UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 11-iyun · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 11 июнь · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 июня 2026 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 June 2026 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 23 декабрда қабул қилинган Сенат томонидан 2026 йил 7 апрелда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Суд-экспертлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик

Суд-экспертлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг суд-экспертлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат суд эксперти — давлат суд-экспертиза муассасасининг ўз хизмат вазифаларини бажариш тартибида суд экспертизасини ўтказувчи суд эксперти;

иш — суд экспертизаси тайинланган фуқаролик, иқтисодий, жиноят иши (шу жумладан терговга қадар текширув материаллари), маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, хизмат текшируви ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар;

махсус билим — махсус тайёргарликдан ўтиш ва (ёки) касбий малака ёхуд тажриба орқали ўзлаштириладиган ҳамда фан, техника, санъат, ҳунар соҳасидаги назарий билимлар ва амалий кўникмалар мажмуи;

нодавлат суд эксперти — нодавлат суд-экспертиза ташкилотида ёки суд-экспертлик бюросида фаолият юритувчи ва маълум бир экспертиза тури юзасидан суд экспертизасини ўтказувчи суд эксперти;

суд эксперти — хулоса бериш учун махсус билимларга эга бўлган, белгиланган тартибда суд эксперти сифатида жалб қилинган жисмоний шахс;

суд экспертизаси — терговга қадар текширув, фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган ҳамда суд эксперти томонидан махсус билимлар асосида суд-экспертиза тадқиқотларини ўтказиш ва хулоса беришдан иборат бўлган процессуал ҳаракат;

суд экспертининг малакаси — маълум бир турдаги экспертиза объектларини ўрганиш учун махсус тайёргарликдан ўтиш орқали касбий маълумотга эга бўлган шахс томонидан ўзлаштирилган назарий билимлар, амалий кўникмалар даражаси;

суд-экспертлик тузилмалари — давлат суд-экспертиза муассасаси, нодавлат суд экспертиза ташкилоти, суд экспертлик бюроси, ўз фаолиятининг йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи илмий ва олий таълим ташкилотлари;

суд экспертининг хулосаси (хулоса) — суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси томонидан тузиладиган ҳамда суд-экспертиза тадқиқотларининг олиб борилишини ва натижаларини акс эттирадиган ёзма ёки электрон ҳужжат;

эксперт фикри — жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти ҳамда хизмат текшируви доирасидаги сўровномаларга мувофиқ суд экспертизаси турлари бўйича суд-экспертиза тадқиқотларининг натижалари акс эттирилган ҳужжат.

4-модда. Суд-экспертлик фаолиятининг асосий йўналишлари

Суд-экспертлик фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фуқаролик, иқтисодий, жиноят (шу жумладан терговга қадар текширув материаллари), маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ўтказиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти ҳамда хизмат текшируви доирасидаги сўровномаларга мувофиқ суд экспертизаси турлари бўйича суд-экспертиза тадқиқотлари ўтказиш;

суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги илмий тадқиқотларни ташкил этиш, ўтказиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш;

суд экспертизасини илмий-услубий ва ахборот билан таъминлашни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш;

суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш.

5-модда. Суд-экспертлик фаолиятининг асосий принциплари

Қонунийлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши, суд экспертининг мустақиллиги, суд-экспертиза тадқиқотларининг холислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги ҳамда касбий сирни сақлаш суд-экспертлик фаолиятининг асосий принципларидир.

6-модда. Суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда қонунийлик принципи

Суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси , ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

7-модда. Суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши принципи

Суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Шахснинг эркинлигини вақтинча чеклашга ёки унинг шахсий дахлсизлиги бузилишига сабаб бўлувчи суд-экспертиза тадқиқотлари фақат қонунда белгиланган асослар ва тартибда ўтказилади.

Суд экспертизасини ўтказиш инсоннинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги керак.

Ҳар қандай шахс суд-экспертлик фаолияти мобайнида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги ҳоллари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

8-модда. Суд экспертининг мустақиллиги принципи

Суд эксперти суд экспертизасини ўтказишда суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан), тарафлардан ва ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахслардан мустақилдир.

Суд эксперти ўзининг махсус билимларига мувофиқ ўтказилган тадқиқотлар натижаларига асосланиб хулоса беради.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс), шунингдек бошқа давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тарафлардан бирортасининг ёки ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахсларнинг фойдасини кўзлаб хулоса олиш мақсадида суд экспертига таъсир кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

Суд экспертига таъсир кўрсатишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

9-модда. Суд-экспертиза тадқиқотларининг холислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги принципи

Суд эксперти суд-экспертиза тадқиқотларини (бундан буён матнда тадқиқотлар деб юритилади) холисона, қатъий илмий ва амалий асосда, тегишли ихтисослик доирасида ҳар томонлама ва тўлиқ ҳажмда ўтказади.

Суд экспертининг хулосаси (хулоса) билдирилган фикрларнинг асослилиги ва ишончлилигини умумэътироф этилган илмий ва амалий маълумотлар базасига мувофиқ тадқиқот ўтказиш имкониятини берадиган қоидаларга услубий жиҳатдан асосланиши лозим.

10-модда. Касбий сирни сақлаш принципи

Суд эксперти суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги ҳамда улардан шахсий манфаатлари ёки учинчи шахс манфаатлари йўлида фойдаланмаслиги шарт.

Суд эксперти томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларнинг, шунингдек тадқиқотлар натижалари юзасидан берилган хулосаларнинг ошкор қилинишига фақат суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) тегишли рухсатига кўра йўл қўйилади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

11-модда. Тадқиқот объектлари

Ашёвий, ёзма ва рақамли далиллар, тадқиқот учун намуналар, бошқа моддий, номоддий (интеллектуал мулк) объектлар, мурдалар ва уларнинг қисмлари, ҳужжатлар, ахборот тизимлари, электрон маълумотлар, электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғи манбаларида сақланаётган электрон маълумотлар, шунингдек экспертиза ўтказилаётган иш материаллари тадқиқот объектлари бўлиши мумкин. Тадқиқотлар тирик одамга нисбатан ҳам ўтказилади.

Тадқиқотлар ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган тирик одам, мурдалар ва уларнинг қисмлари, ҳайвон, ўсимлик, буюм, материал ёки модданинг хусусиятларини акс эттирувчи объектлар тадқиқот учун намуналардир.

Суд экспертизасини ўтказишда тадқиқот объектлари (тирик одамдан ташқари) тадқиқотни ўтказиш учун қай даражада лозим бўлса, шу даражада шикастланиши (бузилиши) ёки ишлатилиши мумкин. Бунда тадқиқот объектининг қисман шикастланишига (бузилишига) ёки ишлатилишига суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма ёки электрон шаклдаги рухсати олиниши зарур, бундан тайинланган суд экспертизасининг ўзига хос хусусиятлари объектнинг шикастланишини (бузилишини) ёки ишлатилишини тақозо этадиган ҳоллар мустасно.

Тадқиқот объектларининг суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма ёки электрон ҳужжат шаклидаги рухсатига кўра ёхуд тайинланган суд экспертизасининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда шикастланганлиги (бузилганлиги) ёки ишлатилганлиги суд-экспертлик тузилмалари, бошқа корхона, муассаса, ташкилот (бундан буён матнда бошқа ташкилот деб юритилади) ёки суд эксперти томонидан мазкур объектларнинг мулкдорига зарарнинг ўрни қоплаб берилишига сабаб бўлмайди.

Тадқиқот объектлари, агар уларнинг ўлчамлари ва хоссалари имкон берса, ўралган, қадоқланган ва муҳрланган ҳолда суд экспертига топширилиши керак.

Агар тадқиқот объектларининг ўлчамлари ва хоссалари уларни суд экспертига тақдим этиш имконини бермаса, улар сақланаётган жойида кўрикдан ўтказилади.

Кўрикдан ўтказиш суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан ташкил этилади, унинг мажбурий иштирокида амалга оширилади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилади.

Суд экспертизаси тугалланганидан кейин тадқиқот объектлари, агар улар тўла ишлатилган бўлмаса, суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) қайтарилади.

Агар тадқиқот объектларини почта орқали қайтаришнинг имкони бўлмаса, улар суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан олиб кетилиши шарт.

12-модда. Суд эксперти

Суд эксперти сифатида давлат суд эксперти, нодавлат суд эксперти, ўз фаолияти йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи илмий ва олий таълим ташкилоти ходими ёки бошқа ташкилот ходими ёхуд бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Бошқа ташкилот ходими суд экспертизасини уни тайинлаган орган (шахс) томонидан мазкур ташкилотга берилган топшириқни бажариш тартибида ўтказади.

Ишда суд эксперти сифатида иштирок этиш учун жалб этилган бошқа жисмоний шахс суд экспертизасини уни тайинлаган органнинг (шахснинг) топшириғини бажариш тартибида ўтказади.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар суд эксперти сифатида жалб этилиши мумкин эмас.

Шахснинг суд эксперти сифатида иштирок этишини истисно этадиган бошқа ҳолатлар ушбу Қонун ва процессуал қонунчиликда назарда тутилади.

Суд эксперти иш ҳолатлари юзасидан тадқиқот ўтказишда фақат ўзига топширилган суд экспертизаси предметига тааллуқли ва хулоса бериш учун аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича иштирок этади.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов органлари, суд ва суд муҳокамасидаги тарафлар суд экспертига фақат унга топширилган суд экспертизаси ва у томонидан берилган хулоса муносабати билан мурожаат этишга ҳақли.

Суд эксперти фақат ўзи берган хулоса ва шахсан ўзи ўтказган тадқиқотлар юзасидан сўроқ қилиниши мумкин.

Суд экспертини у хулоса бергунига қадар сўроқ қилишга йўл қўйилмайди.

13-модда. Суд экспертига нисбатан қўйиладиган касбий ва малакавий талаблар

Давлат ва нодавлат суд эксперти лавозимини олий маълумотга эга бўлган, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича тайёргарликдан ўтган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳномага (сертификатга) эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси эгаллаши мумкин.

Суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳномага (сертификатга) эга бўлган давлат ва нодавлат суд эксперти томонидан баҳолаш йўналишидаги тадқиқотларни амалга ошириш учун баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлиш талаб этилмайди.

Нодавлат суд экспертларининг касбий малакаси даражасини аниқлаш ҳамда уларнинг билимлари ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб боришни таъминлаш мақсадида улар ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилади, бундан суд-экспертлик фаолиятини йигирма йилдан ортиқ муддат амалга оширган нодавлат суд экспертлари мустасно.

Суд экспертизасининг муайян тури бўйича суд эксперти сифатида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахслар ёхуд сўнгги икки йил давомида давлат суд-экспертиза ташкилотларида суд эксперти сифатида узлуксиз ишлаб келаётган шахслар нодавлат суд эксперти бўлиш учун суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли сертификатни олиш мақсадида қайта тайёрлашдан ўтмасдан имтиҳонга қўйилади.

Суд эксперти сифатида жалб этиладиган ўз фаолият йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи илмий ва олий таълим ташкилотининг, бошқа ташкилотнинг ходими ва жисмоний шахс олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар ёки профессионал таълим маълумотига эга бўлиши лозим.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасининг камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари томонидан ўтказилишига йўл қўйилади.

14-модда. Суд экспертларининг давлат реестри

Суд экспертларининг давлат реестрига суд-экспертлик тузилмаларининг суд экспертларига доир маълумотлар киритилади, бундан қонунчилик ҳужжатларида давлат суд экспертлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилишга доир чекловлар назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Суд экспертларининг давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан юритилади.

15-модда. Суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестри

Суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан юритилади ва унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестридаги мавжуд ахборот танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.

Суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестрида қуйидагилар назарда тутилади:

суд-экспертлик тузилмасининг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

суд-экспертлик тузилмасида ўтказиладиган суд экспертизасининг турлари ва мавжуд мутахассисликлари;

суд-экспертлик тузилмасининг телефон рақами;

суд-экспертлик тузилмасининг электрон почта манзили ва расмий веб-сайти (мавжуд бўлган тақдирда);

суд-экспертлик тузилмасининг солиқ тўловчининг идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда);

суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестрига киритилган сана;

суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестридан чиқарилиш асослари ва санаси.

2-боб. Суд-экспертлик фаолиятининг ташкилий шакллари

16-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаси

Давлат органларида суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган ихтисослаштирилган муассаса давлат суд-экспертиза муассасасидир.

Давлат органлари ва муассасаларида суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган ихтисослаштирилган экспертиза бўлинмалари суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиб, улар давлат суд-экспертиза муассасасига тенглаштирилади.

Айни бир хил ихтисосликдаги давлат суд-экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ташкил этиш, ўтказиш, давлат суд экспертларини касбий тайёрлаш ва ихтисослаштириш суд-экспертлик амалиётига ягона илмий-услубий ёндашув асосида амалга оширилади.

Давлат суд-экспертиза муассасасида суд экспертизалари ушбу муассаса қайси давлат органи ихтиёрида бўлса, ўша давлат органи томонидан аниқланадиган ва бунинг учун белгиланган хизмат кўрсатиш минтақаларига мувофиқ ўтказилади.

Суд экспертизасини тайинлаган ва давлат суд-экспертиза муассасасининг хизмат кўрсатиш минтақасидан ташқарида жойлашган органлар (шахслар) учун суд экспертизаси, истисно тариқасида, ушбу муассаса томонидан қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши мумкин.

Давлат суд-экспертиза муассасалари ўз балансидаги ускуналарни шартнома асосида бошқа суд-экспертлик тузилмаларига тадқиқотлар ўтказиш учун фойдаланишга топшириш ҳуқуқига эга.

Давлат суд-экспертиза муассасалари ихтиёрий равишда аккредитациядан ўтказилади.

Давлат суд-экспертиза муассасалари қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.

17-модда. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти шартнома асосида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотларни ўтказишга ихтисослаштирилган ташкилотдир.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фаолиятини ташкил этишда қуйидаги мажбурий шартларга риоя этилиши шарт:

тегишли суд-экспертиза турлари бўйича уларни моддий-техника базаси билан жиҳозлашга нисбатан қўйиладиган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган минимал талабларга мувофиқ ускунага эга бўлиши ёки шундай ускунага эга бўлган суд-экспертлик тузилмалари билан шартнома тузган бўлиши;

фирма номида унинг нодавлат суд-экспертиза ташкилоти эканлиги кўрсатилиши.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ўз фаолиятини амалга оширишда давлат суд-экспертиза муассасалари билан тенг ҳуқуқларга ва бир хил мажбуриятларга эга бўлади, бундан қонунда назарда тутилган чекловлар мустасно.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказиладиган суд экспертизасининг турлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади.

Суд эксперти сифатида суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификат олган шахслар Суд экспертларининг давлат реестрига киритилади .

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва суд-экспертлик бюролари фаолиятини ташкил этиш ҳамда суд экспертларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ва ҳуқуқий билимини ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ихтиёрий равишда аккредитациядан ўтказилади.

18-модда. Суд-экспертлик бюроси

Суд-экспертлик бюроси шартнома асосида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотларни ўтказишга ихтисослаштирилган суд-экспертлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун суд эксперти томонидан таъсис этилган ташкилотдир.

Суд-экспертлик бюросининг таъсис ҳужжати муассис (суд эксперти) томонидан тасдиқланадиган уставидир.

Суд-экспертлик бюросини ташкил этган суд эксперти унинг раҳбари ҳисобланади.

Суд-экспертлик бюроси раҳбари ёрдамчи ходимларга, шунингдек суд-экспертлик фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга эга бўлиши мумкин.

Суд-экспертлик бюроси нодавлат суд-экспертиза ташкилоти билан тенг ҳуқуқларга ва бир хил мажбуриятларга эга бўлади, бундан қонунда назарда тутилган чекловлар мустасно.

19-модда. Ўз фаолиятининг йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи илмий ва олий таълим ташкилотлари

Илмий ва олий таълим ташкилотлари ўз фаолиятининг йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда улар Суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестрига ўз ихтиёрига кўра киритилади.

Суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестрига киритилган илмий ва олий таълим ташкилотларининг тегишли ходимларига нисбатан ҳам суд-экспертизасини ўтказишда суд экспертига нисбатан қўйиладиган касбий ва малакавий талаблар татбиқ этилади ҳамда улар давлат суд экспертлари каби ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга бўлади.

20-модда. Суд эксперти сифатида иштирок этадиган бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс

Суд эксперти сифатида иштирок этадиган бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс суд экспертизасини ўтказишда суд экспертлари каби ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга бўлади.

Суд эксперти сифатида иштирок этадиган бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс томонидан ўтказилган суд-экспертиза тадқиқотлари бўйича юзага келган молиявий харажатларнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган тартибда қопланади.

3-боб. Давлат суд-экспертиза муассасалари ҳузуридаги эксперт-малака комиссиялари. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Эксперт-малака комиссияси

21-модда. Давлат суд-экспертиза муассасалари ҳузуридаги эксперт-малака комиссиялари

Давлат суд-экспертиза муассасалари ёки таркибида экспертиза бўлинмалари мавжуд бўлган давлат органлари ҳузурида эксперт-малака комиссиялари (бундан буён матнда Малака комиссияси деб юритилади) ташкил этилади.

Малака комиссияси таркибига илмий муассасаларнинг, суд экспертизасини тайинлашга ваколатли бўлган органларнинг ҳамда бошқа ташкилотларнинг ходимлари киритилиши мумкин.

Малака комиссияси ўз аъзоларининг учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.

