UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 12-iyun · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 12 июнь · Бошқа ҳужжатлар · Ўзбeкистон рeспубликаси конституциявий суди

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 июня 2026 г. · Другие документы · Конституционного суда

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 June 2026 · Other documents · Konstitutsiyaviy sudi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНиНГ

ҚАРОРИ

«Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди — раислик қилувчи М. Абдусаломов, судьялар К. Камилов, Ж. Балкибаева, К. Давлетова, Р. Исмайлов, А. Рахимов ва А. Рахмановдан иборат таркибда, Ш. Мажидов котиблигида, тараф вакиллари — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари М. Тиллабоев, бўлим бошлиғи О. Норбоев иштирокида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 , 65 ва 141-моддаларига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги мурожаати бўйича ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Конституциявий суд судья А. Рахимовнинг маърузасини, тарафлар — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси вакилларининг тушунтиришларини, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари ва бошқа иштирокчиларнинг фикрларини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази (бундан буён матнда — Миллий марказ) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилиб, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисини кўра, адвокат шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида фаолият билан шуғулланиши мумкинлигини, бироқ мазкур нормада адвокатнинг тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларида шартномавий-ҳуқуқий асосда юридик хизмат ходими сифатида фаолият юритиши назарда тутилмаганлиги, уларнинг Конституцияда белгиланган юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари бузилаётганлигини баён этган ва «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 , 65 ва 141-моддаларига мувофиқлигини аниқлашни сўраган.

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 27-моддасига асосан Миллий марказ Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Конституциявий суд мазкур масалани ўрганиб чиқиб, иш материалларини таҳлил қилиб, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 , 65 ва 141-моддаларига мувофиқлигини аниқлаш лозим, деган хулосага келди.

«Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, адвокат: илмий ва педагогик фаолият; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолият; патент вакили ва медиатор сифатидаги фаолият; шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолият; ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида (судларида) судья сифатидаги фаолият; суд бошқарувчиси сифатидаги фаолият (фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишни амалга ошириш бўйича адвокатлик фаолияти учун лицензия олган адвокатлар учун)дан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 16-моддасининг иккинчи қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади. Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади (29-моддасининг биринчи қисми ), Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши (65-моддасининг иккинчи қисми ) белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 141-моддасига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади, адвокатурани ташкил этиш ҳамда унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

«Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасига кўра, адвокатура — ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Адвокатура Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади.

Мазкур Қонуннинг 5-моддасига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокат: ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонунчилик юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар беради; ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузади; фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда, бошқа давлат органларида, жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга оширади; жиноят ишлари бўйича суриштирув, дастлабки тергов босқичида ва судда ҳимоячи, жабрланувчининг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этади; тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатади.

Шунингдек, ушбу Қонуннинг 6-моддасига асосан адвокат тегишли масалаларни ҳал этишга ваколатли бўлган барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг топшириғига мувофиқ уларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

«Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 9 1 -моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилади. Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан адвокат ўртасида ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзига ёки у тайинлаган шахсга юридик ёрдам кўрсатиш учун оддий ёзма шаклда тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномадан иборатдир.

Бинобарин, адвокатнинг шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолияти бошқа тадбиркорлик субъектларига, жисмоний ва юридик шахсларга, нодавлат нотижорат ташкилотларига юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида адвокатлик хизмати кўрсатишини, яъни уларнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатларини чекламайди.

Шунингдек, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисини матни мазмунидан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида фаолият юритувчи адвокат мазкур ташкилотнинг ходими ёки давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланмаслигини тушуниш лозим. Шу маънода Қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги кўриб чиқилаётган банди адвокатнинг бошқа мулк шаклига асосланган тузилмалар билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузишга монелик қилмайди.

Бундан кўринадики, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисига асосан адвокатнинг шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши ( 29-модда ) ва барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши ( 65-модда ) тўғрисидаги нормаларига мос келади.

