📅 2026-yil 12-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 12-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 12 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки:
а) Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхати (кейинги ўринларда — адабиётлар рўйхати) ҳар йили 1 январга қадар тасдиқланиб, бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига тақдим этилади;
б) жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича имтиҳон махсус дастурий таъминот орқали инсон омилини истисно этган ҳолда, тест синовлари шаклида ўтказилади;
в) Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳар йили Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан биргаликда адабиётлар рўйхати асосида тест топшириқларини шакллантиради ва Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан махсус дастурий таъминотга жойлаштирилади.
2. Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг «E-mahkum» ахборот тизими доирасида маҳкумларни тест синовларидан ўтказиш бўйича алоҳида модуль яратиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги 307-сон қарорига ИЛОВА
Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги жазони ижро этиш муассасаларида (кейинги ўринларда — муассасалар) маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) фаолиятини белгилайди.
2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
махсус дастур — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг «E-mahkum» ахборот тизими доирасида маҳкумларни тест синовларидан ўтказиш бўйича алоҳида модуль;
талабгор — Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 73-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган тоифадаги (умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар бундан мустасно) маҳкум;
тест синови — талабгорда тўғри маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўзлаштирганлик даражасини аниқлаш мақсадида комиссия назоратида махсус дастур орқали ўтказиладиган имтиҳон.
2-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби
4. Талабгорнинг тест синови топширишини назорат қилиб бориш ва натижаларини хулоса асосида тасдиқлаш учун муассасаларда муассаса ходимлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия ташкил этилади.
Комиссия таркиби 7 нафар аъзо, комиссия раиси ва котибдан иборат бўлади.
5. Комиссия таркибига муассаса ходимлари, ҳудудий фаол жамоатчилик вакиллари, жумладан, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари киради.
6. Комиссия таркиби муассаса бошлигининг буйруғи билан тасдиқланади.
Комиссия таркибига киритилган ҳудудий фаол жамоатчилик вакиллари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатлари ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари орасидан комиссия раиси сайланади ҳамда муассаса масъул ходими комиссия котиби бўлади.
Комиссия йиғилиши, комиссия раиси ва унинг аъзоларининг эллик фоизидан ортиғи қатнашгандагина ваколатли бўлади.
Маҳкумларни жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва комиссия аъзоларига тақдим этиш комиссия котиби томонидан амалга оширилади.
7. Комиссия йиғилиши, қоида тариқасида, йилига камида икки марта, ҳар йил февраль ва август ойларида ўтказилади.
8. Имтиҳон натижалари бўйича тест синови ўтказилган куннинг ўзида комиссия томонидан йиғилиш баёни расмийлаштирилади. Йиғилиш баёнини комиссия раиси, уни аъзолари ҳамда котиб имзолайди.
Тест синови натижалари тўғрисида комиссия томонидан хулоса расмийлаштирилади ҳамда комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади.
9. Комиссия хулосаси талабгорга имзо қўйдириб, таништирилади ҳамда унинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади.
Хулосанинг кўчирма нусхаси прокурорга юборилади, шунингдек, маҳкумнинг ҳимоячисига унинг сўровига кўра берилади.
10. Талабгор тест синови натижалари унга таништирилган кундан бошлаб, беш иш куни ичида тест ўтказилиш жараёни ёки натижалари бўйича шахсан ўзи ёки ҳимоячиси орқали судга шикоят йўллаши мумкин.
Суд шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
талабгор томонидан кўрсатилган далиллар тасдиқланмаса, тест синови натижаларини ўзгаришсиз, шикоятни эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;
талабгор томонидан кўрсатилган далиллар асосли деб топилса, шикоятни қаноатлантириш ва тест синови натижаларини бекор қилиш тўғрисида.
Суд томонидан тест синови натижаларини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда суд қарори чиққан кундан эътиборан беш иш куни ичида комиссия томонидан қайта тест синови ўтказилади.
11. Маҳкумнинг адабиётни ўзлаштирганлиги фактини тасдиқлаш ҳақида хулоса қабул қилинганда, ўн беш кун муддатда муассаса маъмурияти томонидан маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан маҳкумнинг ўталмаган жазо муддатини қисқартириш тўғрисидаги тақдимнома судга юборилади.
