5. Tanlov jarayonlari ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq tashkil etiladi hamda gʻolib aniqlanadi.

6. Tanlov uch bosqichda — tuman (shahar), Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda respublika bosqichlarida oʻtkaziladi.

7. Tanlovning barcha bosqichlarida maktab terma jamoalari tegishli turlar kesimida mazkur Nizomga 2-ilova bilan tasdiqlangan baholash mezonlari asosida umumiy 100 balli tizim boʻyicha baholanadi.

2-bob. Tanlovning maqsadi va vazifalari

8. Tanlovni oʻtkazishning asosiy maqsadi maktablar oʻrtasida STEM fanlarini oʻqitishda raqobat va yangilikka intilish muhitini yaratish, taʼlim jarayonining samaradorligi va sifatini oshirishga koʻmaklashish, pedagog oʻqituvchilarning STEM fanlarini oʻqitishga boʻlgan qiziqishi va intilishini kuchaytirish hisoblanadi.

9. Quyidagilar tanlovning vazifalari hisoblanadi:

maktablarda STEM fanlarini oʻqitish boʻyicha amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar natijadorligini tahlil qilish;

STEM fanlari boʻyicha oʻquvchilarga sifatli taʼlim berayotgan, samarali faoliyat koʻrsatayotgan oʻqituvchilarni aniqlash va ragʻbatlantirish;

maktablarda STEM fanlarini oʻrgatish boʻyicha tegishli infratuzilmani yaxshilash;

tanlovda yuqori koʻrsatkichlarni qayd etgan maktablarni ragʻbatlantirish, ularning tajribasini ommalashtirish.

3-bob. Tanlovni tashkil etish tartibi

10. Tanlovning tegishli bosqichlarini oʻtkazish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish uchun Vazirlik hamda uning hududiy boʻlinmalari oʻz buyruqlari bilan tashkiliy qoʻmitalar, hakamlar hayʼatlari, apellyatsiya komissiyalari tashkil etadilar.

1-§. Tashkiliy qoʻmita

11. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish uchun vazirlik, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — hududiy maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari), tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlarida tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda — tashkiliy qoʻmita ) tuziladi.

Tuman tashkiliy qoʻmitasi hamda hududiy tashkiliy qoʻmita tarkibiga vazirlik hamda tegishli tashkilotlarning yuqori malakali mahalliy va xorijiy mutaxassislari kiritilishi mumkin.

12. Quyidagilar tuman hamda hududiy tashkiliy qoʻmitalarning vazifalari hisoblanadi:

tanlov oʻtkaziladigan joyni belgilash va tasdiqlash;

hakamlar hayʼati tarkibi, apellyatsiya komissiyasi aʼzolari, auditoriya rahbarlari, auditoriya nazoratchilari roʻyxatini shakllantirish va tasdiqlash;

tanlov nazorat materiallarining maxfiyligini, tanlovning mazkur Nizom talablari asosida oʻtkazilishini taʼminlash;

tanlovning tashkil etilishi, oʻtkazilishi va natijalarini ommaviy axborot vositalarida yoritib borish;

tanlovda ishtirok etuvchi barcha maktab jamoalari haqidagi maʼlumotlar maxsus platformaga kiritilishini muvofiqlashtirish;

tanlovning tuman hamda hududiy bosqichlarida oʻtkaziladigan turlarda beriladigan topshiriqlarni bajarishga ajratiladigan vaqt meʼyorlarini hakamlar hayʼati tavsiyasiga asosan belgilash;

tanlov natijalari va hakamlar hayʼati qarori asosida gʻoliblarni keyingi bosqichda ishtirok etishi boʻyicha tavsiyani yuqori turuvchi tashkiliy qoʻmitaga taqdim etish.

2-§. Hakamlar hayʼati

13. Tanlovning barcha bosqichlarida tashkiliy qoʻmita tomonidan 3 nafardan 7 nafargacha toq sonli aʼzolardan iborat tarkibda hakamlar hayʼati tuziladi.