Кўриб чиқилаётган масала бўйича суд мажлисида иштирок этган тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакилларининг фикрларига кўра, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 , 65 ва 141-моддаларига мувофиқдир.

Конституциявий суд мажлисида иштирок этган Адлия вазирлиги вакилининг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасидаги ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқининг кафолатлари «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида мустаҳкамланган.

Конституцияга мувофиқлиги аниқланаётган Қонуннинг 3-моддаси учинчи қисми бешинчи хатбошисида адвокатнинг шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида фаолият юритиши мумкинлиги қайд этилган. Бунда, адвокатнинг асосий касбий фаолияти ҳисобланган адвокатлик фаолияти билан бирга шартномавий-ҳуқуқий асосда юридик хизмат фаолиятига жалб этилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Қонуннинг 9 1 -моддаси биринчи қисмига мувофиқ, адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилади. Шунга кўра, адвокатнинг шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолияти бошқа жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида адвокатлик хизмати кўрсатиш фаолиятини чекламайди.

Адвокатлар палатасининг фикрича, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисидаги норма адвокатлар томонидан адвокатлик фаолияти доирасида фуқароларга ва мулкчилик шаклидан қатъи назар юридик шахсларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига шартномавий асосда малакали юридик ёрдам кўрсатилишини инкор этмайди. Адвокатлар томонидан шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳеч қандай чекловларсиз малакали юридик ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур нормани ҳуқуқни қўллаш амалиётида бирор-бир жисмоний ёки юридик шахснинг ҳуқуқлари амалда бузилганлиги маълум эмас.

Миллий марказ мурожаатида «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 7-моддасининг олтинчи қисмида белгиланган адвокатнинг давлат хизматида туриши мумкин эмаслиги ҳақидаги важ келтирилган. Ваҳоланки, Қонуннинг ушбу нормаси адвокатга давлат ташкилотларида штат бирликларида белгиланган лавозимда фаолият юритишни тақиқлайди.

Эътибор қаратиш лозимки, давлат хизмати деганда фақат давлат фуқаролик хизматидаги фаолиятни тушунмаслик керак. Чунки «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига асосан давлат фуқаролик хизмати — давлат хизматининг бир тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолият ҳисобланади. Бунда асосий жиҳат давлат фуқаролик хизмати — бу давлат хизматининг алоҳида турларидан бири эканлигидир. Давлат хизмати деганда давлат ташкилоти мақомидаги барча юридик шахслардаги, шу жумладан, давлат муассасаларидаги фаолият тушунилади. «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 7-моддасининг олтинчи қисмида адвокатнинг бундай ташкилотлардаги штат бирликларида фаолият юритишига тақиқ қўйилган.

Юқоридагилардан кўринадики, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисида белгиланган адвокатнинг шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолияти адвокатнинг давлат хизматида туриши тарзида талқин этилмаслиги керак.

Чунки адвокат давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолиятини меҳнат шартномаси асосида эмас, балки шартномавий-ҳуқуқий асосда олиб бориши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 103-моддасига асосан меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув бўлиб, унга мувофиқ ходим иш берувчининг манфаатини кўзлаб, ушбу келишувда белгиланган меҳнат вазифасини унинг раҳбарлиги ва назорати остида шахсан бажариш, ички меҳнат қоидаларига риоя этиш, иш берувчи эса ходимга шартлашилган меҳнат вазифаси бўйича иш бериш, ходимга иш ҳақини ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаш, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва ушбу келишувда назарда тутилган меҳнат шароитларини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари ҳисобланади.

Меҳнат кодексининг 11-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга татбиқ этилмайди.

«Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 7-моддасининг олтинчи қисмида қўйилган тақиқ ушбу Қонуннинг 3-моддаси учинчи қисми бешинчи хатбошисида белгиланган нормага тааллуқли эмас. Чунки адвокат давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида шартномавий-ҳуқуқий асосда жалб этилади. Бунда иш берувчи ва адвокат ўртасида меҳнат муносабатлари юзага келмайди. Бундай муносабатлар фақат фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган шартнома асосида келиб чиқади. Тарафлар ўртасида меҳнат шартномаси тузилмайди. Бинобарин, ёлланган шахс ходим мақомига эга бўлмайди.