12. Тест синовлари натижалари бўйича тестология меъёрларининг бузилиш ҳолати аниқланганда, уч иш кунида комиссия томонидан тест синови натижалари бекор қилинади.
13. Қуйидаги ҳолатларда тестология меъёрлари бузилган деб ҳисобланади:
тест материаллари хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш қоидалари бузилса;
талабгорлар томонидан тест материалларини олдиндан қўлга киритиш ҳолати аниқланса;
агар видеокузатув орқали талабгорнинг шпаргалкалар ёки ишоралардан фойдаланганлиги факти қайд этилган бўлса.
14. Тест синови натижалари бекор қилинган ҳолатларда, талабгорнинг хоҳишига кўра, қайта тест синовлари ташкил этилади.
3-боб. Комиссия аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
15. Комиссия аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
муассаса бошлиғининг комиссия таркибини тасдиқлаш бўйича буйруғи билан танишиш;
тест синови топширувчи талабгорлар рўйхатини тест синови бошланишидан олдин олиш;
талабгорларнинг тест синови топшириш жараёнини тўлиқ кузатиб бориш;
тест синови ўтказиш қоидаларини бузган талабгорларни тест синовидан четлаштириш ҳамда натижаси бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш.
16. Комиссия аъзолари:
муассасаларда ташкил этиладиган тест синовлари бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишга;
тест синови жараёнини уюшқоқлик билан тартибли ташкил этиш, талабгорларга уларнинг тест синовлари жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, тест синовлари жараёни бўйича маслаҳатлар, кўрсатмалар беришга;
талабгорларни тест синовлари қоидалари билан тўлиқ таништиришга;
талабгорларнинг тест синови жараёнига қатнашишини назоратга олишга;
тест синови натижаларини бир иш куни ичида кўриб чиқиб, талабгорларнинг белгиланган адабиётни ўзлаштирганлиги факти тасдиқланган ёки тасдиқланмаганлиги тўғрисида хулоса расмийлаштиришга;
талабгорлар томонидан тест синовини топшириш ва баҳолаш натижалари бўйича эътирозларини қабул қилиш ва илтимоснома билан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлигини тушунтиришга мажбур.
4-боб. Талабгорларни тест синовларидан ўтказиш тартиби
17. Талабгорлар тест синовларидан махсус дастур орқали ўтказилади.
18. Талабгор махсус дастурда рўйхатдан ўтаётганида ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (ID-карта рақами) ёки верификация қилиш воситалари («Face-ID» тизими) орқали тасдиқлайди.
19. Талабгорнинг жазо муддати ҳар бир ўқиган китоби учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача қисқартирилади. Бунда талабгор ўқиган китоби бўйича тест синовини бир йилда икки маротаба топширади.
20. Ҳар бир адабиёт бўйича 25 тадан иборат тест топшириғи шакллантирилади ҳамда ҳар бир тест топшириғи учун икки дақиқа вақт ажратилади.
21. Махсус дастур орқали ҳар бир адабиёт бўйича тест синови жами 100 баллик тизим асосида ҳисобланиб, ҳар бир тест саволи учун 4 балл берилади.
22. Талабгор томонидан ҳар бир адабиёт бўйича 70 ва ундан юқори балл тўпланган тақдирда, тест синови муваффақиятли топширилган ҳисобланади.