14. Hakamlar hayʼati:

tanlovda maktab terma jamoalari tomonidan bajarilgan ishlarni baholash mezonlari asosida xolisona tekshiradi, baholaydi va gʻoliblarni aniqlaydi;

tanlov natijalarini tanlov yakunida eʼlon qiladi;

oʻtkazilgan tanlov natijalari boʻyicha qaror qabul qiladi va uni tashkiliy qoʻmitaga taqdim etadi.

15. Hakamlar hayʼati tarkibiga tegishli sohadagi yuqori malakali (vazirlik va idoralar, oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlar, xususiy sektor va xorijiy tashkilotlar vakillaridan ham kelishuv asosida jalb etilishi mumkin) mahalliy yoki xorijiy mutaxassislar jalb qilinadi.

Hakamlar hayʼati tarkibiga kiritiladigan nomzodlar:

STEM fanlari boʻyicha fan nomzodi yoki falsafa doktori (PhD) va fan doktori (DSc) ilmiy darajasiga ega boʻlgan olimlar, shuningdek, soha boʻyicha yetuk mutaxassis boʻlishi;

xalqaro yoki respublika miqyosidagi muhandislik loyihalarida ishtirok etgan boʻlishi;

muhandislik, texnologiya, IT, robototexnika, innovatsiyalar yoki tegishli yoʻnalishlarda amaliy tajribaga ega boʻlishi;

patent, mualliflik guvohnomasi yoki texnologik ishlanma muallifligi mavjud boʻlishi tavsiya etiladi.

16. Hakamlar hayʼati aʼzolari nazorat materiallarining maxfiyligini taʼminlash va tanlov gʻoliblarini xolisona aniqlashga shaxsan javobgar hisoblanadi.

3-§. Auditoriya rahbari va nazoratchilari

17. Tashkiliy qoʻmita tomonidan tanlovning barcha bosqichlari uchun auditoriya rahbari va nazoratchilari tayinlanadi.

Fizika fani oʻqituvchilari auditoriyaga rahbar yoki nazoratchi etib tayinlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

18. Auditoriya rahbarlari:

maktab terma jamoalariga tanlovning tartib-qoidalarini qisqacha tushuntiradi;

tanlov boshlanishi va tugash vaqtini, shuningdek, topshiriqlarni bajarish uchun belgilangan vaqt meʼyorlarini eʼlon qiladi hamda tanlov jarayonini nazorat qiladi;

tanlovning amaliy topshiriqlari uchun oldindan “xavfsizlik yoʻriqnomasi” bilan tanishtiradi;

tanlov jarayonida oʻrnatilgan tartib-qoidalarga amal qilmagan oʻquvchilarni dalolatnoma tuzib tanlovdan chetlashtiradi;

tanlovning amaliy topshiriq qismida ishtirokchi jamoalarning bajargan ishlariga tegishlilik belgisini qoʻyib, tekshirish uchun hakamlar hayʼatiga topshiradi.

19. Auditoriya nazoratchilari tanlov oʻtkazilayotgan va oʻzlari biriktirilgan auditoriyada tartib saqlanishini taʼminlaydi va auditoriya rahbariga qoʻyilgan vazifalarni amalga oshirishda koʻmaklashadi.

20. Tanlov oʻtkaziladigan auditoriyalar videokuzatuv kameralari bilan jihozlanadi.

Auditoriyada telefon va turli aloqa vositalaridan foydalanish taqiqlanadi. Kalkulyatordan foydalanishga ruxsat etiladi.

Ommaviy axborot vositalari vakillariga tanlov jarayoniga xalaqit qilmagan holda kuzatishlariga ruxsat beriladi.

21. Tanlov oʻtkazilayotgan jarayonda maktab terma jamoalarining oʻzaro gaplashishi va ruxsat etilganidan boshqa turli xil qoʻshimcha manbalardan, shuningdek, sunʼiy intellekt texnologiyalaridan foydalanishi taqiqlanadi.

Bunday holatlarda maktab terma jamoasi tanlovdan chetlashtiriladi, bajargan ishlari tekshirilmaydi va baholanmaydi.