Конституциявий суд кўрсатиб ўтилган ҳолатларни инобатга олиб, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси учинчи қисми бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деган хулосага келади.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига , «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми 1-банди , 69 , 72 ва 82-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:

1. «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 , 65 ва 141-моддаларига мувофиқ деб топилсин.

2. Ушбу қарор «Халқ сўзи» газетаси, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

3. Мазкур қарор қатъий, унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас ва у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди

Тошкент ш.,

2026 йил 12 июнь,

КСҚ-4-сон

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI KONSTITUTSIYAVIY SUDINiNG

QARORI

“Advokatura toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash haqida

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI NOMIDAN

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi — raislik qiluvchi M. Abdusalomov, sudyalar K. Kamilov, J. Balkibayeva, K. Davletova, R. Ismaylov, A. Raximov va A. Raxmanovdan iborat tarkibda, Sh. Majidov kotibligida, taraf vakillari — Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi direktori oʻrinbosari M. Tillaboyev, boʻlim boshligʻi O. Norboyev ishtirokida, Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazining “Advokatura toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 29 , 65 va 141-moddalariga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi murojaati boʻyicha ishni ochiq sud majlisida koʻrib chiqdi.

Konstitutsiyaviy sud sudya A. Raximovning maʼruzasini, taraflar — Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi vakillarining tushuntirishlarini, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Advokatlar palatasi, Konstitutsiyaviy sud huzuridagi Ilmiy-maslahat kengashi aʼzolari va boshqa ishtirokchilarning fikrlarini eshitib, ish materiallarini oʻrganib chiqib, quyidagilarni aniqladi:

Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi (bundan buyon matnda — Milliy markaz) Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudiga murojaat qilib, “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisini koʻra, advokat shartnomaviy-huquqiy asosda davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatida faoliyat bilan shugʻullanishi mumkinligini, biroq mazkur normada advokatning tadbirkorlik subyektlari va nodavlat notijorat tashkilotlarida shartnomaviy-huquqiy asosda yuridik xizmat xodimi sifatida faoliyat yuritishi nazarda tutilmaganligi, ularning Konstitutsiyada belgilangan yuridik yordam olishga boʻlgan huquqlari buzilayotganligini bayon etgan va “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 29 , 65 va 141-moddalariga muvofiqligini aniqlashni soʻragan.

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 27-moddasiga asosan Milliy markaz Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqiga ega.

Konstitutsiyaviy sud mazkur masalani oʻrganib chiqib, ish materiallarini tahlil qilib, “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 29 , 65 va 141-moddalariga muvofiqligini aniqlash lozim, degan xulosaga keldi.

“Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonunning 3-moddasiga koʻra, advokat: ilmiy va pedagogik faoliyat; Oʻzbekiston Respublikasi Advokatlar palatasidagi va uning hududiy boshqarmalaridagi faoliyat; patent vakili va mediator sifatidagi faoliyat; shartnomaviy-huquqiy asosda davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatidagi faoliyat; hakamlik sudlarida va xalqaro tijorat arbitrajlarida (sudlarida) sudya sifatidagi faoliyat; sud boshqaruvchisi sifatidagi faoliyat (fuqarolik va iqtisodiy sud ishlarini yuritishni amalga oshirish boʻyicha advokatlik faoliyati uchun litsenziya olgan advokatlar uchun)dan tashqari haq toʻlanadigan boshqa turdagi faoliyat bilan shugʻullanishga haqli emas.

Shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi 16-moddasining ikkinchi qismiga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasining qonunlari va boshqa normativ-huquqiy hujjatlari Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi asosida va uni ijro etish yuzasidan qabul qilinadi. Birorta qonun yoki boshqa normativ-huquqiy hujjat Konstitutsiyaning prinsip va normalariga zid boʻlishi mumkin emasligini alohida taʼkidlaydi.

Shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasida har kimga malakali yuridik yordam olish huquqi kafolatlanadi (29-moddasining birinchi qismi ), Oʻzbekiston Respublikasida barcha mulk shakllarining teng huquqliligi va huquqiy jihatdan himoya qilinishi taʼminlanishi (65-moddasining ikkinchi qismi ) belgilab qoʻyilgan.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 141-moddasiga koʻra, jismoniy va yuridik shaxslarga malakali yuridik yordam koʻrsatish uchun advokatura faoliyat koʻrsatadi, advokaturani tashkil etish hamda uning faoliyati tartibi qonun bilan belgilanadi.

“Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonunning 1-moddasiga koʻra, advokatura — huquqiy institut boʻlib, u advokatlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi shaxslar hamda xususiy advokatlik amaliyoti bilan shugʻullanuvchi ayrim shaxslarning mustaqil, koʻngilli, kasbiy birlashmalarini oʻz ichiga oladi. Advokatura Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, ajnabiy fuqarolar, fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga, korxonalar, muassasalar, tashkilotlarga yuridik yordam koʻrsatadi.

Mazkur Qonunning 5-moddasiga koʻra, jismoniy va yuridik shaxslarga yuridik yordam koʻrsatish maqsadida advokat: huquqiy masalalar boʻyicha maslahatlar va tushuntirishlar, qonunchilik yuzasidan ogʻzaki va yozma maʼlumotnomalar beradi; huquqiy xususiyatdagi arizalar, shikoyatlar va boshqa hujjatlarni tuzadi; fuqarolik, iqtisodiy va maʼmuriy ishlar hamda maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sudda, boshqa davlat organlarida, jismoniy va yuridik shaxslar oldida vakillikni amalga oshiradi; jinoyat ishlari boʻyicha surishtiruv, dastlabki tergov bosqichida va sudda himoyachi, jabrlanuvchining vakili, fuqaroviy daʼvogar, fuqaroviy javobgar sifatida ishtirok etadi; tadbirkorlik faoliyatiga yuridik xizmat koʻrsatadi.

Shuningdek, ushbu Qonunning 6-moddasiga asosan advokat tegishli masalalarni hal etishga vakolatli boʻlgan barcha organlar, korxonalar, muassasalar va tashkilotlarda jismoniy va yuridik shaxslarning topshirigʻiga muvofiq ularning manfaatlarini ifoda etish va huquqlarini himoya qilish huquqiga ega.

“Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonunning 9 1 -moddasiga muvofiq, advokatlik faoliyati advokat va ishonch bildiruvchi shaxs (himoya ostidagi shaxs) oʻrtasida tuziladigan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi bitim (shartnoma) asosida amalga oshiriladi. Yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi bitim (shartnoma) ishonch bildiruvchi shaxs (himoya ostidagi shaxs) bilan advokat oʻrtasida ishonch bildiruvchi shaxsning (himoya ostidagi shaxsning) oʻziga yoki u tayinlagan shaxsga yuridik yordam koʻrsatish uchun oddiy yozma shaklda tuziladigan fuqarolik-huquqiy shartnomadan iboratdir.

Binobarin, advokatning shartnomaviy-huquqiy asosda davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatidagi faoliyati boshqa tadbirkorlik subyektlariga, jismoniy va yuridik shaxslarga, nodavlat notijorat tashkilotlariga yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi bitim (shartnoma) asosida advokatlik xizmati koʻrsatishini, yaʼni ularning malakali yuridik yordam olish huquqi kafolatlarini cheklamaydi.

