📅 2026-yil 12-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 12-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 12 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 596-сон қарорига мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгилангани;
аутсорсерлар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ харид қилиш тартиб-таомиллари натижаларига кўра аниқланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат харидлари электрон тизимларида Аутсорсинг хизматларини ташкил этиш бўйича махсус саҳифа (кейинги ўринларда — махсус саҳифа) ишга туширилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
аутсорсерларни аниқлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
аутсорсинг хизматларини ташкил этиш ва ўтказишда коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш;
аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш;
аутсорсинг хизматини кўрсатиш устидан назорат ва мониторинг қилиш.
4. Давлат корхоналарида аутсорсинг асосида бажарилиши лозим бўлган функция ва хизматлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги Ф-59-сон фармойиши билан тасдиқлангани инобатга олинсин.
Ижро этувчи ҳокимият органларида аутсорсингга ўтказиш учун устувор йўналишлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ижро этувчи ҳокимият органларининг биринчи раҳбарлари аутсорсингга ўтказилган функцияларнинг амалга оширилиши устидан назоратни тўлиқ таъминлаш бўйича шахсан жавобгар этиб белгилансин.
6. Белгилансинки:
ижро этувчи ҳокимият органлари мунтазам равишда аутсорсингга ўтказилган функцияларнинг ижроси самарадорлигини ошириш бўйича аутсорсерларга услубий ёрдам кўрсатади;
аутсорсинг тизимига ўтиш муносабати билан иқтисод қилинган маблағлар, биринчи навбатда, ижро этувчи ҳокимият органларининг моддий-техник базасини яхшилашга йўналтирилади.
7. Аутсорсинг хизматларидан фойдаланувчи ижро этувчи ҳокимият органлари аутсорсинг хизматлари жорий этилиши муносабати билан бўшатилган штат бирликларини қисқартириш бўйича чоралар кўрсин.
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил 15 июлга қадар махсус саҳифа ишлаб чиқилишини таъминласин.
9. Ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ўзлари раҳбарлик қилаётган ташкилотлар томонидан махсус саҳифа орқали аутсорсинг хизматлари бўйича давлат харидлари амалга оширилишини таъминласин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан бошлаб, янги аутсорсинг хизматларининг барчаси мазкур қарор талаблари асосида тузилади.
Мазкур қарор кучга киргунга қадар тузилган аутсорсинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар, агар уларда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ёхуд қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартирилгунга ёки бекор қилингунга қадар ўз кучини сақлаб қолади.
10. Вазирлик ва идоралар аутсорсинг хизматлари соҳасига оид ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги 306-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат корхоналарида функцияларни (кейинги ўринларда — функциялар) аутсорсинг шартлари асосида ташкил этиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган органлардан бошқа давлат органлари учун тавсиявий хусусиятга эга ҳисобланади.
2. Аутсорсингга бериладиган давлат функциялари Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш тизимини жорий қилиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 23 сентябрдаги 596-сон қарори ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ танлаб олинади.
3. Аутсорсинг хизматларини ташкил этиш очиқлик ва шаффофлик, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя қилиш, шунингдек, коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тамойилларига асосланади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аутсорсинг — ижро этувчи ҳокимият органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларининг функциялари лозим даражада бажарилиши устидан давлат назорати механизмларини жорий этган ҳолда шартнома асосида аутсорсерга ўтказиш;
давлат буюртмачиси — ижро этувчи ҳокимият органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари ҳамда давлат корхоналари;
аутсорсер — харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб деб топилган аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;
Аутсорсинг хизматларини ташкил этиш бўйича махсус саҳифа (кейинги ўринларда — махсус саҳифа) — аутсорсерларни аниқлаш бўйича харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишга мўлжалланган давлат харидлари электрон тизимининг таркибий қисми;
харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси (кейинги ўринларда — иштирокчи) — давлат буюртмачисига аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш ҳамда ушбу Низомга мувофиқ энг яхши таклифларни танлаш (кейинги ўринларда — танлаш) ва тендерда иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти.
5. Аутсорсинг хизмати қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:
аутсорсерни аниқлаш;
коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўймаслик;
аутсорсер томонидан функцияларнинг сифатли бажарилиши;
давлат буюртмачисининг функцияларини бажариш билан банд бўлган ходимлар сонини (штатини) қисқартириш.
6. Мазкур Низом талаблари аутсорсинг хизматларидан фойдаланувчи давлат буюртмачиларига, шунингдек, аутсорсинг хизматларини кўрсатувчи Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади, бундан Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар мустасно.
2-боб. Аутсорсерни танлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш
7. Аутсорсер давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ аниқланади.
8. Иштирокчиларга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:
тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши;
аутсорсингга бериладиган функциялар йўналишида камида олти ой фаолият олиб борган бўлиши;
аутсорсинг шартномасини бажариш учун зарур техник, молиявий, моддий, етарли иш тажрибасига эга бўлган малакали кадрлар ҳамда бошқа ресурсларга эга бўлиши;
солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;
иштирокчининг суд қарорлари бўйича бажарилмаган мажбуриятлари мавжуд эмаслиги.
9. Аутсорсерни танлаш ва шартнома тузиш ишлари махсус саҳифа орқали амалга оширилади.
Бунда танлашни (тендерни) ўтказишда Харид комиссиясини шакллантириш, махсус саҳифа орқали аутсорсерни танлаш ва шартнома тузиш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.
10. Танлашда (тендерда) коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида танлаш (тендер) ўтказилиши тўғрисидаги эълонда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунида кўрсатилган ахборотлардан ташқари, қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
функцияни аутсорсинг шартлари асосида амалга ошириш бўйича самарадорлик кўрсаткичлари (KPI);
комплаенс-назорат бўлинмаси (ёки ушбу вазифа юклатилган масъул шахс) билан боғланиш учун маълумот;
жамоатчилик назорати субъектлари ўз фикрларини билдиришлари ва таклифлар киритишлари учун давлат буюртмачисининг расмий веб-сайти (шу жумладан, «Call-марказ») ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари тўғрисидаги маълумот.