4-§. Apellyatsiya komissiyasi

22. Apellyatsiya komissiyasi hakamlar hayʼati tarkibiga kirmagan toq sonda, uch nafargacha malakali soha mutaxassislaridan iborat tarkibda tuziladi.

23. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan shikoyat arizalari tanlov natijalari eʼlon qilingan vaqtdan boshlab 12 soat ichida qabul qilinadi hamda maktab terma jamoasining faqat oʻziga tegishli natijalari boʻyicha koʻrib chiqilib, shu kunning oʻzida natija eʼlon qilinadi.

Apellyatsiya jarayonida hakamlar hayʼati aʼzolari, shikoyat bergan maktab terma jamoasi ishtirok etadi.

24. Hakamlar hayʼati tomonidan baholangan maktab terma jamoasining bajargan ishida baholash mezonlariga mos kelmaslik holatlari aniqlanganda, apellyatsiya komissiyasi hakamlar hayʼati qarorini bekor qilish yoki ularga oʻzgartirishlar kiritish huquqiga ega.

25. Apellyatsiya komissiyasi hakamlar hayʼatiga apellyatsiya natijalari boʻyicha izoh berib, tanlov natijalarini oʻzgartirishi mumkin va bunda hakamlar hayʼati qarori qayta tasdiqlanadi.

26. Apellyatsiya komissiyasi qabul qilgan qarori toʻgʻrisida hakamlar hayʼatini hamda tashkiliy qoʻmitani xabardor qiladi.

4-bob. Tanlovni oʻtkazish

27. Tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan maktablar har yili 1-yanvardan 1-fevralga qadar Markazning oʻqituvchilar malaka toifasi sertifikatlari, ularning milliy va xalqaro sertifikatlari, oʻquvchilarning fizika fanidan mahalliy hamda xalqaro olimpiada va tanlovlarda ishtiroki toʻgʻrisidagi maʼlumotlari kiritiladigan maxsus platformasida (keyingi oʻrinlarda — maxsus platforma) roʻyxatdan oʻtadi hamda maktab terma jamoasi tarkibini belgilaydi.

Bunda tanlovning birinchi (tuman) bosqichida baholanishi nazarda tutilgan maktabning asosiy koʻrsatkichlarini asoslovchi hujjatlar vazirlikning tegishli axborot tizimlaridan avtomatik integratsiyalash orqali olinadi.

28. Tanlovda har bir maktabdan faqat bitta maktab terma jamoasi ishtirok etishi mumkin.

Maktab terma jamoasi 8 — 10-sinfning 5 nafar oʻquvchilari hamda 1 nafar fizika fani oʻqituvchisidan iborat tarkibda shakllanadi.

29. Maxsus platformaga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi va toʻgʻriligiga maktab direktori shaxsan javobgar hisoblanadi.

30. Maxsus platformada bir maktab terma jamoasida roʻyxatdan oʻtkazilgan ishtirokchi tanlov yakuniga qadar boshqa maktab terma jamoasida ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Zaruratga koʻra maxsus platformaga har bir maktab terma jamoasi 3 nafargacha zaxira oʻquvchi hamda 1 nafar oʻqituvchini kiritishi mumkin.

Bunda tanlovning biror-bir bosqichida maktab terma jamoasi aʼzolaridan biri uzrli sabablarga koʻra jamoani tark etgan taqdirda, uning oʻrniga zaxira ishtirokchi jalb qilinishi mumkin.

31. Tanlov uch bosqichda:

birinchi (tuman ) bosqich — har yili 1-aprelga qadar tumandagi maktab terma jamoalari oʻrtasida;

ikkinchi (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri) bosqich (keyingi oʻrinlarda — hududiy bosqich) — har yili 1-iyulga qadar tuman bosqichida 1-oʻrinni qoʻlga kiritib, gʻolib boʻlgan maktab terma jamoalari oʻrtasida;

uchinchi (respublika) bosqich — har yili 1-oktabrga qadar hududiy bosqichda 1-oʻrinni qoʻlga kiritib, gʻolib boʻlgan maktab terma jamoalari oʻrtasida oʻtkaziladi.