Малака комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи қарорни ёқлаб овоз берган тақдирда, қарор қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар сони тенг бўлиб қолганда, Малака комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Малака комиссияси давлат суд-экспертиза муассасасига ишга қабул қилинган ходимларга муайян суд экспертизаси мутахассисликлари (турлари) бўйича суд экспертизасини мустақил равишда ўтказиш ҳуқуқини бериш, давлат суд экспертлари қўшимча суд экспертизаси мутахассисликлари (турлари) бўйича давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтганлиги масаласини кўриб чиқади.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилганларидан ташқари бевосита суд экспертизаси тайинлашга ваколатли бўлган органларнинг, ходим фаолият юритаётган муассасанинг ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қуйидаги мазмундаги хусусий ажрими, тақдимномаси, билдирги ва мурожаатлари ҳам Малака комиссияси томонидан кўриб чиқилади:

суд экспертизасини ўтказиш жараёнида суд эксперти томонидан мустақил равишда тадқиқот объектлари тўпланганлиги (бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно) тўғрисидаги;

ўзбошимчалик билан суд экспертизаси ўтказилганлиги ҳақидаги;

белгиланган тартибни бузган ҳолда суд экспертизасини ўтказиш бошқа шахсга топширилганлиги тўғрисидаги;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган суд экспертизасини ўтказиш муддатлари бузилганлиги ҳақидаги;

тегишли суд экспертизаси мутахассислиги (тури) бўйича суд экспертининг ваколатлари ва малакаси доирасидан четга чиқадиган масалалар, шу жумладан ҳуқуқий саволлар ҳал этилганлиги тўғрисидаги;

давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан тақдим этилган тадқиқот материалларини зарур даражада сақлаш чоралари кўрилмаганлиги, уларнинг йўқотилишига ёки бузилишига олиб келинганлиги, шу жумладан иш материалларини сақлаш тартиби бузилганлиги ҳақидаги;

суд экспертининг касб этикаси қоидаларига риоя қилинмаганлиги тўғрисидаги.

Малака комиссиясига киритилган масаланинг ўз исботини топиши ходимнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Малака комиссияси давлат суд эксперти томонидан суд экспертизаларини ўтказиш тартиби қўпол равишда бузилганлиги аниқланган тақдирда унинг суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномасини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

Давлат суд экспертига берилган суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома бекор қилинган тақдирда, суд эксперти томонидан суд экспертизасининг ушбу мутахассислиги (тури) бўйича суд-экспертизаларини ўтказиш тақиқланади.

Хусусий ажримда, тақдимномада, билдиргида ёки мурожаатда кўрсатилган масалалар Малака комиссияси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида ўз исботини топган тақдирда, ушбу ҳолат суд экспертининг хулосасига (хулосага) баҳо берилиши масаласини келтириб чиқармайди. Бунда суд экспертизаси тайинлаган орган (шахс) тегишли равишда бу ҳақда хабардор қилинади.

Малака комиссияси қарори устидан давлат суд-экспертиза муассасасининг юқори турувчи органига ёки судга мурожаат қилиниши мумкин.

Малака комиссиясини ташкил этиш ва унинг фаолият юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

22-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Эксперт-малака комиссияси

Нодавлат суд эксперти малакасини олишга талабгор бўлган шахсларнинг профессионал даражасини аниқлаш ҳамда уларга суд эксперти малакасини бериш бўйича қарор қабул қилиш, шунингдек уларни даврий аттестациядан ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномаларини кўриб чиқиш ҳамда суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Эксперт-малака комиссияси (бундан буён матнда Эксперт-малака комиссияси деб юритилади) ташкил этилади.

Эксперт-малака комиссиясининг таркиби суд-экспертлик тузилмаларининг тажрибали суд экспертларидан, олимлардан ҳамда жамоат ташкилотларининг, тегишли вазирликлар ва идораларнинг вакилларидан иборат таркибда шакллантирилади. Бунда ҳар бир ташкилот ҳамда муассасадан бир нафардан ортиқ аъзонинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Эксперт-малака комиссиясининг таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

Эксперт-малака комиссияси раисининг давлат суд-экспертиза муассасаси вакиллари орасидан тайинланишига йўл қўйилмайди.

Эксперт-малака комиссияси:

малака имтиҳонларини ўтказади ва уларнинг натижаларини тасдиқлайди;

суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тўғрисида қарор қабул қилади;

нодавлат суд экспертларининг аттестациядан ўтказилишини ташкил этади;

Суд экспертларининг давлат реестрига киритиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг нодавлат суд экспертлари фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқади;

нодавлат суд экспертларининг қонунга хилоф ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқади;

нодавлат суд экспертининг суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Эксперт-малака комиссиясининг малака имтиҳонларини ўтказиш бўйича йиғилишлари расмий веб-сайтларда реал вақт режимида намойиш этилади.

Эксперт-малака комиссиясининг нодавлат суд экспертларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиши ёки аралашиши тақиқланади.

Нодавлат суд экспертларининг суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификатини бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ҳамда Эксперт-малака комиссиясини ташкил этиш ва унинг фаолият юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

4-боб. Суд-экспертлик тузилмаларининг ёки бошқа ташкилот раҳбарининг ҳамда суд экспертининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

23-модда. Суд-экспертлик тузилмаларининг ёки бошқа ташкилот раҳбарининг суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқлари

Суд-экспертлик тузилмалари ёки бошқа ташкилот раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

агар мазкур ташкилотда тадқиқотлар ўтказиш учун тегишли мутахассислар ёки зарур моддий-техника базаси ёхуд махсус шарт-шароитлар мавжуд бўлмаса, суд экспертизасини ўтказиш учун тақдим этилган тадқиқот объектларини ва иш материалларини суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим ижросини таъминламасдан уч иш куни ичида қайтариш;

суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) суд экспертлари комиссияси таркибига мазкур ташкилотда ишламайдиган шахсларни, шу жумладан бошқа давлатлардан мутахассисларни, агар суд экспертизасини ўтказиш учун уларнинг махсус билимлари зарур бўлса, киритиш тўғрисида илтимос қилиш;

ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда тадқиқотларнинг тўлиқлигини таъминлаш мақсадида комиссиявий, комплекс суд экспертизаси ўтказилишини ташкил этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар ўтказиш ҳақида шартнома тузиш, бундан бошқа ташкилот раҳбари мустасно;

қўйилган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган тадқиқотларни ўтказишда ўз мутахассислари, кучлари ва воситалари билан кўмаклашиши лозим бўлган ташкилотларга суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорнинг ёки ажримнинг кўчирма нусхасини юбориш;

жиноят иши (шу жумладан терговга қадар текширув) доирасида суд-экспертиза муассасаларида (ташкилотларида) суд экспертизаси ўтказиш учун сарфланган маблағларни ҳамда ашёвий далилларни сақлаш ва жўнатиш билан боғлиқ харажатларни аниқлаш ҳамда суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу харажатларнинг ўрни қопланиши юзасидан илтимоснома киритиш;

тадқиқот объектлари суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан қайтариб олинмаган тақдирда, уларни қонунчиликда белгиланган муддат мобайнида ушбу ташкилотда сақлаш;

юқори хавф туғдириши мумкин бўлган объектларнинг мазкур ташкилотга келиб тушиши натижасидаги зарарли оқибатларни (портлаш, ёнғин ва шу кабиларни) бартараф этиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплашни, агар суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ушбу объектлар билан муомалада бўлишнинг ўзига маълум бўлган махсус қоидалари тўғрисида раҳбарга хабар бермаган бўлса ёки ушбу объектлар лозим даражада ўралмаган бўлса, талаб қилиш.

Суд-экспертлик тузилмалари ёки бошқа ташкилот раҳбари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

24-модда. Суд-экспертлик тузилмаларининг ёки бошқа ташкилот раҳбарининг суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги мажбуриятлари

Суд-экспертлик тузилмалари ёки бошқа ташкилот раҳбари:

суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор, ажрим, адвокатлик сўрови ёки эксперт фикрини бериш тўғрисида мурожаат олинганидан кейин тадқиқотлар ўтказишни мазкур ташкилотнинг қўйилган саволларга жавоб бериш учун талаб қилинадиган кўламда махсус билимларга эга бўлган ходимлари жумласига кирадиган суд экспертига ёки суд экспертлари комиссиясига топшириши;

тадқиқотлар ҳамда уларнинг натижалари ошкор этилмаслиги учун зарур ташкилий ва техник шарт-шароитлар яратиши;

суд экспертига ёки суд экспертлари комиссиясининг ҳар бир аъзосига суд экспертининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириши (давлат суд-экспертиза муассасаларининг ходимларига бундай тушунтириш ишга қабул қилиш чоғида берилади);

суд экспертини била туриб ёлғон хулоса берганлиги, терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини ва ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг ёхуд прокурорнинг, суднинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши, ундан тегишли тилхат олиши ва мазкур тилхатни суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) хулоса билан бирга юбориши;

ўтказилаётган тадқиқотларнинг тўлиқлиги ва сифати устидан назоратни суд экспертининг мустақиллиги принципини бузмаган ҳолда таъминлаши;

суд экспертизасини ўтказиш муддатини қонунчиликда белгиланган тартибда аниқлаши ва унга риоя этилишини назорат қилиши;

суд экспертига тадқиқотларни ўтказиш учун зарур бўлган шароитларни таъминлаши;

тадқиқот тугаганидан сўнг хулосани, тадқиқот объектларини, агар улар тўла ишлатилган бўлмаса, иш материалларини суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юбориши шарт.

Суд-экспертлик тузилмаларининг ёки бошқа ташкилот раҳбарининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Суд-экспертлик тузилмалари ёки бошқа ташкилот раҳбари:

суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча тадқиқот объектларини суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) қарори ёки ажримисиз талаб қилиб олишга;

мазкур ташкилотда ишламайдиган шахсларни суд экспертизасини ўтказиш учун мустақил равишда жалб этишга;

суд экспертига муайян суд экспертизаси юзасидан тадқиқотлар ўтказиш жараёнини ва фикрлар мазмунини олдиндан белгилаб қўядиган кўрсатмалар беришга ҳақли эмас.

25-модда. Суд экспертининг ҳуқуқлари

Суд эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонунчиликда белгиланган тартибда суд экспертизаси предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш;

суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва тадқиқот объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш;

агар тадқиқотлар ўтказиш ва хулоса бериш учун зарур бўлса, тегишли суд-экспертиза ташкилоти (муассасаси) раҳбарига суд экспертизасини ўтказишга бошқа экспертлар ва мутахассисларни жалб этиш ҳақида илтимоснома киритиш;

тергов ҳаракатлари ўтказилаётганда суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг рухсати билан ҳозир бўлиш ва шу тергов ҳаракатларида иштирок этувчи шахсларга суд экспертизасининг предметига оид саволлар бериш;

суд муҳокамасида суд экспертизаси предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ва сўроқ қилинаётган шахсларга суднинг рухсати билан саволлар бериш;

ашёвий, ёзма, рақамли далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида шартномага мувофиқ тадқиқотлар ўтказиш;

кўздан кечириш натижалари юзасидан экспертиза тайинлаган терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ёки суд органларидан тадқиқотлар учун аҳамиятли бўлган баённомаларни сўраб олиш;

суд экспертизасини ўтказиш жараёнида заруратга қараб ўз хавфсизлиги таъминланишини ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органларидан талаб қилиш;

ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки суд экспертизасининг предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш;

ўзининг хулосаси ёки кўрсатувлари процесс иштирокчилари томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида тергов ҳаракати ёки суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш;

агар иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш;

агар унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишни юритаётган органнинг қарорлари, шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш.

Суд эксперти қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

26-модда. Суд экспертининг мажбуриятлари

Суд эксперти:

суд эксперти сифатида ўзини ўзи рад этиши учун қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) ёки суд-экспертлик тузилмасининг ёхуд бошқа ташкилотнинг раҳбарига дарҳол маълум қилиши;

ўзига тақдим этилган тадқиқот объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона хулоса бериши;

суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг чақирувига биноан суриштирувда, дастлабки терговда ёки суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун келиши ёхуд видеоконференцалоқа режимида иштирок этиши;

ўзи ўтказган суд экспертизаси хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши;

суд экспертизасини ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги;

тақдим этилган тадқиқот объектларининг ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши;

тадқиқотлар ўтказишда суд экспертининг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши;

суд экспертининг касб этикаси қоидаларига риоя этиши;

иш тергов қилинаётганда ва суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Суд экспертининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Суд эксперти:

суд экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ бўлган, ишнинг натижасидан ўзининг манфаатдор эмаслигини шубҳа остига қўядиган масалалар юзасидан процесс иштирокчилари билан шахсий алоқага киришишга;

суд экспертизасини ўтказиш учун мустақил равишда материаллар тўплашга;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллардан ташқари тадқиқот объектларини суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) розилигисиз йўқ қилишга, сарфлашга, уларга шикаст етказишга (бузишга) ёхуд уларнинг хусусиятларига сезиларли даражада ўзгартириш киритишга;

суд экспертизаси натижаларини суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) ташқари бирон-бир шахсга хабар қилишга ҳақли эмас.

Давлат суд эксперти, шунингдек:

агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбаридан ташқари бевосита бошқа бирон-бир органдан (шахсдан) суд экспертизасини ўтказиш тўғрисидаги топшириқларни қабул қилишга;

нодавлат суд эксперти, бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс сифатида суд экспертизасини ўтказишга ҳақли эмас.

27-модда. Суд экспертининг иш материаллари юзасидан суд экспертизасини ўтказишига доир чекловлар

Иш материаллари юзасидан суд эксперти томонидан суд экспертизасини ўтказиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

иш материаллари бўйича манфаатдор тарафлар билан яқин қариндош бўлганда;

иш материаллари бўйича манфаатдор тарафлар суд-экспертлик тузилмаларининг раҳбарлари ва уларнинг яқин қариндошлари, шунингдек айнан ушбу иш материали билан бевосита ишлайдиган таркибий бўлинма бошлиқлари бўлганда, бундан тадқиқотлар ўтказувчи ягона ташкилот бўлган ҳоллар мустасно;

иш материаллари бўйича манфаатдор тарафлардан бири нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг мулкдори, муассиси, кузатув кенгашининг, ижро органининг аъзоси, кредитори, суғурталовчиси ҳамда уларнинг яқин қариндошлари бўлганда;

устав фондида (устав капиталида) нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг ёки суд экспертининг улуши мавжуд бўлган юридик шахс хулосадан манфаатдор бўлганда;

суд эксперти томонидан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилиши мумкинлигини билган ҳолларда.

Суд эксперти юқорида қайд этилган ҳолларда иш материаллари юзасидан суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) ёки ташкилот раҳбарига хабар бериши лозим.

Мазкур моддада назарда тутилган талабларга риоя этмаслик қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

5-боб. Суд-экспертлик фаолияти соҳасини тартибга солиш

28-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

суд-экспертиза тадқиқотларини ўтказишнинг намунавий тартибини белгилайди;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари рўйхатини тасдиқлайди;

Малака комиссияси ҳамда Эксперт-малака комиссиясини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартибини белгилайди;

суд экспертларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш, давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва суд-экспертлик бюролари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди;

нодавлат суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

нодавлат суд экспертларининг суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификатни бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

29-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини мувофиқлаштиради;

суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги тадқиқотларни ва илмий-услубий ишларни ташкил этишга кўмаклашади;

суд-экспертлик фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва суд-экспертлик бюролари томонидан ўтказиладиган ҳар бир суд-экспертиза турлари бўйича уларни моддий-техника базаси билан жиҳозлашга нисбатан қўйиладиган минимал талабларни тасдиқлайди;

суд экспертларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштиради;

Суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестрини, Суд экспертларининг давлат реестрини, шунингдек Суд-экспертиза тадқиқотлари услубиётларининг давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди;

Эксперт-малака комиссияси фаолиятини ташкил этади;

суд-экспертиза тадқиқотларининг усуллари ва услубиётларини валидациядан ўтказиш қоидаларини тасдиқлайди;

суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги тизимли муаммоларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

30-модда. Ўзбекистон суд экспертлари палатаси

Ўзбекистон суд экспертлари палатаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) суд экспертларининг аъзолигига асосланган нодавлат нотижорат ташкилотдир.

Суд экспертларининг Палатага аъзолиги ихтиёрийдир.

Палата Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ўз ҳудудий тузилмаларини ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Суд экспертлари Палатанинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, Палата эса суд экспертларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Палатанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари унинг аъзолари учун мажбурийдир.

Палата фаолияти Палата конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган аъзолик бадаллари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Палата:

ўз аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

суд экспертларининг роли мустаҳкамланишини, нуфузи оширилишини, касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ташкил этади;

нодавлат суд экспертлари фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплайди ва ўрганади, уларга ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатади ҳамда ижобий иш тажрибасини тарғиб қилади;

соҳага оид услубий қўлланмалар билан таъминлашга кўмаклашади;

аҳолининг суд экспертизасига оид билимларини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини амалга оширади;

ўз аъзоларининг қонуний манфаатларини давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолларда ифодалайди ҳамда ҳимоя қилади;

тегишли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан суд-экспертлик фаолияти масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.

Палата ўз аъзолари бўлган нодавлат суд экспертларининг тегишли қонунчилик ҳужжатларига, суд экспертининг касб этикаси қоидаларига риоя этишини ўрганиб бориши ҳамда нодавлат суд экспертининг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида Эксперт малака комиссиясига таклифлар киритиши мумкин.

31-модда. Палатанинг органлари ва мансабдор шахслари

Палатанинг конференцияси Палатанинг юқори органи бўлиб, у заруратга қараб, бироқ беш йилда камида бир марта чақирилади.

Палата бошқаруви Палатанинг уставига мувофиқ нодавлат суд экспертлари орасидан сайланадиган ижро этувчи орган бўлиб, у Палатанинг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади.

Палатанинг тафтиш комиссияси молиявий назорат органи бўлиб, у Палата уставига мувофиқ шакллантирилади.

Палата раиси Палата конференцияси томонидан беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Палата раиси бўлиши мумкин эмас.

Палата раисини лавозимидан муддатидан олдин чақириб олиш Палатанинг уставида белгиланган ҳолларда Палата конференцияси томонидан амалга оширилади.