11. Танлаш (тендер) натижалари юзасидан келиб тушган шикоятлар Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ёки суд томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Бунда танлаш (тендер) натижалари бўйича қарорлар Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ёки суд томонидан бекор қилинган тақдирда, аутсорсерни қайта танлаш (тендер) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
12. Танлаш (тендер) якунида иштирокчилар тенг балл тўплаган тақдирда, қўшимча мезон сифатида устуворлик қуйидагиларга берилади:
а) қўшилган қиймат солиғи тўловчи тадбиркорлик субъектларига;
б) Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида А, Б ва С тоифаларига кирувчи тадбиркорлик субъектларига.
13. Ижро этувчи ҳокимият органи ва давлат корхоналари аутсорсингга ўтказилаётган функция бўйича унинг мақсади, ўзига хос хусусиятлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда, тегишли самарадорликнинг асосий кўрсаткичларини (KPI) ишлаб чиқади.
14. Самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши зарур:
ўлчовли бўлиши — кўрсаткичлар уларга эришишни баҳолаш имконини берадиган аниқ, объектив ва қатъий ўлчанадиган миқдорий ва сифат кўрсаткичлари билан белгиланиши керак;
эришса бўладиган бўлиши — кўрсаткичлар амалий, реал ва мавжуд ресурслар ҳамда ташкилий имкониятларга мос бўлиши керак;
шаффоф бўлиши — эришиладиган кўрсаткичлар давлат буюртмачиси ва аутсорсер учун очиқ бўлиши керак;
натижага йўналтирилган бўлиши — кўрсаткичлар аутсорсерга ўтказилаётган функциянинг мақсадларига эришишни таъминлаши керак;
муддатли бўлиши — кўрсаткичларга эришиш учун аниқ, реал ва асосланган вақт даври белгиланиши ҳамда белгиланган вақт оралиғида бажариладиган бўлиши керак.
15. Ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналари аутсорсингга ўтказилаётган ҳар бир функция бўйича намунавий самарадорликнинг асосий кўрсаткичларини (KPI) тасдиқлайди ва ҳар йили 1 февралга қадар махсус саҳифада эълон қилиб борилишини таъминлайди.
16. Аутсорсинг хизматини кўрсатиш бўйича шартнома давлат буюртмачиси ва аутсорсер ўртасида бир молия йили учун электрон шаклда тузилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
17. Аутсорсинг шартномаси аутсорсер томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилиши ҳамда самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, Харид комиссиясининг ижобий қарорига кўра бир йилгача узайтирилиши мумкин, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Бунда шартномани фақат бир марта узайтиришга йўл қўйилади.
18. Кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи олдиндан ўтказиб берилгач, қолган 85 фоизи ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар ҳажми ва сифатидан келиб чиқиб, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг якунига қадар амалга оширилади. Бунда:
аутсорсинг шартномасига киритиладиган аутсорсерга нисбатан минимал талаб ва мажбуриятлар ижро этувчи ҳокимият органи томонидан тасдиқланадиган самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) мувофиқ шакллантирилади;
ижро этувчи ҳокимият органи ва давлат корхоналари томонидан тасдиқланадиган минимал мажбурий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) аутсорсинг шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланади;
давлат буюртмачиси ва аутсорсер ўртасидаги ҳисоб-китоб кўрсатилган хизматларнинг самарадорлик кўрсаткичларидан (KPI) келиб чиқиб, баҳолаш натижаларига асосан амалга оширилади.
19. Агар қонунчилик ҳужжатларида ёки аутсорсинг шартномасида аутсорсернинг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, аутсорсер ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (субаутсорсерлар)ни жалб қилишга ҳақли. Бунда аутсорсер субаутсорсерлар билан тузилган шартнома тўғрисидаги маълумотларни у тузилган кундан эътиборан беш иш куни ичида давлат буюртмачисини хабардор қилиши лозим.
Субаутсорсер давлат буюртмачисининг аутсорсинг шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун аутсорсер олдида жавобгар бўлади, давлат буюртмачиси олдида эса, аутсорсер ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлигининг оқибатлари учун жавобгар бўлади.
Субаутсорсинг шартномаси фуқаролик қонунчилиги қоидалари билан тартибга солинади.
20. Аутсорсер томонидан шартномани бажаришга жалб этиладиган субаутсорсер ушбу Низомнинг 8-бандида иштирокчиларга қўйилган талабларга мутаносиб тарзда жавоб бериши лозим.
Аутсорсер субаутсорсерни жалб этишдан олдин унинг ушбу талабларга жавоб беришини мустақил равишда текширади ва тасдиқловчи ҳужжатларни давлат буюртмачисининг талаби бўйича тақдим этади.
21. Давлат харидларини амалга ошириш жараёни якунланмаган ёки танлаш (тендер) ўтказилмаган деб ҳисобланган тақдирда, шунингдек, аутсорсер билан шартнома бекор қилинганда, ушбу давлат буюртмачиларида аутсорсер аниқлангунга қадар белгиланган тартибда функция анъанавий усулда ташкил этилиши мумкин.
Бунда давлат буюртмачиси ходимлар билан белгиланган тартибда шартнома тузади.
3-боб. Аутсорсинг шартномасига ўзгартириш киритиш, уни бекор қилиш
22. Аутсорсинг шартномасига қуйидаги ҳолларда давлат буюртмачиси ва аутсорсер ўртасидаги келишувга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса судгача ва суд тартибида ўзгартириш киритилиши мумкин:
шартнома қиймати ва иш ҳажми 10 фоизгача ошганда;
шартнома қиймати ўзгармасдан иш ҳажми 10 фоизгача ошганда;
амалга оширилиши лозим бўлган иш ҳажми ўзгармасдан шартнома қиймати 10 фоизгача ошганда;
бир ёки ҳар икки тарафнинг мажбуриятлари ҳажми ўзгарганда;
аутсорсинг хизматини кўрсатиш даврийлиги ўзгарганда;
форс-мажор ҳолатларида.