32. Tanlov jarayonida foydalaniladigan test va amaliy ish topshiriqlari (keyingi oʻrinlarda — nazorat materiallari) Markaz tomonidan ishlab chiqiladi.

33. Tanlovning birinchi va ikkinchi bosqichlari uchun tayyorlangan nazorat materiallari tegishli hududlarga muhrlangan holda, vazirlik tomonidan biriktirilgan masʼul ishtirokida Markaz tomonidan bir kun oldin yetkazib beriladi.

34. Tanlovning birinchi (tuman) bosqichida maktab terma jamoalari quyidagi 2 turda bellashadi:

a) 1-turda maxsus platformada roʻyxatdan oʻtgan maktablar tomonidan kiritilgan quyidagi asosiy koʻrsatkichlari baholanadi:

maktabda faoliyat yuritib kelayotgan barcha fizika fani oʻqituvchilarining malaka toifa sertifikatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

fizika fanidan maktab oʻqituvchilari hamda oʻquvchilarning milliy va xalqaro sertifikatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

maktab oʻquvchilarining fizika fanidan olimpiada va tanlovlardagi natijalari.

Bunda malaka toifasi sertifikatlari hamda milliy va xalqaro sertifikatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar vazirlikning tegishli axborot tizimidan avtomatik tarzda olinadi.

Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi maxsus platformaga kiritilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi va 20-fevralga qadar haqqoniyligini tasdiqlaydi.

Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlarining tanlov jarayonini tashkil etish boʻyicha faoliyati, shuningdek, maktablarning haqqoniy maʼlumotlarni taqdim etishlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahri maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari tomonidan nazorat qilinadi;

b) 2-turda maktab terma jamoasining har bir ishtirokchisi STEM fanlarini bilish darajasi boʻyicha test topshiradi.

Test jarayonida har bir oʻquvchi individual baholanib, maktab terma jamoasining natijalari umumlashtiriladi va tanlovning 1-turida maktabning asosiy koʻrsatkichlariga qoʻyilgan ballarga qoʻshilgan holda maktablarning umumiy natijasi hisoblab chiqiladi.

Umumiy natijaga koʻra eng yuqori ball toʻplagan maktablar ballar ketma-ketligi asosida 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan maktablar sifatida belgilanadi.

Tanlovning birinchi (tuman) bosqichi natijalari tuman tashkiliy qoʻmitasi tomonidan maxsus platformaga kiritiladi.

Tanlovning birinchi (tuman) bosqichida 1-oʻrinni egallagan maktab terma jamoasi tanlovning ikkinchi (hududiy) bosqichida qatnashish huquqini qoʻlga kiritadi.

Tanlovning ikkinchi (hududiy) bosqichida ishtirok etadigan maktab terma jamoalariga tanlovning birinchi (tuman) bosqichi yakunlangandan soʻng 21 kun muddat ichida navbatdagi bosqichning loyiha ishi mavzusi va uning texnik topshirigʻi taqdim etiladi.

35. Tanlovning ikkinchi (hududiy) bosqichida maktab terma jamoalari quyidagi 2 turda bellashadi va umumiy 100 balli tizim boʻyicha baholanadi:

a) 1-turda maktab terma jamoalari avvaldan berilgan loyiha ishi mavzusi doirasida tayyorlab kelgan model (maket)larini taqdim etadi, ularning ishlash holati tekshiriladi hamda baholanadi.

Hakamlar hayʼati loyiha ishini texnik talablar, ijodkorlik, natijaning amaliy ahamiyati va jamoaviy mehnatga asoslanib baholaydi;

b) 2-turda maktab terma jamoasi amaliy ish topshiriqlarini bajarish orqali baholanadi.

Maktab terma jamoalari muhandislik (yoki fizika) yoʻnalishidagi amaliy ish topshiriqlarini belgilangan vaqt davomida bajaradi. Bunda amaliy ish topshiriqlari innovatsion, hayotiy dolzarb muammolarni yechishga qaratilgan boʻlishi lozim.