6-боб. Суд экспертизасини ўтказиш

32-модда. Суд экспертизасини ўтказиш асослари ва муддатлари

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими суд экспертизасини ўтказиш асосларидир. Фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ва суд муҳокамаси жараёнида, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда адвокатнинг сўровига кўра шартнома асосида тадқиқотлар ўтказилиши мумкин.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) тадқиқотларни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур тадқиқот объектларини ҳамда иш материалларини тақдим этади. Тақдим этилган тадқиқот объектларининг, таққословчи материалларнинг, маълумотларнинг ишончлилиги ҳамда тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳолда тақдим этилиши учун суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) жавобгар бўлади.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) тадқиқот учун намуналар олади ва уларни процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда ишга қўшиб қўяди. Зарур ҳолларда, бундай намуналарни олиш суд экспертизасини ўтказиш ўзига топширилган суд эксперти ёки мутахассис иштирокида амалга оширилади.

Агар тадқиқот учун намуналар олиш тадқиқотларнинг бир қисми ҳисобланса ва суд экспертизасига тақдим этилган тадқиқот объектларидан фойдаланилган ҳолда суд эксперти томонидан ўтказилса, суд экспертизаси тугалланганидан кейин мазкур намуналар уни тайинлаган органга (шахсга) юборилади ёхуд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд-экспертлик тузилмалари ёки бошқа ташкилот фаолият кўрсатаётган жойда, агар суд экспертизаси ушбу муассасада ёки ташкилотда ўтказилган бўлса, сақланади ҳамда белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари ўттиз календарь кундан иборатдир. Ушбу муддатга мазкур Қонуннинг 33-моддасига мувофиқ суд экспертизасини ўтказиш тўхтатиб турилган вақт кирмайди.

Суд экспертизасини ўттиз календарь кун мобайнида ўтказиш имкони бўлмаган тақдирда, суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) муддат тугашига уч иш куни қолгунига қадар бу ҳақда ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади ва у мазкур орган (шахс) билан келишилган муддатгача узайтирилиши мумкин.

Адвокатнинг сўровига мувофиқ тадқиқотлар ўтказиш муддатлари суд-экспертлик тузилмалари билан тузилган шартномаларга асосан белгиланади.

Агар суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) билан келишилган ҳолда суд экспертизасини ўтказиш учун қўшимча муддат белгилаш имкони бўлмаса, суд экспертизаси ўтказилмаслигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда, материаллар суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) қайтарилади.

Суд экспертизасини ўтказиш муддати материаллар суд-экспертлик тузилмаларига ёки бошқа ташкилотга келиб тушган кундан кейинги иш кунидан эътиборан ҳисобланади ва бу муддат хулоса суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборилган кунда тугайди.

33-модда. Суд экспертизаси ўтказишни тўхтатиб туриш асослари ва муддатлари

Суд эксперти томонидан суд экспертизасини ўтказиш муддатлари қуйидаги даврларга тўхтатиб турилади:

суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан тақдим этилган иш материалларидаги камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш тўғрисида суд экспертининг илтимосномасини кўриб чиқиш даврига;

суд экспертизасини ўтказишни ўттиз календарь кун ичида бажариш имкони бўлмаган тақдирда, уни ўтказиш муддатларини келишиб олиш тўғрисида юборилган хабарни кўриб чиқиш даврига;

суд экспертининг хизмат сафарида бўлиши, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлиги ёки меҳнат таътилида бўлиши даврига, бундан суд экспертизасини бажаришни бошқа суд экспертига топшириш мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган бошқа асослар бўйича суд экспертизасини ўтказиш муддатларини тўхтатиб туришга йўл қўйилмайди.

34-модда. Қўшимча ва қайта суд экспертизалари

Қўшимча суд экспертизаси хулосадаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) томонидан ўтказилади.

Хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда, қайта суд экспертизаси тайинланади. Бунда қайта суд экспертизаси биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосаси берилган объектларга нисбатан аввал қўйилган саволлар юзасидан тайинланиши шарт.

Қайта суд экспертизаси тайинланганда суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) олдига илгари қўлланилган тадқиқот усулларининг илмий асослантирилганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.

Қайта суд экспертизасини ўтказиш бошқа суд экспертига (суд экспертлари комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) суд экспертизасини ўтказган суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) қайта суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у тадқиқот ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.

Қайта суд экспертизаси муайян суд экспертизаси мутахассислиги (тури) бўйича, қоида тариқасида, камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари томонидан ўтказилади.

Агар бир вақтнинг ўзида ҳам қўшимча ҳам қайта суд экспертизасини тайинлаш учун асослар юзага келса, қайта ва қўшимча экспертизалар алоҳида-алоҳида тайинланади.

35-модда. Суд экспертизасининг суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилиши

Суд экспертизаси бир хил (комиссиявий суд экспертизаси) ёки турли хил (комплекс суд экспертизаси) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча суд эксперти томонидан ўтказилиши мумкин.

Суд экспертизасининг суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилиши суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ёки мазкур суд экспертизасининг ўтказилишини ташкил этувчи суд-экспертлик тузилмалари ёхуд бошқа ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд экспертлари комиссияси ўтказиладиган тадқиқотларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиши заруриятидан келиб чиққан ҳолда келишиб олади.

Суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд экспертлари комиссияси таркибидаги ҳар бир суд эксперти тадқиқотларни мустақил ва алоҳида ўтказади, шахсан ўзи ва суд экспертлари комиссиясининг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган саволлар юзасидан ўз махсус билимлари доирасида фикрларини шакллантиради.

Тадқиқотларнинг суд экспертлари комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.

36-модда. Комиссиявий суд экспертизаси

Комиссиявий суд экспертизаси ўтказилаётганда суд экспертларининг ҳар бири тадқиқотларни тўлиқ ҳажмда ўтказади ва олинган натижалар улар томонидан биргаликда таҳлил қилинади.

Суд экспертлари умумий фикрга келганидан кейин биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани тузади ва имзолайди.

Суд экспертлари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

37-модда. Комплекс суд экспертизаси

Комплекс суд экспертизаси иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда, бир неча тадқиқот ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади ҳамда бир ёки бир нечта суд эксперти томонидан ўтказилади.

Агар комплекс суд экспертизасини ўтказишда бир нечта суд эксперти иштирок этган бўлса, суд экспертларининг ҳар бири ўз ваколатлари доирасида тадқиқотлар ўтказади. Комплекс суд экспертизасининг хулосасида суд экспертларининг ҳар бири қайси тадқиқотларни ва қанча ҳажмда ўтказганлиги, қайси ҳолатларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай фикрларга келганлиги кўрсатилади. Суд экспертларининг ҳар бири хулосанинг ушбу тадқиқотлар баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.

Умумий фикрни (фикрларни), олинган натижаларни баҳолаш ва ушбу фикрни (фикрларни) шакллантириш бунга ваколатли бўлган суд экспертлари томонидан амалга оширилади. Агар суд экспертлари комиссияси якуний фикрининг ёки унинг бир қисмининг асоси сифатида суд экспертларидан бирининг (алоҳида суд экспертларининг) аниқлаган ҳолатлари олинган бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак.

Суд экспертлари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Агар комплекс суд экспертизасини ўтказиш суд-экспертлик тузилмаларига ёки бошқа ташкилотга топширилган бўлса, ушбу суд экспертизасини ташкил этиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.

Суд экспертизасини ўтказиш бир неча суд-экспертлик тузилмасининг ёки бошқа ташкилотларнинг зиммасига юклатилган бўлса, суд экспертизасини тайинловчи орган (шахс) қарорда (ажримда) мувофиқлаштирувчи ижрочини белгилайди.

38-модда. Суд экспертизаси ўтказилаётганда процесс иштирокчиларининг ҳозир бўлиши

Суд экспертизаси ўтказилаётганда процессуал қонунчиликда процесснинг қайси иштирокчиларига суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиш ҳуқуқи берилган бўлса, ўша иштирокчилар суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) рухсати билан ҳозир бўлиши мумкин.

Суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган процесс иштирокчилари тадқиқотлар жараёнига аралашишга ҳақли эмас, лекин улар суд экспертидан у қўллаган тадқиқот усулларининг ва олинган натижаларнинг моҳиятини тушунтириб беришни талаб қилиши, суд экспертига тушунтиришлар бериши мумкин.

Суд эксперти томонидан хулоса тузилаётганда, шунингдек агар суд экспертизаси суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилаётган бўлса, суд экспертларининг маслаҳатлашуви ва фикрларни шакллантириш босқичида процесс иштирокчиларининг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.

Агар суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган процесс иштирокчиси суд экспертига халақит берса ёки босим ўтказишга ҳаракат қилса, у тадқиқотни тўхтатишга ва суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) мазкур процесс иштирокчисининг суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлишига доир рухсатини бекор қилиш ҳақида илтимос қилишга ҳақли.

39-модда. Суд экспертининг хулосаси (хулоса)

Суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси тадқиқотларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча суд эксперти ёхуд суд экспертлари комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир суд эксперти имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Хулосада:

суд экспертизаси ўтказилган сана ва жой;

суд экспертизасини ўтказиш асоси;

суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) тўғрисидаги маълумотлар;

суд эксперти (унинг фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва суд экспертизасини ўтказиш топширилган муассаса ёки ташкилот ҳақидаги маълумотлар;

суд эксперти била туриб ёлғон хулоса берганлиги, терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг ёхуд прокурорнинг, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги;

суд экспертининг олдига қўйилган саволлар;

суд экспертига тақдим этилган тадқиқот объектлари ва иш материаллари;

суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар;

қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда, тадқиқотларнинг мазмуни ва натижалари, шунингдек агар суд экспертлари комиссияси ишлаган бўлса, бу тадқиқотларнинг ким томонидан ўтказилганлиги;

тадқиқот натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар;

иш учун аҳамиятга молик бўлган ва суд экспертининг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар кўрсатилиши лозим.

Хулосада ҳуқуқбузарлик сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, шунингдек уларни бартараф этишга доир ташкилий-техник тавсиялар кўрсатилган бўлиши мумкин.

Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар хулосада акс эттирилади ёки унга илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Тадқиқотнинг ўтказилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар суд-экспертлик тузилмаларида ёки бошқа ташкилотда қонунчиликда белгиланган муддатларда сақланади. Улар суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.

Агар тақдим этилган тадқиқот объектларининг, материалларнинг ёки суд экспертининг махсус билимлари етарли эмаслиги тадқиқот давомида маълум бўлиб қолса, қўйилган айрим саволларга жавоб беришнинг имкони йўқлиги хулосада кўрсатиб ўтилади.

Тадқиқот тугаганидан кейин хулоса, тадқиқот объектлари ва иш материаллари суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборилади.

Суд-экспертлик тузилмаларида ёки бошқа ташкилотда сақланаётган суд экспертизаси хулосасининг (хулосанинг) кўчирма нусхаси суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма розилигига асосан учинчи шахсларга тақдим этилиши мумкин.

40-модда. Эксперт фикри

Суд-экспертлик тузилмаларининг суд экспертлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти ҳамда хизмат текширув доирасидаги сўровномаларга мувофиқ мавжуд суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар ўтказиши мумкин. Бунда тадқиқот натижалари юзасидан ёзма равишда эксперт фикри берилади.

Эксперт ёки экспертлар комиссияси тадқиқотларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланган эксперт фикрини расмийлаштиради.

Эксперт фикрида:

тадқиқот ўтказилган сана ва жой;

тадқиқот ўтказишнинг асоси;

тадқиқот буюртмачиси (юридик ёки жисмоний шахс) тўғрисидаги маълумотлар;

эксперт (унинг фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва тадқиқот ўтказиш топширилган муассаса ёки ташкилот ҳақидаги маълумотлар;

эксперт олдига ҳал этиш учун қўйилган саволлар;

экспертга тақдим этилган тадқиқот объектлари ва ҳужжатлари;

қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда, тадқиқотларнинг мазмуни ва натижалари, шунингдек агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, бу тадқиқотларнинг ким томонидан ўтказилганлиги;

тадқиқот натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар.

Тадқиқот натижаларини тасвирловчи материаллар эксперт фикрида акс эттирилади ёки унга илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Тадқиқотларнинг ўтказилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар суд-экспертлик тузилмаларида ёки бошқа ташкилотда қонунчиликда белгиланган муддатларда сақланади.

Тадқиқот ўтказилиши тугаганидан кейин эксперт фикри, тадқиқот объектлари ва ҳужжатлар тадқиқот буюртмачисига (юридик ёки жисмоний шахсга) юборилади.

Суд-экспертлик тузилмаси эксперт фикрини тақдим этишда шартнома талабларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

41-модда. Хулоса ёки эксперт фикрини беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома

Қуйидаги ҳолларда суд эксперти хулоса ёки эксперт фикрини беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган маълумотнома тузади ҳамда ушбу маълумотномани суд экспертизасини тайинлаган ёки эксперт фикрини беришни сўраб мурожаат қилган тадқиқот буюртмачисига (юридик ёки жисмоний шахсга) юборади, агар:

суд эксперти қўйилган саволларни ўзининг махсус билимлари асосида ҳал қилиши мумкин бўлмаса;

тақдим этилган тадқиқот объектлари ёхуд материаллар тўлиқ яроқсиз бўлса ёки хулоса (эксперт фикри) бериш учун етарли бўлмаса ва уларни тўлдириб бўлмаса;

тадқиқотлар ўтказиш ва хулоса (эксперт фикри) бериш учун зарур шарт-шароитлар, услубий воситалар ва асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаса, шу жумладан суд экспертининг ҳаёти ва соғлиғига касб фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик чегарасидан зиёд хавф туғилса;

фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имконини бермаслигига ишонч ҳосил қилинса.

Хулоса ёки эксперт фикрини беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги маълумотномада хулоса ёки эксперт фикрини беришнинг иложи йўқлигининг сабаблари батафсил баён этилади ва қўйилган ҳар бир савол бўйича хулоса ёки эксперт фикрини беришнинг иложи йўқлиги кўрсатилади.

7-боб. Суд-экспертлик фаолиятини молиялаштириш, ташкилий, илмий-услубий жиҳатдан ва ахборот билан таъминлаш. Суд экспертларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш

42-модда. Суд-экспертлик фаолиятини молиялаштириш

Давлат суд-экспертиза муассасалари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Давлат суд-экспертиза муассасалари, илмий ва олий таълим ташкилотлари фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишлари бўйича суд экспертизаларини ўтказганлиги ҳамда қонунчиликка кўра рухсат этилган суд экспертизаси турлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра эксперт фикрларини берганлиги учун тўлов ундиришга ҳақли. Бунда судда даъво тақдим этган ҳамда даъвони қўллаб-қувватлаётган давлат органлари давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан ўтказилган суд экспертизалари учун тўловдан озод этилади.

Тўлов миқдори ва мазкур маблағларни сарфлаш тартиби қонунчилик ҳужжатларига асосан белгиланади.

Бошқа ташкилот ходимлари ва бошқа жисмоний шахслар томонидан суд экспертизалари ўтказилганлиги учун тўлов суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ва суд муҳокамаси жараёнида, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда адвокатнинг сўровига кўра суд экспертизаси шартнома асосида ўтказилиши мумкин.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти ва суд-экспертлик бюролари ўтказиладиган суд экспертизалари учун тўлов миқдорини мустақил равишда белгилайди.

Тадқиқотлар ўтказиш бўйича тўловлар амалга оширилмаганлиги иш материалларини тадқиқотлар ўтказмасдан қайтариш учун асос ҳисобланади.

43-модда. Суд-экспертлик фаолиятини ташкилий ва илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш

Давлат суд-экспертиза муассасаларининг фаолияти улар қайси давлат органларининг тасарруфида бўлса, ўша давлат органлари томонидан ташкилий жиҳатдан таъминланади.

Суд экспертизаларини ўтказишни илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш тегишли давлат суд-экспертиза муассасаларининг зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги суд-экспертлик тузилмалари фаолиятига илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашади.

44-модда. Суд-экспертиза тадқиқотлари услубиётларининг давлат реестри

Суд экспертизаси ўтказиш услубиётларини тизимлаштириш ва ҳисобга олиш, суд экспертизаси тайинлайдиган органларни (шахсларни) ва суд экспертларини маълумотлар билан таъминлаш мақсадида Суд-экспертиза тадқиқотлари услубиётларининг давлат реестри юритилади.

Суд-экспертиза тадқиқотлари услубиётларининг давлат реестри очиқ ва барча фойдаланиши мумкин бўлган давлат ахборот ресурсидир. Унга давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этадиган маълумотларнинг киритилишига йўл қўйилмайди.

Суд экспертлари суд-экспертиза тадқиқотларини ўтказишда, қоида тариқасида, Суд-экспертиза тадқиқотлари услубиётларининг давлат реестрига киритилган услубиётлардан фойдаланади.

45-модда. Валидация

Валидация суд экспертиза тадқиқотларининг усуллари ва услубиётларини синовдан ўтказиш орқали уларнинг амалиётда қўлланилиши мақсадга мувофиқлигини баҳолашдан иборат.

Суд-экспертиза тадқиқотларининг усуллари ва услубиётлари суд-экспертиза тадқиқотларининг усуллари ва услубиётларини валидациядан ўтказиш қоидаларига мувофиқ валидациядан ўтказилиб суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этилиши мумкин.

Ностандарт ва янги ишлаб чиқилган ёхуд такомиллаштирилган усуллар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган қоидалар асосида валидациядан ўтказилади.