Бунда шартноманинг қиймати ошиши билан боғлиқ ўзгаришлар иқтисодиёт ва молия органларининг хулосалари асосида амалга оширилади.
23. Аутсорсинг шартномасининг қийматига қуйидаги ҳолларда ўзгартириш киритилиши мумкин:
шартнома бўйича кўрсатиладиган иш/хизматлар нархи ўзгарганда;
шартнома бўйича аутсорсер ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажаришни давлат буюртмачиси билан келишган ҳолда рад этганда.
24. Аутсорсинг шартномаси бўйича амалга оширилиши лозим бўлган иш ҳажмига қуйидаги ҳолларда ўзгартириш киритилиши мумкин:
давлат буюртмачиси ёки аутсорсер томонидан аутсорсинг шартномасининг қиймати ўзгартирилганда;
шартнома бўйича аутсорсер ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажаришни давлат буюртмачиси билан келишган ҳолда рад этганда;
аутсорсинг хизматини кўрсатиш шароитлари ўзгарганда.
25. Аутсорсинг шартномаси қуйидаги ҳолларда бир томонлама бекор қилиниши мумкин:
аутсорсер тадбиркорлик субъекти фаолияти тугатилганда;
давлат буюртмачисининг аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаси аутсорсер томонидан ўз вақтида бажарилмаганда;
тасдиқланган самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) эришиш бўйича баҳолаш натижалари 70 фоиздан кам бўлганда;
аутсорсер хизмат кўрсатишдан ихтиёрий равишда воз кечганда.
26. Аутсорсинг шартномаси бекор қилинганда қайтадан танлаш (тендер) ўтказилади. Бунда қайтадан танлаш (тендер) ўтказиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
4-боб. Аутсорсер ва давлат буюртмачисининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
27. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат буюртмачиси билан тузилган шартномани бажариш жараёнида тушунтиришлар олиш учун унга мурожаат қилиш;
кўрсатган хизматлар учун тўловни шартномада белгиланган миқдор ва муддатда талаб қилиш;
хизматлар таннархининг ўзгариши муносабати билан шартномага ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқиш;
давлат буюртмачисидан кўрсатилган хизматларни самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш натижаларини асослаб беришни талаб қилиш;
давлат буюртмачисидан шартнома шартларининг бажарилишини талаб қилиш;
шартнома шартларига мувофиқ ва (ёки) қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда шартномани бекор қилиш.
Аутсорсер қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
28. Аутсорсер:
шартнома шартларига мувофиқ аутсорсингга берилган функциянинг сифатли бажарилишини таъминлаши;
аутсорсинг хизматини кўрсатишда белгиланган муддатларга риоя қилиши;
шартномани бажариш жараёнида давлат буюртмачисига унинг сўрови бўйича тушунтиришлар ва ахборот бериши;
қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва махфийлик тартибига риоя этиши;
аутсорсинг хизматини ташкил этиш ва ўтказишда коррупция ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги;
давлат буюртмачисига аутсорсинг хизматини амалга оширадиган ходимлар тўғрисида маълумотларни тақдим этиши;
давлат буюртмачисига тегишли бўлган бинода фаолият олиб борган тақдирда, давлат буюртмачисининг иш режими, махфийлик ва ахборотдан фойдаланиш режими, ўзини тутиш қоидаларига риоя этиши;
аутсорсинг хизматини кўрсатишда техника, ёнғин, меҳнат муҳофазаси ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиши;
давлат буюртмачиси томонидан шартномада келтирилган хизмат турлари сифати бўйича ўтказиладиган назорат тадбирлари жараёнларига тўсқинлик қилмаслиги ва сўралган маълумотларни ўз вақтида тақдим қилиши;
шартномани бекор қилиш ҳақида давлат буюртмачисини камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши, ушбу муддат тугагунига қадар эса давлат буюртмачисининг тегишли хизматларини узлуксиз ташкил этишни таъминлаши шарт.
Аутсорсер зиммасига қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
29. Давлат буюртмачиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
аутсорсер томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) белгиланган тартибда тасдиқлаш;
самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича аутсорсинг хизматини баҳолаш;
аутсорсинг хизматининг сифатли кўрсатилишини талаб қилиш;
товарлар (ишлар, хизматлар)нинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш;
аутсорсинг хизматини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини тасдиқланган режага асосан назорат қилиш;
ушбу Низомнинг 25-бандида назарда тутилган ҳолларда белгиланган тартибда шартномани бекор қилиш чораларини кўриш.
Давлат буюртмачиси қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
30. Давлат буюртмачиси:
шартномага мувофиқ белгиланган муддат ва шартлар асосида аутсорсерга кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириши;
аутсорсерга унинг сўрови бўйича тушунтиришлар ва ахборот бериши;
аутсорсернинг фаолиятига аралашмаган ҳолда, шартнома шартларининг бажарилишини назорат қилиши лозим.
Давлат буюртмачиси зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
5-боб. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш
31. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторинг давлат буюртмачиси томонидан шартномада белгиланган шартларда ва муддатларда амалга оширилади.
Бунда:
аутсорсинг хизмати самарадорлигини баҳолаш Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 596-сон қарори билан тасдиқланган Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартиб асосида амалга оширилади;
давлат буюртмачиси аутсорсинг хизматини баҳолаш ва назорат қилиш учун жамоатчилик назорати субъектлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда махсус гуруҳ тузиши мумкин.