Maktab terma jamoalarining 1 va 2-turda toʻplagan ballari hakamlar hayʼati tomonidan umumlashtirilib, yakuniy ballar shakllantiriladi.

Tanlovning ikkinchi (hududiy) bosqichi natijalariga koʻra umumiy hisobda eng yuqori ball toʻplagan maktab terma jamoalari ballar ketma-ketligi asosida ikkinchi (hududiy) bosqichda 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan maktablar deb topiladi.

Tanlovning ikkinchi (hududiy) bosqichida 1-oʻrinni egallagan maktab terma jamoasi tanlovning uchinchi (respublika) bosqichida qatnashish huquqini qoʻlga kiritadi.

36. Tanlovning uchinchi (respublika) bosqichida maktab terma jamoalari quyidagi 2 turda bellashadi hamda umumiy 100 ballik tizim boʻyicha baholanadi:

a) 1-turda maktab terma jamoasi oʻquvchilariga muammoli masala taqdim etiladi.

Maktab terma jamoasi oʻquvchilari belgilangan vaqt davomida berilgan masalaga yechim taqdim qiladi.

Mazkur turda maktab terma jamoasidagi fizika fani oʻqituvchisi test sinovidan oʻtkaziladi. Bunda oʻqituvchining toʻplagan ballari maktab terma jamoasi oʻquvchilari ballari bilan qoʻshib hisoblanadi;

b) 2-turda maktab terma jamoasi amaliy ish topshiriqlarini bajarish orqali baholanadi.

Maktab terma jamoasi muhandislik (yoki fizika) yoʻnalishidagi amaliy ish topshirigʻini belgilangan vaqt davomida bajaradi. Bunda amaliy ish topshirigʻi hayotiy dolzarb muammolarni yechishga qaratilgan boʻlishi mumkin.

Maktab terma jamoalarining 1 va 2-turda toʻplangan ballari umumlashtirilib, yakuniy ballar shakllantiriladi.

Uchinchi (respublika) bosqich natijalariga koʻra umumiy hisobda eng yuqori ball toʻplagan maktab terma jamoalari ballar ketma-ketligi asosida 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan maktablar sifatida belgilanadi.

37. Tanlovning har bir bosqichida gʻoliblikka daʼvogar maktab terma jamoalarining ballari teng boʻlib qolgan taqdirda, maktab terma jamoalari oʻrtasida qoʻshimcha sinov tashkil etiladi.

Bunda ballari teng boʻlib qolgan maktab terma jamoalari tomonidan tanlangan bir nafar aʼzoga hakamlar hayʼati tomonidan ochiq test savollari berish orqali gʻolib aniqlanadi.

38. Tanlov jarayonining shaffofligi va xolisligini taʼminlash maqsadida tanlovning barcha bosqichlari uzluksiz ravishda ovozli videotasvirga tushiriladi, videotasvir Markazda kamida bir yil mobaynida saqlanadi.

39. Respublika bosqichida 1-oʻrinni qoʻlga kiritgan maktab terma jamoasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini sohibi sifatida eʼlon qilinadi.

5-bob. Tanlovni tashkil etishni moliyalashtirish

40. Tanlovni tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar tegishliligi boʻyicha tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari, hududiy maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari hamda vazirlikning har yilgi markazlashgan xarajatlar smetasida rejalashtiriladi.

41. Tanlovning ikkinchi (hududiy) hamda uchinchi (respublika) bosqichlarida ishtirok etgan hakamlar hayʼati aʼzolari, apellyatsiya komissiyasi aʼzolari hamda auditoriya rahbari va auditoriya nazoratchilariga har yili Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladigan vazirlikning markazlashgan xarajatlari hisobidan quyidagi miqdorlarda bir martalik haq toʻlanadi:

a) ikkinchi bosqichda:

hakamlar hayʼati aʼzolariga — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 50 foiz miqdorida;

apellyatsiya komissiyasi aʼzolari, auditoriya rahbarlari va nazoratchilariga — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 25 foiz miqdorida;

b) uchinchi bosqichda:

hakamlar hayʼati aʼzolariga — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 100 foiz miqdorida;

apellyatsiya komissiyasi aʼzolari, auditoriya rahbarlari va nazoratchilariga — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 50 foiz miqdorida.