Суд-экспертиза тадқиқотларининг усуллари ва услубиётларини валидациядан ўтказиш қоидалари усуллар ва услубларнинг ҳар бир тури учун валидация тадқиқотларининг умумий ҳажмини, умумий ташкил этилишини, валидация тартиб-таомилларини, олинган натижаларга статистик ишлов беришни ҳамда валидация ҳисоботига доир умумий талабларни, миқдорга, сифатга, идентификация ва таҳлил қилишга доир суд-экспертиза услубларининг валидацияси тўғрисидаги хулосаларни ижобий ёки салбий деб топиш мезонларини белгилайди.

Валидация қуйидаги усулларнинг бирини қўллаш орқали ўтказилади:

назорат ва стандарт намуналардан фойдаланиш;

бошқа услублар ёрдамида олинган натижалар билан таққослаш;

натижаларга таъсир қилувчи омилларни тизимли баҳолаш.

46-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаларининг суд-экспертлик фаолиятини ахборот билан таъминлаш

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбарининг ёзма ёки электрон ҳужжат шаклидаги сўровига кўра, тадқиқотларни ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этиши шарт. Бунда давлат суд-экспертиза муассасалари давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этадиган олинган маълумотларнинг ошкор қилинмаслигини таъминлайди.

47-модда. Суд экспертизасининг автоматлаштирилган ахборот тизими

Суд экспертизасининг автоматлаштирилган ахборот тизими суд экспертлари ва суд экспертизаси тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштиришга, суд экспертизаси ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлашга хизмат қилади.

Суд экспертизасининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳужжатлар айланиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Суд экспертлари томонидан суд экспертизасининг автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотлар киритилиши иш материаллари бўйича маълумотларни ошкор этиш деб ҳисобланмайди.

Суд экспертизасининг автоматлаштирилган ахборот тизими ахборот хавфсизлиги талаблари асосида ҳимояланган бўлиши шарт.

48-модда. Суд экспертларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш

Суд экспертлари Ўзбекистон Республикасининг олий таълим ташкилотларида, шунингдек хорижий олий таълим ташкилотларида тайёрланади.

Суд экспертлари Ўзбекистон Республикасининг илмий ва олий таълим ташкилотларида, шунингдек хорижий илмий ва олий таълим ташкилотларида, давлат ёки хорижий суд-экспертиза муассасаларида қайта тайёрланади.

49-модда. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш

Суд экспертлари ҳар уч йилда малака ошириш курсларида муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакасини, шунингдек ҳуқуқий билимларини ошириб бориши шарт.

Суд экспертларининг малакасини ошириш алоҳида дастурлар асосида халқаро грант маблағлари ҳамда давлат суд-экспертиза муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ташкил этилиши мумкин.

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошираётган суд экспертларига ўқишнинг бутун даври мобайнида асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

50-модда. Давлат суд-экспертиза муассасаларини қўриқлаш

Давлат суд-экспертиза муассасалари қонунчиликда белгиланган тартибда қўриқланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

8-боб. Суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

51-модда. Халқаро ҳамкорлик

Суд-экспертлик тузилмалари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ хорижий давлатларнинг суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги тегишли органлари ва муассасалари билан илмий-тадқиқотлар ўтказиш, илмий-услубий ахборот алмашиш, суд экспертларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилади.

Қонунчилик ҳужжатларида хорижий давлатларнинг суд-экспертлик тузилмалари ҳамда уларнинг суд экспертлари Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатиши белгиланиши мумкин.

52-модда. Суд экспертизасини хорижий давлатнинг суд экспертларини жалб қилган ҳолда ўтказиш

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ўз ташаббуси билан ёки суд-экспертлик тузилмаларининг ёхуд бошқа ташкилот раҳбарининг илтимосномасига асосан хорижий давлатнинг суд экспертизаси соҳасидаги мутахассисларини суд эксперти сифатида жалб этишга ҳақли.

Суд экспертизасини хорижий давлатнинг суд экспертлари иштирокида ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва мазкур Қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

9-боб. Якунловчи қоидалар

53-модда. Давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш

Давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларининг иш ҳақи мансаб маоши, устамалар ва қонунчиликда белгиланган бошқа қўшимча ҳақлардан иборат бўлади.

Илмий даражага эга бўлган давлат суд экспертларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдордаги устамалар тўлиқ тўланади.

Давлат суд экспертларининг ҳаёти ва соғлиғи қонунчиликда белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.

54-модда. Суд-экспертлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Суд-экспертлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

55-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июнда қабул қилинган «Суд экспертизаси тўғрисида»ги ЎРҚ-249-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 6, 230-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-411-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 9, 276-модда) 20-моддаси ;

3) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 9, 510-модда) 69-моддаси ;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 майда қабул қилинган «Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-536-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 5, 261-модда) 14-моддаси ;

5) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-542-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 5, 267-модда) 25-моддаси ;

6) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 199-моддаси ;

7) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган «Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-945-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 8, 825-модда) 2-моддаси ;

8) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1003-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 12, 1286-модда) 5-моддаси .

56-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

57-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида:

ушбу Қонун 28-моддаси биринчи қисмининг саккизинчи хатбошисида назарда тутилган нодавлат суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

ушбу Қонун 29-моддаси биринчи қисмининг еттинчи хатбошисида назарда тутилган Суд-экспертлик тузилмаларининг давлат реестрини, Суд экспертларининг давлат реестрини, шунингдек Суд-экспертиза тадқиқотлари услубиётларининг давлат реестрини юритиш тартиби белгиланишини таъминласин;

ушбу Қонун 29-моддаси биринчи қисмининг тўққизинчи хатбошисида назарда тутилган суд-экспертиза тадқиқотларининг усуллари ва услубиётларини валидациядан ўтказиш қоидалари тасдиқланишини таъминласин;

ушбу Қонун 47-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган суд экспертизасининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳужжатлар айланиши тартибини белгиласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

58-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 11 июнь,

ЎРҚ-1152-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1152/0597-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Sud-ekspertlik faoliyati toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 23-dekabrda qabul qilingan Senat tomonidan 2026-yil 7-aprelda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi

Ushbu Qonunning maqsadi sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat.

2-modda. Sud-ekspertlik faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik

Sud-ekspertlik faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining sud-ekspertlik faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

3-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

davlat sud eksperti — davlat sud-ekspertiza muassasasining oʻz xizmat vazifalarini bajarish tartibida sud ekspertizasini oʻtkazuvchi sud eksperti;

ish — sud ekspertizasi tayinlangan fuqarolik, iqtisodiy, jinoyat ishi (shu jumladan tergovga qadar tekshiruv materiallari), maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar, shuningdek tezkor-qidiruv faoliyati, xizmat tekshiruvi hamda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari yuzasidan toʻplangan hujjatlar;

maxsus bilim — maxsus tayyorgarlikdan oʻtish va (yoki) kasbiy malaka yoxud tajriba orqali oʻzlashtiriladigan hamda fan, texnika, sanʼat, hunar sohasidagi nazariy bilimlar va amaliy koʻnikmalar majmui;

nodavlat sud eksperti — nodavlat sud-ekspertiza tashkilotida yoki sud-ekspertlik byurosida faoliyat yurituvchi va maʼlum bir ekspertiza turi yuzasidan sud ekspertizasini oʻtkazuvchi sud eksperti;

sud eksperti — xulosa berish uchun maxsus bilimlarga ega boʻlgan, belgilangan tartibda sud eksperti sifatida jalb qilingan jismoniy shaxs;

sud ekspertizasi — tergovga qadar tekshiruv, fuqarolik, iqtisodiy, jinoyat, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ish holatlarini aniqlashga qaratilgan hamda sud eksperti tomonidan maxsus bilimlar asosida sud-ekspertiza tadqiqotlarini oʻtkazish va xulosa berishdan iborat boʻlgan protsessual harakat;

sud ekspertining malakasi — maʼlum bir turdagi ekspertiza obyektlarini oʻrganish uchun maxsus tayyorgarlikdan oʻtish orqali kasbiy maʼlumotga ega boʻlgan shaxs tomonidan oʻzlashtirilgan nazariy bilimlar, amaliy koʻnikmalar darajasi;

sud-ekspertlik tuzilmalari — davlat sud-ekspertiza muassasasi, nodavlat sud ekspertiza tashkiloti, sud ekspertlik byurosi, oʻz faoliyatining yoʻnalishi boʻyicha sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshiruvchi ilmiy va oliy taʼlim tashkilotlari;

sud ekspertining xulosasi (xulosa) — sud eksperti yoki sud ekspertlari komissiyasi tomonidan tuziladigan hamda sud-ekspertiza tadqiqotlarining olib borilishini va natijalarini aks ettiradigan yozma yoki elektron hujjat;

ekspert fikri — jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxatga koʻra shartnoma asosida, shuningdek tezkor-qidiruv faoliyati hamda xizmat tekshiruvi doirasidagi soʻrovnomalarga muvofiq sud ekspertizasi turlari boʻyicha sud-ekspertiza tadqiqotlarining natijalari aks ettirilgan hujjat.

4-modda. Sud-ekspertlik faoliyatining asosiy yoʻnalishlari

Sud-ekspertlik faoliyatining asosiy yoʻnalishlari quyidagilardan iborat:

fuqarolik, iqtisodiy, jinoyat (shu jumladan tergovga qadar tekshiruv materiallari), maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud ekspertizasini oʻtkazish;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxatga koʻra shartnoma asosida, shuningdek tezkor-qidiruv faoliyati hamda xizmat tekshiruvi doirasidagi soʻrovnomalarga muvofiq sud ekspertizasi turlari boʻyicha sud-ekspertiza tadqiqotlari oʻtkazish;

sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi ilmiy tadqiqotlarni tashkil etish, oʻtkazish va ularning samaradorligini oshirish;

sud ekspertizasini ilmiy-uslubiy va axborot bilan taʼminlashni tashkil etish hamda amalga oshirish;

sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirish boʻyicha kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini hamda huquqiy bilimlarini oshirish;

sud-ekspertlik faoliyati sohasida xalqaro hamkorlik qilish.

5-modda. Sud-ekspertlik faoliyatining asosiy prinsiplari

Qonuniylik, inson huquqlari va erkinliklariga rioya etilishi, sud ekspertining mustaqilligi, sud-ekspertiza tadqiqotlarining xolisligi, har tomonlamaligi va toʻliqligi hamda kasbiy sirni saqlash sud-ekspertlik faoliyatining asosiy prinsiplaridir.

6-modda. Sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirishda qonuniylik prinsipi

Sud-ekspertlik faoliyati Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi , ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etilgan holda amalga oshiriladi.

7-modda. Sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirishda inson huquqlari va erkinliklariga rioya etilishi prinsipi

Sud-ekspertlik faoliyati Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi hamda qonunlarida nazarda tutilgan inson huquqlari va erkinliklariga rioya etilgan holda amalga oshiriladi.

Shaxsning erkinligini vaqtincha cheklashga yoki uning shaxsiy daxlsizligi buzilishiga sabab boʻluvchi sud-ekspertiza tadqiqotlari faqat qonunda belgilangan asoslar va tartibda oʻtkaziladi.

Sud ekspertizasini oʻtkazish insonning hayotiga va sogʻligʻiga xavf tugʻdirmasligi, uning shaʼni va qadr-qimmatini kamsitmasligi kerak.

Har qanday shaxs sud-ekspertlik faoliyati mobaynida oʻz huquqlari va erkinliklari buzilganligi hollari yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.

8-modda. Sud ekspertining mustaqilligi prinsipi

Sud eksperti sud ekspertizasini oʻtkazishda sud ekspertizasini tayinlagan organdan (shaxsdan), taraflardan va ishning natijasidan manfaatdor boʻlgan boshqa shaxslardan mustaqildir.

Sud eksperti oʻzining maxsus bilimlariga muvofiq oʻtkazilgan tadqiqotlar natijalariga asoslanib xulosa beradi.

Sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs), shuningdek boshqa davlat organlari, yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan taraflardan birortasining yoki ishning natijasidan manfaatdor boʻlgan boshqa shaxslarning foydasini koʻzlab xulosa olish maqsadida sud ekspertiga taʼsir koʻrsatilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Sud ekspertiga taʼsir koʻrsatishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgarlikka tortiladi.

9-modda. Sud-ekspertiza tadqiqotlarining xolisligi, har tomonlamaligi va toʻliqligi prinsipi

Sud eksperti sud-ekspertiza tadqiqotlarini (bundan buyon matnda tadqiqotlar deb yuritiladi) xolisona, qatʼiy ilmiy va amaliy asosda, tegishli ixtisoslik doirasida har tomonlama va toʻliq hajmda oʻtkazadi.

Sud ekspertining xulosasi (xulosa) bildirilgan fikrlarning asosliligi va ishonchliligini umumeʼtirof etilgan ilmiy va amaliy maʼlumotlar bazasiga muvofiq tadqiqot oʻtkazish imkoniyatini beradigan qoidalarga uslubiy jihatdan asoslanishi lozim.

10-modda. Kasbiy sirni saqlash prinsipi

Sud eksperti sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirishda oʻziga maʼlum boʻlib qolgan maʼlumotlarni oshkor qilmasligi hamda ulardan shaxsiy manfaatlari yoki uchinchi shaxs manfaatlari yoʻlida foydalanmasligi shart.

Sud eksperti tomonidan sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirishda oʻziga maʼlum boʻlib qolgan maʼlumotlarning, shuningdek tadqiqotlar natijalari yuzasidan berilgan xulosalarning oshkor qilinishiga faqat sud ekspertizasini tayinlagan organning (shaxsning) tegishli ruxsatiga koʻra yoʻl qoʻyiladi, bundan qonunda nazarda tutilgan hollar mustasno.

11-modda. Tadqiqot obyektlari

Ashyoviy, yozma va raqamli dalillar, tadqiqot uchun namunalar, boshqa moddiy, nomoddiy (intellektual mulk) obyektlar, murdalar va ularning qismlari, hujjatlar, axborot tizimlari, elektron maʼlumotlar, elektron maʼlumotlar mavjud boʻlgan elektron jismlar hamda Internet jahon axborot tarmogʻi manbalarida saqlanayotgan elektron maʼlumotlar, shuningdek ekspertiza oʻtkazilayotgan ish materiallari tadqiqot obyektlari boʻlishi mumkin. Tadqiqotlar tirik odamga nisbatan ham oʻtkaziladi.

Tadqiqotlar oʻtkazish va xulosa berish uchun sud ekspertiga zarur boʻlgan tirik odam, murdalar va ularning qismlari, hayvon, oʻsimlik, buyum, material yoki moddaning xususiyatlarini aks ettiruvchi obyektlar tadqiqot uchun namunalardir.

Sud ekspertizasini oʻtkazishda tadqiqot obyektlari (tirik odamdan tashqari) tadqiqotni oʻtkazish uchun qay darajada lozim boʻlsa, shu darajada shikastlanishi (buzilishi) yoki ishlatilishi mumkin. Bunda tadqiqot obyektining qisman shikastlanishiga (buzilishiga) yoki ishlatilishiga sud ekspertizasini tayinlagan organning (shaxsning) yozma yoki elektron shakldagi ruxsati olinishi zarur, bundan tayinlangan sud ekspertizasining oʻziga xos xususiyatlari obyektning shikastlanishini (buzilishini) yoki ishlatilishini taqozo etadigan hollar mustasno.

Tadqiqot obyektlarining sud ekspertizasini tayinlagan organning (shaxsning) yozma yoki elektron hujjat shaklidagi ruxsatiga koʻra yoxud tayinlangan sud ekspertizasining oʻziga xos xususiyatlari bilan bogʻliq holda shikastlanganligi (buzilganligi) yoki ishlatilganligi sud-ekspertlik tuzilmalari, boshqa korxona, muassasa, tashkilot (bundan buyon matnda boshqa tashkilot deb yuritiladi) yoki sud eksperti tomonidan mazkur obyektlarning mulkdoriga zararning oʻrni qoplab berilishiga sabab boʻlmaydi.

Tadqiqot obyektlari, agar ularning oʻlchamlari va xossalari imkon bersa, oʻralgan, qadoqlangan va muhrlangan holda sud ekspertiga topshirilishi kerak.

Agar tadqiqot obyektlarining oʻlchamlari va xossalari ularni sud ekspertiga taqdim etish imkonini bermasa, ular saqlanayotgan joyida koʻrikdan oʻtkaziladi.

Koʻrikdan oʻtkazish sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) tomonidan tashkil etiladi, uning majburiy ishtirokida amalga oshiriladi va tegishli bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Sud ekspertizasi tugallanganidan keyin tadqiqot obyektlari, agar ular toʻla ishlatilgan boʻlmasa, sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) qaytariladi.

Agar tadqiqot obyektlarini pochta orqali qaytarishning imkoni boʻlmasa, ular sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) tomonidan olib ketilishi shart.

12-modda. Sud eksperti

Sud eksperti sifatida davlat sud eksperti, nodavlat sud eksperti, oʻz faoliyati yoʻnalishi boʻyicha sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshiruvchi ilmiy va oliy taʼlim tashkiloti xodimi yoki boshqa tashkilot xodimi yoxud boshqa jismoniy shaxs ishtirok etishi mumkin.

Boshqa tashkilot xodimi sud ekspertizasini uni tayinlagan organ (shaxs) tomonidan mazkur tashkilotga berilgan topshiriqni bajarish tartibida oʻtkazadi.

Ishda sud eksperti sifatida ishtirok etish uchun jalb etilgan boshqa jismoniy shaxs sud ekspertizasini uni tayinlagan organning (shaxsning) topshirigʻini bajarish tartibida oʻtkazadi.

Belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz va muomala layoqati cheklangan deb topilgan shaxslar, shuningdek qasddan sodir etgan jinoyatlari uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan shaxslar sud eksperti sifatida jalb etilishi mumkin emas.

Shaxsning sud eksperti sifatida ishtirok etishini istisno etadigan boshqa holatlar ushbu Qonun va protsessual qonunchilikda nazarda tutiladi.

Sud eksperti ish holatlari yuzasidan tadqiqot oʻtkazishda faqat oʻziga topshirilgan sud ekspertizasi predmetiga taalluqli va xulosa berish uchun ahamiyatga ega boʻlgan masalalar boʻyicha ishtirok etadi.