Shuningdek, “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisini matni mazmunidan fuqarolik-huquqiy tusdagi shartnoma asosida faoliyat yurituvchi advokat mazkur tashkilotning xodimi yoki davlat fuqarolik xizmatchisi hisoblanmasligini tushunish lozim. Shu maʼnoda Qonunning Konstitutsiyaga muvofiqligi koʻrib chiqilayotgan bandi advokatning boshqa mulk shakliga asoslangan tuzilmalar bilan fuqarolik-huquqiy tusdagi shartnomalar tuzishga monelik qilmaydi.

Bundan koʻrinadiki, “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisiga asosan advokatning shartnomaviy-huquqiy asosda davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatidagi faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining har kimga malakali yuridik yordam olish huquqi kafolatlanishi ( 29-modda ) va barcha mulk shakllarining teng huquqliligi va huquqiy jihatdan himoya qilinishi taʼminlanishi ( 65-modda ) toʻgʻrisidagi normalariga mos keladi.

Koʻrib chiqilayotgan masala boʻyicha sud majlisida ishtirok etgan tegishli vazirlik va tashkilotlar vakillarining fikrlariga koʻra, “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 29 , 65 va 141-moddalariga muvofiqdir.

Konstitutsiyaviy sud majlisida ishtirok etgan Adliya vazirligi vakilining fikricha, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 29-moddasidagi har kimga malakali yuridik yordam olish huquqining kafolatlari “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonunning 5-moddasida mustahkamlangan.

Konstitutsiyaga muvofiqligi aniqlanayotgan Qonunning 3-moddasi uchinchi qismi beshinchi xatboshisida advokatning shartnomaviy-huquqiy asosda davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatida faoliyat yuritishi mumkinligi qayd etilgan. Bunda, advokatning asosiy kasbiy faoliyati hisoblangan advokatlik faoliyati bilan birga shartnomaviy-huquqiy asosda yuridik xizmat faoliyatiga jalb etilishi mumkinligi nazarda tutilgan.

Qonunning 9 1 -moddasi birinchi qismiga muvofiq, advokatlik faoliyati advokat va ishonch bildiruvchi shaxs (himoya ostidagi shaxs) oʻrtasida tuziladigan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi bitim (shartnoma) asosida amalga oshiriladi. Shunga koʻra, advokatning shartnomaviy-huquqiy asosda davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatidagi faoliyati boshqa jismoniy va yuridik shaxslarga, shu jumladan tadbirkorlik subyektlari va nodavlat notijorat tashkilotlariga yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma asosida advokatlik xizmati koʻrsatish faoliyatini cheklamaydi.

Advokatlar palatasining fikricha, “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisidagi norma advokatlar tomonidan advokatlik faoliyati doirasida fuqarolarga va mulkchilik shaklidan qatʼi nazar yuridik shaxslarga, shu jumladan, tadbirkorlik subyektlari va nodavlat notijorat tashkilotlariga shartnomaviy asosda malakali yuridik yordam koʻrsatilishini inkor etmaydi. Advokatlar tomonidan shartnoma asosida jismoniy va yuridik shaxslarga, mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, hech qanday cheklovlarsiz malakali yuridik yordam koʻrsatilmoqda. Mazkur normani huquqni qoʻllash amaliyotida biror-bir jismoniy yoki yuridik shaxsning huquqlari amalda buzilganligi maʼlum emas.

Milliy markaz murojaatida “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 7-moddasining oltinchi qismida belgilangan advokatning davlat xizmatida turishi mumkin emasligi haqidagi vaj keltirilgan. Vaholanki, Qonunning ushbu normasi advokatga davlat tashkilotlarida shtat birliklarida belgilangan lavozimda faoliyat yuritishni taqiqlaydi.