42. Nazorat materiallarini tayyorlash uchun jalb qilingan mutaxassislarga quyidagi miqdorlarda haq toʻlanadi:

a) birinchi bosqichda tanlov uchun tayyorlangan har bir test topshirigʻi, jumladan, ochiq test topshirigʻi (uning yechimi bilan) tuzish, tarjima qilish va ekspertizadan oʻtkazish uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 30 foiz miqdorida;

b) ikkinchi bosqichda:

tanlov uchun tayyorlangan har bir loyiha ishi (uning baholash mezoni bilan) uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 140 foiz miqdorida;

tanlov uchun tayyorlangan har bir amaliy ish topshirigʻi uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 140 foiz miqdorida;

v) uchinchi bosqichda:

tanlov uchun tayyorlangan har bir nazariy ish topshirigʻi (uning yechimi bilan) uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 140 foiz miqdorida;

tanlov uchun tayyorlangan har bir test topshirigʻi (uning yechimi bilan) uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 30 foiz miqdorida;

tanlov uchun tayyorlangan har bir amaliy ish topshirigʻi uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 240 foiz miqdorida.

6-bob. Tanlov gʻoliblariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrinini topshirish

43. Tanlov gʻoliblari quyidagi miqdorlarda pul mukofoti bilan mukofotlanadi:

a) tuman (shahar) bosqichida 1-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 200 baravari, 2-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 150 baravari, 3-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 100 baravari miqdorida;

b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri bosqichida 1-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 300 baravari, 2-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 250 baravari, 3-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 200 baravari miqdorida;

v) respublika bosqichida 1-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 600 baravari, 2-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 450 baravari, 3-oʻrin uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 300 baravari miqdorida.

44. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini sifatida berilgan pul mukofotlari tanlovning belgilangan bosqichi yakunlangandan soʻng 5 ish kuni ichida gʻolib maktabning budjetdan tashqari shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi.

45. Gʻolib maktabning budjetdan tashqari shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazilgan mablagʻlar quyidagicha yoʻnaltiriladi:

tanlov shartlariga koʻra asosiy koʻrsatkichlar boʻyicha maktabning yuqori baholanishiga hissa qoʻshgan hamda oʻquvchilarni tanlovga tayyorlagan fizika fani oʻqituvchilarini ragʻbatlantirish uchun — umumiy mukofot summasining 25 foizi;

tanlovda qatnashib, yuqori natijalar koʻrsatgan terma jamoa aʼzolari boʻlgan oʻquvchilarni esdalik sovgʻalari yoki naqd pul shaklida ragʻbatlantirish uchun — umumiy mukofot summasining 25 foizigacha;

maktabning boshqa ehtiyojlari, jumladan, tanlovning keyingi bosqichiga tayyorgarlik uchun zarur xarajatlar, fizika fanini oʻqitishni yanada yaxshilash uchun shart-sharoitlar yaratish, fizika xonalarini jihozlash uchun — mukofot summasining qolgan qismi.

Terma jamoa aʼzolariga bir xil qiymatdagi sovgʻalar ajratiladi yoki mukofot summasi jamoa aʼzolari oʻrtasida teng taqsimlanadi.

46. Tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari xorijiy davlatlarga taʼlim sayohatiga yuboriladi.

47. Tanlovning respublika bosqichida 1-oʻrinni egallagan maktabga muhandislikka oid laboratoriyalar jamlanmasini oʻz ichiga olgan innovatsion texnopark tashkil etish uchun 1 milliard soʻm miqdorida mablagʻ ajratiladi.

Bunda:

innovatsion texnoparkka ega boʻlgan maktablarda mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlariga koʻra fizika fani oʻqituvchisiga tenglashtirilgan 1 ta shtat birligida laborant lavozimi kiritiladi;

mazkur tanlov doirasida muhandislikka oid laboratoriyalar jamlanmasini oʻz ichiga olgan innovatsion texnopark tashkil etish uchun 1 milliard soʻm mablagʻ bitta maktabga faqat bir marta ajratiladi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

48. Tanlov gʻoliblarini taqdirlash marosimlari vazirlik, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, tuman (shahar) hokimliklari tomonidan tantanali ravishda tashkil etiladi hamda ommaviy axborot vositalarida keng yoritiladi.