Tergovga qadar tekshiruvni amalga oshiruvchi organlar, surishtiruv, dastlabki tergov organlari, sud va sud muhokamasidagi taraflar sud ekspertiga faqat unga topshirilgan sud ekspertizasi va u tomonidan berilgan xulosa munosabati bilan murojaat etishga haqli.

Sud eksperti faqat oʻzi bergan xulosa va shaxsan oʻzi oʻtkazgan tadqiqotlar yuzasidan soʻroq qilinishi mumkin.

Sud ekspertini u xulosa berguniga qadar soʻroq qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

13-modda. Sud ekspertiga nisbatan qoʻyiladigan kasbiy va malakaviy talablar

Davlat va nodavlat sud eksperti lavozimini oliy maʼlumotga ega boʻlgan, muayyan sud-ekspert ixtisosligi boʻyicha tayyorgarlikdan oʻtgan hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi tegishli guvohnomaga (sertifikatga) ega boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi egallashi mumkin.

Sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi tegishli guvohnomaga (sertifikatga) ega boʻlgan davlat va nodavlat sud eksperti tomonidan baholash yoʻnalishidagi tadqiqotlarni amalga oshirish uchun baholovchining malaka sertifikatiga ega boʻlish talab etilmaydi.

Nodavlat sud ekspertlarining kasbiy malakasi darajasini aniqlash hamda ularning bilimlari va koʻnikmalarini muntazam ravishda oshirib borishni taʼminlash maqsadida ular har uch yilda bir marotaba attestatsiyadan oʻtkaziladi, bundan sud-ekspertlik faoliyatini yigirma yildan ortiq muddat amalga oshirgan nodavlat sud ekspertlari mustasno.

Sud ekspertizasining muayyan turi boʻyicha sud eksperti sifatida kamida besh yillik ish stajiga ega boʻlgan shaxslar yoxud soʻnggi ikki yil davomida davlat sud-ekspertiza tashkilotlarida sud eksperti sifatida uzluksiz ishlab kelayotgan shaxslar nodavlat sud eksperti boʻlish uchun sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi tegishli sertifikatni olish maqsadida qayta tayyorlashdan oʻtmasdan imtihonga qoʻyiladi.

Sud eksperti sifatida jalb etiladigan oʻz faoliyat yoʻnalishi boʻyicha sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshiruvchi ilmiy va oliy taʼlim tashkilotining, boshqa tashkilotning xodimi va jismoniy shaxs oliy maʼlumotga, alohida hollarda esa oʻrta maxsus, kasb-hunar yoki professional taʼlim maʼlumotiga ega boʻlishi lozim.

Baholash toʻgʻrisidagi hisobotlarda qoʻllanilgan usullarning ilmiy jihatdan asoslanganligi nuqtai nazaridan sud ekspertizasining kamida uch yil ish stajiga ega boʻlgan sud ekspertlari tomonidan oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyiladi.

14-modda. Sud ekspertlarining davlat reyestri

Sud ekspertlarining davlat reyestriga sud-ekspertlik tuzilmalarining sud ekspertlariga doir maʼlumotlar kiritiladi, bundan qonunchilik hujjatlarida davlat sud ekspertlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor qilishga doir cheklovlar nazarda tutilgan hollar mustasno.

Sud ekspertlarining davlat reyestri Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan yuritiladi.

15-modda. Sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestri

Sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestri Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan yuritiladi va uning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi. Sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestridagi mavjud axborot tanishib chiqish uchun ochiq boʻladi.

Sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestrida quyidagilar nazarda tutiladi:

sud-ekspertlik tuzilmasining nomi va joylashgan yeri (pochta manzili);

sud-ekspertlik tuzilmasida oʻtkaziladigan sud ekspertizasining turlari va mavjud mutaxassisliklari;

sud-ekspertlik tuzilmasining telefon raqami;

sud-ekspertlik tuzilmasining elektron pochta manzili va rasmiy veb-sayti (mavjud boʻlgan taqdirda);

sud-ekspertlik tuzilmasining soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (mavjud boʻlgan taqdirda);

sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestriga kiritilgan sana;

sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestridan chiqarilish asoslari va sanasi.

2-bob. Sud-ekspertlik faoliyatining tashkiliy shakllari

16-modda. Davlat sud-ekspertiza muassasasi

Davlat organlarida sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirish uchun tashkil etilgan ixtisoslashtirilgan muassasa davlat sud-ekspertiza muassasasidir.

Davlat organlari va muassasalarida sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirish uchun tashkil etilgan ixtisoslashtirilgan ekspertiza boʻlinmalari sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirish huquqiga ega boʻlib, ular davlat sud-ekspertiza muassasasiga tenglashtiriladi.

Ayni bir xil ixtisoslikdagi davlat sud-ekspertiza muassasalarida sud ekspertizasini tashkil etish, oʻtkazish, davlat sud ekspertlarini kasbiy tayyorlash va ixtisoslashtirish sud-ekspertlik amaliyotiga yagona ilmiy-uslubiy yondashuv asosida amalga oshiriladi.

Davlat sud-ekspertiza muassasasida sud ekspertizalari ushbu muassasa qaysi davlat organi ixtiyorida boʻlsa, oʻsha davlat organi tomonidan aniqlanadigan va buning uchun belgilangan xizmat koʻrsatish mintaqalariga muvofiq oʻtkaziladi.

Sud ekspertizasini tayinlagan va davlat sud-ekspertiza muassasasining xizmat koʻrsatish mintaqasidan tashqarida joylashgan organlar (shaxslar) uchun sud ekspertizasi, istisno tariqasida, ushbu muassasa tomonidan qonunchilikka muvofiq oʻtkazilishi mumkin.

Davlat sud-ekspertiza muassasalari oʻz balansidagi uskunalarni shartnoma asosida boshqa sud-ekspertlik tuzilmalariga tadqiqotlar oʻtkazish uchun foydalanishga topshirish huquqiga ega.

Davlat sud-ekspertiza muassasalari ixtiyoriy ravishda akkreditatsiyadan oʻtkaziladi.

Davlat sud-ekspertiza muassasalari qonunchilikka muvofiq tashkil etiladi, qayta tashkil etiladi va tugatiladi.

17-modda. Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti

Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti shartnoma asosida fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud ekspertizasini hamda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari yuzasidan tadqiqotlarni oʻtkazishga ixtisoslashtirilgan tashkilotdir.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti faoliyatini tashkil etishda quyidagi majburiy shartlarga rioya etilishi shart:

tegishli sud-ekspertiza turlari boʻyicha ularni moddiy-texnika bazasi bilan jihozlashga nisbatan qoʻyiladigan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan belgilangan minimal talablarga muvofiq uskunaga ega boʻlishi yoki shunday uskunaga ega boʻlgan sud-ekspertlik tuzilmalari bilan shartnoma tuzgan boʻlishi;

firma nomida uning nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti ekanligi koʻrsatilishi.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari oʻz faoliyatini amalga oshirishda davlat sud-ekspertiza muassasalari bilan teng huquqlarga va bir xil majburiyatlarga ega boʻladi, bundan qonunda nazarda tutilgan cheklovlar mustasno.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari tomonidan oʻtkaziladigan sud ekspertizasining turlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarori bilan belgilanadi.

Sud eksperti sifatida sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi sertifikat olgan shaxslar Sud ekspertlarining davlat reyestriga kiritiladi .

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari tomonidan sud ekspertlarining fuqarolik javobgarligi majburiy sugʻurta qilinadi.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari va sud-ekspertlik byurolari faoliyatini tashkil etish hamda sud ekspertlarini qayta tayyorlash, ularning malakasini va huquqiy bilimini oshirish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari ixtiyoriy ravishda akkreditatsiyadan oʻtkaziladi.

18-modda. Sud-ekspertlik byurosi

Sud-ekspertlik byurosi shartnoma asosida fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud ekspertizasini hamda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari yuzasidan tadqiqotlarni oʻtkazishga ixtisoslashtirilgan sud-ekspertlik faoliyatini yakka tartibda amalga oshirish uchun sud eksperti tomonidan taʼsis etilgan tashkilotdir.

Sud-ekspertlik byurosining taʼsis hujjati muassis (sud eksperti) tomonidan tasdiqlanadigan ustavidir.

Sud-ekspertlik byurosini tashkil etgan sud eksperti uning rahbari hisoblanadi.

Sud-ekspertlik byurosi rahbari yordamchi xodimlarga, shuningdek sud-ekspertlik faoliyatni tashkil etish bilan bogʻliq boshqa xodimlarga ega boʻlishi mumkin.

Sud-ekspertlik byurosi nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti bilan teng huquqlarga va bir xil majburiyatlarga ega boʻladi, bundan qonunda nazarda tutilgan cheklovlar mustasno.

19-modda. Oʻz faoliyatining yoʻnalishi boʻyicha sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshiruvchi ilmiy va oliy taʼlim tashkilotlari

Ilmiy va oliy taʼlim tashkilotlari oʻz faoliyatining yoʻnalishi boʻyicha sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirish huquqiga ega. Bunda ular Sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestriga oʻz ixtiyoriga koʻra kiritiladi.

Sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestriga kiritilgan ilmiy va oliy taʼlim tashkilotlarining tegishli xodimlariga nisbatan ham sud-ekspertizasini oʻtkazishda sud ekspertiga nisbatan qoʻyiladigan kasbiy va malakaviy talablar tatbiq etiladi hamda ular davlat sud ekspertlari kabi huquqlarga va majburiyatlarga ega boʻladi.

20-modda. Sud eksperti sifatida ishtirok etadigan boshqa tashkilot xodimi yoki boshqa jismoniy shaxs

Sud eksperti sifatida ishtirok etadigan boshqa tashkilot xodimi yoki boshqa jismoniy shaxs sud ekspertizasini oʻtkazishda sud ekspertlari kabi huquqlarga va majburiyatlarga ega boʻladi.

Sud eksperti sifatida ishtirok etadigan boshqa tashkilot xodimi yoki boshqa jismoniy shaxs tomonidan oʻtkazilgan sud-ekspertiza tadqiqotlari boʻyicha yuzaga kelgan moliyaviy xarajatlarning oʻrni Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qarorida belgilangan tartibda qoplanadi.

3-bob. Davlat sud-ekspertiza muassasalari huzuridagi ekspert-malaka komissiyalari. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Ekspert-malaka komissiyasi

21-modda. Davlat sud-ekspertiza muassasalari huzuridagi ekspert-malaka komissiyalari

Davlat sud-ekspertiza muassasalari yoki tarkibida ekspertiza boʻlinmalari mavjud boʻlgan davlat organlari huzurida ekspert-malaka komissiyalari (bundan buyon matnda Malaka komissiyasi deb yuritiladi) tashkil etiladi.

Malaka komissiyasi tarkibiga ilmiy muassasalarning, sud ekspertizasini tayinlashga vakolatli boʻlgan organlarning hamda boshqa tashkilotlarning xodimlari kiritilishi mumkin.

Malaka komissiyasi oʻz aʼzolarining uchdan ikki qismi hozir boʻlganda vakolatli hisoblanadi.

Malaka komissiyasi aʼzolarining yarmidan koʻpi qarorni yoqlab ovoz bergan taqdirda, qaror qabul qilingan deb hisoblanadi. Ovozlar soni teng boʻlib qolganda, Malaka komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

Malaka komissiyasi davlat sud-ekspertiza muassasasiga ishga qabul qilingan xodimlarga muayyan sud ekspertizasi mutaxassisliklari (turlari) boʻyicha sud ekspertizasini mustaqil ravishda oʻtkazish huquqini berish, davlat sud ekspertlari qoʻshimcha sud ekspertizasi mutaxassisliklari (turlari) boʻyicha davlat sud eksperti sifatida attestatsiyadan oʻtganligi masalasini koʻrib chiqadi.

Ushbu moddaning beshinchi qismida nazarda tutilganlaridan tashqari bevosita sud ekspertizasi tayinlashga vakolatli boʻlgan organlarning, xodim faoliyat yuritayotgan muassasaning hamda jismoniy va yuridik shaxslarning quyidagi mazmundagi xususiy ajrimi, taqdimnomasi, bildirgi va murojaatlari ham Malaka komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi:

sud ekspertizasini oʻtkazish jarayonida sud eksperti tomonidan mustaqil ravishda tadqiqot obyektlari toʻplanganligi (bundan qonunchilikda belgilangan hollar mustasno) toʻgʻrisidagi;

oʻzboshimchalik bilan sud ekspertizasi oʻtkazilganligi haqidagi;

belgilangan tartibni buzgan holda sud ekspertizasini oʻtkazish boshqa shaxsga topshirilganligi toʻgʻrisidagi;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan sud ekspertizasini oʻtkazish muddatlari buzilganligi haqidagi;

tegishli sud ekspertizasi mutaxassisligi (turi) boʻyicha sud ekspertining vakolatlari va malakasi doirasidan chetga chiqadigan masalalar, shu jumladan huquqiy savollar hal etilganligi toʻgʻrisidagi;

davlat sud-ekspertiza muassasalari tomonidan taqdim etilgan tadqiqot materiallarini zarur darajada saqlash choralari koʻrilmaganligi, ularning yoʻqotilishiga yoki buzilishiga olib kelinganligi, shu jumladan ish materiallarini saqlash tartibi buzilganligi haqidagi;

sud ekspertining kasb etikasi qoidalariga rioya qilinmaganligi toʻgʻrisidagi.

Malaka komissiyasiga kiritilgan masalaning oʻz isbotini topishi xodimning qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda intizomiy javobgarlikka tortilishiga sabab boʻladi.

Malaka komissiyasi davlat sud eksperti tomonidan sud ekspertizalarini oʻtkazish tartibi qoʻpol ravishda buzilganligi aniqlangan taqdirda uning sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi guvohnomasini bekor qilish masalasini koʻrib chiqishi mumkin.

Davlat sud ekspertiga berilgan sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi guvohnoma bekor qilingan taqdirda, sud eksperti tomonidan sud ekspertizasining ushbu mutaxassisligi (turi) boʻyicha sud-ekspertizalarini oʻtkazish taqiqlanadi.

Xususiy ajrimda, taqdimnomada, bildirgida yoki murojaatda koʻrsatilgan masalalar Malaka komissiyasi tomonidan oʻtkazilgan oʻrganishlar natijasida oʻz isbotini topgan taqdirda, ushbu holat sud ekspertining xulosasiga (xulosaga) baho berilishi masalasini keltirib chiqarmaydi. Bunda sud ekspertizasi tayinlagan organ (shaxs) tegishli ravishda bu haqda xabardor qilinadi.

Malaka komissiyasi qarori ustidan davlat sud-ekspertiza muassasasining yuqori turuvchi organiga yoki sudga murojaat qilinishi mumkin.

Malaka komissiyasini tashkil etish va uning faoliyat yuritish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

22-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Ekspert-malaka komissiyasi

Nodavlat sud eksperti malakasini olishga talabgor boʻlgan shaxslarning professional darajasini aniqlash hamda ularga sud eksperti malakasini berish boʻyicha qaror qabul qilish, shuningdek ularni davriy attestatsiyadan oʻtkazish, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining taqdimnomalarini koʻrib chiqish hamda sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi sertifikatning amal qilishini toʻxtatib turish va bekor qilish bilan bogʻliq ishlarni koʻrib chiqish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzurida Ekspert-malaka komissiyasi (bundan buyon matnda Ekspert-malaka komissiyasi deb yuritiladi) tashkil etiladi.

Ekspert-malaka komissiyasining tarkibi sud-ekspertlik tuzilmalarining tajribali sud ekspertlaridan, olimlardan hamda jamoat tashkilotlarining, tegishli vazirliklar va idoralarning vakillaridan iborat tarkibda shakllantiriladi. Bunda har bir tashkilot hamda muassasadan bir nafardan ortiq aʼzoning ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Ekspert-malaka komissiyasining tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri tomonidan tasdiqlanadi.

Ekspert-malaka komissiyasi raisining davlat sud-ekspertiza muassasasi vakillari orasidan tayinlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Ekspert-malaka komissiyasi:

malaka imtihonlarini oʻtkazadi va ularning natijalarini tasdiqlaydi;

sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi sertifikat berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi;

nodavlat sud ekspertlarining attestatsiyadan oʻtkazilishini tashkil etadi;

Sud ekspertlarining davlat reyestriga kiritish toʻgʻrisidagi arizalarni koʻrib chiqadi;

jismoniy va yuridik shaxslarning nodavlat sud ekspertlari faoliyati yuzasidan kelib tushgan murojaatlarini koʻrib chiqadi;

nodavlat sud ekspertlarining qonunga xilof harakatlari bilan bogʻliq holatlarni koʻrib chiqadi;

nodavlat sud ekspertining sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi sertifikatining amal qilishini toʻxtatib turish haqida yoki bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Ekspert-malaka komissiyasining malaka imtihonlarini oʻtkazish boʻyicha yigʻilishlari rasmiy veb-saytlarda real vaqt rejimida namoyish etiladi.

Ekspert-malaka komissiyasining nodavlat sud ekspertlarining qonuniy faoliyatiga toʻsqinlik qilishi yoki aralashishi taqiqlanadi.