32. Давлат буюртмачиси аутсорсер томонидан ташкил этилган хизматларнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқлигини назорат қилади. Бунда:
аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради ва сўровномалар ўтказади;
аутсорсер томонидан кўрсатиладиган хизматни қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганади ва таҳлил қилади, зарур ҳолларда, мутахассислар жалб этади;
аутсорсинг хизмати бўйича тақдим этилган ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни таҳлил қилиш орқали аутсорсерлар фаолияти самарадорлигини доимий равишда баҳолаб боради;
аутсорсер томонидан қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва шартнома шартларига риоя қилинмаслиги ҳолатлари аниқланганда, уларни бартараф этиш бўйича аутсорсерга кўрсатмалар беради.
Давлат буюртмачиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзига юкланган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
33. Давлат буюртмачиси ташкилотларнинг комплаенс-назорат бўлинмалари (ёки ушбу вазифа юклатилган масъул шахс) аутсорсинг хизматларини ташкил этишга масъул бўлган ходимларни манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўймасликлари устидан доимий назорат олиб боришга масъул ҳисобланади.
6-боб. Якунловчи қоида
34. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги 306-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ижро этувчи ҳокимият органларида аутсорсингга ўтказиш учун устувор йўналишлар
1. Бино ва иншоотларни сақлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда жорий таъмирлаш ишлари, шу жумладан:
ландшафт дизайни ва ҳудудларни парваришлаш хизматлари;
фасадларни тозалаш ва ювиш хизматлари.
2. Сантехника, электр таъминоти, иситиш ва шамоллатиш тизимларига хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш ишлари.
3. Биноларни тозалаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва санитария-гигиена хизматлари.
4. Кир ювиш хизматлари.
5. Овқатлантириш хизматларини ташкил этиш.
6. Ахборот-коммуникация технологиялари хизматларини кўрсатиш, шу жумладан:
компьютер техникасига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш;
тармоқларни бошқариш ва техник қўллаб-қувватлаш;
дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш;
маълумотларни сақлаш ва захиралаш (булутли хизматлар).
7. Маданий ёки спорт тадбирларини ташкил этиш.
8. Мурожаатлар билан ишлайдиган «0000» қисқа рақамли «Call-марказ» хизматлари.
9. Архив иши хизмати.
10. Транспорт ва логистика хизматлари, шу жумладан:
автотранспорт воситаларида йўловчиларни ташиш хизматлари (мисол учун, умумий ўрта таълим ташкилотларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун автобуслар қатновини ташкил этиш, «IT-шаҳарча»ларга ёшларни ташиш хизматлари) ;
автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишлари;
йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, алмаштириш ва уларга техник хизмат кўрсатиш хизматлари.
11. Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш ишлари.
12. Кадрларни ўқитиш, малака ошириш ва тренинглар ташкил этиш ишлари.
13. Кенг жамоатчиликка ахборот бериш (PR, медиа, реклама) хизматлари.
14. Лаборатория ва таҳлил хизматлари (соғлиқни сақлаш, экология ёки қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лаборатория таҳлиллари).
15. Тиббий буюмларни зарарсизлантириш.
16. Оқава сув хизматлари.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 июнь,
306-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
NIZOM
ROʻYXATI
Ijro etuvchi hokimiyat organlari va davlat korxonalarida autsorsing xizmatlarini tashkil etish mexanizmlarini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Korrupsiyaga qarshi kurashish tizimini yanada takomillashtirish hamda davlat organlari va tashkilotlari faoliyati ustidan jamoatchilik nazorati tizimi samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 27-noyabrdagi PF-200-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 23-sentabrdagi 596-son qaroriga muvofiq Iqtisodiyot va moliya vazirligi davlat funksiyalarini xususiy sektorga oʻtkazish boʻyicha vakolatli organ etib belgilangani;
autsorserlar Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq xarid qilish tartib-taomillari natijalariga koʻra aniqlanishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki, 2026-yil 1-sentabrdan boshlab davlat xaridlari elektron tizimlarida Autsorsing xizmatlarini tashkil etish boʻyicha maxsus sahifa (keyingi oʻrinlarda — maxsus sahifa) ishga tushiriladi.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ijro etuvchi hokimiyat organlari va davlat korxonalarida autsorsing xizmatlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
autsorserlarni aniqlash, shartnoma tuzish va hisob-kitoblarni amalga oshirish;
autsorsing xizmatlarini tashkil etish va oʻtkazishda korrupsiya va manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish;
autsorser va buyurtmachining huquqlari va majburiyatlarini belgilash;
autsorsing xizmatini koʻrsatish ustidan nazorat va monitoring qilish.
4. Davlat korxonalarida autsorsing asosida bajarilishi lozim boʻlgan funksiya va xizmatlar roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 18-noyabrdagi F-59-son farmoyishi bilan tasdiqlangani inobatga olinsin.
Ijro etuvchi hokimiyat organlarida autsorsingga oʻtkazish uchun ustuvor yoʻnalishlar roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Ijro etuvchi hokimiyat organlarining birinchi rahbarlari autsorsingga oʻtkazilgan funksiyalarning amalga oshirilishi ustidan nazoratni toʻliq taʼminlash boʻyicha shaxsan javobgar etib belgilansin.
6. Belgilansinki:
ijro etuvchi hokimiyat organlari muntazam ravishda autsorsingga oʻtkazilgan funksiyalarning ijrosi samaradorligini oshirish boʻyicha autsorserlarga uslubiy yordam koʻrsatadi;
autsorsing tizimiga oʻtish munosabati bilan iqtisod qilingan mablagʻlar, birinchi navbatda, ijro etuvchi hokimiyat organlarining moddiy-texnik bazasini yaxshilashga yoʻnaltiriladi.
7. Autsorsing xizmatlaridan foydalanuvchi ijro etuvchi hokimiyat organlari autsorsing xizmatlari joriy etilishi munosabati bilan boʻshatilgan shtat birliklarini qisqartirish boʻyicha choralar koʻrsin.