49. Mazkur Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

50. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovi gʻolibini aniqlash va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrinini topshirish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Maktablar Platformada roʻyxatdan oʻtadi hamda maktabning asosiy koʻrsatkichlarini kiritadi. 1-yanvardan 1-fevralga qadar 2-bosqich Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari Maxsus platformaga kiritilgan maʼlumotlar haqqoniyligini tekshiradi. 20-fevralga qadar 3-bosqich Fan olimpiadalari markazi Tanlovning birinchi (tuman) bosqichi uchun nazorat materiallarini tayyorlaydi. 1-martga qadar 4-bosqich Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tuman tashkiliy qoʻmitasi Tanlovning birinchi (tuman) bosqichini oʻtkazadi va gʻoliblarni aniqlaydi. 1-aprelga qadar 5-bosqich Fan olimpiadalari markazi Tanlovning ikkinchi (hududiy) bosqichi uchun nazorat materiallarini tayyorlaydi. Aprel oyida 6-bosqich Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha hududiy tashkiliy qoʻmita Tanlovning ikkinchi (hududiy) bosqichini oʻtkazadi va gʻoliblarni aniqlaydi. 1-iyulga qadar 7-bosqich Fan olimpiadalari markazi Tanlovning uchinchi (respublika) bosqichi uchun nazorat materiallarini tayyorlaydi. Avgust-sentabr oylarida 8-bosqich Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha respublika tashkiliy qoʻmitasi Tanlovning uchinchi (respublika) bosqichini oʻtkazadi va gʻoliblarni aniqlaydi. 1-oktabrga qadar

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini uchun “Ilgʻor muhandislik maktabi” milliy tanlovining

I. Birinchi (tuman) bosqich Jami: 100 ballgacha 1-tur. Asosiy koʻrsatkichlar 20 ballgacha Fizika fani oʻqituvchilarining malaka toifasiga egaligi 10 ballgacha Oliy va birinchi malaka toifasiga ega oʻqituvchilar ulushi 50 foizdan oshganda. 10 ball Oliy va birinchi malaka toifasiga ega oʻqituvchilar ulushi 50 foiz va undan kam boʻlganda. 5 ball Fizika fani oʻqituvchilari hamda oʻquvchilarning xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha maxsus sertifikatlarga egaligi 5 ballgacha Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda — Bilim va malakalarni baholash agentligi) tomonidan beriladigan fizika fanini bilish darajasi haqidagi A+ darajasidagi milliy yoki unga tenglashtirilgan xalqaro sertifikatga ega oʻqituvchi va oʻquvchilarning umumiy soni 5 yoki undan ortiq boʻlganda. 5 ball Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan beriladigan fizika fanini bilish darajasi haqidagi A+ darajasidagi milliy yoki unga tenglashtirilgan xalqaro sertifikatga ega oʻqituvchi va oʻquvchilarning umumiy soni 2 tadan 4 tagacha boʻlganda. 3 ball Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan beriladigan fizika fanini bilish darajasi haqidagi A+ darajasidagi milliy yoki unga tenglashtirilgan xalqaro sertifikatga ega oʻqituvchi va oʻquvchilar mavjud boʻlganda. 1 ball Oʻquvchilarning olimpiada va tanlovlarda erishgan natijalari * 5 ballgacha Avvalgi oʻquv yilida oʻquvchisi fizika fani boʻyicha respublika olimpiadasiga yoʻllanma olganda. 5 ball Avvalgi oʻquv yilida oʻquvchisi fizika fani boʻyicha viloyat olimpiadasiga yoʻllanma olganda. 3 ball 2-tur. Test topshiriqlari 80 ballgacha Har bir ishtirokchi uchun 30 ta test topshiriqlari (maksimal 16 ball) 5 * 16 ball 10 ta yengil darajadagi test topshiriqlari — har bir toʻgʻri javob uchun 0,3 ball. 3 ball 10 ta oʻrta darajadagi test topshiriqlari — har bir toʻgʻri javob uchun 0,5 ball. 5 ball 10 ta murakkab darajadagi test topshiriqlari — har bir toʻgʻri javob uchun 0,8 ball. 8 ball II. Ikkinchi (hududiy) bosqich Jami 100 ballgacha 1-tur. Loyiha ishi: Loyiha ishi mavzusi doirasida model (maket) tayyorlanadi. 30 ballgacha 2-tur. Amaliy ish topshirigʻi: Maktab terma jamoasi muhandislik (yoki fizika) yoʻnalishidagi amaliy ish topshiriqlariga belgilangan vaqt davomida yechim taqdim etadi. 70 ballgacha III. Uchinchi (respublika) bosqich Jami 100 ballgacha 1-tur. Nazariy topshiriq 50 ballgacha Maktab terma jamoasi oʻquvchilariga muammoli masala taqdim etiladi. 40 ballgacha Maktab jamoasi oʻqituvchisiga 20 ta test topshiriqlari taqdim etiladi (har bir toʻgʻri javob uchun 0,5 ball). 10 ballgacha 2-tur. Amaliy ish topshirigʻi: Maktab terma jamoasiga muhandislik yoʻnalishidagi amaliy ish topshirigʻi taqdim etiladi. 50 ballgacha