Nodavlat sud ekspertlarining sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi sertifikatini berish, uning amal qilishini toʻxtatib turish yoki bekor qilish hamda Ekspert-malaka komissiyasini tashkil etish va uning faoliyat yuritish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

4-bob. Sud-ekspertlik tuzilmalarining yoki boshqa tashkilot rahbarining hamda sud ekspertining huquq va majburiyatlari

23-modda. Sud-ekspertlik tuzilmalarining yoki boshqa tashkilot rahbarining sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi huquqlari

Sud-ekspertlik tuzilmalari yoki boshqa tashkilot rahbari quyidagi huquqlarga ega:

agar mazkur tashkilotda tadqiqotlar oʻtkazish uchun tegishli mutaxassislar yoki zarur moddiy-texnika bazasi yoxud maxsus shart-sharoitlar mavjud boʻlmasa, sud ekspertizasini oʻtkazish uchun taqdim etilgan tadqiqot obyektlarini va ish materiallarini sud ekspertizasini tayinlash toʻgʻrisidagi qaror yoki ajrim ijrosini taʼminlamasdan uch ish kuni ichida qaytarish;

sud ekspertizasini tayinlagan organdan (shaxsdan) sud ekspertlari komissiyasi tarkibiga mazkur tashkilotda ishlamaydigan shaxslarni, shu jumladan boshqa davlatlardan mutaxassislarni, agar sud ekspertizasini oʻtkazish uchun ularning maxsus bilimlari zarur boʻlsa, kiritish toʻgʻrisida iltimos qilish;

oʻzi rahbarlik qilayotgan tashkilotda tadqiqotlarning toʻliqligini taʼminlash maqsadida komissiyaviy, kompleks sud ekspertizasi oʻtkazilishini tashkil etish;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga muvofiq oʻtkazilishi mumkin boʻlgan sud ekspertizasi turlari boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazish haqida shartnoma tuzish, bundan boshqa tashkilot rahbari mustasno;

qoʻyilgan masalalarni hal etish uchun zarur boʻlgan tadqiqotlarni oʻtkazishda oʻz mutaxassislari, kuchlari va vositalari bilan koʻmaklashishi lozim boʻlgan tashkilotlarga sud ekspertizasini tayinlash toʻgʻrisidagi qarorning yoki ajrimning koʻchirma nusxasini yuborish;

jinoyat ishi (shu jumladan tergovga qadar tekshiruv) doirasida sud-ekspertiza muassasalarida (tashkilotlarida) sud ekspertizasi oʻtkazish uchun sarflangan mablagʻlarni hamda ashyoviy dalillarni saqlash va joʻnatish bilan bogʻliq xarajatlarni aniqlash hamda sud ekspertizasini tayinlagan organdan (shaxsdan) qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ushbu xarajatlarning oʻrni qoplanishi yuzasidan iltimosnoma kiritish;

tadqiqot obyektlari sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) tomonidan qaytarib olinmagan taqdirda, ularni qonunchilikda belgilangan muddat mobaynida ushbu tashkilotda saqlash;

yuqori xavf tugʻdirishi mumkin boʻlgan obyektlarning mazkur tashkilotga kelib tushishi natijasidagi zararli oqibatlarni (portlash, yongʻin va shu kabilarni) bartaraf etish bilan bogʻliq xarajatlarning oʻrnini qoplashni, agar sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) ushbu obyektlar bilan muomalada boʻlishning oʻziga maʼlum boʻlgan maxsus qoidalari toʻgʻrisida rahbarga xabar bermagan boʻlsa yoki ushbu obyektlar lozim darajada oʻralmagan boʻlsa, talab qilish.

Sud-ekspertlik tuzilmalari yoki boshqa tashkilot rahbari qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

24-modda. Sud-ekspertlik tuzilmalarining yoki boshqa tashkilot rahbarining sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi majburiyatlari

Sud-ekspertlik tuzilmalari yoki boshqa tashkilot rahbari:

sud ekspertizasini tayinlash toʻgʻrisidagi qaror, ajrim, advokatlik soʻrovi yoki ekspert fikrini berish toʻgʻrisida murojaat olinganidan keyin tadqiqotlar oʻtkazishni mazkur tashkilotning qoʻyilgan savollarga javob berish uchun talab qilinadigan koʻlamda maxsus bilimlarga ega boʻlgan xodimlari jumlasiga kiradigan sud ekspertiga yoki sud ekspertlari komissiyasiga topshirishi;

tadqiqotlar hamda ularning natijalari oshkor etilmasligi uchun zarur tashkiliy va texnik shart-sharoitlar yaratishi;

sud ekspertiga yoki sud ekspertlari komissiyasining har bir aʼzosiga sud ekspertining huquqlari va majburiyatlarini tushuntirishi (davlat sud-ekspertiza muassasalarining xodimlariga bunday tushuntirish ishga qabul qilish chogʻida beriladi);

sud ekspertini bila turib yolgʻon xulosa berganligi, tergovga qadar tekshiruv, surishtiruv yoki dastlabki tergov maʼlumotlarini va yopiq sud majlisi muhokamasi maʼlumotlarini hamda tafsilotlarini tergovga qadar tekshiruvni amalga oshiruvchi organ mansabdor shaxsining, surishtiruvchining, tergovchining yoxud prokurorning, sudning ruxsatisiz oshkor qilganligi, shuningdek xulosa berishni rad etganligi yoki bu ishdan boʻyin tovlaganligi uchun jinoiy javobgarlik toʻgʻrisida ogohlantirishi, undan tegishli tilxat olishi va mazkur tilxatni sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) xulosa bilan birga yuborishi;

oʻtkazilayotgan tadqiqotlarning toʻliqligi va sifati ustidan nazoratni sud ekspertining mustaqilligi prinsipini buzmagan holda taʼminlashi;

sud ekspertizasini oʻtkazish muddatini qonunchilikda belgilangan tartibda aniqlashi va unga rioya etilishini nazorat qilishi;

sud ekspertiga tadqiqotlarni oʻtkazish uchun zarur boʻlgan sharoitlarni taʼminlashi;

tadqiqot tugaganidan soʻng xulosani, tadqiqot obyektlarini, agar ular toʻla ishlatilgan boʻlmasa, ish materiallarini sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) yuborishi shart.

Sud-ekspertlik tuzilmalarining yoki boshqa tashkilot rahbarining zimmasida qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.

Sud-ekspertlik tuzilmalari yoki boshqa tashkilot rahbari:

sud ekspertizasini oʻtkazish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha tadqiqot obyektlarini sud ekspertizasini tayinlagan organning (shaxsning) qarori yoki ajrimisiz talab qilib olishga;

mazkur tashkilotda ishlamaydigan shaxslarni sud ekspertizasini oʻtkazish uchun mustaqil ravishda jalb etishga;

sud ekspertiga muayyan sud ekspertizasi yuzasidan tadqiqotlar oʻtkazish jarayonini va fikrlar mazmunini oldindan belgilab qoʻyadigan koʻrsatmalar berishga haqli emas.

25-modda. Sud ekspertining huquqlari

Sud eksperti quyidagi huquqlarga ega:

qonunchilikda belgilangan tartibda sud ekspertizasi predmetiga oid ish materiallari bilan tanishish, ulardan zarur maʼlumotlarni yozib olish yoki koʻchirma nusxalar olish;

sud ekspertizasini oʻtkazish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha materiallar va tadqiqot obyektlari taqdim etilishi haqida iltimosnomalar berish;

agar tadqiqotlar oʻtkazish va xulosa berish uchun zarur boʻlsa, tegishli sud-ekspertiza tashkiloti (muassasasi) rahbariga sud ekspertizasini oʻtkazishga boshqa ekspertlar va mutaxassislarni jalb etish haqida iltimosnoma kiritish;

tergov harakatlari oʻtkazilayotganda surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning ruxsati bilan hozir boʻlish va shu tergov harakatlarida ishtirok etuvchi shaxslarga sud ekspertizasining predmetiga oid savollar berish;

sud muhokamasida sud ekspertizasi predmetiga oid dalillarni tekshirishda ishtirok etish va soʻroq qilinayotgan shaxslarga sudning ruxsati bilan savollar berish;

ashyoviy, yozma, raqamli dalillar va hujjatlarni koʻzdan kechirish;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari asosida shartnomaga muvofiq tadqiqotlar oʻtkazish;

koʻzdan kechirish natijalari yuzasidan ekspertiza tayinlagan tergovga qadar tekshiruv, surishtiruv, dastlabki tergov yoki sud organlaridan tadqiqotlar uchun ahamiyatli boʻlgan bayonnomalarni soʻrab olish;

sud ekspertizasini oʻtkazish jarayonida zaruratga qarab oʻz xavfsizligi taʼminlanishini himoya qilishni taʼminlovchi davlat organlaridan talab qilish;

oʻz xulosasida nafaqat oʻzining oldiga qoʻyilgan savollar boʻyicha, balki sud ekspertizasining predmetiga oid va ish uchun ahamiyatga molik boshqa masalalar boʻyicha ham fikrlarini bayon etish;

oʻzining xulosasi yoki koʻrsatuvlari protsess ishtirokchilari tomonidan notoʻgʻri talqin qilinganligi xususida tergov harakati yoki sud majlisi bayonnomasiga kiritilishi lozim boʻlgan bayonotlar berish;

agar ish yuritilayotgan tilni bilmasa yoki yetarlicha bilmasa, oʻz ona tilida xulosa taqdim etish va koʻrsatuvlar berish hamda bunday holda tarjimon xizmatidan foydalanish;

agar uning huquq va erkinliklarini ishni yuritayotgan organning qarorlari, shaxsning harakatlari (harakatsizligi) buzayotgan boʻlsa, bu qarorlar, harakatlar (harakatsizlik) ustidan qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat qilish.

Sud eksperti qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

26-modda. Sud ekspertining majburiyatlari

Sud eksperti:

sud eksperti sifatida oʻzini oʻzi rad etishi uchun qonunda nazarda tutilgan asoslar mavjud boʻlgan taqdirda, bu haqda sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) yoki sud-ekspertlik tuzilmasining yoxud boshqa tashkilotning rahbariga darhol maʼlum qilishi;

oʻziga taqdim etilgan tadqiqot obyektlarini har tomonlama va toʻliq tekshirishdan oʻtkazishi, oʻz oldiga qoʻyilgan savollar yuzasidan asosli va xolisona xulosa berishi;

surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning yoki sudning chaqiruviga binoan surishtiruvda, dastlabki tergovda yoki sud majlisida shaxsan ishtirok etish uchun kelishi yoxud videokonferensaloqa rejimida ishtirok etishi;

oʻzi oʻtkazgan sud ekspertizasi xususida koʻrsatuvlar berishi va oʻzi bergan xulosani tushuntirish uchun qoʻshimcha savollarga javob berishi;

sud ekspertizasini oʻtkazishi munosabati bilan oʻziga maʼlum boʻlib qolgan maʼlumotlarni oshkor qilmasligi;

taqdim etilgan tadqiqot obyektlarining va ish materiallarining saqlanishini taʼminlashi;

tadqiqotlar oʻtkazishda sud ekspertining xulosasiga nisbatan belgilangan talablarga, shuningdek tegishli sohadagi qonunchilik hujjatlariga rioya etishi;

sud ekspertining kasb etikasi qoidalariga rioya etishi;

ish tergov qilinayotganda va sud muhokamasi vaqtida tartibga rioya etishi shart.

Sud ekspertining zimmasida qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.

Sud eksperti:

sud ekspertizasini oʻtkazish bilan bogʻliq boʻlgan, ishning natijasidan oʻzining manfaatdor emasligini shubha ostiga qoʻyadigan masalalar yuzasidan protsess ishtirokchilari bilan shaxsiy aloqaga kirishishga;

sud ekspertizasini oʻtkazish uchun mustaqil ravishda materiallar toʻplashga;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollardan tashqari tadqiqot obyektlarini sud ekspertizasini tayinlagan organning (shaxsning) roziligisiz yoʻq qilishga, sarflashga, ularga shikast yetkazishga (buzishga) yoxud ularning xususiyatlariga sezilarli darajada oʻzgartirish kiritishga;

sud ekspertizasi natijalarini sud ekspertizasini tayinlagan organdan (shaxsdan) tashqari biron-bir shaxsga xabar qilishga haqli emas.

Davlat sud eksperti, shuningdek:

agar qonunchilikda boshqacha qoida belgilanmagan boʻlsa, davlat sud-ekspertiza muassasasi rahbaridan tashqari bevosita boshqa biron-bir organdan (shaxsdan) sud ekspertizasini oʻtkazish toʻgʻrisidagi topshiriqlarni qabul qilishga;

nodavlat sud eksperti, boshqa tashkilot xodimi yoki boshqa jismoniy shaxs sifatida sud ekspertizasini oʻtkazishga haqli emas.

27-modda. Sud ekspertining ish materiallari yuzasidan sud ekspertizasini oʻtkazishiga doir cheklovlar

Ish materiallari yuzasidan sud eksperti tomonidan sud ekspertizasini oʻtkazish quyidagi hollarda taqiqlanadi:

ish materiallari boʻyicha manfaatdor taraflar bilan yaqin qarindosh boʻlganda;

ish materiallari boʻyicha manfaatdor taraflar sud-ekspertlik tuzilmalarining rahbarlari va ularning yaqin qarindoshlari, shuningdek aynan ushbu ish materiali bilan bevosita ishlaydigan tarkibiy boʻlinma boshliqlari boʻlganda, bundan tadqiqotlar oʻtkazuvchi yagona tashkilot boʻlgan hollar mustasno;

ish materiallari boʻyicha manfaatdor taraflardan biri nodavlat sud-ekspertiza tashkilotining mulkdori, muassisi, kuzatuv kengashining, ijro organining aʼzosi, kreditori, sugʻurtalovchisi hamda ularning yaqin qarindoshlari boʻlganda;

ustav fondida (ustav kapitalida) nodavlat sud-ekspertiza tashkilotining yoki sud ekspertining ulushi mavjud boʻlgan yuridik shaxs xulosadan manfaatdor boʻlganda;

sud eksperti tomonidan manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻyilishi mumkinligini bilgan hollarda.

Sud eksperti yuqorida qayd etilgan hollarda ish materiallari yuzasidan sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) yoki tashkilot rahbariga xabar berishi lozim.

Mazkur moddada nazarda tutilgan talablarga rioya etmaslik qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka sabab boʻladi.

5-bob. Sud-ekspertlik faoliyati sohasini tartibga solish

28-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi davlat dasturlarini tasdiqlaydi va ularning amalga oshirilishini taʼminlaydi;

sud-ekspertiza tadqiqotlarini oʻtkazishning namunaviy tartibini belgilaydi;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga muvofiq oʻtkazilishi mumkin boʻlgan sud ekspertizasi turlari roʻyxatini tasdiqlaydi;

Malaka komissiyasi hamda Ekspert-malaka komissiyasini tashkil etish va ularning faoliyat yuritish tartibini belgilaydi;

sud ekspertlarini qayta tayyorlash, ularning malakasini va huquqiy bilimlarini oshirish, davlat sud eksperti sifatida attestatsiyadan oʻtkazish tartibini belgilaydi;

nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari va sud-ekspertlik byurolari faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi;

nodavlat sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibini ishlab chiqadi va tasdiqlaydi;

nodavlat sud ekspertlarining sud ekspertizasini oʻtkazish huquqini beruvchi sertifikatni berish, uning amal qilishini toʻxtatib turish yoki bekor qilish tartibini belgilaydi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

29-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:

Oʻzbekiston Respublikasida sud-ekspertlik faoliyatini muvofiqlashtiradi;

sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi tadqiqotlarni va ilmiy-uslubiy ishlarni tashkil etishga koʻmaklashadi;

sud-ekspertlik faoliyatini yanada rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini ishlab chiqadi;

nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari va sud-ekspertlik byurolari tomonidan oʻtkaziladigan har bir sud-ekspertiza turlari boʻyicha ularni moddiy-texnika bazasi bilan jihozlashga nisbatan qoʻyiladigan minimal talablarni tasdiqlaydi;

sud ekspertlarini tayyorlash va ularning malakasini oshirish sohasidagi ishlarni muvofiqlashtiradi;

Sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestrini, Sud ekspertlarining davlat reyestrini, shuningdek Sud-ekspertiza tadqiqotlari uslubiyotlarining davlat reyestrini yuritish tartibini belgilaydi;

Ekspert-malaka komissiyasi faoliyatini tashkil etadi;

sud-ekspertiza tadqiqotlarining usullari va uslubiyotlarini validatsiyadan oʻtkazish qoidalarini tasdiqlaydi;

sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi tizimli muammolarni hal etishga doir ilmiy asoslangan takliflar ishlab chiqadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

30-modda. Oʻzbekiston sud ekspertlari palatasi

Oʻzbekiston sud ekspertlari palatasi (bundan buyon matnda Palata deb yuritiladi) sud ekspertlarining aʼzoligiga asoslangan nodavlat notijorat tashkilotdir.

Sud ekspertlarining Palataga aʼzoligi ixtiyoriydir.

Palata Qoraqalpogʻiston Respublikasida, viloyatlarda va Toshkent shahrida oʻz hududiy tuzilmalarini tashkil etish huquqiga ega.

Sud ekspertlari Palataning majburiyatlari boʻyicha javob bermaydi, Palata esa sud ekspertlarining majburiyatlari boʻyicha javob bermaydi.

Palataning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlari uning aʼzolari uchun majburiydir.

Palata faoliyati Palata konferensiyasi tomonidan miqdori belgilanadigan aʼzolik badallari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

Palata:

oʻz aʼzolarining faoliyatini muvofiqlashtirib boradi;

sud ekspertlarining roli mustahkamlanishini, nufuzi oshirilishini, kasbiy tayyorgarligi va malakasi oshirilishini tashkil etadi;

nodavlat sud ekspertlari faoliyati toʻgʻrisidagi statistik maʼlumotlarni toʻplaydi va oʻrganadi, ularga tashkiliy-huquqiy jihatdan yordam koʻrsatadi hamda ijobiy ish tajribasini targʻib qiladi;

sohaga oid uslubiy qoʻllanmalar bilan taʼminlashga koʻmaklashadi;

aholining sud ekspertizasiga oid bilimlarini oshirishga qaratilgan targʻibot tadbirlarini amalga oshiradi;

oʻz aʼzolarining qonuniy manfaatlarini davlat organlari, boshqa tashkilotlar bilan munosabatlarda, sudda va boshqa hollarda ifodalaydi hamda himoya qiladi;

tegishli davlat organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va boshqa tashkilotlar bilan sud-ekspertlik faoliyati masalalari boʻyicha hamkorlik qiladi.