8. Iqtisodiyot va moliya vazirligi 2026-yil 15-iyulga qadar maxsus sahifa ishlab chiqilishini taʼminlasin.
9. Ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlari 2026-yil 1-sentabrdan boshlab oʻzlari rahbarlik qilayotgan tashkilotlar tomonidan maxsus sahifa orqali autsorsing xizmatlari boʻyicha davlat xaridlari amalga oshirilishini taʼminlasin.
Mazkur qaror qabul qilingan kundan boshlab, yangi autsorsing xizmatlarining barchasi mazkur qaror talablari asosida tuziladi.
Mazkur qaror kuchga kirgunga qadar tuzilgan autsorsing xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha shartnomalar, agar ularda oʻzgacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, ularning amal qilish muddati tugagunga qadar yoxud qonunchilikda belgilangan tartibda oʻzgartirilgunga yoki bekor qilingunga qadar oʻz kuchini saqlab qoladi.
10. Vazirlik va idoralar autsorsing xizmatlari sohasiga oid oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 12-iyundagi 306-son qaroriga 1-ILOVA
Ijro etuvchi hokimiyat organlari va davlat korxonalarida autsorsing xizmatlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda davlat korxonalarida funksiyalarni (keyingi oʻrinlarda — funksiyalar) autsorsing shartlari asosida tashkil etish tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom talablari ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan organlardan boshqa davlat organlari uchun tavsiyaviy xususiyatga ega hisoblanadi.
2. Autsorsingga beriladigan davlat funksiyalari Vazirlar Mahkamasining “Davlat funksiyalarini xususiy sektorga oʻtkazish tizimini joriy qilish boʻyicha amalga oshiriladigan chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 23-sentabrdagi 596-son qarori va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq tanlab olinadi.
3. Autsorsing xizmatlarini tashkil etish ochiqlik va shaffoflik, tomonlarning huquq va majburiyatlariga rioya qilish, shuningdek, korrupsiya va manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish tamoyillariga asoslanadi.
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
autsorsing — ijro etuvchi hokimiyat organlari, ularning hududiy boʻlinmalari hamda tizim tashkilotlarining funksiyalari lozim darajada bajarilishi ustidan davlat nazorati mexanizmlarini joriy etgan holda shartnoma asosida autsorserga oʻtkazish;
davlat buyurtmachisi — ijro etuvchi hokimiyat organlari, ularning hududiy boʻlinmalari, tizim tashkilotlari hamda davlat korxonalari;
autsorser — xarid qilish tartib-taomillari yakunlari boʻyicha gʻolib deb topilgan autsorsing xizmatini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyekti;
Autsorsing xizmatlarini tashkil etish boʻyicha maxsus sahifa (keyingi oʻrinlarda — maxsus sahifa) — autsorserlarni aniqlash boʻyicha xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirishga moʻljallangan davlat xaridlari elektron tizimining tarkibiy qismi;
xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchisi (keyingi oʻrinlarda — ishtirokchi) — davlat buyurtmachisiga autsorsing asosida xizmat koʻrsatish hamda ushbu Nizomga muvofiq eng yaxshi takliflarni tanlash (keyingi oʻrinlarda — tanlash) va tenderda ishtirok etish istagini bildirgan tadbirkorlik subyekti.
5. Autsorsing xizmati quyidagi shartlar asosida amalga oshiriladi:
autsorserni aniqlash;
korrupsiya va manfaatlar toʻqnashuvi holatlariga yoʻl qoʻymaslik;
autsorser tomonidan funksiyalarning sifatli bajarilishi;
davlat buyurtmachisining funksiyalarini bajarish bilan band boʻlgan xodimlar sonini (shtatini) qisqartirish.
6. Mazkur Nizom talablari autsorsing xizmatlaridan foydalanuvchi davlat buyurtmachilariga, shuningdek, autsorsing xizmatlarini koʻrsatuvchi Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti yoki norezidenti boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxslarga nisbatan tatbiq etiladi, bundan Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar mustasno.
2-bob. Autsorserni tanlash, shartnoma tuzish va hisob-kitoblarni amalga oshirish
7. Autsorser davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq aniqlanadi.
8. Ishtirokchilarga nisbatan quyidagi talablar qoʻyiladi:
tadbirkorlik subyekti sifatida roʻyxatdan oʻtgan boʻlishi;
autsorsingga beriladigan funksiyalar yoʻnalishida kamida olti oy faoliyat olib borgan boʻlishi;
autsorsing shartnomasini bajarish uchun zarur texnik, moliyaviy, moddiy, yetarli ish tajribasiga ega boʻlgan malakali kadrlar hamda boshqa resurslarga ega boʻlishi;
soliqlar va yigʻimlarni toʻlash boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlmasligi;
ishtirokchining sud qarorlari boʻyicha bajarilmagan majburiyatlari mavjud emasligi.
9. Autsorserni tanlash va shartnoma tuzish ishlari maxsus sahifa orqali amalga oshiriladi.
Bunda tanlashni (tenderni) oʻtkazishda Xarid komissiyasini shakllantirish, maxsus sahifa orqali autsorserni tanlash va shartnoma tuzish Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-maydagi 276-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat xaridlarini amalga oshirish bilan bogʻliq tartib-taomillarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartib asosida amalga oshiriladi.
10. Tanlashda (tenderda) korrupsiyaviy xatti-harakatlar sodir etilishining oldini olish, manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik hamda jamoatchilik nazoratini taʼminlash maqsadida tanlash (tender) oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi eʼlonda Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonunida koʻrsatilgan axborotlardan tashqari, quyidagi maʼlumotlar aks ettiriladi:
funksiyani autsorsing shartlari asosida amalga oshirish boʻyicha samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI);
komplayens-nazorat boʻlinmasi (yoki ushbu vazifa yuklatilgan masʼul shaxs) bilan bogʻlanish uchun maʼlumot;
jamoatchilik nazorati subyektlari oʻz fikrlarini bildirishlari va takliflar kiritishlari uchun davlat buyurtmachisining rasmiy veb-sayti (shu jumladan, “Call-markaz”) va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalari toʻgʻrisidagi maʼlumot.