23. Тест синови ўтказилиши режалаштирилган хоналар қуйидаги талаблар асосида жиҳозланади:
талабгорларнинг сонидан келиб чиқиб, тест синовини ўтказиш учун стол-стул билан жиҳозланган хона ажратилади;
хоналар алоҳида жойлашган, ёруғ, кириш учун фақат битта эшик ва деразаларини ёпиш имконияти мавжуд бўлади;
эшик ва деразалардан учинчи шахсларнинг талабгорлар билан алоқа қилишни истисно этишга қаратилган чоралар кўрилади;
тест синовларини ўтказишга мўлжалланган хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
24. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 июнь,
307 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Jazoni ijro etish muassasalarida mahkumlarning jazoni oʻtash davrida toʻgʻri maʼnaviy-axloqiy qadriyatlarni shakllantirishga qaratilgan adabiyotlarni oʻqiganligi faktini tasdiqlash boʻyicha komissiya faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti tasarrufidagi jazoni ijro etish muassasalarida jazo muddatini oʻtayotgan mahkumlarni axloqan tuzatish, ularda qonunga itoatkor xulq-atvorni, insonga, jamiyatga, mehnatga, jamiyat qoidalari va anʼanalariga hurmat munosabatini shakllantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Belgilansinki:
a) Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi tomonidan Alisher Navoiy nomidagi Oʻzbekiston Milliy kutubxonasi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan hamkorlikda jazoni ijro etish muassasalarida jazo muddatini oʻtayotgan mahkumlarda toʻgʻri maʼnaviy-axloqiy qadriyatlarni shakllantirishga qaratilgan adabiyotlar roʻyxati (keyingi oʻrinlarda — adabiyotlar roʻyxati) har yili 1-yanvarga qadar tasdiqlanib, bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamentiga taqdim etiladi;
b) jazoni ijro etish muassasalarida mahkumlarning jazoni oʻtash davrida toʻgʻri maʼnaviy-axloqiy qadriyatlarni shakllantirishga qaratilgan adabiyotlarni oʻqiganligi faktini tasdiqlash boʻyicha imtihon maxsus dasturiy taʼminot orqali inson omilini istisno etgan holda, test sinovlari shaklida oʻtkaziladi;
v) Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi har yili Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Alisher Navoiy nomidagi Oʻzbekiston Milliy kutubxonasi bilan birgalikda adabiyotlar roʻyxati asosida test topshiriqlarini shakllantiradi va Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi tomonidan maxsus dasturiy taʼminotga joylashtiriladi.
2. Jazoni ijro etish muassasalarida mahkumlarning jazoni oʻtash davrida toʻgʻri maʼnaviy-axloqiy qadriyatlarni shakllantirishga qaratilgan adabiyotlarni oʻqiganligi faktini tasdiqlash boʻyicha komissiya faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamentining “E-mahkum” axborot tizimi doirasida mahkumlarni test sinovlaridan oʻtkazish boʻyicha alohida modul yaratish choralarini koʻrsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri A.A. Tashpulatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 12-iyundagi 307-son qaroriga ILOVA
Jazoni ijro etish muassasalarida mahkumlarning jazoni oʻtash davrida toʻgʻri maʼnaviy-axloqiy qadriyatlarni shakllantirishga qaratilgan adabiyotlarni oʻqiganligi faktini tasdiqlash boʻyicha komissiya faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti tasarrufidagi jazoni ijro etish muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — muassasalar) mahkumlarning jazoni oʻtash davrida toʻgʻri maʼnaviy-axloqiy qadriyatlarni shakllantirishga qaratilgan adabiyotlarni oʻqiganligi faktini tasdiqlash boʻyicha komissiya (keyingi oʻrinlarda — komissiya) faoliyatini belgilaydi.
2. Komissiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari, farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga va ushbu Nizomga amal qiladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
maxsus dastur — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamentining “E-mahkum” axborot tizimi doirasida mahkumlarni test sinovlaridan oʻtkazish boʻyicha alohida modul;
talabgor — Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksi 73-moddasi toʻrtinchi qismida koʻrsatilgan toifadagi (umrbod ozodlikdan mahrum qilishga hukm etilganlar bundan mustasno) mahkum;
test sinovi — talabgorda toʻgʻri maʼnaviy va axloqiy qadriyatlarni shakllantirishga qaratilgan adabiyotlar roʻyxatidagi kitoblarni oʻzlashtirganlik darajasini aniqlash maqsadida komissiya nazoratida maxsus dastur orqali oʻtkaziladigan imtihon.
2-bob. Komissiya faoliyatini tashkil etish tartibi
4. Talabgorning test sinovi topshirishini nazorat qilib borish va natijalarini xulosa asosida tasdiqlash uchun muassasalarda muassasa xodimlari hamda jamoatchilik vakillaridan iborat komissiya tashkil etiladi.