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 11-iyundagi 300-son qaroriga 2-ILOVA

Muhandis kadrlar tayyorlaydigan oliy va kasbiy taʼlim tashkilotlariga biriktiriladigan muhandislik maktablari

T/r Hududlar Muhandislik oliygohlari * Muhandislik texnikumlari ** Muhandislik maktabi 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Nukus davlat texnika universiteti Nukus shahar 1-son texnikumi Nukus shahridagi muhandislik maktabi 2. Andijon viloyati Andijon davlat texnika instituti Andijon shahar 6-son texnikumi Andijon shahridagi muhandislik maktabi 3. Buxoro viloyati Buxoro davlat texnika universiteti Buxoro shahar 2-son texnikumi Buxoro shahridagi muhandislik maktabi 4. Jizzax viloyati Jizzax politexnika instituti Sharof Rashidov tumani 1-son texnikumi Jizzax shahridagi muhandislik maktabi 5. Qashqadaryo viloyati Qarshi davlat texnika universiteti Qarshi shahar 3-son texnikumi Qarshi shahridagi muhandislik maktabi 6. Navoiy viloyati Navoiy davlat konchilik va texnologiyalar universiteti Navoiy shahar texnikumi Navoiy shahridagi muhandislik maktabi 7. Namangan viloyati Namangan davlat texnika universiteti Namangan shahar 2-son texnikumi Namangan shahridagi muhandislik maktabi 8. Samarqand viloyati Samarqand davlat arxitektura-qurilish universiteti Samarqand shahar 3-son texnikumi Samarqand shahridagi muhandislik maktabi 9. Sirdaryo viloyati Toshkent kimyo-texnologiya instituti Yangiyer filiali Sirdaryo ilgʻor kasbiy mahorat texnikumi Mirzaobod tumanidagi muhandislik maktabi 10. Surxondaryo viloyati Termiz davlat muhandislik va agrotexnologiyalar universiteti Jarqoʻrgʻon tumani 1-son texnikumi Jarqoʻrgʻon tumanidagi muhandislik maktabi 11. Toshkent viloyati Toshkent davlat texnika universiteti Olmaliq filiali Angren shahar 2-son texnikumi Angren shahridagi muhandislik maktabi 12. Fargʻona viloyati Fargʻona davlat texnika universiteti Fargʻona shahar 5-son texnikumi Fargʻona shahridagi muhandislik maktabi 13. Xorazm viloyati Al-Xorazmiy universiteti Urganch shahar 2-son texnikumi Urganch shahridagi muhandislik maktabi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 11-iyun,

300 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.06.2026-y., 09/26/300/0594-son)

lex.uz