11. Tanlash (tender) natijalari yuzasidan kelib tushgan shikoyatlar Davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya yoki sud tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
Bunda tanlash (tender) natijalari boʻyicha qarorlar Davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya yoki sud tomonidan bekor qilingan taqdirda, autsorserni qayta tanlash (tender) qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
12. Tanlash (tender) yakunida ishtirokchilar teng ball toʻplagan taqdirda, qoʻshimcha mezon sifatida ustuvorlik quyidagilarga beriladi:
a) qoʻshilgan qiymat soligʻi toʻlovchi tadbirkorlik subyektlariga;
b) Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingida A, B va S toifalariga kiruvchi tadbirkorlik subyektlariga.
13. Ijro etuvchi hokimiyat organi va davlat korxonalari autsorsingga oʻtkazilayotgan funksiya boʻyicha uning maqsadi, oʻziga xos xususiyatlari hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarni hisobga olgan holda, tegishli samaradorlikning asosiy koʻrsatkichlarini (KPI) ishlab chiqadi.
14. Samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) quyidagi talablarga muvofiq boʻlishi zarur:
oʻlchovli boʻlishi — koʻrsatkichlar ularga erishishni baholash imkonini beradigan aniq, obyektiv va qatʼiy oʻlchanadigan miqdoriy va sifat koʻrsatkichlari bilan belgilanishi kerak;
erishsa boʻladigan boʻlishi — koʻrsatkichlar amaliy, real va mavjud resurslar hamda tashkiliy imkoniyatlarga mos boʻlishi kerak;
shaffof boʻlishi — erishiladigan koʻrsatkichlar davlat buyurtmachisi va autsorser uchun ochiq boʻlishi kerak;
natijaga yoʻnaltirilgan boʻlishi — koʻrsatkichlar autsorserga oʻtkazilayotgan funksiyaning maqsadlariga erishishni taʼminlashi kerak;
muddatli boʻlishi — koʻrsatkichlarga erishish uchun aniq, real va asoslangan vaqt davri belgilanishi hamda belgilangan vaqt oraligʻida bajariladigan boʻlishi kerak.
15. Ijro etuvchi hokimiyat organlari va davlat korxonalari autsorsingga oʻtkazilayotgan har bir funksiya boʻyicha namunaviy samaradorlikning asosiy koʻrsatkichlarini (KPI) tasdiqlaydi va har yili 1-fevralga qadar maxsus sahifada eʼlon qilib borilishini taʼminlaydi.
16. Autsorsing xizmatini koʻrsatish boʻyicha shartnoma davlat buyurtmachisi va autsorser oʻrtasida bir moliya yili uchun elektron shaklda tuziladi, qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollar bundan mustasno.
17. Autsorsing shartnomasi autsorser tomonidan majburiyatlar toʻliq bajarilishi hamda samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholash natijalaridan kelib chiqib, Xarid komissiyasining ijobiy qaroriga koʻra bir yilgacha uzaytirilishi mumkin, qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollar bundan mustasno. Bunda shartnomani faqat bir marta uzaytirishga yoʻl qoʻyiladi.
18. Koʻrsatilgan xizmatlar hisob-kitobi shartnoma oylik summasining 15 foizi oldindan oʻtkazib berilgach, qolgan 85 foizi haqiqatda koʻrsatilgan xizmatlar hajmi va sifatidan kelib chiqib, hisobot oyidan keyingi oyning yakuniga qadar amalga oshiriladi. Bunda:
autsorsing shartnomasiga kiritiladigan autsorserga nisbatan minimal talab va majburiyatlar ijro etuvchi hokimiyat organi tomonidan tasdiqlanadigan samaradorlik koʻrsatkichlariga (KPI) muvofiq shakllantiriladi;
ijro etuvchi hokimiyat organi va davlat korxonalari tomonidan tasdiqlanadigan minimal majburiy samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) autsorsing shartnomasining ajralmas qismi hisoblanadi;
davlat buyurtmachisi va autsorser oʻrtasidagi hisob-kitob koʻrsatilgan xizmatlarning samaradorlik koʻrsatkichlaridan (KPI) kelib chiqib, baholash natijalariga asosan amalga oshiriladi.
19. Agar qonunchilik hujjatlarida yoki autsorsing shartnomasida autsorserning shartnomada koʻrsatilgan ishni shaxsan oʻzi bajarish majburiyatlari kelib chiqmasa, autsorser oʻz majburiyatlarining bir qismini bajarish uchun boshqa shaxslar (subautsorserlar)ni jalb qilishga haqli. Bunda autsorser subautsorserlar bilan tuzilgan shartnoma toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni u tuzilgan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida davlat buyurtmachisini xabardor qilishi lozim.
Subautsorser davlat buyurtmachisining autsorsing shartnomasi boʻyicha oʻz majburiyatlarini bajarmaganligi yoki lozim darajada bajarmaganligi uchun autsorser oldida javobgar boʻladi, davlat buyurtmachisi oldida esa, autsorser oʻz majburiyatlarini bajarmaganligi yoki lozim darajada bajarmaganligining oqibatlari uchun javobgar boʻladi.
Subautsorsing shartnomasi fuqarolik qonunchiligi qoidalari bilan tartibga solinadi.
20. Autsorser tomonidan shartnomani bajarishga jalb etiladigan subautsorser ushbu Nizomning 8-bandida ishtirokchilarga qoʻyilgan talablarga mutanosib tarzda javob berishi lozim.
Autsorser subautsorserni jalb etishdan oldin uning ushbu talablarga javob berishini mustaqil ravishda tekshiradi va tasdiqlovchi hujjatlarni davlat buyurtmachisining talabi boʻyicha taqdim etadi.