Komissiya tarkibi 7 nafar aʼzo, komissiya raisi va kotibdan iborat boʻladi.
5. Komissiya tarkibiga muassasa xodimlari, hududiy faol jamoatchilik vakillari, jumladan, Xalq deputatlari mahalliy kengashlari deputatlari, fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlari hamda jamoat tashkilotlarining hayotiy tajribaga va aholi oʻrtasida obroʻ-eʼtiborga ega boʻlgan vakillari kiradi.
6. Komissiya tarkibi muassasa boshligining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Komissiya tarkibiga kiritilgan hududiy faol jamoatchilik vakillari, Xalq deputatlari mahalliy kengashi deputatlari yoki fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organi vakillari orasidan komissiya raisi saylanadi hamda muassasa masʼul xodimi komissiya kotibi boʻladi.
Komissiya yigʻilishi, komissiya raisi va uning aʼzolarining ellik foizidan ortigʻi qatnashgandagina vakolatli boʻladi.
Mahkumlarni jazoni oʻtash davrida toʻgʻri maʼnaviy-axloqiy qadriyatlarni shakllantirishga qaratilgan adabiyotlarni oʻqiganligi faktini tasdiqlash boʻyicha zarur hujjatlarni tayyorlash va komissiya aʼzolariga taqdim etish komissiya kotibi tomonidan amalga oshiriladi.
7. Komissiya yigʻilishi, qoida tariqasida, yiliga kamida ikki marta, har yil fevral va avgust oylarida oʻtkaziladi.
8. Imtihon natijalari boʻyicha test sinovi oʻtkazilgan kunning oʻzida komissiya tomonidan yigʻilish bayoni rasmiylashtiriladi. Yigʻilish bayonini komissiya raisi, uni aʼzolari hamda kotib imzolaydi.
Test sinovi natijalari toʻgʻrisida komissiya tomonidan xulosa rasmiylashtiriladi hamda komissiyaning har bir aʼzosi tomonidan imzolanadi.
9. Komissiya xulosasi talabgorga imzo qoʻydirib, tanishtiriladi hamda uning shaxsiy yigʻmajildiga qoʻshib qoʻyiladi.
Xulosaning koʻchirma nusxasi prokurorga yuboriladi, shuningdek, mahkumning himoyachisiga uning soʻroviga koʻra beriladi.
10. Talabgor test sinovi natijalari unga tanishtirilgan kundan boshlab, besh ish kuni ichida test oʻtkazilish jarayoni yoki natijalari boʻyicha shaxsan oʻzi yoki himoyachisi orqali sudga shikoyat yoʻllashi mumkin.
Sud shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
talabgor tomonidan koʻrsatilgan dalillar tasdiqlanmasa, test sinovi natijalarini oʻzgarishsiz, shikoyatni esa qanoatlantirmasdan qoldirish toʻgʻrisida;
talabgor tomonidan koʻrsatilgan dalillar asosli deb topilsa, shikoyatni qanoatlantirish va test sinovi natijalarini bekor qilish toʻgʻrisida.
Sud tomonidan test sinovi natijalarini bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda sud qarori chiqqan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida komissiya tomonidan qayta test sinovi oʻtkaziladi.
11. Mahkumning adabiyotni oʻzlashtirganligi faktini tasdiqlash haqida xulosa qabul qilinganda, oʻn besh kun muddatda muassasa maʼmuriyati tomonidan mahkumning tuzalish yoʻliga oʻtganligi munosabati bilan mahkumning oʻtalmagan jazo muddatini qisqartirish toʻgʻrisidagi taqdimnoma sudga yuboriladi.
12. Test sinovlari natijalari boʻyicha testologiya meʼyorlarining buzilish holati aniqlanganda, uch ish kunida komissiya tomonidan test sinovi natijalari bekor qilinadi.
13. Quyidagi holatlarda testologiya meʼyorlari buzilgan deb hisoblanadi:
test materiallari xavfsizligi va maxfiyligini taʼminlash qoidalari buzilsa;
talabgorlar tomonidan test materiallarini oldindan qoʻlga kiritish holati aniqlansa;
agar videokuzatuv orqali talabgorning shpargalkalar yoki ishoralardan foydalanganligi fakti qayd etilgan boʻlsa.