Palata oʻz aʼzolari boʻlgan nodavlat sud ekspertlarining tegishli qonunchilik hujjatlariga, sud ekspertining kasb etikasi qoidalariga rioya etishini oʻrganib borishi hamda nodavlat sud ekspertining kasbiga loyiqligi masalasini koʻrib chiqish haqida Ekspert malaka komissiyasiga takliflar kiritishi mumkin.

31-modda. Palataning organlari va mansabdor shaxslari

Palataning konferensiyasi Palataning yuqori organi boʻlib, u zaruratga qarab, biroq besh yilda kamida bir marta chaqiriladi.

Palata boshqaruvi Palataning ustaviga muvofiq nodavlat sud ekspertlari orasidan saylanadigan ijro etuvchi organ boʻlib, u Palataning faoliyatiga joriy rahbarlikni amalga oshiradi.

Palataning taftish komissiyasi moliyaviy nazorat organi boʻlib, u Palata ustaviga muvofiq shakllantiriladi.

Palata raisi Palata konferensiyasi tomonidan besh yil muddatga saylanadi. Ayni bir shaxs ketma-ket ikki muddatdan ortiq Palata raisi boʻlishi mumkin emas.

Palata raisini lavozimidan muddatidan oldin chaqirib olish Palataning ustavida belgilangan hollarda Palata konferensiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

6-bob. Sud ekspertizasini oʻtkazish

32-modda. Sud ekspertizasini oʻtkazish asoslari va muddatlari

Tergovga qadar tekshiruvni amalga oshiruvchi organ mansabdor shaxsining, surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning yoki sudyaning qarori, sudning ajrimi sud ekspertizasini oʻtkazish asoslaridir. Fuqarolik, iqtisodiy va maʼmuriy sud ishlarini yuritishda ishni sud muhokamasiga tayyorlash chogʻida va sud muhokamasi jarayonida, shuningdek maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlarni yuritishda advokatning soʻroviga koʻra shartnoma asosida tadqiqotlar oʻtkazilishi mumkin.

Sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) tadqiqotlarni oʻtkazish va xulosa berish uchun sud ekspertiga zarur tadqiqot obyektlarini hamda ish materiallarini taqdim etadi. Taqdim etilgan tadqiqot obyektlarining, taqqoslovchi materiallarning, maʼlumotlarning ishonchliligi hamda tegishli tartibda rasmiylashtirilgan holda taqdim etilishi uchun sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) javobgar boʻladi.

Sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) tadqiqot uchun namunalar oladi va ularni protsessual qonunchilikda belgilangan tartibda ishga qoʻshib qoʻyadi. Zarur hollarda, bunday namunalarni olish sud ekspertizasini oʻtkazish oʻziga topshirilgan sud eksperti yoki mutaxassis ishtirokida amalga oshiriladi.

Agar tadqiqot uchun namunalar olish tadqiqotlarning bir qismi hisoblansa va sud ekspertizasiga taqdim etilgan tadqiqot obyektlaridan foydalanilgan holda sud eksperti tomonidan oʻtkazilsa, sud ekspertizasi tugallanganidan keyin mazkur namunalar uni tayinlagan organga (shaxsga) yuboriladi yoxud qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sud-ekspertlik tuzilmalari yoki boshqa tashkilot faoliyat koʻrsatayotgan joyda, agar sud ekspertizasi ushbu muassasada yoki tashkilotda oʻtkazilgan boʻlsa, saqlanadi hamda belgilangan tartibda yoʻq qilinadi.

Sud ekspertizasini oʻtkazish muddatlari oʻttiz kalendar kundan iboratdir. Ushbu muddatga mazkur Qonunning 33-moddasiga muvofiq sud ekspertizasini oʻtkazish toʻxtatib turilgan vaqt kirmaydi.

Sud ekspertizasini oʻttiz kalendar kun mobaynida oʻtkazish imkoni boʻlmagan taqdirda, sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) muddat tugashiga uch ish kuni qolguniga qadar bu haqda yozma yoki elektron shaklda xabar qilinadi va u mazkur organ (shaxs) bilan kelishilgan muddatgacha uzaytirilishi mumkin.

Advokatning soʻroviga muvofiq tadqiqotlar oʻtkazish muddatlari sud-ekspertlik tuzilmalari bilan tuzilgan shartnomalarga asosan belgilanadi.

Agar sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) bilan kelishilgan holda sud ekspertizasini oʻtkazish uchun qoʻshimcha muddat belgilash imkoni boʻlmasa, sud ekspertizasi oʻtkazilmasligining sabablari koʻrsatilgan holda, materiallar sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) qaytariladi.

Sud ekspertizasini oʻtkazish muddati materiallar sud-ekspertlik tuzilmalariga yoki boshqa tashkilotga kelib tushgan kundan keyingi ish kunidan eʼtiboran hisoblanadi va bu muddat xulosa sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) yuborilgan kunda tugaydi.

33-modda. Sud ekspertizasi oʻtkazishni toʻxtatib turish asoslari va muddatlari

Sud eksperti tomonidan sud ekspertizasini oʻtkazish muddatlari quyidagi davrlarga toʻxtatib turiladi:

sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) tomonidan taqdim etilgan ish materiallaridagi kamchiliklar va nuqsonlarni bartaraf etish toʻgʻrisida sud ekspertining iltimosnomasini koʻrib chiqish davriga;

sud ekspertizasini oʻtkazishni oʻttiz kalendar kun ichida bajarish imkoni boʻlmagan taqdirda, uni oʻtkazish muddatlarini kelishib olish toʻgʻrisida yuborilgan xabarni koʻrib chiqish davriga;

sud ekspertining xizmat safarida boʻlishi, vaqtinchalik mehnatga layoqatsizligi yoki mehnat taʼtilida boʻlishi davriga, bundan sud ekspertizasini bajarishni boshqa sud ekspertiga topshirish mumkin boʻlgan hollar mustasno.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilmagan boshqa asoslar boʻyicha sud ekspertizasini oʻtkazish muddatlarini toʻxtatib turishga yoʻl qoʻyilmaydi.

34-modda. Qoʻshimcha va qayta sud ekspertizalari

Qoʻshimcha sud ekspertizasi xulosadagi boʻshliqlarning oʻrnini toʻldirish uchun tayinlanadi va shu yoki boshqa sud eksperti (sud ekspertlari komissiyasi) tomonidan oʻtkaziladi.

Xulosa asoslantirilmaganda yoki uning toʻgʻriligiga shubha tugʻilganda yoxud unga asos qilib olingan dalillar ishonchli emas deb topilganda yoki sud ekspertizasini oʻtkazishning protsessual qoidalari jiddiy buzilganda, qayta sud ekspertizasi tayinlanadi. Bunda qayta sud ekspertizasi birinchi (oldingi) sud ekspertizasi xulosasi berilgan obyektlarga nisbatan avval qoʻyilgan savollar yuzasidan tayinlanishi shart.

Qayta sud ekspertizasi tayinlanganda sud eksperti (sud ekspertlari komissiyasi) oldiga ilgari qoʻllanilgan tadqiqot usullarining ilmiy asoslantirilganligi toʻgʻrisidagi masala qoʻyilishi mumkin.

Qayta sud ekspertizasini tayinlash toʻgʻrisidagi qarorda yoki ajrimda qayta sud ekspertizasini tayinlagan organning (shaxsning) birinchi (oldingi) sud ekspertizasi xulosasiga qoʻshilmaganligi sabablari koʻrsatilishi lozim.

Qayta sud ekspertizasini oʻtkazish boshqa sud ekspertiga (sud ekspertlari komissiyasiga) topshiriladi. Birinchi (oldingi) sud ekspertizasini oʻtkazgan sud eksperti (sud ekspertlari komissiyasi) qayta sud ekspertizasini oʻtkazishda hozir boʻlishi va tushuntirishlar berishi mumkin, lekin u tadqiqot oʻtkazish va xulosa tuzishda ishtirok etmaydi.

Qayta sud ekspertizasi muayyan sud ekspertizasi mutaxassisligi (turi) boʻyicha, qoida tariqasida, kamida uch yil ish stajiga ega boʻlgan sud ekspertlari tomonidan oʻtkaziladi.

Agar bir vaqtning oʻzida ham qoʻshimcha ham qayta sud ekspertizasini tayinlash uchun asoslar yuzaga kelsa, qayta va qoʻshimcha ekspertizalar alohida-alohida tayinlanadi.

35-modda. Sud ekspertizasining sud ekspertlari komissiyasi tomonidan oʻtkazilishi

Sud ekspertizasi bir xil (komissiyaviy sud ekspertizasi) yoki turli xil (kompleks sud ekspertizasi) sud-ekspert ixtisosligidagi bir necha sud eksperti tomonidan oʻtkazilishi mumkin.

Sud ekspertizasining sud ekspertlari komissiyasi tomonidan oʻtkazilishi sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) yoki mazkur sud ekspertizasining oʻtkazilishini tashkil etuvchi sud-ekspertlik tuzilmalari yoxud boshqa tashkilot rahbari tomonidan belgilanadi.

Sud ekspertizasini oʻtkazish topshirilgan sud ekspertlari komissiyasi oʻtkaziladigan tadqiqotlarning maqsadi, ketma-ketligi va hajmini oʻz oldiga qoʻyilgan masalalarni hal etishi zaruriyatidan kelib chiqqan holda kelishib oladi.

Sud ekspertizasini oʻtkazish topshirilgan sud ekspertlari komissiyasi tarkibidagi har bir sud eksperti tadqiqotlarni mustaqil va alohida oʻtkazadi, shaxsan oʻzi va sud ekspertlari komissiyasining boshqa aʼzolari tomonidan olingan natijalarni baholaydi hamda qoʻyilgan savollar yuzasidan oʻz maxsus bilimlari doirasida fikrlarini shakllantiradi.

Tadqiqotlarning sud ekspertlari komissiyasi tarkibiga kiritilmagan shaxslar tomonidan toʻliq yoki qisman oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

36-modda. Komissiyaviy sud ekspertizasi

Komissiyaviy sud ekspertizasi oʻtkazilayotganda sud ekspertlarining har biri tadqiqotlarni toʻliq hajmda oʻtkazadi va olingan natijalar ular tomonidan birgalikda tahlil qilinadi.

Sud ekspertlari umumiy fikrga kelganidan keyin birgalikdagi xulosani yoki xulosa berishning iloji yoʻqligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnomani tuzadi va imzolaydi.

Sud ekspertlari oʻrtasida kelishmovchiliklar kelib chiqqan taqdirda, ularning har biri kelishmovchiliklar kelib chiqqan barcha yoki ayrim masalalar boʻyicha alohida xulosa beradi.

37-modda. Kompleks sud ekspertizasi

Kompleks sud ekspertizasi ish uchun ahamiyatga molik holatlarni turli ilm sohalaridan foydalangan holda, bir necha tadqiqot oʻtkazish yoʻli bilangina aniqlash mumkin boʻlgan hollarda tayinlanadi hamda bir yoki bir nechta sud eksperti tomonidan oʻtkaziladi.

Agar kompleks sud ekspertizasini oʻtkazishda bir nechta sud eksperti ishtirok etgan boʻlsa, sud ekspertlarining har biri oʻz vakolatlari doirasida tadqiqotlar oʻtkazadi. Kompleks sud ekspertizasining xulosasida sud ekspertlarining har biri qaysi tadqiqotlarni va qancha hajmda oʻtkazganligi, qaysi holatlarni shaxsan oʻzi aniqlaganligi hamda qanday fikrlarga kelganligi koʻrsatiladi. Sud ekspertlarining har biri xulosaning ushbu tadqiqotlar bayon etilgan qismini imzolaydi va ular uchun javobgar boʻladi.

Umumiy fikrni (fikrlarni), olingan natijalarni baholash va ushbu fikrni (fikrlarni) shakllantirish bunga vakolatli boʻlgan sud ekspertlari tomonidan amalga oshiriladi. Agar sud ekspertlari komissiyasi yakuniy fikrining yoki uning bir qismining asosi sifatida sud ekspertlaridan birining (alohida sud ekspertlarining) aniqlagan holatlari olingan boʻlsa, bu haqda xulosada koʻrsatilishi kerak.

Sud ekspertlari oʻrtasida kelishmovchiliklar kelib chiqqan taqdirda, ularning har biri kelishmovchiliklar kelib chiqqan barcha yoki ayrim masalalar boʻyicha alohida xulosa beradi.

Agar kompleks sud ekspertizasini oʻtkazish sud-ekspertlik tuzilmalariga yoki boshqa tashkilotga topshirilgan boʻlsa, ushbu sud ekspertizasini tashkil etish uning rahbari zimmasiga yuklatiladi.

Sud ekspertizasini oʻtkazish bir necha sud-ekspertlik tuzilmasining yoki boshqa tashkilotlarning zimmasiga yuklatilgan boʻlsa, sud ekspertizasini tayinlovchi organ (shaxs) qarorda (ajrimda) muvofiqlashtiruvchi ijrochini belgilaydi.

38-modda. Sud ekspertizasi oʻtkazilayotganda protsess ishtirokchilarining hozir boʻlishi

Sud ekspertizasi oʻtkazilayotganda protsessual qonunchilikda protsessning qaysi ishtirokchilariga sud ekspertizasini oʻtkazishda hozir boʻlish huquqi berilgan boʻlsa, oʻsha ishtirokchilar sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) ruxsati bilan hozir boʻlishi mumkin.

Sud ekspertizasi oʻtkazilayotganda hozir boʻlgan protsess ishtirokchilari tadqiqotlar jarayoniga aralashishga haqli emas, lekin ular sud ekspertidan u qoʻllagan tadqiqot usullarining va olingan natijalarning mohiyatini tushuntirib berishni talab qilishi, sud ekspertiga tushuntirishlar berishi mumkin.

Sud eksperti tomonidan xulosa tuzilayotganda, shuningdek agar sud ekspertizasi sud ekspertlari komissiyasi tomonidan oʻtkazilayotgan boʻlsa, sud ekspertlarining maslahatlashuvi va fikrlarni shakllantirish bosqichida protsess ishtirokchilarining hozir boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Agar sud ekspertizasi oʻtkazilayotganda hozir boʻlgan protsess ishtirokchisi sud ekspertiga xalaqit bersa yoki bosim oʻtkazishga harakat qilsa, u tadqiqotni toʻxtatishga va sud ekspertizasini tayinlagan organdan (shaxsdan) mazkur protsess ishtirokchisining sud ekspertizasi oʻtkazilayotganda hozir boʻlishiga doir ruxsatini bekor qilish haqida iltimos qilishga haqli.

39-modda. Sud ekspertining xulosasi (xulosa)

Sud eksperti yoki sud ekspertlari komissiyasi tadqiqotlarni oʻtkazib boʻlganidan keyin tegishincha sud eksperti yoxud sud ekspertlari komissiyasi tarkibiga kiruvchi har bir sud eksperti imzosi bilan tasdiqlanadigan xulosa tuzadi.

Xulosada:

sud ekspertizasi oʻtkazilgan sana va joy;

sud ekspertizasini oʻtkazish asosi;

sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

sud eksperti (uning familiyasi, ismi, otasining ismi, maʼlumoti, ish staji, ilmiy darajasi, ilmiy unvoni, egallab turgan lavozimi) va sud ekspertizasini oʻtkazish topshirilgan muassasa yoki tashkilot haqidagi maʼlumotlar;

sud eksperti bila turib yolgʻon xulosa berganligi, tergovga qadar tekshiruv, surishtiruv yoki dastlabki tergov maʼlumotlarini tergovga qadar tekshiruvni amalga oshiruvchi organ mansabdor shaxsining, surishtiruvchining, tergovchining yoxud prokurorning, shuningdek yopiq sud majlisi muhokamasi maʼlumotlarini hamda tafsilotlarini sudning ruxsatisiz oshkor qilganligi, shuningdek xulosa berishni rad etganligi yoki bu ishdan boʻyin tovlaganligi uchun jinoiy javobgarlik toʻgʻrisida ogohlantirilganligi;

sud ekspertining oldiga qoʻyilgan savollar;

sud ekspertiga taqdim etilgan tadqiqot obyektlari va ish materiallari;

sud ekspertizasi oʻtkazilayotganda hozir boʻlgan shaxslar haqidagi maʼlumotlar;

qoʻllanilgan usullar koʻrsatilgan holda, tadqiqotlarning mazmuni va natijalari, shuningdek agar sud ekspertlari komissiyasi ishlagan boʻlsa, bu tadqiqotlarning kim tomonidan oʻtkazilganligi;

tadqiqot natijalarining baholanishi, qoʻyilgan savollarga berilgan asosli javoblar;

ish uchun ahamiyatga molik boʻlgan va sud ekspertining tashabbusiga koʻra aniqlangan holatlar koʻrsatilishi lozim.

Xulosada huquqbuzarlik sabablari va uning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar, shuningdek ularni bartaraf etishga doir tashkiliy-texnik tavsiyalar koʻrsatilgan boʻlishi mumkin.

Xulosani va uning natijalarini tasvirlovchi materiallar xulosada aks ettiriladi yoki unga ilova qilinadi hamda uning tarkibiy qismi boʻlib xizmat qiladi. Tadqiqotning oʻtkazilishi, shart-sharoitlari va natijalarini hujjatlashtiradigan materiallar sud-ekspertlik tuzilmalarida yoki boshqa tashkilotda qonunchilikda belgilangan muddatlarda saqlanadi. Ular sud ekspertizasini tayinlagan organning (shaxsning) talabiga binoan ishga qoʻshib qoʻyish uchun taqdim etiladi.

Agar taqdim etilgan tadqiqot obyektlarining, materiallarning yoki sud ekspertining maxsus bilimlari yetarli emasligi tadqiqot davomida maʼlum boʻlib qolsa, qoʻyilgan ayrim savollarga javob berishning imkoni yoʻqligi xulosada koʻrsatib oʻtiladi.