21. Davlat xaridlarini amalga oshirish jarayoni yakunlanmagan yoki tanlash (tender) oʻtkazilmagan deb hisoblangan taqdirda, shuningdek, autsorser bilan shartnoma bekor qilinganda, ushbu davlat buyurtmachilarida autsorser aniqlangunga qadar belgilangan tartibda funksiya anʼanaviy usulda tashkil etilishi mumkin.
Bunda davlat buyurtmachisi xodimlar bilan belgilangan tartibda shartnoma tuzadi.
3-bob. Autsorsing shartnomasiga oʻzgartirish kiritish, uni bekor qilish
22. Autsorsing shartnomasiga quyidagi hollarda davlat buyurtmachisi va autsorser oʻrtasidagi kelishuvga muvofiq, kelishuvga erishilmagan taqdirda esa sudgacha va sud tartibida oʻzgartirish kiritilishi mumkin:
shartnoma qiymati va ish hajmi 10 foizgacha oshganda;
shartnoma qiymati oʻzgarmasdan ish hajmi 10 foizgacha oshganda;
amalga oshirilishi lozim boʻlgan ish hajmi oʻzgarmasdan shartnoma qiymati 10 foizgacha oshganda;
bir yoki har ikki tarafning majburiyatlari hajmi oʻzgarganda;
autsorsing xizmatini koʻrsatish davriyligi oʻzgarganda;
fors-major holatlarida.
Bunda shartnomaning qiymati oshishi bilan bogʻliq oʻzgarishlar iqtisodiyot va moliya organlarining xulosalari asosida amalga oshiriladi.
23. Autsorsing shartnomasining qiymatiga quyidagi hollarda oʻzgartirish kiritilishi mumkin:
shartnoma boʻyicha koʻrsatiladigan ish/xizmatlar narxi oʻzgarganda;
shartnoma boʻyicha autsorser oʻz majburiyatlarining bir qismini bajarishni davlat buyurtmachisi bilan kelishgan holda rad etganda.
24. Autsorsing shartnomasi boʻyicha amalga oshirilishi lozim boʻlgan ish hajmiga quyidagi hollarda oʻzgartirish kiritilishi mumkin:
davlat buyurtmachisi yoki autsorser tomonidan autsorsing shartnomasining qiymati oʻzgartirilganda;
shartnoma boʻyicha autsorser oʻz majburiyatlarining bir qismini bajarishni davlat buyurtmachisi bilan kelishgan holda rad etganda;
autsorsing xizmatini koʻrsatish sharoitlari oʻzgarganda.
25. Autsorsing shartnomasi quyidagi hollarda bir tomonlama bekor qilinishi mumkin:
autsorser tadbirkorlik subyekti faoliyati tugatilganda;
davlat buyurtmachisining aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisidagi koʻrsatmasi autsorser tomonidan oʻz vaqtida bajarilmaganda;
tasdiqlangan samaradorlik koʻrsatkichlariga (KPI) erishish boʻyicha baholash natijalari 70 foizdan kam boʻlganda;
autsorser xizmat koʻrsatishdan ixtiyoriy ravishda voz kechganda.
26. Autsorsing shartnomasi bekor qilinganda qaytadan tanlash (tender) oʻtkaziladi. Bunda qaytadan tanlash (tender) oʻtkazish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
4-bob. Autsorser va davlat buyurtmachisining huquqlari va majburiyatlari
27. Autsorser quyidagi huquqlarga ega:
davlat buyurtmachisi bilan tuzilgan shartnomani bajarish jarayonida tushuntirishlar olish uchun unga murojaat qilish;
koʻrsatgan xizmatlar uchun toʻlovni shartnomada belgilangan miqdor va muddatda talab qilish;
xizmatlar tannarxining oʻzgarishi munosabati bilan shartnomaga oʻzgartirish kiritish taklifi bilan chiqish;
davlat buyurtmachisidan koʻrsatilgan xizmatlarni samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholash natijalarini asoslab berishni talab qilish;
davlat buyurtmachisidan shartnoma shartlarining bajarilishini talab qilish;
shartnoma shartlariga muvofiq va (yoki) qonunchilikda nazarda tutilgan hollarda shartnomani bekor qilish.
Autsorser qonunchilik hujjatlariga hamda shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
28. Autsorser:
shartnoma shartlariga muvofiq autsorsingga berilgan funksiyaning sifatli bajarilishini taʼminlashi;
autsorsing xizmatini koʻrsatishda belgilangan muddatlarga rioya qilishi;
shartnomani bajarish jarayonida davlat buyurtmachisiga uning soʻrovi boʻyicha tushuntirishlar va axborot berishi;
qonunchilik hujjatlari talablariga va maxfiylik tartibiga rioya etishi;
autsorsing xizmatini tashkil etish va oʻtkazishda korrupsiya va manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymasligi;
davlat buyurtmachisiga autsorsing xizmatini amalga oshiradigan xodimlar toʻgʻrisida maʼlumotlarni taqdim etishi;
davlat buyurtmachisiga tegishli boʻlgan binoda faoliyat olib borgan taqdirda, davlat buyurtmachisining ish rejimi, maxfiylik va axborotdan foydalanish rejimi, oʻzini tutish qoidalariga rioya etishi;
autsorsing xizmatini koʻrsatishda texnika, yongʻin, mehnat muhofazasi hamda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga qatʼiy rioya etishi;
davlat buyurtmachisi tomonidan shartnomada keltirilgan xizmat turlari sifati boʻyicha oʻtkaziladigan nazorat tadbirlari jarayonlariga toʻsqinlik qilmasligi va soʻralgan maʼlumotlarni oʻz vaqtida taqdim qilishi;
shartnomani bekor qilish haqida davlat buyurtmachisini kamida ikki oy oldin yozma ravishda ogohlantirishi, ushbu muddat tugaguniga qadar esa davlat buyurtmachisining tegishli xizmatlarini uzluksiz tashkil etishni taʼminlashi shart.