14. Test sinovi natijalari bekor qilingan holatlarda, talabgorning xohishiga koʻra, qayta test sinovlari tashkil etiladi.
3-bob. Komissiya aʼzolarining huquq va majburiyatlari
15. Komissiya aʼzolari quyidagi huquqlarga ega:
muassasa boshligʻining komissiya tarkibini tasdiqlash boʻyicha buyrugʻi bilan tanishish;
test sinovi topshiruvchi talabgorlar roʻyxatini test sinovi boshlanishidan oldin olish;
talabgorlarning test sinovi topshirish jarayonini toʻliq kuzatib borish;
test sinovi oʻtkazish qoidalarini buzgan talabgorlarni test sinovidan chetlashtirish hamda natijasi boʻyicha tegishli hujjatlarni rasmiylashtirish.
16. Komissiya aʼzolari:
muassasalarda tashkil etiladigan test sinovlari boʻyicha targʻibot va tashviqot ishlarini amalga oshirishga;
test sinovi jarayonini uyushqoqlik bilan tartibli tashkil etish, talabgorlarga ularning test sinovlari jarayonidagi vazifalari, huquq va majburiyatlarini tushuntirish, test sinovlari jarayoni boʻyicha maslahatlar, koʻrsatmalar berishga;
talabgorlarni test sinovlari qoidalari bilan toʻliq tanishtirishga;
talabgorlarning test sinovi jarayoniga qatnashishini nazoratga olishga;
test sinovi natijalarini bir ish kuni ichida koʻrib chiqib, talabgorlarning belgilangan adabiyotni oʻzlashtirganligi fakti tasdiqlangan yoki tasdiqlanmaganligi toʻgʻrisida xulosa rasmiylashtirishga;
talabgorlar tomonidan test sinovini topshirish va baholash natijalari boʻyicha eʼtirozlarini qabul qilish va iltimosnoma bilan sudga murojaat qilishga haqli ekanligini tushuntirishga majbur.
4-bob. Talabgorlarni test sinovlaridan oʻtkazish tartibi
17. Talabgorlar test sinovlaridan maxsus dastur orqali oʻtkaziladi.
18. Talabgor maxsus dasturda roʻyxatdan oʻtayotganida oʻzining shaxsini tasdiqlovchi hujjati (ID-karta raqami) yoki verifikatsiya qilish vositalari (“Face-ID” tizimi) orqali tasdiqlaydi.
19. Talabgorning jazo muddati har bir oʻqigan kitobi uchun uch kunga, biroq bir yilda koʻpi bilan oʻttiz kungacha qisqartiriladi. Bunda talabgor oʻqigan kitobi boʻyicha test sinovini bir yilda ikki marotaba topshiradi.
20. Har bir adabiyot boʻyicha 25 tadan iborat test topshirigʻi shakllantiriladi hamda har bir test topshirigʻi uchun ikki daqiqa vaqt ajratiladi.
21. Maxsus dastur orqali har bir adabiyot boʻyicha test sinovi jami 100 ballik tizim asosida hisoblanib, har bir test savoli uchun 4 ball beriladi.
22. Talabgor tomonidan har bir adabiyot boʻyicha 70 va undan yuqori ball toʻplangan taqdirda, test sinovi muvaffaqiyatli topshirilgan hisoblanadi.
23. Test sinovi oʻtkazilishi rejalashtirilgan xonalar quyidagi talablar asosida jihozlanadi:
talabgorlarning sonidan kelib chiqib, test sinovini oʻtkazish uchun stol-stul bilan jihozlangan xona ajratiladi;
xonalar alohida joylashgan, yorugʻ, kirish uchun faqat bitta eshik va derazalarini yopish imkoniyati mavjud boʻladi;
eshik va derazalardan uchinchi shaxslarning talabgorlar bilan aloqa qilishni istisno etishga qaratilgan choralar koʻriladi;
test sinovlarini oʻtkazishga moʻljallangan xonalar videokuzatuv vositalari bilan jihozlanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
24. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
25. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 12-iyun,
307 -son