Eʼtibor qaratish lozimki, davlat xizmati deganda faqat davlat fuqarolik xizmatidagi faoliyatni tushunmaslik kerak. Chunki “Davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisida”gi Qonunning 4-moddasiga asosan davlat fuqarolik xizmati — davlat xizmatining bir turi boʻlib, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining davlat fuqarolik xizmati lavozimlaridagi davlat organlari vakolatlari amalga oshirilishini taʼminlashga doir haq toʻlanadigan kasbiy faoliyat hisoblanadi. Bunda asosiy jihat davlat fuqarolik xizmati — bu davlat xizmatining alohida turlaridan biri ekanligidir. Davlat xizmati deganda davlat tashkiloti maqomidagi barcha yuridik shaxslardagi, shu jumladan, davlat muassasalaridagi faoliyat tushuniladi. “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 7-moddasining oltinchi qismida advokatning bunday tashkilotlardagi shtat birliklarida faoliyat yuritishiga taqiq qoʻyilgan.

Yuqoridagilardan koʻrinadiki, “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisida belgilangan advokatning shartnomaviy-huquqiy asosda davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatidagi faoliyati advokatning davlat xizmatida turishi tarzida talqin etilmasligi kerak.

Chunki advokat davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatidagi faoliyatini mehnat shartnomasi asosida emas, balki shartnomaviy-huquqiy asosda olib borishi mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining 103-moddasiga asosan mehnat shartnomasi xodim va ish beruvchi oʻrtasidagi taraflarning oʻzaro huquqlari hamda majburiyatlarini belgilovchi kelishuv boʻlib, unga muvofiq xodim ish beruvchining manfaatini koʻzlab, ushbu kelishuvda belgilangan mehnat vazifasini uning rahbarligi va nazorati ostida shaxsan bajarish, ichki mehnat qoidalariga rioya etish, ish beruvchi esa xodimga shartlashilgan mehnat vazifasi boʻyicha ish berish, xodimga ish haqini oʻz vaqtida hamda toʻliq miqdorda toʻlash, mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilikda, mehnat haqidagi boshqa huquqiy hujjatlarda va ushbu kelishuvda nazarda tutilgan mehnat sharoitlarini taʼminlash majburiyatini oʻz zimmasiga oladi. Xodim va ish beruvchi mehnat shartnomasining taraflari hisoblanadi.

Mehnat kodeksining 11-moddasiga koʻra, mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilik fuqarolik-huquqiy xususiyatga ega shartnomalar asosida ishlarni bajarayotgan (xizmatlar koʻrsatayotgan) shaxslarga tatbiq etilmaydi.

“Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 7-moddasining oltinchi qismida qoʻyilgan taqiq ushbu Qonunning 3-moddasi uchinchi qismi beshinchi xatboshisida belgilangan normaga taalluqli emas. Chunki advokat davlat organlarining, xoʻjalik boshqaruvi organlarining, davlat muassasalari va tashkilotlarining yuridik xizmati xodimi sifatida shartnomaviy-huquqiy asosda jalb etiladi. Bunda ish beruvchi va advokat oʻrtasida mehnat munosabatlari yuzaga kelmaydi. Bunday munosabatlar faqat fuqarolik-huquqiy xususiyatga ega boʻlgan shartnoma asosida kelib chiqadi. Taraflar oʻrtasida mehnat shartnomasi tuzilmaydi. Binobarin, yollangan shaxs xodim maqomiga ega boʻlmaydi.

Konstitutsiyaviy sud koʻrsatib oʻtilgan holatlarni inobatga olib, “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonunning 3-moddasi uchinchi qismi beshinchi xatboshisi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiq degan xulosaga keladi.

Yuqorida bayon qilinganlardan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 133-moddasi birinchi qismining 1-bandiga , “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 4-moddasi birinchi qismi 1-bandi , 69 , 72 va 82-moddalariga amal qilgan holda, Konstitutsiyaviy sud qaror qildi:

1. “Advokatura toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni 3-moddasi uchinchi qismining beshinchi xatboshisi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 29 , 65 va 141-moddalariga muvofiq deb topilsin.

2. Ushbu qaror “Xalq soʻzi” gazetasi, “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami”, Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi va Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinsin.

3. Mazkur qaror qatʼiy, uning ustidan shikoyat qilinishi mumkin emas va u rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi

Toshkent sh.,

2026-yil 12-iyun,

KSQ-4-son

lex.uz