Autsorser zimmasiga qonunchilik hujjatlariga va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
29. Davlat buyurtmachisi quyidagi huquqlarga ega:
autsorser tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar boʻyicha samaradorlik koʻrsatkichlarini (KPI) belgilangan tartibda tasdiqlash;
samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha autsorsing xizmatini baholash;
autsorsing xizmatining sifatli koʻrsatilishini talab qilish;
tovarlar (ishlar, xizmatlar)ning sifatini tasdiqlovchi hujjatlarni talab qilish;
autsorsing xizmatini koʻrsatishda qonunchilik hujjatlari va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya etilishini tasdiqlangan rejaga asosan nazorat qilish;
ushbu Nizomning 25-bandida nazarda tutilgan hollarda belgilangan tartibda shartnomani bekor qilish choralarini koʻrish.
Davlat buyurtmachisi qonunchilik hujjatlariga hamda shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
30. Davlat buyurtmachisi:
shartnomaga muvofiq belgilangan muddat va shartlar asosida autsorserga koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovlarni amalga oshirishi;
autsorserga uning soʻrovi boʻyicha tushuntirishlar va axborot berishi;
autsorserning faoliyatiga aralashmagan holda, shartnoma shartlarining bajarilishini nazorat qilishi lozim.
Davlat buyurtmachisi zimmasiga qonunchilik hujjatlari va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
5-bob. Autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan nazorat va monitoringni amalga oshirish
31. Autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan nazorat va monitoring davlat buyurtmachisi tomonidan shartnomada belgilangan shartlarda va muddatlarda amalga oshiriladi.
Bunda:
autsorsing xizmati samaradorligini baholash Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 23-sentabrdagi 596-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat funksiyalarini xususiy sektorga oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartib asosida amalga oshiriladi;
davlat buyurtmachisi autsorsing xizmatini baholash va nazorat qilish uchun jamoatchilik nazorati subyektlari, tegishli vazirlik va idoralar vakillaridan iborat tarkibda maxsus guruh tuzishi mumkin.
32. Davlat buyurtmachisi autsorser tomonidan tashkil etilgan xizmatlarning qonunchilik hujjatlari talablariga toʻliq muvofiqligini nazorat qiladi. Bunda:
autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan doimiy monitoring olib boradi va soʻrovnomalar oʻtkazadi;
autsorser tomonidan koʻrsatiladigan xizmatni qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiqligini oʻrganadi va tahlil qiladi, zarur hollarda, mutaxassislar jalb etadi;
autsorsing xizmati boʻyicha taqdim etilgan hisobotlar va boshqa maʼlumotlarni tahlil qilish orqali autsorserlar faoliyati samaradorligini doimiy ravishda baholab boradi;
autsorser tomonidan qonunchilik hujjatlari talablari va shartnoma shartlariga rioya qilinmasligi holatlari aniqlanganda, ularni bartaraf etish boʻyicha autsorserga koʻrsatmalar beradi.
Davlat buyurtmachisi qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻziga yuklangan boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.
33. Davlat buyurtmachisi tashkilotlarning komplayens-nazorat boʻlinmalari (yoki ushbu vazifa yuklatilgan masʼul shaxs) autsorsing xizmatlarini tashkil etishga masʼul boʻlgan xodimlarni manfaatlar toʻqnashuvi va korrupsiyaviy holatlarga yoʻl qoʻymasliklari ustidan doimiy nazorat olib borishga masʼul hisoblanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
34. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 12-iyundagi 306-son qaroriga 2-ILOVA
Ijro etuvchi hokimiyat organlarida autsorsingga oʻtkazish uchun ustuvor yoʻnalishlar
1. Bino va inshootlarni saqlash, ularga texnik xizmat koʻrsatish hamda joriy taʼmirlash ishlari, shu jumladan:
landshaft dizayni va hududlarni parvarishlash xizmatlari;
fasadlarni tozalash va yuvish xizmatlari.
2. Santexnika, elektr taʼminoti, isitish va shamollatish tizimlariga xizmat koʻrsatish hamda taʼmirlash ishlari.
3. Binolarni tozalash, hududlarni obodonlashtirish va sanitariya-gigiyena xizmatlari.
4. Kir yuvish xizmatlari.
5. Ovqatlantirish xizmatlarini tashkil etish.
6. Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari xizmatlarini koʻrsatish, shu jumladan:
kompyuter texnikasiga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash;
tarmoqlarni boshqarish va texnik qoʻllab-quvvatlash;
dasturiy taʼminotni ishlab chiqish va qoʻllab-quvvatlash;
maʼlumotlarni saqlash va zaxiralash (bulutli xizmatlar).
7. Madaniy yoki sport tadbirlarini tashkil etish.
8. Murojaatlar bilan ishlaydigan “0000” qisqa raqamli “Call-markaz” xizmatlari.
9. Arxiv ishi xizmati.
10. Transport va logistika xizmatlari, shu jumladan:
avtotransport vositalarida yoʻlovchilarni tashish xizmatlari (misol uchun, umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga olis hududlardan qatnaydigan oʻquvchilar uchun avtobuslar qatnovini tashkil etish, “IT-shaharcha”larga yoshlarni tashish xizmatlari) ;
avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlari;
yoʻl chiziqlarini chizish, yoʻl harakatini tashkil etishning texnik vositalarini oʻrnatish, almashtirish va ularga texnik xizmat koʻrsatish xizmatlari.
11. Oʻzgalar parvarishiga muhtoj shaxslarga ijtimoiy xizmatlar koʻrsatish ishlari.
12. Kadrlarni oʻqitish, malaka oshirish va treninglar tashkil etish ishlari.
13. Keng jamoatchilikka axborot berish (PR, media, reklama) xizmatlari.
14. Laboratoriya va tahlil xizmatlari (sogʻliqni saqlash, ekologiya yoki qishloq xoʻjaligi sohalaridagi laboratoriya tahlillari).
15. Tibbiy buyumlarni zararsizlantirish.
16. Oqava suv xizmatlari.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 12-iyun,
306-son