Tadqiqot tugaganidan keyin xulosa, tadqiqot obyektlari va ish materiallari sud ekspertizasini tayinlagan organga (shaxsga) yuboriladi.

Sud-ekspertlik tuzilmalarida yoki boshqa tashkilotda saqlanayotgan sud ekspertizasi xulosasining (xulosaning) koʻchirma nusxasi sud ekspertizasini tayinlagan organning (shaxsning) yozma roziligiga asosan uchinchi shaxslarga taqdim etilishi mumkin.

40-modda. Ekspert fikri

Sud-ekspertlik tuzilmalarining sud ekspertlari jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxatga koʻra shartnoma asosida, shuningdek tezkor-qidiruv faoliyati hamda xizmat tekshiruv doirasidagi soʻrovnomalarga muvofiq mavjud sud ekspertizasi turlari boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazishi mumkin. Bunda tadqiqot natijalari yuzasidan yozma ravishda ekspert fikri beriladi.

Ekspert yoki ekspertlar komissiyasi tadqiqotlarni oʻtkazib boʻlganidan keyin tegishincha ekspert yoxud ekspertlar komissiyasi tarkibiga kiruvchi har bir ekspert imzosi bilan tasdiqlangan ekspert fikrini rasmiylashtiradi.

Ekspert fikrida:

tadqiqot oʻtkazilgan sana va joy;

tadqiqot oʻtkazishning asosi;

tadqiqot buyurtmachisi (yuridik yoki jismoniy shaxs) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

ekspert (uning familiyasi, ismi, otasining ismi, maʼlumoti, ixtisosligi, ish staji, ilmiy darajasi, ilmiy unvoni, egallab turgan lavozimi) va tadqiqot oʻtkazish topshirilgan muassasa yoki tashkilot haqidagi maʼlumotlar;

ekspert oldiga hal etish uchun qoʻyilgan savollar;

ekspertga taqdim etilgan tadqiqot obyektlari va hujjatlari;

qoʻllanilgan usullar koʻrsatilgan holda, tadqiqotlarning mazmuni va natijalari, shuningdek agar ekspertlar komissiyasi ishlagan boʻlsa, bu tadqiqotlarning kim tomonidan oʻtkazilganligi;

tadqiqot natijalarining baholanishi, qoʻyilgan savollarga berilgan asosli javoblar.

Tadqiqot natijalarini tasvirlovchi materiallar ekspert fikrida aks ettiriladi yoki unga ilova qilinadi hamda uning tarkibiy qismi boʻlib xizmat qiladi. Tadqiqotlarning oʻtkazilishi, shart-sharoitlari va natijalarini hujjatlashtiradigan materiallar sud-ekspertlik tuzilmalarida yoki boshqa tashkilotda qonunchilikda belgilangan muddatlarda saqlanadi.

Tadqiqot oʻtkazilishi tugaganidan keyin ekspert fikri, tadqiqot obyektlari va hujjatlar tadqiqot buyurtmachisiga (yuridik yoki jismoniy shaxsga) yuboriladi.

Sud-ekspertlik tuzilmasi ekspert fikrini taqdim etishda shartnoma talablarini bajarmaganligi yoki lozim darajada bajarmaganligi uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

41-modda. Xulosa yoki ekspert fikrini berishning iloji yoʻqligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma

Quyidagi hollarda sud eksperti xulosa yoki ekspert fikrini berishning iloji yoʻqligi toʻgʻrisida asoslantirilgan maʼlumotnoma tuzadi hamda ushbu maʼlumotnomani sud ekspertizasini tayinlagan yoki ekspert fikrini berishni soʻrab murojaat qilgan tadqiqot buyurtmachisiga (yuridik yoki jismoniy shaxsga) yuboradi, agar:

sud eksperti qoʻyilgan savollarni oʻzining maxsus bilimlari asosida hal qilishi mumkin boʻlmasa;

taqdim etilgan tadqiqot obyektlari yoxud materiallar toʻliq yaroqsiz boʻlsa yoki xulosa (ekspert fikri) berish uchun yetarli boʻlmasa va ularni toʻldirib boʻlmasa;

tadqiqotlar oʻtkazish va xulosa (ekspert fikri) berish uchun zarur shart-sharoitlar, uslubiy vositalar va asbob-uskunalar mavjud boʻlmasa, shu jumladan sud ekspertining hayoti va sogʻligʻiga kasb faoliyatiga bogʻliq asosli tavakkalchilik chegarasidan ziyod xavf tugʻilsa;

fan va sud-ekspertlik amaliyotining holati qoʻyilgan savollarga javob topish imkonini bermasligiga ishonch hosil qilinsa.

Xulosa yoki ekspert fikrini berishning iloji yoʻqligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnomada xulosa yoki ekspert fikrini berishning iloji yoʻqligining sabablari batafsil bayon etiladi va qoʻyilgan har bir savol boʻyicha xulosa yoki ekspert fikrini berishning iloji yoʻqligi koʻrsatiladi.

7-bob. Sud-ekspertlik faoliyatini moliyalashtirish, tashkiliy, ilmiy-uslubiy jihatdan va axborot bilan taʼminlash. Sud ekspertlarini tayyorlash, qayta tayyorlash, ularning malakasini va huquqiy bilimlarini oshirish

42-modda. Sud-ekspertlik faoliyatini moliyalashtirish

Davlat sud-ekspertiza muassasalari faoliyati Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

Davlat sud-ekspertiza muassasalari, ilmiy va oliy taʼlim tashkilotlari fuqarolik, iqtisodiy va maʼmuriy sud ishlari boʻyicha sud ekspertizalarini oʻtkazganligi hamda qonunchilikka koʻra ruxsat etilgan sud ekspertizasi turlari yuzasidan jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga muvofiq oʻtkazilgan tadqiqotlar natijalariga koʻra ekspert fikrlarini berganligi uchun toʻlov undirishga haqli. Bunda sudda daʼvo taqdim etgan hamda daʼvoni qoʻllab-quvvatlayotgan davlat organlari davlat sud-ekspertiza muassasalari tomonidan oʻtkazilgan sud ekspertizalari uchun toʻlovdan ozod etiladi.

Toʻlov miqdori va mazkur mablagʻlarni sarflash tartibi qonunchilik hujjatlariga asosan belgilanadi.

Boshqa tashkilot xodimlari va boshqa jismoniy shaxslar tomonidan sud ekspertizalari oʻtkazilganligi uchun toʻlov sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) tomonidan qonunchilikka muvofiq amalga oshiriladi.

Fuqarolik, iqtisodiy va maʼmuriy sud ishlarini yuritishda ishni sud muhokamasiga tayyorlash va sud muhokamasi jarayonida, shuningdek maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlarni yuritishda advokatning soʻroviga koʻra sud ekspertizasi shartnoma asosida oʻtkazilishi mumkin.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti va sud-ekspertlik byurolari oʻtkaziladigan sud ekspertizalari uchun toʻlov miqdorini mustaqil ravishda belgilaydi.

Tadqiqotlar oʻtkazish boʻyicha toʻlovlar amalga oshirilmaganligi ish materiallarini tadqiqotlar oʻtkazmasdan qaytarish uchun asos hisoblanadi.

43-modda. Sud-ekspertlik faoliyatini tashkiliy va ilmiy-uslubiy jihatdan taʼminlash

Davlat sud-ekspertiza muassasalarining faoliyati ular qaysi davlat organlarining tasarrufida boʻlsa, oʻsha davlat organlari tomonidan tashkiliy jihatdan taʼminlanadi.

Sud ekspertizalarini oʻtkazishni ilmiy-uslubiy jihatdan taʼminlash tegishli davlat sud-ekspertiza muassasalarining zimmasiga yuklatiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi sud-ekspertlik tuzilmalari faoliyatiga ilmiy-uslubiy jihatdan koʻmaklashadi.

44-modda. Sud-ekspertiza tadqiqotlari uslubiyotlarining davlat reyestri

Sud ekspertizasi oʻtkazish uslubiyotlarini tizimlashtirish va hisobga olish, sud ekspertizasi tayinlaydigan organlarni (shaxslarni) va sud ekspertlarini maʼlumotlar bilan taʼminlash maqsadida Sud-ekspertiza tadqiqotlari uslubiyotlarining davlat reyestri yuritiladi.

Sud-ekspertiza tadqiqotlari uslubiyotlarining davlat reyestri ochiq va barcha foydalanishi mumkin boʻlgan davlat axborot resursidir. Unga davlat sirlari va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirlarni tashkil etadigan maʼlumotlarning kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Sud ekspertlari sud-ekspertiza tadqiqotlarini oʻtkazishda, qoida tariqasida, Sud-ekspertiza tadqiqotlari uslubiyotlarining davlat reyestriga kiritilgan uslubiyotlardan foydalanadi.

45-modda. Validatsiya

Validatsiya sud ekspertiza tadqiqotlarining usullari va uslubiyotlarini sinovdan oʻtkazish orqali ularning amaliyotda qoʻllanilishi maqsadga muvofiqligini baholashdan iborat.

Sud-ekspertiza tadqiqotlarining usullari va uslubiyotlari sud-ekspertiza tadqiqotlarining usullari va uslubiyotlarini validatsiyadan oʻtkazish qoidalariga muvofiq validatsiyadan oʻtkazilib sud-ekspertlik faoliyatiga tatbiq etilishi mumkin.

Nostandart va yangi ishlab chiqilgan yoxud takomillashtirilgan usullar Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan belgilanadigan qoidalar asosida validatsiyadan oʻtkaziladi.

Sud-ekspertiza tadqiqotlarining usullari va uslubiyotlarini validatsiyadan oʻtkazish qoidalari usullar va uslublarning har bir turi uchun validatsiya tadqiqotlarining umumiy hajmini, umumiy tashkil etilishini, validatsiya tartib-taomillarini, olingan natijalarga statistik ishlov berishni hamda validatsiya hisobotiga doir umumiy talablarni, miqdorga, sifatga, identifikatsiya va tahlil qilishga doir sud-ekspertiza uslublarining validatsiyasi toʻgʻrisidagi xulosalarni ijobiy yoki salbiy deb topish mezonlarini belgilaydi.

Validatsiya quyidagi usullarning birini qoʻllash orqali oʻtkaziladi:

nazorat va standart namunalardan foydalanish;

boshqa uslublar yordamida olingan natijalar bilan taqqoslash;

natijalarga taʼsir qiluvchi omillarni tizimli baholash.

46-modda. Davlat sud-ekspertiza muassasalarining sud-ekspertlik faoliyatini axborot bilan taʼminlash

Korxonalar, muassasalar, tashkilotlar davlat sud-ekspertiza muassasasi rahbarining yozma yoki elektron hujjat shaklidagi soʻroviga koʻra, tadqiqotlarni oʻtkazish uchun zarur boʻlgan axborotni taqdim etishi shart. Bunda davlat sud-ekspertiza muassasalari davlat sirlarini va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etadigan olingan maʼlumotlarning oshkor qilinmasligini taʼminlaydi.

47-modda. Sud ekspertizasining avtomatlashtirilgan axborot tizimi

Sud ekspertizasining avtomatlashtirilgan axborot tizimi sud ekspertlari va sud ekspertizasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplash, ularga ishlov berish jarayonlarini kompleks avtomatlashtirishga, sud ekspertizasi harakatlarini amalga oshirishga aloqador tashkilotlar bilan axborot hamkorligining barcha turlarini taʼminlashga xizmat qiladi.

Sud ekspertizasining avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali hujjatlar aylanishi tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

Sud ekspertlari tomonidan sud ekspertizasining avtomatlashtirilgan axborot tizimiga maʼlumotlar kiritilishi ish materiallari boʻyicha maʼlumotlarni oshkor etish deb hisoblanmaydi.

Sud ekspertizasining avtomatlashtirilgan axborot tizimi axborot xavfsizligi talablari asosida himoyalangan boʻlishi shart.

48-modda. Sud ekspertlarini tayyorlash va qayta tayyorlash

Sud ekspertlari Oʻzbekiston Respublikasining oliy taʼlim tashkilotlarida, shuningdek xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida tayyorlanadi.

Sud ekspertlari Oʻzbekiston Respublikasining ilmiy va oliy taʼlim tashkilotlarida, shuningdek xorijiy ilmiy va oliy taʼlim tashkilotlarida, davlat yoki xorijiy sud-ekspertiza muassasalarida qayta tayyorlanadi.

49-modda. Sud ekspertlarining malakasini va huquqiy bilimlarini oshirish

Sud ekspertlari har uch yilda malaka oshirish kurslarida muayyan sud-ekspertlik faoliyati boʻyicha malakasini, shuningdek huquqiy bilimlarini oshirib borishi shart.

Sud ekspertlarining malakasini oshirish alohida dasturlar asosida xalqaro grant mablagʻlari hamda davlat sud-ekspertiza muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan tashkil etilishi mumkin.

Sud ekspertlarining malakasini va huquqiy bilimlarini oshirish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

Malakasini va huquqiy bilimlarini oshirayotgan sud ekspertlariga oʻqishning butun davri mobaynida asosiy ish joyi boʻyicha egallab turgan lavozimi va oʻrtacha oylik ish haqi saqlab qolinadi.

50-modda. Davlat sud-ekspertiza muassasalarini qoʻriqlash

Davlat sud-ekspertiza muassasalari qonunchilikda belgilangan tartibda qoʻriqlanadi va Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.

8-bob. Sud-ekspertlik faoliyati sohasidagi xalqaro hamkorlik

51-modda. Xalqaro hamkorlik

Sud-ekspertlik tuzilmalari Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligi va xalqaro shartnomalariga muvofiq xorijiy davlatlarning sud-ekspertlik faoliyatini amalga oshirish sohasidagi tegishli organlari va muassasalari bilan ilmiy-tadqiqotlar oʻtkazish, ilmiy-uslubiy axborot almashish, sud ekspertlarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha hamkorlik qiladi.

Qonunchilik hujjatlarida xorijiy davlatlarning sud-ekspertlik tuzilmalari hamda ularning sud ekspertlari Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat koʻrsatishi belgilanishi mumkin.

52-modda. Sud ekspertizasini xorijiy davlatning sud ekspertlarini jalb qilgan holda oʻtkazish

Sud ekspertizasini tayinlagan organ (shaxs) oʻz tashabbusi bilan yoki sud-ekspertlik tuzilmalarining yoxud boshqa tashkilot rahbarining iltimosnomasiga asosan xorijiy davlatning sud ekspertizasi sohasidagi mutaxassislarini sud eksperti sifatida jalb etishga haqli.

Sud ekspertizasini xorijiy davlatning sud ekspertlari ishtirokida oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida va mazkur Qonunda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

9-bob. Yakunlovchi qoidalar

53-modda. Davlat sud-ekspertiza muassasalari xodimlarining mehnatiga haq toʻlash va ularni ijtimoiy muhofaza qilish

Davlat sud-ekspertiza muassasalari xodimlarining ish haqi mansab maoshi, ustamalar va qonunchilikda belgilangan boshqa qoʻshimcha haqlardan iborat boʻladi.

Ilmiy darajaga ega boʻlgan davlat sud ekspertlariga qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdordagi ustamalar toʻliq toʻlanadi.

Davlat sud ekspertlarining hayoti va sogʻligʻi qonunchilikda belgilangan tartibda davlat tomonidan majburiy sugʻurta qilinadi.

54-modda. Sud-ekspertlik faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Sud-ekspertlik faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

55-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish

Quyidagilar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin:

1) Oʻzbekiston Respublikasining 2010-yil 1-iyunda qabul qilingan “Sud ekspertizasi toʻgʻrisida”gi OʻRQ-249-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2010-yil, № 6, 230-modda);

2) Oʻzbekiston Respublikasining 2016-yil 23-sentabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-411-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2016-yil, № 9, 276-modda) 20-moddasi ;

3) Oʻzbekiston Respublikasining 2017-yil 14-sentabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-446-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2017-yil, № 9, 510-modda) 69-moddasi ;

4) Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 10-mayda qabul qilingan “Baʼzi davlat organlari va tashkilotlarining faoliyati takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-536-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 5, 261-modda) 14-moddasi ;

5) Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 23-mayda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga jinoyat protsessi ishtirokchilarining huquqlari himoya qilinishini taʼminlash bilan bogʻliq oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-542-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 5, 267-modda) 25-moddasi ;

6) Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-683-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, 4-songa ilova) 199-moddasi ;

7) Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 26-avgustda qabul qilingan “Baholash faoliyati yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga qoʻshimchalar va oʻzgartirish kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-945-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2024-yil, № 8, 825-modda) 2-moddasi ;

8) Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 21-noyabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga raqamli dalillar bilan ishlash tizimini takomillashtirishga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-1003-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2024-yil, № 12, 1286-modda) 5-moddasi .

56-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

57-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy ichida:

ushbu Qonun 28-moddasi birinchi qismining sakkizinchi xatboshisida nazarda tutilgan nodavlat sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibini ishlab chiqsin hamda tasdiqlasin;

ushbu Qonun 29-moddasi birinchi qismining yettinchi xatboshisida nazarda tutilgan Sud-ekspertlik tuzilmalarining davlat reyestrini, Sud ekspertlarining davlat reyestrini, shuningdek Sud-ekspertiza tadqiqotlari uslubiyotlarining davlat reyestrini yuritish tartibi belgilanishini taʼminlasin;

ushbu Qonun 29-moddasi birinchi qismining toʻqqizinchi xatboshisida nazarda tutilgan sud-ekspertiza tadqiqotlarining usullari va uslubiyotlarini validatsiyadan oʻtkazish qoidalari tasdiqlanishini taʼminlasin;

ushbu Qonun 47-moddasining ikkinchi qismida nazarda tutilgan sud ekspertizasining avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali hujjatlar aylanishi tartibini belgilasin;

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

58-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 11-iyun,

OʻRQ-1152-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.06.2026-y., 03/26/1152/0597-son)

lex.uz